OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Asarga baho bering


Asarni saqlab olish

Asarni ePub formatida saqlab olish (iBooks va Kindle kabi ereader'larda oʻqish uchun) Asarni PDF formatida saqlab olish Asarni OpenDocument (ODT/ODF) formatida saqlab olish Asarni ZIM formatida saqlab olish (Kiwik kabi e-reader'larda oʻqish uchun) Icon book grey.gif

Asar tafsillari
MuallifJumaniyoz Jabborov
Asar nomiUyqusiz kecha (drama)
TurkumlarKutubxona
Xalqlar
   - Oʻzbek/mustaqillik adabiyoti
Boʻlimlar
   - Milliy adabiyot
Mualliflar
   - Jumaniyoz Jabborov
Uslub
   - Teatr va dramaturgiya
Shakl
   - Pyesalar
Yozuv
   - Lotin
TilOʻzb
Hajm87KB
BezatishUzgen (admin@kutubxona.com)
Qoʻshilgan2012/12/14
Manbahttp://forum.ziyouz.com/ind...


Nashr belgilari
«Шарқ юлдузи» журнали, 2010 йил, 1-сон


iPad asboblari
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Mazmun
Bu asar Oʻzbek elektron kutubxonasida («OʻzLib»da) joylashgan. OʻzLib — notijorat loyihasi. Bu saytda joylashgan barcha kitoblar tekin oʻqib chiqish uchun moʻljallangan. Ushbu kitobdan faqatgina shaxsiy mutolaa maqsadida foydalanish mumkin. Tijoriy maqsadlarda foydalanish (sotish, koʻpaytirish, tarqatish) qonunan taqiqlanadi.



Logo.png





Uyqusiz kecha (drama)
Jumaniyoz Jabborov

Қатнашувчилар:

Акбар ота
Моҳира
Тоҳира – отанинг қизлари.
Шоира
Адҳам
Баҳром – отанинг куёвлари, яъни божалар.
Ботир
Дилбар – отанинг набираси.

Биринчи Парда

Акбар отанинг осойишта ва саришта хонадони. Чароғон ва кўркам зал. Диванда ёшгина талаба қиз Дилбар журнал варақлаб ўтирибди. Эшик тақиллайди. Қиз эшикни очади. Остонада қувноқ қиёфада шу хонадоннинг ўртанча қизи Тоҳира ва унинг эри Баҳром кўринадилар.

Дилбар. Ассалому алайкум, почча, аммажон. Марҳамат, марҳамат!

Баҳром. Во алайкум ассалом, Дилбаргинам, яхшимисан, жиян. Ўзгинанг ўтирибсанми, зерикиб?..

Тоҳира. Доногина Дилбарим, меҳрибон жиянгинам, нега зерикар экансан? Яхшимисан, ўқишларинг қалай? Ота-онангни соғинмаяпсанми?

Дилбар. Раҳмат, аммажон. Имтиҳонларга тайёрланиб ўтирибман. Мана буёққа, диванга ўтиринглар.

Баҳром. Раҳмат. Бахтли бўл, илойим. Амаким қанилар?

Дилбар. Бобом ҳализамон келиб қоладилар. Гузарга, сартарошхонага чиққан эдилар.

Баҳром. Фасон бўлиб келарканлар-да бобой.

Тоҳира. Ўзларига қараб юрсалар яхши-да. Онамнинг вафотидан сўнг анча чўкиб қолдилар. Қандай одам эдилар-а...

Баҳром. Ҳамманинг бошида бор гап бу. Ҳеч ким дунёга устун бўлган эмас. Эй, ёлғизлик қурсин... Ҳеч кимни жуфти ҳалолидан бемаҳал ажратмасин.

Тоҳира. Шунақа дейсизу... баъзида тириклай тақиб қилишгаям тайёрсиз...

Баҳром. Ўзинг ҳам ошириб юборасан-да. Жанжалга тап-тайёр турасан. Жаҳлинг бурнингни учида...

Тоҳира. Айтганимни олиб бермаганингиздан кейин...

Баҳром (ижирғаниб). Э, ўлсин-е.

Тоҳира. Дугоналарим тўю ҳашамда тиллою бриллиантларини намойиш қилиб ўтирса-ю, мен чеккада шумшайиб қолаверсам... Кимга ёқади?

Баҳром. Бу гаплар ярашмайди сенга, хотин. Кимсан фалончи бизнесменнинг аёлисан!

Тоҳира. Оти улуғ, супраси қуруқ.

Баҳром. Яна эски гап...

Тоҳира. Ўткирбек акам ўша биринчи аямиздан. Лекин ўртада ҳеч қандай ўгайлик бўлмаган.

Баҳром. Шундай деймизу... барибир сезилади-да. Катта ишда эканлар сизларга мундоқ бир иқтисодий маънода қайишмайди-ку... (Уйни, зални суқланиб кузатиб) Шундай ҳашамат ҳам... ўша кишининг кучи билан-да...

Тоҳира. Кечириб қўясиз. Бойликлари бўлса, ўзларига! Дадам бутун умрини, меҳрини, бор-йўғини бағишлаб ўзлари тиклаганлар бу иморатни.

Баҳром (гапни буриб). Лекин қайнатамнинг иродасига қойилман. Бир эмас, икки хотиндан ажралиш... оғир... оғир... Бу — трагедия!

Тоҳира. Нега ёлғиз бўладилар. Бир эмас учта қизлари, учта суқсурдай куёвлари бор-ку. Ўғиллари катта бир шаҳарнинг обрўли хўжайинларидан.

Баҳром. Ҳа, энди, шунчалик айтдим-да, Тоҳирахоним (четда тузатиб қўйилган дастурхонни кўриб). Э, э, тайёргарлик катта-ку. Шишалар ҳам бор. Яна кимлардир келишадими?

Тоҳира. Нимага чақиртирган эканлар?

Дилбар. Билмадим... Мен ҳозир... (чиқади).

Тоҳира (ўйланиб). Туғилган кунлари эмас, унда билардим. Тўй маслаҳатиям эмас. Меҳр кўзда дейдилар. Шунақа кўрсатув ҳам бор телевизорда. Одамлар эллик йилдан кейин ҳам бир-бирларини топишяпти.

Баҳром. Биз эса бир жойда туриб, бир шаҳарда яшаб... ҳар замон-ҳар замон қўнғироқ қилиб туришгаям эринамиз. Тоҳирахон!

Тоҳира. Лаббай?

Баҳром (уйни кузатиб). Эсингиздами?..

Тоҳира. Нима?

Баҳром. Нима бўларди? Сизга мубтало бўлиб, шу уй атрофида гирдикапалак бўлганларим.

Тоҳира. Мен қайдан билай, юрагингиздан қандай гаплар ўтганини. Кўпинча ширакайф ҳолатда бўлардингиз.

Баҳром. Йўқ. Мен хаёлингиз билан маст бўлардим. Сизга эришгунча нималар ўтмади бошимдан.

Тоҳира. Ўша ширакайфлигингиз...

Баҳром. Ошиқлигингиз денг...

Тоҳира (давом этиб). Ўша ширакайфлигингиз бинойидек иккинчи касбу корингиз бўлиб қолди-ку. Мана ҳозир ҳам анча тайёрсиз. Адамдан уяламан.

Баҳром. Янглишасиз, жонидан, янглишасиз. Мен ҳамон ўша, ўша... мафтунингизман, мубталонгизман: «Кўргали ҳуснингни зору мубтало бўлдим сенга, Не балолиғ кун эдиким, ошно бўлдим сенга». Мана шундай хонадоннинг куёви бўлиш асрий орзуйим эди.

Яна эшик тақиллайди. Дилбар эшикни очади. Бўсағада Акбар отанинг тўнғич қизи Моҳира эри Адҳам билан кўринади. Баҳром божасини қучоқ очиб қаршилайди.

Баҳром. Эй, тавба, эй, тавба. Адҳамжон ака, кўрар кун бор экан-ку... Яхшимисиз, Моҳирахон опа? (Адҳамни кўрсатиб) Шу бепарво акам билан муросайи мадора қилиб юрганингиз учун сизга ўнта... (божасининг бошига ишора қилиб) ҳайкал қўйилса ҳам камлик қилади!

Адҳам. Аскиянинг ҳам расвосини чиқардингиз-да, божа. Ақлли бошдан тушиб кетади ёмон соч.

Моҳира. Ҳайкални бошимга ураманми. Менга ўзлари соғ бўлсалар – шу катта давлат. (Тоҳирага) Нима гап экан, Тоҳира, билмадингми?

Тоҳира. Ҳарҳолда, бежиз эмас...ёки шунчалик... Ким билади яна...

Тоҳира. Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди.

Баҳром. Тинмағур отажонимиз бирор корхонами, дорихонами очаётган бўлсалар, ажаб эмас.

