OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифКришан Чандар
Асар номиМусаффо осмон (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Ҳинд адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Кришан Чандар
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонҚодир Мирмуҳамедов (Русчадан)
Ҳажм302KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/22
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
“Жаҳон адабиёти” журналидан


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Мусаффо осмон (қисса)
Кришан Чандар

Жамиланинг нопок қилмишидан руҳан эзилган Исҳоқ Кҳандалага жўнади: у ўша ерда ўлмоқчи эди. Кҳандалада у энг қимматли меҳмонхона — “Атиргул отели”нинг бир коттежини ижарага олди. Етти кунга. Бу ернинг жаннатваш муҳитида у етти кун ҳузур-ҳаловатда яшайди, сўнг ўлади.

Исҳоқ Бомбайдан чиқиб кетаётганида шу қарорга келган эди. У Бомбайда, Жамиланинг уйи рўпарасидаги ўзининг торгина хонадонида ўлишни хоҳламади; шаҳар ташқарисига қатновчи поезд ғилдираклари остида жон таслим қилишни ҳам истамади; бандаргоҳнинг ёғ босган сассиқ сувига чўкиб ўлишга ҳам унинг хоҳиши йўқ эди. У ўзининг ўлиши учун артистона нозик дид билан Ғарбий Гатнинг дурдонаси бўлмиш малоҳатли Кҳандалани танлади. Бу ер мамлакатнинг энг муҳташам курортларидан бири эди.

У банкдан ўз ҳисобидаги пулнинг ҳаммасини олди-да, Кҳандалага жўнаб кетди. Бу пул унинг энг қимматли отелда етти кун ҳузур қилиб чиройли кун кечириши учун кифоя эди; бу кунлар унга худди гўзал оҳудек туйилаётганди; кейин сездирмай келадиган ўлим... Кўпчилик оҳуларнинг ўлими сингари сезилмас ўлим; етти кун ўтгач, уларнинг дунёга келгани унут бўлиб кетади. Ва лекин бу кунлар фақат еттита бўлса ҳам асло ўз ҳусни-латофатини йўқотмагай!

Минг-минг йиллар давомида башарият кўзлари тунги само юлдузларининг гўзаллигидан фараҳланиб баҳра олганлар. Агар у кўзлардаги фараҳ сўнгудай бўлса, гўзаллик йўқоларди — фақат юлдузларгина қоларди. Боқий гўзаллик барҳам топарди. Бироқ булутлар ёмғирларини тўкиб бўлиб, ўз парвозларини Ғарбий Гат тоғи тепасида секинлаштирганида, ер сийнасидан озуқа эмган лиана танасидаги беадад ялтироқ қуртлар бирданига милтиллай бошлайдилар — худди зулмат тун рўйи заминга Сомон Йўли юлдузлари шуълаларини тўккандек; айтинг, ана шу бир лаҳзалик гўзалликка тенг келадиган яна нима бор? Бундай лаҳзалар чақмоқдек оний шуъладан сўнг пайдо бўлиб, зим-зиё тун қўйнига ғарқ бўлади. Ҳаттоки юлдузлар жамоли ҳам бу оний латофатни хиралаштиришга ожиздир.

“Майли, менинг мангу зулмат арафасидаги ҳаётимни ана шу ялтироқ қуртлар безаб турсин, — деб ўйлади Исҳоқ. — Олдин етти чароғон лаҳза, кейин — мангу зимистон бақо олами”.

У ўз ниятини амалга ошириш учун нуфузли серҳашам “Атиргул отели”ни танлади. Бу отел тепаликда жойлашган бўлиб, томи қизил черепица билан ёпилган, деворлари пушти рангга бўялган эди; отелнинг коттежлари баланд марказий бино атрофини худди очилган гул баргларидек ўраб олган эдики, узоқдан қараган одамга бу тепаликда чиндан ҳам маҳобатли атиргул очилиб тургандек бўлиб кўринарди.

Исҳоқнинг коттежи чеккароқдаги бир дўнгликда бўлиб, унинг деразаларидан тепалик ёнбағридаги ям-яшил ўтлоқлар ҳам, пастда, водийдан ўтган темир йўл ҳам кўриниб турарди. Темир йўлнинг нариёғида то Лонавалагача чўзилган тоғ тизмаси тикка қад кўтарган. Темир йўл ўтлоқлар ва дўнгликларни худди илон изи сингари оралаб ўтаркан, гоҳ кўзга кўринмай қолар, гоҳ яна пайдо бўлиб, водий ёқалаб кетарди. Лекин булар бари кундузги манзара эди. Кечаси эса Исҳоқ ўз коттежи айвонида туриб, фақат шалола куйини, ўтиб кетаётган поезд ғилдиракларининг дукур-дукурини, локомотивнинг ҳансирашини ва аҳён-аҳёнда теварак-атрофда акс садо берувчи жўшқин ҳуштагини эшитарди. Ана шунда зулмат тун унга жуда-жуда яқинлашиб келарди. Муҳаббат узоқда, унга борадиган йўл берк эди. Светофор чироқлари худди иблиснинг қон қуйилган кўзларидек қизариб порларди... “О, Жамила, ҳозир ёнимда йўқлигингда, тун гўё хуфия даҳшатлар маконидек, бутун ҳаётим ғайритабиий мўъжизадек, жаҳаннам маҳсули бўлмиш ҳаёт янглиғ туюлмоқда менинг кўзимга. Зеро, ҳаётни муҳаббатсиз тасаввур қилиб бўлмайди, одамзод муҳаббатсиз яшаши мумкин эмас! Ҳамонки бундай ҳаётни тахайюл қилиш ҳам мушкул экан, ундай ҳаётдан буткул воз кечган яхши эмасмикин! Ҳа, шундай қилганим яхши, Жамила, шу яхши, бинобарин, мен ўлишим керак...”

Исҳоқ коттеж айвонидаги шезлонгда оёғини узатганча хаёлга чўмиб ўтираркан, ўлим ғоятда гўзал, тотли интиҳо бўлиб туюлди унга.

Бугун у тушликка олти хил антиқа таом буюртирди; чайнаб ўтирган бетелининг1 мазаси ҳали оғзидан кетмаган эди. Исҳоқ ёқимли хаёлотга ғарқ бўлди.

О, шундай ўлим топиш қандай бахт!

Унинг жон таслим қилишга бундай совуққонлик билан журъат этиши ўзини дилдан қувонтирди, у қулайроқ жойлашиб ўтириб, оёғини курси устига узатди. Шунда унинг хотирасида ўз-ўзидан бир дераза очилди-ю, кўз олдида Жамиланинг Исҳоқ биринчи марта кўрганидаги қиёфаси намоён бўлди...

* * *

Ўшанда “Низом” пароходи Беллард бандаргоҳида, кемаларни таъмирлайдиган сувсиз докда турарди. Уни бир неча кундан бери таъмирлаётган эдилар; яқин кунларда бу кема докни тарк этиб, денгиз сафарига жўнаши керак эди.

Исҳоқ кўпинча портдаги тамаддихонада ўтириб, денгизчилар ёки саёқ одамлар билан чойхўрлик қилар, гурунглашар ва кўпни кўрган денгизчиларнинг олис бандаргоҳларда, бегона мамлакатларда бошларидан кечирган ҳар турли саргузаштларини қизиқиб тингларди. Денгизчиларнинг ҳикоялари ҳеч қандай безаксиз, холис, аммо худди ҳаёт сингари ҳаққоний бўларди; тўғри, уларни асар сифатида нашр этиб бўлмасди, албатта, лекин шунга қарамай, тингловчи аҳли бундай кечинмаларни хотирасида маҳкам сақлар ва энг доно китобларда келтирилган энг оқилона ўгитлардан ҳам ортиқроқ қадрларди. Бироқ денгизчилар кечмишини таърифловчи ҳақиқат ҳаммавақт ҳам либоссиз, яланғоч ҳолда бўлавермасди — баъзи пайтларда у ҳикоялар шу қадар ҳашаматли либослар билан безанардики, беихтиёр “Минг бир кеча”даги халифа Ҳорун ар-Рашид кўз олдингда гавдалангандай бўларди. Баъзида эса, ўша ҳаққоний ҳикояни жулдур увадаларга ўраб тасвирлардиларки, бундай воқеани кўз олдиларига келтирган ҳар қандай тингловчи ҳам кўз ёшларини тия олмай қоларди. Бу жамоада яна жуда қўрқинчли, ваҳимали ҳодисаларни ҳам сўзлардилар; шунда, эшитганлар наҳотки шу рост бўлса, деб баёнчининг кўзига шубҳа билан бақрайиб қолардилар.

Денгизчи дунёсининг кўлами атиги юз футча келадиган палуба билан чекланган ва айни пайтда бу дунё океан сингари ҳад-ҳудудсиздир. Исҳоқ кўпдан бери денгизчилар ҳаёти ҳақида роман ёзишга чоғланиб келарди-ю, аммо ўзи учун керакли мавзуни ҳеч жиловлаб ололмаётган эди; шунинг учун ҳам Беллард бандаргоҳидаги тамаддихоналарга қатнашни канда қилмасди.

У денгизчилардан анча-мунча таниш орттирди. Бу танишувлар “сиз”лашдан бошланиб, “сен”лашга ўтди...

Шундай қилиб, бир куни Исҳоқ одмигина бир тамаддихонада атрофига йиғилган денгизчиларга ҳар турли латифалар айтиб ўтирганида, кимдир унинг орқасига келиб турганини ҳис этди. Ўгирилиб, тепасида турган дароз бўйли, чувак юзли жиккак одамни кўрди; унинг чакаклари чўккан ва бўзарган қорамағиз юзида чечак асорати бор эди. У имо билан Исҳоқдан ҳикоясини давом эттиришни сўради. Исҳоқ яна гапира бошлади. Салдан кейин бу чўтир одам стул олиб, уни яқинроқ суриб ўтирди. Орадан хиёл вақт ўтмай, Исҳоқ, айтаётган латифаси денгизчиларни энди қизиқтирмай қўйганини сезди — уларнинг кулгиси анча босиқ, табассумлари сўниқ эди. Мана, Исҳоқ гапдан тўхтади, денгизчилар шоша-пиша тарқала бошладилар. Исҳоқ қотмадан келган новча одам билан ёлғиз қолди. Қувноқ улфатларнинг тарқаб кетишига сабабчи бўлган бу одамга Исҳоқ ўқрайиб қаради. Чўтир, қиёфаси, кийиниши ва ўзини тутишига қараганда, зобитга ўхшарди. Зобит — ҳамиша бошқа олам кишиси, денгизчилар оламидан мутлақо четда бўлган муҳит одами. Бир-бирига бегона бўлган бу икки олам вакилларининг тўқнашувидан доимо ўртада ўт чақнай бошлайди. Исҳоқ ўз ҳикояси ниҳоясида тиш ғижирлаганини аниқ эшитганди. Шунинг учун ҳам бу дароз зобитга у ғазаб билан қаради.
— Мени кечиринг, — деди зобит ўзини танитмай. — Сиз бўлсангиз керак-а, машҳур ёзувчи Исҳоқ?
— Исҳоқманми, чўлтоқманми, тўмтоқманми — сизга нима? — деди Исҳоқ жаҳл аралаш столга мушт ураркан. — Нега ҳамма нарсага тумшуқ тиқасиз?

Новча зобит эсанкираб сал ўзини орқага ташлади. Бироз муддат икковлари жим қолишди, кейин зобит яна гапира бошлади:
— Илтимос, кечиринг мени... Биласизми, сизни учратганимдан суюниб кетувдим. Менинг исмим Мўлтоний, “Низом” пароходида иккинчи механик бўлиб хизмат қиламан. “Низом” уч кундан кейин денгиз сафарига жўнайди. Шунинг учун, сизни кўрган заҳотим, — мен бир қарашдаёқ танидим сизни: суратларингизни газеталарда кўрганман, — сиз билан яқинроқ танишиш истаги туғилди менда. Шунийчун ҳам, гапингиз тугашини кутиб ўтирувдим; гарчи денгизчилар даврасида бўлишни жиним ёқтирмаса ҳам, тишимни тишимга қўйиб бўшашингизни кутдим... Билдингиз?

Мўлтоний сал манқаланиб гапирарди, шунга кўра “билдингиз” сўзи Исҳоқнинг қулоғига “билдиз” бўлиб эшитилди. Бу сўз Исҳоққа ёқиб қолди. У жилмайди. Мўлтоний дадиллашиб, стулини яқинроқ суриб ўтирди ва яна гапира бошлади:
— Сизни эртага кечқурун мен билан кечлик қилгани “Низом”га таклиф қилсам бўладими? Мен сизга кемамизни кўрсатардим, сиз учун қулинг ўргилсин вино ҳам олиб қўйганман. Сиз ичсангиз керак-а? Ҳа, ҳамма ёзувчилар ичишади, билдиз!

Яна “билдиз”! Исҳоқ хохолаб кулиб юборди ва Мўлтонийнинг қўлини шундай маҳкам сиқдики, у:
— О, кимсан ўзи: ёзувчимисан ё эзувчимисан? — деди ҳайратланиб ва бу ҳазилидан мамнун бўлиб ўзи ҳам кулиб юборди. — Мен сенга ўзимнинг life-storимни сўзлаб бераман. Яъни ўз ҳаётимни. Кейин сен уни китоб қилиб ёзасан. Келишдикми? Борасан-а?
— Бораман, — деб розилик билдирди Исҳоқ ва айни пайтда, ундан қочиб қутулиш йўлини ўйлай бошлади.

Лекин Мўлтонийдан қочиб қутулишнинг имкони бўлмади. У Исҳоқни Биллард бандаргоҳидаги божхонага бошлаб борди ва ижозатнома олиб, уни Исҳоққа тутқазди.
— Эртага кечқурун роппа-роса соат олтида шу ерда кутаман. Албатта келинг. Уч кундан кейин биз Жанубий Америкага жўнаймиз, билдиз?.. Сен нима ичасан, вискими ё брендими? Ҳар эҳтимолга қарши, унисиниям, бунисиниям топаман. Кемада спиртли ичимликларни ичиш ман қилинмаган — хурмачангга сиққанча ичаверасан... Ҳа, яхшиям эсимга тушди. Мен ҳали яна шампан виноси ҳам топишим керак!.. Ҳа-а... Қаердан топсам бўларкин-а?

Исҳоқ унинг чўзиб айтган “ҳа-а” сўзини эшитиб сўради:
— Сен мабодо Синд вилоятидан эмасмисан?

Мўлтоний Исҳоқнинг бу топқирлигидан суюниб кетиб, оғзини таноби қочди.
— Тўла исм-шарифинг қандай? — яна суриштира бошлади Исҳоқ.
— Моти Рам Мўлтоний.
— Қани, менга айтинг-чи, жаноб Моти Рам Мўлтоний, кемада виски ва бренди бор экан, шампан виносини излашингизга сабаб нима?
— Сабаб — хонимлар ҳам таклиф қилинган, — деб жавоб қилди Мўлтоний.

“Хонимлар!” — деб кўнглидан ўтказди Исҳоқ. У ҳозир Мўлтоний билан хайрлашгач, ижозатномани йиртиб ташламоқчи ва меҳмонга таклиф қилинганини унутмоқчи эди, аммо хонимлар дарагини эшитиб, ҳужжатни авайлаб тахлаб чўнтагига солди. Аёллар! Шампан виноси ичадиган аёллар! Бунақа хонимларни у шу пайтгача фақат китобларда, яъни ўзининг ва ўзга адибларнинг китобларидагина учратган эди. Мана, ниҳоят, эртага ўша хонимларни у ўз кўзи билан кўради.
— Лекин албатта, келгин-а, билдинг? — деб яна илтимос қилди Мўлтоний.
— Уриниб кўраман, уриниб кўраман, — деди Исҳоқ ясама бепарволик билан. — Эртага мени авлиё Ксаверий коллежи профессорлари чойга таклиф қилишган, кейин Хитой элчихонасида ҳинд тасвирий санъати тўғрисида нутқ сўзлашим керак, кечқурун кинодраматурглар анжумани “Тож”да зиёфат беради. Қаёққа боришимни ҳам билмай қолдим.
— Йўқ, йўқ! Албатта менинг кемамга бор! Билдинг!
— Ҳаракат қиламан, оғайни, уриниб кўраман! — деди Исҳоқ мутлақо лоқайд кайфиятда ва хайрлашиб жўнаб кетди.

Аммо эртаси куни у соат беш яримдаёқ кемага ўтадиган йўлакка келиб турган эди.

* * *

Ҳозир Исҳоқ коттеж айвонида шезлонгда оёғини узатиб, кўзини юмиб ётаркан, Жамила билан биринчи марта учрашгани кўз олдида аниқ намоён бўлди...

Исҳоқ билан Мўлтоний кема палубасида туришарди. Шу пайт Калтекс ширкатига қарашли бензин омбори билан қоп-қора улкан омборлар орасида, улар устига бош эгган маҳобатли кранлар тагида, йўлакда мўъжазгина яшил автомобил кўринди. У шундоққина “Низом” зинаси тагига келиб тўхтади. Машина эшиги очилиб, ундан бирин-кетин учта қиз сакраб тушди. Улар шу заҳоти зинадан кема бортига кўтарила бошладилар.

Шарқ аёли ўз оёғининг тўпиғидан юқорироқ қисмини очиб юриши мумкин ё мумкин эмаслигини билолмай, ҳалигача тараддудланиб келмоқда. Унинг тараддудланишини, айниқса, зинадан кўтарилаётган чоғида кузатиш мароқли. Даставвал у сарисини салгина кўтариб олади, кейин бирдан уялиб кетиб, шоша-пиша этагини туширади. Лекин бу алпозда зинадан кўтарилиш анча машаққатли, шунда у яна сарисини кўтариб ички юбкаси этагини очади, аммо бир қадам юришга улгурмай, этагини босиб қоқилиб кетади. Хуллас, сари дам кўтарилади, дам туширилади, аёл нима қилишини билмай, гоҳ хижолат бўлиб жилмаяди, гоҳ чўғдай қизариб кетади.

Бунақа манзара Исҳоқнинг жони-дили эди; унинг тахминича, аёлни бир вақтнинг ўзида ҳам “ҳа”, ҳам “йўқ” дейишга мажбур этувчи оғма хислат, айниқса, унинг зинадан чиқаётган пайтида аниқ намоён бўларди.

“Низом” кемаси зинасидан чиқаётган қизлар ҳам айнан шундай вазиятни бошдан кечирдилар. Улар қийнала-қийнала, ниҳоят, зинанинг энг юқори поғонасига кўтарилишди, вале охирги ғовни, яъни зинадан палубага сакраб ўтиладиган ғовни забт этиш учун уларда энди мажол қолмаган эди. Исҳоқ хонимларга ёрдам қўлини чўзиб, ҳар бирини битта-биттадан палубага олиб ўтди. Шу заҳоти қизларга жон кирди ва баралла хохолаб кулиб юбордилар. Улар худди: “Хайрият-е, бир азоб орқада қолди”, демоқчи бўлгандай, гул-гул яшнаб кулишди.

Мўлтоний қизларни таништирди:
— Бу — Жамила... Шакунтала... мисс Санжана...

Жамила — арабча исм. Шакунтала — ҳинд қизи, Санжана — форс бўлса керак; лекин учовлари ҳам ёшгина, соғлом, латифа қизлар.

“Бунақа қизлар йигит қонини жўш урдиради, худди тўлин ой балқиган тундек, — деб ўйлади Исҳоқ. — Бугун роса мириқиб майхўрлик қиламиз!”

* * *

Лекин майхўрлик унча ўнгмади. Вақтихушлик ҳам сира қовушмади. Иккинчи механикнинг каютасида учала қиз торгина диванда сиқилишиб ўтиришаркан, шампан виносини ичишганда, худди биров уларни зўрлаб аччиқ дори ичираётгандай, афтларини буриштирардилар. Мўлтоний улар рўпарасидаги оромкурсида фақат сув ичиб ўтирди — маълум бўлишича, у спиртли ичкиликни мутлақо оғзига олмас экан.
— Ўзим ичмайман, лекин бошқаларни ичкилик билан меҳмон қилишни жуда ёқтираман, билдиз? — деб тушунтирди у. — Мана, Бэби1 жуда яхши кўради шампан шаробини, шунинг учун анча қийналиб бўлса ҳам, уч шиша шампан топиб келдим.

У Бэби деб Жамилани айтаётган эди.

Мўлтоний шампан виносини қандай қийналиб топгани ҳақида бутун икир-чикирлари билан муфассал ҳисобот берди, сўнг ўзининг бир марта Адан қирғоғида сал бўлмаса кемадан қолиб кетаёзгани тўғрисида роса резинка қилиб чўзиб ҳикоя қилиб кетди. Бу ниҳоятда зерикарли одми бир воқеа эди. Мўлтоний бу “саргузашт”ини сўзлаб бўлиб, ўзининг бош механик билан низолашиб қолгани ҳақида гапира бошлади. Улар нега келиша олишмабди? Бу муросасизлик қандай юз берибди? Мўлтонийнинг ҳикояси бошдан-оёқ техникавий тафсилот ва атамалардан иборат эди, унда “клапан”, “цилиндр”, “қозон”, “буғ босими” ва ҳаттоки “гравитация” каби сўзлар шу қадар ғиж-ғиж эдики, Исҳоқ, энди ўла-ўлгунимча кема механизмларини ёмон кўриб қолсам керак, деб ўйлади. Мўлтоний эса, ҳикоя қилишда давом этаркан, қадаҳдаги сувини ҳўплаб-ҳўплаб қўяр ва икки гапнинг бирида ўша “билдиз”ни қўшиб қўярдики, охир-оқибатда Исҳоқ олий нав шотланд вискиси эмас, балки овқатни ҳазм қилдирадиган маъданли сув ичаётгандай ҳис қилди ўзини. Мўлтонийнинг “билдиз” сўзидан жирканган Исҳоқнинг нафаси қайтиб, кўнгли айний бошлади. Лекин, бахтига, шу аснода Мўлтоний унга осма каравотга чиқиб ўтиришни тавсия қилиб қолди. Исҳоқ каравотга чиқиб ўтириб, оёқларини осилтирди ва атрофга кўз югуртирди: унинг ўнг томонида, осма каравот баландлигида иллюминатор бўлиб, унинг ташқарисида йўғон бир арқон худди дорга илинган сиртмоқдек тебраниб турарди. Чап томондаги кўзгуда эса, у пастда, диванда сиқилишиб ўтирган қизлар аксини кўрдики, айни шу манзара юраги зиқ бўлган Исҳоқнинг “дод!” деб юборишдан асраб қолган ягона юпанчиқ бўлди.

* * *

Агар бир кўрганда ошиқ бўлиб қолиш рост бўлса, Исҳоқ энг аввал Жамилани эмас, Шакунталани биринчи марта кўрганидаёқ ёқтириб қолганди. Вазмин табиат ва бамаъни чеҳрали, камсухан, табассуми сипо, баланд бўйли, сарвқомат Шакунтала Исҳоқнинг кўзига маъсума ва мафтункор қиз бўлиб кўринганди. Санжанадаги ноз-карашмали суюқ қилиқлардан унда асар ҳам йўқ эди.

Санжана улфатларни гурунгга тортишга, уларни кулдиришга жон-жаҳд билан уринарди. У Мўлтоний айтган бирон гапни илиб оларди-да, унинг сўзини бўлиб, ўз кечмишларини ҳикоя қилишга шайланарди, бироқ Мўлтоний ўзгалар гапини эшитадиганлардан эмас эди! У ҳеч бир одамнинг гапига қулоқ солмай, минғирлаганча ҳикоясини давом эттираверарди...

Икки соатлардан кейин каюта папирос тутунидан шу қадар димиқиб кетдики, натижада Жамила:
— Келинглар, очиқ ҳавога чиқайлик! — деб илтижо қилди. — Бу ерда нафас олиб бўлмай қолди!
— Майли, чиқамиз! — деди Мўлтоний уни қўллаб. — Бэбининг нафаси қайтиб кетди бу ерда.

Исҳоқ осма каравотдан сакраб тушди, Мўлтоний эшикни очди, ҳаммалари палубага чиқишди. Шу пайт бош механик ўз каютаси эшигидан мўралаб, қизларни зимдан кузата бошлади. Қизлар бош механик каютаси ёнидан ўтаётганларида ҳам, борт четидаги тутқичга суяниб турганларида ҳам ўзларининг зимдан кузатаётганликларини унутмаган эдилар. Улар гўё бирон нохушлик юз беришидан чўчиётгандай, дам-бадам нуқул сариларини текислашардики, бу ҳолни кўрган Исҳоқнинг назарида, қизларнинг энсаларида ҳам кўзлари бор эди гўё.

Қизлар юқори палубада, катта-катта вентиляция қувурлари яқинида туришарди; бу қувурлар машина бўлимидаги айниган ҳавони сўриб олиш ва у ерга тоза ҳаво юбориш учун хизмат қиларди. Вентиляторлар мунтазам гувиллаб турарди.

Бош механик ўз каютасида патефонига пластинка қўйди. Валс куйини эшитган Санжана шу заҳоти сабри чидамай, баланд пошналарини темир тўшамали палубага дўқ-дўқ урганча рақс туша кетди. Унинг бу қилиғи Мўлтонийнинг ғашига тегди ва бу ердан кетишни таклиф қилмоқчи бўлди. Лекин қаёққа? Каюта ҳавоси ҳали тозаланмаган эди.
— Сиз кеманинг машина бўлимида ҳеч бўлганмисиз? — деб сўради у Исҳоқдан.
— Йўқ, ҳеч қачон.
— Мен ҳам кўришни хоҳлайман! — деди Жамила севиниб кетиб.
— Йўқ, Бэби, у ерда ҳаммаёқ мазут, мой, сарийинг ифлос бўлади.
— Бўлса бўлар! — деди Жамила инжиқлик қилиб. — Мен машиналарни кўрмоқчиман.

Мўлтоний, илож қанча, дегандек қўлларини ёйди. Жамила худди гўдак боладай ширин кулди ва чапак чалиб юборди.

Жамиланинг бўйи Шакунтала билан Санжананикидан сал пастроқ эди; гарчи унинг қадди-қомати тўлишишга мойилдек кўринса ҳам, бу қиз Исҳоққа бағоят ёқимтой бўлиб кўринди. Айниқса, унинг гўдак болалардек шўх кулиши ва машина бўлимини кўришга астойдил иштиёқи Исҳоқни ром қилган эди.

* * *

Агар палубадаги люк олдида туриб пастга, кеманинг қурсоғига жойлашган машина бўлимига қаралса, у нақ дўзах бўлиб кўринади. У ёқдан дўзахий жазирама ва дим ҳаво тинмай уфуриб турарди. Пастда, жуда чуқурликда ҳаммаёғига мой сурилганидан ярақлаб турувчи ғоятда мураккаб қоп-қора машиналарнинг шарпаси кўзга ташланади. У ердаги қора жомакорлар кийган оловкорлар палубада турган одамларга худди митти қўғирчоқлардек бўлиб кўринишади. Машина бўлимига тушувчи айланма зина бир-бирига чалкашиб кетган турли хил қувурлар ва жумбоқли механизмлар орқасидан ўтган.
— О, бу ер жуда ҳам иссиқ экан, — деди Исҳоқ.
— Каютанинг иссиғи ҳам бундан қолишмайди! — деб эътироз билдирди Шакунтала.
— Қани, тушдик бўлмаса.

Зина жуда тор эди, агар иккита одам тўқнаш келгудек бўлса, бир-бирининг ёнидан зўрға қийналиб ўтарди. Бунинг устига, зина пастга тушган сари яна ҳам торайиб борарди.

Қизлар пастга кўз ташлаб чўчиб кетишди ва орқаларига тисарилишди — бундай тор зинадан якка-якка бўлиб тушиш қўрқинчли эди. Гарчи жаноб Моти Рам Мўлтоний, қизларни меҳмон қилиш, шампан виноси билан сийлаш учун жонини аямаса ҳам, уларга ўз кечмишлари ҳақида мароқланиб ҳикоя қилишга суяги йўқ бўлса ҳам, лекин уларга ёрдам қўлини чўзишга мутлақо журъат эта олмасдики, буни Исҳоқ бир қарашдаёқ сезди. Ҳақиқатан ҳам, Мўлтоний ҳаммадан кейинда туриб олиб, хонимларни зинадан тушишга ундар, сариларингизни темир тутқичга теккизманг, мазут доғи юқиши мумкин, деб огоҳлантирарди.

Хўш, қизлар нима қилишсин? Қўллари ва сариларини ифлос қилмасликка уринсинларми ё бу ноқулай зинадан тушаётганда қоқилиб кетиб йиқилмаслик ташвишини қилсинларми? Боз устига, ваҳимага тушиб, оҳ-воҳ қилишлари ҳам керак бўлади ҳали! Тағин, ҳаммаси бирваракайига! Йўқ, бу сира мумкин эмас!

Умуман олганда, мумкин. Бу қизларнинг ҳар биттаси зинадан ҳеч қийналмай чопиб тушиши ва шундай осонлик билан юқорига чопиб чиқиши ҳеч гапмас. Навниҳол, кучли, соғлом қизлар учун бунинг ҳеч қийин ери йўқ, лекин ахир ўзларининг нималарга қодир эканликларини эркакларга намойиш қилинса, уят бўлмайдими? Ахир шармандалик-ку, бу! Қолаверса, қизларнинг бунақа қилиғи эркакларга ҳам ёқмайди... Унда қандай тушишсин зинадан? Хонимлар тараддудда туриб қолишди. Шунда Исҳоқ Санжанага қўлини узатиб, деди:
— Ижозатингиз билан, сизга ёрдамлашай!

