OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЖозеф Ҳовард
Асар номиОмен (иккинчи китоб)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Даҳшат
Муаллифлар
   - Жозеф Ҳовард
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонДилшодбек Асқаров (Русчадан)
Ҳажм374KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/23
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Омен (иккинчи китоб)
Жозеф Ҳовард

Омен (Иблис Ҳамласи) (Иккинчи Китоб)

Муқаддима. Етти Йил Илгари

Бутун дунёга машҳур археолог Карл Бугенгаген асабийлашарди. У худди кўрсичқондек ер қазирди. Лекин Бугенгаген бунчалик чуқурликка тушганидан асабийлашмаётганди. Аксинча, унга бу ер ёқарди. Намлик ва зулмат унинг ширин хотираларини уйғотарди. Ер қаъри қабристондек жимжит эди.

Кутилмаганда археологнинг қулоғига қандайдир шитирлаган товуш чалинди. Бугенгаген қўрқоқлардан эмасди. Унинг ёши элликдан ўтган бўлса-да, Карл ҳали ҳам қоматини сақлаб қолганди. У худди қадимги грек атлетлари сингари елкадор ва бўйи баланд эди. Оқараётган сочи ва соқоли ўткир нигоҳи билан қўшилиб археологга қандайдир виқор бағишларди. Бугенгаген бу ерда, Исроил ери остида Шайтоннинг мавжуд эканлигини исботловчи далил изларди.

Қўққисдан эшитилган товуш Бугенгагенни чўчитиб юборди. У ўзининг қудратли рақиби томонидан бўладиган таҳдидни бутун аъзои-бадани билан ҳис этди. Археолог дунёни даҳшатли хавфдан огоҳ этишга уринган бахтиқаро қурбонлар рўйхатига ўзи ҳам тушишини аллақачон сезганди. Бундан ташқари, Шайтоннинг Бугенгагендан қутулиш учун ҳаракат қилишига муҳим сабаб ҳам бор эди. Чунки олим УНИ анчадан буён ўлдиришга уринаётганди.

Археологнинг ўзи ҳеч қандай далил-исботга муҳтож эмасди. Унинг барча шубҳа-гумонлари ҳақиқатга айланганди. Аммо у ёрдамчиси Майкл Морганни ўз сўзларига ишонтириши керак эди - фақат шу йўл билан бу даҳшатли маълумотларни сақлаб қолиш мумкин эди. Бугенгаген Иблиснинг ҳаётига нуқта қўйишга уриниши билан Шайтоннинг қасосидан қутула олмаслигини англаб етганди.

Дастлаб Морган Бугенгагенга ишонмади. Карл уни ишонтириш учун далил кераклигини жуда яхши тушунарди. Бугенгагеннинг хаёлига ҳам бирдан «ақлдан озиб қолмадиммикан» деган фикр келди.

Аммо шу заҳоти хаёлан ақли жойида эканлиги, ўта муҳим нарсани билиши ва бу билими учун жавобгар эканлигига ўзини ишонтирувчи овозни эшитди.

Бугенгаген Морганни айтган сўзлари ҳақиқат эканлигига ишонтиришга уринарди. Агар Майкл унинг айтганларига шунчаки шубҳа қилаётган бўлса, унинг ёнида ўтирган аёл археологнинг бир оғиз ҳам сўзига ишонмаётгани яққол кўриниб турарди. Бугенгагенга бу аёлнинг ҳам уларнинг суҳбатига гувоҳ бўлаётгани умуман ёқмаётганди.

Унинг исми Жоан Xарт бўлиб, у кўзлари чақноқ ва малла сочли аёл эди. Касби фотомухбир бўлган Жоан бу суҳбат ҳақида дуч келган кишига айтиб қўйиши мумкин эди. Жоаннинг бўйнида бир эмас, иккита «Никон» фотоаппарати осилиб турарди. У тўхтовсиз чекар ва оғзини бир дақиқага ҳам юммасди.

Бу журналист аёл Эйкра шаҳрига касби юзасидан келмаганди. Йўқ, Жоан Майкл Морган шу ердалиги учун келганди. Майкл Жоан учун ҳаёт мазмунига айланганди. Бу соҳибжамол аёл фақат Майклни деб яшарди.

Ҳозиргина Лондондан учиб келган Жоан Бугенгаген ҳадеб Морганга кўрсатаётган «Америка элчиси ва унинг хотинининг дафн маросими» мақоласи чиққан газетани қаердадир кўрганди. Майкл ҳам бу мақолани биринчи марта кўрмаётганди, унинг сарлавҳаси одамнинг диққатини тортмасди.
— Ҳа, - деди у Англиянинг юқори табақали вакилларига хос оҳангда, - жуда қизиқ.

Бугенгаген унинг кинояли сўзларига эътибор бермай, яна бир газетани кўрсатди. Америкада чиқадиган бу газетада «Президент ва унинг рафиқаси элчининг етим қолган ўғлини тинчлантиришмоқда» деган мақола босилганди. Бугенгаген қўли боғланган олти ёшли болакайнинг суратига ишора қилди. Болакайнинг юзи худди Уйғониш даврида чизилган суратлардаги каби жуда чиройли эди.
— Уни танияпсизми? - сўради Бугенгаген.

Морган суратга яна бир марта, бу сафар диққат билан разм солди.
— Йўқ, - деди у қатъий оҳангда.

Бу фожианинг ягона гувоҳи бўлган Бугенгаген чарчаганлигини ҳис қилди.
— Нима, сиз Игаел деворини кўрмаганмисиз? - сўради у.
— Бу деворни ўтган ҳафтада топишди-ку, Карл, - ўзини оқлашга уринди Морган, аммо Бугенгаген унинг сўзини шу заҳоти бўлди.

Археолог ҳозир Морганга айтадиган сўзларини у аҳмоқлик деб тушунсада, барибир айтиши лозимлигини тушунди. ВАҚТ ОЗ ҚОЛГАНДИ. Бугенгаген яна суратга ишора қилди ва лўнда қилиб деди: «Игаел деворида мен унинг юзини кўрганман! Бу бола, Демен Торн - Иблис!»

Морган унга эътироз билдирмоқчи бўлди.
— Карл, - сўз бошлади у, бироқ олим уни яна тўхтатди.
— Сен менга ишонишинг шарт!

Морган илжайишдан тўхтади. Бугенгагеннинг юзидаги ифода Майклни ташвишга солди. Ахир унинг қаршисида ақлдан озган қария эмас, устози ўтирарди ва Морган Бугенгаген олдида қарздор эди.
— Карл, - деди юмшоқлик билан Майкл, - мен диний мутаассиб эмасман. Мен археологман.

Бугенгаген унинг сўзларига эътибор бермади. «Унинг келаётганини қаерда ЭШИТМАНГ...». Карл уёғини эслай олмади. У бир неча кундан бери ухламаган ва ўлгудек чарчаганди. Бунинг устига олимнинг хотираси ҳам панд бераётганди.

Морган бош чайқади ва Бугенгагенга мурожаат қилди:
— Исбот қани, Карл?
— Бир ҳафта илгари, - деди Бугенгаген, - Деменнинг отаси уни ўлдиришга уринди. Лондондаги Барча Авлиғлар черковида. Элчи боланинг юрагига пичоқ урмоқчи бўлган.

Жоан даҳшатдан титраб кетди. Морган мақола сарлавҳасига яна бир марта кўз югуртирди.
— Чамаси, мухбирлар кўп нарсанинг исини олишолмаган, - давом этди Бугенгаген. У чуқур хўрсинди, сўнг деди: - Бу пичоқларни элчига мен бергандим. Менинг дўстим, Жеймс ота ўша пайтда черковда бўлган. У ҳаммасини ўз кўзи билан кўрган. Руҳоний ота менга қўнғироқ қилди ва содир бўлган фожиа ҳақида гапириб берди. У қадимий пичоқларни таниб қолган ва уларни менга қайтариш кераклигига полициячиларни ишонтирган.

Улар жим бўлиб қолишди. Морган стаканни ушлаганича дўстига қараб турарди. Жоан ҳам катта-катта очилган кўзларини Бугенгагендан узмасди. Олим гапида тез давом этди:
— Америка элчисининг исми Жереми Торн эди. Унинг эндигина туғилган ўғли Римдаги госпиталда ўлдирилган. Ва қандайдир руҳонийнинг илтимоси билан Торн бошқа чақалоқни боқиб олган. Аслида ўша руҳоний Шайтоннинг малайи бўлган. Торн бу чақалоқ ўзларининг боласи эканлигига хотинини ишонтирган. Торнлар болакайни яхши кўришарди, у Лондонда вояга етди. Эр-хотинлар аслида бу боланинг шоқолдан туғилганлигини билишмасди! Тез кунда бола ўзининг кимлигини билиб қолганларни йўқота бошлади. Ана шунда Торн мендан ёрдам сўраб келди. Унинг дастлабки сўзлариданоқ Торн ҳақиқатни айтаётганини тушундим. Мен Торнга Шайтонга қарши ягона қурол - етти дона пичоқни бердим. Бу пичоқларни Унинг танасига санчиш лозим эди. Бу пайтга келиб Торннинг хотини ҳам ҳақиқатни билиб қолган икки бахтиқаро каби ўлганди. - Бугенгаген бош чайқади. - Полициячилар Торнни Шайтоннинг ўғлига пичоқ санчгунича отиб ташлашди. Улар "елчи хотинининг ўлимдан кейин жинни бўлиб қолган" деб ўйлашганди!

Бугенгаген яна газетадаги суратга имо қилди. У фақат бир нарсани, Морган унинг сўзларига ишонишини, даҳшатли хавфни англашини ва тезроқ ҳаракат қилишини истарди. - Бола ҳали ҳам тирик!

Орага узоқ сукунат чўкди, кейин Морган сўради:
— У ҳозир қаерда?
— Америкада. Амакиси - марҳум Торннинг акасиникида яшаяпти. Китобда ёзилганидек: «У ерда Унинг қудрати ошади, у вайрон қилади ва кучаяди, дунёнинг энг кучли ва ақллилари унинг қуролига айланишади».
— Майкл, зудлик билан Америкага жўнаймиз! - қичқирди Жоан Xарт жон ҳолатда.
— Овозингни ўчир! - деди Майкл. Бугенгагеннинг айтганлари ақлга сиғмасди.

Бугенгаген энгашиб, пояфзали орасидан чарм халта чиқарди. У халтани стол устига қўйди.
— Сен буни боланинг янги ота-онасига беришинг керак, - деди Бугенгаген. - Бунинг ичида пичоқлар ва уларга ҳамма нарсани тушунтирувчи мактуб бор.

Морган Бугенгагенга тушунолмай қолди. Унинг эртаксифат ҳикоясини тинглади, майли унга ишонди ҳам, энди бу бемаъни сафсатабозликда иштирок ҳам этиш нимаси?
— Кечир, Карл,- иккиланди Майкл бош чайқаб. - Сен мендан...
— Уларни огоҳлантириш зарур! - унинг сўзини бўлди Бугенгаген. Қўшни столдаги мижозлар уларга қарай бошлашди. Археолог бўғиқ овозда шивирлай бошлади.
— Мен анча қаридим, бунинг устига касаллик. Буни ўзим бажара олмайман. Мен ҳақиқатни биладиган ягона одамман, мен...- Бугенгаген миясига келган фикрдан қўрқиб кетди чамаси, сўзларини якунлашга қурби етмади.
— Нима? - сўради Морган.

Олим стаканга кўз тикди:
— Xавфдан эҳтиёт бўлишим керак.

Морган ғамгин бош чайқади:
— Азиз дўстим, ахир менинг ўзимга яраша обрўим бор.

Бугенгаген кескин тарзда деди:
— Шунинг учун ҳам буни сен бажаришинг керак! Улар сенга ишонишади!

Майклни унинг бу сўзлари қаноатлантирмади. У Бугенгагеннинг талвасали ҳолатидан ташвишлана бошлади. Бунинг устига у устозининг илтимосига жиддий қарамаётганди.
— Аммо, Карл, мени бошқача тушунишади...

Бугенгаген ўрнидан турди. Ботаётган қуёш нурлари унинг юзига тушиб, олимнинг жиддийлик ва қатъият акс этган қиғфасига салобат бағишлади.
— Юр, Игаел деворига, - буюрди Бугенгаген.

Бу буйруқ эди ва Морган бундан бош торта олмаслигини тушунди. Бу сафар қаршилик кўрсатишнинг иложи йўқ эди.
— Xўш, кейин-чи? - сўради у ҳамма нарса ҳал бўлганини билса-да.
— Кетдик, - такрорлади Бугенгаген ва «Жип» машинаси томон кета бошлади.
— Сизлар билан борсам майлими? - сўради Жоан табассум қилиб уларнинг розилигини олиш умидида.

Морган инкор маъносида бош чайқади.
— Меҳмонхонада кутиб тур. Биз тезда қайтамиз, - у Жоанни ўпиб қўйди.
— Бўпти, - деди Жоан хўрсинаркан. - Аммо айтиб қўяй, узоқ кутиб ўтиргани тоқатим йўқ.

Майкл кулди ва унга ҳавойи бўса йўллаб, кўздан ғойиб бўлди. Бу уларнинг охирги учрашуви эди. Жоан Xарт бунга кўникиши ва бунинг асл сабабини англаб етиши учун жуда кўп вақт керак бўлди.

Атрофи девор билан ўралган Белвуар қўрғони Эйкра шаҳри яқинида, Сибулан водийсининг қоқ чегарасида жойлашганди. Қўрғон ўн иккинчи асрда, Европадан келган салб юриши иштирокчилари томонидан қурилганди. Улар қўрғонни Исонинг хотираси учун қуришганди. Ва айнан Белвуар қўрғони остида Бугенгаген зарур исботни топганди - Иблис АЙНИ ПАЙТДА одамлар орасида эди.

Моторнинг бўғиқ гувиллашидан қўрғоннинг қадимий деворлари ёнида ўтлаб юрган қўйлар бошларини кўтаришди. Тонг отиб келаётган, водий узра қуёш қизариб чиқаётганди. «Жип» тепалик ортидан кутилмаганда пайдо бўлди ва қўйлар ҳар тарафга қараб қочиб қолишди.

Машина қўрғон олдига келиб тўхтади. Бугенгаген ва Морган машинадан тушишди. Эрталабки салқин этни жунжиктирар, аммо, чамаси, буни фақат Майклгина ҳис қиларди. Бугенгаген машина юкхонасидан шахтёрлар каскасини қидирарди. Улар борадиган жой жуда қоронғи бўлиб, биргина чироқ нури камлик қилар, тупроқ кўчиш хавфи жуда катта эди. Бугенгаген ҳам, Морган ҳам бир нарсани пайқашмади. Девор устида улкан қузғун ўтирар ва уларни кузатарди. Унинг кўзларида нафрат ўти ёнарди.

Улар баландлиги эллик футли ёғоч устунлар ўрнатилган залдан ўтишди. Шифтда кўршапалаклар оёғини осмондан қилиб осилиб туришарди. Қария чарм халтани худди ундан ажралиб қоладигандек кўксига маҳкам босди. Улар каскаларига ўрнатилган фонарларни ёқдилар ва зиналардан эҳтиёткорлик билан ер остига туша бошладилар.

Бу ерда яқиндагина археологлар бўлишганди. Энг сўнгги қазув ишлари олиб борилган жойда тупроқ уюмлари ётар, ҳар қадамда чуқурлар учрарди.

Бирдан Морганнинг кўзи бир нарсага тушиб, аъзои бадани музлаб кетди. Унинг юраги қинидан чиқиб кетгудай ура бошлади. Морган девордаги бир вақтнинг ўзида ҳам даҳшатли, ҳам чиройли суратни кўриб қотиб қолди. Суратда аллақандай Махлуқ устида ўтирган аёл тасвирланганди. Махлуқнинг ўта хунук еттита боши ва ўнта шохи бор эди. Сурат атрофи неча юз йиллардан буён ҳеч ким сўзлашмай қўйган қадимий тилдаги ёзувларга тўлиб кетганди.
— «Бобиллик адашган аёл», - ўқиди Морган.

Унинг овози ер остида акс-садо берди. Майкл суратдан кўзини олди ва Бугенгаген анча узоқлашиб кетганини кўрди. Морган қалтираб кетди ва устози ортидан юрди. «Бобиллик адашган аёл» билан қоронғуликда ёлғиз қолиш Майклни даҳшатга солди. У ер ости залига чиқди.

Игаел девори шу ерда эди. Бугенгагеннинг каскасидаги фонар кейинчалик ақлдан озиб қолган рассом чизган суратларни ёритиб турарди. Уларда Шайтоннинг манфур, доим ўзгариб турадиган башараси акс этганди.

Суратдаги энг катта парча кишида даҳшат уйғотарди: унда Шайтоннинг кучга тўлган даври тасвирланганди. У деярли Дўзах ичида эди. Шайтон Дўзах четида осилиб турар, бақувват қўллари ва оёқлари зўриқишдан тиришиб кетган, улкан кўршапалак эса қанотларини ёзганча уни қутқаришга уринарди.

Иккинчи парчада эса бош тасвири чизилганди. Унда соч ўрнига узун тилларини чиқарган илонлар бор эди.

Энг кичкина парчада Шайтоннинг болалиги акс этганди. Унинг кўзи ўта аниқлик билан чизилганди. Бу Демен Торннинг қиғфаси эди.
— Xўш, энди ишондингми? - деди Бугенгаген.

Морганга энди ҳеч қандай исботнинг кераги йўқ эди. У ҳайрат билан суратга яқинлашди ва кутилмаганда ер остида қандайдир шовқин эшитилди. Морган Бугенгаген томонга қадам ташлади. Иккаласи ҳам турган жойларида қотиб қолишди.

Бирдан ер ости йўлининг шифти атрофни чангга тўлдирганча кўча бошлади. Морганнинг нафаси тиқилди. Бугенгаген ўзини хотиржам тутарди. Майкл йўталганича ундан сўради:
— Бу ерда яна бошқа чиқиш йўли борми?

Бугенгаген бош чайқади ва шу онда ўзини қандай қўрқув қамраб олганини ҳис этди. У содир бўлаётган воқеанинг асл сабабини англаб етди ва энди улар ҳеч нима қила олмасликларини тушунди.

Уларнинг ортида шифт гурсиллаб тушди. Ер ости уларнинг қабрига айланаётганди.

Морган даҳшат билан Бугенгагенга қаради. Қария тақдирга тан бериб кўзларини юмди.

Кейин яна қандайдир товуш эшитилди. Дастлаб Морган бу товушнинг қаердан келаётганини билолмади, сўнг шифтдаги кичкина тешикдан тушаётган қум оқимига кўзи тушди. Шу пайт иккинчи тешик пайдо бўлди. Бир лаҳзадан сўнг тешиклар сони тўрттага етди. Кейин ўн иккитага. Энди ҳақиқий қум ёмғири ёғарди. Қум уларнинг кўзларига тушар, археологлар оёғи остидаги қум тобора кўтарилиб борарди.

Шу дақиқада Морган ўлими яқинлашганини англади. У оёғи остидаги қумни депсиб, ҳар томонга соча бошлади. Бир неча дақиқадан сўнг унинг бармоқлари қонай бошлади ва Морган йиғлаб юборди.
— Иблис шу ерда! - қичқирди Бугенгаген. - Тангрига имон келтир!

Унга жавобан кучли шовқин эшитилди, девор ва устунлар қулай бошлади. Морган оёқлари остидаги қумни сочишга уринарди. Аммо қум унинг белигача етган ва борган сари кўтарилиб борарди.

Бугенгаген кўзларини юмиб олганди. У дуо ўқирди: «Эй, Xудо, бизга раҳм қилгин, гуноҳларимизни кечиргин».

Қум уларнинг иягигача етди. Морган нимадир деб ғўлдиради. Бугенгаген дуо ўқишда давом этарди: «... ёвуз кучлар бизни енгадиганга ўхшайди, аммо ЯХШИЛИК ғалаба қозонади».

Қум уларнинг лабига етди, сўнг бурнига, кўзига, ниҳоят каскалардаги фонар нури ҳам қум остида ғойиб бўлди. Атрофни зулмат қоплади. Улар ҳалок бўлишганди.

Ернинг сўнгги марта қимирлашидан кейин чанг-тўзон кўтарилди ва қўрғон бутунлай вайронага айланди.

Фақатгина икки нарса омон қолди. Игаел девори ва унинг ёнида ётган Бугенгагеннинг чарм халтаси. Xудди сўнгги дақиқаларда қандайдир кўринмас куч бу далилларни асраб қолгандек эди.

Кутилмаганда чанг булути орасидан қоп-қора қузғун осмонга кўтарилди. У вайрона устида бир неча марта айланди ва эрталабки туманга сингиб кетди.

1

Аланга шуъласи ўн икки яшар ўспириннинг болаларга хос бўлмаган жиддий юзини ёритарди. У оловнинг ўрлаётган тилларига тикилганча қотиб қолганди. Йигитча ниманидир эслашга уринарди. У мияси қатида ўрнашган ҳиссиётлардан жунбушга келарди.
— Демен?

Йигитча қимирламади. Боғбонлар унинг атрофидаги хазонларни йиғиштиришда давом этишди.

Болакай қадимий улкан бинога олиб борадиган йўлка четида ёнаётган оловдан кўз узмай тошдек қотиб турарди. Чикагонинг шимолий қисмида жойлашган қасрни эслатувчи бу уй уни асраб олган ота-онасига тегишли эди.

Ўсмирнинг хаёли бу ердан жуда узоқда, бошқа давр ва муҳитда сайр қилаётганди. У атрофида ёнаётган саноқсиз гулханларни кўрар, охири йўқ азоб ва оғриқдан инграётганларнинг тўхтовсиз оҳларини эшитарди.
— Демен!

Унинг кўз олдидаги манзара ғойиб бўлди. Демен бошини кўтарди ва овоз келган томонга қаради. У секин-аста уй ортига ботаётган қуёшга қараб жунжикди. Учинчи қават балконида унинг амакиваччаси Марк турар ва кучининг борича қўлини силкитарди.

Демен Маркни ёқтирарди. Кўнгилчан ва сахий Марк бундан етти йил илгари оиласига келган ўгай укасини чин дилдан яхши кўрарди. Улар бир туғишган ака-укалардан ҳам кўра қадрдон бўлиб кетган эдилар. Иккаласи ҳам ўзлари ўқиётган ҳарбий Академия кийимида юришарди. Болалар Шукрона кунини нишонлаш учун уйга келишганди. Энди эса мактабга қайтиш пайти келди. Мана шу байрамдан кейин Торнлар ёзги уйларини беркитишар ва қишлаш учун шаҳарга кетишарди. Демен унга жавоб тариқасида қўлини силкитди, - Кетяпман,- қичқирди у ва боғбонга ўгирилди: - Келаси ёзгача, Жим. - Қария жавоб ўрнига бошини силкиди.

Демен шахдам қадамлар билан уйга йўл олди. Марк ўзининг севимли бурғусида қандайдир мунгли куйни чалаётганди.

Демен зинадан кўтарилди.

У тез кунда ўн уч ёшга қадам қўярди.

Деменнинг бобоси - Режиналд Торн бу ерни 20-йилларда сотиб олганди. Чикагонинг шимолий қисмидаги Мичиган кўли соҳилида жойлашган бу ер катта майдонни эгаллаганди. Биринчи жаҳон уруши даврида ишлаб топган даромадининг бир қисмига у ҳашаматли уй қурди. Одамлар унинг бу овлоқ ерга уй қуришини кўриб кулишди. Аммо бу ердан автомобил йўли ўтгач, ҳамма жим бўлди. Энди ким пул топса, кўл соҳилидан ер олишга ҳаракат қиларди. Бироқ бу ерга кўчиб келганларнинг ҳеч бирида уникидай ҳашаматли уй йўқ эди.

Торн бу уйни ўғиллари учун қурганлигини тез-тез такрорлаб турарди. У болаларини жуда яхши кўрар, улар учун барча шароитларни яратиб берганди. Торн янги гимназия қурилиши учун катта пул ажратди. Мактабга Торннинг номи берилди. Жереми ва Ричард бу ерда ўқишни аъло баҳолар билан битиришди.

Жереми дипломатия билан шуғулланди. Ричард эса оилавий бизнесга ўзини урди. Иккаласидан ҳам Торннинг кўнгли тўқ эди. Ҳаммаси режа бўйича борарди. Ўлимидан сал илгари Режиналд Чикагонинг қоқ марказида музей қуриш учун пул ажратди. Бу музейда қадимий христианликка оид буюмлар ва санъат асарлари намойиш қилиниши керак эди.

У музейнинг очилишини кўра олмади. Xудди «Торн Индастриз»нинг гуллаб-яшнаганини кўра олмагани каби. Ва бахтига, Англияда элчи бўлиб ишлаётган ўғли Жереми Торн севимли хотини ўзини-ўзи ўлдирганидан сўнг ўз ўғлини пичоқлашга уринаётганида отиб ташланганини ҳам кўрмади.

Бундан етти йил илгари отаси ўғлининг юрагига пичоқ санчмоқчи бўлган пайтда полициячилар томонидан отиб ташланганидан буён Деменнинг хотирасида нималар қолганини ҳеч ким билмасди.

Умуман олганда, Демен ўша фожиали кун ҳақида ҳеч нарсани эсламасди, чамаси, унинг асаби жароҳатланганди ва Ричард Торн етти йил илгари юз берган воқеалар ҳақида боланинг олдида сўз очишни бутунлай тақиқлаганди. Унинг иккинчи хотини Анна болалар руҳшуноси бўлиб, бу фожиа Деменнинг миясидан чуқур жой олганига, пайти келиб у буни эслашига ишончи комил эди. Анна Ричардга ўз хавотирини айтди. Лекин эри унга қулоқ солмади.

Марк ўша фожиа ҳақида ҳеч нарса билмасди, унга Деменнинг ота-онаси фожиали тарзда ҳалок бўлишганини ва уларнинг ўлимини эслатиш тутинган укаси учун жуда оғир бўлишини айтишганди.

Демен ҳамма нарсани жуда яхши эслашига биргина Мерион Торннинг имони комил эди.

Мерион хола, уни шундай чақиришарди, Режиналд Торннинг синглиси эди. У инжиқ ва қайсар эди. Мерион холани ҳеч ким ёқтирмасди, чунки у доим бировларнинг ишига бурнини суқарди. У эрга ҳам тегмаган бўлиб, бутун ҳаётини жиянлари ва уларнинг оилаларига бағишлаганди. Аммо Мерион Жеремини кўпроқ яхши кўрарди. Унинг кутилмаган ва фожиали ўлими холанинг қалбини шунчалик ларзага солдики, ўшандан буён унинг Деменни кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ эди. Мерион хола фожианинг асл сабабини билмаса-да, жиянининг ўлимига боланинг қандайдир тарзда алоқадорлигини ҳис қиларди.

Мерион хола ўзини ёқтирмасликларини биларди, бироқ бу уни ташвишлантирмасди. Илгарилари ҳам у бошқаларнинг эътиборидан четда эди. Уни тушликка камдан-кам чақиришар, ҳаттоки оилавий байрамларга ҳам таклиф этишмасди.

Бу сафар Мерион хола ғурурини енгишига тўғри келди. У ҳеч қандай таклифсиз Шукрона кунини нишонлаш учун Торнларникига ташриф буюрди. Зеро, Мерион хола уларга ўта муҳим гапни айтмоқчи эди.

Ушбу шанба оқшомида у болаларнинг ҳамма билан хайрлашишларини кузатиб турарди. Ҳайдовчи Мюррей болаларнинг юкларини машинага олиб чиқиши учун эшик катта очиб қўйилганди. Ҳар йили бир хил нарса такрорланарди: улар бу ерга бир жуфт чамадон билан келишар, олтита чамадон билан қайтишарди. Xонага совуқ шамол урилди ва ёши олтмишларга бориб қолган Ричард Торн елвизакдан жунжикиб ўзини четга олди. У Аннага болалар билан бемалол хайрлашиб олишига имкон берганди.

Анна эшик олдида турар ва йиғлаб юбормаслик учун лабларини тишлаганича болалар билан қучоқлашиб хайрлашарди. Болаларни ўпаркан, уларга хат ёзишни унутиб қўймасликларини ва ўзларини яхши тутишларини тайинлади. Уларни кузатиб турар экан, Ричарднинг кўнглида бу аёлга нисбатан муҳаббат туйғулари янгитдан уйғонди.

Марк ўгирилди ва ўзини отасининг қучоғига отди.
— Энди туғилган кунимизда учрашамиз-а, дада?
— Албатта! Демен! Буёққа кел! Қучоқламайсанми мени?

Демен ҳам Ричарднинг олдига келди ва уни қучоқлади, лекин Маркчалик эмас. Эшик олдида Мюррей пайдо бўлди ва оҳиста йўталиб қўйди. Анна жилмайди.
— Тушундик, - деди у, Ричард ва ўсмирлар томон юраркан. - Қани, йигитлар, вақт бўлди.

Оналари билан яна бир марта қучоқлашишгач, болалар узун қора лимузиннинг орқа ўриндиғига жойлашишди. Эшиклар ёпилди, болалар кузатаётганларга сўнгги марта қараш учун совуқ ойнага юзларини босишди ва машина жойидан силжиди.

Ричард билан Анна остонада туришарди ва машина кўздан ғойиб бўлгунига қадар қўлларини силкитишди. Улар уйга кириш учун бурилишганида, Анна болаларнинг кетишини кузатиб турган Мерион холанинг учинчи қаватда жойлашган хонаси деразасига қаради. Кампир шу заҳоти ўзини орқага ташлади ва шартта пардани ёпди...

Демен машинанинг орқа ўриндиғида ястаниб ўтирарди.
— Буни қара-я! - деди у ва ҳуштак чалди.
— Нимасини айтасан, - унинг фикрини давом эттирди Марк. - Шуям дам олиш бўлди-ю! «Дод» деб бақиришимга сал қолди.
— Кел, бақирамиз, - таклиф қилди Демен. Улар шунчалик чинқиришдики, Мюррейнинг қулоғи батангга келди.
— Мюррей, - деди Демен, улар бақириб зерикишгач, - сигаретдан узат.

Мюррей бошини сарак-сарак қилди ва ойнага қаради.
— Чекишга бўлган муносабатимни биласан-ку, Демен.

Демен елкасини қисди.
— Сўрамагунча билмайсан. - Бирдан у бурнини жийирди ва мазах қилди: - Мерион хола! Xайр! - қичқирди Демен. Марк бурғусини чалди.
— Эй, Xудо, - деди у. - намунча исқирт бўлмаса бу кампир. У нега келибди ўзи?
— Ҳамманинг бошини оғритиш ва байрамни расво қилиш учун-да! - деди Демен.
— Яхшиям бугун у билан бирга тушлик қилмадик, - Марк ҳаяжонланганда ҳар бир сўзни дона-дона қилиб гапирарди. - у, юзга, киргандир. - давом этди у. - Ундан ниманинг ҳиди келади?
— Аҳмоқ, бу лаванда, - тушунтирди Демен. - Барча ёши ўтган хотинлар унинг сувида ювинишади.
— Болалар, - уларнинг суҳбатига қўшилди Мюррей, - чунки у хоним - кампир...
— Кампир жонимизга тегди, - унинг сўзини бўлди Марк.

Бирдан Деменнинг қиғфаси ўзгарди.
— Мюррей ҳақ, - деди у.

Марк укасига қаради.
— Бечоранинг умри оз қолди, - давом этди у ўз гапига ўзи ҳам ҳайрон бўларкан. - Унинг устидан кулмасак ҳам бўлади.

Демен шундай қўрқинчли нарсаларни гапирардики, Марк оғзини очганича жим турарди. Мюррей суҳбат мавзусини ўзгартирмоқчи бўлди.
— Взводнинг янги командири билан учрашдингларми?

Иккала ўсмир ҳам инкор маъносида бош чайқашди.
— Янгиси келмаслигидан умидвор эдим, - деди Марк.
— Сержант Гудричга нима бўлганини айтишдими? - қизиқди Мюррей.
— Йўқ, а...- гапни чўзди Демен Маркнинг биқинига туртаркан.
— Айтишларича, у ўз жонига қасд қилибди. - Мюррей ойнага назар ташлади. Аммо унинг сўзлари ҳеч қандай таъсир уйғотмади, афтидан, собиқ командирнинг ўзини ўзи ўлдириши болаларни ҳаяжонга солмаганди.
— Взвод сержанти, - деди Демен. - Э, уларнинг ҳаммаси бир гўр. - Ва у юзини буриштирганича буйруқ бера бошлади: - Диққат! Кўзингизни пешонангизга чиқаринг! Қулоғингизни диккайтиринг! Қорин олдинга! Нишонга ол!

Болалар кўзларидан ёш чиққунча кулишди. Марк укасига меҳр билан тикилди.
— Сен жинни бўлиб қолибсан.

Демен бош ирғади, сўнг аста шивирлади:
— Мен машқ қиляпман.

Марк бурнини тортди.
— Яна бир марта салом! - қичқирди Демен.

Ўзининг ғалати ва севимли укасига доим қувонч бағишлашга тайёр Марк севимли бурғусини чалди.

Бемалол ўн икки киши жойлашиши мумкин бўлган стол атрофида бор-йўғи тўрт киши ўтирарди. Ричард Торн тўрида ўтирар, унинг чап ёнидан Анна жой олганди. Ўнг тарафида Мерион хола жойлашган бўлиб, унинг ёнида эса ўрта ёшлардаги бир киши ўтирарди. У доктор Чарлз Уоррен эди. Xристиан дини соҳасида билимдон кишилардан бўлган Чарлз Режиналд Торн асос солган қадимий топилмалар музейида куратор бўлиб ишларди.

Мерион хола сўз бошлади ва атрофдагилар унинг сўзларига қулоқ тутдилар. Тўғри, Ричард бегоналар олдида у билан сўзлашишни истамасди.
— Мен чарчадим, - деди Мерион хола, уларнинг учаласи ҳам уни тинглаётганларига ишонч ҳосил қиларкан. - Мақсадга ўтаман, мен қаридим ва тез орада ўламан. - У Аннага қаради. - Xўрсиниқларингизни кейинроққа асраб қўйинг. - Анна эътироз билдириш учун оғиз жуфтлади, аммо хола гапини давом эттирди: - Мен «Торн Индастриз»нинг ўттиз етти фоиз улушига эгаман ва ўз улушимни ўзим истагандек тақсимлашга ҳаққим бор.
— Ҳа, албатта, - унинг сўзларини илиб кетди Ричард.
— Яна шуни биласизларки, - давом этди Мерион, - мен барча нарсамни сенга қолдираман, Ричард.

Жиян бош силкиди.
— Xўш?
— Бу ерга келишимдан мақсад, агар сизлар менинг илтимосимни бажармас экансизлар...

