OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЛоуренс Блок
Асар номиЎлиш истаги (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Криминал беллетристика
Муаллифлар
   - Лоуренс Блок
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонДилшодбек Асқаров (рус тилидан)
Ҳажм12KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/18
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ўлиш истаги (ҳикоя)
Лоуренс Блок

Кўприкда машина тўхтаганини кўрган политсиячи Жонсон аввалига унга эътибор бермади. Аммо эшик очилиб, ундан баланд бўйли эркак тушгач, политсиячи ҳушёр тортди.

У бу ерда бир неча йилдан бери соқчиликда турар ва Даунбриж кўприги нафақат севишганларнинг учрашув жойи, балки ўз жонига қасд қилувчиларнинг ҳам макони эканлигини жуда яхши биларди.

Эркак ён-атрофга диққат билан кўз югуртиргач, кўприк панжараси олдига келди ва тўсиқни ушлади. Политсиячи минғирлаб сўкинди ва унинг ёнига югуриб борди.

-Ажойиб тун,-деди тартиб посбони. Ўзини пастга ташламоқчи бўлган киши шошилиб қўлини тўсиқдан олди ва сигарет тутатди.-Табиатни томоша қиляпсизми? Тушунаман. Агар хизмат вазифамни бажараётган бўлмаганимда, ҳозир мен ҳам сизга ўхшаб севги ҳақида ўйлаётган бўлардим.

Нотаниш эркак жимгина елка қисди.

-Ҳозир сизни кўриб қолиб гаплашгим келди,-гапида давом этди политсиячи.-Бир ўзим зерикиб турувдим... Бу ердан атроф чиройли кўринади-а?

-Менга ҳозир чиройли нарсанинг кераги йўқ,-хўрсинди эркак сигарет кулини пастга қоқаркан. Шундагина Жонсон унинг қошлари жудаям қалин ва ўсиқ эканлигига эътибор берди.- Ҳозир мени битта нарса ўйлантиряпти- қандай қилиб осон ва азобланмасдан ўлиш.

-Бекор қиласиз,-унга таскин бермоқчи бўлди политсиячи.-Қанчалик оғир бўлмасин, барибир яшаш керак. Ҳаёт тасодифларга тўла. Ким билади, балки эртага омадингиз келиб, ҳамма нарса ўзгариб кетиши мумкин.

Нотаниш киши сувга тикилганча узоқ ўйланиб турди, сўнг қўлидаги сигарет қолдиғини пастга ташлади ва унга қўлини узатди.

-Менинг исмим Эдвард Райт.

-Бирор нохушлик юз бердими?-сўради политсиячи.

-Ҳа, жудаям қайғули воқеа...-бош силкиди ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган эркак.-Хотиним вафот этганидан сўнг ҳаётим остин-устин бўлиб кетди. Уни жонимдан ортиқ севардим, энди яшагим келмай қолди.

-Э, ўзингизни қўлга олинг,-Жонсон унинг елкасига қўлини ташлади.-Инсон ҳамма нарсага кўникади, жаноб Райт. Ёлғизликка ҳам. Яхшиси, уйингизга боринг-да, ухланг. Кўрасиз, эртага ҳаммаси яхши бўлади.

-Бунга ишончингиз комилми?

-Албатта.

-Ростдан-а?-ишонқирамади жонидан тўйган киши.

-Ҳа,-таъкидлади Жонсон,-биз шафқатсиз дунёда яшаймиз, лекин бу фожиа эмас. Яшаш барибир яхши. Дарёнинг остида сизни кутиб турган нарса бу ҳаётдан кўра ёмонроқ.

Райт узоқ жим қолди, сўнг индамай машинаси томон қадам ташлади. Политсиячи унинг машинаси кўздан йўқолгунча кузатиб турди.

Кейин эса Жонсон ёндафтарини очди ва ёзиб қўйди: «Эдвард Райт, қошлари қалин, баланд бўйли эркак, хотини ўлгани учун кўприкдан ўзини дарёга ташламоқчи бўлди…». У ёндафтарини ёпиб, машинасига ўтирди...

* * *

Психиатр Боб Смит мижозининг сўзларини эшитаркан, ўйчан қиёфада соқолини қашлади.

-…Яшашимдан маъно қолмади,-гапида давом этди бўйи баланд, ўсиқ қошлари қалин эркак.-Кеча кўприкдан ўзимни ташлашимга сал қолди.

-Сизни нима тўхтатиб қолди?-сўради доктор.

-Политсиячи. Бу яхши фикр эмаслигини айтди.

Боб Смит яна ўйга чўмди.

-Доктор, менинг ошқозонимни ювиш керак...

-Нега?-ҳайрон бўлди Смит.

-Бу ерга келишимдан аввал бир қути уйқу дорисини ичгандим,-деди Эдвард Райт.-Қутида йигирматача дори бор эди.

Смит уф тортганча ўрнидан турди ва бошини сарак-сарак қилиб қўшни хонага йўл олди.

Ошқозонни ювиш оғриқли бўлса-да, дори қонга сўрилиб улгурмагани учун беморнинг ҳаёти сақлаб қолинди.

-Яшайсиз,-деди Боб Смит.

