OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЖўра Фозил
Асар номиЙўлбарсдаранинг сўнгги султони (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Жўра Фозил
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм15KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/20
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Йўлбарсдаранинг сўнгги султони (ҳикоя)
Жўра Фозил

Амударё маст туяга ўхшаб пишқирганича, қирғоқларига асабий бош урар, соҳилдан ўпирилиб тушаётган тоғдек тупроқ уюмларини бир зумда ямлаб ютарди.

Тикка келган саратон қуёши аёвсиз қиздирар, бўтана тўлқинлар елкасида илдизи билан қўпорилган дов-дарахтлар оқиб келар, бу аёвсиз тўфон узра зор қақшаётган қирғовуллар полапонларини сақлаб қолиш учун сувга тўш уриб учишар, уларнинг аянчли ноласига тоқат қилиш қийин эди. Дарё ўзи «шох ташлаган» жойидаги тўқайзорни домига тортиб улгурган, сув юзасида сон-саноқсиз қуш уялари сузиб юрар, соҳилда ғафлат уйқусида қолган жониворлар ҳам оч тўлқинлар қўлида ўйинчоққа айланишганди.

Тик қирғоқда туриб, дарёдаги қиёмат-қойимни томоша қилаётган йўл-йўл жонивор ўша, жаҳонга машҳур Амударё йўлбарслари сулоласининг сўнгги вакили эди.

Eрта тонгда, ҳали дарё сатҳи кўтарилмай, у Йўлбарсдарани тарк этганди. Қандайдир ички бир туйғу уни шунга мажбур этди. Дарё алланечук нотинч, безовта, ғайритабиий бир гувиллаш самони тўлдирган, тўқай шовуллаши қўрқинчли эди.

Йўлбарсдара султони ўзи учун қадрдон гўшани сира тарк этгиси келмас, лекин унга Оллоҳ томонидан ато этилган ички бир сезгирлик бўйнига сиртмоқ солиб, тик қирғоқ томонга судрарди.

Ҳа, у энди тўқайзорларга сиғмай қолганди. У ёлғиз эди, бу ёлғизлик тобора эзар, дунёдан умид узишга мажбур этарди. Ўзи туғилиб ўсган масканга сиғмай қолгани учун у одамзотни айблашга минг карра ҳақли эди-ю лекин бундай қилолмасди. Чунки Оллоҳ унга айблаш қобилиятини бермаган, бу «қобилият« тўлиғича уни сарсон-саргардонликка маҳкум этаётганлар ихтиёрида эди. Ва улар »табиат муҳофазаси» дея бонг уриб, қоп-қоп сафсаталар сотиб, ер юзидаги жамики жонзотларга қирон келтиришда давом этардилар.

Аму соҳилидаги бетакрор тўқайзорларнинг бир қисми сув тошқини қурбонига айланган бўлса, аксарияти одамлар қўли билан гумдон қилинди.

Инсон янги ерларни ўзлаштириш шиори остида минг йиллик бокира тўқайларга ўт қўйди, соҳилдаги жамики жонзотлар қирилди, сарсон-саргардон бўлди. Соҳилнинг кўрки ҳисобланмиш Амударё йўлбарслари ҳам секин-аста қирилиб, «Қизил китоб» саҳифаларидан жой олдилар.

Сув тошқинигача одамлар қўлидан зўрға омон қолган Йўлбарсдара тўқайзори сўнгги йўлбарснинг сўнгги илинжи, у қўним топиб, баҳоли қудрат умрбасар этган сўнгги манзил эди. Сўнгги манзил аввалгидай тўкин-сочин бўлмасада, ҳар қалай, амаллаб қорин тўйдириш мумкин эди. Тўғри, бир-ярим қуёнлар, тобора камайиб бораётган хонгуллар билан тирикчилик қилиш мушкул. Лекин, ўз қадрдон гўшасига нима етсин? Сўлим соҳил, тоза ҳаво, муздек сув...

