OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЖўрабек Рамазонов
Асар номиҚора бахт (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Жўрабек Рамазонов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм64KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қора бахт (ҳикоя)
Жўрабек Рамазонов

Ишга келишим билан муҳаррир хонасига чақиртирди.
– П. қишлоғига жўнайсиз, – деди салом-аликдан сўнг. – Итлар қутураётган эмиш. Тегишли ташкилотдан одамлар бориб, тозалаш, эмлаш тадбирларини ўтказишади. Сиз эса ҳаммасини аниқлаб, одамларни ҳушёрликка чақирадиган мақола тайёрлайсиз.

Бу қишлоқ шаҳардан ўн икки чақирим узоқликда жойлашган. Масофа унча олис бўлмаса-да, қишлоқ ҳудуди асосан дала ва адирлардан иборат. Мен илгари бир мартагина борганман у ёққа. Ўшанда чўпонлардан бирининг қўйи уч оёқли соғлом қўзичоқ туққан эди.

Эски «УАЗ»га мен билан учта ўрта яшар одам минди. Ўзи шундай, йўли нотекис ҳудудга тузукроқ улов қатнамайди. Ўтган йили қишлоқ одамларининг эҳтиёжини қондириш учун автобус қатнови йўлга қўйилган эди. Бироқ шўрлик техника қуруқ бориб-келавергач, тағин икки-уч кунда бир енгил машина одамларга хизмат қиладиган бўлди. Баъзи тежамкор бекорчилар яёв келиб-кетаверади шаҳарга.
– Қишлоқда яшаш ҳам хатарли бўлиб қолди, – деди ҳамроҳларимдан бири. – Чорибойнинг ўғлини қандай ғажиб ташлаганини бир кўрсангиз эди! Тибет гиёҳлари билан даволайдиган табиб ҳам энди илож йўқ дебди.
– Итларни битта қолдирмай отиб ташлаш керак, – фикр билдирди иккинчиси.

Учинчи йўловчи унга қарши чиқди:
– Биринчидан, итларни отиб, яна улғайтиргунча қўйларни бўри еб кетади. Иккинчидан, гувоҳ бўлган одамлар фақат битта қора итни кўрган. У йигитни ғажигач, раҳматлик Тўранинг уйига кирибди. Одамлар таёқ кўтариб, ўша ҳовлини обдон кўздан кечиришса, пашша ҳам йўқ эмиш. Ҳалиги, томорқасида оралаб юрган Ҳакимбойнинг қизи ҳам ҳеч нарсани сезмабди.

Суҳбатга аралашмай, фақат жим қулоқ тутиб борардим. Ҳайдовчи сал қизиққон шекилли, бора-боргунча йўлда учраган товуқ, моллардан тортиб ёш болаларгача ҳақоратлаб борди. Ниҳоят машина қишлоқ маркази ҳисобланган ҳовуз бўйида тўхтагач, ҳаммамиз тушдик. Бу ерда мени деярли ҳеч ким танимайди. Аммо меҳмонлигимни сезиб, тол остидаги супада ўтирган одамлардан иккита ёшроғи ўрнидан турди.
– Келинг.
– Ассалому алайкум! – дедим қўл узатиб.
– Яхшимисиз, меҳмон. Келинг қани.

Аслида улардан маҳалла раисини сўрамоқчи, ҳамма ишни расмий тарзда олиб бормоқчи эдим. Лекин зумда фикрим ўзгариб, суҳбатдошимга юзландим:
– Менга Бакир чўпон керак эди.
– У даладан кеч қайтади. Лекин уйи яқин. Анови муюлишни кўряпсизми, ўшандан учинчи уй.

Ўтган йили унинг адирдаги қўтонида бўлгандим. Шаҳарда ҳам бир-икки кўришгандик. Қишлоқда мени танийдиган ягона одам эди у.

Ҳовлида ҳеч ким кўринмагач, баланд овозда чўпоннинг номини тутиб уч-тўрт чақирдим. Ниҳоят лойсувоқли айвонда бола кўтарган жувон билан чиройли бир қиз кўринди.
– Келинг, – деди аёл оёғига калишини илиб, қуйи томон йўналаркан.
– Бакир ака керак эдилар. Шаҳардан келдим.
– Уйга киринг, – деди тўхтаб. – Ҳали-бери қайтмасалар керак.

Ўнғайсизланиб, ўрнимда туравердим. Рости, ҳозир қанақа йўл тутишни билмай қолгандим. Бу дунёда режасиз яшаш нақадар қийин!
– Кираверинг, – деди кутилмаганда остонадаги қиз. – Мен сизни аввал ҳам кўрганман.

Бу эътирофидан сал ғалати ҳолга тушсам ҳам қаерда кўрганини сўраб ўтирмадим. Бир оз ноқулайлик билан индамай айвонга чиқдим. Аёл тўрдаги хонага бошлади. Кейин боласини қизга тутқазиб, чой-пойга уннаш учунми кетди.
– Ўтган сафар бунақа оғир кўринмаган эдингиз, – деди қиз ўтиришим билан. – Бакир аканинг қўтонига келганингизда кўрган эдим.
– Ҳа... Эътибор қилмаган эканман, қаерда эдингиз?

У кўрсаткич бармоғини бигиз қилиб юқорини кўрсатди. Ҳеч нарсани тушунмай, қошларимни чимирганча савол назари билан қараб туравердим.
– Осмонда, – деди сўнг пичирлаб. – Юқоридан сизни кузатган эдим.
– Анча шўх экансиз, – дедим гапини ҳазилга йўйиб. – Қишлоқ қизига ҳам ўхшамайсиз-а?
– Исмим Садоқат.

Телбага боққандай қарадим унга. Рости, айни дам у жуда ғалати кўринарди кўзимга.
– Буни сўраганим йўқ-ку?! – ҳайронлигимни яшириб ўтирмадим.
– Лекин сўрамоқчи эдингиз, – кулимсиради.

Дарвоқе, шундай ўй кўнглимдан кечган, бироқ ботинолмаётган эдим. Фикр ўқишга уста бу қиз кимлигини ҳали билмайман.

Шу маҳал жувон дастурхон кўтариб кирди.
– Бу кишини танидингизми? – деди қиз унга. – Ўтган йили қўтонларингга келган мухбир. Дунёга жар солдилар-у, қўзичоқни ўлдирдилар.
– Қўзичоқ ўлдими? – дедим ажабланиб.