Санжана дам оҳ-воҳ қилиб, дам чийиллаб, зинанинг биринчи поғонасига қадам қўйди. Шакунтала билан Жамила унга эргашдилар. Улар орқасидан Мўлтоний пиллапояга қадам қўйди. У Исҳоқнинг Санжанани қўлтиқлаб олганини кўриб, қаттиқ хижолат бўлди ва гўё бурнини артмоқчи бўлгандай, чўнтагидан рўмолчасини олиб, уялганидан чўғдай қизарган юзини тўсди. Пастда зина торая бошлаган ерда Исҳоқ ҳар битта қизни бирин-кетин белидан қучиб, учовига ҳам кўмаклашди. Бу ҳол боягина биргаликда шампан виноси ичган қизлар билан ўзи ўртасида беихтиёр ғалати яқинлик туйғусини уйғотди. Бундай туйғу учала қизда ҳам (лекин ҳар бирида ўзига хос тарзда) вужудга келган эди. Қизларнинг кўзларида қандайдир ажиб учқунлар чақнади: боя юқорида ичилган шампан виноси фақат энди ўз таъсирини кўрсата бошлаганди.

Ниҳоят, зинанинг охирига етишди. Энди қизлар кўмир ўраси ёнида туриб кийимларига оро бера бошладилар; шу пайт Жамила бирдан чинқириб юборди — эгнидаги қирмизи ҳарир сарисининг белига яқин ерида учта бармоқ изи яққол кўзга ташланиб турарди. Бу — Мўлтонийнинг “тутқичларни ушламанглар”, деб берган маслаҳатига парво қилмаган Исҳоқнинг бармоқ изи эди — мана оқибат. Жамиланинг чинқириғидан чўчиб кетган Шакунтала билан Санжана ҳам шоша-пиша ўз либосларини кўздан кечира бошлашди: улар ҳам сариларининг белларига яқин ерида худди шундай доғ пайдо бўлганини кўришди.

Исҳоқ қотиб-қотиб кулар, қизлар аччиғланиб уни койишарди. Лекин у узр сўраш ўрнига ҳамон хандон ташлаб кулишдан тўхтамасди.

Мўлтоний жиддий тус олиб, қизларнинг машина бўлимига тушишларига аввалдан қарши бўлганини айтди. Сўнг тутқичларда мазут юқи бўлгани учун, кеманинг бутун команда аъзолари номидан кечирим сўради ва ниҳоят, бу кўнгилсиз ҳолни бартараф қилмоқчи бўлгандай ҳамда гўё шу бугундан бошлаб истеъфога чиқмоқчи ва айнан шу қизларни иккинчи механик лавозимига тайинламоқчи бўлгандай, бу ердаги машиналар ҳақида муфассал маълумот бера бошлади. Жамила унинг гапларини диққат билан эшитарди. Санжана оғзини катта очиб ҳомуза тортди ва Исҳоқни қўлтиқлаб олиб, гоҳ у, гоҳ бу механизм ҳақида сўрай бошлади.

Бу қизнинг кутилмаганда техника ускуналарига қизиқиши Исҳоқни жамоадан узоқроққа олиб кетиш учун бир баҳона эди, холос; улар кўмир ўрасининг нариги четига боришди; бу ерда барометр ва термометрларга ўхшаб кетувчи ускуналарнинг бошқаруви жойлашган ва уларга пастдан келган мис қувурлар уланган эди. Бошқарувидаги қизил ва яшил лампочкалар гоҳ ёниб, гоҳ ўчиб турарди.
— Бу нима?.. Мана бу-чи? — деб устма-уст савол берарди Санжана.
— Ие, мен қаёқдан билай? — деб жавоб қиларди унга ҳар гал Исҳоқ. — Мўлтонийдан сўранг.
— У зериктиради одамни. Мен кемага фақат шампан ичгани келувдим. Кейин, илгари ҳеч ҳам ҳеч бир кемага чиқмаганман.

Бу ерга Шакунтала келди, Санжана Исҳоқнинг қўлини қўйиб юборди.

Шакунтала ярақлаб турган ускуналарни диққат билан кўздан кечираркан, битта мурватни кўрсатиб сўради:
— Бу нима?

Исҳоқ Шакунталага бошдан-оёқ разм солиб чиқди. Бу баланд бўйли, сарвқомат, худди сайқал берилган нафис ҳайкалдек гўзал қиз шундоққина ёнгинасида турардики, Исҳоқ Санжанани ҳам, бутун борлиқ оламни ҳам, ўзининг қаерда ва нима қилиб турганини ҳам бир лаҳзага унутиб қўйди.
— Бу термометрнинг вазифаси нима? — Шакунтала Исҳоққа таажжуб билан боқаркан, саволини такрорлади.
— О, биласизми, — деди Исҳоқ ниҳоят саволга жавоб топиб, — бу асбоб шампан виносининг қай миқдорда ичилганини кўрсатиб беради.
— Бу-чи? — жилмайиб туриб сўради Шакунтала бошқа ускунани кўрсатаркан ва айни чоғда Исҳоқнинг кўзига тикилиб қараркан; унинг бу сеҳрли нигоҳидан йигитнинг кўзи тиниб, боши айланиб кетди.
— Буми?.. Бу сизнинг яна қанча ичишингиз мумкинлигини кўрсатиб беради.
— Қизил лампочка-чи? — сўради Шакунтала деярли пичирлаб. Шунда Исҳоқнинг яноқларига қизнинг нафаси уфура бошлади.
— Бу хавф-хатар даракчиси... Керагидан ортиқ ичганлар учун.
— Қанақа хавф-хатар?

Шакунтала Исҳоққа деярли ёпишгудек яқинлашган эди. Исҳоқ жавоб қайтариш учун энди оғиз жуфтлаган ҳам эди, Санжана унинг қўлидан ушлаб олиб шанғиллаб сўради:
— Айтинг-чи, мана бу қанақа асбоб?
— Бу белингизга қўйилган бармоқлар босимини аниқловчи индикатор! — деб Исҳоқ жавоб қиларкан, кўзларида шўх жилва учқунлари чақнади.

Қизлар хохолаб кулиб юборишди. Уларнинг олдига югуриб келган Жамила қизиқсиниб сўради:
— Нима гап? Нима бўлди ўзи? Менгаям айтинглар.
— Айтарли ҳеч нима бўлгани йўқ, — жавоб қилди Исҳоқ. — Шунчаки, қизлар мендан буғ босими ҳақида сўрашувди. Бор гап шу.
— Буғ босимими? — деди бу ерга етиб келган Мўлтоний жавоб беришга шайланиб. — Буғ босими атмосфера босимидан фарқ қилади. Агар газнинг миқдори...
— Юринглар, юқорига чиқамиз! — деди Мўлтонийдан чўчиб кетган Жамила унинг сўзини бўлиб.

* * *

Ҳаммалари палубага кўтарилиб, яна каютага йиғилишди, вақтихушлик тунги соат ўн биргача давом этди. Қизлар яна икки шиша шампан виносини ичиб тугатишди, лекин уларда ҳеч қандай сезиларли ўзгариш юз бермади. Исҳоқ бир шиша вискининг уч чорагини кемтик қилган бўлса ҳам, кайфи кесилиб, энди яна ҳушёр тортди. Бутун оқшом фақат сув ичиб ўтирган Мўлтонийгина чинакам сармаст одамга ўхшарди. Унинг икки юзи лоладек қизариб кетди, кўзларида хатарли чақин чақди ва Жамилага шундай тикилиб қарадики, нияти нима эканлигини: уни қучиб бағрига босмоқчими ё ғажиб тилка-тилка қилиб ташламоқчими — билиб бўлмасди. Унинг гапидан маълум бўлишича, “Низом” уч кундан кейин денгиз сафарига чиқаркан, демак, Мўлтоний Жамила билан камида ярим йилга хайрлашади. Ярим йилгача у Бэбисини кўрмайди! Мўлтоний шуни ўйларкан, бу жудоликдан эси оғиб қолаёзди.

Соат ўн бирларга яқин Мўлтоний билан Жамила каютадан чиқишди, лекин бир неча дақиқа ўтар-ўтмас яна қайтиб киришди. Бир оздан сўнг Мўлтоний ўрнидан турди.
— Ҳадемай соат ўн бир бўлади, — деди у. — Вақт ўн бирдан ошганда бегоналарнинг кемада қолиши ман этилади. Исҳоқ, сен Бэбини уйига кузатиб қўя олмайсанми? Ўзим ҳам кузатиб қўйсам бўларди-ю, лекин соат ўн бирдан бошлаб вахтада туришим, яъни навбатчилик қилишим лозим. Y am very grateful1 , билдинг?

Исҳоқ ҳамма гапга тушунганди. У Мўлтонийнинг қўлини маҳкам сиқди ва хайрлашаркан, олти ойдан кейин унинг life-storyсини албатта эшитишга сўз берди.
— Кейин уни китоб қилиб ёзасан-а?
— Албатта, ёзаман.
— Менинг ҳаётим жуда мураккаб.
— Ҳа, шунақага ўхшайди.
— Сен ҳаммасини батафсил ёзасан.
— Ёзаман, албатта.
— Good bye, Бэби!
— Good bye, Мўлтоний! — Жамиланинг овозида ҳам нозланиш, ҳам тақдирга тан бериш оҳанги янгради...

Шакунталанинг “моррис” русумли яшил машинаси портдаги лабиринтнамо қинғир-қийшиқ йўллардан чиқиб олгач, бу пайтда ҳувиллаб қолган катта кўчалардан ўқдай учиб кетди. Қизларнинг яна одатий хушчақчақлиги бошланди, улар шўх-шўх кулишар, баралла қўшиқ айтишарди. Исҳоқ орқа ўриндиқда, икки ёғидан пинжига суқилиб кириб олишган Жамила билан Санжана ўртасида ўтирарди. Шакунтала эса унинг тиззасидан жой олганди. Учала қиз анчагина салмоқли эди, албатта, лекин шундай дамлар бўладики, аёл кишининг вазни буткул сезилмайди, у вазнсиздек бўлиб туюлади, ваҳоланки, табиатда мавжуд бўлган жисмларнинг бари ўз вазнига эгадир. Буни фан исботлаб берган. Тўғри, аёл киши иштирок этган шароитларда фан заифлик қилган пайтлар ҳам бўлган. “Чамаси, бунга сабаб — аёл ўзи алоҳида бир фандир”, — деб Исҳоқ ўз хулосасини дилида донишмандона қайд қилди.
— Эрингиз нима иш билан шуғулланади? — сўради у Шакунталадан, шунда Шакунтала бирдан унинг қучоғидан отилиб чиқди, лекин зум ўтмай, унинг тиззасига яна ҳам жойлашиброқ ўтириб олди.
— У стенографист.
— Қаранг-а, эри стенографист бўлган аёлнинг ҳам ўз шахсий “моррис” машинаси бўларканда-а? — яна қизиқсиниб сўради Исҳоқ.
— Бомбайда, — деб гапга аралашди Санжана, — кўҳликкина аёл, агар хоҳласа, одоб сақлаган ҳолда, ҳамиша ўзига эр топиши мумкин; бундан ташқари, агар у яхши яшаш йўлини билса, шафоат қилувчи ўз ҳомийсига ҳам эга бўлиши мумкин; ўша ҳомий уни юксак мартабали жамоа даврасига олиб кира олади. Шакунталанинг ҳомийси — тўқимачилик фабрикасининг хўжайини.
— Яна, бизнинг Шакунтала беш боланинг онаси, — назокат билан қўшиб қўйди Жамила.

Исҳоқнинг тиззалари бирдан чидаб бўлмайдиган даражада зирқираб оғрий бошлади — назарида, Шакунтала билан унинг бешта боласидан ташқари, яна унинг эри билан тўқимачилик фабрикасининг хўппа семиз хўжайини ҳам бутун салмоғи билан уни анжир қилиб эза бошлаганди. О, ҳозиргина қушдай енгил эди-ку, бу аёллар, ахир қай гўрдан пайдо бўлди бу зил-замбил вазн! Во ажаб!
— Малоҳатли хонимлар, менга раҳм қилинг, — дея ёлборди Исҳоқ, — бу алпозда ҳозир нафасим қайтиб ўлиб қолишим мумкин сизларнинг оғушингизда! Шакунтала, маликам, сиз бир зумгина ўриндиққа ўтиб ўтирсангиз-у, мен сизнинг тиззангиздан жой олсам, кўп ажойиб иш бўларди-да!
— Вой, шунақаям беадаб бўладими одам деган! — деди Шакунтала ғижиниб.

Ваҳоланки бу манзара Жамила билан Санжананинг кулгисини қистатди.
— Чамамда, — деб Санжана кулги аралаш луқма ташлади, — бечора йигит, тиззасига Шакунталанинг бешчала боласи келиб ўтиргандай ҳис қилди-ёв ўзини.

Бу қочириқ Шакунталани тамоман қаҳрини қайнатди. У машинани тўхтатишни буюриб, олд ўриндиққа ўтиб олди. Шу заҳоти Санжана унинг ўрнини эгаллади, яъни Исҳоқнинг тиззасига ўтириб олди.
— Хўш, муҳтарама бегойимнинг “моррис”лари қаерда? — сўради ундан Исҳоқ.
— Менинг машинам йўқ! — деди Санжана виқор билан. — Аммо отамнинг машинаси бор.
— Билсам бўладими: отангиз қаерда ишлайди, шунингдек, бегона эркакнинг тиззасида ўтиришингизга отангиз изн берганми сизга?
— Йўқ, ўзимга ўзим изн берганман. Бомбейдан қирқ миля нарида отамнинг фермаси бор. У ўша ерда яшайди. У ерда бизнинг гулхонамиз, полизларимиз, шолипоямиз бор. Бу йил декабр ойида мен узоқ бир қариндошимизга турмушга чиқаман.
— Хўш, унгача-чи?
— Унгача мен ҳаётни кузатмоқчиман.

Бир неча дақиқадан кейин қандайдир бадбўй ҳид Исҳоқнинг димоғига урила бошлаганди. Лекин у бу ҳиднинг кимдан келаётганини билолмай гаранг эди. У ҳаммаёқни искаб-искаб, ахири бу Санжананинг ҳиди эканлигини аниқлади.
— Нима, терлайдиган касалингиз борми? — сўради у андиша қилиб ўтирмай.

Энди жаҳл қилиш навбати Санжанага келганди, лекин у шу заҳоти ўзини яна қўлга олди.
— Ҳа, шунақароқ, — деди Санжана бепарво кайфиятда, — шунинг учун ҳам қариндошга эрга тегмоқчи эмасман. Биз форсийлар1 нуқул бир-биримиз билан қариндош тутинамиз, натижада ҳаммамиз терлаш дардига мубтало бўлганмиз! Менга ҳеч нима, ҳатто ҳиди жуда ўткир атирлар ҳам сира ёрдам бермаяпти. Бугун ҳам ҳаммаёғимга роса кўп атир сепгандим, мана оқибат... — шундай деб у ўриндиққа ўтиб ўтирди.

Шакунтала жилмайиб қўйди.

Шу чоққача чурқ этмай ўтирган Жамила бирдан пиқиллаб йиғлай бошлади.
— Нима бўлди сизга? — сўради ҳайрон қолган Исҳоқ.
— Мўлтоний эсимга тушди, акажоним Мўлтоний...
— Ахир у билан бўлганингизда юрагингиз сиқилганди-ку! Ҳар ҳолда менга шундай туюлганди.
— Бу мутлақо бошқа масала! — деб Жамила изоҳ бера бошлади. — Акам ёнимда бўлганида уни кўргани кўзим йўқ, лекин бир ёққа кетгудек бўлса, дарров соғина бошлайман. Йўқ, рост, акажоним Мўлтоний жуда яхши одам! Биласизми, у менга ҳар ой ўзининг бутун маошини юбориб туради.
— У ҳақиқатан ҳам акангизми?
— У мен билан ака тутинган. Мени чин дилдан яхши кўради, лекин... лекин менга қўлининг учини теккизишга ҳам журъат этолмайди — жуда тортинчоқ.
— Қимматли акажонингизнинг хатоси айнан шундадир, балки?
— Йўқ, йўқ! Мен ундан жудаям ҳазар қиламан, мабодо менга қўл учини теккизгудек бўлса, дод солиб чинқириб юборишим аниқ.
— Ҳамонки ёмон кўрган одамингиз жўнаб кетаётган экан, нега йиғлайсиз?
— Ўзим ҳам билмайман. Акажонимнинг мени жон-дилдан яхши кўришини ўйласам, кўзларим ёшланаверади, лекин хунук башарасига кўзим тушди дегунча — ўзимни кулгидан тўхтатолмайман.
— Аломат аёл экансиз! — деган хулосага келди Исҳоқ.
— Нима қилай, шунақа аломатман.

Жамиланинг ғилт-ғилт ёш кўзлари жилмайди ва йирик-йирик ёш томчилари мисоли марварид доналаридек ёноқларидан думалаб туша бошлади. Исҳоқ ёнидан шоҳи дастрўмол чиқариб, худди сочилиб кетган дур доналарини йиғиб олмоқчи бўлгандай, Жамиланинг кўзларини оҳиста артди.

Улар Жамиланинг маҳалласи Мужгаон Кортга яқин келиб қолган эдилар.

Жамиланинг уйи ҳам унинг тоифасидаги ҳамма қизларнинг уйи сингари экан. Бундай уйга қараб, унинг соҳибаси қандай аёл эканлигини аниқласа бўлади, шунингдек, кўпинча бирон одамга қараб туриб, у истиқомат қилаётган уйни аниқ тасаввур қилиш ҳам мумкин. Лекин баъзида шундай ҳам бўладики, уй ва унда яшовчилар ўз феъл-атворлари ҳамда зоҳирий кўринишлари билан бир-бирларидан мутлақо тафовут қиладилар. Бундай чоғда уй ҳам, унда истиқомат қилувчилар ҳам нохуш кайфиятда бўлишади — қаёққа қарама, ҳамма ерда безовталик, бесаранжомлик. Яна шундай пайтлар ҳам бўладики, хонадон соҳиблари ўз масканлари билан худди туғишганлардай тутиниб кетишади, оқибат, хонадон қаерда тугаб, унинг соҳиблари қаердан бошланишини аниқлаш мушкул бўлиб қолади.

Жамиланинг хонадони, аслида унинг кўзгудаги акси эди, Жамила эса ўз хонадонининг улуғвор тимсоли эди.

Бу хонадон ичига ҳаммаёғи қалин печак билан ўралган айвондан кириларди; печакнинг тўқ-сариқ гуллари бу ерга қадам ранжида қилган ҳар бир кимсани кузатмоқчи бўлгандай, синчков кўзларини катта-катта очиб турарди. Айвонга гилам тўшалган эди. Ундаги бир эшикдан хобхонага, иккинчи эшикдан меҳмонхонага кириларди. Меҳмонхонада ҳам иккита эшик бўлиб, биридан хобхонага, иккинчисидан Жамилани гўдаклик чоғидан тарбиялаб ўстирган холасининг хонасига кириш мумкин эди. Хобхонада эса учта эшик бор эди; бу эшиклардан айвонга, меҳмонхонага ва орқа томондаги балкон саҳнига чиқиларди; балкондан ошхонага ва ваннахонага ўтиш мумкин эди. У ерда яна бир эшик бор эди — у уй ходималари учун... ё хуфия дўст учун мўлжалланганди. Исҳоқ хонама-хона тентиб юраркан, Жамиланинг қалбига кирадиган эшиклар ҳам шунақа кўп бўлса керак, деб ўйлади...

Айвонга қадам қўйилган заҳоти оёқ товуши сўнарди — ерга тўшалган қалин гилам оёқ товушини ҳам, кўча чангини ҳам ютиб юборарди. Меҳмонхона деразаларига қўшқават пардалар осилган; хона абажурлар остидаги чироқларнинг майин нури билан хира ёритилган, бу ҳам етмагандай, ҳар битта абажур устига яна тўр ҳошияли шоҳи рўмоллар ёпилганки, улар хонани нимқоронғи ҳолатда сақлар ва уй соҳибасининг андак пардозланган юзини янада жозибалироқ қилиб кўрсатарди. Меҳмонхонанинг сиртқи деворига, айвон остонасининг шундоққина рўпарасига қип-яланғоч аёлнинг мутаассир сурати осилганди — у Америкада чиқадиган суратли журналдан қирқиб олинган бўлса керак. Бундай “дурдона” расмлар меҳмонхонани ҳам безаб турарди. О, Америка, азизим менинг! Сен узоқдан туриб бизга “ёрдам” қўлингни чўзасан. О, хилват кўчаларингнинг қурбони бўлай, Америка! Бамисли зилол чашма сувидек маъсума бўлиб яралган аёлларнинг баданлари билан савдо қилувчи Гарлем ва Чикагодаги исловатхоналарингнинг қурбони бўлай! Ўша нафис баданларни суратга олувчи ва чоп этувчи қоронғу фотография устахоналарингнинг ва чароғон босмахоналарингнинг қурбони бўлай! Янги босилиб чиққан журналларингни дунёнинг барча гўшаларига яшин тезлигида олиб бориб тарқатувчи учқур самолётларингнинг қурбони бўлай! О, Америка, бошоқлари тиқмачоқ заррин буғдойзорлар мамлакати, Авраам Линкольн конституцияси мамлакати, шоир Уолт Уитмен ватани! О, бизни қурол-яроқлар билан таъминловчи, юртимизда ҳарбий базалар қурувчи, бизга техникавий ёрдам кўрсатувчи, мана, энди эса, биз учун яланғоч аёлларни ҳам олиб келишга бош-қош бўлаётган мамлакат! Сенинг бу “марҳаматларинг”ни қадрламаганлар, филҳақиқат, ношукур бандалардир!..

Дастлабки дақиқаларда Исҳоқ бу беҳисоб океанорти “туҳфа”ларидан нафаси қайтиб бўғилаётгандай ҳис қилди ўзини, лекин кейин, ҳинд жамоатчилигининг Америка ёрдамига бўлган муносабатини (“ёрдам”ни қабул қилишини, аммо миннатдорлик изҳор этмаслигини) маъқуллади-да, диванга бориб ўтирди. Шакунтала билан Санжана рўпарадаги кенг дивандан жой олишди. Жамила оромкурсига ўтирди. Хона саҳнига каттакон гилам тўшалган эди. Девор ёнида радиола турарди.

Жамила оромкурсига суянди ва керишмоқчи бўлгандай, қўлларини кўтариб боши ортига узатди, сўнг иккала қўлини тиззасига “тап” этиб ташлаб, гўё ҳозиргина қандайдир машъум ҳалокатдан жон сақлаб қолгандай, енгил тортиб чуқур тин олди.

Исҳоқ қизлар билан хайрлашиб кетишга чоғланганди, шу пайт бирдан Санжана қўлини диван орқасига узатиб бир шиша виски олди ва шишани уч бурчак столчага тантанавор суръатда қўйиб, шўх оҳангда деди:
— Мана энди ростакамига вақтихушлик қиламиз!

Қадаҳлар тўлдирилди.

Жамила ўз қадаҳини бир кўтаришда катта-катта ҳўплаб ичиб юборди, кейин кутилмаганда оромкурсидан шартта туриб, радиола олдига борди-да, пластинка қўйди. Рок-н-рол садоси янгради. Жамила рақс туша бошлади. Исҳоқ унинг рақсини ҳузур қилиб кузатаркан, Жамиланинг мўъжизаваш, гўзал, навниҳолдек эгилувчан қоматидаги ҳар битта имо-ишора нақадар аёлона мафтункор ва айни чоғда ғоят хатарли эканини фақат эндигина фаҳмлади. Жамила рақс тушаркан, соддагина жилмаяр, унинг хиёл солинган қовоқлари ва нафис дудоқлари кишини ўзига ром қиларди.

Ҳар хил мазмунда рақс тушиш мумкин. Шундай рақслар бўладики, унда осмон бағрини очади, кўм-кўк далалар чамандай яшнайди, раққосанинг табассумидан очилган тишлари энг сара гуруч доналаридек ярақлайди ва унинг пешонасида реза-реза марварид — тер томчилари пайдо бўлади. Бошқа бир хил рақсларда қушларнинг хониши, ҳовузга оқиб тушаётган сувнинг шилдираши эшитилади... ана шунда муҳаббат абрларига бурканган иккита қутбий ибтидо осмон-фалакка парвоз қилишга шайлангандай, ҳаётнинг ҳам, оламнинг ҳам энг махфий сарҳадларига етмоқчи бўлгандай кўринадилар. Шундай рақслар бўладики, уларда халқ иқболи тараннум этилади ва унинг бутун тарихи яққол кўзга ташланиб туради. Баъзи чоғда халқ маданиятининг ям-яшил ҳосилдор новдалари инсон қалбини ўз сояси панасига олгандай бўлади, шунда одамзот худди унинг буюклигига шаҳодат берувчи муқаддас хилқатга сиғингандай бу рақс қаршисида тиз чўкади.

Яна шундай рақслар ҳам борки, ундаги ҳар бир ҳаракат: “Ол, мени, о, олақол мени!” деб зорланади. Раққоса вужудида рўй берган ҳар бир имо-ишора: “О, менга қара, қандай латофатлиман!” — деб даъват этаётгандай бўлади. Раққосанинг чирпирак бўлиб айланиши эса: “Мени қучоғингга ол, бағрингга бос! Қани, келақол, мен оғушингга кириб сени ютаман, сен менинг қучоғимда ҳирсингни қондирасан!” — дейди.

Исҳоқ Жамила рақсининг маъносини тушунарди, шундай бўлса ҳам, у кўзини раққоса қиздан ҳеч уза олмади. У гўё Жамила билан гир-гир айланиб рақс тушаётгандай ва бу рақс гирдобида узоқ-узоқларга учиб кетаётгандай ҳис қилди ўзини. Унинг мияси қобиғи остида нимадир биқирлаб қайнаб туғён кўтара бошлади, ана шунда, ниҳоят, Исҳоқ ўз вужудида вулқон лаваси сингари ҳеч тушовлаб бўлмайдиган ғайритарихий ёввойи махлуқ уйғонганини ҳис қилди. У ўзининг нима қилаётганини билмай, дивандан туриб кетди... Жамила рақс туша-туша шартта айвонга чиқди, Исҳоқ унинг орқасидан эргашди, Жамила унга тутқич бермай, меҳмонхона бўсағасидан ҳатлаб ўтди... Исҳоқ бу қизга гўё кўринмас занжир билан боғлангандай, орқасидан эргашиб бораверди... Мана, тунги чироқнинг ғира-шира ёруғида хобхонадаги иккита каравот, Жамиланинг ярим очиқ лаблари, қия очилиб қолган шкафдаги бир мунча бежирим сари, юбка ва сийнабандлар кўринди. Жамила назокат ила дик-дик сакраганча, яна меҳмонхонага кириб борди ва рақс тушишда давом этаркан, Исҳоқни диванга тортди. Мусиқа бирдан тўхтади ва қиз оҳиста чинқириб, Исҳоқнинг пинжига кирди. Исҳоқ унинг лабларини топиб, бўса ола бошлади.

У буткул ғарқ бўлди. Эриб кетди. Ғойиб бўлди. Энди у йўқ эди, Жамила ҳам йўқ эди. Энди ҳеч ким қолмаганди бу ёруғ дунёда. Шу пайт Исҳоқ қўлининг қаттиқ оғриганидан ҳушига келди. Санжананинг тирноқлари унинг қўлини тирнаётганди.
— О, бу забардаст қўллар! — дея пичирларди у гижир тишлар орасидан, — Вой, бирам кучли, бирам мушакдорки!..

Санжананинг кўзлари деярли юмуқ, у оғир-оғир ва энтика-энтика нафас оларди.
— Бўйнинг жуда бақувват экан! — деб ғўлдирарди Жамила кафти билан Исҳоқнинг бўйнини силаркан. — Нақ буқадай! Сен менинг буқачамсан!

Шу чоққача мулоҳазали ва вазмин табиатли бўлиб кўринган Шакунтала энди ўзини Исҳоқнинг устига ташлаб, унинг кўйлаги ёқасини чок қилди ва юзини йигитнинг кўксига босганча оҳ уриб инграй бошлади.

