OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЖўрабек Рамазонов
Асар номиШайтондара (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Жўрабек Рамазонов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм31KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Шайтондара (ҳикоя)
Жўрабек Рамазонов

И- қисм

Хуфтон маҳали дарвозани тамбалаганимдан сўнг ҳеч қанча вақт ўтмай кимдир кўчадан туриб чақира бошлади. Овозидан танидим – участка нозири.
– Салом, инспектор соҳиб! – дедим одатий ҳазил билан.

Унинг ёнида жингалак сочли, юзлари тилинган, кўринишидан бу атроф одамига ўхшамайдиган нусха безовта турарди.
– Бу киши меҳмон экан, – деди нозир умумий ҳолда таништириб. – Машиналари қўш сада остида тиқилиб қолибди, шошилинч ёрдам керак.
– Шайтондарадами? – сўрадим бирдан ҳовлиқиб.

Бош чайқади суҳбатдошим. Аслида унинг ёрдам учун мендек бир жуссаси кичик одамни танлаши бежизга эмас, айни ҳозир тилга олинаётган манзил бўйлаб кечаси тугул қуёшли кунда ҳам биров юрмайди. Кун узоғи дара орасидаги бу йўлга қуёшнинг парча нури тушмайди. Бир пайтлар асосий серқатнов йўл эди у. Кунора автоҳалокатлар юз бериб, шу йўлдан ўтган моллар ва одамлар ўз-ўзидан йўқолавергач, ҳеч ким у томон қадам босмайдиган бўлди. Борсангиз, ҳар жой-ҳар жойда маҳаллий аҳоли «шайит» деб атайдиган кичик-кичик дўнгалакчаларга кўзингиз тушади. Лекин менимча, улардан биттасига ҳам бирон бир тирик жон кўмилмаган. Қишлоқда ўзи етим ўсган, хотини ташлаб кетган Норбой пияниста бўларди. Бир куни улфатлари билан ўтириб, ярим тунда бир ўзи Шайтондарадан ўтишга гаровлашибди. Эртаси кундан бошлаб ҳеч ким кўрмади ўша одамни. Кимдир «жар-пардан учиб ўлган» деса, яна биров «Россияга кетган» деб оддий ташхис қўйди. Бадал чўпон иккита баҳайбат ити билан бир ойча олдин молини ўша томондан ҳайдаб ўтганида узоқдан бир шарпани кўрганини, у Норбой пиянистага жудаям ўхшашини айтганида қишлоқ аҳли чўпонни «сув бўйида ухлаб қолиб алаҳсираган»га чиқарди.
– Шайтондара дейсизми?

Бунақа совуқ номдан кўзлари ола-кула бўлаётган меҳмоннинг саволи хаёлимни бўлиб юборди.
– Машинада бошқа ҳеч ким йўқми? – дедим саволига жавоб қайтармай.
– Xотиним билан қизим…
– Шошилиш керак! – деди нозир.

Аччиқландим. Айни дамда унинг касбига хос шошқалоқлиги ёқмаётганди менга.
– Шошманг, ўлимга улгурасиз, – дедим пичинг қилиб.
– Нафасингизни иссиқ қилинг! Мен сизни ҳам ўзимга ўхшаган фидоий деб келдим олдингизга. Балки газетангиз учун бирон қизиқарли мақола тайёрларсиз.
– Яхши. Ҳозир кийиниб чиқаман.

Албатта, қоғоз-қалам эмас, совуқ қуролларга эътибор қаратдим, чунки ҳозир гап ҳаёт-мамот устида бораётганди. Белимга ошпичоқ тақиб, қўшоғиз милтиғимни олдим. Нозирга ўзи яқиндагина қурол беришди, худо билади отишни эплайдими йўқми…
– Нега уларни машинада қолдирдингиз? – дедим меҳмонга, йўлга отланишимиз билан.
– Эшиклари маҳкам… Мен тезроқ қишлоққа келиб-кетай дегандим.
– Сада ости текис йўл эди-ку? – нозир аралашди.
– То қарсиллаб овоз чиқмагунча мен ҳам текис йўлдан бошқасини кўрмаётгандим. Қарасам, олдинда харсанг тош. Ғилдираклар ерга ёпишиб қолгандай қимир этмайди.

