OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифКелдиёр Тўлиев
Асар номиДунёнинг дарвозаси (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Келдиёр Тўлиев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм32KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/09/12
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Дунёнинг дарвозаси (ҳикоя)
Келдиёр Тўлиев

Саратонннинг иссиғига чидай олмаган қишлоқ одамлари кеч тушиб, ҳаво салқин бўлишини кутиб ётган маҳал Назар домланинг уйидан қий-чув овоз эшитилди. Бу ғала-ғовурларга кўникиб қолган қўшнилар: «Назар ичиб келиб хотинини яна дўппослаяпти, ҳеч ақл кирмади-да, бу бетавфиққа, Худонинг берган куни шу ҳол. Фарзандлари бўй чўзсаям, уруш-жанжалини канда қилмайди-э, тавба», дея жанжалга аралашиш бефойдалигидан ғўлдирашиб қўйдилар. Орадан бир кун ўтиб, тонгда Назар домланинг уйидан яна йиғи товуши эшитилди. Девор-дармиён қўшни Шомурод уйдан чиқаётган овозни эшитдию, жаҳлланиб ўрнидан турди. Қўшнисининг уйига етгач, дарвозасини тепиб кирди. Уйқусини бузганларни энди ҳақоратлаш учун оғзини жуфтлаётган эди, ичкаридан, «Вой отам-ов, вой отам-а-а», деган йиғи эшитилди. Ҳовлиқиб овоз чиқаётган уйга кирди ва тек қотди. Ерда Назар домла ярим чалқанча ҳолда боши орқасига теша қадалганча ўлиб ётарди.

* * *

Бақувват, мўйлови лаблари устига осилиб қолган, кўзлари чақчайган, билакларини тук қоплаган Қосимнинг чойхонада бемалол ўтирганидан ранжиган Нормат ака чидай олмай, гап қотди:

– Ов, Қосимбой ака, эсингиз борида кетсангиз бўларди, уйингизда хотинингиз иккиқат. Отангиз шўрликнинг кўзи ожиз бўлса, қўлидан нимаям келарди. Худо кўрсатмасин, мабодо хотинингизни тўлғоқ тутиб қолса борми?

Кайфи ошиб қолган Қосимнинг гўштдор юзлари беўхшов кўпчиди.

– Сен энағар, қачондан бери одам бўлиб қолдингки, бировнинг ғамини ейсан? Ўзингни эплаб ол, жулдурвоқи. Тупурдим сендай ақлбозга. Бор, аччиқ чойингдан олиб кел, – деб бир отим носни капалади.

Орага сукунат чўкди.Ўтирганлар бир Қосимга, бир ундан ёши анча кичик Норматга боқарди. Кўринишидан озғин, кўзлари атрофи ичкарига ботинқираган, новчадан келган Норматнинг асабийлашгани афт-ангоридан билиниб турса-да, у босиқлик билан «ҳайф сенга гап», деган оҳангда хонтахта устидаги чойнакни ижирғаниб олди. Энди орқага ўгирилган эди ҳамки, Қосимнинг «Тез кунда оқсоқол бўлсанг ажабмас, ўзингники қолиб, бировнинг кетини тозалайсан», деган беписандлик билан айтилган гапига чидолмади.

– Сен ношукурсан, ифлоссан, ўғри, ялангоёқ!

Норматнинг қандай қилиб орқага ўгирилганини, қўлидаги чойнакни Қосимнинг нақд юзига отганини ҳеч ким пайқамай қолди. Девдай савлати бор одам ўтирган жойида таппа йиқилди. Барчанинг капалаги учди. Қосимнинг оғзи-бурнидан қон шариллаб оқди. Юзидан кафтларини олиб, қонни кўргач, важоҳат билан Норматга ўзини отгандагина ўтирганлар «ҳай-ҳай»лаб орага қўшилишди. Қосимнинг чангалидан бир амаллаб Норматни ажратиб, ташқарига олиб чиқишди.

* * *

Чироқлари ўчирилган зим-зиё уйда калима қайтариб ўтирган Ўрозқул чолнинг елкаси бир учиб тушди. Ўз-ўзидан қулоқлари шанғиллади. Қайта-қайта калима қайтарди. Ярим тунда ҳам ўғли келавермаганидан безовталанди.

