OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЛесли Уоллер
Асар номиБанкир (II- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Беллетристика
Муаллифлар
   - Лесли Уоллер
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонФайзи Шоҳисмоил, Амир Файзулла, Шаҳзода Худойбердиева, Жаҳонгир Абдуллаев (Русчадан)
Ҳажм577KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/30
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
Роман жузъий қисқартишлар билан босилди.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Банкир (II- қисм)
Лесли Уоллер

Ўн Саккизинчи Боб

Ундан ўнг ёқда турган одам бутун овқатланиш вақтида чурқ этмади ва Палмер бунинг учун ундан миннатдор бўлди. Официант Палмернинг олдига тавозе билан музқаймоқли идишни қўяр экан, у ухлаб қолмадими ишқилиб, дегандек қизиқсиниб индамас қўшнига аста бурилиб қараб қўйди. Палмер бундан ҳайратланмаса ҳам бўлади — тушлик ҳаддан ташқари зерикарли кечди.

Бу ерда, Нью-Йоркда ишчан учрашувлар билан тўлган қисқа вақт ичида Палмер кам деганда мана шунақа тушликлардан ўнтачасида бўлишига тўғри келади. Уларни икки-уч тоифага бўлиш мумкин. Сиёсий тушликлар деб аталадиганлари маблағ йиғиш учун, шунингдек, ўз ҳиссасини қўшганларга эътиборни жалб этиш учун уюштирилади. Бундай зиёфатларда шахсан иштироклари билан бу одамлар ўзларининг мойилликларини намойиш қилар эдилар. Бироқ республикачилар партиясининг дастурхонларида, айрим истиснодан ташқари, демократлар партияси зиёфатларидаги ўша ишбилармонлар иштирок этар эдилар. Тантанавор тўй зиёфатларига келсак, уларда, ўз-ўзидан маълум, бирон-бир кўзга кўринган шахс фаолияти шарафланар ва алқанарди, бироқ Палмернинг тез орада шунга ишончи комил бўлдики, улар одатда қандайдир бошқа мақсадда, аксар ҳолларда пул йиғиш ниятида ташкил этиларди. Барибир хайрия зиёфатлари ҳам муқаррар равишда қандайдир бошқа, одатда диний мақсад билан, аммо протестант эмас, балки католик дини мақсади билан чатишиб кетар эди. Протестантлар ҳам аллақаерда уларга зарур маблағ тўплаётганлари аниқ, аммо Нью-Йоркда диний маънодаги барча хайрия фаолиятлар асосан католик черковларига ёки яҳудий диний ташкилотларига ёрдам учун гоҳо биронта жамғарма ташкил этишга мўлжалланган бўларди.

Бугунги зиёфат ҳам хайрия зиёфати эди. Палмер хаёл суриб ўтираркан, олдида турган музқаймоқли идишга қараб қўярди. Ўз тажрибасидан у шу нарсага амин бўлган эдики, рангига қараб музқаймоқнинг қаймоқлими, қаҳвалими ё мевалими эканлигини аниқлаш мумкин эмас. Дарвоқе, ҳозир бу ҳақда ўйлаётгани йўқ, Нью-Йорк базму зиёфатларида қанчалик кўп бўлган сайин уларнинг қайси тоифага мансублигини аниқлаш нега шунчалик қийинлашиб бормоқда?

Лоақал мана бу зиёфатни олинг. Расман у Ист Сайднинг энг шарти кетиб, парти қолган маҳаллаларидан биридаги черковга қарашли мактаб фойдасига маблағ тўплаш учун ташкил этилган. Мактабни аллақандай тариқатдаги роҳиблар таъминлаб турарди, айнан қайси тариқат — бу ҳақда Палмер зиғирча тасаввурга эга эмас. Мак Бернс унга, гарчи Вик Калхэйн ўзи ҳеч қачон бу мактабда ўқимаган бўлса-да, мактаб унинг ҳудудида жойлашганини ва у мактабга ҳомийлик қилиши маълум эканлиги ҳақида айтганди. Шундан кейин Палмер мактабни диний-хайрия муассасаси сирасига киритишга уринишларига қарамай, бу барча саъй-ҳаракатлардан сиёсий руҳ анқиб туришини англаб етганди. Гарчанд зиёфатнинг фахрли меҳмони бир вақтлар шу мактабда ўқиган, кейинчалик эса кўчаларни асфальтлаш пудратига дурустгина пул тўплаб олган бир кимса бўлса-да, зиёфат бошдан-оёқ, дарҳақиқат, хайрия тадбиридан кўра кўпроқ ушбу фахрли меҳмон шарафига уюштирилган маросимни эслатарди.

Палмер калаванинг учини топиб, қайси ришта бу чигаллик марказига олиб боришини аниқлашга ҳаракат қилар экан, заррин уқали, башанг либосдаги официант унинг боши узра чуқур таъзим бажо келтирди ва аллақачон эрий бошлаган музқаймоқ устидан кўриниши иштаҳани бўғувчи тўқ жигарранг тусли сиропдан нақ бир қошиғини қуйиб юборди. Бу сафар Палмер алдовга учмади. Тўқ жигарранг шоколад рангли сиропнинг шоколадли эканидан зинҳор далолат бермас эди: бу шаҳарда ҳар қанақанги қаллобликни кутиш мумкин эди. Бу қаҳва қуйқаси ёки долчин, мускат ёнғоғи ва бошқа зираворлар қайнатмаси ҳам бўлиши мумкин эди, гўё бўёқ ёрдамида бу одатдаги қайнатиш ўлимдан қийин бўлган бўтқа эканлигини хаспўслаш мумкиндай.

Палмер зиёфат охирига келиб унинг ускунаси ёнидаги бир гала кумуш идишлар ичидан сақланиб қолган ягона буюм — тўрт ширинлик қошиқчаларидан биттасини танлади ва ўзини куч билан зўрлаб устида бир томчи сироп қотиб қолган музқаймоқдан ўйиб олди. Татиб кўргач, бош ирғаб, худди ўйлаганидек эканини тасдиқлади. Шундоқ бўлиб чиқди — ананасли музқаймоқ ва ёнғоқ сиропи. У идишни нари суриб қўйди-да, сигарета тутатди.

Отелнинг ҳайҳотдай зиёфатлар танобийсига ҳар бири ўн кишилик катта-катта думалоқ столлар қўйилган. Баланд тақасимон балкон танобийнинг ҳар учала деворини қуршаб туради. У ерга ҳам столлар қўйилган, фақат бироз кичикроқлари — тўрт кишилигидан. Узоқ бурчакдаги унча катта бўлмаган супачаларда беш чолғучидан иборат оркестр овқатланаётган хўрандалар бошлари узра камида икки йил олдинги оммабоп куйлардан иборат аралаш-қуралаш қоришмани усти-устига тўккани-тўккан. Официантлар асосий таом — чала қовурилган биқин гўштли қовурдоқни торта бошлаганларида оркестр “Назокатли бўл” қўшиғидан бир неча бандни ижро этди, буни, очиғи, анъанавий ҳазил деб баҳолаш жоиз бўларди. Таклифномада расмий қисмдан кейин рақслар бошланади ва унча катта бўлмаган эстрада саҳна томошаси намойиш этилади деб айтилганди. Конферансье вазифасини шу пайтгача номи сира Палмернинг қулоғига чалинмаган, аммо Виржиния Клэрининг сўзларига қараганда, бир вақтлар “Тоғлар”да анча машҳур бўлган бир қизиқчи бажариши керак эди. “Тоғлар”да? — Палмер ҳайрон бўлиб қошларини чимирганда Виржиния Кэтскиллз ёзги курорти “Тоғлар” деб аталишини тушунтирганди. У ерга одатда ёз ойларида таниқли қизиқчи актёрлар ва эстрада артистларини таклиф этишарди, “ўлик” мавсум вақтида эса иш йўқлигидан бугунгига ўхшаган зиёфатларда томошалар кўрсатишга мажбур бўлишарди.

Виржиния олтинчи рақамли столда Гарри Элдер ва бир неча газета шарҳловчилари билан бирга ўтириши керак эди.

Палмер стол рақамларини қараб чиқишга ҳаракат қилди, бироқ ҳайъатдаги жойидан прожекторларнинг чароғон нури остида нимқоронғи танобийда деярли ҳеч нарсани кўриб бўлмасди. Зиёфатдаги одам у Виржиния билан жувоннинг ўз столига қанча керак бўлса, ўшанча виски буюртма қилишига келишиб олди. Палмер кўзларини қисиб, устига камида беш-олтита бўш шиша туриши керак бўлган столни қидириб топиш ниятида танобийни қараб чиқди, бироқ кўп ўтмай қарийб ҳар бир стол узра бутун бир батарея осилиб турганига амин бўлди.

Бошқа фахрли меҳмонлар қаторида Палмернинг аввал-бошданоқ ўзгачароқ, анча шовқинли ва афтидан, зиёфат иштирокчиларининг анча бахтиёр оиласидан ажратиб қўйишган эди, уларни алоҳида хонага ўтқазишганди, у ерда улар спиртли ичимликларга қўл урмай, ўзларининг ҳайъатдаги столдан жой олишлари керак бўлган дақиқани кутиб ўтиришарди. Баъзи мулоҳазалардан кейин Палмер шундай хулосага келдики, бу таҳаммулга сабаб кўп сонли диний назорат вакиллари, сиёсий раҳбарлар ва бошқа ҳурматли шахслар келиши билан боғлиқ эмас экан. Йўқ, уларнинг барчаси кўзларига уриб турган аёвсиз прожекторлар нури остида камида икки-уч соат ўтиришларига тўғри келишини жуда яхши биларди. Хоҳлашса-хоҳлашмаса ичмасдан ўтиришга мажбур эдилар.

Улар ҳайъат столи томон гурс-гурс босиб йўл олганларида ҳар бирларининг миясидан унча таскин бермайдиган биргина фикр кечди: танобийда ўтирганларнинг улардан бошқа деярли барчаси ғирт ширакайф. Миллий мадҳия овози остида бошқалар билан бир сафга бориб тураркан, Палмер мактаб руҳонийси қироат қилган қисқагина дуонинг тугашини кутганча ўзига виски буюргани нигоҳи билан метрдотелни[1] қидирар эди. Қидириши беҳуда кетди: Палмер бу ўтакетган оғир ва узоқ жараён сўнгигача ортиқ бир қултум ҳам ичолмади. Оддий меҳмонлар эса хоҳлаганча мириқдилар, бироқ ҳайъатда тиниқ ва тик боқувчи кўзларини хиралаштирмаган раҳнамолар қадларини тўғри тутиб, намойишкорона ўтиришлари шарт эди.

Палмер худди илма-тешик шарга ўхшаш идиш тагига тобора чўкиб бораётган музқаймоққа қараб қўйди ва ҳайъатни қуршаб олган нимқоронғиликка кўзини ўргатиб олишга ҳаракат қилганча нигоҳини бошқа ёққа олди. Меҳмонлардан аллакимлар столларидан туриб кетишганди, буни у пайқашга муваффақ бўлди. Одамлар столлар оралиғидаги тор йўллардан аста-аста у ёқдан-бу ёққа юра бошлашди, қўл бериб кўришиш ва елкадан қоқиб қўйиш учун дам-бадам эгилар эдилар, гоҳо бир неча лаҳзага тўхтаб олардилар-да, шивирлаб қандайдир луқмалар ташлаб қўярдилар, сўнг янги танишлар билан қўл бериб кўришиш ва шивирлаб луқма ташлаш учун бамисоли қисқичбақадай бир ёнлари билан аста бошқа стол томон сирпанар эдилар.

Кимдир нотиқ минбари олдида турган микрофон четига чертиб қўйди ва танобийнинг барча бурчакларида кескин темир овози бўғиқ садо берди. Микрофон олдида турган киши йўталиб олди ва ёзувли қоғозларнинг бутун бир дастасини шатир-шутир қилиб варақлай бошлади.
— Хонимлар ва... — Шу заҳоти у тутилиб қолди ва керакли сўзни қидириб топмоқчидай шошиб-пишиб варақларни титкилай бошлади. Ниҳоят, ўша сўзни топиб, раислик қилувчи Грорк исми-шарифли калтабақай, тўладан келган бу одам яна томоқ қирди.
— Хонимлар ва жан... — Микрофонгача етиб келиб, танобийда ўрнатилган кучайтиргичлардан икки баравар куч билан янграган узлуксиз қаттиқ кулги овозлари унинг сўзларини босиб кетди. Грорк яна қоғозларни шалдиратди ва ўнг томонида ўтирган қўшнисига ошкора жаҳл билан қараб қўйди. Бу Вик Калхейн бўлиб, ўтирганига қарамай, боши ёнгинасида турган Гроркнинг қарийб қоқ миясидан келиб турарди.
— Дўстлар! — яна тилга кирди Грорк. Бу сўз бамисоли улкан қоғоз юмалоғидек ғира-шира танобийдаги столлар оралиғидан думалаб келди. — Етук ва фахрли меҳмонларимиздан айримларига сўз беришимдан аввал, аминманки, барча ҳозир бўлганлар уларнинг чиқишларини интиқлик билан кутмоқдалар, — шу нарсани айтмоқчиманки, сизларга рабби Бэн Хэйм Фейлбаумни таништиришдек шарафли вазифани бажараётганимдан бахтиёрман, у сизларга қисқача кириш сўзи билан мурожаат этмоқчи.

Танобийда ўтирганлар бу хабарни эшитиб, гувиллаб қўйди, стуллар сурилиб, йўтал товушлари қулоққа чалинди. Столлар оралиғида суяниб тик турган меҳмонлар ўз жойларига қайтишди. Масъулият ҳиссини сақлаб қолганлар эса ўзларининг анчайин серташвиш қўшниларини жим бўлишга ундай бошлашди.

Кўзни олувчи нур тўсатдан рабби Фейтлбаумнинг юзини ёритди, бир қарашда Палмер уни ҳали ўн саккиздан ошмаган ўсмир деб тахмин қилди. Ўз дини қонунларига кўра у соқолини олмаганди, бироқ юзидан эндигина сабза урган мўйлари элас-элас кўзга чалинарди. Лекин унинг оч қирмизи тусли майин жингалак чакка соқолига разм солиб қараркан, Палмер дарҳол аввалги тусмолига яна етти ёш қўшди.
— Меҳрибон дўстларим, — деб сўзини бошлади Фейтлбаум.

Палмер ўз баҳосига зудлик билан яна битта тузатиш киритди, нотиқнинг ўттиздан ошган киши эканига шубҳаси қолмади. “Меҳрибонлар” сўзини бундай мафтункор тавозе билан ирод этиши учун руҳоний одам фақат мана шу ёшга келибгина оилавий нутқларда етарли тажриба тўплай олади. Палмер Чикагодаги авлиё Павел черковининг кекса руҳонийсини эслайди, у “марҳамат” сўзини шундай талаффуз этар эдики, бир унли ўрнига ҳалқумидан сал юқорироқда азбаройи майин қулқиллаб овоз берганидан Палмерга ҳар доим нуроний чол томоғида хамир узмаси тиқилиб қолгандай туюларди.
— Дўстларим, сизлар қайси динга сиғинманг, — давом этди Фейтлбаум, — бугун бу ерга парвардигорнинг кўзга кўринмас нигоҳи остида жонларимиз, сўзларимиз ва аъмолларимиз, ҳа, муҳаббат ва эзгуликка тўлиқ, абадий қардошлик туйғусидан келиб чиққан аъмолларимиз бир-бирига йўғрилиб кетиши учун, руҳий бирдамлигимизда, ўзаро ихлосимизда ва сўнгсиз итоаткорлигимизда барчамиз қалбларимизнинг энг теран жойигача содиқ бўлган муқаддас ишни байрам қилиш ва шарафлаш учун тўпландик; бу иш тафаккуримизда ҳукмронлик қилади ва ўлмас жонларимизда шу қадар чуқур ва мустаҳкам ўрин олган, дунёвий ҳаётимизнинг айрилмас қисми бўлиб қолган, парвардигорнинг беадад марҳамати туфайли унинг муборак ва олий мақсадларига риоя қилган ҳолда шу ҳаётга содиқ бўлиб қолгаймиз.

Палмер кимдир оёқ учида нотиқнинг орқасидан юриб ўтганини, Катта Викнинг қулоғига эгилганини ва ўз фикрларини маънодор қўл ҳаракатлари билан тасдиқлаганча у билан узоқ шивирлашиб гаплашганини кўрди. Палмер боши узра жойлашган прожектор нури юзини ёритмайдиган даражада хиёл олдинга энгашди ва айни дақиқада ҳамманинг эътибори Фейтлбаумга жам бўлганига ишонч ҳосил қилиб, бир зум кўзларини юмди. У хотирасида нотиқлар рўйхатини тиклашга ҳаракат қилди ва улардан ҳар бири сўзлаши учун қанча вақт кетишини хомчўт қилиб чиқди. Нутқларга камида бир соат кетарди. Палмер хўрсиниб ўзини ўриндиқ суянчиғига ташлади ва гўё ҳамон юмуқ кўзларини паналамоқчи бўлгандай, сигарета тутган қўлини кўтарди.
— ... Сўнмас нуринг билан ҳозирги ва истиқболдаги ишларимизни ўзинг мунаввар эт, — гапиришда давом этарди Фейтлбаум. — Сенинг мурувватинг ва илҳоминг ила бажаришимиз лозим бўлган аъмолларимиз бароридан келгай.

Палмер кўзларини очди ва нотиққа ўгирилди. У Калхэйнга энгашиб, қулоғига алланималарни шивирлаган кишининг оч сариқ қуюқ сочига эътибор қилди. Фақат биргина одамда мана шу рангдаги соч бўлиши мумкин эди — у ҳам бўлса Бернс.
— ... айнан мени, — давом этди Фейтлбаум, — қадимги дин хизматкорини мана шундай буюк ишни деб елкама-елка туриб ўз бурчини адо этиш учун бугун бу ерга чорлаганимиз нечоғли жоиз ва ҳаққоний бўлса, бизнинг аъмолларимиз ҳам шунчалик жоиз ва ҳаққонийдир.

Раввиннинг бошидаги каржсиз қора тақяси унинг нутқига монанд бир текисда чайқалиб, Бернснинг бошини гоҳ тўсар, гоҳ очар эди. Калхэйннинг ўзи хотиржам тусда сукунат сақларди. У кўзларини бир нуқтага қадаб, қимир этмай ўтирарди, Бернс эса ҳамон гапни қалаштириб, нутқини давом эттирарди. Шунга қарамай, Калхэйн каби унинг ҳам лаблари деярли қимирламаётганди.

Раввин нутқини тугатишига Бернснинг тоқати чидамаса, у ёғи қандоқ бўлади, деб ўзидан-ўзи сўрарди Палмер. Бироқ ялт этиб миясига бир фикр келди. У Бернсни ҳаддан ташқари яхши биларди. Бундай вазиятда ҳар қандай майда янги ғийбатлар ҳам нишонга уриши ҳеч гап эмасди. Бернснинг нималар деяётганининг аҳамияти йўқ, далилнинг ўзи муҳим: у неча минглаб томошабинлар кўзи олдида ва мана бундай дабдабаю асъасали бир дамда Катта Вик билан суҳбатлашаяпти.

Ташқи таъсиротлар — бу сиёсатдаги буюк иш, ўйлади Палмер. Бусиз ҳам Бернс Калхэйннинг ишонган одами экани беш қўлдай маълум. Бироқ Калхэйннинг унга яқин бўлган бошқа одамлари ҳам бор эди. Шу боис Бернс бошқа биров эмас, айнан у Катта Викнинг ана шундай ишончини қозонган одам эканини аҳамиятли деб билганларга муттасил эслатиб туриши керак бўларди. Бернс бошқа йиғинларда ҳам шундай томошалар кўрсатганини Палмер илгари ҳам кўрганди. Манзара ҳар доим бир хил бўлар эди — нигоҳини залга тикканча ҳайкалдай қотиб ўтирган Калхэйн. Унинг орқасида — Бернс. Унинг бир қўли Калхэйннинг елкасини қисади, иккинчи қўли билан ишоралар қилади: гоҳ аллақаёқнидир кўрсатади, бир нимани текислагандай бўлади, гоҳ сочиб, ўзидан нари итарса, гоҳ ўзи томон чорлайди. Балерина танаси каби ҳаёт ва ҳиссиётга тўла бу қўл нотиқдан диққатни чалғитиб, бутун залнинг нигоҳини муқаррар равишда ўзига жалб этиб олади-да, натижада ўз мақсадига эришади — ҳаммани бу унча катта бўлмаган, аммо жўшқинликка тўла саҳнани киприк қоқмай кузатишга мажбур қиларди.
— ... бизлар беадад равишда ишонамиз, эй парвардигор, — дер эди бу орада Фейтлбаум, — сенинг қўлларинг қудратли ва бизларни тақво йўлига бошловчи ҳикматинг барҳақдир.

Залдаги одамлардан бир нечтаси раввиннинг ортидан қадимги яҳудий тилида қироат этилган якунловчи дуо сўзларини такрорлади, бироқ залда кўтарилган шовқин уларнинг овозини босиб кетди: меҳмонлар йўтала бошлади, стуллар сурила бошлади, суҳбат-гуруҳлар янгиланди.
— Ташаккур сизга, рабби Бэн Ҳейм Фейтлбаум, — деди Грорк. У бошини микрофонга жуда чуқур эгиб олди ва овози микрофонда шовқин ва қасирлаш келтириб чиқарди. У ўша заҳоти бир неча қадам ортга тисарилди. — Чет тилида сиз ўқиган дуо учун ҳам ташаккуримизни қабул айланг, — қўшиб қўйди у танобийдагиларга кўз қисиб қўяркан.

Кулги тинишини кутиб Грорк мактабнинг молиявий аҳволи ҳақидаги расмий ҳисоботларга ўтди, унинг йигирма беш йил аввалги салмоқсизгина бюджетини шу мактабнинг гуллаб-яшнашида гувоҳлик берувчи ҳозиргиси билан таққослади. Бу орада Палмер эндигина Калхэйн билан суҳбатини тугатган Бернсни кузатарди. Аслида бу суҳбат ҳам эмасди, балки Бернснинг монологи эди. Бу одамнинг ҳатто энг қийин вазиятларда ҳам ички сезгиси ва аниқ ҳисоб-китоб билан иш тутишига Палмер тан бермай иложи йўқ эди. Раввин гапини тўхтатган бир вақтда у ҳам Калхэйн билан суҳбатини узгудек бўлса, томошабинлар бунда қандайдир пинҳоний ҳақоратни англаган ва ҳатто Бернсни руҳонийга нисбатан ҳурматсизлик қилишда айблаган бўлар эдилар. Бироқ Бернс Фейтлбаумни ҳам, Гроркни ҳам бирдай ёмон кўрарди ва шу билан унинг қилмишининг шахсий йўналиши ва уни динга нисбатан ҳақоратомуз хатти-ҳаракатларда айблаш имкони истисно бўлар эди.

Калхэйн ташвишланганнамо икки бор бош ирғиб қўйди ва Бернс қаддини ғоз тутиб, шеригига куйиб-пишиб гап уқтираётган Гроркнинг ёнидан ўтди-да, энди танобийга йўл оламан деганда йўл-йўлакай Палмернинг ёнида тўхтади ва унга эгилди. Палмер унинг узунчоқ, торгина бурун катаклари ошкора тантана билан титраётганини кўрди.
— Танобийда игна ташласанг ерга тушмайди, Вуди, — шивирлади Бернс, — яна ўн бештача стол олиб киришга тўғри келади. Зўр, шундай эмасми?

Палмер унинг юзлари ял-ял ёнганини ҳис этди. Ўзининг катта ҳаётий тажрибасига қарамай, у болаликдаги унга сингдириб келинган одоб юзига оёқ боса олмасди. Айни дамда у ўзини ғоят ноқулай ҳис этмоқда эди. Нима учун Бернс бундай қилаётганини ва унга, Палмерга айни вақтда қандай хизмат кўрсатаётганини аъло даражада тушуниб турарди. Бернс гўё уларни кузатиб турган омма ўнгида уни Калхэйн билан кўринмас ришта ила боғлаб қўйганди. Барибир Палмер ўзининг бемаъни руҳ ва нотиқларга нисбатан ҳурматсизлик намойиш этилган томоша иштирокчиси эканини ҳис қилиб, хижолатдан чиқолмаётганди. Бунинг устига кўпсонли томошабинларнинг диққат марказида бўлиб қолиши унга сира ёқмаётганди.
— Ҳой биродар, энди овқатланиб олсанг ҳам бўларди! — Бернс Палмернинг елкасига қоқиб қўйди ва гўё туришига ёрдам бермоқчидай унинг қўлтиғидан олди.
— Аввал қулоқ солсангиз-чи, — сўз бошламоқчи бўлди Палмер.

Шу лаҳзада гўё унга қандайдир ғоят муҳим ва ишончли бир нарсани шипшитиб қўймоқчидай Бернснинг юпқа лаблари тез-тез қимтилди. Қўли танобийнинг тўрдаги узоқ бурчагини кўрсатганича Палмернинг боши узра айланди. У бир неча бор тез-тез, қарийб ғазаб билан бошини сараклатди ва сарғиш кўзлари чақнади. Бу барча аломатлардан уни кузатиб турган ҳар қандай одам Палмерни муҳим иш билан шошилинч чақиришаётганини англаб олиши тайин эди. Бернснинг ёрдамида у ўрнидан кўтарилди ва у билан изма-из ҳайъат супачаларидан тушиб, қоп-қоронғи катта танобийга кириб кетди.

Улар қийинчилик билан беҳисоб столлар оралаб ён эшиккача етиб боришди-да, танобийни тарк этишди. Бу ер салқин эди. Ортларидан эшик ёпилиши билан Гроркнинг овози бирдан тинди ва қулоққа элас-элас чалинувчи бидирлашга айланди.
— Ана, дўстим, сени қутқарганим учун менга раҳмат айт, — деди Бернс мийиғида кулиб.
— Ўзи нима гап? — сўради Палмер. — Бу ерда менинг бўлишим нима учун бу қадар шошилинч керак бўлиб қолди?

Бернс илжайиб қўйди:
— Грорк даҳанаки ичкетар дардига йўлиққан. Жуфтакни ростлаб қолиш учун бу узрли сабаб бўлмай нима?

Палмер кулимсираганча бошини чайқаб қўйди:
— Сизнинг аввал Калхэйн билан гаплашганингизни, ундан кейин менинг олдимга келганингизни одамлар кўрмади деб ўйлайсизми?

Бернснинг кўзлари бир лаҳза қисилди, бироқ ўша заҳоти катта-катта очилди-да, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
— Нима ҳам дердим, зеҳнингизга қойил қолмай илож йўқ, мистер Палмер, — деди у. — Ҳозиргина қилган ишимиз шарофати билан танобийда ўтирган ўн-ўн беш нафар омонат банклар раҳбарлари рамақдажон бўлиб ётишибди.
— Барибир ҳам Олбанида республикачилар партияси кўпчилик овозга эга бўлишига қарамай, — ўйчан ҳолда деди Палмер. — Калхэйн сингари шундай залворга эга бўлиб туриб ҳам демократик партия арбоби ҳисобдон дўстларимиздан биронтаси учун уйқусиз тун сабабчиси бўлишига кўзим етмайди.

Бернснинг кўзлари атрофга олазарак қарарди ва Палмернинг кўнглидан ғалати фикр кечди: у ташлаган луқма Бернсга қаттиқ тегиб, гўё енгил зарбаларни кутаётгандай, энди тез-тез ён-верига алангламоқда эди.
— Жоним, — деди Бернс, — республикачилар партияси омонат банклар эгалари учун бир жон-бир тан бўлиб курашаяпти деб сизга ким ва қаерда айтди? Эҳтимол, мен ухлаб қолгандирман, эҳтимол Мусо тоғдан тушиб кетиб, ўн биринчи сурани ёзгандир? — У димоғидан қулқиллашга ўхшаган овоз чиқариб босиқ ҳингирлаб қўйди ва Палмер унинг ғирт маст эканлигини англади.
— Буни ҳамма билади, — жавоб берди Палмер. — Сиз бошқача фикрдамисиз?

Бернс маънодор елка учириб қўйди ва шу аснода Палмернинг қўлига шап этиб урди.
— Менинг айтарли фикрим йўқ, — деди у тўсатдан овозига ўзгача маъноли тус бериб. — Борди-ю, дўстимга айтадиган гапим бўлганида, ўйлаб-нетиб ўтирмай шартта айтардим-қўярдим.
— Унда айтинг, — Бернснинг нью-йоркча лаҳжасига ҳамоҳанг равишда деди Палмер, мийиғида кулиб.
— Булар бари Олбанидаги ит ахлати, — тушунтира бошлади Бернс. — Партиялар курашига қилча алоқаси йўқ. Бу нимани англатишини биласанми?
— Бу шуни англатадики, юқоридан ҳали кўрсатмалар беришгани йўқ.
— Қандай сурбетлик, — деди Бернс лабларини буриб. — Йўқ, қароғим, янглишасан. Бу нафсиламбрини айтганда шу нарсани англатадики, банкирлар ўзаро жиққамушт бўлишда қонун чиқарувчи ҳокимият вакиллари димоғига пул ҳиди келиб урилади.
— Гап нима ҳақида кетаётганини англай бошлаганимдан қўрқиб кетаяпман, — деди Палмер.

Бернс тўғри дегандай бош ирғади.
— Буни у ёки бу партия дастурининг бир қисми деб қарамасликка қарор қилиб, Олбанидаги қонун чиқарувчи йиғилишнинг чаққон йигитлари вазиятдан сўнгги центгача соғиб олишни яхши билишади. Ҳа, улар ҳамма нарсани шундай ташкил этишганки, натижада чўнтакларини қаппайтириб кетишади, ахир улар чўталхўрликка мазахўрак бўлиб қолган эмасми?
— Бошқача айтганда, — деди Палмер шундай таомларга хос ўхшатишни давом этдириш керакмаслигини тушуниб; аммо ўзини тутиб туролмади, — улар беш панжани баравар оғизларига тиқадилар.

Бернс Палмерга жим тикилиб қолди, унинг сўзларидаги кинояни ҳис қилган бўлса-да, бироқ маъносини тушунмади.
— Менга қара, — деди у ишонч билан, сўзларини салмоқлаб-салмоқлаб, — мана бу машмаша тугагандан кейин, меникида маъқул йигитлардан уч-тўрттаси тўпланади. Бир кириб ўт. Озгина томирингга қон қуйиб олсанг, зарари йўқ.
— Соат нечада?
— Ўн бирларда, — деди Бернс. — Бу сенга эрталик қилмайдими?
— Эрта? — қайта сўради Палмер. — Ўн биргача қандай етиб олишимни ўйлаб, бошим қотиб турибди-ку.

Бернснинг тилларанг қошлари бир юқорига кўтарилди-ю, бироқ дарҳол яна тушди. У тушундим дегандай кўз қисиб қўйди:
— Ҳа, энди соат ўнларда борсак ҳам бўлаверар, а?

Танобийда гулдурос қарсаклар янгради.

Ўн Тўққизинчи Боб

Бар пештахтаси олдида ярим соатча ивирсиб, Палмер катта Вик Калхэйн ўзининг муфассал нутқини тугатиб турган бир паллада танобийга қайтди.
— ...Сўнгсиз карвон сингари йўқлик қаърига абадий кетаётган ўтган асрларда бўлганидек, ҳозир ҳам, — асл нью-йоркликнинг хиёл пинғи овозида у гулдираб гапирарди, — ўзимиз ҳаддан ташқари миннатдор бўлганлар хотирасини ёдга оламиз ва бош эгамиз, — давом этди Калхэйн ҳар бир жумлани чертиб-чертиб, одатдагидек вазмин оҳангда. — Биз келажакка дадил боқаяпмиз, унинг кўламлари бизни чўчитолмайди, биз жасорат билан ҳужум қиламиз ва бир қадам ҳам ортга чекинмаймиз. Биз бошқаларни қораламаймиз, зеро ўзимизни ҳам айбдор қилиб қўймаймиз, ёш авлодимизни йўлдан ураётганларнинг, миллий номусимизни қоралаётганларнинг ва шон-шавкатимизни йўққа чиқараётганларнинг хатоларини кўрсатмоқчи эмасмиз. Дунёқараши тор, яна ватанимизни сувтекинга сотаётган майда, калтабин, паст одамларни қоралашни тарихнинг ўзига қўйиб берайлик. Аммо тарих саҳифаларида орамизда, бу ерда ҳозир бўлганлар орасида, ушбу танобийда мен билан бирга ҳалол ва софдил одамлар борлиги, буюк вазифани мардонавор ва қатъият билан ҳал этадиган одамлар борлиги абадий муҳрланиб қолсин...

Палмер билдирмайгина қоп-қоронғи танобийга ўтди-да, нигоҳи билан олти рақамли столни қидира бошлади. У яна ҳайъатга кўтарилиб, ўз жойини эгаллашга журъат қилолмаётганди.
— ... қуёш остидан ўрин олсин! — гулдираб гапирарди Калхэйн. — Ҳар кимнинг эрки ўз қўлида...

Қуёш остида мен учун ҳам жой топилди, деб ўйлади Палмер ниҳоят олти рақамли столни қидириб топгач. У столга ёни билан юриб борди ва Виржиния Клэри ёнидаги бўш ўринга енгил нафас олиб чўкди.

Жувон унинг пайдо бўлганини пайқамади. Унинг икки кўзи Калхэйнда эди. Палмер уни ён томонламагина кўриб турарди. Шу пайтгача у ҳеч қачон унга бу қадар бевосита яқин бўлмаганди — нари борса йигирма-ўттиз сантиметр келарди оралари. Думалоқ юзи ва дўрдоқ лаблари ёноқларининг чиқиқлигини сездирмасди. Жувоннинг ингичка ва учи тўмтоқроқ, чўзинчоқ бурнининг катаклари бироз керилган. Агар Виржинияга шунақа ёнламасигина қаралса, унинг чиндан ҳам гўзал эканини Палмер энди англади. Борди-ю, жувон унга томон юзланиб қараса, уни шунчаки кўҳликкина экан деб айтиш мумкин бўларди. Виржиния қаддини тик тутиб ўтирарди. Ғоят калта боғичли, ўмизи чуқур оқ кўйлаги унинг бўртиқ сийнасини хиёл яшириб турарди. Палмер ўтирган жойидан бироз орқароқ ва юқорироқдан жувоннинг нақ ўмизи узра учбурчак соя ташлаб турган дум-думалоқ сийнасини аниқ-таниқ кўра олар эди.

Палмер юзлари ловиллаб ёнганини ҳис этди ва ўзини ўриндиқ суянчиғига ташлади. У ҳайъат томонга қаради. Бир лаҳза ўриндиқ чайқалиб кетгандек туюлиб кетди унга. У кўзларини юмди ва томоғида уни бўғиб турган нарсанинг йўқолишини кута бошлади.
— ...бу хатти-ҳаракатлар уларнинг қайсарлиги, мағлубияти ва очкўзлиги руҳидан келиб чиқади! — гулдирашда давом этди Калхэйн. — Аммо сизларни зериктириб қўймаслик учун уларнинг барча хусусиятларини бир-бир санаб ўтирмайман. Фақат шуни айтмоқчиманки...

Кўзларини очгач, Палмер бирдан ўзининг “Юнайтед бэнк”даги муовини Гарри Элдер нигоҳига тўқнаш келди. Палмер кўзларини қисиб қаради, Гарри эса жавобан им қоқиб қўйди, кейин нигоҳи билан олдида турган баҳайбат шотланд вискиси шишасини кўрсатди ва савол нигоҳи билан Палмерга боқди. Палмер хўп дегандек бош ирғади ва кекса ёшдаги ҳамкасби ичига бир нечта муз бўлаги ташланган қадаҳни қандай қўлга олганини, уни деярли лиммо-лим тўлатганини ва Палмерга ишора қилиб, уни қўшнисига тутганини кузатиб турди. “Таймс”данми ё “Ньюс”данми бўлган репортёр қўшниси ўз навбатида индамай қадаҳни бошқа қўшнига узатди.

Ушбу маросим Виржинияни бутунлай ўзига маҳлиё қилиб қўйганди. Жувон ўгирилди, Палмерни кўрди ва лабларига хиёл табассум югурди. У репортёрдан қадаҳни олиб, Палмерга узатаркан, шивирлаб деди:
— Душманларни ер ютсин. — Сўнг яна юзини тўғрига буриб, нотиқнинг гапларига диққат билан қулоқ сола бошлади. Кўйлаги ўмизида сийнаси аввалгидан ҳам яққолроқ кўзга ташланди.

Палмер вискидан ҳўпларкан, ҳисоб бўйича бу нечанчиси — учинчисими ё тўртинчиси эканини эслашга беҳуда уринарди, бироқ охири вискини Гарри Элдер сузаётганида қанча ичилганини ҳисобга олишнинг ҳожати қолмайди деган қарорга келди.
— ...ва куч эмас, фақат ҳақиқатгина адолат тантанасига олиб келишини билиб, бизлар хотиржаммиз, — якун ясади Калхэйн. — Эътиборингиз учун раҳмат.

Улкан танобий гулдурос қарсаклардан ларзага келди. Калхэйн юзлари ял-ял ёниб олқиш маъносида қўлини кўтарди, сўнг жойига бориб ўтирди-да, яна қўшниси Кармин де Сапио томон ўгирилиб, у билан узоқ гаплашиб қолди. Раислик қилувчи Грорк ўрнидан турди ва гарчи қарсаклар ҳали тинмаган бўлса-да, қўл ишораси билан тинчлик ўрнатишга ҳаракат қилди, бироқ шу билан бирга, Палмернинг назарида, бу ишора бир вақтнинг ўзида йиғилганларнинг янги куч билан яна гулдурос қарсаклар чалишига умидни ҳам ифода этар эди.

Бироз ўзини орқага олиб, Палмер ўриндиқда ўрнашиброқ ўтирди. Шу ҳолатда у Виржиния Клэрининг жингалак қора сочлари қоплаган энсасини, бўйнини ва иккала курак оралиғидан кўйлаги ичига кириб яширинган нафис елкасинигина кўра олар эди.

У ўриндиқда ўтираркан, аҳён-аҳёндагина нотиқларнинг сўзлари узуқ-юлуқ шуурига етиб келарди. Нотиқларнинг рўйхати охирлаб қолганди ва ниҳоят дуо калималари янгради. Палмер минбардаги содирликларни шу қадар оз кузатар эдики, аввалига унга дуони англикан[2] черкови руҳонийси қироат қилаётгандек бўлиб кўринди, ғира-ширада унинг ридосини илғаб бўлмади. Фақат лотинча католик дуоларидан хотима оятлари қулоққа чалингандагина Палмер хато қилганини англади. У елка қисиб қўйди-да, қадаҳидан майда-майда ҳўплай кетди.

Йиғилиш дастури бир марта тугал ишлаб чиқилган режа бўйича ўтказиларди. Эстрада томошасини очиб берган кулги актёри ўзининг бор маҳоратини томошабинларга намойиш этишга ҳаракат қиларди. Ҳар бир коса тагида нимкоса ҳазилдан кейин у жимиб қолар, ясама қўрқув ичида оғзини кафти билан беркитар ва диний назорат вакилларига хавотир билан кўз югуртириб қўярди.
— ... Шундай қилиб, вақтни зое кетказмасдан, хонимлар ва жаноблар, мен суюкли зарринсочимни сизларнинг ихтиёрингизга ҳавола қиламан, гарчи миш-мишларга қараганда, агар тагигача кавлаб етилса, у ҳечам зарринсоч бўлмаса-да. У ажойиб хонанда, хонимлар ва жаноблар, ҳозир унинг қўшиқларини тинглайсиз, — бу “Пижамадаги оқшом” опереттасидаги чинакам оқшом юлдузи. Шундай қилинг, хонимлар ва жаноблар, тингланг, томоша қилинг: эътиборингизга мафтункор Киттини ҳавола этаман. Китти Кэйн! Қани, уни бир яхши қарсаклар билан кутиб олайлик!

Лабларида кўзидаги аянчли ифодага асло мос келмайдиган табассум қотиб қолган йўғондан-йўғон хунук зарринсоч хонанда қиз бутун оқшом давомида оркестр чалган кўҳна оҳанглардек улуғ ёшдаги бир қанча романсларни ижро этди.

Шундан кейин балет жуфтлиги “Васваса”нинг бири босиқ болеро маромидаги, иккинчиси эса шўх стаккато маромидаги икки версиясини ижро этди. Жуфтликдаги эркак ўзига шерик аёлдан жуда бўлмаганда ўн ёш кичик бўлса-да, мунгли нигоҳию ботирона гавда ҳолатлари билан ёшдаги фарқни асло билдирмаётганди. Оркестрнинг бир неча мақомидан илгарироқ улар рақсни ниҳоясига етказдилар, машшоқлар эса чўзиб чалишларига қарамай барибир охиригача етмасдан куйни узиб қўйишди. Фақат аккордиончигина бир ўзи қолганини ҳис этгунга қадар яна бир неча сония чалиб тураверди.

Баланд бўйли ва хушқомат тенор “Роз-Мари”дан биринчи бандни тугатмасиданоқ машҳур қизиқчи уни бўлиб қўйди. Тенор билан биргаликда у қандайдир чалкаш интермедияни ўйнай бошлади, куй давомида қўшиқчининг мардона шавкати хира тортиб қолди ва унинг сийқа тенденциялари ранг-баранглигига ишора қилинганига қарамай қизиқчи тенорни ўз ҳолатига қайтаришга беҳуда уринарди. Палмер аввалига рақснинг қандай давом этишини кузатишга ҳаракат қилди, бироқ барибир охиригача тоқат қилолмади ва зўраки табассум билан Виржиния томон ўгирилди.
— Европа бўйлаб қилинган тантанавор саёҳатдан яқинда қайтиб келган! — эълон қилди у.
— Шоҳона зотлар ҳузурида томоша кўрсатгандир-да, шундайми?
— Ширакайф зотлар ҳузурида, — ғудранди Палмер. — Дарвоқе, ўн биргача ҳали узоқми? Ие, ҳали ҳам ўн бир бўлмадими?
— Энди ўн ярим бўлди.
— Мен эса ўн бирда кетишим керак.
— Кетишингиз керакми ё кетсангиз бўлаверадими? — суриштирди жувон.
— Керак ҳам, бўлаверади ҳам.
— Худди типратикондек тиконларга қопланиб олгансиз.
— Қопланиб эмас, яшириниб олганман, — эътироз билдирди Палмер.
— Ўн бирдан кейин нима бўлади? — сўради Виржиния.
— Сизни тўйдириб ичиришибди, — деди Палмер. — Мен буни дарров сездим.
— “Сэр, мени яраламадилар, мени ўлдирдилар!” Соқийлик вазифасини бажарганда мистер Гаррисон Элдернинг қанақа бўлиб кетишини сиз тасаввур ҳам қилолмайсиз.
— Кечириб қўясиз, мен ҳам қўшилганман, — эътироз билдирди Палмер ва бўш қадаҳини кўтарди. У қадаҳга диққат билан разм солди, кейин эса хўмрайиб сўради: — Калхэйнга нутқни Бернс ёзиб берган бўлса керак?
— Шак-шубҳа йўқ.
— Нима учун у ҳар доим бунақа тумтароқли қилиб ёзади?
— Калхэйннинг нуқтаи назарида, — деди жувон, — қанча ноаниқ бўлса, шунча яхши.
— Агар улар икковини бир жойга қўйса, — деди Палмер, — дунёни зулмат босарди. — У хўрсиниб қўйди.

Ниҳоят “Васваса” товушлари остида ғайриоддий шева билан романс ижро этмоқчи бўлган тенорга жой бўшатиб, қизиқчи четлашди. Тенор омма ҳам бу куйдан тўлиқ завқланиб улгурмаган деб хаёл қилганди, бироқ қарасаки, унинг ўзи қабиҳ ният қурбони бўлиб ўтирибди, чунки “Васваса”дан бир неча мақом чалиб, оркестр бирдан фокстротнинг қулоқни қоматга келтирувчи жўрлигида ўйноқи куйга ўтиб кетганди. Якунида “Беса ме мучо” янграб, томошабинлар қарсак билан қарши олдилар. Шундан кейин қизиқчи рақслар бошланганини эълон қилди.

Танобийда чарақлаб ёнган чироқлардан кўзларини қисиб одамлар у ён-бу ёнларига қараганча столдан туришди. Ҳайъат столи бирдан қоронғилик ичида қолди ва файзини йўқотди. Энг аввал руҳонийлар ўтирган ўриндиқлар бўшади.

Гарри Элдер ҳам ўрнидан турди ва оҳиста қорнини силаб қўйди. Пайтдан фойдаланиб бир нечта репортёр Калхэйн томон отилди. Элдер Виржиния Клэрига илиқ жилмайиб қўйди.
— Начора, у бўлмаса, мана, мен сизни таклиф қиламан, — деди у ўзининг баланд хирилдоқ овозида.

Аввалига Палмер нима гаплигини тушунмади, сўнгра фаҳмлаб олгач, у ўрнидан турди ва Виржиния олдида бошини хиёл эгди.
— Мистер Элдер билан бу сафар рақс тушишга розилик билдириб, унга марҳамат кўрсатмайсизми?
— Жоним билан.

Палмер уларни кўздан қочирмаганча қайта жойига бориб ўтирди ва Элдер билан хоним рақс тушувчи жуфтликларга аллақачон тўлиб бўлган майдонча томон кетди. Палмер жувонни, унинг ҳаракатларини, оппоқ либосдаги сарвдек қоматини кузата бошлади. Кейин, ким билсин, нечанчи марта яна соатига қаради ва Бернс билан учрашувига ҳали анча борлигидан афсусланиб қўйди. Катта тўртбурчак шишага қўл чўзиб, у музлари эриб бўлаёзган қадаҳига виски қуйди. У “кетар жафоси”га ва ўн биргача қанча вақт қолганидан қатъи назар, булардан жуфтакни ростлаш учун ичишга аҳд қилди. Жуда бўлмаганда у мана бу танобийда ивирсиб юргандан кўра Бернснинг уйига пиёда борса ҳам бўларди-ку. Ора-чора рақс тушаётганлар орасидан лип-лип кўзга ташланиб турган оқ либосга қараб-қараб, вискини шошмай охиригача ичди. Элдер билан Виржиния кула-кула Палмер ўтирган столга қайтиб келишарди. Палмер ўрнидан турди ва жувонга ўриндиқни сурди.
— Кейинги навбат сеники, Вуди, — нафасини базўр ростлаб деди Элдер. — Бу телба куй менга тўғри келмас экан.

Бир неча сония учовлон нима қилишни билмай туриб қолишди. Сўнг Виржиния Палмернинг қўлидан тутди-да, уни рақс майдончасига олиб кетди. Жувон майдонча четида тўхтади ва унга ўгирилди.
— Бунинг нимаси телба куй экан? — деди Виржиния. — Энг оддий лотин америкаси куйи-ку. — Палмер уни ўзига қаратди-да, гарчи оркестр қандайдир бошқа куйни чалаётган бўлса ҳам “па румба” мақомида майдонча чеккаси бўйлаб аста юриб кетди. Палмер ўзини жувондан анча баландман, деб ўйлаганди, бироқ рақс туша бошлашгани ҳамон Виржиниянинг бирданига бўйи чўзилиб кетгандай бўлди. Қоидага риоя қилиб, орада масофа сақлаганча у жувонни бошлаб кетди, бу масофани фақат аёлгина қисқартиришга ҳақли эди. Мусиқа Ирвиннинг эски куйи “слоу-факс”га ўтди. Палмер уни талабалик давридан яхши эсларди, фақат ўша вақтларда у анча шўхчан ижро этиларди.

Ёнингдаман, дадил бўл, қўрқма,

Ахир эмасман-ку ёш бола, жоним.

Ёнингдаман, жўшдир эҳтиросингни ...

Иккалови ҳам аста кулиб юборди ва рақс тушишда давом этди.
— Хотирангиз яхши экан, — деди жувон.
— Ўша эски замонларда рақс тушишни ўрганганман.
— Кўп қўшиқлар эсингизда қолганми?
— Тўғрисини айтсам, бу сўзларни эслашимга шубҳа қилмагандим. Улар ўзи келиб қолди, бирданига.
— Давомини ҳам эслайсизми?
— Бошқа ҳеч нима эсимда йўқ.

Улар рақс тушишда давом этишди, бироқ бошда икковларини ажратиб турган масофа ғойиб бўлгандай эди. Йигит жувоннинг ҳар бир ҳаракатини ҳис этиб турарди. Одатдаги қоидага риоя қилиб Палмер ортга чекинмоқчи бўлган эди, бироқ бу фикридан қайтди.

Оркестр қўшиқ куйини сатрма-сатр такрорлар эди. Палмер жувоннинг аста хиргойи қилаётганини эшитди.

У Виржиниянинг юзига назар ташлашга ҳаракат қилди, лекин жувон чеҳрасини унинг елкасига қўйиб олганди. Палмер жувоннинг унга яқинроқ келиб олганини ҳис этди. Буни у билиб туриб қилаяптимикан, деб ўзидан-ўзи сўради Палмер. Хотинидан бошқа аёл билан рақс тушганида бундай савол кўп марталаб кўнглига келар эди, бунга бирон аҳамият бериш жоизмикан ёки бу ихтиёрдан ташқари бир ҳолатмикан? Ҳар гал бўлганидек, бу сафар ҳам Палмер аёллар камдан-кам ихтиёрдан ташқари ҳаракатлар қилади деган тўхтамга келди.

Аста-секин танобийни яна ғира-шира қоронғилик чулғади. Рақслар эса давом этарди. Официантлар столларни йиғиштиришга тушишганди, соат ўн бирдан ошиб кетган, аммо Палмер энди вақт қанча бўлганига қизиқмай қўйганди.

Йигирманчи Боб

Сайр шунча чўзилади деб кутмаганди у. Меҳмонхона Таймс Скуэр туманида эди, Бернснинг шаҳар квартираси эса Эллигинчи кўчаларнинг бирида жойлашган. Виржиниянинг уйи Бернс уйи йўлида ёки, эҳтимол, бунинг акси бўлгани учун Палмер узоқ ўйлаб ўтирмади, — улар йўлнинг бир қисмини биргаликда босиб ўтишга қарор қилишди.

Ушбу кеч паллада Манхеттеннинг марказий туманлари, одатдагидек, одамлар билан гавжум эди; одамлар оқиб келар, машинадан тушар, тунги клубларга, барларга, турар жойларга кирар ёки улардан чиқар эдилар. Шаҳар театрларида томошалар тугаб бўлганди ва теварак-атрофда яшовчи томошабинлар ва уларнинг нью-йорклик дўстлари бу ерга интиларди. Палмер ва Виржиния машиналар оқими ўтиб кетишини пойлаб, Парк-авеню ва Эллик иккинчи кўча чорраҳасида тўхташди ва бирдан кўринишидан олти ёшдан ортиқ бўлмаган икки пуэрторикалик боланинг ўқдай учиб бориб қаршидан келаётган қора “флитфуд”га ташланганини кўриб қолишди. Улар ресторан йўлагига бурилиб, ҳали юриб бораётган автомашинанинг эшигини очишга ҳаракат қилиб, қўлчалари билан дастакка маҳкам ёпишиб олишди. Болалардан бири туртиниб кетди-да, бир оёғи машина остида бўлиб қолди. — Сuidado![3]
— Тўхтанг, мистер! Тўхтанг!

Машинанинг орқа ғилдираклари болакай оёғига теккан маҳалда ўртоғи уни машина тагидан шиддат билан тортиб олди. Ресторанга кираверишда турган швейцар супача томонга отилди ва ҳар иккала болани ариқ томонга ирғитиб юборди, сўнг дарҳол қаддини ростлаб, “флитфуд”нинг орқа эшигини очиш учун машинага ўз вақтида етиб борди. Палмер ҳатто узоқдан туриб швейцарнинг меҳмонни сермулозаматлик билан жилмайиб қарши олганини кўриб турарди.
— Ана қаҳрамонлиг-у, гап йўқ, — деб қўйди Виржиния.
— Уларга нима! — деди Палмер. — Анави ёққа қаранг!

Ҳар иккала болакай ариқ бўйида ётиб олиб, овозларининг борича хохолаб кулар эди.

Виржиния уларга диққат билан разм солди.
— Йиғламаслик учун кулишаяпти, — деб қўйди жувон.

Яшил чироқ ёниб, улар кўчанинг нариги томонига ўта бошлашди. Виржиния олдинда, унинг ортидан эса Палмер борарди. Улар “Сигрэм” биносининг мунгли осмонига тик кўтарилган устунлари ёнидан жим ўтиб кетишди. Ойнаванд девор орқали ичкаридан чиқиб турган сарғиш нур бутун деворни ёритиб турарди.
— Зўравонлик шаҳри, — деди Виржиния. — Ваҳший хулқ-атворлар. Бу ерда даҳшатли ишлар амалга оширилади. Уччига чиққан қарама-қаршиликлар.
— Демак, сиз ҳам кўчадаги жулдирвоқиларга кўз ёши тўкадиганлардан экансиз-да? — Палмер хўрсинди.
— Э, йўқ, — эътироз билдирди жувон. — Мен ўзим ҳам кўча қизи эдим. Лекин у вақтларда бизга бундай нафрат билан муомала қилишмасди. Энди эса бу кўплаб одамлар бошига тушган аянчли ҳолатнинг кўплаб аломатларидан биттаси.