Торн қўлидаги салфеткани ирғитиб юборди. У таъмагирликни эслатадиган ҳеч бир нарсага чидаб туролмасди.
— Мерион, мени шантаж қилманг, - огоҳлантирди Ричард қони қайнаётганини ҳис қиларкан. - Мени ҳеч нарсангиз қизиқтирмайди...
— Сени уч миллион доллар пул қизиқтирмаслиги мумкин эмас.

Доктор Уоррен ўрнидан турди.
— Кечирасизлар, бу ерда менинг ўтиришимга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. - У кетмоқчи бўлган эди, Мерион уни тўхтатди.
— Сиз, доктор Уоррен, Торнлар музейининг куратори бўлганингиз учун бу ерда ўтирибсиз! Бу мулкнинг ҳам йигирма етти фоизи менга тегишли!

Уоррен жойига ўтирди.

Мерион хола тантана қилаётганди. У Аннанинг ёқимсиз нигоҳини ва уни қанчалик ёмон кўришини ҳис қилди. Аммо бу Мерион холани умуман ташвишлантирмасди. Анна унга ҳеч ҳам ёқмасди. Бундан ташқари, у Анна Ричарднинг ҳаётига жуда қулай пайтда кириб келган деб ҳисобларди. Анна унга мурдани талаётган пашшани эслатарди.

Мерион хола бугун яна бир нарсани айтмоқчи эди. У олдинга сал энгашди, секин ва аниқ тарзда деди:
— Мен истайманки, сизлар болаларни ҳарбий Академиядан чиқариб, уларни бошқа-бошқа мактабларга беринглар.

Орага чуқур сукунат чўкди. Ниҳоят Анна бутун нафратини жамлаб жавоб қайтарди:
— Болаларга бўлган муносабатингиз мени заррача ташвишга солмайди. Улар сизнинг эмас, бизнинг болаларимиз.

Мерион хола айнан шу гапни кутиб турганди.
— Ижозатингиз билан эслатиб қўйсам, - деди у заҳархандалик билан илжаяркан, - уларнинг ҳеч қайсиси сизнинг ўз болангиз эмас. Марк Ричарднинг биринчи хотинидан туғилган, Демен эса Жеремининг ўғли.

Анна ғазабдан титраб кетди. У бор кучи билан йиғлаб юбормасликка тиришаркан, шартта ўрнидан турди.
— Раҳмат. Катта раҳмат!

Ричард хотинининг қўлидан аста ушлади ва ўтиришга ундади. Сўнг Мерионга мурожаат қилди:
— Xудо ҳаққи, сизга нима керак?
— Деменни четлатинглар, - деди кампир, унинг нигоҳи жиддий эди. - Унинг таъсири даҳшатли, наҳотки буни пайқамаётган бўлсаларинг? Нима, сизлар Маркдан ажралишни, унинг ўлишини истайсизларми?

Ричард ўрнидан сакраб турди.
— Етар, бас, - деди у холасининг сўзларини бўлиб. - Xонангизга кузатиб қўяман, Мерион.

Кампир унга тик боқди.
— Сен кўрсан, Ричард. - Мерион унинг қўлларидан тутди. - Уканг Деменни ўлдиришга уринганини биласан-ку.

Доктор Уоррен гангиб қолганди. Анна ўрнидан турди ва қичқирди:
— Уни олиб чиқиб кет, Ричард! Олиб чиқ!

Бирдан Мерион айтадиганларини ҳозир айтиб олмаса, кейин ҳеч қачон айта олмаслигини тушунди. Ва кампир давом этди:
— У нима учун Деменни ўлдиришга уринган? Қани, жавоб бер-чи? Ростини айт!

Ричард ғазабини зўрға босиб турди.
— Жереми касал эди, - деди у, - руҳий касал.
— Бас, етар, - чинқирди Анна, - у билан гаплашма!

Доктор Уоррен нима қилишни билмасди. У гангиб қолганди. Доктор товуш чиқаришга журъат қилолмас, қўлидаги салфеткани ғижимлаб ўтирарди.

Мерион чуқур хўрсинди ва шантажнинг сўнгги чорасини қўллади. Бу сафар унинг овозида илтижо оҳанги бор эди.
— Агар сизлар болаларни бир-биридан ажратмасангизлар, мен бор пулимни хайрия жамғармаларига ўтказаман, хайрия...
— Истаганингизни қилинг! - портлади Ричард. - Пулларингизни менга деса ўтга ташланг, фақат...
— Ричард, ўтинаман, - ёлворди унга Мерион. - Қулоқ сол. Тўғри, мен қариман, лекин ақлдан озганим йўқ. Уканг Деменни ўлдирмоқчи бўлганди. НИМА УЧУН?
— Йўқолинг бу ердан! - чийиллади Анна. У столни айланиб ўтди ва худди кампирни урмоқчидек у томон ташланди. Ричард хотинини тўхтатишга уринди, аммо у эрининг қўлидан юлқиниб чиқди ва Мерион холага қўлларини бигиз қилиб ўшқирди:
— Қани, жўнанг!
— Шундай ҳам кетаман! - совуқ оҳангда жавоб берди кампир бутун ғурурини сўзларига жо қилиб. У доктор Уорренга хайрлашув маъносида бош ирғади ва хонани тарк этди. Ричард унинг ортидан юрди. Уларнинг қадам товушлари эшитилмай қолгач, Анна чуқур уф тортиб докторга мурожаат қилди:
— Кечирасиз, Чарлз. Бундай бўлиши хаёлимга ҳам келмаганди...
— Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ, ҳаммаси жойида, - уни тинчлантирди Уоррен. - У ўрнидан турди ва кичик хона томон имлади. - Келинг, суратларни кўрамиз. - таклиф қилди у. - Мен сиз билан Ричардга антиқа нарсаларни кўрсатмоқчи эдим.

Аслида эса у бу уйни иложи борича тезроқ тарк этишни истарди.

Учинчи қават майдончасида Мерион хола ниҳоят тирсагини Ричарднинг қўлидан бўшатди.
— Ўзим ҳам юра оламан! - деди у мағрурлик билан.

Улар гилам тўшалган узун йўлакни жимгина босиб ўтишди ва фақатгина хонаси эшигига етганида кампир яна жиянига ўгирилди:
— Уканг Деменни ўлдиришга уринганди...
— Бу ҳақда гаплашмайлик, Мерион хола.
— Бунинг қандайдир сабаби бўлиши керак.
— Боя айтдим-ку. Бу ҳақда ортиқ гаплаша олмайман. Айниқса, бегоналар олдида.
— Лекин у нима учун ўз фарзандини ўлдирмоқчи бўлган?
— У касал эди, Мерион хола. Руҳий касал.
— Демен-чи? У касал эмас деб ўйлайсанми?
— Нима Демен? Унга ҳеч нарса бўлаётгани йўқ! - Торн яна асабийлаша бошлади. У Мерион шундай осонлик билан уни шу ҳолатга тушираётгани учун ўзидан ҳам аччиқлана бошлади.

Балки, Ричард бунчалик жаҳл қилмаса, у шунчаликка бормас. У ўзини босишга уринди. - Сизнинг нафратингизга асос йўқ...
— Эҳтиёт бўл, - унинг сўзини бўлди Мерион хола.

«Ниҳоят у ўзига келяпти», - ўйлади Торн ва кампирга деди:
— Ётиб ухланг, илтимос. Ҳозир ўзингизни бошқара олмаяпсиз.

Мерион хола қовоғини уйди. У қаерга зарба беришни биларди.
— Демен мендан ҳеч қандай мерос олмайди. Эртага шу иш билан шуғулланаман, - кампир эшик тутқичига қўлини узатди.
— Билганингизни қилинг, компания акцияларининг бир қисми сизники! - Ричард вазиятнинг қанчалик мураккаблигини тушунарди. Иккала ўғлининг манфаатларини таъминлаш учун унга кампирнинг мероси зарур эди. - Лекин сиз менинг уйимда экансиз...
— Сенинг меҳмонингман, - якунлади Мерион. - Биламан. Лекин бу менинг хонам ва бу ердан чиқиб кетишингни сўрайман. Ҳозирнинг ўзида.

Торн хўрсинди, энгашди ва кампирнинг пешонасидан ўпди.
— Мюррей эрталаб сизни машинада кутади.

Мерион хола у йўлакда кўздан йўқолгунча кутиб турди. Сўнг тантанавор тарзда кулимсираганича эшикни ёпди.

Ричард хонага кирганида Анна билан доктор Уоррен проектор ва экранни ўрнатиб бўлишганди. Чарлз уларга Чикагодаги Қадимий топилмалар музейига қўйиладиган экспонатларнинг суратларини кўрсатмоқчи эди.

Археологияга бўлган муҳаббат Ричардга отасидан ўтганди ва у бу соҳадаги ҳар қандай янгиликни қўллаб-қувватларди. Мана шундай ишлардан бири кейинги йигирма йил ичида оламшумул топилмалар аниқланган Эйкра шаҳри яқинидаги қазув ишлари эди. Бу қазув ишларининг ташаббускори Режиналд Торн бўлган бўлса-да, бу ишларнинг самарасини кўриш Ричардга насиб этганди.

Чарлз Уоррен проекторни ёқди ва Ричард чироқни ўчирди.
— Бу топилмаларнинг аксарияти тайёр. Тез кунда бу ерга биринчи қисми етиб келади.

Дастлабки суратларда гулдонлар ва кичкина ҳайкалчалар намойиш этиларди. Торн уларни томоша қиларкан, Мерион холани унутгандек бўлди. Анна эрига қараб кулимсиради. Бирдан у экранга назарини қаратди ва нафаси тиқилиб қолди. Суратда саноқсиз безаклар таққан ўта бадбашара аёл акс этганди. У етти бошли Махлуқнинг устида ўтирарди. Ҳар бир бош узун бўйинга ёпишган бўлиб, пешоналардан шохлар, оғизлардан эса тиллар чиқиб турарди. Аёлнинг боши орқага ташланган, узун сочлари тартибсиз тарзда ёйилган, унинг ўзи эса қўлидаги олтин қадаҳ ичидаги суюқликдан мастга ўхшарди.
— Эй, Xудо, - деди Анна.
— Ҳа, - деди Чарлз. - унинг кўриниши даҳшатли.
— Бобиллик адашган аёлми? - қизиқсинди Ричард.

Чарлз бош силкиди. Анна эрига саволомуз қаради.
— Сен уни танийсанми? - сўради у ва улар кулиб юборишди. Чарлз қўлига қалам олди ва экран олдига келди.
— У Римни ифодалайди. Махлуқнинг бошидаги мана бу ўткир шохлар эса салтанатга эга бўлмаган ўн нафар шоҳни билдиради. Аммо Шайтон кучга тўлиб келгач, уларга ҳокимият беришни ваъда қилган.
— У нима учун Махлуқни миниб олган? - сўради Анна.
— Билмайман. Аммо у узоққа бормайди. Зеро, китобларда айтилишича, шоҳлар «адашган аёлни ёмон кўришади ва уни ёриб ташлашади ва унинг танасини гулханда куйдиришади».
— Даҳшат, - деди Анна қалтироқ босиб. - Сиз бунга ишонасизми?
— Ҳарқалай, мен Инжил кўплаб ажойиб ва ғаройиб воқеалардан ташкил топган, деб ҳисоблайман. Биз ҳали уларнинг кўпига изоҳ топишимиз керак.
— Масалан? - қизиқди Анна.

Чарлз дуч келган одамни ўз эътиқодига киритишга уринадиганлардан эмасди. Аммо у жавобдан қочмасликка қарор қилди ва Аннага аниқ-равшан қилиб тушунтирди.
— Масалан, қиёмат яқинлигига кўплаб далиллар бор.
— Нима? - тушунмади Анна. У олим ҳазиллашяпти, деб ўйлаётганди.
— Кейинги ўн йил давомида юз берган кўп воқеалар илгариги китобларда айтилган. Зилзилалар, сув тошқинлари, очлик, тутунлардан қорайган осмон, заҳарланган сувлар, ўзгариб бораётган иқлим.
— Бундай ҳодисалар ҳамма даврда ҳам юз берган, - эътироз билдирди Анна.
— Бундан ҳам қизиқарли далиллар бор. Масалан, Инжил барча тилларга таржима қилиб бўлингандан сўнг қиёмат юз беради, деган башорат бор. Тахмин қилишларича, қиёмат Ўрта Шарқдан бошланади.
— Аммо... - бошлади Анна, лекин Ричард гапга аралашди:
— Суратларга қайцак қарши эмасмисизлар? Агар қиёматга яқин қолган бўлса, мен шунча пулни нимага сарфлаганимни билмоқчиман.

Улар кулишди. Чарлз масофадан бошқарув тугмачасини босди. Навбатдаги суратда ҳам адашган аёл ифодаланганди. Аммо узоқроқдан суратга олинганди. Сурат ёнида бир аёл турарди. Унинг бўйи ва расмни солиштириб, адашган аёлнинг қандай катталикда эканлигини билиш мумкин эди.
— Бу қиз ким? - қизиқди Ричард.
— Ҳм, уни ҳам танийсан, деб ўйловдим, - деди Анна.
— У менинг дўстим, мухбир Жоан Xарт. У ҳақда эшитганмисиз? Xарт археолог Бугенгагеннинг таржимаи ҳолини ёзяпти.

Навбатдаги суратда Жоан Xарт яқин масофада эди. У кўзларидан нур ёғилиб турган малласоч аёл эди.
— Нима бало, унинг қармоғига илиндингми, Чарлз? - гап қотди Анна.

Чарлз инкор маъносида бош чайқаб кулимсиради.
— У ўз ишини зўр бажаради. Дарвоқе, у Чикагога келмоқчи. Тез кунда бу ерда бўлади. У сендан интервю олмоқчи, Ричард.
— Мендан? - ҳайрон бўлди Ричард. - Қизиқ, нима учун?
— Қазув ишлари, кўргазма. Умуман, шу тўғрида.
— Интервюларга тоқатим йўқлигини биласан-ку, Чарлз.
— Биламан. Лекин ўйловдимки...
— Унга айтиб қўй.
— Бўпти, бўпти, - Чарлз бош ирғади. Ричард оиласи хотиржамлигини қанчалик қадрлашини у яхши биларди.

Бир оздан сўнг улар хайрлашишди.
— Эртага шаҳарга бораман, - деди Ричард Чарлзнинг палто кийишига ёрдамлашаркан. - Анна эса бу ерда қолади ва ҳамма ёқнинг маҳкам беркитилишини назорат қилади.

Чарлз бош силкиди.
— Ёз жуда ажойиб бўлди, - деди у ва Аннанинг қўлини ўпди.
— Индинга кўришамиз, - деди Анна.

Ричард Чарлзни машинагача кузатиб қўйди.
— Мерион хола билан... - сўз бошлади у.
— Бўлди, бўлди, мен ҳаммасини унутдим, - жилмайди Чарлз.

Ричард машина эшигини ёпди ва Уорренга қўл силкиди. Сўнгра Торн совуқ ҳаводан тўйиб нафас олди ва уйига қайтди.

Мерион хола улар хайрлашишаётган пайтда айтилган ҳар бир сўзни, шунингдек Ричарднинг бугунги воқеа учун узр сўраганини ҳам эшитди. Одатда, ухлашдан олдин кампир деразани очиб қўярди.
— Ношукур сўқир, - минғирлади Мерион ва ҳар оқшом ўзи варақлайдиган Инжилига тикилди.

«Мана, - деди Мерион хола ўзига-ўзи, - бу ахир аниқ белги эмасми!». У ўзи ҳозиргина ўқиган парчани «Торн Индастриз» компаниясига йўйди. У компания ҳеч ким тасаввур қилолмайдиган даражада юксак чўққини забт этишини биларди. Ва кампир ўзининг ҳиссаси Деменнинг қўлига ҳеч қачон тушмаслиги лозимлигига ҳам қатъий ишонарди. У эртагаёқ уйга қайтиб, васиятномасини ўзгартиришга қарор қилди. Албатта, у ўзининг улушини диний жамиятга ўтказади. Ҳали бу ношукур қариндошларига кўрсатиб қўяди! Мерион қасос ҳақида шу даражада орзу қилдики, ҳатто ётоқхонасининг дераза токчасига келиб қўнган улкан қора қузғунни ҳам сезмади. Қушнинг кўзларида совуқ нафрат ўти чақнарди.

Ричард каравотда ётганча ўқир, атрофида эса бир уюм қоғоз сочилиб ётарди. У кўпинча тунда ишлар, чунки воқеалар ривожидан доимо хабардор бўлиб туриши лозим эди. Ва барибир, у компаниясида содир бўлаётган барча нарсадан воқиф бўлишга улгуролмасди. Доимий равишда ўзгариб турадиган барча маълумотларни миясида сақлаш қийин эди.

Бугун Ричард ҳеч диққатини бир жойга жамлолмасди. Миясининг қат-қатида ётган хотиралар бирдан уйғонганди. Ким билади, укаси қандай мавқега эришиши мумкин эди? Эҳтимол, ҳатто президент ҳам бўларди. Аммо айни кучга тўлган пайтда итдек отилиб ўлиш...
— Ричард! - Анна пардоз қилаётган жойида тўхтади. У анчадан буён Ричарднинг эътиборини тортишга уринаётганди. Ричард кўзойнагини пешонасига кўтарди ва унга тикилди. - Сен менга ваъда берувдинг-ку... - давом этди хотини.
— Қанақа ваъда, қуёшим?

Анна уф тортди. Эри унинг барча айтган сўзларини эшитмаганлиги аниқ эди.
— Мерион хола уйимиз остонасидан ҳеч қачон ҳатлаб ўтмайди, дегандинг. Ҳеч қачон.
— О, Анна...
— Ваъда бер!
— Xудо ҳаққи, кампир ахир саксон тўртга кирган!
— Ёшига тупурдим. У бу ерга келмаслиги керак. У ёвуз, ундан қўрқиш керак...
— У қариб, мияси айниб қолган, Анна!
— У ҳатто ўзининг атрофидаги ҳавони ҳам заҳарлаяпти. У жонимга тегди, болаларни қўрқитяпти...
— Бекор гап, болалар унга эътибор беришмайди.
— Ҳа, албатта. Улар унинг устидан кулишади, лекин, сезган бўлсанг, у билан бир хонада бўлишдан қочишади. Айниқса, Демен.

Ричард кўзойнагини олди ва каравот ёнидаги столга қўйди. У ҳозир бирор сатр ҳам ўқийдиган аҳволда эмасди. Торн ҳужжатларни тахлаб, полга қўйди.
— Ҳарқалай, - у кескинликни юмшатишга уринди, - у худди аллақандай ноиб сайлов олдидан сўзга чиққани каби бир неча йилда бир марта гапиради.
— Бунинг кулгили жойи йўқ, - деди Анна кескин. У соч турмаклашни тугатди ва пардоз столи устидаги чироқни ўчирди. Кейин ўрнидан туриб, ётоқхонага йўл олди. Ричард Аннанинг нақадар гўзаллигини ва уни учратганидан бахтиғрлигини ўйлади. Ричард Мерининг фожиали ва ғайритабиий ўлимидан сўнг ҳеч кимни сева олмаслигига ишонарди. Ва бирдан, худди Тангри инъом қилгандек Анна пайдо бўлди. Улар Вашингтонда учрашиб қолишди. Ричард ўшанда компания ишлари бўйича юрганди, Анна эса янги ҳаёт бошлаш умидида бу шаҳарга келганди. Дастлаб, Ричард Мерининг ўлими ҳақида гапирмасдан туриб, Анна у билан шунчаки суҳбатлашаётганди. Кейин Анна кескин ўзгарди ва унга ачина бошлади. Эҳтимол, Ричард Чикагога қайтаётиб, унинг яна ёнида ўтирганини кўриб қолмаганда, уларнинг бу суҳбатидан ҳеч нарса чиқмасди. Анна бунинг мутлақо тасодиф эканлигини айтди ва Торн бу ёлғонга ишонди. Уларнинг турмуш қуришлари ҳақидаги хабар ҳаммани ҳайрон қолдирди. Аммо Ричард Аннани қаттиқ севиб қолган, қулоғига ҳеч кимнинг гапи кирмасди. Турмуш қурганларига етти йил бўлган бўлса-да, Анна ҳамон Ричарднинг ақл-ҳушини ўғирлаб келмоқда эди.
— Нимани ўйлаяпсан? - Ричарднинг хаёлини бўлди хотини.
— Сен ҳақингда. Бизнинг илк учрашувимизни. Сени қандай яхши кўришимни.

Анна унинг ёнига ўтирди.
— Унга нима дединг? - Ричарднинг қулоғига пичирлади у.
— Нима?
— Мерион холага нима дединг?
— Унга ўзини яхши тутиши лозимлигини айтдим.
— Шу холосми?
— Албатта, қаттиқроқ гапирдим...
— Балки, Мерион эрга теккан бўлганида, бунчалик расво кампир бўлмасмиди, - Анна унинг кўзларига маъсума қиз нигоҳи билан тикилди ва пичирлади: - Ваъда берасанми?

Ричард энди қаршилик қилолмаслигини тушуниб етди: - Ваъда бераман, - деди у чироқни ўчираркан, - бундан буён Мерион хола бу ерда турмайди.

Айни шу пайтда Мерион холанинг кўзларидаги нур ҳам сўнди.

Кампирнинг жони узилганди. Унинг қўлидаги Инжил сирғалиб ерга тушди.

Унинг хонасида қандай воқеа содир бўлганини деразадан учиб чиқиб кетган қора қузғундан бошқа ҳеч зоғ билмасди. Улкан қора қуш зулмат бағрига сингиб кетди.

2

Эртаси куни Девидсон ҳарбий Академиясида тантанали парад бўлди. Курсантлар мактаб ҳарбий оркестри садолари остида бутун либосларини кўз-кўз қилиб ўтишарди.

Полковник Академиянинг асосий биносига олиб чиқадиган тош зинада турар ва ёш курсантларнинг саф тизиб ўтишларини кўриб, фахрланарди.

Унинг ёнида баланд бўйли, хушсурат йигит турарди. Йигитнинг мускуллари ҳарбий кийими остидан ҳам бўртиб чиққанди.

Полковник талабаларнинг Шукрона кунини ўтказиб Академияга қайтиб келишлари муносабати билан тантанали нутқ сўзлади. Сўнг келгуси ҳафталик дарс жадваллари эълон қилинди.

Сафда турган Марк Деменга шипшиди:
— Анави бўлса керак, - У полковникнинг ёнида турган қоматдор офицерни назарда тутаётганди.
— Чидаса бўлади, - жавоб берди пичирлаб Демен.
— Ҳарқалай, горилла...

Айни шу лаҳзада полковникнинг буйруғи янгради:
— Бредли взводи жойида қолади. Қолганлар - ошхонага. Қадам ташла!

Болалар офицерларнинг атрофига тизилишди. Полковник ёнидаги йигитга ишора қилди.
— Бу сержант Дениел Нефф. У сержант Гудричнинг ўрнига келди.

Бу сержант Гудрич биринчи марта тилга олинган хабар бўлди. Ҳарбий мактабда қандай ғайритабиий туюлмасин, курсантлар билан имкони борича ўлим ҳақида суҳбат бормас, ўз жонига қасд қилиш ҳақида гапириш эса умуман мумкин эмасди, зеро бундай ҳаракат эркак киши учун уят ҳисобланарди. Шунинг учун бечора Гудрич номи биринчи ва охирги марта эслатилди.
— Сержант Нефф - тажрибали аскар, - сўзида давом этди полковник, - ва сизларнинг Академияда энг яхши взвод бўлиб етишишингизга ишонаман. - Полковник жилмайди. Сўнгра Неффга ўгирилди: - Энди, буёғига ўзингиз танишиб оласиз, сержант.

Нефф қўлини чаккасига тиради, сўнг полковникни орқасидан кузатиб қолди.

Взводнинг энг охирги сафида бўйи барча курсантларникидан баланд ўсмир турарди. У гавдали ва семиз бўлиб, бўйни ва муштлари тор кўйлагининг ёқа ва енгларидан бесўнақай тарзда чиқиб турарди. Барзангининг исми Тедди эди. ўзининг ёқимсиз ташқи кўринишини хаспўшлаш мақсадида, у доимо бошқа болаларни хўрлаб юрарди.

Шу лаҳзада Тедди янги сержантда таассурот қолдиришга аҳд қилди.
— Жаноб сержант, - илжайди у Неффнинг кўксидаги кўзни олгудек даражада ярқираётган медалларга қараркан. - Бу мукофотларни қайси ишингиз учун олгансиз?
— Сизга мурожаат қилганимдагина оғзингизни очасиз, - ўшқирди Нефф. - Ҳар бир сўзимни яхшилаб эшитиб олинг! Сизларнинг тайёргарлигингизни зўр ҳолатга олиб чиқмоқчиман. Шунинг учун муваффақиятингиз нури бутун Академияни кўр қилмагунча бурнингизни ерга ишқайвераман.

Нефф жим бўлди ва барча курсантларга кўз югуртириб чиқди.
— Тушунарлими?

Ранги оқариб кетган болалар бош силкитишди. Тедди бошини ерга эгди ва томоғига тиқилиб қолган тупугини ютди. У бировларнинг олдида ерга уришганини кўтаролмасди.
— Ҳали ҳар бирингиз билан алоҳида-алоҳида гаплашаман. Тушликдан сўнг менинг хонамда. - давом этди Нефф. - Ҳозир эса исмларингизни айтиб чиқинглар.

У ёқдан бу ёққа қадам ташларкан, у Маркнинг рўпарасида тўхтади.
— Марк Торн, - деди ўсмир офицернинг ўткир нигоҳига дош беролмай тураркан.
— Торн, менинг ҳарбий унвоним бор ва бу унвон ҳозирча мени қаноатлантиради.
— Марк Торн, жаноб сержант.
— Торн, а? - илжайди Нефф. - Академия билан сизнинг оилангизни кўп нарса боғлаб туради, шундайми?

Бойлик ва дабдаба ичида ўсган Марк жуда яхши тарбия топган ва машҳур аждодларининг эслатилиши бошқа болаларнинг камситилишига олиб келиши мумкинлигини ҳис қиларди. Шунинг учун у уятдан қизарганча, нима деб жавоб беришни билмай жим турарди.
— Нима унақамасми? - қаттиқроқ сўради Нефф. Марк мулойимлик билан жавоб берди:
— Отам ва бобом шу ерда курсант бўлишган.
— Яхши, - деди Нефф боланинг тарбиясидан ҳайратланиб. - Лекин билиб қўй. Бу сенга ҳеч қандай имтиғз бермайди, бу ерда ҳамма тенг.
— Ҳа, жаноб сержант, - жавоб берди Марк офицернинг тезроқ унинг ёнидан кетишини истаркан.

Тедди ўзининг камситилгани учун жавоб қайтармоқчи бўлди.
— Бу гапларни илгари ҳам эшитганмиз, - сўз ташлади у. Курсантлар турган жойларида қотиб қолишди. Нефф Теддига ўгирилди ва гап қотди:
— Лекин мендан эшитмагансан, тушундингми?

Ҳа, бу «янги» бошлиқни енгиш осон эмас экан. Тедди Неффнинг ўткир нигоҳига бардош беролмади ва ерга қаради.

Нефф олдинга юрди.
— Исминг?
— Демен Торн, жаноб сержант.

Нефф Марк томонга назар ташлади, сўнг яна Деменга тикилди.
— Сизлар бир-бирларингизга ўхшамайсизлар.
— Биз амакиваччамиз, жаноб сержант, - аниқлик киритди ўсмир ва таваккал қилиб жилмайди. Неффнинг кўзларида нимадир «ярқ» этди, лекин шу заҳоти сўнди.
— Яхши, лекин юқоридаги гаплар сенга ҳам тааллуқли. Ҳеч қандай имтиғз йўқ.

Демен бош силкиди ва командирини нигоҳи билан кузатиб қолди. Неффнинг нимасидир Деменни ҳаяжонлантириб юборди, у бошидан оёғигача қандайдир ҳисни туйди. Лекин бунинг нима эканлигини тушунмади. Ҳозирча.

Академиядан олтмиш мил нарида, Чикагонинг қоқ марказида Ричард Торн баланд иморат - «Торн Индастриз»нинг бош идораси айвонида қадам ташларди. Унинг ёнида компания президенти Билл Ахертон ҳам бор эди. Залда яна бир неча киши бор эди: ишга жуда эрта келганлар ҳамда тунги навбатчиликни топширганлар.

Оқкўнгил ва унчалик кўзга ташланмайдиган Ахертондан шубҳасиз, жуда зўр жосус чиқиши мумкин эди. У олтмиш тўртга кираётганди ва ҳаётда аста-секинлик билан, лекин ортиқча зўриқишларсиз, ишонч билан кўзлаган мақсади сари силжиб борарди.

Коллежни битиргач, Ахертон «Торн Индастриз» компаниясининг ривожланиш ва режалаштириш бўлимига ишга келганди. У ишда ўзини кўрсатган ва директорлар кенгаши раиси бўлган Ричард Торндан кейин иккинчи шахс ҳисобланарди.

Ахертон ҳали ҳам тўйидан кейин сотиб олган уйида яшарди. У хотинини қаттиқ севар, у унинг илк ва ягона аёли эди. Ҳаёт Билл Ахертон учун кутилмаган совғалар инъом этмаганди ва у дўстлари тақдиридаги парвозу инқирозларни ҳайрат билан кузатарди.

Эҳтимол, Ахертон ўта мулойимдир, лекин аҳмоқ эмасди. Ҳа, ақлсиз бўлганида «Торн Индастриз»нинг президенти бўла олармиди? Президентга анча вақтдан буён бир фикр тинчлик бермасди. Бу Ахертонга бевосита бўйсунувчи шахс - махсус лойиҳалаш бўлими директори Пол Бухер билан боғлиқ эди.

Ахертондан деярли ўттиз яшар кичик бўлган Бухер компания президентлигига кўз тикаётганлигини яширмасди. Лекин Ахертонни ташвишга солаётган куч бу эмасди. Президент ўз ўрнини мустаҳкам эгаллаган, ўз вазифасини жуда яхши адо этар ва дўсти Ричард Торн ҳеч қандай фитналарга учмаслигини тушунарди. Ахертон Бухерни қанчалик яқинроқдан ўргангани сари ундаги қаҳри қаттиқлик ва қатъияцизлик ташвишга соларди. Ўринбосари томонидан ўтказилаётган чоралар эртами-кечми компаниянинг мавқеига путур етказиши мумкин эди. Ва келажакда ваколатлари янада кенгайиши мумкинлиги ҳисобга олинса, «Торн Индастриз»га ҳозиргидан ҳам кўра жиддий хавф туғилиши мумкин эди.

Буларнинг ҳаммаси Ричард билан зални кесиб ўтаётган Ахертоннинг хаёлидан ўтди. Улар «Торн Индастриз» компаниясига қишлоқ хўжалик заводини сотиб олиш таклифи билан чиққан Бухер билан учрашишлари ва корхонани кўздан кечиришлари лозим эди.

Улар заводга боришларидан илгарироқ Торнни ўз хавотиридан огоҳ қилиш учун Ахертон бугун ишга эрта келганди. У кейин бемалол гаплашиш имконияти бўлмаслигини тушунарди.

Торн ҳар доимгидек бетарафлигича қолди.
— Пол билан ишлаш қийинлигини тан оламан, - деди у фикрини баён этиб, - аммо унингдек малакали одамни топиш учун уч йил вақтимиз кетди.
— Мен унинг малакасини муҳокама қилмоқчи эмасман, - эътироз билдирди Ахертон, - мен...
— Унинг услубини айтмоқчисан, - унинг сўзини якунлади Торн ўзларини кутаётган автомобил ёнига етиб келишганида.

Ахертон инкор маъносида бош чайқади:
— Унинг услуби билан келиша оламан. Ҳар куни ҳар хил одамлар билан учрашаман. Гап бунда эмас. Менга у таклиф қилаётган нарса ёқмаяпти. Унинг таклифларидан тўйдим.

Мюррей лимузин эшигини очди.
— Кел, унинг ўзидан эшитиб кўрамиз, - таклиф қилди Торн, улар автомобилнинг орқа ўриндиғига қулай жойлашиб олишгач. - ўз фикрларингни одатдагидан сал бошқача... юмшоқроқ тарзда ифодаласанг яхши бўларди.

Ахертоннинг томоқ қиришидан сўнг Мюррей эшикни ёпди.

Бредли взводининг курсантлари навбат билан янги командирнинг хонасига кириб-чиқишарди. Улар йўлакда сабрсизлик билан навбат кутишарди. Тедди зерикиб кетиб деворга суянди. У ўз қиғфасига шундай тус бергандики, курсантлар олдида икки марта ерга урган Неффдан Теддининг қўрқаётганлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмасди.

Аслида Тедди қўрқаётганди. Ва энди янги сержантга қандай муомала қилиш кераклигини ўйлаётганди.

Одатдагидек Теддининг атрофига икки-учта лаганбардор тўпланган, улар ҳам маънисиз қиғфада туришарди. Зерикишни йўқотиш мақсадида Тедди кичкинагина томоша кўрсатмоқчи бўлди. У қирққа яқин фотосурат осилган девор ёнига келди. Бу суратларда Академиянинг барча футбол жамоалари даврий равишда акс этганди. Суратлардан бу ерда турли даврларда кимлар ўқиганлигини билиб олиш мумкин эди.

Тедди ниҳоят излаган нарсасини топди:
— Бобом мана бу жамоада ўйнаган. Мана у, - деди семиз бармоғи билан суратлардан бирига ишора қилиб. Бир неча ўсмир суратни кўриш учун барзангининг ёнига келишди. - У олдинги сафда ўйнаган, - давом этди Тедди, сўнг Деменга юзланди.
— Жереми Торн ўнг қанот ҳимоячиси бўлган экан, - Теддининг овозида очиқ нафрат сезилди. - Менимча, сен ҳам истаган нарсангни сотиб оладиган ҳолатда бўлсанг керак?

Демен суяниб турган девордан ўзини олди:
— Тедди, - дўқ урди у.

Барзанги воқеанинг ривожини сабрсизлик билан кутаётган курсантларга қаради ва очиқчасига масхаралашга ўтди.
— Сен ўнг қанот ҳимоячиси ўрнини ҳали сотиб олганинг йўқми?

Атрофда кулги овозлари эшитилди. Демен Тедди томон қадам ташлади, аммо шу лаҳзада Неффнинг хонаси эшиги очилди ва Марк чиқиб келди. У жияни ва Тедди орасидаги ихтилофни шу заҳоти сезди. Марк йўталиб қўйди ва хотиржамлик билан деди:
— Демен, сенинг навбатинг.

Демен акасига қаради, сўнг Теддига ўқрайди.
— Отамнинг исмини ҳеч қачон тилингга олма. Ҳеч қачон, - деди у овозидаги таҳдидга ўзи ҳам ҳайрон бўларкан. Демен кескин ўгирилди ва эшикни ёпиб ғойиб бўлди. Тедди Маркка қаради ва бурнини тортиб қўйди.
— Уканг ўзини жуда катта тутяптими? - Барзанги атрофдагиларга мурожаат қилди. - Бир пайтлар бобом Торнлар шляпаларини ўзлари тикишларини айтганди, чунки уларнинг ақлли ва катта бошларига мос келадиган бош кийим ҳеч қаерда йўқ экан! - Тедди ҳиринглади ва барзангидан қўрққан кўпчилик курсантлар унга қўшилишди.