Келинининг тез кунларда фарзанд кўришини кўнглидан ўтказаркан, ҳали туғилмаган бўлса-да, хаёлан жужуққина неварасини кўз олдига келтирди. Кўзи ожиз бўлса ҳам набираларини ўзи тарбиялашни ўйларкан, ўғли Қосимга ҳечам ўхшамаслигини дилдан истади…

Хотинининг Қосимни қийналиб туққани-ю, бу оламдан кўз юмар чоғида айтган сўзлари хаёлига бот-бот келаверди.

– Отаси, ўғлимизни эсон-омон катта қилинг. Менинг ўрним билинмаслиги учун уйланинг. Она меҳри барибир бошқа бўлади. Уни ҳеч нарсага зориқтирманг, кўнглини ўкситманг. Бировларга хўрлатиб ҳам қўйманг. Сиздан розилигим мана шу…

Ўрозқул чолнинг нурсиз кўзларидан ёш оқди. Унсиз, ияклари титраб, йиғлаб ҳам олди.

Сўқир одам бутун борлиқни кўришини қанчалик исташини тасаввур этар экан, туйқус кўнглидан кечган фикрдан аламзада бўлди: Худонинг иродаси билан ожиз туғилган бандалар бир умр ёруғ оламни кўриш истагида армон билан яшайди. Менинг-чи?! Менинг кўзим очиқ эди-ку?! Агар бу гуноҳим учун жазо десам, кўнглимда ёмонлик йўқ эди-ку!

Мени кечир, кампир! Сенинг васиятингни бажаролмадим. Ўгай она, барибир ўгай дедим. Яхшисими, ёмоними, икковиям бир гўр, дедим. Уйланмадим. Ўзим тарбиялаб, катта қиламан, дедим. Афсус, кампир, ҳаддан зиёд меҳрнинг ҳам касофати бўларкан. Қосимни одам эмас, ҳайвон қилиб ўстирибман. Ўғирлик қилиб қамалиб ҳам чиқди. Уйланса одам бўлар дегандим…

* * *

Бетавфиқ ўғилга ким ҳам қиз берарди. Қосимнинг ёши ҳам ўттизни қоралаб қолди. Ўрозқул чол ўйлай-ўйлай охири қўшни қишлоқдаги Тиркаш ўрнинг ўтириб қолган қизига совчиликка борди. Унга рўй-рост бор гапни айтди. Тиркаш ўр аслида ўр эмас экан, биринчи гал боргандаёқ иш битди-қолди. Тўй ҳам элникидан кам бўлмади.

Келини тилла чиқди. Ҳаммасига чидайди. Бир ой ўтар-ўтмас, ўғил ичиб келиб келинни сўкадиган одат чиқарди. Кейин дўқ-пўписа аралаш шапалоқ тортадиган бўлди. Бора-бора бу кун-кунора такрорланувчи одатга айланди. Ўрозқул чол бировнинг ойдай қизини бадбахт қилиб қўйганидан ўкинди. Келинига «кет» деб, айтгиси келди. Аммо айтолмади. Ориятни ўйлади, зурриёдини ўйлади. Орада ғам-аламданми, Худонинг иродасими, чолнинг кўзи кўрмай қолди. Тилла келиннинг иккиқатлигини билгач, бироз кўнгли ёришгандай бўлганди. Балки, ўғлим ота бўлганда, оталикни ҳис этганда, вазминроқ бўлар, деб ўйларди. Аммо…

* * *

Уйда ёлғиз ўз-ўзига унсиз сўзлаётган Ўрозқул чолнинг сукунатини ташқаридан жиғибийрон бўлиб, сўкиниб келаётган ўғли Қосимнинг овози бузиб юборди.

– Сен ит эмганларнинг эналарингни учқурғондан кўрсатаман…Ҳиқ…

Одатдагидек, ўғлининг ичиб келаётганини билган ота ўтирган жойида ғашланди. Юраги така-пука бўлди, ўтирганича ғудранди: «Эй Худо, келинимга қўл кўтармасин-да, ишқилиб…»

Иккиқат аёл эрининг келишини кута-кута кўзи энди илинган эди. Эрининг шовқин-суронидан чўчиб уйғонди ва милтиллаб турган фонуснинг ёруғини баландлатиш учун ўрнидан турган эдиямки, кўз олди жимирлаб кетди, боши айланиб, чўк тушди.

