OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЖўра Фозил
Асар номиСой бўйида (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Жўра Фозил
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм14KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/20
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Сой бўйида (ҳикоя)
Жўра Фозил

«
Ushbu hikoya qirq yil kechikib yozildi. Yigit umriga teng shu yillar mobaynida u necha martalab qogʻoz qoralagan boʻlsa-da, hech koʻngli toʻlmas, nimadandir uyalar, ikkilanar, istihola qilardi.
 

Bolaligida yozning jazirama kunida roʻy bergan voqealar xotirasida muhrlanib qolgan, unga sira tinchlik bermasdi.
 
Oradan koʻp yillar oʻtdi. U harchand urinmasin, oʻsha, yuragida shuncha vaqtdan beri asrab-avaylab, kimdandir uyalib, kimdandir qizgʻanib yurgan hikoyani hamon qogʻozga tushirolmasdi. Oʻnlab kitoblari nashr etilgan boʻlsa-da, ana shu birgina hikoyani qanday yozishni bilmasdi. U yana uzoq vaqt qogʻoz qoraladi, yozganlarini takror-takror yirtib tashlardi.
 
Nihoyat, oʻsha, bolaligidagi singari issiq yoz kunlarining birida u yana qoʻliga qalam oldi. Endi uning yoshi oltmishga yaqinlashgan, agar hozir yozmasa, keyin sira yozolmasligiga koʻzi yetib qolgandi.
 

Yuragi, shuurining tub-tubida shuncha yil yashirinib, oʻz vaqt-soatini kutib yotgan eng goʻzal, eng bokira tuygʻular seldek toshib keldilar. Uzoq kuttirgan hikoya bir necha soat mobaynida qogʻozga tushdi...

»

Саратоннинг жуда иссиқ чошгоҳи. «Ғир» этган шабада йўқ, қишлоқнинг сертупроқ йўллари, ҳатто, боғ-чорбоғлар ҳам олов пуркайди.

Ўшанда Самад етти ёки саккиз ёшда эди. Қишлоқ яқинидан оқиб ўтадиган сойга чўмилишга жўнаган болалар уни ўз сафларига қўшишмади. Нима кераги бор, у ҳали яхши суза олмайди, ортиқча даҳмаза бўлиши мумкин.

Иссиқдан беҳузур бўлган Самадга жуда алам қилди. У ўзидан каттароқ болалар кетган томонга эмас, пахтазор ёқалаб, сойнинг саёзроқ ерига қараб жўнади.

Сой ёқасига етганида сувнинг салқин эпкини юзига урилди. Соҳил қамиш, бута, толлар билан қопланган, жуда сўлим эди. У бир муддат тараддудланиб, қулай жой излади.

Самад ечиниб, пастга туша бошлаган ҳам эдики, бирдан шодон қийқириқ эшитилди. Болакай толнинг сувга эгилган танасини қайирган кўйи жойида қотиб қолди. Қишлоқнинг энг гўзал, бўйга етган қизлари Зайнаб ва Муқаддас сойнинг саёз жойида бир-бирларига сув сепиб, шўхлик қилишарди.

Қизлар қуюқ толлар орасида турган Самадни кўрмасдилар.

Зайнаб ҳовучини сувга тўлдириб, Муқаддасга сепиб юборди, қиз қийқириб нари қочди. Самад нафас олмай, қизларни кузатар, бу ҳолат узоқ давом этишини истарди.

Қизларнинг қоп-қора чилвир сочлари... Улар қий-чув билан бир-бирларига сув сепишда давом этардилар. Шу аснода Самад ушлаб турган тол новдаси «қирс» этиб синди-ю, болакай шалоплаб сойга қулади. Қизлар бараварига чинқириб юбориб, қандайдир ўзлари идрок этмаган чаққонлик билан сувга бекиндилар.

Аксига олгандай Самад Зайнабнинг шундоқ қочоғига тушиб қолганди. Қишлоқнинг энг шўх-шаддод қизи уни ўз қучоғида кўриб, хандон отиб кулди.

