OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЖеймс Жойс
Асар номиМусаввирнинг ёшликдаги шамоили (роман)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Ирландия адабиёти
Бўлимлар
   - Модернизм
Муаллифлар
   - Жеймс Жойс
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонАҳмад Отабоев
Ҳажм344KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/23
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Мусаввирнинг ёшликдаги шамоили (роман)
Жеймс Жойс

Таржимондан

Ирландиялик буюк ёзувчи Жеймс Жойс (1882-1941) ижоди XX аср жаҳон адабиёти тарихида муҳим ўрин тутади. Унинг ҳозирги замон адабиётларига кўрсатган таъсири ғоятда улкан. Э.Хемингуей, У.Фолкнер, Т.Вулф каби дунёга машҳур адиблар унинг шогирдлари бўлишгани, улар ўз асарлари ҳақида Жойснинг эътирофини илҳақ бўлиб кутишгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. 1982 йили ЮНЭСКО қарори билан ирланд реалистик адабиётининг классиги Жеймс Жойс таваллудининг 100 йиллиги бутун дунёда кенг нишонланди. Адибнинг «Дублинликлар» номли ҳикоялар тўплами, «Мусаввирнинг ёшликдаги шамойили» ва «Улисс» романлари аллақачон юзлаб халқлар тилларига таржима қилинган, жаҳондаги барча нуфузли олий ўқув юртлари, ўрта таълим адабиёт дастурлари ва мажмуаларидан ўрин олган.

Ўзбек ўқувчиси бу улуғ ёзувчи ижоди билан Истиқлол шарофати туфайли баҳраманд бўла бошлади. Ҳозирча унинг «Дублинликлар» тўпламидан бир неча ҳикоялар, «Жакомо Жойс» номли насрий асари газета ва журналларда эълон қилинди. 1993 йили филология фанлари номзоди Тилаволди Жўраевнинг олий ўқув юртлари талабалари учун мўлжалланган «Жеймс Жойс» номли рисоласи чоп этилди.

Биз ўз миллий маданиятимиз, адабиётимизни пухта ўрганиш, қадриятимизни тиклаш ва эъзозлаш билан бир қаторда дунё маданиятида чинакам ҳодиса сифатида эътироф этилган, вақт ва замонлар синовидан ўтган бошқа халқларнинг нодир ижод намуналаридан ҳам баҳраманд бўлиб боришга ҳақлимиз. Шу маънода ирландиялик адиб Жеймс Жойс ижоди билан ўзбек ўқувчиларини таништириш китобхонларимиз маънавий дунёсини бойитишга, бадиий савиясини юксалтиришга, гўзалликни нозик ва теран ҳис этишга одатлантиришга, дидини ўстиришга, қолаверса, XX аср адабиётининг энг муҳим янгиликларидан хабардор этишга хизмат қилади.

Қуйида сизнинг эътиборингизга ҳавола этилаётган Ж.Жойснинг «Мусаввирнинг ёшликдаги шамойили» романи бир қарашда атоқли ўзбек адиблари Ойбек, Абдулла Қаҳҳор ва Ғафур Ғуломнинг автобиографик асарларини ёдга солади. Ёш боланинг, ўсмирнинг онги атроф-муҳитни қай тарзда қабул қилади, у таълим-тарбия олаётган маскандаги ўзаро муносабатлар, оиладаги, жамиятдаги вазият бола онгининг шаклланишида нечоғли аҳамият касб этади, муайян муҳитда шаклланган бу онг ўз-ўзини англаш жараёнларини қандай кечиради — булар барчаси Ж.Жойс романида нозик психологик таҳлиллар орқали жуда чуқур очиб берилган. Муаллиф асар қаҳрамонининг фикрларини, ўй-хаёлларини, кечинмалари ва ҳис-туйғуларини асосан унинг ички монологлари орқали кўрсатиб беради.

Биринчи Боб

«
Et ignotas animum dimittit in artes[1].
Ovidiy, Metamorfozalar, VIII, 18
»

Қадим-қадим замонда Мў-мў деган бир говмиш йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, кунлардан бир кун ақлли-ҳушли, ёқимтой болакайга дуч келибди, болакайнинг исми Бў-бў экан.

Бу эртакни отаси унга айтиб берарди. Унинг юзлари сертук эди.

Бў-бў деган бола эди у. Мў-мў Бетти Берн яшайдиган томондаги йўлдан юриб келарди: Бетти лимонли обаки сотарди.

Ям-яшил чаманзорда
Гуллаган, ҳой атиргул.

У шу қўшиқни айтарди. Бу унинг қўшиғи эди.

Тўшагингни ҳўллаб қўйганингда олдин иссиқ бўлади, кейин муздай. Онанг клёнка тўшайди. Ундан ёқимли ҳид таралади. Онангдан таралган ҳид отангникидан ёқимлироқ. Онаси уни ўйинга тушсин, деб роялда денгизчилар рақс куйини чалади. У ўйинга тушади:

Тра-ля-ля, ля-ля.
Тра-ля-ля, тра-ля-ля-ля.
Тра-ля-ля, ля-ля.
Тра-ля-ля, ля-ля.

Чарлз тоға билан Денти қарсак чалади. Улар отаси ва онасидан катта, аммо Чарлз тоға Дентидан ҳам кексароқ.
Дентининг жовонда иккита чўткаси бор. Дастасига жигарранг бархит қопланган чўтка Майкл Девитт шарафига, яшил бархит қопланган чўтка эса Парнелл шарафига. Ҳар гал папирос қоғозининг варағини келтирганида Денти ялпизли обаки беради.

Венслар еттинчи уйда яшайди. Уларнинг ота-онаси бошқа. Ҳали катта бўлса, у Эйлинни олади. У столнинг тагига бекинди. Онаси:

—Кечирим сўра, Стивен, — деди.

Денти:

—Узр сўрамасанг-чи, бургут учиб келади-да, кўзингни чўқиб олади, — деди.

Кўзингни чўқиб олур,
Тирранча, сўра узр,
Тирранча, сўра узр,
Кўзингни чўқиб олур,
Тирранча, сўра узр,
Кўзингни чўқиб олур,
Кўзингни чўқиб олур,
Тирранча сўра узр.
* * *

Катта спорт майдонларида болалар тўпирлашиб, югуриб-елишади. Бари бараварига бақириб-чақиради, тарбиячилар ҳам ҳай-ҳайлашиб, уларга далда беришади. Кеч кириб, кун хира тортган, ҳаво салқин, ҳар гал тўп сураётганларнинг ҳужуми ва зарбаларидан яғири чиқиб кетган чарм тўп зил-замбил қушдай бўзарган ҳавога вазмин кўтарилади. У командасининг думида судралиб, тарбиячиларнинг кўзидан панароқда, қўпол оёқларидан четроқда ер тепиб, депсиниб юрибди, ора-сира ўзини югураётганга ўхшатиб кўрсатади.

Бу тўдада у ўзини кичкина ва кучсиз ҳис этади, унинг кўзлари ҳам хира, ёшланиб туради. Роди Кикем ундай эмас: Роди учинчи командага капитан бўлади, дейишади болалар.

Яхши бола-да Роди Кикем, Сассиқ Роуч ёмон, исқирт. Роди Кикемнинг оёғига киядиган ҳимоя қалқончалари ечинадиган хонада шкафда, қанд-қурс солинган саватчаси ошхонада туради. Сассиқ Роучнинг қўллари бесўнақай. Маросим оши — бўтқа, дейди у. Бир куни у сўраб қолди:
— Отинг нима?

Стивен жавоб берди:
— Стивен Дедалус.

Шунда Сассиқ Роуч дабдурустдан деди:
— Бу ўзи қанақа исм?
— Стивен нима деб жавоб беришни билмай қолди, Сассиқ Роуч эса тағин сўради:
— Ким сенинг отанг?

Стивен айтди:
— Жентелмен.

Шунда Сассиқ Роуч сўради:
— Нима, сенинг отанг судя эмасми?

У тўп сураётган болалар ортидан илакишиб, депсиниб юрибди, ора-сира ўзича у ёқ-бу ёққа чопқиллайди. Қўллари совуқдан кўкариб кетди. У қўлларини белбоғли калта камзулининг чўнтакларига тиқди. Белбоғ дегани бу чўнтаклардан баландроқда турадиган бир нарса. Ёқалашганда зўр чиққанни: белбоғи қорувли дейишлари шундан.

Бир куни Кентуеллга бир бола шундай деди:
— Агар хоҳласам бир зумдаёқ унингни ўчираман.

Кентуелл деди:
— Бошқаларга ҳам тирғалиб кўр-чи. Қани, Сесил Сандернинг унини ўчириш қўлингдан келармикан. Кўраман, ортингга яхшилаб тепки еганингни.

Бундай тиллашиш одобдан эмас. Онаси коллежда ёқимсиз болалар билан жиққиллашиб юрмагин, деб тайинлаган. Онажони жудаям чиройли-да. Биринчи келган кун қасрнинг қабулхонасида хайрлашаётиб онаси уни ўпмоқчи бўлиб юзидаги тўр-чимматни хийла кўтарди, онасининг бурни, кўзлари қизариб кетган эди. Бироқ у ўзини бир куйга солди, кўрмаганга олди, онаси йиғлаб юборадигандай туюлди унга. Онаси йиғласа юзи ўзгариб қолади. Отаси унга иккита беш шилинглик танга берди — ҳарқалай чўнтаги қуруқ турмагани тузук. Отаси унга бирор зарурат сезса, уйга хат ёзишини айтди, зинҳор ўртоқларинг устидан чақимчилик қилиб юрмагин, деб тайинлади. Шундан сўнг ректор эшик олдида отаси ва онасининг қўлларини сиқиб хайрлашди, ректорнинг эгнидаги узун яктаги шамолда ҳилпиради, отаси билан онаси ўтирган извош жилди. Улар қўл силкишди ва извошдан унга қичқиришди:
— Xайр, Стивен, хайр.
— Xайр, Стивен, хайр.

Унинг атрофида болалар тўп талашиб, ур-сур бошланди, чақчайган кўзларни, лойга беланган бошмоқларни кўриб у қўрқиб кетганидан энкайиб олди ва болаларнинг оёқлари остига қарай бошлади. Болалар ёқалашар, пишқиришар, уларнинг оёқлари типирчилар, бир-бирини тепкиларди. Кейин Жек Лотеннинг сариқ ботинкаси тўпни тепиб юборди, бошқа ботинкалар ва оёқлар унинг ортидан югуриб кетди. У бироз чопиб бориб тўхтади. Югуришга ҳожат йўқ. Ҳали-замон ётоққа қайтишади. Кечки овқатдан сўнг, синфхонада, партасига елимлаб қўйилган рақамни—етмиш еттини етмиш олти қилиб ўзгартиради.

Ҳозир бу ерда, изғиринда улоқиб юргандан кўра синфхонада ўтиргани яхши. Ҳавонинг авзойи бузуқ, бош бинода, қасрда эса олов ёниб турибди. У ўзича, Гамилтон Роуен қайси деразадан шляпасини чакалак устига отган экан, деб ўйлади, ўша пайтда ҳам дераза тагида гулхона бўлганмикан. Бир куни, қасрдалигида, бу ерлик хизматчи унга аскар отган ўқнинг эшикдаги изини кўрсатди ва жамоа истеъмол қиладиган ёнғоқли қотирма нон берди. Қасрда оловга термулиб ўтириш мазза-да, иссиқ. Xудди китобчада ёзилгандай. Лестер аббатлиги шунақа бўлгандир, эҳтимол. Доктор Корнуеллнинг дарслигида қандай яхши гаплар бор эди. Улар шеърга ўхшайди, бироқ шеър эмас, ҳуснихатни машқ қилиш учун берилган мисоллар, холос:

Уолси Лестер аббатлигида қазо қилди,
Аббатлар уни шу ерга дафн этдилар.
Гиёҳларни қурт-қумурсқа еб битиради,
Жонзотларни қисқичбақа кемиради.

Ҳозир камин ёнидаги гиламга чўзилиб ётиб, иягингга кафтларингни тираб бу гапларнинг мағзини чақсанг. У сесканиб кетди, баданида аллақандай совуқ шилимшиқ суюқлик оқиб тушаётгандай бўлди. Уелсс пасткашлик қилди-да, уни ҳожатхона тешигига қараб итариб юборди, жажжи тамакидонини ошиққа алишмагани учун шундай қилди, уни Уелсс қиморда қирқ марта ютиб олган эди. Сув совуқ, шилимшиқ эди-я! Бир бола катта каламушнинг бўтқага ўзини отганини кўриб қолган. Онаси билан Денти камин ёнида, Брижетнинг чой олиб келишини кутиб ўтиришибди. Онаси оёқларини каминнинг панжарасига қўйди, мунчоқдан гул солиб тикилган пайпоғи исиди, улардан хушбўй ҳид, майин ҳарорат таралди. Дентининг билмаган балоси йўқ. Денти унга Мозамбик бўғози қаердалигини, Америкадаги энг узун дарё, ойдаги энг баланд тоғ қандай аталишини ўргатади. Ҳазрат Арнолл Дентидан ҳам кўп билади, чунки у руҳоний, бироқ отаси билан Чарлз тоға Денти ақлли, ўқимишли аёл, дейишади. Баъзан Денти овқатдан сўнг, оғзини қўли билан тўсиб, ғалати товуш чиқаради: бу — кекирик.
Майдоннинг нариги четидан кимдир қичқирди:
— Ҳамма уйга!

Унга кичик ва тайёрлов синфлари болаларининг овози қўшилди:
— Уйга! Ҳамма уйга!

Қизариб-бўғриқиб кетган, уст-бошлари лойга беланган болалар бир жойга тўпланишди, у болаларнинг орасида кетаяпти, ётоққа қайтаётганидан хурсанд. Роди Кикем тўпни сирпанчиқ бандидан ушлаб кўтариб бораяпти. Болалардан бири унга охирги марта тўпни ташлаб бер, деди, бироқ Роди пинагини бузмади, ҳатто жавоб ҳам қилмади. Саймон Мунен жим юр, назоратчи кузатиб келаяпти, деди. Шунда ҳалиги бола бурилиб, Саймон Муненга шундай деди:
— Нима учун бундай деяётганингни биламиз. Сен учига чиққан хушомадгўйсан.

«Хушомадгўй« қандайдир ғалати сўз. У бола Саймон Муненни беҳуда ҳақорат қилмади. Саймон Мунен баъзида назоратчи Макглейдга орқа қилиб, енг учида иш битиради, назоратчи бўлса гўё ўзини жаҳли чиққандай кўрсатади. Бу сўзнинг оҳанги ёқимсиз. Бир сафар у Уиклоу меҳмонхонасида ҳожатхонадаги чаноқда қўлини ювди, кейин отаси занжирга боғлаб қўйилган тиқинни очиб юборди ва шунда ювинди сув тешикдан пастга оқиб туша бошлади. Сув секинлаб оқиб кетгандан сўнг чаноқнинг тешигидан: «х-у-ш» деган товуш чиқди. У шуни эслади, яна ҳожатхонанинг оппоқ деворлари эсига тушди, бадани жунжикиб, совқотгандай бўлди, кейин қизиб кетди. У ерда иккита жўмрак бор, уларни бураш керак, шунда совуқ ва иссиқ сув оқади. Бадани бир зум совқотиб қалтиради, кейин бироз қизигандай бўлди. У жўмракларга муҳрланган сўзларни кўрди. Бунда қандайдир ғалати сир бор эди.

Даҳлиз ҳам совуқ, ҳавоси аллақандай бўғиқ, зах. Ҳечқиси йўқ, ҳадемай газни ёқишади, газ ёниб турганда, худди ашула хиргойи қилгандай, бир маромда вишиллайди. Ўша, ҳар доимги ашуласини куйлайди, болалар шовқин қилишмаса дам олиш хонасида хиргойини эшица бўлади.

Арифметика дарси бошланди. Ҳазрат Арнолл доскага бир қийин масалани ёзди-да, болаларга қараб шундай деди:
— Xўш, қани, ким ғолиб чиқаркан? Бошла, Ёрк! Тез бўл, Ланкастер!

Стивен жон-жаҳди билан киришди, бироқ масала жуда мураккаб эди, у чалкашиб кетди. Кўкрагидаги, камзулининг устидан оқ атиргул қўшиб тақилган шойи нишонча титрай бошлади. У арифметикадан кучли эмас эди, бироқ Ёрклар ютқазиб қўймасин, деб жон-жаҳди билан тиришди. Ҳазрат Арнолл юзига жиддий тус берди, бироқ у жаҳлга минмаган, мийиғида кулиб турарди. Туйқусдан Жек Лотен бармоқларини қирсиллатди ва Ҳазрат Арнолл унинг дафтарига назар ташлаб, деди:
— Тўғри, яша Ланкастер! Қирмизи атиргул ютди. Қани-қани, бўш келма, Ёрк! Қани, тез бўл.

Жек Лотен ўтирган жойидан уларга қараб-қараб қўяди. Унинг денгизчилар киядиган мовий кўйлагидаги қирмизи атиргул қўшиб тақилган жажжи шойи нишонча жудаям ярашиқли эди. Стивен юзлари қизарганини ҳис қилди, шу дамда у болаларнинг тайёрлов синфида ким кучли: Жек Лотенми ё Стивенми, деб баҳс бойлашганини эслаганди. Биринчи ўқувчи номини бир ҳафта Жек Лотен, бир ҳафта у қўлга киритган вақтлар ҳам бўлган. Навбатдаги масалани ечар экан, унинг оқ шойи нишончаси титраб, қулоғи остида Ҳазрат Арноллнинг овози жаранглаб турди. Кейин унинг ғайрати сусайиб қолди, манглайига совуқ тер тепчиди, юзлари бир зумда совуб қолганини ҳис қилди. Бетим совиб кетди, демак, оқариб кетган бўлса керак, деб ўйлади у. Масалани еча олмади, бироқ ташвишланмаса ҳам бўлади. Оқ атиргул, қирмизи атиргул—бари чиройли гуллар! Биринчи, иккинчи, учинчи ўқувчига бериладиган гувоҳномаларнинг ҳам ҳаммаси бирдай чиройли: қирмизи, оқ сариқ ва бинафша. Оқ сариқ, бинафша ва қирмизи атиргуллар ҳам чиройли. Балки ёввойи атиргуллар айнан шундайдир: бехосдан хаёлига майсазордаги ёввойи атиргул ҳақидаги қўшиқ келди. Бироқ атиргулларнинг яшил ранглиси бўлмайди. Ким билсин тағин, бир жойларда бўлса бордир.

Қўнғироқ жиринглади ва ўқувчилар синф-синф бўлиб бирин-кетин даҳлиздан юриб ошхонага йўл олишди. У ликопчасидаги икки туюр сариқ ёғга термилиб ўтирибди, бироқ елимшак нонни ея олмади. Дастурхон ҳам ҳўл, шилимшиқ. Шунга қарамай, у оқ этак боғлаб олган қўпол хизматчи кружкасига шопириб қуйиб кетган иссиқ чойни бир кўтаришда сипқорди. Сассиқ Роуч билан Сорин қаҳва ичди, уларга қаҳвани уйидагилари тунука қутиларда юборишади. Бу ернинг чойини ичиб бўлмайди, ювиндига ўхшайди, дейишади улар. Уларнинг оталари — катта судя, деб гапиради болалар.

Болалар унга жуда ғалати туюлади. Уларнинг ҳаммасининг отаси, онаси бор, ҳаммасининг камзуллари ва овозлари ҳар хил. Шу зумда уйларида бўлиб қолса, қани энди онасининг тиззасига бошини қўйиб ёца. Бироқ бунинг ҳеч иложи йўқ, қани бу ўйинлар, дарслар, ибодатлар тезроқ тугай қолса, бориб тўшакда чўзилиб ётарди.

У яна бир кружка қайноқ чой ичди, шу пайт Флеминг сўради:
— Сенга нима бўлди? Бирор жойинг оғрияптими?
— Билмайман, — деди Стивен.
— Қорнинг оғриётган бўлса керак, — деди Флеминг, — рангинг оқариб кетганга ўхшайди. Ҳечқиси йўқ, ўтиб кетади.
— Ҳа, — деди Стивен.

Бироқ унинг қорни оғримаётганди. Юрагим оғрияпти, деб ўйлади у, агар шу жой оғриши мумкин бўлса. Флеминг кўнгли очиқ бола, ундан ҳол сўради. Йиғлагиси келди унинг. Тирсакларини столга тиради ва кафтлари билан иккала қулоғини маҳкам бекитди, кейин очди. У ҳар гал қулоғини чиппа бекитиб, кейин очганда ошхонадан кучли шовқин эшитилади. Бу худди тунда шитоб билан кетаётган поезд шовқинига ўхшайди. У қулоғини бекица шовқин тинади, поезд тунелга кириб кетгандай. Ўша оқшом Докида поезд мана шундай гумбурлаган эди, туннелга кириши билан шовқин тинди. Стивен кўзларини юмди, поезд юрди—шовқин, сўнг жимлик, яна шовқин—жимлик. Унинг гумбурлашини, кейин тинчланишини эшитиш мароқли, мана, тағин туннелдан отилиб чиқди, гумбурлади, жимиб қолди.

Кейин юқори синф болалари сафланишиб, ошхона ўртасидаги поёндоздан юриб ўта бошлашди. Педди Рет, Жимми Межжи, испан бола, унга тамаки чекишга рухсат берилган, кичкина португал кетаяпти, жун қалпоқ кийиб юради. Кейин кичик синфлар ва тайёрлов бўлими қўзғалди. Ҳар қайси боланинг ўзига хос равиш-рафтори бор.

У дам олиш хонасининг бир бурчагида, ўзини гўё домино ўйинини томоша қилаётган кўйга солиб ўтирибди, ора-сира бирми, икки бор газнинг хиргойисини эшитишга муваффақ бўлди. Назоратчи болалар билан эшик олдида тик турибди. Саймон Мунен одатдагидай унинг соясида куймаланади. Назоратчи болаларга Таллабег ҳақида ниманидир гапираётир.

Кейин у эшикдан нарироққа юрди. Уеллс эса Стивенга яқин келиб, сўради:
— Айт-чи, Дедалус, сен ухлаш олдидан онангни ўпасанми?
— Ҳа, — деб жавоб берди Стивен.

Уеллс болалар томонга ўгирилиб, деди:
— Эшитдингларми, бу бола ҳар кун оқшом ухлаш олдидан онамни ўпаман, деяпти.

Болалар ўйинни тўхтатиб, ўгирилиб қарашди ва кулиб юборишди. Стивен уларга қараб, кулишларидан ловуллаб тутақиб кетди:
— Йўқ, мен ўпмайман.

Уеллс унинг гапини илиб олди:
— Эшитдингларми, бу бола ухлаш олдидан онасини ўпмас экан.

Яна кулги кўтарилди, Стивен уларга қўшилиб кулишга уринди. Бирдан аъзойи бадани қизиб кетди, ўзини нохуш сезди. Қандай жавоб бериш керак эди? Ундай деса ҳам, бундай деса ҳам Уеллс кулди-ку! Уелсс, афтидан, нима деб жавоб беришни билади, чунки у учинчи синф. Стивен Уеллснинг онасини кўз олдига келтирмоқчи бўлди, бироқ Уеллсга қарашга ботинолмади. Уеллснинг башараси унга ёқмасди. Шу Уеллс уни кеча ҳожатхона тешигига итаргилади, у жажжи тамакидонини ошиққа алишмади, ошиқни Уеллс қиморда қирқ бор ютиб олган. Уеллс пасткашлик қилди, болалар шундай дейишди. Сув муздай, шилимшиқ эди. Бир бола катта каламушнинг бўтқага «шалп» этиб тушганини кўриб қолган.

Баданида аллақандай ёқимсиз совуқ шилимшиқ суюқлик югургандай бўлди, дарсга қўнғироқ чалинганда болалар дам олиш хонасидан тизилиб чиқа бошлашди, у даҳлизда, кейин зинапояда кетаётиб кийимининг тагидан изиллаб совуқ кираётганини ҳис қилди. Ҳануз миясида нима деб жавоб бериш керак эди, деган ўй чарх уради. Қайсиси тўғри — онасини ўпгани маъқулмиди, ўпмагани? Ўпич дегани нима? Онангга «хайрли тун» дейиш учун бошингни мана бундай кўтарасан, онанг юзини тутади. Шу-да, ахир, ўпич дегани. Онаси унинг иягига лабларини босади, онасининг лаблари юмшоқ, лаблари унинг иягига совуққина тегади ва қисқагина майин товуш чиқаради: пс. Одамларнинг бир-бирларига юзларини тутишининг нима кераги бор экан?

У ўз ўрнига ўтириб, партасининг қопқоғини очди ва тагига елимланган рақамни—етмиш еттини етмиш олти қилиб ўзгартирди. Мавлуд таътилигача ҳали жуда узоқ, бироқ қачондир барибир у кунлар келади, ахир, ер тинимсиз айланиб турибди-ку.

Унинг география дарслигининг биринчи бетида Ер расми бор. Улкан шар булутлар орасида. Флемингда бир қути рангли қаламлари бор, бир куни кечқурун мустақил дарс пайти Флеминг ерни яшилга, булутларни эса жигаррангга бўяди. Бу Дентининг жавондаги иккита чўткадай: дастасига яшил бархит қопланган чўтка Парнелл шарафига, жигарранг бархит қопланган чўтка Майкл Девитт шарафига. Бироқ бунақа рангларга бўяшни у Флемингдан илтимос қилгани йўқ. Флеминг ўзи шундай бўяди.

У дарс тайёрламоқчи бўлиб географияни очди, бироқ Америкадаги атамаларни ёдида сақлай олмади. Ҳар хил жойлар турлича номларда аталади. Улар турли мамлакатларда, қитъаларда, қитъалар эса Ерда, Ер эса Коинотда.

У яна биринчи бетни очди ва қачондир ўзи ёзиб қўйган сўзларни ўқиди: мана унинг ўзи, исм-шарифи ва яшаётган жойи.

  • Стивен Дедалус
  • Тайёрлов синфи
  • Клонгоус Вуд Коллеж
  • Селлинз
  • Килдер графлиги
  • Ирландия
  • Оврупо
  • Ер
  • Коинот

Буни ўзи қўли билан ёзиб қўйган. Флеминг эса бир куни кечки пайт ҳазиллашиб шу бетнинг орқасига бундай деб ёзди:

Стивен Дедалус — исмим менинг,
Ирландия — менинг ватаним.
Клонгоус — бошпанам менинг
Осмон — менинг паноҳим.

У шеърни тескари томондан ўқиди, бироқ энди шеърга ўхшамади. Кейин у биринчи бетдаги ёзувни қуйидан юқорига қараб ўқиб чиқди ва ўзининг исмига келди. Мана бу унинг ўзи. У тағин ҳаммасини юқоридан қуйига қараб ўқиди. Коинотдан кейин нима келади? Ҳеч нима. Бироқ коинот теварагида, балки унинг қаерда тугашини ва бу ҳеч нима қайси жойдан бошланишини белгилайдиган бир нима бордир? У қалин девор билан тўсилмагандир, эҳтимол теварагини юпқа гардиш ўраб олган бўлиши мумкин. Бор бутунича ва ҳамма жойни ўраб олиши — ғалати-ку? Ақлга сиғмайди. Ёлғиз тангригина бунга қодир. Бу чеку чегарасиз улкан фикрни тасаввур қилишга уринди, бироқ хаёлига фақат тангри келди, холос. Тангри — тангрининг исми бу, худди унинг исми Стивен бўлганидай. Диеу—тангри шундай бўлади, тангрини шундай деб ҳам аташади, кимдир биров тангрига сиғинаётиб Диеу деб мурожаат қилади, шунда тангри сиғинаётган франсузлигини дарҳол пайқайди. Исми турли тилларда турлича бўлса-да, тангри ҳаммасини тушунади, одамлар ўз тилларида тиловат қилишса-да, нимани гапиришаётганини билиб туради, барибир тангри тангрилигича қолади ва унинг ҳақиқий исми Тангри.
Бу фикрлардан у жуда толиқди. Назарида боши хумдай шишиб кетганга ўхшади. Варақни очиб, уйқули кўзлари билан жигарранг булутлар орасидаги думалоқ яшил ерга қаради. У ўйлаб бошлади, қайси тўғри — яшил рангни ёқлаш керакми ёки жигаррангними, чунки бир куни Денти қайчи билан чўтканинг дастасидаги Парнелл шарафига қопланган яшил бархитни сўкиб ташлади ва унга эшиттириб, Парнелл — ярамас одам, деди. Ҳозир уйларида бу ҳақда мунозара қилишаётганмикан. Бу сиёсат дейиларди. Икки тараф бўларди: Денти бир тараф, отаси ва мистер Кейси — бошқа тараф, бироқ онаси билан Чарлз тоғаси бирор-бир тарафга қўшилишмасди. Ҳар куни рўзномалар бу ҳақда нималардир ёзишарди.

Сиёсат нима эканини яхши тушунмаслиги, Коинот қаерда тугашини билмаслиги унга алам қилади. У ўзини кичкина ва нимжон сезди. Қачон у поезия ва риторика синфидаги болалардай бўларкан? Уларнинг товуши катта одамларникидай, бармоқлари ҳам катта-катта, улар тригонометрияни ўтади. Бунгача ҳали жуда узоқ. Аввал таътил бўлади, кейин эса навбатдаги семестр, ундан кейин яна бир семестр, ундан кейин яна таътил. Бу поездга ўхшайди, туннелга киради, туннелдан чиқади ва яна шовқинга ўхшайди, агар ошхонада қулоғингни бекитиб туриб очсанг, бир эшитилиб, бир тинадиган шовқинга. Семестр — таътил, туннел — ташқари, шовқин — жимлик, эҳе, ҳали бу жудаям узоқ! Қанийди, тезроқ тўшакка кириб ухлаб қолса. Черковда ибодат қилиб олинса бўлди — тўшакка шўнғийди. Уни безгак тутди, эснади. Чойшаблар озроқ исигандан кейин тўшакда ётиш мазза-да. Кирган пайтингда муздай бўлади. Буни хаёлига келтириб, бадани қалтираб кетди. Кейин исийди, шундан сўнг уйқуга кетасан. Ўзингни ҳорғин сезишнинг гашти бор. У яна эснади. Кечки ибодат тугадими — тамом, тўшакка шўнғийсан, у керишди ва тағин эснагиси келди. Бир неча дақиқадан сўнг ҳузур қиласан. У шитирлаётган совуқ чойшабга илиқ нафас урилаётганини, бирдан исиб кетаётганини ҳис қилди, аъзойи бадани қизиб кетди, кейин бироз совугандай бўлди, безгак тутди ва эснагиси келиб оғзини очди.

Кечки ибодатга қўнғироқ чалинди ва улар жуфт-жуфт бўлиб зинадан юриб, даҳлиз орқали черковга боришди. Узун даҳлиздаги чироқлар ҳам хира. Ҳадемай ҳаммаси ўчади, тинчийди. Черков совуқ, оқшомги салқин ҳаво уфуради, мармар устунларнинг эса ранги тунги денгизникидай. Денгиз совуқ, кечаси ҳам, кундузи ҳам, бироқ кечаси совуқроқ. Қуйироқда, уларнинг уйларининг ёнида, тўлқинга қарши қурилган ғов атрофи ҳам совуқ ва қоронғи. Уйларида оловда қозонча қайнаяпти, унда пунш пишаяпти.

Руҳоний тепасида туриб дуо ўқиди ва унинг хотирасида дуо сатрма-сатр муҳрланди.

Тангрим! Каломимни ўзинг рост этгайсан,
Каломим шарафларга буркагай номингни Сенинг,
Шошил, Xудойим, менга нажот бергали.</div>

Черков совуқ, оқшом нафаси ҳукм суради. Бироқ бу илоҳий нафас. Бу якшанба кунлари ибодат чоғида улардан орқароқда тиз чўкиб ўтирадиган деҳқонлардан анқийдиган ҳидга ўхшамайди. Деҳқонлардан қишлоқ ҳавосининг, ёмғирнинг, торф ва дағал матоларнинг ҳиди анқийди. Уларнинг нафаси шундоқ унинг кифтига урилиб туради, чўқинганида улар хўрсиниб қўйишади. Улар Клейнда яшайди, дейди бир бола. Кичик-кичик уйчалар бор Клейнда. Бир сафар улар Селлинзни ёқалаб йўлдан ўтиб кетишаётганида у қия очиқ эшикда қўлида бола кўтариб турган аёлни кўрган. Қани, уйчада бир оқшом тунаб, торф тутаб ётган ўчоқ олдида, ловуллаб қизиб ётган чўғнинг алангаси ёритган ғира-шира қоронғиликда деҳқонлардан анқиган ҳиддан, ёмғир, торф ва дағал матоларнинг ҳидидан тўйиб-тўйиб нафас олсанг. Бироқ дарахтлар орасидан ўтган йўл қоп-қоронғу! Бундай зимистонда адашиб қолганнинг ҳолига вой! Бу ҳақда ўйлаб, уни ваҳима босди. У тиловатнинг сўнгги сўзларини ўқиган руҳонийнинг товушини эшитди. Чўқина бошлади, бироқ хаёлини дарахтлар орасидаги қоронғулик ҳақидаги ўй тарк этмасди.

