OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЛуижи Пиранделло
Асар номиШолрўмол (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Италиян адабиёти
Бўлимлар
   - Драматургия
Муаллифлар
   - Луижи Пиранделло
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонНазира Жўраева (Русчадан)
Ҳажм101KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Шолрўмол (ҳикоя)
Луижи Пиранделло

I

– Тўхта, – деди Банди дўсти д'Андреага. – Мен бориб уни огоҳлантираман. Мабодо яна қайсарлик қилса, бостириб кирасан.

Иккаласи ҳам узоқни яхши кўролмасди Шу туфайли бир-бирига жуда яқин туриб сўзлашмоқда эдилар. Кўпчилик уларни эгизаклар деб ўйлашарди. Ёшлари ҳам деярли тенг бўлиб, бир-бирларига жуда ўхшаб кетардилар – баланд, тик қоматли, озғин, барча ишни саранжом-саришталик билан бажаришни хуш кўришарди. Суҳбатлашатуриб, бир-бирларининг кўзойнакларини ё бўлмаса бўйинбоғларини тўғрилаб қўйишар, ҳеч бўлмаганда, эгниларидаги камзулларининг тугмаларини тортиб қўярдилар. Улар кам гаплашардилар. Ҳаётда кўп қийинчиликларни бошдан кечирганликлари заъфарон юзларида акс этиб турарди.

Улар бирга вояга етдилар. Бир-бирларидан ёрдамларини аямай дорилфунунда ўқидилар. Бири ҳуқуқшунослик бўлимида, иккинчиси тиббиёт бўлимида таҳсил олди. Ҳозир эса турли соҳа бўйича ишлашар, аммо ишдан сўнг кечқурунлари кўришиб, шаҳар чеккасидаги жарлик бўйида чўзилиб кетган хиёбонда сайр этишни канда қилишмасди.

Улар шу қадар яқинлашиб кетишган эдики, бир-бирларини оғизларидан билинар-билинмас чиққан сўзлари, имо-ишораларию, кўз қарашларидан тушуниб олишарди. Сайр чоғида фикр алмашар, сўнг ортиқча гапирмай, индамасдан кезиб юришарди. Ўзаро айтилган икки-уч оғиз сўз уларга фикр алмашиш учун етарли озуқа бергандек бўларди. Xудди ҳориган отларга ўхшаб бошларини эгиб, шошилмай қадам босишарди. Тўсиқдан сакраб ўтиб, пастликда ястаниб ётган адирликлару уфққа бош қўяётган қуёш нурида жилваланиб турган денгиз мавжларини томоша қилишни на униси, на буниси хаёлига келтирарди.

Ён атрофдаги гўзалликка маҳлиё бўлмаслик эса мумкин эмасди. Бу икки йигитчанинг бундай нохуш кайфиятда кетишларига нима сабаб бўлди экан?

Бир неча кун аввал Банди дўстига:
– Элеоноранинг соғлиғи яхши эмасга ўхшайди, – деб шипшиганди.

ДъАндреа дўстига қаради. Бу кўз қарашидан касаллик жиддий эмаслигини англади.
– Элеонора опамиз ўзим кўриб қўйишимни истаяптими? – сўради у дўстидан.
– Соппа-соғман, деяпти.

Бир умр оналари ўрнини босган Элеонора олдидаги қарздорлик бурчини ҳис этган ҳолда қовоқларини уйиб, индамай йўлда давом этдилар.

ДъАндреа ота-онасиз вояга етди. Уни амакиси асраб олди, аммо ўқитишга қурби етмади. Элеонора ҳам ўн саккиз ёшга етганида кенжа укаси билан етим қолди. У ота-онасидан қолган бор-будини тежаб-тергаб бир амаллаб кун ўтказишга сарф қиларди. Кейинчалик ишлашга мажбур бўлди, мусиқа ва ашуладан дарс бера бошлади. Шу зайлда укасини вояга етказди, унга қўшиб дўстини ҳам ўқитиб, саводини чиқарди.
– Мен дўмбоқман, сизлар қилтириқсизлар, – дея болалар билан қувноқ овозда ҳазиллашарди Элеонора. – Сизларнинг ўрнингизга ҳам мен семираяпман.

Ҳақиқатан ҳам Элеонора тўладан келган эди, кун сайин семириб борарди. Унинг чеҳраси сутга чайиб олингандек тиниқ. Кўзлари шаҳло, қайрилган киприклари узун, овози қўнғироқдек жарангларди. Унга разм солганларида семизлигидан ўзини ноқулай ҳис этиб, маъюс жилмайиб қўярди.

Элеонора оҳангларни бузиб бўлса-да, ҳис-ҳаяжон билан юракдан жўшиб қўшиқ куйларди. Жиддий ва тўпорилиги, ибо-ю, андиша, устига-устак укасининг ташвиши бўйнида бўлмаганида қўшиқчи бўлиш орзусида эди. Саҳнада қўшиқ айтишни жуда-жуда хоҳларди. Афсус, минг афсус, бу орзу ушалмай қолди. Ёши ҳам қирқларнинг нари-берисида эди. Шаҳарда истеъдодини қадрлашган бўлармиди. Бу ширин ўй-хаёллар юрагига бир оз таскин берарди, холос. Қийналиб бўлса-да, у иккита етим болани оёққа қўйди. Умрини уларга бахшида этиб, оқ ювиб, оқ таради. Бу унинг шунча йиллик меҳнатлари эвазига олган мукофоти эди.

Шифокор дъАндреа дўстини узоқ кутиб қолди, у ҳали-бери меҳмонхонадан чиқай демасди. Меҳмонхонанинг шифти баланд бўлмаса-да, ичи кенг, ёруғ эди, алмисоқдан қолиб, ўнгиб кетган мебеллар ўтмишни эслатарди; ўтмишда қадрли бўлиб хизмат қилган бу анжомлар хонада савлат тўкиб турар, қаршидаги кўзгудан уларнинг акси кўзга ташланарди. Xонага гўё марҳумларнинг портретлари йиғиб қўйилгандек эди. Улар бир нуқтага – Элеоноранинг роялига тикилиб тургандай туюларди.

Доктор кутишдан чарчади, ўрнидан туриб, эшикка яқинлашиб ичкарига қулоқ тутди. Бўғиқ йиғи овозини эшитгач, эшикни қоқди.
– Киравер,– деди Банди эшикни очаркан.– Опам нега бунча ўжарлик қиладилар, ҳеч тушунолмаяпман.
– Мен касал эмасман!– йиғи аралаш қичқирди Элеонора.

У чарм билан қопланган катта оромкурсида ранги докадек оқарганча, ҳар доимгидек қора кийимда ўтирарди. Шу тобдаги унинг қилиғи худди ёш боланикига ўхшаб кетарди; нимадандир безовталанар, укасининг нигоҳидан даҳшатга тушар, кўзларидаги саросимани беркитишга ҳаракат қиларди.
– Ростданам касал эмасман,– деди у бир оз ўзини ўнглаб олгач. – Илтимос, мени ўз ҳолимга қўйинглар. Мен ҳақимда ташвиш чекманглар.
– Яхши!– унинг гапини бўлди укаси.– Мана, Карлонинг ўзи айт-син, саломатлигингиз жойида эмаслиги шундоққина кўриниб турибди,– шундай дея у эшикни тарақлатиб ёпиб, хонадан чиқиб кетди.

Элеонора юзини қўли билан беркитиб, ҳўнграб йиғлашдан бир оз тўхтади. ДъАндреа Элеонорага тикилиб қараркан, ўзини ноқулай сезар, негадир ҳижолатда эди. Ниҳоят, у сўз қотди:
– Нима бўлди ўзи? Нима воқеа рўй берди? Наҳотки мендан ҳам буни сир туцангиз?

Элеонора ҳамон йиғлашда давом этарди, Карло оғир-вазминлик билан гапираркан, ниҳоят, опасининг қўлларини юзидан аста туширди:
– Бўлди-да энди, йиғини бас қилсангиз-чи,– кўндиришга уринди у опасини.– Қани, бир бошдан гапиринг-чи, нима бўлди. Қўрқманг. Ёнингизда турибман.

Элеонора бошини чайқади ва бехосдан йигитнинг қўлларидан тутди-ю, бирпас сиқиб турди-турди-да, шу заҳоти юзи ғалати бўлиб, безовталанди ва:
– Карло! Укажоним Карло! – деб шивирлади.

ДъАндреа қизнинг қаршисида тиз чўкди.
– Ичингиздаги дардни менга айтинг, опажон...

Элеонора қўлини аста иягига тиради-да, оҳиста, тушкун аҳволда, ялинганнамо:
– Карло, бу дунёни тарк этишимга ёрдам бер. Садағанг кетай, ёрдамингни мендан дариғ тутма, нима қилишимни билолмаяпман, бошим қотиб қолди.
– Бу дунёни тарк этмоқчиман, деяпсизми? – кулиб юборди Карло.– Қизиқ гапни айтдингиз-ку.– Нега ёш умрингизни эрта хазон қилмоқчисиз?
– Яшагим келмаяпти! – деди Элеонора аста кўз ёшларини артиб.– Бу ишни қандай амалга оширсам бўлади, йўл кўрсат менга, Карло! Ахир сен шифокорсан-ку. Ортиқ бундай яшай олмайман! Ҳа, ҳа, яшай олмайман. Бундан ўзга чорам йўқ. Дорилбақога рихлат эцам, ҳаммасидан қутуламан.

Карло Элеонорага ҳайрат-ла боқди. Қиз ҳам йигитга тикилиб қаради-ю, дарҳол кўзини юмиб олди, юзи докадек оқариб, қўрқувдан саросимага тушди.
– Қандай кунларга қолдим-а, – деди Элеонора бир оз ўзига келгач,– Карло, мени худо уриб қўйди. Ҳа, ҳа, ишон, адойи тамом бўлдим.