– Об-бо, уятсиз-эй, сенмидинг, юракни ёриб юбординг-ку! – Қиз уни бир муддат қочоғида тутиб турди. Сўнг ўзидан итариб юбориб, бўйнидан маҳкам қисдида, сувга пиша бошлади.

Боланинг оғиз-бурни сувга тўлди. У вой-войлаб, шафқат сўрар, лекин Зайнаб ўзини кулгидан тўхтатолмай, болакайни сувга пишишда давом этарди.

Ниҳоят, у ҳолдан тойиб, «гуноҳкор»ни қўйиб юборди. Самад бир амаллаб қирғоққа чиқиб олди.

Қизлар энди ўзларининг расо қоматларини бекитмай қўйишганди. Бўйи етган қизлар Самаддек мишиқини неча пулга олишарди?..

Самад соҳилда гунгу лол бўлиб турарди. Қизлар кийимларини кийиш учун қирғоққа чиқа бошладилар.
— Писмиқ ўлгур, — деди Муқаддас ҳўл сочларини елкасидан ошириб ташлар экан, — бизни пойлаб келган экансан-да?
— Йўқ-йўқ, пойламадим, мен чўмилмоқчи эдим. Катта болалар ўзлари билан олиб кетишмади. Сузишни билмас эмишман. Мен жуда яхши суза оламан, — деди Самад жовдираб.
— Сузишни билар эмишлар... Иштонингни кўтар, тушиб кетмасин! — деди Зайнаб болакайнинг биқинидан чимчилаб олар экан.

Самад вой-войлаб нари қочди. Қизлар унинг устидан кула-кула кийимларини кия бошладилар. Одмигина чит кўйлаклар, кўк, қирмизи дуррачалар уларнинг чиройини тағин ҳам очиб юборди.

Қизлар майса устига ўтириб, ҳўл сочларидан сувни сиқа бошладилар.
— Самаджон, деди бир маҳал Зайнаб овози мулойимлашиб, — бу ёққа кел, ёнимга ўтир. Энди чимчиламайман.

Болакай ишониб-ишонмай қизларга яқинлашди.
— Мана, бу ерга ўтир! — деди Муқаддас ҳам ёнидан жой кўрсатиб.

Самад Зайнабнинг ёнига, майса устига ўтирди. Қиз бармоқларини чаққон ишлатиб, сочларини ўрарди. Унинг сочларидан янги очилган атиргул ҳиди келарди.
— Самаджон, — деди Зайнаб болага қаттиқ тикилиб, қани айт-чи, мен чиройлиманми ёки Муқаддасми? Фақат тўғрисини айт. Ёлғон гапирсанг, яна сувга пишаман!

Бола қишлоқнинг ҳар икки гўзалини узоқ кузатди. Зайнабнинг бодом қовоқлари, тим қора сочию, узун киприклари жуда чиройли...

Муқаддас кулча юз, қошлари майин, лаблари гулғунчадек. Бола узоқ иккиланди. Сўнгра, «Икковингиз ҳам жуда чиройлисиз» деди.
— Э, йўқ, бунақаси кетмайди, — дейишди қизлар уни икки томондан исканжага олиб. — Биттамизни танлайсан, йигитча, фақат биттамизни!

Самад бояқиш икки ўт орасида қолганди. Бири чимчилайди, бири сувга пишаман, дейди. Нима қилиш керак? Бола бир юлқиниб, қизлар исканжасидан қутилдию, югуриб улардан узоқлашди.
— Зайнаб опа, сиз чиройлисиз! Сизни оламан! Бола шундай дедию қишлоқ томон тирақайлаб қочди. Қизлар тиззаларига шапатилаб, қотиб-қотиб кулишар, кўз ёшларини тиёлмасдилар.
— Ана халос, — деди Муқаддас ўзини кулгидан ҳамон тўхтата олмай, — Бу дейман, Муроджон хотинсиз қолади энди!..

Зайнаб кўкракларини силкитганча хохолар, кулгу тўла оҳу кўзларида мамнунлик аломатлари сезиларди.