У ётоқхонада ечинаётганида бармоқлари титради. Бармоқларини бўйсундиришга уринди. Газни ўчиришгунча у ечиниши, тиз чўкиши, дуо ўқиши ва тўшакка ётиши керак эди. У пайпоқларини суғурди, шаша-пиша тунги узун кўйлагини кийди-да, қалтираб каравот ёнига тиз чўкди ва газ ўчиб қолишидан хавотирда наридан-бери дуо ўқий бошлади. У пичрлаганда елкалари силкиниб қўярди.

Тангрим, отам билан онамни ўз паноҳингда
сақла ва уларни мен учун асра!
Тангрим, укаларим ва сингилларимни ўз
паноҳингда сақла ва уларни мен учун асра!
Тангрим, Денти билан Чарлз тоғани ўз
паноҳингда сақла ва уларни мен учун асра!

У чўқинди ва сакраб тўшакка шўнғиди, кўйлагининг этагига оёқларини чирмаб, аъзойи-бадани титраб-қақшаб, муздай оқ чойшабга кулча бўлиб ўраниб олди. Қазо қилганида дўзахга тушмайди, қалтироғи эса ҳадемай босилади. Ётоқхонада болаларга хайрли тун тилаган овоз эшитилди. У бир зум бошини чиқариб қаради, каравотнинг олди ва ён томонларига тортилган, уни тўрт томонидан бекитиб турган яшил пардаларга кўзи тушди. Газни секин пасайтириб ўчиришди.

Назоратчининг қадам товуши узоқлашди. Қаёққа кетаяпти? Зинадан юриб пастга тушиб, кейин даҳлизга ўтармикан ёки даҳлизнинг тўридаги ўзининг хонасига борармикан? У зулматни кўрди. Қора ит ҳақидаги гаплар ростмикан, тунлари бу ерда изғиб юрармиш, кўзлари тўрт ғилдиракли араванинг чироқларидай катта-катта. Айтишларича, бу қотилларнинг арвоҳлари эмиш. Қўрқувдан унинг бадани қалтираб кетди. Кўзига қасрнинг зим-зиё даҳлизи кўринди. Қартайиб қолган хизматкорлар эски-туски коржомаларида, зина тагидаги дазмолхонага йиғилишди. Бу анча бурун бўлган. Қари хизматкорлар чурқ этмай ўтиришарди. Ўчоқда олов липиллайди, бироқ паст қоп-қоронғи. Биров даҳлизга кўтариладиган зинадан чиқиб келаётир. Эгнида оқ маршаллик плаш, юзи газарган, бефарқ. Қўлини юраги устига маҳкам босган. Қари хизматкорларга бефарқ қаради. Улар ҳам хўжайинларининг юзини, кийим-кечагини танишди ва унинг ўққа учганини пайқашди. Бироқ улар қараган тараф қоронғи эди, зим-зиё, ўлик сукунат. Уларнинг хўжайини Прага бўсағасида, жуда узоқда, денгиздан олис жойда ажал ўқига дучор бўлган. У жанг майдонида турарди, қўли кўксига маҳкам босилган.

Ў, жуда совуқ ва бу ҳақда ўйлаш жуда қўрқинчли! Қоронғида баттар совуқ ва баттар қўрқинчли. Тўрт томонда юзидан қони қочган, ғалати башаралар, фонарга ўхшаган катта чақчайган кўзлар. Бу қотилларнинг арвоҳлари, узоқларда, денгиздан наридаги қонли жанг майдонларида ўққа учган маршалларнинг шарпалари. Улар нима демоқчи бўлишаётир, нега юзлари ғалати?

«Тангрим, ташрифингни бу даргоҳдан дариғ тутма, бизни йўлдан оздиргувчи шайтон васвасасидан ўзинг омон сақла...»

Уйга — таътилга! Қандай соз бўларди! Болалар унга айтишган. Қиш бошида эрта тонгда қаср дарвозаси олдида ҳамма извошларга ўтириб олади. Ғилдираклар қайроқтош йўлда ғичирлайди. Ректорга хайр-хўш айтган сўзлар жаранглайди.

Ура! Ура! Ура!

Извошлар кичик бутхона ёнидан ўтади, ҳамма бош кийимини ечади. Ўйнаб-кулиб қишлоқ йўлига чиқиб олишади. Аравакашлар қамчи билан Бунденстаун2 тарафга ишора қилади. Болалар қичқиради: «Ура!» Ижарачи Жоллининг уйи ёнидан ўтишади. Ура, ура ва яна бир бора ура! Шодон қийқириқлар билан Клейндан ўтишади, йўл четида турган одамларга қичқиришиб салом беришади, улар ҳам кулиб-қийқириб алик олади. Қия очиқ эшиклар олдида қишлоқ аёллари қараб туришибди, у ер-бу ерда эркакларнинг қораси кўринади. Қиш ҳавосининг ажойиб ҳиди — бу Клейннинг ҳавоси: ёмғир ҳиди, эриётган торф ва деҳқонларнинг дағал уст-бошларидан анқиётган ҳид.

Поезд болалар билан тирбанд: узун шоколаднусха поезд. Кондукторлар нари бориб, бери келиб, эшикларни ёпиб-очиб юришибди. Улар тўқ ҳаворанг зарҳалли мундир кийиб олишган, қўлларида кумуш ҳуштаклар, калитлари қувноқ жиринглайди: клик-клик, клик-клик.

Поезд Эллин қирларини ортда қолдириб, тап-тақир текисликда шитоб билан кетаётир. Телеграф оғочлари липиллаб ортда қолаётир...

Поезд елдек учади... У йўлни билади. Уйлари айвонида фонарлар, яшил новдалардан ясалган гулчамбарлар бор. Печакгул ва игнабарглар катта тошойнани чирмаб олган, бири яшил, бири қирмизи печакгул билан игнабарг чилчироқнинг гирдига чирмашиб кетган. Яшил печакгул ва қирмизи игнабарг девор бўйлаб эски суратларнинг теварагига ўралган. Печакгул ҳам, игнабарг ҳам унинг шодлиги учун, мавлуд айёми учун.

Қандай соз!

Ўз уйинг — ўлан тўшагинг. Салом Стивен! Шодон қийқириқлар. Онаси уни ўпади. Ўпиш шартмикан? Унинг отаси энди маршал, судя ҳам гапми. Мана уйингдасан. Салом, Стивен.

Шовқин...

Бу шарақлаб очилаётган парданинг шовқини эди, чаноқлардан оқиб тушаётган сувнинг шувиллаши эди. Ётоқхонада уйғониб ўрнидан тураётган, кийинаётган ва ювинаётган болаларнинг шовқини: назоратчи кафтини кафтига уриб, нари-бери бориб келар, болаларга бақириб, уларни қистарди... Қуёшнинг заиф нурлари суриб қўйилган сариқ пардаларга, ғижимланиб ётган чойшабларга тушиб турибди. Унинг тўшаги танчадай қизиб кетган, юзи ҳам, аъзойи-бадани ҳам жуда иссиқ.

У ўрнидан туриб, кароватнинг четига ўтирди. Ўзини дармонсиз сезди. Узун пайпоғини киймоқчи бўлди. Пайпоғи жуда қаттиқ, дағал туюлди, ўзини беҳол сезди.

Флеминг сўради:
— Сенга нима бўлди, тобинг қочдими?

Ўзи билмасди нима бўлганини. Флеминг тағин сўради:
— Тўшагинга кира қол. Мен Макглейдга айтаман, тоби қочиб қолди, дейман.
— У касал.
— Ким?
— Макглейдга айтинглар.
— Кир, кириб ётавер.
— У касалми?

Болалардан бири қўлтиғидан ушлаб суяб турди. У оёғига ёпишиб қолган пайпоғини суғуриб олди ва иссиқ тўшакка кириб ётди.

У тўшаги совиб қолмаганига қувониб, ўзини чойшабнинг ичига олди. Қулоғига эрталабки ибодатга чоғланаётган болаларнинг ўзи ҳақидаги гап-сўзлари чалинди. Аблаҳлик қилди-да. Уни ҳожатхона тешигига итариш — аблаҳлик бўлди, дейишарди улар. Кейин болаларнинг овози тинди, улар чиқиб кетишди. Каравоти ёнидан кимнингдир овози келди:
— Дедалус, сен бизларни чақиб бермайсан-а, тўғрими?

Қаршисида Уеллснинг башараси кўринди. Унга қаради ва Уеллснинг қўрқатётганини сезди.
— Мен атай қилганим йўқ. Айтмайсан-а, Стивен?

Отаси зинҳор ўртоқларинг устидан чақимчилик қилиб юрмагин, деб тайинлаган. У бошини чайқади. «Йўқ» деди ва ўзини енгил ҳис этди.

Уеллс деди:
— Чин сўзим, ишон, мен атай қилганим йўқ. Мен ҳазиллашдим. Xафа бўлма.

Уеллснинг башараси ғойиб бўлди, товуши учди. Узр сўраяпти, чунки қўрқади. Қўрқади, гўё у бедаво дардга йўлиққану... Гиёҳларни қурт-қумурсқа еб битиради, жонзотларни қисқичбақа кемиради ёки аксинча. Бу анча олдин бўлган эди, ўшанда майдонда, кеч кириб қош қорая бошлаган паллада, у командасининг думида ер тепиниб юрар ва зим-замбил қуш бўзранг ҳавода ер бағирлаб учарди. Лестер аббатлигида чироқларни ёқишди, у ерда Уолси қазо қилди. Уни аббатлар ўзлари дафн этишди.

Бу энди Уеллснинг эмас, унга тикилиб турган назоратчининг башараси эди. У тилёғмалик қилаётгани йўқ. Йўқ, ҳечам, у чиндан бетоб. Алдаётгани йўқ. У манглайида назоратчининг қўлини сезди, назоратчининг қўли остида манглайи жуда иссиқ ва ҳўл эканини ҳис қилди. Гўё каламушни ушлагандай сесканди — шилимшиқ, жиққа ҳўл ва совуқ. Ҳар қандай каламушда кўзи иккита, улар кўриш учун. Териси туксиз, тақир, силлиқ ва сирпанчиқ: оёқлари кичкина, йиғилган, сакрашга қулай, қоп-қора йилтиллаб турадиган кўзчалари бор, кўриш учун. Улар билади қандай сакрашни. Бироқ тригонометрияни улар икки дунёдаям тушунмайди. Ўлганлари ёнбоши билан ётади, уларнинг териси қовжираб, қуриб қолади. Энди бу ўлимтик, холос.

Назоратчи қайтиб келди, гапираётган унинг овози, туриш кераклигини айтаяпти, унга ибодатхона бош руҳонийси турсин, кийиниб касалхонага борсин дебди. У ўрнидан туриб, кучининг борича илдамроқ кийинишга уринаётганда назоратчи деди:
— Мана энди биз бирга-бирга Майкл оғанинг қабулига борамиз ва қоринчамизда талотўп бўлаяпти, деб айтамиз унга.

Назоратчи шундай деди, чунки у яхши одам. Уни кулсин деб атай шундай гапирди. Бироқ у кула олмади, чунки ияги, лаблари қалт-қалт титраяпти, буни кўрган назоратчи ўзи кулиб қўйди. Кейин қичқирди:
— Қани бўл! Дадил-дадил қадам ташла!

Улар бирга-бирга зинадан пастга тушишди ва даҳлиздан юриб, ҳаммомнинг ёнидан ўтишди. Ҳаммомнинг эшигига рўпара келганда у безовта хавотир ичида илмилиқ, торф тусидаги бўтана сувни, илиқ намхуш ҳавони, сувга шўнғиётган гавдаларнинг шов-шуви ва сочиқларнинг дорилар ҳидига ўхшаш ҳидини эслади.

Майкл оға касалхона эшиги олдида турарди, унинг ўнг томонидаги қоронғи хона эшигидан дориларнинг ҳидига ўхшаш ҳид келарди. Бу жавонларга терилган шишалардан чиқаётган ҳид. Майкл оға билан гапга киришиб кетди. Майкл оға назоратчининг саволларига жавоб қилди ва уни «сер», деди. Унинг сариқ сочларига оқ оралаган, қиёфаси ғалатироқ эди. Унинг бир умр оғалигича қолиши қизиқ. Уни «сер» деб чақириш мумкин эмаслигиям ғалати, чунки у оға — тамом-вассалом, бошқаларга ўхшамайди. У бошқалардай тақводор эмасмикан? Бошқалардан нимаси кам унинг?

Хонада иккита каравот қўйилган, биттасида бир бола ётган эди, улар ичкарига киришганда ўша бола қичқирди.
— Салом бошловчи Дедалус! Тепада нима гап?
— Тепада осмон бор, — деди Майкл оға.

Бу учинчи синфда ўқийдиган бола эди. Стивен ечинаётганда у Майкл оғадан бир бўлак қизартириб пиширилган нон билан ёғ узатишини сўради.
— Узатақолинг, илтимос, — деди у.
— Ёғ егилари келибди-да, — деди Майкл оға. — Ҳали доктор келсин, сенинг жавобингни берамиз.
— Жавобимни берасизми? — такрорлаб сўради бола. — Мен ҳали буткул соғайганим йўқ-ку.

Майкл оға гапини такрорлади:
— Берамиз, берамиз, кўнглинг тўқ бўлсин. Буни сенга мен айтаяпман.

У ўчоқдаги оловни қўзғамоқчи бўлиб энкайди. Унинг бели чана тортадиган отларникидай узун эди. У косовни ҳафсала билан силкилади ва учинчи синф боласига маънилатиб бош ирғаб қўйди.

Кейин Майкл оға чиқиб кетди, бироз ўтиб учинчи синф боласи девор томонга ўгирилиб олди ва ухлаб қолди.

Мана, у касалхонада. Демак, у касал. Улар ота-онасига хат ёзиб, хабар беришганмикан. Яхши бўларди агар руҳонийлардан бирортаси бориб айса. Ёки ўзи хат ёзиб берарди, элтиб берса.

Меҳрибон онажоним!

Мен касал бўлиб қолдим. Уйга кетгим келаяпти. Тезроқ келинг, мени уйга олиб кетинг. Мен касалхонадаман.

Суюкли ўғлингиз Стивен.

Улар жудам узоқда! Дераза ортидан қуёшнинг тафсиз нури йилтирайди. Бирдан ўлиб қолса-я? Ахир, қуёш чиқиб турган кунда ҳам ўлиб қолиши мумкин-ку. Эҳтимол, у онаси етиб келгунча ўлиб қолар. Ундай бўлса дафн маросимини черковда ўтказишади. Литтл ўлганда шундай қилишган — унга бу ҳақда айтиб беришганди. Ҳамма болалар қора кийимда черковда йиғилишади, ҳаммаси мотамсаро қиёфада. Уеллс ҳам келади, бироқ бирорта бола унга қайрилиб қарашни истамайди. Кейин тобутни оҳиста кўтаришиб, черковдан олиб чиқишади ва катта хиёбон ортидаги жамоанинг мўъжаз қабристонига дафн этишади. Ўшанда Уеллс қилган ишига афсусланади ва жомнинг маъюс садоси таралди.

Қулоғига ҳатто жом садоси чалинди. Беихтиёр Брижет ўргатган қўшиқни ичида такрорлади:

Қўнғироқ динг, донглаб садо бер.
Алвидолар айтгин онажон!
Асра мени эски мозорда.
Акажоним қабри ёнида.
Тобут четидаги жияк қародир.
Олти нафар малак ҳамроҳдир:
Дуо ўқир иккови, иккови куйлар.
Иккиси жонимни фалакка элтар.

Қандай гўзал ва мунгли! Қандай чиройли сўзлар, айниқса, «Асра мени эски мозорда», деган жойи. Баданида титроқ турди. Қандай мунгли ва қандай гўзал! Унинг йиғлагиси келди, хўрлиги келганидан эмас, ана шу, худди мусиқадай гўзал ва мунгли сўзлар учун. Жом жаранглаяпти. Алвидолар айтгин! Алвидо!
Қуёшнинг тафсиз нури хира тортиб қолди. Майкл оға унинг каравоти бошида, қўлида шўрва солинган косани кўтариб турибди. У ичида севинди, чунки танглайи қуриб, томоғи қизиб кетганди. Майдонда ўйнаётган болаларнинг қий-чувлари қулоғига чалиниб турибди. Бу кун ҳам коллежда ҳаммаси олдингидай, худди ўзи бор пайтдагидай ўтаяпти. Кейин Майкл оға кетишга чоғланди, учинчи синф боласи унинг, алабатта, келиб туришини ва газеталардаги янгиликларни гапириб беришини илтимос қилди. У Стивенга исми Эдди эканини айтди, отасининг бир қўра пойга оти борлигини, уларнинг ҳаммаси соврин олган йўрғалар эканини ва яна отаси Майкл оғага қайси отга унинг учун соврин қўйишини айтиши мумкинлигини, чунки Майкл оға яхши одам эканини, унга ҳар куни жамоага келиб турадиган газеталардаги янгиликларни канда қилмай гапириб бериб туришини айтди. Газеталар турли-туман янгиликлар, воқеалар, кемалар ҳалокати, спорт ва сиёсат ҳақидаги хабарларга тўла.
— Ҳозир газеталарда нуқул сиёсат ҳақида ёзишади, — деди у. — Сенинг ота-онанг ҳам шу ҳақда гапиришса керак.
— Ҳа, — деди Стивен.
— Бизникилар ҳам, — деди у.

Кейин у бир дақиқа ўйлаб туриб деди:
— Сенинг исм-шарифинг ғалати-а — Дедалус, меники ҳам ғалати — Эдди. Менинг исм-шарифим шаҳар номидан, сеники лотинчага ўхшайди.

Кейин у сўради:
— Сен топишмоқ топишга устамисан?

Стивен жавоб қилди:
— Унчаликмас.

Шунда у деди:
— Қани топ-чи, Килдер графлиги нимаси билан грамматикага ўхшайди.

Стивен жавоби қанақа бўларкан, деб бироз ўйланди, кейин деди:
— Ютқаздим.
— Чунки унда ҳам, бунда ҳам «Эди» бор. Тушунарлими? Эдди—Килдер графлигидан шаҳар номи, эди — грамматикада феъл.
— Тушунарли, — деди Стивен.
— Бу эски топишмоқ, — деди у.

Кейин бироз сукут сақлаб туриб, деди:
— Биласанми?
— Нима? - сўради Стивен.
— Бу топишмоқни бошқача йўл билан топса ҳам бўлади.
— Бошқача йўл билан? — сўради Стивен.
— Шу топишмоқни-да, — деди у. — Биласанми, уни қандай қилиб бошқача йўл топиш мумкин.
— Йўқ, — деди Стивен.
— Тополмайсанми, а?

У ўмганини кўтариб, Стивенга қаради. Сўнг ўзини ёстиққа тушлаб, деди:
— Бошқача йўл билан топса бўлади, қандай топишни айтмайман.

Нега у айтмади? Унинг отасининг бир қўра пойга оти бор, демак Сориннинг, Сассиқ Роучнинг отасидай судя бўлса керак отаси. Стивен ўзининг отасини эслади, онаси роял чалганда отаси қўшиқ айтарди ва ҳар сафар у танга сўраганда отаси сўм берарди, отасининг бошқа болаларнинг отасидай судя эмаслиги унга алам қилди. Унда нега бу болаларга қўшиб, уни ҳам бу ерга ўқишга беришди? Бироқ отаси бир гап айтган, сенга бу жой бегона эмас, чунки бундан роса эллик йил бурин бобонг бу ерда Xалоскор1 номини олган, деган. Ўша замоннинг одамларини эски урфдаги камзулларидан билса бўлади. Ўша пайтларда ҳаммаси тантанавор руҳда кечган — балки, деб ўйлади у, ўша пайтлар Клонгоуснинг тарбияланувчилари мис тугма қадалган ҳаворанг калта камзулда юришгандир, сариқ нимча ҳам, қуён терисидан тикилган қалпоқ ҳам кийишгандир, пиво ҳам ичишгандир катталарга ўхшаб, қуён ови учун този ҳам асрашгандир.

У деразага қаради, кундузнинг ёруғи янада хира тортганини кўрди. Энди майдонча тепасини ҳам, эҳтимол, бўзранг булут қоплаб олгандир. Майдончада жим-житлик. Болалар синфда масала ечаётган бўлишса керак ёки ҳазрат Арнолл уларга овоз чиқариб китоб ўқиб бераётгандир.

Унга бирор-бир дори беришмаётгани ғалати. Эҳтимол, Майкл оға қайтиб келса, ўзи билан олиб келар. Касалхонага тушсанг аллақандай сассиқ суюқлик ичиришади дейишганди. У ўзини олдингидан кўра тузукроқ ҳис қилди. Аста-секин соғайиб кетгани тузук-да. Соғайса китоб сўраши мумкин. Кутубхонада Голландия ҳақида китоб бор. Унда ажнабийча ғалати атамалар, ғаройиб шаҳарлар ва кемаларнинг суратлари бор. Уларни мазза қилиб томоша қилса бўлади!

Деразанинг ёруғи бунча сўник бўлмаса! Бироқ шуниси маъқул. Деворда олов бир кўтарилиб, бир тушади. Бу денгиз тўлқинларига ўхшайди. Кимдир ўчоққа кўмир ташлади ва у овозларни эшитди. Улар гаплашаётганди. Xудди тўлқинларнинг шов-шувидай. Ёки бу тўлқинлармикан — кўтарилиб, тушиб гаплашаётган.

У бостириб келаётган тўлқинларни кўрди — ўркач-ўркач узун қора пўртаналар булутдай кўтарилади, тушади, ойсиз оқшомда баттар қорайиб кўринади. Кемалар кирадиган кўрфаздаги минорага ўрнатилган маёқда хира шуъла милтиллайди ва у қирғоққа йиғилган одамларни кўрди. Улар кўпчилик эди, бандаргоҳга кириб келаётган кемани кўриш учун қирғоққа йиғилишганди. Бир новча одам кема ортида зим-зиё тақир қирғоққа қараб турибди. Маёқнинг хира шуъласида Стивен унинг юзини кўрди. Бу Майкл оғанинг мотамсора юзи эди.

У Майкл оға оломон сари қўлини қандай чўзганини кўрди ва сув устида таралган аччиқ қайғули овозни эшитди.
— У ўлди. Биз унинг жасадини кўрдик.

Оломон айтиб йиғларди:
— Парнелл! Парнелл! У ўлди!

Оғир мусибатга тушган оломон оҳу фарёд қилиб, тиз чўкди.

У жигарранг бахмал кўйлакда, елкасидан ошириб яшил бахмал ридо ташлаб олган, қирғоқ лабида тиз чўккан оломон олдидан виқор билан бир сўз демай, ғоз юриб ўтиб бораётган Дентини кўрди.

* * *

Қип-қизил чўққа айланган тошкўмир уюми каминда алангаланаётир, печакгуллар қоплаган қандил остидаги мавлуд дастурхонига ноз-неъматлар тортилган. Улар бироз кечикишди, овқат эса ҳали ҳам тайёр эмас: бироқ онаси бирпасда тайёр бўлади, деди. Улар эшикнинг очилишини ва хизматкорларнинг оғир металл қопқоқлар ёпилган идишларни кўтариб кириб келишини кутиб ўтиришарди.

Ҳамма кутаётир. Чарлз тоға уй тўрида — дераза олдида ўтирибди. Денти ва мистер Кейси каминнинг икки тарафидаги оромкурсиларда, Стивен эса уларнинг ўртасида стулда оёғини каминнинг панжарасига қўйиб ўтирибди. Мистер Дедалус ўзини камин устидаги ойнага солиб қаради, мўйловининг учини бураб қўйди ва фракининг этакларини қайириб, орқасини оловга ўгириб турди, бироқ у тез-тез қўлини кўтариб, мўйловининг гоҳ у, гоҳ бу учини тобларди. Мистер Кейси бошини бир ёнбошга ташлаб, кулимсираб, гарданига шапатилаб уриб қўярди. Стивен ҳам жилмайди: у кумуш танга солинган ҳамён мистер Кейсининг кафтидадир деб ўйлаб, унинг маҳкам сиқилган муштини очмоқчи бўлиб уринди, лекин мистер Кейсининг бармоқлари тошдай қотиб қолган эди. Шунда мистер Кейси малика Викторияга туғилган куни муносабати билан совға тақдим этганимдан бери шу учта бармоғим акашак бўлиб қолган, деб айтди унга. Мистер Кейси гарданига шапатилаб уриб қўйди ва Стивенга қараб уйқули кўзлари билан кулимсиради, мистер Дедалус эса шундай деди:
— Xў-ўш. Яхши бўлди-да. Аммо зўр бўлди юриб келганимиз! Тўғрими, Жон! Xў-ўш... Бугун овқатланиш насиб қилармикан ўзи, билсак бўладими? Тоза ҳаводан тўйиб нафас олдик. Ҳарқалай ёмон бўлмади, жин урсин.

У Дентига ўгирилиб деди:
— Сиз бугун умуман чиқмадингиз-а, миссис Раёрден?

Денти қовоғини уйди ва қисқа жавоб қилди:
— Йўқ.

Мистер Дедалус фракининг этагини туширди ва буфетнинг олдига келди. У токчадан виски солинган каттакон сопол кўзани олди ва ундан секин графинга қуя бошлади, қуя туриб эгилди, қанча қуйганини кўрмоқчи бўлди. Кейин кўзани яна буфетга қўйди-да, иккита қадаҳчага оз-оздан виски қуйди, устидан озроқ сув қўшди ва қадаҳларни кўтариб каминнинг олдига келди.
— Овқат олдидан иштаҳани очади-да, Жон, — деди у.

Мистер Кейси қадаҳни қўлига олиб, бир кўтаришда бўшатди ва уни ёнига — каминнинг устига қўйди. Кейин деди:
— Ҳозир мен ошнамиз Кристоферни эсладим, унинг қўли қўлига тегмайди...

У хохолаб кулди, йўталди, сўнг қўшиб қўйди:
— Терга ботиб йигитларига шашпан улашади.

Мистер Дедалус қаттиқ кулди.
— Ўша Кристими? — деди у. — Ҳа, унинг тақир бошига битган ҳар битта сўгалда бир тўда фирибгарникидан ортиқроқ айёрлик бор.

У бошини осилтирди, кўзларини юмди ва ҳузур қилиб лабини ялади, сўнг хонадоннинг хўжайинига хос овозда гап бошлади:
— Ўзини нечоғи бўш-баёв қилиб кўрсатади! Сайраб юборади-я, доғули! Қўй оғзидан чўп олмагандай! Вой, анойи!

Мистер Кейсини ҳамон йўтал забтига олар, у ўзини кулгидан тўхтата олмасди. Стивен отасининг сохти-сумбатида, товушида хонадоннинг хўжайинини кўргандай, овозини эшитгандай бўлди ва кулгиси қистади.

Мистер Дедалус кўзига ойнакни қўндириб, ўғлига қараб, хотиржам ва меҳрибон оҳангда деди:
— Xўш, болакай, сен нега кулаяпсан, а?

Хизматкорлар кириб келишди ва идишларни дастурхонга қўйишди. Уларнинг ортидан миссис Дедалус кирди ва ҳаммани дастурхонга таклиф қилди.
— Марҳамат қилинглар, — деди у.

Мистер Дедалус ўзининг жойига келиб ўтирди ва деди:
— Ўтиринг, миссис Раёрден.
— Келинг, Жон, азизим.

У Чарлз тоға ўтирган томонга ўгирилиб қўшиб қўйди:
— Марҳамат қилинг, сер, таом мунтазир.

Ҳамма келиб жойлашганидан сўнг у овқат солинган идишнинг қопқоғига қўлини қўйди ва бирдан хато қилганини пайқаб қолиб, қўлини тортди:
— Қани, Стивен.

Стивен овқат олдидан дуо ўқиш учун ўрнидан турди.

«Ўз паноҳингда асра бизни, Тангрим, мурувватингни дариғ тутмагайсан. Xалоскоримиз — Исо ҳаққи бизни раҳм-шафқатингга дохил этгайсан. Омин».

Ҳамма чўқиниб олди ва мистер Дедалус хурсандлиги-дан нафасини ростлаб олиб, идишнинг гирдида ёғ томчилари ялтираб турган зилдай қопқоғини кўтарди.

Стивен идишдаги қовурилган куркага қаради, у куркани эрталаб ошхонадаги столда, оёғи бойланган ва кегай санчилган алпозда кўрган эди. Отаси ДъОлер -Стритдаги Данда бу курка учун бир гения сарфлаганини ва сотувчи бармоғи билан курканинг тўшига ниқтаб, бу билан парранда жуда харидоргир эканини уқтирмоқчи бўлганини Стивен биларди ва у беихтиёр сотувчининг овозини эслади:
— Олинг буни, сер. Кейин хурсанд бўласиз. Зотдор парранда.

Нега мистер Баррет Клонгоусда болаларнинг қўлига урадиган чизғични курка дейди? Бироқ Клонгоус узоқда, дастурхондаги идишлардан эса курка гўштининг, селдирнинг қайноқ хушбуй ҳиди таралади, каминдаги аланга гуриллаб тепага ўрлайди, ям-яшил печакгуллар ва қирмизи игнабарглар эса кўзни қувонтириб, кўнгилга шодлик улашади! Кейин эса, овқатланиб бўлишгач, бодом мағзи сепилган, кўкатлар билан безатилган каттакон плампудингни тортишади, унинг теграсида зангори олов жимирлайди, устида эса ям-яшил жажжи байроқча ҳилпираб туради.

Бу унинг биринчи марта мавлуд зиёфатида иштирок этиши эди. У укалари ва сингилларини ўйлади. Улар нариги хонада кутишяпти, ўзи ҳам неча марта кутган. Қайтарма кўкрак ёқали камзулида у ўзини бошқача, катталардай ҳис қилди бугун эрталаб, ибодатга боришидан олдин кийинтиришиб, онаси меҳмонхонага уни бошлаб кирганида отаси йиғлаб юборди. Чунки уни кўрган пайт отаси ёдига тушган. Чарлз тоға шундай деди.

Мистер Дедалус идишнинг қоқоғини ёпиб қўйди ва иштаҳа билан овқат ейишга киришди.
— Шўрлик Кристи, — минғирлади у, — афтидан у ўзининг макру ҳийлаларига буткул ўралашиб қолганга ўхшайди.
— Саймон, — деди миссис Дедалус, — сен миссис Раёрденга қайладан узатмаяпсан.
— Дарвоқе, — деди у ҳозиржавоблик билан, — миссис Раёрден, мен гумроҳнинг гуноҳимдан ўтинг.

Денти қўли билан ликопчасини тўсди:
— Йўқ, миннатдорман.

Мистер Дедалус Чарлз тоғага ўгирилди:
— Сиз-чи, сер?
— Ҳаммаси жойида, Саймон.
— Жон, сизга-чи?
— Менга бас. Ўзингиз олаверинг.
— Сенга-чи, Мери? Ликопчангни узат, Стивен. Олсанг-чи, олавер, мўйловинг тезроқ чиқади. Қани!