Адҳам. Йўғ-е! Қайнонам раҳматлик ўлим тўшагида ётиб, мендан кейин оталарингиздан тез-тез хабар олиб туринглар, деб васият қилардилар. Шу-да... Айтмоқчи, отамизнинг ўзлари қаердалар?

Баҳром (кулиб). Сартарошхонага кетибдилар.

Адҳам. Эҳ, ҳа... Бунақа ишларни жойига қўяди отамиз. Эртага дам олиш куни... бир шакаргуфторлик қилгулари келгандир-да (ўтиришади). Баҳромжон!

Баҳром. Лаббай?

Адҳам. Бизнес ишларингиз яхши давом этяптими, ҳар нечук? Ё ҳалиям бориб келишнинг ўзими?

Баҳром. Жудаям осон эмас экан, божа. Бешта дўконни қимирлатиб туриш учун минг ковакка кириб-чиқишга тўғри келади.

Адҳам. Илойим, кириб-чиқишдан қолманг. Ҳозир ҳаммагаям осон эмас. Каллани обдон ишлатиш керак бўлади.

Баҳром (яна ҳазилга олиб). Агар ўша калла бўлса денг.

Моҳира (аскияни тушуниб). Ҳазилларингиз қуриб кетсин.

Адҳам. Мана мен, масалан, домламан, ҳар ҳолда, тафаккур кишисиман. Ҳодисалар моҳиятини аниқлашга интиламан. Етти ўлчаб, бир кесиш тарафдориман. Буни илмий ишларимда ҳам назарий жиҳатдан асослашга уринганман.

Баҳром (киноя билан). Бунга ишончим комил.

Адҳам. Балли...

Эшик тақиллайди. Дилбар очади. Отанинг кенжа қизи Шоира эри Ботир билан киради.

Адҳам (ҳайрон). Ана халос, ана халос. Жамоат жам бўлди-ку. Кенжатой божамиз Ботиржонга бир дунё олқишлар! Шоирахон, марҳамат! Опажонларингиз билан бир яйрашар экансиз-да бугун...

Шоира (салом-аликдан сўнг). Худога шукур. Шундай бир йиғилишни орзу қилиб юрардим. Минг шукур. Нега бемаслаҳат бўлди бунақа чақирув?

Ботир. Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур. Адҳам ака, тинчликми?

Адҳам. Тинчлик, тинчлик...

Баҳром. Мен ҳайронман. Шаҳарнинг уч чеккасида яшаётган уч оила бир-бири билан хабарлашмай, қандай қилиб бир вақтда, худди бир-бири билан олдиндан маслаҳатлашгандай, айни бир жойда тўпланиши мумкин?

Уч опа-сингил ҳам ҳайратда бир-бирига тикилишиб ҳол-аҳвол сўрашадилар. Божалар чекиб келиш учун ташқарига чиқадилар.

Тоҳира. Бир ҳисобдан кўришиб олганимиз ҳам яхши бўлди. Гаплар йиғилиб қолган эди.

Моҳира. Бир ой олдингина учрашганмидик? Гапни яхши кўрасан-да, Тоҳира.

Шоира. Нима бўлсаям, яхши бўлди. Бобойни зиёрат қилиб кетамиз.

Моҳира. Кечагина тиззаларидан тушмай, соч-соқолларини силаб ўтирардинг, энди бобой бўлиб қолдиларми?

Шоира. Бор гап-да. Онамнинг вафотларидан сўнг оёғим тортмайди шу ерга.

Тоҳира. Тўхта, тўхта... Бу чоли қурғур «уйланаман»га тушиб қолмаган бўлсин тағин?

Моҳира. Оғзингдан ел олсин. Шарти кетиб, парти қолган одамнинг устидан кулаяпсанми?

Тоҳира. Нега куларканман? Бир вақтлар маҳалла адоғида турадиган Норжон хола билан гап-сўз бўлиб, онамни роса куйдирганларини эшитганмиз.

Моҳира. Бас қил, эй! Иғволарингга ўт тушсин!

Шоира. Балки ўша аёлни олиб келмоқчи бўлсалар, бизлардан изн сўрамоқчидирлар...

Моҳира. Гапирманг-эй. Шундай кошона саройни, тайини йўқ кампирга бериб қўядиган аҳмоқ йўқ! Ордона қолсин ўша шум алвасти!

Тоҳира. Ҳар хил тахминга бораверманглар. Бирор масала юзасидан фикримизни билмоқчи бўлсалар керак-да.

Шоира. Шу-да, бошқа нима бўларди. Вой, ҳали кўрасизлар, яхши гап бўлади, отам доно одам!

Тоҳира. Яхшиси, адамнинг ўзларидан сўраймиз, ётиғи билан.

Моҳира. Йўқ, ўзим сўрайман, сизлар томдан тараша тушгандай, пала-партиш гапириб қўясизлар.

Шоира. Оббо, сўрасангиз сўрайқолинг, шуям мартаба бўлдию... Профессорнинг хотинига ҳамма нарса мумкин дейсиз-да...

Дилбар. Аммажонлар, дастурхонга марҳамат. Иссиққина чой олиб келдим. Сомсаям иссиққина.

Шу пайт божалар ҳазил-ҳузул гаплашиб, кулишиб кирадилар.

Адҳам (Баҳромга, кулиб). Э, латифангиз ҳам қуриб кетсин. Ҳамма жойда гапирманг-э бунақасини.

Дилбар. Дастурхонга марҳамат, поччалар.

Адҳам. Раҳмат, жиян. (опа-сингилларга) Хўш, қизлар, зерикмадингизларми? Биз озгина тоза ҳаво олдик-да, узр, узр.

Баҳром. Озгина фикрлашиб ҳам олдик.

Адҳам (ҳазиллашиб). Оббо, қассоб ака-эй, сизда фикр бўлар эканми, одам қуригандай.

Баҳром. Ҳов, катта куёв, кўпам катта кетаверманг. Уйингизга тўрт кило гўшт ташлаб кетсак яхши-ю... бошқа вақтда пуф сассиқ экан-да.

Ботир. Қизишманглар, қизишманглар...

Адҳам. Мана бу бошқа гап. Қани бир пиёладан аччиқ кўк чой ичишайлик. Кўп ўйлаш одамни ишдан чиқаради.

Баҳром. Бир балони биласиз-да, божажон...

Адҳам. Бунча «жон-жон»лаб қолдинг. Ташаббусни ўз қўлимга олмасам бўлмаяпти-да, қани, марҳамат. Кўп гап эшакка юк дейдилар, чойдан ичинглар.

Ботир. Айни муддао, чанқаб турувдим.

Баҳром (файласуфона). Бу олам, аслида, турли-туман учрашувлардан иборат. Ажабланадиган жойи йўқ.

Ботир. Шоирона гап бўлди-ку, Баҳромжон ака, қассоблигингизни билардим-у, бу ёғидан хабарим йўқ экан... Сизга меҳрим товланиб кетди.

Баҳром. Ҳа, энди... бир вақтлар катта кушхонанинг раҳбари бўлиб ишлаганим рост. Қассобчиликми, олиб сотишми, бизнесми, тадбиркорликми — қўлдан келганини қиламан. Ҳозир ўнта ҳунарнинг бошини тутганлар ҳам бор. Меҳнатнинг уяти йўқ. Сизга ўхшаб уч-тўрт бет қоғозни қоралаб, газетма-газет кўтариб юрмаймиз-да, ўн-ўн беш сўм чиқармикин деб...

Адҳам. Ҳамма гапдан хабарингиз бор-да, Баҳромжон. Ўша қалам ҳақига икки кунлик носвой ҳам бермайди.

Кулишадилар.

Шу гаплар асносида Акбар ота кириб, қизлари, куёвлари билан кўришиб, ҳар бирига муносиб меҳру муҳаббат кўрсатади.

Моҳира. Ҳали ташқарида роса кулдиларинг-эй, қотиб-қотиб, бизлар ҳам эшитайлик.

Тоҳира. Уятли жойи бўлмаса. ..

Баҳром. Бир аёлнинг ҳар хил қимматбаҳо матолардан тикилган мингта кўйлаги бор экан-у, лекин доим эрига хархаша қилиб: «Киядиган кўйлагим йўқ», — деб нола қилаверар экан...

Ботир. Ҳаммасига теккан касал бу.

Баҳром. Хотинининг гапини бир оғайнисига айтган экан, оғайниси маслаҳат берибди: «Яхшиси, бир кимсасиз оролга бориб яшанглар, онадан энди туғилгандай... Ўшанда бу ташвишдан қутуласизлар...»

Моҳира (уялиб). Вой, ўлмасам...

Ботир. Хўш, хўш?

Баҳром. Шунда ҳалиги эркак оғайнисига қараб: «Э, ўшандаям бизнинг хотин: «ечинадиган ҳеч нарсам йўқ», деб тўполон қилади» дер эмиш. Ҳа-ҳа-ҳа.