Палмер бироз сукут сақлаб турди-да, кейин деди:
— Лекин мен, тўғриси, бу болакайларда аянчли аломатларни кўрмадим.
— Энди кўрасиз, — деди Виржиния.
— Нимани “энди кўрасиз”? — Мен эшитишга тайёрман, — деди Палмер. — Ҳали олдингизда охири йўқ узун йўл тургандан кейин...
— Мен айтадиган нарса сизга ёқмайди.
— Эҳтимол. Барибир ҳам, илтимос, гапиринг, мен тинглайман.
— Энг аввало бу икки бола ҳаётда нималарга тўқнаш келишини, қандай ҳолатларда уларга эш бўлади-ю, қандайлари қаршилик кўрсатади, шуларни тушунтиришга ҳаракат қилинг, — гап бошлади жувон. — Яхши туманни олиб, уларнинг омади келган. Бу ерда ҳаддан ташқари қиммат ресторан, икки тунги клуб жойлашган, буларга энг машҳур киноюлдузлар ва турли таниқли одамлар кириб туришарди. Бунинг устига меҳмонхона ҳам ёнгинасида . Мана шу бутун маҳалла — уларники. Агар бошқа маҳалла боласи бу ерга келиб қолгудек бўлса, уни бурда-бурда қилиб ташлашади.
— Кимлар, бу болакайлар?
— Агар даромадли бўлса, ўз туманини сақлаб қолиш учун улар ҳеч нарсадан қайтишмайди. То улардан зўрроқ биттаси бу серунум жойдан қанча фойда тушишини англаб, уларни қувиб юбориб, ўрнига ўзи ўрнашиб олмагунча шундай бўлаверади. Ахир бир тунда уларнинг ҳар бири манави ерда беш доллардан ишлаши мумкин-да.
— Қуруқ эшикни очиб, пул ишлаш?
— Бугина эмас. Улар шу қадар бечораҳол бўлиб кўринишадики, уларни ҳайдаб юборишга бировнинг кўнгли бўлмайди. Бу маҳалла ресторани ва тунги клублар мижозлари одамлар кўзига муштдеккина жулдирвоқиларни тепишга журъат қилолмайдилар. Улардан қутулиш учун чорак долларлик чақани ирғитиш кифоя.
— Швейцарлар-чи? — сўради Палмер. — Улар бу болаларни ҳайдаб юборишмайдими?
— Ҳайдаб юборишади, фақат уларни кимдир зимдан кузатиб турганда ёки болалар ҳаддан ташқари сурбетлик қилган вақтларда ҳайдашади. Аслида эса бу ерда бир қонун бор: ўзинг ҳам яша, бошқаларни ҳам яшагани қўй. Болакайлар бой мижозлардан биронтасининг кўнглини чоғ қилишлари мумкин, ана шундайлардан бир аламини олиб қўйиши мумкин. Умуман, улар нонини топиб ейишади. Сиз уларнинг швейцар билан ўрталаридаги муносабатни пайқагандирсиз, ҳойнаҳой? Икки хил ҳаётда кун кўриш шаклларидан биттаси.
— Сиз шунга аминмисиз?
— Бўлмаса-чи, — давом этди Виржиния, — уларга ўзларининг ғурури ёрдам беради: “anglos”лар[4] келганда улар ҳеч қачон йиғламайдилар. Мана гап қаерда. Барча туйғуларни улар кулги билан ифода этадилар.

Палмер лабларини қимтиб олган Виржиниянинг юзига ён томонидан кўзининг қири билан разм солди.
— Туйғуларни ифода этишнинг бу ғоятда чекланган воситаси, — деди у.
— Қўшиламан. Аммо уларга қарши кўплаб омиллар курашганди. Биринчидан, вақт. Улар балоғатга етганида, швейцарлар тоқат қилолмайдилар ва ўшанда уларни қайтмас қилиб ҳайдаб юборадилар. Маҳаллада изғиб юрувчи бундай ўсмир пуэрторикаликлар кимни ташвишга солмайди? Қачон қараманг, пичоқбозлик қилишга шай туришади. Шу боис кулиб туриб пул топиш, тақдир зарбаларига бардош бериш мумкин бўлган улар болалигининг олтин даври узоқ чўзилади.
— Иккинчидан, — деб давом этди жувон, — ишлаб топган пуллари ҳам уларнинг ўзларига қарши бўлиб қолади. Албатта, агар улар барча топган пулларини уйга олиб келишса-ку, олам гулистон. Лекин лоақал бир неча доллар пулни тугиб қўйиш қўлидан келадиган биронта болани топиб бера оласизми? Бу лаънати долларлар уларнинг бошига озмунча кулфат келтирмайди дейсизми! Бисотидагини тортиб олиш учун бола шўрликни ўласи қилиб калтаклашлари ё ўлдиришлари ҳам мумкин, ёки у гиёҳвандчиларга қўшилиб кетади, ё ичкиликбоз бўлиб кетади. У ҳатто тўппонча сотиб олиш учун ҳам пул йиғиши мумкин.
— Ёки, — унинг гапини бўлди Палмер, — у ўзига костюм сотиб олиши, кинога тушиши, тўйиб овқатланиши мумкин. Нима учун сиз уни пулларини фақат ҳалокатга элтиш учун сарфлайди деб ўйлайсиз?

Жувон тўхтади ва унга юзланиб туриб олди. Унинг қўли Палмернинг билагидан сирғалиб тушди.
— Айтмовдимми, гапларим сизга ёқмайди деб, хушахлоқ дўстгинам.
— Мен бошқа имкониятларга шама қилмоқчи эдим.
— Болалигингиз тажрибасидан келиб чиққан имкониятлар ҳақидами? — деди Виржиния. Чет эл автомашиналари бор витринадан тушган чарақлаган нур остида диққат билан Палмернинг юзига қараётган кўзлари яна катталашгандек, янада қорайгандек туюлди. — Йўқ, сиз шунчаки Нью-Йоркдаги кўча болалари ҳаётини тушунишга қодир эмассиз.
— Ҳаракат қилаяпман-ку.
— Ёки пул улар учун нима эканини тушунишингиз керак. Бир куни менга ўзингизнинг пулга бўлган барча қарашларингизни баён этгандингиз. Эсладин¬гизми? Сиз пул — ҳаётингиздаги асосий омил дегандингиз. Шундай эмасми?
— Ҳа.
— Мана бу болалар учун, — деди унга Виржиния, — пул — бу халоскорлик тўлови. Улар пулларини пала-партиш ва тез сарфлаб юборишлари сабаби шунда, уларни барбод этувчи ҳаётдан ситилиб чиқишига бўлган енгилмас эҳтиёж елкаларидан босиб туради, бу ҳаётда улар ўзларини майда, кўзга илинмайдиган жондорлар деб биладилар. Пул эса уларга дарҳол куч ва маъно бахш этади. Пул — бу тўппонча, у уларга ўзларини атрофдагилардан бир калла баланд деб ҳис этиш имконини беради. Ёки бу бир шиша аччиқ ва арзон вино. Ёки наша. Аммо бу зинҳор қорин тўйдирмайди, бир стакан кока-кола ёки варақи сомса эмас.
— Оҳ, ўйласанг баданинг жимирлаб кетади, — деди Палмер жувоннинг кўзларига қарашга ҳаракат қилиб. — Бу болаларнинг ёши нечада экан-а? Олтими, еттими?...
— Йўқ. — Жувон эътироз ила бошини чайқади: — Улардан биттаси нари борса ўнда. Бошқаси ўн бирда ёки ўн иккида ҳам бўлса керак.
— Унда мен чамалай олмас....
— Ҳа, бу шундай, — унинг сўзини бўлди жувон. — Мен бу иккала болани билмайман, аммо уларнинг ёшидаги болалар одатда ҳамма нарсани билиб олган бўладилар. Ҳатто аёллар билан жинсий алоқа ҳам қиладилар.
— Ўн ёшда-я? — Шу аснода усти очиқ ва ўриндиқларга ялтироқ чарм қопланган оқ “мерседес” уларни қувиб ўтди. Ҳайдовчи ёнида ўтирган баланд бўйли зарринсоч жувон Палмернинг гапига таънали ўгирилиб қараб қўйди.
— Ўн ёшда-я? — қайта сўради у бу сафар хотиржам оҳангда.

Жувоннинг лаблари ғамгин табассумдан эгилди.
— Охири лол қолдирдимми сизни?
— Лол қолганим йўқ, — эътироз билдирди Палмер. — Ҳафсалам пир бўлиб кетди.
— Бўлмасам-чи, айниқса булар ҳаммасини сизнинг болалик йилларингиз билан таққослаганда, — деди жувон ва яна илгарилаб кетди. — Бўпти, таққосламаганингиз яхши. Назаримда, ҳаётнинг жинсий жиҳатлари билан биз икковимиз анча кеч танишганга ўхшаймиз.
— Менда бу нарса ўн саккиз ёшимда содир бўлганди, ундан эрта эмас.
— Менда эса ўн саккиз анча эрта ҳисобланган, — деди Виржиния.
— Демак мен роса саккиз йилни бой берибман-да? — мийиғида кулди Палмер. — Гарчи бу нарса нима эканини билмасам-да, айни куч-қувватга тўлган саккиз йил-а?

Улар ўнгга бурилишди ва Ист-Ривер томон йўл олишди, Лексингтон авенюни кесиб ўтишди ва Учинчи авеню муюлишида тўхташди.
— Шу ерда ажрашамиз, — деди жувон. — Тўғри бораверасиз ва охири ўнг томонда янгигина баланд оқ бинога дуч келасиз. — Палмер ундан Бернс уйи жойлашган жойни бу қадар нечук аниқ биласиз деб сўрашдан ўзини зўрға тийиб турарди. Полиция сиренасининг тобора кучайиб бораётган овози қулоққа чалинди. Ёнларидан полиция автомашинаси ва ортидан полиция департаментига қарашли каттакон “тез ёрдам” яшил автомашинаси ўтиб кетганини базўр илғади.
— Кимнидир қаердадир, — аста деди Виржиния, — “флитвид” ғилдираклари остидан вақтида тортиб чиқаришга улгурмаганлар.

Улар тик турганча “тез ёрдам” автомашинаси томидаги лип-лип қилаётган чироқни индамай кузатиб қолишди. Учинчи авенюнинг охири кўринмас бир пучмоғига кириб, кўп ўтмай “тез ёрдам” кўздан ғойиб бўлди. Шу аснода ўйлашга ҳам улгурмай Палмер ўз овозини эшитди:
— Сизни кузатиб қўйсам майлими?

Жувон аста бошини чайқади:
— Миннатдорман, бугунгидай ҳаво яхши кунлари ойимнинг кечқурунлари ойнадан бошини чиқариб тоза ҳаводан нафас оладиган одати бор. Кейин унга роса тушунтиришимга тўғри келади. Кечқурун қизимни кузатиб қўяр эканми, бу одамга ишониб бўлмайди, одатлари ёмон экан деб ўйлай бошлайди. Ана ундан кейин қутулиб бўпсиз ойимдан.
— Қанақа ёмон одатларни назарда тутаяпсиз?
— Эҳ, қайси бирини айтай? Сиз — менинг бошлиғимсиз, уйлангансиз. Охири бориб-бориб сизнинг ҳатто католик эканингизни тан олишимга мажбур қилади.
— Агар бунақа зиёфатларга тез-тез келиб турадиган бўлсам, ким билсин, охири католик черковининг ашаддий курашчисига айланиб қоларман? Унгача сиз бирон нарса ўйлаб топарсиз?
— Бир гал шундай қилишга ҳам уриниб кўрдим, аммо чиқмади. Ойим мени дарҳол фош қилиб ташлади.
— Йигит католик эмасмиди? — сўради Палмер.
— У бўйдоқ эмасди. Хайрли тун.

Орага ноқулай сукунат чўкди.
— Буни қаранг-а, — деди бироздан сўнг Палмер. — Ойингиз сиздаги бу эътирофни қандай қилиб илғаб олдийкин?
— Бу ҳеч нарса эмас, — деди жувон, — хотини ўша йигитдаги эътирофни илғаб олгани олдида бу ҳолва-ку. Йўқ, яхшиси, хайрли тун, яхши боринг.

У жувонга тикилганча жойида тураверди ва аёл ҳам жойидан қимир этмаётганди.
— Менда шундай тасаввур пайдо бўлдики, сиз ҳар қандай сирни сақлай оласиз, — деди Палмер.
— Ойим эса сизда ҳар қандай сирнинг тагига ета оладиган одамдек таассурот қолдириши мумкин.

Палмер яна ўйлаб олишга улгурмай шартта дилидагини айтди-қўйди:
— Мен билан бирга борсангиз қалай бўларкин?
— Бугун Бернсникида меҳмон бўлишдан кўра ноқулайроқ жойни топиш анча қийин бўлса керак.
— Нега энди? Ахир биз бирга ишлаймиз ва битта ишни бажарамиз-ку.
— Мен бошқа қизларга халақит беришим мумкин, — деди Виржиния. Палмер қовоғини уйди:
— Уникида аллақандай қизлар бўлишини биринчи марта эшитаяпман.
— Сизга бу ҳақда ҳеч ким маълумот бериши шарт эмас.
— Менга у ерда соф иш юзасидан суҳбат бўлади деб айтишган. Бундай бўлмаслигига ишончингиз комилми?
— Комил эмас-у, аммо таклиф йўсини барибир менинг ҳақлигимдан дарак бериб турибди.
— Бернс “маъқул йигитлар” билан суҳбат бўлади деганди. У кимларни назарда тутган бўлмаса?
— Ташвишланманг. У ерда нима талаб этилган бўлса, ҳаммаси бўлади. Ливан чаккибосари тажрибасига таянинг. Сиз учун бу оқшом беҳуда кетмайди.

Палмер тоқатсизлик билан афтини буриштирди:
— Сиз жиддийроқ бўлсангиз-чи. Мен эркаклар ҳақида гапираяпман, ахир.
— О, ҳаммаси жойида бўлади. Худди энг яхши хонадонлардагидек, — жилмайди жувон унга жавобан. — Хўш, нима бўлади? Сиз, афтидан, ростданам ташвишланаяпсиз, чоғи? Наҳотки, Бернс сизни ўз оқшомларидан биттасига биринчи марта таклиф қилаётган бўлса?

Палмер қуруққина жилмайди:
— Агар гап шундай оқшомлар устида кетаётган бўлса ва шубҳаларингиз ҳаққоний бўлса, унда бундай таклифларнинг камида ўн-ўн бештасини рад этишдан сизни хабардор қилиб қўйишим керак.
— Нега энди?

Бу масала унинг олдида очиб берган айқаш-уйқаш имкониятларни хаёлан бир тартибга солишга уриниб, у жувонга жим қараб қолди. Охири жувоннинг қаршилигини қабул қилмасликка жазм этиб, бошини чайқади.
— Хўш, нега? — Жувоннинг саволини ўзига қайтарди Палмер.

Бу сафар Виржиния афтига кинояли тус берди.
— Сиз суҳбати олинаётганнинг вазифасини уддалай олмадингиз, — деди у. — Сиз мендан бир-икки жумла илгарилаб кетяпсиз. Бу ҳақда сўраганим учун кечиринг. Бундай саволлар беришим ақлдан эмасди.
— Зинҳор ундай эмас. — Палмер яна ўйлаб олишга улгурмай сўз қотди. У тишларини бир-бирига босди, бироқ юзидаги энг кичик ўзгаришни ҳам жувон сезиб турганини фаҳмлаб, ўз хатосини енгил жилмайиш билан суваб юборишга ҳаракат қилди.
— Нима бўлганда ҳам бу ҳар доим маъносиз эмас.
— Агар бу сизга дахл қиладиган бўлса, умуман ҳар доим эмасми ё шунчаки ҳар доим эмасми?

Палмер чуқур хўрсинди, сўнг тантанавор оҳангда нидо солди:
— Мен шунга асосланиб бу саволга жавоб бермайманки, менинг жавобим айбимга иқрор сифатида, айбнинг билвосита далили сифатида ёки шуни кўриб чиқиш ҳолатига боғлиқ равишда ишга дахлдор бўлмаган арзнома сифатида фойдаланилиши мумкин.
— Аммо сиз прокурор билан эмас, дўст билан гаплашяпсиз-ку, — деди Виржиния. Жувон бироз жим бўлди. — Конституцияга киритилган Бешинчи тузатиш ортига яширинишга ҳожат йўқ.

Йигит бунга ҳеч нарса деб жавоб бермади.
— Агар ёнимиздаги ҳақиқат ҳам дўст бўлса, — қўшиб қўйди жувон ва қуруқшаган лабларидан тилини айлантирди.

Ҳаддан ташқари кўп ичиб қўйганини Палмер эндигина англади. У ҳар бир сўздаги пинҳоний маънодан чўчиб қолганди. Ўзи йўқ хатарлардан хавфсира¬моқда, ҳаддан ташқари эҳтиёткорлик қилмоқда эди, чунки у росмана ҳушёр одамга хос соғлом ақлга таянадиган аҳволда эмасди-да. Бу шаҳарда унинг дўстлари қаторига қўшадиган биронта одам бўлса, у ҳам Виржиния-ку. Бироқ бу ҳақда унинг ўзига айтиш ўрнига у яна ўз овозини эшитди:
— Ростданам шундаймикан?

Жувон жавоб беришга шошилмаётганди. Энди Палмернинг ўзи кўриб турибдики, берган саволи аслида ғирт ҳақоратдан бошқа нарса эмас. У бир умр қандай иш тутиб келган бўлса, кўра-била туриб яна шундай иш тутганини тушунди: атрофидагиларни ўзидан маълум масофада сақлаб турарди. Аммо, наҳотки, у ҳозир ҳам шундай қилаётган бўлса? Наҳотки, масофани ўзининг Виржиния билан муносабатларида ҳам сақламоқчи бўлаётган бўлса?
— Бундай савол жавоб беришга арзимайди деб ўйлайман, — деди Виржиния. У гўё полиция машинасининг лип-лип қилган қизил чироғини яна кўришни хоҳлаётгандек Учинчи авенюга индамай кўз югуртирмоқда эди.
— Дўстлик учун камида икки жиҳат талаб этилади, у бир жиҳатли бўлиши мумкин эмас, — деди жувон аста ва ўйчан ҳолда. Бироқ у йигитга ўгирилганда, Палмернинг нигоҳидаги нимадир уни қўшимча қилишга мажбур этди: — Ҳарҳолда мен ўзимни сизга нисбатан дўст тутишга ҳаракат қиламан.

Палмер бош ирғади:
— Биламан.
— Бу муносабат... — Жувон тараддудланди, бироқ барибир гапини охирига етказишга аҳд қилди. — Бу муносабат ортида қандайдир шахсий мажбуриятлар яширинмайди. Сиз тўғри айтгансиз: бизлар барчамиз бир ёқадан бош чиқариб битта ишни қиламиз. Нега энди бизлар дўст бўлмаслигимиз керак? Тамом, вассалом.
— Биламан, — деди яна Палмер, — мен ж... ж... — У биргина сирни айтишга тўсатдан қийналиб қолганидан хижолат тортиб, кўзларини пирпиратди. У чуқур нафас олди. — Мен жуда сиздан миннатдорман бунинг учун. Раҳмат.

Жувон аста қўлини кўтарди, унинг узун ва ингичка бармоғи бир лаҳза йигитнинг юзига тўқинди. Бу бармоқнинг қанақадир иссиқ туюлиб кетганидан у лол қолди.
— Бу гапни айтиш учун сиз озмунча куч сарфламадингиз. Тўғрими? — Жувон жилмайди.

Палмер икки бор “ҳа” дегандек бош ирғади, унинг гапиришга мажоли қолмаганди.
— Майли, ҳечқиси йўқ, — паст овозда деди жувон. У катта-катта кўзлари билан йигитнинг юзига диққат ила, шошилмай разм солиб чиқди. — Агар керакли сўзларни топиш сизга шунчалик қийин бўлаётган бўлса, буни мен энг яхши лутф деб қабул қиламан. Хайрли тун.

Жувон орқасига бурилди-да, Учинчи авеню бўйлаб юқорига қараб кетди.

Йигирма Биринчи Боб

Мак Бернс шаҳарда квартира олган уй Ист Ривер қирғоғидаги энг замонавий бино эди. Унинг бутун олд қисмини балконлар сафи қоплаган. Балконлар шундай жойлашганки, ҳар бир квартира яшовчиси дарёни томоша қилиб завқлана оларди. Ўн саккиз қаватли бу бино шаҳарнинг энг серқатнов автойўлларидан бирида қад кўтарган эди. Муниципиал мулк ҳисобланувчи томорқалар устидаги боҳаво жойларни хусусий одамларга сотиш анча сердаромад бўлиб, шаҳар хазинасини тўлдиришнинг ишончли усули эди. Бу ғоя шаҳар бошқармаси вакилларидан бири, ўтмишдошидан кўра ишбилармонроқ бир одамга тегишли эди ва айнан у ҳаво савдосида пинҳон ётган чекловсиз ва анча даромадли имкониятларни ҳисобга олганди.

Палмер панжара олдида турар ва бошини орқага ташлаб, бу муҳташам бинони томоша қилар, бамисоли осмонда парвоз қилаётган бу кенглик уй эгасига қанчага тушишини ўзича хомчўт қилишга уринарди. Қизиқ, айнан шу тумандаги ҳаво қанча тураркин, шаҳарнинг бошқа қисмларидагидан бу ерда қимматроқмикин? Шаҳар ҳокимиятидагилар харидорга расамаддагидек қилиб топширишдан олдин бу ҳавони тозалаш, уйдан қурум ва заҳарли газларни йўқотиш ғамини еганмиканлар? Тижорат учун фойдали бу ҳаво қатламлари шаҳар узра қанча баландликкача ястланган?

Агар, худо кўрсатмасин, бу қимматли ҳавонинг бир қисми Атлантика океани узра учиб тушиб, шарққа қараб, сувдан ўн икки миллик сарҳаддан четроққа сузиб кетса-чи? Ундан ҳам ёмони: у ғарбга томон, Виҳоукен шаҳрининг қовоқмия оталари уни кимошди савдосида пуллаб юборишга қарор қиладиган Нью-Жерси томон суриб кетиши ҳам мумкин-ку!

Асил Манхеттен ҳавосидан олиб қолинг! Нархи кўнгилдагидек!

Палмер бинога диққат билан разм сола бошлади. У даҳшатли кўринарди. Тикка букилган мудҳиш балконлар дев қўлидаги улкан чўқморга ўхшайди. Қизиқ, ўйлади у, бу ҳаво қасрида қанақа одамлар яшаркин-а?

Бу ерда ижарага олинган ёки муддатли тўловга сотиб олинган квартира қанчага тушишини у хаёлан бемалол хомчўт қила олар эди. ЮБТХда мана шунақа турдаги биноларга кўплаб бай пуллари қўйилган. Ҳар бир ижара ҳақи кам деганда йилига минг доллар туради. Шундай қилиб, беш хонаси, деразалари қўшни уйга тиралиб турувчи одмигина квартира ижарадорга кам деганда атиги тўрт юз долларга тушса керак. Бироқ кўпчилик квартираларнинг балконлари ҳам бўлганидан уларнинг нархи анча ошар эди.

Палмер дарвозага олиб борувчи йўлакдан аста юриб кетди, ўзича автомашиналарнинг тош йўлдан тўғри ойнаванд бостирма остидаги кенг марказий эшикка келиб туришини ҳисобга олди. Тўрт юз долларли ижарадорлар бу ҳашамли эшикдан кириб-чиқишда фойдаланишлари мумкинмикан? — ўйлади Палмер. — Дарвоқе, бу маҳаллаларда яшовчи бечораҳолларнинг таксида юришларига йўл бўлсин.

Кўчадан ойнаванд девор билан ажратиб қўйилган вестибюл ичкарисида икки швейцар пашша қўриб ўтирарди. Биттаси ҳарбийча шинел ва фуражкада. Иккинчиси — ливрелда. Улар либосларининг сарғиш-қизил рангли француз чет эл легиони полковниги мундирини эслатарди. Шинел ва фуражкадаги швейцар Палмернинг яқинлашиб келаётганини маъюс ва диққат билан кузатиб турарди. Ливрелдаги унинг ҳамкасби телефон коммутатори қопқоғига эриниб ёнбошлаганча Палмер томонга лоақал қия боқиб ҳам қўймади.

Эшигини очиш учун Палмернинг ўзи қўлини чўзгандагина шинелдаги швейцар ошкора норозилик билан уни ланг очди.
— Хайрли кеч, — деди у савол берган оҳангда, гўё об-ҳавога қизиққандай.
— Кимга келдингиз? — дағалгина ғудранди ливрелдаги швейцар.
— Яъни, сизга ким керак эди, демоқчисиз-да? — тўғрилади уни Палмер.

Швейцар ялт этиб унга қаради-да, кейин гавдасини тўғрилаб туриб олди:
— Мени маъзур тутгайсиз.
— Дуруст, — жавоб берди Палмер.
— Мен сўрамоқчи эдимки, келганингиздан кимни воқиф этайлик?
— Мистер Бернсни.

Швейцарларнинг кўзлари катта-катта очилди. Палмер пештахта олдида ғоз туриб олди.
— Эҳ, мистер Бернсми? Бир дақиқа, сэр. — У шартта ўгирилди-да, коммутатор шнуридан тутди.

Азбаройи чиранганидан лаблари учиб, у бир неча лаҳза керакли рақамларни терди, сўнг куч билан пойнакни уячага тиқди.
— Узр, сэр. Сиз хусусингизда нима деб айтай?
— Вуди, — деди Палмер енгил табассум билан.
— Ҳа, сэр Вуди. Бир дақиқа, сэр, ҳозир айтаман. — У телефон гўшагини қулоғига қаттиқ тираб жавобни кута бошлади. — Мистер Бернс? Бу сизмисиз, сэр? Сэр, сизни мистер Вуди кўрмоқ истайдир. — У пешонасини тириштириб қулоқ солди. — Лекин у киши мистер Вуди дедилар, сэр... — Кейин швейцарнинг юзи табассумдан ёришиб кетди ва у шодон бошини сараклатди. —Ҳа-ҳа, сэр, албатта, мистер Бернс, кўнглингиз тўқ бўлсин, ҳозироқ бажо бўлади, сэр. — У Палмерга бурилди: — Марҳамат, мистер Вуди, марҳамат, сэр, мана бу ерга марҳамат қилинг.

Швейцарга эргашиб лифт томон борар экан, Палмер шундай мулоҳаза қиларди: бу тоифадаги қулчилик биргина “байрам” муносабати билан мўмай чойчақа олиш истагидан пайдо бўлмайди: рождествогача ҳали узоқ, бунинг устига биронта ҳам ўз қадрини билган одам манфаат юзасидангина адоватли нафратдан ошкора тарзда оёқни ўпишга тайёр ялтоқликка ўтиши мумкин эмас. Йўқ, қатъий тусда ўйлади Палмер. Кўриниб турибдики, гап фақат бу ерда Бернсга нисбатан сахий ва бой ижарадор сифатида муносабатда бўлмаётир. Ундан қўрқишади. Одамни ўлгудай қўрқитиб олибгина уни мана шундай етти букилиб қуллуқ қилишга мажбур этиш мумкин.

У ҳозир кесиб ўтган вестибюлнинг охири йўққа ўхшарди. Ҳар бир қадам ташлашда Палмернинг оёқлари узун патли гиламга шунақанги чуқур ботардики, туфлисининг учлари юпқа чанг қатлами билан қопланди. Деворларга осилган, гирди нафис нақшлар билан қуршалган тошойналар вестибюлни дучандон маҳобатли кўрсатар, унда одам ўзини митти жонзоддай ҳис қила бошларди. Бу маҳобат ҳам камлик қилгандай, Палмернинг йўлида эни камида эллик футлик ҳовуз пайдо бўлди. Палмер уни айланиб ўтишига тўғри келди. Энг ўртада бадани ҳаддан ташқари силлиқ аёл қиёфасини акс эттирувчи улкан ҳажмдаги ҳайкал савлат тўкиб турарди. Унинг сиймоси мутлақо ясси ва сочи ергача тушган. Ҳайкал шиддат билан деярли қоқ ярмигача орқага эгилган, қўли бир қучоқ сочлари орасига кириб кетганди. У қўлини бўшатиб олмоқчими ёки қаддини ростламоқчими, билиб бўлмасди. Фақат бир нарса аниқ эди — шўрқисмат хилқат беҳад оғир аҳволга тушиб қолган. Уч жойдан тизиллаб отилган сув унинг сочлари орасидан ўтиб юқорига интиларди ва бир лаҳза соябон шаклида муаллақ туриб, тропик жаласига хос шиддат билан ҳайкалнинг ён томонига келиб уриларди. Сув томчилари унинг бринч сийнаси ва бошини ноғора қилиб чалар, кейин эса бир жойга тўпланиб бадан бўйлаб пастга оқиб тушарди. Турган-битгани мўъжиза-ку, кўнглидан ўтказди Палмер. Ҳайкалнинг бел ва сонлари ё эҳтиросдан, ё қаттиқ совқотганидан пир-пир учар эди.

Швейцар тавозе билан Палмерни автомат лифтга олиб келди ва ширинсуханлик билан оқ йўл тилаб:
— Ўн саккизинчи қават, шимолий қанот, сэр, — деди-да, бошини эгиб қўйди.

Палмер жавобан бош ирғади, “18” рақамли тугмачани босди ва тезюрар лифтдан орқада қолиб, юраги пастга тушиб кетаётгандай ҳис қилди.

Ичидан Бернс қўли билан имлаб чақириб турган очиқ эшиккача етиб олишдан аввал у маъюс кулранг тусдаги йўлакда бир неча дақиқа адашиб юрди. Тирноқларига обдон оро берилган ва тилла тугма ялтираб турган бу бармоқларни ҳатто бир неча метр узоқдан ҳам бехато таниб олса бўларди.
— Швейцарнинг айтишича, мени Вуди кўрмоқчи экан, — деди Бернс кинояли жилмайиб. — Демак, сиз лақаб остида яширинмоқчи бўлибсиз-да?
— Кечикканим учун узр, — деди Палмер ташаббусни қўлга олиб.

Бернс эшикка наридан-бери суяниб тик турарди. Худди узоқ масофани ҳозиргина чопиб ўтган одамдай, унинг қорача юзи ял-ял ёнарди.
— Сиз кутганимдан ҳам олдин келдингиз, бўтам, — Палмерни ишонтириб деди у. — Қани, бўлмаса дарё бўйидаги кулбаи вайронамизга марҳамат қилсинлар.
— Наҳотки биринчи бўлиб мен келган бўлсам? — сўради Палмер, унинг ёнидан аста хона ичига ўтар экан.
— Ҳа, энди жуда биринчи бўлмасангиз ҳам, — бетакаллуф равишда ҳиринглади Бернс, — аммо энг азизисиз.

Палмернинг юзи тиришди:
— Мен бўлсам шошмай шунча йўлни яёв юриб келибман.
— Бўтам, сен яёв юрмаслигинг керак эди, — димоғидан минғирлаб гапирди Бернс. У, афтидан, ғирт маст эди ва одатдаги бурро-бурро талаффузлари ўрнига бу сафар сўзларини чала-чулпа қилиб, бир-бирига қўшиб гапирмоқда эди.
— Улфатлар билан жиндай сайр қилиб қолдим, — Палмер ўз аксини ўйма нақш солинган қизил дарахт рамкасидаги тошойнада кўриб қолди. Даҳлиздаги ҳамма буюмлар эски эди. Хона ичидан ниманидир қизғин муҳокама қилаётган одамларнинг босиқ овозлари келиб турарди.
— Эҳ офатижон мисс Клэри! — Бернс астагина димоғида кулиб қўйди. — Виржиния, газета маъбудаси бўлган улфатчиликда, — дона-дона қилиб деди у. — Чақилмас тош ёнғоқ.

Палмер елкасини совуқ учириб қўйди.
— У ғоят ақлли ёш хонимдай таассурот пайдо қилади.
— Ақлли? — Бернс жим бўлиб қолди. — Э-ҳа, ақлли! — У қаттиқ бош ирғади: — Ҳа, шубҳасиз. Лекин биласанми, у нимага ўхшайди, хўш? Телефон станциясига ўхшайди. — У бармоғи билан Палмер пиджагининг ҳошиясига чертиб қўйди. — Биласанми нима учун? Худди телефон станциясидек, унда барча рақамлар банд бўлади! — Ўзича жуда топиб айтдим деб у бутунлай ҳаяжонланиб кетди ва мамнун ҳолда ҳиринглаб кулди.
— Уни бирга юра қол деган эдим, — қўшимча қилди Палмер, — лекин у кўнмади.

Бернс бир неча лаҳза ўй суриб қолди.
— Барака топгур яхши қизларимиздан у, — охири деди у.
— Тушунмадим.

Бернс елка қисиб қўйди:
— Ҳозир кўнгилхушлик қилиш мавриди эмас, жонгинам. У гап нимадалигини билади. Демак, яхши қиз, барака топсин.

Палмер тишларини қисди.
— Мен уни бу ерга у мақсадда таклиф этмагандим.

Бернс яна ҳиринглади.
— Э-ҳа, бунақа дилхушлик учун сизнинг бошқа паккангиз борми? Ҳа? Менга қара, Вуди, менга тегишли бўлган ҳамма нарса, билгинки, сеники ҳам. Бутун мана шу квартира сенинг ихтиёрингда, бундан бошқа хилват жой тополмайсан ҳам. Мен мутлақо жиддий айтаяпман. Сен ўзингни бу ерда хўжайин деб бил ва бир нарсани ҳисобга ол: сенинг мендан бирон нарса сўрашингга ҳожат йўқ, сен фақат олдиндан огоҳлантириб қўйсанг бўлгани, токи мен бемаврид кириб қолмай, тамом-вассалом.

Палмер унга бир аччиқ-тизиқ гап қилмоқчи бўлди, бироқ энди гапиришга оғиз жуфтлаган ҳам эдики, Бернс унинг қўлидан тутди-да, тезгина меҳмонхона йўлагига олиб кириб кетди.

Замонавий шведча услубга даъвогарлик; ўзича ўйлади Палмер. Бу ерда очиқ ранглар устунлик қиларди: тик дарахти ва оқ ёғочдан ясалган мебел, қопламаларда оқ, кулранг ва қора тўртбурчак шакллар. Қандил ва торшерлар чирмовуқ ва похол кўринишидаги мураккаб ўримлар билан бирлаштирилган ёки ажратилган қандайдир ғалати шиша буюмлардан ясалган. Кенгбар чорси хонанинг қоқ ўртасида антиқа шаклдаги узун патли улкан оқ гилам тўшалган. Гиламнинг ўртасида пастак, қарийб икки энлик қалинликдаги ойна қопланган коктейл столида ичида қирмизи ичимлиги ва сузиб юрган музлари бор бақалоқ, залворли қадаҳлар ялтирарди. Қадаҳларнинг ярмигача ичилганди.
— Гиламга қара, — ғудранди Бернс шеригининг қулоғига. — Матрасга ўхшаб, у паралонли. Шу боис, бўталоғим, столни олсанг бўлди, қаршингда бутун шаҳардаги энг катта, энг улуғвор, энг қулай каравот муҳайё. Тўрт томонга қараб думалайвер сўнг. Хўш, етиб боргандир?

Палмер атрофига аланглади, саломлашди. Ҳа, бу одамлар унга таниш эди. Тўрдаги бурчакда, зангламайдиган пўлатдан ясалган камин олдида Катта Вик Калхэйн ўтирарди. Пастак кенг ўриндиққа, қарийб чўкиб кетганига қарамай, унинг барваста зилдай гавдаси ўзининг чорпаҳиллиги билан унга кўзи тушган ҳар қандай одамни шошириб қўярди. Олдинга чўзиб олган бақувват оёқлари ҳам кенг дарё устидан қурилган кўприкдай мустаҳкам кўринарди. Унинг қоядай кўкси ва елкаси яна ҳам ҳайбатли эди, чунки пиджаги охиригача қаппайиб турарди. Ўрта денгиз одами бўлган Калхэйннинг нисбатан унча катта бўлмаган, тўғри шаклдаги боши ва қорача юзи, бежиримгина ирландча бурнини яна унинг сиёсий фаолиятининг яна бир унсури — иккинчи жаҳон урушидан буён сақлаб келган солдатча калта қилиб олинган соқоли тўлдириб турарди. Шуларни кузатар экан, Палмер бу одамнинг жисмоний қудратига боз маҳлиё бўлиб қолди, ҳатто дам олиш дақиқаларида ҳам тоғдай барвасталиги ва мустаҳкамлиги билан ақлни лол қолдирарди. Унинг яшилтоб мовий кўзлари узун киприклари орасидан Палмерга ялт этиб қаради. Калхэйн унга салом бергандек тантанавор кўз қисиб қўйди, кейин эса кўзининг қири билан у билан ёнма-ён ўтирган Оуги Принсга қараб қўйди.

Гарчи Принс у қадар ушоқ гавдали одам бўлмаса-да, Калхэйннинг ёнида у лилипутга ўхшаб кетарди. Одатдагидек, у дид билан кийинган эди: ихчам тикилган шим, сўнгги модадаги аъло пиджак, оч жигарранг тусли кўйлак, унга билинар-билинмас гул тикилган, бир-бирига зид ранглардан ола-була галстук. Принсга қайси томондан туриб қарама, унинг танаси тиғдай энсиз кўринарди, лекин, — дилидан ўтказди Палмер — бу энсизлик нафислик ёки хушқоматлик каби сифатлар билан ҳеч қандай умумийликка эга эмасди.

Принс хиёл олдинга эгилиб, оёқларини бир-бирига миндириб ўтирар ва Калхэйнга афтидан иккови ҳам тиш қайраб турган радио шарҳловчиси ҳақидаги воқеани гапириб бермоқда эди. Принснинг ўзи сиёсий репортер бўлиб, ҳар доим гоҳ Олбанига, гоҳ Вашингтонга иш сафари билан бориб турарди.

Принснинг ортида Бернс бирмунча сўнгги, энг урф бўлган китоблар териб қўйилган жавонига суяниб Эл Конн тик турарди. Бир қарашда у Палмернинг тахминлари ичида энг ўртамиёна ва кўримсиздек таассурот туғдирарди: бурни ўртача, сочи хира қўнғир-кулранг тусли, агар иккала кўзини айтмаса, юзида ҳеч бир диққатни тортадиган аломат кўринмасди. Аммо ана шу кўзлар унинг кимлигини яққол айтиб турарди.

Палмер уларни кузатиб турган вақтда Коннинг ирғиб чиққан, салқи қовоқлари остидаги бу ғайриоддий кўзлари у қўлида ушлаб турган китоб саҳифалари бўйлаб тез-тез югурар эди. Палмер Коннинг қалқонсимон без касаллиги билан оғриса керак ва шу боис бусиз ҳам катта-катта, хиёл бўртиқ кўзлари ана-мана косасидан ирғиб чиқиб кетадигандек туюлса керак, деган тўхтамга келди. Бу кўзларда ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайдиган очлик бор эди. Улар йўлида учраган ҳамма нарсани еб-ютади. Ундан ташқари Конн, одатда гўё кўзларидаги очкўзлик чет нигоҳлардан яширинмоқчи бўлгандек, кенг гардишли катта кўзойнак тақарди. Бироқ дўстлари орасида у аксар ҳолларда кўзойнаксиз бемалол ўтираверарди. Ҳа, фикр юритарди Палмер, Коннинг дўстлари кўп. Тағин турли соҳаларда.

Конн қурилиш фирмасининг бошлиғи сифатида кенг тарқалган, қурилиш бўйича пудратда яхши ишлаб топадиган компаниялардан бирининг акциялари эгаси. У яна кўчмас мулк олди-сотдиси билан шуғулланадиган бир қанча компанияларда ҳам иштирок этарди, бунинг устига, хусусий автобус компаниялари ва такси паркларининг шерикликдаги эгаларидан бири, металл конструкциялар ишлаб чиқариш бўйича концерн директори, шаҳарлараро автоулов билан боғлиқ бир қанча фирмалар ва суғурта компаниялар директорларидан бири эди. Айни вақтда, ҳеч ҳам тасодиф эмас, Конн демократик партия маҳаллий қўмитаси учун маблағларни энг жадал йиғувчилардан бири сифатида танилган. Сайлов компаниялари вақтида унинг бир ўзи қолган барча тўпловчиларни биргаликда олинганидан ҳам кўпроқ пул тўплаганди. Унинг беҳисоб дўстлари у билан суҳбатда дўстона бетакаллуфлик билан уни Эл деб атар эдилар, кўзлари учун эса гоҳо “чийдан ташқари мэр” ёки “Конн жаноби олийлари” деб чақиришарди.
— ... Ўтган ҳафта радиостудияда мана бундай иш бўлди, — ҳикоя қиларди Оуги Принс. — Биз бу радиоғийбатчини бир умр эсдан чиқмайдиган қилиб тузлашга қарор қилдик. Хўпми? Ярим тунда қизалоқни студияга олиб келдик, худди ўша... — Палмер Коннга имо қилди ва Бернсни хона бурчагидаги барга олиб ўтишга лоқайдлик билан изн берди, у ерда қўлини кенг ёйиб, энг қимматбаҳо винолардан бутун бир дунёсини кўрсатди.
— Нима ичасан, Вуди?

Палмер йўқ дегандай бошини чайқади:
— Дўстлар менинг столимда роса кучанишди. Энди мен — таслим.
— Бир қултумгина ўтар томоғингдан? Балки содалиси кетар?
— Яхшиси, занжабилли пиво бера қол.
— ... шу десангиз биз сўнгги ахборотнинг ўн дақиқалик эшиттириши вақти келиши учун кутиб турган эдик. Хўпми? — давом этди Принс. — У янгиликлар маълумотини ўқиётганида, уни, албатта, бўлиб бўлмайди. Шу десангиз, биз пайтдан фойдаланиб қолдик: у микрофонни улаб, эшиттиришни бошлаши ҳамон биз унинг жемпери ёқасининг ярмигача чўзиб тортдик-да, стулга маҳкам боғлаб қўйдик. У эса бу вақт давомида микрофонга гапираверди ва эшиттириш эфирга кетаверди. Билдингиз? Кейин биз унинг шимини ечиб олдик ва биласизми — шимсиз ўтирибди-да, сўнгги воқеалар ҳақидаги нималарнидир алжираяпти. Овози эса ҳалигидақа — ана-мана ув тортиб юборадиган. Зап бўлди-да! Шу жойда биз ҳалиги қизалоқни студияга судраб келдик. У ишга тушиб кетди. Йигитчага эса эшиттириш охиригача яна саккиз дақиқача қолган...

Конн Оуги Принс томон хиёл ўгирилди. Унинг еб қўйгудек қарайдиган кўзлари у варақлаб турган китоб саҳифаларини бир дақиқача ўз ҳолига қўйди ва латифани еб ютиш учун Принс томон қадалди. Бу очкўз нигоҳнинг оғирлигини ўзида ҳис қилган Калхэйн ўгирилди-да, Коннга кўз қисиб қўйди.

Бернс Палмернинг қўлига залворли қадаҳни зўр бериб ушлатмоқчи бўларди:
— Менга қара, мен ҳали ичишдан бош тортадиган банкирни кўрмаганман.
— Эҳтимол, — маъқуллади Палмер.
— ... ва кўрадиганини кўрди қизгина, — давом этди Оуги Принс. — Ҳаммаси миридан-сиригача ҳисоб-китоб қилиб қўйилганди. Ўқишга унга 40 сония вақт қолганди, шунда... Уҳ! Бюллетеннинг сўнгги сатрларини у қандай ўқиганини бир эшитганингда борми. Тўғридан-тўғри эфирга! Азбаройи кишнаганимиздан эшиттириш тугаганини билмай қолаёзибмиз. Шунда биз қизалоқни олиб олдик-да, кейинги репортаж бошланишидан олдин кўз очиб-юмгунча студиядан чиқиб кетдик... Кулавериб ичагимиз узилди! — Кулгидан Калхэйннинг ўпкаси унинг босқондай кўксини бадтар шишириб юборди. Бироқ арслон ўкириги ўрнига Палмер, во ажабо, нима деса бўлади, мушукнинг миёвлашига ўхшаган ингичка овозни эшитди, холос.
— Менга қара, Оуги, — деди Калхэйн, — балки банкет вақтида нотиқларнинг биронтаси билан шунақа бир томоша кўрсатсам бўлар?

Принснинг қулоқтешар қағиллаши Палмернинг эшитишига йўл қўймади.
— Биласанми, мен бунга таваккал қилолмасдим, Вик, — жавоб берди у, елпиниб. — Йигитча мен билан шунақанги ўчакишиб қолганки, бир ҳафтадан бери ундан қочиб юрибман.
— Нима, у сенинг таъзирингни бериб қўймоқчими?
— Ҳе-йўқ, у ҳалиги қизнинг исмини билмоқчи, холос, — деди Принс, — мен эса унга айтмайман.

Палмер деворларни зириллатиб юборган қаҳ-қаҳ кулги овозидан юзини буриштирди. Унинг ёнида турган Бернс завқланганидан нуқул “қойил-қойил” дерди. Конннинг кескин ва чийиллоқ кулгилари миттигина, аммо гажир лайчанинг акиллашини эслатарди ва Принснинг ҳаяжонли чийиллашини паналаб турарди. Калхэйннинг кўс ноғора гумбурини эслатувчи бир маромдаги қаҳқаҳаси ушбу илҳомбахш ансамбл учун тагзамин бўлиб хизмат қиларди.
— Оуги, — деб гап бошлади Эл Конн, — агар сен фақат...
— Ҳе-йўқ, сен ҳам, дўстим, унинг номини билмайсан! — аста қичқирди Принс.

Палмер янги қаҳқаҳаларнинг бир дақиқалик тўлқинидан фойдаланиб, хонани кесиб ўтди ва тўғри Калхэйннинг рўпарасидаги ўриндиққа бориб чўкди. Хонага бамисоли воиз ёки бўлмаса шу ерда ҳозир бўлганлардан биронтасининг хотини кириб келгандай бўлди. Орага чуқур сукунат чўкди ва бирдан Палмернинг миясига сенга унча таниш бўлмаган тор даврага тушиб қолганингда маълум қулайликка эга бўласан ва қарши овоз беришга ўхшаган ҳуқуқни қўлга киритасан деган гап келиб қолди.

Тўртталалари хавотир билан Палмерга тикилиб қолишди. Уларнинг дурустгина тажрибасига қарамай, юзага келган кескинликни қандай юмшатиш йўлини дарров топа олишади. Ниҳоят Конн яна кулиб юборди, фақат бу гал бошқача, гўё завқли, аммо Палмернинг жирканч воқеага ҳеч қандай алоқаси бўлмаган воқеани эслагандек кулди.
— Биласизми, нима демоқчиман, — насиҳатомуз гапирди у, — модомики биз ҳали кучли қобилиятимиздан маҳрум бўлмаган эканмиз, бу ёруғ дунёда яшаса бўларкан! Энди уйнинг эгаси сифатида Бернс томошанинг бирдан кескин ривожланишига раҳбарлик қилиш ташаббусини ўз қўлига олди ва бу спектаклнинг иккинчи кўринишига ўтди.
— Шундай қилиб, шўх болалар, — деди у, — шуни сизларга эслатиб қўяйки, Олбанида қонун чиқаруви йиғилишнинг навбатдаги сессияси очилишигача роса бир ярим ой қолди.
— Вой-вой, ўлдик! — оҳ тортди Калхэйн, кулгили тарздаги ночорлик билан ўзининг шотидай қўлларини осмонга кўтариб.
— Мак ҳақ, — теран маъноли қилиб деди Конн. — Олишув бўлиши муқаррар, бир бало қилиб бу тугунни ечмаса бўлмайди: ё остидан, ё устидан!

Палмер кўзлари очкўз бу одамга қизиқиш билан қараб қўйди. Бир жумлада бир эмас, бир неча маъно англатадиган ташбеҳ ишлатиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.
— Менга маълум бўлишича, — гап бошлади Палмер, — биринчидан...
— Оуги, азизим, — унинг сўзини бўлди Бернс, Принс томонга бурилиб, — назаримда, сен қаёққадир шошиб турувдинг-ку, шундайми?

Принс дик этиб ўрнидан турди. Унинг бу ҳаракати Палмернинг тахминини тасдиқлади: репортёр шу ишорани кутиб турган эди, холос.
— Ҳа, ҳа, бугун пайшанба-ку, Макки, — шошиб деди Принс, эшик томон йўналаркан, — ишим эса бошимдан ошиб ётибди у ёқда, мен кетдим.
— Бўпти, — Бернс репортёрни тирсагидан тутди ва иккаласи вестибюлга чиқиб кетди. Кўп ўтмай Палмер уларнинг анча баланд овозда гаплашишаётганини эшитди, улар жанжаллашиб қолишмаганди-ку, бироқ афтидан, бир нимада келишолмаётишганди. Палмер, турди-да, бар олдига борди, қадаҳларга яна муздан солмоқчидек қилиб кўрсатди ўзини. Бу ердан қўлларини тез-тез силтаб гапираётган Бернс аниқ кўриниб турарди; унинг қўлида катта қора ҳамён бор эди. Охири Бернс елка қисди, ассигнацияни суғурди ва уни Принсга берди, Принс пулни дарҳол худди Бернсникига ўхшаган ҳамёнига солиб қўйди. Палмер қадаҳига яна бир чақмоқ муз ташлади-да, жойига қайтди.
— Менинг ўйлашимча, — яна гап бошлади у, — биз қиладиган биринчи иш...

Калхэйн аста бошини чайқади, Палмерга жилмайди ва бароқ қошларини бир неча марта кўтариб-туширди.

Даҳлиз эшиги ёпилди ва Бернс ҳамёнини ички чўнтагига яшириб, меҳмонхона бўлмасига қайтиб келди.
— Ҳаммаси бир гўр, — ғудранди у Палмернинг ёнига келиб ўтираркан. — Уларга ишониб бўлмайди.
— Улар сизнинг қарамоғингизда бўлишса ҳамми? — сўради ундан Палмер.

Сукунатни Коннинг акиллашга ўхшаган кулгиси бузди.
— Сендан жавоб кутаяпмиз, Мэккижон, — деди у.

Бернс ясама соддадиллик ва ўшандай ясама ачиниш билан мийиғида кулиб қўйди. Унинг энсиз бурун катаклари керилди.
— Мен учун, — чўзиб гапирди у, — газетачи касбидан ифлос касб дунёда йўқ. Улар орасида, балки уч-тўртта ҳалол одам топилиб қолар. Аммо билингларки, қароқларим, сизлар сиёсатчилар, полициячилар ёки бизнесменлар ҳақида икки оғиз гап айтишга улгурмаёқ газетачилар аллақачон бутун бир китобни тайёр қилиб қўйишади.
— Реклама ва матбуот билан шуғулланадиган одамдан бу гапни эшитиш ғалати бўларкан, — деди Палмер. — Сиз уларнинг кўпчилиги сотқин бўлади демоқчимисиз? Ёки сиз ўзингиз уларнинг кўпчилигини сотиб олганмисиз?
— Бу ёғи энди касб сири, — жавоб берди Бернс.
— Мен банкир сифатида бунга қизиқаётибман, — эътироз билдирди Палмер. — Сизга қанча тўлашларини мен биламан ва бундай ҳисобга етиб бўлмайдиган харажатларда ҳеч қанақа пул бакор келмайди деб қўрқаман.
— Бернсдан ташвиш қилманг, — нидо солди Конн, — бу йигит мушукнинг ўзи: йиқилса ҳам тўрттала оёғи билан тушади.
— Тўққиз умр ҳақида ҳам унутманг, — маъюс қўшиб қўйди Калхэйн.
— Барибир мен учун бир нарса қизиқ туюлади, — ўзини бир энлик ҳам юқори олмай, дўстона тарзда гапиришга ҳаракат қилиб, уқдирди Палмер. — Матбуотга нега ёппасига ташланиб қолдингиз? Наҳотки, уларнинг бари пулга сотиладиган одамлар бўлса? Агар шундай бўлса, буни изоҳлаб бера оласизми?

Бернс аввал бошини ғамгин чайқаб қўйди, шундан кейин гапира бошлади:
— Эҳтимол, сиз улар орасида ҳеч нарса билан сотиб бўлмайдиганларни учратарсиз. Аммо ундайлар бармоқ билан санарли. Нима учун? — У ўрнидан турди ва хона бўйлаб салмоқ билан у ёқдан-бу ёққа одимлай бошлади. — Бу йигитлар ҳафтасига қанчадан олишларини биласизларми? Ҳатто шартнома билан-а?
— Маоши кичик одамлар жуда кўп, — эътироз билдирди Палмер, — лекин бу уларнинг ҳар бирини сотиб олиш мумкин деган гап эмас-ку.
— Бу тўғри, лекин уларнинг барчаси ҳам газетачилардай катта имкониятга эга эмас-да — мана шу нарса бузади, ҳа, шу нарса, — тушунтирди Бернс. — Пулга муҳтожликнинг эмас, балки унинг ўрнини босадиган бирон нарсага имкон туғдириш ҳам. Полициячилар ҳам маълум ҳокимиятга эгалар. Аммо полициячилар — улар асосан ўртадан юқори бўлмаган маълумотга эга йигитлар. Бизнинг замонда газеталарда коллежни битирган одамларни тез-тез кўрасан, айримларида эса ҳатто иккитадан илмий даражаси бор. Полициячи арзимаган порага кўниб қўя қолади ва ўғридай шу билан гумдон бўлади, газетадаги йигитлар-чи — димоғларига хода етмайди. Унга бирон тозароғини топиб беришим керак. Уни фақат пулга ҳар доим ҳам сотиб олиб бўлмайди. Унинг жонига кушанда бўладиган учта васваса бор: пул, ҳокимият ва кибр. Шулардан унинг бошига тезроқ етадигани — кибр. Агар бундоқ дўппини ерга қўйиб ўйлаб кўрганда, газетачи ўзи нима? У ҳаддан ташқари кўп фильмларни кўрган, ҳаддан ташқари кўп воқеалар ҳақидаги китобларни ўқиган ва дунёдаги энг жирканч бир касбга ишқи тушиб қолган. Токи у шу касбни жонидан ортиқ севаркан, у ҳеч қачон юқорига тирмашиб чиқа олмайди. У бошқа йигитларни, ҳокимият, шон-шуҳрат, бойликка эришган ўз тенгқурларини кўрди. У бўлса ҳафтасига арзимаган бир неча доллар берадиган ишга михланиб қолган. Бу қанақа иш ўзи? У бировларнинг ифлос ички кийимларини титкилашига, бировларнинг тупугидан репортажлар пиширишига тўғри келади. Унга арзимайдиган материал келиб тушганда эса — у буни боплаб чиқаролмайди. Буни у ўзи билади ҳам. Унинг устида турганлар, агар у бу материални эълон қилгудек бўлса, ўзини қуритиб юборадилар. Хуллас, унинг қиёфаси шу: ачиб-бижиган ёшликдаги орзулар, бой берилган умидлар, уни ҳасад еб битиради, жамиятда ўз ўрнини топиш учун тинмай кураш олиб бориш унинг ўзига зиён келтиради — агар у пулга сотиладиган газетачига айланадиган бўлса, бунинг нимасига ажабланиш мумкин?