Даранинг айрим жойлари чуқур жарлик, қолган қисми юқорига чўзилган баланд қоялардан иборат. Xудди ўша тошқоялар юзи ҳам, жар сатҳи ҳам тиканли қарғанаклар билан қопланган, пастга қараб тойиб кетган одамни жар тубидаги тошлардан аввал тиғли ўсимликларнинг ўзи қонга бўяб қўяди. Кейин, аҳён-аҳён қоя тепасидан тош тушиб туради.
– Ниҳоятда жимжитлик, – деди нозир қўлидаги фонар ёруғини атроф бўйлаб югуртираркан. – Донишмандлардан бири мен жимликдан қўрқаман, деган экан.
– Ҳозир мақолнинг ўрни эмас, – дедим норози оҳангда. –Ҳаммаси яхши тугаши ҳушёрлигимизга боғлиқ.

Бизнинг хийлагина сирли суҳбатимиздан нотаниш ҳамроҳимизни баттар ҳадик босарди. Дарвоқе, бу ер қўшни тумандан бизнинг қишлоқ орқали шаҳарга олиб борадиган энг қисқа йўл. Лекин жони ширин одам учун бундан кўра экватор чизиғини кесиб ўтган маъқулроқ.

Баландликдан кўтарилишимиз билан нозир қўлидаги фонарнинг нури ожизона олисни ёритиб, ғира-ширада қизил рангдаги «Жигули» кўринди. Мен ҳам фонарни ўша томон йўналтирдим. Яқинлашганимизда эса учовимиз ҳам турган жойимизда қотиб, мавжуд манзарадан сесканиб кетдик: машинанинг эшиклари ланг очиқ, ерда ойна синиқлари билан бирга қон излари бор эди.
– Ё Xудо! – деб юборди меҳмон. – Ло илоҳа…
– Тўхтанг! – амр қилди нозир. – Машинада ҳеч ким йўқ.
– Буни қандай изоҳлайсиз? – дедим қон изларига ишора қилиб.
– Гаров ўйнайман, йиртқичлар…
– Бу атрофда бирон киши ҳатто тулкини ҳам кўрмаган.
– Итлар-чи? – тағин эътироз билдирди нозир.
– Ит ойнани синдиролмайди.
– Менимча машинадагилар ташқарига чиққан. Дейлик, зарурат юзасидан. Кейин…
– Ойнани ким синдирган? – дедим овозимни бир парда кўтариб.

– Ҳа-я, ойна… Падарига лаънат! Тахминлар бир-бирига тўғри келмайди.
– Ё, Xудо! – дерди ҳамон меҳмон йиғлагудек бўлиб. – Улар ўлмаган-а?

Жавоб қилмадим. Нозир ҳам жим эди. Чунки ҳали она-боланинг сўнгги тақдирини ҳеч биримиз билмасдик.
– Қон изидан бориш керак, – дедим ерни ёритиб.
– Шундай қиламиз, – нозир олдинга тушди.

Кетишдан олдин машина ичига кўз югуртиришни ҳам унутмадик. Ўриндиқларнинг ҳатто ғижимланмай туриши, калит ўз ўрнида эканлиги хулоса тугул бирон тахмин яратишга ҳам асос бўла олмасди.
– Улар тирик-а? – деб сўради яна батамом таҳликага берилган меҳмон.
– Кўп гапирманг! – асабийлаша бошлаган нозир жеркиб ташлади.

Қон излари сийраклашиб, охири йўқолди. Биз эса дарага кўндаланг жарликнинг қоқ ўртасига келиб қолганимизни пайқамадик.
– Қайтиш керак, – дедим бирдан тўхтаб.
– Xотиним-чи? Қизим-чи? – тутоқиб кетди меҳмон.
– Ҳаммамиз ўламиз, – унга эътибор қилмай, нозирга қараб синиқ овозда гапирдим.
– Пашшадан фил ясаманг. Охиригача чидайман. Бу жумбоқнинг тагига етишимиз керак.