У Стивеннинг ликопчасига қайладан уюб солди ва идишни столга қўйди. Кейин Чарлз тоғадан гўшт мазалими, деб сўради. Чарлз тоға гапира олмади, оғзи банд эди, бошини сермаб қўя қолди.
— Қадрдонимиз ўшанда руҳонийга муносиб жавоб қилганмиди? А? — деди мистер Дедалус.
— Мен бунга унинг қурби етади, деб ўйламаган эдим, — деди мистер Кейси.
— «Черковнинг харажатини мен ўзим тўлайман, ҳазрат, сиз Тангрининг даргоҳини ташвиқот юритадиган минбарга айлантиришни бас қилсангиз бўлгани»1.
— Ўз пирига бундан ортиқ гап айтиб бўладими, — деди Денти. — Аниқса, ўзини католикман деган одамнинг оғзидан шу гап чиқса-я.
— Улар айбни нафақат ўзларидан қидирганлари маъқул, — деди мистер Дедалус сохта ҳалимлик билан. — Агар улар ақллироқ бўлишганда дин билан машғул бўлишарди, бошқаларнинг ишига тумшуқ тиқиб юришмасди.
— Ахир, шунинг ўзи дин-да, — деди Денти. — Улар халқни огоҳлантириб, ўз бурчларини бажаришяпти. Улар ўз жамоаларига панд-насиҳат қилиб туришлари керак-ку.
— Биз черковга — Тангрининг уйига бош эгиб яратганга ибодат қилиш учун келамиз, — деди мистер Кейси, — сайловолди нутқларини тинглаш учун эмас.
— Шунинг ўзи дин-да, — такрорлади Денти. — Улар тўғри қилишяпти. Улар ўз жамоаларига ваъз ўқиб туришлари керак.
— Меҳробдан туриб ташвиқот юргизишларига нима дейсиз? — сўради мистер Дедалус.
— Тўғри-да, — деди Денти. — Бу жамоанинг маънавиятига дахлдор. Агар руҳоний ўз қавмига нима яхши-ю, нима ёмонлигини тушунтирмаса, унинг руҳонийлиги қаерда қолади?

Миссис Дедалус қўлидаги пичоқ билан санчқини дастурхонга қўйиб, деди:
— Xудо хайрингизни берсин, сиёсий мунозараларингни жуда бўлмаса бугун, шундай кунда қўя туринглар!
— Мутлақо ҳақсиз, мем, — деди Чарлз тоға. — Бас, етар, Саймон. Бўлди энди, тамом.
— Xўп, хўп, — деди бидирлаб мистер Дедалус.

У идишнинг қопқоғини илкис кўтарди:
— Xўш, кимга яна куркадан?

Ҳеч ким жавоб қилмади. Денти яна гап очди:
— Воизликни католикка чиқарган, ҳа, шубҳасиз, католикка.
— Миссис Раёрден, ўтиниб сўрайман, — деди миссис Дедалус, —бугунча шу гапни тўхтатиб турайлик.

Денти у томонга ўгирилиб деди:
— Сизнингча, мен черков аъёнларини таҳқирлашларига чидаб туришим керакми?
— Агар улар сиёсатга аралашишни бас қилишса, — беихтиёр гапга қўшилиб кетди мистер Дедалус, — ҳеч ким уларга бир оғиз ҳам гапирмайди.
— Ирландиянинг епископлари ва поплари ўз сўзларини айтишди, — эътироз билдирди Денти, — уларга бўйин бериш керак.
— Улар сиёсатдан воз кечсин, — гапга аралашди мистер Кейси, — бўлмаса халқ черковдан юз ўгиради.
— Эшитдингизми? — деди Денти миссис Дедалусга мурожаат қилиб.
— Мистер Кейси! Саймон! Бас, етар, ўтиниб сўрайман, — ялина бошлади миссис Дедалус.
— Яхшимас! Яхшимас! — деди Чарлз тоға.
— Бу қандай гап! — қичқирди мистер Дедалус. — Биз инглизларнинг бир ишораси билан ундан воз кечармишмиз!
— У халқни ортидан эргаштиришга нолойиқ бўлиб қолган эди, — деди Денти. — У ҳамманинг кўз олдида гуноҳга ботиб яшади.
— Ҳаммамиз гуноҳкормиз, ҳаммамиз гуноҳкор бадбахт-лармиз, — вазминлик билан жавоб қилди мистер Кейси.
— «Ҳою ҳавасдан буткул тийилиш мушкул, бироқ бундайин гуноҳдан ўзини четга ола билмаганнинг ҳолига вой, — деди миссис Раёрден. — Магар бундай кимсанинг гарданига тегирмон тошини бойласалар, боз уни денгизга ташласалар тузук, токи у ўзгаларни йўлдан оздирмагай». Мана, муқаддас китобда нима дейилган.
— Ўта бўлмагур сўзлар булар, агар менинг фикримни билишни истасангиз, — деди мистер Дедалус совуқ оҳангда.
— Саймон! Саймон! — Чарлз тоға уни туртди. — Ёш боланинг олдида-я!
— Xўп-хўп, — деди хато қилганини пайқаб мистер Дедалус. — Айтганча... Мен айтмоқчи эдимки... Бўлмағур гапларни стансиядаги бир ҳаммол айтибди. Шундай десак тузукроқ бўлар. Қани, Стивен, ликопчангни чўз, ошна. Қолдирмагин-а, ҳаммасини егин.

У тўлатилган ликопчани Стивенга узатди ва Чарлз тоға билан мистер Кейсининг ликопчаларига курка гўштидан иккита катта бўлакни қўйиб, устига қайладан бостириб қўйди. Миссис Дедалус овқатдан камгина еди, Денти эса қўлларини тиззасига қўйиб ўтирарди. Унинг юзи қизариб кетган эди. Мистер Дедалус санчқи билан курканинг қолган-қутганини ковлаштираркан, деди:
— Бу ерда яна битта мазали луқма қолди, буни архиерей луқмаси дейишади. Xўш, хонимлар, жентелменлар, қани кимга?..

У курка гўштини санчқига санчиб кўтарди. Ҳеч ким оғиз очмади. У луқмани ўзининг ликопчасига қўйиб деди:
— Менинг ишим таклиф қилиш. Бироқ энди бу ўзимга қолди, шекилли, ўзим ейман. Кейинги пайтларда негадир кучдан қолаётгандайман.

У Стивенга кўзини қисди ва бир қўли билан ликопчасини пана қилиб, ейишга тутинди. У еб бўлгунича ҳеч ким чурқ этмади.
— Ҳавоям зап ҳаво бўлди-да! — деди у. — Шаҳарда мусофирларнинг кўплигини айтмайсизми.

Ҳеч ким гап қўшмади. У яна гапира бошлади:
— Менимча, ўтган йилги мавлуд байрамига қараганда бу йил зиёратчилар кўп келди.

У ўтирганларнинг дастурхонга эгилган бир қадар мулзам юзларига кўз югуртиб чиқди ва ҳеч қандай жавоб эшитмагач, бир дақиқа сукут сақлаб турди-да, сўнг алам билан деди:
— Xулласи калом, менинг мавлуд зиёфатимни буздинглар!
— Черков аъёнларига ҳурмат бўлмаган уйда, — деб узиб олди Денти. — бахт-саодатга, хушвақтликка ўрин йўқ.

Мистер Дедалус қўлидаги санчқи билан пичроқни ликопчага шарақлатиб ташлаб юборди.
— Ҳурмат!? — деди у. — Биллига ҳурматми, шармандаларча сафсата сотгани учун-а ёки ўша армлик мешқорин очофатгами! Ҳурмат-а?!
— Черков амалдорлари! — аччиқ киноя қилди мистер Кейси.
— Лорд Лейтримнинг отбоқари, — қўшимча қилди мистер Дедалус.
— Улар худонинг ёрлақаган бандалари, — деди Денти. — Мамлакатнинг фахри!
— Очофат мешқорин, — деди яна мистер Дедалус. — У ухлаган пайтдагина безиён. Унинг қировли қиш кунида чўчқа гўштига карамни қўшиб уриб ётганини бир кўрсангиз эди! Полвон!

У тумтоқ башарасини бужмайтирди ва лабларини чапиллатиб қўйди.
— Қўйинг, Саймон, ёш боланинг олдида ярашмайди бундай гаплар. Яхшимас.
— Ҳа-да, катта бўлганда ҳаммасини эслайди, — гапни илиб кетди Денти қизишиб, — булар бари худога, динга ва руҳонийларга қарши гаплар-ку, уларни ўзи туғилиб ўсган уйда эшитиб ўтирса-я.
— Эсласин-да, — столнинг нариги тарафидан туриб қичқирди мистер Кейси, — руҳонийларнинг, уларнинг малайларининг амру маъруфлариниям эсласин. Ахир, Парнеллнинг юрагини адойи тамом қилган, уни гўрга жойлаган шулар-ку! Катта бўлганида буни ҳам эсласин, ахир.
— Итдан тарқаганлар! — хитоб қилди мистер Дедалус. — Аҳволи танг бўлганда, пайт пойлаб Парнеллни сотишди-я! Xудди палид каламушлардай унга ташланишди, ғажишди! Ёвуз кўппаклар! Кўппакдан фарқи йўқ уларнинг. Xудо ҳаққи!
— Жуда тўғри қилишган-да. — қичқирди Денти. — Улар ўзларининг епископларига ва попларига итоаткор бўлишган. Уларга шон-шарафлар бўлсин!
— Бас, етар ахир, қўйинглар бу бемаъни гапларни! — хитоб қилди миссис Дедалус. — Бирор кун йўқки, кўнглингни қоп-қора қиладиган шундай бемаъни можароларсиз ўца.

Чарл тоға тинчланинглар деган маънода қўлини кўтарди:
— Жим, жим, жим! Наҳотки одам ўзининг фикрини ғазабга минмай, сўкинмай гапириши қийин бўлса. Бу яхшимас, ахир!

Миссис Дедалус Дентининг қулоғига шивирлаб, уни тинчлантирмоқчи бўлди, бироқ Денти ўшқириб берди:
— Йўқ, мен жим туролмайман! Черковимни, эътиқодимни ҳимоя қиламан, бу диндан қайтганларга уни таҳқирлатиб, тупуртириб қўймайман.

Мистер Кейси олдидаги ликопчани стол ўртасига илкис сурди, кейин тирсагини столга тиради-да, ҳирқираган товушда уй эгасига қараб мурожаат қилди:
— Мен сизга ўша машҳур тупуриш тарихини гапириб берганмидим?
— Йўқ, Жон, айтганингиз йўқ, — деди мистер Дедалус.
— Наҳотки, — деди мистер Кейси, — аммо жуда ибрат олса арзийдиган воқеа-да. Бу воқеа бироз олдинроқ, Уиклоу графлигида, ҳозир сиз билан бирга яшаб турган жойда юз берган.

У тўхтаб, Дентига ўгирилиб, қаҳр билан салмоқлаб гапира бошлади:
— Ижозатингиз билан айтиб қўяй, хоним, агар сиз мени назарда тутиб гапираётган бўлсангиз адашасиз, мен динидан қайтганлардан эмасман. Католикман мен, худди отамдай, унинг отаси ҳам католик бўлган, унинг отасининг отаси ҳам жуда қадим замонлардаёқ католик бўлган ва ўша пайтларда биз ўз эътиқодимиздан қайтгандан кўра ҳаётнинг баҳридан ўтиб қўя қолишга тайёр эдик.
— Демак, сиздай одам учун, — деди Денти, — ҳозир оғзингиздан чиққан гапларни айтиш баттар уят.
— Айтинг, Жон, — деди мистер Дедалус кулимсираб. — Қулоғимиз сизда.
— Католик эмиш! — деди яна киноя билан Денти. — Учига чиққан протестант ҳам бугун мен эшитган гапларга ўлсаям чидаб ўтирмасди.

Мистер Дедалус бошини ҳар ёққа саланглатиб, муқом қила бошлади.
— Мен протестант эмасман, буни сизга такрор айтаяпман, — деди мистер Кейси жони чиқиб.

Мистер Дедалус ўзича ғингшиб ва бошини саланглатиб турди-да, туйқусдан ҳирқироқ товушда пинғиллаб хиргойи қилди:

Келинглар, ҳой, католиклар, сиз.
Ибодатдан юзни бурмангиз!!

У қўлига пичоқ билан санчқини олиб, яна овқат ейишга тутинди ва мистер Кейсига қувноқ овозда деди:
— Айтинг ўшани, Жон, қулоғимиз сизда, бу овқат ҳазм бўлишига ёрдам беради.

Стивен меҳр билан мистер Кейсининг юзига қаради, мистер Кейси бошини қўлларига тираганча бир нуқтага термилиб турарди. Стивен каминнинг олдида у билан ёнма-ён ўтириб, унинг қаҳрли, қорамағиз чеҳрасига тикилишни яхши кўрарди.

Бироқ унинг қора кўзлари ҳеч қачон ғазаб билан чақнамас, вазмин, салобатли товушини эшитиш мароқли эди. Нега у руҳонийларга қарши? Бундан чиқдики, Денти ҳақ экан-да. У отаси гапирганда эшитган, Денти ёшлигида тарки дунё қилган — роҳиба бўлган, кейинча акаси билакузук ва бошқа майда-чуйда тақинчоқларни қора халққа пуллаб бойигач, монастирни тарк этган, Аллеганга кетган. Эҳтимол, шунинг учун у Парнеллга қарши бўлса керак? Ҳа, айтганча, у Эйлин билан бирга ўйнаса Денти ёқтирмайди, чунки Эйлин протестант-да, Денти ёшлигида протестантлар билан бирга ўйнаб юрадиган болалардан протестантлар муқаддас Биби Марямнинг қуйма ҳайкалчасини таҳқирлашганини эшитган. «Фил суякли минора — Тилла кўшк!»24, дейишган улар. Қандай қилиб аёл киши фил суякли минора ёки тилла кўшк бўлиши мумкин? Унда ким ҳақ бўлиб чиқади? Унинг хотирасига Клонгоусдаги касалхона оқшоми, қоп-қора тўлқинлар, кўрфаздаги маёқ ёғдуси ва қайғули хабарни эшитган оломоннинг дод-фарёди келди.

Эйлиннинг қўллари узун, оппоқ эди. Бир куни кечқурун, улар кўз бойлаш ўйнаётганда Эйлин унинг кўзларини қўллари билан бекитди: қўллари узун, оппоқ, ингичка, совуқ ва нозик. Бу ўша фил суяги. Совуқ ва оппоқ, мана, фил суякли минора нима дегани.
— Бу қисқа ва жуда қизиқ воқеа, — деди мистер Кейси. — Бу Арклоуда бўлган эди, ҳаво совуқ, булутли кун эди, йўлбошчимиз қазо қилишларидан сал олдинроқ. Унинг руҳини ўзинг шод қилгайсан, илоҳим!

У мадорсизланиб кўзларини юмди ва бироз сукут сақлади. Мистер Дедалус ликопчадаги суякни қўлига олиб, гўштини тишлари билан узиб оларкан, деди:
— Айтмоқчисизки, уни ўлдиришларидан олдинроқ бўлган эди, демоқчисиз-да?

Мистер Кейси кўзларини очди, чуқур хўрсинди ва давом этди:
— Бир куни у Арклоуга келди. Биз митингда эдик, митинг тугагандан сўнг, бир амаллаб, тирбанд оломоннинг орасини ёриб, стансияга ўтишга тўғри келди. Умримда бунақанги қий-чувни, дод-фарёдни эшитмаганман! Оломон бизни гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа суриб кетади. Шунда бир кампир, қари пияниста алвасти, негадир менга аридай ёпишди-қолди. Атрофимда лойни кечиб гир айланади, кўзини менга қадаб олган, тинмай қичқиради: Руҳонийларнинг душмани! Париж биржаси! Мистер Фокс!25 Китти ЎШи!
— Xўш, сиз нима қилдингиз, Жон?— сўради мистер Дедалус.
— Мен унинг акиллашига эътибор қилмадим, — деди мистер Кейси. — Жуда совуқ эди, баданни жиндай қиздирар деб (мени кечирсинлар, хоним) тилимнинг тегига денгиз тамакисидан не миқдор ташлаб олганман, турган гап, оғзимни очолмайман, чунки оғзим тамаки «шарбати»га тўла.
— Xўш, кейин-чи, кейин нима бўлди, Жон?
— Xуллас, мен унга эътибор қилмадим, майли, Китти ЎШини қоралайдими, билганича акиллайверсин, дегандим, бироқ бу алвасти муҳтарама хонимни шундай бир сўз билан ҳақоратладики, бу сўзни айтишга тил айланмайди, ҳарқалай мавлуд дастурхонида ўтирибмиз, қолаверса, бегойим, сизнинг таъбингизни ҳам бузмай, ўзимнинг лафзимниям булғамай.

У жимиб қолди. Мистер Дедалус бошини кўтариб сўради:
— Xўш, кейин сиз нима қилдингиз, Жон?
— Нима қилардим? — деди мистер Кейси. — Қарасам, у ўзининг буришган жирканч башарасини нақ иягимга тираб келаяпти, менинг оғзимда лиқ тўла тамаки «шарбати». Шунда мен унга яқинроқ энгашдим-да, мана шундай «Тфу!» дедим.

У юзини четга буриб қандай қилганини кўрсатди.
— Тфу! Унинг шундоқ кўзига тупуриб юбордим.

У қўли билан кўзларини бекитди ва жони қаттиқ оғриётган одамдай чинқириб юборди:
— «Вой, Исо Масиҳ, Биби Марям, Юсуф! — деб аюҳаннос соларди у. — Вой-дод, кўр бўлиб қолдим, дод, ўламан!»

У хириллаб, кулгидан ва йўталдан ўзини тўхтата олмай, бўғилиб такрорлади:
— Кўр бўлиб қолди, кўр бўлиб қолди!

Мистер Дедалус қаҳ-қаҳ отиб кулганча ўзини стулнинг суянчиғига ташлади. Чарлз тоға бошини чайқаб қўйди. Дентининг юзи қаҳрли тус олди, ўтирганлар хохолаб кулишаркан, у бир гапни тинмай такрорларди:
— Яхши, жуда яхши, жуда соз!

Аёл кишининг кўзига тупуриш яхшимас.

Ўша кампир Китти ЎШини қандай сўз билан ҳақорат қилдийкан, уни мистер Кейси ҳатто тилга олишга ҳам ҳазар қилди-я? Стивен оломон орасидаги мистер Кейсини кўз олдига келтирди: ана у, араванинг устида, тик туриб нутқ ирод қилаётир. Шунинг учун ҳам у қамоқда ўтирган. У беихтиёр эслади: бир куни уйларига сержант ЎНил келди, сержант даҳлизда туриб отаси билан шивирлашиб гаплашди, ора-сира бошидаги темир қалпоғининг чарм бандини асабий тишлаб қўярди. Ўша оқшом мистер Кейси Дублинга одатдагидай поездда жўнамади, уйлари олдига арава келди ва отасининг Кебинтили орқали ўтадиган йўл ҳақида нимадир деганини эшитди у,

У ҳам отаси каби Ирландия учун қайғурар, Парнеллни ёқлар эди, бироқ аслида Денти ҳам улар тарафда, чунки бир куни сайлгоҳда оркестр чалиб турганда Денти бир жанобнинг бошига шамсия билан тушириб қолди, куй охирида оркестр «Худоё, қироличани ўзинг асра!»ни ижро этаётганда ўша жаноб бошидан шляпасини ечган эди.

Мистер Дедалус алам билан пихиллади.
— Ҳой, Жон, — деди у. — Улар ўзи шунга муносиб. Биз шўрликлар поплар қўл остида эзилган халқмиз. Умрбод шундай бўлиб келган ва охиратгача шундай бўлиб қолади.

Чарлз тоға бошини чайқаб деди:
— Ҳа, аҳволимиз чатоқ, чатоқ!

Мистер Дедалус гапини такрорлади:
— Попларнинг қўл остида эзилган ва худонинг марҳаматидан бенасиб халқ!

Шундай деб у ўнг тарафида деворга осиғлиқ бобосининг суратига ишора қилди.
— Жон, мана бу чолни кўряпсизми? — деди у. — Ҳалол Ирланд, унинг даврида одамлар фақат мол-дунё деб ўлиб-тирилган эмас. У олий жазога ҳукм қилинган Оқ Болаларнинг бири эди. Минг етти юзу олтмишинчи йили оқ қўзғолончи сифатида ўлимга ҳукм қилинган. У оғайниларимиз — черков аъёнлари ҳақида гапиришни яхши кўрарди, ҳеч қачон уларни ўзим ўтирган дастурхонга йўлатмайман, дерди.

Денти чидаб туролмади:
— Бизни руҳонийлар бошқариб турибди, биз бундан фахрланишимиз керак! Улар — яратганнинг кўз қорачиғи. Уларга отилган тош тангрига отилган тош билан баробар.
— Бундан чиқдики, бизнинг ўз ватанимизни севишга ҳаққимиз йўқ экан-да? — сўради мистер Кейси.
— Бизни ортидан эргаштириш, йўлбошчи бўлиш учун туғилган инсонга эргашиш ҳам тақиқланганми?
— Ватан хоини, — бақирди Денти. — Xоин, хотинбоз! Черковимиз раҳнамолари ундан юз ўгириб жуда тўғри қилишди. Улар ҳамиша Ирландиянинг содиқ дўстлари бўлишган.
— Сиз шунга ишонасизми? — деди Кейси.

У мушти билан столни урди ва қошларини асабий кериб, бармоқларини бирин-кетин ёза бошлади.
— Уния даврида, епископ Лениген маркиз Корнуоллисга фуқароликни байъат қилганда, ирланд епископлари бизни сотмаганмиди? Ўша епископлар ва поплар минг саккиз юзу йигирма бешинчи йили ўз мамлакатининг келажагини католик динининг эрки учун қурбон қилмаганмиди? Минбару меҳроблардан туриб фенилар ҳаракатини бадном этганлари-чи? Теренс Белю Макменус хокини таҳқирлаганлари-чи?

Кейсининг юзи ғазабдан бўғриқиб кетганди, Стивен унинг ёниб гапираётганидан ёноқлари чўғдай қизариб кетганини сезди.

Мистер Дедалус алам билан кулди.
— Ў, худойим, — дея ҳайқирди у , — мен қария Пол Каллинни унутиб қўяёзибман. Мана, тангримнинг яна бир ёрлақаган кўз қорачиғи.

Денти стол оша мистер Кейсига қараб қичқирди:
— Тўғри қилишган, жудаям тўғри! Улар ҳамиша тўғри йўл тутишган! Xудо, ахлоқ ва дин ҳамма нарсадан устун!

Миссис Дедалус унинг ғазабланганини кўриб деди:
— Миссис Раёрден, ўзингизни босинг, улар билан пачакилашманг.
— Xудо ва дин — ҳаммасидан устун! — қичқирди Денти.

Мистер Кейси маҳкам сиқилган муштини кўтарди ва зарб билан столга урди.
— Бўпти, яхши, — бўғилиб қичқирди у, — агар шунақа бўладиган бўлса, бас, Ирландияга худонинг кераги йўқ!
— Жон, Жон! — қичқирди мистер Дедалус меҳмоннинг енгидан тортқиларкан.

Денти унга тикилганча қотиб қолди: унинг ёноқлари пириллаб уча бошлади. Мистер Кейси стулни зарб билан сурди-да, стол оша Денти тарафга эгилиб, қўлини кўзлари олдида худди пашшани қуваётгандай асабий сермай бошлади.
— Ирландияга худонинг кераги йўқ! — бақирди у. — У Ирландияда жуда кўп бўлди. Бас, жонга тегди! Йўқолсин!
— Шаккок! Иблис! — Денти чийиллаганча ўрнидан сакраб турди ва сал бўлмаса унинг юзига тупираёзди.

Чарлз тоға билан мистер Дедалус мистер Кейсини бир амаллаб жойига ўтирғизиб, тинчлантиришга уринишди. У нафратдан чақнаган қорамтир кўзларини бир нуқтага қадаб тинмай бақирарди:
— Йўқолсин, даф бўлсин!

Денти илкис қўзғалиб, стулни зарб билан четга сурди ва столдан нари кетди, стол устидаги қўлсочиқлар солинган идиш ерга тушиб, гиламнинг устида юмалаганча оромкурсининг оёғига урилиб тўхтади. Мистер Дедалус ўрнидан чаққон туриб, Дентининг ортидан эшикка югурди. Эшик олдида Денти тўхтаб ортига ўгирилди, унинг ёноқлари учар ва ғазабдан лов-лов ёнарди, у хонани бошига кўтариб қичқирди:
— Дўзахилар! Биз ғалаба қилдик! Биз уни ўлимга маҳкум этдик! Иблис!

Эшик шарақлаб ёпилди.

Мистер Кейси ўзини ушлаб турганларни итариб ташлади ва манглайини столга уриб ҳўнграб юборди.
— Бадбахт Парнелл! — У ўкириб фарёд чекди. — Ҳалок бўлган қиролимиз!

У бўзлаб йиғларди.

Қўрқувдан юзи докадай оқариб кетган Стивен бошини кўтариб қаради, отасининг кўзлари жиққа ёш эди.

* * *

Ҳар жой, ҳар жойда тўп-тўп бўлиб турган болалар гурунглашарди. Биттаси айтди:
— Уларни Лаенс-Хилл яқинида ушлаб олишибди.
— Ким ушлабди?
— Мистер Глисон билан руҳоний. Улар аравада кетаётган экан.

Ўша бола тағин қўшиб қўйди:
— Менга буни юқори синфдаги бир бола айтди.

Флеминг сўради:
— Улар нега қочибди?
— Сабабини мен биламан, — деди Сесил Сандер. — Улар ректорнинг хонасидан пул ўмаришган.
— Ким ўғирлаган?
— Кикемнинг акаси. Кейин бўлишиб олишган.
— Жуда билағонсан-да, Сандер! — деди Уеллс. — Уларнинг нега қуён бўлганини мен биламан.
— Xўш, айт-чи, нега?
— Айтма деб илтимос қилишган менга, — деди Уеллс.
— Айтақол, — чувиллашди болалар.
— Қўрқма, биз сени сотмаймиз.

Яхшироқ эшитиш илинжида Стивен бўйнини чўзди. Уеллс, бирортаси келмаяптимикан, деб атрофга аланглади. Кейин шивирлаб гапира бошлади.
— Ибодат либослари турадиган шкафда черковнинг виноси сақланади, биласизларми шуни?
— Ҳа.
— Қисқаси, улар шу винони ичиб қўйган, гуноҳкорни қидирганда ҳидидан пайқаб қолишган. Мана, нега улар жуфтакни ростлашган, билдингларми энди?

Биринчи бўлиб гап очган бола айтди:
— Тўғри, тўғри, мен ҳам юқори синфдаги боладан шу гапни эшитдим.

Ҳамма жимиб қолди. Стивен уларнинг орасида бир сўз айтишга журъат этмай жим турар, эшитарди, холос. У қўрққанидан бироз ваҳимага тушди, аъзойи бадани бўшашиб кетгандай бўлди. Улар бунга қандай қўл уришдийкан? У жим-жит қоронғи ҳужрани кўз олдига келтирди. Ҳужрада ёғоч шкафлар бор эди, ичига диний китоблар тартиб билан териб қўйилган. Бу жой бутхона эмас, бироқ барибир бу ерда фақат шивирлаб гаплашиш мумкин. Бу муқаддас жой. У ёз оқшомини эслади, ўшанда маросим куни — ибодат либосини кийдириш учун уларни ўрмондаги кичик бир бутхонага олиб келишди. Сирли, синоатли жой. Эшикнинг олдида турган бола қўлидаги узун занжирга боғланган исириқдонни оҳиста тебратар, тебранганда исриқдоннинг кумуш қопқоқчаси хийла кўтарилиб-тушиб, ичидаги чўғ оловланарди. Исриқдонга писта кўмир солинган эди, бола идишни тебратганда кўмир милтиллаб чўғланар ва ундан ачқимтилроқ ҳид тараларди. Ҳаммага ибодат либоси кийгизилгандан сўнг бола исириқдонни ректорга узатди ва ректор идишга бир қошиқ седана сепди, кўмир чўғининг устига тушган седана жизиллади.

Болалар майдончада тўп-тўп бўлишиб гап сотишарди. Унинг кўзига болаларнинг бўйи калтариб қолгандай туюлди. Бунинг сабаби бор эди, кеча пойгачилардан бири, иккинчи синфда ўқийдиган бола, уни велосипед билан уриб юборди. У шағал тўкилган йўлакка йиқилиб тушди, кўзидаги кўзойнаги учиб кетиб, уч бўлак бўлди, оғзига жиндай қум кирди.

Шунинг учун ҳам болалар унинг кўзига кичрайиб, дарвоза устунлари ингичка ва узоқ бўлиб кўринар, майин кулранг осмон эса жуда баландлаб кетган эди. Спорт майдончасида ҳеч ким йўқ эди, чунки ҳамма крикет ўйнаш учун бир жойга йиғилган, баъзи болалар Барнс капитан бўлади деса, бошқалари Флауерсни айтишарди. Ниҳоят майдончада тўпни ҳаволатиб, ташлаб бериб, уриб-ўйинни бошлаб юборишди. Мулойим ҳавони зарб билан урилаётган крикет таёқларининг товуши тутиб кетди. Пик, пак, пок, пек — худди фавворадан сув томчилари лиммо-лим ҳовузга оҳиста томчилаётгандай.

Шу пайтгача миқ этмай ўтирган Этти пичирлаб деди:
— Сизларнинг айтган гапларинг тўғримас.

Ҳамма ўгирилиб унга қаради:
— Нима учун?
— Нима, сен биласанми?
— Сенга ким айтди?
— Айтгин, Этти!

Этти қўли билан майдоннинг Саймон Мунен ёлғиз ўзи тош тепиб, айланиб юрган томонига ишора қилди.
— Ана ундан сўранглар, — деди у.

Болалар ўша томонга қарашди, кейин сўрашди:
— Нега ундан сўраш керак?
— Уям ўшалар биланми?

Этти товушини пасайтириб деди:
— Бу болалар нега жуфтакни ростлаб қолишганини биласизларми? Мен сизларга айтаман, лекин ҳеч ким билмасин.
— Айт, Этти, айта қол. Ҳеч кимга айтмаймиз.

У бир дақиқа жим турди, кейин муҳим сирни ошкор этаётгандай шивирлаб деди:
— Кечаси Саймон Мунен билан Тис Бойлни ҳожатхонада кўриб қолишибди.

Болалар унга ҳайрон бўлиб қарашди:
— Кўриб қолишибди?
— Нима қилаётган экан улар?

Этти айтди:
— Ёпишишаётган экан.

Бирдан ҳамма жимиб қолди.
— Билдингларми энди нима бўлганини, — деди Этти.

Стивен жўраларининг юзига кўз ташлади, бироқ улар бари майдончанинг нариги тарафига қараб туришарди. Унинг кимдандир сўраб билгиси келди. Ҳожатхонада ёпишиш — нима дегани? Нега энди юқори синфнинг бешта боласи шу учун қочиб кетишди? «Бу—ҳазил», деб ўйлади у. Саймон Мунен доим башанг кийинади, бир сафар кечки пайт унга Саймон шарбатли конфет солинган шарни кўрсатди, идишни футбол командасидаги болалар ошхонанинг ўртасидаги поёндоз устидан унга қараб юмалатишганда, Саймон эса эшик олдида турган эди. Бу кечқурун, бектайв командаси билан мусобақадан кейин бўлган эди, шар эса ярми яшил, ярми қизил — нақш олманинг ўзгинаси, фарқи шуки, уни очса бўларди, ичи шарбатли карамелга лиқ тўла эди. Бир сафар Бойл филнинг иккита «сўйлоқ тиши» бор дейиш ўрнига «тиси» деди, шунинг учун унга Тис Бойл деб лақаб қўйишди. Баъзи болалар уни Бойл хоним деб чақиришади, нега деганда у доим тирноқларига зеб бериб, эговча билан уларни силлиқлаб юради.

Эйлиннинг ҳам узун ингичка совуққина оппоқ қўллари бор, чунки у — қиз бола. Қўллари худди фил суягидай, фақат юмшоқ. Мана фил суякли миноранинг маъноси, бироқ протестантлар буни тушунмас, тушунмаганлари учун ҳам масхаралаб кулишади. Бир сафар у Эйлин билан бирга меҳмонхона ҳовлисига қараб туришган эди. Xизматкор устунга узун байроқни қўндираётган эди, кунгай бетдаги чимзорда эса бир тозича уёқ-буёққа чопқиллаб юрарди. Эйлин қўлини унинг чўнтагига тиқди, ўзининг қўли ҳам шу чўнтакда эди, шунда у қизнинг бармоқлари совуқ, нозик ва юмшоқ эканини ҳис этди. Чўнтагинг бўлса мазза-да, деди Эйлин. Кейин бирдан бурилиб, кулганча, айланма зинадан пастга югуриб кетди. Унинг кумушранг сочлари елкасида, худди қуёшда товланган олтиндай, ярқираб тўкилиб турарди. Фил суякли минора. Тилла кўшк. Бир ниманинг устида бош қотирсанг, ўшанда уни тушуна бошлайсан.

Бироқ нега айнан ҳожатхонада? Ҳожатхонага фақат заруратдан борасан-ку. У ерда сандиқдай-сандиқдай тош плиталар бор, майда тешикчалардан кун бўйи сув томиб туради, димиққан сувнинг қўланса ҳиди ўтириб қолган. Бир эшикка қизил қалам билан икки қўлида иккита ғишт кўтарган, рим тогасидаги1 соқолли одам расми чизилган, расм тагида: «Балбес девор тиклаган«2 деган ёзув бор.

