OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

4 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЛев Толстой
Асар номиҲазрати Муҳаммад (с.а.в.) ҳадислари
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Рус адабиёти
Бўлимлар
   - Ислом
Муаллифлар
   - Лев Толстой
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
НашриётАлишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, Тошкент, 2007
Ҳажм209KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/23
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
Русчадан озарбойжончага

доктор, профессор Телман Хуршид ўғли Алиев ва
Воқиф Темез ўғли Халиловлар таржимаси

Озарбойжон тилидан туркчага
Ориф Арслон таржима қилган

«Иқрорнома» асарининг таржимони ва сўнгсўз муаллифи
Ўзбекистон қаҳрамони Озод Шарафиддинов

Тақризчилар:
Абдулазиз Мансур,

тарих фанлари доктори
Убайдулла Уватов,

филология фанлари доктори
Баҳодир Каримов

Масъул муҳаррир ва сўзбоши муаллифи:
филология фанлари доктори,
профессор Ҳамидулла Болтабоев

Туркча матнлар таржимони:
филология фанлари номзоди
Абдумурод Тилавов

Муҳаррир:
филология фанлари номзоди, доцент

Абдулла Улуғов



Аннотация
Мазкур китобга кирган ҳадислар улуғ рус адиби Лев Толстой томонидан сайлаб олинган ва 1909 йили нашр этилган бўлиб, у улуғ рус ёзувчисининг маънавий-ахлоқий қарашларининг кўзгуси бўлиб хизмат қилади. Ўзбек китобхонлари буюк Толстойнинг «Иқрорнома» асарини устоз Озод Шарафиддинов таржимасида тўлалигича ўқиган эдилар. Мазкур рисолага ана шу асардан турк ноширлари томонидан сайлаб олинган айрим қисмлари қам киритилган. Шунингдек, Лев Толстойнинг мавзуга доир мактубларидан намуналар ҳам ушбу китобчадан ўрин олган.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) ҳадислари
Лев Толстой

Даҳо Адибнинг Иймонли Иқрори

Лев Толстойни Ўзбек китобхонларига танитишга эҳтиёж йўқ. «Бўйи баравар китоб ёзган» (Абдулла Қаҳҳор) улуғ адиб ўзидан кейинги даврда яшаган барча адибларга ўз таъсирини ўтказгани илмда тан олинган ҳодиса. Ғафур Ғулом унинг «Первая книга»сидан русча илк сабоқни олган бўлса, Абдулла Қаҳҳор Толстойнинг ижодини ўзига маҳорат мактаби деб билган эди. Дарвоқе, «Маҳорат мактаби» номи билан эълон қилинган ёстиқдай китобда энг кўп тилга олинган рус адибларидан бири ҳам Лев Толстой эди. Буюк адибнинг ҳаётлик чоғидаёқ унинг асарлари ўзбек китобхонларига «Туркистон вилоятининг газети» орқали етиб келган, айрим асарлари ўзбек китобхонларида ҳурмат уйғотиб улгурган бўлса, айрим ўзбек зиёлилари «буюк синод»нинг «зулмга қарши бормаслик» ғояларига кескин қарши чиқиб, Сиз мустамлакачиликни ҳимоя қиляпсиз, дея раддия билдиришгача бориб етганлари бугунги ўқувчиларга кундай равшан. Яна шуниси ҳам маълумки, Толстой ҳақида йўқсиллар доҳийси беш мақола ёзган ва у мақолалар шўро кунларида Қуръондай ўқитилгани билан улуғ адиб ижодининг ҳамма қирраларини ҳам акс эттириб бера олмаган эди.

Лев Толстойнинг «Болалик. Ўсмирлик. Ёшлик» ҳасби ҳоли XX аср ўқувчиларига адабий сабоқ бўлган, унинг «Кавказ асири» ҳикояси гўдаклигимизданоқ бизнинг бадиий ижодга бўлган муносабатимизни «шакллантиришга хизмат қилдирган» асарлардан эди. Толстой талқинида уруш ва тинчлик (шу номли эпопея), бахт ва бахцизлик («Анна Каренина»), туғилиш ва ўлим («Тирилиш») каби зиддиятларни инсоният идроки айният каби қабул қилишда Толстойдан кўмак ўтинганларини ҳам заррача унутмаймиз. Айниқса, ижоди тиниққан, ҳаётининг сўнгги даврида яратилган «Сергей ота», «Ҳожи Мурод» каби доҳиёна асарлари буюк адибни тирик «синод» (пайғамбар) даражасига кўтаргани, унинг ўлими олдидан минглаб, ўн минглаб толстойчилар ўз юртларини ташлаб чиқиб кетиб, «тирик пайғамбарнинг илоҳиётга қовушиши» (И.Бунин, «Толстойнинг қутилиши»)ни кузатиш илинжида бўлганларини бутун жаҳон оммавий ахбороти имкон даражасида ёритиб турган эди. Ўзи бир пайтлар «Севастопол ҳикоялари»да исён кўтарган кавказлиларни қирганини буюк бир ифтихор билан ёзган бўлса, «Ҳожи Мурод» қиссасида чор мустамлакачилиги зулми учун ўзини озми-кўпми айбдордай билиб, чоризмга қарши чиқиш ҳар бир эркпарвар мазлумнинг нияти эканини ошкор ёзгани уни даҳо адиб сифатида ҳақиқатга тик қарай оладиган мард инсон эканини ҳам англатганди. Устоз Озод Шарафиддинов «Иқрорнома»дай мураккаб ва сирли бир асарни таржима қилиб, нашрга бераркан, унинг: «Мен урушда одам ўлдирганман, ўлдирмоқ ниятида дуелга чақирганман, тасарруфимдаги мужикларни картага бой берганман, уларнинг меҳнати эвазига яшаганман, уларни қатл этганман. Ёлғончилик, ўғирлик, ҳар хил рангдаги зинокорлик, ичкиликбозлик, зўравонлик, қотиллик... Мен қилмаган жиноят қолган эмас...» каби иқрорини келтириб, «ҳар қандай инсон ҳам, биринчи навбатда, банда эканини ва банда сифатида адашиш ҳуқуқига эга эканини унутиб қўямиз. Толстой улуғ эди, лекин у айни чоғда инсон ҳам эди ва айни шу жиҳати билан у бошқа инсонларга яқин туради» деб ёзганида Толстойдай мураккаб адибнинг дунёқарашига доир айрим сезимларни англатган эди. Лев Толстойнинг улуғлиги ҳам унинг ўша «банда»лигида, Ҳақ олдида инсоний ожизлигию доҳиёна тафаккур билан мукаррам иймонни сақлаганида эди. Унинг дил иқрорига қулоқ тутинг: «Қаердаки ҳаёт бўлса, ўша жойда инсоният пайдо бўлгандан бери унга яшаш имконини берадиган иймон бор. Ва иймоннинг асосий белгилари ҳамма жойда ва ҳамиша бир хил. Ҳар қандай иймон кимга бўлмасин ва қандай бўлмасин жавоб берган бўлса, иймоннинг ҳар қандай жавоби инсоннинг чекланган ҳаётига чекланмаган нарсанинг маъносини бахш этади ва бу маънони азоб-уқубатлар, муҳтожликлар, ўлим маҳв этолмайди. Бинобарин, фақат иймондагина ҳаётнинг маъносини ва яшаш имконини топиш мумкин. Шунда англадимки, сўзнинг энг муҳим маъносида олиб қарасак, иймон «кўз илғамас буюмларни» ва ҳоказоларни фош қилишгина эмас, кароматгина эмас (бу иймоннинг сифатларидан бирининг тасвири, холос), инсоннинг Xудога муносабатигина эмас (Худо орқали иймонни белгилаш керак эмас, аввал иймонни белгилаб олиб, сўнгра Xудони белгилаш лозим), кўпинча, иймонни мана бундай тушун деб одамга айтилган гапларга қўшилишгина эмас, балки иймон инсон ҳаётининг маъносини билишдир ва шу билими важҳидан инсон ўз-ўзини маҳв этмайди, балки яшайди. Иймон ҳаётнинг қудратидир. Инсон яшар экан, у бирор нарсага ишонади, иймон келтиради. Агар у «нима учундир яшамоқ керак» деб бирон нарсага ишонмаса, иймон келтирмаса, унда у яшамас эди. Агар у чекланган нарсани кўрмаса ва унинг хаёлий бир нарса эканини англамаса, у ана шу чекланган нарсага ишонарди; агар у чекланган нарсанинг хаёлий эканини англаса, унда у чексиз нарсага ишонмоғи керак. Иймонсиз яшаб бўлмайди».

Бу сўзлар дин шаклидан қатъий назар ҳар бир инсофли банда иймон сари юксалгандагина ҳаётнинг ҳам, ўлимнинг ҳам маънисини топишга муҳаққақ бўлажагини эслатувчи бир далолатномадир. Шундай экан, Толстойдай абадият сари интилиб «Худо излаган» адибни даҳрий қилиб кўрсатишга уринган даврларни бот-бот эслаб турамиз. Уларни эслаш баробарида даҳо санъаткор руҳиятида кечган руҳоний туйғуларни илғашга ҳаракат қиламиз. Гарчи у ўз қаҳрамони каби Пъер Безухов бўлиб масонликдан кўмак ўтинганда ҳам, Платон Каратаев бўлиб, ўз иймонини уруш чангалидан саломат олиб чиқишга уринганда ҳам, Вронскийдай кибор княз қучоғидан қочиб ўзини ўлимга тутган Анна Каренина қалбида яшаганида ҳам мукаррам иймоннинг тарафида бўлди. «Қотиллик ҳар қандай диннинг бирламчи асосларига зид бўлган ёвузликдир» деган хулосага келди. Ҳаётнинг қудратини ва ўлим саодатини «иймон излаган» ва бу ҳаётда унга эришган кишилардагина кўрди. Бу йўлда ўзининг абадий саволи «Ҳаёт нима? Унинг моҳияти нимада?» эканини излаб топмоқчи бўлди. Бунинг учун биргина православ черковининг қоидалари доирасида қолиб кетмади. Энг қадимги динлар – ҳинд ведалари, конфуцийлик, буддизмдан тортиб энг замонавий диний қарашларгача ўрганиб чиқди: «мен китоблардан буддизмни ҳам, исломни ҳам ўргандим, ҳаммадан кўра кўпроқ ҳам китоблардан, ҳам атрофимни қуршаб олган одамларнинг ҳаётидан христианликни ўргандим». Дастлаб иймонининг негизи деб насронийликни билди, ўзини доимо православ тарафдори деб билди. «Бироқ бир жойга келиб ҳаёт масалалари кўндаланг бўлди, уларни ҳал қилмоқ керак эди. Черков бу масалаларни мен юкинадиган иймон асосларига зид тарзда ҳал қила бошлади». Сулаймон пайғамбардан тортиб Шопенгауергача диний таълимотларнинг моҳиятини англамоқчи бўлди, ҳатто ўзи тан олиб айтганидай, уларни ўзаро солиштирмоққа ҳам жазм қилди. Насронийликдаги айрим масалалар унга ўта чалкаш ва тушунарсиз бўлиб кўринди: «Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳга сиғинайлик» деган иборани тушириб қолдирардим, негаки уларни тушуна олмас эдим». Шунга қарамай, мукаммал бир дин излаш ҳаракатида бўлди: «Хўш, мен яна нимани излаяпман? – деб садо беради дилимдаги овоз. – Мана у. Усиз яшаб бўлмайди. Xудони танимоқ ва яшамоқ - айнан бир нарса. Xудо ҳаётдир» деган хулосада тўхтади. «Яша, Xудони излаб топ, шунда ҳаётинг Xудосиз бўлмайди». «Шунда дилимдаги ва атрофимдаги нарсаларнинг ҳаммаси ҳар қачонгидан кучлироқ нурланиб кетди ва бу нур мени ортиқ тарк этмади».

Лев Толстой бирмунча табиий иккиланишлардан сўнг бундай нурли ҳаётга қадам қўйганида 50 ёшлар бўсағасида эди. Бундан кейин яна 30 йиллардан мўлроқ умр кечирди. Ниҳоят, 80 ёшлар атрофида қарийб бир неча ўн йиллардан бери тортиниб келаётган ишга қўл урди. Сўнгги дин деб тан олинган Ислом ва пайғамбари охирзамон Муҳаммад (с.а.в.) ҳаётини ўрганиш билан чекланмай Абдуллоҳ Суҳравардийнинг Ҳиндистонда нашр этилган «Ҳазрати Муҳаммаднинг ҳадислари» рисоласидаги ҳикматлардан бир китобча тартиб қилиб, «Посредник» нашриётида чоп (1909) қилдирди. Мажмуага кирган ва ўта нозик руҳоний дид билан сайланган ушбу ҳадисларни ўқиганда, улуғ Толстой эътиқодининг нақадар теранлиги, диний бағрикенглик тушунчаси мана шундай улуғ адибларга тегишли эканига ишониш мумкин бўлади. Чунки 1879-1882 йилларда яратилган ва шўро вақтида узоқ пайт халқдан яширилган «Иқрорнома» билан бу тўпламга жамланган ҳадислар ўртасида мантиқий бир изчиллик сезила бошлади. Лев Толстойнинг исломга бўлган самимий ҳурмати табиий эди, бироқ буни жаҳон афкор оммасига шундай етказиб бўлмас ҳам эди. Айни шу йили кавказлик зиёли оила Иброҳим оға Векилов ва унинг завжаси Елена Ефимовнадан мактуб келиб, ора йўлда иккиланган фарзандларининг иймон-еътиқодини исломга йўналтириш мақсадида Толстойдан маслаҳат сўраганлари бўлди. Толстойнинг жавоб хатидаги «Мусулмонликнинг насронийликдан устунлигига ва, айниқса, фарзандларингиз хизмат қилмоқчи бўлган ғоянинг олийжаноблигига бутун қалбим билан қўшиламан. Xристиан идеали ва таълимотини ҳар нарсадан баланд тутган бир инсон учун буни айтиш ғоят ғалати бўлса-да, айтишим керакки, мусулмонлик ўзига хос ташқи кўриниш жиҳатидан ҳам черков христианлигидан қиёс қилиб бўлмас даражада устун эканлиги менда ҳеч бир шубҳа уйғотмайди. Агар бир кишига черков христианлиги ёхуд Ислом динига кириш борасида танлаш ихтиёри берилса, ўйлайманки, ҳар бир ақлли одам мураккаб ва тушунарсиз илоҳиётдан, уч сифатли Оллоҳдан, гуноҳдан чиқариш маросимию бошқа диний удумлардан, Исонинг онасига ёлворишидан, «Муқаддас шахслар» ва уларнинг расмлари олдидаги сон-саноқсиз ибодатлардан кўра ягона Оллоҳни ва Унинг пайғамбарларини; Ислом динини, албатта, устун кўради. Бошқача бўлиш ҳам мумкин эмас» каби фикрлар тасодифий айтилган ёки бир муштипар онага билдирилган ҳамдардлик оқибати эмас, балки йиллар, ўн йиллар давомида ўйланган, изланган ва ниҳоят умрнинг поёнида бир йўналишга кирган эътиқоднинг самараси эканини англаш мумкин.

Йўқ, биз улуғ рус адиби Лев Толстойни Ислом билан боғламоқчи эмасмиз. Зеро, Толстойнинг исломий таълими тугал эмаслиги «Изречения Магамета не вошедшие в Коран» («Ҳазрати Муҳаммаднинг Қуръонга кирмаган ҳадислари») сарлавҳасиданоқ маълум. Бироқ умрининг охирида Аллоҳга бўлган эътиқодини турли ишоралар билан изҳор қилган буюк немис шоири Гёте каби Исломга бўлган самимий ҳурматини эътироф этмоқчимиз, холос. Айни мана шу эҳтиром доҳиёна тафаккур билан мукаррам бир иймон-еътиқод натижаси эканини китобда кетма-кет келтирилаётган манбалар тасдиқлаб турибди.

Тўғри, Толстойнинг «Иқрорнома»сини ўз даврида, ҳатто ундан 50 йил кейин ҳам «бевақт алаҳсираш» деб баҳолаганлар бўлган, бу асарни таъқиб қилиб, улуғ адиб асарлари куллиётига қўшмай келган даврлар ҳам бўлган. Бироқ «Иқрорнома» яратилганидан қарийб 110 йил кейин (1991 йил) Лев Толстой тўла асарлари жилдларидан ўрин олган экан, эҳтимол, Толстой асарларининг кейинги нашрларидан ҳам иймонли маслаҳатгўй адибнинг Векиловлар оиласига ёзган хати ва унинг сайламасидаги «Ҳазрати Муҳаммаднинг ҳадислари» ўрин олса ажаб эмас.

Ҳамидулла Болтабоев, профессор


«
Мусулмонларнинг «Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир,
Муҳаммад Унинг пайғамбаридир» деган ҳикматида
ҳеч қандай муаммо ва сир йўқ.

Лев Николаевич Толстой
»


Толстойнинг Эътиқоди

Дунёга машҳур рус ёзувчиси Лев Толстойнинг «Ҳазрати Муҳаммад» рисоласи бир неча муҳим аҳамиятга эга. Аввало, бу асар насронийлар кўп яшайдиган Русияда ёзилиб, 1909 йилда нашр этилган. Бу рисолани ҳаётлик чоғидаёқ жуда катта шуҳрат қозонган жаҳоннинг улуғ ёзувчиларидан бири, рус адиби Лев Николаевич Толстой нашрга тайёрлаган. Катта мол-мулк эгаси бўлган Лев Толстой динни чуқур таҳлил қилиши, бу хусусда теран мулоҳаза юритиши билан кўпчилик эътиборини тортди. Бошқалардан фарқли ўлароқ, у динга шовинистларча ёндашмади. Дин моҳиятини тушунишга интилиши, ҳақиқатга садоқати ва мол-дунёга унчалик эътибор бермаслиги туфайли у диний ҳақиқатларни англашга яқинлашди.

Лев Толстой Ҳазрати Муҳаммадга (с.а.в.) ҳурмати ва Ислом динига нисбатан ҳайрати натижасида тасниф этган бу асари билан юксак маданиятли ва диний маълумотларга эга бугунги ўқувчиларни ҳайратлантирмайди, деб ўйлаймиз. Лев Толстой бу китобчани бошқа асарлари билан бирга (1909), рус ўқувчиларини Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳадислари билан таништириш мақсадида тасниф этган. Ишонч билан айта оламизки, ушбу китобча кўплаб китобхонларнинг диний тушунча ва тарбиясига таъсир қилган. Чунки Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.)нинг шахсияти, ул зотнинг илоҳий қудратга асосланган фикрлари, шунингдек, Русияда эътиборли диндорлардан бири саналган Толстойнинг тавсия-тақдими мазкур китобчанинг таъсирини оширган.

Собиқ шўролар даврида Л. Н. Толстойнинг асарлари қайта-қайта чоп этилган бўлса-да, у зот тасниф этган ушбу рисола бирор марта ҳам нашр этилмаган. Чунки шўролар ҳукмронлигининг дастлабки йиллариданоқ кишилар мажбуран даҳрий эттирила бошланган. Буни истамаган кишилар 1938 йилда «қатағон қурбонлари»га айланган. Шундай бир пайтда Лев Толстойнинг дин тўғрисидаги мулоҳазаларига истисно сифатида қаралмаслиги табиий. Ўша даврдаги вазият тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш учун бир воқеани мисол сифатида келтиришимиз мумкин.

