OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЖўржий Зайдон
Асар номиФарғона келини (III- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Араб адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Жўржий Зайдон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонШоикром Шоисломов (Арабчадан)
Ҳажм266KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/25
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Фарғона келини (III- қисм)
Жўржий Зайдон

Баззнинг Таслим Бўлиши

Сомон чиқиб кетгач, Афшин ёлғиз қолиб, ундан эшитган гаплар хусусида фикр юргизди. Сомоннинг гаплари унинг ўйлаб юрганларига мос келарди. Сомон бу ишларни Афшинни севганидан, ундан қўрққанидан ёки васиятномани ўзгартирармикин, деган шум ният билан қилганининг Афшин учун фарқи йўқ эди. Афшин Жаҳон ҳақида эшитганларини яна хаёлдан ўтказди. Унинг гўзаллиги ва меҳригиёсини эслаб, дарагини топгани учун севинди. «Қўлимга тушгандан кейин, ҳеч қаерга қочиб кетолмайди, — деди у ўзига-ўзи. У яна йўлида бирдан-бир ғов бўлиб турган Зиғромни эслади. Уни ҳалок этиш борасида Сомон берган маслаҳатни маъқул топди.

Соҳиб — Зирғом ҳамроҳлари билан етиб келди, деган хабарни олгунга қадар Афшин шундай орзулар билан бир неча кунни ўтказди. Эртаси эрталаб Зирғом унинг олдига келди. Уни Афшин яхши кутиб олиб давлатга ёрдам беришга хайрихоҳлик қилгани учун ташаккур айтди. Соҳиб ҳам ташаккур билдирди. Жаҳондан умидини узган Зирғомнинг чеҳрасида анча ўзгариш рўй берганини пайқаса ҳам, Афшин эътибор бермай, унинг баҳодирлиги ва олижаноблигини мақтай кетди. «Давлат хизматини ўтаганим ва динга ёрдам кўрсатганим учун мақтанарли бир иш қилдим деб айтишдан ожизман», — деди Зирғом сўз бошлаб.
— Гапинг тўғри, сен бизга жуда зарур бир фурсатда етиб келдинг. Муҳим ишларда сендан бўлак суянадиган саркардамиз йўқ. Мен сени синовдан ўтказганман, шижоат ва матонатингни яхши биламан.
— Мен бу урушнинг чўзилиб кетгани ва хуррамийлар ерини қўлга олиш бу қадар оғирлашганидан ажаблангандим. Бу истеҳкомларни ва бу ерга келиш йўлларининг қийинлигини кўрганимдан кейин сизнинг баҳодирлигингизга тасанно айтдим. Сизнинг илгарилаб кетишингиз ёки тезроқ ғалаба қозонишингизга мен катта ҳисса қўшаман, деб мақтана олмайман. Лекин бу муҳорабадан четда туришни ўзимга эп кўрмадим. Бошқалар қатори келиб, аралашишни лозим топдим. Қандай хизмат буюрсангиз тайёрман, — деди Зирғом.

Зирғомнинг бу гапларидан унинг Жаҳондан умиди узилганига Афшин қатъий ишонди. Зирғомга ҳалокат чоҳини тайёрлаш учун Афшин гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлди:
— Боракалло, ҳимматингга балли. Сен сафардан келдинг, аввал дам олишинг керак... Xўш, Сомурродан гапир! У ердагиларнинг аҳволи қалай, халифа ўзлари қалайлар?
— Бу Бобак бадбахтнинг ишидан ҳамма ташвишда. Аммо сизнинг иродангизга ва олиб бораётган оқилона сиёсатингизга улар тасанно айтишмоқда... Xалифа бу урушни тезроқ тугатишга ҳаракат қилаётганини сезиб, шаҳид бўлиш орзусида ўзимни шу жангга ташлаш учун келдим, — деди Зирғом. Унинг кўзлари чарақлаб очилиб кетди. Зирғомнинг бу кўринишидан Афшин ўзича хўп хулоса чиқариб олди ва унга қараб:
— Бу гапларни эртага ҳал қиламиз. Аммо ҳозир лашкаргоҳларимиз, саркардаларнинг ўрнашган ерлари, хандақ, қўрғон ва аскарларнинг пистирмаларини сенга кўрсатайлик,— деди-да, ўрнидан туриб отларни тайёрлашга буюрди.

Зирғом ўрнидан қўзғаларкан:
— Бу истеҳкомларнинг баъзиларини кўриб, ҳарбий интизом ўрнатишда мўъжизакор ишлар қилганингизни пайқадим, — деди.

Куннинг қолган қисмини улар иккаласи бутун истеҳком ва қўрғонларни айланиш билан ўтказишди. Зирғом кўп сонли аскарларни ва ўрнатилган пухта интизомни кўздан кечириб чиқди. Афшин ўзидан-ўзи бу нарсаларни кўрсатганидан Зирғом шодланиб:
— Шунча аксар бор экан, энди бу шаҳарни қўлга олишга дарҳол киришилса ҳам бўларкан, — деди. Афшин:
— Бу сусткашликнинг сабабини сенга эртага айтиб бераман, — деди-да, иккаласи ажралишди.

Шундан кейин Зирғом ўз чодирига борди. Уни Вардон кутиб ўтирарди. Вардон билан Зирғом иккаласи ҳақиқий оғайни, ораларидан қил ўтмайдиган дўст бўлиб қолишганди. Икки дўст суҳбатга тушишди. Зирғом Афшин билан бўлган ҳамма гапларни ўртоғига айтди ва: «Афшин урушни тезлатишга ваъда қилди. Мен ундан урушнинг энг оғир ерига юборишни ўтиниб илтимос қилдим. Ҳозирдан сенга айтиб қўяй, агар мен қайтиб келмасам, муштипар онамнинг ҳолидан хабардор бўлиб юр!» — деди бўғилган овози билан. Буни яшириш учун йўталиб қўйди-да, гапини давом эттирди:
— Менинг ишқ-муҳаббатим туфайли у киши чеккан азиятлардан ўзинг хабардорсан. Ёқутанинг ҳам эҳтиётини қил. Ажаб эмас, худо карам қилиб жазмани билан учраштирса. Билишимча, сен уни танийсан. Жаҳон масаласига келсак, мабодо у ҳаёт бўлиб, менинг вафотимдан кейин унга учрашсанг, ишқида тортган дард-аламларим ҳақида унга айтишни сенга омонат топшираман.

Вардон унинг сўзини бўлди:
— Менга васиятингизни қўйинг! Сиздан кейин мен сира тирик қолмайман. Сиз қаерда бўлсангиз, ўша ерда бўламан деб ёнингизда биргалашиб юрибман.
— Дўзах азоби бу ҳаётдан қутулиш учун мен ўзимни ҳалокат чангалига ташламоқчиман, сенга нима бўлди?

Вардон хўрсиниб бошини эгди. Кўзларидан ёши оқиб, юзига тушди. Xижолат тортгандек бошини юқори кўтарди-да:
— Менда ҳам ўзимга яраша дард-алам бор. Ундан хабардор бўлганингизда, ҳалокат йўли томонга ўзингиздан олдин менинг боришимни талаб қилган бўлардингиз. Майли, саломат бўлсак, ҳаммасини кейин айтиб бераман. Ҳар ҳолда менинг ишимнинг оқибати ҳам сизникига боғлиқ.

Вардоннинг юраги шунчалик кенглигидан Зирғом таажжубланди. Унинг кўнглида нимадир борлигини Зирғом илгаридан сезиб юрган бўлса ҳам, ўзи гап очмагани учун сўрашга ийманган эди:
— Майли, дўстим, Вардон, сен нима истасанг, шу бўлади. Эртага Афшиннинг бизга тайёрлаб қўйган вазифасини кўрамиз.

Афшин шу кечани Сомон билан Зирғомнинг кунини кўрсатиш устида режа тузиб ўтказди. Эртасига эрталаб Зирғом Вардон билан биргаликда Афшин ҳузурига боришди. Афшин ёлғиз ўзи ўтирарди. Зирғом Афшиндан қандай қарорга келганини сўраганди, у:
— Душманни яна бир муддат қамал қилиб туришни маслаҳат кўряпман, — деди.

Бу ўзгаришдан Зирғом чўчиди, ҳужумни кейинга суриш унга маъқул тушмади:
— Не важдан бунда қарорга келдингиз?
— Бугун ҳужум қилмоғимизни мен ёмон натижа берадиган шошма шошарлик деб ўйлаяпман. Кечаси бу ишни ҳар томонлама ўйлаб, мулоҳаза этиб кўрдим. Бизнинг ғалаба қилишимизга кафил бўла оладиган ҳозирликни топмадим.
— Бугун ҳужум қилишга нимадан қўрқаяпмиз? Шуни менга маълум қилсангиз? — қайтиб сўради Зирғом. Афшин ўрнидан туриб, чодир эшиги ёнига бориб тўхтади-да, Баззга ва унинг қўрғонларига синчиклаб тикилди.
— Бу шаҳарни кўряпсанми? У осмондаги шунқордан ҳам бадастурроқ. Xусусан, ана шу қаср жойлашган ғарбий томон, у Бобакнинг қасри. Биз шаҳарни олиш учун унинг ёнидаги тупроққўрғонга етиб боришимиз керак. Шаҳарнинг ғарбий томонига қараб турган анави баланд тепани кўряпсанми? Қасрга ўша тепанинг орқасидан бўлак йўл йўқ. У йўл эса ғоят хатарли. Ундан кўп аскар юролмайди, кам аскар эса хуррамийларнинг ўқи ва манжаниқидан қўрқиб, жасорат қила олмайди. Бобак яшириниб турган кишиларига қаттиқ суянади. Ўша тепанинг орқасида ёки унинг водийсида яшириб қўйилган аскарлари бўлиши керак. Ана шундан хафсираяпман.
— Ўша тепага фарғоналик аскарларим билан мен борсам? — деди Зирғом дадил.
— Агар шундай қиладиган бўлсанг, мен қўрғонлар атрофига ҳар томондан аскар тўплайман. Xудо хоҳласа, шу билан ғалабага эришамиз.
— Ҳужумни қачон бошлаймиз?
— Сен маъқул кўрган пайтда.
— Шу кечаси, — деди Зирғом қатъий, — мен кечаси уларга бостириб кираман, тонготаргача эсон-омон Баззга кириб олсам бўлгани. Сизлар шаҳарнинг бошқа томонидан ҳужум қиласизлар. Шу билан ғалабани қўлга киритамиз.
— Менимча, кечаси ҳужум қилиш учун ҳаммамиз пухта тайёрланишимиз керак: сен аскарларинг билан тепанинг орқа томонидан бориб, шаҳарнинг рўбарўсида турасан. Вақт ярим кечадан оғгач, у ерда уч жойда олов ёқилади. Ундан аскарларимиз ҳар томондан шаҳарга ҳужум қилганини биласан-да, сен ҳам ўз тарфингдан ҳужум бошлайсан. Ўғлим, сен жойлашадиган томон бошқа ҳамма томонларга қараганда хавотирлироқ, буни эсингдан чиқарма!

Зирғом:
— Xавф-хатарнинг мен учун аҳамияти йўқ. Ҳозир мен кишиларимни тайёрлаш учун борай, эртага ҳаммамиз Бобак қасрида учрашамиз, — деди-да, ташланмоқчи бўлган шердек тишининг оқини кўрсатиб кулди. Ғазаб ва умидсизлик уни янада ҳайбатлироқ қилган эди. Икки мўйлаби диккайиб, қошлари чимирилди, кўзлари чақнади. Афшин унга қарашга ва кўзига тикилишга ҳайрон бўлиб: «Агар сенга ўхшаш ўн азамат бўлганда, аллақачон Баззни олган бўлардик», — деди. Афшин бу гапи билан, Зирғомни яна ҳам тезламоқчи эди. Бобакнинг кучли мудофаа қуроллари ва пистирмада ётган кишилари туфайли унинг тепадан ошиб, қўрғонга боролмаслигига Афшин қаттиқ ишонганди. Қизиғи шундаки, Зирғом ўз одамлари ёнига бориб, ҳужумга тайёрланмоқчи-ю, лекин ўзи йўлни билмайди, уни сўрагани ҳам йўқ. Йўлни билмагани учун Зирғом муқарар мағлубиятга учрайди, деб ўйлаб Афшин хурсанд бўлди.

Афшинга қараб: «Эртага ўша ерда учрашамиз», — деб қўли билан Бобакнинг қасрини кўрсатгач Зирғом чиқиб кетди. Афшин эса уни илжайганча кузатди. Чодирдан узоқлашган Зирғомга Вардон йўлиқди. Ҳар иккиси бирга кета бошлашди. Вардон Афшин билан қадай қарорга келиганини сўради.
— Шу кечаси Баззга ҳужум бошлайдиган бўлдик, — деди Зирғом унга қараб.
— Қаердан?
— Баззга мен фарғоналиклар билан ана шу тепа орқасидан бориб, ғарб томондаги дарвозадан бостириб киришим керак. Бобакнинг қасри худди шунинг ён биқинида. Шундай қилиб, тупроқ қўрғондан биринчи бўлиб биз кирамиз ёки ўша қўрғон тагида ҳалок бўламиз.

Вардон ўрнидан туриб, унга қаради-да: «Тепа томонга борадиган йўлни биласизми?» деб сўради.
— Йўқ... билмайман... лекин...

Вардон ажабланди:
— Лекинингиз нимаси? У узоқ йўл, унга борадиган киши тепа орқасидан юриб, тупроқ қўрғоннинг рўпарасидаги қирғоққа етиш учун бир неча соатлик масофани босиб ўтиши керак, — деди ва бу билан Зирғомни огоҳлантирмоқчи бўлди.
— Ўзинг у йўлни биласанми?
— Ҳа, билганда қандай, уни беш қўлимдай биламан, — деди Вардон хурсанд бўлиб.

Зирғомнинг ҳам кўнгли жойига тушди:
— Ундай бўлса, сен бизга йўл бошловчи, балки қўмондонимиз бўласан. Юр, одамларимиз ёнига борайлик. Ҳозирдан тайёрланишсин. Кейин кечқурун улар билан сен билган йўлга тушиб, кечаси шаҳарнинг рўпарасига етиб борамиз.

Вардон «хўп», деди-да биргаликда кета бошлашди. Ораларида сукунат ҳукм сурарди. Базз йўлида учраши мумкин бўладиган хавф-хатарларни кўз ўнгига келтириб, ҳар иккаласи хаёлга чўмганди. Лекин қалбларидаги ғалабага ишонч туйғуси иккаласини ҳам хавф-хатарларга эътибор бермасликка ундарди. Улар фарғоналиклар ўрнашган лагерга етиб келишди. Фарғоналиклар кўп эмас, бир неча юз киши холос. Лекин ҳаммаси бақувват, сараланган, Зирғом учун ўзини фидо қилувчи, ҳатто ўтга ташла деса, ташлайдиган кишилар эди.

Зирғом чиқиб кетгандан кейин Афшиннинг ёнига Сомон кирди. Зирғом билан бўлган можарони Афшин унга бирма-бир айтиб берди ва: Қолган ишларни сен ўзинг бажарасан»,— деди. Сомон қабул ишоратини қилиб, бош эгганча чиқиб кетди.

Бехосдан душманни босиш учун шу кечаси ҳужум қилишга Афшин аскарларни тайёрлади. У ўз қисмига Жаҳон ёки Гулнор яшайдиган аёллар қасрига кирадиган дарвоза томондан ҳужум қилишни тайинлади. Шаҳарга бостириб кириб, кишилар ўлжа олишга киришган чоқда, Афшин аёллар қасрини қўлга олиш ва Жаҳонни ишончли бир кишига топшириб, ундан кейин бошқа ишларга бошчилик қилиш режасини тузди.

Зирғом эса ўз кишиларини тайёрлаб, Вардоннинг йўл бошловида йўлга тушди. Тепа атрофини айланиб, ғарб томондан Базз кўриниб турган бир ерга боришиб, ҳамма ёқни қоронғи қоплагунча ўша ерда туришди. Одамларга шу ерда ҳужумга тайёр бўлиб кутиб туришни буюрди. Кейин Вардон пастак бир тепага бориб, Баззга назар ташлади. Кечачи нотаниш бир шаҳарга келган киши фақат чироқларни кўриб, бино ва қалъаларини яхши ажрата олмаганидек, улар ҳам у ер-бу ердан милт-милт ёниб турган чироқларни кўришди, холос. Вардон:
— Бу чироқлардан тупроққўрғонга яқинроғи, энг ёруғи Бобакнинг чироқлари, биз уни қўлга оламиз ёки ўша ерда ҳалок бўламиз. Шаҳарнинг ана у томонидаги олис чироқларни кўриб турибсиз. Аёлларнинг қасри ўша ерда. Бобак хотинларга ўчлиги ва дунё лаззатларига муккасидан кетганлигини билсангиз керак деб ўйлайман, — деди.

Зирғом унинг гапини бўлди:
— Тадбирли ва ақлли бир хотинининг шарофатидан унда анча ўзгариш юз берганини эшитдим. Офарин у аёлнинг буюк ақлу иродасига!
— Ҳақиқатан ҳам у ақлли аёл экан. Бўлмаса, Бобакка сўзини ўтказа олармиди. Унинг раъйисиз Бобак ҳеч бир иш қилмас экан.

Зирғом чуқур нафас олди:
— Ҳозир бизга бу гапларнинг нима кераги бор? Ҳужумни бошлайдиган йўлимиз ҳақида гаплашайлик? Ҳозир биз билан шаҳар орасида нима бор?
— Шаҳар билан орамизда бир водий бор, — деди Вардон.
— Уни қандай кесиб ўтамиз?
— Водий устидаги кўприкка ўхшатиб турган жойдан ўтамиз. Унинг нариги томонига бориб олсак, тупроққўрғонга яқинлашган бўламиз. Бир ҳужум билан тупроққўрғон устидан ошиб ўтамиз. У ерда қўриқчилар бўлмаса керак, албатта. Чунки бизни шу қалтис йўлдан келади ёки у ерга тушади деб, хуррамийлар сира хаёлига келтирмайди.
— Ундай бўлса юр, тушаверайлик.
— Xожам, сабр этинг. Одамлар ухлаб, кўнгил тинчийдиган вақт бўлсин. Ярим кеча бўлмай, Афшиннинг ёққан ўтини кўрмай туриб, у томон силжишимиз дуруст эмас, — деди Вардон.
— Xўп, майли, гапинг, маъқул — деди-да, Зирғом одамлар томон қараб, жим кутиб туришларини, ўт ёқмасликни ва олға юришга буйруқ берилмасдан туриб овоз чиқармасликни таъкидлади. Кейин уларни қолдириб, Вардонни чақирди.
— Юр, сен айтган томон бемалолми ёки бирор тўсиқ борми, яхшироқ текшириб кўрайлик, — деди.

Улар иккиси тошлоқ ерларда пайпаслаб-пайпаслаб, узоқ масофа босишди. Кечаси тим қоронғилигидан киши тумшуғи тагидаги нарсани ҳам кўролмасди. Ҳамма ёқ жимжит. Катта тошлар устида юрган илонларнинг вишиллаши ва ҳавода қанот қоққан қушлар овозидан бўлак ҳеч садо эшитилмасди. Зирғом билан Вардон овоз эшитилмасин деб қадамларини секин-секин ташлашга жон-жаҳдлари билан уринишарди. Улар водийга яқинлашганда тепасидан икки-уч киши бир йўла ўта оладиган кўприкка ўхшаш катта харсангларни кўришди. Шу пайт Зирғом:
— Одамлар ғафлат уйқусида ётган шу топда тўғри тупроққўрғонга бориб, устидан ошиб тушгим келяпти. Мен қўрғоннинг ичкарисига кириб олсам, мусулмонлар бардам бўлиб ҳужум бошлайдилар ва бу иш зафаримизга сабаб бўлади, — деди.

Вардон уни қайтарди:
— У ерда пистирмада ётган кишилар бўлиши мумкин. Сизга шикаст етказишларидан қўрқаман. Яхшиси, бирга қайтайлик ёки мен ўзим бориб кишиларимизни бошлаб келай-да, ҳаммамиз биргаликда ишга киришайлик.
— Бўлмаса, сен бор, уларни олиб келгунингча мен шу ерда тураман.

Вардон:
— Шу жойдан қимирлаш ёки бирор ҳаракат қилишдан эҳтиёт бўлинг! — деди-да, фарғоналиклар томон қайтиб кетди. Зирғом ёлғиз қолди.

Вардон кетгандан кейин у тупроққўрғонга қараб, унинг ўзидан икки юз қадам нарида эканини англади, унга секин юриб бориб, орқасида нима борлигини билиб қайтиб келмоқчи бўлди. Йўлни билмаса ҳам, қўрғонни мўлжалга олиб йўлга тушди. Ерга тегиб овози эшитилмасин деб қиличини баланд кўтариб, оёғини аста-секин босарди. У қўрғонга яқинлашди. Қўрғон баланд, тепа устида миноралар бор эди. У ерда дарвоза тепасидаги катта минорадан бўлак ҳеч ерда чироқ ҳам йўқ, овоз ҳам эшитилмайди. Шу ягона чироқ ёруғи ҳам жуда заиф эди.

Зирғом тупроққўрғонга яқинлашганда, ғивирлаган бир ҳаракат сезди-да, қиличининг дастасидан ушлаган ҳолда ўрнидан ирғиб турди. Шу пайт қилич яланғочлаган ўн чоғли киши кўз очиб-юмгунча тошлар орқасидан чиқиб уни қуршаб олишди. Ўзининг қўлга тушганини пайқаган Зирғом қиличини қиндан суғурди-да, қаттиқ бир наъра тортди. Ўлимни писанд қилмайдиган бу довюрак йигит ўнг ва чап томонга шер каби ташланарди. Улар эса арслондан қўрққан кийикдек, олдига тушиб қочишарди. Зирғом улар кетидан бепарвогина чопарди. У бирдан хандаққа ағдарилди, қўлидан қиличи тушиб кетди. Унинг икки оёғи билан елкаси атрофи арқон ташланди ва уни хандақдан тортиб ола бошлашди. Зирғом ҳайқириқ-сурон, дўпир-дўпир овозларини ва Вардоннинг «мен шу ердаман» деган товушини ҳам эшитди. Бу ердагилар Зирғомни пойлаб туриш учун бир кишини қолдириб, Вардоннинг товуши чиққан томонга югуришди. Ўз одамлари олисдан ёрдамга келганини тушунган Зирғом шерга ўхшаб бир наъра тортди-да: «Вардон, мана бу арқонларни уз!» деб қичқирди.

Кўз очиб-юмгунча фурсат ўтмасдан Вардон югуриб келиб, арқонларни кесди. У арқондан бўшаниб олгандан кейин, қиличини ушлаганча хуррамияларга ҳужум қилди, улардан ўлдирганини ўлдирди, қолганлари тумтарақай қочиб қолди. Салгина вақт ўтмай хуррамийлар кетиб ҳамма ёқ бўшаб қолди. Кейин Зирғом ўз одамларига: «Қўрғон томон ҳужумга!» деб бақирди. У гапини тугатмасданоқ худди тоғ йиқилаётгандек қўрқинчли бир овоз эшитилди. Вардоннинг: «Хожам, ўзингизни четга олинг, улар тоғнинг тепасидан туриб катта тошлар юкланган араваларни юмалатишяпти. Тошлари устимизга тушади, уни шижоат билан даф қилиб бўлмайди», — деган овозини эшитди.

Уруш ва найза санчишдан қўли толиққан Зирғом ўзини четга олди. Вардон уни огоҳлантирмаганда, тошли аравалардан биттаси устига тушиб, майда-майда қилиб юбориши ҳеч гап эмасди. Чунки озгина ўтмасдан, аравалар қаттиқ сел ёки жаладек юқоридан ёғилиб келди. Ғилдираклар юмалаб-юмалаб, қўрғонга келиб тақалаверди. Уларга осилиб, қўрғоннинг тепасига чиқиш мумкин бўлиб қолди. Уни кўрган Зирғом: «Қўрғонга ҳужумга», деб кишиларига буйруқ берди. Ўзи қиличини яланғочлаб, кишиларининг олдига тушиб югурди. Ўзи чиқиб улгурмасданоқ, қўрғоннинг тепаси қўлига ўқ-ёй ушлаган кишилари билан лиқ тўлди. Рақиб томон ҳужум қилаётганларни ўқ-ёй билан оца ҳам, улар парво қилмай олға интилишаверди. Зирғом уларнинг олдида бўлиб, бошидан қалпоғи тушган, узун уст кийими ва чалвори йиртилганди. Унинг дарвоза ёнидаги аравалардан бирига чиқиб, ундан қўрғонга ошиб тушмоқчи бўлаётганини Вардон кўриб, у ҳам ўшандай қилди. Шу пайт қўрғон дарвозаси очилиб, ундан хуррамийлардан бир гуруҳи чиқди-да, аравани ва аравадагиларни қуршаб олди, Зирғом билан Вардоннинг устига арқон ташлади. Улар бир айланиб, қилич билан арқонни кесишди-да, Зирғом уларга: «Пасткашлар! Қиличлар қаерда қолди, биз билан арқон уруши қилмоқчисизлар?» — деб бақирди.

