OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЖорж Бредшоу
Асар номиБош чанофи ва бойўғли (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Британия адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Жорж Бредшоу
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонАҳмад Аъзам
Ҳажм44KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бош чанофи ва бойўғли (ҳикоя)
Жорж Бредшоу

Иши ўнгидан келиб юрган картина галереяси эгаси Эдуард Лориллард, юмшоқкурсига ястанганча қотма гавдасини чўзиб, оёғини столга қўйди-да, жиринглаётган гўшакни олди. Унинг хаёлчан нигоҳи чиройли буюмни, асл Ваёминг нефритидан сайқаллаб ясалган тўқ-яшил тухумни силаётган чап қўлида эди.
— Газеталарни ўқигандирсиз? – деб гўшакдан Одри Макалистернинг овози эшитилди.
— Иҳ-ҳм, - деб қўйди Эдвард Лориллард.
— Нима деб ўйлайсиз?
— Нимани?
— Малербни, - деди Одри, гўёки шу куни газеталар фақатгина Малерб ҳақида ёзгандек.
— А, буми... - деди Эдвард овозига кераклича бефарқ оҳанг бериб.

Лекин ўзининг қошлари чимирилди, бармоқлари тоштухумни маҳкам чангаллади.
— Бу сизга бирон наф келтирадими?
— Йўқ, - деб жавоб берди Эдвард. – Менда икки-учта суврати, бир-иккита илк офортлари бор, холос.
— Менда эса битта картина. Баҳосини ҳозиргина беш юз долларга кўтардим, тасаввур қиласизми...
— Тасаввур қиламан, - деди Эдвард ва унинг бармоқлари тоштухумни янада маҳкамроқ чангаллади.
— Хўш...
— Хўп, бир вақт топганда кирарсиз... - деди Одри.

Эдвард гўшакни илди. Оёғини пастга тушириб, газетани қўлига олди. Унинг мағрур юзига соя қалқди.

Одрининг Малерб ҳақидаги гаплари уни ташвишга солди, ҳатто бир оз чўчитди ҳам. Хабарга унинг кўзи тушган, лекин шунчаки қараб қўйган эди, холос. Лекин, мана, бу ерда Париждан берилган телеграмма газетанинг қарийб бутун устунини эгаллаган, ундаги хабар шунча муҳим эканки, ҳалитдан Лондон билан Стокголмда ҳам, Сюрих билан Сан-Франтсискода ҳам тарқалган, худди шундай Ню-Ёркка ҳам етиб улгурган. А мен бўлсам бунга қизиқиб ҳам кўрмабман, деб ўйлади Эдвард. Нима учун?

Хабарнинг мазмуни қуйидагича эди: Морис Малерб етмиш саккизта асарини ёқиб ташлагани ҳақида бир ҳафтадан бери Парижда юрган миш-мишни тасдиқлабди. Саксон ёшлиги арафасида у, ўзининг айтишича, ишларини бир кўриб чиқиб, шу етмиш саккизта сувратни ўртамиёна деган хулосага келибди-да, ўша заҳотиёқ уларни устахонасидаги кошинли печкага тиқиб, ёқиб юборибди.

Печка Эдварднинг эсида, яхши иссиқ берар эди.

«Мен ҳали кучга тўламан, - деган Малербнинг сўзлари ҳам келтирилган эди. – Истаган пайтимда картина ярата оламан, лекин ҳаммаси ҳам дидимдагидек чиқавермайди.»

Эдварднинг кўз олдида Париж мактабининг буюк намояндаси, ораста қора костюм кийган, нишаста оқ ёқали, саф терилган картиналар олдида туриб, ҳаёт ва санъат ҳақида нутқ ирод қилишни яхши кўрадиган чолнинг қиёфаси гавдаланди... Малербдан бошқа ҳеч ким ҳеч қачон ўртамиёна картина қилганман деб айтишга журъат қилолмайди. Телеграммада Малерб йўқ қилган картиналардан бир нечтасининг номи айтилган эди. Кўпи, табиийки, нотаниш, чунки уларни Малерб устахонадан чиқармаган, фақат айримларигина кўрсатилган эди. Рўйхатга кўз югуртириб, Эдварднинг нигоҳи тўққизинчи рақамда тўхтади: у ерда «Бош чаноғи ва бойўғли» деб ёзилган эди.

