OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЖўрабек Рамазонов
Асар номиГаров (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Жўрабек Рамазонов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм12KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Гаров (ҳикоя)
Жўрабек Рамазонов

Умиднинг кечаги ишидан теримга сиғмай кетдим. Мен ўшанда энг яқин дўстим ўз обрўсини бир пул қилаётгани ҳақида эмас, балки Сурайёнинг қалбида унга нисбатан туғилажак нафрат ва ўзимнинг фаришта бўлиб кўринишим хусусида ўйлардим. Назаримда, ҳаммаси кўнгилдагидек кечди: керагича отиб олган Умид шартта қизнинг йўлини тўсиб, «Сени севаман!» деди. Сурайё индамади. Ўртага тушишим лозимлигини англадим-у, ошнамни елкасидан тутдим:
– Юр, сен масцан.
– Тегма унга! – деди Сурайё. – Гапираверсин.
– Қўйиб берсанг, кечгача алжирайди.
– Майли...

Умидни зўрға судраб кетдим.
– Қалай, бопладимми? – деди тиржайиб.
– Зўрсан!

Бу атрофда Сурайёга кўнгил қўйиши мумкин бўлган одам Умид иккимиз эдик. Дўстим кўзга яқин йигит, шу боис мен рўй бериши эҳтимолли тасодифнинг олдини олдим гўё. Сурайё менга ёқарди-да! Аслида унинг Термиздан келиб яшаётганига кўп бўлгани йўқ. Аммо аллақачон мен у билан танишишга улгурган, Умид эса бу борада мутлақо бефарқ эди.

Эртасига Сурайё мени чақириб келди. Севиниб кетдим ўзимча.
– Кечаги бола ким эди? – деб сўради дабдурустдан.
– Бир танишим. Тайини йўқ ўзи. Сенга хўп алжиди-я?
– Ҳечқиси йўқ. Исми нима?
– Нега сўраяпсан?
– Шунчаки... билмоқчиман, – деди кўзини яшириб.
– Исми Умид.
– Яхши.

Сурайёнинг эътирофидан этим жимирлаб кетди. Нима бўлганда ҳам бу сўзни ўзгача оҳангда талаффуз қилганди у.
– Тушунмаяпман сенга, – дедим ҳаяжонимни зўрға босиб.
– У қаерда яшайди?
– Уйини нима қиласан?
– Шунчаки сўраяпман.
– Зиёратгоҳдан кейинги муюлишдаги иккинчи уй.
– Раҳмат сенга! – деди Сурайё севинчини яширишга ҳам уринмай.
– Тўхта! Биласанми... унинг отаси ароқхўр.
– Яхши. Ҳаммаси учун раҳмат.
– Умиднинг ўзи ҳам тайёр пиёниста. Ўрта маълумот ҳам ололмаган. Мактабда нуқул «икки» билан ўқирди.
– Бўпти, мен борай, – деди у бепарво қайрилиб. – Сендан илтимос, сўраганларим ҳақида унга айтма.

Табиийки, мен бу хусусда бировга оғиз очолмасдим. Бироқ ўзимни чуқур ўй босган, айни пайтда Сурайё ниҳоятда ғалати қиз бўлиб кўринарди кўзимга.

Кун пешиндан оққанда Умидни йўқлаб бордим.
– Кетдик, – дедим уйдан чиқиши билан. – Мен ҳам мардман, ютқазганимни тўлайман.
– Тан бердинг-а! – ғурурланди у. – Бир шиша ароқ, саккиз сих кабоб!

Қайтаётганда ғирт маст ошнамни атай пастки кўча томон етакладим.
– Нима кераги бор йўлни узоқ қилиб? – деди ғулдираганича.
– Тоза ҳавода бир оз ўзингга келасан.
– Тоза ҳаво танга даво де! – бор овози билан кулди дўстим.
– Вайсама, одамлар қараяпти.
– Мен ҳеч кимдан қўрқмайман!

Бу пайтда биз Сурайё яшайдиган уйга яқин келиб қолгандик. Бирдан темир эшик шаҳд билан очилди-ю, остонада ўзи кўринди.
– Сурайё! – деди Умид мастона чайқалиб. – У чиройли қиз, тўғрими?
– Алжирашни бас қил! – елкасидан тутдим.
– Тўхта, мен унга яна «севаман» деб айтишим мумкин, лекин бу сафар фойдаси йўқ-да!
– Умид, керакмас, сен масцан.