-Раҳмат, доктор.

-Миннатдорчиликнинг кераги йўқ. Аммо сиз ҳақингизда политсияга маълум қиламан...

* * *

-Ажойиб револвер,-мақтади сотувчи молини.-Агар истасангиз, бундан ҳам зўрини топиб бераман. Аммо сал қимматроқ туради.

-Раҳмат, менга шу ҳам бўлаверади,-деди харидор.-Ўқ ҳам берасиз.

-Албатта, албатта,-деди қурол-яроғ дўкони сотувчиси рўйхатга олиш дафтарини оларкан.-Исм-фамилиянгизни ёзиб қўйишга мажбурман, жаноб Райт. Қоидаси шунақа...

* * *

Кеч соат тўққизларда Эдвард Райтнинг эшиги қўнғироғи жиринглади.

Райт эшикни очди.

-Кел, Марк,-таклиф қилди у.

-Уни сен ўлдирдинг, Эд,-деди ташриф буюрувчи саломлашиш ўрнига унинг қорнига револвер тираркан.-У сен билан ажрашмоқчи эди, лекин уни қўйиб юборгинг келмади. Ундан биз ҳақимизда сенга айтмаслигини сўрагандим, аммо у ростини айтди ва сен уни ўлдирдинг...

-Ақлдан озибсан!-деди Райт.

-Сен айёрона йўл тутдинг. Қотиллик худди бахтсиз ҳодиса каби бўлгани учун политсия сендан шубҳаланмади. Буни қандай амалга оширдинг, Эдвард?

-Уни урдим,-қовоғини уйганча жавоб қайтарди Эдвард Райт кўзини револвердан узмасдан.-Бошига бир неча марта урдим, сўнг зинадан итариб юбордим… Политсияга айтишни хаёлингга ҳам келтирма, барибир буни исботлай олмайсан.

-Мени политсияга боради деб ким айтди сенга! Бормайман. Биз бошқача иш қиламиз... бир варақ қоғоз ол-да, «Бўлди, бошқа чидолмайман. Ҳаётдан кетишга тайёрман» деб ёз.-Марк револвери билан Эдвард Райтни туртиб қўйди.-Бўл, аблаҳ!

-Ёзмайман.

-Ёзасан, Эдвард, ёзасан,-меҳмон револверни унинг пешонасига тиради.

-Сен хато қиляпсан, Марк,-ингради Райт.-Сувдан қуруқ чиқолмайсан. Сени албатта қўлга олишади.

-Нима учун? Ўзингни ўзинг ўлдирганинг учунми?-хохолади Марк.

-Буни ёзганим билан ҳеч ким ўзимни ўлдирганимга ишонмайди.

Меҳмон тўппончани унинг пешонасига қаттиқроқ тирагач, Эдвард Райт бошқа иложи йўқлини тушунди. У қоғоз олиб, меҳмон айтган сўзларни ёзди.

-Энди менга қара, Эдвард…

Кўзини қоғоздан олган Райт кутилмаган манзарадан сесканиб кетди. Унинг олдида мутлақо бошқа одам - ясама соч кийган, қалин қошли эркак турарди.

-Кимга ўхшайман, биляпсанми?-сўради меҳмон.-Сенга, Эдвард, сенга… Тўғри, биз эгизакмасмиз, аммо бўйларимиз тенг.

-Сен менга ўхшаб юрибсанми…-каловланди Эдвард Райт.

-Энди тушундинг. Кейинги кунларда нима билан машғул бўлганингни эшитсанг ҳайрон қоласан. Масалан, кеча сен кўприкдан ўзингни ташламоқчи бўлдинг. Бир политсиячи ҳаётингни сақлаб қолди. Бугун эса бир қути уйқу дори ичганинг учун психиатр ошқозонингни ювди. Бир соат илгари эса револвер сотиб олдинг... хуллас, кейинги икки кунда жуда фаол инсон бўлдинг.

-Дўстларим-чи? Ҳамкасбларим? Улар сенга ишонишмайди,-деди Райт.

-Адашяпсан,-илжайди Марк.-Одам ўзини ўлдирганидан кейин атрофидагилар унинг кейинги пайтда жудаям ғамгин бўлиб қолганини эслашади. Ишончим комил, хотининг ўлганидан сўнг ўзингни қайғу-изтироб чекаётгандай кўрсатгансан. Сен ўзингни ўлдирмоқчи бўлганингга гувоҳлик берувчи одамлар албатта топилади. Алвидо, Эдвард!..

Шу сўзларни айтгач, Марк револверини Эдвард Райтнинг оғзига тиқди ва тепкини босди.

Севикли аёлининг қотилини бир ёқли қилгач, у тўппончани артиб-тозалаб, Эдварднинг қўлига қистириб қўйди. Сўнгра жасаднинг ҳамёнини очди ва унга психиатрнинг ташриф варақаси билан тўппонча сотиб олганлиги ҳақидаги тўлов қоғозини солиб қўйди.

-Уни бекор ўлдирдинг, Эд,-деди Марк ясама қошларини суғуриб оларкан.-Уни сен барибир севмасдинг. У билан ажрашишинг керак эди...