Кулишадилар.

Моҳира. Яхшиям, бу эркакларнинг ҳар хил иғвоси учун аёллар бор. Бўлмаса, буларнинг ҳоли хароб...

Адҳам. Ана кўрдингизми, қилт этган шаббода ҳам бўрон бўлиб боради хотин-қизларнинг нозик дилига.

Ботир. Ва лекин, ҳурматли жамоа, хотин-қизларимиз ҳақида бир дунё самовий мақтовлар ҳам айтилган. Чунончи, мана ўшалардан биттаси. Катта бир олимнинг мақоласини ўқиганман. Мана бунақа: Қодир Худойим эркак зотини яратгач, ўйлаб қолибди... Нимадир энг муҳим нарса етишмай турган эмиш. Аёл йўқ! Бахтга қарши, одам қорадиган лой ҳам тугаб қолганмиш. Шунда, Оллоҳим ойдан аёл жамолини, тундан қошу кўзини, мажнунтолдан сочини, камалакдан ранг, гуллардан ҳид олиб баданини, кийикдан нафислик ва ҳуркакликни, тонгдан мусаффоликни, итдан садоқатни, асаларидан бол териш хислатини, серфарзанд бўлсин деб, балиқдан увилдириқни, айтганлари куй, хониш бўлсин деб булбулдан навони, – ҳамма нарсадан бир чимдим-бир чимдим олиб Аёлни яратибди. Мукаммал дунё тимсоли бўлган Аёл Оллоҳ иродаси ила оламга ҳадя этилибди!

Адҳам. Аёлларимиз шаънига янграган бу қасидангиздан мақсадни, Ботирбек, сезиб турибмиз.

Ботир. Ана халос... нима мақсад экан?

Адҳам. Синглимиз Шоирахонни ийитмоқчисиз-да... Гап тагида гап бор, ҳарҳолда...

Кулишадилар.

Шоира. Адажон, жуда яхши қилибсиз-да ҳаммамизни чақириб...

Тоҳира. Бирваракайига. Ҳозирги замон шароити учун бу жуда қулай...

Шоира. Ҳам вақт, ҳам дастурхон тежалади.

Акбар (кулиб). Қўймайсан-да, шайтон, қўймайсан. «Тежалади» деганинг нимаси? Мен сизлардан жонимни ҳам аямайман. Одамлар дошқозонларни тўлдириб юртга ош бериб ётибди-ку...

Адҳам. Феълни кенг қилиш керак, феълни... Ҳаммаси топилади.

Баҳром. Жудаям сиз ўйлаганчалик эмас, божа. Роса чопилади – кейин топилади!

Ботир. Яна қофияга ўтиб кетдингиз. Қойил!

Акбар. Хўш, қани ўтиринглар-чи, соғинганман жуда... Ҳа, баракалла. Неваралар, уйлар, қўни-қўшнилар... ҳамма омончиликми? Ҳа, баракалла. Соғ бўлинглар.

Моҳира (меҳр билан). Отажоним, отажонгинам. Зерикмай юрибсизми? Соғ бўлинг бахтимизга.

Тоҳира. Ада, уёқда Ўткирбек акамлар омон-эсон юришибдими? Яқинда гаплашмадингизми?

Акбар (фахрланиб). Худога шукур. Ўша ўзларинг билган машҳур корхонанинг бош раҳбари бўладиган, шекилли, англашимча...

Баҳром. Ў-ў-ў, жуда зўр-ку. Айни муддао-ку.

Акбар. Акангнинг ўзлариям келиб қолиши мумкин. Қизларига телефон қилиб, борарман деган эмиш.

Шоира. Жудаям яхши бўларди-да, соғинганман Ўткирбек акамни.

Тоҳира. Чақиртирган экансиз, ада? Тинчликми?

Акбар. Ҳа, шундай, кўргим келди-да. Соғинганман деяпман-ку... Бир яйраб кетсанглар, кўнглим тоғдай кўтарилади.

Шоира. Барибир билгимиз келади-да.

Моҳира. Ўткирбек акамизни кутсак керак-да...

Тоҳира. Йўқ! Тополмадинглар. Адам доим сирли бир гап айтадилар.

Акбар. То айтмагунча қўймадинглар-да, айтсам айтай. (Қизлар ва куёвлар ота сўзларини англаш учун қулоқ тутадилар) Сизларни чақиришдан мақсад, азиз фарзандларим...

Шоира (шўхлик қилиб). Шаҳримизга ревизор келаётир демоқчисиз-да (кулишадилар).

Акбар. Гапнинг индаллосини айтганда, маҳфий сир ҳам йўқ. Мана шу уй масаласи, холос. (Ҳамма ҳайрон.)

Моҳира. Уй масаласи?! Қайси маънода?

Тоҳира. Уйга нима қилибди, масала бўлиб?

Моҳира. Бирор кемтик жойи бор эканми? Ажаб, ажаб!

Шоира. Қизиқ. Таъмирлаш керак бўлиб қолгандир-да.

Тоҳира. Нимасини таъмирлайди? Йилтиллаб, жаранглаб турибди-ку!

Моҳира. Кошонаи шоҳона!

Тоҳира. Бирор харидор чиқиб қолгандир-да кошонаи шоҳонага!

Шоира. Ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ бу даргоҳга кўз олайтиришга!

Моҳира. Кошонанинг эгаси — отамиз. Онамиз... (охиратлари обод бўлсин), бу жойларни ташлаб кетдилар... Ихтиёр отажонимнинг ўзларида...

Шоира. Йўқ! Уй ҳаммамизники. Умумий мулкимиз. Қандайдир бегона юлғич «шип» этиб илдириб кетадиган буюм эмас.

Тоҳира. Кўк пулнинг шуъласи кўзни қамаштирса-чи...

Шоира. Савдогарликни йиғиштиринглар... Мен рози бўлмагунимча, битта ғишт ҳам берилмайди бировга.

Моҳира. Чиққан қиз чиғириқдан ташқари, жимгина ўтир, маҳмадона.

Адҳам. Палахмон тош бўлиб отилдингми, тушган жойингда тош қот, вассалом!

Шоира. Ўргилдим насиҳатчи чолдан.

Акбар (қизларнинг сўзу қилиқларидан ҳайратга тушиб). Олдин гапни эшитинглар, ойдинларим. Фол очаверманглар... Гап шундаки, (чайналиб) ўзларинг яхши биласизларки, акаларинг Ўткирбек, кўп йилдан бери катта вилоятнинг марказидаги довруқли, машҳур бир корхонани бошқаради.

Қизлар. Биламиз.
— Омад тилаймиз.
— Соғинганмиз.

Акбар. Баракалло! Ўша ерда палак отиб, бола-чақа кўриб, кўп ҳурмату эътибор топган.

Қизлар. Фахрланамиз.
— Мартабалари янада баланд бўлсин.

Акбар. Акаларинг биттагина ўғлимиз, бош фарзандимиз. Кўпдан мени ўз уйига олиб кетмоқчи бўлиб юрганидан хабарларинг бор.

Шоира. Бор, биламиз.

Моҳира. Рози эмасмиз.

Тоҳира. Ўзимизга кераксиз.

Акбар. Қисқаси акангизникига доимийга кўчиб боришим жудаям зарурат бўлиб қолди. Доимийга.

Шоира. Доимийга?! Ё, тавба, ё, тавба.

Тоҳира. Нима, нима?! Бутун умрингиз ўтган, ўтаётган, меҳрингиз билан обод бўлган шундай хонадонни кимга ташлаб кетмоқчисиз? Ўйлаяпсизми ўзи?

Моҳира. Бундай дахмаза фикр қайдан кела қолди бошингизга?

Шоира. «Отанг космосга учармиш» десалар ишонардим-у, лекин буниси... ё, тавба, ё, тавба!

Акбар. Аввало, ташлаб кетиш ҳақида гап бораётгани йўқ. Худога минг шукурки, бошингизда (куёвларини бир-бир кўздан ўтказиб, фахрланиб) қарчиғайдай-қарчиғайдай эрларингиз бор. Ҳар бири осмондаги юлдузни узиб оламан дейди.

Моҳира. Яхши гапларингиз учун раҳмат, отажон.

Акбар (Адҳамга ишора қилиб). Бирлари, яъни Адҳамжон — ҳуқуқшунос. Адолат тарозибони.

Баҳром (четга). Адолатнинг уйини куйдириб юрганлардан бири шу-ку.

Акбар (Баҳромни кўрсатиб). Иккинчи куёв —Баҳромжон эл соғлиғи хизматида. Табиблар сардори! Бизнес сардори!

Ботир (Адҳам қулоғига). Сардор эмиш. Қамалиб кетишига бир баҳя қолганда, аранг олиб қолдик-ку ўртага тушиб.

