OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЛуқмон Бўрихон
Асар номиАлдоқчи тунлар (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Луқмон Бўрихон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм50KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/01
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Алдоқчи тунлар (ҳикоя)
Луқмон Бўрихон

Шорн қоронғуси қуйилиб келаётган бир пайтда Нур қўрбоши харсангтошлар панасидан бош кўтариб, кенг ялангликдаги қишлоғи томон маъюс-маҳзун термилди.

Ё раб, ҳувиллаб ётган манов харобазор наҳот унинг ота маскани?! Қани, қир бағрида ёйилиб юрувчи сурув-сурув қўй-қўзилар? Қани, бутун қишлоқни қий-чувга кўмиб юборадиган болалар? Сув баҳона, булоқ бошига қимтиниб-қимтиниб йиғилувчи қиз-жувонлар қани?

Нур қўрбоши ўз қишлоғига уч баҳору уч қишдан бери бу қадар яқин келмаган, ҳувв, ўша илиқ кўклам саҳарида ўн байталга

бир дунё қоракўл тери юклаб, қаршилик савдогарлар билан Қашқар тарафларга отланганида сафарининг бунчалик узайиб кетишини сира-сира кутмаган эди. Ўшанда отаси — кекса чорвадор бой кўзларидан ўт чақнаб турган йигирма беш яшар ўгиини, одатдагидек, ишонч билан фахрлана-фахрлана кузатиб қолганди.

Аммо атиги бир йиллик бу сафар қайроқдек Нур бойваччага ҳам нақ бир аср чўзилгандай бўлди. Ҳайбатли-ҳайбатли тоғлардан ошиб, қаҳратоннинг совуқ шамолларига қоришиб, олис Қашқар бозорларига ҳам етиб келган аллақандай инқилоб тўғрисидаги мишмишлар ҳамма мусофирлар қатори уни ҳам ташвишлантириб қўйганди. Айниқса, кетар пайти орқасида чирқираб қолган бир яшар ўғилчасини ўлардай соғинганидан кўнглига қил сиғмасди. Шу сабаб, гоҳо, савдони ҳам йиғиштириб, ўтар-қайтар болакайларни томоша қилиб ўтирар, уларга кўп-кўп совғалар улашар эди. Охири, сабр косаси лиммо-лим тўлиб, илк кўклам кунларидан бирида, шерикларини қистай-қистай йўлга чоғланди. Соғинчу интизорликда бойваччадан ками йўқ дўстлари ҳам жон-жон дея отларга қамчи босдилар.

Улар йўллар айрилар сарҳадда узоқ-узоқ хайрлашишди.

Ўша йили кўклам хийла иссиқ келиб, қор-музлар ҳил-ҳил эриб оқар, кенг қир бағриларию сайҳонликларда кўм-кўк ўт-ўланлар гуркираб ётар, гул-чечакларнинг товусдек таровати кўрган кўзни қувонтирар эди. Аммо, соғинчини ичига сиғдиролмаган Нур бойвачча орқа-олдига қарамай, шошиб-тошиб йўл босарди.

Бир пайт, қадрдон қишлоғига ярим кунлик йўл қолган бир маҳал, тор бир ялангликда бир тўп отлиқлар олдини тўсиб чиқишди.

Нур қўрбоши чавандозларнинг важоҳатидан ўтакаси ёрилса-да, улар ичидаги ҳамқишлоғини, қишлоқ оқсоқолининг арзанда боласини таниб, ҳаяжон билан отидан сакраб тушди.
— Ассалому алайкум, — деди қучоқ очиб кўришувга чоғланиб. Лаб-лунжи қувончдан ёйилиб кетганди.

Аммо ҳамқишлоқ Сулаймон арғумоғини чир-чир айлантираркан, қуруққина саломлашди:
— Яхши етиб келдингми?

Нур бойвачча анграйди-қолди: ё, Оллоҳ, қишлоқ оқсоқолининг муллаваччаўғли Сулаймонми шу?! Ё, ажаб, нозиккина, сипогина, қўй оғзидан чўп олмаган йигитча эди-ку? Мунча қаҳру ғазаб, мунча шиддат қайдан келди унга?! Елкасида антиқа милтиқ, уст-боши кирчил, соч-соқоли ўсиқ, бу не ҳои?!
— Оғир бўл, Нур, - деди Сулаймон от жиловини маҳкам тортиб. - Кўргулик! Ҳаммаёқда инқилоб балоси!

