OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЛоуренс Блок
Асар номиБу киши ўлса (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Криминал беллетристика
Муаллифлар
   - Лоуренс Блок
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонДилшодбек Асқаров (рус тилидан)
Ҳажм28KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/18
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бу киши ўлса (ҳикоя)
Лоуренс Блок

Кечки пайт Эдгар Крафт Саратогдаги тўртинчи йўлда иштирок этаётган Чипор Тасма лақабли отга икки юз доллар тикди. Шейла лақабли от ғолиб бўлиши тахмин қилинганди, аммо у биринчи бурилишда муваффақиятсизликка учради ва Чипор Тасма маррага яқинлаша бошлади. Крафт эндигина ютган пулини ҳисоб-китоб қилмоқчи эди, аммо Чипор Тасма сакраб чопишга ўтди ва у маррага етиб келганидан сўнг пойгадан четлатилди. Крафт бор пулидан айрилиб уйига қайтди.

Табиийки, эрталаб унинг кайфияти жуда ёмон эди. Кутилмаганда шу мактуб келиб қолди. У ҳаммаси бўлиб олтита хат олганди. Дастлабки бештаси у ҳали-бери тўлай олмайдиган тўлов талабномалари эди. Шунинг учун уларни бошқа талабномалар турган тортмага ташлади. Олтинчи хатжилддан эса унинг бахтига талабнома ҳам, кредитга олинган автомобили ва мебелини мусодара қилиш ҳақидаги огоҳлантириш ҳам чиқмади. У ўртасида бир нечта сўз ёзилган варақни ўқиди. Унда дастлаб кимнингдир исм-шарифи ёзилганди:

«жаноб ЖОЗЭФ Г. НАЙМАНН».

Пастда эса қуйидаги сўзлар бор эди:

«БУ КИШИ ЎЛСА, СИЗ БЭШ ЮЗ ДОЛЛАР ОЛАСИЗ».

У ҳозир ҳазил кўтарадиган аҳволда эмасди. Бутун пойга давомида олдинда борган от маррага етай деганда сакраб чопса одамнинг кайфияти албатта тушади. У варақнинг орқа томонига қаради. Иккинчи тарафида ҳеч нарса ёзилмаганди. У хатни яна бир марта ўқиди. Хатжилдни олди. Фақат унинг исм-шарифи ва манзили билан маҳаллий почта бўлимининг муҳри бор холос. Крафт аҳмоқона ҳазил қилган нотанишни бўралаб сўкди ва хатжилдни бурда-бурда қилиб ахлат челакка ташлади.

Кейинги ҳафта давомида у бу ғалати мактуб ҳақида эсламади ҳам. Ўзининг муаммолари етарли эди. У ҳеч қандай Жозеф Г. Найманни танимас, шунинг учун унинг ўлимидан кейин беш юз доллар олишига умид қилмасди. У бу мактуб ҳақида хотинига индамади. Бундай кутилмаган мерос ҳақида қарзни сўраб қўнғироқ қилган «Суперфинанс» уюшмаси ходимига ҳам лом-мим демади.

У ойлик маоши харажатларига етмаслиги ҳақида ўй сурганча ишга бориб-келишда давом этди. Икки марта пойгага борди. Бир марта ўттиз доллар ютди, иккинчисида йигирма уч доллар ютқазди. У Жозеф Г. Найманни бутунлай унутиб юборди.

Шунда иккинчи мактуб келди. У шошиб-пишиб хатжилдни очди. Букланган варақни олди. Стол устига эллик долларлик ўн дона пул тушди. Варақда эса шундай сўз ёзилганди:

«МИНННАТДОРМАН».

Эдгар Крафт икки хат орасидаги боғлиқликни дарров англаб етмади. У беш юз доллар жўнатишгани у ёқда турсин, қайси қилган иши учун ундан миннатдор бўлишаётгани ҳақида узоқ ўйлади. Шу пайт эсига биринчи хат тушиб қолиб кўчага югурди, тонгги газета сотиб олди ва таъзиялар саҳифасига кўз югуртирди.