Акбар (Ботирни кўрсатиб). Мана бу кишим «Экосан» раҳбарларидан. Озодалик посбони.

Адҳам (четга). Тарозибон! Сардор! Посбон! Худо бераман деса, ҳеч гап эмас! Раҳмат, амакижон.

Акбар. Баракалло! Умрларингиздан барака топинглар.

Моҳира. Турмуш ўртоқларимизнинг борлиги, уддабуронлиги, худога шукур, катта бахтимиз... Лекин, сиз-отажон, нега бундай хаёлга бордингиз? Ўйлаб кўрдингизми?

Акбар. Ўйладим. Лекин на чора? Акаларингни бошига оғир иш тушиб қолибди.

Моҳира (ҳайратдан учиб тушиб). Нима, нима? Қанақа оғир иш?

Акбар. Келинойинг қаттиқ бетоб бўлиб, хастахонада эмиш. Сизларга билдирмаган эдим.

Қизлар кутилмаган бу хабардан изтиробга тушиб, гарангсиб қоладилар.

Акбар. Демак, у ерга тезда етиб боришим зарурат бўлиб қолди, қизларим, зарурат.

Тоҳира. Ўша жойларда жудаям ўралашиб қолдилар-да...

Шоира. Дарҳол жўнатмайдиларми, катта докторларга кўрсатмаймизми...

Акбар. Ишлари тиғиз акангнинг. Унга ҳам осон эмас.

Моҳира. Кўз тегдими дейман-да оиламизга.

Акбар. Энди бу ёғини ўзларинг келишиб ҳал қилинглар. Хоҳланглар бирга туринглар ёки битталарингизга тортиқ қилинглар ёки болаларингизни жойлаштиринглар. Барибир эртами-индин қўшимча жойлар керак бўлади... Тўйлар қиласизлар... дегандай. Ёки... мерос маъносида тушуниб, майли сотинглар... (Қизлар саросимада безовта бўладилар). Пулни бўлишиб олинглар. Каттагина маблағ бўлади. Мен розиман. Сизлардан ортиқ бойлигим йўқ.

Моҳира. Илтифотингиз учун раҳмат.

Тоҳира. Бундан зўр гап бўлиши мумкин эмас.

Шоира. Мен ёшман, отажон, кенжатойизман. Сизга ақл ўргатишим инсофдан эмас. Лекин... Лекин... Уй бу, менимча, тақдир масаласи. Оллоҳимдан берилган бебаҳо неъмат. У олиб-сотиб, алмаштириб юрадиган буюм эмас.

Баҳром. Унда бутун дунёни қамраб олган олди-сотти масаласини қандай тушуниш керак. Махсус бозорлар мавжуд-ку...

Ботир. Тўғри, мавжуд. Ҳеч ким инкор этмайди. Лекин аниқ, конкрет бу хонадон ҳақида гап борар экан, ҳаммамиз ўйланиб қолишимиз табиий.

Шоира. Мен ҳам шуни айтяпман-да.

Ота бу сўзларни осойишталик ва эътибор билан эшитади.

Акбар. Майли, сизлар бу масалани астойдил ўйлаб кўринглар, мен дори ичиб кираман (чиқади).

Адҳам (файласуфона). Уй, хонадон, оила деган тушунчаларни қандайдир жисмоний, мангу қотиб қолган нарсага айлантириб, уни тўрт девордан иборат, бузилмас-сурилмас бир маскан деб қараш, аслини олганда, ибтидоий, жўн бир гап.

Баҳром. Оббо, роса фалсафага айлантириб юбордингиз-ку, ака. Шуни оддий қилиб айтсангиз бўлармиди?

Адҳам. Йўқ. Бир нарса ҳақида фикр қилиб, ҳукм чиқараётганда ўша нарсанинг моҳиятига, мағзига эътибор бериш керак.

Баҳром. Хўп, хўп. Давом этинг.

Адҳам (ўйланиб). Менинг назаримда, уй, хонадон, оила дегани аввало бу катта руҳий, маънавий, ҳатто илоҳий бир ҳодиса. Уни битта нуқтага боғлаб, занжирбанд қилиб бўлмайди. Оила, хонадон жойини ўзгартириши, замонга ҳамнафас бўлиши, шаклу шамойилини янгилаши, янгича маънолар касб этиши табиий. (Моҳирага) Юринг, нарёққа чиқайлик, хоним, қулоғингизга айтадиган гапим бор (чиқишади).

Ботир (ўзича). Ҳаммалари ўз манфаатларини ўйлаб... (Шоирага) Сиз билан биз ҳушёр туришимиз керак. Гап хонадонни ўзлаштириш ҳақида боряпти.

Шоира (ҳайратда). Отамиз қизиқ гапни бошладилар-ку. Наҳотки, акамдан чиқяпти бу гап? «Оила – тўрт девор оралиғидаги кичик бир дунёча эмас... балки меҳру муҳаббат, қон ва жон бирлиги — жамиятнинг олтин меҳвари» деб ўқиганмиз-ку буюк китоблардан.

Ботир. Сиз доим шунақа ўқиган нарсаларингизни пеш қилиб, ўралашиб юраверасиз, анқайиб.

Шоира. Нима қил дейсиз?

Ботир. Сиз кенжа қизларисиз. Агар отамиз айтган гаплар чиндан амалга ошадиган бўлса, уй сизнинг қисматингиз бўлади.

Шоира. Нега қисмат? Бу нима деганингиз?

Ботир. Ҳақиқий жанг бошланганда биласиз. Ҳар қандай об-ҳавога тайёр туришингиз керак.

Шоира. Сиздан шу гап чиқиб турса-ю... Қўйинг-э...

Моҳира (кулиб). Муддао аниқ-ку, нимани талашамиз, ўзлари ҳал қилиб берсинлар...

Тоҳира. Менимча, яхши ўйланмаган гап бўляпти.

Акбар киради.

Акбар. Йўқ мен бу масалани кўп ўйладим, қизларим. Хаммасини ўйладим. Бу уйни йиллар давомида сизларга едирмай-ичирмай, кўнгилдагидай кийинтирмай, ризқ-рўзингиздан уриб бўлса-да, қурдим, тикладим устини ёпдим. Унинг ҳар ғиштига, ҳар бир михига меҳру муҳаббатим, кўз нурим сингган. Ҳа, ҳа... Гапимда зарра ғалат йўқ. Онангиз раҳматлини бу уйга кучи, меҳри, заҳматлари... меникидан ўн чандон кўпроқ. Буни ўзларингиз ҳам биласизлар...

Бу гапни эшитаётган фарзандлар ранг-баранг ҳолатга тушиб, отанинг сўзларини гоҳ ҳайрат, гоҳ таажжуб, гоҳ ҳайрихоҳлик билан эшитадилар.

Инсон уйни фақатгина бир бошпана ёки бир қўнолға сифатидагина қурмайди. Балки уй фарзандлар бахтини, келажагини ўйлаб, юрак-юракдан тикланадирган бир олий кошонадирки, уни авлодларга бир хотира сифатида қолдиргиси келади. Шу уйда чироғим абадий ёниб турсин, тўй-томошалар гурилласин деган буюк бир орзу билан тиклайди. Мен ҳам шу ишга ўзлигимни бахш этдим. Бу уй, аслини олганда, онангизни ва менинг сизларга қолдиражак бисоту меросимиздирки... буни худди шундай тушунишларингизни истайман.

Кўзига ёш олиб, зални айланиб, марҳума аёлининг сувратига қадалиб қолади.

Мени тўғри тушунинглар, қизларим. Айтганларим насиҳат ҳам, васият ҳам эмас. Балки ҳаётда юз берадиган оддий воқеалардан бири. Мен ҳам узоқ бир мамлакатга кетаётганим йўқ. Поездда бир кечалик йўл, холос. Доимо кўришиб турамиз, насиб бўлса. Ўйлай-ўйлай, шу жойга келиб тўхталдим, қизларим.

Тоҳира. Нотўғри келиб тўхтабсиз-да, отажонгинам.

Моҳира. Ким униб-ўсган жойини ташлаб, бегона бир манзилга кўрпа-тўшак орқалаб кетади?

Акбар. Бегона манзил дема, Моҳиражон. Аввало ҳамма шаҳарлар ҳам ўзимизники! Ўз диёримиз! Қолаверса, акангнинг озмунча меҳнати сингганми ўша жойларга? Ахир, келинойингу жиянларинг ҳам ўша жойдан-ку.

Шоира (ҳис-ҳаяжонга тўлиб). Барибир, барибир! Бу уйда онажоним келин бўлган бўлса, отажонимнинг навқирон ёшлиги ўтган бўлса, ҳаммамизнинг киндик қонимиз тўкилган бўлса... кимнинг бошига келади бундай мудҳиш фикр? Мен асло ҳазм этолмайман.

