OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЛев Брандт
Асар номиБургутлар (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Рус адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Лев Брандт
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонО. Отахон
Ҳажм23KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/11/19
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бургутлар (ҳикоя)
Лев Брандт

Икки қаватли уйдек улкан қафасда йиртқич паррандалар яшарди. Улар шу атрофдаги ўралашиб юрган одамлар, қовжираган япроқлари чанг қоплаган дарахтлар, туссиз осмондан кўзларини узмай, тош қоянинг исқирт дўнгалагида ўтиришар ва соатлаб мудрашар эди. Хира кўзларида узоқ ўтмиш манзаралари: ғамгин қоялар, тубсиз жарликлар, бўронларда майишган баҳайбат дарахтлар, паст булутлар, чексиз, кўк осмон адабий нақшланиб қолгандек...

Фақат қизғиш патларини ҳурпайтириб калхатлар эринибгина ерда юрар ва нарироқдаги ҳовузда сузиб юрган ўзларидек тутқун ўрдаклар, ғозлар ҳамда оққушларга қараб ваҳшиёна овозда чинқиришарди.

Барча тутқунлар узоқ йиллардан буён яшаётганлари учун қафасга, ундаги ҳаётга тамомила кўникиб қолишган эди. Шу сабабли бўлса керак ўзларини осойишта тутишарди. Фақат аҳён-аҳён худди даҳшатли туш кўриб уйғонгандек битта-яримтаси темир панжарага ёпишиб олиб, беҳуш йиқилгунга қадар жон-жаҳди билан қанотларини ураверар эди. Шундай маҳалда доим қафасда жанжал, тўполон бўларди.

Дунёнинг тўрт чеккасидан келтирилган, хулқ-атвори, табиати бир-бирига мутлақо ўхшамайдиган бу паррандалар анчагача бепарво юришди. Бироқ тутқунлик уларни хийла серзарда, асабий қилиб қўйгани учунми тез-тез, кўпинча бесабаб жанжал чиқаришарди.

Қафасдаги бир жуфт қушларгина умумий тўполон, жанжалларга аралашмасдилар. Улар ҳамиша хира кўзларини юмиб, қоянинг тепасида қайғули тусда қимир этмай ўтиришарди.

Булар озод яшаш учун туғилган бургутлар эди. Улардан бири — ёшроғи, ҳайвонот боғига келтирилганда, каттаси эллик йилдан зиёд шу қафасда яшарди. Унинг қўнғир елкаларида ўша пайтдаёқ кексалик аломати — оқиш патлар пайдо бўла бошлаганди. Ўшандан бери ўн йил ўтди. Кичик бургутнинг оч, рангсиз патлари бу вақт ичида қорамтир тусга кирди; каттасининг кифтидаги оқ патлар гарданига ёйилиб катта, яхлит доғга айланди. Уларнинг туси турлича бўлгани билан қисматлари бир хил эди. Иккови ҳам қаноти чиқмасдан ўз маконидан жудо бўлган, ўшандан бери бу тутқунликда яшарди. На униси, деб буниси инсон қўли билан бино қилинган исқирт қоядан юқорига кўтарилиш насиб этмаганди. Улар худди занглаган панжарани пайқамай узоқ парвоздан ором олаётган қушлардек вазмин қанотларини мағрур ёйганча мудрашарди. Қафасда юз бераётган воқеалар, ўзгаришларга қизиқмас, ҳатто умумий тўс-тўполонлар чоғида ҳам сокин ўтиришарди. Фақат ўқтин-ўқтин иккови бирдан жонланиб қолар, шунда кўзларида яшил аланга ёна бошларди...

Бургутлар қоматларини ростлаб қанотларини силкиб-силкиб қўяр, лекин жойларидан қўзғалмасди.

Юксак осмон бўйлаб гоҳ-гоҳ қур-қурлаб, қағиллаганича йирик кушлар галаси ўтиб қоларди.

Йўловчи қушлар шаҳар устидан учиб ўтиб кўздан йўқолгунча бургутлар мана ҳозир уларнинг ортидан кўтариладиган каби қанотларини кериб туришар эди.

Гоҳо милт-милт юксакликда, йўловчи қушлар изидан қилт этмай учиб бораётган кичкина қора нуқта озод қондошларини бургут кўзи қийналмай пайқаб қоларди.