Қосим ҳар галгидек қичқирди:

– Турмайсанми, қизталоқ. Сенга айтаяпман, ов…

Бўғоз заифа эрининг важоҳатидан қўрқиб, қанча уринмасин, ўрнидан туришга мадори етмади. Бунинг устига қорнида пайдо бўлган санчиқ ҳам туришига имкон бермади.

Ўрозқул чол оромини йўқотганди. Ўрнидан туриб, девор суянганча овоз чиқаётган томонни тусмоллади. Очиқ турган эшикка етар-этмас келинининг инқиллаган овозини эшитди. Юраги ҳаприқириб кетди. Хавотири яна-да ошиб, бўғиқ овозда бақириб юборди:

– Келиннинг кўзи ёрмоқчи, Қосимжон. Ҳаракатингни қил, болам, – деди-ю, аммо, кайфи бор ўғилга гап кор қилмаслигини ҳис қилиб, ночорлигидан йиғлаб юборди. Қалтираб-қалтираб ичкарилади. Кўзи кўрмаса-да, ўғлининг келинини тепкилаётганини ҳис этгач, жон ҳолатда овоз томонга ўзини отди. Бир амаллаб ўғлининг оёғига ёпишишга аранг улгурди.

– Жон болам, ундай қилма. Боланинг уволига қоласан…

* * *

Қосимнинг чангалидан қутулганига шукур қилган Нормат ёрилган лабини тили билан пайпаслади. «Ҳа, кўрнамак, ношукур, яхшиликни билмаган, ҳайвон..!» У ўнқир-чўнқир тош кўчали сой ёқалаб кетаркан, ўзича сўйланарди. Аммо уйига етар-этмас, юраги шув этиб кетди ва шошиб Ўрозқул чолнинг уйи томон жўнади.

Нормат Ўрозқул чолнинг уйига яқинлашгач, узоқдан элас-элас келаётган овозни эшитиб, бир дам тўхтаб қулоқ тутди. Атрофида аҳён-аҳёнда бойўғлининг ваҳимали товуши, қурбақаларнинг қуриллаши эшитиларди. Бироз юргач, тин олиб атрофга яна қулок тутди. Туннинг сокинлигидан шитир этган овоз ҳам аниқ эшитиларди. Шу вақтда қулоғига Ўрозқул чолнинг ялинганнамо ва аччиқ гап-лари эшитилди:

– Илоё зурриёдингдан қайтсин…

Бўғоз хотинини ураётган Қосим орқасидан пойлаб келиб, жон ҳолатда бўйнига арқон солган чайир ва навқирон Норматни илғамай қолди. Нафас олиши қийинлашиб, мадори қуриди. Нормат барзанги ҳамқишлоғи гурсиллаб йиқилгандагина арқонни бироз бўшатди.

– Садқайи одам кет-э. Ҳомиладор аёлгаям қўл кўтарадими-а, тавба, – деб ҳар эҳтимолга қарши унинг оёқ-қўлини боғлаб ташлади.

Кейин ингранаётган заифага ёрдамга ўтди. Аҳволни сезгач, шоша-пиша қишлоқдаги доялик қилувчи кампирга чопқиллади. Алламаҳалдан сўнг кампир билан кириб келгач, вазият енгиллашди. Кампир заифа учун билган амалини қилишга киришиб кетган эди. Бу вақтда анча енгил тортган Нормат Ўрозқул чол билан алламаҳалгача дардлашиб ўтирдилар. Бироқ Ўрозқул чолнинг тез-тез уҳ тортишини ғам-ташвишидан деб ўйлаган Нормат фақат таскин бериш билан чекланарди. Лекин..

Тонг ёришар-ёришмас, бу хонадонга қувонч билан бирга ташвиш кириб келганида, одамлар Ўрозқул чолнинг аччиқ ва хунук қисматига ачиндилар. Ота юрак хуружи тутиб, у дунёга рихлат қилган эди. Нормат жанозада ўзи бош-қош бўлди. Боши эгик Қосим нима қиларини билмай гарангсирди.

* * *

Олманинг тагига олма тушади, деганлари рост экан. Қосим отаси ўйлагандек, ўғил фарзанди туғилгач, одамшаванда бўлди-қолди. Орадан йиллар ўтиб, фарзанди ҳам ҳудди ўзи каби бақувват, қорувли йигит бўлди. Ўғлининг хатти-ҳаракатлари қуйиб қўйгандек ўзига ўхшаганидан Қосим тугул одамлар ҳам ҳайратланарди.