Зирғомга ҳеч ким жавоб қилмади, у арава устида туриб қилич ўйнатарди. Шу пайт бирдан арава ёғочидан оёғи тойиб кетиб, қулади-да, боши бир тошга урилди. Уни кўрган Вардон ўзини унутиб, у билан овора бўлиб қолди. Бу ҳолдан фойдаланган душман аскарлари уларнинг устига ёпирилиб, қўл-оёғини боғлашди ва қўрғоннинг ичкари томонига олиб бориб, дарвоза тепасидаги минорага чиқариб, соқчилар бошлиғининг олдига ташлашди. Бошлиқ Зирғомни ҳушига келтириш учун устидан сув септирди. У ўзига келгач, қиличини қўлига ушлашга ва сакраб туришга ҳаракат қилди. Лекин қўл-оёғи боғланган ҳолда ётганди. Ёнига қараса, Вардон ҳам ўзидек боғлиқ ҳолда ётибди. Асирга тушганликлари Зирғомга алам қилди ва уларга қараб: «Урушда арқондан паноҳ топиш сизлар учун уят, мард бўлсанглар, қилични ишга солинглар, ўлдиринглар, лекин асир қилманглар!» — деди-да бундай қараб хуррамийлар кийимида — чалвор ва қалпоқда ўтирган соқчилар бошлиғига кўзи тушди. Унинг ёнида шу жангдан омон чиққан бир тўда соқчиларни ҳам кўрди. Уларнинг авзойидан уруш аломатлари ҳали йўқолмаган эди. Уларнинг форс тилида сўзлашаётганини эшитди. Ўзи ҳам у тилдан хабардор бўлгани учун бошлиққа арабча ҳам, форсча ҳам гапириб кўрди, лекин бошлиқ унга жавоб қилиш ўрнига имлаб ўз одамларини чақириб юборди-да, Зирғомнинг олдига келиб арқонини ечди. Кейин Вардонникини ҳам ечиб, араб тилида: «Тур, Зирғом туриб ўтир», — деди.

Унинг овозини эшитиб, Зирғом ҳаяжонланди ва синчиклаб башарасига қаради-да, танигандек бўлиб: «Ҳаммод эмасмисан?!» — деб бақирди. Бошлиқ: «Топдинг, худди ўшанинг ўзиман», — деди. Бу тасодифдан ҳайратда қолган Зирғом унга яна бир тикилиб: «Бу ерга қандай келиб қолдинг?» — деди.
— Ҳамадон яқинида сендан ажрашгандан кейин шу ерга келганман. Келишимнинг сабаби ўзингга маълум. Сенинг золим дўстингдан ўч олиш учун шу мажусийнинг лашкарларига келиб қўшилдим. Бу қиличларни зарарига хизмат қилдириш ўрнига, мудофаа учун асраб қўйса яхшироқ эмасмиди?

Ўзидаги бир олам ғам-андуҳга қарамай, Зирғом бир илжайди-да: «Дўстим золим эмас», — деди. Кейин: «Ёқутани қидиртириб кўраман», — деб Ҳаммодга берган ваъдаси эсига тушди-да: «Шошма, сенга севинчли хабар олиб келганман, балки сенда ҳам шундай яхши маълумот бордир», — деб юборди.

Ҳаммод ҳаяжонга тушиб, кўзлари чақнаб кетди ва: «Қандай хабар, Ёқутани топдингми? У қаерда?» — деб сўради.
— Ҳа, уни топдим, ҳозирда у Сомуррода, ойимнинг ёнларида иззат-икромда юрибди.
— Бу тушимми, ё ўнгим? — деб Ҳаммод ирғиб ўрнидан турди-да, — Ёқута ҳозир менинг уйимда яшаяпти дедингми? Вой, тилларингдан айланай, унинг соғлиғи қалай, омон-есон юрибдими? Сенга минг-минг офарин, бутун дунёни бергандан ҳам ортиқ шодлантирдинг мени, — деди-да, унга ёпишиб юз-кўзларини ялаб-юлқаб ўпа бошлади. Кейин ташвишли бир нарса эсига тушиб қолгандек, бирдан ранги ўчди-да кетига қайтиб:
— Мен ҳам Жаҳонни қидириш ва суриштиришда бор кучимни аямадим, лекин бахтга қарши сенга муяссар бўлган бахт менга муяссар бўлмади. Унинг на ўзини, на хабарини била олмадим. Ўзинг ҳам ундан бирор дарак топа олмадингми? — деди.
— Ҳеч изламаган жойим, суриштирмаган ерим қолмади, ҳамма саъй-ҳаракатим бекор кетди. Жаҳон ҳақида ҳеч нарса билолмадим, — деди Зирғом оғир бир хўрсиниб, — одамларингни қайтармаганингда, мени ўлдириб қўйишарди. Шунда менга яхшилик қилган бўлардинг. Мен бу мамлакатга фатҳ қилиш билан мақтаниш ёки ўлжа олиш учун эмас, барвақтроқ ўлиб, дунёнинг ғам-андуҳидан қутула қолай деган ниятда келганман.

Унинг бу кулфатига ҳамдард бўлган Ҳаммод кўнглини кўтармоқ учун деди:
— Ёруғликдан умидсизланма, дўстим, сен менга бу дунё қоронғи десанг ҳам, бир кунмас, бир кун ёруғликка чиқиб қоласан. Менинг Ёқута туфайли тортган азоб-уқубатларимдан хабаринг бор, ахир ундан умидим узилганидан эл-юртимни ва қавм-қариндошларимни ташлаб кетдим. Мана бугун ўзинг унинг соғ-саломат юрганини айтиб ўтирибсан. Ҳеч кутмаган бир вақтда ёруғлик хабари келиб қолди. Мен ҳам бир вақтлари сендек иш қилмоқчи бўлгандим, иш ўзимни ўлдиришгача бориб етганди, лекин бир воқеа рўй берди-ю, кўнглимни анча тинчитди ва сабр этишимга ёрдам берди. Сен ҳам шундай тасодифга дуч келиб қолсанг, ажаб эмас. Менга ўхшаш сабр қилиб тур. Мен Ёқутага ўхшаб кетадиган бир қизни учратдим. Уни кўриб, дардим анча енгиллашди, Ёқутадан ажралганлик аламини бир оз босган бўлди.

Шу пайт Зирғом Ёқутанинг Жаҳонга ўхшашлигини эслади-да:
— Менга ҳам Жаҳонга ўхшайдиган қиз дуч келди-ю, лекин дардини енгиллатишини сезмадим, балки уни дуч келтирганим ғамимга ғам қўшди, — деди. Ҳаммод таажжубланди.
— Мен эса ўша қизни Ёқутага ўхшатиб, бир оз тасалли топаман. Унга эришиш йўли мен учун бутунлай берк бўлса ҳам, кўришимнинг ўзиёқ Ёқутадан умидсизланишимни тарқатади. У қиз шу шаҳарда туради. Шаҳардаги аёлларнинг энг ҳурматлиси, энг кўҳлиги ва энг мартабаси баланди. У кишидан қочмайди. Уни қачон кўрсам, ўзимда бир шодлик ҳис қиламан, тўйиб-тўйиб қараб оламан.

Вардон гапга аралашмай қулоқ солиб ўтирарди. У Ҳаммоднинг Ёқутага ўхшаган қиз ҳақида гапираётганини эшитиб, Ёқутанинг Жаҳонга ўхшашлигини эслади. Унинг аломатларини аниқроқ билиб олмоқчи бўлиб турган эди, бирдан Зирғом, ҳовлиқиб; «У қизни қаерда кўрасан?» — деб сўраб қолди.
— Шу шаҳарда худди Бобакнинг қасрида учратаман.Бобакка кўмак бераётган, ахлоқини тузатиб, ёмонликдан яхшиликка қаратаётган қизни эшитгансизлар, албатта, — деди Ҳаммод.
— Ўйлашимча, Гулнорни айтаётган бўлсанг керак? — сўради Вардон.
— Ҳа ўшани айтяпман. У Ёқутага жуда ҳам ўхшаб кетади. Уни кўрсам, кўз ўнгимда Ёқута гавдаланади қолади. У Бобакнинг қасрига қатнаб турганини, у билан бирга ўз отига миниб чиқаётганини кўраман. Мен ҳаётимда ундан гўзалроқ, сеҳрлироқ ва салобатлироқ аёлни кўрган эмасман.

Зирғомнинг юраги дук-дук уриб кетди, қоронғилик бўлмаганда, унинг чеҳрасида намоён бўлган ўзгаришни Ҳаммод албатта кўрган бўларди. Зирғом бир лаҳза бошини ерга эгиб, Ҳаммоднинг Ёқута тўғрисидаги гапларини ва: «У Жаҳонга жуда ўхшаб кетади», деб қилаётган таърифини кўнглидан ўтказди-да ичида: «Бу Жаҳоннинг ўзи бўлмасин тағин», деди ва Ҳаммодга қараб: «Шу Гулнор деяётганинг ўзи қаердан?» — деб сўради.
— У Бобакнинг хотинларидан биттаси, бошқалари сингари у ҳам, узоқ шаҳардан олиб келинган. Лекин у ҳаммасига қараганда, Бобакнинг жиловини қўлида тутиб турган аёл. Бошқа кундошлари аёллар қасрида яшириниб, Бобакни кўрганда унга сажда қилса, Гулнор ўзининг қашқа отини миниб лашкаргоҳда айланиб юради. Кимларга буйруқ қилаётганини, кимларга жеркиб ташлаётганини кўрасиз. Xуллас, унинг гапи ҳаммага — каттага ҳам, кичикка ҳам ўтаверади.

Зирғом Ҳаммоднинг «қашқа отини», деган гапини эшитиб, ёмғирда қолган чумчуқдек силкинди, силкинди эмас, қалтираб кетди. У ирғиб ўрнидан турди-да: «Ростдан оти қашқами? Ўзи қаерда? Xудо ҳаққи, уни менга бир кўрсатчи, Ҳаммод! У Жаҳоннинг худди ўзи», — деди.

Ҳаммод унга ачиниб;
— Кошкийди, у Жаҳон бўлса, дўстим. Лекин Жаҳон эмас, Гулнор деган бошқа бир аёл, — деди.
— Менинг кўнглим «у хотин Ёқутага ўхшайдиган бўлса, Жаҳоннинг худди ўзи» деяпти, чунки Жаҳонга жуда ҳам ўхшайди. Яна ўзинг унинг оти қашқа, узоқ шаҳардан олиб келинган деяпсан. Бу таърифларинг ҳаммаси Жаҳонга тўғри келади. Номи бошқалигининг унчалик аҳамияти йўқ. Масалан, сен мени Зирғом деб танийсан, аммо Сомуррода ҳеч ким мени Зирғом деб атамайди. У ерда менинг номим Соҳиб. Сен айтаётган аёл Жаҳоннинг худди ўзи. Кўнглимдаги умидсизлик булути тарқади, айт-чи, у қаерда ҳозир?
— Xотинлар қасрида бўлса керак. Чунки у кечаси ўша ерда бўлади, керакли вақтда Бобакнинг қасрига чиқади.

Зиғром сиқиқ жойдан кенг ерга чиққандек бир хўрсинди, ундаги умидсизлик ўрнини умидворлик эгаллади. У кетмоқчи бўлиб туриб, ўзининг йиртилган кийим-бошларига қаради. Уни Ҳаммод тўхтади:
— Бу кийимларингни ечиб, хуррамийлар кийимини кийиб ол. Одамлар сендан шубҳа қилишмасин. Вардон ҳам шундай қилиши керак. Эртага эрталаб аёллар қасрига чиқасиз.

Зирғом унинг гапини бўлди:
— Эртагача чидай оламанми?.. Қандай қилиб чидайман. Xўп, сабр қилган бўлай, шаҳар ҳам чидаб тура оладими? Мусулмонлар унинг бутун атрофини ўраб олишган. Ҳадемай уни фатҳ этишади. Ҳали сени бундан хабаринг йўқми?
— Фатҳ этишлари мумкин. Бу мен учун янгилик эмас. Чунки ўзим Бобакнинг қўмондонлариданман. У баъзи айғоқчиларидан сизларнинг шу дарвоза томондан ҳужум қилишларингизни эшитиб, бу кеча ундан хабардор бўлиб туришни менга топширди. Шунга биноан мен кечқурун келиб соқчиларни қўйдим. Яқинлашганларингни кўриб, сизга ҳужумни бошлашни уларга буюрдим. Натижани ўзинг кўрдинг. Майли, ўтган ишга салавот, кел, кийимларингни ўзгартир! Сен ҳам кийимларингни алмаштириб ол, — деб Вардонга қаради. Аммо Вардон бошини ерга эгганча хаёлга чўмганди.
— Ие, биродар, сенга нима бўлди? Нега бунча хаёл суриб қолдинг? Ё сен ҳам бизнинг дардимизга йўлиққанмисан?

Вардон бир хўрсинди-да:
— Ҳа, менинг ҳам ўзимга яраша дардим бор. Дардимни хотинлар қасрига етганимизда биласан. Ҳозир, «тезроқ қаср томонга чиқайлик», деган Зирғомнинг фикрига мен ҳам қўшиламан, — деди.

Уларнинг гапига Ҳаммод «хўп» деди. Улар хуррамиялар кийимини кийиб, ҳаммалари бирга чиқишди. Ҳаммод ўзи қайтиб келгунча дарвозани муҳофаза қилиб туришни одамларга топширди. «Бу икки асир шу кеча ушланган асирлар билан бирга менинг ҳузуримда сақланади», деб уларнинг кўнглини хотиржам қилиб қўйди. Кейин у қўрғондан Баззга тикилиб қаради: Ҳамма ёқ чироғлар билан ёритилган, шаҳарнинг ўртасида ғовур-ғувур овози эшитилди. Одамларини чақирганди, ҳеч биридан дарак бўлмади. Кейин у ўз ходимини чақириб: «Одамлар қаерда?»— деб сўради.
— Ҳужум қилиш учун чалинган дўмбира овозини эшитмадингизми? — жавоб қилди ходим. «Йўқ, эшитмадим», — ҳайрон бўлди Ҳаммод. У Зирғом ва Вардон билан гапга алаҳсиб, дўмбира овозини эшитмай қолганди.

Вардон билан Зирғом иккаласи Афшиннинг лашкаргоҳига қарашди. Уч ерга ёқилган ўтни кўргач, ҳужум бошлангани аниқлигига ишонишди, Зиғром: «Қани, қаср томон юрайлик», — деди.

Ходим қўшимча қилди:
— Дўмбира чалинди, кишилар тезда тўпланишди, уларга шарқ томондаги дарвозани мудофаа қилиш тўғрисида буйруқ берилди. Чунки, айтишларича, энг катта саркарданинг қўмондонлигида мусулмонлар ҳужумга ўтган эмиш.
— У катта саркарда Афшиннинг ўзимикин?
— Билмадим, — деди ходим.

* * *

Ҳаммод, Зирғом ва Вардон хуррамийлар отидан учтасига миниб, аёллар қасри томон чоптириб кетишди. Шаҳар халқи тўполон, ғовур-ғувур ичида ўзини мудофаа қилиш учун қурол кўтармаган биронта одам қолмаган. Улар Ҳаммодни ҳам, ҳамроҳларини ҳам талон қилиш учун келганлардан, деб ўйлашди. Мусулмонлардан бир қанчаси шаҳар ичида кўзга кўринган нарсани талон-торож қилиш билан овора. Шарқий дарвозага яқинлашган сари ҳар қадамда мусулмонларни кўриб, шаҳарнинг қўлга олинганига имонлари комил бўлса ҳам, бепарво боришаверди. Xотинлар қасрига етишганда, қўлларида ҳар хил буюмларни кўтариб чиқиб келаётган мусулмон аскарларини кўришди. Улардан баъзилари хотинларни ҳайдаб келаётганини кўриб, шуларнинг орасида Жаҳон ҳам бормикин, деб Зирғомнинг кўнгли нотинчланди. У Вардонни ёнига олиб, қаср ичига кирди. Ҳаммод:
— Сизлар бир оз сабр қилиб туринглар, мен ҳамма гапни аниқлаб билиб келай, — деди-да, дарвоза ёнида қулфланган бир ҳужра томон йўлланди. Уни тақиллатиб кўрди, жавоб йўқ. Кейин ичидагиларга ўз тилларида ниманидир гапирарди, бир кампир чиқиб, эшикни очди ва қўрқиб, қалтираб, уларни ичкарига киритиб, эшикни бекитди. Ҳаммод ундан: «Хола нима гап бўлди ўзи?» деб сўраганди, кампир:
— Xабарингиз йўқми? Шаҳарни фатҳ қилишди. Бу қасрга келиб, нарсаларни талашди, аёлларни эса асир қилиб олишди. Бу ерда яширинмаганимда ёки аввалги ҳусн-жамолим, мол-мулким бўлганда мен ҳам омон қолмаган бўлардим, хайрият, фақат зеб-зийнатимни олиб қўя қолишди, — деди.

Кампирнинг «аёлларни асир олишди», деган сўзини эшитиб, Зирғомнинг аъзойи бадани жимирлашиб кетди, Вардоннинг ҳам ҳаяжони Зирғомникидан кам эмасди. Лекин у ўз туйғуларини сир тутишда Зирғомга нисбатан пухтароқ эди. Уларнинг куйиб-пишганини кўрган Ҳаммод кампирдан: «Ҳамма аёлларни олиб кетишдими?» — деган эди у: «Ҳа, ҳаммасини олиб кетишди», — деди.
— Гулорни ҳам олиб кетишдими?
— Йўқ, Гулнорни олиб кетишгани йўқ.
— У қаерда бўлмаса?

Кампир Ҳаммоднинг ёнидаги ҳамроҳларига қаради: у махфий сирни айтишга тортинаётгандек эди. Ҳаммод унга: «Қўрқмай, бемалол айтаверинг!» — деди.
— Гулнор билан Бобакнинг хотинларидан бўлган румлик аёл бир неча кун бурун чиқиб кетишган.

Вардон бирдан сўзга қотишиб, ҳовлиқиб сўради:
— Ўша хотиннинг номи нима? Уни сиз танийсизми?
— Нега уни танимай, ахир шу қасрнинг оқсочиман. Ундаги ҳамма хотинларнинг ипидан-игнасигача менга маълум. Масалан Гулнорни олсак, баззликлар унинг ҳақида ҳеч нарса билмайди. Аммо мен унинг насабини, таги тахтини Фарғонадан олиб келингандан буён биламан. Унинг номи ўша вақтда Жаҳон эди. У Фарғона ҳокимининг қизи бўлган. Кейин унга Гулнор деб бошқа ном қўйилган. У мана шу румлик хотинни яхши кўриб, у билан опа-сингилдек бўлиб кетишди. Уларнинг юлдузи тўғри келиб қолгани учун сафарга ҳам бирга кетишди, — деди кампир.

Унинг гапларидан Гулнор худди Жаҳоннинг ўзи экани маълум бўлди, шак-шубҳага ўрин қолмади. Аммо Вардон қаноатланмай:
— Румлик аёлни сиздан сўрагандим, унинг номи нима эди? Бошқа исми ҳам бормиди? — деди.
— Унинг оти Ҳайлона, Арманистондаги катта руҳоний эридан ўғирлаб келингандан бери номини ўзгартиргани йўқ.

Вардон ҳаяжонланди, қалтираб-титраб, ўзини тутолмай бақириб юборди:
— Ҳайлона?.. У ... ўша. Xотинимнинг ўзи.

Вардон арманистонлик катта руҳоний бўлиб, хотинини Бобак тортиб олганлигини Зирғом энди эшитди. Унга қараб қўйди. Бу қараши билан уни ҳам муборакбод қилди, ҳам жиндек гина қилган бўлди: — Ўзинг катта руҳоний бўла туриб, менга хизматчи қилиб кўрсатиб юрибсанми? Мен сени биринчи кўрганимдаёқ, бирор мартабалик одам бўлсанг керак, деб кўнглимга тугиб қўйгандим.
— Мен худди шу дақиқага эришиш мақсадида сиздан паноҳ олиб, мусулмонлар хизматига кирдим. Умидим ўша бузуқ, фоҳишабоз Бобакдан ўч олиш эди. Xудо хоҳласа, у қўлга тушиб, қилмишига яраша жазосини торца керак.

Ҳаммод:
— У қочмаган бўлса, албатта, асир олинган бўлади. Чунки шаҳар таслим бўлиб, иш ниҳоясига етди, — деди-да, кампирга қаради:
— Гулнор билан Ҳайлона қаерга кетганини бизга айтиб бермадингиз.

Кампир:
— Иккаласи бирга Рум мамлакатига кетишди. Мусулмонларга қарши Рум аҳлидан ёрдам сўрашмоқчи. Бобакка ёрдам бермоқ учун Гулнор шундай маслаҳат кўрсатди. Ўша мамлакатдан бўлгани ва тилларини билгани учун Ҳайлона бирга кетди, — деди.
— Жаноб Бобак қаердалар? — Ҳаммод сўради.
— У ҳозир Баззда эмас, асир ҳам тушгани йўқ.
— Бўлмаса, қаерда у? Қўрқмасдан айтаверинг. Чунки Базз мусулмонлар қўлига ўтди. Улар бошқалардан кўра бизга вафодорроқдир. Бобакнинг ишини сиз бошқалардан кўра яхшироқ билишингиз менга маълум.
— Бобак шаҳар қўлдан кетгунча курашди ва уни мудофаа қилди. Кейин бу ерга келиб, аёллари ва озиқ-овқатлардан истаганини олди-да ғойиб бўлди. Фикримча, у шаҳардан чиқиб, Арманистон чегарасига ўтиб кетган бўлса керак.

Ҳаммод: «Энди нима қиламиз», дегандек Зирғомга қаради. Зирғом: «Қайтамиз», деди-да, маслаҳатлашиб оладиган ҳоли бир ер излаб, ҳаммаси чиқиб кетишди. Шу пайт тонг отиб қолганди. Ҳаммод ҳамроҳларини ўзига таниш бир жойга бошлади. Йўлда улар мусулмон аскарлари шаҳарга на дўст, на душман ораламасин, деб уни талаётганини, уйларни бузаётганини ва қасрларига ўт қўяётганини кўришди.

Маслаҳатлашадиган жойларига етгач, Зирғом Вардонга қараб:
— Энди, катта руҳоний Вардон, бу ишимизда қандай маслаҳат берадилар? Кампирнинг гапига қараганда, Жаҳон билан Ҳайлона Рум мамлакатига кетишган. Рум катта мамлакат. Улар қайси шаҳарга тушишини билсак, албатта излаб борамиз, — деди.

Вардон ўзини Зирғом катта руҳоний деб чақиргани учун кулди:
— Мени бу лақабим билан чақиришнинг кераги йўқ. Зирғомнинг ўртоғи деган ном мен учун ҳамма нарсадан афзал. Жаҳон билан Ҳайлона устидаги маслаҳатга келсак, рухсатингиз билан мен уларни ахтариб, мамлакатнинг ҳамма ерига бораман. Ўрнашган ерларини билмай туриб, бу ерга қайтиб келмайман.

Ҳаммод унинг гапини бўлиб:
— Йўқ... Бу вазифани бажаришга мендан бўлак ҳеч ким бормайди. Зирғом мен учун улуғ иш қилди, менинг севгилимни қутқазиб, уйида иззат-ҳурмат билан сақлаб турди. Унинг шу яхшилигини қайтармасам, нима деган одам бўламан. Мен ёлғиз бориб, уларни излаб-суриштираман, бирор нарса билсам, иккалангизга хабар қиламан, — деди. Зирғом бунга розилик бермади:
— Ёқутанинг қаердалигини ва сенга интизор бўлиб ётганини билиб туриб, бошқа вазифани ўташга боришинг адолатдан эмас.
— Мен билан жанжалашишни қўй! Сенинг севгилингни ва бу армон дўстимизнинг аёлини топиб, ўзларингга топширмагунча, севгилимнинг ёнига бормайман. Бу билан танишганимдан мамнун бўлдим. Ёқута эса Сомуррода, сенинг уйингда тура турсин. Яқинда дийдор кўришасизлар, деб уни севинтириб қўйсанг кифоя, — деди Ҳаммод.

Вардон унинг гапини бўлди ва халифанинг: «Ёқутани хотин қилиб ол», деб Зирғомга буюргани, Зирғом эса: «хотин қилиб олдим», деб халифани алдаб чалғитиб юрганини сўзлади. Шунда Ҳаммоднинг мардлиги тутиб:
— Шундай қилган кишининг қайлиғини топиш учун жонимни фидо қилсам арзимайдими? — деди.
— Бўлмаса, мен ҳам сен билан бирга бораман, — деди Вардон. — Чунки у мамлакатни, тилини ва йўлларини яхши биламан.

Ҳаммод кўнмади:
— Иккалангиз ҳам шу ишни қўйинглар, ёлғиз ўзим бораман, хайр, кетдим, — деб чиқиб кетди.

Зирғом билан Вардон қолди. Зирғом гап бошлади:
— Тавба, бу тушимми, ўнгимми? Бугун билан кеча кечқурун ўртасидаги фарқ умид билан ноумидлик ўртасидаги фарқ бўлса, лекин...

Вардон унинг гапини бўлди:
— Аммо мен бўлсам, дўзахдан жаннатга кўчиб ўтгандек бўляпман. Негаки, мен хотинимни жуда ҳам севардим. Бу йиртқичнинг ваҳшийлиги шунгача бордики, у ўзига никоҳлаб олиш учун хотинимни талоқ қилишимни талаб қилиб туриб олди. Мен қабул қилмаганимдан кейин, аскар юбориб, хотинимни зўрлик билан олдириб кетди. Илоҳим, бетинг қаро бўлгур, хотинбоз мажусий! Агар қўлимга тушса, қонини симираман.
— Эҳтимол, у Афшиннинг қўлига тушгандир. Ҳозирча сен билан мен нима гаплигини билмаймиз. Қани, кетдик, лашкаргоҳга борамиз, — деди Зирғом.


