OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЛесли Уоллер
Асар номиБанкир (III- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Беллетристика
Муаллифлар
   - Лесли Уоллер
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонФайзи Шоҳисмоил, Амир Файзулла, Шаҳзода Худойбердиева, Жаҳонгир Абдуллаев (Русчадан)
Ҳажм679KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/30
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
Роман жузъий қисқартишлар билан босилди.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Банкир (III- қисм)
Лесли Уоллер

Ўттиз Бешинчи Боб

Мак Бернснинг квартирасида Ист Риверга қараган дераза олдида туриб Палмер, хуллас, ҳеч бир нарсада Бернсга ишониб бўлмас экан дея хаёл сурарди, айниқса унинг Олбанида ўн кун бўламан дегани ғирт ёлғон бўлиб чиқди.

Далилларни текширишни узоқ машқ қилиб ўрганган Палмер Бернснинг хатда кўрсатган ўн кунлик муддатнинг туғрилигига ишонч ҳосил қилиш учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилди. Бернснинг идорасига қилган қўнғироғи ёрдам берди. Котиба уни кечи билан Рождество кунига кутмоқда эди, унгача ҳали ўн бир кун бор. Қандайдир бир арзимас сабаб билан Палмер Калхэйнга ҳам қўнғироқ қилди ва сиёсий арбоб Бернсни Нью-Йоркда кам деганда ўн кун мобайнида кутиб турмаслигини аниқлади.

Ҳозир Бёрнс меҳмонхона бўлмаси деразаси ёнида автомобил чироқлари нури Ист Ривердрайвнинг қоп-қора фонида сидирға оқ-сариқ тусда қоришиб кетаётганини кузатар экан, Палмер Бернснинг сотқинлиги эҳтимоллиги ҳақидаги фикрни нима учун осонгина миясидан чиқариб юборганини ўйлар эди. Бу фикрни ҳисобга олмагани учун эмас, балки Палмер озгина уриниш билан уни хаёлининг бир чеккасига суриб қўйгани учун.

Аслида, деб ўйларди ҳозир Палмер, у нима қилган ва қилмоқчи бўлган ҳамма нарса, Афтидан, уни у қадар ташвишга солмаяпти. Бу ҳам, ўзича иқрор бўлди у, ундаги хоҳиш бошқа ҳамма нарсанинг бирон-бир аҳамиятини йўққа чиқарганидан эмас. Йўқ. Бўлажак зиёфат истиқболи бошқа барча туйғуларни бўғиб қўйишга қодир кескинлик билан тўлдирмаётганди. Хулласи калом, Жерри айтмоқчидай, у, афтидан, ўзининг янги ролига жуда совуққонлик билан қараяпти.

Эшик уч марта енгил тиқиллади.

Палмер эшик олдига борди ва бир неча сантиметр қия очди. Йўлакдан унга Виржиния Клэри кулиб турарди. Палмер эшикни катта очди, жувонни ичкарига олди, эшикни ёпди ва қулфлаб қўйди. Кейин бурилди-да, жувонга қаради. Жувон нимқоронғиликда турар, кўзлари чақнар эди, бўртиқ ёноқларида хиёл қизиллик, лабларини ҳали ҳам ёқимли табассум тарк этгани йўқ. Палмер ўзининг ҳам юзида ана шундай мамнун, бироз аҳмоқона севинчли табассум борлигини билиб турарди.
— Чопиб келдим, — деди Виржиния.
— Кераги йўқ эди.
— Кераги бор эди. Ҳатто лабларимга қизил сурганим ҳам йўқ.
— Лаббўёқ деярли бутунлай ёйилиб кетган.
— Ҳар доимгидай куннинг охирида келиб, — деди жувон.
— Бирон нарса ичасизми?
— Зудлик билан. — Жувон меҳмонхона бўлмасига борди. Палмер барга йўл олди, жувон уни тўхтатди ва узун диванни кўрсатди. Йигит ўтирди ва жувоннинг коктейл тайёрлашини томоша қила бошлади.
— Челакчада муз бор, — бидирлаб деди жувон, — баъзи эркаклар ҳамма нарса ҳақида ўйлайди.
— Отам буни ҳамма нарсада эҳтиёткорлик уқуви деб атарди.

Жувон стаканларни диван олдига олиб келди-да, йигитнинг ёнига ўтирди.

Улар стаканларини чўқиштирдилар. Хонани тўрдаги девор деразаси олдидаги мўъжазгина чироқ ёритиб турарди. Палмернинг ғояси: улар иккаласи учун кифоя қиладиган ёруғлик, кўчанинг нариги томонидаги деразалардан кузатувчилар учун кифоя қиладиган ёруғлик. Бундан ташқари, чироқнинг жойлашувининг ўзи кузатишга йўл қўймас эди. У нимҳарир пардани ёритиб, ташқи кузатувчилар ва хонадаги одамлар ўртасида тўсиқ ҳосил қилганди.
— Совуққон мулоҳаза, — таъкидлади йигит. — Бундай совуққонлик қаёқдан пайдо бўлди?
— Сенинг отанг, — деди Виржиния, — буни нима деб атаган бўларди?
— Бориб турган жиннилик.

Жувон бош ирғади.
— Мен унга қўшиламан.
— Унда, кел, ичайлик-да, кетайлик. Мен Макнинг Олбанида эканига унчалик ишонаётганим йўқ.
— Мен ишонаман.
— Нима учун?
— Ишдан кетиш чоғида мен унга Олбанига қўнғироқ қилган эдим, — деди жувон. — Чунки у билан учрашишга ҳаракат қилиб кўришимнинг аниқ сабаби бор эди менда. У ўн кундан кейин қайтаман, деган эди. О.Е.О.[1]
— Нима учун сен уни текшириб кўрдинг?
— Бу оқилона кўринганди.
— Қўрқаяпсанми?

Жувон жиддий бош ирғади:
— Ўлгудай қўрққандим. Ташвишланишимга сабаблар жуда кўп. Мен ёлғизман. Банкда пулларим бор. Агар керак бўлса, мен истаган вақтимда газетада иш топа олар эдим.

Йигит жилмайди.
— Пулларингни қайси банкда сақлаяпсан?
— Сир. — Жувон стаканидан икки-уч ҳўплади. — Сенинг пулларинг кўпми, Вудс?
— Нимайди?
— Катта ифлос жанжалга бардош беришга етадими?
— Ҳа.
— Унда иккаламиз ҳеч нарсадан ташвиш қилмасак бўлавераркан.

Жувон у билан яна енгил чўқиштириб қўйди. — Лекин келаси гал ҳам барибир икки марта текшираман. — Вискини охиригача ичди-да, стаканни коктейл столчасининг залворли ойнаси устига қўйди.
— Бугун кундузи жудаям бир кулгили воқеани бошимдан ўтказдим. Қандайдир бир эркак менинг иш столим олдига келиб тўхтади. Биз у билан ниманидир муҳокама қилиб турганимизда у менга калит ёпиштирилган ватман қоғозини кўрсатди. Суҳбат давомида у на калит ҳақида, на қоғоз ҳақида бир оғиз гап айтди, мен ҳам. У ниманидир айтмоқчи бўларди деб ўйлайсанми?
— Ўйламасдан ҳа деган бўлардим.
— У нимани назарда тутгани ҳақида фикринг қандай?
— Яхшиликдан нишона эмас.
— Хўп, буниси-ку, кулгили воқеа бўлди, — давом этди жувон, — кейин мен мутлақо ғайритабиий бир иш қилдим. Мен кечқурун бирга овқатланишга таклиф қилган одамга қўнғироқ қилдим ва ўзимни ёмон сезаяпман, дедим.
— Сен бундай қилмаслигинг керак эди. Мен жиддий айтаяпман.
— Биламан, жиддий айтаяпсан.
— Бошқа бундай қилма.
— Нима учун?
— Бу ... бу унга нисбатан зулм. У ким бўлишидан қатъи назар.
— У мени қизиқтирмайди, — деди жувон. — Мен ўзим ўзимга нисбатан ҳал этишга ҳаракат қиламан.
— Ҳал қилгансан деб ўйлайман. Назаримда, сен буни жиннилик деб эътироф этдинг, шекилли.
— Ҳа. — Жувон қаддини ростлади ва унга янада тикилиброқ қаради.
— Ва назаримда, ичиб бўлиб, кетайлик деб таклиф қилдим, шекилли.
— Бу таклифга мен эътибор қилмабман.
— У ҳамон ўз кучида турибди.

Виржиния унинг қўлидан тутди ва йигит унинг ингичка бармоқлари тафтини ҳис этди.
— Кел, бу ҳақда гапирмайлик, — илтимос қилди жувон. — Кел, чурқ этмай ўтирамиз. Бирпас. — У йигитнинг қўлини айлантирди, кафтига қаради, уни лабларига олиб келди ва ўпди.

Жувон аста эгилиб, унинг тиззалари устига етгач, йигит уни қучоқлади. Юзидан ўпди, сўнг лабларидан ўпди ва жувоннинг лаблари унинг лаблари остида хиёл очилганини ҳис қилди. Жувон англаб бўлмайдиган бир нарса деди: сўз йигитнинг оғзига чўкиб кетди. Жувоннинг қўли тўсатдан таранг тортди ва у йигитнинг оғзини ўзининг оғзига шундай куч билан босдики, йигитнинг лаби яраланди. Бир лаҳзадан кейин жувон қўлини бўш қўйди. Уларнинг лаблари ажралди.
— Ҳеч нарса гапирма, нафасини чиқариб деди жувон.

Йигит унинг сонидан қўлини олди-да, лабига теккизди. Бармоғига қаради — қон йўқ эди. У қўлини жувоннинг тиззаси тагига суқди-да, унинг оёғини аста силай бошлади. Хонадаги сукунат ичида қўлининг нейлон пайпоқ бўйлаб қилган ҳаракатидан енгил шитирлаш тарқалмоқда эди. Унинг қўли юқорироққа кўчди.

Бирмунча вақтдан кейин қараса, у қалин оқ гилам устида кўзларини юмиб чалқанча ётибди. Виржиния қаёққадир ғойиб бўлганди. У жувоннинг коктейль тайёрлаётганини эшитди. Кўзини очиб, жувон унинг боши узра қўлида стакан билан турганини кўрди.
— Сен барибир малласоч учун сертуклик қиласан, — деди жувон.
— Тиришаман.

Виржиния оёғини унинг кўкрагига қўйди.
— Оғрияптими?
— Йўқ.
— Энди-чи?
— Агар қарс этган овоз эшитсанг, билгинки, қовурғам синган.
— Жўжа. — Жувон оёғини олди-да катга томон кетди. Палмер узоқдан жувоннинг қуймичи ва сонлари мушакларининг ўйноқлашини кузатди. Жувон иккита кичкина-кичкина ёстиқчани олиб қайтиб келди ва таклиф қилди: — Бошингга қўйиб ол. Гилам унчалик юмшоқ эмас.

Эркак ёстиққа ётгач, жувон унинг қорни устига миниб олди, стаканни унинг лабларига олиб борди ва то ичиб бўлгунича аста-аста эгиб турди.
— Раҳмат, — деди ниҳоят Палмер.
— Агар оғирлик қилаётган бўлсам...
— Қушдай енгилсан.

Жувон жилмайди ва стаканни унинг боши ёнидан ерга қўйди, бир нима деб гапирмоқчи бўлди-ю, лекин тутилиб қолди.
— Менга айт-чи, — деди жувон охири, — қаттиқ тажрибанг натижасими бу? Ёки сен ўзинг шунақамисан?
— Қанақаман?

Жувон хиёл олдинга эгилди:
— Гўлликка солма ўзингни.
— Э, буни айтаяпсанми? Яхши. — Йигит юзини шундай қийшайтирдики, бундан: “Сенга нима ҳам дердим” — деган маънони уқиш мумкин эди. — Бу тажриба натижаси эмас.
— Сендаги мен энг кўп яхши кўрган нарса — бу камтарлик.
— Мен иложи борича камтарона жавоб беришга ҳаракат қиламан, — деди Палмер ён бермай. — Лекин саволнинг ўзи у қадар камтарона эмас. Ҳарҳолда уни икки хил тушунса бўлади. Уни бошқача қилиб ҳам айтиш мумкин: сенинг ақл бовар қилмас муваффақиятинг сири нимада?
— Жавоб ўша: тажриба натижаси эмас.
— Унда нима?
— О, — деди жувон. — Мен сенга айтиб беришим мумкин. Тўғрисини айтсам, мен ҳар иккала саволга жавоб бера оламан. Менинг яхши бўлишимга сабаб — бу сенсан ва шунинг акси.
— Чакки эмас.
— Устимдан кулиш йўқ, — огоҳлантирди Виржиния. — Бунинг учун сен ҳозир ўшандай ҳолатда эмассан. — У гиламдан оёқларини кўтарди-да, Палмернинг қорни устида чордона қуриб ўтириб олди.
— Қалай, оғирми?
— Неча килограмсан?
— 1 стоун 5 фунт.[2] Шунинг бари ичак-чавоқларимга босиб турибди.
— Менда бир фойдали фикр пайдо бўлиб қолди, — деди йигит. — Қорин мушакларини мустаҳкамлайдиган машқлар. Менга 1 стоун 5 фунт оғирлигидаги бир аёл керак. Сен бунга қизиқмайсанми?
— Йўқ.

Жувон олдинга эгилди-да, йигитнинг устига шундай чўзилдики, юзи йигитнинг бўйнига ёпишди, уларнинг оёқлари бир-бирига жуфтлашди.
— Нима бўлганини билаяпсанми? — сўради жувон. — Энди сен мени бутунлай сезмаяпсан.
— Жудаям хато қилаяпсан-да!
— Вазнимни назарда тутиб айтаяпман.
— Э-ҳа.
— Сен тахта катчалик ҳам эмас экансан.
— Айбситавера-а, айбситавер.
— Қоқ суяксан, — давом этди жувон, — бундан ташқари, ҳар хил бўртиқлар.
— Балки, мурватлар бўшашиб қолгандир?
— Уни маҳкамлашнинг қандайдир усули бўлиши керак.
— Бўлиши керак.
— О, — деди жувон, унинг кўкрагидан аста тишлаб.
— Қанақа?
— Қараб тур.

Телефон жиринглаганда соат эндигина тўққиздан ошганди. Палмер юзини гиламга тиқиб, қорнида ухлаб ётарди. У аста қимирлади, сўнг бутунлай уйғонди ва Виржинияга тикилди. Жувон бармоғини унинг лабига босди. Телефон етти марта жиринглагунча улар бир-бирига тикилиб қараб, кутиб туришди. Саккизинчи қўнғироқ ўртасида у тинди.
— Шаҳар қўнғироғи, — деди жувон. — Бу уйдан эмас.
— Соат неча?
— Тўққизлар атрофида. Қорнинг очдими?

Йигит бошини чайқади.
— Мен ухлаганимда нима қилдинг?
— Сени томоша қилдим.
— Хўш?
— Ва ўйладим. — Жувон чекиб турган сигаретасини унга узатди. — Секс ҳақида ўйладим.

Йигит бир тортди-да, сигаретани қайтарди.
— Нимани топдинг?
— Икковимиздан биттамиз ҳам тушуниб бўлмайдиган нарсани.
— Жуда афсусдаман.
— Афсусланма. Мен шундай хулосага келдим: Буни тушуниш мутлақо шарт эмас. Бу ёғочдан завқ олган билан баравар.
— Ҳамма ҳам шундай ҳис этавермайди.
— Мен икковимизга бир қара, демоқчиман. Агар турли-туман гуноҳу айблар номи билан аталувчи нарсалардан ўтиб келиш учун тўла ихтиёрга эга бўлмасак, кўп ўтмай ҳеч қанақа лаззат ололмай қоламиз.

Йигит тирсагига суянди.
— Сен асосий нарсани эсдан чиқараяпсан.
— Бугун оқшом кўпам эсдан чиқараётганим йўқ.
— Асосийси ўз кузатишингда, — ўжарлик билан такрорлади Палмер.
— Э-ҳа, мана, гап қаёқда экан.
— Айнан бизнинг гуноҳларни эслатиш ва аниқ белгилашдан муваффақият билан қутилиб қолишимиз. Сен буни нима деб изоҳлаган бўлар эдинг?
— Болаларча гўллик. Бир куни тунда бу барча юк устимиздан босиб тушмаса деб қўрқаман.
— Кейин биз лаззатланиш қобилиятимизни дарҳол йўқотамизми?

Жувон хўрсинди.
— Мен бошқа бирон нарса ҳақида гаплашишни истардим.
— Барибир аёллар қизиқ-да!
— Ҳа. Жисмларининг ярми фаришта, ярми қари қиз.
— Қандай даҳшатли ёлғон. Униси ҳам, буниси ҳам.
— Бўпти. Жентлмен сифатида ўз эътирозингни билдирдинг. Кел, энди бошқа нарса ҳақида гаплашайлик.

Йигит бошини букилган қўли устига қўйиб, яна гиламда ётиб олди.
— Биз оддийгина хуфёна жазманлар бўлиб қолишни ўлгудай хоҳлайман, — ўйчан деди жувон. — Аёл ухлаб қолади. Эркак ётоқхона бўлмада оёқ учида у ёқ-бу ёққа юради ва кийинади. Унинг кетиши ва пардоз столчасида пулни кўриш учун эрталаб аёл уйғонади. Бунинг ўрнига сен ухлайсан, менинг эса ўз ёғимга ўзим қоврилишдан бошқа иложим қолмайди. Наҳотки “Виржиния Клэрига нисбатан жентлмен бўлинг” ҳафтаси эълон қилинган бўлса?
— Оҳ, жим бўлсанг-чи.

Палмер кўзларини юмди.
— Тирноқ остидан кир қидиришлар.

У ҳеч нарса деб жавоб бера олмади ва жувоннинг сигарета тортганини ҳамда куч билан тутунни пуфлаганини эшитди. Йигит кўзларини юмиб ётганча чурқ этмасди.
— Бу адолатдан эмас деб ўйлайман, — давом этди жувон бирмунча муддатдан кейин. — Мен тинч, хотиржам яшаб келаётган эдим. Гуноҳларим доим назорат остида бўларди. Энг даҳшатлиларини катта танаффуслардан кейин содир этардим. Узоқ вақтгача тавба-тазарруда[3] бўлмагандим, ўзимни услубиётчи деб ҳис қиламан. Жинсий алоқаларини ўзи йўқ воқеалар сирасига киритишимнинг ўзи бўлмаган — қундуз пальто дейсан: бошқалар кийса чиройли, менинг даврамдагилар учун эса дабдаба. Кўзларим сенда тўхтаган дастлабки бадбахт онда тушундимки, сен айниқса эҳтиёт бўлиб муомала қиладиган одам экансан. Бу сенинг ташқи кўринишинг туфайлидан эмасди. Бирон-бир муайян жисмоний нусхага кўнглим суст кетмайди. Фақат сенинг менга қарашингдаги бир нима дидимга ўтириб қолганди, холос. Сендан сигналлар келарди. Менинг радарим уларни тутарди. Ўзимга ҳам менда қандайдир ўз сигналларим ёки шунга ўхшаган нимадир бордек туюларди. Бу техникани бутунлай тушунишга даъвогарлик қилмайман. Лекин, эй худо, Вудс, мен қийналгандан қийналардим, ўзимни қўлга олишга ҳаракат қилардим, мен ҳақиқатан ҳам ҳаракат қилардим. Сен менга керак бўлган одам эмассан, зинҳор. Уйлангансан. Фарзандларинг бор. Менинг ишдаги хўжайинимсан. Ҳалиги зиёфатда қандай рақс тушганимиз ёдингдами? Менинг барча машқларим жилдираб канализация қувурига оқиб кетаётгандай ҳис қилардим. Кейин биз шаҳар бўйлаб юрганимизда мен софдил бўлишга ва булар барчасини сенга эркалаб, аммо астойдил айтиб беришга ҳаракат қилгандим. Мен ҳатто кичикроқ муноқаша билан тугатмоқчи ҳам бўлгандим. Лекин қўлимдан келмаганди. Эсингда йўқми? Энди ҳаммаси унутилган. Лекин ҳарҳолда ўшанда сен мендан миннатдор бўлиб қўйгандинг. Сенинг бировдан миннатдор бўлишинг ўлимдан қийин. Шунчалик ичимдан топ эдингки, битта сўзни минг машаққат билан айтардинг. Мана шу ичимдан топлигинг мени ўлдирди. У менга сенинг ботинан қандайлигингни кўрсатди, сенинг ўзингни десам ҳам бўлаверади, шу нарса жигар-бағримни эзиб, қийма қилиб юборди. Мана, бу ерда мен сен билан Мак Бернснинг мўъжизавий гилами устида ағаниб ётибман, бошқа биронта идорадан иш қидириб топишим ва бу воқеани унутишга ҳаракат қилишим керак бўлган бир вақтда.

Жувон жимиб қолди. Бир лаҳзадан кейин Палмер бошини кўтарди:
— Тугатдингми?
— Бутунлай.
— Саволим бор.
— Хўш?
— Шунчалик бахтсиз бўла туриб, шунчалик чиройлик бўлиш қандай қўлингдан келади?

Жувон унга ажабсиниб қараб қўйди:
— Жаҳлинг чиқмаслигига ишонасанми?
— Бу ёққа кел-чи.
— Келаяпман.

Ўттиз Олтинчи Боб

Палмер кечки соат олтида Парк авеню бўйлаб “кадиллак”да шамолдай елиб борар экан, “Уорлд телеграм”даги сўнгги еттинчи спорт бўлимини молияга доир бобигача варақлаб чиқди. У машинадаги мутолаага мўлжалланган чироқни ёқди ва биржа ёпилиши вақтидаги банк акциялари нархини ўргана бошлади. ЮБТК акцияси нархи 25 фоизга кўтарилган ва сотилган акциялар миқдори ортган эди.

Уларни ким сотиб олса ҳам назорат пакетини эгаллаб олиши ҳали амри маҳоллигига амин бўлиб, Палмер газетани буклади-да, ўзининг ёнига ўриндиққа ташлади. Бирмунча муддат у ҳайдовчи бошининг орқасига қараб турди. Сўнг вужудида қандайдир танҳолик туйғусини ҳис этди. Гарчи ҳайдовчи ундан бор-йўғи бир ярим-икки метрча нарида ўтирган бўлса-да, Палмер ўзини мутлақо ёлғиз ҳис қилди. Бундай сезги қайсидир маънода унга ёқарди.

Шунинг учун ёқадики, ўйлади у, бу ерда, қуббасимон майин оқ нур остида, гўё дўкон пештахтасидагидек, ёлғиз ва қайсидир даражада севимли бўлиб ўтириш маза эди, айни вақтда эса қоронғилик қўйнида бутун шаҳар кўзга кўринмас сувратлар силсиласидай ёнингдан ўтиб туради. Палмер чарақлаган янги йил арчалари улуғвор сафининг лип-лип учиб ўтишини томоша қилди. Оқшомлари Парк авеню ҳар доим ёрқин қизил нуқталар — машиналарнинг орқа чироқлари билан безанган бўлади. Ҳозир эса арча чироқлари ортида бутун кўча байрамона тус олганди.

Етмишинчи кўчаларда ҳайдовчи чапга бурилиш сигналини берди ва Палмер олдинга энгашди.
— Жимми, бурилинг-да, мени муюлишда тушириб қолдиринг. Бу ёғига яёв кетаман.
— Яхши, мистер Палмер, раҳмат.

Палмер қошини чимирди. Бу ташаккур нечун? Бу Жиммининг қайтар йўлини нари борса беш дақиқага қисқартиргандир. Наҳотки беш дақиқа шунчалик зарур бўлса?
— Бирон ёққа шошаяпсизми? — сўради у.
— Уйга. Арча безатиш керак, мистер Палмер. Мен галга солганим-солган, бу ёғи атиги олти кунгина қолибди. Болаларим ўлдиради мени...

Машина юмшоққина кичикроқ доира ясади-да, йўлка чеккасига, шаҳарнинг ишбилармонлар маҳалласи томонга келиб тўхтади. Жимми эшикни очгани чиқиб келгунча Палмер қуббасимон чироқни ўчирди ва газетани олди.
— “Телли”ни олинг, — деди у газетани ҳайдовчига узата туриб; унинг билишича, ҳайдовчи, одатда, фақат “Жорнэл американ”ни сотиб оларди.
— Яна бир марта раҳмат. Хайрли тун, сэр.
— Хайрли тун.

Ҳайҳотдай машина жўнаб кетди ва Палмер муздек ҳаводан чуқур нафас олди, сўнг осмонга қаради. Осмон шу қадар мусаффо эдики, у ҳатто яккам-дуккам юлдузни ҳам кўра олди — тутунли Манҳеттен учун бу мутлақо одатдан ташқари ҳодиса эди. Палмер Парк авеню ёқалаб кўз югуртирди ва янги йил арчаларини санашга уриниб кўрди. Кўп ўтмай улар бир-бирига қўшилиб, ёрқин чизиққа айланди. У санашни бас қилди.

Бурилди-да, тезгина уйига қараб кетди.

Уй тарҳи бўйича Эдиснинг режалари қойилмақом тарзда адо этилганди. Аср бошида қурилган, деярли бутунлай катта-катта, кенг-кенг уч-тўрт қаватли бинолардан ташкил топган маҳаллада Палмернинг уйи, шубҳасиз, мана мен деб турарди. Маҳаллий уй эгаларининг ҳадди жуда деганда тош деворни қумли фаввора билан обдон тозалашга ёки бўяшга, бундан ташқари, деразаларга яхлит ойна қўндиришгача бориб етарди. Фақат бир юрагида ўти бор ихтирочи рим ғиштидан янги девор тикка қилганди. Бироқ Эдис бошқа йўлдан борди.

Жимжимадор олд деворли биноларни Палмер олдин ҳам кўрган. Бундайлари, одатда, иссиқ иқлимли мамлакатларда қурилади. Ҳиндистондаги Қўшма Штатлар элчихонаси, эслади у, шу техниканинг замонавий нусхасидан фойдаланган. Манҳеттенда тропик иқлим шароити аҳён-аҳёндагина акс этса-да, Эдис шундай жимжимадор деворни танладики, у ҳаловатни юзага келтирарди. У ҳатто қимматбаҳо майдоннинг бир қисмидан воз кечиб, уйни кўча томон суришга жазм этди. Шундай қилиб, йўлкадан қарийб 3 метрлик масофада панжарага ўхшаш бир нима билан бирлаштирилган эгма ва учли қуйма бетон девор тикланганди.

Нур ва ҳавони ўтказиб турадиган, аммо ажабтовургина соя туширадиган бу бегона кунгиралар уйни суқ кўзлардан яшириб туришга мўлжалланган эди. Деворнинг нарёғида яна икки метрча жойда бинонинг ўзи савлат тўкиб турарди. Унинг тўрт қаватли фронтони сўнгги модада 4 га 6 ҳажмдаги, алюминий жилд билан маҳкамланган яхлит ойнадан ясалганди. Жимжимадор олд деворнинг ички томонини Эдис, афтидан кейинчалик чирмовуқ билан епмоқчи бўлгандир.

Палмер оддий қора ташқи эшикдан ўтди-да, тор тирқишдан осмонга қараб олиш учун тўхтади. Ҳа, юлдуз. Битта.

У худди шундай оддий қора ички эшикни очди ва ўзининг янги уйига кирди. Аллақайси қават ва хоналардан Жерри билан Томнинг айтишаётгани қулоғига чалинди.

Палмер палтосини ечди ва йўғон лакланган кийим илғичлардан бирига олди. Шляпасини олиб, кийимилғич устидан токчага қўйди. Чоққина вестибюлдан ўтди-да, икки қаватни эгаллаган асосий меҳмонхона бўлма эшиги олдида тўхтади.

Шубҳасиз, уйга гап йўқ, ўзича деди Палмер. Гарчи жимжимадор олд деворга ўхшаган нарсаларга кулиб қараса-да, хотинининг санъат мўъжизаси яратганига тан берди.

Бу иборанинг энди сийқаси чиққанини эслаб, Палмер қошини чимирди. Икки сергак фотограф билан қайсидир журналнинг муҳаррири, зил-замбил кекса хоним кўп қўллашарди бу иборани. Кеча кечқурун уйга келиб Палмер уларни шу ерда кўрди, улар ҳамма жойда ҳозиру нозир эдилар.
— Ҳақиқий санъат асари, — дерди сураткашлардан бири. — Бизнинг замонда бунақаси кам учрайди, ажойиб pieil oi terre[4], —суҳбатга қўшилди наригиси.
— Бу ҳақиқий шаҳарча уй, — деди ҳорғин муҳаррир аёл репортёрлардан бирига. — Одатдаги камтарона инглизча услуб.
— Ҳа, хоним.

Палмер кечаги оқшомни эслади. Фотосувратлар ва мақола, қизиқ, қачон журналда пайдо бўларкин-а? У муҳаррирлик амалиёти билан яхшигина таниш — журналларнинг таҳририятлари олти ой илгарилаб юради. Бироқ борди-ю, уларда мақолани қонун чиқарувчи йиғилиш ёпилишигача чоп этишга қарор қилингудек бўлса, бу бутун қилинган ишлар учун тўсиқ бўлиши мумкин.

Сенаторлар ва маҳаллий қонун чиқарувчи органлар аъзоларининг хотинлари мақолани ўқишади, сувратлар билан танишишади. Эрларига ўз уйларидан кўнгиллари тўлмаётганини ва шу журнал хабар қилган мана бундай уйда яшовчи ҳар қандай оилага нисбатан ошкора шубҳаларини изҳор этишнинг ўнлаб ёқимсиз усулларини топишади. Ўтган оқшомда, эслади Палмер, мақолани босишга рухсат бергани учун Эдисдан чапараста жаҳли чиққан эди. Жаҳли чиққанди-ю, лекин ичига ютиб қўя қолганди.

Палмер айланма зинадан аста иккинчи қаватга кўтарилди. Мусиқа ва баҳс аниқроқ эшитилди. — Салом!
— Салом, азизим. — Эдис уларнинг ётоқхона бўлмаси остонасида пайдо бўлди ва қўл силкиди: — Овқат 10 дақиқадан кейин бўлади. Миссис Кейжга айтиб қўй. — Хотини ғойиб бўлди.

Палмер яна бир қават кўтарилди — иккала жажжи болалари билан кўришиши керак. У Жерри ётоқхона бўлмаси эшигида тўхтаганида болалар оталарига қарамадилар ва деярли узлуксиз баҳсларини давом эттиришди.
— Уни олган бўлишинг мумкин деб айтганим йўқ, — тонмоқчи бўларди Жерри.
— Мен олишим мумкин эмас деб мен ҳам айтганим йўқ, — эътироз билдирди Том.
— Мен айтдим-ку, мен сенга бераман, аммо ҳозир эмас, деб.
— Нега ҳозир эмас?
— Чунки у ҳозир менга керак.
— Сенга керак эмас.
— Йўқ, жуда керак.
— Йўқ, мутлақо керак эмас, ёлғончисан.
— Мени ёлғончи дема, сен аҳмоқсан.
— Лекин сенга ўхшаб ёлғончи эмасман.
— Ундан бадтарсан.
— Мен...
— Тўхтанглар! — хирқироқ овозда деди Палмер. Йўталиб олди. — Салом, болажонларим, — зўраки ширин оҳангда деди у. — Ўйнаётганларингни кўриб мен ҳам яйраб кетдим, қақилдоқларим.
— Анови миттингиз қип-қизил ёлғончи.
— Анови ҳўкизингиз исқирт ёлғончи.
— Яхши ўтирибсизми, соғлиқларингиз қалай? — давом этди Палмер. — Ишдан келганимда мени қандай кутиб оласизлар деб роса интиқ бўламан. Буни сизлар жудаям қотириб адо этаяпсизлар.

Бола ва қиз жим бўлиб қолишди, ҳиринглашди ва оёққа туришди. Улар Палмерга икки хилда осилиб олишди. Том — унинг қорни ва тиззасида, Жерри эса кўкраги ва қўлида. Бир неча сония давомида Палмерни туртишди, сиқишди, тепишди, қаттиқ қучишди, тиз чўкдиришди, қитиқлашди, оёғидан босишди, чимчилашди, сузишди ва ҳатто тимдалашди.
— Бас, бас!

То у ўзини ўнглаб олгунча Жерри уни танқидий кўз билан қараб чиқди:
— Тағин кўзингизнинг тагида мана бу қора нарсалар борми?
— “Тағин” деганинг нимаси?
— Ҳар доим бор-ку, улар, — деди Том.
— Йўқ, гоҳ-гоҳда бор бўлиб қолади, — эътироз билдирди Жерри, — Баъзан, куннинг охирида.
— Узун, оғир, тинкани қуритадиган кун, — тушунтирди Палмер, — иссиқ, тинкани қуритадиган столда.
— Очимдан ўламан, — деди Том.
— Ассалому алайкум, мистер Ўлувчи, — гап бошлади Жерри. — Мен мамнуният...
— Бўлди-бўлди, — уни тўхтатди Палмер. — Бу бечора ҳазилни чайнайвериб жонини суғуриб олдинг. Биронта янгироғидан олсанг-чи.
— Бир девор иккинчисига нима дейди? — сўради Том.
— Бурчакда учрашамиз дейди! — Чийиллади Жерри. Палмер кафтлари билан қулоқларини бекитиб олди.
— Жерри, — ялинди у, — секинроқ-да!
— Коксга ўхшаган нима, локсдай ҳид берадиган ва учадиган нима? — сўради Жерри.
— Самолёт кабинасидаги кокс суртилган локсли қутича! — қичқирди Том.

Палмер кўзларини аламли юмди. Шовқин босилгач, у кўзларини очди ва сўради:
— Локс нима дегани?

Жерри елки қисди:
— Қандайдир балиқ. Дудланган.
— Йўқ, — деди Том. – Локс — суюқ кислород. Ундан ракета ёнилғиси учун фойдаланадилар.
— Бу топишмоқни айтган мактабдаги қизалоқ, — тушунтирди унга опаси, — айтдики, локс — бу дудланган балиқ, деди. Дудланган сёмга.
— У — жинни экан, — деди Том.
— Нима бўлганда ҳам, — сўради Палмер, — бу топишмоқнинг нимаси кулгили?

Болалар жим бўлиб қолишди.
— Сен тушунмайсан, — деди охири Жерри.

Палмер бош ирғади:
— Овқат яна ўн дақиқадан кейин.

Вудининг хонасига кириш учун у танобий хонага тушди. Ўпиқ эшик олдида тўхтаб, у ичкаридан ноғоранинг асабий тарақа-туруғига ҳамоҳанг чийиллаган кларнет овозини эшитди. Роудининг мусиқага қизиқиши яққол кўриниб турарди. Овози уйни тўлдириб турган оркестр чинакамига енгил орлеанча усулда контрабас ўрнига трубадан фойдаланган эди. Палмер кўзининг тепароғида, бош суягининг ичида оғриқ бошланаётганини ҳис этди.

У эшикни чертди, кутиб турди, яна қаттиқроқ чертди. Бирпас кутиб туриб, эшикни очди ва тўнғич ўғлини логарифмик линейка билан ёзув столи узра энгашиб турганини кўрди. Палмер проигривател олдига борди ва кескин бураб овозини пасайтирди.
— Барча авлиёлар ҳақи, бу аҳволда қандай ўйлаб, қандай ишлайсан? — сўради у.

Вуди унга маъносиз қаради:
— Э, салом!
— Овқат ўн дақиқадан кейин. Беш дақиқа ҳатто.

Вуди бош ирғади:
— Дада, фоизлар ҳақида нимани биласиз?
— Ҳамма нарсани.

Вуди унга ишонқирамай қараб турарди:
— Биласизми, нима тўғрисида гапираяпман... Заёмлар фоизи ва ҳар хил шунга ўхшаган нарсалар.
— Нима тўғрисида гапираётганингни билиб турибман, — вазминлик билан гапирди Палмер. — Нимани билмоқчисан?
— Мен “Муддатли сотув” мавзуида иншо ёзишим керак.
— Математика бўйичами?
— Йўқ, ижтимоий фанлар бўйича.

Палмер бир талай пластинкаларни нари суриб қўйди-да, ўғлининг каравотига ўтирди.
— Улар қанақа мисоллар келтиришди?
— У мисол келтирмади, — шикоятомуз деди Вуди. — Мен ўзим ўйлашим керак.
— Ундай бўлса, қулоқ сол.

Бола оғир хўрсинди ва юзида тунд бир кўриниш зоҳир бўлди.
— Бир одам 3000 доллар турадиган машина сотиб олмоқчи, — гап бошлади Вуди булар барчаси қанчалик жонига тегиб кетганини билдирмоқчидай чўзиб, бир зайлда. — Ўзининг эски машинасини 1000 долларга сотмоқчи. Қолган икки мингни икки йилда тўламоқчи. Бу — етти фоизли заём бўлади. 2000 дан етти фоизи — 140 доллар бўлади. Икки йилга. Демак, 3000 дан ташқари машина яна унга фоизларда 280 доллар туради. Тўғрими?
— Ҳа.
— Бўпти, раҳмат, дада.
— Бу рақамларнинг ижтимоий фанларга қандай алоқаси бор?

Вудининг юзидаги тунд ифода ўрнини энди ўта малоллик ифодаси эгаллади.
— Ўлай агар, билмайман.
— Бу масалани ечиш нимага керак бўлиб қолди? Оддий арифметикадан хабардорлигингни исботлаш учунми?

Бола елка қисди.
— Кекса Филмернинг кўнглини олиш учун бўлса керак. Бу ғоя ундан чиққан, мендан эмас.

Палмер кескин жавоб бермоқчи бўлди-ю, бироқ ўзини тутди.
— Яхши. Бундоқ чиройингни оч-да, қулоқ сол.
— Хўп.

—Сен пул қарз олиб, уни ойма-ой тўлаб борсанг, — давом этди Палмер, — асосий суммани нима қиладилар?
— Нимани?
— Асосий суммани, сен қарз олган пулни. У кўпаядими?
— Озаяди. — Вуди қовоғини уйди ва шу заҳоти юзи ёришиб кетди. — Албатта, озаяди-да.
— Тўғри. Агар сен машина сотиб олгани 2000 долларга икки йиллик заём учун банкка борсанг, сен 2280 долларга имзо чекасан. Бошқача айтганда, улар сенга нақд 2000 доллар беришади, уни сен тўлиқ икки йиллик фоизни қўшиб тўлашга мажбурсан. Тушундингми?
— Бўлмаса-чи, ахир бу табиий-ку.
— Наҳотки? — кескин оҳангда сўради Палмер. — Бу ҳақда ўйлаб кўр. Икки йил мобайнида ойига 10 доллардан кўпроқдан тўлаб борасан. Ҳар тўлов билан заёмнинг асосий суммасини қисқартирасан. Лекин фоизларни аввалгидай 2000 ҳисобидан тўлайсан, чунки дастлаб шундай белгилаб қўйилган эди-да.
— Нима қилибди?
— Сенга бу ғалати туюлмайдими?

Бола яна елка қисди:
— Тартиб шунақа бўлгач, нимаси ғалати бўларкан?

Палмер бош оғриғи кучайганини сезди. У пешонасини артди-да, давом этди:
— Кел, фараз қилайликки, сен бай пулига ўхшаш заёмнинг бошқа турини оласан, унда аслида шарт бўлган фоизларни тўлаб борасан. Биринчи ойда сен 2000 доллар ҳисобидан тўлайсан. Бироқ ҳар ойга тўловларнинг бир йилидан кейин сен фақат 1000 доллар ҳисобидан тўлашинг керак бўлиб қолади. Фараз қилайликки, ҳар ой қарзинг суммаси камайиб бориши баробарида сен фақат қолган сумма ҳисобидан фоиз тўлайсан. Хўш, етти фоизли заёмда 2000 доллар учун қанча тўлайман деб ўйлайсан?
— 280. Боя айтдим-ку.
— Йўқ. Сен 70 доллар атрофида тўлайсан.
— Ҳазиллашманг.
— Жиддий айтаяпман.

Вуди отасига узоқ қараб қолди:
— Ростдан шунақами, дада?

Палмер ўрнидан турди.
— Ҳа, — деди у ғоятда совуққонлик билан, — худди шундай.
— Аммо унда... ановиси, дастлабкисида фоизларни тўрт баравар кўп тўлар экансиз-да?

—Уҳ! — Палмер енгил хўрсинди. — Ўруғлик бор экан-ку.
— Кекса Филмер шулар барига ишонади деб ўйлайсизми?
— Синаб кўр уни. — Палмер эшик олдига келди. — Овқат бир дақиқадан кейин.
— Хотиржам бўлинг, — минғирлаб деди Вуди яна логарифмик линейкани қўлига олиб.

Палмер пастга йўл олди ва миссис Кейжнинг ошхонасига кирди. Қовурилган чўчқа гўштининг ҳиди бу ерда кучлироқ эди. 14 йилча олдин, Вуди туғилганида Эдиснинг онаси миссис Кейжни Палмерларга “бериш”ни таклиф қилганди. Миссис Кейж озғин, юзлари чўзинчоқ, кўзлари бир-бирига яқин ва бурни учли, оғиз чеккалари осилиб тушган суяги бузуқ бева бўлиб, муттасил касалвандлардай эшитилар-эшитилмас вой-войлаб юрарди. Оғзи ва ияги тик ажинлар орасида қавс ичига олингандай кўринарди. Гапирганида юзининг пастки қисми бир юқорига, бир пастга ҳаракат қиларди. Минг хил дарди борлигидан шикоят қилишига қарамай, шунча йиллар мобайнида ҳалол ва ғайрат билан меҳнат қилиб келарди, тежамкор эди, зарурат туғилганда, масалан, ҳозиргидек қўшимча ишларни ҳам бажараверарди.
— Ўн дақиқа бурун, — деди Палмер, — мен сизларга овқатга ўн дақиқа қолганини айтиб қўйишим керак эди.
— Ҳаммаси жойида, — ҳозиржавоблик билан деди миссис Кейж, — қарашгани Жеррини бу ёққа юборинг, шу билан тайёрмиз, мистер Палмер.

—Яхши.

Ёш болаларига яна бир кўз солиб қўйиш учун Палмер Жеррининг хонасига қайтди.
— Қани, қани, — деди Жери, — энди умрим бўйи сен билан бошқа гаплашмайман.
— Қўрқиб кетдим, — пичинг қилди Том. — Қара, қўрққанимдан дағ-дағ титраяпман.
— Яна қўрқасан! Агар мен...
— Ҳали ҳам жанжалашаяпсизларми? — унинг гапини бўлди Палмер, — Жерри, миссис Кейжга қарашиб юбор. Том, қўлларингни кўрсат-чи.

Бола кафтларини пастга қилиб чўзди.
— Топ-тоза.
— Кафтингни юқорига қил.
— Топ-тоза дедим-ку, — ёзғирди у.
— Битлиқи Мерининг ўзгинаси, — минғирлади Жерри.

Узоқ жимликдан кейин Том оғир хўрсинди ва танобийнинг тўридаги ваннахонага қараб кетди. Палмер бир лаҳза унинг ортидан кузатиб турди-да, озғин ота-онанинг ўғли учун унинг думбаси семизлик қилади, дея кўнглидан ўтказди...

Палмер иккинчи қаватдаги оилавий ошхонага йўл олди. Чироқни ёқиб қараса, дастурхон аллақачон тузалиб қўйилибди. Шамларни чақмоқтош билан ёқишга беҳуда уриниб кўрди, сўнг буфет тортмасидан гугурт топиб, уларни ёқиб чиқди.

У қаршидаги деворга, турли катталикдаги эски ғиштлардан ясалган чоғроқ каминга қараб қўйди ва Буфэ асаридаги эркак юзига разм сола бошлади. Бу одам ҳам тузалмаган ёғоч столда ўтирар, олдида, столнинг ўзида чала ейилган балиқ бор эди. Нимқоронғиликда унинг чеҳрасида мовий, маъюс, оч кўзларидан бошқа ҳеч нима йўқ эди. Палмер чироқни ёқиб, эркакнинг юзида ҳеч нарса ўзгармаганини кўрди. Балиқларни ўзи еганми ёки бировнинг сарқитига қараб ўтирибдими, билиб бўлмасди.

Каминнинг ёнида яна бир суврат: пишлоқ, иккита олма, пичоқ ва вино шишаси тасвирланган натюрморт осиғлиқ эди. Палмер ёруғни аста пасайтирди ва барча буюмлардан фақат пичоқ кўриниб қолганининг шоҳиди бўлди. Таажжуб. Балки бу сувратларнинг қандайдир янги хоссасини кашф қилгандирман, мулоҳаза қиларди у. Рассомларнинг ўзлари бу ҳақда билганмикинлар? Унинг қулоғига Жерри билан миссис Кейжнинг қўшни хонада идишларни тарақлатаётганлари эшитилди.

Юқориги чироқни ўчириқли қолдириб, у зинапоя майдончасига чиқди ва пастдан кираверишдаги вестибюлга олиб чиқувчи зинапоянинг икки ўрамига назар солди. Ҳар бири 180га 25 сантиметр бўлган зинапоялар 7 сантиметрдан қалинроқ бўлмаган дуб тахталаридан ясалганди. Зинапояларни яхлит тортиб турувчи пластик орасидан ёғоч хира акс этиб турарди. Улар бамисоли ҳавода муаллақ осилиб тургандек бўм-бўш эди. Палмер кайфи баланд одамнинг бундан қандай тушиб-чиқишини кўз олдига келтиришга ҳаракат қилди.

Шуларни хаёлидан кечирганча у бир қўли билан панжарадан тутганча зинапоядан туша бошлади. Худди ўйлаганидек бўлди. Бир оёғини қўйиб, иккинчиси билан кейинги зинани пайпаслаганча ўз оғирлигини чамалаб кўрди – бамисоли ҳавода парвоз қилаётгандек бир ҳиссиётни туйди. У пастгача тушиб олди-да, у ёқ-бу ёқни қараб чиқиб, “Зинапоя қафаси” деган лавҳачани топди. Тугмачани босди. Иккинчи қават шифтига яширинган чироқларнинг нури зинапояни замонавий ҳайкалтарошлик асарига айлантирди. Уни томоша қилар экан, Палмер жилмайиб қўйди. Драматик асар. Таъсирчан асар. Жозибадор асар — гап йўқ.

У назорат тахтаси томонга бурилди ва ғилдирак кўрсаткичини асосий меҳмонхонага суриб қўйди. Чор-атрофни майин акс этиб турган ёғду чулғади. Бу аввалига унга ёқмаган ягона хона эди, ҳаддан ташқари катталиги учун ёқмаганди. Унинг 7,5 га 18 метр келадиган бутун биринчи қавати асосан меҳмонхона ва майда-чуйда ёрдамчи хоналар қилиб қўйилганди. Унча катта бўлмаган фойе меҳмонхонанинг биргина бурчагини эгаллаган. Зинапоя ҳам бир четгинасида эди, бироқ режа бўйича у ҳам хонанинг меъморий бўлаги сифатида режалаштирилганди. Қуйи қаватнинг тўрдаги бурчагида уйни энлаб бир қанча майда хоналар жойлашган, булар вино сақланадиган ҳужрача, ваннахона, ёрдамчи ошхона бўлиб, таомни тортиш учун юқоридаги ошхона билан лифт орқали туташтирилганди. Меҳмонхонанинг ўзи 7,5 га 15 метр майдонни эгаллар, шифтнинг баландлиги 7,5 метр, поли дубдан, аралаш паркет терилган, олд томондаги сидирға ойнаванд деворга парда қоқилмаган эди. Алюмин панжара уни тўғрибурчакларга бўлиб турар ва орасидан бино олд деворининг кунгиралари кўзга ташланарди. Кечқурун ўтаётганлар меҳмонхонага олд девор оралиғидан мўралаш имкониятига эга бўладилар. Ва, дарвоқе, шундай фойдаланмоқдалар эди. Чирмовуқ ўсдирилгандан кейин, деди Палмер ўзича, тилла балиқчали аквариум кўнгилдагидай завқ бермай қолади. Лекин унгача, ўйлади у, ўтаётганлар олд девордан кириб келишга ўрганиб қолишади. Ёки кечқурунлари хонадан фойдаланишга ҳожат ҳам қолмас?

Зинапоя олдида турганида унга узундай бўлиб кўринган орқа деворда асосий нарса камин — мустамлакачилик ўчоғининг замонавий камолоти эди, лекин у шу қадар катта эдики, унга бир нечта одам тик туриб ҳам бемалол сиғарди. Ками¬ннинг қоқ ўртасида ўтин учун оддий қора чўян таглик ва икки метрча энликдаги панжара жойлашганди. Панжарада бир нечта тараша, улар ёнида каминга тегишли буюмлар ва мароқли кўринишдаги қора темир чақмоқтош ётарди.
— Шу нарсанг ёмон хавфли-да, — деган эди у хотинига.
— Уни юз йилдан бери ишлатиб келишади-ку.
— Биздаги шу нарсани-я?
— Ҳа.
— Бирон янгироқ хилини ўйлаб топишолмабдими?

Хонага разм солар экан, Палмер унинг бўёғига эътибор беришни эсдан чиқараёзибди. Эдиснинг лакланмаган дубга мойиллигини маъқуллаган ҳолда пол чиройли деб қўйди. Девор ва камин оқ рангда эди. Чоғроқ орқа хоналарга очиладиган эшиклар қора, каминга тегишли нарсалар ҳам шу тусда. Дарҳақиқат, деди у хонага яна бир бор синчиклаб кўз югуртириб чиқиб, сувратлар бошқача жон киритиб турибди. Уларнинг ҳар бири ўз чироғининг тагидан жой олган, бу девор оқини юмшатар ва мойбўёқлар ёрқинлигини кучайтирарди. Лекин қолган нарсалар хона кўринишига сира кўрк бағишламаётганди. Пастак стул ва деворларга дарахт пустлоғини эслатувчи мато қопланган. Бир нечта яшил ўсимлик ғилдирали оқ ва қора кўчма қутиларда турарди.

Бир гал билмасдан ва ғоят хотиржам тусда у Эдисга бўёқларнинг маъносизлиги ҳақида айтганида хотини унинг танбеҳини мақтов деб тушунганди.
— Албатта, — деб жавоб берганди хотини, — хонада бўлган одамлар уни безаб турсин деган хаёлда шундай қилинган.
— Сен аёлларни назарда тутаяпсанми?
— Балки, — деди хотини, — мен бир неча ихчам-ихчам сидирға ранг гилам оларман.

Палмер тепада оила овқатга йиғилаётганини эшитди. У назорат шчитига қайтди, чироқни ўчирди ва энди кўзга кўринмай қолган зинадан кўтарила бошлади.

Уйига қайтаётиб машинада ҳис қилгани ёлғизлик туйғуси ҳозир зинадан кўтарилиб бораётганда ҳам вужудини қамраб олди. Эдис ва миссис Кейжнинг бир-бири билан гаплашаётгандаги гапларига эмас, балки фақат овозларига қулоқ тутди. Шу он Палмер тўсатдан кўнглида бошқа туйғуни, худди ёлғизликка ўхшаган кучли туйғуни ҳис этди.

Аввалига бу қанақа туйғу эканини билолмади У қандайдир танҳолик билан боғлиқдай эди, лекин барибир бу қандайдир бошқача эди. Ёлғизликни ёқимли, ҳатто ҳаяжонли қилувчи ўшандай кучли туйғу.

У кейин тушунди. Мана шу ойлар мобайнида Нью-Йоркда у тутуруқсиз меҳмонхона ҳаётини кечирди. Ҳамма нарса ўзгарди. Энди у ўзининг яна одатдаги ролини — ўз уйида оила отаси ролини ўйнамоқда эди, ҳатто юридик маънода ҳам уй эгаси масъулият ва мулкчиликнинг ола хуржуни бўйнига тушган эркак, вассалом.

Унинг ҳеч бўлмаганда Чикагода ўйнаган бу роли бошқа бир нарсани ҳам кўзда тутар эди. Уйдагиларга ёрдам бериш, гарчи сезилмас бўлса-да, уй юмушларининг бориши устидан доимий назорат, миссис Кейж ва болаларга йўл-йўриқлар бериш.

Бошқача айтганда, деди Палмер, энди у pater familias сифатида тўла тикланган. Аммо Виржиния Клэрининг борлиги булар барчасига қўшимча жиҳат бағишлагандай бўлди.

Палмер аслида бу роль қанақа бўлганлигини биринчи марта кўрди. У бу иккита роль эканини энди англади. Актер каби у иккиёқлама ҳаёт кечирарди. То ўйнаши лозим бўлган иккита Палмер бўлар экан, улардан ҳеч бири ҳақиқат бўлолмайди. Бутун ҳаёти тўқимадан иборат бўлиб қолади.

Палмер қоронғилик қўйнида мийиғида кулиб қўйди. Энди у ҳар иккала туйғусини ажрим қилиб олганди. Актёрга ўхшаб, алоҳидалик туйғуси бор эди унда. Алоҳидалик билан яна сенга қараб турганларини англаш туйғуси шунга чамбарчас боғланиб кетганди.

Оила отаси. Жазман ота. Бунақа ролларни ҳар ким ҳам уддалайвермайди, ўйлади у. Ҳар ким ҳам бир вақтнинг ўзида эр ва ўсмир ролини ўйнаёлмайди. Кутилмаганда унинг миясига бир фикр урилди: ўзи кимдир — қачондир уддалаганмикан?
— Вуд, азизим.
— Келаяпман.

У аввалига зулматда кўзга кўринмаётган зинапоялардан секин, ҳадиксираб юқорига кўтарила бошлади, ёруғроқ бўлган жойда эса одимларини жадаллатди. Ошхона эшиги тагида тўхтади. Эдис чироқларни чарақлатиб ёқиб қўйганди. Хонага қараб кўз қамашарди, болаларнинг чеҳралари ёқимли ва деярли беғубор эди.
— Парда очилди!

Ўттиз Еттинчи Боб

Бу вақтга келиб, поезд Манҳеттеннинг юз йигирма бешинчи кўчасидан қўзғалганида ва Олбани томон шимол сари гумбурлаб йўл олганида вагонда битта ҳам бўш жой қолмаганди. Бироқ, Палмер кўпчилик қатори чиптани олдиндан олдириб қўйганди. Қолган йўловчилар вагонни шошмай, эринчоқлик билан тўлдира бошлаган эдилар. Уларнинг чеҳраларидан: “Модомики шу жой бизники эканми, қиттак-қиттак отиб олиб, кейин бемалол чиқиб ўтираверамиз-да”, деган қандайдир бамайлихотирликни алайна ошкор сезиш мумкин эди.

Палмер аста-аста виски ҳўплар экан, стакан тепасидан ўз ҳамроҳларини кузатарди. Ҳаммалари шунчаки олифталикка ичишаётгани очиқ кўриниб турибди, хаёлидан ўтказди у. Самолётнинг йўриғи бошқа — асаби бўш сайёҳлар учун алкогол — энг яхши тинчлантирувчи восита. Вагонда эса йўловчилар бир-бирлари билан гурунглашиб ҳам, у ёқдан-бу ёққа бемалол юриб туриб ҳам вақтларини ўтказса бўлади. Фақат бундай имконият ўтириб кетиладиган купелардагина йўқ. Тўрт соатлик бекорчиликни америкаликлар бир жойда қимирламай ўтириб ўтказишни афзал кўрадилар.

Чунки, ўй суришда давом этди Палмер, бир жойда қимир этмай ўтирганимда атрофдагилардан беихтиёр узиласан ва ўзинг билан ўзинг қоласан. Шунда хаёл суришдан бошқа ишинг қолмайди.

Вискидан ҳўплар экан, Палмер мийиғида кулиб қўйди. Бу ёғини сўрасанг, америкаликлар хаёл суришдан қочишга ўрганиб қолишган. Темир йўл станциялари ва аэродромларнинг киоскалари бунинг яққол далили. Юмшоқ муқовали журнал ва китобчаларга тонналаб қоғозу бўёқлар сарфланган — булар бари вақт ўғрилари бўлиб, шууринг деворини чақирилмаган ўйлар келиб дукиллатади-да, зерикарли узоқ-узоқ соатларни тўлдиришга кафолат беради.

Деразадан боқиш учун Палмер ўриндиғида ўгирилди. Қиш қуёшининг сўнгги нурлари тез сўниб борарди. Яна бир лаҳзадан кейин манзара бутунлай сидирға тус олди — у ёқдан фақат оч-сариқ тимқора бўёғу заиф пушти тутунгина кўзга ташланарди. Сўнг уфқ осмони ҳам қоқ тепадаги каби тимқора тусга кирди. Ҳаммаёқ бир хил рангда. Тун тепаликларни ҳам текислаб юборди, ҳозиргина уй ва чорраҳалар айқаш-уйқаш бўлиб ётган жойда ёрқин чироқларгина чарақларди.

Палмер оҳиста хўрсинди — кун ботишига ҳали бир неча дақиқа бор, деб ўйлади. Кимдир унга айтган эди — Виржиния бўлса керак, Гудзон воҳасида йўллар жуда чиройли бўлади деб. Ҳозир эса бу йўл Олбанигача унда-бунда учраб турадиган тунги қишлоқлар манзарасидан бошқа ҳеч нима тақдим этмаётганди. У кўзларини юмди ва охири пинакка кетди.

Олбани шаҳрининг қадимий станциясида негр ҳайдовчи унинг фуражкаси четидан туртди:
— Мистер Палмер, сэр?

Палмер унга ягона юки бўлмиш жомадонни тутқазди-да, ҳайдовчи ортидан тутунли платформа ёқалаб кетди ва кейин пешоб ҳиди уриб турган бетон зинапоядан бир қават пастга ўтди. Йўлак чеккасида узун кулранг “флитдут” турарди. Ҳайдовчи Палмерга машина эшигини очди. Ичкари иссиқ эди.
— Мистер Бернс тўғри “Форт Оранж” клубига боришни тайинлаган эди, сэр, — деди ҳайдовчи машинани тезликка солар экан.

“Форт оранж” клуби бир неча қаватли паст-баланд қилиб қурилган готик услубидаги қоп-қора бинолар туркумидан иборат эди. Тун қоронғилигида унинг барча деразаларидан чироқ порларди. Ҳайдовчи ортидан Палмер бинога кириб келди. У нима қилишини билмай фойеда тўхтаб қолди. Бурчакдаги идорачадан бир кекса хизматкор унга пешвоз ўрнидан турди.
— Сизни кутаяпти, мистер Палмер, — деди у баланд қалтираган овозда.

Палмер ҳайдовчига чойчақа берди-да, қўйиб юборди.
— Мистер Бернс хона буюртма қилиб қўйган бўлса керак?
— Ҳа, мистер Палмер, 2б, — жавоб берди портье. — Йўқ демасангиз, жомадонингизни юқорига олиб чиқиб берай. Мистер Бернс сизни ҳордиқ хонасида кутаяптилар.

Палмер бурилиб зинадан кўтарила бошлади.
— Бориб, келганимни айтинг, — деди у кулгисини босиб.
— Ҳозир, сэр. Хизматкор жомадонга югурди, бироқ бирдан тўхтади, оғирлигини гоҳ у, гоҳ бу оёғига солиб, нима қилишини билмай тараддудланди: аввал жомадонни олиб кирсинми ё Бернсга хабар берсинми. — Ҳозир, сэр, ҳозир.

Кенг зинанинг деярли ярмига етганида Палмер орқасига ўгирилди ва хизматкорга ёмон ўқрайиб қаради. Хизматкор дарҳол англади-да, ўқдай учиб келиб, уни хонаси томон бошлаб кетди.

Чамадонни ичкарига қўяр экан, хизматкор сўради:
— Сизни ҳозир тушадилар деб айтайми мистер Бернсга?
— Келганимни айтсанг, бас.

Портье кетди.

Гарчи хона катта бўлса-да, бесўнақай мебелдан торга ўхшаб кўринарди. Кроватнинг эндор мис суянчиқлари оралиғидаги парқу тўшакда ётиш улкан искабтопар қорнида ётиш билан баробар, дея кўнглидан ўтказди Палмер.

Ванна катталикда ётоқ бўлмасидан қолишмасди. Жиҳозлари ҳам бақувват-бақувват эди. Бу ерда фақат ваннада чўмилиш мумкин, аммо душнинг иложи йўқ эди.

Ётоқ бўлмага қайтиб келиб Палмер кийимларини ечди. У ювинаётганда кимдир эшикни чертди.
— Киринг.
— Вуди, қўзичоғим?

Палмер артинди-да, Бернс билан кўришгани чиқди. Улар чурқ этмай туришарди. Бернс ҳар иккала қўлида тўла-тўла стакан тутиб турарди. Улардан бирини Палмерга узатганида кўйлаги енгидаги тугматўғноғич жиринглаб кетди.
— Салом, бобой!

Палмер стаканни олди, аста кўтарди ва майда-майда ҳўплай бошлади.
— Шошма, мен аввал кийиниб олай, — дея у стаканни қўйди-да, жомадонни титкилай кетди.
— Ву-уди! — чўзиб деди Бернс атайлаб кўнгилчанлигини билдирмоқчидай. — Ву-уд, чироғим! Нега қовоғинг солиқ? Яхши етиб келдингми, ишқилиб?

Палмер бошини чайқади:
— Мен Сиракузага эртага кундузи учишни мўлжаллагандим, кечқурун қайтиб кетмоқчи эдим. Нима, дунёга ўт кетдими?

Бернс хўрсинди ва чуқур ўриндиққа чўкди.

Кўйлагини кия туриб Бернсга назар солар экан, Палмер унинг қаттиқ толиққанини англади.
— Кўринишим ёқмади, а, топдимми? — сўради Бернс томошабин кўнглини дарҳол пайқаган актёрларга хос зийраклик билан. — Сени деб мен бу ерда ўзимни ўтга ҳам, чўққа ҳам урдим, азизим Вуди. ЮБТК учун жонимни аямадим, ўлгудай тармашдим. Сўнгги саккиз кунда ўртача уч-тўрт соатдан ухладим-ов. Мижжа қоқмадим десам ҳам бўлади.
— Чакки бўлибди, — деди Палмер, кўйлагини шими ичига соларкан. — Аммо такрор айтаман, менинг зудлик билан бу ерга келишим шартмиди?

Бернс унга қошини чимириб тикилди:
— Нимадандир хафамисан, жўражонгинам.
— Йўқ, шунчаки, қизиқяпман.
— Гап оҳангингга қараганда менга аччиқ қилаётганга ўхшайсан.
— Йўқ, — алдади Палмер. — Поезддан кейин бўларим бўлди. Айниқса, нима учун бориб келганимни тушунмаганимдан кейин.
— Кўпгина сабабларга кўра, — жавоб берди Бернс. — Сен бу ерда шахсан иштирок этишинг зарур.
— Фойдали одамлар жамоасига ўзимни кўрсатаманми? Шуям баҳона бўлди-ю.
— Қисман ҳақсан, Вуди. Дам олиш хонасига тушиб, бир нечта демократик партиялар раҳбарлари билан валақлашамиз. Бу яхши таассурот қолдиради. Кейин республика партияси барзангиларидан бири ташкил қилган “Тэн Эйк” йиғилишига борамиз. Бироқ, бу ишнинг бир қисми холос. Сен менга шу ерда, ҳафта давомида бу арбобларга сотган нарсаларимни мустаҳкамлаш учун кераксан.
— Ҳайит арафасида бу ерда арбоблар кўп бўлмаса керак.
— Улар эртага тарқалишади. Шунинг учун сени зудлик билан келишга мажбурладим. Бугун оқшомда шундай тадбирларнинг охиргиси бўлади. Таътил тугагандан кейин эса, ҳатто ўйласанг кўнгил айнийди — сессиялар бошланади. Шундай қилиб, ё бугун, ё ҳеч қачон.