Жимлик чўкди. Калхэйн эшитилар-эшитилмас кулиб қўйди.
— Қаёқдаги гапларни гапирасан-да, Мак, — деди у, — сен айтган нарсани ер юзидаги ҳар қандай одам ҳақида айтса бўлади.

Йигирма Иккинчи Боб

Кўп ўтмай ярим тундан кейин Конн бундай кўнгилхушликлар учун кексалик қилишини баҳона қилиб у ердан кетди, ҳолбуки шерикларининг ҳар биридан у унчалик катта эмасди.
— Бунинг устига, — деди у ўзининг оч кўзлари билан ҳаммага бир-бир қараб, — мен қанча кам нарса билсам, кейинчалик ўзимни шунча оз англашимга тўғри келади.

У кетгандан кейин тахминан соат бир яримгача Бернс билан Калхэйн ичишда давом этишди. Ниҳоят Палмер ҳам яна шотланд вискисига ружу қўйди, чунки у ўзини ёлғиз ҳис қила бошлаганди — бу даврада нисбатан ҳушёр унинг ўзи қолганди. Суҳбат Олбанидаги турли қўмиталар ва одамлар ҳақида борди, суҳбат шунақанги чалкаш тус олдики, бу ерда гап нима ҳақида кетаётганини фақат қилни қирқ ёрган одамгина англай оларди. Охирида тили зўрға айланаётган Калхэйннинг оғзидан, Палмернинг фикрича, уларнинг баҳсларига якун ясовчи ғоятда жўяли бир гап отилиб чиқди:
— Бу ишни банк доирасидан чиқариб оламиз-да, рингга ҳайдаб кирамиз, Бернс билан Жим у ерда бир-бирини бўрсиқнинг боласидай дўппосласин. Бу орада қари така уларнинг қонун лойиҳасини иштонининг ичига яшириб олсин.
— Фақат Хэм эсининг борида этагини ёпса яхши бўларди, — деди Бернс.

Тунги соат иккида бошқа муаммоларни унутишди, уларни англаш Палмерга унча қийин бўлмади.
— Эшитишимча, — деди Бернс сўзларни ямлаб-ямлаб, — “Меррей Хилл” Гаррининг уйи ва яна унинг иккита фермасига бай пулини ушлаб турганмиш. — У аста Палмерга бурилди. — Тўғрими гапим?
— Агар гап мен назарда тутган Гарри ҳақида кетаётган бўлса, — дудмалроқ қилиб жавоб берди Палмер, — бу ҳақда ҳеч қандай тасаввурга эга эмасман. Билганим шуки, унга тумандаги йирик тижорат банки ҳуқуқ маслаҳатчиси сифатида унинг хизматларидан фойдаланади.
— Унда, сизнингча, буни оҳанрабодай тортаётган нарса нима? — ўсмоқчилади Калхэйн. — Уй ва фермаларми ё адвокатнинг иссиққина ўрними?

Бернс елка қисди:
— “Меррей Хилл” унинг уй ва фермаларини мусодара қилолмайди. Гаррининг бўйнида ҳеч қандай қарз, ҳеч қандай мажбурият йўқ. — Бернс яна Палмерга мўлтайиб қаради: — Тўғри айтаяпсанми?
— Бундан хабарим йўқ. У ҳақида кредит бошқармасида у-бу нарсани билиб олса бўлади.
— Гарри ҳақида у ерда кўп нарса билолмайсан, — деди Калхэйн. — У тўловларни тўлашга қодир.
— Буюк иш — жорий ҳисоб, — хаёл суриб деди Бернс, — агар кимдадир бор бўлса, бу шубҳасиз Гарри бўлади. Тўғри айтяпманми, Вуди?
— Нимани назарда тутаяпсиз, ўзи? — сўради Палмер.
— Мен назарда тутмаяпман, — тушунтириб деди Бернс, — яъни шуни назарда тутаманки, Гарри на фақат хўжакўрсинга (чунки вискига ҳам, таксига ҳам у тўлайди), балки чинакамига тўловларни тўлашга қодир, тўғрими?
— Жорий ҳисоблар турлича бўлади, — оғзидан эшилиб чиқаётган сўзларга эринибгина қулоқ солиб ғудранди Палмер, — баъзилари виски қултумидек ўзлари оқиб келади, баъзилари эса...

Калхэйн ҳамдардлик билан бош ирғади.
— Сиз анавиндан жуда ошириб юборибсиз, — хабар қилди у Палмерга.
— Йўғ-е? — суюниб ҳайрон бўлди Палмер.

Бернс ниманидир миясида пишитарди.
— Хўш, ҳаммасини гаплашиб олдиларингми? Ё гаплашмаган бирон нарса қолдими?
— Йўқ, — ишонтирди уни Калхэйн.
— Унда, демак, қизларни чақирамизми? — таклиф қилди Бернс.
— Менга керак эмас, — деди Калхэйн. — Айтдим-ку, руҳоний бўлишга тайёргарлик кўряпман деб. Иккита нарсага онт ичганман — бокираликка ва ҳирсни ўлдиришга.
— Қасамларингга содиқсан, — минғирлади Бернс. — Хушахлоқ болакай. — У яна Палмерга бурилиб қаради. —Хўш, қизларга қалайсан, Вуди?
— Унга ҳам ҳеч ким керак эмас, — эълон қилди Калхэйн.
— Иккита онт ичганман, — тушунтирди Палмер, ўнг қўлини кўтариб, — ҳақиқатни гапиришга тантанавор онт ичганман.
— Конституцияга киритилган Бешинчи тузатишдан фойдаланиб қолинг, — маслаҳат берди унга Калхэйн.
— Алдамайман, — давом этди Палмер. — Садоқатга содиқман, бесоқолбозлик каби нарсаларга қаршиман...

Бернс оқ телефонни ўзи томон сурди-да, рақам терди.
— Шафтолимисан? — сўради у. — Бу Мак. Сени уйғотиб юбордимми?
— Шафтолини олманг, — огоҳлантирди Калхэйн Палмерни, санъаткорона шивирлаб. — У ҳаддан ташқари бесаранжом.
— ... Биз ихчамгина улфатбозлик қилган эдик, — дерди Бернс гўшакка, — икки-учта йигитчадан иборат.
— Сизга унинг танлаганлари ёқмайди, — деди Калхэйн, — улар орасида битта ҳам жажжи қизалоқ йўқ. Ҳаммаси аллақаёқдаги рўдаполар. Умуман, арзимайдиган иш.
— ... Ўзинг билан биронта портловчи хотинни олвол, Шафтоли, — деди Бернс.
— Унга айнан шунақалар ёқади, — давом этди Калхэйн, — мени ҳам шундайлар билан таъминлашга ўрганган, чунки менинг гавдамга улар мос келади-да. Унинг ўзи эса Голливуддалик вақтидаёқ шунақаларга мазахўрак бўлиб қолган, уни келбатлари тортади. Қаерлардан қидириб топаркин-а уларни? Қидирсанг, кундуз чироқ ёқиб тополмайсан. Биронтаси Ғарбий соҳилдан шаҳарга тушиб қолгудек бўлса, дарҳол бунга қўнғироқ қилади. — Калхэйн кучаниб ўрнидан турди, Бернснинг олдига борди ва ундан гўшакни юлқиб олди.
— Шафтоли, — бўкирди у гўшакка, — агар бунақа кеч ётадиган бўлсанг, сенинг ҳайратомуз тараққиётингда таназзул бошланади. Хайрли тун, дўндиқча! — У гўшакни осди.
— Сени қара-ю, Вик, — деди норози оҳангда чўзиб Бернс, — мен уни энди чоғлаб бўлувдим-а...
— Эртага бизда катта ишлар бор, — гумбурлаб деди Калхэйн, салобати билан уларни босиб. — Мен, оғайни, кетмасам бўлмайди. Тушлик нима бўлади?

Бернс бу девқомат нусха олдида оз бўлса ҳам савлатли кўринишга беҳуда ҳаракат қилиб гавдасини чўзди.
— Бўпти, бор, хотинингнинг пешонасидан ўпиб қўй.

У Калхэйннинг кутилмаган чаққонлик билан эшик томон йўналганини кузатиб турарди.
— Тушликда кўришгунча! — унинг изидан қичқирди Бернс.
— Бўпти.

Калхэйн Палмерга ўгирилди:
— Сиз ҳам кетсангиз бўларди, Вуди. Унинг ўн тонналик тансиқ таомларидан татиб кўришни кўнглингиз тусамай қўя қолсин. Соғ бўлинг. — Эшик шовқинсиз ёпилди.

Бернс икки-ўн бирни терди.
— Диспетчерни чақиринг, илтимос. — У кутиб турди, сўнг диспетчерга қандайдир рақамни айтди ва тирноқларига диққат билан разм солганча яна кутиб турди: — Томмимисан? У тушяпти, машинани ўт олдир. Хайрли тун.
— Калхэйннинг ҳайдовчисими? — сўради Палмер.

Бернс бош ирғади.
— Семиз хонимчалар дидингга ёқадими? — сўради у. — Ёки синаб кўрмаганмисан?
— Анчадан бери улар билан ишим йўқ, — жавоб берди Палмер.
— Роса маза қиласан, оғайни. Биласанми, силасанг қўлинг тўлади.
— Эҳтимол, — деди Палмер. Тиззаларида санчиқли оғриқдан юзи буришиб, у секин ўрнидан турди. — Ҳозир такси тутиб бўлмаса керакдир?
— Қанақа такси яна? — ҳайрон бўлди Бернс. — Менинг ҳайдовчим олиб бориб қўяди сени.

Палмер соатига қаради:
— Уни шундай бемаҳалда безовта қилишнинг ҳожати йўқ, у аллақачон ухлаб қолган.
— Менинг ҳайдовчим мен билан бир вақтда ётиб ухлайди, — деди Бернс ва ярми ичилган қадаҳларга қараб маъносиз ҳиринглади. У гурс этиб ўзини ўриндиққа ташларкан, “ҳиҳ” деб қўйди ва Палмернинг галстугига тикилганича бирмунча муддат ўтириб қолди. Сўнг нигоҳини унинг юзига олди.
— Ҳой оғайни! — деди у ниҳоят.
— Сиз ҳам, ҳайдовчингиз ҳам энди ётиб ухланглар, — деди Палмер. Бернс аста бошини чайқади.
— Айт-чи, пандавақи, тонготарда уйга қайтиб борсанг, хотининг нима деб ўйлайди?

Саволга жавоб бераймикан ё яхшиси, уйга жўнавораймикан деб Палмер нима қилишини билмай бирмунча муддат туриб қолди. Ўзи ҳам кутмаган ҳолда ўз жавобини эшитди:
— Билмай қолдим. Мен келганимда у ухлаб ётган бўлади.
— Сени ҳеч қачон кутмайдими?
— Йўқ. Агар эртароқ қайтаман деб хабар қилсам бошқа гап.

Бернс кинояли жилмайди.
— Эрталаб тергайвериб жонингни эговламайдими?
— Йўқ.
— Наҳотки бирон марта қаерда юрибсан тонг отгунча, деб сўрамаган бўлса?
— Йўқ, бунақа бўлганини ҳеч эслолмайман.

Бернс хўрсинди.
— Оҳ, гавҳарим, — сўзларни димоғидан чиқариб, хиргойи қилиб деди у. — Шундай осон ва қулай ўрнашиб олгансан.
— Ўрнашиб олгансан деганинг нимаси? — Палмер ўзини яна ўриндиқда ўтирганини кўриб ҳайрон бўлди.
— Хотининг ҳеч нимадан шубҳаланмас экан-да, тағин яхши ўрнашибсан деганинг нимаси деб сўраганингга ўлайми?
— У менинг ишимдаги алоҳида шароитларга кўниккан, шу холос, — тушунтирди Палмер. — Менда иш юзасидан кўплаб учрашувлар бўлиб туради.
— Вуди Палмер кичик, — хиргойи қилиб деди Бернс. — Наҳотки, сиз ростдан ҳам ҳозир атайлаб қилаётганингиздек содда-баёв бўлсангиз?

Палмер бирмунча муддат жим ўтириб қолди.
— Агар мен сизни тўғри тушунган бўлсам, — аста гапирди у, — аммо сиз жуда аниқ қилиб айтдингиз, сиз мени мана шундай қулай шароитлардан фойдаланиб қолишим керак деб ҳисоблайсиз.
— Айнан шундай, — тасдиқлади Бернс. — Кейин ёпиғлиқ қозон ёпиғлиқ қолаверади. Шаҳримизда биронта ҳам шундай уйланган одам топилмайдики, у мана шундай боқибеғам хотинни орзу қилмаган бўлсин. Айт-чи, қароғим, бундай имкониятдан фойдаланмай қолганинг қандай юз берди? Бирон марта ҳам зино қилмаганмисан?

Ўзини ўриндиқ суянчиғига ташлаб, Палмер хиёл кулиб қўйди. “Хайрли тун” деб жуфтакни ростлаш учун қулай пайт. Айниқса, ҳозир.
— Айтишим мумкин, — у ўзининг овозини эшитди, — бунақа фикр миямга келмаган ҳам.
— Ўлсам ҳам ишонмайман.
— Нимадан бошлашни ҳам билмасдим.
— Бошимни қотирма кўп.
— Бўпти, бас қилайлик, — деди Палмер ўрнидан тураркан.
— Менга қара, бу барча майда гаплар камбағалларнинг фойдасига, — деди Бернс. — Вуди, қаршингда амакижонинг Мак турибди, унинг билмаган балоси йўқ. Кўзларингдан ҳамма нарсани кўриб турибман, мени алдаёлмайсан. Қизларнинг бошидан-оёғигача қандай суқланиб боқишингни кўрганман. Билмайман, нега бўйнингга олмайсан, гаров ўйнайман, нимадан бошлашни аъло даражада биласан.

Палмер яна ўтирди, дуч келган, ярми ичилган қадаҳни олди ва шошмай ҳўплай бошлади. У ўзига тасалли берарди: биринчидан, Бернснинг шамаси таваккал қилиб отилган ва нишонга тасодифан келиб теккан ўқ. Бернсда бундай мерганликдан аслида ном-нишон йўқ. Мерганликнинг унга кераги ҳам йўқ. Бироқ шу топда у ўзида яширадиган нарсанинг ўзи мавжуд эмаслигини англаб қолди. Сукут — мана унинг ягона қуроли. Тўғри, у ҳар доим ҳам ўқдан фойдалана билмасди. Сукут қуролларнинг хўрози эди.
— Тағин нима дей? — бироз таҳаммулдан сўнг сўради Бернс. — Бошқа гапга ҳожат ҳам йўқ. — У хўрсинди, сўнг томоқ қириб, Палмерга чўзилди-да, унинг тиззасидан шапатилаб қўйди. — Мен биламан, Вуди, ҳаммасини биламан, — деди у. — Аммо, бўталоғим, булар сени мутлақо хафа қилмаслиги керак. Бунда ёмон нарсанинг ўзи йўқ. Бу сизнинг тирик одам эканингиз аломати, холос, тамом-вассалом. Энг яхши аломат.

Палмер хиёл жунжикди. У лабларининг унсиз қимирлаётганини ҳис этди. Оғзини бир қултум виски билан ҳўллади.
— Ишларим жойида, — деди секин ва жуда паст овозда. — Шундан ўзимни қўлга олганман. — Бу сўзлар унинг бошида яна узоқ, у жим бўлиб қолгандан кейин жаранглаб турди. У ҳуши яримлашиб қола бошлаганини англади — бўкиб ичганликнинг одатдаги оқибати. У ўзини яна ташқаридан ўриндиқда ўтирганини кўра олаяпти, ўзининг гапини ўзи эшита олаяпти — худди шунга иқрор бўлганидан ўзи ноқулай аҳволга тушиб қолди. Бироқ айни вақтда ҳаммасига баравар “туф” деб воз кечиб қўя қолиши керак эди.
— Жуда қизиқ, — ғудранди у.
— Биласанми, сақловчи клапанни ёпганда нима бўлади? Қозон портлайди, мана, нима бўлади. Мен, албатта, тан бераманки, ўзини қўлга олиш буюк нарса, бироқ ҳаддан ташқари кўпи ҳам зарарли. Хўш? — деди Бернс.
— Менга ҳеч нарса қилгани йўқ, — қулоғига чалинди Палмернинг — у яна аввалги сўзларини такрорлаганди. — Ўзимни назорат қилиб тургунимга қадар ҳаммаси жойида бўлади. Тамом!

Бернс бошини қаттиқ-қаттиқ чайқади:
— Сиз, банкирлар, сизлар Ўрта Ғарбнинг аҳолисисизлар. Сабаби нимадалигини билмадим-у, аммо сизларнинг барчангизда секс масаласи чатоқ. Уни сизлар ишлашга мажбур қилиш ўрнига у сизларни истаган мақомига солиб ўйнатади.

Палмер қўлини кўтаришга ҳаракат қилди, бироқ бунинг уддасидан чиқолмаслигини сезди. Айни вақтда аллақайси узоқ бурчакдан туриб ўзини кузатар экан, у бу ҳаракатнинг барча ночорлигини кўрди ва тўсатдан ўзи тасаввур қилганидан кучлироқ маст бўлиб қолганини англади.
— Назорат, — деди у, — ҳамма бало мана шунда.
— Ҳаракатлар эркинлиги, — мана ҳамма бало нимада, — эътироз билдирди Бернс. — Одамзод ўзини бирон-бир назорат остида тутиб туриш учун яратилмаган, — қўшиб қўйди у ва ўриндиқда асабий чиғанди. — Сенинг эр-хотинлик ҳаётинг — сенинг шахсий ишинг, Вуди. Эдис — кетворган аёл. Мен айтган гаплар эса бевосита сенга ёки унга дахл қилмайди. Гап бу ҳақда эмас. Мен умумий мулоҳазаларимни баён қилаяпман, холос.

Палмер яна қўлини кўтаришга ҳаракат қилиб кўрди, бу сафар у елкасини ўриндиқ суянчиғидан узишга муваффақ бўлди.
— Етар, — минғирлади у.
— Айтдим-ку сенга, бу шахсан сенга дахл қилмайди деб, — аёвсиз эслатди унга Бернс. — Эркаклар аёллардан фарқ қилади. Аёлларда болалар бўлади ва улар болалар учун ошён қурадилар. Уларнинг ҳаммаси шунақа. Фаолиятсизлик — мана аёллардаги алоҳида хусусият нима. Мен, албатта, ўзбошимча хотинлар ёки фоҳишаларни назарда тутмаяпман. Одатдаги покдоман аёлларни назарда тутаяпман. Бундай аёл секс билан фақат бир марта рўбарў бўлади, ўз уйида. Аммо эркаклар бошқача яратилган. Улар бир умр саргузашт шайдолари. Уларнинг табиати ўзи шунақа, Вуди. Бир қарагин-а, эркаклар қандай тузилгану аёллар қандай тузилган, шунда сенга ҳаммаси кундай равшан бўлади: аёл фаолсизлигича қолаверади, эркакка эса лаллайиб турмасдан ҳаракат қилишни худонинг ўзи буюрган. Одамлар бирон-бир нарсани ўзгартиришга кучи етмайди. Улар шунақа яратилган — мана, гап қаёқда. Бин... бин... бинобарин... — Бернс қошини чимирди ва жим бўлиб қолди. — Бин... бин... — У қўлини қулочкашлаб олиб келиб, ингичка лабларига суртди. — Бинобарин, — ниҳоят гапини тўғрилади у, — ҳеч қанақа аҳамият касб этмайди: уйда ҳамма нарса ҳар қанча гўзал бўлмасин, эркак доим бир нима қидиради. Унда ҳаммаси жойида бўлмаса-чи, у унда “нима учун?” деб сўрамайди. У ўзи бу саволга жавобни уйдан ташқарида қидира бошлайди. Айримларда уйда ҳам ҳаммаси яхши ва оиладан ташқарида ҳам. Бундай ҳолларда ҳеч ким гуноҳкор эмас — на улар, на уларнинг хотинлари. Шунчаки эркаклар буни уддалай олмайдилар. Бизларнинг табиатимиз ўзи шунақа. Бор гап шу.

Палмер анча вақтгача қимир этмай ўтирди. У ўзини эркин ҳис этмоқда эди, Бернснинг кўз ўнгида ухлаб қолиши ҳеч гап эмасди. Аммо шу билан бир вақтда ўзини четдан кузатар экан, вужудини мана бундай ачинарли ва беўхшов бир қиёфада кўрди. Бор кучини тўплаб, у ўриндиқда қаддини ростлади-да, деди:
— Ҳаммаси бир чақага қиммат.

Бернс қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
— Мен айтган ҳақиқатни, азизим, қанчалик тез англасанг, яшаш шунчалик сенинг ўзингга осон бўлади. — Шундай деб у яна телефонга чўзилди. — Шафтолига қўнғироқ қилиб кўрайлик-а?

Палмер кўзларини юмди.
— Ҳеч қанақа Шафтоли, ҳеч қанақа Бўғирсоқ керак эмас. — У кўзларини очди ва аста ўзини ўриндиқдан силтаб чиқарди, оёққа турганида эса мушаклари қотиб қолганини сезди.
— Наҳотки бунинг зарари тегса? — қисталанг қиларди Бернс. — Туппа-тузук хонимча, кундузи аэродромда кассир бўлиб ишлайди. Ихтиёри ўзида бўлмаган аёл тузук аёл бўлади-да, ё гапим нотўғрими?
— Ҳозир бу ерда такси тутса бўладими? — қизиқсинди Палмер эшик томон одимлаб.
— Қаёққа шошасан, Вуди? Одамларга қўшилсанг-чи. Сал ёзилсанг-чи. Озроқ жиннилик қилсанг қилибсан-да, қизиқ, нимадан қўрқасан?

Палмер Бернснинг туриб, қоқила-суқила унинг изидан келаётганини эшитди.
— ...
— Нима?
— ... , — деди Палмер эшикни очаркан.
— Роса етилибсан, Вуди, — огоҳлантирди уни Бернс. — Кел, мен ўзимнинг машинамни чақиртирай. — У йўлак бўйлаб Палмернинг ортидан эргашди.
— Бомбсвил, АҚШ, — деди Палмер, бармоғи билан чақирув тугмачасини икки марта босиб, шундан кейин лифт ҳаракатга келди.
— Кўриб турибман, ўзингни ўзинг эплаёлмайсан. — Бернснинг овози ташвишли эди ва айни вақтда асабийлашаётганди ҳам. — Сен билан тушиб, такси тутиб бераман.
— Ҳеч қанақа такси керакмас, Мак Мэкки Нож[5] — жавоб берди Палмер. Лифт эшиклари икки томонга сурилди.
— Сен билан бирга тушаман. — Бернс Палмер билан лифт хонасига кирди ва пастки тугмачани босди.
— “Мэккининг қўлқопи капрондан, — паст овозда хиргойи қилди Палмер, — ундан ҳам қон тезгина кетади...”
— Менга қара, — маъюс деди Бернс, улар тушиб боришаркан, — лифтдан чиққанимизда ўзингни тўғри тут. Швейцарларга чойчақа беришдан оғринмайман, аммо улар ер тагида илон қимирласа билади.
— “Аммо Макки билади кўп нарсаларни, — шивирлади Палмер. — Бизнинг бола қалъанинг тагига келди”...
— Меникига келгунларингча қанча отган эдиларинг? — сўради Бернс.
— К-кўп, — жавоб берди Палмер. — Ист нихтс гут[6], Мэкки Нож?
— Сен шпрех э биссел дойтч?[7] — ҳайрон бўлди Бернс.
— Хизмат баҳонасида ўрганган эдим. — Тўхташ олдидан лифт хонаси қаттиқ тормоз берди ва Палмер чайқалиб кетди. — Мен немис ракетачи олимларни овлайдиганлардан эдим. Ана шунақа. Бу олте Крис[8], цвай[9] жаҳон уруши эди. — У чуқур хўрсинди ва лифт хонасидан чиқди.
— Ҳаммаси жойидами?
— Қўлингни ол!
— Мен сенга ёрдам бермоқчи эдим, холос.
— Хонимчаларингиз билан қўшмозор бўлинг.
— Ўзингни бос, ўртоқжон, — шивирлади Бернс. Унинг сарғиш кўзлари йўлбарсга ўхшаб ғазаб билан қисилди.

Улар катта эшик томон йўл олишди. Навбатдаги швейцар ўрнидан турди ва эҳтиром билан таъзим қилди. Палмер қаддини ростлади, жавобан совуққина бош ирғаб қўйди ва унинг ёнидан юриб ўтиб, тўғри кўчага, тунги муздек ҳавога чиқди. Йўлакдан бироз узоқлашгач, у овозини баралла қўйиб, бўм-бўш кўчага мурожаат қилди: “Устозлар ва метрдотеллар ҳаммаси саросимага тушиб қолишди, ҳамма менга хушомад қиларди ва то менинг кўзим очилмагунча ҳаёт зерикарли эди!”
— Бу ёққа, — деди Бернс Саттон Плей томон кетадиган йўлни кўрсатиб. — Кўраяпсанми, ҳов ана, “Элдерадо” олдидаги дарахт тагини.
— Қўлингизни олинг!
— О, қанчалик мағрурмиз-а!
— Керак эмас менга машинангиз, — оёқ тираб олди Палмер, — керак эмас менга аёлларингиз. Бекорга овора бўласиз. Тушундингизми?
— Аёлларни қўявер, аммо машинага йўқ демайсан.
— “... Енгил ширин ҳаёт ботқоқдай мени тортиб кетди...” — Палмер қўлини Бернсдан силтаб тортиб олди ва пастак узун қора “кадиллак” ёнидан ўтиб, кўча ёқалаб чопиб кетди. Кейин у муюлишга бурилди-да, ғарб томонга йўл олди ва охири Биринчи авенюга етди. У ерда нафаси ичига тушиб, тўхтади, орқаси билан ғадир-будур ғиштин деворга ёпишди. — Бундан кейин одамга ўхшаб яшай бошлайман, — базўр гапирди у оғзи билан ҳавони ютоқиб ичига тортаркан. У пешонасидан тер чиққанини сезди. Бўшашиб, рўмолчани қидириб чўнтагини кавлаганча пастга сирғалиб тушди. Тўсатдан аёл кишининг қадам товушлари қулоғига чалинди. Юзини артиб, муюлишда пайдо бўлган бир аёл ва бир эркакнинг кўрди. Улар Палмернинг шундоқ ёнидан ўтиб кетишди ва унга ҳатто қиё боқиб қўйишмади ҳам. Яна битта шаробхўр-да, тағин башанг костюм кийиб олгани-чи.

Улар қоронғилик қўйнига ғойиб бўлгунча у узоқлашиб бораётган аёл қораси ортидан қараб қолди. Кўзларини ярим юмди, яна очди ва Биринчи авенюдан аста ўтиб кетаётган таксини кўрди. Қоқила-суқила у қўлини силкиб, кўча ёқалаб такси ортидан чопди, шу чопганича кучининг борича чопиб кетаверди, кетаверди, кетаверди.

Йигирма Учинчи Боб

Кун омадсиз бошланди. Ҳар доимгидек Эдис болаларни мактабга кузатиб қўйиш учун соат олтида турди. Палмер эса уйғониб, қимирлашга ҳам улгурмай, боши зирқираб оғриётганини ҳис этди. Оғриқдан афти буришиб, у каравот ёнидаги тумбочка устида турган соатга чўзилди. Аллақачон саккиз бўлибди. Каравотда ўтираркан, у дарҳол ўзига келди ва болалари билан кўришолмаслигини англади, банкка кеч қолади, ҳаммадан ҳам мана бу чидаб бўлмас бош оғриғини айтмайсизми!

Нонушта ҳам ҳеч қандай енгиллик бермади. Икки дона аспирин ҳозирча таъсирини билдиргани йўқ, у ва Эдис ўртасида юзага келган кескин вазият — у буни ҳис қилиб турарди — дард устига чипқон эди, холос. Ҳарҳолда унга шундай кўринди. У кўз тагидан хотинини кузатар, у ҳам шу нарсани ҳис қилаётибдими, йўқми шуни билишга ҳаракат қиларди, ёки унинг ўз кайфияти шунақа кескин вазият яратаётибдими?
— “Таймс”даги дастурхоннинг унча файзи бўлмаган, шекилли, — деди Эдис. — Балки у ёққа бормаганингда дуруст бўлармиди?
— Биронтаси ҳам боришга арзимайди, — минғирлаб деди Палмер.
— Унда нега...
— Мақсадларим бор эди, — хотинининг гапини бўлиб деди у. — Репортаж учун мавзу қидириб, уни тополмаган “Таймс” репортёрлари мақсадидан сал бўлакча. Мени кўриб қўйишлари учун борган эдим у ерга ва ниятимга етдим.
— Ўз бурчимни бажардим, — қуруққина қилиб жавоб қайтарган бўлди Эдис.
— Мутлақо тўғри.

Хотини индамай газетага кўз югуртира бошлади, бироқ Палмер ораларида гўё қандайдир изҳор этилмаган фикрлар ҳавода муаллиқ осилиб тургандек ҳис этмоқда эди. Кўриниб турганидек, хотинининг зиёфат ҳақидаги суҳбатни давом эттиришга мойиллиги йўқ эмасди, аммо нимадир уни тутиб турарди. Наҳотки, ҳамма гап фақат шундангина иборат бўлса? У қаҳвани охиригача ичиб қўйди.
— Ўз-ўзидан маълум, мен бутун оқшом у ерда ўтирганим йўқ, — гап қотди Палмер, атайлаб чала қолган суҳбатга қайтаркан.
— Мен ҳам шундай ўйлагандим.
— Керакли одамларни кўриб олиш учун мени Бернс таклиф қилганди.

Эдис бош ирғаб қўйди ва мутолаада давом этди. Қаҳвани ичиб бўлиб, Палмер қаҳва чойнагига қўл чўзган эди, бироқ Эдис газетадан кўзини олмай ундан илгарироқ етиб борди ва чойнак жўмрагининг қулоқли пиёлага урилгани эшитилди.
— Секинроқ, — оҳиста огоҳлантирди эр.

Эдиснинг нигоҳи юқорига кўтарилди, бироқ қулоқли пиёлага эмас, тўғри Палмернинг юзига қадалди.
— Тўкиб қўйдимми?
— Мен ундай... — Палмер хўрсинди-да, гапини тугатмади.

Эдис пиёлани лиммо-лим қилиб тўлдириб қуйди.
— Бугун сал асабий кўринаяпсан, жоним?
— Кеча Бернсникида бўкиб ичибман.

Эдис яна газетага шўнғиди.
— Меҳмонлар кўпмиди?
— Йўқ. Охирида Бернс билан Калхэйн ва мен қолдик.
— Ширин улфатлар.

Палмер хотинининг қочирим маъносини чақишга ҳаракат қилмай қўя қолди.
— Кейин Калхэйн ҳам кетди.
— Бернс сени олиб қолишга уриндими?
— Ҳа, сен буни қаёқдан биласан?

Эдис билинар-билинмас елка учирди:
— Башараси узоқ ёлғиз қолишдан қўрқадиган одамга ўхшайди, айниқса тунда. — Хотин тумшайди. Кейин газетани текис қилиб тахлади-да, ўзидан нари сурди. — Яна башараси шуни айтиб турадики, вақтини аёл билан хилватда ўтказишни яхши кўради, сен билан эмас.

Палмер бош ирғади ва жилмайишга уринди.
— Хулоса ясашга тайёрлигинг шундоқ кўриниб турибди.

Эдис қулоқли пиёлани ўзи томон сурди ва бирмунча муддат хаёлга чўмганча қаҳва қуйқасига қараб қолди. Палмер унинг хира нигоҳи қоп-қора суюқликни қандай ўрганаётганини кузатиб турди. Уэллс коллежининг башоратчиси.
— Одамда жиндай андиша ҳам бўлиши керак, — сўзлади Эдис, — аммо у аёлларга ўлгудай ишқибоз, тўғрими?
— Ҳа. Бу ерда кимдан, нимадан андиша қилиш керак, қизиқ?
— Бошқа одамдан деб айтмоқчи эдим.
— Тушунмадим.
— Масалан, сенга ўхшаган одамдан, — аниқлик киритди хотини.
— Э-ҳа?!
— У сендан ўз мақсадлари учун фойдаланишга уринмаётганмикин? — деди Эдис. Хотинининг сўзларида бироз савол маъноси ҳам йўқ эмас эди, шу билан бирга улар қарийб ҳукмдай жарангларди. — Бу унинг қўлидан келади. Менда шундай таассурот туғдирганди у. Жейннинг иккинчи эри нимаси биландир унга ўхшаб кетади. У ҳам доим кўнгилхушлик қилиш мақсадида шунақа кичик-кичик ўтиришлар қилиб турарди. — Эдис кўзларини кўтариб, эрига қаради ва аста кулиб қўйди. — Мистер Бернсга ўхшаб у ҳам шарқдан. Шарқ одамлари шунақага мойилликлари билан ажралиб турадилар.
— Лекин Бернс Ғарбий соҳилдан келган-ку, — деди Палмер. — Унда бундай мойиллик қаёқдан пайдо бўлдийкин?
— Бернс қачондан бери Ғарбий соҳилга тушиб қолибди? Жинсий алоқага ҳаддан ортиқ ружу қўйиш — уларни Ўрта Ғарб аҳолисидан ажратиб турадиган нарса шу.
— Бу менга кеча кечқурун Бернс айтган нарсани эслатиб юборди. — Бу эътироф Эдисга қандай таъсир қилишини кўриш истагида Палмер қаҳвадан усти-устига бир неча бор ҳўплади.
— Бечора сени тушунмайди, холос, азизим, — деди Эдис.
— Мак Бернс тушунмайдиган ҳодисалар ҳақида сен бутун бир китоб ёзсанг бўлади.
— Сен ҳақингда, масалан.
— Умуман бундай ҳодисалардан кўпи йўқ, — деди Палмер, гапининг оҳанги равон чиқиши учун бир қадар салмоқ билан.

Кейинроқ машинада ўтириб, банкка йўл олганида Палмер хотини билан ўзи ўртасидаги суҳбатни хаёлан тиклади ва муносабатларидаги бу пинҳоний кескинликнинг нимадан келиб чиққанини англашга уринди. Аввалига у барибир ўзини қўлга олишга ҳаракат қилган бир менинг ўзимман деган тўхтамга келди. Хотини эса ўзини бутунлай бемалол ҳис қилаяпти. Бироқ у хаёлидан бутун суҳбатни тиклаганида юрагида шундай бир ташвишли ҳиссиёт пайдо бўлдики, унинг ҳар бир сўзи замирида бошқа, тилга олинмаган маъно яширинган бўларди. Хонасида ўтириб, “келиб тушган ҳужжатлар”даги бир чақага қиммат қоғозларни асабий ўчирар экан, Палмер шу мулоҳазалардан бирваракай қутулишга ҳаракат қилди. Бу унинг бошини икки баравар оғритишдан бошқа ҳеч нарсага олиб келмади. Соат 10 да Виржиния Клэри келганида у аввалига жувоннинг келганидан хурсанд бўлди, бироқ кўп ўтмай у ҳам жаҳлини чиқара бошлади.
— ... меҳрибон Бернс билан оқшомларинг беҳуда ўтмагандир, — деди жувон дабдурустдан
— Зерикарли, файзсиз ва ҳеч қандай ҳудасиз, — бидирлаб жавоб қайтарди Палмер. — Бу оқшомга боришдан бош тортиб, ақлли иш қилган экансиз.
— Аёлларга ҳар доим Бернс билан яхши муносабатда бўлиш тавсия этилади.

Қовоғини уйиб, Палмер жувон келтирган қоғозлардан кўзини олди.
— Бу билан нима демоқчисиз? — кескин оҳангда сўради йигит.
— Ҳеч нима.

Қовоғи уйилган ҳолда Палмер жувонга, унинг силлиқ ёноғига ва хотиржам катта-катта кўзларига диққат билан разм солди. Жувоннинг аъло кайфиятию гул-гул яшнаб туриши нима учун унинг ғашини келтираётганини ўзи ҳам тушунмаётганди.
— Балки унинг мавқеи ҳақида сиз барибир аниқроқ бир гап айтарсиз? — қайсарлик билан сўради Палмер.
— Аёлларга алоқадорлиги ҳақидами? — жавоб берди саволга савол билан Виржиния.
— Ҳа, — ҳорғин деди Палмер, — ҳеч бўлмаганда аёлларга алоқадорлиги ҳақида.
— Бохабар одамларнинг айтишича, у ўн-ўн беш нафар кино қаҳрамонлари билан довлаша олар экан.
— Жин урсин! — тоқати тоқ бўлди Палмернинг. — Энди бу билан қатиқ ялашмаган бир Бэркхардт қолувди... — Чолни унинг хизматкори борлигида ёмонлаши яхши эмаслигини жуда кеч англаб, у тўхтади. — Бўпти, ҳечқиси йўқ, — сўзини тугатди у ҳорғин. — Бу гапларни қўяйлик.

Бирмунча муддат жувон унга жим қараб қолди, сўнг бошини қуйи солди. Чидаб бўлмас бош оғриғига қарамай Палмер жувон энди унинг қаршисида тик қотиб илгаригидек ҳуркиб турмаганини пайқади. Виржиния ўзини эркин ҳис этарди, бу эса яхши эди. Ким билсин, балки яхши эмасдир ҳам? Бундай эркин қўйиб қўйиши дурустмикан? Палмер миясидаги фикрлардан халос бўлишга ҳаракат қилгандай бошини айлантириб қўйди, бироқ қайтанга боши яна ҳам қаттиқроқ оғриди.
— Мен жуда ачинаман, — қулоғига чалинди унинг.
— Нимага ачинасиз? — Ўзининг овози бамисоли унинг қулоғини тешгудек кескин эшитилди.
— Ўзингизни шундай ёмон ҳис қилаётганингизга ачинаяпман.
— Э-ҳа... — Шундан сўнг у яна нигоҳини ҳалиги қоғозларга қадади. У суҳбатни давом эттирадиган аҳволда эмас эди. Виржиниянинг турганини кўришдан кўра кўпроқ эшитди.
— Сизга бир илтимосим бор эди, — деди жувон. — Кеча мен сизга мени ўзингизга дўст деб билинг деган эдим. Агар сиз буни хоҳламаётган бўлсангиз, илтимос, тўғрисини айтиб қўя қолинг.

Палмер унга қаради.
— Йўқ, мен дўстлар бўлиб қолишимизни хоҳлаган бўлар эдим, — жавоб берди у овозини бошқа кескин ёки асабий чиқармасликка ҳаракат қилиб. — Мен, афтидан, кеча бу ҳақида айтувдим, шекилли?

Жувон бош ирғади:
— Лекин одамлар гоҳо фикрларини ўзгартирадилар.
— Одамлар, — такрорлади йигит, жилмайишга беҳуда уриниб. Ёноқлари қақшаётганини ҳис қилиб у эрталабдан бери биринчи марта жағларини бемалол қимирлатаётганини англади. — Одамлар, аммо мен эмас, — қўшиб қўйди у охири жилмайишга муваффақ бўлганидан кейин.
— Наҳотки умрингизда бир марта ҳам шундай бўлмаган бўлса?
— Йўқ, ҳеч қачон.

Жувон яна ўтирди ва Палмерга диққат билан қаради. Кейин жилмайди.
— “Пинафор” капитани шубҳаларидан бехабар одам шарафига уч карра ура! — табассум билан иқтибос қилди Виржиния.
— Бекор гап, мен бор-йўғи капитан ёрдамчисиман. — Охир-оқибатда жувон билан Бэркхардт ҳақида барибир гаплашишга тўғри келишини тушуниб, у хўрсинди.
— Капитан эса, — деди Палмер, — ишга Бернсдек шундай бир балои азимни олди-да, бу болани оқ ювиб-оқ тара деб менга ташлаб қўйди. — У афсуслангандек бошини чайқади. — Бу даҳмазани сақлашга уни нима мажбур қилаётувди ўзи?
— Етар, — деди жувон. — Тан олинг, Бернс зимдан сизга ёқади ҳатто.
— Нега энди у менга ёқиши керак экан?
— Ҳеч бўлмаганда у ҳам ўзича бир қизиқ одам бўлгани учун. Яна шунинг учунки, у фойдали бўлиши ҳам мумкин. Ниҳоят, у сизга шахсан шунчаки керакли одам. Мана сизга учта сабаб, — деди жувон. — Яна айтайми?
— Нега сиз уни қизиқ одам деяпсиз? — сўради Палмер.
— Лекин бу ўзи аслида шундай, — сўзини бермади жувон. — Ҳатто унинг довдирлиги, унинг қуруқ савлати, унинг аҳмоқона қилиқлари, унинг ажойиб сурбетлиги, аммо одамлардаги энг тубан рақобатлардан ташқари бирон-бир нарсани тушуниб етишга мутлақо қобилиятсизлиги. Унинг афт-ангори-чи, сочлари-чи! Ниҳоят, унинг одамларни лақиллатишга усталигини олинг!

Палмер уни тинмай кузатиб турди ва жувоннинг илгаригидай ўзини унинг нигоҳидан олиб қочмаётгани унга ёқмоқда эди.
— Сиз Бернсни ёмон ўрганмаганга ўхшайсиз, — деди Палмер.
— Аёллар учун у айтарли жумбоқ эмас.
— Ҳа, сезган эдим. — Палмер ўзини орқага ташлади ва бир лаҳза кўзини юмди. — Бу ерда аспириндан кўра аччиқроқ бирон нима борми?
— Аччиқроқ дейсизми?
— Бирон кучли таъсир кўрсатувчи дорими?
— Асабни тинчлантирувчи бирон нарса ичиб олмадингизми?

Палмер кўзини хиёл очди:
— Бош оғриғини босадиганиданми?

Жувон енгил жилмайиб қаради:
— Тиббиётдан ҳеч нарса билмаслигимни бу қадар назокат билан англатиб қўяётганингиздан ҳайратга тушмоқдаман.
— Мен бошим оғриётганидан нолиётган эдим, — тушунтирди Палмер. — Тинчлантирувчи дорилар эса асабий зўриқишни йўқотади. Мени бироз хумор қийнаяпти, холос.
— Қаранг-чи, столимда кодеин бормикан?
— Миннатдорман сиздан. — Палмер ўриндиқда бурилди, зўриқиш аста-секин қайта бошлади. Наҳотки жувоннинг уч-тўрт оғиз гапи шу қадар тез таъсир қилган бўлса? Балки уларнинг ҳар иккови ҳам бир-бири билан мана шундай эркин гаплашишлари ҳам ёрдам бергандир?
— Энди яхшиман, — деди йигит. — Нима қилдингиз ўзи мени?
— Менинг жодугарлигимни билмайсизми, ҳали? — деди жувон. — Гарчи сиз ўрганган жодугарлар лўли хотинлар бўлса ҳам. Лекин биринчи даражали жодугарликни фақат кельтларда учратиш мумкин. Бу ишда уларнинг олдига тушадигани йўқ.

Интерполнинг енгил қўнғироғи янгради.
— Кечирасиз, — Палмер тугмачани босди.
— Лумис деган одам сиз билан гаплашмоқчи, мистер Палмер.
— Мени у билан уланг. — Палмер қаддини ростлади ва ҳайрон бўлиб қошини чимирди. — Лумис деган одам! — у Виржиния Клэрига юзланди. — Гўё яна бошқа ҳам Лумис деган одам бордай! — У телефон гўшагини олди.
— Палмерми? — кекса, аммо жуда дадил овоз таралди.
— Мистер Лумис, — жавоб берди Палмер, — ўтган ҳафта сиз билан боғлана олмаганимдан жуда афсусдаман. Қўнғироқ қилганингиздан ғоят миннатдорман.
— ... улар яна бир банд қулаб тушмагунларига қадар, — Палмернинг қулоғига симнинг нариги учида чолнинг кимгадир гапиргани чалинди. — Ҳелло, Палмер! Бугун ленчда банд эмасмисиз?
— Бугунми?
— Сизга машинамни юборишдан мамнун бўлардим. Клубда ленч устида кўриша оламизми?

Фикрини тўплаш учун Палмер кўзини юмди. Лумиснинг шаҳар ишби¬лармонлар бўлимидан туриб қўнғироқ қилаётганига шубҳаланмади.
— Келолсам керак деб ўйлайман, — деди у. — Қачон?
— Мен эрта овқатланишга ўрганганман, — хабар қилди Лумис. — Олдингизга йигирма дақиқаси кам ўн иккида етиб боришади, агар бу сизга тўғри келса. Сиз бу ерда тахминан тушгача бўласиз ва сизни бир яримда олиб бориб қўйишади.
— Жуда яхши. — Палмер кутиб турди. — Бирон нарса... — деб гап бошлади-ю, сўз қидириб, яна жимиб қолди. — Ўзим билан бирон нарса олиб олайми?.. — Гапини тугатмасиданоқ Палмер саволи аҳмоқона чиққанини англади.
— Йўқ, шунчаки гаплашамиз. Ўн биру қирқда.
— Яхши. Мен... — Бироқ Лумис гўшакни илиб қўйди.

Қари рўдапо. Палмер ҳам гўшакни қўйди ва шу заҳоти қаншарида оғриқ ҳис қилди, миясини бир нарса найзадай тешиб ўтгандек бўлди. У Виржинияга қаради.
— Кодеин, — деди у, — илтимос.

Жувон чиқиб кетиши ҳамон ўриндиқда ўтирганча Палмер энсасини уқалай бошлади. Қизиқ, агар буни унинг учун бошқа биров бажарганида у ўзини қандай ҳис қилган бўларди? Бировга боғлиқ бўлиб қолишдан ёмон нарса йўқ. Дарвоқе, бу шунчалик ёмонми?

Энсасини титраб-қақшаб чангаллаганча у яна кўзларини юмди ва Виржиния Клэрининг қайтишини кутган, оғриққа бардош берган ҳолда қимир этмай ўтиришга ҳаракат қилди.

Йигирма Тўртинчи Боб

Унча катта бўлмаган “олдсмобил”дан тушар экан, Палмер ишбилармонлар туманидаги ленч-клублардан айримларигина мана бунга ўхшаган фахрли ёшдалиги билан мақтана олишлари мумкин, деб ўйлади. Бу туманга одамлар дарёдай оқиб кела бошлаши муносабати билан урушдан кейиноқ бу ерда кўплаб шунақа клублар пайдо бўлганди. Вақтинчалик инқироздан сўнг биржадаги урушдан кейинги савдо-сотиқлар ўн минглаб янги асалариларни эски асалари мумига жалб қила бошлади. Эски фирмалар ғовлаб кетди, янгилари эса ахлатхонадаги қуртлардай урчий бошлади. Барча ресторан ва қаҳвахоналар, шу жумладан, яқинда очилганлари ҳам тўда-тўда бостириб келаётган мижозларни эплаёлмай қолдилар, кундузлари ҳамма жой лиқ тўлган бўларди ва фирмалар ўз ходимларини ленчга навбатма-навбат чиқаришларига тўғри келари.

Аммо бу эски клуб ундан анча олдин, биржа уй бекалари ва гаражларнинг механиклари иш-аъмоллари майдони бўлиб қолган вақтда ташкил этилган эди. Анча олдин, Америка маблағига асос солувчилар доирасига “пулдан бошқа йўқотадиган ҳеч нимаси йўқ одамлар” бостириб киргунга қадар рўй берганди бу ҳол. Ватанпарварлик туйғуси очкўзлик туйғуси билан ажойиб тарзда чиқишиб кетган биржа шарҳловчилари юқоридагидек таъриф берганлар.

Фирманинг кичик шериклари, биржа ишбилармонлари ва маслаҳатчилар рўпараларида ҳозиру нозир клерклар ва гумашталарни кўрмай, тинчгина овқатланиб олишлари мумкин бўлган янги ленч-клублардан фарқли ўлароқ, бу клуб мижозлар ихтиёрига яна барни ҳам, биллиардхонани ва қартабозлик хонасини ҳам тақдим этганди. Гоулд ва Морган каби Филкенинг ўзи ҳам бир вақтлар шу клубнинг аъзоси бўлган эди. Аммо Барух каби ҳам, Отто каби ҳам эмасди. Мана шунақа бўлган эди бу клуб. Ўз вақтида у клуб рўйхатига дунёга эндигина келган тўнғич ўғли Хэнлини ҳам бир қадар тараддуд билан киритиб қўйганди. Аммо рўйхатга иккинчи ўғли Вудсни киритишга ҳеч шошмаётганди.

Палмер ичида клуб жойлашган эски бино вестибюлига кириб келди ва лифтнинг каштасимон темир панжараси олдига келиб тўхтади. Бундай эски уй аллақачон бузиб ташланиши керак эди. Ўттизинчи йилларда унинг ўрнида тўйбоп тортга ўхшаган дидсиз нақшли, гранитдан тикланган ҳапқат бир иншоот ёки қуруқ темир-бетон қутича юзага келган бўларди. Кейинги беш йил давомида эса бу ерда замонавий шиша аквариум-уй барпо этишлари мумкин эди, деб мушоҳада юритарди Палмер, эринчоқлик билан пастга шўнғиётган лифт шовқинига қулоқ солганча; бутун бино, афтидан, клубга кирарди, бошқача бўлиши мумкин эмасди. Фақат клуб аъзоларининг уриниб-чиранишлари туфайлигина бу уй тараққиётнинг қақшатқич ҳужумларига қарши туриб бера оларди. Ҳозир ҳам ўз умрини яшаб бўлган даврда ўзига хос бир ёдгорликка айланганди.

Даққиюнусдан қолган қулф билан бирмунча олишувдан кейин камида етмишни уриб қўйган лифтчи чол ниҳоят лифт эшигини очди ва Палмер хоначага кирди.
— Клубга, илтимос.

Палмер лифтчининг оппоқ кўркам соқолига разм солди. Эшик ёпилди ва лифт қандайдир жангир-жунгур ва қулқ-қулқ қилган овозларга жўр бўлиб тепага кўтарила бошлади. Палмер қошини чимирди: наҳотки, бу бино шу қадар эски бўлсаки, ундаги лифт ҳали ҳам сув босқони билан ишласа?
— Қулқуллаётган нима? — сўради у лифтчи чолдан.

Чол аста бурилиб, унга қулоғини тутди:
— Кечирасиз, бир нима дедингизми?
— Йўқ, ҳеч нима.

Улар тантанавор сукут сақлаб аста кўтарилиб борар эдилар, гўё ложада филармония жойлашган-у, улар лифт шовқинини эмас, симфоник куй тинглаётгандай.

Ўн иккинчи қаватда лифтчи лифтни вақтидан олдин тўхтатди, кейин улар керакли ҳолатдан тепага ўтиб кетишди ва чол бир қанча шунақанги мураккаб ва шовқинли уринишлар қилишига тўғри келдики, бутун кабина силкиниб кетиб, Палмернинг ҳатто бироз кайфи ҳам учди.
— Мижозлар ўзларининг келганларини метрдотелга хабар қиладилар, — ғудранди лифтчи чол ниҳоят лифт эшигини очаркан.

Метрдотел жойида йўқ эди ва Палмер баланд .столда турган қўнғироқчани чалди. У бонг овозидай бўғиқ ва чўзиқ садо берди. Вақт ўтиб борарди. Палмер у ёқ-бу ёққа қаради. Ҳа, ҳозир бунақа қилиб қуришмайди. Шифтларнинг баландлиги камида ўн беш фут келарди. Деворлари мум суртиб ялтиратилган дуб багет қопламаси ва усти яшил шишасимон юқориги қисми кулранг тусда. Девор ёнига қўйилган ўриндиқлар оқ дубдан ясалган бўлиб, ён суянчиқлари ғоят залворли. Суянчиғи ва ўтирғич қисмларига қора чарм қопланган. Палмер ўриндиқлардан бирини кўтариб кўрди: у манави ерда эллик фунт келарди. Қизиқ, бу буюмлар қачон ясалган бўлса? Ярим аср олдинми ё етмиш йилми? Бундайларга ўхшаганини ясаттириш учун ҳозирги нархларда одамнинг ақли бовар қилмайди. Дарвоқе, бундай ўриндиқлар синмайди ҳам, шу боис улар ҳеч қачон таъмир ҳам талаб этмайди.
— Сэр?

У ўгирилиб қаради ва оч кўкранг шим ва қора сарғиш пиджакдаги ёши катта кишини кўрди.
— Вуде Палмер. Мистер Лумис ҳузурига.
— Ҳа, мистер Палмер. Мистер Лумис сизга мунтазирлар. Бу ёққа марҳамат этсинлар.

Палмер хийла энсиз ва ҳаддан ташқари узун йўлакдан унга эргашди: деярли уйнинг ярмини юриб ўтишга тўғри келди, ниҳоят улар ичига тахминан йигирматача думалоқ стол териб қўйилган кенг танобий хона эшиги олдида пайдо бўлишди. Кун ёруғи бу ерга кўчага очилувчи кўтарма деразалардан тушар эди. Бир вақтлар деразалардан дарё манзараси кўриниб турарди, аммо ҳозир кўчанинг нариги томонида ойна ва алюминдан тикланган кўп қаватли бинолар бўй чўзиб, дарёни деярли бутунлай тўсиб қўйганди. Унинг бостириб келганини бу ерда қанчалик ёқтирмай қарши олишларини тасаввур қилиб, Палмер билинар-билинмас жилмайиб қўйди.

Палмер танобийнинг тўрига, бошқалардан сал нарида турган бир думалоқ стол олдига бориб тўхтади ва столда ўтирган қотмагина кекса одамга одоб билан таъзим қилди.
— Мистер Лумисмисиз?
— Ўтиринг, Палмер. Шошманг, Генри, ҳозир айтамиз.

Палмер соатига қаради: роппа-роса ўн икки, уларнинг танобийда танҳо ўзлари қолгани сабаби бу ёқда экан-да. Палмер зимдан Лумисни кузата бошлади. Худди бинонинг ўзига ўхшаб кўҳналикнинг мана бундай ҳилвираб ва дилдираб қолган мумтоз намунасини яқиндан туриб кўриш ҳар доим ҳам насиб этавермайди.