Бу жирканчликка чидолмаган Исҳоқ бақириб юборди ва ҳаммаёғини ўраб олган аёлларни қўли билан итариб, оёғи билан тепиб, уларнинг исканжа — оғушидан айвонга ўқдай отилиб чиқиб кетди. Хонадаги қизлар худди телба бўлиб қолишгандай, жазавага тушиб нуқул чинқирардилар, лекин Исҳоқ уларнинг зорига қулоқ солмади. У айвон эшигини шахт тортиб очди, худди маст одамдек гандираклаб ҳовлига тушди, гўё орқасидан бир гала бўри қувлаётгандай кўчага отилиб чиқди-да, югурганча водопровод жўмраги олдига борди. У жўмракни бураб, бошини муздек зилол сувга тутди. Бошига қуйилаётган сув тер босган юзини ювиб ўтиб, кўйлаги ёқаси остига кириб борар ва чўғдек қизиган кўксига хуш ёқувчи совуқлик пуркарди. Исҳоқ аста-секин ўзига кела бошлади...
— Эй сув! Эй менинг баҳри дилимни очувчи энг покиза, энг бебаҳо сув! Сен обираҳматсан! Сен энг табаррук обиҳаётсан! Одамлар бир-бирларига эзгулик тилаганларида, сенинг номингни тилга олишиб: “Сувдай сероб бўлинг!” — дея дуои хайр қилурлар. Йўқ, сен вино эмассан, сен табаррук сувсан, сен ҳаттоки қутурган вулқонлар тафтини ҳам совутишга қодирсан. Сенинг шарофатинг билан энг оташин эҳтирослар кукуни остидан янги ҳаёт куртаклари ниш уриб чиқа бошлайди. Эй мусаффо сув, сен тамаддун, собитлик ва заковатнинг энг кўҳна, энг содиқ дўстисан!

* * *

Ниҳоят, Исҳоқ ўз уйига етиб борди ва бошини кафтлари орасига олганча, изтиробли ўйга толиб, каравотида узоқ вақт қимир этмай ўтирди.

У сирти юпқагина қобиқ билан тўсилган, туб қаърида минг миля чуқурликда оташ магма мудом қайнаб жўш уриб турган курраи замин ҳақида ўйларди. Оловли магма — ҳар қандай ҳаётнинг кушандаси. Лекин ер юзи қобиғи қанчалик юпқа бўлмасин, магма оташининг отилиб чиқишига йўл қўймайди; бунинг самараси ўлароқ, одамзот ана шу юпқа қатлам устида минг-минг йиллар давомида ўз меҳнати шарофати ила ҳаётни давом эттириб келаркан, тамаддунни равнақ топтириб, ерларни ҳайдаб, ҳосил ундириб, каналлар қазиб фаровонликка эришди. Фаровонлик шаҳарларни обод қилди, ободонлик электр қувватини кашф этди, электр қуввати энг нафис шоҳи матолар тўқий бошлади, матолар ҳаётга гўзаллик олиб кирди. Лекин, э воҳ, бу гўзалликнинг юпқа қобиғи остида қандай мараз, қандай мудҳиш кучлар яшириниб ётибди! Агар бу лаққа чўғ лава уйғонса ва ер саҳнига чиқиш учун ўзига йўл топиб, даҳшатли дағдаға билан отилиб чиққудай бўлса, не-не вайроналар, зилзилаларни юзага келтиради! Бутун-бутун қишлоқлар ер юзидан ғойиб бўлади, экинзорлар кўкка совурилиб, кулга айланади, йирик шаҳарлардан фақат харобазорлар қолади, тамаддун маҳв бўлади, ҳаёт тугайди...

Иссиқ ер курраси ҳақида бош қотираркан, айни чоғда одамзот қисмати тўғрисида ҳам ўйлай бошлайди, зеро одам ҳам ана шу ер куррасига ўхшайди, унинг вужудида ҳам эҳтирослар худди оташ лава сингари аланга олади. Ҳаётий тараққиёт минг йиллар мобайнида инсонни бугунги ҳолатига олиб келди: унинг тийиқсиз ҳис-туйғулари, эҳтирослари, маданият деб аталмиш қобиқ остига яширинган. Илло бу қобиқ ниҳоятда омонатдир, унда дарз кетган ерлар бор, жунбушга келган дарғазаб лава ана шу тирқишлардан отилиб чиқиши мумкин. Шунга қарамай, одамзотни ҳифз қилувчи қандайдир тўсиқ борки, у ана шу муҳофиз тўсиқ туфайли яшаб келмоқда. Минг йиллар давомида тинмай меҳнат қилиб келаётган инсоннинг қони ва тўккан терлари ўзаро бир-бирига қапишиб, бу қобиқ остида турли қатламларни — тамаддун гўзаллигини, маданият нафосатини, шахснинг жамоа даврасидаги мавқеини ҳамда тарихий қонунларни идрок қилишдек қатламларни бунёд этди. Исҳоқ бу мўрт қобиқнинг инсон ҳаёти учун, унинг истиқболи учун, унинг мудом олға интилиши учун қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини фақат бугун англаб етди.
— Э, йўқ, — дерди у ўзига ўзи ҳайратдан бошини қўллари билан маҳкам чангаллаганча, — бошқа ҳеч ҳам бормайман уникига!

Лекин эртаси куни у Жамиланикига яна борди.

* * *

Исҳоқ яна Жамиланикига нега кетаётганини англашга уриниб, азза-базза бош қотиргани билан ҳеч бир тўхтамга келолмади. Нимаси бор ўзи бу қизнинг, у нимаси билан Исҳоқни мисли оҳанрабодек ўзига тортмоқда? — у то Жамиланикига кириб боргунча фақат шу ҳақда ўйлади. Оҳ, кошкийди бунинг сабабини тушуна олса! Вале, айтинг-чи, ким ва қачон бу муҳаббат жумбоғини ечиш шарафига муяссар бўлган? Нега ахир одам фаришта ва маъбуда хилқатлар ёнидан бепарво ўтиб, зино ботқоғига ботган аёлга қўнгил қўяркин? Биз ҳеч қачон эзгу фазилатлар соҳибаси бўлмиш аёлга кўнгил қўймаймиз. Аҳли шуарони ҳисобга олмаганда, яна ким ҳам Ранжҳа1 нинг боши кал, Жульеттанинг бир кўзи иккинчисидан кичикроқ бўлган деб қатъий ишонч билан айта олади? Ё бўлмаса, Соҳни2 нинг нозик қўллари хийла дағал бўлганини, Мажнуннинг бурни қийшиқ, чакаклари ботиқ эканини ким исботлай олади? Ким билсин, ўша беназир латофат соҳибаси Румпати3 сал манқаланиб гапиргандир? Муҳаббат жисмоний комиллик шайдоси эмас. Балки у комил ақл-заковатни хушлар? Лекин агар шу рост бўлса, одамлар бир-бирларини севиш ўрнига қалин-қалин фалсафий куллиётлар ишқибози бўлардилар, ҳолбуки, бу манзара негадир ҳеч ерда кузатилмаяпти. Исҳоқ ўз ҳаётида кўпгина оқила қизларни учратган, уларга уйланмоқчи ҳам бўлган, аммо ўша оқилаларнинг чеҳрасига кўзи тушганда — беихтиёр, ундайларга уйлангандан кўра ўз жонига қасд қилишни афзал билган. Таажжуб, ақлли аёллар гўзал, гўзал аёллар ақлли бўлишмайди — нега бундай экан-а? Агар биронта қиз ҳам ақлли, ҳам чиройли бўлса, уни кўз очиб юмишга улгурмасингдан биронта мансабдор албатта илиб кетади. Тўғри, Исҳоқ ўз ҳаётида ҳам ёқимтой, ҳам кўҳлик қизларни учратган пайтлар бўлган, аммо нега ахир ўша қизлардан биронтасини ҳам ёқтирмади экан?

Балки одамзот ўз инъикосини муҳаббатда акс этишини ёқтирар? Эҳтимол, биз ўз табиатимиз, феъл-атворимиз, дидимизга мутаносибликни муҳаббат туйғусидан қидираётгандирмиз? Ҳарҳолда жиддий мулоҳаза юритувчи йирик олимлар айнан шундай фикрдалар; ваҳоланки, ўзлари умрларида бирон марта бўлсин чин муҳаббат ўзи нима эканлигини бошларидан кечирганликлари амри маҳол бўлса ҳам, бу мавзуда ўқиган китоблари туфайли минг марталаб эҳтирос алангасида ёнганлар, ишқ-муҳаббат ва жинсий алоқа масаласидаги бир дунё илмий асарлар билан пухта танишиб чиққанлар. Қизиқ, муҳаббатнинг қандай нарса эканлигини тушунмоқ учун, бу мавзудаги китобларни ўзида жамлаган бутун бошли кутубхонани мияда сақлаш, умуман, шартмикин?

Мисол учун, у ўзи билан Жамилани олиб кўрсин. Бу ўринда қандай жондошлик, қандай феъл-атвор ва дидлар уйғунлиги ҳақида гап бўлиши мумкин? Жамила детектив асарлар ва саёз савияли романларнигина ўқирди, Исҳоқ бўлса, “Уруш ва тинчлик”ни хўш кўрарди. Ҳолливуднинг маза-матрасиз тарақа-туруқ филмлари Жамиланинг жони-дили эди, Исҳоқ эса, италянча неореализм муҳиби эди. Жамила энг сўнгги модадаги либослар шайдоси эди, Исҳоқ бўлса, бу қизни кенг ва қордай оппоқ сарида кўришни хоҳларди. Исҳоқ назокатли, иболи ҳазил-мутоибани ёқтирарди, Жамила бўлса, нуқул сийқа ва бемаза латифалар сўзларди. Исҳоқ эркак билан аёл ўртасидаги муносабатни ибо, орият ҳижоби ила ўрашга мойил эди, вале Жамила ўз хобхонасини ишқ-муҳаббатдан сабоқ берувчи қадимги ҳинд китоби “Камасутра” мавзуида чизилган расмлар билан тўлдириб ташлаган эди.

Ким билсин, балки инсон, чиндан ҳам, табиатан ўзига зид бўлган хилқатни севишни орзу қилар? Башарти у иблис бўлса, фариштага кўнгил қўйишни хоҳлар, борди-ю, у эзгу фазилат соҳиби бўлса, суюқоёқ хотинга шайдо бўлар? Вале бу фикримиз ҳам тўғри эмас, зеро эркак билан аёл бир-бирига зид кимсалар эмас, балки бири иккинчисини мукаммал қилувчи ҳилқатлардир. Табиат бу икки жинсни шундай яратганки, уларнинг бири иккинчисисиз ҳеч қачон баркамол бўлолмайди. Айтинг, феъллари ҳам, дидлари ҳам, удумлари ҳам худди битта қолипдан чиққандай, бир хил бўлган, бир-бирини жон-дилдан севувчи эр-хотинларни кўрмаганмисиз?

Хўш? Унда муҳаббат нима ўзи, ахир?

Муҳаббатнинг туб моҳиятини таҳлил қилишга жон-жаҳд билан киришган Исҳоқ, агар муҳаббат низомларини англаб олиб, уни таркибий қисмларга ажрата олса ва бутун ақлу идрокини сафарбар қилиб, уларни текшириб чиқа олса, ана шундагина муҳаббатни ўз ҳукмига итоат эттира олишига ишонган эди. Биласиз-ку, агар одамзот бирон-бир ҳодиса сирини англашга муваффақ бўлса, бунинг оқибатида у ўшал ҳодисани қисман бўлса-да, бошқариш имконига эга бўлади.

Бироқ Исҳоқнинг барча саъй-ҳаракатлари зое кетди. У Жамилани нима учун севишини, барибир, ҳеч тушуна олмади. У фақат бир нарсани биларди — Жамила бугун ҳам унинг учун дунёдаги энг матлуба қиз эдики, у ана шу маҳбубасини деб ўзини қурбон қилишга тайёр эди. Лекин у ўлишни хоҳламасди. Айтинг, ахир ким ҳам ўз ихтиёри билан бу дунёдан — ҳаёт ва муҳаббатга бой бўлган дунёдан кўз юмиб кетишни истарди? Лекин Жамила ҳақидаги ўйлари, Жамилага бўлган муҳаббати Исҳоқни шу қадар эсанкиратиб қўйган эдики, у ўлимдан ўзга чорани тополмади.

* * *

Исҳоқ бир сесканиб тушиб, шезлонгдан туриб кетди ва айвонда у ёқдан бу ёққа юра бошлади. Нега ахир? Нима учун бундай бўлди? Жамила гўзал қиз, лекин ундан ҳам гўзалроқ қизлар бор-ку, дунёда. У чиройли рақс тушади, ахир ҳаётда ундан-да чиройлироқ рақс тушадиган қизлар кўп-ку!

Ваҳоланки Исҳоқ бу йўналишда фикр қилишга ожиз эди, ақл-заковати унга итоат этмаётган эди.
— Тутуруқсиз гап, ғирт сафсата ҳаммаси! — дея қаршилик кўрсата бошлади Исҳоққа унинг дохилий овози, — Жамиладан латофатлироқ аёл йўқ бу дунёда! Дунё дунё бўлиб, Жамиладек жозибали раққосани кўрмаган! Бунақанги зўр раққоса ҳеч қачон бўлмаган, бўлмайди ҳам, ҳеч қачон! Тўғри айтишади: ҳар бир одам ўз севиш усулига эга экан, ҳар қандай муҳаббат ҳам ўзича гўзал, ўзича ғаройиб ва бетакрор бўларкан. Дунёга келган янги одамлар ўзлари билан яна янгича муҳаббат олиб келадилар, улар янгичасига сева бошлайдилар, вале ҳеч ким ҳеч қачон худди мендек сева олмагай!

Бинобарин, Жамила! Фақат Жамила, вассалом!

Коттежга олиб келувчи йўлакдан кимнингдир оёқ товуши эшитилди. Исҳоқ таққа тўхтаб қулоқ сола бошлади. Фақат бир лаҳзагина унинг кўнглидан, бу Жамила, ҳозир у қаршимда пайдо бўлади, деган фикр ўтди... Лекин бу қоровул эди — у меҳмонхона атрофини кўздан кечириб юрганди. Руҳий тушкунлик алами Исҳоқ вужудини исканжага олди. У Жамила билан охирги марта жанжаллашиб, Бомбайдан бош олиб чиқиб кетаётганида унга, агар олти кун ичида менинг олдимга, “Атиргул отели”га бормасанг, еттинчи куни ўзимни ўлдираман, деб қатъий шарт қўйганди. Шунда Жамила чўчиб кетиб, унинг қўлидан маҳкам ушлаб олган ва: бунақа жиннилик қила кўрма, деб унга тасалли бера бошлаган, кейин шундай деган эди:
— Ҳа, яхши, бораман. Лекин, бу қайсарлигинг ғирт бемаънилик эканини сенга исботлагани бораман фақат!

Афсуски, йўлакдан фақат тунги қоровул юриб ўтди...

Исҳоқ Жамиланинг келишидан деярли умидини узган эди, шундай бўлса ҳам, “балки бирдан” деган қандайдир мавҳум умид унинг бир-бирига чалкашиб кетган хаёллари атрофида худди олачипор қанотли парвона сингари учиб юрарди. Унинг қулоғига Жамиланинг кулгиси, баланд пошналарининг “дук-дук”и эшитиларди... Лекин мана, орадан икки кечаю икки кундуз ўтган бўлса ҳам, ҳануз ундан дарак бўлмади. Бу тун ҳам тугаяпти. Охирги поезд ҳам ўтиб кетди. Бугун поезд бошқа келмайди Бомбайдан; демак, Жамила ҳам бугун келмайди. Бас, шундай экан, ахир нега, нега мудом унинг йўлига кўз тикмоқдасан?

“Ҳамонки Жамила келмас экан, нечун тун ўзининг зим-зиё пардасига ўранмади?”

Исҳоқ телба бўлиб қолаёзганди. Умиднинг ҳар қандай учқунини маҳв этиб ўчиргувчи бундай машъум бадбахтлик дамларида унинг кўнгли “лип” этиб ўчган оний учқун ҳам бўлмаган зимистон қоронғиликни, биронта “тиқ” этган товуш ҳам эшитилмайдиган теран сукунатни тусарди — шунда унинг ўлиши осон кечади.

Тун гарчи теран зулмат оғушида, сукунат ғоятда гунг бўлса ҳам — бу ҳол ҳануз Исҳоқни қаноатлантирмасди. Замин қоп-қора, тоғлар ҳам қоп-қора эди-ю, лекин уларнинг кўланкасида жонли учқунчалар мавжуд эди. Осмонни қора булутлар буркаб олган бўлса ҳам, барибир, улар орасидан онда-сонда юлдузлар милтиллаб кўриниб қоларди. Тун сокин эди, лекин бу сокинлик тўрига илинган турфа хил товушлар жонсарак қора чигирткалар чириллар, япроқлар шитирлар, қандайдир жониворнинг оёғи остида шох-шаббалар қисирлаб синарди... Қаердадир булбул хониш қиларди... Бу товушларнинг бари ҳаётга даъватдек бўлиб туйиларди.

Булбулнинг хониши Исҳоқни майна қилаётгандай бўлиб эшитилди. У қулоқларини кафтлари билан беркитганча коттеж ичига отилиб кириб, эшикни зарб билан тепиб ёпди ва ўзини каравотга отди. Жамила ҳақидаги хотиралар яна уни оғушига олдилар: қизнинг нозик қўллари, дудоқлари, қайноқ қучоқлари Исҳоқнинг кўз олдида намоён бўлди.

Жамила ўз фикрини ҳамиша очиқ баён қиларди. Ўша биринчи кечадаёқ у ҳеч истиҳола қилиб ўтирмай, Исҳоққа дангал айтганди ўз ниятини:
— Мен бошқа ҳеч кимники бўлмайман... фақат сени севган пайтимда.

Лекин унинг севгиси қанча вақт давом этаркин? Буни Жамиланинг ўзи ҳам билмасди. Балки икки кундир. Ё икки ой. Ё бўлмаса икки йил. Ким билсин, эҳтимол, умрининг охиригачадир...

“Акажон”и Мўлтоний унга ҳар ой тўққиз юз рупиядан юбориб тураркан. Бинобарин, Жамила, кундалик ризқ-рўз ва тирикчилик ташвишини қилмасди. Бундан ташқари, уни ойда бир неча марта ҳар турли оқшомги йиғинларда рақс тушишга таклиф қилиб турардилар, бу ҳам унга камида етти юз-саккиз юз рупия даромад келтирарди. Бу пуллар Жамиланинг сарбаст кун кечириши учун имкон яратиб берарди. Бошида ҳукмдор эри бўлмаган Жамила ҳеч қандай пулдор бойнинг овунчоқ жазмани бўлишни хоҳламайдиган, қушдай эркин, соҳибжамол аёл эди. Билъакс — Жамиланинг отаси билан холаси унинг қарамоғида эдилар, шу боис мутелик ила Жамиланинг ноғорасига ўйнардилар. У кўнгли тусаган ишни қилар; уни кўзлаган ниятидан қайтарадиган ҳеч қандай куч йўқ эди дунёда. У кун бўйи меҳмонхонасидан чиқмай, Исҳоққа янги яратган рақсларини кўрсатарди. Жамила бадиҳа йўли билан яратилган бу рақслардан, кино¬филмлардаги оммабоп қўшиқларнинг деярли ҳаммасидан фойдаланарди. Жуда аломат ва ғаройиб эди бу рақслар! Исҳоқ на киноларда, на театр саҳналарида кўрган эди бу янглиғ рақсларни. Биронта ҳам устоз Жамилага рақс тушишдан сабоқ бермаганди. Кўпинча Исҳоқ, бундай рақслар ҳар битта аёл ҳаракатида пинҳона мавжуд, лекин улар, одатда, буни пайқамайдилар, вале Жамила пайқаган, деб ўйларди. О, Жамила ўз баданини энг нозик унсурларигача жуда пухта ўрганиб олган! У баданининг минглаб хусусиятларини билар ва улардан моҳирона фойдаланарди... Шуни айтиш жоизки, ҳамма аёллар ҳам ўз бадани сир-асрорини яхши билса керак-у, аммо орият ва тортинчоқлик деган хислат уларнинг ўз истаклари сари борадиган йўлни худди нақшинкор девор янглиғ тўсиб турса керак. Лекин аёл зоти ҳатто ўша тўсиқ девор ортида туриб ҳам кўп нарсаларни айтиши мумкин. Зеро, аёллар ниҳоятда нозик дидли хилқатлардир!

Лекин Жамила орият ва тортинчоқлик нималигини билмасди. Унинг бадани беқусур ва баркамол эди, бинобарин, рақслари жўшқин, эҳтиросли, шавқ-завқли бўларди доим. Шундай кунларнинг бирида Исҳоқ қаттиқ асабийлашиб, ғазаби қайнаб кетди ва Жамиланинг сочидан тортиб, ҳар томонга судрай бошлади. Жамила бу оғриққа чидай олмай йиғи аралаш чинқирди.
— Майли, ур мени, уравер, хуморингни ёз! Мана, санч кўксимга пичо¬ғингни, жисмим қонимга бўялсин.

Жамиланинг лабларида кўпик пайдо бўлди. Исҳоқ қўрқиб кетиб уни қўйиб юборди ва нега бирдан бундай ғазабга минганини тушунолмай, ўзини диванга ташлади. Ҳозир Жамила юз минг йиллик узоқ ўтмишга олиб кетган эди, шунга қарамай, айнан шу аёл унинг учун энг азиз, энг мўътабар хилқат эди. Исҳоқ Жамиланинг бир оғиз сўзи билан жонини унга фидо қилишга тайёр эди. У Жамилага тааллуқли бўлган ҳамма нарсани — унинг беадаб рақсларини ҳам, унинг беҳаё латифаларини ҳам, унинг беандиша баданини ҳам яхши кўрарди. Жамила унга жаҳаннам қопқасини очганди ва ичкарига кириб, илонлар ғужғон ўйнаган машъум ўра томон йўл олдики, бу фалокатгоҳдан қутулиб чиқиш одамзот учун амри маҳол эди...

Кейин Исҳоқ, ахир бир кун айнан шундай тун муқаррар юз беражагини аллақачон сезганлигини эслай бошлади. Агар Жамилани фақат камолга етган қиз ва ғоятда гўзал бадан соҳибаси деб ҳисоблайдиган бўлсак, Исҳоқ аллақайси жиҳатлари билан ундан анча юқори поғонада турарди — фикр юритиш, англаш, ижод қилиш ва жамият фаровонлиги йўлида хизмат қилишга лаёқат бор эди унда. Тўғри, унинг Жамилага бўлган муҳаббати кўп нарсаларни хотирасидан фаромуш этди. У маъшуқасининг кўнглини овлаш учун ҳатто детектив роман ёзишга ҳам киришиб кўрди. Гарчи Жамила ҳеч пулга муҳтож бўлмаса ҳам, унинг кўйида жарақ-жарақ пул сарфлаш Исҳоққа ҳузур бағишларди.
— Ахир буюк ёзувчилар ҳам шундай қилишган-ку. Масалан, Балзак. Нега мен ҳам шундай қилолмайман? — деб ўзига ўзи таскин берарди Исҳоқ.

У Жамилага сўзлаб бериш учун атайлаб, ахлоқсиз латифаларни излаб топарди; яна, у Жамилага муносиб маҳбуб бўлиш ниятида порнографик (беҳаё) суратларни йиға бошлади ва шунга тааллуқли тоғ-тоғ китобларни ўқиб чиқди — бу борада маъшуқасидан орқада қолмаслик учун.

Лекин у қанча уринмасин, Жамила даражасига кўтарила олмади. Ўқтин-ўқтин унинг вужудида нимадир “чирт” этиб узилгандай бўларди. Қайсиям бир асаб тори тиришиб-тортишиб оғриганида Исҳоқнинг афти бужмаярди. Жамила ундаги бу заифлик, ҳадиксираш аломатларини бир қарашдаёқ сезиб оларди. Зеро у сезгирликда ҳам бошқа аёллардан тамомила фарқ қиларди. Аёл, агар севса, ўз кўксида муҳаббат куртагини ўстиради ва бу куртакдан муаттар гул униб чиқади. Лекин Жамиланинг севгиси нон еб сув ичишдек оддий гап эди. Нон ейилади, сув ичилади, ошқозон ҳазм қилади — вассалом. Агар қорни оч одамга овқат ўрнига тош берсалар, у нима қилади? Биринчи марта Жамила афтини буриштирди. Иккинчи сафар аччиғи чиқди. Учинчи гал — оғзидагини тупуриб ташлаб шартта:
— Get out! — деди.

Лекин бу мажозий гап, аслида бошқача тарзда ҳал бўлганди масала.

Жамила бир неча кун сурункасига диққати ошгандай нуқул хархаша қилаверди. У гоҳ рақс тушишни хоҳламас, гоҳ Исҳоқ билан бирга овқатлангиси келмас, гоҳ у билан кинога боришдан бош тортар, гоҳ ясаниб кийингиси келмай қолар, гоҳ юм-юм йиғлай бошлар, гоҳо ўзича алланималарни ўйлаб жилмайиб қўярди. Баъзида боши оғриётганини баҳона қилиб, ўзи алоҳида хонада ухларди.

Мана шундай кунларнинг бирида Жамила ўзи учун алоҳида хонага жой солди; Исҳоқ тунда аста-секин оёқ учида унинг хонасига кириб борди. Шу пайт унинг кўзига қандайдир шарпа хонадан отилиб чиқиб кетгандай бўлиб кўринди, лекин хона қоп-қоронғи бўлганидан Исҳоқ шарпани аниқ кўролмади.
— Ким бор эди бу ерда? — ҳар эҳтимолга қарши сўради Исҳоқ.
— Холам! — деди Жамила девор томонга ўгирилиб ётаркан.

Бу жавоб Исҳоқда уйғонган шубҳани йўқота олмади.

“Бу уйда эшиклар жуда кўп! — деб ўйларди у. — Яхши фазилатли хонадоннинг эшиги бунақа кўп бўлмаслиги керак... Жамила одобли қиз, у эшиги фақат битта бўлган хонадонда яшаши, ўша эшик ҳам, албатта, қулфлоғлиқ бўлиши керак”.

Бу воқеадан сўнг орадан бир неча кун ўтиб, кечки пайт Исҳоқ Жамиланикига келганида, қиз ўз меҳмонхонасида жуда шинам кийинган, басавлат бир йигит билан чақчақлашиб ўтирарди.
— Танишинглар! — деди Жамила дивандан кўтариларкан. — Бу киши жаноб Шариф, у импорт билан шуғулланувчи америка идорасида хизмат қилади. Бу эса — Исҳоқ.

Хона сукутга толди. Йўқ, бу одатий бир лаҳзали сукут эмас эди. У анча узоқ вақт чўзилди. Эркаклар гўё бир-бирларининг қудрати ва имкониятини чамалаётгандай, ўзаро диққат билан кузатув олиб бордилар. Исҳоқнинг фаҳмлашича, бу меҳмоннинг нафақат ҳамёни қаппайган, шунингдек, мушаклари ҳам чайир, бўйни ҳам йўғон эди. Унинг юраги увишиб кетган бўлса ҳам, ўзини қўлга олди, диванга атайлаб, “тап” этиб ўтириб, сигарета тутатганча сафсата сота бошлади.

Бу оқшом Жамила икки йигит учун рақс тушди — шу чоққача у ёлғиз Исҳоқ учунгина рақс тушар эди. Улар биринчи марта учрашишган пайтдан бери ўтган ярим йил мобайнида бу мўъжазгина меҳмонхонада Жамиланинг қанча таниш-билишлари, дугона ва дўстлари бўлишига қарамай, Жамила фақат битта Исҳоқ учун рақс тушарди доимо. Бу раққосанинг ҳар бир нигоҳи, бутун вужудининг ҳар битта ҳаракати ёлғизгина Исҳоққа бахш этиларди. Бугун эса... Бугун унинг рақси ҳатто иккала йигитга бирдай бағишланмади ҳам. Исҳоқнинг назарида, Жамила бугунги рақсини кўпроқ Шарифга бағишлаётгандай туюлди.

“Э, йўқ, бўлиши мумкинмас”, — Исҳоқ бу нохуш фикрни хаёлидан ўчирди.

Бу оқшом Жамила лутф кўрсатиб, кечлик таомини ўзи тайёрлади. Исҳоқ ўзларининг биринчи муҳаббат оқшомини яна эслади — ўшанда ҳам ошхонада Жамиланинг ўзи уймаланган эди. У овқат пиширишни билмасди, шу сабабли товуқ ичак-чавоғини тозалаётганида қўлини кесиб олган эди...

Жамила бугун ҳам дастурхонга ўзи қовурган товуқ гўштини қўйди. Исҳоқ уни еркан, гўшт таъмини сезмади, худди қум чайнаётгандай ҳис қилди ўзини. Овқатланиб бўлишгач, бетел чайнашди, чурқ этмай, биттадан сигарета чекишди. Шунда Жамила шахт ўрнидан туриб Шарифга деди:
— Сиз бир дақиқага хобхонага кириб туролмайсизми? Исҳоққа айтадиган икки оғиз гапим бор эди.

Шариф аста дивандан тураркан, лабларида аломат жилва ҳосил бўлди.
— Хайрли тун! — деди у хобхонага чиқиб кетаркан.

Жамила қони қочиб докадек оқарган юзини Исҳоққа ўгирди.
— Наҳотки ҳеч нимага тушунмаётган бўлсанг. Get out!