Марк Теддининг олдига келди ва совуқ хотиржамлик билан сўради:
— Сен филателистмисан?

Тедди унинг мақсадига тушунмади. Лекин бунда қандайдир қувлик яширинганини жуда яхши биларди. Маркдан ҳеч қандай қаршилик кутмасди ҳам. Демен - албатта, чақилмас ёнғоқ. Марк эса...
— Нима, нима? - деди Тедди Маркка яқинлашиб бўйнини чўзаркан.
— Ҳозир тушунтираман, - заҳархандалик билан давом этди Марк. - Сен марка йиғасанми?
— Йўқ, - жавоб берди барзанги Торннинг нимага шама қилаётганини тушунмай.
— Унда, - деди Марк, - яқинда бошлайсан. Ҳозирнинг ўзида!

Ва у шу сўзларни айтаркан, бор кучи билан Теддининг оёғига тепди. Барзанги бир зумга ўзини йўқотди. У бу гўдакнинг оёғига тепганлигидан ажабланмаганди, уни Маркнинг қандай қилиб бунга журъат этганлиги ҳайрон қолдирганди. Мактабда ҳеч ким унга бундай муносабатда бўлолмасди ва Тедди гангиб қолганди.

Барзанги энди нима қилиш кераклигини ўйларди. Марк эса ғамгин бош чайқаганча унинг иккинчи оёғига ҳам тепди. Тедди бутунлай ўзини йўқотди.

Курсантлар кулгидан ўзларини зўрға тийиб туришарди. Аммо улар асосий жанг ҳали олдинда эканлигини яхши тушунишар ва унда ким ютиб чиқишини билишарди. Улар Маркни Тедди билан юзма-юз қолдиришиб ортга тисарилишди...

Демен ҳужжат варақлаб ўтирган Неффнинг олдидаги катта ёзув столи ёнида турарди. Нефф ниманидир изларди. Ниҳоят у излаган нарсасини топди. Унинг бармоғи боланинг баҳолар рўйхати устида юрарди.
— Математика, - бошлади у, - «яхши». Мантиқ... «жуда яхши». ҳарбий тарих... тузук. - Унинг қошлари чимирилди. - Буни яхши ўрганиш керак.
— Ҳа, жаноб сержант. - Демен командирни деярли эшитмасди. У оғирлигини у оёғидан бу оёғига солганча, Неффнинг ортидаги ойнага тикилар, энг кичик ёшдагилар взводининг дам олишга кетаётганини кузатарди.
— Жисмоний тайёргарлик, - давом этди Нефф, - «аъло». - У ҳужжатни қўйди ва бармоқларини чалиштириб, олдинга эгилди.
— Эшитишимча, сен яхши футболчи экансан, - Торн титраб кетди. У яхши ўйнашини биларди. Лекин бу ҳақда гапиришни ёқтирмасди.
— Ўз ютуқларингдан фахрлан! - бақирди Нефф ва Демен шу заҳоти қаддини ғоз тутди. - Фахрланишга арзийдиган нарсадан фахрланиш керак! - Нефф столга мушт урди.
— Ҳа, жаноб сержант.
— Мен бугунги ўйинда қатнашаман, - Нефф стул суянчиғига ўзини ташлади. Демен бош силкиди. Унда қандайдир ҳаяжон яна уйғонаётганди. Нефф болага ғалати тарзда таъсир ўтказаётганди.

Орага жимлик чўкди. Сержант фикрини бир жойга жамлаётгандек эди. Ниҳоят у кўзларини қисди ва сўз бошлади:
— Мен бу ерга сени ўқитиш учун келганман. Фақат бугина эмас. Мен сени... ҳимоя қилишим ҳам керак, - Нефф ҳар бир сўзни танлаб-танлаб айтарди. - Агар бирор муаммога дуч келсанг - менинг олдимга кел. Қўрқма...

«Қўрқма?» - Деменнинг миясига урилди. У диққат билан қулоқ сола бошлади.
— Кечасими-кундузими, қандай маслаҳат керак бўлса... менинг олдимга кел, - Нефф кўзларини очди. - Тушундингми?

Демен ҳеч нимани тушунмади, лекин тасдиқ маъносида бош силкиди.
— Ҳа, жаноб сержант.
— Тез орада сен билан яқинроқдан танишамиз, - давом этди Нефф. Кейин ҳужжатларга тикилди ва сатрлардан бирига бармоғини ниқтади.- Сен етим экансан.

Бола яна бошини силкиди.

Нефф далда бериш мақсадида жилмайди.
— Мен ҳам, - деди у. - Кўряпсанми, орамизда қандайдир умумийлик бор.

Демен сержантга ҳайронлик билан тикилди. У бутунлай гангиб қолган ва нима бўлаётганини тушунмасди. Бирдан Неффнинг юзидаги табассум йўқолди, у ўрнидан турди ва деразага тикилди. Унинг овози яна қуруқ, ҳиссиз оҳангга қайтди. У рўмолчаси билан пешонасини артди ва деди:
— Фостер кирсин.

Демен овоз чиқармасдан хонани тарк этди.

Эшик ёпилганини эшитган Нефф бошини қуйи солди ва чуқур уф тортди. Мураккаб ишнинг бир қисми амалга оширилганди.

Демен йўлакка Тедди Маркка ўхшатиб зарба берган пайтда чиқди. Марк ғужанак бўлиб ётар ва юзини кафтлари билан тўсиб олганди. Демен бир лаҳза ҳам ўйлаб ўтирмай қичқирди:
— Тедди!

Унинг овози жуда ғалати чиқди. Бу овоз бу ердагилар эшитиб ўрганишган илгариги боланинг овозига умуман ўхшамасди. Унда одамни даҳшатга солувчи куч бўлиб, бу қичқириққа бўйсунмасликнинг иложи йўқ эди.

Барзанги ўгирилди. Унинг лабларида тантанавор табассум бор эди, аммо Деменнинг совуқ ва ўткир нигоҳини кўриб, унинг табассуми барҳам топди.

Курсантлар турган жойларида қотиб қолишганди.

Бирдан қандайдир ғалати, худди иккита металл лаппак бир-бирига урилаётгандек товуш эшитилди. Тедди бу товуш қаёқдан келаётганини билиш учун атрофга аланглади. Аммо, чамаси, бу товушни барзангидан бошқа ҳеч ким эшитмаётганди. Болалар Теддига ҳайрон бўлиб қараб туришарди. Товуш тобора қаттиқроқ эшитила бошлади, ниҳоят бу товуш барзангининг боши тепасидаги улкан, кучли қанотларнинг товуши эканлиги маълум бўлди. Барзанги турган жойида айланди ва фарёд урди:
— Бас қил!

У ўзига ҳужум қилаётган қандайдир кўринмас нарсани тутиб олиш учун қўлларини силкитарди. Йиғилганлар оғизларини очганча қотиб қолишганди. Демен худди ҳушини йўқотгандек турарди. Марк ётган жойидан сакраб турди ва Теддига тикилди.

Кутилмаганда барзангини қандайдир кучли ҳаво оқими ердан узиб олди, юқорига ва янада юқорига кўтарди, сўнг зарб билан деворга урди!

Шу лаҳзада хона эшиги очилди ва остонада Нефф кўринди. Командирнинг пайдо бўлиши Деменни ҳушига келтирди, у бошини силкитди ва кўзини пирпиратди. Тедди девор тагида ғужанак бўлиб ётарди. Товуш тинганди. Курсантлар ҳайкалдек қотиб туришарди.
— Бу ерда нима қилиб ётибсан? - сўради Нефф Теддидан.

Теддининг гапиришга ҳоли йўқ эди. У ўрнидан туришга уринарди.
— Сени ким урди? - сўради сержант.

Тедди ниҳоят ўрнидан турди.
— Ҳеч ким, жаноб.
— О, кей, -деди Нефф. - Фостер, хонага киринг.

Сержант хонасига йўл олди. Фостер исмли курсант унинг ортидан кириб кетди.

Ўртада чидаб бўлмас жимжитлик пайдо бўлганди. Демен йиғилганларни суриб ўтиб, ташқарига интилди. Марк унинг ортидан югурди. Ярим йўлда Марк укасининг қўлидан тутди.
— Уни нима қилдинг? - ҳаяжон билан сўради у.
— Билмадим, - деди Демен нима бўлганини тушунмай. Балки, у ҳам отаси сингари ақлдан озаётгандир?
— Мени оркестрга таклиф этишди, - деди Марк.

Демен суҳбат мавзуси ўзгарганига чин дилдан хурсанд бўлиб жилмайди.
— Зўр, - Демен бир онда яна илгариги қувноқ болага айланди. У Маркнинг биқинига туртди. - Майдончага кетдик, ҳозир сени боплайман.

Улар шўх-шодон кулганча чопиб кетишди. Xудди бошқа барча оддий болалар каби.

Торнлар қишга тайёрланишаётганди. Xизматкорлар оппоқ чойшабларнинг чангини қоқишар ва мебелларнинг устига ёпишарди, уй худди музейга ўхшаб қолганди.

Анна ошхонадан чиқди ва кенг мармар зинадан иккинчи қаватга кўтарилди. Ҳар йили амалга ошириладиган бу тайёргарлик уни чарчатганди, у ҳамма ишни тезроқ тугатишни истарди.

Ётоқхона ёнидан ўтаётиб, у хоналардан кирларни йиғаётган хизматчиларни кўрди ва қизлардан бирига деди:
— Мерион хоним уйқудан турдими, Женни?

Хизматчи инкор маъносида бош чайқади:
— Назаримда, у ухлаётганга ўхшади, Торн хоним. Мен эшикни тақиллатдим, лекин у жавоб бермади.
— Раҳмат, - деди Анна ва Мерион холанинг ётоқхонаси томон шошилди. Анна эшикни қаттиқ тақиллатди.

Ҳеч қандай жавоб бўлмади.

У қулоғини эшикка тутди, лекин ҳеч нимани эшитмади.
— Мерион хола, самолётдан кеч қолмоқчимисиз?

Ётоқхонадан яна ҳеч қандай овоз эшитилмади.

Анна эшикни очди ва ётоқхонага кирди. Жой бўш эди. Анна ювиниш хонаси томон қадам босди ва Мерион холани кўрди. Кампир каравот ёнида ётарди.

Мерион жонсиз эди. Эски Инжил унинг чўзилган қўли ёнида ётарди.

Анна қичқириб юбормаслик учун оғзини кафти билан тўсди ва бу даҳшатли ҳақиқатдан қутулиш учун кўзларини юмди. Кечқурунги жанжал ҳам, унга тақалган айблар ҳам Аннага бемаънилик ва шафқацизликдек туюлди.

Анна кўзларини очди, унинг нигоҳи катта қилиб очилган деразага тушди. Тонг шамоли ўнгиб кетган пардаларни силкитарди.

Чикагонинг жанубидаги ҳудудлар Канзасдаги каби текисликлардан иборат эди. Бу ерда асосан қишлоқ хўжалик корхоналари жойлашганди. Бухерга ёққан янги завод айнан мана шу ерда эди. Заводнинг ойнаванд деворлари худди чексизликка сингиб кетгандек эди.

«Торн Индастриз» компаниясининг пастлаётган вертолёти ва уларни кутиб турган электрокар ҳам келажакдан келганга ўхшарди. Электрокар радиотизим ва телевизор билан жиҳозланган, суперавтомобилдан фарқи йўқ эди.

Электрокарни Торнлар компаниясининг қишлоқ хўжалик тадқиқотлари бўлими бошлиғи Девид Пасариан миниб олганди. У Бухернинг одами эди.

Пасариан пастак бўйли ҳинду эди. Болалик чоғларидаёқ у очлик нима эканлигини синаб кўрган ва ундан бошқа одам қишлоқ хўжалиги билан шуғулланишга нолойиқ эди. Пасарианнинг бўлими ер шарининг Учинчи дунё деб аталадиган нариги тарафини озиқ-овқат билан таъминлашнинг бор имкониятларини излаш билан шуғулланарди. Дунё ягона, бўлинмас, деб ўйларди у, ёки ҳамманинг қорни тўқ бўлади ё ҳамма оч бўлади.

Пасариан болалари худди ёввойи итлардек ташланган Бангладеш кўчаларини эслади. Очликдан қорни шишиб кетган, ориқ бу болалар бир бурда нон учун бир-бирларини ўлдиришга тайёр эдилар. Пол Бухернинг бу мамлакатларга бўлган муносабати қандай бўлса, «Учинчи дунё» атамасидаги айирмачилик Пасарианнинг шунчалик жаҳлини чиқарарди.

Бухер болаларга ҳам, Учинчи дунёга ҳам тупурарди. Унинг кўзлари даромадларнинг фоизлари ёки яланғоч ва совуқ рақамлардан бошқа нарсани кўрмасди. Пасариан раҳбарининг совуқ режаларидан нафратланарди, лекин асосий мақсад очларни боқиш, деган фикр билан ўзини тинчлантирарди.

Ҳинду Бухернинг Торнни кутиб олиш ҳақидаги буйруғига бўйсунганди. Акс ҳолда Пасариан бу ерда, ҳар хил ускуналар билан жиҳозланган аравада ўтирмаган бўларди.

Вертолёт ерга қўнди. Келганлар саломлашиб, электрокарга ўтиришди ва далага жўнашди. Пасариан машинани бошқарар, Торн унинг ёнида ўтирар, орқада яна икки киши бор эди. Бухер Ахертоннинг бутун хавотирини тасдиқлаб, ўз фикрини баён этишни бошлади.
— Бу ерда Билл адашяпти, - деди Бухер энгашганча, Торннинг қулоғига қичқириб. - Ҳисоботимда мен «Торн Индастриз» учун айни пайтда энергетика соҳаси энг манфаатли эканлигини таъкидлаганман. Мен фақат масалан, мана бу заводда нималар амалга оширилаётганини инкор этаётганимизни исботламоқчиман. Ахир бизнинг келажакда оладиган даромадимиз, - Бухер ўпкасини тўлдириб нафас олди, - бизнинг келажагимиз фақат битта нарсага боғлиқ: очарчиликка!

Буни эшитган Ахертон бурнини жийирди.
— Пол, - деди у бошини сарак-сарак қиларкан. - Ахир бу шафқацизлик ва...
— Ҳақиқат! - якунлади Бухер. - Йўқ, бу шафқацизлик эмас. Бу ҳақиқат.

Ахертон олдинга, Торнга энгашди ва сўз бошлади:

1980 йилга келиб нефт ўрта Шарқ мамлакатларига йилига йигирма миллиард долларга тушади. Биз миллат ва бутун дунё олдида энергия учун жавобгарликни бўйнимизга олганмиз, шундай экан, келинглар, вақтимиз ва пулимизни унинг ривожланиши учун сарфлайлик. Қуёш, ядро ва гравитацион энергия йўналишида бошлаган дастурларимиз нима бўлди? Нима, бу соҳадаги барча ютуқларимизни ахлатга улоқтирамизми? Нима, буларнинг бари бекордан бекорга қилиндими, шунча вақт бекорга сарфландими?
— Дарвоқе, вақт ҳақида, Билл, - гапга аралашди Бухер соатига қараб қўяркан. - Ҳозир сен энергетика соҳасидаги оламшумул ютуқларимиз ҳақида гапирган вақт ичида саккиз киши очликдан вафот этди. Умуман, ҳар олти-саккиз сонияда дунёнинг у ёки бу бурчагида бир кишининг жони узилади. Очликдан. Бир дақиқада етти киши. Бир соатда - тўрт юз йигирмата. Ҳаммаси бўлиб - бир кунда ўн мингта.

Ахертон ғазабини яшира олмади.
— Нимага шама қиляпсан, Пол?
— Ҳамма нарсага, Билл, - жўшиб, сабрсизлик билан деди Бухер, - агар бирорта ҳам фойдаланувчи тирик қолмайдиган бўлса, энергетиканинг янги манбаларини яратишдан маъно йўқ.

Торн баҳсга аралашиш вақти келганлигини тушунди.
— Пол, тахмининг сал хирароқ эмасми? - иккиланди у.
— Қўрқинчли кун яқинлашяпти, Ричард, - ишонч билан деди Бухер. - Сен ўйлаганингдан кўра тезроқ.
— Xўш, кейин-чи? - сўради Торн.

Бухер енгил хўрсинди.
— Мен эса сен гапларимни эшитмайсан ҳам, деб ўйловдим.

Ахертон ожиз қолиб ўриндиққа суянди ва хўмрайганича қўлларини чалиштирди. Пасариан кулиб қўйди. Бухер томонидан бирор муаммони ечиш учун танланган ҳар қандай услуб ҳар доим ўз тасдиғини топарди.

Электрокар иссиқхонага яқинлашаркан, баҳслашаётганларнинг ҳеч бири уларга бор кучи билан қўлини силкитаётган хизматчини кўрмади. У Ричард Торнни чақираётганди. Гап шундаки, бир неча дақиқа илгари телефон қўнғироғи бўлганди. Ричард Торнни ўта зарур ва шошилинч иш билан чақиришганди.

Иссиқхонада тўрттала эркак ям-яшил ўсимликлар уммони ўртасидаги узун йўлакдан юриб боришарди. Улар атрофдаги манзарадан завқланганча жим кетишарди. Ақл бовар қилмас даражадаги катта сабзавотлар ёнидаги кичкина қутиларда митти ўсимликлар ўсарди. Бухер кўз қири билан ҳатто Ахертон ҳам ҳайратда қолганлигини кўрди. Ниҳоят улар аллақандай техникалар кўргазмаси қўйилган бинога киришди. Деворларга харита ва кўрсаткичлар илиб ташланганди.
— Мана бунда, - Бухер қандайдир тарҳни кўрсатди, - замонавий фермерни кўриб турибсизлар. Мана, у марказий минорадаги назорат бўлмасида ўтирибди. Компютер монитори унга далаларнинг ҳолати ҳақидаги маълумотни кўрсатади. Масофадан туриб бошқариладиган кичкина ҳаво ускунаси ерга ултратовуш тўлқинларини юбориб, фермернинг ўрнига ер чопади. Турли автоматлар тайёр қишлоқ хўжалик маҳсулотларини йиғади, саралайди ва қутиларга жойлайди. Буларнинг барчаси компютерда бошқариладиган механика ёрдамида амалга оширилади.

Ниҳоят Ахертон тилга кирди.
— Буларнинг барчасидан, айтайлик, оч қолган хитойлик қандай манфаат кўради?
— Уларни мана шу боқади, - қичқирди Бухер. - Xитойликлар бир кунда бир пиғла гуруч ейиш билан қаноатланишларидан фахрланишади, лекин бунинг нимасидан фахрланиш керак? Ва биз уларни боқишимиз лозим! - Шу лаҳзада Бухер отини қамчилади. - Бунга эришиш учун гуручнинг тез ўсадиган янги навларини яратиш, сунъий гўшт ишлаб чиқариш йўлларини топиш керак. Ва биз - «Торн Индастриз» бунинг бошида туришимиз керак. Биз шундай ўғитлар ишлаб чиқарамизки, улар ўсимликларни худди хамиртурушдек тез ўстиради, шундай машиналар яратамизки, унумсиз ерлар ва заҳарланган денгизлар гуллаган боғларга айланади.
— Бу хомхаёллар оламида сиз қандай ўрин эгаллайсиз?- киноя қилди Ахертон. - Подшо бўласизми?

Бухер бундан зиғирча ҳам хафа бўлмади. У яшил уммонга бир қараб олди ва деди:
— Биласизларми, бир пайтлар Мексиканинг баланд тоғларида бир ибтидоий қабила бўлган экан. Улар жуда серҳосил ерда яшасалар-да, ундан фойдаланишни билишмас экан. Ўша атрофга Американинг қурилиш компанияси келиб йўл қурибди. Ишларини тугатиб, компания бу қабилага трактор совға қилибди. Қабиладагиларга уни қандай бошқариш кераклигини яхшилаб тушунтиришибди. Xўш, улар ер ҳайдашни ўрганиб олишгач, тракторни нима қилишибди?
— Уни ейишибди, - деди Пасариан эрталабдан буён биринчи марта гапга аралашиб. Бухер ҳиндунинг сўзларидаги кинояни пайқадими - йўқми, тушунарсиз эди, лекин у бу фикрни рад этди.
— Улар тракторни ибодатхона меҳробига қўйишибди ва унга сиғинишибди. Бутун қабила тиз чўкиб уни Xудодек кўрибди.

Бирдан Ахертоннинг бутун аъзойи бадани музлаб кетди.

Шу пайт оқ халатли техник уларнинг олдига югуриб келди.
— Кечирасиз, жаноб Торн, - деди у, - сизни телефонда сўрашяпти. Шошилинч.

Ричард узр сўраб, телефонда гаплашгани кетди. Қайноқ баҳс давом этарди.
— Нефт мамлакатлари ҳеч иккиланмасдан бўғзимизга пичоқ қадашяпти, шундай эмасми? - деди Бухер. - Нимага овқат масаласида биз бошқача йўл тутишимиз керак?
— Биз барча очларни ёлланма фермерларга айлантирмоқчи эканмиз, - ғазабини зўрға босиб гапирди Ахертон, - нега биратўла қулга айлантириб қўя қолмаймиз?
— Қул эмас, истеъмолчи, - Ахертоннинг гапини тўғрилади Бухер, - гап шундаки, биз уларнинг қорнини тўйдирамиз!
— Мен Полнинг фикрига қўшиламан, - деди Пасариан. - Менимча, бу йўналишни ривожлантириш керак.

Улар Ричардни кўришди. Унинг ранги оқариб кетганди.
— Кечқурун Мерион оламдан ўтибди, - деди у. - Юрак етишмовчилиги.

Ахертон қотиб қолди.
— Э, Xудо, Ричард. Чуқур таъзия билдираман.

Торн паришон ҳолда бош ирғади: унинг хаёли кўмиш маросимида эди.
— Сизларни тарк этишимга тўғри келади, - у Ахертонга мурожаат қилди. - Мени вертолётгача кузатиб қўй.
— Бўпти, - деди у.
— Пол, - деди Торн, - илтимос, директорлар кенгашига қўнғироқ қил. Завод бошқарувчиси мақоми бўйича барча хорижий вакилларга телеграмма жўнат.
— Бўпти, бўпти, - деди Бухер.
— Йиғилиш ўн кундан кейин. Дафн маросими эса уч кундан сўнг ўтказилади. Кардиология жамғармасига бадал ҳам тўлаш керак. Банк ва Уолл-стрит билан ўзим шуғулланаман. - Ричард ҳамма билан хайрлашди ва Ахертон ҳамроҳлигида ташқарига йўл олди.

Бухер унинг енгидан тутди.
— Ричард, - сўз бошлади у, - балки эртага биргаликда нонушта қилиб, бу лойиҳанинг муҳокамасини якунлармиз.

Ахертон норозиларча қадамини давом эттирди, Ричард бу таклифга хотиржамлик билан ёндошди.
— Ҳа, албатта, - рози бўлди у, - эртага соат саккизда уйимга кел.

Пасариан бошини сарак-сарак қилди. «Ҳа, у вақтини зое кетказмайди. Кампир ўлди. Xўш, нима бўпти, деган бўларди Бухер, бошқалар яшаяпти-ку. Албатта, Пол Торнга ҳукмини ўтказади ва Пол Бухернинг фикри компаниянинг ҳал қилувчи қарорига айланади».

Бухер Пасарианнинг хаёлини бўлди.
— Демак, Торнлар шаҳарга кўчишдими? - қизиқди у.
— Бугун, - бош ирғади ҳинду.
— Яна қиш, - қунишди Бухер. Ва Торннинг кўрсатмаларини бажариш учун телефон томон кетди.

Мерион Торн ҳатто ўлиб ҳам ҳаммага бир дунё ташвиш келтирганди.

Айни мана шу дақиқаларда Гибралтар бўғози яқинида, Атлантика уммонидан ўттиз минг фут баландликда реактив самолёт учиб борарди. У Тел-Авивдаги аеропортдан кўтарилиб, Фарб томон йўл олганди.

Сайёҳлар салонида кўзлари чақноқ малласоч аёл ўтирарди. У Жоан Xарт эди. Доктор Уоррен маълум қилганидек, у Ричард Торндан интервю олиш учун сафарга чиққанди. Аммо Жоанни бу ҳаракатга Торн тахмин қилганидек, оддий қизиқиш ундамаганди.

Дўсти Майкл Морган бедарак йўқолганига ҳам етти йил бўлганди. Бу давр ичида Жоаннинг ўзи қандайдир тадқиқотлар ўтказди: у Инжилни ва ғалати ўлимлар билан боғлиқ маълумотларни батафсил ўрганди. Ва буларнинг барчаси қандайдир тушунарсиз тарзда биргина болакай - Демен Торн атрофида айланарди.

Ниҳоят Жоан зиммасида турган вазифани тушуниб етди. Бугенгаген Майклни ўзининг ёрдамчисига айлантиришга уринган бўлса-да, амалга ошмади. Аммо ўша учрашувда Жоан ҳам бор эди - у ҳаммасини эшитган ва бунинг оддий тасодиф эмаслигини тушунганди. Ва уни етти йил илгари қаҳвахонага етаклаган Куч, энди уни Иблис ўн уч ёшга тўлмаслиги учун ҳаракат қилишга мажбур этаётганди. Зеро, айнан ўша куни Иблис ўзининг ким эканлигини англаб етади ва унда Иблисни йўқ қилиш учун деярли имконият қолмайди.

Жоаннинг бошига Кассандранинг қисмати тушганди: унга ҳеч ким ишонмасди. Уни илгаридан таниганлар унинг устидан кулишар, Жоаннинг башоратлари тез орада ўтиб кетадиган алаҳсираш, дейишарди. Нотаниш кишилар ундан худди телбани кўргандек қочардилар.

Жоаннинг ўзи ҳам анча вақтгача қилаётган ишининг тўғрилигига тўлиқ ишонмади. Бир ҳафта илгари ҳам уни шубҳа-гумонлар қийнаётганди. Ўшанда унга Белвуар қўрғонидаги қазув ишлари ҳақида репортаж ёзиш топширилганди. У анчадан буён бу дақиқаларни кутаётганди. Xаробалар орасида юрар экан, Жоан, шубҳасиз XX асрда яшаган икки кишининг жасади қолдиқларига дуч келди. У уларни осонлик билан таниди. Жоан Игаел деворини ҳам диққат билан кўздан кечирди.

Шундагина у Ричард Торнга ҳақиқатни айтиш учун Штатларга учишга қарор қилди.

Бевосита хавф остида турган барчани даҳшатли хатардан огоҳ қилиш керак эди, зеро Шайтоннинг ўғли улар орасида эди.

Вазифа оғир ва хатарли эди, аммо Жоан бу вазифани ҳақиқий эътиқоди бутун кишиларга хос қувонч билан бажаришга ҳаракат қиларди.

3

Торнларнинг Чикагода жойлашган уйидаги қоп-қора ёғоч қопланган ошхонаси муҳташам кўринар, мебеллар ойна ва жигарранг чармга мувофиқ хромланган металлдан тайёрланганди. Одатда Торн ошхона ёнидаги кенг ва ёруғ хонада овқатланарди. Аммо бугун у Бухер билан гаплашиб олиш мақсадида ошхонада нонушта қилишни лозим кўрганди.

Улар майизни ҳам еб бўлишди, лекин бугунги учрашувнинг белгиланишига сабаб бўлган мавзу ҳақида оғиз очишга иккаласи ҳам журъат қилолмасди.
— Бу кўргазмани қачон очмоқчисизлар? - сўради Бухер Торннинг археологияга қизиқишини ҳисобга олиб.
— Бу сўнгги контейнерларнинг қачон келишига боғлиқ, - деди Торн. - Биз уни Пасха байрамига мўлжаллаяпмиз. Сенинг ҳисоботинг эса, Пол, қойилмақом. Қандай қилиб, бир ой ичида шундай нарсани тайёрлаганингга ақлим етмаяпти.
— Аммо... - чўзди Бухер, муҳим мавзудаги суҳбатга қандай қилиб тезроқ ўтишни тасаввур қиларкан. - Аммо... юқоридагиларнинг тўла қўллаб-қувватлашисиз бу лойиҳанинг амалга ошишига ишончим комил эмас. Бунинг устига, Билл Ахертон бу лойиҳага қарши.
— Ҳа, мен унга ишонаман. Сен ҳам Биллга ишонишинг керак. У маҳмадоналардан эмас, ўз ишини яхши билади. - Торн қаҳвадан ҳўплади. - Билл билан муносабатларингни яхшилаб олишингни маслаҳат берардим. Бу сенинг компанияда юқори кўтарилишингга имкон беради.

Бухер навбатдаги сўзлари таваккал эканлигини тушунса-да, барибир гапирди:
— Ричард, агар Билл Ахертон мени эзаверса ва менинг мавқеим унга боғлиқ бўладиган бўлса, яхшиси ишдан бўшаб қўя қолай?
— Бекор айтибсан, - эътироз билдирди Торн. Сўнг табассум билан қўшиб қўйди: - Ҳали сенинг ҳам давринг келади.

Бухер, ичида тантана қилар экан, бош силкиди.
— Бўпти, - розилик берди у, - бу фикрни миямдан чиқариб ташлайман. - Ичида эса ўйлади, «Фақат ҳақиқатан ҳам менинг даврим келгунга қадар».

Нонушта қилиб бўлишгач, улар автомобил томон йўл олишди. Мерион холанинг ўлимига қарамасдан, Торн муҳим учрашувда иштирок этиш учун Вашингтонга учиши лозим эди. Лимузин ҳайдовчиси уни аеропортга элтиб қўйиш учун кутиб турарди. Xайрлашаётиб, Торн Бухерга мурожаат қилди:
— Болаларнинг туғилган кунига келасанми? Кўл ёнидаги уйга.
— Бу имкониятни қўлдан бой бермайман, - деди Пол Торн билан муносабатини силлиқлашга уриниб. - Кўл музладими?
— Сўрайсан-а! - Торн Бухернинг елкасига қўл ташлади. - Ўзинг билан конки олиб кел.

Пол жилмайганча Ричардга қўл силкиди ва такси тўхтатиш учун бурчакка шошилди. У музлаган кўл устида палто ва шарфга ўралиб конки учаётган Билл Ахертонни тасаввур қилиб ичида кулди. Ана томоша.

Мюррей очган эшик тутқичига қўл узатган Торн ортида аёл кишининг овозни эшитди:
— Жаноб Торн? Ҳой, жаноб Торн!

У ўгирилди ва қўлларини силкитиб чопиб келаётган соҳибжамол аёлни кўрди. Унинг устида мўйна ёқали тўқ қизил палто, қўлларида қизил қўлқоп, оёғида эса узун пошнали қора этик бор эди. Аёлнинг елкасига қора рангли катта чарм сумка осилганди.

Торн бир неча сонияга нима қилишини билмай қолди. Бу мафтункор аёлнинг қиғфаси унга танишдек туюлди, аммо у бу аёл билан ҳеч қачон учрашмаганлигини аниқ биларди. Шу пайт Ричард уни қаерда кўрганлигини эслади: Уоррен кўрсатган суратлардан бирида у «Бобиллик адашган аёл» тасвири олдида турганди.

У мухбир Жоан Xарт эди. Бу гўзал аёлнинг қиғфаси уйғотган ёқимли ҳислар шу заҳоти ғойиб бўлди. У бор-йўғи бир мухбир эди. Ва доктор айтганидек, у интервю олмоқчи эди. Жоан Xарт унинг ёнига етиб келди.
— Кечирасиз, қичқиришга мажбур бўлдим, сизни тўхтатиб қолмасам бўлмасди...
— Ҳечқиси йўқ, - унинг сўзларини совуқлик билан бўлди Ричард. У Жоаннинг нима учун бу ердалигини билар ва унинг бемаъни саволларига жавоб бермасликка тайёр турганди.
— Менинг исмим Жоан Xарт. Чарлз Уоррен сизга мен ҳақимда айтган бўлса керак.
— Ҳа, айтганди. Ва мен унга сиз...
— Айтувди, айтувди, - Жоан сабрсизлик билан Ричардни бўлди. Кейин бирдан суҳбат мавзусини ўзгартириб, шикоят қилди: - Бу ер совуқ экан. Яхшиси, автомобилингизга ўтирсак-да, нима учун интервю беришни рад этганингизни айтиб берсангиз.

Торн истар-истамас жилмайди.
— Сиздан ҳақиқий хоним чиқиши мумкин эди. - У Жоанга автомобилнинг кенг орқа ўриндиғини кўрсатди.

Улар ўтиришлари билан, Жоан сумкасини титкилай кетди. «Бундай катта сумкага, - бирдан ўйлай бошлади Ричард, - Бугенгагеннинг туғилганидан тортиб то ўлгунигача бўлган маълумотлар сиғиши мумкин». Жоан сумкадан бошқа ҳар қандай аёл жон деб бўйнига ўрайдиган қимматбаҳо шойи рўмол олди ва унга бурнини қоқди.
— Совуқ ҳавода бирпасда тамом бўламан.
— Xарт хоним, - сўз бошлади Торн.
— Биламан, биламан. Мухбирларга тоқат қилолмайсиз.
— Бундан ташқари, аеропортга шошиляпман, - қўшиб қўйди Ричард.
— Бор-йўғи бир неча дақиқа. Сиздан буни ўтиниб сўрайман.
— Лекин самолётдан кеч қолсам бўлмайди. Балки, бошқа сафар учрашармиз?
— Мен доим самолёт Ричард Торнни кутади, деб ўйлардим.
— Фақат буниси эмас.
— Ундай бўлса, мен сизни аеропортгача кузатиб қўяман. - Жоан табассум қилди. - Қаерга учасиз?

Торн Мюррейга гапириш учун сўзлашиш қурилмасининг тугмасини босди.
— Юргизинг, Мюррей.

Кейин Жоанга жавоб берди:
— Вашингтонга.

Жоан яна жилмайди.
— Ҳеч кимни кутмайдиган биринчи рақамли самолёт. У ерда нима қиласиз? Президентга мамлакатни қандай бошқариш тўғрисида маслаҳат берасизми?
— Йўқ, - жавоб берди Торн унинг ҳазилини тушуниб. - Давлат котибига. Xўш, сизга қандай фойдам тегиши мумкин?

Жоан Xарт яна сумкасини титкилади ва чарм муқовали ён дафтари билан қаламини олди. Аёлга ён дафтар ва қалам қандайдир куч бағишлагандек эди. У эҳтироссиз мухбирга айланди. Жоан ўз қурбонидан ўзига керакли маълумотларни бирма-бир суғуриб ола бошлади.