– Ё тавба, одам боласи ҳам шунчалик отасига ўхшайдими, – деди чойхонада ўтирганлардан бири.

– Нимасини айтасиз, – деб гапга қўшилди, чойни дамлаб келиб, қайтараётган Нормат.

– Ота қони бор-да. Бир вақтлар шўрлик раҳматли Ўрозқул чол чойхонага келиб, ичидаги дардини ёрган эди. Мен ўшанда ёш, навқирон эдим. «Болам она меҳрисиз ўсганиданми ёки яккаю ягона ўғлим бўлганиданми, билмадим… табиати енгил бўлди. Тенгқурсизлар, сенларам панд-насиҳат қилиб туринглар. Зора, бироз ўзгарса» деганди...

Суҳбат орасида кимдир Нормат акага кесатди.

– Ўшанда ўзингиз ҳам оппоқ бўлмагандирсизки, «оқ чой» ичадиган жой қуригандай чойхонани маишатхонага айлантиргансизлар. Эшитганман тарихини …

Бу гапдан Нормат аканинг ранги оқариб кетганини кўриб, ўтирганлардан бири вазиятни юмшатиш учун, гапни яна Қосим ҳақидаги ҳангомага бурди.

– Ҳа, тўғри айтасиз, Нормат ака, қон-қонига сингиб кетгандан кейин на ота, на она меҳри ҳам кор қилмас экан. Исбот ана, сиз айтган раҳматли Ўрозқул чолнинг неварасининг отаси ҳам, онаси ҳам бор. Лекин ҳамма ундан безор. Қилган иши қинғирлик. Тунов куни Қосимбой аканинг уйи ёнидан ўтаётган эдим, уруш-жанжалнинг овозини эшитиб қолдим. Кирсам, Қосим ака ўғлини оғилга киргизиб, роса савалаётибди. Бола пақирнинг кўкармаган жойи йўқ. Бориб ажратдим…Ҳовуридан тушган Қосимбой акага болани бунчалик урманг, ураверса эти қотади, десам сенинг ишинг нима, деб жеркиб берди. Қўл силтаб чиқиб кетдим. Кейинчалик билсам, ўғлингиз Шомурод Қосим аканинг ўғлини кечаси қўрасида ушлаб олибди.

– Ҳм… шунақа денг, аттанг – деб бош чайқади гапдан чалғиб, ҳовуридан тушган Нормат ака бу гап-лардан аллақачон хабари бўлса-да, билмаганга олиб. Негадир ён қўшнисини ёмонлашни ўзига эп кўрмади.

Қосимбойнинг ўғли эса қинғир ишларни қилаверди. Ота уни савалайверди. Калтакдан фарзанднинг эти, отанинг эса боши қотди. Ўғлининг қилиғидан тўйиб кетган мактаб директори ҳам кунора чақиргани-чақирган. Ялонғоч қилиб ҳам савалади.

Она аввал бошда эрининг, сўнг эса эти қотган фарзандининг дастидан куйинди. Касалхонага тушди…

* * *

Ўғил институтни бир амаллаб тугатиб, қишлоқ мактабига ўқитувчи бўлиб, ишга кирганида ҳамманинг оғзида анча вақт гап бўлиб юрди. Қариб колган Нормат ота ривоятнамо гап қилди.

– Э-эй, одам боласини ҳаётнинг ўзи тарбиялайди. Отанг боласи бўлма, одам боласи бўл, деганларича борда-а..Эҳ, бу кунларни ота-онаси бир кўрганда бормиди. Ўғлини энди одам қилиб эди-я. Аттанг…

Аммо бу хурсандчилик кўпга чўзилмади. Янги келган ўқитувчининг қўпол ва беўхшов ҳаракатидан мактаб болалари тугул, бошқалар ҳам ҳайиқадиган бўлди. Кунларнинг бирида дарсда болалардан бири шўхлик қилган эканми, янги ўқитувчи қулоғидан тортиб доскага бир-икки силтаб қапиштирган. Боланинг қулоғи йиртилиб кетиб, роса уруш-жанжал бўлганида, Нормат ота бир амаллаб босди-босди қилишга улгурди…