Овқатланиш вақтида қафасдаги йиртқич қушлар ўртасида доим келишмовчилик содир бўларди. Қафасга ташланган нимтага биринчи бўлиб калхатлар ташланарди. Улар очкўзларча энг катта бўлакларга ёпишар, аммо камдан-кам ҳолларда олиб кетишга муваффақ бўлишарди. Бир жуфт кулранг тасқаралар калхатларга ёпишиб гўштни тортиб оларди.

Сўнг тасқараларга оиладош бош ва бўйин патлари қўнғир қорақушлар ўз ҳақларини даъво қилгандек гўштни талашиб-тортишарди.

Улардан кейин думи оқ денгиз бургути ўртага тушиб, Қанотлари билан ўнгдан ва чапдан зарба бера бошларди.

Бу жанжал узоқ давом этмасди, тепадан бирин-кетин бургутлар тушгани ҳамоно ўз-ўзидан тўхтарди. Қулоқни тешиб юборгудек бургут қур-қураши янграши билан йиртқич қушлар гўштни ҳам унутиб, саросима ичида қочар эдилар.

Бургутлар гўштнинг энг яхши бўлакларини бамайлихотир чангалларида кўтариб қоя тепасига — ўз маконларига олиб кетар эди.

Улар ўлжани ҳамиша тенг тақсимлашар, ёш бургут қафасга келган куни, тасқаралар таъқибидан қочиб, ҳеч қайси қуш чиқишга ботинолмайдиган қоя тепасига — қари бургут масканига паноҳ излаб чиққан дамлардан эътиборан бошланган бу одат ҳозирга қадар давом этарди. Ўшандан буён ўн йил ўтибди. Улар ҳамон аҳил.

Сентябр оёқлади. Боғдаги дарахт шохларини қоплаган сарғиш япроқлар ҳамон маъюс шивирларди. Эрталабданоқ туссиз осмонда увада булутлар уюри пайдо бўлди. Булутлар қуёш юзини тўсмаган бўлса-да, совуқ тушди. Қуёшнинг ҳароратсиз нурлари ой шуъласи каби иситмас, борлиқни ёритарди, холос.

Кечки пайт шимолдан совуқ шамол эсиб, дарахтларнинг япроғига қирон келди. Кечаси бўрон турди. Дарёдаги пароходларнинг ташвишкор гудоги тинмай янграрди. Шамол тунука томларни тарақлатар, дарахт баргларини аёвсиз тўкар эди. Ҳайвонот боғидаги жониворлар ўз қафасларининг бурчак-бурчагига биқиниб хавотир ичида бир нимани кутгандек жим туришарди. Фақат бир жуфт чиябўри бўронга таҳдид қилгандек кечаси билан ув тортиб чиқди.

Баҳайбат қафас эса тебранар, лопиллар эди. Барча тутқун паррандалар бу кеча ўз жойларидан қочиб, қоя ортига яшириндилар.

Ёлғиз бургутлар чўққида сокин, қилт этмай ўтиришарди.

Эртасига эрталаб қуёш энди-энди қизариб чиқаётган маҳал қари бургут кўзларини очди ва одати бўйича бошини кун чиқар томонга бурди. Бурдию... қотиб қолди. Тоғлар бағридаги уясидан жудо бўлгандан бери илк бор у бош тепасида сим панжарани кўрмади. Эски, занг босган симлар шамолга тоб беролмай узилиб, бургутларнинг шундоқ бош устида хийла катта ёриқ пайдо бўлган эди.

Бургутлар худди мўъжиза юз бергандек ўша ерга михланиб қолишди, аммо жойларидан қўзғалишмади. Орадан уч соат ўтди ҳамки, шу кўйи туравердилар. Ниҳоят, дилдираб қуёш кўтарилди. Шундагина ҳайвонот боғининг назоратчи ходими бу қафас шифтидаги ёриқни ҳамда ташқарига чиқишни мўлжаллаётгандек пайт пойлаб ўтирган бургутларни пайқади.

Тезда нарвон, брезент кўтарган одамлар пайдо бўлди. Бургутлар пастдаги шовқинни сезмагандек, қотиб ўтиришаверди.

Ходим қафасга кирган чоғида қари бургут уни энди пайқагандек, бир силтаниб ташқарига отилди. Зум ўтмай ёш бургут ҳам унга эргашди.

Иккови бир неча дақиқа одамларнинг боши узра, қафас устига қўнишди, сўнг ҳаволаб кетишди.

Улар вазмин, ўзларига ортиқча ишонмай тез-тез қанот қоқиб дуч келган биринчи дарахт шохига қўнишди.