Сурайё ҳамон остонада тошдан ясалган ҳайкал кўйи қотиб турарди. Мен унга ер остидан қараб, лабларининг билинар-билинмас титраётганини, нимадир демоқчи-ю, аммо ботинолмаётганини илғадим. Одатий ҳолда ошнамни қўлтиғидан олиб етакладим. Оқшомда гузар гавжум бўлади. Бизни – чўлоқ отдек одимлаётган Умид, қия очиқ эшик олдида ҳанузгача қимирламай турган Сурайё ва ўз ғояларидан мамнун каминани деярли ҳамма кўрди. Яширмай айцам, ўзимга ҳам шуниси керак эди. Энди Сурайёнинг кўксида Умидга нисбатан ростакамига нафрат уйғонишига шубҳа қилмасдим.

Бироқ кейинги кунлар ғалати кеча бошлади. Сурайё билан йўл-йўлакай қарши келиб қолганимизда у шунчаки сўрашишдан нарига ўтмас, нигоҳлари ҳам алланечук ўзгача эди. Шу дилбар нигоҳларда Умидга қарши нафрат эмас, ўзимга нисбатан адоват аломатини сезардим.

Ниҳоят бир ойча кейин иккаламиз юрак ютиб юзлашдик.
– Ҳеч нарсага тушунмаяпман, – деди у ўзи билан ўзи гаплашаётгандек. – Умид чиндан ҳам мастликда алжираганмиди?
– Бирон гап бўлдими? – сўрадим хавфсираб.
– Мен... уни яхши кўриб қолганга ўхшайман.

Баданимда ўргимчак ўрмалаётгандай сесканиб кетдим:
– Нима дединг?
– Қийналиб кетдим. Нега у фақат маст бўлганида гап отади? Лекин мен... Сен тушунмайсан. Маст бўлса ҳам нега «севаман» дейди? Сабрим тугади. Охири унга хат ёздим.
– Xат? Нима деб ёздинг?
– Ҳаммасини.

Бутун вужудимда титроқ уйғонди. Ана шундагина ютқазганимни идрок этдим. Барчаси расво бўлган, энди Сурайёга ҳақиқатни айтишдан бўлак чора қолмаган эди.
– Биласанми, – дедим оғир ютиниб, – у сени севмайди. Барига мен сабабчиман.
– Тушунмадим.
– Умид билан гаров бойлашган эдик. Арзимас зиёфатдан. У сенга севги изҳор қилиши керак эди.
– Нима учун? – Сурайёнинг чиройли кўзлари йириклашди.
– Шу йўл билан ундан жирканишингни, Умид сенда хунук таассурот қолдиришини истаган эдим.
– Тушунмаяпман, бу билан нимага эришмоқчи эдинг?
– Билмайман.

Ўртамизга даҳшатли сукунат чўкди. Бу жимлик ё мени бахтга элтиши, ёки ўша бахтдан абадул-абад мосуво этиши мумкин эди. Бўғзимга бир нима тиқилиб, гапиришга қийналдим. Араблар тошбўрон қилган зинокордан фарқим қолмаган эди ўшанда. Шу туришда лоқайд ошнамга қанчалар ҳавас қилганимни билсангиз эди!
– Ҳаммасини гапир! – деди ниҳоят Сурайё титроқ товушда. – Умид мени эрмак қилдими?
– Аслида унда айб йўқ. Мен мажбурладим. У гаровда ютгани билан ҳаётда ютқазади деб ўйлаган эдим. Чунки сени севаман, тушуняпсанми?

Сурайё менга илк бор ўзга сайёраликни кўргандай боқди. Нигоҳида нафрат, ҳайрат, гина... хуллас, менга қарши жами ҳислар бор эди.
– Қанчалар худбинсан! – деди кейин қошларини чимириб. – Мен сенларга ўйинчоқ бўлдимми?
– Ишон, бунинг бунчалар жиддий тус олиши хаёлимга келмаган.
– Сен худбинсан, – такрорлади у. – Тентаксан!

Ботаётган қуёш унинг кўз ёшларини ялтиратиб кўрсатди. Сурайё юзини четга буриб, аста қадам ташлади. Ана шунда илк бор исмини тутиб чақирдим. Истамайгина чала ўгирилди.
– Кечир мени, – бисотимдаги охирги гапни айтдим.

Индамади.

Хуфтон пайти Умид чақириб келди.
– Гап бор, – деди ёнига етишим билан. – Ишонасанми, Сурайё менга хат ёзибди.
– Биламан.
– Биласан? Нима деб ёзганини ҳам билишни истайсанми?
– Умид, қўй бу гапларни... Юр, ичамиз. Менинг ёнимдан.
– Калланг жойидами, шундай вақтда-я?
– Авваллари ярим тундаям йўқ демасдинг?

У бир зум менга қараб турди-да, кейин кўзларини олиб қочди.
– Кимдир сени севишини билсанг, бошқача бўлиб кетаркансан, – деди мамнун товушда. – Нимагадир ичгим келмаяпти. Кечир, ошна.

Осмонга қарадим: тўлин ой шундоққина қўл етгудек жойда турганга ўхшарди. Негадир илк маротаба ёлғизлик ҳиссини туйдим.