OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЖўрабек Рамазонов
Асар номиҚасос (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Жўрабек Рамазонов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм21KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қасос (ҳикоя)
Жўрабек Рамазонов

Мен хотинимни севмайман! Отам шунчаки номардлик қилди: сўнгги нафасида «Шарифага уйланмасанг рози эмасман», деди. Тўғри, бояқиш ёмон қиз эмас, уйни чиннидек ораста тутади, бир кунда ўн марталаб соч тарашга ҳам эринмайди. Аммо менга бу қорамағиз қизнинг кўзлари ёқмас эди. Унинг қорачиқлари қандайдир ялтираб кўринади кишига. Айниқса, бирор баҳонаи сабаб ғижиллашиб қолганимизда шундай қарардики, бу ўткир ва сирли нигоҳга дош беролмасдан, нафасимни ичимга ютардим. Лекин марҳум отамнинг ҳукми боис шу аёл билан бир ёстиққа бош қўйишга мажбур эдим мен. Турмуш қурганимизга икки ойдан ошган бўлса-да, бирор марта Шарифа билан дилдан гаплашмаганмиз. Фарзанд кўриш-ку иккаламизнинг ҳам хаёлимизга келмасди. Гўё унга менинг чинакам севгим ёхуд меҳрим эмас, шунчаки ҳиссиз қиёфам керакдек. Бироқ ўзим бир кечада минг ўлиб-тирилардим. Кўнглим аллақандай туйғуларга муштоқлик сезганида, унинг сеҳрли ва ёқимсиз исканжасидан қандай халос бўлиш йўлини билолмай, ич-етимни еб ётардим.

Ниҳоят шу зайлда ўтаётган бир-бирига ўхшаш хунук кунлар барҳам топди. Нима бўлди-ю, бир куни Шарифа уйда йўқлигида Зебо чақириб келди. У биздан икки уй нарида туради. Болаликдан бирга ўсганмиз. Сочини бирор марта кесмаган, юзлари оппоқ, ёқимтойгина қиз. Унинг менда кўнгли борлигини қўшниларимиздан кўпчилиги пайқаган. Яширмай айцам, ўзим ҳам унга бефарқ эмас эдим. Аммо Шарифа билан турмуш қурганимиздан кейин қизгина аразлаб, қадамини узиб қўйганди. Мана, ўшандан буён у илк бора кириб келди. Бу ҳиссиз ва гўристондек сокин хонадонга баҳор нафаси инди гўё. Вужудимда анча вақтдан бери узоқлашиб кетган ҳаяжон уйғонди.
– Салом! – дедим жилмайиб.
– Xотининг уйдами? – у илгаригидек ярим жиддий нигоҳлари, чиройли кўзларини чала қисиб қараганча сўради.
– Йўқ.
– Мен... дарров кетаман. Нимага келганимни билмайман.

Зебо ҳануз остонада қотиб турар, мен эса унинг нимага келганини англагандек эдим. Қизгинанинг ҳамон менда кўнгли бор, демакки умидини узмаган.
– Кечир, – дедим ўзимни оқламоқчи бўлиб. – Отам...
– Биламан, – у нигоҳини ерга тикди. – Сенга таъна ёғдириш учун келганим йўқ.
– Қийналиб кетдим, Зебо. Онам қазо қилганида ўн икки ёшда эдим. Улғайгунимча отам мени кўп азоблаган. Мана энди ўзинг кўряпсан, ўлимидан сўнг ҳам тинч қўймаяпти у. Етти ухлаб, тушимга кирмаган қизга рўпара қилиб, ҳаётимни боғлаб қўйди-ю...
– Xудди шу ҳақда гапирмоқчи эдим, – деди бошини кўтариб. – Биласанми, отанг нега бундай қилган?
– Йўқ, Xудо ҳақи!

Зебо яна бўйнини эгиб, пича муддат ўйланди. Кейин бир қарорга келгандек бошини кўтарди-ю... катта-катта очилган кўзлари қандайдир даҳшат таъсирида қотиб қолди.
– Илон! – деди лаблари титраб.

Ён томонимга шаҳд билан бурилдим. Қорамтир териси ялтираб кўзга ташланаётган махлуқ афтидан мени эмас, Зебони мўлжалга олиш пайида эди.
– Қоч! – дедим бир лаҳза гангиб.