1978 йили (мазкур китобча нашр қилинганидан 70 йил кейин) Озарбойжон жумҳуриятининг нуфузли журналларидан бири «Озарбойжон»да бу рисоланинг «Кириш» қисми ва унга илова тарзида турк генералининг турмуш ўртоғи - Е. Векилованинг Лев Толстойга ёзган мактуби озарбойжончага ўгирилиб, чоп этилиши мўлжалланди. Аммо Бакудаги сензура ташкилоти бунга рухсат бермади. Сабаби эса Толстой каби бир улуғ рус ёзувчисининг Ислом дини ва Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) ҳақида ижобий фикрлар айтгани эди. Бош муҳаррир мазкур китобчанинг «Кириш» қисми ва Е. Векилованинг мактубини чоп этиш мақсадида журналнинг ушбу сони нашрини узоқ вақт кечиктирди ва рухсат олиш учун Москвага мурожаат қилди. У ердан «Ҳа, нашр этиш мумкин» деган жавоб келгач, рисола ва мактублар ўқувчиларга етказилди. Шундай қилиб, ушбу китобдаги мактублар 1978 йилда илк бор Озарбойжон матбуотида озар ва рус тилларида эълон қилинди.

Толстой тасниф этган рисола ва мактублар анча шов-шув бўлди. Лекин Толстой каби доҳий бир қаламкаш, Исломга буюк рағбат ва ҳурмати бор шахс, асарига ном танлашда жиддий хатоликка йўл қўйган. Бизнингча, Ислом дини Рус империяси замонида очиқ-ошкор таъқиқланмаган бўлса-да, у Русияда ўрганилиши мумкин бўлмаган бир дин эди. Балки шу боисдан бўлса керак, Толстой ҳам рисоласига ном танлашда янглишган.

70 йил ҳукм сурган Советлар Иттифоқи парчаланганидан кейин диний қадриятларга қайтадан аҳамият берилиши туфайли Лев Толстойнинг рисоласи 1990 йилда ўз тили – рус тилида нашр этилди. Афсуски, Толстойнинг хатосини рисоланинг Озарбойжондаги ушбу нашрига муҳаррирлик қилган ношир Гайибов ҳам такрорлади. Биз эса бу китобни таржима қилар эканмиз, номланишдаги янглишишни исломий атамашуносликни асос қилиб олган ҳолда, техник хато дея қабул қилиб, уни тузатишга мажбур бўлдик. Толстой нашр этган вақтда рисоланинг номи «Ҳазрати Муҳаммаднинг Қуръонга кирмаган ҳадислари» эди. Бу номланиш хатодир. Чунки «Қуръон» Оллоҳ каломидир. Ҳадислар эса Ҳазрати Муҳаммаднинг (с.а.в.) сўзларидир. Шунинг учун Толстойнинг мазкур рисоласини «Ҳазрати Муҳаммад» дея номлашни тўғри дея билдик.

Диққатингизни яна бир нарсага қаратмоқчимиз. Русияда рус миллатига мансуб, исломни қабул қилган Валерия Порохова деган аёл бор. Бу аёл араб йигитига турмушга чиқиб, эри билан 11 йил Саудия Арабистонида яшаган. Бу рус аёли ислом динини чуқур ўрганган ва мусулмон бўлган эди. В. Порохова «Қуръони карим»ни русчага таржима қилди ва бу таржима илоҳиётчи (исломшунос)лар томонидан маъқул кўрилди. Порохова хоним катта жасорат билан «Толстой ва Ислом» мавзусини оммавий ахборот воситаларига олиб чиқди ва кенг ёритди.

Порохова хоним Л. Н. Толстой умрининг охирги дамларида Ислом динига ҳурмат билан қараганини оммавий ахборот воситаларида маълум қилди. Совет ҳукумати эса узоқ йиллар бу ҳақиқатни яширишга уринди. Порохова хоним катта жасорат кўрсатиб, бу муҳим ҳужжатни нашр эттирди.

Рус халқи, хусусан, рус зиёлилари ва олимлари Л. Н. Толстойни донишманд инсон сифатида севишарди. Улуғ адибнинг Исломга бўлган ҳурмати рус жамоатчилиги ичида Исломга қарши кайфият уйғотиши мумкин эди. Русия давлати Толстой каби бир доҳийнинг Исломга ҳурмат-еҳтироми жамоатчиликка маълум қилинишига рухсат беролмас эди. Шу боисдан Толстой томонидан тасниф қилинган «Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) ҳадислари» рисоласи узоқ вақт яширин тутилди.

Бу китобчадан жой олган ҳадислар ва бошқа исломий мавзуларни диққат билан тадқиқ қилиб, туркчага ўгириб, унинг Туркияда чоп этилишига ёрдам берган доктор Ориф Арслонга ташаккур билдирамиз.

Доктор, профессор Телман Xуршид ўғли Алиев,
Воқиф Теҳмез ўғли Xалилов.
Боку, Озарбойжон. 2005 йил апрелъ


Тақдим

Лев Толстой Ҳазрати Муҳаммад (С.А.В.)га Мафтун Ёзувчи

Улуғ рус ёзувчиси Лев Николаевич Толстойнинг ислом динига эҳтиром кўрсатганини билишнинг ўзиёқ бир муҳаммадий сифатида бизни қувонтирди. Шу боисдан ҳам бундай жаҳонга машҳур зотнинг Ҳазрати Муҳаммад билан боғлиқ рисоласини туркчага таржима қилиб, ўқувчиларга етказишга ҳисса қўшишдан фахрланаман.

Капитан Кусто (Cоустеау) мусулмонликни қабул қилганини Франсиянинг «Матч» журналида берган интервъюсини ўқиб бунга ишона олмаган эдим. 1983 йилнинг май ойида айнан шу журналда Cлемент Торез ҳақида ҳам шу мавзудаги мақолани ўқидим. Торез Франсия Коммунистик партияси раҳбари эди. У: «Инсоният энди коммунизмга эмас, ҳақиқий қибласи бўлмиш Каъбага қайтажак, коммунизм тугади...» дер ва фаластинлик турмуш ўртоғи билан бирга газета ва журналларга бу ҳақда жуда кўп интервъюлар беришарди.

Ғарбда жуда машҳур бўлиб, кейинчалик ислом динини қабул қилганлар фақатгина шу кишиларгина эмас, албатта. Яна ортга назар ташласак, Франс Бисмарк, Гёте, ҳатто, рус шоири Александр Пушкин ва бошқалар ҳам ислом динига эҳтиром билан қараганини кўрамиз. Бундай шахслардан яна бирини ёзувчи Алев Алатлидан бошқа деярли ҳеч ким билмаган, 2001 йил бошида мусулмон бўлган Русиянинг Дин Ишлари раиси В. Полосиндир.

Эътиборлиси шундаки, В. Полосин бутун Русия оммавий ахборот вакиллари ҳузурида мусулмон бўлганини баён этаркан, жумладан бундай деди: «Бутун жамоатчилик олдида гувоҳлик бераманки, мен ортадокс черковининг попи ҳам, мудири ҳам эмасман. Мен энди мусулмонман... Яна гувоҳлик бераманки, мен китоби бўлган барча динларнинг, Ҳазрати Иброҳимдан бошлаб барча пайғамбарларнинг улуғ одати бўлмиш ҳақиқий иймоннинг толиби сифатида ягона тўғри динга иқрор бўлдим. Ижтимоий ҳаётимни ҳам эътиқодимга мувофиқ шакллантиришга қарор қилдим. Ва мусулмон бўлдим». Ортодоксликнинг қалъаси - қўшнимиз Русияда В. Полосиннинг мусулмон бўлиши қандай акс-садо беришини ўйлаб кўринг. Аммо у 1999 йилда Русия ортодокс патриархаллигининг уюшмаси ва диний жамоалари алоқалари қўмитаси раиси ва Олий Совет Виждон эркинлиги қўмитаси бошлиғи ва Русия Федерацияси вакиллари мажлиси - «Дума»да депутат бўлган. Бош поп Вячеслав Полосиннинг (Туркияда Диёнат ишлари бошқони мақомига тўғри келади) мусулмон бўлганини нимагадир Туркияда токи Алев Алатли маълум қилмаганига қадар ҳеч ким билмади.

В. Полосин айни пайтда Москва Давлат университети фалсафа факулътети, Загорс Диний мактаби ва Русия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатик академияси битирувчиси ҳам эди. Мен бу маълумотни Алев Алатлининг «Гоголнинг изини топмоқчи эмасмиз» китобида ўқигач, аввалига ишонмадим. Бундай воқеа шов-шув бўлмасдан қолиши мумкин эмаслиги ҳақида ўйладим.

В. Полосин мусулмон бўлганини айтгач, унинг бошига тушиши мумкин бўлган хавф-хатарлар ҳақида нималар ўйлашини сўрашганида: «Ҳаммамиз фониймиз, охир-оқибат бу дунёдан кетамиз. Инсон боласининг таҳдид ваҳималарига итоат этмоқдан кўра Ҳақиқатга таслим бўлган ҳолда дунёдан кетиш яхшироқдир!» деб жавоб берган.

Турмуш ўртоғи ҳам мусулмон бўлганини, ўзи Али исмини олганини айтган В. Полосин, рус мамлакатида насронийликдан мусулмонликка ўтган энг сўнгги машҳур кишидир. 1978 йилда Морис Баcаилл ва Р. Граудй лар мусулмон бўлишганда ҳам шундай қувонган эдик. Бу шахслар ўтмишда коммунистларнинг етакчи ғоявий арбоблари эдилар. Яна кимлардир қаердадир яширин ёки ошкора Исломга кириб, мусулмон бўлганидан биз бехабар қолгандирмиз.

Л. Толстой мусулмонликни социализм тўғрисидаги ғоялар энг авж олган ва улар кўпчиликни ўз таъсирига тортган бир замонда тилга олди. У пайтда бундай бир ишга киришиш ўзини исканжага солиш ва ўлимни бўйнига олиш билан баробар эди. Л. Толстой шу ишни қилди. У ижодда юксак чўққига кўтарилган ва моддий жиҳатдан ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган бир пайтда бу ишга қўл урди. Бу вақт ҳеч ким «у заиф эди, ёрдамга муҳтож эди...» деёлмасди.

Л. Толстой буларнинг ҳаммасини тушунган, билган ҳолда, Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларини тўплаб, рус халқига тақдим этди. Чунки пойдевори заиф эканлиги аниқ бўлган социализм уни ўз таъсирига ололмаган эди. Бу улуғ ёзувчи имкони бўла туриб, ўзи яшаётган жамият неъматларидан баҳраманд бўлиш ўрнига мусулмон каби яшамоқликни афзал кўрди...

Улуғ ёзувчининг Елена Векиловага ёзган мактуби Л. Толстойнинг мусулмонликка ва ислом динига муҳаббатини очиқ-ошкор ифода этган эди. Яна ушбу хатда ёзувчи ислом динининг бошқа динлар тушган ҳолатга тушмаганлигини, Ҳазрат Муҳаммад тадбиқ этган дин энг сўнгги ва энг мукаммал дин эканлигини таъкидлайди ва бошқа динлардаги ботил жиҳатлар ва хурофотларга диққатни жалб этади.

Ҳадислардан танланганлари ҳам гўё рус халқига ва уларни алдаганларга бир дарс-ибрат берадиган мазмунга эга. Л. Толстой танлаб олган бу ҳадислар орқали асл адолат ва тенглик, ҳақиқий қардошлик ва фидойилик, ҳатто инсонга ҳурмат ва муҳаббат ҳам исломда мавжудлигини таъкидламоқчи бўлди...

Л. Толстой тасниф этган ҳадислардан аксариятининг манбасини аниқладик. Аниқлай олмаганларимиз балки «Кутуби ситта»дан бошқа ҳадис китоблардан олинган бўлиши мумкин...

Ушбу рисоладаги ҳадислар дастлаб арабчадан русчага ўгирилган. Кейин эски (классик) русчадан замонавий рус тилига, сўнг озарбойжончага, ниҳоят, озарбойжон тилидан туркчага ўтганлигини эътиборга олмоқ лозим. Чунончи, мактублар ҳамда ҳадислардаги тил хусусиятларини алоҳида ўрганиш лозим.

Бу китобчани ва мактубларни озарбойжончага таржима қилиб, бизга етказган ҳурматли профессор Телман Алиев ва Воқиф Xалилов жанобларига, ушбу асарни тезроқ турк ўқувчиларига етказиш ҳаяжони ила кутган «Каракуту» нашриёти бош муҳаррири Росиҳ Йилмазга ташаккур айтаман.

Ориф Арслон.
2005 йил, май.

1-Бўлим

Ҳазрати Муҳаммад

Лев Николаевич Толстой 1908 йилда Абдуллоҳ ал-Суҳравардийнинг Ҳиндистонда нашр этилган «Ҳазрати Муҳаммаднинг ҳадислари» китобини ўқиди. Ўқиган ҳадисларидан бир китобча тасниф қилди ва уни Русиядаги «Посредник» нашриётида нашр қилдирди. Китоб 1908 йилнинг октябр ойида «Муҳаммаднинг Қуръонга кирмаган ҳадислари» номи билан ўқувчиларга тақдим қилинди .

Мазкур биринчи бўлим Толстой тайёрлаган Ҳадис китобчасидан иборат. Китобчанинг номи нотўғри бўлгани учун у кейинроқ «Ҳазрати Муҳаммад ҳадислари» деб ўзгартирилди.

«
«Қалбимизда Оллоҳнинг нури бор.
Унинг номи эса виждондир!»

Лев Толстой
»


Оламшумул Тавсия

Лев Толстойнинг ислом пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад (а.с.)га ошкор ҳурмати ҳақида аввалги бўлимларда тўхталган эдик. Бу ҳурмат улуғ ёзувчида Ҳазрат Муҳаммаднинг ҳадисларини ўқиганидан сўнг пайдо бўлган. Ёзувчи ҳиндистонлик ислом мутафаккири Суҳравардий тайёрлаган ҳадис китобини синчиклаб мутолаа қилиб, ундан иқтибос ва кўчирмалар олар экан, Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларидан маҳрум бўлган рус халқига ва ўзига, дўст ва ўртоқларига Ҳазрати Муҳаммадни танитмоқчи бўлган. Муҳаммад Пайғамбар(с.а.в.)нинг хушмуомалалик, ахлоқ, адолат, тўғрилик каби кўплаб инсоний қадриятлар тўғрисидаги сўзлари Толстой сингари «ақли комил» бир инсоннинг диққатини жалб қилмаслиги мумкин эмас эди, виждонли инсонлардан бири сифатида уларни бошқа кишилар билан бирга баҳам кўришни ҳам умид қилган.

Даҳо ёзувчининг бу истаги бугун қўлингизда. У танлаган ҳадислар гулдастаси ушбу китобча орқали рўёбга чиқди.


«Оллоҳим, Сенга Бўлган Муҳаббатимни Менга Бағишла»

Хурмо дарахти остида ухлаб қолган Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) уйғонсалар, қўлида бир қилич билан унинг устида душмани Дуъсуур турибди. У сўради: «Эй Муҳаммад, сени энди ўлимдан ким қутқаради?». Ҳазрати Муҳаммад жавоб бердилар: «Оллоҳ!»

Дуъсуурнинг қиличи ерга тушди. Уни қўлга олган Расулуллоҳ, ўз навбатида сўрадилар: «Эй Дуъсуур, энди сени ўлимдан ким қутқаради?» Дуъсуур «Ҳеч ким!» деб жавоб берди. Расулуллоҳ уни озод қилиб: «Бил, сени ҳам ўлимдан менинг Оллоҳим қутқарди», дедилар ва унинг қўлига қиличини қайтариб бердилар. Дуъсуур кетаётиб: «Сен мендан хайрлироқсан», деди. Расули акрам: «Мен бунга сендан кўра ҳақлироқман», деб жавоб қайтардилар.

Дуъсуур: «Мен Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва сен унинг расули эканингга ишондим», дея шаҳодат келтирди ва мусулмон бўлди. Ва Дуъсуур Пайғамбарнинг содиқ дўстларидан бири бўлди.

* * *

«Оллоҳим! Сенга бўлган муҳаббатимни менга бағишла. Сен кимни севсанг, менга уларни суюкли қил. Шундай қилгинки, мен Сенинг муҳаббатингга сазовор бўладиган ишларни қилай. Сенга бўлган муҳаббатимни ўзимга, оиламга ва бойликларимга бўлган севгидан устун қил.

Оллоҳим! Сендан севгини ва Сени севганларнинг севгисини ва Сенинг севгингга мени етказадиган амалларни сўрайман. Оллоҳим! Сенинг севгингни нафсимдан, оиламдан, молимдан ва зилол сувдан-да суюкли қил!»

* * *

«Ҳақиқат инсонлар учун нақадар аччиқ бўлса-да, ҳақиқатни сўйлагин!»

* * *

«Биродаринг золим ва мазлум бўлса-да, унга ёрдам бер!» Бир одам: «Ё Расулуллоҳ! Биродарим мазлум бўлса, унга ёрдам берайин. Аммо золимга қандай ёрдам бераман, сўйланг?» - деди. Расули акрам буюрдилар: «Уни зулмдан қайтар. Шубҳасиз, мана шу унга ёрдаминг бўлади» .

* * *

(Аллоҳ таоло айтади:) «Ким бир савоб иш қилса, унга унинг ўн баробарича (ажрими) бордир ва ундан ҳам орттираман. Ким бир ёвуз иш қилса, унинг ҳам мисли бордир. Ёки уни бутунлай афв этаман. Ким бир қарич яқинлашса, мен унга бир аршин яқинлашаман; ким менга бир аршин яқинлашса, мен унга бир қулоч яқинлашаман. Ким (менинг олдимга) югуриб келса, мен уни қучиб кутиб оламан. Ким (менинг олдимга) ҳеч нарсани шерик қилмай (ширк келтирмай) дунё тўла гуноҳ билан келса, мен уни шу қадар мағфират билан қаршилайман» .

* * *

«Оллоҳим, мени мискин (фақир) қилиб яшат, мискин ҳолда жонимни ол. Қиёмат куни мискинлар қаторида ҳашр эт!»

Ҳазрати Ойша сўрадилар: «Нечун, (бундай дуо қилмоқдасиз?) эй Оллоҳнинг расули?» «Чунки улар жаннатга бойлардан қирқ йил аввалроқ киражаклар. Эй Ойша, фақирларни сев ва уларни (ривоят мажлисига) яқинлаштир, токи Қиёмат куни Оллоҳ ҳам сенга яқинлашсин».

«Оллоҳим! Мени фақирларча яшат, фақирлар билан ўлдир ва фақирлар қаторида ҳашр эт!»

* * *

«Оллоҳ таолога энг мақбул бўлган нарса инсоннинг ўз меҳнати билан топган даромадидан кучсизларга берган ёрдамидир» .

* * *

«Жаҳлини ютишлик энг яхши ичимлик ичишдан яхшироқдир» .

* * *

«Сизлардан бирингиз, ўзига раво кўрган нарсасини диндош биродари учун ҳам раво кўрмагунча ҳақиқий иймон келтирганлардан бўлмайди» .

* * *

«Жаҳаннам нафсга хуш келган нарсалар билан, жаннат эса нафс истамаган нарсалар билан ўралгандир» .

* * *

Оллоҳ таоло буюрадики : «Эй, инсон! Фақат менинг қонунларимга амал қилсанг, менга эргашасан... Дейсанки: «Бу шундай эди ва шундай бўлажак!»

Яъни, инсон ҳаёт ва табиат қонунларига мувофиқ ҳаракат қилса, Оллоҳнинг иродасига ҳам мувофиқ ҳаракат этган бўлади ва хоҳлаган нарсасини қўлга киритади (Абдуллоҳ Суҳравардий изоҳи).

* * *

«Ортиқча ейиш ва ичиш билан қалбингизга ортиқча юк юкламанг» .