Eмишки, уч ойча илгари қишлоқни қизил қўшин мўр-малахдек босибди. Мол-мулкка кўз олайтирибди, занғарлар! Қишлоқ оқсоқоли номусига чидаёлмай, ҳовлисида амирлардек кезиниб юрган аскарларга ўроқ олиб ташланган чоғ қизил қўмондон какликдек отиб ташлабди уни! Сулаймон эса деразадан чиқиб қочганмиш. Нурбекнинг отасидан уч хум олтин талаб қилиб, уни отхонага қамаб қўйишибди. Бечора чолни ёзилгани ҳам олиб чиқишмабди, «Отхона кенг, билганингни қилавермайсанми, аҳмоқ», дея қаҳ-қаҳ уришибди. Эртасига, қовуғи ёрилиб, ўша кечаёқ тинчиган қарияни оиган хачирдек ташқарига судраб ташлашибди.

Бошидан тўқмоқ егандек, аллақачонлар ялпайиб ётган Нур бойвачча, бир маҳал, гўё, тўсатдан уйқуси ўчган инжиқ гўдакдай увв тортиб юборди.
— Отажо-о-он, увввв, ота-а...

У тошлоқ ерни алам билан муштлар, ғужанак бўлиб типирлар эди.

Бойваччанинг жазавасидан асов тулпорлар ҳам ҳайратлангандай тек қотдилар. Чавандозлар бирин-кетин отлардан тушиб, лекин жиловларни қўлдан қўймай, ерга тиззалаб ўтиришди. Сулаймон қисқагина мунгли тиловат қилди.

Фотиҳадан сўнг тўдабоши ҳамон ўзини босолмай, ҳиқиллаб ётган аламзаданинг елкасига жундор қўлини қўйиб:
— Исломнинг турк навкарина кўз-яш ярашмас, — деди хиёл бошқа лаҳжада.

Нур бойвачча, «еса, нима қилай», дегандек, ёшли кўзла-рини унга қаратди. Атрофдагилар, худди шуни кутиб турган каби, чувиллай кетдилар:
— Қонга қон! Ал-қасос!
— Ҳеч кимнинг дарди сеникидан кам эмас, — деди Сулаймон қамчи сопи билан йигитларга ишора қилиб.

Нур бойвачча чангга беланиб қад тиклади, хўрсинди. Сўнг, тоғлар ортидаги қишлоғи тараф ғамгингина қараб тураркан, пичирлади:
— Менга ҳам яроғ беринг...

Унинг нақ икки йилга чўзилган қонли сафари худди шу тошлоқ сойдан бошланди.

Улар ўша куниёқ Анвар пошшонинг буюк лашкарига қўшилиш ниятида Бойсун тоғлари томон йўл олдилар.

Кечга яқин бир тубсиз жар лабидаги сўқмоқдан ўтиш арафасида Нур бойвачча ёнма-ён от йўрттириб бораётган Сулаймонга ботинмайгина кўз ташлаб, ўғли ҳақида сўради. Сўради-ю, гўё, яна нохуш хабар эшитадигандай, дами ичига тушиб, юраги бежо ура кетди.
— Ўғлинг, - деб гап бошлади Сулаймон, сочқин ўйларини бир зум йиғиб, - ўғлинг Нишон хизматкорнинг қарамоғида, хотининг... ўшанга тегди, ярамас ...

У гапини тугатар-тугатмас, Нур бойвачча отига аччиқ қамчи тортди.

Нурбек бир чақиримча жойдан от бошини қайириб, яна тўдага қўшилди. Уни ҳайрон кузатиб турган чавандозлар бир-бирларига маъноли-маъноли қараб олдилар.

Ҳамқишлоқнинг завқи Сулаймонга ҳам юққанди. У бошларини силтаб-силтаб пишқираётган Нурбекнинг отига ҳавас билан тикиларкан:
— Тулпорингга беш кетаман-да, Нур, - деди. — Тоштуёқмисан, тоштуёқ!

Бойвачча синиқ жилмайди.