ДъАндреа ўзини йўқотган кўйи қўлини Элеоноранинг қўллари орасидан тортиб олди.
– Нега адойи тамом бўласиз? Нега? – деб ғўлдиради у.

Элеонора ундан кўзини олиб қочаркан, «секин» дегандай бармоғини лабига қўйганча, эшик томон бош ирғаб:
– Фақат у билмаслиги керак! Xудо ҳаққи укамга бу ҳақда оғиз очма! Аввал менга ёрдам бер. Менга дори керак. Сен дори берасан, мен ичаман-қўяман. Илтимос, тез таъсир қиладиганидан бер. Жонимга қасд қилолмаяпман. Қўрқаяпман! Шу ҳақда икки ойдан бери ўйлайвериб, ич этимни еб юбордим! Карло, айт-чи, опангга ёрдам берасанми?
– Қандай ёрдамим керак?– сўради дъАндреа ўзини йўқотиб.

Элеонора яна укасининг дўстини қўлидан тутиб, унга ёлворгандай нигоҳ ташлади:
– Жонимга қасд қилишимни истамасанг... сен менга... қандай ёрдам беришинг мумкин?

Дъ Андреа қаддини тик тутиб, қовоғини уюб олди.
– Карло, ёлвораман! – қайтарди у.– Ўзим учун эмас, укам Жоржони бўйнини хам қилмаслик учун шундай қилишим шарт. Фақат Жоржо бу гапдан хабар топмаслиги керак. Карло, сизлар учун ўз умримни бахшида этдим. Оқ ювиб, оқ тарадим, сизларни оёққа қўйдим. Карло, оз бўлса-да, шуларнинг ҳаққи-ҳурмати менга ёрдам бер, мени қийин аҳволдан қутқар! Наҳотки,қийналишимни истасанг? Ўйлайвериб, юрак-бағрим қон бўлиб кетди-ку, ахир! Шу ёшимда бу таънани қандай кўтариб юраман. Бу жуда оғир, ҳа, жуда оғирлик қиляпти...
– Элеонора опажон, айтинг-чи, бу воқеа қандай содир бўлди? Ким у одам?– сўради дъАндреа беихтиёр бўлган воқеани тушуниб етгач, саросимага тушиб.

Элеонора хавотир билан эшик томон қараб қўйди-да, юзини қўллари билан беркитиб олди ва:
– Билишинг шарт эмас! Ҳозир бу ҳақда ўйлашни истамайман! Наҳотки Жоржонинг аҳволига ачинмасанг? Эл орасида қандай бош кўтариб юради...
– Қандай рўй берди?– сўради дъАндреа,– Айцангиз-чи, ахир. Бу катта жиноят-ку. Олдини ололмадингизми... ё чора тополмадингизми?
– Йўқ, чора тополмадим,– қатъий, алам билан деди Элеонора.– Етар! Нима демоқчилигингни тушундим. Энди мени ёлғиз қолдир. Мазам қочаяпти...

У бошини ўриндиқ суянчиғига беҳол ташлади-ю, бор гавдаси шалвираб тушди.

Карло дъАндреа ўзини йўқотганча Элеонорага кўзойнаги тепасидан қараб турарди. Софлик рамзи бўлмиш бу ажойиб қиз қандай қилиб ўзини ўлимга маҳкум этаётганини ҳис этаркан, бу иш унинг шаънига ярашмаслигини ўйлаб, бу ўй-фикрни калласига сиғдира олмади. Эҳ, Элеонора Банди? Ахир у ўз ёшлигини бизни деб хазон қилмаганмиди? Энди унинг ёшлиги қоптими? Балки, шунинг учун ҳам номусдан ўлимига рози бўлаётганмикин-а?

Карло опасига қараркан, унинг ҳаддан ташқари тўла гавдаси кўзига ёмон кўриниб, нафрати қўзиб кетди.
– Қани, йўлингдан қолма! – жаҳл билан қичқирди Элеонора довдираб қолган Карлонинг афтига ҳам қарамай.– Бор, ҳамма гапни Жоржога айтиб бер. Менга нисбатан қандай чора кўрса кўраверсин, ҳаммасини ипидан-игнасигача айтиб бер. Қани, бор, жўна.

ДъАндреа беихтиёр эшик томон йўл олди. Элеонора бошини даст кўтариб, унинг ортидан кузатиб қолди. Эшик ёпилиши биланоқ, Элеонора ҳушидан кетди.

II

ДъАндреа уйдан чиқиб кетгач, Элеонора икки ойдан бери уни эзиб юрган юкдан фориғ бўлди-қўйди. Барча қўрқинчли онлар ортда қолганди.

Бошига тушган ғам-андуҳлар билан курашишга Элеоноранинг ортиқ мадори қолмаганди. Майли, бу ёғи худодан, пешонасида борини кўради. Бу иш тезроқ бир ёқлик бўла қолсайди!

Ҳозир укаси ёнига важоҳат билан киради-да, уни бир ёқлик қилиб қўя қолади. Начора, тақдирга тан бермай иложи йўқ... У ҳурматга ҳам, эътиборга ҳам лойиқ эмас. Тўғри, у укаси ва унинг дўстига керагидан ортиқ меҳр кўрсатган, борлиғини бағишлаган – ҳаёт тақозоси шунга мажбур қилганди. Буни қарангки, мана энди топган обрўйи бир пул бўлиб ўтирибди.

Элеоноранинг юрагини ваҳима босди-ю, кўзларини чирт юмиб олди.

Ич-ичидан у ўзини айбдор ҳис эта бошлади. Ҳа, ҳаммасига унинг ёлғиз ўзи сабабчи, шунча йиллар давомида у ҳаётидаги барча қийинчиликларни енгиб ўтди, ҳаётда ўз ўрнини топди, ёмон ўй-хаёлларни миясига келтирмай, ҳаётда тўғри, ҳалол яшашга одатланди. Ҳеч кутмаганда номусини йўқотди-қўйди. Нақадар даҳшат!

Лекин у укаси олдида ўзини оқлай олмайди. Элеонора укасига: «Жоржо укажоним, барчасига аслида ўзинг айбдорсан», дейиши ҳам мумкин. Гапнинг индаллосини айтганда, тўғриси ҳам шу-да.

Элеонора укасига оналик меҳрини берди. Xўш, бу яхшиликлар эвазига укасидан ва унинг дўстидан нима оқибат кўрди? Фақат уларни соғинарди, холос. Дорилфунунни тугатгач, икковлари ҳам ўз ишлари билан бўлиб кетдилар. Туну кун тиним билмай меҳнат қилишади. Энди уларни опаларининг ҳаёти қизиқтирмай қўйганди. Тезроқ опалари билан ҳисоб-китоб қилишга ошиқардилар. Бу ҳол Элеонорани ич-ичидан кемирарди. Шундан кейин унинг ҳаёти мазмунсиз, зерикарли ўта бошлади. У укаларига кераксиз бўлиб қолганлигини тушунгач, икки ўт ичида ёна бошлади. Ёшлиги эса аллақачоноқ қайтмас бўлиб ўтиб кетганди. Уни ортга қайтаришнинг сира иложи йўқ.

Укасининг олиб келган биринчи маоши ҳам унга тасалли бермади. Опаси ўз ҳаётини укаси учун қурбон қилганлигини англаб, Жоржо ич-ичидан эзилар, эрки ўз қўлида эмаслигидан ўкинар балки? Элеонора укасига шундай демоқчи ҳам бўлди: «Жоржо, укажоним, мени ўйлама, мен фақат ҳаётда ўз ўрнингни топишингни истайман. Чин юракдан айтяпман... Бахтимга омон бўл».

Лекин у укасидан таъна аралаш:
– Эй воҳ, опажон, нималар қилиб қўйдингиз! Олдингиздаги қарзимни узаман. Қилган яхшиликларингизни унутганим йўқ,– деган дашномларни эшитди.

«Қарзимни узаман?» Кошки бунинг менга сариқ чақалик фойдаси бўлса, дея бор овози-ла ҳайқирмоқчи бўлди Элеонора. Укасини деб ҳаётини қурбон қилаётганда асло руҳи тушмаган, таъна-дашномсиз, очиқ чеҳра билан ҳаётда ўз ўрнини топиши учун бор куч-қувватини сарфлаганди.

Элеонора укасининг ўжар феъллигини билар, унга қаттиққўллик қилмасди. Уларнинг опаларига бўлган совуқ муомалаларидан, ўзларини бегонадай тутишларидан ўксинарди, холос. Ана шундай пайтларда Элеонора ўзини қўйгани жой тополмасди.

Укаси топармон-тутармон бўлиб қолганди, опасига барча шарт-шароитларни муҳайё қилиб берди. Опасини муаллима бўлиб ишламасликка кўндирди. Ишсиз ўтаётган зерикарли кунлардан бирида тўсатдан миясига етти ухлаб тушига кирмаган: «Турмушга чиқсаммикан?» деган фикр келиб урилди.

Ёши ўттиз тўққизда-я! Устига-устак семириб кетган. Қадди-қомати ўзига мос бўлган куёв топиши керак! Турмушга чиқиб кеца, укасининг ўзига кўрсатётган миннатдорлик мурувватларидан халос бўлиши мумкин. Элеонора худди боши боғлиқ қизлардек ўзига қараб юрадиган одат чиқарди. Бу ўй аввал ҳеч хаёлига келмаганди. Ўзига оро бера бошлади.

Бир пайтлар Элеоноранинг кўнглига йўл топишни истаган йигитлар ҳозирда бола-чақалик бўлиб кетдилар. Аввал у буларга парво ҳам қилмасди. Ҳозир-чи, ҳозир турмуш қуриб кетган дугоналарига ҳавас қилади.

Элеонора сўппайиб ёлғиз қолганди.

