OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

4 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифКозим Даврон
Асар номиАрмон (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Козим Даврон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм11KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/06/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Армон (ҳикоя)
Козим Даврон

«Нега шундай қилдим? Энди нима бўлади?..» Кечки овқат тайёрлаётган Раҳима гоҳ-гоҳ хўрсиниб, шу ҳақда ўйларди. Дили ғаш, кўнгли вайрон. Кўргилик ёмон. Айниқса, ўзинг тилаб олсанг. На дардингни бировга айта оласан, на бир маслаҳат сўрайсан. Ёғинг-да қоврилаверасан, қоврилаверасан.

У оёқ остида ётган бир қучоқ ғўзапоядан тутамлаб олиб, ўртасидан синдирди-да, ўчоққа ташлади. Тафти сусайиб қолган олов хиёл вақтдан сўнг яна гуриллади.

Сал нарида газ плитаси турарди. «Газ плитаси турганида ўчоқдан фойдаланадими?» деб ажабланманг. Гап шундаки, газдан ғўзапоя яхши. Ана, ҳовли этагида уюм-уюм бўлиб ётибди. Кузда бир аравасини бостирма томига босиб қўйсангиз... Ўчоқда пишган овқат мазали бўлади. Газ эса чой қайнатишга тузук. Меҳмон-пеҳмон келиб қолганида бирон-бир суюқ овқат ҳозирласа ҳам бўлаверади.

Эндигина йигирма бир баҳорни қаршилаган Раҳйма ҳам умрида бирон марта ўчоққа ўт қалашидан афсусланмаган. Аёл киши. Қисмат-да. Чекингга тушса—чекчайма. Турмушга чиқаётган чоғидаям баъзиларга ўхшаб шоҳона яшашни хаёлига келтирмаган. Энди ўқитувчи бўлолмаслигини ўйлаб, кўнгли хижил тортган, холос.

Салдан сўнг ҳовлига овсини — Маҳфуза кириб келди.
— Бувим қани?— дабдурустдан сўради у, қошларини чимирганича.
— Уйда,— деди Раҳима.

Қайнонасининг уйига кириб кетаётган Маҳфузани ортидан кузат.ганича қолган Раҳима яна ўйлади: «Бошланди шекилли. Нега бувимнинг олдига кириб кетди? Нимага ҳеч нима демади? Қаерданам кирдим уйига?..»

Боя, қайнонасининг гапи билан рвсининикидан сут олиб келишга борганди (ўзларининг сигири сут бермай қўйди), Маҳфуза ичкарига манзират қилди. Суҳбатлашиб ўтиришди. Элакка чиққан аёлнинг эллик оғиз гапи бор-да. Бир вақт қарасаки, қўл чўзса етар-этмас нарида бир тахлам рўмол турибди. Қизиқиши устун келиб, биттасини олди-да, ёйиб кўрди. Келинчакларга насиб этадиган янги хилидан экан. Мақтади. Бундай матоҳни ҳозир ҳеч қаердан топиб бўлмаслигини айтди. Укасини уйлантиришаётганию онаси худди шундай рўмол қидириб зир югуриб юрганини эслади. Овсинининг айтишича, рўмолларни эри дўкондан бериб юборибди. Ақалли бир донасиям ортиқча эмас, ҳаммасининг «егалари» бор экан. Боз устига, мижозлар олдида ёлғончи бўлавериб «бети» қолмабди. Аттанг, аввалроқ билганида... Нима бўлдию суҳбат сўнгида Маҳфуза ташқари чиқиб кетиб, ҳаяллаб қолди. Шунда уни шайтон йўлдан урди! Рўмоллардан бирини қўлтиғига қистирди...

Вақт ўтган сари Раҳиманинг диққати ортиб борарди. Ошни дамлаб бўлгач, ўчоқ ичидаги чўғларни чиқариб ташлади.

Шуни кутиб тургандек, қайнонаси ичкаридан туриб чақириб қолди. Раҳима айвонга кўтарилди.
— Ҳа, буви, чақирдингизми?
— Овқатни пишириб бўлдингизми?
— Ҳа.
— Унда лип этиб овсинингизникига кириб, эшигини қулфлаб чиқинг. Бу менга тўшак қавишяпти. Бугун тугатиб қўяқолайлик. Овқатингиздан бир чинни бериб юборасиз, ётар-қўноққа шуям етади.
— Калит эшикнинг ўзида,— қўшилишди овсини.