Аеропортгача бўлган йўлнинг ярмига етишганида интервю ўйини Торннинг жонига тегди.
— Xарт хоним, менга еттита савол бердингиз ва уларнинг ҳаммаси негадир пул билан боғлиқ, - деди у.
— Пул бутун дунёни айланишга мажбур қилади, шундай эмасми?
— Ҳа, нафақат бутун дунёни - деди Торн.

Жоан Ричарднинг асабийлаша бошлаганини сезди, лекин энг асосий гапни ҳеч айта олмасди. Ҳозир мавриди эмас. Сал кейинроқ.
— М-м-м, отангиз музей қурдирган экан, - у ён дафтарига қараб олди, - 1940 йилда. Бу унга неча пулга тушган?
— Ўн миллион атрофида.
— Отангиз биринчи марта Чикагога келганида биржага ишга кирганми?
— Тўғри.
— Айтинг-чи, у сизни ва укангизни камбағаллик нима эканлигини ҳис қилишингиз учун совуқ хонада ёки полда ётишга мажбур қилмаганми?

Торн хахолаб кулиб юборди.
— Бунақа бемаъни гапни сизга ким айтди?

Шу пайт лимузин кескин тормоз берди. Улар Мичиган-авеню яқинидаги кўтарилувчи кўприкка яқинлашишганди. Огоҳлантирувчи қўнғироқлар ва ўчиб-ёнаётган қизил чироқлар кемани ўтказиб юбориш учун кўприк кўтарилишини билдириб турарди. Ричард машина ойнасидан қаради ва «Торн Индастриз»га тегишли танкерни таниди. Торннинг йўлини унинг ўзига қарашли кема тўсганди.

Жоан Xарт бу имкониятдан фойдаланди ва кутилмаганда ҳужумга ўтди:
— Сиз Бугенгаген билан ҳеч учрашмаганмисиз?
— Йўқ, - жавоб берди Торн Жоаннинг мавзуни кескин ўзгартирганини ҳис қилиб.
— У фақатгина археолог бўлмаганлигини биласизми? Бугенгаген энг аввало экзорцист - Шайтонни қувувчи бўлган.
— Бунинг нима аҳамияти борлигини тушунмаяпман.
— Белвуар қўрғонини қазиш пайтида унинг суякларини топишган, - давом этди Жоан унинг сўзларига эътибор бермай. - Буни билармидингиз?
— Кимнингдир суякларини, Xарт хоним. Менимча, кимники эканлиги расман аниқланмаган.

Аёлнинг овозида қатъий ишонч янгради.
— У ердан икки кишининг суяклари топилган, жаноб Торн. Бири - Бугенгагенники, иккинчиси эса - Майкл Морган исмли ёш археологники. Майкл менинг йигитим эди. Мен улар билан ўша ғойиб бўлишган куни учрашганман.

Айни шу лаҳзада шлагбаум кўтарилди ва Мюррей моторни юргизди. Торн шартта сўзлашув қурилмасининг тугмасини босди.
— Мюррей, тўхтаб туринг. Xарт хоним тушиб қолади.

Жоан шошилиб сўзлай бошлади:
— Ўлимидан бир ҳафта илгари укангиз Бугенгаген билан учрашиш учун Исроилга келган. Унинг ўлимидан бир неча кун кейин эса Бугенгаген ва Майкл Морган тириклайин кўмилишган. Бу сизни ҳушёр торттирмайдими, жаноб Торн?

«Шу етмай турувди, - ўйлади Ричард. - ҳозир у менга Кеннедини ким ўлдирганини айтади». У совуққонлик билан деди:
— Сизни ҳайдаб туширишга мени мажбур қилманг. Биз ҳаракатни тўхтатиб қўйдик.
— Полиция укангизни нима учун отганини биласизми? - Жоаннинг ёввойиларча ёнаётган кўзларида қандайдир телбалик зоҳир бўлди. - Пичоқ ҳақида бирор нарса биласизми?

Мюррей машинадан тушди ва орқа эшикни очди.
— Менга битта нарса маълум: сиз ўзингизнинг ва менинг вақтимни оляпсиз...
— Илтимос, менга қулоқ солинг! - ўтинди аёл. - Буларнинг барчасини ўрганиш учун мен бир неча йилни сарфладим. Ҳаммаси мос келяпти... энди...

Ричард инграб юборди. Фақат бу эмас. У укасининг ўлими атрофидаги сирли туман бутунлай тарқалиб кетган, деб ўйларди.

Мюррей қўполлик билан Жоаннинг қўлидан тортди. У ўриндиққа ёпишганча қичқирди:
— Ҳаётингиз хавф остида!
— Йўқолинг бу ердан! Сизни қайтиб кўрмай! Тушундингизми?
— Xудога ишонинг! - қичқирди Жоан.
— Мюррей, Xудо ҳаққи!
— Xудога ишонинг! - ҳўнграб йиғлаб юборди аёл.

Мюррей уни машинадан тортиб туширди ва эшикни ёпди. Жоан турган жойида қичқиришни давом эттирди:
— Xудо ҳаққи! Фақат угина сизни ҳимоя қила олади! Игаел деворини кўринг, жаноб Торн! Шайтоннинг юзини кўринг ва у кимнинг юзи эканлигини айтинг!
— Мюррей, жин урсин. Бу телбадан тезроқ узоқлашайлик! - ўшқирди Торн.

Мюррей машинага учиб чиқди ва моторни ўт олдирди.

Машина тезлик билан юриб кетди. Жоан кўча ўртасида турганича йиғлар, умидсизлик ёшлари унинг юзларини юварди. Совуқ шамол эса унинг елкасидаги қизил палтосини юлқиб олишга уринарди.

Режиналд Торн ўзидан ёдгорлик қолдиришнинг энг яхши йўли музей қуриш, деган фикрга келганди. У бу фикри билан ўртоқлашиш учун дўсти - Чикаго бош меъмори ўринбосарининг олдига борганди.

Торн неоклассикани ёқтирарди. У қурдирган биноси бир неча ўн йилдан кейин харобага айланиб қолишини истамасди. Шунинг учун қария меъмор дўсти тавсия қилган ёш ва ўзига ишонган одамни топгунча жуда кўп меъморларни кўрикдан ўтказди.

Дўсти унга панд бермаганди. У Торнни Френк Райт билан таништирган ва музей ташкил қилиш режаси амалга оша бошлаганди.

Ҳозир ҳам, орадан деярли қирқ йил вақт ўтган бўлса-да, Торннинг музейи худди бир ҳафта илгари қурилгандек замонавий ва муҳташам кўринарди. Музей Мичиган кўли бўйида жойлашган ва олд томони Мичиган-авенюнинг замонавий кварталлари томонга қараганди. Яқин атрофдаги бирорта ҳам бино муҳташамликда музей биносига тенг келолмасди.

Жоан Xарт ўтирган такси музей олдига келиб тўхтаганда, унинг кўзи Эдвард Мюнхнинг суратлар кўргазмаси ҳақидаги эълонга тушди. Афишада рассомнинг «Қичқириқ» деб номланган анча машҳур ва даҳшатли сурати акс эттирилганди. Жоан сурат олдида ҳайкалдай қотиб қолди. У буни илоҳий бир белги, деб ҳисоблади ва қалбида яна умид пайдо бўлиб, музейга кирди.

Осмонўпар шифтли катта залга кирган Жоан бир лаҳзага ўзини ушоқдек ва ҳимоясиз ҳис қилди. Лекин у бу ерга нима учун келганлигини яхши биларди ва ўзини тутиб олди. Йўл бошловчи уни иккинчи қаватга, Чарлз Уоррен Белвуардан бахтиқаро Бугенгаген топган топилмаларни кўргазмага тайёрлаётган галереяга олиб чиқди.

Саноқсиз тарҳ ва суратлар ичида турган Уоррен Анна Торнга бўлажак кўргазмани қандай жойлаштириш кераклигини тушунтирарди. Анна анчадан буён бу кўргазмага қизиқиб келарди. Аммо Уоррен шу пайтгача Аннада Белвуардаги топилмаларга бўлган қизиқишчалик қизиқишни кўрмаганди.
— Менга хабар қилишларича, Игаел девори деб номланган ёдгорликни топишибди. Реставрациядан сўнг уни бу ерга жўнатишади. - У тарҳдаги бўлакни кўрсатди. - Бу галереяни ҳар эҳтимолга қарши ушлаб турибман.

Игаел девори ҳақида гап очилгач, Аннанинг қизиқиши янада ортди.
— Игаел ким бўлган ўзи? - қизиқсинди у.
— Жуда жумбоқли шахс, - деди Уоррен, - роҳиб ва Шайтонни қувувчи. У XIII асрда яшаган, деб тахмин қилинади. Афсоналарга кўра, бир куни унинг кўзига Шайтон кўринган ва бечора роҳиб ақлдан озган.

Уоррен Аннанинг ҳам бошқаларга ўхшаб кулиб юборишини кутиб турди, аммо у ҳатто жилмайиб ҳам қўймади. Уоррен сўзида давом этди:
— Шундан сўнг тарки дунё қилган. Чамаси, Шайтоннинг қиғфаси уни тўхтовсиз таъқиб қилган. Роҳиб азоблардан қутулишнинг ягона йўли сифатида Иблиснинг суратини - унинг туғилишидан тортиб инқирозигача бўлган даврини чизишга қарор қилган. - Уоррен сесканиб кетди. - Игаелни ҳеч ким кўрмаган. Унинг деворини кўришган, холос.
— Уни кўришга сабрим чидамаяпти, - ҳаяжон билан деди Анна. Олим аёлни ўз ҳикояси билан сеҳрлаб қўйгандек эди.
— Энди эса, - деди Уоррен яна қўлини тарҳга чўзаркан, - сизнинг севимли экспонатингиз - Бобиллик адашган аёлга ўцак. Уни мана бу ерга, тўртинчи галерея ўртасига қўямиз. Ана шунда ташриф буюрувчиларнинг бирортаси ҳам уни кўрмасдан қолмайди.

Кутилмаганда галереяга Жоан Xарт кириб келди.
— Жоан, - ҳайронлик ва қувонч билан деди Уоррен. - Қойил! Қачон келдингиз?
— Кеча кечқурун, - жилмайди Жоан бу ерга нима учун келганлигини айтиб юборишдан ўзини зўрға ушлаб.
— Анна, - деди олим Торннинг хотинига юзланиб, - бу Жоан Xарт...
— Сиз кўрсатган суратдаги аёл, - деди Анна. Гап гўзал аёллар ҳақида борганда унинг кўриш хотираси дарҳол ишга тушарди.

Уоррен бош силкиди.
— Ҳа, бобиллик адашган аёлнинг ёнида турган.

Анна бирорта пичинг қилмоқчи бўлди-ю, тилини тишлади.
— Мен Анна Торнман. Сиз эса эримдан интервю олмоқчи эдингиз.
— Аллақачон суҳбатлашиб улгурдим.

Уоррен ғазабга минди.
— Мен сизга айтган эдим-ку... - сўз бошлади у.

Аммо Жоан унинг сўзини бўлди:
— Бунинг қанчалик муҳим эканлигини тасаввур қилолмайсиз. Шунинг учун сизнинг гапларингиз мени тўхтатиб қололмади.
— Сиз қатъиятли экансиз, - деди Анна анча носамимийлик билан. - Умуман, уни қандай топдингиз?

Жоан Аннанинг жиғига тегмоқчи бўлди:
— Унинг бўйнига осилиб олдим! - деди у. - Улкан машинасининг ичида.
— Ҳа-а, - чўзди Анна. - У роса хурсанд бўлган бўлса керак.
— Бошида унчаликмас, - деди Жоан Аннага нисбатан тушунтириб бўлмас нафрат билан.- Эрингиз мухбирларни паст кўради, шундай эмасми?
— У мухбирлар бошқаларнинг бахцизлиги ҳисобига кун кўришади, деб ҳисоблайди, - деди Анна бу ўзининг ҳам фикри эканлигини кўрсатишга ҳаракат қилар экан.

Жоан кулимсиради.
— Шоқолларга ўхшаб-а? - деди у.
— Жуда зўр ўхшатиш, - жавоб берди Анна. Унинг қиғфаси ўзгармади.

Уоррен бу ҳолатдан қандай чиқиб кетишни билмасди ва орада пайдо бўлган низони силлиқлашга уринди.
— Жоан асосан археология мавзусида ёзади, - деди у.
— Йўғ-е? - заҳарли илжайди Анна.

Шу пайт Уорреннинг чўнтагидаги чақирув ускунаси жиринглаб қолди. У нохуш вазиятдан қутулиш учун қулай имконият пайдо бўлганидан суюниб кетди.
— Ҳозир келаман, - деди у.
— Биласизми, - деди Жоан. - Эрингиз матбуотга нисбатан адолациз экан. Мухбирлар унинг укасига холис ёндашгандилар.
— Нимани назарда тутяпсиз? - деди Анна Жоаннинг нимага шама қилаётганини тушунмай.
— Жереми Торннинг ўлими тафсилотлари тўла ошкор этилмаган. Аслида, унинг ўлимида ғайрибатиий ҳолатлар кўп бўлган.
— Наҳотки? - деди хотиржамлик билан Анна. - Афсуски, мен Ричарднинг укаси билан бирор марта ҳам учрашмаганман.

Жоан ўзини ҳайрон қолгандек тутди.
— Албатта, албатта! Доим ёдимдан кўтарилади-я! Ахир сиз Ричарднинг иккинчи хотинисиз-ку!
— Xарт хоним, - тоқати тугади Аннанинг.
— Сизга очиғини гапиришга ижозат берасиз энди, - давом эттирди Жоан Аннага эътибор бермай. - Марк - Ричарднинг биринчи хотинидан туғилган, Демен эса - унинг укасининг ўғли. Демак, сиз иккала боланинг ҳам онаси эмассиз!
— Сиз бирорта аёллар журналида ишласангиз керак! - портлади Анна.
— Демен-чи? - деди Жоан. - У ҳақда нима дея оласиз? У қанақа бола? Унга ҳарбий Академия ёқадими?

Анна жавоб беришга улгурмасдан галереяга Чарлз Уоррен отилиб кирди.
— Анна, - қичқирди у, - бу аёлга умуман гапирманг! - олим Жоаннинг елкасидан қўполлик билан ушлади ва эшик томон итарди. - Сиз мени мушкул аҳволга солиб қўйдингиз, - деди у. - Ричард ғазабланяпти!

Жоаннинг йўқотадиган нарсаси йўқ эди.
— Сизлар хавф остидасизлар! - қичқирди у бўғилиб. - Ҳаммангиз!
— Сизга нима бўляпти? - Уоррен Жоанни галереядан судраб чиқа бошлади.
— Мен Игаел деворини кўрганман! - бақирди у, худди бу бирор нарсани ойдинлаштирадигандек.

Бу Уорренга ҳеч қандай таъсир кўрсатмади.
— Нимани кўрган бўлсангиз ҳам менга барибир!
— Сизлар ҳушёр бўлишингиз шарт! - Жоан унинг қўлларидан қутулиб чиқди ва Аннага юзланди. - Демен...
— Нима Демен? - кескин сўради Анна.
— У...у... - дудуқланди Жоан ва бирдан жим бўлиб галереядан югуриб чиқиб кетди. - Билмайман! - қичқирди у йўл-йўлакай.

Анна олимга юзланди.
— Жин урсин, бу нимани англатади?

Уоррен ғамгин тарзда бош чайқади.
— Тушунолмадим. Масиҳ ҳаммамизни севади. Лекин камдан-кам - ғайритабиий кишиларгина уни чин дилдан севадилар!

У жиддий эди, лекин Аннага унинг гаплари кулгили туюлди. У кулимсираганича олимни маҳкам қучоқлади ва улар Жоан Xартни бутунлай унутишиб, бўлажак кўргазманинг муҳокамасига берилишди.

Уоррен ва Анна Жоанни телба деб ўйлашган бўлса-да, у ҳали ҳеч қачон бунчалик аниқ ва мақсадли ҳаракат қилмаганди.

Ўзини ёвуз руҳлар таъқиб қилаётгандай ҳис қилган Жоан нима қилиш кераклигини яхши биларди.

Музейдан отилиб чиқиб, у дарвозаси тепасига «Биз бор кучимиз билан уринамиз» деган ёзув осилган автомобилларни ижарага бериш бюросига борди. Ижарага машина олгач, Жоан шу заҳоти Чикагонинг шимолига қараб йўл олди. Бир оздан сўнг у Демен ва Марк ўқийдиган ҳарбий Академия ёнида тўхтади. Бу ерда футбол машғулоти ўтказилаётганди.

Бу ерда Жоаннинг келганини сезадиган одам йўқ эди: бор-йўғи бир неча ота-она фарзандларининг ўйинини олқишлаб ўтиришарди. Уларнинг диққат-еътибори ўйинга қаратилганди.

Уни Нефф албатта сезиши мумкин эди, лекин у худди суперкубок мусобақаси

ўтказилаётгандек ўйиндан кўзини узмасди.

Жоаннинг ёнида бир курсант турарди. У нозик, сепкилдор бўлиб, бурни устида қалин ойнали кўзойнак қўққайиб турарди. Унинг ҳам бутун эътибори ўйинда эди. Жоан ундан болаларнинг ичида Демен бор-йўқлигини сўрамоқчи бўлиб турганди, Нефф танаффус эълон қилди. Жоан сержантнинг сўзларини эшитмасди. У ўсмирнинг елкасига шапатилади ва баланд овозда сўради:
— Демен Торн ўйнаяптими?

Ўйинчилардан бири кескин ўгирилди ва Жоан Xартнинг ортидан тикилди. Аёл бу ўткир нигоҳни бутун танаси билан ҳис қилди ва орқасига қаради. У мушукникидек сап-сариқ бу кўзларни илгари ҳам кўргандек эди.

Ўйинчи тўсатдан бошидаги дубулғасини ечди ва Жоан даҳшатдан қалқиб кетди. Унга Эйкрада кўрган суратдаги қиғфа таниш эди.
— Ана Демен Торн, - деди курсант, аммо Жоан уни аллақачон таниганди. У Шайтоннинг мавжудлигига шубҳасиз ишонарди, лекин уни кутилмаганда инсон қиғфасида кўргач, ваҳимага тушди ва ортига чекинди.

Жоан бурилди ва оёғини зўрға судраганча ўйин майдонидан узоқлаша бошлади. Аммо, ўн қадам ҳам юрмасдан, у шундай даҳшатни ҳис этдики, тез-тез югура бошлади. Ниҳоят, у машинаси олдига етиб келди.

У терга ботган, Демен Торннинг сариқ кўзлари қадалган кураклари ўртаси қизиб кетганди. Автомобил ўриндиғига ўзини ташлаган Жоан Неффнинг қичқириғини эшитди:
— Торн, намунча янги дарвозага қараб турган қўйдек туриб қолдинг?

Кураклари ўртаси қизишдан тўхтади. Жоан қийналиб юриб сумкасидан калитни олди ва калит тирқишига солиб буради. Мотор ўт олмади, яна буради - яна ҳеч нарса чиқмади. Ниҳоят двигател ишлай бошлади. Машина ғилдираклари чийиллади ва Девидсон Академиясидан узоқлашди.

Жоан шимол томон кетарди. У Чикагога бориши керак эди, аммо у ерда унга ҳеч ким ишонмаслигини тушунарди.

Кимдан ёрдам сўраш керак? Қудратли, айёр ва даҳшатли Кучга қарши курашда Жоан кимнинг мададига суяниши мумкин?

У рулни ҳушсиз ҳолда бошқарарди. Бу қўрқинчли Академиядан тезроқ, тезроқ узоқлашиш керак.

Бир оздан сўнг Жоан адашиб қолганини тушунди. У штатнинг анча ичкарисига кириб кетганини билди. Атрофда собиқ фермерлик иншоотлари жойлашганди.

Уфқ чексизликка чўзилиб кетганди. Жоаннинг бутун теварак-атрофи текисликдан иборат эди. Машина кетаётган йўлдан бошқа йўл ҳам йўқ эди.

Тўсатдан бўрон турди. Бир неча дарахт ағанаб тушди. Аёлни яна қўрқув исканжага ола бошлади. У Чикагога қандай қайтиш ёки ҳеч бўлмаганда қўноқ топишни ўйлай бошлади.

Шу дақиқада автомобил бир силкинди ва тўхтаб қолди.

Бўрон ҳам шу заҳоти тинди ва сукунат чўкди. Атрофда бирорта ҳам тирик жон йўқ эди.

Жоан газни босди, калитни буради.

Ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. У бензин кўрсаткичига қаради. Бакда ярим бензин бор эди.

Демак, тўхташининг сабаби бу эмас.

Бирдан у Бугенгаген ва Майкл Морганнинг қандай ҳалок бўлишганини эслади ва баданида титроқ турганини ҳис қилди. Аммо Жоан тушкунликка тушмади. Унинг юраги тез-тез урар, миясига қон тепарди. Жоан миясида барча имкониятларни чамалар ва ўлим билан юзма-юз турганини тушунган ҳолда қутулиш йўлини қидирарди.

У пичирлаганича дуо ўқиди. Сўнг йўлга қаради. Ҳеч қандай ҳаёт аломати кўринмади.

Кутилмаганда у бир неча лаҳза илгари кўрмаган йўл белгисини кўриб қолди. Унга «Ненси тамаддихонаси. Ширин ва арзон» деб ёзиб қўйилганди. Унинг остида эса «3 мил» деган ёзув турарди. Агар Жоан бу ерларни сал бўлса-да яхшироқ билганида эди, у тупроғи унумсиз бу жойда ҳеч қандай «Ненси тамаддихонаси» бўлмаслигига ақли етган бўларди. Аммо у яқин атрофда бемалол овқатланиб, лақиллаб ўтирса бўладиган шинамгина ресторанча жойлашганлигига ишонишни лозим кўрди.

Унинг ўша ерга боришга сабри чидамасди.

Жоан эшикни очиб, автомобилдан тушди. Изғирин забтига оларди. У палтосини олиш учун энгашди ва кутилмаганда қулоғига қандайдир товуш чалинди. Сўнг автомобил томида ғижирлаган товуш эшитилди.

Жоан кескин ўзини ростлади ва даҳшатдан қотиб қолди. Томда, унинг шундоққина рўпарасида улкан қора қузғун ўтирарди. У аёлга нафрат билан тикилганди.

Жоан дод солиб юборди ва қоқилиб кетиб, ўзини зўрға ушлаб қолди. Қузғун ундан кўзини узмасди - унинг нигоҳи ҳам худди Деменнинг қарашидек одамни тешиб юборай дерди. Аёл қузғунга палтосини силкитди, лекин улкан қуш қимирлаб ҳам қўймади.

Жоан эшикни ёпди ва қузғундан кўзини узмай палтосини кия бошлади. Қузғун худди аёлни қанотини бир силкитиб йиқитишига ишонгандай қимирламай ўтирарди. Жоан «Ненси тамаддихонаси» томон қадам ташлади. У тўхтамасдан дуо ўқиб борарди. Қузғун билан унинг орасидаги масофа қирқ ярдга етди. Қузғун учиб кетди.

Жоан қувончдан қичқириб юборди. Аммо кутилмаганда қузғун Жоаннинг ортидан хунук қағиллаб ҳужум қилди. У аёлнинг бошига ўткир тирноқларини ботирди.

Жоан оғриққа чидолмай бақирди. У қушни муштлай бошлади ва уни бошидан олиб ташлашга уринди, аммо қузғун унинг қўлларини чўқиб, қонга бўяб ташлади.

Кўзларида дўзах ўти тобора ёрқинроқ чақнай бошлаган қузғун сап-сариқ тумшуғи билан унинг юзини тўхтовсиз чўқий бошлади.

Жоан бор кучини йиғиб бошини кўтарди ва осмонга қаради, лекин у энди осмонни кўра олмасди: унинг кўзлари ўрнида қонга тўлган бўм-бўш кўз чаноқлари турарди. Аёл бу даҳшатли азобдан қутқаришини сўраб Xудога ёлворди.

Қузғун кутилмаганда учиб кетди. Унинг тирноқларида Жоаннинг бир тутам сочи ва териси осилиб турарди.

Чалажон Жоан қоқилиб кетди ва йўл четидаги кўлмакка йиқилди. Унинг ҳоли қуриб қолганди.

Шу пайт узоқдан мотор шовқини эшитилди. Дарё бўйлаб юк машинаси келарди.

Жоан бошини кўтарди. Наҳотки? У зўрға ўрнидан турди ва йўлга чиқа бошлади. Ўн саккиз ғилдиракли катта юк машинаси унга яқинлашиб қолганди. Жоан бор кучини йиғиб қичқирди.

Юк машинаси кескин бурилишдан буриларкан, ҳайдовчи қонга ва лойга беланган аёлни кўришга зўрға улгурди. Аёл юк машинасига орқасини ўгирганича йўлнинг ўртасида турарди.

Ҳайдовчи тормозни босишга улгурмади.

Юк машинаси Жоан Xартни учириб юборди. Танаси ерга қайтиб тушгунча аёлнинг жони узилиб бўлди.

Машина жасаддан юз ярдча нарида тўхтади.

Сукунатни моторнинг бўғиқ овози ва қузғуннинг ўткир қағиллаши бузиб турарди. Қузғун қорайиб келаётган осмонга сингиб кетди.

4

Бутун Қўшма Штатлар ҳудудида ҳам Висконсин штатидаги кўл бўйидагидек бурчакни топиш қийин. Кўпчилик Женева кўлини бу ернинг марвариди, деб атайди. У Чикагога жуда яқин ва қулай жойлашган бўлиб, шаҳарнинг бадавлат кишилари қишда мана шу ерда кўнгил очишади.

Торнларнинг қишки уйи, уни «кўлдаги бурчак» деб ҳам аташарди, ёғочдан қурилганди. Уй ташқи кўринишидан овчилар кулбасига ўхшарди. Аммо унинг ичидаги қулайликларга эга бўлиш учун кишининг чўнтаги бақувват бўлиши керак эди. Масалан, бу ерда ички телевизион кузатув тузими ўрнатилганди. Бошқа бадавлат кишилар каби, Ричард Торннинг ҳам болаларни ўғирлаб кетишдан хавфсирашига асос бор эди. Уйнинг ёнида ҳатто вертолёт майдончаси ҳам жойлашганди.

«Кўлдаги бурчак» АҚШдаги энг мураккаб хусусий телефон тизими билан ҳам жиҳозланганди. Албатта, Торн президент ёки давлат котибидан бошқа ҳар қандай кишининг қўнғироғига жавоб бермаслиги мумкин эди.

Женева кўли бўйидаги уйда ҳар доимги давра йиғилганди: Торнлар, уларнинг дўстлари ва ишбилармон танишлари. Болаларнинг ўн уч ёшга тўлишлари байрам қилинаётганди. Торнлар турли зиғфат ва кечалар уюштиришни хуш кўришар, айниқса, оилавий байрамлар уларга алоҳида завқ бағишларди.

Деменнинг туғилган куни аслида олтинчи июнда бўлса-да, амакисининг оиласида яшаётганидан буён болаларнинг туғилган куни бир кунда нишонланарди. Торнларнинг аксарият танишлари туғилган кунларнинг бир кунда нишонланиши шунчаки қулайлик учун қилинган, деб ўйлашарди. Ва фақатгина Ричард укаси Жеремининг телбаларча ҳаракати Деменнинг туғилган кунига қандайдир тарзда боғлиқлигини ёдида сақлаб қолганди.

Байрам арафаси оқшомда Марк ва Демен меҳмонхонада ўйнаётгандилар. Демен доим ютарди. Лекин бу сафар Марк укасидан устун келаётганди. Агар курашда Демен қатнашаётган бўлса, Марк ўз маёлубиятларига хотиржам ёндашарди. Аммо-лекин бирорта тенгдоши ундан ёки Демендан ғалабани тортиб оладиган бўлса, Марк шу заҳоти ўч оларди. Эҳтимол, бу Марк укасининг фожиали ўтмишини доимо ёдида тутганидандир. Марк кичкиналигидан бошлаб Демен ҳақида қайғуриб келар, энг яхши нарсаларни укасига илинарди.

Болалар ўт ёнаётган улкан ғишт камин олдида ўтиришар ва унинг ичига ўйинчоқ кубларни ирғитишарди. Залдаги жимжитликни ўтинларнинг чирсиллаб ёниши ва ўйин столидаги соққаларнинг овози бузарди. Каминнинг энг юқорисида буғунинг бош тулуми ўрнатилганди. Ричард бу буғуни айнан мана шу уй қурилган йили отганди. Ўша пайтда унинг биринчи хотини Мери тирик эди ва эндиликда бу тулумга сал кўзи тушиб қолса ҳам Ричард қайғуга ботарди. Ҳар қандай қотилликни ёмон кўрадиган Мерини ўша тунда ўлдирилган буғунинг танаси тушида таъқиб қилганди. Жониворнинг ўлдирилиши ва Ричарднинг буғу бошини камин тепасига илиш ҳақидаги қатъий қарори уларнинг ягона жиддий жанжалига олиб келганди. Мери шунчалик ғазабга минган эдики, ёзилмаган қоида - баҳс мавзуси билан чекланиш қоидасини бузганди. У эрининг бутун айбларини тўкиб солганди. Кейин Ричард бир ҳафтагача Мерининг кетиб қолишидан қўрқиб юрган, аммо қайсарлигидан воз кечмаганди: у барибир буғу бошини камин тепасига ўрнатганди.

Анна буғу бошини биринчи марта кўрганида у ҳақда эридан сўраган, Ричард буғу отилган ов ҳақида ҳикоя қилиш билан чекланганди. Биринчи хотини билан бўлган жанжали ҳақида Ричард Аннага айтишни лозим топмаганди. У бир нарсадан ажабланарди: иккинчи хотини спортнинг ҳар қандай «қонли» турига эркаклардек қизиқарди.

Болалар ўйинга шундай берилиб кетишгандики, улар Аннанинг меҳмонхонага кириб келганини сезишмади. У болаларни бирпас кузатиб турди. «Улар қандай ажойиб», ўйлади у. Ниҳоят, у жимликни бузди:
— Эй, иккалангиз, кеч бўлди. Эртага шундай кун...

Бу оқшом биринчи марта омад кулиб боқаётгандек Марк бошини кўтарди ва илтимос қилди:
— Ойижон, озгина қолди. Яна икки дақиқа, майлими? Илтимос!

У укасининг қўллаб-қувватлашини кутиб унга қаради. Демен айёрона қимтиниб, эътироз билдирди:
— Кетдик, Марк. Ойим ухлашимиз лозимлигини айтяптими, унинг гапига кириш керак.

Анна кулимсиради. Марк ҳам жилмайди.
— Менда бир фикр бор, - деди у. - Кел, ўйинчоқларимизни йиғиштирмай, шундайлигича қолдирамиз.

Улар кулишди. Анна болаларни ўпиб, чироқни ўчирди ва чиқиб кетди. Ака-укалар эса ёғоч зиналар бўйлаб ётоқхонага кўтарилишди.
— Демен, - деди Марк, - сендан бир нарсани сўрамоқчийдим.
— Шунчалик зарурми? - деди Демен овозида ҳорғинликни акс эттириб.
— Албатта йўқ.
— Бўпти, сўрайқол, - деди Демен.
— Нефф билан нима иш қиласизлар?

Демен ҳамма нарсани куца ҳам, бу саволни кутмаганди. У акасига диққат билан қаради ва совуқ оҳангда сўради:
— Нимани назарда тутяпсан?
— Ҳалиги, - чўзди Марк, - у доим сени кузатаётганга ўхшайди. Бу жуда ғалати.
— Ҳа, шунақа, - унинг сўзига қўшилди Демен. У қоронғи йўлакда хонасига етиб келди ва эшикни очди. Сўнг ортидан келаётган Маркка ўгирилди. - Нефф - сержант. Сержантларнинг эса ҳаммаси ғалати бўлишади. Буни билмасмидинг? - У таъзим қилди ва ҳазиллашаётганини билдириш мақсадида илжайди. - Xайрли тун! - У хонасига кириб кетди.

Эртасига оқшомда барча меҳмонлар йиғилиб бўлишганди. Бухер ҳам, Ахертон билан Пасариан ҳам, доктор Уоррен ҳам шу ерда эдилар. Ҳаттоки Академиядан ҳам бир неча нафар болалар тантанани нишонлаш учун етиб келишганди.

Кенг ва ёп-ёруғ ошхона ўртасида дўстлари ва меҳмонлар қуршовида Марк билан Демен туришарди. Улар кўзларини кафтлари билан тўсиб олишганди. Чироқни ўчиришди. Узун стол тузалган буфет залидан иштаҳани қитиқловчи ҳидлар келарди. XVI асрда ясалган бу стол бир пайтлар фламанд роҳибларига тегишли бўлганди. Авлиғ Симон ибодатхонасига ташриф буюрган Ричард Торн бу қадимий столга эътибор берди ва Xерстлар сулоласидан бўлган яқин дўстига стол унга жуда ёқиб қолганлигини гап орасида қистириб ўтди. Бир неча ҳафтадан сўнг Чикагога «Қачондир мени мана шу столда меҳмон қиласан» деб ёзилган хат билан бирга стол етиб келди. Дастлаб Ричард дўстининг сахийлигидан хижолат чекди. Аммо совғани қабул қилди ва бир оз вақт ўтгач уни Лейксайдга жўнатди.

Энди эса зал ўртасида турган стол устига ҳазилакам оғирлик тушмаганди: унинг устида бутунлигича димлаб пиширилган курка ва товуқ, бузоқ гўшти, турфа хил салатлар - бир сўз билан айтганда икки ўсмирнинг бақувват бўлишлари учун керакли барча нарса бор эди.

Фақатгина ширинлик етишмас, уни ҳам ҳозир келтиришлари керак эди.
— Қарасак майлими? - деди Марк ҳали ҳам кўзларини кафти билан тўсиб тураркан.
— Сал туриб, - деди Анна майинлик билан.

Қўшни хонадан овозлар эшитилди:
— Туғилган кунингиз билан! Туғилган кунингиз билан!
— Энди-чи? - сабри тугади Маркнинг.
— Туғилган кунингиз билан, Марк ва Демен!
— Бўлди! - деди ҳаяжон билан Анна ва ҳар икки бола қўлларини юзларидан олишди.

Улар шундай катта тортни кўришдики, бу торт бутун Девидсон Академиясидагиларга етарди. Торт уч қаватли бўлиб, унинг энг юқориси Женева кўлига ўхшарди. Кўл устида шакардан ясалган одамчалар узун палто ва шарфларга ўралиб конки учишарди: аёлларнинг бошида чиройли қалпоқ, эркакларда эса тцилиндр шляпа бор эди. Улар кўл устида қотиб туришар, торт устида ёнаётган ўн уч дона шам эса бу конкичиларни ёритарди. Бу тортни тайёрлаган киши одатда Чикагонинг энг қиммат дўконларига байрамлар арафасида торт тайёрларди. Аммо унга ўз санъатини янги соҳада синаб кўришни таклиф этишди. Ва у шубҳасиз, такрорланмас ва барча туғилган кунларга тайёрланган тортлар ичида энг қимматини яратди.

