OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЖўра Фозил
Асар номиКўзимнинг оқу қораси
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Жўра Фозил
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм23KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/05/15
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Кўзимнинг оқу қораси
Жўра Фозил

«
Шамол эшик очади, ёрим бодом сочади,
Сочма десам сочади, кулади-ю, қочади...
»

Чорбоғдан эртапишар ўрик ҳиди келади, дарахт учлари жавзо тунининг иссиқ эпкинидан тебраниб, мевалар «тўп-тўп» этиб ерга тушади. Чопбоғ адоғидаги бостирма томондан итнинг ғингшигани эшитилади.

Шаҳодат буви ҳушёр тортиб ўрнидан турди. «Эҳ, эсим қурсин, бечора Бўйноққа ҳеч нима бермабман-ку!»

Кампир ошхона чироғини ёқиб, кечки овқат қолдиқлари ва яна алланималарни олди-да, бостирма томон кетди. Бўйноқ унинг қадам товушларини таниб, бўйнидаги занжирни шилдирлатганича, ирғишлай бошлади.

– Бўйноқжон, оч қолдингми? Ахир, мен ҳам борман, деб қўймайсанми, бундоқ? Майли, зарари йўқ, сен ҳам менга ўхшаб қартайдинг-да. Вовуллашга ҳам мадоринг йўққа ўхшайди.

Шаҳодат буви олиб келган емишни беминнат ва содиқ қўриқчисининг олдига ташлаб, унинг бошини силаб, эркалади. Ит ҳам миннатдорчилик билдиргандай, дарҳол эгасининг оёқларини ялади. Кўнгли ийиб кетган кампирнинг кўзлари ёшланди. «Эҳ, шу жонивор ҳам меҳрни сезади-я...»

Бўйноқ иштаҳа билан суяк ғажишга тушган, уни сўзсиз кузатиб турган эгасининг итга раҳми келарди. «Мен бу ҳовлининг бир умрлик тутқуни эдим, энди сенинг ҳам бўйнингга занжир осилди. Начора, бу дунёи дундаги жамийки жонзот туғилади, улғаяди, қартаяди ва ниҳоят, ўлим шаробини сипқоради...

* * *

Шаҳодат буви Ёдгор исмли ёлғиз ўғлидан ёдгори бўлган невараси Саодат билан қишлоқ чеккасидаги ҳайҳотдек ҳовлида яшар, Бўйноқ уларнинг «хос соқчиси» эди.

Хос соқчи бир вақтлар жуда дуркун ва ўктам бўлиб, дайди итларни ҳовлига яқинлаштирмасди. Энди эса қартайиб қолди. Ёш итлар бояқишни бир неча марта қонга белагунча талагач, Шаҳодат буви уни бегона кўзлардан пана қилди.

Бир умр эмин-эркин юрган Бўйноқнинг тутқунликка кўникиши жуда қийин бўлди. Лекин жонивор очиқда юраверса, оқибати нима бўлишини тушундими, ҳарқалай, тақдирга тан берди. Бироқ барибир, эгасини кўрди дегунча мунгли кўзларидан ёш тирқирар, унга қараб кампир ҳам йиғлаб оларди. «Чида, Бўйноқжон, чида! Мана, мени кўр, бир умр шу хонадонга боғланганман. Ипсиз, занжирсиз. Ҳеч қаёққа кетолмайман. Ҳатто омонатини топширишга ҳам журъат йўқ. Ахир, менсиз нима қиласизлар? Кўзимнинг оқу қораси Саодатгинам қандай яшайди? Бу етимчанинг ғамини ким ейди?!»