Палмер жамадонидан янги бўйинбоғ олиб, жавондаги узун, туссиз ойнага ўзини солди.
— Бу ерда нималар билан кўнгил очдинг?
— Орзулар билан. Яна нима билан шуғулланишим мумкин?
— Қанақа орзулар?
— Бернс елкасини қисди. Палмер ойнада унинг бу қилиғини кўриб, бир лаҳза ўз аксига эмас, унга қаради.
— Аниқроғи?
— Бир нечта шу ерлик йигитлар, асосан, ҳуқуқшунослар бизга фойдали бўлиши мумкин. Уларга қарз сўраган мижозлар учун омонат банклари ҳеч вақо бермаслигини, фақат тижорат банкларигина ёрдам кўрсатиши мумкинлигини айтдим.
— Биронта кафолат бердингми?
— Овоз бериш масаласидами? Ҳали жуда эрта.
— Қарз бериш масаласини айтяпман.
— Қарз бериш? Мен? — Палмер қўлларини кўтарди, бирлаштириб, кўксига босди. — Мени ким деб ўйлаяпсан? Бирорта аҳмоқ дебми?
— Шунчаки сўрадим.
— Вуди! — Яна сўзлари гўё бошлари устида муаллақ қолгандек бўлди. — Вуди, болакай, — давом этди Бернс. — Мендан жаҳлинг чиқаяпти, тан ол.

Палмер ўзини тутолмагани учун ойнага қараб, афтини бужмайтирди ва Бернс ишонмаслигини ўйлаб, жавоб беришдан олдин бўйинбоғини ҳафсала билан боғлади.
— Мак, — гап бошлади у. — Ақлинг расолигига шубҳа қилмайман. Мулоҳазакорлигингга, сиёсий сезгирлигингга, садоқатингга, куч-қувватингга тан бераман. Фақат банкирлик қобилиятинг борлигига ишонмайман. Банкир сифатида ҳеч нарсага арзимайдиган одам бўлишинг мумкин. Шу боис, қарз масаласида тезкор музокара олиб бораяпман деганингда, ажабландим.

Бернснинг узунчоқ юзи табассумдан ёришиб, пастки лаблари роҳатланганидан ёйилиб кетди.
— Мен банкир эмасман, йўқ. Гапимга ишонавер, болакай, буни биламан. Бироқ мен аҳмоқ ҳам эмасман. Молиявий масалаларни сенга қолдираман.

Палмер ўгирилиб, унга тик қаради.
— Шунинг учун келдимми? Қарз ҳақида гапириш учун-а?

Бернснинг узун, озғин қўллари Палмерга чўзилди, у олифталик билан инкор маъносини билдирди.
— Вуди, азизим, сени ҳеч қачон бунақа вазиятда ташлаб қўймайман. Ўйлаб кўр, Мак Бернснинг қарз ҳақидаги шамаларига ким ҳам ишонарди? Бироқ Мак Бернс билан Вуди Палмер Олбанида бирга юришса — ишонишади. Шубҳалар ҳатто миллион йилда ҳам амалга ошмаслиги мумкин, бироқ уларга ишонишади. Сенга орзулар ичида яшаганимни айтдим, Вуди.
— Боя айтганимдек, Мак, айнан шунинг учун ҳам сен ҳеч қачон банкир бўлолмайсан.

Бернс бироз жим қолди.
— Раҳмат, — деди ниҳоят.
— Сен бу гапни мақтов деб тушунмаслигинг керак.
— Бунга эмас, имло хатоимни тўғрилаганинг учун раҳмат.
— Қанақа хато?
— Муғамбирлик қилма, Вуди, “Мен шундай дедим”ни сен “Мен айтганимдек” деб тўғриладинг. Мен айтганимдек. Вуди, мен аҳмоқ эмасман. Шаманг учун раҳмат.
— Бу ҳатто хаёлимда ҳам йўқ эди. Энди кимдан кўпроқ жаҳли чиқяпти?

Бернснинг сарғимтил — қўнғир кўзларида ўзгариш кўринмас, улар хотиржам боқарди. Кейин бу кўзларда масхараомуз истеҳзо пайдо бўлди.
— Кечир, қария, — деди у. — Сени яхшироқ билиб олганимдан кейин дастлаб нималарни ўйлаганимни гапириб бераман. — У кўкрагига урди. — Ичим-даги гапларни...

Палмер бўйинбоғини кўнгилдагидек қилиб боғлади. Кутилмаганда хаёлига: Бернснинг хонадонида тушириб юборган тўғноғичимни Виржиния эмас, у топиб олганда, нима бўларди? — деган фикр келди. У хаёлларини маълум бир йўналишга солаётгандек, бошини силкитди.
— Нима бўлганда ҳам менда сен қадрлайдиган айрим маълумотлар бор, — деди у.

Бернснинг юзида яна бефарқлик аломати зоҳир бўлди.
— Ҳа?
— Биржа маълумотлари. Хоҳлайсанми?

Бернс кинояли кулимсиради.
— Хоҳлаган пайтингда, азизим.
— Улар сенга кулгили кўринади, — гап бошлади Палмер. — Балки “кулгили” деганим ўринли эмас, сийқаси чиққан гапдир. Мен ЮБТКнинг акциялари ҳақида гапиряпман.

Бернс кулиб юборди:
— Мана буни янгилик деса бўлади. Улар бир ойдан буён кўтариляпти.
— Бироқ жуда секин.
— Сен катта сакрашни кўзда тутаяпсанми?
— У бошланса ЮБТК акциялари икки кунда 10 бандга кўтарилади.

Бернснинг қошлари туташди.
— Нима учун?
— Ҳеч қандай изоҳга ўрин йўқ. Шунчаки, маълумот.
— Яхши. Қачон?
— Бу — мен аниқ айтолмайдиган ягона нарса.
— Аниқ билмаслигинг ғалати.
— Агар бу сакрашни қандайдир йўл билан якка ўзим тайёрлаганимда, — тушунтирди Палмер, — сенга “қачон”лигини ҳозир лўнда қилиб айтиб берардим. Бироқ бу менга ҳам, ЮБТК дагиларнинг бирортасига ҳам боғлиқ эмас.

Бернс оромкурсидан олдинга қараб энгашди:
— Унда, кимга боғлиқ?

Палмер елкаларини қисди. У стаканини олиб, Бернснинг каравотидан нарисидаги оромкурсига ўтирди.
— Номаълум валинеъматга.

Бернс ғайришуурий равишда стаканини кўтарди, бироқ негадир ичишни унутди.
— Вуди, болакай, мен билан ўйин қилма. Сен буларни қаердан олдинг?

Палмер қадаҳни ичиб бўшатди. Кейин чамадонини очиб, бир нечта папка олди.
— Битимлар рўйхати, — деди у. — 30 октябрдан бошланган. Ким сотган. Ким сотиб олган — ҳаммаси шу ерда.

Бернс ўрнидан туриб, каравотни айланиб ўтди. Палмер уни кузатиб турди. Бернс кутилмаганда уйғонган қизиқишини яшириш учун иложи борича секин юриб, унга яқинлашди.
— Унда нималар бор экан? — сўради у.
— Ким сотгани, ким сотиб олгани.
— Қани-қани? Улардан нимани англаяпсан?
— Ҳеч нарсани.
— Бутунлайми?
— Бутунлай ҳеч нарсани.

Бернс бошини ёнига эгди.
— Сен мени лақиллатмоқчимисан, Вуди? — у оромкурси ёнига қайтиб, унга ўгирди. Палмер рўйхат уни қизиқтирмай қўйганини англади.
— Танлашиб олиш учун вақтимиз етарлими? — сўради Палмер.
— Беш — ўн дақиқа.
— Сен Роберт Р. Янг “Нью-Йорк сентрал” устидан назоратни қўлга олган пайтдаги катта жанжални эслайсанми?
— Албатта. Ким эсламайди?
— Менинг отам банк вакили эмас, йирик акциядор бўлган Уайт маъмуриятига содиқ инсон сифатида у Янг “Сентрал”ни тортиб олмаслигига ишонарди. Катта можаро очиқчасига бошланганда у ҳар бир зарбани кузатиб турди, ҳатто у Янгнинг ғалабаси билан тугаганда ҳам бунга ишонмай юрди.
— Бу чинакамига ғаройиб воқеа бўлган эди.
— Ҳаётий тажрибаларига қарамасдан отам раҳбариятга қарши жанг қилиб, юксак ғалабага эришиш мумкинлигини тасаввур қилолмасди. У жанжал ва муштлашув акцияларни харид қилиш борасида Янг талаб қилган оғир таклифларга қарши қилиняпти деб ўйлаган.
— Аслида ҳам шундай эмасмиди? — сўради Бернс.

Палмер яхна ичимлик ҳўплаганича, жилмайди.
— Биз, чамаси, ҳеч қачон буни билолмаймиз. Кўряпсанми, бизнинг кунларимизда очиқ жанг бошлангунга қадар фақат шовқин-сурон қолади, бошқа муҳим нарсалар унутилиб кетган бўлади. Жанг сўнгги дақиқага қадар яширин ҳолда олиб борилади. Компанияда раҳбарликни эгаллаган кимса, етилиб келаётган жанжални фаҳмламай ўз иши билан тинчгина шуғулланиб юраверади. Вақт-вақти билан улар ҳам қандайдир шовқин-суронни эшитиб қоладилар. Булар албатта, бошқача фикр юритувчи акциядорларники. Улар бир умр шовқин солишади. Бироқ раҳбарият ҳақиқий аҳволни тушунмайди. Жуда эҳтиёткорлик билан ҳамма ердан оз-оздан акция сотиб олишади. Юзтасини бу ердан элликтасини нариги ердан. Бугун мингта, эртага яна мингта. Буларнинг ҳаммаси меъёрдаги фаолликни билдиради. Яъни, аввалдан ўйлангандек кўринади.

Бернс бош чайқади:
— Бунақанги суръатда кимнингдир ҳаёти фақат назоратни эгаллаш билан банд бўлади.
— Баъзида яширин ҳаракатлар йиллаб давом этади. Уни тезлаштириш мумкин эмас. Ҳаддан ташқари фаоллик шубҳа туғдиради.
— Тушунарли. — Бернс соатига қаради.
— Агар югуришимиз керак бўлса, гапимни бошқа бир кун тугатишим мумкин, — деди Палмер.
— Йўқ, йўқ. Давом эттир.
— Жонингга тегмадимми?
— Мен юқори даражали найрангбозлар орасидаман. Вуди. Ўзинг тушунасан-ку.
— Гаров ўйнайманки, етиб борасан. — Палмер озгина виски ичди. — Хўп, майли. Акция сотиб олишнинг зерикарли жараёнини бошқа воситалар билан ҳам тезлаштириш мумкин эмас: бу биржада нархларни бирдан кўтариб юбориши мумкин. Бунинг ҳожати йўқ. Бу барча жараёнларни муддатидан аввал қимматлашиб кетишига олиб келади. Муваффақиятлар гарови нархларни номигагина кўтарилиб ёки пасайиб, турғун ҳолда бўлиши. Шунда сиз тортинишни йиғиштириб, ким сизга акциянинг йирик пакетини сотса, ўшанга ўн банд мукофот таклиф қиласиз. Сиз имкони бўлган ҳамма нарсани бозор нархида сотиб олиб бўлгансиз. Энди тайёргарлик даври тугади ва сиз акцияларни 5000 дан сотиб ола бошлайсиз. Эслашимча, бундай усул бир неча марта фойда берган. Бироқ бирортаси эҳтиёткорликни йўқотса, йиқилиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас, ёки нархлар ҳаддан ташқари тез кўтарилиб турса, ёхуд банк маъмурияти нима бўлаётганини англаб қолса, ёки ҳокимиятга интилаётган гуруҳларнинг пули тугаб қолган бўлса...

Бернс лоқайдлигини очиқ кўрсатиб, бўшлиққа тикилди. Орадан бир дақиқадан ортиқ вақт ўтгандан кейингина у Палмернинг гапи тугаганини англади. Стаканини қўлига олиб, ўзини ўнглади ва ишбилармонларга хос қиёфада виски ича бошлади. Кейин ўрнидан туриб шкаф ойнаси олдига борди. Усти-бошини кўздан кечириб, кўз остида қорайиб турган халтачалардан бирини босиб кўрди, хўмрайиб, кафти билан сочини силлиқлади. Бир сониядан кейин ваннахонага йўл олди. Палмер қувурдан шариллаб оқаётган сувнинг овозини эшитди. Кейин ҳаммаёқ жимиб қолди. Бернс стакан тўла сув кўтариб қайтди. Тўхтаб, шошилмасдан сувни ича бошлади. У хўрсинди.
— Қани, кўрайлик-чи, мен сени тўғри тушундиммикин, — деди ниҳоят.
— Марҳамат.
— Сен кимдир Бэркхардтнинг маъмуриятини сиқиб чиқаришга уриняпти, деяпсанми? Шунинг учун акциялар баҳоси ошяптими? Шу туфайли яқин кунларда бирданига ўн бандга кўтариладими?
— Тўғри. Агар номаълум рақибимизнинг ҳамма иши яхши кетаётган бўлса.

Беркс Палмернинг тиззасида ётган рўйхатни кўрсатди.
— Ким эканлигини фаҳмлай олмайсанми?
— Билолганимда, у ғирт тентак одам бўлиб чиқарди. Бу ерда ҳеч ким ҳеч қачон эшитмаган исмлар ёзилган. Бу одамлар бутун АҚШ ҳудуди бўйлаб тарқалган. Ишончинг комил бўлсинки, номаълум корпорацияларнинг ишончли ҳамма омонатчилари нафақахўрлар, унча катта бўлмаган суғурта компаниялари ва ака-укалар, турмушга чиқмаган холажонлар, котибалар ва яна кимлигини худо биладиган одамлар бўлиб чиқади.
— Бу одамларни акция сотиб олишга қандай мажбурлашган?
— Бу жуда осон. Ҳокимиятга интилувчи гуруҳлар акцияларнинг нархи ошишига кафолат беришади. Ҳалол ишлаганда аслида шундай бўлиши керак-да. Бу гуруҳлар тарқоқ акция эгаларидан акцияларни қайтариб олишмайди. Уларга шунчаки, ҳокимиятга интилишларини қўллаб-қувватловчи ювош омонатчилар керак.
— Буни тушунаман, — Бернс унга ишонч билдирди. — Мен буни англаб етгунимча, Вуди, кимдир ЮБТК устидан назорат қилишни ўз қўлига олмоқчими? Бу — кимга керак? Ва асосийси, назорат пакетини эгаллаш учун кимда шунча пул топилади?
— Ғалаба аниқ бўлса, пул ҳамиша топилади.
— Бернс аста бош чайқади.
— Ишлар чатоқ, — тўнғиллади у. — Ишлар чатоқ.
— Унинг қанча қисми, Мак? Кимдир... Шундай қилмоқчими ёки мен моҳиятига шунчалик чуқур кириб бордимми?

Бернс ҳайрон тикилди:
— Бу билан нима демоқчисан?
— Ўзимнинг ҳам ишончим комил эмас. Балки, ҳеч гап йўқдир. Балки, таваккалига, ўқ отишдир.

Бернс анчагача Палмердан нигоҳини олмади. Ва ният бошқа томонга қаради.
— Ҳа, майли, ўйлайманки, сенга ўхшаган пултопар йигитлар учун бу — ҳеч гап эмас.
— Агар сенинг хусусий компаниянгда юз берса, ҳеч қачон “ҳеч гап эмас” деёлмайсан.
— Тўғри айтдинг. Нима қилмоқчисан?
— Палмер идишдагини ичиб тугатиб, ўрнидан турди.
— Гап шундаки, менда ЮБТК акциялари йўқ. Мен оддий хизматчиман. Бу — Бэркхардтнинг ташвиши.
— У биладими?
— Найрангларними? Билиши керак. Мен айтгандим.
— А? — Бернс ўйчанлик билан пешонасини тириштирди. — Майли, қария, бу — бизнинг оқшомги ташрифимизга ўзгартиш киритмайди, шундай эмасми? Биз ҳали яна бир нечта жамғарма банкларини дабдала қилишимиз керак.
— Шундай қиламиз. — Палмер пиджагини кийиб, эшик томон йўналди.
— Албатта. Агар бу вазиятни ўзгартирмаса, — эҳтиёткорлик билан қўшиб қўйди Бернс.
— Нега у вазиятни ўзгартириши керак? — Палмер унга қараш учун тўхтади. — Бирининг иккинчисига алоқаси йўқ.

У Бернс сусткашлик қилаётганини кўриб, тунд башарасидан бирор нарса уқишга уринди. Ахир у Бернсга атайлаб биржа аҳволини моҳирона уюштирилган найранг деб тушунтирди. Ва ЮБТК назоратини қўлга олиш устида кетаётган жангни жамғарма банклар учун бўлаётган уринишларга алоқаси йўқлигини аниқ таъкидлади. Аслида, мулоҳаза қилди Палмер, иккови ҳам битта нишонга уришяпти. Оддийгина акция сотиб олиш билан ЮБТКда катта корпарация устидан назорат қилишни қўлга киритиб бўладими? Бернс бир нарсада ҳақ — ҳаммада шунақа пуллар бор. Бироқ бундай жангда пул ягона восита бўлмайди, ўйлади Палмер. Банк дирекциясини обрўсизлантириб, кўпчилик акциядорларни ўз атрофига йиғиши мумкин. Оқибатда акциялар сонининг аҳамияти бўлмайди. Асосийси, йирик аксиялар кимни ёқлашида. Агар Лейк Бэрнхадтни руҳий касал, шунинг учун талвасада жамғарма банклари билан ҳисоб-китоб қиляпти деб гап тарқатилиб, шармандаларча мағлуб қилинса, ана шундагина пулдан кўра қимматроқ қурол пайдо бўлади.
— Кетдик пастга, сиёсат билан шуғулланамиз, — ниҳоят таклиф қилди Палмер.
— Кетдик. — Бернс зўр бериб хонадан ниманидир қидира бошлади. Ваннага кирди, бир дақиқача ўтгач, у ердан юзида таажжуб билан чиқди.
— Тумовга қарши доринг борми?
— Бўлса керак.
— Жиндай тумов бўлибман, дорим тугаб қолибди.
— Сигарет сотиладиган докончада кичик қутичалари бўлади.
— Тўғри. — Бернс эшик ёнида турган Палмернинг ёнига борди. Ширин жилмайди. Қандайдир лаҳзада йўлбарс кўзларидек ўткир кўзлари мулойим боқди. — Сенда керакли дори бўлишини билардим, болакай.
— Нега айнан менда?
— Билмадим. — Табассум кулгуга айланди. — Шунчаки, хаёлимда бу доридан тез-тез фойдаланиб турасан, деб ўйладим.

Бернс эшикни очиб, ташқарига чиқди.

Ўттиз Саккизинчи Боб

Палмер эртаси куни соат ўнда уйғотишларини сўраган бўлса-да, соат ўн бирда ҳам ҳамон ўринда ётарди. Навбатчи соат ўнда қўнғироқ қилди ва Палмер унга барча сўраганларга кечроқ қайта қўнғироқ қилинглар, деб тайинлашни илтимос қилди. Палмер яна бир соат узуқ-юлиқ тушлар кўриб ухлади.

Ана шундай тушларнинг бирида Палмер Бэркхардт билан нонушта қилди. Суҳбат ўртасида у сочиқчасини кўтарди ва Бернс қидираётган дори турганлигини кўрди.

Палмер уйғониб, ёнбошига ағдарилди ва яна уйқу элитмагунча, қимирламай ётди. Охирги туши жуда узоқ давом этдим... У ойнадан қараб турган аёлга қувонч билан қўл силтади. Улар қучоқлашдилар. Аёлнинг қўллари йўқ эди.

Палмер уйғониб кетди ва тушидаги кўрган “тумов дориси”нинг мағзини чақишга уринди. Қўлсиз аёлни кўз олдига келтириб, юраги эзилди. Сўнг фақат дорини ўйлаб, бошқа тушларини унутди.

Ниҳоят, батамом уйғониб, каравот четига ўтирди ва бунчалик уйқу босганига ҳайрон қолди. Бернс уни соат иккида, шаҳарнинг ишбилармонлар қисмида ўтказилган зерикарли оқшомдан кейин тунги соат иккиларда “Форд Оранж”га қайтариб олиб келди. Кейин, клуб салонида унча катта бўлмаган жамоа йиғилди. Бу ерда Палмер бироз ичди. У соат учга яқин, балки ҳатто эртароқ ухлагани ётганини эслади.

Палмер ўтган оқшомда юз берган воқеалардан энг яхшиси — меҳмонхонада ўтказилган кичкина ўтириш деб ҳисоблади. Унда асосан эркаклар бўлганди, бир-иккитасигина хотинлари билан келган, шунингдек, бир неча аёл иштирок этганди. Палмер бу аёлларнинг гапларини деярли эшитмади. Суҳбатни фақат эркаклар олиб боришди: кексалар, ўрта ёшлилар, озғин, семиз — умуман, ҳар хил тоифадаги, штатларнинг ҳамма чеккасидан, Ўрта Ғарбдан келган, қиёфаси ҳам, мақсади ҳам турли-туман одамлар йиғилган эдилар.

Бу жамоа менинг тенгим эмас, деб ўйлади у...

Ниҳоят, ўрнидан туриб, дераза олдига борди. Нима учун у Бэркхардтга ўзини мана бу сиёсатчи ҳайвонлар билан битта саҳнага чиқариб қўйишига йўл берди?..

Албатта, деб ўйлади Палмер деразадан боқиб, айрим арбоблар жуда ҳам банд. Масалан, Калхэйн хилидаги одамлар қўл етмас ҳокимиятлари билан ўзларига жалб қилишади. Улар билан иш олиб бориш мумкин...

Палмер кескин ўгирилиб, телефон ёнига келди.
— Жаноб Бэрнсни, илтимос, у қаерда бўлса ҳам...

Навбатчи шаҳарнинг қаеридадир юрган Бернсни топишига камида беш дақиқа вақт кетди.
— Вуди, болакай, уйғондингми?
— Мак, мени Сиракузага олиб боришга ҳожат йўқ. Мен шу ердан ижарага машина оламан-да, бугунги нутқдан кейин Нью-Йоркдан тўғри Сиракузага учиб кетаман.
— Азизим, бу — мен учун фақат ҳузур бағишлайди. Сени олиб бориб қўйиш менга роҳат-ку.
— Ҳожати йўқ. Бу ерда, Олбанида мендан нимани кутган бўлсанг — бажардим.
— Нега бундай деяпсан?
— Мен тўғрисини айтяпман. Сен, шундай қилиб, Нью-Йоркка жўнашинг мумкин, мен ҳам. Акс ҳолда бугун оқшомда машинада орқага, Олбанигача қайтишингга тўғри келади. Биз Нью-Йоркка фақат эртага етиб борамиз.
— Ҳм. Ақлли гап. Бироқ мен сен билан яна баъзи нарсалар ҳақида гаплашиб олмоқчи эдим.
— Байрамдан кейин вақтимиз кўп бўлади.
— Бизга келганда топилмай қолади-да. Уч-учини боғлаш зарур бўлган ишлар кўпайиб қолди. Сен бўлсанг нутқ сўзлаб, штатлар бўйлаб айланиб юрасан.
— Учрашиш учун вақт топамиз.

Бернс жим бўлди.
— Тасаввур қила олмайман: ЮБТКнинг вице-президенти ижарага олинган шалоқ аравада юрса.
— Алжирама.
— Тўғри гап, Вуди. Ҳеч бўлмаса машинам билан ҳайдовчимни бериб турай, рози бўл. У сени Сиракузага олиб бориб қўйиб, кейин мени олиб кетгани Олбанига қайтади. Майлими?

Палмер ўйланиб қолди. У Бернсга қарашли машинадаги “8” белгисини кўрган, бу машина ижарага олинганини билдирарди. Бернс уни алдамоқчими?
— Мак, ортиқча вақт учун лимузин ёллаш ўзим машина ҳайдаганимдан кўра қимматга тушади, — деди Палмер.
— А? — Бернс бир лаҳза жим қолиб, бепарволик билан сўзлади:
— Вуди, банкир менга иқтисод қилиш ҳақида маслаҳат берса, амал қилганим яхши.
— Дуруст. Мен сени ҳафтанинг охирида, Нью-Йоркдан топиб оламан.
— Майли, Сиракузадагиларнинг таъзирини бер.

Палмер маҳаллий ижара идорасига қўнғироқ қилиб, кредит карточкаси ва Нью-Йоркдаги яшаш манзилини билдирди.
— Сиракузадаги меҳмонхонадан жой ажратиб қўяйликми?
— Бунинг кераги йўқ, — жавоб берди Палмер ходимга. — Бугун оқшомдаёқ уйимга учиб кетаман.
— Ундай бўлса, самолёт учун жой брон қилиб қўяман.
— Шундайми? Жуда яхши. Ярим тундагисига бўлсин.
— Бу — 53-рейс бўлади. У Нью-Йорккача ҳеч қаерга қўнмай учиб боради.
— Сиракузага қанча вақтда етиб борилади?
— Икки соатда.
— Яхшиси, меҳмонхонадан жой буюртиринг. Анча вақтим қоларкан.
— Машинани меҳмонхона ёнидаги идорага қолдирасиз. Улар бунгача сизга самолётга чипта буюриб қўйишади.
— Палмер гўшакни илиб, ювиниб, костюмини алмаштириш учун ечина бошлади. Сафар давомида Бернсни кўрмаслигидан хурсанд бўлиб, ҳатто енгил ҳуштак чалгани ҳолда ювинди. Бернс билан узоқ вақт бирга юриб бўлмасди. Бироқ ҳозир, Палмер уни ЮБТК устидан назоратни қўлга олишни мўлжаллаяпти деган шубҳага бориб, кўргани кўзи бўлмай қолди.

У нима бўлганда ҳам Палмернинг гапларига совуқ муносабатда бўлди. Бутун оқшом бу ҳақда эслатмади ҳам. Палмер унинг дори ҳақидаги шамасини қулоғига қуйиб олди, албатта.

Артиниб бўлган Палмер хаёлчан туриб қолди. Нима бўлганда ҳам тумов дориси ҳақидаги шаманинг маъноси нима эди? Ё Бернс Палмердан бирор нарсада гумон қилаяптими?

Палмер ванна четига ўтириб, ўзини Бернснинг ўрнига қўйишга уринди. Палмер билан Виржиния унинг уйидан биринчи марта фойдаланган ўша тун ҳақида Бернсда қандай далиллар бўлиши мумкин? Бернс иккови ўша ерда бир муддат бўлишганини билади, албатта. Уйига қайтиб, тувом дориларининг йўқ бўлиб қолганини пайқагандир. Шунингдек, Палмер ҳам, Виржиния ҳам тумов бўлмаганларини эслаган. Шундай экан, нима учун улар шунчалик кўп сочиқ ишлатишганига ҳайрон қолмайдими?

Палмер ўрнидан туриб, кийинди. Шкаф ойнасига қараб бўйинбоғини боғлади. Шумшайган аксини кўриб жилмайишга уринди. Бернс нима деб гумон қилмасин, исботи йўқ.

Палмер буюмларини кичкина жомадонга солиб, хонага бир қур кўз югуртиргач, ташқарига чиқди.

Ўттиз Тўққизинчи Боб

— Мен тўла аниқлик киритмоқчиман, — деди Палмер. овози зиёфат залига ўрнатилган микрофон туфайли гумбурлаб чиқди. — Жамғарма банклар оила ва жамият ҳаётида ижобий куч ҳисобланади. Уни ҳеч ким шубҳа остида қолдира олмайди. Бироқ... мен бу гапни айтиш учунгина Сиракузадан келганим йўқ. — У йиғилганлар кулармикан деб гапини тўхтатди. Кулги ўрнига бирданига қаҳқаҳа кўтарилди. Мана буниси зўр бўлди! У ғовур тўхтагунча кутиб турди.
— Бироқ, — давом этди у, — Масъулиятли фуқаролар, миллат тижоратчилари сифатида сизлар, шу ерга йиғилганлар, АҚШ иқтисодига бир мақсад билан қарайсизлар. Ҳаммамиз ҳам иқтисодиётни узоқ вақт сустлаштирувчи ҳар қандай ҳаракат миллатимизнинг равнақи учун хавф солади деб ҳисоблаймиз.

Мен шуни ишонч билан таъкидлайманки, жамғарма банклар мамлакатнинг ўсиб бораётган иқтисодиётига ана шундай хавф солиб келган ва шундайлигича қолади. Фикримни аниқроқ ифодалашга рухсат беринг. Америкаликлар учун ўз жамғармаларини асрайдиган жуда кўп воситалар мавжуд. Жамғарма банклари ана шундай воситалардан бири. Мен жамғарма банкларга эмас, бу банкларнинг ҳамма пулларини ўз омборларига йиғишга уринаётганларга қарши гапираяпман.
— Жамғарма банкига қўйилган долларлар нима бўлишини ўйлаб кўринглар. Қонун бу банкларга давлат облигациялари, чекланган миқдорда қимматбаҳо қоғозлар ва гаровдан бошқа нарсага рухсат этмайди. Ўз навбатида бундай ҳолат омонат банклари ўз заҳираларининг маълум бир қисмини нақд пул ҳисобида ушлаб туришга мажбур қилади. Яна таъкидлайман: бундай омонат турида ҳеч қандай қонунбузарлик йўқ. Агар озгина миқдордаги пулларни сақлаб турган бундай банклар сони чекланган бўлса, уларнинг иқтисодиётига таъсири унча сезилмасди. Аммо...

Палмер нутқ бошлаганидан бир неча дақиқа ўтгач, атрофга қараб, зиёфат зали одамлар билан тўлганини кўрди. Яхши белги.

Қувноқ шароитда ўтган тушликдан кейин тингловчилар хайрихоҳлик кайфиятида эдилар. Палмер бу одамлар бутунлай ўзи томонига ўтганини сезгунга қадар жамғармалар ҳақидаги гапни тўхтатмади. Энди алоҳида жамғарма банклардаги билл1га қарши чиқиш орқали ЮБТК ҳам, тижорат банклари ҳам шахсиятпарастларча йўл тутмаётганига ишонтиришгина қолди, холос.
— Мен кўча карнавалидаги сотувчилардан бири бўлганимда, — давом этди Палмер, — бу минбардан қўлимда илон заҳари солинган шиша идиш ушлаб, у ҳатто биллиард соққасида ҳам соч ўстира олишини кафолатлайман деб гап сотган бўлардим.

Номига бўлса ҳам бир-икки жойда кулги эшитилди:
— Афсуски, жаноблар, мени сотадиган нарсам йўқ. Сиракузада менинг банкларим, сизларнинг маҳаллий банкларингиз билан билвосита операциялар ўтказишини ҳисобга олмаганда, тижорат ишлари билан шуғулланмайди. Биз ҳатто йигитларингиздан бирортасини алдаб, Нью-Йоркка чақириб олишни орзу ҳам қилмаймиз. — Кулги сал кўпайди.
— Сизларнинг маҳаллий тижорат банкларингиз номидан гапиролмайман, — давом этди у. — Лекин ишонаманки, улар шуғулланишлари зарур бўлган ҳамма ишни қўлларига олганлар. — Сиракуза — бу гуллаб-ўсаётган жамоа. Бу ерда кўпгина банклар фаолияти учун майдон кенг. Сизлар ўз хусусий заёмларингизни кўрсатасизлар, кредит маълумотларини йиғасизлар, жамғармаларни бошқариб, машина, уйлар сотиб олиш, муҳим ишларни бажариш учун қарз оласизлар. Бунинг учун сизларга фақат тижорат банклари ёрдам беради.

Бироқ мен сизларни фақат Сиракузанинг иқтисодига қарашдан ташқари бошқа нарсаларга ҳам...

Палмер минбардан тушиб, қарсакларга қулоқ солди. У ҳали гулдурос қарсакларнинг фарқига борадиган даражада кўп нутқ сўзлагани йўқ. Бироқ қарсаклар қаттиқ янграб, бир неча дақиқа давом этди. У расмий қўл олишиш учун раисга ўгирилди.

Палмер ёнбошдаги эшикдан чиқиб кетаётиб, соатига қаради. Охирги ўн беш дақиқа ичида соатга бир лаҳза кўз ташлаб олишни кўп мўлжаллади, лекин бу аудиторияда ёмон таассурот қолдириши мумкин эди. Соат ўн бир бўлганини энди билди. Самолёт учишига бир соат вақт қолибди. У йўлакда комитетнинг бир неча аъзоси, иккита маҳаллий тижорат банкирлари ва отасини танийдиган ўрта ёшлардаги кишининг табригини қабул қилди. Кейин ижарага олган хонасига кирди. Телефон гўшагини кўтариб, сўради:
— Аэропортга қачон машина кетишини айтолмайсизми?
— Соат ўн биру ўн бешда. Илтимос, бир дақиқа тўхтанг. — Телефон жим бўлиб қолди. Палмер тоқатсизлик билан кутиб турди.
— Жаноб Палмер, — яна гапга тушди телефончи қиз, — зиёфат залида бўлган пайтингизда сизга кимдир қўнғироқ қилди. — У Палмерга маҳаллий телефон рақамини берди. Палмер қўнғироқ қилувчи кимлигини билмас эди. Гўшакни илиб, жомадонини ёпди, пальтосини олиб, хонадан чиқди. Қўнғироқ қилган ким бўлса ҳам Сиракузага янаги гал келишини кутадиган бўлди.

Палмер пастга тушиб, аэрокампания машинаси турадиган жойга йўл олди. Ўзига ўхшаб ҳорғин кўринувчи бир нечта киши эшик олдида турарди. Ёнидан югурдак ғулдираганича ўтиб кетди.
— Жаноб Мармер, жаноб Мармер.

Палмер тўхтади:
— Палмер?

Югурдак секингина бош ирғади:
— Марҳамат қилиб, ҳов анави телефон гўшагини олинг. — У ниманидир кутиб турди, — Раҳмат, жаноб Мармер.

Палмер ҳайрон бўлиб унга қаради, сўнг чўнтагини кавлаб, 25 цент олди ва югурдакка узатди.
— Жаноб Марм... Палмер эшитади.
— Бир дақиқа, илтимос.

Гўшакда нимадир шитирлади.
— Хайрли тун, жаноб Палмер, — Виржиния Клэрининг овози эшитилди. — Нафис тўрлар тўқиш ва йигириш биродарлари тижорат банкининг Сиракуза бўлинмасидан гапиряпмиз.
— Аввал ҳам сен қўнғироқ қилганмидинг?
— Тўғри, мен ўйловдимки, сен...
— Сен нима қилаяпсан ... да?
— Балки, Сиракузадаги биронта мўъжизани кўрмоқчидирсан, рост, сен...
— Жин урсин, — деди у.
— Аэропортда эмаслигингдан хурсандман, — деди аёл. — У ерда радио орқали сени чақиртириш ғирт бемаънилик бўларди.
— Бу гапинг яхши, аммо нотўғри.
— Авиакомпаниянинг машинасидан кўра такси олганинг маъқул, — Таклиф қилди аёл.
— Қимматроқ бўлгани учунми? Пулни ҳамиша муомалага солиб туриш йўлими бу?
— Сабаби, такси сени Хилл-авенью ва Вестерн- хайвейнинг чорраҳасигача олиб бориши мумкин. Бу ҳам еттинчи рақам.
— Қанақа рақам?
— Кўрасан.
— Назаримда шу туфайли самолётга кеч қоладигандайман.
— Сен бундан бошқа яна кўп ишларни ҳал қила оласан.
— Ҳм-м. Биз — одат қулимиз, режаларимизнинг ўзгаришига тоқатимиз йўқ. — Алоқа узилди. — Алло, алло? — Палмер бирортаси кузатмаётганмикин деган хаёлда атрофга аланглади. Ҳеч ким қарамаётганига ишонч ҳосил қилгач, гўшакни қўйди, чамадонни кўтариб, фойени кесиб ўтди.
— Илтимос, такси, — деди у эшик оғасига...
— Еттинчи номер, — деди ҳайдовчи манзилга етиб келгач. У Палмер узатган беш долларликни олиб, қайтимини бермоқчи бўлди. Палмер бош ирғаб, қайтимни рад этди.
— Керак эмас. Яхши ўйнаб-кулинг.

Машина шаҳар томон ғизиллаб кетди.

Палмер еттинчи номерли хона эшигига келиб, тақиллатди.
— Очиқ.

Палмер қоронғу хонага кирди.
— Ким бўлсанг ҳам, салом.
— Эшит. — У Виржинияни кўрди. Аёл ташқаридаги чироқ ёруғи хирагина тушаётган хона ўртасида турарди. — Мен, чамаси, аҳдимдан қайтганга ўхшайман.

Палмер у томонга қадам қўйди:
— Айни пайти.
— Аввалига бу менга жуда ёқимли ғоя бўлиб туюлди. У ёқда, Нью-Йоркда. Шунинг учун самолётга югурдим. Бироқ йўлга чиққанимдан кейин ўйлаб қолдим. — Палмер унга қараб яна бир қадам қўйди. — Йўқ. Ўша ерда тур. Биз аэропортдан бор-йўғи бир чақирим наридамиз. Самолётга бемалол улгуришинг мумкин.
— Сени шу ерда қолдириб-а?
— Сен мени чорлаганинг йўқ. Ўзим келдим.
— Буниси тўғри. — У яна бир қадам юрди. Энди аёл ундан атиги ярим қадам нарида турарди. Қоронғиликда унинг кўзлари ҳаддан ташқари йириклашиб кетгандек кўринарди.
— Нима кийиб олдинг?
— Бетайин, тасқара пеньюар. Нью-Йоркка қайтиб кетавер.
— Чамамда, илгари сени бу кийимда кўрмагандим. Пардани ёпиб, тунги чироқни ёқсам бўладими?
— Илтимос, Вуди, ҳақиқатан ҳам бундай қилмаслигим керак эди. Учиб кетсанг ҳам менга барибир. Самолётга улгурасан.
— Беҳуда такрорлаяпсан. — У жомадонни ерга қўйди.
— Керак эмас. Сен ҳақсан, кутилмаганда режаларни бузишдан ёмони йўқ. Бу — хавфли.
— Шу ерда-я? Такси ҳайдовчисидан бошқа ҳеч ким билмайди.
— Агар хоҳласа ҳар қандай одам билиши мумкин.

У аёлнинг қўлларидан ушлади. Унинг бармоқлари муздек эди.
— Эртага пешингача мени Нью-Йоркда ҳеч ким кутмайди. Ўша пайтда Бернс мени ўз машинасида олиб келмоқчи эди.
— У қаерда?
— Бугун кундузи Нью-Йоркка учиб кетган бўлса керак.
— У сенга эртага қўнғироқ қилмайдими?
— Эртага — шанба. У уйимга қўнғироқ қилишига тўғри келади.
— Буниси чатоқ. Аэропортга боравер.
— Бернс уйимга қўнғироқ қилмайди.
— Нима учун?
— Кейин тушунтираман.

Палмер уни ўзига тортди. Аёл қаршилик кўрсатди. Палмер унинг қўлини қўйиб юборди ва белидан оҳиста қучоқлади. Юпқа кийимлари устидан бармоқлари ва кафти мулойим сирғалиб ўтди. У аста юзини кўтарди. Иссиқ сонларини силаб, уни бағрига тортди. Лаблар бир-бирига ёпишди. Аёлнинг қўли уни қучоқлаш ўрнига беихтиёр оралиқда қолиб, пальто тугмаларини еча бошлади.
— Мана шунақа тентакман-да, — деди у гўё ўзига ўзи гапираётгандек. — У пальтони полга ташлади ва пиджак тугмаларини ечишга киришди. — Самолётда бу ёққа учиб келар эканман, бутун баданимни қўрқув босди.

Аёл пиджакни пальто устига ташлаб, галстукка қўл чўзди.
— Бу ерга келганимдан кейин ўзимни қўлга олдим. Меҳмонхонага қўнғироқ қилдим. Жавоб бермаганингдан кейин, сени қўлдан чиқардим, хойнаҳой, йўлда кетаётгандир, деб ўйладим. Ҳатто шуларни ўйлаб, енгиллашгандек бўлдим.
— Мана, — у галстукни узатди. — Бу ер жуда иссиқ, — давом этди у. — Жомадонингда халатга ўхшаган бирон нарсанг борми? — Йигит тасдиқ ишорасини қилгач, у кўйлак тугмаларини ечишга тутинди. — Яна ўзимга-ўзим, майли, тағин бир марта, фақат бир марта қўнғироқ қилиб кўрай дедим. Улар сени топиб беришди. Ҳамма нарса жойига тушди. Дастакни жойига илиб, яна қўрқиб кетдим. Шунақа тентакман-да.
— Мени топиб олганингдан хурсандман.
— Ростданми? Менга шунчаки кўнгил учун гапираётганга ўхшайсан.
— Ҳа, мутлақо тўғри.
— Бундай қилма, тўғрисини айтавер.
— Тўғри йўлни танладим, — деди у. — Бошқаси менга ёқмайди.
— Мен бу ҳақда Нью-Йоркда ўйлагандим. Ла Гардиа аэродромида, шунчаки, ўзим бориб, сенга осиладиган бўлсам, қанақа одам бўлдим, деб ўйладим. Шу тариқа аёл кишининг бемаъни йўлга кириб кетиши ҳам осон-да. Нима бўлганда ҳам. Кейин бунақа хаёлларнинг мавриди эмас, деб ўйладим. Яримта севги муносабатлари деган гап йўқ. Шундай эмасми? Бу нарса бошланган, у мавжуд, давом этяпти, ким-кимнинг олдига боради, у қаерда бўлади — аҳамияти йўқ деб ўйладим. Ҳатто, ўйлаб туриб, бу менга шунчалик керакми деган хаёлга ҳам бордим.

Самолётга ўтириш олдидан мен ана шундай ҳар хил, қарама-қарши хаёллар қуршовида эдим. Менга зарурмиди шу нарсалар? Рости билан, нимани хоҳлайман ўзи? Шунга қарамай...

Қисқа жимлик чўкди. Палмер кулимсиради:
— Айт-чи, нима гап ўзи?
— Биласанми, нимага қарор қилдим. Бу менга ҳеч қачон яхшилик олиб келмаслигини биламан. Лекин бу менга керак! Худди шундай! Яхши эмас, аммо керак! Мантиқсизлик-а?
— Ҳеч қандай мантиқнинг кераги йўқ.
— Албатта. Яна бир марта шундай қучоқла, марҳамат.
— Шундайми?
— Ҳа.
— Нега жим бўлиб қолдинг? — орадан бир неча дақиқа ўтгач, Палмер гап қотди.
— Кўлни қара, — аёл унинг қўлидан ушлаб, дераза ёнига олиб келди. Дарахтлардаги байрам чироқлари ўчирилган. Ойнинг ожиз ёруғида дарахтларнинг сувдаги акси афсонавий бир кўриниш зоҳир этганди.

Палмер унинг халати боғичини ечиб, силлиқ, юмшоқ қорнини силашга тушди. Ташқарида иссиқ шамол турди, аммо дераза ойналари совуқ эди... Палмер Виржинияни дераза тагидан бир неча қадам берига олиб келди. Кафтлари билан яланғоч кўкрагини ушлади ва унинг сийнаси учлари бўртиб, қаттиқлашиб бораётганини ҳис қилди. Аёл нималардир деб пичирлади ва уни хонада осилган парда тарафга қараб тортди. Нур ўтказмайдиган парда сурилди ва кўлни, дарахтларни, тирқишлардан кираётган кучсиз шамол йўлини тўсиб қўйди. Ёқимли ҳарорат баданини чулғаб олди. Палмер бир қўли билан Виржиниянинг қўлтиғидан, иккинчи қўли билан тиззаси остидан ушлаб, ердан кўтарди ва унинг кўкраклари ўртасидаги чуқур жойга юзини қўйди. Виржиния енгиллашиб қолгандек туюлди.
— Умримда мен кўрган тўшакларнинг энг каттаси шундоқ тўғримизда, очиқ дераза орқасида, — деб қулоғига шивирлади Виржиния.

Палмер уни ўша хонага олиб чиқди...

Қирқинчи Боб

Аввалига Палмерга номаълум сабабларга кўра Вик Калхэйннинг идораси шаҳар марказидаги кичкина меҳмонхонадаги кўримсиз бир хонага жойлашганди. Унинг ҳуқуқий идоралари Нью-Йоркдаги ишбилармонлар маҳалласида, Броуд-стритда бўлиб, у ерга ҳафтада бир мартадан ортиқ бормасди. Сиёсий қароргоҳи эса Шарқий бир юз ўн олтинчи кўчада ўзи яшайдиган бинода жойлашган эди. Калхэйнга қарашли бу хонадонни бир вақтлар — аср бошида йирик партия раҳнамоларидан бўлган отаси эгаллаганди. Бироқ Палмернинг билишича, Калхэйнни кўпроқ меҳмонхонадаги манзилидан топиш мумкин эди. У сиёсат билан ҳам, ҳуқуқшунослик амалиёти билан ҳам деярли қизиқмасди.

Бернс бир гал унга вазиятни тушунтиришга уринган, лекин фойдаси бўлмаганди.
— Буларнинг ҳаммаси режалаштирилган ўйин, — деди Бернс. — Ишбилармонлар маҳалласи Калхэйн мижозларига ҳуқуқшунос сифатида, яшайдиган жойида эса сайловчиларига хизмат қилади. У бу икки тоифани аралаштириб юбормайди, тушунасизларми? Шаҳар марказидаги идораси эса ана шу тарзда пухта иш юритишга имкон беради.

Палмер бироз бош қотириб, Бернс нимани назарда тутаётганини англади: Калхэйн, чамаси, бу меҳмонхонада сиёсий тижорат билан шуғулланади...

Байрамдан икки кун ўтгач, Калхэйннинг хонасига зиналардан кўтарилиб бораётганда Палмер шубҳаси ўринли эканлигини англади. Ҳатто унинг хонасига бориладиган йўлак ҳам турли-туман қиёфадаги, сабр-тоқати юзидан сезилиб турган одамларга тўла эди. Палмер уларнинг ёнидан ўтаётганда бу одамлар хавотир билан қарадилар. Пармернинг хаёлида улар “Бу ким бўлди? Сиёсий арбобми? Уни танимаймиз. У кимни танийди? Бу ерда нима қилиб юрибди?” —дейишаётганга ўхшайди. Палмер очиқ турган эшикдан қараб навбат кутиб тик турган ёки ўтирган ўн иккитача одамни илғади. Стол ортида ўткир нигоҳлардан қаерга қочишни билмай ўтирган кўҳликкина қизни кўрди. Палмерга кўзи тушган қиз билинар-билинмас таъзим қилиб:
— Ўнгдан навбатдаги эшик, — деди.

Палмер нари юрди. Орқасидан кимнингдир: — Азизам, у мени қабул қиладими-йўқми? — деган овози эшитилди.

Палмер кейинги эшикни тақиллатиб, бироз муддат кутиб турди, кейин тутқични буради. Эшик ёпиқ эди. У тутқични қаттиқроқ бураб, эшикни итарган эди, очилиб кетди. Палмер хонанинг остонасида Калхэйнга рўбарў бўлди.
— Тезроқ кириб, эшикни ёпинг, дўстим, — деди у ўрнидан тураётиб, — Бўлмаса, ҳозир бу ерга меҳмонхонанинг ярми ёпирилиб келади.

Эркаклар қўл сиқиб сўрашишди. Палмер Калхэйннинг олдида ўзини пакана одамдек ҳис қилди. Унинг бўйи бор-йўғи беш сантиметрча баланд бўлса ҳам баҳайбат гавдасида биронта ортиқча мускул йўқ эди. Сиёсий арбоб яна қоғозлар қалашиб ётган стол ортига ўтирди. Оромкурси суянчиғига суяниб, кулимсиради:
— Мак қани?
— Шу ерда бўлиши керак. — Палмер соатига қаради. — Мен ҳозир йиғилишга боришим керак. Ихтиёрингизда нималар борлигини менга айтинг, зарур бўлса мен Макка етказаман.

Калхэйн гўё “ҳамма нарса шу ерда” дегандек, қўлини узатиб, кафтларини очди.
— Яхши хабарлардан бошқа ҳеч нарса йўқ. Менинг Сиракузадаги ходимим жума куни кечқурун қўнғироқ қилиб, ўзингизни яхши кўрсатганингизни айтди. Нутқингиз, мулоҳазаларингиз ёқибди. Демак, кейинги ҳафта Буффалода янада яхши бўлади. Бундай нарсалар занжирли реакцияга ўхшайди. Оғиздан-оғизга ўтиб кетаверади.
— Буниси яхши. Лекин ходимингиз уларнинг жамғарма банклари бўлинмаларидаги билларини аниқлаб олишига ишонмайман.
— Тўппа-тўғри! Лекин улар сиз томонда турса, демак, биллга қарши бўлади-да!
— Ҳамиша шундай бўлавермайди. Менинг нутқимда қўллаб-қувватлаш ҳақида гап йўқ эди. Менимча, биз умуман, бундай йўл тутмаслигимиз керак. Айниқса, бу номаълум шахс томонидан қилинмаслиги керак.

Калхэйн бош ирғади:
— Бир неча кундан кейин менинг ходимим айрим маълумотларни тўплайди. Айтайлик, бир ҳафтадан кейин. Ўшанда Сиракузадаги имкониятларимизни биламиз. Яна занжирли реакция. Сиракузадагилар Бингамжон, Утики ва Рочестернинг фикрини билмагунча, бетараф бўлиб туришади.

Палмер сигарет чекди.
— Чекка ўлкалардаги тижоратчиларда яширин маълумотлар алмашиш тизими борлигига шубҳа қилмасдим.
— Буни тизим деб атаб бўлмайди. Лекин хоҳлаганча кенг маълумот алмашиш мумкин. “Киванис”, “Ротари”, “Лайонз” клублари, турли савдо палаталари, черков гуруҳлари, телеграф агентлиги, ишбилармонлар жамияти тижоратчилар ихтиёрида. Куз ва қишда сиёсий арбобларнинг фаоллиги ошади, Олбанига кетишдан олдин округларда юриб, одамларнинг кайфиятини билишга уринишади. Ёзда бу фаолият тўхтайди. Одамлар таътил ва бошқа нарсалар пайида бўлади. Бироқ қишда, байрам кунларида, мажлислар арафасида ҳамма томондаги симсиз телеграфлар ишга тушади.
— Майли, — деди Палмер. — Энди ўз округимиз ҳақида гапириб беринг.

Калхэйн кафтларига тикилиб, елкасини қисди. У калта кесилган сочларини бармоқлари билан тараб, кинояли илжайди.
— Биласиз-ку, штатнинг чекка ўлкалари ҳақида ҳеч қачон гумон бўлган эмас. Улар у ёқда тижорат банкларини қаттиқ қўллаб-қувватлашади. Марказ — бошқа гап. Бироқ бу ерда ҳам биз ғалаба қозонамиз. Мак икковларинг Олбанида бироз сиёсат билан шуғулланганларингни гапириб берди.
— Тўғри. Биринчи галда штат маркази вакиллари билан.
— Унда мендан кўра сиз кўпроқ гапиришингиз керак.

Палмер жавобга чоғланди-ю, фикридан қайтди. Унга ҳамма нарсани била туриб, ўзини билмасликка соладиган Калхэйнга ўхшаган муғамбирлар ёқмасди.
— Бошқа ишлар билан овора бўлиб, тўғрисини айтсам, бу нарсага унча аҳамият беролмадим, — жавоб берди Палмер.

Калхэйн ўзини ҳайрон бўлган одамга ўхшатди.
— Сизнинг ягона вазифангиз — жамғарма банклари билан ишлаш деб ўйлабман.
— Бизда ҳамма гап банкнинг ичида, — деди Палмер. — Акцияларимизга нимадир бўляпти.

Калхэйн олдинга силжиди.
— Яхши гапми?
— Доимий мижозлар учун — ҳа. Дарвоқе, буни сиз ҳисобга олиб қўйишингиз мумкин. Менимча, тез кунда акцияларимизнинг нархи ошиб кетади.

Калхэйн ёнига ён дафтарчасини тортиб, қўлига қалам олди.
— Қандай қилиб ошади? Тез орадами?

Палмер ҳамсуҳбатининг авзойини билиш учун жавоб беришга ошиқмади. Нима бу —ўйинми?
— Ўн банд мени ҳайрон қолдирмайди, — деди у ниҳоят. — Вақт масаласига келганда эса, уни умуман билмайман. Бирор ой атрофидамикин? Аниқ айтолмайман.
— Қачон биласиз? — сўради Калхэйн ён дафтарчасига белги қўяркан.
— Айтолмайман. Макдан сўраб билишингиз мумкин.
— Макдан? Жин урсин, у сизнинг акцияларингиз ҳақидаги гапни қаердан билиши мумкин?
— У мендан ҳам кўп нарсани билади.

Калхэйн ўйчанлик билан қаламни секингина, қўйди. кейин столга энгашиб бошини чангаллади.
— Тушунмадим.
— Мен ҳам, — тасдиқлади Палмер, — лекин аниқ ишонаманки, у қандайдир ташқи гуруҳлар воситасида бу ишга аралашган.
— Бўлмаган гап. Банк акциялари билан ўйин қилишга кимнинг қурби етаркан? Ичаги ингичкалик қилади.
— Қўшиламан. Бироқ шундай бўлади.

Калхэйн хаёлчан бош чайқади.
— Мен кўпдан бери Макнинг биржа ҳақидаги маслаҳатларига қулоқ солмай қўйганман. У доим хато қилади, демоқчи эмасман. Шунчаки, ўз хулосаларини очиқ айтгунча юзма-юз туриб, диққат-эътибор билан мулоқот қилиш керак. Мен ўзига қарашли бир мижози ҳақида берган маслаҳатини ҳеч қачон унутмайман. Асбоб-ускуна ишлаб чиқарадиган бир корхона ўз маҳсулотини сотиш ўрнига ижарага бермоқчи экан. Бу — уларнинг сиёсатида катта силжиш эди. Ваҳоланки, бошқа ишлаб чиқарувчилар улардан ўтиб кетганди. Мак бу корхонанинг акцияси беш бандга кўпаяди, деб ҳисоблаганди. У ҳақ бўлиб чиқди. Улар беш банд камайди. Жиҳозларни қарзга берилиши ҳақидаги эълон бу корхона қўллаган сиёсат ҳеч нарсага арзимаслигини кўрсатди. Шундай қилиб, бу қадам акцияларни ошириш ўрнига камайишига олиб келди. — Калхэйн бамайлихотир кулди. — Бечора Мак ўз қармоғига ўзи илинди.
— Сизга ЮБТК ҳақида гапирмаганига ҳайронман, — деди Палмер.
— Мен эса ҳайрон бўлмайман. Ўтган йили унга қуруқ сафсаталарингни бошқа жойда сотгин деб маслаҳат берганман. Мен бой эмасман. Бироқ унинг башоратларига қулоқ солаверсам, аллақачон қашшоққа айланиб қолардим. Агар у акцияларингиз ҳақида бирор гап айтса, эътибор бермаган бўлардим.
— Маслаҳат бошқа манбадан келди, — Палмер сигаретини ўчирди. Мак кейинги пайтларда сизга яна бошқа бир биржа ҳақидаги янгиликларни ҳам гапирдими?
— Бу борада ҳам у таҳсинга лойиқ эмас. Биржага қизиқмайман. Аввал қанча ютқазиб, қанча ютганингни ҳисоблашинг керак. Солиқ йиғувчи амалдорлар учун бу жуда қулай. Агар кўрган зарарингизга қараб солиқлар камайишини хоҳласангиз, даромадларингизни ҳисоб-китоб қилишингиз керак. Мен буни ҳам ёмон кўраман. — Калхэйн стул суянчиғига ясланиб, кўзини қисди.

Палмер жилмайди:
— Сиз операцияларни фақат нақди билан амалга оширасизми?
— Доим эмас. Тўғри келиб қолса, акцияларни ҳам олавераман. Бироқ, худо ҳаққи, заҳираларим тилхатлардаги сохта исмларга тўлиб кетди.

Икковлари ҳам кулишди. Палмер бу инсоннинг ўз сотқинлигини тан олаётгани Олбанидаги сиёсатчилар қилмишини эслатганига қарамай, ғазабини қўзғатмаётганига ҳайрон эди. Балки, Вик халқ сайлаган хизматкор бўлмагани учундир? Тўғри, бу одамнинг ҳудудда эгаллаб ўтирган ўрни сайловга боғлиқ. Бироқ овоз бериш натижаси ҳамиша олдиндан маълум бўлган. Ҳатто баъзи радикал гуруҳлар Калхэйнга қарши чиққанда ҳам у кўпчилик овоз билан қайта сайланишга муваффақ бўлган. Ҳар доим ўз ҳудудидаги камбағалларни тўйдиради. Ҳатто озгина ёрдами ҳам каттакон самара беради. Бирорта ишсизни иш билан таъминлаш, ҳар кунги енгил овқатланишлар, байрам кунлари тарқатиладиган совға-саломлар, иқтидорли болалар учун нафақалар — тўлов жуда кам, қайтим эса тўлиқ бўлади.

Умуман олганда, сайловчилар ўз сиёсий раҳнамоларидан бундан ортиқ яна нимани кутади, хаёлидан ўтказди Палмер. У ўз ҳудудидаги нафақалар ҳамма ердагидан юқори бўлишини доим назорат қилади. Ҳафтада уч оқшом қабул ўтказади. У испанча, итальянча ва гэл тилларида гаплашар ва шу билан тумандаги ирланд аҳолисининг кўнглини олар эди. Палмер у негрлар маҳалласини ҳам маҳорат билан бошқаришини биларди. Кўп йиллардан буён яқин ёрдамчиси негр эди. Калхэйн унга бутун бошқарувни, иш юритиш ва тақсимлашни топшириб қўйганди. Кўпчилик негр ёрдамчи Калхэйннинг ўзидан қимматлироқ деб гапирар эди. Бунга асос бор, албатта. Бернснинг айтишича, бир компания ишга фақат оқтанлиларни қабул қилгани учун, негр харидорларидан ажраб қолган ва банкротга учраган экан. Компания Бернс орқали Калхэйн билан алоқа боғлабди. Орадан уч ҳафта ўтиб, шимолий Бир юз ўнинчи кўча ҳамда оқтанли аҳолини қўшиб ҳисоблаганда, фақат ана шу компаниягина негр сотувчилари билан муомала қиладиган бўлибди. Савдо яхшиланиб, ҳатто авж олиб кетибди. Бу — ўзига хос санъат деб фикр юритди Палмер, рангли аҳолини ривожланишига таъсир этувчи миллий ассоциация имиллаб юрган бир пайтда фуқаролар коррупцияси нақадар авж олиб кетиши мумкин. Ижтимоий юксалиш йўллари кўп, лекин Калхэйннинг ҳудудида унга айланма йўллар орқали борилади.

Калхэйннинг котибаси думалоқланган қоғоз сумкача кўтариб кирди ва уни столга қўйди.
— Уларнинг аллақачон тоқатлари тоқ бўлган, — деди у. — Энди қоринлари ҳам очибди. Айримлари нонуштадан олдин келишганди.
— Ҳозир тугатамиз, — деди Калхэйн қоғоз сочиқларни очиб, фольгага ўралган сандвичларни оларкан. — Хоҳлайсизми?
— Раҳмат, мен овқатландим, — Палмер соатига қаради. — Икки? Икки-ю ўттизда йиғилишим бор. Максиз амаллашимизга тўғри келади.

Калхэйн астойдил овқат чайнашга тушди.
— Билмайман, анави, йўлакдаги одамлар нега бунча эрта келишаркин? Улар соат тўққизгача уйқудан турмаслигимни, демак, бу ерда соат ўндан олдин бўлмаслигимни билишади. Аллақандай жиннилар.
— Ва очлар. — Котиба уларни қолдириб, чиқиб кетди.
— Макга келганда эса, — деди Келхэйн овқат чайнашдан тўхтамай, — у сизу менга кўп ҳафталардан буён керак бўлгани йўқ. “У вазифасини бажариб бўлди”, тўғрими?
— У иккимизни бирдек тушуриб кетди, шуни назарда тутяпсизми?

Калхэйн сандвичлардан бирини икки тишлашдаёқ еб тугатди ва бошқасини қўлига олди.
— Бу — сиз билан тузилган шартнома эди, — тушунтирди у оғзи бўшагач. — Биз эса ҳозир бошқача шартнома тузамиз. Мен ҳеч қачон сизга натижа кафолатланади деб ҳисоблашга изн бермаганман.
— Шундай.
— Энди, ўша гап айтилди деб ҳисобланг. Айрим нарсаларни кафолатлай оламан. Лекин буни эмас. Бизда, штатнинг марказида бир дунё примадонналар бор. Мен сизни ишбилармонлар билан таъминлай оламан, бироқ биз ислоҳот деб ёниб турган гуруҳлар ва бунга янада муштоқ гуруҳларга эгамиз. Ҳатто миллион йилда ҳам мен бу кимсалар ҳамма нарсани ямлаётган тижорат банклари, уларнинг сайловчилари учун, ўзимиз учун ҳам фойдали иш қилади деб шахсан ишонтира олмайман. Фикримни тушундингизми?
— Унда биронта янгилик йўқ. Бизга ҳамиша сотувчилар, суғурта агентлари, кўчмас мулкларни сотиш бўйича агентларнинг бошлиқлари керак.
— Буларнинг ҳаммаси майда садақалар, — деди Калхэйн овқатини еб бўлиб. — Сиз буни яхши биласиз.
— Албатта, ҳар битта майда агент айтарли катта куч эмас, лекин улар бирлашса, қудратли кучга айланади. Бизнинг ихтиёримизда бундай агентлардан анчагинаси бор. Жамғарма банкларидан каттароғини ҳам таклиф қилиш мумкин.
— Марказдаги сенаторлар мана шундай бўлмағур нарсаларга аралашади деб ўйлайсизми?
— Балки сиз учун бўлмағур нарсадир, — деди Палмер, эски мақолни бироз ўзгартириб, — уларга бу нон билан мойдек ёқади.

Калхэйннинг юзи табассумдан қизариб кетди. Бироқ шу заҳоти яна жиддий тус олди.
— Мен ҳазиллашаётганим йўқ.

Палмер суҳбатдошига хафа бўлгандек қаради.
— Нима дейишимни ҳам билмайман, — деди у. — Гап шунчаликка борган экан, унда сизни нима қизиқтиради?
— Бу иккимизнинг ўртамиздаги бошқа шартнома, Мак.
— Ҳалиги, очишни хоҳламаётганингизми?
— Билганимда, сизга шу заҳоти айтардим. — Калхэйн сумкага қўл тиқиб, қаҳвали термос ва ширин кулча олди. — Чин сўзим, мен ҳозирча билмайман.
— Шундай бўлиши мумкинми? Мен ўйловдимки...
— Шартноманинг икки томони ҳам аниқ бўлиши керак, — деб унинг гапини якунлади Калхэйн. — Йўқ. Биз Мак билан кўп нарсаларни бошдан кечирганмиз. Агар у арзийдиган иш деса, мен оламан. Бошқа бировга, балки, ишонмасдим. Бироқ Макга мутлақо ишонаман.
— Фақат унинг биржа бўйича маслаҳатларига эмас.
— Биржа бўйича маслаҳатларидан ташқари, — Калхэйн кулчадан тишлаб, қаҳва ҳўплади. — Биз биргаликда катта йўлни босиб ўтдик. Сиёсатда йигит кишининг бошига нималар тушиши мумкин бўлса, барини кўрдик. Кутилмаган нарсалар кам қолган чиқар. Мак сиёсий фаолиятимдаги ягона дўстим. Бу кўп нарсани англатса керак.

