OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЖўрабек Рамазонов
Асар номиТелба дунё (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Жўрабек Рамазонов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм18KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Телба дунё (ҳикоя)
Жўрабек Рамазонов

Оқиш осмон остидаги оқшом секин қорайиб борарди. Шафақнинг қизил ранглари ҳам қуюқлашар, умуман, оқ, қизил ва қора ранг қориша бошлаган эди осмонда.

Сумбула тинмай гапирар, мен эса кетиш лозимлигини айтишга ботинолмасдим. Ҳа, унга қизиғи йўқ – кечанинг ҳам, куннинг ҳам. Қолаверса, табиатнинг тонгдан бошқа мезоний вақтини ҳис қилолмайди у.

Йўқ, янглишган эканман. Сумбула бирдан гапдан тўхтаб, диққат билан ўзича қулоқ тутди-да, сўради:
– Нима, кеч бўлдими?
– Қаердан билдинг? – ажабландим.
– Кўзим кўрмаса ҳам қулоғим эшитади.

Дарвоқе, теваракда бақаларнинг одатий кечки овози бошланган, чинакам сукунатнинг якка-ю ягона кушандаси бўлаётган бу овоз эса Сумбулага бегона эмас. Xаёлимга келмабди шу.
– Кечир, – дедим ўрнимдан туриб. – Юр, кетдик!

У оҳиста қўзғалиб, қўлини узатди. Кафтидан енгилгина тутарканман, таниш туйғу қамраб олди вужудимни. Йўқ, таниш эмас, аслида бу ҳис нималигини билмайман. Фақат… мени кўра олмайдиган қизни ҳар кун кўргим келишини биламан, холос. Яна шуни биламанки, иккимизни бу атрофда кўпчилик кўролмайди. Оғзи очиқ хотинлардан бири онамга нима дебди денг: мен ўзи бир Xудо қарғаган қизни баттар бахтиқаро қилаётган эмишман. Ҳа, Сумбула кўп нарсани билмайди. Ҳатто ўлим деган тушунча ҳақида тасаввурга эга эмас у. Аммо уззукун бир бурчакда ўтиришга маҳкум одам билан сайр қилиш, унга ўзи кўролмайдиган дунёнинг фақат яхши томонларини гапириш гуноҳми? Xўш, бу телба дунёнинг бевафолиги, масалан, Нигинани отаси ўзи тенги эркакка зўрлаб унаштиргани ёки бир оёғи гўрга бориб қолган Шоди бобонинг мактабдан қайтаётган болаларни итига қувдириб завқланишини айцам, кўнглингиз жойига тушадими? Кечириб қўйибсиз! Бунақа инсонийлик доирасидан ташқаридаги воқеалардан Сумбуланинг ўзи хабар топсин – қачон насиб қилса, ўша пайт. Мен ҳар куни унга атрофнинг гўзаллигини, гуллар ранг-баранг, дала кўм-кўк тусга кириб, янада жозибалироқ кўринаётганини такрорлаб чарчамайман. Аслида бу атрофда бирорта ҳам гул йўқлигини, ўт-ўланлар аллақачон хасга айлангани-ю, молбоқар болалар ўйини оқибатида далага ўт кетиб, теварак қоп-қора тусга кирганини ким айтмоқчи бўлса айтаверсин. Сумбула барибир менга ишонади.

У аслида кўзи очиқ келган дунёга. Ҳали яхши-ёмонни англаш, оқ-қорани фарқлаш ёшига етмай, нотўғри муолажа оқибатида ожизага айланди-қўйди. Аввалига эрта-индин деб юрган дўхтирлар кейинчалик бутунлай бош чайқайдиган бўлишди. Кўрсатмаган жойи қолмади Салтанат опанинг. Ниҳоят пойтахтдаги шифокорлардан бири бунинг чораси борлигини, фақат бемор балоғат ёшига етиши лозимлигини айтди-ю, эртанги кунга умид билан қарашдан бошқа илож қолмади она учун. Ўзи тақдир Салтанат опани сийламаган. Тўнғич фарзанди ўғил, у ҳам касалманд. Учинчиси ўлик туғилди-ю, бир йил ўтмай эри қазо қилди. Йиллар давомида қайта турмуш қурмаётган бу аёлнинг кўнглидаги фақат Xудога аён. Бир йил бўлгани йўқ, кимсан Менглибой икки марта совчи қўйиб, рад жавобини олди.
– Куни бир тутам бева менга йўқ дедими? – дарғазаб бўлди бойвачча. – Қишлоқнинг энг олд қизига уйланмасам, эркак эмасман!

Менглибой айтганини қилди. Мана, Нигинани отаси уриб-сўкиб, унаштириб қўйди ўша одамга.