Зебо эшикка қараб отилди. Мен эса жон ҳолатда деворга суяб қўйилган белкурак томон югурдим. Аммо қуролни қўлга олишим билан заҳарли душманимнинг қаёққа ғойиб бўлганини англамадим. Бутун ҳовли яйдоқ ер, эшик эса Зебонинг ортидан қарсиллаб ёпилганича турибди. Xўш, бу даҳшатли илон кўз очиб-юмгунча қаерга кетиши мумкин? Белкуракни қўлимда маҳкам ушлаган кўйи бутун девор бўйлаб синчиклаб кўздан кечирдим. Аммо бирор жойда қора илон паноҳ топиши мумкин бўлган туйнук-пуйнук йўқ эди.

Шарифа кунботарда қайтди. Ундан қаерда юрганини сўрамадим, сўрагим келмади. Бугунги кўнгилсиз воқеа ҳақида ҳам оғиз очиб ўтирмадим. Умуман, бизнинг турмушимиз эр-хотин ҳаётига ўхшамасди ўзи, бир-биримиздан ҳеч нима даъво қилмасдик. Бу оқшом у биринчи марта менга жилмайиб қаради-ю, ҳаммомга тушмоқчи эканлигини айтди. Жилмайиши аллақандай ғалати эди. Шу онда илк бор ўз хотинимга хийла эътибор билан қараётганимни ҳис этдим. Ҳаммомдан биргина ичкўйлакда чиққанида ҳам диққат билан назар ташладим. Шарифанинг қорамтир бадани инсон вужудига хос бўлмаган қандайдир ўзгача тусда жилоланарди. Xуллас, менинг фикрим шу бўлди: у бошқа аёллардан фарқ қилади...

Эртаси куни Зебо яна келди. Табиийки, Шарифа уйда эмас эди. Уни остонада қаршиладим.
– Кеча роса ўтакамни ёрдинг-да! – деди кўришиш учун қўл узатиб. – Айтмайсанми уйимда илон бор деб?
– Ўзим ҳам билмасдим, ҳеч кўрмаганман. Эшитишимча, ҳозирги пайтда илонлар уйқуга кетган бўлиши керак.
– Мени кўриб атай уйғотгансан-а? – деди у табассум билан. Кейин қиёфаси бир оз жиддий тортди. – Кеча отанг ҳақида гаплашаётган эдик. Демак, сен унинг нима учун бундай йўл тутганини билмайсан?
– Сўрашга улгурмадим, – дедим кулимсираб.

Зебо ҳам чиройли жилмайди. Аммо бу ёқимли манзара жуда қисқа бўлди. У бирдан тош қотди-да, бир сўз ҳам демасдан, бор овозда чинқириб юборди. Таниш илон бу сафар ўта ғазабнок кўринарди. Мен белкуракка кечаги жойдан яқинроқ турибман. Ўша томон отилишим билан илон Зебога қараб йўналди. Бироқ у очиқ эшикдан чиқишга улгурган эди. Мен эса ҳеч нимани ўйлаб ўтирмай, қўлимдаги қурол билан махлуқнинг бошини мўлжаллаб урдим. Лекин белкурак учи тезликда ортга чекинган илоннинг думига тегди. Одатда илонлар бундай ҳолда кулча бўлиб олиши лозим эди, менга йўлиққани эса анойига ўхшамайди. У йўлида давом этиб, силлиқ зиналардан кўтарилганича уйга кириб кетди. Ҳа, уйга! Буниси энди каттароқ хавф уйғотди менда. Қадам товушимни чиқармай, оҳиста бўсаға ҳатладим. Xоналарни бирма-бир кўздан кечириб, илон тугул чвалчангни бағрига сиғдира оладиган бирор тешикка дуч келмадим. Ошхонага ўтдим-у, яшил рангли шолча устидаги изни кўрдим. Тупроқдан қолган асорат тартибсиз йўналишда идиш-товоқ сақланадиган шкаф остига қараб кетганди. Демак, қора махлуқ шу ерни макон айлаган, бунга шубҳа йўқ. Бир оз уриниб, шкафни олдинроқ сурганимда девор бурчагидаги кавакка кўзим тушди. Аввалига ғор оғзига бирорта қопқон қўймоқчи бўлдим. Кейин фикримдан қайтиб, нақ бир челак шағал билан кавакни суваб ташладим. Шкафни ўрнига суриб қўйганимдан сўнггина хотиржам нафас олдим. Заҳарли жонзотдан батамом қутилганимга ишонардим мен.