Буни болалардан бири кулги учун чизган. Башараси жуда кулгили чиққан-да, бироқ соқолли одамгаям ўхшаб кетади. Деворга эса жуда чиройли ҳуснихат билан ўнгдан чапга: «Юлий Сезар галлик каллар ҳақида ёзган»3, деб ёзиб қўйилган.

Балки улар, болалар ҳазиллашиб ёзиб-чизиб ташлаган бўлар-бўлмас нарсаларни кўриш учун бу ерга кириб олишгандир. Барибир уларнинг бу қилиғини оқлаб бўлмайди, Эттининг гапи хунук чиқди, қайси юз билан айтди-я шу гапни. Улар қочиб кетишди-ку, демак, бу шунчаки ҳазил эмас.

У майдончанинг ҳамма қараб турган тарафига қаради ва уни ваҳима босди.

Флеминг деди:
— Xўш, энди улар учун ҳаммамизнинг таъзиримизни беришадими?
— Таътилдан кейин бу ерга қайтиб қадамимни босмайман, мана кўрасан, келиб бўпман, — деди Сесил Сандер. — Уч кунлаб ошхонада миқ этишмайди-ю, сал нарсага дарров чизгич билан савалай кетишади.
— Тўғри, — деди Уеллс. — Баррет бўлса «Жарима дафтари»ни қўлидан қўймайди, бир варақлашга тушиб кеса борми, тамом, тўхтатиб бўпсан — неча марта урушини худо билади.
— Менам қайтиб келмайман.
— Тўғри, — деди Сесил Сандер, — бугун эрталаб инспектор иккинчи синфга кирди.
— Келинглар, исён кўтарамиз, — деди Флеминг. — Нима дейсизлар?

Ҳеч ким чурқ этмади. Атроф жим-жит эди, крикет таёқларининг зарбалари энди олдингидан кўра жуда секин эшитиларди: пик, пок.

Уеллс сўради:
— Энди уларни нима қилишаркан?
— Саймон Мунен билан Тиснинг пайини қирқишади, — деди Этти, — юқори синфдагиларга бўлса биттасини танланглар: ё жазо ёки ҳайдаласизлар, дейишди.
— Улар қайсини танлади? — сўради биринчи бўлиб гап очган бола.

—Корригендан бошқа ҳаммаси ҳайдалишни маъқул кўрди,—деди Этти. —Уни мистер Глиссон савалайди.

—Мен биламан нега Корриген буни танлаганини,—деди Сесил Сандер, —тўғри қилди-да, бошқа болалар адашди, чунки жазо олганинг одамларнинг эсидан чиқади-кетади, коллеждан ҳайдалсанг ёмон, бир умр иснодга қоласан. Қолаверса, Глисон, ҳарқалай ўласи қилиб урмайди-ку.
— Тўғри-ю, лекин иш шунгача бормагани маъқул-да, — деди Флеминг.
— Мен ҳечам Саймон Муненнинг ё Тиснинг ўрнида бўлишни истамасдим,—деди Сесил Сандер. —Уларни жазоламаса кераг-ов. Эҳтимол, фақат қўлларига яхшилаб уришар.
— Йўқ, йўқ,—деди Этти, — икковининг ҳам юмшоқ жойларига боплаб савалашади.

Уеллс кетини силаб йиғламсираган товушда деди:
— Бошқа қилмайман, сер, қўйиб юборинг, сер...

Этти кулимсиради ва камзулининг енгини шимариб деди:

Гуноҳ қилдингми чида,
Ҳиқиллама, вақт ўтди.
Иштонингни тез тушир,
Тутиб тур, кетти.

Болалар кулишди, бироқ барибир уларнинг чўчиб туришганини у сезди. Майин, бўзранг ҳавода крикет таёғининг зарбалари эшитилди: пок, пок. Бу узоқдан келаётган зарбалар товуши, бироқ ўзингни уришаётганда бошқача бўлади — жонинг оғриганини сезасан. Қўлга урганда чизғичдан ҳам товуш чиқади, бироқ бу бошқача товуш. Болалар уни китнинг мўйлови ва терисидан қилинган, ичида қўрғошини бор дейишади, урганда қандай оғритишини у тасаввур қилиб кўришга уринди. Товушлар ҳар хил бўлади. Узун, ингичка хипчиннинг товуши қаттиқ шувиллаб чиқади, текканда қандай оғритаркан, деб ўйлади у. Xаёлига келган бу ўйлардан бадани қалтираб кетди. Эттининг гапини эслаб эти жунжикди. Нимаси кулгили экан? Бадани жимирлаб кетди, ахир, иштонингни туширган пайтда ўзи бироз совуқ бўлади-да, сал-пал қалтирайсан. Ваннада ечинаётганингда ҳам шундай бўлади-ку. Уларнинг иштонларини ким ечаркан —ўзларими ёки тарбиячими? Бунинг кулгили жойи йўқ-ку?!

У Эттининг турилган енгларига ва сиёҳ чапланган озғин қўлларига қаради. Этти мистер Глисон енгларини қандай қайиришини қўрсатмоқчи бўлиб енгларини шимарди. Бироқ мистер Глисоннинг енг қайтармаси думалоқ ва оппоқ, ярқираб туради, қўллари эса топ-тоза, оппоқ, лўппигина, тирноқлари узун ва ўткир. Эҳтимол, у ҳам тирноқларини Бойл хонимга ўхшаб эговча билан силлиқлаб юрар. Бироқ унинг тирноқлари кўзга хунук кўринади — узун ва ўткир. Оппоқ, лўппигина қўллари ҳечам қўрқинчли эмас, мулойим, бироқ тирноқлари узун, қўрқинчли. Гарчи Стивен қўрқинчли узун тирноқларни ва хипчиннинг шувиллаб урилган товушини, ечинаётганда кўйлак этагининг тагидан кириб баданни жунжиктириб ўтадиган қалтироқни тасаввур этиб, совуқ ва қўрқувдан титраётган бўлса-да, оппоқ, лўппигина, кучли ва мулойим қўлларни кўз олдига келтириб ғалати ва хотиржам ҳузур туйғусини ҳис этди. Шунда у Сесил Сандер айтган гапни эслади: мистер Глиссон Корригенни жонини оғритиб урмайди. Флеминг эса: тўғри, чунки унинг ўзи билади бундай қилмаса яхши бўлишини, деди. Нега шундай — тушунарсиз.

Майдонча тарафдан қичқирган овоз эшитилди:
— Ҳамма ётоққа!

Унга бошқа овозлар жўр бўлди:
— Ётоққа, ҳамма ётоққа!

Ҳуснихат дарсида у қўл қовуштириб ўтирди, синфда пероларнинг секин қитирлагани эшитиларди. Мистер Xарфорд нари бориб, бери келиб юриб турибди, гоҳида қизил қалам билан кичик тузатишлар қилади, ора-сира перони қандай ушлашни кўрсатиш учун болалардан бирортасининг ёнига ўтиради. Стивен доскадаги биринчи сатрни, гарчи у ерда нима ёзилганини билса-да, ҳарфлаб ўқишга уринди, бу дарсликдаги энг охирги гап эди: «Тушунмай туриб қилинган ҳаракат рулсиз кеманинг сузишига ўхшайди». Бироқ доскадаги ҳарфларнинг чизиқчалари қилдай ингичка кўринади, у ўнг кўзини қаттиқ қисиб, чап кўзи билан узоқ синчиклаб тикилибгина бош ҳарфларнинг думалоқ шаклини зўрға илғар эди.

Бироқ мистер Xарфорд жуда меҳрибон, ҳеч қачон жаҳли чиқмайди. Бошқа ўқитувчилар қаттиқ дарғазаб бўлишади. Нега энди катта синфдаги болаларнинг қилғилиғи учун улар жавоб беришлари керак? Улар ҳужрадаги шкафдан черков виносини олиб ичишган, буни ҳидидан билиб олишган, дейди Уеллс. Эҳтимол, улар муқаддас неъмат солинган идишни ўғирлаб, бир жойга олиб бориб сотишни ўйлашгандир? Бироқ барибир кечаси билдирмай кириш, қоронғида шкафни очиб, олтиндай товланиб турган идишни ўмариш — бу гуноҳи азим; ахир, унинг ичидаги винода, гуллар ва шамлар орасида тантанали тарзда ўтадиган маросим чоғи, ладаннинг хушбўй ҳиди ҳар икки тарафдан таралиб, руҳоний исириқдонни сермаб турган, Доминик Келли ёлғиз ўзи хорни етакчи овозда бошқараётган бир дамда тангрини ўзи ҳозир бўлади-ку. Улар идишни ўғирлашган пайтда тангри у ерда бўлмаган, албатта.

Бироқ барибир идишга қўл текизишнинг ўзи ақлга сиғмайдиган иш, гуноҳ. Бу ҳақда у қўрқувга қоришган ихлос туйғуси билан ўйлади: даҳшат ақлга сиғмайдиган иш; пероларнинг енгилгина қитирлашини эшитиб ўтириб бу ҳақда ўйлаганида унинг юраги ортига тортиб кетди. Ахир, тап тортмай шкафни очиш ва черков виносини ичиш, кейин буни ҳидидан сезиб қолишлари... кимки юрак ютиб бу ишни қилган бўлса, гарчи унчалик даҳшатли ва ақлга сиғмайдиган иш бўлмаса-да, барибир гуноҳ. Лекин винонинг ҳидидан бироз кўнгил айнийди. У биринчи марта черковда қовушув маросимида винони татиётиб кўзларини юмиб олди ва оғзини очди, тилини бироз чиқарди, ректор унга муқаддас неъматни улашиш учун эгилди, шунда у ректорнинг нафасидан винонинг енгил ҳидини сезди. Вино — ёқимли сўз. Кўз олдингга тўқ қизил ранг келади, чунки узум доналари тўқ қизил — Юнонистонда, оппоқ ибодатхоналарга ўхшаган уйлар олдида ўсадиган токларда бўлади. Бироқ барибир ректорнинг нафасидан унқиб турган винонинг енгил ҳиди ўша куни — маросимда у биринчи марта қатнашиб, илк бор муқаддас неъматни татишга мушарраф бўлган куни кўнглини бироз айнитди. Бу кун — ҳаётдаги энг бахтли кун. Бир сафар кўпчилик генераллар Наполеондан ҳаётингиздаги энг бахтли кун қайси, деб сўрашган. Наполеон бирор-бир йирик жангда ғалаба қозонган ёки император бўлган кунни айса керак, деб ўйлашган. Бироқ у шундай деган:
— Жаноблар, менинг ҳаётимдаги энг бахтли кун — бу менинг биринчи муқаддас қовушув куним.

Синфга ҳазрат Арнолл кириб келди, лотин тили дарси бошланди, у эса ҳали ҳам қўлини қовуштириб ўтирарди. Ҳазрат Арнолл машқ ёзилган дафтарларни тарқатди ва синф иши жуда ёмон бажарилганини, ҳаммага машқни тузатилган хатолари билан қайта кўчиришни буюрди. Дафтарлар орасида энг ёмони Флемингники эди, чунки варақларига сиёҳ чапланиб кетганди. Ҳазрат Арнолл дафтарни бир четидан ушлаб кўтариб кўрсатди ва бундай дафтарни ўқитувчига бериш — учига чиққан ҳурмацизлик, деди. Кейин у Жек Лотенни доскага чақириб, маре отини турлашни буюрди, бироқ Жек Лотен ўрин-пайт келишигининг кўпликда қандай турланишини билмай, тўхтаб қолди.
— Уял, — деди ҳазрат Арнолл қатъи оҳангда. — Сен, ахир, аълочи ўқувчисан-ку!

Кейин у бошқа бир болани чақирди, сўнг яна бирин-кетин бошқаларни чақирди. Ҳеч ким билмади. Ҳазрат Арноллнинг юзи фавқулодда хотиржам тус олди, доскага чақирилаётган болалар ҳаракат қилишгани, бироқ жавоб бера олишмагани сайин унинг хотиржамлиги ортиб борди. Фақат қовоқлари бироз осилди, кўз қараши жиддийлашди, товуши эса вазмин эди. Ниҳоят у Флемингни чақирди ва Флеминг бу сўзнинг кўплик сони йўқ деди. Ҳазрат Арнолл бирдан китобни ёпди-да, бақириб берди:
— Ҳозироқ синфнинг ўртасига ўтиб, тиз чўк. Умримда бунақанги дангасани кўрган эмасман. Сизлар эса, бўлинглар, машқни қайтадан кўчиринглар!

Флеминг ўрнидан секин туриб, ўртага ўтди ва охирги икки партанинг оралиғида тиз чўкиб ўтирди. Қолган болалар дафтарлари устига эгилиб, ёза бошлашди. Синф сув қуйгандай жим-жит бўлиб қолди, Стивен чўчиброқ ҳазрат Арноллнинг хўмрайган юзига қаради ва унинг юзи жаҳлдан қизариб кетганини кўрди.

Ҳазрат Арноллнинг жаҳл қилаётгани гуноҳга кирармикан, ё болалар эринчоқ бўлиб қолганда у жаҳл қилса бўлаверармикан, ахир, бу билан улар яхши ўқиб қолмайди-ку? Ёки эҳтимол, у ўзини жаҳли чиққандай кўрсатаяптимикан? Бунга унинг ҳаққи бор, чунки у руҳоний, нима гуноҳ, нима гуноҳ эмаслигини ўзи билади, билгандан кейин, албатта, гуноҳга йўл қўймайди-да. Бироқ мабодо бехосдан гуноҳкор бўлиб қолса-чи, унда қаерга бориб тавба қилади? Тавба қилиш учун, балки, жамоа бошлиғининг ҳузурига борар-а? Мабода жамоа бошлиғи гуноҳ қилиб қўйса, ректорга боради, ректор эса провинсиалга, провинсиал бўлса иезуитлар генералига боради. Бу жой иезуитлар ордени, у отасининг иезуитларнинг бари ақлли одамлар, деганини эшитган. Агар улар иезуит бўлишмаганида эди, албатта, жуда мавқели-мартабали кишилар бўлишарди. У ҳазрат Арноллни, Педди Барретни ҳам, Макглейд ва мистер Глисонни ҳам иезуит бўлишмаганида ким бўлишларини кўз олдига келтиришга уринди. Бироқ буни тасаввур қилиш мушкул, чунки уларнинг ҳар қайсисини ҳар хил рангдаги камзулларда, шимларда, мўйловларию соқоллари билан, тағин бошларида ҳар хил шляпалар билан кўз олдингга келтиришинг керак.

Эшик шовқинсиз очилиб ёпилди. Синфга: «инспектор», деган ваҳимали шивир-шивир яшин тезлигида ёйилди. Бир дақиқа оғир жимлик чўкди, кейин охирги партадан чизғичнинг қаттиқ қарсиллаб урилган товуши эшитилди.

Стивеннинг юраги орқасига тортиб кетди.
— Ҳазрат Арноли, бу ерда жазога эҳтиёж сезаётганлар йўқми? — қичқирди инспектор. — Бекорчи ялқовлар йўқми бу ерда таъзирини ейишга лойиқ.

Инспектор синфнинг ўртасига келди ва тиз чўкиб ўтирган Флемингга кўзи тушди.
— А-ҳа! — хитоб қилди у. — Бу ким бўлди? Нега у тиз чўкиб ўтирибди? Исм-шарифинг нима сенинг?
— Флеминг, сер.
— А-ҳа, Флеминг! Шубҳасиз, бу ғирт дангаса, кўзлари айтиб турибди. Нега у тиз чўккан, ҳазрат Арнолл?
— У лотин тили машқини ёмон ёзган, — деди ҳазрат Арнолл, — бунинг устига грамматикадан бирорта саволга жавоб беролмади.
— Тўғри-да, — бақирди инспектор, — туришидан маълум. Учига чиққан танбал. Кўзидан маълум, кўзидан.

У партани тақиллатиб урди ва ўшқирди:
— Тур ўрнингдан Флеминг! Чаққон!

Флеминг секин қўзғалиб ўрнидан турди.
— Қўлингни тут! — ўшқирди инспектор.

Флеминг қўлини чўзди. Чизғич қаттиқ қарсиллаган товуш чиқариб ура бошлади: бир, икки, уч, тўрт, беш, олти.
— Нариги қўлингни тут!

Чизғичнинг яна олти марта шиддат билан қарсиллаб урилгани эшитилди.
— Тиз чўк! — бақирди инспектор.

Флеминг, қўлларини пинжига тиққанча тиз чўкди, оғриқдан унинг юзи буришиб кетди. Стивен Флемингнинг қўллари қаттиқлигини, чунки Флеминг қўлларига қатрон суртиб, ишқалаб юришини биларди. Эҳтимол, унинг жони қаттиқ оғригандир, ахир, урганда товуш жуда қаттиқ чиқди-ку? Стивеннинг юраги увишиб кетди.
— Қани, ҳамма ишга! — ўшқирди инспектор. — Бу ерда бизга дангасаларнинг, ишёқмас муттаҳамларнинг кераги йўқ. Ҳамма ишга! Ҳазрат Долан сизларни ҳар кун келиб текширади. Ҳазрат Долан эртагаям келади. — Шундай деб у чизғич билан ўқувчилардан бирининг биқинига туртди ва: — Xўш, қани, сен тур-чи! Ҳазрат Долан қачон келаркан?
— Эртага, сер, — Том Ферлоннинг овози эшитилди.
— Эртагаям, индингаям, индинигаям — келаверади, — деди инспектор. — Буни қулоқларингга қуйиб олинглар. Ҳазрат Долан ҳар кун келади. Қани энди ёзишга киришинглар-чи. Xўш, сен кимсан?

Стивеннинг юраги шув этиб кетди.
— Дедалусман, сер.
— Нега бошқалар ёзаяптию сен қўл қовуштириб ўтирибсан?
— Мен... ҳалиги...

Қўрқиб кетганидан унинг тили айланмай қолди.
— Нега бу ёзмай ўтирибди, ҳазрат Арнолл?
— У кўзойнагини синдирган, — деди ҳазрат Арнолл, — шунинг учун мен уни машғулотдан озод қилдим.
— Синдирди? Бу нима қилиқ? Исм-шарифинг нима? — сўради инспектор.
— Дедалус, сер.
— Бери кел, Дедалус. Буни қара-я, мана яна битта ишёқмас муғомбир! Башаранг айтиб турибди найрангбозлигингни. Кўзойнагингни қаерда синдирдинг?
— Югурадиган йўлакда, сер.
— А-ҳа, югурадиган йўлакдамиш! — бақирди инспектор. — Мен бунақа найрангларни кўп кўрганман!

Стивен ажабланиб бошини кўтариб қаради ва бир дақиқа унинг кўзи ҳазрат Доланнинг оқариб-бўзарган, қаримсиқ юзига, икки қаншарида туклари ҳўппайган оқиш-кулранг бошига, кўзойнагининг темир гардиши ва ойнаклар ортидан ўқрайиб турган нурсиз кўзларига тушди. Нега у бунақа найрангларни кўп кўрганман, деди?
— Ишёқмас тирранча! — ўшқирди инспектор. — Кўзойнагини синдирганмиш! Одатдаги найранг буям! Қани, тез бўл, қўлингни чўз!

Стивен кўзларини юмди ва кафтини тепага қилиб қалт-қалт титраётган қўлини олдинга чўзди. У бир дақиқа инспекторнинг бармоқлари, қўлини ёймоқчи бўлиб бармоқларига текканини сезди ва қўли тепага кўтарилганда кенг-мўл енги шитирлаганини, зарб билан уриш учун ҳаволанган чизғичнинг шувиллаган товушини эшитди. Бир зарб билан синдирилган таёқнинг товушидай қарсиллаган аччиқ, шиддатли ва аёвсиз зарбадан унинг қўли оловга тушган баргдай бужмайиб-тиришиб қолди, кетма-кет тушаётган зарбалар шовқини ва оғриқнинг зўридан кўзларига қайноқ ёш қуйилиб келди. Қўрқувдан аъзойи бадани қалтирар, қўллари титрар, қип-қизариб олови чиқиб кетган кафти ва бармоқлари ҳавода муаллақ осилиб қолган баргдай титрарди. Ўпкаси тўлиб кетди, агар оғзини очса ўкириб, бўлди бас, қўйиб юборинг, дея ҳўнграб йиғлаб юбориши аниқ эди. Бироқ кўзлари қайноқ ёшларга тўлган, қўллари оғриқ азобидан қалт-қалт титраётган бўлса-да, у кўз ёшлари аралаш бўғзига тиқилган фарёдни ичига ютди.
— Нариги қўлингни чўз! — қичқирди инспектор.

Стивен абжағи чиқиб кетган, титраётган қўлини туширди ва чап қўлини чўзди. Яна тепага кўтарилган қўл енги шитирлади, яна ҳаволанган чизғичнинг шувиллагани эшитилди ва қаттиқ қарсиллаган, аччиқ, чидаб бўлмас, чўғдай куйдириб юборадиган оғриқдан унинг кафти ва бармоқлари бир парча қип-қизил гўштга айланиб тугилиб қолди. Кўзларидан қайноқ ёшлар тирқираб отилди, алам, азоб ва қўрқув ичида юз-кўзлари ловуллаганча, титраб турган қўлларини тортиб олди ва инграб юборди. Қўрқувдан вужуди карахт бўлиб қолди, аянчли аҳволидан алам билан тўлғанаркан бўғзидаги фарёд беихтиёр отилиб чиқаётганини, қайноқ кўз ёшлари тизиллаб лов-лов ёнаётган ёноқларидан оқиб тушаётганини ҳис қилди.
— Тиз чўк! — бақирди инспектор.

Стивен аёвсиз савалаб ташланган қўлларини пинжига босганча дарҳол тиз чўкди. Эзилган, қавариб шишиб кетган қўлларига ичи ачиди, булар ўзининг эмас, бошқа бировнинг қўлларидай уларга раҳми келди. У тиз чўкиб ўтириб, бўғзидаги сўнгги аламли ёшларни ичига ютиб, куйишиб оғриётган қўлларини пинжига босиб, кафтини тепага қарата чўзган қўлини, инспекторнинг қўли бармоқларига қаттиқ текканини, титраётган бармоқларини қандай ёйганини, абжағи чиқиб, қавариб, қип-қизариб кетган кафтининг юмшоқ гўштини ва ҳавода нажоциз қалтираб турган бармоқларини бир-бир кўз олдига келтирди.
— Қани ҳамма ишга! — қичқирди инспектор эшик томонга бурилаётиб, — ҳазрат Долан ҳар кун келиб хабар олади, текширади — қани бу ерда яна жазога лойиқ ишёқмас такасалтанглар, ялқовлар бормикан? Ҳар куни келади ҳазрат Долан, билиб қўйинглар! Ҳар куни!

Унинг ортидан эшик беркилди.

Юввош тортиб қолган болалар нафасини ичига ютиб, бош кўтармай машқни ёзишни давом эттиришарди. Ҳазрат Арнолл ўрнидан турди ва парталар орасидан юриб, ёқимли сўзлар билан болаларнинг кўнглини кўтарди, йўл қўйишган хатоларини тушунтира бошлади. Унинг овози жуда ёқимли ва майин бўлиб қолган эди. Кейин у келиб жойига ўтирди ва Флеминг билан Стивенга деди:
— Жойларингга бориб ўтиришларинг мумкин. Иккаланг ҳам.

Флеминг билан Стивен ўринларидан туришиб, бориб парталарига ўтиришди.

Уятдан юзлари бўғриқиб кетган Стивен шошиб-пишиб бир қўли билан китобни очди-да, эгилиб бошини варақлар орасига буркаб олди.

Ноҳақлик, шафқацизлик бўлди бу, чунки унга доктор кўзойнаксиз ўқишни тақиқлаган эди, бугун эрталаб у отасига хат ёзиб, кўзойнак юборишларини сўраган эди. Ҳазрат Арнолл ҳам уйидагиларинг кўзойнак юборишгунча ёзмай туришинг мумкин, деганди. Шундан кейин ҳам уни бутун синфнинг олдида найрангбоз деб ҳақорат қилишди, савалашди, ахир, у синфда доим биринчи ёки иккинчи ўқувчи бўлса. Ёркларнинг сардори бўлса. Нега инспектор уни найрангбоз деди? У инспекторнинг бармоқлари, кафтини ёймоқчи бўлиб, бармоқларига текканини сезган пайтда кўришмоқчи шекилли, деб ўйлаганди, чунки инспекторнинг бармоқлари юмшоқ, лўппигина эди, бироқ шу дақиқада бир зум юқорига кўтарилган қўл енгининг шитирлагани эшитилди-ю, зарба тушди. Уни синфнинг ўртасига тиз чўктириб қўйишгани ҳам ноҳақлик ва шафқацизликдан бошқа нарса эмас. Ҳазрат Арнолл иккаласига ҳам жойларингга бориб ўтиришларинг мумкин деди, бироқ бу гапни иккаланг ҳам бир гўрсан, деган оҳангда айтди. У ҳазрат Арноллнинг машқларини тузатаётиб хотиржам ва мулойим овозда гапирганини эшитди. Эҳтимол, у энди афсусланаётгандир, раҳмдил бўлгиси келиб қолгандир. Бироқ барибир ноҳақлик, шафқацизлик бўлди бу. Инспектор — руҳоний киши, аммо унинг бу иши ноҳақликдан, бераҳмликдан бошқа нарса эмас. Унинг оқишдан келган бўзранг башарасида, темир гардишли кўзойнаги ортидан ўқрайиб қараган нурсиз кўзларида раҳм-шафқатдан асар ҳам йўқ эди, чунки у аввалига ўзининг юмшоқ бармоқлари билан унинг кафтини ёйди, бироқ кўришмочи бўлиб эмас, аёвсиз савалаш учунгина шундай қилди.
— Мен буни учига чиққан разиллик деб ҳисоблайман, бор гап шу, — деди Флеминг болалар узун даҳлиздан турнақатор бўлиб ошхонага боришаётганда. — Ахир, ҳеч қандай айби йўқ одамни савалаш адолатданми?
— Чинданам сен кўзойнагингни билмай синдириб қўйдингми? — сўради Сассиқ Роуч.

Флемингнинг гапидан Стивеннинг юраги сиқилди. Сассиқ Роучга эса жавоб қилмади.
— Албатта-да, билмай, бехосдан, — деди Флеминг. — Мен бунга чидаб туролмасдим. Мен тўғри бориб ректорга шикоят қилардим, ўлай агар.
— Тўғри, — унинг гапини чаққон илиб олди Сесил Сандер, — мен кўрдим унинг чизғични кифтига ташлаб билдирмай олиб кирганини. Бундай қилишга унинг ҳаққи йўқ.
— Жуда қаттиқ оғридими, а? — сўради Сассиқ Роуч.
— Ҳа, жудаям, — деди Стивен.
— Мен ҳечам бу Тозининг шу қилиғига чидаб ўтирмасдим. Умуман, бундай тозиларни кўришга кўзим йўқ, — гапга аралашди Сассиқ Роуч, — эртага яна келаман деди у, келиб у сени яна уради.
— Тўғри айтаяпти. Сен бориб ректорга шикоят қилмасанг бўлмайди, — чувиллашди болалар.

Иккинчи синфнинг баъзи бир болалари бу можарони эшитиб туришганди, улардан бири дабдабали оҳангда шундай деди:
— Сенат ва Рим аҳли қарор қилади: Дедалусга берилган жазо нотўғри.

Бу нотўғри берилган жазо эди, бу чиндан ноҳақлик ва шафқацизлик эди. У ошхонада ўтириб бошига тушган кўргуликни бошдан-охир қайта-қайта эсларкан, кутилмаганда миясига: юзимга қараган одам мени найрангбоз деб ўйлаши мумкинми, деган ўй келди. Афсус, ҳозир чўнтагида кичкина ойнаси бўлганда юзига бир қараб кўрарди. Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас, унга нисбатан адолацизлик қилинди, бу ноҳақлик, бориб турган шафқацизлик.

Тўқ кулранг тусдаги балиқ котлети унинг томоғидан ўтмади. Уларга чоршанба, муқаддас рўза кунлари шундай котлет бериларди: битта картошкада белкуракнинг изи қолибди. Ҳа, тўғри, у шундай қилади, худди болалар айтганидай иш тутади. Тўғри бориб, ректорнинг олдига киради, ўзини ноҳақдан жазолашганини айтиб беради. Бир буюк одам ҳам шундай қилган, тарих дарслигида унинг сурати бор. Ректор унга жазо нотўғри берилганини эълон қилади — ахир, сенат ва рим халқи ноҳақ жазоланганларни ҳамиша оқлаган ва улар нотўғри жазоланганлар, дея эълон қилган. Улар буюк одамлар бўлишган, исмлари Ричмел Мегноллнинг саволномасида битилган. Тарихда ҳам, Питер Парлининг Юнонистон ва Рим ҳақидаги ҳикояларида ҳам шундай одамлар ва уларнинг ишлари ҳақида айтилган. Биринчи бетдаги суратда Питер Парленинг ўзи чизилган. Суратда текисликдаги икки томонини ўт-ўланлар ва буталар қоплаган йўл тасвирланган, Питер Парле эса протестантлар руҳонийсига ўхшаб, соявони кенг-мўл шляпада, қўлида йўғон ҳасса билан Юнонистонга ва Римга олиб борадиган йўлда жадал одимлаб бораётир.

Ахир, бунинг ҳеч қандай қийин жойи йўқ — ректорнинг олдига кириб, бор гап айтилади, холос. Бу осон: тушликдан ҳамма билан бирга чиқади, даҳлиздан юрмайди, аксинча, қасрга бориладиган зинадан кўтарилади: шундан сўнг ўнгга бурилса бўлди, бир зумда пастқам, ғира-шира, тор даҳлизда пайдо бўлади, бу жойдан ректорнинг хонаси бир қадам.

Қандай бўларкан? У юқори синф болаларининг столдан туришаётганини эшитди: ошхона ўртасидаги поёндоз устидан юриб бораётган болаларнинг қадам товушлари эшитилди. Ана Педди Рет, Жимми Межжи, ана испан бола, португал бола ҳам кетаяпти, бешинчи бўлиб Корриген бораётир, Корригенни мистер Глисон савалайди. Инспектор Долан эса уни найрангбоз деб ҳақорат қилди ва ҳеч бир сабабсиз савалади: Стивен йиғидан қизариб кетган хира кўзларига зўр бериб, Корригеннинг кенг елкаларига қаради. Корриген қора бошини осилтириб ҳаммадан орқада у билан ёнма-ён бораётир. Бироқ Корригеннинг ўзидан ҳам ўтди-да, ҳарқалай, мистер Глисон уни жонини ачитиб урмайди. У Корригеннинг ҳаммомда жуда басавлат кўринганини эслади. Унинг териси торф рангидай, худди ҳовуз четидаги саёз лойқа сув тусига ўхшайди, йўлакдан юриб ўтганида оёқлари ҳўл плиталар устида гурс-гурс этади, қадам ташлаганда сонлари лорсиллайди, чунки у семиз.

Ошхонанинг ярми бўшаб қолди, болалар турнақатор тизилишиб эшикка қараб боришаётир. У зинадан тўғри юқорига қараб юради, чунки ошхонанинг эшиги ортида ҳеч қачон назоратчиям, инспектор ҳам бўлмайди.

Йўқ, бормагани маъқул. Ректор барибир инспекторнинг тарафини олади, булар бари найранг, дейди, бунинг устига инспектор ҳар кун келади-ку, баттар бўлади кейин, ректорга шикоят қилган шу болами, деб ёмон кўриб қолади уни. Болалар уни боришга ундашаяпти-ю, бироқ ўзларига қолса боришмасди. Улар ҳаммасини унутиб юборишган аллақачон. Йўқ, бормайди, уям унутгани маъқул. Айтганча, инспектор ҳар куни келаман деб шунчаки пўписа қилдимикан. Йўқ, бормагани тузук, яхшиси инспекторнинг кўзидан панароқда юради, нега деганда, кичкина бўлсанг, кўзга илинмасанг сенга тегишмайди.

Унинг столидаги болалар қўзғалишди. У ўрнидан туриб, болаларнинг ортидан эшикка юрди. Ҳал қилиш керак. Мана, эшикка яқинлашиб қолди. Агар болаларга эргашиб яна озгина юрса ўтиб кетади — ректорнинг хонасига боролмайди, чунки кейин спорт майдончасидан қайтиб келишнинг иложи бўлмайди. Ректорга борсаям, барибир, жазолашади, ҳамма унинг ғашига тегади, инспекторнинг устидан ректорга шикоят қилган тирранча Дедалус шу, деб гап қилиб юради.