Ростдан ҳам бир кун олдин, узоқ касалликдан сўнг Парк-Плейсдаги 413-уйда яшаган Жозеф Генри Найманн олтмиш етти ёшида округ касалхонасида вафот этганди. Ундан бир бева, уч фарзанд ва тўрт набира қолганди.

Крафт уч юз долларни банкка қўйди, икки юзини ҳамёнига жойлади. Автомобил учун навбатдаги тўловни, уй ҳақини, майда-чуйда қарзларини тўлади. Тўғри, унинг қарзлари ҳали ҳам бор эди, лекин Жозеф Генри Найманнинг ўлими шарофати билан у эркинроқ нафас олиш имконига эга бўлганди.

«Суперфинанс» уюшмаси ходими қарзнинг маълум қисми қайтарилганидан қаноатланди ва уни бирмунча вақт безовта қилмади.

Ўша оқшом Крафт ипподромга хотини билан борди. Ҳатто хотинига ҳам истаган отига пул тикишига ижозат берди. У қирқ доллар ютқазди, аммо асло қайғурмади.

У кейинги мактубни очмади. Хатжилд устидаги босма ҳарфларданоқ у хат жўнатувчи ким эканлигини билди ва бир неча дақиқа очмасдан ушлаб турди. У сахий нотаниш нимадир сўраши ва олган беш юз доллари эвазига бирор нима қилиб беришидан хавотирда эди.

Ниҳоят хатжилдни очди. Ҳеч қандай илтимос битилмаганди. Бошқа исм-шариф ёзилган оддий варақ.

«ЖАНОБ РАЙМОНД АНДЭРСЭН».

Пастроқда қуйидаги ёзув:

«БУ КИШИ ЎЛСА, СИЗ ЕТТИ ЮЗ ЭЛЛИК ДОЛЛАР ОЛАСИЗ».

Кейинги бир неча кун давомида Эдгар Крафт жаноб Раймонд Андерсенга ҳеч қандай ёмонлик тиламаётганига ўзини ишонтириб юрди. У бу кишини танимас, у ҳақда эшитмаган, унга ўлим тиламасди. Аммо барибир...

Ҳар куни эрталаб у газета сотиб олар ва дарҳол таъзиялар саҳифасини очиб беихтиёр жаноб Раймонд Андерсеннинг исмини қидирарди. «Мен унга ёмонлик тиламайман», дерди у ҳар сафар ичида. Аммо етти юз эллик доллар... Агар жаноб Раймонд Андерсенга бирор нима бўлганида эди, у пулли бўлиб қоларди. Лекин Андерсенга нариги дунёга равона бўлишига ёрдам бермайди. Йўқ, йўқ, фақат бу эмас. Аммо унга бирор нима бўлса...

«Бирор нима» юз берди. Беш кундан сўнг у тонгги газетада узоқ касалликдан сўнг вафот этган қария Андерсенга ёзилган таъзияномани ўқиди. Унинг юраги гупиллаб уриб кетди. У ўзини айбдордек ҳис қилди. Аммо нима учун ўзини айблаши керак? У ҳеч қандай ёмон иш қилгани йўқ-ку. Андерсендек қари, касал чол оғир азоблардан қутулгани учун ўлимидан фақат хурсанд бўлиши керак.

Лекин унга нима учун кимдир етти юз эллик доллар тўлаши керак?

Аммо тўлади. Мактуб эртасига эрталаб, уйқусиз тундан сўнг келди. Крафт кечаси билан хат келиш-келмаслигини ўйлаб ухлай олмасдан у ёнидан бу ёнига ағдарилиб чиқди. Етти юз эллик доллар пул ва «МИННАТДОРМАН» деган таниш сўз ёзилган хат келди.