Бобакнинг Ҳалок Бўлиши

Афшин аскарларини ҳужумга моҳирона тайёрлаб қўйгани учун Баззни осонлик билан фатҳ этди ва хуррамийлардан кўзга илинганини қатл қилди. Бобакнинг хотин ва бола-чақаларини асир олди. Аммо Жаҳон билан Ҳайлона шаҳарда бўлмагани учун уларни қўлга тушириш имкони бўлмади. У бутун шаҳарни ёндириб бўлгач, Бобакнинг қочиб кетганини аниқлади. Афшин Руз-Арруздаги қароргоҳига қайтди. Жаҳонни қўлга кирита олмагани, ҳатто унинг қаердалигини ҳам билмагани учун қайғурди. Сомоннинг айтган гапларидан иккиланиб: «Мабодо, Жаҳонни унинг ўзи бирор ерга қочирмаганмикин», деган хаёлга ҳам борди.

Афшин асир олган кишилар ичида араблар, форслар ва қишлоқдаги атоқли кишилар, бойлар кўп эди. Уларнинг ҳаммасини катта бир майдонга тўплаб, ўз қариндошларига хат ёзишларини буюрди. Ким келиб «фалончи асир менга тегишли», деб даъво қилса ва ўз даъвосининг тўғрилигига иккита гувоҳ келтира олса бас. У асир аёлми, болами, қизми, кимлигидан қатъи назар, эгаси олиб кетаверишга рухсат берилди. Шу йўсинда кўп кишилар асирликдан озод этилди.

Афшин Арманистондаги амир ва попларга Бобакнинг қочгани тўғрисида хат ёзди ва ўз чегараларини эҳтиёт қилишни, Бобакнинг йўлларини кузатиб туришни илтимос қилди. Зирғомни ўлдирилган деб ўйлаб, ғафлатда қолгани учун Афшин анча қайғурди. Чунки уни кўтариб кетаётганларини кўрдик, ўликми-тирикми била олмадик, ҳар ҳолда, асир олинган ёки ўлдирилган, деб фарғоналаликлардан кимдир Афшинга маълумот берган эди.

Эртасига Зирғом Вардон билан бирга мусулмонлар турган лашкаргоҳга борди. Афшин уни яхши қарши олиб, жангдан соғ-саломат чиққанлиги билан муборакбод қилди, ўзининг қора ниятини яширмоқ учун: «Ҳужум қилинган кечада кўп ботирлик кўрсатдинг», деб Зирғомни мақтаган бўлди. Кейин уни муҳим ишларда, хусусан Бобакнинг қочганлиги устида махсус маслаҳатчи қилиб олди ва уни тутиб келиш юзасидан кўрган тадбирларини Зирғомга айтиб берди.

Зирғом Афшинга:
— Менинг ходимим Вардон арманистонлик. Ота-бобоси ҳам, ўзи ҳам арманлардан. У ўша ерларни жуда яхши билади. Бу ишда ундан фойдалансангиз бўлади. Истасангиз уни ҳозир олдириб келаман, — деди.
— Яхши бўларди, — деди Афшин. Зирғом бир ғуломни чақириб, Вардонни айтиб келишни бурди. Вардон кириб, тик турганича салом берди. Афшин ундан:
— Сен Арманистоннинг кўча ва йўлларини биласанми? — деб сўради.
— Ҳа, биламан, — деди Вардон.
— Xуррамий Бобак қаерга яширинади ва кимнинг паноҳига боради деб ўйлайсан?
— У Арманистоннинг бирор шаҳарига бора олмайди, чунки арманилар уни ёмон кўришади. Қўлга тушса, ўлдирмай қўйишмайди. У бирор ўрмон ёки водий ичида яшириниши мумкин. У тўқайзор деб аталадиган катта водийда яширинса керак. Бу водий Озарбайжон билан Арманистон орасидаги серўт, сердарахт бир жой. Дарахтларининг зичлигидан унга от-улов кириб бора олмайди, ичида яширинган кишини топиб ҳам бўлмайди.

Вардоннинг бу маълумотларидан фойдаланиб, Афшин ўша тўқайзорга айғоқчиларини юборди. Улар бориб, Бобакнинг ўша ерда яширинганини аниқ билиб келишди.

Афшин: «Бобак ва унинг яқин кишиларига тегмаслик ва омонлик бериш тўғрисида бир васиқа юборсангиз», деб Муътасимга киши юборган эди, васиқа келгач, омонлик берилган кишилардан баъзиларини чақириб, «сизларга омонлик берилди. Энди ҳеч ким сизларга тега олмайди», деб тушунтирдан ва шу васиқани олиб, «Бобакнинг ўғли билан бирга унинг олдига боринглар», деб буюрди. Лекин Бобакдан қўрқиб, унинг олдига боришга ҳеч кимнинг юраги дов бермади. Афшин:
— Xалифа томонидан берилган бу омонлик ҳақидаги хушхабарни олиб борсанглар, у албатта хурсанд бўлади, — деди.

Лекин улар:
— Бобакнинг кимлигини биз яхшироқ биламиз, — дейишди.

Уларнинг орасидан икки киши ўрнидан туриб:
— Мабодо, бизга бирор шикаст еца, бола-чақаларингни боқаман деб ваъда берсангиз, биз борамиз, — дейишди.

Афшин ўз бўйнига бу кафолатни олгандан кейин, улар васиқани олиб, жўнаб кетишди. Улар Бобакнинг олдига бориб, нима мақсадда келишганини айтганди, Бобак улардан бирини ўлдириб, иккинчисини: «Бу васиқасини ўзига олиб бориб бер», деб Афшиннинг олдига қайтариб юборди, Бобакнинг ўғли ўша кишиларнинг биридан отасига хат ёзиб юборганди. Бобак унга: «У ҳароми менинг фарзандим бўлганда, орқамдан етиб келган бўларди. Менинг ундай ўғлим йўқ. Қирқ йил қул бўлиб, хор-зор яшаганингдан, бир кун бошлиқ бўлиб яшаганинг яхшироқ. Шу гапим сенга оманат, унга бориб, айтасан», — деди. Бобак ўша тўқайзордан жилмай, озиқ-овқатлари тугагунча яшади. Овқати тамом бўлгандан кейин баъзи одамларини олиб, тўқайзордан чиқди. Ўзини қамал қилиш учун юборилган Афшин аскарларидан биттасини ҳам кўрмагандан кейин: «Мени пойлаб-пойлаб, қўлга туширишдан умидлари узилиб, жўнаб қолишибди», деб ўйлаган Бобак акаси Абдуллоҳни, онасини ва бошқа бир хотинни олиб, Арманистонга бориш ниятида йўлга чиқди. Афшиннинг соқчиларидан бири уларни кузатиб туриш тайин қилинган аскарга хабар қилди. Кузатувчилар бошлиғи Абуссож деган киши Бобак кетидан от қўйди. Улар бир сой ёнига ўтириб овқатланишаётганди. Бобак кузатувчи аскарларни илгарироқ пайқади-да ҳамроҳлари билан қочиб қутулди. Абуссож эса, Бобакнинг онаси ва ёнидаги аёлни қўлга тушириб Афшинга юборди.

Бобак Арманистон тоғларида яшириниб юраверди. Унинг йўлини пойлаб юрган катта поплардан бири ҳийла ишлатиб, уни ўз қўрғонига таклиф қилди ва келганидан сўнг Афшинга хабар юборди. Афшин Бобакка киши юбориб, кўп нарсалар ваъда қилиб таслим бўлишини талаб қилди. Лекин у қабул қилмади. Шундан кейин уни ўз қўрғонига чақирган катта поп бошқа бир ҳийла ўйлаб топди. Ов қиламиз, деган баҳона билан уни қўрғондан ташқари олиб чиқди-да, Афшинга хабар юборди, шу тариқа Бобак ва акаси Абдуллоҳ қўлга туширилиб, Афшинга жўнатилди.

Бобак лашкаргоҳга яқинлашганда Афшин аскарларини икки қатор турғизиб, ўзи баланд бир ердан унга қараб турганди. У келган замони отидан тушириб, икки саф бўлиб турган аскарлар ўртасидан ўтказдирди. Кейин Барзанддаги бир уйга киргизиб, уни қўриқлаб туришни бир одамига топширди. Бобакни қўлга туширишда қатнашган кишиларга мукофотлар бериб, халифага ҳам хабар юборди.

Халифа Бобак ва унинг акасини Барзанддан Сомуррога олиб келишни буюрди. Афшин ўз аскарлари ва баковул-ясовуллари билан иккаласини олиб, Сомуррога йўл олди. Бу воқеа 223 ҳижрий йили[1] содир бўлганди.

Афшин йўлга чиққандан кейин халифа унга ҳар куни бир от билан бош-оёқ сарпо юбориб турди. У Қанотири Ҳузайфа[2] деган ерга етиб келганда, халифанинг ўғли Ҳорун-ал-воси уни кутгани чиқди.

Афшин Бобакни Матира деган жойдаги ўз қасрига туширди. Қози Аҳмад бин Абу Дуод ўзини танитмай келиб, Бобакни кўрди ва гаплашди-да, қайтиб бориб, Муътасимга уни таърифлаб берди. Кейин Муътасим ҳам келиб, ўзини танитмай, унинг башарасини кўриб кетди.

Эртасига халифа тахтига ўтириб, одамларни Сомурронинг катта дарвозасидан то Матирагача саф тортиб туришга буюрди, кейин Бобакни филга тескари миндириб, то катта дарвозага келгунча, ҳаммага кўрсатилди.

Шундан кейин Бобакни халифа саройига олиб келишди. Xалифа Бобакнинг ўз жаллодини олдириб келди-да, унга икки оёғини, икки қўлини чопиб ташлашни буюрди. Жаллод уни чопиб ташлади. Кейин бошини кесдириб, танасини Сомуррода дорга осдириб қўйди. Акаси Абдуллоҳни қорнини ёрдиртирди-да, калласини Xуросонга юбортириб, Бағдодга, Ишоқ бин Иброҳим қўлига юбориб, унга ҳам Бобакка қўлланган жазони қўллашни буюрди, халифанинг буйруғи бажарилди ва танаси икки кўприк ўртасига — шарқий томонга осилди. Xуррамийлар етган сўнги марра шу бўлди.

Зирғом, Вардон ҳам Афшин билан бирга Сомуррога қайтиб келишди. Бобакнинг ўлдирилганини кўриб, кўнгиллари тинчиди. Аммо Зирғом уни жанг майдонида ўз қўли билан ўлдиролмагани учун кўнглида армони қолди. Сомуррога етиб келишлари билан Зирғом дарҳол уйига бориб, онаси билан кўришди, унинг табаррук қўлини ўпди ва Ёқута билан саломлашиб, Ҳаммод билан учрашиш дамлари яқинлигини айтиб, уни севинтирди. Ёқута ўзини йўқотиб қўйиб, Зирғомга қандай миннатдорчилик қилишни билмай қолди. Кейин Зирғом Жаҳоннинг соғ-саломатлиги, унинг Рум мамлакатига кетгани хусусида онасига бир оз сўзлаб берди. Ҳаммоднинг Румга бориб, ўзи Жаҳонни суриштириб келишдан бўлак нарсани қабул қилмаганини ҳам онасига айтди-да, воқеага қулоқ солиб турган Ёқутага қараб кулиб қўйди. Сўнгра: «Бу иш сенга ёқмаганга ўхшаяпти, нима қилай, у «бажараман», деб оёғини тираб туриб олди».— деди. Xижолат бўлганидан Ёқута қизариб кетди. Бошини ерга эгиб туриб: «Биз ҳар қанча қилганимизда сизнинг шукрингизни адо эта олмаймиз. Сиз мени ўлимдан, ориятдан қутқардингиз ва ўз тарбиянгизга олдингиз», — деди.

Зирғом унинг гапини бўлди:
— Мен халифа топширган вазифанинг бир қисминигига бажара олдим. Бизлар унинг фуқаросимиз, унга итоат этиш ҳаммамизнинг бурчимиздир, — деди. Ёқутанинг аҳволи ўзгарганини, ғалати қарашларини кўрган Зирғом: «Бу бечора ниманидир айтмоқчи бўляпти-ю, лекин уялиб айтолмаяпти», деб ўйлаб, ундан сўради:
— Сенга нима бўлди, нима демоқчисан?
— Сиз халифанинг буйруқларини адо этиш учун жонбозлик қилаётганингиз менга Ҳорис ас-Самарқандийнинг уйида турган вақтларимда кўрган бир нарсани эслатяпти. Шуни ўйлаб халифанинг ҳаётидан хавотир оляпман. Унинг ҳаётига чанг солишга интилаётган кишилар ҳам йўқ эмас экан.

Бу гапга Зирғом унча аҳамият бермади:
— Баъзи хоинларнинг халифага қарши олиб бораётган фитналарига парво қилмаймиз. «Бузоқнинг югургани сомонхонагача», дейдилар, Улар ҳеч қаерга бормайди. Бу ножўя ишларга асосий сабаб халифанинг яқин қариндошларининг лақмалигидир. Очкўз вазир ва қўмондонлар: «Халифаликни сизлар қўлларингизга олишингиз керак», деб уларни лақиллатяпти. Чунки улар давлатнинг қўлдан қўлга ўтишидан фойдаланиб қолишмоқчи. Мана, Маъмуннинг ўғли Аббосни кўринг. Баъзилар халифаликни талаб қилиш кераклигини унга уқтиришяпти. Муътасим тирик экан, бунга у асло муваффақ бўла олмайди. Демак, уларнинг нияти Муътасимни йўқотишдир. Лекин улар мақсадларига эриша олмайди. Ўзлари қазиган чоҳга ўзлари қулашлари муқаррар.

Ўғлининг гапларини эшитган онанинг юзларига нур югуриб, жилмайди-да:
— Боракалло, ўғлим, одамгарчилик, мардлик шундай бўлиши керак! — деди.

Шундан кейин Зирғом кийиниб, халифа билан кўришиш учун чиқиб кетди. Xалифанинг ҳузурида Афшин ва бошқа саркардалар ўтиришарди. Зирғом кириши билан халифанинг чеҳраси очилиб кетди:
— Xуш келибсан, улуғ баҳодир Соҳиб! Душманларни даф этиш йўлида қилган хизматинг, кўрсатган шижоат ва ботирлигинг бизга маълум бўлди. Боракалло! Сени Соҳиб деб бекорга айтмаган эканманми? — деди-да, ўзига яқинроқ ўтиришни таклиф этди.

Зирғом хижолат тортиб, бошини эгди:
— Киши ўз хожасининг хизматини бажаргани учун ҳеч қандай ташаккурнинг ҳожати йўқ. Ўз бурчимни ўтадим, мендан рози бўлсалар бас.

Халифа Афшинга қараганди, у:
— Шижоатда, жон-дил билан хизмат қилишда соҳибга ўхшаган киши жуда кам учрайди, — деди ва Зирғомнинг ўзидан шубҳаланишини тарқатиш мақсадида унинг ишларини муболаға билан мақтай бошлади. Xалифа ҳам уни мақтаб, бир қанча ҳадя ва саруполар беришни буюрди. Йиғин тарқалиб, Зирғом уйига қайтиб келди. У яна Жаҳон тўғрисида хаёлга чўмди. У ҳамон Ҳаммод келтирадиган хабарни кутмоқда. «Жаҳон билан Ҳайлонанинг ҳоли нима кечди экан? Уларнинг тақдири қандай бўларкин?» — деган хаёлда у Вардон билан фикрлашиб, бир неча кунни ўтказди.

Кўп ўтмай Сомуррода «Тиюфил деган Рум подшоси Ислом мамлакатларига қарши юриш бошлади», деган хабар тарқалди. Бу хабарни Зирғом эшитиб, дўсти Вардонга киши юбориб чақиртириб келди-да, иккаласи: «Бу қандай хабар бўлди, нима билан якунланаркин?» деб турли-туман хаёлларга боришди.

Вардон:
— Менимча, румларнинг мусулмонларга қарши урушга отланишига Баззнинг фатҳ қилингани сабаб бўлган бўлса керак. Эшитишимга қараганда, Афшин Бобакни боши берк кўчага киргизиб, ҳалокатини яқинлаштириб қўйган чоқда Бобак Рум подшосига хат ёзган. Xатида: «Мусулмонлар ҳозир мен билан овора. Ислом мамлакатини йўқ қилиб ташлаш учун сизга жуда қулай пайт келди», деган эмиш. Бу хатни юборишда Жаҳоннинг ҳам ҳиссаси қўшилган бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас.

Зирғом ўйлаб тураркан:
— Жаҳон билан Ҳайлона ўша ерда экан, деган фикр кўнглимга келди, — деди.
— Ўша ерда бўлишганда Ҳаммоддан бизга хабар келган бўларди, чунки у иккаласини қидириб, Рум мамлакатини кезиб юрибди. Ҳар ҳолда сабр қилишга тўғри келади.

Зирғом шу алфозда изтироб чекиб, бир неча кунни ўтказди. Бир куни Вардон шошилиб келиб, Зирғомни етаклаб, боғчанинг нариги томонига олиб борди-да, ипак рўмолчага ўралган бир нарсани унга узатди. Зирғом ипак рўмолчани олиб, ичидан бир мактуб олди. Мактуб тепасидаги Ҳаммоднинг исмига кўзи тушдию, юраги ўйнаб, давомини ўқий бошлади. Мактуб қуйидагича эди:

«Аммурийя. Ҳаммоддан. Сомурро. Соҳиб — Зирғомга. Мен сенга хат ёзолмадим, кутавериб зерикиб ҳам кетгандирсан. Шундай қилишга мажбур эдим. Қидириб, бир неча ойни бефойда ўтказдим. Ахири, «Рум подшоси Тиюфил Зибатрога келади», деган хабарни эшитдим-да, йўқотган нарсамизни ўша ердан топарман деган умид билан унга учрашмоқчи бўлдим. Зибатро шаҳрига бориб етмасимдан, румлар уни қўпориб вайрон қилишди, аёллар ва ёш гўдакларни асир олишди. Кейин улар мусулмонларнинг Малтийя ва бошқа истеҳкомларига ҳужум қилиб, у ерлардаги аёлларни ҳам асир олишди. Асир олинган мусулмон эркакларнинг эса кўзларини ўйиб, бурун ва қулоқларини кесишди, деган гапларни эшитдим. Ўша кесилган кишилардан баъзисини ўз кўзим билан кўрдим. Қўлида қуроли ёки минадиган улови бўлмаган кишилардан бўлак ҳамма ўз юртини ташлаб, румлардан қутулиш учун Шом ва Жазирага қочиб кетди. Бу аҳволни кўргандан кейин Зибатрога боришдан воз кечдим. Аммурийялик Нотис деган катта поп Бобакнинг даврида Баззга бориб, Жаҳонни ҳам кўргани эсимга тушиб қолди. Эҳтимол, Жаҳон ўша Нотиснинг олдига кетгандир, деб ўйладим.

Шу мўлжалим тўғри бўлиб чиқди, Аммурийяга борган вақтида Жаҳон билан Ҳайлона Базздан тўғри келиб, Бобакка ёрдам бериш тўғрисида Рум подшосига илтимос қилса деб, Нотисга йўлиқишганини эшитдим. Нотис уларни ўз қасрига туширган ва илтимосларини адо этишга ваъда берган экан. Базз қўлдан кетиб, Бобак ўлдирилди, деган хабар келгандан кейин Жаҳон билан Ҳайлона Арманистондан бутунлай умид узиб, Аммурийяда қолиб кетишган. Катта поп уларнинг ҳар иккаласини, хусусан, Жаҳонни жуда яхши кўрган, уларнинг ўз қасридан ташқарига чиқишига ҳеч йўл қўймаган. Жаҳон сени топишдан умиди узилгандан кейин, чин кўнгилдан асирликка рози бўлган бўлса керак. Сенинг ҳол-аҳволингни ва учрашув вақтларинг яқин қолганини Жаҳонга хабар қилиб, бир севинтираман деб кўп уриндиму, лекин иложини топа олмадим. Чунки улар мусулмонлардан ўзларини қаттиқ эҳтиёт қилишади. Мусулмонларнинг биронтасидан бадгумон бўлишса, уларни дарров ўлдириб, зибатроликларга қилгандек, қулоқ-бурнини кесишади.

Жаҳон билан Ҳайлона ҳозир Аммурийя катта попи Нотиснинг қасрида қамалиб ётибди. Ишим тезда ўнгидан келишини кутмасам ҳам, уларнинг ҳар иккисига хабар етакзиш устида қўлимдан келганча ҳаракат қиламан.

Билишимча, румлар ислом мамлакатини йўқотишмоқчи, мусулмонлар тезроқ отни қамчилаб, олдинроқ уларнинг мамлакатини забт этишлари керак, деб ўйлайман. Уларнинг энг мустаҳкам шаҳри Аммурийяни олсак, уни фатҳ қилиш мусулмон қўшинлари учун ҳеч қийин эмас. Чунки шаҳарнинг пахса қўрғонлари анча заиф деб эшитаман.

Шу мактубни олганингдан кейин, дўстинг халифани Аммурийяни фатҳ қилишга даъват этасан, деган умиддаман. Агар Аммурийяга юриш қилсаларингиз, сенинг ўзинг қўнган ерингни билиб олишим учун ўзаро белгимиз узун икки бўлак байроқ бўлсин. Келганинг замон иккита узун байроқни тикка қадаб қўйиш эсингдан чиқмасин. Кўришгунча хайр».

Хатни ўқиб бўлмасдан Зирғомнинг чаккасидан тер қуйилиб, ғам-ғуссаси ортиб, қаҳр-ғазаби қайнаб кетди. Кейин у хатини Вардонга узатди. У ҳам ўқиб чиқиб:
— Ишга тезроқ киришиш лозим деб ўйлайман. Мен Аммурийяга жўнашим керак, — деди.
— У ёққа боришингдан фойда йўқ. Чунки у икки аёлнинг асирликдаги аҳволи хатда ёзилганидан ҳам кўра ортиқроқ. Дўстимиз Ҳаммод бизни қаттиқ қўрқитиб юбормаслик учун уни енгилроқ қилиб кўрсатибди. Xатни қарагин, катта поп Нотис ҳар икковига, хусусан, Жаҳонга қаттиқ ҳирс қўйган, деб ёзибди. Яъни, у Жаҳонни севиб, ўзига мўл турибди, демоқчи. Унинг чангалидан Жаҳонни қутқазиш учун ҳийла-найрангнинг ўзи етмайди, албатта, куч ишлатиш керак. Ҳаммод ўз хатининг охирида шунга озгина ишорат қилибди.
— Агар муҳороба лозим бўлса, бу масалани сендан бўлак ҳеч ким қўзғата олмайди. Чунки харифа олдида обрўйинг катта. У сенинг айтганларингдан чиқмайди. — Шу онда Зирғом ирғиб ўрнидан турди-да, Вардонни ташлаб уйига кетди.

Кийимларини кийиб, тўғри халифанинг олдига бориб, киришга рухсат сўради. Xалифа қози Аҳмад билан ўтирганди. Иккаласининг юзида ғамгинлик аломатлари сезилиб турарди. Зирғом кириб салом бериши билан халифа уни қарши олиб: «Жуда вақтида келдинг. Мен ҳозир сенга киши юбормоқчи бўлиб турган эдим. Қани, ўтир», — деб ёнидан жой кўрсатди.

Зирғом ўтириб:
— Нима учундир ҳузурингизга келгим келаверди. Чунки менинг фикри зикрим ҳамма вақт сизда. Яхши истакларингизга шерик бўлганим учун кўнглимизга келадиган гапимиз ҳам доим бир ердан чиқаверади, — деди.

Қози гап бошлади:
— Баззни фатҳ қилишда кўрсатган қаҳрамонлигинг учун халифа сендан хурсанд бўлганларини эшитдим. Сенинг тўғрингдаги фикрларим тўғри чиққанидан мамнунман. Мана, жаноб халифанинг назарларида катта обрўга эга бўлдинг, сенинг маслаҳатингга қўшиладиган, қиличингга суянадиган бўлдилар.

Зирғом одоб сақлаб бош эгди, қозининг гапига жавоб қайтармади. Xалифа қозининг гапига илова қилди:
— Рум мамлакатидан бизга келган маълумотга қараганда, лаънати Тиюфил Зибатро ва Малтийяга келиб, халқ-қа жуда азоб берган, мусулмонларга нисбатан кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган номаъқулчиликларни қилган эмиш. Зирғом муддаони айтди:
— Бу хусусда менинг раъйимни сўрасалар, Ҳорун ар-Рашид тадбирига амал қилиб, қилич солишдан бўлак чора йўқ. Уларга ҳужум бошлаб, мамлакатларини яксон қилиш керак. Тиюфил кишиларининг кўз ўйиш, бурун кесиш ва аёлларни асир олиш каби ёвузликларига биз мусулмонлар чидай олмаймиз. Аскарларингизни тайёрлатишингизни, уларнинг бир зафардан иккинчи зафарга бел боғлашларини сиздан илтимос қилардим.

Камина қулингиз бўлса, бу урушга ҳаммадан аввал отланаман.

Халифам эркак мусулмонларнинг кўзи ўйилишига чидасалар ҳам, мусулмон аёллар асир олинишига сира тоқат қила олмасалар керак, деб ўйлайман. — Зирғом шу гапларини гапириб туриб кўзидан ўт чақнаб, ғазабидан лаблари пир-пир учди. У халифа олдида ортиқча ҳаракатлар қилганини ўз сўзини тугатгандан кейин сезиб қолди. Бошини кўтарган эди, Муътасимнинг жаҳли чиққанидан ранги ўчиб, кўзлари қизариб, чақнаб кетганини кўрди. У ўтирган ерида ҳаяжонланиб гапираркан, Зирғомга тикилди. Бир нарсага ҳамла қилмоқчи бўлаётган шердек ботир бўлиб кетди. «Журъат қилиб сўзлаганим учун унинг жаҳлини чиқардимми», деб қўрққан Зирғом узр айтиш учун гап бошлаганди, қози Аҳмад уни тўхтатиб:
— Сен амиралмўъмининнинг мусулмонлар фойдасига бўлган ҳамиятларини қўзғатдинг. Ўзларига шу иш сир бўлмаса ҳам, худди шундай ҳамиятни ўз аскарлари ва баҳодирларида кўришни севадилар.