У поёндоздан юриб эшиккача борди. Йўқ. Бормаслик керак. У бундай қилолмайди. Стивен инспекторнинг кал бошини, ўқрайган раҳмсиз кўзларини эслади ва қулоғига унинг исм-шарифинг нима, деган товуши қайта-қайта эшитилди. Нега у бир марта айтганда эслаб қололмади? Эслаб қололмагани учун қайта сўрадимикан ё исм-шарифини масхараламоқчи бўлдимикан? Тарихда ўтган буюк кишиларнинг исм-шарифлари уникига ўхшайди, бироқ ҳеч ким уларни масхаралаб кулмайди-ку. Калака қилгиси келган бўлса, ўзининг исм-шарифидан кулсин. Долан — уларнинг уйига кир ювиш учун келиб юрадиган бир хотиннинг исм-шарифига ўхшайди.

У тор, қоронғи даҳлиздан юриб, ҳужраларнинг пастак эшикчалари ёнидан ўтди. Ғира-шира қоронғуликда ўнгга, чапга аланглаб бораётиб, бу ердаги деворларда суратлар бўлиши керак, деб ўйлади. Атроф қоронғи ва жим-жит эди, унинг кўзлари яхши кўрмас, йиғидан шишиб кетган, шу сабабдан у ҳеч нарсани ажратолмасди. Бироқ жамоанинг улуғ кишиларининг суратлари девордан унга қараб тургандай туюлди: авлиё Игнатий Лоёла қўлида очиқ китоб, шаҳодат бармоғи билан «Ad Mojorem Dei Gloriam»[2] иборасини кўрсатиб турибди, авлиё Франциск Ксаверий кўксига ишора қилган, бошига мовут қалпоқ кийган Лоренцо Риччи синф назоратчисининг ўзгинаси, художўй ўғлонларнинг уч нафар ҳомийси — авлиё Станислав Костка, авлиё Алоизий Гонзага ва саодатманд Иоанн Берхманс — учаласи ҳам навқирон қиёфада, чунки улар навқирон ёшда қазо қилишган, ҳазрат Питер Кенни эса оромкурсида кенг-мўл плашига ўраниб ўтирибди.

У кираверишдаги майдончага чиқди ва аланглаб атрофга кўз ташлади. Мана шу ердан ўтган Гамилтон Роуен, аскарлар отган ўқларнинг изи бор эди бу ерда. Кекса хизматкорлар маршалнинг оппоқ либосига бурканган арвоҳини шу ерда кўришган.

Кекса хизматкор майдончанинг бир четини супураётган эди. У қариядан ректорнинг хонаси қаерда деб сўради, қария қарши томондаги охирги эшикни кўрсатди ва у юриб келиб, эшикни тақиллатгунча орқасидан кузатиб турди.

Ичкаридан ҳеч ким жавоб қилмади. У қаттиқроқ тақиллатди ва ичкаридан бўғиқ овоз эшитилганда юраги шув этиб кетди:
— Кираверинг.

У эшикнинг тутқичини буради, эшикни очди ва ичкаридаги яшил намат қопланган иккинчи эшикнинг тутқичини излаб пайпаслади. Тутқични топиб босди ва хонага кирди.

Ректор столда ёзиб ўтирарди. Столда бош суяги турибди, хонада эски оромкурсига қопланган терининг ҳидига ўхшаган ғалати ҳид бор эди.

Бундай табаррук жойга кириб қолганидан ҳаяжонланиб ва хонадаги вазмин сукунат босиб, юраги тез уриб кетди: у столдаги бош суягига ва ректорнинг мулойим чеҳрасига қаради.
— Xўш, болакай, нима гаплар? — сўради ректор. — Тинчликми?

Стивен энтикиб, томоғига тиқилган ҳаяжонни ютаркан деди:
— Мен ўзимнинг кўзойнагимни синдириб қўйдим, сер.

Ректор оғзини очди ва таажжубланган оҳангда деди:
— Ў!

Кейин кулиб туриб деди:
— Начора, модомики кўзойнагимизни синдириб қўйган эканмиз, демак, энди уйга хат ёзишга тўғри келади, янгисини юборишсин.
— Мен уйимизга хат ёздим, сер, — деди Стивен, — ҳазрат Арнолл ҳам айтдилар, уйдагиларинг янги кўзойнак юборишгунча ёзмай тургин, дедилар.
— Яхши, жуда яхши, — деди ректор.
— Бироқ...
— Xўш?
— Ҳазрат Долан бугун келиб, мени машқни ёзмаганим учун савалади.

Ректор бир сўз демай унга қараб турди, Стивен юзларига қон югураётганини ҳис қилди, шу дамда кўзларидан ёш тирқираб кетадигандай туюлди.

Ректор айтди:
— Сенинг исм-шарифинг Дедалус, шундайми?
— Ҳа, сер.
— Қаерда синдирдинг кўзойнагингни?
— Юрадиган йўлакчада, сер. Бир бола велосипедда мени уриб юборди, мен йиқилиб тушдим, кўзойнагим учиб кетиб синди. Мен у боланинг исм-шарифини билмайман.

Ректор яна бир муддат чурқ этмай унга тикилиб қолди. Кейин кулиб туриб, деди:
— Менимча, бу ерда англашмовчилик бўлган, ҳазрат Долан билмаган-да.
— Мен унга айтдим, сер, кўзойнагимни синдириб қўйдим дедим, бироқ у мени жазолади.
— Сен уйингга хат ёзиб юборганингни унга айтдингми?
— Йўқ, сер.
— Ана, кўрдингми, демак, ҳазрат Доланга тушунтириб айтмагансан. Унга айтгин, мен сени бир неча кунга машғулотлардан озод қилдим.
— Раҳмат, сер, бироқ ҳазрат Долан айтди, эртага у яна келаркан, мени яна уради.
— Яхши, — деди ректор, — англашмовчилик бўлибди-да, ҳазрат Долан билан ўзим гаплашаман. Xўш, бўлдими?

Стивен кўзларини ёш қоплаганини сезди ва пичирлаб деди:
— Ҳа, бўлди, раҳмат, сер.

Ректор столнинг бош суяги турган тарафидан қўлини узатди ва Стивен бир лаҳза унинг совуқ, ҳўл кафтини ҳис қилди.
— Xўп, хайр, — деди ректор қўлини оларкан, бош ирғаб.
— Xайр, сер, — деди Стивен.

У таъзим қилди ва хонадан астагина чиқиб, ортидан иккала эшикни ҳам секин, авайлаб бекитди.

Бироқ майдончада кекса хизматкорнинг ёнидан ўтиб, яна пастқам, тор ва қоронғи даҳлизга келганда қадамини тезлатди. У тобора қичаб, ғира-шира қоронғиликда шошиб-пишиб, энтикиб, тез-тез юра бошлади. Даҳлизнинг охиридаги эшикни тирсаги билан итариб очди-да, зинадан югуриб тушиб, яна иккита даҳлиздан чопиб ўтди ва — ташқарига отилиб чиқди.

У майдонда ўйнаётган болаларнинг қийқириқларини эшитди. Ўзини тўхтатолмай югуриб кетди ва шу чопишда югурадиган йўлакдан ўтди-да, майдончага етганда нафаси тиқилиб, ўзининг синфи олдида тўхтади.

Унинг чопиб келаётганини болалар кўриб туришганди. Улар дарҳол Стивенни қўрғалаб ўраб олишди, гапини яхшироқ эшитиш учун бир-бирларини туртиб-сура бошлашди.
— Xўш, айт қани, нима бўлди?
— У нима деди?
— Кирдингми олдига?
— У нима деди?
— Айт қани, нима бўлди?

У болаларга ўзи нима деганини ва ректор нима деб гапирганини айтиб берди. Гапини тугатиши билан болалар бир варакайига фуражкаларини осмонга ирғитишиб, қичқириб юборишди:
— Ур-ра!..

Улар фуражкаларини илиб олишиб, яна осмонга қараб ирғитишди ва яна қичқиришди:
— Ура! Ура!

Кейин бир-бирларининг қўлларини чалиштириб ушлашиб, устига уни кўтариб ўтқазишди ва то ўзи сакраб тушиб қочиб кетганча кўтариб чопишди. У ўзини ерга ташлаб бир четга қочгандан сўнг болалар ҳар ёққа сочилиб, ётган жойларида яна фуражкаларини осмонга ирғитишди ва фуражкалари ҳавога кўтарилганда ҳуштак чалиб, қичқиришди:
— Ура!

Кейин улар уч марта кал Доланга қарши ғазаб билан ҳайқиришди ва яна уч бор Конми шарафига «ура» айтишди ва уни Клонгоус коллежи тарихида энг зўр ректор, деб эълон қилишди.

Майин бўзранг ҳавода олисдан келаётган қийқириқлар товуши тинди. У ёлғиз ўзи ўтирибди. Елкасидан оғир юк тушгандай енгил, вақти чоғ. Бироқ барибир у ҳазрат Доланнинг олдида кеккаймайди, интизомли ва итоаткор бола бўлади. Кўнглида ҳазрат Доланга бирор-бир яхшилик қилгиси, такаббурлик қилмаётганини билдиргиси келди.

Ҳаво майин, булутли ва сокин эди: қош қорая бошлаганди. Кечки салқин турди, қишлоқда дала ҳавоси шунақа ёқимли бўлади, улар далада маёр Бартоннинг чорбоғида шолғом кавлашди, шолғомни шу ердаёқ тозалашиб, йўл-йўлакай ейишди: айвонча ортидаги, мозилар ўсадиган ўрмондан шунақа ёқимли ҳид таралади.

Болалар узоқдан ва яқиндан тўп оширишни машқ қилишаяпти. Булутли майин ҳавода дуккиллаган паст товуш қулоққа чалинади ва бу осойишталикни бузиб, ҳар тарафдан крекет таёғининг зарбалари эшитилди: пик, пок, пак — худди фавворадаги сув томчиси лиммо-лим ҳовузга оҳиста томиб тушаётгандай.

Иккинчи Боб

Чарлз тоға чекадиган тамаки шу қадар аччиқ эдики, охир-оқибат унга боғнинг этагидаги саройчага бориб, эрталабки кайфини ўша ерда қилишини тайинлашди.
— Зўр, Саймон. Жуда соз! — деди қария босиқлик билан. — Қаерда бўлганда-чи. Саройда бўлса сарой-да, қайтага яхши.
— Ҳе, жин урсин, — деди қизишиб мистер Дедалус, — бу бемаъни нарсани оғзингизга қандай оласиз, ҳеч ақлимга сиғдиролмайман. Ахир, бу заҳри қотилнинг ўзгинаси-ку, худо ҳаққи!
— Ажойиб тамаки, Саймон, — деди қария, — баданни юмшатади, кайфни чоғ қилади.

Ўшандан бери Чарлз тоға ҳар куни эрталаб сочларини ҳафсала билан орқага тараб-текислаб, бошига гард қолдирмай тозаланган тцилиндрни қўндиргач, ўзининг саройига йўл олади. У чекиб ўтирганда эшикнинг тирқишидан тцилиндрнинг бир чети ва трубкасининг бошчаси кўриниб туради. Менинг бошпанам, дейди у бадбўй саройчани, бу ерда яна мушук ва боғда ишлатиладиган асбоб туради, шунингдек, бошпанаси унга ашула машқ қиладиган студия вазифасини ҳам ўтайди ва ҳар куни эрталаб у ўзининг яхши кўрган қўшиқлари: «Шох-шаббалар кўланкаси чекинди» ёки «Мовий кўзлар, олтин сочлар», ё бўлмаса «Бларни дарахтзори»ни берилиб, димоғида минғирлаб хиргойи қилади, кулранг ва зангори тутун ҳалқалари эса трубкадан оҳиста ўрмалаб, очиқ ҳавога сингиб кетади.

Ёзнинг биринчи ярмида Блекрокда Чарлз тоға Стивеннинг содиқ ҳамроҳига айланди. Чарлз тоға қорувли, юзларидан қатъияти аниқ кўриниб турадиган, офтобда тобланган, оппоқ чакка соқолли чол эди. Дам олиш ва байрамдан бошқа кунлари унга озиқ-овқатга буюртма бериб келиш вазифаси юкланар, у уйдан чиқиб, Керисфорт-авенюга, шаҳарнинг шоҳ кўчасидаги, одатда, оила зарур нарсаларни харид қиладиган дўконга йўл оларди. Стивен у билан дўкон айланишни яхши кўрарди, чунки Чарлз тоға йўл-йўлакай очиқ қутиларга, катта ёғоч челакларга тўлатилган мева-чевалардан олиб унга улашарди. Бир бош узумни хас-хашаги билан чангаллаб кўтарган ёки икки-уч дона олмага қўл солган ва уларни болага бажонидил ҳадя этган пайтлари бўлган. Бундай пайтда сотувчи тиржайиб қўяди; агар Стивен ўзини олгиси келмаётгандай кўрсаца, сотувчи қовоғини солиб дейди:
— Олаверинг, сер, эшитаяпсизми гапимни! Ичак-човоққа нафи бор бунинг!

Буюртма қабул қилиб олингандан сўнг улар боғга йўл олишарди, боғда уларни Стивеннинг отасининг эски ошнаси Майк Флинн скамейкада кутиб ўтирган бўларди. Шу ердан Стивен боғни айланиб югура бошларди. Майк Флинн қўлида соат билан вокзалга юриладиган йўлак бошида турар, Стивен эса боғни айланиб, Майк Флинннинг қоидаси бўйича — бошини ғоз тутиб, тиззаларини баланд кўтариб, қўлларини икки биқинига тираган ҳолда югурарди. Эрталабки югуриш тугагандан сўнг мураббий унга хатоларини уқтирар ва баъзан қандай югуриш кераклигини кўрсатиш учун эски кўк каноп туфлида, оёқларини бир-бирига уриб, завқ билан бир неча қадам югурарди. Гарчи унга отаси бизнинг замоннинг энг зўр чопағонлари Майк Флинннинг қўлида тарбия топган, деб айтган бўлса-да, Стивен устозининг сўлғин, тикандай тук босган юзига, тамаки ўрайвериб сарғайиб кетган узун бармоқларига ачиниб кўз ташлаб қўяр, қаварган узун бармоқлари тамаки ўрашдан тўхтаганда, тамаки увоқлари шувиллаб халтачага тўкилиб тушаётганидан бехабар ҳолда туйқусдан узоқ-узоқларга ўйчан термилиб қараб қоладиган зангор хира кўзларига қарарди.

Уйга қайтаётганларида Чарлз тоға кўпинча черковга кирарди. Бу ердаги муқаддас сув солинган идишга Стивеннинг қўли етмасди, шунда чол идишга қўлини ботириб олиб, тез-тез силкиб Стивеннинг уст-бошига ва черковнинг эшиги олдига сув сачратарди. Чўқина туриб у тиз чўкарди, бунгача қизил дастрўмолини ёзар ва ҳар бир саҳифасининг тагига дуонинг илк сўзлар битилган, эскириб қорайиб кетган дуолар китобига қараб пичирлаб овоз чиқариб ибодат қиларди. Стивен унинг тақводорлигига хайрхоҳ эмасди, бироқ чолнинг эътиқодига ҳурмат юзасидан ёнида тиз чўкиб ўтирарди. У кўпинча: Чарлз тоға нега бунчалик берилиб дуохонлик қиларкан, деб ўйларди. Эҳтимол, аросатда қолган руҳларга Яратгандан шафқат тилар ёки охирини осон қилишини илтижо этар, балки Коркда ўзи шамолга совурган катта бойликнинг ҳеч бўлмаса бир бўлагини қайтариб беришини Яратгандан ўтиниб сўрар.

Якшанба кунлари Стивен отаси ва тоғаси билан бирга сайрга чиқарди. Оёғидаги қадоқларига қарамай чол бемалол яёв юрарди ва кўпинча улар ўн, баъзан ҳатто ўн икки мил йўл босиб қўйишарди. Стиллорген қишлоқчасида йўл иккига ажраларди. Улар ё чапга, Дублин тоғлари тарафга қайрилишар ёки Гоуцтаунга қараб юриб, у ёқдан Дандремга ўтиб ва Сендифорд орқали уйга қайтишарди. Юриб бораётиб ёки оёқларини совутиш учун йўл четидаги бирор-бир ошхонага бош суқишганда катталар ҳар доимдагидай ўзларининг яхши кўрган мавзулари — Ирландиядаги сиёсий масалалар ҳақида, Манстер ёки бир пайтлар оилада бўлиб ўтган воқеалар тўғрисида гапга тушиб кетишарди, Стивен эса уларни жон қулоғи билан тингларди. Тушунарсиз сўзларни у ичида қайта-қайта такрорлар, ёдлаб олгунча тинчимасди ва атрофидаги дунёни уларнинг гап-сўзларидан тушуниб олишга шу тариқа оз-оздан ўрганиб борарди. Назарида, дунё ишларида ўзи ҳам иштирок этадиган вақт-соатлар яқинлашиб қолгандай туюлар ва у зимдан улуғ ишга тайёрлана бошлаган, бу улуғ иш ўзининг тақдир-пешонасига битилганини кўнглида ҳис этар, бироқ моҳиятини ғира-шира тасаввур қилар эди.

Тушликдан кейин унинг ихтиёри ўзида бўларди: эскириб тўзиган китобни — «Граф Монте-Кристо»нинг таржимасини ўқишга бериларди. Бу қайғули қасоскор образи унинг тасаввурида болалигида хаёл қилган тушунарсиз ва қўрқинчли нарсаларга боғланиб кетарди. Кечалари у меҳмонхонадаги стол устида қоғозга кўчириладиган суратлардан, қоғоз гуллар, рангли юпқа қоғозлар ва шоколад ўрайдиган ялтироқ қоғоз тасмачаларидан оролдаги ваҳимали ғор шаклини ясарди. Кейин бу иншоотни, сохта ялтироқлигидан юраги сиқилиб, бузиб ташларди ва шунда кўз ўнгида Марселнинг ёрқин манзараси, қуёш нурлари тўкилиб турган боғ теварагидаги тўсиқлар ва Мерседес пайдо бўларди.

Блекрок ортида, тоққа олиб борадиган йўлда, атиргуллар ўсадиган боғда кичкина оқ уйча бор, бу уйчада, дерди у ўзига-ўзи, бошқа бир Мерседес яшайди. Сайр қилгани чиқаётиб ёки уйга қайтиб келаётиб, у ўша жойгача бўлган масофани ўзича чамалар ва хаёл-орзусида худди китобдагидай, узундан-узоқ ғаройиб саргузаштларни бошдан кечирар, охирида эса ўзи пайдо бўларди: мана у — қариб қолган ва ғамгин, ой ёғдусига чўмган боғда Мерседес билан ёнма-ён турибди, кўп йиллар олдин қиз унинг муҳаббатига хиёнат қилган ва у ҳасратга тўлиб, бироқ мағрур туриб деди:

«Хоним, мен мускат узумини тановул этмайман».

У Обри Миллз деган бола билан дўстлашди ва у билан биргаликда боғда саргузашт ишқибозлари иттифоқини тузди. Обри камзулининг ёқаси устидан ҳуштак, белидаги камарига велосипеднинг кичкина чироғини осиб олган, бошқа болалар камарларига калта таёқчаларни ханжарга ўхшатиб тиқиб олишган. Стивен бир жойда Наполеоннинг оддий кийинишни маъқул кўргани, бўлар-бўлмас нишонлардан воз кечганини ўқиган эди ва бу унга аскарлари билан кенгаш ўтказганда айрича қониқиш бағишларкан. Иттифоқ аъзолари алвастилар чорбоғига ҳужум уюштирар ёки қасрдаги қўрғончага жам бўлишиб, йўсин қоплаган пахмоқ харсанглар устида жанг қилишарди: кейин ҳориб-толиб уй-уйларига қайтишар, думоғларига суви эскириб айний бошлаган ҳовузнинг бадбўй ҳиди ўтириб, қўллари, бошлари бақатўнларнинг аччиқ шилимшиқ ширасига буткул беланиб қоларди.

Обрига ҳам, Стивенга ҳам сутни фақат бир киши олиб келарди ва улар тез-тез аравада у киши билан бирга Каррикмайнзга боришарди, сигирлар шу ерларда ўтлаб юрарди. У сигирларни соғиб олгунча болалар навбат билан ювош бияга миниб, далани айланарди. Бироқ куз келиб, сигирларни даладан молхонага ҳайдаб кетишди ва Стивен Стредбуркдаги сасиб ётган молхонани бир кўриб қолди — бижғиб ётган кўлмаклар, уюб ташланган суюқ гўнг, охурларда кепак қорилган емишдан кўтарилаётган буғдан сал бўлмаса ичи ағдарилаёзди. Қуёшли кунларда ям-яшил қирларда ёйилиб ўтлаб юрган сигирларни кўрганда кўзи қувонарди, энди молни кўрса жирканадиган, ҳатто сутга ҳам қайрилиб қаролмайдиган бўлиб қолди.

Бу йил сентябрнинг яқинлашиб келаётгани унинг дилини сиёҳ қилмасди, чунки энди Клонгоусга қайтиб боришининг ҳожати йўқ. Майк Флинн касалхонага ётди, шу билан боғдаги машқлар ҳам барҳам топди. Обри мактабга қатнай бошлади, унга ўйнаш учун фақат тушдан сўнг бир соатгина рухсат беришарди. Иттифоқ ҳам тарқаб кетди, алвастилар чорбоғига ҳужумлар, харсанглар устида жанг қилишлар ҳам тугади. Баъзан Стивен сутчи билан кечқурун соғилган сутни тарқатиш учун аравада бирга юрар, кечки салқинда эсган совуққина шабада молхонанинг қўланса ҳидини хотирасидан қувгандай бўлар, пичан боғламлари ва сутчининг уст-бошига илашган молнинг юнгларидан энди жирканмасди. Арава бирор уй олдига келиб тўхтаганда: ҳозир эшик очилиб, бир зум ялтиратиб тозаланган ошхона ёки ёп-ёруғ даҳлиз кўринади, ичкаридан хизматкор аёл чиқиб, кўзачасини қўяди-да, эшикни беркитади, деб кутиб қараб турарди. Бироқ айни шундай— унинг юрагини сиқиб, боғда машқ қилаётганида туйқусдан оёқларидан мадорини қуритадиган гумон туйғуси, устози Майк Флинннинг узун, сарғайиб кетган, қадоқли бармоқларига, маъюс эгилган сўлғин, тикандай тук босган юзига умидсиз қарашга мажбур этадиган хавотир ҳисси келажак ҳақидаги ширин орзуларини тўзғитиб юборарди. Отасининг ишлари чатоқлигини у оз-моз пайқаган эди: шунинг учун ҳам уни Клонгоусга жўнатишмади. Яқиндан бери уйларида рўй бера бошлаган баъзи бир нохушликларни у сезиб юрарди, бу ўзгаришлар унинг назарида жуда мустаҳкам бўлиб кўринган нарсаларни бирин-кетин бузиб ташлаётгани ҳар сафар унинг дунё ҳақидаги болаларча тасаввурига сезиларли зарба бўлиб тушарди. Гоҳи-гоҳида қўзғаладиган иззатталаблик туйғуси юрагининг туб-тубида ғимирлаб қўяр ва юзага чиқиш учун йўл қидирмасди. У от туёқларининг дупирига, Рок-роудга томон темир излардан келаётган кўнка-вагонларнинг тарақ-туруқига қулоқ солганда, шундоқ ортида тарақлаб юмалаб тушган каттакон тунука идишнинг шовқинини эшитганда онгини, ерни қоплаган шом пардасидай, қоронғулик чўлғаб оларди.

У хаёлида Мерседеснинг ёнига қайтар ва кўз олдида қизнинг қиёфаси жонланганда томирларида ғалати бир безовталик уйғонарди. Аҳён-аҳёнда вужудини аллақандай ҳаяжон забт этар ва уни беихтиёр шом қоронғуси қоплаган сокин кўчаларига қувиб соларди. Боғлардаги осудалик, деразалардан ёғилиб турган нурафшон ёғдулар ҳаяжондан ҳаприқаётган юрагига тасалли берарди. Ўйнаб юрган болаларнинг қий-чувлари унинг ғашини қўзғар, уларнинг аҳмоқона бақириқ-чақириқлари эса унга, Клонгоусдагидан кўра ҳам қатъироқ тарзда, ўзининг ҳечам бошқаларга ўхшамаслигини ҳис этишга мажбур қиларди. Унинг ўйнагиси келмасди. У ўзи кўриб турган мана шу ҳақиқий ҳаётда юрагини бесаранжом қилаётган ўша тутқич бермас қиёфани учратгиси келарди. Уни қаердан, қандай излаб топишини билмасди. Бироқ ҳеч қандай заҳмат чекмаса-да, бир куни ўша қиёфа қаршисида пайдо бўлишини кўнглида сезарди. Шунда иккаласи, гарчи бир-бирини олдиндан билишса-да, олдиндан бирор-бир шийпон остидаги ёки бошқа хилватроқ жойда учрашишга аҳдлашган бўлишса-да, албатта, хотиржам кўришишади. Фақат иккаласи бўлади — атроф эса қоронғу ва жим-жит; ана шу беқиёс файзу тароватли лаҳзада у қайта туғилади. У қизнинг кўз ўнгида бир зум ғойиб бўлади, жонсиз, танасиз шаффоф руҳга айланади ва шу лаҳзанинг ўзидаёқ қайта яралади. Бўшанглиги, маъюслиги, тажрибасизлиги ана шу сеҳрли лаҳзада уни буткул тарк этади.

Бир куни эрта тонгда дарвоза олдига бир жуфт сариқ соябон арава келиб тўхтади ва одамлар оғир-оғир қадам ташлашиб уйга киришди, улар жиҳозларни олиб кетиш учун келишганди. Мебелни аравага гулзорни босиб кўтариб олиб ўтишди, гулзорда похол ва ип-арқонларнинг узуқ-юлуқ парчалари сочилиб ётарди. Жиҳозларни юклаб бўлишгач, аравалар тарақлаганча кўчада юриб кетди. Йиғламсираган онасининг ёнида ўтирган Стивен кўнканинг деразасидан Мерион-роуд бўйлаб йўртиб кетишаётганини кўрди.

Ўша куни кечқурун меҳмонхонадаги каминни ёқиш қийин бўлди, мистер Дедалус темир косов билан каминни ковлаштирди, кўмирнинг олов олишини кутиб турди. Чарлз тоға бўшаб қолаётган, тўшанчилари йиғиб олинган хонанинг бир бурчагида мудраб ўтирибди. Столдаги чироқ юк ташувчилар оёқ излари қолган кир-чир полни хирагина ёритади. Стивен отасининг ёнида кичкина курсичада, унинг ўзига-ўзи айтаётган узуқ-юлуқ гапларни эшитиб ўтирибди. Авваллари у кам нарсани тушунар ё умуман ҳеч нарсани тушунмас эди, бироқ аста-секин отасининг душманлари борлигини ва қандайдир кураш бўлиши кутилаётганини илғай бошлади. У ўзини ҳам бу курашга тортишаётганини, унга ҳам аллақандай мажбурият юкланаётганини сезди. Унинг орзуларини, Блекрокдаги осойишта ҳаётини остин-устун қилиб юборган кутилмагандаги кўчиш, туман босган файзсиз шаҳардан аравада юриб ўтганлари, энди улар яшайдиган, саромжон-сариштасиз яп-яланғоч уй ҳақидаги ўйлар юрагини сиқарди. Шундай дамларда яна қандайдир бир нур, келажакдан умидворлик туйғуси унга куч бағишлади. У энди хизматкор аёлларнинг даҳлизда нега сирли пичирлашганини, отасининг нега камин тагига тўшалган гиламча устида тик туриб оловга орқасини тутиб, овози борича Чарлз тоғага бир нималарни уқтирмоқчи бўлгани-ю, Чарлз тоғанинг уни ўтиришга, овқатланиб олишга кўндирмоқчи бўлиб уринганларининг сабабини биларди.
— Мен ҳали таслим бўлганим йўқ, Стивен, ўғлим, — дерди мистер Дедалус косов билан каминдаги милтиллаб турган оловни асабий қўзғаркан, — ҳали биз курашамиз, жин урсин (ўзинг кечиргайсан, тангрим), ҳа, ҳали шундай жанг қилайликки!

Дублин янги ва нотаниш жой эди. Чарлз тоға шу қадар уқувсиз бўлиб қолдики, уни топшириқ билан бирор жойга ишониб жўнатишнинг иложи йўқ эди, боз устига, кўчиб келишгандан сўнг уйда авж олган бесаромжонлик ва ташвишлардан Стивен, Блекрокдагидан кўра ҳам, бекорчи бўлиб қолди. У дастлаб қўшни уй олдидаги майдончани айланишга журъат этди, бир тор кўчанинг ярмигача бора олди, бироқ кейин хаёлида ўзича шаҳар планини чизган бўлиб, марказий кўчалардан бирига чиқиб олди ва дадил юриб божхонагача борди. У дарё қирғоғидаги кемалар таъмирланадиган устахоналар ёнида шунчаки сандирақлаб юрди, сув бетидаги қалин сарғайган кўпик ичида қалқиб турган бир талай пўкак-сузгичларга, бандаргоҳда уймалашиб турган юк ташувчиларга, тарақлаб бораётган аравалару пала-партиш кийинган, соқолли полициячиларга ажабланиб қаради. Қирғоққа уюб ташланган ёки кемаларнинг ичида осилиб турган той-той нарсалар унга ҳаётнинг залворли ва фавқулодда ғалатилигидан дарак берар, тағин қалбида кечқурунлари боғдан боққа Мерседесни қидириб изғишга мажбур этадиган ўша безовта туйғуни қўзғар эди. Ва бу янги гуллаган қайноқ ҳаёт ичида у Марселни ҳам тасаввур қила олиши мумкин эди, бироқ бу ерда на шишадай тоза осмон ва на қуёш нури ярақлаб турган вино дўконларининг панжарасимон деразалари бор. У қирғоққа назар ташлаганида, дарёга ва ер бағирлаб турган осмонга қараганида ичида мубҳам бир ғашлик тошиб келар, бироқ у барибир ҳар куни шаҳарни изғишини канда қилмас, гўё ўзига чап бераётган кимнидир излаётгандай тиниб-тинчимас эди.

У икки марта онаси билан қариндошларининг уйига меҳмонга борди ва ҳар гал мавлуд байрами учун безатилган — ярқираб нур сочиб турган савдо растаси ёнидан юриб ўтилган бўлса-да, чиройи очилмади, ғамгин кайфият уни тарк этмади. Ғамгинлигининг эса ўзига боғлиқ ва боғлиқ бўлмаган сабаблари кўп эди. Ўзининг ҳали кичик экани унга алам қилар, аллақандай аҳмоқона тийиқсиз эҳтиросларга берилиб қолишлари, уйларида ҳаёт маромининг ўзгариб кетгани орзу-ўйларини остин-устун қилиб, дарду дунёсини фавқирона ва сохта бир нимага айлантириб қўйгани уни пушаймонга соларди. Бироқ алам ва пушаймонлар унинг теварак-атрофдаги оламни англай бошлаган идрокига йилт этган янгилик олиб кирмади. У нимаики кўрган бўлса, барчасини чидам билан, оғриниб кўнглидан ўтказар ва бу оғир кайфият зимдан унинг қон-қонига сингиб борарди.

У холасиникида, ошхонада курсида ўтирарди. Каминнинг ортидаги локланган деворда қалпоқли чироқ осилиб турар ва унинг ёруғида холаси тиззасига ташлаган оқшомги газетани ўқирди. Xоласи кулиб тушган аёллар суратига узоқ қараб турди, кейин ўйчан оҳангда деди:
— Гўзал Мейбл Xантер.

Қўнғироқсоч қизалоқ оёқларининг учига кўтарилиб, суратга қаради-да, секингина сўради:
— Бу қайси пиесада, ойи?
— Пантомимада, қизалоғим.

Қизча қўнғироқсоч бошчасини онасининг қўлига қўйди ва суратга қараб, гўё сеҳрланиб қолгандай шивирлади:
— Гўзал Мейбл Xантер!

Айёрона кулиб турган бу қув кўзлардан, гўё сеҳрланиб қолгандай, қизча кўзларини узолмай турди ва ҳаяжонланиб пичирлади:
— Вой, қандай чиройли!