* * *

Фаришталар сўрадилар: «Ё Раббим! Сен яратган яралмишлар ичида тоғдан мустаҳкамроқ нарса борми?» Оллоҳ: «Темирни яратдимки, у тоғдан қаттиқ, тошни майдалайди», деди. Фаришталар сўрадилар: «Темирдан ҳам қаттиқроқ нарса яратдингми?» Жавоб бўлди: «Оловни яратдим, у темирни эритади» . Сўрадилар: «Сен яратган нарсалар ичида оловдан кучлироқ нима бор?» Жавоб бўлди: «Сув борки, у оловнинг йўлини тўсади ва ўчиради». Фаришталар қайта сўрадиларки: «Яралмишлар ичида сувдан кучлироқ нима бор?» Оллоҳ буюрди: «Сувдан кучли шамол бор, у тебратади ва сувни ҳайдайди». Фаришталар сўрадилар: «Ё Раббим! Сен яратганлар ичида шамолдан кучлироқ нарса борми?» Оллоҳ буюрди: «Одам (а.с.) болалари борки, мен ўнг қўли билан берган эҳсонларини чап қўлига маълум қилмайдиган саховатпешаларни кучли қилиб яратдим» .

* * *

Оллоҳ айтади: «Мен ҳеч ким билмаган дафина эдим: билинмак истадим ва инсонни яратдим» .

* * *

«Ҳеч кимни хафа қилма. Агар биров сени хафа қилса ва сенинг иллатларингни ошкор эца, сен унинг иллатларини юзига солма» .

* * *

«Оллоҳ таоло баъзи нарсаларни фарз қилдики , унга бепарво бўлма. Баъзи гуноҳларга яқинлашмаслик учун тўсиқлар қўйдики, улардан ошмагин. Баъзи нарсаларни ҳаром қилдики, у ҳаромларга яқин юрмагил. Баъзи нарсаларни унутгани учун эмас, сенга бўлган марҳаматидан тилга олмадики, у (шубҳали) нарсаларни бажаришдан-да, қоч!»

* * *

«Ким Оллоҳнинг яратган нарсаларига марҳаматли бўлса, Оллоҳ ҳам унга марҳаматли бўлади. Яхшилик қилган ва қила олмаган инсонларга ҳам баравар мурувватли бўл. Ёвузликка қарши марҳаматли бўлиш уни ёвузликдан қайтариш демак» .

* * *

Ҳазрати Муҳаммаддан сўрадиларки : «Диннинг асоси нимага қурилгандир?» Жавоб бердилар: «Ўзи учун истаган нарсаларни бошқаларга ҳам исташ, ўзига раво кўрмаган нарсаларни бошқаларга раво кўрмаслик» .

* * *

«Бир мусулмон самимиятининг ўлчови унинг кучи етмаган нарсаларда чорасиз қолишидир» .

* * *

«Оллоҳ таоло ҳар икки тарафига деворлар қўйилган йўллар яратди. Очиқ эшиклар қурди ва уларнинг устига пардалар ёпди. «Бу йўлнинг бошида турган йўл кўрсатувчи эшикларга томон кетаётганларга шундай дейди: «Тўғри юринг ва ҳеч бир томонга қайрилманг». Сўнгра юқорида турган йўл кўрсатувчи айтди: «Бу эшикдан ичкарига кирманг, йўқса, чуқурга тушасиз». Бу йўл ҳаёт йўлидир. Очиқ эшиклар Оллоҳ таоло томонидан таҳликали кўрилган амаллардир. Эшик устидаги пардалар Оллоҳ томонидан қўйилган тўсиқдир. Биринчи йўл кўрсатувчи Оллоҳнинг каломидир, иккинчиси эса ҳар бир инсоннинг қалбидан ўрин олган Оллоҳдан қўрқув ҳиссидир».

Толстой келтирган бу ҳадис нотўғри таржима қилинган ва унинг талқинида ҳам хато иловалар бор. Ҳадиснинг асл манбасидан қилинган таржима шундайдир:

Бир одам «Сироту-л-мустақим (тўғри йўл) нимадир?» деб сўради. Ҳазрати Пайғамбар унга шу жавобни бердилар: «Оллоҳ бизни тўғри йўлнинг бошига қўйди. Бунинг охири эса жаннатга эришмоқдир. Бу асосий йўлнинг ўнги ва сўлида бошқа йўлаклар ҳам бор. Булардан ҳар бирининг бошида бир гуруҳ кишилар туради ва у ердан ўтганларни ёнларига чақирадилар. Ким тўғри йўлдан бошқасини танласа, бу йўл уни олов (дўзах)га элтади. Кимки сироту-л-мустақим (тўғри йўл)га кирса, у жаннатга боради». Ибни Масъуд бу талқинни айтгандан сўнг ушбу оятни ўқиди: «Бу Менинг сироту-л-мустақимимдир, бунга юринг. Бошқа йўлларга бурилманг, у йўллар сизни Оллоҳнинг йўлидан адаштиради» (Анъом сураси, 152-оят. Алоуддин Мансур таржимаси).

* * *

«Ҳар бир мусулмон садақа бермоғи лозим» деб буюрдилар . У зот(с.а.в.)дан «Имкони бўлмаса-чи?» деб сўради бир саҳоба. «Меҳнат қилиб, ўз ҳаражатини топсин ва садақа берсин» жавобини бердилар. «Ишлашга кучи етмаса-чи?» деб сўради. «Бу хусусда бир эҳтиёжмандга ёрдам берар» дедилар. «Бунга ҳам қурби етмаса-чи?» дейилди. «Яхшиликка ёки савоб ишга буюрсин» дедилар. «Буни ҳам қилолмаса-чи?» деган такрор саволига «Бировларга ҳеч қандай зарар келтирмасин, зеро, бу ҳам бир садақадир» дея марҳамат қилдилар .

* * *

«Шаҳват билан қараш зинодир. Эркак бўлган мажлисда бир хотиннинг ўзини кўрсатиш учун ўзига оро бериб бориши ва эҳтирос билан қараши ҳам зинодир» .

* * *

Вобиса ибн Маъбад айтадики, Расули акрамнинг ҳузурига боргандим. Менга: «Яхшиликнинг нима эканлигини сўрагани келдингми?» дедилар. «Ҳа», дедим. Шундай деб айтдилар: «Қалбингдан сўра». «Яхшилик қалбга маъқул бўлган ва бажарилганида осойишталик келтирган нарсадир. Гуноҳ эса ични тимдалаган ва бошқалар сенга «Бу ишни қил» дея бир неча фатволар берса ҳам, сенинг ичингда шубҳа ва тараддуд (иккиланиш) уйғотган нарсадир» .

* * *

«Сиз ўз динингизга соҳиб чиқмагунча Оллоҳнинг салтанатига ворис бўлолмайсиз ва бир-бирингизга муҳаббат қўймагунча истаганингизга эриша олмайсиз» .

* * *

«Мулойимлик ва итоат иймоннинг аломатлари; қўполлик ва бақироқ овозлар иккиюзламачиликнинг аломатидир» .

* * *

«Золимлар билан бирга бўлишдан кўра, ўз ҳолича ёлғиз қолмоқ яхшироқдир. Ўз-ўзи билан бирга бўлишдан кўра, яхши кишилар билан бирга бўлиш янада яхшидир. Илм ўрганишни истаганга илм ўргатмоқ жим турмоқдан яхшидир. Бефойда сўзлагандан кўра жим турмоқ яхшидир» .

* * *

«Жаҳлини ошкора қилишдан тийилиб, уни жиловлаганларни Оллоҳ доимо мукофотлайди» .

* * *

«Ҳар кишининг амали унинг хатти-ҳаракатларидаги ниятига кўра баҳоланади» («Амаллар ниятларга кўрадир») .

* * *

«Оллоҳ таоло ўз меҳнати билан кун кўрганларни Ўзига дўст тутар» .

* * *

«Ҳақ йўлидаги кимса шундай кимсаки, у ёмонликка сабрлидир ва ғам-андуҳни унутувчидир» .

* * *

«Ҳақиқий камтарлик барча яхшиликларнинг бошидир» .

* * *

«Тавозеъ ва фаросат бўлмаса, иймон бўлмас» .

* * *

«Яхшилик улашишда ғайратли бўлинг» .

* * *

«Мен Нурга интилдим ва ёруғликда яшамоқдаман» .

* * *

«Энг хайрли киши удирки, яхшилик кўрганида Оллоҳга шукр қилади. Кимки бахцизликка дуч келса, сабр қилади ва Оллоҳ томонидан мукофотлантирилади» .

* * *

«Ҳидоят йўлини топганлар ноўрин мунозарага киришмасалар эди бу йўлдан адашмас эдилар» .

* * *

«Мўъмин бўлганлари ҳолда, ноҳақ зулм қилиб ва одамларни ўлдирадиганлар Оллоҳнинг энг буюк душманларидир» .

* * *

«Қабр охират манзилларининг биринчи поғонасидир» .

* * *

«Энг муқаддас иш (уруш) инсоннинг ўз нафсига уруш қилиб, ғолиб келишидир» .

* * *

«Бир соат меҳнат қилмоқ бир йил маишат қилмоқдан яхшидир» .

* * *

«Ибодат – дуо қилган мўъминнинг руҳи юксалиб, унинг Оллоҳга қовушишидир» .

* * *

«Ўлим бу дўстни дўстга боғлайдиган кўприкдир» .

* * *

«Фақирлик фахримдир» .

* * *

«Мўъмин Оллоҳга содиқ ҳолда унинг ҳукмига ва раҳматига рози бўлиб, умид билан яшайди» .

* * *

«Кўзларнинг зиноси боқмоқдир, тилнинг зиноси сўзламоқдир. Нафс истайди ва лаззат туяди, аъзолар буни тўғри ёки ёлғонга чиқаради» .

* * *

«Оллоҳ таолога энг хуш келмаган нарса эркак ёки хотинларнинг ибодатларидаги хўжакўрсинликдир» .

* * *

«Оллоҳ таоло тиланиб яшаганларни эмас, ўз меҳнати билан кун кечирганларни марҳамат қилади» .

* * *

«Ким қанча катта заҳмат ичида бўлса, мукофоти ҳам шунча каттадир. Ким кўп балоларга дучор бўлган бўлса, унинг мукофоти ҳам янада кўпдир. Оллоҳ суйган бандасига кўп дард (бало) юборади» .

* * *

Ҳазрати Муҳаммад намозини адо қилгач, шундай дуо қиларди: «Оллоҳим! Сенга бўлган иймонимни мустаҳкам қил. Ҳидоят йўлидан адаштирма. Сенинг марҳаматингдан умидвор ва иноятингга муҳтож бўлиб, сажда қиламан. Сенга илтижо қиламанки, мени хатоларимдан халос эт, тоза бир қалб, ҳақни сўзлагувчи бир тил бер. Сенга дуо қиламанки, гуноҳ қилишдан ва хато йўлдан Ўзинг сақла. Пинҳон ва маълум гуноҳларимни мағфират қилгин» .

* * *

Биласизми, динимизнинг аслини бузиб уни (обрўйини) туширган нимадир? «Тафсирчи ва таҳлилчиларнинг янглишишлари, риёкор нақлчиларнинг ёлғон мубоҳасалари ва йўлдан озган ҳукмдорларнинг ҳукмларидир» .

* * *

«Хотин эркакнинг иккинчи ярмидир» .

* * *

«Агар илм унутилса унга зиён етади; лаёқацизнинг қўлида йўқ бўлур. Ҳақиқий олим удирки, билганини ҳаётга татбиқ этар» .

* * *

«Оллоҳ таоло илмни кишиларнинг хотираларидан чиқариб, унуттирмоқ сурати билан эмас, балки олимларни ўлдириб орадан кўтарар. Натижада ўртада ҳеч бир олим қолмас. Кишилар бир гуруҳ жоҳилларни ўзларига етакчи санарлар. Улардан бир талай масалаларни сўрарлар, улар-да билмаганлари ҳолда фатво берарлар. Натижада, ўзлари ҳам адашадилар, инсонларни ҳам адаштирадилар» .

* * *

«Шундай бир замон келадики, ўз динингизнинг исмидан бошқа бир нарса қолмаяжак. Исломдан исм, Қуръондан расмдан ўзга нарса қолмайди. У замон масжидларда ортиқ илм ва дин ўргатилмас, Оллоҳга қуллик қилмаяжаклар. Дин одамлари, илм одамлари кишиларнинг энг тубанига айланишар, баҳс ва мунозаралар улардан чиқажак ва кишилар диндан ортга қайтадилар» .

* * *

«Илм ўрганмоқ ҳар бир мусулмонга фарздир. Илмни ноаҳилга ўргатмак, тўнғизларнинг бўйинларига гавҳар, инжу ва олтин тақишга ўхшайди» .

* * *

«Илм уч шаклда бўлур: Булардан бири, шубҳасиз, ҳақиқатдирки, унинг ортидан юр. Бошқаси йўлдан чиқарур, ундан сақлан. Учинчиси эса кишилар билмайдиган мавзулардадирки, бунинг ечимини Оллоҳнинг наздида қидир» .

* * *

«Мўъминлар ўлмаслар. Фақат улар фоний дунёдан боқий дунёга кўчарлар» .

* * *

«Ҳақиқий мўъмин яхши кунларда Оллоҳга шукр қилади, бошига бало келса, Оллоҳга юкинади» .

* * *

«Оллоҳга таваккул қил, лекин туяни мустаҳкам қозиққа боғлашни унутма» .

* * *

«Дунё бир матодир, унинг энг яхши матоси солиҳа аёлдир» .

* * *

«Биламанки, Оллоҳдан бошқа ҳар нарса фонийдир» сўзини Лабиддан бошқа ҳеч бир шоир тўғрироқ сўзламаган .

* * *

«Тўғриликка юкининг, ёлғондан қочинг» .

* * *

«Ҳақиқий мўъминга бировни шарманда қилиш, ярамас ишлар қилиш ва фойдасиз сўзларни сўзлаш ярашмайди» .

* * *

«Кишиларнинг қусурларини, агар у қусурлар уларнинг ўзларида бўлса ҳам юзига солмоқдан сақлан» .

* * *

«Кўпроқ жим бўлиб, руҳни хайрли ишларга йўналтир, бундан-да гўзалроқ иш йўқдир» .

* * *

«Гапирсангиз, тўғри сўзланг, ваъда бердингизми – бажаринг, қарзларингизни тўланг, фикр ва ишларингизда қинғирлик қилманг, қўлларингизни исрофдан ва гуноҳли ишлардан сақланг» .

* * *

«Оллоҳ таоло бизни ҳалим (юмшоқ сўзли), салим (соғлом), ҳурматли ва мутавозе бўлишга буюрадики, ҳеч ким бошқаларга зулм қилмасин» .

* * *

«Кимки бизни зулм қилишга чақирса, у биздан эмас. Ўз халқини жаҳолатда ва ёлғон ичида сақлаганлар ҳам биздан эмас. Ўз халқини зулм ва мушкулда қолдирса, у ҳам биздан эмас» .

* * *

«Муҳаббат инсонни севгилиси қаршисида кўр ва кар қилади» .

* * *

«Ўзи учун истаган нарсани мўъмин биродари учун ҳам истамаган ҳақиқий мўъмин эмасдир» .

* * *

«Мусулмон бошқа мусулмонлар қўлидан ва тилидан зарар кўрмайдиган кишидир. Мўъмин эса одамлар жон ва молларини унга ишонган кимсадир» .


* * *

«Тилнинг зиёнини ибодатлар ҳам қоплай олмайди» .

* * *

«Намоз ўқиб, рўза тутмакдан ва яхшилик қилишдан ҳам яхшироқ нарса нима эканлигини биласизми? Бу бир-бири билан хафалашган кимсаларни яраштиришдир. Чунки бир-бирига адоват, нафрат ва душманлик инсонни унга Оллоҳ беражак мукофотдан маҳрум этади» .

* * *

«Оллоҳ таоло ақл ва закодан хайрли, гўзалроқ нарса яратмаган. Инсонларга берган бойликни ҳам уларнинг ақли учун берур. Оллоҳни англамак ҳам закодандир» .

* * *

«Оллоҳ таолонинг ўзи ҳалим (мулойим) ва ҳалим муомалалидир. У мулойим бандаларига берган нарсасини қўпол кимсаларга бермайди» .

* * *

«Кучли ва қувватли киши шундайдирки, у бошқаларга зулм қилмас ва ўз ғазабини ушлаб тура олур» .

* * *

«Ҳақиқий бойлик мол кўплиги эмас, кўнгил тўқлигидадир» .

* * *

Абдуллоҳ ибн Масъуд шундай деди: «Расулуллоҳ бир бўйра устида ётиб уйқуга кетдилар. Уйқудан турсалар, ёнбошларида ботган из қолган экан. Биз дедик: «Ё Xудонинг расули, истасангиз эди, остингизга бир тўшак солган бўлардик». Расули акрам жавоб бердилар: «Менинг дунё билан алоқам, бир дарахт соясида салқинланиб, сўнг у ердан туриб кетган бир отлиқ кабидир» .

* * *

«Ўзингиздан кўра бой ва гўзал инсонларга қараганда ўзингиздан қуйироқ бўлганларни ҳам унутманг» .

* * *

«Сиздан мол-давлат ва ҳуснда устун бўлган одамни кўрганда қуйироққа ҳам қаранг. Бу Оллоҳнинг неъматини кам деб билишликдан сақлайди» .

* * *

Бир одам Ҳазрати Муҳаммаднинг олдига келиб: «Эй Оллоҳнинг расули, мен сизни яхши кўраман» деди. Расулуллоҳ унга жавобан: «Нима деганингни ўйлаб кўр!» (деб айтдилар). Бояги одам: «Валлоҳки (қасам ичиб айтаманки), сизни яхши кўраман» деган сўзни уч карра такрорлади. Расулуллоҳ (с.а.в.) у одамга бундай дедилар: «Агар мени яхши кўрсанг, фақирликка ҳозирлан. Чунки мени севганга фақирлик манзилига томон оқаётган селдан ҳам тезроқ етиб келади» .

* * *

«Инсон ҳар бир аъзоси учун Оллоҳнинг ҳар бир кунида садақа бермоғи керакдир. Икки кишининг орасида бўлиб ҳақларини адолат билан ҳукм этмак ҳам бир садақадир. Бир кишига уловга минишда ёрдам кўрсатиш ёки юкни юклашда ёрдам бериши ҳам садақадир. Гўзал бир сўз сўзламак ҳам садақадир. Намозга кетаётиб, ташлаган ҳар бир қадаминг учун садақа савоби бордир. Одамларга азият етказадиган бир нарсани йўлдан олиб қўймоқ ҳам садақадир» .

* * *

Оллоҳ таоло шундай буюради: «Ҳар ким ихлос билан қуллуқ қиладиган бир дўстимга душманлик қилса, мен унга қарши уруш эълон қиламан. Қулимни менга энг яқин қилдирган нарса менинг фарзларим (ни бажариш)дир.

Қулим менга фарзларга қўшимча нафл ибодатлар билан тўхтовсиз яқинлашади, ниҳоят мен уни севаман. Қулимни севгач эса, (худди) мен унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, тутадиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Мендан ҳар на истаса, уни албатта бераман, менга юкинса, уни сақлайман» .

* * *

«Ернинг ички қуввати билан темир тозалангани каби Оллоҳ таолога билиб иймон келтирмак билан инсоннинг қалби тозаланади» .

* * *

«Ҳар бир яхшилик садақадир». Бошқа бир ривоятда: «Биродарини очиқ юз билан қаршиламоқ, ўз идишидан биродарига сув бермак ҳам яхшиликдир» шаклидадир .

* * *

Расулуллоҳнинг ёнларига боласидан ажралган ва соғинчдан учраган ҳар болани қучоқлаб, кўксига босиб эмизган бир аёлни асирлар ичидан келтирдилар. Расули акрам (у хотинга ишорат билан) атрофдагилардан: «Бу хотин боласини оловга ташлашига ишонасизми?» деб сўрадилар. «Асло ташламас!» дедик. Бунга жавобан ҳазрати пайғамбар: «Оллоҳ таоло ўз қулларига бу аёлга берган шафқатидан кўра марҳаматлидир», дедилар .

