OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЖеймс Xедли Чейз
Асар номиСохта фаришта (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Британия адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Жеймс Xедли Чейз
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонДилшодбек Асқаров (рус тилидан)
Ҳажм38KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/18
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Сохта фаришта (ҳикоя)
Жеймс Xедли Чейз

Слег Мойнихен симёғочга суянганча турарди. У ёқдан-бу ёққа ўтаётган йўловчилар унга қараб-қараб қўйишар, у ўгирилганида тезда нигоҳларини четга буришарди. Слег гавдали, бақувват эди. У Хенклестеннинг ресторанида ҳафтасига икки марта ташкиллаштириладиган жангларда қатнашувчи учинчи тоифали боксчилар жамоасида рўйхатда турарди. У оз пул ишлар, лекин кўп зарба ўтказарди. У ҳали йигирма бешга ҳам кирмаган, шунинг учун бу зарбалар ўзига таъсир қилмаслигига ишонарди. Аммо ёши ўтганидан сўнг бу зарбалар унга таъсир қилишидан ташвишланарди.

Бироқ айни пайтда уни бу фикр безовта қилмаётганди. Унинг фикри-зикри Роза Хенсонда эди. Слегнинг аёлларга суяги йўқ эди. Аёллар билан бўлганидан сўнг у бу аёлларни унутарди. Аммо Роза Хенсонни кўргач, барчаси ўзгарди. Роза унинг кўз олдидан кетмай қолди. У одатда аёлларни шундай сўзлар билан илинтирарди: «Менга қаранг, гўзалим, холироқ жойда учрашишга нима дейсиз? Вақтимизни чоғ ўтказардик».

Одатда бу самарали бўларди. Аммо Роза унга менсимас назар билан бир қараб қўйди холос. Қиз ҳеч нарсани эшитмагандек, унинг сўзларига эътибор ҳам бермади.

Биринчи марта у қизни Қирқ учинчи кўча ва Фарбий авеню бурчагидаги рақс майдончасида кўрганди. Қиз ўзини пулдорлардек тутаётган баланд бўйли озғин йигит билан рақс тушарди. Слег жанжал бошлашни ўйлади, аммо Розанинг олдида аҳмоққа ўхшаб қолишини ўйлаб бу фикрдан воз кечди. Бироқ қўли қичийвергач, у уйига кетворди.

У Розани энди ўйламасликка қарор қилди, лекин қиз унинг кўз ўнгидан кетмасди. У Розани бир неча марта кўрди. Ҳар сафар қизни кўрганида ундаги муҳаббат алангаси кучаяр, у билан гаплашмаса бўлмаслигини англарди. У нимадир қилмаса бўлмаслигини тушунди. Қизнинг қаерда ишлашини зўрға аниқлади. У Браунриг исмли кишининг сартарошхонасида маникюрчи бўлиб ишларкан. Слег сартарошхонага бориб маникюр қилдиришга аҳд қилди. У сартарошхонага шахд билан кирди ва Браунригга сўз қотди.

-Сизларда тирноқни пардозлайдиган қиз борми?-сўради Слег.

-Ҳа, албатта, жаноб Мойнихен. Келинг, ўтиринг.

Слег унга шубҳаланиб қаради.

-Менинг Мойнихен эканлигимни қаердан биласиз?-сўради у.

Браунриг жилмайди.

-Мен жангларингизни кузатиб бораман,-деди у.-Сиз чемпион бўлишга қодирсиз.

Слегнинг кўнгли хотиржам бўлди.

-Яхши,-тўнғиллади у.-Ўша қизни чақиринг. Мен шошиляпман.

Браунриг сартарошхона бурчагидаги парда ортига ўтиб кетди ва бир неча дақиқадан кейин қайтди.

-Хенсон хоним ҳозир чиқади,-деди у.-Биратўла соч-соқолингизни ҳам олдирасизми?

Слег унга ғазаб билан тикилди.

-Йўқ. Мен бу қиз билан гаплашиб олишим керак.

Браунриг таъзим қилди ва қўшиб қўйди:

-Яхши, жаноб Мойнихен.

Слег тиржайди.

-Бўпти,-бош ирғади у,-тезроқ кирсин.

Браунриг қўшни хонага кириб кетди, лекин эшикни қия очиқ қолдирди.

