OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифКонстантин Паустовский
Асар номиКекса ошпаз (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Рус адабиёти
Бўлимлар
   - Романтизм
Муаллифлар
   - Константин Паустовский
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонНодира Афоқова
Ҳажм15KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/31
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Кекса ошпаз (ҳикоя)
Константин Паустовский

1786 йилнинг қиш кечаларидан бирида Вена шаҳрининг чеккасидаги кичкина ёғоч уйчада графиня Туннинг собиқ ошпази бўлмиш сўқир чол оламдан ўтди. Тўғрисини айтганда, бу — уй ҳам эмас, боғнинг хилватидаги путурдан кетган бир қоровулхона эди. Боғ шамол синдириб итқитган чирик шох-шаббаларга кўмилиб ётарди. Бу шох-шаббалар ҳар бир қадам босганда қисирлар ва шунда ўз уясида ётган занжирлоғлиқ кўппак ириллаб қўярди. У ҳам ўз хўжасидек сўниб борар, ҳатто тузукроқ акиллашга ҳам ҳоли келмасди.

Бундан бир неча йиллар бурун печканинг иссиғидан ошпазнинг кўзлари кўрмай қолганди. Графинянинг иш бошқарувчиси уни қоровулхонага жойлаштириб қўйди; вақт-вақти билан унга бир неча флорин бериб турарди.

Ошпаз 18 ёшли қизи Мария билан бирга турарди. Бу кулбанинг бор-йўқ матоҳи — каравот, даққиюнусдан қолган ўтирғичлар, стол, бир неча жойидан дарз еган сопол идишлар ва, ниҳоят, Мариянинг ягона бойлиги бўлмиш клавесин[1] эди. Клавесин шу даражада кўҳна эдики, унинг торлари атрофдаги жамики сасларга жавобан секин ва узоқ акс-садо берарди. Ошпаз чол клавесинни ҳазиллашиб «уйнинг қоровули» дер эди: клавесин уйга қадам ранжида қилган ҳар бир одамни кексаларга хос қалтироқ овози билан қаршилар, шусиз бирор киши уйга йўлаёлмасди.

Мария жон бераётган қарияни ювинтириб, совуқ, аммо топ-тоза кўйлак кийгизар экан, чол:
— Мен, биласанки, руҳоний ва монахларни ҳеч қачон ёқтирмас эдим, — деди. — Шунинг учун мен тавбани қабул қилувчи руҳонийга муҳтож эмасман. Аммо шу аснода ўлимим олдидан истиғфор келтиришим лозим.
— Нима қил дейсиз? — қўрқув билан сўради Мария.
— Кўчага чиқ-да, биринчи дуч келган йўловчидан бизникига киришни, жон таслим қилаётган кимсанинг тавбасини қабул этишни илтимос қил. Ҳеч ким буни рад этмайди.
— Бизнинг кўчамиз шунчалар кимсасизки... — Мария шундай деб пичирлади-ю, аммо барибир елкасига рўмолини ёпиниб чиқиб кетди. У боғдан югуриб ўтди, занглаб кетган дарчани зўрға очиб, тўхтаб қолди. Кўча бўм-бўш, шамол баргларни учириб ўйнар, сим-сиёҳ осмондан совуқ ёмғир томчиламоқда эди.

Мария қулоқ тутиб узоқ турди, кутди. Ниҳоят, кимдир хиргойи қилганча девор ёқалаб келабошлади. Мария йўловчини қаршилаб, олдинга бир неча қадам қўйди-да, у билан тўқнашиб кетиб, қичқириб юбораёзди. Нотаниш киши тўхтади ва:
— Ким бу? — деб сўради.

Мария йўловчининг қўлларидан маҳкам ушлаб, титроқ овозда отасининг илтимосини айтиб ўтинди.
— Яхши, — деди йўловчи осойишта. — Мен руҳоний эмасман, албатта. Лекин бунинг аҳамияти йўқ. Қани, кетдик.