* * *

«Ҳамма кишилар учун яратилган нарсалардан фақат ўзи учун фойдаланган кимса, айбдор ва қонун олдида жавобгардир» .

* * *

«Ишчининг ҳаққини пешонасидаги тери қуримасидан (чарчоғи чиқмасидан бурун) берингиз» .

* * *

«Инсонларга хушмуомала бўл, қўполлик қилма, улар билан муросада бўл, улардан нафратланма. Сендан яҳудийлар ва насронийлар келиб, жаннатнинг калитини сўрасалар уларга: Жаннатнинг калити «Оллоҳнинг борлигига ва бирлигига шаҳодат этмакдир» деб айтгин .

* * *

«Биродарини кўрган инсоннинг табассуми бир садақадир. Яхшиликни амр этиб, ёмонликдан сақлаш ҳам садақадир. Йўлини йўқотган кимсага йўл кўрсатмак-да садақадир; кўзи кўр кимсани йўлга солмак ҳам садақадир; йўл устидаги тош, тикан ва суяк кабиларни олиб ташламак ҳам садақадир; ўз идишингдан биродарининг кўзасига сув бермак ҳам садақадир» .

* * *

«Инсонларга марҳамат қилингки, Оллоҳ ҳам сизга марҳамат қилсин» .

* * *

«Бир кишига бир ширин сўз билан тасалли бермоқ, бошқасига ҳақ ва адолатни севдирмоқ, истар-истамас ёзма буйруқларга риоя қилишдан яхшидир» .

* * *

«Ҳукмида бўлган таҳқирловчи киши (айбдор)ни афв этувчи киши Оллоҳ қаршисида қадрлидир» .


2-Бўлим

Мактублар

Ҳазрати Муҳаммаднинг тавсиялари

Рус ёзувчиси Лев Николаевич Толстой 1908 йилда Абдуллоҳ Суҳравардийнинг Ҳиндистонда нашр этилган «Ҳазрат Муҳаммаднинг ҳадислари» китобини ўқиди. Лев Толстой ўқиган ҳадисларидан бир китобча тузди ва уни Россиянинг «Посредник» нашриётида (1908, октябръ) «Муҳаммаднинг Қуръонга кирмаган ҳадислари» номи билан нашр қилдирди. Толстой диндор инсон сифатида турли диний мавзуларни яхши биларди. У ислом динига ҳам ниҳоятда эҳтиром билан муносабатда бўлган. Улуғ ёзувчининг бу муносабати, айниқса, унинг асли озарбойжонлик генерал Иброҳим оға билан турмуш қурган рус аёли Елена Векиловага 1909 йил 15 мартда ёзган хатидан аён.

Ўша даврда Россияда, болалар ўз халқининг (озар, турк халқи) хотиржамлиги учун исломни қабул қилмоқчи бўлишса, уларнинг ота ва оналари бошқа-бошқа динга мансуб бўлсалар ҳам, болаларнинг диний эътиқодини ўзгартиришларига тазйиқ кўрсатилмаган. Елена Векилова шу боисдан унинг фикр-тушунчаларини қадрлайдиган замондоши Толстойга вазиятни тушунтириб, фарзандлари гувоҳномасига қайси динни ёздириши яхши бўлишини маслаҳат сўраб, улуғ адибга «бу борада нимани тавсия қиласиз, мен қандай йўл туцам экан?» дея мактуб ёзган эди. Лев Толстой ҳам бу хатга кўп вақт ўтказмай жавоб йўллади.

Толстойнинг Жавоб Xати

«Муҳаммадийликка Проваслав (Россияда насронийликнинг бир тармоғи)дан кўра кўпроқ аҳамият беришларига келсак, мен бутун қалбим билан бунга қўшиламан. Бу гапни айтиш жуда ғалати бўлса-да, мен учун муҳаммадийлик, яъни ислом дини хочга топинмоқдан (насронийликдан) қиёслаб бўлмас даражада юксакдир. Агар инсон танлаш ҳаққига эга бўлса эди, оқил ҳар бир православ (насроний) ва ҳар бир киши ҳеч шубҳасиз, иккиланмасдан муҳаммадийликни; ягона Оллоҳни ва Унинг пайғамбарларини қабул қилган бўлар эди. Нега? Чунки мавҳум ва тушунарсиз дин ҳисобланган Троица (Ота, Исо ва Муқаддас Руҳ) Марям она, муқаддас руҳ кабилар билан боғлиқ турли сирли, мубҳам расм-русумларга тўладир... Яъни, асл ақидалар ўрнини эгаллаган бир неча ботил кишиларнинг черков инончидан баландда турмаслиги тайиндир. Шунга эътибор беришимиз кераккки, муҳаммадийлик насронийликдан 600 йил кейин майдонга чиқди. Дунёдаги барча нарса ривожланмоқда, мукаммаллашмоқда. Ҳар бир инсон тараққий топгани каби инсоният ҳам ривожланиб, мукаммалашмоқда. Инсон ҳаётининг маъноси, асоси унинг диний эътиқодидир. Диннинг мукаммаллашиши эса уни тушунишни осонлаштириш ва турли тарзда яширин қолган тушунчаларни ойдинлаштиришдан иборатдир.

Энг қадим даврлардан инсониятнинг буюк мутафаккирлари диний қадриятлар ва ҳақиқатларнинг парда ортидаги қоронғу жойларининг ёритилишига интилиб келишган ва уни ҳаётга татбиқ қилишган. Улар дунёдаги барча катта динларнинг асосини ўрганишган, ўзаро муқояса қилишган. Аёнки, бизга маълум динларнинг асосий ғоялари, қадриятлари «Веда»нинг (Ҳиндуизм) китобларида, кейинчалик Ҳазрати Мусонинг, Будданинг, Лао-Цзининг, Ҳазрати Исонинг ва Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) нинг таълимотларида ўз ифодасини топган эди... Динларни тушунишни янада теранлаштирган, янада осон ва ақлга мос ҳолга келтирганлар ҳам одамлар эдилар. Бироқ барибир улар ҳам оддий бир инсон бўлиши боисидан диннинг асл ҳақиқатини, унинг бутун мазмун-моҳиятини азалий соф ҳолида ифода эта олмадилар.

Бу кишилар янглишмаган бўлишса-да, лекин буларнинг талаблари билан ҳақиқатни безаб, динни ҳаммага «тушунарли», «маъқул» ҳолга келтириш мақсадида, унга бир қатор кераксиз, ва энг ачинарлиси, тескари нарсаларни қўшиб таржима қилишган. Натижада эса кишиларнинг ҳақиқатни билиши яна қийинлашган. Динлар ўрганилса, улар бир неча илоҳиётчиларнинг «саъй-ҳаракати» билан ўз мазмун-моҳияти, аслиятидан узоқлаштирилиб ўзгартирилганлиги, ҳақиқат юзига парда тортилганлиги аён бўлади.

...Бу ҳолат эски дин ҳисобланган Буддизм, Брахманизм, Конфуцизм динларида, Таоизм каби башарий динларда ҳам, шунингдек, насронийлик ва мусавийликда ҳам, жуда оз бўлсада, энг охирги ва буюк дин Исломда ҳам кўринади...»


Лев Толстойга Мактуб

Орадан олти ой ўтди. Бироқ на ота Иброҳим Оға хотиржам бўлди, на Елена Векилованинг мушфиқ қалбидаги безовталик барҳам топди. Уларни ўйлантираётган муаммо-ўғилларининг қайси динга эътиқод қилиши эди. Аллоҳ уларга учинчи фарзандни ҳам берган эди. Қизлари Райҳона ҳам ўн уч ёшга кирган. Ота-она «Қаерга бориб, кимдан ақлли бир маслаҳат олсак экан?» дея ўйлашмоқда. Расмий давлат идоралари ва диндорлар бундай вазиятдаги оилага ёрдам бермайди.

Генерал Иброҳим Оғанинг Петербург Технология институтида таҳсил кўраётган катта ўғли Борис (Форис) ва Москвадаги Алексеев Ҳарбий мактабида офицер бўлган укаси Глеб (Ғолиб)ни ҳам бир савол жиддий ўйлантирмоқда:

«Биз киммиз? Қайси миллатга мансубмиз?»

Бу ҳақда ака-ука тез-тез ота-оналарига мурожаат қилиб, муаммоларига чора ахтаришмоқда.Фарзандларидан Форис (Борис) вазиятни қуйидагича баён қилади:«Мен 19 ёшда эдим. Дарс машғулотлари чоғида Муҳаммаднинг динига ўтиш фикри мени ҳеч тарк қилмасди. 1904-1905 йиллардаги шароит бу ниятимнинг амалга ошишига ёрдам бериши керак эди. Аммо фожиаларга тўла Россия-Япония уруши, халқнинг руҳий ҳолати чор ҳукуматини баъзи либерал қарорлар қабул қилишга мажбур қилганди.

1904 йилда «Дин эркинлиги тўғрисида манифест» эълон қилинди. Унда бирор бир сабаб билан ота-онаси динидан қайтганларга яна ўша динга қайтишга рухсат берилган эди. Маъқул бир ариза ёзилса, бас, бу масала ҳал бўларди-қоларди. Тажрибали кишилар бўлмиш ота-онам Петербургга келганимнинг илк йилида православ (насроний) дини ҳимоячиларининг яқинлигида бу масалани ҳал этишга рухсат бермадилар, наҳотки шундай ҳолат юзага келишидан андиша қилиб, мен ниятимни амалга оширишни бир оз кечиктирдим. Отам Иброҳим Оға Векилов ва Онам Елена Векилова эса бу жиддий оилавий муаммога мутафаккир ёзувчи Лев Толстойдан бошқа ҳеч ким оқилона жавоб беролмайди, деган қарорга келдилар.

1909 йил 2 март куни Елена Векилова Тифлис (Тбилиси)дан Толстойга бир хат ёзади ва унда оила аъзоларининг эътиқод борасидаги «изланиш»ларини баён қилади.

«Бизнинг бениҳоя севимли
устозимиз Лев Николаевич!

Мактубим билан безовта қилганим учун Сиздан узр сўрашга сўз тополмаяпман. Биламан, менга ўхшаш сиздан маслаҳат олмоқчи бўлганлар кўп. Шунга қарамай, мен сизга мурожаат қиламан. Чунки ҳаёт менинг рўпарамга кучим етмайдиган бир муаммони кўндаланг қўйди.
Мен истагимни қисқача ифодалашга ҳаракат қиламан. Ёшим элликда. Уч фарзанднинг онасиман. Эрим ҳам мусулмон. Аммо никоҳимиз қонуний эмас (яъни, диний никоҳ қилмадик). Болаларимиз насроний динига ишонишади. Қизим ўн уч ёшда, бир ўғлим йигирма уч ёшда. У Петербург Технология институтида ўқийди. Яна бир ўғлим йигирма бир ёшда. У Москвадаги Алексеев Ҳарбий мактабида офицер. Ўғилларим оталарининг динига ўтиш учун мендан рухсат сўраяпти. Мен нима қилишим керак? Мен биламанки, ҳозир бу мумкин ва айни пайтда мамлакатимизда яшаётган бегона ватандошлар (хорижликлар) билан муносабатлар ҳам дуруст эмаслиги менга маълум. Уларда (фарзандларимда-тарж.) бу фикрнинг пайдо бўлишига кичик оилавий масалалар сабаб бўлган эмас. На моддий манфаат, на мақом-мартабага қизиқиш уларни бунга ундаяпти. Уларнинг фақат зулматда қолган татар халқига ёрдам бериш ниятлари бор. Уларнинг халққа қўшилиши ва ёрдам беришига динлари тўсқинлик қилмоқда. Аммо мен ўз фикрим, маслаҳатим билан уларни ёмон йўлга бошлаб қўйишдан қўрқаман. Мен ўз дардим билан ёлғизман...
Оҳ... Агар мен ўз дардларимни ва изтиробларимни сизга ёза олсам... Мен бу мактубни ўз фарзандларини телбаларча севувчи бир онанинг кўз ёшлари ила ёзяпман. Энди азобдан ақлдан озган бир ҳолда сиздан маслаҳат сўрашга жазм қилдим. Сиз, ҳа, фақат Сиз ўз ақлингиз билан ҳаётимиздаги бугунги вазиятда бу масала қандай натижа билан тугашини сеза оласиз. Менинг дардим сизга кичик ва оддийгина бўлиб кўриниши мумкин, бироқ бу дард менга даҳшатли азоб бермоқда.
Лев Николаевич, сиз биздан, биз каби кичик инсонлардан чин юракдан, самимий қимматли тавсияларингизни ҳеч қачон дариғ тутмагансиз. Буни билганим учун ҳам журъат қилиб, Сизни безовта қилдим. Мени тасалли оловига отинг. Қимматли вақтингизни олганим учун узр сўрайман. Бунга журъат топишга мени мажбурлаган нарса телбаларча оналик севгисидир.

Бутун қалби билан сизга боғланган
Елена Ефимовна Векилова.

Тбилиси, Учебный тор кўчаси, 1. 8-уй.

Толстойнинг Жавоб Xати

Толстой 1909 йил 15 март куни Ясная Полянадан юборган жавоб хатида бундай ёзган эди:

Елена Ефимовна (Векилова)га
Ўғилларингиз татар халқининг илм-маърифатли бўлишига ёрдам бермоқ орзусини тақдирламаслик мумкин эмас. Шундай бўлса-да, Муҳаммаднинг динини қабул қилиш қай даража лозимлигини ҳам тушунтириб беролмайман. Умуман, сизга айтишим керакки, ҳукуматга маълум қилиб ўтирмасдан қайси динга эътиқод қилишни ҳар ким ўзи ҳал қилиши керак, деб ўйлайман. Шундай экан, ўғилларингизнинг ҳам Муҳаммаднинг динини насронийликдан устун кўриб, уни қабул қилиши, яъни бир диндан бошқа бир динга ўтиши ҳақида ҳеч кимга маълумот бериши шарт эмас. Балки бу (хабар бермаслик - тарж.) зарурийдир. Албатта, мен бу хусусда қатъий бир нарса дея олмайман. Фарзандларингиз ҳам бу масалада ҳукумат органларига хабар бериш-бермасликни ўзлари ҳал қилишлари керак.
Мусулмонликнинг насронийликдан устунлигига ва, айниқса, фарзандларингиз хизмат қилмоқчи бўлган ғоянинг олийжаноблигига бутун қалбим билан ишонаман.
Христиан идеали ва таълимотини ҳар нарсадан баланд тутган бир инсон учун буни айтиш ғоят ғалати бўлса-да, айтишим керакки, мусулмонлик ўзига хос ташқи кўриниш жиҳатидан ҳам черков христианлигидан қиёс қилиб бўлмас даражада устун эканлиги менда ҳеч бир шубҳа уйғотмайди. Агар бир кишига черков христианлиги ёхуд Ислом динига кириш борасида танлаш ихтиёри берилса, ўйлайманки, ҳар бир ақлли одам мураккаб ва тушунарсиз илоҳиётдан, уч сифатли Оллоҳдан, гуноҳдан чиқариш маросимию бошқа диний удумлардан, Исонинг онасига ёлворишидан, «Муқаддас шахслар» ва уларниниг расмлари олдидаги сон-саноқсиз ибодатлардан кўра ягона Оллоҳни ва Унинг пайғамбарларини; Ислом динини, албатта, устун кўради. Бошқача бўлиш ҳам мумкин эмас.
Айрим-айрим шахслар, бутун инсоният ва барча кишилар ҳаётининг асосини ташкил этган диний шуур мукаммаллашган каби ҳаётда ҳам ҳар нарса ривожланади ва мукаммаллашади. Диннинг ривожланиб мукаммаллашуви эса унинг соддалашувидан, тушунарли бўлишидан ва уни тушунарсиз қилган турли нарсалардан қутилишдан иборат. Диний ҳақиқатларни тушунарсиз қилган турли нарсалардан тозалаш энг қадим замонлардан бери динларнинг асосини қўйган мутафаккирлар томонидан ҳаётга татбиқ қилинган. Чунончи бизга маълум барча динларда бундай юксак дин тушунчаси дастлаб Веданинг (Ҳиндуизм) китобларида, кейинроқ Мусо, Будда, Конфуций, Лао Сзи, насронийлик ва Муҳаммаднинг таълимотларида берилган. Динни эски дағал маъносидан қутқариб, янада теранлаштирган, кишиларнинг содда ақлига мос ҳақиқатлар билан уни ўзгартирган барча янги дин намояндалари буюк кишилар бўлишган. Бироқ улар ҳам ҳақиқатни тўла-тўкис, аниқ-равшан ва соддалиги, софлигича эски нотўғри фикрлардан буткул тозаланган ҳолда ифода этишолмаган. «Бу кишилар хато қилмайди, уларнинг барча фикрлари инкор қилинмайдиган ҳақиқат» деб фараз қилганимизда ҳам, улардан бирмунча қуйироқдаги шогирдлари (талабалари) ҳақиқатни тўла-тўкис тушунмай, уни янада жимжимадор ва ҳаммага мос ҳолга келтириш орзусида унга жуда кўп кераксиз қўшимчалар, ажойиб-ғаройиб нарсаларни аралаштириб юборганлари боис асл ҳақиқатни англаш анчайин қийинлашди.
Ҳақиқатнинг дин томонидан бундай ўзгаришларга учрагани қанча кўп эътироф этилгани сайин бу бузилишлар шунчалик ортди ва пировардида динга хизмат қилганлар томонидан кашф этилган асл ҳақиқат қоронғуликда қолиб кетди. Инчунун, энг қадимги динларда ҳақиқатни яширган мўъжиза ва уйдирмалар ҳаммасидан кўпдир. Бу, энг кўп эски дин - брахман динида, ундан озроқ яҳудий динида, ундан озроқ будда, конфуций, лаоизм динларида, улардан янада ози насроний динида ва ниҳоят энг ози сўнгги дин бўлган ислом динида бор. Бу жиҳатдан мусулмонлик энг қулай вазиятдадир.
Ислом дини, ўзидаги хорижий, табиий бўлмаган барча нарсаларни ташласа ва ўз тамалига Муҳаммаднинг диний-маънавий таълимотларининг тамойилларини қўйса-табиийки, у барча динларнинг асослари ва, хусусан, ҳақиқатни эътироф этган христан таълимоти асослари билан бирлашарди .
Бундай узундан-узун ёзишдан мақсад, шояд менинг фикрларим сизга динларининг гўзал тушунчаларини ҳаётга татбиқ этишга нафи тегса. Диннинг моҳиятини ташкил этувчи буюк ҳақиқатларни қоронғулаштирган ҳар бир нарсадан тозаланишга ёрдам бермоқ инсон қилиши мумкин бўлган энг гўзал амаллардан биридир. Агар фарзандларингиз бу ишларни оилавий бир бурч деб билсалар, ўшанда уларнинг ҳаёти тўла ва мукаммал бўлажак.
Билмадим, мусулмонликдаги нотўғри фикрлардан ва мавҳум мулоҳазалардан қутилишга кўмаклашишини иддао қилаётган икки қараш (оқим) сизга ва фарзандларингизга аёнми-йўқми?
Мен назарда тутган ҳар икки гуруҳ тадқиқ қилинган ва улар ҳали ҳам ўрганилмоқда. Бу гуруҳлардан бири Эронда пайдо бўлган, сўнгра Туркияга ўтган ва у ерда ўрнашишга уринган баҳоийликдир. Баҳоийлик Маккада яшаган Баҳоуллоҳ ўғилларининг номи билан майдонга чиққан. Бироқ барча инсоният учун ягона бўлган, севги-муҳаббат қозонган динни қабул қилган бу мазҳаб ибодатнинг ҳеч бир шаклини тан олмайди .
Иккинчиси Қозонда пайдо бўлган. Унинг тарафдорлари ўзларини ташкилотчиларининг номи билан аташиб, «Аллоҳ лашкари» ёки «Ваисовчилар» дейишади. Булар эътиқоднинг аслини севгида билишади. Ҳамда севгига зид ҳар нарсадан узоқ туришади. Бу мазҳаб ёхуд тариқат ҳам кузатилмоқда, раҳбарлари ушланиб, қамоққа олинмоқда.
Агар менинг фикрларим бир нарсага яраса, сиз ёки ўғилларингиз ўз фаолиятлари ҳақидаги қарорларини менга билдирсалар, хурсанд бўламан.