Тоштуёқ! Нурларнинг бутун воҳага донғи кетган дулдули! Кўпкариларнинг кўрки эди у! Улоқни тишлаб узатарди-я, жонивор?! Айниқса, пойгаларда қанотсиз учишини айтмайсизми?!

Нурбек Тоштуёқнинг ёлларини меҳр билан силай-силай, яна беихтиёрўғлини ўйлаб кетди. Хаёлан, уни Тоштуёққа мингазиб, чавандозликка ўргатди... қилич сермаш, ўқ отишни машқ қилдирди.

«Ўғлим, бардам бўл!» — деб пичирлади Нур ич-ичида ва ташида оғир хўрсинди. Бу хўрсиниқ яна икки йил бўғзини куйдириб юришидан ҳали хабарсиз эди у!

Eртасига, пешин намозидан сўнг, бойвачча ғўдайган ёшгина навкардан бир қулоч тасма топиб, ўғлига атаб келти-раётган, ёғочдан устакорлик билан ясалган ўйинчоқ тойни бўйнига дурбиндай осиб олди.

Ўша ғаройиб кийимли савдогарнинг лаби-лабига тегмай таърифлашича бу матоҳ нақ Фарангистонда ясалган эмиш.

Қаҳрли, суронли дамлар... Жангу жадал — Қашқар бозорида мол сотиш эмаслигини Нур бойвачча лаҳза сайин ҳис қила борди. Ўгиининг ҳидига зор думоғи қон иси, ўқ-дори исига кўникди. Ҳатто, бу исларсиз туролмайдиган, кўзи тиниб, боши айланадиган азобга йўлиқди. Шу сабабданми, ҳар қалай, у савашларда шердек олишар, сачраётган қонни кўриб телбаларча хахолар эди.

Бир оқшом, сийрак арчазор устида адашиб чарх ураётган тўрғайга хаёлчан термулиб турган Нурбек, шундоқ ёнгина-сида, бўйнидаги ўйинчоқ тойга ошуфта тикилаётган сардорни сезмай қолди.
— Ўғлонимизни Оллоҳ паноҳ этсин! - деди сардор жилмайиб. Бойвачча ҳайратланиб унга юзланди.

Ўғли борлигини у қайдан билди?! Сулаймон айтдимикан, ё? Унда «ўғлонимиз» демоқнинг боиси не? Ё, сардорнинг ҳам ўғли бормикан?

Нурбек тўдабошининг меҳрли тилагидан бўшашиб, қўлини кўксига қўйди:
— Ташаккур, афандим...

Уларнинг сардори Истанбул тарафлардан келган бўлиб, Анвар пошшонинг ишонган ноибларидан бири экан. Қизиллар орасида «Қари қоплон» лақаби билан донг чиқарган бу саксон яшар чолнинг ғоят тетиклиги ҳаммани ҳайратга соларди. Ҳатто, ҳарбиарнинг бирида оғир яраланиб ётса ҳам хийла вақт кўзлари чақнаб турди. Ниҳоят, «Оллоҳа шукрлар... боболар юртина шаҳид бўлмак насиб этмиш...», дея энтика-энтика жон берди.

Ўшанда Нур бойваччанинг қилич тутганига роса бир йил тўлган эди. «Қари қоплорфнинг мурдаси совимай туриб, қўрбошилик даъво қилмиш бир чақчайган ғаламисни у қоқ оғзидан отиб ташлади. Сўнг, ўша чошгоҳ улуғ қарияни иззат-икром билан кўмишгач, Нурбекнинг ўзи усталик билан йигитларни савашга бошлаб кирди. Энди, у — Нур қўрбоши эди!

Кўп ўтмай, Анвар пошшо ҳам дайди ўққа учди-ю, «буюк лашкар» тўзғиб қолди. Беклар, понсодлар ҳокимлик талашиб, бир-бирларига тиғ кўтардилар. Анчадан буён саросимада юрган қизил қўшиннинг елкасига офтоб тегди.

Нур қўрбоши эса эси борида этагини йиғди-ю, юзтача навкарини бошлаб, яна изга — ўз қишлоғи ёққа қайтди. Улар ёи-йўлакай - Оқбош овули атрофида катта биртўдага йўлиқишди. Учраган тўда сардори Нурбекни менсимай, унинг бўйнидаги фаранги ўйинчоқни яйраб-яйраб мазах қилди.