Орага узоқ жимлик чўкди. Мак Бернснинг садоқати ҳақида гап кетганда ҳам Калхэйн кўнглини шунчалик очиб қўярмикин, деб ўйлади Палмер. Йўқ, ундай бўлмайди. Лекин бир гапга солиб кўриш керак.
— У сизга ўхшамайди. Сизлар бутунлай бошқа-бошқа одамсизлар.
— Қанақасига бошқа? Ҳар қандай одам ҳам ҳаёт тақозосига кўра бир-биридан фарқланади-да. Иккаламиз бир-биримиздан катта фарқ қилмаймизми?
— Фарқ қилмаймизми? — Калхэйн кулчасини еб тугатди. — Шунақанги фарқ қиламизки...
— Менимча ундай эмас, — гапида туриб олди Палмер.
— Биласизми, — Калхэйн яна сумкага қўл солиб, бу гал музқаймоқ олди. — Ҳаммаси келиб чиқишда. Пулда. Менинг қариям ёмон яшамаган, ҳамма нарсага улгурган. Унинг болалари кўп эди, ҳаммаси коллежларни битирган. Балки шунинг учун сиз иккаламизнинг орамиздаги фарқни билмаётгандирсиз. Макнинг отаси эса, билишимча, Байрутда товуқ сотиш билан шуғулланган. Сиз бу иш нималигини билмайсиз. Бутун умр товуқ тозалаб, ўзингиз каби камбағаллар билан савдолашасиз, ёнингизда ўғлингиз ҳам шу иш билан овора, у ҳам қашшоқликнинг нонини ейди. Ниҳоят, оила жам бўлиб, штатларга кўчиб ўтади. Мак ҳеч қачон коллежни битирмаган. Унинг Гарвард ҳақидаги гапларини эслашингиз мумкин. Бу гапларнинг остида Колифорния университетидаги икки йиллик кечки машғулотлар турибди. У ўқишни ташлашга мажбур бўлган, кундузги ишидан ташқари, кечқурун студиялардан бирига қоровул бўлиб ёлланган. Кейин, сочини бўяб, ўз ишининг устаси бўлиб олганидан кейин Мак шахсий компаниясини ташкил қилиб, Гарварддаги уч кунлик ёзги семинарда қатнашди. Энди эса ҳамма нарса жойига тушди. Мана, шунинг учун ҳам мен Мак билан сиз бошқа-бошқа тоифа одамларсиз, дейман. Мана, нима учун сиз унга ишонмайсиз.
— Мен бундай деганим йўқ.
— Тўғри, сиз эмас, мен шундай дедим. — Калхэйн ёғоч қошиқчада музқаймоқ еб, гапида давом этди. — Балки унга ишонмасдан тўғри қиларсиз ҳам.
— Мени бутунлай довдиратиб қўйдингиз.
— Унга ўхшаб ўсмаган бўлсам ҳам, Макка анча яқинман. Мен шу ерда туғилганман, лекин мен билган кўп болалар эски қитъадан келган. Унинг ички кечинмаларини тасаввур қиламан. Унга ўхшаган одам бошқаларни кўргани кўзи йўқлигини ҳам биламан.
— Мени ёмон кўрадими?

Калхэйн индамай қолди, нимадир демоқчи бўлди-ю, ноилож Палмерга қаради.
— Сиз ақлли одамсиз. Бирор марта сизни нима учун ёллаганларини ўйлаб кўрганмисиз?

Палмер бош ирғади:
— Бир нечта сабаб бўлган. Ростини айтганда, гап Мак ҳақида кетаяптими, асосий сабаб — Бэркхардт уни ёқтирмайди.
— Ақлли гап. Энди ўзингизни Макнинг ўрнига қўйиб кўринг. У, сизнингча, Бэркхардт ёки отаси интилган бу буюк каттакон мамлакатдаги бошқа ҳар қандай Бэркхардтларга қандай муносабатда бўлади?
— Тушунаман.
— Тушунганингизга сабаб, мен манзарани тўғри чизиб бердим, — Калхэйн олдинга интилди. — Лекин сиз ҳис қилолмайсиз. Ҳис қилолмайсиз ҳам, чунки сиз мен ёки Макга нисбатан Бэркхардтлар дунёсига яқинроқсиз.
— Демак, гап бу ёқда экан-да, — ўйчанлик билан деди Палмер.
— Мен унинг энг яхши дўстиман, — жавоб берди Калхэйн, — лекин унинг кўнглидаги ҳар бир қоронғи пучмоқ учун жавоб беролмайман. Менинг бошимни ҳам кўплаб бэрккхардтлар айлантиришди. Биласизми, икки ирқнинг қўшилиши ҳамиша қийин кечади. Бироқ бу икки, яъни ирланд ва италяннинг қони қўшилса борми, эҳтиёт бўлаверинг! Бундай одам деярли битта ливанликка тенг.
— Ҳм, — Палмер соатига қаради. — Гарвардни битирган дўстимиз бизни кўришни хоҳламаяпти, шекилли.

Калхэйн яйраб кулди:
— Бу гапларни унга айтиб ўтирманг, — у ўрнидан турди.
— Ташвишланманг. — Палмер ҳам ўрнидан турди. — ЮБТК акциялари ҳақидаги гапларимни ҳам бировга айтманг. Бироқ бир нечтасини сотиб олинг.

Палмер чиқиб кетиши билан Калхэйн қайтиб ўтириб, сумкасидан конфет олди.

Қирқ Биринчи Боб

Палмер йиғилиш бошланишига бир дақиқа қолганда банкга етиб келди. Очиқ таклиф қилинмагани учун мажлис бошлангандан кейин киришни мўлжаллади. Шунинг учун залдаги реклама варақаларини кўздан кечириб, мижозларни эринмай кузатиб, то кассирлар пайқаб қолмагунларича ўзини сездирмай айланиб юрди. ЮБТКда хизмат қилувчи ҳар бир ходим маълум ахлоқ-одоб қоидасига амал қилиши зарур. Бироқ банк пештахталари орқасида туриб хизмат қиладиганлар учун махсус талаблар жорий этилган. Биринчи навбатда уларнинг ташқи жозибадорлиги эътиборга олинарди. Иккинчидан, овозлари ёқимли бўлиши, зиёли кўриниши, хуллас, аёллар ҳафтасига оладиган саксон долларларга, эркаклар бир юз ўн долларга муносиб бўлишлари лозим эди. Улар ўз ишхоналари — банкларининг намунасига айланишлари шарт ҳисобланарди.

Соат иккию қирқда Палмер лифтдан кўтарилиб, Гарри Элдернинг хонаси томон йўл олди. У бугунги йиғилишдаги кун тартибига қўшимча банд — Жет Технинг илтимосига нисбатан қўлланиладиган ўзаро суҳбат чоғида “Буюк Коинот қарзи” сифатида эслатиб ўтганди.

Палмер Буфалода нутқ сўзлашга тайёргарлик кўраётгани сабаблими ёки Мак Бернс билан иш ҳақида гаплашиши зарурлиги учунми ёки бошқа бирон иш билан банд бўладими, хуллас, Бэркхардт: “Бу йиғилишга борма, Вуди, вақтингни бекорга ўтказма” деб таклиф қилган эди. Шу сабабли бўлса керак, Палмер хонага кириб, ўтирганларга салом бериб, ўзи ҳам ўтириши биланоқ, Бэркхардтнинг гапи оғзида қолиб, калавасининг учини йўқотиб қўйди. Ниҳоят, у ўзини қўлга олиб, тилга кирганда Палмер Жет-Технинг илтимоси кун тартибига биринчи қўйилганини, бошқа бандлар кўрилмай қолиши ҳам мумкинлигини тушунди.
— Айтиб ўтганимдек, — деди Бэркхардт, — салом Вуди! — Жет-Технинг махсус вазифаларини бажарувчи бўлими эртага шаҳарга зарба беради. Биз уларга катта залда тушлик берамиз. — Ирма, ҳозирча ҳеч нарса ёзиш керак эмас ва бу тушлик шўрвадан тортиб, ширинликкача, чамаси, тошдек ботади.

Котиба қаламни жойига қўйди...

Банкнинг вице-президенти ва котиби бўлган Клифсон Мергендалга биржа анъаналарини сунъий юксалтириш каби қатор мажбуриятлар берилганди. Махсус тадқиқотчилар гуруҳи билан у ЮБТК бошқарувидаги фондлардан бирортаси ҳам хатога йўл қўймаслигини текшириб бориши керак эди. Клифф Мергендал Палмердан бирмунча ёш бўлиб, ЮБТКга ҳам урушдан кейин Уолт-Стритдаги даллоллик идорасидан ишга ўтганди. Бэркхардт, у ва Элдер навбати билан банкка директорлик қилишган ва Мергендал, Бэркхардтни ҳисобга олмаганда, ЮБТКнинг кўпгина акцияларига эгалик қилишарди. Палмер уларни кузатиб ўтириб, Клиффернинг кучи нимадалигини ва муваффақияти сабабларини англади. Юмшоқ, оч рангли бакенбард билан қопланган кичкина ва узунчоқ юзи унга ишониш мумкинлигини билдирарди. Клиффнинг кўзлари тўқ кулранг бўлиб, киприк қоқмас ва сокин боқарди. Унга сизлар пулингизни ҳам, ҳаётингизни ҳам ишонасизлар деб ўйлади Палмер.

Қисқаси, у жуда яхши одам бўлиб, унга тўла ишониш мумкин эди.
— Уни бундай ёқимсиз бўлишига ҳожат ҳам йўқ эди, — дерди Клифф сокин, юмшоқ овозда. — Ҳаммаси ўзаро ишонч асосида юз беради. Биз илтимосларни ўта синчиклаб кўриб чиқдик, афсуски, иқтисодий вазиятнинг айрим ноаниқликлари туфайли ва ҳаво космик сектордаги ўзига хос хусусиятлар ва бошқалар туфайли...
— Майли, — давом этди Бэркхардт, — энди қай йўсинда ишлашимизни келишиб олайлик. — У Мергендалга ўгирилди: — Клифтон, Арчи Никоснинг бугунги кайфияти қандай?

Мергендал жавоб беришга оғиз жуфтлаётганди, Палмер хўжайиннинг саволини ичида такрорлади. Бу билан Бэркхардт Мергендалга ортиқча ишонмаслигини билдирмоқчими? Балки шу баҳонада Бэркхардт Палмерга раҳбарлик учун бўлажак курашда бирга бўламиз деб ишора қилмоқчими? Бу пати юлинган чумчуқ Палмер билан битимга келишмоқчими? Ундай бўлса, нега у Палмерни йиғилишга таклиф этмади? — ... Менинг билишимча, — гап бошлади Мергендал, — у батамом бетараф қолади, икки томон билан дўстона алоқаларини узмайди, заём масаласи ижобий ҳал бўлишига умид қилади, агар заём берилмайдиган бўлса, уни ҳам тўғри тушунишга тайёр.
— “Агар”га бало борми? — пўнғиллади Бэркхардт. — жавоб салбий бўлишини Арчи яхши биларди-ку. Бу ҳақда унга хабар берилган.
— Барча эшикларни очиб қўймаса, у Арчи Никос бўла олармиди?

Гарри Элдернинг овози ҳамманикидан кучли жаранглади:
— Заём масаласининг ижобий ечими Арчи учун ниҳоятда зарур. У ҳар қандай ишни қилиши мумкин, аммо бетараф туролмайди. У бошқа даромад манбаларини изламайди деб мени ишонтириб ўтирманглар.
— У шунга ўхшаган гапларни валдираган эди, — тасдиқлади Мергендал.
— Қандай даромад манбаларини? — сўради Палмер. — Бунақа пулларни ким беради?

Бэркхардт кулгидан ўзини анча вақт тўхтата олмади.
— Аниқ биламанки, Арчининг Европадаги ҳамкорлари фойдали таклифларга ҳар доим тайёр.
— Европанинг қайси бурчагидан шунчалик бўш маблағни топа оласиз? — қизиқсинди Палмер.
— Топиш мумкин, — уни ишонтиришга уринди Бэркхардт. — Арчи умумий бозорга қўшилган мамлакатлар синдикатини жалб эта олади. Улар бизнинг бизнесимиздан кичик бир луқмани хоҳлаган пайтда узиб олишга қодир. Европа томонидан бошқарилаётган Жет-Техни кўз олдингизга келтиринг. — У яна кулди. Уларни ютиб юборишдан бошқа иложи қолмаган Жо Лумис ва Барни Кинчни тасаввур қилиб кўринг.
— Тўғри, — деди Палмер. — Уларга Қўшма Штатларнинг пуллари керак. Бизнинг пулларимиз.
— Уларга берадиган пулимиз йўқ, — эътироз билдирди Бэркхардт. — Ҳаммаси равшан. Юз минглаб ҳожатмандларга ярим миллиардни қарзга бериб юборсак, қанча даромад кўришимизни ўйлаб кўринглар.
— Ақлга сиғмайдиган ғоя.
— Фақат Кинчга эмас, — деди Мергендал. — Унга бу пуллар зарур. Жуда зарур.
— Ёниб кетаяптими? — сўради Гарри Элдер. — Қандай фалокат юз берди?
— Мендаги маълумотларга кўра — ҳеч қандай, — тез жавоб берди Мергендал.
— Зарур бўлса, — гап қўшди Палмер, — фоиз ставкаси юқори бўлишига кўнадими?
— Қанча миқдорда? — Бақирди Бэркхардт. — Олти фоизми? Еттими? Бекорга таваккал қилмаслигимиз учун биз уни ўн икки фоизга кўтаришимиз керак. Лумис ёки Кинч ўн икки фоиз тўлашини тасаввур қила оласизларми? Судхўрлик-ку, бу.

Мергендал қаламни олиб, бошмалдоғи тирноғига ура бошлади.
— Иш услуби сизни қизиқтирадиган бўлса, — деди у, — асосий нарса шуки, Кинчнинг чекиниб, чиқиб кетиши ва борган жойида музокараларни давом эттириши учун бошпана бериш лозим.
— Барни музокара олиб бормайди, сиз... — Бэркхардт котиба олдида сўкиниб юбормаслик учун тўхтаб қолди. — Музокараларни Лумис олиб боради. Барни ўз карталари, чизмалари ва яна алланимабалолари билан хўрак вазифасини бажаради. Нега мен, онасини эмсин, Лумис учун чекинадиган тешик топай деб қайғуришим керак?

Гарри Элдер гапга қўшилди:
— Чамамда, биз бир жойда депсиниб қолдик. Сизнинг усулингиз — “Йўқ!” деб бақириш ва жўнаб қолиш. Шундайми?..
— Қулоқ солинглар, — илтижо қилди Мергендал, — ҳалол иш олиб бориш учун бунақа гаплар тўғри келмайди. Жет-Технинг ёрдами билан каттагина маблағ олиш имконига эгамиз. Уларнинг тумшуғи тагида эшикни ёпишимизга ҳожат борми?
— Агар шундай қилсам, — деди Бэркхардт ҳам секин ва қатъий, — ишончингиз комил бўлсинки, улар эшик орқасида кутиб туришади. Уларга катта маблағ керак...

Мергендал қаламини олиб, очиқ турган портфелига ташлади. Нимадир демоқчи бўлди-ю, аммо ўйлаб қолди ва сигарета чиқарди. У чекар экан, Палмер бу киши қандайдир бир қарорга келиш учун иккиланаётганини илғаб олди.
— Қани эшитиб кўринглар-чи, — ниҳоят ўйчанлик билан гапирди Мергендал, — ўзингларни Кинчнинг ўрнига қўйиб кўринглар-чи, ёки Лумиснинг ўрнига. Рад жавобини олсангиз, нима қилган бўлардингиз?

Ноқулай жимлик чўкди. Котиба Ирма ўриндиқдан эгилиб, Мергендалга кулдон узатди. Қайдлар дафтарчасига ҳеч нарса ёзилмаган эди...
— Бир дақиқа, Клифф, — унинг гапини бўлди Палмер. Ҳамма, ҳатто Ирма ҳам ўзига қараганини кўриб турарди. — Фикримни айтиш учун бир сония ижозат беринг.
— Фақат бир минут, — хўмрайиб рухсат берди Бэркхардт.
— Бу ерда шунча билдирилган фикрларга қарамай, мен барибир қарз берилишини ёқлайман. Мен дастлаб, “ҳа” деб рози бўлиб, сўнг мўмай фойда олиш йўлларини ўйлаган бўлардим. Фоиз ставкасини еттигача кўтарар ёки муддатини ўн беш йилга қисқартирар эдим ёки яна бир фойдали йўл излаб топардим. Мен барибир, қарз беришимиз керак, деб ҳисоблайман.
— Бу, таъбир учун мени кечирасизлар, — ҳиқиллади Бэркхардт, — Қўрқоқлар топган энг яхши йўл.
— Масала биз ўйлагандан кўра анча жиддий, — эътибор бермай давом этди Палмер. — Ва... — Яна бир лаҳза тўхтаб, ҳамманинг диққати ўзига қаратилганини ҳис қилди. — Жет-Тех, фабрикалар, ихтирочилар, моддий буюмлар ишлаб чиқарувчиларнинг бизнеси учун қарз ажратиш бутунлай бошқа нарса. Бундай қарз иш ҳақи юқори даражада сақланиб қолишига кўмак беради. Бу ўз навбатида пул айланишига имкон яратади. Бундай усул мамлакатни ривожлантиради, бу...
— Ақли ожизларга сотиш учун кўп миқдорда янгидан-янги ялтироқ буюмлар ишлаб чиқишга имкон беради. — Гапини кесди Бэркхардт.
— Вуди, эзмаликни йиғиштир, онангни эмгур. Ҳали қиладиган ишларимиз кўп.
— Агар таклифларимни эшитишни истамасанглар, — деди Палмер, — агар етарли пулимиз бўлса, келинглар, уни арзийдиган ишларга сарфлайлик.
— Биз киммиз ўзи? — дарғазаб бўлди Бэркхардт. — Сен ўзи кимсан? Нега бу ишларга тумшуғингни тиқаяпсан? Ирма, худо ҳаққи, бу бемаъни гапларни ёзиб ўтирманг, миллий иқтисодиётимиз йўлига қарши чиқишга ким ҳуқуқ берди сенга? Ким сенга истеъмолчилар ҳуқуқи ҳимоясини топширди? Агар бу тентаклар борган сари яна қарзга ботишни хоҳлаётган бўлса, уларга ёрдам қўлини чўзиш керак, ўғлим! Уларни мажбур қила олмаймиз. Мутлақо! Биз уларнинг талабини бажариб, пул ишлаймиз. Уларнинг ўзи чекланмаган шахсий қарз олмоқчи бўлса, бунга ёрдам берамиз.
— Айнан сизнинг мана шундай муносабатингиз. — Жавоб берди Палмер, — уларга ўзи учун ҳар куни янада чуқурроқ гўр қазишга ёрдам беради. Бу бахти қаро тентаклар қарзларини тўлаш учун пулни қаердан олади?
— Бемаъни сафсата, — деди Бэркхардт. — Вуди, агар сени билмаганимда, кечирасиз, Ирма, банкка қандай келиб қолганингга ҳайрон бўлардим...
— Банкирлик — шарафли касб, — эътироз билдирди Палмер. — Бунинг устига, жуда қадимий касб.

Гарри Элдер хавотирланиб кулди.
— Регламент. Ўз ишларимизга қайтайлик, жаноблар. Сирасини айтганда, кўп жиҳатдан Вуди ҳақ. Агар қарзга боғлиқ эҳтиёт чораларини ишлаб чиқа олсак, мен уни ёқлаган бўлардим.
— Ҳали шундайми? — Бэркхардт сакраб турди. — Сен ҳам у томондамисан, Гарри? Сиз ҳам йўлини қилиб, курашдан сирғалиб чиқмоқчимисан?
— Тинчланинг, — ғўнғиллади Элдер, — ўтиринг, Лэйн. Бэркхардтнинг юзи қизарди. Оч-кўкиш кўзлари қисилди.

Қирқ Иккинчи Боб

Тун ярмида Палмер охирги жуфтларни — Жейн, Эдиснинг холаси ва Тима Кэрвини учинчи эри билан эшиккача кузатиб келди. Кейинги аёл Эдисдан сал каттароқ, аммо баланд бўйли эди. Улар Нью-Йоркдан эллик чақирим узоқликда яшар, ярим кечада қийналмаслик учун. “Муқаддас Рейжис” меҳмонхонасидан бир хона олишган экан. Хайрли тун тилаб, хайрлашаётган чоғида Палмернинг эсида қолгани фақат шу эди. У ташқаридан кириб, хонага кираётган совуқ ҳаводан нафас олиб, йўлакда турар экан, фикри тиниқлашиб бораётганини ҳис қилди. Кейин у икки қаватни эгаллаган меҳмонхонага кириб, олов ёниб турган камин олдига ўтирди.
— Натижа равшан эмас, — деди хонанинг нариги бурчагида турган Эдис.
— Нима?
— Бу ўзига хос тажриба бўлди, азизим. Саккиз кишидан иборат гуруҳ бинони тўлдира оладими? Жавоби маълум: йўқ.
— Ачинаман, — ғўнғиллади Палмер.
— Бу сенинг айбинг эмас. — Жавоб берди Эдис кулиб. — Энди билиб олдим. Ҳали ҳам саккизта қувноқ одам буни яхшироқ уддалай оларди деб ўйлайман.
— Уларнинг олтитаси банкир ва иккитаси хотини бўлса, — ўйчанлик билан жавоб берди оловга тикилиб ўтирган Палмер, — роса ўйнаб-кулиш қийин.
— Янаги сафар ўн икки кишини таклиф қиламиз. Шунда ҳаммаси ажойиб ўтади деб ўйлайман.

Палмер бошини кўтариб қаради ва Эдис кичкина шароб стаканини майдаланган муз устига қўяётганини кўрди. Ҳозир у драмбун ёки бенедиктин қуяди-да, совутиб ичади.
— Менга ҳам тайёрлаб бер, — илтимос қилди у.
— Ҳозир.
— Гапларингга қараганда, — давом этди у, — бугун зерикарли бўлдими?
— Зерикарлими? Билмадим. Балки бунга хонамиз сабабчидир?

Палмер бош чайқади.
— Ўзлари айбдор. Ҳаммасидан олдин мен. Сен Жейн билан эридан бошқа ҳеч кимни танимас эдинг. Мен эса билардим. Тушлик кўнгилдагидек ўтди. Бэркхардт иш юзасидан гаплашиб олайлик деб мени дераза ёнига чорлагандан кейин совуқчилик бошланди.
— Нимани муҳокама қилдинглар ўзи? — сўради у муз устига яна битта стакан қўятуриб. — Иш юзасидан суҳбатдан кўра фалсафий баҳсга ўхшаб туюлди.
— Менимча, — деди Палмер стаканлар қандай тўлдирилаётганини кузатар экан, — айни шу нарса бу қари калхатга ёқмади. Фалсафий баҳсларга унинг тоқати йўқ.
— Чамамда у сени қолоқ одам деб ҳисобласа керак.
— У мени замон билан бирга юролмайсан, деб айблайди.

Бир муддат жим қолишди. Уларнинг уйидан анча узоқликдаги черков қўнғироғи ўн икки марта бонг урди.
— Ҳалиям совумадими? — сўради Палмер.

Эдис бош чайқади.
— Мен биладиган банкирлар ичида, — деди у, — фақат сени қолоқликда айблаб бўлмайди. Қачондан бери замондан орқада қолиб кетдинг?
— О, бу жуда мураккаб, чалкаш масала, чамаси, бунинг жавоби, менинг тахминимча, эллик йиллардан кейин аниқланса керак. Бундан ташқари, бу муаммо батамом академик тадқиқотлар доирасида қолади, чунки эътирозларимга мутлақо эътибор беришмаяпти.
— Шамол тегирмони билан жанг қилишяптими?

У бар олдидаги баланд ўриндиққа ўтирди.
— Бу борада ким билан гаплашган бўлсам, ҳаммаси сен ноҳақсан дейишмоқда. — У муз солинган идишга кўз ташлади. Қиров босган стаканчалар ҳам унга қараб туришгандек туюлар эди.
— Ўзинг ҳам ишонмайсан-ку.
— Ҳақлигимга тўла ишонаман. — У истеҳзо билан жилмайди. — Балки амалий жиҳатдан ноҳақ бўлишим мумкин. Нари борганда, мен бу йил ёки кейинги йил ҳисобига адашаётгандирман.
— Бемалол гаплашиб олишни хоҳлайсанми? Ёки ҳаммаси тугагандан кейин нима гап бўлганини айтиб берасанми?
— Қари Бэркхардтдан эшитгансан деб ўйлагандим?

Унинг овози хонанинг барча бурчакларига тарқалиб кетгандек туюлди.
— Мен бошқалар билан ҳалол гаплашганман.
— Майли. Гап чекланмаган истеъмол қарзлари устида кетмоқда. — У хўрсинди. — Совиб бўлдимикин?

Эдис бир стаканни олиб, Палмерга узатди:
— Илиқ драмбун ичишни хоҳласанг...

Палмер озгина ичиб, ликер совиб бўлган деб ҳисоблади.
— Кўряпсанми? — деб гап бошлади у, — вақти келиб, ҳамма қарздорлар қарзини тўлаб битиради — бу амалга ошмайдиган нарса; ёки иқтисод шиширилган шардек ёрилиб кетади. Қарз тўлаш муддатлари қаттиқ сиқиб қўйилган, берилган қарзлар нақд пул билан қопланмаган, вақти келиб фабрикачилар кўтара савдо фирмаларидан ҳақ талаб қилишга мажбур бўлади, улар эса майда савдогарлардан талаб қилади, буниси ичтеъмолчиларни қисади.
— Наҳотки истеъмолчилар тўлашга қодир бўлмаса?
— Улар қарз муддати узайтирилган фабрикачиларга қарашли корхоналарда хизмат қиладилар, соғлом ақл эгаси бундай шароитда зарур молларни ишлаб чиқаришга қодир эмас. Улар ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун ишчиларни қисқартиришга мажбур. Ишсиз қолган одам қарзларини тўлай олмайди. Тушунасанми?

Эдис бошини лиқиллатди ва ўз стаканчасини муз орасидан оҳиста олди.
— Мен ҳаммаси автоматлаштиришга боғлиқ деб ўйлар эканман.

Палмер Бэркхардтга ўхшаб аччиқ истеҳзо билан кулиб қўйди, сўнг бу қилиқни қачон ўзлаштириб олдим деган хаёлга бориб, бир лаҳза тўхтаб қолди.
— Маҳсулот ишлаб чиқариш усули қарз силсиласини ўзгартира олмайди. — тушунтирди у ниҳоят.
— Унда тамом бўламиз.
— Мен бу бемаъни муаммога шунчалик ўралашиб қолганимдан қолоқ одам деган ном орттирдим, — Палмер хўрсиниб, ликёр ҳўплади. — Икки нарсагина вазиятни қутқара олади. Федерал заҳира тизими банкирларга тазйиқ ўтказади. Оқибатда банклар савдогарларга қарз беришни камайтиради, улар ҳам ўз навбатида истеъмолчиларга насия мол бермай қўяди ёки истеъмолчилар, очкўз болаларга ўхшамасдан, ўзларини катта одамдай тутиб, атрофга жиддий қарайдиган бўладилар.

Эдис ўз стаканини чироқ нурига солиб синчиклаб кўздан кечирар экан:
— Демак, — деб хитоб қилди. — Ҳаммаси истеъмолчиларга боғлиқ экан-да?
— Шубҳасиз.
— Уларга бугун бўлмаса эртага кечқурун ёки бошқа ажойиб кунлардан бирида, — давом этди Эдис, — парча-парча бўлиб кетиш хавфидан қутулмасдан туриб, ўзларини катта одамлардек тута олмайдилар.

Улар ликёрни жимгина ичишга тутиндилар. Катта бир палён камин ичида чирсиллаб ёрилди, мўридан майда учқунлар ёпирилиб чиқди.
— Чамамда, тайёргарлиги йўқ одам учун бу мавзуда баҳс юритиш анча оғир кечади.
— Аммо у банкда бугунги мажлис мавзусига айланди. Энди ҳамкасабаларим мени бу масалалардан яхши хабардор деб ҳисоблайдиган бўлишади.
— Уларнинг фикри қандай?
— Ростини айтсам, бундай масалаларни муҳокама қилмаганмиз.
— Ким билан гаплашгансизлар?
— Ҳай, мен билмайман. Мен реклама ва ахборот бўлимидаги ходимларимиз билан гаплашган эдим.
— Мак Бернс биланми? — сўради у.
— Ҳа, шундайроқ. У ва мисс Клэри банк ишларида ҳеч нарсани тушунмайдилар...
— У реклама ва ахборот билан шуғулланадими?

“Кўраяпсанми, — деди ичида Палмер, — кўраяпсанми?” Аммо овоз чиқариб: — У Бернс билан муносабатларимга воситачилик қилади, — деди ва чуқур нафас олиб, гапни чалғитишга уринди. — Уларнинг бири ҳам банк ишларини тушунмайди...
— Мисс Клэрини ишга ким ёллаган? — сўради Эдис бўлиниб қолган мавзуга қайтиб.

Палмер елкасини сиқди.
— Мен келганимда ишлар эди.
— У чиройлими?

Палмер аста кулиб қўйди...
— Ҳар ким ўз имкониятига қараб ҳаёт кечиради, — деди у. Овози каттакон хонада ғалати акс садо бериб жаранглади. — Яхши таъминланган оиланинг ўғиллари ҳам. Ҳатто, — қўли билан уни кўрсатиб, қўшиб қўйди, — қизлари ҳам. Менинг қўлимда банк хўжалиги бор. Мен у билан шуғулланаман. Очиқчасига айта оламан: бу шарафли касб. Мен ишонаманки, у аёл ҳам керакли ижтимоий вазифасини бажаради. Агар, вазифани бажармай қўйса, у мен учун йўқ нарсага айланади. Нима ҳақида гапираётганимни тушунасанми?
— Тушунаман. Бу жуда қайғули.
— Ҳа, қайғули, — қўшилди у, — чунки банк ишлари баъзи зарур вазифалардан озод қилади, худди илон ҳам ўзини сиқиб турган терисини ташлаганга ўхшаб. Банк куч бағишлаши, қўллаб-қувватлаши, ҳимоя қилиши лозим. Банкнинг асосий вазифаси — жамғариш.
— Шундай эди, — деди Эдис, — энди ўзгариб бормоқда.
— Ўпкаси ишлаяпти. Юраги қонни ҳайдаяпти. Баъзи вазифалар ўзгармайди. Агар ўзгариб кетса, оқибати ўлим.
— Худойим-ей, Вудс, мен ҳатто тасаввур ҳам қилолмаган эдим, сен...
— Мен ҳам тасаввур қилмаганман, — гапини бўлди у. — Фақат муносабатим қандайлигини билардим.
— Бу даражада қаттиқ куюнишимни билмаган эдим. Аммо бугунги мажлис мени бутунлай майдалаб ташлади. Майли, нима бўлаётганини сенга айтиб берақолай.
— Нима бўлаяпти?
— “Жет-Тех интернешнл”. Уларга ниҳоятда паст фоизлар билан кўп миқдорда қарз керак. Биз уларни рад этдик, сабаби, бу пулларни кичик қарздорларга бўлиб берсак, катта даромадга эга бўламиз, улар эса янада қарзга ботиб қолаверади. Агар Жет-Тех биздан қарз ололмаса, банкни бутунлай қўлга киритишга ҳаракат қилади.
— Жиддий гапираяпсанми?
— Уларнинг нияти жиддий. Омонат банклари жанги деймизми? Йўқ. Бу ҳаёт-мамот жанги. Аммо Жет-Тех қасдма-қасдига босимни кучайтириб бормоқда. Бэркхардтни бунга тортиб, мағлубият сари судраб, акциядорлар кўзи ўнгида обрўсини ерга урмоқда. Ўзлари эса қўлга тушган акцияларни мутлақо хотиржам сотиб олишмоқда.
— Ғалати.

Эдис жим бўлди.
— Акция баҳоси кўтариляптими?
— Улар кўтарилиб бормоқда.
— Сира ўйлаб кўрмадингми, — секин ва хаёлчан оҳангда гапирди аёл, — Бэркхардт қимматли қоғозларини пуллаб, яхшигина даромад олиши мумкин-ку.
— Шундай. Мен буни ўйлаб кўрганман. Воз кечишга тўғри келди. Бу ишни бошқа бирон одам қилиши мумкин, аммо Бэркхардт эмас.
— Сенга ўхшаган биронтасими?..
— Бу кўп нарсаларга боғлиқ, Эдис.

У бошини чайқади:
— Виждон азобими?
— Бу ерда виждон азоби ҳеч нарса эмас...

У хотинига ўгирилиб:
— Мен ноҳақман, — деди.
— Нима, азизим? — Унинг овози хона ичида жуда заиф эшитилди.
— Мен ноҳақман, — такрорлади у овозини баландлатиб. — Банкни биздан тортиб олишга уларнинг тўла ҳуқуқи бор.
— Шундайми? Унда нима бўлади?
— Уларга халақит бериш учун менинг ҳам тўла ҳуқуқим бор.
— Сен шундай қиласанми?
— Ҳа, — деди Палмер ва яна бир марта қаттиқ овозда қичқирди: — Ҳа!..

Қирқ Учинчи Боб

... Ички телефон оҳиста жиринглади.
— Эшитаман, — жавоб берди у.
— Қандайдир мистер Гаусс сизни кўрмоқчи.
— Ким?
— Қандайдир мистер Гейнц Гаусс. У билан учрашув тайинланмаган.
— Худойим-ей, тез ҳузуримга олиб келинг. — Палмер эшикка қараб юрди. — Ким ўйлабди буни!
— Олим Гейнц Гауссми? — сўради Виржиния.
— Худди ўзи, уни Пенемюнда асир туширган эдим.

Палмер эшикни очди, айни замонда Гаусс қабулхонага кириб келди. — Гаусс! — деди у қўлини чўзиб.

Гейнц Гаусс Палмердан бир бош кичкина эди, озғин митти одам, ёши 60 дан сал ошган, қора сочлари тўкила бошлаган, чаккалари оқарган...
— Кўп ҳам ўзгармабсиз, — деди Палмер.
— Э, йўқ, ўзгариб кетганман.

Палмер унинг қўлини бўшатди, Гаусс бир нуқтада туриб қолди. Катта хонани кўздан кечириб чиқди. Назари Виржинияда тўхтади.
— Бу реклама бўлимидаги ходимингиз мисс Клэрими?

Гаусс қаддини тик кўтарди, аммо пошналарини тарақлатмади. У бир оз эгилди.
— Жуда мамнунман, мисс Клэри.

Виржиния эшикка қараб юрди.
— Тўғриланган нусхасини кейин оласиз.
— Ҳозир уйга кетасизми?
— Йўқ, матн устида бироз ишламоқчиман.
— Кейинроқ ҳузурингизга кираман.
— Мамнунман.

Палмер эшикни ёпиб, Гауссни ёзув столи ёнида турган оромкурси олдига олиб борди. Кичкина одам иложи борича кам жой олишга интилгандек, эҳтиёткорлик билан ўриндиққа ўтирди. Палмер ўз жойига ўтди.
— Сигарета чекасизми?

Гаусс чимирилиб сигарета олиб, тутатди.
— Билсангиз керак, — деди у. — Жет-Техга алоқадор тарих. Мен илмий-тадқиқот ишларига раҳбарлик қиламан.

Палмернинг юрагига биров совуқ латта билан ургандек бўлди. Ўн беш йил ичида Гауссдан ҳеч қандай дарак йўқ эди. Айни шу кунларда кириб келиши кўп нарсани англатади.
— Шаҳарда Барни Кинч билан бирга бўлсангиз керак?
— Мажлисдан тўғри келяпман. Натижалар, чамаси, сизга маълумдир?
— Ҳа, — Палмер столга яқинроқ сурилди. — Агар сизга фойдаси тегадиган бўлса, қабул қилинган қарорга қарши чиқаман.

Немиснинг кўзлари чарақлади.
— Шундайми? Нима учун?
— Биз қандайдир битимга келишамиз деб ўйлайман. Балки бу сиз хоҳлагандек бўлмаслиги мумкин, аммо сиз озми-кўпми пул орттириб оласиз.
— Пул дейсизми? — Гаусснинг оғиз чеккалари ёзилди.
— Эски дўстлигимиз ҳурмати учун баъзи нарсаларни сизга айтсам майлими?
— Ўзингиз зарур деб ҳисобласангиз. — Келгуси йилдаги тажриба ишларим учун ажратилган бюджет маблағларининг ярмиси лаънати элтувчи ракета “Уотан”га сарфланиб бўлди.
— Ҳалиги портлаб кетаётганми? У сизга қарашлими?
— Менинг айбим. — Кичкина одам гўё муваффақиятсизлик имтиёз берадигандек стулга ўрнашиб ўтирди. — Очиғини айтганда, бу иш аҳмоқона қаллоблик. Суюқ ёқилғили двигателлар чизма тахталардан тушмай туриб эскириб қолади. Бошқа олимлар болалар ўйинчоғига ўхшаган шу ишга қўл уради, деб ўйлайсизми?

Палмер елкасини қисди.
— Мен, тўғрисини айтсам, бу соҳадаги ишларни кузатиб улгуролмаяпман, — тан олди у...

Палмер шундан кейин муқаррар равишда бўладиган илтимосни кутиб, тараддудланди.
— Мен ҳам жуда ачинаман.

Немис тасдиқлади:
— Бошқа сабаблар ҳам бор. Мажлисда бирга бўламиз, деб кутган эдим. Баъзи янги ўйинчоқларимиздан олиб келганман. Беозор нарсалар. Жуда ёқимтой.
— Шундайми?
— У ерда ҳеч ким қадрига етмади. Ўйлайманки, буни сиз тушунасиз. Сиз илмий маълумот олган бўлсангиз керак-а?
— Ибтидоий даражада.
— Жуда соз, — давом этди кичкина одам, — сиз ионли двигател нималигини тушунсангиз керак? У тезликни газ ёқилғисидан эмас, ионларнинг нурланишидан, электр зарядларидан олади. Ҳамма компаниялар шундай двигателларга эга. Аммо менинг мосламамгина зарур бўлган тезлатгични ҳосил қилиб беришга қодир. Ҳаракатчан, ўзгармайдиган, ҳис қилинадиган, фаол тезлатгич. Ерда эмас, ҳавода. Ҳаво жуда зич. Фазода эса ҳаво йўқ. Ниҳоятда ажойиб.
— Сизнинг шахсий ихтироингизми?

Гаусс кўкрагига уриб қўйди.
— Менинг гуруҳимники. Фанда улкан кашфиётлар қилишга кексалик қиламан. Кашфиётларни ўттиз ёшлилар қилади. Аммо мен биринчи понани қаерга қоқишни ҳали ҳам кўрсатиб бера оламан. Улар қулоқ солишади.
— Бу ҳам катта завқ беради.
— Ҳозиргина, — деди немис бу суҳбатга аввалдан пухта тайёрлангандек, — суюқ ёқилғи билан ишлайдиган двигателлар эскирди деб айтдим. Сиз қаттиқ ёқилғи имкониятлари нималигини тушунасизми?
— Снарядлар учун. Унинг воситасида тезроқ отилади.
— Космик ракеталарда ҳам шундай... Қаттиқ ёқилғи воситасида мутлақо узоқ, Марсдан нарига ҳам учиб, қайтиб келиш имконига эга бўламиз.
— Махфий маълумотларми?
— Давлат, албатта, билади. — Кичкина одам қўли билан бошини ушлади. — Улар тушунишга, бу ёқилғи қудратини чинакамига баҳолашга қодир эмас. Улар зичлаштирилган. Шундай атама билан танишмисиз?
— Зичлаштирилган? Уни кичик бўлакчаларга айлантириб тайёрлайсизларми?
— Ҳажми аптека таблеткаларидан катта эмас. Ҳар бир таблетка ўн сония ёнади. Кўп ҳам эмас, кам ҳам эмас. Устида қаттиқ қопламаси бор, у ёнишни секинлаштириб, таъсир кучини оширади. Бир хил миқдордаги суюқ ва қаттиқ ёқилғи аралашмасидан кучли тебраниш ҳосил бўлади. Бу таблеткалар жуда қулай, уларни сақлаш ҳам осон, худди резинка сақичдай гап. Хоҳишингизга қараб ёниш камерасига секин ё тез тушиши мумкин. Афсонавий мўъжиза!
— Гапингизга қараганда, юлдузларга учиш арафасида турибмизми?
— Фақат юлдузларгагина эмас. Фақат биз худо қарғаган кампаниянинг шохобчаларидан бири ҳисобланамиз, пулларимиз турли корхоналарга тақсимлаб ташланган. — Немис “шохобчаларидан” деган сўзни ижирғангандек талаффуз қилди. — Биз катта имкониятларга эга бўлган электроника соҳасида ҳам кўп ишларни амалга оширдик. Микроминиатюризация борасида ҳам. Бу менинг соҳам эмас, аммо мен уларни ҳам назорат қилиб бораман. Ўн центли тангадек қисқа тўлқинли узатгичларимиз бор. Гугурт қалпоғи катталигида қабул қилувчи мосламаларга эгамиз. Бугун кундузи уларни намойиш қилдим. Ҳеч ким англамади. Тушунтиришга уруниб кўрдим. Биз шу қадар кучли тезлаткич яратиб берамиз, у митти қуёш батареясида ишлайди, унинг ёрдамида Марсдан ерга жуда кўп йиллар давомида радиосигналлар юбориб туриш мумкин. Буларнинг ҳаммаси — кучайтиргич, батареялар, узатгич, қабул қилувчи мослама — ҳаммаси ангишвона ичида жойлашиб кетади.
— Бэркхардт бунга нима деди?
— Оғзини ҳам очмади. Кўзлари мени ёлғончига чиқариб турди...
— Ҳа, сизни тушунаман.
— Бу гапларнинг ҳаммаси қаерга тақалаётганини англадингизми? — Сўради Гаусс. — Қаттиқ ёқилғида ишлайдиган элтувчи ракета, ион двигатели, микро алоқа, ёқилғи элементлари, супермоторлар нимадан дарак беради?.. Айтайлик, Ойга бориш бир неча кунлик масофага айланиб қолади. Ойнинг тортиш кучи кимлигидан фойдаланиб, бошқа сайёраларга йўл оламиз. — У қўлларини ҳавода силкитди. — Буларнинг ҳаммасини амалга ошириш қўлимизда, ҳаммасини! Сунъий космик қўниш майдони учун беҳуда маблағ сарфлаш кимга керак? Тайёр табиий қўниш майдони — Ой турибди-ку! Жет-Тех ихтиёрида Ойни катта фазо платформасига айлантиришга қаратилган барча маълумотлар мавжуд. Юлдузларга учиш йўлида у дастлабки бир босқич бўлиб қолади.

Иккаласи анча вақт жим қолишди. Палмер кулимсиради:
— Шоирона. Ва жуда таъсирчан.
— Тўғри эмасми? — Немис бошини силкитди, қора кўзлари ялтиради. Сўнг жим бўлиб қолди. Яна бир дақиқадан кейин юз ифодалари сўнди. Хўрсинди. Ҳатто катта босим остида янада кичрайиб қолгандек туюлди. — Буларнинг ҳаммаси, — деди у сўник, умидсиз товуш билан, — пул талаб қилади.
— Сиз, албатта, ҳукумат жамғармаларига умид қиласизми?
— Биз катта пул ирмоқларига қараб жон-жаҳдимиз билан интиламиз, — Гаусснинг жағлари хунук қийшайди. — Ярим миллионни у томондан, ярим миллионни бу томондан оламиз. Қуёш системасига қўлимиз етай деб турибди, шу аҳволда гадога ўхшаб тиланчилик қилишга мажбурмиз...
— Гаусс, — деди ниҳоят Палмер, — иш вақти ҳам тугаб қолди. Шу яқин атрофга бориб, ичиб ўтириб гаплашсак, нима дейсиз?

Палмер саволини тугатмасданоқ немис ўрнидан туриб кетди.
— Ажойиб таклиф, — деди у эшикка юзланиб. Аммо Палмер қўққисдан яна тўхтади.
— Мени лифт олдида кутиб туринг. Баъзи нарсаларни кўриб қўйишим керак.

Палмер Виржиниянинг хонасига кириб борганда у ҳамон машинкасини чиқиллатиб ўтирарди.
— Сен кўчиришинг эмас, таҳлил қилишинг зарур.
— Тузатишлар кўпайиб кетди, тушуниш қийин. — У бошини кўтарди ва кутилмаганда кулиб юборди.
— Сени герр Гаусс кутаяпти.
— Биз у билан оз-моз ичмоқчимиз. Унга ёрдам беришнинг ягона чораси шу. — У бўм-бўш хонага ўғринча кўз югуртирди. — Кечқурунги мўлжалинг қандай?
— Ҳеч қандай режам йўқ, — гапини бўлди аёл. — Ўзинг-чи?
— Телефонинг кечқурун шаҳар билан боғланадими? Гаусс билан хайрлашгач, сенга қўнғироқ қиламан.
— Қайси рақамга улаб қўйишганини билмайман.
— Яхшиси, бирон жойда учрашайлик, майлими?
— Қаерда?

У ўйланиб қолди.
— Сени ҳеч ким танимайдиган жойда. Мени ҳам. Учинчи авенюдаги барда.

Аёл манзилни айтди.

Қирқ Тўртинчи Боб

Палмер Виржиния билан учрашиладиган жойга яқин бўлган барни танлади. Ўн беш минут ичида Гаусс биринчи стакан вискини ичиб бўлди ва иккинчисига қўл урди. Ичкилик унинг кайфиятини кўтармаганини Палмер сезиб турарди. У фақат ўзини назорат қилиб турган ички кишанларни узиб ташлади, холос. Столда унга қарама-қарши ўтирган Палмер фахрланса арзийдиган катта ишларни қилиб қўйган бу одам шу қадар бахтсиз кўринишига ҳайрон қолмоқда эди.
— Nа, — дер эди Гаусс, — Nа, nа1![5] Ҳамма нарса мени четлаб ўтди, аlter Freund[6] . Ҳозир етмиш ёшдаман. Отмишдан ошиб кетдим! Қисматимга ёзилган омад аллақачон мени тарк этган. У, du kennst[7] , ausgespielt[8] , мен билан бирга тамом бўлди.
— Омад билан фан орасида қандай умумийлик бор?
— Тамом. Одам қиладиган ҳамма ишлар билан омад қай даражада алоқадор деб сўраяпсизми? Сурат чизасизми? Мусиқа тўқийсизми? Ракета қурасизми? Ҳаммаси ўз вақтида қилиниши керак, вақтида қилиш учун эса омад лозим.
— Кўп марта муваффақият қозонгансиз. — Палмер унинг стакани бўшаб қолганини кўриб, официантни имлади.
— Уларни ким билади? — сўради немис. — Баъзи ҳамкасбларим бутун дунёга танилган. Гаусснинг номини дунёда ким билади? Сизга айтишим мумкин. — У жарангдор оҳангда қаттиқ кулди. Бу овоз Палмернинг қулоғини тешиб юбораёзди. — Менинг исмим физикада жуда машҳур. Ҳа-да, менинг исмим. Сиз Карл Фридрих Гауссни эшитганмисиз? Математикани? Магнетизм асосчиси?
— Эшитганман деб айтолмайман. У қариндошингизми?
— Ҳамма шундай деб сўрайди... Қариндошим эмас. Ҳеч кимим эмас. Шундай ном билан яшайдиган физика не чоғлик оғир бўлишини биласизми? Худди Гёте исми билан туғилган шоирдек гап... Нима учун, — хитоб қилди Гаусс — Нима учун фон Браунга ҳар доим пул топилади-ю, нега Гауссга йўқ?
— Ҳукумат билан бевосита алоқада ишласангиз бўлмайдими?..
— Бўлмаган гап. Бу ёққа дастлабки келган пайтимда ҳукумат мени ўз қаноти остига олди, улкан, юмшоқ бу қанот остидан кўплаб аблаҳлар макон топиши мумкин... аммо канализация трубаси ичида яшагандек бўласан. Ҳаво йўқ. Ҳеч қандай ғоя йўқ. Интилиш йўқ. Янги йўналишларни ҳеч ким изламайди. Худойим-ей, мен чалғиб кетдим. Адашган кекса одамман. Ўттиз-ўттиз беш ёшдан кейин сиз янгилик яратолмайсиз. Юксак илҳом дақиқалари сизни безовта қилмай қўяди. Сиз даҳоликни тажриба ва айёрлик билан алмаштирасиз. Фикр бўлакларини йиғасиз, бошқалар амалга оширолмаган ғояларни тўплайсиз, ёшларни бирлаштирасиз ва жуда кичкина бўлса ҳам қандайдир шахсий кашфиётингизни яратасиз. Шунда бошингизни силашади. Ҳукумат буюртмаларидан биринчилар, қаторида воз кечишга уриниб кўрдим. Яна ҳисобда адашибман. Омад қайтиб келмади.
— Мен Жет-Техдаги сизнинг гуруҳингиз бояги янги нарсаларни яратган деб ўйлаган эдим.
— Сизга айтган ўйинчоқларними? — Немис виски хўплади. — Улар ёмон эмас. Аммо бир йил, нари борса икки йилдан кейин “Женерал дайнемикс”, “Бэлл” ва “Женерал электрик”, “Юнион карбайт” ва “Вестингауз” ва бошқалар ҳам уларни ишлаб чиқара бошлайди. Мен бўлсам қуруқ ҳамён билан номаълумлигимча қолиб кетавераман. Мени ёшимда бу камситилиш бўлади. Бу — таназзул демакдир. Мен тиланчи эмас, олимман. Бу Жет-Тех... Бахтсизлик келтирадиган... бу нарса. Иш юришмаслиги. Омадсизлик.
— Сиз шуҳратпараст одамсиз, — оҳиста гапирди Палмер, — ҳозирги ёшингизда бу яхши аломат.
— Касаллик аломати. У мени ичимдан кемиради. Нима учун у? Нима учун бу? Нега Гаусс эмас?
— Балки, — фикрини давом эттирди Палмер, — сиз ҳам, катта пул талаб қилмайдиган нарсалар яратарсиз? Ёки Жет-Техдан бошқа бирон ташкилотга ўтганингиз маъқулмикин?
— Кекса малай бўлиш учунми? Раҳмат, буниси кетмайди. Жет-Техда ҳеч бўлмаганда катта лавозимда ишлайман-ку. Ахлат ташувчи қирол. — У ғалати бир тарзда қаттиқ кулди, столга қараган пайтида қалин қошлар кўзини тўсиб қўйгандек бўлди. Ахлат ташувчи қирол, — ғўнғиллади у. Шу пайтгача истеҳзоли кулиб турган ингичка лабли катта оғзи текис ва ифодасиз бўлиб қолди.

Палмер ҳисоб-китоб қилиш учун официантни имлаб чақирди... Официант ҳисоб қоғозини келтириб Палмернинг олдига қўйганда, Гаусс бошини кескин кўтарди.
— Нима? Сизни ким чақирди?
— Мана бу жаноб, — изоҳ берди официант.
— Мен уйга боришим керак, — деди Палмер. — Ҳатто кечика бошладим.
— Ҳа, — Гаусс қаддини букди. — Ҳа,албатта. Сизни тутиб қолганим учун узр.
— Узрга ҳожат йўқ. Сизни мен таклиф қилдим.
— Пуллар-чи, қарз нима бўлади?
— Гаусс, сиз тушунишингиз керак... — деб гап бошлаган Палмер официант ёнида турганини сезиб, тўхтаб қолди. У ҳамёнини олиб, йигирма долларни букланган қоғоз устига қўйди. У Гаусснинг кўзлари нақадар очкўзлик билан ўзини кузатаётганини ҳис қилиб турарди. Ишонгинг келмайди, ўйлади Палмер. мутлақо тушуниб бўлмайдиган ҳолат. Бу одам ҳар йили кам деганда ўттиз минг доллардан кўп даромад қилган. У ёлғиз яшайди, болалари йўқ, чамаси, орттирган ҳар бир центни банкага қўяди. Шунга қарамай шу даражада аянч аҳволга етганки, Ҳатто ўз хатти-ҳаракатларини назорат қилолмайдиган бўлиб қолибди.
— Ҳаммага маълумки, — гапини давом эттирди Палмер, — мен қарз масаласига қарши эмасман, аммо сиз сўраётган нарсани ҳал қилиш охирги натижага боғлиқ. Ишонаманки, сиз яхши ишни кўнгилдагидай якунлайсиз. Орадан икки кун ўтганига қарамай, кечаги гап-сўзлар ўтмишга айланиб бўлди; бугун Жет-Техга расмий равишда хабар берилди, ҳозирча шу аҳволда тўхтаб турибмиз. Лумис янги таклифлар билан чиқиши ва музокараларни қайта бошлаши мумкин. Мен шундай бўлишига астойдил ишонаман. Биласизми? Сиз пул олишингизни мен ҳам хоҳлайман. Ихтиёримда бирон-бир имконият пайдо бўлиб қолса, сизга амалий ёрдам бераман. Ҳозирги пайтда эса... бундан бошқа ҳеч нарса қила олмайман.

Гаусс ҳорғин бош чайқаб қўйди.
— Мен биламан. Лумис ҳам айнан шундай деган эди.

Мен кутаман. Вақти келиб пул бўлади.
— У шундай дедими? Қачон?
— Бугун. Аввал ҳам кўп айтган.
— Буни қай даражада аниқ айтди? — сўради Палмер.
— Чексиз аниқлик билан. Бу молиячи ишбилармонлар сизга маълум-ку, — Гаусс кўзларини қисди. — Лумисга ўхшаганлар биласиз-ку. Сиз бутунлай бошқа одамсиз, эски дўстим.
— Лумис охир-оқибатда пул бўлишига ишонадими?
— Ишонади, — аччиқ нарса егандек немиснинг юпқа лаблари қийшайиб кетди.

Палмер қўзғалди.
— Гаусс, ҳозир йўлга чиқмасам бўлмайди. Сизга ёрдам беролмасам ҳам гаплашиб ўтириш менга ёқади. — У қария ўрнидан қўзғалишини кутиб турди...

Гаусс жим ўтирар эди. Палмер йўталиб қўйди. Бироздан кейин бутунлай ўзини эплолмай қолади, деган хаёлга борди. Гауссга уч стакан виски олиб берганига, умуман, ичириб қўйганига пушаймон бўлди.
— Гаусс, — деди у, — тобингиз қочяптими?

Кичкина одам киприк қоқмади. Нигоҳини кўтариб, Палмернинг юзига тикилди.
— Сизга айрим нарсаларни айтиб бераман, — деди у сокин, аммо бўғиқ овозда. — Улар мени бу ёққа юборишгани йўқ. Мен ўзимни вакил бўлиб келгандек кўрсатдим. Буни ҳатто билишмайди. Бизнинг таниш эканлигимиз, уларнинг хаёлига ҳам келмайди.
— Ҳаммаси ўзингиздан чиққан ғоями?

Гаусс бош силкиди.
— Марҳамат, ўтиринг.

Палмер девордаги соатга қаради. Виржиния билан учрашувга ўн дақиқа қолган эди.
— Фақат бир-икки минутга, — деди у Гаусснинг қаршисига ўтирар экан. — Тез етиб бормасам бўлмайди.
— Албатта, — Гаусс Палмерга эмас, стол устидаги суратга қараб кулди. — Бу эркак кишининг сурати, — деди у бармоғи билан нуқиб.
— Бу темир тасвирдек гап. Айни замонда Марс сайёрасига ўхшайди. Ғалати. — У жилмайган ҳолда ҳеч нарса демасдан узоқ ўтирди.
— Гаусс, мен кечикяпман.
— Ҳа, ҳа, ҳа. — Қария ўзини қўлга олгандек бўлди. — Мендаги имкониятлар билан, — деди у овозини анча баландлатиб, — Карл Фридрихга ўхшаб, Гаусснинг номини ҳам дунёга машҳур қилиш мумкин. Шунда уни “бу бошқа Гаусс” деб атай бошлайдилар. Гаусс номи тилга олинганда — у Гейнц Вальтер Гаусс эмас, мен бўламан, билдингми?
— Шундай бўлишига умид қиламан...

Палмер соатга қаради. Ўн дақиқа кечиккан эди. У ўрнидан турди.
— Ишингизни қўшимча маблағларсиз ҳам давом эттира оласизми?
— Бошқа иложим йўқ. — Гаусс пальтога қўл чўзди, аммо кўзлари бошқа тамонда эди. — Мен бу ишни давом эттиришга мажбурман. Хомашёлар ҳақида сохта маълумот тўлдираман, ёлғон гапираман, ускуналарни ўғирлайман.
— Ҳукуматдан шартнома асосида пул олсангиз-чи? Жет-Техдан кетсангиз нима бўлади? Ҳамма ишни ҳукумат назорати остида қилаверасиз-ку!

Гаусс истеҳзо билан кулди.
— Менга, ўша лаънати “Уоатан” ракетаси деб миллионлаб долларларни совурган кишига ҳукумат бошқа миллионларни бермайди. — У шляпасини бошига илди. — Бугун рад этишганини эшитганимдан кейин кўз олдимга сиз келдингиз. Мулоқотимиз қандай бўлишини ўйладим. Мен ақлли эдим. Ўзимга ишонардим. Сизга ҳам ана шу ишончни юқтира олдим. Сиз мени қандай кўрган бўлсангиз, мен ҳам ўзимни шундай кўриб турибман: чўнтагида бир чақаси йўқ, мияси суйилган, тентак қария. Омадсиз чол. Майли, шундай бўлсин. — У кўр-кўрона кўча эшигига қараб кескин бурилди.
— Гаусс, — Палмер пальтосини йўл-йўлакай кийиб, немиснинг орқасидан Учинчи авенюга чиқди. — Гаусс, бир дақиқа тўхтанг.
— Сиз бутунлай кечикиб бўлдингиз, дўстим. Вақт — катта неъмат. Вақтни тўғри ҳисоблай олишда гап кўп. — Кўчада ғириллаб эсаётган совуқ куз шамоли Гаусснинг шляпасини кўтариб юборди. — Сиз кечикиш бўйича мутахассис билан гаплашяпсиз. Эйнштейн яҳудий бўлгани учун мен ўн йилга кечикдим. Майли. Ҳали ўн йил имкониятим бор. — Неон нурлари ёритиб турган қоронғиликда унинг жилмайиши ғайритабиий чиқди. — Шунда омадим келади, — қўшимча қилди у истеҳзоли оҳангда. Сўнг бурилиб, йўл бўйлаб кетди ва бирдан ён кўчада ғойиб бўлди...

Қирқ Бешинчи Боб

У барнинг этагидаги алоҳида столда ёлғиз ўтирарди. Палмер аланг-жаланг қараб, қидириб топди ва тез олдига келди.
— Мени кечир, — деди у аёлнинг қаршисига ўтирар экан, — аммо Гауссга кўп нарсаларни айтиб беролмай қолдим.

У барга кирганда аёл бошини кўтариб қараган эди. Уни кўргандан кейин икки қўллаб ушлаб турган стаканга тикилганча жим ўтираверди, гўё яна бир қарашга мадори етмаётгандек эди.
— Ҳаммаси жойида, — деди у бўғиқ овозда.
— Хафа бўлганга ўхшайсан.
— Ҳаммаси жойида, — деб таъкидлади у ҳамон унга қарамай.
— Ажабтовур нусха, — деди Палмер. — Зарур ишим бўлмаганда, гапларини эшитиб ўтираверган бўлардим.

Аёл бошини секин кўтарди ва унинг кўзларига тикилди.
— Агар Гаусс шу даражада азиз бўлса, — деди у тиниқ овозда, — бекор ташлаб келибсан.
— Сен ундан азизроқсан...
— Ҳа, — тасдиқлади у. — Ўзимга ўзим ачиниб кетаман.
— Нимани ўйлаётганимни қаердан биласан?
— Бу гапларни қўй, — гапини бўлди аёл. — Шуни унутмагинки, кельтлардан бирон нарсани яшириб бўлмайди... Ўзаро муносабатларимиз ҳақида бир соат ўйлаб ўтирдим. Кечикиб кетганингни кўрганимдан кейин янада ёмон бўлдим. Ниҳоят, — деди у худди хаёл сураётган одамдек, — сени келмайди деб ишонганимдан кейин орамиздаги барча муносабатлар ўлди. Шундай кўз олдимда, стол устида. Мен суякларини йиғиб дафн этаётганимда сен пайдо бўлиб қолдинг.
— Худойим- ей, мен бор-йўғи бир неча дақиқа кечикдим.
— Ўн беш дақиқа.
— Аввал эшитгин...
— Биласанми, — яна гапини кесди у, — бадиий асарларда кўпинча шундай томошалар учраб туради. — Қаҳрамон пайдо бўлади ва барча нохуш хаёллар бемаъни тушдек йўқолиб кетади, атрофдагилар яна шод-хуррам бўлиб қоладилар. Бу ниҳоятда кўнгил яқинлигининг аломати. Оддий далил, у охир-оқибатда пайдо бўлади ва севинчдан ёш тентак қизнинг боши осмонга етади.
— Аммо сен ундай эмассан.
— Майли, — рози бўлди у. — Эски мия қутиси бундай жисмоний машқлар учун торлик қилади. — Нима бўлганда ҳам, — у энгашиб, Палмернинг қўлларини шапатилаб қўйди, — нима бўлганда ҳам келганинг учун хурсандман.
— Мен ҳам хурсандман. — У аёлнинг қўлини ушлади.
— Қуриб кетсин, — давом этди аёл, — бу ўлимтик нацист нимаси билан сени мафтун қилди, қандай қилиб Нью-Йоркдаги энг гўзал аёл билан ишқий учрашувга кечикиб келишга журъат этдинг?
— Айтганим билан ишонмайсан.
— Қани айт-чи?
— Бошқа пайт айтиб бераман, — унинг қўлини қисди.
— Нега уни нацист деяпсан?
— Аслида шундай эмасми? — У бирданига “ачиган карам” деб аталадиган талаффузда гапиришга ўтди.

У ҳеч қачан партия агзаси билан ичкани йоқ? Биснинг арамисда нацис белан ичкан нацис йоқ. Ҳа, бис уларга нема болди, белган йоқ.

У кулиб юборди.
— Сиз ирландлар ҳақиқатан ҳам олий ирқ намояндаларини ёқтирмайсизлар, тўғрими?..

Палмернинг кулгисидан салгина нарида турган официант чўчиб тушди. У бирон нарса буюришади деб ўйлаб, бурилиб қаради. Палмер дабдурустдан буни сезмай қолди.
— Менга ҳам худди шунисидан, — деди у Виржиниянинг бўш стаканини кўрсатиб, — хонимга яна битта.

Сўнг бир муддат бош чайқаб жим туриб қолди, кейин:
— Яқинда мен Виктор Калхэйннинг бир ваъзгўйлигини эшитиб қолдим, — деди.
— Вик, — буюк маккор, — таъкидлади Виржиния ирланд лаҳжасида гапиришда давом этиб. — Ирландлардан кейинги ўринда — итальянлар туради. Викнинг қонига ҳар иккаласи қўшилиб кетган.
— Ҳарқалай, у Мак Бернсдан эҳтиёт бўл, деб огоҳлантирди.
— Уҳ, ҳозирги кунларда ҳаммамизда, жумладан, ирландларда ҳам ливанликлардан бир чимдим бор.
— Мен келгунча қанча ичиб улгурдинг?
— Ғанимлик Департаментида ливанликларга мансуб шахслар, — давом этди у, — ўзларини кельтлар деб ҳисобловчилар сони билан баравар.
— Маст бўлиб қолибсан.
— Ичдим, кайф қилдим, йиғладим, — хўрсинди у. — Умуман, кўп ичмадим. Шунчалик узоқ кутиш давомида биргина стакан билан чекландим. Кўрмаяпсанми? — Бўш стаканни унга томон суриб қўйди — Муз парчалари қанчалик кичик бўлиб қолганини кўряпсанми? Нўхатнинг ўзи дейсан.
— Бугун сенга нимадир бўлганга ўхшайди.
— Бир чеккада туриб, сени шафқатсизларча ўрганиш натижаси, холос.
— Э, худо, — деди Палмер маъюсланиб. — Энди ҳеч қачон учрашувга кечикиб келмайман...
— Бунинг учун қандайдир даражада яхшигина жазо олдинг. Мен талабни юқори қўяман, сен ҳаммасига мос келасан. Ҳатто бошқалардан баланд турасан. Сен жуда даҳшатлисан, қаранг-а, қизариб кетяпганини! — Бунақаси хотинларда бўлади. Эҳ, фақат кичкина бир тугун бор-да. Сен бевақт уйланиб қўйгансан-да.
— Мен қизарибманми? — Ўжарлик қилди Палмер. — Аёллар менга доим шундай дейишади.
— Шундай бўлаяпти-да. — У майингина кулди. — Аммо сен, менинг аёлманд дўстим, мен учун даҳшатли муаммоларни туғдирасан. Агар мен муносиб эркакни топишни хоҳлаб қолсам, орқада қолишингга тўғри келади.