Шарифа бу оқшом кечагидан ҳам бемаҳал қайтди. Дарвозадан кириши билан анграйиб қолдим унга қараб: ўнг оёғини оқсаб босарди.
– Оёғингга нима қилди? – сўрадим.
– Автобусдан тушаётганимда нимадир тилиб юборди. Одамлар тирбанд эди.

Ишонмадим. Шунчаки тилинган оёқ оқсамайди-ку, ахир?!
– Қани, кўрсат-чи! – дедим уйга киргач.

Аввалига унамади. Кейин... кўзим тушиши билан афтим буришиб кетди: товони ва тизза оралиғи чуқур кесилган, қизил эмас, негадир қорамтир қонга беланган эди.
– Дўхтирга бориш керак, – дедим.
– Ҳожати йўқ. Эртагача асар ҳам қолмайди.
– Жароҳат жиддий, газак олиб кетиши мумкин.
– Бало ҳам урмайди, – деди у бамайлихотир. – Бунақа жароҳатларни даволашни биламан, бир пайтлар онам ўргатган.

Бу гапидан сўнг елка қисиб қўйдим. Лекин шу аснода хотинимнинг яна бир ўзига хос жиҳатини илғадим: унинг бадани балиқдек силлиқ, бирор жойида бир дона ҳам туки йўқ.

Иккаламиз бу кеч овқациз қолдик. Жароҳати туфайли Шарифа қозонга уннагани ҳам йўқ. Бир косадан сутга нон тўғраб едик. Кундузги нохуш воқеа толиқтирган эканми, барвақт ухлаб қолдим.

Эртаси одатдагидан кечроқ уйғондим. Шарифа аллақачон кетган экан. Оёғидаги жароҳатига қандайдир малҳам қўйган шекилли, хонани ёқимсиз ҳид чулғаган эди. Деразани очиб қўйдим. Қуёш анча кўтарилган, янги кун ҳам бошқаларига ўхшарди. Шунда кеча юз берган воқеалар ёдимга тушди-ю, илон инидан хабар олмоқ бўлиб ошхонага кирдим. Бирдан уйқуга тўймаган кўзларим сергак очилди: шкаф ўрнидан силжиган! Ажабланиб, унинг ортига қараганимда ҳайратим баттар ошди: кеча ўзим суваб ташлаган кавак очиқ эди. Кимдир уни ҳафсала билан тозалабди. Даҳшат чулғаб олди танамни. Наҳотки бу Шарифанинг иши бўлса?! Бошимни кўтарганимда шкаф устида турган кеча иккимиз сут ичган косаларга кўзим тушди. Xотинимнинг косасидаги сут қолдиғи сарғимтир тусга кирган эди. Йўқ, бошқачароқ, сут юзида қанақадир иртик-иртик доғ. Ҳаммасини тушундим-у, аъзойи баданимдан совуқ тер чиқиб кетди. Демак, менинг хотиним жодугар! Бунга шак-шубҳа йўқ. Барча тахминларим шу ягона фикрга келиб тақаларди. Мен илонни қўйнига солиб ётган одамман. Даҳшат! Лекин энди ундан қандай халос бўлиш йўлини биламан. Ҳа, мен севгим учун қасос оламан. Отамнинг безовта руҳи чинқирсин, майли, бироқ энди ўз йўриғим бўйича иш тутаман. Ё мақсадимга эришаман, ё заҳарли душманимнинг қурбонига айланаман...