Суҳбат гоҳ ҳазил аралаш, гоҳ жиддий тус олиб давом этаркан, Ботир баҳс ўзанини бошқа ёққа бармоқчи бўлади.

Ботир. Келинглар, кундалик гапларга ўтайлик. Идоралардаги мужмал, бошоғриқ савдоларнинг ўзиям етиб ортади. Хўш десак, кеча бозор айландим. Расталарни тўлдирган ранг-баранг мева-чеваю юз тусдаги ноз-неъматлардан кўзу кўнглим яйраб, кўкрагим тоғдай кўтарилди.

Адҳам. Нарх-наво тишлаб олмадими?

Ботир. Йўқ. Чидаса бўлади.

Баҳром. Ҳақиқатдан ҳам. Одамнинг кўзи қамашади.

Адҳам. Лекин мана шу фаровонлик қадрига ҳамиша ҳам етаяпмизми? Бу – муаммо.

Ботир. Рост гап, ношукур бандалар кам дейсизми?..

Баҳром. Ҳолбуки, Қуръону каримнинг ўзи ҳам исрофни рад этади.

Адҳам. Ўғлингни уйлантирмоқчимисан – уйлантиравер, қизингни эрга бермоқчимисан – беравер, ўғилчангни суннат қилмоқчимисан – қилавер, лекин нима учун ярим шаҳарни саҳарда ошга чақириб... Эй-й-й, бари тўқликка шўхликдан. Исроф ва инсоф! Одам эзилиб кетади... Яна эрта тонг-саҳарада, тимирскиланиб ошга боришим керак.

Шоира (ўрнидан сапчиб туриб). Ҳей, йигитлар, поччажонлар, бу гапларингиз тўғри ҳам дейлик. Лекин бу оқшомги оилавий ўтиришга нима алоқаси бор?

Тоҳира. Уй масаласига нима алоқаси бор деявер, уялмай.

Шоира. Тушунганингиз учун раҳмат.

Адҳам. Тўғридан-тўғри алоқаси бор. Бозор, тўй, исрофгарчилик ҳақида сўз боряптию... гўё... лекин ҳамманинг хаёлида уй!

Баҳром. Жуда қуюқлаштириб юбордингиз-ку, Адҳам ака.

Ботир. Барибир ҳуқуқшуноссиз-да, Адҳам ака. Тилда нима, дилда нима, билиб турасиз.

Шоира. Бош оғриқ гапларни қўйинглар, опалар, поччалар. Бу ерда ҳаёт-мамот масаласи боряпти. Йиғилишимиз сабабини тушунгандирсизлар.

Акбар. Баракалло, қизим. Гапни эртага қолдирайлик. Дам олинглар.

Акбар ота болаларга меҳр билан боқиб, ҳар бирини эркалайди.

Акбар. Болажонларим, ҳамма хоналарни айланиб чиқиб, жойларингни тайёрлатиб қўйдим. Чарчасаларинг, дам оласизлар.

Баҳром. Айни муддао.

Адҳам. Э, ҳақиқат бор экан-ку, Баҳромжон.

Шоира. Қўшиқ айтайлик, рақс тушайлик. Ҳозирдан ухлаб, нима қиламиз.

Тоҳира. Уй масаласи-чи?

Моҳира. Қўйиб тур, Тоҳиражон, бу гапларингни.

Шоира. Барибир бу гапни жим-жим, босди-босди қилиб, айланиб ўтиб кетиб бўлмайди-ку.

Адҳам. Бугунги шодликда кечаги ғамдан гапирманглар, деган бир шоир.

Ботир (файласуфона). Лекин ғамдан ҳам холи яшаб бўлмайди бу дунёда. Яна бир шоир деган экан: «Ғамим кўпдур, ғамим кўпдур, надандур бу, надандур бу? Азалдан ғам суви бирла суғорилган бадандир бу».

Шоира. Амирий ва Нодирабегим мисралари!

Моҳира. Мушоира бўлаётгани яхши. Мусиқа бўлса, янада яхши. Шўхроғидан қўйиб юборсангиз-чи, Адҳам ака.

Адҳам приёмник тугмасини босади. Хонани қувноқ қўшиқ садолари чулғайди. Давра янада жонланиб, ҳаммалари бир-бирларини меҳр-муҳаббат билан сийлайди, кимдир рақс тушади. «Бор экансиз-ку!» «Яшаворинг!» деган садолар.

Акбар. Хайрли тун, болаларим. Бир ёғи кексачилик, рухсат берсангизлар, дам олсам...

Шоира. Бемалол, адажон, бемалол.

Акбар ота чиқмоқчи бўлаётганида, телефон узоқ жиринглайди. Ота телефон гўшагини кўтаради.

Акбар (телефонга). Во алайкум ассалом, Ўткиржон. Ҳаммаси жойида. Келиним қалай? Сингилларинг, куёвларинг ҳам келишган. Салом айтишяпти. Ҳа, ҳа. Бу оқшом қолишади. Эртага дам олиш. Сизларни кутамиз. Омон бўл, ўғлим (Телефон гўшагини жойига қўяди). Ўткирбек ўғлим эртага иш юзасидан Тошкентга келаётган экан... Худога шукур. Кўришиб қолсангизлар, ажаб эмас. Хурсандчиликни давом эттиринглар. Ҳозирча хайр (чиқади).

Моҳира (четга). Хурсандчиликни давом эттиринглар эмиш... Секин портлайдиган бомба қўйиб кетдилар-у, давом эттиринглар эмиш. Томи кетган, деганлари рост экан-да. Кўрамиз!

Барчалари ланж бир ҳолатда хоналарига чиқишади.

Парда

Иккинчи Парда

Қизлар ва куёвлар ота-она хонадонида қолишган. Узоқ баҳсу тортишувдан сўнг толиққан оила аҳли гўё оромга чўккандай. Залдаги кичик бир чироққина ёғду сочиб турибди.

Тун ярмидан ошганда чап томондаги эшик очилиб, Моҳира ва эри Адҳам изма-из чиқишади. Улар ички либосларда. Уёқ-буёқни аланглаб кузатиб, ҳамма уйқуда эканлигига ишонч ҳосил қилишгач, диванга ўтириб, чироқларни ёқиб, чароғон зални томоша қилишади. Ҳаваслар, орзулар бир дунё.

Моҳира. Нима гаплар бўлаётганини сезяпсизми, Адҳам ака? Чолнинг қарори қатъийга ўхшайди. Акам отамни тўрт-беш йилдан бери ўша олисдаги уйига тинимсиз чақиргани-чақирган.

Адҳам. Сезаяпман, жоним. Сезганда қандоқ. Шундай катта даргоҳни кимгадир ҳадя этиб кетиш керак бўлади. Бу осмондан тушган бебаҳо давлат. Бундай имкониятни қўлдан чиқариш... бориб турган овсарлик.

Моҳира. Кимга қолдирмоқчи? Буниси муаммо.

Адҳам. Кимга бўларди. Анови эркатой икки сингилжонингиздан бирига-да.

Моҳира. Тўғри айтасиз, сингилжонлардан бири чангал солиши турган гап.

Адҳам. Сиз-чи? Сиз, ахир, каттасиз, гапингиз кесиши керак. Фақат лаллайманг-да, хонимча.

Моҳира. Нима гап бўлса, нуқул менга оширасиз. Юрист деган одам қонунни пешкаш қилиб, ҳамма ишни шартта-шартта ҳал қилиб ташламайдими?

Адҳам. Осон ўйлайсиз-да.

Моҳира. Маҳалламиздаги битта кичкинагина адвокатнинг қилиб қўйган ишларини кўринг. Уч қаватли кошона, ёзги-қишки ҳаммомлари билан. Сизга торгина кулбаям бўлаверади.

Адҳам. Мен унақа юлғичлардан эмасман.

Моҳира. Ҳамма ўзини юридик ўқишларга бекорга урмас экан-да.

Адҳам. Ҳаддан ошманг ва шошманг. Бизгаям худо бериб қолар, меҳнатимизга яраша.

Моҳира. Ҳамма нарса қил устида турибди ҳозир. Бир лаҳзани беҳуда ўтказиб бўлмайди.

Адҳам. Хўп, хўп, хўп. Сингилларингиз ҳам тинч турмас.

Моҳира. Тоҳира деганимиз ичидан пишган. Ҳамма ишни ими-жимида битираман дейди. Муғомбир, пихини ёрган. Болаликдан шунақа эди.

Адҳам. Шоирахон-чи?

Моҳира. Шоира ҳали ёшу лекин чатоқ. Маҳмадона. Эрининг бурнидан ип ўтказиб олган.

Адҳам. Эри «Экосан»да. Нима иш қилишади шулар, ҳалигача билмайман.