Палмер ҳазил билан жавоб берди:
— Орқангда бўлиш — мен учун ниҳоятда ёқимли ҳодиса.
— Сен мени ниҳоятда жиддий деб ўйлайсан, шекилли. Шунинг учун тегажоқлик қилаяпсанми?
— Шунинг учун.
— Кераги йўқ. Лоақал бир дақиқа жиддий ўтиргин.
— Ҳаракат қиламан, — ваъда берди у, — аммо бундай тақдирда бу хонадан чиқиб кетиш ва сендан воз кечишимга тўғри келади, чунки ҳар бир аёл эрга тегиши шарт.

Бир муддат иккаласи ҳам жим қолишди.
— Менга бундай қарама, — илтимос қилди у.
— Қандай?
— Ўзинг биласан-ку, Вудс, марҳамат қилиб, менга ростини айт. Мени нимамни ёқтирасан?

Жиддий жавоб зарурлигини ҳис қилган Палмер анча ўйланиб қолди.
— Сени чиройли қиз... аёл, деб биламан, — бошлади у.
— Марҳамат!
— Шундан бошлашим керак. Сен фақат яхшигина эмас, чиройлисан, бу мен учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари сен жуда ақлли аёлсан, ҳатто эркаклар билан бемалол вақт ўтказа оладиган даражада ақлли аёлсан... Яна ёқадиганлари... нима дейишим мумкин? Обрўли, истеъдодли аёлсан, ишда эътибор қозонгансан, юқори даражада маош олиб ишлашга муносибсан, шунга қарамай, модомики юракдан гаплашаётган эканмиз, ЮБТКда сенга кам тўлашади. Хўп, майли. Сенда кўп фазилатларни кўраман. Ҳиссиёт борасида ҳакамлик қилолмайман. Бошқаларни тўғри тушуниш учун аввал ўзингни яхши билишинг зарур. Ўзингда борини бошқаларга бахшида эта оладиган, ёқимтой хилқатсан. Қалқон тутиб, ўзингни ҳимоя қилишга қодир эмассан, сени ҳимоя қилишидан олдин уни улоқтириб юборасан. Бу сен учун ёмон, аммо бутун ҳароратингни бағишлайдиган эркак учун бу нарса жуда ёқимли. Сен... мен ўйлайманки... мен нимани... — У гапдан тўхтади.

Аёл унинг қўлини ушлади.
— Агар шу нарсаларни ёқтирган бўлсанг, уларни мен ҳам ёмон деёлмайман. — Иссиқ бармоқлар йигитнинг қўли узра юқорига силжиди, Палмер аёлнинг кафтини сиқди.
— Сен тушунмайсан. Ўзим ҳам зўрға англайман. Менинг бошим ва юрагим балиқникидек жуда совуқ. Ҳақиқий банкирнинг юраги. Сен уни иситасан ёки топтаб ташлай оласан. Шундай бўлса, азобда қоламан. Мен буни хоҳламайман. Алоқаларимиз мутлақо жисмоний ҳолатда қолишини истайман. Шундай давом эттирсак, ўзинг топиб айтганингдек, энг оғир нарса мени ташлаб кетишингдир. Сен дастлаб мен ишонган ягона одам эдинг. Ҳозир ҳам шундай. Аммо ҳаммаси жиддийлашиб кетяпти. Менга ўхшаган тажрибасиз одам учун бу жуда хавфли. Бугунги дилдан қилинган суҳбатимизни ҳисобга олсак, муносабатларимиз ҳар қандай мажбурият доирасидан чиқиб кетаётганини кўриш қийин эмас.

У аёлнинг бармоқлари қўлларини мулойим силаётганини сезди. Бир қошини чимириб, у айтаётган гапларга ишонгиси келмагандай ёки умуман ишонишни хоҳламагандай бефарқ қараб ўтирарди.
— Ўзинг ҳақингда шунчалик аянчли фикрдамисан-а? — сўради у.
— Й-йўқ. Наҳотки.
— Ҳиссиётларимиз ҳақида. Ўзингни камида ўғри деб ҳисоблайсанми?
— Ҳа. Ҳамма нарсамни сенга бағишлаб, эвазига ҳеч нарса талаб қилмаётганимни айтиб ўтдинг. Бу таловчиликка ўхшаб кетади. Аммо ундай эмас.
— Менми? — сўради Палмер. — Сенга ниманиям берардим.
— Мендан олган ҳароратни яна қайтариб берасан. — Унинг қўллари сиқилиб, кафтларини оҳиста, аммо қатъият билан силай бошлади. У кафтлари қизиб кетганини ҳис қилди.
— Ажойиб кўргазма, — деди у. — Одамлар шундай қилиб олов ёқишади.
— Бир харидорим қачонлардир бармоқларимдан олов чиқарган эди.
— Виржиния, — хитоб қилди Палмер унинг қўлини сиқиб. — Эшит. Ҳозиргина мен учун даҳшатли муаммолар туғдирасан деб айтдинг. Эрга тегиш ҳақидаги режаларингни ҳисобга олмаганда ҳам ҳаётингни мураккаблаш¬тираётганимни билиб турибман. Сеникини ҳам, ўзимникини ҳам.

Аёл дангалига кўчиб қўя қолди.
— Мен беҳуда гап бошладим. Ўзингга ачинишдан кучли туйғу йўқ. Унга бўйсунганим учун ўзим айбдорман. Энди бўлса, — у Палмернинг қўлига бир урди, — кел, жисмоний муносабатлар даражасига тушамиз. Майлими?
— Бошқа ҳамма нарсалар ҳавода муаллақ қолаверадими?
— Худди шундай. Нега биз дунёда ягона пайсалга солувчилардан бўлишимиз керак? Бу бахтсиз буюм у ёқда осилиб ётаверсин.
— Навбатдаги хуружинг бошлангунчами?
— Тўғри айтасан. — У вискини симирди. — Машинанг борми?
— Шахсийми? Йўқ.
— Меники ҳам. Ҳозир қиладиган асосий ишимиз — машинага ўтириб, узоқ-узоқларга кетиш.
— “Қайғуларингни унут, бахтли бўласан”.
— Қўшиқ учун ажойиб шеър.
— “Кайфиятинг ёмон бўлса, бошингни кўтариб қичқир: “Келади ажойиб бир кун!” — тамомлади Палмер.
— Истеъдодинг борлигига шубҳа қилмаган эдим.
— Буниси ҳали нима бўпти? — деди Палмер ўрнидан туриб. — Мана ҳозир сенга истеъдодимни кўрсатаман. — Қора пальтосини илмоқдан олиб, унга узатди. — Герцнинг карточкасидан бошқа нарсам бўлмагани ҳолда машина ёллайман.

Қирқ Олтинчи Боб

Нью-Ингленднинг кенг автомобил йўлида тўқ қизил “корвет” ҳеч қандай қоидани писанд қилмай, соатига 90 мил тезликда учиб борарди. Кўз очиб-юмгунча улар Стамфордга етиб бордилар ва ўзлари ҳам сезмаган ҳолда йўлдан бурилиб, бир неча дақиқадан кейин меҳмонхона мотелга ўхшаган жойга келиб тўхтадилар. Бир-бирига жипслаштириб қўйилган улкан икки каравот устида тун ярмигача қолиб кетишди. Виржиния Нью-Йоркка Меррит Паркуэй орқали қайтамиз, деб туриб олгани учун ҳозир анча эски йўлдан келмоқда эдилар. Светафорлар, тор ва тезликни чекловчи бошқа белгилар кўплиги учун қайтиш вақти чўзилиб кетди.
— Сенга спорт машиналарини ёқтирмайман, деганим йўқ эди-ку, — луқма ташлади Виржиния.

Палмер спидометр найзасига қаради ва у 70 атрофида тебраниб турганини кўрди[9]. У акселераторни туширди.
— Нима учун?
— Спорт машинасини ҳайдовчи эркаклар аёллар билан мутлақо қизиқмайдилар.
— Далиллар борми?
— У ёнида ўтирган қиздан кўра машинани кўпроқ яхши кўриб қолади...
— Жим бўл, спидометрга қара, яна 70 ни кўрсатяпти. Жиддий гапиряпман. Тинч ўтир...

Палмер кўприкдан ўтиш учун яна пул тўлади ва Ист Ривер йўли бўйлаб кетди.
— Сени уйингга элтиб қўйиб, кейин машинани топширсам бўладими ёки аксинчами?
— Аксинча. Мен яна бир неча дақиқа айланмоқчиман. — У сигарета тутатди. — Кўряпсанми, севги одамни не кўйларга солади? Сен афтингни буриштираяпсан. Бу сўздан афтинг буришиб кетди. Севги. Худойим-ей. Бирон фалокатга учрайман, шекилли, — У сигаретни ўчириб. — Мен дарғазабман, паришонман ва бутунлай мажақлаб ташланганман. “Севги” сўзини эшитиб, нега бужмайиб кетдинг? Нега сенга ёпишиб олдим? Сен ҳам, ҳеч шубҳасиз, менга ўхшаб қаттиқ дарғазабсан. Мен ишонаман, мен... ақлдан озиб бораяпман... Балки маст бўлиб қолгандирман? Таъна қилаяпман. Энди гапирмайман. — У қўлларини қовуштириб, ёнбошдаги ойнага суянди.

Мувозанатдан чиқиб кетган Палмер бошқа йўлга тушиб қолди ва кўп ўтмай Олтмишинчи кўчада, машинани ижарага олган бекат томонда юрганини англади. У Лексингтон-авенюда чапга бурилди, яна чапга бурилиб, жигарранг тошлардан қурилган ва ҳувиллаб ётган эски уйлар оралаб кета бошлади; гоҳ у, гоҳ бу ерда анча баланд ҳашаматли янги бинолар ҳам кўриниб қоларди. Иккинчи авенюдаги светофор чироғида тўхтаган пайтида машина орқасида тез юриб келаётган қадам товушларини эшитди. Ёнбошдаги ойнага қараб, узун оқиш пальто кийган ёшгина аёлнинг кўча бўйлаб чопиб келаётганини кўрди, орқасидан кучук етаклаган кичкина бола харсиллаб югурар эди.
— Нима бўлди экан, жин урсин? — уларни дурустроқ кўриш учун машинани бурди. Виржиния ҳам нима гаплигини билай, деб ўгирилиб қаради.

Совуқ шамолда пальтосининг олди очилиб кетган аёл машина олдигача чопиб келди ва ойнани тақиллатди. Кучукча шодон вовуллади, уни тутиб турган бола харсиллаб нафас оларди. Палмер ойнани туширди.
— Менга қарашиб юборолмайсизми? — Оғир нафас олиб сўради аёл.
— Менми? Ҳм, бу енгил машина-ку.
— Меники “фольксваген”. Шафқат қилинг. Ўйлайманки, сиз ёрдам бероласиз... — Овози секинлашди ва оғир нафас олиб жим бўлди. Ит орқа оёқларида туриб, олдингисини пальто этагига қўйди.
— Ярим кварталгина нарида. Ана, кўряпсизми?

Палмер бурилиб қаради ва йўлка орқасидаги иккинчи қаторда турган кичкина машинани кўрди.
— Майли, — рози бўлди у ва тезликни пасайтириб, машинани орқаси билан ҳайдади. Ёш аёл, кучук ва бола, чамаси етти ёшлардаги қизалоқ, “корвет” орқасидан эргашдилар. Аёл худди машинани етаклаб кетаётгандек, қанот томонини ушлаб олган эди.
— Ҳеч ким тўхташни хоҳламади, — гапирди у. — Сиз катта илтифот кўрсатдингиз.
— Машинангизга нима бўлди? — сўради Палмер ўзини эшитмаганга солиб, аслида ҳам уни деб тўхтагани йўқ эди.
— Аккумулятор.
— Нима қилишни биласизми? Иккинчи тезликка солиб, ўт олдирасиз ва узатгични ишга соласиз.
— О, буни биламан.
— Мен тезликни олганимдан кейин, сиз узатгични секин босинг, — давом этди у. — Секин.
— Биламан. Аккумулятор бутунлай ишдан чиққан.

Палмер “фольксваген” атрофини айланиб чиқди. Аёл ҳамон изидан қолмас эди.
— Машинага ўтиринглар, иккалангиз ҳам, — аёл боласига буюрди. — Сизга кўп раҳмат, — мурожаат этди Палмерга у.
— Бу аккумуляторни нима қилиш кераклигини биласизми?
— Шу атрофда тунги гаражлар бор. У ерда бир ёки икки долларга зарядлаб беришади. Бошқа иложи йўқми?
— Генератордан ўт олдириш учун кўп юришга тўғри келади. Бу фойда бермаслигиям мумкин. Қисқа тўқнашув чиқиши хавфи ҳам бор. Гаражга мурожаат қилганингиз маъқул.
— Жуда қиммат. Имконим йўқ. Ҳафтанинг охиригача 30 цент пулим қолган.

У жилмайиб, бош силкиб қўйди. Сўнг машинага ўтирди. Палмер “корвет”нинг бурнини “фольксваген”га тақаб, кичик тезликни ишга солди. У аста-секин тезликни ошира бориб, машинани олдига жилдирди. Амортизаторлар оҳиста ғирчиллади ва “фольксваген” жойидан қўзғалди. Аёл зудлик билан тўрт марта сигнал берди ва қизил чироқда Иккинчи авенюнинг муюлишига бурилди. Палмер бурчакка етиб борганда “фольксваген” ғойиб бўлган эди.
— Эшитдингми? — сўради у.

Виржиния бош силкиди.
— Агар тўхташ жойидан ўрин топилса, у боласи билан машинада ухласа керак.
— Ҳозир совуқ-ку.
— Балки чек душанбада эрталаб келар.
— Қанақа чек?
— Алимент ёки ёрдам.
— Қаердан бил...
— Етар энди, — аёл гапни бўлди, овози совуқ ва силлиқ эди.
— У оғир аҳволда. Ҳали ёш экан. Ҳеч бўлмаганда машинани сотиши мумкин, агар ўзиники бўлса.
— Аммо у жуда яхши таассурот қолдиради.
— О, худойим, Вудс, жим бўл.

Палмер Қирқ саккизинчи кўчадан шарққа бурилди, машинани топширди, хизматчининг уйигача элтиб қўйиш ҳақидаги таклифни рад этди ва Биринчи авеню бўйлаб Виржиния билан бирга кетди.
— Нега рад этдинг? Такси тополмаслигимиз мумкин, — деди аёл.
— У исмимни билади. Бизни икки томонга элтиб қўйиши керак. Соғлом ақл бундай қилиб бўлмайди деб турибди. — Палмер ўтиб кетаётган таксини чақирди, у бўш бўлишига қарамай тўхтамади.
— Тушунаман. Кечирасан.. — Бир муддат жимликдан кейин у зўрға гапирди: — Вудс, гапларим сохта меҳрибончилик эмас. Баъзан аччиқ ҳақиқат шундай туюлади. Жавоб бермаслигинг мумкинлигини ҳам ўйлаб кўрдим. Бундай жавобларни кўп эшитганман.
— Майли. Фақат менга кўнгли қаттиқ одам деб қараганларни ёқтирмайман. Ҳақиқатга яқин гапларни эса хотиржам эшитса бўлади.
— Ё худо! — У бир неча қадам олға юриб, совуқ ҳавога бир текисда ҳовур чиқарди. — Баъзи одамлар бефаҳм бўлади, аммо сен ундай эмассан. Сенда ажойиб бир қобилият бор: ҳамма нарсани кўриб, ҳис қилиб турасан, аммо биронта амалий иш қилишни ўйламайсан. Бояги аёл...
— Қайси аёлни айтасан?
— Боласи, кучуги, аккумулятори ўтириб қолган “фольксвагени” бор ва ҳафта охиригача ўттиз центи қолган ёш аёлни. Машинаси бирданига ўт олиб кетгани ғалати эмасми?
— Мен бил...
— Албатта, сен тушундинг. Аккумулятор бутунлай яроқли эди. Агар бирон кори ҳол юз бериб, тўғрисини айтиш лозим бўлса ва масала нима қилишга келиб тақалса, бу биринчи марта бўлмаса керак, аёл пули йўқлигини очиқ айтган. Вудс, марҳамат қилиб, тушунмадим дея кўрма. Унинг ғурури пул сўрашга йўл қўймаган.
— Аммо у ҳеч...
— Албатта, йўқ. Ижобий жавоб бўлмагандан кейин у дарҳол суҳбатни тўхтатган.
— Ишонаманки, сен...
— Йўқ. У жуда тушунадиган қилиб гапирди! Ана такси.

Палмер беихтиёр қўл кўтариб, силкитди. Такси тўхтади ва улар ўтирдилар. Виржиния шофёрга манзилини бериб, қўшиб қўйди:
— Бу жаноб узоқроққа боради.

Машина кўк чироқни кутиб, туриб қолди. Улар жим ўтиришарди. Машина қўзғалгач, Виржиния Палмерга бурилиб қараб:
— Марҳамат қилиб, ҳамма гаплар учун мени кечир, — деди... Унинг кўзлари кўп нарсаларни айтиб турарди. Уларга қараб қандайдир уят, ҳатто қўрқув ҳиссини уқиш мумкин эди. Палмер унинг қўлини ушлади:
— Қабул қиламан, — деди у, — марҳамат, сен ҳам менинг узримни қабул қил.
— Бугунги оқшом жуда саргузаштларга бой бўлди. — деди у жуда тез ва таъсирсиз оҳангда. — Болали аёл ҳам ортиқча ташвишга айланди. У ўйин қилди... — Виржиния гапини давом эттиролмай, елкасини қисиб қўйди.
— Очиқроқ айт.
— Даҳшат. Ҳар бир ёлғиз аёл шу аҳволга тушиши мумкин. Мен бу ҳақда гапиришни хоҳламайман. — У ташқарига қаради. Биз, ниҳоят, манзилга келдик, шекилли.
— Шундай.
— Сени юқорига таклиф қилолмайман. Тушунасанми?
— Ҳа.
— Буни жудаям хоҳлашимниям тушунасанми?
— Ҳа.

У оғир хўрсиниб қўйди.
— Сени бағримга босаман. Илонни кўкрагимга олган каби. Уни улоқтириб юбориш кераклигини била туриб...
— Виржиния...
— Э, худо, бу алжирашлар тамом бўлишини шундай хоҳлайманки... — У пастки лабини тишлади ва машинанинг олдинги ойнасига тикилди. — Мана шу бурчакда тўхтанг. Бурилиб ўтирманг. У ёғига ўзим кетаман. Хайрли тун.
— Менга рухсат этинг...
— Хайрли тун, — такрорлади Виржиния ва кўча тарафдаги эшикни очди.
— Леди, — огоҳлантирмоқчи бўлди шофёр, — бу томонга тушиб бўлмайди-ку...
— Йўлингдан қолма, Жек, — жавоб қайтарди у кўчага тушиб бўлиб. — Хайрли тун. — У эшикни қаттиқ ёпиб, машина олдидан йўлкага қараб чопиб кетди, туфлисининг баланд пошналари ялтираб, кўча чироқлари ёғдусини акс эттирарди. Бурчаккача чопиб боргач, у ёғига секин юриб кетди. Аёл кўздан ғойиб бўлгунча Палмер унинг келишган сонларини кузатиб турди. Шофёр тишлари орасидан нималарнидир сўриб, ғалати бир товуш чиқариб қўйди.
— Қаерга борамиз? — сўради у совуққина.

Палмер хўрсиниб, ўйланиб қолди. Сўнг:
— Дўстимни “фольксваген” машинаси бор. У Олтмишинчи кўча ҳудудида, Биринчи ва Учинчи авенюларнинг ўртасида иккинчи қаторда бўлиши керак. Келинг, излаб топамиз.
— Майли, излаймиз, — Шофёр тезликни оширди, такси светофор ёнидан ўтиб, олға интилди.
— У ёш аёл, — деди у, — қайси томондан катта кўчага чиқишни билса керак.

Палмер шу билан суҳбатга чек қўйилади деб ўйлаб, жим бўлди. Бироз юришгандан кейин шофёр гапга тушди:
— Мана шунисига тушунмайман. Одамлар нима қилишаётганини билмагандек юришади. Яна ҳаммаси маълумотли.

Палмер сигарет чекиб, “фольксваген”ни излаб бораверди.
— Ҳозирги маълумотлилардан ниманиям кутиш мумкин? Нарх ошгандан ошиб кетаяпти. Зиғирдак иш ҳақи билан қанақа маълумот олиш мумкин?

Палмер олдинга энгашди.
— Шу ердан бурилиб, илон изи қилиб ҳайданг.
— Яхши. Менинг ўғлим бор. Ўн беш ёшда. Икки йилдан кейин коллежга кириши керак. Бу даражани — олмагунча худди лойнинг ўзисиз. У “санъат бакалаври” деб аталади. У бўлмаса, ҳеч нарсага арзимайсиз. Аммо у — қобилиятли бола. Даҳо эмас. Оддийгина қобилиятли ўсмир. Ўртача баҳолар олиши мумкин. Нью-Йоркдаги коллежларга кириш учун ўртача баҳо зарурлигини биласиз. Энди ҳеч кутилмаганда 87 балл билан кирадиган қилиб қўйишибди. Бу — ўғлим учун тобутда ётиш билан баравар. Умуман, ҳамма рисоладаги йигитлар учун... Ҳеч ким аптекачи бўлишни хоҳламайди. У фармакологияга жойлашмоқчи, у ерда ҳозирча яхши тўлашади.

Такси Учинчи авенюга чиқди, сўнг яна шарққа бурилиб, ёндош кўчага ўтди. Палмер кўча бўйлаб “фольксваген”ни қараб борди, машина кўринмас эди.
— Барча иллатлар, — шофёр ҳасратини давом эттирди, — мактабга тақалади. Ўқитиш савияси паст. Улар болаларга зарур билимларни беролмайдилар. Ё, худо, телбасифат ғор одамлар, греклар, мисрликлар ва яна ҳеч кимга кераги йўқ аллакимлардан бошлайдилар. Булар болаларга зарурми — айтинг-чи?!. Улардан қандай наф бор? Ўқитадиган китобларини айтмайсизми? Бу китоблар кимга керак? Шеърият? Шекспир? Умрингизда кўрмаган, эшитмаган одамлар ёзган китоблар. Сиз ҳам уларни ҳеч қачон кўрмаган бўлсангиз керак? Наҳотки бу китоблар болаларга пул ишлашни ўргата олса?

Такси Иккинчи авенюни кесиб ўтиб, дарё томонга қараб кетди.
— Исо ҳурмати, булардан воз кечиш керак, — тўхтовсиз валдирар эди шофёр, — болалар эркин нафас олсин. Жин урсин, улар мактабга нега боришлари керак? Ота сифатида гапираяпман болаларга яхши маълумот олиш ҳуқуқи берилган. Улар яна...
— Секинроқ ҳайданг, — гапини бўлди Палмер. У Биринчи авеню охиридаги тўхташ жойида турган “фольксваген”ни кўриб қолган эди. — Жуда секин. — У ҳамёнини чиқариб, ён дафтарчасидан бир варақ йиртиб олди. Ёнидаги ўн долларликларни — улар учта эди, — қоғозга яхшилаб ўраб, кичкина тугунча ясади.
— Энди “фольк”нинг олдига ҳайданг, — буюрди у.

Аёл ва қизча машинада ўтиришар эди. Қизча кучукчани тиззасида ушлаганча ухлаб қолганди. Аёл таксига қаради. Палмер эшикни очганда у машинасидан чиқди.
— Мана бу нарсани тушириб қолдирибсиз, — унга мурожаат қилди Палмер.
— Менми? Йўқ, йў... Э, бу “корвет”даги йигит-ку.
— Менимча, буни сиз тушириб қолдиргансиз, — такрорлади у ўралган қоғозни узатиб. Аёл уни олди.
— Буни мен туширганга ўх...

Палмер эшикни ёпди. — Кетдик, ҳайдовчи.

Шофёр моторни ишга солди ва яшил чироқ ёнгач, Биринчи авенюга қараб ҳайдади. У шимолга бурилгач, тезликни камайтирди.
— Унга нима бердингиз?
— Мени ... ҳм, “Плаза”га олиб боринг.
— Хўп бўлади, — такси ғарб тарафга бурилди. — Шу ёқда турасизми, шеф?
— Йўқ.
— Бирон нарса ичишни хоҳлайсизми?
— Йўқ.
— Биров билан учрашмоқчимисиз?
— Йўқ. — Палмер негадир отелга етгунча индамай келди.

Шофёр ҳам гап кавламади. Ҳақини берар экан:
— Бу ерда тунда такси топиш осон, — деди Палмер.

Қирқ Еттинчи Боб

Олд томонига бетондан соябон ўрнатилган уй қоронғи эди. Палмер шофёрга пул бериб, ичкарига кирди.

Қимир этмасдан бирпас жим қулоқ солди. Аллақаерда тўрда газ иситгич икки марта ширқиллади ва унинг овози кучли бўғиб қўйилган парраги эшитилар-эшитилмас визиллаб айлана кетди. Палмер эгилди-да, туфлиси боғичини бўшатди. Юрган ҳолда оёқларини чиқариб, зинапоя томонга пайпоқда одимлаб кетди, хаёлидан чироқсиз чиқишга таваккал қилаётганим чакки бўлмадимикан, деган ўй ўтди.

Меҳмонхона эшиги ёнидан ўтаётиб, у босиқ қарсиллашни эшитди. У шартта ўгирилди ва қоронғилик ичидан ёвузларча ёниб турган бир жуфт катта-катта қизил кўзга тикилиб қолди. Юраги кўксини тешгудек қаттиқ урди. Худди танасидан айрилишга уринаётгандек, бўйин ва елка териси ҳар томонга қараб ўрмалай кетди. Тағин нимадир қарсиллади ва битта кўз синиб, икки қизил бўлакка ажради. Палмер енгил нафас олди, вужудидаги кескинлик йўқолди. У овозсиз камин олдига юриб борди, пайпаслаб оташкуракни топди ва уни қўрқитиб юборган икки бўлак кўмир чўғини наридан-бери уриб, майдалаб ташлади. Тўсатдан Палмер тўхтади-да, оташкуракни ташлаб, калта ва юпқа бир тарашани қўлига олди. У тарашани кўмир устига қўйди ва чўккалаб олиб, уни пуфлай бошлади. Худди серажин башара иштиёқ ҳиссидан титрагандай, кўмирлар сарғиш тусга кирди. Тараша чарсиллади ва бу товуш итнинг узиб-узиб паст ҳуришига ўхшаб кетди. Палмер эҳтиёткорлик билан пуфлашда давом этди.

Бир вақт оҳиста пишқиргандай овоз чиқарди-да, тараша ёрқин сариқ ёғду таратиб олов олди. Палмер тиззаларини ердан узди-да, чўнқайиб ўтирган кўйи бирдан кўтарилган алангага тикилди. У шу алпозда анчагача ўтирди, сўнг ўрнидан турди ва каминнинг илиқ ёғдусида оҳиста юриб, ҳайҳотдай хонанинг нариги тўридаги барга қараб йўл олди.

Пайпоқда бўлганидан полнинг совуғи яланг оёғидан ўтиб кетмоқда эди. Палмер катта чорқирра қадаҳга бироз виски қуйди-да, олов олдига қайтди.

У олов қаршисига келиб, ейилиб кетган дуб полга чордона қуриб ўтириб олди. Виски лаби ва тилига хиёл совуқ ботди. Бироқ томоғига етганида озроқ куйдирди. Ошқозонга тушганидан кейин эса олов ёқимли иссиқлик таратганча ҳар томонга чопа кетди. У яна бир қултум ютди ва бу гал виски дастлабки қултум ҳиссини беролмаганидан ҳафсаласи пир бўлди.

Энди тараша ловуллаб ёнар, ундан оқиб чиққан мум ҳар томонга сачрар ва майда пуфакчалар оҳиста вишиллаб, дудли аланга лоп-лоп қилар эди. Палмер аланганинг бир катталашиб, бир кичиклашиб турган тилларини томоша қилганча тарашадан кўзини олмасди.

Улар яна такрорланармикан? — қизиқсинди у. Математика нуқтаи назаридан улар такрорланиши мумкинмикан? Вақти келиб бу ҳақда Гауссдан сўраб кўриш керак. Агар, деб ўйлади у, Гаусс умуман у билан яна гаплашсагина сўрай олади.

Вискидан ҳўплаганича ва Гаусс билан тартибсиз ҳамда ғалати тарзда чўзилиб кетувчи суҳбатни қадам-бақадам кўз олдига келтирганча тек ўтирарди у. Унинг сирли ғояларида жон бордек кўринарди. Тижорат нуқтаи назаридан оқилона туюлмоқда эди. Агар ҳозир, уларнинг ҳақиқий кўринишида, ҳеч бўлмаганда, улар бутунлай шундай бўлмаган тақдирда ҳам бисотида лоақал бир мисқолча ижтимоий онг бўлган ҳар қандай банкнинг бурчи бундай ғояларни молия билан таъминлаш эмасми?

Гаусснинг ҳафсаласини қаттиқ пир қилганини у биларди. Лекин у бундан ортиғидан умид боғлашига йўл қўймаганди.

Палмер стаканни охиригача симирди ва аланганинг нотекис учларига маъносиз тикилиб қолди. Ҳа, жувон уни сеҳрлаб қўйганди. Иссиққа ҳам қарамай, кўзлари ачишганига ҳам қарамай, Палмер киприк қоқмаётганди.

У ўгирилди ва улкан хонага синовчан разм солди, унинг тўрдаги бурчаклари энди қоронғи тортган ва ўртасигина ўчаётган оловдан ғира-шира ёришиб турарди. Марҳум ака ва марҳум отанинг орқасига ўтиб яшириниш қўрқоқликдан бошқа нарса эмас, деди у ўзича. Ҳам қўрқоқлик, ҳам болаларча соддалик.

У камин олдига қайтди ва оташкурак билан йирикроқ чўғларни уриб майдалади. Ёғду тезгина ўчди. Кўмирлар қандай хира қизғиш тусга кириб, сўнг бирин-кетин ўчишини у бир лаҳза томоша қилиб турди. У оташкуракни қўйди ва ўша қуруқ пайпоқда хонадан йўлакка чиқди. У зинапояни топди ва оёғи билан зиналарни битта-битта пайпаслаб, қўли билан панжарадан ушлаб суянганча қоронғиликда аста юқорига кўтарила бошлади.

У секин ҳаракат қиларди. Агар узун зинапоянинг ҳар ер-ҳар ерида майдонча бўлганида, тўхтаб нафасни ростлаб олса, сўнг яна кўтарилаверса бўларди. Бироқ рўпарасида, худди аввалгисидай, яна бир зинапоя турганидан у тез-тез тўхташга мажбур бўлмоқда эди. Унинг мувозанатини сақловчи аъзоларидан нимадир ишдан чиққан бўлиши керак. У гавдасининг ўнг томонга, панжара тарафга кескин оғаётганини ҳис қилди. Афтидан, таянч нуқтани кўролмай, у ўзини тўғри тутолмаётган эди.

Бироздан сўнг, ўн-ўн икки одимлар ташлагач, у тўхтади ва қоронғида кўзларини юмиб турди — ўнг қўли билан панжарани маҳкам қисиб, ўзини тутиб туриш учун оёқларини кенг ёйиб олганди.

Қўли панжарани бадтарроқ қисди. У кафти терлаганлигини ҳис этди. Оҳиста чап қўлини олдинга олди-да, у қўли билан ҳам панжарани маҳкам ушлади. Шу ҳаракат унинг мувозанатини бузди. Манглайига тер чиқди. Унинг мияси шиддат билан ишлар, фикрлари олдинга ва орқага отилар, ўтмиш манзаралари лип-лип қилар эди: “Мен умрим бино бўлиб бир тўхтамга келган нарсам — бу бинони ташлаб, Нью-Йоркка келишга азму қарор қилганим бўлди”. Энди бундоқ ўйлаб қарасам, ҳатто шу азму қарорим ҳам қандайдир бошқа одамга қарши қаратилган экан. У одам ҳам худди шундайин банкдаги столида тирик ўтирганидек, Роз-хил қабристонидаги ўз хилхонасида абадий уйқуда ётибди.

Палмер чайқалиб кетди. Энг аввал нима қилиш кераклигини у биларди — бемалол, ақлни пешлаб яна барқарор ҳолатига қайтиши, қаддини ростлаши, кучини тўплаши ва кўтарилишда давом этиши керак.

Лиммо-лим бир ваннадан сутдай, тўсаттан оппоқ, тип-тиниқ нур тепадан унинг боши узра тўкилди.
— Вудсмисан?

Ёруғликдан у ўзига келди, боши айланишдан тўхтади. У қаддини ростлади ва иккала қўлини панжарадан олди.
— Мазанг бўлмаяптими?
— Сал кўпроқ олворибман, шекилли, — деди у хаёлига келган дастлабки ўйга маҳкам ёпишиб; шу заҳоти ўзини меҳрибон хотинининг ихтиёрига топшириб қўяётганини ҳам англади.
— Гапингни англамаяпман. Бўпти, бу ёққа чиқ.

Эгнига кўк-яшил шотландча халат кийиб олган Эдис унга қараб турарди. Унинг сочлари майда сариқ гажак қилиб бураб ташланганди. Юзи бўрдай оппоқ ва маъносиз, кўзларидаги сурма ювилиб кетган, лаблари пушти эди. Яноқлари тагида заиф яшилга мойил соя кўзга ташланарди.
— Сени уйғотиб юборганим учун узр.
— Уйғотмадинг. Китоб ўқиб ётгандим. Келиб, камин олдида нималар биландир машғул бўлганингни эшитиб тургандим. Уйдалигингни билганимдан кейин ухлаб қолдим.
— Кутишнинг кераги йўқ эди. Қанчагача ҳаяллаб қолишимни билмайман дегандим-ку.
— Ҳа. — Хотинининг қўли чироқ ўчиргичдан пастга тушди. — Бу шаҳарларда... — У қўли билан ноаниқ, тушуниб бўлмайдиган ҳаракат қилди, — нима бўлиши мумкинлигини ҳеч қачон билмайман. Ярим тунда сенга нима бўлишини ҳам ҳеч қачон билмайман.
— Қўявер. Мен таксида юраман.
— Кейин, — деди жувон гапида давом этиб, — ухлаб қолиб, дарров уйғониб кетдим, чунки сен бўкирибми ё инграбми юбординг. Бу ҳам жуда қўрқинчли овоз эди, Вудс. Билмадим, аммо шундай эшитилдики... — Аёл бошини чайқади.

Қирқ Саккизинчи Боб

Бруклинда қаттиқ совуқ ҳукм сурарди. Ист-Ривер узра тунги январ шамоли эсар, дарёда муз бўлаклари сузарди. Хейтс туманида майда, аммо серҳашам кўпхонадонли уйлар орасида ва Бороу Холл атрофидаги очиқ жойларда шамол увларди. Тунги соат ўнларга яқин ҳатто ишчан одамлар яшайдиган маҳаллаларни ҳам сукунат чулғаганди, аҳён-аҳёнда бу сукунатни битта-яримта машина овозигина бузар эди. Олисдаги Бруклин кўприги панжараларини ҳисобга олмаганда, ўйлади Палмер, ушбу туманни ҳар қандай мўъжаз шаҳарчанинг ишчан қисмига йўйиш мумкин эди. Шиддатли шамол кўчаларни ана шу тариқа шиббалаб ташлаганди.

Палмернинг асли бруклинлик бўлган ҳайдовчиси машинани моҳирлик билан бир қанча тор кўчалардан олиб ўтди-да, агар гранит деворига ўйиб ишланган эмблемаларига қараб ҳукм чиқарилса, бир вақтлар масон ибодатхонаси бўлган муҳташам эски бино олдида тўхтатди. Энди ибодатхоналиги ҳам қолмаган, деб ўйлади Палмер машинадан чиқаркан, чунки бугунги йиғилишни шу ерда ўтказишга келишилган эди.

У изғиринли шамолда бирпас тўхтаб турди ва шошилмай атрофга назар солди. Бу унинг Бруклин билан биринчи марта тўқнашуви эди. Эски шаҳар, ўйлади у. У бир вақтлар тароватли бўлган Манхеттендан анча кўҳнароқ кўринмоқда эди.
— Жимми, энди ярим тунгача сиз менга керак бўлмайсиз, — мурожаат қилди у ҳайдовчисига. — Иссиқроқ бир жой топиб, исиниб олсангиз бўлармиди.
— Бу пайтда бу ерда ҳамма нарса ёпиқ бўлади, мистер Палмер.
— Унда машинани қулфланг-да, мен билан юринг.

Улар эндор тош зинадан кўтарилишди. Ҳайдовчи залворли ўймакорли эшикни итариб очди. Ёнғоқ ёғочидан оро берилган вестибюлда ҳеч зоғ йўқ эди. Палмер қулоқ солиб, кулги овозини эшитди. У овоз келган томонга юрди ва йўлакдан ўтиб, дастасига ўймакори нақш солинган икки тавақали ёнғоқ ёғочдан қилинган улкан эшик олдида тўхтади. Қўнғироқ тугмачасини босиб, у эшикни қия очди ва сариқ кўзга дуч келди. Хона тўридагилар ҳамон кулишда давом этишарди.
— Вуди! — Бернс эшикни ланг очиб юборди ва унинг ҳар иккала кўзига ширакайф юзи намоён бўлди. — Чироққинам, кеч қолдинг-ку.
— Ҳайдовчим қаерда кутиб тура олади?
— Пастда, танобийда, — жавоб берди Бернс, қўли билан кўрсатиб. — Ўнгга қараб, биринчи зинапоя.
— Кейинроқ кўришамиз, мистер Палмер, — деди Жимми.
— Кира қол, Вуди, қўзичоғим. — Бернс Палмерни хонага бошлаб кирди ва эшикни ёпди. Кулги узилди.

Палмер хона ичига кўз югуртирди. Хонанинг деярли бутунлай узунаси бўйлаб стол турарди. Оқ дастурхонда овқат сарқитлари. Стол теварагида кечки кийимдаги бир гуруҳ кишилар ўтирарди.

Бернс Палмерни стол атрофидан етаклаб олиб ўтаркан, элликтача меҳмон билан биттама-битта таништириб чиқди. Улар яна айланишни бошлаган жойга келиб туриб қолишди. Палмер биронтасининг ҳам исмини эслаб қололмади. Улар одатдагидай, учдан бир қисм ирланд, учдан бир қисм италян, учдан бир қисм яҳудий эдилар. У Бернс билан ёнма-ён ўтирганида овқат сарқитларини йиғиштириб олгани официантлар келишди. Икки официант кўчма барни ғилдиратганча ликёрлар, брендилар, вискилар ва қаҳвалар улашди.
— Иккита қироллик қаҳвасидан, — буюртма берди Бернс.

Палмер официантлардан бирининг иккита идишга яримлатиб қаҳва қуйганини, унинг шериги эса уларнинг ҳар икковига ҳам бренди билан лиммо-лим қилиб тўлғазганини, сўнг уларни ўзи ва Бернс олдига қўйишганини кузатиб турарди.
— Менга керак эмас, — деди Палмер босиқ овозда. Стол теварагида суҳбат қайта жонланганди. — Озгина музли виски кифоя.

Столнинг нариги томон ўртасида семиз юз эгаларидан бири ўрнидан турди-да, қошиқча билан стаканни аста уриб қўйди.
— Жентльменлар, — деди у, — бизнинг кичиккина зиёфат иштирокчилари¬миз номидан сизлар ҳозиргина танишганимиз мистер Палмерга хуш келибсиз демоқчиман. Унинг зиёфатимизда иштирок этолмаганидан жуда афсусдамиз, аммо айб Буффалодан кеч учиб келган самолётда. Мен таомилга риоя қилишингизни илтимос қиламан, шунинг учун ортиқча такаллуфларсиз унга сўз беришимга изн бергайсиз. Вудс Палмер, “Юнайтед банк энд траст компани”.

У то ўрнидан туриб, таъзим қилиб, жилмайишга ҳаракат қилар экан, уни жиддий чапаклар билан олқишлаб туришди. Аввалига нотаниш одамларга қараб жилмайиш осон бўлмади, бироқ сал ўтмай у бунга кўникиб кетди.
— Жентльменлар, — деди у, — дарҳақиқат, мана шундай ажойиб зиёфатни бой берганимдан нечоғли афсусда эканимни айтсам, заррача ёлғон гапирмаган бўлар эдим. Бундай деётганимнинг сабаби шундаки, бу вақтни сизлар билан яқиндан танишишга сарфлаганимда нур устига нур бўлар эди, албатта, самолётлардаги зиёфатлардан кўра бундай зиёфатларни афзал кўраётганидан шундай деяпти деб ўйламасликларингизни сўрардим.

У кулиб бўлишларини кутиб турди-да, сўнг Бернс бир неча кун олдин унга сўзлаб берган бир узун қизиқ ҳазил воқеани ҳикоя қила кетди. Гарчи ўзи буни ҳеч қандай кулгили деб ўйламаса-да, Буффалодаги ҳамсуҳбатлари кулавериб ичаклари узилаёзган эди.
— Биласизлар, — давом этди у, — биз банкирларда ҳожатхона қоғози ҳақидаги бир латифа бор. Агар биз бирданига унинг навини жамоат ҳожат¬хоналари навига алмаштиргингиз келиб қолса, биз бунинг учун Олбаниданми... ё Вашингтонданми олишимиз керак бўлади. Банкларни бошқариш ана шунақа марказлаштириб ташланган.

Палмер ўз тингловчиларига тинчланиб олиш ва ўтириб рекламаларни кўришга томошабинларни мажбур қилганларидек хушчақчақлик ҳақини тўлатиб қўйиш учун имконият берди.
— Жентльменлар, иш пулга келиб тақалганда, жуда эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилишга одам ўрганиб қолади. Хатони тузатиш ғоят қимматга тушади. Менимча, бундай оқилона эҳтиёткорлик омонат банклари муаммосини ҳал қилишда бизнинг қароримизда қўлланмоғи шарт. — Палмер жим бўлиб қолди. — Хўш, энди кимда саволлар бор?

Столнинг тўрида ўтирган озғин юзли киши қўлини кўтарди ва Палмер унинг исмини билиб олгунча гапини бошлаб юборди.
— Мистер Палмер, — деди у баланд, хирилдоқ овозда. — Донолик ва эҳтиёткорлик — яхши нарса. Аммо бўлимлардаги мана бу билл, ёки оти нимайди, ўша Олбанида мана беш ё олти йилдан бери муҳокама қилиб келиняпти. Бизлар ҳаддан ташқари фаросатли ва эҳтиёткор бўлиб қолмадикмикан, нима дейсиз?

Тингловчилар кулиб юборишди. Уларни кулдирган тагдор савол эмас, англади Палмер, балки саволнинг унга қарши қаратилгани эди.
— Агар сиз иқтисодиётимизни барбод этишни мақсад қилиб қўйган ва билиб туриб уни ерга киргизиб юборишга қасд қилган бўлсангиз, бунинг учун сизга йиллар керак бўлади. Аммо ҳаммаси бирданига, бир тундаёқ қулаб тушиши мумкин. Биз сиз билан туркумлар, жадваллар билан фикрлашга ўрганиб қолганмиз, бунда эгри чизиқлар гоҳ юқорига, гоҳ пастга эгилиб чиқиб-тушиб туради. Лекин аслида ҳамма нарса ундай содир бўлмаётган бўлади. Иқтисодиётнинг мустаҳкамлиги аёлнинг ҳимматига ўхшайди. У кўп йиллар давомида мукаммалдай бўлиб кўриниши мумкин. Тўсатдан биргина сўз унинг бошига етади.

Сукунат чўкди. Уларнинг ҳушини жойига келтириб қўйганини Палмер тушунди. У тафсилотларга бу қадар чуқур берилмоқчи эмас эди, аммо энди кўрдики, тўғри қилибди. У ҳатто баридан ҳам батафсилроқ қилиб тушунтириши мумкинлигини ўйлади. Уларнинг юзларидаги ўйчан, бир қадар хўмрайган ифода, агар уларга ўзининг айнан мана шундай тоифага мансублигини айтгудек бўлса, ишончсиз ифодага осонгина айланар эди.
— Бу билан сиз бизга, — деди ҳозир бўлганлардан бири савол тариқасида, — иқтисодиётда тежамкорликка ўрин йўқ, деб айтмоқчимисиз?
— Йўқ, сэр, мутлақо ундай эмас. — Палмер чуқур уҳ тортди. — Борди-ю, сизларга шундай маълумотлар келгудек бўлса, улар халқдан чиққан бўлади, мендан эмас. Статистикани бир текшириб кўринг-а. Иш ҳақининг ҳар йили ошиб боришига қарамай, жамғармаларнинг ўртача даражаси ҳозир 15 йил олдингисидан кўп эмас. Аслида у ҳатто қисқара бошлаган.
— Булар ҳаммаси тўғри. Лекин иш ҳақи билан баробарида ҳаёт қиймати ўсаяпти-ку, — ён бермасди савол берувчи.
— Тўғри, — унга қўшилди Палмер, — ойликка яшовчи ўртача одамни айнан мана шу нарса гангитиб қўйган. У эрта-индин эмас, айнан нима учун бугун пул сарфлаши сабабларидан биттаси шудир. Бу одам бугун сақлаб қўйилган доллари беш йилдан кейин, масалан, машина сотиб олиш учун етарли пул жамғарганида олдинги харид қобилиятини йўқотган бўлади.

Тўсатдан орага чўмган сукунат Палмерга уларнинг кўнглига яна бир бор ғулғула солганидан дарак берди. Энди гапнинг пўсткалласи, деб ўйлади у, айни ҳолда бирон чора кўришда ўзларини ночор сезмасликлари учун уларни тушкунликка туширмаслик керак.
— Назаримда, — тилга кирди Палмердан бир нечта стул нарида ўтирган жиккаккина озғин киши, — сиз маошга яшовчи ўртача одамнинг соғлом фикрига барибир умидизлик билан қараяпсиз. Биласиз, агар унга ёмон муомалада бўлишса, у харидорларни исёнга бошлайди. У шу қадар калтафаҳм бўлмаса керак.
— Тўғри, — жавоб берди Палмер. — У калтафаҳм эмас. Аммо бундоқ чуқурроқ ўйлаб кўрилса, харидорлар исёни нима дегани? Бу харид қилишдан кескин бош тортиш дегани. Истеъмолчи айтади: “То нархлар пастлашмагунча сабр қиламан”. Бу орада... Нима бўлади? Балки у молларсиз ишини ўнглаб олар? Ҳар доимгидай унинг рўпарасида учта муаммо кўндаланг туради — овқат, бошпана ва кийим-кечак. Истеъмолчи узлуксиз исён кўтаролмайди-ку, тўғрими? У ақлли одам, аввало у қандай кайфиятда бўлмасин, унинг олдида шундан бошқа йўл йўқ.

Янги саволлар кутиб, Палмер тек турарди. У тингловчилар кайфиятида қандайдир ўзгаришни ҳис қилди, аммо бу нимани англатиши ҳозирча унга маълум эмасди. Нутқнинг аввалида улар анча дўстона кайфиятда эдилар. Нутқини тугатганида эса ҳаммалари пинҳоний шубҳапарастга айланган эдилар. Кейин ҳужумга ўтиш ҳаракати бошланди. Энди улар афтидан, то кайфиятлари аниқланмагунча кутиб туришга аҳд қилган эдилар. Бирларининг юзида ҳеч қандай ифода йўқ, ўй-фикрлари аллақаёқларда кезиб юрарди. Палмер кейинги савол нима бўлганини аниқлаб олишга ёрдам берар, деб умид қилди.
— Мистер Палмер! — Семиз ҳам, ориқ ҳам эмас оппоқ сочи Макартурчасига олинган миттигина киши ўтирган жойида бетоқат типирчиларди. — Сизнингча, саноат соҳаларига хизмат қилувчи мана бу, дейлик, лицензиялар бўйича амал қилаётган корхоналарнинг бевосита келажаги қандай?

Палмер бош ирғаб қўйди ва яхши кайфият табассумини сақлаб қолишга ҳаракат қилди. У улар кайфиятидаги ўзгаришни англади. Энди уларнинг қизиқиши яққолроқ кўрина бошлаганди, мавҳум эмасди. Бўлажак бизнесчилар сифатида улар муайян ишчан имкониятлардан манфаатдор эдилар.

Палмер бу имкониятларни қисқача тасвирлаб берди ва яна бир қанча мана шундай саволлардан кейин йиғилиш раиси ўрнидан турди ва унга ташаккур айтди. — Гарчанд омонат банклари ҳақидаги мақола биз учун ҳам унчалик равшан бўлмаса-да, барибир маърузангиз ғоятда мароқли бўлди десам, кўпчиликнинг фикрини ифода қилган бўлур эди. Менинг тушунишимча, сиз ўз банкингизда олди-қочди суҳбатлардан кўра кўпроқ маълум муҳокамалар олиб бориш тарафдорисиз.

Палмер таъзим қилиб қўйди.

Бернс оғир хўрсинди:
— Вуди, қоқвош. Мен сенга банкир ролини қандай ўйнашни ўргатмайман. Сен менга сиёсатдон ролини қандай ўйнашни ўргатма. Бу нусхаларни ўз томонимга оғдириб олдим деб ўйлаяпсанми?
— Билмадим. Лекин мен уларни ўйлашга мажбур қилдим.
— Бизнес ҳақида, аммо сиёсат ҳақида эмас. — Бернс сигарета тутатди. Қоп-қоронғи машинада чақмоқтош алангаси унинг кўзларида майда сариқ учқунлар бўлиб акс этди. — Бизнес — бу мантиқ ва сен жуда мантиқли нутқ қилдинг. Сиёсат — бу мажбурият, у ҳар доим ҳам мантиққа асосланавермайди. Борди-ю, бу шундай бўлганида эди, борди-ю, номзодлар ва сайловчилар мантиқ қоидаларига риоя қилганларида эди, ҳар қандай сайловнинг натижаси олдиндан маълум бўлар эди.
— Гап мана бу сиёсий арбобларнинг ижтимоий мавқеи ҳақида кетмаётибди, Мак. Бу уларнинг бизнеси, бойишнинг хусусий бизнеси.
— Сен янгисан, — жавоб берди Бернс, — ва ҳар қандай янги каби бутун уйинни миридан-сиригача тушунаман деб ўзингга ишонасан. Сиёсатда мен ўқ еган чумчуқман, азизим, аммо мен ҳам барча қоидаларни билмайман.
— Унда қандай иш олиб бораяпсан?
— Бугунги оқшомни олайлик, — тушунтирди Бернс. — Жуда маъқул мисол. Сен у ерда нима гапирган бўлма, улар сенга нима гапиришган бўлмасин, сен ҳамманинг олдига похол солаётганинг ҳидини бурним сезиб турганди...

Машина Қирқ иккинчи кўча ёнидаги шоҳроҳдан бурилди ва бор тезлиги билан биринчи авеню бўйлаб Бернснинг уйи томон учиб кетди. Чап томонда БМТ биноси лип этиб кўринди-ю ғойиб бўлди.
— Сен гоҳо ўзингни ўзинг алдаётгандай туюлиб кетади менга, — давом этди Палмер кўчага қараганча. — Беш дақиқа бурун сиёсат ҳар доим ҳам мантиқли бўлавермайди, деган эдинг. Менимча, сен ўзинг ҳам унча мантиқли эмассан.

Бернс елка қисди:
— Айб бизда.

Палмер улар аллақачон Эллигинчи кўча атрофида эканликларини кўрди. Ҳозир улар ўнгга буриладилар-да, Бернс турадиган ўн саккиз қаватли бино олдида тўхташади.

Дарбон машина эшигини очди ва дастакдан ушлаб, Бернс томон чўзилди.
— Салом, мистер Бернс, сэр.

Бернс машинадан тушди-да, бир дақиқа дарвоза олдида турди.
— У эсимга тушди. Насроний Барни Барук эмасмиди?
— Соф орийча протестант насл, — жавоб берди Палмер.
— Ҳа-а? — Бернс ҳамон ўйга чўмиб тик турарди. — Ҳа-а. — такрорлади у.

Улар бир-бирларига кўзларини тикишди. Шунда Палмер ўзи кутганидан ҳам ортиқ даражада Бернсга нисбатан ҳақ эканини англади. Бу одам жаҳли чиққанда мантиқ-пантиқни бир четга улоқтириб юборишдан ҳам, ўз манфаатига қарши иш тутишдан ҳам тоймайди. — ибодатхонани ўз бошига ағдариб юборган Самсоннинг ўзи дейверинг.
— Яхши ётиб тур, ўртоқжон, — деди Бернс.

Лабининг бир четини қийшайтириб, у мийиғида кулиб қўйди.
— Яхши ётиб тур, Мак.
— Оғирроқ бўл, бўтам.
— Сен ҳам.

Дарбон машина эшигини ёпди. Ҳайдовчи тормозни қўйиб юборди ва машина гулдираганча тун қўйнида елиб кетди.

Қирқ Тўққизинчи Боб

Эрталаб соат ўнларда Палмер ўз хонаси томон кетиб борарди. Сийналари лўмбоздай котиба телефонда гаплашарди. У котибанинг: “Кетдингми? Яхши,” — деганини эшитди ва котиба гўшакни илди.
— Э-ҳа, мистер Палмер!

Палмер одимларини секинлатди.
— Хўш?
— Мистер Бэркхардт лифтда ўз хонасига кўтарилаяпти.
— Раҳмат.

Палмер хонасига кирди, столга ўтирди ва шу шанбада Утикда ирод этиши керак бўлган нутқини таҳрир қилишда давом этди. Виржиния унинг ўтган кунги Бруклинда қилган нутқидан намуна олиб, қоралама қилиб қўйганди. Бир неча кундан бери эрталаблари Бернс билан суҳбати ҳақида афсусланиб мулоҳаза юритар экан, Палмер унинг агар тўлиқ бўлмаса-да, эллик фоиздан кўпроқ ҳақ эканини англаганди. Унинг нутқи, албатта, такаббурликдан холи эди, аммо у ўта майин, ўта сиполик билан ва тингловчиларга нисбатан тирноқча такаллуфсиз гапирганди. Мана, энди у қаламда нутқнинг аввалидаёқ илтифотли сўзларни ёзиб қўймоқда эди: “Қаттиқ банд бўлишингизга қарамай мен учун вақтингизни аямаганингиз ва мени сизларга мурожаат этиш шарафига муяссар этганингиз учун барчангиздан миннатдорман...” — шу топ унинг хонасига йирик-йирик одимлар билан Бэркхардт кириб келди ва эшикни гурсиллатиб ёпди.

Палмер кўзини кўтарди. Ичида ўзи билан ўзи курашгандек босс эшик олдида бир зум туриб қолди — ё дарғазаб эди, ё шунчаки ҳаво етишмаётганди. Унинг доимий қизил юзи янада қизариб кетганди, шунинг учун наридан-бери жилмайганда кўриниб кетадиган тишлари ҳайратомуз даражада оппоқ ва сунъий бўлиб кўзга ташланарди.
— Салом, Лэйн, — деди Палмер ўрнидан тураркан.

Бэркхардт нимадир деб минғирлаб қўйди-да, ўтиравер дегандек қўл силкиди.
— Бу бош ўлгур сира ташвишлардан чиқмади-чиқмади, — бидирлади у.

Палмер қўли билан рўпарадаги ўриндиқни кўрсатди ва унинг қандай ўтиришини кузатиб турди.
— Қанақа ташвишлар?
— Тонгги рўзномани кўрдингми? Олбанидан хабар босилган.
— “Таймс” ва “Триб”ни ўқидим, уларда айтарлик ҳеч гап йўқ эди.
— Сен “Бюллетен”ни ўқи аввал, болам, — деди Бэркхардт паст хирилдоқ овозда. У пальтоси тугмаларини ечди ва ички чўнтагини узоқ кавлаштириб, охири ундан неча марта буклаб ташланган тутуруқсиз рўзномалардан бирини чиқарди. Палмер Бэркхардтнинг атрофидагилардан “Бюллетень” хабарларини ўқишини ва умуман уларга қизиқишини яширишга ҳаракат қилишини англади. — Тўртинчи бетда, — деди босс рўзномани столга шалоплатиб ташларкан.
— Деярли ҳеч қачон. Хўш, ўқишим керакми?
— Ҳар доим, ҳар куни сиёсий бўлим бериб борилади. — Энди Бэркхардт хиёл бемалол нафас оларди. — Сен янгисан, Вуди, шунинг учун ўзингни оқлаш имкониятига эгасан. Аммо сен шуни билишинг керакки, “Бюллетень” ҳар доим махфий ахборотни бошқа рўзномалардан бир кун олдин беради. Шу эсингда бўлсин.

Палмер бош ирғади ва Бэркхардт кўрсатган мақолани ўқий бошлади.

Бэркхардт ўрнидан турди, пальтосини стулга ташлади ва дераза олдига борди.
— Қандайдир иғво кетаяпти, — ғудранди у. — Бундай мақола беҳуда юзага келмаган ва уни кимдир атайлаб ёзган. Бернсни ишга сол. Бунинг замирида нима ётганини аниқласин.

Палмер телефонга узанди.
— Менга Мак Бернсни топиб беринг, — деди у ва гўшакни олди. Сўнг Бэркхардтга юзланди: — ЮБТК акциялари кеча нақ бир банд кўтарилди.
— Бу ҳеч нима эмас.
— Доу-Жонснинг ўртача саноат индекси уч банддан ҳам пастроқ тушиб кетди. Лекин одатдаги ЮБТКга ўхшаган анча фаол банк акциялари кўтарилди.
— Мутлақо аҳамияти йўқ бунинг.
— Жет-Тех билан қўшма йиғилишимиздан сўнг Лумис ҳақида бирон нарса эшитдингизми? — сўради Палмер.
— Йўқ. Эшитишим керакмиди?
— Мен заёмлар ҳақида у янги, анча оқилона талаб қўяди деб хаёл қилгандим.
— У талаб қўймади. Мен ҳам ундан бу нарсани кутмагандим.
— Мен кутган бўлардим, — деди Палмер, — башартики, у сизни бурчакка қисиб қўя олмаганини ҳис қилганида, албатта. Бироқ модомики талаб бўлмаган экан, мен фақат тусмол қилишим мумкин эдики.... — Телефон жиринглади, — назорат пакетини у қарийб чўнтагимда деб ҳисоблаяпти.
— Гўшакни ол.
— Алло.
— Вудс, азизим. Wie geht’s[10]?
— Бугун тонгги “Бюллетен”даги мақола.
— Ҳа-а? — Бугун Бернснинг овози ҳаддан ташқари хотиржам ва дадил жаранглаётганди.
— Бунга қандай баҳо берасан?
— Менми? Сенга нима ҳам дердим, бўтам? Дуч келган гўнгни титаверишим керакми? Менинг шундай қилишимни истайсанми сен?

Симнинг нариги учида жимлик чўкди. Сўнг:
— Сен менга бир гап айтмоқчимисан, Вуди? — сўради Бернс ифодасиз оҳангда.
— Бу ерда нимагадир ишора қилинаётгандек туюлмаяптими сенга?
— Сўнгги оқшомда ўзингдан олган нарсалар, вассалом. Агар сенинг менга айтадиган гапинг бўлса, нега шартта олдимга келиб, айтиб қўя қолмайсан?

Палмер кулди:
— Яхшиси мен буни сенга сиёсатдон сифатида инъом қиламан. Мак, сен ҳаддан ташқари сезгир бўлиб кетаяпсан. Ҳеч қанақа ишора-пишора йўқ.
— Тушки танаффусда нима қиласан, Вуди?
— Бугун кўришувимиз бор.

Палмер ўйланиб қолди. Учрашмоқчи бўлса, Бернснинг ҳар доим иккала оёғини бир этикка тиқиб оладиган одати бор эди, аммо ҳеч қачон бугунгидай бўлмаганди.
— Соат саккизларда сенга қаерга қўнғироқ қилай? — сўради Палмер.
— Уйга. Аммо тўққизда мен Олбанига кетаман.
— Яхши, — жавоб берди Палмер, — мен сенга қўнғироқ қилиб, қаерда учрашажагимизни айтаман.
— Жиннимни чиқариб юбординг, — деди Бернс зўраки ҳаяжонли кесатиқ билан. — Бўпти, бўтагинам, — қўшиб қўйди у суҳбатга хотима ясаб.
— Кўришгунча. — Палмер гўшакни илди ва Бэркхардтга афтини қийшайтириб қўйди.

Хафақон бир тарзда Бэркхардт аста ўрнидан турди. Унинг ҳаракатлари қандайдир сустлашгандай эди. Ҳар доим ерга урса осмонга сапчийдиган одам ўз ёшига мувофиқ ҳолда бирданига қувватидан айрилганди. Тўғри, бу кўп ҳафтадан бери тўпланиб қолган зўриқишлар натижасими ёки “Бюллетень”даги мақоладан бевосита пайдо бўлган ҳаяжонми, буни Палмер айта олмасди.
— Келаси ҳафтада банк қўмитаси қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилишини хабар қилганида мен Олбанига отланмоқчиман, — деди Палмер ва бу билан кекса миққийни хотиржам қиламан деб ўйлади. — Аввал Утикда бўламан, кейин Рочестерда, Олбанига эса эҳтимол пайшанбада қайтарман .

Бэркхардт бош ирғади: — Улардан сира ортда қолишни истамасдим, — деди у паст овозда, гўё биров эшитиб қолишидан қўрққандай. — Бултур ишларим беш бўлганди. Кўп кучимни олганди-ю зое кетмаганди. Бу йил эса... — У эшикка томон бурилди, сўнгра яна Палмерга ўгирилди ва унинг кўзига тикилди. — Шунинг учун ҳам бу йил сени олгандим, ўғлим. — Буни у яна Бэркхардтга айланиб, кескин оҳангда айтди. — Бунга панжа орасидан қараб бўлмайди. Агар мен чол ўтган йили уларни тўхтатиб қололган эканман, сен бу ҳаромиларнинг жонини суғуриб олишингни кутсам бўлади, борди-ю, сен бундай қилмасанг, дўстим, ЮБТК билан хайр-маъзурни насия қилаверсанг бўлади. — Бэркхардт аста кўтарилди, Палмер ҳам, лекин у ораларидаги фарқни босс кўриб қўйиши учун оёқлари қанчалик бақувват эканини намойиш қилганча атайлаб азод ўрнидан турди.

Бэркхардтнинг истеҳзоли жилмайиши кўнгилдагидек чиқмади.
— Қаёққа лозим бўлса, ўша ёққа бурилавер, ўғлим. — У елкаларини ростлади, эшикни очди ва чиқиб кетди.

Палмер эшик олдида узоқ туриб қолди, чолнинг шарти кетиб, парти қолганини қўшиб ҳисоблаганда, булар бари Бэркхардтнинг уйини эмасмикан — шуни билолмай боши қотди. Бироздан сўнг у Бэркхардтнинг қўлидан ҳамма нарса келади деган хулоса ясади.

Столига қайтиб келиб у ички телефондан Виржинияга қўнғироқ қилди.
— Реклама бўлими. Мисс Клэри ўша ердами?
— Бир дақиқа, марҳамат, мистер Палмер, — жавоб берди қиз, қўшни столда ўтирган Виржиния эшитсин дея атайлаб йигитнинг исмига урғу бериб.
— Хўш, мистер Палмер. — Виржиния телефон олдига келди.
— Бир дақиқадан кейин олдимга киринг.