Озгина дам олиб яна боғ тепасида айлана бошлашди. Ҳовуздаги ўрдак ва ғозлар уларни сезиб талвасага тушиб ҳар томонга тўзғидилар. Бургутлар уларга парво қилмай, гўё бутун умрлари ўтган ерни ташлаб кетолмаётгандек, боғ узра доира ясаб айланаверишди. Охири баландлаб, шаҳардаги энг юксак бинонинг гумбазида олтиндек ярқираётган бутга қўнишди. Сўнг қанотларининг чигилини ёзиш учунми шаҳар осмонида парвоз қила бошлашди.

Улар эркин бўлсалар ҳам тутқунлик билан одамларга қаттиқ ўрганиб қолганларидан учиб кета олмасдилар. Шу кеча сон-саноқсиз чироқлар порлаган улкан шаҳарда тунашди.

Кечаси мижжа қоқмадилар. Улар ранг-баранг чироқларнинг ўткир шуъласидан уйғониб кетар, машиналар овозига кўниколмай, дам-бадам патларини ҳурпайтириб, қалтирар эдилар.

Икки кечаю икки кундуз хуруж қилган бўрон азонда босилди. Бургутлар тунаган бино рўпараси катта майдон эди. Майдон атрофидаги йўлдан шоша-пиша одамлар ўтар, машиналарнинг кети узилмасди. Майдон эса бўм-бўш, фақат марказида қимир этмай милитсионер турар, сал нарида чумчуқлар тўдаси чирқиллаб, шовқин соларди. Бургутлар одамлардан, майдондан ҳорғин нигоҳларини узмай қимир этмай ўтирардилар. Аммо дафъатан бургутлар сесканиб тушди. Майдонда баҳайбат малла мушук пайдо бўлди. Мушук чумчуқлар тўдасига кўзи тушган ҳамоно ерга қапишиб секин-секин уларга яқинлаша бошлади. Қушчалар фалокатни сезмай тинмай чирқиллашар, шовқин солар, мушук эса тобора яқинлашиб келарди — у ҳар сония човут солишга шай эди.

Бургутлар уни кўздан қочирмасдилар. Мушук шундоққина милитсионернинг оёғи тагига келиб биқинди, аммо у пайқамади ҳам.

Ораларидаги масофа атиги бир қадам қолганда чумчуқлар хавфни сезиб қолди-ю, тўда пир этиб кўтарилди. Мушук уларга коптокдек сапчиди. Лекин оёқлари қайтиб тушмади — шаҳарнипг марказида, ҳамманинг кўз ўнгида милитсионердан атиги бир қадам нарида жуда улкан тошдек қўнғир алланима тепадан шувиллаб тушиб даҳшатдан қотиб қолган мушукни кўтариб кетди.

Мушук жон-жаҳди билан ўзини ғижимлаб олган чангалга урилар, ёлборгудек миёвлар эди. Ўткир тирноқлар борган сайин унинг баданига чуқурроқ ботарди, ичак-чавоғини йиртаётгандек туюларди. Қари бургут доира ясаб айлангач, ўлжаси билан томга қўнди.

Мушук оёқлари ерга тегиши ҳамоно огриқни унутиб, ёйдек эгилди-да, бургутнинг оёқларига ёпишди.

Бу — ўзини ҳимоя қилишга, ғаними билан олишишга ўрганиб қолган катта ва бақувват ёввойи мушук эди. У ўлим хавфигш англаб қутургандек, жони борича ўзини ҳимоя қиларди.

Олтмиш йил тутқунликда яшаб ов қилиш ва ўлжасиш тинчитишни унутган бургут уни зумда бир ёқлик қилолмади. Ҳаммаёғи қонга беланган мушук унинг чангалидан юлқиниб чиқиб, тарнов томонга қочди. Яна бир дақиқа ўтса, тамом, мушук ғойиб бўларди.

Бироқ тепадан яна оғир тош келиб тушгандек бўлди. Бу — ёш бургут эди. У ўткир тирноқларини мушукнинг сағрисига санчиб чангаллади, бошқа панжаси билан унинг юзига чангал урди.

Мушукнинг кўзлари ўйилиб тушди. У қаттиқ чинқириб юборди, сўнг уни ўчди. Кейин қўнгир бургутлар ўлжага ташланишди. Қоринлари тўйгач, анчагача, чақчайган кўзларини пастдаги одамлардан узмай, қанотларини осилтириб томда ўтирдилар.

Ниҳоят, ёш бургут ҳурпайиб-ҳурпайиб қаттиқ чинқирди-да, осмонга кўтарилди. Унинг товушида илк бор қўлга киритилган озодликнинг ғурури ва шодиёнаси, қудрат оҳанглари янгради.