* * *

Ўшандан кейин бўлган ишларни: жанжал, олишув, аллақандай буюмларнинг қарс-қурс, чил-чил сингани, баъзи нарсаларнинг деразадан улоқтирилгани — ҳамма-ҳаммасини Исҳоқ ҳозир бутунлай унутгиси келарди. У Жамилани ҳам унутган бўларди, агар қурби етганида, лекин ҳеч унутолмасди уни — гарчи унинг хиёнаткорлигига қатъий ишонган бўлса ҳам. Уни Жамиланинг барча хислат ва фазилатлари ҳамон ғулғулага соларди. Исҳоқ шу ўтган ой давомида Жамилани бутун жону дили билан севгани ҳақида ўйларкан, сўнгги оқшомда қалбида уйғонган нафрат туйғусини даф этишга ундамоқчи бўларди ўзини. Ҳа, одам боласи дилига жо бўлган сохта тасаввурни сақлаб қолиш учун ҳар қандай машаққатли амалларни бажаришга ҳам қодир! Исҳоқ Жамиланинг фақат малоҳатли фазилатлари ҳақидаги хотираларни қалбида сақлар, унинг жамики қусур ва иллатларини эса кўнглидан мутлақ ўчириб ташлашга уринарди... Нима ҳам дердик, айнан ана шу тентакликни муҳаббат деб атайдилар-да!

Вақт тунги соат учга яқинлашганда Исҳоқ, ҳаммаси тамом бўлди, деб барча умидларига нуқта қўйди. Жамила келмади... Энди ҳеч ким келмайди.
— Ҳозир у Шариф билан вақтихушлик қилиб ачомлашиб ётгандир, мен бўлсам уни бу ерда кутиб ўтирибман! Бас, етар! Эртага эрталабдан ўша “Парилар шалоласи”га бораман-у, ўша ерда ўзимни ўлдираман.

Исҳоқ мутлақо лоқайд кайфиятда шундай қарорга келди, кейин кўрпага бурканиб, баҳузур уйқуга кетди.

* * *

Эртаси куни Исҳоқ уйқудан туриши билан “Атиргул отели”ни тарк этди ва тепаликнинг ғарбий ёнбағридан пастга тушиб, шалола томон йўл олди. У йўлни яхши билмасди, лекин тепаликдан тушаётганида, узоқда Тримуртининг поғона-поғона тош йўлаклари кўзига ташланди, шалола ана шу йўлаклардан пастга, тубсиз чуқурликка кўпириб шовуллаб тушарди — буни Исҳоқ биларди. Бу шалола ҳаттоки ҳозир Исҳоқ турган ердан ҳам аниқ кўриниб турарди. У Тримуртини мўлжалга олиб юриб кетди.

Торгина сўқмоқ йўл хийла бўйдор бутазорлар орасидан пастликка йўналган эди. Ушбу субҳидамнинг теран сукунати Исҳоқнинг қалбига сизиб кириб, дилини ойдинлаштирар ва хотиржамлик нафасини уфурарди. Қуёш ҳали чиқмаганди, гарчи унинг нурлари ҳалитдан осмонга ёйилган бўлса ҳам, ер юзи ҳануз ғира-шира зулмат оғушида эди. Мовий осмон заррин ёғдудан товлана бошлади, шарқ томондаги тоғларнинг чўққилари офтобнинг пуштиранг шокилалари билан безанди. Шабнам сувини эмган шабада Исҳоқнинг яноқларини ҳузурбахш салқин нафаси билан силаб ўта бошлади.

“Қандай мўъжизаваш сабоҳ! — деб ўйларди Исҳоқ тор сўқмоқлардан кетиб бораркан. — Бундай шаффоф, салқин хушҳаво дамларни кўриш фоний бандаларга нечоғлик насиб этаркин!”

Шунда бирдан Исҳоқнинг хотирасида Жамиланинг юзи намоён бўлди: бир куни у тонг чоғида уйқудан уйғонганида кўрганида бу юзни... Ланг очиқ деразадан эсиб кирган сўлим, маъсум, беғубор, мунаввар субҳидамнинг шодиёна шуъласида Жамила гул барглари ҳали ёзилмаган ғунчага ўхшар, чеҳрасидаги ҳар битта нуқтадан тароват уфуриб турарди. Қуёшнинг оташин навозишлари ҳали етиб келмаган бу эрта тонгда Жамила эркак қўли ҳеч тегмаган бокира қизга ўхшарди.

Исҳоқ йўлида давом этаркан, тобора торайиб бораётган сўқмоқнинг икки тарафида ўсган буталар бир-бирлари билан қовушишга чоғланишгандай кўринардилар. У муюлишдан ўтгач, сўқмоқ шартта узилди-қолди. Исҳоқнинг боши узра дарахтларнинг шох ва новдалари бир-бирига туташиб кетганди. Ана шу ям-яшил новдалар панасида кўҳна бир равоқ қад кўтариб турарди.

Фақат равоқ — унинг ёнида на девор, на ортида бирон бино бор эди. Ёлғизгина равоқ қуюқ япроқлар орасидан кўкка бўй чўзган. Исҳоқ буталар орасини ёриб ўтиб, равоққа яқинроқ борди: у услубан қадимги насроний черковнинг хароба қолдиғини эслатарди. Исҳоқ фақат шундагина равоқнинг торгина йўлка устида турганини кўрди; афтидан, бу йўлкага бир пайтлар тарашланмаган тош терилган бўлса керагу, вақт ўтиши билан тошлар уқаланиб, йўлка ғадир-будур бўлиб қолган эди. Йўлканинг нариги бошида яна битта кичикроқ равоқ бўлиб, унинг ортидан ҳеч бир томони ўралмаган қабристон бошланарди. Исҳоқ қабрлар устига қўндирилган хочларга кўзи тушиши билан сесканиб кетди — хочлар қўлларини кўкка чўзиб, товушсиз ибодат қилаётган аёлларга ўхшаб кўринди унинг кўзига. Исҳоқнинг ўзи ҳам яқинда ўлади ва сал вақт ўтмай ер юзида унинг ҳам қабри пайдо бўлади... Шу ўй-хаёл уни қабристонга киришга мажбур этди; Исҳоқ хочлар оралаб бораркан, уларга битилган ёзувларни ўқий бошлади: “Уильям Ҳардфилд, 19 ёш... Месопотамияда яраланган... Кҳандалага келганида қазо қилган”... “Жон О‘Хара, 30 ёш... иккинчи афғон уруши пайтида яраланган... Кҳандалада қазо қилган”... “Дэвид Слоун, 21 ёш... Бассейн1 да маратҳийлар2 билан бўлган жангда яраланган... Кҳандалага келгач, вафот этган... Унинг рафиқаси Роза Слоун ва икки фарзанди эри ҳамда оталарининг руҳи ором олсин деб ибодат қилурлар”...

“Аларнинг руҳларини дўзахий азоблардан ҳифз этишни тилаб худога илтижо қилинг, падре! Ибодатлар қилинг, ҳазрати бузрук епископ жаноблари! Олдинига эндигина ўн саккизга, ўн тўққизга, йигирмага кирган ўғил болалар — жамики Уильямлар, Жонлар, Дэвидларни Ланкаширдаги фабрикалардан, Стратфорднинг кўчаларидан, Девоншир қишлоқларидан олиб, уларни худди шахматчи пиёда сургандек, совуққонлик билан Месопотамияга, Афғонистонга ёки Бассейнга сурадилар ва қўлларига қуроллар тутқазиб: “Ўлдир!” — деб буюрадилар. Уларнинг ҳали балоғатга етмаган гўдаклар эканлиги, ҳали она сути мазаси оғизларидан кетмаганлиги, ҳали футбол ўйнаб тўймаганликлари, ҳали муҳаббат лаззатини татиб кўрмаганликлари — бу барча икир-чикирлар ҳақида ўйлаш керак эмас. Ҳа, ҳеч ўйлаб ўтирмай, икки бармоқ билан пиёдани сургандай, бу йигитчаларни ҳам темири, миси, бронзаси бўлган, ерларида пахта, зиғир, чой буталари ўсадиган, нон ва юпинлик, буғдой ва очлик, цемент ва хароба кулбалар маскани бўлган Осиё ёки Африка тупроғига, у ерлардаги юксак тоғлар ва поёнсиз яйловларга сафарбар этадилар. Бу ҳақда ўйлаб ўтиришингизга ҳожат йўқ, муҳтарам алломалар, зеро, фақат наф келтирадиган нарсаларгина муқаддасдир сизлар учун! Фақат фабрика соҳибларигина буюк одамлардир, фақат банкларда сақланаётган сармояларгина ҳурмат-эҳтиромга лойиқдир; бас, шундай экан, ҳеч иккиланиб ўтирмай, ҳаётда чиниқмаган, ғўр ва хом йигитларни дўлдай ёғилиб турган ўқлар тагига жўнатаверинг, улар ҳалок бўлганида эса, қабрлари устига мармар хоч ўрнатинг, ибодат қилиб, парвардигордан ул марҳумларни истиғфор этишни илтижо қилинг! Зеро худонинг марҳаматидан азизроқ нарса йўқ дунёда!”

Исҳоқнинг томирларидан қон эмас, жўшқин ғазаб ўти оқаётгандай туюлди. У бутун ирода кучини ишга солиб, ўзини қўлга олди. “Йўқ, йўқ! — дерди у ўзига ўзи. — Ҳозир мен бундай нарсаларни ўйламаслигим керак! Бугун мен ҳаётимда сўнгги марта “Атиргул отели”дан пастга тушяпман, энди ўлим водийси сари йўл олишим керак. Бугун ҳаммаёқ сукунат, осойишталик оғушида бўлмоғи, ҳамма нарса ферузадек тиниқ, яхдек совуқ бўлмоғи лозим. Ва мен ўлим водийсига хотиржам руҳ ила қадам қўйишим керак!”

Исҳоқ шахдам-шахдам юриб пастга тушди ва зум ўтмай Тримуртига ўтадиган кўприкка яқинлашди. Кўприк тагида торгина анҳор шовуллаб оқарди. Нариги соҳилда кадамб номли қари дарахт қад ростлаб турарди. Тата концерни1 га тегишли электр симлари тортилган симёғочлар сафи Тримуртини кесиб ўтиб, юқорига ўрлаб кетган эди. Бу ер чиннидай озода ва ниҳоятда сокин эди. Ҳатто шалоланинг шовқини ҳам бу ерда эшитилмас, теран сукунат эса, Исҳоқнинг мияси ва қалбини аста-секин қамраб ола бошлаган эди.

Исҳоқ қоя четига бориб, бир ярим фут чуқурликка ваҳимали гувиллаб оқиб тушаётган шалолага тикилганча узоқ туриб қолди. Ўша ёқда, пастда шундоққина анҳор ёқалаб чўзилган темир йўл муюлишида туннелга кириб кўздан йўқоларди. Исҳоқ ўзининг шу баландликдан пастга қандай сакрашини, шалола устидан учиб ўтиб темир йўл изида қандай кўндаланг ётишини кўз олдига келтирди. Ана шунда муюлишдан ўқдай отилиб чиқиб келган поезд унинг гавдасини икки нимтага бўлиб кетади. Мана, унинг қонга беланган икки бўлак жисми темир из устида ётибди — боши алоҳида, гавдаси алоҳида. Бу манзарани у аниқ кўргандай бўлди, лекин заррача ҳам сесканмади. У худди сеҳр-жоду қилингандай чуқурликдан кўзини узмай тикилиб тураверди, шу пайт унинг оёқларига жон кирди ва у беихтиёр қоя четига яқинлашиб бораверди...

Шу он кимдир бирдан Исҳоқнинг елкасига чанг солиб, шартта орқага тортиб олди.
— Бу нима қилганингиз?! — Исҳоқнинг қулоғи остида аёл кишининг овози янгради.

Исҳоқ орқасига ўгирилди. Қаршисида малла соч бир аёл турарди; у шим кийган — ажнабий бўлса керак. Унинг кўк кўзларидаги синчковлик аломати ваҳимали туйғу билан омухта бўлиб кетган эди.

Исҳоқ кафти билан аста пешонасини артди.
— Ҳеч. Ҳеч нима қилмадим. Шунчаки, бошим айланиб кетди...
— Хайрият-е! — аёл енгил тин олиб кулиб қўйди. — Жарга узоқ тикилиб туриш жуда хатарли. Шундай воқеалар бўладики, одам...
— Ҳа, ҳа, биламан, бўлади шунақа воқеалар ҳам, — деб Исҳоқ жим қолди — худди тараддудлангандай.

Аёл унинг қўлидан ушлаб жар ёқасидан нари олиб кетди ва қўлини қўйвормаганча, кўприк ёнидаги кадамб дарахти тагига етаклаб борди; фақат шу ерда унинг қўлини қўйиб юборди.
— Энди ўзингизга келдингизми? — сўради аёл.

Исҳоқ тиззалари қалтирашини босиш учун ерга ўтирди. Бўй чўзиб бошоқ чиқара бошлаган ўтлар унинг тагида худди ёстиқдай эзилди.
— Ҳаммаси яхши! — деди Исҳоқ жилмайишга уриниб.

Ажнабий аёл қўлидаги шамсиясини бир нима қилиб бураб, учини ерга санчган эди, у бир оёқли мўъжазгина стулчага айланди. Аёл унга ўтирди. Исҳоқ ерда ўтирарди.
— Юринг, ҳўв анави тепаликка чиқайлик, — деб таклиф қилди аёл Тримуртининг қоқ марказида дўмпайиб тикка кўтарилган қояни кўрсатиб. Осмонни булут буркаган пайтда бу қоя чўққиси булутларга тиргак бўлгандай кўринарди.
— Ҳозирмас, — деди Исҳоқ.
— Сиз... — деди-ю, тутилиб қолди чет эллик аёл, лекин кейин гапини давом эттирди: — Сиз бу ерга... ўлиш учун келганмидингиз?
— Йўқ, нималар деяпсиз! — деди Исҳоқ чўчиб кетиб. — Мен... шунчаки... бу ерга... шалолани томоша қилгани келувдим.

Ажнабий аёл бир лаҳзали сукутдан сўнг яна гапира бошлади, унинг овози маҳзун эди:
— Ўтган куни менинг онам қазо қилибди. Кеча телеграмма олдим... Эрим уни Бомбайдан юборибди. Мен бу оғир жудоликдан ҳеч ўзимни қўярга жой тополмадим. Ҳеч бир нарса кўнглимга таскин беролмади. Менинг ойим... у жудаям яхши аёл эди... Аслини олганда, ҳамма оналар ҳам яхши бўлишади, тўғрими?
— Билмадим, — жавоб қилди Исҳоқ. — Менинг ота-онам гўдак чоғимда ўлиб кетишган. Етимхонада ўсганман. Отам ҳам, онам ҳам, қариндошларим ҳам ўзимман. Мен қондошлик риштаси нималигини билмайман. Лекин муҳаббат риштаси қанақа бўлишини яхши биламан. У энг манфур нарса, шундай эмасми?

Исҳоқ аёл қўлига боғланган қора лентадан кўз узмай жим қолди.
— Онангиз яхши аёлмиди? — сўради у орадан бир дақиқача вақт ўтгач. — Она! Қанақа бўлади ўзи она? Наҳотки у сени маъшуқангдан ҳам кучлироқ севса? Наҳотки у ҳеч қачон: “Get out” — демаса?

Исҳоқ йиғлаётганини ажнабий аёлга кўрсатмаслик учун юзини кафтлари билан қоплади, ҳолбуки, унинг ҳўнграб йиғлаб юбормасликка уринган бутун вужуди шамолда пир-пир силкинган дарахт япроқларидек дағ-дағ қалтирарди. Мана, ўз ҳасратини тизгинлашга ортиқ кучи етмаган Исҳоқ ўт устига юз-тубан ётиб, ҳўнграб йиғлаб юборди.

Ажнабий аёл унинг йиғлашига монелик қилмади. У анчагина Исҳоққа маъюс тикилиб ўтирди, сўнг аста-секин гапира бошлади:
— Менинг исмим Элза. Миллатим немис, эрим — яҳудий. Урушдан олдин биз Саксенбургда яшаганмиз. Бу шаҳар Элза деган дарё бўйида... Шу дарё ҳурмати, менга Элза деб исм қўйишган экан. Урушдан олдин биз яхши кун кечирганмиз. Эримнинг кичкинагина фабрикаси бор эди, унда гўдак болалар учун кийимлар, жуда яхши кийимлар тикиларди. Ҳа, у пайтлар биз жуда яхши яшаганмиз — мен ҳам, эрим ҳам, ойим ҳам. Ойим анча кексайиб қолган эди, саксонга кирганди. Кейин уруш бошланди, биз Германиядан қочиб чиқиб кетишга мажбур бўлдик — эрим яҳудий бўлгани учун. Биз жўнаб кетдик, ойим қолди. Биз не машаққатлар билан яширинча Парижга етиб олдик, лекин орадан сал вақт ўтмай, нацистлар у ерга ҳам етиб боришди. Оқибат, Франциядан ҳам бош олиб чиқиб кетишимизга тўғри келди. Шунда эрим менги, Европада жуда кўп концлагерлар қурилганини ва агар Европа аҳли қаршилик кўрсатмай жим ўтираверса, концлагерлар ҳар қадамда қурилажагини ва улар бир кун келиб жамики маданиятнинг кушандаси бўлажагини айтди. Шундан сўнг биз Бомбайга келдик, чунки бу ерда — Осиёда сизлар қанчалик қашшоқликда, омиликда кун кечираётган бўлсангиз ҳам, ҳаётга меҳр қўйишни ҳали унутмагансизлар. Сизлар минг-минглаб азобу уқубатлар сиқувига дош бериб яшаётган бўлсангиз ҳам, мен сизларнинг юз-кўзларингизда хотиржамлик ва ҳаётга бўлган илоҳий севги аломатларини кўриб турибман. Бу ер бизга жуда ёқади. Тўғри фабрикамиз йўқ энди, лекин эрим Кунз-роудда болалар учун кийим тикадиган кичкинагина устахона очган. У бичади, мен тикаман. Биз оддий тикувчилармиз, лекин, барибир, бахтиёрмиз. Фақат фарзанд йўқ бизда...

Элза яна узоқ гапирди, Исҳоқ ётган ерида унинг ҳамма гапларини эшитди. Эшитаркан, энтика-энтика ҳиқиллаб йиғлашда давом этди; мана, унинг ҳиқиллаб йиғлаши бора-бора босилиб, охири бутунлай тинди. Исҳоқ туриб ўтирди, ёнидан рўмолчасини олиб, юз-кўзини артди, сўнг Элзага қараб қўйиб, хижолатомуз жилмайди.

Элза унга қўлини узатиб деди:
— Юринг, кетишимиз керак бу ердан.

Исҳоқ ўрнидан тураркан, ўзига ҳам аён бўлмаган бир ҳиссиёт даъвати билан юзини босиб ётган ўт-ўланга қўлини теккизди. Хайрият — ер шимиб олибди унинг кўзёшларини.
— Келгуси баҳорда гуллар очилади бу ерда, — деди Элза мулойим оҳангда. — Манави сўқмоқдан ўтиб бораётган маратҳий қизи ўша гуллардан биттасини узиб олиб сочига тақади... Ё бўлмаса, кун бўйи далада ишлаб, уйига ҳориб-чарчаб қайтаётган биронта она гулдан узиб боласига олиб бориб беради. Гулни олган боланинг юзи гулдай яшнаб кетади. Лекин бу гуллар ошиқ йигитнинг кўз ёшлари тўкилган ердан униб чиққанини ҳеч ким тасаввур ҳам қилмайди. Ҳа, бу ҳаёт... Ҳаёт нақадар гўзал...

Эртаси куни Исҳоқ билан Элза яна учрашишди — улар маҳаллий халқ таъбирича, “Шаҳзода бурни” деб аталувчи тоғ чўққисига чиқишни келишиб қўйишганди. Бу тоғ Кҳандалани ўраб турган ҳамма чўққилардан баландроқ ва агар унга пастдан туриб қаралса, у чиндан ҳам қандайдир қирғийбурун такаббур аслзодани эслатарди. Исҳоқ илгари ҳам Кҳандалада бўлган, аммо бу тоққа чиқмаганди, шу боис унга чиқадиган йўлни ҳам билмасди.
— Кҳандалага бир неча марта келган экансиз, наҳотки бир марта бўлса ҳам Шаҳзода бурни чўққисига чиқиб кўрмагансиз? — сўради ҳайрон қолган Элза.
— Бир марта ҳам чиқмаганман.
— Ҳов анави тепаликдаги италянча миссияда бўлганмисиз?
— Йўқ, бўлмаганман.
— Манави чўққидан, — кўряпсизми, у қуш тумшуғига ўхшаб кетади, — ўша ердан теран жарликка шовуллаб тушаётган шалола манзараси жуда ажойиб кўринади. Эссиз, бу ердан у кўринмайди-да. Сиз албатта у чўққига чиққан бўлсангиз керак?
— Йўқ.
— Кҳандала билан Лонавала орасидан оқиб ўтадиган анҳорни биларсиз? У водий ва сўқмоқ йўл ёқалаб илондай тўлғаниб оқади. У ерда чиройли жойлар жуда кўп! Сиз у ерда бўлгансиз албатта!
— Йўқ, бўлмаганман.
— Бу ердан бир неча миля нарида Лонавала тепаликлари ортида кичик бир кўл бор — атрофида биронта ҳам уй йўқ. Ҳатто у ёққа борадиган йўлнинг ўзи йўқ. Ўша томонларда бўлганмисиз?
— Йўқ, бўлмаганман.

Элза юришдан таққа тўхтаб, шамсияси учини ерга санчди. У бир неча сония давомида унсиз ҳайрат билан Исҳоққа тикилиб турди, сўнг жаҳл аралаш сўради:
— Ҳа, яхши. Сиз турган отелдан атиги юз футча нарида бир кўл бор, унга Татанинг кичкина электр станцияси ўрнатилган — у дарахтлар панасида бўлгани сабабли бу ердан кўринмайди, — ҳеч бўлмаса, ўша ерга боргандирсиз?
— Йўқ.
— Тоғ чашмаси бўйидаги ҳалиги...
— Менга қаранг, — деб унинг сўзини бўлди Исҳоқ. — Нега мени бундай сўроққа тутаётганингизни наҳотки тушунмаётган бўлсам? Ҳа, сиз мутлақо ҳақсиз. Чиндан ҳам мен ҳозир сиз санаб ўтган ерларнинг биронтасида ҳам бўлмаганман. Бу ерга бир неча марта келган бўлсам ҳам, доим дўстларим билан келардим. Бизлар отелда ўтириб олиб, ичкиликхўрлик, вақтичоғлик қилардик, қарта ўйнардик. Кечқурунлари, агар зерикиб кетсак, бозор айлангани пастга тушардик, қайтиб чиққач, яна шишаларга ҳужум бошлардик. Ҳинд сайёҳларнинг аксари Кҳандалада фақат шундай вақт ўтказадилар.
— Тавба, ҳали шунақами тоғ курортлари зиммасига юкланган вазифа? — деди Элза қаҳри қайнаб. — Шундай гўзал табиат қучоғига келган одамларнинг тўрт девор ичида ўтириб олиб ичкиликхўрлик қилишларини ҳеч тасаввур қилолмаяпман.

Исҳоқ индамай яна юриб кетди.

Улар “Атиргул отели” тепасидаги тоққа кўтарилдилар, бу ердан сокин суви тўғон билан тўсилган кўл кўриниб турарди. Қуёш ҳали чиқмаган, кўлнинг ювош суви, айниқса, унинг уч томонини ўраб олган қирғоқ яқинидаги суви, бу ердаги дарахтлар соя солиб турганлиги сабабли, тўқ-яшил рангга кирган эди; кўлнинг тўртинчи томонини тўғон тўсиб турарди.
— Хўш, нимаси яхши экан бу манзаранинг? — сўради Исҳоқ.

Элза бу қочириқ гапга эътибор бермай, юқорига ўрлашда давом этди. Улар яна бир неча футга кўтарилишди. Шу чоғ уларнинг йўлини тоғ қаъридан қайнаб чиқаётган чашма жилғаси кесиб ўтди. Чашманинг ўзини ёввойи анжир шохлари пана қилиб турарди. Чашма бўйини ҳам, тоғ ёнбағрини ҳам, тоғ чўққисига чиққунча бўлган бутун ёнбағир қияликни ҳам гуллар гилами қоплаган эди.

Элзанинг кўк кўзларида қувонч учқунлари чақнади. У тер босган пешонаси ва юзини артаркан, Исҳоққа тантанавор нигоҳ ташлади.

“Ана кўрдингми? — дерди унинг шўх кўзлари. — Мен билан бу ерга чиқмаганингда, бу латофатли манзарани кўриш насиб этмасди сенга!”

Исҳоқ теварак-атрофга кўз югуртириб чиқиб, лоқайд ғудранди:
— Ҳай, нимаси яхши экан бу ернинг? Ҳаммаёқ ўйдим-чуқур, жарлик, тошлар орасидан қайнаб чиққан сув пастга оқиб тушяпти. Атрофда ҳар турли гуллар, анвойи дарахтлар. Нима бўпти шунга?

Элза қаттиқ аччиғланганидан чўғдай қизариб кетди. У Исҳоққа беаёв зарба берадиган гап айтиш учун эндигина оғиз жуфтлаган ҳам эди, шу пайт кутилмаганда анжир дарахти орасидан шохларнинг шитирлагани ва югуриб қочаётган оёқ товушлари эшитилди. Исҳоқ ҳам, Элза ҳам чўчиб кетишди. Бу тоғлардаги ҳайвонлар кундуз кунлари одамлар бор жойга келишдан ҳайиқадилар. Бу қанақа жонивор бўлдийкин? Элза ва Исҳоқ атрофга қўрқа-писа кўз ташладилар, сўнг чашма бўйидан сал юқорироққа кўтарилдилар.

Юқорига ўрлаган сўқмоқ йўлдан иккита “жонивор” — эркак ва аёл чопқиллаб чиқиб кетаётган эди. Уларнинг иккови ҳам бўйдор, чўпдай озғин, деярли қип-яланғоч баданлари қоп-қора эди. Улар чўққига етганда хатардан қутилганларини сезгандай тўхтаб, орқаларига ўгирилишди ва пастда, анча узоқда қолган Элза билан Исҳоққа кўзлари тушиб, қўрққанларидан дағ-дағ қалтирай бошладилар. Худди шу пайт тоғ орқасидан балқиб чиққан қуёш бу ўрмон аҳли кўлагаларини аниқ тавсифлаб кўрсатди. Исҳоқ уларни имлаб чақирди, — у ўзи турган ерда анчагина ўйиб қазилган бир чуқурчани кўрганди, чамаси, уни анави икковлон кавлаган бўлса керак. Кавланган чуқурчада қандайдир ўсимликнинг каттагина салмоқли ва йўғон томири диккайиб турарди. Исҳоқ эгилиб, қаламтараши билан томирни кесиб юборган эди, қоп-қора пўст очилиб, ичидан томирнинг оппоқ пиёзи мўралади.
— Нима бу? — сўради Элза томирга ишора қилиб.
— Ўзим ҳам билмайман! — деди ҳайрон қолган Исҳоқ; у тепа бошида ваҳимага тушиб, худди қора ёғочдан йўниб ясалган ҳайкаллар сингари қотиб қолган қип-яланғоч, ҳайвонсифат икки одамни яна имлаб чақира бошлади.

Аёл қиёфасидаги махлуқ қочишга чоғланди, лекин эркак унинг қўлидан ушлаб қолди.
— Ҳей! — деб қичқирди Исҳоқ ва маратҳий тилида бир неча сўз ҳам айтди.

Эркак билан аёл яқин тушиб келишди.

Аёл ҳам эркак каби ориқ ва қоп-қора эди. Икковининг ҳам кўпдан бери очликда умр кечириб келаётгани яққол кўзга ташланиб турарди. Аёлнинг шалвираган сийналари қуриб, қовжираб қолган чарм қопчиқни эслатарди — фақат шуниси билангина у эркакдан фарқ қиларди. У ҳам, ҳамроҳи эркак ҳам чумолибел эдилар. Эркакнинг белидан пастроғига каноп ип ёрдамида илинган бир парча чор бурчак латта унинг пешини тўсиб турарди. Худди шундай бир парча увада аёлнинг ҳам жозибасини беркитган эди.

Исҳоқ улар билан нима ҳақдадир сўзлашди, лекин икковлари ҳам унга жавобан нуқул инкор маъносида бош чайқаб тураверишди; кейин ниманидир маъқуллагандай бош ирғашди, ҳатто дудуқланиб бир неча сўз ҳам айтишди. Исҳоқ ковланган чуқурчадаги йўғон томирга ишора қилиб, икковларига бир нима деди, сўнг Элзага ўгирилиб:
— Кетдик бу ердан! — деди.
— Бу одамлар ким? — сўради Элза Исҳоқнинг орқасидан эргашиб бораркан.
— Менинг қариндошларим... Узоқ қариндошларим...
— Сизнинг?.. — сўради бу жавобдан ҳайрон қолган Элза.
— Ҳа, шундай, — жавоб қилди Исҳоқ бамайлихотир кайфиятда. — Улар билан биз атиги тўққиз минг йил бурун қариндош тутинганмиз.
— О! — тушунди Элза. — Бунақада, улар менинг ҳам қариндошларим.
— Бўлиши мумкин, — деб унинг гапига қўшилди Исҳоқ. — Лекин ҳозир бизлар бир-биримиз билан қариндошлардек муносабатда эмасмиз негадир. Сиз мени қариндош деб эътироф этмаганингиздек, мен ҳам уларни яқинларим деб тан олмайман.
— Улар жуда ҳам оч, — деди Элза ўйга толиб.
— Ўсимлик томирларини ковлаб еб кун кечиришаркан. Ҳалиги томирни улар “қанди мўл” деб аташди.

