OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЛоуренс Блок
Асар номиБир сўзга минг доллардан (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Криминал беллетристика
Муаллифлар
   - Лоуренс Блок
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонДилшодбек Асқаров (рус тилидан)
Ҳажм18KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/18
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бир сўзга минг доллардан (ҳикоя)
Лоуренс Блок

Муҳаррирнинг исм-шарифи Уоррен Жукс эди. Бўйи баланд, бармоқлари узун, боқишлари жиддий. Чакка сочлари оқара бошлаган. У одатдагидек стол ортида, урф бўлган костюм-шимда ўтирарди. Треватен унинг олдида худди ҳозиргина инидан чиққан айиқдек кўринарди.

-Ўтир, Жим,-илжайди Жукс.-Сени кўришдан доимо хурсандман. Фақат «янги ҳикоя олиб келдим» дема. Сенга ҳайрон қоламан. Ҳикояни худди дарахтни силкитиб териб олаётгандек жуда тез олиб келасан. Фояни қаердан оласан? Менимча, бунақа саволларга жавоб беравериб чарчаган бўлсанг ҳам керак.

Треватен ҳақиқатан ҳам чарчаганди, лекин бир хил саволга жавоб бераверишдан эмас.

-Йўқ, Уоррен. Янги ҳикоя ёзмадим.

-Наҳотки?

-Сен билан охиргиси ҳақида гаплашгани келдим.

-Кеча бу ҳақда гаплашгандик-ку,-Жукснинг юзида ҳайрат ифодаси пайдо бўлди.-Телефонда. Ҳикоянг ёққанини, журналимизда босишимизни айтдим. Номи нима эди? Қандайдир сўз ўйини эди, эсимдан чиқиб қолибди.

-«Сиртмоқдаги жиноятчи»,-эслатди Треватен.

-Ҳа-ҳа. Ажойиб сарлавҳа, яхши сюжет ва моҳирона ифода. Муаммо нимада?

-Пулда,-деди Треватен.

-Пул керак бўлиб қолдими?-жилмайди муҳаррир.-Яхши, бугуноқ ҳисоб ёзиб бераман. Келаси ҳафтанинг бошида чекни оласан. Афсуски, бундан ортиқ ёрдам беролмайман.

-Мен пулнинг қачон тўланишини айтмаяпман,-деди Треватен.-Миқдорини айтмоқчиман. Ҳикоям учун қанчадан тўлайсан, Уоррен?

-Ҳар доимгидек. Унда нечта сўз бор? Уч мингтами?

-Уч ярим мингта.

-Демак, беш тсентдан уч ярим мингта... Бир юз етмиш беш бўлади, шундайми?

-Ҳа.

-Келаси ҳафтанинг бошида шунча пул учун чек оласан. Агар истасанг, чекни менга келтириб беришлари билан сенга қўнғироқ қилиб қўяман. Почта уйингга олиб бориб беришини икки кунлаб кутиб ўтирмайсан.

-Бу кам.

-Тушунмадим.

-Нархини айтяпман,-Треватеннинг оғзидан бу сўзлар зўрға чиқди. Жукснинг хонасига келгунча у суҳбатлари қандай тарзда бўлишини хаёлан пишитиб олган, ўшанда сўзлар оғзидан осонлик билан чиққанди.-Менга кўпроқ тўлашинг керак. Битта сўз учун беш тсент... Ахир бу арзимаган чақа-ку.

-Биз шунчадан тўлаймиз, Жим. Доим шунақа тўлаганмиз.

-Тўғри.

-Унда нимадан норози бўляпсан?

-Сизларга қанчадан бери ёзаман, Уоррен?

-Бир неча йилдан бери.

-Йигирма йилдан бери, Уоррен.

-Наҳотки?

-Ўтган ойда сенга биринчи ҳикоямни сотганимга йигирма йил бўлди. Икки минг икки юзта сўз бор эди. Менга бир юз ўн доллар тўлагансан.

-Нима, ёмонми?

-Мен йигирма йилдан бери ёзаман ва ўша пайтда қанча олган бўлсам, ҳозир ҳам шунча оламан. Ҳамма нарсанинг нархи ошяпти, менинг даромадим эса ўзгаришсиз қоляпти. Биринчи ҳикоямни ёзганимда битта сўзим учун олган беш тсентга шоколад сотиб олишим мумкин эди. Сен шоколад сотиб олмаганингга анча бўлибди, шекилли, Уоррен?

Жукс қорнига ишора қилди.

-Агар шоколад есам семириб кетаман.

-Ҳозир шоколад қирқ тсент туради. Ўттиз беш тсентлилари ҳам бор. Мен эса ҳали ҳам битта сўзимга беш тсент оляпман. Шоколадни қўя турайлик.

-Майли.

-Кел, журнал ҳақида гаплашамиз. Йигирма йил олдин журнал газета дўконида неча пул турарди?

-Адашмасам, ўттиз беш тсент.