Саодатнинг ота-онаси далада пахта тераётганларида, самолёт устларидан дори сепиб ўтгач, бир кечада вафот этишган. Эри урушда ҳалок бўлган Шаҳодат буви тақдирнинг бу зарбасидан ҳамон ўнгланолмасди. Бўйи етиб, қишлоқ йигитларининг кўзини куйдириб юрган қиз ҳам бувисини ўйлаб, эрга теголмасди. Эшик турумини бузаётган совчиларнинг ҳаммаси қуруқ қайтар ва бу «қиз боланинг нози»га йўйиларди. Шаҳодат буви неварасининг кўнглига қараб совчиларни қуруқ қайтарса-да, ичидан зил кетар, чунки ўзи раҳматли эрини бир йил зор қақшатгани, сўнгра тўйдан ҳафта ўтиб, у урушга кетгач, тунлари ёстиқ қучоқлаб, қон йиғлаганини ҳамон унутолмасди.

Занжирбанд эса-да, бечора Бўйноқ ўзининг азалий вазифасини сидқидил адо этар, ҳовлидаги икки муштипарни кўзининг оқу қорасидек асрарди. Лекин жониворнинг бир қусури бор эди. Ўша, Саодат ноз билан куйдириб юрган тракторчи йигит девор оша боғ адоғига келганида сира акилламас, ювош тортиб, чала кесилган тўмтоқ думини ҳуда-беҳуда ликиллатаверарди. Жонивор эгасига хиёнат қилаётганидан уялар, бироқ Саодатни фош қилишни истамасди.

Ҳозир ҳам Шаҳодат бувига ялтоқлик қилиб, суяк ғажиётган Бўйноқ икки ёш боғ адоғидаги ўрик тагида суҳбатлашаётганини яхши билар, аммо эгаси ҳам бу сирдан воқиф эканидан хабарсиз эди.

Баландлаётган Ойнинг ҳарир нурлари чорбоғни мунаввар этган, у ер-бу ерда ҳураётган итлар товуши туннинг сукунат пардасини йиртгандек бўлар, энди қорнини сал тўйғазиб олган Бўйноқ ҳам эринибгина, хўжакўрсинга акиллаб қўярди. Унинг вовуллашида ҳамжинсларини қувватлаш, кечки овқат учун эгасига миннатдорлик ва шунинг баробарида, Собиржонни чўчитиб юборишдан андак хавотир ҳам бор эди.

– Ҳай, майли, Бўйноқжон, энди мен ухлайман. Кун бўйи ивирсиб, чарчадим.

Кампир ҳақиқатан ҳам жуда чарчаган, суяклари қақшаб оғрир, ётиб ором олгиси келарди. Лекин невараси ёнига келиб ётмагунча кўнгли жойига тушармиди?..

Шаҳодат буви уйи томонга эмас, боғ адоғига қараб кетди. Бўйноқ унинг ортидан норози ғингшиб, ер тирнаб қолди.

Кампир бироз юргач, пахса девор ёқалаб ўсган ёввойи атиргул панасида тўхтади. Девор ошган атиргул қийғос очилиб ётарди. Унинг муаттар ифори етилиб пишган ўрик ҳидига қўшилиб, димоқни қитиқлар, Шаҳодат буви буни сезмас, унинг бутун диққат эътибори ўн-ўн икки қадам наридаги каттакон қари ўрик соясидаги икки шарпада эди. Ғўнғип-ғўнғир суҳбат қулоққа бемалол чалинарди. Бояқишлар суҳбатларига биров қулоқ тутиши мумкинлигини хаёлларига ҳам келтиришмасди. Ахир, саксонни қоралаган кампир бу пайтда чарчаб, ухлаб қолган бўлиши керак эди-да.

Хуллас, суҳбат авжида, кампир эса оғирлашиб қолган қулоқларига зўр берар, ўзининг ўн саккиз ёшини, уруш арафасида бўлиб ўтган камтарингина тўйини, чимилдиқда куёвнинг оёғини қандай босганини эсларди. Эсларди-ю, кўз ёшлари ўз-ўзидан қуйилиб келар, неварасини келинлик либосида кўришни истарди...