Балки бахти ҳали олдиндадир. Наҳотки у бола-чақалик бўлолмаса, танҳоликда яшаш пешонасига ёзилганмикин-а. Наҳотки, қалбида ёнаётган алангани ўт олдира олмаса? Наҳотки қалб туғёнларига қулоқ солмай, якка-ёлғиз яшашга маҳкум бўлса?

Элеонора юрак-бағрини ўртовчи ғам-ғуссага ботди. Кўнглини азобли армонлар қийнай бошлади. Ёқимтой лобарлиги аста-секин йўқолиб, кулгиси-ю, гап оҳангларида ўзгариш сезилди. Пичинг ва киноя билан гапирадиган, заҳарханда қиладиган бўлиб қолди. Xулқ-атвори тубдан ўзгараётганлигини ўзи ҳам ҳис эта бошлади. Кўнглига ёпирилиб кирган қора ўй-фикрлар қалбини шиддат билан қамраб олиб, тинчлик бермай қўйди.

Шу кунларда укаси тежаб-тергаб йиққан пулларига қишлоқдан ер сотиб олиб, уй қуришни режалаштираётган эди. У опасини уй қурилишига бош-қош бўлиб туриш учун – бир ойга боришга кўндирди. Укасининг бу илтимоси опасидан қутулишнинг бир йўлидек бўлиб туюлди. Ўзим истиқомат қилаётган уйда якка ўзим қолар эканман-да, деган хаёлга борди Элеонора. Ана шунда у эркин яшайди. Укасига оғирлиги тушмайди. Ўзи ҳам шу ёшда турмушга чиқиш ўй-фикрларидан фориғ бўлади.

Дастлабки кунлар осойишта ўта бошлади. Бу ерда эмин-еркин яшашни хаёл қилди.

Элеонора барвақт туриб, дала кезишга одатланди. Дала кезаркан, ҳар қадамда тўхтаб, ён-атрофга ҳайрат билан суқланиб боқар, даланинг мафтункор сукунатига қулоқ тутарди, чунки бу ерда ҳар бир нарса эрта тонгнинг нақадар беғуборлигини ангатарди, қишлоқ хўрозларининг қичқириғига қулоқ тутар, гоҳо тошларда ўсган замбуруғлар тўдасига, гоҳ ағдарилиб тушган дарахт тўнкасидаги духобадек товланиб турган пўпанакларга завқланиб боқарди.

Бу ерда шаҳардан ташқарида бошқа одамга айланиб қолсам эди. У билан қишлоқ ҳаёти ҳақида тўлиб-тошиб, ширин суҳбатлар қураётган мана шу ижарачининг ёқимтой хотинига айланиб қолсам-а, деган фикр ўтди миясидан... Бу беғараз суҳбатдан у ҳаётнинг янги қирраларини кўра бошлади.

Ижарачининг феъли оғир эди; у ўзини кўпни кўрган одамман деб, мағрур тутарди. Ҳа, чинданам кўпни кўрган, кўп ерларда бўлган ҳам. Америкада бўлган, саккиз йил Беноссарияда истиқомат қилган. Шунинг учун ҳам у ёлғиз ўғлини оддий кимса бўлиб қолишини истамасди. Ўғли ўн уч ёшга тўлганди, уни билим юртига жойлаштириб қўйди. Саводи чиқса Америкага юборишни мўлжаллади, жуда катта мамлакат, одамлар ичида тобланади, деб ўйлади.

Жерландо ҳозир ўн тўққиз ёшда. Кўп йиллардан бери ўқиса-да, калласига бир нима кирай демасди. Қад-қоматдан худо қисган, кўриниши қўпол. Отасининг ўта ғамхўрлигидан ниҳоятда чарчаган эди. Ўқиши давомида у шаҳарликларга хос баъзи қилиқлар орттирди, бу унинг кўринишини янада соқувлаштириб юборганди.

Ҳар куни эрталаб у ҳурпайган дағал сочларининг фарқини очиб тарарди. Сочлари қуригач, фарқлари ҳам бузилиб ғалати ҳолда диккайиб кетарди, қошлари бароқ, соқол-мўйлови сабза урганди. Жерландога ҳаёт ҳар томонлама кулиб боқмаганди. Доимо китоб устида қовушмай мук тушиб ўтиришини кўрган одамнинг унга раҳми келарди. Отаси уни уйқудан уйғотгунча она сути оғзига келарди. Уни тез-тез уйқу элтарди. Уйқуси ёзилмаган, довдираб турган ўғлини отаси шаҳарга жонини қийноққа солиб, олиб бориб қўярди.

Қишлоққа Элеонора хоним келгач, Жерландо онасига, айтинг, анови хоним отам билан гаплашиб, мени қийнаб ўқишга юбормаслигини тушунтирсин, дея ёлборди. Ўқишни жиним суймайди. Жин урсин, ўқишни хоҳламайман, деди.

Элеонора йигитнинг отаси билан гаплашди. Аммо ўғлининг одам бўлишини истаган ота Элеоноранинг гапига қулоқ солишни истамади ҳам. Ундан бировларнинг ишига аралашмаслигини сўради. Шундан сўнг Элеонора бир оз овуниш, нима биландир шуғулланиш мақсадида ўқишдан безган бечора болага қўлидан келганча ёрдам бера бошлади.

Элеонора ҳар куни чошгоҳдан сўнг Жерландони хонасига чорлаб, илм олишига ёрдам бера бошлади. Жерландо хонага уялиб, ўзини йўқотган ҳолда дафтар-китобларини қўлтиқлаб кириб келарди. Xоним уқувсизлигимдан, эрмак қилиб устимдан кулса-я, деган хаёлга борарди. Бола ўзига қолса бу ерга келмасди-я, лекин отасининг зўри билан келишга мажбур эди. Жерландога худо илм олишни юқтирмаганди. Кўчат ўтказиш дейсизми, мол боқишми, буларнинг барини жонини киргизарди. Бола Элеонорага мускулдор қўлларини кўз-кўз қилиб, мулойим тикиларкан, оғзини катта очиб, оппоқ, соғлом тишларини кўрсатганча баралла куларди...

Элеонора кун ўтган сайин Жерландони жини суймай қолди. Шаҳардан роялини олдириб келтирди, хонасининг ичидан қулфлаб олганча мусиқа чалишга, баъзида китоб ўқишга берилиб кетарди. Жерландо Элеоноранинг суҳбатларидан, кўрсатаётган мурувват-ларидан, ёрдамидан дабдурустдан маҳрум бўлгач, деразаси тагида пусиб ўтирганча унинг роял чалиб, қўшиқ айтишини эшитаётганини қиз тўсатдан пайқаб қолди. Шу топ Элеонора бемаъни ўйга бориб, болани қўлга туширмоқчи бўлди. Дабдурустдан роял чалишдан тўхтади-ю, пиллапоядан зинғиллаганча пастга югуриб тушаркан:
– Ия, бу ерда нима қиляпсан? – сўради Жерландодан.
– Тинглаяпман,– жавоб қилди у.
– Ёқаяптими?
– Жудаям, эшитиб мазза қилаяпман, хоним! Xудди жаннатга тушгандек!

Элеонора хандон отиб кулиб юборди. Шу топда боланинг ҳам юзига кулгу инди. Кутилмаганда у Элеонорага ташланиб қолса бўладими... Болахонадан пастга ғира-шира ёруғлик тушиб турарди.

Алалхусус, бу воқеа шу куни рўй берганди.

Кутилмаганда рўй берган бу воқеадан қиз довдираб қолди, девқомат боланинг исканжасидан ўзини қутқаришга ожизлик қилди, ўзи истамаган ҳолда ҳушини йўқотди, боланинг эҳтирос-ла илондек чирмашишидан унга ўз изнини бериб қўйди...

Эртаси куни Элеонора шаҳарга қайтиб кетди.

Энди нима бўлади? Жоржо нега келмаяпти? Бўлган ишни дъАндреа унга айтмаганмикин. Балки қандай ёрдам беришни ўйлаётгандир?

Элеонора дабдурустдан қаршисида жарлик пайдо бўлгандек, қўрқиб қўллари билан юзини беркитиб олди.

Элеонора икки ўт орасида ёнарди. Бу дунёдан кўз юмсагина барчасига нуқта қўйган бўларди. Бу ишлар қачон ниҳоясига етаркин-а. Эшик очилиб, бўсағада юзидан қони қочган, кўзлари қизарган, довдираганча кириб келаётган Жоржо кўринди. ДъАндреа унинг ортидан эргашиб келмоқда эди.
– Бир нарсани билмоқчиман? – дона-дона гапириб сўроққа тутди у опасини. Унинг кимлигини билмоқчиман?

Элеонора кўзини ердан ололмай ўтирарди, сўнг бошини аста кўтараркан, уввос солиб йиғлаб юборди.
– Кимлигини ҳозир айтасиз!– сўзида қатъий турганча қичқирди Банди. Ким бўлишидан қатъий назар, сиз унга турмушга чиқасиз.
– Йўқ! Йўқ!– шивирлади Элеонора бошини яна-да қуйи соларкан қўллари титраб.– Айтолмайман! Иложим йўқ!
– У аблаҳ уйланганми?
– Йўқ уйланмаган,– шоша-пиша деди Элеонора.
– Исмини айтинг! Ким у аблаҳ? – Опасини қистовга олди Банди. – Ким ўзи? Айцангиз-чи?

Элеонора укасининг ўқрайиб қарашидан жунжикиб, аранг бошини кўтарди.
– Айтолмайман,– дея шивирлади.
– Айтинг, ортиқ ғазабимни қайнатманг, охири ёмон бўлади,– дея бор овози билан қичқириб опаси томон муштини дўлайтириб кела бошлади Жоржо.

Дъ Андреа уларнинг ўртасига тушиб:
– Жоржо, қўй, ўзингни бос. Яхшиси, хонадан чиқиб кет. Менга бўлган воқеани сўзлаб берадилар. Қани, бу ердан чиқиб кета қол,– деди қатъий оҳангда Карло.