Булар ҳали чошгоҳгача бор нарсалар эди. Энди эса ҳаммасини дарё тўлқинлари ютиб юборди. Сал имилласа, йўлбарснинг ўзи ҳам наҳангларга ем бўларди.

Амударё наҳанглари... Улар нақадар очофат эканини у жуда яхши билади.

Узоқ йили у жуфти билан хонгулнинг тотли гўштига тўйиб олгач, соҳилда эринибгина сайр этарди.

Майин шабада эсар, дарё сокин эди. Бирдан сув шалоплади ва улкан наҳанг унинг жуфтига оғиз солиб, тўлқинлар қаърига шўнғиди. У турган ерида қотиб қолди.

Жуфтидан айрилган бечора йўлбарс қумлоқ соҳилда сар-сари кезиб, лойқа тўлқинларга тикилар, бир вақтлар ваҳшатли чақнаб турадиган кўзларидан милдир-милдир ёш оқарди.

У фақат жуфтидан эмас, балки сервиқор, мағрур авлод-аждодларининг барчасидан бир йўла ажралганини англамоқда, ўзи ҳам «ҳалокат» деб аталмиш тубсиз жарлик томон тобора яқинлашиб борарди. У энди бир вақтлар наърасидан соҳил ларзага келган султонга сира ўхшамасди. У ўзининг хос мулозимлари — қорақулоқларни эсларди. Улар ҳам қирилиб битди. Бир қарашда мушукка ўхшаб кетадиган бу жониворлар Амударё йўлбарсларининг беминнат дастёрлари эди.

Тўқай султони ўз мулкининг қайси гўшасига бормасин, қорақулоқ унинг келишидан сал олдин ўша ерда ҳозиру нозир бўлар, қаттиқ аюҳаннос солиб, чор-атрофдаги жонзотларни ҳукмдор ташрифидан огоҳ этарди.

Йўлбарслар ва қорақулоқлар ўзаро оғиз-бурун ўпишмасаларда, бир-бирларини тўлдириб туришарди. Йўлбарс бор ерда қорақулоқ бўлишини, қорақулоқ келган ерга албатта йўлбарс ҳам келишини одамлар ҳам, жонзотлар ҳам яхши билишарди.

Соҳил ранглар хилма-хиллигидан жилоланар, сувга бош эгган қоратол, туранғалар шамолда аста-секин чайқалар, йўлбарс эса жуфтининг ўзига таниш, қадрдон ҳидини излаб, қирғоқ, тўқайнинг энг олис гўшаларига бориб келарди.

Сув юзасидан эсаётган намчил шамол унинг думоғига балиқ ва қирғовуллар, ўт-ўланлар ҳидини олиб келарди.

Аламзада жонивор фақат ўша таниш бўйни эмас, балки жуфтининг қотилини ҳам излар, вужуди интиқом ўти билан ёнарди.

Туну кун оқиб ётган дарё ўз бағрида яна қандай сир-синоатларни яширганини билолмаган йўлбарс ҳамон телба тўлқинлардан кўз узмасди.

Ниҳоят, кунларнинг бирида, офтоб ботар маҳали унга омад кулиб боққандек бўлди. Ғафлат босган наҳанг қирғоққа яқинлашиб келди. Кўзларини ёғ тутган қотил қамишлар орасида пусиб ётган йўлбарсни кўролмас, шу топда ўзи ҳам маҳкум эканини билмасди.

Ҳамлага шайланган йўлбарс соҳилга яқинлашаётган наҳанг айнан ўша қотил эканини қандай англагани ёлғиз Оллоҳгагина маълум.

Камон таранг тортилган, йўлбарс учишга шайланган ўқдек бўлиб турарди.

Ботаётган қуёш нурлари дарё юзини алвон рангга бўяган, оғзини катта очаётган наҳанг ўлжа изларди.

Қамишлар билинар-билинмас шитирлади ва худди шу аснода йўлбарс бир сапчиб сувга тушди-да, наҳангнинг семиз танасидан «ғарчча» тишлаб, қумлоқ соҳилга судраб чиқди.