Бакир чўпон шаҳарда учрашганимизда бу ҳақда оғиз очмаганди.
– Ҳа, – жавоб қилди жувон. – Газетага ёзганингиздан кейин қизиққан одамлар келиб кўраверди. Бир ой ўтмай диркиллаб юрган қўзи тўсатдан ўлиб қолди. Кўз тегдими, ким билсин…

Худди ҳаммасига мен айбдордек жимгина бош эгдим.
– Энди итлар ҳақида ёзинг, улар ҳам бир қирилсин, – деди Садоқат ҳазилни давом эттириб.

Аммо суҳбат айни менга керакли мавзуга бурилган эди.
– Итларнинг ўлими сизга нега керак бўлиб қолди? – ўзимни гўлликка солдим.
– Сизларни биламан, ҳеч қаерга шунчаки бормайсизлар. Қутурган ит ҳақида эшитиб келгансиз-а бу сафар?

Оҳиста бош қимирлатдим. Бу қиз бало чиқиб қолди.
– Сиз уни кўрдингизми? – сўрадим.
– Кимни? Итними? Йўқ. Одамлар вайрона уйга киришганида мен шундоққина ўн қадам нарида тургандим. Ҳозиргина қутурган ит шу ерга кирди, дейишди. Менинг ўзим икки минутгина олдин ўша вайрона уйда эдим. Xуллас, одамлар менга ишонмади, мен уларга. Эртакчига ўхшаяпманми?
– Қайдам, – дедим ўйга ботиб.

Адашмасам, Ҳакимбойнинг қизи деганлари шу бўлса керак. Унинг хатти-ҳаракатлари, ўзини тутиши, муомала, фикрлаши ҳам, умуман, бирор хислати қишлоқ қизларига ўхшамасди. Яна бу менинг фикрим.
– Ит ғажиган бола синфдошим эди, – Садоқат суҳбатни давом эттирди. – Мана шу кўчада юз берган бу. Кейин ит ўша уйга кирган эмиш. Сиз шу гапга ишонасизми?
– Билмасам.

Хонадон бекаси товоқда қовурилган гўшт олиб кирди. Қиз ҳам дастурхонга яқинроқ суриларкан, яна чакаги очилди:
– Беҳруз ўзи синфда энг бўйдор эди. Ит ғажиган болани айтаяпман. Кўп қизларга ёқарди. Лекин менга эмас. Бир гал уришиб қолдик. Бир шапалоқ ургандим, чунонам тепдики оёғимга, бир ҳафта ўрнимдан туролмай ётдим. Уйдагиларга йиқилдим дедим. Лекин отам кимдандир ҳаммасини билиб, милтиқ кўтариб борганлар уйига. Умуман, синфимиздаги ўғил болаларнинг ҳаммаси билан жанжаллашганман.
– Бўлди қилсанг-чи! – деди жувон унга қараб. – Уялмай лақиллашингни қара!

Унинг танбеҳидан хурсанд бўлдим. Чунки қиз ҳаяжонгами, хотирага берилиб, мен учун мутлақо аҳамияциз бўлган мавзуга ўтиб кетганди.

Бир оздан сўнг у кетди. Жувон ҳам боласини олиб ташқари чиқди. Қирқ дақиқалар хаёл суриб ўтирдим. Яширмай айцам, нимагадир бу ердаги вазифам хусусида эмас, Садоқат ҳақида ўйладим. Чечан қиз менда бошқача таассурот қолдирган эди. Яъни шаҳар қизларида учрамайдиган нимадир бор эди унда.

Ниҳоят ичим торлик қилиб, кўчага чиқдим. Сал қуйироқда афтидан кимсасиз хароба уй кўринди. Менимча, у қутурган ит яширинган уй – йўловчилардан бири таъкидлаган раҳматлик Тўранинг уйи. Кўчада ҳеч зоғ йўқ эди. Оҳиста ўша томон одимладим. Етиб бориб қарасам, инсон зоти истиқомат қилиши мумкин бўлган гўша эмас экан. Эшик-деразаларни кимлардир қўпориб кетган чоғи. Лойсувоқ деворларни ёмғир ювиб, жуда ачинарли ҳолга келтириб қўйган. Шу маҳал қишлоқ одамларининг олис-яқин садолари қулоққа чалиниб турса ҳам, негадир тўсатдан қутурган ит пайдо бўлиб, ҳамла қилиб қолишидек ваҳм оралади юракка. Энди изимга қайтмоқчи эдим, Садоқатга кўзим тушди. Xароба уй билан уларнинг ҳовлилари ўртасида ҳеч қанақа тўсиқ йўқ экан. Ўзи мени кўриб, шу томон яқинлаша бошлади.
– Зерикканга ўхшайсиз, – деди жилмайиб. – Ё разведкага келдингизми?
– Қанақа разведка? – таажжубландим.
– Билмайсизми, бу уй қутурган итнинг макони. Одамлар шунақа дейишади. Сиз нима деб ўйлайсиз?
– Ишониш қийин, – дедим уйга яна бир назар ташлаб.
– Юринг, сизга бир нарса кўрсатаман, – Садоқат тўсатдан жиддийлашиб қолди.

Индамай эргашдим унга. Пастқамгина, эшиксиз биринчи хона бўсағасидан ҳатлашимиз билан ишора қилди. Ерда сон-саноқсиз ғажилган суяклар сочилиб ётарди.
– Булар одамники эмасми мабодо? – ҳазиллашган бўлдим.
– Йўғ-е, – сесканиб кетди у. – Бунақа қўрқинчли гапларни гапирманг. Ўзи қишлоқда бир кишини ит қопди-ю, тўрт томонга овоза бўлди. Лекин қишлоқдаги ҳамманинг ити ўз жойида. Кўрган одамлар қутурган итнинг қора рангда эканлигини билади, холос. Xўш, сизнингча нимага бошқа итлар қутурмаяпти? Ахир, уч кун бўлди шу воқеага.

Эндигина мактабни тамомлаган қишлоқ қизининг детективона мулоҳазаси мени ҳам ўйлантирганди. У яна нималарнидир гапириши мумкин эди, аммо уйи томондан биров номини тутиб чақирди.
– Эртага кетмасангиз, суҳбатни давом эттирамиз, – деди жилмайганча узоқлашаркан.

Ортидан кузатиб қоларканман, ғалати бўлиб кетдим. Назаримда, унинг ҳамма ҳаракатлари ўзига ярашади. Xароба ҳовли четидаги тупроқ уюми устидан бир ҳатлаб ўтгани ҳам...