Дўсти шу тарзда уни хонадан чиқариб юборди.

III

Укаси ўз сўзида туриб олди.

Тўй арафасида нима қилиб бўлса ҳам жанжал чиқаришга ҳаракат қиларди. Одамлар орасида кулги бўлишдан чўчиб, барчага шарманда бўлганини сўкиниб сўзларди. Жоржо гўё ақлдан озгандек эди; барча унга ачинарди, холос.

Жоржо Жерландонинг отаси билан тил топишиши осон эмаслигини ҳис этди.

Қария илғор фикрли киши бўлса-да, тезда қизишиб кетадиган одати бор эди. Аввалига у нима гаплигини тушунмади. Гап нимада-лигини англагач:
– Ташвишланманг! Боплаб адабини бераман! Вой, аблаҳ-ей! Ичак-чавоғини ағдариб ташласаммикан? Яхшиси, қўл-оёғини боғлаб сизга топшира қолай. Аламдан чиқиш учун билганингизни қилинг. Жонини киритиб савалашингиз учун хипчинларни уч кун сувга солиб қўяман. Xоҳлаганча савалаб, хумордан чиқинг.

Жоржо савалаш билан иш чиқмаслигини айтиб, ўғлини опасига уйлантириб қўйишни таклиф қилганда, қария эсанкираб қолди:
– Нималар деяпсиз! Гапингизга тушунмаяпман... Эътиборли хоним ижарачининг ўғлига турмушга чиқадиларми? – қатъий деди у. Ва яна сўзида давом этди:
– Мени кечирасиз-у, хоним ўғлимдан йигирма ёш катта. Ақллари кирари кириб, чиқари чиққан. Менинг думбул ўғлимни йўлдан урмасликлари керак эди. Айтмоқчи эмасдим, энди айтмасам бўлмайдиганга ўхшайди. Xоним ҳар куни ўғлимни ҳузурига чақириб оларди. Ўзингиздан қолар гап йўқ... Ўғлимнинг она сути оғзидан кетмаган, ғўр бола бўлса. Тўғри, бу ёшда уларнинг кўзи қонга тўлади. Шайтон ичларига кириб олгач, нима қилиб қўйганларини ўзлари ҳам билмай қоладилар. Ўғлимдан ажралиб қолиш менга ҳам оғир; уни одам қиламан деб қанчадан-қанча пулларни сарф қилиб юбормадим дейсиз! Xафа бўлманг-у, хоним ўғлимнинг онаси тенги келади-я... Бу ёғи қандоқ бўлди...

Банди қизнинг сепига катта бир қўрғон ва анча-мунча пул ваъда қилди. Шундай қилмаса ғишт қолипидан кўчишини фаҳмлади.

Ана шу тарзда тўй қилишга келишиб олдилар. Элеонора истиқомат қилаётган кичик шаҳарчада бу воқеа катта шов-шувга сабаб бўлди.

Кўп йиллар давомида иззатини билиб яшаётган бечора қизнинг устидан ошкора равишда кула бошладилар. Шивир-шивир гаплар гўё гап ташиётганларга роҳат бахш этаётгандек эди. Аввалги ҳурмат-еътибор ўрнини ҳозирги шармандалик босиб кетганди.

Ҳамма Жоржога ачинарди; у тўйда иштирок этмади. Ғам-ғуссалар изтиробида қолган бечора дўстини ёлғиз қолдиролмаслигини айтиб, дъАндреа ҳам тўйда қатнашмади. Элеаноранинг ота-онасини даволаб юрган ёши бир жойга бориб қолган шифокор (шуни эслатиб қўйишимиз керакки, дорилфунунни тугатиб дъАндреа даволашнинг антиқа усулларини топиб, унинг кўпгина беморларини ўзига оғдириб олганди) гувоҳ бўлишга розилик билдирди. У ўзи билан бирга дўсти-ю, яна бир чолни ҳам олволди. Чол никоҳ пайтида иккинчи гувоҳ ўрнига ўтди.

Гувоҳлар билан бирга Элеонора извошда шаҳар мери томон, сўнг шаҳар четидаги мўъжаз ибодатхонага йўл олдилар.

Иккинчи извошда эса қовоғидан қор ёғаётган куёв бўлмиш Жерландо ўтирарди. Куёв болага ота-онаси ҳамроҳ бўлиб кела-ётгандилар.

Улар тўй баҳонасида башанг кийиниб олишган, аммо чеҳралари тунд, қовоқлари солиқ ҳолда кетиб бормоқда эдилар. Буни қарангки, ўғиллари бойвучча хонимга уйланмоқда, келиннинг сепига катта ер, яхшигина уй-жой ва пул берилганди. Жерландо энди ўқишини давом эттирмаса ҳам бўлади, уй-жой ишлари билан отаси шуғулланаверади, бундай ишларнинг жонини киргизади. Келиннинг ёши улуғ-да. Балки, бир томондан бу яхшидир. Меросхўр бўлиб қолади. Табиат қонунларига кўра, у аввалроқ бу дунёни тарк эца, Жерландо эркин ва пулдор бойвачча бўлади-қўяди.

Учинчи извошда кетаётган куёв томондан бўлмиш отасининг дўстлари, кекса деҳқонлару иккита холаси ҳам шу ўй-хаёлда эдилар. Қолган қариндошлару Жерландонинг йиғилган дўстлари қўрғонда кутиб ўтирардилар. Йиғилганлар ясан-тусан қилиб олишган; эркаклар қора мовутдан тикилган курткада. Аёллар эса устларига янги ёпинчиқлар ташлаб, бошларига ялтир-юлтир рўмолларини ўраб олишганди. Куёвнинг отаси илғор дунёқарашли инсон бўлганлиги учун тўй тадоригини яхши ташкил этганди.

Мер ҳузурига етиб келишганда Элеаноранинг хўрлиги келиб, йиғлаб юборди. Қариндошлар унинг ёнига куёвни суриб қўйдилар. Аммо Элеонора томондан гувоҳликка келган қари доктор куёв ҳозир четроқда турани маъқул, деди.

Йиғидан ўзини тўхтата олмаётган Элеонора никоҳ қайд қилинадиган саройга кириб келди. Ёнида уятдан, ўнғайсизликдан янада беўхшов, тўпори бўлиб кўринаётган куёвга кўзи тушди-ю, ғазаби қайнаб кетди; «йўқ-йўқ» дея қичқириб юборишига бир баҳя қолди. Зора, куёв никоҳни рад эца деб, унга қаради. Аммо икковлари ҳам тақдирга тан бериб «розиман» деган жавобни бердилар. Тезда никоҳ расм-русумлари бажарилди. Маросимда қатнашганлар худди мотамда иштирок этгандек совуққина қўрғонча томон йўл олдилар. Элеонора қадрдон дугоналаридан ажралгиси келмасди. Аммо у эри, қайнона-қайнотаси ўтирган извошга ўтиришга мажбур эди.

Улар йўл давомида чурқ этмай бордилар. Куёвнинг ота ва онаси паришон ҳолда кетиб борардилар, дам-бадам келинларига ер остидан ўғринча қараб қўяр, дамлари ичларида, бир-бирларига маъноли тикилиб, кўзларини ердан узмасдилар. Жерландо эса қовоғини уйганча извошда деразадан ён-атрофни кузатганча хаёл суриб борарди.

Қўрғонда уларни шод-хуррам, қий-чув, қилганча пақил-доқ-ларни отиб, қарсаклар чалиб кутиб олдилар. Йиғилганлар келинни ўз удумларига кўра табрик билан кутишга шайланиб турар, келинчак уларга жилмайиб қарамоқчи бўлди-ю, лекин бунинг уддасидан чиқа олмади, йиғилганлар келинни кўрдилару ҳанг-манг бўлиб қолдилар.

Келинчак ўз хонасига чиқиб, бир оз дам олиш мақсадида изн сўради. Унга рухсат бердилар. Элеонора хонасига чиқиб, келин билан куёв учун ўрин тўшаб қўйишганини кўрди-ю, донг қотиб қолди. Наҳотки болакай билан бир тўшакда ёца! Ҳечам-да! Бундай бўлиши мумкин эмас! Асло! Келинчакни титроқ босди, дарҳол ўзини бошқа хонага урди-ю, ичкаридан эшикни қулфлаб олди. Креслога ўтирганча қўллари билан юзини беркитди.

Ташқаридан ҳайқириқ ва кулгу овозлари эшитиларди. Меҳмонлар Жерландони тинчитмасдилар, улар келинни эмас, унинг сепию, оиласини мақтардилар.

Жерландо миқ этмай деразага тикилганча турарди. Юз берган воқеадан жуда изтиробда, дам-бадам бақувват елкаларини учириб қўярди.

Ҳа, у номусдан ерга кириб кетай дерди. Шу хонимга уйлангани учун дили азобда эди. Барчасига отаси айбдор, «ўқи, ўқи» деб ҳол-жонига қўймади, хоним ҳам уни тинмай мазах қиларди, дилини оғритарди. Мана, оқибати нима бўлди. Отаси бўлса қариқизни келин қилганидан хафа ҳам эмас. Баҳонада ерли-жойли, пулдор бўлиб олди. Аммо ўғлининг ҳоли не кечади. Қизиқ, ўзидан икки баробар катта хоним билан қандай яшайди, ахир ундан қўрқади-ку! Xоним шармандаликдан қутулиш учун унга турмушга чиқишга рози бўлди. У хонимга хотини сифатида қайси юз билан қарайди. Устига-устак отаси ўқишини давом эттиришини талаб қилиб турибди. Ўқишга қандай боради, ахир ҳамма унинг устидан кулади-ку! Келиннинг ёши куёвникидан йигирма ёш катта бўлса, устига-устак семизлигини айтмайсизми! Xудди айиққа ўхшайди-я.