Элза бошини кўтариб, тубсиз осмонга узоқ вақт тикилиб турди, зеро ёввойилашган иккита махлуқнинг кўлагасини кўксида кўтариб турган бу заминга қараш ҳозир Элза учун оғир азоб эди. Баланд мовий осмонда эса, Пуна — Бомбай йўналишида учаётган самолёт вағилларди.
— Осмонга қарасанг, йигирманчи асрда яшаётганингни ҳис этасан, лекин кўзингни ерга тиксанг, худди... қайси асрга қайтиб кетасан, Исҳоқ? — сўради Элза ҳамроҳига диққат билан тикиларкан.

Исҳоқ индамай нари юриб кетди. Энди икковлари чўққига чиқиб олган эдилар, ҳалиги иккита ёввойи одам эса, боя Элза билан Исҳоқ турган ерга яна қайтишганди. Улар чашма бўйида шоша-пиша яна чуқур ковлай бошлашди, бир томирни ковлаб олиб пўстини артишди, ичидан чиққан юмшоқ ўзакка ғарчча тишларини ботириб ковшай бошлашди... Улар бир-бирларини итаришар, кўзларида ҳайвоний очкўзлик ҳирси ўт бўлиб чақнарди.
— Қаранг, сиз бир қаранг! — деди Элза инграб, унинг овозидаги йирганиш оҳанги ачиниш туйғуси омухта бўлганди.
— Йўқ, қарай олмайман! Кўролмайман! — деб Исҳоқ буталар орасига шўнғиди. — У қуса бошлаган эди.

Элзанинг ёрдамида у ўзига келди.

* * *

Кейин улар Шаҳзода бурни чўққисида ўтириб, анча вақтгача узоқ-узоқларга чўзилиб кетган Ғарбий Гат тоғ тизмасини, пастдаги водийлар, яйловларни, тоғ ёнбағирларини, тоғ этагидаги кафтдек текис далаларни, тўқайзор ва унинг ортида мавжланиб турган денгизни ҳамда ёлғиз ўзи қўнқайиб турган маёқ минорасини томоша қилдилар.

Ниҳоят, Элза кўзидан дурбинни олиб, Исҳоққа узатди.
— Мен бу маёқни яхши биламан, — деди Исҳоқ кўнгли ёришиб. — Ҳа, тўғри, у шундоққина Бомбай яқинига ўрнатилган.
— Ҳа, — деди Элза хаёлга толиб, — Бомбайнинг шундоққина ёнгинасида — ҳозир менинг эрим ўша ерда.

Унинг овози равон ва мутлақо хотиржам эди, шунга қарамай, бу овоз Исҳоқнинг юрагига ўткир тиғдай санчилди.
— Шундоққина Бомбай ёнида... у ҳозир менинг... ҳозир у ерда Жамила! Энди меники бўлмай қолган Жамила! У...

Исҳоқнинг вужуди қақшаб, кўзларига ғилт-ғилт ёш қалқди.
— Сен ҳали севгилингни топасан! — деган Элзанинг овози унинг қулоғи остида янгради. У кафтини Исҳоқнинг қўли устига астагина қўйди.
— Ҳеч қачон! Энди ҳеч қачон топмайман! Одам ўз умрида фақат бир мартагина севади! — деди қийналиб Исҳоқ.
— Одам умрида бир марта севиши ҳам, бир неча марта севиши ҳам мумкин, — деди Элза жиддий тарзда. — Шунда ҳам у ҳар гал муҳаббатни энди биринчи марта туяётгандай, янги маъшуқасини беғубор, нурафшон муҳаббат билан чин дилдан сева бошлагандай ҳис қилади ўзини. Лекин айни пайтда, ҳар қайси янги муҳаббат олдингисидан албатта фарқ қилади, у жуда ҳам навниҳол, аммо энг асл ва энг қудратли муҳаббат бўлади. Мен нима деётганимни яхши биламан, ўзим ҳам бошимдан кечирганман буни. Одатда, одамлар худодан, жамоатчилик гапидан қўрққанлари сабабли ё одоб-ахлоқ юзасидан бундай муҳаббатни тан олишни истамайдилар, лекин бу бор гап! Ишон гапимга. Баъзи пайтларда бир муҳаббат барбод бўлиб, иккинчиси ҳали сенга етиб келмаган бўлади, ана шунда қалбингни ойлар, йиллар давомида ғам-ҳасрат, беҳафсалалик, безавқлик қамраб олади — қалб водийлари унумсиз бўлиб қолади, булоқлардан қайнаб чиқаётган сувнинг шилдираши сўнади, дарахтларнинг новдалари худди бева аёллар каби мотамсаро бўлиб қолади. Шунда кўзларинг атиги биттагина яшил япроқни кўриш илинжида олазарак бўлади — афсуски, тополмайди, қалбинг энг нодир қўшиқни тинглаш иштиёқида ёнади, — э воҳ, эшитилмайди ўша қўшиқ! Ана шунда сен, вассалом, энди бошқа ҳеч нима бўлмайди, деб ўйлай бошлайсан. Ва лекин яна баҳор қайтиб келади, яна қўшиқ янграйди, яна булоқ варақлаб қайнай бошлайди, дарахт новдалари қувончга тўлиб, ям-яшил япроқларини оламга кўз-кўз қилади. Ўзинг бир ўйлаб кўр, Исҳоқ: агар баҳор фақат бир марта келса, агар никоҳ либосларини ечган дарахтлар бошқа ҳеч қачон ясанмасалар, агар бир марта олинган жароҳатлар ҳеч қачон битиб тузалмаса, дунёда яшаш нақадар уқубатли бўларди!
— Тушунаман, Элза, ҳаммасини тушунаман, лекин нима қилай? Ўзимни бошқаролмай қолдим. Назаримда, қандайдир товуш муттасил менга: “Қани, бўла қол, кела қол — ҳаммаси тугади энди! Кел, келавер, мана бу чўққидан ўзингни пастга от!” — деб даъват этаётгандай. Ҳозир ёнингда ўтирибман-у, ўзим бу ердан ўн қадам нарида ўлим шай тургани ҳақида ўйлаяпман. Одамзотни даҳшатга солувчи ўша ўлимдан мен асло қўрқмаган бўлардим... Кўзни чирт юмиб хоҳлаган томонингга ўн қадам юрсанг — у ёғи ўлим. Тўққиз қадам юрганингда оёғинг остида ер тугайди ва ўнинчи қадаминг — ўлим!
— Тентаклик! Ғирт тентаклик бу! — Элзанинг ваҳимага тушгани овозидан сезилиб турарди. — Отелга қайтиш керак. Кетдик! Унутма, бу чўққига сени мен бошлаб чиқдим.
— Сен асло хавотир олма! — деб Исҳоқ жилмайиб қўйди. — Менга яна икки кун ҳеч нима бўлмайди. Бир ҳафта яшайман, деб ўзимга ўзим сўз берганман, тўрт кунимни яшаб бўлдим.

Икковлари, Элза олдинда индамай пастга туша бошладилар.

Исҳоқ Элзанинг ўғил болаларникига ўхшаб кетувчи қотмадан келган бўй-бастини кузатар экан, унинг ўз тенгдоши эканлигига ҳеч ишонолмади. Буни у, кета туриб, Элзанинг ўз оғзидан эшитганида, ҳайратдан донг қотиб қолганди.

Элза “Атиргул отели”да эмас, бозор яқинидаги “Марказий” меҳмонхонасида турарди; у тушлик қилгани ўша ёққа кетди. Исҳоқ унга ўзи билан бирга овқатланишни таклиф қилди — у хоҳламади:
— Йўқ, яхшиси, ўзимизникида овқатлана қолай. Тушликдан кейин эримга хат ёзмоқчиман — қачон, қайси поездда қайтишим ҳақида. Кейин бироз мизғиб оламан; кел, яхшиси, соат бешда учрашиб, дарё бўйида сайр қиламиз. Фақат бу шимингни кийма — сув кечишимизга тўғри келади. Тиззанг баробар калта шим кийиб ол, хўпми? Демак, соат бешда мени олгани меҳмонхонага борасан.

Исҳоқ Элза билан хайрлашиб ўз ресторанига шошилди — тушлик пайти тугаган эди. Зал ҳувиллаб қолган, фақат битта стол ортида буришган афтини сепкил босганидан юзи олачипор бўлиб кўринган одам ўтирарди. Унинг қўллари тинмай питирлар, бошига ҳашаматли амома қўндирган, бармоғида каттакон кўзли узук ярақлаб турардики, унинг баҳоси, агар қалбаки бўлмаса, камида эллик минг рупия турарди.

Исҳоқ ўз столига ўтириб, овқат буюраркан, сепкилдор одамнинг нуқул уни кузатаётганини пайқади. Афтидан, бу одам у билан суҳбатлашишга чоғланаётгандай эди, шу боис, Исҳоқ дарров тескари ўгирилиб олди: ахир нима ҳақда гаплашиши мумкин бу турқи совуқ билан!
— Ҳей, мистер! — деб чақирди сепкилдор шилқимлик қилиб.
— Хўш, нима дейсиз? — Исҳоқ ҳам густохлик қилди.
— Покистон яна таҳдид соляпти-ку, бизга! — деб Олачипор столда ётган газетани қўлига ғижимлаб олиб силкитди.
— Ҳай, мен нима қилишим керак экан? — сўради Исҳоқ.
— Нега бизникилар миқ этишмаяпти? — суриштиришга тушди Олачипор.
— Мендан нима истайсиз?
— Ахир сиз ёзувчисиз-ку, жин ургур! — деди Олачипор худди ширинсуханлик қилмоқчи бўлгандай. — Нима ҳам талаб қилинарди ёзувчи аҳлидан? Демоқчиманки, ҳукуматимиз қаёққа қараяпти? Ахир анави лаънатилар бизга таҳдид солишяпти-ку, нима, чурқ этмай ўтираверамизми?
— Улар бизга, биз уларга, денг... Бунақада уруш бошланиб кетади-ку, дўстим Олачипор.
— Бошланаверсин! Қайтага яхши-ку, уруш бошланса! Фақат шу йўл билан анов покистонликларнинг эсини киритиб қўйиш мумкин! Ҳар куни газета ўқиганимда қони қайнаб кетади. Айтгандай, сен мени “Олачипор” деб чақирма. Исмимни сенга нотўғри айтишибди. Менинг исмим Ранчҳор Лаъл Бҳерия.
— Нега энди сен Ҳиндистоннинг Покистон билан урушишини хоҳлаяпсан? — сўради Исҳоқ қизиқсиниб. — Нима, биронта қариндошингни ўлдиришганми у ёқда?
— Йўқ...
— Балки ўзинг бутун мол-давлатингни ташлаб, Покистондан қочиб келгандирсан?
— Йўқ...
— Ё ғанимларинг борми Покистонда?
— Бе, қаёқда? Мен ўзим Жайпурданман, Покистонда на қариндошим, на ғанимларим бор, на мол-давлатим қолган у ёқда!
— Бўлмаса, нега улар билан урушишни хоҳлаяпсан?
— Вой, жин ургур ёзувчилар-е! Нега ҳеч нимага тушунмайсизлар-а? Уруш пайтида бозорлар гавжум бўлади, томирларда қон гупуради, қўл қўлга тегмайди иш кўплигидан. Уруш бўлса ишларимиз юришиб кетади.
— Касбинг нима?
— Биржада даллоллик қиламан.
— Тушунарли.

Бҳерия жаҳл билан столга мушт урди.
— Нима тушунарли сенга, қаламкаш? Касбимизнинг нозик қирраларини энг улуғ кишилар ҳам тушунишга қийналадилар-у, сен тушунармидинг? Мен, мана, йигирма йилдирки, биржада хизмат қиламан, локин ҳали ҳам, ҳамма нарса менга тушунарли, деб айтолмайман. Сен бўлсанг... “тушунарли”миш, — деб мазах қилди у Исҳоқни. — Уруш бошланса, биржага жон киради, ишлар юришиб кетади. Токайгача кутамиз, ахир! Корея билан бўлган уруш тугагандан бери, очиғи, қиладиган ишимиз қолмади.
— Бундан чиқди, ҳозир дунёда уруш йўқ экан, ҳеч бўлмаса, Ҳиндистон Покистон билан урушсинми, сенингча? Борди-ю, уруш бошланган кундан сени жанггоҳга сафарбар қилишса-чи?
— Оббо ёзувчилар-е! Ғирт афанди-я ҳаммалари! — қотиб-қотиб кулди “Олачипор сепкилдор”, — бошларига урадими мени? Қариб қолганман-ку — олтмишга кирдим.
— Ўғлинг йўқми?
— Нега йўқ бўларкан? Учта ўғлим бор. Мен билан бирга ишлашади. Аммо уруш бизнинг ишимиз эмас. Биздан аскар чиқмайди.
— Қойил! — деди Исҳоқ ниҳоят ғазабини тия олмай. — Демак, уруш ҳақида ҳаммадан кўпроқ оғиз кўпиртириб бақирувчилар ҳеч қачон жанг қилмайдилар! Негадир уларни ҳеч қачон урушга сафарбар ҳам қилмайдилар, улар жанггоҳларда окоплар ҳам қазимайдилар, уларга ҳеч қачон ўқ ҳам тегмайди. Ва лекин уруш тугаганида энг ёғли, энг юқори мансабларни биринчи навбатда шулар эгаллайдилар, ҳатто вазир ҳам бўлиб оладилар. Нега ахир бу замонда фақат қабр тошларигина қадрланиб, тириклар иззат қилинмайди? Нега? Айт, нега? Қани, менга тушунтириб бер-чи, Олачипор!

Бҳерия суҳбат мавзуини ўзгартиришга қарор қилди.
— Овқатингни е, совиб қолди. Ундан кейин, боя айтдим-ку, сенга исмимни: Бҳерия менинг исмим — Бҳе-ри-я! Ҳеч ҳам Олачипор эмас. Қанақа исм ўзи ўша “Олачипор”?
— Жуда ажойиб исм, тожир. Сенинг жисмингга жуда ҳам мос тушади бу исм. Ҳам чиройли, ҳам мулойим исм... Сенинг ўрнингда бўлганимда, хотинингдан сени фақат, “Ҳой, Олачипор!” деб чақиришини талаб қилган бўлардим.
— Хотиним ўлган, — деди Бҳерия маъюс овоз билан.
— Сен ҳеч қачон биронта аёлга ошиқ бўлганмисан, а, тожир? — сўради Исҳоқ кутилмаганда.

Бу саволдан сепкилдор қаттиқ пиқиллаб кулиб юборган эди, олдида турган ликопдаги шўрва сачраб, кўйлагини булғади. Унинг мушукникига ўхшаган мўйлови аломат қимирлаб қўйди. Ниҳоят, у кулгисини зўрға тийиб жавоб қилди:
— Бизда йўқ бунақа одат... ҳалиги... ошиқ бўлиш. Бизда бу уят ҳисобланади. Сиз, ёзувчиларнинг йўлингиз бошқа. Менга отел хўжайини айтувди: “Бир ёзувчи келди икки-уч кунга”, деб. Қани, бир гаплашиб кўрай-чи деб ўйладим. Сен қайси газетада ишлайсан?
— Мен газетада ишламайман. Китоб ёзаман. Тушуняпсанми, китоб?
— Китоб? Ҳалиги пойга чоғида гаровга тикиладиган пуллар ёзиладиган китобга ўхшаган китобми?
— Қанақа гаров, қанақа пойга? Мен романлар ёзаман.
— Роман? Биз унақасини ўқимаймиз. Ҳеч ўқимаганман.
— Ҳеч китоб ўқимагансан, ҳеч қачон ошиқ бўлмагансан... Ҳеч бўлмаса қуёшнинг ботишини бирон марта кузатганмисан?
— Нима, нима дединг?
— Менга қара, тожир, сен, яхшиси, овқатингни е. Барибир бунақа нарсаларни тушунмайсан, — деди Исҳоқ маъюс кайфиятда.

Бир оз давом этган сукутдан сўнг сепкилюз одам яна гап бошлади:
— Сен китобларингни қайси тилда ёзасан?
— Урду тилида.
— Ие, ҳали сен мусулмонмисан? — сўради Бҳерия ҳайрат билан.
— Иҳи.
— Шунақа де?
— Нима “шунақа”? — деди Исҳоқ бирдан жаҳли чиқиб кетиб.
— Йўқ, ҳеч нима, шунчаки, айтдим-қўйдим-да, — деб “Олачипор сепкилдор” ҳар битта сўзини дона-дона гапирди.
— Йўқ, шунчаки айтмадинг! — тихирлик қила бошлади Исҳоқ. — Қани, очиқ гапир, нима демоқчисан? Нима “шунақа” экан? Қани, бўл, очиқ гапир!
— “Очиқ гапир”миш! Гапирсам хафа бўлмайсанми?
— Хафа бўлмайман! — деди Исҳоқ босиқ, вазмин овоз билан, аммо дохилан томирларида қони қайнай бошлаганди.
— Гап шундаки, сиз мусулмонларнинг ҳаммангиз сотқинсизлар.

Зал бир неча сония сукутга толди, бу шундай теран сукунат эдики, Исҳоқ томоғида бир нима биқирлаб қайнай бошлаганини ҳам эшитди. Кейин ҳар бир сўзини аниқ ва дона-дона қилиб гапира бошлади:
— Ҳозир мен бошқа мусулмонлар ҳақида гапирмоқчи эмасман. Фақат ўзим ҳақимда гапираман. Сен ҳақсан: менким, Исҳоқ — сотқинман. Ҳаммаси тўғри. Мен ўтакетган, уччига чиққан, ашаддий сотқинман. Мен хоинман. Мен Ҳиндистон ва Покистон ўртасида уруш бўлишини истовчи сени ва сенинг тоифангдаги барча одамларни сотишга доим тайёрман. Бу ҳали ҳаммаси эмас, тожир. Мен, нафақат сенга ва сенинг нусхангдаги одамларга, шу билан бирга, ҳар қандай икки мамлакат ўртасида (Ҳиндистон билан Покистон ўртасида бўлиши шарт эмас) уруш оловини ёқишга шайланган ҳар битта одамга, ҳар қандай маслакка, ҳар қандай динга ҳам сотқинлик қилишдан қайтмайман. Мен ҳар қандай адоватга, урушга, хунрезлик ва қирғин-баротга хиёнат қилишдан қайтмайман. Бу ўринда мен чинакам хоинман. Ва лекин мен халқлар ўртасидаги тотувликка содиқман, дўстлик ва муҳаббатга садоқат билан хизмат қиламан. Мен сингилларимизнинг маъсумалигини қадрлайман, маъшуқаларимиз қалбидаги муҳаббатни ардоқлайман. Аммо аёлларимизни бева қилувчилардан, уларнинг севгисини топтовчилардан нафратланаман. Яна, сенга ўхшаган тожирларни ҳам кўрарга кўзим йўқ, зеро сенлар биржада ўтириб олиб, ўз манфаатларингни кўзлаган ҳолда, оддий одамларнинг қабрларини пуллашдан ҳам тоймайсанлар.

Исҳоқ столдаги пудинг қуйилган ликопни қўлига олди ва бор кучи билан уни тожирнинг чўтир башарасига қараб отди; унинг афтига бориб теккан ликоп ерга тушиб пир-пир айланди, сўнг чил-чил синди. Биржа даллолининг кўзлари ҳам, бурни ҳам, пешонаси ва икки юзи ҳам ширин шарбатга беланди, пудинг бўлаклари эса, амомасининг қатларидан мўралай бошлади. Шовқинни эшитган официантлар югуриб киришди, лекин Исҳоқ жанжал оқибатини кутмай, залдан тез юриб чиқиб кетди. У ҳеч ғазабини тия олмай, ҳамон қалт-қалт титрарди. Бутун вужудини ваҳшиёна жаҳолат ўт бўлиб ёндирарди. Қанийди, ҳозир ўша аблаҳ, тожирнинг ҳиқилдоғидан олса-ю, бўғаверса, бўғаверса, бўғаверса!

Орадан бироз вақт ўтгач, отел хўжайини ўз иш бошқарувчиси ҳамда “жабрланган” тожир билан келиб, коттеж эшигини тақиллатди.
— Соҳибим сиз билан гаплашмоқчилар, — деди иш бошқарувчи Исҳоқ эшикни очганида.
— Менинг у билан гаплашадиган гапим йўқ деб! — деди Исҳоқ жеркиб ва сигарета қолдиғидан янгисини тутатди. — Шу бугуноқ бошқа меҳмонхонадан ўзимга жой қидираману кўчиб ўтаман:
— Барибир, соҳиб сиз билан гаплашмоқчилар, — деб оёқ тираб туриб олди иш бошқарувчи.
— Айтдим-ку, менинг унга айтадиган гапим йўқ! — деди Исҳоқ сал ўшқириб. — Ўзим ҳам тушуниб турибман — яхши иш қилмадим. Ҳаққим йўқ эди ўша тожирга ликоп отишга! Мен жуда хижолатдаман, ҳозироқ кечирим сўрашга тайёрман ўша Олачипор... туф-е, жаноб даллолдан.

Исҳоқ эшик олдига чиқди ва кафтларини бир-бирига жуфтлаганча, “Олачипор сепкилдор”га эгилиб таъзим қилди. Тожир кулиб юборди — у жуда бахтиёр эди. Исҳоқ меҳмонларни ичкарига таклиф қилди ва ўтиргани жой кўрсатди. Отел хўжайини билан Бҳерия диванга ястаниб ўтиришди.
— Айб ўзимда, —деб гап бошлади тожир. — Мусулмонларни ранжитадиган гап оғзимдан чиқиб кетди. Ахир қаёқдан билибман бу жин ургур ёзувчининг мусулмон эканлигини?

Отел хўжайини форс эди — бу чўпдай ориқ одамнинг қулоқлари худди қуённикидай диккайган, икки чаккасидан сиқилган чўзинчоқ пешонасининг ўртаси ичига ботган эди. Унинг қорайиб кетган хунук тишлари қарчиғайники сингари эгри бурни билан дилхушлик қилаётгандай, тили эса, икки ўртада воситачи вазифасини ўтаётгандай эди. Унинг мунчоқдек жимит кўзлари худди бирон нимага тикилиб қарашдан қўрққандай, доим бежо, доим олазарак, шилвираб осилиб тушган пастки лаби эса, гўё лунжига яшириб қўйилган кўринмас ип тортқилагандай, вақти-вақти билан ўнг томонга қийшайиб кетарди. Кейин яна жойига қайтарди — худди ипидан силтаб тортилган варракдай.
— Айтадиган гапингиз бор эди, шекилли, Ҳўрмуз-жий? — эҳтиром ила юзланди хўжайинига иш бошқарувчи.

Ҳўрмуз-жий ҳар битта сўзи орасида варрак ипини торта-торта гапира кетди... Исҳоқ бу варрак, яъни лабнинг тортқиланишини қизиқиб кузатаркан, мабодо ип бирдан узилиб кетса, Ҳўрмуз-жийнинг лаби қай тахлитда тўхтаб қолишини кўз олдига келтириб мийиғида кулиб қўйди.
— ... овора бўласан, қўлингдан ҳеч иш келмайди, — дерди бу аснода Ҳўрмуз-жий. — Ахир сен бу ерга фитна қўзғагани келгансан-ку, шундайми?
— Қанақа фитна? — сўради ҳайрон бўлган Исҳоқ. — Менинг нима дахлим бор унга? Хўш, айтинглар-чи, сизларни бу ерда кўриш бахтига мушарраф бўлишим сабаби нима ўзи?
— Сабабини судда билиб оласан. Қани, гапир, сенга нима ёмонлик қилган эдимки, келиб-келиб менинг отелимда одамларим ўртасида ғулу кўтармоқчи бўляпсан? Шундоқ ҳам, инглизлар кетганидан бери отелим даромад бермай қўйган, энди мана сен бошимга бало бўлдинг — хизматкорларим орасида фитна қўзғай бошлабсан!
— Мен-а? Хизматкорларинг орасида-я?.. Нима деяпсан ўзи? — Исҳоқнинг таажжуби тобора ортиб борарди.
— Сен қулоғинг билан эшит! — деди отел хўжайини жаҳл билан. — Гапимни тўққиз пулдай қилиб тушунтиряпман, сен бўлсанг... Ўтган куни анави бола... ҳалиги бор-у, бозорда ямоқчилик қилиб ўтирадиган йигит, ҳаҳ, урушда ярадор бўлгани учун нафақа олувчи Мардикор деган йигитни айтяпман, ўша ўтган куни битта варақа кўтариб келди...
— Яна қанақа варақа?
— Ҳалиги, қоғоз бор-у... ҳалигиндақа қоғоз! Сиз яхшилаб эшитинг! — деб соҳибига кўмаклашмоқчи бўлди иш бошқарувчи.
— У ўша касофат қоғозни кўтариб келиб, менинг хизматкорларимга қўл қўйдира бошлади. Ҳаммага қўл қўйдириб жўнаб кетди. Ўша қоғозда, ҳеч қачон, ҳеч ерда уруш бўлмаслиги керак, деб ёзилган экан. Мен ходимларимни йиғиб, очиқчасига гаплашдим. Нега қўл қўйдинглар, деб сўрадим. Шунчаки, ўзимиз, дейишди. Тўғри, қаттиқ жаҳлим чиқди, лекин бу сафар кечирдим уларни, кейин, бошқа бундай қилманглар, деб койидим! Улар сўз беришди бундай қилмасликка, ҳатто қулоқларига кафтларини ҳам босишди — демак, қасам ичишди. Лекин битта кир ювувчи ходимам — Васанти бўлса: “Мен қўявераман, агар яна шунақа қоғоз олиб келишса, яна қўл қўйиб бераман!” — деди. Мен ундан: “Нега ахир?” — деб сўровдим, у менга: “Негаки, мен аёлман!” — деб жавоб қилди. Ўргилдим... аёлмиш у кишим! Ишдан ҳайдаб юбордим у ярамасни.
— Ҳайдаб юбординг? Нима учун?
— Бу ерда менга ҳеч қанақа сиёсат керак эмас! Одамларим бугун, уруш бўлишни хоҳламаймиз, деб бош кўтариб чиқишса, эртага ҳали, иш соатимиз қисқартирилмаса ишламаймиз, деб тўполон қилишлари ҳам турган гап. Ҳозир улар тонг қоронғисида қоронғи кечгача ишлашади. Бош товлашса нима қиламан? Мен нуфузли отелнинг соҳибиман, борди-ю ходимларим бирдан эсларини еб, йўлдан озгудай бўлсалар — нима қиламан? Шундоқ ҳам ҳозир Кҳандалада отеллар, айниқса, меники сингари отеллар даромад бермай қўйган. Месопотамия1 да уруш бўлди. Афғонистонда уруш бўлди, яна бошқа ерларда ҳам уруш бўлди. Ўшанда инглиз солдатлар ҳар доим отелимга қўнишарди. У пайтда отелимга бир эмас, иккита оркестр ёллагандим, чўмилиш учун сув тўла ҳовуз, яна танца зали, бар бор эди отелимда. Ҳозир ҳаммасини ёпиб ташлаганман. Илгари отелимдан юз минг рупиялаб даромад олардим, энди уни таъмирлашгаям пулим йўқ... Буни қараки, Мардикор одамларга қўл қўйдиргани олиб келган ўша қоғозни биз, отел соҳиблари, арзимаган бир қоғоз деб ўйлабмиз. Тўғри, мен қўл қовуштириб ўтирмадим, полиция инспекторига Мардикорни ҳибсга олиш кераклигини айтган бўлсам ҳам, ўша ярамас қоғоз ҳазилакам нарса эмаслигини фақат бугун тушундим. Сен менинг отелимни хароб қилиш учун нақ Бомбайдан келгансан. Мардикор нима экан! Жамики ғулғулани бошлаётган фақат сенсан!
— Мен ҳеч нимага тушунмаяпман, нимани гапиряпсиз ўзи? — деб норозилик билдирди Исҳоқ. — Ишонинг, менда ҳеч қандай айб йўқ, зеро бу гапларни биринчи марта эшитиб турибман! Мен ҳеч қандай Мардикорни ҳам, ҳеч қандай Васантини ҳам билмайман. Фақат бўлган гап шуки, жаноб тожир уруш ҳақидаги гаплари билан аччиғимни чиқарди, шунда қоним қайнаб кетиб... умуман, менинг бу ерга... бу ерга келишимга...
— Қани, хўш? Нега келгандинг бу ерга? Нима иш билан? — отел хўжайини унинг сўзини бўлиб пичинг қилди.
— Йўл-йўлакай бир оз тўхтаб ўтмоқчи бўлувдим, жаҳаннамга кетатуриб, билдингми? — деб Исҳоқ бақириб берди. — Сенинг нима ишинг бор?

Ҳўрмуз-жий дивандан тураркан деди:
— Мен полиция инспекторига қўнғироқ қилганман, ҳадемай бу ерга полислар етиб келишади. Ана улар жаҳаннамга борадиган тўппа-тўғри йўлни кўрсатиб қўйишади сен ярамасга! Йўлдан адашмайсан!