Халифа:
— Соҳиб худди тилимнинг учида турган гапни топиб гапирди. Мен ё Афшинга ва бошқа саркардаларга урушга тайёрланиш тўғрисида буйруқ бераман. Бу албатта Ислом йўлидаги муқаддас уруш бўлади. Xудо хоҳласа, эртага кўришамиз, — деди.

Шундан кейин қози ҳам, Зирғом ҳам халифанинг ёнидан чиқиб кетишди.

Зирғом турли хаёллар билан уйи томон йўл олди. Уни кутиб турган Вардонга бўлган воқеани ҳикоя қилиб берди. Вардон бу гаплардан хурсанд бўлса ҳам халифанинг фикри ўзгариб қолмасмикин, деб хавотирга тушди. Эртасига эрта билан барвақт халифанинг ғуломи Соҳибни истаб келди. Зирғом у билан бирга халифанинг ёнига борди. У кишиларни қабул қилмайдиган хос хонасида кечалик либоси билан кенг чопонга ўралиб ўтирганди. Xалифанинг юзида қандайдир тутақишизиш аломатини кўриб, Зирғомнинг кўнглига хавф тушди. Муътасим унга ўтиришни буюрди. Зирғом ўтириб олгач, халифа сўради:
— Сени нима учун чақиртириб, шу тахлитда қабул қилганимни биласанми?
— Йўқ, мавлоно, билмадим.
— Уйқудан чўчиб уйғондим-да, тўшагимдан ирғиб туриб кетдим.
— Илоҳим, тушингиз яхшиликка буюрсин!
— Кечаси хуфтон намозини ўқиб, румликлар хусусида мусулмонлар учун фойда бўладиган бир фикрни кўнглимга солармикин деб худодан илтижо қилдим. Уйқуга кетибман. Тушумда алаҳсираб, ўзимни йўқотиб қўя ёздим.

Зирғом бўйнини чўзиб, эътибор билан унинг гапига қулоқ солмоқда эди. Xалифа соқол-мўйлабини силаб, бошидаги кичкина салласини тўғрилаб олди-да:
— Мен тушимда кўрдим дедим. Аслида у туш эмасди: бир овоз эшитдим — юрагимнинг ич-ичига ўтиб кетди. Рум мамлакатида асирга тушган Ҳошим қабиласидан бир аёлнинг: «Муътасим қаердасан?» деб қичқираётганини эшитдиму, «Ёрдамингга тайёрман», деб уйғониб кетдим. Демак, худо менга юриш қилишни ва бевосита ўзим бу жиҳодда иштирок этишни амр қилди деб, тушимга таъбир бердим. Сен сафар тайёргарлигини кўравер, мен қўмондонларимга ҳам тайёрланишни буюраман. Аскарларимга ишонсам бўладими?

Зирғом унинг Афшиндан шубҳаланиб юрганини эслади:
— Буни мен аниқ айтолмайман. Уларнинг дунё жамғариш учунгина жанг қилишаётганидан ўзингиз хабардорсиз, албатта. Улар Баззни фатҳ қилиб, хуррамийларни тугатишди. Румларни ҳам шундай қилишса керак.
— Ўйлашимча, агар сен бормаганингда, улар Баззни фатҳ қилишни яна бир неча йилга судрашарди.

Зирғом халифанинг бу муболағали мақтовидан хижолат тортиб:
— Каминага ишончлари бўлса, шу ҳужумга юборсалар. Мендан хиёнат чиқар деб, қўрқмасалар ҳам бўлади, иншооллоҳ, — деди.

Халифа ундан сўради:
— Сенингча, Рум мамлакатларининг қайси бирига йўл олсак яхши бўлади?
— Сиз эшитган ўша додлаш овози Аммурийядан чиққан. Аммурийя Рум шаҳарларининг энг катталаридан бири, христианликнинг қайнаган ери. Унинг фатҳ қилиниши мусулмонлар учун катта ғалаба.

Халифа Зирғомнинг фикрини қувватлади:
— Тўғри айтдинг. Йўл тараддудини кўравер.

Зирғом севинчи олиш учун Вардоннинг ёнига чопиб кетди ва тайёргарлик кўришга киришди.


Аммурийянинг Фатҳ Қилиниши<Реф><Б>Аммурийя</Б> — Бу Шаҳарни Илгари Анатолияда Ғолатия (Галатия) Деб Аталарди, У Анқарадан Узоқроқда Катта Марказий Бир Шаҳар Бўлиб, Ҳозир Унинг Ном-Нишони Қолмаган. 223 (Мелодий 837—838) Йили МуъТасим Уни Забт Қилган.</Реф>

Муътасим ўз аскарларини урушга тайёрлаб қўйиб, умумий қабул хонасига кирди. Бағдод қозисини ва уч юз йигирма саккизта одил кишиларини чақириб, вақф қилган ер-сувларига уларни гувоҳликка ўтказди. Шу ер-сувларини учга бўлиб, бир қисмини худо йўлига, иккинчи қисмини бола-чақасига, учинчи қисмини эса озод қилган қул ва хизматчиларига атади. Шундан кейин Аммурийя сафари учун қурол-яроғ, майда асбоб-ускуналар, сув ва бошқа суюқликлар солинадиган идишлар ва бошқаларини тайёрлади. Тўққиз юз минг жангчидан иборат аскар ажратди. Уларга Афшин, Ашнос ва бошқаларни қўмондон қилиб белгилади.

Муътасимнинг ўзи ҳам отига миниб, исломнинг аввалги йилларидаги жиҳодга чиқувчиларга ўхшаб, озуқа тўлдирилган халтани орқасига осиб олди.

Аскарларни Рум мамлакатининг турли томонларига тақсим қилди. Улар ҳаммаси Анқара яқинида бирлашиб, Аммурийяга қараб йўл олишлари керак эди. Уларни уч томонга йўллади: чап томондагисига бошлиқ Ашнос туртки бўлди, ўртадагисига Муътасимнинг ўзи ва ўнг томондагисига Афишинни тайинлади. Ҳар бир қўшилманинг ораси икки фарсах[3] бўлиши керак эди. Яна ҳар бир қўшилмани иккига — ўнг ва сўлга бўлишга ва йўлда дуч келадиган ҳамма қишлоқларга ўт қўйиб, вайрон қилиш ва одамларни асир олишга буюрди. Шундай қилиб, ҳар бир қисм Анқара билан Аммурийя ўртасидаги белгиланган жойига бориб туриши керак. Анқара билан Аммурийя ўртаси етти мазгил эди. Қўмондонлар Муътасим буйруғига мувофиқ иш кўриб, аскарлари билан Аммурийяга етиб боришди. Биринчи борган Ашнос, кейин Муътасим ва охиргиси Афшин бўлди. Қўмондонлар Аммурийяни ҳар томондан ўраб олишди. Муътасим уни қўмондонларга бўлиб берди. Ҳар бир қўмондонга қарамоғидаги одамларига қараб қўрғонлар тайинланди.

Зирғом Муътасимнинг лашкаргоҳига ўтди. Муътасим уни ҳурматлаб, ўзига яқин тутарди. Унинг яқин кишилари ичида Ҳорис ас-Самарқандий ҳам бор. Xалифа Зирғомни ўзига яқин тутгани ва унинг обрўси ошаётгани учун Ҳорис қаттиқ ҳасад қила бошлади. Аммо Зирғом бунга унчалик эътибор бермасди. Унинг фикр-ёди Жаҳонни қутқазишга қаратилган. Вардоннинг хаёли эса, қандай қилиб бўлмасин, Ҳайлонани учратишда.

Булар жойлашган лашкаргоҳда икковлари бир тепаликка чиқиб, Аммурийяга қарашди. Аммурийя — бинолари кўп, атрофи кенг катта бир шаҳар. Унинг теварагида баланд қўрғон, қўрғон устида ҳашаматли миноралари бор эди. Қўрғоннинг дарвозалари эса пишиқ-мустаҳкам. Бинолар орасида устида байроқлар ҳилпираб турган бир қасрга кўзлари тушди. У бутхона бошлиғи Нотисниг қасри эканини ва Жаҳон шу ерда истиқомат қилишини билиб, Зирғон оғир бир хўрсинди-да, ер чизиб ўтирган Вардонга кўз ташлади:
— Шу попнинг қасри эмасми?
— Ҳа, худди ўшанинг ўзи.
— Ҳаммоднинг гапи тўғри бўлса, Жаҳон билан Ҳайлона шу қаср ичида қамалиб ётган бўлиши керак. Бу шаҳар жуда мустаҳкам кўринади. Унга ёриб кириш осон эмасга ўхшайди. Лекин худо хоҳласа, бизга унинг истеҳкоми бардош бера олмайди, — деди-да, Вардонга қараб: — Ҳаммод тайинлаган қўш байроқни тайёрлаб қўйганмисан? — деди.
— Ҳа, тайёрлаб қўйдим. Лекин биз Муътасимнинг лашкаргоҳида, унинг байроғи остидамиз. Ҳаммод тайинлаган қўш байроқни қандай оса оламиз?
— Уни бир чеккага осамиз. Балки Ҳаммод ўз хатида ёзганидек, уни кўришга мунтазир бўлиб тургандир.
— Бўлмаса, мен уни эртага мана шу тепа устига бир соатча осиб қўяман. Нима бўлса кўрармиз, — деди-да, Вардон лашкаргоҳга қайтиб кетди.

Эртасига Муътасим мажлис чақирди. Мажлисда қўмондонлар, халифанинг махсус кишилари қатнашди, улар ичида Соҳиб ва Ҳорис ас-Самарқандий ҳам бор эди. Мажлисда бўлажак жанг режаси муҳокама қилинди. Муаззин пешин намозига азон айтган вақтда улар тарқалди. Xалифа ўз чодирига кира туриб: «Эртага эрта билан менинг олдимга кел», — деб Соҳибга буюрди. Зирғом чодирга қайтиб келиб, ўзини кутиб турган Вардонни кўрди. У жуда ғазабланганди. Ундан Зирғом: «Байроқни нима қилдинг?» деб сўради.
— Ўша тепага қўйиб келдим.
— Қандай қилиб уни ташлаб келдинг? Нега қовоғинг солиқ, хафа кўринасан?
— Байроқдан ҳам муҳимроқ бир иш чиқиб қолди. Шунинг учун ҳам ташлаб келавердим, — деди Вардон ҳаяжонланиб.
— Нима бўлди? Айт.
— Лаънати Сомонни Афшиннинг лашкарлари орасида кўриб қолдим. У жуда иззат-ҳурматда. Афтига қарашга сира тоқатим йўқ эди. Ушлаб, бўғиб ўлдириб қўя қолгим келди.
— Йўқ, оғир бўл, дўстим. Ҳозирги вазиятимиз иттифоқни, бирликни талаб қилади. Унга қўл кўтарсанг, Афшиннинг жиғига тегиб, аскарлар орасида ғовға кўтарилишига сабаб бўласан. Сомон масаласини бошқа бир вақтга қўйиб, тепага бор, қўрғонларни кузат, тунда у ерда бўл!

Вардон чиқиб кетди. Зирғом ёлғиз қолиб, ўзи ҳақида ўйлаб кетди. У ётиб уйқуси келгунча Жаҳонни, онасини, Ҳаммодни ва Афшинни хаёлидан ўтказди. Кейин уйқуга кетиб Вардонинг чақирган овозини эшитиб уйғонди. Кўзини очиб қаради: Вақт кечқурун бўлиб, ҳамма ёқни қоронғи босган эди. «Вардон Ҳаммодни кўриб, мендан севинчи олгани келган бўлса керак», деб ўйлади:
— Ҳаммод келдими? — шошиб сўради у.
— Йўқ, келгани йўқ.
— Бўлмаса, нега байроқни ташлаб қайтиб келдинг?
— Эртагача сир тутиб бўлмайдиган бир иш чиқиб қолди. Шунинг учун ташлаб келишга мажбур бўлдим. Эрта билан Муътасимнинг олдига боришингдан илгари бу сирни билиб қўйишинг керак.

Зирғом ҳовлиқиб:
— Икки оғиз сўз билан айтиб қўя қол. Майли, бўлмаса, мен сен билан ўша тепага бораман, кечани бирга ўтказамиз. Ўша ерда айтиб берарсан.
— Айтадиган гапим кўп эмас, лекин тепагача мен билан борсанг, ёмон бўлмасди.

Зирғом ирғиб ўрнидан турди-да, оддий аскар кийимини кийиб, Вардон билан йўлга чиқди.

Тепалик Муътасим билан Ашноснинг лашкаргоҳлари ўртасида эди. Улар иккаласи баъзисида чироғ ёқилган, баъзиси қоронғи чодирлар ёнидан ўтишди.
— Мени нотекис йўллар билан олиб кетаётганга ўхшайсан, — деди Зирғом Вардонга қараб.
— Сенга бир янгиликни кўрсатмоқчиман. Чап томонимиздаги мана бу чодирни биласанми? — деди Вардон.
— Ҳа, биламан, Маъмуннинг[4] ўғли Аббоснинг чодири, нима бўлипти?
— Менга бир сир аён бўлдики, агар буни Муътасим билиб қолса, бутун лашкаргоҳни ағдар-тўнтар қилиб юборади.

Зирғом таажжубланди:
— Қандай сир?
— Шу бугун мен сенинг ёнингдан қайта туриб, анави ердан ўтдим. Ҳорис ас-Самарқандийнинг шу чодирдан чиқиб келаётганини ва Аббос уни зўр ҳурмат билан кузатаётганини кўрдим. Ўзимча, бу ҳурматнинг тагида бир гап бор бўлса керак, деб қўйдим. Муътасим Ҳориснинг қўлидан Ёқутани олиб қўйиб, сенга ҳадя қилгани учун ундан ўч олиш ниятида юрганини билардим. Xалифаликни эгаллаб олгани учун Аббоснниг Муътасимга: «Ҳап саними, қараб тур», деб юргани ҳам сенга сир бўлмаса керак.

Қўмондонлардан баъзилари халифаликни Аббос олиши керак деб юрарди. Лекин у байъатни[5] ўзига талаб қилишга юраги дов бермагач, тахт Муътасимга ўтган эди. Мен Сомуррода турган вақтимда Ҳорис ас-Самарқандий Муътасимни қолдириб ўрнига Аббосга байъат қилиш керак, деб юрганлардан биттаси деб эшитган эдим. Лекин улар аскарлардан қўрқиб, бу ишни амалга ошира олмай юришган. Бугун Ҳорис Аббоснинг чодиридан чиқиб келаётганини кўриб, иккаласининг ўртасида муҳим бир иш бўлса керак, деган фикр кўнглимга келди.

Тепанинг устига ўрнатилган чодирга етиб боришгунча Вардон йўлга паст овоз билан шу сирни ҳикоя қилиб борди. Кечаси қоронғи эди. Зирғом чодир ёнида ҳўкизга ўхшаб хуррак отиб ётган бир кишини кўрди. Оғзидан шароб ҳиди бурқсиб турарди.
— Бу ким? Ундан шароб ҳиди келяпти-ку? — деди Зирғом.
— Менга сирни айтим берган одам шу. Бу киши Ҳориснинг қулларидан. Мен у билан Сомуррода танишганман. Уни алдаб олиб келиб, ичирдим. Кайф бўлиб қолгач, менга қизиқ бир гапни айтиб берди. Уни сенга шу ерда айтаверайми ёки чодирга кирганингдан кейинми? Очиғини айтганда, шу қоронғида байроқни тикиб пойлаб ўтиришнинг ҳеч кераги йўқ. Уни ўн газ наридан ҳам кўриб бўлмаяпти-ю, Аммурийядан туриб қандай кўринсин?
— Гапларинг тўғри, — деди Зирғом, — байроқни Ҳаммод кечаси кўради, деган фикрда эмасман. Лекин уни кун ботаётган пайтида кўрган бўлса-ю, бир иложини қилиб, келиб топиб олса, ёки эртага тонготар вақтида кўриб, излаб келиб сени топса, деган хаёл билан «уни осиб қўйиш керак», деяпман. Қани, анови қулдан эшитган гапингни айтиб берчи.

Вардон тепадан бир неча газ нарироқда ётган катта бир харсанг томонга юрди. Иккаласи тош устига ўтиришгандан кейин Вардон ҳикоясини бошлади:
— У қулнинг айтишича, хўжайини Ҳорис ҳамма қўмондонларга элчи бўлиб бориб, улардан Аббос учун байъат олишга тил бириктирган эмиш. Қўмондонларнинг баъзиси Афшиннинг қўли остида, баъзиси Ашнос қўлида ва қай бирлари эса Муътасимнинг аскари ичида. Шундай бўлгач, Ҳорис уччала лашкаргоҳни айланиб чиққан. Қўмондонлар, ундан ташқари, Муътасимнинг хос кишиларидан бир неча одам у орқали Аббосга байъат қилишган эмиш. Яна Ҳорис байъат қилган қўмондонларга:
— Биз шу ҳодисани эълон қилганимиздан кейин ҳар қайсингиз ўз бош қўмондонингизни ўлдиришингиз керак. Масалан, Муътасимнинг хослари Муътасимни, Афшиннинг хослари Афшинни ва Ашноснинг хослари Ашносни ўлдирсин, — деган эмиш.

Вардоннинг гапини тинглаб, лол қолиб ўтирган Зирғом:
— Оббо, юзи қора-ей. Субуциз, бадбахт хотин-ей, — деб қўйди.

Вардон сўзини давом эттирди.
— Менингча, Аббос уларнинг ҳаммасидан ақллироққа ўхшайди. Қулнинг гапига қараганда, у Аммурийяни фатҳ қилиш ишини тағин қўлдан бой бериб қўймайлик, деб бу ёмон ниятни амалга оширишга қарши чиққан эмиш. Бу гапларни сенга бугун айтишдан мақсадим шуки, эртага халифа олдига борганингда, истасанг уни ҳам хабардор қиларсан.
— Йўқ, Вардон, бу ишни халифа билмасликлари керак. Билиб қолсалар, биз мусулмонлар орасида фитна чиқарган бўламиз. Улар бу шум ниятнинг ижросини кейинга силташгани учун, яшириб турайлик. Xалифанинг муборак ҳаётларини омон сақлаш учун атрофларида парвона бўлиб турсак кифоя.

Вардон Зирғомнинг фидоилигига қойил қолиб:
— Офарин сенга, қаҳрамон! Бу фикринг жуда тўғри, — деди.

Зирғом унга:
— Лекин бу қулни шу ерда қолдириб хато қилгансан: У ҳушига келиб, бу ерни таниб қўйса, сени чақиши мумкин. Бу жойни билмагани дуруст. Яхшиси, у ҳозир уйқу ва кайфда экан, бошқа жойга элтиб қўй. Қайтиб келгунингча мен шу ерда тура тураман, — деди.

Вардон: — Маъқул, — деди-да, ирғиб туриб, уни уйғота бошлади. Лекин у ҳамон ўзига келавермагандан гоҳ турғизиб, гоҳ етаклаб, гоҳ судраб, ўзининг чодиридан Аббоснинг чодири яқинига олиб бориб ташлади-да, қайтиб келди. Вақт ярим кеча бўлиб, лашкаргоҳдагиларнинг ҳаммаси ухлаганди.

Зирғом унга:
— Мен ўз чодиримга бораман, сен тонг отгунча шу ерда бўл, — деди.

Вардон:
— Бош устига, хўп, жоним билан, — деб жавоб қилди.

Зирғом хаёлга чўмганча ўз чодири томон йўл олди. У чодирга етмасданоқ қўрғон яқинида ғовур-ғувур овоз эшитди. Қараса, лашкаргоҳ соқчиларидан бир тўдаси бир кишини бўйнидан бўғиб, ҳайдаб келишяпти. У киши эса: «Мени Соҳибга олиб боринглар», деб бақирарди.

Унинг товушини эшитиб, Зирғом безовта бўлиб қолди, чунки у Ҳаммоднинг товуши эди. Зирғом чодирига югуриб кирди-да, уларнинг етиб келишини кутиб турди. Бир оздан кейин улардан биттаси Зирғомнинг олдига кириб:
— Биз бир айғоқчини ушладик, у шаҳар томондан лашкаргоҳга кирган. Мен Соҳибнинг олдига келаётгандим дейди,— деди.

Зирғом:
— Қани, уни бу ёққа олиб киринглар-чи, — деди.

У кирди. Зирғом синчиклаб қараб, Ҳаммоднинг ўзи эканини аниқлади-да: «Қолдириб кетаверинглар», — деб соқчиларни жўнатиб юборди. Улар кетгандан кейин Ҳаммод билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўради ва ёнига ўтқазиб, ундан Жаҳон тўғрисида савол қилди.
— Жаҳон ҳали ҳам поп Нотис ёнида турипти, — деди Ҳаммод.
— Бизнинг хабаримизни унга етказганинг йўқми?
— Йўқ, ҳеч шунга муваффақ бўла олмадим. Кеча сизларнинг аскарларингизни кўриб, байроқларга қаттиқ тикилиб қарадим, лекин қўш байроқни фақат шу кечагина кўрдим. Бу ерга чиқиб келишнинг иложини топа олмай, ҳозиргина бир амаллаб чиққандим, адашиб қолдим. Соқчилар қўлига тушганимдан кейин: «Мени Соҳибнинг олдига олиб боринглар», — деб талаб қилдим. Мана, ҳузурингдаман.

Зирғом:

—Хуш келдинг, демак, Жаҳон ҳамон Нотис қасрида экан-да.
— Ҳа, Ҳайлона ҳам у билан бирга. Поп иккаласига қаттиқ ҳирс қўйган. Xафа бўлма, яқин орада севгилингга муяссар бўласан.
— Қандай қилиб? Қўрғонларнинг истеҳкоми қаттиққа ўхшаяпти-ку, қамал анча вақтга чўзилса керак.
— Xудо хоҳласа, буни ўзим қисқартаман.
— У ёққа осонроқ кирадиган йўлни биласанми?
— Фатҳни енгиллаштирадиган йўлни биламан, ҳозир сенга уни кўрсатиб қўяйми?
— Мен эртага барвақт халифанинг олдига бораман. Душман тўғрисида маълумотга эга эканингдан уни хабардор қиламан. Шу гапни халифа сендан рози бўлишига восита қиламиз-да, ўтмишдаги ишларингдан кечиб юборади,— деди.

Ҳаммод бу маслаҳатга рози бўлди.

Эрталаб Зирғом билан Ҳаммод халифанинг чодири томон йўл олишди. Зирғом Ҳаммодни ташқарида қолдириб, рухсат сўраб халифа олдига кирди. Xалифа уни яхши қарши олиб, ёнига ўтқазди. Аммо Зирғом унинг қовоғи осилганини кўриб ташвиш ичида индамай турган эди, халифа:
— Нима учун чақирганимни биласанми? — деб сўради.

Зирғом:
— Менда каромат йўқ, тақсир, бир нарсани олдиндан била олмайман, — деди.

Муътасим бир хўрсиниб қўйди-да: «Мен Сомуррода қози Аҳмадни ўзимга маҳрам билиб, унга сирларимни айтар эдим. Ҳалол ва покдиллигингни билганим учун ҳозир сенинг маслаҳатингга таянишим керак, деб ўйлайман», — деди.
— Мен жанобларининг ихлосманд қуллариман.
— Афшин устида иштибоҳдаман деб, айтганим эсингда борми?
— Ҳа, эсимда, жаноб халифа.
— Мен илгари унинг тамагирлигини кўриб ҳайрон бўлиб юрардим, лекин ҳозир бу лашкаргоҳда қилаётган яширин фитналарини кўриб, аввалги ишлари бунинг олдида ҳолва экан, деб қўйдим. Унинг қилаётган ишларидан ҳеч хабаринг бўлдими?

Зирғом тушуниб турган бўлса ҳам, ўзини гўлликка солиб:
— Жанобларининг мақсадларини тушунмадим, — деди.
— Эшитишимча, баъзилар акамнинг ўғли Аббосга байъат қилишга ва мени ўлдиришга қарор қилишган эмиш, — деди ғазабдан кўзлари ўтдек ёниб.

Халифага тасалли бермоқ учун Зирғом:
— Бундай гапларнинг бўлишини ақлан эҳтимол туцам ҳам, бўлганини билганим йўқ, чунки ўтмиш халифалар давридан буён халифалик тамагирларнинг кўз тиккан ерлари бўлиб келган. Фаразан, баъзи кишилар шу фикрга келган бўлса ҳам, лекин қўлларидан ҳеч нарса келмайди, кутган натижаларига эриша олмайдилар. Атрофимиздаги душманлар устидан ғалаба қилиш учун ҳозир ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқармоғимиз керак. Мен жанобларининг фикрларига бир қўшимча кирицам, ажаб эмас, шу билан кўнгиллари таскин топса, — деди.
— Қани, айт-чи, нима гап топиб келдинг? — деди.
— Мен жанобларига шу оқшом Аммурийянинг ўзидан келган бир одамни бошлаб келдим, у киши шаҳарнинг ҳамма кириш-чиқиш жойларидан хабардор. Уни ҳузурингизга келтирайми?
— Ҳа, майли, кирсин!