Жувон унинг кабинетига кириб келганида Палмер унинг эгнидаги кўйлак янги эканини, нима бўлганида ҳам аввал уни кўрмаганини пайқади. Палмер қўли билан эшикни ёпинг ишорасини қилди ва жувон бурилганида юмшоқ кўйлаги остидан сийналари қандай дўмпайиб кўринишини кузатди.
— ...Агар бугун бўш бўлганингизда, ҳаммасини кўрсатган бўлардингиз.
— Қаерда?
— Билмадим. Мен Бернсга соат саккизда қўнғироқ қилишим керак. У мен билан бир-икки дақиқага кўришмоқчи эди.
— Ўзининг уйидами?
— Ҳа. Афсуски, у Олбанига соат тўққизда кетаяпти.
— Бу даҳшат, — деди жувон.

Чиқиб кетар экан, жувон эшикни авайлабгина ёпди. Йигит айланма ўриндиғида оҳиста бурилди ва ёпиқ эшикдан кўзини олди.

Оқшом ҳақида ўйлар экан, у аллақачон ўзини Бернснинг квартирасида Виржиния билан кўриб турарди. Манзара қисм-қисм бўлиб, кимсасиз эшикда ёмон ўрнатилган фильмдай унинг кўз ўнгида лип-лип қилар эди. У кўзларини қисиб, ғилтакни алмаштиришга ҳаракат қилди. Агар тонг бундай манзарани тақдим этса, сермаҳсул тинч кундан умид қилмаса ҳам бўлади.

Охири уйга кеч қайтиши ҳақида Эдис учун бирон сабаб ўйлай бошлагандагина хотираларига чек қўйишнинг уддасидан чиқа олди.

Эллигинчи Боб

Палмер Бернсникига кечки 8.15 дан кейин келди. Келса, у ҳозиргина соқолини қиртишлаган ва кийиниб олган экан, даҳлиздаги столчада икки костюмлик жомадон очиқ турибди. — Бирон нарса ичамизми, Вудс? — Палмерга мурожаат қилди Бернс, унинг ортидан меҳмонхона бўлмага борар экан. — Машина яна 15 дақиқадан кейин келади. Мен Вестчестр аэродромига 9.30 га бориб туришим керак.
— Ўшанақаси Олбанига учиб кетасанми?
— Бу энг майда авиайўлларидан бири, — тушунтирди Бернс ётоқ бўлмага кира туриб. — Лекин менга барибир. Янги турбовинтилларга қараганда майда самолётлар анча хавфсиз.
— Эҳтимол. — Палмер вискини қаттиқ-қаттиқ чайқади. — Сен ҳам ичасанми? — қичқирди у ётоқ бўлмасига томон.
— Жинни бўлгунимча, — жавоб берди Бернс. — Йўлга нақ бир шишасини.

Палмер унга аччиқ ичимлик тайёрлади ва стаканни бар пештахтасига қўйди.
— Мени нега кўргинг келиб қолди, Мак?
— Гаплашадиган вақтимиз келган деб ўйлайсанми? — сўради Бернс, хонага қайтаркан. У бир даста қоғоз кўтариб келиб, уни даҳлиздаги столчага қўйди. — Дўстона суҳбат.
— Қачон десанг тайёрман, ўртоқжон.
— Менга худди шуниси керак. — Бернс қайтиб келди, стаканини қўлига олди ва тахтага ўтирди.
— Соғ бўл!
— Соғ бўл!

Улар ичишди-да, сукутга чўмишди. Палмер пастда Ист Ривер шоҳроҳида машиналарнинг гувиллашига қулоқ солиб туришарди. У ўгирилди-да, Куинсборо кўпригига қараган деразадан кўз солди. Илиқ газ тумани орасидан кўприк жимирлаб кўринарди.
— Биз “Бюллетень” мухбирларидан суриштириб кўрдик, — деди у охири.
— Жиммиданми? — Бернснинг овозида ташвишдан асар йўқ эди. — Калаванинг учи топилгандир?
— Топилди. — Палмер оҳиста хўрсиниб, ўгирилди ва Бернснинг рўпарасидан ўтирди. — Манба номини топдик.
— Жимми уни сенга бердими? — Бернснинг кўзи ажаблангандек хотиржам қарарди. — Ҳа, билдим. У Жинни Клэрига айтган.
— Энг кулгилиси шундаки, — давом этди Палмер, — мен билган нарса бўлиб чиқди.

Бернс сапчиб турди-да, Палмернинг олдидан югуриб ўтиб дераза олдига борди. Худди саҳнадагидай, у деразага орқа қилиб санъаткорларча ўгирилди. Унинг чўзинчоқ юзи бадтар чўзилди.
— Вуди, бошқалар каби менинг ҳам сабр косам тубсиз эмас. Сен мени боши берк йўлларга бошлаяпсан, ва мен...
— Сени бундан ҳам чалкаш йўлга олиб кириш учун нима қилишим керак, Мак?
— Биргина ўйламасдан қилинган айблов. — Бернснинг пастки лаби таранг тортди.
— Бунақа айбловларим тўлиб ётибди. Энг тўғрисини танлашимга бир сония сабр қил. — Палмер Бернснинг одатдаги малла башарасини кузатди. Энди унинг ёноқ ва манглайи қандай қизараётгани яққол кўриниб турарди.
— Палмер, — гап бошлади Бернс бирмунча таъсирсиз оҳангда. — Ўзи аввал-бошиданоқ сен ҳам, анави сассиқ чол боссингиз ҳам менга ҳеч қачон ишонмай келяпсизлар, шундай эмасми?
— Шундай эмас. Бир неча ҳафта бурун ҳам мен сизга ишонар эдим. — Палмер яна вискидан ҳўплади. — Ишонганим шунчаликми, то шу бугунги кунгача ўзимга ишонмай келар эдим. Сиз рўзномада мана бу хабарни бостирганингиздан кейин нега бундай қилганингизга ақлим етмагунча сизга ишониб келаётгандим.
— Лекин бу сабаб бўлолмайди, — тутоқди Бернс, — сизнинг тусмолларингиз ҳам, исботларингиз ҳам хато. Мен сизга ўзимнинг сабабимни айтдим. Нима учун энди сиз бунга ишонмас экансиз?
— Шундай қилгим келиб қолди.
— Менга ишон, Вуди, — Бернс озғин қўлларини узатди, бирдан енгидаги игнатугмалар қандайдир жазавали ялтираб кетди. — Э худо, бизлар бир-биримизга ишонишимиз керак.
— Менга нисбатан ҳалол муносабатда бўлсанг ишонаман сенга.
— Ҳалолман.
— Синаб кўрамиз, — таклиф этди Палмер, — унча катта бўлмаган очиқ суҳбат қилиб кўрамиз. Менга айт-чи, штат маркази ташкилотининг ичида ҳақиқатдан нималар бўлаяпти?

Бернс бир нима демоқчи бўлди, бироқ оғзини очганча тек туриб қолди. У Палмерга бир мунча муддат тикилиб турди, сўнг унинг оғзи ёпилди, қўллари ҳар икки ёнида осилди ва у орқадаги диванга қараб кетди. Ўтирди-да, яна стаканни қўлига олиб, гўё ўзича енгил кулиб қўйди.
— Янги одам дегани ҳам шунақа фаҳм-фаросатли бўладими? — мурожаат қилди у диван ёнидаги бўшлиққа. — Ёки қизалоқ Клэри буни маълумотлар билан боқаяптими?
— У менга ахборотларни етказиб туради. — деди Палмер, — йилига эллик минг доллар маош оладиган маслаҳатчингдан ҳам кўпроқ маълумотлар келтиради.

Бернс бошини кўтарди ва Палмерга қаттиқ тикилди...
— Мен сенга вазиятни тўла изоҳлаб берганим йўқ, Вуди, — аста деди у. — Штат чеккаларидан менга нотинч миш-мишлар келиб турибди.

Палмер олдинга интилди:
— Қанақа миш-мишлар? Қаердан?
— Ван Калхейннинг у ерда одамлари бор. Хиёл майда тижорат банкларидан айримлари омонат банклари томонига ўтиб кетаётгани ҳақидаги маълумотларни олдик. Уларнинг йўқотадиган нарсалари йўқ, чунки улар майда. Улар йирик марказий тижорат банкларини ёмон кўрадилар.
— Бу бемаъни гап! — қарийб қичқириб деди Палмер. — Улар бизга боғлиқ-ку. Биз уларнинг мухбир банки бўламиз. Биз уларнинг қўйилмаларини сотиб оламиз. Биз улар учун қимматбаҳо қоғозларни сотиб оламиз ва сотамиз. Эй худойим, биз уларга бейсбол биринчилиги матчларига ва Бродвейдаги томошаларга билетлар олиб берамиз, улар шаҳарга келганларида ўзларининг эрмаклари билан бўлиб, бизнинг дабдабали хусусий идораларимизда айланиб юришади. Биз улар учун ҳамма нарсани қиламиз...

Палмер меҳмонхона бўлмасига қайтди ва соатига қаради, Виржиниянинг қўнғироғига ҳам анча вақт бор эди. У яримлаган стаканни олди ва унга тоза вискидан қуйди, сўнг дераза олдига келди-да, кўприкка тикилди.

Кўприк Куинсга ва шунақаси омонат банклари бутун бир лашкарининг бўронли марказларидан бири Лонг-Айлендга олиб борарди. Барибир ҳам, у агар Жет-Тех пуфлаб шиширмаганида бу лашкар омон қолармиди? — ўзига-ўзи савол берди Палмер.

У стаканни оғзига олиб борди ва ичаётгани муздан хиёл совиган тоза виски эканини англади. Аммо ўзини ичишдан тортиш шартмикан? Бу оқшом унинг ҳеч қандай қиладиган иши йўқ. Агар тормоз марказлари ичкиликдан бироз тўмтоқлашса, янада каттароқ бўладиган лаззатни ҳисобга олмаганда, албатта.

Аслида Виржиниянинг у билан яна учрашиш хоҳиши Палмерни ҳайратга солгани йўқ. Қисман шунинг учунки, у жувонга ўша оқшомда, сиз билан муносабатларни узаман деб айтганида унга чинакамига ишонмаганди. Эҳтимол, эслади Палмер, бу шунчаки йўл топиш масаласи эди. Жувоннинг бошқа йўли йўқ эди. Олдинги кучли муҳаббатдан асар қолмаганди. Унинг пайдо бўлишига ҳам ҳеч қандай умид-пумид йўқ эди. Жувон тўла кўнгилчанлик нуқтаи назаридангина ишқий алоқа бошлаганди.

Борди-ю, улар бу алоқани узгудек бўлсалар, тушунди йигит энди, жувон ҳеч қаёққа қараб бурила олмай қолади, дарвоқе Палмер ҳам. Палмернинг оиласи бор, бу оила Виржиния учун онага қараганда Палмер учун кўпроқ ҳиссий манба бўлиб ҳисобланарди. Уларнинг иккови ҳам дақиқа таъсири остида бир-бирига сурилиб қолган эди, ҳолатлар муштараклиги, бир хилдаги очлик, ўзаро интилишнинг юзага келган ҳали заиф туйғуси уларни ҳаракат қилишга ундарди. Шу боисдан ҳам улардаги очлик шу қадар катта эдики, улар олдиндан ўрганиш бўлиб қолган одобли расмиятчиликлар билан тезгина ажрашиб кетар эдилар.

Палмер дарёда қуйига қараб сузиб кетаётган ихчам шатакчи кемага қараб қолди, оппоқ кўпик тошиб, унинг қоп-қора сувга урилган тумшуғи узра қалпоқдай осилиб қоларди.

Мийиғида кулиб, Палмер кутишга тоқати йўқлигидан ўзи билан Виржиния бутун дунёга, тезда лаззат олиш ва ўз очлигини тезроқ қондириш учун ўзини сарф қилиб юборадиган миллионлаб одамларга ўхшатди.

Эшикнинг оҳиста тиқиллагани эшитилди. Бир марта, кейин яна бир марта. Палмер кўзини очди ва ўгирилди. Вужудини сабабсиз ғазаб чулғаган эди. Қандайдир ярамас, қандайдир жонга тегувчи ярамас махлуқ унинг режаларини бузишга, чалкаштиришга, ташвишга солишга қасд қилган. Қандайдир югурдакми, дорбонми бўлса керак... Ёки Бернсмикин?

Палмернинг лаблари қимтилди. Агар бу Бернс бўлса, Виржинияга телефонда нима деб жавоб беради? Қўнғироққа Бернс жавоб қилади. Жувон унинг овозини таниб, ҳеч нима демай гўшакни илиб қўярмикан? Кечроқ телефон қилармикан? Ёки оқшом бутунлай расво бўлармикан?

Палмер эшик олдига келди.
— Ким?

Қандайдир минғирлаган, жуда паст ва маъносиз минғирлаган овоз келди. Йигит асабий башарасини тириштирди, қулфни пайпаслади ва эшикни очди. У ерда Виржиния турарди.

Эллик Биринчи Боб

Палмер бироз уйқусираб ётди. Виржиния унинг ёнида жим ётар эди. Жувон салгина қимирлаган эди, йигит дарҳол уйғонди. Йигит қимир этмай ётар, кўзлари юмуқ, бир текис ва чуқур-чуқур нафас оларди. Жувон яна бир қимирлаб қўлини ўзининг устидан юргазиб ўтганида ҳам у қимир этмай ётаверди. Нима учун бундай қилаётганига ўзининг ҳам ақли етмаётганди.

Бирмунча муддат ўтгач, у чақмоқтошнинг қисқагина ширқ этган овозини эшитди. Сўнг сигарета тутуни ҳиди димоғига урилди.
— Уйғондингми? — жуда паст овозда шивирлади жувон.

Палмер секин ва чуқур-чуқур нафас оларди. Тезда жувон эҳтиёткорлик билан тўшакдан турди. Палмер унинг нафас чиқарганини эшитди, афтидан сигарета тутунини пуфлади. Йигит кўзини очди ва атиги бир-икки метр наридаги жувон¬нинг танасини томоша қила бошлади. Жувон пардани суриб, кўчадаги нимагадир қарамоқда эди. Меҳмонхона бўлмага қараб очилган эшик орқали тушаётган тарқоқ нур соя туширмасдан жувоннинг думбалари оралиғидаги биргина чуқурликдан ташқари баданининг ҳамма жойини ёритиб турарди.

Хонадан ташқаридаги нимагадир маҳлиё бўлган ва уни кузатиб турган нигоҳ¬ни сезмаган ҳолда жувон мутлақо бошқача кўринарди. Нега шундай экан-а?

Балки, деб ўйлади Палмер, мен уни тинч ҳолатда умуман кам кўрга¬нимдандир. Ҳатто у ўтирган вақтда ҳам — ёзув столида, масалан, — йигит уни тинч ҳолатда турибди деб айта олмасди. Ундаги нимадир, эҳтимол кўзларининг ҳаракатими ёки овозими, йигитга алайна-ошкор жувон — ҳаракатда деб айтиб тургандай бўлади. Жувонга нисбатан эса бу қарийб ҳар доим ҳаққоний бўлар эди, деган тўхтамга келди у. Жувонда қандайдир жўшқин зўриқиш акс этиб турарди.

Айни дамда мен унинг кўзларини кўрмаяпман, ўйлади Палмер, бундан ташқари уни уйғотиб юбормаслик учун жувон нафасини ичига ютган. У жувонни уйдаги ўз хонасида қандай бўлса, шундай кўриб турарди — бир тирсаги билан дераза ёнидаги деворга суянган, гавдаси оғирлигини бир оёғига солган, иккинчи оёғи тиззасидан эркин букилган. Йигит унинг оёғи кафтини, устини, хиёл дағаллашган товонини томоша қилди. Ҳатто бутун тана вазнини кўтариб турган тўпиғи жудаям ингичкалигини йигит биринчи марта кўриб туриши эди.

Жувон аста хўрсиниб қўйди ва Палмер бу товуш сирини билишга ҳаракат қилди. Унда, деб ўйлади йигит, ҳис этилган қониқиш ҳам, танҳо ва тинчликда қолмаслик хоҳиши ҳам бор. Борди-ю, улар ўртасида қандайдир умумийлик бўлса, бу ҳаммадан ҳам зўриқишдан биратўла халос бўлишга ва барча хаёлларни итқитиб ташлашга ноқобиллик эди.

Эҳтимол, ўйлади Палмер, бу ақл борлигининг бадбахт натижасидир. У ётар экан, кўзлари жувоннинг оёқлари бўйлаб гоҳ юқорига, гоҳ пастга қадар ўрлади, қандайдир ҳеч нарсани ўйламайдиган, ёқимли зўриқишдан кейин бошланувчи сокин ҳолатда ётарди у.

Гарчи жувон баданини томоша қилиш унга лаззат бағишлаётган бўлса-да, у кўзлари юмилиб кетаётганини сезди. У мушоҳадалари қандайдир янада салқи тортиб, ҳаққониятдан узоқлашиб бораётгандай бир туйғуни ҳис этди. Нима бўлганда ҳам унга уйланиб ол, ўзича хаёлидан ўтказди Палмер.

Палмер диққатини аста улар келаётган ва кўзга элас чалинаётган йўлга тортди. Эдис, уйқусираб деди ўзича, ортиқча шовқин кўтармайди, унинг болалари билан кўришувига нисбатан иложсиз қаттиқ шартлар ҳам қўймайди.

Виржиниянинг, албатта, банкдан кетишига тўғри келади. Шу ҳолатдан келиб чиқиб, унинг ҳам ковушини тўғрилаб қўйишлари тайин.

Мудроқ ҳолатда Палмер ўзининг молиявий ишларини таҳлил қила бошлади. Мулкнинг ярмини — бирваракай ёки қисмларга бўлиб тўлаш шарти билан — Эдис учун уйига, шунингдек у болалари учун турли трест жамғармаларига қўшимча тариқасида Эдис учун етарли бўлади — қолгани унинг бутун умрига кифоя қилармикан? Мутлоқ минимум сифатида эр ва хотин нима ҳисобига бемалол яшаши мумкин? Унинг бунга ақли етмасди. Ўн мингми? Йигирмами? Банкни ташлаб кетганларидан кейин улар узоқ сафар қиладиларми? Эҳтимол. Улар хорижга бориб яшашлари мумкин. Испания, балки, ёки Ўрта ер денгизидан биронта орол.

У ўзи ва Виржинияни хилват соҳилда, денгиз чуқурликлари орасида тасаввур этишга уринди ва буни кўз олдига келтиришдан ожиз қолди. Осонгина тасаввур этиш билан ўзини олис Риверада қалтираб турган ҳолда кўришнинг уддасидан чиқолмайдиган одамлар учун шаҳар эҳтимол тутилган ягона турар-жой эди. Шаҳардаги ҳаёт эса қиммат туради. Йилига 40 минг долларми? Модомики, тасаввур қилди Палмер, унинг яна кам деганда ўттиз йил яшаш нияти бор, бу эса харажатларга бир миллиондан ортиқ кетишини англатади. Ажрашувдан кейин бундай катта пулга ҳеч қачон умид боғлай олмайди. Борди-ю, харажатларни қисқартирса-чи? Чорак миллиондан фоизи йилига 12500 долларни ташкил этади. Бунга асосий маблағнинг яна 12500 долларини қўшади. Унинг қисқариб борувчи асосий маблағининг фоизлари камайиб борган бир вақтда у асосий маблағининг барча энг катта суммаларини сарфлайди ва ўттиз йилнинг охири қашшоқликка бориб тақалади. Бироқ бисотида йилига 25000 доллар бўлиб, унга...

У яна ирода кучи билан фикрларини асосий изга қайтарди. Асосий маблағдан олиш фикрининг ўзиданоқ у ларзага тушар эди. Балки бошқа йўли бордир.

Албатта, агар ажрашганидан кейин у Виржиния билан турмуш қурмаса, унда ЮБТКдаги хизматдан келадиган унинг даромади унга бемалол етиб-ортар эди. Улар бир неча йилни тишларини тишига қўйиб ўтказар эдилар. Кейин, улар турмуш қурганларидан сўнг уларнинг гарданига ҳеч қандай оғир юк тушмасди. У ЮБТКда қолаверган бўларди. Албатта, у Виржиниядан бир неча йил сабр қилишни ўтиниб сўрарди, бу вақт давомида уларнинг турмуши ҳозирги муносабатларидек сир бўлиб қолаверарди.

Виржинияга уйланиш ўзи нима дегани, қизиқувчанлик билан ўйлади Палмер. Унинг шаҳвоний нафси кучли бўлиб қолишини Палмер аниқ-тиниқ ҳис этар эди. Унинг ўз нафси рисоладагидек бўлишига Палмер амин эди. Тўғри, вақти-вақти билан оладиган лаззатлари бир неча соат оралиғи билан кўп йиллик бир зайлдаги эр-хотинлик яқинлиги ўртасида фарқи бор. Унинг бундай вазиятни олдиндан билишга ёрдам берувчи етарли тажрибага эга эмаслигини фаҳмлаб, Палмер бирмунча бесаранжомлик сезди. Эдис билан кечган ҳаёти, ҳатто энг бошдан ҳам, жинсий алоқаларга унчалик бой бўлмаганди. Ҳафтасига бир марта — асосан улар турмушининг мароми ана шундай эди.

Палмер хотини билан ораларида ҳеч қачон кутилмаган, тасодифий яқинлик бўлмаганини эслади. Ҳаммаси қарийб жадвалдагидек кечарди, одатда жума ва шанба кунлари, сабаби эртасига тўйиб ухлаб олиш учун имкон бўлсин. Бирон марта ҳам навбатдан ташқари ҳолатда йўл қўйилмаган эди. Бундай тартиб ўз-ўзидан юзага келарди: Палмер ялинарди, хотини эса кўплаб узрли сабабларни рўкач қилиб, мулойимлик билан рад этар эди. Бундан ташқари, албатта, олдиндан тасаввур этмаган мураккабликлар бўларди. Масалан, улардан биронтаси тумов бўлиб қолганда ёки ошқозони безовта қилганида, ёки боши оғриганда Эдис бу иш билан шуғулланишни жоиз деб билмасди. Бу ҳам етмагандай, Эдис бир қанча филантропик жамиятларнинг фаол аъзоси эди; бу гуруҳларнинг йиғин ва тадбирларига қўшимча кейинчалик келган Ота-оналар ва ўқитувчилар уюшмаси йиғилишлари эр-хотинлик яқинлашувининг бутун жараёнини театрга бориш ва қариндош-уруғларни зиёфати таклиф этишлар билан бир қаторда улар турмуши тарзини иккинчи даражали нарсага айлантириб қўйганди.

Палмер кўзини юмди-да, фикрларини бир амаллаб изга солишга уринди. Бунда Эдисни айблаш мумкин эмас, ўйлади у. Модалар журнали сувратларининг услубига монанд тарзда у ғоят жозибадор эди. Эрига нисбатан жисмоний мойилликнинг йўқлиги Палмернинг уйга кеч қайтгандаги мана бу барча кечки зиёфатларнинг, ва яна бунгача Чикагодаги ўзини ножўя сўзлар билан итариб ташлашга хотинини мажбур этган барча оқшомларнинг қисман натижаси ҳисобланади. У ҳеч қачон хотинига тиқилинч қилмасди, Эдиснинг эса унинг нималарга қодирлигини яхшироқ билиши учун имкони бўлмасди. Фақат Виржиниягина унинг жинсий иштаҳаси нечоғли кучлилигини ёки бу иштаҳа лаззати йигит учун нечоғли муҳим бўлиши мумкинлигини намойиш этди.

Эллик Иккинчи Боб

Палмер уни уйига таксида олиб бориб қўймоқчи бўлди. Бироқ соат миллари аллақачон тонгги 6.30 ни кўрсатиб турарди, шу боис Бернснинг уйидан унга ўзидан олдинроқ чиқиб кетишга рухсат берди. Квартиранинг “тоза уй”га айланганидан 15 дақиқа ўтиб, Палмер ергача бир қават етмай лифтдан чиқди ва ён эшикдан бинони тарк этди. У Ист Ривер шоҳроҳидан бурилиб кетган, рулда жаҳлдор ҳайдовчи ўтирган бир таксини тутди. У Айдлуайлддан одам олиб келган бўлиб, қайтишида чиқадиган ҳеч ким йўқ эди. Бутун йўл давомида жимжимадор бетонли уйига етгунча Палмер ҳайдовчининг аламли нолишларини тинглаб келди.

У машина кўздан йўқолгунча кутиб турди-да, уйига қараб кетди. Кўча тип-тиниқ бўлиб, ҳаво совуқ эди. Тонг ғира-шираси кўзга ташланиб қолган бўлса-да, осмон қўрғошиндай оғир кўринарди.

Палмер пальтоси, шляпаси ва шарфини илар экан, ичкарида ҳам ташқаридагидай кулранг ёғду ҳукмрон эканини ҳис этди. Атрофидаги ҳамма нарса гўё тош қотган. Ёқимсиз ғира-ширада зинапоянинг табиий эман ранги қандайдир дағал эди. Иккинчи қаватда ботинкасини ечиш учун Палмер бир зум тўхтади ва бу ҳаёт нима учун ҳар доим журналлардан кулгили сувратларни кўчириб олади, деб хаёлидан ўтказди.

У катта ётоқ бўлма ёнидаги ваннада устки кийимларини ечди. Аввалига ўзини энди тургандай қилиб кўрсатсаммикин деган беҳуда ўйни кечирди кўнглида. Агар Эдис ухлаб ётган бўлса, бу иш ғоятда қийин эди. Агар шундай қилиш лозим бўлса, аввал тўшакни бетартиб ҳолга келтириши, ваннага қайтиб бориши ва хотинини уйғотиш учун душ сувини шариллаб оқизиб қўйиши керак бўларди. У ётоқ бўлмага кўз солди. Эдис ухлаётгандек эди. Палмернинг тўшаги ёйилиб ётарди. Яланг оёқлари билан товушсиз юриб, у йўлакай ички кўйлагини ечганча хотинига яқинлашди. Сўнг аста эҳтиёткор ҳаракатлар билан ёстиғи ва чойшабини титиб қўйди.

Ваннага қайтиб келиб, у трусигини ечди-да, бутун бўйи билан ўзини ойнага солди. Ойнани бу ерга ўрнаштириш Эдисдан чиққанди. Ҳар икковига ўз вазнларини кузатиб боришга ёрдам бериб, ойна катта аҳамият касб этишига Эдис амин эди. Ҳозир ойна Палмерга даҳшатли маълумотни тақдим этиб турарди: нақ киндиги тагида қизил-кўкиш тиш излари мана мен деб турарди Палмер ойнага яқинроқ келиб разм солиб қаради ва шаклидан унинг қандай келиб чиққанини пайқаш қийинлигини билди. Ўзича маънодор бош ирғаб қўйди-да, душ дастасини буради ва иссиқ ва совуқ ўртасидаги чизиққа келтириб қўйди. Сув шовқини хонани тўлдирди. У душ тагида туриб олди-да, баданини совунлай бошлади.

Эшикдан уйқусираган, тумшайган, деярли кўзга ташланмайдиган қошлари ўртасида иккита тик ажин ҳосил қилган Эдис пайдо бўлганда Палмер ювиниб-артиниб, ҳаммом халатини кийиб олганди.
— Салом, — мулойим оҳангда деди Палмер.
— Ҳм. Қачон келдинг худо ярлақаб?

Палмер хотинининг тиниқ қора кўзларига синчков тикилди. Сурмасиз улар кичик ва униққандек кўринарди.
— Қизиқ, — жавоб берди Палмер саволга савол билан, — тинчликми? Эрта уйғонибсан?

Сийқаси чиққан олиб қочишдан уйқуга тўймаган Эдиснинг энсаси қотди.
— Соат бирда ҳам уйғоқ эдим. Сендан эса дарак йўқ.
— Иккигача сабринг етмайди-ку, — жавоб берди Палмер бунга. — Тош қотиб ухлаб ётибсан.

Дастлабки саволига жавоб бермаганини билиб турса ҳам Эдис сир бой бермади. Бунинг ўрнига ювиниш хонасига борди-да, тиш чўткасига қўл чўзди. У тишини юва бошлади, Палмер эса соқол чўткани намлаб, стаканда совун кўпиртирди. Ванна ичини ялпиз аралаш енгил лаванда ҳиди тутди. Шиша деворда қизғиш ёғду жилваланди. Палмер юзини чайди-да, соқолини қиртишлай бошлади. Аҳён-аҳёнда у хотинига кўз ташлаб қўярди — суриштиришга тушиб кетмоқчи эмасми, ишқилиб. Бирдан хотинини анчадан бери бундай ҳолда кўрмаганини эслаб, унга разм сола бошлади. Улар меҳмонхонада туришганида ваннахонага фақат бир киши сиғарди. Улар бу уйга кўчиб келганларидан буён Эдис негадир ҳар куни ундан олдин келиб ювинарди.

Юмшоқ эластик пижама худди ҳомиладор аёллардай Эдиснинг елкасида шалвираб турарди. Тепадан тушиб турган оч пушти нурда пижама янада тўқ кўк бўлиб кўринарди. Девордаги иситгичлар яхши ишлаб турганига қарамай, Эдиснинг энсиз яланг оёқлари ва болдирчалари совқотганидан ғоят аянчли кўринмоқда эди. Хотинини тишини тозалаб бўлиб, баланд бўйли шишадан аллақандай сутранг суюқлик олиб, юзини чаяётганини кузатар экан, Палмер унинг думбалари силкинишидан сонида осилиб турган иштони аста сирғалиб, оёқлари атрофига тахланиб тушганини кўрди, тушган кийим чеккасидан фақат оёқ бармоқларигина чиқиб турарди.

Палмер кийинишга чоғлангунча хотини ётоқ бўлмадан чиқиб келди. Халатни ечишдан олдин тишланган жойни беркитиш учун Палмер трусигини тортиб қўйди. Бир неча дақиқадан кейин у ошхонага кирган эди, қараса, у ерда ҳеч ким йўқ экан, дастурхон ёзилмаган. У ошхонага борди. Ола-була гулдор қавиқли халатида миссис Кейж чойнакка совуқ сув тўлдираётганди.
— Салом. Миссис Палмер қани?

Бирмунча муддат ҳеч нима деб жавоб бермай, ошхона бекаси унга қараб турди.
— Тепада. Нима, соатим орқадамикан? Меники етти ярим бўлди.

Палмер ўзининг соатига қаради.
— Тўғри.
— Бугун эрта турибсиз, — деди аёл, — салом.

Ошхонадан чиқиб кетар экан, Палмер жиддий жилмайиб қўйди. Одатдагидан эрта турганим ҳам ҳеч нимани англатмайди, ўзига тасалли берди у. У узун эгма зинапоялардан катта эшик олдига тушиб борди-да, эшикни очди. Эшик ва девор оралиғидаги бўшлиққа кўздан яширин ташлаб қўйилган газеталарни пайпаслаб топгунча шамолсиз қиш тонгининг кучли изғирини барибир баданини тешиб юборгудек бўлди. Газеталарни топиб ичкарига шошилди ва яна зинадан кўтарилиб, “Таймс”даги Олбани хабарини ўқишга тутинди. Афтидан, айни вақтда у ерда баҳсли қонун лойиҳалари ҳаддан ташқари кўп эди, аммо бўлимлар ҳақидаги қонун лойиҳалари ҳақида эса бир оғиз ҳам гап йўқ эди.

Палмер “Герльд трибюн” ҳисоботини мутолаа қилганча биринчи қават майдончасида турар эди. Ўз одати бўйича Олбанидаги воқеаларни ўзаро бўлашиб, газеталар иккита мақола берар эдилар. Бири далилларни хабар қилса, иккинчиси бу воқеалар ривожини шарҳлар эди. Ҳар доимгидек, гапнинг тагига етиш учун ҳар иккала мақолани ёдлаб олиш заруратидан хаёл ғижиниш ҳис этарди. Шундай бўлса-да, воқеаларни танқид этаётган мақола тагида майда ҳарфлар билан pot pourri қисқа хабарларга кўзи тушди. Уларда турли миш-мишлар баён этилганди.

“Манба катта ҳам, кичик ҳам эмас, Виктор С., Катта Вик эса иттифоқ¬дошларига омонат банклари бўлимлари ҳақидаги қонун лойиҳаси муносабати билан Тамманининг мустаҳкам мухолифатида парокандалик ҳақидаги миш-мишларда заррача ҳақиқат йўқ. Унинг мавжуд ҳолатидан анча кўнгли тўқ бўлиб кўринувчи atter ego, публицист Мак Бернс штатнинг ғарбий округлари бўйлаб кичикроқ саёҳат қилмоқда”.

Палмер титраб кетди.

Юқори пиллапояда сайқаллаб кетиб, панжарадан ушлаб қолди ва ҳар иккала газета тушди. У газеталарни ердан олди-да, ётоқ бўлмага йўл олди.

“Таймс”ни Эдиснинг каравотига ташлаб, у ўзининг каравотига ўтирди, тиззаларини маҳкам қисиб, “Геральд трибюн”ни нима қилсам экан деб ўйланиб қолди. Саросималанганидан ҳатто газетани чойшаб тагига яширмоқчи бўлди. Сўнг ўзини қўлга олди-да, ўрнидан турди. Жуда секин ҳаракат қилганча у эшик олдига келди, залда ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, тезгина катта эшик олдига келди. Уни очиб, кўчага чиқди. Қора пальтоли икки киши унга пешвоз келарди. Уларнинг ўтиб кетишини пойлаб турди. Совуқ унинг кўйлак ва шимлари орасига кириб кетмоқда эди. Қорни ичида енгил титроқ турганини ҳис этди. У дарров эгилди-да, газетани кўчада икки уй нарида турган машина остига улоқтирди. Тезда уйга кирди, эшикни ёпди ва исиниб олгани бироз тик турди.

Нафасини ростлаган бўлса-да, энди ўзини қўлга олиб, бутунлай хотиржам ҳолда у хабардаги қандай нарса уни ҳаяжонга солганини аниқлашга қарор қилди: кеча кечқурун Бернс Олбанида бўлганми, (ҳолбуки Эдис уни Нью-Йоркда деб айтганди), ёки бу суллоҳ унинг олдига похол тўшаб кетганича Палмердан олдин чекка жойлардаги банкирлар билан суҳбатлашганми?

Атиги қирқ дақиқа ичида у учинчи марта зинадан кўтарила бошлади, бироқ бу гал қулоғига ноништага тўпланганларнинг ғовур-ғувури чалинмоқда эди. Афтидан, газетадаги хабарни энди оилавий бўлиб муҳокама қилишадиганга ўхшайди. У йўл ярмида тўхтади. Газетани гумдон қилди. Эдис бошқа нусхасини топишга ҳаракат қилмаса керак. Бу томондан кўнгли тинч. Аммо Бернсни нима қилиш керак?

Палмер емак бўлмага кирди ва Жеррининг санчқи, пичоқ ва қошиқларни териб қўяётганини кўрди.
— Ҳелло, кўринишингиз худди қўлида бурга ўлдирган одамга ўхшайди.

Палмер им қоқиб қўйди.
— Дарвоқе, яхши ётиб турдиларингми? — деди у.

Галстугини тўғрилаб, хонага судралганча Вуди кирди. У ўз ўрнига ўтирди-да, стакандаги шарбатни бир дафъадаёқ шундай симирдики, ҳатто энтикиб юборди.
— Салом, ота, — деди у бирдан сўнг.
— Дурустмисан? — Палмер овозидан асабийлашганини сездирмасликка ҳаракат қилди. Бориб ўз жойига, оила бошлиғи ўрнига ўтирди, энсасидан сал юқорида мияси лўқиллаб оғриётганини ҳис қилди. У оловда тобланган нон тўғрамига қўл чўзган Вудидан кўз олмай шарбатдан ҳўплай бошлади.
— Шошма, — ўғлини туртди у. — Ҳали ҳамма келгани йўқ.

Вуди елка қисиб қўйди ва столга келиб ўтираётган синглисига маъноли қаради.

Палмер ўзига қаҳва қуйди-да, қаҳва чойнагини Жеррига узатди.
— Ойингнинг пиёласига қуй.
— Унинг пиёласи лиммо-лим, — ғудранди қиз. — Совиб, ичолмайдиган бўлиб ётибди.

Палмер усталик билан қуймоқни улашди. Йиллар давомида ортдирган тажрибаси ҳар бир боласига ўзига қараб улуш беришни ўргатиб қўйганди — катта бўлаклар Вудига, энг кичкинаси Томга — ортиқча ўйлашга ҳожат йўқ.
— Эдис?

Хотини бош чайқади.
— Фақат қаҳва ичаман.

Палмер бир лаҳза тараддудланди. У аслида жиддийроқ овқатлангиси ҳам йўқ эди, аммо ҳузурбахш тундан кейин у одатда бўкиб овқатланар эди. Бугун ҳам шундай қилиш керак. У ўзига чўчқа гўштидан қўйди ва то униси ҳам, буниси ҳам бироз совушини кутиб, қаҳвани охиригача ичиб қўйишга ҳаракат қилди. Оғриқ энди бутун манглайига тарқалган ва аста бошининг чап томонига ўта бошлаган эди.
— Эдис, — деди Палмер, барибир асабийлашганини овозида билдирмасликка тиришиб, — бу болалардан биронтаси “илтимос” ёки “раҳмат” сўзини биладими?
— Илтимос, дадажон, яна озгина қуймоқ берасизми? — бир маромда бидирлади Вуди.
— Қуймоқ учун раҳмат, дадажон, — жўр бўлди Том.

Жерри ўй сурганча кавшанарди. Шу тариқа луқмани обдон янчиб, у оғзидаги борини ютиб юборди, одоб билан шарбатдан бир ҳўплади-да, салфеткани лабига текизди.
— Мен суюкли ота-онамнинг ҳар иккаловига ҳам, — гап бошлади у, — чуқур миннатдорчилик изҳор этаман, айниқса, менга маҳорат билан овқат сузиб берган...

Том кумуш қаҳва чойнагидаги ўз аксини ўйчан томоша қиларди. У ижирғаниб юқори лаби чеккасини хиёл кўтарди. Сўнг кўзларини қисди-да, нигоҳини у ердан узди.
— Том, — деди Палмер одатдаги оталарча ҳукмфармолик билан, — овқатингни е.

Кенжа ўғил овқат ея бошлади, Палмер ҳам.

Қуймоқнинг биринчи улуши мазаси ўртача эди. У нафис, юпқа қуймоқни хуш кўрарди. Бироқ бу тонгда унинг ғовак намчиллиги бирдан Палмернинг кўнглини беҳузур қилиб юборди. У Жерри томонга ўгирилди:
— Мактабда ишлар қалай?
— Ўша-ўша — бош оғриғи.

Палмер ҳозиргина у кашф этган чалғитувчи ҳаракатни чуқурлаштиришга тайёрланиб, санчқини қўйди. Фарзандлар кексайганингда таянч бўлишлари керак ва бўлганлар, ўйлади у.

Эллик Учинчи Боб

Ўша ҳафтада жума куни Линкольннинг туғилган куни байрам қилинди. Бундай байрам уик-эндга тўғри келмаганда ишбилармонлар доирасида сезиладиган қарийб илғаб бўлмас одатдаги тазйиқ банк соҳасида билинмаётган эди. Бошқа идоралар тазйиққа бардош беролмай, бугун ишламасликлари мумкин эди, ўйлади Палмер 8.45 да ўз кабинетига кириб келар экан, бироқ банклар Линкольннинг туғилган кунини ўз байрамлари деб тан олмасдилар. Жанубда уни байрам қилмаганлари боис шимолий банклар агар жанубий штатлардан Нью-Йоркка қандайдир мухбирлик ишлари келиб турган ҳолда очиқ қолаверишлари керак эди.

Гарчанд Палмер банкка йўл олганда “Таймс”ни машинада ўқиб чиққан бўлса-да, у газетани ўзи билан кабинетига олиб келганди — Олбани хабарларини яна бир карра кўздан ўтказмаса бўлмасди, Штатнинг қонун чиқарувчи муассасалари жон талвасасида бугунги тонгги қисқагина дастлабки сессияни режалаштирдилар, у сенаторлар ва қонун чиқарувчи йиғилиш аъзоларига одатдагидан анча узоқроқ уик-эндга уйларига жўнашларига имкон бериши керак эди. Кун тартибининг бугунги тонгга қолдирилган икки банддан биттаси, Палмер кўрганидек, ғайриоддий қўшимчани — омонат банклари ҳақидаги қонун лойиҳасига тузатишларни муҳокама қилиш учун банклар қўмитаси мажлиси эди. Бундай тузатиш киритиш ғояси Бернсдан чиққан бўлиб, у уни бир неча кун аввал баён қилган эди. Ҳозир Палмер Бернснинг фикрлари иш беришига унчалик кўзи етмаётганди, лекин тагидан қараганда ғоя яхшидай кўринарди.

Омонат банклари бирлигини синдириб, Бернс киритилган тузатишга нисбатан ҳар қандай мўлжалли мухолифни заифлаштиришни тушунарди. Борди-ю, тузатиш киритилгудек бўлса, бу тижорат банки мустаҳкамлигидан гувоҳлик беради. Олбанида ва умуман ҳаётда эса куч гувоҳликлари бошга балодир.

Палмер ёзув столи олдига қайтди ва бугунги санани очиб, тақвим варақларини оғдирди. Варақда нимадир тирнаб ўчирилган эди. Бир дақиқа Палмер ўзининг шошиб ёзган хатини ўқишга тиришиб, ёзувга синчиклаб қаради. У тахминан бундай эди: “2 ҳфт сқлвлар йиғил”. У сатрни янада диққат билан ўрганди ва дастлабки икки сўз “Икки ҳафта” деган қарорга келди. Шунда у бутун ёзувнинг маъносини тушунди: “ЮБТК акцияларни сақловчиларнинг йиллик йиғилиши икки ҳафтадан кейин бўлади”. Ўзини текшириш учун у тақвимни яна ағдара кетди ва “жума” варағида, икки ҳафтадан кейин, “сқлв блд” деган ёзувни учратди.

Воқеалар жуда тез қуюқлашиб борарди. До Жонс кўрсатгичлари пастлашиш томон кетаётганини аниқлаган бир ҳафта ичида ЮБТК акциялари яна бир банд кўтарилган эди.

Умуман ўлик, маъюс бозорга қарши ўлароқ ЮБТК акцияларига талаб ошгандан ошмоқда эди. Палмернинг маслаҳати билан Бэркхардт шу йил акцияларнинг янги нодўст қўлларга ўтиб қолишини қисқартиришга ҳаракат қилиб, акциялар сақловчилардан муддатдан олдин овоз беришга одатдаги ишончномаларни сўраб олди, аммо бу энг кўп деганда бир неча минг акцияни ҳаракатсизлантириб қўйиш учун умид туғдиришга имкон берувчи “мен дўконни ёпаяпман” қабилидаги найранг эди. Айни вақтда агар Олбанидаги бернсча куч синашиш муваффақиятсизликка учрагудек бўлса, бу ҳатто дўстона кайфиятдаги акция сақловчиларга Бэркхардтнинг омонат банклари юзага келтирган вазиятни назорат қилишга қодир эмаслигини намойиш қилади. Бундай ҳолда Бэркхардт ЮБТК устидан назоратни қўлида ушлаб тура оладиган айнан ўшандай одам ҳисобланармикан?

Мураккаб ўйин, ўйлади Палмер. Очиғини айтганда, у Жо Лумис ташкил қилган қанотдаги ҳужумларни мувофиқлаштириб ўтиришни унчалик хушламас эди. Ҳар бир бўғимда муваффақият қозонишга имкон берувчи вақт ва куч захирасини танлаб олиш учун фавқулодда устамонлик билан тузилган айёрона режа.

Палмер шундай фикрлаганича телефон гўшагини кўтарди ва Виржиниянинг ички рақамларини терди.
— Бошинг қалай? — деб сўради у салом-алик қилиб ўтирмай.
— Ҳмм. Хайрли... — унинг эринчоқ овози хириллаб чиқди.
— Ёнимга қачон кира оласан?
— Шифокорлар кислород ёстиқчаси ёрдамида ўзимга келтириши билан.

У гўшакни жойига илиб, ўзича кулимсираб қўйди. Иккаласи ҳам ўтган кеча қаттиқ маст бўлишган эди. У ниҳоят бугун эрталаб кайфи тарқаб, кўнгил¬сизликлардан қутулиб, ўзига келди. Уйга ўз вақтида — кечки ўн бирда қайтганим яхши бўлди, — деган хулосага келди у ўзича, — Эдисда ҳеч қандай шубҳа-гумон туғилмайди.

Ана, аёл кабинет эшигини очиб — ёпди, хонага пардалар орасидан қия тушаётган хира феврал қуёшидан қамашган кўзларини ярим очганча остонада бир неча лаҳза туриб қолди. Палмер унинг хона бўйлаб аста юриб келаётгани, иш столидан айланиб ўтиб, ўзига яқинлашаётганига қараб турди. Аёлдан келаётган билинар-билинмас, сигарет тутуни аралаш атир ҳиди унинг таъсирчан туйғуларига бўғиқ қўнғироқ овозидек таъсир қилди. Аёл энгашиб, унинг яноғидан ўпди ва лаб бўёғи юқиб қолмадимикин дея ўпган жойига қараб қўйди, яна ёзув столини айланиб ўтиб, қаршидаги стулга ўтирди. Аёл бурнини жийирди.
— Марҳамат қилиб, бунчалик димоғдор бўлманг, — деди аёл.
— Майли. Қандай бўлишим керак унда?
— Худо ҳаққи, бунчалик чиройли ҳам бўлманг. Менга ўхшаб ҳорғин бўлинг.
— Майли. Ҳорғин бўламан. Тўғри келадими?
— Худди каттакон банкнинг вице-президентига ўхшаб толиққан бўлинг.
— Менинг омадим юришяпти.
— Мени нега чақирдингиз? — хўрсинди аёл.
— Бу ер жуда ёруғ. Биз шафқатсиз одамлармиз, ҳеч нарсадан тап тортмаймиз.

Ва ниҳоят у кўзларини очди.
— Сиз нафақат шафқатсизсиз. Бу тунда бўлиб ўтган нарсаларни бажаришга мени қандай мажбур қилдингиз?
— Ҳар қалай, қўлингизни қайириш йўли билан эмас.
— Мен баённомага аввал ва ундан ҳам аввал, ҳеч қачон бунга ўхшаш нарсага қўл урмаганим ҳақидаги аризамни киритишингизни хоҳлайман. Ҳеч қачон.
— Қизиқ, бироқ таклиф сиз томонингиздан тушгани эсимда.

Аёл чуқур хўрсинди.

Сиз мени ўзингизга аллақачон маълум блган нарсани билиш учун чақирмагандирсиз?
— Мен ана шу хатони тузатиш ҳақида қаердан тез маълумот олишимиз мумкинлигини билмоқчи эдим Телетайпда бирорта танишингиз йўқми?
— Бернсга қунғироқ қилсак бўлмайдими?
— Мен биладиган жойлардан уни топиб бўлмайди. Уни топиб беришларини илтимос қилишим керак. Шундан кейингина у менга қунғироқ қилади. Доимий алоқа қилиш мумкин бўлган бошқа одам керак.
— Мен Олбанига, матбуот хонасига қўнғироқ қилишим мумкин, — таклиф қилди аёл.
— Наҳотки шу ерда, шаҳарда ҳеч кимимиз бўлмаса? Мен уларни репортаж тайёрлаётган пайтларида безовта қилишни истамайман.
— “Таймс”га суқулиб кира олганимиздайди, Виржиния, агар сиз...
— Бубби! — кимдир қаттиқ қичқирди. — Буббили!

Палмер ўгирилиб, ишхона остонасида Виржинияга жилмайиб қараб турган кўзига таниш одамни кўрди. Палмер унинг бўйи деярли олти футга яқинлигини, фақат тўлалиги учун паканароқ кўринишини пайқади. Калта қирқилган сочлари остидаги ўйноқи кўзли юзлари ва дўмбоқ ияклари Палмерга таниш эди.
— Жонгинам. — Виржиния унга салом берди. — Менинг бошлиғим Вудс Палмер билан ҳам саломлашиб қўй. Бу — Кесслер, “Стар”нинг жентльмен бўлиб улгурмаган ягона фоторепортёри.
— Салом, Палмер! Ҳалиям кераксиз немис ракетачиларини йўлдан уриб юрибсизми? Қанақасидан керак?

Палмер Кесслернинг самимий кўзлдарига қаради. Бу кўзлар “танирмикин?” дегандек ҳушёрлик билан тикилиб турарди.
— Сиз?! — деди Палмер. У қўлларини узатди. Хаёлида қўллари қопқонга тушиб, бармоқлари сиқилиб қолгандек бўлди ва афтини буриштириб, бармоқларини тортиб олди. Кесслернинг пастки лаби ўртасида осилиб турган сигарета у гапирган пайтда сакраб, бежирим тикилган костюмига қуюқ кул сочарди.
— Қария, барибир бемаънилик қилдингиз. Сиз руслар қўлга туширган нарсаларни ўғирлашингиз керак эди.
— Нима, у доим шунақами? — сўради Палмер Виржиниядан.
— Йўқ. У ҳозир ўзини яхши тутаяпти.
— Тўппа-тўғри, — тасдиқлади Кесслер. — Аёллар бор жойда ўзимни тутишга мажбур бўламан. — У Виржинияга зимдан қараб қўйди.
— Айт-чи, азизим, фотобўлимингда телетайп борми? Ундан Олбани билан алоқа қилса бўладими?

Кесслер бош чайқади.
— Ассошиэйтед Прессдан фақат молиявий ҳамда тижорат хабарларини оламиз. Нимайди? — Ва қўшиб қўйди: — Фойда чиқадиган бирор нарса борми?
— Бугун эрталаб у ерда қонун лойиҳасига тузатиш киритиш бўйича овоз берилади.
— Яна банк бемаъниликларими? — тўнғиллади у. — Бубби, мен бу шаҳар ҳақида ўн беш йилдан бери фоторепортаж бериб келаман, лекин банкдан бирор марта тайинли сурат олганим йўк.
— Агар олганингда ҳам “Стар”да босиб чиқаришмасди, — деди аёл.

У бош ирғади ва Палмерга ўгирилди:
— Ундан сўранг. У сизга аёллар думбасини суратга олиш бўйича устаси фаранглигимни айтиб беради. Энг асосийси, ўн беш йил ичида мен “Стар” орқали нозанин аёлларнинг белини суратга олдим. Булар орасида Гусси Мореннинг калта теннис иштончасини кияётган пайтдаги сурати зўр чиқди. — У Палмерга қаради. — Нима сабабдан сиз ходимингиз кузатувида хилват жойларда дайдиб юрибсиз? — Одатда сиз эмас, репортёр олдингизга бориши керак-ку.
— Биз севги туфайли боғланганмиз — изоҳ берди Виржиния.
— Худо қўлласин сизни, Палмер, — деди қатъият билан Кесслер. — Бу қиз олий тоифали барларда қадаҳга солиб бериладиган ўртаси тешик бир бўлак музга ўхшайди. Шундай эмасми?
— Гапингизга қараганда бир гал тилингиз куйганга ўхшайди, — деди Палмер.
— Бир гал? — Кесслер кулиб юборди. — Азизам, сенинг ортингдан қанчадан-қанча таҳририятларга югурганимни унга айтиб бер.
— Бунчалик паст кетишнинг нима кераги бор? — жавоб берди Виржиния.

У аёлга бир сония ҳирс билан тикилди, кейин елкасини қисди:
— Бубби, мен сени телетайплар ёнига элтиб қўяман, лекин бошлиғинг шу ерда қолиши керак.

Палмер сунъий оч сариқ-жигарранг чарм қопланган эски узун ўриндиққа ўтирди. Атрофдаги тахта ромларга илиб қуйилган “Стар”нинг янги саҳифаларини кўздан кечирди. Сигаретини ўт олдирди ва узоқ вақт кутишни мўлжаллаб, қулайроқ ўрнашиб олди. Бироқ бир сониядан кейин Кесслер қабулхонадан ўтаётиб, унга “Сиз ҳалиям шу ердамисиз?” деган маънода сохта ҳайрат билан тикилди. Тез юриб келиб, ёнига ўтирди.

Палмер хўмрайиб, Виржинияга қаради:
— Қизиқ, бизнинг ҳамма сирларимиз ҳам шунақа кенг ёйилганми?

Кесслер бош чайқади.
— Отахон, ҳеч ким менга деярли ҳеч нарсани айтгани йўқ. Шунчаки, мен Мак Бернсни яхши биламан. Энди эса сизни ҳам билиб олдим, — унинг нигоҳи Палмердан Виржинияга, Виржиниядан яна Палмерга, кейин яна аёлга сирғалди. — Қандай қилиб у бунга эришади? Чамаси, сиз калтафаҳм йигитга ўхшайсиз. Қандай қилиб барча сафсаталарига ишона қолдингиз?

Палмер дастлаб боплаб жавоб бермоқчи бўлди. Аммо навбатдаги сонияда яхшиси индамаслик керак деган қарорга келди ва ниҳоят, енгил тортиб, ўзини босиб олганини ҳис қилди.
— Шуниси кулгилики, — деди у Кесслерга, — бошданоқ мен унга ишонма¬гандим. У биринчи юришини бошлашидан олдинроқ икки ёқлама ўйин қилаётганини сезгандим. Мен, ҳатто нима учун бундай ўйин қилаётганини ҳам биламан.

Кессер Виржинияга ўгирилди:
— Бубби, бошлиғинг қанақа одам ўзи? — деди-ю, яна Палмерга қаради: — Хўш, гап нимада? Гипнозми? Нима учун шундай қилишига йўл қўйдингиз? Ё сизга барибирми?

Палмер кўзини қисди. У олдингидек эҳтиёткорликдан эмас, асабийлашмаслик учун бироз жим қолди.
— Менга тўғрисини айтинг, — деди у вақтдан ютишга уриниб. — Нью-Йоркдаги газеталардан биронтаси Мак Бернсни қуллаб-қувватлайдими?
— Кимга ҳақ тўлаётган бўлса — ўшалар.

Палмер Виржинияга ўгирилди.
— Бу ҳам ҳаммага маълум.

Аёл бош ирғади:
— Сиз бунақанги қуруқ гаплар оғиздан-оғизга қанчалик тез ўтишини тасаввур ҳам қилолмайсиз.
— Бу нимаси? — Палмер яна сергакланди. — Бирортаси?... — У тутилиб қолди ва лабларини ялади. — Бу ҳамиша жамоатчилик бўйича алоқалар бўлимида қулланиладими?

Кутилмаганда Кессер масхаромуз жилмайди, шу аснода сигаретидаги бир дунё кул тўғри оғзига тўкилди.

Узоқ туюлган бир неча сония давомида фоторепортёр Палмерга қараб турди, кейин:
— Отахон, сиз мени жуда ажаблантиряпсиз. Акс ҳолда, Бернсга ўхшаш итдан туғилганлар ўзига керакли нарсаларни чоп эттириш учун журналистларни қандай ишонтиради?

Палмер секин бош ирғади. Шляпасини кийиб, Виржинияга қаради:
— Идорага қайтиб борамиз. Мен Олбанияга қўнғироқ қилишим керак.

Улар Олтинчи авеньюни кесиб ўтиб, олдинга қараб шиддат билан елиб боришмоқда эди.
— Вудс, — чуқур тин олди аёл. — Қаёққа шошяпсиз?

У қадамини секинлатди.
— Унинг фикрича, — вазмин овозда деди Палмер, — мен гўё бичилган одамман. Эсингдами? “Бошлиғинг қанақа одам ўзи?” дегани. Бу гапни қандай оҳангда сўраганини эслайсанми?
— Албатта, лекин у сен ҳақингда бунақа нарсани назарда тутгани йўқ...
— Мен нимани назарда тутганини яхши биламан.
— Сен йўқ нарсага ёпишиб олдинг, Вудс. Сенга йўқ нарса бор бўлиб туюляпти.
— Шундай бўлишиям мумкин. — У бир сонияга жим қолди. Кейин хўрсинди. — Сен ҳам менга ўхшаб ҳис қилишингни унутмабман, албатта. Бу йиллар давомида сен тақдир иродасига кўра — ўз ихтиёринг билан Бэркхардтнинг қўлига тушиш учун менинг отамга ўхшаган ота қўл остида бўлганинг йўқ. Менга энг алам қиладиган жойи шунда. Кесслер буни осонгина илғаб олди.
— Тасодифан, — деди аёл.
— Қандай бўлганда ҳам у аниқ ва қаттиқ зарба берди.
— Сен бўлсанг бир нарса чақиб олгандек сакраб, телефон гўшагини олдингда Макни бўшатиб юбординг. Мен эсам, банкирлар ўта сабр-тоқатли бўлишади, ҳар қандай ишни шошилмай бажаришади деб ўйлагандим.
— Нима учун Макнинг жиловини қўйиб юборганимни бирдан англаб қолдим. Биласанми, унинг ишлари учун ҳам масъуллигимни ҳис қилмаганман.

Палмер уни чорраҳа томон бошлади ва улар Бешинчи авеньюни кесиб ўтдилар. Улар энди чорраҳа бурчагида туришар, Виржиния у қайси томонга бошлашини кутар, Палмер эса бир жойда туриб қолганларини англамасди.
— Бэркхардт уни ёллаганди. Йўлбарснинг думидан ушлаб олганини сезиб қолиб, қўрқиб кетди-ю, унга қарши ваҳший ҳайвон сифатида мени ёллади. Мен ўзимни асосий хусусиятларимни англаб етганимдан кейин Бэркхардт қачонлардир отам мени ҳайратга солгани каби ҳайратлантира бошлади. Менимча, айни шу аснода Бернснинг икки ёқлама ўйинини кузатиб, яширинча қувонч ҳис қилдим. Кесслер ҳақ. Менга, аслида фарқи йўқ эди.
— Ҳозир-чи?
— Ҳозир нимагадир бунга шахсий ишимдек муносабатда бўла бошладим. Мени тўғри тушунмасалар, тоқат қилолмайман. Бу нафсониятимга тегади. Айниқса, Макиавеллига ўхшаган ливанлик пасткаш Бернслар қадримга етмагани нафсониятимга тегади.
— Лақма фотомухбирнинг тасодифий фикрлари кўзингни очганига ишонгим келмайди, — деди аёл.
— Бироқ, айнан ана шундай бўлди.
— Йўқ, ҳечам бундай эмас, — аёл қовоғини солиб, йўлак четидан юриб кетди ва ўтиб кетаётган таксини тўхтатди. — Ўтир.
— Машина гавжум йўл ҳаракати оралаб шимоли-шарқ йўналиши бўйлаб, Бернснинг уйи томонга аста юриб кетди.
— Аслида сени занжирдаги итдек тутиб турган бемаъни ҳалол ўйинга иштиёқинг туфайли Бернсга яна бир имкон беришга қарор қилдинг. Шунинг учун сен унинг тузатиш тўғрисида ёлғон сафсатасига лаққа тушдинг.
— Қандай бемаънилик!
— Тўғри айтасан, лекин сен айнан шундай қилдинг. Сен аллақачон ўзинг билган нарсани тан олишни хоҳламадинг. Одамларнинг ҳалоллиги ҳақидаги хасга ўхшаган содда тасаввурга маҳкам ёпишиб олдинг.
— Ҳм.
— Сен ўжарлик билан ҳеч қайси одам Мак Бернсга ўхшаб маккор бўла олмайди деб ўйладинг. Лекин мен сенга айтяпман, Вудс, бу шаҳарда Мак Бернслар тўлиб ётибди. Дунёда ҳам. Ва ниҳоят, ҳозир сен буни тушуниб етдинг. Жаҳлинг чиқаётганига сабаб шу.
— Мен бироз тинчландим, — у кулимсираганича, аёлнинг қўлини ушлади.
— Кўчада ўзингни жуда ғалати тутдинг, — унинг қўлини олиб жилмайди Виржиния. — Йўлбарснинг думидан тутиб турганинг ҳақида гапирдинг.
— Бу кулгилими?
— Фожиа аралаш кулги. Вудс, сен Таммани сиёсат бозорлари чангалзор¬ларидаги йўлбарснинг думидан ушлаб турибсан. Бундай йўлбарсдан қисқагина телефон қўнғироғи воситасида қутулиб кета олмайсан.
— Бернс ишдан бўшади. У буни яхши тушунади.
— Демак, азизам, сен йўлбарсларнинг нимага қодирлигини билмас экансан.

Эллик Тўртинчи Боб

Кундуз соат бирда қиш қуёшининг қия нурлари Бернс жойлашган меҳмонхонадаги қалин оқ гиламга тушди. Қуёш гиламнинг Виржиния ётган жойдаги қордек оппоқ тукларини қиздирди ва унда гўё аксланиб, хонани нурга тўлдириб юборди. Кўзлари бироз қамашган Палмер ўрнидан туриб, бар ёнига борди. Унинг яланғоч бадани қуёш ҳароратини туя бошлади. У илгари сира ҳам қуёшнинг ёрқин жилосидан жисмонан лаззатланмаганди. Қуёш нури танасидаги ҳар бир томир, ҳар бир ҳужайрага кириб бораётганга ўхшарди. Жисмоний лаззат унга шунчалик ҳайратланарли куч ва тиниқлик бахш этдики, гўё қайтадан туғилгандай бўлди. У иккита стаканга озгинадан виски қуйди ва иккаласини ҳам Виржинияга олиб келди.
— Музи йўқ-ку? — аёл унга қараб минғирлади.
— Эриндим.

Қўлларини ёйганича чалқанча ётган аёл ўта енгил ҳаракат билан ёнбошига ағдарилди-ю, Палмернинг оёғидан қаттиқ тишлаб олди. У сесканиб кетди. Виски аёлнинг кўксига сачради.
— Совуқ экан! — чийиллади аёл. — Сен кимсан — айтайми? Қари хотинбозсан!

У стаканни бироз қийшайтирди. Аёлнинг қорнига яна бир неча томчи виски томди.
— Ярамас, — минғирлади аёл. — Зўр вискини бекорга исроф қиляпсан.

У аёлнинг ёнига тиз чўкди.
— Кел, вискини бекорга исроф қилмайлик.

Эшикка солинган калит овозини иккаласи баробар эшитишди.

Палмер ўрнидан турди. Уни ҳам зудлик билан турғизди. Улар ётоқхона эшигига отилишди. “Кийимини олишга улгурди”, эътибор берди Палмер. Ва даҳлизга қараб, эшик қия очилаётганини кўрди. Ётоқхона эшигига назар ташлади. Ёпиқ. Шошилмасдан бар ёнига бориб, стаканларни қўйди. Аёл диванда буюмларидан бирини қолдирганини кўрди. Гиламда вискидан қолган кичкина доғни ҳам пайқади. Ва яна даҳлизга қаради.
— Азизим, сен банкир сифатида ёмон жойлашмагансан.

Бернснинг ингичка пастки лаблари ясама ҳайрат билан қийшайди. У ортидан эшикни ёпди. Эшик темирга ўхшаб қаттиқ тарақлаб ёпилди.

Палмер Бернснинг йўл чамадонини кираверишга қуйганини кўрди. У ўша ерда ётган конвертларга кўз ташлади. Кейин яна жилмайганча Палмерга ўгирилди.
— Нега кийинмаяпсан? Устингга бирор нарса ташлаб олмайсанми?

Палмер бар ёнига борди. Ундаги стакандан бирини олиб, шошилмасдан ичди. Кейин:
— Шаҳарга қандай қилиб шунчалик тез қайтдинг? — деб сўради қизиқиш билан.
— Могавк авиайўналишидаги самолётлардан бири билан Нью-Йорккача. Вертолётда Ғарбий ўттизинчи кўчагача. Бу ёғига таксида. Икки соатда.
— Ғаройиб замонда яшаймиз — Палмер стаканни бўшатди. — Виски ичасанми?

Аста-секин юриб, меҳмонхонани кўздан кечираётган Бернсга ўгирилди. Унинг буғдойранг сочлари қуёш нурида ялтираб турарди. У диванга энгашиб, қора сийнабандни олди ва ўлчами ҳамда фирма белгисини кўздан кечира бошлади.
— Ўттиз олти даража, — минғирлади у. — Яъни тўла. — Унинг серҳаракат оғзида “мен ҳамма билан тотув яшайман” деганга ўхшаш, хайрихоҳона табассум зуҳур бўлди. У Палмерга қаради: — Вуди, болажоним, қадди-қоматингни қандай сақлашингга энди тушуна бошлаяпман. Бир грамм ҳам ортиқча ёғ йўқ, тўғрими?