Болакайнинг берган баҳоси унинг кўнглини кўтариб юборганди. Бўйи бир қарич бўлса нима қипти? Эрта-индин у ҳам эр етиб қишлоқ қизлари йўлини тўса бошлайди. Эрта-индин Муроджон икковининг тўйи бўлса ажабмас. Эҳ, Муроджон, Муроджон. Шу тирмизакчалик дидинг йўқми, сенинг? Чиройлисан деб бирор марта айтганинг йўғ-а?

* * *

Қизлар оғушидай иссиқ ёзнинг шу қисқа тунида болакай деярли ухламади. Кўзларини юмди дегунча, дийдалари олдида Зайнабнинг жуда мукаммал қадди-қомати гавдаланар, майда ўрилган чилвир сочлар, қўш кабутар тўшидай бўртган сийналар аллақандай сирни шивирлагандек бўларди.

Самад ҳар икки расида қизни узоқ кузатган бўлса-да, Зайнабни танлаганди. Ҳолбуки, Муқаддас қадду қомат, ҳусн бобида дугонасидан сира қолишмас, кулганида лўппи юзларида пайдо бўладиган кулгичлар жон олгудек эди. Лекин Самад барибир Зайнаб чиройлироқ деб ҳисобларди. Аллоҳ норасида, ҳали аёл гўзаллигини баҳолашга қодир бўлмаган гўдак кўнглига нимадир солганди, чамаси.

Гўзал Зайнаб эса бугунги илтифоти учун боладан мингдан минг рози эди. Самад ўзи билиб-билмай қиз юрагидаги беғубор бокира ҳис-туйғуларни алангалатиб юборганди.

* * *

Тиниқ осмон юлдузлар жимир-жимирига тўла.

Шу тун фақат Самад эмас, Зайнаб ва Муқаддас ҳам бедорхоб, безовта эдилар. Зайнаб ёниб-ўртаниб Муроджон ҳақида ўйласа, ҳали бировни севиб улгурмаган Муқаддас ўз кўнглининг бўлажак султони ҳақида ширин хаёллар сурарди.

Самад шу кун ҳаётида илк бора Аёл Гўзаллиги деб аталмиш қудратли ва ҳаётбахш кучга рўбарў бўлганди, нима қилишини билмасди. Ҳис-туйғулари ҳали жуда бокира болакайнинг кўзларида ҳайрат ёлқини жилваланарди.

* * *

Орадан кўп йиллар ўтди. Самад исмли болакай эр етиб, ўшанда Зайнаб «башорат» қилганидек, қизлар ақлини шоширувчи йигитга айланди.Унинг ўткир нигоҳларидаги ҳайрат ёлқини энди янада кучлироқ алангаланарди.

Йигит соҳибжамол қизга уйланди. Лекин у севги-муҳаббат осмонида ҳар қанча юксак парвоз этмасин, саратоннинг ўша жазирама кунини, сой бўйида Гўзаллик илоҳалари билан илк учрашувини ҳамон унутолмайди...

... Тун, Самад, Зайнаб, Муқаддас... Ва бутун умр давомида йўлида учраган Гўзаллар, Гўзалликлар... Буларнинг ҳаммаси энди Самаднинг, э, йўқ, Самад бобонинг кўз ўнгидан бирма-бир ўтаверади...

Лойқа сувли шарқироқ сой. Мана, толнинг нозик новдаси «қирс» этиб синди. Самад сойга қулади...

Қизлар кучли бир чинқириқ билан ўзларини бекитган бўлдилар. Лойқа сув эса уларнинг гўзал вужудларини фақат тиззаларигача бекитиб турибди...

Сўнгра Зайнаб болакайни сувга пиша бошлади. Ҳар иккаласи ҳам чақмоқ ургандек бўлди...

Кейин... Кейин... Зайнаб жуда бўшашиб кетди, вужуди дир-дир қалтирай бошлади...

Саратон қуёши тобора баландлар, сувнинг шўх қўшиғи авжига чиқмоқда эди...