* * *

Кҳандаланинг полиция участкаси бозор билан темир йўл бекати ўртасидаги чорқирра тепаликка жойлашган. Полиция инспектори муовини Самантининг оғзи қулоғида: ҳибсхонага маҳбус келганидан у жуда ҳам суюниб кетгандай эди. У Исҳоқни чой-нон билан сийлади; умуман, унинг ўзини тутишига қараганда, Исҳоқ гўё маҳбус эмас, балки меҳмонга таклиф этилган одамдай эди. Ниҳоят, барча расмиятчилик — баённома тузиш, навбатчилик дафтарига тегишли ёзувларни қайд қилиш ва ҳоказолар амалга оширилгач, полиция инспектори муовини худди бошидан тоғ ағдарилгандай енгил тин олиб, Исҳоқнинг ёнига келиб ўтирди ва суҳбат билан унинг кўнглини овлашга тушди.
— Турмуш кечириш жуда оғирлашиб кетди, биродар, жуда-жуда! — деб зорлана бошлади у. — Уйга борсанг — уйингда, участкага келсанг — бу ерда, хуллас, ҳамма ерда хижолатпазлик. Мана, мисол учун Кҳандалани ол — на биронта тўполон, на биронта пичоққа илинадиган ҳодиса юз беради! Ғафлат уйқусида ётибди бу қишлоқ — ҳеч нима содир бўлмайди. На ўғирлик, на қотиллик, на бирон бошқа фалокат... агар битта-яримта қизнинг номусига тегишганини ҳисобга олмасанг — у ҳам онда-сонда бир бўлади. Лекин илгари, Кҳандалада оқ танли аскарларнинг госпитали бўлганида, бу ерда қизларни зўрлаш ҳам, уларни обқочиб кетиш ҳам бўлиб турарди. Энди бўлса... Нима бўляпти-а, ўзи бу дунёда? Ишонасанми, ошна, камералар ойлаб ҳувиллаб ётади. Ахир ҳибсхонага ҳеч ким қамалмаса, мен, полиция инспектори муовини, ниманинг ҳисобига кун кечираман? Бунақада мартабамнинг ошиши ҳам амримаҳол! Ўзинг бир ўйлаб кўр, оғайни, қарамоғимда бир эмас, икки эмас, тўққизта болам бўлса ҳам, раҳбарларнинг келиб-келиб айнан мени Кҳандалага ишга тайинлашганига ўласанми! Жужуқларимни боқаман деб не кўйларга тушаётганимни ёлғиз ўзим биламан. Раҳбарлар бўлса доим: полиция инспектори ташаббус кўрсатиши, фаол бўлиши лозим, дейишади. Айт, қанақасига ташаббус кўрсатай, фаол бўлай? Одамлар тепса-тебранмас бўлиб қолишган, ҳеч ким қонунни бузишни ўйламайди. Бунақада қаердан оламан жиноятчини — ердан кавлаб оламанми? Э, нимасини айтай, оғайни! Агар шу камчиликлар барҳам топганида-ку, чидаса бўларди-я!.. Участка жуда яхши ерга жойлашган, деразадан темир йўл билан унинг бекати кўриниб туради, анави деразадан бўлса, сенинг “Атиргул отели”нгни кўриш мумкин. Бутун туманда ҳам йўқ бунақа зўр участка, ҳатто Лонавалада ҳам топилмайди бунақаси! Айтгандай, ўзинг ҳам кўргандирсан Лонавала қамоқхонасини?
— Умримда биринчи марта қамоққа тушишим! — деди Исҳоқ жилмайиб.
— Хафа бўлма, — деди Самант хайрихоҳлик билдириб ва ҳатто қўли билан Исҳоқнинг елкасига қоқиб ҳам қўйди. — Кўникиб қоласан ҳали. Тўғри, олдинига бироз қийналасан. Айт-чи, бу ерда, Кҳандалада пул тўлаб сени гаровга олиб чиқиб кетадиган таниш-билишларинг борми?
— Бе, қаёқда, — деди Исҳоқ бўшашиб, — ҳеч кимни танимайман бу ерда.
— Яхши! Жуда соз! — Самант хурсанд эди, — Бомбайда-чи?
— Бомбайда ҳам ҳеч кимим йўқ! — деб юборди Исҳоқ кўнгли ўксиб.
— О, қандай яхши! — Самант севиниб кетди. — Демак, ҳали бир неча кунгача меҳмонимиз бўларкансан. Жуда яхши, оғайни! Қанча вақтдан бери бу ерда бир ўзим сўппайиб ўтирибман, бунақада мени пўпанак босиб кетиши ҳам ҳеч гапмас. Ҳа, айтгандай, бу ерда кечаси чивинлар жуда безор қилади одамни, сенга қалинроқ кўрпа бериб юбораман. Бурканиб олсанг, тинчгина ухлайверасан, ҳеч қанақа чивин чақа олмайди.

Самант ўрнидан туриб эшик томон юрди.
— Абдул Мажид, ҳой, Абдул Мажид! Жаноб маҳбусга яна чой олиб кел! — деб қичқирди у миршабга ва қамоқхонадан чиқиб кетди; орадан бир дақиқа вақт ўтар-ўтмас Абдул Мажид бир финжон аччиқ чой олиб келди.

Исҳоқ чой ичаркан, камерани кўздан кечира бошлади. Бу ерда ўзидан бошқа яна битта маҳбус бўлиб, унинг кўриниши жуда ғалати эди. Самант ҳасратидан чанг чиқиб, дилини ёзган чоғидаёқ Исҳоқ бу одамга тикилиб қарай бошлаганди. Бироқ у янги келган маҳбус — Исҳоққа қайрилиб ҳам қарамади. Исҳоқ ҳам у билан полиция инспектори муовини ҳузурида гаплашишга ё ҳеч бўлмаса, бу одамнинг кимлигини Самантдан сўрашга журъат этмади.

Мана, Самант билан миршаб камерадан чиқиб кетишди, шунда Исҳоқ бу нотаниш одам томонга ўгирилди.

У даставвал бу одамнинг битта қулоғи йўқлигини кўрди; қулоқ ўрнидаги чандиқнинг думи унинг бир яноғини тилиб ўтганди. Ундан кейин, бу маҳбуснинг битта қўли тирсагидан кесиб ташланган бўлиб, шу қўл суягидан чиқиб турган илгак бармоқлар вазифасини ўтарди. Яна бу одамнинг чап оёғи ҳам йўқ эди, шунга кўра, у соғ қўли билан қўлтиқтаёққа таянарди. Бу кемтикликларнинг бари уни ғайримуташаккил қиёфада ва нотавон мажруҳ қилиб кўрсатарди. Ва лекин бу ногирон одамнинг ўтдай чақнаб турган йирик-йирик, тийрак қора кўзлари кишини ҳайратга соларди. Бу нотаниш одам жилмайганида, чиройли оппоқ тишлари буғдойранг юзида худди марварид шодасидек ярақларди. Фақат шу табассумининг ўзи кишининг ихлосини уйғотарди — ахир айтадилар-ку, одамнинг қандайлигини унинг табассумидан билиб олиш мумкин, деб. Исҳоқ бу ажойиб инсонга ғоятда ажиб назокат билан, худди сеҳрлангандай тикилиб қолди.
— Биз бу ерда икковлон эканмиз, — деб ниҳоят гапира бошлади Исҳоқ. — Келинг, танишайлик. Менинг исмим Исҳоқ.
— Меники — Анант Мардикор.

Улар бир-бирларига қўл узатишди — Мардикорнинг темир илгаги Исҳоқнинг бармоқлари билан учрашди. Қўли темир илгак билан туташганида, Исҳоқ бир сесканиб тушди.
— Касбинг нима? — деб гапида давом этди Мардикор. — Айтсанг, сени нега қамашганини айтиб бераман.
— Мен ёзувчиман, — деди Исҳоқ жилмайиб.

Мардикор шўх кулиб юборди, шунда Исҳоқ карахт бўлиб қолган қалбига бу мўъжизавор кулги жон киритганини ҳис қилди.
— Биламан нима айб қилиб қўйганингни! — Мардикор кулганича гапида давом этди. — Сен маст бўлгунингча роса ичгансан-у, аммо спиртли ичкилик ичиш учун рухсатноманг бўлмаган. Бир амаллаб меҳмонхонангга етиб борганингда миршабларга рўпара келгансан — аҳволингни кўришган-у, илинтиришган. Топдимми?
— Ҳеч унақа бўлмаган, — деб хохолаб кулиб юборди Исҳоқ. — Мени бошқа баҳона билан айблашди: мен отел ходимларига қутқу солганмишман, уларни тинчликни ҳимоя қилиш ҳақидаги мурожаатномага имзо чекишга даъват этганмишман. Очиғини айтсам, мен бу гапларнинг биронтасига ҳам тушунмадим; бу ерда ҳеч ким билан ҳеч нарса тўғрисида гаплашмаганман, қолаверса, мен бу ерга бошқа иш юзасидан келгандим, лекин улар мени қамаб қўйишди.
— Нега энди отел хўжайини келиб-келиб айнан сени гуноҳкор қилдийкин?
— Биласанми, мен битта аҳмоқ билан ўчакишиб қолувдим, у ҳам мен турган отелда яшайди; мен у билан уруш ва тинчлик ҳақида баҳслашиб қолдим, кейин ғазабдан қоним қайнаб, столда турган ликопни унинг башарасига отдим.
— Ҳамонки ғазабга минган экансан, уруш тарафдори бўлсанг керак? — сўради Мардикор Исҳоққа яқинроқ сурилиб ўтираркан.
— Э, йўқ, — деди Исҳоқ жилмайиб, — ҳамма гап шунда-да, мен тинчликни ёқлагандим. Мана оқибат! Жуда хижолатдаман.
— Ие, нега хижолат бўласан? Сен тўғри қилгансан, — дея эътироз билдирди Мардикор яна яқинроқ сурилиб ўтираркан.

У гапираркан, қўл вазифасини ўтаётган илгаги, айтган ҳар бир сўзини тасдиқламоқчи бўлгандай, ҳавода кескин-кескин силкинарди.
— Кҳандаладаги меҳмонхоналарнинг ходимларини тинчликни ҳимоя қилиш ҳақидаги мурожаатномага қўл қўйишга даъват этган одам менман, — деди Мардикор ва илгак қўлини астагина Исҳоқнинг елкасига қўйди. — Меҳмонхона хўжайинларининг мени кўргани кўзлари, отгани ўқлари йўқ.
— Бундан хабарим бор. Ҳўрмуз-жий айтганди, — деди Исҳоқ. — Мени бу ерга қаматган ҳам ўша — анави аҳмоқ тожирнинг шикояти билан.

Исҳоқ бироз жим қолди, сўнг яна гапира бошлади:
— Лекин мен бир нарсага ҳеч тушунолмаяпман. Айт-чи, нега энди сен ўша тинчлик, уруш ва ҳоказолар туфайли ўзингни ўтга-чўғга уриб ётибсан? Шундоқ ҳам ярми қолган майиб-мажруҳ одамсан! Ахир турмуш кечириш, нон пули топиш учун меҳнат қилиш жуда-жуда оғир бўлса керак сенга?..
— Ҳамонки мен ҳозир жуда қийналиб кун кечираётган эканман, бунинг сабабчиси фақат уруш. Уруш бошланганида мен армия хизматига кетдим, у пайтда мен ҳам мукаммал одам эдим, худди сендек. Уруш мени шу аҳволга солди. Уруш мени мажруҳ қилди, қулоғимни ялаб кетган ҳам, қўлимни, оёғимни ямламай ютган ҳам — лаънати уруш. Шунга қарамай, пешонам ёруғ экан, бахтиёрман — тирик қолдим!
— Бахтиёрсан? Ўзинг ишонасанми шу гапингга?.. Бунақа аҳволда яшагандан ўлган афзалроқдир балки...
— Ўзим ҳам олдинига шундай ўйлагандим. Кейин миямда аста-аста бошқа фикр пайдо бўла бошлади. Ниҳоят, мана... Кўриб турибсан — тирикман! Ҳам тирикман, ҳам бахтиёрман, ҳам яшашни истайман!
— Нима иш қиласан?
— Этикдўзман. Бозорда ўтириб, одамларнинг пойабзалларини ямайман, таъмирлайман, янгиларини тикаман. Кўпчиликнинг таъбирича, дурустгина этикдўзмишман, шунинг учун бўлса керак, буюртма берувчиларнинг кети узилмайди. Ундан кейин, биласанми, бу ер аҳолисининг аксариятига маслаҳатгўйлик қиламан. Олдимга баққоллар ҳам, деҳқонлар ҳам, офис ходимлари ҳам ўз ташвишлари, дардлари билан келишади. Мендан маслаҳат сўрашади. Баъзилар аразлашиб, низолашиб қолганларни яраштириб қўйишимга ҳам тўғри келади. Кҳандала бозорида ҳам, қишлоққа бориб ҳам қанчадан-қанча одамларни яраштириб қўйдим. Улар судга ҳам, полицияга ҳам мурожаат қилиб юрмайдилар. Мен бўлсам фойдали, савоб иш қилганимдан хурсандман. Ана шунда одамларга керак эканлигимни ўйлаб, ғайратим қўзиб кетади.
— Шунинг учун бўлса керак, полиция инспектори муовини сен билан гаплашишни хоҳламади — сен унинг нонини яримта қиларкансан-ку!

Мардикор кулиб юборди.
— Мана, тўрт ойдирки, ҳеч ким судга ариза бермай қўйди, ҳамма менинг олдимга келадиган бўлди. Нима, ёмонми? Мен пул олмайман, ямоқчилик қилиб ўтириб одамларга маслаҳат беравераман.
— Саводинг борми?
— Ўрта мактабни битирганман.
— Ўрта мактабни битириб ямоқчилик қиляпсанми? О, сен Бомбайда яшашинг керак...
— Бомбайда бойларнинг товонини ялаб кун кечирганимдан кўра, Кҳандалада камбағалларнинг пойабзалини ямаб яшаганим яхши! — деб Исҳоқнинг сўзини бўлди Мардикор. — Шу ер яхши менга.
— Хўп, яхши. Лекин сен менга айтмадинг, нима учун уруш ва тинчлик масаласи сенинг ишинг эканлигини.

Мардикор қаҳр билан илгакли қўлини силкитди.
— Бўлмаса, кимнинг иши у? Нима, кўрмаяпсанми аҳволимни? Ҳамонки уруш мени мажруҳ қилиб чиқитга чиқарган экан, бошқа одамларнинг ҳам майиб ва ногирон қилишларига бепарво қараб тураверади, деб ўйлайсанми мени? Йўқ, янглишасан, мистер, мен бундай қилолмайман, қилмайман ҳам! Тирик эканман, Кҳандаланинг биронта ҳам йигитини армия сафига ололмайди улар!
— Ким — “улар”?
— Ким бўларди! Отелларнинг хўжайинлари-да! Улар инглизлар бўлган аввалги пайтнинг яна қайтиб келишини кутиб ётишибди; улар шундай хаёллар билан ухлаб кетарканлар, тушларида Кореяда уруш бошланганини ёки Хитой билан Америка ўртасида, Русия билан Америка ўртасида, ё бўлмаса, йўқ деганда, Ҳиндистон билан Покистон ўртасида уруш бўлаётганини кўрадилар! Кимнинг ким билан қаерда уруш қилиши улар учун барибир — фақат уруш бўлса бўлгани, фақат аскарлар учун госпиталлар очилса, марра уларники!
— Лекин улар учун энг муҳими уруш эмас, — деб эътироз билдирди Исҳоқ, — пул, фақат пул. Бу ерда отеллар ҳувиллаб ётибди, чет эллик сайёҳлар келмай қўйган, инглизлар жўнатиб юборилган — пул топиш учун бошқа йўл йўқ. Хўш, нима қилсинлар? Бас, аҳвол шу экан, инглизларнинг қайтиб келиши ёки янги уруш бошланиши ҳақида орзу қилмай бўларканми?
— “Нима қилсинлар?” Бунинг йўли кўп, — деди Мардикор жаҳл билан. — Фақат шуниси чатоқки, бу ярамаслар ўзгаларнинг хордиқ чиқариши ҳисобига пул топишни одат қилганлар. Тўғри, мен ҳам Кҳандаланинг фаровон ҳудуд бўлишини хоҳлайман, мен ҳам бу ердаги барча отелларнинг дам олувчилар билан доим гавжум бўлишини, бозорларда харидоргир моллар доим қалашиб туришини истайман. Лекин сенга шуни айтишим керак: бу орзу-истакларга эскича усул билан асло эришиб бўмайди.

Кҳандаланинг гўзал манзарасини томоша қилиб баҳра олишни ҳамма ҳам хоҳлайди, лекин бу ерда отел хонаси учун кунига ўн саккиз рупиядан тўлаб яшашга кўпчиликнинг қурби етмайди. Айтмоқчиманки, меҳмонхоналарнинг эгалари ижара ҳақини арзон қилишлари керак. Ахир кимга кераги бор ҳар биттаси уч-тўрт хонадан иборат бўлган коттежларнинг? Ундан кўра, ҳар қайси хонага саккиз-ўнтадан каравот қўйиб, ҳар бир ўрин учун бир рупиядан ҳақ олишсин. Кейин, овқатланиш пайтида ҳар бир киши учун саккиз хил таом тортиш исрофгарчилик эмасми? Бунинг ўрнига дам олувчилар учун одмигина, арзон, аммо тўйимли овқат тортишсин. Агар шундай қилишса, ҳар шанба куни одамлар Бомбайдан поездларни тўлдириб кела бошлайдилар! Оддий одамлар ҳам Кҳандаланинг гўзал манзараларидан баҳраманд бўлишса қандай яхши — айнан ана ўша одамлар бу курорт шаҳарчасини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга қодирдирлар. Лекин бу гапларни қандай қилиб Ҳўрмуз-жий, Носирдон-жийларнинг миясига сингдириб бўлади? Бошдан, оёқ спиртга бўккан бу харомхўрлар умрларида ҳеч қачон бир чўпни у ердан бу ерга олиб қўйишмаган. Улар халқдан қўрқишади, шунинг учун инглизларнинг қайтиб келишини интизор бўлиб кутишади, фақат шундагина улар яна жарақ-жарақ пулларни супуриб ола бошлайдилар!

* * *

Кеч кириб, камера ичи қоронғилаша бошлади; шу пайт кутилмаганда дарчадан субҳидам мўралагандай бўлди; бу — маратҳий қизининг маъюс аммо порлоқ чеҳраси эди. Унинг қўлида чуқур лаган бўлиб, устига бошқа лаган тўнкарилган эди. Абдул Мажид унга эҳтиром кўрсатиб камера эшигини очди ва қиз хижолат бўлганидан кўзини ерга тикканча кириб келди.

У лаганни узунчоқ ёғоч ўриндиққа қўйди-да, Мардикорга эҳтиром ила таъзим қилиб, унинг оёғига қўл учини теккизди, сўнг Исҳоққа ҳам эгилиб таъзим қилиб, яна Мардикорга ўгирилди ва майин овоз билан маратҳий тилида деди:
— Сизларга овқат олиб келдим — икковингизга.
— Раҳмат, лекин нима қилардинг овора бўлиб? — деди Мардикор. — Бу Васанти, — у қизни Исҳоққа таништирди. — “Атиргул отели”да кир ювувчи бўлиб ишлайди. Аниқроғи — ишларди. Энди Ҳўрмуз-жий уни бўшатиб юборибди.

Исҳоқ бу азамат қизга тикилиб қаради. Уятчан қиз қимтина-қимтина ахири тилга кирди:
— Мен ўша мурожаатномага қўл қўёлмадим — аёл киши бўлганим учун... Лекин соҳиб барибир мени яна ишга қайтариб олди.
— Олди? Олдига бориб кечирим сўрагандирсан-да? — деди Мардикор ҳафсаласи пир бўлиб.
— Ҳечам-да! — деди Васанти қизишиб. — Гап бошқа ёқда: отелимиз ходимлари, яна бошқа отелларнинг ходимлари ҳам — ҳаммалари иш ташлашди! Соҳиб роса хуноб бўлди, лекин бошқа иложи йўқ эди: мени ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруғини бекор қилишга мажбур бўлди.

Мардикорнинг юзи ёришиб кетди.

Васанти кафтларини бир-бирига босиб таклиф қилди:
— Овқатга марҳамат!
— Тағин қанақа янгиликлар бор? — суриштирди Мардикор.

Йигитлар овқат тановул қила бошладилар. Васанти юз берган янгиликларни сўзлаб берди:
— Ҳамма меҳмонхоналарнинг ходимлари ишламай қўйдилар; улар пул йиғишяпти... сизни қамоқдан озод қилиш учун. Бозордаги баққоллар ҳам пул беришди... Эртага Тримуртида митинг бўлади, сиз сўзга чиқишингиз керак...
— Кўрамиз... Обкелган овқатинг жуда мазали! Ойинг пиширдими ё ўзинг?
— Ўзим... — деди уялиб кетган Васанти. — Анави тожир Бҳерия бўлса қўрққанидан Бомбайга қочиб қолди. Буфетчимиз Жоннинг айтишича, бомбайлик аллома жанобларини судга берадиган одам йўқмиш энди.
— Гўшт жуда хушхўр бўлибди! — деб мақтади Исҳоқ. — Буниям ўзинг қовурдингми?
— Йўқ, ойим, — деркан чўғдай қизариб кетди Васанти. — Гўшт қовуришни билмайман ҳали. Ойим ҳам бугун шуни юзимга солди: “Эрга тегсанг фақат кир ювишни биласан, — деди, — дурустроқ овқат пишириш қўлингдан келмайди. Башарти уйингга биронта мусулмон ё бўлмаса гўшт ейдиган бошқа меҳмон келиб қолса, унда нима қиласан?” — “Вой, ойижон-е, — дедим. — Нима қилардим? Унгача ўрганиб оларман пазандаликни. Бугунча сиз қовуриб берақолинг” деб ялиндим ойимга. — Васанти нафис сарисининг чети билан лов-лов ёнаётган юзини тўсди.
— Зираворни ҳам боплабди ойинг, — деди Исҳоқ ҳузур қилиб тамшанаркан. — Бунақа зўр қовурилган гўштни ҳеч емагандим.

Учовлари хохолаб кулиб юборишди.

* * *

Қамоқхонадаги лампочка синган эди, камера қоп-қоронғи бўлиб қолди. Аҳён-аҳёнда булутлар орасидан ўроқ ой мўралаб қолар, шунда унинг деразадан кирган хира ёғдуси Мардикор билан Исҳоқнинг юзини сал-пал ёритарди. Улар дераза токчасида сиқилишиб ўтириб, худди қондош ака-укалардек бир-бирларини иситардилар. Қоронғида Мардикорнинг ҳаёт ҳақидаги изтиробли аммо ажойиб қиссаси эшитиларди:
— ... Хуллас, фронтдан қайтиб келганимда севгилим Камола қишлоқда йўқ эди. Аввалига ҳеч ким унинг тўғрисида оғиз очмади, эртаси куни ўзим ҳамма гапни билиб олдим: Камолани ота-онаси бомбайлик Пандуранг деган гулчига эрга бериб юборибди. Мен у гулчини билардим — Ҳиргам кўчаси билан Тҳакурдвар-роуд муюлишида унинг дўкони бўларди. Мен беш-олти кун қишлоқда бўлиб, кейин Бомбайга жўнадим — қишлоқда юрагимга қил сиғмай қолган эди, бу ердаги ҳар битта сўқмоқ оёғимдан тортиб, юришимга монелик қилаётгандай эди. Нуқул Камоланинг — маъбудам деб сиғинганим Камоланинг оёқ товушлари қулоғимга чалинаётгандай бўларди. Зеро мен ҳамиша, ҳатто госпиталда ўлим тўшагида ётганимда ҳам, у ерда қўлимни, кейин оёғимни кесишганда ҳам, ниҳоят, энди ҳеч қачон оёққа туролмаслигимни ўйлаб ётган пайтларимда ҳам унинг оёқ товушларини юрагим билан эшитардим! Тушуняпсанми, Исҳоқ — юрагим билан! Қара, нима деётганимни ўзим ҳам билмайман, — ахир юрак билан ҳам эшитиб бўларканми оёқ товушини?
— Сени жуда яхши тушуниб турибман, Анант! — ниҳоятда жиддий тарзда жавоб қилди Исҳоқ: ҳозир Жамиланинг рақс тушаётганида нафосат билан оёқ ташлаши унинг эсига тушганди.
— Бомбайга мен худди мана шунақа қоронғи тунда етиб бордим — изғиринли, рутубатли тун эди. Вақт алламаҳал бўлиб қолган бўлса ҳам, Тҳакурдвар-роуд муюлишида фонус ёниб турарди. Мен гулчи Пандурангнинг дўконига яқинроқ бориб, фонус қўндирилган устун панасида турганча узоқ вақт Камолани кузатдим. У эгнига тўқ-қизил ҳошияли пуштиранг сари кийган ва бениҳоя гўзал эди!... У энгашганча каттакон узун гулмаржон тўқирди.
— Ҳар ҳолда, яқинроқ боргандирсан? У сени кўрдими?
— Йўқ, мен устун панасидан чиқмай, Камолагинамга тикилганча туравердим. У шундай соҳибжамол, турмушидан шундай мамнун кўринардики, мен ўйланиб қолдим: рост-да, шу аҳволимда унинг кўзига қандай кўринаман, нима дейман? Нима, шунча узоқ йўл босиб машъум аҳволимдан нолигани келдим олдингга, дейманми? У билан хайрлашиб фронтга кетаётганимда бус-бутун одам эдим, мана, урушдан яримта бўлиб қайтдим. Камола энди мени танимас ҳам, деб ўйладим. Унга кимлигимни айтсам, мени бошдан оёқ кузатиб чиқиб, шундай қараш қилиши мумкинки, унақа қарашни кўргандан ўлиб кетган минг карра афзал. Тўғри, Камола айтадиган ҳар бир сўз учун, унинг ҳар бир нигоҳи учун албатта жой топилади менинг қалбимда, аммо мана бу аҳволим...
— Анант! — Исҳоқ унинг қўлини маҳкам сиқди.
— Мен Камоладан кўзимни узмай туравердим; ниҳоят, у гулмаржонни тўқиб бўлиб, Пандуранг томонга ўгирилди. У чиройли, соғлом йигит ва ... тўрт мучаси омон. Уларнинг қўллари — Пандуранг билан Камоланинг қўллари... туташдилар... Мен умримда ўша чоққача ҳеч йиғламаган эдим — на фронтда, на госпиталда. На ҳаёт, на мамот кўзимга ёш қалқитаолган, лекин ўша тун... Камоланинг қўллари Пандурангники билан қовушганини кўрганимда, кўзларимдан тирқираб ёш оқа бошлаганини ҳис этдим. Мен симёғоч панасида турганимча, ўпкамни тутолмай йиғлайвердим, йиғлайвердим... Назаримда, юрагим пора-пора бўлгандай эди.
— Боя сен мендан, нима учун урушни ёмон кўришим сабабини сўрадинг. Ўзинг ўйлаб кўр. Ахир мени шаҳдам-шаҳдам юрувчи оёғимдан, суюкли маҳбубамга узатишим мумкин бўлган қўлимдан, қўшиқларини тингловчи қулоғимдан жудо қилган шу лаънати уруш-ку! Бас, шундай экан, урушдан бошқа яна нимага қарши курашишим керак? Нима, севикли маъшуқам Камоладан нафратланайми? Йўқ, одам одамдан нафрантланмаслиги керак, Исҳоқ! Билъакс, биз мазлум, ёвуз, бадбахт ва қашшоқ одамларни ёруғ дунёга келтираётган ҳаётдан нафратланишимиз керак...

Шу пайт Исҳоқ кутилмаганда кўпдан бери ўзини қийнаб келаётган жумбоқли саволларга Анантнинг айнан шу ҳикоясидан жавоб топгандай бўлди. Бу жавоб Анантнинг сўзларидан ҳам кўра кўпроқ унинг бутун ҳаётида ўз аксини топган эди. Исҳоқ шуни ўйларкан, бутун вужуди ҳаловат ва қувонч уммонига ғарқ бўлганини ҳис этди. У бирданига жўшқин шижоат билан Анантни қучиб бағрига босди.
— Ие, бу нима қилганинг? — деб сўради Анант Исҳоқнинг кўзига тикилганча.

Исҳоқ жавоб бермади...

Улар ётишга ҳозирлик кўра бошладилар, шунда Исҳоқ Анантдан камерадаги ягона чўзинчоқ ўтирғичга ётишни талаб қилди, ўзи бўлса, кўрпага ўраниб, зах ерга ётди ва сал вақт ўтмай уни ҳузурбахш уйқу элитди.

* * *

Вақт ярим кечадан оққанида кимдир Исҳоқни елкасига туртиб, уйғотиб юборди. У кўзини очди, сапчиб ўрнидан туриб ўтирди, лекин уйқули кўзига қоронғида аллақандай товоқюз одамларнинг шарпалари ғира-шира кўринди. Исҳоқ нима бўлганини тушунмай, кўзларини ишқалаб, ниҳоят, ёнида турган Абдул Мажидни кўрди. Ундан сал нарироқда Элза илжайганча, эшик олдида эса, полиция инспектори муовини Самант хомуш кайфиятда турарди. Унинг белидаги қора камари ҳадеб бақалоқ қорнидан пастга сирғалар, формали калта шимининг почалари тиззасигача осилиб тушган эди.
— Бўлақол, тур тез, ўртоғингни ҳам уйғот! — деди Элза шўх оҳангда. — Сизларни гаровга озод қилиш масаласини ҳал қилдим.
— Мэм-соҳиб1 ҳоли-жонимга қўймадилар, — дея зорланди Самант. — Бир Лонавала бошқармасига телефон қилдирдилар, бир у ёқдан қўнғироқ бўлишини кутдилар. Гоҳ судъяга таҳдид солсалар, гоҳ отел хўжайинига зуғум қилдилар. Хуллас, тинка-мадоримни қуритди бу мэм-соҳиб! — Самант Исҳоққа узоқ вақт маъюс тикилиб қолди, сўнг гинахонлик қилиб деди: — Ахир айтувдинг-ку, бу ерда ҳеч кимим йўқ деб.