* * *

Кунора жанжалдан тўйиб кетган фарзандлар эл олдида ароқхўр отасининг дастидан бош кўтаролмай қолди. Катта ўғил ҳар жанжал сўнгида «Эна, отам нега бунақа бўлиб қолган? Нега гапимизга қулоқ тутмайди. Биз ҳам ҳамма қатори яшашни истаймиз», деганди, она шўрлик пиқ-пиқ йиғлашдан нари боролмади. Қариндошларнинг панд-насиҳатларини бир пулга илмайдиган отанинг бу ҳулқ-атворини кўпчилик тушунмасди ҳам. Фақат кўпни кўрган қарияларгина гоҳи-гоҳида гап келганда: «Қони шунақа», дерди холос…

* * *

Мактабдан эртароқ қайтаётган ўртанча ўғил оиласидаги бир кун олдинги жанжални эслаб, уйига оёғи тортмади. Узоқларга кетиб қолгиси келди. Аммо онасининг бетоблиги учун бу қароридан қайтди. Устига-устак акалари бозорга кетган эди. Куннинг иссиқлигидан бошидан офтоб ўтдими, бурнидан шаррос қон оқди. Юзини оқаётган ариққа бориб ювар экан, сувга томчилаган қонни кўриб, негадир эти увушди. Икки кун олдин акалари отасига «Энди яна онам билан жанжал қиладиган бўлсангиз ёмон бўлади, ота», деган гапларини эслади.

… Бола уйига яқинлашган эди. Онасининг увлаган йиғи овозини эшитди. Дарвозаси олдига бориб, кирарини ҳам, кирмасини ҳам билмай қолди. Лекин онасининг:

– Ёрдам беринглар, ким бор? – деган дод-войини эшитгач, ичкарига югурди…

Ғирт маст ота касал хотинининг сочини қўлларига ўраб, калтаклаётган эди.

– Ҳали сенми ўғилларимни менга қарши қиладиган. Кўрсатиб қўяман, энағар!...

Югуриб бориб отасининг қўлига ёпишган ўғил, бир зум ўтмай икки метр нарига юз тубан йиқилганини англамай қолди. Бироз олдин қонаган бурнидан яна қон оқди. Боши айланиб гандираклаганича онасини беаёв уриб-тепкилаётган отасига нафрат билан тикилди. Қўрқувдан кўзини юмди. Кейин очди. Кўзлари олдига аввал тип-тиниқ бўлиб оқаётган ариқ кўринди. Сўнгра ўша ариқда қип-қизил оқаётган қон намоён бўлди. У бечора онасининг «Болам, қутқар», деган ноласини эшитгандан кейингина ўзига келди. Кейин кўзларини кафти билан бекитганча шошиб ташқарига чиқди. Дарров ортига қайтди. Қўлидаги тешага бир зум тикилиб турди ва уни азот кўтарди. Зум ўтмай кўз ўнгида яна ўша қонли ариқ намоён бўлди.

* * *

Эшик очилиб Назар домланинг фарзандлари кириб келганида, она-бола остонада бир-бирини қучоқлаганча ўтирарди. Аввалига улар бу ҳолатни тушунишмади. Кейин даҳшатдан донг қотди…

Қўрқувдан титраган она ва фарзандлар «енди нима қиламиз», дегандай бир-бирига жавдираб боқишди. Совуқ сукунатни калтакнинг зўридан баданлари қорайиб, узун сочлари тўзғиган она бузди.

– Нима бўлса ҳам ҳозир «отам»ламанглар. Мавриди эмас…

Бу кеча на онанинг, на фарзандларнинг кўзи илинди. Эрта азонда падаркуш ўғилнинг беихтиёр «отам»лаган овози қўшниларнинг тинчини бузди. Бу пайтда қишлоқнинг энг кексаларидан бўлган, ёши юзни қоралаган оқсоқол Нормат отанинг ўғли Шомурод кириб келган эди…

Шомурод олди-ортига қарамай, бу кўнгилсизликни кекса отасига етказиш мақсадида оёғини қўлига олиб уйига қараб чопди. У уйига келган чоғ Нормат оқсоқол бомдод намозига таҳорат олаётган эди. Ўғлининг туйқус келиб, шоша-пиша айтган сўзларини эшитиб, ранги ўчди.

– Ё алҳазар, ё алҳазар, астағфуруллоҳ…Тавба қилдим, тавба қилдим. Бу не кўргулик, – дея калима қайтара кетди.