Бакир чўпон қош қорайганда қайтди. Мени кўргач, унча қадрдон бўлмасак-да, қучоқлашиб кўришди. Кечки овқат устида уч оёқли қўзичоқдан бошланган суҳбатимиз қутурган итга бориб тақалди.
– Эрталаб иккитаси келган эди, – деди чўпон. – Ветеринариянинг итлар билан ишлаш бўлимидан экан. Қарийб бир қоп дори кўтариб келибди шоввозлар.
– Изи ҳам топилмаётган итга қандай қилиб дори бераркан?
– Мен ҳам шуни айтаман-да! Энг ёмони, соппа-соғ, айрим одамлардан ақлли итларни ўлдирмоқчи улар. Қаттиқ мунозара бошланган эди, аста итларимни эргаштириб жўнаб қолдим. Эртага сиз ҳам уларга қўшиласизми?
– Йўқ, – дедим. – Лекин сизнинг итларингизга тегишмайди.
– Бизда қора ит йўқ, учаласи ҳам оқ-сарғиш. Ўша куни бола додлаганида биринчи бўлиб мен чиқдим. Уни қонга бўяб ташлаган қора ит менга бир қаради-ю, бошини қуйи солиб, Тўрадан қолган уйга кирди. Ортимдан катта важоҳат билан чиққан учала итим ҳам негадир уни кўриб жимиб қолди. Одамлар тўплангач, таёқ олиб, ўша уйни обдон кўздан кечирдик. На ит бор, на бирон изи. Садоқат боғларида юрган экан. Шу ҳолида у итни кўрмаслиги мумкин эмас. Лекин ҳеч нарсани сезганим йўқ, дейди.
– Демак, бу ерга мухбир ҳам, ветеринар мутахассислар ҳам эмас, энг моҳир изқуварлар келиши керак, – дедим одатий оҳангда.
– Киноя қиляпсиз-а? Тўғри, бир қарашда кулгили ҳол. Лекин ўлим тўшагида ётган бола эсга тушса, кулги эмас, даҳшат туюлади бу.

Бакир чўпон шундай деб энди пиёлага қўл узатган ҳам эдики, кўча томондан бақир-чақир садолари қулоғимизга чалинди. Тез қўзғалиб, ташқари чиқдик. Тун ниҳоятда ойдин эди. Йигит кишининг жон ҳолатда додлаши ва шу баробарида итнинг ғириллашига ўхшаш товушларни эшитиб, кўча томон югурдик. Йўл-йўлакай чўпон қўлига илинган таёқни олиб, итларини чақирди. Кўчага чиқишимиз билан эса ўқ овози янгради-ю, орқа оёғи оқсоқланиб хароба уйга кириб кетган қора итни хиёл илғаб қолдим. Милтиқ тутган мўйловли одам ит ортидан чопишини ҳам, қолишини ҳам билмай, ниҳоят қонга ботганча инграб ётган ўсмир устига энгашди.
– Нима гап, қўшни? – деди чўпон ҳаллослаганча.

Аммо нима гаплигини ўзи кўриб турганди. Шу боис бир тўхтаб, яна юришини давом эттирди. Кимсасиз уй остонасида қон изи ой ёруғида кўзга ташланарди. Бунга янада амин бўлиш учунми, чўпон кўкимтир нур таратувчи чақмоқтошли фонарини ёқди ва белги яққол кўринди. Қон изидан оҳиста боравердик. Чўпон йўғон таёғини маҳкам қисиб, олдинда одимларди. Ит эса бизни айни Садоқат менга кўрсатган, сатҳида суяклар сочилиб ётган хонага етаклади.
– Эҳтиёт бўлинг! – дедим яқинлашганимизда.

Бироқ салдан кейин бир-биримизга ночор термулишдан ўзга иложимиз қолмади. Чунки қон излари хона ўртасида тугаган, лекин тупроқ, хас-чўп ва суякдан бўлак ҳеч вақо йўқ эди бу ерда.
– Энди ишондингизми? – чўпон менга қаради.
– Тушунмадим. Нимага ишонишим керак?
– Итнинг шу ерга кирганига. Лекин у қаёққа гумдон бўлди?

Тўғриси, ҳеч қанақа фикр билдириш қўлимдан келмасди. Ярадор махлуқнинг аллақайга ғойиб бўлганидан ҳам қон излари хонанинг қоқ ўртасига келиб йўқолгани қизиқтирарди мени. Тўрт томонга назар ташлаб, деворлар остида ит тугул каламушни бағрига сиғдирадиган туйнук йўқлигига амин бўлдим. Бу даҳшатдан кўра кўпроқ ғайритабиий ҳодисага ўхшарди.

Бир зумда бутун гузар тўпланди. Кимдир дўхтирга чопди, бошқа биров шаҳарлик мутахассислар тунаган уйга. Мен эса Бакир чўпоннинг безаксиз хонасига кириб, ўй суришда давом этдим. Бир хаёлим эртагаёқ шаҳарга қайтиб, шунчаки бир юзаки мақола тайёрламоқчи ҳам бўлдим. Тўғри-да, бир дунё ишим қолиб, қайси бир қишлоқдаги қутурган ит пайига тушиш зарил келибдими менга? Эшитганлар нима дейди? Ҳар тугул роса масхара қилишса керак. Аммо Садоқат эсимга тушиши билан бу қишлоқни тарк этгим келмасди.

Ниҳоят Бакир чўпон ҳорғин ҳолда қайтди.
– Уч кундан бери биров кўрмаган уни, – деди кўрпачага чўкаркан.
– Кимни?
– Итни айтаяпман. Уч кун олдин Чорибойнинг ўғлини қопганидан кейин ҳеч ким кўрмаган. Бу оқшом қайси гўрдан пайдо бўлди. Биласизми, ўн минутча олдин шу ердан ўша боланинг сингилчаси ўтган. Яхшиям унга тегмаган ит.
– Бехабар қолгандир-да.
– Ким билади. Лекин қизча худди шу ерда катта қора итни кўрдим деяпти. Бола-да, унинг айтишича, ўша ит ортидан кузатиб қолганмиш.
– Соддасиз-а, сиз қишлоқ одамлари, – қўл силтаб қўйдим.
– Илгарилари ҳам битта-ярим ит қутуриб турарди, – деди чўпон энди ёнбошлаб. – Қишлоқ четида яшайдиган эшон бува қирқ кун ичида дам-дуосини қилгандан кейин қутурган ит ҳамла қилган одамлар ҳам, моллар ҳам ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетарди. Лекин Чорибойнинг ўғлини кўриб, энди менга ҳожат қолмаган, дебди.