Зирғом ирғиб туриб Ҳаммодни чақирди. Ҳаммод кириб тик турганча, халифага салом берди. Xалифа уни кўриши билан таниди-да, қовоғини солди-ю, лекин «ўтир», деб жой кўрсатди. У чўнқайиб ўтирди. Муътасим Зирғомга қараб:
— Буни мен араб боласи Ҳаммодга ўхшатяпман, ўша эмасми? — деди.
— Ҳа, худди шундай, ўзларининг қулваччалари. Илгари бундан хатолик ўтган, лекин ўзларининг афв-карамлари улуғ, бу ўшандан умидвор.
— Нима важдан бизга келди экан?

Ҳаммод:
— Шу шаҳарга кириш пешанамда бор экан, бундан бир неча ҳафта илгари кирдим, унинг истеҳкомлари билан танишдим. Кеча жанобларининг аскарларини кўрдиму, ҳаракат қилиб қочдим ва шу ерга келдим, — деди.
— Бизга қандай хизмат кўрсатиш қўлингдан келади?
— Жанобларига шаҳарнинг шикастларини кўрсатаман, уни билгандан кейин фатҳ қилишлари осон бўлади. Бу шаҳарнинг мустаҳкам қўрғони бор. Бир вақтда сел келиб, бир қисмини ювиб кетган. Подшо уни қайтадан бино қилишни буюриб, омилига хат ёзган, лекин омил сусткашлик қилиб, вақтни ўтказиб юборган. Подшонинг Қустантиниядан[6] чиққанини эшитган омил унинг Аммурийяга келиб, бу вайрона қўрғонни кўриб қолишдан ҳуркиб, уни нари-бери ишлатиб қўя қолган, яъни юзини тош билан ишлагану, лекин тешик раҳналарини эса ёғоч билан тўсиб қўйган. Агар истасалар, уни шу ердан туриб кўрсата оламан, — деди.

Халифа ўрнидан туриб:
— Қани, менга уни кўрсат-чи, — деди.

Ҳаммод олисдан уни халифага кўрсатди. Xалифа уни кўргандан кейин Ҳаммодга ташаккур айтди ва: — Гапинг тўғри чиқса яхшигина мукофот оласан, — деди.

Зирғом:— Гапининг ростлигига мен кафилман. Мукофотни дарҳол беришга буюрсалар мумкин бўлармикин, — деди.
— Xўп, сен туфайли уни тезлатайлик, нима мукофот берсак бўларкин?
— У мол талаб қилмайди, фақат рухсат берсангиз, чўрингиз Ёқутани ўзига хотин қилиб олса.

Халифа:
— Ёқутани — хотинингними? — деб ҳанг-манг бўлиб қолди.

Зирғом озгина жим турди-да:
— Ҳа, менга хотин бўлсин, деб жаноблари буюрган Ёқутани. У мана шу ўртоғимнинг севгилиси бўлгани учун жанобларининг саховатпешаликларига суяниб, уни хотин қилмаганман. Уни омонат тариқасида уйимда сақлаб келдим. Агар жаноблари бизни бошимиздан оёғимизгача инъомлари билан кўммоқчи бўлсалар, бу урушдан соғ-саломат қайтиб борганимиздан кейин гуноҳимизни кечиб, Ёқутанинг Ҳаммодга танмаҳрам бўлишига ижозат берсалар, — деди.

Халифа Зирғомнинг виждонига, хулқ-одобига қойил қолиб, жилмайди-да:
— Иккалангизнинг гуноҳларингдан кечдим, айни вақтда Ҳаммод менинг имтиёзли кишиларимдан бири бўлишини истайман, кўп инъомлар бераман, — деди.

Иккаласи унинг марҳаматига ташаккур айтишди. Кейин Муътасим: «Қани, ишга ўтайлик», деди-да, ўз чодирини бузилган қўрғон олдига кўчирилиб, олдига манжаниқлар ўрнатишни ва қўрғоннинг қолган қисмини ҳам вайрон қилишни буюрди. Румликлар қўрғон ўрнига бир-бирига зич қилиб ходалар тахлашди. Манжаниқ у ходаларни ҳам синдиравергач, румликлар унинг устига барзах ўрнатишди. Яна манжаниқлардан тошлар отилавергач, қўрғон ёрилди. Кейин Муътасим қамал қилишни кучайтирди.

Румликлар қўрғон атрофида ўтиб бўлмайдиган бир хандақ ковлашганди. Агар ўша хандақ бўлмаганда, шаҳар илбатта олинган бўларди.

Зирғом халифага ўша хандақнинг ичига тупроқ тўлдирилган қўй терилари билан ёпишни маслаҳат берди. Xалифа шу маслаҳат бўйича иш кўрди ҳамда тери устидан қўрғон томонга юмалатиш учун ҳар бирининг ичига ўнтадан одам сиғадиган катта даббоблар қилдириб, биттасини юмалатиб кўришди. У даббоблар хандақнинг ярмига борганда ўша териларга илинди. Xандақ ичидаги кишилар аранг ундан қочиб қутулди. У яна бир қанча нарвон ва манжаниқлар ишлатди.

Зирғом Жаҳонга тезроқ эришиш учун ҳужумни бошлашга рухсат беришни халифадан ҳадеб илтимос қиларди. Xалифа уни аяб, ҳужумга рухсат бермади, кейин у уруш очишни буюрди. Биринчи бўлиб ҳужум қилган Ашнос бўлди. Маърака майдони танг бўлгани учун уруш қилиш қийин бўлди. Шунинг учун Муътасим қўрғон атрофидаги манжаниқлар билан унга ёрдам берди. У қўрғоннинг тешилган ери устига манжаниқларни тўплатди. Иккинчи куни Муътасим Афшинга ўз одамлари билан ҳужумга ўтишни буюрди. Учинчи куни эса Муътасимнинг ўзи қўл остидаги лашкари, жумладан, мағрибликлар, турклар билан бирга ҳужумга кирди. Муътасимнинг қўл остида бўлган Зирғом шу қадар абжирлик ва матонат кўрсатдики, унга ҳар қандай қаҳрамон ҳам ҳавас қилса арзирди. Ҳаммоднинг ишидан хабардор бўлган Вардон ҳам Зирғом ёнида эди. Зирғомнинг фикр-хаёли поп Нотис қасри томон йўлланишда.

Жанг қаттиқ қизиб, кечасигача давом этди. Поплар илгари қўрғон минораларини бўлашиб олишганди. Кейин улар орасида жанжал чиқиб қолди, баъзилари эрталаб келиб, бошқаларининг зиддига юриш учун қуролларини ташлаб, Муътасимнинг кишилари олдига тушиб, шаҳарга келишди. Румликлар мағлуб бўлиб, шаҳарга мусулмонлар фотиҳлар сифатида киришди ва унда талаш, ўлдириш ва қуролларни олиш билан машғул бўлишди.

* * *

Зирғом ўз севгилисини қидириб, тўғри попнинг қасри томон йўл олди. Шаҳар кўчалари талон-торож қилиш, асир олиш учун кирган мусулмонлар билан лиқ тўлгани учун Вардон билан Ҳаммод ҳам қасрга кўп азият чекиб, аранг етиб борди. Уч оғайни қасрга кирса, унинг эшиклари ланг очиқ, ичида на мол-мулк, на хотинлар қолган. Улар Жаҳон билан Ҳайлонани излаб, қасрнинг ҳамма уйларини айланиб чиқишди. Улардан дарак тополмагач, Зирғом Ҳаммоднинг айтган гапларига шубҳаланиб қолди. Ҳаммод эса унинг шубҳаланганлигини сезиб айтган гапининг тўғрилигига онт ичди ва:
— Менимча, аскарлардан баъзилари қасрга кириб, уни талаган ва одамларини олиб кетган бўлса керак, — деди.

Зирғом билан Вардон хафа бўлиб ўрнидан туришди. Вардон:
— Маърака тугагандан сўнг уларни асирлар орасидан ахтарамиз, — деди.

Мусулмонлар ғалабага эришгач, халифа урушни тўхтатиб, ўлжаларни шаҳар атрофига тўплашни буюрди. Улар сотиладиган бўлганидан харидорлар кўпая бошлади. Сотишни тезлатиш учун ҳар бир мол устида уч марта: «Ким ошди?» дейилади-да, сотиб юборилаверади. Асир-қуллар кўплигидан, уларни бир йўла бешта-бешта, ўнта-ўнтадан сотишарди. Муътасим эса сотувчиларни «тез бўлинглар» дея ошиқтирарди. Xалифа шаҳарни вайрон қилишга буюргани учун, аскарлар уни вайрон қилишди, куйдиришди.

Кишилар олди-сотди билан банд бўлиб турган пайтда Вардон асирлар орасини айланиб чиқди. У на хотинидан ва на Жаҳондан дарак топмагач, юраги сиқилди ва биргаликда маслаҳат қилишиб олмоқ учун Зирғомнинг олдига қайтиб келмоқчи бўлди. Йўлда у Афшиннинг лашкаргоҳидан ўта туриб, ўлжалар орасида Жаҳоннинг қашқа отига кўзи тушди. От ёнида турган Сомонни кўриб, у муқаррар Жаҳоннинг оти эканлигига ишонч ҳосил қилди. Уни ёмон кўргани учун қаттиқ ғазабланди-ю, лекин Зирғомни риоя қилиб, унга бир шикаст етказишдан ўзини тийди, чунки Зирғомнинг хоҳиши шу эди. Шундан кейин у кўрган воқеасини югуриб бориб Зирғомга айтди. Зирғом келиб Жаҳоннинг қашқа отини кўрди, лекин Сомон аллақачон от олдидан кетиб қолганди. Отга қараб, унинг пешанасидаги шер суратини кўрди-ю, у Жаҳоннинг оти эканига Зирғомда шак-шубҳа қолмади. Жаҳон билан Ҳайлона Афшин олган асирлар ичида экан, деган фикр кўнглига келди. Дарҳол кириб, Жаҳон билан Ҳайлонани талаб қилмоқчи бўлди, лекин аскарлар орасида низо чиқиб кетишидан қўрқиб, бу раъйидан қайтди, чунки у аскарларнинг иттифоқ бўлишини истарди. Кейин у ўзича, Жаҳон билан Ҳайлонани қутказиш учун халифани ўртага қўйишга қарор қилди.

Шундай кейин Зирғом халифани қидирди. Унинг умумий қабулхонада ўтирганини, ғалаба билан муборакбод қилиш учун олдига қўмондон ва аъёнлар кети узилмай кириб туришганини эшитди. Xалифанинг бўшашини кутиб ўтириб, кунни алламаҳал қилди. Ахири одамлар товсалгандан кейин рухсат сўраб, секин ёнига кирди. Xалифа уни яхши қабул қилиб, ўз ёнига ўтқазди, унга хушчақчақлик билан муомала қилди. Зирғом ҳам уни табриклаб, ҳаққига дуо қилган бўлди. Зирғомнинг юзида ғам кўланкасини, тутоқиш аломатларини кўрган халифа:
— Сенга нима бўлди? Xафа кўринасан? — деди.

Зирғом:
— Ўз хожаси олдида қулдан асло хафалик зоҳир бўлмайди. Xафа эмасман, лекин бир оз безовтароқман, — деди жавоб қилди.
— Нима учун ҳаяжонландинг, Соҳибим?
— Афшиннинг зулм-тааддиси мени ҳаяжонга солди.
— Унинг тааддиси нимадан иборат? Сен доносан, бировлар билан «сан-манга» бормаслигинг менга маълум.
— Мен у билан на мартаба, на ўлжа талашмайман. Мен ошиқ бўлган қиз фалакнинг гардиши билан Аммурийя-га келиб қолган экан, Афшин менинг севгимдан воқиф бўла туриб, асир тушириб, ўзиники қилиб олибди.

Муътасим ҳайрон бўлди: «Қандай қилиб Аммурийяда бунинг маъшуқаси бўлади?» деб ўйлади-да, унга қараб: «Очиқроқ гапир, мен тушуна олмадим», деди.

Зирғом гап бошлади:
— Жаноб олийлари, худо бахту давлатларини бундан ҳам зиёда қилсин, Сомуррода каминага Ёқутани танмаҳрамликка тақдим этган эдилар. Мен кеча ўзларига айтганимдек, буйруқларига хилоф иш қилгандим. Xилоф иш қилганимнинг боисини ўша вақтда ўзимдан сўрамадилар. Унинг боиси чўрилар олиб келиш учун мени Фарғонага юборган вақтингизда у ерда бир қизга ошиқ бўлиб қолгандим ва у билан иккимиз умр йўлдоши бўлишга аҳд қилган эдик. Бахтга қарши шу пайт қизнинг отаси вафот этиб қолди. Фарғонадан қайтиб келишим тўғрисида ўзларининг фармони олийлари бўлиб, тўй масаласини кейинга қолдириб, Сомуррога қайтиб келгандим. Шундан кейин кўп ҳодисалар юз бериб, охири бу қиз тақдирнинг тақозоси билан Аммурийяга келиб қолади. Қиз Аммурийя попи Нотиснинг қасрида қамалиб ётган экан.

Аммурийяни фатҳ қилган вақтимизда мен қизни қасрдан ахтариб топа олмадим. Суриштирсам, у Афшиннинг қўлига тушиб қолибди. Унга бориб, қизни талаб қилмоқчи бўлдим, лекин иттифоқ бўлишимиз жуда зарур бўлиб турган бир пайтда аскарлар орасида низо чиқармай деб, маслаҳатларини олиш учун ҳозир ўзларига арз қилгани келдим.

Муътасим бир лаҳза бошини ерга солиб турди-да:
— Бу осон ҳал бўладиган иш. Афшин сенинг маъшуқангни ўзида ушлаб турмайди, асир олинган аёллар беҳисоб, арзимас пулга сотиб ҳам юбориляпти-ку, — деди-да, чапак чалиб ташқаридаги ғуломларидан бирини чақирди-да, Афшинни чақириб келишни буюрди.

Бир оздан кейин Афшин кириб, халифага салом берди, Ёнида ўтирган Зирғомни кўриб, нима учун чақирилганини сезди-ю, билмасликка олиб жим турди. Xалифа унга қараб: «Соҳибга алоқадор бир иш устида сизни чақирдим. Унинг мен учун қадрли бир киши эканини ўзингиз яхши биласиз»,— деди.

Афшин табассум қилиб:
— Соҳиб мен учун ҳам муҳтарам, буни ўзи ҳам яхши билади, — деди.
— Сизнинг ихтиёрингизга тушган асиралар орасида бир қиз бор экан, Соҳиб сиздан ўшани сўраяпти.
— Асиралар тўлиб ётибди, арзимайдиган пулга сотилиб ҳам кетяпти, агар у мендан бештасини сўраса, ўнтасини беришга тайёрман.

Зирғом Афшиннинг чалғитаётганини тушуниб:
— Ўзингиз яхши биладиган бир қиз менга керак, — деди.
— У ким экан?
— Ҳокимнинг қизи Жаҳонни айтмоқчиман.

Афшин ҳайрон бўлган бўлди:
— У ҳам асиралар ичида эканми?
— Ўшаларнинг ичида бўлса керак, деб ўйлайман, у билан бирга Ҳайлона деган румлик яна бир аёл ҳам бор.

Афшин халифага қараб:
— Мабодо асиралар орасида Жаҳон бўлса, уни Зирғомга топшириш заҳматидан мени қутқарсинлар, узр, — деди.
— Соҳиб уни маъшуқам деб даъво қиляпти, у тўғри сўз одам, тўғри гапиради.
— Майли, лекин бу қиз мен учун ўз қизим ўрнида, отаси мени унга васий қилиб тайинлаб кетган. Соҳиб буни инкор қилмаса керак, деб ўйлайман.

Муътасим Зирҳомга қаради: унинг ранги ўчиб, чеҳрасида ғазаб аломатлари очиқ-ойдин сезилиб турарди. Муътасимнинг ўзига қараганини пайқаган Зирғом жаҳлини тийди-да, «Ҳоким бу кишини васий қилганидан хабарим бор, лекин қиз билан гапни бир ерга қўйганимиз васиятнома ёзилишидан бурун бўлган», — деди.

Афшин:
— Бу гап тўғри бўлса, васият қилувчи уни ўз васиятида айтиб кетган бўларди. Васиятномада бу гап йўқ. Мен қизни ҳеч кимга унаштирилмаган деб ҳисоблайман. Отасининг васиятига мувофиқ; менинг рухсатимсиз уни бировга унаштириш дуруст эмас, — деди-да, фикрини билмоқчи бўлгандек халифага қараб қўйди.

Муътасим ҳайрон бўлиб қолди, чунки Зирғомнинг ўз хоҳишига эришувини истарди. Шу билан бирга, аскарлар ичида ғавғо кўтарилишини ҳам истамасди. У Афшинга қараб:
— Фараз этайлик, қизнинг отаси унаштирилганини билмаган ёки унга иқрор бўлмаган бўлсин, ҳозир у сизнинг оталиғингизда экан, биз бевосита сиз орқали унга совчи бўляпмиз.

Афшин мот бўлди, нима дейишини билмай, боши берк кўчага кириб қолди. «Қизни Зирғомга бермайман», деб халифани ўзидан ранжицинми ёки хўп десину, қараб туриб ундан ажралиб қолаверсинми? У озгина ўйлаб турди-да, деди: «Жаноб олийларининг буйруқлари муқаррар бажарилади, лекин худо хоҳласа шу иш Сомуррога қайтиб борганимиздан кейин бўлсин».

Муътасим: «Бу тўғри маслаҳат», дегандек Зирғомга қараб қўйди.

Афшин ишни атайин кейинга силтаётганини ва тилининг учидагина гапираётганини сезган Зирҳом қатъий қилиб:
— Афшин амиралмўъмининнинг талабларини қабул қилган бўлса, никоҳни шу ернинг ўзида қилдирсин, — деди.

Афшин бўйсунгандек табассум қилди ва: «Халифа буйруқ қилсалар бош устига, ҳеч қандай гап-сўз бўлиши мумкин эмас, лекин асиралар ҳозир қаердалигини билмайман, фикримча, улар Сомуррога жўнатилган бўлса керак», деди. Зирғом Жаҳоннинг отини шу ерда — лашкаргоҳда кўргани учун ўзини ҳам шу ерда деб биларди. У:
— Агар қиз бу ерда бўлмаса, Сомуррога боргунимизча никоҳни тўхтатиб туришга розиман, ҳозир бориб, унинг бор-йўқлигини текшириб, башарти, бор бўлса, шу ерга олиб келиш учун халифам ўз кишиларини юборсалар, деб илтимос қилардим, — деди.

Халифа ғуломини чақирди ва: «Афшиннинг лашкаргоҳига бориб, Жаҳон деган асира қизни топиб, бу ерга олиб кел», — деб буюрди.

Зирғом ғуломни тўхтатиб:
— Унинг оти Гулнор, бу мамлакатда уни шундай деб аташади, — деди.

Ғулом чиқиб кетди. Зирғом эса чўғ устида тургандек бесаранжом: узоқ вақтдан буён кўрмаган севгилисини кўришга ошиқиб, юраги қинидан чиқиб кетай деди. Мени ўлган деб ҳисоблаб юрган Жаҳон тўсатдан менга кўзи тушса, жуда ҳайрон бўлиб қолса керак», деган фикр кўнглига келди. Шу йўсинда кечган ҳар бир лаҳза унинг хаёлида соатларга айланиб кетди. Кейин халифа юборган ғулом: «Асир тушган аёллар шу бугун эрталаб Сомуррога юборилган экан», деган гапни топиб келди.

Бу хабар Зирғомнинг бошига чақмоқдек урилган бўлса ҳам, сукут этди-ю, лекин: «Жаҳоннинг синчиклаб ахтаришни, башарти у лашкаргоҳда бўлса, мажбуран олиб келишни Вардонга айтаман», деб кўнглига тугиб қўйди.

Халифа Зирғом билан Афшиннинг кетаверишига рухсат бергандан кейин Зирғом чиқиб, Вардонни кўриш учун тўғри ўз чодирига борди. Уни тополмагач, кишилардан сўради. Уни эрталабдан бери кўрмаганликларини, қаерга кетганини ҳам билмасликларини айтишди. Уни чодирига бориб суриштирмоқ учун ўзи чиқди, у ерда ҳам йўқ. Ҳаммодни ҳам кўра олмади. Иккаласи бир ерда бўлса керак, деб умид боғлаган эди, афсуски, иккаласи ҳам йўқ. Зирғом ташвишланди. Вардонни кўриши жуда ҳам зарур эди. «Жаҳоннинг отини эрта билан турган жойига бориб аниқлаб келаман», деб ёлғиз ўзи чиқди. Уни ҳам топа олмади. Шундан кейин у, «Афшин тўғри айтган экан, у халифага ёлғон гапиришга журъат этмаса керак», деган хулосага келди-да, чодирига қайтди ва кўнглидаги ниятини ҳеч кимга айтмади.


Афшиннинг Суд Қилиниши

Афшин асир олинган аёлларни ўша куни эрталаб лашкаргоҳдан олиб кетишга буйруқ берганди. Бу иш Сомоннинг маслаҳати билан бўлганди. Жаҳон попнинг қасрида эканини унга кўрсатган, асир қилиб олишга маслаҳат берган ҳам ўша Сомон эди. Сомон Баззда бўлган вақтидан бошлаб Жаҳоннинг ҳар бир қадамини кузатарди. Унинг Рум мамлакатига чиққани, Аммурийяга бориб тушгани ҳам Сомонга маълум эди. Бу ишларни у отасининг васиятини ўзгартириш тўғрисида Афшиндан олган ваъдасига эришмоқ учун қилганди.

Аммурийя фатҳ қилингандан кейин, у синглиси олдига бориб, унга ёрдам кўрсатиш учун келгандек қилиб кўрсатди. «Афшин ҳам фақат сени қутқазиш учун бу ҳужумни уюштирди» деб, унги хотин бўлишни маслаҳат, бераверди. Аммо Жаҳон унинг маслаҳатларига унамасди. Шунинг учун Зирғом поп қасрига етиб келмасидан олдиноқ Афшиннинг одамлари Жаҳонни ва Ҳайлонани отга миндириб, унинг лашкаргоҳига олиб кетишди. Ҳайлона Жаҳон учун катта суянчиқ. Улар бир-бирини севишган, айрилмас дўст, дугона бўлиб олишганди. Иккаласи ҳам ўзини беватан, ғариб деб ҳисоб қиларди. Улар Афшиннинг лашкаргоҳига келишгандан кейин, асирдек бўлиб қолишгани жаҳонга жуда оғир туюлди. Муътасимга йўлиқиб, ўзини Афшин чангалидан қутқазишини илтимос қилмоқчи бўлди, лекин акаси сабр қилишни тавсия этди ва: «Сени ўзим Сомуррога олиб бораман, у ерга боргандан кейин истаган ишингни қилаверасан», деб уқтирди. Сомон Сомуррони тилга олиши билан Жаҳон Зирғомини эслади, чунки унинг барҳаёт эканидан умидвор эди. «Жуда бўлмаса, унинг онаси тирик бўлса, ўғли ҳақидаги гапларни суриштириб билиб оларман», деган умидда» «Майли, Сомуррога бора қолай, лекин Ҳайлона ҳам мен билан бирга бўлиши шарт», — деди.

Сомон бу шартни қабул қилди. Сомоннинг мақсади Зирғомга билдирмасдан Жаҳонни олиб қочиш эди. У тонг саҳарда Жаҳонни излаб юрган Вардонни кўриб, Афшиннинг олдига югурди ва унга «тезда аёлларнинг иккаласини тўппа-тўғри Ушрусанага юбориб, у ерда сақлаб туриш керак», деган маслаҳатни берди. Афшинга Сомоннинг маслаҳати маъқул тушди. Шундан кейин Сомон юк ортадиган уловларни ва йўлда уларни қўриқлаб борадиган соқчиларни шошилинч равишда тайёрлади-да, кўзни шамғалат қилиб йўлга тушди. Жаҳонни топиб келиш учун халифа юборган ғулом лашкаргоҳга келганда, улар бу ердан чиқиб кетганига бир неча соат бўлганди.

Зирғом эса Вардон билан Ҳаммоднинг бедарак йўқ бўлиб кетганидан ташвишланиб, нима қилишини билмай, ҳайрон бўлиб қолди. Улар бир фалокатга учраган бўлмасин, деб қўрқди: «Афшин уларни бир балога йўлиқтирган бўлса-я»,— деган хаёлга ҳам борди.

Аскарлар ўлжа ва асирларни сотиш билан Аммурийяда бир неча кунни ўтказишди. Моллар кўп бўлгани учун яҳудий савдогарлари ундан кўп фойда топишди. Ундан кейин аскарлар шаҳарни вайрон қилиш, қўпориш билан яна бир неча кун қолиб кетишди. Шаҳарликлардан кўп одам қириб ташланди. Поп Нотис эса ўзидан-ўзи уларга таслим бўлди.

Ҳамма ишлар саранжом топгандан кейин Муътасим Сомуррога қайтишга фармон берди. Зирғом эса бениҳоя ташвишда. У ўз севгилисини Сомуррода учратиш ниятида у ерга қайтаётганлар билан бирга йўлга тушди.

Йўлда Зирғом қарши томондан келаётган отлиқ кишиларга кўзи тушди Уларни кўриши биланоқ юраги ҳовлиқиб кетди, чунки отлар орасидаги биттаси Вардоннинг оти эканини пайқади. Ўша йўловчиларга етиб олиш учун отига қамчи босди. Уларга яқинлашганда икки кишини — Вардон билан Ҳаммодни таниб: «Вардон!» деб бақирди.
— Лаббай! — деди Вардон, унинг овозида шодлик ва зафар оҳанги янграрди.

Зирғом:
— Қаерда эдинглар? Мен сизлардан жуда ташвишландим, — деди.

Вардон:
— Сомуррога бориб келяпмиз.