Палмер шу ерда, диван устида ётган калта иштонини олиб, кийди.
— У чиқиб кетиши учун ошхонага кириб туролмайсанми?
— Мен уни кўрмаган бўлсам ҳам, Жинни деб тахмин қилсам бўладими?
— Биринчи раунд, — Палмер майкасини кия бошлади. — Шундай экан, мен унга сийнабандини бераман.
— Қимирла. Буни, ҳм, мадад бериш дейилади.
— Ҳа. — Палмер ётоқхона эшигини тақиллатди. Эшик қия очилди . У сийнабандни узатди.
— У сен борлигингни билади, — деди у.
— Тушунарли. — Аёл эшикни ёпди.
— Чамаси, унинг жаҳли чиқди, — хушмуомалалик билан сўз қистирди Бернс. — Бироқ у кимга жаҳл қиляпти?

Палмер диванга ўтириб, шошилмай пайпоқларини кийди, камарини тақди.

Ётоқхона эшиги очилди. Виржиния иккала эркакнинг орасидан ўтиб, дераза ёнига борди. Қуёш нурига йўғрилганича, упадонини олди. Юзига синчиклаб қараб, лабларини бўяди. Сўнг эркакларга ўгирилди:
— Салом, Мак!
— Жуда зўр, — Бернс бош ирғади. — Вақтни ҳисобга олмаганимга афсусдаман.

Аёл қошларини чимирди:
— Шундайми? Ўзини босишга уриниб, чуқур хўрсинди. — Майли, идорада ишим бор. Жаноблар, кўришгунча.

Эллик Бешинчи Боб

— Тўғрисини айтганда, сира ҳам боргим келмаяпти, — деди Эдис пардоз столидаги кўзгу қаршисида ўтириб, юзига бир текисда упа сураркан. Унинг юзидаги майда ажинлар чаплашган пардози остида билинмай қолди.

Шу куннинг ўзида иккинчи марта соқолини қиртишлаган Палмер ҳаммомдан чиқди. У соқоли ҳар куни олинмаса ҳам кўзга ташланмаслигини билса ҳам ўта силлиқ кўриниш истагида яна бир марта соқол олишга майл билдирди.
— Бу, ҳатто қизиқ туюлади, — унинг гапини қувватлади Палмер. — У ерда биздан бошқа ўта машҳур одамлар ҳам бўлади. Зўр таомларга бой дастурхон ҳам...
— Агар яҳудийларнинг таомларини ёқтирсанг, — лабини бўяётган Эдис ярим овозда жавоб берди.
— Истеҳзо қилаяпсанми?

Эдис хўрсинди.
— Яҳудийларга яхши муносабатда бўлган ҳолда уларнинг таомларини ёқтирмаслик мумкин. Овқатлар ҳамиша керагидан ортиқ қайнатилган бўлади, зираворлар етишмайди. Анчагина дўстларим яҳудий таомларига тоқат қилолмайди.

Палмер уни масхара қилди. Нияти Эдиснинг кайфиятини кўтариш эди.
— Бу гапларинг Бернс айтиб берган ҳазилни ёдимга туширди.

Эдис қошларини чимирди:
— Икковларинг ҳазил гаплар билан вақт ўтказаркансизларда?
— Бруклинда хитой ресторани очилди, — шошилиб гапида давом этди Палмер. — Биринчи хўрандаёқ таомномани қўлига олиб, “Авф этинг, сизларда бақлажондан тайёрланган pissa, losana, manicotti, parmigianлар бор экан! Сизлар буларни хитой таомлари деб атаяпсизларми? — деб сўрабди. Унга жавобан официант елкасини қисиб: — Нима қилайлик, яҳудийлар ҳудудидамиз-да, — деган экан.

Эдис кўзларини бўяшга ўтди.
— Бу ҳазил, — деди у бор эътиборини кўзини бўяшга қаратиб, паст, ўзиникига ўхшамаган овозда, — фақат Нью-Йоркликлар учун кулгили. Агар менинг кайфиятимни кўтармоқчи бўлсанг, овора бўласан.
— Жин урсин, сенинг яхши кайфиятингни менга нима кераги бор? — заҳарханда қилди у. — Сен қандай бўлсанг, шундайлигингча менга ёқасан.

Дастурхон ўта тўкис бўлгани боис меҳмонлар “Плаза”га оқшом соат етти яримга таклиф қилинган эдилар. Шунга қарамай, соат тўққизда келган Палмерлар залнинг ярми бўшаб қолганини кўришди. Хизматкорлар чаққонлик билан таомли тақсимчаларни қўя бошладилар. Палмер махсус кийим кийган эшик оғасига босма ҳарфларда ёзилган таклифномани узатди. У нимяшил рангдаги қалин қоғозга қараб, паст, лекин ширали овозда уларнинг исм-шарифини эълон қилди:
— Кичик Вудс Палмер жаноблари, хонимлари билан!

Эшикдан нарироқда турган бир нечта одам шу заҳоти суҳбатларини тўхтатиб, кулиб қараганича эр-хотин Палмер билан саломлашишди. Гўё буйруқ берил¬гандек, етти кишидан иборат жаз мусиқачилари шўх куй бошлаб юбордилар.

Гуруҳдан ёқимтой юзли эркак ажралиб чиқди. Палмер у билан Олбанида атиги бир марта учрашган бўлса ҳам у ҳақда анчагина гаплар эшитганди. Штат губернаторининг ёрдамчиси бўлган бу одамнинг типратикан шаклида олдирилган сийрак сочлари тепасидаги хаддан ташқари тоза ва ялтироқ тепакали аниқ кўриниб турарди. Асли касби муҳандис бўлгани учун сиёсатга келгунча у бир неча йил маҳаллий коллежда ўқитувчилик қилганди. Ҳозир ҳам унда профессорлик нутқи бор, деб ўйлади Палмер. Губернатор ёрдамчисининг кўзлари Бэркхардтникига ўхшаган мовий эди. Кўзлари тепасидаги кўндаланг чизиқли пешонаси, Палмернинг хаёлида, қувноқ сурбетлик белгиси бўлиб туюлди.
— Вудс, — деди у бир маромдаги вазмин овоз билан, — келганингиз жуда ҳам яхши бўлди.
— Губернатор, бу — менинг рафиқам Эдис.
— Жуда ҳам хурсандман, Палмер хоним. Сизга рафиқам Сай-мени таништиришга рухсат этинг. Азизим, “Юнайтед бэнк”дан эр-хотин Палмерлар. Кичкинагина аёлнинг юзларида гўё қизини турмушга узатаётган онаникидек саросимали табассум пайдо бўлди.
— Салом, Адлер хоним, — деди Эдис. — Сиз учун, албатта, бу катта воқеа. Қанчадан-қанча ташвиш.

Адлер хоним нозик елкаларини қисди — меҳмоннинг гапида қандайдир маънода очиқдан-очиқ камситиш оҳанги бор эди. — Менинг турмушга чиқарадиган қизим кўп эмас, ахир, — деди у ва ёнида турган қиз томон ўгирилди. — Мана келин. Мим, жаноб Палмер ва Палмер хоним билан таниш. Мана бу — қизим Миранда, буниси эса-куёв.

Келиннинг кўринишидан никоҳ ёшига етган деб бўлмасди. Палмер унга қараб жилмайди ва бунга жавобан келин бўлмишнинг ғалати, ҳорғин кулимсираганини кўрди. У Адлерни қулидан эпчиллик билан тутиб, меҳмонларни бу гуруҳдан нари олиб кетди.
— Қариганда кўрган фарзандим, — деди у паст овозда.
— Нечта фарзандингиз бор? — сўради Палмер.

Улар бар томон йўналдилар.
— Иккита ўғлим, уларнинг ҳам иккитадан ўғиллари бор. Мим ҳали коллежда ўқийди. У акаларидан анча кичик.
— Демак, Миранда Пиросперонинг қизи. Сиз, эса сеҳргар экансиз-да?

Бу луқмани ютиб юбораётгандек, Адлернинг оғзи бироз қийшайди.
— Кекса сеҳргар сизга шампан виносини таклиф қилади, — деди у буфетчига им қоқиб.
— Менинг қизим ўн бир ёшда, — иккита стаканни олаётган Палмер гапини давом эттирди. — Ўғилларимнинг бири катта, иккинчиси кичкина.
— Қизингизнинг тўйи куни, менинг дўстим, — Адлер унга мулойим боқди. — Банкир бўлган кунингизга мингдан-минг раҳмат айтасиз. — У хонага кўз югуртирди. Эдис ёнида эндигина келган меҳмонлар турарди. — Тушунмадим, менинг жамғарма банкида бир неча доллар пулим қолиши учун нега у севгани билан қочиб кета қолмади экан?

Палмер кулиб юборди:
— Сиз, омонатчи сифатида жамғарма банкларини алоҳида ажратиш бўйича қонун лойиҳалари билан жуда қизиқсангиз керак?
— Бугунги қабул шарофати билан мени қизиқтирадиган пулнинг ўзи қолгани йўқ, — Адлер маъюс кулимсинади. — Мен бориб, меҳмонлар билан саломлашай. Ўзингизни ўз уйингизда юргандек билинг, — у эшик томон йўл олди. Палмер Эдиснинг ёнига бориб, унга шампан виноси узатди. Улар ёш келин-куёв шарафига қадаҳ кўтаришди.
— Бахт тилайман! — деди Эдис.

Қизнинг ёноқлари ўта оқ, кўзлари остида кўкимтир соялар пайдо бўлганди. У бош ирғади:
— Раҳмат, Палмер хоним.

Янги келганлар таништирилаётганда Палмер ва хотини нари кетишди.
— Қара-я, — деди Эдис ҳайратланиб, у шунчалик ҳаяжонланаяптики, рангида қон қолмапти. Шундай бўлса ҳам фамилиямизни эслаб қолипти.
— Сиёсат арбобнинг қизи бунақа нарсаларни унутмайди.
— Азизим, бу одамлар ҳақида менга бироз гапириб бер.
— Адлерми? У ажойиб инсон. У ўта ҳалол одам сифатида обрў қозонган. Балки, шундайдир ҳам. Ҳозир эса тўй харажатидан тамоман довдираб қолибди.
— Мак Бернс шу ердами? Негадир уни кўрмаяпман.
— Мак кечроқ келади, — башорат қилди Палмер. — Ажойиб аёл даврасида у. Бу — фирма белгиси. Ҳов ана, исми нимайди, ҳа, Қўшма штатлар сенатори.
— У қаердан?
— Ё қишлоқдан, ё марказдан. Аниғи эсимда йўқ. У билан суҳбатлашиб турган аёл губернаторнинг рафиқаси. Бундан кўринадики, жаноб олийлари ҳам шу ерда-ю, ким биландир сиёсат ҳақида фикрлашяпти, шекилли.
— Ҳозиргина кириб келган жуфт кимлар?
— Вой худойим, Эдис, сен мэримизни кимлигини билишинг керак-ку?
— Уларнинг ёнидаги баҳайбат эркак-чи? Юзи ғалати экан. Уни ҳатто ақлли деб аташ мумкин.
— У Виктор Калхейн. Азизам, сенга у ҳақда гапиргандим.
— Каттакон Вик. Ғаройиб.
— У билан танишишни хоҳлайсанми?
— Йўқ, қўяқол...
— Оҳ, анавиларни қара.

Палмер унинг нигоҳи қадалган томонга қараб, етмиш ёшлардаги эркак ва аёл шўх куйга рақс туша бошлаганини кўрди. Палмер аввалига уларнинг ҳаракатларидаги нуқсонни илғай олмади. Улар мусиқага мос оҳангда ҳаракат қилаётган бўлсалар-да, ҳаракатларида қандайдир ғайритабиий ҳолатлар бор эди.
— Улар бундан тузукроқ рақс туша олмаса керак, — деди Эдис паст овозда. Кейин: — Умуман, биронтаси улардан ўзиб кета олармикин? — деди ва қўшиб қўйди: — Ана, Бэркхардтлар ҳам келишди.

Палмер улар уй эгалари билан тезгина саломлашиб, ўзларига шампан виноси қуйишганини, кейин губернаторнинг ёрдамчиси билан қадаҳ уриштириб, танишларини излаб, атрофга аланглашганини кузатиб турди. Беркхардтнинг кўзи дарҳол Палмерларга тушди ва хотинини етаклаб уларнинг ёнига келди.
— Хайрли оқшом, Эдис, Вуди.

Иккала жуфтлик бир-биридан ҳол-аҳвол сўраб улгурмасларидан Бэркхардт Палмернинг тирсагидан ушлаб, уни нари тортди. Шу тарзда улар суҳбатлашаётган яна бир гуруҳга айландилар.
— Бугун қаёққа йўқолдинг, жин ургур? — сўради у.
— Бернс билан бирга эдим.
— Олбанидами?
— Шу ерда. У кундуз соат бирларда келиб, қайта-қайта кечирим сўради.
— Грекка ҳеч қачон ишонма, — Бэркхардт чуқур-чуқур нафас олди, бироқ шунда ҳам тинчланмади. — Ўзингни оқлаш учун нима дея оласан?
— Фақат бир одим илгарилаганимизу, Бернсни ўз ишончимизга олганимизни...
— Сендан айнан мана шундай аҳмоқона гапларни кутгандим, — деди Бэркхардт иложи борича Палмернинг қулоғига яқинлашиб, овозида очиқ заҳарханда сезилиб турарди. — Сен қандай чора кўрмоқчисан? Ё шу ерда, арзон шампан виносини ичиб тураверасанми?
— Сиз нима, “Болингер” олдингизми? — Палмер катта очилган кўзларини бошлиғига қадади.
— Қулоқ сол, ўғил бола, — Бэркхардтнинг овози Палмернинг нақ қулоғининг ичида янграб, мия қопқоғини кўтариб юборгандай туюлди. — Бу хароми бизни чув тушириб кетди, — маълум қилди Бэркхардт. — Уларга раҳбарлик қилишни сенга топширгандим. Ҳалигача тушуна олмайман: сен аҳмоқмисан ё алдоқчимисан? Икковидан қай бирисан?
— Сиз нима деб ўйлайсиз?

Бэркхардт ўзини бир қадам нарига олиб, қаҳрли мовий кўзларини Палмерга қадади.
— Сенга овсарлик ярашади.
— Бундай эмаслигимни яхши биласиз, — Палмер имкон қадар ҳазил оҳангида гапиришга уринди. Мен сизни бир ойдан олдинроқ огоҳлантиргандим. Сиз аҳамият бермадингиз.
— Мени унинг тузатиш ҳақидаги ғоялари ишлаб чиқилиши ҳақида огоҳлантирганларинг йўқ. Ё бу сенинг ҳам ғоянгмиди?
— Унинг ғояси эди. Мен ташвиқот қилгандим. Сиздан бошқа бирорта кўрсатма олмаганим учун, сизнинг одамингизни — Бернсни қўллайвердим.

Бэркхардтнинг кўзлари қисилиб кетди.
— Сенга умуман нафас олгин деб буйруқ бермасам, нима бўларди, Вуди? Кўкариб, ўлиб қоласанми?

Палмер дўстона жилмайди.
— Ёлғиз йўлбошчининг одатдаги касали, Лэйн. Агар ҳокимиятни топширишга ўзингизни мажбурлай олганингизда бу боши берк кўчага кириб қолмаган бўлардингиз. Бироқ ҳозир анча кеч бўлди деб қўрқаман.
— Ана шу-да, жин урсин, — ғижинди Бэркхардт.
— Умид қиламанки, сиз ҳақсиз.
— Мен бошидан нима қилишим керак бўлса, ана шундан бошламоқчиман. Кичик қора чамадонни яп-янги “кўки” билан тўлдираман, Олбанига бориб, айёрлик билан менга нима сотиб олишга интилган бўлсаларингиз, ўшаларнинг ҳаммасини сотиб оламан. Айёрликнинг бас қилинглар! Нақд пул билан тўлаш вақти келди.
— Суҳбат мавзусини ўзгартириш вақти ҳам етти, — жавоб берди Палмер. — Биз томонга Мадигал келаяпти.

Улар баробарига ўзлари томон келаётган эллик беш ёшлардаги йигит — гавдали эркакка қарашди. У “Меррей хил” жамғарма банкининг раҳбарларидан бири Жим Мадигал эди. Эндиликда зал жуда тез тўлиб бораётгани учун Мадигал қийинчилик билан йўл очиб, улар томон яқинлашарди. У оғзини катта очиб, жилмайди.
— Сизларнинг бу ердаликларингни билмаган эдим, — деди Мадигал уларнинг қўлини қисиб. — Мен губернатор билан лақиллашиб, агар келган бўлсаларинг, сизлар ҳам унга ҳурматларингни билдирасизлар-да, деб ўйлабман.
— Кейинроқ, — шанғиллади Бэркхардт. — Жин ургур, Жим, кўринишинг мунча бесўнақай? Семираяпсанми?

Мадигал янаям қувноқ жилмайиб, Бэркхардтнинг текис қорнига шапатилади.
— Қари Темир Қорин. Сиз қачон истеъфога чиқиб, ҳаётдан лаззат оласиз?
— Қачон сиз, гадойларга ўхшаб бўш қутиларни силкитишни қўйиб, янги бўлинмалар очишни сўрашдан тўхтаганларингдан кейин.

Палмер Мадигалнинг жилмайишига жилмайиш билан жавоб бериб, бу гуруҳдан ажралиш учун уларга ёнламасига туриб олди. У Эдис ва Бэркхардт хоним билан суҳбатлашишим керак деган баҳонада эркаклардан нари кетди. Муруввати буралган қўғирчоққа ўхшаган иккала қария энди бошқа мусиқага рақс тушишарди. Уларга бир нечта ёшроқ жуфтлар қўшилишган. Рақслардан илҳомланган мусиқачилар тун бўйи мусиқа чалмоқчига ўхшардилар. Палмер кўп сонли меҳмонларни эҳтиёткорлик билан оралаб борар экан, улар гапираётган гапларнинг узуқ-юлуқ бўлакларини эшитиб, англаш учун бор диққатини жамлади.
— ... Бунинг ўрнига жиндай виски ичасизми?

Палмер ўгирилиб, бу савол билан ўзига мурожаат қилаётган Вик Калхэйнни кўрди.
— Сиз виски ичасизми, Вик?
— Шампан виноси оёқдан олади.

Палмер бош ирғади:
— Сизга ўхшаган ишбилармон одамнинг оёғидан оладиган нарса бўлиши мумкинлигини ўйламаган эканман.

Калхэйн аста жилмайиб, қорнини ичига тортганича, дароз қаддини ростлади.
— Мак айтдики, сиз уни тушиб қолган оғир аҳволдан чиқариб олар экансиз. Бу ҳам оёқдан оладиган иш.

Палмер қадаҳларни кўтарганича, одамлар орасидан аста-секин Эдис томонга сурила бошлади.
— ... фақат кейинги ойда тамом бўлади, қулоғигача қарзга ботган. Ижарага беришдан олдин анчагина қисмини нақд тўлашга тўғри келади.
— Ҳозир ижара баҳоси қанча? У шунақангги қийин аҳволдаки, мен...
— “Т-Бэрд” ҳавони тозаловчи мослама ва шинам бари билан. Мен дедимки...
— акцияларни тўрт яримдан майдалатибди...

—... аҳмоқ, ғирт аҳмоқ...
— Ма, ол азизам, — Палмер қадаҳдаги винони Эдисга узатди. — Бэркхардт хоним қани?
— Шу атрофда. Мен... билан шундай маза қилиб суҳбатлашдимки.
— ... қирқ учта кредит билети, улардан бирортаси ҳам бўлмайди...
— Ундай бўлса, мен виносини ичиб қўяман, — деди Палмер.
— Вискидан кейин-а?
— Бу бугунги оқшомда мен ичадиган охирги ичимлик бўлади, — таъкидлади Палмер.
— Нима бўлганда ҳам бу сени охирги марта барнинг олдига бориб, қайтишинг бўлади. Илгари ҳеч шунчалик тала-тўп бўлганини кўрганмисан? Бу одамлар...

Кимдир каттакон ноғорага урилиб кетди. Уриб чалинадиган лаппаклар жаранглади. Мусиқачилар ўтирган жойдан даҳшатли гумбурлаш эшитилди. Ҳамма бирдан мусиқачилар томонга ўгирилди. Залга тўлиқ жимлик чўкди. Айни шу пайтда эшик томонда ҳаракат бошланди. Палмер ўша ёққа қараб, залга кириб келаётган Мак Бернсга кўзи тушди. Унинг ёнида қизил ипак кўйлак кийган Виржиния Клэри келарди. У Макни қўлтиқлаб олганди.
— Нимани назарда тутганингни тушуна олмаяпман, — деди Эдис шивирлаб. — Ўз вақтида келиш. Унинг ёнидаги пакана ким?
— Пакана?
— Бошқа тузукроқ ном топа олмадим. У ўзидан пастроқ бўлгани учун уни олганми?
— У менинг реклама бўлимидаги ходим.
— Ҳалиги... сенинг нутқларингни ёзадиган...
— Одатда ёзарди.
— Шунақалар ҳам банкда ишласа... — Эдис янги келаётганлар келин ва унинг акаси билан қандай сўрашаётганига қараб турди. — Замон ўзгаряпти.
— Шунда у бунақа қиёфада бўлмайди, — изоҳ берди Палмер.
— Анави Клэр хонимми? — сўради Эдис.

Бернс билан Виржиния уларни кўрмаган бўлишса ҳам Палмер турган томонга сурилиб келишарди.
— Клэри. Виржиния Клэри. Илгари “Таймс” билан “Стар”да ишлаган.
— Икковидаям-а? Наҳот шундай ёшгина аёл... — Эдис жим қолди. — Дарвоқе, у унчалик ёш эмас, тўғрими?
— Кечирасан, нима дединг?
— Узоқдан у жудаям ёш кўринганди.
— Билмадим.
— Қирқ ёшдан ошган, — деди Эдис. — Чамаси, у биз томонга келяпти.
— Бернс билан апоқ-чапоқ бўлаверма, мен у билан аччиқлашиб қолганман.
— Клэри хонимга қандай муносабатдасан?
— Ўзига ҳамроҳ танлашини қизиқиш билан кузатиб бораман.
— У хоҳлаганини танлаб олавермайдими?
— У айнан Бэрнсни танлагани сал ғалатироқ.
— Балки дон олишиб юришишар? — улар яқинлашган сайин гумонларини тинмай айтар эди Эдис.
— Худойим-ей, алоқалари йўқ! — хитоб қилди Палмер.
— Шундайлигига ишонасанми?
— Ишонмайман, — Палмер бўшашди. — Бу шунчаки, ишониб бўлмайдиган гап.

Шу пайт Виржиния уни кўрди. Унинг қўллари Бернснинг тирсагига ёпишди.
— Мен янаям ишониб бўлмайдиган нарсаларни кўрдим, — секингина деди Эдис.

Шу пайт Бернс ҳам уларни кўрди ва мафтункорона ҳайрат билан Виржинияни уларнинг олдига етаклаб келди.
— Вуди... ва менинг севимли маллагинам. Қалайсиз, азизам? — у Эдисга мурожаат қилди. Унинг жавобини кутмасданоқ: — Эдис, Палмер, Виржиния Клэри, бизнинг ишонган ходимимиз — жамоатчилик билан алоқа қилиш бўйича мутахассис.

Эдис бир сонияга иккиланиб тургач, қўлини узатди.
— Сиз ҳақингизда ҳамма нарсани биламан дея олмайман, — Виржинияга мурожаат қилди у. — Бироқ сиз ўша... Вуди учун нутқлар ёзиб берадиган даҳо бўлсангиз керак.

Виржиния унинг қўлини қисди.
— Одатда, ёзар эдим, — деди у секингина.
— Кечирасиз?
— Одатда ёзар эдим, — қаттиқроқ такрорлади Виржиния. — Энди бу лавозимдан озод қилишган.
— Вудс ўзидан ақллироқ одамларни унчалик ёқтирмайди.
— Бундайларни ким ёқтиради? — Юмшоққина қилиб сўради Бернс.
— О, бу гапингиз сиз билан жуда апоқ-чапоқ бўлмаслигим кераклигини ёдимга туширди, жаноб Бернс. Менинг эрим сиз билан аччиқлашиб қолибди. Нима гап ўтди? — сўради Эдис.
— Нима гаплигини айтгани йўқ демоқчимисиз? — Ҳамон дўстона жилмайиб сўради Бернс. Унинг ўткир бурни Палмер томонга ўгирилди.
— ... шартнома деярли менинг қўлимда эди, деди менга, — Палмернинг ёнгинасидан қандайдир эркакнинг овози келди.
— Унга қизиғи бўлмаса керак деб ўйладим, — Бернснинг гапига жавоб берди Палмер.
— Аксинча. Мен ҳамиша қизиқаман.

Виржиния Бернсга янаям ёпишиброқ олиб, қўлларига шапатилади ва:
— Сен менга нисбатан сабрлироқсан, — деб қўйди.
— Агар сиз бу икки эркак билан ишласангиз, сизнинг сабр-тоқатингиз ҳамманикидан кўпроқ экан дердим, — Эдис гап қўшди. У жим бўлиб қолди, кейин атрофга аланглади.
— Шампан виноси йўқми?
— Ҳозир мен топиб келаман, — Бернс учовини қолдириб, бир зумда нари кетди.

Палмер ўзи ва икки аёл анчадан буён жим туришганини англаб қолди. У шошилиб, англади.
— Чамаси, Мак унчалик узоққа кетмаган шекилли, — гап бошлади у. — Анави, у билан гаплашаётган икки киши ким экан?

Виржиния у кўрсатган томонга қаради.
— Қишлоқдан келган республикачилар.
— Мак демократлардан бошқа биров билан гаплашишига шубҳа қилардим, — деди Эдис.
— Ҳамма ўзи хоҳлагани билан гаплашади, — жавоб берди Виржиния. — Бу — сиёсатнинг асосий қоидаси. Суҳбатлашиш, дўстона муносабатда бўлиш. Алоқа йўлларини очиқ тутиш.
— Ажойиб қоида, ўйчанлик билан деди Эдис. — Нафақат сиёсатда.
— Биз, чамаси, бу қоидани қувватлай олмаймиз шекилли, — Эдис гапини давом эттирди. — Айтингчи, Клэри хоним, бу банкда анчадан буён ишлаяпсизми?
— Йўқ... деярли икки йилдан буён, — Виржиния Палмерга назар ташлади. — Наҳотки шунча кўп вақтдан буён ишлаётган бўлсам?
— Менинг ўзим ҳам яқинда келдим-ку? Дарров икки йил бўптими-а?

Виржиния бироз жим бўлиб қолди. Кейин: — Дарвоқе, шундай. Сезмабман ҳам, икки йил бўлибди, — деб қўйди.

Яна гап қовушмади. Палмер кўзлари билан Бернсни қидирди ва у штатнинг собиқ губернатори билан суҳбатлашаётганини кўрди.
— Умид қиламанки, жудаям ичкиларинг келмаётгандир, — деди Палмер. — Мак яна тўхтаб қолди.
— Сен уни тутиб кела қолмайсанми? Биз сени кутиб турамиз.
— Мен...
— Борақол, азизим. Биз Клэри хоним билан суҳбатлашиш учун мавзу топа оламиз.
— Унинг бир неча дақиқадан кейин қайтишига ишонаман...
— Қара, уни энди сенатор гапга солаяпти, — аёл унинг қўлига бўш қадаҳини тутқазди. — Биз ё шу ерда бўламиз ёки... — у атрофига назар ташлади. — Ёки биринчи столнинг ёнида бўламиз.

Палмер Виржиниянинг кўзларига қаради ва унда қандайдир алоҳида маъно англади.
— Мен ҳозироқ қайтаман. — у қорнида кўнглини ағдарар даражада оғриқ сезиб, нари кетди.

У Бэрнсни бар ёнида, Вик Калхэйн билан қизғин суҳбатлашаётган жойдан топди.
— Мак, — Палмер унга мурожаат қилди, — катта раҳмат!

Бернс унг секингина, сурбетларча жилмайиб, ўгирилди.
— Вуди, болагинам, жин урсин улар нима ҳақда гаплашишаркин? Хотиннинг ўта сезгир-а, шундай эмасми?

Палмер уч қадаҳ шампан виноси буюрди.
— Виржинияни бирга келишга қандай кўндирдинг?
— Шахсан ёқимтойлигим билан, сен учун бу ишда балогардон бўлаётганимни унутмагин.

Палмернинг ўзи вино ва қадаҳларни олмоқчи бўлди-ю, бироз ўйлаб, буфетчига буюрди:
— Манави қадаҳлар ва шампанли шишани официантингиз ўнг томондаги биринчи столчага олиб борсин. — У Бернсга яна бир қараб, нари кетди.

Залда одамлар шунчалик кўп эдики, айримлар бўш жой топиш илинжида эшик ёнида тик туришарди. Палмер уларнинг орасида сабр-тоқат билан кутиб турган иккита эркакни — қайсидир кичикроқ давлатнинг Бирлашган миллатлардаги вакилини таниб қолди. У ушбу оломон орасидан амаллаб улар томон йўл очиб бора бошлади...
— Эрим билан ишлаш қийин эмасми? — кутилмаганда сўради Эдис.
— Энди... мен ундай демасдим...
— Сиз у ҳақда нима дея оласиз?

Виржиния индамади.
— Унга бўйсунувчи ходим ва раҳбарининг хотини билан суҳбатлашаётган аёл сифатида у ҳақда... менимча, ҳеч нарса демасдим...
— О, — Эдис ёқимли жилмайди ва ўгирилиб, Палмерни кўрди. — Ана, унинг ўзи ҳам. Лекин виносиз. Нима бўлди, азизим?
— Вино келтиришни официантга топширгандим.

У кичкинагина жавоҳирлар билан безатилган соатчасига қаради.
— У улгурмайди. Соат ўн бўлди.
— Умумун, мен кетмоқчиман, — Эдис Палмерга қаради. — Менимча, сен қолишинг керак.
— Шундай шекилли.
— Яхши, — Эдис ўрнидан турди.
— Машинагача кузатиб қўяман, — Палмер унинг қўлидан ушлади. — Бу тиқилинчда менга яқинроқ юр.
— Кўришгунча, Клэри хоним, сиз билан танишганимдан ўта хурсандман.
— Раҳмат, Палмер хоним. Мен ҳам жуда хурсандман.

Эдис унга бир лаҳза тикилиб қолди.
— Менимча, — хаёлчанлик билан деди у, — икковларинг ҳам жуда яхши ўйнадиларинг...

Эллик Олтинчи Боб

Палмер деярли ярим соатча қолиб кетди. Такси чақиришга бир неча дақиқа вақти кетди. Бироқ Эдисни машинага ўтқазиб, унга хайрли тун тилагандан кейин ҳам дарҳол залга қайтгани йўқ. Аксинча, “Плаза”нинг кенг шарқий зиналарида туриб, муздек ҳаводан шундай тўйиб симирдики, кўзларидан ёш чиқиб кетди. У тўхтаб, елкаларини тўғрилади, афтини буриштириб, ўз аксига тикилиб қолди-ю, дарҳол чеҳраси ўзгарди: йўлак хизматчиси уни кузатиб турарди.

Палмер ўқрайган нигоҳини хизматкорга тикди, у дарҳол ерга қаради. Палмер бошини чайқаб, ортига қайтди ва тантана бўлаётган зал ёнидаги кичкинагина хонага кириб ўтирди. Залдаги тартибсиз шов-шувлар яққол эшитилиб турарди.

Унинг кўз олдида ўт чақнади. Палмер бошини кўтариб, ёқилган гугурт чўпини узатиб турган официантни кўрди ва сигаретани тутатди.
— Раҳмат.
— Марҳамат, жаноб. Вино истайсизми?

Палмер оғринибгина чимирилди.
— Муз солинган виски олиб келинг.
— Хўп бўлади, жаноб, муз солинганидан...

Палмер керишди. Эдис унинг ўйнаши борлигини, у — Виржиниялигини билиши мумкинми? Агар у ҳамма нарсани тушунган бўлса, қандай чора қўллаши мумкин? Далил қидирармикин? Бу ишда Бернснинг ролини ва унинг қўлидаги маълумот ҳақида билгунча, қанча вақт ўтаркин?

Виски олиб келишди. У официантга миннатдорчилик билдириб, вискининг хўплаб ича бошлади. Муздек нордон ичимлик ақлини тиниқлаштиргандек бўлди.

Йўқ, деди у ўзига ўзи, Эдис ниманидир гумон қилиши мумкин, лекин аниқ бир гап билмайди. Бироқ ЮБТКни кузата бориб, Жет-Техни қўлга олишда қатнашганини билса, шундай бўлиши тайин, у эрига жуда кучли тазийқ ўтказилганини англайди.

Бир соат, узоғи билан икки соатда у Бернсга жавоб бериши керак. Палмер стаканни кўтарганича, залнинг эшиги ёнига борди. Рақс майдони атрофига қўйилган столларни одамлар ўраб олган, улар иштаҳа билан таомларни тушириб, идишларни бўшатишарди. Залда бир неча жуфт рақс тушарди. Уларнинг орасида аллақачон мусиқа оҳангини англамай, ўзича рақс тушаётган, ўйинни бошлаб берган қариялар ҳам бор эди.

Палмер ҳайрат билан нима учун Бернсга жавоб беришни пайсалга солаяпман, деб ўйлади. Бу жавоб қандай бўлиши икковига ҳам маълум, ахир.

Палмер қишлоқдан келган, тижорат банки занжирининг қудратли ҳалқаларидан бири бўлган бир тадбиркор банкирни кузата бошлади. У бруклинлик демократ конгрессчи ва “Меррей Хилл”даги Жим Мадигалга яқинда бўлиб ўтган қандайдир узундан узоқ воқеани куйиб-пишиб гапираётганди. Улар Палмердан бир неча қадам нарида туришар, кўринишдан гўё қадрдон ака-укаларга ўхшар эдилар. Гап тугагач, тадбиркор бўш ликопчаларни олиб, яна таом тўлдиргани кетди...
— ... Ярим кечага яқин менинг уйимга ўтгин, — Бернс Палмернинг қулоғига шивирлади.

Палмер кўзини пирпиратиб, сўради:
— Боришим шартми?
— Албатта боришингиз зарур.
— Мен шу ердаёқ сенга жавоб беришим мумкин.
— Бироқ мен сенга бу ерда кўрсатма бера олмайман, шундай эмасми?

Палмер “кўрсатма” нима бўлишини ўйлаб, индамади.
— Виржиния кўринмайдими?
— Шу атрофда. Хоҳласанг, топиб бераман.

Палмер бош чайқади:
— Ўзим топиб оламан.
— Албатта, азизим, — Бернс дўстона кулганича нари кетди.

Палмер қўлидаги вискини симирганича, қизил ипак кўйлакни қидириб, девор бўйлаб силжий бошлади.

Гўё охири йўқдек туюлган мусиқа овози бирдан тўхтади-ю, бошқа, оҳистароғи бошланди. Палмер залнинг нариги чеккасида, буфетнинг ёнида қизил кўйлакни кўрди.

У нотаниш эркак билан суҳбатлашиб турган Виржиния томонга йўл олди. Суҳбатдошлар стол атрофида айланиб, ликопларини турли таомлар билан тўлдирганча, чамаси, жиддий бир нарса ҳақида гаплашишарди. Палмер елкасига туртгач, Виржиния унга ўгирилди.
— Жаноб П...! — унинг овозида бироз кескинлик бор эди. — Мен сиз уйингизга кетдингиз деб ўйлабман. — Сид Бэрон — жамғарма банкларининг жамоатчилик билан алоқаси бўйича даҳо билан танишинг.

Палмер эркакнинг қулини қисди:
— Бугун халқ куйи чалинмоқда, Клэри хоним. Сизни таклиф этишга рухсат беринг.

Виржиния чала тўлдирилган ликопчани бироз юқори кўтарди.
— Умуман мен... овқатланмоқчи эдим...

Палмер унинг қўлидан ликопчани олиб, столга қўйди ва Виржинияни рақс майдонига етаклади. Улар бир маромдаги, вазмин куй оҳангига мослаб, айлана бошладилар.
— У сенга нима деди?

Виржиния бош чайқади:
— Арзийдиган гаплар эмас, — у Палмернинг кўзларига синчков тикилди. — Мазанг бўлмаяптими?
— Сенингча, ўзимни яхши ҳис қилишим керакми?
— Ҳа. Гапинг тўғри.
— Бунинг устига, ярим кечада Бернс билан учрашиб, унга ўз қароримни билдиришим керак. У эса менга қандайдир йўл-йўриқлар бермоқчи.
— У сени рози бўлади деб тахмин қилаяптими?
— Энг ёмон ишни қилиши учун унга имконият бердим деб ўйлайман, — Палмер бу гапларни аёлнинг қулоғига айтиш учун уни ўзига тортди. — Мен ҳамма нарсадан: ишдан бўшаб, оиламдан ажралганимдан кейин, бошқа бирор жойда кўнгилдагидек яшашимга етадиган пул билан қолганимдан сўнг қандай бўлишимни тасаввур қилиб кўрдим.
— Бирорта серқуёш оролдами?
— Шунга ўхшашроқ, — тан олди у. — Сен билан бирга.
— Ажойиб ғоя. Ишончсиз, амалга ошмайдиган...
— Кўпчилик ажойиб ғоялар ҳамиша ана шундай бўлади. — Улар бир қанча вақт мусиқага мослаб жимгина айландилар. — Нега шундай? — Ниҳоят сўради Палмер. — Нега бу ғоя ишончсиз?
— Узоқ тушунтиришга вақт сарфламасдан, лўнда қилиб айтиб қўя қолай: чунки сен ҳеч қачон бундай қила олмайсан...

Мусиқа овози тинди. Улар рақс майдони ўртасида ҳаракатсиз туриб қолдилар. Оркестр яна куй бошлади. Палмер бу мусиқага қачондир Виржиния билан рақс тушганини эслади.
— Эсингдами?
— Жим бўл, — ўйнаётган Виржиния унинг пинжига тиқилди. — Вудс, ниҳоят у гап бошлади. — Сен Бэркхардтнинг ўрнига ўтсанг, нимаси ёмон? Сен, ахир, энг юқори малакага эгасан-ку? Бу сен ЮБТК учун амалга оширмоқчи бўлиб юрган режаларингни бажариш учун имконият эмасми?
— “Мен билан бўл ва сираям қўрқма”, — Палмер такрорлади. У бироз чайқалиб кетди ва оёқлари ўзига унчалик бўйсунмаётганини пайқади.
— Вудс!

Аёл тўхтади. Палмер жим бўлди.
— Давом этавер, — деди Палмер ҳиссиз овозда.
— Шахсан мен учун ҳеч нарса йўқ, азизам, — у Бернсга тақлид қилиб, жилмайди. Ё шахсий бирор нарса борми?

Виржиния ўгирилиб, рақс майдонидан чиқиб кетди.

Эллик Еттинчи Боб

Палмер эллик тўққизинчи кўча бўйлаб шарқ томонга кетаётганини англади. У бу жойларга қандай келиб қолганини эслай олмасди. Апрел ойининг бошлари бўлса ҳам изғирин шамол кийимларни тешиб ўтаётгандек. У ҳатто Палмернинг қалин пальтосидан ҳам ўтиб, баданига игна санчяпти. Палмер Мэдисон-авенюдан ўтаётиб, ўйинчоқлар дўконининг ойнаси ёнида туриб қолди. У витринага қўйилган “Стен” фирмаси ишлаб чиққан кичкина милтиқ нусхасини, “Бофорс”нинг ўйинчоқ зенит замбарагини, Томпсонларнинг пулемётини, ярим автомат “М—1” милтиғини, Люгернинг охирги моделини, Шмейссернинг тўппонча — автоматини ва бошқа ўйинчоқ қуролларни эринмасдан томоша қилди.

У қаддини ростлаб, шамолга қарши, шарқий йўналиш бўйлаб юриб кетди.

Албатта, дея мулоҳаза қиларди у Парк-авенюни кесиб ўтаркан, Виржиния мутлақо ҳақ. Унинг учун танлашга ҳеч қанақа имкон йўқ эди. Ҳар қандай имконият ҳам унга мақбул бўлаверади. Бироқ нима учун Виржиния мутлақо ҳақ бўлиши керак? Нима учун, сўради у ўзидан, ноҳақ бўлиши мумкин эмас?

Палмер “Недик” қаҳвахонасининг эшигини очиб, баланд ўриндиқлардан бирига ўтирди.
— Қора қаҳва.

Барнинг эгаси қандайдир тушунарсиз овозда жавоб берди.

Бармен ва қаҳвахонадаги ягона хўранда мулойим жилмайишди. Палмер қаҳвани олиб, бармоқларини иситиш учун идишни маҳкам ушлади. Кейин аччиқ ичимликни ича бошлади.
— ... эски таниш аёлимизни бир соатча аввал кўрдим, — бармен бояги хўрандага ҳикоя қила бошлади.
— Сени ёнингга қаҳва ичгани киргандир-да...

Палмер уларнинг қувноқ суҳбатларини тинглаганича, қаҳвасини ичиб бўлиб, пештахтага ўн цент қўйди. Кейин ўрнидан туриб, кўчага чиқди. Юзларига шамол урилди. Бироқ ичилган қайноққина қаҳва таъсирида шамол юмшаб қолгандек туюлди. У бироз тепаликка кетган йўл билан шарқ томонга юриб, Саттон Плейсга етгач, жанубга бурилди.

Мана сенга шаҳар, деб ўйлади у, одамларни қара-я. Совуққон, жоҳил одамлар.

У Эллик еттинчи кўчага етгач тўхтади ва мувозанатини сақлаш учун светофорга тирмашди. Қаҳва ичганига қарамай, боши ҳамон айланарди. Кутилмаганда узоқдан сирена овози эшитилди. Унинг овози кучая бошлади, кейин аста тинди.

Шуям шаҳарми-я. Асабий шаҳар.

Палмер гавдасини амаллаб тик тутганича, йўлда давом этди.

Бернснинг хонадони бўм-бўш эди. Палмер ичкари кириб, салгина туртинганича, хоналарни айланиб чиқди. Кейин эшикни ёпиб, пальтосини ечди ва дераза қанотларини очиб юборди. Хонага муздек ҳаво ёпирилди.

У диванга ўтириб, оёғини сиқиб турган туфлисини еча бошлади. Пайпоқчан меҳмонхонани айланиб, радиола ёнига борди. Бирорта қурилма бормикин деган ўйда унинг ичларини пайпаслаб кўрди. Эшик қулфида Бернснинг калити айланганда у ҳеч нарса билмагандек, бўш хонадаги диванда кулимсираб ўтирарди. Юзларига урилаётган совуқ ҳаво туфайли у анча ўзига келиб қолганди.
— Салом! Мана сенга кутилмаган совға, азизим, — деди Бернс.

Палмер эринибгина бошини кўтариб, Виржинияни кўрди.

Палмер улардан юз ўгирди. Бор кучини йиғиб, яна миясида чарх ура бошлаган овозларни тўхтатишга уринди. У Бернснинг жилмайишини кўриш учун айни вақтида ўгирилди.
— Кулаяпсизми, жаноб? — сўради Палмер.
— Тинчлан, Вуди. Ўзингни қулга ол. Менга фақат сенинг сўзинг керак. Агар бу сенга шунчалик қаттиқ таъсир қилса, мен сени мажбурламайман. Мен фақат... ҳмм, сен нима деб атардинг... сўзсиз ҳамкорлик, холос. Бошқача қилиб айтганда, воқеалар ўз йўли билан ривожланишига ҳалақит берма. ЮБТКга президент бўлишга рози бўл. Бу шунчалик қийинми?
— Сизлар, ҳақиқатан ҳам жуда топишибсизлар, — деди Палмер. — Клэри хоним ҳам бу гапни худди шу тарзда ифода этган эди.
— Агар у ҳам ақлли гаплар айта бошлаган бўлса, ҳеч нарса қўшимча қилолмайман, — эътироз билдирди Бернс.
— Сенинг қайноқ лабларингда ҳамон ўша табассум, — Палмер Бернс томон бир қадам юрди. Хонанинг чап томони бироз кўтарилиб, яна жойига тушди.
— Хўп, майли, Вуди, кел, қўл олишамиз, дўстгинам!
— Нима, мен кулгилиманми? — қизиқди Палмер. У энди Бернсдан атиги ярим қадамча берида турарди. У ҳатто Бернс сепган лосьоннинг ҳидини ҳам сезди.
— Ҳеч ким ҳеч нарса дегани йўқ...
— Мен гапиряпман, — деди Палмер. — Акс ҳолда сен жилмаймасдинг.

Бернс у томон юриб, қўлини узутди:
— Вуди, ўзингни тут, кел қулингни бер.

Палмер Бернснинг қимматбаҳо тўғноғичи совуқ ялтираганини пайқади. У Макнинг мурданинг рангидек оппоқ юзларини кўздан кечирди, кейин Виржинияга қийшайиб қаради. Аёл унга қараб, қандайдир нохушликни сезди ва сал нарироққа сурилди. Эҳтиёткорлик билан гоҳ Бернсга, гоҳ Палмерга тикилди.
— Вудс, — гап бошлади аёл, — нима учун сен...
— Нима учун ҳамма менинг исмимни айтиб гап бошлайди? — сўради Палмер.
— Вуди, — гап қўшди Бернс, — тинчлан, қария. Кел, яна дўст бўламиз.
— Сен биланми? — Палмер ўзининг баланд чиққан овозидан афтини буриштирди. Унинг саволи деярли қичқириқ бўлиб янгради. У чуқур хўрсиниб, ич-ичидан титроқ ҳис қилди. — Сен билан, ифлос фитначи билан-а? — ... бошданоқ сендан латта сифатида фойдаланди...
— ... бу қизни ширин луқма сифатида тиқиштирди...

Палмер англаб бўлмайдиган нималарнидир айтиб ғўлдираётганини пайқади.
— Ўчиринглар! — ўшқирди у. Қулоғига эшитилаётган овозлар тинди. — Мак Бернс! Сасиган ариқдаги ачиган мия. Ўз касбининг арзандаси ва фахри. Охирги босқичдаги руҳий касал. Қўшмачилар қироли. Хоинлик рицари. — У чап қўлини чўзиб, бармоқлари билан Бернснинг кўксига нуқди.

У ўзини четга олиб, гўё ҳимояланмоқчи бўлгандек, қўлини кўтарди.
— Йўқ! — Палмер қичқириб юборди. Вақт гўё кескин тўхтаб қолди. Чамаси, Бернснинг қўллари мушт бўлиб тугила бошлади.

Палмер ўнг қўли таранглашаётганини пайқади. Тирсаклари орқага сурилди. Кейин қўли тепага кўтарилди, мушаклари таранглашди. Ўнг қўли олдинда айланди. Танаси ҳам қўли билан бирга ҳаракат қилди. Бернснинг кўзлари каттарди. Унинг ўткир ияги ва қулоғи ўртасига мушт тушди.

Палмер бармоқлари теккан жойдаги суякларнинг қисирлаганини эшитди. У Бернснинг кўкимтир оқ юзини кўрди. Кейин у кўздан йўқолди...

Палмер пастга қаради. Бернс оппоқ гиламда чувалчангдек буралиб ётарди. Унинг киприклари бироз пирпираб, кейин қимирламай қолди.

Оғзининг четидан қуюқ қизил қон оқиб, аввал иягига, кейин гиламга туша бошлади.

Палмер ўзини орқага олди. Хонадаги муҳит гўё иккига бўлиниб кетди. Унга ҳаво етишмай қолди. Қийналиб нафас ола бошлади.

Ва ниҳоят у ўпкасидаги жазава тўхтаганини ва оғзи қуриб, қандайдир, аччиқ таъм билан тўлганини пайқади. Ўнг қўлининг бармоқлари карахт бўлиб қолганди.

У қулоқ солди. Хонада жимлик ҳукмрон. Ҳатто хаёлидаги овозлар ҳам тинчиб қолди. У Виржинияга қаради. Унинг кўзлари шундай катта туюлдики, гўё Палмернинг акси бу кўзларга сингиб кетди.

Палмер Бернснинг ёнига чўккалаганча, қўлини бўйни остига тиқиб, гиламдан кўтарди. Гиламда доира ясалган қон яп-янги қизил бўёққа ўхшарди. У Бернснинг бўйни терлаб кетганини сезди. Бармоқлари остидаги томир сезилар-сезилмас уриб турибди. У ўрнидан туриб, хонани яна бир марта кўздан кечирди.

Унинг нигоҳи бир неча марта Виржиниянинг юзларига тушди. У кўзларини Бернсдан олиб, Палмерга қаради.
— Унга ҳеч нарса қилмадими? Аёлнинг овози қумга санчилган белкурак товушига ўхшаб чиқди.

Палмер бош ирғади.

Виржиния унинг ёнига келди. Ўнг қўлини кўтариб, бармоқларини кўздан кечирди. Палмернинг бармоқлари ҳамон титрарди.
— Бармоқларинг қалай? — сўради Виржиния.

У бошини чайқади.
— Карахт бўлиб қолди.
— Қимирлатишга ҳаракат қил. — У ҳаракат қилди. Бармоқлари қаттиқ оғриди, лекин бу оғриққа чидаса бўларди. Лекин титроқ кучайди.
— Синмаган шекилли, — деди Виржиния. — Ичишга бирор нарса бераман.

Палмер аввалига рад этди, кейин стаканни чап қўли билан олди. Вискига бироз диққат билан қараб туриб, кейин бир неча марта хўплади. Бироқ бундан ҳам тинчланмади. Стаканни стол қиррасига қуймоқчи бўлганди, эплай олмади. Стакан гиламга тик тушиб, ичидаги суюқликнинг бир томчиси ҳам тўкилмади.

Бу ғайритабиий ҳолат Палмерни ҳайратда қолдирди. Ахир, идишдаги суюқлик тўкилиши керак-ку, шундай эмасми? У тирсакларини тиззаларига тираганича, эгилиб гўё бутун танасини чайқатаётган ички титроқни босишга уринди.
— Сен ўзингни жағи синган одамдай тута оласанми? — сўради Виржиния. — Ичишга тобинг қалай?
— Менинг жағим синган, — тан олди Бернс. У кўп йиллар тил ўрганганини унутиб, ўз шевасида, қаттиқ изтироб ичида гапирди. — Уларнинг шаҳар ташқарисидаги биринчи тоифали клубларидан, фақат оқларга аталган меҳмонхоналаридан, курортлари, мактаблари, яҳудийлар ва католиклар учун чекланган коллежларидан, лаънати ижара битимларидан, тушлик қилинадиган ва қимор ўйналадиган клублардан кўнглим айнийди.
— Гапимни эшит, — Бернс давом этди. — Сен қанчалик ақилли қиз бўлмагин, ҳали буларни билиб олишинг керак. Вик мени тентак, деб ҳисоблайди. У ҳалиям биз билан бирга бирор иш қилишим мумкин, деб ўйлайди. Бекорларни айтипти. Бизни ҳурмат қилишга, бизга бўйсунишга мажбур қиладиган битта восита бор, холос. Бу — этигимиз билан башарасига тепиш! — У кутилмаганда бақириб юборди. — Ва, сингилгинам, бунга жуда оз вақт қолди, агар сен....
— Мак, Мак, Мак! — Виржиния унинг елкасига қулини қуйиб, орқага, диван суянғичига итарди. — Илтимос, жим бўл.

Бернс шу заҳоти ўрнидан сакраб туриб, эҳтиёткорлик билан жағини пайпаслади.
— Агар сен Нью-Йоркдаги бизга тегишли нарсалар бир тунда ихтиёримизга ўтиб қолган деб ўйласанг, тентак бўласан, — у Виржинияга мурожаат қилди. — Биз уларни қонимиз билан қўлга киритганмиз. Ҳар бир қаричини. Бизни бир-биримизга — итальянларни ирландларга, яҳудийларни негрларга, пуэрто-риколикларга гижгижламаган, деб ўйламагин. Бироқ биз энди уни қўлга киритдик. — Палмер Бернс қўлини юқори кўтариб, мушт қилганини кўрди.
— Биз уни қулга олдик. Протестантлар бу шаҳарни унда яшовчи одамлардан қайтариб олишолмайди. Вестчестрдаги олмиш минглик уй-жойлари, Фэрфилддаги ажойиб дала ҳовлилари, Шимолий қирғоқдаги шунга ўхшаш қимматбаҳо қўрғонларини ҳам қайтариб олишолмайди. Биз ўзимизнинг хусусий шаҳримизга эгалик қиламиз, азизгинам. Шунингдек, бошқа бир қанча шаҳарларга ҳам эгалик қиламиз. Чикагодаги истаган полякдан сўра. Сан-Франциско портидаги истаган мичмандан сўра. Жин урсин, Калифорнияда эса биз банкка ҳам эгалик қиламиз. — Бернс гўё энди кўргандек, Палмерга қиё боқди. — Хелло, Палмер, — деди у, — ютқизганларга салом.

Бир сонияга Палмер унга индамай қараб турди. Кейин кулиб юборди. Бироқ кулгиси дарҳол сўнди, чунки вазият куладиган даражада эмасди. Палмер ўнг қўли кафтини пастга қаратиб олдинга чўзди:
— Хайл Бернс!

Яқиндагина бўлиб ўтган воқеадан оппоқ оқариб кетган Бернснинг юзи бўғриқиб, қип-қизариб кетди. У ўрнидан туришга интилди, лекин яна диванга йиқилди. Башарасини тириштирганча, пешонасини ушлади.
— Ярамас, — ингради у.

Палмер ошхонага чиқди. Сочиқ топиб, унга тўрт бўлак музпарчасини ўради ва Бернснинг ёнига қайтди.
— Оғриётган жойингга қўй, — деди уни Бернсга узатиб. — Уриб юборганимдан афсусдаман. Кўп йиллардан буён биринчи марта ўзимни бошқаролмай қолдим.
— Эшитяпсанми? — сўради Бернс Виржинияга мурожаат қилиб. У музли сочиқни пешонасига қўйиб, афтини буриштирди. — У айнан нимадан афсуслана¬ётганини эшитяпсанми? Ўзини лаънати протестантчасига бошқара олмай қолганидан афсусда. Ўзи аслида кимлигини бизга билдириб қўйганидан афсусда.
— Сенинг жағинг тузалгандан кейин ҳам унинг қўли анчагача зирқираб юради, — деди Виржиния. — Тинчланиб, ҳамма нарсани унутишга ҳаракат қилсанг-чи?

Бернснинг афт-ангори ўзгарди.
— Башарамдаги ғурранинг катталиги... — унинг кўзлари олайди. — Башарам кўкариб ётибди. — У инқиллаганча музли сочиқни бўйнига сурди.
— Шунчаки, кайфиятимни кўтариш учун, — қўшилиб қўйди Палмер, — қара-чи, тишларинг бутунмикан? Оғзингдан қонкелганди.
— Қани? Қани?

Палмер гиламни кўрсатди.
— Тилингни текизиб кўр.

Бернс шошилиб ютинди. У тили билан тишларини текшириб кўраётганини Палмер сезиб турарди.
— Бугунги тунни ҳеч қачон унутмайсан, — деди Бернс жағини силаб. — Сен бу шаҳарда адойи тамом одамсан. Энди сен билан бирга иш қилишга, агар тиз чўкиб, ботинкамни яласанг ҳам, рози бўлмайман.
— Мак, илтимос, — ўтинди Виржиния. — Ўзингни қўлга ол.

Бернс бурнини тортди.
— Мен ўзимни қўлга олганман. — У ўрнидан туриб, кексаларга ўхшаб имиллаганича, ойнаванд девор ёнига борди. Деразага анча вақт тикилиб турди. Кейин музли сочиқни ушлаб турган қўлини пастга туширди. Қоматини ростлади. Деразага терс ўгирилиб, деярли текис қадамлар билан барнинг ёнига борди ва музли сочиқни ёғоч идишга ташлади. Палмерга ўгирилиб: — Яхшиси, сен кет, — деди.

Палмер ўрнидан турди.
— Мен фақат ўзимни бошқара олмай қолганим учун афсусланаман. Бироқ сени уриб роҳатландим.
— Ке, яна бир марта ур.

Палмер бош ирғади:
— Бошқа бир нарсадан ҳам роҳатландим.
— Қонимга белаганингданми?
— Сендан тўғри гапни, бор ҳақиқатни эшитиш имконига эга бўлганимдан — сендан ҳақиқатни эшитганимдан. Ва ниҳоят, айрим нарсаларга муносабатинг қандайлигини очиқ билдим.

Палмер диванга ўтириб, туфлисини кийди. Даҳлизга чиқиб, илгакдан пальтосини олди ва яна меҳмонхонага мўралади.
— Сенинг ўрнингда, — гап қотди у Бернсга. — Жет-Техдаги протестантнинг сенга ўхшаган шахс билан тузган битими қандай мажбуриятлар юклашига қизиққан бўлардим.
— Байрутлик маккор қасоскор билан, — гапга қўшилди Виржиния. — Мак, бу ҳаммаси бемаънилик. У ҳозир кетади, кейин икковларинг пиширган ош айний бошлайди. Бундай қилиш керак эмас.
— Шубҳасиз шундай бўлиши керак, — деди унга Палмер. — Бу одам энди ақл билан иш тутолмайди.
— Эшитяпсанми? — Бернс Виржинияга қараб гапирди. — Мен chutzbha демадимми? Бундан ҳам оғирроқ гап борми? Улар бизни аввалига жаҳлимизни чиқариб, жонимизни бўғзимизга келтиришади, кейин аҳмоқликда айблашади.
— Мак, — гап бошлади Палмер. — Мен охирги икки юз йилни тарихдан ўчириб юбора олмайман. Бироқ мени жиноятга шерикликда айблаб бўлмайди. Шунингдек, мен ўз ҳийлаларингни протестантларга ағдариб, айюҳаннос солишингга ҳам йўл қўймайман. Сен қилмишингга яраша мушт единг. Мен фақат ўзимни идора қилолмай, сени уриб юборганимдан афсусдаман.
— Кет. Йўқол.
— Виржиния, уйингизга олиб бориб қўйишга рухсат беринг.
— Кимни, меними? Йўлдан адашган Мария Магдалинани-я? Уюшган фоҳишабозликка реклама бўлими қўшган ҳиссасини-я?

Палмер бир неча сония унга таънаомуз боқиб, кейин эшикка бурилди.
— Сизларга америкалик фуқаро ўзининг иккита ҳамюртига мурожаат қилгандек гапиряпман, — эълон қилди у, — иккалангни ҳам жин урсин!
— Вудс!

У яна бир бор қайрилиб қаради.
— Олиб бориб қўйишимни хоҳлайсизми йўқми?
— Мен бу ерда бироз қолиб, манави йигитни тинчлантиришга ҳаракат қиламан.

У яна эшик томон ўгирилиб, иккиланганича, тўхтаб қолди. Унинг онгида қандайдир узуқ-юлуқ жумлалар гоҳ ҳақиқатга, гоҳ рўёга ўхшаб айлана бошлади. Ҳақиқатан ҳам у Виржиниядан шубҳа қилганмиди? Қандай қилиб ундан шубҳа қилиши мумкин? У ким томонда эди? Умуман бирон-бир томон бўлганмиди? Ё бу одатдаги, қайта-қайта унинг оёғига ёпишаётган, доира бўйлаб айланаётган балчиқмиди?
— Мен яна баъзи бир нарсалардан афсусдаман, — деди у Виржинияга қарамасдан. — Айтиб ўтган фикрларимдан афсусдаман. Умуман, менимча, мен пушаймонман.

Эллик Саккизинчи Боб

Такси ҳайдовчиси машинани бор кучи билан Учинчи авеню бўйлаб тепага ҳайдади. У қоидага бўйсуниб юришга тоқати етмай, машинани катта тезликда ҳайдаб борар, светофорнинг қизил чироғи ёнганда эса кескин тормоз босарди.

Палмер ҳайдовчининг ҳар гал қизил чироққа тушиб қолишига, ундан чиқиб олиш учун салгина бўлсада тезликни ўзгартирмаётганига ҳайрон бўлиб борарди. У бу фикрини ҳайдовчига айтмоқчи бўлди-ю, жим кетишни маъқул кўрди. Палмер таксидан тушиб, олд томонига бетондан нозик ишлов берилган уй эшигини очди. У эшик тутқичини шунчалик секин босдики, у атиги бир неча сантиметрча очилди, холос.

Палмер иродасини қўлга олишга тиришди ва куч билан тутқични босиб, эшикни катта очди. Бармоқ бўғинлари зирқираб, аста ичкари кирди, секингина эшикни ёпиб, совуқ ҳаводан иссиққина уйга кирганидан севинди...

Ошхона эшигини ёпиб, хона чироғини ёқди ва дуч келган ёғоч ўриндиққа бемажол чўкди. Қимирлашга ҳам мажоли қолмаганди. Зинадан чиқаётганда боши айланганини эслади.

Ниҳоят у совутқични очиб, бир стакан сут қуйишга куч топди. Сутни ича туриб, эшик ортида нимадир ҳаракатланаётганини сезди. Юраги музлаб, Эдис уйғонганини ва халатини кияётганини ҳис қилди. Ва шу заҳоти ошхона эшиги ланг очилди.

Эдиснинг юз-кўзида пардоз излари қолмаган эди. Феруза рангли кенггина тасма билан сочлари юқорига тортиб боғланган. Бунинг сабаби Палмерга маълум. Унинг юзига суриладиган, қандайдир озиқлантирувчи кремга сочлари ёпишиб қолмаслиги учун шундай қилишга одатланган.

Эдис бир муддат оч жигаранг кўзларини қисиб, Палмерга ифодасиз қараб турди. Кейин стол ёнига бориб, стакандаги сут ёнига қўйилган туфлини олди ва полга қўйди.
— Вудининг бу одатини йўқ қилиш учун бор-йўғи ўн йил керак бўлди, — гап бошлади у. — Ўйлайманки, сен ҳам ўзгариши қийин одамсан. — У бироз жим қолди. — башарангга қараб бўлмайди.
— Ўзимни ёмон ҳис қилаяпман.
— Виски ва шампан виносиданми?
— Сотқинликдан ҳм.

У чимирилди:
— Сотқинликдан?... Мак Бернсми?
— Сен ўта сезгирсан. Лекин бу билан мени ҳайратда қолдирасан дея олмайман. — Палмер сутли стаканни олди. — У кўпдан бери, ҳатто мен бу ерга келмасимдан аввал ҳам Жет-Техга хизмат қилган.
— Қўлингга нима қилди? — сўради у.

Палмер қовоғини солди.
— Нима қипти?
— Вудс, нега сўраётганимни билиб турибсан. Ўнг қўлингга нима қилди? Бўғинлари қизариб, шишиб кетибди.

Палмер ҳорғинлик билан елкасини қисди:
— Мен уни уриб юбордим.
— Бэркхардтними?
— Бэркхардтни? — Палмер унга синчков тикилди: — Жин урсин, бу гапни қаердан олдинг?
— Ана шу илоннинг инига сени айнан ўша тиқиштирди, — деди аёл. — Ҳа-а, тушундим. Сен нишонни нотўғри олгансан. Бернсни.

У тилини айлантиришга ҳам ҳоли келмаётганди. Шунинг учун бироз жим турди. Кейин:
— Бўлиши мумкин, — деб қўйди.
— Демак, жамғарма банкларига қарши ватанпарварлик руҳидаги кураш бошданоқ сохта бўлган.
— Ундай эмас. Шунчаки, Жет-Тех уларга қўшимча куч ташлади.
— Гапингни қара-ю! Ярим кечагача ўтказилган йиғилишлар, штатнинг ҳамма қишлоқларида ўтказган кўнгилочар саёҳатларинг, кеча-ю кундуз уйда бўлмасликларинг... ҳаммаси бир пул бўпти-да?