У эркин қанот ёзиб майдон узра айланар, секин-аста баландлаб борарди.

Тушкунликда яшаган бургут бир сутка мобайнида илгаридек парвоз қилишни ўрганиб олганди. У қанотларини вазмин, шитоб силкигач, елпиғичдек ёйиб юборди-да, қилт этмай узоқ учиб юрди. Аҳён-аҳён хиёл тебраниб шамол эпкинига тушиб олар, сўнг тобора юқорилаб борарди.

Кекса бургут қотиб қолди. У ёш шеригининг ортидан қараб турди-да, кейин у ҳам ҳавога кўтарилди. Лекин у узоқ уча олмади. Кўп ўтмай ҳаётида биринчи ўлжаси — мушук сўнгаклари сочилиб ётган томга қайтиб қўнди.

Ёш бургут эса ҳамон кенг доира ясаб учар, аста-секин узоқлашиб борар эди. Охири у митти нуқтага айланди ва зум ўтмай кўздан йўқолди.

Шундагина бўйни оқиш қари бургут жойидан қўзғолди. У худди юксакликдаги салқин ҳаводан чўчиган каби шаҳар узра пастлаб учар, гоҳ томга келиб қўнар, гоҳ яна қанотларини елпиғичдек ёйиб ҳаволанар эди. Шомга яқин у ўқдек осмону фалакка кўтарилди-ю, бирдан ўлжага кўзи тушиб қолгандек қотиб қолди. Сўнг кутилмаганда қанотларини йиғиб, тошдек пастга шўнғиди. Зум ўтмай қадрдон қафаснинг гумбазига келиб қўнди.

У қафас тепасида худди аввалгидек ҳамхоналарига бепарво, қайрилиб қарамай анча ўтирди. Фақат оқ думли денгиз бургути унинг қоядаги ўрнини эгаллаганида қанотларини кериб қийқирди, бошини сим панжаранинг ёриғидан суқиб уни ҳайдаб юборди. Кечаси одамлар уни тутмоқчи бўлишди. Аммо бургут ўрнидан вазмин қўзғолиб, тунги осмон бағрида ғойиб бўлди. Эртасига кун бўйи шаҳар тепасида айланиб юрди. Яна бир неча мушукларни тутиб еди.

Ҳар сафар ўлжасини еб қорни тўйгач, у ҳурпайиб олар, бошини кўтариб қолар, худди интиқ кутаётган шериги келиб қоладигандек осмонга узоқ термиларди. У тунаш учун қафасга қайтиб келарди. Кўп уринишлари зое кетгач, ниҳоят одамлар уни бир ҳафтадан сўнг тутиб олишди. Ўзини яна олтмиш йил яшаган қафасда кўрганда бургут биринчи марта шу ерга тушгандек ҳаммаёқни остин-устун қилиб ташлади.

У бу ерда фақат ўзига тегишли, ўзигагина дахлдор маскан борлигини унутиб, мунгли овозда чинқирар, то қанотлари лат егунга қадар панжарага ураверар эди.

Бир умр тутқун жониворлар билан яшаб келгани учун аллақаери қушга ўхшаш кекса хизматчи бургутга узоқ қараб турди-да, бошини афсус билан чайқади:
— Шундай қушни абгор қилишди-я. Бир марта бўлса ҳам озодликни татиб кўрдими, тамом энди унутолмайди. Тамом-вассалом. Эҳ, ҳали қанча яшарди...

Кўп ўтмай бургут эски ҳолига қайтди, қоядаги ўрнига чиқиб, истамайгина қўнишиб олди. Хизматчи янглишган эди. Бургут эркинликдан қайта маҳрум бўлганига аста кўникди. У уззукун қоя тепасида вазмин, ҳурпайиб ўтирар, баъзан хира нигоҳини кечаги ёриқдан ҳамда осмондан узмай қолар эди. У боши узра қушлар учиб ўтганида ҳар сафар сесканиб кетарди.

Бир ҳафталардан сўнг унинг жонсиз жасадига дуч келишди. У қанотларини кенг ёйиб, эгик тумшуқли бошини бир ёнга буриб чалқанча ётар, қотиб қолган кўз қорачиғи қуёшга қадалгандек эди.

Кекса хизматчи қафасга кириб, ўлиб ётган қушга узоқ тикилди, сўнг хўрсинди ва икки оёғидан кўтарди-да, қафасдан чиқиб кетди.