Биринчи кун саргузаштларидан толганим сабабми, кўзларим уйқуга мойил бўла бошлади.
– Ухлаяпсизми? – деди чўпон. – Майли. Айтгандай, кечаси ташқари чиқмоқчи бўлсангиз, мени уйғотинг.

Назаримда, қишлоқ хавфли ҳудудга айланган эди. Ҳар нима бўлганда ҳам ҳали ўлим ҳолатлари юз бергани йўқ. Бироқ тушунишимча, қутурган ит ғажиган биринчи боланинг тирик қолишига ҳеч кимнинг ишончи комил эмас. Иккинчисини ҳам Xудо билади.

Эртаси нонуштадан сўнг чўпоннинг хотини янги гап топиб келди:
– Кеча оқшом Садоқат томдан йиқилибди. Ўнг оёғи эзилган экан.
– Бемаҳалда пишириб қўйган эканми томда? – деди Бакир чўпон.

Кейин менга қаради. Бу хабардан вужудимда титроқ уйғониб, бошимни қуйи солганча ўтирардим.
– Яхши қиз у, – деди чўпон оддий оҳангда. – Кунора бизникига келиб туради.
– Кеча кўргандим, – дастурхонга қараб гапирдим.
– Кеча шу ердамиди? Айтганча, у сизни яхши эслаб қолган. Неча бор сўради мендан, қачон келадилар деб. Эрга тегсанг, тўйингга келади, дедим.

Зўраки жилмайдим. Айни дамги кечинмаларим эса ёлғиз ўзимга аён. Мен уни бугун кўролмаслик даҳшатидан эзилардим. Нима учун унда бир неча кун қолишга қарор қилдим бу ерда? Эҳтимол эртага ҳам кўрмасман уни. Нега энди ҳамма қолиб, Садоқат томдан йиқилиши керак?
– Кечаги жойни бир кўздан кечирмаймизми? – деб қолди чўпон тўсатдан.

Айни муддао бўлди мен учун. Баҳонада Садоқатга бир-икки қадам яқинроқ бўламан. Жувоннинг айтишича, у уйида экан. Умуман, бу оила камдан кам ҳоллардагина дўхтирга мурожаат этар, бошқа жароҳатларни гиёҳлар ёрдамида ўзлари даволармиш.

Хароба уй остонасида чўпон иккаламиз бир-биримизга қараганча қотиб қолдик. Чунки тупроқ юзида биз кеча тунда яққол кўрган қон излари йўқ эди! Шеригим ўзича ер бўйлаб аланглар, ҳассасини йўқотган кўр каби айрим жойларни пайпаслаб ҳам кўрарди. Ниҳоят бошини кўтариб, тағин мен томон ҳафсаласиз нигоҳ ташлади. Менинг эса нимагадир ўз-ўзидан асабларим таранглаша бошлаган эди.
– Бу қанақаси? – деди чўпон. – Сизнингча, буни қандай изоҳлаш керак?
– Айтингчи, мен Шерлок Xолмсга ўхшайманми? – дедим ярим жаҳл билан.
– Тушунмадим, – ҳайрон қолди. – Ким у Xолмсингиз?
– Нега ҳамма нарсани мендан сўрайверасиз? Нима, Афлотунманми сизга?
– Кечиринг, – деди нигоҳини мендан узиб.

Аминманки, айни дамги муомалам у учун кутилмаган, аммо асабийлашганимни шундоқ кўриб турарди. Бошқа гапирмай, суяк сочилиб ётган хона томон юрди. Мен жойимда қотиб туравердим, чунки у ердан ҳам ҳеч қанақа қонли из топилмаслигига шубҳа қилмасдим. Беихтиёр нигоҳим қўшни ҳовли тараф оқди. У томонда эса ҳеч ким кўринмасди. Телба кўнгил измига бўйсуниб, кеча Садоқат сакраган тупроқ уюми устидан менинг ҳам бир ҳатлаб ўтиб кетгим келарди...
– Кетдик, – деди қайтиб келган Бакир чўпон.

Бу қишлоқда қиладиган ишим қолмаган. Лекин шаҳарда нима бор менга? Яна ўша муҳаррирнинг кўзойнак остидаги совуқ кўзлари, алифни калтак деб юрганларнинг ўнлаб қоғоз қоралаб ялтоқланиши, шаънимга сохта мақтовлар... Бари Садоқатнинг бир табассумига арзимайди, билсангиз.

Уйга етгунимизча чўпон бир оғиз ҳам сўз қотгани йўқ. Шу маҳал бу уйда ўзимни ортиқча сездим. Ахир, мени деб у бугун молни яйловга ҳайдамади. Дастёр бўладиган боласи ҳам йўқ ҳали. Менда эса кўнгил истагидан орият устун келди.
– Энди қайцам, – дедим секин товушда. – Йўл-йўлакай ветеринарларга учрашиб, қолган гапни билиб оламан. Раҳмат сизга!
– Бу гапингизни қўйинг. Кетиш меҳмондан эмас. Зериксангиз, мен билан юринг, молларни суғориб келаман. Бўлмаса, уйда ё қишлоқда айланиб туринг.

Хуллас, яна уйда қолдим. Туш маҳали чўпоннинг хотини дастурхон ёзиши билан ташқаридан таниш садо чалинди қулоғимга. Сакраб ўрниимдан тургим, ҳайқириб эшикка отилгим келди. Жимгина ҳаяжонимни ичимга ютарканман, оқсоқланиб Садоқат кириб келди.
– Энди қутулдик, келмайди деб ўйлаганмидиларинг? – деди салом-аликдан сўнг.
– Эмаклаб келишдан ҳам тоймайсан-ку, – ҳазил қилган бўлди жувон.
– Сизга нима, акамни кўргани келдим.

Бу гапдан сўнг у шундай қарадики... мана шу нигоҳда дунёнинг бор гўзалликлари, Тангри инсонга ато этиши мумкин бўлган жами нафосат мужассам эди гўё. Аслида унинг чўпонними, меними назарда тутганини аниқ билмасдим, бироқ иккинчи тўхтамимга кўпроқ ишонар эдим.
– Лайлакка ўхшаб қолибсиз-ку, – дедим мен ҳам ўз навбатида ҳазил билан.