У бошини кўтарди. Картинани у биларди, қаердадир унинг репродуктсиясини кўрган. У ўрнидан туриб, маълумотномаларни сақлайдиган кабинетига йўл олди.

Лориллард-Галлерининг орқа томонида жойлашган кабинетдаги тартибсизлик бу хонанинг қулайлиги учун қанча керак бўлса, шунча эди. Бу рангпар нок оғочи билан ишланган, хира-сариқ тусли кўн тортилган диван, устига оқ лолалар тўзғиган кўралар қўйилган столлар қўйилган чиройли хона, столларда исмликлар, музей йўлкўрсатгичлари, плакатлар, буклетлар - бутун дунёдан тўпланган сон-саноқсиз реклама «ашқол-дашқоллари» қалашиб ётарди. Бу уюм Эдварднинг жони-дили, кейин бу унга ишонч берар, унинг хотираси ҳам шундай эдики, нимани қаердан излашни доим билар эди. Ҳозир ҳам «Бош чаноғи ва бойўғли»нинг репродуктсиясини бир зумда топди, икки марта натижасиз уринишдан кейин, 1937 йилги «Санъат исмлиги»ни тортган эди, унда, ўзи кутганидек, репродуктсия ҳам бор экан.

Чолнинг картинани ёқиб юборганига ишониш қийин. У жуда мукаммал, қизғиш тагзамин, нозик оқ ранглари, тўйинган қора буёқлари, югурик-чаққон чизгилари Малербнинг ўзигагина хос, муҳташам бир асар эди... Эдвард китобни столга қўйиб, дераза ёнига келди... Ҳа, лекин саволнинг жавоби қани: нима учун бу хабар унга Одри Макалистерчалик таъсир қилмади? Санъатда жуда кўп нарсадан бохабар бўлиб кетиб, ҳақиқий даллолга хос ҳавасмандлик иштиёқини йўқотиб қўйганидан эмасми?

Бу сон, етмиш саккиз - мана, матбуотга нима таъсир қилган. Ва бу табиий ҳам. Дунёдаги биронта музейда Малербнинг шунча асари топилмайди. Эҳтимол, томошабинлар унинг бунча асарини бирданига кўргани ҳам йўқдир. Ўзигагина хос, фақат шуларгагина хос довруқли ўн-ўн икки ёрқин картинанинг бир залда намойиш этилишининг ўзиёқ ҳар қандай томошабиннинг ҳушини ўғирлайди. Бу ерда эса етмиш саккизта...

Томошабин тушунмайдиган битта нарса бор, бу буюк рассомларнинг сермаҳсуллиги. Агар Лориллард санъат оламида юз бераётган нимаики бўлса, ҳаммасидан ҳайрат титроғига тушмай қўйган бўлса, демак, у ўлган. Ҳеч бўлмаса, ишбилармон сифатида.

Эдвард яна столга ўтириб, исмликни ўзига тортди. Балки масала бошқа ёқдадир, - деб ўйлади у. – балки, кўп нарсага фаҳми етмайдиган «Макалистер» бекасининг мендан тезроқ фикрлагани малол келаётгандир?

Эдвар шу картинага тегишли бор нарсани ўқишга тутинди, ярим соат ичида исмликдан ўзига керакли нарсаларни: қачон яратилгани, ўлчами, 1937 йили қандай пешвоз олинганини билиб олди. Берилиб ўқий туриб, худди кутмаганда хаёлига аллақандай бир фикр келиб қолгандек ёки нимадир шу пайтгача номаълум нарса бирдан очилгандек, титраб кетди. У бошини кўтариб, кўрмаётган нигоҳини кенгликка қадаб қолди. Ха-ха, деб хаёлан кулди у, Одри Макалистерга бир яхши сабоқ бериб қўяди.

Бир ойлардан кейин, сокин тиниқ бир оқшомда Эдвард Одрини бирга овқатланишга таклиф қилди. Еттидан кейин, сал ўтмай унинг олтмишинчи кўча ҳудудида жойлашган салонига қоғозга ўралган, ҳолатдан келиб чиқилса, фақат картина бўлиши мумкин нарсани кўтариб кирди. У Одрини салон ичкарисидаги меҳмонхонадан топди. Одри оч-жигарранг диванда газета ўқиб ўтирган экан. Бу - боғ томонга чиқадиган эшиклари ойнаванд, катта каминли ва, албатта, кўп картина деворига осилган, ерга қатор териб қўйилган чиройли бир хона эди.