Кўчадан елкасида бир қоп кўмир билан оғир қадам ташлаб букчайиб кириб келган бола унинг гапини эшитди. Бола елкасидаги қопни ерга чаққон ташлаб, югуриб келди. У қизаринқираган, кўмирдан қорайган қўллари билан газетани ўзига тортди ва қизчани четроққа суриб, ўзига кўринмаётганидан нолинди.

Стивен деразалари қорайган эски уйнинг тепа қаватида энсиз тор ошхонада ўтирибди. Ўчоқдаги олов акси деворда жилпанглаб ўйнаяпти, дераза ортида дарёни қоплаган шом қоронғуси қуюқлашаётир. Кампир ўчоқ олдида куймаланади, чой дамламоқчи: у ишидан бошини кўтармай руҳоний билан доктор нима дейишганини секин гапириб бераяпти. Ва яна кампир беморнинг аҳволи қай томонга ўзгараётгани, ҳаракатлари, гап-сўзларидаги ғалати аломатларни ҳам айтаётир. У бу гапларни эшитаяпти, хаёли эса қаршисида милтираётган кўмир уюмида — қасрлар ва саройлар ичида эгри-бугри узун йўлаклар ва тор, зимистон ғорларда кечаётган олатасир саргузаштлар билан банд.

Туйқусдан у эшик олдида аллақандай шарпани сезди. У ерда, ғира-ширада, қия очиқ эшикнинг қоронғу тирқишида бир бош кўринди. Маймунбашара ғариб мавжудот ўчоқ бошидаги овозларга музтар бўлиб турибди. Инграган овоз сўрайди:
— Жозефинами бу?

Куймаланаётган кампир, ўчоқ бошидан жилмай, дадил жавоб қайтаради:
— Йўқ, Эллен, бу Стивен!
— Ҳа... салом Стивен.

У саломга алик олади ва эшикдаги башарада маънисиз табассумни кўради.
— Сенга бирор нима керакми, Эллен? — сўрайди кампир.

Бироқ у, саволга жавоб бермай, дейди:
— Мен бу Жозефина, деб ўйлабман. Мен сизни Жозефина дебман, Стивен. — Қиз буни бир неча бор такрорлайди ва сездирмай қиқирлаб кулади.

У Xаролд-кроссдаги болалар байрамида ўтирибди. Одамови сергак кайфият тобора уни ўз таъсирига олаётир, у ўйинларга деярли қўшилмаяпти. Болалар бошларига қалпоқ кийиб олишиб, сакрашиб рақс тушаётир, унинг ўйин-кулгиларга қўшилгиси келаётган бўлса-да, барибир бу серзавқ даврада ола-була қалпоқлар орасида ўзини бегонадай, ғамгин ҳис этади. Бироқ ўзи тайёрлаган қўшиқни айтиб бериб, тинчгина бурчакка келиб қулай ўрнашиб олгач, ёлғиз ўтиргани ўзига ёқди. Бошида унга сохта ва бемаънидай туюлган хурсандчилик оқшоми энди туйғуларини эркалаётган, бегона кўзлардан сир тутишга уринаётган эҳтиросига тасалли бераётган ёқимли шабададай ҳузур бағишлар, боз устига, ашула айтиб рақсга тушаётган болалар орасидан, мусиқа ва ўйин-кулгилар ичида қизнинг у ўтирган бурчакка қадалиб-қадалиб қараётган меҳрли, бесаранжом ва айни дамда интизор нигоҳи юрагини тўлқинлантириб юборарди.

Даҳлизда болалар кийинишаяпти. Байрам оқшоми тугади. Қизалоқ бошига шолрўмолини ташлаб олди ва улар ёнма-ён юриб чанага боришаётганда унинг иссиқ нафасидан чиққан буғ рўмолга бурканган боши узра ўйноқлаб кўтарилар, бошмоқлари муз қотган йўлга урилиб бепарво тақилларди.

Бу чананинг охирги қатнови эди. Ҳориган тўриқ отлар буни сезар ва ойдин кечага пўписа қилгандай бўйинларидаги қўнғироқчаларни силкиб-силкиб қўярди. Паттачи йўл бошловчи билан гаплашиб олди ва яшил чироқ ёруғида улар бир-бирига бош силкишди. Бўм-бўш ўриндиқларда бир талай рангли патталар сочилиб ётарди. Кўчанинг на у ва на бу тарафидан оёқ товуши эшитиларди. Тунгги сукунатни ҳеч қандай товуш бузмас, фақат ҳориган тўриқ отлар тумшуқларини бир-бирига суйкашар ва қўнғироқларни силкитиб қўйишарди.

Улар, афтидан, айтилган гапга қулоқ солишди: у юқоридаги ўриндиққа, қиз пастдагисига ўтирди. Қиз бир неча бор унинг ўриндиғига чиқди ва яна ўзиникига тушди, гап тугаганда қиз пастга тушишни унутиб, икки марта унинг ёнида бир дақиқача туриб қолди, бироқ кейин тушди. Унинг юраги сув юзидаги пўкаксузгичдай қизнинг ҳаракатларига монанд кўтарилиб-тушарди. Қизнинг шолрўмол тагидан қараган кўзлари нима деб сўзлаётганини у эшитди ва бундай сўзларни у қачондир бир замонлар, ҳаётдами ё хаёлдами, эшитган эди. У қизнинг ўзини чиройли кўрсатиб, ярашиб турган кўйлагини, сумкаси ва узун қора пайпоқларини намойиш қилиб, атай юрагини ўртаётганини пайқади, бироқ ундан кўзини ҳеч узолмасди. Шунда ҳапқириб ураётган юрагининг туб-тубидан тошиб келаётган аллақандай овоз: у қизнинг, шундоқ қўл узаца етадиган туҳфасини қабул қила олармикан, дегандай бўларди.

Бир куни Эйлин билан меҳмонхона ҳовлисига қараб туришгани ёдига тушди: меҳмонхона ходими устунга узун байроқни қўндираётган эди, кичкина ов кучуги кунгайдаги майсада у ёқдан бу ёққа югуриб юрарди, шунда Эйлин тўсатдан кулиб юборди ва қия йўлакдан пастга қараб чопиб кетди. Ҳозир ҳам у, яна ўша пайтдагидай, жойидан жилмай, ҳаракациз турибди — гўё саҳнада ўйнаётган томошани кузатаётган хотиржам томошабиндай.

«Уям хоҳлаяпти менинг қўл тегизишимни, — деб ўйлади у, — шунга мен билан бирга кетаяпти-да. Агар у менинг ўриндиғимга чиқса, унга яқинлашишим осон бўлади: шунда бизга ҳеч кимнинг кўзи тушмайди. Мен уни қучоқлардим, ўпардим».

Бироқ у бундай қилгани йўқ; кейин бўм-бўш чанғида, оёғи остидаги тарам-тарам зинага ғуссага ботиб термилиб ўтирди ва қўлидаги паттани йиртиб-йиртиб қиймалаб ташлади.

Эртаси куни у ўзининг тепадаги бўм-бўш хонасига қамалиб олиб, бир неча соат столга эгилиб ўтирди. Олдида янги перо, янги оч яшил дафтар ва янги сиёҳдон турарди. Дафтарнинг биринчи бетини очиб, тепасига, одатига кўра, иезуит ордени шиорининг бош ҳарфларини ёзди: А.М.Д.Г. Биринчи йўлга ёзмоқчи бўлган шеърининг сарлавҳасини битди: Э.га. Шеърга шундай сарлавҳа қўйса ҳам бўлишини биларди, чунки лорд Байроннинг шеърлар тўпламида шунақа сарлавҳани кўрган эди. Сарлавҳани ёзиб, тагига тўлқинли чизиқ тортиб, кейин ўйланиб қолди ва беихтиёр муқовага алламбалоларни чизабошлади. Ёдига Бреда мавлуд зиёфатининг эртаси куни столда қандай ўтиргани ва миясига ўрнашиб қолган отасининг ибораларини ишлатиб, Парнелл ҳақида шеър ёзишга урингани тушди. Бироқ ўшанда мавзу оғирлик қилганди чоғи, машқдан воз кечиб, варақни тўлдириб синфдошларининг исм-шарифларини ёзиб ташлаган эди:

  • Стивен Дедалус
  • Тайёрлов синфи
  • Клонгоус Вуд Коллеж
  • Коинот

Афтидан, ҳозир ҳам урингани билан бир иш чиқмайдиган кўринди, бироқ ўша байрам оқшомини эслаб кўнгли ёришди, ўзига ишончи ортди. Ўшандаги аҳамияциз, ўткинчи нарсалар ёдидан кўтарилиб кетган, хотирасида на чанғи, на паттачи билан извошчи, ва на отлар қолган, ҳатто ўзи билан қиз ҳам хаёлидан жуда узоқлашиб кетгандай эди. Шеър фақат оқшом ҳақида, беҳолгина эсаётган шабада ва ойнинг бокира ёғдуси ҳақида сўзларди, холос; баргларидан айрилиб мунғайиб қолган дов-дарахтлар тагида туришган қаҳрамонларнинг юракларидаги ноаён дард тарқаб борар, хайрлашув фурсати етганда эса уларнинг бири жойидан жилмади ва бўса уларни бир-бирига қовуштирди. У шеърни битириб, варақнинг пастига L.D.S.[3] ҳарфларини ёзиб қўйди, кейин дафтарни ёпиб, онаси ётадиган уйга кирди ва у ердаги ойнага қараб ўзининг юзига узоқ тикилди.

Бироқ эмин-еркин кунлар ҳам оёқлаб бораётган эди. Кунларнинг бирида отаси бир дунё янгилик билан келиб қолди, овқат устида жағи тинмай жавради. Стивен отасини кутиб ўтирганди, чунки бугун қўй гўштидан қовурма пиширилган, отаси унга нонни қовурманинг қайласига булаб егин, деб қисташини биларди. Бироқ бу сафар қайланинг мазаси унга татимади, чунки Клонгоус ҳақида гап очилиши биланоқ томоғига бир нима тиқилди.
— Унинг ёқасидан олишимга сал қолди, — деди мистер Дедалус бир гапни тўртинчи марта такрорлаб, — майдоннинг шундоқ бурчагида тутдим-да ўзиниям.
— Ишқилиб, бу ишнинг уддасидан чиқармикан у? — сўради миссис Дедалус. — Мен Белведер ҳақида гапираяпман.
— Бўлмаса-чи, чиққанда қандоқ, — деди мистер Дедалус. — Мен сенга айтгандим-ку, ахир, у энди иезуитлар орденининг раҳбари — провинциал.
— Менга қолса, сира ҳам уни христиан биродарлар мактабига4 бергим йўқ, — деди миссис Дедалус.
— Жин урсин ўшаларни, — бақирди мистер Дедалус.
— Аллақандай Педдию Майклар билан оғиз-бурун ўпишиши етмай турганди! Йўқ, иезуитлар билан бирга бўлсин, шу ерда бошладими ўқишни — шу ерда тугацин. Кейин ҳам унга фойдаси тегади. Обрўйлироқ жойга жойлаштириб қўйишга ҳам имконият бор уларда.
— Бунинг устига энг бой ташкилот, тўғрими Саймон?
— Ҳа-да! Кунлари пошшолик билан ўтади! Сен кўрганмидинг уларнинг Клонгоусдаги дастурхонини? Яратганга шукр, уларнинг егани олдида, емагани ортида.

Мистер Дедалус ўзининг ликопчасини, қолган овқатни тозалаб есин деб, Стивеннинг олдига сурди.
— Энди сен, Стивен, қунт билан киришгин, — деди у. — Сандирақлаб юрганинг етар.
— Мен унга ишонаман, у энди тиришиб ўқийди. — деди миссис Дедалус, — бунинг устига Морис ҳам энди у билан бирга бўлади.
— Вой, худойим, эсим қурсин, Морисни унутиб қўйибман-ку, — деди мистер Дедалус. — Қани, ярамас, бу ёққа кел-чи. Кел олдимга тирранча. Биласанми нима, мен ҳали сени мактабга олиб чиқаман, у ерда сенга ҳарфларни қўшиб ўқишни ўргатишади: н-о-н—нон. Мен сенга яна чиройли дастрўмолча сотиб олиб бераман, бурнингни тозалаб артиб юрасан. Зўр бўлади, а?

Морис кайфи чоғ бўлиб, аввал отасига, кейин Стивенга қаради. Мистер Дедалус кўзойнагини кўзига қистириб, иккала ўғлига синчковлик билан кўз ташлади. Стивен нон чайнаётган эди, отасига қарамади.
— Ҳа, дарвоқе, —деди ниҳоят мистер Дедалус, — ректор бору, ўша-да, ҳалиги провинциал, менга сен билан ҳазрат Доланнинг ўрталарингда бўлиб ўтган можарони гапириб берди. Сен дейман, бу, жуда шумтака чиқиб қолдинг-ку, а, уяциз.
— Наҳот у шундай деган бўлса, Саймон?
— Йўқ, гап бошқа ёқда! — Кулди мистер Дедалус. — Бироқ у менга бу воқеани оқизмай-томизмай гапириб берди. Биз у билан уёқ-буёқдан анча валақлашдик... Эҳ-а, эсим қурсин! Айтганча, биласанми у менга нима деди? Ҳа, унинг жойини ким эгаллаганидан хабаринг борми? Майли, бу ҳақда кейин. Xуллас, биз у билан жуда очилиб-сочилиб лақиллашдик, у мендан ошнамиз ҳалиям кўзойнак тақиб юрибдими, деб сўради, кейин ўша можаро тарихини эринмай гапириб берди.
— У норозими, Саймон?
— Норози! Бўлмаган гап! «Ўғил бола экан», деди у.

Мистер Дедалус провинциалнинг манқаланиб оҳанжама билан гапиришини калака қилди:
— «Энди қўяверасиз, ҳазрат Долан ҳам, ҳаммамиз қотиб-қотиб кулдик, десайиз, мен буни овқат устида уларга гапириб бердим-да». «Эҳтиёт бўлинг, ҳазрат Долан, — дедим мен, — тағин тирранча Дедалус қўлларингизни аёвсиз савалаб, таъзирингизни бериб қўймасин!». Энди қўяверасиз, ҳазрат Долан ҳам, ҳаммамиз қотиб-қотиб кулдик! Ҳа, ҳа, ҳа!

Мистер Дедалус хотинига ўгирилиб қаради ва ўзининг одатдаги гап оҳангида таъкидлаб деди:
— Кўрдингми, у ерда қандай тарбиялашларини! Иезуит дегани — бу суяк-суягигача дипломат, ахир!

У яна провинциалнинг овозига тақлид қилиб, такрорлади:
— «Энди қўяверасиз, ҳазрат Долан ҳам, ҳаммамиз қотиб-қотиб кулдик, десайиз, мен буни овқат устида уларга гапириб бердим-да. Ҳа, ҳа, ҳа!».

* * *

Кечқурун мактаб спектакли бошланишидан олдин Стивен кийим жавони олдида, тепасига хитой фонусчалари чамбарак қилиб тортиб илинган мўжазгина майсазорга тикилиб турарди. У меҳмонларнинг бош бинодан зина орқали тушиб келиб, театрга киришаётганини кўрди. Фрак кийган мезбонлар, Белведер қариялари театр эшиги олдида навбатчилик қилишар, меҳмонларни тавозе билан жойларигача бошлаб боришарди. Туйқусдан ёнган фонусча ёруғида у руҳонийнинг кулимсираган юзини кўрди.

Муқаддас неъматлар ковчегдан олиб қўйилган, меҳроб супаси ва унинг тевараги холироқ бўлиши учун биринчи қатордаги ўриндиқлар орқага сурилган. Девор тагига гантеллар, ирғитиб ўйналадиган хўққалар ва бошқа спорт анжомлари қўйилган, оғир тошлар бурчакка уюб ташланган, жигарранг қопларга нари-бери тиқиб жойланган сон-саноқсиз гимнастика туфлилари, камзул ва кўйлаклар уюмлари орасидаги устига чарм қопланган ёғоч от эса ўз навбатини кутиб турибди, спорт дастури охирида уни саҳнага олиб чиқишади ва атрофида беллашувчи командалар саф тортади.

Стивен гарчи ёзма ишларда эришган ютуқлари учун гимнастика синфига синфбоши этиб сайланган бўлса-да, томошанинг биринчи турида иштирок этмади, бироқ иккинчи турда намойиш этиладиган спектаклда ўқитувчининг бош комик роли унга топширилган эди. Жуссаси ва сиполигини инобатга олишиб, шу ролга маъқул кўришганди. У энди Белведерда иккинчи йилни ўтказаётган ва охирги синфдан битта олдинда ўқиётган эди.

Оппоқ пайпоқ ва камзулча кийиб олган болалар қатори тўпирлаб руҳонийлар кийими сақланадиган хона орқали черковга югуриб ўтди. Кийимхонада ва черковда ҳаяжонланган тарбиячилар ва ўқувчилар уймалашиб туришарди. Xомсемиз тепакал сержант ёғоч от олдидаги трамплинни оёғи билан босиб кўрди. Ҳўққалар билан ўйин кўрсатадиган узун палтодаги озғин йигит унинг ёнида қизиқсиниб қарар, ярқираган кумушранг ҳўққалар унинг чуқур ён чўнтакларидан чиқиб турарди.

Аллақаердан ёғоч соққаларнинг қарсиллаб урилган товуши эшитилди, команда саҳнага чиқишга тайёрланаётган эди, бир дақиқа ўтиб, шошиб-пишаётган тарбиячи, ғозлар галасини қувлаётгандай, узун тўнининг этагини ҳовлиқиб силкиб, ортда қолганларга бақириб, кийимхонадан болаларни олдига солиб ҳайдади. Қадимги деҳқонларга ўхшаб кийиниб олган бир тўда бола черковнинг ичкарисида, баъзилари қўлини боши узра кўтариб, бошқалари ўтирган жойларида сунъий гуллар солинган саватчаларни силкитиб, рақсни машқ қилишарди. Меҳроб равоқининг қоронғи бурчагида семиз кекса хоним кенг-мўл қора кўйлагининг ичида хирмондай бўлиб тиззалаб турарди. Xоним ўрнидан турганда ёнида пуштиранг кўйлак кийган, гажаклари олтин тусли ясама соч, бошига урфдан қолган похол шляпа кийган, қошларини териб, ёноқларини дид билан қирмизига бўяб, упа сурган хушбичим қомат кўринди. У кўзга кўринган чоғда черковни таажжубли оҳангдаги шивир-шивир тутиб кетди. Тарбиячилардан бири кулимсираб, бошини сермаб ишора қилиб, қоронғи бурчакка борди ва семиз кекса хонимга таъзим бажо келтириб, илтифот билан деди:
— Нимайди бу — ёш гўзал ледими ё қўғирчоқми, миссис Теллин?

У шундай деб шляпанинг пешайвони тагидаги оро бериб бўялган табассумли чеҳрани кўрмоқчи бўлиб эгилиб қаради ва беихтиёр хитоб қилди:
— Наҳотки! Бу, ахир, жажжи Берти Теллен-ку!

Стивен ўзининг дераза ёнидаги кузатиш постида туриб кекса хоним билан руҳонийнинг кулишганини эшитди, кейин орқа тарафдаги, якка ўйин — похол шляпа рақсини ижро этадиган болачани кўргани йиғилган ўқувчиларнинг қойил қолишиб шивирлашаётгани эшитилди.

Стивен тоқацизланиб кескин ҳаракат қилди. У парданинг четини қўйиб юборди ва ўзи тик турган курсидан тушиб, черковдан ташқарига чиқиб кетди.

У коллеж биноси ичидан ўтиб, боғга туташган шийпон тагида тўхтади. Қаршидаги театрдан овозларнинг бўғиқ саси ва ҳарбий оркестрнинг мис асбоблари шапиллаб урилаётгани эшитилиб турарди. Ёруғлик бинонинг ойнаванд томидан тепага таралар, театр гўё байрамона безатилган кемадай тиғиз жойлашган уйлар орасида лангар ташлаган, милтираб турган фонуслар шодаси билан қирғоққа бойлаб қўйилгандай. Театрнинг биқинидаги эшик туйқусдан ланг очилди — ёруғлик поёндоздай майсазор узра тўшалди. Кемадан кутилмаганда мусиқанинг гумбирлаган садоси таралди — валснинг биринчи вазнлари чалинди, эшик яна бекилди ва энди мусиқа садоси бир қадар сўник, майин эшилиб-оқиб эшитилди. Биринчи вазнларнинг оҳанрабоси, ишвали майин таронаси унинг юрагида тушунтириб бўлмайдиган сирли туйғуларни қўзғади ва айни шу туйғулар уни кун бўйи қўним тополмай юриб туришга, ҳалигина эса тоқацизланиб черковдан чиқиб кетишга мажбур этганди. Беҳаловат туйғулар тўлқиндай ичидан тошиб келар ва тобора авж олаётган мусиқа тошқинида фонусчалар шодасини чуватиб, гўё кема сузиб борарди. Кутилмаганда, худди ўйинчоқ тўпдан ўқ отилгандай, қарсиллаган шовқин бу ҳаракат маромини бузди. Томошабинлар саҳнага чиққан гимнастикачиларни қарсак чалиб олқишлашаётган эди.

Шийпоннинг охирида, кўча билан туташган жойида қоронғуликда қип-қизил нуқта милтиллади. Ўша тарафга қараб бораётиб, у енгил ёқимли ҳид думоғига урилганини сезди. Иккита бола йўлакда чекишиб туришарди: у узоқдан Куронни овозидан таниди.
— Ана, олижаноб Дедалус келаётир! — хириллаган овоз қичқирди. — Садоқатли дўстга саломлар бўлсин!

Саломлашиш тугар-тугамас паст товушдаги сохта кулги эшитилди ва Курон таъзим қилди, қўлдаги хивични ерга уриб-уриб қўйди.
— Ҳа, бу менман, — деди Стивен тўхтаб, нигоҳини Курондан олиб, унинг ёнидаги дўстига кўз ташларкан.

Куроннинг йўлдошини у биринчи бор кўриши эди, бироқ сигаретнинг туташган чўғи ёруғида унинг рангпар юзини, масхараомуз кулги югурган бироз олифтанома турқини, палто кийган бўйчан қомати ва бошидаги қўнқайган шляпасини илғади. Курон уларни таништиришга уринмади ва бунинг ўрнига даб-дурустдан деди:
— Мен ҳозир дўстим Уоллисга айтиб турган эдим: агар сен бугун кечқурун ўқитувчи ролида ректорни кўрсацанг борми, роса кулги бўларди-да. Жуда зўр томоша чиқарди!

Курон ўзича ректорнинг майдакаш йўғон овозини калака қилмоқчи бўлиб уддалай олмади, уқувсизлигидан ўзи кулиб, Стивенга мурожаат қилди:
— Ўзинг бир кўрсат, Дедалус, сен унга жуда зўр тақлид қилиб қўясан-да. «Ма-агар че-ерковга қу-улоқ осмас э-екан, де-емак энди у бо-ориб турган маж-жусий ва йў-ўлдан оз-зган ғай-йридиндир».

Бироқ унинг гапини Уоллиснинг хотиржам хитоби бўлди, унинг сигарети муштугига тиқилиб қолган эди:
— Жин урсин бу лаънати муштукни, — Уоллис оғзидан муштукни оларкан, ижирғаниб тиржайди. — Доим шундай тиқилиб қолади-я. Сиз ҳам муштук билан чекасизми?
— Мен чекмайман, — деди Стивен.
— Ҳа, — деди Курон, — Дедалус одобли бола. У чекмайди, хайр-еҳсон улашадиган бозорларга бормайди, қизларга илакишмайди — унисиниям қилмайди, бунисиниям қилмайди.

Стивен рақибининг қизарган, жонланган юзига, қирғийнинг тумшуғидай қайрилган бурнига кулимсираб қараб, бошини чайқаб қўйди. Уни доим Винсент Куроннинг исм-шарифи қушнинг номидан олингани, боз устига, юзи ҳам қушга ўхшаб кетиши ҳайрон қолдирарди. Манглайига рангсиз соч толалари, худди пахмайган пўпакчадай, тушиб турарди. Чўтманглайи туртиб чиққан, ингичка қирғий бурни бир-бирига яқин жойлашган чақчайган маъносиз кўк кўзлари орасидан осилиб тушган эди. Аслида рақиблар мактабдош дўстлар эди.Улар синфда бирга ўтиришар, черковда ёнма-ён тиз чўкишиб ибодат қилишарди, ибодатдан сўнг нонушта устида мириқиб лақиллашарди. Биринчи синфда ўқувчиларнинг зеҳни пастроқ эди, шу боис асосан Курон билан Стивен синфни бошқаришарди. Улар бирор кунга жавоб олиш ёки гуноҳ қилиб қўйган болага авф сўраш лозим бўлганда биргалашиб ректорга боришарди.
— Ҳа, айтганча, — деди Курон. — Мен бу ерда отангни кўрдим.

Стивеннинг юзидаги табассум йўқолди. Қачон ва ким бўлмасин, дўстими ё ўқитувчисими, отаси ҳақида гап очилди дегунча, Стивен сергак тортиб қоларди. У сукут сақлаб, ичида ҳадик билан Курон яна нима деркин дея унинг оғзини пойлади. Бироқ Курон уни тирсаги билан маънодор қилиб туртиб, деди:
— Сен, жуда айёр экансан-а.
— Нега энди? — сўради Стивен.
— Сиртдан қарасанг қўй оғзидан чўп олмайдигандай, — деди Курон, — аслида пихини ёрганлардансан.
— Марҳамат қилиб айтинг-чи, сиртдан қараганда нимани назарда тутаяпсиз? — хушмуомалалик билан ўсмоқчилади Стивен.
— Дарҳақиқат, марҳамат қилсинлар! — деди Курон. — Биз ўша қизни кўрдик, тўғрими Уоллис? А? Жуда чиройли қиз экан, қурғур! Ҳамма нарсани билгиси келаверганини айтмайсанми! «Стивен қайси ролни ўйнаркан-а, мистер Дедалус? Стивен қўшиқ айтармикан, мистер Дедалус?» Сенинг отажонинг ҳам ойнагининг устидан жуда сирли қараб қўйди: ҳарқалай, дардингдан хабари борга ўхшайди. Xўш, нима бўпти, билгани яхшимасми, шахсан мен бундан ҳечам хижолат бўлмасдим! Аммо жуда дилбар қиз экан,тўғрими Уоллис?
— Ҳа, ёмонмас, — деди Уоллис хотиржамлик билан муштугини яна оғзининг четига қистираркан.

Бегона боланинг олдида айтилган бетакаллуф қочириқлардан Стивеннинг нафрати қўзиди. Қизнинг у билан қизиққани-ю, у ҳақда сўраб-суриштирганларидан Стивен ҳеч қандай завқ туймади. Кун бўйи унинг хаёлини қиз билан Xаролд-кроссда чана ўриндиғида туриб хайрлашганлари, ўша оқшомги ҳаяжонли кечинмалар, кейин уйга бориб ёзган шеъри ҳақидаги ўйлар банд этди. Кун бўйи у қиз билан яна учрашишини кўз олдига келтиришга уринди, чунки унинг бугун спектаклга келишини биларди. Xудди ўша оқшомдагидай безовталик унинг юрагини сиқар, бироқ бу азоб энди шеърга кўчиб, кўксидан чиқиб кета қолмасди. «Бугун» билан «ўша пайт» орасида икки йил ётибди, кўп нарсага ақли етиб улгурган шу икки йил уни бугунгидай ҳузурли имкониятдан ажратиб қўйган эди ва бугун кун бўйи вужудини ўртаган ҳузурбахш изтироб асов тўлқиндай чайқалиб-тошган, гоҳ тушиб, гоҳида қутуриб ва яна ортга чекиниб, сўнгра тағин шитоб билан кўтарилиб турдики, у ниҳоят, буткул ҳолдан тойишигача бориб етган бир пайтда тарбиячининг қўғирчоқдай ясатилиб, грим қилинган болакайга отган қочириқли гап-сўзлари уни мувозанатдан чиқиб кетишга—туйқусдан кескин ҳаракат қилишига сабаб бўлди.
— Кел, яхшиси, айбингни бўйнингга олиб, тавба қил, — деди Курон. — Биз сени бу сафар қўлга туширдик. Энди ўзингни ҳар ёққа ташлаб, авлиёга ўхшатиб кўрсатишинг бефойда, ҳаммаси ойдай равшан!

У беихтиёр такаббурлик билан ҳиринглаб кулиб юборди ва эгилиб Стивеннинг оёғига хивич билан койиганнамо секин уриб қўйди.

Стивенни энди нафрат туйғуси тарк этганди. У энди ўзини на мамнун ва на ғамгин ҳис этар, шунчаки ҳазил-ҳузул билан вазиятдан чиқиб кетишга чоғланган эди. У ҳалигина бетакаллуф туюлган қочириқларга энди хафа бўлмас, қалбида кечаётган соҳир туйғуларга ҳеч қандай гап-сўз дахл қилолмаслигини билар ва шу боисдан рақибининг кўнглига қараб, майнавозчилигига сохта кулги билан жавоб берарди.
— Тавба қил, — дея такрорлади Курон хивич билан унинг оёғига уриб.

Ҳазиллашиб урган бўлса-да, бу зарба олдингисидан кучлироқ эди. Стивен енгил, бироқ жизиллатиб ўтган зарбани туйди ва итоаткорона бош эгиб, дўсти бошлаган ўйинни давом эттиришга майл сезаётгандай «Сонфитеор»ни ўқишга тутинди. Бу саҳна яхшигина якун топди, Курон билан Уоллис бу таҳқиромуз тазаррудан завқланиб, такаббурларча кулишди.

Стивен дуо сўзларини беихтиёр айтиб юборди, сўзларнинг ўзи гўё унинг оғзидан учиб чиқаётгандай эди ва шу лаҳзада унинг ёдида бошидан кечган бошқа бир шундай ҳолат жонланди; ўша ҳолат, у Куроннинг тиржайиб турган оғзининг икки четидаги ажинларга кўзи тушганда худди сеҳру жоду таъсирида намоён бўлгандай хотирасидан сизиб чиқди. У оёғига тушаётган ўша таниш зарбларни ҳис этди ва айни дамда танбеҳ бериб айтишган ўша таниш сўзни ҳам эшитди:
— Тавба қил!

* * *

Бу воқеа биринчи семестрнинг охирида, у коллежга келган йили содир бўлди. Унинг ҳиссиётга берилувчан мижози ҳануз ғариб, омонат ҳаётнинг аёвсиз турткиларидан азоб чекарди. Дублиннинг зерикарли манзараларини кўравериб сиқилиб кетган юрагини эса ҳали ҳам ғашлик ва саросима тарк этмаган эди. Икки йил у орзулар оғушида яшади, энди эса мутлақо нотаниш дунёга тушиб қолгандай, бу ердаги ҳар бир ҳодиса, ҳар қандай янги одам унинг иззат-нафсига жуда қаттиқ тегиб кетар, бу ҳол уни гоҳ умидсизликка туширса, гоҳида мафтун этар ёки аксинча, мафтун этиб ва умидсизликка тушириб, доимо қалбида безовталик, қайғули ўй-хаёлларни қўзғар эди. У ўзининг бўш вақтини асосан исёнкор ёзувчиларнинг асарларини ўқиб ўтказарди, уларнинг заҳархандалиги ва ғазабга қоришган нутқлари кўнглига оғир ботар, ўзича ижодга берилиб, ҳали ғўр бўлса-да, ёзган иншоларига кўнглидагини тўкмагунча, фикр-ўйларига ғулғула солиб, тинчлик бермасди.

Иншо унинг учун ўқув ҳафтасининг энг муҳим машғулоти эди ва сешанба куни уйларидан мактабга келаётиб у ўзидан олдинда бораётган бирор-бир одамни мўлжалга олар, шу одамдан маълум жойга етганда ўзиб кетишга ёки қадамларининг йўлакка ётқизилган ҳар бир плитага тўғри тушишига уринар ва шу тариқа ўзининг иншодан биринчи бўлиш-бўлмаслигини тусмоллар эди.

Мана сешанба ҳам келди ва кутилмаганда омадли кунлар якун топди. Мистер Тейт, инглиз тили муаллими, унга бармоғини ўқталиб, дона-дона қилиб деди:
— Мана бу ўқувчи иншосида бидъатни ёзибди.

Жимлик чўкди. Мистер Тейт жимликни бузмай, қўли билан тиззаларининг орасини қашлади, синфда унинг оҳорланиб қотирилган қайтарма енги ва ёқасининг майин қисирлагани эшитиларди, холос. Стивен бошини кўтармади. Кўкламнинг булутли куни эди, унинг кўзлари ҳали ҳам заиф, оғриб турарди. У тамом бўлдим деб ўйлади, ўзини фош этилгандай ҳис этди, ақлим ҳам нотавон менинг, оиламиз ҳам ночор, деган хаёлга борди ва бўйнига ёпишиб турган ғадир-будир қайтарма ёқасининг дағал гирдини ҳис қилди.

