OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЛола Насруллоҳ
Асар номиКўнгил таълимоти
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Лола Насруллоҳ
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Мақолалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм9KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
"Ҳуррият" газетасидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Кўнгил таълимоти
Лола Насруллоҳ

Инсон қалбини кўзгуга ўхшатишади. Агар уни тез-тез артиб, поклаб турсанг ялтирашидан дилинг қувнайди. Акси бўлса, занг босиб, қаровсиз ҳолга келади. Қалбнинг покланиши худди ялтираган кўзгу каби. У ғуборлардан, ёвуз иллатлардан, ёмон хулқлардан тозаланмаса, занглайди...

Тасаввуф таълимотида нафс тарбияси ҳақида жуда кўп гапирилади. Негаки, кўнгилни поклаш фақат нафс тарбияси билан амалга ошади.

Жаноби Ҳақ Марям ўғли Исога: «Эй, Исо! Аввало ўз нафсингга ўгит бериб кўр, агар бу ўгитнинг фойдасини кўрсанг, бошқаларга ҳам ўгит бер, йўқса, Мендан уялгин» — деб буюрди (Дайламий Абу Мусо ҳазратларидан ривоят этган).

Инсон аввал ўз қусурини кўриб, уни тузатиб, кейин атрофга назар ташласа, «Мўмин мўминнинг кўзгуси» дейилган ҳадиснинг маъносига тушунади. Демак, биродарингда кўринган қусур уники бўлмай, ўзингнинг қусурингдир. Аллоҳ бир биродаринг ёрдамида сени огоҳлантиряпти.

Инсоннинг нафси тарбиялангани сари унинг хулқи гўзаллашаверади. Тарбия олганингиз сайин эса, ўзингиздан нафратланасиз, холос. Чунки инсонда қусурлар, камчиликлар шу қадар кўпки...

«Ислом, Тасаввуф ва Ахлоқ» номли китобдан иқтибос: «Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: — Охир замонда фитналар бўлади, — дейдилар.
— У пайтда нима қиламиз? — деб сўрайдилар.
— Уйингизда беркиниб, аралашманг! — дейдилар. Яъни, мусулмонлар орасида тортишув, шовқин-сурон бўлади.
—Хўп, уйимизга келсаларчи?...
— Ҳазрати Одамнинг яхши фарзандлари каби бўлинг! — дедилар.

Хайрли, яхши авлоди қайсиси? Ибодати қабул бўлгани... Қўл кўтарманглар, бир-бирларингиз билан тўқнашманглар! — дейдилар. Исломнинг тарбияси будир. Амалга ошириш айри масала. Чунки мусулмонлик гўзал, мусулмонлар эса жуда қусурли, нуқсонлидир...»

Дарҳақиқат, Ислом жуда гўзалдир. Биз ундаги гўзалликларни тасаввуф таълимоти орқали янада теранроқ англаймиз. Бу таълимот вакиллари Xожа Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратлари, Мавлоно Жалолиддин Румий, Абдулқодир Гилоний каби азиз инсонлардир. Улар хушахлоқ, фидойилик билан барчанинг муҳаббатини қозонганлар.

Бугун ён-атрофимизда содир этилаётган жоҳилона ҳаракатлар негизида том маънода маърифацизлик ётмайдими? Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, исломий ҳақиқатлар тасаввуфий таълим асосида тушунтирилиши лозим. Чунки тасаввуфсиз маърифат ва ҳақиқат қарор топмайди. Инсон жоҳил эмас, Аллоҳни таниган, маърифатуллоҳга эришган, ориф бўлган бир киши бўлиши керак. Ирфон ва маърифатуллоҳ ҳам, нафс тарбияси ҳам, тақво ва ихлос ҳам барчаси тасаввуфнинг асосий масалаларидандир, дея уқтирадилар тариқат пешволари.

Мавлоно Жалолиддин Румийнинг «Ичингдаги ичиндадир» номли асарида бир ибратли воқеа бор. Ушбуни келтиришдан мақсад, айни пайтда ўзларини мўмин-мусулмонман, дея даъво этаётганларнинг баъзиларида маънавий ҳолни кўрмайсиз, ҳаттоки улар суҳбатидан файз ҳам олмайсиз. Нега? Инсонда нафс тарбияси бўлмас экан, у ўзини кўкларда кўради. Тўғри, илми бор, нутқи гўзал, лекин ахлоқичи? — Ким илм ўрганиб, унга амал қилмаса, илм фақат унинг кибрини зиёда қилади, — дейдилар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу. Xуллас, воқеа бундай баён этилади: «Усмон розияллоҳу анҳу минбарга чиқди ва халқ: «Ажабо, у не дер экан?»— дея кутди. Бироқ Усмон индамади. Ақалли бир сўз ҳам айтмади, фақат боқди ва халқда шундай бир ҳол пайдо қилдики, ташқарига чиқишга уларда мадор қолмади. Шу вақтгача қилинган юзлаб зикр, ваъз ва хутбалардан халқда бундай ҳол ҳосил бўлмаган эди. Ҳамда улар бундай ҳол соясида ўзлари учун фойда ва сирларни ҳеч қачон бунчалик кўп кашф этмаганди. Йиғин сўнггига қадар Усмон гапирмади. Фақат минбардан инмоқчи бўлгандагина: «Сиз учун фаол имон маҳмадона имондан хайрлидир» (ҳадис) — дея буюрди. У ҳақ гапни айтди. Чунки сўз айтмоқдан мақсад бир фойда бермоқ, қалбга таъсир этмоқ, ахлоқни ўзгартирмоқ ва ҳоказо яхшиликлар қилмоқдир. Ҳолбуки, Усмон лом-мим демасдан гапирган вақтидагидан кўпроқ фойда келтирди. Шунинг учун унинг айтгани тамоман савобдир.

Усмон ўзини фаол деди. Ҳолбуки, минбарда экан, кўз билан кўриш мумкин бўлган бирон иш қилмади. Намоз қилмади, ҳажга бормади, садақа бермади, зикр этмади ва, ҳатто, хутба ўқимади. Демак, амал ва феъл фақатгина бу кўринган ҳаракат ва фаолиятдан иборат эмас. Булар, балки у амалнинг суратидир ва у (амал) жондир. Мустафо: «Менинг ашобим юлдузларга ўхшайди, уларнинг қайси бирига эргашсангиз ҳам ҳидоятга эришасиз» (ҳадис) дея буюрадилар. Инсон юлдузга қараб йўлини топади. Лекин юлдуз унга бирон нарса дейдими? Йўқ, асло! Киши юлдузга боқиб, тўғри йўлни хатолардан ажратиб олганидек, валийларга қараб ҳам мақсадига етишади. Валийлар уни вуслат манзилига олиб борурлар».

Аллоҳ таоло бизларга мустақилликни неъмат қилиб берди. Бу неъматдан ўзини мусулмон санаган ҳар қандай инсон эса ҳамиша шукрда бўлади, Аллоҳдан қўрқади. Пайғамбаримиз бундай дуо қилар эканлар: «Ё Раббим, менга ҳақни ҳақ ўлароқ кўрсат ва унда яшашни насиб эт. Ботилни ботил ўлароқ кўрсат ва ундан қочмоқни насиб эт».

Ҳаёт мураккаб ва ўта нозик. Бу дунёда яшашни ҳам гўёки қиёматдаги сирот кўпригига ўхшатгим келади. Чунки ҳақ билан ботилни билмаслик оқибатида инсон нималар қилиб қўяётганини билмайди. Буларни бир-биридан ажратиб олиш учун ҳар томонлама илм-маърифатли бўлиш, бу кун талаби.