Одрининг кулранг сочларида нимадир сунъийликни шубҳа қилиш мумкин, лекин юзи ҳақида бундай деб бўлмас эди. Нозик, гўзал, хотиржам ва ўзига ишонган - омади юришган инсоннинг юзи. У Эдвардга ўта қалин кўзойнаги устидан қаради-да, ўрамни кўрсатиб:
— Бу менгами? - деб сўради.
— Йўқ, - деб Эдвард ўзи яхши кўрадиган юмшоқкурсига ўтирди. - Лекин бунда. ўйлашимча, сизни ҳайрон қиладиган бир нарса бор.
— Бирон нима ичасизми?

Эдвард бош ирғади.
— Бир қадаҳ мартини, энг зўридан.

У ўрамни очишга тутинди.

Одрининг истеъдоди кўп, мартини тайёрлаши ҳам бошқа истеъдодларидан қолишмас эди. Унинг бир нарсадан омади келган - отаси урушгача, яъни биринчи жаҳон урушидан олдин ғамлаб қўйган бир неча бочка вермут виносини унга қолдирган эди.

Эдвард бир ютум қилди-да, кўзларини юмди.
— Илоҳий, - дели у. – барменларни авлиёлар қаторига киритишса, сиз биринчи бўласиз.

Одри яна диванга ўтирди.
— Баҳс бойлаймизми, шу гапни ҳамма барменларга айтасиз - деди у, - Хўш, энди мени ҳайрон қолдиринг-чи.

Эдвард сигарет олди.
— Кичик кириш қилишим керак, - деди у. – Бир-икки ҳафта олдин Малерб ҳақида гаплашган эдик, эсингиздами?

Одри ҳушёр тортди.
— Ҳалиги, ўтда ёқиш, эсладингизми? - деди Эдвард.
— Ҳа, ҳа, эсладим.
— Гаплашганимиздан кейин мақолани диққат билан яна ўқидим. Жуда ҳайрон бўлиб қолдим... Малербнинг устахонасида бўлганман, биласиз. Кўп эмас, лекин бориб турардим.

Одри бош ирғади.
— Бир марта борганман. Шундай бир шинам...
— Унда, - деди Эдвард. – кошинли печкани ҳам эслайсиз?
— Эслайман.
— Газеталарда уни картиналарни худди шу печкада қди, деб ёзилди.
— Ҳа.
— Хўш, энди печкага келсак. Унинг эшикчаси ўн саккиз дюймдан кенг эмас.
— Тўғри.
— Хўп, мана. У ёққан ҳамма картинанинг ўлчамини билмайман. Уларнинг кўпи, эҳтимол, ихчам бўлгандир. Лекин бир нарсани биламан, ҳаммаси ҳам кичик эмас. «Бош чаноғи ва бойўғли» учга тўрт фут эди.
— Ҳа, лекин... – деб гап бошламоқчи бўлди Одри.
— Албатта, биламан, картинани қийиб, матосини олиб, ёқса ҳам бўлади. Лекин нимагадир чолнинг шундай қилишини сира кўз олдимга келтиролмайман. Ёқиб ташлаши мумкин, турган гап, лекин у картинани қиядиган, йиртадиганлар тоифасидан эмас. Шундай қилади деб ўйлайсизми?
— Йўқ, тўғри айтяпсиз.
— Нима бўлса ҳам, аниқлашга киришдим. Парижга Жан Ломбардига телефон қилиб, ундан маълумот олишни сўрадим. Ва ўтган куни... – шунда Эдвард картина ўралган қоғозни очишга киришди. – мени божхонага таклиф қилдилар, борсам мени нима кутяпти денг....

У тантанали ишора билан картина юзини очди – бу Морис Малербнинг «Бош чаноғи ва бойўғли»си эди. Одри яхшироқ кўриш учун олдинга эгилди. Ҳа, худди ўзи, ёрқин ва мукаммал, фақат озгина нуқси бор: юқори чап бурчагини олов ялаган, бўёғи хира тортган эди.
— Чол картинанинг печкага сиғмаслигини ҳисобга олмаган, - деди Эдвард. – Ёки фикрни ўзгартирган. Балки ҳақиқатни биз умуман билолмасмиз. Нима бўлмасин, мана ўзи – бутун жилваси билан.