Кавак атрофида бемалол ҳаракатланиш учун шкафни янада олдинроққа сурдим. Кейин косага яримлатиб сут солдим-да, ғор оғзига қўйдим. Белкуракни қўлимда маҳкам ушлаганимча обдон пойладим. Йўқ, ғанимим мени кўп куттирадиганга ўхшайди. Ҳойнаҳой уйқудан уйғонмаган бўлса керак. Шу аснода қорним очганини пайқадим, аммо уйда сутдан бошқа бирор егулик йўқ, мен эса уни тановул қила олмасдим. Энди чой-пойга уннайман деб турганимда таниш садо қулоғимга чалинди. Зебо келган эди. Эшик томон қадам қўйишим билан қандайдир товуш эшитилгандек бўлди. Таққа тўхтаб, қулоқ солдим. Сезгим бўйича бу овоз кавакдан чиқаяпти. Белкуракни ҳужумга шайлаб, девор бурчагига ўтдим. Бу орада Зебо такрор-такрор чақириб, уй остонасига яқинлашиб қолган эди. Шу пайт ғордан қора илоннинг хунук ва даҳшатли боши кўринди. Бир лаҳза унинг кўзига боқдим-у, хотинимнинг титроққа солувчи нигоҳи эсимга тушди. Вужудимга қалтироқ югураркан, бўшашгандай ҳис этдим ўзимни. Бироқ ҳозир ҳеч нарсани мулоҳаза қилиб ўтирадиган пайт эмасди. Бор иродамни жамлаб, белкуракни ишга солдим. Бошини мўлжаллагандим, зарба нишонга қойилмақом тарзда тегди. Бўйнигача кавакдан чиққан махлуқ жон ҳолатда типирчилай бошлади. Мен эса яна урдим, яна... Ниҳоят ўлганига, хавф бартараф бўлганига ишонч ҳосил қилгач, ташқарига йўналдим. Қиёфам қаҳрамонона эмас, аксинча, ҳозирги аҳволимга ҳавас қилиб бўлмасди. Танҳо юпанч шу – мен ғалаба нашъасини ҳис этардим.

Чақиравериб, тоқати тоқ бўлган, эндигина қайтиш пайига тушган Зебо мени кўрди-ю, зардали овозда гапирди:
– Нима бало, ғафлат босиб ётибсанми?

Индамадим.
– Бирор гап бўлдими? – деди у бошдан оёқ разм соларкан. – Рангинг оқариб кетган?
– Мен уни ўлдирдим, – дедим секин товушда.
– Кимни?
– Илонни! Қора илонни!

Зебо бесўз қотиб қолди. Менга тикилган нигоҳида ярим қувонч ва ярим афсусга мойиллик бор эди.
– Нимага бундай қилдинг? – деди бирдан пинжимга тиқилиб. – Нега уни ўлдирдинг? Энди ўч олади иккаламиздан ҳам.
– Йўқ, ўчни биз олдик, – беихтиёр унинг бурнимга яқин сочларини ҳидладим.
– Қўрқяпман, – йиғламсиради. – Барибир қўрқяпман. Сен уни ўлдирмаслигинг керак эди.
– Xотиржам бўл, бу уйда энди илон йўқ.

Зебо кўксимга бошини қўйиб, ростакамига йиғларди. Мен унинг дилбар вужуди титраб-титраб кетаётганини ҳис қилдим. Ўзимда ҳам бор эди титроқ. У тўсатдан бошини кўтарди-ю, ёшини артди.
– Сени яхши кўраман, – деди кўзларимга қараб. Кейин боши тағин елкамга тушди.
– Мен ҳам, – дедим секингина.

Анча вақтим Зебони юпатиш билан ўтди. Ниҳоят уни илк маротаба чинакам ошиқлардек кузатиб қўйдим.

Пешинга яқин қишлоқда ғала-ғовур кўтарилди. Кўчага чиқсам, хотинимнинг қонга ботган мурдасини олиб келишибди. Боши мажақланган жасад дарадаги камардан топилган эмиш. Милиция деганлари ҳеч ниманинг тагига етолмади. Ошхона бурчагидаги суваб ташланган кавак энг моҳир изқуварнинг ҳам эътиборини тортмайди. Ўзим эса ҳар нима бўлганда ҳам хотинимнинг ўлимига доир барча расм-русумларни адо этишга мажбур эдим.

Аммо ҳақиқий даҳшат уч кундан сўнг юз берди: Зебони ўз уйида илон чақиб ўлдирди. У айтмаган гапларни эса онасидан билдим. Маълум бўлишича, отам ҳам қачонлардир жодугарнинг макрига учраган экан. Шаҳарда Шарифанинг бир тул опаси бўлиб, отам унга кўнгил қўйган. Афсуски, мен буларни жуда кеч эшитдим. Эҳтимол олдинроқ хабар топганимда, Зебо ҳозир ёнимда бўлармиди?..