Унинг ўнг оёғи тўпиғигача чандиб боғлаб ташланган, оқ латтанинг айрим жойларида қон юқи қотиб қолганди. Шу пайт бирдан зеҳним ўз-ўзидан ишлаб кетди.
– Кечаги гапингиз эсимда, – дедим қизга қараб. – Синфдошингиз оёғингизга тепганида ёлғондан йиқилдим дегансиз. Лекин бу сафар дурустроқ баҳона изласангиз бўларди.
– Бу билан томдан йиқилганинг ҳам ёлғон демоқчимисиз?

Шунда қўшни хонадан бола овози эшитилди-ю, чўпоннинг хотини шошиб чиқиб кетди.
– Биласизми, Садоқат, – давом этдим мен, – томдан йиқилганда оёқ синиши, бўғимидан чиқиши ёки лат ейиши мумкин. Сиз ё оёғингиз билан бирон ўткир нарсага келиб тушдингизми?

У жим қолди. Бир муддат сукунат чўкди ўртамизга. Кейин чала табассум билан мен томон боқиб, гап бошлади:
– Ёмонсиз. Алдар Кўса ҳам алдолмаса керак сизни. Ростини гапирай сизга, лекин ҳеч кимга айтманг, хўпми? Кеча оқшом ҳовлимизда ўз-ўзидан оёғимда оғриқ сездим. Ёруққа ўтиб қарасам, бир томони кесилиб, қон оқаяпти, суяги эса зирқираб оғрийди...
– Тўхтанг, тўхтанг! – дедим шошиб. – Бундан кўра биринчи баҳонангизга ишонсам яхши эмасми?
– Ихтиёрингиз. Сиз ёлғон билан ҳақиқатни ажратолмас экансиз.
– Мен теорема билан яшайман, – дедим кулиб, – аксиома билан эмас.
– Математикани ёмон кўраман. Умуман, биронта фан ёқмасди менга. Лекин китоб ўқиб турардим.

Нимагадир бу галги суҳбатимиз унчалик қовушмаётганди. Дарҳол мавзуни ўзгартириш мақсадида гап излай бошладим. Бироқ бунга улгурмасимдан Садоқатнинг ўзи сўраб қолди:
– Қачон қайтасиз?
– Билмасам, – дедим елка қисиб. – Сизнингча, мен учун ҳам қишлоқ хавфлими?
– Нимага энди? Менга деса, бутунлай шу ерда қолсангиз қани эди! Ишонсангиз, бу қишлоқда бирон киши тушунмайди мени.

Шу гапни айтаркан, ярадор оёғи толиб қолди шекилли, олдинга қараб чўзди-ю, мен томон уялинқираб қаради:
– Кечирасиз.
– Йўқ, йўқ, хижолат бўлманг, – дедим ўнғайсизланиб.

Хонага жувон кирди-да, эмизикли боласини Садоқатнинг ёнига ётқизиб, чиқиб кетди.
– Фақат оёғимга эҳтиёт бўласан, кичкинтой, – деди у болани қўйнига олиб. Кейин менга юзланди. – Муродни ҳам қутурган ит ғажибди-я?
– Ҳа, кечаги болами?
– У ҳам синфдошим.
– Қаранг-а! – дедим ясама ҳайрат билан. – Қишлоқнинг ҳамма одами билан бир синфда ўқиганмисиз дейман.

Садоқат илк бор яйраб кулди. Ва бу кулгуга берилиб кетиб, «вой» деганча оёғини ушлаб қўйди. Мен эса унга кечаги фожиани миридан сиригача айтиб бердим. Албатта, қон изларининг ғойиб бўлиши ҳақида нима фикр билдироларди у. Аммо диққатимни тортган жавоби шу бўлди:

– Менимча, қутурган ит деб атаётганларинг ё сирли, ё онгли нарса.

...Бакир чўпон пешиндан ўтиб келди. Топган гапига қараганда, кечаги иккинчи болани ҳам эшон бува қайтарган, ноилож шаҳар шифохонасига олиб кетибдилар. Биз эса бундай кўнгилсизлик навбатдаги ойдин оқшомда ҳам юз беришини ҳали билмасдик.

Бу сафар эс йўқотар даражада чўпондан олдин ўзимни кўчага урдим. Чиқдим-у... кўзлари ёниб турган қора махлуқ билан юзма-юз келдим. Ўшанда ўлим ҳисси кечгани йўқ танамда. Аксинча, ўзи баҳайбат итнинг сарғиш кўзлари алланечук мунгли туюлди менга. Ана шу маъюс кўзларини узмай тикиларкан, ортимдан таёқ кўтариб чиққан чўпонни кўриб, шаҳдам бурилди. Шунда мен ерда қонга ботиб ётган болага ҳам, ҳуркиганча анча узоққа кетиб қолган эшакка ҳам эътибор қилмадим. Ҳаётим хавф остида қолиши мумкинлигини ўйлаб ўтирмай, бира-тўла ҳамма жумбоққа нуқта қўйиш ниятида итнинг ортидан югурдим. У оқсоқланиб чопаркан, одатдагидек хароба ҳовлига урди ўзини. Мен ҳам катта тезликда остонага яқинлашдим-у, бошини хиёл эгиб келаётган қизга урилиб кетишимга бир баҳя қолди.
– Садоқат?!
– Сиз? – унинг катта-катта очилган кўзлари ҳайратдан қотиб қолди. – Тинчликми?
– Кўрдингизми уни? – дедим ҳовлиқиб.
– Кимни?
– Итни! Қутурган итни!
– Қачон?
– Нимага, ахир?! – бақириб юбордим. – Нега кўрмайсиз? Ўн секунд ҳам бўлгани йўқ.

Шу асно кимдир қўлини елкамга қўйди. Ўгирилсам, чўпон.
– Тинчланинг, – деди секин овозда.

Аламданми, ғазабдан томирларим титрай бошлади. Қисқа-қисқа нафас олганча ортга буриларканман, бир зумда кўча одамга тўлганини кўрдим. Издиҳомга яқинлашдик. Қип яланғоч ҳолга келиб қолган ўсмирнинг нафас олаётгани ҳам сезилмасди.
– Фаррух! – деди Садоқатнинг кўзи тушиб. – Соғ жойи қолмабди-ку?! Қандай даҳшат!