Жозеф Лумис ҳосил қилган дастлабки таассурот, одатда, яқиндан танишганда ҳам ўзгармас эди. У, эҳтимол, умрининг кейинги ўттиз йилида ҳам шундай кўринарди ва унинг фотопортрети молия оламидаги воқеаларни кузатиб борган барча одамларга яхши таниш эди. Қаншари томон кенгайиб ва ияги томон торайиб борган юзи чўзинчоқ, сийрак сочи оппоқ ва дид билан тараб бир томонга ташлаб қўйилган. Кўзлари Виржиния Клэриникидай деярли катта-катта, аммо ингичка ва енгил ажинлар ўрими билан қуршалган бўлиб, бамисоли жимжимадор гардишга қадалган бир жуфт қимматбаҳо тошга ўхшарди. Янкиларга хос бурун — фақат фотосуратлардагина учли бўлиб кўринади. Дарвоқе бурнининг юқори қисми пичоқ тиғини эслатарди, аммо учи бироз тўмтоқлашиб, энсиз катта оғзи узра хиёл осилиб турарди.

Бир текис терилган сунъий тишларини кўрсатиб, Лумис унга хотиржам кулиб қўйди.
— Сизни кўрганимдан хурсандман, — деди у.

Унча катта бўлмаган жилддаги кўчириб ёзилган ва обдон тўғриланган таомномани кўтариб официант келди. Палмер номаълум хаттотнинг маҳоратига офарин деб қўйди ичида. Чизиқлар гоҳ босиб йўғон, гоҳ қалам учида қилдай ингичка қилиб ёзилган эди. Яхшироқ кўриш учун Палмер таомномани ёруққа тутди: ҳа, у дарҳақиқат, қўлда ва ҳарҳолда ҳаттоки ғоз патида ёзилган эди.
— Биқин гўшти қовурдоғи олинг, — маслаҳат солди Лумис, — жўжа — emince фақат менга ўхшаган қари бобойлар учун пиширилади.

Парижчасига emince сўзининг димоғдан кучли талаффуз этилишига эътибор қилиб, Палмер одоб билан жилмайиб қўйди.
— Янглишмасам, бу ердаги бош ошпаз naturel соусни қулинг ўргилсин қилиб тайёрлайди, — деди у Лумисга ўз навбатида naturel сўзини французча талаффуз қилиб. Кейин официантга мурожаат қиларкан, деди: — Бугунги қовурдоқ ўша соусданми?
— Ҳар доимгидек, — жавоб берди унинг учун Лумис. — Менимча, шу етарли бўлса керак, Генри?
— Хўп бўлади, мистер Лумис, — жавоб берди официант.
— Нима ичасиз, Палмер?
— Ҳеч нарса.
— Демак, тамом, Генри, — такрорлади Лумис, официант анча нарига кетгач деди: — Ошхонамиз сизга ёққанидан хурсандман. Бу ерда охирги марта қачон бўлгансиз?.. — Унинг қисилиб турган кўзлари серажин гардиш орасидан Палмерга диққат билан қараб турарди. — Уч йил олдинми? Сиз ўшанда отангиз билан келган эдингиз. Унинг ўлиб кетганидан афсусдаман, уни тез-тез эслаб тураман. Айтишларича, саратондан ўлган экан, шундайми? — Лумиснинг тим-қора кўзлари катта очилди. Палмер унинг тик боқишларига чидади.
— Мутлақо тўғри.
— Буни у билармиди?
— Йўқ, у...
— Буни ундан яширишганмиди?
— Имкони борича.
— Барибир у бунга ишонмаган бўлар эди. — Лумис бошини чайқаб қўйди ва ўзининг бармоқлари узун-узун қўлларига қаради. Ингичка томирлари қорайиб турган тери узра кексалик нишонлари — майда жигарранг доғлар тартибсиз сочилган. — Ҳеч ким ишонмайди, — қўшиб қўйди у бирмунча муддатдан кейин.

Гўё ажалнинг ўзи ялтироқ соч ўрамидай улар оралиғидан сирғалиб ўтиб кетган каби иккаласи ўртасига ғалати бир сокинлик чўкди. Палмер елкасидан чумоли ўрмалагандек ҳис қилди ва у, агар ўлмаса, Лумиснинг ёшида бу ҳақда қандай гапириш лозимлигини ўйлади.

Бироқ ўша заҳоти, кексалар бундай фикрлардан тўйиб кетган, ўзларининг путури кетган баданларига тириклай дафн этилгандай бўлиб, ҳар куни эрталаб кийинаётганларида кечқурун уйга қайтиб келаманми, йўқми деб ўзларидан сўраб қўядилар, деди ўзига-ўзи. У ҳали бақувват ва қомати таранг Бэркхардт қаршисида ўтирган чолдан атиги ўн ёшгина кичик. Унинг мушаклари кучи ва чайирлигини қачон йўқотади? Тешиб юборгудек боқувчи мовий кўзлари қачон нурсизланади-ю, қачон ўткирлигидан маҳрум бўлади?

Бир лаҳза у Лумиснинг кўзларига қаради, бироқ уларда ўзи кутган бўм-бўш, мақсадсиз ифодани топмади. Гўё ўз тақдирини билмоқчи бўлгандек чол қўлларини ҳамон диққат билан ўрганарди. Сўнг у оҳиста хўрсинди, бу хўрсиниқ, афтидан, Палмернинг эшитиши учун мўлжалланмаганди.
— Бэркхардт сиз билан қандай муомала қилади? — бироз жимликдан кейин сўради Лумис.
— Одатда у мени ўзига ўзи таништиради.
— Ҳаҳ. — Бу бир бўғинли товуш кулги эмасди, бу сўз эди. — Лэйн ҳеч кимни ўзига таништирмайди. Унинг мени сизга қандай тавсия этганини тасаввур қиламан — ренегат деганми? А?
— У бундай сўзни айтмаганди.
— Ўлгудай бўшанг, а? Хоин-а? Сотқин-а?
— У менга, афтидан, кўпчилик биладиган нарса ҳақидагина гапирганди, — сизнинг “Меррей Хилл” омонат банкига нисбатан мойиллигингиз ҳақида.
— Тўғри, гап нимадалигини тушунмагандим, — деди Лумис мийиғида кулиб. — Лэйн корпорациялар тузилмаси ва ҳоказоларнинг маъносини билади, аммо одамларни билишга келганда — ғирт. Улар билан қандай муомала қилишга сира ақли етмайди. Тўғрироғи, бунинг учун бошини қотиришни истамайди.
— Тўғрисини айтсам, буни пайқамаган эканман.
— У сизга жуда синчковдек бўлиб кўринадими, а? — сўради Лумис.
— Ҳа, — жавоб берди Палмер.
— Сизни шунинг учун ҳам ишга таклиф этганми? — Лумис яна жилмайди: — Чакки танламаган, шундай эмасми? — Чол бош ирғаб қўйди: — Бўпти, шундоқ бўла қолсин. Аммо шу билан бир вақтда у Бернсни ҳам ёллади. А?
— Нима бўпти? — Қайириб ташлади Палмер.
— Ҳаҳ. — Лумис таомномани қарсиллатиб шапатилади-да, уни ўзидан нари суриб қўйди. — Сиз ҳам отангизга ўхшаб жуда камгапга ўхшайсиз. Унинг яна бир ўғли бор деб эшитгандимми?
— Хэнли. Мендан икки ёш катта. У урушда ўлган.

Лумис яна қўлларига қаради. Бу гал у кафтларини ўрганди. Қизғиш ва гўштдор кафтлар суякдор, кексалик сепкиллари қоплаган орқа томонидан алоҳида ўзи мавжуддек.
— Сизлар Чикаго Палмерларининг сўнггисимисизлар, а?
— Унчалик эмас, — жавоб берди Палмер. — Менинг болаларим, яна қанақадир қариндош-уруғларим ҳам бор. Дарвоқе, Чикагода биз ҳеч қандай қариндошлик риштамиз бўлмаган яна бир Палмерлар сулоласи бор.
— Ундай ҳолда сиз банкир Палмерлар ичида энг сўнггиси экансиз-да?
— Шундай бўлса керак, ҳойнаҳой.
— Аммо сизнинг иккита ўғлингиз бор-ку?
— Ва қизим ҳам, — қўшимча қилди Палмер.
— Уларни банкир қилмоқчимисиз? — Лумиснинг оппоқ қошлари бир нарсани тушунгандек юқорига ўрлади.

Палмер мийиғида кулди.
— Агар бу менга боғлиқ бўлса, икки дунёда ҳам ундай қилмайман. — У жим бўлиб қолди, сўнг йўталди ва деди: — Хўш, энди “Меррей Хилл” омонат банкига келсак...
— Хўш, хўш, майли, гапиринг.
— Омонат банклари билан боғлиқ барча гаплар ҳақиқатдан хам шунақа жиддий тус олиб кетганми?
— “Шунақа” — кимга? — қуруққина сўради Лумис. — Лэйн Беркхардтгами ёки бошқа биттасигами?
— Сиз мени кечиринг, — деди Палмер, — мен барибир қишлоқилигимга бораман ва бу нарсаларга тузук-қуруқ ақлим етавермайди.
— Палмер, — унинг сўзини бўлди чол, — ҳар гал ким менга ўзини қишлоқи қилиб кўрсатиб, шаҳарча нозик нарсаларга ақлим етмайди деб айтганда, мен оқибатда ҳамёнсиз қоламан. Ана шунақа. Хўп, майли. Очиқчасига гаплашайлик. Сизга қандай топшириқ берилганини мен биламан. Ундан кўра сиз омонат банклари билан жангни гўёки муқаддас салиб юриши ҳисоблаб, очиқчасига ва айлантирмай жавоб берганингиз яхши эмасмиди?

Палмер кулди:
— Мана бу энди ёқимли кутилмаган нарса.
— Шунақами? — Лумис унга диққат билан қаради. Кейин унинг жавоб айтишдан қочишни дўндиришига қойил қолди. Унинг катта-катта кўзлари Палмердан четлаб ўтиб, танобийнинг тўрига диққат билан тикилди. — Ҳаммамиз шу ердамиз, — бироз жимликдан сўнг деди у, — биламиз: бу нақд пуллар учун бор-йўғи муштлашув, холос. Ҳозирги вақтда нақд пулларнинг катта қисми омонат банклари ихтиёрида турибди, тижорат банклари эса пулдан ўмариб қолмоқчи бўлди. Бундай аҳволда ҳеч ким ютолмайди.
— Оммадан бошқа ҳеч ким, — қўшиб қўйди Палмер.
— Мутлақо тўғри, — Лумис яна бир неча бор бошини ирғади. — Омма ҳар доим сал бўлмаса ошкора ичиқоралик билан муштлашувни кузатиб туради. Масалан, чакана нархлар атрофидаги муштлашувни. Оммага эса ким енгилишининг мутлақо фарқи йўқ. У энг арзон нархда ҳамма нарсани сотиб олса бўладиган пайтни кутиб туради, холос. Мақола учун аъло сарлавҳа: “Банкирлар бир-бирнинг гўштини ғажишга тайёр”. Омма бундай нарсаларни кўзига суртади. Банкирлар муштлашиб ётганда ўз маблағига йилига чорак фоиз қўшимча қидириб, маблағ қўювчиларнинг тит-питини чиқарадилар, гўё бу уларни Қорунга айлантирадигандек. Ким ютиб чиқади? Омма; лекин биз эмас. Шу жойда фикримиз бир жойдан чиқар?
— Мутлақо.
— Сиздай тажрибаси бор одамга, — тезгина давом этди Лумис, — бошқа одамлардан фарқли ўлароқ, банкирлар уларнинг ахлатни кулбадан олиб чиқишдек дабдабага йўл қўя олмасликларини тушунтириб ўтиришнинг асло ҳожати бўлмаса керак. Гапим тўғрими, хўш, нима дейсиз?
— Ҳа, ҳа, сиз ҳақсиз.
— Бошқалар учун, биз учун озуқа бўладиган нарса заҳардир, шундай эмасми? — қўшиб қўйди Лумис.
— Тўғри.

Бундай тутуруқсизликдан завқланиб, Палмер ўзини ўриндиққа ташлади. “Қорунга ўхшаган бой” — кинояли кулди у, — “кулбадан чиққан ахлат”, “заҳар”. Бундай эски ғоялар ёрдамида Жо Лумис қандай қилиб юксакликларга етиб оларди? Юравериб текисланган темир из барибир мустаҳкам бўларкан-да.
— ... агар таъбир жоиз бўлса, бу воқеани силлиққина юздан сидириб ташлаш керак, — давом этди чол, — то у Олбанигача етиб боргунча. Қонун бунга қўл уриши ҳамон биз ҳаммамиз мушкил аҳволда қоламиз.

Палмер эҳтиромли бош ирғаб қўйди, пайт пойлаб турди, иложи борича кўпроқ самимий гапиришга ҳаракат қилиб деди:
— Буни сиз филиаллар ҳақидаги қонун лойиҳангизни қайтариб олишга тайёрсиз деган маънода тушунишимиз жоизми?

Лумис ўриндиққа оғир чўкди ва бир нафас Палмерга у нишонга ургандек туюлди. Унинг туб сабабини билгандан кейин энди бу қизиқ ўйиндай бўлиб қолди. Бироқ Лумиснинг чекингандек бўлиб кўриниши бор-йўғи официантнинг столга яқинлашиб келиши туфайли экан. Официант яшин тезлигида нарсаларни жой-жойига қўйди-да, яшин тезлигида ғойиб бўлди. Палмер чолнинг ўз жўжасини санчқи билан айлантираётганини кузатиб турарди.
— Сиз буни ҳечам бу маънода тушунганингиз йўқ, — ниҳоят сукунатни бузди Лумис. У Палмерга қараб қўйди. — Мени огоҳлантиришларича, сиз ғоят қобилиятли эмишсиз, — хотиржам қўшиб қўйди у ва яна жўжани титкилай кетди.
— Мен фақат бир нарсани айтмоқчи эдим, — давом этди Палмер, — токи омонат банклари филиаллар тўғрисидаги ўз қонун лойиҳаларида қаттиқ турар эканлар, бу ишни йўлга қўйиш қийин бўлади.
— Биз бунга эришолмасак-чи? — Лумиснинг кўзлари ликобчадан узилиб, Палмерга қадалди.
— Унда биз ҳеч нарса учун жанг қилмаймиз.
— Бу сизнинг фикрингизми ё Лэйнникими?

Палмер елка учириб қўйди-да, ўз қовурдоғидан бир бўлак гўшт узди.
— Менимча, бундай нуқтаи назар ҳар биримизга ҳам маъқул келса керак.

У қовурдоқдан татиб кўрди ва қайла у клубга даставвал келганидагидан заррача кам эмаслигига иқрор бўлди.
— Филлиаллар ҳақидаги қонун лойиҳаси бўлмаса, улар учун жанг ҳам бўлмайди.

Лумис бош ирғади:
— Муросасизлик борасида сизнинг тасаввурингиз ғоятда ажиб эканми? Бор-йўғи сўзсиз таслим-ку! — У оғзига жўжа гўштидан бир бўлак солди-да, уни узоқ чайнади. — Тўғрисини айтганда, Лэйн сизни ишга таклиф қилмаганида яхши бўларди деб ўйлайман, йигитча. Сиз ҳам унга ўхшаб камгап экансиз.
— Жуда унчалик эмас.
— Ўзингиз айтгандек, бу масалада сиз ҳали янги эканлигингизни ҳатто ундан кўра кўпроқ эътиборга олишингиз мумкиндир. Янги одам аввал у ёқ-бу ёғига қараб олиши ва кутиб туриши керак бўлади.
— Айнан кутиб туриш — менинг фикрим шундай, — деди Палмер.
— Сизга Лэйн Бэркхардт ҳақида баъзи нарсаларни маълум қилишимга ижозат берсангиз, — гап бошлади Лумис. — У ўзига худди раҳнамодай қарайди, у аслида ҳам раҳнамодир. Унда юксак парвоздаги раҳбар учун ҳамма нарса бор: у ўзининг қадрини яхши сақлайди, ҳамма нарсани дид билан қилади, унинг қад-қомати шамшоддай, ўз услуби, жилваси бор, яъни барча зарурий ташқи фазилатлар муҳайё. Гўё у сафарга буйруқ бериб туриш учунгина дунёга келгандай. ЮБТК бошлиғи сифатида у ўзининг туғма фазилатларига яна қандайдир жиддий нарсаларни қўшди — бу улкан молиявий қудрат. Мана шу барчасидан келиб чиқиб, уни ҳамма тижорат банкларининг раҳнамоси деб ўйлаши мумкинми ёки йўқми, хўш? Аммо бу ундай эмас. Зеро, ҳеч ким раҳнамо бўла олмайди. Ҳар бир банкнинг тақдири ўзгача; булар барчаси ўтаверсин-у, худди омонат банклари сингари улар бир-бирлари билан рақобатлашадилар. “Юнайтед бэнк” учун яхши бўлган нарса унга қариндош бўлган тижорат банклари учун ҳар доим маъқул келавермайди. Борди-ю, ЮБТК учун бирон нарса номаъқул бўлса, Лэйннинг раҳнамо сифатидаги барча етук фазилатлари унга у билан рақобатлашаётган банкларни улар ҳам шундай азият чекаётганларига ишонтира олмайди. Албатта, бунақаси ҳам учраб туради, ҳар ҳолда. Борди-ю, Лэйнни раҳнамо деб тан олишса, улар яна-да кўпроқ азият чекадилар, чунки бундай ҳолда уларнинг қисман ўз мустақиллиги билан иш тутишларига тўғри келади. Синчиклаб қараб чиққанда шундай хулосага келасизки, барча тижорат банклари номидан иш юритувчи бошлиқ ҳар доим унча катта бўлмаган, иложи борича аллақаёқдаги чекка жойлардан чиққан одам бўлиши керак, у ҳақиқатан ҳам улканлар ичида миттивой бўлиб кўрингани туфайли уларнинг умумий манфаатларини намоён этиш учун сайланади. Улканлар уни қўллаб-қувватлайдилар, чунки бу улар учун ҳеч нарсага арзимайди. Бироқ саҳнага Лэйн чиқиб келганида, улар унинг ортидан эргашадилар ва чекинадилар. Лэйн ҳам сафлардан шу қадар олдинга узоқлаб кетадики, энди мусиқа унинг қулоғига чалинмай ҳам қолади.

Фикрнинг ўзидан эмас, Лумиснинг ўз фикрларини ҳеч бир қийналмайдиган сийқаликдан холи қилиб баён эта олишидан Палмер жилмайиб қўйди.
— Ўйлашимча, темир калтак билан олдинда мағрур кетиб бораётган ва бутунлай ўзи билан ўзи андармон бўлган одам, — деди Палмер, — бу Бэркхардт эмас. Бу менинг ўзимман.

Улар кўришганларидан буён биринчи марта Лумиснинг оғзи жилмайгандан узун чўзилди.
— Мана буни энди ҳақиқий суҳбат деса бўлади, — мамнуният билан деди у. — Лэйн сизни қандай аҳволга солишини тушунасизми, йўқми, мени шу нарса қизиқтираётганди.
— Аммо мен ҳозир айтмоқчи бўлган гап сизга ёқмайди, — деди Палмер. — Кўраяпсизми, менга ажратилган рол, нима десам экан, бировларнинг жатига қолган одам, менимча, шу тўғри келади...
— Ишонинг, худди шунинг ўзгинаси, ҳа, — тасдиқлади чол.
— Лекин бу мени ташвишлантирмайди ҳам...

Палмер бирмунча муддат қотиб қолгандек туюлган Лумисни кузатиб турди. Кейин Лумис икки бор бошини ирғади.
— Ҳаммаси равшан, — деди у, — худди шундан чўчиб турган эдим.

Йигирма Бешинчи Боб

Лумиснинг айби билан ленч ҳам расво бўлди, шошаётганини яширишга ҳам ҳаракат қилмади, деди ўзича Палмер банкка йўл олар экан.

Хайрлашув чоғида Лумис:
— Шаҳарга қирқ дақиқаларда тушаман, мени кутмасангиз керак? — дея ташлаган луқмасида ва Палмернинг:
— Ҳа, албатта, — деган жавобида бу айниқса яққол садо берди.

Энди Ист Ривер шоҳроҳидаги машиналар оқими ичида чап бериб келаётган таксида ўтираркан, Палмер Лумис билан суҳбатидан олган ғариб маълумотлар ичидан энг муҳимларини танлашга ҳаракат қиларди.

Лумис, албатта, ҳақ эди: Палмер ҳаддан ташқари муросасиз нуқтаи назарни банд этганди. Аммо Палмерга бошқа нарса ҳам равшан эди: бошқа ҳар қандай ёндошув заифлик деб баҳоланиши мумкин. Ҳатто агар Бэркхардт бирон нарсани ошириб юборган тақдирда ҳам барибир Лумис унинг қаршисида ўзини бу қадар заиф қилиб кўрсатиши мумкин бўлган одам эмасди.

Гарчи Лумисдек муваффақият қозонмаган бўлса-да, отаси ўша тоифадаги одамлар сирасига кирарди. Хоҳ теннис кортида бўлсин, хоҳ бизнесда, уларни биргина хоҳиш — енгиш хоҳиши телба қилиб қўйганди, бу эса рақиб учун ўйинни ҳар қандай завқдан маҳрум этар эди. Уларнинг шарти битта — қандай ўйнашмасин, ютишса бўлгани. Дарвоқе, улар ҳақ бўлишлари ҳам мумкин. Палмер бошини чайқади.

Чап томонда Белвю бинолари кўзга ташланди — темир ва шиша қутичалар билан қуршалган кўҳна, ифлос госпитал. Бу учрашув унга бирон нарса бердими?

Йўл-йўлакай Бернс ҳақида эслаш Палмернинг диққатидан қочиб қутулмади. Лумис ҳатто кўринишдан бу билан махсус ахборотга эга эканини ҳам билиб олди, шунингдек, ундан жиддийроқ маълумотларга эга эканини-да тушунтириб қўйди.

Палмерга қандай топшириқ берилганини аниқ билишга Лумис шама қилди. Бу синов соққасими ёки далилни рўкач қилишми — ҳар иккала ҳолда ҳам бунга алоҳида аҳамият беришга арзимасди.

Лумиснинг Бэркхардтга қарши ирод этган айблов нутқи Палмернинг назарида икки мақсадни кўзда тутарди: унинг шефга бўлган ишончини дарз кетказиш ва айни вақтда тижорат банклари ўртасида мавжуд келишмовчилар хавфини кўрсатиб қўйиш. Униси ҳам, буниси ҳам ҳозирги паллада Палмерни ташвишга солмасди. Нима учунлигини унинг ўзи ҳам аниқ чамалай олмасди, аммо бу масалани ҳам ҳал этишга улгураман деб аҳд қилди.

Бироқ Палмер Бэркхардт уни қийин аҳволга солиб қўйганини тан олгандан кейин уларнинг суҳбатида бурилиш рўй бериши ғоят қалтис эканини сезган эди ва сувдан қуруқ чиқиш учун чол барча чораларни кўриб қўйганини унинг ўзига билдирди.

Ҳайдовчи тўсатдан шартта ўнгга бурди ва Палмер чарм тутқичдан ушлаб қолди. Қирқ иккинчи кўчага чиқаверишда туриб қолмаслик учун машина бошқа енгил автомашиналар сафига қўшилиб олди. Бир лаҳза Палмернинг кўз олдида Бирлашган Миллатлар биноси намоён бўлди, сўнг машина унинг тагидаги йўлакка шўнғиди. Палмер камарни қўйиб юборди-да, ўриндиққа қулайроқ жойлашиб олди. Борди-ю, агар кекса Бэркхардт уни такадан сут олишга ўргатганида ҳам, охир-оқибатда унга барибир эмасми? Нима учун Лумис бу унинг учун шунчалик аҳамият касб этиши керак деб ҳисоблайди? Ахир Палмер банк акцияларининг янги асосий тутиб турувчиларидан бири эмас, балки бор-йўғи омбор ходими эди-ку. Унинг молиявий аҳволини, шубҳасиз, Лумис яхши биларди.

Ўртача Чикаго банки акцияларининг катта миқдорини сотгандан кейин кишида албатта у кундалик харажатларига ишлатганидан анча кўпроқ пул қилади. Палмер маош учун эмас, балки бу ишдан оладиган завқ учун ишлаётганини Лумис, шубҳасиз, биларди.

Палмернинг бу нуқтаи назаридаги қалтислик ишни унинг учун яна-да мароқлироқ қиладиган таваккал билан боғлиқлигини наҳотки Лумис тушунмади?

Машина шоҳроҳга бурилиб, улар шаҳарга кириб келганларида Палмер ҳаммасини жой-жойига қўйиб олганидан мамнун ҳолда бош ирғаб қўйди. Биринчи марта у бунинг уддасидан чиқиб турибди. Ахир у Эдисга ҳеч нарсани тушунтира олмас эди-да. Энди эса ҳамма нарса мантиқий маънога эга бўлди. Хотинига ўз фикрини қандай англата олишини у тасаввур қилишга уриниб кўрди.

Палмер. Биласан-ку, мен пул учун ишламайман. Фақат ўзим энг яхши билган иш билан машғул бўлиш имкониятига дуч келиб қолганман. Бунинг устига менга тўла мустақиллик бериб қўйилган.

Эдис. Чикагода отанг ўлганда ҳам шундай имкониятга эга эдинг.

Палмер. Лекин у ерда мен отам арвоҳларининг бутун бир лашкари қуршовида қолиб кетган бўлардим. Бу ерда эса мен бамисоли илғор сафда, қаттиқ жангнинг энг қизғин ўчоғидаман. Чикагода мен ҳеч қачон бундай имкониятга эга бўлмасдим. Йўқ, фақат бу ердагина бор бундай имконият.

Эдис. Бу ерда-я? Бэркхардтнинг оёғи остида-я?

Палмер. Йўқ, унинг ҳокимиятидан анча олисда. У истаган пайтда аралашишга жуда узоқ жойда. Гарчи унинг шундай нияти йўқ эмаслигига ишончим комил бўлса-да.

Эдис. Азизим, эҳтиёткор чолгинам.

Палмер. Бэркхардтни эсдан чиқарайлик. Асосийси — бу мен. Мен ёшман, ишга, ҳокимиятга, яратишга чанқоқман.

Эдис. Қирқ беш — бунда ёшлик қолибдими?

Палмер. Декабрдагина қирқ бешга кираман.

Эдис. Суғурта дафтарчасида сени қирқ бешга кирган деб ёзиб қўйилган.

Палмер кўзларини қаттиқ қисди ва титроқ қовоқлари остидан, кўзларининг милкидан ҳатто ёш чиқиб кетди. Нима учун Эдис унга доим шунақа заҳарли ролда намоён бўлади? Нима учун унинг ҳақидаги фикр нафратдан бошқа ҳеч қанақа туйғу уйғотмайди? Ахир унда ижобий жиҳатлар ҳам бор-ку.

Машина юришини секинлатди-да, йўлканинг нақ четига келиб тўхтади.

Кўзларини очиб, Палмер ўзининг банкини кўрди, унинг шакл-шамойили бир лаҳза нотекисдек ва хира кўриниб кетди. Палмер ёшни сидириб ташлади, ҳайдовчи билан ҳисоб-китоб қилди ва банкка кирди.

Швейцарнинг саломига бош ирғаб жавоб қилиб, Палмер у ёқ-бу ёққа қараб ўтирмай, лифт томонга ўтди. Юқори қаватда у шифт ёғдусида йўлак бўйлаб, деворларда осиғлиқ суратлар ёнидан одимлаб кетди, заррин тусли тўқ яшил гиламга бир лаҳза қараб қолди, бориб сочи оппоқ, сийналари ғўч котибаси ёнида тўхтади.
— Ҳаммалари хонангизда...

Хонасига киргач, Палмер жувоннинг нима демоқчи бўлганини шунда англади. Хона ҳаддан ташқари кенг-ковул бўлишига қарамай, у одамларга тўла эди. Гарри Элдер Палмернинг ёзув столи қиррасига қўнган, унинг сийрак оппоқ сочлари ойнаванд шифтдан тушаётган нурдан йилтирарди. Стол қаршисидаги ўриндиқлардан бирида Виржиния ўтирарди. Афтидан Палмерни биргина у кутмоқда эди. Мак Бернс катта дераза олдида Палмерга нотаниш бўлган бир кишига пастдаги Бешинчи авенюдан алланимани кўрсатарди. “Ролли” фотоапарати ва елкасига осиб олган ёритувчи аппарат билан қуролланган бошқа бир нотаниш одам Ханни Керд ҳайкалини кўздан кечирарди.
— Ву-у-ди-и, — чўзиб деди Мак Бернс. Бу сўз унинг санъати учун оз жой қолдиргандай бўлиб кўринишига қарамай, у барибир унга алоҳида жаранг касб этмоқчи бўлди ва сўз яна бирмунча муддат ҳавода акс садо бериб турди.
— Вуди, “Стар” таҳририятидан келган Жим Стеккерт билан таниш, бу эса — мистер Кесслер, унинг фотоаппаратлари. Жентльменлар, танишинглар — Вудс Палмер-кичик.

Палмер олдинга бир неча қадам қўйди, келганлар билан бирма-бир қўл бериб кўриша бошлади. Стеккерт озғин, касалванд чеҳрали ва ҳорғин кўзли одам эди, гўё лаблари ташқи таъсир, реле ёрдамида табассумдан ҳаракатга келадигандай. Ичимдан топ одам, бундайлардан кўп нарсани ололмайсан, ўйлади Палмер. Фотограф Кесслер, кўп ўтмай, ўзи сезгандек, бутунлай бошқа табиатли одам эди.
— Бу сизнинг ишингизми? — қизиқсинди фотограф ҳайкалга бармоғини қўйиб.
— Бу Ханни Керднинг иши.
— Унда нима ифода этилган?
— Болаларимнинг портрети.
— У-у! Сизни боплаб шилишганга ўхшайди.
— Хато қилмадингиз, — жиддий жавоб берди Палмер.

Ҳайкални томоша қилар экан, Кесслер орқаси билан Палмерга ўгирилиб олди.
— Ечиб бўлмас ребус. АҚШда тайёрланган, — минғиллаб қўйди у.
— Мак, — гап қотди Палмер, — мени ҳам мана бу йиғилиш мақсадидан воқиф қилиш вақти келмадимикан? Ёки мен ўзим ўйлаб топайми?
— Наҳотки сиз... — Бернс тўхтади, қовоғини уйди, пастки лабини тишлади ва хаёлга чўмганча уни чайнаб қўйди. — Бу қанақаси, мен ҳайрон қолаяпман, — давом этди у овозини пасайтириб, — мен ўйловдимки, сиз... Ўйловдимки, мен... Жим Стреккерт “Стар”да молия бўлимида ишлайди, Вуди. У...
— Фараз қилайликки, мен бу шаҳарда янги одамман, — унинг гапини бўлди Палмер, — аммо мистер Стеккерт нима билан шуғулланиши менга кундай аён. — У Виржиния Клэри ва Гарри Элдер томон ўгирилди. — Балки сизлардан биронтангиз менга тушунтириб берарсиз?...
— Бернсга мурожаат қилаверинг, — жавоб берди Виржиния жилмайганча. — Бизнинг ўзимиз ҳам унчалик яхши билмаймиз...
— Бўлди, тушунарли, — бирданига деди Мак Бернс ва ҳамма унга бурилиб қараши билан давом этди: — мистер Палмер бугун қанақанги шонли кун эканини эсдан чиқарган, буни қаранг-а, атиги ўн беш йил ўтибди-ю, у бўлса эсдан чиқариб ўтирибди...
— Ўн беш йил? Нимани айтаяпсизлар? — сўради Палмер.
— Ҳой Вуди, нима қиласиз ўзингизни ҳеч нарса билмаганга солиб, жин урсин, — унинг гапини бўлди Бернс ва “Стар” репортёри томон бурилиб деди: — Ҳеч шунақасини кўрмаганмисиз?
— Бўлмаса-чи, — қўпол оҳангда деди Стеккерт. — Ҳар гал мижозларингиз ўз вақтида огоҳлантириб қўймаганида шунақа бўлади. — У Палмерга бурилди ва юзида зўраки жилмайиш пайдо бўлди.
— Агар мана бу нусхага ишонадиган бўлсак, — Стеккерт бошмалдоғи билан Бернс томонни кўрсатди, — бугун Пенемюнденинг ўн беш йиллиги.

Унинг юзидаги табассум сунъий равишда ғойиб бўлди.

Палмер қовоғини уйди:
— Наҳотки? Жин урсин, ростданам шунақага ўхшайди. — У столга келиб ўтирди ва такрорлади: — Ўн беш йил.
— Демак, Бернс ўйлаб топмаган-а? Шу тўғрими?
— Ўн беш йил деганингизга қўшилишим мумкин, — жавоб берди Палмер, — аммо аниқ санасини айта олмайман.
— Йўқ, шунинг ўзи етарли. — Шундай деб Стеккерт Палмернинг рўпарасига келиб жойлашди. Чўнтагидан катта, икки букланган ва кирланган ён дафтарча ва йўғон, учи тўмтоқ қалам олди-да, ёзишга чоғланди.

Палмер унга қараб қўйди ва ўйлади: наҳотки энди ҳаммаси ўшандай сийқа йўл билан бўлса? Ёки у шунчаки қитмирлик қилаяптими? Томошани охирига етказиш учун Стеккертнинг ҳозир шляпасини боши орқасига суриб қўйишигина қолганди, холос. Бироқ “Стар”да ишловчи репортёрларнинг уйга кираётганида барибир шляпаларини оладиган одатлари бор экан.
— Шундай қилиб, нимадан бошлаймиз, мистер Палмер? — унга мурожаат қилди Стеккерт.
— Энди бошидан бошласа бўлаверади.
— Жуда яхши, марҳамат.
— Пенемюнде қаердалигини биласизми сиз?
— Германияда. Аллақаерда, денгиз бўйида.
— Тўғри. Германиянинг энг шарқий қисмида. Польша билан чегарада. Бу Болтиқ денгизидаги орол бўлиб, Пене дарёси ўзанига яқин, у денгизга қуйиладиган жойда жойлашган. Ундан шимоли-ғарбда Фин қўлтиғи бор, қитъада эса — Грейфсвальд шаҳри. Жануби-шарқ томонда Шчецин шаҳри ва Свиноуйсте деб аталадиган поляк шаҳарчаси жойлашган. Тушунарлими?
— Тушунарли.

Стеккертнинг юзидаги сўнгги шубҳа ифодалари ғойиб бўлаётганини кузатаркан, Палмер кулиб юборишидан ўзини аранг тутиб турарди. Репортёрнинг қалами сариқ ён дафтарида аллақачон қандайдир қайдлар қиларди. Далилларни қоп-қоп келтириб қўйиши ҳар қанақанги шубҳани бартараф этишнинг энг яхши усули. Палмер фотограф ҳам ҳайкалтарош санъатини суратга олишни бир четга қўйиб, диққат билан қулоқ солаётганини кўрди. Ҳатто Виржиния Клэри ва Гарри Элдер ҳам унга диққат билан қулоқ соларди. Марк Бернс дераза олдида турар ва ташқаридаги манзарани томоша қиларди. Бироқ Палмер унинг ингичка лабларида билинар-билинмас табассум ўйнатганини пайқади.
— Бизнинг ТФ гуруҳимиз икки “жип”дан иборат эди: командир бораётган броневик ва пиёда аскарлар взводи ўтирган юк машинаси, — деди Палмер. — Йигитларда пулемётлар, кўздан ёш оқизувчи ўқлар билан ўқланган бир нечта милтиқ ва базукалар бор эди. Мен унда майор унвонида эдим ва мен билан яна бир лейтенент ва сержант бор эди. Қолган унтер зобитлар бизнинг тезкор гуруҳимизга кирмасди.
— Илтимос, айтиб беринг-чи, тезкор...
— Ҳа, ҳа, — унинг гапини бўлди Палмер, — бу унча катта бўлмаган, фақат махсус вазифаларни бажаришга мўлжалланган ғоятда ҳаракатчан гуруҳ. У душман қисмлари билан тўқнашмасликка ҳаракат қилади, фуқаро мудофаасига дахл қилмайди ва одатда, жосуслик маълумотлари тўплаш билан шуғулланади. Бизнинг гуруҳимизга келсак, у ўзида орқамиздан 12 соат фарқ билан келаётган асосан кўпсонли қўшилмалардан иборат авангардни ўзида намоён этарди. Менинг командирим Эдди Хейген эди. Генерал Эдвард Х.Хейген: русларнинг катта қўшилмаси тахминан Пенемюнде ёнида турарди, биздан кўра анча яқинроқда эди. Кейин биздан илгарилаб кетиб, у ерга биринчи бўлиб кириб боришларига ишонарди. Аммо биз агар улар илгарилаб олишга ҳали жазм этмаган бўлишса, бизнинг биронта тезюрар қўшин қисмларимиздан бири улардан олдинроқ етиб боришига умид қилардик.
— Хўш, нима бўлди?
— Унчалик эмас, — деди Палмер, — немис разведкачи олимлардан бир қанчалари рус қўшинлари турган жойга йўл олиб бўлганди. Бошқалари Америка қўшинларига пешвоз чиққани кетишди ва албатта, уларни топиб олгунимизча кўп ҳам кутишга тўғри келмади. Биз Пенемюндега бир кун олдин етиб боришимиз ҳам мумкин эди, бироқ йўлда бир неча марта отишмаларга учрадик ва бизда яраланган асирлар бор эди — лейтенант — менинг машинам ҳайдовчиси ва уч пиёда аскар. Биз уларни командир броневигида олиб борардик, чунки унинг рессорлари мустаҳкам эди-да. Ярадорларни госпиталга юбораверса бўларди, лекин биз бундай қилолмасдик, чунки Хейген буйруғига бўйсунардик. Биз Гамбургдан шарққа, Ростокка қараб бормоқда эдик ва бу тахминан бир юз йигирма мил масофани ташкил этарди. Грейфсвалдгача олтмиш милдан ошиқроқ юришимиз керак эди. Шунда барибир броневикни қалин дарахтлар орасига яшириб қолдиришимизга тўғри келди: ярадорлар тез юргандаги силкинишларга бардош беролмас эдилар. Грейфсвалддан Волгастгача йигирма мил эди, у ердан Пенемюндегача эса беш мил ҳам чиқмасди.
— Қанча немисни асир ола олдиларингиз?
— Деярли битта ҳам. Биласизми, буни қўшин қисмларини асирга олиш билан шуғулланиш деб айтиб бўлмасди. Биз уларга қўриқчилик қилардигу, дурустроқ қўриқлаш имкониятига эга эмас эдик, чунки сон жиҳатидан улар биздан кўплик қилар эдилар. Биз бу ишни улар бизга ўзларини қуролсизлантиришга қўйиб беришлари учун бажарар эдик.
— Таниқли немис олимларининг иши қандай эди? Улар нимани мўлжаллар эдилар? Нималар дейишди?

Палмер елка қисди.
— Олимлар ўзлари анча мағрур турар эдилар, айниқса таниқлилари. Даражалари қуйироқлари эса, айниқса сиёсий жосуслар, пича аянчли кўринар эдилар. Биз уларни тутиб олганимиздан кейин, яъни бу воқеа содир бўлгандан бир ҳафта сўнг бир қанча жуда таниқли олимларни қўлдан бой берганимиз маълум бўлди. Тўғри, бизда фон Браун, Эрике ва Гаусслар бор эди, бу эса чакки нарса эмасди.
— Гауссми? — қайта сўради Стеккерт.
— Гейнц Гаусс. Портлашлар бўйича эксперт.
— Кейин у нима бўлди?
— Гаусс шу ерда, Қўшма Штатларда, — тушунтирди Палмер, — у бошқаларга қўшилиб кетган. У... Мен, тўғриси, билмайман, у, афтидан, биронта авиация — ракета фирмасида ишлаяпти. Бир неча ой муқаддам у ҳақда газеталарда бир нималар ёзишди, агар янглишмасам, бу “Стар” эди.
— Жим айни шу ҳақда ёзади, — мийиғида кулиб минғирлади Бернс, — бунинг учун у газетани ўқиб ўтирмайди.
— У ҳақда нима муносабати билан ёзишган эди? — суриштиришда давом этди Стеккерт.
— Ҳозир яхши эсимда қолмаган, — жавоб берди Палмер, — бу қанақадир двигател билан боғлиқ эди, у янги ёнилғида ишларди, синов чоғида портлаб кетган. Қолганини ўзингиз билиб олаверасиз.
— Сиз қачон бўлса ҳам ўзларингиз асир олган одамлар билан ҳеч учрашганмисиз?
— Биз уларни асир олмаганмиз, — унинг гапини тузатди Палмер, — бизнинг вазифамиз шундан иборат эдики, руслардан олдин бу одамларни топиш. Биз ўзимиз билан олиб олган одамлар эса ўзлари таслим бўлишга аҳд қилишган.
— Сиз улар билан ҳеч қанақанги алоқа ўрнатганмисиз?
— Мутлақо. Хейген билан, ўз-ўзидан маълумки, олдингидай дўстона кўришиб турамиз. — Бернсга қараб қўйиб ва кейин Стеккерга жилмайиб, Палмер гапида давом этди: — Сизлар немисларнинг ўзлари билан ёки Эдди Хейген билан гаплашсаларингиз, кўпроқ қизиқ бўлишига аминман. У ҳозир фуқаролик хизматида ва йирик компаниялардан бирида ишлаяпти.
— Лекин бу сиз айтишингиз мумкин бўлган ҳамма нарса эмас, — гапга аралашди Бернс, Палмернинг столи томон йўналар ва айни вақтда репортёрга қараб қўяр экан.
— Мен энди бир нарсани сўрамоқчи бўлиб турувдим, — деди Стеккер, — шундай фаолият билан боғлиқ сиздай бир одам қандай қилиб банк ишига тушиб қолдингиз?
— Бу менинг асосий касбим.
— Яхши. Унда, айтинг-чи, бундай фаолият билан қай тариқа шуғуллангансиз? — сўради репортёр.
— Бу сиз айтганчалик даражада эмас... — деб Палмер гап бошламоқчи бўлувди ҳамки, Бернс баланд овозда гапини бўлиб деди:
— Ватанга ҳар хил йўл билан хизмат қилса бўлади. Халқнинг қорнини тўйдириш учун баъзилар буғдой етиштиради. Мистер Палмер бошқа соҳада ихтисослашган. У банкир, бу эса у миллий маблағни ҳимоя қилади дегани ва ... — Бернс гапдан тўхтади-да, лабини ялаб қўйди.
— Ва миллий саноатни молия билан таъминлайди, — қўшиб қўйди таъкидлаганнамо аста Виржиния Клэри Стеккертнинг ён дафтарини нигоҳлари билан кузатар экан. — Бунда у миллий анъаналар доирасида туриб амал қилади, булар эркин ишбилармонлик ва хусусийлик. Сизларнинг пулларингизни сақлаб берадиган муассасалар озмунча эмас. Бироқ фақат тижорат банкигина ташкилотга фойда келтирувчи соф америка хусусий мулкини ўзида намоён этади. Бошқа ташкилотлар бошқа ғоялар — жамоатчилик мулки, моддий манфаатдорлик аҳамиятини рад этиш ғоялари асосида ташкил этилган. Бу ҳол, масалан, Россияда кузатилади, бу ерда...
— ... бу ерда Пенемюнденинг қолган немис олимлари турибди, — унинг гапини бўлди Бернс. — Бу ерда қандай алоқа борлигини энди кўриб тургандирсан, Жим? Банкир бу минтақада Палмер ўйнаган ролни ўз зиммасига олгани ҳеч ҳам ажабланарли ҳол эмас. Бири иккинчиси билан узвий боғлиқ, униси ҳам, буниси ҳам мутлақо америка ғоялари муҳофазасини таъминлаш мақсадларига хизмат қилади.

Қоғозда тез-тез сирпанаётган Стеккертнинг қалами ўз тезлигини пасайтирди. Стеккерт Палмерга қаради-да, бирдан сўради:
— Демак, сиз ўз фаолиятингизни айнан шу жиҳатда кўрасиз, шундайми?
— Йўқ, албатта, йўқ!

Репортёрнинг қўлидаги қалам қотиб қолганди, у ҳайрон бўлиб, кўзларини катта-катта очди:
— Бу қанақаси?
— Мистер Бернс ва мисс Клэри айтган гаплар мен Пенемюндеда бажарган буйруқлар билан ҳеч қанақа умумийликка эга эмас. Уруш бўлиб турганда, ҳақиқий ҳолат билан яшайсан. Нима қилиш керак бўлса, шуни қиласан. Бу нимага керак, деган ўйни хаёлингга келтирмайсан. Шунчаки керак, вассалом...
— У айтмоқчики, — шошиб гапга аралашди Бернс, — атрофда снарядлар портлаб турганда, ўйлашга вақт қолмайди...
— Бекор гап, — унинг сўзини бўлди Палмер, — уруш вақтида неча марталаб кутишга ҳам тўғри келган. Сизнинг ёшингизга қараб ҳукм чиқарадиган бўлсак, мистер Стеккерт, сиз буни эслашингиз керак. Шунақаси ҳам бўлардики, узоқ-узоқ кутардиг-у, аммо жуда оз ўйлар эдик, жин урсин!
— Ҳа, эсимда, — жавоб берди репортёр, — тўғри, биз Ремагендан нарига ўтмаганмиз, лекин мен ҳаммасини эслайман. — Стеккертнинг лаблари билинар-биланмас эгилди, кўзларида ғалати учқун чақнади. У кўзининг қири билан Бернсга қараб қўйди, кейин эса Палмерга тикка боқиб жилмайди. Биринчи марта унинг жилмайиши самимий чиқди.

Палмер кўзларини пастга олди. Ҳа, воқеа қалтис тус олмоқда эди. Реклама бўлимидаги унинг одамлари репортёрнинг бежамоқчи бўлган жирканч қаллоблик уни барбод этиши ҳеч гап эмасди. “Стар” газетаси муҳаррири тугул ҳар қандай муҳаррир бунақа дағал уйдирмани рад этган бўларди. Энди эса, унинг раддияси хатга олинганда, Стеккерт лоақал унинг раддиясини тушунтириб бериш учунгина бу жирканч уйдирмаларнинг бир қисмини бирон-бир жойга тиқиштирса бўлади.

(... “Мистер Палмер уруш давридаги унинг фаолияти ва ҳозирги вақтдаги тижорат банки вице-директори сифатидаги иши ўртасида мавжуд ҳар қанақанги муносабатни сиполик билан инкор этди. Бу вазифаларнинг баъзи умумийликларини эътироф этиш мумкин деб биласизми, деган саволга у рад этиб туриб айтдики...”).
— Илтимос, сал бундайроқ қараб, — Палмернинг қулоғига фотосуратчининг товуши чалинди.
— Фақат ҳайкалга яқин бўлиб қолмасин, — огоҳлантирди Палмер.
— Бу ёққа келинг, — деди Бернс яна дераза олдига келиб туриб. — Бу ердан шаҳар ва айниқса парк жуда гўзал кўриниб турибди.

Шифтдан хонага тушиб турган ёрқин нурдан фойдаланиб, Кесслер ўн-ўн бештача суврат олди. То Стеккерт қониқиш ҳосил қилиб бош ирғамагунча Палмер унинг саволларига жавоб бериб турди. Хона эшиги тагига етганида Кесслер яна бир қур ҳайкалларга разм солди.
— Яна бир марта келиб, бу нарсаларни кўришимга монелик қилмайсизми? — сўради у Палмердан.
— Марҳамат, истаган вақтда келаверинг, — таклиф қилди Палмер.
— Биласизми, бу ҳайкалда нимадир бор-у, сира тушунолмайман. У менинг ҳам ғашимни келтиради, ҳам ундан кўзимни узолмайман.
— Оммадаги унинг муваффақияти сири ҳам шунда бўлса-чи, нима дейсиз?
— Сизга нима дейишимни ҳам билмайман, — тан олиб деди Кесслер ва Палмернинг қўлини қаттиқ қисди. — Фақат бир нарсага аминманки, унга ҳар куни саккиз соат давомида тикилиб турган одам мардоналикка эга бўлади. — Виржиния Клэри томон бурилиб, у деди: — Хўп, ҳозирча хайр, Жинни. — Сўнг Стеккерт билан изма-из хонадан чиқиб кетди.

Улар кетгандан кейин ҳукм сурган скунат ичида Гарри Элдер эшикни ёпди ва оҳ тортганга ўхшаш қаттиқ хўрсиниқ билан ўзини Виржиния ёнидаги ўриндиққа ташлади.
— Қўшиламан, — деди Виржиния.
— Эҳ, сизлар, ижтимоий фикр ижодчилари, — алам билан деди Палмер ўз столига келиб ўтираркан, — наҳотки бирон-бир одам бунақа нарсага жиддий тус беради деб ўйласангиз?
— Вуди, — оҳангдор чўзиб деди Бернс, — Вуди, сиз бу ҳужумни боплаб қайтардингиз.
— Сизга шунинг учун пул тўлашар экан-да, шундайми? — сўради Палмер. — Яъни, менга ҳужум қилганларга сиз йўл очиб берганингз учун?
— Ҳазиллашаяпсиз деб умид қилсам бўладими? — Каловланди Бернс. — Наҳотки мен ҳужум қилувчиларга йўл очиб берган бўлсам? Бу барча воқеалар сизнинг уларни рад этишингизга мўлжаллаб тўқилган. Стеккерт сизнинг ҳар бир гапингизни қовурилган ёнғоқдек ютиб турди, — шундай дея Бернс аста пишқириб қўйди. — Катта матбуот буни баландпарвоз сўзлар билан таърифлаши ҳеч гап эмас: “Инсонийликнинг олий зуҳури! Мутлақо янги жиҳат! Оҳорланган кўйлак тагидаги жонли, қайноқ қалб!” Кўрдингизми? Палмер деганлари — бу худди менга ўхшаган оддий ва ҳалол йигит! Репортаж “Стар”да пайдо бўлганида ҳамманинг оғзи очилиб қолди.
— Сиз устамонлик билан сувдан қуруқ чиқдингиз, — деди Палмер. — Сизни билган одам бунга қобиллигингизни етти ухлаб тушида кўрмаган бўларди.
— Сиз мени бепичоқ сўйдингиз, — шикоятомуз деди Бернс. — Жинни, қандай бўлганини бунга ўзинг айт.

Виржиния Клэри бош ирғади:
— Ҳа, Бернс тўғри айтяпти, бу интервьюни у ҳақиқатан ҳам шу тариқа ўйлаб қўйганди.

Палмер Гарри Элдерга юзланди:
— Сиз ҳам бир нарса десангиз-чи, худо хайрингизни берсин!

Элдер яна хўрсинди:
— Бу тўғри.

Палмер ҳар учовига синчиклаб назар солди. Кўриб турибсизлар-ку, ахир, уларга хаёлан мурожаат этди у, киши фаолият кўрсатиш, нимадир яратиш, ўз кучини омма фаровонлигига сарф этиш иштиёқида ёнаяпти. Наҳотки кўнгилчан бўлганим учунгина бошқалар ҳар доим мендан ўз мақсадлари йўлида, ўзларининг қанақадир икир-чикир ишлари йўлида фойдаланадилар?

У кўзини ўз столига олди, нима учун у гўё уни чинакамига фақат биргина Виржиния сотгандек ҳис қилишини тушунолмаётганди.

Йигирма Олтинчи Боб

— Йўқ, — деди Палмер Бернснинг катта-катта қўлбола қадаҳларига коктейлнинг иккинчи улушини тайёрларкан, — то анови ғаддор ливанлик келгунча кутиб туришингизга тўғри келади. Мен насиҳатномани икки бор ўқимоқчи эмасман.

У бурилди-да, қадаҳларни шакли ғайриоддий гилам тўшалган Бернснинг меҳмонхона бўлмасидан кўтариб кетди. Йўл-йўлакай гиламнинг қалин пати унинг ботинкаларини сўраётгандай ҳис қилди. Палмер Виржинияга унинг қадаҳини тутқазди-да, қаршисига чўкди.
— Суҳбатимиз ҳақида битта-яримтанинг билиб қолишини истамайман ва бу уни кабинетига тайинламаганимнинг ягона сабабидир, — давом этди у. — Бошладим дегунча овозим кўтарилиб кетадими деб қўрқаман.

Виржиния ўз қадаҳига тикилиб ўтирарди. Юқоридан тушаётган нур коктейлда, ундан жувоннинг катта-катта қора кўзларида акс этарди. Ўйноқи нурлар ичида у лўли қизларга ҳаддан ташқари ўхшаб кетарди.
— Сизнинг ҳаммадан кўп нимадан жаҳлингиз чиқади? — сўради Виржиния охири. — Умуман, бўлиб ўтган нарсами ёки мен сизни олдиндан огоҳлантирмаган нарсами?
— Мен ҳар икковингизга ғоят...
— Чунки, — давом этди жувон, — ўз мажбуриятларига қанчалик хушламай муносабатда бўлганини жуда яхши биламан. Мак ленчдан кейинроқ “стар”лик анови гуруҳ билан бирга ҳужум қилган заҳоти мен қандай қилиб бўлмасин, сизга қўнғироқ қилишим керак эди.
— Сиз мени тополмадингиз. Мен машинада эдим.
— Мен сизни банк вестибюлида тутиб олган бўлардим, — эътироз билдирди жувон.