-Адашяпсан. Йигирма икки тсент. Ўттиз беш тсентга олти ойдан кейин чиққан. Кейин эллик, олтмиш, етмиш беш бўлди. Ҳозир қанча туради?

-Бир доллар.

-Сен эса муаллифингга ҳали ҳам бир сўз учун беш тсентдан тўлаяпсан. Сенда виждон борми, Уоррен?

Жукс оғир уф тортди, столга тирсагини тираб, кафтларини бирлаштирди.

-Жим, сен бир нарсани унутиб қўйяпсан. Журнал ҳозир бундан йигирма йил олдингичалик даромад келтирмаяпти. Ростини айтсам, ундан ҳам оз. Сен қоғознинг нархи қанчалик кўтарилиб кетганини биласанми? Қоғоз билан шоколадни солиштирадиган бўлсак, уларнинг нархи ўзгармаган дейиш мумкин. Босмахона харажатлари-чи? Тарқатиш харажатлари? Сенга эшитиш қизиқарсиз бўлган бошқа чиқимлар. Сен бир дона журнал бир доллар эканлигини кўриб бизни пулга кўмилиб кетишяпти деб ўйлайсан, аслида ундай эмас. Йигирма йил олдин бизга яхшироқ эди. Даромад зўр эди.

-Лекин битта нарсанинг, энг асосийсининг нархи ўзгармасдан қолди.

-Ниманинг?

-Журналнинг мазмуни учун сен тўлаётган пулларнинг. Ўқувчилар сендан сотиб олаётган нарсанинг. Ҳикояларнинг. Сюжет ва қаҳрамонларнинг. Диалогларнинг. Сўзларнинг. Улар учун сен бундан йигирма йил олдин қанча тўлаган бўлсанг, ҳозир ҳам шунча тўлаяпсан. Бу борадаги харажатларинг бир тсентга ҳам ошгани йўқ.

Жукс ручкасини олиб айлантира бошлади. Треватен ўз харажатлари ҳақида гапирди: коммунал тўловлар, озиқ-овқат... У жим бўлгач, Жукс сўз қотди.

-Талаб ва таклиф, Жим.

-Нима, нима?

-Талаб ва таклиф деяпман. Мен учун журналга материал топиш қийин деб ўйлайсанми? Мана бу қўлёзмаларни кўряпсанми? Буларнинг ҳаммаси бугун келган. Ўнтадан тўққизта ҳикоя ҳаваскорлар томонидан ёзилган. Улар ижод намунаси журналда чиқиши учун қалам ҳақидан воз кечишга тайёр. Қолган ўн фоиз ҳикоя маҳоратли қаламкашларники, аммо улар ҳар бир сўзи учун беш тсентдан тўлаганимга ҳам хурсанд бўлишади. Қўлёзмаларини қайтармаганимга шукр қилишади. Сен эса, Жим, нима олиб келсанг ҳам сотиб оламан. Менга ҳикояларинг ёқади, аммо бу ягона сабаб эмас. Сен биз билан йигирма йилдан буён ишлайсан, биз эса қадрдонларимизни эъзозлаймиз. Сен нархни оширишимни хоҳлаяпсан, аммо бунинг иложи йўқ. Биз ҳеч кимга ҳар бир сўз учун беш тсентдан ортиқ тўламаймиз. Биринчидан, харажатни кўпайтиришга йўл қўёлмаймиз, иккинчидан муаллифларга кўп пул тўлашга зарурат ҳам йўқ. Нархни оширгандан кўра ҳикоянгни қайтариб берганим осонроқ. Бошқа иложим йўқ.

Треватен жим қолди. У яна бир нечта савол беришни ўйлади. Масалан, муҳаррирнинг ойлиги неча баробарга ошди. Аммо фойдаси йўқ эди. Унинг олдида иккита йўл бор эди: ҳар бир сўзи учун беш тсентдан ёзиш ёки умуман ёзмаслик. Жукс мунозарага нуқта қўйди.

-Жим? Бухгалтерияга ҳисоб варағини берайми ё «Сиртмоқдаги жиноятчи»ни қайтариб олиб кетасанми?

-Олиб кетиб нима ҳам қилардим. Йўқ, ҳар бир сўз учун беш тсентдан оламан.

-Агар кўпроқ тўлашга имконим бўлганида эди...

-Тушунаман.

-Сизлар касаба уюшмаси ташкил қилишингиз керак. Бирлашинглар. Ёки яна бошқа бирор нарса ёз. Молиявий аҳволимиз яхшимас, агар муаллифларга қалам ҳақини кўпроқ берадиган бўлсак, журнал аллақачон ёпилиб кетган бўларди. Кўпроқ пул тўланадиган бошқа жанрлар ҳам бор-ку.

-Мен йигирма йилдан буён детектив ҳикоялар ёзаман, Уоррен. Бошқаси қўлимдан келмайди. Ўзига яраша обрўим бор.

-Албатта. Шунинг учун ҳар сафар ҳикоя олиб келганингда суюнаман. Бу журналда муҳаррир мен эканман, сенинг ҳар бир ҳикоянгни сотиб оламан.