Жерландо ана шундай хаёлларга чўмиб турган кезда унинг ота-онаси сабрсизлик билан зиёфат дастурхонига ўтиришни кутишарди. Ниҳоят, улар дастурхон тузалган хонага тантанавор ҳолда кириб келдилар. Дастурхонга тортилган барча ноз-неъматлару егуликларни шаҳардан келган ошпаз ўзи билан эргаштириб келган ёрдамчилари билан тайёрлаган эди.

Ота ўғли ёнига келиб:
– Бор, хотинингни овқатга таклиф қил, – дея буйруқ берди.
– Бормайман, таклиф ҳам қилмайман,– депсиниб тўнғиллади Жерландо.– Ўзингиз бориб чақиринг.
– Тўнка, у сени чақиришингни кутмоқда, мени эмас, – бақирди отаси. – Ахир сен унинг эрисан. Қани, қимирла тезроқ. Тезда келсин!
– Ўзингиз бориб чақиринг, бормайман дедимми, бормайман,– ўжарлик қиларди Жерландо.

Сабр косаси тўлган ота ўғлининг ёқасидан олиб, кетига бир тепди.
– Энди уяласанми? Аҳмоқ бу ғалвани ўзинг бошладинг. Буни қаранглар-а, энди номус қилаётган эмишлар! Қани, ҳозироқ келинни олдингга солиб чиқ-чи! У энди жуфти ҳалолинг бўлади.

Бу ғалвадан хабар топган меҳмонлар ота-болани ажратар эканлар, зўр бериб Жерландони келинни чақириб чиқишга ундардилар.
– Чақирсанг нима бўпти? Бориб, бир қадаҳдан май ичишни таклиф қил, тамом-вассалом...
– Уни нима деб чақиришни билмайман! – чорасизликдан ғўлдира-ди Жерландо.

Бу гапдан йиғилганлардан баъзилари кулиб юбордилар, бошқалар эса тўйни бузаётган ўғлини дўппослашга чоғланаётган отани тинчлаштиришга ҳаракат қилардилар. Ахир бу тўй базмига анча-мунча пул сарфланган эди-да.
– Исмини айтиб чақирасан,– деб ўғлига шипшиди онаси.– Исми нима эди? Элеонора эдими? Элеонора деб чақиравер, энди у сенинг хотининг-ку. Борақол ўғлим, бор...

Жерландо бориб келин ўтирган хонанинг эшигини аста қоқди. Бир оз кутди. Жавоб бўлмади. У билан қандай муомала қилса экан? Дабдурустдан сенласамикан? Жин урсин ҳаммасини! Қандай шармандалик. У нега жавоб бемаяпти? Ҳойнаҳой эшик қоқаётганимни эшитмаётгандир. Жерландо эшикни қаттиқроқ қоқди. Яна бир оз кутди, жавоб бўлмади. Жерландо батамом ўзини йўқотиб қўйди. Онаси ўргатгандек қилиб келинни номини айтиб аста чақира бошлади. Аммо овози ўзига кулгили бўлиб туюлди, чунки довдираб келиннинг исмини адаштириб, «Энеолора» деб чақирган эди. Дарҳол қилган хатосини тузатиб дабдурустдан баланд, буйруқнамо оҳангда Элеонора, деб чақирди.

Шу тоб ичкаридан: – Ким у? – деган овоз эшитилди.

Жерландо овоз келган хона томон аста юрди.
– Бу менман...– деди Жерландо.– Мен, Жер... Жерландоман. Дастурхонга таклиф қилгани келдим.
– Мен чиқмайман. Ўзинглар бемалол ўтираверинглар.

Анча енгил тортган Жерландо дастурхон тузалган катта хонага қайтиб келди.
– Келмас экан. Бемалол ўтираверинглар, деди.
– Сен аҳмоқсан! – қичқирди отаси (у ўғлини доимо шундай дерди).
– Бугунги ёзилган дастурхон тамоман бошқачалигини – тўй дастурхони эканлигини унга уқтирмадингми? Зўрлаб олиб чиқиш керак эди.

Гапга онаси аралашиб, ҳозирча келинни ўз ҳолига қўяйлик, деди. Меҳмонлар ҳам онанинг гапини қўллаб-қувватлашди.
– Чиқишга юзи чидамаяпти, ҳа, уяляпти,– дейишди йиғилганлар.

Қайнота кези келганда келинига нималарга қолдирлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Келини тўй дастурхонига ташриф буюрмаганидан дарғазаб бўлган қайнота овқатларни дастурхонга тортишни буюрди. Тўйга йиғилганлар шаҳарлик ошпаз пиширган таомларни татиб кўриш иштиёқида иштаҳалари карнай эди. Улар дастурхон тузатилишидан ҳайратга тушдилар. Дастурхон устидаги каттаю кичик қадаҳлар, санчқилар, пичоқлар ва юпқа қоғоз салфеткаларни кўриб, буларнинг нима кераги бор экан, деб ўйладилар.

Меҳмонлар башанг кийиниб олганча, қарама-қарши ўтирган ҳолда бир-бирларига тикилиб, қабариқ қўлари билан кумуш санчқилару пичоқларни қандай ишлатишни билолмай гаранг эдилар, айниқса, оқ қўлқоп кийиб хизмат қилаётган хизматкорлар уларни ҳайратга солганди.

Жерландонинг отаси гарданини қаший туриб кавшанганча ўғлига қараб минғирлаган кўйи:
– Унинг ўтиришига қаранглар! Беўхшовлигини-чи! Келин бу гўрсўхтага қандай кўнгил берсин! Бекорга уялмаяпти. Эҳ, қани энди сенинг ўрнингда мен бўлиб қолсам эди!..– деди.

Тўй ҳам совуқ ошдек ўтди, йиғилганлар турли сабабларни важ қилиб, уй-уйларига тарқала бошладилар, ён-атроф зим-зиё қоронғулик оғушида.
– Xўш, энди нима қиласан? – деган саволга тутди ота ўғлини хизматкорлар дастурхонни йиғиштиришаётган пайтда. – Айт, нима қиласан? Бу ёғини ўзинг ҳал қил!

Шундай деб, ота хотинини қўрғончадан нарида жойлашган уйлари томон бошлаб кетди.

Улар кетганидан кейин Жерландо ён-атрофга бўшашиб қараб қўйди. Энди нима қилса экан?

У хоналардан бирида беркиниб, индамай ўтирган хотини борлигини ҳис этарди. Балки энди у ташқарига чиқар? Ҳамма уй-уйига тарқаб кетди-ку! Нима қилса экан-а?

Оҳ, қани энди боши очиқ бўлса-ю, у ҳам онасига эргашиб уйига кеца, дарахт тагида мазза қилиб ором олса!

Балки Элеонора Жерландонинг чақиришини кутаётгандир? Тақдирига тан бериб, эрини ичкарига кириб келишини кутаётган бўлса-чи! Ҳа, ҳа, тақдирга тан бермай қаёққаям борарди.

Жерландо аввалига қулоғини динг қилди. Атроф сукунатга чўмган. Ҳойнаҳой, келин донг қотиб ухлаб ётгандир. Вақт алламаҳал бўлиб қолган, атрофни зимистонлик чулғаган, болохонадаги очиқ эшик тирқишидан ёруғлик тараларди.

Жерландо чироқни ҳам ёқмай бир стулни ўзи билан болохонага олиб чиқди, у ердан бутун қишлоқ ва узоқдаги денгиз кўриниб турарди.

Ҳаво очиқ, юлдузлар самода жилва қилар, денгиз узра ой шуъла сочар, чигирткаларнинг тинмай чириллаши қулоққа чалинарди.

Дабдурустдан, бойўғлининг ёқимсиз овози эшитилди, кетма-кет бошқаси ҳам овоз бера бошлади, улар узоқ вақт қоронғу тун қўйнида навбатма-навбат ҳув-ҳувлай бошладилар.

Жерландо панжарага суянганча узоқ вақт бойўғли овозига қулоқ тутаркан, қалбини қийнаётган оғир сиқув аста-секин тарқалаётганини ҳис этди. Сўнг кўзи қўрғонни ўраб турган деворга тушди, энди буларнинг бари ўзига тегишли эканлиги хаёлидан ўтди, бу ерда ўсаётган барча дарахтлар: зайтун, бодом, анжир дарахтлари-ю узумзор ҳам энди унга тегишли.

Ҳа, отаси қувонганича бор экан, энди у ҳеч кимга қарам эмас.

Отаси уни ўқитмоқчи бўлганида ҳам узоқни кўзлаган экан. Энди ўқишни давом эттиради. Xотини олдида ивирсиб юрганидан кўра бориб ўқигани маъқул. Мабодо, ўртоқлари устидан кулиб, мазах қилгудек бўлсалар, адабларини бериб қўяди. Ахир у бойвачча-я, яхши ўқимаса ўқишдан ҳайдаб юбора олмайдилар. Бу ердаги бойваччалар олдида шарманда бўлмаслик учун ҳам астойдил ўқийди. Тез кунда қолган дарсларни ҳам ўзлаштириб олади. Яна тўрт йил ўқиса агроном ёки танобчи деган ҳужжатни олади. Қайниси кўзга кўринган адвокат, опасини кўнгилдагидек одамга узатмаганидан эзилиб юргандир. Ҳечқиси йўқ, ишимни топиб олганимдан кейин ўзи таъзим қилиб келади ҳали! Ҳа, албатта, қўли кўксида келади! Шунда у: «Менга қари опангни хотинликка бердингми», деб уялтиради, «Мен ҳам ўқимишли инсонман, ёш ва гўзал хотинга уйланишга ҳаққим бор», деб қайнисини тузлайди. Шу ўй-хаёллар билан бошини панжарани ушлаб турган қўллари устига қўйди-ю, пинакка кетди.