Нима учун? У асло тушунмасди. У хатни тортмага ташлашдан олдин бир оғиз сўз ёзилган вараққа узоқ тикилиб турди.

«Тез-тез ёзиб туринглар», деб қўйди ичида.

Икки ҳафта хат келмади. У «саховатпеша нотаниш мени унутиб қўймади» деган умидда ҳар куни почта қутисини текшириб кўрарди. Баъзан йигирма-ўттиз дақиқа бўшлиққа тикилганча пул ва хат ҳақида ўйлаб ўтирарди. У иш қилмоқчи бўлар, лекин хаёли сирли саховатпеша томон кетиб қоларди. У йилига беш минг доллар олар ва бу пул учун ҳафтасига қирқ-эллик соат тер тўкиб ишларди. Энди эса иккита хат билан бармоғини ҳам қимирлатмасдан бу пулнинг чорак қисмини топганди.

Етти юз эллик доллар уни қарзларидан батамом қутқармаган бўлса-да, анча ёрдам берди. Хотини кутилмаганда уйни таъмирлатмоқчи бўлди. Уй ҳақи, автомобил учун пул тўлаш вақти келди. Бир куни пойгада пул ютди, охир-оқибат бор ютуғига қўшиб яна йигирма долларни бой берди.

Шунда ертўла учун ҳаво тозалагич таклиф қилинган ва аллақандай хайрия жамғармасига пул ўтказиш илтимоси бўлган хатлар билан бирга учинчи хат келди. Ҳаво тозалагич ва хайрия жамғармаси хатлари ахлат челакка равона бўлди, учинчи хатни эса очди. Яна ўшандай, фақат исм-шариф ўзгарган.

«ЖАНОБ КЛОД ПАЙРС

БУ КИШИ ЎЛСА, СИЗ МИНГ ДОЛЛАР ОЛАСИЗ».

Хатни тортмага солган пайтда Крафтнинг қўллари қалтираётганди. Минг доллар: тўланадиган пул миқдори бошни айлантирадиган даражага етганди. Жаноб Клод Пайрс. У бирорта Клод Пайрсни танийдими? Табиийки, йўқ. Ким у? Тузалмас касалликдан ўлаётган қариями?

Крафт бунга жудаям умид қиларди. У бундай бемаъни ўйлари учун ўзидан нафратланар, аммо ўзини тўхтатолмасди. У Клод Пайрснинг ўлишига умид қиларди.

Бу сафар у маълумот тўплашга киришди. Телефон маълумотномасидан Хонидейл-драйв кўчасида яшовчи Клод Пайрсни топди. Маълумотномани ёпди ва ишини қилмоқчи бўлди, аммо бўлмади. Яна маълумотномани очди, бу киши нимадан вафот этишини тахмин қилиб телефон рақамига узоқ тикилиб турди. Крафтга унинг ўлиши муқаррардек туюлаётганди. Агар у бирор инсоннинг исм-шарифи ёзилган хат олса, ўша киши албатта ўлар, Эдгар Крафт эса пул оларди. Демак, Клод Пайрснинг ҳаёти ҳам қил учида турибди.

У қўнғироқ қилди. Гўшакни аёл киши олди. Крафт жаноб Пайрсни сўради.

-Жаноб Пайрс касалхонада,-дейишди унга.-Ким сўраяпти?

-Раҳмат,-деб Крафт гўшакни қўйди.

«Албатта», ўйлади у. Улар касалхонада ўлиши муқаррар беморларни топишади ва бемор вафот этиши билан Эдгар Крафтга пул тўлашади. Нима учун пул тўлашаётгани эса Крафтни ташвишлантирмасди. Балки ўша одам телевизорда ҳикоя қилишган телбага ўхшар. Ўша телба ҳар ҳафта одамларга миллион доллардан тарқатган. Агар бирортаси Крафтга пул жўнатмоқчи экан, Крафт бунга қаршилик қилмайди.