Парда ортидан пардоз буюмлари жойлаштирилган ғилдиракли аравачани юргизганча Роза Хенсон пайдо бўлди. У Слегни кўргач, юзи жиддийлашди.

-Ҳа, сизмисиз?-деди у киноя билан.-Нима хизмат?

Слег унга суқланиб тикилди.

-Тирноқларимни пардозласангиз бўлди,-деди у.-Мен эса сизни зериктирмай ўтираман.

Қиз бош чайқади.

-Сизга маникюрнинг кераги йўқ,-деди у.-Бундай қўллар учун моторли арра керак.

Слег қўлларини айлантирди.

-Менга қара, азизам,-деди у,-бу қўлларим билан яхшигина пул топаман. Бўл, пардозингни бошла.

Қиз аравачасини унинг ёнига олиб келди ва тиззаларини намойиш этганча курсига ўтирди. Слег унинг оёқларига ошкора тикилди.

-Оёқларинг чиройли экан. Демак, гўзалсан.

Қиз унинг қўлидан тутди.

-Гўзаллигимни таърифлашингизнинг кераги йўқ. Буни ўзим ҳам яхши биламан.

Слег лабини чўччайтирди. «Бу хоним қаттиқ ёнғоқ экан,-ўйлади у.-Уни чақиш осон бўлмайди».

-Жангимга чипта керакми?-сўради у яширин қуролларидан бирини ишга солиб.-Эртага зўр томоша бўлади. Сизга рингга яқин жойдан чипта олиб беришим мумкин.

-Нима дедингиз?-сўради қиз.

Слег уф тортди ва таклифини такрорлади.

-Жангларингиз мени қизиқтирмайди,-деди қиз унинг тирноқларига ишлов беришни бошлар экан.-Аммо чиптангизни дўстимга беришим мумкин.

-Анави сиз билан рақсга тушган новчани айтяпсизми?-сўради Слег.

Роза унга бир қараб қўйди.

-Гаррига бокс томоша қилиш ёқади.

-Менга унга ўхшаган йигитлар ёқмайди,-деди Слег.

Роза қовоғини уйди.

-Буни қаранг-а,-деди у совуқ оҳангда.

Орага жимлик чўкди. Слег ҳеч нарсага эришолмаганини ҳис қилгач, ўзининг асосий қуролини ишга солди:

-Эртага қўлимга яхшигина пул тушади. Балки бирор жойга борармиз?

-Қаерга борамиз?-эҳтиёткорлик билан сўради Роза.

-Менимча, ўзингиз таклиф қилишингиз мумкин,-деди Слег хурсанд бўлиб.-Истаган жойингизга борамиз.

-Унда...-қиз бир оз сукут сақлади, сўнг бош чайқади,-йўқ, у ерга боришга унамайсиз.

Слег қовоғини уйди.

-Айтинг,-деди у.-Қаерга?

-Мен анчадан бери «Маями» клубига боришни истайман, у ерга пулдорлар киришади. Сиз кира олмасангиз керак.

Слегнинг юраги тўхтаб қолгандек бўлди ва дарҳол жавоб қайтарди:

-Ким айтди сизга? Сиз истаган жойга олиб боришга қурбим етади.

Роза курси суянчиғига бошини ташлади ва унга тикилиб қолди.

-Зўр-ку!-деди у.-У ерга ҳатто Гарри ҳам бормайди. Ростдан қўлингиздан келадими?

Фалаба қозонганини ҳис қилган Слег дарҳол ташаббусни қўлга олди.

-Албатта,-деди у.-Сиздай гўзални албатта олиб бораман.

-Жаноб Мойнихен, пулингиз бунчалик кўплигини билмаган эканман. Балки «Маями» клубига бормасмиз? Келинг, «Амбассадорс»га борамиз. У ерга боришни анчадан бери орзу қиламан.

Слегнинг нафаси ичига тушиб кетди. У мақтанчоқлиги нимага олиб келганини жудаям кеч тушунди. «Маями»га бўлса майли эди. Аммо «Амбассадорс» шаҳардаги энг қиммат тунги клуб эди. Бу ерга ҳатто смокинг киймаганлар киритилмас, Слегнинг эса смокинги йўқ эди. У бу ерга бориш қанчага тушишини ҳисоблагунча терга ботиб кетишини ҳис қилди.