Палмер ўзини кулишдан тийиб қолди. У жувоннинг афсус қилганини бирор марта ҳам кўрмаганди. Ўзининг астойдил таъкидлашича, фақат айрим одамларгина бундай илтифотга сазовор этган.
— Тутиб олган бўлардингиз, — қандайдир қуруқ оҳангда деди йигит.
— Лекин олдиндан сиз билан келишиб олмай туриб, Бернс шундай қила олиши менинг хаёлимга келган бўлса, ўлай агар.
— Аслида унга мен ўзим айтган эдим бу ҳақда, — иқрор бўлди йигит.
— Мен ўйлабманки...
— Шундай суҳбат бугун тунда, тўғрироғи, соат иккидан кейин, иккаламиз ҳам бўкиб ичиб олганимизда бўлган эди, — тушунтирди Палмер. — Мен шунчаки Пенемюнде ҳақида эслатган эдим, холос. Энди кўриб турибман, Бернс билан жуда эҳтиёт бўлиб муомала қилишим керак экан. Битта ортиқча сўз айтиб қўйсам, Нью-Йоркнинг “Стар”и бошида тегирмон тоши юргизар экан.
— Агар у ўз ғоясини сиз билан баҳам кўрмоқчи бўлса, сиз уни бундан қайтариб қолишингиз мумкинлиги ҳақида ўйламаганмисиз? — сўради Виржиния ҳамон коктейлдан кўз узмай, битта-битта ҳўплай бошлаб.
— Ўйлаганман.
— Унда омадингиз бор экан, сиз... — Жувон жимиб қолди ва қадаҳини ўриндиқ ёнидаги столчага қўйиб, Палмерга қаради. Нур тушмаганда унинг кўзлари янада қора ва теран кўринар эди. Гўё жувон уларнинг ҳар икковини иккита ғордан туриб кузатгандай. — Менимча, — деб гапини ўнглаб олди Виржиния, — мен аввал сизлардан сўраб олишим керак эди, хўш, сизнингча “Стар”даги мақоланинг ишга нафи тегадими, йўқми деб. Назаримда, сиз бунга айтарли эътибор бермайсиз.
— Шахсий реклама омонат банклари билан курашда ёрдам беролмайди, уруш вақтида мен Пенемюнеда бўлдими ё Тимбуктудами, нима фарқи бор, лаънатини?
— Бу тимсол яратишга ёрдам беради.

Палмер афтини буруштирди:
— Сал тушунарлироқ қилиб айтсангиз-чи!
— Биз газетчиларнинг ўз лаҳжамиз бўлади, — деди жувон, яна қадаҳни олиб. — Аммо тимсол яратиш — бу барибир ниманидир англатади. Оммада сиз ҳақингизда бир тасаввур пайдо бўлган, яъни жамоадаги сизнинг борлигингизни биладиганлар ичида. Мақола “Стар”да пайдо бўлгандан кейин сиз машҳур бўлиб кетасиз, сиз ҳақингиздаги тасаввур янада муфассал бўлади, муфассаллик эса ижобий бўлади: омилкор, ақлли, иродали, оёғида маҳкам турадиган одам.
— Бундай тимсолни сиз тўғри деб биласизми? — Саволни беришга берди-ю, Палмер уни қайтариб олиш ва абадий ерга кўмиш мумкин эмаслигини англаб, “аттанг” деб қўйди ичида.

Унинг Виржиния Клэри билан муносабатларида нимадир ўзгарганини ва эҳтимол абадий ўзгарганини у англай бошлаганди. Бу ҳол зиёфатда, улар рақс тушишганида ва кейин, уйга қайтишганида содир бўлганди. Бу ўзгариш, Палмер ҳозир англаганидек, жувонда содир бўлганди.

Орага чўккан бир оз сукунат ичида Виржиниянинг юзига қарашга қўрқиб, Палмер бирдан яққол ва аниқ англадики, улар ҳар доим бир-бирларига қизиқиб келишган. Бу, нафсиламрини айтганда, мутлақо табиий эди, чунки жувон бевосита унинг қўл остида ишлайди. Шу билан бирга улар Шрафтникида зиёфатда бўлган оқшомда Палмер зиёфат охирига келиб Виржиниянинг унга нисбатан қизиқиши совуганини яққол ҳис этганди. Фақат хизмат юзасидан муносабатларгина қолганди, лекин бу жуда илиқ муносабатлар эди. Кечаги тундан кейин бу совуқлик эриб кетди. Энди ўзини ҳеч нимани билмагандай қилиб кўрсатиш қийин. Бу одамларча муносабатлардаги энг ёмон жиҳат, ўйлади у. Бу тахлитдаги манфаатдорликни узоқ вақт менсимаслик ва ишчан вазминликни сақлаб туришнинг имкони йўқ. Илиқ муносабатга жавоб қайтарсанг бўлганди, ўша заҳоти тузатиб бўлмас хатога йўл қўйганини биласан-қўясан. Масалан, тимсолнинг садоқати ҳақида савол бериш унга шунчалик зарур келганмиди?
— Бу садоқатли тимсол, — ниҳоят Виржиния шунчалик жиддий оҳангда жавоб бердики, Палмер унга қарашга мажбур бўлди. Жувон хиёл ўзини орқага ташлаб ўтирар, кўзлари чуқур ғорлар ичидан уни ортиқ кузатмас эди. Шифтдан тушаётган нур унинг бўртиқ ёноқларини текислагандай эди.
— Бу садоқатли тимсол, — такрорлади жувон, — Вуди-Палмер-кичик исмли мен кўрган одам тимсоли.
— Мистер Палмер телбалик тимсолими?

Жувон бош чайқади:
— Мураккаб мистер Палмернинг тимсоли. — Виржиния хўрсиниб қўйди ва ўз қадаҳидан озгина ичди. — Жуда аччиқ экан, — деди у. Кейин яна ичди. — Жуда яхши виски экан.
— Бўлмаса-чи!
— Биз Макка тўлайдиган пулларни назарда тутганда, — деди жувон, — у ўзига энг яхшисини сотиб олишдан қайтмайди.

Палмер ўрнидан турди.
— У бешу ўттизда келиши керак эди. — Телефон қидириб, Палмер атрофга аланглади, уни топди-да, рақам терди.
— Айтмоқчи, — деди Виржиния, — назаримда, Мак шу марканинг импортчиси бўлади ва ҳойнаҳой, вискини бепул олади.

Палмернинг қулоғига телефончи қизнинг овози чалинди:
— Мистер Бернс ўзидами? — сўради Палмер. — Бу мистер Палмер. — У тинглаб турди, ташаккур билдирди ва гўшакни қўйди. — Коммутатордаги қизлар алдашни дўндиришади деб ўйлагандим.
— У муҳим мажлисга кетган эканми? — тахмин қилди Виржиния.
— Қўнғироқ қилганда телефончи қиз унга менинг телефонограммамни узатади, — гапини тугатди Палмер, — қиз тушмагар қайси телефонограмма эканини билмайди-ку.
— Жуда ҳам узоқ гапмиди?
— Бир неча ҳарф, холос.

Жувон мийиғида кулиб қўйди-да, озгина виски ҳўплади.
— Ўйлашимча, сиз у билан жуда апоқ-чапоқсиз. Сиз билан унинг феълини эътиборга олинадиган бўлса, бу ғоят ноёб ҳодиса.
— Бизнинг ҳамма ишимиз жойида.
— Шунақа денг? Ҳаммаси жойидами?
— Бундан ортиқ қанақаси керак?

У қўлини чўзиб қадаҳни кўтарди ва афтидан, қадаҳга жилмайиб қўйди. Миссисипидан шарққа томон барча шакаргуфторлар ичидан энг айёри сифатида биронта мукофотга арзийсиз. Сиз ҳақингизда ўйлаганимни эшитмаслигингиз учун бирпаснинг ўзида икки марта сувдан қуруқ чиқдингиз-а.
— Тинглашим керакмиди?
— Нега энди “йўқ” экан?
— Нега энди “ҳа”?
— Биринчи бўлиб мен сўрадим. — Жувон яна вискидан ҳўплади. — Гап шундаки, мен табиатан битта айтганида туриб оладиганларданман. Агар эътиборимни тортган нарса баҳоларимга қизиқиш билдирмаса, бу менга худди бензинга ёқилган гугуртдай таъсир қилади. Мен ўз фикрларимни баён этиш истагида ёнаман. Чидаб туролмайман.

Палмер ўз ўриндиғида хижолатомуз қимирлаб қўйди.
— Нима бўлганида ҳам мен жентльменман, сизга жабр қилишим ҳақида ўйлашга ҳам тоқатим йўқ. Барибир бир нарсани билмоқчиман, бу сизга нима учун шунчалик зарур?
— Менинг назаримда, — деди жувон гўё овоз чиқариб ўйлаётгандай, — фикрларингизни баён этишни ёқтирмаслигингиз сабабига ўхшаган сабаб туфайли.
— Нима, мен рад этяпманми?
— Сиз тутқич бермаяпсиз.
— Бу қайсидир маънода тўғри ҳам.
— Ҳар бир одамга менинг унга нисбатан муносабатим мутлақо аёнлигини маълум қилмагунимча оёқ-қўлим боғлиқдай сезавераман.
— Ҳар бир одамга?
— Менинг учун аҳамиятга молик бўлган ҳар бир одамга.

Палмер бош ирғаб қўйди-да, вискидан оғзини тўлдириб ҳўплади. Бир сониядан сўнг жувоннинг сўзларида пайдо бўлган ғалати бош айланишини йўқотишга муваффақ бўлди. Пировардида, деди у ўзича, кўплар унинг учун аҳамиятга молик. Мен, масалан, унинг бошлиғиман. Бунда ҳеч қандай айтарли гап йўқ.

У яна бир қултум ютди, қадаҳни қўйди ва балконга очилувчи эшик томон яқинлашди. Балкон шу бинодаги барча балконлар сингари бинога қиялатиб қурилган эди, уларнинг ҳар биридан дарё манзараси кўриниб туриши учун шундай қилинганди. Палмер бу оқшом тез қорайиб кетаётган сувга қаради, унда Куинсборо кўпригининг чироқлари бамисоли абадият қаърига кириб кетаётгандек жимир-жимир акс этиб турарди. Орқадан муз парчасининг шишага урилган овози чалинди. Бир сония ўтиб, Палмер жувоннинг қадаҳни қўйганини эшитди. Мана, жувон дераза олдида у билан ёнма-ён.
— Бу манзарани янада гўзалроқ қилса бўлади, — деди Виржиния.
— Қандай қилиб?
— Ҳозир кўрсатаман.

Жувон нари кетди ва бир лаҳзадан сўнг хона чироғи ўчди, жувон эса дераза ёнида у билан ёнма-ён турарди.
— Чироқ ёруғи халақит бермаганда кўринг, — деди жувон, — ҳамма нарса ёрқинроқ бўлди. Бир пасдан кейин сўнгги қуёш нури ҳам сўнади ва осмонда фақат кечки шафақ қолади. Агар омадимиз чопса, дарёда кемани ҳам кўрамиз. Ҳақиқий кемани, юкчи ёки шатакчи кемани эмас. Агар ҳаво сал илиқ бўлганида биз уларни балконнинг ўзидан томоша қилган бўлардик.

Ўзининг азалий кунжковлик одати бўйича (дарвоқе унинг яхши банкир бўлиб етишувига шу ёрдам берган эди) Палмер шундай фикрга келди: Мак Бернс деразасидан кўринувчи бу манзарани у қаёқдан бу қадар яхши билади? Ўзи ҳам кутмаган ҳолда қуйидаги саволни берганини эшитди:
— Бу ерда олдин кўп бўлганмисиз?
— Кўп эмас. Бир гал бўлган эдим.
— ЮБТКга ишга киришингизга қадар Бернсни шахсан биларсиз деб хаёлимга келтирмагандим.
— Билардим. Кўплаб газетчилар билади уни.
— Ишонсам бўлади.
— У бу ерда Вик Калхэйн учун шахсий йўриқлари йиғинларини ўтказади. Бу анъанага айланиб қолган. Барча йиғилишлар норасмий бўлиб, ҳеч қаерда эълон қилинмайди.
— Тушунаман.

Палмерга қараб олиш учун жувон унга томон ўгирилди.
— Тушунасиз?
— Албатта.
— Ўз-ўзидан маълум, — давом этди жувон Палмернинг охиригача айтилмаган саволига жавоб қайтараркан, — бундай ҳолларда мен дарёдан узоқ завқ ололмас эдим. Лекин менинг уч-тўрт дўстларим уйларининг деразалари дарёга қараган. Бунинг устига мен ўзим ҳам атиги бир маҳалла нарида тураман. Кечқурунлари бу ерда айланиш ёқимли. Бу манзарадан мен йил бўйи завқ оламан.
— Бу... ҳа-ҳа... яхши.
— Қизиқ, — бирдан деди жувон, — мен кўпинча тушунмайман — сиз менинг жавобимдан қониқасизми ёки ўлгудай зерикарлими сизга. Бу қанақа чеҳра!
— Сокин ва тошдай.
— Банкирга... ёки ўйинчига хос олий даражадаги чеҳра.

Палмер бош ирғади. Сўнг сўради:
— Э худойим, Бернс қаерда ўзи?
— У ҳозир келиб қолади.
— Ҳо-о... ҳали бу томошани бирга тузганмиз денг? — сўради Палмер. — Ранг-баранг манзара, босснинг томоғини мойлаб, ҳайфсанни юмшатиш мақсадида аччиқ ичимликми?
— Ичимликларни сиз тайёрлагандек бўлиб кўринди менга.
— Ҳа, тўғри. Эсимдан чиқибди.
— Менинг тағин ичгим бор. Сизга ҳам зарар қилмас, балки.

Палмер бар томонга йўл олди. Кўчадан тушиб турган ғира-шира ёруғликда зўрға нарсаларни ажратолди.

У аниқлик киритди:
— Менга ортиқ керак эмас, лекин шундай бўлса-да, яна ичаман.
— Хонимнинг бир ўзи ичишига жаноб йўл қўймагани учун.
— Мен жаноб ва сиз хоним бўлмаганингиз учун, — деди Палмер, янги коктейл тайёрлар экан. — Мен банкирман, сиз эса жамоатчилик билан муносабатлар бўйича менинг ёрдамчимсиз. — У жувонга қадаҳни тутди-да, телефон томонга кетди. — Худо хайрингизни берсин, чироқни ёқиб қўйинг. Мен дискни мутлақо кўрмаяпман.
— Макка яна бир телефонограмма юборишга ҳозирланаяпсизми?
— Йўқ, — у гўшакни жойига қўйди, — ҳарҳолда, йўқ. — Палмер дераза олдига қайтиб келди. — Қаранг, кема! — деди у.
— Бу нима, юкчи кемами? Қаранг, жуда баҳайбат-ку!

Телефон жиринглади. Виржиния дарҳол гўшакни олди.
— Мистер Бернснинг квартираси, — деди жувон. — Ҳой пасткаш нусха, қаёққа тушиб қолдинг?
— Менга беринг-чи, — илтимос қилди Палмер. Жувон унинг кўксига қўлини қўйиб, уни тўхтатиб қолди. — Уолдорфда? Мак, бу қанақаси? Сен бу ерда бир соат олдин бўлишинг керак эди-ку? — Қулоқ солиб тураркан, жувон қўлини Палмер пиджагининг жиягига текизди-да, бир нимани қоқиб ташлади.
— Тўққиз яримда! — деди Виржиния. — Хўш, сенингча биз бу ерда нима қилишимиз керак унгача? Ўтириб олиб, банк ишларини муҳокама қилайликми?
— Гўшакни беринг, — деди Палмер.

Жувон бошини қаттиқ-қаттиқ чайқади.
— Менинг ҳам одамлардай жаҳлим чиқса керакдир, — деди у гўшакка, — гарчи бу мистер Палмер ғазабига нисбатан ҳеч нима бўлмаса ҳам. — Унинг қўли Палмер кўксини юмшоқ босиб турарди. — Бу қанақа бемаънилик, — деди жувон гўшакка. — Биз аста уйга жўнаворамиз. Лекин у сенинг эртага эрталаб тўққизда ҳузурида бўлишингни талаб этаяпти, ҳатто унинг ҳузурида ўз вақтида бўлишинг учун ётиб ухлашингга тўғри келмаса ҳам.

Палмер унинг қўлидан тутиб, ўзидан нарилатди ва уни Виржиниянинг сони ёнида тутганча телефонга узалди.
— Бир дақиқа, — у сен билан гаплашмоқчи, — деди Виржиния.
— Нега ҳаяллаб қолдинг? — сўради Палмер бор кучи билан ўзини ушлаб.
— Вуди, азизим, — гап бошлади Бернс йиғлоқи оҳангда. — Кўкрагим ости шунақанги зирқираяптики, нима қилишимни билмайман. Бу ерда уч нафар йигит турибди, менинг энг муҳим савдом шуларга боғлиқ. Айрим энг муҳим нархларнинг ўзгариши хусусидаги масала бўйича виждонан мутлақо ёпиқ мажлис ўтказаяпмиз. Сизларга қўнғироқ қилгани бошқа хонага чиқишга мажбур бўлдим. Рост, Вуди, мен кечи билан 9.30 да келаман.
— Менга эртага 9 да келсанг бўлгани, — совуқ оҳангда деди Палмер. — Ўшанда гаплашамиз. (Виржинияга) Менга тушунтириб берасиз, “Юнайтед бэнк” ишидан кўра қайси битим муҳим? — У гўшакни илгакка аста солиб қўйди.
— Телефон симида 200 нулдан қуйи, — бидирлади Виржиния.
— Жин урсин уни! Аммо ҳамма гап шундаки, мен унга ишонмайман. Шу нимага керак экан-а?
— Чунки Мак алдамаса туролмайди. Ҳозир балки алдаётгани йўқдир. Аммо шубҳаланиб тўғри қиласиз.

Улар ўйга толганча бирпас туриб қолишди. Бирдан Палмер жувонни қўлидан тутиб турганини пайқади. У бармоқларини ёймоқчи бўлган эди, бироқ ҳаракати ҳаддан ташқари аниқлигидан қўрқиб кетди.
— Майли, — унинг қулоғига кирди, — қўлимни қўйиб юбораверинг.
— Нима?

Йигитни қуюқлашиб келаётган қоронғиликда яхшироқ кўриш учун Виржиния ўгирилиб олди.
— Ҳечқиси йўқ, — деди у дераза томонга одим ташлаб ва шу билан бирга қўлини бўшатиб. — Ҳечқиси йўқ.

Палмер оқшом осмони узра жувон қиёфасининг хира шаклини кузатарди. Заиф нурдан жимир-жимир қилиб турган оқшом кўлкаси Виржинияни унинг ёнида турганидагидан кўра баландроқ қилиб кўрсатарди. Йигит унинг ёнига борди.
— Сиз бир нарсани билиб қўйганингиз яхши, — деди Палмер жувонга эмас, балки деразага қараб, — чикаголикларга дунёвий сайқаллик етишмайди.
— Менинг назаримда, уларда кўп нарса етишмайди.
— Масалан?...

Палмер унинг босиқ хўрсинганини эшитди.
— Юрак, — охири деди жувон.
— Бизларга қанча буюрган бўлса, шунча берилган.
— Ундан ортиқ эмас. Лекин сизларнинг баъзингиз, афтидан, шуни ҳам ҳис этмайсиз.
— Менинг Бернс билан совуқ муомала қилганим учун шундай дедингизми?
— Зинҳор йўқ. — Жувон олдинга эгилди, унинг дўнг пешонаси дераза ойнасига тиралди. — Баъзида ўйлаб қоламан, Нью-Йоркда муваффақият қозониш учун сизлар шундай бўлишингиз керакдир ҳам.
— Энди мен мутлақо ҳеч нарса тушунмаяпман.
— Дарёга бир қаранг, — деди жувон. — Бир зайлда ялтираб туради. Қоп-қора, тез, яширин оқимлар, ғаюр сувости тошлари ва улар оралиғидаги номаълум илонизи йўллар. Ҳар замон-ҳар замонда менга шундай туюладики, фақат муздек зирҳли юракка эга бўлибгина бу шаҳарда омадли бўла оласизлар.
— Менинг ўз рентген сувратларини кўрмаганимга анча бўлди, бироқ...

Иккови анчагача жим қолди.
— Аммо мен кўриб турибман, — охири деди жувон. — Ичингизда турли одамларнинг қандайдир қоришмаси бор. Қўшалоқ кўргазма буюмига ўхшаш бир нима келиб чиқади. У ерда қайноқ одам ва муздек одам бор.
— Ҳар кимда шунақа.
— Ростданми?
— Менимча, ҳа. — Палмер хиёл у томонга бурилди ва жувоннинг уни зимдан кузатаётганини кўриб ажабланди.
— Қайноқ одам сени мусибатга гирифтор қилади. Совуқ одам ундан чиқиб олишга ёрдам беради.
— Мусибатга?

Йигит ноаниқ қўл силкитиб қўйди:
— Асоратлар. Зиддиятлар. Қийинчиликлар.
— Бу мусибат эмас, — юмшоқ оҳангда эътироз билдирди жавон, — бу шунчаки ҳаёт.
— Борди-ю, сиз ҳам бўлсангиз, унда ҳаёт — минг карра ифлос нарса.
— Шундоқ ҳам.
— Тартибсиз ҳаёт, — қўшиб қўйди Палмер.
— Жуда.
— Ғоятда мунгли.
— Ҳар доим.
— Ишонгим келмайди, — деди йигит. — Бу... бу... — У яна ноаниқлик билан қўл силкиб қўйди ва қоронғида жувоннинг қўлига тегиб кетганини сезди. Сўнг жувоннинг бармоқлари унинг қўлидан тутганини ҳис этди.
— Саросимага солиб қўювчи ҳаёт, — деди йигит.

“Қўлини тутиб турсаммикан ё қўйиб юборсаммикан? Худди қайноқ картошкадай бирдан қўйиб юборайми ё аста-секинми? Ҳалиги иккаласи хусусида миямга ҳеч нарса келмаяпти, аммо энг қизиғи шундаки, бу ерда ақл бир пул”, — ўйлади Палмер.
— Бунга ҳам ишониш қийин, — деди у овозини чиқариб.
— Сиз осонликча қизишмайсиз, шундай эмасми?
— Ҳеч қачон қизишиб кетмайман, — жувоннинг гапини тўғрилади йигит.
— Наҳотки ҳеч қачон қизишмасангиз?

Палмер аста кулиб қуйди:
— Мен шундай нарса бошимдан кечган камдан-кам ҳолларда жуда афсус қиламан.
— Бу энди даҳшат.

Ҳатто қоронғиликдан ҳам у жувоннинг бурилганини ва унинг юзига тик боқиб турганини кўрди. Дераза ортидаги кўприк чироқлари унинг кўзларида майда учқунлар ёқди.
— Эҳтимол. Аммо бу ҳақиқат.
— Бундай ҳалокатли эътирофни мен умримда эшитмаганман.
— Мени умуман ҳар қандай вақтда қувноқ деб аташ қийин. Ҳозир эса, эҳтимол, ўзимни энг ёмон ҳис қилиб турган вақтим бўлса керак. Устимда кимдир турганини ҳечам ёқтирмайман, айниқса Мак Бернсни.
— Нимани ёқтирасиз, хўш? — Кутилмаганда сўради жувон.
— Тинчлик ва хотиржамликни. Тартибни.

Жувон бош ирғади: “Қандай зўр, қабрда тинч ва осуда, аммо унда ким сенга очади оғуш?” — ўзича иқтибос келтирди у.

Палмер хўрсиниб қўйди.
— Бугун кун бўйи муҳрлар билан жонимни суғуриб олишганди. Энди сиз Марвелдан иқтибос келтираяпсиз.
— Мен учун бу ҳеч қачон муҳр бўлмаганди. — Унга жувоннинг одатдаги паст овози яна пастроқ эшитилгандай бўлди ва у ўзининг шафқатсиз бўлиб кетганини англади.
— Мен истамагандим...
— Биламан, — тасалли берди унга жувон. — Бироқ Марвел нимани назарда тутган бўлса, мен айнан шундай деб ўйлагандим, — Жувон чуқур хўрсинди. — Мен буни ўзимга эмас, сизга насиҳат тарзда иқтибос келтиргандим.

У жувоннинг қўли хиёл титраганини сезди.
— Лекин менинг ишим насиҳатлар ўқиш. Ғоя бўйича мен уларга қулоқ солишим керак, шундай эмасми?
— Эртага. Соат тўққизда. — Йигит унинг қўлини аста сиқиб қўйди. — Сиз у ерда ҳусн бўлиб турасиз. Мен ҳақиқатан ҳам насиҳат ўқийдиган бўлсам, бу Бернсга ўқиганим бўлади.
— Раҳмат. — Жувон бир дақиқа тараддудланди. — Сиз одамлар билан муомалада шунақа ҳар доим расмиятчимисиз? Худди шахмат тахтачасидаги ҳар бир юришни биладиган биринчи даражали шахматчидай.
— Ҳар доим эмас.
— Қизишиб кетишдан ўзимизни тия олганингиздами? — сўради жувон, жўрттага ғашига тегмоқчидай.

Йигит деярли унинг қўлини ўзидан итариб ташлади.
— Бўлди, — кескин оҳангда деди у. — Сиз ўзингизни аёллик жозибангиздан фойдаланишга ҳаракат қилаяпсиз.
— Ҳа.
— Бир неча дақиқадан буён.
— Кечирасиз. — Жувон ундан ўзини четга тортди. — Кеч бўлди. Уй-уйимизга борайлик.

Хона ичи қоронғи эди, дераза ортидаги шаҳар эса жуда узоқ кўринарди. Йигитни ёлғизликнинг аччиқ туйғуси қамраб олди. Жувон унинг фақат қўлидан ушлаб турган эди, бироқ ўзини тортгач, ўзини мутлақо ташландиқ ҳис этди. Энди бўлса улар кетишаяпти.
— Йўқ, — деди йигит. — Кечиринг мени. Буни совуқ одам айтган эди.

Жувон киприк қоқмай, жойидан қимир этмай турарди.
— Қайноқ одам нима дейди бўлмаса?
— У... — Палмер томоғи ғалати тарзда бўғилганини ҳис этди. — У... — У йўталди, бироқ томоғидаги аччиқ нарса кетмади. — У ҳе-ҳеч нима демайди, — қулоғига чалинди унинг ва ўз овозини базўр таниди. У машаққат билан тутилиб айтган бу сўзлар назарида унинг томоғини янада қаттиқроқ бўғди. У бир лаҳзада кўзини юмди-да, фикрини жамлаб олди. — У ҳеч нима демайди. — Зўрға такрорлади у.
— Ҳеч қачонми?
— Афтидан, у... — Палмер жимиб қолди ва оғир хўрсинди. Томоғидаги зўриқиш гўё ўпкасига ҳам ёйилгандай бўлди: у қийинчилик билан керакли ҳавони юта олди. У аста кўзини очди, худди ўзини ростлаб олмоқчидай қаддини тиклади, яна бир марта ютоқиб нафас олди-да, тез қўшиб қўйди:
— Аф-афтидан у ў-ўлган.
— Ҳо-о!
— Анча олдин, — сўзини тугатди Палмер. Сўзлар унинг оғзидан қийинчилик билан, худди инграгандай чиқди. Томоғига яна бир нарса келиб тиқилишини сезиб, Палмер шоша-пиша жувонга интилди. У жувоннинг қўлларидан тутди ва муздек бармоқлари унинг иссиқ баданини ҳис этди. Палмер уни ўзи томон тортди ва атирнинг заиф дудли ҳиди бамисоли уни ютиб юборди. Жувоннинг юмшоқ лаблари хиёл очилди ва йигит вискининг куйинди ҳидини туйди. Жувоннинг қўллари унинг ён-веридан чирмаб олди. Палмер аввалига аста-секин, кейин эса тобора тезроқ ғарқ бўла бошлади.

Йигирма Еттинчи Боб

Мак Бернс, афтидан, шойи чойшабда ухлар экан — воқеликнинг биринчи тетик ва аниқ сезгисини Палмер мана шу ажабтовур кайфият билан туйди. У бир ёнига ёнбошлади-да, чойшабга қаради. Қоронғида унинг жойими ёки йўқлигини аниқлаш қийин эди. Чап томондан ётоқхона бўлмасининг деразасига заиф ёғду тушиб турарди. Ёғду манбаи йўлнинг нариги ёғидаги бир неча қават пастдаги квартирада эди ва шу боис ёғду унинг боши узра шифтда тўртбурчак шаклда кўринарди. Палмер чойшабни силаб қўйди, бармоқлари остида асл матони сезди, сўнг хўрсинди-да, яна ўзини чалқанча ташлади. Унинг боши ғижимланган ёстиқда. У ўз баданига қаради. Мана, кўп йилдирки, Палмер бўш вақтида унга разм солмайди ва ҳозир оёқларим ҳаддан ташқари ингичка деган хулосага келди. Тўғрироғи, агар холисона айтадиган бўлса, у умуман кейинги вақтда тўлишди, оёқлари эса ёшлигида қандай бўлса, ўшандайлигича қолаверди, — ортиқ қиёфасига мос келмай қўйди. Палмер қорнига, тўқ-малларанг тукларига, оёқларига қаради, оёқ бармоқларини аста қисирлатиб қўйди. Жин урсин ўша Бернсни! Ахир шойи чойшабдан бунақа шарқона ҳашамга ўрганса бўларкан-ку.

Жувоннинг оёқлари кўринмасди. У Палмердан ўнгда қорни билан юзтубан ётар ва бир текис нафас оларди, унинг ухлаётганига Палмер амин эди. Ғира-шира ёғдуда унинг иккала думбаси худди оқ-пуштиранг ширинлик пахтадай дўмпайиб турар, шунақаси белига ўтиб кетар эди. Унинг нигоҳи юқорига ўрмалаган сари дўнгликлар оралиғидаги ботиқлик саёзлашиб борарди. Белдан юқорида дарё ўзанига ўхшаш яна бир пастқамлик пайдо бўлди ва елка мушакларига етмагунча чуқурлашиб бораверди, у ерда юқорига қараб кетувчи яна бир сойлик бўлиб, у тўзиб ётган жингалак сочлар тагига кириб кетарди.

Палмер тирсагига суянди-да, Виржинияга бошқа бурчакдан қараш учун кенг кўрпага ўтириб олди.
— М-м-м, — минғирлади жувон бошини кўтармасдан. — Соат неча бўлди?

Палмер қўлига қаради ва соатини олиб қўйганини кўриб, ҳайрон бўлди. Бернс каравоти ёнида турган сафар будилнигининг циферблатига тикилиб қаради.
— Саккиз ярим, — жавоб берди у. Унинг овози гўё узоқ танаффусдан сўнг тўсатдан бор кучи билан юргизиб юборилган эски ускунага ўхшаб ғоят бўғиқ ва титроқ чиқди. Жувон хўрсинди ва бошини буриб, унга қаради. — У ярим соатда шу ерда бўлади.
— Ҳм.
— Жин урсин! — Жувон қўлини чўзди ва кафти билан унинг кўксини артди. Палмер тукларининг енгил шитирини эшитди.
— Ҳа, топдим, — деди жувон, энди бутунлай уйғониб.

У Палмерга кўндаланг ётиб олди-да, каравот ёнида турган телефон гўшагига чўзилди. Унинг сийналари Палмернинг кўкси устидан аста сирғалиб ўтди. Жувон гўшакни олди.
— Элдорадо 5-3110 ни тер.

Рақамни терар экан, йигит Виржиниянинг гўшакни унинг қулоғига қўйганини, ўзи эса бошини унинг бошига ёпиштириб олганини сезди. Гўшак икковининг ўртасида бўлиб қолди. — Уолдорф Тауэрс, — телефончи қизнинг овозини эшитди Палмер.
— Мистер...м-м... мистер Кармоди, — илтимос қилди Виржиния.

Бироз жимликдан кейин телефончи қиз жавоб берди:
— Мистер Кармоди бир ойга бир жойга кетган.
— Унда менга... м-м... мистер Дрешларни беринг.
— Бир дақиқа.

Гўшакни олгунларича талай вақт ўтди.
— Ҳа, — эркак кишининг овози келди.
— Мистер Бернс шу ердами?
— Билмадим, ким сўраяпти?
— “Юнайтед бэнк”дан мисс Клэри.
— Бирпас сабр қилинг.

Улар ёнма-ён ётганча кута бошлашди. То Бернснинг овозини эшитгунларича яна анча вақт ўтди.
— Панжа, мени бу ердан қандай қилиб топдинг?
— Сен ҳали ҳам Уолдорфда экансан-ку. Уйга 9.30 да келаман деб лақиллатишингга бало бормиди?
— Сизлар ҳали ҳам ўша ердамисизлар?
— Мен бир соатдан бери уйдаман, энди бутун оқшомга чиқиб кетаяпман. Фақат одамни аҳмоқ қилганингни дўстона айтиб қўйгани телефон қилаётувдим, холос.
— Палмернинг роса жаҳли чиққандир-а?
— Муздай совуқ. Унинг қўли теккан нарса музга айланиб қолаяпти. Эртасига эрталаб унинг олдига келганингда иссиқ пальто кийиб ол.
— Шу қадар совуқми?
— Сибир. — Жувоннинг қўли Палмернинг кўкраги бўйлаб пастга ҳаракат қилди ва киндиккача етди.
— Ўлгудай совуқ нусха. — У Палмернинг қорнини сийпалай бошлади.
— Ҳеч иложини тополмадим, изладим, — ўзини оқлади Бернс. — Бунинг устига мен унга керак бўлганимдан у менга кўпроқ керак.
— Сен ноҳақсан. Унинг ўзи қойил қилади. — Жувон Палмернинг қорнини босди, бироқ эркак оғриқни сезгунича қўйиб юборди. — Нима бўлганда ҳам келаси сафар бутун тунни бошқа мижоз билан ўтказишдан олдин икки марта ўйлаб ол.
— Ким ўтказар экан бутун тунни?
— Сен. Палмер сени кутмай қўйгандан кейин.
— Тўғрисини айтсам, мен барибир 9.30 га улгурмас эдим. Унинг учрашувни бекор қилганидан боши осмонга етди. Биз бу ерда соат 6 дан бери ўтирибмиз ва энди ишнинг ярмини қилолдик.
— Менга сенинг пулларинг бўлса бўлгани, Мак.
— Менга сенинг жамолинг бўлса бўлгани, қизалоқ.
— Ўзингга ўзинг хизмат кўрсатавер, — деди жувон. — Эртага вақтида келгин-да, ноҳақлигингни бўйнингга ол. Бу ҳаммамизнинг аҳволимиз енгиллашувига анча ёрдам беради.
— Сен дўстим, дўстгинам.
— Яхши, кўришгунча.

Виржиния гўшакни энди жойига қўймоқчи бўлганида Бернснинг заиф овози эшитилди.
— Ҳа, Мак?
— Икковингиз менинг квартирамда вақтни қандай ўтказдингиз деб сўраяпман.

Виржиния бармоғи билан Палмернинг чап кўкрагига босди. — Мен сенга унинг аниқ таърифини бердим, — жавоб берди жувон. — Сибир.
— Жуда ёмон.
— Кимга?
— Кимга бўларди? — Бернс кулди. — Палмер мўмайгина луқмани бой берди, панжа.
— Бу ҳақда сен нимани ҳам билардинг, каллаварам?
— Ақлим етади. Эртага роса тўққизда кўришгунча.
— Хайр.

Жувон Палмернинг устидан чўзилиб, гўшакни жойига қўйди. Юзлари юзларига тўғри келганда эса Виржиния унинг пастки лабидан аста тишлаб қўйди.
— Ихтиёримизда энди яна кўп вақт бор, — шивирлади жувон. — У нима деганини эшитдингми?

Палмер бош ирғади:
— Бунақа суҳбатларда қачон иштирок этишимга тўғри келганини эслай олмайман.
— Бунда айтарлик ҳеч гап бўлгани йўқ, — унга қўшилди Виржиния. Бўсалардан унинг овози ярмигача бўғилиб қолди. Жувон ўтириб олди-да, унга диққат билан разм солди.
— Чарчаганга ўхшайсан.
— Аммо бахтлиман.
— Аммо чарчагансан.
— Қўйсанг-чи, — жавоб берди йигит. — Жудаям ишдан чиқиб қолган даражада эмасдирман. Лекин мен махсус машқдан ўтмаган эдим.
— Борди-ю, мени уялтириб қўйишга ҳаракат қилганингда ҳам барибир ҳеч нарса чиқмайди.
— Аёллар — бошқа гап.
— Сен кузатувчансан. — Жувон қўлини унинг бадани бўйлаб юргизди. — Ҳа, бутунлай қўлидан иш келмайдиган даражадасан деб бўлмайди. — Унинг қўли қулоққача етди. — Мана шу ерда энг яхши жойлар бошланади.
— Ҳаммаси яхши овқатланишдан.

Қўл оҳиста пастга ҳаракат қилди.
— Олий нав, — деди Виржиния бир сония ўтгач. Бирмунча вақт улар жимиб қолишди. Жувон қўлини олди ва унинг томонидаги каравот ёнида турган столчада ётган сигареталарга чўзилди.
— Берайми?
— Бер.

Жувон ҳар иккала сигаретани тутатди, ўзиникидан тутунни ичига тортди ва уни шифтдаги тўртбурчак ёғдуга қараб пуфлади.
— Мен ҳеч бир одам кўзи билан кўролмайдиган нарсани кўра оламан, — деди жувон.

Палмер бор бўйича каравотга чўзилиб, қулайроқ ётиб олди. У оёқларида енгил, ёқимли оғриқ ва қорин мушакларида чарчоқ ҳис этди.
— Айтиб бер-чи.
— Бу сен учун бутунлай янгилик эканини кўриб турибман.
— “Бу” деганингни тўлароқ таърифлаб бера оласанми?
— Бу... вазият. Бу... муносабатлар.
— Янгилик эмас, — жавоб берди Палмер. — Ғайриодатий.
— Қанақасига ғайриодатий бўларкан? Қачондан буён?
— Ахир сен ғойибдан кўрувчисан-ку, — эслатди Палмер.
— Афсун зарралари хиралашган. Аммо шакл яққолроқ кўринаяпти. Сана ҳали жуда ҳам хира. Аммо бу уйланишдан анча олдин рўй берган.

Йигит тескари ўгирилди-да, соатнинг яшилтоб рақамларига қаради. Сўнг кўзларини юмди.
— Кечир мени.
— Нима учун?
— Сенинг ҳафсалангни пир қилганим учун.
— Қайдан билдинг?
— Ўзим билмайман, — ғамгин хўрсинди жувон ва сигаретани ўчирди. — Бундай нарсаларда мен унча кучли эмасман, — деди у. — На тажрибам бор, на машқим. — У чўзилиб сигаретани олди ва калта тортиб қўйди.
— Менинг тилим аччиқ ва тик ҳолатда топқирман, аммо тўшакда зарур чаққонликка эришмоқ учун бу билан кўп шуғулланмаганман.
— Ана холос, — деди йигит унга қараш учун бурилиб ётаркан, — бизнинг уятли сирларимиз энди хатга тушган.
— Қанақа уятли сирларимиз?
— Қанақа дейсанми? Бу менинг биринчи хиёнатим, бу ушбу масалаларда сенинг ҳам йирик мутахассис эмаслигинг.

Жувон лабини буриб қўйди-да, унга сигаретани қайтарди.
— Сиз банкирлар доим якун ясашга шошасизлар.
— Албатта.
— Лекин биз икковимиз ўз вазифамизни аъло даражада бажарганимизга иқрор бўлишинг керак, — ўйчан деди жувон. — Энди-чи? — У жим қолди ва ниманидир ўйлаб, қошини чимирди.

Палмер тутунни оёғига пуфлади.
— Мен ҳали ҳам нутқ қилиш иштиёқидаман, — деди у. — Бунинг учун сўз тополмайман, аммо кўнглимдагини айтиш зарурлигини ҳис этиб турибман.
— Қанақа нутқ экан?
— Бўлиб ўтган гаплар ҳақида.
— Менга нутқнинг ҳожати йўқ.
— Лекин менга ҳожати бор, — сўзида туриб олди Палмер. — Сен кутиб тура оласанми?
— Истаганингча.
— Яхши. — У сигаретани ўчирди ва чалқанча ётганча пастга сурилди, унинг боши матрасга тушиб қолди.
— Илтимос, ухлаб қолма, — деди жувон.
— Ухламайман.
— Ҳозир ухлаб қоладиганга ўхшаяпсан. Ҳозир шунақа бўшанг, ялқов ва ландовурсанки.
— Мен эмас, менинг энг яхши бўлагим.
— Ўлгудай кулгили!
— Мен ўйлаяпман ва у тап-тайёр бўлади, —ишонтирди у жувонни.
— Тарки одат — амри маҳол, — Виржиния уни кузатиш учун бир ёнига бурилди. — Сен ўйламаяпсан, — деди у, — қийналаяпсан.
— Унчалик эмас.
— Гуноҳкорлик ҳисси яширин сенда.
— Ҳали пайдо бўлгани йўқ.
— Ҳозир пайдо бўлади.
— Шунақага ўхшайди, — унинг фикрига қўшилди Палмер. — Бу ҳар доим шунақа бўладими?
— Ҳа.
— Нега сен ўзингни гуноҳкор деб билишинг керак экан? — сўради Палмер.
— Бунга сабаб кўп.

У жувонга қаради ва ҳаддан ташқари ичкари ётганидан Виржиниянинг боши унинг бошидан баланд бўлиб қолибди. У жувоннинг бир кўтарилиб, бир тушаётган сийнасига қаради. Жигарранг-пушти тусли маммачалари билинар-билинмас титради. У аста қўлини чўзди ва маммачалардан бирини ушлади. Маммача шишиб, унинг қўлига қадалди.
— Биз ҳар доим хаёл суришни кейинга ташлаб қўяверсак бўлади, — деди жувон.

Йигит кескин ҳаракат билан кафтини унинг сийналарига босди ва уларнинг ёқимли илиғини аввал кафтларида, сўнг бармоқларида ҳис этди. Жувон унга томон сурилди.
— Совуқ одам ўлган, иссиқ одам эмас, — эркакнинг қулоғига шивирлади у.

Палмернинг қўллари жувон бадани бўйлаб сирғалди ва оғзи билан ютоқиб нафас олди, сўнг у яна жувон баданининг ҳузурбахш уммонига ғарқ бўла бошлади.

Йигирма Саккизинчи Боб

Палмер уйғонганида соатнинг ялтироқ миллари 9.30 ни кўрсатиб турарди. У Виржинияни ушламоқчи бўлиб ўгирилди, бироқ ёнида ҳеч ким йўқ эди.

Тўшакда ўтириб олиб, у қоп-қоронғи хонага кўз югуртирди. Шу пайт уйнинг аллақаеридан душнинг очилган овози қулоғига чалинди; бир дақиқадан кейин сурилма эшик қаттиқ шарақлади; шарақлаган овозига қараганда, бу душхона эшиги эди. У оёқларини каравот қиррасидан ошириб отди-да, ўрнидан турди. Бироқ ўша заҳоти яна ўтириб олди.

Мийиғида кулиб, у яна кўтарила бошлади, бу сафар анча секин, сон ва елка мушакларини енгил, узоқ оғриқ қамраб олганини ҳис қилиб турарди. Иштонини қидириб, у у ёқ-бу ёққа қаради, қараса у қора комбинацияси ичида экан, кийиб олди. Сўнг оёқ яланг меҳмонхона бўлмасидан юриб ўтди-да, ҳаммомхонани қидириб топиб, эшикни чертди.
— Яхши ҳолатдамисан?
— Ҳар доимгидай.

Палмер эшикни очди ва артинаётган жувоннинг баданига маҳлиё бўлганча тўхтади. Ётоқхона бўлмасидан тушиб турган ғира-шира ёруғда у ғоятда нафис ва юмшоқ кўринарди — равон қадди-қомат, мафтункор сийна ва сонлар. Бу ердаги кундуз чироқлари ёғдусида жувоннинг ингичка қобирға излари, елка ва болдир мушаклари алоҳида нафосат ила кўзга ташланарди.
— Нигоҳингни шиша ичига яшириб қўймоқчи эдим, — деди жувон бир лаҳза артинишдан тўхтаб. — Мен бу шишани менга маънавий кўмак керак бўлган ҳоллардагина очишни истар эдим.
— Менинг кўнглимда ҳеч қандай маънавийлик йўк.
— Ҳамма гап шунда. — Жувон оёқларини артиб бўлди-да, қаддини ростлади. — Сўрагани бироз кеч қолдим-у, — давом этди у, — аммо мен сенга ёқаман, шекилли.
— Ҳа.

Жувоннинг кўзлари катта-катта очилди:
— Тап тортмай айтаяпсанми?

Палмер хўмрайди:
— Заҳархандаликни қўй. Бусиз ҳам бугун сен менга жуда кўп нарса қилдинг.

Гўё йигитнинг гапларини яхшилаб эшитиб олмоқчидай жувон бошини хиёл эгди.
— Мен эса сени доим мен учун қиласан деб ўйлаб юрардим.
— Ҳа, биласанми, — гап бошлади Палмер, — сенинг ҳаётингда дастлабки қулай пайт топилди дегунча ўзини оёғингга ташлашга тайёр ўн-ўн бештаси учраса эҳтимол...
— Мен ҳақимда шунча нарсани қаёқдан биласан? — Унинг гапини бўлди жувон, — ҳаётимда ўн-ўн бештаси учрашини?
— Мен билмайман, аммо сен ажойибсан.
— Раҳмат. — Жувон ойнага ўгирилди ва бармоқлари билан сочларини савалай бошлади. Ойнада уларнинг кўзлари тўқнашди. — Мен сени ҳайратга солмоқчиман, — деди жувон.
— Янами?
— Биласанми, — давом этди Виржиния, — мен... сени нима деб чақирай? Ишда ўзим биламан, лекин бу ерда-чи?
— Узоқ вақтгача мени Палмер-кичик деб келишди, — жавоб берди Палмер. — Ҳеч қачон бундай қилишга уринма.
— Кўрдингми... Вудс, — деди жувон. — Вудими?
— Қани, қани. Бир қийнал-чи.

Жувон ўгирилди-да, унга жилмайиб қаради.
— Вудс, мен сенга ҳайратомуз эътироф қилмоқчиман. Нима бўлганда ҳам мен учун у ҳайратомуз. Чўмилаётиб, ҳисоб қилиб чиқдим. Менда бунақа нарса бўлмаганига қарийб икки йил бўлибди.
— Сен ҳақсан, бу таажжуб.
— Ростданми? Бу шунинг учунки, буни ўзим хоҳламаган эдим — бир неча марта.
— Нью-йорклик эркакларга раҳмим келади.

Жувон бош ирғади.
— Мен сенга бир вақтлар учрашишимизга тўғри келган нью-йорклик эркаклар ҳақида сўзлаб бераман. — Жувон яқин борди-да, қўлини йигитнинг елкасига қўйди. Жувоннинг бадани муздай ва ғоят таранг эди. — Лекин ҳозир эмас. Биз хонани бўшатиб қўйишимиз вақти келганини сезаяпман.
— Навбати билан.
— Қатъий равишда, — рози бўлди жувон. — Мен биринчи чиқиб кетаман. Лекин кетишдан олдин мен бу ерни бироз саришталайман.
— Йўқ, буни ўзим қиламан, — туриб олди Палмер. — Буни қандай уддалашни мен анча яхши биламан.

Жувон бир лаҳза унга ҳайрон бўлиб қаради, сўнг:
— Э-ҳа! Собиқ жосуслик зобити. Наҳотки у ерда олган барча сабоқларни шундоқ эсда сақлаб қолган бўлсанг? — деди.
— Булар сабоқлар эмасди, мияни ювиш эди. Бунақасини унутиб бўлмайди.

Виржиниянинг бармоқлари унинг елкасини қисди.
— Битта бўса, мана шундай ҳолатда, — деди у. — Кийингандан кейин у қадар бўлмайди.

Кириб келгандаги эмас, бошқа эшикдан чиқишни айтиб, Виржиния кетгач, Палмер ўзи ҳис этаётган қандайдир ғалати туйғунинг тагига етишга ҳаракат қилгач, меҳмонхона бўлмаси ўртасида бир лаҳза туриб қолди. Бироздан сўнг у англаб етди: енгиллашган экан.

Висол учун қулай шароитга қарамай унда яққол нотинчлик ҳукм сурмоқда эди. Бернс қайтиб келиб қолиши ва уларни бирга кўриб қолиши мумкин. Хавф ўтиб кетгани учун эмас, балки ҳеч бўлмаганда Виржиния кетиши билан тартиб ўрнатишнинг биринчи босқичи ниҳоясига етди.

Палмер қадаҳларни, музли челакни кўздан кечирди ва улар ҳеч қанақанги сирни ошкор қилмайди деган қарорга келди. У ётоқхона бўлмасига кирди ва чироқни ёқди. Каравотнинг аҳволини кўриб, унинг кайфи учиб кетди. У ўз нарсаларини ҳаммомхонага олиб бориб қўйди, қайтиб келди ва каравотдаги матрацдан бошқа ҳамма нарсани олиб ташлади. Сўнг матрацга тўшалган, қаттиқ ғижимланиб кетган чойшаб ўрнига бошқа силлиқроғини ёйиб қўйди. Бунда ётадиган навбатдаги одамга матрацдаги чойшабни кўриб олиш қийин бўлмаслиги учун шундай қилди, олдингиси эса адёл тагидан деярли кўзга ташланмас эди. Палмер ёстиқ жилдларининг тескарисини ағдарди, ёстиқларни дўппослади ва ёпқи чойшабни қўли билан текислади. Иккала кулдонни меҳмонхона бўлмага олиб борди, ичидагиларни ўша ерда турган катта кулдонга тўкди, кичкиналарини ҳўл қоғоз салфетка билан тозалаб артди ва қоғозни унитаздан оқизиб юборди. Қайтиб келиб, кулдонни каравот ёнидаги столчага қўйиш учун у яна бир марта хонага кўз югуртириб чиқди ва ҳатто тиззасида чўкиб, каравот тагига кўз солди — тағин битта-яримта сирғаси тушиб қолмаганмикин?

Жосусларни “мусаффо уй” деган бир санъатга ўргатар эдилар. Бу шулардан иборат бўларди: барча хоналардан яширин тинглайдиган аппаратлар, телефонлар, симларни олиб ташлаш, ойнадан кузатиш имкониятини йўқотиш. Бу ҳар қандай ҳолатда мажбурий нарсалар бўларди — жосус уйни бир соатга, бир ҳафтага ёки бутунлайга тарк этадими, фарқи йўқ. Одатдаги турмушдан ажратиб турувчи бирон-бир нарсанинг борлигини билдирадиган ҳеч нарса қолмаслиги керак. Ва ниҳоят бу санъат яна ғаним жосус уйига кириб бориш техникасини ҳам ўз ичига оларди, уйни ўрганиш ва ундан чиқишда махфий тинтув излари қолмаслиги керак. Бенуқсон автоматизм санъати. Палмер шу нарсани жонидан ардоқлар эди, чунки у ўйлаш заруратидан халос қиларди.

У ётоқхона бўлмасидаги чироқни ўчирди ва эслашга ҳаракат қилиб бир дақиқача эшик олдида туриб қолди — бу оқшом бошида у очиқмиди ё ёпиқмиди? Ҳаммаси яшин тезлигида содир бўлди. Улар диванда эмас, қачон ётоқхона бўлмасида пайдо бўлиб қолишганини ҳатто эслолмасди ҳам, бироқ энди унга гўё у ёпиқдай туюлмоқда эди. Демак, кел, шундоқ бўла қолсин.

У ҳаммомхонага кирди ва Виржиния артинган сочиқни ушлаб кўрди. Сочиқ у қадар ҳўл эмасди. Демак, Бернс ярим тунда қайтиб келганида, у қуриб қолган бўлади. Лекин бундан ташқари, бу шуни билдирардики, агар сочиқ қуруқ қолган деса, Палмер чўмилмай қўя қолиши керак. У шоша-пиша ўзига сув сепди-да, “клинекс” ёзувли қоғоз салфеткалар билан артинди. Қоғознинг майда парчалари баданига ёпишиб қолди. У ўзини шулардан тозалади-да, тезда кийинди.

Шошиш зарурлигини ҳис этиб у янада тезроқ ҳаракат қилишга мажбур бўлди. У биларди: Бернс бундан эрта қайта олмасди. Лекин билиб бўладими... Тўсатдан Палмер ўзини ва нималар қилаётганини гўё ташқаридан кўрди. Жосуслик хизматининг мушоҳадалардан халос этувчи қоидаларга тескари ўлароқ бу қиёфа дақиқа сайин яққолроқ кўзга ташланмоқда эди.

Фақат энди, унитаз устида ўтириб, ботинка боғини боғлай туриб, бугун оқшомги барча воқеалар нечоғли мўъжизакор эканини англади. Жосусликда орттирган малакаси бир ажойиб кунда унга нафақат бир чақага олмайдиган, балки Палмерни шундай қилишга ундаган одам билан ноқонуний висоли аломатларини яширишга ёрдам берганини ҳам англади. Бу ҳақда обдон ўйлаб кўрганида Палмернинг кўз ўнгида бу ҳолат ўзининг бутун бемаънилиги билан намоён бўлди.

Сочиқни текислар экан, у умуман уриниб-чиранишга арзийдими ўзи, деган хаёл миясига келди. Сўнг бу хаёлни миясидан чиқариб ташлади.

У ҳаммомхонадан чиқиб, тўсатдан яна қайтиб кирди. Юзини буриштириб, у яна бир неча салфетка олди, сурма ойна эшикни қунт билан артди, совун сурди ва қўлидан келганича полдаги ҳалқобчаларни артиб чиқди. Ҳўл қоғозни унитазга ташлаб, сувни қўйиб юборди.

“Клинекс” салфеткалари. Палмер ваннахонадаги чироқни ўчирди, эшикни ёпиб қўйди, (Шундаймиди? Шундай эди) ва меҳмонхона бўлмасининг ўртасида, оқ гилам устида бир дақиқача туриб қолди.

У шу ҳолда турар экан, фикрлашдан ўзини тийиб туролмади, албатта.

Шу ишни қилиш шартмиди ўзи?

Палмер отасининг ахлоқий қоидалари бўйича ўзини уччига чиққан аҳмоқдек тутаётганини билиб турарди. Агар отасига таъсир қилганида, бундай ҳол юз бермас эди, чунки отаси ўз хизматкорига танбеҳ бермоқчи бўлса, у буни иложи борича алайна-ошкор қилар эди. Махфий, шахсий учрашув тайинлаш ҳақидаги фикрининг ўзи отамга олий даражадаги қўрқоқлик бўлиб кўринарди. Бироқ кейин Палмер отасининг ҳеч қачон Мак Бернсга ўхшаган унга тобе одами бўлмаганини ўйлади.