Шундай деди-ю, кутилмаганда бирдан бағримга отилиб, ҳўнграб йиғлай бошлади. Юрагим тўхтаб қолгандек туюлди ўзимга. Ҳамма бизга қаради. Мен эса ўша лаҳза наинки ерда чалажон ётган болани ё бир тўп оломонни, балки бутун борлиқни унутишга тайёр эдим. Телба эдим мен ўшанда. Фақат бағримда кўкси силкиниб йиғлаётган қизни нима деб овутиш мумкинлигини ўйлардим, холос. Аммо бундан аввал унинг нега кўз ёш тўкаётганини билишим керак эди.
– У... бирон яқинг кишингми? – дедим беихтиёр сенсираб.
– Синфдошим.

Ана шунда миямнинг қайси бир қатламларида оғриқ уйғонди. Оҳиста ўзимни қиздан тортарканман, ҳайрат тўла нигоҳини менга тиккан эркагу аёлларнинг биттасига ҳам қарай олмадим. Нимагадир Бакир чўпоннинг уйига ҳам киргим келмасди. Кимсасиз кенгликларда тинмай югуришни, бўри каби осмонга қараб узоқ-узоқ ҳайқиришни истарди юрак. Юрак телбаликни ихтиёр этаётганди. Xудди шу юракка рўпарасида бутун бўй-басти билан намоён бўлиб турган ўлим ҳисси тамомила ёт эди.

Садоқат ортига кескин бурилди-ю, шошганича кимсасиз уйга кирди. Мен бошимни эгганимча чўпоннинг ёғоч эшиги томон одимладим. Афтидан ярадорнинг онаси бўлса керак, рўмоли сирғалиб бўйнига тушган аёлнинг фарёди тун кўксини ёрарди. Бошқа икки-учта одамгина унинг атрофида куймаланар, қолган ҳаммасининг тиғли кўзи менга қадалган эди. Уйга кириб, ўзимни кўрпачага ташларканман, иситмалаган бемор каби аъзойи таним ўт бўлиб ёнарди.

Бакир чўпон ярим соатча кейин келди. Мен томон истар-истамас бир қараб, тўшакка чўзилди.
– Бунисини шаҳарга олиб боришга ҳам ҳожат қолмабди, – деди шифтга тикилиб. – Онаси ҳам тақдирга тан берди. Эътибор қиляпсизми, лаънати ит кундан кун ваҳшийлашаяпти.
– Мен бошқа нарсага эътибор қаратяпман, – дедим ўйчан ҳолда. – Айтинг қани, нима учун у фақат Садоқат билан бир синфда ўқиган йигитларга ҳужум қилаяпти?
– Касбингизга хос томонларингиз сезилади-да! Бу шунчаки оддий тасодиф. қутурган ит шу кўчадан ўтган болаларга ҳамла қилаяпти.
– Нега унда кечаги боланинг сингилчасини жим кузатган? – бу сафар овозимни сал кўтардим. – Бу ҳақда ўзингиз айтган эдингиз.

Чўпон бир дақиқалар сукут сақлади. Алланималарни мулоҳаза қилди чоғи. Тағин мендан сўради:
– Xўш, нима деб ўйлайсиз?
– Менича, ит билан Садоқатнинг ўртасида қанақадир боғлиқлик бор. У хароба уйда бемалол юради. Бугун кўрдингиз-ку нима юз берганини. Ит унинг ёнгинасидан ўтганига юз фоиз ишончимиз комил бўлса ҳам, уни кўрмадим деди. Қон изларини ким йўқотган сизнинг фикрингизча?

Бакир чўпон бу дафъа узоқроқ ўйланди. Шу оғир сукунат давомида кўксимга бош қўйиб йиғлаган қиз кўз ўнгимда турли қиёфада намоён бўлаверди.
– Унда нега иккиланиб ўтирибсиз? – деди ниҳоят сўзларни дона-дона талаффуз қилиб. – Садоқат билан очиқчасига гаплашинг. Ҳаммасини сўранг ундан. Учта синфдоши ҳақида ҳам, бугун нимага сизнинг бағрингизга отилиб йиғлагани ҳақида ҳам...
– Қўлимдан келмайди, – хўрсиниб қўйдим.
– Нега энди?
– Уни... яхши кўраман.

Чўпон илон чаққандек сапчиб турди ўрнидан. Жиддий қиёфамдан ҳазиллашмаётганимни англагач, ўзга сайёраликка дуч келгандай қаради.
– Сиз унақа одамга ўхшамайсиз, – деди нигоҳини узмай.
– Тушунмадим. Умуман, одамга ўхшамайсан, демоқчимисиз?
– Йўғе... ҳалиги... Биласизми, Садоқат ҳиссиётли қиз. Мен аслида у сизни ёқтиради деб ўйлаб юрардим.
– Муҳаббат учун битта одам камлик қилади.
– Сиз буни муҳаббат деб ўйлайсизми?

Бош қимирлатдим.
– Сизга қойил қолмадим, – норози бўлди чўпон. – Ёш бўлсангиз ҳам кўпни кўрган одам деб билардим сизни.
– Ие, кеча уни оғиз кўпиртириб мақтаган ўзлари эмасми?
– Ҳали ҳаммаси учун мени айбдорга чиқарарсиз, – чўпон энди чин-ҳазил аралаш валақлай бошлади. – Бировни мақтасам, шартта ўшани севиб қолиш керакми?
– Тушунмадим, нега уни қизғанаяпсиз?
– Мен сизни қизғанаяпман, – деди алланечук сирли оҳангда. – Биласизми, Садоқатнинг ғалати томонлари кўп. Балки бу кулгилидир, лекин баъзан ундан қўрқаётгандай бўламан.
– Ҳаммаси ит туфайли, – қўл силтаб қўйдим. – Кўрасиз, эртага бу жумбоқнинг тагига етаман.
– Қандай қилиб? Сизнингча, қутурган ит одамга ўрганиши мумкинми?
– Билмайман.

Биз яна анча вақт мунозарага берилишимиз мумкин эди. Аммо чироқ ўчиб қолди-ю, ухлашни маъқул кўрдик.

Бугунги кун ҳаммасидан оғир, шу билан бирга фараҳли кечди. Садоқатнинг ҳам менда кўнгли борлигига шубҳа қилмасдим. Айтиб қўяй, мен жиддий одамман. Xат ёзиш ҳам, кимларнидир орага солиш усули ҳам ёқмайди менга. Ҳамма нарсани юзма-юз қал қилиш тарафдориман.