Роза эса қувончдан терисига сиғмасди.

-Келинг, эртага борамиз,-таклиф қилди у.-Эртага бўшман. Кеч соат тўққизда учрашамиз. Ҳозир жаноб Браунригни чақираман, соч-соқолингизни тартибга келтириб қўяди.

Слег эътироз билдиришга ҳам улгурмай у Браунригни чақирди. Браунриг шу заҳоти пайдо бўлди ва ишга киришди. Слег соч-соқолини олдириб кўчага чиққанида ҳамёни уч долларга бўшаган, бўйнига эса ҳаётидаги энг қиммат оқшомни ўтказиш мажбурияти илинганди.

Аммо у ишни охиригача етказишга қарор қилди. Слег шахдам қадамлар билан Иззининг чевархонасига келди ва смокингни ижарага олишни келишиб олгани анчагина вақт сарфлади. У арзимаган пул эвазига смокингни ижарага олди.

Слег картон қутига жойланган смокингни олиб уйига келди. Куннинг қолган қисмини эса кечки пайт бўладиган жангга тайёрланиш билан ўтказди. Аммо мияси Роза ва «Амбассадорс»да ўтадиган оқшом ҳақидаги фикр билан банд эди.

У спарринг-рақибларидан бири Пег ЎМалига дилини очди.

-Менга қара, Пег,-деди у.-Эртага бир хонимни «Амбассадорс»га олиб боришим керак.

Пег Слегга ажабланиб қаради.

-Хўш, нима бўпти?

Слег иягини қашлади.

-Сен у ерда бўлганмисан?-сўради у умид билан.

Пег бош чайқади.

-Йўқ, у ерда олган нафасингга ҳам пул тўлайсан.

-Хоним ўша ерга бормоқчи-да,-деди Слег.

-Нима қиласан у ерга бориб. Бошингдаги шляпангга қараб турадиган гардеробчи ҳам ҳамёнингни қоқлаб олади.

Слег хавотирлана бошлади.

-Қанча пулим кетади?-сўради у.-Йигирма доллар етармикин?

Пег ўйланиб қолди.

-Ҳа,-деди у,-этса керак. Йигирма долларни ўша хонимга бериб қўявер ундан кўра. Бир тунинг роҳатда ўтади.

Слегнинг жаҳли чиқди.

-У унақа аёллардан эмас,-деди у.-У одобли.

-Ақлдан озибсан, оғайни. «Амбассадорс» сен борадиган жой эмас.

Шундан сўнг «Амбассадорс» ҳақида умуман гап очилмади. Слег жангда осонлик билан ғалаба қозонди.

Маъмур унга эллик доллар тўлади ва у яна йигирма беш доллар қарз сўради. Пулни олгач, дўстлари базмга таклиф қилишларига ҳам қарамай, тезда уйига жўнади. У ҳар бир долларни асраш кераклигини тушуниб турарди.

Уйга қайтгач, у жавонни очди ва ҳар эҳтимолга қарши сақлаб юрган йигирма беш долларини ҳам олди. Энди унда юз доллар ва анча-мунча майда пул бор эди. У ўзида ишонч сезди. Бунча пул билан бемалол истаган жойига борса бўлади.

У шунча пулни бир оқшомда ишлатиб юборишига ишонмасди. Бунча пул унинг бир ой яшашига етарди.

Эртасига Слег ижара уй бекаси ва унинг қизи ёрдамида кийинди. Бўйинбоғ боғлаб, смокингни эгнига илгач, у ойнага қараб ўзини таний олмай қолди. Унга ойнадан башанг кийинган жаноб қараб турарди.

Слег бошига шляпани қўндириб, чўнтагидаги пулини яна бир марта текшириб олди ва уйидан чиқди. У сартарошхонага келганида Браунриг уни кўриб оғзини очиб қолди.

-Жаноб Мойнихен, кўринишингиз ажойиб,-деди у.-Костюмингиз чиройли экан.

Слег смокингидаги кўринмас чангни қоқиб қўйди.

-Ҳа, нархи ҳам шунга яраша. У шу ердами?

Браунриг кўзи билан маникюр бўлимига ишора қилди.

-У тайёрланяпти,-деди у кўзини қисиб.-Қаерга кетяпсизлар?

-«Амбассадорс»га,-деди Слег.-Мен ўша ерга боришни ёқтираман.