Сумбулани уйига кузатиб, қайтиб келганимда тун батамом пардасини ёйган эди борлиққа.
– Ўша ерда тунамадингми? – дедилар онам сал зарда билан. – Пешин эди кетганинг. Молларни ҳайдаб келаман деб уканг эшакдан йиқилибди.
– Вайсама! – отам аралашдилар. – Йиқилиб-йиқилиб катта бўлади. Сенга эса, ўғилтой, маслаҳатли гап бор.

Хийла ҳаяжонландим, чунки отам менга ҳеч бу оҳангда мурожаат қилмаганлар.
– Овқатини есин, кейин айтасиз, – дедилар онам.

Отам бош чайқаб, ёстиққа ёнбошладилар. Бироқ овқатланиб бўлгунимча пинакка кетиб улгургандилар. Савол назари билан қарадим онамга.
– Кириб ухла, эрталаб гаплашамиз.

Туни билан беором бўлдим. Ота-онамнинг юз ифодаларидан шунчаки айтиб қўйилиши мумкин бўлмаган гап нима экан? Албатта, уларнинг ҳар қандай амрига бўйсунишим шарт, фақат бу ҳол мени Сумбуладан жудо қилиб қўймаса бас.

Эрталаб нонуштадан кейин укам молларни ҳайдаб кетгач, отам гап бошладилар:
– Энди… анча катта бўлиб қолдинг, ўғлим. Ўқи дедим, кўнмадинг. Лекин сендан кўнглим тўқ, қўлингдан ҳамма иш келади. Фақат…

Отам чайналиб тўхташлари билан онам илиб кетдилар:
– Қисқаси, сени уйлантирмоқчимиз. Бир ўзим қийналиб қолдим уй юмушлари билан. Кеча Салтанат холанг билан гапни бир қилдик.

Бирдан кўксим ҳапқириб кетди. Наҳотки, ота-онам мени Сумбулага уйлантирмоқчи?! Одамларнинг бир оғиз сўзидан тепа сочи тикка бўладиган онам-а? Чиндан-да мўъжиза бу! Улар менга кўзи ожиз қизни икки дунёда ҳам раво кўришмайди деб хато ўйлаб юрган эканман. Мана ўзим чўчиб юрган ҳақиқат!
– Ўзинг биласан, – давом этдилар онам, – Сарви жуда яхши қиз. Бизга ундан муносиброқ келин йўқ.

Ана шундагина нафасим тўхтагудек бўлиб, бўйним муздай терга ботганини ҳис қилдим. Мен гўлнинг хаёлимни фақат Сумбула банд этиб, ўз холамнинг ҳам исми Салтанат эканлиги эсимга келмабди. Аслида мана буниси мен қўрққан ҳақиқат.

Бир муддат ҳайкал кўйи қотиб турдим-да, сўнг шундоққина бўғзимда турган йиғини зўрға ичимга ютиб, ташқарига отилдим. Кўчада иккита челак кўтарган қиз кетиб борар, сал наридан бир тўп бола мол ҳайдаб келарди. Мен эса шундай югурдимки, ҳатто Шоди чолнинг қопағон ити ҳам ортимдан чопиб, зум ўтмай изига чекинди. Сумбула тонг саҳардан ҳовлилари ўртасидаги супага чиқиб ўтиради. Ўзининг айтишича, қуёш чиқаётган пайт кўз олди бошқача бўлиб кетаркан.

Унинг олдига етганимда шундай ҳансирар эдимки, нафасим билан бирга юрак уришим ҳам эшитиларди.
– Ким у? – деди хийла ҳаяжонли товушда.

Индамадим. Ўпкам тўлиб, беихтиёр аста пойига чўкдим-у, телба дунёнинг жами кулфатларини бир лаҳзагина бўлса-да унутиш муродида тиззасига бош қўйдим. Сумбула аввал бир сесканди, кейин бошимни ушлаб, юз-кўзимни пайпаслади-да, енгил нафас олди.
– Нима гап, одамни қўрқитдинг-ку?

Бирдан ҳўнграб йиғлаб юбордим. Илк маротаба ер юзида мана шундай ночорлик ҳам борлигини Сумбулага ўз мисолимда ошкор этдим.
– Йиғлаяпсанми? Нима бўлди, гапирсанг-чи! – деди ўзи ҳам йиғлагудек бўлиб.
– Сени яхши кўраман, – дедим секин, бўғиқ товушда.
– Тентак! – оғир ютинди у. – Шунга шунчами? Ўтакамни ёрдинг-ку. Мен ҳам сени яхши кўраман.

Сумбула ўзича кўз ёшларимни бармоқлари билан артмоқчи бўлар, мен эса ҳозир илк бора ўзимга оғирлик қилаётган бошимни унинг тиззасига қўйган кўйи ухлаб қолишни, кейин сира уйғонмасликни истардим.
– Бўлди, – деди охири кафти билан энгагимдан кўтариб. – Мен ҳам сени яхши кўраман, дедим-ку, бас қил-да энди. Кейин, мени иккинчи бундай қўрқитма. Шу гапни ҳам йиғлаб айтадими одам!