Ростини айцам, булар билан бирга қолишдан ҳам ёлғиз ортга қайтиш хатарлироқ эди. Юрак қурғур олдинда бизни катта хавф кутаётганини сезар, лекин начора, кемага тушган жон. Нозирни билмадим-у, мен қаҳрамонлик кўрсатаман деб бекорга ўлиб кетишни истайдиган аҳмоқ эмасман.
– Наси! –меҳмоннинг қичқириғи чўчитиб юборди одамни. – Наси! Қаранглар у тирик экан!

Биздан ўртача узоқликда баланд бўйли, оқ кўйлагининг бирон жойида қон доғи сезилмайдиган чиройли аёл турарди.
– Айтгандим-ку сизларга у тирик деб, – ўзини йўқотиб қўйган меҳмон ўша томон қоқилиб-сурилиб юра бошлади.

Шунда совуқ бир ҳис чулғаб олди вужудимни. Чунки сўзлаш у ёқда турсин, хирароқ кўринаётган юзи бирор ифода касб этмаётган аёлнинг оёғи ердан пича узилган ҳолда муаллақ турганини пайқадим.
– Тўхтанг! – дедим бирдан баланд овозда. – Борманг, у одам эмас!

Аммо меҳмон ё гапимга тушунмади, ё бўлмаса парво қилмади. Мен эса милтиқни ўша томон ўқталиб, нозирга ҳам шу маънода ишора қилдим. У тўппончасини қўлига олди-ю, секин пичирлади:
– Ўқланмаган.

Нафрат билан буриштирдим юзимни. Аҳир, қаттиқ гап ёки ўқсиз қурол билан фақат одамни қўрқитиш мумкин. Бироқ ҳозир қаршимизда ҳатто фанга номаълум бўлган юраксиз бир мавжудот турарди.

Эри яқинлашиши билан аёлнинг гавдаси пасайиб, оёғи ерга тегди. Шу пайт чала жилмайганини, оғзидан эса пастки лаблари устига чиққан иккита қонли тишни кўрдим-у, «меҳмон тамом» деган фикр кечди кўнглимдан.
– Арвоҳ! – деди қалтироқ босган нозир.
– Йўқ, арвоҳда бунақа тиш бўлмайди.
– Бўлмаса, нима?
– Билмайман, – дедим ўзимнинг ҳам бармоқларимга титроқ югуриб.

Аёл эса эрини елкасидан тутиб, бирдан бўйнига ёпишди. Меҳмон минг додламасин, хотинининг қучоғидан бўшашга ожизлик қилди. Ҳеч нимани мулоҳаза қилиб ўтирмай, таваккал ўқ уздим. Нишонсиз ўқ овозидан бошини кўтарган аёл биз томон қаради. Ана шунда Азроилни кўргандек ўлим ҳисси қамраб олди танамни. Сочлари ёйилган, қўрқинчли тишлари ҳамон кўриниб турар, шу тишларни бўяшдан бошланган қон эса лаблари билан бирга бўйнига оқиб тушганди. Унинг қўлида кўзлари ярим юмиқ ҳолда ҳолсизгина турган меҳмоннинг бўйнида иккита чуқур тиш изи қолган. Аёлнинг ҳозир эрини қўйиб юбориб, бизга ташланишига шубҳа қилмасдим. Аммо у осмонга қараб, инсонга хос бўлмаган ғалати овозда бир чинқирди-ю, эри билан бирга пастга сакради. Унинг акс-садосими ёки бошқа ўзига ўхшаганларнинг товушими, ғалати овоз бир муддат олис-олислардан эшитилиб турди-да, яна юракни сиқиб юборадиган сукунат бошланди.
– Қайтамизми? – сўради нозир умидсиз оҳангда.

Индамай йўлга тушдим. Унинг бу оҳангда гапириши беҳуда эмас, Шайтондарадан тирик чиқиб кета олишимизга ўзимда ҳам умид қолмаган эди.
– Фонарни ўчиринг, – дедим. – Шуниси маъқулроқ.

Нозир айтганимни қилди. Ўқсиз тўппончасини ҳам ўрнига солиб қўйди; чамаси, бу қурол билан ҳозиргина ўзи кўрган мавжудотни чўчитиб бўлмаслигини англаган.