Марк тантанали равишда чапак чалди, Демен жилмайди. Қарсаклар янгради.
— Даҳшат! - деди Марк.
— Туғилган кунингиз билан, азиз болажонларим! - Анна Марк билан Деменни қучоқлади ва ўпиб қўйди..

Марк ўз қизиқишини ортиқ тутиб туролмади, у Аннанинг қучоғидан чиқди ва столга ҳозиргина қўйилган торт томон ташланди. Унинг ортидан Демен ҳам отилди.

Залга қутлаш маросимини ўтказиб юборган Бухер кириб келди. Уни сакта касаллиги қийнаб келар ва у хоналардан бирида бир оз дам олиб ётганди.

Бухерни биринчи бўлиб Анна кўрди ва жилмайди.
— Xўш, қалай, тузукмисиз, Пол? - қизиқсинди у.
— Ҳа, ҳарқалай, раҳмат, - жавоб берди Бухер. Лекин оғриқдан буришган юзи унинг аҳволи қандайлигини кўрсатиб турарди. - Кейинги кунларда ишларим даҳшатли даражада кўпайиб кетувди, - деди у ва болалар билан турган Ахертон томонга кўз ташлади. Марк торт устидаги одамчаларни ҳайрат билан томоша қилар, Демен эса бармоғини шакардан тайёрланган яхмалакка тиқиб улгурганди.
— Ойи! Жаноб Бухер! Бу ёққа келинглар, қаранглар! - қичқирди Марк бу санъат асаридан кўзларини зўрға узаркан.

Анна жилмайди ва Марк томон қадам ташлади, Бухер эса деворга суяниб турган Демен томон юрди. Болакай Бухернинг яқинлашаётганини пайқади ва унинг тўхтамай ўтиб кетишини умид қилиб, табассум қилганича ҳурмат билан бош силкиди. Олдида шундай дабдабали торт турганида, Деменнинг катталар билан суҳбатлашиш истаги йўқ эди.
— Академияда сизларга қандай муносабатда бўлишяпти, Демен? - сўради Бухер.

Демен сесканиб кетди.
— Яхши, жаноб Бухер.
— Сержант Нефф-чи? У қалай? - сўрашда давом этди Бухер.

Демен қизиқиб қолди.
— Уни танийсизми? - ҳайрон бўлди йигитча. Унинг юзида ҳайрат ифодаси бор эди.

Бухер кулди ва Деменнинг елкасига қўлини қўйди.
— Мен сизларни кузатиб юрганим учунгина у ҳақда сўрадим, - жилмайганча изоҳлади Бухер. Демен нима дейишини ҳам билмай қолди. У яна тортга тикилди. Бухердан қочиб қутулиш қийин эди. - Марҳамат қилиб айтинг-чи, Демен, - сўз бошлади у яна, - мен «Торн Индастриз»да нима билан шуғулланишимни биласизми?

Демен унга қаради ва инкор маъносида бош чайқади:
— Унчаликмас, жаноб. - Болага кўзлари зерикканини яққол намоён этаётгандек туюлди, лекин суҳбатни кескин тўхтатишга катталарга бўлган ҳурмат йўл қўймаётганди. Айни пайтда Бухер сўзида давом этди:
— Сиз «Торн Индастриз» ҳақида барча нарсани билишингиз шарт. Бир кун келиб компания сизники бўлади.
— Маркники ҳам, - унинг сўзини тўғрилади Демен.
— «Сизники» деганимда иккалангизни назарда тутгандим, - деди Бухер. «Бу болакай - бало,- ўйлади у. - ўзини тутиш ва дипломатияни пухта эгаллаган экан». - Нима учун заводга бормайсиз? Ҳаммасини ўз кўзингиз билан кўрардингиз.

Бу таклиф Деменни қизиқтириб қўйди:
— Ўртоқларим билан борсам бўладими? - сўради у. Ва шу заҳоти саёҳат баҳонасида Академиядаги ўқишлардан озод бўлишини тасаввур қилди.
— Албатта, албатта, - дарҳол рози бўлди Бухер худди ўта муҳим ишни ҳозиргина муваффақиятли якунлаган сиғсатчидек қўлларини ёзаркан.

Шу пайт Ричард Торн биллур қадаҳни кумуш қошиқча билан тақиллатди, бу товуш ҳаммани жим бўлишга мажбур қилди. Меҳмонлар стол атрофига йиғилишди ва Ричард қадаҳини кўтарди:
— Мана шундай лаҳзаларда омадли эканлигимиз учун қадаҳ кўтаргимиз ва мана шундай даражага эришганлигимиз учун тақдирдан миннатдор бўлгимиз келади. Чунки биз жуда кўп нарсага эгамиз. Торнлар - ўзига хос оила. Ва шуниси муҳимки, биз ўз мавқемиздан, менимча, тўғри ва оқилона фойдаланяпмиз. Биз бир нарсани унутмаслигимиз лозим: доим шундай бўлиб келган, лекин агар биз кўп ва қаттиқ меҳнат қилмасак, барча нарсадан маҳрум бўлишимиз мумкин. Мен мана шуларни айтмоқчи эдим. Марк, мен нутқ сўзламоқчи эмаслигимни эшитиб, хурсанд бўлишинг аниқ.
— Лекин сиз ҳозиргина нутқ сўзладингиз-ку, дада, - эътироз билдирди Марк ва барча йиғилганлар хохолаб юборишди . Ричард меҳмонларни жим бўлишга чақирди.
— Мен яна бир нарсани айтмоқчи эдим... - йиғилганлар сохта оҳ-воҳ чекишди.- Ёрдам беринглар! - артистларча қичқирди Ричард. - Мен ўзимни худди ғалаба қозонган адмирал Нелсондек ҳис қиляпман!

Бу сафар ҳамма кўзидан ёш чиққунча кулди. Ахертоннинг кўзларидан дувиллаб ёш тўкилди, Чарлз Уоррен эса тиржайди.

Ричард ҳеч нарса бўлмагандек давом эттирди:
— Мени тўхтатишга қанчалик уринманг, мен барибир бир нарсани айтмоқчиман. - У бир оз сукут сақлади. Кейин эса паркет полда сирпанаркан, қичқирди: - Ҳамма деразага қарасин!

Гангиб қолган бир неча меҳмон унинг ортидан ташланишди. Аммо ҳаммадан биринчи бўлиб отасига Марк етиб олди.
— Марҳамат, чироқни ўчиринглар, - деди Ричард, барча меҳмонлар дераза олдига тўпланишганда. Xона зулматга чулғанди. Пул мўъжиза яратади! Ташқарида зим-зиғ осмонда мушаклар чақнади. Йиғилганларнинг ҳеч қайсиси умрларида бундай мушакбозликни кўришмаганди. Яшил, мовий, сариқ ва қизил шуълалар атрофга сачраганича тунни кунга айлантирарди. Ва бирдан мушаклардан шундай ёзув пайдо бўлди: ТУФИЛГАН КУНИНГЛАР БИЛАН, МАРК ВА ДЭМЕН!

Барча турган жойида тошдек қотиб қолди ва шу заҳоти қарсак чалиб, бир-бирларини қучоқлай кетишди.
— Бунга ишониш қийин, дада! - деди Марк отасининг қучоғига ўзини отаркан.

Демен жилмайди. У ҳам Маркдек ҳаяжонга тушганди, лекин ўз ҳиссиётларини бу тарзда намоён этишнинг кераги йўқ, деб ҳисобларди. Унинг туйғулари қалбининг қаърига яширинган ва доимо қатъий назорат остида эди.

Мушакбозлик томошасига мутлақо бефарқ бўлган ягона киши Бухер эди. У Деменнинг ортида турар ва у билан яна гаплашишга уринарди. У энгашиб боланинг қулоғига шивирлади:
— Кўпчилик ўсмирлар ўн уч ёшга тўлишни жинсий балоғатнинг бошланиши, деб ҳисоблашади. Эркакликнинг бошланиши. Масалан, яҳудийлар буни «бар мицвах» деб аташади. Бу «Бурч ўғли» ёки «Бурч кишиси» деган маънони билдиради.

Демен Бухернинг нимани назарда тутаётганлигини умуман тушунмаётганди. Лекин унинг бу ўйинни ҳурмат юзасидан давом эттиришдан бошқа иложи йўқ эди.
— Наҳотки? - сўради у кўзини мушаклардан узмай.
— Сен ҳам шундай бўласан, - деди Бухер. Демен ўгирилиб унга қаради. Уларнинг кўзлари учрашди. Бухер паст оҳангда овози қалтираб гапирди:- Кечирасан, Инжилдан бир парча айтиб бераман: «Гўдаклик чоғимда гўдакларча гапирардим, гўдакларча ўйлардим, гўдакларча муҳокама қилардим; эр кишига айланганимдан сўнг гўдакча одатларимни бас қилдим». Вақти келиб, сен «гўдаклик»ни бас қиласан ва «ўз аслинг» билан тўқнаш келасан. - Мен кимман?

Бухер бош ирғади. - Буюк давр, Демен. Сен буни ҳис қилаётган бўлишинг керак.

Деменни ҳаяжон босди. Дастлаб у, Бухер Ричардни чалиш учун ундан фойдаланмоқчи, деб ўйлаганди. Лекин Демен бир неча ойдан бери ҳис қилаётган туйғуни айнан Бухер сўз билан ифодалаб берганди.
— Шунақа бўлса керак, - секин гапирди Демен, - мен... унчалик ишончим комил эмас... лекин... менга нимадир бўлаётганини... бўлмоқчилигини... ҳис қиляпман.
— Тақдирни олдиндан ҳис қилиш, шундай эмасми? - Бухер кулди.
— Бу ҳаммамизда бор. Отангда ҳам, Билл Ахертонда... менда ҳам. - У секинлади, сўнг гапириш оҳанги ўзгарди: - Мен ҳам етим ўсганман, буни билармидинг?

Демен инкор маъносида бош чайқади.
— Шунинг учун ҳам олдиндаги бўлажак тўсиқлардан ўтишингга ёрдам беришим мумкин. Дарвоқе, сен ўз тақдирингни июндан ҳис қила бошладинг, шундайми? Ўзингнинг ҳақиқий туғилган кунингдан бери...

Демен ҳайратда қолганди, у оёзини очишга улгурмай уларни Ахертон чақириб қолди:
— Эй икковингиз! Бу ёққа келинглар!

Торт кесиш маросими авжида эди.
— Демен, бу ёққа келмайсанми! - деди Марк. У шамларни пуфлаб ўчиришга тайёрланаётганди.
— Тилак тилашни ҳам унутманглар! - эслатди болаларга Анна.

Демен ниҳоят Бухердан қутулганидан ўзини енгил ҳис қилганича Марк томон йўналди. Бу киши билан гаплашиш жуда оғирга ўхшаб туюлди.

Марк билан Демен чуқур нафас олишди ва торт устига ўрнатилган ўн учта шамнинг барчасини пуфлаб ўчиришди.
— Баракалла, болалар! - хитоб қилди Анна. - Энди тортни кесинглар. Қорнимиз жуда очиқди.
— Тортни ейишдан олдин, - деди Демен, - Маркка бир нарса бермоқчиман. - У қўлини чўнтагига суқди.

Болаларнинг совғалари катталиги жиҳатидан икки томчи сувдек ўхшаш эди. Совғалар ўралган қоғозлар ҳам бир хил эди. Марк кулиб юборди:
— Агар сен менга...
— Мен ҳам сенга худди ўшандоқ совға тайёрладим, - унинг сўзини бўлди Демен. Улар Аннага хитоб қилишди:
— Ойи!

Анна жилмайганича болалар совғаларини очишаётганини кузатиб турарди. Ниҳоят улар қутичалардан кўркам армия пичоқлари тўпламини олишди. Ярқироқ тиғлар нақш билан безатилганди.
— Мен худди шунақасини хоҳлагандим! - хитоб қилди Марк ва тирсаги билан укасини туртди.
— Мен ҳам! - деди Демен.

Болалар байрам тортини ана шу пичоқларида кесмоқчи бўлишди. Демен тортнинг устидаги конкичи болани шартта кесиб олди. Кейин эса Марк иккаласи йиғилганларнинг қарсаклари остида тортни бўлакларга бўлишди.

Эртасига эрталаб қуёшнинг заррин нурлари Женева кўлининг музлаган майдонига тушиб, камалакдек жилваланарди.

Табиат кечаги мушакбозликдан илҳомланиб, кундузги томошасини кўрсатаётганди.

Кўлдан чиққан ирмоқ ўрмон ичкарисига чўзилиб кетганди. Бугун бу ерда хоккей жанги бўлаётганди.

Тушга яқин ўйин авжига чиқди. Xоккей жамоалари, асосан «Торн Индастриз» ходимларидан ташкил топганди.

Бир қарашда, очиқ ҳавода хоккей ўйнаш бор-йўғи кўнгил ёзишга ўхшаб кўринарди. Лекин Ахертон ҳам, ички сезиш қобилиятига эга Бухер ҳам аслида қандай муҳим нарса юз бераётганини тушуниб туришарди. Бир қатор сабабларга кўра, хоккей «Торн Индастриз» компаниясида мансаб пиллапоясидан кўтарилиш воситаси деб қабул қилинганди. Ричард Торн агар компаниясидаги зўр хоккейчи энг муҳим шахс ҳисобланишини, ёш ходимлари вақт-вақти билан дю Лак кўлида хоккей машғулотлари ўтказишларини билганида ҳайратда қолган бўларди.

Демен ва Марк бугунги ўйинда сардор эдилар. Улар жамоани биринчи бўлиб ким танлаши борасида қуръа ташлашди. Қуръа Деменга тушди. У имкониятдан фойдаланиб, дарҳол ўгай отасини танлади. Ричард атрофдагиларга таъзим қилди, биринчи бўлиб ўзини танлашганидан фахрланганича Демен томонга ўтди.

Марк Ахертондан бошлади. Аслида, у зўр ўйинчи эмасди, лекин у бошқа ўйинчиларни руҳлантира оларди. Ахертон миннатдорона жилмайди ва Марк томон сирғанди. Демен Бухерни танлади. Эҳтимол, бу кечаги ғайриоддий суҳбатга берилган ўзига хос жавоб эди. Балки, Демен Бухернинг нималарга қодирлигини тушуниб етгандир. Бухер Демен ва Ричард томон интилди.

Марк навбатдаги ўйинчи сифатида Пасарианни танлади. Пасариандан ҳеч қандай наф бўлмаса-да, Марк бу ҳиндуни ёқтирарди.

Ниҳоят, жамоалар тузиб бўлинди, майдон белгиланди ва ўйин бошланди.

Бухер чаққон, ўзига ишонган ўйинчи эди. Ричард ҳамманинг эътиборини тортмаслик учун ўйинда ўзини унчалик кўрсатмаётганди. У Бухерни кузата бошлади ва ҳайрон қолди: Бухер бунинг шунчаки бир ўйин эканлигини тушунмасди. Унинг жон-жаҳди билан ўйнаши Ричардни хавотирга солди. У ўгай ўғлини зимдан кузата бошлади.

Демен ҳам ёшига хос бўлмаган чаққонлик билан ўйнарди. У бу курашдан завқ олаётганди. Ҳамманинг кўзи унда эди: Демен шайбани ҳеч кимга бермас, ўйиннинг боришини айнан у бошқараётганди.

Чарлз Уоррен бугун хоккей ўйнамасликни маъқул кўрганди. У конкида дарё бўйлаб сирпаниб юрарди. Уоррен Анна тушлик тайёрлаётган томон юрди. Барча хизматчиларга жавоб бериб юборилган, шунинг учун ошпазликни Анна ўз зиммасига олганди.

Уорренни кўриб у қичқирди:
— Нима ейсиз?
— Сосискали булочка, - деди Уоррен. Анна унга булочка узатди.
— Бўладими?
— Ҳозирча бўлади, - деди Чарлз. - Қорним жуда очқаб кетди. Ҳаммасини еб қўйсам керак.

У бир тишлашда булочканинг ярмини узиб олди.
— Ҳалиги танишингиз ҳақида газетада ўқидим, - деди Анна. - Тўғри, энди бу ҳақда гапиришнинг фойдаси йўқ, лекин чуқур қайғудаман.

Уоррен бош силкиди:
— Қандай воқеа юз берганига умуман тушунмаяпман...

Лекин Анна унга орқа ўгирганича ўйинни томоша қиларди.

Уоррен қўлидаги булочкани оғзига солди-да, иккинчисига қўл узатди.

Йиғилганларнинг ҳеч бири улкан қора қузғунни сезмасди. У баланд дарахт шохида ўтирганича совуқ, ўткир кўзлари билан одамларни кузатарди.

Ричард шайбани Деменга узатди, у усталик билан илиб олди. Ахертон ҳимоячи эди. У болани тўхтатиш учун олдинга интилди.

Ўйиндан лаззат олаётган Демен олдинга ташланди. У қарияни бемалол доғда қолдиришига ишонган ҳолда Ахертоннинг рўпарасида пайдо бўлди. Қария мувозанатини зўрға сақлаб тураркан, бола билан тўқнашиб кетишини кутиб кўзларини юмди.

Аммо Демен сўнгги лаҳзада Ахертонни четлаб ўтди ва тезлик билан дарвоза томонга ташланди. Шу онда муз сал ёрилди.

Ахертон кўзини очди ва нима бўлганини билишга уринди. Демен йўқ эди. Ахертон ортига ўгирилди ва дарвоза томон сирпаниб бораётган болани кўрди. У Деменнинг ортидан ташланди. Дастлаб унчалик катта бўлмаган ёриқ тезлик билан кенгая бошлади.

Муз ёриғи Ахертондан ҳам ўтиб Деменга етди. Уларнинг остидаги муз қарсиллади.

Биринчи бўлиб буни Бухер сезиб қолди ва улар томон отилди.

Кутилмаганда даҳшатли қарсиллаган товуш эшитилди ва Ахертоннинг атрофидаги ёриқ кенг доирага айланди. Ҳамма турган жойида қотиб қолди. Қирғоқда турган томошабинлар қичқириб юборишди.

Ниҳоят Бухер Деменнинг ёнига етиб келди, унинг камаридан маҳкам ушлади ва хавфсиз жойга тортиб олди.

Ахертон қўрқиб кетди. У қандайдир даҳшатли нарса юз бераётганини тушуниб турар, лекин қўлидан ҳеч нарса келмасди. Қария муз бўлагида қолиб кетганди.
— Билл! - қичқирди Торн ва Ахертон томонга отилди.

Яна музнинг қарсиллаган товуши эшитилди. Ахертон совуқ дарёнинг ўртасидаги кичкина муз оролчада қолиб кетганди. Ўйинчилар унга хоккей чавгонларини узатишарди. Лекин ҳаммаси беҳуда эди. Қариянинг оғирлиги билан муз бир томонга қийшайди ва Ахертон тўғри гирдобга қулади.

Анна қичқириб юбормаслик учун лабини маҳкам тишлади. Демен Бухернинг қучоғидан чиқиб қарияга ёрдам беришга ҳаракат қилди, лекин Бухер болани ўзига маҳкам тортиб қўйиб юбормади.

Ахертон бир неча сониядан сўнг сув юзасида пайдо бўлди. Торн унга қўлини узатди. Қариянинг кўзлари даҳшатдан олайиб кетганди. Ахертон қўлини кўтарди ва шу онда гирдоб уни сув остига тортиб кетди.

Тўпланганлар тошдек қотиб қолишди. Улар кўзларига ишонишмасди.

Бирдан Торннинг оёғи остидаги музлик ичида музга қапишиб қолган қиғфа пайдо бўлди. Бу Ахертон эди. Унинг очиқлигича қотиб қолган кўзларида ўтинч бор эди. Одамлар чавгонлари билан музни ёришга уринишди.

Ниҳоят, Демен Бухернинг қучоғидан чиқди ва ёрдамга ошиқди. Торн конкиси қирраси билан музни ёришга ҳаракат қиларди. Қандайдир кўринмас қўл Ахертонни сув остига тортиб кетди. Улкан қора қузғун дарахтни тарк этди ва булутли осмон қаърига сингиб кетди.

5

Ахертоннинг ўлимидан сўнг орадан бир ой ўтган бўлса-да, Бухер ҳали ҳам янги хонасини жиҳозлаш ишларини тугатмаганди. Илгари гулқоғоз ёпиштирилган деворлар ёғоч кошин билан безатилди, Ахертоннинг эски креслолари ўрнида ялтироқ қора чарм қопланган замонавий мебеллар пайдо бўлди. Котиб ва мудир ўтирадиган хона деворидаги Ахертоннинг сурати олиб ташланиб, унинг ўрнига Бухернинг сурати илинди.

Лимузин «Торн Индастриз» биноси олдига келиб тўхташи билан унга Бухернинг ёрдамчиси Байрон пешвоз чиқди. Бухер қўлида журнал билан машинадан тушди.

«Форчун» журнали муқовасида Бухернинг сурати бор эди. Пол мана шу суратни олдириш учун атайлабдан Ню-Ёркка бориб келганди. Журнал муқовасида шундай ёзув кўзга ташланиб турарди: «Пол Бухер, «Торн Индастриз»нинг янги президенти».

Бухер йўл-йўлакай ёрдамчисига бош ирғаб саломлашгандек бўлди.
— Сурат чиройли чиқибди, - деди Байрон.

Бухер индамади.

Улар лифтни кутиб туришарди.
— Пасариандан бирор хабар борми? - сўради Бухер.
— Йўқ, жаноб, - деди Байрон. - Бутунлай йўқолиб кетди.

Лифтнинг эшиклари очилгач, улар ичкари киришди. Бухер тугмани босди. Лифт учинчи қаватга етганда Байрон Бухерга кутилмаган хабарни етказди: «Ричард сизни ҳозирнинг ўзида кўрмоқчи».
— О! - деди Бухер чўзиб. - У шу ердами?
— Ҳа, - жавоб берди ёрдамчиси.

БМТнинг бутун бир делегацияси бемалол жойлашадиган стол ортида Торн қаҳва ичиб ўтирарди.

Бухер саломлашиш учун оғзини очишга улгурмай Ричард унга ўшқирди:
— Пасарианга Ҳиндистонда пишириб қўйибдими?

Бухер дипломатини стол устига қўйиб ўтирди. «Унга ичидагини тўкиб солишга имкон беришим керак. Бу ҳаммаси нимани англатишини аниқлашга уриниб кўраман. Торннинг кўриниши жуда ғалати-я, - ўйларди Бухер. - Ёқаси очиқ, галстуги йўқ. Соқолини ҳам олмабди. Тўғри, Ричарднинг шундай қилишга ҳаққи бор, лекин у агар жиддий сабаб бўлмаса ишга бу аҳволда келмасди».

У жаҳлга минганди.
— Мен у ердан ер сотиб олиш масаласида бир нарсани аниқлашим керак эди, - сўз бошлади Бухер. - Ким...
— Ер сотиб оляпмизми? - хавотирланиб сўради Торн.
— Сиз менинг маърузамда айтган барча фикрларимни амалга оширишимга рози бўлгандингиз, - давом этди Бухер ўзини оқлар экан. - Бу компания президенти бўлишимнинг асосий шарти эди.

Торн юзини чангаллади ва уф тортди.
— Лекин бу сизнинг мени ўз компаниямни бошқаришдан четлатишингизни англатмайди.
— Сиз таътилда эдингиз, - эътироз билдирди Бухер. - Сизни безовта қилгим келмади. Бу сўзларни айтаркан, Пол айтаётган гапларининг нақадар сохта чиқаётганлигини тушуниб турарди.
— Мени ҳар қандай пайтда телефон орқали топиш мумкин эди, - деди Торн. Сўнг бошини эгди ва ғамгин ҳолда қўшиб қўйди. - Билл ҳеч қачон мен билан маслаҳатлашмасдан туриб бир ишга қўл урмасди.
— Мен Билл эмасман, - деди Бухер.
— Билл бўлишингизни кутмайман ҳам, - ўшқирди Ричард. - Лекин компаниям тартиб-қоидаларига амал қилишингизни талаб қиламан!

Ўртага сукунат чўкди. Торн сал юмшади.
— Пол, - деди у, - сиз зўр мутахасссиссиз. Юқори лавозимда ўтиришга арзийсиз. Лекин илтимос, бу менинг компаниям эканлигини ҳеч қачон унутманг.
— Бу бошқа такрорланмайди. - Афтидан Бухер чин дилдан тавба қилаётганди. У суҳбат мавзуини ўзгартиришга уринди: - Сиз Пасарианни сўрабсиз. Нега?
— Унинг П-84 ускунасига нимадир бўлганга ўхшайди, - деди Торн. - Уолкер шунинг учун асабийлашяпти. Уолкер доим қўрқади: у бирор ҳалокат ёки нохушлик юз беришидан ташвишланиб юради, лекин бу сафар мени ҳам хавотирга солди.
— Бу иш билан шуғулланаман, - ишонтирди Бухер ўрнидан тураркан. У суҳбат тугаганлигини англаганди.
— Ишонаман. - Торн Бухернинг хонадан чиқиб кетишини кутди, сўнг ўрнидан туриб дераза ёнига келди. Ташқаридаги манзарани кўриб у доим тинчланарди, лекин ҳозир эмас. Торн қаттиқ ғазабланганди.

Ахертоннинг фожиали ўлимидан буён унинг юрагини нимадир кемирар, лекин Ричард айнан нимадан ташвишланаётганини била олмасди.

6

Дарс «Ҳарбий тарих: назариёт ва амалиёт» деб аталарди. Номи жарангдор бўлса-да, аслида маърузаларда бир неча машҳур жангларнинг кенгайтирилган шарҳи ўтиларди. Бу дарс мажбурий бўлиб, ҳар бир ўқувчи қатнашиши шарт эди.

Мактаб руҳонийси болаларга саркарда Аттила ҳақида ҳикоя қилаётганди. Руҳоний Будмен бўйи баланд, ориқ киши эди. Аттиланинг ҳаёти ва қаҳрамонликлари ҳақида ҳикоя қилар экан, Будмен бу хунн саркардасининг қалбини кўраётгандек бўларди. У Аттилани бахсиз, жафокаш, ҳеч кимдан яхшилик кўрмаган шахс, деб ўйларди.
— У бечорани, - дейишни ёқтирарди руҳоний, - тарих нотўғри талқин қилади. Аттила ўз замондошлари орасидаги одил ҳукмдор бўлган...

Уни диққат билан тинглаётган ўқувчи Демен бўлиб, бунга унинг ўзи ҳам ҳайрон қолаётганди, чунки у тарихни ёмон кўрарди. Лекин кейинги бир неча ойлардан бери Демен узоқ йиллар илгари яшаган одамлар ҳақида ўйлаганда ғалати ҳиссиётни туядиган бўлиб қолганди.
— Аттила иложи борича бузғунчилик қилмасликка ҳаракат қилган, - дерди руҳоний, - ҳарқалай бошқа истилочиларга қараганда...

Марк ва яқиндан буён Торнлар билан юрадиган бўлиб қолган Тедди нимадир қилишаётганди. Марк қоғозга бир нарсаларни қоралаб Теддига узатди ва у ҳиринглади.
— Аслида, - дерди Будмен. - Аттила ҳар томонлама билим олишга уринган ва ўз саройига кўплаб римлик олимларни таклиф этган...

Шу пайт Марк қоғозни Деменга узатди. У қоғозга кўз югуртирди ва кулиб юборди.

Руҳоний қотиб қолди.
— Ким кулди? - сўради у.

Демен ўрнидан сакраб турди:
— Мен, жаноб руҳоний.
— Қўлингдаги қоғозни олиб буёққа кел.

Демен буйруқни зудлик билан бажарди.

Марк ўтирган жойида типирчиларди, Тедди унинг биқинига туртди.
— Тамом, - шивирлади у.

Курсантлар энди нима бўлишига қизиқишаётганди.

Будмен қоғозга назар ташлади. Унда руҳонийнинг ўзи чизилганди: у отга миниб олган, қўлида душманларнинг кесилган бошларини тутиб олганди.

Будменнинг аъзойи бадани музлаб қолди. Унинг устидан эмас, у эъзозлайдиган Аттиланинг устидан кулишганди. Яна буни энг ақлли ўқувчилардан бири қилибди.

Будмен суратни ғижимлаб ахлат челакка улоқтирди.
— Xўш, - деди у узоқ жимликдан сўнг, - синфимизда рассом пайдо бўлибди. Торн, сизни зериктириб қўйдим, шекилли? Сиз Аттиланинг қаҳрамонликлари ҳақида ҳамма нарсани биласиз-да, а?

Демен чуқур нафас чиқариб, жавоб берди:
— Айрим нарсаларни, жаноб. - Ва бу жавобидан ўзи ҳам ҳайратланди.
— Айрим нарсаларни? - қайтарди руҳоний киноя билан. - Агар Аттила ҳам ҳарбий ишда «айрим нарсалар»нигина билганида эди, биз ҳозир унинг номини ҳам эслаб ўтирмасдик. - У кўзларини қисди. - Торн, сиз ўз исмингиздан ташқари яна бирор нарсани биласизми? Аттила ёки римликлар ҳақида биласизми?

Демен яна чуқур нафас чиқарди:
— Ҳа, жаноб. - Лекин у ҳеч нарса билмасди! Нега бундай деди?!

Синфдагилар Деменнинг қандай ўйин бошлаётганига тушунолмай қолишди. Унинг бундай одати йўқлигини ҳамма биларди.
— Демак, биласиз, - деди руҳоний. - Нимаям дердик, ҳозир буни текшириб кўрамиз. Айтинг-чи Торн, Аттила Галлияни эгаллаганида унинг қўшинлари сони қанча эди?
— Ярим миллионга яқин, жаноб, - деди Демен, ҳаттоки бу жавоб қаёқдан пайдо бўлганига ҳайрон бўлишга ҳам улгурмасдан. Шу пайт яна худди ўзини ташқаридан эшитаётгандек бўлди: - Лекин у 451 йилда Шалон яқинидаги жангда Аеций томонидан яксон қилиб ташланган. У ортига қайтиб Шимолий Италияни олган, лекин Римгача бормаган.

Будмен гангиб қолди. У буни кутмаганди. Лекин синфдагилар унинг таслим бўлмаслигини билишарди. Савол-жавобни охиригача олиб боришга тўғри келади. Ҳар қандай вазиятда ҳам боланинг жавоби китобдан олинган кўчирмани эслатарди. Эҳтимол, Торн ҳамма нарсани ёддан биладиган, Американи 1492 йилда Колумб кашф этганлигини айтадиган, лекин аслида у Ҳиндистонни излаб сафарга чиққанини тасаввур ҳам қила олмайдиган ўқувчилар тоифасидандир.

Будмен унинг фикрлаш қобилиятини синаб кўрмоқчи бўлди.
— У нима учун Римгача бормаган?

Демен бу сафар ҳам ўйланиб ўтирмади.
— Буни папа Лев I нинг хизмати, деб ҳисоблашади. Лекин аслида озиқ-овқат тақчиллиги бунга сабаб бўлган... - Демен бир оз тўхтаб қолди. Будменга у ёдлаганларини эсидан чиқариб қўйгандек туюлди. Деменнинг миясида эса жинсий касаллик ҳақидаги фикр айланар ва у керакли сўзни изларди. Ниҳоят у сўзини якунлади: - Бундан ташқари унинг қўшинлари вабо билан касалланишганди.

Баъзи курсантлар ҳиринглашди. Демен қизарди.

Руҳоний қутуриб кетди.
— Жим! - қичқирди у. Сўнгра Деменга унчалик маълум бўлмаган маълумотлар ҳақида савол бермоқчи ва шу билан уни синдирмоқчи бўлди.
— Аттила қачон туғилган?
— Бу номаълум, жаноб.
— Ҳукмдорлик даври?
— Эрамизнинг 434-453 йилларида. У охирги уйланиш тўйи пайтида бурнидан қон кетиб ўлган.

Бу сафар бутун синф хохолаб юборди.
— Жим бўлинглар! - чийиллади руҳоний. У Деменнинг ёнига келди ва саволга тутди:
— Унинг акасининг исми нима эди?
— Бледа. - Демен яна қуруқ жавоб билан чекланиб қолмади. У бирдан қандайдир қудратли билимга эга бўлиб қолди. Деменнинг кўзлари ёнарди. У Аттила ҳақида ҳамма нарсани билар, лекин бу билим қаердан келганлигини тушунолмасди. У худди Аттиланинг мияси ичида юрганга ўхшарди. Демен унинг фикрларини ўқирди. У ўзини Аттила билан бир даврда яшагандек ҳис қилди.

Балки, бир пайтлар унинг ўзи Аттила бўлгандир?
— Аттила ва унинг акаси Бледа хуннлар салтанатини эрамизнинг 434 йилида мерос қилиб олишган, - давом этди Демен. - Салтанат Алп ва Болтиқбўйидан то Каспий денгизигача чўзилганди. - Демен қўлларини кенг ёзди. - Ака-уканинг орасидан қил ўтмасди. - Шу пайт Демен акасига тикилди. Марк унинг нигоҳини кўриб сесканиб кетди. - 435-439 йиллар орасида, бу ҳақда ёзма манбаларда ҳеч нарса ёзилмаган бўлса-да, Аттила салтанатнинг шимолий ва шарқий чегараларидаги варварларни бўйсундирганлиги айтилади... - Бирдан Демен тўхтаб қолди ва Будменга қаради. - Давом этаверайми?

Руҳоний энди Деменни тўхтатишнинг иложи йўқлигини жуда яхши тушунарди. Будменни қандайдир тушуниб бўлмас даҳшат қамраб олганди, лекин у бу ўйинни охиригача олиб бориш кераклигини ҳис қиларди. Руҳоний жавоб ўрнига бошини қимирлатди.

Демен яна гапга тушиб кетди.
— 441 йилда Рим салтанати Аттилага бож тўлашдан бош тортади ва у Дунай чегарасига ҳужум қилади. Аттила моҳир жангчи бўлиб, унга қарши туришнинг иложи йўқ эди. Бир йилдан сўнг римликлар ундан сулҳ тузишни илтимос қилишади.

Бутун синфдагиларнинг қулоғи Деменда эди.
— Аттила доно сиғсатчи ҳам бўлган, - давом этди у. - У халқининг эътиқодини ҳам ўз фойдасига йўналтира олган. Аттила болалигида онаси уни ҳар куни бир соат қўлида баланд кўтариб турган ва шу йўл билан ўғлига қуёшнинг кучи ўтишига ишонган. Шунинг учун ҳам унинг териси ранги қорайиб кетган. - Демен бир лаҳза тин олди. Унинг юраги қинидан чиқиб кетгудай урарди. - Бу Аттила уч яшарлигида юз берган.

Руҳоний оғзини очганича болага тикилиб турарди.