Йўлбарс наҳангни бурда-бурда қилиб ташлади. Унинг баҳайбат қорнидан жуфтининг ирий бошлаган йўл-йўл танаси чиқди.

Йўлбарс кўнгли жуда беҳузур бўлиб, наҳанг мурдасидан нари кетди.

Eнди унинг кўзларида иложсизлик ёшлари эмас, яна ўша тўқай султонига хос виқор, қаҳр учқунлари порларди...

* * *

Дарё ҳамон пишқирар, Йўлбарсдара тўқайидан энди ном-нишон ҳам қолмаганди.

Йўлбарс ўзининг сўнгги соатлари яқинлашаётганини тобора аниқ ҳис этарди. У соҳилдан хийла узоқлашиб кетган, Қизилқумнинг тандирдай қизиган барханлари аро сарсон-саргардон эди.

Йўлбарс жазирама саҳрода нимжон ва ночор мушук ҳолатига тушиб қолганди. У қайноқ қумлар орасида қандай ов қилишни, сув топишни билмасди.

Йўлбарс йўлда учраган бир-ярим қуёнларни қувиб етолмади, ҳолдан тойган эди. Юмронқозиқ ва яна аллақандай ғимирлаган жонзотларни егиси келмади. У ахир, султон эди, султонлигича қолмоқчи бўлди.

Шу тахлит саҳрода бир-неча кун оч-наҳор, сувсиз тентиради. Ниҳоят, кунларнинг бирида, офтоб Мағриб томон оға бошлагач, балиқ сиртига монанд бархан тепасига зўр-базўр эмаклаб чиқди.

Шу кўйи кўзларини юмганича қанча ётганини билмайди. Бир маҳал, қуёш тафти пасайгандек бўлиб, иссиқ шамол эсди.

У ўйлашга қодир эмасди, лекин кўнглидан қандайдир айқаш-уйқаш фикрлар кечгандек бўлди. Жуфти Амударё наҳангининг қурбони эди, ўзи эса чексиз-чегарасиз қум уммонида йўқлик, йўқсизлик наҳангига ем бўлаяпти...

У қовоқларини зўр-базўр очиб, уфққа тикилди, қуёшнинг сўнгги нурлари аро сим-сим оқиб ётган дарё нуқрадек ярқираб, кўзларини қамаштирди.

Йўлбарсдаранинг сўнгги султони сўнгги кучлари танасини тарк этаётганини сезиб, яна кўзларини юмди. Лекин мўъжизани қарангки, кўзлари юмуқ бўлсада, дарёни, тўқайни аниқ-равшан кўрмоқда эди!

Дарё аввал оч-кўк, сўнгра қирмизи тус олди. Сўлим соҳил ҳамон унинг кўз ўнгида жилваланарди. Йўлбарс оғир бир кучаниш билан ўрнидан қўзғалмоқчи эди, бўлмади, боши «шилқ» этиб қайноқ қумга тушди. Унинг тўқайга қараган, тўқайга интилган кўзлари энди мангуга юмилган эди...

* * *

Тўқайбеги тошқин оқибатида ўз маконидан ажраб, саҳрода сарсон юрган йўлбарснинг ҳамма қилиқларини билар, изини ҳам яхши танирди. У йўлбарснинг изини олиб, бархан тепасига чиққанида жониворнинг танаси совий бошлаган эди.

Тўқайбеги чуқур хўрсиниб, иссиқ қумга чўккалади, йўлбарснинг йўл-йўл танаси, юмуқ кўзларига узоқ тикилди, яна хўрсинди.
— Эҳ, жонивор, тўқайнинг кўрки эдинг-а. Энди эса Йўлбарсдаранинг ҳам, сенинг ҳам фақат номинг қолди...

Начора, сендан ажойиб бир тулум ясаймиз, авлодлар Йўлбарсдаранинг сўнгги султонини кўриб қўйсинлар, Амударёнинг ана шундай йўлбарслари бўлганини билиб қўйсинлар!...

1989