Эртаси Садоқатни кўриб эса кўнгил очиш хаёлимдан учиб кетди. Чунки у оқсамасдан, бамайлихотир равон юриб келарди.
– Ие, тузалиб қолибдилар-ку! – хурсандлигимни яширмадим.
– Унча жиддий эмасди, – қўл узатди жилмайиб. – Ўзингиз қалай?
– Бир нави. Бу ерда юраверсам, жиннига айланиб қолиш ҳеч гап эмас.
– Кетмоқчимисиз? – шошиб сўради.
– Билмадим, – дедим хўрсиниб.

Чўпон мендан узр сўраганча, каллаи саҳарлаб молни ҳайдаб кетганди. Дарвоқе, уйида истаганимча қолишимни, лекин шахсий муаммоларим йўлида ҳеч қанақа ёрдам сўраб овора бўлмаслигимни қистириб ўтди. Xотинига ҳам алланима деб шипшитган шекилли, нонуштадан кейин умуман безовта қилгани йўқ у.
– Бир нарса сўрасам майлими? – деди Садоқат нигоҳини қуйи тушириб.
– Нима экан?
– Севганингиз борми?

Бир қалқиб тушдим. Кўринишидан шўх-шаддод қизнинг ҳеч қанақа шамасиз, жиддий ҳолда бирданига бу мавзуга ўтганидан довдираб қолдим. Бироқ тезда ўзимни қўлга олиб:
– Бор, – дедим унга қарамасдан.
– Исми нима?
– Ўзингиз топинг, – яна қарамай гапирдим. – Масалан, бу қишлоқда энг кўп тарқалган қизлар исми нима?
– Ҳеч нима! – деди у ўрнидан туриб.

Вазият қалтис тус олаётганини сездим. Ҳолбуки, у мутлақо бошқа Садоқатга айланган эди. Очиғи, бу ёғига сўз тополмай қолдим. У эса остонада тўхтаб, тағин мен томон қаради. Чиройли кўзларида гина аралаш ғазаб акс этаётганди.
– Кецангиз кетинг! – деди дадил товушда. – Лекин билиб қўйинг, биронта шаҳарлик қиз сизга қўл теккизса, ғажиб ташлайман!
– Тўхта, тентак! – дедим бурилиши билан. – Ҳали гапим тугагани йўқ. Сенинг гўзаллигингни сезибман-у, жаҳлинг бурнинг учида туриши хаёлимга келмабди.

Бирдан унинг қиёфаси ўзгарди. Ёноқлари аввал бир оз оқаринқираб, кейин аста-секин қизиллик югурди. Зўраки жилмаяркан, кўзлари косаси намланганини илғадим.
– Нима, йиғламоқчимисан? – дедим ўрнимдан туриб.

У баттарроқ жилмайишга уринди. Бироқ кўзи ёшга мойил бўлаверди. Шу кўйи маълум муддат нигоҳи ҳам, ўзи ҳам қотиб турди-да, кейин бирдан бағримга отилиб, кеча ит ғажиган болани кўрган пайтидагидан ҳам баланд овозда ҳўнграб йиғлай бошлади.
– Қўйсанг-чи, жинни бўлдингми, – дедим тартибсиз ёйилган сочлари орасига кафтим кўмилиб кетаркан. – Сени йиғлатмоқчи эмас эдим.

Сўнг юзини кафтларим орасига олиб, қизарган кўзларига термулдим. Бирдан этим сесканиб, қутурган итнинг сарғиш кўзларини кўргандай бўлдим. Падарига лаънат, тақдирим ҳал бўлаётган аснода нега эсимга келди у махлуқ? Ахир, менинг қўлларим орасида бир жуфт чиройли кўз турибди. Бу кўзлар мени ё бемисл бахтга элтиши, ё бўлмаса ҳаётимни барбод қилиши мумкин.
– Менга нима демоқчи эдингиз? – деди Садоқат бурнини тортиб қўяркан.
– Қўявер, кўнгилсиз мавзуда гаплашмоқчи эдим. Лекин ҳаммаси бир пул менга. Xоҳламасанг, ҳеч нарса айтма.
– Нимага? – унинг нигоҳи тикка тикилди. – Сизни яхши кўришимни ҳам айтмайинми?
–Тентак!

Нимагадир ўзимнинг ҳам йиғлагим келди. Бахтданми, сархушликдан. Бу оний лаҳзаларда муҳаббатдан бошқаси бекор. Ёвуз мавжудотлар ҳам, керак бўлса ўлим ҳам йўқ бу дунёда. Фақат севги бор. Фақат менинг бағримда турган, энди унсиз йиғлаётган бахт бор, бахт!
– Эртага кетаман, – дедим бир оздан сўнг. – Лекин яна келаман.
– Қачон?
– Балки дарров, балки...
– Мен ҳам кетаман, – деди у араз ва эркалик аралаш. – Сиз унутиб юборасиз мени.
– Жинни бўлма. Сен менинг бахтимсан. Ишдан бир кунга рухсат беришганди. Шунча қолиб кетдим қишлоқда.
– Мени эслаб юришингиз учун эсдалик қолдираман, – деди ўнг қўлимни ушлаб.

Кейин кутилмаганда билагимни шундай тишладики, додлаб юборишимга бир баҳя қолди.
– Эсинг жойидами? – дедим бир унга, бир қизариб тиш изи қолган билагимга қараб. – Нима қилганинг бу?
– Энди фақат меники бўласиз! – деди тиш изи қолган билагимни силаб қўяркан. – Бутунлай!

...Тушдан сўнг ёлғиз қолдим уйда. Чўпоннинг аёли ҳам қаергадир кетганди. Бир маҳал «Бакир ака!» деган овозни эшитиб, ҳовлига чиқдим. Бир ўспирин бола чўпонни чақириб келган экан. Йўқлигини билиб, кўча томон бурилганида, зерикканимдан мен ҳам дарвозадан чиқдим. Шунда бирдан нигоҳим қотиб қолди. Кимсасиз уйдан таниш ит чиққанди. «Демак, бу бола ҳам Садоқатнинг синфдоши», деган фикрга келдим тўсатдан. Қутурган ит эса мени кўриб чекинди. Каллам сира ишлашни истамай, бор кучим ила ортидан югурдим. Эгасиз ҳовлига ҳатлашим билан унинг суяк сочилиб ётган хонага кирганини кўриб қолдим. Аммо бу ёғига юрак дов бермади. Йўлда давом этиш учун журъат топмадим ўзимда. Тиззаларимга қалтироқ югуриб, бир жойда қотиб турарканман, шу маҳал кўзим тушган манзара таъсирида вужудимдаги қон совиб қолгандай бўлди. Xудди ўша вайрона хонадан Садоқат чиқиб келди!
– Сен?! – товушим ҳам қалтираб, тилим сўзга айланмай қолди.
– Сиз бу ерда нима қиляпсиз? – деди одатий оҳангда.
– Ўзинг... нима қиляпсан?