Лекин Демен жуда кўп нарсани биларди. Қандайдир куч ундан маълумотларни сиқиб чиқарарди.
— Аттила ташқи кўринишидан акасига ўхшамасди, - сўзида давом этди бола. - Унинг онаси фоҳишалиги билан ном чиқарганди. Аттила биринчи жангида ғалаба қозонган пайтда мен билан тенгдош эди... - Демен тўхтаб қолди ва дарҳол сўзини тўғрилади: - Биз билан. ҳаттоки, унинг бирданига уч кишига қилич санчаётгани тасвирланган сурати ҳам бор. Эҳтимол, бу муболағадир. У ўсмирлик пайтида хушсурат бўлган ва кўплаб аёллар у билан бўлишни исташарди.

Будмен энди чидаб туролмади.
— Ишонмайман! - қичқирди у. - Бу маълумотларни қаердан олдингиз? Манбангизни айтинг! - Бу Будменнинг севимли ибораси эди.

Демен биринчи бор дудуқланиб қолди.
— Мен... мен билмайман, жаноб. - У гарангсиб қолди.

Руҳоний боланинг ўзини йўқотиб қўйганлигидан дарҳол фойдаланди.
— Унинг акаси-чи, нима қилган?
— Бу вақтга келиб Аттила акасини ўлдирганди, - жавоб қайтарди Демен.

Маркнинг нафаси тиқилиб қолди.

Демен эса нималар деяётганини ўзи тушунолмасди. Сўзлар унинг оғзидан ўзи отилиб чиқаётгандек эди.
— У ёлғиз ўзи ҳукмдорлик қилиш учун шундай қилган. Кейин эса, - Демен худди ўта муҳим сирни айтаётгандек овозини пасайтирди, - ўзини Буюк Нимрод ва... Дажжол деб атай бошлаган!

Бутун синфга ўлик сукунат чўкди. Шу пайт эшик тарақлаб очилди ва хонага Нефф кириб келди. У руҳонийга яқинлашди. Будменнинг аъзои бадани қалтирар, юзидан тер оқарди. Нефф унга нимадир деб шивирлади. Руҳоний бош ирғади.

Сержант Деменга мурожаат қилди:
— Мен билан юринг, Торн.

Демен индамай Неффнинг ортидан эргашди.
— Доскадагини кўчиринглар, - деди Будмен ва Демен билан Неффнинг ортидан ташқарига отилди. Синфда қизғин баҳс авжига чиқди.

Нефф Деменни ўзларини ҳеч ким эшитмайдиган жойга судради. Руҳоний ҳожатхонага кириб кетди. Унинг оғзи қуриб қолганди. Будмен эшикни ёпиши билан Нефф Деменга ғазаб билан ўдағайлади:
— Нима қилмоқчи бўлдингиз, Демен? - сержант унга биринчи марта исмини айтиб мурожаат қилди.

Ҳали ҳам ўзига келмаган Демен паст овозда жавоб берди:
— Мен саволларга жавоб бердим, жаноб сержант.

Нефф инкор маъносида бош чайқади.
— Сиз маҳмадоналик қилдингиз, - деди у.

Демен Неффга синфдаги воқеа қаердан маълумлигига ҳайрон ҳам бўлмади. У ўзидаги ички қувватдан ҳайратда эди.
— Лекин мен барча жавобларни билардим! - эътироз билдирди у. - Билардим!
— Сиз ўзгаларнинг эътиборини жалб қилмаслигингиз керак.
— Мен бунга ҳаракат қилганим йўқ... - ўзини оқлашга уринди Демен. - Мен...

Нефф унинг сўзини бўлди.
— Сизнинг кимлигингизни ҳамма биладиган кун келади, - деди у дона-дона қилиб. - Лекин бу кун ҳали келгани йўқ.

Бухер ҳам Деменга шундай деганди.

Демен шошиб сўради:
— Мен кимман? - У таҳликага тушди. Бола юз бераётган нарсаларни тушунмас, бу дунёдаги ўз ўрнига аҳамият бермаган, лекин бу одамлар унга алоҳида эътибор қаратишаётганини сезганди. Демен ўзини ақлдан озаётгандек ҳис қилди.
— Инжилни ўқи, - маслаҳат берди Нефф. - У сен учун, Демен... сен учун... сен ҳақингда...

Демен Неффга тикилди.
— Уни ўқи, - деди Нефф. - ўқи ва уқ.

Деменнинг кўзларига ёш келди. У қўрқув ва чарчоқдан йиғлаб юборди.
— Нимани уқишим керак? - У сержантга илтижо билан қўл чўзди. - Илтимос, айтинг.

Нефф жавоб беришдан олдин унга узоқ тикилди. Кейин эса деди:
— Ким эканлигингни.

Деменга Нефф кетиш олдидан таъзим қилгандек туюлди. Бола қоронғи йўлакда ёлғиз ўзи қолди. Кўз ёшлари унинг юзини юварди. У бу одамлар унга нима дейишганини англашга уринарди. Ниҳоят Демен китобни ўқишга қарор қилди.

Ва унда ўзи ҳақида бирор нарса бор-йўқлигини билмоқчи бўлди.

7

Девидсон Академиясининг ҳар бир байрамда иштирок этадиган ўз оркестри бўлиб, Марк унда горнчи эди.

Бугун ҳавонинг авзойи бузуқ ва оркестр парад учун тайёргарлик кўраётганди. Ётоқхонанинг иккинчи қавати кичик-кичик хоналардан иборат эди. Биринчи қаватда, ухлаш хоналари остида синфхоналар жойлашганди. Ўртада эса кенг ва бўм-бўш зал бор эди. Оркестр айнан мана шу ерда тайёргарлик кўраётганди.

Энди туш пайти бўлган эса-да, ташқари қоронғулашиб кетганди. Курсантларнинг айримлари ўз хоналарида, айримлари эса гимнастика залида эди.

Деменга ҳеч ким эътибор бермади. У ҳозиргина Будменнинг Инжилини олиб чиққанди. Курсантларда Инжил китоби йўқ эди. Мактаб ўқувчиларни спортга оид китоблар билан таъминлар, лекин диний китоблар бермасди. Дастлаб Демен бу китобни кутубхонадан қидириб кўрди, бироқ топа олмади. У руҳонийни эслади.

Демен кундузги танаффусни кутди. Мана шу вақтда аксарият курсант ва ўқитувчилар ўз ётоқхоналарига кириб ухлашарди. Демен руҳонийнинг хонасига кирди. Xона ҳар доимгидек очиқ эди: Девидсон Академиясида ҳамма виждон ва ҳалоллик қоидасига амал қиларди.

Ёзув столи ва токчада бир нечта Инжил турарди. Демен улардан бирини олди. У шу бугуноқ ўзига керакли матнни ўқиб, кечқурун китобни жойига қўйишни мўлжаллади.

Демен балкон орқали ўз хонасига кирганида бирдан чаккасига қон тепди. У эшик вазифасини бажарувчи пардани ёпди ва ўтирди. У бош айланишидан ҳушини йўқотар даражада эди.

Ҳозир унинг ким эканлиги маълум бўлади. Демен кўйлаги остига яширилган китобни олди ва чироқ нури яхши тушадиган жойга қўйди. Ерга мук тушганича Инжилни варақлади:

«...ва бутун ер юзи йиртқич ортидан эргашди ва йиртқичга қудрат берган аждарга сажда қилди. Ва йиртқичга таъзим қиларкан, йиртқичга ким бас кела олади, деди».

Демен китобдан бошини кўтарди ва бу нимани англатишини тушунишга уринди. У Маркни эслади. Демен Бухер ва Нефф ҳақида ўйлади - улар болани аслида ким эканлиги ҳақида ўйлашга мажбур қилишганди. Демен бирдан курсантларнинг ҳеч бири унга тенг келолмаслигини, ҳеч нарсада ундан ўзиб кета олмаслигини сезди.

У ҳаяжонланганча ўқишни давом эттирди: «Мен кўрган йиртқич барсга ўхшарди: унинг оёқлари айиқ оёқларига ўхшар, оғзи эса шер оғзидек эди: ва аждар унга ўз кучи ва тахтини ҳамда буюк ҳокимиятни берди».

Демен бунинг шунчаки муболаға эканлигини хаёлига келтирди, Аттилани ҳам худди шундай тасвирлашган.

Унинг қўшинлари жангдан қайтганларида улар Аттиланинг жанг пайтида қандай ҳаракат қилганлигини оғиз кўпиртириб мақташган. Демен уларнинг ҳикоялари кейинчалик қўшиб-чатилиб афсоналарга айланганини, Аттила эса бирорта ҳам инсон зоти бас кела олмайдиган йиртқич сифатида тасвирланганини ўйлади.

У вақти келиб ўзи ҳақида ҳам шундай афсоналар тўқилишини хаёл қилди.

Аммо Демен ўз кучини англаши биланоқ унинг хаёлига бир фикр келди: «Менинг қўлимдан келмайди! Мен ахир ёш боламан-ку!»

Ёш тўла кўзлари билан у яна ҳарфлари чаплашиб кетаётган китобга тикилди:

«Ва у ёшу каттага, бою камбағалга, озоду қулга, барчага ўз белгисини қўяди. Унга имонлиларга қарши курашиш ва ғалаба қозониш учун куч берилган: ва унга барча халқлар, тиллар ва қабилалар устидан ҳукмронлик берилган».

Деменнинг юраги қинидан чиқиб кетгудай урарди. У китобни шартта ирғитиб юборгиси, топтаб, ёқиб юборгиси келди.

Бола Инжилни уй бурчагига қарата отди. Демен китобга тикилганича қотиб қолди. Китоб уни худди шам парвонани жалб қилганидек ўзига тортарди. Инжил уни куйдириб юборгудек таъсир қилаётган бўлса-да, Демен энди ўзини тўхтата олмасди. У ўзи ҳақидаги ҳақиқатни билишига озгина қолганди.

Демен китобни қўлига олди. Боланинг аъзои баданига титроқ турди. Унинг қўллари қалтирарди. У керакли саҳифани очди ва тўхтаб қолган жойидан ўқишни давом эттирди:

«Бу ерда донолик бор. Кимнинг идроки бўлса, у йиртқичнинг рақамини билади; зеро бу инсонларнинг ҳам рақамидир. Унинг рақами олти юз олтмиш олти».

Демен китобни ёпди. Демак, мана исбот! Агар унда бу белги бўлмаса, у хатардан холи! У озод!

Демен китобни бағрига босганча хонасидан отилиб чиқди. У тўғри ювиниш хонасига йўл олди. Бу ерда ҳеч ким йўқ эди. У қалтироқ қўллари билан кўзгуни яхшилаб артди ва ўз аксига тикилди. У қўлларида ҳеч қандай белги йўқлигини биларди. Шундай бўлса-да, Демен қўлларини диққат билан кўздан кечирди. Ҳеч қандай белги йўқ эди. Қўлда-қа қўл.

Шунда Демен кўзгуга яқин келиб пешонасидаги сочини кўтарди.

Ҳеч қандай белги йўқ.

У чаккасига қаради.

Яна ҳеч қандай белги кўринмади. Демен ўзини ақлдан озаётгандек ҳис қилди. Бу нимаси? У ўн учга кирди, эркак кишига айланяпти. Эҳтимол, балоғат даври шундай ўтар? Агар Деменнинг ўрнида бошқа биров бўлганида эди, шундай фикрлар билан чекланиб қўя қолган бўларди. Лекин фақат Демен эмас. У ўзини Торнлар сулоласига мансуб деб биларди, улар эса бошлаган ишини охирига етказиб қўйишарди.

Демен қулоғи орқасини қаради.

У даҳшатли нарсани кўрди.

Албатта, бу белгини ҳеч ким кўрмаганди. Бу учта олти рақами эди.

666

Деменнинг нафаси тиқилиб қолди. У деворга суянганича оёғида зўрға турарди. Бу янгилик унга катта зарба бўлганди. У ўзига келолмасди. Демак, буларнинг ҳаммаси ҳақиқат экан-да. Ҳаммаси, Нефф унга айтган, Бухер шама қилган, Демен қўрққан нарса рост экан-да. Ҳамма-ҳаммаси ҳақиқат экан.

Унинг кўзларидан дувиллаб ёш тўкиларди. У ювиниш хонасидан югуриб чиқди. Демен нима қилишини, қаёққа боришини билмасди. У танҳоликни истаётганди.

У зина томон юрди. Пастда оркестр ҳали ҳам куй чалаётганди. Демен курсантлар орасидан ўта бошлади. Шу пайт уни Марк кўриб қолди ва чақирди:
— Демен!

Лекин Демен унга ўгирилиб ҳам қўймади. У ётоқхонадан ташқарига чиқди, ўйингоҳни кесиб ўтди. Академия дарвозасидан чиқди ва йўл бўйлаб кета бошлади.

У ҳеч нарсани ўйламас, боши оққан томонга кетаётганди. У ўпкаси тиқилиб, оёқлари ўзига бўйсунмай қўйгунча йўл босди. Демен яна бир қадам ташласа худди ўлиб қоладигандек туюлди. У дарахт ёнида тўхтади, чўккалаб ўтирди ва ҳўнграб йиғлаб юборди.

У бир нуқтага тикилганича узоқ ўтирди. Сўнг бошини кўтариб қорайиб келаётган осмонга қаради. Қора булут бостириб келаётган, узоқдан момақалдироқ гумбурлаётганди. У осмонга қўлларини чўзди. Бу нима эди - илтижоми? Ёки у таслим бўлдими?

Унинг тепасида, дарахт учида қора қузғун ўтирарди. У қайғу-аламга ботган болага тикилиб турарди. Қушнинг кўзлари тантанавор чақнарди.

Агар Демен бугун содир бўлган яна иккита ғайритабиий воқеанинг гувоҳи бўлганида эди, янада ҳайратда қолган бўларди.

Биринчи воқеа Пол Бухернинг ётоқхонасида юз берди. Бухер ётишга тайёрланаётганди. У ўнг қўл номсиз бармоғидаги узукни чиқарди ва бармоғида белги пайдо бўлиб қолганини кўрди. Узоқ вақтдан буён сабрсизлик билан кутилаётган белгини. Белги кичкина, зўрға кўринарди. Бухерни қувонч ҳамраб олди. 666. Ниҳоят, уни қабул қилишди.

Иккинчи воқеа Дениел Неффнинг ювиниш хонасида содир бўлди. Тишини тозалаётган Нефф ҳар доимгидек пешонасига тушиб турган сочини кўтарди ва кўзгуга энгашди. У белгини кўрди. Ва ниҳоят. 666.

Энди уларнинг йўлига қарши чиқадиган куч йўқ эди.

Марк каравотида ётганича бесаранжом тўлғанарди.

Консертга тайёргарликдан сўнг у хонага қайтганди. Деменнинг жойини тўғрилагач, у ўз каравотига ётди. Марк укасини сабрсизлик билан кутарди. У нима бўлганини тушунолмасди. Бугун дарсда Марк Деменнинг ғалати ҳолатга тушганини пайқади, кейин эса укаси ётоқхонадан югуриб чиқиб кетди. Демен ҳалигача қайтгани йўқ. Марк хавотирга тушганидан ухлай олмасди.

Ниҳоят у Деменнинг қадам товушларини эшитди.
— Қаерда эдинг? - сўради Марк ташвиш билан. - Сендан жуда хавотир олдим!

Демен бир оғиз ҳам гапирмади. У жимгина қадам босиб келиб ўзини каравотга ташлади.
— Демен! - деди Марк, лекин яна ҳеч қандай жавоб бўлмади. У бу сафар овозини баландроқ қилиб гапирди: - Демен, тузукмисан?

Демен анчагача индамади. Ниҳоят, жавоб қайтарди:
— Энди тузукман. Чироқни ўчир.

Марк чироқни ўчирди. У бирпас жим ётди, сўнг яна сўради:
— Ростдан тузукмисан?
— Ухла, - буюрди Демен ўзига хос бўлмаган кескин овозда.

Марк анчагача ўйланиб ётди, сўнг ухлаб қолди.

8

Соат минтақаларининг ўзгаришидан эзилиб кетган Пасариан семиз портфелини кўтарганча шошиб қадам ташларди. У ҳозиргина компанияга қарашли самолётда Ҳиндистондан қайтганди.

Пасариан автомат телефон бўлмасига кирди. Якшанба, бунинг устига қоронғи тушиб қолган бўлса-да, у қўнғироқ қилишни эртага қолдиролмасди. Нима воқеа юз берганини Торнга айтиш зарур эди. Зудлик билан.

Ҳинду Торнларнинг кўлдаги дала ҳовлиси билан улашларини кутиб турди. Гўшакни кўтарган хизматчи Торннинг бугун жуда кеч қайтишини ва ҳиндунинг айтганларини хўжайинига етказиб қўйишини айтди.

Пасариан асабийлашди, у энди нима қилишни билмасди. У бир оз ўйланиб турди, кейин эса яна гўшакни қўлига олди ва Бухерга қўнғироқ қилишни маъқул топди.

Бухернинг уйи ҳам ишдаги хонаси каби совуқ ва кўримсиз эди. Бу ерда энг диққатга сазовор жой - деразадан кўриниб турадиган Чикагонинг гўзал манзараси эди.

Телефон жиринглаган пайтда Бухер китоб ўқиётганди. У гўшакни кўтарди.
— Бухер, - деди Пол.

Бир оз жимликдан сўнг Пасарианнинг овози янгради.
— Пол, бу мен Девидман. Бир нарсани айтишим керак.
— Қаердасан? - Полнинг овози ўзгарди.
— Аеропортда. Шу ерда, Чикагода. Нохушликлар юз берди.
— Тезда буёққа кел.

Бу пайтда Анна ва Ричард ўзлари ёлғиз эдилар. Болалар Академияда, уйга келган меҳмонлар аллақачон кетишганди. Торнлар қорда сайр қилишни режалаштиришганди.

Уларнинг катта чанаси бўлиб, бу чанани Клайдсуейл лақабли от торта оларди, холос. Ричард бу отни ўтган йили сотиб олганди. Анна ўшанда чанани бўяб, қўнғироқчалар осиб қўйганди. Энди қўнғироқчалар чана келаётганидан огоҳ этиб турарди.

Қўнғироқ товуши жаранглади - Ричард ва Анна сайрдан қайтишганди. Ричард уйга кириши билан унга Пасарианнинг хабарини етказишди. У дарҳол ҳиндуга қўнғироқ қилди, лекин Пасариан уйида йўқ эди. Ричард елкасини қисди ва гўшакни қўйди.
— Уйида йўқ экан, - деди у Аннага. - Эртага кўришаман-ку.

Совуқдан қизариб кетган Анна латофатли эди. У эридан бўса олди. Улар ётоқхонага кўтарилишди.

Пасариан Бухернинг меҳмонхонасида қаҳва ҳўплаб ўтирарди. Унинг хаёли паришон эди. У ўзини худди сиқилган лимондек ҳис қиларди. Бухер ҳиндуга ўткирроқ ичимлик таклиф этди, лекин спиртли ичимлик ичса ҳозирнинг ўзида ухлаб қолишини билган Пасариан унамади.

Бухер Пасариан ҳозиргина айтиб берган нарсаларни таҳлил қилишга уринаётганди.
— Xўш, шундай қилиб, - сўз бошлади Бухер, - ўша киши бизга ер сотишни истамаганлиги учун ўлдирилган, деб ўйлайсанми? Бунинг устига бизнинг одамларимиз томонидан.

Пасариан бош силкиди.
— Бунга деярли ишончим комил.
— Лекин бундай бўлиши мумкин эмас! - эътироз билдирди Бухер.
— Мен саккизта вилоятда бўлиб, ерларни ўргандим ва баҳоладим. Уларнинг учтасида...
— Учтасида?
— Учта қотиллик юз берди. - Пасариан қаҳвани ичиб тугатди.
— Лекин бу кимнинг иши бўлиши мумкин?
— Ақлим етмаяпти.
— Ҳа, - чуқур нафас чиқарди Бухер. - Бу иш билан ўзим шуғулланаман.

Ҳинду ўрнидан турди.
— Ричардга айтайми? - У палтосини кия бошлади.
— Айтиш керак, - тўнғиллади Бухер. - Эрталаб ўзим айтаман. Айтганча, Торн сени кўрмоқчи.
— Ричард? Нега?

Бухер Пасарианни эшик олдигача кузатиб келди.
— П-84 ускунангга нимадир бўлибди. Столинг устида ҳужжатлар бор. Эртага эрталаб тезда текшириб чиқ. - У ҳиндуга қўлини чўзди.

Пасариан бош ирғади.
— Бўпти, текшираман, - деди у ва эшикни очди.

Бухер Чикаго манзарасига тикилди. Сўнг ҳиндуга қаради ва жилмайди:
— Келганинг учун раҳмат, Девид. Мен сени қадрлайман.

Пасариан Бухер билан хайрлашиб, уйига жўнади.

Кутилмаганда қайтиб келган Пасарианнинг хабари Бухерни талмовсиратиб қўйганди. Торнга ҳаммаси ҳақида айтиш лозим эди. Бундан ташқари, П-84 ускунаси ҳам ортиқча бош оғриқ бўлганди. Бу ғалвалардан Бухернинг боши айланиб кетди. Шунинг учун ҳам у бугун қандай кун эканлигини унутиб қўйганлиги ажабланарли эмасди. Айнан бугун яқинда қуриб битказилган қишлоқ хўжалиги заводи билан танишиш учун Академиядан курсантлар келишлари керак эди.

Бухер деразадан ташқарига қаради ва пастда Девидсон ҳарбий Академияси автобусини кўриб ҳайрон бўлиб қолди. Ниҳоят, бу автобус нима учун келганлигини унга етказишди. Бухер зудлик билан котибасини чақирди ва барча телефон алоқаларини вақтинча тўхтатишни буюрди. Болалар билан шуғулланиш зарур эди.

Ўсмирлар эса илк таассуротлари билан ўртоқлашишаётганди. Улар Торнларнинг нақадар бой эканликлари ҳақида юзаки тасаввурга эга эдилар. Лекин бугун бутун шаҳар майдоничалик жойни эгаллаган баланд иншоотларни кўргач - айрим курсантлар ана шундай кичик шаҳарчаларда яшардилар - болалар ҳайратдан оғизларини очиб қолишди. Ҳаттоки, кимдир ҳуштак ҳам чалиб қўйди.

Тедди гап ташлади:
— Тушлик овқат ҳам бўладими? - У қорнини шапатилади ва лабларини ялаб қўйди.
— Албатта, - деди Демен. - Биз сенда янги пестициднинг таъсирини синаб кўрамиз.

Ҳамма кулиб юборди. Курсантлар ўзларини Бухер кутиб турган асосий бинога киришди.

Демен бирдан унинг ҳузурида ўзини ғалати ҳис қилишини сезди. Болада ўзи ҳақида билганларининг юздан бир қисмини ҳам ўзлаштиришга вақт йўқ эди. Демен ўзини кучли сезса-да, ҳали бор кучини ишлатишнинг пайти келмаганди. Бола кўз қири билан ойнаванд девордаги ёзувга назар ташлади: «Пестицидлар бўлими. Бегоналар кириши тақиқланади».

Демен баскетбол майдоничалик келадиган хонада ўтирган Пасарианни кўрди. Xона турли рангдаги қувур ва шлангларга тўлиб кетган, худди улкан роботнинг ичига ўхшарди.

Пасариан тайёрлаган бу лаборатория унинг фарзандидек эди. Ҳиндунинг яна бир ихтироси - П-84 ускунасини айнан шу ерда такомиллаштириш мўлжалланаётганди.

Пасариан компютер пулти олдида мониторда намоён бўлаётган маълумотларни кузатиб ўтирарди.

Бухер болаларни ходимларнинг бири билан таништирди ва унга курсантларни завод бўйлаб айлантириб юришни буюрди. Ўзи эса хонасига шошилди. Бу ерда муҳим анжуман бўлиб ўтиши керак эди. Бу учрашувга бир неча ҳафта давомида тайёргарлик кўрилганди.

Бухер жўшқин, куч-қувватга тўла ёшлар билан ишлашни хуш кўрарди. У ёшларга ўз фикрларини ўзи истаганидек сингдира оларди. Айнан улар унинг лойиҳаларини амалга ошириш учун курашда муносиб ижрочига айланишлари мумкин эди.
— Агар биз Ҳиндистонда ер сотиб олишга қаратган лойиҳамизни амалга ошира олсак, - деди Бухер, - у ерлик аҳолининг ўзини мустамлакага айлангандек ҳис қилишидан эҳтиёт бўлишимиз керак. Йўқ, биз уларни қул қилмоқчи эмасмиз! Биз, маданияти ва билими бўлмаган, албатта бу уларнинг айби эмас, бу кишиларга ёрдам бермоқчимиз. Биз зиммамиздаги вазифани «Торн Индастриз» ходимлари ва ҳақиқий америкаликлар сифатида чин дилдан адо этамиз. Яна бир нарсани ёдда тутинг: Ҳиндистон ва Яқин Шарқни озиқ-овқат билан таъминлар эканмиз, биз бу ҳудудларга русларнинг кириб келишининг олдини олган бўламиз. Шу тарзда биз нафақат миннатдорчилик, балки табиий бойликларга ҳам эга бўламиз.

Хонага котиба кирди.
— Жаноб Пасариан П-84ни синашга киришди, - деди у.
— Раҳмат, - миннатдорчилик билдирди Бухер. - Жаноблар, ярим соат танаффус.

Болаларни олиб юрган ходим жамоатчилик билан алоқалар бўлимида ишларди. У болаларда яхши таассурот қолдиришни истарди. Торнларнинг фарзандлари вақти келиб у ҳақда эслашлари мумкин.

Ходим ўсмирларни пестицидлар бўлимига бошлаб борди.
— Ҳосил кўп бўлиши ва тезда пишиб етилиши учун, - тушунтирди у, - кучли ва яхши ўғитлар, янги яратилган пестицидлар лозим.

Гуруҳ ёпиқ эшик олдида тўхтади. Бу Пасариан П-84 ускунасини синовдан ўтказаётган пестицидлар тайёрлаш бўлими эди. Йўл бошловчи соқчига ҳужжатини кўрсатди ва болаларга билдирмасдан йигирма долларлик пул узатди. Бу ерга ҳеч ким киритилмасди, лекин у ёш Торнлар ва уларнинг дўстларини қойил қолдирмоқчи эди.

Эшиклар очилди ва курсантлар ичкарига киришди. Машиналар гувиллаб ишлар, ходим болалар унинг овозини эшитишлари учун бақириб гапирарди.
— Бу мураккаб ишни, - у деярли қичқирарди, - ҳов анови ерда турган бор-йўғи уч нафар ходим бажаради. - У зал ўртасидаги ойнаванд бўлмага ишора қилди.

Ходим уларни зина бўйлаб иншоот юқорисига олиб чиқди. Турли рангдаги қувурлар энди улардан анча пастда қолиб кетганди.

Пасариан юқорига қаради ва ёш дўстларини кўриб қолди.
— Марк! Демен! - қичқирди у. - Бу ерда нима қиляпсизлар? - Ҳинду уларнинг бу ерда эканликларидан хавотирга тушганди. Ускунани синаш ишида қандайдир носозликлар юзага келганди.

Болалар унга қараб жилмайишди.
— Биз саёҳат қиляпмиз! - қичқирди Демен.

Шу пайт залнинг узоқ бурчагидаги қувур ёрилиб кетди ва қуюқ яшил буғ вишиллаб чиқа бошлади. Буғ зални тўлдира бошлади.
— Газ чиқяпти! - қичқирди кимдир.

Пасариан бошини кўтарди ва ёрдамчисининг юзи заҳарли газдан бужмайиб кетганини кўрди. Ёрдамчи ходим талвасага тушганича нафас олди, ҳушидан кетди ва гурсиллаб пастга йиқилди.

Пасариан ўз кўзларига ишонмасди. У компютер пултига ташланди ва бўкирди:
— Ҳамма ташқарига! Болаларни олиб чиқинг!

Унинг буйруғини болалар ҳам эшитишди. Йўлбошловчи ваҳимага тушганича атрофга аланглади. Газ улар турган жойга етиб келаётганди.

Бошқарув пултида ҳалокат тугмаси бор эди. Пасариан бор кучи билан тугмани босди. Тугма ишламади. Бу тугмани бугун эрталаб унинг бошлиғи Бухер ўрнатганини бечора ҳинду қаердан ҳам билсин?

Шу онда у курсантларнинг бақир-чақирини эшитди. Болалар нафас олишолмас ва йўталишар, бир-бирларига урилганларича чиқиш йўлини қидиришарди. Уларнинг кўзларидан дувиллаб ёш оқарди. Баъзи болаларнинг юз ва қўлларида пуфакчалар пайдо бўлди.

Болаларни айлантириб юрган ходим юк лифтига югурди ва жазавага тушганича барча тугмаларни босиб чиқди.

Лекин бу бефойда эди. Лифт ишламаётганди.

Фақатгина Демен ваҳимага тушмаганди. Газ унга таъсир қилмаётганди. У ҳушидан айрилаётган дўстларига тикилди. Ва шу лаҳзада у ўзининг қандай кучга эга эканлигини ҳис қилди.

Бола яна бир нарсани тушунди. Унда танлаш имконияти пайдо бўлганди. У ҳозир бу ердан чиқиб кетиши мумкин. У ушбу ҳалокатда тирик қолган ягона одамга айланади. Лекин яна бир нарса бор. Демен бу ердагиларни қутқариши ва қаҳрамонга айланиши мумкин.

Демен болаларга ёрдам беришга қарор қилди. У қаҳрамон бўлмоқчи эди. Бола дарҳол юқорига қаради ва томга чиқадиган туйнукка олиб борадиган нарвонни кўрди.
— Бу ёққа! - қичқирди Демен ва нарвон томонга югурди. У эпчиллик билан юқорига кўтарилди ва туйнук қопқоғини очди. Ичкарига қуёш нури ва тоза ҳаво кирди.

Қолганлар оёқларини зўрға босиб йўлак бўйлаб кела бошлашди. Улар бир-бирларига суяниб олишганди. Болалар нарвонни пайпаслаб топишди, томга чиқишгач эса ютоққанча нафас ола бошлашди.

Кутилмаганда Демен Пасарианни эслаб қолди. У ичкарига тушди. Сўнг зина бўйлаб югуриб кетди.

Зал яшил тусли заҳарли газ билан тўлганди. Демен янада пастки қаватга тушди.

Шу ерда у Пасарианни кўрди. Ҳинду қимирламай ётарди. Унинг қўли ёрилган қувур томон чўзилганди. Чамаси, у оқиб чиқаётган заҳарни қўли билан тўхтатишга уринганди. Юзи ва қўлларидаги пуфаклар уни таниб бўлмас даражага келтирганди.

Демен ортига қайтди ва томга чиқди.

Болалар ҳали ҳам оғзиларини катта-катта очганча нафас олишар, ўпкаларидан ҳуштак чалгандек овоз чиқарди.

Демен Маркни излай бошлади. У акаси қандай ҳолатда эканлигини билмоқчи эди.

Маркни қидирар экан, Демен ўзининг қандай кучга эга эканлигини англаб етди - бу унга ёқа бошлади. Ва у, ўзининг аслида ким эканлигига ҳам тупурди.

9

Содир бўлган воқеани эшитган Ричард Торн ва Анна кўлдаги бурчакни тарк этишди. Улар ҳалокатдан сўнг курсантлар келтирилган болалар касалхонасига етиб келишди. Торннинг ранги оқариб кетган, соқоли олинмаганди. У ғазабдан қалтирарди. У касалхона телефони орқали Бухер билан гаплашди.
— Уларнинг аҳволи тузук, шекилли, - деди Ричард, - лекин ҳали шифокорлар билан гаплашганим йўқ. Бўлиб ўтган ҳодиса ҳақидаги тўлиқ ҳисобот эрталаб столим устида бўлсин!

Ричард гўшакни қўйди ва деворга суяниб қолди.

У кўз қири билан болалар хонасига кириб кетаётган бўйи баланд, қора танли шифокорни кўрди. Торн унинг ортидан юрди. У дастлабки текширув натижаларини сабрсизлик билан кутаётганди.

Анна иккита каравот ўртасидаги стулда ўтирарди. Маркнинг ранги оппоқ ва ҳоли йўқ эди. Лекин Демен ўзини жуда яхши ҳис қилаётганди.

Шифокор Аннанинг ёнига келди. Унинг исми Кейн эди. Торн унинг орқасида турарди.
— Болаларнинг аҳволи яхши, - деди Кейн. - Биз уларнинг ўпкаси зарарланмадимикин, деб текшириб кўрдик. Ҳеч қандай зарар етмабди. Улар яна бир оз вақт қайт қилишлари мумкин...
— Уларга яхши қаранглар, - унинг сўзини бўлди Торн.

Шифокор тасдиқ маъносида бош силкиди.
— Албатта, - деди у Торнни бир четга тортаркан. - Сиз билан гаплашиб олсам бўладими? Атиги бир дақиқа? - шивирлади Кейн.
— Ҳа, албатта, - Торн унинг ортидан ташқарига чиқди.

Демен каравотда уларнинг хонадан чиқиб кетишларини кузатиб ётарди.

Ташқарига чиқишгач, Кейн ҳамширанинг ўтиб кетишини кутиб турди ва атрофда ҳеч ким қолмагач, секин гап бошлади.
— Биз қон ва тўқималарни текширувдан ўтказдик. Ҳар бир бола у ёки бу даражада газдан заҳарланган. Ўғлингиз Демендан ташқари.

Торннинг юзидаги мускуллари уча бошлади.
— Нимани назарда тутяпсиз? - сўради Ричард. - У...

Кейн унинг сўзини бўлди.
— Йўқ, йўқ, жаноб Торн. Мени нотўғри тушунманг. - У вазиятни иложи борича юмшоқлик билан тушунтиришга уринди. - Деменга газ мутлақо таъсир қилмаган... мутлақо.

Демен Аннага юзланди.
— Нима бўляпти ўзи? - унинг кўзини совуқ нафрат пардаси қоплай бошлади.
— Ҳеч нарса, - паришонлик билан жавоб қайтарди Анна. - Шифокорлар шунақа сирли гапларни хуш кўришади.

Ричард хонага қайтиб кирганида унинг жаҳли чиққандек кўринди.
— Демен яна бир-икки кун шу ерда қоларкан, - деди у. - Уни яна текшириб кўришмоқчи.

Демен каравотига ўтириб олди.
— Мен касалмасман, - эътироз билдирди у. - Нима учун қолишим керак...
— Сиз уни яна текширмоқчимисиз? - боланинг сўзини бўлди Анна Кейнга қараб.

Демен яна эътироз билдирди:
— Бу ерда қолишни истамайман!

Анна унинг қўлларидан тутди.

Марк ҳам унинг ёнига келди.
— Агар у қолса, мен ҳам у билан қоламан.

Анна шифокорга термулди.
— Уларни уйга олиб кесак бўлмайдими? Деменни келаси ҳафта яна олиб келамиз.
— Балки шундай қилармиз? - сўради Ричард.

Шифокорга бу йўл ёқмаганди, лекин бошқа иложи йўқлигини тушунди.
— Яхши, - рози бўлди у.