Сада остигача гаплашмай келдик. Бу ерда эса бизни яна бир жумбоқ кутиб турарди: машина ўрнида йўқ! Фонарни ёқдим-у, ердаги ойна синиқлари, қон изларини ҳам кўрмадим.
– Сизнингча… – нозир охиригача гапиролмади.
– Менимча, тезроқ даф бўлиш керак! – дедим.

Шунда гапим икки хил маъно касб этишини ўйламагандим. Яъни «даф бўлиш» қишлоққа тезроқ етиб олиш, холос, зинҳор ўлим деганим эмас. Бироқ бизга тўрт томондан айни дам фақат ажал соя солиб турарди.

Юз қадамча юрмай таниш чинқириқлар эшитилди. Нозир чўчиб, фонарни ёқди-ю, атроф бўйлаб югуртира бошлади. Шунда бирдан фонар ўчиб қолди.
– Падарига лаънат, батарея тугади, – деди фонарини бир-икки қўлига қоқиб.

Ваҳима босиб қўли титрадими, фонар тушиб, пастлик бўйлаб думалаб кетди. Қоронғуда ҳам шеригимнинг борган сари асабийлашаётганини кўриб турардим. Ўзимнинг фонаримни олиб ёкдим – ёнмади. Батарея тугаши мумкин эмас, уч кун олдин янгилаганимдан бери бугун илк бор фойдаланишим эди.
– Бу ёғига фонарсиз кетишимизга тўғри келади, – дедим кетма-кет юз бераётган тушунарсиз ҳодисалардан ўзим ҳам бўшашиб.

Тун яримдан ошган эди. Тахминимча, қишлоққа етиш учун яна камида олти чақирим юриш керак. Текис йўл бўлганида-ку бир югуриб босиб ўца бўладиган масофа. Бироқ ҳозир мен ва шеригимнинг наинки оёқ, балки бирор аъзомизда мадор қолмаган ўзи. Бир томондан, бир-биримиздан уялганимиз учун, иккинчидан тирик қолиш илинжида зўр бериб ҳаракат қилардик. Ойсиз тунда, устига устак фонарсиз довон оша яқин сўқмоқдан боришни ўйлаш даҳшатли. Иккимиз ҳам индамай катта йўл бўйлаб кетардик.
– Машина! – деди нозир тўсатдан.

Аввалига яна бирон бир ажали тўлган йўловчи шу йўдан ўтибдими, деб ўйладим. Лекин шундоқ ёнгинамизда қизил рангдаги «Жигули» турарди. Қўрқа-писа яқинлашдик унга. Шу он машина ичида ўтириб, омон қолган якка-ю ягона ойнадан ташқарига мунғайиб боқиб турган қизчани кўрдик. Унинг кўзлари қандайдир ялтираб кўринаётгандек туюлди менга.
– Ановининг қизи бўлса керак, – нозир машина эшигига қўл чўзди.
– Тегманг! – дедим буйруқ оҳангида.
– Тушунмаяпсизми, бунинг энди ота-онасига кераги йўқ.
– Бизга ҳам, – дедим совуқ қилиб.

Қайсар нозир гапимга кўнмади. Назаримда, фидоийлик ҳисси устун келди унда. Мендаги ҳислар эса вазият билан ҳисоблашишни тақозо этарди. Ўйлаганимдек, нозир машина эшигини очиши билан маъюс боқиб турган қизалоқ бир сакраб унга ташланди-ю, елкасига ёпишиб олди. Жон ҳолатда нозир уни силтай бошларкан:
– Бир нима қилсангиз-чи! – деди ночор ҳолатда.

Ўйлаб ўтирмай митти ёвузга милтиқ оғзини тўғриладим. Аммо зумда қўлимдаги қурол қандай қилиб қизчанинг қўлига ўтиб қолганини англашга улгурмадим. Қизалоқ ўзига хос юпқа, лекин ёқимсиз товушда бир чинқирди-ю, милтиқ-пилтиқ билан ғойиб бўлди. Унда ҳам онасиникига ўхшаш қонли тиш борлигини кўриб қолгандим.
– Падарингга лаънат! – деди нозир тирналган чаккасини силаб. – Ҳақиқий дўзахга тушиб қолганга ўхшаймиз.
– Чиқишни ўйлаш керак, – дедим ҳорғин нафас олиб. – Бу ёғига ҳеч нарсага тегишга уринманг.