Моҳира. Бировдан олиб, бировга бериш. Лекин кўп савобли, хайрли ишлар ҳам қилишади...

Адҳам (кулиб юборади). Билмаган нарсангиз йўқ, Моҳира. Қўйинг, энди ўзимизнинг гапларга ўтайлик.

Моҳира. Ўзимизнинг гапларга ўтсак... (эшиклардан бирини кўрсатиб). Мана бу хонани ўзимизга ётоқхона қилиб оламиз. Кенг-мўлгина. Чамалаб чиқдим. Элита пардалардан тутилса борми, роҳатнинг кони бўлади. Хуррагингиз ҳам эшитилмайди болаларга... (кулади).

Адҳам (ҳазилга олиб). Эл аро бордир масал: хурракни дуррак тортадур...

Моҳира. Тан олганингизга қойилман. Фарғонанинг бор аскиясини йиғиштириб келгансиз уйимизга.

Адҳам (эркалаб). Тушунганингиз учун раҳмат... Лекин, менимча, тепадаги хона тузукроқми дейман ётоққа. Ҳар ҳолда, кўздан нарироқ. Балкончасидан бутун дунё кўриниб туради. Офтоб ҳам тушади.

Моҳира. Гапингизда жон бор, хўжайин. Ёнидаги хонани болаларга берамиз. «Дом»нинг қаватларида туравериб эзилиб кетишган, бечоралар.

Адҳам. Бечоралар деманг. Ҳали бу уйда шунақа тўйлар ўтказамизки... Мана бу зални қаранг. Баланд, баҳаво. Чолнинг дидига қойилман. Деворлардаги сувратларни айтмайсизми. Узукка кўз қўйгандай. Кошонайи шоҳона!

Моҳира. Буларнинг ҳаммасини онажоним ўз қўллари билан жой-жойига қўндирган.

Адҳам. Қойилман. Сизга ҳам аяжонингиздан анча-мунча ўтган...

Моҳира. Нега энди анча-мунча?!

Адҳам. Юз фоиз ўтган демоқчи эдим.

Моҳира. Лекин... Бу уйнинг савдоси осонликча ҳал бўлмайди, назаримда.

Адҳам. Жанг бўлади дейсиз-да?

Моҳира. Бўлади. Бўлганда қандоқ.

Адҳам. Менимча, яхшиси, уйни сотиб пулини бўлиштириб олган маъқул. Сих ҳам куймайди, кабоб ҳам.

Моҳира. Осон ўйлайсиз-да. Анови Шоира билан Ботирни кўрдингизми? Роса жингиртоб бўлишди. Нафс ўлсина, нафс ўлсин.

Адҳам. Юлиб қолай дейди-да. Жиғилдон ишлаб турибди. Шоирани олишига кўндиргунимизча ўлиб бўлувдик. Энди хўжайин!

Моҳира. Чора, чора, чора! Чора топиш керак!

Адҳам. Сотсанг, ем бўлиб кетади. Бўлмайди. Катта фарзанд сифатида жойнинг ўзини эгаллаш керак.

Моҳира. Жимгина турибманда ҳозирча. Ҳали ўзимни кўрсатаман. Иккита боламизнинг келажагини ҳам ўйлашимиз керак-ку, дадаси.

Шу пайт иккинчи эшик очилиб, ундан Тоҳира ва Баҳром чиқиб келадилар. Ухлашмагани билиниб туради. Олдингилар — Моҳира ва Адҳам чироқни ўчиришга улгурмай, ўзларини панага оладилар ва буларни кузатадилар.

Тоҳира. Кеча чироқ ўчирилмай қолган экан-да. (Катта чироқни ўчиради). Баҳром ака, нималар бўлаётганини фаҳмладингизми?

Баҳром. Ҳа. Ўта жиддий гап. Ҳаёт ва мамот масаласи!

Тоҳира. Жудаям фожеавий воқеага айлантириб юборманг. Бунинг таг-тагида катта омад манаман деб барқ уриб турибди.

Баҳром. Сиёсий тус берманг, Тоҳирахон. Аввало, бу уйнинг яшашга ўнғайлигини ўйланг. Деярли шаҳарнинг марказида. Метро бекатига тўрт қадам. Болалар боғчасию поликлиника ёнида...

Тоҳира (кулиб юборади). Бир аёлдан эри сўраган экан: «Мени-ку яхши кўрмас ажрашиб кетар экансан, нега теккан эдинг?» — деса, аёл: «Сизларникидан ишга қатнаш анча қулай эди», — деб жавоб берган экан (кулишадилар).

Баҳром. Ҳалиги гаплар, уй масаласи айтилаётганда, опаларингизнинг кўзлари ёниб, ўйнаб кетганлигини кўрдингизми? Бир дунё хазина топиб олган телбалардай...

Тоҳира. Божаларингиз-чи, божаларингиз? Бу бахт ердан чиқдими, осмондан тушдими, деб сапчийман дейди-ю, ўзларини аранг-аранг тутишади, зўрма-зўраки...

Баҳром. Тайёрга айёр. Нафс одамни минг кўйга солади. Ўрмондаги шерни ўлдирган мард эмас, ўз ичидаги нафс итини ўлдирган мард, деган экан бир доно. Буларингизда бунақа матонат етишмайди.

Тоҳира. Нафс эмас, мерос деган бир дахмаза ҳаммани бўғзидан олди, чамамда.

Баҳром. Айниқса, катта опангиз Моҳирахон билан Адҳам аканинг ҳолатини кўрсангиз. Вой, тавба, одам ҳам шунча юзтубан кетадими, ёқамни ушлабман. Ёниб кетяпман, ёниб!

Бу гапларни панада эшитиб турган Моҳира ва Адҳам ўзларини қўярга жой тополмайди.

Адҳам (уларга эшиттирмай). Докторнинг гапини қаранг, Моҳирахон. Ўзи дорига рецепт ёзиб беришдан бошқа ҳеч балони билмайди-ю...

Моҳира. Аптекачилар билан тил бириктириб олган-да, бу хоразмлик ёшули поччамиз, ўлгидай пишиқ.

Адҳам. Бу ҳам етмагандай, яна Малҳамий деган тахаллус билан ғазаллар ҳам ёзиб юради, ўзича.

Моҳира. Лекин... бугунги аҳволларини кўрдингизми?

Адҳам. Кўрдим. Сезиб турдим. Ичлари ёниб-ёниб кетаётганиниям билдим. Улар икки қўлини оғзига баравар тиқиб олганлардан. Бир танга учун ўзларини томдан ташлашга ҳам тайёр. Улар учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ.

Панада турган Тоҳира ва Баҳром бу сўзларни гўё эшитмайдилар.

Моҳира (ўйланиб). Аслида сингилларимдаям айб йўғу... Домда яшашнинг бемаза томонлари кўп-да. Жонга тегиб кетади. Бир меҳмон кутиб яйрай олмасанг. Тор йўлакчалардан елкангни қисиб, қимтиниб ўтишинг керак.

Адҳам. Кўнгил кенг бўлиши керак, Моҳирахон. Иккала божаям илонни ёғини ялаганлардан. Шахсий манфаати йўлида шайтонга дарс беришади.

Моҳира. Тимдалаб-тимдалаб ташлай дейману... яна ўзимни босаман. Маданиятимга тўғри келмайди, ўлсин.

Адҳам. Унинг учун маданиятнинг ўзи бўлиши керак, ойимча.

Моҳира. Бас қилинг. Кулишадиган вақт эмас.

Бу гаплардан гўё бехабар Тоҳира ва Баҳром залнинг иккинчи бурчагида аранг-аранг ўзларини босишиб турибди. Кутилмаганда Тоҳира хандон отиб кулмоқчи бўлади-ю, ўзини тутиб қолади.

Баҳром. Нима қиляпсиз? Нега куляпсиз? Бир нарса очилиб қолибдими?

Тоҳира. Жим...ана улар, ухлаб ётганлар эшитиб қолишмасин, шарманда бўламиз.

Баҳром. Нима, ошиқ-маъшуқлик қилиб ўтирибмиз-да, нимаси ёмон?

Тоҳира. Меҳмон дейишганига айтаман-да. Эсингиздами, уйимизга бир таниш оғайнингиз оиласи билан Қаршиданми, Термизданми меҳмон бўлиб келганди... Ўзимиз не аҳволдамизу...

Баҳром. Уйнинг қарзларидан эндигина қутилган пайтларимиз эди. Эсимда, бир ҳафтача туришди.

Тоҳира. Бир ҳафта туришди-ю, ҳаммаёқни қароқчи ургандай шип-шийдам қилиб кетишди, азаматлар.

Ўша меҳмонларни, уларни инжиқликларини эслашиб қотиб-қотиб куладилар.

Баҳром. Гапир, гапир. Нима бўлувди?