Одри ўзини орқага ташлади, қўлларини чалиштириб, ўйчан бош чайқади. Эдвард жилмайди.
— Фаройибми? – деб сўради.
— Ҳа, Эдвард, - деди Одри ва ўрнидан турди. – Бу сиз ўйлагандан ҳам ғаройиброқ.

У бориб, шкафни очди, ундан картинани олиб, Эдварднинг ёнига келди ва уни Эдварднинг картинаси ёнига қўйди.

Улар айний, тўғрироғи, қарийб айний, олов Эдвардникининг юқори чап бурчагини, уникининг эса пастки ўнг бурчагини ялаган эди. Энди Эдвард эгилди ва ўз навбатида Одрининг картинасига узоқ тикилди. Кейин қаддини ростлаб, сигарет тутатди.
— Сиз томонингиздан мени кошинли печка тўғрисида узун тарихни айтишга мажбурлаш шафқатсизлик эмасми? – деди у.
— Сиз томондан мени чув туширишга уриниш-чи, - деди Одри. – Эдвард, азизим Эдвард, дўстлигимизни бундан ишончлироқ деб юрар эдим. қалбаки нарсалар борасида келишувимизни айтмаганда ҳам.
— Шу гапни гапирманг, - деб Эдвард атрофга хавфсираб аланглади. – Айтганча, сиз картинангизни...
— Сизга кўрсатмоқчи эдим. Лекин кейинроқ. Иштаҳангизни бузгим келмаган эди.

Эдвард креслода ўзини орқага ташлаб, керишди.
— Агар қандай аҳволга тушдингиз деб сўрашса, қип-қизил аҳмоқ бўлганимни айтардим.
— Хўп, етар, - деди Одри, - сизга яна битта мартини қилиб берай. Кейин тўйиб кулиб оламан. Ундан кейин ишни гаплашиб оламиз.

Эдвард Лориллард билан Одри Макалистернинг дўстона муносабатлари ўзаро ишонч сиёсатига қурилган эди. Агар айрим майда чекинишларни айтмаса, бу муносабатлар икки йилдан давом этиб келади.

Бир куни Эдвард Учинчи авеню, етмишинчи кўча ҳудудида кетаётиб, антиквар дўкон ойнасида бир нечта картинани кўриб қолди. Эдвард Учинчи авенюдан яхши харид ё санъат дурдонаси излайдиган анойилардан эмас, лекин бари бир, тўхтади: нигоҳи бир картинага тушган, бу картина уни ҳайратга солган эди. У дўконга кирар экан, юзига ўзига хос эҳтиёткорлик билан зериккан тус берди, лекин бир неча дақиқадан кейин бунинг сотувчига заррача таъсири йўқлигини кўриб, картина учун олтмиш доллар тўлашга рози бўлди. У чек тўлдирди ва ўн дақиқадан кейин ўз салонига келиб ўтириб, картинани очиб кўрди.

У айни истаган нарсасини харид қилганига тезда ишонди. Картинада чизимча билан боғланган гулдаста, гуллар тагида бир нечта қалам чизгилар – барг ва гулбарглар тасвирланган эди. Фон йўқ - нозик холстга тегинилмаган, у энди вақт ўтиши билан сарғиш-жигарранг ифодага тўйинган эди. Лекин чизги кучи, бўёқнинг ётиши – суйкумли қирмизи ва майин нилий ранглар жилоси – унинг Югюст Ренуарнинг тугалланмаган эскизи эканига шубҳа қолдирмас эди.

Эдвард ҳеч бунақа нарсага дуч келмаган эди. У картинани ҳашаматли чорчўпга солиб, салон кираверишига, ёруққа ўнғай жойга осиб қўйди.

Бўлган иш шуки, Бен Говард кириб келди. Эдвард уни Ренуар томошасига берилган пайти учратди – нимжон асабий қомат, эгнида эски ёмғир пўш, актёр ёки балки раққосга хос нозик, ёқимтой юзли, бешпанжадан бошқа тароқ нималигини билмайдиган қора жингалак сочли.

Эдварднинг шу ердалигини пайқаб, Бен Говард унга мурожаат қилди.
— Сиз айтолмайсизми, бу картина қанча турар экан?