Анна Деменни қучоқлади.
— Сизларни кўлга олиб борамиз. Тоза ҳаво сизларга фойдали.

Болалар қувонч билан бош силкишди.

Ўша куни кечқурун шифокор Кейн микроскопга энгашганича лабораторияда ўтирарди. У ҳозиргина кўрган нарсасини тушунишга уринарди ва қон томчиси суртилган шиша пластинкага юзинчи бор тикилди. Кейин эса ёнида турган китобга қаради: қалин китоб турли фотосуратларга тўла эди. Ҳеч қандай хато бўлиши мумкин эмасди.

Демен Торннинг қонида шоқолнинг хромосомалар тўплами мавжуд эди.

Бу қандайдир беъманиликка ўхшарди, лекин далилдан юз ўгириб бўлмасди. Кейннинг калласи шишиб кетди.

У негадир бу иш билан ёлғиз ўзи шуғуллангиси келмади. Шифокор гўшакни кўтарди ва ички хизмат рақамини терди. Тасодифан унинг ҳамкасби ҳам ўз хонасида эди.
— Ҳа, - таниш овоз янгради.
— Бен! - қичқирди Кейн. - Xудога шукр, жойингда экансан! Бир дақиқага олдингга тушмоқчиман.
— Умуман олганда, - хирилдоқ овоз эшитилди, - мен кетяпман.
— Илтимос, бу жуда муҳим, - сўради Кейн.
— Бўпти, тушақол, - рози бўлди ҳамкасби.
— Раҳмат, Бен. ҳозир тушаман. - Кейн гўшакни қўйди, қон таҳлили олинган суратни авайлаб китоб орасига жойлади ва лифтга йўналди.

Кўлдаги бурчакда ҳамма қотиб ухларди. Фақатгина Демен уйғоқ эди. У жойида қимирламай ётарди. Кўзлари эса бир нуқтага тикилганди. Боланинг кўзлари ўзига керакли нарсани излаб топди. У бор кучини жамлади. Боланинг пешонасидан тер оқиб бутун танаси титрай бошлади.

Кейн лифтга кирди ва тугмани босди. У ўн олтинчи қаватга тушиши керак эди. Эшиклар зич ёпилди ва лифт ҳаракатга тушди.

Лекин негадир пастга тушиш ўрнига юқорига чиқа бошлади.

Шифокор лифт ичидаги ёниб-ўчаётган ёзувларга қаради. 21... 22... 23... У яна «16» ёзуви бор тугмани босди. Лифт тўхтади ва эшиклар очилиб-ёпилди.

Кейн яна бир марта керакли тугмани босди.

Лифт пастга туша бошлади: 19...18...17...

Лифт ўн олтинчи қаватга етиб келди ва тезлик билан пастга тушишда давом этди.

Кейн қўрқиб кетди. У қўлидаги китобни тушириб юборди. Шифокор жазавада барча тугмаларни бирин-кетин босиб чиқди. Бирдан ҳамма тугмалар ўчиб-ёна бошлади. Лифтнинг тезлиги кучайди.

10...9...8...
— Э, Xудо! - қичқирди Кейн.

5...4...3...

Кутилмаганда лифт тўхтаб қолди. Кейн гурсиллаб йиқилди. Шифокор даҳшатли сукунатда қимирлашга ҳам қўрқиб ётарди.

Кейин у секин ўрнидан туриб ўтирди. У ёқ-бу ёғини ушлаб кўргач, ҳеч қаери синмаганлигига ишонч ҳосил қилди. У суратлар мажақланиб кетганини кўрди, лекин унга барибир эди. Кейн тирик қолганига суюнаётганди.

Юқорида эса лифтнинг кескин тўхташидан битта пўлат арқон узилиб кетганди. Шу лаҳзада у яшин тезлигида пастга тушаётганди.

Кейн қандайдир ўткир, жарангли товушни эшитди. У атрофга аланглади, лекин товушнинг қаердан келаётганини англай олмади. У юқорига қаради ва пўлат арқон лифт томини иккига бўлиб ташлаганини кўришга улгурди. Пўлат арқон Кейнни ҳам қоқ иккига бўлиб ташлади.

Демен ниҳоят ўзини енгил ҳис қилди: унинг кўзлари юмилди ва уйқуга кетди.

10

Ричард ва Анна нонушта билан бирга келтирилган эрталабки газеталарни кўришарди. Ричард ўзининг «Уолл Стрит Жорнал»ини варақлар, Анна эса «Чикаго трибюн»ни қўлига олганди.

Газетани очган Аннанинг нафаси тиқилиб қолди.
— Ричард! Буни қара! - қичқириб юборди у газетани эрига узатаркан. Унда шифокор Кейннинг жасади сурати босилганди. Сурат остида эса кеча кечқурун лифтда содир бўлган фожиа баён этилганди. «Торн Индастриз»даги ҳалокат ҳақидаги хабар ҳам шу саҳифадан жой олганди.

Ричардни Кейннинг ҳалок бўлгани унчалик ҳаяжонга солмади. У компаниясидаги ҳалокатни журналистлар қандай ёритишганига қизиқиб хабарни ўқишга киришди.
— Кечагина у билан гаплашгандик, - деди Анна паришонлик билан бармоғини сочига ўраб айлантираркан. - Бунда қандайдир ғайритабиийлик бордек туюлмаяптими сенга?
— Ҳм-м-м...

Анна қаҳва ҳўплади ва эрига тикилди.
— Кейн қандай текширув ўтказмоқчи эди ўзи?
— Ишончим комил эмас, - минғирлади Ричард, - мен... - Торн бирдан жим бўлиб қолди. - Болалар қани? - сўради у кутилмаганда.
— Ухлашяпти, шекилли. Нима эди?

Ричард газетани ташлади ва Аннага ўгирилди.
— Улар бу ҳақда билишларини истамайман.
— Нима учун? - Анна хавотирга тушди. - Шифокор сенга нима деганди?
— Деменга газ умуман таъсир қилмаган.
— Xўш, нима бўпти? Биз тақдирдан миннатдор бўлишимиз керак.
— Лекин айнан шу нарса уни ташвишга солганди, - деди Ричард. - Кейннинг айтишича, Деменнинг хромосома тузилиши бошқача экан.
— Бошқача? - хитоб қилди Анна. - Бу бемаънилик-ку!
— Мен ҳам унга шундай дегандим, - уни маъқуллади Ричард. - Лекин Кейн ниҳоятда ташвишга тушганди.

Анна бир оз жим бўлиб қолди, кейин сўради:
— Энди нима қилмоқчисан?
— Ҳеч нима, - Ричард яна газетага қўл чўзди. - Демен соппа-соғ.

Доктор Чарлз Уоррен Белвуар қўрғонини қазиш чоғида топилган топилмаларни жўнатиб, ҳозиргина Эйкрадан қайтиб келганди. Топилмаларни Торнлар музейига қўйиш мўлжалланганди.

Уоррен Игаел деворини кўра олмади. Бебаҳо топилма олим етиб келгунча жўнатиб юборилганди. Бундан Уорреннинг жаҳли чиқди. Унинг ҳалок бўлган журналист дўсти Жоан Xарт мана шу девор тўғрисида жанжал кўтарганидан бери бу топилма олимни оҳанрабодек ўзига тортиб келарди. Энди эса Игаел девори Чикаго ёки Ню-Ёркка кемада етиб келгунича кутишга тўғри келади.

Уоррен ўз иш хонаси остонасидан ҳатлаб ўтиб бахт ҳиссига ўхшаш бир ҳисни туйди. Олим бутун музей биносида хонасидан яхшироқ хона йўқлигига ишонарди. Унинг хонаси энг пастки қаватда жойлашган бўлиб, олим қозонхона шовқинига кўникиб кетганди.

Унинг хонаси энг сўнгги техника билан жиҳозланган бўлиб, бу олимга қадимий топилмаларни сақлаш ва тиклашда ёрдам берарди. Бу ерда махсус кондиционерлар, инфрақизил ёритгичлар, кўчма иситиш ускуналари, турли хил кимёвий аралашмалар солинган идишлар, саноқсиз чўткалар, пичоқлар бор эди.

Доктор Уоррен Эйкрадан олиб келган баъзи топилмаларни кўра бошлади. Бир нечта бронза пичоқ ва сопол буюмларни бир четга суриб, жуда қадимий чарм халтани қўлига олди. Уоррен унинг қиймати нақадар юқори эканлигини билгани учун халтани ўзи билан олиб келганди.

Уоррен халтани очди. Уни ҳидлаб кўрди. Xалта жуда қадимий бўлмаса-да, замонавий ҳам эмасди.

Олим унинг ичига қўлини суқди ва бир нечта пергамент қоғозларни олди. У қоғозларни бир четга қўйди. Сўнг халтадан кичкина хоч чиқди. Олим унга бирпас тикилиб турди. Уни ҳам четга қўйгач, у халтадан бутунлай замонавий хатжилдни олди! Доктор Уоррен ҳайрон бўлди, лекин яна нимадир бор эди.

Уоррен халта остидан оғир тугун олди. Тугунни стол устига қўйганида қандайдир жаранглаган товуш чиқди. У тугунни очди ва етти дона жуда ўткир, ингичка ва жуда қадимий пичоқларни кўрди. Уларнинг соплари хочга михланган Исо шаклида бўлиб, фил суягидан ишланганди.

Уорреннинг қизиқиши кучайиб кетди. У хатжилдни очди. Унинг ичидан қандайдир қоғозлар чиқди. Олим уларга ажабланиб тикилиб қолди. У Карл Бугенгагеннинг ёзувини таниганди.

Уоррен хатни ўқишга киришди.

Бугун Торнлар оиласи уйларидаги кинозалда тўпланган ва ажойиб филмни томоша қилаётганди. Болалар ўқишдан таътилга чиқишганди.

Экранда бўйи баланд бир киши кўча бўйлаб қадам ташларди. Унинг қўллари белига осилган тўппончани олишга шай турарди.

У учинчи қават деразасидан ўзига қаратилган милтиқни ҳам, иккинчи қават деразасидаги парданинг сурилганини ҳам сезмади.

Шу пайт милтиқ отилди, у ерга йиқилди.

Кутилмаганда тасвир чаплашиб, экрандан йўқолди.
— Киномеханик отилсин! - қичқирди Демен.

Шу пайт дарчадан Маркнинг боши кўринди. У жавоб қайтарди:
— Ўлдим! - У проекторни тўғрилай бошлади.

Одатда, проектор олдида хизматчилардан бири турарди, лекин Марк кино қўйишни ўрганишни илтимос қилганди. У бугун биринчи марта филм қўяётган ва атай қилгандай, энг қизиқ жойида тасма узилиб кетганди. Марк проекторни дарҳол созлади ва филмни келган жойидан қўйди.

Қаҳрамон ўрнидан турди ва отишма бошланиб кетди. У ўнг қўлига тўппончасини олиб милтиқли кишини қулатди, чап қўлидаги тўппонча билан эса парда ортидаги душманини нариги дунёга жўнатди.
— Xайрият! - деди Анна.
— Кўрса бўладиган филм экан, - изоҳ берди Демен.

Анна жилмайиб қўйди.
— Ким сендвич ейди? - деди у ўрнидан тураркан.
— Мен! - Ричард қўлини кўтарди.
— Мен ҳам! - унга қўшилди Демен.
— Марк ҳам қарши бўлмаса керак, - деди Анна ва ошхонага йўл очди.

Бу пайтда Марк эҳтиёткорлик билан кино тасмасини ўрар, Демен эса экранни йиғиштирарди.

Кутилмаганда эшик қўнғироғи жиринглади. Ричард билан Демен бараварига гапиришди:
— Ким бўлиши мумкин?

Демен елкасини қисди.
— Ҳозир очаман, - деди у эшик томон бораркан.

Остонада Чарлз Уоррен турарди У дағ-дағ қалтирар, бошдан-оёқ қор билан қопланганди. Қўлида эса Бугенгагеннинг хатини ушлаб олганди. Олим қалтирарди, лекин совуқдан эмас. У ҳозиргина ўқиб чиққан нарсасидан ўлгудек қўрқиб кетганди.

Эшик очилиб, Уоррен қаршисида Деменни кўргач, нафаси тиқилиб қолишига сал қолди. Чарлз жилмайишга уринди, лекин бу уриниш беўхшов чиқди. Демен дарҳол ҳушёр тортди.
— Xелло, доктор Уоррен, - деди дона-дона қилиб.
— Салом, Демен, - Чарлз иложи борича табиий гапиришга уринди. - Дадангга зарур гапим борлигини айта оласанми?
— У сизни кутяптими? - Деменнинг саволи қуруқ ва расмий чиқди. У олимни ҳатто уйга таклиф ҳам қилмади.
— Илтимос, дадангга келганлигимни айт, - деди Уоррен.

Демен бир оз иккиланди, сўнг деди:
— Киринг.

Уоррен ичкарига кирди.
— Ҳозир айтаман, - деди Демен.

Уоррен эгнидаги қорни қоқди.
— Доктор Уоррен келди, - хабар қилди Демен отасига.
— Чарлз? - Ричард хурсанд бўлди, лекин ажабланди. - Зўр! Ичкарига кираверсин!

Лекин сабри чидамаган Уоррен боланинг орқасидан кириб келганди.
— Ойингга айт, доктор Уоррен учун яна битта сендвич тайёрласин, - деди Ричард хонадан чиқиб кетаётган Деменга.

Ёлғиз қолган Демен ғазабга минди. У Уорреннинг бу ерга нима учун келганлигини яхши биларди. Лекин ҳеч нарса қила олмасди - ҳозирча... Демен ошхонага кириб кетди.

Ричард қадаҳларга коняк қуяркан, Уоррен гапни нимадан бошлашни ўйларди.

Торн ҳали ҳам тасмани ўраб ўтирган Маркни бутунлай унутиб қўйганди. Бола доктор Уоррен билан отасининг суҳбатини бемалол эшитиб ўтирарди.

Чарлз Ричард узатган конякни бир ҳўплашда ичиб юборди. Алкогол Уорренга дадиллик бағишлади ва у Торнга савол берди:
— Ричард, - сўз бошлади у, - сендан бир нозик масала тўғрисида сўрасам майлими?
— Чарлз, биз ахир дўстмиз-ку, - деди Торн, - сўрайвер.

Уоррен чуқур нафас чиқарди ва сўради:
— Лондонда уканг билан аслида қандай воқеа юз берганини айтиб бера оласанми?

Ричарднинг овози ва ўзини тутиши кескин ўзгарди.
— Нега сўраяпсан?
— Мен Эйкрада топилган халтани очгандим. У Бугенгагенга тегишли экан. Xалтада археологнинг шахсий буюмлари сақланган. Уни Бугенгагеннинг суяклари ёнидан топишган.
— Нима бўпти? - деди Торн.

Уоррен тупугини ютди.
— Пичоқларни укангга айнан Бугенгаген берганини билармидинг? Жереми Деменга санчишга уринган пичоқларни?

Торн унинг сўзини кескин бўлди.
— Нима деяпсан, жин урсин?

Проексион бўлмада ўтирган Марк уларнинг сўзларини эшитиб музлаб қолди.
— Етти йил илгари Бугенгаген сенга хат ёзган экан, - давом этди Уоррен.
— Xат? Менга? - Торн у ёқдан бу ёққа юра бошлади. - Мен ҳеч қандай хат олмаганман.
— У хатни жўнатишга улгурмаган. Xат халта ичидан топилди.
— Сен уни ўқиб чиқдингми? - деди Торн айблов оҳангида.

Уоррен қунишди.
— Ричард, - ўтинди у. - Сен мени биласан-ку. Лекин ҳозир сенга айтмоқчи бўлган нарсам ғалати туюлиши мумкин.
— Тезроқ айт, Уоррен, Xудо ҳаққи!
— Бугенгагеннинг таъкидлашича, Демен... - Уоррен ютинди, - Демен... Шайтоннинг қуроли. Дажжол!

Торн Уорренга худди телбага қарагандек тикилди.

Проексион бўлмада ўтирган Маркнинг эса нафаси чиқмай қолди. Уоррен сўзида давом этди:
— У одам эмас, Ричард. Бу телбаликдай туюлишини биламан, лекин Бугенгаген Деменнинг шоқолдан туғилганлигини таъкидлайди!

Торн кулиб юборди.
— Сен шуни айтгани келдингми? - у бошини сарак-сарак қилди.
— Уканг ҳаммасини тушунган, Бугенгагендан ёрдам сўраб келган. Қария унга болани қандай йўқ қилишни тушунтирган.

Торн қўлидаги қадаҳни зарб билан стол устига қўйди.
— Укам касал эди, - деди у совуқ оҳангда.- Руҳий касал. Xотинининг ўлими...
— ...Деменнинг иши, - деди Чарлз Ричарднинг сўзини якунлаб. - Қолган барча ўлимлар ҳам... бешта ғайритабиий ҳодиса. Булар китобда ёзилган. Нарсаларнинг бир қисми холос, - Уоррен хавфли йўлга қадам қўйганини тушунарди. - Бугенгаген...
— Жинни бўлиб қолган у, - деди Ричард.

Уоррен бош чайқади. Олимни яна қўрқув қамраб олганди.
— Бу ҳаммаси жинниликка ўхшайди... - тан олди у.
— Лекин сен бунга ишонасан, - эътироз билдирди Ричард.

Уоррен Бугенгагеннинг хатини столга ташлади.
— Мана ўша хат. ўзинг ўқиб кўр.
— Йўқ.
— Агар Бугенгаген ҳақ бўлса, - деди Чарлз, - у ҳолда ҳаммамизнинг ҳаётимиз хавф остида. Сен, Анна, Марк - ҳаммамиз. Жоан Xартга нима бўлганини эсла - у билган экан.
— Мен қари аҳмоқнинг хатини ўқимайман!
— Ричард, - ялинди Уоррен, - мен Бугенгагенни билардим. У қари аҳмоқ эмасди. Наҳотки, ҳеч нарсани сезмаётган бўлсанг? Бирорта ҳам ғалати...
— Йўқ! - ўшқирди Торн.

Уорренга худди Ричард ҳозир уни урадигандай туюлди, лекин у сўзини давом эттирди: - Сенга ғалати кўринган бирор нарсани сезмадингми? Боланинг сўзларида, ҳаракатларида?
— Ҳозироқ кетишингни истайман, Чарлз...
— Ажал бизни қувлаб келади...
— Жўна! - Торн ғазабдан титрарди.

Лекин Уоррен ўзини тўхтатолмасди.
— Инжилни ўқи, унда ҳаммаси ёзилган! Биз охирига етишимиз керак!
— Ниманинг охирига?
— Игаел девори, - оғир нафас чиқарди Уоррен. - Бугенгаген хатида бу девор уни ишонишга мажбур қилган сўнгги далил эканлигини ёзади. Ҳозирда Игаел девори Ню-Ёркка келтирилмоқда. Яқин кунларда етиб келади.
— Сен қадимий замонларга чуқур кириб кетибсан, - деди Торн заҳархандалик билан, - ва дўстинг Жоан Xартга ўхшаб диний мутаассибга айланиб қолибсан. Йўқ, буни менга айтмай қўяқол. Ўзинг бориб истаган нарсангни кўравер.
— Мен бораман, - деди Чарлз хонадан чиқаркан.

Эзилган ва маъюс Ричард стулга ўтириб қолди. У Уорреннинг сўзларида оз бўлса-да, ҳақиқат борлигини ҳис қилар, аммо Чарлининг бу маълумотлардан воқиф эканлигидан аччиқланарди. Қолган барча нарсалар эса... Ричард бош чайқади. У яқин дўстини йўқотганини ҳис қилди, лекин нима учунлигини тушунмади.

Проексион бўлмада ўтирган Марк хазондек титрарди. У тирқиш қопқоғини секин ёпиб қўйди.

Бу пайтда Демен ошхонада Аннага сендвич тайёрлашга ёрдам бераётганди. Эшик ёпилиб, машина юриб кетганини эшитиб, улар бир-бирларига қарашди.
— Нимаям дердик, - гап қотди Демен. - Сендвичларни ўзим ейишимга тўғри келади.

11

Демен қотиб ухларди.

Анна ҳам ухлаб ётарди.

Лекин Ричард Торн умуман кўз юммади, худди Марк каби.

Тонг отаётганди.

Уйқусизликдан чарчаган Торн ўз хонасидаги ёзув столи олдида ўтирарди. У бошини чангаллаганича нима қилиш кераклигини ўйлашга уринарди. Столда Бугенгагеннинг унга ёзган мактуби турарди. Ричард уни бир неча марта ўқиб чиқди. Далиллар жуда ғаройиб эди, шунинг учун Торнга уларни сингдириш учун вақт керак бўлди.

Ричард варақларни йиғиштирди. Сўнг ўрнидан туриб керишди. Дераза олдига борди. Қуёш эндигина кўтарилиб келаётганди.

«Бу ҳақиқат бўлиши мумкин эмас, - пичирлади Торн. - Шайтон фақат одамларнинг хаёлида бўлади».

У ўгирилди ва ҳеч бўлмаганда бир-икки соат ухлаб олиш умидида ётоқхонага кўтарилди.

Ричард бугун Марк ҳам ухламай чиққанини билмасди. Бола ўзини ухлаётганга солган, уй жимжит бўлиши билан ўрнидан туриб пастга, кутубхонага тушганди. У китоб жавонидан Инжилни олиб ўқишга киришди.

Марк китобни ўқиб бўлганида кутубхона деразасидан қуёшнинг илк нурлари кириб келди. У ўзини ўлгудек чарчагандек ҳис қилди. Лекин энг даҳшатлиси, Марк китобда ҳозиргина ўқиб билган нарса эди.

Зеро, Марк Демен Иблиснинг зурриғди эканлигига ўйлаб ўтирмасдан ишонди.

У ўрнидан туриб китобни жойига қўйди. Кейин эса оёқ учида юриб залга чиқди, кийим илгичда турган палтосини кийди ва ҳеч кимга сездирмасдан кўчага чиқиб кетди. У бу ердан кетиши ва нима қилиш кераклигини ўйлаб кўриши зарур эди...
— Ким, ким? Ким - Демен? - деди Анна қовураётган тухумини ҳам унутиб. - Сен шунга ишоняпсанми, Ричард?
— Бунга ишондим, деганим йўқ, Анна, - эътироз билдирди эри қўлида Бугенгагеннинг хатини ушлаб тураркан. - Мен фақат Чарлзнинг гапларини ва мана бу хатда нима деб ёзилганини айтдим, холос.
— Лекин сен Ню Ёркка учмоқчи эмассан-ку! - Анна ликоп олиш учун шкаф ёнига борди. Суҳбат унга бемаъниликдай туюлди. - Бу эса...
— Йўқ! - бақирди Ричард. - Бу ҳаммаси бўлмағур гап ва мен бунга ишонмайман. Лекин Роберт Деменга пичоқ санчмоқчи бўлганида черковда ўлдирилган...
— Ҳа-ҳа, Уоррен барибир сени ишонтирибди. - Анна стол устига ликопчаларни қўя бошлади. - Энди сен ҳам бу бемаънилик билан чалғияпсан.

У эрининг қўлидан Бугенгагеннинг хатини олиб стол устига ташлади. Сўнгра Ричарднинг қўлини ушлади.
— Мен бунга йўл қўймайман. Сен чарчагансан. Ҳеч қаерга бормайсан. Ҳаммасини унут...
— Анна...
— Йўқ, йўқ, бўлди. Сен бу аҳмоқона эртакни эшитдинг - энди унут. - Анна йиғлаб юборди. - О, Ричард, бизга нима бўляпти? Ёки ҳаммамиз ақлдан оздикми?

Ричард уни бағрига босди.
— Йиғлама, - у хотинини тинчлантиришга уринди. - Гапинг рост. Мен чарчадим. Мени кечир, илтимос, кечир...
— Албатта, - деди Анна унинг елкасига бош қўйиб.
— Бўлди, тинчлан. Мен ҳеч қаёққа бормайман.
— Демен-чи?.. Унга илгаригидай муносабатда бўласанми?..
— Ҳа, албатта.
— Ваъда бер.
— Ваъда бераман.

Ричард хотинини қучоқлаганича деразага тикилди. Бирдан у Деменнинг ташқарида юрганини кўриб қолди. Бола ўрмон томонга кетарди.

Ричард негадир хавотирга тушди.
— Марк қани? - деди у юрагидаги ғулғулани босишга уриниб.
— У саҳарлаб чиқиб кетибди, - жавоб берди Анна. - Эрталабдаёқ унинг палтоси жойида йўқлигини кўрувдим.
— Кел, бир ташқарини айланамиз, - таклиф қилди Ричард.
— Тухум... - Анна куя бошлаган тухумлар томон югурди.
— Тоза ҳавони айлансак бўларди.

Анна эрига тикилди. Уларнинг оиласида қандайдир ғалати нарсалар юз бераётган, у бунинг нималигини англай олмаётганди. Бир пайтлар Ричардга турмушга чиқаётган пайтда у ҳаёти қандай мураккаб бўлишини билганди. Лекин Анна Ричард ва болаларни шунчалик яхши кўрардики, у ҳар қандай оилавий муаммоларни ҳал қила оладигандек туюларди.

Лекин ҳозир Аннанинг бу ишончига дарз етганди.

У елкасини қисди ва товани четга олиб қўйди.
— Бўпти, - рози бўлди у, - кетдик.

Марк дарахт остида ўтирарди. Унинг кўзларида болаларга хос бўлмаган даҳшат ифодаси қотиб қолганди. У тиззасини қучоқлаб ўтирар, совуқдан эмас, балки даҳшатли қўрқувдан дағ-дағ титрарди, чунки Марк умрида ҳеч қачон бунчалик қўрқувга тушмаганди.

Бола кимдан ёрдам сўрашини билмасди. Ахир илгари у барча муаммоларини Демен билан ҳамжиҳатликда ҳал қиларди-да. Энди-чи?

Энди у бу даҳшат билан танҳо ўзи юзма-юз қолганди.

Шу пайт у қадам товушларини эшитди.
— Марк? Эй, Марк!

Бу Демен эди. Ҳар ерда ҳозир Демен.

Марк ўрнидан сакраб турди ва ўрмон ичкарисига қараб югурди.

Демен унинг изидан юрди.

Марк қоча бошлади.
— Эй, Марк!

Марк узоққа бора олмаслигини юрак-юрагидан тушуниб турарди. Бола туни билан ухламаган, қўрқув унинг дармонини олиб қўйганди. У дарахтга суянганича нафасини ростлашга тутинди.

У яна Деменнинг овозини эшитди.

-Шу ердалигингни биламан, - деди Демен.

Маркнинг бутун танасига қалтироқ югурди.
— Мени ҳоли қўй, - деди у зўрға.

Демен Маркнинг ёнига яқинлашди.
— Нега мендан қочяпсан? - алам билан сўради Демен.

Орага сукунат чўкди. Ниҳоят Марк жавоб қайтарди:
— Мен... сенинг кимлигингни биламан.

Демен илжайди.
— Биласанми?

Марк бош силкиди .
— Доктор Уоррен дадамга нима деганини эшитдим.

Демен қовоғини уйди.
— У нима деди? - бу саволдан кўра буйруқдек янгради.
— У айтдики... - Марк сўзларни зўрға топарди, - у айтдики, Иблис ерда ўз қиғфасини яратиши мумкин экан.
— Давом эт.

Марк юзини ўгирди. Кўз ёшлари унинг юзини юварди.
— Қани айт, Марк, - деярли шивирлаб гапирди Демен. Марк ютинди.
— У айтдики... сен Иблиснинг боласи экансан.

Демен акасига тикилди.
— Давом эт, - буюрди у.

Шу заҳоти Марк бидирлай кетди.
— Сен Теддини нима қилганингни кўрганман, - қичқирди у. - Ахертон ва Пасарианга нима бўлганини ҳам кўрганман. Даданг сени ўлдирмоқчи бўлган! Уни ақлдан озган, дейишади, агар шундай бўлса, у билгани учун шундай бўлган. - Марк бошдан-оёқ қалтираганча чўккалаб қолди.

Демен ҳаяжонлана бошлади. У акасига ёмонлик қилмоқчи эмасди.
— Марк, - сўз бошлади у.
— У-у-у-у, - ҳўнграб юборди Марк.
— Сен менинг акамсан, мен сени яхши кўраман...
— Мени ака дема! - бақирди Марк. - Дажжолнинг акаси бўлмайди!

Демен Маркнинг елкасидан тутиб силкиди.
— Гапимга қулоқ сол! - қичқирди у.

Марк бошини чайқади.
— Тан ол, - деди у, - ўз онангни ўлдирганингни тан ол!

Бу сўнгги томчи бўлди. Болаларни боғлаб турган ип узилди.
— У менинг онам эмасди, - ғазаб билан эътироз билдирди Демен. - Менинг онам...
— ... шоқол бўлган.
— Ҳа! - фахр билан қичқирди Демен ва унинг овози ўрмонда акс-садо берди. Энди у ўзидаги бутун қудратни тўла англаб етганди. Деменнинг кўзларида ўт ёнди, юзидан эса ғалати нур тарала бошлади. - Мен буюк куч қиғфасида туғилганман, - деди у. - Лаънатланган фаришта! Ўз қудратидан маҳрум бўлган ва дўзахга ташланган! Лекин у менда вужудга келди! У менинг кўзларим билан кўради ва менинг танам ҳам уникидир.

Марк умидсизланганча атрофга аланглади. Қўрқув ўтиб кетганди. Бўлиб ўтаётган воқеа адоғи йўқ даҳшатли тушга ўхшар ва ундан қочиб қутулишнинг ҳеч қанақа имкони йўқ эди.
— Юр, мен билан, - таклиф қилди Демен. - Сени ўзим билан олиб юраман.

Марк унинг кўзларига қаради. У қалтирамай қўйди, амакиваччасига узоқ тикилиб турди, ниҳоят бошини чайқади:
— Йўқ.

Демен яна бир марта уни кўндиришга уринди:
— Мени ялинтирма...

Марк сўзида қатъий туриб олди:
— Йўқ!

Бу эътирози унинг кучига куч қўшгандай бўлди. Марк сакраб турди ва бор кучи билан югура бошлади.
— Марк! - чақирди уни Демен.
— Менга яқинлашма, - деди у Деменга.
— Марк! - қичқирди Демен Маркнинг ортидан. Бу овозни Марк илгари бир марта эшитганди. Ўшанда Демен Теддига худди шундай овоз билан қичқирганди. - Менга қара! - буюрди у.

Марк тўхтаб қолди. Унинг қадам босишга ҳоли қолмаганди.
— Илтимос, кет, - ялинди у.

Деменнинг овози уни турган жойига михлаб қўйди.
— Яна бир марта ўтинаман, - деди Демен хотиржамлик билан, - илтимос, юр мен билан.

Марк ўгирилди ва Деменнинг кўзларига тик боқди.
— Йўқ, - жавоб қайтарди у қатъият билан ва бирдан ўзини хотиржам ҳис қилди. - Сен, Демен, ўз тақдирингдан қочиб қутула олмайсан. Мен эса - ўз тақдиримдан. - Маркка худди қандайдир куч уни шу сўзларни айтишга мажбур қилаётгандек туюлди. - Сен пешонангга нималар қилиш ёзилган бўлса, шуни қилишга мажбурсан.

Тақдирга тан берган Марк жим бўлиб қолди.

Деменни қаҳр-ғазаб туйғулари ўраб олди. Бу қаҳр тобора ўсиб борар, унинг кўзлари борган сари ёрқинроқ чақнарди. Бирдан унинг кўзлари ёшга тўлди ва Демен осмонга тикилганича титрай бошлади...

Ричард ва Анна болаларнинг излари бўйлаб келишаётганди. Анна хотиржам кўринарди. Ричард эса тез-тез осмонга қараб қўярди. У гўғки қандайдир нохушликни сезаётгандек эди.

Кутилмаганда Марк сержант Неффнинг хонаси ёнида Тедди эшитган ғалати товушни эшитди. Xудди юпқа металл лаппаклар бир-бирига урилаётгандек товуш келаётганди.

Бу қузғун қанотларининг товуши эди.

Марк кўринмас, тўхтовсиз ҳужум қилаётган рақибидан ўзини ҳимоя қилиш учун қўлларини кўтарди ва ортига тисарилди. У додлаганча қочишга уринар, лекин ёвуз қушнинг даҳшатли тумшуқ ва тирноқлари унинг танасига ботарди. У йиқилиб тушди ва оғриқдан инграб юборди. Унинг кўзларидан қон оқа бошлаганди: у рўпарасида кўрган ягона нарса қаддини тик тутган, шафқациз ва совуқ, ёвузликдан яралган Демен бўлди.

Қуш тумшуғи билан Маркнинг бошини ўйиб ташлади. Боланинг кўзлари бир умрга юмилди.

Қанот товуши тинди. Демен Маркнинг жонсиз танасига қаради ва овозининг борича қичқирди. Унинг овозида ёлғизлик оҳанги мужассам эди.

Маркнинг атрофидаги қор оқаётган қондан тобора қизариб борарди.

Демен чўккалаганича Маркнинг жасадини кўтармоқчи бўлди. У акасини ҳаётга қайтаришга уринарди.

Деменнинг додлаган овози Анна ва Ричардга етиб борди. Улар югуриб келишиб, акасининг жонсиз танаси устида энгашиб турган Деменни кўришди. У «Марк, о Марк...», деганча йиғларди.

Аннанинг қичқириғини эшитиб Демен бошини кўтарди ва бир зумда ўзига келди. У ўрнидан сакраб турди.
— Биз айланиб юргандик... - деди Демен. - у йиқилиб тушди! У...
— Уйга жўна! - бақирди Ричард.

Демен эътироз билдиришга уринди:
— Мен ҳеч нарса қилганим йўқ!
— Уйга жўна, жин урсин сени! - Ричард ғазабдан қалтирарди.

Демен уй томон кета бошлади. Унинг кўзларидан дувиллаб ёш тўкиларди.
— У йиқилиб тушди! - деди бола йўл-йўлакай. - Мен унга ҳеч нарса қилганим йўқ!

Ричард Демендан юзини ўгирди ва хотинининг устига энгашди. Уни елкасидан тутиб тургизди. Анна оёғида тура олишига ишонч ҳосил қилгач, Ричард жонсиз ўғлини қўлига олди.

Сўнгра Аннага тик қаради. Унинг кўзлари хотинини айбларди.
— Йўқ, йўқ, бу Демен эмас. У...

Лекин у гапини тугата олмади. Ричард ўғлининг қонга беланган юзига ёноғини босганича қадам ташлади.

12

Торнларнинг оилавий сағанаси Шимолий қирғоқда жойлашганди. Бу ерда Режиналд Торн хотини билан абадий уйқуда ётарди; Ричарднинг биринчи хотини Мери ҳам шу ерга кўмилганди; Мерион хола ҳам акасининг ёнидан жой олганди.

Маркни онасининг ёнига дафн этишди.