– Саодат, сенда инсоф борми, ўзи? Ахир, қачонгача мени қийнайсан? – йигитнинг товуши жуда надоматли эди.

– Ҳо-о-о, бу кишини қаранглар... Ким сизни қийнабди? Ўзингиз гапга кўнмасангиз, мен нима қилай?..

– Гапга кўнмайсиз эмиш. Сенинг гапинг кўнадиган гап эмас-да. Ўзинг ўйлаб кўр, қайси ёлғиз ўғил ичкуёв бўлишга кўнади? Ота-онамнинг юзига қандай қарайман? Маҳалла-кўй, қишлоқ нима дейди? Ниятинг мени шарманда қилишми?

– Ажаб бўпти! Алам қилсин! Сиз ёлғиз ўғил бўлсангиз, мен ҳам ёлғиз қизман, билдингизми? Кекса бувимни кимга ташлаб кетаман, буни ўйладингизми? Ахир, у киши қўндоқдалигимдан тишларида тишлаб катта қилдилар-ку!

Неварасининг сўзларини аниқ-тиниқ эшитаётган Шаҳодат бувининг кўз ёшлари шашқатор эди. Болагинаси уни шунчалар аяр, шунчалар яхши кўрар экан.

Кампир юрагида туғён ураётган қарама-қарши ҳисларни жиловлаш учун чаппар уриб очилган атиргулга нигоҳларини қадади. Ҳа, қизгинанинг юрагида илк муҳаббат ана шу ёввойи гулдек очилган, ҳозир хато қилиб қўйиши ҳам мумкин. Кейин бир умр пушаймон қилиб юради...

Шаҳодат буви бекинган жойидан чиқиб, «Ҳой, болам, мен билан ишинг бўлмасин, амаллаб кунимни кўрарман, ўз бахтингни ўйла», дегиси келди. Лекин ўзини зўрға тийди. «Айб бўлади. Куёв бола бу мияси айниган кампир гап ўғирлар экан-да, деб ўйламайдими? Қайтага болажонимни уятга қўяман-ку», ўйлади у ва яна суҳбатга қулоқ тутди. Собиржон ҳамон зўр бериб қайсар қизга гап уқтирмоқчи бўларди.

– Тушунсанг-чи, сен қиз боласан, қиз бола эса бировнинг хасми. Барибир бир кунмас, бир кун бувингни ташлаб кетасан-ку!

– Йўқ, ҳеч қачон! Ҳеч қачон бувижонимни ташлаб кетмайман! Мен у кишини шунчалар яхши кўраманки, сиз тасаввур ҳам этолмайсиз.

Шаддод қиз «ҳатто, сиздан ҳам ортиқроқ яхши кўраман», демоқчи эди-ю, айтолмади, тилини тишлади. У Собиржонни бокира муҳаббати билан севарди. Севарди-ю, икки ўт орасида қолганди. Ва ўзининг шубҳа-гумонлари, иккиланишларини ноз пардаси билан бекитар, йигитга рад жавобини бермоқчи бўлиб, юраги қонларга тўларди.

Унинг сўзларини гул панасида тинглаб ўтирган бувижони ҳамон кўз ёшларини тиёлмас, лаблари «Рози бўлақол, қизим, сен учун тақдирнинг барча ситамларига чидайман», дея пичирларди,

Хўрозлар қичқира бошлади. Бўйноқ ҳам бостирма томондан норози увиллаб қўярди. У ҳар тун буви-невара уйқуга ётмагунларича шитир этган товушга қулоқ тутиб, безовта бўларди. Ҳар икки муштипар уйқуга кетгач, у ҳам бошини оёқларига қўйиб, мудраб ўтирарди. Уйқу қаёқда дейсиз? Бир-ярим занжирни узмоқчи бўлиб тўлғанар, эгалари тинчини ўйлаб унчалик баланд ҳурмаса-да, амаллаб тинчлик бузувчини фикридан қайтарарди. Шу боис яқин атрофдаги жониворлар бу ҳовлини четлаб ўтишга мажбур бўлишарди.