Палмернинг нигоҳи коктейл столчасида турган икки қадаҳга тушди. Улардан бирининг гардишида лаббўёқнинг ёй шаклидаги чўғдек доғи бор эди. У доғни ўчириб ташлаш ниятида стаканга чўзилди. “Клинекс”. “Клинекс”. Палмернинг қўли ҳавода муаллақ қолди. У Виржиниянинг бу ерда бўлиш (бу ҳақда Мак Бернс билади-ку!) изларини йўқотишга уринишида ваҳима аломатини кўрди. Модомики ваҳима бор экан, демак унинг сабаби ҳам бўлиши керак-ку?

Палмер ўтирди ва қўлига Виржиниянинг қадаҳини олди. У юрагида аллақандай безовталик ҳис этди — гўё аччиқ, сувўтлар қоплаган, сариқ пўртанали хуфия гуноҳ дарёси ташқарига отилиб чиқиб, юрагини сув босиб бормоқда эди.

Бўлмаган гап, ўйлади у. Нафсиламрини айтганда, мен бошқа одамман. Виржиния ноҳақ. Совуқ одам ўлмаган. Ҳаммасини бошқа қайноқ одам қилди, аммо ўша қайноқ одам аслида мен эмас. У лаббўёқ доғи қандай пайдо бўлиб, қандай йўқолаётганини кузатар экан, қўлида қадаҳни аста айлантирди.

“Сени нима деб чақирай? — сўради у. — Ишда-ку ўзим биламан. Аммо бу ерда нима дей?”

Бу ерда нима дейди? Уларнинг бу ерга яна келишлари мумкинлигини ўйлашга нима изн берди? Совуқ одам нима қилиши мумкинлигини жувон тасаввур ҳам қилолмайди. Ҳар нарса қила олади. Ишдан ҳайдай олади. Ҳар нарса қила олади. Ундан қутулиш, бўлган гапларни хотирадан ўчириш унга қийин эмас. Тасодифий ҳодисадан, соф жисмоний алоқадан, шунчаки билиб-билмай қилинган яқинликдан ташқари, пировардида, бу нима бўлиши мумкин?

Қадаҳни айлантирар экан, Палмер ёрқин изнинг қайта-қайта пайдо бўлаётганини кузатди. Қадаҳни бироз кўтариб ва синчиклаб ўрганаркан, у ғоятда заиф хушбўй ҳидни, жувон атирининг, унинг лаббўёғининг қоришиқ ифорини туйди. У қадаҳни бурнига олиб келди-да, ҳавони аста ва чуқур ичига тортди. Бирдан ўзи кутмаган ҳолда қадаҳнинг қиррасини тили билан ялаётганини ҳис этди. У кўзларини юмди-да, ўзини ўриндиқ суянчиғига ташлади.

У эндигина ёрқин эслаган илиқлик, ҳа, илиқлик унинг вужудини яйрат¬моқда эди. Тилидаги жувон лаббўёғининг таъми томоғини эҳтиросли иштиёқ ила куйдира бошлаганди. Узоқдан автомашина тезлигининг алмашгандаги овози қулоғига чалинди. У истамайгина кўзларини очди-да, қадаҳни столга қўйди. Уйдан шошиб чиқар экан, у тилининг учини танглайига қаттиқ сурди.

Палмер лифтдан энг пастки қаватга тушди ва бир-бирига уланиб кетган йўлакларни оралаб ўтиб хизматчи эшикка етиб келди.

Яна кўп марталаб фойдаланишни билиб, у қайси йўлаклардан ўтиб келганини эсида сақлаб қолишга ҳаракат қилди.

Йигирма Тўққизинчи Боб

Палмер ўз меҳмонхонаси ёнида таксидан тушди ва швейцарга эътибор бермасдан тезгина мўъжаз вестибюлдан лифт томонга ўтди. Ўзларининг бу муваққат ошиёнларига кўчиб ўтган дастлабки кунданоқ у Палмерга ёқмаганди, Лифт олдида эшик устидаги сўнгги қаватнинг ёйи бўйлаб аста ҳаракат қилаётган милни кузатиб турар экан, у бу лаънати меҳмонхонага нисбатан юрагида нафрат ҳиссини туйди. Бу ўзининг кўҳналиги, бошқалардан ажралиб қолганлигини, ҳаётдагидан кўра бу ерда кўпроқ бўлган мунгли жигарранг туси билан босиб турувчи тангу тор хона эди.

Ҳозир ҳам бу ярамас лифтнинг юқорига аҳмоқона қатновини ниҳоясига етказишини бетоқат кутар экан, уни яшашга мажбур этишган бу дидсиз, кулгили, бесўнақай бинога нисбатан алоҳида адоват ҳиссини сезиб турарди. У бу ерда истиқомат қилувчи чолларни ёмон кўрарди ва хизмат қилувчи ходимларнинг малайларча сурбетликларига нисбатан кўнглида чуқур нафрат туяди. У қарийб шу нарсага амин эдики, йўлка чеккасига келиб тўхтаган таксини кўриб, швейцар ўша заҳоти кераксиз топшириқ билан лифтчини юқорига жўнатиб юборган.

Қаватларни кўрсатгувчи мил юқориги “12” рақамига етганини, чайқалганини ва эҳтимол, бутунлай тўхтаганини Палмер кузатиб турарди ва бу унинг жонини чиқармай қўймасди. Тўғри, бошқа лифт ҳам бор эди, бироқ, одатда, у вестибюл қаватда очиқ, бўм-бўш ва қоп-қоронғи бўлиб тураверарди.

Палмер лифтдан тескари ўгирилди-да, юзага келган вазиятга мутлақо бепарводек кўринишга ҳаракат қилди, чунки хизматчиларнинг барчаси бундан маза қилиш ниятида кўзларини узмай қараб туришарди. Соатига қараб юбормаслик учун у сигарета олишга қўлини чўнтагига суқди, бироқ битта ҳам сигарета қолмабди. Кўзининг қири билан қараб, у мил яна қимирлаганини ва ёй бўйлаб яна изига қайтаётганини кўрди.

Демак, қулай пайт келди, бирдан фикри ёришди Палмернинг. Тутилиб қол¬гани¬дан миннатдор бўлиш ўрнига у унинг яқинлашиб келишига интиқ эди. Энди эса, бу нарса содир бўлай-бўлай деб турганди, унинг юраги шувиллай бошлади.

У Виржиниянинг деярли ҳақ экани ҳақида ўйлади. Ўзининг бутун оилавий умри давомида бунақаси бўлмаганди, яъни ҳеч бўлмаганда шунга ўхшаганроғи бўлмаганди, ўзининг гапини ўзи тўғрилади Палмер. Тўғри, ўн йилча муқаддам Лос-Анжелесда бир воқеа содир бўлганди, ўшанда Эдди Хейин тунги соат учда бўкиб ичиб олгандан кейин Палмернинг хонасига икки нафар учига чиққан фоҳишани олиб киришди. Ҳатто ўшандан кейин ҳам Палмер нима бўлганини аниқ-тиниқ эслай олмаганди. Шу оқшомнинг клиник, деярли муолажалик муҳитини у жуда яхши эслайди: гўёки у меъданинг кучли ифлосланишидан азият чекаяпти; шунда қиз тантанавор тусда унинг ошқозонини яхшилаб ювганди. Энди Палмернинг эслашича, ўша қиз жуда ҳам чиройли эди. “Бу ерда дунёдаги энг гўзал фоҳишалар ишлашади,” — деб уни ишонтирганди Хейген. Бундан ташқари қиз сабр-бардошли ва оқкўнгил эди. Шунгача биронта ҳам аёл зоти унинг учун, тўғрироғи, унга бу қадар ғамхўрлик кўрсатмаганди. Аввалига бу Палмерга қандайдир таажжубли бўлиб туюлганди. Кетар чоғда Хейгеннинг қизларга юз-юз доллардан тутқазганини кўргач, унинг таажжуби бироз сусайганди. Илгариги билан ҳозиргисининг ўртасидаги фарқ шундан иборатки, деб ўйлади Палмер, эринибгина келаётган лифтнинг қайсидир қаватда тўхтаган овозига қулоқ соларкан, Лос-Анжелесда у жисмоний лаззат олмаганди — ҳаммаси деярли унинг иштирокисиз содир бўлганди. У билан қиз ўртасида фақат мутахассис табиб ва беморнинг ҳалол муносабатларигина бор эди, холос ва ниҳоят, Чикагога қайтиб келишидан аввал бутун бир ҳафта ўтганди, бу ҳафта давомида ғира-шира хотиралар гўё ғилоф тагига яшириб ташланганди. У Эдисни бокира, дилбар ва вафодор бир ҳолатда учратишга муваффақ бўлганди.

Бугунги иш бошқача эди.

Лифт эшиги очилди ва ундан илжайган лифтчидан бошқа ҳеч ким чиқмади:
— Ҳа, мистер Палмер, сэр.

Бугунги иш бошқача эди, мушоҳада қилди Палмер лифт хонаси юқорилаб борар экан. Ҳисларини тартибга солиб олиши учун эса унинг вақти йўқ эди.

Улар керакли қаватга жуда тез етиб боришди.
— Марҳамат, сэр.

Палмер ўз квартирасига қараб кетди. Эшикка яқинлашганда қадамларини секинлатишга сира одатланмаган эди, бу гал ҳам шундай бўлди. Бироқ унинг фикрлари гўё энг қуйи тезликка тушириб қўйилгандай эди. Боғламдан керакли калитни топгунига қадар Палмернинг фикрлари вазмин ва жиддий тус олди. Бу ҳол қуйи тезликка солаётиб “жип” ҳайдовчиси лойга ботган машинани чиқариб олиш учун ғилдиракларнинг айланишига зўр берганига ўхшаб кетарди.
— Ким у?
— Хайрли кеч, Эдис, — деди у эшикни ичкаридан зичлаб ёпаркан.
— Мен Эдисмас, Жерриман.

Палмер орқаси билан эшикка суянди-да, бир лаҳза кўзларини юмди.
— Ойинг қани?
— Улар сизни роса кутдилар, — деди қизи йўлакдан унга томон юриб келаркан. У яланг оёқларнинг ҳар доимгидай полга оғир-оғир шапиллаб урилганини эшитиб турарди. — Кейин кетдилар.

Палмер кўзини очди-да, қизига қаради. Энди 11 ёшга кирса ҳам яланг оёғи билан бўйи 167 смга етганди. Даҳлиздаги ғира-шира ёруғда унинг ялтироқ сочлари одатдагидан кўра қорароқ бўлиб кўринарди. Тикка фарқ қоқ иккига бўлиб турган сочлари рафаэлча усулда елкасига тушиб турарди, сўнгги вақтда ёшлар орасида бу анча кенг урф бўлганди. Модомики, 11 ёшга тўлибдими, ўйлади Палмер, Жерри ўзини бўй етган қиз деб ҳисобласа бўлаверади. Унинг оқиш чеҳраси онасига тортган, ёз пайтларда енгил сепкил қоплайди. Бироқ юз тузилиши эса Палмернинг ўзи — чўзинчоқ, энсиз ва ёноқлари чиқиқ. Кўзларининг, ўзича деди Палмер, илгари ҳам бир неча марта пайқаганимдек, бир-биридан узоқлиги менинг ўзимдай, тиниқ ва тим-қораликни эса Эдисдан олгандай, бироқ юқориги кўз милкининг ғалати тарзда салқи тортиб туриши унинг чеҳрасига шарқона тус бериб туради.
— Соат 10 дан ошиб кетибди-ку, — деди у.

Жерри терлаган бурни учини отасининг иягига суртиб олди, ингичка қўллари билан белидан қучоқлади ва уни шунақанги қисдики, Палмер нафас ололмай қолди.
— Вуди ҳали ҳам ухлагани йўқ, — деди қиз бўғиқ овозда.
— Топ-чи?
— Ухлаяпти.
— Бахтиёр Жерри эса уйқусираб юрибди-ю, ухламаяпти.
— Ҳечам уйқусираганим йўқ-да, — эътироз билдирди Жерри, отасига қараш учун орқасига тисарилиб. — Галстугингизга нима бўлди?

Палмер бошини эгиб қаради — галстуги бир томонга оғиб кетибди. У тўғноғич қадашни эсидан чиқарганди. Кўнгилсиз бир сезги билан у дарҳол галстук тўғноғичи Бернс уйининг аллақаерида қолганини эслади. Бироқ шу заҳоти англаб етдики, ҳатто Бернс уни топиб олганида ҳам бу унга ҳеч нарсани фош этмайди: бор-йўғи битта тўғноғич-да — тикув игнасидан бироз узунроқ, миттигина оқ думалоқ бошчаси бор. Бернс уни Палмерда ҳеч қачон кўрмаган, чунки уни доим кўйлак ичкарисидан тўғнаб оларди, шунда галстукнинг қадаб қўйилгани сезилмайди. Бундай тўғноғичлар идора буюмлари сотиладиган ҳар қандай дўконда қутилаб ётади.
— Тўғноғич тушиб қолган бўлса керак, — изоҳ берди Палмер.
— Бошқасини тўғнанг-да, жўнанг. Бэркхардтникида бир соат бурун бўлишингиз керак эди, — деди Жерри.
— Нима?
— Менга қичқирманг.
— Эй худойим! — Даҳлизда турган тошойнага ўзини солиш учун Палмер ўгирилди. Унда юзидаги ифодани англаб бўлмас бир озғин одамни кўрди. Костюми жойидалигига эътибор қилди. Пиджакни улоқтирди-да, у ётоқхона бўлмасига отилиб кирди, йўл-йўлакай галстуги ва кўйлагини ечди.
— Вой дадажон-ей! — ёзғурди Жерри унинг изидан чопиб. — Ҳеч етиб бўлмайди-я сизга!

Янги кўйлагини кияр экан, Палмер уни яна кимдир кузатаётгандек ҳис қилди. У қайрилиб ётоқхона бўлмаси эшигига қаради ва остонада ўйчан ва саросима бир ҳолда турган тўнғич ўғли Вудини кўрди.
— Дадамнинг ҳеч бунақа ўзларини урганларини кўрганмисан? — қичқирди Жерри укасига.
— Дада, — гап қотди ўғли, — тижорат газетаси нима дегани?

Палмер қошини чимирди.
— Жуда пайтини топиб гапирадиган маъсум қобилиятинг бор-да, — деди у тугмани янги, эпақага келмаган илмоқдан ўтказишга чиранар экан. — Балки ҳафта охиригача кутиб турарсан?
— Ҳм-м? — ҳайрон бўлиб овоз чиқариб қўйди Вуди.
— Аввал тушунтириб беринг-чи, “маъсум” нима дегани ўзи? — таклиф киритди Жерри.
— Вақтим йўқ. — Палмер галстуклар осиғлиқ турадиган илғичга қаради, бироқ шу заҳоти Бэркхардтникига кундузги галстугимда борганим маъқул деган хаёлга борди. Бу анча табиий кўринади. Иккиёқлама ҳаётнинг бошланиши.
— Маъсум, — дерди бу орада Жерри, — гуноҳлардан холи дегани.

Палмер қизига кўз ташлади ва унинг укасига қараб турганини кўрди. У галстукни тақди-да, бугуннинг ўзида учинчи марта боғлаётганини эслади. Қани энди, ўғилларимдан лоақал биттаси шу Жерридай ақлли бўлсайди, деган хаёл дилидан ўтди. Бу уларга жуда зарур эди. Қизнинг ўзига бир вақт келиб ўткир ақли ҳалақит бериши ҳам мумкин. Ўғилларига унинг зийраклигидан озгина юққанида эди. Бу фазилат ҳам қизида керагидан ортиқ даражада кучли. Ким билсин, балки бундай хатарли аломатлар ҳаддан ортиқ бўртиб қолмаслиги учун қизи яхши тарбия олиб вояга етар. Чирой олдида ҳаммаси кечирилади.

Палмер галстугини тақди, унинг ингичка учини кўйлак остига тиқди ва яна пиджакни кийди.
— Жанжал бўлмаслиги учун, — деди у эшикка йўналаркан, — мен Жеррига яна ярим соат ухламай туришга рухсат бераман, сени эса, Вуди, шу ярим соатдан маҳрум этаман. Бошқача айтганда, сиз икковингиз каравотингизга роса 10.30 да йўл олишингиз керак. Тушундингизми?
— Англадим, — деди жавобан Жерри.
— Мен эса йўк, — қайсарлик билан деди ўғил.
— Жиддий айтаяпман, — деди Палмер.
— Ишлар қалай, мистер Жиддий? — гап қотди Жерри. — Сизга мистер Шубҳани таништиришга рухсат беринг, Мистер Шубҳа, мистер Жиддий билан танишинг. Мистер Жиддий, танишинг...
— Бас қил-е, — унинг гапини бўлди Вуди. — Сенга кечроқ ётишга рухсат тегди, мен эса бундан қийналишим керак. — У Палмерга норози қиёфада қараб қўйди. — Бу адолатдан эмас, дада. Сиз доим унинг тарафини оласиз.

Палмер ўғлига қаради; бўйи деярли унинг бўйи билан тенг — 180 см. Агар брюнет бўлганида, аллақачон қалинлашиб қолган муртларини қирдирган бўларди; овози ҳам отасидек босиқ, салмоқдор бўлиб қолганди. Қизиқ, агар пешонасига ёзилган бўлса, Вудининг кап-катта одам бўлиши учун қанча вақт керак бўларкан? Шу заҳоти у яна нотўғри йўлдан бораётганини англаб қолди: Жэрри ақлли, жасур, дангалчи эди, Палмер эса ўғлининг ундан қолишмаслигини истайди, чунки у опасидан уч ёш катта эди-да. Палмер яна бир карра, ўғлим билан қизимга бир андазадан қарамаслигим керак, деб эслатиб қўйди.

У ўғлига жилмайди-да, унинг қўлидан силади.
— Мен синглингга ярим соат бераётганим сабаби шундаки, у барибир бермаганимга қўймайди.
— Биламан, — рози бўлди Вуди. — Нега янги кўйлак кийиб олдингиз?
— Боссникига меҳмонга кетаяпман.
— Ановиси ҳам топ-тоза эди-ку?
— Уҳ, — деди Жерри, — бунақа гапларни эшитгандан кўра бориб ётганим афзал.

Болалари уни эшиккача кузатиб қўйишди. У ерда Жерри отасини яна бир марта қучоқлади ва ўпиш учун қоқ миясини тутди. Сўнгги йиллардагидек, Палмер бир тунга Вудини ўпишга журъат қилмади. Эҳтимол, у ўсмирдаги изҳор этиб бўлмас ҳадикни ҳис қилгани учундир — бирдан у бир кун келиб паришонхотирлик туфайли уни ёш боладай ўпиб қўйса-чи? Улар қизнинг боши оша бир-бирига бош ирғаб қўйдилар ва Палмер умуман қўлидан келган даражада ўзини носамимий ҳис қилиб, ўғлига кўз қисиб қўйди. Бу туйғу ўрнини қоплаш мақсадида у Жеррини яна бир бор маҳкам бағрига босди.

Қиз ўзини орқага олди-да, жилмайди.
— Бугун сал ғалатироқмисиз, — деди Жерри. — Нима гап? Нима бўлди?

Лифт томон йўл оларкан, у соатига қаради. Бэркхардтникига роса бир соат кечикаяпти. Таксида Палмер барибир омади келганини англади. У ўзининг янги, бевафо эр ҳолатига кўникиши учун ортиқча вақтга эга бўлганди. Шунча зийрак бўлганига қарамай, Эдис бу борада қизи билан тенглаша олмасди. Зиёфат охирига келиб, деди ўзига-ўзи Палмер, Жерри пайқаган бу ғалати кўринишим, ҳеч шубҳасиз, беиз йўқолади.

Ўттизинчи Боб

Бэркхардтнинг Сентрал-паркдан жанубда жойлашган шаҳар қароргоҳи ички зинапояли икки қаватли одмигина уйдан иборат эди. Бино эски ва анча тор эди; унда бир вақтлар рассомлар ва машшоқлар студияси бўлар эди. Банк бу уйни 1939 йилларда, унинг соҳиби бай пули сотиб олиш ҳуқуқидан маҳрум этилганда олган эди. Бутун қаватни эгаллаган узун-узун хоналар кичик-кичик бўлакларга бўлиниб, қайта таъмир қилинганди — фақат энг юқориги, икки қават баландликдаги, паркка қараб очиладиган эгик деразалари бўлган хонагина бундан мустасно эди. Автоматик лифтда Палмер пастак, озғин, қорачадан келган 55-57 ёшлардаги бир одам билан рўпара бўлиб қолди — у қандайдир танишдек кўринди. Ташқи кўринишига қараганда, бу сочи ҳаддан ташқари қора, эгнидаги пиджаги ранги жилетига сира мос келмаган одамнинг ким бўлишидан қатъи назар, аммо банкир эмаслиги аниқ кўриниб турарди: сувратфурушми, импрессориоми-ей... Икковлари ҳам юқориги қаватдаги хонага боришаётгани маълум бўлгач, улар бир-бирларига бош ирғаб қўйишди.
— Мистер Палмерсиз, шундай эмасми? — сўради ҳалиги киши паст овозда кучли британ лаҳжасида. Унинг катта-катта қора кўзлари Палмерга одатдан ташқари тикилиб қарар эди.
— Ҳа, — қўлини узатди Палмер. — Мистер...
— Никос. — Улар қўл сиқишиб қўйишди.
— Энди эсладим, — деди Палмер. — Беш йилча бурун, ҳа?
— Чикагода... — тўлдирди Никос.
— Гаррис Траст билан бўлган учрашувда, — давом этди Палмер.

Демак, ўша экан, ўйлади у, Арчибалд Никос, икки ака-уканинг кичиги, улар “Лионел Никос ва ўғиллари” номли ҳаддан ташқари мураккаб инвестицион банк раҳбарлари бўлган, улар беш йил муқаддам Чикагодаги Гаррис Траст ва бир қанча маҳаллий банклар билан битим тузишган, саноатга йирик заём тақдим этиш мақсадида Палмер отасининг банкини ҳам ўз ичига олган эди. Шу битим яна нима биландир боғлиқ эди. Бу нарсанинг нима эканини Палмер эслашга ҳаракат қилди-ю, бироқ лифт тўхтаб, унинг фикрини бўлиб қўйди.

Унинг Никос билан биргаликда келиши, Палмернинг пайқашича, айни вақтдаги кечикишини оқлаётгандек бўлди. Бундан ташқари, бу Эдиснинг улар иккаласи биргина иш билан машғул экан деган фикрга келишига ёрдам берарди. Нима бўлганда ҳам Эдиснинг саломлашуви Палмерга анча самимий бўлиб кўринди. У хотинининг ёнига бориб турди ва келганларнинг ҳар бирига навбати билан бош ирғаб чиқди. Палмер уларнинг барчасини билар ва улар ҳам Палмерни билар эдилар — ҳарҳолда унга шундай туюлди.

Шифти жуда ҳам баланд бу хонанинг энг тўрида, бурчакка суриб қўйилган ўриндиқ билан ёнма-ён бир-бирига тақалган иккита жавон бақамти турган жойда Гарри Элдер ўтирарди. Гаррининг олдида ЮБТКнинг учинчи одами, қандайдир узун суҳбатга киришиб кетган Клифф Мергендал турарди. Унинг ихтисоси маблағ жамғариш эди. Палмер Никоснинг тўғри Клифф Маргендал томон йўл олганини кўрди.

Қаршидаги бурчакда, баланд эгма дераза тагида французча усулдаги узун кат бўлиб, чеккалари каштали ёпқиси қат-қатланиб ерга тушиб турарди. Катда қалин малла сочли, эридан ўн беш ёшлар кичик миссис Мергендал ўтирарди. У баланд бўйли Уинтроп Скипуорт билан гап сотарди, дароз бўйли бу одамнинг икки ўзига хос фазилати бор эди: у шаҳардаги энг эски ва энг кичик банклардан бирининг директори ва Палмернинг барча танишлари ичида Винни ва Скиппи деб эркалаб чиқариладиган ягона киши эди. Ҳар иккала ном ҳам қандайдир салбий маъно касб этарди, аммо бундан Скипуорт заррача хафа бўлмасди. Эдиснинг ёнида Грейс Бэркхардтнинг ўзи ўтирарди; унинг ёруғ оламга чиқиши муносабати билан Палмер бир куни рамзли қилиб ифодалаганидек, бугун унинг “халққа кўриниш”ларидан бири эди.

Палмер Миссис Бэркхардтнинг Эдис ва у билан олиб бораётган енгил суҳбати риштасини узмаган ҳолда уй соҳибасига зимдан разм сола бошлади. Грейс Бэркхардт ҳақидаги маълумотлар ғоят ғарибона эди. Борлари ҳам ғийбатдан холи эди. Қарийб барча вақтини, ҳатто энг ёмон ёз ойларини ҳам у Коннектикут штатидаги ўз уйида ўтказарди; шаҳарга эса кўп деганда йилига олти мартагина чиқарди. Оламга намоён бўлиш учун унинг айнан нега бугунни танлагани сабабини Палмер айта олмасди.

Грейс Бэркхардт эри билан деярли бир хил — 65-66 ёшдаги жиккаккина, қотма аёл эди. Чеҳрасидан қон томиб турувчи эридан фарқли ўлароқ, унинг юзи касалванд ва рангпар кўринарди. Палмер унинг сочини хиёл бўяганини пайқади, бу аёл кутганчалик натижа бермаганди: оппоқ сочи деярли унинг юзи ранги билан бир хил бўлиб қолганди. Афтидан, Грейс Бэркхардт қандайдир касалга чалинган, ўйлади Палмер, йўқса бу қадар заҳиллашиб кетармиди? Кейин барибир бу заҳиллик дафъатан қараганда унча сезилмайди-ку, деган тўхтамга келди. Ҳарҳолда Грейснинг заҳиллиги унинг касалвандлигини билдирмасди. У дадил ва енгил, жағи-жағига тегмай гапирар, бир қарасанг болалар тарбиясига оид гоҳ у, гоҳ бу муаммоларни тилга олар, яна бир қарасанг сўнгги кийим модалари, дўстлари бошига тушган мусибатлар ва эрининг соғлиғидан сўз очар эди.
— ...унинг ёшидаги эркаклар учун бу ғалати-ку, — деди у.
— Ҳар қандай ёшдаги эркаклар учун ҳам, — қувватлади Палмер; сўнг бу хушомадни у нечоғли нотабиий енгиллик билан айтганини пайқаб, ҳушёр тортди.
— Жуда тўғри айтдингиз, — уни маъқуллади Грейс Бэркхардт. — Сизларнинг тилингизда нима дейди ўшани, зўр беришми, нимайди? Унинг зўр берганини ўз кўзим билан кўрдим. Йўқ, у буни ортда қолмаслик деб атаганди. Ҳа, назаримда шунақайди, ортда қолмаслик. У ўзидан нақ 20 ёш кичик эркакка баравар келаман дейди-да, лекин ўша ёш одам ҳам Лэйн чарчашидан анча олдинроқ ҳаллослаб қолди.
— Мен кўпинча Вудс ҳам атлетика клубига бориб турса яхши бўларди деб ўйлардим, — деди Эдис. — Чикагода у югуриш деса балодан қочгандай қочарди. Лоақал бир неча килограммга тўлишганида ҳам мен уни кўндирардим. Лекин...

Ҳар иккала аёл бурилиб, Палмернинг бошидан оёғига разм солиб қаради.
— Жудаям озғин, — қатъий оҳангда деди Бэркхардт. — Қилтириқ ва оч эркаклар ҳақида нима дейиларди бу? Бундай эркаклар хавфли бўлади. — Қошини чимириб, аёл Палмерга қараб қўйди. — Лекин шундай бўлса ҳам унинг юзи ажабтовар — ҳавас қилса арзийди, — қўшиб қўйди у жилмайиб.
— Хоним, — сўз қотди Палмер, — мени жуда мақтаб юбордингиз. — У хиёл эгилиб қўйди-да, улуғ ёшдаги, смокинг кийган ва галстук таққан негр юмшоқ оқ сочиқ билан стаканларни артиб турган барга йўналди.
— Нима ичадилар, мистер Палмер?
— Виски. Муз билан, фақат майдалаб солинг, илтимос.
— “Скотч мист”ми? — сўради бармен.
— Зўр.
— Лимонли бўлсинми?
— Зўр.

Ҳаёт мураккабликларидан пайдо бўлган ғазабини билдирмаслик учун Палмер нафасини ичига ютишга уринди. Барменга қилган жўнгина буюртмаси сал бўлмаса катта томошага айланиб кетаёзди. Иш юзасидан чақирилган йиғилиш хотинлар билан тўлдирилган дунёвий зиёфатга айлантириб юборилганди. Бу ерда ўйналаётган ўйин бошдан-оёқ сохта эди. Палмер стаканни олди-да, аслида нима бўлаётганини англашга ҳаракат қилганча бар олдида бирпас турди.

Олдиларига Никос юриб келганидан кейин Гарри Элдер ва Клифф Мергендал яна бирмунча вақт суҳбатни давом этдиришди; қандайдир ички қувват билан таъминлангандай, суҳбат чўзилгандан чўзилди ва уни тўхтатиш қийин эди. Бироқ ЮБТК вакиллари охири Никос уларнинг олдига бекорга келмаганини фаҳмлашгач, улар ўша заҳоти жимиб қолишди ва гўё ўзларини унинг ихтиёрига топширган бўлишди. Шу аснода Бэркхардтнинг нигоҳи шу гуруҳда тўхтади ва у гарчи ўзи хона ўртасида, кўринмас чироқнинг кўзни олувчи нури остида ўтирган бўлса-да, уларни бир лаҳза ҳам кўздан қочирмаётган эди. Ўзини Арчер исмли, Палмернинг ёшидаги, ЮБТКнинг деярли барча ишларини юритувчи юридик фирма соҳибларидан бири билан гаплашаётгандек қилиб кўрсатмоқда эди.

Арчер кўп жиҳатдан Палмерга ўхшаб кетарди. Иккови ҳам қирқдан сал ошган, иккови ҳам хийла новча ва қотмадан келган, юзларидан ўқимишлиликлари кўриниб турган ва сочлари калта қилиб олинган одамлар эди. Арчернинг отаси аср бошида юридик фирмага асос солганда, Арчер шерик бўлганди, бу ҳам уни Палмер билан яқинлаштирган эди. Ўхшашлик шу ерда тугарди. Арчернинг ранги жудаям қорача, деярли зайтун тусида эди, қора сочидан ҳам кўкиш ранг акс бериб турарди. Бу одамни кузатар экан, Палмер унинг чеҳрасидаги зиёлилик фақат юзаки кўриниш, холос, деб ўйлади. Арчернинг зеҳни юридик факультетни бир амаллаб битириб олиш ва адвокатликка имтиҳон топширишгагина етарди. Унинг қудрати оилавий ва иш муносабатларидагина намоён бўлар эди.

Мен ҳам, деб дилидан кечирарди Палмер, Бэркхардтнинг ноғорасига ўйнайдиган маймундан у қадар фарқ қилмайман.

Вискидан оғзини тўлдириб ҳўплади-да, Палмер жўрттага Бэркхардтнинг ёнидан юриб ўтди ва хона тўрида гаплашиб турган учала киши томон йўл олаётиб бошлиқ уни тўхтатиб қолиши мумкинлигини кўнгли сезди.
— Вуди, — деди Бэркхардт хиёл хириллаган, бўғиқ овозда, — Жимми Арчер эсингдами? — Унинг катта-катта бўғимдор бармоқлари Палмернинг қўлини тирсаги юқорироғидан қисиб турарди.
— Жимми, кўринишинг чакки эмас.
— Ҳозиргина Буэнос-Айресдан келдим.
— Қойил — деди Палмер. У ўз бошлиғига қаради. — Кўринишингиз ҳайрон қоларли даражада яхши. Турникда чаққон ҳаракатлар қилишингиз билан йигитларни доғда қолдиришингизни хотинингиз сўзлаб берганди.
— Йўқ, бу илгари шундай эди, — гулдираб деди Бэркхардт. — Бир лаҳза у Палмернинг қўлини қаттиқроқ қисди. — Энди олдинги валдирашларим йўқ, Вуди. Ўлгудай жонимга теккан.

Палмер унинг чап ёнидан кўксини ушлаб қўйди:
— Соатдай ҳалиям бир текис уриб турибдими, ахир?
— Ҳаҳ. Мана бу ёғидан хавотир олмасам бўлади. — Бэркхардтнинг митти оқиш кўзлари сузилди. Афтидан, у кўзларини ўткир офтоб нуридан қисганди. У Палмернинг қўлини қўйиб юборди, муштумини тугди-да, унинг кўкраги устидан туртиб қўйди. Ҳаракат қисқа бўлди ва афтидан, Бэркхардт унга ҳеч қандай куч сарфламаган эди. Шундай бўлса ҳам яхшигина оғриқ берди.
— Секинроқ-да, — ғудранди Палмер. — Ўрдамчиларга ёмон муомала қилиб бўлмайди.

Бэркхардт Палмерга юзма-юз турса-да, кўзларини Арчердан узмасди.
— Сездингизми, — сўради у, — икки рақамли шахс ҳар доим сизнинг соғлиғингиз ғамида юради?
— Мен вақтни исроф қилишнинг энг яхши усулини ўйлаб топишим мумкин, — деди Палмер, — бу сизнинг ажални кутганингиздан кўра дурустроқ.
— Бу қўлингиздан келади, — маъқуллади Бэркхардт ҳаддан ташқари лутф билан; ҳарҳолда Палмерга шундай туюлди. — Буни қандай уддалашни ҳам биласиз.
— Нечта вице-президентни дафн этдингиз, Лэйн?
— Шунга муносиб бўлганларнигина.

Палмер юмшоқ кулиб қўйди.
— Touche[10] . — У бурчакдаги учала эркак томонга бош ирғаб қўйди. — Бориб банк ишларимиз ҳақида гаплашай.

Бэркхардтнинг кучли бармоқлари айни боя мушт тушган жойда яна тугилди. Палмернинг қўли зирқирагандай бўлди.
— Биз сен билан қанақа гаплашар эдик, эсингдами ўзи? — сўради Бэркхардт.
— Бир нарса эсимда қолган бўлса ўлай агар, — жавоб берди Палмер, — сизни банкда жуда кам кўрганимдан сиз билан қандай гаплашиш ҳам эсимдан чиқиб кетибди.
— Менинг сенинг ортингда туришим сенга асло керак эмас, Вуди. Тушунишимча, сен ўзинг қойилмақом қилиб эплайсан.
— Ким айтди буни сизга?
— Менинг тонгги газеталарим. Сен уларда ҳар уч кунда бир, гоҳо ундан кўпроқ чиқиб турасан.
— Агар сиз ҳар расмий зиёфатда президиумда пашша қўриб ўтиришларим ҳақидаги хабарларни назарда тутаётган бўлсангиз, унда сиз ҳақсиз.
— Фақат шугина сенинг тез-тез чиқишингга сабаб бўлмаётгандир?
— Сиракузада келаси ҳафтада маърузам бор. Ўйлайманки, президиумда пашша қўриб ўтирганимга нисбатан бу олға силжиш бўлади.
— Яна қаерда нутқ сўзлайсан?

Палмер пешонасини тириштирди:
— Бир ҳафтадан кейин Буффалода. Кейин ўн кун давомида Бруклинда, Утикда ва Рочестерда. — Палмер бошлиқнинг ўз қўлини қўйиб юборишини кутарди.
— Жимми, ҳеч менинг нутқларимни эшитганмисан? — сўради у.
— Бу нима деганинг, Вуди?
— Банк вакили сифатидаги нутқларимни эшитганмисан?
— Айтолмайман.
— Бу кичиккина, ғоятда ғалати томоша, — тушунтирди Палмер. — Дебоча сифатида, ҳалигиндай, оламнинг пайдо бўлишидан бошлаб банклар тарихининг мароқли манзарасини қоралаяпман. Бобил дон омборлари. Миср тижорат бирлашмалари. Барча асрлар оша. Бунга, ҳазил қилиб айтганда, роса беш дақиқа вақт кетади. Қарабсизки, мен ўз давримизда пайдо бўлиб қолибман — қанд пўстлоғли аччиқ ҳапдори ва биз омонат банкларига шафқатсизларча ҳужум бошлаб юборамиз. Эшитиб қулоғингизга ишонмайсиз.
— Сенинг маърузалар ёзишингни билмас эдим, Вуди.
— Мен ҳечам ёзмайман. Уларни ёзиб беришади... — Тўсатдан Бэркхардт унинг қўлини жуда қаттиқ қисиб юборди. Палмернинг юзи бужмайиб, қўлини бўшатиш учун бир четга чекилди. — Шаҳарда нутқ сўзлайдиган бўлсам сенга хабар қиламан, Жимми. Бу зўр бўлади, сен нутқимни бир эшитиб қўйишинг керак.
— Тушунишимча, — деди Бэркхардт салмоқ билан, — банк ишбилармонлари олдида нутқ сўзлашдан олдин сен ўз томошангни обдон пишитиб олар экансан.
— Жуда топиб айтингиз.
— Лекин олдиндан мақтанишга арзимайди, — деб гапни тугаллади Бэркхардт Арчерга кулиб қўяркан.

Палмер босснинг митти кўзлари яна хона бурчагида турган учала кишига қадалганини пайқади. Узр сўраб ўтирмай Палмер Бэркхардтнинг олдидан кетди ва ўша гуруҳга яқинлашганда Арчибалд Никоснинг сўзлари қулоғига чалинди:
— ... бугунги иқтисодиётнинг айни моҳияти.
— Сиз ҳақсиз, албатта, — деди Клифф Мергендал, — бироқ бозорнинг ҳозирги ҳолатида бундай паст фоизли, бундай ҳажмдаги таъминланмаган заём бир оқшомда ҳал қилиш мумкин бўлган масала ҳисобланмайди.
— Бундан ташқари ҳам, — гап қўшди Гарри Элдер, — заёмни тўлашга берилган мутлақо узоқ муддатни ҳисобга олганда, амалга ошиши қийин режа келиб чиқади.

Баҳсга тортмоқчи бўлгандай Никос ўша илжайганча Палмерга ўгирилди.
— Бўлмаса-чи, — деди у, — бундай битимнинг жамоатчиликка таъсири қайсидир даражада ўзидан-ўзи қўшимча таъминот бўлиб ҳисобланади.
— Бу қанақа битим бўлиши керак? — сўради Палмер.
— Бу... — Никос тилини тишлади. Унинг чақчайган кўзларида бесаранжомлик пайдо бўлди.
— Вуди заём муаммолари билан шуғулланмайди, — деди Гарри Элдер ўзининг баланд хирилдоқ овозида. — Булар банк ишларини муҳокама қилган қисқа маслаҳатлашувларимизга вақт топиши учун у омонат банкларининг мана бу машмашалари билан қаттиқ банд.
— Тушунаман, — жавоб берди Никос. У бир дақиқа жимиб қолди, кейин жилмайди... — Жудаям мафтункор хотинингиз бор-да, мистер Палмер.

Суҳбатнинг бу йўсинда ўзгариши унинг чаккасига тарсаки тортгандай бўлди. Палмер жавоб тариқасида лабларини тиккасига чўзиб жилмайди.
— Раҳмат. Ҳеч шунга эътибор қилмаган эканман, — деди у суҳбатнинг аввалги мавзусига қайтар экан, — лекин мен тафсилотларни ҳозир эшитганларим билан таққослаб кўришга ҳаракат қиламан. Менинг ақлим етмай турган ягона нарса — бу ҳажм ҳақидаги гап эди.
— Ярим миллиард, — деди Мергендал, гўё пулнинг ҳаддан ташқари катталиги уни ташвишга солгандек, бироз асабий ҳолда.
— Қанақа фоиз меъёри бўйича? — астойдил сўради Палмер. — Олтими? Бешми?

Гарри Элдер чийиллаб кулди ва Никосга кўз қисиб қўйди.
— У ҳар биримизнинг жойимизни солиб қўяди, Арчи.
— Беш ярим, — жавоб берди Мергендал таклифнинг ошкора бемаънилигидан шикоят қилган оҳангда. — Бу меъёр фахрийлар учун имтиёзли бай пули, жин урсин.
— Тағин йигирма йилдан кўпроқ муддатга, — тахмин қилиб деди Палмер.
— Роппа-роса йигирма йилга, — унинг гапини тўғрилади Мергендал. — Сизга ҳеч қандай йўриқноманинг ҳожати йўқ.

Палмер елка учирди ва Никосга мурожаат қилди:
— Сиз бир нарсада ҳақсиз. Газеталарнинг биринчи саҳифаларига тушиш учун бу ҳийла ғайриодатий ҳол. Лекин мен ЮБТКнинг рекламани қўшимча таъминот сифатида баҳолашига ишонмайман.
— Бу омадсиз муболағадан бошқа нарса эмас, — шошиб гап қотди Никос. — Аслида бундай ҳолда юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий муносабат газеталар учун шов-шувли гап эмас. У бор-йўғи ўзига хос ишончсизлик овози, холос. Айнан мана шу палла айниқса қулай...
— Менга қаранг, — гумбирлаб деди Бэркхардт хона ўртасидан. — Биз ҳаммамиз аллақачон Уолдорфда бўлишимиз керак эди. Томоша яна 15 дақиқадан кейин бошланади.

Палмерга барча овозлар ҳаддан ташқари тармоқланиб кетгандай туюлди — бу унинг ортидаги меҳмонларнинг ўрнидан кўзғалгани эди. У ўз стаканига қараб қўйди ва яна оғзини тўлдириб ҳўплади.
— Мен тушунмай турган нарсам шундаки, — мурожаат қилди у Никосга, яхшироқ эшитиши учун овозини кўтариб, — бундай илтифотни биз кимга кўрсатишимиз керак?
— Бошни қотирмасанг-чи, Вуди, — деди Гарри Элдер. — Яқинда мени имтиҳондан ўтказганингдан кейин ҳам сенга ишонишимни истайсанми?

Гап қандай имтиҳон ҳақида кетаётганини дарҳол англаган Палмер Элдерга қаради.
— Йўқ, тўғрисини айтаяпман, — деди у, — гапим мутлақо жиддий.
— ... Машиналар бўлиши учун пастга қўнғироқ ҳам қилиб қўйинг, — деди Бэркхардт унинг гапига улаб.

Никос, афтидан, Бэркхардтнинг эълонини суҳбат мавзуидан қочиш учун қулай баҳона ўрнида қўллаганидан хурсанд эди. У жилмайди ва Палмерга бош ирғаб қўйиб, ёни билан ундан нари кета бошлади.
— Айтинг-чи, — деди у, — Форс танобийсида бугун биз нимани кўрамиз? Белафонтними?

Палмер елка қисиб қўйди-да, Гарри Элдерга юзланди:
— Қанақа фирма бу, Гарри?
— Сени биларсан деб ўйлагандим, Вуди.
— Йўқ, билмайман.
— “Жет-Тех интернешнл”.

Шу оқшом кечроқ Палмер Гарри тилга кирганида нима учун хонада бирдан жимжит бўлиб қолганини англашга ҳаракат қилди. Кийинишга ёрдам бераётганларида меҳмонлар суҳбатни тўхтатиб турганларидандир? Эҳтимол, улардан бир қанчаси аллақачон эшик томон юра бошлагандир? Нима бўлганда ҳам, Гаррининг сўзлари деярли тўла жимжитликда садо берганди.

Палмер қўлидаги стаканнинг совуғини ҳис этди. Совуқ елка курагигача зирқиратиб юборди.
— Жет-Тех? — такрор сўради у.

Анча кейин, улар форс танобийсида рақс майдончаси ёнгинасидаги столчада ўтирганларида Палмер бу саҳнани миясида қайта ва қайта кўриб чиқаётганини, унинг ботиний маъносини англашга қайсарлик билан ҳаракат қилаётганини, бундан бадани совуқ жимирлаб кетаётганини сезди. У сўзларига қулоқ солмай қўшиқчини кузатаётир, барибир анави ёқда, Бэркхардтнинг уйида нима учун бош айланишига ўхшаш бир нимани ҳис этганини англашга уринди. Нимагадир оёқлари остидаги ер ўйилиб, чоҳга тушиб кетаётгандай бўлганини элас-элас эслади.

Ўттиз Биринчи Боб

Кун эртаси кўнгилсиз бошланди. Палмер уйқудан оғир уйғонди. Қисман бу хумордан бўлса, қисман шуурида кеча оқшом туғилган ноаниқ шубҳанинг ўзидан эди. Эдиснинг Бэркхардтникидаги зиёфатда содир бўлган аҳмоқона қилиқларини миридан-сиригача нонушта чоғида муҳокама қиламиз деб оёқ тираб туриб олиши ишнинг бадтар пачавасини чиқармоқда эди.

Энди ўз хонасидаги столда чароғон қиш офтоби туфайли баҳайбат юқориги дераза қопқоғини ёпиб ўтирар экан, Палмер Жо Лумис ва “Жет-Тех интернешнл” ҳақида Виржиния Клэри тўплаган маълумотни яна бир карра батафсил ўрганиб чиқди. Каллайи саҳардан банкка келиб, Палмер Виржиния билан гаплашишдан ўзини базўр тийиб турарди. У ҳатто Виржиния ва Мак Бернсга ваъда қилган фарқни ҳам кейинга қолдирди. Шундай бўлса-да, у ўзи ишонган биронта одам билан Никоснинг таклифини муҳокама қилмаса бўлмас эди.

Қоғозни бир четга қўйиб ва маъносиз нигоҳини қаршидаги деворга тикиб, Палмер Виржинияни кўришни хоҳламаётганини, чунки унинг ўзини қандай тутишини тасаввур қилолмаслигини англади. Айни вақтда у шу жувондан бошқа Никоснинг таклифи ҳақида ҳеч ким билан гаплаша олмаслигини ҳам билиб турарди, айниқса ҳозир, қайсидир тушунча томон олиб борувчи йўлни пайпаслаб топиб олмагунга қадар.

Палмер ички алоқа тугмачаси томон чўзилган қўлига разм солди. Бармоғи “Скртр” тугмачасини босганини дарҳол англади. Котиба жавоб бергач, у ҳаяжонланаётганимни билиб қолмасин дея аста йўталиб олди ва деди:
— Айтинг, мисс Клэри ҳузуримга кирсин.

Жувонни кутар экан, Палмер барча одатдаги маъмурий хатти-ҳаракатлар унга панд берганини сезди. Стол устида у кўриб чиқиши, саралаши, қовоғини уйиб бармоқлари билан чертиши, ўқиши, устида фикр юритиши, бир жойдан бошқа жойга олиб қўйиши, қистириши, суғуриши, устига қандайдир белгилар қўйиб чиқиши ва ҳ.к.лар қилиши керак бўлган кўпдан-кўп қоғозлар ётар эди. Молия ва банк ишларига оид саҳифалари очиб ва котиба тартиб билан тахлаб қўйган тонгги газеталар унинг қўли остида. Бундан ташқари бу ерда “Уолл-стрит жорнэл”нинг ўқилмаган сони ҳам бор эди. Бироқ Палмер кўзларини ёпиқ эшикка қадаганча қимир этмай ўтирарди. Эшик очилди-ю, у беихтиёр ўрнидан турди.

Унинг рўпарасига келиб ўтираркан, Виржиния ияк ирғаб қўйди:
— Хайрли тонг.

Палмер унинг қандай жойлашиб олишини кузатди: иккала оёғини ёнма-ён қўйди, қўллари тиззалари устида, кафтларини тепага қилиб қовуштириб олди. Бир лаҳза ўтгач, у жувоннинг саломига алик олмаганини англаб қолди.
— Хайрли тонг, — шошиб деди у. — Айтинг-чи... — Омонат банкларига доир мана бу гаплар бошланганда сиз ЮБТКда ишлар эдингизми?

Жувон бошини чайқади:
— Бу ҳангома бундан ўн йил муқаддам бошланган. Мен қандай бўлганини эслайман-у, аммо ЮБТК нуқтаи назаридан эмас.

Уларнинг нигоҳлари тўқнашди. Палмер жувоннинг ёноқлари бўртиқ ва катта-катта қора кўзли чеҳрасига разм солди.
— Сиз бугун ҳаддан ташқари жозибали кўринасиз, — ғудранди йигит.

Жувон елкаси оша ёпиқ эшикка қаради ва жувонга томон юзланиб деди:
— Сиз эса ундай эмассиз.

Йигит бош ирғаб қўйди-да, унга сигарета узатди.
— Асабий бўлганимда, тун бўйи мижжа қоқмаган бўлардим.
— Лекин сиз, барибир, ухлагансиз, — деди Виржиния сигаретани рад этаркан.

Йигит яна бош ирғиди.
— Нотинч.
— Виждонингизми? — Жувон хиёл қошини чимирди. — Жуда афсусдаман.
— Йўқ. — Йигит улар бутунлай бошқа-бошқа нарсалар ҳақида гаплашишаётганларини англаб қолди. Боз устига, буни жувонга тушунтириш уни ҳақорат қилиш эканини ҳам англади.

Албатта, деб мушоҳада қиларди Палмер, Виржиния унинг асабийлашувини гуноҳ туйғуси натижаси деб ҳисоблаши керак. Унинг виждони қийналишидан ҳам жиддийроқ асабийлашувига бошқа сабаблар бор эканини жувон тушида кўрибдими. Бунинг устига улар кеча оқшом ажрашганларидан кейин нималар бўлганини Виржиния билмасди.
— Виждонингиз қийналмадими?
— Сиз ўзингизни айбдор деб билмаслигингиз керак деб айтмоқчи эдим.
— Менинг қўлимдан ҳеч нарса келмайди.
— Модомики мен ўзимни айбдор, деб ҳис қилмабманми, демак сиз ҳам шундай бўлишингиз керак.
— Яхши, — рози бўлди Виржиния, — тўғрисини айтсам, хурсандман, — тўсатдан унинг кўзлари янада катталашиб кетди. — Ҳарҳолда, — давом этди жувон, унинг овози деярли шивирлаб чиқмоқда, кўзлари эса йигитга тик қараб турарди. — Шу пайтгача менинг биронта ишим менга бундай ҳузур бағишламаганди. Энди бўлса, — унинг овози яна жаранглаб чиқа бошлади ва деярли ишчан оҳанг касб этганди, — омонат банклари хусусида сиз яна нималар билишни истар эдингиз?

Гўё елкасидан тоғ ағдарилгандай ўзини енгил ҳис қилиб, Палмер ўриндиқ орқасига ётиб олди; назарида бир меҳрибон қўл баданини силаб, вужудини яйратаётгандай ҳис қилди.
— Биласизми, — деди йигит, — мен сизга бир нечта ноқулай савол бермоқчиман, чунки менга сизнинг тайёр бўлмаган жавобларингиз керак. Аниғини айтинг-чи, омонат банкларига доир мана бу жанг даставвал қачон бошланганди?
— Бу 10 йил муқаддам Олбанидаги қонун чиқарувчи мажлис таклифидан бошланганди. Ўшанда омонат банкларига уларнинг бош бошқармаси жойлашган округдан ташқарида бўлимга эга бўлиш ҳуқуқи берилганди.
— Таклифни ким илгари сурганди?

Жувон елкаларини қисди:
— Штат марказидан мажлиснинг бир неча аъзоси. Менимча, Нью-Йоркдан эди.
— Таклиф нима бўлди?
— У жимгина жон берди-қўйди.
— Шундайича-я? Ҳеч қандай кураш-пурашсиз-а?
— Ҳеч қандай кураш-пурашсиз. — Жувон бир дақиқа ўйланиб олди. — Агар омонат банклари ўшандан буён бўлимлар ҳақидаги қонун лойиҳаларига сарфлаган барча пуллардан биринчи йилиёқ фойдаланганларида эди, дастлабки уринишдаёқ ғалаба қозонилган бўларди. Аммо бундай қадам қўйишга ҳеч кимнинг юраги дов бермади.

Палмер бош ирғади:
— Буни менга Бернс тушунтириб берди. У бу йиллар ичида омонат банкларининг бўлимлари ҳақидаги таклиф барча нусхаларида қонун чиқарувчилар учун ортиқча юк бўлиб келган. Айтинг-чи, очиқ кураш қачон бошланган? Қайси йилда?
— Кураш бир неча марта авж олган. Саккиз йил бурун ҳам. Беш йил бурун ҳам. Шубҳасиз, ўтган йили юқори нуқтага бориб етди. Сиз бугун бутунлай бошқача кўринаяпсиз.

Палмер қовоғини уйди.
— Нега бошқача кўринарканман? Қайси маънода?
— Бироз асабийлашгандайсиз. — Жувон гапидан тўхтади-да, бошини сараклатди. — Мавзуга алоқадор эмас. Мен ўзимга қарашим керак. Бўпти, энди омонат банклари курашига қайтайлик.
— Ҳа. Нима учун айнан ўтган йили кураш бу қадар кескин бўлди?
— Қисман шунданки, омонат банклари олдингилардан кўпроқ тазйиқ ўтказа бошлашди, — тушунтирди жувон. — Қисман яна шунданки, улар ҳар қандай одоб-ахлоқни бир четга қўйиб, ЮБТКга ўхшаган йирик шаҳар банкларига ҳужум бошладилар. Яна қисман шунданки, Лэйн Бэркхардтнинг фикрича, улар ҳужумни энди шахсан унинг ўзига қарши олиб бора бошладилар. У ҳам муштлашувга бош қўшгандан кейин чинакамига тўс-тўполон бошланиб кетди.
— Тўғри. Ҳамма гап шунда, — деди Палмер. — Нима учун охири Бэркхардт жангга киришишга қарор қилди?

Жувон яна елка қисди:
— Бу йилнинг бошида нима бўлган бўлса, ўшанда ҳам шундай бўлганди. Жо Лумис “Меррей Хил” омонат банки номидан ундан курашдан тийилиб туришини илтимос қилди. Шунинг учун Бэркхардт айнан шунинг тескарисини қилишга аҳд этди.
— У билан Лумис эски дўстлар, қил ўтмас улфатлар, қон душманлар эмас. Нима учун Бэркхардт шундай қилиши керак бўлиб қолган?
— Айнан шунинг учунки, — деди Виржиния, — у дўстликнинг оқибати нимага олиб келишини англади. Бэркхардт курашда душман унинг асосий омили бўлади деган қарорга келди, рақибининг қўлларини боғлаб қўймоқчи бўлди, Лумис билан дўстликларидан қинғир йўлда фойдаланишни ўйлади.
— Тушунарли, — давом этди Палмер. — Булар барини сиз қаёқдан биласиз?
— Бэркхардтнинг ўзи баъзи гапларга ишора қилар эди, бошқа гапларни эса менинг ўзимга ёки мен боримда очиқ-ошкор айтар эди. Қолганларини мен газетчилардан билиб олар эдим.