Браунриг ҳуштак чалиб юборди.

-Ў-ҳў,-деди у,-дидингиз чаккимас.

Шу пайт парда ортидан жилмайганча Роза чиқиб келди.

Слег кўзларига ишонмади. Унинг рўпарасида соҳибжамол малика турарди. Яшил кўйлак қизнинг кўркига янада кўрк қўшганди. Сочлари елкасигача тушган, юзидаги пардози ҳам жойида бўлган қиз худди кино юлдузларидек юриб келарди.

-Жудаям гўзалсиз,-деди Слег. Роза жойида турганча айланди.

-Ёқаманми?-сўради у.

-Жудаям.

-Сиз ҳам бугун очилиб кетибсиз.

Браунриг бош ирғади.

-Ажойиб жуфтлик,-деди у.-Энди эса бемалол кетишингиз мумкин, мен сартарошхонани ёпаман.

Роза Слегнинг ёнидан ўтаётганида унинг димоғига атирнинг хуш бўйи урилди. Слег унинг ортидан эргашди. У худди туш кўраётгандек эди.

Ташқарига чиқишгач, Роза атрофга аланглади ва қовоғини уйди.

-Машинангиз қани?

Трамвайда кетмоқчи бўлган Слегнинг ранги оқариб кетди.

-Машинам йўқ,-тан олди у.

-Мен бўлсам машинангиз бор деб ўйлабман,-деди Роза ғижиниб.-Унда такси тўхтатинг.

Слег минғирлади:

-Хўп.

У кўчанинг нариги бетида кетаётган таксига қўл силтади.

Такси тўхтади. Ҳайдовчи эснаганча уларга қаради.

-Оғайни, қаерга?-сўради у.-Хиёбонгами?

Слег унга ғазаб билан тикилди.

-«Амбассадорс»га.

Ҳайдовчи узун ҳуштак чалиб қўйди.

-Ўкей, бойвачча. «Амбассадорс» бўлса «Амбассадорс»га-да.

Слег Розанинг ёнига ўтирди. Қиз четроққа сурилди ва кўйлагини астойдил тўғрилади. Слег унинг кўйлагини ғижим қилиб қўймаслик учун машинанинг бу бурчагига сурилди. Қиз унга қараб жилмайди.

-«Амбассадорс»га бораётганимизга ҳалиям ишонгим келмаяпти,-деди у.-Гарри ҳасаддан ёрилиб ўладиган бўлди.

Слег қовоғини солди.

-У йигит билан энди учрашманг,-деди у.-Энди сиз менинг қизимсиз.

Қиз кулди.

-Тентакмисиз,-деди у,-мен ҳеч кимнинг қизи эмасман. Истаган жойимга бораман, истаганимни қиламан, ҳеч ким менга буйруқ бера олмайди.

Слег унга нигоҳ ташлади ва бошқачароқ йўл тутиш кераклигини тушунди. «Бу хоним асов, уни жиловлаш қийин бўлади. Аммо унинг гўзаллиги ҳар қанча қийналишга арзийди».

У қизнинг қўлидан ушламоқчи бўлди, аммо қиз бунга йўл қўймади.

-Илтимос, керакмас,-деди у.-Кўйлагим ғижим бўлади.

Слег жойига сурилди, унинг кайфияти бузилди. Аммо қиз ундан жанг ҳақида сўради, у-бу нарсалар ҳақида гаплашиб кетди ва Слегнинг кайфияти яна яхшиланди.

Такси клуб эшиги олдига келиб тўхтади. Оппоқ қўлқоп кийган швейтсар машина эшигини очди.

Слег йўлкира ҳақини тўлади ва эшикбонга чойчақа узатди. Сўнгра Розанинг ортидан ичкарига кирди.

Катта залда одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб туришарди. Улар суҳбатлашар, кулишарди. Слег ерга кириб кетгудай ҳолатда аёллар учун мўлжалланган залга қараб кетаётган Розанинг ортидан эргашди. Роза ортига ўгирилди:

-Бир оздан сўнг шу ерда учрашамиз,-у шундай деб аёллар орасида ғойиб бўлди.

Слег атрофга мўлтираб қаради. Шу пайт бир киши келиб унинг тирсагидан ушлади.