Лев Толстой

Кўринадики, онанинг ёзган хати Толстойни ниҳоятда ҳаяжонга солган. Буни тўрт бетлик ва шошилинч ёзилган хатдан тушуниб олиш мумкин. Лев Толстойнинг «Мусулмонлик ўзига хос ташқи кўриниши жиҳатидан ҳам черков христанлигидан қиёс қилиб бўлмас даражада устун эканлиги менда ҳеч бир шубҳа уйғотмайди» деган фикри уларнинг оилавий изтиробларига барҳам берувчи бир жавоб бўлди. Мактуб оилада ҳукм (буйруқ) каби ўқилиб, қонун каби қабул этилди.

Толстойнинг хатидан кейин Тбилисидаги Закавказъе Диний идораси генерал Иброҳим Оға Векиловнинг фарзандларини мусулмонликка қабул қилди ва уларга Муфти Мирзо Ҳусайн Афақли Қайибзоданинг имзоси билан расмий гувоҳнома берди. Болаларнинг исми ўзгартирилиб Борис-Форис, Глеб эса Ғолиб дея расмийлаштирилди.

Лев Толстой Елена Векиловага ёзган хатнинг асл нусхасини Еленанинг ўғли Форис 1978 йили Москвадаги Лев Толстой номидаги музейга топширган. Ёзишмалар ҳозир ҳам музейда сақланмоқда.

Ясная Поляна Қайдлари

Даҳо ёзувчи Лев Толстой ислом динига эътиқодини фақат Векиловларга ёзган мактублари орқалигина изҳор этмаган. Толстой билан қаламкаш дўстлари ва кўнгил яқин кишилар ўзларининг Ислом дини, Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.)нинг шахсияти тўғрисидаги мулоҳазаларини баён этиб, хатлар ёзишган, суҳбатлар қуришган. Толстойнинг мусулмонликни қабул қилиши ҳақидаги фикрининг илк аниқ ифодаси қуйидаги сўзлардан аён бўлади.

Асли словак Д.П.Маковицкий Толстойга олти ой шахсий доктор сифатида хизмат қилди. У бу вақт мобайнида Толстойни кўришга келган кўпсонли дўстлари билан ёзувчи ўртасидаги суҳбатларни қайд қилиб борди. Ва ниҳоят «1904-1910 йилларда Толстойнинг ёнида» номли катта асар ёзди. 4 жилдли бу китоб 1979 йилда «Ясная Поляна хотиралари» номи билан илк марта Москвада нашр этилди. Китобнинг 3-жилди 356-бетида эса Толстойнинг оилавий суҳбатлари келтирилади. Китобхон бу суҳбатлардан Толстойнинг генерал Иброҳим Векиловнинг хотини изтиробларига ҳамдард бўлгани ва унинг Ислом динини чин қалбдан севганига яна бир бора гувоҳ бўлади.

Қаранг, Толстойнинг доктори Душан Петрович Маковицкий бу ҳолатни қандай баён қилади: «1909 йили март ойининг 13-куни Лев Николевич Толстой бир суҳбат давомида бундай деди: «Бир онадан хат олдим. Ёзадики, болаларимнинг отаси - мусулмон, мен эса христианман. Икки ўғлим бор: бири - талаба, иккинчиси - зобит. Ҳар иккиси ҳам ислом динига кирмоқчи».

Толстой бу сўзларидан сўнг Софъя Андреевна (хотини)га шундай деди:
— Бизда кўпхотинлилар озми? Бу мактуб ҳақида ўйлар эканман, менга кўп нарса ойдин бўлди. Муҳаммад ҳамиша Евангелизмдан (насронийлик)дан устун туради. Чунки у инсонни Оллоҳ деб билмайди. Ва ўзини ҳам Оллоҳ билан тенглаштирмайди. Мусулмонларнинг «Оллоҳдан бошқа илоҳи йўқдир ва Муҳаммад Унинг пайғамбаридир» деган ҳикматида ҳеч қандай муаммо ва сир йўқдир. Софъя Андреевна яна савол берди:
— Қайси бири яхши - насронийликми, мусулмонликми?

Толстой:
— Менга равшанки, мусулмонлик янада яхши, янада устундир.

Бир оз сукутдан сўнг Лев Николаевич Толстой такрорлади:
— Мусулмонлик, агар таққосланса, насронийликдан устун экани кўринади. Мусулмонлик менга жуда кўп ёрдам берди.

Михаил Василъевич (Толстойнинг дўсти):
— Запорожъелик Некрасовчилар ислом динига ўтибдилар...

Лев Николаевич Толстой:
— Инсон (ўзини) кашф этгач, диннинг асосларини ҳам, таоизм, буддизм, христианликни ҳам анча кашф қилади. Барча динларнинг асослари бирдир. Вақт ўтган сайин бу ҳам бирликка ва соддаликка олиб келади...


Бир Дардли Она - Елена Векилова

Машҳур ёзувчи Толстой билан дардли она - Елена ўртасидаги хат ёзишувларидан кейин қарийб 80 йил ўтгач, 1991 йилда «Литературная газета»нинг 7-сонида генерал Иброҳим Оға Векиловнинг бир шахсий ҳужжати эълон қилинди. Бу ҳужжат Ислом динининг барча асосларини ўзида жамлаган тенгсиз китоб – «Қуръони карим» ҳақида эди. Айни ҳужжат минг-минглаб рус ўқувчиларига Ислом динининг асослари ҳақида очиқ-ошкора жиддий маълумот берди.

Ёзувчи Лев Толстойнинг Елена Векиловага ёзган хатларидаги айрим мулоҳазаларга ўрин берган газета «Афсуски, Елена Векилованинг шахсияти ҳақида ҳеч бир маълумотга эга эмасмиз», дея эътироф этади.

Озарбойжонда бу масалага ойдинлик киритувчи ягона киши бор эди. Бу - генерал Иброҳим Оғанинг ягона набираси, профессор Лайло Ғолиб қизи Векилова эди. Ҳарбийлар хонадонида ўсиб-улғайган Векилова оиласини қуйидагича танитади:
— Отамнинг онаси (бувим) Елена Тбилисида офицерлар йиғинларидан бирида бобом – ёш офицер Оға ўғли Иброҳим Векилов билан танишган. Бизнинг векиловлар насли Озарбайжоннинг чекка шаҳри Қозоқдандир. Зодагон оиласига мансуб сулоламиз расмий ҳужжатларга кўра 350 йилдан буён давом этмоқда. Бизнинг сулоламиздан ўз халқига, ватанига фидойилик билан хизмат кўрсатган бир неча жангчи, олим, ёзувчи ва шоир етишиб чиққан.

Икки ёш бир-бирини яхши кўришади. Бироқ уларнинг бахтига диний тафовут тўсиқ бўлаётган эди. Озарбойжон Иброҳим Векилов - мусулмон, Елена Ермолаева эса православ (насроний) динига мансуб эди. У пайтдаги Россия империяси қонунларига кўра, никоҳдан ўтиш учун турмуш қураётганлардан бири ўз динидан воз кечишга мажбур бўлган. Бироқ бобом (бувам) ҳам, момом (бувим) ҳам оилаларидан олган диний тарбияга қарши чиқишолмайди. Шундай бир вазиятда Иброҳим Оға Векилов чор Россиясига мурожаат қилади. Узоқ тортишувлардан сўнг уларнинг турмуш қуришларига рухсат берилади. Аммо турмуш қургач, бу оилада дунёга келадиган фарзандлар, Рус императорлиги қонунларига кўра, православ (насроний) диний тарбиясини олиши керак эди.

Бинобарин, Елена уч боласини - қизи Райҳона, ўғиллари - Борис ва Глебни баптист қилдиради. Бироқ отаси ҳамда қариндошларининг таъсири туфайли фарзандлар Ислом динига майл кўрсатишади ва Толстойнинг тавсияси боис мусулмон бўладилар...» .


Толстой Ва Нақшбандийлар

Лев Толстойнинг 80 йиллик юбилейи муносабати билан татар тилидаги газета ва журналларда Лев Николаевич Толстой ҳақидаги кўпгина хотиралар босилиб чиққан. Татарларнинг машҳур ёзувчиларидан Абдулла Тўқай, Фотиҳ Амирхон, Фотиҳ Каримийлар Толстой тўғрисида мақолалар эълон қилишди. «Фикр», «Идеал», «Вақт», «Ал-Ислоҳ» ва «Шўро» каби нашрларда Толстойнинг фалсафий қарашлари ва унинг дунё адабиётидаги ўрни ҳақида баҳс юритилди.

Бу мақолалар орасида татар ёзувчиларининг Толстой билан ёзишмалари (хатлари) ҳам ўрин олган. Улардан эътиборни жалб этадигани эса «Иқтисод» журнали мухбири Фотиҳ Муртазиннинг 1909 йилда Толстойга жавоб бериши учун юборган 5 саволдан иборат хатидир. Толстойнинг жавоби 1910 йил 9 январда келган. Толстой ёзган жавоб хатининг татарча таржимаси «Иқтисод» журналининг 1910 йил 11-сонида эълон қилинган.

Толстой жавобида, жумладан, қуйидагиларни ёзади: «Аслида ҳар бир дин ўзича гўзал. Ҳаётнинг маъносини эса динга ишонган ҳар инсон қидирмоғи ва инсониятни севмоғи керак». Эътиборлиси шундаки, Лев Толстой жавоб хатлари ёзиш билан чекланмасдан журнал мухбири Муртазинга «Ҳар кун учун бир ҳадис» номли бир китобча юборади. Бу китобча ҳам Толстой Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.)нинг сўзларига ўрин беради ва: «Бу илоҳий калималар ҳар қандай дин аҳли учун лозимдир...» дея илова қилади.

Журналда чиққан жавоб мактубида Толстой араб тилини билмагани боис Исломни рус миссионерларидан ўрганганлигини эътироф этади.

Профессор Доктор Элфина Сибгатуллинанинг таъкидлашича, Толстой назарда тутган миссионерлар татарлар орасида фаолият кўрсатган (1860) сўфий бир ташкилотидир. Ташкилот асосчиси Баҳоуддин Воисов Нақшбандийлик тариқатида бўлса-да, даврнинг ижтимоий ва ҳаётий эҳтиёжларига мувофиқ тариқат фалсафасига янгиликлар олиб кирадиган илғор фикрли бир инсон бўлган. Бироқ Чор Россияси юборган хатларида ҳукумат сиёсатини танқид қилгани учун Баҳоуддин Воисов сургун қилинган...

Профессор доктор Элфина Сибгатуллинанинг эътироф этишича, Баҳоуддин Воисов Толстой билан кўришган ва баъзи масалаларда у билан ҳамфикр бўлган. Ҳатто, Толстой Воисовнинг динни давлатдан ажратиш фикрига қўшилган .


3-Бўлим: Толстойнинг Эътирофлари

Лев Толстой. «Иқрорнома»дан

...Умуман, тажрибага асосланган илмларнинг ҳаёт саволига муносабатини бундай ифодаласа бўлади. Савол: «Мен нима учун яшаяпман?» Жавоб: «Чексиз катта фазода чексиз узоқ вақт давомида чексиз кичкина зарралар чексиз мураккабликда турларини ўзгартирадилар. Агар сен ана шу турлар ўзгаришининг қонунини англасанг, нима учун яшаётганингни англаб оласан».

Илми ақлияга тааллуқли илмлар соҳасида ўзимга ўзим шундай дердим: «Бутун инсоният маънавий ибтидолар ва уларга раҳнамолик қилувчи идеаллар асосида яшайди ва ривожланади. Бу идеаллар динларда, фанларда, санъатларда, давлатчилик шаклларида ўз ифодасини топади. Бу идеаллар юксалгандан юксала боради ва инсоният энг олий неъматлар сари боради. Мен инсониятнинг бир бўлагиман, шунинг учун ҳам менинг вазифам инсоният идеалларини англаш ва амалга оширишга кўмаклашишдир». Мен ақлим қодир вақтларимда шу гапларга қаноат қилган эдим, аммо кўнглимда ҳаёт саволи аниқ-тиниқ ҳолда кўндаланг бўлиши билан бу назария бир зумда бошдан оёқ кунпаякун бўлди. Аввало шуни айтиш керакки, бунга ўхшаш илмларда муайян ғирромлик бор – улар инсониятнинг кичик бир қисмини ўрганиш оқибатида чиқарган хулосаларини умумий хулосалар ўрнида тақдим этадилар. Бундан ташқари бундай қарашларнинг турфа хил тарафдорлари ўртасида «инсоният идеаллари нимадан иборат», деган масала устида бир-бирига зид фикрлар мавжуд. Аммо энг бемаъниси демайлигу, энг ғалатиси шундаки, бу назарияга кўра ҳар бир одам қаршисида кўндаланг бўлувчи «Мен нимаман?» ёхуд «Мен нима учун яшаяпман?» ёки «Мен нима қилмоғим керак?» деган саволларга жавоб беришдан аввал инсон битта масалага жавоб бермоғи лозим. Бу масала қуйидагича турур: «Бутун бир инсоният бор. Унинг нима экани менга маълум эмас. Мен унинг бир заррасиман, бинобарин, шу зарранинг қисқагина бир муддат мобайнидаги ҳаётини биламан. Шунга қарамай, мен «бутун инсониятнинг ҳаёти нимадир? деган масалани ҳал қилиб беришим керак». Бинобарин, одамзод ўзининг нима эканини англамоқ учун унинг ўзи каби ҳали ўзлигини англаб етмаган айрим-айрим одамлардан ташкил топувчи сирли имкониятнинг нима эканини англаб олмоғи зарур.

Эътироф этмоғим керакки, мен бунга ишонган чоғларим бўлган. У чоғларда менинг ўз севимли идеалларим бор эди, бу идеаллар менинг инжиқликларимни оқлар эди. Ўшанда мен бир назарияни яратиш иштиёқида эдим. Бу назарияга асосланиб, мен ўз инжиқликларимга инсоният қонуни сифатида қарамоғим мумкин бўларди. Аммо менинг кўнглимда ҳаёт саволи бутун равшанлиги билан кўндаланг бўлгани ҳамон, бу жавоб ҳам қоқигулдай тўзиб кетди. Шунда англадимки, худди тажрибага асосланган илмларда ҳақиқий илмлар билан бир қаторда ўзларига тегишли бўлмаган саволларга жавоб беришга уринадиган чала илмлар бўлгани каби бу соҳада ҳам ўзларига тегишли бўлмаган масалаларга жавоб беришга ҳаракат қиладиган бир қатор илмлар бўлиб, улар анча кенг тарқалган экан. Бу соҳанинг чала илмлари - ҳуқуқшунослик, ижтимоий илмлар, тарихшунослик – айрим инсон масалаларини ҳал қилишга киришганида у қолиб кетиб, ҳар қайсиси ўзига хос тарзда бутун инсоният ҳаётининг масалаларини ҳал қилишга киришиб кетадилар.

Аммо тажрибага асосланган илмлар соҳасида «қандай яшамоғим керак?» деб чин юракдан сўрайдиган одам «чексиз маконда чексиз замонда чексиз мураккаблик билан содир бўладиган чексиз зарралар ўзгаришини ўрган, шунда сен ҳаётингни англайсан» деган жавобга қаноат ҳосил қилолмайди. Xудди шунга ўхшаш самимий одам «биз инсониятнинг на ибтидосини, на интиҳосини биламиз, биз унинг кичик бир қисмини ҳам била олмаймиз. Лекин сен ана шу инсониятни яхлит олиб, унинг нималигини англа. Шунда ўзингнинг кимлигингни англаб оласан» деган жавобга ҳам қаноат қила олмайди...

* * *

«Ҳамма нарсанинг ва ҳамманинг қисмати бир. Батавфиқ одамнинг ҳам, бетавфиқнинг ҳам, яхши ва ёмоннинг ҳам, покиза ва ифлоснинг ҳам, қурбонлик қилган ва қилмаганнинг ҳам, серсаховат ва гуноҳкорнинг ҳам, қасамхўр ва қасамдан қўрқувчининг ҳам қисмати битта. Ёруғ дунёдаги ҳамма ишларда қисматнинг битта экани ёмон, шу туфайли бани одамнинг юраги ёмонликка тўла, уларнинг юрагидан ақл қочган, ҳаётларидан ҳам ақл кетган. Шундан кейин улар ўтганлар сафидан ўрин олади. Тириклар орасида қолганлар ҳали нималардандир умидвор бўлади, негаки, ўлик арслон бўлгандан кўра тирик кучук бўлган яхши. Тириклар вақти-соати етиб, қазо топишларини биладилар, ўликлар эса ҳеч нарсани билмайдилар, улар ортиқ иноят кўрмайдилар, негаки, уларнинг хотираси ҳам унут бўлган, уларнинг муҳаббати ҳам, уларнинг нафрати ҳам, уларнинг рашки ҳам ғойиб бўлиб бўлган, бу ёруғ дунёда энди улар ҳеч нарса билан шарафланмайдилар». Сулаймон пайғамбар шундай дейди. Ёхуд шу сўзларни ёзган одам шундай дейди.

Энди ҳинд донишмандлари нима дейишини эшитинг:

«Ёш бахтиёр шаҳзода Сакна-Мунига хасталиклар, қарилик, ўлим бегона эди. Кунлардан бирида у сайлга борди ва тишлари тўкилиб кетган, сўлаклари оқиб ётган, мункиллаган бир чолни кўради. Шу пайтгача қариликни кўрмаган шаҳзода аравакашдан бунинг нималигини, нима сабабдан бу одам шу қадар аянчли ва хунук аҳволга тушганини сўрайди. Бундай қисмат ҳамма одамларнинг бошида бор эканини, ёш шаҳзода ҳам вақти-соати келиб, албатта, шу аҳволга тушажагини эшитиб, шаҳзода сайлга боргиси келмай қолади ва бу гапларнинг ҳаммасини ўйлаб кўрмоқ учун орқага қайтишни буюради. Уйга етиб боргач, ичкарига бекиниб олиб, ўйлашга бошлайди. Бир неча муддат ўтгач, шаҳзода бир нарсадан таскин топади. У яна шоду хуррам ва бахтиёр кайфиятда сайлга йўл олади. Бу гал унга бемор рўпара келади. Унинг кўз ўнгида ўлгудай толиққан, кўкариб кетган, кўзларидан нур кетган, дағ-дағ қалтироқ босган бечораҳол бир одам гавдаланади. Шу пайтгача хасталик нима эканини билмаган шаҳзода тўхтаб, нима гап эканини сўрайди. Шунда бу хасталик эканини, ҳамма одамлар хасталикка учраши мумкинлигини, унинг ўзи соғлом ва бахтиёр юрган шаҳзода ҳам, эҳтимол, эртага шунақа бемор бўлиб қолиши мумкинлигини эшитиб, кайфи бузилади, кайфи чоғлиқ қилишга хуши қолмайди ва уйга қайтишни буюради. У уйида яна ўзича бирор таскин излайди ва уни топади, шекилли. Чунки у яна бир марта ҳам йўлда бир воқеага йўлиқади - одамлар нимадир кўтариб кетаётганини кўради. «Нима бу?» - «Бандаликни бажо келтирган одам». – «Бандаликни бажо келтириш қанақа бўлади?»-деб сўрайди шаҳзода. - «Бандаликни бажо келтириш шу одамга ўхшаб жон таслим қилиш бўлади», - деб жавоб беришади. Шаҳзода тобутнинг олдига боради, пардани кўтариб майитнинг юзига қарайди. - «Бу одам энди нима бўлади?» - деб сўрайди шаҳзода. - «Уни ерга кўмадилар», - деб жавоб беришади шаҳзодага. - «Нега?» - «Негаки, энди у ҳеч қачон бошқа тирилмайди, у чириб-ирийди, кейин тупроққа айланади». - «Ҳамма одамларнинг ҳам қисмати шунақами? Мен ҳам шу кўйга тушаманми? Мени ҳам кўмишадими? Мен ҳам ириб-чириб, қуртларга ем бўламанми?» - «Ҳа». - «Орқага қайт! Мен сайрга бормайман. Бундан кейин ҳеч қачон ҳеч қанақа сайрга бормайман».