Шу беором тунда Бўйноқ шўрлик жуда жонсарак бўлди. Эгалари ҳамон ухлагани ётишмади, устига-устак кампир гул панасида бекиниб ўтирибди, Собиржон билан Саодат бўлса, ҳеч нимадан хабарсиз баралла баҳслашишяпти. «Эҳ, одам шунчалик эҳтиётсиз бўладими?!» афсус чекарди Бўйноқ. У чорбоғдаги шарпаларнинг ҳидини, ҳар бир гап-сўзини туйиб турарди.

Ёшлар ҳамон баҳслашишар, лекин Саодатнинг овози энди хийла мулойимлашган, буни Шаҳодат буви ҳам, Бўйноқ ҳам сезиб туришарди.

– Майли, кўпам обидийда қилаверманг. Бувим билан бир гаплашиб кўрай-чи, нима деркинлар...

Шаҳодат буви кўз ёшларини енгининг учи билан арта-арта, сездирмай гул панасини тарк этди. Унинг сўри томон ўтганини кўрган Бўйноқ бироз хотиржамланган бўлса-да, Саодат йигит билан хайрлашмагунча қулоқларини диккайтириб тураверди.

Ўринга чўзилган Шаҳодат буви неварасининг қайтишини кутиб, осмонга

тикилганича хаёл суриб ётарди. «Қодир Худойим! Болагинамнинг кўнглига озгина шафқат солганинг учун беҳисоб шукр! У Собиржонга рад жавоби берганида, нима қилардим? Хайрият, қайсаргинам йигитни аяди...» – пичирлади бувининг лаблари.

Орадан кўп ўтмай Саодат секин юриб келиб, бувисининг ёнидаги ўринга кирди. Бир муддат у ёқ-бу ёққа ағанагач, чидаёлмади, изиллаб йиғлаганича ўзини бувисининг бағрига отди.

– Бувижон, мени кечиринг! Унга розилик берганимни ўзим ҳам билмай қолибман!

Шаҳодат буви хун бўлиб йиғлаётган неварасининг майда ўрилган сочларини, ёш ювган юзларини силади, пешонасидан секингина ўпиб, титроқ товуш билан уни юпатди.

– Тентаккинам, нега йиғлайсан? Ахир, бу бахт-ку! Мен розиман, болам...

Кампир бўғзига тиқилиб келган ёшларини ютолмай, жимиб қолди. Жавзонинг шу қисқа тунида буви-невара алламаҳалгача ухлаёлмадилар...

Эртасига совчилар келишди. Дарвозадан ичкарига қадам қўйган ҳар бир одамни кўрса, жон-жаҳди билан акиллайдиган Бўйноқ бу гал «миқ» этмади, чўлтоқ думини ликиллатиб тураверди.

Совчилар уч марта келиб-кетишгач, орадан кўп ўтмай тўй бўлди. Ироқи дўппи, оқ шоҳи кўйлак кийган Саодат бирам гўзал келин бўлдики, асти қўяверасиз... Гўшангада унга рўбарў бўлган Собиржоннинг эси оғиб қолаёзди. Қиз қурмағур бувисининг ўгитига амал қилиб, бир оёғини сал кўтариб турган экан, гўшангага қадам қўйиб, қизга маҳлиё бўлиб қолган куёвтўранинг оёғини «ғарч» этказиб босди. Бўлди қий-чув, бўлди кулги. Собиржон мақсадига етган эди, шу боис келиндан унчалик хафа бўлмади-ю, лекин ниманидир кўнглига тугиб, мийиғида кулиб қўйди.

Унинг кўнглига туккани кейинроқ маълум бўлди. Собиржон дарвозалари олдида ёқилган гулхан атрофидан келинни даст кўтариб айланар экан, ҳеч кимга билдирмай, уни чимчилаб олди.