Исҳоқ унга жавобан фақат жилмаяркан, Мардикорни тортқилаб уйғотар ва ётган ўрнини йиғиштирарди.
— Қўявер! — деди Самант сал хафа бўлгандай, — Абдул Мажид йиғиштириб олади. Икковинглар, мана, мэм-соҳиб билан чиқиб кетаверинглар.

Қамоқхонанинг темир қопланган эшиги ғижирлаб очилди, сўнг яна ёпилди.

Исҳоқ енгил тортиб чуқур тин олди.

Самант уларни ташқари эшиккача кузатиб қўйиб, очиқ юз билан хайрлашди. У оқкўнгил одам бўлса керак, хайрлашганида ҳеч ранжимади, фақат умиди пучга чиққани салгина сезилиб турарди: рост-да, ҳеч қачон ҳеч нима содир бўлмайдиган бу ерда неча-неча йиллардан бери энди бир мартагина можаро бўлиши кутилганди, буни ҳам худо кўп кўриб, маҳбусларни гаровга олиб чиқиб кетишса-я...

Самант Исҳоқнинг қўлини маҳкам сиқиб хайрлашаркан:
— Келиб тур, дўстим! — деб таклиф қилди.

Учовлари полиция участкасидан чиқиб, катта кўчага тушишди. Шу пайт Исҳоқ ўз отели томон бурилмоқчи бўлган эди, лекин Элза унинг қўлидан ушлаб деди:
— Йўқ, у ёққамас, бекатга борамиз.
— Мен Бомбайга кетмоқчи эмасман ҳали! — деди Исҳоқ сал ғижингандай бўлиб. — Нима, судья мени кетқазиб юбориш ҳақида ҳукм чиқарганми?
— Йўқ, йўқ, — деб уни тинчитишга шошилди Элза. — Сен бу ерда кўнглингга сиққанча яшайверишинг мумкин. Мен жўнаб кетяпман. Эрталабки поездда. Ҳозир бўлса... — у қўл соатига қараб қўйди, — поезд жўнашига фақат уч соат қолибди. Юрагим бекатнинг кутиш залида. Юринглар, ўша ёққа борамиз, бироз гурунглашиб ўтирамиз. Вақтингиз борми? — сўради Элза Анантдан.

Анант Мардикор эҳтиром ила бош эгди. Бу таклифдан у беҳад мамнун эди.

Кутиш залида ҳеч зоғ йўқ эди. Бу ҳувиллаган хонада фақат бир стол билан тўртта стул, яна бурчакда Элзанинг ғарибгина юки турарди. Шифтга ўрнатилган каттакон вентилятор эринибгина айланарди.
— Ҳозир бир чойхўрлик қилсак, қандай яхши бўларди! — деди Элза.
— Тунги соат уч. Шу бемаҳалда чой қаёқда, дейсиз!

Буфет ёпиқ, буфетчи ухлаётган бўлса керак.
— Ҳечқиси йўқ, — деб гапга аралашди Мардикор. — Бу ердаги буфетчи менинг ошнам. Ухлаётган бўлса ҳам уйғотаман, бир зумда чой дамлаб беради.

Орадан сал вақт ўтар-ўтмас столда бир чойнак чой пайдо бўлди. Финжонларга қуйилган қайноқ хушбўй чойдан кўтарилган буғ стол атрофида сиқилишиб ўтирган Элза, Исҳоқ ва Мардикорларнинг мамнун чеҳраларига уфураётгандек бўлди.

Элза финжонини икки кафти орасига олиб аста-аста айлантираркан, паст овоз билан гапира бошлади:
— О, чой... Мўъжизакор чой!.. У не-не масофаларни босиб ўтади, не-не олис мамлакатларга ташриф буюради... Унинг тумордаккина оромбахш, муаттар барги шарофати билан одамларнинг дини, ёши, баданининг ранги ўртасидаги фарқлар йўқолиб кетади...
— Чой одамларни бир-бирига яқинлаштиради... — деди Мардикор хаёлга толиб. — Қамоқлар эса одамларни бир-биридан жудо қилади.
— Ҳозирча бизларни бир-биримиздан айирувчи кучларнинг қўли баланд, — деди Элза. — Менинг холам Ғарбий Берлинда яшайди, ойим бўлса Саксонияда яшарди — ҳозир у ер Шарқий Германия ҳисобланади. Ойим ўлими олдидан синглисини кўп қўмсабди. То жони узилгунча унинг йўлига кўз тикиб ётибди. Лекин холамнинг Ғарбий Берлинга боришига рухсат беришмабди. Дунёни бўлак-бўлакларга ажратувчи қандайдир одамлар опа-сингилнинг дийдор кўришишига йўл қўйишмабди. Айтинг, одамлар токайгача умидсизликда кун кечиришади? Айтмоқчиманки, майли, ирқлар, миллатлар, динлар ўртасида бундан кейин ҳам фарқ бўлаверсин; майли, одамларни бир-биридан айирувчи чегаралар ҳам бўлаверсин. Лекин кошкийди, уларнинг юрак ёзиб суҳбатлашишларига монелик қилмасалар! Ҳеч бўлмаганда, кошкийди, бирон-бир масалани жамоа бўлиб ҳал қила олиш учун бу рўйи заминда одамларнинг бир парчагина тақсимланмаган жамоа ери бўлса, кошкийди, жамики одамлар ҳаёт пайтларида ҳам, жон таслим қилаётган чоғларида ҳам бир-бирларининг юзларига очиқ чеҳра билан боқа олсалар! Ҳолбуки, ҳозирги пайтда одамлар юз-кўзларини қават-қават ҳижоблар билан ўраб олишганки, кимнинг қанақа одамлигини аниқлаш амри маҳол!

Элза жим бўлиб қолди, ҳаммалари сукут сақлаб чой ича бошлашди.
— Менинг бошим қотиб қолди... — салмоқланиб гап бошлади Исҳоқ. — Ҳеч нимага тушунмаяпман. Мана, мени олинглар: исмим Исҳоқ, ҳа, Рам Лаъл эмас, Исҳоқ. Наҳотки мени сотқин деб ҳисоблашлари учун шу исмимнинг ўзи кифоя бўлса? Айнан шундай ўйлайдиган одамлар ҳам бор атрофимизда. Қани, ўзингиз айтинг, гуноҳим нима менинг: ҳинду Рам Лаъл бўлмай, мусулмон Исҳоқ бўлганимми? А?

Мардикор сукутда.
— Ҳа, мен мусулмонман, исмим Исҳоқ! — қизишиб гапида давом этди Исҳоқ. — Лекин мен фақат шу заминда илдиз отиб палак ёзганман. Шу замин ёруғ дунёга келтирган мени; у менга куч-қудрат ва ишқ-муҳаббат шаробини ичирган — бундан кейин ҳам ичираверади! Илло ўзингиз яхши биласиз: дарахт ўсган сари, янги-янги новдалар чиқариб гуллай бошлайди, гарчи унинг танаси ер юзида қад кўтариб турса ҳам, илдизлари ер қаърига чуқур ботиб бораверади. Дарахт турган ерида самога кўз тикади, унинг шох ва новдалари дунёнинг ҳар томонига қараб чўзила бошлайди. Мен ҳам шу дарахтга ўхшайман — Ҳиндистон тупроғида илдиз отганман, жисмим ҳам шу заминда қад кўтарган-у, новдаларим дунёдаги кўп мамлакатларга — Покистону Эрон, Мисру, Албания, Марокашу Тунисгача чўзилиб борган; бу новдаларим яна Англия ва Русияга, Америка ва Японияга, Хитой ва Малайзияга ҳам етиб борган. Лекин одамлар исмимни эшитишган заҳоти менга шубҳа билан қарай бошлайдилар. Ҳар гал шу иштибоҳли боқишни кўрганимда юрак-бағрим хун бўлиб кетади. Ахир мен жонсиз тош эмас, тирик одамман-ку, нега тушунишни исташмайди?
— Бундан чиқди, сен фақат ўз исмингнигина ёқтираркансан-да? — сўради Элза.
— Йўғ-е! — деди Исҳоқ қатъий тарзда. — Йўқ! Менга Элза исми ҳам, Мардикор ҳам, Рам Лаъл исми ҳам, яна жуда кўп бошқа исмлар ҳам ёқади! Шу билан бирга, ўз исмимни ҳам яхши кўраман. Айтинг, наҳотки шу исмимнинг ўзи мени сотқин деб ҳисоблашлари учун асос бўла олса?
— Йўқ! — деди Мардикор жиддий тарзда. — Фақат ўз исминигина ардоқлаб, ўзга исмлардан нафратланувчи одамгина сотқиндир!
— Мен учун ҳар бир исм мисоли гул... — деб хаёл сургандай гапирди Элза ўз финжонига тикилиб ўтирар экан.
— О, бағоят ажойиб гап айтдинг! — деб Исҳоқ Элзанинг қўлидан ўпди. — Жуда-жуда мақбул гап! Ҳеч бир шоир бундан чиройлироқ сўз айтолмасди! Мен ёзувчиман, аммо ҳеч қачон ўйлаб тополмасдим бундай антиқа муқоясани — мен фақат энди, сенинг шу гапингдан кейингина исмлар жозибасини ҳис қила бошладим. Ҳар биримизнинг ўз ҳаёт йўлимиз бор, сиғинадиган динларимиз ҳам бошқа-бошқа, лекин гулзорда ҳам бир-бирига ўхшайдиган иккита гулни тополмайсан-ку! Бинобарин, ҳар битта одам — бу гул, ҳар бир инсон — бу китоб, биз ҳаммамиз — одамлармиз. Мен ҳам китоб ёзаман; шунинг учун, Ҳиндистон ва Покистондаги уруш оловини ёқувчи ғаламисларнинг фитна уюштираётганини кўрсам, юрагим ништар санчилгандай бўлади. Шунда мен, наҳотки бир кун келиб мен ҳам қўлимга милтиқ олсам ва ўзим учун энг азиз бўлган кишиларнинг кўксига ўқ узсам, деб ўйлаб кетаман. Ўзингиз ўйлаб кўринг, фақат ўз мамлакатини севиб, бошқа мамлакатлар, халқлар, динлар ва одамлардан нафратланишни, агар вазият тақозо қилса, қўлда қурол билан ўша одамларга қарши боришни ватанпарварлик деб бўладими, ахир? Йўқ, асло! Лекин ана шундай сафсатани тарғиб қилувчининг башарасига ликоп отсанг дарров сени ҳибсга оладилар! — дерди Исҳоқ ғазабини тия олмай. — Баъзида мен энг чуқур ўранинг қаърига ташлангандай ҳис қиламан ўзимни.

Мардикор гўё Исҳоққа таскин бермоқчи бўлгандай темир илгакли қўлини унинг елкасига қўйди.
— Қизиққонлик қилиб ликоп отиш билан ҳеч нимага эришиб бўлмайди, — деб гапира бошлади у. — Ғоятда совуққонлик билан, теран мулоҳаза билан курашмоқ лозим урушга қарши. Ҳамма мамлакатларда ҳам одамлар яшайди, ҳамма одамларнинг чиройли исмлари бор. Дунёда яхши одамлар кўп. Уларнинг ҳар бири ўз удумига амал қилиб яшайди, ҳар битта одам ўз исмига эга. Ҳамма ўз худосига сиғинади, ўз юртини севади, ўз китобини ўқийди. Ҳар битта халқ ўзи хоҳлаганча яшаш ҳуқуқига эга, аммо у халқлар қўлига қурол тутқазиб, уларни ўқ ёмғири остига жўнатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Биз одамлар қўлидан қуролларни тортиб олиб уларга гуллар тутқазишимиз керак. Биласанми, қўлида гул ушлаб турган одамнинг оғзидан ғазабнок сўзлар эшитилса, ундай одам ғирт аҳмоқ бўлиб кўринади-ку... Мана, ўзинг бир тасаввур қилиб кўр — аҳмоққа ўхшайдими ундай одам ё йўқми?

Исҳоқ кулиб юборди.
— Лекин бу осонликча амалга ошадиган иш эмас — одамлар қўлидан қуролларни тортиб олиб уларга гул тутқазиш! — деб хўрсиниб қўйди Мардикор.

Исҳоқ индамади, кейин суҳбат мавзуини ўзгартирмоқчи бўлгандай деди:
— Мана, сен кетяпсан, Элза. Лекин менга итальян миссияси рўпарасидаги шалолани кўрсатмоқчи бўлувдинг— кўрсатмадинг ҳам...
— Сен отган ликоп барча режаларимизни барбод қилди. Энди ўша шалолани бир ўзинг бориб кўрасан.
— Яна бир кунга қолақолгин! — илтимос қилди Исҳоқ. — Эртага кетарсан.
— Иложим йўқ, Исҳоқ.
— Қолақол, бир кун кейинроқ кетсанг нима қипти!
— Йўқ, шу бугун кетишим керак.
— Хўп, яхши, унда кечки поездда кетақол. Мен фақат бир неча соатгагина қолишингни сўраяпман.
— Йўқ, Исҳоқ, мен ҳозир, эрталабки поездда жўнайман.
— Жуда ўжарсан-да, — деб жилмайиб қўйди Исҳоқ.

Унинг бу жилмайишини Элза жавобсиз қолдирди. У лаблари чирт юмилган, қони қочган юзини Исҳоққа бурганча қимир этмай ўтирарди. Унинг кўзлари бирдан торайиб сузилди. Исҳоқ қайси айтган сўзи билан бу аёлни хафа қилиб қўйганини билолмай ҳайрон эди.
— Элза, — хижолат тортиб гапира бошлади у. — Азизам Элза! Нега менга бунақа қараяпсан? Нима дедим? Агар дилингни оғритган бўлсам — кечир.

Элза индамади.
— Мени авф этинг, мадам, — деб ҳазил қилмоқчи бўлди Исҳоқ.
— Кераги йўқ. Исҳоқ. Шунчаки, сен ўзинг билмай туриб, бир воқеани эсимга тушириб қўйдинг.
— Қандай воқеани?

Элза узоқ сукутга толди. Ҳаммаёқ жим-жит эди. Теран уйқудаги бекат тинчи¬ни ҳали ҳеч нима — на паровознинг пишқириши, на поезд ғилдиракларининг гулдур-гулдури бузарди.

Элза кутилмаганда баралла овоз билан гапира бошлади:
— Баъзи пайтларда мен Париждаги вокзалда эрим билан туриб поезд келишини кутаётгандай ҳис қиламан ўзимни. Сенга айтган эдим, уруш бошланганида, эрим билан икковимиз қийнала-қийнала Германиядан қочган эдик. Ўша ойим биз билан кетишни хоҳламаган эди. Эримнинг ота-онаси ҳам, яҳудий бўлганлари сабабли, қочишга мажбур эдилар. Ҳаммамиз чегарада биқиниб ўтириб, фурсат келишини кута бошладик. Фурсат келганида, бизга ёрдам кўрсатаётган одамлар, чегарадан фақат икки кишилаб ўтказа олишларини айтишди. Олдига улар мен билан эримни ўтказиб юборишди, эримнинг ота-онаси эса, эртаси куни худди шу рақамли поездда Парижга етиб боришини ва биз уларни кутиб олишимиз мумкинлигини айтишди... Биз эртаси куни тайинланган пайтда вокзалга бордик. Поездни узоқ кутдик, лекин ўша куни поезд келмади... Вақт ўтиб борарди... Эсимда, эрим нуқул ирғиб ўрнидан туриб кетиб, семафорга тикилиб қарарди. Орадан бир соат, икки соат ўтди, узоқларга чўзилган темир из мудом ҳувиллаб турарди... Ўша куни ҳеч қандай поезд келмади. Биз руҳимиз тушиб отелга қайтдик... Эртаси куни ўша пайтда яна вокзалга бордик. Поезд жадвалда кўрсатилган пайтда етиб келди, лекин унда эримнинг ота-онаси йўқ эди. Биз ҳам вагонларга кириб чиқдик — улар йўқ эди. Ўзимнинг юрагим безиллаб турган бўлса ҳам, эримни юпатишга ҳаракат қилдим: “Балки ота-онангни чегарадан олиб ўтишнинг иложи бугун бўлмагандир, уларни поездга ўтқазиша олмагандир, — дедим, — эртага албатта келишади.” Эртаси куни ота-онасини қарши олгани эримнинг ўзи борди. Яна... Яна бораверди... Шу зайлда орадан ўн беш кун ўтди. Поезд ҳар куни келиб турди, лекин эримнинг ота-онаси келмади. Биз орзиқиб кутган одамлар ҳеч қачон келишмади... Ўшандан бери эрим сал ғалатироқ бўлиб қолди. У жисман ҳам, рухан ҳам соппа-соғ, лекин аҳён-аҳёнда, сокин тунда қандайдир паровоз гудоги ёки поезд ғилдиракларининг тарақа-туруқ овози эшитилгудек бўлса, у уйқусираб: “Ойижон! Дадажон!” — деб бақира бошлайди.

Элза жим қолди. Мардикорнинг кўзларига ёш қалқиди.
— Нима учун айнан шу поездда жўнаб кетишим лозимлигини энди тушунгандирсан? — сўради Элза. — Эрим мени кутади, поезд борса-ю, унда мен...
— Йўқ, йўқ, Элза! — деб Исҳоқ унинг сўзини бўлди ва қўлини маҳкам сиқиб қўйди. — Сен, албатта, шу эрталабки поездда жўна!

Элзанинг ҳикояси Исҳоқда жуда чуқур таассурот уйғотди. У ўз отели томон бораркан ўйларди: “Элза ўз ҳаётида жуда кўп аламли синовларни бошидан кечирибди-ю, лекин бу синовлардан у аччиқ изтироб чекишни эмас, ўзгаларнинг аянчли кулфатларини теран таҳлил қилишни ўрганибди. Қандай оқила аёл-а!”

У яна бир ҳолатни эслади: Элза вагон деразасидан қўл чўзиб у билан хайрлашганида, ўзларининг тенгқур эканликларини унутгандай, худди она янглиғ насиҳат қилганди:
— Ишончим комил, сен яшайсан, Исҳоқ! Дунёда қанча аёл бўлса, шунча марта севиш мумкин; энг садоқатли ошиқлар — ҳамиша эркаклардир. Шунинг учун... шунинг учун сен яшайсан, Исҳоқ! Сўз бер менга... яшайман деб сўз бер!

Вале Исҳоқ ҳеч нима деб сўз бера олмасди. “Севиш” сўзи унинг кўзи олдида Жамила қиёфасини гавдалантирди — Исҳоқ, гўё юрагини ўткир тиғ тилиб ўтгандай ҳис қилди ўзини. Шу заҳоти дунёдаги кўзни қувонтирувчи барча бўёқлар ўчиб, ҳаммаёқни бемисл ғам-андуҳ қамраб олди. Исҳоқ Элзанинг гапига жавобан тишларини гижир қилиб, фақат лабининг икки чети билангина жилмайди. Бу жилмайиш эмас, жароҳат... ҳадемай очилиб кетиши муқаррар бўлган жароҳат эди...

* * *

Бозорда Мардикор Исҳоқ билан хайрлашди.
— Бугун кечқурун Тримуртида митинг ўтказамиз, — деди у Исҳоққа қўл узатаркан, — келасанми?

Исҳоқ “ҳа” ҳам, “йўқ” ҳам демади. У Мардикорнинг қўлини сиқиб хайрлашаркан, бошини хам қилганча, ўз отели жойлашган тепаликка кўтарила бошлади. У тез юриб чиқиб ҳовли орқали коттежга кириб борди. У чарчаган эди — хонага кира солиб диванга чўкди. Кўзлари ғилт-ғилт ёш Исҳоқ хонада яна биров борлигини сезмади. Кутилмаганда қулоғига таниш овоз эшитилди:
— Менга қара, Исҳоқ! Шунақаям бўладими — қачондан бери кутиб ўтирибман-а сени! Билдинг!

Исҳоқ бир сесканиб тушиб бошини кўтарди: рўпарасидаги оромкурсида Мўлтоний ўтирарди.

У бир қарашдаёқ Мўлтонийнинг юзида қандайдир ғалати ўзгариш содир бўлганини кўрди.

Ҳар битта одамнинг юзи фақат ўзигагина хос бўлган бетакрор аломатларга эга, одам юзи мутлақо алоҳидадир, у ўз эгасининг алоҳида шахс эканлигини акс эттиради ва бу ҳол уни бошқа биронта ҳам юзга ўхшамайдиган, антиқа юзга айлантиради. Мўлтонийнинг юзи ҳам Исҳоққа шу дамда қандайдир мутлақо алоҳида, бошқа юзларга асло ўхшамайдиган бўлиб кўринди. Одамнинг юзи ўз эгасининг нафақат яккаю ягона шахс эканлигини, шунингдек, унинг қандай кайфиятда эканлигини ҳам ўзида акс эттиради, баъзида ҳатто унинг руҳий кечинмаларини ҳам ифодалаб бериши мумкин. Исҳоқ Мўлтонийни худди биринчи марта кўраётгандек, унга астойдил тикилиб қаради. Унинг устарада қирилмаган заъфарон ва қотма яноқларида чечак излари элас-элас кўриниб турар, лаби устида ғалати бир тарзда танқайган бурни ялпоқ, қуюқ қошлари остидаги бит кўзлари муҳмал ҳаяжон билан мўлтирарди. Дўрдоқ ва қорамтир лабларининг икки чеккаси чирт юмилиб, фақат юқори жағидаги иккита тишинигина кўрсатиб турарди. Мўлтонийнинг лаблари илгари бошқача эди. Унинг юзи ҳам руҳий кайфиятини ҳеч қачон бу қадар аниқ ифодаламаган эди. Мўлтонийни чиройли йигит деб бўлмасди, лекин Исҳоқнинг кўзига у ҳеч қачон бунчали бадбашара бўлиб кўринмаган эди. Илгари ҳам унинг айрим қилиқларидан, зоҳирий нуқсонлари устидан кулиш мумкин эди, аммо ҳеч қачон у ҳозиргидек кулгили аҳволда бўлмаганди. Бугун Мўлтоний жуда ғалати, дилгир, ранги сўлғин кўринарди...

Шунда бирдан Исҳоқнинг миясига даҳшатли фикр ништардек санчилди.
— Жамила... — деб юборди у Мўлтонийнинг қўлидан ушларкан. — Гапир, нима бўлди унга?...

Мўлтоний жавоб бермоқчи бўлди, кекирдаги ликиллаб баланд-пастга чиқиб тушди, аммо бир сўз ҳам айта олмади. У уч оёқли столчада турган сувли графинни қўлига олди ва ҳудди қаттиқ сувсаган одамдай, унинг оғзидан қулқуллатиб ича бошлади. Унинг бу сув ичишини кўрган Исҳоқ ҳанг-манг бўлиб қолди, сўнг унинг елкасига чанг солиб, энтика-энтика сўради:
— Нега индамайсан? Нима бўлди Жамилага? Гапирсанг-чи!
— Бэбига ҳеч нима бўлгани йўқ, — деди Мўлтоний паст овозда.

Жамиланинг соғ-омон эканлигини билган Исҳоқнинг хаёли энди бошқа томонга йўналди. У ғазаб отига миниб, Мўлтонийга бақириб берди:
— Бас қил уни Бэби дейишни! Топган қизалоғингни қара-ю — у аллақачон йигирма беш ёшни қоралаб бўлган.
— У билан танишганимда энди ўн тўққизга кирган жажжи қизча эди, гаплари ҳам гўдак болаларнинг гапига ўхшарди. Мен учун у доимо Бэби бўлиб қолади.
— Қандай танишгансан у билан? — сўради Исҳоқ.

Мўлтоний кўзларини юмди. Ҳатто қовоқларида ҳам чечак излари бор эди. У кўзини юмганида, юзи яна ҳам аломатроқ бўлиб кўринди.
— Бунга олти йил бўлди. Ўшанда биз Бомбайга Адандан келган эдик. Қирғоққа тушган заҳотимиз ичкилик ҳамда аёлларни қидира кетдик. У пайтда мен ҳам ҳар қайси портда хотини бўлган зобитлар сингари кун кечирардим. Биз ўша куни тунда бир нечта улфатлар билан маишат қилдик, Жамилани мен шу кеча учратгандим. Уни менга бир қўшмачи тавсия қиларкан, иффатли, маъсума қиз, деб қасам ҳам ичганди. Мен бу қиз учун унга юз эллик рупия бердим. Кейин Бэби билан иккаламиз қолганимизда у: “Оҳ, қандай бахти қаро қизман! Наҳотки, менинг номусимни ҳимоя қиладиган биронта ҳам азамат топилмаса бу дунёда?” — деб зорланди. Билдинг? У менга шундай деди, менга-я! Шунда мен унга: “Ўзим сенинг номусингни ҳимоя қиламан”, — деб айтдим. Нимагаки, унинг айтишича, ўша кеча унинг эркак киши билан биринчи марта бўлиши экан, уйларида кун кечириш учун ҳеч вақолари бўлмаганидан шундай қилишга рози бўлган экан... ўша кечаси биринчи марта.
— Унинг ҳар кечаси биринчи марта! — деди Исҳоқ жаҳолат билан.
— Бекорларни айтибсан! — деб бақирди Мўлтоний.

Унинг юзига бирдан қон қуйилди, бутун вужуди дағ-дағ қалтирай бошлади, кўзлари эса, Исҳоқни тилка-пора қилиб ташлашга шайлангандай қаҳру ғазаб билан боқарди.
— Хўп, бўпти, бўпти! Кечир мени, — деб юпатди уни Исҳоқ. — Сен ҳақсан. Жамиланинг бокира қизлигига ишонаман. У субҳидам ҳавосидек маъсума ва покиза. У ёғини гапир.
— Бэбини ёмонлаб гапиришганини эшитсам ўзимни тутиб туролмайман! — деди Мўлтоний бошини ерга эгганча. — Қоним қайнаб кетади! Ўша ёмон сўз айтган одамни ғажиб ташласам дейман!

Мўлтоний бу гапини шундай теран ва комил ишонч билан айтдики, Исҳоқ унга ишонди.

Мен Бэбини олти йилдан бери биламан... ўз иффатини сотиш учун келган ўша тундан бери. Ўша пайтдан бошлаб уни ҳимоямга олганман ва номусини муҳофаза қилиб келаман. Маошим олти юз эллик рупия бўлганида унга ҳар ойда беш юз рупиядан юбориб турдим. Кейин иккинчи механик лавозимига кўтарилиб, маошим бир минг икки юз рупияга ошганида, Жамилага тўққиз юз рупиядан жўнатиб турдим. Ҳалигача ҳар ойда муттасил юбориб тураман. Кейин Мужгаон кўчасидан унга уй ҳам олиб бердим. Бэбининг рақс тушишига хоҳиши борлигини билганимда — унга устоз ёлладим. Бэби яхши кийинишни, яхши жиҳозланган хонадонда яшашни ёқтираркан. Буни эшитиб унга: “Бэби, — дедим, — менинг қўлларим сенинг амрингга мунтазир, кўнглинг тусаган нарсани қилавер”. Сен уникида бўлгансан, кўргандирсан Бэбиимнинг қандай ҳузур-ҳаловатда яшаётганини?
— Биламан. Унинг нималарни ёқтиришини ҳам биламан. Ҳамма айтган гапларинг тўғри, Мўлтоний, қолаверса, у чиндан ҳам ғоят ёқимтой ва латофатли қиз.
— Ҳа, менинг Бэбиим энг латифа, энг соҳибжамол қиз бу дунёда! Шунинг учун ҳам уни ҳеч унутолмайман! — Мўлтоний уч оёқли столчага гурсиллатиб мушт туширди. — Мен бутун дунёни кезиб чиқдим, ҳатто Жанубий Америкада ҳам бўлганман, барча портларда бўлиб, ҳамма мамлакатларнинг аёлларини кўрдим, сенга шуни очиқ айтишим мумкинки, менинг Бэбиимга ўхшаган қиз бошқа йўқ бу дунёда!
— Шубҳа йўқ бунга, — деди Исҳоқ истар-истамас унинг гапига қўшилиб, чунки Мўлтоний энди унинг ғашига тега бошлаган эди.
— Мен уни олти йилдан бери авайлаб-асраб келяпман. Агар аёл киши бахтли бўлса, ўз уйи, ўз пули бўлса, турмуши ҳаловатли бўлса, — нега энди фоҳиша бўларкан? Тўғрими гапим?
— Ҳа, тўғри, албатта! — бош эгиб тасдиқлади Исҳоқ.
— Бутун дунёни кезиб чиқиб ҳам менинг Бэбиимдай оқкўнгил, покиза қизни тополмайсан, — қатъий ишонч билан деди Мўлтоний.

Исҳоқ индамади — у ўз фикрлари оғушида эди.
— Қани, менга айт-чи, — деди у бироздан сўнг, — сени Жамила юбордими олдимга?
— Йўқ, ўзим келдим! — деб Мўлтоний яна столчага мушт туширди.