У ўша куниёқ касалхонага қўнғироқ қилди. Клод Пайрс икки кун илгари оператсия қилинганини айтишди. Оператсия яхши ўтган, бемор ўзини яхши ҳис қиляпти.

«Бу вақтинчалик», ўйлади Крафт. Пайрс ўлимга маҳкум. У Пайрсга ачинди, кейин эса кечки пойгани ўйлай бошлади. Унга Малла Юлдуз лақабли от ёққанди. Бу отни у анчадан бери кузатаётганди, балки бугун ютар.

Крафт ипподромга борди. Малла Юлдуз унинг ишончини оқламади. Эрталаб у газетадан Пайрсга аталган таъзияномани тополмади. Касалхонадагилар беморнинг анча тузалиб қолганини айтишди.

«Бундай бўлиши мумкин эмас», ўйлади Крафт.

Клод Пайрс уч ҳафта касалхонада ётди ва бу вақт давомида уни даволовчи шифокордан кўра Эдгар Крафт унинг соғлигига кўпроқ қизиқди. Бир куни Пайрснинг саломатлиги тўсатдан ёмонлашди ва у ҳушидан кетиб қолди. Ҳамширанинг овозида қайғу сезилди ва Крафт тақдирдан миннатдор бўлди. Аммо эртасига Пайрс ўзига келди. Ҳамшира бу ҳақда қувонч билан маълум қилди, Крафт эса ғазабга минди.

Шу кундан бошлаб Пайрснинг соғлиги яхши томонга ўзгара бошлади. У касалхонадан чиқди. Крафт қанақасига бундай бўлганини ҳеч тушунолмасди. Ҳаммаси чаппасига айланиб кетганди. Пайрснинг ўлимидан сўнг у минг доллар олиши керак эди. Пайрс касал бўлди, Пайрс ҳаёт ва ўлим чегарасига борди ва кутилмаганда Крафтни минг доллардан маҳрум қилганча ўлим чангалидан қутулди.

Крафт кейинги мактубни кутарди. Аммо мактуб келмади.

У уй ҳақини тўлайдиган муддатдан икки ҳафта ўтиб кетди. Автомобил учун тўлов ҳам кеч қолди, унга яна «Суперфинанс» уюшмаси ходими қўнғироқ қила бошлади. Крафтнинг боши қотиб қолди. «Бу киши ўлса», деб ёзилганди хатда. Ахир, Пайрс абадий яшолмайди-ку. Ҳеч ким яшолмайди. Пайрс ўлиши билан Крафт минг долларга эга бўлади.

Айтайлик, Пайрс билан бирор нохушлик юз беради...

У беихтиёр қайта-қайта шу фикрга келарди. «Муаммо бўлмайди», ўзини тинчлантирарди у. У Клод Пайрсга қизиқаётганини ҳеч ким билмайди. Яхши тайёргарлик кўрса, ҳаммаси силлиқ кечади. Политсия ҳеч қачон ундан шубҳаланмайди. Ахир у Пайрс билан таниш эмас-ку... Шундай экан...

«Қўлимдан келмайди,-деди Крафт ўзига ўзи.-Бундай қилолмайман. Бегуноҳ бир инсонни ўлдириш... Асло».

У ўша минг долларсиз ҳам кун кўришга қарор қилди. Олдин шу пулсиз ҳам яшаган-ку. Ҳа, шу пуллар бўлса ёмон бўлмасди. Қандай сарфлашни яхши биларди. Аммо на илож.

Эртасига эрталаб Клод Пайрснинг исми газеталарнинг биринчи саҳифасида босилиб чиқди. Тунда кимдир унинг Хонидейл-драйвдаги уйига кирган ва ухлаётган жойида бўғизлаб кетганди. Қотил кимлиги аниқланмаганди. Қотилликка нима сабаб бўлганини ҳам ҳеч ким айтолмасди.