Шундай қилиб, Сакна-Муни ҳаётдан таскин топа олмади ва «ҳаётнинг турган-битгани улуғ бир ёвузликдир» деган тўхтамга келиб, бутун қалб кучини ундан халос бўлишга ва бошқаларни ундан халос этишга сарфлади. «Халос этганда ҳам шундай қилмоқ керакки, одамнинг вафотидан кейин ҳаёт бир амаллаб қайта тикланмасин, уни бутунлай, таг-туги билан, тубдан маҳв этиш керак». Ҳинд донишмандлари шундай дейди.

Инсоният донолари ҳаёт саволларига берган бевосита жавоблар бундай турур:

«Жисмнинг ҳаёти ёвузликдан ва ёлғондан иборат. Шунинг учун ҳам бу жисм ҳаётини маҳв этиш неъматидир, биз шу неъматни тиламоғимиз даркор», - дейди Суқрот.

«Ҳаёт шунақа нарсаки, унинг боридан йўғи яхшироқ бўларди. Ҳаёт - ёвузлик, ёвузликдан ҳечликка кўчиш ҳаётдаги бирдан-бир неъматдир», - дейди Шопенгауер.

«Дунёдаги ҳамма нарса - ҳамоқат ҳам, донолик ҳам, бойлик ҳам, қашоқлик ҳам, шод-хуррамлик ва қайғу-алам ҳам, ҳаммаси беҳуда ва арзимас нарсалардир. Инсон ўлади ва ундан ҳеч нарса қолмайди. Бу бемаъниликдир», - дейди Сулаймон пайғамбар.

«Азоб-уқубатлар, заифлашиш, қариш ва ўлим муқарар эканини англаб туриб яшаб бўлмайди, одам ўзини ҳаётдан халос этмоғи, ҳар қандай яшаш имконидан маҳрум этмоғи керак», - дейди Будда.

Ана шу катта ақл эгалари айтган нарсаларни уларга ўхшаган миллион-миллион одамлар ҳам айтган, ўйлаган, ҳис этган. Мен ҳам шундай ўйлайман ва шундай ҳис қиламан.

Шундай қилиб, менинг билимлар ўрмонида довдираб юришим на фақат мени тушкунлик ботқоғидан халос эта олди, аксинча, уни янада чуқурлаштирди. Бир соҳадаги билимлар ҳаёт саволларига жавоб бермади, бошқа соҳадаги билимлар эса жавоб берди-ю, бу жавоби билан тўғридан-тўғри менинг тушкунлигимни тасдиқлади. Бу жавоб яна шуни кўрсатдики, мен чиқарган хулоса адашишларимнинг ҳосиласи эмас, хаста тафаккуримнинг маҳсули эмас, аксинча, у менинг ўйларим тўғри бўлганини тасдиқлади. Менинг ўйларим инсониятнинг энг бақувват ақл эгаларининг хулосаларига тўғри келди.

Ўзини лақиллатишнинг ҳожати йўқ. Ҳаммаси - беҳуда. Туғилмаган одам бахтиёр, ўлим ҳаётдан яхши; шунинг учун ҳаётдан халос бўлмоқ керак...

* * *

Оқилона билим мени ҳаётнинг маъносизлигини тан олишга олиб келди, менинг ҳаётим тўхтаб қолди ва мен ўзимга суиқасд қилиш йўлига тушиб қолдим. Теварак атрофимдаги одамларга, бутун инсониятга ўгирилиб қараб турдимки, одамлар яшаяпти ва ҳаётнинг маъносини биламиз дейишяпти. Ўзимга ўгирилиб қарадим: мен ҳаёт маъносини билганим даражада яшаган эканман. Бошқа одамларга ўхшаб менга ҳам ҳаётнинг маъносини ва яшаш имконини иймон берган экан.

Ундан нарига ўгирилиб, бошқа мамлакатларнинг менга замондош ва ўтиб кетган одамларига қараб ҳам яна ўша аҳолининг ўзини кўрдим. Қаердаки ҳаёт бўлса, ўша жойда инсоният пайдо бўлгандан бери унга яшаш имконини берадиган иймон бор. Ва иймоннинг асосий белгилари ҳамма жойда ва ҳамиша бир хил.

Ҳар қандай иймон кимга бўлмасин ва қандай бўлмасин жавоб берган бўлса, иймоннинг ҳар қандай жавоби инсоннинг чекланган ҳаётига чекланмаган нарсанинг маъносини бахш этади ва бу маънони азоб-уқубатлар, муҳтожликлар, ўлим маҳв этолмайди. Бинобарин, фақат иймондагина ҳаётнинг маъносини ва яшаш имконини топиш мумкин. Шунда англадимки, сўзнинг энг муҳим маъносида олиб қарасак, иймон «кўз илғамас буюмларни» ва ҳоказоларни фош қилишгина эмас, кароматгина эмас (бу иймоннинг сифатларидан бирининг тасвири, холос), инсоннинг Xудога муносабатигина эмас (Худо орқали иймонни белгилаш керак эмас, аввал иймонни белгилаб олиб, сўнгра Xудони белгилаш лозим), кўпинча, иймонни мана бундай тушун деб одамга айтилган гапларга қўшилишгина эмас, балки иймон инсон ҳаётининг маъносини билишдир ва шу билими важидан инсон ўз-ўзини маҳв этмайди, балки яшайди. Иймон ҳаётнинг қудратидир. Инсон яшар экан, у бирор нарсага ишонади, иймон келтиради. Агар у «нима учундир яшамоқ керак» деб бирон нарсага ишонмаса, иймон келтирмаса, унда у яшамас эди. Агар у чекланган нарсани кўрмаса ва унинг хаёлий бир нарса эканини англамаса, у ана шу чекланган нарсага ишонарди; агар у чекланган нарсанинг хаёлий эканини англаса, унда у чексиз нарсага ишонмоғи керак. Иймонсиз яшаб бўлмайди.

Шунда мен ичимдан кечганларнинг ҳаммасини эслаб, даҳшатга тушдим. Энди менга бир нарса аён эди - инсон яшай олмоғи учун у ё чексиз нарсани кўрмоғи керак, ёки ҳаёт маъносини шундай тушунмоғи керакки, бунинг натижасида чекланган нарса чексиз нарсага тенг деб ҳисобланмоғи шарт. Менда шундай тушунча бор эди, бироқ мен чекланган нарсага ишонар эканман, унинг менга кераги йўқ эди. Шунда мен уни ақл тарозисида текшира бошладим. Ақл тарозисига солиб кўришим билан аввалги изоҳларимнинг ҳаммаси тирқираб кетди. Аммо фурсати етиб, мен чекланган нарсага ишонмай қўйдим. Шунда мен оқилона асосларга таяниб, билганларимдан шундай изоҳ туза бошладимки, бу изоҳ ҳаётнинг маъносини уқтирмоғи керак эди. Аммо ҳеч нарсани тузиб бўлмади. Инсониятнинг энг етук мутафаккирлари билан бирга мен О = О деган хулосага келдим ва бунақа хулосага келганимни кўриб роса ҳайрон бўлдим. Ҳолбуки, ўшанда бошқа ҳеч қанақа хулосага келиб бўлмас эди.

Тажрибага асосланган билимлардан жавоб излаганимда мен нима қилган эдим? Мен нима учун яшаётганимни билмоқчи бўлган эдим ва бунинг учун ўзимдан ташқаридаги ҳамма нарсани ўрганишга тутингандим. Равшанки, мен жуда кўп нарса билмоғим мумкин эди, аммо ўзимга керак ҳеч нарсани билолмас эдим.

Фалсафий билимлардан жавоб излаганимда нима қилган эдим? Менинг аҳволимга тушиб қолган, менга ўхшаб «нима учун яшаяпман?» деган саволига жавоб тополмаган одамларнинг фикрларини ўргандим. Равшанки, мен ўзим билган нарсадан, яъни «ҳеч нарсани билиб бўлмайди» деган хулосадан бошқа ҳеч нарсани била олмас эдим.

Мен нимаман ўзи? Чексиз нарсанинг бир қисмиман. Масаланинг бутун моҳияти ана шу икки сўзда ифодаланган. Наҳотки, фақат кечаги кундан бошлабгина инсоният бу масалани ўз олдига кўндаланг қўйган бўлса? Наҳотки, менга қадар ҳеч ким ана шу жўн саволни, ҳар бир ақлли болакайнинг тилининг учида турадиган шу саволни ўзига ўзи бермаган бўлса?

Ахир бу масала одамзод бино бўлган замонларданоқ англашилганки, бу масалани ҳал қилмоқ учун чекланган нарсани чекланган нарсага ва чексиз нарсани чексизга тенглаштирмоқ бирдай кифоя эмас ва одамлар бино бўлган замонлардаёқ чекланган нарса билан чексиз нарсанинг муносабатлари топилган ва ифодаланган.

Чекланган нарса чексиз нарсага тенглаштирилган ва бунинг оқибатида ҳаётнинг маъноси келиб чиқадиган тушунчаларини, Xудо, эркинлик, яхшилик тушунчаларини биз мантиқан тадқиқ қиламиз. Унда бу тушунчалар ақл танқидига дош беролмайди. Биласизми, бу нимага ўхшайди? Биз бола каби ҳаддан ташқари ўзимизга-ўзимиз мағрур бўлиб, ўзимиздан-ўзимиз мамнун бўлиб, соатни оламиз-да, бутун ичак-чавоғини ағдариб кўрамиз, қўғирчоқдек уни хўб ўйнаймиз, кейин эса соат юрмай қолганидан роса ҳайратга тушамиз. Бу аҳвол жуда даҳшатли бўлмаганида ҳаддан зиёд кулгули бўларди.

Чекланган нарса билан чексиз нарса ўртасидаги зиддиятни ҳал қилиш ва ҳаёт саволига яшашга имкон берадиган жавобни топиш керак. Бу жуда қимматга тушади. Масаланинг ягона ечими бор. Бу ечим ҳамма вақт, ҳамма жойда ва ҳамма халқларда бўлган. Бу ечим замонлар қаъридан келиб чиқади, у шу қадар қийин ечимки, биз ўзимиз сира ҳам бундай ечимга кела олмаймиз. Ана шу ечимни ўзимиз кунпаякун қиламиз, бундан мақсад ўша ҳаммага хос ва биз учун жавобсиз саволни яна қўйишдир.

Чексиз Xудо тушунчаси, руҳнинг илоҳийлиги, одамзод қилмишларининг Xудога боғлиқлиги, яхшилик ва ёмонлик, маънавият тушунчалари инсоният ҳаётининг кўзларимиздан яширин олисликлари қаърида ишлаб чиқилган тушунчалардир. Бу тушунчаларсиз ҳаётнинг бўлиши ҳам, менинг ўзимнинг бўлишим ҳам мумкин эмас. Мен бўлсам бутун инсоният бажарган бу ишни итқитиб ташлаб, ҳаммасини бошқатдан ўз билганимча қилмоқчи бўлиб юрибман.

У пайтларда мен ҳали бунақа деб ўйламас эдим, аммо бу фикрлар миямда уч бера бошлаган эди. Мен, биринчидан, шуни тушинтирдимки, ҳар қанча донолигимизга қарамай, биз Шопенгауер ва Сулаймон пайғамбар учовимиз ғоятда бемаъни аҳволга тушиб қолганмиз: биз ҳаётнинг ёвуз нарса эканини биламиз, биламизу яшашда давом этаверамиз. Бу уччига чиққан бемаънилик эмасми? Мен жамики оқилона нарсани ҳаддан зиёд яхши кўраман, шундоқ бўлгач, ҳаёт бемаъни бўлса, ҳаётни маҳв этиш керак. Ўшанда уни инкор этадиган одам қолмайди. Иккинчидан, мен шуни тушинтирдимки, бизнинг ҳамма мулоҳазаларимиз беҳуда айланаётган ғилдиракдай боши берк кўча ичида ўйланиб қолган. Биз ҳар қанча яхши мулоҳаза юритмайлик, масалага жавоб ола олмаймиз, оладиган жавобимиз ҳамиша О = О бўлади, сабабки, биз танлаган йўл, афтидан, хато бўлса керак. Учинчидан, шуни тушуна бошладимки, иймон томонидан бериладиган жавобларда инсониятнинг жуда теран донолиги мавжуд, ақл асосида уларни инкор этишга мен ҳақли эмасман. Энг муҳими эса фақат шу жавоблардагина ҳаёт саволларига жавоб мавжуд...

* * *

Мен буни тушунардим, лекин бундан ҳеч қанча енгиллик кўрмадим.

Мен энди ҳар қандай иймонни қабул қилишга тайёр эдим, фақат бу иймон мендан ақлни бевосита инкор этишни талаб қилмаса бўлди. Негаки, бундай қилинса, ёлғон бўларди. Шу тарзда мен китоблардан буддизмни ҳам, исломни ҳам ўргандим, ҳаммадан кўра кўпроқ ҳам китоблардан, ҳам атрофимни қуршаб олган одамларнинг ҳаётидан христианликни ўргандим.

Табиийки, мен ҳаммадан аввал ўз даврамга мансуб художўй одамларга, православ диншуносларга, қари монахларга, янги йўналишдаги православ диншуносларга ва ҳатто тавба-тазарру билан гуноҳлардан покланишни тарғиб қилувчи янги христиан деб аталмиш тоифадаги художўйларга мурожаат қилдим. Мен уларнинг этакларидан маҳкам ушлаб олиб, улардан иймонлари қанақа эканини, ҳаётнинг маъносини нимада кўришларини суриштирдим.

Турли-туман масалаларда уларга имкони борича ён берганимга қарамай, ҳар хил баҳсу мунозаралардан ўзимни тийганимга қарамасдан мен бу одамларнинг иймонларини қабул қилолмас эдим, чунки кўриб турардимки, улар иймон деб атаётган нарса ҳаётнинг маъносини ойдинлаштирадиган эмас, аксинча, хиралаштирадиган нарса эди. Уларнинг ўзлари ҳам иймонларини қаттиқ тутган бўлсалар, буни мени иймонга олиб келган ўша ҳаёт саволига жавоб бериш учун эмас, балки аллақандай бошқа, менга бегона мақсадлар йўлида қилишган эди.

Бу одамлар билан мулоқотга киришганда неча марталаб менинг қалбимда умид чўғлари ялтиллади. Шу умид чўғларидан кейин яна аввалги тушкунлик, иложсизлик ҳолатига қайтиш мен учун жуда ҳам изтиробли бўлди. Улар менга ўз диний эътиқодларини қанча кўпроқ ва батафсилроқ баён қилиб берсалар, мен уларнинг хатоларини шунча равшанроқ кўрар ва уларнинг иймонларида ҳаёт маъносининг изоҳини топаман деган умидларим чиппакка чиқаётганини ҳис қилардим.

Менинг хафсаламни пир қилган нарса бу одамларнинг ўз диний эътиқодларини баён қилиб беришаётганида мен учун ҳамиша яқин бўлган христиан ҳақиқатларига жуда кераксиз ва ноақлий нарсаларни қўшиб юборганлари бўлмади; йўқ, хафсаламни пир қилган нарса бу эмас; мени бездирган нарса шу бўлдики, бу одамларнинг ҳаёти ҳам худди меникига ўхшаш эди. Фақат фарқи шундаки, уларнинг ҳаёти ўзлари диний эътиқодларини баён қилиб айтган қоидаларига мос келмасди.

Мен аниқ ҳис қилдимки, улар ўзларини ўзлари алдаяпти ва улар ҳам ўша мен билган ҳаёт маъносидан бошқа маънони билишмайди, яъни умринг ўтаётган экан, яшайвер, ҳаёт неъматларидан имконинг етканча истифода қилавер. Мен буни шунга қараб англадимки, агарда улар азоб-уқубатлар, муҳтожликлар ва ўлимдан қўрқишни маҳв этадиган маънони билдирганларида, булардан қўрқмаган бўлардилар. Ҳолбуки улар, яъни менинг даврамга мансуб бўлган бу художўйлар худди менга ўхшаб тўқ ва фаровон турмуш кечиришар, шу фаровонликни кўпайтириш ва сақлаб қолиш ғамини ейишар, муҳтожликдан, изтироблардан, ўлимдан қўрқишар ҳамда динга ишонмайдиган бизларга ўхшаб энг ярамас нафсларининг гапига кириб ҳаёт кечиришарди, биз - динга ишонмайдиганлардан кўра улар кўпроқ гуноҳ ботқоғига ботиб кетишган эди.

Ҳеч қанақа мулоҳазалар мени уларнинг иймони чин эканига ишонтира олмасди. Мени ишонтириши мумкин бўлган биргина нарса бор эди – уларнинг хатти-ҳаракатлари шундан далолат берсаки, ҳаётнинг маъносини билишади; бу билиш эса уларга мен учун қўрқинчли бўлган қашшоқлик, изтироб ва ўлимдан тап тортмасликка имкон беради. Бизнинг давримизга мансуб бўлган бу турфа хил художўйлар орасида эса мен бундай хатти-ҳаракатни кўрмадим. Аксинча, бундай хатти-ҳаракатларни мен бизнинг даврага мансуб бўлган динга ишонмайдиган одамлар орасида кўрдим, лекин бизнинг давримизга мансуб художўйлар орасида эса зинҳор-базинҳор кўрмадим.

Шунда мен тушундим – бу одамларнинг иймони мен излаган иймон эмас, уларнинг иймони, умуман, иймон эмас, балки ҳаётдаги ишратбозлик таскинларидан бири, холос. Мен яна англадимки, бу иймон, балки таскинликка ярамаса ҳам, ўлим тўшагида ётиб, жамики гуноҳлари учун тавба-тазарру қилаётган Сулаймон пайғамбарни жиндай хотиржам қилишга ярар, лекин у кўпчилик одамлар учун сира ярамайди, чунки бу одамларнинг зиммасида бошқаларнинг меҳнатларидан фойдаланиб, вақтичоғлик қилиш эмас, ҳаётни барпо этиш вазифаси ётади. Бутун инсоният яшамоғи мумкин бўлсин учун, ҳаётга маъно бахш этиб, яшашни давом эттириш мақсадида яшамоғи учун, улар – яна шу миллиардлар бошқа, чинакам иймонни билмоғлари керак бўлади. Ахир, иймоннинг мавжудлигига мени ишонтирган нарса – Сулаймон пайғамбар билан Шопенгауер учовимизнинг ўзимизни-ўзимиз ўлдирмаганимиз бўлгани йўқ, балки миллиардлаб одамларнинг ҳаёт кечириб келгани ва ҳамон яшаётгани, мен билан Сулаймон пайғамбарларни ўз ҳаёт тўлқинларида кўтариб келганлари бўлди.