Мистер Тейтнинг баланд товушдаги қисқа кулгиси синфдаги оғир жимликни юмшатди.
— Балки буни ўзингиз билмагандирсиз? — деди у.
— Қайсини? — сўради Стивен.

Мистер Тейт тиззаларининг орасидан қўлини олиб, ёзма ишни очди.
— Мана бу жойини айтаяпман. Яратганга ва руҳга доир жойини. Xў-ш-ш! А-ҳа! Мана... «Қачондир яқинлашишга имкон йўқлигидан». Бу шаккоклик.
— Мен «Қачондир эришишга имконият йўқлигидан», демоқчи эдим, — минғирлади Стивен.

Бу билан у ён берган эди ва мистер Тейт тинчланиб, дафтарни ёпиб, унга узатаркан, деди:
— Ҳа! Дарвоқе! «Қачондир эришишга». Бу бошқа гап.

Бироқ синфдагилар ҳа деганда тинчишмади. Гарчи дарсдан сўнг ҳеч ким унга бу ҳақда оғиз очмаган бўлса-да, у теварагида давом этаётган иғвогарликларни ҳис этди.

Оғзаки танбеҳдан сўнг, орадан бир неча кун ўтиб, хатни қутига ташлаш учун Драмкондр-роуд бўйлаб кетаётганида у туйқусдан кимнингдир чақирганини эшитди:
— Тўхта!

У орқасига ўгирилди ва шом қоронғусида ўзи томон яқинлашиб келаётган учта синфдошини кўрди. Уни чақирган Курон эди, у икки дўстининг ўртасида дадил қадам ташлаб, қўлидаги хивич билан ҳавони қадамига мос тарзда шувиллатиб кесиб келарди. Ошнаси Боланд у билан бақамти қадам ташлар, оғзи қулоғида, Неш эса тез юраётганидан ҳансираб, хумдай сариқ бошини саланглатиб орқароқда пилдираб келарди.

Болалар Клонлифф-роуд томонга бурилган жойда китоблар ва ёзувчилардан гап очилди, ким қанақа китоб ўқиганию, уйларидаги шкафларда ота-оналарининг қанча китоби борлигини айтишиб мақтанишга тушиб кетишди. Стивен уларнинг гапларини эшитиб ҳайрон қолди, чунки Боланд синфда энг зеҳни паст бола ҳисобланса, Неш учига чиққан ялқов эди. Шунга қарамай, севимли ёзувчи ҳақида гап очилиши биланоқ Неш тап тортмай энг улуғ ёзувчи—бу капитан Мерриет, дея билағонлик қилди.
— Бекор гап! — деди Курон. — Дедалусдан сўра-чи. Сенингча, энг буюк ёзувчи ким, Дедалус? А?

Стивен, унинг пичинг қилаётганини сезиб сўради:
— Носирларданми?
— Ҳа.
— Менимча, Нюмен.
— Кардинал Нюменми?
— Ҳа, — деди Стивен.

Неш Стивенга ўгрилиб савол бераркан, унинг сепкил босган юзи кулгидан ошқовоқдай ёйилиб кетди:
— Ўша кардинал Нюмен сенга ёқадими?
— Кўпчилик Нюменнинг услубини жуда зўр деб ҳисоблайди, — тушунтира кетди Курон икки ошнасига, — тўғри-ю, лекин у шоир эмас-да.
— Энг зўр шоир ким, Курон? — сўради Боланд.
— Албатта, лорд Теннисон-да, — жавоб қилди Курон.
— Тўғри, лорд Теннисон, — деди Неш, — бизнинг уйимизда унинг бир жилдли тўла шеърлар тўплами бор.

Шу гапдан сўнг Стивеннинг сабри чидамади, гапирмайман, деб ўзига берган ваъдасини бузди:
— Теннисон—шоир? Қофиябоз-ку у?
— Нима деяпсан! — деди Курон, — Теннисоннинг буюк шоирлигини ҳамма билади.
— Сенинг-ча, ким буюк шоир? — сўради Боланд ёнидаги ошнасини елкаси билан туртиб.
— Байрон—буюк шоир, — жавоб берди Стивен.

Аввал Курон, кейин ошналари уни масхаралаб кулиб юборишди.
— Нега кулаяпсизлар? — сўради Стивен.
— Сенинг устингдан кулаяпмиз, — деди Курон. — Байрон—буюк шоир эмиш? Чаласавод нодонларгина уни шоир дейиши мумкин.
— Ол-а! Ана сенга зўр шоир! — деди Боланд.
— Сен, яхшиси, тилингни тийсанг бўларди, — деди Стивен унга дадил бурилиб қараб. — Сенинг поезия ҳақида бор билганинг ҳовлидаги деворга ёзганингдан маълум-ку? Бемаъни қилиғинг учун таъзирингни беришмоқчи бўлишди-ку.

Ҳақиқатан ҳам Боланд ҳовлининг деворига коллеждан уйига пастдаккина тоти отда борадиган бир бола ҳақидаги анчайин мисраларни ёзган, деб гапиришарди:

Тайсон отда Қуддусга кетди,

Йиқилиб йўлда лат еди кети.

Стивеннинг бу ҳужумидан шерикларининг уни учган бўлса-да, Курон тийилмади:
— Нима бўлгандаям барибир Байрон шаккок бўлган, бунинг устига ахлоқи бузуқ бўлган.
— Унинг қандай бўлгани билан менинг ишим йўқ, — қўрс жавоб қилди Стивен.
— Унинг шаккок бўлгани ёки бўлмагани сенга барибирми? — гапга қўшилди Неш.
— Сен бу ҳақда ниманиям билардинг? — қичқирди Стивен. — Умрингда дарсликдаги битта-ярим мисолдан бошқа балониям ўқимагансан-ку, сен ҳам, Боланд худди шундай.
— Мен биламан, Байрон тутуриқсиз одам бўлган, — деди Боланд.
— Қани, ушланглар бу шаккокни, — қичқирди Курон.

Шу дамдаёқ Стивенни ушлаб олишди.
— Тейт беҳудага думингни бурамади сенинг, иншода шаккокликка йўл қўйганинг учун шундай қилди, — деди Курон.
— Эртагаёқ унга ҳаммасини айтиб бераман, — таҳдид қилди Боланд.
— Сен-а? — деди Стивен. — Оғзингни очишга қўрқасан-у!
— Қўрқаманми?
— Ҳа, қўрқасан!
— Керилма! — қичқирди Курон Стивеннинг оёғига хивич билан уриб.

Бу Стивенга ташланишга шай турганларга бир ишора эди. Неш унинг иккала қўлини орқасига қайириб ушлаб турди, Боланд эса ариқ четидаги қуриб қолган карамнинг узун томирини суғуриб олди. Стивен хивич билан таёқдай қаттиқ карам томирининг зарбаларидан қутилмоқчи бўлиб, жон-жаҳди билан силтаниб юлқинмасин, иложсиз эди, уни тиконли сим ўралган тўсиққа қисиб олишганди.
— Бўйнингга ол, сенинг Байронинг бир пулга қиммат.
— Йўқ.
— Бўйнингга ол.
— Йўқ.
— Бўйнингга ол.
— Йўқ. Йўқ.

Ниҳоят, қаттиқ олишувлардан сўнг у бир амаллаб қутилиб чиқишга муваффақ бўлди. Унга азоб берган болалар хохолашиб, уни масхаралашиб Жонсис-роуд томон кетишди, у ёшланган кўзларини уқалаб, ҳеч нимани кўрмай, туртиниб-суртиниб муштини маҳкам сиққанча аламзада кайфиятда алаҳсираб борарди.

Ҳозир ҳам, ўзини маъқуллаб ҳиринглаб турган болалар олдида тавба-тазарру дуосини айтиб турибди-ю, хотирасида ўша шафқациз олишув манзараси аниқ-тиниқ жонланди ва у ажабланиб ўзига-ўзи: менга ўшанда азоб беришган бу болаларга нега кўнглимда зиғирча нафрат йўқ, деб савол берди. У ҳаммасини жуда яхши эслайди, уларнинг қўрқоқлигини ҳам, раҳмсизлигини ҳам, бироқ негадир хотирасидаги ўша воқеа энди ғазабини қўзғамасди. Ўқиган китобларидаги изтиробга тўлиб-тошган оҳ-воҳлар-у қаҳр-ғазабларнинг унга сохта туюлгани шундандир, балки. Ҳатто ўша куни, кеч кириб қоронғу тушган маҳалда, Жонсис-роуд бўйлаб туртиниб-суртиниб аламзада кайфиятда алаҳсираб уйларига кетаётган пайтда ҳам аллақандай куч вужудини қамраб олган нафрат туйғусини, ҳил-ҳил пишган шафтолининг пўстини осонгина шилгандай, сидириб олаётганини ҳис этганди.

У ҳануз шийпон тагида, икки ошнасининг бири қўйиб, бири олаётган сафсаталарини, қолаверса, театрдан келаётган гулдурос қарсаклар товушини бепарво эшитиб турибди. Қиз бу пайтда театрда, бегоналар орасида, балки унинг саҳнага чиқишини пойлаб ўтиргандир. У қизни кўз олдига келтиришга уриниб кўрди, бироқ бунинг иложи бўлмади. Фақат бошига ўралган шолрўмолни эслай олди, холос, бу қизлар қишда киядиган боғичли бош кийимига ўхшарди; қизнинг тим қора кўзлари эса ғойибдан уни ўзига чорлар ва ақлини шоширарди. У ўзидан: мен уни ўйлаганимдай, у ҳам мен ҳақимда ўйлармикан, деб сўради. Кейин қоронғида ёнидагиларга сездирмай бир қўлининг бармоқлари учини иккинчи қўлининг кафтига тегизди ва билинар-билинмас тарзда оҳиста силади. Бироқ қизнинг бармоқлари мулойим ва хийла дадил теккан эди ва ўшандаги ҳолат хотирасида жонланиб, вужуди, тўлқин кўз илғамас тебранганидай, бир зум чайқалиб кетди.

Бир бола тўсиқ бўйлаб шийпон тагидан улар томонга чопиб келарди. Боланинг нафаси тиқилиб, ҳаллослаб қолди.
— Эй, Дедалус, — қичқирди у, — Дойл жинни бўлиб қолди-ку! Югур тезроқ, тез бўл, кийин! Саҳнага! Тезроқ!
— Боради, — деди Курон калондимоғлик билан. — Қачон лозим кўрса, шунда боради.

Бола ўгрилиб Куронга қаради ва такрорлади:
— Тез бўл! Дойлнинг жаҳли чиқаяпти.
— Менинг саломимни етказиб қўй Дойлга, мен тупирдим унга, — жавоб қилди Курон.
— Майли, боришим керакка ўхшайди, — деди Стивен, бунақа орият талашиш унга бегона эди.
— Сенинг ўрнингда бўлсам бормасдим, — деди Курон, — ҳеч ҳам бормасдим, худо ҳаққи! Юқори синф ўқувчиларигаям шунақа муомала қиладими? Нима бўпти, жаҳли чиқса чиқар! Унинг аҳмоқона пиесасида ўйнаётганингга шукр қилсин.

Кўпгина ўртоқларига хос бўлган бундай манманликни Стивен яқиндан бери рақибида ҳам пайқаган эди, бироқ бу унинг феъл-атворидаги вазмин итоаткорлик одатига зиғирча таъсир қилмади. У ўзбошимчаликнинг нафига ишонмас, бунақа дўстликнинг самимийлигига шубҳа билан қарар ва буни балоғат ёшининг тийиқсиз бебошликлари, деб биларди. Ҳозир қўзғалган орият масаласи ва шунга алоқадор бошқа гаплар унга аҳамияциз туюлди. Ўзича хаёл суриб, учқур орзу-ўйлар оғушида парвоз қилган лаҳзаларда кутилмаганда хаёли бузилар, беихтиёр ширин орзуларидан воз кечар, шунда қулоғига ўтириб қолган отасининг ва муаллимларининг овозлари қайта жаранглагандай бўларди, улар Стивенни аввал бошда жентелмен ва эътиқодли католик бўлишга даъват этишарди. Энди бу овозлар унга маънисиз туюлади.

Коллежда спорт гимнастикаси синфи очилганда у бошқа бир овозни эшитди, энди уни кучли, жасур ва соғлом бўлишга даъват этишарди; коллежда миллий тикланиш учун кураш шарпалари оралай бошлагач эса, яна бир овоз уни ватанга содиқ бўлишга, она тилини, миллий урф-одатларни тирилтиришга ёрдам беришга ундай бошлади. Кундалик турмуш, оила ташвишлари бир кун келиб уни тер тўкиб, ўз меҳнати билан отасининг қўлдан кетган мавқеини тиклашга мажбур этишини билар ва бу ҳозир уни яхши дўст бўлишга, жўраларининг ёнини олишга ёки уларни жазодан асраб қолиш ва қандай йўл билан бўлмасин, бир кун ҳордиқ чиқариш учун синфга рухсат олиб беришни сўраётган тенгқурларининг овозига ўхшаб кетарди. Бу маънисиз овозларнинг қоришган ғала-ғовури уни қатъияциз қилиб қўяр, бемалол хаёл суришига йўл қўймасди. У ора-сира бу овозларга ҳам қулоқ тутар, бироқ улардан узоқлашганда, улар етиб бормайдиган жойда ёлғиз ўзи қолганида ёки хаёлан яқинлари орасида бўлганида ўзини бахтиёр ҳис этарди.

Руҳонийлар кийимхонасида юзлари қип-қизил иезуит билан кексароқ бир киши, иккаласи ҳам оҳори кетиб қолган кўк яктакда, упа-елик солинган қутини титкилашарди. Аллақачон грим қилиб олишган ўғил болалар у ёқдан бу ёққа саланглаб юришибди, баъзилари гарангсиб бир жойда тўпирлашиб туришибди, бўялган юзларини бармоқларининг учи билан эҳтиёт бўлиб ушлаб қўйишади. Коллежда меҳмон бўлиб турган ёш иезуит, қўлларини чуқур ён чўнтакларига тиқиб, кийимхонанинг ўртасида турибди, у оёғининг учида кўтарилиб, тушиб, бир маромда тебранади. Унинг ипакдай майин малла жингалак сочли кичкина боши ва арчилган тухумдай текис қиртишланган ияклари эгнидаги ниҳоятда озода руҳонийча либоси ва ялтиратиб тозаланган ботинкасига қуюб қўйгандай ярашиб тушган.

Тебраниб турган қоматга қараб туриб, руҳоний йигитнинг истеҳзоли кулимсираши сабабини билгиси келаётган Стивен отасининг уни Клонгоусга жўнатаётиб, иезуитни ҳамиша дид билан кийина олишидан билса бўлади, деганини эслади. Шу пайт хаёлидан отамнинг феъл-атворида кулимсираб турган, пўрим кийинган шу руҳонийга хос нимадир бор, деган фикр кечди ва туйқусдан муқаддас мартаба, қолаверса, руҳонийлар кийимхонасининг ўзи ҳам таҳқирланаётганини ҳис этди, чунки бу осуда масканга тутуруқсиз гап-сўзлар, ҳазил-ҳузуллар шовқини бостириб кираётган, ҳавони эса упа-елик ва газ чироқларнинг бадбўй ҳиди булғаётган эди.

Кўк халатли кекса киши манглайига ажинлар тортиб, оғзининг икки четига кўк ва қора бўёқларда соя солгунча Стивен саҳнада баланд овоз билан аниқ-равшан гапириш кераклигини уқтираётган дўмбоққина ёш иезуитнинг овозини паришонхотир тинглади. Қулоғига оркестрнинг «Лилия Киларни»ни чалаётгани эшитилди ва ҳозир, бир неча сониядан сўнг парда очилади, деб ўйлади. У саҳнага чиқишдан чўчимаётганини сезиб турарди, бироқ ижро этадиган роли ўзини камситадигандай туюлди. Ўзи айтадиган баъзи кинояли гапларни эслаганда бўёқ сурилган ёноқларига қон югурди. У қизнинг залдан жиддий, мафтункор кўзларини тикиб қараб турганини тасаввур қилди ва шу лаҳзадаёқ кўнглидаги шубҳа-гумонлар йўқолди, ўзига ишончи ортди. Гўё ғойибдан хушкайфият инъом этилгандай эди — у туйқусдан гўдакларга хос шўх-шаддодликнинг юқумли таъсирига тушди ва бу кайфият табиатидаги эзгин умидсизликни буткул тарқатиб юборди. Бир сония ичида у болаларча бахтиёрлик оғушида, гўё қайта туғилгандай тамом ўзгарди-қолди: спектаклнинг бошқа иштирокчилари билан саҳна ортида туриб, уларга қўшилиб, икки бақалоқ руҳонийнинг тоб ташлаб қийшайиб қолган саҳна пардасини жон-жаҳдлари билан суриб очишаётганини кўриб қийқириб кулди.

Орадан саноқли дақиқалар ўтиб, у ўзини саҳнада — чарақлаган чироқлар ёруғи ва нурсиз, хира безаклар орасида кўрди, ҳайҳотдай бўшлиқдан беҳисоб чеҳралар унга тикилиб туришарди. Машқ пайти унга қовушмагандай, сунъий туюлган пиеса саҳнада фавқулодда жонли чиқаётганини англаб у ажабланди. Спектакл гўё ўзидан-ўзи очилиб, авж олиб қизир, у ва унинг шериклари эса ўзларининг кинояли гап-сўзлари билангина томошага кўмаклашиб туришарди. Томоша тугаб, парда ёпилганда у бўшлиқ қарсаклар садосидан гумбурлаганини эшитди ва ён тарафдаги оралиқдан қараб, беҳисоб чеҳралардан таркиб топган улкан яхлит тўда бир неча гуруҳларга бўлиниб, қизғин муҳокамага киришиб кетганини кўрди.

У саҳнадан чаққон тушиб, кийимларини алмаштирди ва черковдан боғ тарафга чиқди. Энди, томоша тугагандан сўнг, унинг кўнгли баттар бетоқат бўлиб, янги саргузаштни қўмсар эди. Айни шунинг кетидан тушгандай, у чопқиллаб кетди. Театрнинг барча эшиклари ланг очиқ, зал аллақачон бўшаб қолган эди. Унга кема лангарининг занжирини эслатган сим арқонда бир неча фонус тунги шамолда тебраниб ғира-шира нур сочарди. У ҳовлиқиб, қандайдир ўлжани бой берадигандай, югурганча боққа чиқиладиган айвонга борди ва меҳмонларга таъзим бажо этиб, қўл сиқишиб хайрлашаётган икки иезуит ёнидан ўтиб, боққа чиқаётган тўда орасига ўзини урди. Упага беланган бошига бировларнинг кулиб, бировларнинг мазах қилиб ё ажабланиб қараб қолаётганини илғаб-илғамай ҳовлиққанча олдинга талпинар, ўзини жуда шошаётганга ўхшаб кўрсатарди.

Ташқарида у ўзининг оила аъзоларини кўрди, улар фонус тагида уни кутиб туришарди. Бир қарашдаёқ бу гуруҳдагилар ўзига тегишли одамлар эканини пайқади ва зинапоядан пастга чопиб тушиб кетди.
— Мен бир иш билан Жоржис-стритга ўтишим керак. — деди у чопиб бораётиб отасига. — Уйга кечроқ қайтаман.

У отасининг жавобини кутмай, югурганча йўлни кесиб ўтди-ю, тепаликдан пастга эниб кетди. Қаёққа бунчалик шошаётганини ўзи ҳам билмасди. Ғурур, умид ва ишонч, мисоли оёқ остида топталган ўт-ўландай, ўзининг ўткир ифори билан унинг юрагини ўртаётган, ақл-ҳушини ўғирлаган эди. У қирдан қуйига елдай учиб борар, кутилмаганда дарду дунёсини ўртаб юборган камситилган ғурур, топталган умид ва алданган ишонч оғуси уни тамом гангитиб қўйган эди. Бу оғу бурқираб унинг кўзлари олдида паға-паға бўлиб тепага ўрлади ва аста-секин, ҳаво яна тиниқлашиб совий бошлагач, ниҳоят, йўқолди.

Ҳануз кўз олдини туман тўсиб турарди, бироқ энди кўзлари боягидай ёнмасди. Бот-бот ғазаб ва умидсизликдан воз кечишни буюрадиган ички бир даъватга ўхшаш аллақандай куч уни тўхташга мажбур қилди. У энди ҳаракат қилмас, қаршисидаги ўликхонанинг қорамтир томига ва қайроқтош ётқизилган қоронғи тор кўчага қараб турарди. У уйининг деворидаги лавҳада тор кўчанинг «Лотц» деган номини ўқиди ва оғир аччиқ ҳиддан оғриниб нафас олди.

«Отнинг сийдиги билан чириган пичан, — деб ўйлади у. — Ундан нафас олиш фойдали. Юрагимни тинчлантиради. Мана, энди юрагим анча хотиржам. Ортга қайтаман».

* * *

Стивен тағин отаси билан Кингс-бриш вокзалида поездда ўтирибди. Улар кечки поезд билан Коркка кетишаётир. Паровоз пишқириб, буғ чиқариб, поезд вокзал саҳнидан жилганда Стивен бир неча йил бурун, Клонгоусга йўл олишганда кўрганларидан болаларча ажабланганини ва мактабдаги биринчи кунни бутун тафсилотлари билан эслади. Бироқ ҳозир у ҳечам ажабланмаётган эди. У бир текис сузиб ўтаётган дов-далага, ҳар тўрт сонияда липиллаб ўтаётган сим ёғочларга, худди асов отнинг туёғидан сачраган учқундай, қоронғуликда ялт этиб ва шу зумда ортда қолиб келаётган кичик, хира ёруғ бекатлар, уларнинг саҳнида қотиб турган навбатчиларга қараб кетаётир.

У отасининг Корк ҳақидаги, ёшлиги ҳақидаги ҳикояларини гап қўшмай, бепарво эшитди: отаси вафот этган бирор-бир биродари ёки бу гал сафарга чиқишга нима мажбур этгани ҳақида гап бошлади дегунча чуқур хўрсиниб қўяр ёки беихтиёр қўлини идишга чўзарди. Стивен жим ўтириб тинглар, бироқ кўнглида ҳамдардлик туймасди. Отаси эслаган марҳумлар орасида у Чарлз тоғадан бошқасини танимас, энди унинг қиёфаси ҳам хотирасидан ўча бошлаган эди. У отасининг мол-мулки аукциондан сотилишини биларди, отаси ўзининг хонавайрон бўлаётгани сабабини бу шафқациз дунёнинг орзу-умидларига тажовузидан, деб қарарди.

Мериборда у ухлаб қолди. Кўзини очганда Меллоудан ўтиб кетишганди: отаси ён томондаги ўриндиққа чўзилиб ухлаб ётарди. Совуқ саҳар ёғдуси ҳосилсиз далаларни, дарахтлар, уйқуга чўмган уйлар томини ғира-шира ёритди. Жим-жит қишлоқларга қараб, отасининг чуқур нафас олиб, уйқусида алаҳсираётганини эшитиб бораркан, ғафлат уйқусида ётган дунё қаршисида унинг ўй-хаёлларини ваҳима босди. Теварагида чала ўликдай донг қотган одамлар юрагига ғулғула солди, улардан ўзига бирор-бир зиён-заҳмат етадигандай туюлди, ва тезроқ тонг отишини ўтиниб сўраб, дуо ўқий бошлади. Унинг тангрига ва авлиёларга юкинмай, шунчаки ўқиган дуолари эшик тирқишидан эсаётган саҳарги салқин шамолда қалтироқ билан бошланиб ва поезднинг бир маромдаги тақ-туқига монанд, аллақандай қовушмаган сўзларининг саросимали пичир-пичири билан якун топди; қаққайган, ҳар тўрт сонияда липиллаб, шовқинга басма-бас ўтиб турган телеграф ёғочлари гўё ҳаракат маромини таъкидлаётгандай эди. Бу асов мусиқа унинг юрагидаги ваҳимани бироз босгандай бўлди ва у дераза панжарасига суяниб, тағин кўзини юмди

Поезд шовқин-сурон солиб Коркка кириб келганида ҳали жуда эрта эди. «Виктория» меҳмонхонасида Стивен яна ухлагани ётди. Чарақлаган қуёшнинг илиқ нурлари деразани қоплади. Стивен кўчада ҳаёт қайнай бошлаганини эшитди. Отаси қўл ювиладиган жойда тик туриб, сочига, юзига ва мўйловига синчиклаб қараётир, у сув солинган кўза устидан бўйнини чўзиб, ўзини яхшироқ кўрмоқчи бўлиб бошини бурди. Айни пайтда оҳиста, ҳар бир сўзни оҳангга солиб, чўзиб хиргойи қилди:

Ёшлигимда ғўрлик қилиб,
Уйландим-қўйдим.
Мана энди, жонгинам,
Баридан тўйдим.
Рўзғор деган ғор экан,
Билибман қайдан.
Бахтимни излаймикан
Мен Амриқодан.
Бироқ вақт оқар сувдай,
Сулув қарийди.
Мисли тонгги шудрингдай
Нурдан арийди.

Дераза ортидаги серқуёш шаҳар шовқини ва отасининг ҳазил аралаш ҳазин қўшиққа турли пардаларда сайқал бераётган овози Стивеннинг кўнглидаги тунги ваҳималар асоратини буткул ҳайдади. У ўрнидан ирғиб туриб, кийина бошлади ва хиргойи тугагач, отасига деди:
— Бу сизларнинг «Бери келинг, эр ирланд-лар»ингиздан кўра яхши.
— Сен шундай деб ўйлайсанми, — деди мистер Дедалус.
— Менга бу қўшиқ ёқади, — деди Стивен.
— Ҳа, бу ажойиб қадимги қўшиқ, — деди мистер Дедалус мўйловининг учини бураб. — Эҳ, сен буни Мик-Лейси айтганини эшитармидинг! Шўрлик Мик Лейси! У ҳар бир пардани қанақа ўйнатиб айтарди, йўқ мен бундай айтолмайман. Ҳа, энди «Бери келинг, эр ирландлар»ни у бир айтиб ўтди-да, эшитиб туриб сел бўлиб кетардинг.

Мистер Дедалус нонуштага жигар қиймасидан тайёрланган овқат буюрди ва овқат устида хизматчидан шаҳардаги янгиликлар ҳақида сўраб-суриштирди, уларнинг гаплари чалкашиб, бир-бирларини тушунишлари қийин бўлди, чунки хизматчи ҳозирги пайтдаги хўжайинини назарда туца, мистер Дедалус унинг отасини ёки бобосини назарда тутиб гапирарди.
— Ҳарқалай, Қироллик коллежи жойидами ишқилиб, — таъкидлади мистер Дедалус. — Ўғилчамга бир кўрсатай дегандим-да.

Мардайк кўчасида дарахтлар қийғос гуллаган эди. Улар коллеж дарвозасидан киришди ва сўзамол қоровул уларни чоғроқ ҳовлидан олиб ўтиб, бино томон бошлади. Бироқ улар ҳар ўн-ўн беш қадамда шағал тўшалган йўлакда тўхтаб қолишар ва отаси билан қоровул ўртасида шундай савол-жавоб бўларди:
— Наҳотки! Бечора Мешқорин қазо қилдими?
— Ҳа, сер, қазо қилди.

Улар тўхтаб қолишганда Стивен бетоқат бўлиб, гаплари қачон тугар экан, деб депсиниб кетиб турарди. Бироқ ҳовличадан ўтгунча улар шу алпозда узоқ судралишди, бундан унинг бетоқатлиги баттар ошиб, ғазаби келди. У ҳайрон бўларди, наҳотки, оқ-қорани балодай ажрата оладиган, ҳар кимга ҳам ишонавремайдиган отаси шу ялтоқи қоровулнинг тилёғламалигига алданиб ўтирса: эрталаб эшитганида завқи келган жануб шевасидаги аломат сўзлар ҳам энди унинг асабини қўзғай бошлаганди.

Улар анатомия театрига киришди, мистер Дедалус қоровул кўмагида исм-шарифининг бош ҳарфлари ўйиб ёзилган партани қидира бошлади. Стивен орқароқда, бу ердаги тушкин, ўлик сукунат ва биқиқ муҳит ҳавосидан кўнгли ғашланиб, зўрға оёғини судраб босарди. Парталардан бирида у сиёҳ сачраган тахтанинг бир неча жойига ўйиб ёзилган Фоетус сўзини ўқиди. Бу кутилмаган ёзувдан унинг аъзойи-бадани қизиб кетди: ёнида талабалар қараб тургандай туюлиб, ноқулай аҳволга тушиб ўзини уларнинг нигоҳидан панароққа олгиси келди. Отасининг ҳикояларини эшитиб, ҳеч тасаввур қила олмаган ўша ҳаёт манзаралари тўйқусдан партага ўйиб ёзилган шу сўз таъсирида кўз олдида пайдо бўлди. Чорпаҳил мўйловли талаба қаламтарошда ҳафсала билан ҳарфларни бири-кетин ўйиб ёзарди. Бошқа талабалар унинг ёнида тик туриб ёки ўтириб қараб, қаламтарош тагидан чиқаётган ҳарфларни қийқириб кулиб кузатишаётир. Талабалардан бири унинг тирсасига туртди. Чорпаҳил талаба қовоғини уюб ўгирилиб қаради; унинг эгнида кенг бўзранг кўйлак, оёғида тўқ жигарранг ботинка бор эди.

Стивенни чақиришди. У кўзига кўринган рўёдан қочиб қутилмоқчидай, аудитория зинапояларидан югуриб пастга тушди ва бўғриқиб кетган юзини яшириш учун партага эгилиб, отасининг исм-фамилиясининг бош ҳарфларига қаради.

Бироқ ўша сўз ва унинг таъсирида пайдо бўлган рўё Стивен орқага қайтиб, ҳовлидан ўтиб коллеж дарвозасига томон бораётганда ҳам кўз ўнгида жимирлаб турарди. У шу кунгача ботинидаги жирканч бир иллатдай туюлган нарсанинг аллақандай аломатларига ҳаётда дуч келиб қолганидан тамом гарангсиб қолганди. Уни мудом таъқиб этиб юрган қўрқинчли шарпалар хаёлида қайта жонланади, шарпалар Стивеннинг хаёлига келган сўзлардан қутилмаганда важоҳатли тус олди. Гарчи улар қаердан —қабиҳ арвоҳларнинг қай бир маконидан қайнаб чиқаяпти, деб ҳайрон қолаётган бўлса-да, Стивен тезда уларнинг таъсирига тушди ва ақл-ҳушини эгаллаб, кўнглига васваса солишига қўйиб берди. Шарпалар унинг вужудини тамом асир қилиб олгандан сўнг эса у ўзини буткул ожиз ва хўрлангандай ҳис этди, нима қиларини билмай бетоқат бўлди ва ўзидан-ўзи жиркаиб кетди.
— Мана ўша дўкон! Xудди шу!—қичқирди мистер Дедалус. —Мендан бу ҳақда кўп эшитгансан-а, тўғрими, Стивен? Бу дўконга бизлар бир тўда бўлиб тез-тез кириб турардик, ўша пайтлар бизларни ҳамма танирди. Гарри Пирд, кичкина Жек Маунтен, тағин Боб Даес, яна француз Морис Мориарти, Том ЎГрейди, Мик Лейси, мен сенга эрталаб у ҳақда гапириб бергандим, Жоун Корбет, бечора оқкўнгил Жонни Киверс.

Мардайк кўчасидаги дарахтлар барги шитирлаб, қуёш нурида ялтиллаб шивирлайди. Уларнинг ёнидан крикет командаси ўйинчилари, спорт кийимида барваста ёш йигитлар ўтишди, биттаси дарвоза тўри солинган узун яшил қопни кўтариб олган. Бўм-бўш тор кўчада саёқ мусиқачи-немислар —ранги унниқиб кетган ҳарбий мундирлардаги беш киши—ескириб қолган асбобларда ўзларини қўрғалаб олган болаларга, шу атрафдаги идораларнинг бекорчи югирдакларига куй чалиб бераётир. Бошига оқ рўмол танғиб олган фартукли оқсоч аёл қуёшда оқ мармардай ялтираб турган дераза рахига қўйилган қутидаги гулларга сув қуяётир. Бошқа бир ланг очиқ деразадан роялнинг садоси таралади, мусиқа садолари тобора юқорилаб авжига чиқади.