Крафт бу хабарни ўқиркан, ўқчигиси келди. У Пайрсни худди ўзи ўлдиргандек ўзини айбдор ҳис қиларди. У ҳеч қандай ёмон иш қилмаганини, ҳеч кимни ўлдирмаганини яхши биларди. Аммо бу ҳақда ўйлаган, Пайрсга ўлим тилаганди.

Пул эртасига келди. Юз долларлик ўн дона - жами минг доллар пул. Ва биттагина сўз ёзилган бир варақ қоғоз:

«МИННАТДОРМАН».

«Менга миннатдорчилик билдиришнинг кераги йўқ,-ўйлади Крафт пулларни маҳкам сиқимлаганча.-Миннатдорчиликнинг кераги йўқ».

* * *

«ЖАНОБ ЛЭОН ДЭННИСОН

БУ КИШИ ЎЛСА, СИЗ БИР ЯРИМ МИНГ ДОЛЛАР ОЛАСИЗ».

Крафт бу хатни ўқиркан, юраги қинидан чиқиб кетгудек урарди. У хатни икки марта ўқиб чиқди, сўнг хатжилдга солиб, майда-майда қилиб йиртди ва ахлат челакка ташлади.

Крафтнинг боши оғриб қолди. У дори ичди, аммо бош оғриғи қолмади. Тушгача у ишхонада ҳеч нарса қилмасдан ўтирди. Тушлик пайтида қаҳвахонага кирди, овқат таъмини сезмасдан овқатланди. Ишга қайтгач, кечки пайт Саратогда бўладиган пойга ҳақида ўйламоқчи бўлди. Аммо хатдаги сатрлар унинг кўз олдидан кетмасди. У ишдан эртароқ чиқди ва кўчани айланиб юрди.

«Жаноб Леон Деннисон».

Деннисон Кедбюри-авенюдаги уйда яшарди. Гўшакни ҳеч ким кўтармади. Деннисон адвокат бўлиб, телефон маълумотномасида ишхонасининг рақами ҳам бор эди. Крафт қўнғироқ қилиб кўрди, котиба жаноб Деннисон йиғилишга кетганлигини айтди.

«Бу киши ўлса».

«Аммо Деннисон ҳали-бери ўладиган эмас», ўйлади Крафт. Ҳар қалай, касалхонада ўлмаслиги аниқ. Деннисон ўзини жуда яхши ҳис қиляпти, ишлаяпти ва хатни ёзган одам бу ҳақда билади.

«Бир ярим минг доллар».

Аммо қандай қилиб? Унинг тўппончаси йўқ, қаердан олишни ҳам билмайди. Пичоқ? Клод Пайрсни пичоқлаб ўлдиришгани унинг ёдига тушди. Пичоқни топиш ҳам осон. Аммо... буни истамасди.

Унда қандай қилиб? Автомобил? Амалга оширса бўлади. У Деннисонни холироқ жойда пойлаши ва босиб кетиши мумкин. Лекин политсия бирпасда топади. Ўлган шахсга теккан бўёқ юқидан, автомобил бамперида қолган қондан. У қандай қилиб топишларини аниқ билмаса-да, автомобилда одам ўлдирганларнинг аксарияти панжара ортига тушишини биларди.

«Бу фикрни миянгдан чиқар,-деди у ўзига ўзи.-Сен қотилмассан».

Лекин бу фикрни миясидан чиқаролмади. Икки кун бошқа нарсалар ҳақида ўйлашга уринди, аммо бўлмади. Хаёли Деннисон ва ваъда қилинган пулга кетаверди. Бир ярим минг доллар. У қотиллик қилиш ҳақида ўйларди.

«Бу киши ўлса».

