OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЖумақул Қурбонов
Асар номиҚоракўз (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Жумақул Қурбонов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм14KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/01/16
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қоракўз (ҳикоя)
Жумақул Қурбонов

Чўлдаги хўжаликка юк олиб борган Анвар тушдан сўнг шаҳарга қайтиш учун катта йўлга чиқди. Эрталабданоқ гоҳ тиниб, гоҳ тўхтаб ёғаётган куз ёмғири анча кучайган, ҳали-бери тинадиганга ҳам ўхшамасди.

Анвар ҳаво айниган шундай кезлари ўзи ёқтирган қўшиқни хиргойи қилиб, бир маромда юришга ўрганган. Ёмғир томчилари зарб билан машинанинг ойнасига урилар, ҳавода намхуш рутубат кезарди.

Катта йўлда машиналар қатнови суст, бекатларда одамлар сийрак. У кичик канал устидаги кўприкдан машинани оҳиста ҳайдаб ўтаётиб, бехосдан нарирокдаги дарахт остида қўл кўтариб турган аёлни кўрди.

«Бирон зарур иши бордирки, шундай пайтда йўлга чиқибди, — дилидан ўтказди у, — ҳамроҳ бўлса зерикмайман. Бечора ўзиям анча ивиганга ўхшайди. Соябони ҳам йўқ экан».

Машинани аёлнинг ёнида тўхтатиб, узалиб кабина эшигини очди.
— Қаршигача олиб кетинг, — деди йўловчи аёл унга илтижоли термулиб, — автобус кетиб қолибди.
— Чиқинг, — деди Анвар йўлдан кўз узмай, — бари бир бўш кетяпман.

Аёл қўлидаги тугунни ўриндиққа қўйиб, сўнг ўзи ҳам чиқиб ўтирди. Бошидаги қизил дуррачасини ечиб олди, рўмолчасини чиқариб, юз-кўзларини артди.
— Бемалол ўтиринг, — деди Анвар унинг кўнглига тегмайдиган оҳангда, - ичкари иссиқ.

Аёл индамади. Машина ўртача тезликда кўлмакларни сачратиб борар, Анвар ойна тозалагични кузатганча, йўлдан кўзини узмасди. Аҳён-аҳёнда ўзига бўйсунмаган қизиқиш туфайли ҳамроҳига ўғринча қараб қўярди. Аёл ҳам буни сезар, лекин ўзини бепарво тутиб, хаёл сурганча кетарди. У кўринишидан йигирма беш-йигирма олти ёшлар атрофида эди. Чеҳраси очиқ, бодомқовоқ, пешонасига тушган соч толалари ўнг кўзини қоплаган, афтидан бу унинг парвосига ҳам келмасди. Анвар жим кетишни эп кўрмай, оҳиста йўталди.
— Бу... бегона машинада кетишдан қўрқмайсизми, синглим? — деди шўхлик билан.
— Йўқ, — деди ҳамроҳи гап оҳангига яраша, — кўринишингиздан ёмон йигитга ўхшамайсиз-ку?!
— Ёмонларнинг нима пешонасига «ёмон» деб ёзиб қўйилармиди? — Анвар завқланиб кулди, — одамнинг қандайлигини билиб бўларканми?
— Мен биламан, — деди аёл бўш келмай, — инсоннинг кимлиги ростдан ҳам пешонасига ёзиб қўйилади. Фақат уни кўра билиш керак.

«Бало-ку», деб ўйлади Анвар. Сўнг: — Сиз шифокор ёки муаллимасиз, тўғри топдимми? — деб сўради.
— Йўқ, — деди аёл, — боғчада ишлайман.
— Сал адашибман, — Анвар тан олди. — Бари бир бегона машинада келганингизни кўриб, хўжайнингиз рашк қилса керак?
— Йўқ, — деди ҳамроҳи яна кулимсираб ва чўзиб. — Қилмайди!
— Нимага?
— Хўжайиннинг ўзи йўқ-да!

Анвар унга ажабланиб қараганди, аёлнинг юзига нигоҳи тушиб, юраги беихтиёр сесканди. Аёлнинг ўнг кўзи қорачиғининг ўрнини бутунлай оқиш парда қоплаганди. Нафаси ичига тушиб кетди. Аҳволини сездирмаслик учун ундан исмини сўраганини билмай қолди. Бир оздан сўнг ҳамроҳининг «Қоракўз», дея истар-истамас жавоби эшитилди. Орага яна ноқулай жимлик чўкди. Машинанинг гувиллаши ҳам бу сукунатни бузолмасди.
— Кўринишинг бу аҳволда-ю, яна мунақа дабдабали исмга бало борми, деб ўйлаётган бўлсангиз керак, — тўсатдан Қоракўзнинг ўзи гап бошлади. - Тўғри топдимми?
— Йўғ-э, — Анвар рулни буриб юборишга сал қолди.
— Менга бахтсизлик ҳадя этган бу исмдан кутилишга кўп ҳаракат қилдим. — Бу сафар Қоракўзнинг овози сўниқ чиқди. — Лекин онам кўнмади. «Бу исмни раҳматлик момонг қўйганлар. Арвоҳи чирқиллаб қолади. Сенга кўз теккан, болам». Мен бу гапларга ишонмасам-да, лекин онамни аярдим. Бусиз ҳам у мени ўйлаб, ўзини олдириб қўйганди.
— Ҳаётда кўнгилсиз ҳодисалар кўп бўлади, узоқ вақт фарзанд доғида куйган танишим яқинда фарзанд кўрди. Гўдакнинг бир кўзи ожиз эди. Лекин улар шундай хурсандки, асти қўяверинг, — деди Анвар аёлнинг кўнглини кўтариш илинжида.
— Меники туғма бўлганда тақдирга тан берардим, — деб жавоб қайтарди Қоракўз. — Бироқ, бу анча кейинги воқеа. Бунга бир одам айбдор. Аммо унинг кимлигини ўзим ҳам билмайман.
— Бу қизиқ-ку, — деди Анвар. — Сизни бир умрга ногирон қилиб, ўзи ялло қилиб юрса... Сиз уни билмасангиз?