* * *

Воқеадан воқиф бўлган Нормат оқсоқол, бир муддат ўйланиб турди. Кейин марҳумнинг хотини ва фарзандларини, ўзи билан бирга келган Шомуродни ҳам ёнига чақирди.

– Жудаям хунук иш бўпти, хунук, – Нормат ота чуқур нафас олди. – Гап шу ерда қолади, эшитдиларингми?! Мурдани тўғирлаб, жойига ётқизинглар… қолганини менга қўйиб беринглар…

* * *

Қуёш кўтарилмасдан қишлоқда мотам овози кўкка ўрлади… Тушга яқин марҳумни мозорга қўйиб келишди…

Мозор бошида оқсоқол ўйлаб ўйига етолмади. «Қосим билан боласи ўртасида нима бўлган экан-а?!»

Марҳумнинг иси куни умри бўйи воқеаларнинг гувоҳи бўлиб келаётган Нормат оқсоқол тиловат қилиб, кетар чоғи падаркуш фарзандни ёнига чорлади. Боши хам бўлганча, аранг юриб келган, ранглари бўздай оқариб, виждон азобида қийналаётган болага сал юмшатиброқ муомала қилиб, барчасини сўраб олди.

– Отанг ўлар чоғи сенга бирор нарса демадими?!

Бу кутилмаган саволдан довдираб қолган бола йиғламсираб:

– Йўқ, фақат … мен орқадан келиб урганимда… ярим бурилиб елкамга қўлини қўйиб кўзимга тик боқди. Қайтди, қайтди деди. Кейин эса чуқур уҳ тортиб йиқилди… – деганида Нормат оқсоқол узоқ ўйга толди. Ўтмишга қайтди. Сўнгра овозсиз ичида сўзланди. «Раҳматли Қосим билан Назарнинг ўртасида бир гап ўтган экан-да! Раҳматлик Ўрозқул чолнинг қарғиши... Қайтар дунё, деб шуни айтсалар керак-да?!»

* * *

Бўлиб ўтган бу воқеани аслида қандай содир бўлганини кўпчилик билмас эди. Фақат ёши бир жойга бориб қолган қарияларгина гап келганда чойхонада тусмоллаб аҳён-аҳёнда эслаб қолишарди…

Қишлоқ оқсоқоли Нормат ота ўзи тенги ва сал кичик чолларнинг ҳангома мавзуси шу воқега тақалиб қолса, гапни бошқа томонга буриб юборар эди. Кейин-кейин эса ким шу мавзуни бошлагудек бўлса, жеркиб берадиган бўлди.

* * *

– Нормат оқсоқол оғирлашиб қолди.

Негадир оқсоқол кунининг сўнгги пайтларида ҳам Назар домланинг болалари ҳақида яна қайғурди. Шундай. Оқсоқол умр бўйи бўйнимда гуноҳ билан юрибман, деб ўйлагандир. Ўзини кўриш учун келганларга яна ўша воқеани рўй-рост айтиб берди. Гапининг сўнггида бир сўз қилди:

«Дунёнинг дарвозаси битта. Шу битта дарвозадан кириб келасан ва кетасан. Лекин келиш бошқа-ю, кетиш бошқа экан. Кимдир ўша дарвозага қайтиб киргунича умрининг мазмунини ҳисоб-китоб қилиб ўтказади. Бундай кишилар инсоф-диёнат, яхшилик, меҳр-оқибат, вафо деган нарсаларга амал қилиб яшайди. Айримлар эса шайтонга дўст тутиниб, ўзлигини унутиб, номақбулликлар қилади. Ҳа, ҳаммамиз ҳам хомсут эмган бандамиз-да. Қизиғи шундаки, яхшисиям, тавба қилдим, ёмони ҳам шу битта дарвозага дуч келади. Буни ҳаёт дер экан-да. Бугун бир вақтлар сир бўлиб келган воқеани сизларга айтишимнинг сабаби шуки, зора билиб-билмай қилган гуноҳларим камаяр. Ўшанда элга жарида қилганимда бир оиланинг парокандага юз тутишига сабабчи бўлмасмидим, биродарлар?!

Сизлардан илтимосим, Назарнинг болаларига қаттиқ гап қилманглар…».

Ҳамма йиғлаб юборди.

Жума куни оқсоқолни бутун қишлоқ аҳли тупроққа қўйиб қайтди…

«Ёшлик» журналининг 2010 йил, 7-сонидан олинди.