У бошини кўтариб, Эдисга қаради.
— Эдис. — У жим бўлди. — Эшит. — Унинг қўли қандайдир тушуниксиз ҳаракат қилиб, яна тиззасига тушди. — Мен Нью-Йоркка келганимда ўйин бошланган, карталар тарқатилган эди.
— Тушунаман. — Аёл унинг қўлидан бўш стаканни олиб, стол устига қўйди. — Сен жамғарма банклар ўйинини кўзда тутяпсанми? Уларнинг картасиними?

У жимгина бош ирғади.
— Бироқ, чамаси, яна битта ўйин олиб борилган, — гапда давом этди Эдис. — Сен... — У жим бўлиб қолди.
— Ҳа?
— Ҳеч нарса. — Аёл унинг қаршисига ўтирди. — Умуман, ... га қалайсан? — Аёл гапни кескин тўхтатди.
— Нимани сўраяпсан?

Эдис бошини силкиди.
— Аҳамияти йўқ. Бошқа пайтда...

Палмер аёл ўзига синчковлик билан тикилиб турганини пайқади. У гўё тузукроқ кўриб олсин дегандек, қаддини ростлади. Бироқ бундай ўтиришга қурби етмади. У қимирлашга ҳоли келмаётган бўлса ҳам ухлайдиган аҳволда эмаслигини билиб турарди. Мана шундай ҳаракатсиз ўтириб, ниманидир кутиш керак бўлса, у жон деб ўтираверарди. Лекин нимани кутаяпти? Палмер тушуна олмасди.
— Ҳаммасиниям аҳамияти йўқ, — Эдис ўзига-ўзи гапираётгандек, ўйчанлик билан секин сўз бошлади. — Битта нарсадан ташқари. Энди нима қилмоқчисан?

Палмер елкасини қисишга уринди. Енгиб бўлмайдиган ҳафсаласизлик ҳаракат қилишга қўймади.
— Таъзим қилиб, кетворайми? — мужмал жавоб берди у. — Катта шаҳар мени бир четга чиқариб мажақлаб юборганини тан олайми?
— Агар сен банкдан кетсанг, оиламиз нима қилади? Нью-Йоркни ташлаб кетамизми? Бу уйни тарк этамизми?

Палмер кўзларини юмди.
— Ҳозирча ўйлаганим йўқ.
— Бироқ бу аниқ равшан-ку?

Унинг кескин овозидан Палмер кўзини очишга мажбур бўлди.
— Сенга нима бўлди? Мазанг қочяптими? — сўради хотини.
— Шунчаки... кутилмаганда вазнсизлик ҳолатини ҳис қилдим... — у хижолат ичида кулиб юборди ва шу заҳоти Гейнц Гауссни эслади. — Қулоқ сол, — деб гап бошлади у.
— Ҳа?
— Гап шундаки... — У яна жим бўлиб қолди.
— Нимада?
— Ҳозир мана шу тортишувга қарши бўлган дўстимни эсладим.
— Вудс, жин урсин, нима ҳақида гапиряпсан?
— Энг янги қонунни очган Гаусс ҳақида.

Эдис ўрнидан туриб, сут юқи стаканни чиғаноқ тепасидаги қуритгичга қўйди.
— Жудаям кеч бўлди, азизим. Яхшиси, ухлагани ётишимиз керак деб ўйлайман.

Палмер бармоқларини шиқирлатди.
— Йўқ ҳали.

Аёл ўгирилиб унга қаради:
— Сенга нима бўлди?
— Жин урсин, мана бу зўр бўлди.
— Вудс!
— Ҳа — ҳа. Мен сенга тушунтириб бераман. Бор-йўғи иккита юриш. — У кутилмаганда танасига қуйилиб келган кучдан сапчиб туриб келди, оёқяланг ҳолда ошхонага қараб юра бошлади. — биринчиси унчалик мураккаб эмас. Иккинчиси маккорона режа.

У капалакнусха бўйинбоғини юлиб олди ва тугмачасини ечди.
— Меҳрибон эгам! — Яна кулди. — Бу, балки, ҳатто иш юришиб кетар.
— Вудс, вақт ярим тундан оғди.

У соатига қаради:
— Эрталабгача ҳеч нарса қилиб бўлмайди.
— Унда, балким ухлармиз?

У бошини қаттиқ чайқади.
— Режа тузиш учун менга кўп вақт керак. — У жим туриб қолди ва хотинига ўгирилди: — Эдис, қаҳва қайнатиб беролмайсанми?
— Шу пайтгача нега айтмадинг?
— Майли, — бидирлади у. — Албатта. Ишга кириш. Мен тушунтириб бераман.

Бутун диққат-эътибори Палмерда бўлган Эдис беихтиёр қаҳва қайнатгични олди ва унга сув қуя бошлади.
— Эшитаман.
— Майли. — Палмер эшик ёнигача бориб, ортга қайтди. — Қаҳвани менинг хонамга олиб кирамиз. Ҳамма керакли маълумотлар ўша ерда, тўғрими?
— Қанақа керакли материаллар?
— “Директорларнинг маълумотномалари”, “Қуролли кучлар таъминотига раҳбарлик қилиш”. Вашингтон ҳам ана шу вақт минтақасида... Албатта. Яхши. Ажойиб. Қаҳва нима бўлди?
— У сенга жудаям зарур деб ўйламайман.
— Зарур. Ҳамма деталлар Швейцария соатидагига ўхшатиб жойига қўйилиши керак...

Эллик Тўққизинчи Боб

Кеч юз кўрсатадиган қиш қуёшининг дастлабки нурлари соат саккизларда жимжимадор бетон шакллар орасидан ёриб ўтди. Орадан яна бир соатлар ўтгандан кейингина ёзув столи устига бетартиб ёйилган китоб ва қоғозлардан бош кўтарган Палмер янги кун бошланганини пайқади.

Эдис эрига яна бир марта қаҳва тайёрлаб, тунги соат учда уйқуга ётди. Палмер совуқ ва бемаза қаҳвани охиригача ичиб, бармоқлари билан сочларини тараганича, стул суянчиғига ясланди. Ичкари хоналардан болаларнинг овози келарди. У стол устидаги қоғозларни йиғиштириб, уларга тикилиб қолди.

Кундузги совуқ тузган барча режаларини чиппакка чиқарадиганга ўхшарди. Палмер бўш идишдан финжонга яна озгина қаҳвани сирқитиб қуйишга уринди. Кейин икки босқичдан иборат режалари туширилган қоғозларни яна қайтадан ўқиб чиқди. Шубҳа-гумонлар ичини кемирганича ўрнидан турди ва қотиб қолган оёқлари ҳамда белини ёзиш учун турли ҳаракатлар қилиб, стол атрофида айлана бошлади. Кеча уйга қайтгандаги чарчоқ яна оёқларини сирқиратишга тушди. Кўйлаги танасига ёпишиб, енгларининг четлари кирланиб кетибди. Палмер керишмоқчи бўлди ва бор қуввати уни тарк этаётганини англади. У вақтни билиш учун қўлидаги соатга қараб, телефонда бажариладиган ишларни фақат бир соатдан кейин бошлаш мумкинлигини аниқлади. Стол ёнига ўтириб, кафтлари билан юзларини ишқалади. У Эдиснинг:
— ... ечиниб, ўринга ёт, — деган овозини зўрға эшитди.

У секин ингради. Хаёлида қумга кўмилгану қум кўзлари, ёқасидан кириб, бутун гавдасини тўлдириб қўйгандай туюлди. У қийналиб, кўзларини очди ва минғиллади:
— Соат неча бўлди?
— Ўн бўлди. Вудс, илтимос...

У ниҳоят бутунлай уйғониб, гавдасини кўтарди.
— Ярим соат вақт йўқотибман, — деб минғирлади. — Марҳаматли худойим. Кейж хонимга айтинглар, яна қаҳва қайнатсин.
— Вудс.

Ўгирилиб хотинига қаради. У ҳам атиги бир неча соат ухлаган бўлса-да, кўриниши қандайдир гинали, аммо яшнаб турарди. Кийиниб, бўяниб ҳам улгурибди. Буларнинг ҳаммаси Палмерга танасидаги ўта оғирликни яна қайта ҳис этишга мажбур қилди.
— Нима дейсан? — сўради у.
— Азизим, бугун шанба. Сен...
— Ҳечқиси йўқ. Бернс душанбагача кутиши мумкин. Мен эса кутолмайман. Илтимос, янги қаҳва бер.
— Кейинроқ бироз ухлаб оласанми?
— Албатта. Илтимос, болаларни бу ёққа киритма.
— Улардан бирортаси жонингга тегдими?
— Йўқ. Майли. Илтимос, қаҳва.
— Бир дақиқа. — У қаҳва қайнатадиган идишни олиб, чиқиб кетди.

Палмер сигарет чекди. Тутун шу лаҳзадаёқ тинкасини қуритиб, кўнглини айнитди. Бироқ шу заҳоти танасига куч қуйилаётганини ҳис қилди.” Палмер зудлик билан ишга киришди. У Жет-Технинг илмий-тадқиқот маркази жойлашган Ўрта Шарқдаги шаҳар билан шахсан телефонда гаплашиш учун буюртма берди. Тажрибахонада ҳеч ким йўқ экан. Маҳаллий маълумот хизматидагилар Гейнц Гаусснинг уй телефони рақамини тезда топа олмадилар. Кейинроқ телефончи қиз унинг рақамини шаҳар атрофидаги номерлар орасидан топди. Бир оздан кейин Гейнц Гаусснинг ўзи гўшакни кўтарди.
— Гап шундаки, — салом-аликдан кейин мақсадга ўтди Палмер. — Сиз сираям хаёлимдан кетмаяпсиз.
— Наҳотки? Мен бўлса, аллақачон унутиб юборгансиз, деб ўйлардим, дўстим.
— Балки, унутиб ҳам юборардим, — тан олди Палмер. — Агар бу лаънати ишкалликларга масъуллигим бўлмаганда...
— Қандайдир даражада, албатта, сиз ҳам жавобгарсиз. Биринчидан, мени бу ёққа сиз олиб келгансиз, шундай эмасми?
— Ҳамма гап шунда-да. — Палмер жим бўлиб қолди. У тарбия кўрмаган, қўпол йигит билан муомала қилаётганини, унга бироз яхшилик қилиб қўйса, каттагина фойда кўриши мумкинлигини хаёлидан ўтказди. Шу билан бирга Гаусс унинг асл истак-хоҳиши нималигини сезмаслиги зарур.
— Айрим нарсалар чиқиб қолди, — давом этди Палмер. — Банкда эмас. Банк доирасидан ташқаридаги одамда. У... майли, ҳозир очиғини айтадиган пайт эмас. Мен унга сизнинг бошингизга тушган кўнгилсизликлар ва шунга ўхшаш нарсалар ҳақида бироз гапириб бердим. Исмларни айтганим йўқ. Сиз учун баъзи-бир ишларни қилиш имкониятига эга бўлгани учун у гап ким ҳақида кетаётганини пайқади.
— Таваккал қилмаяпсизми?
— Эҳтиёт чораларини кўрдим. У янаям хушёр бўлади. Ҳозир исмини айтсам, дарҳол тушунасиз. Асосийси, агар сиз кетишни истасангиз, у кафолат берадики... айтмоқчиманки, ҳозирги билан тенг ёки ундан ҳам масъулиятли, эркин фаолият ва чексиз бюджетга эса жойни сиз учун кафолатлай олади.
— Сиз Вестинг ҳақида гапиряпсизми?..
— Айни босқичда мен ҳеч ким ҳақида гапираётганим йўқ. У ҳозир сизга билдирганларимни айтиб қўйишимни сўради, холос. Қалай? Бу сизда қандай таассурот қолдиради?
— Бироқ мен бошқа компаниянинг номини билмай туриб, қандай жавоб беришим мумкин?

Тоқати тоқ бўлган Палмер чуқур хўрсинди. Суҳбат жуда чўзилиб кетди, телефонни яширинча эшитиб турган бўлишлари мумкин. Бундан ташқари, Палмер яна бир неча жойга қўнғироқ қилиши лозим. Ундан олдин...
— Гаусс, ҳеч ким ўзингизни кўр-кўрона боғлаб беришингизни сўраётгани йўқ. Мени ғояларимизга бўлган муносабатларингиз қизиқтиради. Унга ижобий ёндашасизми?
— Албатта, ижобий.
— Ажойиб.
— Сизнингча, мен тезроқ, а?..
— Хабарим йўқ, — Палмер унинг гапини бўлди. Гаусснинг гап оҳангида қизиқиш алангаси сезилиши билан гапни тугатиб, немиснинг ичини қиздириб, орзиқиб кутишга мажбур қилмоқчи эди у. — Сизнинг ҳозиржавоблигингиздан жуда мамнунман. Озгина ҳаракат қилсак, биз сизни озод қила оламиз. — Палмер кулди. — Шунақа гаплар.
— Бу қачон амалга ошади? Ҳафтадами? Бир ойдан кейинми? Мен билишим керак....
— Мен билган заҳотим сиз ҳам хабардор бўласиз, — ваъда қилди Палмер. — Энди эса, сиз билан хайрлашишим керак, Гаусс... У дарҳол гўшакни қўйди ва ўчаёзган сигаретини чека бошлади.

Вақт ўндан чорак дақиқа ошганди. Палмер навбатдаги шахсий суҳбатни буюрди. Бу гал янги Англиядаги шаҳар билан. Бу гал ҳам уй телефони рақамини қидириш муаммоси бошланди. Телефонда аёл кишининг овози эшитилди.
— Шаҳарлараро телефон генерал Хейгенни сўрайди, — эълон қилди телефончи қиз.
— У... ким уни сўраяпти, кечирасиз?
— Вудс Палмер. — жавоб берди Палмер.
— Бир сония, қараб кўраман...

Чамаси, аёл телефондан нари кетди.

Палмер Хейгенки ухлаётган экан, мен ҳам бироз мизғисам бўларди, деб ўйлади. У ҳозир неча ёшда, 58 ёки 59 ми? Кўрпада ағанаб ётадиган даражада қари эмас у.
— Алло? — гўшакдан уйқусираган овоз эшитилди.
— Генерал Хейген? — деб сўради телефончи қиз.
— Мен.
— Гапиринг, жаноб.

Палмер оғзини очишга улгурмади.
— Бу қайси Вудс Палмер? — биринчи бўлиб гап бошлади генерал.
— Сен нечтасини биласан, Эдди?
— Худойим-е, отанг вафот этганини унутибман. Қаттиқ ачиндим, Вуди.
— Бу гапга анча бўлди. Мен ҳозир Нью-Йоркдаман.
— Биламан. Мен шаҳарда бир неча марта бўлдим. Ёнингга кирай дедиму, сен ҳалол одамларнинг пулини шилиш билан ўта банддирсан, кекса омадсиз билан учрашишга вақтинг йўқдир деб ўйладим.

Палмер истеҳзоли жилмайди. Қарши таклиф у кутганидан ҳам паст эди.
— Бўлмағур гап. Қирқ минг. Ҳеч қанақа акциясиз.

Орадан ўн дақиқа ўтгач, эллик мингга келишилган ҳолда суҳбат тугади. Палмер режасини яна бир солиштириб кўрди ва тўғридан-тўғри рақам терди.
— Тим, бу — Вудс Палмер.
— Жин урсин, Паскода нима қилиб юрибсан?
— Мен Нью-Йоркдаман. Мен...
— Сен Нью-Йоркдан қўнғироқ қиляпсанми? — ҳайрон бўлди Тим.
— Уйғотиб юборган бўлсам, узр.
— Бир неча соат олдин уйғонганман, — гапини бўлди Тим. — Жуда бўлмаганда, бир неча дақиқа олдин. Эшитяпсанми? Жейнга бирор нарса бўлдими? Нима гап?
— Ҳеч нарса бўлгани йўқ. Мен яқинда у билан суҳбатлашдим. Сени қаердан топишни тушунтириб берди. Ҳаммаси жойида. Биласанми, менга баъзи бир маълумотлар керак, менинг танишларим орасида бу ишни биладиган одам фақат сенсан. Бу... Нимадан бошласам экан? Эркак киши, олим. Собиқ душман тараф фуқароси эди, ҳозир АҚШ фуқароси. Йирик ҳукумат шартномаси билан хусусий тартибда фирмага ёлланган. У ҳукумат шартномасига эга бўлган бошқа бир фирманинг таклифини қабул қилмоқчи. Унга ўз шартномаси бўйича мажбуриятларидан бошқа бирор нарса тўсқинлик қилиши мумкинми?

Симнинг иккинчи томонида бироз жимлик чўкди. Кейин:
— Буни сенга қандай даҳли бор?
— Иккала фирма ҳам биз билан ишлайди.
— Бу сабаб бўлолмайди, қария.
— Тим, мени қизиқтираётган нарса махфий ҳисобланадими? — сабрсизлик билан сўради Палмер.
— Ундай эмас. Лекин мен ҳар гал тадқиқот раҳбари бошқа жойга сакраб ўтганда хушёр тортаман.
— Сакраб ўтмайди. У битта жойда деярли ўн беш йилдан буён ишлаяпти.
— Бошқа ишга ўтишига сабаб нима?
— Пули, эркинлиги кўп.
— Мен ўйламайманки, у...
— Тим, мени у АҚШ фуқаролари каби барча ҳуқуқларга эга бўладими-йўқми — мана шу қизиқтиради, холос. Ёки бундай ҳолда уни ишлаб турган жойига михлаб қўювчи бемаъни қонун моддалари ҳам топилиб қоладими?
— Бизнинг мамлакатимиз эркин мамлакат, қария. Ҳатто унинг учун ҳам. Бироқ айтиб қўйишим керак: юқори даражадаги ҳар қандай ҳаракат Пентагон ва ҳукумат доираларида қизиқиш уйғотади. У қандайдир машиначи ёки чилангар эмас-ку?

Палмер салгина жилмайди.
— Мен умуман, кимнингдир оёғидан чалмоқчи эмасман, — ёлғон гапирди у, — бироқ у бунчалик аҳамиятга молик одам деб ҳам ўйламайман.

У соатга қаради. Телефон рақамини қидиришга кетган вақтларни ҳам ҳисоблаганда мулоқот деярли соат ўн биргача чўзилибди. У гўшакни кўтарди ва Гейнц Гауссснинг телефон рақамини терди.
— Алло?
— Гаусс, Яна Палмерман.
— Қўнғироқ қилганингиздан хурсандман. Жуда кўп гаплар айтилмай қолиб кетди.
— Бошқа ҳеч нарса қолмади. Жет-Тех билан шартномангизни бузганингиздан кейин сиз эллик минг акция билан бирга беш йилга Янги шартнома оласиз.
— Бироқ сиз ... Акциялар? Эллик минг? – немис жим бўлиб қолди. Кейин: — Қайси фирмадан? – деб сўради.
— Ҳамма гапни душанба куни, тамадди пайтида айтаман.
— Бу ёққа келмоқчимисиз?
— Бундай қилолмайман, — Палмер тушунтира бошлади. – Бу ўта бемаънилик бўлар эди. Бундан ташқари, сиз билан бирга яна битта одам бўлади. Сизни тушунадиган одам. Нью-Йоркнинг ишбилармонлар даҳасидаги “Клуб”да тамадди қилишга қалайсиз? Сиз душанба куни эрталаб учиб, Айдл-уайлддан Уолл-стритгача вертолётда келишингиз мумкин. Мен сизни ўша ерда кутиб оламан.
— Маарҳамат, ҳаммаси шунчалик тез юз бераяптики... Мен кўпроқ нарса билишим керак.
— Билиб оласиз. Душанба куни тамадди пайтида.
— Бироқ мен нимани баҳона қиламан, ўзимнинг...
— Қулоқ солинг, — унинг гапини кескин бўлди Палмер. – Сиз ахир, уларга ҳар бир дақиқа вақтингиз ҳақида ҳисоб бермайсиз, тў-рими?
— Албатта, йўқ. – Гаусс кутилмаганда унинг гап оҳангига ўхшаш кескинлик билан жавоб бериб, аввалги шубҳаланувчанлигини ювишга уринди. — Ҳечам ҳисоб бермайман.
— Нима бўлганда ҳам сиз билан олдиндан муҳокама қилинадиган бошқа нарса бор, — давом этди Палмер. – Бу, ҳм, ҳалиги, сиз айтган тадқиқотлар. Булар сизнинг шахсий ишингиз бўлгач, уларни бошқа жойга бемалол ўтказишингиз мумкин, шундай эмасми?
— Бироқ Палмер, сиз буни янги компания билан муҳокама қилмаган бўлсангиз керак?
— Албатта, йўқ. Ҳамма тадқиқотларингиз битимнинг ҳал қилувчи омиллари бўлади.
— Мен ҳаммасини ёзиб қўйганман, — деди Гаусс. – Булар менинг шахсий журналларим. Улар қолиб кетган тақдирда ҳам бегоналар ҳеч нарсани тушунмайдилар. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам мен ҳамма зарур маълумотларни ёддан биламан.
— Нью-Йоркка учиб келадиган эрталабки самолётлар жадвалини биласизми?
— Менимча, тўққизда ва ўн бирда.
— Соат тўққиздагига олинг. Бу Нью-Йорк вақти билан ўн бўлади. Айдл-уайлдга соат ўн биру ўттизда, Уол-стритга эса пешинда етиб келасиз. Мени ўша ердан топасиз.
— Дўстим, буни шунақанги жадаллик билан амалга оширишим зарурми?
— Мен ўйлайманки, — Палмер овози иложи борича дабдабали чиқмаслигига ҳаракат қилди, – ўйлайманки, сизнинг ишингизга халақит берадиган ҳар бир кун, бошқа олимлар меҳнатингизни инкор қиладиган санага айланиб қолиши мумкин.
— Жуда яхши гап, — қуруққина қилиб деди Гаусс. – Бироқ мен жуда ҳам билишни хоҳлар эдимки, бирданига менинг ишларим нима учун сизни бунчалик қизиқтириб қолди?
— Сабаби кўп. Сизнинг айрим кўнгилсизликларингизга нисбатан ўзимда масъулият ҳис қилишимни айтиб ўтдим. Бироқ мен –аразли сабаблар борлигини ҳам инкор этмайман.
— Шундай — ғаразли сабалар нима экан?
— Тамадди пайтида бизни кутиб оладиган одам менинг эски дўстим. Унинг фирмаси бир қанча муваффақиятсизликларни бошдан кечирди. Биз уларнинг банки бўлганимиз учун компания янги йўлдан бориши зарурлигини биламан. Космик аср техникаси шунчалик ривожланаяптики, бугунги омад эртанги бош оғриғи бўлиб қолиши мумкин. Улар яхшилаб бир сакрашлари жуда зарур. Мен уларга сиз керак бўласиз деб ўйладим. Битта ўқ билан иккита қуённи отиш йўлини топдим. Ҳамма гап шу.
— Ҳмм. Тамадди пайтида учратадиган шеригингиз кимлигини фаҳмлагандай бўлаяпман.
— Келинг, шу ерда тўхтатамиз. Сиз мен учун ҳамиша зийрак одам бўлиб қоласиз.
— Фақат бир гап, — ижикилади Гаусс. – У яқинда яхши бир ҳамкоридан айрилиб қолдими?
— Бу – омадсизлик занжиридаги охирги ҳалқа, холос.
— Шундай. Демак. У менинг ҳам эски қадрдоним, nicht wahr[11]?
— Bis Montag, mein Greund. Bis Montag[12], — бидирлади Палмер.
— Тушунаман. – Гаусс бир неча сония индамади. Кейин қўшиб қўйди: — Жуда қизиқ. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, бу менга жуда ёқади деб ўйлай бошладим...

Кейин яна гўшакни олиб, генерал рақамини қайта терди. Гўшакни Хейгеннинг ўзи олди.
— Энди, яна бир гап бор. Душанба куни мен билан Нью-Йоркда тушлик қила оласизми?
— Тентак бўлдингми, Вуди? Бу ерда ишим қалашиб ётганини биласан-ку?
— Мен айтган одам билан учрашиш учун.
— Мен уни биламан.
— У ўз ташаббуси билан тажрибалар ўтказишга рухсат берилиши ҳақида аниқ тавсиялар олиш ниятида.
— Ҳаммасини ўзинг тасдиқла, мен сени қувватлайман.
— Бу тоифадаги одамларни яхши биласан-ку! Ўзларини ҳурмат қилишади. Сенга бир марта нигоҳи тушса бўлди...
— Менинг эски қадрдоним, менга фойдам тегаяпти деб ўйлаяпсанми. Айтайлик, ҳожатимни чиқаряпсан ҳам. Лекин вақти келиб, жонга тегишинг мумкинлигини нега ўйламаяпсан?
— Майли, Эдди. Мен шунчаки, битим бузилишини хоҳламаган эдим.
— Шундай хавф борми?
— Сен ўзингни кимошди савдосидаги ягона харидор деб ўйламасанг керак?

Хейген жим қолди.
— Нима бу, ёниб кетадими?
— Тўппа – тўғри. – Палмер имкон қадар киноя оҳангида гапирди. – Пулли конвертни очганингда у ерда қоғоз тахламлари бўлади. Эдди, бош тортмоқчи бўлсанг, ростини айтавер. Бироқ, илтимос, бу гапни ҳозироқ айт.
— Худойим-ей, соат нечада, қаерда?
— Ўн икки-ю ўттиз. Ишбилармонлар даҳасидаги “Клуб”да.
— Янаям четроқ жой бўлиши учун Мейси витриналарининг ёни яхшироқмиди?
— Ҳа дейсанми-йўқми?
— Жин урсин. Кўришгунча.
— Ҳозирча. – Палмер гўшакни илиб улгурмасдан бир финжон қаҳва кўтарганича, Эдис кириб келди.
— Бир соат қаҳва тайёрладингми?
— Шуни ҳам ичишингни хоҳламайман, Вудс. Сен ухлаб олишинг керак.
— Ҳозир ётаман. – Палмер чуқур уф тортиб, қаҳвани хўплаб ича бошлади.

Олтмишинчи Боб

Палмернинг хаёлида кейинги қирқ саккиз соат одатдагидан анча чўзилиб кетганга ўхшади. Бироқ узоқдек туюлган бу вақт давомида у ўзига сиртдан қарай олмади. Иккинчи давр шунчалик кўп қисмлардан ташкил топган эдики, ўйлаш учун фурсат ҳам қолмаганди. Палмер ишни тез битириш учун тинимсиз олға интилар, наридан-бери ухлар, вақтни ўз иш режасига мослаштиришга уринар эди. Кейинроқ, таҳлил қилиш имкони туғилганда у бу фаолликка сабаб бўлган ягона аниқ гувоҳни топиб олди: бу, асосан, шаҳарлараро телефонда сўзлашув учун 300 доллардан кўпроқ тўлов қоғози эди.

Эдиснинг қистови билан шунба куни у тушликдан кейин соат қўнғироғини оқшомги 19 га қўйиб, ухлагани ётди. Айни шу вақтда – ўрта Ғарбда соат 18 бўлганда уйғониб, Чикагога қўнғироқ қила бошлади.

У гаплашганларнинг кўпчилиги уйида ёки бошқа бирор жойда овқатланишга тайёргарлик кўришмоқда эди. Уларда Палмернинг гапларига қизиқиш уйғонарди-ю, мулоқотга вақтлари йўқ, яъни улар Палмер ўйлагинидек, осойишта руҳий ҳолатда эдилар. Улар қаёққадир шошишар, муаммоларни майда-чуйдасига муҳокама қилишни хоҳламас эдилар...
— Билл (Жек ёки Фил, биргал Жиббзи), — дерди Палмер, — эсимда. Сен ўтган йили июнь ойида Жет-Технинг акцияларини сотиб олган эдинг. Сенда акция кўпми?

Берилган жавобга қараб, гап-гапга уланар ва Палмер моҳирлик билан нишабни ўзига зарур томонга бурарди. Суҳбатдошида Жет-Тех акциялари деярли йўқ бўлса, Палмер енгил нафас олиб, уни табриклар ва эртага, биржа очилгандан кейин ёки узоғи билан сешанба куни катта кўнгилсизликлар бўлишига шама қилиб, иложи борича гапни қисқа қиларди. Агар суҳбатдошида айтилган акция кўп бўлса, Палмер фикрини очиқроқ айтарди. Яъни ҳаяжонли, беъзовта овоз билан хизмат мажбурияти бўйича бу гапни сир сақлаш лозим бўлса ҳам дўстликни юқори баҳолашини билдириб, ноаниқ, ғалати шамалар билан дўстининг кўнглига ғулғула соларди. “Мен хусусий акцияларимни душанба куни, биржа очилгандан кейин сотаман” бу галги суҳбатнинг ҳал қилувчи қисми шундай тугар, “чунки сешанба куни тушликдан кейин уларни энг арзон баҳога сотиш ҳам ушалмас орзу бўлиб қолади”, деб қўшиб қўйишни унутмасди.

Палмер шанба куни Чикаго вақти билан кеч соат ўнларда телефондаги суҳбатларини якунлади ва вақт эндигина оқшомги етти бўлган Ғарбий қирғоққа навбат етди. Кечки ўн бир яримгача бу томонга қўнғироқ қилди. Кейин яна Вашингтон штатидаги Паско меҳмонхонасига, Жейннинг аллақачон бирорта қизиқ китобини ўқиб, дам олаётган эрига қўнғироқ қилди. Бироқ меҳмонхона хизматчиси номерда ҳеч ким йўқлигини айтгач, Палмер буюртмани қол¬диришни сўради.

Тунги соат бирларда Эдис уни уйқуга ётишга кўндирди. Бироқ тонгги соат тўртда телефон қўнғироғи жиринглаши билан ўрнидан сакраб туриб, гўшакни олди.
— Йўқ, Тим, ҳеч нарса бўлгани йўқ. Буюртма қолдирганим учун кечир. Бу – менинг хатоим. У ёқда соат неччи? Тунги бир?
— Вудс, бор, ётиб ухла ёки жин урсин, ҳар қанча гапинг бўлса ҳам гўшакни жойига қўй.

Ҳолдан тойган Палмернинг ҳозир бирорта саволга жавоб беришга мажоли қолмаган эди. Бироқ сирли “Уотан” сўзи охир-оқибатда бир дунё жумбоқларни келтириб чиқаради. Палмер бу саволларнинг бирортасига мажбуран жавоб бермоқчи эмас эди.

Бироқ энг муҳим иш Бернсга қўнғироқ қилиш якшанба кунига қолдирилган бўлиб, Палмер бу қўнғироқни иложи борича кечроқ, тунда қилмоқчи эди. Куннинг иккинчи ярмида анча вақтини у суҳбат ўтказиш учун турли йўлларни танлаш билан ўтказди. Ва Ниҳоят Палмер қўнғироқ қилди. У билан суҳбатдан кўзда тутилган қаршиликлар анча камлигини сезиб, жуда мамнун бўлди.
— ... Жағингиз тузукми деб сўраш учун қўнғироқ қиляпман.
— Зўр. Шу холосми?
— Унчаликмас.
— Албатта, сиз кечирим сўраш учун қўнғироқ қилаётганингиз йўқ, — деди Бернс вазмин овозда. – Сизга ўхшаган одамлар ҳеч қачон бундай қилмайди.
— Сиз менинг “тоифам”ни анча яхши ўрганибсиз, тўғрими?
— Ҳа, албатта, — жавоб берди Бернс. – Сизнинг алоҳида исмингиз ҳам бор. Сиз – ОАП сиз.
— Ким?
— Оқтанли Англосакс. Протестант.
— Жо Лумисга ўхшаб-а?
— Бўпти, Палмер. Шуми?
— ОАПлар ва яна ОАПлар борлиги тўғри. Сиз уларнинг айримларига ишонасиз.
— Келинг, гапни тугатамиз.
— Қўнғироқ қилишимга сабаб, сиз туфайли хавотирдаман.
— Ховотирингиз ҳам ўринли. Эртага эрталаб мен сизни бурдалаб ташлайман.
— Мак, мени сизнинг шахсий эҳтиётсизлигингиз хавотирга солади. Менга бир фикр тинчлик бермаяпти. Сиз ҳаммани битта торозида ўлчаяпсиз.
— Нима?
— Тушунтириш шартми, Мак? Сиз ақлли одамсиз-ку? Сиз ОАПларнинг бир гуруҳи билан яширинча, иккинчиси билан – очиқчасига битим тузиб ишлаяпсиз. Бироқ сиз ҳаммани Жет-Техга қўйдингиз, ҳаммани улар ҳисоблашиши шарт бўлмаган махфий битимга қўшиб қўйдингиз.
— Ўз ғамимни ўзим ейишимга рухсат беринг, Палмер.
— Буни сиз кўнгилдагидек қилолмайсиз. Ўзингизни бир дақиқага Лумиснинг ўрнига қўйиб кўринг. У сизда нимани кўради? Унга қандайдир фойда келтирувчи эпчил ишбилармон зарур. Ваколатингиз тугагач, сиз ким бўласиз? Уни сиз билан қанақа расмий битимлар боғлаб туради? ЮБТК эса сизни очиқчасига ёллайди. Бу – ҳаммага маълум нарса. Агар бизга ишингиз ёқмаса, сиздан ажралмоқчи бўлсак, сизга шартномада қолган муддат учун ҳақ тўлашимиз керак. Лумис-чи, у ҳам тўлайдими? Унинг сизга, аслида, “хайр” дейишдан бошқа қарзи борми?

Бернс индамади. Кейин:
— Ташвишланманг. Ўйиндан бир қадам олдинда юриш учун ақлим етади, — деди.
— Агар бирорта ақлли одам бўлса, у ҳақиқатан ҳам сиз. Бироқ, Мак, ҳозир айтмоқчи бўлганим сиз учун ўта даҳшатли бўлмаса керак. Ўйин шарти ўзгарди.
— Тушунтириброқ гапиринг.
— Ўйин ўзгарди. Аввалги, ҳаммамиз ўйнаган ўйин. Мен уни ўзгартирдим.
— Нима?
— Мен билганимча айтдим, Мак. Яна битта маслаҳат беришим мумкин: эртага кундузи, соат учу ўттизларда Лумисга қўнғироқ қилинг.
— Нима учун?
— Унгача ҳаммаси равшан бўлади. Янги ўйинни тушунган заҳотингиз ҳеч иккиланмай, мен билан гаплашинг. Агар сиз олдиндан мўмин бола бўла олсангиз, мен ҳамиша ўйинда сизнинг ақлингиздан фойдаланаман.
— Палмер, нима деяпсиз?
— Айнан шундай, — қатъий гапирди Палмер. – Рақиб сифатида сиз ўта қимматли инсонсиз. Эртага, пешиндан кейин нима бўлганини кўрганингиздан кейин, байталингизга ҳам бир қараб қўясиз. Кейин менга қўнғироқ қилинг.
— Учу ўттизда қандай воқеа рўй беради?
— Айнан ўша пайтда эмас, шу вақт атрофида, — унинг гапини тўғрилади Палмер. Агар кўрсатилган пайтда ҳам иштиёқингиз бўлса, мени бурдалаб ташлаш учун вақт топа оласиз.

У гўшакни жойига илди.

Палмер якшанба куни ярим тунда яқин уйқуга ётиб, эрта тонг – соат бешда турди. Уйқуга тўймагани, тўхтовсиз суҳбатлар, билвосита шамалар, иш режасини қайта-қайта ўқиш, телефондаги ҳар бир суҳбатни баҳолаш ва қайта баҳолаш, оҳанг ва алоҳида урғуларни таҳлил қилиш – буларнинг ҳаммаси бошида тўхтовсиз ғужғон ўйнай бошлади. У ўриндан туриб, у ёқ-бу ёғини қоқди, кабинетига кириб, қолган ишларнинг узил-кесил режасини тузди ва уларни қоғозларга ёзиб, ҳамёнига солди. Соат олтиларда ваннага илиқ сув тўлдириб, елка ва бўйнидаги оғриқни кетказиш умидида сувга тушиб, ётди.

Соат еттида Эдис уни сув ичида ухлаб ётганини кўриб, қўрққанидан қичқириб юборди. Ваҳимали овоз Палмерни уйғотди. У чўчиб тушиб, осуда илиқ сув бағрида чор-ночор типирчилай бошлади.
— Нима дейсан, жин ургур?
— Вудс, ақлдан озиб қолибсан. Ухлаб қолибсан-ку.

У тушунмаётгандек кўзини пирпиратди: — Соат неча бўлди?
— Етти. – Аёл уни кўздан кечира бошлади. – Кейинги пайтларда озиб кетдинг.
— Ростданми?
— Бемалол қовурғаларингни санаса бўлади.
— Ҳмм.
— Анави нима?

Палмер қорнига қараб, саросимага тушиб қолди.
— Нимайкан?
— Анави доғ. Анави ерингдаги.

У шу заҳоти Виржиния киндигининг ёнини тишлаб олганини эслади. Фавқулодда ҳайратга тушган одам каби Палмер аста-секин ўз қорнини кўздан кечирди ва доғ қандайдир иркит қора-қўнғир рангга кириб қолганини, тишланганга ўхшамаслигини кўрди.
— Палмер ўзини доғни кўрмаганга солди.
— Қанақа доғ?
— Ана. – Эдис чўзилиб, уни ушлаб кўрди. – оғрияптими?
— Манавими? – у талмовсираб доғга қаради. – Ким билсин бу нима балолигини... Кана ёки бошқа бирор нарса чаққандир-да.
— Жудаям ғалати. Семиз бўлганингда, камарингдаги тўқанинг изи дейиш мумкин эди. – У ваннахонанинг нариги томонидаги девор ёнига эгилди.
— Сен, айтган жин ургур кана қани? Уни қаерда кўрдинг? Бу ерда кана йўқ.

Палмер елкасини қисди. Илиқ сув қаттиқ чайқалди.
— Чекка қишлоқлардаги бирорта меҳмонхонададир-да.
— У ёқларга анча олдин боргансан. Кана чақса, бу доғни аллақачон кўрган бўлардинг.
— Киндигимни томоша қилишга кўп вақт ажратганим йўқ.

Эдис яна нимадир демоқчи бўлди-ю, бироз ўйланиб, сўради:
— Нима деб ўйлайсан, тоза бўлдингми?
— Ҳа-ҳа, албатта. – У ўзини зўрлаб сувдан чиқа бошлади. Кутилмаганда мувозанатини йўқотиб, чайқалиб кетди ва шошилиб, таянч нуқта қидирди. Эдис қўлидан маҳкам ушлаб, суяб қолди.
— Ўзингни ёмон ҳис қилаяпсанми?
— Яхшиман. У ваннадан чиқиб, сочиққа ўралди.
— Сен оғир меҳнат қилдинг. У баданини сочиқ билан артаётиб бош ирғаб қўйди. Териси ўта юмшоқ эди. Илиқ сувдан кейинги салқин ҳаводан Палмернинг баданида титроқ турди.
— Эртага ўзимни жуда яхши ҳис қиламан, - деди у.

Палмер хотинига қаради ва Эдис ўта синчковлик билан кўздан кечираётганини сезди. У “нимага бунчалик қараяпсан?” дегандек, қошини чимирди. Эдис секингина бош чайқади.
— Чамамда, — секин, гўё ўзи билан гаплашаётгандек сўзлади у. — Ўзинг буни ким тишлаганини биласан...

Олтмиш Биринчи Боб

Бэттерн – парк Манхэттен бухтасидаги боши берк ярим оролга ёриб кирган ва ҳаттога қуёш чароғон пешин чоғида ҳам қандайдир ифлос тутунга бурканиб олганга ўхшаб кўринарди. Палмер Бедлоуз Айленд тарафдан тинимсиз эсиб турган совуқ шамолдан кўзларини аранг очиб кулранг-яшил устунга ўрнатилган Озодлик ҳайкалини зўрға илғади. Ҳайкал тутун ва газ пардаси остида арвоҳга ўхшаб гоҳ кўриниб, гоҳ ғойиб бўлиб турарди. Орадан бирор сония ўтгач, Палмернинг машинаси ҳам умумий оқимга қўшилиб кетди.

Вертолёт бекатининг кутиш майдонида ҳар томондан совуқ шамол эсиб турарди. Палмер машинадан тушиб, сигарет тутатмоқчи бўлди.

Бироқ кучли шамолда ёндиргич кучли аланга олиб, қўлини куйдирди. Уни чўнтагига солиб, вертолёт бекати деворига урилиб, чайқалиб турган тўлқинларга сигаретани улоқтирди. У мавж ураётган сувни томоша қилиб турганда баланд бир тўлқин зарб билан келиб урилди-ю, Палмернинг юз-кўзига минглаб сув зарраларини сочди. Тўлқин билан бирга оёғи остига турли хил чиқиндилар ҳам келиб тушди. Палмер Нью-Йоркнинг ўзига хос бу “совға”ларига бироз тикилиб тургач, бекатнинг нарига томонига ўтди. Умуман, ишлар ёмон кетмаяпти, деб ўйлади у кучли шамолда турганича. Биржа очилганда Жет-Тех акцияси 45 да турар эди. Биржадан маълумотлар жуда секин келар, бироқ у ўн бир яримда жадвалларни кўздан кечириш учун шаҳардаги даллоллар меҳмонхоналаридан бирида тўхтаб, битимлар сони оддий кунлардагига нисбатан анчагина кўпайганлигини кўрди: 10 000 акция сотилган, нархи эса 38 гача тушганди.

Палмернинг жилмайиши ғолибона кулгига айланди. У моҳирлик билан мақсадига эришди. Энди иш у ўйлаганчилик тўс-тўполонга етиб бормаса, ҳам, ҳатто Жо Лумис ЮБТКни назорат қилишдек беъмани фикридан қайтмаса ҳам, ҳар қалай Лумис олдида кўплаб муаммолар пайдо бўлади.

Палмер вертолётнинг бўғиқ овозини эшитди. У ўгирилиб, вертолёт ёнгинасидан учиб ўтганини, орол қирғоғи бўйлаб доира ясаб, Гудзоннинг шимолроғига, чамаси, Ўттизинчи кўчадаги бекат томон йўл олганини кўрди. Тезда иккинчиси ҳам келади, деб ўйлади Палмер. Жадвал бўйича, унинг учиб келишига икки дақиқа қолган эди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, иккинчи вертолётнинг ҳам ўзига хос гулдираги эшитилди. Палмер дарё оша Бруклин томонга кўз ташлади ва қўниш майдонига қараб бурилаётган вертолётни кўрди.

Ҳаво тўлқини Палмернинг шляпасини учириб кетаёзди. У вертолёт қўнгунча шляпасини икки қўллаб ушлаб турди. Бир-икки сония ўтмай, мотор овози тинди. Айланаётган парраклар аста тўхтади. Гейнц Гаусс вертолётдан учинчи бўлиб тушди.

Кичкинагина бу одам атрофга олазарак кўз югуртирди. Палмер Гауссни ҳеч қачон, ҳатто Пенемнондда асир олинганда ҳам бунчалик ҳаяжонлангани, ўзини гуноҳкорона тутганини кўрмаганди. Палмер қўл силкитиб, унга қараб юрди. Совуқ шамолда турган ҳолда, улар жимгина қўл қисишди.

Банкнинг “Кадиллак”и тўсиқ ортида кутиб турган эди. Палмер Гаусснинг ёнига ўтирди ва ҳайдовчига вертолёт бекатидан бир неча квартал наридаги “Клуб” манзилини берди. Машина жойидан қўзғалгач, Палмер Гауссга аста бош ирғади.
— Етиб келганингиздан хурсандман, Гарри, — деди у. – Анави тиккерлар билан ишингиз қалай?

Гаусс изтироб ичида чимирилди ва қўлларини иложсиз ёзди: — Ёмон эмас, — деди ниҳоят немисча лаҳжасини сездирмасликка уриниб.

Палмер миллати ва келиб чиқишини яшириш учун Гауссда маҳорат етишмаслигини пайқаб, ташаббусни қўлга олди: Лонг-Айлендда биттадан оилаларга мўлжалланган енгил уйларни қурилиши, капиталнинг ўртача рақами, фоизлар, шарт-шароитлар, ер участкаларини молиялаштириш кабилар ҳақида тинимсиз гапиришга тушди. Машиналар билан тирбанд кўчаларда ўн дақиқадан ортиқ йўл юриб, овқатланиш вақти етгунча “Клуб”га етиб келдилар.
— ... ва унинг капиталини савдони кенгайтириш учун озод қилади, — дея ҳамон валақлар эди Палмер. Ниҳоят у: — О, мана, етиб ҳам келдик. Шу ерда, тўхта, Жимми, — деб ҳайдовчига мурожаат қилди.

Улар роппа-роса ўн иккию ўттизда машинадан тушдилар, шошилганча, эски фойедан ўтиб, жимгина каттакон шалоғи чиққан лифтга чиқдилар. Кутиш залида Палмер хизматчига шипшиди:
— Генерал Хейгеннинг столига.

Хизматкор жилмайди ва уларни бошлаб кирди. Палмер орқада келаётган Гаусснинг тўнғиллаганини эшитди:
— Ҳа, мен ҳақ эканман.

Хейген Палмерга бош ирғади ва Гауссга мурожаат қила туриб ўрнидан қўзғалди.
— Доктор, сизни яна кўрганимдан мамнунман, — деди у ўзини катта тутиб.

Улар стол атрофига ўтирдилар. Палмер кўнглида Хейгендан мамнун бўлди. Гаусс илмий унвонини айтиб мурожаат қилишганда жуда роҳатланарди.
— Генерал, мен ҳам мамнунман, — жавоб берди у.

Улар ўтган кунларни хотирлашга берилдилар: Хейген Гаусснинг урушдан кейинги фаолиятини мукаммал билиши билан ҳаммани ҳайратга солди. Палмернинг эътиборини бошқа нарса жалб этди. У яқин-атрофдаги столларга разм солди. Иккита даллол уларни ошкора қизиқиш билан кузатиб турарди. У нигоҳи билан бутун хонани кезиб чиқди. Лумиснинг бурчакдаги столи бўш турар, бироқ ёнидаги столда Арчи Никос хаёл суриб, қандайдир ичимликни секин ичиб ўтирар, унинг ёнидаги столда эса икки банкир намойишкорона суҳбатлашишарди.

Палмер кулимсиради. Хейген ҳамиша бир йўла камида икки йўналишда фикрлай олиши билан ажралиб турарди. Палмер официант келаётганини кўриб, таомномани қўлига олди.
— Қовурилган қилич балиқ ейсизларми? – сўради у ўтирганлардан. Улар хотираларини сўзлашдан тўхтаб, Палмерга ўгирилишди.
— Бугун душанба, Вуди, — қуруққина жавоб берди Хейген. – Ўйлайманки, бугунги учрашувимиз тансиқ филе миньонга арзийди. Нима дедингиз, доктор?
— Албатта. Ажойиб.
— Чамаси, биз тил топишяпмиз, Вуди, — деди, кейин Гауссга қараб сўради: — Тезроқ бошлай оласизми?

Бу пайтда ресторан залига одам тўлиб кетганди. Эртароқ келганлар кетиб, улар ўрнини бошқа даллоллар ва банкирлар эгаллади. Эдди Хейген ва Жет-Технинг илмий ишлари раҳбари бирга ўтириб узоқ суҳбатлашгани ва овқатлангани ҳақидаги гап Уолл-стритда шов-шув бўлади. Энди дўстона қўл қисишиб хайрлашаётганларини ҳаммага намойиш этиб, пардани ёпиш вақти келди.

Палмер соатига кўз ташлаб, хитоб қилди: — Жин урсин, генерал, мен бу одамга ўн беш дақиқадан кейин вертолёт бекатига қўйиб келаман деб ваъда бергандим. Иложи бўлармикан?

Хейген жилмайиб, ўрнидан турди. У атайлаб қулочини шундай кенг ёздики, Палмер ҳатто қўрқиб кетди.
— Доктор, — деди Хейген қўлини немисга узатиб, — Мени нархи қизиқтирмайди. Бироқ биринчи бўлиб қиладиган ишингиз гравитацияга қарши анави нарсангизни қуриш. Мен уни кўришим керак.
— Албатта кўрасиз, — ваъда берди Гаусс яшнаб.
— Ўшанда битим тузамизми?
— О, албатта! – Гаусс деярли қичқириб юборди. – Албатта!
— Яна бир марта хайр, доктор, — баланд овозда хайрлашди Хейген Гаусс билан, — Сиз билан суҳбатлашиб, маза қилдим.

Бу гал Гаусс пошпаларини тақиллатиб, ҳарбийчасига честь берди. Палмер “почаси узун бўлмаганда пошнасининг тақиллаши оламни бузарди” деб ўйлади.

Улар лифтда яна жимгина пастга тушдилар.
— Менга қаранг, — Гаусс лабларини ялаганича, жим қолди. Унинг кўзлари нам эди. – Генерал иккимиз ҳақиқатан ҳам битим туздикми?
— Унинг қўл қисиши шартнома каби мажбурият касб этади. Бундан ташқари, генералнинг феълини яхши биламан, эртага, почта орқали шартноманинг бир нусхасини оласиз.

Гаусс бир зумда яшнаб кетди. Кейин яна телбаваш қиёфага кирди.
— Мен бу ҳақда Жет-Техга хабар қилишим керак, — ғўлдиради у.
— Бу масала сизни жуда ҳаяжонлантираётган бўлса, ўзингизга тегишли шартнома нусхасига имзо чекиб, генералга жўнатиб юборинг. Бир-икки кундан кейин рўйхатдан ўтказилиб, имзоланган нусхани сизга қайтариб юборади. Ҳаммаси қонуний ва расмий бўлади. Шундан кейин Жет-Техга маълум қиласиз.
— Ҳа – а, — Гаусс хотиржам бўлди. У ишчан қиёфада осмонга қаради, кейин ўгирилиб, бир неча муддат уфққа кўз тикди. Сўнг қовоғини уйиб: — Тартибсизлик, — деди. – Ҳеч қанақа мажбурият туйғуси йўқ.

Палмер елкасини қисди:
— Озгина Нью-Йоркча мафтункорлик бор, холос.
— Мен учун йўқ, — Гаусс қаддини ростлади ва жиддий қиёфада дарё томон бир неча қадам ташлади.
— Сиз ҳақсиз, — маъқуллади Палмер.

Гаусс ўгирилиб, яна уфққа қаради. Бош чайқаб: — Тушунмайман, одамлар бу ерда қандай яшар эканлар, — деб қўйди. Баланд тўлқин унинг ортидан келиб, деворга урилди. Минглаб сув заррачалари Гаусснинг ботинкаларини хўл қилди ва сув билан бирга чиққан турли қоғоз парчаларини ёпиштирди. Гаусс қўлларини чўзиб:
— Жуда маза қилдим, — деб қўйди.

Палмер унинг қўлини қисди:
— Омад тилайман.

Ҳар ким ўз бахтини ўзи яратади, — деди ва бурилиб, вертолётга чиқиб кетди...

Олтмиш Иккинчи Боб

Иккидан ўттиз дақиқа ўтганда Палмер Бешинчи авенюдаги ишхонасига кирди. У каттакон хона охиридаги стол ёнига ўтириб қўлига телефон гўшагини олган чоғидагина стол устидаги бир даста қоғозга кўзи тушди. Бугун эрталаб, соат саккизу эллик бешдан бошлаб ҳар соатда Бэркхардт қўнғироқ қилибди. Бир гал соат ўн бирда Жейннинг эри Тим, ўндан кейин Эдис, соат ўн икки-ю, ўн бешда эса чамаси Палмернинг кимлар билан овқатланаётганини кўрган “Стар” ҳодими Жорж Моллет йўқлабди. Соат бирда беш дақиқалик оралиқ муддат билан Бернснинг қўнғироғи рўйхатга олинибди. Шу дақиқада эса Палмернинг шахсий даллоли қўнғироқ қила бошлабди.

Палмер шаҳар билан боғловчи телефон тугмачасини босди. Даллолнинг телефони рақамини терди. Ва шу йўл билан ўртадаги суҳбатни яширинча эшитиб, бўлмайдиган қилиб қўйди.
— Пит, бу менман, — деди Палмер.
— Айни муддао, — бўғиқ овозда жавоб берди даллол. – Ўттиз тўққиз.
— Яъни олти банд пастга, сенингча, кунинг охирида нима бўлади?
— Катта фаоллик бўлмайди. Йирик пакетлардан биронтаси ҳозиргача сотувга қўйилгани йўқ.
— Асос мустаҳкам бўлмагунча қўйилмайди ҳам, — олдиндан сезди Палмер. – Балки эртага, пешингача ўзгариш бўлар.
— Ёпилишига бир неча банд кўтарилса, ҳайрон қолмасдим.
— Биржа чайқовчиларими?
— Ҳа. Паст ҳолича тутиб туриши учун кучли босим бўлиши зарур.
— Босим берилди, — деди Палмер.
— Қачон?
— Бир соатча олдин.
— Биржада бирор аломати сезилган йўқ.
— Янгилик ҳозирча Стрит бўйича тарқалагани йўқ, аммо тезда кўрасан.
— Бу нима ўзи? — сўради даллол.
— Яхшиси, мен жим турай. Сен гапир.
— Чамаси, жадал юриш қилдикми?
— Эшитганингдан кейин менга ҳам маълум қил, — деди Палмер. — Акцияларнинг йирик пакетлари сотувга чиқса, шу заҳоти менга ҳабар бер.
— Нима деб ўйлайсан, улар яна қанча пасайиши мумкин, Вуди?
— Нима, мен даллолманми?
— Ҳа! — У томондаги одам жим бўлди.

Палмер жилмайиб ўтирарди. Кейин “Бэркхардт” деган тугмачани босди ва кута бошлади. Бир неча сония ўтиб, унда яшил чироқ ёнди.
— Эшитаман?
— Лэйн, менга қўнғироқ қилдингизми?
— Ким? Сенми, лаънати аҳмоқ! Жин ургур, қайда дайдиб юргандинг!
— Ишбилармонлар даҳасида. У ерда мен сал бўлмаса сизни босиб олай дедим.
— Иш билармонлар даҳасида бўлганингни биламан. Сени овқатланиб ўтирганингни кўрган тўртта одам менга қўнғироқ қилди. Жин ургур, сен у ерда нега ўралашиб юрибсан?
— Ҳеч нарса. Менга ёрдам зарур эди.
— Тингла, мишиқи сурбет, мен савол бераётганимда, мен...
— Қўлингиздан бирон иш келади, деб ўйлаганимда, сизга мурожаат қилган бўлардим. — Палмер гапини шартта кесди. — Тўғрисини айтсам, сизга ишонмайман, чунки ҳамма нарсани барбод қилишингиз мумкин. Сиз сабрсиз одамсиз.
— Нима деяётганингни англаяпсанми?

Ташқи алоқа тугмачасининг яшил чироғи ёнди, интерком оҳиста гувуллади. Ёруғлик липиллаб бир маромда ёниб ўча бошлади.
— Менга яна кимдир қўнғироқ қиляпти, — мулойимлик билан деди Палмер.
— Тупурдим.
— Айтдим-ку, ўзингизни тутишни билмайсиз деб, — гапини бўлди Палмер. — Бу ҳали юмшатиб айтганим. Тинчланинг! Ҳаммаси тугагач, мен сизни уйғотаман.
— Палмер сен кичкина...
— Лэйн, кейинроқ қўнғироқ қиламан. — Палмер Бэркхардт билан гапни тўхтатиб, бошқа тугмачани босди. — Эшитаман?
— Жаноб Моллет, сэр.

—Уланг. Жорж?
— Мендан қочиб юрибсизми? — сўради Моллет.
— Ҳозиргина кирдим. Бошлиғим қулоғимни том битирди.
— Тушлик қандай ўтди?
— Зўр, — жавоб берди Палмер. – Сизларники-чи?
— Жудаям зўр. Қулоғингиз қизидими?
— Қизиши керакмиди?
— Айтингчи, бу эски сафдош қадрдонларнинг оддий учрашувимиди?
— Қандайдир маънода – ҳа.
— Нима? Гаусс Хейген учун ишламоқчими?
— Яхшиси, бирортасидан сўрганингиз маъқул.
— Сўрадим. Хейген жавоб бермаяпти. Гаусс шаҳарда йўқ.
— Шу ишга алоқадор давлат департаментидан билиб ола қолмайсизми?
— Масалан, айнан кимдан? – сўради репортёр.
— Жаноб Карви дегани бор. Тим Карви. У бирор нарса билиши мумкин.
— Матбуот учунми? – сўради Моллет. – У ҳеч нарсани айтмайди, шундай эмасми?
— Ҳоли-жонимга қўймасдан сўрайверасиз...
— Энг осони – сизни безовта қилиш.
— Агар Тимдан маълумот олсангиз, мен барча норасмий нарсаларни айтиб бераман, — ваъда берди Палмер. – Шунда сиз Хейгенга, Лумис ва Гауссга қанақа саволлар беришни биласиз.
— Бошқача қилиб айтганда, сиз Карви безовта бўлишини хоҳлайсиз. Ва буни бошқаларнинг қўли билан амалга оширмоқчисиз.
— Одатда “Стар”нинг мухбири бундан бошқа саволни билмайди.
— Ҳозир ҳаммасини тугатаман, — жавоб берди Моллет.
— Яхши. Кўришгунча.

Палмер яна шаҳар билан тўғридан-тўғри алоқа тугмачасини босди ва Мак Бернс телефони рақамини терди. Энди соат иккидан қирқ беш дақиқа ўтганди.
— Азизим, нима учун томирларингда Ливан қони оқаётганини менга айтмадинг?

Бернс тўнғиллади:
— Биржанинг ёпилишини кутиб ўтиролмадим. Ҳаммаси бошланганда гап нимадалигини дарҳол фаҳмладим. Мен фақат бунга қандай эришганингни билмоқчи эдим.
— Нимага эришибман?
— Ақлдан озиш мумкин. Эшит, мен сенга дастёрдан бир нарса юбордим. Ҳар дақиқада у олдинга бориб қолиши мумкин.
— Нима ўзи?
— Магнитофон тасмаси. У энди сеники.
— Миннатдорман, Мак.
— Мен эса ҳайратдаман. Менга ҳамма томондан қўнғироқ қилишмоқда, азизим. Бугун оқшомда сенга қўнғироқ қилишимга рухсат бер. Яхшиси, кел, бирга овқатланамиз.
— Мак, агар содиқлигингга асос бўладиган нарсани ўзгартирмоқчи бўлсанг, яхшиси вақтингни йўқотма. Мен ҳалиям ОАП ман.
— Мени лақиллатаман деб ўйлама, азизгинам. Шундай ақлинг билан, а?
— Ақлим қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай. Овқатланиш масаласида бирор нарса деёлмайман. Соат бешлар атрофида қўнғироқ қил.
— Ажойиб. Шошилиш керак. Ҳозирча.

Палмер гўшакни қўйиб, тугмача ранги ўзгаришини кузатиб турди. Бернс биринчи қўнғироқ қилган вақтга қараганда у ҳали “клуб”даги учрашувни билмаганини англади. Бернс Жет-Технинг акциялари нархи кутилмаганда тушиб кетаётганидан хавотирга тушган, деб ўйлади Палмер. У, чамаси, ҳали Гаусс ҳақида эшитмаган.

Яна интерком гувуллади.
— Эшитаман?
— Ҳозиргина тугунча келтиришди, жаноб.
— Марҳамат қилиб, олиб киринг. Палмер Виржиния Клэрининг кабинети билан боғловчи телефон тугмасини босди.
— Шу яқин-орада магнитофон борми? – гапни лўнда қилди Палмер.— Мен... Менимча, бор.
— Айтинг, менга олиб келишсин. Ўзингиз ҳам келинг.
— Хонангиздамисиз?
— Иложи борича тезроқ, илтимос.

Соат учдан ўн дақиқа ўтганда Палмер Бернс юборган кассетани магнитофонга қўйди. У ва Виржиния тасманинг айланишига қараб туришарди. Динамикдан секингина шитирлаш эшитилди.
— Овозини баландлат, — таклиф қилди Виржиния.

Кўп ўтмай улар тасмадан ўз овозларини эшита бошладилар. Палмер тинглаб туриб, бирданига қовоғини солди. Тасмани айлантираётган мурувватни тўхтатиб, тасмага диққат билан тикилиб қолди. Бир неча дақиқа ўтиб, тасма асосий ғалтакка ўралди.
— Қизиқ, — деди Палмер. – Бирорта уланган жойи йўқ.
— Бўлиши керакмиди?
— Ҳақиқатан ҳам тасмага бир неча кеча-кундузлик гап-сўзлар ёзилган. Бернснинг хонасидаги магнитофон тасмасининг эни етти сантимертли эди. Бу эса 17 сантимертли. Демак, бу уч-тўртта кичик тасмалардан тайёрланган. Улар бир жойда бўлиши учун елимланиши керак. Бу тасмада эса уланган жой йўқ. Демак...
— Демак, бу асл нусха эмас, кўчириб ёзилгани...

Яна Клэри ўта ақллилигини кўрсатди.
— Мак буни асл нусха деб бердими? Қўлингга қандай тушди?
— Буниси сир. Асосий, асл нусха унда қолган. У мени осон ишонтираман деб ўйлаган.
— Бу эса...
— Демак, Мак ҳақидаги тахминим тўғри. У мени анойи эмаслигимни тушунмаяпти. У мени кимлар билан, қандай мақсадда тушлик қилганимни билганда эди, боши берк кўчага кириб қолганини, бунга ўхшаган сохта чоралар уни қутқара олмаслигини англаб етган бўларди.
— Вудс, нималарни гапираётганингни сира тушунганим йўқ.
— Биламан. – У магнитофондан кўзини олди. – Кечир. Мен ҳатто ўша жума оқшомдан кейин сен билан гаплашмадим ҳам. Бу сенинг фойданг учун бўлди, тўғрими?
— Мен уйда, телефон ёнида маза қилиб ўтирдим.
— Мени кечир.

Аёл унинг нигоҳидан кўзини олиб қочди.
— Айтган гапларим учун кечирим сўрайман. Ўша кеча ўйлаганларим учун ҳам. Ундай эмаслигини биламан. Маст ҳолатдаги беъмани хаёллар.

Аёл яна бош чайқади:
— Нега шундай бўлганимни тушунишим мумкин. Лекин бугун тушлик давомида менга нима учун қўнғироқ қилмаганинг ва нима бўлаётганини айтмаганингни оқлй олмайди. Мен уйда кутиб ўчирдим, кўп миқдорда уйқу дориси ичишимга сал қолди. Сен ҳатто мен ўзимни қандай ҳис қилганимни тасаввур қилолмайсан. Алам қилгани шуки, биргина қўнғироқ дардимга даво бўлиши мумкин эди. Ўзимни мана шундай ғалата аҳволга солиб қўйдим, Вудис. Менинг ёшимдаги аёл ақллироқ бўлиши керак.
— Астойдил кечирим сўрайман, мен...

Шу захоти интерком гувуллади. Палмер Бэркхардтга уланадиган телефон тугмачаси ёнганини кўрди. У бунга эътибор бермай, магнитофондан кассетани олиб чўнтагига солди. Бир дақиқадан кейин шахсий телефонининг чироғи ёнди. У гўшакни кўтарди.
— Ярим бандгача кўтарилди, — хабар қилди Палмернинг даллоли. — Лекин 39,5 дан кейин яна кескин туша бошлади. Биржа ёпилди. Бироқ сўнгги маълумотларга қараганда Жет-Тех акцияларининг нархи янаям тушиб бормоқда. Айтишларича, ҳозир уларнинг акциялари курси 34 экан. Нима гап ўзи?
— Нима гаплигини эшитганинг йўқми?
— Нега сен яширин иш тутуасан? Гап немис олимидами?
— Демак, барибир эшитибсан­да, — тасдиқлади Палмер.
— Бутун Стритда фақат шу ҳақда гапиришаяпти. Лекин у шунчалик фойда келтириши мумкинми?
— Пит, фойда эндигина сезила бошлади.
— Лекин нимага?..
— Эҳ, Пит, — чуқур нафас олди Палмер. — Сени далоллик қилади, деб ўйлагандим. — У гапни бўлди ва ҳамон чақираётган Бэркхардтнинг қўнғироғига эътибор бермай, бошқа бир телефон гўшагини кўтарди.
— Жаноб Моллет, сэр.
— Уланг. — Палмер чўнтагидан режа ёзилган қоғозчани олди. — Жорж, қўнғироқ қилолдингизми?
— Ҳа, лекин осон бўлмади. — Бечора йигит охири гўшакни ташлаб юборди.
— Нима учун “Бечора йигит?” Гаусс туфайли­я?
— Бўлмаса нима учун? Унинг матбуотга хабар қиладиган ҳеч нарсаси қолмаган экан. У айтдики, бизнинг Вашингтондаги бюромиз бир неча соатдан кейин бу воқеага доир тегишли маълумотларни оларкан. У кейинги саволни охиригача эшитмасдан, гўшакни ташлади.
— Даҳшат!
— Айтинг-чи, йирик солиқ тўловчи сифатида сиз давлат хизматчилари орасида жанжал чиқаришга ҳақлимисиз?
— Асабийлашгани учун Тимга ҳақ тўлашади. Унинг агентлиги бу масалада расмий баёнат беришидан мамнунман. Ана шунда сиз ҳам тайёр ҳолдаги мақолангизга эга бўласиз.