Милтиқдан жудо бўлганим алам қиларди. Йўқ, алам эмас, ўлим деган даҳшат таъсирини бир поғонага оширганди бу жудолик. Ҳали ҳам белимда ошпичоқ борлиги озгина таскин. Аммо умр бино бўлиб кўрганимиз – қонсўрар ёвузларга замбарак билан бас келиш ҳам кулгили туюларди.

Сой бўйига етганимизда атроф хийла равшанроқ кўринди.
– Ана! – деди нозир чироқ ёниқ турган томонни кўрсатиб. – Бадалнинг қўраси.
– Қишлоққа қараб юриш керак, – деди ўзимга ҳам қўра томон ягона паноҳ бўлиб кўринаётганига қарамай.

Нозир яна билганидан қолмади. Мен ҳам ноилож эргашдим унга. Бадалнинг юзлаб молга мўлжалланган қўрасида тош сукунат ҳукмрон эди. Бу ерда ҳам нимадир юз берганига ақлимиз етди, албатта. Шундай бўлса-да, нозир чироқ ёқилган уй томон йўлида давом этарди. Айвондан чала ёруғ тушиб турган ҳовлида яна бир бор ҳайратланишимизга тўғри келди: чўпоннинг иккита баҳайбат ити узала тушганча қонга беланиб ётарди. Ана шундагина нозирнинг қадами оғирлашди. Ўзини овутиб ўрганган шекилли, зиналардан кўтарилаётганимизда қўли бир-икки ўқсиз қуроли томон бориб келди. Мени ҳам ваҳм босиб, ошпичоқ дастасини маҳкам ушлаб олгандим. Xонага оҳиста ҳатлашимиз билан ҳаммаси бир зумда тугади. Чунки Бадал чўпон эшикка орқа ўгирган кўйи тўрда бамайлихотир таёқ йўниб ўтирарди.
– Бадал! – деди нозир.
– Ие, – чўпон ўгирилди-ю, қўлини пўстинига артгач, кўришиш учун чўзди. – Бемаҳалда…

Шунда унинг билаги боғланганини, оқ латта остидан қон сизиб чиқаётганини кўрдим.
– Биласанми…
– Биламан! – деди нозирнинг гапини бўлиб. – Бу ерга ҳам келиб-кетди.
– Ким келиб-кетди? – дедим ажабланиб.
– Ким бўларди, Норбой-да! Иккита итимни ҳам ўлдирибди. Молларни ҳайдаб юборган. Тутқаноғи тутиб, мени ҳам тишлай бошлади. Икки таёқ ургандим, додлаганича қочиб қолди. Лекин яна келса керак. Қоронғида мол ортидан боришга юрак дов бермаяпти. Касали жа ғалатига ўхшайди.

Нозир икковимиз тахта бўлиб қолгандик. Чўпон эса ҳали Норбойнинг инсонлар сафидан чиққанини билмас экан.
– Бу ер ўз номи билан Шайтондара, – дедим юмшоқроқ тушунтириш мақсадида. – Сиз айтаётган ғалати одамлар бир эмас, бир нечта. Биз ҳам уларга ўхшаб қолмасимиздан қишлоққа қараб жуфтакни ростлаш керак.
– Мен эрталаб молни излайман, – деди чўпон.

Бироқ гапи тугар-тугамас бир ўқчиди-ю, оғзидан қорамтир қон сачради. Нозир ва мен ўзимизни четга олдик. Бадал чўпон хумори тутган нашаванддек бир-икки дақиқа ерда тинмай думалади. Кейин ўрнидан туриб, бошини чагаллаганча оғзини катта очиб, бор овози билан қичқирди. Шунда унинг ҳам тишлари қаторида иккита қонли тиш пайдо бўлганини кўриб, оёғим учигача музлаб кетдим. Нозир ҳушёрлик қилиб ҳозиргина чўпон йўниб ўтирган калтакни олди ва ўзига ташланаётган қонхўрнинг бошига туширди. Гандираклаб эгилган чўпоннинг гарданига қандай пичоқ урганимни билмай қолдим. Бу сафар атроф бўйлаб лахта-лахта қуюқ қон отилди. Бўйни тўрвадек осилиб қолган чўпон қичқиришда давом этиб, ўқдай отилганича эшикдан чиқиб, кўздан ғойиб бўлди. Юз берган даҳшат таъсиридан қимир этолмай, тилимиз ҳам сўзга айланмай қолганди. Чуқур нафас оларканман, рўпарамдаги деворга суяниб турган нозирнинг тирналган чаккасида қонли ёриқ пайдо бўлганига кўзим тушди. Ҳаммасидан ҳам совуқроқ ҳис қамраб олди вужудимни.
– Юзингиз…
– Биламан, – деди синиқ товушда. – Энди қишлоққа бир ўзингиз қайтасиз. Xотинимни ишонтириш учун тузукроқ баҳона топинг. Йўқ, яхшиси ҳеч нарса деманг. Умуман, бировга оғиз очманг. Иккимизнинг бу ерга келганимизни ҳеч ким билмайди. Агар қишлоққа омон қайцангиз, аввалгидай жим яшайверинг.