Стивен отасининг ёнида, унинг ҳикояларини эшитиб бораётир. Отасининг йўқолиб, ўлиб кетган ҳамшишалари, ёшликдаги дўстларининг исмларини у олдин ҳам кўп эшитган эди. Унинг кўнгли айниб, юраги сиқила бошлади. У ўзининг Балведерда кечирган беқарор аҳволи ҳақида ўйлади—стипендия оладиган, синфда энг аълочи, ўзининг обрўсидан чўчийдиган, мағрур, сал нарсага аразлаб қоладиган, ҳар нарсага шубҳаланадиган, турмушнинг нотавонлиги ва ўзининг тийиқсиз ўй-хаёлларидан зада ўқувчи. Сиёҳ чапланган партага ўйилган ҳарфлар жимирлаб, унинг жисмонан кучсизлигини, бемаъни эҳтиросларини масхаралагандай ажи-бужи бўлиб кўз олдида ўйноқлар, ўзининг уқувсиз ёввойи феъл-атворидан жирканишга мажбур этарди. Оғзидаги сўлаги заҳардай аччиқ туюлди, томоғига тиқилди, кўнгли айниб боши гангиди ва у бир дақиқача кўзини юмиб, ҳатто ҳеч нимани кўрмай қадам ташлади.

Отасининг овози эса ёнгинасида эшитилиб турарди.

—Сен вояга етиб, одамлар қаторига қўшилганингда, Стивен, мен шундай бўлишига жудаям ишонаман, бир нарсани унутмагин: қандай ишнинг бошини ушлашингдан қатъи назар, доимо интизомли, инсофли одамлар билан бирга бўл. Ёшлик пайтимда мен, сенга очиғини айтиб қўя қолай, давримни сурганман, дўстларим ҳам ҳалол, олижаноб йигитлар эди. Ҳар қайсимиз қайсидир томондан устун эдик. Бировнинг овози зўр бўлса, бошқа бировида артистлик қобилияти бор эди, кимдир бир банд шеърни қойил қилиб айтолса, кимдир эшкак тортишда тенги йўқ ёки теннис кортида биринчи эди, бошқаси латифани сув қилиб ичарди. Биз ҳамма нарсага қизиқардик, ҳаётдан кўнглимиз тусаган, қўлимиз етган ҳамма нарсани олардик, хуллас, ўз шавқу шаробимизда яшаганмиз, бироқ бундан бирор-бир инсоннинг кўнглига зиғирча оғирлик ботмаган. Чунки ҳаммамиз бирдай тартибли-интизомли йигитлар эдик, ҳалол ирландлар эдик, Стивен. Сен ҳам шундай —ҳалол, олижаноб йигитлар билан улфат бўлишингни хоҳлайман, ўғлим. Кўриб турибсан, мен сен билан худди дўстим билан гаплашгандай гаплашаман, Стивен, чунки ўғил бола ҳеч қачон отасидан ҳайиқиб, ўзини олиб қочиб юрмаслиги керак, деб ҳисоблайман. Шунинг учун, бобонг раҳматли сенинг ёшингда менга қандай муомала қилган бўлса, мен ҳам сенга шундай муомала қиламан. Бобонг билан икковимиз ота-боладан кўра кўпроқ ака-укага ўхшардик. Мени биринчи марта оғзимда трубка билан ушлагани ҳеч ёдимдан чиқмайди. Кечагидай эсимда, Саут-террасда ўзим тенги мишиқилар билан ғўддайишиб турибмиз, ўзимизни гўё ботмон чоғлаймиз, тумшуқ осмонда, ҳаммамизнинг оғзимизда трубка. Бир пайт, шундоқ қарасам, ёнгинамдан отам ўтиб бораяпти. Бир оғиз гапирмади, тўхтамади ҳам ҳатто. Эртаси куни якшанба эди, иккаламиз бирга айлангани чиқдик, бир пайт, уйга қайтаётганимизда, у чўнтагидан папирос қутисини чиқариб нима дейди де: «Ҳа, айтганча, Саймон, мен сенинг чекишингни билмас эканман», дейди. Мен нимадир деган бўлиб минғирладим чоғи, у қутини менга чўзиб: «Яхши тамакига тобинг қалай, қани бу сигараниям синаб кўр-чи. Менга буни кеча кечқурун Куинстаунда америкалик бир капитан совға қилди», дейди.

Стивен отасининг пиққиллаганини эшитди, бу кулгидан кўра хўрсиниққа ўхшаб кетарди.
— Ўша пайтда у Коркдаги йигитларнинг энг олди эди. Сенга бор гапни айтаяпман. Кўчадан юриб ўца аёллар тўхтаб, орқасидан термилиб қараб қоларди.

Шу ерда отасининг товуши ўкирган йиғидан бўғилиб қолди ва Стивен беихтиёр кўзларини катта очди. Бирдан кўзининг қорачиғига ёпирилиб кирган ёруғ нур ичида у ғаройиб сеҳрли оламни—қорамтир тусдаги осмонда бурқираб ётган паға-паға булутлар ва уларга сел бўлиб қуйилаётган тўқ қизил ёғдуни кўрди. Миясининг ичи лўқиллаб оғрир, боши танасига бўйсунмасди. У дўконлар пештоқига илинган лавҳалардаги ҳарфларни зўрға фарқларди. Ўзининг ёввойи феъл-атвори боис, у ҳаётдан тамом бегоналашиб қолгандай эди. Атрофда рўй бераётган бирор-бир ҳодиса, агар унинг тушкун кайфиятига ҳамоҳанг бўлмаса, унга таъсир этмас ва уни ўзига жалб қилолмасди. На ёзнинг кўрк-тароватига, на шодлигу дўстликка кўнглида рағбат сезар, на тириклик шавқи ёки оддий исоний даъват унинг чиройини очар, отасининг овози эса асабини қўзғар ва эзгин руҳини баттар азобларди. У миясида кечаётган фикрларни зўрға идроклар ва ичида секин такрорларди:

«Мен—Стивен Дедалус. Отам билан бирга кетяпман, унинг исми-шарифи Саймон Дедалус. Биз ҳозир Коркдамиз, Ирландиядамиз. Корк—бу шаҳар. Биз «Виктория» меҳмонхонасига тушдик. Виктория. Стивен. Саймон. Стивен. Виктория. Исмлар».

Болалик хотиралари тўсатдан хира тортди. У ёдида қолган ёруғ дақиқаларни эслашга уринди, бироқ эслай олмади. Xотирига фақат номларгина келди: Денти, Парнелл, Клейн, Клонгоус. Ушоқдай болакайни кекса аёл географияга ўқитарди, шкафда аёлнинг иккита чўткаси бўларди. Кейин уни коллежга жўнатишди. У биринчи марта илоҳий қовушиш маросимида қатнашди, крикет ўйнаганда киядиган қалпоғига яширган шоколадларни еди, касалхонанинг тор палатасида, деворда биланглаб ўйнаётган олов аксига термилди, хаёлида қандай ўлишини, ректорнинг ҳашамли либосда келиб, унинг дафн маросимида хизмат қилишини, жасадини эса бош арғувонзор хиёбон ортидаги чоғроққина қабристонга дафн этишларини тасаввур қилди. Бироқ ўшанда у ўлмади. Парнелл эса ўлди. На черковда ибодат, на дафн маросими бўлди. Парнелл ўлгани йўқ, балки қуёшда тарқаган тумандай эриб кетди. У йўқолди, ё бўлмаса ҳаётни тарк этди, чунки энди у йўқ. Ғалати, тасаввурга сиғмайди—у ҳаётдан кетди-борди, ўлгани йўқ, қуёшда эриб битди ё коинотнинг аллақаерларида сарсон-саргардон кезиб юрибди! Кўзига бир сония кичкина болакай кўриниб кетгани ғалати бўлди: ана у, ўзи—бўзранг белбоғли камзулда. Қўллари ён чўнтакларига тиқилган, чолварчаси тиззасидан пастдаги боғичлари билан айлантириб тортиб боғлаб қўйилган.

Ўша куни кечқурун, отасининг мол-мулки сотилиб бўлганидан кейин, Стивен унинг ортидан итоаткорона эргашиб, шаҳар бўйлаб майхоналарга кириб-чиқиб юрди. Мистер Дедалус бозордаги савдогарларга, майхона хизматчиларига, овқат ташувчилар-у хайр-садақа сўраган гадоларга тап тортмай бир гапни қайта-қайта такрорлар: ўзининг Коркда туғилгани, асли таги корклик экани, ўттиз йилдан бери Дублинда яшаётганига қарамай жануб шевасини унутиб қўймагани ва ёнидаги мана бу йигитча—тўнғич ўғли ғирт дублинлик такасалтанг экани ҳақида тинмай жаврар эди.

Эрталаб улар «Нком» қаҳвахонасидан чиқишди, қаҳвахонада мистер Дедалуснинг қўли қалтираб, чашкаси ликопчага урилиб, қаттиқ жаранглаб кетди. Стивен стулни қимирлатиб, йўталиб, бу хижолатли аҳволни—кечаги ичкиликбозликнинг шармандали оқибатини сездирмасликка уринди. Xўрланишларнинг эса кети кўринмасди: мистер Дедалус ўзича меҳр кўргазмоқчи бўлган бозордаги савдогарларнинг масхаралаб кулишлари, буфетчи хотинларнинг илжайишиб майна қилишлари-ю отасининг дўстлари бири қўйиб, бири олиб оғиз кўпиртириб мақташлари. Улар Стивенга сен худди қуйиб қўйгандай бобонгга ўхшайсан дейишди, мистер Дедалус маъқуллади, ўхшашга ўхшайди-ю, фақат Стивен ундай чиройли эмас, деди. Улар узоқ тортишувдан сўнг мистер Дедалусни нутқидан корклик эканини билса бўлади, деган хулосага келишди ва уни Ли дарёси Лиффи1дарёсидан чиройли эканини тан олишга мажбур қилишди. Улардан бири Стивеннинг лотинчадан билимини синаб кўрмоқчи бўлиб, «Дилектус» дан бир неча иборани таржима қил-чи, деб туриб олди ва: «Темпора мутантур нос эт мутантур ин иллис» тўғрими ёки «Tempora mutantur et nos mutantur in illis»[4] тўғрими, деб сўради. Мистер Дедалус Жонни Кешмен деб чақирган бошқа бир эзма чол ундан қаернинг қизлари чиройли — Дублиннинг ё Коркнингми, деб сўрайвериб энсасини қотирди.
— Ҳой, у сен ўйлаганларданмас, — деди мистер Дедалус. —Тирғалавермасанг-чи унга. У жиддий, ақлли бола, ҳеч қачон бундай бўлмағур нарсаларга бошини қотирмайди.
— Ҳа-а, бундай бўлса, демак, у отасининг ўғли эмас экан-да, —деди эзма қария.
— Бунисини бироқ мен билмадим, — деди мистер Дедалус ишшайиб.

—Сенинг отанг,—деди эзма чол Стивенга, — ёшлигида Коркдаги қизларни қийратарди. Сен буни билмасмидинг?

Стивен бошини қўйи солди, майхонанинг кафел ёткизилган ерига термилди.
— Улгирарсан ҳали унинг бошини қотиришга, — деди мистер Дедалус. — Қўй ўз ҳолига.
— Нега бошини қотирарканман? Бобоси тенги одам бўлсам. Ҳақиқатан ҳам мен бобо бўламан сенга, тўғрими, — деди қария Стивенга. — Сен шуни биласанми?
— Йўқ, — деди Стивен.
— Наҳотки, — деди эзма чол. — Сандз Уеллда иккита тойчоғим—неварам бор. Xўш? Сенингча, менинг ёшим нечада? Мен сенинг бобонгни яхши эслайман, қизил камзул кийиб, тулки овлашга чиқарди. У пайтлари сен ҳали дунёга келмаган эдинг.
— Унинг дунёга келиши ҳеч кимнинг хаёлида ҳам йўқ эди, —деди мистер Дедалус.
— Бўлмасам-чи! — маъқуллади эзма чол.
— Биласанми, мен ҳатто сенинг бобонгнинг отасини, Жон Стивен Дедалусниям танирдим. Ашаддий дуелчи эди-да ўзиям! Xўш! Xотира қалай?

—Гапингга қараганда уч, йўқ, тўрт авлодни биларкансан, — деди суҳбатдошлардан бири. — Ҳадемай, Жонни Кешмен, нақд юзни ураркансан.
— Мен сизларга ёшим нечадалигини айтаман, — деди эзма чол. — Мен ропа-роса йигирма еттидаман.
— Тўғри, Жонни, — деди мистер Дедалус. — Ўзингни тетик ҳис этаётган бўлсанг, демак, ҳали ёшсан-да. Қани, олдикми, тагида қолганини тинчитайлик, кейин бошқасини очамиз. Ҳой бола! Тим, Том, исминг нимайди сенинг, шунақасидан яна бир шиша келтир. Гапнинг рости, ўн саккиздаман гўё, менга шундай туюлади, шу ўғлим мендан икки карра ёш, хўш, шундай бўлгандан сўнг у менинг олдимга туша олармиди!
— Унга тан беришинг, Дедалус, ҳарқалай, қийин бўлмайди сенга, — деди ҳалигина гапга қўшилган киши.
— Йўқ, йўқ, жин урсин! — қичқирди мистер Дедалус.— Мен ашуланинг авжини ундан яхши айтаман, овдаям олдимга тушишга йўл бўлсин унга, мен билан тулки тутишга юраги бетлармикан, эҳе, ўттиз йил бурун, керрилик болалар билан овлардик-да тулкини! Улар овнинг маънисига боришарди, маънисига!
— Бироқ у сени мана бу билан енгади, мана бу билан,— деди эзма чол бармоғини манглайига нуқиб ва бир кўтаришда қадаҳни бўшатди.
— Ҳа, уям отасидай оқибатли инсон бўлади, деб умид қиламиз, бундан ортиқ нима ҳам дердик, — жавоб қилди мистер Дедалус.
— Бундан ортиқ тилак бўладими, ахир, — деди эзма чол.
— Xудога шукр қилайлик, Жонни — деди мистер Дедалус, — кўп яшадик, бироқ ёмонликни кам қилдик.
— Аксинча, хайрли ишларни кўп қилдик, Саймон, — ғурурланиб қўшиб қўйди эзма чол. — Ўзингга шукр яратган эгам, умримизга умр қўшганингга, эзгу ишларни бисёр раво кўрганингга қуллуқ.

Стивен учала қадаҳнинг қандай кўтарилганига қаради, отаси ва унинг икки кекса ошнаси ўзларининг ёшлиги учун ичишди. Тақдир ё феъл-авторданми, ишқилиб, аллақандай жарлик Стивенни улардан бездирарди. Назарида, унинг ақли қаҳру ғазабга мойил ва қартайгандай туюларди: у худди ер тепасидаги тафциз ойдай, гуруглашаётганларнинг баҳслари, қувонч ва андуҳлари устида, совуқ нур таратиб турарди. Вужудида бир пайтлар отаси ва унинг ошналари ҳис этаётган ҳаёт ва ёшлик шавқини ҳис этмасди. Дўстона гурунглар қувончи, эркак кишига хос метиндай соғлиқ ва фарзандлик туйғуси унга бегона эди. Унинг қалбида совуқ, қаҳрли ва меҳрдан холи майллардан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Унинг болалиги барҳам топган ёки ғойиб бўлган, у билан бирга оддий қувончларга мойил кўнгли ҳам ҳамма нарсадан безиган ва ҳаётда гўё осмондаги сўник ой гардишидай, саргардон кезиб юрарди.

Толмадингими кўкда, ой? Рангинг синиқ, бенаво.

Фалак тоқидан ерга қарайсан ғамгин, маъюс.

Сайр этасан, танҳо...

У ичида Шеллининг сатрларини такрорлади. Инсонга хос норасоликни одам боласига насиб этмайдиган олиймақом қудратга қарши қўйгани уни ҳушига келтирди ва у ўзининг шахсий, ночор ва арзимас ғам-андуҳларини унутди.

* * *

Стивеннинг онаси, укаси ва амакиваччаларидан бири кимсасиз фостер-плейснинг бурчагида кутиб турадиган бўлишди, Стивен эса отаси билан зиналардан кўтарилишди ва соқчи-шотланд бориб-келиб юриб турган устунлар ёнидан юриб кетишди. Улар ҳайҳотдай залга киришиб, кассанинг дарчасига яқинлашганда Стивен чўнтагидан Ирландия банки директори номига ёзилган — биттаси ўттиз, иккинчиси уч фунтли чекларини чиқарди. Кассир чекларга бериладиган суммани, унинг стипендияси ва ёзма ишига берилган мукофот — ҳаммасини қўшиб, муомалада пул ўрнида юрадиган банкнотлар ва жаранглаган танга билан ҳисоблаб санаб узатди. Стивен хотиржамлик билан уларни бўлиб-бўлиб чўнтакларига жойлади ва отаси билан гаплаша туриб уни қутламоқчи, келажаги порлоқ бўлишини тиламоқчи бўлаётган очиқкўнгил кассирга энли тўсиқ устидан итоаткорона қўл узатди. Уларнинг овози Стивеннинг ғашини қўзғади ва у бетоқат бўлиб, типирчилай бошлади. Бироқ кассир, бошқаларни куттириб қўйиб, замон ўзгариб бораётгани, ҳозир энг муҳими, агар чўнтак кўтарса, албатта, фазандни яхшилаб ўқитиш кераклигини жаврай кетди. Мистер Дедалус шошилмасди, бир атрофга аланглар, бир шипга қарар, тоқацизланаётган Стивенга ҳозир улар эски Ирланд парламентининг биносида туришганини, жамоа палатаси шу ерда бўлганини уқтирарди.
— Ажаб замонлар эди-да! — деди мистер Дедалус оғзидан бол томиб, — у даврнинг одамлари бошқача эди — Xили-Хатчинсон, Флуд, Генри Граттен, Чарлз Кендл Буш. Ҳозирги зодагонман деганлардан ўргилдим, нуқул тимирскиланишади! Шулар-да энди ирланд халқининг доҳийлари! Биласанми Стивен, бу бойваччаларни ҳатто қабристондаям ҳақиқий ирландлар билан ёнма-ён ётишини тасаввур қилиб бўлмайди. Эҳ, жигарим, Стивен, бу, биласанми, ҳалиги бир қўшиқда айтади-ку: «Саратонда кўклам ҳавоси» деб, шунинг ўзгинаси.

Банк теварагида октябрнинг изғиринли шамоли изғийди. Улар лой йўлакнинг четида туришибди, уччаласининг ҳам юзлари совуқдан кўкариб кетган, кўзлари ёшланади. Стивен онасининг енгил кийинганини сезди ва бир неча кун олдин Бернардо магазини витринасида йигирма гиния турадиган елкага ташланадиган аёллар камзулини кўрганини эслади.
— Xўш, пулниям олдик, — деди мистер Дедалус.
— Энди овқатлангани борсак ёмон бўлмасди, — деди Стивен. — Қаерга борсак экан!
— Овқатланамизми? — деди мистер Дедалус. — Маъқул бу, ҳар қалай, яхши таклиф.
— Арзонроқ жойга кирақолайлик, — деди миссис Дедалус.
— Камбағалбоп жойга-я?
— Ҳа, бирор оддийроқ ошхонага.
— Кетдик, — деди Стивен тоқацизланиб. — Қимматми, арзонми — нима фарқи бор.

Стивен уларнинг олдига тушиб, майда нотекис қадам ташлаб, жилмайиб борарди. Улар ортда қолиб кетмаслик учун қадамларини тезлатишди ва унинг қичаб юраётганига кулимсирашди.
— Ҳовлиқмасанг-чи, — деди отаси. — Ёв қуваяптими, кап-катта йигитга ярашмайди бундай шошқолоқлик. Совғадан қуруқ қолаяпмизми бунча югириб!

Улар бўлар-бўлмас кўнгилхўшликларга пул сарфлаб юриб куннинг қандай ўтганини сезишмади, Стивеннинг қўлидаги мукофот пули ҳаш-паш дегунча тугаб битди. Шаҳардан уйга турли-туман ширинликлар, конфету қуритилган мева-чевалар солинган катта қутиларни кўтариб келишди. Ҳар куни Стивен оила учун тайёрланадиган таомлар рўйхатини тузар, кечқурунлари улар уч ёки тўрт киши бўлиб, «Ингомара» ё «Лионлик нозанин»ни томоша қилгани театрга отланишарди. Унинг калта камзулининг чўнтагида улфатларга аталган вена шоколади бўлар, шимининг чўнтагида эса бир сиқим кумуш ва мис тангалар шақирларди. У ҳаммага совға харид қилар, ўзининг хонасини қайта бошдан безашга киришиб кетар, аллақандай лойиҳалар устида бош қотирар, жавондаги китобларнинг жойини алмаштирар, нарх-наволар ёзилган маълумотномаларни ўрганар, оиланинг ҳар бир аъзосига аниқ вазифа юкланадиган янгича қатъи тартиб-қоида ўрнатмоқчи бўларди. Уйидагилар учун фоиз эвазига қарз берадиган касса очди ва фақат квитанция ёзиш-у тушадиган фоизни ҳисоблашнинг завқига берилиб, ёрдам сўраганларга қарз улаша бошлади. Бу машғулотлар жонига теккач, у оёғига конки танғиб олиб, шаҳар бўйлаб санғиди. Охир-оқибат барча эрмакларидан безди. Қирмизи сир бўёқ тунука қутида қотганча қолди, деворга қопланган тахта бўялмади, чала-чулпа урилган сувоқ эса кўчиб туша бошлади.

Оила одатдаги турмуш тарзига тушиб олди. Онаси энди уни исрофгарчиликка йўл қўйгани учун койимасди. Ўзи ҳам бурунги, мактабда пайтидаги ҳаёт йўсинига қайтди, ўрнатган янгиликлари эса барбод бўлди, республикаси қулади. Қарз берадиган кассаси жуда катта камомад билан ёпилди. Ўзи учун тузган яшаш тартиб қоидаси ўз-ўзидан бузилиб кетди.

Нақадар бемаъни ҳаракатлар эди бу! У теварагидаги ҳаётнинг бўтана оқимига қарши тартиб ва файзу тароват тўғонини тикламоқчи, ахлоқ қоидалари ҳамда фойдали машғулотлар кўмагида янгича оилавий муносабатларни жорий этиб, вужудидаги безовта туғённи босмоқчи бўлди. Бари бекор кетди. Бўтана оқим ҳам сиртдан, ҳам ичдан тўсиқни бузиб бостириб кирди: ғарқ бўлган тўғон устида ҳар икки оқим шиддат билан тўқнашди.

У энди бу ҳаётга ўзининг тамом бегоналигига ҳам ақли етиб турарди. Туғишганларига ҳам олдингидай бемалол ёндашиб боролмайдиган бўлиб қолди, хижолатга солган бўлар-бўлмас ишларини, орттирган беҳуда ташвишлари-ни ёдидан чиқаролмас, бу қилғиликлари уни онаси, укаси ва сингилларига бегонасиратиб қўйган эди. Ўзининг улар билан қондошлигини ҳис этмас, назарида аллақандай сир уларни боғлаб тургандай, гўё бу оилага ўзи асранди фарзанд, укаси сингиллари эса шунчаки бир кўкракдан сут эмишган-у, аслида бегоналардай эди.

У яна вужудини қийноққа солаётган ташналикни қондиришга уринди. Бу ташналик олдида кўзига ҳеч нарса кўринмас, оғир гуноҳга ботгани-ю, ҳаёти ёлғон-яшиқ важ-карсонларга қоришиб кетаётгани уни ортиқ безовта қилмасди. Жонини азоблаётган жирканч хоҳиш йўлдан озишга ундар, унинг учун бирор-бир азиз нарса қолмаганди. У лоқайдлик билан тийиқсиз ўй-хаёлларига эрк бериб, кўзи тушган ҳар қандай қиёфани тасаввурида жонлантириб, шаҳвоний майлга пинҳона ружу қўярди. Қаршисидан чиқиб қолган нотаниш аёл, гарчи кундуз кун унга нечоғли бокира туюлмасин, оқшомлари босиринқи тушларида бетлари ловиллаб, кўзлари ҳайвоний ҳирс билан ёниб кўринарди. Фақат эрталаб, ўрнидан тургач, тўшакда хаёлидан кечирганларини эслаб безовталанар, тобора гуноҳга ботиб бораётганидан ич-ичидан эзиларди.

Унинг боши тағин уйга сиғмай қолди. Туманли куз оқшомлари, худди бир неча йил бурун Блекрокнинг сокин кўчаларини кезишга жазм этгандай уни яна тор кўчаларда сағишга ундарди. Бироқ энди на уйлар олдидаги бир текис қилиб буталган боғчаю гулзорлар ва на деразалардан ёғилиб турган нурафшон ёғдулар унинг юрагига илиқлик олиб кирарди. Фақат ора-сирада, кўнгли хотиржам тортиб, хоҳиш туғилган дамларда ва тинкасини қуритган шаҳват ўрнини ҳузурли чарчоқ эгаллаганда хотирасининг туб-тубидан Мерседес қиёфаси қалқиб чиқиб келарди. Яна тоғ йўлидаги кичкина оқ уйда ва барқ уриб очилиб ётган атиргулларга тўла боғчани кўрди ва ойнинг кумуш нурларига чўмилиб ётган боғчада қиз билан, шунча йилларга чўзилган айрилиқ ва сарсон-саргардонликдан сўнг, қўл ушлашиб турганини, ғамгин қиёфада, бироқ ўзини мағрур тутиб, бошини сермаб қизга рад жавобини қилганини ва айтиши лозим бўлган ўша гапни айтганини эслади. Шу дақиқаларда хаёлида Клод Милнотнинг сокин нутқи жаранглагандай бўлиб, юрагидаги ғашликка таскин берди. У бир пайтлар интизор бўлиб кутган тотли учрашув хаёли, гарчи ўша вақтлардаги орзу-умидлари билан феъл-атворидаги қатъияцизлик, тортинчоқлик ва тажрибасизликка бир зумдаёқ барҳам берадиган ҳақиқий, ҳузур-ҳаловатли висол иштиёқи ўртасида шафқациз борлиқ тубсиз жардай бўлиб ётганига қарамай, унинг қалбини мунаввар туйғуларга тўлдирди.

Бу тотли лаҳзалар ўтиб, ўча бошлаган шаҳват алангаси яна вужудини жунбушга келтира бошлади. Шеър сатрлари унинг лабларида қотди, ёввойи ҳайқириқ ва беандиша сўзлар миясида чарх уриб, отилиб чиқишга шай эди. Томирларида қон гупирарди. У шилтаси чиқиб кетган кўчада изғир, тор кўчаларнинг қоронғу бурчакларига, дарвозаларга суқланиб қарар, тиқ этган товушга қулоғини динг қиларди. У худди ўлжасининг изини йўқотиб қўйган йиртқичдай увлади. У ўзига ўхшаган маҳлуқ билан айб ишга бош қўшиш, уни гуноҳ қилишга мажбурлаш ва у билан гуноҳга ботиб роҳатланишни қўмсарди. У зимистон қаъридан аллақандай қора нарса шиддат билан ўзи томон, худди тутқич бермайдиган ва вишиллаган асов селдай бостириб келаётганини ҳис қилди ва бу оқим уни тамом ғарқ этгудай эди. Бу ваҳимали вишир-вишир босиринқи тушдаги каби кўпириб-тошиб қулоқларига урилди, кўз илғамас узун томчилар аъзойи-баданини илматешик қилиб ўтгандай бўлди. Бу чидаб бўлмас оғриқ азобидан бармоқлари титраб-қақшаб мушт бўлиб тугилди, тишлари бир-бирига қапишиб кетди. Кўчада туриб аллақандай нозик, силлиқ ва мафтункор бир нимани тутиб қолмоқчи бўлиб қўлларини узатди, ва аллақачондан бери бўғзида тутиб турган чинқириқ лабларидан отилиб чиқди. Чинқириқ мисоли бадбахт гуноҳкорларнинг жаҳаннамдаги оҳу нолаларидай фиғонли чиқди ва аччиқ, йиғламсираган ҳирқироқли илтижога айланиб ўчди, бу айни ҳожатхонанинг зах тортган деворида у кўрган уяциз ёзувнинг аянчли акс-садоси эди.

Бир маҳал у боши айланиб тор, ифлос кўчаларга кириб қолди. Бадбўй жинкўчалардан унинг қулоғига шовқин, маст-алас бақириқ-чақириқлар, сўкинишлар, ҳирқираган ширакайф товушлар эшитилди. Буларнинг унга таъсири кам эди, у қаерга келиб қолдим, бу яҳудийлар квартали эмасми, деб ҳайрон бўлиб турарди. Узун ялтироқ кўйлаклар кийиб, атир-упага беланиб олган хотинлар ва ёш қизлар кўчани кесиб ўтишиб, у уйдан бу уйга кириб-чиқиб юришарди. Уни қалтироқ босиб, кўз олди қоронғулашди. Туман босган нигоҳида, булутли ҳаво қоронғусида фонусларнинг сарғиш қўзоғи меҳроб пештоқига ёқиб қўйилган шамлардай йилтиллаб кўринди. Эшиклар олдида ва ёруғ айвончаларда хотинлар, аллақандай маросимга шайланаётгандай, тўда-тўда бўлиб туришарди. У бутундай бошқа дунёга тушиб қолди: гўё минг йиллик уйқудан уйғонди.

У кўчанинг ўртасида турар, юраги кўкрагини ёриб чиққудай гурсиллаб урарди. Қизил кўйлакли ёшгина аёл қўлини унинг елкасига қўйди ва кўзларига тик қаради.
— Xайрли шом, ёқимтой Вилли! — деди жувон қувноқ оҳангда.

Унинг хонаси иссиқ ва ёруғ эди. Каттакон қўғирчоқ оёқларини кериб, каравот олдидаги оромкурсида ўтирибди. Стивен жувон кўйлагини қандай ечаётганига қаради, атир уфурган бошининг мағрур, қатъиятли ҳаракатини кўрди, ўзини бамайлихотир кўрсатиш илинжида биргина сўз айтишга ўзини мажбурлашга уринди.

Ва шу зайл миқ этмай хонанинг ўртасида қаққайиб турганида жувон яқинига келди ва уни қучоқлади — шодон ва хотиржам қучоқлади. Жувоннинг лўппи қўллари уни қаттиқ қучди ва унинг ортга энгашган жиддий, хотиржам юзини кўриб, кўкрагининг сокин ва бир текис кўтарилиб тушаётганини ҳис этиб, Стивеннинг жазавада ўкириб йиғлаб юборишига сал қолди. Унинг маҳлиё бўлган кўзларида севинч ва ором ёшлари балқиди, гарчи бир сўз айтмаган эса-да, лаблари очилди.

Жувон балдоқлари жиринглаган қўли билан унинг сочларини силади ва уни шумтака, деб атади.

—Ўп мени,— деди жувон.

Унинг лаблари қимир этмади, жувонни ўпмади. Жувон ўзини яна қаттиқроқ қучиб туришини ва оҳиста-оҳиста эркалашини хоҳларди у. Жувоннинг қучоғида у ўзини фавқулодда кучли, ботир ва қатъиятли ҳис этди. Бироқ унинг лаблари қимир этмади, жувонни ўпмади.

Бехос ҳаракат билан жувон унинг бошини эгди ва ўзининг лабларини унинг лабларига босди, Стивен жувоннинг ўзига ошкора тикилиб қараган кўзларидан ҳаракатининг маъносини уқди. Бу энди унинг имконидан ташқарида эди. У кўзларини юмди, жону танини аёлга топшириб, унинг юмшоқ хиёл очиқ лабларидан ўзга дунёдаги ҳамма нарсани унутди. Ўпаётиб, жувоннинг дудоқлари унинг лабларигагина эмас, ақлу ҳушига ҳам таъсир этди, гўё унга нимадир айтмоқчи бўлди ва туйқусдан, лаҳза ичида, у ҳеч қачон ҳис этмаган, энг мудҳиш гуноҳдан-да оғир, ҳид ёки товушдан майин ва маъсум алоқани туйди.

Avvalgi
I- qism
 



  1. Ва бегона дастгоҳга интилди-ку руҳ (лот).
  2. «Тангрини боз шарафламоқ чун» (лот.) — иезуит ордени шиори.
  3. Laus Deo Semper — тангрини боз шарафламоқ учун (лотинча). Иезуит мактабларида ёзма ишга қайд этиладиган одатдаги белги.
  4. «Вақт ўзгаради ва биз ҳам у билан бирга ўзгариб борамиз» (лотинча). Биринчиси тўғри.