_ Саккиз минг беш юз, - деди Эдвард.

Шу пайти Бен Говарднинг юзи қанақадир ғалати бўлди, ўта ҳайрат ва завқли бир табассумдан ёришиб кетди.
— Саккиз минг беш юз, - деб такрорлади у худди ишонмагандек.
— Ҳа, - деди Эдвард. – Зўр-а, тўғри эмасми?
— Сиз билан қандай... – дея иккиланиб гап бошлади Бен Говард. - қандай қилиб икковимиз ҳоли жойда гаплашиб олсак.

Эдварднинг рози бўлишдан бошқа иложи қолмади.
— Марҳамат, меникига юринг, - деб уни кабинетига бошлади.

Бен Говард гапни айлантириб ўтирмади.
— Мен буни охирги кўрганимда, унда бу нарса йўқ эди.

Эдвард уни бўлди:
— Э, уни биласизми?
— Ҳа, Учинчи авенюдаги комиссион дўконга мен олиб борганман. Сотишга.
— Шунақа денг, – деди Эдвард.
— Ҳозир ўша ердан келяпман. Сотувчи қирқ доллар тўлади, деди сизни, менга улушимни берди. Йигирма тўрт доллар.
— Сизни у алдабди, - деди Эдвард, - мен олтмишга олдим.
— Ажаб эмас, - деди Бен Говард. – Бари сиз учун фойдали битим бўлган.
— Тўғри лекин.
— Сизни кейин ҳам шунақа битимлар қизиқтирадими?
— Эҳтимол.

Бен Говард уялинқираб, эҳтимолки, кечиримли жилмайди.
— Мен айтмоқчи эдимки, охирги кўрганимда унда бу исми шарифлар йўқ эди. О.Р.ни назарда тутяпман. Бу Огюст Ренуар деган маънода шекилли?
— Шундай шекилли, - деди Эдвард. – Буюк рассомлар ўз асарларига имзо қўйишга келганда бепарволик қиладилар. Лекин харидор олган нарсаси ишончли бўлишини истайди. Балки аёл дейишим керакмиди. Аёллар айниқса имзога ўч бўладилар. Шунга ишонадилар.

Бен Говард бош ирғади.
— Хўп, тушунарли, - У кескин бурилиб эшикка йўл олдт. – Мен яна келаман. Сизга қайси вақт ўнғай?
— Эрталаб, - деди Эдвард.
— Эрталаб, - деб такрорлади Бен Говард. Кейин яна ўгирилиб, кўзларини катта-катта очиб, секин шивирлади: - Саккиз минг беш юз!

Бу энди йўлдан озиш эди.

Бен Говард икки кун ўтиб келди, кейин яна ва яна келди. Унинг ишчанлиги, Эдвард билдики, ҳайратомуз эди. Бир ҳафтада унинг мўйқалами остидан Хуан Гриснинг хушсурат сувбўёқлари, Кандинскийнинг бурама ва айланмалари чиқиб келаверарди. Бундан ташқари унинг донолик даражасида ақли ҳам бор эди. У дурдоналарни чизмайди. «Дурдоналар, - деди у бир куни, - усталарнинг ўзида тураверсин. Менинг улушим - қоралама, тугалланмаган суврат, кичкина бағишловлар. Бугунга нарх-навода, билиб қўйинг, етади шу.» Эдвард ва Бен Говард ўртасида бахтли ҳамкорлик даври шундай бошланди.

Бу икки мубҳам жуфтликнинг ясамалари рангтасвир ихлосмандлари қўлига ўтиб, Флорида, Арканзас, Орегондаги кўплаб бадавлат хонадонлар деворига кўрк берди.

Лекин бу давр узоққа чўзилмади.

Усталарнинг картиналарини нусха қиладиган, қалбаки ясайдиган Бен Говард тоифасидаги одамларнинг кўпи нафақат уларнинг истеъдодидан, балки очкўзликдан ҳам бебаҳра эди. Лекин Бен Говард унақа эмас, у Эдварддан осмон қадар бўнак сўрар эдики, ажралиш муқаррар бўлиб қолди, бақир-чақир, сўкиниш, ўзаро айбситиш бошланди ва улар юзкўрмас бўлиб кетдилар.