Улар уйга киришди. Шам ёруғида Мариянинг кўзи озғин, кичкина одамга тушди. Йўловчи ўтирғичга ҳўл плашини ташлади. У оддий, аммо жуда дид билан кийинган эди — шам шуълалари унинг қора камзулида, биллур тугмалари ва ёқасининг тўқима ҳошияларида йилт-йилт акс эта бошлади. Ҳали жуда ёш — навқирон эди бу нотаниш киши. У бошини болаларча силкитиб, упа сепилган ясама сочларини тўғрилаб қўйди, зудлик билан табуреткани каравотга яқин суриб ўтирди-да, жони узилаётган чол томон эгилиб, унга разм солди.
— Гапиринг-чи, — деди у. — Балки мен худо тарафидан эмас, ўзимни бағишлаган санъат туфайли насиб этилган қудрат воситасида Сизнинг кўнглингизга хотиржамлик бағишлаб, руҳингизни зилдай юкдан халос этарман.
— Мен ожиз бўлиб қолгунимча бир умр меҳнат қилдим. — Чол шундай деди-да, нотаниш кишининг қўлларини ўзига яқин тортди. — Меҳнат билан машғул кишининг эса гуноҳ ишларга вақти қолмайди. Бир пайт хотиним сил билан оғриб қолди — унинг исми Марта эди — табиб унга турли хил қиммат дориларни ёзиб берди, қаймоқ, анжир ва кагор виносини истеъмол қилишини буюрди. Шунда мен графиня Туннинг сервизидан кичкина тилла тахсимчани ўғирлаб, синдирдим ва бўлак-бўлак қилиб сотдим. Бунга иқрор бўлиш ҳам, қизимдан сир тутиш ҳам ҳозир менга жуда оғир: чунки мен уни бировнинг буюмига бесўроқ қўл теккизмасликка ўргатганман.
— Бунинг учун графинянинг хизматкорларидан бирортасини айбдор тутишдими? — сўради нотаниш киши.
— Онт ичаман, тақсир, асло бундай бўлган эмас, — чол шундай деб йиғлаб юборди. — Бу тиллаларнинг Мартамга бир чақалик нафи тегмаслигини билганимда эди... уларга бармоғимнинг учини ҳам теккизмасдим.
— Исми шарифингиз нима, жаноб?
— Иоганн Мэер, тақсир.
— Бўлмаса бундай, Иоганн Мэер, — нотаниш киши шундай деб кафтларини чолнинг сўқир кўзларига босди. — Сизнинг одамлар олдида мутлақо гуноҳингиз йўқ. Сиз қилган иш гуноҳ ҳам, ўғрилик ҳам эмас; эҳтимол, бу учун Сизга Муҳаббат йўлидаги жасоратнинг ажри берилар.
— Омин! — пичирлади чол.
— Омин! — такрорлади нотаниш киши. — Энди эса сўнгги истагингизни баён қилинг.
— Истагим шуки, кимдир Марияга ғамхўрлик қилса.
— Буни мен бўйнимга оламан. Яна бирор истагингиз борми?

Шунда жони узилаётган чол кутилмаганда жилмайди ва баланд овозда:
— Мен Мартани яна бир марта кўришни истайман — уни ёшлигида қандай бўлса, шундайинча кўришни истайман, — деди. — Қуёшни, боғни — баҳор чоғи гулларга кўмилган кўҳна боғни кўришни истайман... Бунинг имконияти йўқ, албатта. Тентак чолни маъзур тутинг, тақсир. Xасталик миямни айнитганга ўхшайди.

Нотаниш киши эса:
— Яхши, — деди ва ўрнидан турди. — Яхши, — такрорлади у яна, клавесинга яқин келиб, табуреткани қўйди. — Яхши! — у учинчи бор баланд овозда шундай деди ва... қоровулхонада дафъатан юзлаб биллур шарчаларни полга тўкиб юборгандаги каби жаранглаган садолар таралиб кетди.
— Қулоқ солинг, — деди нотаниш киши. — Қулоқ солинг ва қараб туринг.

У чала бошлади. Мария кейинчалик бу нотаниш кишининг клавесин клавишларини биринчи босган пайтдаги чеҳрасини эслади: унинг манглайи одатдан ташқари оппоқ оқариб кетган, қоронғилашган нигоҳларида шамнинг «тил»чалари рақс тушарди.