Зирғом:
— Нима учун бординглар у ерга?
— Икки келинни у ерга олиб бориб, ташлаб келяпмиз.
— Қайси келинларни айтяпсан?
— Жаҳон билан Ҳайлонани.
— Қандай қилиб? Гапир, тезроқ гапира қолсанг-чи!
— Қарасам, сен Афшинга ялинадиган кўриндинг. У билан гаплашадиган бўлсанг ҳам, халифа олдида гаплашасан. У эса сенга чап бермоқчи: Жаҳон билан Ҳайлонани қаергадир олиб қочмоқчи. Шу ишдан ғафлатда қолгудек бўлсак, уларни қидириб топишга умр кифоя қилмасди. Сенга билдирмасдан бир куч ишлатиш керак деган фикр келди кўнглимга. Чунки сенга билдирсам, «аскарлар орасида ғавғо чиқмасин», деб туриб оласан. Жаҳон билан Ҳайлонани олиб қочишни Афшинга Сомон маслаҳат берганини ҳам билгандим. Шунинг учун Сомонни ҳам қўшиб, қизларнинг иккаласини зўрлик билан олиб кетишга Ҳаммод билан сўз бириктирдик ва шу ишни бажардик. Мена икки келинни Сомуррога олиб бориб, Соҳибнинг уйига жойладик. Сомонни эса сен етиб боргунингча, қамоқхонага қаматиб келдик.

Зирғом бир томондан севинса ҳам унга:
— Афшин билан келишган ваъдамизда турсак яхши бўлмасмиди? У халифа олдида Сомуррога етиб борган замонамиз тўй қилиб юборамиз, деб менга ваъда берган эди,— деди.

Вардон:
— Афшин Жаҳонни Сомуррога юбораман, деган га-пини чин деб ишонганмидинг? — деди-да, Ҳаммодга қа-раб.
— Дўстим, сен Ёқутани кўриб севингани бўлсанг керак деб ўйлайман, лекин нимага яна қайтиб келяпсан? — деб сўради.
— Сен билан бирга бўлиш ва хизматимни тўлиқ адо этиш ниятида қайтиб келяпман.

Аскарлар қўшлама тарзида йўлда бормоқда. Зирғом эса Муътасим ёнида, унинг қўшилмасида бормоқда. Кеч киргач, улар дам олиш учун мазгилга тушиб, юкларни ҳам туширишди. Вардон эса халифага қарши уюштирилаётган янги фитни хусусида Зирғомга ҳикоя қилиб берди. Бу ҳақда уни илгари ҳам огоҳлантирган эди. У «халифанинг ҳаёти хавф остида, бундан албатта ўзини хабардор қилиб қўйиш керак», — деди.

Ҳаммод:
— Бу хабарни халифага мен етказаман, лекин унинг олдига мени Зирғомнинг ўзи ҳеч ким йўқ пайтида олиб бориши керак, — деди.

Зирғом:
— Қани юр, ҳозир борамиз, — деди.

Вақт хуфтон пайти эди. Улар халифанинг чодирига бориб етишди-да, Зирғом киришга рухсат сўради. Рухсатдан кейин Зирғом ёнида Ҳаммод билан бирга кирди. Xалифа:
— Xўш, келинг, Соҳиб, — деди.

Зирғом:
— Дўстим Ҳаммодда жаноб олийларига маълум қилиши зарур бўлган махфий гаплар бор агар рухсат берсалар, айтмоқчи, — деди.

Халифа Ҳамодга қаради:
— Гапир, лекин ёлғон аралаштиришдан эҳтиёт бўл!

Ҳаммод саркардалар халифани ўлдириб, ўрнига Аббосни ўтқазиш тўғрисида келишиб олганини ва суиқасд қилганларнинг номини, шу жумладан, Шоҳ бин Исмоил Xуросонийни, Ҳорис ас-Самарқандий, Ужайф бин Анбаса ва бошқаларни айтиб берди. Муътасим бу ишга шитоб билан киришиб, гумонсираган кишиларини чақиртирди, уларни турли воситалар билан тергов қилди. Улар қилмишларига иқрор бўлгандан кейин, ҳаммасини ўлдиртирдики, бу ўлдиртириш воситаларини батафсил баён этишга ҳожат йўқ. Аммо Аббосни Сомуррога боргунча сақлаб турди ва уни малъун, деб атади. Шундан кейин у Маъмуннинг болаларини тутиб, уй-уйларида умрбод қамоққа ҳукм қилди. Вақтида огоҳлантирганликлари учун Зирғом билан Ҳаммодни мақтаб, уларга мукофотлар берди.

Афшин Вардон билан Ҳаммоднинг қилган ишларини баъзи одамлардан эшитди, лекин Сомуррога етиб боргунча сабр қилиб, у ерга боргандан кейин уларни ҳам, Зирғомни ҳам ўхшатиб халифага чақмоқчи бўлди. Қофила Сомуррога яқинлашганда Зирғомнинг юраги дук-дук ура бошлади, чунки узоқ ҳижрондан кейин Жаҳон билан кўришадиган вақт келаётганини у биларди.

* * *

Жаҳон Вардон билан Ҳаммоднинг қўлига ўтгандан кейин, азалий орзулари яна жўш урди. Аввалига уларнинг аскарлари билан ҳужум қилаётганини кўриб, «яна қандай балога дучор бўляпман», деб худодан паноҳ тилади ва улардан ўзини мудофаа қилмоқчи бўлди. Кейин бирдан Вардоннинг товушини эшитиб қолди. Ўша товушни хотини Ҳайлона ҳам эшитиб қолди-да, иккаласи унинг томонига бурилишди. Тириклигидан умид узиб қўйган Вардоннинг овозини эшитган Ҳайлона қалбида пайдо бўлган севинч ва ҳаяжонни асло сўраманг. Эр-хотин бир-бирларини қучиб, қадимий ва мангу муҳаббат аломатларини зоҳир этишарди. Шу пайт Вардон Сомонни ушлаб, қўл-оёғини боғлаб қўйишни ўз шерикларига топширди-да, Жаҳоннинг ёнига борди. Жаҳон унга қараб:
— Ростдан Вардоннинг ўзимисан? — деб сўради.

Вардон:
— Ҳа, менман, сайидам, саломатлик ва дийдор кўришиш сизга муборак бўлсин? — деди.

Жаҳон тўлқинланиб сўради:
— «Кўришиш», Зирғомим, у қаерда?

Вардон:
— У соғ-саломат, бир неча кундан кейин келади. Мен сизнинг унинг Сомурродаги ҳовлисига элтиб қўяман, у етиб боргунча ўша ерда онаси ёнида турасиз.

Жаҳон «бу тушимми ё ҳақиқатми» деб хаёл сурди-да, Вардоннинг башарасига яна бир тикилиб қаради ва: «Зирғомим тирикми?» деди. Шу пайт Жаҳон «Зирғом ўлган» деб хабар етказганлардан биринчиси бўлмиш Сомонни эслади. Сомон эса отнинг орқасига ўнгарилиб қўйилганча ётарди. Жаҳон унга қаради. Вардон билан гаплашиб турган Жаҳонга қараб Сомон: «Менга раҳм-шафқат қил», деётгандек туюлди. Лекин Жаҳон юзини тескари ўгирди-да, Вардон билан апоқ-чапоқ бўлиб, шоду хуррамликдан учиб кетай деб турган Ҳайлонага қараб: «Вардонни сен илгари ҳам танирмидинг?» — деб сўради.
— Ахир бу ўз эрим бўлади-ку.
— Менга айтган поп эринг шуми?
— Ҳа, худди ўзи. Уни менга етказган Оллоҳга шукур. Ошиқингнинг қароргоҳига етганингдан ғоят мамнунман, муборак бўлсин, Жаҳон! — деди.

Вардондан Жаҳон: «Зирғом қаерда?» — деб яна сўради.
— Ҳозир Аммурийяда, Сомуррога жўнайдиган бўлиб туришибди.

Шундан кейин улар ҳам. Сомурро томон йўл олишди. Вардон ўзида йўқ хурсанд. Йўлда улар бошдан кечирган можароларни бир-бирларига ҳикоя қилиб боришарди. Вардон ҳам Зирғомнинг Муътасим олдида қозонган обрў-мартабасини мақтади, унинг номини халифа Соҳиб деб ўзгартирганини ва бунинг сабабларини Жаҳонга тушунтириб берди. Бундан ташқари, у Ҳаммод билан Ёқута воқеаларини ва Ёқут Жаҳоннинг худди ўзига ўхшашлигини ҳикоя қилди.

Улар Сомуррога етгандан кейин Вардон дарҳол Сомонни қамоқхонага юборди ва унинг бошлиғига: «Бу айғоқчини қамаб қўйишни Соҳиб буюрди», деб таъкидлади. Кейин у Жаҳон келганини Офтобга хабар қилди. Жаҳон билан Офтобнинг учрашувларидаги ҳолати киши кўз ўнгига келтира олмайди. Офтоб Жаҳонни ёнидан силжишга қўймай, бағрига тортиб, қучоқлаб ўпарди.

Ёқута ҳам Ҳаммодни кўргач, севинганидан терисига сиғмай кетди. У Ҳаммоднинг барҳаётлигидан хабардор эди, лекин Жаҳонни кўриб оғзи очилиб қолди. Ёқута билан Жаҳоннинг бир-биридан ажратиб бўлмайдиган даражада ўхшашлигидан у кўзгуда ўз аксини кўраётгандек ҳис қилди. Жаҳон ҳам Ёқутани кўриб ҳайратда қолди.

Вардон Сомуррода ўз вазифасини тугатгандан кейин Аммурийя томон қайтишга отланди. Ҳаммод ҳам у билан бирга йўлга чиқди.

Сомуррода халифа саройидагиларнинг ҳаммаси Зирғомнинг йўлини сабрсизлик билан кутмоқда.

Ўн етти кун ўтгандан кейин «халифа ва унинг аскарлари соғ-саломат ғалаба билан қайтиб келяпти», деган хушхабар тарқалди. Сомурро шаҳри безатилди. Давлат арбоблари ва аскарлар саф тортиб кўчаларга байроқлар осилди, куйлар чалинди, бутун шаҳар шод-хуррамликка тўлди. Эркагу аёл томоша қилиш учун йўлга чиқди. Ҳамма шу маросим билан банд.

Жаҳонга эса ҳеч бир нарса кўринмайди, ҳеч нарса эшитилмайди. Xалифанинг ҳамроҳлари ичида Зирғом саройга кириб келаётганини кўрармиканман, деб унинг икки кўзи сарой дарвозасида. Лекин халифа кириб келган вақтда унинг ёнида ҳеч ким кўринмади.

Жаҳон ҳаяжонланиб, кўйиб-ёниб турган пайтда ҳовлида йўтал овози эшитилди. Бу овоз албатта Зирғомники эканини тушунган Жаҳоннинг аъзойи баданини қалтироқ босиб кетди. Уни кутиб олиш учун олдига югурмоқчи бўлди, лекин дағ-дағ қалтираб, икки оёғини ерга боса олмади. Ранги қув ўчиб кетди, лекин у таҳаммул қилди, ўзини босди, довюраклигини эслади-да ҳовли томон юра бошлади. Зирғом ичкарига кирганди. У Жаҳоннинг шошилмай, ўзини йўқотмай бемалол юриб келаётганини кўрди. Унинг кўзлари минбарда туриб кишиларни сажда қилишга даъат қилаётган ёки муҳаббат йўлида ўзини фидо қилишга чақираётган воизнинг ҳолатини эслатарди. Зирғом таъзим қилиб, Жаҳонга салом берди. У ўрнидан туриб, қучоқлаб кўришишни истарди-ю, аммо бундай қилиш уят ҳисоблангани учун ботинмади, оёққа туриб, унга қўлини узатди. Жаҳон ҳам ўз навбатида Зарғомга қўл берди-да, бир олам маъноли табассум билан кўз уриштиришди. Кейин Зирғом:
— Фарғона келини, хуш келибсан, неча ой, неча йиллардан бери кўришмадик. Менинг ҳам сафарим чўзилиб кетди. Лекин «ошиқлар йўли қисқадир» деган мақол бор,— деди.

Жаҳон кулиб жавоб берди:
— Йўл ноқулай, ўр-қирлари кўп бўлгани учун чўзилгандир-да, лекин шакар сувини қанча кўп қайнацанг, шунча ширин бўлади.
— Лекин у шакарнинг суви қайнайверганидан қуриб қолиб куйиб кетармикан деб қўрққан эдим, — деди.
— Мен кўз ёшларим билан уни ҳўллаб турмаганимда, куйиб кетишига сал қолганди, — деб икки кўзини очганди, унда иккита дурдона пайдо бўлди. Шу кўзлари билан бир қараган эди, Зирғомнинг кўксига ўқ қадалгандек бўлди. Зирғом ҳушидан кетаёзиб.
— Шундай ёшлар бўла туриб, шакарнинг куйиб қолишидан қўрқармидинг? — деди.
— Лекин қайғу ёши билан шодлик ёши орасида осмон билан ерча фарқ бор, майли, худога шукур, ҳаммасини ҳам кўрдим.

Ҳамон ўз қўлида турган Жаҳоннинг қўлини сиқиб, ўша ердаги курси томон уни бошлади. Унинг икки кўзига тикилиб туриб сўради;
— Сен ҳозир Оллоҳга шукур айтяпсан. Илгари бўлса, унга эмас, Урмуздга[7] шукур айтардинг. Бу ўзгариш қачон юз берди?

Жаҳон Зирғом билан бирга юриб келиб, бутун дунёни унутган ҳолда иккаласи юзма-юз ўтирди-да, гап бош-лади:
— Бир вақтлар аҳволим ўзгариб, кўнглим бошқа ёққа кетди, ўз шууримга эга бўлолмай қолдим, Зирғом нимани истаса, мен шунга тайёрман деган қарорга келдим. Сени қизиқтираётган бу ўзгариш ўша кундан бошлаб юз берганди.

Умидсизлик вужудимни куршаб олган кунларимга ачинаман. Акам Сомонни, бошқа одамларни «Зирғомдан хабар билиб келинглар», деб Сомуррога юборганимда, улар «Йўқ, экан», ҳатто баъзилари: «Ўлган экан», деб қайтиб келишган кундаги умидсизликларим учун ачинаман. Қанча нохушлик, қанча фалокат келтирган ўша кунлар ҳеч кимнинг бошига тушмасин! Аммо ҳозир уларнинг ҳаммаси унут бўлади — кўрмагандекман. Энди дунёда мендан бахтлироқ киши бўлмаса керак, мен Фарғонада — сизнинг ёнингизда бўлган кунларимдан ҳам бахтлироқман. У кунлари мен бахцизлик нималигини билмай, кўр-кўрона бахтли бўлгандим. Учрашув нималигини билмай туриб, муҳаббат тўлқини билан отилиб, сизга яқин бўлишдан лаззатланардим.

Аммо бугун билсам, бахт-саодатнинг қадри шу бахт йўлида чекилган азоб-уқубатга қараб зиёда бўларкан. Фарғонада сиз билан бирга ўтказган кунларимда шуни билган бўлсам, сизга етишишдан олдин муҳаббат йўлида бир қанча қийинчиликларни бошдан кечиришни ўзимга лозим кўрган бўлардим, албатта, — деди. Шу гапларини гапираркан, унда муҳаббат завқи ғалаба қилиб ўзини, аёллик иззат-нафсини унутиб қўйганди. Унинг юзидаги тароватга, кўзидаги сеҳрга маҳлиё бўлиб қолган. Зирғом севгилисининг гаплари мағзини чақолмади. Жаҳон гапини тугатди. Аммо Зирғом унга қулоқ солаётгандек, ҳамон тикилиб турарди. Кейин у ўзини тутиб олди, хаёли бошқа ёқда бўлганидан, гап нима устида бораётганнии ҳам унутганидан хижолат бўлди-да:
— Бу жудолик вақтларида бошингдан ўтган воқеаларни эшитишга жуда қизиқаман. Уларнинг баъзисини бошқалардан эшитган бўлсам ҳам, ўз оғзингдан эшитишим учун бошқа гап эди,— деди. — Сен ҳам менинг бошимдан нималар кечганидан хабардор бўлишни истасанг керак, албатта. Гапларимиз кўп, бафуржа гаплашармиз. Умрим бўйи сенга тикилиб ўтирсам ҳам, тикилишдан тўймайман, эй гулузорим, эй оби ҳаётим! Муҳаббат лаззати шу муҳаббат йўлида чекиладиган азоб-уқубатга қараб зиёда бўлади, деганинг тўғри. Аммо сен билан менинг муҳаббатимиз зиёдаликни қабул қилмаса керак, лекин машаққат, азоб-уқубат билан яна ҳам мусаффо бўлади, десанг, бу фикрингга қўшиламан.

Жаҳон ўрнидан туриб:
— Тўғри айтдингиз, иккимизнинг висол дамларидан оладиган лаззатимизнинг ниҳояси йўқ, — деди.
— «Онангизни кўрдингизми?» — деб сўради Жаҳон. «Йўқ, ҳали у кишини кўрганим йўқ», — жавоб берди Зирғом.

Жаҳон:
— Сизга қандай яхши, шунақа меҳрибон онангиз бор, у киши сизни бағрига босиб, бўйларингизни ҳидлашни жуда ҳам соғинганлар, — деди.

Жаҳон билан Зирғом ҳовли томонга чиқишди. Ҳовлида турган она уларни сезди. Зирғом югуриб бориб, унинг қўлини ўпди, она ҳам бағрига босиб ўпди, пешонасини силади. Шу ерда тикка турган Ёқутани кўрсатиб, Жаҳон Зирғомга:
— Мен йўқлик вақтимда Ёқута билан ҳамсуҳбат бўлиб турсангиз арзимасмиди? — деди.

Зирғом: — У билан баъзан суҳбатлашиб турдик, аммо кўп вақтлари сиқилардим ҳам. Иккалангиздаги шу ўхшашлик сени менга топиб берди. Буни кейин сенга гапириб бераман, — деди. Ошиқ-маъшуқ шундай суҳбатлар билан уйда бир неча соатни ўтказишди. Кейин овқат тайёр бўлиб, уни ейишга ўтиришди. Шу вақтда Офтоб ўғлига қараб: — Энди тўйни бошлаб юборадиган вақтинг келди, ўғлим, — деди.

Зирғом жавоб берди:
— Тўғри, ойи, худо хоҳласа эртага бошлаймиз.

Улар ҳали овқатни еб, дастурхон йиғиштирилгани ҳам йўқ эдики, сарой ғуломларидан бири келиб, Зирғомни халифа йўқлатаётганини айтди. Зирғом ўрнидан туриб, кийимларини кийди-да, чиқиб кетди. У умумий қабулхонага яқинлашганда, дарвоза ёнида турган ушрусаналик бир қанча йигитларни кўриб, Афшиннинг шу ердалигини пайқади. Ичкарига кириб, мажлиснинг тўрида, ўз тахтида ўтирган халифага, унинг ёнида курсида ўтирган Афшинга кўзи тушди. Вардон билан Ҳаммод катта хоннинг бир чеккасида тикка туришарди. У салом бергач, халифа унга «ўтир» ишоратини қилди. У ўзини тушунмаганга солиб:
— Олий ҳазратлари рухсат берсалар, бир оғиз гап гапирсам, — деди.

Халифа:
— Майли, гапир, — деди.

Зирғом Вардонни кўрсатиб: «Ҳазрати олийларига Арманистоннинг катта попларидан бири бўлган Вардонни танитмоқчиман. Базз, ва Аммурийя муҳорабасида аскарларимиз сафида яхши иш кўрсатди», — деди.

Халифа ҳам, Афшин ҳам унинг гапидан ҳайрон бўлиб қолишди.

Халифа:
— Бу сенинг ходиминг Вардон эмасми? — дея сўради. Зирғом:
— Унинг таг-тугини суриштирмай, ходим деб юрган эдим. Кейин билсам, улуғ киши экан. Менинг ҳузуримда бир қанча хизматлари бўлдики, ундан мусулмон аскарларига кўп манфаат келди. Ҳазрати олийлари рухсат берсалар, у ўтирса, — деди.
— Лекин уни суд мажлисига, сени гувоҳ тариқасида чақиртирганман.
— Ҳазрати олийларига итоат этиб, шоҳидлик вазифамни адо этаман — деди-да ўтириб гапга қулоқ солди.

Халифа:
— Бош саркардамиз Афшиннинг гапича, Вардон билан Ҳаммод унинг аскарларига таадди этиб, қўлларидан икки асир аёлни тортиб олган эмиш. «Биз у масалани Сомуррога қайтиб борганимиздан кейин ҳал этамиз», деган буйруғимизга улар бўйсунишмаган.

Зирғом:
— Шундай қилишган, ҳазрати олийлари! Агар бу ишни гуноҳ деб ҳисобласалар, у гуноҳ менинг бўйнимда, сабабки, уни мен туфайли қилишган, унга мен жавобгарман. Қандай иш бўлган бўлса ҳам Ҳаммодни ҳазрати олийлари афв этган эдилар. У ўзларининг ваъдаларига муяссар бўлмоқ учун Сомуррога келган. Бошқа кишининг гуноҳи туфайли у жазога мустаҳиқ этилмаса керак.

Муътасим ўзи унутган бир нарсани хаёлига келтираётгандек чаккасини қашиди-да:
— Тўғри айтдинг, Ҳаммод муҳтарам ва кўп яхшилик қилган киши, ўзига муносиб яхшилик қайтарамиз. Истаса, ҳозир қора курсидан туриб, чиқиб кетиши мумкин, — деди.

Ҳаммод қуллуқ қилиб, чиқиб кетди. Мажлисда Вардон, Зирғом ва Афшин қолди. Кейин халифа Зирғомга хитоб қилди.
— Сен Вардон хусусида ўзига муносиб гапни айтдинг, лекин у ўша икки асир аёл тўғрисида бизнинг фармонимизга зид иш қилди. Биз Аммурийядалик вақтимизда бу икки аёлнинг ишини Сомуррога қайтиб боргач, ҳал қиламиз деган эдик. Вардон шу фармонга риоя қилиши керак эди. Ўша икки асир аёл бу ерга келтирилсин!

Зирғом:
— У икки асир аёлнинг бири менинг маъшуқам бўлса, иккинчиси бунинг жуфти ҳалоли бўлади. Менинг маъшуқам менга тегиши устида ҳазрати олийларининг буйруқлари бўлганди, попнинг хотини ҳозир менинг ҳовлимда, жаноб Афшин унинг учун қайғурмасалар ҳам бўлади, — деди.

Афшин ғазабидан кўзларини катта очиб:
— Биринчидан, иккала аёл устида ҳам ҳазрати олийнинг фармонларига риоя қилиниши, менимча, зарур эди. Менинг маъшуқам деяётганинг Жаҳон бўлса, унинг устида алоҳида гаплашамиз, отасининг васиятига мувофиқ унинг ихтиёри менда.

Шу пайт Вардон ўрнидан туриб, гапиришга рухсат сўради-да, халифага хитобан:
— Бу киши Жаҳонга васий бўлганлиги ҳақида ҳазрати олийларига расмий ҳужжат тақдим этганми? — деб сўради.

Муътасим Вардоннинг гапидан кўзи очилиб, Афшинга қаради: — Васиятнома қаерда?
— У менда, мен ёлғончимидим?
— Шариат бўйича, ҳукм чиқаришдан олдин васиятномани кўриш талаб қилинади, уни яширишнинг сизга нима зарурати бор?

Афшиннинг башарасида ғалати бир ҳолат юз бериб, аввал гапни бошқа ёққа чалғитмоқчи бўлди, кейин ўзини ғазабланган кўрсатиб:
— Шундай ишда бош саркарда ёлғончи бўлиб, бир қулваччанинг гапи рост бўладиган бўлса, охирзамон бўлибди-да! — деди.

Вардон:
— Мен бу кишининг васийлигини инкор қилмайман, лекин халифа жаноблари Ушрусана подшоси қандай одамлигини билиб қўйишлари учун ўша васиятноманинг аслидан хабардор бўлсалар, яхши бўлармикин, деб ўйлайман, — деди.

Афшин фиғони фалакка чиқиб, ўзини унутиб қўйгандек:
— Xалифа ҳузурларида мусулмон аскарларининг бош саркардасига шундай муомала қилинадими? Фараз этайлик, васиятнома йўқолган, ўғирланган ёки куйиб кетган бўлсин. Шу билан мен айбдору, ёлғончи ҳисобланишим керакми? Бу одам васийлигимга ўз тили билан иқрор бўляпти, бас шундай экан, васиятномани кўрсатишимдан нима фойда?

Вардон сиполик билан деди:
— Жаноб саркарда, жаҳлингиз чиқмасин, биз халифа ҳузурларида суд мажлисида ўтирибмиз. Суд сиздан шу васиятномани ўқиб беришингизни талаб қилади.

Афшиннинг қаттиқроқ жаҳли чиқди:
— Васиятнома йўқолган, унинг иборати ёдимда йўқ.

Вардон:
— Иборати менинг ёдимда, агар ҳазрати олийлари рухсат берсалар, ҳузурларида унинг иборатидан баъзисини ўқиб, берсам, — деди.

Халифа:
— Майли, эсингда борини айтиб бер, — деди.

Вардон:
— Васиятнома худо номи билан эмас, зардуштлар худо деб эътиқод қиладиган «Урмузд» номи билан бошланиб, унга шариат қозиси ўрнида мажусийлар коҳини гувоҳ бўлган. Шундай эмасми, ислом аскарларининг саркардаси! Мана шунинг ўзи бу зотнинг кимликларини билиб олиш учун ҳазрат олийларига етарли далил бўлса керак.