Айни шу вазият кутилмаганда Одри Макалистер билан Эдвардни яқинлаштириб қўйди. Эдварнинг шаҳардаги янгиликдан бехабар қолмаслик учун ҳафтада бир-икки марта бошқа салонларни айланадиган одати бор эди. У бир куни кечқурун Одрининг салонида юрганида унинг кабинети эшиги очилиб, ичкаридан Бен Говард асабий югуриб чиқди ва эшикка йўл олди. Кўп ўтмай Одрининг ўзи чиқди, унинг феъли айниган, Бен Говарднинг кетганига ишонч ҳосил қилиш учун шекилли, атрофга аланглаб олди.

Эдвард бу саҳнани бошқа кўзлардан пана бир қулай жойда кузатиб турди.

Эдварднинг калласида фикрлар ғужғон ўйнади, лекин ҳаяжони таъсирида иш тутди. Одрининг олдига бориб:
— Менингча, сиз билан керагича танишмиз, бу сизни тушликка таклиф этишга ҳуқуқ берар деб ўйлайман, - деди.

Одри синини бузмай, жавоб берди:
— Мен жон-жон дер эдим.

Бу тушлик, унинг сабаби ҳамдардликми ё очкўзликми, ишқилиб, Одри Билан Эдвард ўртасидаги ҳарбий иттифоқнинг бошланиши бўлди.

Айни Одри кечқурун Эдвардни ҳайрон қўйиб, жиловни қўлга олди.
— Баъзида ўксиниб кетаман, - деди Одри дастурхон устида. – ўрта асрларда туғилмаганимга.
— Нимага энди? – деди Эдвард.
— Чунки у пайтлари антиқафурушлар анча осон яшаганлар. Ўша вақтлари мижозларга нима керак эди? Авлиёнинг суяги, илоҳий хочнинг бир парчаси. Бу талабни қондириш осон бўлган. Хоч парчалари насроний дунёда шу қадар кўп бўлганки, бутун бошли сарой қуришга ҳам бемалол етган. .
— Азизим, жуда тўкин яшаган бўлар эдик.

Одри унга қўшилиб бош ирғади.
— Шу кунларда Омахадаги бир мижозим ошхонасини безаш учун Моненинг картинасини ололмай юрганидан, айтгандай, яхши баҳога, ноумидликда ўзини адо қиляпти.

Эдуард ташвишманд қиёфага кирди.
— Моненинг янги картинасини кўрдингизми? Анави, ўн тўртга етти фут, картина эмас, уйнинг ўлчамида, шундай эмасми... Тўхтанг. Менда сизга боп Моне топилармикан...

Одри кулиб юборди.
— Ташвиш қилманг. Айтганча, менга бугун битта Монени таклиф қилишди. Сизнинг ошнангиз Бен Говард. Жирканч кимса.

Эдвард қошини ҳайрон керди.
— Менинг ошнам?

Одри унинг кўзларига дадил қаради.
— Ўзингизни гўлликка солманг, - деди у. – Бен Говарддан мен ҳам картина олардим. Худди сизга ўхшаб.

Эдвард стол узра секин эгилиб, қўлини Одрининг қўлига қўйди.
— Энди, - деди у, - биз ишга киришамиз.

Бетавфиқ иттифоқ гуркиради. Буни улар мақсади арзон олиб қимматга уриш бўлган ва кераксиз рақобатдан ҳоли ҳимоя уюшмаси қилиб олдилар. Бунда, албатта, Бен Говард ўйиндан чиқариб ташланди, чунки бу ишда қизиққонлик хатарли. Бен Говарднинг ягона фазилати – кўп қирралилик, лекин ўзининг тор соҳасида маҳорати ҳеч кимдан қолишмайдиган одамлар ҳам кўп, лекин уларнинг ажойиб фазилатлари – камтарликлари бор эди. Уларнинг пири Гёте эди. Нусхакашларнинг меҳнатидан ҳайратга тушган, бу меҳнатни муқаддас нусха деб атаган Гёте.
— Охир-оқибат, - деди бир куни Одри. – агар суврат гўзал бўлса, уни ким чизганининг нима фарқи бор? Муҳими шунда-ку.
— Шунда, - деб такрорлади Эдвард. – яна, пулида ҳам бўлса керак...
— Ахир, тушунасиз-ку, қалбаки деб ерга уриш аҳмоқлик. Ўҳ, бу ўн тўққизинчи аср, лаънати аҳлоқи билан бирга қуриб кетсин. Микеланжелонинг юнон ҳайкалларидан кўчиргани ҳаммага маълум-ку. Одамлар бу билан уни кам ҳурмат қилмаганлар.
— Ҳа, тўғри, - деди Эдвард. – лекин Микелажелода қалбаки ҳам муайян ички қадриятга эга эди... Йўқ, азизим, ўзимизни алдамайлик. Биз кўчанинг соя томонидан юрамиз. Бу ҳақиқат, унга ё кўниш керак ёки, ҳеч бўлмаса, мардона дош бериш керак. Бир кўзинг ариқчадан тилла танга излаш билан банд бўлса, иккинчи кўзингни қонун вакилларидан узмаслик керак...
— Эдвард, биласизми, - деди Одри, - мен ҳеч қачон камбағаллрга сотмайман.
— Сиз қўядиган нархларга қараганда, - деди Эдвард, - шундай бўлса керак, дейман.