Шунда мен қашшоқ, оддий, ўқимаган художўйлар билан, турли-туман дарвешлар, монахлар, мужиклар билан топиша бошладим. Xалқдан чиққан бу одамлар ҳам худди бизнинг даврага мансуб қалбаки художўйлар каби христиан диний эътиқодига эга эдилар. Уларнинг христиан ҳақиқатларига ҳам жуда кўп хурофот аралашган эди, бироқ фарқи шунда эдики, бизнинг давримизга мансуб художўйларнинг хурофотлари уларнинг ўзига мутлақо керак эмас эди, уларнинг турмушига сира мос тушмасди, фақат ўзига хос ишратбозлик эрмаги эди холос; меҳнаткаш халқдан чиққан художўйларнинг хурофотлари эса уларнинг турмуши билан шу қадар яқиндан боғланганки, бу хурофотларсиз уларнинг ҳаётини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Бу хурофотлар уларнинг яшашининг зарурий шарти эди. Бизнинг даврага мансуб художўйларнинг бутун ҳаёти уларнинг иймонига бутунлай зид эди, меҳнаткаш халққа мансуб художўйларнинг бутун ҳаёти уларнинг иймони берган ҳаёт маъносини тўла тасдиқлар эди. Шунда мен бу одамларнинг ҳаёти ва эътиқодларига синчиклаб қарай бошладим ва қараганим сари чуқурроқ амин бўла бордимки, бу одамларнинг иймони чин иймон, бу иймон улар учун жуда зарур ва ёлғиз шу иймонгина уларга ҳаётнинг маъносини ва яшаш имконини беради. Бизнинг даврамизда иймонсиз ҳам яшайверадиганлар кўп, уларнинг орасида зўрба-зўр мингтадан биттаси ўзини художўй деб тан олиши мумкин. Бунга қарама-қарши ўлароқ, уларнинг муҳитида мингтадан битта Xудога ишонмайдиган одам топилиши амри маҳол. Бизнинг даврамиз одамларининг ҳаёти бекорчилик ичида эрмаклар билан ўтади ва яна ҳамма ҳаётдан норози бўлади. Бу одамларнинг бутун ҳаёти эса оғир меҳнат ичида кечади ва улар бадавлат одамларга қараганда ҳаётдан камроқ норози бўлишади. Бизнинг даврамизга мансуб одамлар муҳтожликлар ва азоб-уқубатлар учун тақдирдан кўпроқ нолийдилар ва унга қаршилик кўрсатадилар. Бунга қарама-қарши ўлароқ оддий одамлар хасталиклар ва ғам-ғуссаларни ҳеч қандай норозиликсиз, қаршилик кўрсатмасдан, хотиржам қабул қиладилар. Улар қатъий ишонадиларки, буларнинг ҳаммаси ҳудди шундоқ бўлмоғи керак, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас, буларнинг бари – Xудонинг неъмати. Биз қанча ақлли бўлсак, ҳаётнинг маъносини шунча кам тушунамиз, изтироблар чекамиз ва қазомизни алланечук ёвуз бир масхара деб ҳисоблаймиз. Бунга қарама-қарши ўлароқ оддий одамлар осойишта бир тарзда ҳаёт кечирадилар, изтироблар чекадилар ва ўз қазолари сари борадилар. Улар изтироб чекканда ҳам қандайдир хотиржам бўладилар ҳатто, мамнуниятлари сезилиб туради. Бизнинг даврамизда хотиржам жон таслим қилиш, нола-фиғонсиз, тушкунликка берилмай вафот этиш камдан-кам учрайдиган воқеа. Бунга қарама-қарши ўлароқ, халқ орасида нола-фиғон билан, исён кўтариб, ғам-ғуссага ботиб жон таслим қилиш ҳаддан ташқари кам учрайди. Бу одамлар биз Сулаймон пайғамбар билан ўзимиз учун ҳаётнинг якка-ю ягона ҳисобланадиган жуда кўп нарсаларидан маҳрум, лекин шунга қарамай улар ўзларини бениҳоя бахтиёр деб биладилар. Бундай одамлар ҳаддан ташқари кўп.

Мен теварак-атрофимга кенгроқ назар ташладим. Мендан аввал ўтган ва мен билан бир замонда яшаётган сон-саноқсиз одамларнинг ҳаётига чуқурроқ назар ташладим. Ва шунда ҳаётнинг маъносини англаган, яшашни ва жон таслим қилишни биладиган иккита, учта, ўнта эмас, юзта, мингта, миллионта одамни кўрдим. Феъли атвори, ақли, маълумоти, мавқеига кўра ҳаддан ташқари хилма-хил бўлган бу одамларнинг ҳаммаси менга қарама-қарши ўлароқ ҳаётнинг маъносини баб-баравар даражада мукаммал билишарди, муҳтожликлар ва азоб-уқубатларини бошларидан кечириб, хотиржам меҳнат қилишарди, умргузаронлик қилиб вафот этишарди ва бунда маъносиз, беҳуда нарсани эмас, улуғ бир неъматни кўришарди.

Шундай қилиб, мен бу одамларни яхши кўриб қолдим. Мен тирик одамларнинг ҳаётига қанча чуқур кириб борсам, мен китобларда ўқиган ва эшитган шунга ўхшаш одамларнинг ўтиб кетган ҳаётларига қанча чуқур кириб борсам, уларни шунча кўпроқ яхши кўрдим ва ўзим учун ҳам яшаш шунча енгил бўлиб қолади.

Шу аҳволда икки йилча ҳаёт кечирдим ва менда инқилоб содир бўлди. Бу инқилоб менда анчадан бери пишиб етилиб келарди, унинг учқунлари ҳамиша мен билан бирга эди.

Менда шундай инқилоб содир бўлдики, оқибатда бизнинг даврамизнинг ҳаётини, бадавлат, олим одамларнинг ҳаётини жинимдан баттар ёмон кўриб қолдимгина эмас, бу ҳаёт мен учун буткул маъносини йўқотди.

Бизнинг ҳамма хатти-ҳаракатларимиз, илм, санъат - буларнинг бари менга бир эрмакдай, тантиқликдай кўриниб қолди. Англадимки, бундан маъно излаб бўлмайди. Ҳаётни ижод қилувчи меҳнаткаш халқнинг хатти-ҳаракати эса менга бирдан-бир арзийдиган ҳақиқий иш бўлиб кўринди. Шунда англадимки, шу ҳаётга ато қилинган маъно ҳақиқатдир. Ва мен бу ҳақиқатни қабул қилдим.

* * *

Ғалати бир манзара: одамлар диний эътиқодларига сиғиниб, уларга зид тарзда ҳаёт кечирганларини кўрганимда шу эътиқодлардан безиб кетгандим. Аммо одамлар худди шу эътиқодларининг ўзига амал қилиб яшаганларини кўрганимда улар менга ғоятда жозибадор ва оқилона кўринди. Шунда мен нега бир вақтлар бу эътиқодлардан безганимни, нега уларни маъносиз деб ҳисоблаганимни, эндиликда эса нима сабабдан уларни қабул қилганимни ва жуда маънодор деб ҳисоблаётганимни тушундим.

Мен нотўғри фикр юритганим учун адашган эмас эканман, балки гуноҳкорона ҳаёт кечирганим учун адашган эканман.

Мен англадим - ҳақиқат юзини мендан яширган нарса фикрларимдаги хатолик бўлмаган экан, балки фавқулодда ишратбозлик шароитида, маишатпарастлик шароитида, балои нафсни қондириш йўлида ўтказган ҳаётим бўлган экан. Яна англадим - «менинг ҳаётим нима?» - деган саволим ва «ёвузлик» деб берган жавобим мутлақо тўғри бўлган экан. Xатолик шунда бўлган эканки, фақат менгагина тааллуқли жавобни бутун ҳаётга нисбатан қўллабман. «Менинг ҳаётим нима?» - деб ўз-ўзимдан сўраб, «ёвузлик ва маъносизлик», - деб жавоб олганман. Чиндан ҳам менинг ҳаётим балои нафсни қондиришга қаратилган бўлган ва шунинг учун маъносиз ва ёвуз нарса» деган жавоб, умуман, одамлар ҳаётига эмас, ёлғиз менинг ҳаётимга тааллуқлидир. Мен кейинчалик Инжилда топганим ҳақиқатни англадим - унга кўра одамлар ёруғликдан кўра кўпроқ зулматни яхши кўрганлар, негаки, улар ёвуз ишларини кўп қилишган. Сабабки, ёмон иш қиладиган ҳар бир одам ёруғликни жуда ёмон кўради ва ишлари фош бўлишидан қўрқиб, ёруғлик сари бормайди.

Мен англадимки, ҳаётнинг маъносини тушунмоқ учун ҳаммадан аввал ҳаётнинг ўзи маъносиз ва ёвуз бўлмаслиги керак, шундан кейингина ақл билан уни тушиниб олса бўлади. Мен ўз-ўзидан кўриниб турган ана шу ҳақиқат теграсида нима учун бу қадар узоқ ўралашиб қолганимнинг сабабини тушиндим - инсониятнинг ҳаёти тўғрисида гапириб, ўйлайдиган бўлсанг, ҳаётдаги бир нечта текинхўрларнинг эмас, инсониятнинг ҳаёти тўғрисида ўйлаш ва гапириш керак. Бу ҳақиқат 2х2=4 га ўхшаш ҳамиша ҳақиқат бўлиб келган, лекин мен уни тан олган эмасман, чунки 2х2=4 эканини тан олсам, мен ўзимнинг ярамас одам эканимни тан олмоғим керак эди. Ҳолбуки, 2х2=4 лигидан кўра ўзимни яхши одам деб ҳис этиш мен учун муҳимроқ ва зарурроқ эди. Мен яхши одамларни севиб қолдим, ўзимдан-ўзим нафратланиб кетдим. Энди менга ҳамма нарса равшан бўлди.

Мабодо бутун умримни қийноқларда одамларнинг бошини олиш билан ўтказган бир жаллод ёки бутун умрини бир қоронғи хонада ўтказган, бу хонасини нажосатга тўлатиб, ифлос қилиб ташлаган ва «шу хонадан чиқсам муқаррар ҳалок бўламан» деган фикрни сингдириб олган бирор уччига чиққан пиёниста ёхуд жинни ўз-ўзига «ҳаёт нима?» деб савол берса нима бўларди? Ўз-ўзидан аёнки, «ҳаёт нима» деган саволга улар «ҳаёт энг катта ёвузликдир» деган жавобдан бошқа жавоб ола билмас эдилар. Бунда жиннининг жавоби мутлақо тўғри бўларди, бироқ фақат унинг ўзи учун тўғри бўларди. Унда қандоқ бўлади – мен ҳам ўшанга ўхшаган бир телбаманми? Наҳотки бизнинг ҳаммамиз – бадавлат, ўқимишли одамлар шунга ўхшаш телба бўлсак?

Шунда англадим – ҳа, биз чиндан ҳам анча шунақа телбалармиз. Ҳар ҳолда, мен муқаррар тарзда ана шунақа телбаман. Дарҳақиқат, қуш шундай ҳаёт кечирадики, у учмоғи, овқат жамғармоғи, ин қурмоғи керак. Қуш шундай қилаётганини кўрсам қушдан хурсанд бўламан. Эчки, қуён, бўри шундай ҳаёт кечиришадики, улар қоринларини тўйғазиши, урчишлари, оилаларини боқиши керак. Уларнинг шундай қилаётганларини кўрсам мен қатъиян ишонаманки, улар бахтиёр ва уларнинг ҳаёти оқилона. Xўш, инсон нима қилмоғи керак? У ҳам худди жониворлар қилган ишларни қилиб ҳаёт кечирмоғи керак, фақат фарқ шундаки, бу ишларни инсон ёлғиз ўзи қилса, у муқаррар тарзда ҳалок бўлади, у фақат ўзи учун эмас, ҳамма учун қилмоғи зарур. У ҳамма учун бу ишларни қилаётганини кўрсам, мен қатъиян ишонаманки, у бахтиёр ва унинг ҳаёти оқилона. Xўш, мен ўзимнинг ўттиз йиллик онгли ҳаётимда нима қилдим? Мен нафақат ҳамма учун ҳаётни барпо этганим йўқ, мен лоақал ўзим учун ҳам тирикчилик арконларини яратганим йўқ.

Мен бир текинхўр тарзида ҳаёт кечирдим ва ўз-ўзимдан «нимага яшаяпман?» деб сўрадим-да, «ҳеч нарсага» деб жавоб олдим. Агар инсон ҳаётининг маъноси тирикчилик арконларини барпо этишда бўлса, мен ўттиз йил мобайнида бу арконларни барпо этиш ўрнига ўзимни ҳам, бошқаларда ҳам уларни йўқ қилиш билан шуғулланган бўлсам, қандай қилиб «ҳаётим беъмани ва ёвуз нарса» дегандан бошқа жавоб олишим мумкин? У ҳақиқатан ҳам бемаъни ва ёвуз бўлганда...

Дунёнинг ҳаёти кимнингдир иродаси билан содир бўлади-мана шу дунёнинг ҳаёти ва бизнинг ҳаётимиз орқали кимдир ўзининг аллақандай ишини рўёбга чиқаради. Бу ироданинг маъносини англашга умидвор бўлмоқ учун даставвал уни бажармоқ керак, яъни биздан истаётган ишларини қилмоғимиз керак. Агар мен мендан истаётган ишларини қилмасам, мендан нима исташларини ҳам ҳеч қачон билолмайман, бизнинг ҳаммамиздан ва бутун дунёдан нима исташларини эса инчунун билолмайман.

* * *

Оқилона билимлар хатолигини англаш беҳуда мулоҳазабозлик васвасасидан халос бўлишимга ёрдам берди. Ҳақиқат ҳақидаги билимни фақат ҳаёт орқалигина топиш мумкинлигига қатъий ишонч мени ўз ҳаётимнинг тўғрилигига шубҳа қилишга ундади. Бироқ мен ўзимнинг фавқулодда одамлигим ҳақидаги тасаввур чангалидан қутилиб қолишга улгурдим ва оддий меҳнаткаш халқнинг чинакам ҳаётини кўриб, ҳақиқий ҳаёт фақат ана шу ҳаёт эканига иймон келтирдим. Шу нарса мени қутқариб қолди. Англадимки, агар мен ҳаётни ва унинг маъносини англамоқчи бўлсам, мен текинхўрга хос ҳаёт кечирмоғим керак эмас, балки чинакам ҳаёт қўйнида яшамоғим зарур, ҳақиқий инсоният бу ҳаётга қандай маъно бераётган бўлса, шу маънони қабул қилиб, шу ҳаётга сингиб кетмоғим ва уни текшириб кўрмоғим шарт.

Худди шу вақтларда мен яна бир нарсани кечирдим. Бутун бир йил мобайнида мен деярлик ҳар дақиқада ўз-ўзимдан «бўйнимга сиртмоқ солсаммикан ё бир ўқ билан бир ёқлик қилсаммикан?» деб сўраб юрган кезларимда мен айтган шундай ўйлар ва кўнглимдан кечган кузатувлар билан ёнма-ён юрагим алланечук бир ҳисдан изтиробда эди. Бу ҳисни мен «Худо излаш» деган иборадан бошқа бирон ибора билан атай олмайман.

Гапимга эътибор беринг: мен Xудо излашни ҳис деяпман, мулоҳаза деяётганим йўқ. Сабабки, бу излашлар менинг мулоҳазаларим оқибатида келиб чиққани йўқ, қолаверса, у, ҳатто, мулоҳазаларимга буткул зид эди, бу излаш тўғридан-тўғри юракдан чиқиб келганди. Бу туйғу жамики ёт, бегона нарсалар ўртасида қўрқув, ёлғизлик, кимсасизлик туйғуси ва кимнингдир ёрдамидан умидворлик туйғуси эди.

Худонинг мавжудлигини исбот қилиш мумкин эмаслигига тўлалигича имоним комил эди. Кант буни менга исбот қилиб берганди ва мен Xудонинг мавжудилигини исбот қилиб бўлмаслигини аниқ англаган эдим. Лекин шунга қарамасдан, мен Xудони изладим, уни топишга умид боғладим ва эски одатимга кўра ўзим излаётган нарсага илтижолар қилдим, лекин тополмадим. Гоҳ мен дилимда Кант билан Шопенгауернинг Xудонинг мавжудлигини исбот қилиш мумкин эмаслиги ҳақидаги далилларини тафтишдан ўтказардим. Мен ўз-ўзимга дердим: сабабият макон ва замон каби тафаккур категориялари эмас. Агар мен мавжуд эканман, демак, бунинг сабаби бор ва сабабининг сабаби бор. Ана шу ҳамма нарсанинг сабаби, сабабларининг сабаби – Xудо деб аталмиш нарсадир; мен шу фикр устида тўхтаб, бутун вужудим билан шу сабабнинг мавжудлигини англашга ҳаракат қилдим.

Оламда бир куч бор эканини ва мен шу кучнинг ҳукмида эканимни англай бошлашим биланоқ мен шу ондаёқ яшаш мумкин эканини англай бошладим. Бироқ мен ўзимга-ўзим савол бердим: «Нимадир, ахир, бу сабаб, бу қудрат? Мен унинг тўғрисида қандай ўйламоғим керак? Xудо деб атаганимга қандай муносабатда бўлмоғим керак?»

Бу саволларга фақат менга таниш жавобларгина кўндаланг бўларди: «У – яратувчи, барпо этувчи». Бу жавоблар мени қаноатлантирмас эди ва мен кўнглимда яшашим учун зарур нарса ғойиб бўлаётганини ҳис қилар эдим.

Мен даҳшатга тушиб, излаганимга сиғиниб, ибодат қилиб, менга ёрдам беришини сўраб тавалло қилардим. Аммо ҳарчанд ибодат қилганим сари у менинг таваллоларимни эшитмаётгани менга кўпроқ аён бўлар ва мен тавалло қилиш мумкин бўлмаган бирон зот йўқлигига амин бўлардим. Ва мен юрагимда Xудо йўқлигини сезиб, умидсизликка тушсам-да, «Эй Xудо! Ўзинг нажот бер! Эй Xудо! Ўзинг мени тўғри йўлга сол!» дея тавалло қилишда давом этардим. Аммо ҳеч ким раҳм қўлини узатмас ва мен ҳаётим тўхтаб қолаётганини ҳис қилардим.

Аммо яна ва яна бошқа ҳар хил томонлардан ўша тўхтамга келаверар эдим – ахир, мен ҳеч қандай баҳонаю сабабсиз, бирон-бир маъносиз дунёга келган бўлишим мумкин эмас-ку? Ахир, мен инидан тушиб кетган бир полапон эмасман-ку! Майли, шунақа полапон ҳам бўла қолай, майли, баланд майсалар орасида чалқанча ётганимча чийиллаб ётибман дейлик. Аммо чийиллашимнинг боиси шуки, мен биламан – мени очиб чиққан онам бор, - мени иситган, боққан, севган. Қани ўша онам? Агар мени ташлаб кетишган бўлсалар, ким ташлаб кетди? Кимдир мени яхши кўриб дунёга келтирганини мен ўз-ўзимдан яшира олмайман. Xўш, ана шу «кимдир» ким? – Яна Xудо!

«У менинг изланишларимни, тушкунликларимни, курашимни кўриб турипти. У - бор», - дейман ўзимга-ўзим. Бир лаҳзага буни эътироф этишим биланоқ менда ҳаёт жўш ура бошлайди ва мен яшаш имкони борлигини кўраман, яшаш қувончини ҳис қиламан. Аммо Xудонинг мавжудлигини эътироф этгандан кейин мен яна унга муносабатни излай бошлайман ва менга яна ўша Xудо, яратганимиз, уч қиёфадаги халоскор Ўғлини юборган Xудо намоён бўлади. Яна ўша дунёдан ташқаридаги, мендан ташқаридаги Xудо кўз ўнгимда муз парчасидек эриб битарди ва ундан ҳеч нарса қолмасди, яна ҳаёт булоғи қуриб қоларди ва мен қайтадан тушкунликка тушиб, ўзимни ўлдиришдан бошқа иложим қолмаганини ҳис қилардим. Энг ёмони шу эдики, мен буни ҳам қилолмаслигимга кўзим етиб турарди.