Бурнимни тортганча бошимни кўтардим-у, бетон йўлакда ўзи ҳам, нигоҳи ҳам тош каби қотган Салтанат опага кўзим тушди…

Отам ҳам, онам ҳам уйланишим мавзусида бошқа гап очмадилар. Менинг эса уйда ўтиргим келмас, ё Сумбула билан бирга, ёки суви қурий деб қолган сой бўйида ёлғиз ўтирардим.

Ниҳоят онаси Сумбулани Тошкентга олиб бориш тараддудига тушди. Қишлоқ аҳли борини аямади. Салтанат опа эса Менглибойдан бошқа деярли ҳаммадан пул олди.

Сумбуласиз ўтган кузак кунлари асрлардай чўзилди. Нима бўлганда ҳам Xудодан унинг шифо топишини сўрадим. Майли, ота-онам олдимга оғир шарт қўйсин, Сарвига уйлантиришса ҳам майли мени, фақат Сумбуланинг кўзлари кўрса бўлгани.

Ёмғирли кунларнинг бирида қоқ туш маҳали Сумбуланинг қайтиб келгани-ю, ҳамма қатори ҳамма нарсани кўраётгани овоза бўлди қишлоққа. Теримга сиғмасдан, тинмай сакрагим, дуч келган одамни қучоқлаб олгим келди. Истайсизми-йўқми, бу бахтнинг бир қисми меники! Оёғимни қўлимга олиб йўлга отландим-у… таққа тўхтадим. Бирдан миямга урилган фикр оёқларим учигача музлатиб юборди. Илк маротаба оғир дарддан фориғ бўлган қиз қаршисида ўзимнинг дардмандлигимни тан олиш даҳшати билан юзма-юз келдим. Ҳа, ўнг чаккамдаги пиёла остидек чўтир чандиқ ўйлантирганди ҳозир. Сумбула мени қандай тасаввур қиларди-я! Xаёлида шаҳзода бўлиб яшаган бола мана бундай кўримсизлигини кўриб, қай аҳволга тушаркан у? «Ундан кўра бутун умр кўр бўлиб яшасам яхши эди», деб таъна қилса, қандай жавоб қайтараман? Йўқ, у ўша Сумбула бўлса бундай демайди. Фақат йиғлаши мумкин. Ана шунда у сўқир кўзи билан ҳам мени овутгани каби юпатолмайманми деб қўрқаман…

Ҳорғин ҳолда қайтиб уйга кирдим. Онам қандайдир тугунни кўтариб, йўлга отланаётган эканлар.
– Сен бормайсанми? – дедилар.

Жавоб қилмадим.

Кечгача ич-етимни тирналаб, ўн ёшга қаригандай бўлдим. Қоронғу маҳали кириб келдилар онам. Орзиқиш билан оғизларига термулдим.
– Сумбула сендан роса хафа бўлди, – дедилар. – От миниб тушган расмингни кўрсатгандим, олиб қолди. Эрталаб бормасанг, ўзи келади. Ҳалиги… кўзи баъзан озгина хиралашаётган эмиш. Дўхтирлар бу вақтинча дебди.

Демак, у суратда юзимдаги чандиқни илғамаган. Умуман, бу нуқсонимни биров юзимга солган эмас. Лекин нега тўсатдан шу ҳақда ўйлаб қолдим – билмайман. Нима бўлса бўлсин, эрталаб уни кўргани бораман.

Тунни қуш уйқуси билан ўтказдим. Ўзимни бошдан оёқ такрор-такрор кўздан кечиргач, йўлга тушдим. Тепалик ортига бурилганимда дод-фарёд садолари қулоғимга чалинди. Яна бир неча қадам қўйгач, Салтанат опанинг «вой болам!» деган товушини ажратиб олдим-у, этим сесканиб кетди. «Ўғли ўлибди-да, бечора», деган ўй кечди кўнглимдан. Шўрпешона она! Бир фарзандининг бахтини энди кўраман деганда иккинчисидан айрилиб ўтирибди. Энг даҳшати, Сумбула ҳаётнинг шафқациз зарбасини биринчи бор ўз кўзи билан кўради. Унга қийин бўлади энди. Телба дунё мен таърифлаганчалик пок ва гўзал эмаслигини, бу дунёда фақат яхши одамлар яшамаслигини кўради, идрок этади. Балки мени ёлғончиликда айблаб, норози ҳам бўлар. Ҳар нима бўлганда ҳам бундай оғир дамда унга дада бўлишим, ёлғизлатиб қўймаслигим керак.

Шу пайт қаршимдан оғиргина югуриб келаётган қўшни аёлни кўриб, чала журъат билан сўрадим:
– Нима гап, хола?

У юришдан тўхтамай жавоб қилди:

– Сумбула томдан йиқилиб…