Албатта, уларнинг ҳамкорлиги давомида Малербнинг «Бош чаноғи ва бойўғли»си билан бўлганидек воқеа юз бермаган. Бир томондан, иккаласининг ҳам ақли шундай аниқ-таниқ ҳам ҳамоҳанг ишлаганини ўйлаб завқланган, иккинчи томондан, бу уларнинг иши, ишда шунақа бўлиб қолганидан таҳликага ҳам тушган эдилар. Улар ҳаммасига тасодиф деб қарадилар-да, тубини ўйлаб ўтирмадилар. Картиналар воқеасида ҳеч қандай фириб йўқ, иккаласини икки уста чизган, Эдвард ўзиникига ўзи олов текизган эди, Одри ҳам ўзиникига.

Гап энди бу ёғига нима қилишда қолди. Картиналарнинг биттаси йўқ қилинса, ақлдан бўлади. Лекин қайсини? Одри ўзиникини энг яхшиси деб биларди, Эдвард эса ўзиникини. Баҳс чўзилди, лекин кутилмаганда газетадаги битта хабар уларнинг тортишувига чек қўйди.

Мендекс музейи Малерб картиналари кўргазмаси очилишини эълон қилди. «Мендекс» эллик йил олдин Герман Мендекс асос солган қадимий, мўътабар музей бўлиб, нархлар арзон пайтлари тўпланган яхши картиналарга бой хазинаси бор эди. Энди музей Малербнинг ўз коллектсияси, бошқа музейлар ва шахсий коллектсиялардан олинган катта кўргазмасини ваъда қилган, бунда албатта, картиналарнинг ёқиб юборилгани ҳақидаги хабарнинг ҳам таъсири анча эди.
— Мана, ниҳоят, - деди Одри. – энди ҳаммасини – Малербнинг тўлик картина сайланмаларини бир вақтнинг ўзида кўриб, уларга қайсимизники ранги ва услуби бўйича яқин эканини ҳал қиламиз.

Иккаласига ҳам очилишига таклифнома келди ва улар бирга бордилар. Томошабин одатдагидек: камтарона кийинган бойлар, бой кийинган камбағаллар, санъатни севадиган телевизиончилар ва ҳеч бир тадбир шуларсиз ўтмайдиган одамлар эди. Ҳамма бир-бирига, битта ярим одам картиналарга интилган эди.

Эдвард билан Одрига кутилмаган совға мунтазир экан. Учинчи залга киришлари билан тўғриларида, деворнинг марказида бошқа картиналардан алоҳида осиғли, мукаммал, зарар кўрмаган, олов тегмаган «Бош чаноғи билан бойўғли»га кўзлари тушди.

Улар бир муддат ҳайрат билан, унсиз сукутда картинага тикилиб қолдилар, Кейин Одри Эдварднинг қўлини ушлаб, титроқ билан сиқди.
— Ўйлаб кўринг... – деди у, - бир ўйлаб кўринг, агар ҳам биз...

Улар картина ёнига бориб, тагидаги ёрлиқни ўқидилар. Унда «Янги харид. Музей маблағига олинди» деб ёзилган эди.
— Мен билишим керак, - деди Эдвард, – юринг.