Икки марта эмас, уч марта эмас, мен ўнлаб, юзлаб марталаб, шу аҳволга тушдим – гоҳ шоду хуррам бўлиб қолар ва жон киргандай бўлардим, гоҳи яна яшаш имкони йўқлигини англаб, тушкунликка берилардим.

Эсимда бор – навбаҳор кезлари эди. Ёлғиз ўзим ўрмонда сайр қилиб юриб, ўрмон товушларини тинглардим. Ўрмон товушларини тинглардиму калламда ҳамон ўша - сўнгги уч йил мобайнида доимий равишда миямни банд қилиб келган ўй чарх урарди. Мен яна Xудони излардим.

«Яхши, ҳеч қанақа Xудо йўқ бўла қолсин, - дердим ўз-ўзимга. – Менинг тасаввуримдан ташқаридаги Xудо йўқ дейлик, аммо воқелик худди менинг ҳаётим каби. Ҳеч нарса, ҳеч қанақа мўъжиза бунақа нарсани исбот қилиб беролмайди, чунки мўъжизалар менинг тасаввурим доирасида, яна бунинг устига ақл бовар қилмайдиган нарса бўлади».

«Аммо менинг тасаввурим Xудо ҳақидами? Ўша ўзим излаётган Xудо ҳақидами? – деб сўрайман ўзимдан-ўзим. – Бу тасаввурнинг ўзи қаердан келиб қолди?» Бу фикр кўнглимга келиши билан яна менинг вужудимда ҳаётнинг хуррам тўлқинлари қўзғолди. Теварагимдаги ҳамма нарса жонланди, ҳамма нарса маъно касб этди. Аммо менинг шодлигим унча узоқ давом этгани йўқ. Ақл ўз ишини давом эттирарди. «Худо тушунчаси Xудо эмас, - дердим ўз-ўзимга. – Тушунча менинг дилимда содир бўладиган нарса. Xудо ҳақидаги тушунчани мен дилимда ҳосил қилишим ҳам мумкин, ҳосил қилмаслигим ҳам мумкин. Бу мен излаётган нарса эмас. Мен шундай нарсани излаяпманки, усиз ҳаётнинг бўлиши мумкин эмас». Шундан кейин теварагимдаги ва дилимдаги ҳамма нарса яна ўла бошлади ва мен яна ўз-ўзимни ўлдиргим келиб қолди.

Бироқ шу ерга келганимда мен ўзимга ўзим ўгирилиб қарадим, дилимда содир бўлаётган нарсаларга назар солдим, дилимда юзлаб марта содир бўлган ўлиб-тирилишларни эсладим. Мен фақат Xудога ишонган кезларимдагина яшаганимни эсладим. «Авваллари бўлгани каби ҳозир ҳам, - дердим ўзимга-ўзим, - Xудони тан олишим билан менга жон киради, яшай бошлайман, уни унуцам, унга ишонмай қўйсам, дарҳол ўла бошлайман. Бу тирилиш ва ўлишлар нима бўлсайкин? Ахир, Xудонинг мавжудлигига ишончимни йўқотган кезларимдаги ҳаётимни ҳаёт деб бўлмайди, Xудони топишимга ғира-шира умидим бўлмаганда эди, аллақачон ўзимни ўзим ўлдириб қўя қолган бўлардим. Мен фақат уни ҳис қилган чоғларимда, уни излаган чоғларимдагина чиндан ҳам яшайман. «Хўш, мен нимани излаяпман? – деб садо беради дилимдаги овоз. – Мана У. Усиз яшаб бўлмайди. Xудони танимоқ ва яшамоқ - айнан бир нарса. Xудо - ҳаётдир».

«Яша, Xудони излаб топ, шунда ҳаётинг Xудосиз бўлмайди». Шунда дилимдаги ва атрофимдаги нарсаларнинг ҳаммаси ҳар қачонгидан кучлироқ нурланиб кетди ва бу нур мени ортиқ тарк этмади.

Шу тарзда мен жонимга суиқасд қилишдан қутилиб қолдим. Мендаги бу инқилоб қачон ва қандай содир бўлганини айтиб беролмайман. Мендаги ҳаёт қудрати нечоғлик аста-секин, билинар-билинмас тарзда маҳв қилина борган бўлса ва мен яшашнинг иложи йўқлигига, ҳаётимнинг тўхтаб қолишига, ўз-ўзимни ўлдириш эҳтиёжига келган бўлсам, худди шу тарзда аста-секин, билинар билинмас тарзда менга ҳаёт қуввати қайтиб келди. Ғалати жойи шунда эдики, менга қайтган ҳаёт қуввати янги эмас, жуда эски ҳаётимнинг илк паллаларида мени ўзига жалб этган ўша қувват эди. Мен ҳамма нарсада аввалгиларига, болалигим ва ёшлигимдагига қайтдим. Мен мени барпо этган ва мендан нимадир истайдиган ифодага эътиқод қўйишга қайтдим; мен ҳаётимнинг бирдан-бир мақсади – асосий мақсади яхшироқ бўлмоқдир деган эътиқодга, яъни ўша ирода билан рози-ризоликда яшашга қайтдим; мен кўзимдан пинҳон бўлган олис тарихда бутун инсоният ўзига раҳнамо қилиб олиш учун бу иродани ишлаб чиққан деган тўхтамга қайтдим. Бошқача айтганда, мен Xудога эътиқодга, маънавий камолот сари интилишга ва ҳаёт маъносини ўзида элтувчи ривоятга қайтдим. Фақат фарқи шунда эдики, бир замонлар буларнинг ҳаммаси онгсиз тарзда қабул қилинганди, энди эса мен бусиз яшай олмаслигимни билар эдим.

Гўё мен бошимдан бундай воқеани кечиргандай эдим: эсимда йўқ - қачондир мени қайиққа ўтқаздилар, менга номаълум бўлган аллақандай соҳилдан мени йўлга равона қилдилар, бошқа соҳилга томон йўналишни кўрсатишди, менинг тажрибасиз қўлларимга эшкакни тутқазишди-да, мени ёлғиз қолдиришди. Мен билганимча эшкак эшиб, сузиб кетдим. Аммо ўртага етганим сари оқим тезлаша борди; оқим мени манзилдан бошқа томонга судрарди. Йўлда эса оқим ихтиёрига тушиб менга ўхшаб сар-сари сузаётган йўловчилар борган сари кўпроқ учрай бошлади. Эшкак эшишда давом этаётган ёлғиз йўловчилар ҳам бор эди. Эшкаклари қўлидан тушган йўлчилар ҳам бор эди. Одам лиқ тўла катта қайиқлар, зўр кемалар ҳам бор эди – уларнинг баъзилари оқимга қарши курашар, баъзилари эса ихтиёрларини бутунлай оқимга топшириб қўйишган эди. Мен сузиб борганим сари йўналиш бўйлаб қуйига, барча сузиб бораётган оқимга қарар эканман, менга берилган йўналишни кўпроқ унутардим. Оқимнинг қоқ ўртасида, қуйи томонга кетаётган кемалар ва қайиқлар қаторида мен йўналишни бутунлай йўқотиб қўйдим ва эшкакларни ташладим. Менинг теварагимда ҳар томонимдан елканли ва эшкакли қайиқларда йўлчилар шоду хуррамлик билан қийқиришиб қуйи томонга елиб боришар ва мени ҳам, бир-бирларини ҳам бошқа йўналишнинг бўлиши мумкин эмаслигига ишонтиришмоқчи бўлишарди. Мен уларга ишондим ва улар билан сузиб кетдим. Сузиб кетаверибман, кетаверибман. Жуда олислаб кетиб қолибман. Шу қадар олиски, шовваларнинг овозини эшитдим. Мен бу шовваларда тошларга урилиб нобуд бўлишим муқаррар эди. Шовваларда дабдаласи чиққан қайиқларни кўрдим. Бирдан ҳушим жойига келди. Анча вақтгача менга нима бўлганини, қанақа аҳволга тушиб қолганимни аниқлаёлмай турдим. Мен қаршимда ҳалокатдан бошқа нарсани кўрмас эдим. Мен шу ҳалокат сари елиб-югурибман, ундан жуда қўрқар эдим ва ҳеч қаерда ундан қутилиш чорасини кўрмасдим, нима қилишимни билмай қолган эдим. Аммо орқамга ўгирилиб қараб, ҳормай-толмай оқимни ёриб келаётган сон-саноқсиз қайиқларни кўрдим, соҳил эсимга тушди, эшкакларни, йўналишни эсладим ва орқага – оқимга қарши соҳил томонга суза бошладим.

Соҳил – Xудо эди, йўналиш – ривоят эди, эшкаклар – менга берилган эрк эди. Мен уларнинг ёрдамида соҳилга – Xудонинг жамолига эришмоққа сузмоғим керак эди. Шундай қилиб, менда ҳаёт қудрати қайта тирилди ва мен яна яшай бошладим.


Буюк Адибнинг Иқрорномаси

Бундан бир неча йил муқаддам биз бир гуруҳ ижодкорлар Қашқадарё вилоятидаги Муборак газни қайта ишлаш заводига бордик. Бизни завод директори Нуриддин Зайниев кутиб олди. У хўжалик ходими бўлса-да, қадди-басти, шинамгина костюм-шими, бўйинбоғи, шляпасига қараганда ростмана зиёлига ўхшарди. Айниқса, кўзларида чақнаб турган теран маънодорлик, чеҳрасидаги нурафшонлик дафъатан одамни ўзига маҳлиё этарди. Унинг раҳнамолигида чўли биёбоннинг қоқ ўртасида эртаклардаги паҳлавонлардек қад кўтарган улкан иншоотни айланиб чиқдик. Зайниев заводни ипидан-игнасигача билар экан – унинг тарихини, қандай ишлашини, нима маҳсулот беришини, республика иқтисодиётида қандай ўрин эгаллашини, бугун қандай муаммолари борлигини чуқур бир ифтихор билан гапириб берди. Аслини олганда ҳам ҳар қанча ифтихор қилса арзирди – заводнинг қурилиши анча аввал бошланган бўлса-да, Ўзбекистон мустақиллик касб этгандан кейингина қурилиш ниҳоясига етибди, завод тўла куч билан ишлай бошлабди. Буни қарангки, у ўзининг кўлами ва қудратига кўра бутун дунёдаги энг етук ўнта газни қайта ишлаб чиқарувчи заводнинг бири бўлиб қолипти. Суҳбатимиз кечқурун дастурхон теварагида давом этди. Бу гурунгда мен Нуриддин Зайниевни батамом бошқа жиҳатдан кашф этиб, лол қолдим – энди у шунчаки ўз касбини мукаммал билган замонавий инженер сифатидагина эмас, жуда кўп ўқиган, оламшумул фалсафий муаммолар ҳақида ўйлайдиган мутафаккир, донишманд одам сифатида кўринди. У айниқса, улуғ адиб Л.Н.Толстой ҳақида ҳаяжонланиб гапирарди. Унинг бир асари ички дунёсини ағдар-тўнтар қилиб юборибди. Унда инсон ҳаётининг маъноси ҳақида ибратли гаплар ўртага ташланган экан:
— Ўшандан бери ўйлайман, - деди Нуриддин. Ҳақиқатан ҳам инсон ҳаётининг маъноси нима? Инсон туғилади, улғаяди, берилган муддатни яшаб бўлиб, оламдан ўтиб кетади. Xўш, унинг вафоти билан ҳаётининг маъноси ҳам йўқолиб кетадими?
— Сиз Толстойнинг «Иқрорнома»сини айтяпсиз-да? – деб луқма ташладим мен.
— Ҳа, ҳа, ўқиган экансиз, - Нуриддин тилини ва балки дилини тушунадиган суҳбатдош топилганидан мамнун бўлди. – Шу китобни бир замонлар ўқиган эдим, шундан бери излайман. Топиб бўлармикин-а?

Китобни излаганча бор эди – китоб Толстой ҳаётлигида черковнинг таъқиқига учраган ва жуда кам босилган эди. Шўро замонида эса бу асар фақат бир марта – 1928 йилда адиб таваллудининг 100 йиллиги билан атиги минг нусхада чоп этилган, «Мукаммал асарлар тўплами»га киритилган эди. Кейин ошкоралик замонлари келиб, 1991 йилда яна бир марта босилган эди. Шу китоб менда бор эди.
— Менга шундан нусха кўчириб жўнацангиз жуда миннатдор бўлардим. Умуман, нега шунақа асарларни таржима қилиб чиқармайсизлар?

Нуриддин Зайниевдаги буюк адиб ижодига қизиқиш ўткинчи ва тасодифий эмаслигини кўриб, бошим осмонга етди. Бунинг боиси бор, албатта.

Инсоният тарихида ўтган адибу шуарони санаб ҳисобига етиб бўлмайди, аммо уларнинг камдан-ками одамларнинг маънавий ривожида салмоқли из қолдирган. Шундайлардан бири Лев Николаевич Толстойдир. Унинг оламдан ўтганига салкам бир аср бўляпти. Шу муддат мобайнида унинг оламшумул шуҳрати орца ортдию, сира камайгани йўқ. Бугун бутун ер юзида – ҳамма қитъаларда, ҳамма мамлакатларда унинг асарлари, оташин хитоблари, ўйлари етиб бормаган жой қолмади, десак хато бўлмайди. Ҳар хил ирқдаги, ҳар хил ижтимоий табақага мансуб, ҳар хил эътиқодларга эга одамлар ўз ҳаётларининг мушкул ва мураккаб дамларида Толстой асарларига, унинг бой ва кўп қиррали ижодига мурожаат қиладилар ва ундан маънавият сабоқларини оладилар. Замонлар айланиб ҳаётидаги жуда кўп нарсалар эскириб кетган бўлса-да, бизни қуршаб олган муҳит, ашёлар дунёси тубдан янгиланган бўлса-да, ҳатто, кўпгина анъанавий қадриятлар ўрнини янги қадриятлар, янги тушунчалар, янги эътиқодлар эгаллаётган бўлса-да, ҳаётлигидаёқ «Инсониятнинг устози» сифатида танилган Толстойнинг маънавий сабоқлари мутлоқ эскиргани йўқ. Ўзбеклар ҳам бу улуғ адибни асарлари билан асримиз бошидаёқ танишган эдилар. Толстойнинг болалар учун яратган масаллари, эртаклари, жажжи ҳикоялари ўзбек тилидаги илк дарсликларга киритилган. Айрим ўзбек зиёлилари эса адиб асарларини ўқиш асносида туғилган фикр-мулоҳазаларини бевосита Толстойнинг ўзига ёзиб юборишган ва ундан жавоб ҳам олишган. Ҳозирги кунда деярли ҳамма бадиий асарлари ўзбек тилига ағдарилган ва аллақачон ўзбек китобхонининг кўнгил мулкига айланиб қолган. Лекин шунга қарамай биз бугун Толстой ҳақида, унинг бой, серқирра ва мураккаб шахсияти тўғрисида тугал тасаввурга эгамиз деб айта олмаймиз. Толстойнинг кўплаб фалсафий, ахлоқий, ижтимоий, сиёсий, адабий-танқидий асарлари ҳали-ҳануз ўзбек китобхонларининг назаридан четда қолиб келмоқда. Бу билан биз ўзимизнинг ҳазрат Толстой шахсиятининг янги қирралари билан танишувдан оладиган жуда катта маънавий бойликдан маҳрум қилиб келмоқдамиз. Шунинг учун бир замонлар «дод саси» келган Қарши чўлининг қоқ ўртасида қад кўтарган том маънодаги замонавий саноат корхонасининг етакчиси «Иқрорнома»дан баҳс юритар экан, демак, ўзбек зиёлиларининг бугунги тафаккурида муайян силжишлар рўй берган экан-да! Улар ҳам умумжаҳон тафаккурининг орбитасида ўз ўринларини излай бошлабдилар-да! Бутун инсониятни жавоб излашга мажбур қилиб келган, ўйлашга, баҳс юритишга, изланишга ундаган «малъун саволлар» эндиликда ҳамма ўзбек зиёлиларининг бўлмаса ҳам-ку, айримларининг олдида кўндаланг бўла бошлапти-да! Ахир, бунга қувонмасдан бўладими?

«Иқрорнома» ҳасби ҳол жанрида ёзилган асар. Жаҳон адабиётида бунақа асарлар унчалик кўп эмас. Энг машҳурлари – Жан Жак Руссо, Оскар Уайлъд каби ёзувчиларники. Уларнинг барида муаллифлар ўз ҳаётлари мисолида инсон фаолиятининг энг мураккаб жиҳатларини ёритадилар. Лекин улар биографик ёхуд мемуар асар эмас. Толстой «Иқронома»сининг энг муҳим фазилати шундаки, у асарда қайси муаммо ҳақида баҳс юритмасин ҳамиша бу муаммоларини ўз ҳаёти мисолида таҳлил қилган ва бирор ўринда самимиятдан чекиниб мақтанчоқликка, манманликка, ўзни пардозлаб кўрсатишга уринган эмас. Мана, қуйидаги парчага эътибор беринг: «Мен урушда одам ўлдирганман, ўлдирмоқ ниятида дуелга чақирганман, тасарруфимдаги мужикларни картага бой берганман, уларнинг меҳнати эвазига яшаганман, уларни қатл этганман. Ёлғончилик, ўғирлик, ҳар хил рангдаги зинокорлик, ичкиликбозлик, зўравонлик, қотиллик... Мен қилмаган жиноят қолган эмас...» Бу парчани ўқиган ўзбек китобхони, албатта, ёқа ушлайди: «Ё алҳазар! Шу ўзимиз билган, соясига салом бериб келган улуғ адибми? Роса бўлган экан-ку! Вой соқолинг кўксингга тўкилгур – эй!» Бундай дейишимизга сабаб шуки, биз («биз» деганда ўзим тенги авлодни назарда тутаяпман) юзаки фикрлашга ўрганганмиз, биз учун фақат оқ ва қора рангларгина мавжуд, биз ҳар қандай одамни баҳолаганда ҳам ё уни мақтаб, фариштага айлантириб юборамиз, ёхуд қоралаб қарғаб, қора ерга киритиб ташлаймиз. Ўрталиқни тан олмаймиз, ҳар қандай инсон ҳам, биринчи навбатда, банда эканини ва банда сифатида адашиш ҳуқуқига эга эканини унутиб қўямиз. Толстой улуғ эди, лекин у айни чоғда инсон ҳам эди ва айни шу жиҳати билан у бошқа инсонларга яқин туради. Кўринадики, «Иқрорнома» юксак самимияти билан, ўзи ҳақида ўта шафқациз қалам тебратиш биланоқ бизга инсон тўғрисида фикр юритганда бир томонламаликка йўл қўймаслик зарурлигини, масаланинг ҳамма қирраларига бирдай эътибор билан қараш кераклигини ўргатади. «Иқронома»нинг яна бир фазилати муаллиф фикрларининг ғоятда ўткирлигида. У ҳар гал бетакрор бир синчковлик билан масаланинг моҳиятигача етиб боришга ҳаракат қилади ва натижада китобхон илгари кам эътибор берган жиҳатларни очиб, уни янада қизиқтириб, ўз ортидан етаклайди.

«Иқрорнома»ни муаллиф 1879 йилда, яъни 51 ёшида ёза бошлаган, лекин унинг мазмуни ҳақида, асарда қўйилган ахлоқий-маънавий ва фалсафий масалалар тўғрисида камида 20 ёшидан ўйлай бошлаган. Демак, асар дафъатан туғилган, бирдан эсга тушиб қолган, фикр-мулоҳазаларга асосланган эмас. Эҳтимол, шунинг учундирки, у бугунги китобхон учун ҳам ғоятда ардоқли, унинг маънавий янгиланишида ғоятда сезиларли тиргак бўладиган асардир.

Озод Шарафиддинов,
Ўзбекистон қаҳрамони