Қоракўз эски яраси янгиланганданми ёки манзилга ҳали узоқлиги учунми, бўлиб ўтган воқеани ҳикоя қила бошлади.
— Бу воқеа содир бўлганида тўртинчи синфда ўқирдим. Бир куни мактабга кетаётувдим. Бехосдан қаердандир бир тош учиб келиб зарб билан кўзимга урилганини биламан, холос. Мени касалхонага олиб борган Расул бобонинг айтишича, чинқириб ётганимда бир бола пайдо бўлган, лекин, у Расул бобони кўриб қочиб кетган. У киши ҳам мени қонга беланиб ётганимни кўриб қувламаган. Кейин отам қанча изласа ҳам болани тополмади. Лекин у... бир қизнинг бахтига зомин бўлганлигини, умрбод ногирон қилиб қўйганини билармикан?! Бу — бизга қоронғу...

Қоракўзнинг кейинга сўзлари Анварнинг қулоғига кирмади. Қўл-оёғи бўшашиб, устидан совуқ сув қуйилгандек аъзойи баданига титроқ кирди. Машина йўлдан чиқа бошлади. Хайрият, ўткинчи машина йўқ эди.

Қоракўзнинг: «Сизга нима бўлди?» — деган сўзлари уни ҳушига келтирди. Шошиб тормозни босди. Кўкраги зарб билан рулга урилди. Қани энди буларнинг барчаси туш бўла қолса, туш бўла қолса, туш бўла қолса?..

... Ўшанда Анвар бешинчи синфда ўқирди. Бир куни онаси узоқ бир қариндошиникига олиб борди. Аёллар суҳбатлаша бошлагач, бир ўзи зериккан Анвар қариндошларининг боғига чиқди. Аввал дарахтларга кўнган қушларга тош ота бошлади. Кейин, қушларни ҳайдагач, боғ четидаги пахса девор устига бўш шишани қўйиб мўлжалга олди. Кесаклари мўлжалга тегмаганидан хуноби ошди. Каттароқ қайроқ тошни олиб, деворга яқин бориб, бор кучи билан ирғитди, лекин мўлжалдан адашди. Шу пайт деворнинг орқасидан қаттиқ чинқириқ эшитилди. Шошиб девордан қараса беш-олти қадамча нарида, кўчанинг ўртасида ўн-ўн икки ёшлар атрофидаги қиз ерда юмалаб, тинимсиз чинқирарди. Югуриб қизчанинг ёнига борди. Ўзи боягина отган тош бир чеккада ётар, қизчанинг кўзидан оқаётган қон юзи ва кийимларини белаганди. Анвар қўрққанидан йиғлаб юборди. Кейин шу томонга югуриб келаетган чолни кўриб қочиб қолди.

Бу воқеадан сўнг анча вақтгача лабларига учуқ тошиб, кечалари уйқудан чўчиб уйғонадиган бўлди. Ота-онаси қанча суриштирса ҳам ўтган воқеани уларга айтмади. Вақт ҳамма нарсага даво экан, бу воқеа аста-секин болалик дунёсидан унутилиб кетди. Лекин... мана, яна ҳаммаси қайтадан янгиланди. «Тоғ тоғ билан учрашмайди, лекин одам одам билан учрашади», деб шуни айтар эканлар-да. Айни шу дамда унинг қалбини изтироб беаёв кемира бошлади.

Индамай кетавермайсанми, ёшлик — бебошлик деганлар, ахир сен атайлаб қилмагансан-ку?! Ҳаётда тасодифлар кўп бўлади. Ҳаммасига ҳам чора излаб бўлмайди-ку?! Ҳозир иқрор бўлсанг, зулукдай ёпишиб олган изтироб азобидан қутуласан. Йўқ, йўқ, айтиб бўлмайди. Айт — кейин томошани кўрасан. Ҳаммага гап-сўз бўлиб, маломатга қоласан, ўзинг уйланиш тараддудида юрибсан, балки айтиш керакдир, бўлмаса умр бўйи таъқибдан қутула олмайсан. Қўлингдан келган ёрдамингни бер, зора Қоракўз сени кечирса...

Шу пайт ҳамроҳининг «тўхтанг, етиб келдим» деган сўзлари ундаги туйғулар курашига хотима берди. Қоракўз сумкачасидан пул чиқариб узатди. Шу пайт Анварда қандайдир куч пайдо бўлди-ю, қизнинг икки билагидан маҳкам ушлади. Юраги бўғзига тиқилгандай бўлди. Ҳансираб гапира бошлади:
— Қоракўз! Сиз лаънатлаб юрган ўша қочоқ бола менман. Эшитаяпсизми, менман ёки ишонмайсизми!! Ҳаммасини бир бошдан айтиб бермоқчиман!

У гапини тугатолмади. Қоракўз ялт этиб унга қаради. Бирпас ҳайрон бўлгандай тикилиб турди. Шундан сўнггана, Анварнинг гаплари шуурига етиб борди шекилли, кўзларига дув-дув ёш куйилиб келди. Эшикни шарт очиб, пастга отилди ва зарб билан ёпиб жадал юриб кетди.

Анвар кабинадан ирғиб тушиб, қизнинг изидан икки-уч қадам ташлади. Чақиргани билан тўхтамаслигини билди ва шаффоф ёмғирзор аро сингиб бораётган қизнинг ортидан карахт бир ҳолда термилиб қолди.