Улар музей сақловчиси, кўҳна Нили хонимни ўз кабинетидан топдилар: кўксига қадалган икки атиргул билан қирққулоқ новдаси унга вазият тақозо қилган тантанали тус берган эди.
— Аҳ, буми! – деб хитоб қилди у. – Хўш, қойилмисиз? Бир омадимиз келди-да, деб ўйлаймиз. Биласизми... – у кимгадир жилмайиб бош ирғади, - кечирасиз... Малерб уни йўқ қилди дейишар эди, лекин ундай эмас. Бунинг тарихи узун. Малербга қўшни турган бир америкалик ёш рассом уникига ҳалиги... эртасига кириб, – у «ёқилган» деган сўзни айтгиси келмади. – «Бош чаноғи ва бойўғли»ни кўради. Шу заҳоти сотиб олади. Малерб буни ҳам ёқмоқчи бўлган шекилли, лекин нимадир бўлган, ё фикридан қайтган, бу ҳам бахтимизга. Биз эҳтимол, нима бўлганини ҳеч қачон билмасмиз. Лекин бу воқеанинг ҳаммаси эмас. Бошқа пайти, бунчалар банд бўлмаганимда...
— Ўша америкалик рассомнинг оти нима экан? – деб сўради Одри.
— Оти, - деди Нили хоним. – уни эшитмаган ҳам бўлсангиз керак. қарийб ном қозонмаган. Бен Говард унинг оти.

Эдвард кўчада айтди:
— Яхши, энди биз нима қиламиз?
— Мет[1]га борайлик, - деди Одри. – Мен санъат шайдосиман, ростдан ҳам қадимий рассомларнинг ҳақиқий рангтасвирларини кўргим келяпти.

Кечқурун, таомдан сўнг иккаласи Одрининг оч-жигаррранг диванида, иссиққина камин қаршисида ўтирар эдилар. қаҳва ичилган, Эдвард қўлидаги арманяк тўла қадаҳни жимгина айлантирар эди.

Ниҳоят у:
— Ҳозирми? – деб сўради.

Одри кифтини қисди:
— Нимани ҳам кутамиз?

Эдвард ўрнидан туриб, камин ёнига борди. Каминнинг икки томонида «Бош чаноғи ва бойўғли»нинг нусхалари деворга суяб қўйилган эди.
— Авал меникини, - деди Эдвард ва ўз картинасини оловга ташлади.
— Ҳар қалай сиғди-ку, - деди Одри.

Эдвард Одрининг картинасини ҳам каминга ташлаб, диванга қайтди. Иккаласи ҳам оловнинг картиналарни ямлашишига жим қараб қолдилар.
— Шунча меҳнат-а, - деди Одри, - шунча ниятлар! Лекин, майли. Ҳаммаси яхшиликка шекилли.
— Шундай, - деди Эдвард.
— Битта нарса аниқ. Бен Говард тамом. Агар у экспертлар текширадиган, cуриштирадиган музейларга сотиш даражасида аҳмоқ бўлган бўлса, ишонаверинг, бир кун эмас, бир кун...
— қўлга тушади, - деди Эдвард диванга ясланиб. – Лекин бошқа гап... – Эдвард ўйланиб қолди. – мени картинанинг ўзи ҳайрон қолдирди. Иккаламизникидан жуда ўтиб тушади. Бен Говарднинг қачон бўлмасин яратган ҳамма нарсасидан шунчалар ортиқ. Хаёлингизга келмадими, бу..
— Асл ўзи эмасми? – Одрининг овозида иккиланиш бор эди. –
– Сиз унинг қадрига етмайсиз деб ўйлайман. Лекин, дейлик, шундай ҳам бўлсин. Бари бир, бизга у хавфли эмас, асл картиналар билан савдо қилса ҳам.

Эдвард кулиб юборди. Ўз қадаҳини кўтариб, Одрига қадаҳ узатди.
— Келинг, Бен Говард учун кўтарайлик, - деди у.
— Бўлади, - деди Одри. – Ҳа, кўп нарсада қарздормиз ундан.
— Бен Говард бўлмаганида, - деди Эдвард. – ҳозир оёғимизни столга қўйиб, соғ-омон гуноҳга ботиб ўтирмаган бўлар эдик...

Одри жилмайиб қадаҳ кўтарди.
— Келажак ҳақида ўйлаб...


  1. «Метрополитен мюзеум оф арте», Ню-Ёркдаги йирик санъат музейи