-Бу ёққа, жаноб,-у Слегни гардероб томон етаклади. Бу ерда бир қиз кийимларни қабул қилиб олар ва рақам ёзилган қоғоз узатарди.

Слег доллар ташлаганча рақамли қоғоз олаётган кишиларни кўзлари катта-катта бўлиб кузатиб турди. Унинг навбати келгач, қиз унга қоғоз узатди ва жилмайди. Слег ҳеч ачинмасдан бир доллар узатди.

У ортига қайтди ва улкан бочкаларга ўрнатилган палмалар остидан бошпана топди.

У бу ерда бир неча дақиқа ҳам турмади. Унинг ёнига чарм папкали бир киши келди.

-Овқатланасизми, жаноб?-сўради у ярим эгилиб.

-Сизга нима?-деди Слег.

-Кечирасиз, жаноб, ташрифингиз аъло кайфиятда ўтиши бизга боғлиқ. Бир ўзингизмисиз? Столга буюртма берасизми?

Слег шошиб унинг қўлига ёпишди.

-Менга қара, оғайни,-деди у.-Менга сен керак эдинг. Бир хоним билан келганман. Жудаям чиройли хоним билан. Пулим бор. Бирор нарса уюштир. Ўкей?

Эркак таъзим қилди.

-Албатта, жаноб,-деди.

-Ҳаммаси сенга боғлиқ,-деди Слег.-Оқшом зўр ўтиши керак.

-Ўн саккизинчи рақамли столга ўтирасизлар. Мана бу эшикдан кирганингизда ўнг тарафда.

У кўздан ғойиб бўлди.

Слег худди душманларини кузатаётган жангчидек яна палмалар остига ўтди. Ниҳоят Роза аёллар хонасидан чиқди.

Слег тўнғиллади:

-Адашиб қолдингизми?

Қиз бош чайқади.

-Ҳамма нарса тайёрми?-сўради у.

Слег унинг қўлидан тутди.

-Албатта. Кеча тайёрлаб қўйганман. Ўн саккизинчи столга ўтамиз. Ҳамма нарса тайёр.

Қиз қўлини тортиб олмоқчи бўлди, аммо Слег ҳадеб унинг айтгани бўлавермаслигини кўрсатиш учун қизнинг қўлини маҳкам ушлаб олди.

Афсуски, зиёфат Слегга ёқмади. Шампан ичиб бурни тўхтовсиз қичишди, турли хил франтсузча овқатларни еб кўнгли беҳузур бўлди. Кумуш пичоғу қошиқ-вилкаларни тўғри ушлайман деб пешонасидан тер чиқиб кетди.

Иккинчи томондан эса у мақсадига эришганди. Роза хурсанд эди. У тинмай одамлар, оркестр, ушбу маскан ҳақида гапирарди.

Слегнинг олдида турли хил номини ҳам билмайдиган овқатлар пайдо бўлар, олдидаги қадаҳ ўз-ўзидан тўлиб қолаётгандек эди. Аммо у борган сари маъюс торта бошлади.

Бир киши келиб Розани рақсга таклиф этди. Улар рақс майдончаси томон йўл олишгач, Слег ҳатто ўзи ёлғиз қолгани учун анча енгил тортди.

Унинг олдига офитсиант келиб ҳол-аҳвол сўради. Слег маъюс жилмайди.

-Бу ер менбоп жой эмас экан,-тан олди у бошини қашларкан.-Балки кимлардир бу ерда роҳат қилар, аммо мен учун бу ер азобхона экан. Кетамиз энди, ҳисобни айтинг.

Офитсиант таъзим қилди ва ликопчага бир парча қоғоз қўйди. Слег қоғозга бефарқ назар ташлади. У бу оқшом катта пулга тушишини билган, аммо бундан ташвишланмаганди. Бироқ қоғоздаги ёзувни кўргач, юзи бужмайиб кетди.

-Бир юз йигирма беш долларми?

Офитсиант таъзим қилди.

-Ҳаммаси тўғри.

Слегнинг аъзои бадани музлаб қолди. Ҳозир Роза келиб қолиши мумкин эди. У ўрнидан турди.

-Бир дақиқага, жаноб,-деди офитсиант.-Бу нарх сизга маъқул келмаяптими?

Слегнинг пешонаси тиришди.