Афшин яна ғазабланди. Вардон уни таҳқирламоқчи ва шармандасини чиқармоқчи бўлаётганини пайқади. У билан ножўя ўчакишгани учун ачинди-ю, лекин ўзини бардам тутиб, деди:
— Xўш, бунда таъна қилишга арзийдиган нима бор? Васият қилган киши ўзи зардушт динида бўлгани учун ўз дини ва мамлакатининг урф-одати бўйича ёзган. Гапингга қараганда, мени зардуштликка нисбат бермоқчисан. Бу сенинг ҳаддан ташқари юзсизлигинг!

Вардон Афшинга мурожаат қилди:
— Ҳазрат олийлари рухсат берсалар, мен билган гапимни айтиб берсам.

Халифа:
— Сен ўзингни ҳимоя қиляпсан, бунга ёрдам берадиган ҳар қандай гапни айтишга ҳақлисан, — деди.

Вардон Афшинга мурожаат қилди:
— Мен сизни зардуштликка нисбат берибгина қолмай, зардуштийсиз, ҳозиргача Урмуздга топиниб юрасиз, деб барала айта оламан. Бундан ташқари, исломни ҳимоя қиламан деган ниқоб остида мол-мулк жамғаришни ўзингизга асосий касб қилиб олгансиз. Қўлингиздан келса, мусулмонлар давлатини чилпарчин қилишга уринасиз. Мана, Фарғонадаги оташхона бу гапимнинг далилидир.

Вардон шундай дегандан кейин Афшин масала чуқурлишиб кетаётганини кўриб, бу йиғиннинг ўзида унинг ҳал бўлмаслигини пайқади-да, кейинга қолдирмоқчи бўлиб, деди:
— Сенинг гапларинг ҳозирги йиғинимиз мавзуидан чиқиб кетди. Биз ҳозир икки асир аёлнинг яширин равишда олиб кетилганлиги масаласини қараяпмиз.

Гапга Зирғом аралашди:
— Бу масалада мен айбдорман, деб ҳазрати олийларига айтдим, чунки уларнинг биттаси менинг маъшуқам, у ҳозир ўз ҳовлимда...

Халифа гапини бўлди:
— Уни жуфти ҳалолликка олишингга биз эътироз билдираётганимиз йўқ, билдирмай, олиб қочиб кетгани учун Вардонни айблаяпмиз.

Вардон жавоб берди:
— Афшин жаноблари «лозим бўлиб қолган тақдирда мусулмонлар давлатини ағдаришда даркор бўлар» деб ҳар йили уларнинг қанчадан-қанча мол-дунёсини ўз мамлакатлари Ушрусанага юбориб турадилар. Жаҳонни ҳам «олиб бориб ўша молларга қўшиб қўйилсин» деб фармон берганларини билиб, уни олиб қочдим.

Халифа Афшинга ўгирилди. Унинг кўксида селкиллаб турган соқоли ва қалтираб турган муздек қўл-оёқларига қаради-да:
— Бу айблар жуда катта экан, уларни рад қила олмайдиганга ўхшайсиз, — деди.

Афшин ўзини оқламоқчи бўлди:
— Бу гапларнинг ҳаммаси ёлғон. Ўтиришнинг давомини эртага қолдирсак! Шунда унинг сараси саракка, пучаги пучакка ажралади.

Вардон рози бўлди:
— Майли, мажлисни хоҳ эртага, хоҳ ундан кейинга қолдирилса ҳам зарари йўқ, лекин айбдорнинг Сомурродан кетмай туришига суд олдида ким кафил бўла олади?

Халифа:
— Бу киши шу ерда — саройда туради, — деди-да, соқчилар бошлиғига «бунинг қурол-яроғини ва кийимларини ечинтириб ол, қочиб кетмаси, пойлаб тур», — деб буюрди. Афшин пушаймон еб ўрнидан турди-ю, лекин ҳамон карамдимоғлик ва зарда билан халифа олдидан чиқди.

Афшиндан кейин халифа Вардонни ҳам чиқариб, юбориб, Зирғомни олиб қолди. Кейин халифа бир хўрсинди-да, зирғомга қараб: — Бадбахт зардуштлар! Давлатимизга шерик бўлади-ю, йўлимизга ғов солади. Оллоҳ бизга уларнинг қиличидан фойдаланишга, макрларини эса ўзларига қайтаришга ёрдам берди. Xўш, Соҳиб, бу ишда қандай фикр берасан? — деб сўради.

Зирғом жавоб қилди:
— Уларнинг кўнглидаги бузуқлик ҳазрати олийларига маълум. Уларнинг ўзидан ҳам, макрларидан ҳам кўп замонлардан буён нолиб юргандилар.

Халифа гапида давом этди:
— Дўстинг Вардоннинг гаплари бизга сир эмасди. Чунки Xуросондаги омилимиздан мактуб олиб турамиз. Бу мактубларда у Афшиннинг ўз мамлакатига жуда кўп мол-дунё юбориб туриши ҳақида шикоят ёзарди. Аммо биз сабр қилиб келардик.

Кўп одамлар уни зардуштлиги ҳамда Табаристон подшоси Мозиёр ва Бобак билан бизга қарши муҳораба қилишга иттифоқ тузганлиги ҳақида мактуб йўлларди. Бундан қози Аҳмад ва вазирларимиз Муҳаммад бин Абдулмалик Зайёт ва бошқалар хабардор. Бизга хиёнат қилишда Афшин билан иттифоқлашган Табаристон подшоси Мозиёрни, Суғд подшоси Марзубонни, бир зардушт руҳонийни ва Ушрусанада масжид бино қилгани учун Афшиннинг қийновига учраган икки мусулмонни олиб келишга киши юборганмиз. Мен яқинда мажлис чақираман. Унга ўша кишилар қатнашади. Барча махфий сирларни шу мажлисда очиб ташлаймиз ва айбдорларни ўз айбига яраша жазолаймиз.

Тез орада Муътасим мажлис чақирди, унда ўша кишилар қатнашди. Унга Зирғом билан Вардон ҳам даъват этилди. Ҳамма йиғилгач, Афшин қамоқхонасидан чиқарилиб мажлисга олиб келинди. Вазир Абдулмалик соқчилик вазифасини олиб борди. Калтак еган ва баданида эти қолмаган икки киши келтирилиб, орқалари очилди ва халифа Афшинга қараб:
— Буларни танийсизми? — деб сўради.

Афшин жавоб қилди:
— Ҳа, танийман, бу киши сўфи, буниси имом. Булар Ушрусанада масжид қургани учун ҳар бирини минг қамчи урганман. Чунки Суғд подшоси билан орамизда ҳар бир миллатни ўз динида қолдириш, унга дахл қилмаслик тўғрисида шартнома бор. Бу иккаласи Ушрусанадаги бир оташхонага таадди қилиб, ичидагиларни чиқариб ташлаб, ўрнига масжид бино қилишган. Шунинг учун буларни ўрган- ман.

Қораловчи савол берди:
— Сизда олтин, жавоҳирлар билан безалган бир китоб бор, ичида куфр сўзлари ҳам ёзилган. Шу китобни қаердан олгансиз?

Афшин:
— У китоб менга отамдан қолган, унда ажамлар[8] адабиёти куфрлари ҳам бор. Мен ундан адабларини олиб, куфрларини ташлайман. У шундай зийнатланган экан, ўз ҳолича қолдирдим. Менимча, бу исломдан чиқарадиган бир иш бўлмаса керак, деб ўйлайман.

Кейин гувоҳлардан юқоридаги руҳоний турди:
— Бу киши бўғиб ўлдирилган ҳайвон ва қушларнинг этини ҳам ейдилар ва улар бўғизлангандан ширинроқ бўлади деб мени ҳам ейишга мажбур қиладилар. Бир куни менга «Мусулмонларни ёмон кўрсам ҳам, ҳамма ишларига киришдим, ҳатто зайтун ёғини едим, туя миндим, кавуш кийдим, лекин шу пайтгача хатна қилинмаганимни яшириб келаман», деган эдилар, — деб гувоҳлик берди. Афшин туриб:
— Бу ишончсиз одам, гапига ишониб бўлмайди, — деб эътироз билдирган эди, қораловчи Афшиннинг гапини рад қилди. Кейин қораловчи Афшинга қараб: — Мамлакатингиздаги кишилар сизга хат ёзганда номингизни қайси сўзларни қўшиб улуғлашади? — деб берган саволига Афшин: «Айтмайман», деб жавоб қилди.
— Улар сизни худоларнинг худоси деб ёзишлари аниқми?
— Ҳа, шундай деб ёзишади.
— Мусулмонлар бундай демайди. Энди фиръавндан қаерингиз кам?
— Улар отамга ҳам, бобомга ҳам шу ибора билан хат ёзишга ўрганишган. Исломга киришимдан аввал ўзимга ҳам шундай ёзиб келишган. Мен ўзимни ота-боболаримдан паст олиб «менга бундай деб ёзманглар» деб айтишни муносиб кўрмадим. Башарти шундай деганимда, улар мени менсимай қолишлари мумкин эди.

Кейин Мозиёр ўрнидан турди. Қораловчи Афшинга қараб сўради.
— Бу киши билан хат ёзишганмисиз?
— Йўқ.

Мозиёр гап бошлади:
— Бу кишининг номидан укаси менинг укамга хат ёзган. Xат мазмуни бундай: Бу динга Бобакдан бўлак ҳеч ким ёрдам бермади. Лекин Бобак ўзини-ўзи ўлимга ташлади. Мен уни ўлимдан қутқазиш учун кўп ҳаракат қилдиму, лекин бўлмади. Агар сен қаршилик қилсанг, сени ўзим ўлимга ташлайман. Қўлимда баҳодирлар ва ёрдам берадиган кишиларим тўлиб ётибди. Сенга қарши аскар йўлласам, биз билан урушадиган уч тоифа — араблар, мағрибликлар ва турклар қолади. Араблар ит қатори бир халқ, олдига бир бурда нон ташлаб қўйиб, бошига уравераман. Мағрибликлар каллахўр. Аммо турклар бўлса, уларнинг иши бир соатлик. Ўқлари тамом бўлгач, тепаларига от билан ҳужум қиламизу, ҳаммасини ер билан яксон қиламиз. Кейин бизнинг зардуштлик динимиз ажамлар вақтидагидек ривожга миниб кетади.

Афшин:
— Гувоҳнинг ўзи бу хатни укам ёзганини айтяпти. Менинг бу ишда нима айбим бор? — деди.

Вардон ўрнидан турди:
— Xатни ёзган укам, менда нима айб бор деяпсиз. Xўш, Фарғонадаги оташхонада сизни ўз кўзи билан кўрган кишининг гапига нима дейсиз? Шу Мозиёр ва Бобак юборган вакиллар билан оташхонада ёнма-ён ўтиришиб, мусулмон давлатини барбод қилишга иттифоқ тузгансиз. Шу ишни амалга ошириш учун етарли мол-давлат тўплаб беришни сиз устингизга олгансиз.

Афшин тескари қаради:
— Бу менга даъвогар, ўз даъвосини қувватлаш учун ёлғон гапиряпти.

Вардон бўш келмади:
— Васиятномага шоҳид бўлган руҳонийнинг ўзини олиб келсаму, у ҳам менинг шу гапимни тасдиқласа, бунга нима дейсиз?

Халифа:
— У руҳонийни ўзимиз олдириб келамиз, — деди.

Вардон: — Ҳазрати олийлари ҳозир Афшиннинг Сомурродаги уйига бир киши юборсалар, зардуштларнинг суратларидан албатта биттасини топиб келади, — деб илтимос қилди.

Қораловчи:
— Уни биз кеча олдириб келдик, — деди-да, бир ғуломга буюриб ўша суратни келтириб кўрсатди: ёғочдан ишланган ҳайкал устида кўп қимматли тошлар бор. Ҳайкалнинг қулоғида бир-бирининг ичига киргизилган икки тош бўлиб, уларнинг устки томонига олтин қуйилган эди. Бундан ташқари бир неча бут ва зардуштларнинг битта китоби ҳам бор эди. Уларни кўриб Афшин ҳанг-манг бўлди-ю, тилига муҳр босилди. Шундан кейин халифа уни қамоқхонага қайтариб: «Ўлгунича овқат ва сув берилмасин» деб буюрди. Афшин 226 йил, мелодий 840—841 йилларда ўлди.

Бир неча кундан кейин Зирғом халифа олдига кириб, Афшиннинг Жаҳонга васийлик даъвосини таг-туги билан тушунтириб берди. Xалифа эса унинг васийлигини бекор қилиб, отасидан қолган молларни Жаҳоннинг ўз қўлига олиб берилишини буюрди ва Фарғонага киши юбориб, у ердаги «Коршоншоҳ» деган оташхонани буздирди. Ҳаммод билан Вардонни ўз аъёнлари қаторига қўшди, Зирғомни халифа саройидаги икки қасрга жойлаштиришни буюрди. Xалифа Жаҳон билан Зирғомнинг тўйини ўтказишга амр қилиб, ҳаммаларига катта-катта инъомлар берди.


Зирғомнинг Насл-Насаби

Сомон ҳибсхонада бир қанча вақт қолиб кетди. У Вардондан бўлак ҳеч кимнинг эсига ҳам келгани йўқ, Вардон вақт-вақти билан уни масхаралаш ва ўч олиш учун олдига бориб турарди. Зирғом эса банд. Афшиннинг ишидан хотиржам бўлганидан кейин Зирғом раҳм қилиб, Сомонни озод қилдириб юбормоқчи бўлди. Вардон унга эътироз билдирди:
— Уни бўшацанг, ўрнига гўё мени қамаган бўласан. Мен ундан бир қанча нарсаларни сўраб, ўз оғзидан жавоб эшитишга қизиқаман, чунки у ҳеч бир инсон қилмайдиган ишларни қилган.

Зирғом:
— Бўлмаса, бу ҳақда Жаҳоннинг фикрини олайлик, — деди.

Вардон:
— Яхши бўлади, — деб жавоб қилди.

Зирғом Жаҳонга маслаҳат солган эди, у «билмадим, унинг хусусида мендан сўрамай қўя қолганингиз яхши эди, мутлақо унутиб юборишни истардим», деган жавобни берди.

Зирғом ҳар қалай унинг фикрини билиш учун:
— У ҳозир қамоқда, уни нима қилсак экан? — деди.

Жаҳон бир оз сукутдан сўнг:
— Уни бўшатишингни истардим, лекин менга ҳануз қоронғи бўлиб келаётган бир сирни жуда ҳам билиб олгим келяпти — отамнинг ундан хафа бўлганлиги сабабини, — деди.

Шу пайт Зирғом кўп вақтдан буён билишга орзуманд бўлиб юрган бошқа бир сирни эслади: бу — ўзининг насаби масаласи эди. Сомондан сирни билиб олгач, ўз насаби устида онасидан узил-кесил сўрашни дилига тугди.

Зирғом қамоқхонадан Сомонни уйига олдириб келиб, меҳмон қилмоқчи бўлди, унда ўзи, онаси, Жаҳон, Ёқута, Ҳаммод, Вардон ва Ҳайлона иштирок этди.

Сомон ёмғирда қолган мушукдек шумшайиб кириб келди-да, жазоланишдан қўрқаётган гуноҳкордек тикка турди. Ўз қилмишларини ўйлаб, ранг-рўйидан ажрагани етмагандек, афт-башараси ҳам тирналган, кийим-бошлари йиртилиб, озиб-тўзиб кетган эди. Ҳовли ўртасига келиб тўхтагач, бўйнини эгиб, ўтирганларга кўзини жавдиратиб қаради. У Ёқутани кўрди-ю, аҳволи ўзгариб, бир хил бўлиб кетди. Кейин Жаҳонга кўзи тушди-да, хўрлиги келиб, йиғлаб юборгудай бўлди. Жаҳон Сомонни шундай аянчли ҳолатда кўриб, ўзига қанча жабру жафолар қилганига қарамай, раҳми келди — йиғлаб юборди. Ўтирганларнинг ҳаммаси унга ачинди. Аммо Вардоннинг кўнгли мутлақо юмшамади. Ўтирганлар рухсати билан биринчи бўлиб Вардон сўзлади:
— Сомон! Қўрқма, биронта гуноҳинг учун сени суд қилишга чақирганимиз йўқ, ўзинг бўларингча бўпсан. Суд қилганимиз билан ҳам айбингга лойиқ жазо топа олмаймиз, одамларга муносабатда сенинг қарорсизлигинг қизиқтиради. Бир қарасак, сени отанг меросидан маҳрум қилгани учун Афшиндан хафа бўлиб, унга қарши Соҳибдан ёрдам излаяпсан, кейин бирдан Соҳибга қарши бўлиб қолиб, Афшиндан мадад сўраяпсан. Яна сал фурсат ўтмай, Афшин билан тескари бўлиб қоласан-да, ёрдам сўраб Соҳибга мурожаат қиласан. Xуллас, сенинг кимга дўст, кимга душманлигингни ҳеч ким билмайди. Энг катта жумбоқ — ахлоқ томондан ҳам, ҳусн-ақлдан ҳам фаришталарга ўхшаган шу синглингга хиёнат қилганинг. У бировнинг хасми бўлса, ўз севгилиси яшаётган ерга қочиб кетишда сенга ишонса, акам деб суянса-ю, сен шунга қарамай, дунёдаги энг бузуқ кишига уни рўбарў қилгансан. Синглингнинг хиёнаткорона қўлга тушурилиб, бузуқлик сардори бўлган ўша лаънатига мажбуран элтиб берилишига рози бўлгансан. Уни Сомуррога олиб борганингда, у лаънатидан оладиган мукофотдан кўра яхшироқ мукофотга эга бўлган бўлардинг-ку ахир. Барибир Бобакдан мукофот эмас, шармандалик, расволик топдинг, унга аввал ёрдам бериб, кейин хиёнат қилдинг, истеҳкомларининг сирини душманларига очиб бердинг. Синглингга ва унинг севгилисига ёқмайдиган ишларда Афшин билан тил бириктирдинг. Одамлар орасида кўп ёмонларини кўрдим, улар ўзларига ҳам, бошқаларга ҳам аён бўлган бир мақсад йўлида сеникидан бадтарроқ ишларни қиладилар. Аммо сенда маълум бир мақсад борлигини билмадим.

Сомон ёлғондан бошини ерга солиб, Вардоннинг гапини тингларди. Кўзи ғилай бўлгани учун қараб тургани аниқ билинмаса ҳам, Ёқутадан кўзини узмасди. Вардон сўзини тамомлаганидан кейин Сомон унга қараб, қўрқа-писа гапирди:
— Мен қилган ишларимнинг сабабини ўзим билмайману, сенга қандай айтиб берай. Мен шундай ёмонликлар қилдимки, уни билганлар билди, билмаганлар йўқ. Уларнинг ёки лоақал улардан биттасининг сабабини сўрасалар, жавоб айта олмай қоламан. Менинг билганим шуки, аввал бир ёмонликни қиламан, кейин уни тузатаман деб ундан бадтарроғига югураман. Xуллас, ишларимнинг ҳаммаси бошдан-оёқ занжирдек бир-бирига уланган гуноҳлардан иборат. Биринчи гуноҳимни кўриб, ундан андоза олавер, — деди-да, ранги ўзгариб, зўрға тупугини ютиб, ўзини у ёқ-бу ёққа ташлади.

Вардон тўсатдан:
— Ўша биринчи гуноҳинг нима? — деб сўраб қолди.

Сомоннинг кузлари пир-пир учиб Ёқутага қараганча анқайиб қолди-да, кейин кўзидаги ҳаракат бошқа аъзоларига ҳам ўтди. Ҳатто икки тиззаси бир-бирига чалишиб, йиқилиб кетаёзди.

Ундаги бу ўзгаришни кўрган Зирғом:
— Сомон, бўлмаса, бемалол ўтириб гапира қол, — деди. Бошқа ўтирганлар ҳам унинг аҳволи ўзгариб. Ёқутага қаттиқ тикилиб қолганидан ҳайрон бўлишди. Ёқута ўзи ҳам уялиб, хижолат тортди ва унга тескари қараб ўтирди.

Зирғомнинг гапи билан Сомон чўккалаб ўтирди-да, иккала кафти орасига бошини қўйиб, ўкириб йиғлаб юборди. У энтика-ентика йиғлади. Ўтирганлар, бу ёлғондан йиғлаяпти, шайтонлик қиляпти дегандек бир-бирига қараб қўйишди. Кейин у йиғисини тўхтатиб, бирдан ирғиб турди-да. Ёқутанинг оёғига йиқилиб, яна йиғи бошлади. Одамлар хусусан, Ҳаммод ҳайрон бўлиб, ўз хотинидан уни нарироққа итариб ташламоқчи бўлиб, олдига борди:
— Сомон! Сенга нима бўлди? Кишилар сендан аввал бошлаб қилган гуноҳингни сўрашяпти, нега жавоб бермайсан?

Сомон Ёқутани кўрсатиб, баланд овоз билан: «Дастлабки гуноҳим шу ерда, худди мана шунинг устида», — деб яна йиғлаб юборди. Ўтирганлар яна ҳайрон бўлишда ва уни ақлдан озибди, деб ўйлашди. Жаҳон ҳам шундай хаёлга бориб:
— Гапирсангиз-чи, ахир сизга нима бўлди? Нега Ёқутага ёпишиб олдингиз? Сизнинг нималигингизга ҳеч ким тушуна олмаяпти, — деди.
— Биринчи янглишганимнинг ўзи шу Ёқута. Бунинг асли исми Ёқута эмас, Шаҳризод, — деди.

Сомоннинг бу гапини эшитган Зирғомнинг онаси Офтоб:
— Шаҳризод?! Тўғри, худди Шаҳризоднинг ўзи, — деб бақирди ва ёнида ўтирган Ёқутани бағрига босиб: — Сенга қўлимни биринчи тегизганимданоқ исингдан сезган эдим, — деди. Кейин Жаҳонни чақириб: «Жаҳон! Азизим, Шаҳризодни танимайсанми?» — дея савол қилди.

Жаҳон ҳайрон бўлиб, бир оз ўйланиб турди-да:
— Бунақа исмли қизни билмайман, фақат мен туғилмасимдан бурун гўдаклигида ўлиб кетган Шаҳризод деган опам бўлганини эшитганман, — деди.

Офтоб:
— Сенинг опанг худди шунинг ўзи, у ўлган эмас, йўқолганди. Воқеа номаълум бўлгани учун уни ўлди деб овоза қилишган. Бу сирни мен, даданг ва шу Сомондан бўлак ҳеч ким билмасди. Унинг йўқолиши шу Сомоннинг қўли билан бўлган.

Бу энди атак-чечак қила бошлаган пайтида Сомон боғ томонга олиб чиққан-да, салдан кейин ўзи йиғлаб қайтиб келган. «Шаҳризод қани», деб даданг сўраганда, у: «Йилқичиларнинг отидан биттаси келиб, уни олиб қочиб кетди», — деб жавоб қилган. Отанг Сомоннинг гапига ишонмади. Унга ҳар қанча дўқ-пўписа уриб қўрқица ҳам, бу ўша гапини маъқуллаб тураверди. Шундан кейин уни ёмон кўриб қолган ва ноилож Шаҳризодни «ўлди», деб овоза қилдиришган, — деди.

Офтоб шу воқеани сўзларкан, ҳамма миқ этмай жим ўтирарди. У гапини тугатгач, Жаҳон Ёқутага ёпишиб, бағрига тортди-да, ҳадеб ўпа бошлади. Ёқутанинг севинчи ҳамманикидан ҳам ошиб тушди, чунки шу вақтгача ўзини чўри деб юрган қиз ҳокимнинг қизи бўлиб чиқди. У ҳам синглисини қучоқлаб ўпди. Бу тасодифдан ҳайратда: «Опа-сингил ўртасидаги бу ўхшашлик бежиз эмас экан-да», дейишар ва бир-биридан бу ўнгимизми, тушимизми деб сўрашарди.

Жаҳон сўради:
— Сомон ака, очиғини айтинг, Шаҳризодни қандай қилиб сиздан олиб кетишган?

Сомон кўз ёшини артиб туриб: — Мен ўн ёшларда, бу опанг эса тўрт ёшдалик вақтимизда анча эсимни таниб қолган бола эдим. Дадам билан ойим буни жуда севиб эркалатишар, менга эса ундай қилишмасди. Менинг рашким келиб, синглимни ёмон кўрадиган бўлиб қолдим. Отамдан пул сўраганимда менга бермасдан, бунга пулни ҳам, бошқа нарсаларни ҳам бераверганлари менга қаттиқ алам қилди. Бир кун одамлар кўчаларда юриб кичкина болаларни сотиб олишармиш деб эшитиб қолдим-да, синглимнинг мураббияси кўзини шамғалат қилиб, уни боғча томонга алдаб олиб чиқдимда, ўшаларга икки олтинга сотдим. Улар буни олиб кетишди, мен эса уйга қайтиб келавердим. Шаҳризод қани деб сўрашганда, билмайман, от олиб қочиб кетди, деб жавоб қилдим. Дадам ишонмадилар. Кейин уни мен сотиб юборганимни эшитиб, кўп қидиртирдилар, барибир фойда чиқмади. Шундан кейин отам мени ёмон кўриб, энди сенга ҳеч нарса бермайман деб таъкидлаб қўйдилар. Шундан буён ҳамма менга душману, ҳамма хатти-ҳаракатлар мендан ўч олиш, менга зарар етказиш учун қилинаётгандек туюлиб, қайси йўл билан бўлса ҳам маблағ тўплаб, улардан ўзимни ҳимоя қилишим керак, деган фикрга ўтиб олдим. Шу йўлда биринчи қилган ҳаракатим отам бетоб бўлиб ётган чоғларида васиятнома ёздиришларини тўхтатиш бўлди, лекин уни эплай олмадим. Бундай уддабуролигимни тузатаман, деб ундан баттарроқ фалокатга учрадим. Xуллас, нима иш қилмайин, ҳаммаси мен хоҳлаганнинг тескариси бўлиб чиқаверди. Мана, бир неча кундан бери қамоқда ётиб, энди кўзим очилди — ҳақиқатни англадим,— деди-да, қаттиқ бир оҳ тортди. Ранги бадтарроқ ўчиб, бутун аъзойи бадани қалтираб: — Бошимдан ўтган ҳамма сирларимни очиқ айтиб берганимдан кейин менга раҳм-шафқат қилмоқчи ҳам бўлиб қоларсизлар, йўқ, мен сиздан гуноҳларимни кечиришларингизни сўрамайман, чунки бутун ҳаётни расволик, бузуқлик билан ўтказган мендек одамнинг жазоси ўлимдир, — деди-да, ёнидан ханжарини олиб кўкрагига бир санчди-ю, қора қонига беланиб, ерга йиқилди. Ҳамма ёқ шовқин-сурон бўлиб кетди, аёллар бу қўрқинч манзарадан четга қочишди. Сомон олдинги қилмишларига астойдил тавба қилганига қатъий ишонганлари учун, унинг ўлиб кетганига ачинишди, кўмиш маросими ташкил этишди. Унинг ўлими ҳаммадан кўра кўпроқ Жаҳонга қаттиқ таъсир қилди.