Илк маротаба қаршимдаги одамнинг қадрдонлигини ҳис қилдим. Шу боисданми, оёқларим ўзимга бўйсунмай, жойимда туравердим.
– Энди боринг! – деди нозир мен томон қарамай. – Таёқни ҳам олинг.

Рости гап, ҳатто бунақа туш кўришни истамас эдим. Аммо менинг наздимда ҳаёт кўз очиб-юмгунча шу қадар нотўғри бурчак остида ўзгарган эдики, бир лаҳзада бир нечта ажалнинг ўзи сени йўқлаб келади. Минг раҳмдил бўл, вазиятга қараб зумда ўзгараркансан. Дийданг қотиши учун йиллар эмас, сониялар кифоя экан. Ҳаёт олдида қанча ожиз бўлсанг, айни шу ҳаёт учун шунча фаол курашасан. Масалан, мен бир пайтлар севган қизи ташлаб кетганда ўзига қарата ўқ узмоқчи бўлган одам эмасман ҳозир. Истагим ҳам, имкониятим ҳам ҳаёт билан ҳисоблашмоқда. Борди-ю бирор дарахт остида тўхтаб, чўзилганимча минг ҳаракат қилмайин, заррача ҳам уйқум келмайди, чунки вазиятга мутлақо зид иш бу. Қолаверса, фақат мен эмас, алифни калтак деб юрган одам бўлса ҳам шу оддий ҳақиқат измига бўйсуниши тайин.

Қулоғим илган шарпадан чўчиб тўхтадим. Қишлоққача оз қолди – яна битта сойдан ўтиб олсам бас. Каллам сира ишлашни истамай, ошпичоқни маҳкам тутганимча бор кучимни оёғимга жамлаб югурдим. Гоҳ қоқилиб, гоҳ йиқилиб, токи қишлоқ итларининг нажотбахш овози эшитилмагунча чопавердим. Ташқи чироғи ёниқ озиқ-овқат дўкони ёнига етганимда тамомила ҳолдан тойгандим. Тол остидаги яйдоқ супага чўзилдим-у, уйгача боришга кўзим етмай, қисқа-қисқа нафас ола бошладим. Йўқ, бу ҳақда ёзиш тугул бировга оғиз очмайман. Чунки жиннилигим овоза бўлса, ишдан ҳайдалишим аниқ.

…Кўзимни очсам, зах ерда ётибман. Бошимни кўтарганча теваракка кўз югуртирарканман, ҳибсхонадалигимни англадим. Ошпичоқ билан бирга белимдаги камарим, ботинкамнинг боғичи ҳам йўқ. Каллам ари инидек, юз берган воқеаларни хотирамда тиклашга қанча уринмай, бари айқаш-уйқаш бўлиб кетаверди.

Ҳаммаси бир соатча кейин тергов маҳали ойдинлашди. Кеча тунда ён қўшнимиз Норалининг бўлакларга бўлинган жасади топилибди. Дастлабки экспертиза хулосасига кўра, қўлимдаги ошпичоқда қолган қон гуруҳи марҳумники билан бир хил эмиш. Мен пичоқни қаерда ва қай йўсин қонга ботирганимни айтишим мумкин эди, бироқ қамоқдан олдин жиннихонага тушишни истамайман!

Andoza:Chala asar