Палмер битта сигарета олмоқчи бўлди, бироқ ўйлаб, пачкани яна Виржинияга тутди. Жувон рад этгандан кейин у сигарета тутатди.
— Энди айтинг, Бэркхардтнинг қайсарлигини ҳамма биладими? Саноатчилар ичидан битта-яримтасининг бундан хабари борми?
— Агар улар билишмайди десалар, мен ҳайратдан ёқа ушлаган бўлардим.

Палмер бош ирғади.
— Навбатдаги савол: ўтган сессияда бўлимлар ҳақидаги таклиф қандай барбод бўлганди? Бу ғалабани Бэркхардтнинг шахсий ғалабаси деб қай даражада ҳисоблаш мумкин?
— Оббо! Сиз жуда нозик саволлар бердингиз-ку.
— Мен жудаям бир чигал калаванинг учини топмоқчиман.
— Мен айтардимки... ҳм-ҳм... нима дердим? — ўзидан сўради жувон. — Ўтган йили қонун чиқарувчи мажлис таклифга деярли баб-баравар муносабатда эди. Овоз бериш ҳар икки томонга оғиб кетиши мумкин эди. Келишмовчиликлар партиявий белги бўйича юзага келмаганди, бироқ мухолифат асосан чекка штатлардан бўлгани учун республикачилар эди; омонат банклари тарафдорлари асосан штат марказидан бўлиб, демакки, демократлар эди. Кейин эса... — Жувон жимиб ўйга толди.
— Кейин-чи?
— Келганлардан бири ўрнидан турди-да, партиявий ягоналикка чорлади. У омонат банклари — майда одамлар банки, демократик партия — уларнинг партияси бўлгани боис, худо ҳақи, келинглар, республикачилар ва тижорат банкирларининг иблисона иттифоқига қарши бирлашайлик ва таклифни илгари сурайлик, деб таъкидлади.
— Бу маърузанинг бирон таъсири сезилдими?
— У кутилмаганда можароли масалани партиядан ташқаридаги партияга айлантириб юборди. Таклифда сўзга чиққан озгина республикачилар думларини қисиб қолишди ва бирлашган республикачилар қанотида унга қарши овоз бердилар; бу нутқдан кейин уларда бошқа йўл қолмаганди.
— Демак сиз, — ўсмоқчилади Палмер, — маъруза у қадар таъсирчан бўлмади демоқчисиз, шундайми?
— Ҳаддан ташқари бемаъни нутқ бўлди.
— Уни тағин сал бошқачароқ қилиб тавсифлаб беролмайсизми? — сўради Палмер.
— Ўта ўзига хос.
— Сиз бу таклиф тарафдорининг номи учун унинг имкониятларини бу қадар густохона барбод этаётганидан ҳайрон бўлгандирсиз?
— Жуда топиб айтдингиз, шеф.

Палмер юзини тириштирди.
— Шу “шеф” деган сўзни бошқа эшитмай сиздан.
— Яхши, босс.
— Давом этинг.
— Кечирасиз. — Жувон кулиб қўймоқчи эди-ю, бироқ дарҳол ўзини қўлга олди. — Узр. Азбаройи қизиқаётганим учун, илтимос, сизга малол келмасин-у, бир нарсани сўрамоқчиман, сиз нимага ишора қилаяпсиз... мистер Палмер?
— Ўзингизни босинг, — деди йигит насиҳатомуз. — Яна бир нечта қутқули саволларим бор. Бу йил Жо Лумис ўзининг Бэркхардтга нисбатан навбатдаги мурожаати билан яна ҳамма нарсани ҳаракатга келтирганини қаёқдан биласиз?
— Бэркхардт буни ҳеч кимдан яширмас эди. Сиз бизнинг бахтиёр даврамизга келиб қўшилган пайтдаёқ у ғазабдан ўзини қўйгани жой тополмай қолган эди.
— Ғазабга ҳам келганди, курашни охирига етказишга онт ҳам ичганди, шундайми?
— Худди шундай.
— Бултур партиявий якдиллик сари бу ғалати даъват эълон қилинганида ЮБТКдан биронта одам нима учун қонун чиқарувчилардан бири бутун сафарбарликни барбод этишга тўсатдан жазм қилиб қолди деган гапни айтмаганми?
— Менимча, у ғирт маст деган ягона фикрга келишганди.
— Ростданми?
— Унинг бай пули қўяётгани кундай равшан эди. Лекин у бу ишни бунақа лўттибозликка йўл қўймасдан кўп йиллардан бери адо этиб келарди.
— Яна қандайдир тахминлар борми?
— Бизникилардан бири унга бир даста пул кўрсатганмиш.
— Шундай бўлиши мумкинми? — тиниб-тинчимасди Палмер.
— Биласизми, мен реклама бўлимининг кичик бир одамиман, фолбин эмасман.
— Мен эса сизни чинакам кельт жодугари деб юрардим.
— Фақат қоронғи тушгандан кейин.
— Ҳа. Энди эсладим.
— М-м...

Улар жимиб қолишди.
— Нима ҳам дердик, — деди сўнгра Палмер. У хўрсинди-да, жувонга қараб жилмайиб қўйди. — Калаванинг учи қўлимга кирди десам бўлаверади. Борди-ю, бир силтасам, худди кўзбойлоғичнинг сеҳрли таёқчасидай бутун калавани чийратиб юборади.
— Марҳамат, маэстро.

Йигит ички алоқа телефонига узанди-да, “Элдер” тугмачасини босди. Бир сониядан сўнг интеркомда Гаррининг хирилдоқ овози янгради:
— Нима гап, Вуди?
— Тафсилотларни четлаб ўтишга мажбурман, Гарри. Кеча тилга олинган ажойиб битим бизга даставвал қачон таклиф этилганини айта оласанми?
— Йигирма йиллик...
— Тафсилотларсиз, — унинг сўзини бўлди Палмер.
— Ҳа. Яхши. Ўйлаб олишим керак. Тағин келиб-келиб тонг саҳардан-а.
— Тортинмай ўйлайвер.
— Ўйлаяпман, ўйладимам, — тишининг орасидан деди Элдер. — Топдим.
— Хўш?
— Бу қайсидир корхонани молия билан таъминлаш ҳақидаги музокараларни қайта бошлаш муносабати билан ўн саккиз ойлар муқаддам содир бўлганди-ёв. Ўшанда, менимча, ҳеч ким бу таклифга жиддий эътибор бермаганди.
— Лэйн Бэркхардт ҳаммадан кам қизиққанмиди?
— Айниқса Лэйн. У бу таклифни жуда ҳам аҳмоқона, бунақасини умримда кўрмаганман деганди.
— Ҳамма ҳам бунга ҳазилга ўхшаган бир нарса деб қараганмиди? — сўради Палмер.
— Фақат кечаги узун сочли дўстимиздан ташқари ҳамма.
— Албатта. У бу битимни ҳозирги шаклида қачон тақдим қилганди?
— Бир йилча аввал. Балки, ундан камроқми-ей.
— Лэйн ҳамон буни ҳазил деб юрармиди?
— Энди ундай деб ўйламаётганди, — деди Элдер. — Бундоқ ўйлаб қарасаки, бу жиддий нарса экан. Жиддийлиги шунчаликки, у шартта рад этди уни. Бунк идораси розилигини олиб, албатта.
— Ҳозир бу таклиф яна кўтарилаяптими?
— Барра бодрингдай беғубор. Фақат бу гал пули кўпроқ.
— Хўш? — Палмер сукутга чўмди. — Улар ўз таклифларини янгидан барбод бўлишига замин тайёрлашмоқчи деса бўладими?
— Йўқ, бундай эмас, — деди Элдер. — Шунчаки йил ўтиб кетди. Уларнинг режалари кенгайди, уларга кўпроқ шу керак. Мен буни тушуна оламан. Наҳотки сен тушунмаётган бўлсанг?
— Нега тушунмай? Бўпти, раҳмат, Гарри.
— Кеча кабаредаги томоша ҳақида нима дейсан? — сўради Элдер.
— Менга столда — дастурхон устидаги томоша кўпроқ ёқди.
— Вуди, сен тутуруқсиз йигитчага ўхшаб қолаяпсан аста-секин. Бу, биласанми, тутуруқсиз чолдан кўра ёмон.
— Мен тутуруқсиз эмасман. Шунчаки қизиқувчанман.
— Мен билмайдиган бирон нарсани биласанми? — қизиқсинди Элдер.
— Дангал айтаман: ҳеч нарсани.
— Тутуруқсиз чолнинг бошини қотирма, Вуди.
— Хаёлимга ҳам келгани йўқ.
— Келаси сафар валақлаш касалинг хуруж қилиб қолганида, менга хабар қил. — Ички алоқа ўчириб қўйилди.

Виржиния Клэри жимиб қолган интеркомга қараб турарди.
— Булар бари нимани англатади?
— Яна бир дунё қалтис саволлар.
— Сиз билан Элдер кеча оқшом бир жойда бўлганмидингиз?
— Бэркхардт ва Мергендал, хотинларимиз ва яна бир нечта меҳмонлар билан бирга эдик.

Жувон интеркомдан нигоҳини олмаётганди, бироқ унинг кўзлари хиёл торайди.
— Ҳаётингиз ҳодисаларга ҳаддан ташқари тўлиб-тошган, мистер Палмер, — деди у.
— Мен бу зиёфатга кечикиб бордим. Бутунлай эсимдан чиқиб кетибди.
— Ростдан эсингиздан чиққанмиди?
— Ростдан. Зиёфатгача бир иш бўлдию калламга ҳеч нарса келмабди.

Жувоннинг жим турганини кўриб, Палмер стол оша унга эгилди-да, қоғозларни бир четга суриб, деди:
— Бир нима десангиз-чи.
— Аввал ўйлаб олай, кейин айтаман. — Охири жувон кўзларини кўтариб, унга қаради. Палмер унинг хижолатда қолганидан кўра кўпроқ жаҳли бурни учида турганини кўрди.
— Тўғриси ҳам шу-да. Зиёфат бутунлай эсимдан чиқиб кетибди.

Бир сониядан сўнг жувоннинг чеҳраси хижолатдан қизарди. У тескари ўгирилиб, хўрсиниб қўйди.
— Жинниман, — деди Виржиния — Ҳатто нега жаҳлим чиққанини ҳам билмайман. Бу аҳмоқлик бўлмай нима? — У кўзининг қири билан йигитга қараб қўйди-да, яна ундан нигоҳини олиб қочди: — Илтимос, бунга эътибор қилманг.
— Сиз-чи?
— Унутаман, — ваъда берди жувон.

Улар узоқ жим қолишди.
— Жин урсин, кечиринг мени, — бирданига деди йигит охири. Жувон қаддини ростлади ва жилмайишга ҳаракат қилди. — Ҳаммаси жойида. — Сўнг нафасини ўнглаб, бошини кескин силтади: — Энди яхши. Қани, беринг ўша қалтис саволларингизни. — Жувон яна бошини дадил силкиб қўйди, гўё бу билан унда энди ҳақиқатан ҳам ҳаммаси жойида эканини тасдиқлагандек.
— Бўпти. — Йигит столнинг ўзи қоғозлардан холи қилиб қўйган жойга қаради. Холи жой ҳозир Палмернинг шуурини банд этган фикрнинг ўзи каби мунгли ва якранг кўринар эди. Бўшлиқни тўлдириш учун у беихтиёр бир қанча дуч келган қоғозни ўша жойга суриб қўйди.
— Ғоям шу қадар оқилона ва шу қадар аҳмоқонаки, шундай нарсани ўйлаган каллам каллами ё ошқовоқми, ўзим билмайман.
— Менда синаб кўра қолинг.
— Сиз, ростданам, бу ғоям тўғрилигини синаб кўришдан чўчимайдиганим ягона одамсиз! — У қўли билан юзини аста силаб қўйди. — “Жет-Тех” биздаги ҳаддан ташқари катта ва паст фоизли, жуда узоқ муддатли меъёрдаги пул заёми тўғрисида музокаралар олиб боришга уринаётганини эшитсангиз, билмадим, қандай аҳволга тушасиз?
— Қанча экан ўша пул?
— Сизнинг ўзингизни деб мен на пул миқдорини, на меъёр фоизини сизга айта оламан. Тушунгандирсиз?
— Ҳа. Мени ўзим билмаган нарса ҳақида валақлашда айблаш мумкин эмас.
— Ҳамма гап шунда.
— Унда, сизнинг Гарри Элдер билан қилган суҳбатингиздан келиб чиқадиган бўлсак, улар бу заёмни олишмоқчи эмаслар деб ўйласам бўларкан-да?
— Сиз бунга қандай қараган бўлар эдингиз?
— Менми... — Жувон саросимага тушгандай йигитга қаради. Унинг кўзлари аста кенгая бориб, оғзи ярим очилди. — Мен сўраган бўлардимки... — Жувон бошини чайқади: — Йўқ.
— Давом этинг.
— Мен ўз-ўзимдан Жо Лумис ҳақида сўраган бўлардим, — деди ниҳоят Виржиния ҳайратли оҳангда баланд овоз билан. — Сўраган бўлардимки, Лумиснинг бир вақтнинг ўзида ҳам Жет-Тех тарафини, ҳам омонат банкларнинг бўлимлари ҳақидаги таклиф тарафини олиши нимани англатади, деб.
— Шунда нима деб жавоб берган бўлардингиз? — сўради Палмер.
— Мен... мен билмайман. Ҳақиқатан ҳам билмайман.
— Мен ҳам. — Ҳайҳотдай хонада Палмернинг овози маъюс жаранглади. У йўталиб қўйди. — Ҳозирча билмайман, — қўшимча қилди у.

Сўзлар катта хонанинг тўрида бўғиқ акс садо берди. Узоқ жимликдан кейин Виржиния турди. Унинг юзида, гўё ҳеч гап айтилмагандай, ҳеч қанақанги маъно йўқ эди. Шундай бўлса-да, Палмер бунда қандайдир бошқа нарсани, гўё ҳеч нарса бўлмаганини намойишкорона тасдиқловчи ясама бетарафликни пайқади. Жароҳатга малҳамни англади. У хиёл жилмайиб қўйди ва бу ҳаракат унинг лабларини деярли оғритиб чўзгандек бўлди.
— Демак, — деди у, — шунчаки нимадир айтиш жоиз бўлганидан.
— Ўз жавобларим билан сизга ёрдам бера оламанми? — сўради жувон.
— Ҳозирча йўқ. Сиз, ҳарҳолда, ёрдам бериб бўлдингиз.
— Мен сизга ёрдам бермоқчиман.
— Мен ҳам сиздан илтимос қиламан. Хотиржам бўлинг.
— Ишонсам бўладими?
— Ҳа, — қатъий деди йигит.
— Унда мен машинкам олдига қайтай, — деди жувон. — Э, ҳа...
— Нимайди?

Жувон қўлини ўз кўйлагининг ёқасига суқди.
— Бу ерда бир нима бор, — деди у. — Мана. Бу сизники. — Жувон унинг йўқолган тўғноғичини олди ва йигитга узатди.
— Эҳ худойим-ей! — У тўғноғични олди. — Раҳмат.

Жувон бош ирғаб қўйди.
— Мен уни ўзимда олиб қолмоқчи бўлган эдим.
— Лекин у ерда эмас. Бирон жойингизга санчилиши мумкин.

Жувон яна бош ирғади: — Биламан. — Жувон аста ўгирилди-да, эшик томон йўналди. — Санчиб олиш мумкин, шунда тўғрироқ бўлади. — У эшикни очди-да, чиқиб кетди.

Ўттиз Иккинчи Боб

Палмернинг котибаси тушга яқингина охири Бэркхардтни топишга муваф¬фақ бўлди.
— Лэйн, — деди Палмер гўшакка, — келинг, бирга нонушта қилайлик.
— Мен шаҳарнинг бошқа чеккасидаман, Вуди.
— Мен сиз билан ўша ерда кўришаман.
— Сени шунча узоққа овора бўлиб келиб юришингни истамайман, Вуди.
— Ҳечқиси йўқ. — Палмер чап қўлининг галстук тўғноғичини олдинга ва орқага айлантириб ўйнаётган бармоқларига қаради. — Ярим соатдан кейин, хўпми?

Бэркхардт бир лаҳза иккиланди.
— Унда ўзим келаман.
— Ихтиёрингиз.
— 12.40. “Юнион лиг”да.
— Йўқ, — эътироз билдирди Палмер, — молиявий нусхаларга тўлиб-тошмаган бирон жой бўлса.
— Махфий гапинг борми?
— Жуда унақа эмас, — ишонтириб деди Палмер. — Жорий ишлар ҳақидаги ҳисоботларга ўхшаш бир нарса. Яқин бир неча ҳафта ичи мен иш билан у ёқ-бу ёқларда бўламан, сиз билан баъзи нарсаларни маслаҳатлашиб олмоқчи эдим.
— Вуди, сен менинг ҳеч қанақанги маслаҳатимга муҳтож эмассан, буни ўзинг биласан-ку.
— Келинг, сийқаси чиққан йўлдан сал четроқда кўришайлик. Иккинчи авенюда, менимча, қирқинчи кўча атрофида тамадди қилиб олса бўладиган бир ресторанча бор.
— Бу айтганинг сийқаси чиққан йўллардан шу қадар узоқки, нақ тупканинг тубида, — деди Бэркхардт. — Бўпти, Вуди. Сенинг, афтидан, олди-қочди китоблардаги саргузаштларга ишқибозлигинг ҳали ҳам қолмабди.
— Ишқибоз бўлмаган борми ўзи? — сўради Палмер.

Бэркхардт жавоб беришга улгурмай, у гўшакни илди. Шаҳар телефони тугмачасини босди, маълумотлар хонасидан ресторан телефонини аниқлади, у ёққа қўнғироқ қилиб, чоғроқ дастурхонга буюртма берди.

Соатига қаради, ҳали вақти жуда кўп эканини кўрди ва ўриндиққа чалқа ётди. Ҳали вақт кўп экан, ўйлади у. У ўзида жанг олдидаги кескинликни, айниқса, чуқур ҳис қилмоқда эди — атрофдаги одамларга қаттиқ таъсир, қатор мақсадсиз, бир чақага қиммат ҳаракатлар — ишқилиб, фикрни олдинга ўқдай отилиб кетишдан сақлаб қолиш учун қилинадиган ҳар қанақанги чалғитувчи найранг. У тўғноғични стол устига ташлади ва оппоқ бошча тез айланиб, кенг ёй ҳосил қилаётганини кузатиб турди. Кейин уни яна туртди ва бошчанинг айланишини яна томоша қила бошлади.

Эрталабдан бери Палмернинг миясида шу фикр айлангани-айланган: агар ўз шубҳаларини Бэркхардтга очиқдан-очиқ айтиб солса, тўғри қилган бўлармикан? Бу ўқ кўрган чумчуқ ростдан ҳам кўп нарсани билармикан? Агар у ҳеч нимадан бохабар бўлмаса, унинг ғазаби кутилмаган янгилик тақдим этармикан? Ишга фақат зарар етказиши мумкин бўлган бирон ҳаракат қилиши учун йўл очиб берармикан? Борди-ю, Бэркхардт бирон нарсани билса ё ҳис этса, унинг иштироклари Палмернинг шубҳаларига чек қўя олармикан? Ёки улар унга алмисоқдан қолган гаплардай бўлиб кўриниб, Бэркхардтни Палмерга қарши тиш қайратиб қўярмикан?

Албатта, улар ҳақиқатдан йироққа ўхшаб кўринади, шу қадар йироқки, кишининг ақли бовар қилмайди, шундай бўлса-да, уларда қандайдир маъно бор, ўзича қатъий фикрга келди Палмер. Ҳа, энг ёмони шундаки, уларда барибир қандайдир маъно бор.

Палмер тўғноғични олди ва уни нима қилсам экан деб ўйланиб қолди. Галстугига тўғнаб олгани ҳам худди шунақа эди. Ортиқчасини стол тортмасига ёки чўнтагига солиб қўйса бўлади. Ёки ахлат саватига қараб улоқтирсинми? Улоқтирса нима бўлибди? Мошдеккина сопол бошли бир бўлак темир-да. Наҳотки, у бу тўғноғични хотира сифатида асрайдиган даражада аҳмоқ бўлса? Эй худо! У бошқа тўғноғичларга қўшилиб кетади-да, бори ҳам, йўғи ҳам бир гўр бўлади-қўяди.

Виржиния бўлса уни асраб қўймоқчи. Бу унга нега керак экан?

Палмер тўғноғични кўкрак чўнтагига солиб қўйди-да, ўрнидан қўзғалди. У тез юриб катта дераза олдига келди ва қуёшли қиш манзарасига разм солди. Гарчи дарахтлари қип-яланғоч бўлса-да, Сентрал-парк тинч ва осуда, инсон қўли билангина яратилган олий даражадаги санъат асаридек кўринар эди. Бирмунча муддат Палмер чўғдек қизил пальто кийган бўйдор малласоч аёлни кузатиб турди, у “Боквит” дўконидан чиқди-да, “Плаза” томон юриб кетди. Шу масофадан ҳам аёлнинг бўйи роса 180 см келишлиги билиниб турарди. Агар пальтоси рангини айтмаса, бу Эдис ҳам бўлиши мумкин эди. Бу ҳам Эдисга ўхшаб катта-катта одимлар билан шахдам юриб борар, сочи ҳам Эдисдақа ялтироқ ва қўлини ҳам шунақа бурчаксимон қилиб силтар эди. Аёл олий даражада мафтункор кўринарди.

Қизиқ, борди-ю, агар бу янги пальто олган Эдиснинг ўзи бўлиб чиқса, мен ўзимни қандай ҳис этган бўлардим, деб ўйлади Палмер. У аёлнинг пошнаси баландлигини чамалаб кўрмоқчи бўлди. Кўзи ўткир бўлгани билан шунча ердан туриб буни ҳатто чамалашнинг ҳам иложи йўқ эди. Бироқ унинг ҳозирги юриши ҳеч бўлмаганда Виржиния Клэри туфлисига ўхшаш жуда баланд пошнали туфли кийиб олганига Палмернинг имони комил эди. Эдис эса жуда нари борганда беш сантиметрча келадиган пошнали туфли кияди. Демак, бу Эдис эмас. Лекин у жуда ҳам жозибадор эди.

Қуриб кетсин бу гапларнинг бари, ўйлади Палмер деразадан шартта ўгирилар экан. У бирданига ҳаддан ташқари кўп нарсалар ҳақида хаёл сурадиган бўлиб қолибди ўзиям.

Палмер пальтосини кийди-да, банкдан чиқиб, шарқ томон йўл олди. Иккинчи авенюга етиб борди ва ресторангача шу йўлдан анча юрди — бунгача уни биров зимдан кузатаётибдими ё йўқми, бемалол билиб олса бўларди.

Кун унча совуқ бўлмаса-да, изғиринли шамол юзга урарди ва Палмернинг кўзи ёшлана бошлади. Пештахтага қарамоқчи бўлган одамдай у маҳалла ўртасида тўхтади. Бир маҳалла ўтиб, бу усулни яна такрорлади.

Кун совуқ, аммо қуёшли бўлганидан одамлар кўчада сероб эди. Улар ленчга борар ёки ўша ёқдан қайтар эдилар, мусаффо осмон, йўлак асфальтининг жимир-жимир ёғдуси, ўтиб кетаётган машиналар ойнасидан ҳаммаёққа ташланаётган қуёш шуълаларининг ўйноқи аксидан завқланганча тез ва шахдам қадам ташлар; кийимларини ҳилпиратган шамолдан завқланиб юриб борар эдилар. Палмер бундай завқни туймаётган эди.

Лекин у ўзига нисбатан ишончсизликни ҳис этмоқда эди. Ўз шубҳаларини минг бир тарозига солиб, улардан хатолар топиб, хулосалар чиқариб, ўзини ғирт аҳмоқ санаб ва ҳатто жинни ҳисоблаб, у шу нарсани англай бошлаган эдики, ўзининг асосий фикрини тасдиқлаш учун ҳаддан ташқари кам исботга эга экан. Модомики шундай экан, буни Бэркхардтга изҳор қилишнинг нима кераги бор? Ҳеч бўлмаганда биргина кескин исбот бўлиши шарт. Шундай хаёллар билан у бурчакдаги телефон будкасига кирди ва ўз маклерига қўнғироқ қилди. Уларнинг суҳбати қисқагина бўлса-да, бироқ Палмер учун ниманидир ойдинлаштиргандай бўлди.

Ресторангача ярим маҳаллалик йўл қолганда у ортидан ҳеч ким кузатмаётибдимикан деган ўйда яна бир текшириб олди ва ҳеч қандай ғайриодатий нарса пайқамади. Шу топ миясига унинг шубҳаси адолатлими ё йўқ, бундан қатъи назар, ўзимни муттаҳамларча тутаётибман, деган ўй келди. У ресторанга таъби тирриқ бир ҳолда кириб келди, ўз столчасини топди-да, виски буюрди.

Бэркхардт кириб келганида Палмер аллақачон иккинчи стаканга ўтиб улгурганди. Гарчи кечиккани учун чолдан ғижиниб ўтирган бўлса-да, у барибир дастлабки енгил ва мазмунсиз суҳбатни очилибгина ўтказди. Ресторан камбаргина хонада жойлашган бўлиб, “Н” ҳарфининг иккала оёғига ўхшаш иккита хонага ажратилганди. Қачонлардир илгари деворларга манави ерда юзтача одамнинг кулгили башаралари чизиб ташланганди. Сувратлар тагидаги ажи-бужи имзолар улардан биронтасининг кимлигини билишга халал бермасди. Асл қаҳрамонлари кимлигидан бехабар Палмер сувратларнинг кимлигини билиш учун Нью-Йорк аҳли бўлиш керак деб беҳуда тахмин қилмоқда эди.
— ... Биқин гўштига гап йўқ, — дер эди бу орада Бэркхардт.
— Бу жой ҳақида менга Гарри Элдер айтганди, — изоҳ берди Палмер. — Мен сизни бу ерда бўлгансиз деб ўйловдим.
— Бу ерда-я? Бу ерда ҳеч ҳам бўлмаганман илгари, — Бэркхардт гўштдан катта бўлак кесиб олди-да, санчқи билан уни икки буклади ва ликобчадаги тиниқ қизил шарбатга ботириб олиб, ея бошлади. — Ў-ў, мазалигини қаранг.

Бэркхардт тез-тез чайнаб, тез-тез ютар эди. Сўнг санчқини қўйди-да, Палмерга қаради. Унинг митти тўғноғич боши санчиб қўйилгандек қорачиқли оч мовий кўзлари ҳозир катталашгандай туюлиб кетди. Мана, нечанчи мартаки, ўйлади Палмер, қизиқ, нима учундир Бэркхардт ҳар доим чарақлаган қуёш ва қаттиқ шамолга беткай туриб юриб келаётган одамни эслатарди.
— Бошла, Вуди. 1.30 да мен шаҳарда бўлишим керак.
— Жадвалингиз шунақа тиғиз пайтда сизни бу ерга судраб келганим учун узр сўрайман.
— Қўявер. Нимани ҳам яширардик. Гапир.

Палмер энди учинчи стакан вискини майда-майда ҳўпларди.
— Олдин айтганимдай, бунда ҳеч қанақа сир-асрор йўқ деб ўйлайман, — тушунтирди у. — Фақат миямга келиб қолди-да, биз ҳар доим бир хил ресторанларда овқатланиб ўрганганмиз ва... — У елка қисиб қўйди. — Мен сизга ўзимнинг нотиқлик сафарим истиқболи ҳақида гапириб бермоқчи эдим. Мен уни Мак Бернс истиқболи дегим келади.
— У билан муносабатларингиз қандай?
— Зўр.
— Хурсандман. — Бэркхардт овқатга оғзини тўлдириб гапирарди. — Бу митти юнон билан бирга ишлаб кета олиш учун сенинг муомала қилиш қобилиятинг борлигини билардим.

Палмер бир бўлак гўштни индамай чайнаб еди. Сўнг:
— Ливанлик билан, — деди. — Мадомики, сиз уни шундай деб ўйлар экансиз, жин урсин, сиз уни нега ёлладингиз?
— Мажбурликдан. У демократларга калит.
— Демократлар бутунлай омонат банклари тарафдорлари ва бизларга қарши-ку. Уларга ҳеч қандай калит тўғри келмайди.

Бэркхардт бошини чайқади-да, яхши чайналмаган луқмани ютиб юборди.
— Ишонмайман бунга. Шундай бўлганида Жо Лумис Бернсни ўзи ёллашга ҳаракат қилмасди.
— Бу қачон бўлган эди?

Бэркхардт қўлини кенг ёйиб силтади:
— Миш-мишлар қулоғимга ўтган баҳорда чалинганди. Жо Бернсни омонат банклари учун ёлламоқчи эди. Агар демократлар шунчалик якдил бўлсалар, уларнинг жипслашувлари учун шунча пулни исроф қилишнинг нима ҳожати бор эди? Бундан ташқари, Бернс бизнинг реклама агентлигимизда жамоатчилик билан муносабатлар бўйича бўлимни бошқаради. Бундан ҳам аниқроқ нима бўлиши мумкин?
— Лумис Бернсни ёлламоқчи бўлган деб ким айтди сизга?
— Аҳамияти йўқ. — Бэркхардт яна бир бўлак гўшт кесиб оғзига солди-да, чайнай бошлади. — Жин урсин, буни ўзинг ҳам билиб олаверсанг бўлади. Арчи Никос ўшанга шама қилганди.

Палмер олдинга энгашди-да, ўз бошлиғига янада тикилиброқ қарай бошлади.
— Никос шунақа ахборотларнинг ишончли манбаси эканми?
— Э худойим-ей, бўлмаса-чи. Худди Гибралардай ишончли.
— У Лумисга сизга яқин бўлгандай яқинми?
— Мен фақат бир нарсани назарда тутаяпман, — уқдириб деди Бэркхардт. — У бирон нарсани хабар қилганида, бу ғоятда аниқ бўлади. — Бэркхардт чайнашдан тўхтади. — Сенга нима бўлди, Вуди?
— Шунчаки қизиқиш.
— Кўнглингда бошқа гап борга ўхшаяпти. — Бэркхардт аста бош чайқаб қўйди. — Халқаро банк ишлари билан шуғулланувчи бу арбоблар таклиф учун фақат биттагина дастакни топиб олишган: кафолат. Агар улар ЮБТКдай катта банкларнинг қулоғига лағмон ила бошласалар, ўзларининг навбатдаги банк ишлари учун пулни қаердан оладилар?
— Бошқа банклар ҳам бор. Суғурта компаниялари ҳам бор, хайрия жамғармалари ҳам бор. Мамлакатда оқилона фойдаланишни кутиб ётган пуллар тўлиб-тошиб ётибди.
— Вуди, қачон эсинг киради? Агар ўзининг асосий пул манбаларига панд бериб кетганида, Арчи Никосни шунча узоқ сақлаб турган бўлармиди? Нима бўлганда ҳам, жин урсин, сен нимага шама қилаяпсан ўзи?
— Мен сизга айтдим. Оддий қизиқувчанлик. Нима учун Бернсни ёллаганингизга қизиқаётувдим-да.
— Энг аввало, уни Лумис ёллаб олмаслиги учун.
— Ўзидан кейин ўрнига қўйиш учунми?

Бэркхардт бош ирғади.
— Кўнглинг тўлдими?
— Ҳаддан ташқари. Умримда биринчи марта. Қулоқ солинг, — давом этди Палмер. — Менинг нотиқлик сафаримда ортиқ маркиз Квинзберри1 нинг қатъий қоидалари бўлмайди. Мен омонат банкларига қўлимга тушган ҳар қандай нарсани, агар у анча залворли бўлса, отишга тайёрман. Аммо бошлашдан олдин мен сиздан қанчалик чуқур кириб бориш мумкинлигини аниқлашим керак.
— Истаган чуқурликкача кириб боравер. — Бэркхардтнинг оқиш мовий кўзлари қисилди, табассумдан тишлари тиржайиб кўринди. — Охир-оқибатда мен сени ҳар доим ишдан ҳайдашим мумкин:
— Жумладан, — давом этди Палмер гўё эшитмагандай, — директорларингиз ва уларнинг департаментлари фаолият доираси қанчалик чуқурликка эга ўзи? Агар бир ғишт ташласам, одамларимиздан бирининг бошига бориб тегиши мумкин-ку?
— Эҳтимол. Менга, масалан, бунинг фарқи йўқ.
— Ҳиссадорларимизга нисбатан қанақа? — тиниб-тинчимасди Палмер. — Директорларга нисбатан сизнинг санкциянгизни олдим, бизнинг акцияларимизга эгалик қилган сохта бевалару етимларга нисбатан қандай?
— Ҳеч қандай муаммо йўқ.
— Сизнинг муносабатингиз менга ёқади. Генерал жанг арафасида ўз аскарларига дейди: “Улар сизга зарар етказа олмайдилар”. Нима бўлганда ҳам акцияларнинг йирик халталарини ким ушлаб турганини тушунтириб берганингизда яхши бўларди.

Бэркхардт гўштини еб тугатди ва аста-аста чайналганча ҳузур қилиб ўзини стул суянчиғига ташлади.
— Буни ҳамма билади, Вуди. Ўзингни ҳеч нарсадан хабари йўқдай қилиб кўрсатиб нима қиласан?
— Сизнингча, бунга вақтим мусоида этадими?

Бэркхардт елка учириб қўйди.
— ЮБТК акцияларини ҳар ким ҳам ола билади. Ҳар кимнинг ўз улуши бор. Менда 90.000 акция бор, худди шунчадан Гаррида ҳам, Клиффда ҳам, бошқа вице-президентларда ҳам бор. Ўзаро ёрдамнинг йирик жамғармалари ва инвестиция банкларида ҳам кўп акциялар бор. Мен нима дейишим мумкин, Вуди? Бундай акциялар ўзини муносиб деб топган ҳар қандай одамда бор. Бошқа банклар ЮБТК акцияларини ушлаб турибдилар, суғурта компаниялари ҳам. Маклерлар ЮБТК акцияларини ўз мижозларига сотмоқдалар, чунки мижозлар ЮБТКни талаб қилмоқдалар. Грестларнинг жамғармалари. Нафақахўрларнинг жамғармалари. Мубашширлар беваларининг аллақандай дафн жамғармаси 20.000 акцияга эга экан. ЮБТК акциялари ҳаддан ташқари мустаҳкам. 1933 йилдан буён биз дивидендларнинг битта ҳам тўловини ўтказиб юборганимиз йўқ. Иккинчи жаҳон урушидан кейин эса дивидендлар қарийб 60 фоизга ўсди. 1954 йилда биз ҳатто акцияларни майдалаб юбордик. Агар 1945 йилда акционер ЮБТКнинг 100 долларлик акцияларига эга бўлса, бугунги кунда унинг маблағи 240 долларни ташкил этаяпти. Ҳамма ЮБТКни сотиб олмоқда. Биржада бизнинг акцияларимиз энг барқарори. Ғиштларни улоқтирганингда кимни мўлжалга олганингни мен қаёқдан билай? Такрор айтаманки, бу ҳақиқатан ҳам бир чақага қиммат. Бизнинг мулкларимиз шу қадар кенгки, бизга зарар келтирмоқ учун кўнглингдагидай катта бўлакни ушатиб ололмайсан.
— Сиз таваккал қилиш ва бундан нима чиқаркин, деб қараб туриш керак демоқчимисиз?
— Бўпти. Фараз қилайликки, шундай. Лекин мен бир нарсани тушунмай турибман, бу сени нега ташвишга солмоқда? Нега айнан ҳозир? Нега бирданига?

Бэркхардтнинг кўзлари катта-катта очилди, бу ҳам бир лаҳзагина, қорачиқлар нурдан қисилгунча давом этди, холос. Палмерга бу кўзларда намойишкорона такаббурликдан бошқа яна нимадир йилт этгандек бўлди. Балки, у буни эшитдимикан ё? Бэркхардт ҳаддан ортиқ қизишиб кетмадимикан? Ёки Палмернинг ўзи исботларни қидириб, уларни аслида йўқ жойдан топмадимикан?

Жавоб ўрнига Палмер ликобчани суриб қўйди, ўзини орқага ташлади ва сигарета тутатди.
— Cўнгги вақтларда мен биржадаги аҳволни кузатдим, — ёлғонлади у, ҳозиргина маклеридан олган маълумотларга таяниб. — Биласизми, — давом этди у, — ЮБТК акциялари аҳволи билан қизиқиш учун бир амаллаб вақт топишга ҳаракат қилаяпман. Мен ҳар куни сотувга қанча акция келиб тушишини текшираяпман. Аста-секинлик билан бўлса ҳам, аммо активлар мунтазам ўсиб бормоқда.
— Сенинг кўзларинг меникидан ўткирроқ, — кескин оҳангда жавоб берди Бэркхардт.
— Сиз ҳеч нарсани кўрмадингизми?
— Мен одатдаги актив талаби ва таклифини кўрганман, холос. ЮБТК акциялари бошқа акциялар қатори жадал сотилмоқда ва сотиб олинмоқда. Аммо жадаллик умумий. Бу бевосита ЮБТКга дахл қилмайди.
— Мен бунга ишонмайман.
— Вуди. — Бэркхардт санчқини шундай кескин қўйдики, Палмер чўчиб тушди. — Бу ўзи, жин урсин, гапни қаёққа бураяпсан?
— Модомики сиз бу фаоллик рисоладагидай дедингизми, мен сизнинг сўзингизга ишонишим керак.
— Ишонавер, жин урсин, — шартта деди Бэркхардт.
— Яхши, — ён берди Палмер. — Келинг, сўнгги бир неча ойни олайлик. Акция баҳолари бироз тушди. Унинг биржадаги нархлари тебраниб турибди. Шундай кун ва ҳафталар бўладики, ЮБТК акциялари кўпайиб кетади, шундай кун ва ҳафталар бўладики, улар озайиб қолади. Бу беқарор бозор. Вақти-вақти билан нарх кўтарилиши кузатилади, чунки уларда кўплаб тажрибасиз ҳаваскорлар иштирок этадилар. Аммо нархни тушириб ўйнайдиган чайқовчилар ҳамон фаол ва вақтинчалик вазиятдан ўз манфаатларига фойдаланиб қоладилар. Агар сиз ҳисоботларни ўрганган бўлсангиз, кўплаб тарқоқ банк ишларини пайқаган бўлишингиз керак. Мен сизга айтган ҳалиги иккитасини истисно қилганда ёрқин тенденцияларнинг йўқлиги. Биржада нима қилинаётганидан, у ёки бу ҳафтанинг умумий йўналиши қандайлигидан қатъи назар, сиз ЮБТКнинг сотилган акциялари миқдорининг бирмунча ортганини албатта, кўрасиз. Бир неча ой муқаддам кундузги меъёр тахминан соат учларга тенг келган эди. Кеча олти мингтаси сотилганди. Бу битта тенденция. Иккинчиси — бу нарх. Бир неча ой муқаддам у етмиш иккида муқим турган эди. Кеча, биржа ёпилганда, етмиш саккиз эди.

Бэркхардт қўлларини икки томонга ёйди.
— Мен сенга ҳозиргина айтдим, бизлар — биржанинг асосий устунимиз, деб. Ўзинг айт-чи, нима учун бизнинг акцияларимиз шунчалик кўп жамғармаларнинг портфелларида бор? Агар жиладиган бўлсак, юқорига қараб жиламиз. Аста-секину аммо бир текис жиламиз. Энди бунақа сафсаталарингга бало борми? Ундан кўра муддаога ўтиб қўя қол.

Палмер лабларини қимтиди.
— Мени гапдан чалғитишга уринманг, — совуқ оҳангда деди у. — Бу қўлингиздан келмайди.

Бэркхардт унга узоқ қараб қолди. Сўнг ЮБТК Президентининг юзида қандайдир ўзгариш юз берди. Кўзлари атрофидаги қорамтир ажинлар чуқурлашди. Палмер суҳбатдошининг қаншаридаги томирлар бўртганини, пастки жағи олдинга туртиб чиққанини пайқади.
— Гапир, — деди Бэркхардт муздек совуқ оҳангда. — Давом эт. Гапир.
— Мен айтадиганимни айтиб бўлдим, энди навбат сизга.
— Менинг нима дейишимни истайсан? — сўради Бэркхардт. Энди унинг овозида бўғиқ шикоят оҳанги бор эди. — Сен ҳақсан дейишим керакми? Ҳа, эҳтимол, сен ҳақдирсан.
— Унда тушунтириб беринг, бу нимани англатади? — илтимос қилди Палмер.

¬— Агар билганимда... — Бэркхардт хўрсиниғини босди. — Бўпти. Мен буни уч ҳафтача илгари пайқаган эдим. Сен ҳам, афтидан, пайқаган кўринасан, мен олдинги ойларни текшириб чиқдим ва бу анча вақтдан бери содир бўлиб келаётганини кўрдим. Мен тушунтириб берсин деб дарҳол Клиффни чақирдим. У бундай ишлардан доим хабардор бўлиб туриши ва у бирон нарсани сезган заҳоти менга маълум қилиши шарт. Худди менга ўхшаб, Клифф ҳам ҳайрон эди.
— Ахир бу яхши эмас-ку. У билиши керак эди!
— Назарий жиҳатдан шундай. Лекин у бу нарсанинг оддий ҳол эканига ишониб қўйганди.
— Бир дақиқа сиз баён этган кенг мулоҳаза — бу Клифф Мергендалнинг изоҳи эдими? — ўсмоқчилади Палмер.
— Озми, кўпми даражада. Лекин бу унақа бемаъни нарса эмас-да.
— Албатта, — уни қувватлади Палмер, — агар мен каби сизнинг ҳам орқа миянгизда илгаригидай нохуш сезги қолиб кетаётганини ҳисобга олмаганда.

Бэркхардт мийиғида кулиб қўйди.
— Сени нима ташвишга солаяпти, шуни айт, мен сенга ўз ташвишларим ҳақида сўзлаб бераман.
— Биринчи билмоқчи бўлган нарсам шуки, нима учун Клиффда бундай ташвиш йўқ?
— Клиффни эсдан чиқар! — қўлини силтади Бэркхардт. — Булар ортидан сен нимани кўриб турибсан, мени шу қизиқтиради.
— Эҳтимол, у ерда бирор нарса бордир, эҳтимол, у ерда айтарли ҳеч нима йўқдир. Борди-ю, мана шу нимадир бор бўлса, демакки, кимдир ҳам бор. Мантиқ мени мана шу нуқтага олиб келиб қўйди. Бу ёғига менга ўзимда йўқ далиллар керак. Лекин улар сизда бор.
— Менда?
— Бўлмаса-чи, — деди Палмер қатъий ва сиполик билан. — Сиз мана шу “кимдир”га исм қўйишингиз мумкин. Жуда бўлмаганда ичидан биттасини танлаб олиш учун исмлар рўйхатини беришингиз мумкин. Мен бундай қилолмайман. Сиз эса қила оласиз.
— Кимдан бошлашимни ҳам билмай қолдим. — Бэркхардт ўзини стул суянчиғига ташлади-да, ёнидаги деворга чизилган қизил сувратлардан бирига тикилди. Сувратда симёғочга тирмашиб чиқаётган, тепада ўтирган Женни деган қиз томон талпинаётган қандайдир Чарли тасвирланган эди.
— Қўлингиздан келмайдими, — зўр берарди Палмер, — ёки хоҳишингиз йўқми?

Бэркхардт зимдан унга еб қўйгудай бўлиб қаради. Кўзлари чақнади, қаншаридаги томир бўртди.
— Ўзингни бос, Вуди. Нима деяётганингни ўйлаб кўр, болакай.
— Мен сизни ҳақорат қилмоқчи эмасман, — энди Палмерники ҳам тутиб кетди. — Мен сизга ёрдам бермоқчиман.
— Сендан ёрдам сўрамагандим, шекилли?
— Нега сўрашларини кутиб турар эканман?
— Сен ҳар доимгидай сертакаллуф ва ҳақсан, ўлай агар. — Тишининг орасидан деди Бэркхардт. — Менга ёрдам керак бўлганида, ўзим сўрайман. Аммо қачондир янги келган одам менга ёрдам бермоқчи бўлса, билайки бошимга мусибатнинг зўри тушади. — Афтидан, ўзини жамоатчилик жойида талаб этилгандек тутишга ҳаракат қилганча у аста ўрнидан турди. — Энди қулоқ сол, — давом этди у. — Ажойиб ленчни расво қилдинг. Лекин мен сендан хафа бўлмайман. Кўп бўлмағур гапларни гапирдинг. Буни ҳам эсимдан чиқараман. Фақат бир нарсани тушунишингни истардим: кўчани кесиб ўтишда Бэркхардтга ҳеч кимнинг ёрдами керак эмас. Етакловчи керак бўлиб қолганида, ўзим чақираман. Ҳозир эса, бор, маърузангни ўқи, қолганини менга қўйиб бер. Тушундингми?

Палмер ўрнидан турди.
— Бу сизнинг банкингиз.
— Мана энди сен қандайдир чигал гапни айтдинг, — деди босс. — Яхшиси, буни эсингдан чиқарма. — У қўлини узатди. — Гап орамизда қолсин, хафа бўлиш йўқ, Вуди.

Палмер унинг қўлини олди ва қўпол ва йўғон бармоқларнинг қаттиқ қисганини сезди.
— Сиз нима десангиз — шу.
— Бўпти, — деди босс. — Шошмасак бўлмайди. Сен билан кейин гаплашамиз. Ёки эртага. — У қўлини силтаб қўйди, гардеробдаги кийим илгичдан пальтосини олди ва ресторандан чиқиб кетаётиб ҳайрон қараб турган қизга 25 цент ташлаб кетди.

Палмер деразага қараганча анча туриб қолди. Кўчадан Бэркхардтнинг чорпаҳил қоматини, пальтосини кияётганини наридан-бери кўрди. У кимгадир қўл силтаб қўйди. Сўнг Палмер босснинг транспортдан илгарилаб кўчани кесиб ўтганини, нариги томонда турган ўзининг “роллс”и томон йўл олганини кўрди. Бэркхардт машинага чаққон ўтирди, эшикни ёпди ва елиб кетди. Палмер ўзича то Бэркхардт унинг қўлини қисиб хайрлашганидан ҳозир ғойиб бўлганига қадар тахминан 30 сонияча ўтгандир-ов деб чама қилди.

Шиддатли. Қайсар. Ўзига ишонган. Куйди-пишди.

Шу билан бирга, дилидан ўтказди Палмер, биржадаги ЮБТК акциялари нима бўлаётганини кимдир сезиб қолганидан хабар топиб, оёғи куйган товуқдай питиллаб ҳам қолди.

Официантни қидириб, Палмер у ёқ-бу ёққа аланглади. У йўқ эди. Палмер ўтирди, яна чекди ва сигарета учига тикилди. Ҳеч кимнинг ёрдамига муҳтож бўлмаган қайсар ва бесўнақай чоллар унинг меъдасига тега бошлаганди. Илгарилари бундай ҳолларда у ҳар доим отасига ён берарди ва баҳсли ўринларга бошқа қайтмасди. Лекин бу илгари шундай эди, ҳозир эса — бошқа замон. Бу гал у бошлаган ишини ташламоқчи эмас.

Ўттиз Учинчи Боб

Палмер отелдагилар кутубхона деб атайдиган чоққина бир хонада ўтирарди. Болаларнинг ухлаганига ҳам бир соатлар бўлиб қолганди. Олти хонали квартиранинг аллақайси бир чеккасида хотинининг нималар биландир куйманиб юргани қулоғига чалинди. Ҳозир “кутубхона” бўм-бўш эди. Нью-Йоркка кўчиб ўтишларида Эдис Чикагода сақлагани қолдиришга кўнмаган сонсиз сувратлару китобларга тўла қутилар ғойиб бўлган. Бугун кундузи, ҳойнаҳой, юкчилар келган ва Палмерларнинг бор буд-шудини квартирадан олиб кетган. Фақат алмаштирилган тоза чойшабу ёстиқпўшларгина қолганди. Эдис билан отел оқсочи барча кастюмлар, кўйлаклар, майда-чуйда кийим-кечакларни пластик жомадонларга жойлашди, шкаф ва ёзув столи тортмасида эртанги кунга асқотиши мумкин бўлган нарсаларнигина қолдиришди. Отелдагилар “мутолаа чироғи” деб атайдиган чироқнинг хира ёғдусида ўтириб, Палмер эртанги кунга хотини қайси костюмни тайёрлаб қўйгани устида бош қотирарди.

У, албатта, Чикагодан Нью-Йоркка, энди эса отелдан уларнинг янги уйга кўчиб ўтишларида ташаббус кўрсатган Эдисдан миннатдор. Уйни эпақага келтириш эса унинг сира-сира қўлидан келмаслиги аниқ эди. Шунча ишларни Эдисдек қойилмақом қилиб уддалаш ҳар қандай аёлнинг қўлидан келавермаслигини ҳам тушунарди Палмер.

Сўнг унинг фикрлари аста йўналишини ўзгартирди-да, ўзининг гуноҳ ва хатолари ҳақида ўйлай бошлади.

Унинг ўзи, дейлик, мана, бир ой бўлдики, қурилишда қорасини кўрсатгани йўқ. Айлантириб келганда, у уйни бор-йўғи икки мартагина кўрган: Эдис билан улар уйни сотиб олишга қарор қилган куни ва иккинчи гал ички деворчаларни қуриб бўлишган куни. Бошқача айтганда, — деди у ўзига-ўзи, — қурилиш ишлари бошлаб юборилгандан кейин у уйга мутлақо эътибор бермай қўйганди. Агар Эдиснинг чизмалари билан апил-тапил танишиб чиққанини ҳисобга олмаса, у ёқда нима қурилаяпти ёки қандай кўринишга эга ва унга ёқадими, йўқми — ҳеч балони билмас эди.

Мана шунинг ўзи, энди билишича, уйга нисбатан лоқайдлик ва ҳатто Эдисга нисбатан шафқатсизликдир.

Дарвоқе, Эдис ҳеч буни унинг юзига солмасди. Асосий ишлар қилиб бўлинган сўнгги бир неча ҳафтада ҳали талай ишлар қараб ётарди, масалан, ошхонадаги плинтус ёнғоқ ёғочидан бўлсинми ё тик ёғочиданми? Оқшомлари эридан унинг хоҳишини аниқлаб олиш учун Эдиснинг вақти бемалол бўларди: ҳа, катта меҳмонхона бўлманинг поли сидирғасига дуб тахталардан бўлгани маъқул. Қопламалар фабрика матосидан эмас, қўлда тўқилганидан бўлсин. Ошхонадаги эса заранг япроғи шаклидаги пластикдан қоплансин; болалар хонасига эса ҳеч қанақанги винил-асбес тахтачалари кетмайди (яланг оёқлар учун жуда совуқлик қилади, яхшиси, эман ёғочидан бўлсин). Лифтнинг ўзи очилар эшиклари учун ўн сония очиқ туриш етарлими? Етарли. Ҳа.

Кутубхонада ўтирар экан, Палмер, мана, икки ойдирки, Эдис оддий пудратчи, чизмакаш-ихтирочилик ишини, шунингдек, меъмор ишининг бир қисмини ўз зиммасига олгани ҳақида фикр юритар эди. Булар барчаси учун мен ундан миннатдор бўлишим керак, деб ўй сурарди Палмер.

Бироқ, астойдил ўйлаб кўрса, аслида у хотинидан миннатдор эмас экан, балки шундай туйғунинг жоизлигини эътироф этар экан, холос. У энди тан бердики, Эдис бошидан сув ўгириб ичса арзийдиган хотин, тамом.

Шундай хаёллар билан Палмер заиф нурдан кўзини хиёл қисганча яна ҳужжатларни ўқишга тутинди. Унинг олдида хромли қисқичлар қадалган ва кўк жилдга солинган тахлам-тахлам қоғозлар ётарди. Бирмунча муддат Палмер уларни варақлади, бироқ кейин унинг хаёли яна чалғиб кета бошлади. Сўнгсиз исмлар ва манзиллар силсиласида қандайдир умидсизлик бор эди. Бэркхардт ҳақ: унча-мунча қўр-қути бор одамлар кўпроқ ЮБТК акцияларини сотиб олмоқда. Ҳозир Палмернинг қўлидаги акционерлар рўйхати манави ерда ярим килоча келади.

Аниқроғи, бу ерда битта қилиб қистирилган иккита рўйхат бор эди. Бири олти ой бурунги аҳволни батафсил изоҳлаб турарди. Иккинчиси ҳозирги вақтни акс эттирарди — бу, албатта, Гарри Элдер қанчалик улгурганига қараб белгиланади, яъни нари борганда ўттиз кун аввалги муддатни қамраб олган.

Биржада ғайриоддий фаоллик бошланганда Палмер бунинг сабабини англаб етди — ҳар куни айланмада ЮБТКнинг тобора кўпроқ акциялари миқдори бўлар эди. Акцияларнинг бир қанча йирик эгалардан кўплаб майда эгаларга табиий ўтиши содир бўлмоқда деб тахмин қилиш мумкин эди. Дейлик, ўн минглаб акцияларнинг эгаси, қандайдир ўзаро ёрдам жамғармаси йилнинг сўнгги чорагида ўз портфели юкини бирмунча енгиллатишга қарор қила олади. Бу минглар охир-оқибатда бир неча юз хусусий харидорларга йўл топиши мумкин. Бундай тахминда гўё мантиқ борга ўхшайди. Бироқ рўйхатларни таққослаб чиқиб, Палмер кўрдики, сўнгги олти ойда акцияларнинг кўпи акционерларнинг оз миқдори қўлида экан. Бу кутилмаган ҳол эди.