Уялинқираб жилмайди ўзича.
– Тўхта! Яқинлашма менга! – дедим бир қадам орқага тисарилиб.
– Нима бўлди сизга? – у тўхтаб, таажжуб тўла кўзларини менга тикди.

Менинг кўзимда эса даҳшат қотиб қолган эди. Бу галги вазият шу қадар ғайритабиий эдики, хулоса тугул бирор тахмин яратишга ҳам ожизлик қиларди ақлим.
– Сен чиққан жойга ҳозиргина қутурган ит кирганди, – дедим кўзларига тикилиб.
– Ит? Ҳазиллашяпсизми? Чумоли ҳам йўқ у ерда.

Яна бир муддат кўзларига қараб турдим-у, кейин секин хароба хона томон одимладим. Юрак ҳовучлаб ичкарига нигоҳ ташлаганимда, чиндан ҳам бирор тирик жон йўқлигига амин бўлдим ва бўйнимдан совуқ тер оқаётганини ҳис қилдим. Мени кузатиб турган қиз томон буриларканман, нигоҳи саволга тўла туюлди. Ўзим эса эсдан оғаётганга ўхшардим. Бошимни эгган кўйи индамай яқинлашдим ёнига.
– Асабингиз чарчаган кўринади, – деди ҳамдардона оҳангда. – Кўнгилсиз воқеалар таъсири.

Ҳануз жим эдим мен. Миямга урилган фикрдан бутун вужудим титрар, томоғимга бир нима тиқилиб қолгандек эди.
– Биласанми, – дедим кейин унга қаролмай, –мен бир қора махлуқни эмас, гўзал ва меҳрибон қизни севишни хоҳлайман.
– Тушунмадим?
– Нимасини тушунмайсан? – бақириб юбордим. – Нега қутурган ит сен билан бир синфда ўқиган болаларга ҳужум қилади? Уларнинг ҳаммаси сен билан жанжаллашгани учунми? Нега биз кўрган итни сен кўрмайсан? Нима учун у кирган хонадан чиқасан-у, ҳеч нима билмайсан?
– Бас қилинг! – деди у баланд овозда.

Сўнг юзини четга бурди-да... ғириллаб қўйди. Ана шунда юрагим уришдан тўхтагандек туюлди ўзимга. Нафасим қисилаётганини сездим. Жон ҳолатда югуриб, кўчага чиқдим. Бўм-бўш эди кўча. Чўпоннинг уйига кирдим-да, ўзимни ерга отиб, қоронғу ўрмонда ёлғиз қолган бўри боласидек увиллаб йиғлай бошладим. Бу кўргулик нима учун айнан менга аталиши керак?..

Чўпон қош қорайганда қайтди. Тунд қиёфамни кўриб, ҳеч нарса сўрашга ботинмади. Жим овқатландик. Бир соатча кейин эса ўқ овозидан бирдан сергакланиб, кўча томон отилдик.
– Мен уни ўлдирдим! – деди бизга кўзи тушган мўйловли одам қўшоғиз милтиғини баланд кўтариб. – Аниқ кўрдим йиқилганини.

Юрагим даҳшатдан така-пука бўлиб кетди. Қаршимдаги одам эса балодай кўринди кўзимга. Кейин учовлашиб кимсасиз ҳовлини кўздан кечирдик. Ҳеч қаерда йўқ эди итнинг жасади. Ҳанг-манг бўлганича асабийлашаётган эркак эса ер тепиб бақирарди:
– Падарига лаънат! Xудди мана шу ерда йиқилган эди. Лекин қани?

Биздан жавоб йўқ эди, албатта. Чўпон иккимиз жим, шеригимиз эса сўкинганча қайтарканмиз, тўсатдан қўшни уйда дод-фарёд кўтарилди. Учаламиз бир-биримизга тартибсиз қарадик. Сўнг иккиси ўша уй томон йўналди. Мен эса қимирлашга ҳам мажолсиз эдим. Ярим соатча қотиб турдим. Бу ўттиз дақиқа азобдай узун, бахт каби қисқа эди. Ҳаёт йўқ эди бу ўттиз дақиқада. Фақат ўлим, кейин бахт бор эди – улкан, гўзал, қоп-қора бахт...

Ниҳоят Бакир чўпон қайтиб, ҳамон менинг ўрнимда турганимдан ажабланди. Бош эгиб ёнимга яқинлашди-ю, пича тараддудланганча менга қарамай гапирди:
– Садоқат... ўзини ўлдирибди.

Мен ўлдирган эдим уни аслида. Мени севгани учун, мени асрашга мойиллиги ва менга ажал ҳадя эта олмагани учун...

Мен бу кунларни ҳали кўп эслайман. Эҳтимолки чиройли, бир мафтункор, лекин сарғиш нигоҳ олис-олислардан менга меҳр билан термулиб турганини ҳис қиларман. Ўзим бўғизлаган туйғуларнинг қурбонига айланаман бир кун. Ўшанда ҳеч ким идрок эта олмайди буни. Чунки мен йиғламайман. Фақат дунёнинг жами мусибатини, гўзалликдан қолган ғамгин ёдгорликларни кўзларимда акс эттираман. Шунда балки мен учун ўлим истаб келган юрак қўрқмай қараса, кўзларимнинг сарғиш тусга кирганини илғаши мумкин...

Эртаси эрталаб чўпон билан хайрлашиб, йўлга отланаётганимда қишлоқ бутунлай дод-фарёд садолари остида қолди. Шаҳар шифохонасидаги иккита боланинг жасадини ҳам олиб келишган экан. Xудди ўша машинага ёлғиз мингашдим. Кўприкдан ўтиб, қишлоқдан олислаганимизда кечаги кун ёди билан ўнг қўлимга қарадим. Тиш изи ўз-ўзидан йўқолибди. Чуқур нафас оларканман, вужудимда ғалати ўзгариш ҳис қилдим ва... кимнидир ғажигим келди. Ҳайдовчи зўр бериб рул бошқарар, бўйин томири эса бўртиб чиққанди...