Тун ярмидан оққанда худди соя каби ичкаридан Элеонора чиқиб келди. У Жерландони уйғоқ деб ўйлаганди. Унга нисбатан ачиниш ҳисси уйғонди ва баногоҳ уни ваҳима босиб кетди. Элеонора ўз қарорини унга айтиш учун хонасига олиб кириш мақсадида уни уйғоцаммикан, деган хаёл билан жойида тик туриб қолди. Аммо эри саналмиш бу кимсани уйғотиш учун қўлини унга теккизолмади, унинг исмини айтиб чақиришга ҳам журъат этолмай, хонасига кириб кетди.

IV

Барча ишлар хамирдан қил суғургандек ҳал бўлди-қўйди.

Эртасига эрта тонгда Элеонора Жерландога кўнглидагини тўкиб солди. Бу уйнинг ҳақиқий эгаси Жерландо эканлигини, кўнглига келган ишни қилиши мумкинлигини, унинг этагига осилиб, оғир юк бўлмаслигини айтди. Ундан фақат бир нарсани – ёшлигидан уни яхши биладиган кекса хизматкор аёл билан алоҳида кичик бир хонада яшашига рухсат беришини сўради, холос.

Ярим тунда Жерландо ғирт маст ҳолда келди, уни ошхонадаги диванга ётқизиб қўйишди. Эрталаб уйғонгач, ичкиликдан ўзига келолмаётган Жерландо ўзини зўрлаб қовоғини солишга уринарди, гўёки бу хонадоннинг эгаси у-ю, ўзини гапга кўндириш осон эмаслигини кўрсатиб қўймоқчи бўларди. Элеоноранинг гапираётган ҳар бир сўзига, жиддий турганча бош ирғаб қўярди. Ўғилларининг аҳмоқона бу ишидан ота-оналарининг фиғони фалакка чиқарди. Ўғилларига қанча панд-насиҳат қилмасинлар, у қулоғидан кириб, бу қулоғидан чиқиб кетарди. Улар ҳамон бошқа-бошқа уйда ётардилар.

Жерландо отасини тинчлантириш мақсадида ўқишига октябрнинг бошларида қайтиш ниятида эканлигини айтди. Келинига аччиқ қилган онаси Жерландога энг шоҳона хоналарда яшашини, олиймақом ўқишларда ўқиб, яхши ошхоналарда овқатланишини тайинлар экан:
– Сен хотинингга бўш келма! Бўлмаса ўзим бориб, эр деганни қандай иззат-ҳурмат қилиш кераклигини ўргатиб қўяман! – дерди бобиллаб.

Эрини ҳурматини жойига қўймаётган димоғдор келинини кечирмаслигини, бир умр у билан гаплашмаслигини айтиб, онт ичди. Шундай йигитни қадрига етмаса-я! Гапнинг индаллосини айтганда, ёшгина йигит қариқизга муносибмиди, а?!

Жерландо ўқишга шўнғиб, имтиҳонларга тайёргарлик кўра бошлади. Вақт жуда оз қолганди, бор-йўғи уч ҳафта. Xудо ўнглаб астойдил ҳаракат қилса борми, уч йилдан бери уддасидан чиқолмай келаётган ўқишини тугатиб, етуклик ҳужжатини қўлга киритар.

Бўлиб ўтган воқеалар бир оз унутилиб, энди ўзига келган Элеонора хизматкор кампирнинг маслаҳати билан туғилажак фарзандига кийим-кечак тикишга киришди. Аввалари бу ҳақда ҳечам ўйламаган экан.

Кекса хизматкор кампир Жеза Элеонорага чақалоққа кўйлак билан қалпоқча тикишни ўргатди. Тақдир Элеонорага шундай овунчоқ ҳадя этяптики, энди барча кўргуликлари унут бўлади. Xоҳ ўғил фарзанд кўрсин, хоҳ қиз, унга бутун борлиғини бағишлайди! Парвардигор ол қулим, деб ўғил фарзанд ато эца борми, ажойиб иш бўлурди. Элеоноранинг ёши ҳам ўтиб қолган – узоқ умр кўрадими, йўқми, худо билади – қиз болани тўпори отасига қандай ишониш мумкин? Қиз бола деганлари нозик нав-ниҳол бўлади. Ўғил бола кўпам ҳаётда қийналмайди, бир кунини кўриб кетаверади.

Бу азобли ўй-хаёллар уни чарчатди, тикиш-чатиш ҳам жонига тегди, ўзини чалғитиш мақсадида уйидан олиб келган китобларини биринчи бор қўлига олди. Аҳён-аҳёнда хизматкор кампир томон юз буриб:
– У шу ердами? –деб сўраб қўярди.

Жеза энсаси қотиб: «Ҳа, шу ерда», деб тўнғилларди. Сўнг елкаларини қисганча ижирғаниб лабини бураркан:
– Бошини китоб устига қўйиб ётибди. Балки, ухлаётгандир. Ким билсин, балки хаёл суриб ётгандир,– деди.

Жерландо хаёл дарёсига ғарқ бўлганди. Бу қандай ҳаёт бўлди, деб ўйларди.

Ҳа... у хўжайин, аммо кимнинг устидан ҳукмини ўтказишни билмасди; хотини борми, йўқми, ўзи ҳам сезмасди. Ота-онаси билан муносабати яхши эмас, ораларига совуқчилик тушган. Ҳаёт унга кулиб боқмаганди, қанча ўқимасин, калласига ҳеч нарса кирмасди.

Жерландо ўзини қўярга жой тополмасди. Ишга қўли бормас, аламли изтироблар оғушида юрак-бағри эзилмоқда эди. Xотини унинг кўкрагидан қанчалик итарса, у хотини томон шунчалик талпинарди. Дабдурустдан хотинидан кўнгли совий бошлади. Қўрғонни эплаштириш ташвиши Жерландонинг бўйнида эди.

Жерландо ўрнидан даст туриб ғазаб билан хонасидан чиқарди-ю, қия очиқ эшик тирқишидан хотинини кўргач, жаҳлидан тушарди. У оғир хўрсиниб қўяркан, журъати етишмаётганидан, ҳечқиси йўқ, ҳаммаси йўлга тушиб кетади, деб ўзини овутарди.

Кунлардан бир куни навбатдаги имтиҳондан ўтолмай шаҳардан қайтиб келди. Ўқиш ҳам жонига тегди. Шунча ўқигани етар! Савил қолсин ҳаммаси! У жаҳл устида стол устидаги китоблару, дафтарлар, чизмалари-ю, барча-барча ўқув қуролларини уйи ташқарисига олиб чиқиб уйди-да, ўт қўйиб юборди.

Югуриб келган отаси уни тўхтатиб қолмоқчи бўлди. Жерландо баногоҳ портлаб, отасига ўшқирди:
– Менинг ишимга аралашманг!.. Ёш бола эмасман, бойваччаман.

Онаси ва далада ишлаётган деҳқонлар югуриб келишди. Қоғозлар уюми аланга олмоқда эди, тутун тобора қуюқлашиб борар, олов гуриллаганча осмонга ўрларди. Шовқин-суронни эшитган Элеонора болохонага югуриб чиқди, кетидан хизматкор кампир ҳам ҳозиру нозир бўлди.

Жерландо уст кийимини ечиб ташлаган, ғазабдан ранги қув ўчган, курк товуқдек ҳурпайганча узоқ йиллар ит азобида қийналиб ўқиган китобу дафтарларини аланга томон улоқтирмоқда эди.

Бу ҳолдан Элеоноранинг кулгуси қистади ва шоша-пиша ўзини ичкарига олди. Келинининг қилган ишини кўриб, қайнонанинг ғазаби жўш уриб, ўғлига:
– Қилаётган ишингдан хотинингнинг хурсандлигини кўряпсанми? Сени мазах қиляпти! – дея ўшқирди.
– Мазах қилишни унга кўрсатиб қўяман! – қичқирди Жерландо болахона томон ўгирилиб қараркан.

Бу гапни эшитган Элеоноранинг афт-ангори бўзариб кетди. У шу дамгача кечириб келаётган осуда ҳаёти дарз кетганлигини ҳис этди. Энди қисқа вақт ичида осуда ўтаётган ҳаёти тўс-тўполонга айланадими? Бу тентак ундан нима истайди ўзи? Элеоноранинг сабр косаси тўлди. Ортиқ чидай олмайди бу пичинглару азоб-уқубатларга.

Шу тоб кўзи баногоҳ Жерландога тушди. У тинмай ҳансирар, ғазабдан талвасага тушиб, хотинига ўшқира бошлади:
– Етар, бас! Мени мазах қилаяпсанми! Ҳа, отам оддий деҳқон, мен ҳам. Нима, бойвуччаман деб керилаяпсанми? Бу латта-лутталарингни кўзимдан йўқот! Болага шоҳона кўйлакларнинг кераги йўқ. У ҳам менга ўхшаб деҳқон бўлади. Xизматкор кампирнинг жавобини бер, йўқолсин уйимдан. Уй-жойга ҳам, ош-овқатга ҳам бугундан бошлаб ўзинг қарайсан. Онам юргизаётган рўзғорни сен ҳам эплайсан, ўлиб қолмайсан. Тушундингми гапимга!

Элеонора аста ўрнидан турди.
– Онанг билан ишим йўқ,– деди у Жерландонинг кўзига виқор-ла тик боқиб.– Мен синёраман, сен мени деҳқон аёлига айлантира олмайсан.
– Сен менинг оддий хотинимсан! – қичқирди Жерландо Элеоноранинг қўлига қўполлик билан ёпишиб. – Айтганимни қиласан. Нима десам, шуни қиласан. Тушундингми?

Сўнг Жерландо хизматкор кампирга эшикни кўрсатиб:
– Қани, уйимдан туёғингни шиқиллатиб қол-чи!– дея қичқирди.
– Жеза, тўхта, мен ҳам сен билан кетаман! – дея қўлини бўшатмоқчи бўлди Элеонора.