Раҳима қайнонасининг мақсадини уқди. «Ўзини-ўзи фош этсинми? Шивир-шивир, гап-сўзларга қолиб-а! Кейин қандай бош кўтариб юради?»
— Эгасиз уйга кирмайман!—деди у. Қайнонаси жим бўлиб қолди-да, сўнгра деди:
— Ундай деманг-да, болам. Бегонаникимиди? Эгаси сиз билан биз.
— Барибир бормайман.

У изига кескин бурилиб, яна ўчоқ олдига борди. Қўлига чўп олиб, устини кул қоплаган чўғ уюмини титкилай бошлади.

Кул титкилаш унга «йўргакда теккан дард». Қизлик чоғларида, ота-онасининг бағрида юрган кезлари ҳам дадаси даладан қайтиб, «овқатинг тайёр бўлдими, қизим», дея дарвозадан кириб келмагунича шу кўйи ўтираверарди. Укаларининг «қорним очиб кетди», деб тўнғиллашларигаям парво қилмасди. Манглайига оқ дурра боғлаб, эгнидаги шойи кўйлаги терлаган баданига ёпишиб қолганига бееътибор юраверадиган дадасини яхши кўрарди у.

Овсини уйдан қайтиб чиқди. Хомуш. Қайнонаси кузатиб қўймоқчи ёки оёқ-қўлини ёзмоқчи бўлдими, ҳарқалай унга эргашиб чиқиб келди. Маҳфуза шунчаки хайрлашиб, уч-тўрт қадам ташлагач, тўхтади. Ўйга чўмган ҳолда бундай деди:
— Ўғлингиз келгач, дейдиганини дейди-да.
— Мен сизга айтдим-ку!— деди қайнона.

Раҳима бошини қуйи эгган кўйи қимир этмай ўтираверди. Маҳфузанинг сабри тугади чоғи, «дардини тўколмай тура олмади»:
— Ҳе, олмай ўлгур. Қўлингга куйдирги чиққур-а!
— Ҳай-ҳай, бу нима деганингиз!?— деди қайнонаси ранги ўзгариб, унга яқинлашаркан.

Овсинининг сўзлари Раҳимани юрагини зириллатди. Сапчиб ўрнидан туриб кетди.
— Нега бу ерда қарғанасиз?! Қарғанадиган жойми сизга?!
— Бўлди қилинглар, бўлди,— орага тушди қайнона.
— Сизга тегиб кетдими? Ажаб бўпти. Дадам билан бувимнинг топган-тутганига эрингизни топган-тутганини қўшиб, катта-катта еб ётгунча, тўпласангиз бўлмайдими?
— Ҳм... куйиб кетаяпсизми?! Эрим пешонасини терлатиб топиб келяпти.
— Биз ҳаромхўр бўлиб қолдикми ҳали!
— Бўлди қилинглар!—Ночор эди шўрлик қайнона. Келинларининг оғзига пахта тиқиб қўёлмаса.— Етти маҳаллани бошларингга кўтаряпсизлар-а!?

Шу маҳал Раҳиманинг эри — қурилишда ишчи бўлиб ишлайдиган Қобил кўчадан кириб келди. Бақириқ-чақириқни эшитган шекилли, ҳайрон бўлганича онасига юзланди:
— Нима гап ўзи? Тинчликми?
— Тинчлик, тинчлик,— деди онаси шошиб ва уйингга кириб кетавер дегандек ишора қилди. Кейин Маҳфузага деди:
— Уят эмасми? Сиз каттасиз, ўзингизни босинг энди.

Чиқиб кетаётган Маҳфуза барибир ўзини батамом қўлга ололмади:
— Биздан сўраб нима қиласиз! Ҳалол, покиза ойимтиллангиздан сўранг. Кампир бошини сарак-сарак қилиб, уйига қайтди. Қобил хотинига қараб қўйиб, онасининг изидан юрди.

Раҳима яна жойига ўтирди. Тағин кул титкилашга киришди. Ниҳоят, қатъий қарорга келди: «кетаман, ҳозироқ кетаман».

Уйига кириб, меҳробдаги кўрпа қатидан рўмолни олди. Айвонга қайтиб чиқди-да, устунга илиб қўйди. Сўнгра бир-бир босиб, кўчага чиқиб кетди...

Раҳима ишламас эди. Далага чиқай деса, тенгқури йўқ эди. Қишлоқ марказидаги фабрикага ишга жойлашмоқчи бўлиб, рўйхатга ёзилганига бир йил тўлганди...

«Шарқ юлдузи» журнали, 1992 йил 7-сон.