-Ҳар бир сўзини беш тсентдан.

-Энди...

-Биламан, ҳаммаси сенга боғлиқмас, Уоррен. Фақат, қадримга ачинаман.

-Сен айтдинг, мен тушунтирдим,-Жукс ўрнидан турди.-Бу ёғини ўзинг биласан. Уйингга бориб бирор нарса ёз. Мен сенга яна битта чек ёзиб бераман. Даромадни кўпайтиришнинг йўли бор. Маҳсулдорликни ошир. Кўпроқ ижод қил.

-Яхши фикр,-бош силкиди Треватен.

-Албатта. Балки бошқа жанрда ёзиб кўрарсан? Фаолият доирасини кенгайтиришнинг кечи йўқ.

-Буниям ўйлаб кўраман,-деди Треватен.

«Бир сўз учун беш тсентдан».

Треватен ёзув машинкаси рўпарасига ўтирди ва оппоқ вараққа қаради. Бир ўрам қоғознинг нархи йилига бир доллардан ошиб борар, сифати эса йилдан-йилга ёмонлашарди. У терадиган сўздан бошқа ҳамма нарсанинг нархи ошиб борарди. Унинг терган ҳар бир сўзи учун беш тсентдан беришарди.

Жукс фаолият доирасини кенгайтиришни маслаҳат берганди. Айтишга осон. У илгари ҳам ҳаракат қилиб кўрганди, аммо фақат детектив ҳикоя ёзиш қўлидан келарди, холос. У роман ёзишга уриниб кўрди, аммо ярмига етганда ҳафсаласи пир бўлди. Уни фақат ҳикоялари боқарди, лекин...

У чекдан чеккача яшашдан, ҳикоя кетидан ҳикоя ёзишдан тўйди. Бунинг устига, бир сўзи учун беш тсентдан ортиқ пул ололмаслиги ҳақидаги фикрдан унинг кўнгли айнирди.

Унга қанчадан тўлашлари керак?

Агар бир сўзига йигирма тсентдан тўлаганларида, у қалам ҳақига бундан йигирма йил олдин нечта шоколад сотиб олган бўлса, ҳозир ҳам шунча сотиб олган бўларди. Йигирма йиллик ижодкор сифатида у бундан кўпроқ пул олишга арзийди. Айтайлик, бир доллардан. Аммо миқдори олти хонали рақам билан ёзиладиган қалам ҳақи оладиган ёзувчилар ҳам бор.

Бир сўзга минг доллардан.

Бу фикр унинг миясида яшиндек чақнади ва бармоқлари беихтиёр шу сўзларни терди. У варақдаги сўзларга тикилиб қолди.

«Бир сўзга минг доллардан».

Нимага у бир сўзи учун минг доллардан ололмайди? Нима учун ўзини бошқа соҳада синаб кўрмаслиги керак?

Нима учун?

У варақни машинкадан чиқариб олди, ғижимлаб, ахлат челакка ташлади. Оппоқ варақ қўйиб, унга узоқ тикилиб турди, ўйланди. Ниҳоят, ёзишни бошлади.

Треватен ҳикояларини камдан-кам ҳолларда қайта ёзарди. Бир сўзи учун беш тсентдан олгани учун бунга улгурмасди. Бундан ташқари, муҳаррирни илк қоралама ҳам қониқтирарди. Аммо ҳозир у бошқача ҳолатда эди. Бир нечта сўз ёзилган варақлар бирин-кетин ахлат челакка ташланди.

Тўртинчи ёки бешинчи марта ёзганини ўқиб кўргач, у қоғозни машинкадан чиқариб, яна бир марта ўқиди. «Жуда соз,-деди у ичида.-Ортиқча сўз йўқ».

У телефонни олиб, Жукснинг рақамини терди.

-Уоррен? Маслаҳатингга амал қилдим.

-Яна битта ҳикоя ёздингми? Хурсандман.

-Йўқ. Ўзимни бошқа соҳада синаб кўрмоқчиман.

-Баракалла. Менимча, бу сенинг қўлингдан келади. Каттароқ нарсага қўл урдингми? Романми?

-Йўқ, жудаям қисқа.

-Яхши тўлашадими?

-Албатта. Ҳар бир сўзимга минг доллардан олишни мўлжаллаяпман.

-Минг…-Уоррен хохолаб кулди.-Нима демоқчилигингни тушунмадим, лекин омад тилайман. Ҳазил туйғусини йўқотмаганингдан хурсандман.

Треватен яна қоғоздаги матнга қаради.

«Ёнимда тўппонча бор. Марҳамат қилиб, мана бу халтага ўн, йигирма ва эллик долларлик пуллардан жами ўттиз минг долларни жойланг. Акс ҳолда пешонангиздан дарча очиб қўйишимга тўғри келади. Мен ҳазиллашаётганим йўқ».

-Ҳа, ҳазил туйғусини йўқотганим йўқ,-деди у ўзига ўзи.-Нима қилмоқчилигимни биласанми, Уоррен? Банкка етиб боргунимча куламан.