«Жаҳон билан Ёқута иккаласи опа-сингил экан», — деган гап ҳамманинг оғзига тушди — тилларда афсона бўлди. Иккаласи отадан қолган меросни бўлашиб олди. Ҳаммод билан Зирғом халифа қошида катта обрўга эга бўлиб бир-бирига божа бўлишди ва истаган мақсадларига эришишди. Лекин Зирғом ўйлаган бир нарса ҳамон ечилмай, кўнглининг бир чеккасини хира қилиб турарди. Зирғом ўшани билишни истаб, бир кун онаси ёнига ўтирди-да:
— Менинг ҳақиқий насл-насабимни айтиб берадиган вақт ҳали ҳам келмадими? Xудонинг менга қилган шунча марҳаматларини кўриб туриб, уни айтиб бера қолмай, яна нимани кутиб турибсиз? — деди.

Офтоб кейинга силташга уринди:
— Мен ҳеч нарсани кутаётганим йўқ. Лекин сен ҳали ўзингга муносиб ўринга эришганинг йўқ.
— Яъни отам мендан кўра улуғроқ, мартабалари баландроқ киши эди, демоқчимисиз?
— Ҳа, албатта.
— Ундай бўлса, у киши бош саркарда ёки вазир бўлган эканлар-да? Шундай бўлса, у кишининг ишлари одамлардан махфий қолмаслиги керак эди-ку.
— Даданг сен айтаётган шахслардан ҳам юқори эди.

Зирғом ҳайрон бўлиб: — Бўлмаса, Пайғамбар ёки ҳазрати Али авлодидан эканлар-да, — деди.
— Уларнинг аъёнларидан.

Зирғом бошини ерга эгиб, онаси кимни айтмоқчи бўлаётганини ўйлаб қолди. Энди отасининг халифа бўлганига шубҳаси қолмади. «Демак, отам халифа бўлган эканлар-да»,— деб сўрмоқчи бўлди-ю, лекин уялиб сўрамади ва индамай туриб қолди. Онаси эса ҳамон унинг сўрашини кутарди. Зирғом сўрамай жим туравергандан кейин, Офтоб:
— Саволингни нега охирига етказмаётибсан? — деди.
— Кўнглимдагини айтишдан уяляпман.
— Уялма, халифамидилар демоқчи бўлсанг, тўғри топган бўласан. Даданг худди халифа эдилар.

Зирғом ҳаяжон ичида:
— Отам халифа? У нима деганингиз? Муътасим ёшда менга яқин, у отам бўлиши албатта мумкин эмас. Маъмун ҳам, Амин ҳам менга ота бўлганлиги амри маҳол, — деди.
— Улар сенинг ака-укаларинг бўлади.

Зирғом яна ҳайрон бўлди:
— Демак, мени Ҳорун ар-Рашиднинг ўғли бўламанми?
— Ҳа, ўғлим, худди шундай, узоқ йиллар ўтгандан кейин бу ҳақиқатни биринчи марта гапиришим.
— Дунёда буни биладиган сиздан бошқа одам ҳам борми?
— Йўқ.
— Бу сирни шунча вақтдан буён бекитиб юришнинг маъниси нима? Одамлар халифаларнинг ўзига эмас, ҳатто уларнинг думларига мансуб бўлса қанча мақтанишади-ку?
— Бунинг бир сабаби бор, айтиб берсам, тўғри экан, деб ақлинг ишонади. Мен Бағдодда Ҳорун ар-Рашид саройидаги чўрилардан биттаси эдим. У мени яхши кўрарди. Бир кечаси у синглиси Аббосани, унинг эри Жаъфар Бармакийни ва ўғиллари Ҳусайн ва Ҳасайнларни йўқ қилди. Буни ғоят сир тутганидан, уни ижро қилишда фойдаланган ҳамма одамларни ҳам ўлдириб юборди. Қасрдагиларнинг ҳаммаси бўлаётган воқеани олисдан кўриб турган бўлса ҳам, бирортаси ўз хонасидан чиқишга ботина олмади. Аммо мен ўша вақтда ёш бўлганим учун уни кўриш ва эшитишни ўзимга маъқулладим-да, бир ерга бориб биқиниб туриб, Ҳорун ар-Рашид ўз синглиси ва бошқалар тўғрисида аёли Зубайда билан гаплашганини эшитдим. Шу биқинган жойимда мени ҳам ҳеч ким кўрмайди деб ўйлагандим. Қарасам, Зубайда Ҳорунга хитоб қилиб: «Чўриларингиз гапимизни эшитаётган экан», — деб мени кўрсатиб берди. Шунда мен энди албатта қатл қилинаман, деб ўзимни ўлимга ҳукм қилиб қўйдим, юрагим қинидан чиқиб, дағ-дағ титраганимдан оёққа тура олмай қолмадим. Ҳорун жаҳл билан Масрурни чақириб: «Ким у, ҳозир бу ерга олиб кел!» деб буюрди. Менга кўзи тушгач, Ҳорун ачинди, чунки айғоқчиларга хос иш қилганим учун у албатта мени ўлдириши керак. У ҳар қанча қаттиққўл киши бўлса ҳам, киши бўлса ҳам, кўз ёшимни кўриб бўшашди. Бир нафас ерга қараб турди-да, — Ҳабиба, ўзингни-ўзинг ўлимга ташладинг-да, — деди. Ҳорун мени Ҳабиба деб атар эди.

Мен унинг оёғи остига ташландим, йиғладим, ҳатто кўз ёшим унинг оёқларини ҳўл қилиб юборди. Шу вақтда мен сенга сенга ҳомиладор эдим. «Ёшлигимга, қорнимдаги болангизга раҳмингиз келсин, шафқат қилинг», деб ялиндим, ёлвордим.

Ҳорун озгина жим турди, сўнг ўз шахтидан қайтиб: «Майли, бир қошиқ қонингдан кечдим, лекин бундан кейин сени кўришга ва номингни эшитишга тоқатим йўқ», — деди-да, Масрурни чақириб: «Ҳозир бунинг зод-роҳиласини тайёрлаб, ўзи истаган юртига жўнатиб юбор», — деб фармон берди. Мен, «Фарғонага бораман», дедим, чунки аввалдан у ер менга таниш эди.

Ҳорун мени ёнидан чиқариб юборди. Шу қоп-қоронғи кечада Масрур билан Бағдоддан ташқарига чиқдим. У бир неча йилга етадиган мол-ҳолни туямга юклаб берди-да, хайрлашиб, ўзи қайтиб кетди. Йўлда кўп юрдим, орада сени туғиб ҳам олдим. Охири Фарғонага эсон-омон етиб келиб, ҳоким ва унинг оилалари билан танишдим. Кўп одамлар менга совчи юборишди, эрга тегишни хоҳламай сени тарбият қилиш билан машғул бўлдим. Аммо сиримни ҳеч кимга бой бермадим, уни ҳаммадан пинҳон сақладим. Сен катта бўлиб ақл-ҳушингни таниганингдан кейин «Бағдодга борамиз», деб мени қистадинг, мен эса унамай, галга солиб юрдим. Ҳорун ар-Рашид ҳам, хотини Зубайда ҳам дунёдан ўтгандан кейингина бу ерга — Бағдодга келишим мумкин бўлиб, сен билан сафар қилишга розилик бердим.

Офтоб бошидан ўтганларини гапириб бўлгач, Зирғом:
— Демак, мен Муътасимнинг укаси эканман-да, — деди.
— Ҳа, унинг укасисан, у буни билиб қолса, сени яна ҳам ўзига яқинроқ тортади, мартабангни бундан ҳам оши-ради.

Зирғом «керак эмас» дегандек бошини силкиб деди:
— Йўқ, ойи! Бу сир иккимизнинг орамизда махфий қолавериши керак. Муътасим билиб қолса, менга бўлган муҳаббати ўрнини ҳасад эгаллаб, менинг пайимга тушиб қолади. Мен ўзимнинг насл-насабимни билиб олдим. Шунинг ўзи етарли. Уни изҳор қилган тақдиримизда бирор фойда чиқади деб ўйламайман, чунки одамлар барибир ишонмайди. Кутганимиздан ҳам ортиқроқ неъмат ва мартабага эришганимиз учун худога шукур қиламиз.

Жўржий Зайдон Ва Унинг «Фарғона Келини» Романи Ҳақида

Жўржий Зайдон араб адабиётининг йирик намояндаларидан бири. У адабиёт соҳасидагина эмас, балки фан ва маданият бобида ҳам анчагина ишлар қилди, адабиёцҳунослик, тил, фалсафа, тарих, ҳуқуқ, география, журналистика, ёзувчилик — булар Зайдон қизиққан ва ҳайратомуз даражада самарали ижод қилган соҳалардир.

Жўржий Зайдон 1861 йил 14 декабрда Байрут (Ливан)да туғилиб, 1914 йил 21 августда Қоҳирада вафот этди. У камбағал оилада туғилгани учун кўп ўқишга қурби етмади, поябзал мойлаб юриб, мустақил равишда китоб мутолаасига киришди; адабиёт, тарих уни эрта қизиқтирди. У ўз кучини синаб кўрган соҳаларнинг бирортасида ҳам расмий таълим олмаган, ҳаммасига ҳам шахсий мутолаа билан эришган эди. Жўржий Зайдон протестантлар коллежига қисман қатнаб ўқиб, доричи деган гувоҳнома олган холос. Кейин у Мисрга бориб, у ерда «аз-Замон» журнали редакциясига ишга кириб бир йилча ишлайди (1882), кейин Ливанга қайтади, сўнгра Байрутда бир йилча олимлар суҳбатида бўлиб, кўп нарса ўрганишга муваффақ бўлади. Ундан Лондонга бориб, табобат соҳасидаги билимларини оширишга уринади, у ерда шарқ адабиёти ва тарихини биладиган олимлар билан танишади, кутубхоналарга қатнайди. Британия музейи кутубхонасида у айниқса кўп мутолаа қилади. Бундаги араб манбалари унинг ижодига катта туртки бўлди. Сўнгра Зайдон Европа бўйлаб саёҳат қилади. Қоҳирага қайтгач, муаллимлик қилади, айни замонда «ал-Муқтатаф» журналида ишлай бошлайди. Зайдон 1892 йили Мисрда «ал-Ҳилол» (Ярим ой) журналига асос солади ва умрининг охиригача — йигирма йилдан кўпроқ вақт мобайнида унинг ношири бўлиб қолади. Бу адабий журнал шундан буён ўтган сал кам саксон йил давомида араб адабиёти ва маданияти ривожига катта ҳисса қўшди.

Зайдон бу журнал учун тарихий-адабий мақолалар ёзди, уюштирди. Шу журнал тақозоси билан у илмий-оммабоп мақолалар ва тарихий саргузаштлар ёзиб, кейинчалик тарихий романлар яратди.

Зайдон 1889 йилда икки жилдлик «Мисрнинг янги тарихи», «Умумий мосуний тарихи»ни, 1902—1906 йиллар орасида эса беш жилдлик «Ислом маданияти тарихи»ни ёзади. Бу сўнгги асар тўлалигича 1910—1912 йиллар орасида Истамбулда турк тилига, кейин форс, ҳинд тилларига, 1907 йилда Лейденда тўртинчи томи инглиз тилига, биринчи томи эса 1914 йилда татар тилига таржима қилинди. 1908 йилда Зайдон «Арабларнинг исломдан олдинги тарихи» асарини ёзди. Унинг икки жилдлик «Шарқнинг машҳур кишилари», «Араб тили тарихи», «Қадимги араб насаблари», «Янги фаросат илми», «Халқлар даражаси», «Ажойиб яралмалар», «Умумий тарих», «Қисқача юнон ва румо тарихи», «Мисрнинг қисқача географияси» каби тарихий-адабий ва тилшуносликка оид асарлари босилиб чиқиб, муаллифига катта шуҳрат келтирди. Зайдон вафотидан кейин фарзандлари унинг уч жилдлик танланган асарларини нашр эттирди.

Зайдонни адабиёт оламига машҳур қилган унинг романлари бўлди. У араб тарихий романчилигига асос солди, уни юқори поғонага кўтарди. Зайдоннинг 22 тарихий романи бўлиб (буларнинг кўпи ўрта аср тарихига оид), улар чуқур ўрганишга, тадқиқ этишга арзийди.

Зайдоннинг тарихий романлари икки қисмли «Ғассон қизи»дан бошланади. Бу асарни автор 1886—1897 йиллар орасида ёзган. Асар арабларнинг исломдан олдинги даврдаги урф-одатлари, улардаги ички қарама-қаршиликлар, илк ислом даври ва бу диннинг келиб чиқиши, ислом динини жорий этиш учун бўлган курашлар, мусулмонларнинг Макка шаҳрини эгаллаши, иккинчи халифа Умар давригача (634—644) бўлган воқеаларни, Сурия, Ироқ, Эроннинг босиб олинишини ўз ичига олади. Унинг иккинчи романи — «Мисрлик Армануса»да араб қўмондони Ибн ал-Ос раҳбарлигида Мисрнинг босиб олиниши, византияликлар одатлари, араб қўшинларининг жанг усуллари тўғрисида ҳикоя қилинади.

Халифалик ичида бўлган ички низолар, тож-тахт учун ўзаро курашлар, халифа Умарнинг ўлдирилиши, Алининг халифалик тахтига ўтириши каби воқеалар «Қурайш гўзали», «Ўн еттинчи рамазон» романларида акс этган. «Карбало гўзали» романи халифа Алидан сўнгги қонли урушларга, унинг ўғли Ҳусайннинг Карбалода ўлдирилиши — шиалар билан суннилар ўртасидаги мазҳаб кураши воқеасига бағишланган.

Зайдон арабларнинг Испанияни фатҳ этилиши ва Франция чегарасигача етиб бориши воқеаларига «Андалус фатҳи» ва «Шарл (Карл) ва Абдураҳмон» романларини бағишлаган. Шу тариқа Зайдон ислом пайдо бўлганидан кейинги ҳар бир йирик воқеани чуқур, атрофлича ўрганиб, уларни кенг ўқувчилар оммасига етказиш учун роман жанрини танлайди. Унинг «Абу Муслим Xуросоний», «Ар-Рашид синглиси — Аббоса», «ал-Амин ва ал-Маъмун», «Аҳмад ибн Тулун», «Абдураҳмон Ғолиб», «Қайрувон қизи», «Салоҳиддин Айюбий», «Дур дарахти каби романлари шулар жумласидан бўлиб, VII—ХИИ асрлар ўртасидаги даврни ўз ичига олади.

* * *

«Фарғона келини» романи IX асрда араб халифалигида бўлиб ўтган воқеаларга бағишланган. Роман воқеасини яхшироқ тасаввур қилмоқ учун тарихий воқеаларни бир лаҳза кўз олдимизга келтирайлик.

Халифалик территориясида IX асрда халқ ҳаракатлари бошланиб, баъзи бир жойларда авж олиб кетган эди. Xалифа ҳукмронлигини даҳшатга солган воқеалардан бири Бобак қўзғолони эди.

Бобак Xуррамий Озарбайжон, Арманистон ва Шимоли-ғарбий Эронда бошланган хуррамийлар ҳаракатига бош бўлиб, йигирма йилдан ортиқ курашди. Ҳатто халифа Маъмуннинг (813—833) ҳам бу қўзғолонни бостиришга қурби етмади. Шу билан бир вақтда Мисрда (829—832) қўзғолон кўтарилиб, уни бостириш учун халифанинг ўзи бош бўлиб Мисрга боради, қўзғолончиларни қаттиқ жазолайди. Бу орада ички зиддиятлар ва тахт учун курашлар зўраяди. Xалифаликда ҳатто араб қўшинларига ҳам тўла ишонч қолмайди, уларнинг турини ўзгартишга киришилади. Бағдод аъёнлари ва қўмондонларининг доимий фитналаридан хавфсираган халифа, аввало Ўрта Осиёдаги халқлардан қўшин тўплаб, ўз тахтига таянч қилиб олади. Дастлаб бу аскарлар чегара тўқнашувларида асир тушган ҳамда ўша даврда қул бозорларидан сотиб олиб келинган қуллардан, кейинчалик махсус тузилган қўшинлардан иборат бўлди. Булар халифа даргоҳида туриб, пойтахтдаги араб исёнкорларига қарши курашда, уларнинг қўзғолонларини бостиришда хизмат қилган. Бу аскарлар маҳаллий араб аҳолиси билан алоқада бўлмас, ҳатто уларга уйланиш ҳам таъқиқланган эди. Шу боисдан ҳам улар учун Ўрта Осиёдан турк чўрилари сотиб келтириб, бир қисмини уйлантириб ҳам қўйишарди. (Бу ҳолат романда ҳам акс эттирилган). Xалифа булар хизматидан яхши манфаатдор бўлгани учун уларга етарли маош ва мукофотлар бериб турган. Турк аскарларидан тузилган гвардияга кейинчалик шу халқдан саркардалар тайинлаган. Сўнгра ички низолардан қўрққан халифа Муътасим (813—843) янги шаҳар Сомуррони бунёд этиб, турк гвардиясига ўша ерни қароргоҳ қилиб белгилайди, сўнгра пойтахтни ҳам унга кўчиради. Лекин халифа Сомуррода ҳам бора-бора турк қўшинлари ва лашкарбошиларидан хавфсирай бошлайди. Чунки бу гвардия бошлиқлари тож-тахт учун ўзаро курашларга ҳам аралашиб, ўз манфаатларига хизмат қиладиган номзодни қўллашга ҳаракат қила бошлайдилар.

Араб халифалигига кирган бошқа халқлар, ҳокимлар халифалик тахтини сақлаб қолишга уринишган. Чунончи, Ушрусана ҳокими Афшин халифаликнинг энг йирик саркардаси бўлган. Шу Афшин ёрдамида Муътасим акаси Маъмун ҳам бостиролмаган Бобак қўзғолонини бостиради ва Бобакни Сомуррога келтириб ўлдиради. Афшиннинг ўсиб бораётган нуфузидан қўрққан халифа унинг Бобакни тутиб берганини ҳам ҳисобга олмайди, хиёнатда айблаб ўлдиради.

Зайдоннинг «Фарғона келини» романи ана шу воқеаларга бағишланган. Бунда барча тарихий воқеалар, шахслар ўзича қолади. Воқеа Фарғона ҳокимининг қизи Жаҳоннинг Зир-ғом билан севгиси тасвири билан бошланиб, тарихий воқеаларнинг боришига кўра, бу севишганлар бошқа юртларда турли-туман саргузаштларга дучор бўладилар. Жаҳон Бобак қароқчилари қўлига тушиб, воқеа Арманистонга кўчирилади, у ерда хуррамийлар билан халифалик қўшини тўқнашуви тасвирланиб, Бобакнинг қўлга тушиши, қатл этилиши кўрсатилади. Ниҳоят, роман Жаҳоннинг Ироққа Сомуррога келиши, икки севишганнинг бир-бирига етишуви билан тугайди.

Тарихни яхши билган Зайдон тарихий асарлар ёзиш, билан қаноат ҳосил қилмаган. У одамларга тарихни бадиий асарлар орқали тарғиб қилишни, уларни тарихдан ўрнак олишга даъват этишни маъқул кўрган. Шу сабабдан роман жанрини танлаган. Бундаги барча қаҳрамонлар тарихий шахслар бўлиб, баъзи бирларигина авторнинг ижодий фантазияси маҳсулидир.

Ёзувчининг ўзи бундай дейди: «Одамларнинг тарих ўқишига ва ундан фойдаланишига энг яхши восита тарихни роман шаклида оммалаштириш эканлигини тажрибада кўрдик. Бунда, хусусан, баъзи бир Европа ёзувчиларида кўрганимиздек, роман тарихдан устун турмаслиги керак, балки тарих романдан устун туриши ва романни бошқариши керак. Бу хил Ғарб ёзувчиларида шундайки, уларнинг туб мақсадлари роман ёзиш бўлиб, уни ишонарли қилиб кўрсатиш мақсадидагина тарихий воқеалардан фойдаланишади. Бунда улар тарихий воқеаларни изоҳлашдан чекиниб, ўқувчиларни адаштириб қўядилар.

Биз эса ўз романларимизда ўтмишдаги тарихий воқеаларга асосланганмиз. Барча қизиқ воқеаларни келтиришимиздан мақсад ўқувчини уларга қизиқтиришдир. Тарихий воқеалар ҳеч ўзгартишсиз, ўзича олинган, севги қиссаларини киритишдан мақсадимиз романи охиригача ўқиб чиқиши учун ўқувчида қизиқиш уйғотишдир».

Автор тарихий романни шундай тасаввур қилган. Ростдан ҳам у тарихий воқеаларни чуқур мутолаа қилган, романдаги йирик шахслар ва улар ҳақидаги тавсифлар, шаҳар кўринишлари, қалъа, дарё, ибодатхоналар, диний эътиқодлар, кийим-кечак, ташқи кўринишлар, маълум халқнинг касб-ҳунарлари — ҳамма-ҳаммаси тарихий китоблардан олинган. Ҳатто буларни шарҳлашда ўқувчи олдида масъулият сезган ва унинг шубҳасидан ҳайиққан Зайдон роман бетларида ўзи таянган манбаларни ҳам келтирган. Шу тариқа роман саҳифаларида машҳур шарқ тарихчиларидан Масъудий, Яқубий, ибн Бутата, ибн ал-Асир, ибн Xалликон, ал-Мақдисий, Ёқут Ҳамавий каби номлар ва уларнинг асарлари учрайди.

Зайдон бу романни ёзишдан олдин Ўрта Осиё тарихини, географиясини бирмунча ўрганган кўринади. Лекин шунга қарамай, унинг баъзи маълумотлари роман воқеасидан кейинги даврларга оид маълумотлардир. Ҳатто Ўрта Осиё территориясини «Туркистон» деб аталиши ҳам кейинги асрларга тўғри келади. Зайдон Сирдарёни «Фарғона ташқарисидаги Тошкент дарёси» деб олади, бу ердаги қадимий туркий халқлар тилининг қандай аталишини билмай, уни чиғатой тили деб олади. Ваҳоланки, Чиғатой номи мўғуллар даврида (XIII) юзага келган, романдаги воқеа эса тўққизинчи асрнинг биринчи ярмида юз беради. Бунга муаллифнинг манбалардан керакли маълумотларни топа олмаганлиги ва бу ўлкаларга саёҳат қилмаганлиги натижаси деб қараш мумкин. Шунга қарамай, Самарқанд, Бухоро, Ушрусана, Тошкент, Фарғона, Озарбайжон, Арманистон, Табаристон, Шом, Юнон, Антокия, Латакия, Константинопол каби бир қанча шаҳарлар ҳақида маълумотлар берадики, бу ҳол ўқувчиларнинг маълумотини кенгайтиришга хизмат қилади.

Зайдон ўз даврининг илғор кишиси эди. У тарихий воқеаларни роман шаклида шарҳлашда янги, ўзига хос йўл топди, уларнинг қизиқарли, саргузаштли бўлишини таъминлади.

Жўржий Зайдоннинг «Фарғона келини» романи араб мамлакатларида кўп тарқалиб, жуда кенг нашр этилган, форс тилига ҳам таржима қилинган эди. Бу асар биринчи марта арабчадан ўзбекчага таржима қилиниб, ўқувчига тақдим этилмоқда. Таржимон Шоикром Шоисломов араб тилини мукаммал билади. У илгари араб адабиётидан баъзи нарсаларни таржима қилган бўлса-да, лекин «Фарғона келини» таржимоннинг биринчи йирик таржимасидир.

Абдусодиқ Ирисов
III- qism
 
Keyingi



  1. Мелодий ҳисобда 837—838 йиллар.
  2. Ҳузайфа кўприги.
  3. Фарсах — бир тош, яъни 8 км. га яқин.
  4. Маъмун (786—833) Ҳорун ар-Рашиднинг (766—809) ўғли — аббосий халифаларидан. Муътасимнинг акаси.
  5. Байъат — халифа сайловида тарафдор бўлиб қўл кўтариш — овоз бериш.
  6. Қустантиния — Истамбул шаҳарларидан бири.
  7. Урмузд — зардуштийлар эътиқодича, эзгулик худоси бошқа, ёвузлик худоси бошқа. Урмузд эса эзгулик худосидир.
  8. Ажам — араб бўлмаган миллатлар.