Тоҳира. Дийдаси қаттиқроқ одам экан, устма-уст топшириқ бера бошлади:

– Уй ичида кийиб юришга пижама беринглар!

– Резинкасини кенгроқ қилиб беринг, белимни қисяпти.

– Вокзалдан чамадонимизни олиб келинглар. Машина тополмаган эдик.

– Аччиққина товуқ шўрва қилинглар, боламиз шамоллаб қолибди йўлда.

– Чойни ўткирроқ дамланг.

– Боламга «скорий» чақиртиринг ва ҳакозо.

– Кичкина қизалоғининг шумлигини айтмайсизми? Пардаларни тортқилаб ташлади. Дори-дармонга ҳам пул бермайди, транспортгаям тўламайди.

Баҳром. Эслатма, хотин, юрагим гумириб кетяпти.

Тоҳира. Ҳа, айтмоқчи...

Баҳром. Яна нима гап?

Тоҳира. Пастдаги икки ёндош хонани бирлаштириб, хусусий шифохона очсак, пулнинг ёғилишини ўшанда кўрасиз...

Баҳром. Ақлингизга қойилман! Бу менинг энг азалий орзуйим-ку! Бутун мамлакатга довруғи кетган «Баҳромшифо» даргоҳини яратамиз. Одам дегани оқиб келади. Йўлларини ўйлаб қўйганман.

Шу пайт тепадан Шоира ва Ботир аста-секин тушиб келадилар.

Шоира (ҳаммаёқни аланглаб кузатиб). Кимлардир гаплашгандай бўлдими-ей хаёлимда, чироқ ёниб-ўчгандай ҳам бўлди.

Ботир. Қўйсанг-чи, хотин. Сенга шундай туюлган бўлиши мумкин. Ҳозир қотиб ухлаб ётишибди, туш кўришиб... азаматлар.

Шоира. Ухлашиб бўпти. Ҳаммасининг ороми бузилди. Пайтавасига қурт тушди, назаримда. Иккала опам ҳам типирчилаб қолишди. Эрларининг ҳам кўзлари ола-кула. Тепадан шалоп этиб тушган омад кимни тинчитарди. Текинхўр кўпайиб кетди-да ҳозирги замонда.

Ботир. Бу гапингда жон бор, хотин. Бир зўр оғайним бўларди. Жонини беришга ҳам тайёр эди мен учун. Мансабимдан бир поғона ошай-ошай деб, масала ҳал бўлиб турганда оёғимдан чалди-да. Билмасликка олдим. Эй ҳозир инсоф қолмади одамларда. Ўнг кўзинг чап кўзингни ўяман дейди, яхшиям бурун бор ўртада.

Шоира. Мана, жонажон опагиналаримни кўрдингиз. Уй масаласини эшитибоқ ўзларидан кетишди. Билдирмасликка ҳарчанд уринишмасин... Лекин ич-бағирлари ёниб-ёниб кетяпти.

Ботир. Ёмонам безовта бўлишдики, қулоқларига гап кирмасди.

Шоира. Нимасини айтасиз.

Панада турган опажонлар — Тоҳира, Моҳира бу гапларга аранг чидаётганини сезиб олиш қийин эмас.

Ботир. Э... улардан кўраям анови сўтак божаларимнинг аҳволини кўрмадингиз-да, ё пирай, ақлдан озишларига сал қолди. Худди шу иморатни қуришга беш тангалари кетгандай...

Шоира. Текинхўрлик шунчаликки, бечора чолнинг изтироб билан айтаётган сўзларини тинглашмади ҳам.

Бу гапларни эшитган божалар аҳволини ҳам томошабин кўриб туради.

Шоира. Ботир ака, отамнинг қарори қатъийга ўхшайди. Бир четда қолиб кетмаслик учун кескин чорасини топиш керак тезда!

Ботир. Қанақа чора бўлиши мумкин?

Шоира. Мен, ахир, кенжатой қизлариман-ку. Ўз-ўзидан, уй менга тегишли бўлиши керак. Қонун ҳам, минг йиллик расму русум ҳам, мерослик ҳақ-ҳуқуқи ҳам шуни тасдиқлайди.

Ботир. Йўқ. Бу камлик қилади. Мерос тенг бўлиниши шарт. Опаларингиз ўз ҳақларидан кечишмайди, ўлса ҳам.

Шоира. Топинг! Йўлини топинг! Эртага чой устида бу гап яна қўзғалади. Қатъий фикр билан боришимиз керак.

Ботир. Эй, худо, тинчгина юрган эдим. Оёқнинг тагидан чиқиб қолди бу ғалва.

Шоира. Ғалва деманг. Осонига ўргангансиз-да. Домимизни ҳам отам олиб берган эди. Ношудсиз!

Ботир. Тилингга эрк берма, хонимча. Ўзингни менга тиқиштиришган минг баҳонаю ваъда билан...

Шоира. Нима айбим бор экан тиқиштириб?! Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир дейдилар. Мана бу залда ўтирганлар нима деб ўйлайди? Дарвозамиз бўсағасини ялайвериб, сирпанчиқ қилиб юборган ўзингиз -ку!

Ботир. Бўлди, бўлди. Деворнинг ҳам қулоғи бор...

Шоира. Лекин...Опаларимнинг мақсади бўлакча...

Ботир. Яъни?

Шоира. Билмаяпсизми, мана шу кўркам оилавий кошонамизни пуллаб...

Ботир. Жиғилдонидан ўтказишмоқчи...

Шоира. Йўқ. Бири ўғлини уйлантириб, бири қизини чиқариб олиши керак! Бу катта харажатни мана шу иморат кўтаради. Ҳозир қуда томонга нима-нималар ҳадя этилишини биласизми? Чолларига ҳасса, кампирларига пар кўрпаю тилла кўзойнак, ёшларига қишки-ёзги соябонгача...

Ботир. Вой, ғаламислар-эй. Лекин... Шоирахон, бир томонлама ўйлаб, ўзингизча...

Шоира. Йўқ. Лекин бу савдони ҳал қилишда мен бошқача йўл тутаман.

Ботир. Масалан?

Шоира. Бу махфий. Ҳатто сизга ҳам айта олмайман.

Ботир. Махфий?

Шоира. Ҳа.

Залнинг икки бурчагига тиқилиб олган икки опа-сингил ва икки божа Шоира ва Ботир сўзларини эшитиб, минг оҳангга тушадилар.

Шоира. Агар шу гапларимизни эшитишса борми, худо кўрсатмасин, икки опам ҳам ўзидан кетиб, «скорий»га равона бўлишади.

Ботир (божаларига ишора қилиб). Улар ҳам-да, анови икки такасалтангни айтаман. Нуқул ёғлиқ жой қидиришади. Шулар билан божа бўлиб қолганимга пушаймонлигимни билсангиз эди...

Шоира. Тўхтанг, тўхтанг. Демак, менга уйланганингизга пушаймонсиз? Вой, шарманда-эй. Еб туриб маърайсиз-а. Бизларга қўшилиб одам бўлдингиз-ку. Юрган бир ипирисқи эдингиз!

Ботир (бақириб). Ким ипирисқи!

Шоира. Овозингизни ўчиринг. Тепадагилар эшитади. Тиссс...

Мана шу гап-сўзлар авж нуқтасига етганда, кимнингдир тоқати чидамай, чироқни ёқиб юборади. Ҳаммалари бир-бирини кўришиб, гоҳ хижолат, гоҳ ҳайрат, гоҳ даҳшатга тушиб, бир-бирларини кузатадилар. Сўзсиз ҳолат бир неча дақиқа давом этади.

Тоҳира (кўзларини ишқалаб). Э, ҳа, Моҳирахону Шоирахонлар, қоронғида топишибсизлар-да, айби борлардай...

Шоира (хижолатдан кўзларини бекитиб). Уйқу келмади, балконга чиққандик...

Ботир. Шаҳарни томоша қилдик. Вой-бў, чироқларни кўрсангиз. Маржон, маржон, маржон!

Моҳира. Чироқларни томоша қилиш учун ота-онаникига атайлаб келиш керак экан-да.

Шоира. Домнинг балконидан ҳеч нарса кўринмайди-да, опа.

Моҳира. Опа дема, уятсиз. Бир кеча тинчгина ётсаларинг, ўлармидинглар. Душгача бор-ку хонанинг ичида.

Шоира. Ўзингиз-чи, ўзингиз?

Моҳира. Бошим оғриб ухлай олмадим. Дори ичдим, совуқ чой бормикин, деб чиққан эдим, юлдуз санашга эмас.

Шоира. Баҳонангиз қурсин. Унда Тоҳирахоним нима иш қилиб юрибдилар ярим кечада тимирскиланиб, бурчакка тиқилиб.

Тоҳира. Болалигим ўтган уйни обдон соғинган эканман, уйқунинг баҳридан кечдим-да.