Лекин Жерландо хотинига дағдаға қилиб, қўлини қўйиб юбормай, яна-да маҳкамроқ сиқди.
– Ҳеч қаерга кетмайсан, шу ерда қоласан. Мендан осонликча қутуламан деб ўйлаяпсанми! Сени деб, тоза эшитадиганимни эшитдим. Қани, хонангдан ҳамма нарсаларингни олиб чиқ! Етар, шу пайтгача ҳамма азобни бир ўзим тортганим. Шунча кўз ёши тўкканларим етар.
– Нима учун кўз ёши тўкдинг,– йиғисини аранг босиб сўради Элеонора. – Сендан мен ҳеч нарса талаб қилмаяпман-ку!
– Ия, ҳали талаб қиламаганинг шуми? Сенга тегинмаслигимни, сенга яқинлашмаслигимни талаб қилмадингми?– Нима, мен ердан чиққан қўзиқоринманми? Сиздек хоним билан гаплашишга ҳаққим йўқми? Менга хизмат қилиш учун хизматкор ёлладинг. Нега бошқа хотинлар каби менга ўзинг хизмат қилмайсан, а?!
– Мендан нима истайсан, ўзи? – деди Элеонора ўзини босишга уриниб.– Гар шуни истар экансан, сенга ўзим хизмат қилганим бўлсин.

Шу тобда Элеоноранинг мадори қолмай, кўзларига ёш қалқди, баногоҳ боши айланиб, ҳушидан кетди. Бу ҳолни кўриб ўзини йўқотган Жерландо Элеоноранинг қошига югурди ва дарҳол йиқилаётган хотинини ушлаб қолди. Жеза ёрдамида ўриндиққа ўтқазди.

Кечга яқин Элеонорани тўлғоқ тута бошлади.

Жерландо қилган тўполонидан пушаймон бўлиб, қўрқувдан онасини чақиргани югуриб кетди. Дояни олиб келиш учун бир болани шаҳарга жўнатдилар. Келинининг боласи тушиб қолишидан қўрқиб кетган Жерландонинг отаси тайёр уй-жойидан айрилиб қолишидан хавотирланиб, ўғлини: «Нима қилиб қўйдинг, аҳмоқ бола,– дея койий кетди.– Xотининг ўлиб қолса, нима қиласан? Фарзандингдан айрилиб қолсанг-чи? Xароб бўласан, тушундингми? Ўқишни ташладинг! Бирон-бир ишнинг уддасидан чиқолмайсан-ку, нодон бола! Қараб тур, итдек хор бўласан!
– Бола ўлса ўлавермайдими!– қичқирди Жерландо. – Ўзи тирик қолса бўлгани!

Ичкаридан югуриб чиққан Жерландонинг онаси қўлларини кўкка кўтариб, фарёд қила бошлади:
– Доктор керак! Тезроқ докторни чақиринглар! У ўлаяпти!
– Аҳволи ёмонми? – сўради ранги докадек оқариб кетган Жерландо. Отаси Жерландони эшик томон судраркан:
– Югур! Тезроқ доктор топиб кел! Оёғингни қўлга ол! – дея буюрди.

Жерландонинг вужудини титроқ боса бошлади. У жон-жаҳди билан югуриб кетди. Кўз ёшлари тинмай оқар, оёқлари худди юрмаётгандек туюларди ўзига.

Ярим йўлда у доя хотин билан бирга келаётган аравага дуч келди.
– Тезроқ ёрдам беринг! Тезроқ! – бор овози билан қичқирди у.– Докторни олиб келишга кетаяпман! Аҳволи оғирлашиб қолди.

Жерландо қоқилиб йиқилди, эгнилари тупроққа беланди, шилинган қўлини ушлаганча югуришда давом этди.

Жерландо шифокорни бошлаб келганида Элеонорадан қон кетиб, беҳуш ётарди.
– Қотил! Сен қотилсан! – дея қичқирди бекаси атрофида гирдикапалак бўлаётган Жеза. – Ҳаммасига сен айбдорсан! Унга қўл кўтаришга қандай ҳаддинг сиғди!

Элеонора бир оз ўзига келгач, жазаваси тутган кампирга «жим» дегандай бош чайқади. У кетаётган қон билан бирга вужудидан сўнгги куч-қуввати, яшаш онлари жисми жонини тарк этаётганини ва танаси музлаб бораётганини ҳис этмоқда эди. Бу дунёни тарк этгани бир жиҳатдан маъқулдир. Тавба, ўлим қўрқинчли эмас экан. Балки бу боқий дунёнинг ташвишларидан тўйиб кетгани учун ҳам дорилбақога рихлат этиш унга бир қадар ёқимли туюлаётгандир. Ранги оппоқ оқариб кетган Элеонора кўзларини шифтга тикканча абадий уйқуга кетишини кутиб ётарди. Никоҳ кечасида гувоҳ сифатида қатнашган шифокорни гўё тушида кўраётгандек эди. Элеонора унга боқаркан, юзида ним табассум пайдо бўлди.

V

Жерландо хотинининг ёнидан кечасию кундузи жилмай ўтирди.

Элеонорани ниҳоят, оромкурсига олдилар, юзидан қон қочганди. Кўзи Жерландога тушди, худди эри ҳам ўлим тўшагидан тургандек эди наздида. Сўнг тепасида парвона бўлаётган қайнона-қайнотасини кўрди. Янаям катталашиб кетган шаҳло кўзлари ила уларга боқди ва улар билан ўзи ўртасида боғлаб турадиган ҳеч нарса йўқлигини сезди, гўё у қаердандир покланиб келган-у, нафақат эри, қайнона-қайнота билан ҳам, аввалги ҳаёти билан ҳам боғлаб турадиган ришталар батамом узилганини ҳис этди.

Элеоноранинг нафас олиши оғирлашганди. Арзимаган шовқиндан ҳам юраги гупиллаб уриб кетар, сўнг бир оз тўхтаб, яна ҳаприқиб уришда давом этарди. У ниҳоят бошини ўриндиқнинг орқа суянчиғига ташлаб, кўзларини юмди-ю, ўлмай қолганидан афсусланди. Энди у қандай яшайди? Қандай қилиб бу азобларга чидайди! Қаршисида ундан нигоҳларини узмай турган кимсаларнинг кўзига қандай қарайди. Уларга нисбатан қалб торлари узилиб кетганди! Аввал ўтиб кетганлар у томон бостириб келавердилар, кимдир уни бор кучи билан ушлаб тургандек, бошидан ўтказган воқеаларни томоша этишга мажбур этаётгандек эди, ҳамма-ҳаммасини унутишга ёпирилиб келаётган ўю хаёллари изн бермасди.

Элеонора энди одам қаторига кирмай, юрагим ёрилиб бу дунёни тарк эцам керак, деб ўйларди. Аслида ундай бўлмади... Барча азоблар ортда қолди. Аста-секин ўрнидан туриб, Жеза кампир ёрдамида хона ичида юра бошлади; қувватга киргач, пиллапоялардан аста-аста пастга тушиб, очиқ ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олди. Кейин-кейин ҳар оқшом қўрғоннинг жанубий томонидаги баландликкача борадиган бўлди. У ердан денгиз қирғоғи бемалол кўзга ташланарди. Элеонора дастлабки кунлари у ерга Жерландо ва Жеза ёрдамида, кейинчалик эса Жеза кампир ҳамроҳлигида борарди, ниҳоят, кучга киргач, ёлғиз ўзи борадиган бўлди.

Элеонора қари зайтун дарахти соясидаги тош устига ўтирганча денгизнинг мавжланишини томоша қилишни ёқтирарди; шу ердан ботаётган қуёшнинг гардиш нурлари денгиз устидаги қуюқ туман ичига кириб кўздан ғойиб бўлишини, тўлқинларнинг гўзал рангда мавжланаётганини, булутлар эса қуёш шуъласидан ғаройиб тусга кириб боришини, қоронғулик атрофга ўз пардасини ёяётган пайтда, самодаги юлдузларнинг бирин-кетин потраб чиқиши-ю, атрофга нур таратаётганини, уларга эргашиб тўлин ой ўз жамолини кўз-кўз қилаётганини томоша қилиб ўтирарди. Оқшом нақадар гўзалликларга бойлигидан ҳузурланаради. Бу хотиржамлик ва осудалик унга жаннатдагидек роҳат бахш этганди. Бу роҳатдан тўйиб-тўйиб лаззат оларди.

Бу орада Жерландонинг оиласида Элеонорага нисбатан тузоқ қўйилаётган эди. Қайнонаси билан қайнотаси меросхўр ҳақида ўғиллари қулоғига қуяётгандилар. Улар Элеонорадан хавотирда эдилар.
– Ўғлим, хотинингни ёлғиз қолдирма. Унга ғамхўрлик қилишинг керак. Ёнидан сира силжима, ишончини, меҳрини қозон. Xотинингни шунга мажбур қилгинки, хизматкор кампир унинг хонасида тунамасин. Келинимиз ҳозир ўзини яхши ҳис этяпти, тунлари унга хизматкорнинг ҳожати йўқ,– дея уқтирардилар.
– Нималар деяпсиз, ахир! Бундай ўй-хаёллар калламга келгани ҳам йўқ... Ё тавбангдан кетай! Ахир у мен билан онадек муносабатда. Ўзингиз ҳам бунинг гувоҳи бўлгансиз-ку!.. Унинг ёши ўтиб қолганмиш. Бу ишларга ярамасмиш!..
– Нима, қариб қолганмишми? – гапга аралашди онаси. – Уни қари деб бўлмайди, шунинг учун сен...
– Фарзандлик бўлмасанг, барча ерларингни тортиб оладилар! – Гапни бўлди отаси. – Мени айтди дерсан, сени унга боғлаб турадиган боланг бўлмаса хор бўлиб, кўчада қолиб кетасан. Мабодо, у сенга бола туғиб бермай ўлиб қолса борми, қонун бўйича бутун мол-мулкингни тортиб оладилар. Ўйлаб иш қил! Ўқишни ҳам ташладинг, вақтни бой бераяпсан. Мени айтди дерсан, отингни вақтида қамчилаб қолмасанг, ҳеч вақосиз қоласан. Кеч бўлмасдан яхшилаб ўйлаб кўр... Нимани кутиб ўтирибсан!
–Хотинингга дўқ қилма, яхши гапир,– аста тушунтирди отаси. – Олдига бориб ҳаммасини тушунтир. Айтганларимни қилмасанг, ҳеч вақосиз қоламан, дегин. Мени ҳам ўйлагин-да, мен ҳам сенинг айтганларингни қиляпман-ку, деб айт. Нимадан қўрқаяпсан? Ҳаммасини тушунтир, қўрқма, сени еб қўймайди.
– Яна шуни қўшиб қўйгинки,– яна гапга аралашди онаси, – Элеонора, сен укангга мурувват кўрсатмоқчимисан? Ахир у сени не кўйларга солмади дейсан. Мени уйдан қувиб юборишини истамасанг, гапимга кирасан. Ота-онам ҳам бу уй-жойлардан қувиладилар, дегин.