Палмер стул суянчиғига ясланди. Бир дақиқа ўтгач, кўзларини юмди ва барча мушакларига дам беришга уринди.

Олтмиш Учинчи Боб

Соат бешда банк коммутатори тунги ишларини тугатди. Палмернинг илтимосига кўра кечки қўнғироқлар Виржиния Клэрининг рақамига ўтказилди. Бирорта одам унинг хонаси билан боғлана олмади. Шундай бўлса-да, соат 5.30 да телефонининг яшил чироқлари ёнди. Палмер даллол қўнғироқ қилаяпти, деб ўйлади ва тугмачани босди:
— Ҳа, Пит?
— Мен Питга ўхшайманми? — сўради Мак Бернс.

Палмер қовоғини солди. Ундан ташқари нью-йорклик ва чикаголик даллолларнинг бирортаси ҳам бу телефон рақамини билмасди. Бугун кундузи у фақат Эдисга Тим қўнғироқ қилса, шу рақамга улагин, деб тайинлаганди.

Мак Бернснинг овози эшитилганда Палмер саросима ичида стол устида уюлиб ётган қоғозларга — жавоб берилмаган телефон рақамларига нигоҳ ташлади. Виржиния бу телефон рақамини билармиди? Балки. Балки, уни Бэркхардт ҳам билар, ЮБТКда деярли ҳамма, Палмернинг кабинетига кирганлар телефон рақамини кўрган бўлиши мумкин. Демак, Бернс ҳам. Бирдан Палмер сукут чўзилиб кетганини ҳис қилди.
— Пит кимга ўхшайди? — ниҳоят сўради у.
— Эшит, азизим учраша оламизми?
— Гап нима ҳақида бўлишига қараб.
— О, mucho[13] нарсалар ҳақида азизим.
— Худойим, кўп тилларни билувчиларга офарин. Айт-чи, нима учун овозинг бошқача?
— Овозим бошқача бўлиши керакми? — эътироз билдирди Бернс. — Бундай дейишингга бирор сабаб борми?
— Бир дунёсини санаб беришим мумкин.
— Чунки ичакларим жанг бўлиб ўтган далаларга осиб қўйилганими? — сўради Бернс. — Мени хонавайрон қилдинг-ку, болагинам? Кўричагимни кесишгандан буён бундай жарроҳликка дуч келмаган эдим.
— Илтимос, хушомад қилмасдан гапиравер.
— Ҳеч қандай оғриқ қолдирувчи воситасиз — давом этди Бернс. — Дўстим, сен сўйганда ҳам астойдил, чинакамига сўяр экансан. Фақат соат тўртдагина немис хоини ҳақидаги янгиликдан воқиф бўлдим. Дўстларинг ғаройиб экан.
— У — дўстим эмас.
— Энди дўстинг бўлмай қолдими? Тўхта, ундан фойдаланганингни у қачон била олади?
— Нима кераги бор, Мак. Жет-Техда аҳволи ёмон бўлиб қолган экан. Бошқа иш таклиф қилган ҳар қандай одам унга қатта яхшилик қилган бўларди.
— Эдди Хейген-чи? Сен уни қаерга тиқиштирганингни тушунадими?
— Генерал Хейген тадқиқот ишларида янги раҳбарга эга бўлди. Бу ишни ким қилса ҳам генерални оғир вазиятдан чиқарган бўларди.
— Ва сенат комиссияси олдига қўйган бўларди, — қўшимча қилди Бернс.

Палмер қаддини ростлади.
— Тушунмадим.
— Хейген тушунади. Гаусс ҳам, Жет-Техдаги раҳбарлар ҳам.
— Улар комиссия олдида туришади демоқчимисан?
— Вашингтондаги мени одамим яқиндагина қўнғироқ қилди, оғайни. Мана шундай ишлар билан шуғулланувчи департаментдагилар қутуриб кетишибди, деди у. Ярим соатдан кейин матбуот конференцияси бўлади. Улар бундай ўтишга қаршилик кўрсатиш мақсадида текширув ўтказишни талаб қилишмоқчи.
— Бундай қилишга қонуний ҳуқуқлари бор, — жавоб берди Палмер.
— Иш таҳлил қилинганда исмингни тилга олмасликка ким халақит бера олади?
— Ўйлайманки, ҳеч ким.
— Буниси қандоқ бўлди? — сўради Бернс.
— Нима қипти? Мамлакатимиз эркин мамлакат, Мак. Агар улар мени миллий хавфсизлигимиз учун катта фойда келтиришга қодир одамни фаолияти чеклаб қўйилган бошқа одам билан учраштириб, ҳар иккисини йўлдан урди деб айтишни хоҳласалар, уларни тўхтата олмайман. Ҳаракат ҳам қилмайман.
— Азизим, сенаторлар ҳамма нарсага бошқача кўз билан қараши мумкин. Улар сени ўта зарур “Уотан” лойиҳаси билан машғул ишдан чалғитишда айблашлари мумкинлигини унутма.
— Гауссни назарда тутаяпсанми? — сўради Палмер, чамамда у воқеани бутунлай бошқача изоҳлайди. У, эҳтимол, “Уотан”нинг омади юришмаётганига Жет-Технинг хасислиги сабаб, бу компания уни маблағ билан пухта таъминлай олмаяпти, деб изоҳ бера олади. Дунёда унинг ноҳақлигини исботлайдиган ўн нафар одам топилмайди. Бинобарин, у ҳақ бўлиб чиқади.

Бернс анчагина жим қолди. Кейин енгилгина киноя билан “ҳа-а” деб қўйди.
— Танлаш имкони йўқ, — Виржиния унинг гапини якунлади. — Ҳозир мен сенга асосийсини айтаман. Жума куни оқшомда жамғарма банклар менга иш таклиф қилишди. Мен “йўқ” деб жавоб бердим. Бироқ шанба ва якшанба кунлари бошдан кечирганларим ҳолдан тойдирди. Душанба куни менга иш таклиф қилган одамга қўнғироқ қилиб, “хўп” дедим. Мен хоҳлаган пайтимда ишга тушишим мумкин. Улар уч йилга шартнома тайёрлашяпти. Иш ҳақи ЮБТКдагидан юқори. Бироқ пули мени қизиқтирмайди. — У чўзилиб, Палмернинг қўлига қўлини қўйди. Аёлнинг қўли муздай эди.

Виржиния Палмернинг қўлини қаттиқ қисди.
— Бошқа гаплар ҳам бор. Мен, масалан, чин юракдан тижорат банки ходими бўлмайман, деб аҳд қилдим. Эрта етиляпман. Шарқий Гарлемлик бечора қиз. ЮБТК... У забт эта олмаган дунё. Мен мухолифчилар билан бахтлироқ бўламан деб ўйлайман. Бундай турдаги одамларга яқинроқман. Улар давлат ва оламга эга эмаслар. ЮБТК ҳамиша мени қўрқитар эди. Бироқ бу ҳам энг яхши истагим эмас. — У Палмернинг иккинчи қўлини ҳам олди ва уларни қаттиқ қисди. — Асосийси, азизим, мен сендан узоқда бўламан. — У Палмернинг қўлларини эҳтиёткорлик билан столга қўйди, ўрнидан туриб, эшик томон йўналди. — Кўрдингми, ишлар қанақалигини?
— ЮБТК билан шартноманг йўқми?
— Ҳеч қанақа. Ўйлайманки, мени шартнома билан ишлашга муносиб эмас деб билишган.
— Жамғарма банклар ютиб чиқиши мумкин эмас, сен буни биласан.
— Энди Мак икковларинг бундай бўлмаслиги учун ҳаракат қилинглар. У яна сенга иттифоқдош бўлди, тўғрими? Уни ҳамиша кучли томон ўзига тортади. Лекин биз ютқазамизми-ютқазмаймизми, менга барибир. Мени ЮБТКда қолишга кўндирсанг қанчалик жаҳлинг чиқишини тасаввур қиламан.
— Менимча, бундай бўлишига умид жуда кам, — деди Палмер. — Кел, мавзуни ўзгартирамиз.
— Йўқ. Жимми Клэрининг айтмоқчи бўлган фикрлари бор ҳали. Худо ҳаққи, тумтайма. Сенинг тумтайишингга сабаб жуда кам, сен ношукур бандасан. — У яна Палмернинг қўлини олиб лабларига олиб борди ва аста лабларига сурди.
— Керак эмас. — Палмер қўлини тортиб олди ва билинар-билинмас қолган лаб бўёғи изига қаради. — Ё севимли бўл, ё умуман қўл етмас бўлгин. Бир вақтнинг ўзида иккаласи бўлиши мумкин эмас.
— Мен фақат ўз-ўзимга ўхшаган бўлишим мумкин, — жавоб берди Виржиния. Бир неча муддат улар бир-бирларига эҳтиёткорлик билан қараб қолишди...
— Вудс, мен иш ҳақида гапиряпман. ЮБТКни назарда тутяпман. Мен... — У қўлини енгил силкитди. — Мен бечораҳол аёлман. Бизни тирсаклари билан туртиб, ўзи учун юқорига йўл очадиганлар кўп. Биласанми, ҳамма нарса рухсат берилган маълум тоифалар бўлади. Яҳудийлар анча кенг имкониятларга эга. Уларнинг олим бўлишлари шарт эмас. Улар мусиқачи, масхарабоз ёки ҳакам бўлишлари мумкин. Мана мен ҳам шундай бўлдим: борлиғим билан ЮБТК никиман. Қандай қилиб бу ҳолга тушиб қолганимни билмайман, тушунмайман, бу машғулотни қадрламайман ва ёқтирмайман. Балки жамғарма банкни ҳам ташлаб кетарман, шундай бўлиши мумкин. Бироқ айни пайтда, сенинг шарофатинг билан, менимча, банк экперти бўлдим ва у менга катта пул келтиряпти.
— Бу қанақа қоида? — сўради Палмер. — Уларни ким ўрнатади?
— Болагинам, дўмбоғим, — деди Виржиния Бернснинг овозига тақлид қилиб. — Наҳотки сен билмасанг? Қоидани сен ўрнатасан.
— Мен?
— Сен ва сенга ўхшаганлар.

Палмер аста бош ирғади:
— Умуман, ОАПлар.
— Бу атамадан, хабардорлигингни билмайман.

У кинояли жилмайди:
— Яширин ташкилот хушёрликни йўқотибди. Сирли рақамлар душман қўлига тушибди.
— Хўп, майли. — Бир неча сония у гангиб қолгандай бўлди. Кейин бошини аста чайқади. — Нима бўлганда ҳам ҳаммаси аён. Ҳеч ким мени ЮБТКда тутиб қололмайди. Шунинг учун мен кетаман.
— Бўлмаган гап.
— Йўқ. Тўғри гап.

Виржиния ўрнидан турди ва унга юқоридан қаради. Қўллари Палмернинг сочлари томон чўзилди. Бармоқлари Палмернинг чеккаларига текканда совуқ шамол нафасини эслатди. — Мен жуда тўғри ва қаттиққўл бўлишим керак, — деди аёл паст овозда. — Мен сендаги туйғуларни — қаматилган шахсиятпарастлик деган бўлардим. Лекин бу сенга, барибир ёрдам беролмасди. Шундай қилиб, эшит: сен билан жуда тубан даражада алоқада бўлдим, шунинг учун битта идорада ишлаб, яқин юришга чидай олмайман. Ҳар куни, ҳар дақиқада сени кўриш ёки тасодифан овозингни эшитиш, қоғозга ёзилган исмингни ўқиш мажбурияти... Буларнинг ҳаммаси менга азоб беради, ўлдиради. Хайр, азизим.

Палмер ўрнидан турди.
— Балки?..
— Йўқ, биз яқин бўлолмаймиз. Мени қанчалик кучли деб билишинг менга номаълум... Овози бўғилиб, дарҳол тескари қаради.
— Эшит агар қўлимдан келганда...
— Қўлингдан келмайди, — аёл силлиқ гапиришга уринди.

У мана ҳозир ўкириб йиғлаб юборадиганга ўхшарди. Кўзлари даҳшатли тарзда катталашди. Палмер қўлларидан ушлаб қолишга улгурмай, эшикка югуриб, кўчага отилиб чиқди. Иложи борича тез юришга ҳаракат қилган Палмер орқасидан югурди. У кўчага чиққанда аёл таксига ўтираётганди. Эшиги қарсиллаб ёпилган такси жўнаб кетди.

Палмер оқшомги совуқ ҳавода пальтосиз турарди. Балки барнинг ўртасидан югуриб ўтсам яхши бўлармиди, дея мулоҳаза қиларди у. Шу туфайли қўлга киритилган бир неча сония вақт Виржинияни тўхтатиб қолишга ёрдам берармиди?

Олтмиш Тўртинчи Боб

Палмер Бернснинг уйи бурчагига борди-ю, бирдан тўхтаб, ялтироқ оқ ғиштларга суянди. Уларнинг ёноқларига ботаётган қирраларини ҳис қилган ҳолда ҳайрат билан ўйлаб қолди: навбатдаги қадамини ташлай олармикан?

У қачондир худди ҳозиргига ўхшаш саросимага тушганини эслади. Лекин унда Палмерга ҳозирдагидек теран ақл зарур бўлмаганди. У ҳеч қачон Бернс ка¬би пасткаш бўлолмаслигини, бу борада унга тенглашолмаслигини ҳис қилди. Бу одам устаси фаранг фитначи эди. Унда қобилиятдан ташқари бировларга макр-ҳийла ишлатиб, улар чеккан азобдан қувониш, ором олиш туйғуси мавжуд эди.

Бироқ кўпчилигимиз нафас олишни шу ерда ўрганамиз, деб ўйлади Палмер. Гуллаб-яшнашни ҳам.

У шундай хаёллар билан Бернснинг уйига кирди. Лифтда кўтарилар экан, Виржиния билан бўлиб ўтган суҳбатни хавотирланиб эслади. Хавотирланганига сабаб, кўнглидаги ғалаён теран фикрлашига халал бериши мумкин эди. Бироқ у Бернс яшайдиган қаватга етгунча Виржиния эртага бошқача кайфиятда бўлишига, ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг қарори узил-кесил эмаслигига ўзини ишонтирди.

У Виржиния билан эртага эрталаб гаплашади. Ҳаммаси яна ўзгаради.

Бернснинг эшиги очиқ экан. Қўнғироқ тугмасини босган Палмер унинг ичкарида нимадир деб қичқирганини эшитди. У кириб эшикни ёпди.
— Мана бу бошқа гап, болагинам! — хитоб қилди Бернс. — ҳозиргина овқат олиб келишди.

Палмер пальтоси ва шляпасини ечиб, ҳавони искади: хона мазали ҳидга тўла эди...

Улар овқатлана бошладилар.
— Сенга атаб, банкирларнинг латифасини асраб қўйибман, — деди Бернс қўлидаги тузланган узун бодринг бўлагини силкитиб.
— Тижоратчиникими ё жамғарма?
— Ирланд банкларини биласан-ку, — давом этди Бернс. — Уларнинг кўпи ҳалиям инглизларга тегишли. Шундай қилиб, қозон қалпоқ ва ҳасса тутган инглиз банкири Дублинга, йиллик текширувга келибди. У тўғри банкка қараб юрибди. Кундузи ўн икки. Ҳеч ким йўқ. Эшиклар очиқ, кассаларнинг қутилари чиқариб қўйилган, ҳатто ертўладаги сейф ҳам ланг очиқ. Ҳаммаёқда пул. Аммо ҳеч ким йўқ. Унинг қаттиқ жаҳли чиқибди. “Тревога!” сигналининг тутқичидан тортибди. Кучли овозлар янграбди. Қўнғироқлар, Сиреналар! Қулоқни қоматга келтиради! У югуриб кўчага чиқибди. Ҳеч ким тўхтамас эмиш. Одамлар унинг ёнидан индамай ўтиб кетаверибди. Бир пайт кўчанинг нариги бетидаги қаҳвахона эшиги очилиб, патнусда тўрт кружка пиво кўтарган официант аёл чиқибди ва банкка қараб йўл олибди. — Бернс гапдан тўхтади.
— Хўш?
— Нима хўш? Кулмайсанми, сурбет!

Палмер қовоғини солди, кейин гап мазмунини тушунди.
— Улар... улар тревога сигналидан фойдаланишар эканми?
— Официантни чақириш учун, — латифасини тугатди Бернс ва жон-жаҳди билан баланд овозда кулиб юборди. — Бўпти. Яхши. — Бернс сигарет тутатиб, ҳалқа-ҳалқа тутун чиқарди ва уларнинг орасидан Палмерга қиё қаради. — Гапимни тингла, Вуди. Мен кучим борича кескинликни юмшатишга ҳаракат қиламан. Одатда бунга осонгина эришаман. Бир неча кун аввал ясама тишларинг учун сени осишга қасамёд қилган эдим. Бироқ сен оёғим остидаги барча ғовларни, Жо Лумисни ва бутун бемаъни режаларни олиб ташладинг. Энди бизнинг вазифамиз ақллар учрашуви учун йўл топиш. Мен магнитофон тасмасини ишга солмай туриб сенга немис билан кўзбойлағич ўйнашингга имкон бердим. Шундай қилиб, мендан воз кечма. Мен билан суҳбатда бўл. Мени қанчалик яхши кўришингни айт.

Палмер бош чайқади.
— Бир-биримизни алдамасак, янаям яхши ишлашимиз мумкин. Сен билан ишлаш оғир, чунки ўртада ишонч йўқ. Мен билан бирга бўлиш сенга ҳам қийин, сабаби бир марта бўлса ҳам лақиллатиб кетганларни ёқтирмайсан.
— Йўқ, ундай эмас. Ютқазганларни кўргани кўзим йўқ, қария. Ғолибларга жон деб хизмат қиламан.

Бернс кинояли жилмайди.
— Қанақа жанг ҳақида гапиряпмиз? Олбанидаги Билл бўлимлари ҳақидами ё ЮБТК устидан назорат учун курашми?
— У ҳалиям давом этяптими? — сўради Палмер муғомбирлик билан.
— Бу ҳақда ҳали ҳеч нарса эълон қилингани йўқ.
— Менимча, — деди Палмер ўйчан, — эрта-индин норози акциядорлар Лумиснинг қўлини боғлаб қўйса, Вашингтон сўроққа тутиши билан қандайдир кўмитача Лумисни Жет-Техдан ҳайдаш ҳаракатига тушиб қолади.

Бернс тасдиқлади:
— Буни мен ҳам ўйлаганман.
— Муҳаббат бобида сўзлаётганимизга сабаб ҳам шу-да.

Бернс кафтларини юқорига қаратди.
— Миям қай даражада ишлаётганини шунчалик билар экансан, нима учун ҳалигача менга ишонмаяпсан?
— Чунки мен ҳам инсонман, Мак. Кунлардан бир кун сирпаниб кетишим мумкин. Шу пайтда сен мени сотасан. Яна. — Бернснинг сарғамтир-қўнғир кўзлари катта очилди. — Қадрдон дўст. Мени сотмаслигингни қаердан биламан?
— Сен сотма.

Бернс ўйланиб қолди, кейин ўрнидан туриб, ётоқхонага кириб, кетди. Кўп ўтмай беш қути силлиқ магнитофон қутичаларини кўтариб чиқди.
— Бу — ҳаммаси, — деди у. — Демоқчиманки, бу — кўчириб ёзилгани эмас, асл нусхаси. Бир сантиметр ҳам ёзув олиб қолганим йўқ. Менга ишонасанми?

Палмер қутиларни олиб, гўё тарозида тортаётгандек, чамалади.
— Ўта таъсирчан ҳаракат, Мак.
— Шундай бўлади деб ўйлагандим. Энди мега ишонасанми?
— Виржиния Клэри бошқа ишга ўтаётгани ва бу тасмалар охир-оқибатда сариқ чақага ҳам арзимаслигини ҳисобга олганда, — деди Палмер, — ишонсам бўлади.

Бернс бўшашиб стулга ўтирди ва Палмерга тикилиб қолди:
— Буниси энди ортиқча, ошна. Бу ҳақда қачон гапирди? Бугун оқшомдами?
— Ҳа.
— Менинг ҳамма ҳаракатларим пучга чиқибди-да.
— Ўта қайғули. — Палмер жангари қиёфага кирди. — Шундай қилиб, Мак, иккимиз ҳам ўзаро ишонч даражасини аниқлаб олдик. Бу Нью-Йоркча совуқ усул. Шу ерда тўхташни хоҳласанг, кел, ишга киришамиз.

Олтмиш Бешинчи Боб

Ечилмаган жумбоқлар. Палмер лабларини қийшайтириб, кўзларини қисди: чироқнинг ёрқин нуридан кўзлари қамашиб кетди.

У кўзларини очиб, ёзув столида ётган қоғозларни олди ва бугун оқшом Бернс билан тузган режаларида яна қандайдир муаммолар қолмадимикин дея кўздан кечирди. Соатга қаради, тонгги тўрт бўлибди. Бошқа масалаларга тўғри жавоб топиш учун яна бироз ухлаб олиш керак деб ўйлади.

Палмер чуқур нафас олиб, телефонга қўл чўзди ва Бернснинг идора рақамини терди. У ёқдан аёл киши чўзиқ овозда хоҳламайгина жавоб қайтарди: Атертон, Крэги энд Мун.
— Мак Бернс шу ердами?

Аёлнинг овози жонланди:
— Қандай ёрдам керак?
— Бу — мистер Палмер. Мистер Бернсни улаб беринг.
— Бир дақиқа, жаноб Палмер, — У “Палмер” сўзига шундай урғу бердики, Палмер Бернснинг аёл билан бир хонада ўтирганлигини ва телефон гўшагига қўл чўзаётганини аниқ кўргандек бўлди.
— Ҳали ётмадингми, азизим?
— Сен ҳам ходимларингни ушлаб турганингни сезяпман. Ё бу дастурдан ташқари кўнгил очишми?
— Фақат ишга доир муносабат. Карикатура тамом бўлди. Нусхалар тугади. Бош қашишга вақт йўқ... Бернс қаттиқ йўталди, — ... Линотипда чиқаришга кўп вақт керак, ҳисоблаш машинасининг ёзув ускунасида кўпайтиряпмиз. Санъат бўлимидаги йигит тарқатиладиган нусхани безаяпти.
— Қани, эшитиб кўрайлик-чи, Мак.
— Х-х-ўп, — нариги томондан саросимали ғулдираш эшитилди. — Бу ёмон эмас, — пишиллади Бернс. — Тўғриланган нусхаси, ҳалиги... Жимми. Яхши, Вуди?
— Бошла.
— Майли, сарлавҳаси, ҳмм, қаердайди... “Социалистик банклар охирги томчи қонимизни сўриб олишмоқда”. Қойилми?
— Худойим, тўнғиллади Палмер. — Эътибор берма, давом эт.
— Яхши. Унинг остида — каттакон ҳажвий расм. Улкан, семиз, ифлос банк, “жамғарма банк” деган ёзув, томида ўроқ-болғали байроқ. Насосдан шланг чиқарилган. Сенаторга ўхшаган одам насосни босяпти. У одам “Давлат қонунчилиги”ни билдиради. Насоснинг шланги кичкина, Жон К.нинг мажруҳ қўлига санчилган тиббиёт нинасига уланган. Умуман, халқдан чиққан қашшоқ. Нинадан бир неча томчи қон оқиб турибди. Роса калтак еганга ўхшайди. Чўнтаклари ағдарилган. Дала қўриқчисини эслатади. Банк атрофида эса у ҳар сонияда янаяам семириб бораётганини кўрсатувчи чизиқлар чизилган. Ёқдими?
— Бу — даҳшат!
— Болакай!
— Ҳа, ҳа, — давом этди Палмер. — Сарлавҳадаги “социалистик” сўзини “социалист” сўзига алмаштир. Шунда масъулияти камроқ бўлади. Ўроқ болғали байроқни олиб ташла. Яна, худо ҳаққи, бир қараб кўр, қон томчиларисиз иложи йўқмикан? Барибир нишонга тегади, танлаб ўтиришга имконимиз йўқ.
— Тўппа-тўғри. Энди мақоланинг нусхасини эшит.
— Ўқи.
— Ҳмм. У мана бундай бошланади: “Хушёр бўлинглар! Ўрмаловчи социализм арвоҳ ёки телба одамнинг алаҳлаши эмас. Социалистик анъаналар давлатимизнинг юрагида, энг оғриқ жойи — сизнинг ҳамёнларингизда пайдо бўла бошлади. Сўз боши. Кейин Сиракузадаги нутқингдан бир жумла оламиз, ўзингга ёққан эди-ку? Тра-та-та. Кейин: “Социалистик банклар қонингизни ичишига йўл берманг. Нозик мижоз имтиёзли жамғарма банкларни тежалган омонатларингиз ҳисобига семиришига йўл қўйманг.” Сўз боши. “Сизлар солиқларни тўлаяпсизлар. Шундай экан, нима учун жамғарма банклар солиқ тўлашмайди?” Сўз боши. “Сизлар пулларингизни Америка банкларига қўясизлар. Нима учун жамғарма банклари ўз пулларини Америкага қўйишни хоҳламайди?” Сўз боши. “Сизлар хусусий тадбиркорликка ишонасизлар. Нима учун жамғарма банклари унга ишонмаслиги керак?.. Сўз боши. “Бошқа давлатлардан келган жамғарма банклар давлатингиз, халқингиз қалбини ейишига йўл қўйманг”. Абзац. Бу мутлақо расво нарса, тўғрими, Вуди? Мана, охири: “Хушёр бўлинглар ва атрофда нималар бўлаётганига қаранглар. Сенаторларингиз ва қонун чиқарувчи мажлис аъзоларини судралувчи социализм эмас, хусусий тадбиркорлик учун овоз беришга унданглар!” Сўз боши. “Уларни жамғарма банклар ҳақидаги қонун лойиҳасига йўқ дейишга даъват этинглар.” Энг охирига “Фуқароларнинг хусусий тадбиркорлик бўйича мустақил қўмитаси” деган ёзув қўшиб қўйилади.

Олтмиш Олтинчи Боб

Сешанба куни биржа очилганда курс унчалик баланд бўлмаса-да, бир қадар кўтарилгани кузатилди. Соат ўнга бориб, Жет-Тех акциялари ҳақидаги телеграф хабарлари анча кечикиб туша бошлади. Соат ўн бирда Палмернинг даллоли энг ишончли манбалар орқали акция 35 гача, яъни ўз таннархидан 10 банд пасайиб кетганини аниқлашга улгурди.

Соат ўн бирда, Палмер даллол билан гаплашаётган пайтда Виржиния Клэри бўлимида ишлайдиган қиз кундузги газеталарнинг дастлабки нашрларини олиб келди. “Жорнэл америкэн” ва “Уорлд телеграм” Вашингтондан ЮПИнинг Тим Карви департаментида чақирилган матбуот анжумани ҳақидаги хабарни чоп этган эдилар. Баёнот Палмер кутганидек, ваҳимали бўлмаса ҳам, масала моҳиятини тўлиқ қамраб олганди. “Жорнэл”даги мақола сарлавҳаси бир қадар мавҳум чиққан эди.

Эрталабки ўндан бошлаб қўнғироқ тинимсиз жиринглашга тушди. Палмер котибасига фақат газетачилар билангина боғлашни тайинлади. Бернс унинг шахсий телефонига уч марта қўнғироқ қилди: дастлаб — Фогел билан ўрнатилган алоқа ҳақида хабар қилди, сўнг баёнотлар газетага етказилганини айтди. Яна бир марта эса клише тайёрлангани ва бугунги биринчи сон учун кўпайтирилаётганини билдирди.

Соат ўн бирдан кейин Палмернинг котибаси барча телефон қўнғироқлари ёзувини келтириб берди. Уларнинг орасида Бэркхардт беш марта қўнғироқ қилгани ҳам қайд этилган эди. У Коннектикутдаги уйидан телефон қилганди.

Палмер энсаси қотганича, интеркомдаги “Бэркхардт” деб ёзилган тугмачани босди. Ҳеч ким жавоб бермагач, у Коннектикутдаги рақамларни терди. Гўшакни хизматкор аёллардан бири кўтарди.
— Йўқ, жаноб Палмер, у ярим соатча олдин кетди. — У гўшакни қўйиб улгурмасдан яна қўнғироқ бўлди. У гўшакни қайта кўтарди: — Палмер.
— Жорж Моллетт. Сизда ишим бор эди.
— Жавоб ижобий бўлади, — деди Палмер.

Репортёр кулиб юборди.
— Ҳозиргина Олбанидаги ҳамкасблардан бири билан гаплашдим. Илтимосим шундай: сиз Жимми Фогел исм-шарифли одамни танийсизми? Мен бу ҳақда унга хабар бераман.

Палмер стул суянчиғига ясланди. Ёлғон гапи ростдек чиқиши учун асабларини бўшаштириши керак. Акс ҳолда овозидаги таранглик ички ҳиссиётларини фош қилиб қўяди. — Жимми Фогел дейсанми? — сўради у. — Бундан осони йўқ, Жорж. Ҳеч гап эмас.
— У ҳақда бирон арзийдиган гап эшитмаганмисиз?
— Ҳеч қачон. У банкирми?
— Балки. У вақти-вақти билан банкларни чўгиртак супурги билан супуриб туриши билан машҳур.
— У жаноб Олбаниданми?

Моллетт яна кулди.
— Қанчалик даҳшатлисиз, — деди у. — Булар ҳақида худди хиқичоқ тутаётгандек табиий гапирасиз. Наҳотки асабларингиз бўлмаса?

Палмер репортёрга бор ҳақиқатни росмана айтса, нималарга эга бўлишини ўйлади. Ва бу сирни ҳозирча ҳеч кимга ишониб бўлмайди деган тўхтамга келди.
— Бу йигитни билишим зарурми, Жорж? — сўради у.
— Билмадим. Бу гал мен фақат ўртадаги воситачиман. Балки, Мак Бернс билар? Икковларинг яна бирга, бир тўшакдамисизлар?
— Эътиборингиз учун айтаманки, биз бу тўшакни ҳеч қачон тарк этмаганмиз. Бир гал уни ишдан бўшатмоқчи бўлдим-у, дарров фикримдан қайтдим, — жавоб берди Палмер. — Маълумки, жаноб Бернс ЮБТКда ҳамон жамоатчилик муносабатлари бўйича махсус маслаҳатчи бўлиб ишлайди. — Палмер бироз жим турди. Хўш, Фогелга нима бўлди?
— Пул билан тўғирлайдиган даражада гап йўқ. Агар сиз ҳақиқатдан ҳам ҳеч нарса билмасангиз, фикримча, мен ҳам бу ҳақда гапирмаганим маъқул. Аммо куннинг охирига бориб ҳамма нарса маълум бўлади.
— Бирорта сиёсий воқеами?
— Ҳа. — Репортёр бир неча сония жим қолди. — Менга ҳозиргина кичкина хабар беришди. Жет-Технинг акциялари 32 гача тушиб кетибди. Охирги тўрт йилда улар бирор марта ҳам бу даражада пасаймаган эди.
— Даҳшат. Умид қиламанки, Жорж, сизда бу акциялардан йўқ.
— Менда? — Моллетт секингина ҳиринглади. — Мен кеча “Клуб”да столдан сакраб туриб кетдим. Ўша унутилмас тушликни эслайсизми? — Қўлимда борини сира қолдирмай сотиб юбордим. Сизнингча, уларни қачон қайта сотиб олганим маъқул?
— Фақат ишончли акцияларни сотиб олинг, Жорж. ЮБТКни сотиб олинг.

Кабинет эшиги очилди ва остонада Беркхардт пайдо бўлди. У Палмерга қаттиқ тикилиб турарди. Палмер Бош ирғади ва трубкага қараб:
— Жорж, ҳозиргина босс кириб келди. Яна бирор нарса керакми? — деб сўради.
— Гапимни тугатаман ва гаплашувларинг учун имконият яратаман, — жавоб берди репортёр. — Бечора қари галварснинг аслида нималар бўлаётганига фаҳми етмайди.
— Бўлиши мумкин, Жорж. Ҳозирча.

Палмер гўшакни илди.
— Ким у? — сўради Бэркхардт.
— “Стар”даги Моллетт. Телефонингизни менга улашмагани учун узр. Алоқа тизими фақат газетачилар учун очиқ эди.
— Тизими? — Бэркхардтнинг кўк кўзлари ғазабдан катта очилди. Унинг одатдаги қизил юзи бўзариб кетди. Ғазаб билан эшикни қаттиқ ёпиб, Палмер ўтирган каттакон хонанинг ўртасига келди. — Лаънати, — деди у ваҳшиёна осойишталик билан ўзини қўлга олиб. — Банкнинг ососий иш юритувчиси ўзига тобе ёлланма малай билан гаплаша олмайди. Бошқаларнинг ишига бурнини суқадиган ҳар қандай телба сенга зудлик билан қўнғироқ қилаверади. — У аста ўгирилди ва Палмерга қаради. — Майли. Гапир.
— Нима ҳақида? — қисқа савол берди Палмер. — Аҳамият бердингизми, ЮБТК акцияларининг фаоллиги деярли йўқ даражага тушди? Ҳеч кутилмаганда уларни харид қилмай қўйдилар.
— Уларни сотиб олганлар, — минғирлади Бэркхардт — мавжуд Жет-Тех акцияларидан қутулиш билан банд. Сен бизни қанақа ғалвага рўпара қилдинг?
— Биз эмас, Жет-Тех ғалвада.

Бэркхардт ютоқиб, нафас олди. — Бу — албатта ЮБТКга ҳам таъсир қилади, ярамас телба! — бўкирди у. Унинг кўзлари дум-думалоқ бўлиб кетди. — Қандай аҳволда қолишимизни ҳеч бўлмаса, тасаввур қиласанми?

Палмер Бэркхардт кўзларининг бурчагида пирпираётган киприкларига қаради.
— Лэйн, ўтиринг, — деди Палмер. — Марҳамат.
— Менга меҳрибонлик қилма, бахтсиз мишиқи! — Бэркхардт хона тўридаги каттакон дераза ёнига борди. — Ўзингча нима ишлар қилаётганингни билишим керак. Мен ҳаётимни бахш этган идоранинг обрўсини хавф остида қолдириш учун ўтакетган даражада сурбет бўлиш керак. Бунга қандай журъат этдинг?

Палмер сигарет қутисини чиқариб, стол оша Бэркхардт томонга суриб қўйди.
— Жаҳлингиз чиқмасин, — деди у хаёлчанлик билан паст овозда. — Ҳаммасини тушунтириб ўтиришга вақтим бўлмади. Нима бўлганда ҳам бу иш оқибатида иккимизнинг қай аҳволга тушишимиз аввалдан маълум эди.
— Ҳозиргидек, сен кичкина...
— Тинчланиб, жим ўтиринг! — гапини кесди Палмер. — Сўкишларингизни эшитиш мажбуриятини олган эмасман.

Иккаласи бир-бирига эҳтиёткорлик ва қандайдир ҳорғинлик билан тикилиб қолишди. Кейин Бэркхардт ўтириб, сигарет тутатди.
— ЮБТКда узоқ қолиш ниятинг йўқ экан, — деди у атайлаб таъсирсиз оҳангда, — лавозимингни пасайтириш шарт эмас деб ўйлайман.
— Аҳамияти йўқ, — гапини бўлди Палмер. — Ўта кучли кузирлар бор. Уларнинг талабларини шунчаки, четга суриб қўйсам, катта кўнгилсизликлар келиб чиқар эди. Уларни қўллаб-қувватлаганимда мени ўзларининг директорлар кенгашларига қўшиб олишар, сизни эса бирорта фахрий раис лавозимига суриб қўйишиб, катта миқдорда заём ёки ундан ҳам баландроқ юутуқни қўлга киритишар эди. Ҳозир Лумиснинг қўллари ўз муаммолари билан шунчалик боғлаб қўйилдики, акциядорларимизни йиғилишида биронта юриш қилишга ҳам ҳоли қолмади.

Бир неча муддат Бэркхардт сигаретни қисқа-қисқа тортиб, атрофини тутунга тўлдирганича, жим қолди.
— Жамғарма банклари-чи? — ниҳоят у тилга кириб бўкирди.

Бэркхардт нималарни билишини аниқлай олмаган Палмер мужмал жавоб берди:
— Сиз, албатта, Жет-Технинг Олбанида жанг қилишга мажоли қолмаганини тушуниб оласиз.
— Анави, улар менга тавсия қилган грек-чи?

Палмернинг пешонаси тиришди:
— Ливанлик. Сиз нима учун у билан ишлай олмаганингизни тушуниш қийин эмас. Сиз ҳамма чет элликлардан нафратланасизми ё фақат Бернсданми?
— Бунақа танишларим тўлиб ётибди, — қуруққина жавоб берди Бэркхардт. — Уларнинг бир дунёси билан иш юзасидан мулоқотда бўлганман. Бироқ Бернсни кўрган заҳотим кимга тўқнаш келганимни англаган эдим. Эшит. — У столга яқинроқ энгашди. — Оқ танли одам шундай қила олармиди?

Палмернинг оғзи хунук қийшайиб кетди.

Палмер ўрнидан қандай қўзғалаётганини сезиб турарди. Чамаси, у турмоқчи эмасди. Бироқ оёққа турган заҳоти Бэркхардтникидан баланд бўлган ўз овозини эшитди.
— Эркакчасига гаплашиб олишни хоҳлайсизми?
— Сен билан жон деб ҳисоб-китоб қиламан.

Палмер столга энгашди ва юзини Бэркхардтнинг башарасига яқин келтирди.
— Сиз умуман ҳақиқатни биласизми ўзи? — сўради у. — Сиз қари фирибгар сифатида ном қозонишдан бошқага ярамайсиз. Қайси бирингизни банкир деб бўлади? Жин урсин, сизлар бу ишда нимани тушунасизлар ўзи? Сиз мамла¬катимизда тўлиб ётган лақма, мияси йўқ лўттибозлардан бирисиз. Нари борганда фақат қаттиқ туртиб қўйишни биласиз, холос. Ўзингиздан доно ёки нодон одам билан туртишиб қолсангиз, тамом, шўрингиз қурийди. Жо Лумис сизни сассиқ бўлакларга ажратиб хўрак учун қолдирди. Мен сизни ёпиштириб, яна одам тусига киритдим. Мишиқи гўдакка ўхшаб бақиришдан бошқа нарса қўлингиздан келмайди. Агар сиз жимгина ўтириб, таъмирни тугатишимга имкон берсангиз — яхши. Лекин яна бир марта тилингизга эрк берсангиз, сизни пашшаларга ем қилиб қолдираман.

Палмер оёғи остидаги пол гўё даҳшатли равишда чайқалаётганини пайқади. У ўтирди ва ўзини босишга уринди.

Орадан бир муддат ўтиб, иккиси ҳам нафратларини босиб олгач, Бэркхардт қутидан яна битта сигарета олди ва катта дераза олдига бориб, пастга, Бешинчи авенюга узоқ тикилиб турди. Кейин ўгирилди. Ёруғлик орқасидан тушаётгани учун унинг юз ифодасини кўра олмади.

Бэркхардт бўғиқ овозда гапирар эди: — Жамғарма банкларини нима қилмоқчисан?

Палмер елкасини қисди.
— Иш юришяпти, — шошилмай жавоб берди у. — Тафсилотларни кавлаштиришга ҳожат йўқ. Банк қўмитасини шундай қўрқитамизки, улар қарор чиқаришни келгуси йилгача қолдиришади.
— Бу ёрдам берадими?

Палмер кўзларини қисиб қарияга қаради.
— Ёрдам беради. Тўғри, анча қимматга тушади.
— Қанчага? — савол ўта ҳиссиз эди.
— Ҳозирнинг ўзида етти минг атрофида. Балки тугатишимиздан олдин ўн минг бўлар. Бернснинг харажатлари бунга кирмайди.
— Бернснинг?
— Бирорта эътирозингиз борми?

Бэркхардт унга ярим ўгирилди. Палмер унинг ифодасиз, совуқ юзига кўз ташлади.
— Билмайман, — жавоб берди қария.

Палмернинг шахсий телефони жиринглади. У стол ёнига бориб, гўшакни кўтарди.
— Раҳмат, Пит, — деди у ва гўшакни илиб қўйиб, Бэркхардтга қаради. — Жет-Тех акцияларининг баҳоси 29 гача тушибди. Охирги ўн икки йилдаги энг паст нарх.

Бэркхардтнинг лаблари шалвираб, қимирлади. У ўзини уддалай олмаётган одамга ўхшаб қолганди. Ниҳоят у:
— Табриклайман, — деди.
— Лэйн, сизда уларнинг акциялари борми?
— Йўқ.
— Арзон пайтида бироз сотиб олмоқчи эмасмисиз?
— Йўқ.
— Буниси яхши. Биз ЮБТК вакили Жет-Тех акцияларини сотиб олаётган пайтда қўлга тушишига йўл қўя олмаймиз.

Бэркхардт бош ирғади ва гўё охирги ўттиз дақиқа ичида ўн беш килограмм вазминлашгандек оғирлашиб қолган қадамини аранг ташлаб эшикка қараб юрди. У эшик ёнида тўхтади.
— Яна бирорта кўрсатма бўладими?
— Кайфиятингизни ўзгартиришга ҳаракат қилинг.
— Омади йўқ одам деб ҳисоблаяпсанми?
— Эшитинг, — деди Палмер. — Мен сизни биламан. Сиз ҳеч қачон, ҳеч кимга ваколатингизни бермагансиз. Чунки ўзингиздан бошқа ҳеч кимга ишонмайсиз. Ана шундан ўзингизни бахтли ҳисоблагансиз. Бошқа ҳолатда ҳам бахтли бўлишга ўрганинг-да. Бу — жуда осон.
— Қайта ўрганиш учун жуда қариб қолдим.

Ана шу дақиқаларда Бэркхардтнинг лаблари қимирлади-ю, овози чиқмади. Ниҳоят, у қийналиб гапирди:
— Хатога йўл қўйганим кулгили. Сени жуда яхши биламан деб ўйлардим. Сени шунчаки, отасига ўхшаган ўғил-да, деган фикрда эдим. — Бэркхардт хайратда қолгандек кўзларини қисди. — Сен асли кимнинг ўғлисан?
— Ўзимники, ўз-ўзимники, — деди Палмер гўё ўзи билан гаплашаётгандек паст овозда.
— Кимники?

Палмер йўталди.
— Фақат ўзимники, — аниқ-тиниқ қилиб гапирди Палмер.

Бэркхардт гўё Палмернинг жавобини ҳазм қилаётгандек, бир муддат остонада туриб қолди. Кейин эшикни очди.
— Умид қиламанки, — айнан ўзлигингни топиш сенга ёқса керак, — деди у. — Одатда у менга жуда ёқар эди...

Олтмиш Еттинчи Боб

Палмер соат олти яримда уйғонди. Қўнғироқли соатни ўчириб, кабинетни йиғиштирди. Ёзув столи ёнидаги ором курсига чўкиб, ўтган кунлар воқеалари ёзилган қоғозларни ўқий бошлади.

Акциядорлар йиғилиши бугун соат ўнда бошланиб, куннинг ярмида тугаши керак эди. Агар ҳамма иш жойида бўлса, бир неча ой аввал тузган режаси рўёбга чиқади — уни директорликка сайлашади. Бироқ ҳаммаси равон кетишига негадир ишонгиси келмасди.

Шубҳасиз, тасодифий нарсани аниқ топиш лозим. Оила аъзолари бирин-кетин уйғониб, одатдаги кун бошлангунча у жуда кўп нарсаларни ўйлади.

Соат саккизда телефон жиринглади. У нонушта қилаётган эди.
— Ҳозиргина яна беш минг сарфладим, — деб хабар берди Мак Бернс.

Палмер оғзидаги луқмани чала чайнаб, ютди.
— Фогелгами?
— Уни икки ойга Европага, юбордим. Етарли муддат, а?
— Мен Олбанида ҳамма нарса силлиқ кечди деб ўйлагандим.
— Худди ипакдек. Лекин сен айни дамда Фогел “Панамерика” самалётида учиб кетаётганини эшитиб, ўзингни янада бахтиёр ҳис этмайсанми?
— Ҳмм, — Палмер лабидаги ушоқларни артди. — Банк қўмитасидан бирорта хабар борми?
— Пешинда биламан.
— У қандай бўлади?
— Чамаси, улар бўлиниш ҳақидаги хабардан қўрқишади ва уни чиқинди хонага чиқариб ташлашга уриниб кўришади.
— Ажойиб. Кейинроқ гаплашамиз, Мак.

Палмер столга қайтди ва Эдис билан Жеррининг гапларини чала эшитди.
— ...умуман, сенинг ишинг эмас.
— Нима учун? — қизиқди қизалоқ.

Палмер ўзига қараш учун бир сония бошини кўтарган қизининг кулранг кўзларига тикилди. Қиз яна таом ликопчага бошини эгди.
— Нимани тушунтиряпсан? — сўради у.

Эдис унга хавотирланиб қаради:
— Сенинг ишингни.
— Ҳмм?
— Мен, шунчаки, жаноб Бернс сенга бунақа ноқулай вақтда нега қўнғироқ қилаётганини билмоқчи эдим, — тушунтирди Жерри, — онам айтдики...
— Онанг ҳақ, — гапини бўлди Палмер. — Бу — сенинг ишинг эмас. — У яна бир бурда нонга ёғ сурди. — Бир жиҳатдан эса сенинг ишинг меники ҳам-да!

Яна телефон жиринглади. Улар Кейж хоним кимни чорлар экан деб бир муддат жим ўтирдилар.
— Яна сизни сўрашяпти, жаноб Палмер.
— Вуди. — Одатда қаттиқ жаранглайдиган Бэркхардтнинг овози бу гал ўта эҳтиёткорона эшитилди. Лекин Палмер уйқусирашми ё яна бошқа бирор нарса аломатими — аниқлай олмади. — Йиғилиш пайтигача учрашишимиз керак.
— Соат тўққиз яримда кабинетингизда кўришсак бўладими?
— Йўқ. У ерга баъзи директорлар валақлашиш учун кириб қолиши мумкин. Соат тўққизда хонангда учрашсак-чи? Кейин сени ишбилармонлар даҳасидаги йиғилишга элтиб қўяман? Йўлда гаплашиб оламиз.

Палмер бу таклиф хусусида ўйлаб кўрди ва директорлардан бирортаси ҳам Бэркхардт билан яқин алоқадалигимни билиши керак эмас, деган қарорга келди.
— Бўлмайди, — ниҳоят жавоб берди у. — Мен у ерга боролмайман. Айрим ишларимни тугатишим керак, — ёлғон гапирди у. — Кейин тўғри йиғилишга жўнайман.
— Унда, жин урсин, кел, ҳозир гаплашамиз, — таклиф қилди Бэркхардт.
— Ҳозир нонушта қиляпман. Кейинроқ қўнғироқлашсак бўладими?
— 15 дақиқадан кейин мен кетаман.

Бэркхардт анчагина жим қолди, чамаси, қопқонга тушиб қолаётганини англаган эди.
— Ҳа, майли, — деб у гўшакни қўйди.
— Палмер соатига қаради. 8.20. У ўрнидан турди.
— Ҳозир келаман. — У кабинетига ўтиб, ёзувли қоғозларни титкилади, кераклисини топиб, телефон рақамини терди.
— Эшитаман? — кекса одамнинг ҳорғин паст овози эшитилди.
— Жаноб Лумис? Мен Вудс Палмерман.
— Бир дақиқа. Ҳозир қарайман, жаноб Лумис уйдамикин.

Палмер ёзув столи орқасидаги оромкурсига ўтирди ва яримлаб қолган сигарет қутисига қўлини чўзди. Бу ёққа қўнғироқ қилиш ҳақидаги фикр хаёлига ярим тунда, қандайдир нохуш туш кўрганидан кейин келганди. Бу ғоя уни шунчалик ўзига ром қилиб олдики, у ўрнидан туриб, бир парча қоғозга мулоҳазаларини ёзиб қўйди, эрталаб тургандан кейин ҳам дастлаб шу ҳақида ўйлаган эди.

У ҳозир тунда уйғониб кетган вақтдагидек ўйлаган режаларидан ҳаяжонга тушмаётган бўлса-да, Лумис билан гаплашиш учун ҳар қандай усулни қўллашга тайёр эди. Энг асосийси, ундан бирон нарса сўрашдан наф йўқ, фақат таклиф билан мурожаат қилиш лозим. Шунда ҳам, ўз хулосасини йиғилиш тугашига саноқли дақиқалар қолгандагина билдириб, Лумисга ўйлаб кўриш учун унга вақт қолдирмаган маъқул.
— Хайрли тонг, жаноб Палмер, — эшитилди яна бир қариянинг овози, аммо у анча бардам гапирарди.
— Телефонга келганингиз учун миннатдорман, жаноб Лумис, — гап бошлади Палмер. — Сиз учун, менимча, фойдали бир ғоя чиқиб қолди.
— Ғоят ажойиб таклиф! — Лумиснинг овози киноядан ингичкалашиб кетгандек бўлди. — Бироқ аввал айтинг-чи, бугун эрталаб акциядорлар йиғилишида сизни кўра оламанми?
— Кўрасиз.
— Ва ниҳоят, ғоянгизни эшитишимдан олдин айтинг-чи, у менга қанчага тушади?

Палмер иложи борича хотиржам гапиришга уриниб, кулиб қўйди.
— Ғоя жуда содда. Генерал Хейген билан гаплашиб кўрсангиз бўлмайдими?
— Нима ҳақида?
— Қўшилиш ҳақида.

Симнинг нариги томонида жимлик чўкди. Кейин:
— Сиз буни Эдди Хейген билан муҳокама қилдингизми?
— Йўқ.
— Сиз шунчаки, қалб амри билан менга ўз ғоянгизни билдиряпсизми? — яна майдалаштирди Лумис.
— Унчалик эмас, — тан олди Палмер. — Мана, бир неча кундан бери ўрнингизда бўлганимда, бу вазиятдан қандай чиқиб кетардим деб бошим қотади. Ўзимга топган режам ишончлига ўхшаб туюляпти.
— Хейген — билан дўстсиз. Сизнингча, унинг муносабати қандай бўлади?
— Тасаввур қила олмайман. Сиз билан буни йиғилишдан кейин, овқат¬ланаётиб, муҳокама қилганимиз маъқулмикин?
— Ҳа-а жуда қизиқ, — деди Лумис кўпроқ Палмерга эмас, ўзига гапираётгандек. — Агар биз қўшилсак, Гаусс Жет-Тех учун ишлай бошлайди ва текшириш олиб бораётган кичик қўмитага арзийдиган иш қолмайди. — Лумис узоқ жим қолди. — Фикрларингизни ҳар доим қувватлаганман дея олмайман, жаноб Палмер, бироқ баъзан уларнинг натижасига қойил қолганман.
— Сизга нисбатан мен ҳам шундай фикрдаман, жаноб Лумис, — жавоб берди Палмер. — Айтингчи, жаноб, бугунги йиғилишда акциядорларнинг кайфиятини ўзгартиришга имкониятингиз борми?
— Ҳа-ҳа. Мен иккиланаётганимни билдиришим ва шовқин-сурон кўтаришим мумкин. — Мени қўллайдиганлар бор.
— Ғоямнинг муваффақият қозониши қанчалик шовқин кўтарилишига боғлиқ — деди Палмер. — Ташқарида тўпалон қилиш учун уйдаги ишларни пишитиб қўйиш керак. Сиз ҳам шундай ҳисоблайсизми, жаноб Лумис?
— Келинг, бошимизни қотирмасдан гаплашайлик, — таклиф қилди Лумис. — Агар сиз Хейген қўшилади деб жиддий сўз берсангиз, мен хам йиғилиш тинчгина ўтади деб ваъда бераман.
— Нимаям дердим, хизматга хизмат-да. Майли, шунга келишамиз.
— Битта тузатиш билан, — қўшимча қилди Лумис. — ЮБТК Жет-Технинг заём ҳақидаги илтимосини бажариши керак.
— Ўша сумма ва ўша шарт биланми?
— Буни ихтиёрингизга ҳавола этаман.
— Унда сумма ва шарт бошқача бўлади.
— Жаноб Палмер, ҳаммаси қўлингизда.
— Раҳмат, жаноб Лумис.
— Марҳамат, жаноб Палмер.
— Биз бу ҳақда кейин яна гаплашамиз, жаноб Лумис.
— Сабрсизлик билан кутаман, жаноб Палмер.
— Хайр, жаноб.
— Кўришгунча.

Палмер сигаретни ўчириб, оромкурсидан сакраб турди. Мийиғида кулиб, ошхонага йўл олди.

Деразадан ташқарига қараб, банкнинг “Кадиллак”и келиб, кутиб турганини кўрди. Ҳайдовчи одатдагидан ўн дақиқа олдин келибди, дея хаёлидан ўтказди Палмер.

“Кадиллак” шарқ томонга бурилиб, Ист-ривер-драйвнинг тор кўчаларида ғизиллаб кетар экан, Палмер орқа ўриндиқда ҳордиқ чиқариб борарди. Палмер “Таймс”ни варақлаб, Жет-Техдаги текширувга доир хабар газетасининг ишчи бўлимига, саҳифанинг энг пастига кичкинагина қилиб берилганини кўриб, қониқиш ҳосил қилди. У биржалар жадвалига бағишланган саҳифани очиб, Жет-Тех акциялари 31 га тенглашганини, ЮБТКники эса ярим бандга пасайганини кўрди. Уларни ҳозир ҳеч ким сотиб олмаётганига асосланиб, бу акциялар кейинги бир неча ҳафта ичида олти ой олдинги ҳолатга қайтиши мумкинлигига ишонди.

Палмер ЮБТКга етмасдан шаҳарнинг ишбилармонлар даҳасида машинани тўхтатиб, ҳайдовчига жавоб бериб юборди. У тамаки сотиладиган дўкончага кириб бир қути сигарет харид қилиб, қайтимига икки доллар олди. Сўнг дўкондаги ягона телефон будкасидан Нью-Ингледга, Эдди Хейгеннинг идорасига қўнғироқ қилди.
— Автоматдан қўнғироқ қиляпман, — деди у Хейгенга. — Мени ҳозиргина Жет-Техдан ўсмоқчилаб, текшириб кўришди.
— Нима гап, оғайни? — сўради Хейген. — Ошқозонинг оғрияптими?
— Диққат билан эшит, — деди Палмер. — Улар сизлар билан қўшилиш ҳақида гаплашмоқчи.
— Мен нима дейишим мумкин, жин ургур? — асабийлашди Хейген. — Мен маслаҳатлашишим зарур бўлган жиддий маҳкама бор.
— Жет-Техга бу таклифни идоранг билан муҳокама қилиб кўришингни айтсам бўладими?
— Жин урсин, айтсанг айтавер. Бироқ, Вуди.
— Ҳа?
— Армиядош эски қадрдоним, охирги хизматинг туфайли таъзиримни едим. Бу гал ишончли ҳимоя зарур.
— Қанақа химоя?
— Агар Жет-Тех билан қўшилсак, улар ЮБТКдаги заёмларининг тақдири яхши муносабат ўрнатилишига боғлиқлигини тушунишлари керак.
— Вой худойим-ей! Эдди! Ҳаддан ошиб кетма...
— Розимисан ё йўқми? — такрорлади Хейген.
— Албатта, ҳа дейман-да. Бироқ мендан ташқари директорлар кенгаши ҳам бор.
— Яхши. Жет-Техга айт, менга қўнғироқ қилишсин. Ким эди, Лумисми?
— Худди ўзи.
— Бу учрашувга темир совут кийиб келишимни эслатиб қўйгин. Кўришгунча эски армиядош дўстим.
— Кўришгунча, қари қурумсоқ.

Палмер Броуд-стрит бўйлаб хотиржам кета бошлади.

Ҳаво тоза аммо совуқ эди. Баланд бинолар орасидан осмон гўё бир бўлак муз парчасига ўхшаб кўринарди. Палмер қандайдир улкан қанотларнинг пириллаб айланишидан чиқаётган овозни тинглаб бурчакда бироз қараб турди. Кўзларини қисиб, мусаффо осмонга кўтарилиб бораётган вертолётни кўрди. У айланаётган қанотларига осилган ҳолда гўё ўлжасини кузатаётган қарчиғайдек, ҳавода бир муддат чарх уриб тўхтаб турди. Кейин бир силкиниб олиб, юқорига кўтарилди ва шу заҳотиёқ кўздан ғойиб бўлди. Бир лаҳза ўтмай унинг овози автомобил¬ларнинг шовқинида йўқолиб кетди.

У ЮБТКнинг бош бошқармаси томон аста кетиб борар экан, бегона бу муҳитда ўзи ёки бошқа бирорта софдил одам яшай олармикин, дея хаёл сура бошлади. Кутилмаганда, қандайдир мураккаб туйғулар билан бирга хаёлида Виржиниянинг сиймоси пайдо бўлди.

У телефон будкасига кириб, идорасига қўнғироқ қилди, бироқ шу заҳоти гўшакни тутқичга қайта илиб қўйди. Йиғилишдан кейин, йўқ, яхшиси, банкдан қайтаётиб, қўнғироқ қиламан-да, бирор ерда ўтиришга таклиф этаман, деб ўйлади. У иккаласи нималар ҳақида гаплашишини аниқ тасаввур қилолмасди. Ҳаммаси тамом бўлганга ўхшарди. Бироқ уни бирон жойга чорлаб, гаплашиб олса, ўзига яхши бўлиши аниқ. Ҳатто рад этган тақдирда ҳам, ўзини қўлга олиши осон кечади.

У бир сониягина хона деворига суяниб турди. ЮБТК эшиги ёнига яна битта машина келиб тўхтади ва ундан учта кекса директор тушди.

Қизиқ, деб ўйлади Палмер, бу кекса жентльменлар бугунги йиғилишнинг асл сабабини билармикин? Келадиганларнинг айримларидан бошқа бирортаси Палмер қилишга мажбур бўлган хиёнат, ёлғон, товламачилик, пора воситасида ўзига оғдириш ва тазийқ ўтказиш турларини ва тазийққа қарши уюштирилган ҳийла-найранглар, устамонликлар борасида шубҳа қилармикан, буларни сезармикан?

Улар ўз вице-президентларининг ёш мулойим чеҳрасида ҳаддан ташқари ақлли, етук, маълумотли оқ танли протестантни, манфаат унадиган ишда ҳар қандай хизматга шай инсонни кўра олганмиканлар? Ё уларнинг тасаввурида фитначи, ёлғончи ва хоин сиймоси гавдаландимикин? У мажбуран бажарган бошқа ролларни кўриш учун лоақал биронтаси артистларга хос саҳна орқасидаги ҳаётга кўз қирини ташлай олдимикин?

Палмер телефон хонасидан қараб турар экан, уларнинг бирортаси ҳам ўзига боғлиқ бирон-бир жиҳатни пайқамаганлигини сезди. Ҳатто Бэркхардт ёки Лумис ҳам маҳорат билан уюштирилган найрангнинг майда-чуйда тафсилотлари, ёлғон-яшиқ иплардан тўқилган тўрини кўришдан ожиз эдилар. Улар ўз тасаввурларига мос келадиган одамдан бошқасини кўришга қобил эмас эдилар.

Кутилмаганда Палмер улар ўзларича ҳақ эканлигини ҳис қилди. Ўзи ҳам ана шу одамлардан бирига айланиб қолган эди. Ва ниҳоят...

У телефон хонасидан чиқиб, аста-секин банк томонга қараб юра бошлади.

Чорраҳага келганда Палмер ҳеч кутилмаганда кўча ўртасига ўзини урди. Қулоқлари остида автомобилнинг ваҳимали чинқириғи янгради. Палмер ҳеч нарсага эътибор бермай юриб бораверди. Қўланса дарё ҳиди димоғига тўлиб кетди.

Палмер гаванга орқа ўгирди ва уфқнинг нотекис чизиғига тикилганча бундай серғалва ҳаётга яна қанча чидай оларкинман, деб хаёлан ўзидан сўради. Эдис билан бирга бу даҳшатли шаҳарда шод-хуррам яшай оламизми, деб ҳам ўйлади. У Мичиганнинг сокин кўлларини, қалин ўрмонзор тепаликларини эслар экан, ёзни қандай ўтказамиз, деган ўй хаёлидан ўтди. Аммо биронта саволга жавоб топа олмади.

Молия бинолари жойлашган худуддаги қоядек тиккайган силлиқ оқ мармарли баланд бинолар устида яна битта қоя пайдо бўлди: ҳаво ҳарорати ва вақтни билдирувчи жадвал милтиллай бошлади.

У қўлларига кўз югуртирди: кичкинагина ўткир, қорамтир занг бўлакчалари кафтларига ёпишиб қолибди. У кафтларини бир-бирига ишқалаб, тозалади.

Бироқ, жаноблар, менинг ёшимда ҳеч ким истеъфога чиқмайди-ку, деб ўйлади у шу аснода. Мен пианино чалмайман, марка йиғмайман, суратлар чизмайман-ку.

Палмер ниҳоят банкка кирди, эшик оғаси таъзим қилиб, салом берди. Палмер жилмайиб, бош ирғади ва тилла суви ҳамда яшил ранглар қоришиб кетган бу баланд улуғвор кошона остонасида бир лаҳза туриб қолди. У тинимсиз чиқиллаётган ҳисоблаш машиналарининг ғувурига қулоқ солди. Бир текис чиқаётган овозлардан машина жамғарма ҳисобларининг бир чораклик карточкаларини санаётгани ва чоп этаётганини англади.

Унинг юзидаги табассум секин-аста йўқолиб борди. Кўпчилик хизматчилар уни нималарга қодирлигини англаган ҳолда эҳтиром билан кузатиб туришганини ҳис қилган кўйи лифт томон йўл олди. У, айни замонда, ҳозирги кўриниши ҳаммада ишонч уйғотадиган даражада эканлигини ҳам билиб турарди. У банк билан бирга юксалиб бораётганга ўхшарди.

Ва ниҳоят, унинг не чоғли ишларга қодир бўлган ақли, куч-қудрати фақат мана шу довонда тўхтаб, толиқиб қолмаса бўлгани...

III- qism
 
Keyingi



  1. Исботталаб нарса (лот.).
  2. Стоун оғирлик ўлчови (ингл.) — 14 фунт-64,4 кг. Фунт — 453,6 г.
  3. Тавба-тазарруга иккинчи даражали нарса деб қарайдиган диний ўйнаш.
  4. Вақтинчалик қўналға (франц.).
  5. Бу ерда! Шундай (нем.).
  6. Эски дўст (нем.).
  7. Биласанми? (нем.).
  8. Сўниб бўлган (нем.).
  9. Спидометрдаги рақамлар милни кўрсатади; бир мил 1603 м. га тенг.
  10. Wie geht’s — Аҳволлар қалай? (немисча).
  11. Шундай эмасми? (нем).
  12. Душанбагача, эски қадрдоним, душанбагача (нем).
  13. Кўп (исп).