– Вой, вой, нега бундай қиласиз, қуриб кетгур! – таҳдидли шивирлади қиз унинг қулоғига.

– Сенга бу ҳам кам! – деди йигит, – ўзинг оёғимни боплаб босдинг-ку!

* * *

Шаҳодат бувининг ҳувиллаб қолган ҳовлига кўникиб кетиши хийла қийин бўлди. Лекин ҳовли ҳувиллаб қолган бўлса-да, кампирнинг шунча йиллардан буён ўксик кўнгли тўлган, тоғ бўлган эди.

У уззу-кун ҳовлида куйманиб, ўша, ўзи яхши кўрадиган «Шамол эшик очади, ёрим бодом сочади...» қўшиғини хиргойи қилар, Саодатнинг қаёққа ғойиб бўлганини ҳамон билолмай безовталанаётган Бўйноқни қўлидан келганча юпатарди. «Мана, мен бинойидек чидаяпман-ку. Сен ҳам кўникиб кетасан, Бўйноқжон...»

Жонивор эгасининг гапларини тушунгандай, бошини хам қилиб, сукут сақлар, самони тўлдирган хилма-хил ҳидлар орасида унга кераги, унга қадрдони йўқ эди...

...Келин чарлар куни қўни-қўшни, қариндош-уруғлар келишди. Шаҳодат буви неча йиллардан бери сандиғида асраб юрган энг камёб, энг тансиқ нарсаларни ўртага қўйди.

Ниҳоят, келин бўлиб гул-гул очилган Саодат остонада кўринди.

«Оҳ-оҳ, сенинг шу нурли юзларингга, шу қопа сочларингга жоним садақа!» – буви неварасини бағрига босиб, йиғлаб юборди.

– Йиғламанг, бувижон! Мана, мен келдим-ку! – дерди ўз бахтидан сархуш невара ҳам кўз ёшларини тиёлмай.

Улар бир-бирларини қучоқлаганларича обидийда қилишар экан, Бўйноқнинг бўладигани бўлганди. Бояқиш Саодатнинг ўзини кўрмаётган бўлса-да, унинг келганини дарҳол сезганди. Жонивор ўзини тўрт томонга урар, лекин эгаларининг хурсандчилигига рахна солмаслик учун вовуллашни эп кўрмасди. Узоқ вақт унга ҳеч ким эътибор бермади.

Тун яримлаёзганда, Бўйноқ Саодатнинг нозик қадам товушларини таниб, шодликдан думини ликиллата бошлади. Келинчак итнинг ёнига у-бу ташлаб, ўз одатича ширин тил билан эркалади:

– Ҳа, Бўйноқжон, мени соғиниб қолдингми? Сенга ҳеч ким қарамадими? Парво қилма, мана, мен борман-ку! – Саодат итнинг бошини силар, у эса ёнидаги егуликка қиё ҳам боқмас, сариқ атлас кўйлак кийган, сочларини майда ўрган бекасига маҳлиё бўлиб, кўзларидан тирқираб ёш оқарди...

Келин чарлар алламаҳалда тугади. Ҳовли сокинлари яна ўзлари билан ўзлари қолдилар. Буви юлдузли самога тикилганича дуога қўл очди: «Ё, Оллоҳ! Илоҳим Саодатгинам бахтли-тахтли, ували-жували бўлсин, унинг қаторида барча мўмин-мусулмонларга бахт ато қилгайсан! Минг шукрким, энди Ёдгоримнинг руҳи шод бўлади...»

Тун Ойсиз, хийла қопонғй эди. Лекин Шаҳодат бувининг юзлари аллақандай нурдан мунаввар, шунча йиллардан бери бахт нималигини билмаган ҳовли масрур, шодумон оҳангларга ғарқ бўлиб борарди...