«Ҳали гўдак экансан-ку, ота ўғил, йигитларни менга топшир, ҳақи учун бошқа зўр ўйинчоқ топиб бераман«, дея қаҳ-қаҳ отди. Бироқ ўша тунда, унинг ўзи саксон азаматини «гўдак»ка мерос қолдириб, заҳарланган қовурдоқдан тил тортмай қулади.

Ўша йили Нур қўрбоши Бойсунтоғ этакларида ивирсиб қолиб кетди. Лаънати қизил қўшин деганлари дақиқа сайин кучайиб борар, ҳар учраган сайҳонлик, ҳар учраган довонда милтиқ ўқталиб турар эди.

Нурбек йигитларини зимдан кузатаркан, улар ҳам, ўзидан баттар, ҳориб, эзилиб бораётганини, милтиқларгумбуридан, қиличлар жарангидан безиб боиганини ҳис қиларди. Қайсидир кеч, полвон йигитлардан бири ўзини жардан ташлаб юборди. Раҳматликнинг изидан ҳавас билан қараб қолмиш навкарларнинг шивир-шивирича, ҳув, қир этагида бечоранинг ўйнаб-ўсган овули қолиб кетаётир экан.

Шундай қақшаган кунларнинг бирида улар кенг ялангликда бемалол чувалашиб, еб-ичишаётган ёғий устидан чиқиб қолишди!

Аввалига, Сулаймон уч азаматини ёнига олиб, қай бир арча панасида, босмачилардан кўра командирларидан бекиниб, хотиржам қартабозлик қилаётган тўрт соқчини қўйдай бўғизлаб келди.

Андан сўнг, қонсираб, тўлқинланиб турган юз йигирма нафар чавандоз баб-баравар отлар жиловини бўшатишди. Кенг ялангликни ваҳший қийқириқлар қоплаб кетди.
— Ўқ отилмаси-и-ин! Фақат бурдала-а-анг, бурдаланг! — дея ўкирарди кўзи қонга тўлиб, қуюндек чарх уриб бораётган қўрбоши. Унинг бўйнидаги ўйинчоқ той шиддатдан афсунгардек силкинар, гўё сардорини тортқилаб-тортқилаб қирғинга ундаётгандай кўринар эди.

Буткул ваҳимада қолган ҳангу манг қизиллар палапартиш ўқ уза-уза дуч келган ёққа тумтарақай қоча кетдилар. Жанг ҳидини сезган отлари эса аччиқ-аччиқ кишнар, қозиқлари атрофида чир-чир айланар эди.

Урҳо-ур ичида калхатдай шўнғиб келмиш қўрбоши иккала қоиини ҳам жони борича кўтариб жавдираётган аскарнинг бўғзини тилиб юборди. Ариқдай очилиб қолган кекирдакдан шариллаб иссиқ қон отила кетди. Ундан сал нарида кимдир аллақачон иккига бўлиб ўтган гавдатипирлаб ётарди.

Ғолиб қийқириқларга бир зумда доду фарёд, ингроқ саслари қоришиб кетди. Отлар туёғидан кўтарилаётган чанг-тўзон кенг ялангликни кирчил пардадек қоплади.

Кўз очиб-юмгунча чавақланган юзга яқин ёғий аскари қуюқ қон буги таратиб, дўппайиб-дўппайиб қолдилар.

Ўнбоши Сулаймоннинг навкарлари, тўйга келтирилган қўйлардек, йигирма чогии асирни уриб-тепиб бир ерга тўплашди.

Чиндан ҳам бугун тўймисан тўй экан. Асирлардан бирининг тутила-тутила тушунтиришича, улуғ инқилобнинг нечадир йиллигини тантанали нишонлашаётган экан.

Ғолиблар қаҳ-қаҳ отиб кулдилар. Асирлар эса ўйчан кезинаётган қўрбошининг бўйнидаги фаранги ўйинчоққа ноумид термилиша-термилиша ўз тақдирларини кутишарди.

Нурбек, ниҳоят, ҳорғин кўзларини олис-олис чўққилар томон олиб қочаркан, буюрди:
— Отиб ташлансин!