Клавесин узоқ йиллардан буён илк маротаба бор овози билан куйламоқда эди. У нафақат қоровулхонани, балки бутун боғни ўз садоларига ғарқ этди. Қари кўппак уясидан чиқиб, бошини бир томонга осилтирганча, қулоқларини динг қилиб ўтирар, думини ҳар замон ликиллатиб қўярди. Ҳўл қор ёға бошлади, аммо ит ҳар замон қулоқларинигина силкитиб-силкитиб қўярди, холос.
— Мен қўрқяпман, тақсир! — чол шундай деб қўзғалди. — Мен Марта билан илк учрашувимиз кунини кўряпман. Унинг хижолатдан суткўзани синдириб қўйганини кўряпман. Ўшанда қиш эди, бу учрашув тоғда бўлганди. Осмон мусаффо, худди кўм-кўк шишадек эди. Марта куларди... Куларди, — такрорлади у клавесин садоларига қулоқ тутиб.

Нотаниш киши эса зимистон деразага тикилганча чалмоқда эди.
— Энди-чи, — сўради у. — Бирор нарсани кўряпсизми?

Чол қулоқ солиб, жим қолди.
— Наҳотки кўрмаётган бўлсангиз, — нотаниш киши чалишдан тўхтамасдан шундай деди. — Қоп-қора тун ложувард рангга киряпти, энди эса у мовий тус олмоқда. Қандайдир юксак-юксакдан илиқ ёғду оқиб келяпти, кўҳна дарахтларингиз оппоқ гулга кирмоқда. Менимча, бу — олма гуллари. Улар улкан лолаларга ўхшайди. Сиз кўряпсиз: тошдеворга дастлабки шуълалар тушди, улар деворни илитмоқда ва у ердан ҳовур кўтариляпти — эриган қор билан тўйинган йўсин қуриётганга ўхшайди. Осмон эса тобора баландлашиб, тобора мовийлашиб, тобора улуғворлашиб боряпти. Энди эса бизнинг қадим Венамиз устидан қушлар галаси шимол сари учиб ўтишмоқда.
— Мен буларнинг ҳаммасини кўряпман! — қичқириб юборди чол.

Педал осойишта ғичирлар, клавесин тантанавор куйларди; бамисли кўҳна чолғу эмас, завқ-шавққа тўла юзлаб садолар куйламоқда эди.
— Йўқ, тақсир, — деди Мария нотаниш кишига, — бу гуллар лолаларга мутлақо ўхшамайди. Бу олма дарахтлари бир кечагагина гул очди.
— Ҳа, албатта, булар олма гуллари, аммо уларнинг гулбарглари жуда катта-катта.
— Деразани оч, Мария, — ўтинди чол.

Мария деразани очди. Уйга совуқ ҳаво ёпирилиб кирди. Нотаниш киши эса ҳамон чалар эди.

Чол ўзини ёстиққа ташлади, ҳарсиллаб нафас олиб, кўрпани қўллари билан пайпаслай бошлади. Мария чолга отилди. Нотаниш кимса чалишдан тўхтади ва ўзи чалган мусиқадан сеҳрланган каби клавесин олдида қилт этмай туриб қолди. Мария қичқириб юборди. Нотаниш кимса ўрнидан туриб каравотга яқинлашди. Чол нафаси қайтиб шундай деди:
— Мен барчасини бундан бир неча йиллар илгаригидек кўрдим... шу қадар аниқ... шу қадар ёрқин. Аммо мен... Сизнинг исмингизни билмасдан ўлишни истамайман. Исмингиз нима?
— Менинг исмим Волфганг Амадей Моцарт, — деб жавоб қилди нотаниш киши. Мария каравотдан тисланди-да, буюк мусиқачи қаршисида тиззалари полга теккудек чуқур таъзим бажо келтирди.

У қаддини ростлаганда чол аллақачон оламдан ўтган эди. Дераза ортида тонгги шафақ ёлқинланар, оппоқ гул сингари ҳўл қорга кўмилган боғ буткул ўша шафақ ёғдуларига ғарқ эди.


  1. Фортепянога ўхшаш қадимий чолғу асбоби.