-Гапинг тўғри, оғайни, -деди у. -Ёнимда бор-йўғи юз доллар бор эди. Жин урсин! Бу ерда куппа-кундуз куни одамларни талашингларни билмаган эканман.

-Сиз адашяпсиз. Бу ерга келмаслигингиз керак эди.

Слег ғамгин бош ирғади.

-Гапингиз тўғри. Хоним шу ерга киришни истагани учун келгандим. Нима қиласиз, политсия чақирасизми?

Офитсиант у ёқ-бу ёққа аланглаб олгач, ликоп устига йигирма беш доллар ташлади.

-Қарз бериб тураман,-таклиф қилди у.-Мен ҳам бир пайтлар шундай аҳволга тушганман.

Слег унга қараганча оғзини очиб қолди.

-Жин урсин!-деди у.-Раҳмат. Қарзимни тезда қайтараман.

Офитсиант елкасини қисди.

-Қолган пулни тўласангиз, такси чақираман.

Слег юз долларни чиқарди. Унинг чўнтагида бор-йўғи икки доллар пули қолганди.

-Бу ерга қайтиб келмайман.

Офитсиант таъзим қилди.

-Балки бошқа жойда ўзингизни яхшироқ ҳис қиларсиз.-У шу сўзларни айтиб кўздан ғойиб бўлди.

Роза столга қайтди.

-Жаҳлингиз чиқмадими?-деди у.-Рақсга зўр тушаркан. Шампан қолдими?

Слег ўзини зўрға тутиб турарди.

-Уйга қайтамиз, азизам,-деди у.-Юр, кетдик.

-Уйга? Уйга қайтгим келмаяпти. Кетдик, рақс тушамиз.

Слег унинг қўлидан тортди.

-Кетдик деяпман.

Улар ташқарига чиқишди. Эшик олдида такси турарди.

Улар таксига ўтиришлари билан Роза унга заҳрини соча бошлади.

-Бу қанақаси?-деди у.-Оқшомни расво қилдингиз. Нега «кетдик» дедингиз?

Слег унга яқинроқ сурилди.

-Сен билан ёлғиз қолгим келди, гўзалим,-деди у пуллари ҳавога совурилишига йўл қўймаслик учун.

-Нарироқ сурилинг,-деди қиз жаҳл билан.-Кўйлагимни расво қиласиз.

Слег унинг белидан қучди ва ўзига тортди.

-Кўйлагингни ўйлама,-деди у.-Вақтинг чоғ ўтдими? Энди бунинг эвазига менга нима берасан?

У қизнинг лабларидан ўпди. Қизнинг лаблари қаттиқ ва совуқ эди. Слегнинг ҳафсаласи совиб қизни ўзидан итарди ва негадир ундан нафратлана бошлади.

Қиз лабларини силади.

-Тарбиясиз экансиз,-деди у.-Нарироқ ўтиринг.

Слег нари сурилди. У нима қилишни билмасди.

Улар сартарошхонага келгунларича «миқ» этишмади. Етиб келишгач, қиз деди:

-Бугунги оқшом учун раҳмат. Сиз билан бошқа учрашолмайман.

Слег шунчалик ғазабда эдики, ҳатто жавоб қайтаришга ҳам тили айланмади. Унинг ҳамма нарсадан ҳафсаласи совиганди. Бир оқшомда бор пулидан айрилгани, бунинг устига, қарз ҳам бўлганлиги унинг ҳаётдаги бор умидини сўндирганди. Унинг турмуш тарзидаги қоидаси оддий эди. Агар бирор нарса учун пул тўласанг, ўша нарсани оласан. У бу хонимга ажойиб оқшом ҳадя этди, у эса эвазига ҳеч нарса бермади. Бор-йўғи битта бўса-у ҳам совуқ ва ҳиссиз.

Қиз сартарошхонанинг рўпарасидаги уйга кириб кетди.

Слег жаҳл билан тупурди. Унинг миясида ғазаб учқуни чақнар, аммо нима қилишни билмай, гангиб қолганди. Унинг жудаям ичгиси келди ва Қирқ тўққизинчи кўчадаги тунги барга кирди.

Бар эгаси Жо Реншо виски ичиб ўтирарди. У Слегга ҳайрон қаради.

-Намунча, бунақа кийиниб олибсан?

Шундагина Слег ҳали бу кийим учун ҳам пул тўлаши кераклигини эслади. У курсига ўтириб болохонадор қилиб сўкинди ва виски сўради.