«Куни келиб, - бирдан ўйлай кетди Ричард Торн кичик қабр атрофида йиғилганларга бир-бир қараркан, - мен ҳам шу ердан жой оламан».

Ричард билан Анна қора кийинишганди. Аннанинг ёнида турган Демен мовий рангли курсантлар кийимини кийиб енгига қора тасма тақиб олганди.

Пол Бухер дафн маросимида «Торн Индастриз» компанияси номидан қатнашаётганди. Академиядан фахрий қоровул билан келган сержант Нефф ҳам шу ерда эди. Тобутни қабрга туширишганида курсантлар қўлларини чаккаларига тирашди, улардан бири эса олдинга чиқиб Маркнинг бурғусини чалди.

Бурғу овозини эшитган Анна ҳўнграб йиғлаб юборди. Торнга эса бурғу овози унинг болалигидаги қўшиқни эслатди. Бир пайтлар у укаси Жереми билан Академияда ўқишганида курсантлар билан шу қўшиқни куйлашарди. Xотиралардан Ричарднинг кўзи ёшга тўлди ва у йиғлаб юборди.

Руҳоний маъруза ўқишни бошлагач, Ричард тескари қараб олди. Бутунлай нотаниш одам Марк ҳақида нима дея оларди?

Ричарднинг кўзи Деменга тушди ва бирдан сергак тортди. Бола Неффга тикилиб турар, Нефф эса ўз навбатида Бухердан кўз узмасди. Бухернинг нигоҳи Деменга қадалганди. Ўзига хос кичкинагина учбурчак ҳосил бўлганди.

Торнни кимдир енгидан тортгандай бўлди. У ўгирилди ва Аннани кўрди. Унинг юзи ёшдан ҳўл бўлиб кетган, кўзлари эса маросимдан чалғимасликни сўрарди.

Ричард хотинининг қўлини силади ва қабрга тикилганча, руҳонийнинг сўзларини тинглашга уринди. Лекин уни яна хаёл олиб қочди.

У доктор Фидлернинг хонасида бўлиб ўтган суҳбатни эслади.
— Бу қандай содир бўлиши мумкин? - сўраганди Ричард. - Ахир сиз уни туғилганидан бери кузатиб борасиз-ку. Наҳотки, бирорта ҳам белги бермаган бўлса?

Оила шифокори қайғу билан бош чайқаганди.
— Минг афсус. Илгари ҳам шундай воқеага дуч келгандим. Бола ёки эркак мутлақо соппа-соғ бўлади, лекин бу нарса инсон танасида жойлашиб олиб қулай пайтни кутади. Унинг артерия девори жуда нозик бўлган. Шу девор ёрилиб кетган... - Шифокор қўлларини ёйди.

Анна унинг сўзини бўлди:
— Демак, у туғма бўлган экан-да?

Фидлер бош ирғади.
— Шундай. Чуқур таъзия билдираман.

Кўмиш маросими тугади. Кучли жала қуя бошлади ва ҳамма ўз машинаси томон йўл олди.

Ричард хайрлашаётганларнинг таъзияларини қабул қилди, сўнг Анна ва Демен ўтирган автомобилга ўтирди. Лимузин аста ўрнидан қўзғалди.

Орадан бир ҳафта ўтиб кечки пайт Торнларнинг уйида телефон жиринглади. Ню-Ёркдан бир руҳоний қўнғироқ қилди ва Ричарднинг зудлик билан етиб келишини сўради. У доктор Чарлз Уоррен оғир аҳволда эканини ва тинмай Ричард Торнни сўраётганини маълум қилди.

Ричардга нарсаларини йиғиштириш учун бир неча дақиқа етарли бўлди. Анна ундан ҳеч бўлмаса эрталаб кетишини илтимос қилди, лекин у бу ҳақда эшитишни ҳам истамасди. У зудлик билан йўлга тушиши керак эди.
— Мен боришни истамайман, - қичқирди у хотинига, - лекин боришим шарт!

Анна каравотга ўтирди ва сигарет тутатди. Унинг қўллари қалтирарди.
— Чарлз билан телефонда гаплашиб қўяверсанг бўлмайдими? - сўради у. - Ню-Ёркка бориб нима қиласан? Чарлз сенинг энг яқин дўстинг эмас-ку, ярим тунда унинг ёнига боргани.
— Унинг ҳаёти хавф остида эканлигини ва менинг боришим шарт эканлигини айтишди, - деди Ричард. У бирор нарсани унутмадимми, деган хаёлда хонага кўз югуртирди.
— Сен бизга бу ерда жудаям кераксан, - деди Анна.

Ричард унга қаради.
— Иложи борича тезда қайтаман. - У Аннанинг ёноғидан ўпди ва эшик томон йўналди.
— Эртага Деменга нима дейман? - сўради Анна.

Остонада турган Ричард бир оз каловланиб қолди. У бу ҳақда ўйламаганди.
— Унга, - деди Ричард, - мен Чарлзга Ню-Ёркда божхона масаласида ёрдам беришим кераклигини айт. Бирор баҳона ўйлаб топ. Фақат ҳақиқатни айтиб қўйма!

Оёқ учида зинадан тушиб лимузин томон бораётган Ричард Деменнинг ётоқхонаси эшиги қия очилганини сезмади. Мушукникидек сап-сариқ кўзлар зулматни ёриб ўтди.

Самолёт кўтарилиши билан Ричард Бугенгагеннинг хатини қўлига олди. Торн соатига қаради. Соат беш ярим бўлганди. Ню-Ёркка етти яримда, кечи билан саккизда етиб боради. Шаҳар бу пайтда эндигина уйғонаётган бўлади.

Ричард хатни ўқишга киришди:

«Йиртқич шундай яратилганки, унга сажда қилмаган ҳар бир инсон ўлдирилади».

Торн титраб кетди. Кейинги бир неча ой ичида шунчалик кўп ўлимлар содир бўлдики, уларни тасодиф дейиш қийин эди. Бу ўлимлар занжирида биринчи бўлиб Мерион хола турарди. Торннинг миясида унинг гаплари айлана бошлади.

«Деменнинг таъсири даҳшатли, наҳотки буни пайқамаётган бўлсаларинг? - деганди Мерион хола. - Нима, Маркдан ажрашни, унинг ўлимини истайсизларми?»

Кейин эса анови журналист Жоан Xарт. Даҳшатли фожиа. Газетада ёзилишича, у даҳшатли тарзда азобланиб ўлган. Бу кимга керак эди?

«Барчангизнинг ҳаётингиз хавф остида! - огоҳлантирганди Жоан. - Xудога ишонинг!»

Кейин эса Ахертон. Яна бир ғалати йўқотиш. У кимга халақит берганди? Торн мана шуни тушуна олмади. Пасарианнинг ўлими ҳам тушунарсиз эди.

Ричард дунёдаги энг йирик корпорациялардан бири бўлган ўз компанияси ҳақида ўйлай бошлади. Вақти келиб, у Деменга ўтади. Шу заҳоти уни ўйлантираётган саволларга жавоб топилди. Ахертон Бухернинг йўлига тўғаноқ бўлган ва шунинг учун йўқ қилинган. Бухер компания президенти бўлди ва унинг режалари амалга оша бошлади. Лекин иш у истаганчалик силлиқ кетмади. Қандайдир муаммолар пайдо бўлди ва буни биринчи бўлиб Пасариан сезиб қолди. Сўнгра... ҳалок бўлди.

Бухернинг режалари амалга ошса, Демен бутун ер юзини озиқ-овқат билан таъминлайдиган корпорациянинг хўжайини бўлади.

Торн Маркни кўмиш маросимини ва Демен, Бухер ҳамда Нефф ўртасидаги ғалати алоқани эслади. Нефф қандай вазифани бажаради? Ричард бу саволига жавоб топиш учун яна хатга назар ташлади:

«... ва бутун ер юзи йиртқич ортидан эргашди ва йиртқичга қудрат берган аждарга сажда қилди. Ва аждар таъзим қиларкан, йиртқичга ким бас кела олади, деди».

Аждар.

Балки, Нефф худди ўша аждардир? Жанг олиб боришдан сабоқ берувчи ҳарбий...

«Ва у барча иймонлилар билан уруш олиб боради: у барча халқлар устидан ҳукмронлик қилишни истайди...

Ва у Маликлар Малигига қарши бош кўтаради...»

Торн у ёғини ўқий олмади. Унинг кўзлари оғрир, хаёли эса чалкашиб кетганди. У бирор нарса ҳақида ўйлайдиган ҳолатда эмасди. Ричард ухлаб олиши зарур эди.

Торн бирдан дунёда содир бўлаётган воқеаларни ўйлаб кетди. Яқин Шарқдаги вазият борган сари умумий урушга айланиб кетиш хавфи остида турар, эҳтимол, унга кўплаб давлатлар қўшилиши мумкин эди. Бу Учинчи жаҳон уруши деб аталади. Албатта, агар буни шундай деб атайдиган бирор инсон тирик қолса.

Ядровий қуролланиш жадал суръатларда тарқалаётганди. Деярли ҳар бир давлат атом бомбасига эга эди. Бор-йўғи битта бомба портласа кифоя - шу заҳоти занжирли реаксия бошланади: ҳар бир давлат ер юзидан йўқолиб кетмаслик учун бошқа давлатни йўқ қилишга тушади.

Ню-Ёрк бу йил фожиага дуч келган шаҳарлар қаторида эди. Лондон, Париж, Москва, Токио - бу шаҳарларда даҳшатли фожиалар юз берганди. Ҳамма ёқда талончилик, ўғирлик, зўравонлик ва қотилликлар авжга чиққан, улар борган сари шафқациз тус олаётганди.

Дунё харитасида офат юз бермаган бирор-бир шаҳар деярли қолмаганди.

Афтидан, инсонлар кундан-кунга ҳиссиз ва бемеҳр роботларга айланиб боришаётганди. Бу бемаъни ҳаётда улар бир дақиқага тўхташ ва ўйлашга вақт тополмасдилар. Одамлар тобора атрофидаги оламдан ўзларини ўраб, мустаҳкам уй-қўрғонларига яшириниб олишаётганди.

Табиатда ҳам тушуниб бўлмас ва ғаройиб воқеалар содир бўлаётганди. Илгари қор ҳақида гап ҳам бўлиши мумкинмас жойда қор ёғар, серёғин жойларда қурғоқчилик бошланиб, тақир ерларни сел босарди. Бўронлар, тўфон ва зилзилалар ер юзини вайрон қилаётганди. Фалокатлар кундан-кунга кўпаяётгандек эди.

Торн уйқусига қаршилик қила олмади. Чарчоқдан унинг кўзлари юмилди. У нотинч уйқуга кетди.

13

Компанияга қарашли самолёт ла Гардиа аеропортининг қўниш чизиғига келиб тушганида тонг аллақачон ёришганди.

Торн керишди ва эснаганича соатига қаради. Еттидан қирқ беш дақиқа ўтганди.

Бирдан Ричард ўзини аҳмоқ бўлгандек ҳис қилди. Уорреннинг аҳволи ҳақида қандайдир руҳоний қўнғироқ қилгани учун минг мил босиб келгани Торнга бемаъниликдай туюлди. Бунинг устига Ричарднинг Чарлз билан бўлган сўнгги суҳбати жанжалга айланганди. Торн энди у билан илгариги муносабатини тиклай олмаслигига ишонарди.

Лекин ўша оқшомда Уоррен айтган сўзлар Ричарднинг юрагида тошдек қадалиб турарди. Энди Ричарднинг ўзи ҳам Игаел деворини ўз кўзи билан кўриш ва барча нарсани англаш иштиғқида ёнарди.

Ричардни Уорреннинг ўзи эмас, балки руҳоний қўнғироқ қилгани жиддий ташвишга солганди. Эҳтимол, Уоррен уни Ню-Ёркка шу йўл билан келтирмоқчи бўлгандир. Торн аеропорт биносидан чиқиб ўтирди ва руҳоний айтган манзилни айтди. Таксичи Торнга ҳайрон бўлиб қараб елкасини қисди ва машина жойидан қўзғалди.

Таксида ўтирган Торн буларнинг барчаси ким учун наф келтиради, деган саволга жавоб изларди. Бирдан у бу даҳшатли ҳодисалар фақат Демен Торн манфаати учун фойдали эканлигини англаб етди.

Деменни қудратли компанияни бошқариш имкониятидан фақат икки киши тўсиб турарди: Ричард Торн ва унинг хотини.

Торн Уоррен нима учун у билан учрашишни истаётганини тахминан биларди. Чарлз ундан Деменни ўлдиришни сўрайди.

Бундай илтимос илгари ҳам бўлганди. Бугенгаген ва Жереми Торн. Улар етти йил илгари бу ишни амалга оширишга уринишганди, аммо ҳалок бўлишганди.
— Йўл кирани ҳозир тўлайсизми? Сизни кутиб турайми? - Таксичи Торннинг хаёлини бўлди.

Ричард узр сўрагандек минғирлади ва чўнтагидан ҳамёнини чиқарди. У ҳайдовчига ўттиз доллар тўлаб машинадан тушди ва атрофга аланглади. У темир йўл яқинида жойлашган ярим хароба ибодатхона олдида турарди.

Ричард ибодатхонага яқинлашиб эшикни итарди. Ибодатхона ичи чанг-ғубор билан тўлганди. Ёғоч ўтиргичлар худди ағдарилиб кетадигандек кўринарди.

Торн ичкаридаги эшик томон юрди. Бирдан эшик очилиб, бўйи унчалик баланд бўлмаган букри руҳоний кўринди.
— Жаноб Торн?

Ричард бош ирғади.

Руҳоний оқсоқланганича унга яқинлашиб кўриш учун қўлини узатди.
— Мен руҳоний Уенстонман. Келганингиз учун раҳмат. - У Торннинг қўлини қисди. - Жаноб Уоррен сизни кутяпти. - Руҳоний йўл бошлади.

Ричард унинг ортидан эргашди.
— Қўнғироқ қилганингиз учун раҳмат, - деди у. - Доктор Уорренга нима бўлди?
— У мен билан гаплашишни истамаяпти, фақат у даҳшатли саросимага тушганига менинг ишончим комил.

Улар йўлакдаги эшиклардан бири олдида тўхташди ва руҳоний эшикни оҳиста тақиллатди. Ичкаридан хирилдоқ овоз эшитилди: «Ким у?». Бу Уорреннинг овозига ўхшамасди.
— Жаноб Торн келди, - деди руҳоний.

Эшик очилди ва остонада Уоррен пайдо бўлди. Унинг кўриниши ғалати эди. У қандайдир даҳшатли касалликка чалингандек эди. Чарлзнинг кўзлари қизариб кетган, ёноқлари осилиб қолган, ранги эса сарғайиб кетганди.
— Ричард? - деди у хавотирли оҳангда.
— Ҳа, менман, Чарлз.

Уоррен олдинга ташланди. У Торннинг ёқасидан ушлади ва хона ичига судради. Эшикни ёпиб, зулфинини тушириб қўйди.
— Йиртқич орамизда, - пичирлади у. - Бу ҳаммаси ҳақиқат! Мен деворни кўрдим...
— Чарлз, илтимос, қулоқ сол...
— Мен уни кўрдим! Даҳшат! - Уоррен қалтирай бошлади.

Торн Уорреннинг елкасидан ушлади.
— Ўзингни қўлга ол! - Ричард ўз кўзларига ишонмасди. Наҳотки унинг рўпарасида узоқ йиллар давомида музейни бошқарган ва содиқ дўст бўлган киши турган бўлса?

Уоррен бирдан қалтирашдан тўхтади. У Торнга тикилди.
— Энди сен менга ишонасан, Ричард, - деди у, - ёки ҳали ҳам мени телба деб ўйлаяпсанми?

Торн Игаел деворини ўз кўзи билан кўриши шарт эди.
— У қаерда? - сўради у. - Игаел девори қаерда?

Уоррен ва Торн юк вагонлари турган темир йўл бўйлаб кетишарди. Чарлз вақти-вақти билан тўхтар ва осмонга қараб қўярди.

Ниҳоят, улар «Торн Индастриз»нинг контейнерларида турган вагон ёнига етиб келишди. Уоррен қулфни очди. Торн Чарлзга қараб турганди.

Ричард вагонга чиқди ва Уоррендан сўради:
— Чиқмайсанми?

Уоррен бош чайқади ва яна осмонга қаради. Кутилмаганда у даҳшатдан қотиб қолди.

Торн у тикилиб турган томонга қаради. Йигирма фут баландликда улкан қора қузғун айлана ясаб учарди.

Ричард қўрққанидан вагонга ёпишиб қолган Уорренга қаради.
— Чиқ, Чарлз. - У Уорренни тинчлантиришга уринди. - У бор-йўғи оддий қуш-ку.

У қузғундан кўзини узмай бош чайқади.

Торн уф тортди ва вагон ичига кирди.

Вагон турли ўлчамдаги қутилар билан тўла эди. Қутилардан бири кимдир томонидан очилганди.

Шу пайт узоқда турган узун эшелон бирдан юра бошлади.

Оғир вагонлар шовқин билан бир-бирига урилганича «Торн Индастриз» контейнерлари турган якка вагон томон ҳаракатлана бошлади.

Вагон ёнида турган Уоррен кўзларини юмиб илтижо қила бошлади. Кутилмаганда қўшни йўлдан катта тезликда поезд ўтди. Уоррен ўзини ерга ташлади. Поезд ўтиб кетгач, Чарлз оёққа турди ва вагоннинг олд томонига ўтди.

Торн вагон ичидаги қутилардан бирида девор бўлагини кўрди. Девор жуда қадимийга ўхшарди. Унинг бўғқлари унчалик ўчмаганди. Ричарднинг кўзи девордаги суратга тушди. Бу гўдакнинг тасвири эди. Лекин унинг юзи чаплашиб кетганди.

Ташқарида эса оғир эшелон борган сари тезликни оширарди. Энг олдиндаги вагон занглаб кетган узун-узун темирлар билан қопланганди. Эшелон йўлни бурувчи кўрсаткичга яқинлашди. Кўрсаткич ишга тушди ва йўл алмашди. Вагонлар «Торн Индастриз» юклари жойланган вагон томон бурилди.

Уоррен йўл ўртасида турганча кўзларини маҳкам юмди ва дуо ўқий бошлади. Унинг тепасида эса қузғун борган сари тезроқ айлана бошлади.

Торн қутининг кейинги бўлимида деворнинг бошқа қисмини кўрди. Унда Шайтоннинг дўзах четида осилиб турган пайти акс экс этганди. Лекин бу суратда ҳам Шайтоннинг юзи чаплашиб кетганди.

«Жинни бўлиб қолмадиммикин? - ўйлади Торн. - Ҳеч қандай исбот йўқ-ку».

Ричард қутининг сўнгги бўлимини очди.

Ва шу лаҳзада у инсон қиғфасини кўрди. Уни худди бир неча йил илгари чизишгандек эди, сурат аниқ-тиниқ эди.

Бу Демен Торннинг юз қиғфаси эди.

Унда айрим фарқлар ҳам бор эди, албатта. Рассом соч ўрнига узун тилларини чиқариб турган илонларни чизган, кўзлар эса инсонники эмас, мушукники каби сап-сариқ эди. Лекин бу Деменнинг юзи эканлиги аниқ эди.

Вагонлар Торн турган вагонга борган сари яқинлаша бошлади. Дуо ўқиётган Уоррен кўзларини очди, лекин ўзини четга олиб қочиш учун энди кеч бўлганди. Катта тезликда келган вагон Уорреннинг танасини «Торн Индастриз» вагонига қапиштириб ташлади. Уоррен даҳшат ва оғриқдан қичқирди.

Вагон ичидаги Ричард зарбадан йиқилиб тушди. Игаел девори аста-секин қулай бошлади. Ричард ўзини зўрға олиб қочишга улгурди. Девор ҳозиргина у ётган жойга қулади ва парча-парча бўлиб кетди.

Торн узоқ йўл босиб кўргани келган далил энди йўқ эди.

Лекин Торн буни ўйламади ҳам. У вагондан сакраб тушди ва юраги потирлаганча Уорренни излай бошлади. Уоррен ҳали тирик эди. Унинг оёзидан қон оқар, кўйлаги қип-қизил бўлиб кетганди.
— Э, Xудо! Чарлз! - Даҳшатга тушган Торн ўлаётган дўстига ташланди.
— Пичоқларни... топ. - Чарлз зўрға нафас оларди.- Бола... ўлиши... шарт.
— Пичоқлар сендами? - қичқирди Торн.
— Кет, - деди Уоррен, - ҳали ҳам кеч эмас!

Торн юқорига қаради. Вагон томида қузғун унга кўзларини тикиб ўтирарди. Торн яна Уорренга қаради.
— Пичоқлар қаерда? - У бирдан ўзининг ҳам ҳаёти хавф остида эканлигини англади.

Лекин Уоррен ҳеч нимани эшитмасди. Унинг кўзлари қотиб қолганди.

Торн қўрқувдан ўзини орқага ташлади.

Шу лаҳзада қузғун қағиллаганича Торнга қараб отилди.

Ричард жон-жаҳди билан қоча бошлади. Қузғун унинг тепасида бир-икки айланди, сўнг учиб кетди.

14

Девидсон ҳарбий Академиясида шахсий қуролни топшириш маросимига бағишланган кеча бўлаётганди.

Маросим Академия ҳовлисида ўтказилаётганди. Ота-оналар ва бошқа курсантлар эса балконда туришганича энг аълочи болаларга мукофот топширилишини томоша қилишаётганди.

Бу йил олти нафар курсант шундай мукофотга муносиб топилганди. Демен ҳам улар орасида эди. Марк ҳам мукофотга сазовор бўлганди ва беш курсант шундай тарзда сафланишдики, уларнинг сафида бир киши йўқлиги билиниб турарди.

Демен маёрурлик билан қаддини ғоз тутганича ўз навбатини кутиб турарди. У ҳали ҳам билагига қора мато тақиб юрарди.

Анна балконда Бухер билан бирга турарди. У йиғлаб юборай деди. Буни сезган Бухер унга рўмолча узатди.

Балконнинг қарама-қарши томонида қизлар тўпланиб туришарди. Уларнинг ҳаммаси бир хил кўйлак кийиб олишганди. Қизлар орасида бир соҳибжамол ажралиб турарди. Унинг орқасида қора костюм-шим кийган икки барзанги туришарди. Бир қарашдаёқ уларнинг тансоқчилар эканлигини билиш мумкин эди. Қизнинг отаси, Иллинойс штати губернатори фарзандига биров озор етказишини истамасди.

Тантанали маросим давомида қиз Демендан кўзини узмади.

Исми эълон қилинганда Демен олдинга чиқди. Пошналарини бир-бирига қарсиллатиб урганча мукофот берувчининг олдида ғоз қотди.

Демен шахсий қуролини олгач, мукофот берувчи унга иккинчи ханжарни узатди.
— Мана буни ҳам ол, - деди у қуролни топшираркан. - Бу орамизда эндиликда йўқ бўлган аканг Маркники. У бу мукофотга лойиқ эди.

Йиғилганлар қарсак чалиб юборишди. Анна ёшланган кўзларини артди. Губернаторнинг қизи ҳаммадан қаттиқроқ қарсак чаларди.

Демен таъзим қилди ва ортига қайтди.

Аннанинг ёнида ҳайдовчи Мюррей пайдо бўлди. Мюррей унинг қулоғига нимадир деб шивирлади. Анна бош ирғади ва Бухерга мурожаат қилди:
— Мен кетишим керак, Пол. Ричард қайтиб келяпти экан. Уни аеропортда кутиб олмоқчиман.

Бухер бош силкиди.
— Кечки базмга келасизларми? - қизиқди у.

Анна елкасини қисди.
— Ҳаракат қиламиз, - деди у ва Мюррейнинг ортидан шошилди.

Бухер уни кузатиб қолди, сўнг пастга қаради ва Неффнинг нигоҳини топди. Улар бир вақтнинг ўзида бош ирғашди ва ўгирилишди.

Анна автомобилнинг орқа ўриндиғида ўтирарди. У Ричарднинг келишини сабрсизлик билан кутаётганди.

Самолёт деярли автомобил ёнида тўхтади. Моторлар ўчди ва зина туширилди. Эшик очилиб, Ричард шошилганча пастга туша бошлади.

Ричард Анна билан сўрашиш ўрнига Мюррейга гап қотди:
— Демен қани? - Унинг овози ҳаяжондан қалтирарди.
— Академияда, жаноб, - бундай саволни кутмаган Мюррей каловланиб қолди.
— Биз таксида музейга борамиз. Сиз эса ҳозироқ Деменни олиб музейга боринг. - Ричард орқа эшикни очиб, хотинининг машинадан тушишини кутиб турди. - Кетдик, - буюрди у, - сен мен билан борасан.

Улар аеровокзал биноси томон шошилишди. Анна эридан қолиб кетмасликка уринарди. У нима бўлаётганини тушунолмасди. Мюррей уларнинг ортидан қараб қолди ва бирдан унинг кўзларида нафрат учқуни чақнади.

Базм авжида эди. Бу ердаги ўсмирлар ва қизлар худди қадим замонлардан келиб қолишгандек эди. Курсантлар байрам мундирини кийиб олишган, қизлар эса этаги ерга теккудек кўйлакларда эдилар.

Девор ёнида рақс тушишни истамаган ўсмирлар туришарди: кимдир уялар, кимдир эса рақс тушишни билмасди. Бир гуруҳ қизлар ҳам уларнинг рўпарасида туриб олишган, йигитчалар билан кўз уриштиришарди.

Қарши томондаги девор ёнида Демен ва Нефф рақс тушаётганларни кузатиб туришарди. Нефф бирдан икки тансоқчи ҳамроҳлигида Демендан кўзини узмай турган қизни кўриб қолди.
— Уни рақсга таклиф қил, - деди сержант Деменга.
— Губернаторнинг қизини-я? - деди Демен.

Нефф бош силкиди.

Демен жилмайди.
— Уларнинг оиласи билан танишман, - деди у сержантга ва қиз турган тарафга йўл олди.

Нефф уни кузатиб қолди. Сержантнинг юзида қониқиш ифодаси бор эди.

Ричард музейнинг пастки қаватига олиб борадиган зинадан югуриб тушарди. Унинг ортидан Анна югурарди.
— Мен бунга ишонмайман! - деди у эрига етиб олишга уринаркан.
— Бунга ишонишинг шарт! - эътироз билдирди Ричард. - У Маркни ўлдирди, Ахертон ва Пасарианни ҳам у ўлдирди.
— Бас қил! - ёлворди Анна унга етиб олиб қўлидан ушларкан. Ричард ўгирилди.
— Қотилликлар давом этаверади. У йўлига қарши чиққан ҳар бир кишини ўлдиради. - Ричард хотинининг чангалидан қутулиб чиқди ва зина бўйлаб пастга ташланди.
— Қанақасига? - бақирди Анна. - Қандай қилиб ўлдирган? Нима, музни ёрилишга мажбур қилганми?..
— Йўқ, - эри унинг сўзини бўлди, - у ўзи эмас...
— Ёки газ қувурини ёриб юбордими?..

Ричард ярим йўлда қотиб қолди ва хотинига қаради.
— Бошқалар ҳам бор, - деди у. - Унинг атрофидагилар.
— Ричард, - деди Анна ўзини хотиржам кўрсатишга уринаркан, - нима деяётганингни ўйлаб кўр! Бу бемаънилик-ку! Қанақа «бошқалар»? Шайтонларми? Шайтонлар махфий ташкилотими? Ричард, илтимос!

Ричард унинг қўлидан ушлади.
— Анна, - деди у ёлворганнамо, - мен Чарлзнинг қандай ҳалок бўлганини кўрдим...

Аннанинг нафаси бўғзига тиқилиб қолди. У Уорреннинг ўлганини энди эшитаётганди.
— Игаел деворида Деменнинг юзини кўрдим!

Орага узоқ жимлик чўкди.

Ричард ва Анна бир-бирларига қараб қотиб туришарди: бу даҳшатли курашдаги икки рақиб. Ричард фақат бир нарсани истарди: Аннанинг унга ишонишини. Анна эса буларнинг ҳаммаси ҳазил бўлиб чиқишини хоҳларди. Майли, даҳшатли бўлса-да, ҳазил бўлиб чиқишини.
— Нима қилмоқчисан? - сўради у.

Демен губернаторнинг қизи билан рақс тушарди. Болалар уларни кузатиб туришар, аксарият қизларда эса рашк ҳисси уйғонганди.

Рақс тушаётиб, Демен зал бурчагида Нефф билан Мюррей туришганини кўрди. Улар нима ҳақдадир жиддий суҳбатлашишарди. Ҳайдовчи Деменнинг нигоҳини сезди.
— Кечирасиз, - деди Демен қизга, - мен тезда қайтаман. - У губернаторнинг қизини тансоқчилар ёнига кузатиб қўйди ва Мюррей билан Неффнинг олдига йўл олди. Демен уларга яқинлашганида Нефф у томон қадам ташлади ва деди:
— Эҳтиёт бўлинг!

Демен унга совуқ назар ташлади ва дона-дона қилиб деди:
— Кимлигимни унутиб қўйибсиз.

Нефф худди узр сўрагандек бошини эгди.

Демен ўгирилди ва Мюррейнинг ортидан эргашди. Улар автомобил томон йўл олишди.

Ричард ниҳоят калитни топди ва доктор Уорреннинг хонасини очди. У хона ичига отилиб кириб чироқни ёқди ва ниманидир қидира бошлади: қутиларни у ёқдан бу ёққа сурди, столлар остига қаради.
— Нима қиляпсан? - деди Анна остонада тураркан. Ричард жавоб қайтарди:
— Пичоқлар шу ерда. Шу ерда бўлиши керак.

Анна хонага югуриб кирди.
— Ричард, йўқ! - қичқирди у. - Ундай қилма! Бунга йўл қўймайман...

Ричард уни итариб юборди.
— Кет! - буюрди у. - Пичоқлар шу ердалигини биламан.

Анна даҳшатга тушди.
— Уни ўлдирмоқчимисан?

Ричард шкафни титкилашда давом этди.
— У шу ерда бўлса...
— Йўқ!
— Анна, бу бола одам эмас! - Торн қулфлоёлиқ қутини топди.
— У укангнинг ўғли-ку! - Анна ҳўнграб юборди. - Етти йил давомида уни ўз ўғлингдек яхши кўриб келдинг!

Лекин Ричард уни эшитмасди. У қутини очиши керак эди. У бирорта асбоб топиш илинжида у ёқ-бу ёққа аланглади ва турли археологик асбоблар турган қутини кўриб қолди. Унинг ичида болға бор эди. Торн уни олди ва қутига энгашди.

Музей рўпарасига автомобил келиб тўхтади. Ундан Демен тушиб келди. У Мюррейга нимадир деди, сўнг зина бўйлаб юқорига кўтарилди.

15

— Тўхта, Ричард! - ёлворарди Анна. - Илтимос, тўхта!

Лекин Ричард хотинини эшитмасди. У қути қулфини синдирди ва совуқ йилтираётган етти дона пичоққа қандайдир қониқиш билан қаради.

Бу пайтда эса демен пастки қаватга олиб борадиган зинадан югуриб тушарди. унинг қулофига узоқдан овоз эшитилди, анна нималардир деб ёлворар, ричард эса қаршилик қиларди. Демен пастга тушишда давом этди.

Анна эрини итариб юборди ва пичоқларни қўлига олди.
— Бунга йўл қўймайман... - чинқирди у. Ричард Аннага тикилди.
— Пичоқларни бер, Анна.

У бош чайқади, кўзидан эса дувиллаб ёш тўкиларди.
— Анна, - деди Ричард. - Уларни менга бер.

Улар бир-бирларига тикилишди.

Ниҳоят, Анна ундан кўзини олиб қочди.

Демен уорреннинг хонаси эшиги ортида турарди. У диққат билан қулоқ солди. Унинг нигоҳи тўфрига қаратилганди. Демен кўзларини юмди. У бошдан-оёқ титрай бошлади.

Анна талмовсиради. У қандайдир ҳаракатдан ўзини тўхтатишга уринаётгандек эди. У эрига қаради.

Ричард пичоқларга қўл узатди.

Кутилмаганда Анна ёввойиларча олдинга ташланди. Унинг юзи бужмайди, нигоҳи эса телбавор эди. У эрига яқинлашди ва унинг қулоғига шивирлади:
— Мана, Ричард, мана пичоқларинг! - ва қўлидаги пичоқларни эрининг танасига санчди.

Даҳшат ва оғриқдан Ричард кўзларини катта-катта очди.
— Анна! - дея олди у юзтубан йиқиларкан ва пичоқлар унинг танасига янада чуқурроқ кирди.

Анна бошини мақрур кўтарди, унинг кўзлари ғолибона чақнар, лабида эса табассум бор эди. Ва у қичқирди:
— Демен!

Демен титрашдан тўхтади ва кўзларини очди. У эшик тутқичига қўлини чўзди, сўнг унга кимдир қаршилик қилгандек, иккиланиб қолди. Демен бир оз ўйланиб турди. Сўнгра шартта орқасига қайрилиб зина томон йўл олди.

Уорреннинг хонаси билан ёнма-ён бўлган қозонхонада энг катта қозонлардан бири силкина бошланди...

Анна хонада турарди.

Демен қадамини тезлатди.

Шу лаҳзада қозон портлади. Қайноқ ёқилғи оқими вентиляцион панжара орасидан Уорреннинг хонасига кирди. Гарангсиб турган Аннани олов қоплаб олди. У қичқирди ва ... тирик машъалага айланди.

Деменнинг бу ерда қиладиган иши ниҳоясига етганди. У тезда зални кесиб ўтди. Пастдаги ёнфиндан ишлаб кетган сигнализация овози ҳаммаёқни тутиб кетганди.

Ёнғинни ўчириш тизими ҳам ишга тушди. Аннанинг танасидан буқ кўтарилди.

Анна қичқирди:
— Демен! Демен!! Демен!!!

Музейдан чиқиш эшиги олдида Демен қадамини секинлатди ва ортига қаради. Унинг кўзларида қайғуга ўхшаш ифода бир чақнаб ўтди. Кейин у эшикни очди ва зулмат томон қадам ташлади.

Бирдан узоқдан сирена товуши эшитилди. Музей томонга ўт ўчириш машиналари келмоқда эди.

Музей рўпарасида узун қора лимузин турарди. Мюррей ҳар доимгидек орқа эшикни очиб хўжайинини кутаётганди.

Демен югуриб келиб машина ичига ўзини ташлади.

Ичкарида Пол Бухер ва сержант Нефф ўтиришарди. Улар кулимсираб қўйишди.

Мюррей машинани юргизди. Лимузин тун қўйнига сингиб кетаркан, Демен яна бир марта ўт ичида қолган музей биносига қаради. Олов шуъласи машина ойнасида, Деменнинг юзида акс этарди.

Унинг кўзлари қувончдан порларди...

Демен илжайиб қўйди...

Иккинчи китоб тугади.