Орадан ойлар ўтиб, қизилларнинг бешафқат таъқибларидан қоча-қоча, қишнинг қаҳрли аёзларида ғорма-ғор биқиниб дийдирашаркан, ўша охирги ғалабани лаззат билан эслаб юришди.

Нур қўрбошининг кўнглига қил сиғмасди. У ҳарбларнинг бирида дайди ўқ ярмини юлиб кетган ўйинчоқ тойни бағрига босганича қаҳратондан бир амаллаб чиқиб олиш режаларини ўйлаб ўтирарди.

Ҳеч гўрдан таъминотнинг йўқлиги, устига-устак, теваракдаги бошқа тўдаларнинг, худди душманига қарагандай, ғижиниб ола-йишлари йигитламинг кўнглини буткул чўктириб юборганди. Яратганга шукрким, баланд-баланд қоялар орасидан манови — қўй қумалоқлари бўйрадай тўшалиб ётган ғорлар топила қолди. Ҳар нечук бошпана.

Йигитлар теварак-атрофда ғиж-ғиж ўсиб ётган арчалардан келтириб ғорлар ўртасида гулханлар ёқишар, сўнгра ловуллаб ёнаётган олов теграсида тўп-тўп ўтириб, турли-туман хаёлларга ғарқ бўлишар эди.

Ғорлар ичида бўртиб-бўртиб чиққан тош бўлаклари, аллақандай дарахт илдизлари тез орада қора қурум билан қопланиб кетди.

Бир куни аср намозидан сўнг ўнбоши Сулаймон секин пичирлади:
— Нур, қишлоқлардан оипон йиғайлик, йигитлар оч! Қўрбоши ялт этиб унга юзланди:
— Шунча йил қон кечмоқдин мақсадинг шу эдими, қори?! Сулаймон унга гап уқтириб бўлмаслигини англаб, оғир тин олди. Қўрбоши эса кўзларини чала юмиб, «ярадор» ўйинчоқни силаганича яна хаёлга чўмди.

Сулаймоннинг ғашлиги қўзғалди:
— Ўйинчоқ ўйнагунча, - деб димоғидан кулди у, -навкарлар ғамини е!
— Сулаймон! Оқбошдаги сардорни унутма! — деди Нурбек ўзини аранг босиб, аммо югурук қоилари, беихтиёр, ёнидан маузерни суғурдию тиззасига қўйди.

Ўнбоши шарт туриб, энгашганча ғордан чиқиб кетди ва ўша тунда гумбурлаган ўқ товушидан ҳамма оёққа қалқди. Изидан, Сулаймоннинг алам-изтиробли мазахга лиммо-лим ҳайқириғи тогиардан тоғларга, даралардан дараларга урилиб янгради:
— Э, ҳе-ҳе-ҳе-ҳе-эй, — (овоз қайдан келаётганини ҳеч ким илғаёлмасди), - Нурбекка ишонмангла-ар, у ўғлини қутқариш пайида юрибди-и-и, барибир, сизлами сотади-и-и!

Нур қўрбошини титроқ босди: «Ё, Оллоҳ, бу не кўргулик...» — лекин шу лаҳзаёқ гапга чечан навкарлардан бирининг жавоби кўнглини тоғдай ўстирди.
— Ҳей, — деди у бутун зулматни ларзага келтириб. - Сен ҳезалакда йўқ бўлса йўқдир, биз ҳаммамиз ўғилли-и-и! Ҳамманинг нияти бир!

Навкар гапини тугатар-тугатмас чийиллаб келган ўқ орқадан қояга урилди.

Тўданинг ярмини Сулаймон авраб, эргаштириб кетган экан. Отишма бошланди.

Қарийб икки йилдан буён ўқ ёмғири остида изғиган Нур қўрбоши, илк бор, шу ерда елкасидан яраланиб, инграганича қулади... ва зор-зор кутилган кўкламнинг ўрталарига довур турмади.

Тоғларда қорлар эриб, дарёлар шовуллай бошлади, қушлар чуғурлашиб, кўкатлар бўй тараб қолишди.

Бироқ аламзада тўданинг юрак-бағри ҳамон муз эди.