У “уҳ-ҳ” деб қўйди ва оғир қоғозлар боғламини тиззасига тушириб юборди. Сўнгги ярим соатни у эски рўйхатда учрамаган исмларни янги рўйхатга қайд этиб қўйишга сарфлади. У аҳволни бор-бўйича аниқ кўз олдига келтира оларди: ярим йил ичида ЮБТКнинг яқин 200 минг акцияси сотув йўли билан уч минг одамдан тахминан 25 нафар одамга ўтган. У бу йигирма беш нафар янги одамдан биттасини ҳам билмасди ва уларда ҳеч қандай маълум тенденцияни кўзда тутмасди. Ҳатто уларнинг манзиллари ҳам деярли бутун мамлакат бўйлаб сочиб юборилганди.

Палмер эснади ва кўзларини юмди. Қулоғига Эдиснинг хоналардан биридаги шахдам одимлари чалинди.

Эдис. Палмер уйқусираганча қачондир иши учун хотинини мақтаганини эслашга ҳаракат қилиб, икки ой орқага қайтишга уриниб кўрди. Шунга ўхшаган бирон оғиз гапни унга гапирганмикан ҳеч? Нима деганди? У ёки бу баҳона билан соф шартли манфаат ифодасидан ташқари умуман бирон-бир танбеҳ қилганми? Мана бу катта қурилиш борасида қачондир ўз фикрини хотинига баён қилганми? Аслида савол ва жавоблардан ташқари умуман бирон гап гапирганми?

Уйқу қочди. Палмер ўрнидан турди ва акционерлар рўйхатини стулга қўйди. Хотинини излаб, хонама-хона юра бошлади. Уни ошхонадан топди. Эдис очиқ музлатгичга тикилиб қараб турарди. Пастдан тушиб турган ёғдуда унинг ингичка юзи, чўзинчоқ, учли ияги янада яққолроқ кўзга ташланарди. Пардозсиз, енги калта кенг оқ блузка ва хокийранг шим кийган Эдис, банкирнинг хотинига ҳам ўхшамасди, ўйлади Палмер. У нигоҳини хотини шимнинг узун чизиғидан юқорига, болаларча сонидан олиб ўтиб, қора чарм камар таққан белига кўтарди.
— Музхонага ҳеч қандай тажовуз ўтказилмасин, — ҳазиллашди Палмер.

Хотини бурилиб қаради.
— Азизим, — деди у, — кексайганингни ўзинг билдириб қўяяпсан. Ростданам бу “музхона”-ку! — У музлаткичдан ниманидир суғуриб олгани энгашди ва Палмер ҳатто шу ҳолатида ҳам хотинининг думбалари ясси, кесимсиз эканини кўрди. — Бузилмайдиган нарсалар бўлса, бугуноқ ўраб-чирмаб қўя қолсам деб ўйлаётувдим.
— Қолган буюмларга қачон келишади?
— Эртага эрталаб, сен билан болалар кетишгандан беш дақиқа ўтиб.
— Ҳаммаси шунга ҳисоб-китоб қилинганми?
— Ҳали бу ҳолва, — деди хотини гавдасини ростларкан. — Мана, кундузги ишлар сонияма-сония ҳақиқатан ҳам ҳайратомуз даражада ҳисоб-китоб қилинган. Болалар хонаси соат учга тайёр бўлиши керак. Бизникилар сабр қилиб туришади.
— Ўзинг болалардан ортмасанг ҳам керак.
— Турган гап. — У ярим бурилди, лекин эрига қарамади. Музлатгич ичидан чиқиб турган нурда унинг қомати мафтункор акс этиб турарди — мўъжазгина сийналари дўппайган, қорни шу қадар яссики, белидаги камар тўғаси ортиқча буюмдай кўриниб қолган.
— Бошқаларнинг ишлашларини томоша қиламиз деб оёқ остида ўралашиб юришларини хоҳламайман — бусиз ҳам улар деярли ҳеч нарса қилишмаяпти, — қўшимча қилди Палмер.
— Улар банд бўлишади. — Хотини жимиб қолди. — Эртага соат нечада кутай сени?
— Соат... —Палмер ҳам жимиб қолди. — Аниғини билмайман. Агар истасанг, эртароқ келишим мумкин, бир амаллаб.
— Бир амаллаб келсанг, яхши бўларди, ҳарқалай.

Палмер бош ирғади ва шу заҳоти хотини унинг ҳаракатини пайқай олмаслигини англади, чунки у ҳамон унга қарамаётган эди.
— Менга бирон-бир махсус топшириқ борми?
— Биласан-ку, эртага эрталаб миссис Кейж келади.
— Эртага келадими?
— Соат 12 да у Айдлуайлдда бўлиши керак. Мен унга тўғри уйга такси ол деб айтдим. Агар учаламиз оқшомни шунга бағишласак, китобларни тахлар, сувратларни осар ва кўримли бўлиши учун турли услубдаги мебелни жойлаштирар эдик.

Палмер аста оҳ тортиб қўйди:
— Бутун оқшом сувратларни осиш. Зўр-ку.
— Осмаймиз. Наҳотки осиш устаси бўлмаган одамга мен бу ишни шундоқ ишониб топшириб қўяверсам.
— Сенинг мутахассисларча ишлаб чиққан режанг барча санъат асарларини осишни кўзда тутмаганми ҳали? — сўради Палмер. Гапини охирига етказмаёқ у сўзларидаги ошкора саркашликни ўзи ҳам аниқ ҳис этди. — Айтмоқчи эдимки, — шошиб гапини тўғрилади Палмер, — шифт чироқлари наҳотки ўрнатилмаган бўлса?

Бу гал аёл бурилиб унга қаради. Ёруғ унинг орқасидан тушиб тургани боис, Палмер хотинининг юзидаги ифодани ўқиб ололмаётганди.
— Вудс, — хотиржам оҳангда деди Эдис, — чироқлар кўчма, уларни истаган вақтда истаган жойга тўғриласа бўлаверади.
— Мен, мен ундай...
— Ҳечқиси йўқ, — унинг сўзини бўлди хотини. Қандайдир чорасиз ҳаракатни бошлаб, аёлнинг қўллари юқорига кўтарилди ва ўша заҳоти қотиб қолди. — Ҳечқиси йўқ. — Эдис орқаси билан унга ўгирилди ва тағин музлаткичга тикилди. — Лекин илтимос, уйга тушликка келишга ҳаракат қил. Бу бизнинг янги уйимиздаги биринчи тушлигимиз бўлади.
— Албатта.

Яна бирон нарса айтар деб ўйлаб, Палмер кутиб турди. Лекин хотини жим эди. Шунда Палмер биронта жўяли гап топиб, суҳбатларига кўнгилли хотима ясашни ўйлай бошлади. Хотинига қараб туриб, у бирданига Эдиснинг қаттиқ жаҳли чиққанини англади, акс ҳолда унинг музлаткич эшигини бу тахлит узоқ очиқ тутиб туришини бошқа нима билан изоҳлаш мумкин? Эдиснинг билмаган нарсаси йўқ деса бўларди; онаси ва оқсоч хотиндан ҳам у одатдаги, Уэллесли коллежидан ҳам одатдаги билим ва уқувларни олган эди. Бироқ Палмер унинг ўзига хос ва мос бўлмаган маълумотларни қаердан олганлигини билолмай боши қотгани-қотган эди. Эдис, масалан, электрга оид ҳаддан ташқари кўп нарсаларни биларди. Ўзига таниш бўлган аёллар ичида электр печкаси, чангюткич ва торшерни битта розеткага тиқиб бўлмаслигини, акс ҳолда қисқа туташув рўй беришини биргина у билар эди. Музлаткичда ҳароратнинг муайян даражасини тиклаш учун қанча вақт кетишини ҳам биларди. Шундай бўлишига қарамай, мана, неча дақиқадирки, музлаткич ҳамон очиқ турарди.
— Бориб ишимни тугатиб қўяй, — деди Палмер.
— Яхши. — Хотини соатига қаради. — Бироздан кейин ётсак ҳам бўлади.
— Мен тезроқ бўлишга ҳаракат қиламан.
— Дуруст.

Палмер бурилди-да, бу ерга нега келганини эслаб, тўхтади.
— Менга қара, — аста деди у, — сен роса чарчаган бўлишинг керак. Ҳозир бориб ётсанг нима қилибди?
— Ҳозир ётаман.
— Охирги икки ой ростданам оғир бўлди.

Юпқа оқ блузка остидан Палмер салқи тақилган камар узра унинг белини кўрди. Гўё умуртқаси бир хил ҳолатда маҳкамланиб қўйгандай Эдис қийшиқ ҳаракат билан хиёл ўгирилди.
— Ҳа, — босиқ оҳангда жавоб берди у пастга, ерга қараганича.
— Мен сенинг режанг ва сенинг раҳбарлигинг остида нималар қилинган бўлса, ҳаммасини назарда тутаяпман, — давом этди Палмер. — Бу катта иш эди. Ҳаммаси деярли охирига етиб, сенинг қанчалик бахтиёр эканингни тасаввур қилаяпман.
— Ҳа.
— Бу ёққа қара, мен... — Палмер жим бўлиб қолди ва хотини кўрмаётганидан хурсанд бўлиб, пастки лабини ялаб қўйди. — Мен илгари сира айтмагандим. Аммо ҳаммаси учун сендан жуда-жуда миннатдорман.

Аёл бош ирғаб қўйди. Унинг нигоҳи ҳамон ерда эди.
— Мен буни биламан, — деди ниҳоят у.
— Буни қаердан билишингга ақлим етмайди, — деди эр ярим ҳазил тариқасида гапиришга уриниб, — ахир ўз миннатдорлигимни изҳор этишга жуда нўноқман-да.

Эдис бошини чайқаб қўйди:
— Бундай эмас. Фақат сен мантиқан фикрловчи одамсан. Ҳар қандай мантиқан фикрловчи одам эса сен нимани кўрсанг шуни кўриб туради. Ва миннатдорликни ҳам... — Аёл жим бўлиб қолди. Палмер унинг лаблари бир лаҳзада унсиз қимирлаганини кўрди, — ҳис қилади, — гапини тугатди Эдис.
— Мен ҳис қиламан, жуда чуқур миннатдорлик туйғусини ҳис қиламан ва мен... — ўз фикрини сўзларсиз ифода этишга ҳаракат қилиб, у қўлини силтаб қўйди.
— Ва бу моддани ўз ҳисоботингга киритмоқчи бўлгансан, — деди аёл эри учун.
— Тахминан шундай.

Эдиснинг нигоҳи юқорига ва бироз четга, Палмернинг юзига сирпаниб борди.
— Ҳисобот бериш сен учун жуда ҳам муҳим, Вудс. Банкир учун бу энг асосий нарса, шундай эмасми?
— Қайсидир даражада, ҳа.
— Ҳисобот, — такрорлади хотини унга қарашда давом этаркан, — бу, аслида, якун чиқариш. Мен, ҳалиги... йиллик балансни назарда тутаяпман. Сизларда буни нима дейди? Якуний чизиқми?
— Якуний чизиқ. Ҳа.
— Якуний чизиқдан ташқари деярли ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, — хотини шу қадар паст овозда гапирар эдики, яхшироқ эшитиш учун Палмер ҳатто энгашишга мажбур бўлди. — У ишга хотима ясайди. Бунгача ҳамма нарса бўлиши мумкин: яхши ҳам, ёмон ҳам, ажойиби ҳам, азоб-уқубати ҳам — ҳар қанақаси. Якуний чизиқ қора сиёҳда тортилдими, демак ҳаммаси жойида.
— Ана, холос... — Палмер ҳиссиётининг бирмунча муддат ҳавода осилиб туришига изн берди, чунки гарчи хотинининг адоватини яққол ҳис этиб турган бўлса-да, унинг нимага шама қилаётгани тагига етолмаётганди. — Мен ҳеч қачон дебет ва кредитни бу қадар завқ билан изоҳлашганини эшитмаганман, аммо сен ҳақсан деб қўрқаман. Якуний чизиқ — фақат шу аҳамиятга эга.
— Бундан ҳам муҳимроғи шундаки, у кредитни кўрсатиб турса.
— Ҳа.

Хотини бош ирғаб қўйди:
— Яхши. Сен қора якуний чизиқ тортдинг, азизим. Омадинг бор экан.
— Эдис. — Палмер хотинининг гавдаси ростланганини ва ўзини яқинлашиб келаётган ҳужумдан сақлашга чоғлаётгандек яна ҳам таранг тортилганини кўрди. — Мен сенга нимани ҳис қилаётганимни айтмоқчи эдим, холос.
— Айтдинг ҳам.
— Хўш?
— Раҳмат, азизим. — Аёл яна ерга тикилди. — Жиддий айтаяпман. Раҳмат.
— Сен менга раҳмат айтма, мен айтишим керак сенга.

Хотини қисқа, кескин кулиб қўйди:
— Алфонс ва Гастон жўмардларча бир-бирини ҳурмат қилганларидайми?
— Тағин мени кексалигингни билдириб қўяяпсан дейсан-а.

Аёлдаги таранглик йўқолгандай бўлди ва у эрига бурилди. Палмерга ҳатто хотини чеҳрасида табассум жилва қилгандай туюлди.
— Бизлар нимадан изтироб чекишимизни топмоқчи бўлгандим, холос, — деди Эдис. — Нью-Йорк касаллигидан экан. Аломатлари — бошқалар билан муносабатнинг мутлақо йўқлиги. Сабаби эса — қаттиқ толиқиш.
— Эҳтимол, сен ҳақдирсан.
— Лекин индин, — давом этди хотини, — ёки ҳеч бўлмаганда, ҳафтанинг охирида, батамом ўрнашиб олганимиздан кейин, мен дам олмоқчиман. Шунчаки дам. Сен-чи?
— Ҳозирча йўқ. Маърузали кичикроқ сафарим қараб турибди.
— Уҳ!
— Олбанидаги қонун чиқарувчи йиғилиш мажлисларининг танаффусигача яна шунақа сафарлар бор.
— Қайсиси қачон бўлади?
— Мартми. Апрелми. Аниғини билмайман.
— Азизим, бу тўрт ойдан кўпроққа чўзиладиган кўринади-ку.
— Илож қанча...

Аёл жимгина тураверди, сўнг қошини чимирди, орқага чўзилди-да, музлаткич эшигини ёпди.
— Узр, — деди у шу заҳоти. — Балки, якшанба ва байрам кунлари бироз дам оларсан?
— Худо хоҳласа.
— Дуруст. Ишингни тугат-да, ухлагани кел.

Палмер жилмайишга ҳаракат қилди:
— Бўпти, бироздан кейин кўришамиз.
— Жудаям ҳаяллама.

Палмер кутубхонага қайтди ва яна ўриндиққа чўкди. Қизиқ, хотини атайлаб кескинлик яратди-да, кейин ўзи уни юмшатди, гўё у эрига ғаним эмас, балки унинг тарафида — иттифоқдошдай.

Палмер ЮБТК акционерлари рўйхатини варақлай бошлади ва ўзи қандайдир ҳисоб-китоблар қилган шалдироқ қоғозга етиб келди. Ҳеч бўлмаганда, деб ўйлади Палмер, ўз миннатдорлигимни қайд этиб қўйдим-ку. Бироқ бу миннатдорликни қабул қилган хотинининг шамаси уни бир пулга чиқармоқда эди.

У ўриндиққа жойлашиброқ ўтириб олди-да, саҳифа рақамларини кўчира бошлади. Эртага эрталаб у котибасини ЮБТК акцияларининг сўнгги йигирма бештаси исм-шарифи ва манзилларини қайта ёзишга мажбур қилади. Бироқ бу ишни унга топшириб қўйиб, бу ҳақда Бэркхардт воқиф бўлмаслигига ишониш мумкинмикан?

Палмер банкдаги бирон-бир кишига, албатта, Виржиния Клэридан бошқа, ишониб бўлмаслигини тушунарди.

У Эдиснинг музлаткични яна очганини эшитди. Палмер қоғозлардан бош кўтарди ва кутилмаган зўриқишни ҳис этган қандайдир номаълум нарсага шай бўлган ҳолда атрофидаги зулматга тикилди. Мана шу кескин мунтазирликда у узоқ ўтирди. Аммо нима эканлигидан қатъи назар, ўша нарса келмади. Ҳозирча.

Ўттиз Тўртинчи Боб

Палмер Ғарбий Қирқ бешинчи кўчадаги балиқ ресторанининг тўрида тўрт кишилик столда ўтирарди. У соатига қаради, сўнг фарқини билиш учун девордаги соатга қаради. Униси ҳам, буниси ҳам кундузги бирни кўрсатиб турарди, бу эса Мак Бернс ва унинг меҳмони, газета мухбири, ярим соат кечикаётганини билдирарди.

Палмер официантнинг қўшни столда ўтирган иккала кишига виқор билан қоғоз ошхўрак — салфетка тақишини кузатди. Уларга ҳозиргина ленч учун ҳаддан ташқари улуғлик қиладиган омар балиғи тортилганди. Бор-йўғи ўн беш дақиқа муқаддам бу балиқлар тирик эди ва официант уларни буюртмачиларга кўрсатгани олиб келганида, балиқнинг панжалари жон талвасасида титраб турганди. Энди эса ҳаракатсиз қизил омарлар турли-туман ўлим қуроллари ҳамласига дучор бўлганди.

АҚШ Ўрта Ғарбининг кўпгина аҳолиси каби Палмер ҳам денгиз туби жониворларидан тайёрланган таомни хуш кўрмасди. Чиғаноғи бўлган ҳар қандай жониворга унинг тоб-тоқати йўқ эди. Омарлар, креветкалар ва краблар унга жаҳаннамдан чиққан улкан ҳашаротларга ўхшаб кўринарди. Чиғаноқнинг бир палласида тортиладиган устрица ва моллюскалар унга куйдириб пиширилган шиллиққуртнинг ўзидек туюларди. Бундан ташқари, Ўрта Ғарбнинг кўпгина аҳолиси каби, у бир нарсага сира кўниколмаётганди, яъни Нью-Йоркда кўришувга белгиланган вақтдан жуда ҳам нисбий даражада фойдаланадилар, айниқса кўришувда жамоатчилик фаолиятининг, дейлик, ленч каби тури кўзда тутилганда. Соат 8 га мўлжалланган учрашув ҳеч қачон тўққиздан олдин бошланмасди. Соат 12.30 га тайинланган ленч эса, ўзига ўзи дерди Палмер, соат бирдан кейинги ҳар қандай вақтни билдираверади.

Шу аснода унинг кўзи қандайдир эркак ҳамроҳлигида ресторанга учиб кирган Виржиния Клэрига тушди. Жувон тезгина ичкарига кўз югуртирди ва Палмерни кўриб, унинг столи томон ошиқди.
— Узр, кечикиб қолдик, — деди у нафасини базўр ростлаганча. — Мак менга ўн беш дақиқа олдин қўнғироқ қилиб, келолмаслигини айтди. Шунинг учун “Стар”га чопдим-да, Жоржни ўзим олиб келдим, — Жоржни кўрсатиш учун у бир четга ўтди.

Палмер ўрнидан турди.
— Мистер Моллеттмисиз? — деди у қўлини узатиб.

Жорж Моллетт Палмернинг қўлини олиб, уни қаттиқ ва бетакаллуфларча қисди. У атрофга кўз югуртирди, пальтосини ечди ва ўтиришидан олдин уни стулга илди.

Моллетт кўриниши ёш бир киши эди — қирқларда бўлса керак, ўйлади Палмер. Бўйи ўртача, чорпаҳилдан келган, боши дум-думалоқ. Юзи нотабиий даражада қизил. Ўзи шунақами ё декабр совуғи натижасими, Палмер тушунолмади. Моллеттнинг кўзлари худди Бэркхардтга ўхшаб оқиштоб мовий рангда бўлиб, ўйнаб турарди, шу билан бирга синчков ҳам эди. Афтидан, нарсадан нарсага кўчганида улар қисқа, ўтли нигоҳлар билан тасаввурларни қамраб олаётгандай бўларди. Хоҳ Виржиниянинг столидаги қовуштирилган қўллари бўлсин, хоҳ туздон ёки қўшни столда омархўрлик қилган, кўкракларига ошхўрак таққан одамлар бўлсин ва ҳаттоки Палмер кўйлагининг ёқаси бўлсин — ҳеч бир нарса бу ўзига хос кўзлар ҳамласидан четдан қолмаётганини Палмер пайқади. Кўзларидаги бу синчковлик, Палмернинг фикрича, Моллеттнинг аниқ бир шаклга эга бўлмаган, кўпроқ илдизпиёзга ўхшаб кетадиган бурнига сира ҳамоҳанг эмасди. Бу ноёб бурун синчков кўзларни хаспўшлаб туриш учун махсус яратилган, деб ўйлади Палмер. Меҳмоннинг оғзи кичкина, лаблари дўрдоққина эди. Ўша оғизни очиб, Моллетт чийилдоқгина дадил овозда сўради:
— Нима ичамиз биз?

Палмер кулиб юборди ва официантга қўл силтади.
— Бемаврид совуқни қаранг-а, — деди у. — Биронта антифриз буюрайлик бўлмаса, хўпми?
— Виски. Ҳар қанақаси. — Моллетт Виржинияга ўгирилди: — Мак жуфтакни ростлатди-да, а? Худди ўйлаганидай бўлиб чиқди, мен билан нонушта қилишга унинг бети чидармиди.
— Нимага ундай дейсиз?

Ёқимсиз ҳидни ҳайдагандай, Моллетт қўлини сермади.
— Ўтган ҳафта бу йигитча ёлғон биржа маълумотлари билан мени ёмон тузлади. — У олдинга энгашди, тирсакларини столга қўйди, овозини пасайтирди: — Жиннининг ҳам хаёлига келмайдиган гаплар. Эмишки, дивидендлар ошиши эълон қилинармиш, акциялар қўлма-қўл бўлиб кетармиш. Эмишки, икки ҳафта ичида даромадлар икки баравар кўпаярмиш. Ҳализамон 80 миллион долларга ҳукумат шартномаси эълон қилинармиш ва шунга ўхшаган сафсаталар. Эшитиб, сочинг тикка бўлди.
— Сен сотиб олмагандирсан? — сўради Виржиния.

Моллетт бошини чайқади ва жилмайди:
— Азизам, агар мен умуман қачондир акция сотиб оладиган бўлсам, ҳар қандай одамдан маслаҳат сўрасам ҳам Мак Бернсдан сўрамасман. У буни газетамизда ёзиб чиқишимга умид қилганди. Мақола эса акциялар нархини кўтариш учун керак эди. Оддий ўйин. Бундан кулгили нарса бўлмаса керак. — У башарасини буриштирди.
— Бунақаси ҳеч қачон бўлмаган, — жуда жиддий оҳангда деди Виржиния, — Нью-Йорк журнализми тарихида учрамаган воқеа.
— Ҳаҳ! Аммо биз “Стар”дошлар бунақа воқеаларга илакишмасликка ҳаракат қиламиз.
— Бошқа газеталардаги учарлар шунақа нарсалар билан шуғулланадилар, тўғрими, Жорж?

Жорж жувонга қовоғи остидан қараб қўйди-да, Палмерга юзланди:
— Сиз ажабтовур бир нарсага эга бўлдингиз. У банкни эгалламасдан қўймайди.

Палмер официантга ичимликлар буюрди.
— Кимдир барибир шуни қилади, — деди у. Моллеттнинг кўзлари бирданига дум-думалоқ бўлиб қолди ва Палмерга тикилди:
— Тушунмадим.

Палмер бошини чайқади ва Виржинияга мурожаат қилди:
— Мак нима деб таърифлаганди? Қўрқоқликми?
— Соат бирда у Олбанига учиб кетаяпти.
— Макнинг бўлгани шу, — тасдиқлади Моллетт. — Аэродромга етиб олиш, икки моторли шалоқ машинада учиш, кейин эса аэродромдан шаҳар марказига етиб олиш учун кетадиган вақтига, ўша ёққа поездда ҳам етиб олса бўларди-ку. Лекин Мак ўлақолса бундай қилмайди.
— Тезликнинг ўзи, — деди Палмер, — гоҳо тезлик ҳақидаги хаёлчалик бўлмайди.
— Хаёл эса, — қўшимча қилди Моллетт, — агар сиз Мак Бернс бўлсангиз, воқеликдан кўра анча муҳимроқ.

Орага чуқур сукунат чўкди. Сукунатга ғарқ бўлиб кетаётганини ҳис қилган Палмер деди:
— Қизиқ, модомики сиз Мак ҳақида шундай фикрда экансиз, у сиз билан бугун қандай қилиб ҳам бирга овқатланарди?

Моллетт тўртбурчак бармоғи билан Палмерни кўрсатиб, ўзининг чийилдоқ дадил овозида деди:
— Менинг бу ердалигим — сизни кўриш учун, бас. Тўғрисини айтсам, Мэкки Ножнинг Олбанига учиб кетганидан ўзимда йўқ хурсандман.

Виски келтиришди. Палмер ўз стаканини кўтарди.
— Душман ўрдасидаги саросималик учун!

Моллетт ширин жилмайди:
— У ким бўлишидан қатъи назар!
— Сизга нимани сўзлаб беришим мумкин? — сўради Палмер.
— Сиз бир нарсани ҳисобга олишингиз керак, — гап бошлади Моллетт, — банк ишлари билан шуғулланадиган йигитчамиз таътилда. Менинг соҳам бошқа. Ҳозир мен сиздан интервью олиш вазифасини бажараяпман, холос. Ёнимда бир неча минг саволдан иборат унча катта бўлмаган рўйхат бор.
— Қайси мавзуда?
— Омонат банклари бўлимлари ҳақидаги таклифни қандай қилиб барбод қилмоқчисиз?
— Матбуот учунми?

Моллетт кафтини юқорига қилиб, иккала қўлини олдинга чўзди.
— Бунинг учун менга ҳақ тўлайдилар.
— Лекин менга бунинг учун ҳақ тўлашмайди-да, — эслатди Палмер. — Бир қанча шундай масалалар бўйича норасмий гаплашиб олганимизда мендан бахтли одам бўлмасди. Аммо матбуот учун мен сизга айтмоқчи бўлган гаплардан бир абзац нарса чиқса ҳам катта гап.
— Келинг, шундан бошлай қолайлик.

Палмер бироз виски ичиб олди.
— Биз қўлимиздан келганча тез ва ғайрат билан одамлар онгига шуни етказмоқчимизки, миллий иқтисодиётимизнинг ҳозирги босқичида омонат банклари пулларнинг боши берк кўчаси бўлиб қолган; шахсий омонатлар — яхши нарса, аммо бундай омонатлар кўпайиб кетаверса, албатта, яхши бўлиши шарт бўлмай қолади; омонатларнинг мунтазам ўсиши аслида иқтисодиётнинг табиий ривожланишини қийинлаштиради; шундай қилиб, омонат банкларининг босқинчилик талаблари жамият манфаатига зиддир.

Моллетт бироз ўйланиб қолди, сўнг стаканни кўтарди.
— Мен силтаб ташламоқчи эмасман, — деди у музли вискига қараб, — аммо сиз айтган гаплардан биронтасини шов-шувли янгилик деб атай олмасдим.
— Биламан, — унга қўшилди Палмер, — бироқ матбуот учун бошқа ҳеч нарса айтолмайман.

Моллетт хўрсинди.
— Унда, келинг, норасмий гаплашайлик. Агар мен арзийдиган бир нарса кўра олсам, биз буни бошқатдан ёзиб чиқамиз-да, расмий тус берамиз. Майлими?
— Ҳар ҳолда, бир синаб кўрсак ёмон бўлмасди.

Моллетт бош ирғади-да, Виржинияга қаради:
— Банкир учун ёмон эмас. — Ўша-ўша ширин жилмайганча у яна Палмер томонга ўгирилди. — Матбуот учун эмас. Ҳозиргина баён этган бўлмағур гапларингиздан ҳеч бўлмаса биттасига ўзингиз ишонасизми?

Палмер кинояли жилмайди:
— Матбуот учун эмас, “бўлмағур” — бу топиб айтилган сўз эмас. Бу ерда “заҳарлаш” сўзи кўпроқ мос келади. Бироқ — ҳамон матбуот учун эмас — мен айтган нарсалар иқтисодий сиёсат ясаладиган Вашингтонда ва бошқа олий доираларда муқаддас ҳақиқат саналади.
— Банкир бўлишингиз ўлароқ сиз шахсий кредитни чексиз равишда кенгайтиришга қандай қарайсиз?
— Уни инкор этиш учун банкир бўлмоқ мутлақо шарт эмас, — жавоб берди Палмер. — Ўз мамлакатининг фаровонлигини қадрловчи ҳар қандай одам бунинг телбалик эканини билади. Бошқа томондан, бу одам шуни ҳам биладики, — қўшимча қилди у, — кредитни қисиб қўйиб, биз шундай иқтисодий исканжа ичига кириб қоламизки, бунинг олдида 1929 йилги бўҳрон секин чалинувчи вальсга ўхшаб қолади. Жуда-жуда кеч бўлади. Йўлбарсни думидан тутдингми, энди уни қўйиб юбориб бўлмайди.
— Жуда яхши, — деди Моллетт. — Иқтибос келтирсам майлими?
— Арзимайди.
— Йўлбарснинг думи борасидаги таърифни ҳар ким ҳар хил тушуниши мумкин, — давом этди репортёр. — Масалан, Таммани йўлбарси[11] олдида рақс тушадиган банкка нисбатан. Ҳатто воситачи сифатидаги Мак Бернсга эга бўлиб туриб ҳам.

Палмер қошини чимирди:
— “Рақс тушадиган” иборасини аниқроқ изоҳлаб бера олмайсизми?
— Уни қайтиб олдим. Келинг, бошқача айтайлик — Таммани таъсиридан ўз иқтисодий мақсадларида фойдаланадиган банк.
— Бу ҳақда мистер Бэркхардтдан сўрашингизга тўғри келмасмикан деб қўрқаман. Мак Бернс менинг саҳнада пайдо бўлишимдан анча олдин ёллаб олинган.
— Агар мен Бэркхардтдан илтимос қилгудек бўлсам, — эътироз билдирди Моллетт, — у менга ўшқириб бериши тайин. Мен сиздан сўраётганим сабаби шундаки, сиз соғлом фикрли одамга ўхшаяпсиз. Сиз банкирнинг замонавий намунасини ўзингизда намоён қилгансиз, — қўшиб қўйди у Виржинияга кўз қисиб, — ҳамкорлик қилишга ҳозиру нозирсиз ва умуман олий даражадаги заковат соҳибисиз.
— Мақтов сўзларингиз мақоладан бошқа сиз учун ҳамма нарса қилиб бера олади, — жавоб берди Палмер. — Яна ўшандай матбуот учун эмас — мен Бернс ва Таммани билан алоқани мерос қилиб олганман. Бунда қандайдир мантиқ бор. ЮБТК сизнинг саволларингизга ўхшаган саволларга ўрин қолдирмайдиган қилиб иш кўрмоғи лозим, холос.
— Бошқача айтганда, Таммани билан ҳамкорлик қилиш сизга ёқмайди, шундайми?
— Мен қарши эмасман, фақат мен уни ўйиннинг асосий қоидаларидан бири деб биламан, холос.
— Уҳ-ҳ, — деди Моллетт. У яна Виржиния томон ўгирилди: — Келаси сафар мен ундан интервью олганимда қаламни хонада қолдиришимни эслатиб қўй.
— Бунақа тикка саволлар бермагин-да, — маслаҳат солди Виржиния.
— Биз норасмий гаплашаяпмиз. Чегара — осмон билан ерча, хўпми? — деди у Палмер томонга ўгирилиб.
— Сўранг.
— Ҳа, албатта-да, — кулди Моллетт, — яна қанақа йўл билан бирон нарса билиб олардим? — У столга шунчалик чуқур энгашиб олдики, вискили стакан унинг кўкрагига қисилиб қолди. — Бунга нима деб жавоб берган бўлардингиз: сиз Мак Бернсга ишонасизми?
— Ишонмаслигим керакми? — уни қайириб ташлади Палмер.
— Касодгарчилик борасидаги ишларни олиб борувчи судлар унга ишонадиган одамларга лиқ тўла.
— Тушунишимча, унинг мижозларидан кўпчилиги анча бой одамлар бўлган.
— Мен айнан ана шундайлар ҳақида гапираётибман ҳозир, Макнинг сиёсий таъсиридан фойдаланиш ниятида унинг олдига танда қўювчи чакана-чуканалар ҳақида эмас. У бундай одамларнинг аямай сиқиб сувини ичди ва агар улардан лоақал бир фоизгинаси қачонлардир ҳукумат шартномасини олган бўлса, ҳайратдан ёқа ушлаган бўлардим.
— Бундай одамларга кўзингиз тушганида юрагингиз қонга тўлмайди, шундай эмасми? — сўради Палмер. — Бундай ўйиннинг моҳияти шундан иборатки, юракни сиқиб, қонини ичувчи одамнинг юраги тошдан бўлиши керак.
— Тўғри. ЮБТК га нисбатан мени худди шу нарса ташвишга солади.

Палмер яна официантни чақирди.
— Қайтаринг.
— Зўр, — рози бўлди Моллетт.
— Меники — бас, — деди Виржиния.
— Айтмоқчи, ейишга у-бу буюрсак қалай бўларкин? — қўшимча қилди Моллетт. — Мен озроқ омар оламан, қовурилганидан ва янги сабзавотдан салат ҳам. Сен-чи, Жинний?
— Ньюбургча омар.
— Пушти мағиз бифштекси, чала қовурилганидан, — деди Палмер. — Қанақа газак бўлсин?
— Менга ҳеч нарса. — Моллетт бошини бир ёнга солинтирди. — Биласизми, у буюртма олиб кетганида мен сизга яна ўша саволни бераман?
— Худди шундан қўрқиб турувдим, Виржиния!
— Раҳмат, омардан бошқа ҳеч нарса керак эмас.
— Бўлди. — Палмер официантнинг узоқлашаётганини кузатиб турди. — Сиз, — деб давом этди у, — ЮБТКнинг кўнглида ўғирликка мойиллик бор экан, деб ўйлаяпсизми?
— Кўнглида шундай мойиллик борга ўхшаб иш тутиляпти деяпман.
— Сизнинг банк ҳақида бундай ўйлашингиздан ҳайронман. Банк бизнеси — бу инсониятга маълум ягона қонунлаштирилган ўғрилик эканини наҳотки билмайсиз?

Моллетт тугмадеккина семиз лабларини бужмайтириб, босиқ жилмайди.
— Сиз менинг саволимга ҳазил билан чап бериб кетмоқчимисиз?
— Бўпти. Буни бошқача ифода қилиб беришимга ижозат беринг: ўтган йилларда Олбанида штат чеккаларидаги қонун чиқарувчилар тижорат банкларини ҳомийликка олдилар. Нью-Йорк қонун чиқарувчилар омонат банкларини афзал деб топдилар. Агар биз Таммани ёрдамида бир қанча ньюйоркликни ўз ўрдамизга авраб киритиб олсак, бу ўғрилик бўладими?
— Бу Тамманининг қайси йўл билан сизга ёрдам кўрсатишига боғлиқ.
— Бу энди Тамманининг иши.
— Ана-ана, — тилидан тутди уни Моллетт, — менинг бир қора танли дўстим айтганидай, айни илмоқли жойга келдик. Сиз қандай йўл билан фойдаланишингизга жавобгар эмассиз деб Тамманини пул билан таъминлаяпсиз.
— Бунга пулнинг нима дахли бор? Биз Бернсга дурустгина гонорар тўлаяпмиз. Бироқ бу гонорар битта-яримта қонун чиқарувчини сотиб олишга етиши амри маҳол.
— Сиз ҳеч қачон... — Моллетт жим бўлиб қолди ва бошини чайқади. — Албатта, йўқ. Бошқа ҳеч ким ҳам. Мен бир нарсани сўрамоқчи эдим: сиз қачон бўлса ҳам Макнинг шахсий кирим-чиқим дафтарини кўрганмисиз? Ўйлашимча, у уни ҳатто онасига ҳам кўрсатмаса керак. Бироқ борди-ю, агар унга кўзингиз тушгудек бўлганда, Макнинг балиқдай сукут сақлашга қодир шериги бор эканидан хабардор бўлган бўлар эдингиз. Бу индамас, кўринмас, мавжуд эмас шерик Макнинг даромадларидан каттагина бўлакни ўзига олади. Ҳеч ким ҳеч қачон буни исботлай олмайди, бироқ исми бору жисми йўқ бу шерик — Виктор Сальваторе Калхэйндир.

Палмер елка қисиб қўйди.
— Сизнинг шундай ўйлашга ҳаққингиз бор. Бироқ бу нарса нима учун Мак Бернсдан бошқа бирон одамни ташвишга солиши керак?
— Сизни ҳайрон қолдиришнинг ўзи бўлмайди, а? — ҳаяжон билан деди Моллетт. — Сиз халқ сайлаган вакиллар овозини сотиб ола билиши учун кимга пул бериш ғоясида ножўя ҳеч қанақа нарса топмайсизми?
— Албатта, — унга қўшилди Палмер. — Бунда ҳам, урушда ҳам, очарчиликда ҳам, вабода ҳам қандайдир жуда ҳам ножўя бир нарса бор. Лекин булар бари ҳаётий ҳодисалардир. Ножўя, аммо бор нарсалар.
— ЮБТК сўнгги вақтларда, — куруқ жавоб қилди Моллетт, — бирон-бир урушни, очарчиликни ёки ўлатни молия билан таъминлаганини эшитмаганман.
— Тамманини ҳам молия билан таъминламаймиз. Агар билишни хоҳласангиз, — давом этди Палмер бир текис ва ҳаяжонсиз гапиришга ҳаракат қилиб, — омонат банклари Мак Бернсни ёлламоқчи бўлишган, лекин биз уни ушлаб қолдик.

Моллетт жим эди. У официантдан вискили янги стакан олди ва ўзининг тўмтоқ кўрсаткич бармоғи билан уни дастурхонда олдинга ва орқага сура бошлади. Охири у кўзини кўтарди — унинг синчков нигоҳи бир неча марта Виржиниядан Палмерга сакради.
— Бу жуда қизиқ, — паст овозда деди у охири.
— Нима учун?

Моллетт бир неча бор бошини чайқади:
— Интервью олишга изн беринг.
— Афтидан, бу янгилик сизни лол қолдирди, шекилли?
— Йўқ, шунчаки қизиқтириб қўйди. — Моллетт қўлини Виржиния қўлининг устига қўйди. — Сени ҳам бу нарса наҳотки қизиқтирмаса, Жинний?
— Хўп, давом эт, Жорж, айлантирма. — У иккинчи қўлини Моллеттнинг қўли устига ташлади. — Агар бирон нарса биладиган бўлсанг, дўст бўл.

Репортёр яна бошини бир ёнга солинтирди.
— Эшитдингиз-а, — деди у Палмерга, — “Бирон нарса биладиган бўлсанг, бўл. Мен бундан дурустроғини топиб айтолмаган бўлардим”.

Палмер узоқ сукутга чўмди. У бир тахминни айтиш ва шу билан Моллеттнинг ишончини қозониш учун энг қулай пайт келганини тушуниб турарди. Бироқ тахмин шаклида бўлса ҳамки, бундай изҳор хавфли эди. Қулай пайт келганда у биринчи бўлиб эълон қилмаслиги шарти билангина бундай сирни Моллеттга ишонса бўларди. Бироқ Палмер бундай шарт қўйиш учун вазиятни яхши билмаслигини тушунарди. Бундан ташқари, нима учун гапириш керак экан, деб мулоҳаза ҳам қилмоқда эди. Суҳбатлар нуқул кўнгилсизликлардан бошқа нима келтирарди? Бу ерда эса улар бусиз ҳам ошиб-тошиб ётибди.
— Мен сизга ёрдам беришни истардим, — деди Моллетт. — Аммо сиз билан ишлаш осон эмас.

Виржиния йўталиб қўйди.
— Бу ноилож одам, — Палмерга мурожаат қилди жувон, — ҳақиқатан ҳам ёрдам бериш қўлидан келадиган оз сонли одамлардан биттаси.

Палмер стаканни кўтарди, бироқ ичмай уни қайта жойига қўйди. Кейин ўз қарорини мустаҳкамлаётгандек, стаканни бир четга суриб қўйди.
— Аввало мен қуйидагиларни билишим керак, — гап бошлади у. — Келинг, фараз қилайлик, мен сизга қандайдир сирни айтдим, эҳтимол, у ҳеч қачон матбуот учун ашё бўлмас. Келинг, яна фараз қилайлик, буни исбот қилиш мумкин эмас ёки мен мутлақо ноҳақман, келинг, яна бир фараз қилайлик, менинг маълумотларим чала ва сизнинг томонингиздан ишлов берилишига муҳтож. Бу ишни бажара туриб ва сизда қачонлардир мақола чоп этиш имконияти бўладими, йўқми, билмай туриб, қониқиш ҳосил қиласизми?

Моллеттнинг кичкинагина оғзи ясама ширин табассумдан икки томонга чўзилди.
— Мен чоп этилмайдиган нарса устида ишлашни жонимдан яхши кўраман. — Сўнг жиддий оҳангда давом этди: — Келинг, ишнинг моҳиятига қайтайлик. Агар у чиндан ҳам муҳим бўлса, унда мен унга ўз вақтимни сарф қилиш истагимни изҳор этаман.
— Матбуот учун эмас.
— Шўрлик матбуот учун эмас, — унга қўшилди Моллетт.
— Шубҳа қилишга менда асос бор, — тез гап бошлади Палмер, агар шериги сўзларни теришга киришгудек бўлса, уларни ҳеч қачон айтиб улгурмаслигини билиб, — ЮБТК устидан назорат ўрнатишга интилаётган қандайдир, ташқи гуруҳлар йўқ эмас.

Моллетт товушсиз ҳуштак чалди. Унинг нигоҳи дарҳол Виржинияга сакраб ўтди.
— Ростданми? — минғирлади у.
— Сен бу одамни эшитгансан, — жавоб берди жувон.

Репортёр ўзини аста стул суянчиғига ташлади ва жойлашиброқ ўтирди.
— Мак Бернснинг Олбанига боришига тўғри келиб қолганидан хурсандман.
— Нимага бундай дейсиз? — сўради Палмер.
— Чунки у бу ерда бўлганида, сиз менга буни сира ҳам айтмаган бўлардингиз.
— Тўғри. Аммо нега сиз шундай ўйлайсиз?
— Давом этинг. Мак Бернс ўзининг башанг икки юз долларлик костюмини кийиб юравериши мумкин, лекин мен учун у Троя оти бўлиб қолаверади.
— Бу, — аста деди Палмер, — бугун мен эшитган энг қизиқ нарса бўлди. — Бирмунча вақт ҳамма жим бўлиб қолди. Сукунат чўзилиб кетди. Официант столга учта ликобча қўйди ва мармитдан[12] Виржиниянинг ликобчасига ньюбургча омарларни олиб қўя бошлади, қўлида қисқич каби ушлаб турган санчқи ва қошиқларни стол устига авайлаб терар экан, ҳар бир ҳаракати билан олий даражали ресторанда хизмат қилишини таъкидлаётгандек ва таомномада чоп этилган йирик долларли нархларни исботлаётгандек бўлар эди.

Моллетт уҳ тортди, унинг кўзлари официант санчқилари ва қошиқлари ҳаракатини кузатар эди.
— Сўнгги вақтларда бирон қизиқ китоб ўқидингизми? — сўради у ҳеч кимга бевосита мурожаат қилмасдан. Моллеттнинг бармоқлари оқ дастурхонни бетоқат чертаётганини Палмер кўриб турарди.

Ҳаммага хизмат қилиб бўлиб, официант узоқлашар экан, Моллеттнинг бармоқлари тинчиди.
— Биз нима ҳақдадир гаплашаётувдикми?
— Биз “Стар”нинг жонбоз чаламулла ёзувчиси бу янгиликни муҳим деб ҳисоблармикан ё йўқми, шундан гаплашаётувдик, — жавоб берди Виржиния.
— Агар булар бари қумга ёзилган бўлса ҳам, — қўшиб қўйди Палмер.
— Ўзинг ҳозиргина Мак Бернс билан одамнинг умуртқасига ўтмас ханжарни санчиб олдинг-ку, — давом этди Виржиния.
— Менми? — Моллетт официант унга тақмоқчи бўлган ошхўракни юлиб ташлади. — Ҳалол Макка шундай қилар эканманми? — У официантнинг узоқлашувини кузатиб турарди. — Турли-туман шубҳали тадбирларнинг сиёсий ташкилотчиси ишончини қозонувчи сифатида, — деди у омарга чаққон ва дадил ҳужум қилар экан, — мен унинг икки жабҳага ишлашни қойилмақом қилиб ўрганганини кўрдим, холос. — Моллетт омарнинг узун бир бўлагини кўтарди, уни қиздирилган ёққа булади ва оғзига жўнатди. Унинг нигоҳи тезгина Палмернинг юзига сапчиди. — Сиз бир нарса дедингизми? — сўради у.
— Эзилиб кетдим, холос, — жавоб берди Палмер ўзининг бифштексига пичоқ урар экан. Чала қовурилиш ўрнига гўшт ташқи томонидан букиб қўя қолинган, ичи эса хомлигича қолаверганди. — Мана сизга керак бўлса, — шикоятомуз деди у.
— Еб бўлмайдиганга ўхшайди, — деди Виржиния. — Бугун жума, мен балиқ таомлари тартибига риоя қиламан.
— Ақли жойида бўлган одам буни чала қовурилган деб айта оладими?
— Жудаям чала қовуришибди-да, — унга қўшилди Моллетт. — Қайтариб юбора қолинг.

Палмер бошини чайқади ва бифштекснинг еса бўладиган қисмларини ковлаштира кетди.
— Сиз бизга жавоб бермадингиз ҳали, янгилик устида ишлаш учун у сизни кўнгилдагидек қизиқтирадими?

Моллетт луқмани чайнашда давом этарди.
— Буни тушунтириш қийинроқ. Аслида, падарига қусур, деярли иложи йўқ.
— Ҳеч қизиқиб кўрмаганмисиз?
— Унда...

Омарнинг навбатдаги бўлагини ажратар экан, Моллетт лабларини қаттиқ қимтиди.
— Буни тушунтириш кераклигига унчалик ишонмай турибман, — жавоб берди у.

Виржиния санчқини қўйди.
— Э, йўқ. Бўлиши мумкин эмас.

Моллетт бош ирғади:
— Мумкин.

Виржиния Палмерга юзланди.
— Бу нусханинг гапига қараганда, — жувон овозини пасайтирди, — кимдир унга бу янгиликни аллақачон етказган. Бошқа томондан биров.

Палмер кавшанишдан тўхтади. У ўзини стул суянчиғига ташлади, кўзлари репортёрга тикилди. Бир лаҳза ўтиб у гўшт луқмасини ютди, бироқ бошқасини кесиб олишга шошилмади.
— Унда, — деди у охири, — нима учун буни мендан эшитганингизда сиз ҳайратдан ёқа ушладингиз?
— Мени ишонтириб айтишгандики, биринчидан, ЮБТК да ҳеч ким ҳеч нарсадан шубҳаланмайди ва, иккинчидан, то ойболта тушмагунча... улар ҳеч нимадан шубҳаланишмайди.
— Мен ўзим ҳақимдаги бировларнинг фикрига унчалик мазахўрак бўлганим йўқ.
— Бу икки оёқда юрадиган ҳашарот бор-ку, Бэркхардт, шу одам ҳақидаги уларнинг фикри, — жавоб берди Моллетт. — Кўраяпсизми, мен бу маълумотларни сиз Нью-Йоркка келмасингиздан аввал олган эдим.

Палмер бош ирғади:
— Иш анчадан бери давом этиб келаётганини билардим. Нима деб ўйлайсиз, улар нечта акция тўплашди экан?

Моллетт қошини чимирди ва омарни ёққа булади.
— Яна эсингиздан чиқди. Менга сир қилиб айтишган.
— Жорж, — деди Виржиния, — сен қанақа дўстсан ўзи? — Репортёр индамай овқат еётгани учун у гапида давом этди: — Менинг бир нарсага ҳеч ақлим етмаяпти, нега ҳамма нарса шу қадар сирли, а? Раҳбарлик курсиси учун бошқа жанглар очиқ-ошкора бўлади. Ваколат учун кураш. Газеталардаги шов-шувли сирлавҳалар. Бу эса шунчалик махфийлаштирилганки, ҳалигача унинг борлигига ишонмайман.
— Ишон, — деди Моллетт.
— Банк шунчаки одатдаги корпорация эмас, — тушунтирди Палмер. — Қачондир — кимдир банк устидан назорат ўрнатиш учун зарба беришга ҳаракат қилса, у бу ишни очиқчасига қилишни ўзига эп кўрмайди. Ўрта бизнесга-ку бундай ошкоралик зарар етказмаслиги мумкин. Аммо унинг банкка ҳужум бошланишига қанчалик халақит беришини ҳамма билади.
— Ошкора кураш, — тасдиқлади Моллетт, — банкни шу қадар хонавайрон қилиши мумкинки, янги раҳбарга бош оғриғидан бошқа ҳеч нарса қолмайди.

Сўнг яна орага сукунат чўкди. Ҳеч ким уларнинг суҳбатига қулоқ солмаётганига ишонч ҳосил қилиш учун Палмер хонага яна бир бор кўз югуртириб чиқди. Кассир пештахтаси олдида чарм куртка кийган бир ёш йигит метрдотел билан гаплашиб турарди. Кейин йигит метрдотелга бир конверт тутқазди.
— Демак, — кескин оҳангда деди Моллетт, — нима бор сизда?

Палмер унинг кўзига қаради:
— Ривожлантириш ва тўлдиришда сиз ёрдам беролмайдиган ахборот.
— Тўғри. Агар сиз олдимга биринчи бўлиб келганингизда, мен бир нима қила олишим мумкин бўларди. Энди эса менинг қўлларим боғлиқ.
— Лекин тилинг эмас, — писанда қилда Виржиния. — Одоб, ҳарқалай, сенинг зудлик билан орқага, ўша дастлабки манбангга югуриб боришингни ва унга ЮБТКнинг ишлари беш экан деб хабар қилишингни талаб этади.

Ёққа буланган омарни маза қилиб чайнаётган одам бирдан ачинарли ҳолга тушиб қолса, қандай бўлади? Моллетт ҳам худди шу ҳолга тушганди.
— Бошим қотиб қолди, — деди у охири. — Сиз мен билан хуфёна гаплашдингиз.
— Раҳмат, — жавоб берди Палмер. У метрдотелнинг улар столи томон келаётганини кўрди. — Сизни ЮБТК томонга оғдиришнинг бирон усули бормикан?
— “Стар”нинг одамини-я? — сўради Виржиния чуқур ҳайрат оҳангида.
— Бунга бир бошқача қараб кўринг, — деди Палмер. — Биз қанчалик кўп нарса билсак, кураш шунча кескинроқ ва сизнинг мақолангиз шунча қизиқроқ бўлади.
— Макиавелли, — деди Моллетт. — Сиз, чикаголиклар, қотилнинг ўзгинаси- сизлар — одам ўлдирмай туролмайсизлар.

Метрдотел стол олдига келди.
— Мистер Палмер ким эди? — сўради у Палмерни таниёлмай. Палмер бош ирғагач: — Э-ҳа, сиз эдингиз-ку. Марҳамат, — деди-да, конвертни унга тутди.

Бу оппоқ скотч билан бир неча жойидан елимлаб ташланган конверт бўлиб, устида ҳеч қанақа ёзув-позув йўқ эди. Палмер уни айлантириб кўрди-да, кимдан келганини ва кимга юборилганини аниқлай олмади. У конвертни очди ва ичида ясси калит ёпиштириб қўйилган қалин оқ қоғозни кўрди. Қоғозга қизил қаламда бундай деб ёзиб қўйилганди: “Олбанида 10 кун. Меҳмоним бўл”. Палмер кўзини кўтарди ва Моллетт билан Виржиния уни кузатиб туришганини кўрди Бахтига у қоғозни калит кўринмайдиган қилиб ушлаб турган экан. У хат билан калитни чўнтагига тиқди, бу оқилона бўлдими ё йўқми, ўйлагани ҳам йўқ, ишқилиб уларни кўздан яширса бўлгани эди. Хатдаги гаплардан на жўнатувчини, на олувчини билиб бўларди.

Палмернинг кўнглидан беихтиёр шундай ўй кечди: Мак Бернс жосусликда ишласа қалай бўларкин? Ҳойнаҳой, ёмон бўлмасди.

У суҳбатдошларига жилмайиб қўйди.
— Қотил табиатли одамлар, — аста деди у, — жуғрофий чегарани билмайдилар.
— Яъни? — сўради Моллетт.
— Келиб чиқиши қаерданлигининг аҳамияти йўқ. Бу ёғини сўрасангиз, Жо Лумис, агар янглишмасам, Огайодан.

Моллеттнинг тугмадеккина оғзи хиёл титради:
— Ў-ҳа.
— Арчи Никос эса, Лондондан бўлса керак.
— Ҳм.
— Мак Бернс эса, менга айтишларича, Байрут билан Голливуд маҳсулоти саналади.
— Оббо.
— Инглизчалаб бир нима десанг-чи, Жорж, — илтимос қилди Виржиния.

Моллетт ковшанди-да, оғзидагини ютди.
— Айтадиган биргина гапим шуки, — тантанавор деди у, — уларнинг келиб чиқиши ким ва қаердан бўлмасин, чикаголик бир қишлоқи лапашангни учратиб қолган айни пайтда уларга ачиниб кетаяпман.

II- qism
 



  1. Метрдотель — бош ошпаз.
  2. Англикан — протестант динининг Англияда тарқалган мазҳаби.
  3. Кўзингга қара! (исп.)
  4. Лотин Америкасида Шимолий америкаликларни шундай аташади.
  5. Брехтнинг “Уч лиралик опера” пьесаси қаҳрамони.
  6. Сиз хафамисиз? (нем.)
  7. Немисча гаплашаяпсанми? (нем.)
  8. Эски уруш. (нем.)
  9. Иккинчи. (нем.)
  10. Маркиз Квинзберри XVIII асрда ҳаваскор боксчилар жамиятига асос солган ва спортнинг бу турига қатъий қоидалар ишлаб чиққанди.
  11. Таммани — Нью-Йоркдаги демократик партия ташкилоти. “Йўлбарс” — шу ташкилот лақаби.
  12. Официантларнинг овқат ва идиш-товоқ ташийдиган қутисимон аравачаси. (Тарж.)