У бир неча қултум виски ичганидан кейин Жо ундан нима бўлганини сўради. Слег ҳаммасини айтиб берди.

У ҳикоясини тугатгач, Жо ўйчан ҳолда деди:

-Омадинг келмабди, ошна.-У Слегнинг елкасига қўл ташлади.-Нега менга бу ҳақда айтмадинг? Сени огоҳлантирган бўлардим. Роза Хенсон учига чиққан товламачи-ку.

Слег унга шубҳа билан қаради.

-Нима демоқчисан?

-У жудаям айёр аёл. Икки йил илгари у бир кишига турмушга чиққан. Аммо эри тез орада унинг қанақалигини сезиб қолган ва ажрашмоқчи бўлган. У никоҳни бекор қилмоқчи бўлган, лекин Роза бунга рози бўлмаган. У эрини қийнамоқчи бўлган. Эри уни хиёнат устида қўлга тушириш учун ортидан одам қўйган ва шу асосда у билан ажрашишга уринган. Аммо Роза буни билиб қолган ва унинг устидан кулиш учун ҳар хил йигитларни қармоғига илинтириб, «Амбассадорс»га олиб борадиган бўлган. Бирорта йигит ҳам ҳали унга эришолмаган. Сени нима учун у ерга олиб борганини энди тушундингми?

Слег пешонасини тириштирди.

-Нимага айнан «Амбассадорс»га?-сўради у.

-Эри худди ўша ерда ишлайди. Офитсиант бўлиб.

Слег қотиб қолди.

-Баланд бўйли кишими? У менга йигирма беш доллар қарз берди.

-Ҳа, ўша бўлса керак. Жонни Роза сени аҳмоқ қилаётганини билган. Сенга раҳми келган бўлса керак.

-Энди тушундим,-деди Слег.-Унинг эри менга яхшилик қилди, мен ҳам бу яхшилигини қайтаришим керак.

-Ҳа. Жонни бунга лойиқ. Мен уйга кетишим керак. Кетасанми?

Слег бош чайқади.

-Мана бу шишадагини тугатиб олай.

Жо унинг елкасига шапатилади:

-Майли, асабийлашма.

Слег виски ичганча Роза ва унинг эри ҳақида ўйларди. У нимадир қилиши кераклигини тушунди.

У кўчага чиқди ва сартарошхона томон йўл олди. «Мен бу хонимнинг ақлини киритиб қўяман,-деди у ичида.-Эри жуда яхши одам экан. Ҳаммаси учун жавоб беради ҳали бу аёл».

У аёл яшайдиган уй олдига келди. Розанинг исми ёзилган эшикни топгач, итариб кўрди. Эшик берк эди. Слег йўлакка чиқиб деразани очди ва ташқарига разм солди. Розанинг деразаси олдида томга чиқадиган нарвон жойлашганлигини кўргач, аста нарвонга осилди ва ундан балконга ўтди. Балкон эшиги очиқ эди. У ичкарига кирди.

У гугурт чақиб чироқ тугмасини топди ва чироқни ёқди.

Роза ётган жойидан сакраб турди ва қичқириб юборди. У кўзларига ишонмасди.

-Уйимга бостириб киришга қандай ҳаддингиз сиғди!-чинқирди у.-Йўқолинг тезда!

Слегнинг ғазаби қайнади. У бор кучи билан аёлнинг юзига шапалоқ туширди. Аёл чинқирганча каравотга қулади.

Слег унинг устига бостириб борди. Аёл уни тепмоқчи бўлди, аммо Слег унинг қаншарига тарсаки туширди. Роза гарангсиб қолди. Слег уни бўға бошлади.

У аёлнинг қачон жон берганини ҳам пайқамай қолди. Чунки у жазавага тушганча аёлни маҳкам бўғиб турарди.

Ниҳоят у қўлларини аёлнинг томоғидан олди. Сўнгра Розанинг жонсиз танасига тикилиб турди. У ўзини офитсиантдан қарзи қолмагандек ҳис қилди.

У энди нима қилишни ўйламоқчи бўлди. Аммо мияси ўйлайдиган ҳолатда эмасди. Бир оз ўтиргач, у телефон гўшагини кўтарди ва политсияга қўнғироқ қилди.