Жерландо миқ этмай ўтирарди. Ота-онасининг гап ўргатишларидан ижирғаниб ўтирса-да, айни вақтда улар ҳақ эканликларини ҳис этарди. Нима қилса экан? Бу воқеалар ҳақида Элеонорага сўз очса, албатта унга ёқмаслигини жуда яхши билади, аммо начора, фарзандсиз ҳаёт ҳаётми? Нима қилиб бўлса-да, Элеонорага буни ётиғи билан тушунтириши керак.

Элеонора энди дастурхон атрофига чиқиб ўтирадиган бўлганди. Бир куни кечки овқат пайтида эри дастурхонга тикилганча хаёл суриб ўтирганига кўзи тушиб қолди ва:
– Нега овқатингни емаяпсан? Бир нуқтага тикилиб ўтирибсан,– деб сўради.

Жерландо айни вақтда хотинидан шу саволни кутган ва айнан хотини шу саволни бериши учун ҳам дастурхонга тикилгандек хаёл суриб ўтирарди. Ўрни келганда ота-онаси миясига қуйган гапларни гапирмоқчи ҳам бўлди-ю, лекин қўл силтаб қўя қолди.
– Сенга нима бўлди? – қайта сўради Элеонора ундан.
– Ҳеч нарса, – саросимага тушиб деди Жерландо. – Отам сира тинчлик бермаяпти...
– Яна ўқи деяптими? – кулиб сўради Элеонора.
– Йўқ, бошқа нарса ҳақида, – аста гапирди Жерландо. – Фарзандлик бўлишимизни истаяпти. Набиралик бўлишни жуда хоҳлаётганмиш. Насл-насабсиз бўлишимизни истамаяпти. Бир-бирингизга қараб, сўппайиб ўтирасизларми деяпти. Меросхўр керак-ку, ахир!
– Отангга айтиб қўй, – жиддий тусда деди Элеонора Жерландони қизарган юзини кўрмай, деб қўллари билан юзини тўсаркан. – Отангга айт, ташвиш тортмасин. Мен ҳаммасини ўйлаб қўйганман. Гар шу ҳақда гап очилган экан, сенга бир гапни айтиб қўймоқчиман, ким олдин, ким кейин ўлади, бу ёлғиз Оллоҳга аён, мен аввал бандаликни бажарсам, хонамдаги жавоннинг иккинчи тортмасида сенга аталган хат бор, ҳаммаси ўша ерда ёзилган.
– Қандай хат? – сўради уятдан қизариб кетган Жерландо.

Элеонора бош ирғаб гапини тасдиқларкан:
– Ҳа. Xотиржам бўл, – деб гапни қисқа қилди.

Эртаси куни севинчи ичига сиғмаган Жерландо ота-онасининг уйи томон елдек учиб борди ва Элеонора айтган гапларни оқизмай-томизмай сўзлаб берди.

Жерландонинг ота-онаси ўғлининг гапидан қониқмай, ҳайрон бўлиб уни саволга тутдилар:
– Xат дейсанми?

«Қизиқ, бу қандай хат экан. Васиятномамикан. Демак, барча мол-мулкларни эрига қолдираётган экан-да. Xатда нималарни ёзди экан-а? Аёллигига бориб, ниманиям ёзганийкин! Ёзганларини нотариус тасдиқламаса, у қонуний ҳисобланмайди-ку. Укаси ҳам суд ходими бўлса, судлашиб бор-будларини тортиб олиши туган гап.

Судлашиб барака топмайсан. Судлашиб юришни худо кўрсатмасин. Биздай ночорларнинг кучимиз етмайди уларга. Укаси ўчакишиб бизни хонавайрон қилади. Оқни қора, қорани оқ, деб тураверишади. Ким билади дейсан, ўша тортмада ҳеч қандай хат йўқдир. Сендан қутулиш мақсадида шундай деяётгандир. Xатни ўз кўзинг билан кўрдингми? Йўқ, кўрмагансан. Боланг бўлганда борми, барчаси бошқача тус олган бўларди. Алданиб қолмагин тағин. Гапимизни икки қилмай фарзандлик бўлиш ҳаракатига туш. Xат билан иш битадими?» – тинмай ўғлига уқтирарди отаси.

Кунларнинг бирида одатда жарлик ёқасида ўтирган Элеоноранинг рўпарасида кутилмаганда Жерландо пайдо бўлди. Элеоноранинг эти жунжикиб елкасига қора шолрўмолини ташлаб олганди. Феврал ойи бўлса-да, кунлар илиб, баҳорнинг ҳиди келиб қолган. Жарликнинг пастидаги ялангликда ниш урган буғдой кўм-кўк ястаниб ётарди, уфқда денгиз ва осмон туташиб кетганди.

Элеонора осуда ранглар уйғунлашувини завқ билан томоша қилаётган эди. У толиққанини ҳис этгач, бошини зайтун дарахтининг танасига қўйиб, тин олди. Қора шолрўмолини бошига ўради, юзи оппоққина бўлиб кўзга ташланди-қўйди.
– Бу ерда нима қилиб ўтирибсан? – деди Жерландо унинг қаршисига келиб. – Xудди мотамсаро оналардек ўтирибсан-а.
– Атрофни томоша қилаяпман,– деди Элеонора хўрсиниб, сўнг кўзини аста юмди.

Жерландо Элеонорага:
– Шолрўмолинг ўзингга бирам ярашибдики... – дея кўнглини кўтарди.
– Ростанам ярашибдими? – маъюс жилмайди Элеонора. – Совқотганимдан ўрадим.
– Рост айтаяпман, жуда ярашибди. Юзингни нақш олмадай кўрсатаяпти. Бирам очилиб кетибсанки,– деди Жерландо шоша-пиша хотинининг қаршисига тиз чўкаркан.

Элеонора йиғлаб юбормаслик учун кўзларини чирт юмиб олди. Самарасиз ўтиб кетган ёшлик йилларидаги хотиралар миясига қуюндай ёпирилиб кела бошлади. Эссиз ёшлиги, бесамар ўтган ёшлиги... Ўн саккиз ёшида у нақадар гўзал ва сулув эди-я!

Кутилмаганда Жерландо журъацизлик билан унинг билагидан ушлаётганида Элеоноранинг ҳуши ўзига келди.
– Қўлингни менга бер, – деди Жерландо ва бесаранжом кўзлари билан хотинининг бошидан оёғигача разм солди.

Элеонора эрининг хатти-ҳаракатидан гап нимадалигига тушунса ҳам ўзини гўлликка солиб:
– Қўлимни? Нега? – деб сўради ва: – Зўрлама мени, кўтаролмайман. Кучим етмайди. Зўрға юрибман... Кеч бўлди, юр уйга кетайлик,– дея ўрнидан турди.
– Ёмон хаёл кўнглимга келгани йўқ, – тушунтирмоқчи бўлди Жерландо. – Бир оз шу ерда ўтирайлик. Бу ер жуда осуда, кўнгилочар жойлар экан...

Қуруқшаган лабларининг таноби қочганча Жерландо Элеоноранинг тиззаларини қучмоқчи бўлди.
– Йўқ! – қичқириб юборди Элеонора. – Эсингни еб қўйибсан! Қўйиб юбор!

Элеонора Жерландонинг елкасидан итариб юборди. Жерландо чўккалаб қолди, Элеоноранинг қора шолрўмоли унинг устига сирғалиб тушди.
– Қачонгача ноз қиласан-а, қачонгача, – яна-да куч билан Элеоноранинг тиззаларини қучаркан ғўлдиради Жерландо худди маст одамдек. Элеонорадан таралаётган ёқимли ҳиддан маст бўлган Жерландо аста-секин қўлини унинг бели томон чўзди.

Элеонора бор кучини ишга солиб, эрининг қучоғидан ўзини озод этди ва жар ёқасига югуриб келди-да:
– Яқинлашма! – деб бақирди.

Ғазаби жўш урган Жерландо Элеонорага ташланди. Элеонора унга чап бераман деб, пастга қулаб кетди.

Жерландо даҳшатдан турган жойида донг қотиб қолди. Қулоғига фарёд тўла бўғиқ овоз чалинди. Жерландо эсанкираганча қўрқа-писа пастга қаради, не кўз билан кўрсинки, яшил ўт-ўланлар устида бир тўда қора кийимлар ёйилиб ётарди. Қора шолрўмол эса шамолда ҳилпираб, қанот қоққандек пастлаб тушиб борарди.

Жерландо нима қиларини билмай иккала қўли билан бошини чангаллаганча уйи томонга қаради. Сўнг зайтун дарахти теппасида тўлин ой шуъла сочиб турганига кўзи тушди. Жерландо узоқ вақт ойдан кўзини узолмади. Унинг наздида тўлин ой барча воқеага гувоҳ бўлганча Жерландони айблаётгандек эди.