Моҳира. Унда куёвинг нега эргашиб юрибди, дум бўлиб? Хоналарингда ҳамма нарса – душ ҳам бор эди-ку... Ҳаммани безовта қилиб...

Тоҳира. Уйқу келмагандан кейин нима қилиш керак, опажон? Сизга ўхшаб кимнинг ухлаган-ухламаганини текшириб юрайми?

Моҳира. Тилингни заҳари қурсин. Бирдан ичларингга қурт тушиб қолди, «бобой»нинг гапини эшитиб... ўл, қизғанчиқ! Нафс бандаси!

Шоира. Отажонлари «бобой» ҳам бўлиб қолдилар...

Моҳира (Тоҳирага). Асли, қизғанчиқ, нафс бандаси эдинг. Ўшандай бўлиб қолдинг.

Тоҳира. Ўша ўзингиз, опажон! Уччига чиққан қуримсоқ, зиқна бўлгансиз. Ҳамма нарсани «бу меники, бу меники» деб бағрингизга босиб, дод солиб, шармандалик қилардингиз.

Моҳира. Вой, тавба! Вой, тавба!

Тоҳира. Буни қўни-қўшнилар ҳам яхши билишарди.

Моҳира. Мусичаи бегуноҳман деб чиранишни қаранг, тирмизак!

Тоҳира. Нафсингиз олдида ҳеч нарсадан қайтмасдингиз.

Моҳира. Нима бўпти? Одам борки, нафс бор. Сен фариштамидинг? Куёвникидан келган сарпанинг ичида у йўқ экан, бу йўқ экан деб фарёд урганингни ҳамма эшитган, энди эса тилинг бир қарич.

Шоира. Ҳой, шарманда опажонлар, ақлдан оздингларми, нима бало?! Эшитган нима дейди? Одамлар нима дейди? Одамнинг ҳар нарса бўлгани яхши-ей...

Тоҳира. Майли, нима деса десин. Менга деса, бутун дунё билсин!

Моҳира. Вой, тавба, ўзингдан чиққан балога, қайга борай давога.

Адҳам (ўйланиб). Бугунги уйқусизликнинг туб маъносини топдим!

Баҳром. Ҳуқуқшунос бўлганингиздан кейин топасиз-да. Айтинг, эшитайлик.

Ҳаммалари. Эшитайлик, нима экан?

Адҳам. Ҳаммамиз ҳам ўз уйларимизга ўрганиб қолган кишилармиз-да. Қай вақти ухлаб, қачон уйғониш — бу одат, кўникма натижаси, албатта!

Баҳром. Бу гапдаям жон бор. Мен ҳам бўлак шаҳарларда сафарда бўлганимда, энг зўр меҳмонхоналарда ҳам ухлай олмайман.

Адҳам. Соғинасиз-да келинни.

Ботир. Азиз оғажонлар, ўтлаб кетяпсизлар. Бу ерда тамомила бошқа сир-синоат бор.

Адҳам. Қанақа сир-синоат экан?

Ботир. Мана шу уйнинг замирида мужассам бўлган сир-синоат уйқусизликларнинг бош сабаби!

Баҳром. Ё, Оллоҳ! Гапни кавласа, гап чиқаверади.

Тоҳира. Бу эркакларнинг билмаган нарсаси йўқ.

Моҳира. Бунақа бетайин гапни йиғиштиринглар. Эшитган одам нима дейди?!

Шоира. Нима деса десин. Бу гапни гулдир-гуп, ўрага сичқон тушди қабилида бекитиб бўлмайди.

Адҳам (кўзларини ишқаб). Уйқунинг белига тепдинглар-да, ишқилиб. Ана, тонг ҳам бўзариб келяпти.

Баҳром. Яна машмаша давом этар экан-да. Тинчлик борми ўзи?..

Ботир. Бўлмайди...

Шоира (бирдан ўзгариб). Нега ҳаммаларингга отажонимнинг ташвиши тушиб қолди? Xудди ўтказиб қўйган жойларинг бордай?

Моҳира. Ҳа, тинчликми, сингилжон? Кенжатойман деб бижиллаяпсанми? Қонунларда бунақа гап йўқ. Мана, поччанг биладилар.

Тоҳира. Бирор гап бўлгандаям, ҳамма нарса ўртада бўлади. Бир қадам у ёққа, бир қадам бу ёққа ўтиш йўқ.

Адҳам. Шошманглар, шошманглар. Жаҳл келганда, ақл кетади. Нафс қутурганда, виждон қочади.

Шоира. Ҳов, почча! Виждонингизни пеш қилаверманг. Нима, бу иморатнинг пойдеворини қўйишганмисиз, томини ёпишганмисиз, ғиштини теришганмисиз ё михини қоқишганмисиз? Билиб турибмиз кўнглингиздаги гапни. Юрист сифатида катта қўллисиз, буни ҳам биламиз.

Адҳам (жаҳлланиб). Юристлигимга тил тегизманг! Билдингизми?! Мен бу масалани чолнинг ўзларига қолдирайлик деяпман. Ҳаммаларингни инсофга чақиряпман, холос...

Баҳром. Адҳам ака тўғри айтаяптилар. Йўқ ердан мажоро чиқариш керак эмас. Тонг отсин...

Ботир. Яна қанақа тонг отиши керак? Отиб бўлди-ку...

Адҳам. Яна озгина мизғиб олайлик. Эрталаб бўлсин. Унгача Ўткирбек акамлар ҳам келиб қолишар. Бу ишларни ақлу идрок билан бажарган мақбул...

Қизлар. Рост, рост. Яна бир мизғиб олайлик. Қолган гап эрталаб бўлар...

Худди шу гаплар асносида эшик очилиб, залга Акбар ота киради. Фавқулодда ҳолатдан ҳайратга тушган қизлару куёвлар отага саросима ичида боқадилар.

Акбар. Худойимнинг ўзи кечирсин. Гапларингизни тўла эшиттим, болаларим. Кечаси намозга туриб, уйқум қочди-ю, сизлардан хабар олмоқчи бўлдим. Кўрсам, бу аҳвол. Барча муддаоларингиз, мулоҳазаларингиз, ташвишларингиздан огоҳ бўлдим. Бу ишим учун сизлардан узр сўрайман. Ҳар бир одам ўзини ошкор этгани яхши. Мен буни тушунаман. Бунинг учун сизларни асло айбламайман... Лекин... (ён чўнтагидан қандайдир дори олиб ичади). Сув беринглар, сув, сув (сув тутишади)! Барчаси учун сизларга раҳмат, болаларим, минг раҳмат! Мен розиман. Бу дунё, у дунё розиман.

Ҳушидан кетади. Ҳайрат ичида қолган фарзандлар чуввос солиб, ота бошида парвона бўладилар: биров сувга чопган, биров телефонга югурган, биров саросима ичида... Бутун хонадон ўта безовталик билан ўртанади.

— Эй, худо, бу нима кўргилик!
— Нима кори ҳол бўлди, вой-дод!
— Дадажон, кўзингизни очинг!
— Гапимизни эшитяпсизми, дадажон?!
— Қариндошларга хабар қилинглар!

Ҳамма чирпирак бўлиб хона айланишда давом этади, қичқириқ, йиғи-сиғи хонадонни забт этган.

Дилбар (ўртага чиқади). Ҳаммаларинг мақсадларингга еттинглар! Аммалар, поччалар, қора ниятларинг амалга ошди! Ана энди уйни бошларингга урасизларми, ер билан яксон қиласизларми — ўз ишларинг! (Йиғлайди).

Отанинг кенжа қизи Шоира Дилбарни юпатиб, бағрига босади. Сўнг ўзини дадил тутиб, даврадагиларни бир-бир кўздан ўтказади.

Шоира. Йиғлама, Дилбаржон. Рост айтдинг. Бу уй, бу хонадон ҳеч қачон, ҳеч кимга сотилмайди! Бу уй — ҳаммамизнинг олтин беланчагимиз, гавҳар бешигимиз! Аждоду авлодни боғлаб турадиган тилло кўприк! Билмаганлар билиб қўйсинлар!

Ботир (ҳайратда). Шоира, нималар деяпсан?! Нега алжияпсан! Бошқача йўл тутаман, махфий деб олифтагарчилик қилганларинг шунгамиди?!

Моҳира. Ўзини бегуноҳ мусича қилиб кўрсатяпти бу тирмизак! Жосус!

Тоҳира. Бунинг нияти бошқа. Кошки билмасак!

Шоира қатъият ва ғурур билан даврани яна айланади.

Шоира. Бу хонадон чироғини ёқиб, уни доимо муқаддас ва мустаҳкам сақлаш — барчамиз учун бош вазифаси! Бу хонадонда киндик қонимиз тўкилган. У — кичик ватанимиз, Ватан эса сотилмайди!