Исҳоқ столчадаги графинни олиб, бир чеккага қўйди, кейин сигарета қутисини олиб, битта сигаретани Мўлтонийнинг лабига қистирди, иккинчисини ўзига олди-да, Мўлтонийга олов тутаркан, кутилмаганда сўради:
— Сен бирон марта бўлса ҳеч ўйлаб кўрганмисан — Жамилани қай даражада яхши кўришингни?
— Нима демоқчисан бу билан?
— Айтмоқчиманки, сен Жамилани қай йўсинда яхши кўришинг ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисан? Уни ака сифатида яхши кўрасанми ё эркак сифатидами? Зеро бу яхши кўришлару севишлар бир-биридан тамомила фарқ қилади.

Мўлтоний сигарета тутунидан қалқиб кетиб, анчагача йўталини боса олмади. Исҳоқ стаканга сув қуйиб унга узатди. Мўлтоний сувни ичиб сал ўзига келди, нафас олиши равонлашди, лекин, барибир, Исҳоқнинг саволига жавоб қайтармади.

Тўғри, Исҳоқ учун аҳамиятсиз эди унинг жавоби.
— Сенга нонушта буюрайми? — сўради у дивандан тураркан.
— Йўқ, ўтир. Сен билан гаплашиб олишим керак, — деди кутилмаганда Мўлтоний ва яна жим бўлиб қолди.

Исҳоқ яна савол берди:
— Жамила юбордими сени бу ерга?
— Ҳа! — деди Мўлтоний кўзларини яшириб. — Жамила менга ҳамма гапни айтиб берди. Билдинг?
— Ҳамма гапни? — сўради Исҳоқ.
— Ҳа, ҳаммасини. Бэбини алдаб йўлдан оздирмоқчи бўлганингни ҳам, у сени рад этганини ҳам, кейин сен уни ичириб қўйиб номусига тегмоқчи бўлганингни ҳам, шунга қарамай, у ўзини сендан ҳимоя қила олганини ҳам сўзлаб берди. Сен менинг ярим йиллик денгиз сафарига жўнаб кетганимдан фойдаланиб, унинг уйи атрофида гирдикапалак бўлиб юргансан, барибир у сени ҳайдаб юборган, ҳеч сўзинг ўтмаганидан кейин, менга турмушга чиқ, деб ёлбора бошлабсан. Лекин менинг Бэбиим гапларингга қулоқ солмабди, сени эшикдан киритмай ҳайдаб юборибди. Ана шундан кейин, сен ўзимни ўлдираман, деб бу ёққа жўнабсан. Менинг Бэбиим жуда-жуда раҳмдил, у менга ҳамма гапни айтиб берди. Бэби сенинг ҳам, бошқаларнинг ҳам уни деб ўлиб кетишини истамайди. Шунийчун, сени ўлимдан асраб қолиш мақсадида, олдингга мени юборди — ҳамма гапни тушунтиргани. Эҳ, сени қара-ю! Ёзувчи аҳлининг аёлларга бунақа ёмон муносабатда бўлишини билмаган эканман! Сени жуда ҳурмат қилардим! Билсам, Бэбининг номусига тегмоқчи бўлибсан; билсам, ёзувчинимас, газандани ўз қўлим билан меҳмон қилган эканман, билдинг?
— Айтинг-чи, мистер, қачон мени ўз қўлингиз билан меҳмон қилган эдингиз? — сўради қаҳри қайнаган Исҳоқ. — Унутманг, мен сизга Бэби эмасман!
— Нима, сени мен кечлик таом ва вино билан меҳмон қилмаганмидим, иффатли аёл билан таништирмаганмидим? — Мўлтонийнинг сузук кўзлари ваҳшиёна ғазаб билан ёнарди.

Исҳоқ ҳам ғазабдан тутоқиб кетди. У ўрнидан ирғиб туриб, хона ичида катта-катта қадам ташлаб юра бошлади, аммо бу вазият ғазабини баттар алангалатди. У товонида шартта бурилиб, Мўлтонийнинг тепасига келди ва қўлларини унинг елкасига қаттиқ босганча деди:
— Менга қара, ҳей, Моти Рам Мўлтоний, сен аҳмоқсан! Аҳмоқлар аҳмоғисан! Аёл кишига яхши хонадон, шинам жиҳозлар, пул, хотиржам турмушдан бошқа яна баъзи бир нарсалар кераклигини наҳотки билмасанг? Афсуски, сен у нарсаларни бера олмайсан. Беришни хоҳлайсан-у, лекин беролмайсан. Гапларимни яхшилаб қулоғингга қуйиб ол, эй, тентак! Сен Жамилани ака сифатида эмас, эркак сифатида севасан, лекин буни эътироф этгани юрагинг дов бермайди, чунки сен ўлгудек қўрқоқсан. Сен турли портларда аёлларни пулга сотиб олишга одатлангансан — худди мева-чева ё ичкилик харид қилгандай. Сен муҳаббатни ҳам ҳар ойда олти юз ё тўққиз юз рупияга сотиб олмоқчи бўлгансан, лекин бу қизнинг нақадар қимматга тушаётганини тан олишга қўрқасан. Ҳар ой унга пул юбориб тураркансан, юрагинг худди қинидан чиқиб кетгудек гурс-гурс тепа бошлайди, аммо, барибир, унга қўлингнинг уччини теккизишга ҳам юрагинг бетламайди. Сен оддий бир аёлни Бэби деб юрибсан. Жамила ҳеч ҳам гўдак қизалоқ эмас!... Қизалоқ ҳам, маъбуда ҳам, маъсума ҳам эмас. У ўн тўққиз ёшдалик чоғида ҳам шундай бўлган. Гапимни яхшилаб эшитиб ол — у олти йилдан бери сени алдаб келяпти, сен бўлсанг ўзингни ўзинг алдаяпсан. Боз устига, ўз ёлғонларингга ўзинг ишониб келяпсан. Лекин Жамилага кўп ҳам айб қўйиб бўлмайди бу масалада — айб ўзингда, ўзинг олти йилдан бери сени алдашларини хоҳлаб яшаб келяпсан. Бугун мен кўзингни қоплаган ўша ёлғон пардасини юлиб ташламоқчиман. Эшит гапимни, яхшилаб эшит: сенинг Жамиланг ҳеч қачон маъбуда бўлмаган. Эй, “Низом” кемасининг иккинчи механиги мистер Моти Рам Мўлтоний, билиб қўйинг, ҳар кеча бошқа эркак билан тўшакда ётадиган аёл қанчали покиза ва беқусур бўлса, сизнинг Жамилангиз ҳам шундай покиза ва иффатли қиздир!

Мўлтоний ерда турган сув тўла графинни олиб, Исҳоққа отди. Исҳоқ чап бериб қолди, графин деворга урилиб чил-чил синди. Мўлтоний стулни олиб отмоқчи бўлди, лекин Исҳоқ вақтида унинг қўлидан маҳкам ушлаб қолди. Мўлтоний жазаваси тутиб, худди телба одамдек муштлаша бошлади; уни ҳеч тинчитиб бўлмади, шунда Исҳоқ унинг пастки жағини мўлжаллаб бир зарба берган эди, у гандираклаб кетиб, диванга “гурс” қулади. У диванда дағ-дағ қалтираб ётаркан, юзини кафтлари билан қоплаганча ҳўнграб йиғларди. Мўлтоний оғир руҳий тушкунликка учраган ўкинчли одамдай, кекирдагига қурбонлик пичоғи тиралганини ҳис этиб, яшашдан умидини узган ночор жонивордек, бошига бутун осмон ағдарилиб тушиб, уни графин синиқларидек майда-майда бўлакларга ажратиб сочиб юборгандай, ўксиб-ўксиб йиғларди.

Исҳоқ Мўлтонийни юпатмади; у биларди: Мўлтоний тўйиб-тўйиб йиғлаб олиши керак эди. У чўққайиб ўтириб, графин синиқларини дастрўмолига йиға бошлади. Кейин ваннахонага ўтиб, юз-қўлини ювди-да, меҳмонхонага қайтиб чиқиб, диванга ўтирди ва сигарета чека бошлади. Мўлтоний юз-тубан ётар, лекин энди ҳўнграши эшитилмасди. Исҳоқ унинг ёнига ўтириб елкасини силай бошлади. Мўлтоний ёнбошлаб ётди. Исҳоқ унинг бошига ёстиқ қўйди. Мўлтоний йиғидан тўхтаган бўлса ҳам, кўзлари ҳали ғилт-ғилт ёш эди.
— Кеча кечқурун, — деди у, — Бэби менга турмушга чиқишни хоҳламаслигини айтди.

Икковлари узоқ жим қолишди.
— Нима учун? — сўради ниҳоят Исҳоқ.
— “Сен мусулмон эмассан, пулинг кам, ундан кейин, чиройли ҳаммассан. Қанақасига яхши кўрай сени?” — деди у.
— Ие, наҳотки... — деб Исҳоқ бир зумга тутилиб қолди, кейин гапини давом эттирди: — Наҳотки одамни фақат мусулмон ё ҳинд, ё яна бошқа бирон тоифа вакили бўлгани учунгина севиш лозим бўлса? Наҳотки фақат машинаси бўлганларни, пулдор бойларни ё ҳусндор ва яғриндор йигит¬ларнигина севишса?
— “Йўқ, муҳаббат эмас бу! — деб ўйларди Исҳоқ. — Ўша серҳашам уй ҳам, ўша нейлон сари ҳам, ўша игна пошнали туфли ҳам муҳаббат эмас. На илож, бордир балки шунақа муҳаббат ҳам — оёққа лойиқ туфли танлашни ифодаловчи муҳаббат...”

Мўлтоний жим эди. Унинг жағи шиша бошлади, ёрилган лабидан қон сизарди. Исҳоқ қонни рўмолчаси билан артди, кейин шошмасдан ва ҳеч нима демасдан аптечка қутисини ковлаштириб, пластир топди-да, уни Мўлтонийнинг лабига ёпиштириб қўйди.

Ниҳоят, Мўлтоний ўрнидан туриб ўтирди.
— Мен борай, — деди у.
— Қаёққа?

Мўлтоний индамади. Унинг кўзларини изтиробли дарди қамраб олган эди; мана, ниҳоят, ўша дард ғойиб бўлди ва Мўлтоний аста-аста гапира бошлади:
— Энди биламан нима қилишим кераклигини. “Низом”дан бўшаб, бошқа биронта чет эл кемасига ёлланаман. Яқинда мени битта Жанубий Америка кемасига бош механик лавозимига таклиф қилишган эди. Маош — бир минг олти юз экан. Ўша кемага ишга ўтаман, шундан кейин Бомбайга ўлсам ҳам қайтиб келмайман — елкамнинг чуқури кўрсин! Лекин Бэбига бояги-боягидай, пул юбориб туравераман — ҳар ойда бир минг икки юздан.
— Шунча бўлган гапларга қарамай-а?
— Ҳеч қандай гапга қарамай! — деб зўрға жавоб қилди Моти Рам Мўлтоний.

Исҳоқ ҳайрон бўлиб, унга тикилиб қолди.
— Ҳа, сенинг бу ерда менга айтган гапларингга қарамай, Бэбининг менга деган гапларига ҳам қарамай, ҳар хил одамлар тарқатган миш-мишларга ҳам қарамай ва ниҳоят, олти йилдан бери кўнглимдан кечаётган жиддий фикр-мулоҳазаларга ҳам қарамай!.. Зеро менинг юрагимдан жой олган Бэби ҳамиша Бэби бўлиб қолаверади қалбимнинг тўрида. Билдинг?

Мўлтоний дивандан турди ва Исҳоққа қараб хиёлгина жилмайиб қўйди.

Исҳоқ илгари ҳеч тушуна олмаган кўп, жуда кўп нарсаларни Мўлтоний¬нинг ана шу жилмайиши ёрдамида бирдан тушуниб олгандай бўлди. Бу заифгина табассум Мўлтонийнинг юзини тамомила ўзгартириб кўрсатди Исҳоққа — ҳозир унинг юзлари хунук, ёқимсиз аломатлар ниқоби кўтарилиб, хушбичим инсоний чеҳра намоён бўлганди. Бу чеҳрада Ромеонинг бузурглиги, Ранжҳанинг вафодорлиги ва Маҳивал1 нинг барнолиги мужассам бўлган эди. Ҳозир Мўлтоний самимият ва садоқат, софдиллик ва эзгулик, энг покиза олижаноблик тимсоли бўлиб кўринди Исҳоқнинг кўзига. Ким айтди, бизнинг замонамизда чин муҳаббат туйғуси қолмаган деб? Ким?

Исҳоқнинг ёшланган кўзи ачиди. У Мўлтонийга бир сўз ҳам айта олмади, ҳатто унга қўл узатишга ҳам журъат этмади.

Мўлтоний ерда ётган беретини олиб бошига кийди, яна бир марта Исҳоқ томонга хижолатли нигоҳ ташлади-да, бирдан инглиз тилида деди:
— H HISAN investment in a dream!

У беретини бир ёнига қийшайтирди, қўл силтаб хайрлашди ва эшикдан чиқиб кетди.

Исҳоқ унинг орқасидан айвонга чиқди, лекин ҳеч нима демади. У Мўлтонийни энди ҳеч қачон кўрмаслигини яхши биларди. Қайси денгизларда сузаркин унинг кемаси, қайси соҳилларга етаклаб бораркин унинг безовта қалби? Қайси замину қайси само ўз бағрига оларкин? Тунини қай маконда ўтказаркин? Бу одам учун энди ҳеч қачон қўшиқ куйланмайди, энди у ҳамма нарсадан умидини узган. Лекин шунга қарамай, у севади. Курраи заминда шундай одамлар борки, улар ҳеч кимга ҳеч нима гапирмайдилар, ҳеч қачон ҳеч нимага муяссар бўлолмайдилар, ўз ҳаётий йўлларида ҳеч нимани учратмайдилар, уларнинг бутун қувончи фақат орзулардир.

“An investment in a dream”. О, одамларнинг бундай бахтга ташналигини баён этмоқ учун қандай фусункор сўзлар, қандай латиф тил, қандай теран фалсафий тафаккур керак бўлади...

Алвидо, Мўлтоний!

* * *

Бугун Исҳоқ ҳаётининг охирги куни, вале у шунча вақт қандай ўтиб кетганини, нимага сарфланганини ҳам сезмабди. Бугун у на нонушта қилди, на тушлик — ҳамма нарсани унутганди. Хаёлот оғушида бўлган Исҳоқ кун бўйи фақат сигарета чекиб, ўз фикрларини тартибга келтиришга уринди. Кечга бориб коттеж орқасидаги бир парчагина ҳовлига соя тушганида, у шезлонгни1 очиқ ҳавога олиб чиқиб қўйишларини буюрди ва унга чўзилиб ётди. Кўкда булутлар тўплана бошлади, аммо Исҳоқ уларни кўрмади. У ўйларди. Ўтмиш манзаралари унинг миясида худди ¬кино экранида кўрингандай пайдо бўла бошладилар.

Ёмғирнинг биринчи томчиси Исҳоқнинг тиззасига тушди. Битта, кейин иккита, учта, тўртта томчи... Сўнг бирдан ёмғир шаррос қуйиб юборди, томчилар Исҳоққа урилиб парчаланаркан, уни сувга бўктирарди. Аввалига Исҳоқнинг туфлиси ҳўл бўлди, кейин кўйлаги, шим ва ниҳоят қўлидаги намиққан сигарета вишиллаб ўчди. Исҳоқнинг назарида, аъзои баданини бўктириб, пилдираб оқиб тушаётган минг-минг жилғалар, жажжи дарёчалар оқими нақ юрагига селдек бостириб келаётгандай туйилди; мана, ахири, унинг ёмғир нафасидан покланган жўшқин қон томирларида тўлқинланиб оқа бошлади.

Жала тез тўхтади; Исҳоқ шезлонгдан тураркан, ёмғирнинг кумуш жилғалари унинг эски жароҳатига малҳам бўлгандек, қалби ёмғир сувидан, унинг таровати, келтирган саодатидан лиммо-лим бўлганини ва яна минглаб янги жароҳатлар — нилуфарларни ўстириб гуллатишга тайёр эканлигини ҳис қилди.

Шу пайт Исҳоқ бирдан бугун Тримуртида митинг бўлишини эслаб қолди. У ҳатто жиққа ҳўл кўйлагини ҳам алмаштирмасдан коттеждан отилиб чиқиб югура кетди. Дарахтлар силкиниб, ёмғирнинг сўнгги томчиларини тўкишар, булутлар парча-парча бўлиб осмон бағрига сингиб борардилар. Майин эсган шаббода Исҳоқнинг баданини, ҳўл кийимини қуритарди.

Исҳоқ Тримурти яқинидаги тепаликка югуриб чиқиб пастга қаради.

Тримуртида ҳали ҳеч ким йўқ эди. Кўприк остидан анҳор шовуллаб оқар, анҳорнинг нариги қирғоғида кадамб дарахти қад кўтариб турарди. Ана шу дарахт томонга бир ёқдан Мардикор қўлтиқтаёққа таянганича зўрға судралиб аста-аста юриб келар, иккинчи томондан эса, бу ерга Васанти яқинлашиб келарди. Қиз бошини ерга эгиб олганди... Бирдан улар бир-бирларини кўриб қолишди. Икковлари, худди команда берилгандай, баравар атрофга кўз ташлашди. Ҳеч ким йўқ. Фақат икковлари. Қадамларини илдамлатишди. Оралиқ масофа тез қисқара бошлади — улар бир-бирлари сари деярли югуриб боришарди. Улар дарахт тагида учрашишди ва бир-бирларининг пинжига киришди. Ана шунда, тепа бошида туриб уларни кузатаётган Исҳоқнинг кўзига яримта одам — Мардикор бир лаҳзага яна бутун одам бўлиб кўринди, — йигитга етишмаётган оёқ, қўл ва қулоқни Васанти берган эди. Ғайритабиий шодлик туйғуси Исҳоқнинг қалбига ҳаловат бахш этди. У тепаликда туриб, теварак-атрофга кўз ташлади. Водийлардан чиқиб, тоғ ёнбағирларидан тушиб, довонлардан ошиб, якка-якка ва тўп-тўп бўлиб келаётган деҳқонлар Тримуртига йиғила бошладилар. Кимдир елкасига омоч ортмоқлаб, кимдир қўлига ўроқ ё хаскаш ушлаб, айримлар хотин ва болалари билан биргаликда келишарди. Шоли бошоқларни кўтариб олган аёллар серҳосил ер ҳақида, самонинг меҳрибонлиги ва ҳаётнинг муқаддаслиги ҳақида қўшиқ куйлашарди. Уларнинг олдида югургилаб бораётган болалар дик-дик сакрашар, ўмбалоқ ошишар, шўх-шўх қичқиришарди.

Мардикор Васантининг хушбахт, ошифта кўзларига тикилиб тураркан, эҳтимол шундай демоқчи бўлгандир:
— Инсон ҳаётидан табаррукроқ нарса йўқ бу дунёда! Бу осмон гумбази остида ва бу мўътабар заминда энг муқаддас нарса ҳаётдир. Ҳаёт — бу муҳаббат, ҳаёт — бу мамлакат, ҳаёт — бу халқ, ҳаёт — бу худо, ҳаёт — бу ўзаро мунозаралар олиб борувчи, муросасизлик қилувчи, ғалаёнлар кўтарувчи жамият. Ҳаёт йўқ ерда ҳеч нима бўлмайди, шунинг учун ҳам бизлар доим ушбу гўзал заминда саодатли ҳаётни муҳофаза қиламиз.

Гўзал ҳаёт ҳақидаги бу мадҳияга минг-минглаб овозлар жўр бўлишди; арзу само уни акс садо бўлиб такрорлади.

Шу пайт тўсатдан сал нарироқдаги бир тепаликда худди скелет янглиғ чўп-устухон, фақат дарахт томирларини ковлаб еб кун кечирувчи, деярли қип-яланғоч иккита одам — эркак ва аёл пайдо бўлишди. Уфқда мисоли қоп-қора тасқарадай серрайиб турган бу одамлар Тримуртида тўпланаётган оломонни ҳам ҳайрон бўлиб, ҳам шубҳага тушиб кузатардилар.

“Мен яшайман, — деб ўйлади Исҳоқ бу иккита яланғоч одамни кўриб, — мен ватанимнинг нафақат беш минг йиллик маданиятини ҳимоя қилиш учун, айни пайтда, уни ўн минг йиллик жаҳолат ботқоғидан халос этиш учун ҳам яшашим керак... — У Элзанинг қайнота ва қайнонасини эслади. — Мен ҳанузгача Парижга етиб бормаган поездни топиш учун ҳам яшашим керак! — У Мўлтонийнинг садоқатли севгисини кўз олдига келтирди. — Ҳали мен шу беғубор осмон тагида, шу кўкка бўй чўзган муҳаббат пештоқи остида ўзимни ўлдирайми? Ахир бундан-да бадтарроқ таҳқирлаб бўларканми муҳаббатни!”

Исҳоқнинг дилидаги, шундоқ ҳам анча заифлашиб қолган ўлим ҳақидаги фикр энди мутлақ ғойиб бўлиб, унинг ўрнини ҳаётга бўлган порлоқ, қайноқ ва жўшқин соғинч — булоқнинг шўх сувидек қайнаб тошувчи соғинч туйғуси эгаллади. Исҳоқ шахт қўлларини кўкка чўзди, у ерда булутлар қурган минора ва истеҳкомлар тарқалиб йўқ бўла бошлаган эди. Булутлар ортидан кўзни қамаштирувчи ғоятда чароғон бир шуъла балқиб чиқди — Исҳоқнинг назарида, ҳозир осмонда сон-саноқсиз шамлар ёниб тургандай эди...
— О, само! О, мусаффо осмон! — дея шўх наъра тортди Исҳоқ.

У гўё навқирон ва саодатли ҳаётни қучмоқчи бўлгандай қўлларини кенг ёйди, сўнг ғизиллаганча Тримурти томон югуриб кетди.

Таржимондан

“Мен унга қараб туриб ҳайрон бўлардим, — деб ёзади ҳинд ёзувчиси Маҳиндранатҳ, — жуда кўп руҳий азобу уқубатларга бардош бериб кун кечирган бу мулойимтабиат, тортинчоқ одам адабиётга тааллуқли гап очилганида, шижоати қўзиб ҳеч кимни аяб ўтирмасди... У фақат ўзи ҳақиқат деб ҳисоблаган нарсалар ҳақида ёзарди... Агар дунёда адабиётни том маънода жанговар қуролга айлантирган ёзувчи бор бўлса, бу ёзувчи Кришан Чандардир. Унинг асарлари мисоли ўткир тиғли шамширдек беаёв зарба беради”.

Чандарнинг “Мусаффо осмон” қиссаси Маҳиндранатҳ сўзларининг ҳақлигига энг яхши далил бўла олади.

Кришан Чандар яратган асарлар дунёдаги жуда кўп халқлар тилларига таржима қилинган. Шу жумладан, бизнинг ўзбек китобхонларимиз ҳам унинг бир қатор роман, қисса ва ҳикояларини ўз она тилларида ўқиш бахтига мушарраф бўлганлар.

Кришан Чандар 1912 йили Панжобда шифокор оиласида таваллуд топди. У беш ёшга кирганида, оиласи Кашмирга кўчиб ўтди. Айнан шу ерда, шимолий Ҳиндистоннинг улуғ¬вор, мафтункор табиати қучоғида Чандар мактабда таҳсил олиб юрган чоғидан бошлаб санъатнинг барча турларига: энг аввало ҳайкалтарошлик билан рассомликка, кейин шеърият¬га, ундан сўнг насрий асарларга ўзида мойиллик сеза бошлади... ва бутун умри давомида носирликка содиқ қолди.

Кришан Чандар санъат магистри унвонига имтиҳон топширгач, бутун ҳаётини батамом ёзувчилик фаолиятига бағишлайди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида ва ундан кейин у мунтазам равишда ўз ватани ва халқи тақдирини ўйловчи реалист ёзувчига айланди. Бу ҳол унинг жамики асарларида ўз аксини топди. Садоқатли, диёнатли, жўшқин табиатли Кришан Чандар жонажон халқига хизмат қилишни ўзи учун энг олий мақсад деб ҳисоблайди. У ўз мамлакатининг заҳматкаш кишилари ҳақида ўта таъсирли ва жўшқин ҳикоялар яратади. “... У жуда кўп ишлайди, — деб ёзади Маҳиндранатҳ. — Агар бирон нима ўқимаётган бўлса, албатта, ёзади ё жамоат иши билан машғул бўлади. Унинг ишчанлик лаёқати бемисл. Мен бирон марта ҳам унинг бекор ўтирганини кўрмаганман”.

Маҳиндранатҳнинг бу гапларига ишонмай иложимиз йўқ. Чунки у Кришан Чандарнинг туғишган укаси, боз устига, акаси билан доим бир хонадонда истиқомат қилиб келган. Ёзувчи беҳисоб ҳикоялардан ташқари, қатор роман ва қиссалар, драматик асарлар ҳамда турли мавзудаги мақолаларнинг ҳам муаллифидир. Унинг жамики асарларида ватанни — Ҳиндистондаги синфий курашлар ва зиддиятларга тўла ҳаёт ўз аксини топган.

“Мусаффо осмон” қиссасига ёзувчининг ўз мамлакати ҳаётида тутган ўрни асосий мавзу қилиб олинган. Қисса қаҳрамони ёзувчи Исҳоқ гўзал аммо бадахлоқ аёл — Жамилани севиб қолади ва лекин бунинг оқибатида, гарчи бошига жуда оғир руҳий кечинмалар тушган бўлса ҳам, у аёлдан юз ўгиришга ўзида куч топа олмайди, бу хиёнат ва разолат дунёсини тарк этишга заифлик қилади. Севги унинг ақлини ўтмаслаштиради, миясини қовжиратади, ижод қилиш лаёқатидан маҳрум этади. Ана шунда у Жамиладан юз ўгириш учун ўз жонига қасд қилишдан ўзга чора тополмайди: у курорт шаҳарига жўнайди ва ўша ернинг гўзал табиати қучоғида ҳаётдан кўз юммоқчи бўлади. Исҳоқ ўзини нафақат бесамар муҳаббатидан, шунингдек, руҳан ёлғизлик изтиробидан олиб қочмоқчи бўлади. У узоқ йиллар давомида ҳақиқий ёзувчи ва ҳалол инсон бўлиб яшамагани сабабли, ўзини шум тақдир таъқибига тушгандек ҳис қилади.

Ёзувчи Кришан Чандар ёзувчи Исҳоқни тамомила бошқача руҳий олам салтанатига, амалий фаолият билан шуғулланувчи кишилар даврасига бошлаб киради ва биз истеъдодли адиб К.Чандар орқасидан эргашамиз. Биз унинг қиссасида ёзувчи Исҳоқнинг узоқ Овруподан фашизм офати ва даҳшатли уруш ҳақида шум хабарлар олиб келган Элза билан, бор кучини ўз ватани тинчлигини сақлашга сарфлаётган уруш ногирони Мардикор билан, ниҳоят, қиссада янги Ҳиндистон рамзи сифатида тасвирланган оддий халқ вакиласи бўлмиш қалби пок жасоратли қиз Васанти билан учрашганининг шоҳиди бўламиз.

Бир қараган одамга ҳузур-ҳаловат маскани ва оромгоҳ бўлиб кўринган курорт шаҳарчасидаги ҳаёт ҳам худди бутун Ҳиндистонда бўлганидек, серқирра ва серташвиш эди. Бу ерда ҳам худди ҳамма ерда бўлганидек, икки хил тузум мавжуд, синфий кураш ҳукм сурар эди. Ёзувчи Исҳоқ бу ерда Элза, Мардикор, Васантилардан ташқари, яна уруш бўлишини ошкора орзу қилувчи манфаатпараст савдогарни, ўз ходимларига шафқатсизларча зулм ўтказувчи меҳмонхона хўжайинини, арзимаган пулга сотилиб, хиёнат кўчасига кирувчи полициячиларни учратади. Лекин қаҳрамонимиз энди қисса бошидаги Исҳоқ эмас. У ёвузлик ва адолатсизликка панжа орасидан қарамайди, балки бундай иллатларга қарши курашиш учун бел боғлайди.

Энди Исҳоқ нима тўғрисида ёзишини яхши билади. Унинг миясини банд этган ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги фикр аста сўниб, унинг ўрнини энди ҳаётга бўлган қайноқ, жўшқин ва чароғон хоҳиш-ирода эгаллай бошлайди. “Мен яшайман, — дейди у, — мен ватанимнинг нафақат беш минг йиллик маданиятини ҳимоя қилиш учун, айни чоғда, уни ўн минг йиллик жаҳолат ботқоғидан халос этиш учун ҳам яшашим керак!”

Бутун ҳаёти давомида, уруш оловини ёқувчи, ажал уруғини сочувчи манфур кишиларга нафрат билан, оддий меҳнаткаш халққа эса, мудом қалбида теран меҳр билан яшаган Ҳиндистоннинг йирик, руҳи баркамол ва ўта истеъдодли ёзувчиси Кришан Чандар китобхон аҳлига шундай жўшқин, ўлмас асарлар ёзиб қолдирдики, биз ундан бениҳоя миннатдор бўлмоғимиз керак.