У бир куни эрталаб турди ва Кедбюри-авенюга борди. Леон Деннисоннинг уйини узоқ вақт кузатди. Деннисон уйидан чиқди. У автомобили олдига бориш учун йўлни кесиб ўтаётганида Крафт оёғини газ тепкисига қўйди ва Деннисонни машинасига қапиштириб ташлаш учун тепкини босишига сал қолди. У вақтида ўзини тўхтатди ва Деннисоннинг машинага ўтириб кетишини кузатиб турди.

Кейин бу ишидан хурсанд бўлди. Айтайлик, уни ушлаб олишди. Унинг хат жўнатаётган одам билан ҳеч қандай боғлиқлик жойи йўқ. Ҳамма хатларни йўқ қилиб ташлаган, хатлар бўлган тақдирда ҳам уларни жўнатган одам кимлиги номаълум.

«Бир ярим минг доллар».

Пайшанба куни тушдан сўнг у хотинига қўнғироқ қилди ва ишдан кейин тўғри Саратогга кетишини айтди. Хотини одатдагидек норозилик билдирди, аммо тортишмади. Крафт Кедбюри-авенюга борди. Эшикбон қаҳвахонага кириб кетишини кутиб турди ва югуриб уйга кирди. Леон Деннисоннинг хонадони эшигини топиб, қаламтарош ёрдамида қулфни очди. У қулфни очгунча худди политсия келиб ушлаб оладигандек терлаб кетди. Аммо ҳаммаси хамирдан қил суғургандек бўлди, у ичкарига кириб, эшикни ёпди.

У остонадан ичкарига қадам қўйиши билан унга нимадир бўлгандек бўлди. Қўрқув, ваҳима, ҳаяжон - ҳамма-ҳаммаси ғойиб бўлди. Деннисоннинг хонадонига худди бошқа Эдгар Крафт киргандек эди. «Ҳаммаси аниқ,-деди у ўзига ўзи.-Жозеф Г. Найманн ҳукм қилинганди. Раймонд Андерсен ҳам, Клод Пайрс ҳам. Ҳаммалари ўлишди. Энди Леон Деннисон ўлимга маҳкум ва нима бўлмасин у ҳам ўлади».

Ҳаммаси аниқ ва тушунарли. У, Эдгар Крафт катта бир ўйинда бор-йўғи бир пиёда. У ўзига ажратилган вазифани бажариши лозим. Ҳаммаси режадагидек бўлиши шарт.

Ҳаммаси режадагидек бўлди. У Леон Деннисоннинг келишини уч соат кутди. Эшик қулфи шиқирлаганда Крафт қўлида камин учун ўтин ёрадиган болтачани баланд кўтарганча оёқ учида эшик ортига борди. Эшик очилиб, Деннисон ичкарига кирди.

Болтача зарб билан тушди.

Леон Деннисон овоз чиқаришга ҳам улгурмай қулади. Болтача яна икки марта унинг бошига тушди. Леон Деннисон на қимирлади ва на овоз чиқарди. Крафт эшик тутқичини, бармоқ излари қолиши мумкин бўлган ҳамма жой ва буюмларни артиб чиқди. Сўнг уйдан билдирмай чиқиб кетди. Уни ҳеч ким кўрмади.

У туни билан виждони қийналишини кутди. Аммо виждони қийналмаганидан ҳайрон қолди. У аллақачон, Андерсенга ўлим тилаган, Пайрснинг ўлимини режалаштирган пайтдаёқ қотилга айланиб бўлганди. Хаёлан қотиллик қилишни амалда қўллаш унга деярли қийин бўлмади.

Эртасига хат келмади. Мактуб орадан бир кун ўтгач келди. Хатжилд анчагина қалин эди: ичидан ўн беш дона юз долларлик пул ва бир варақ қоғоз чиқди.

Бу сафар матн ўзгарганди. Одатдаги «МИННАТДОРМАН» деган сўздан кейин қуйидаги сўзлар ёзилганди:

«ЯНГИ ИШИНГИЗ ЁҚДИМИ?».