Қўрбоши туну кун алаҳлаб, мулозимлар қуршовида ётар, гоҳо ўғлини чақира-чақира сапчиб туриб, ғор оғзини қидира қолар эди. Мулозимлар ҳай-ҳайлашиб, қўлига ўша... «ярадор» от ўйинчоқни тутқазишгач, қалтирай-титрай, ўз-ўзидан тинчиб, яна чўзиларди.

Ниҳоят, навкарларидан ҳам баттар озиб-тўзиб кетган Нурбек оёққа турди. Эртаси куни садоқатли мулозимлар қўрқа-писа гап бошлашди:
— Бек, бу ерларда энди кунимиз битганга ўхшайди, ўзга юртларга бош олиб кетайлик...
— Сиз Қашқар тарафларни хўп билармишсиз...
— Иншооллоҳ, яна қайтармиз...

Қўрбоши сесканиб-сесканиб тушди, аммо озғин қоилари бу гал тўппончанинг совуқ дастаги томон узалмади.

Мулозимлар ҳақ эди. Буткул ҳолдан тойган йигитлар арзимаган ҳужумга ҳам дош беролмасдилар. Худога шукр, қизиллар негадир йўқлаб келишмаяпти, ё, «аёзда қирилиб битган», дея ўйлашаяп-тимикан?! Устига-устак, Тоштуёқдан — Нурбекнинг суюкли тулпоридан бошқа ҳамма отларни сўйиб ейишганди...
— Сафарга тайёр эмасмиз ҳали, — деди қўрбоши оҳиста, у гап оҳангидаги розилик аломатларини пайқаган мулозимлар енгил нафас олдилар.

Олис ва оғир ёига тараддуд роса бир ойга чўзилди. Ўқ-дори, озиқ-овқат ғамладилар. Ҳатто, шу атрофда қўй боқиб юрган чўпонни ишга солиб, яна ўн беш нафар от ҳам топишди.

Аммо сафар соатлари яқинлашган сайин йигитлар алланечук каловланиб, паришон кезинадиган одат чиқармоқда эдилар. Айниқса, ъ кўзларида битмас-туганмас карахтлик қотиб қолган Нур қўрбоши кундан-кунга букчайиб борарди. У баъзан кун бўйи туз тотмай, қорни оғриётганини баҳона қилиб, қирма-қир дайдиб юрар, чирқиллаб учаётган қушларга, асрий арчаларга, ҳайбатли қояларга соатлаб тикилиб ўтирар эди. Лекин отдан тушсаям эгардан тушмайдиган бу қайсар навкарларига тез-тез аччиқ-тизиқ буйруқлар қилар, гоҳо ўзича ҳазил-мутойибачига айланар, ишқилиб, ҳеч кимга сир бой бермаслик илинжида бўлар эди.
— Эртага отланамиз! — деди Нурбек, ниҳоят, май ойининг охирларида.

Ўша кеч хуфтон намозини ҳаддан ташқари эзиб ўқидилар. Фотиҳалар кетидан фотиҳалар, илтижолар кетидан илтижолар жаранглади.

Ибодатдан сўнг, тагига эгар-жабдуқларини қўйиб, ҳамма жим-жим чўзилди.

Тун... Тақдирдек қоп-қора тун! Юксак чўққилар тарафдан совуқ шамол эсмоқда. Шошқин сой бўзлаб шовуллайди. Тун ҳашаротлари тинмай чирқиллайдилар.

Нур қўрбоши сачраб кетган учқунлардек кўк тўла юлдузларга термуларкан, ҳувв, ажойиб ёз кечаларидан бирини эзилиб эслади. Ўшанда, чорбогиари ўртасидаги супачада ағнаб ётар, хотини илондек тоиғаниб унинг қў1-оёқларини уқалар, ўғилчаси эса осмонга қўл чўзиб, «юлдуз обберинг», деган маънода хархашалар қиларди.

«Катта бўлсанг, ўзинг оласан», дейишарди эру хотин гўдак инжиқлигидан баттар завқланишиб.

Ҳозир ўғли роса еттига тўлган! Уни кўрса танирмикан?! Танийди, танийди! Ахир, Нур уч яшарлигида олис савдо сафаридан қайтувчи отасини топиб, олдига югуриб чиққанди-ку?!

Қўрбоши аёл ва гўдак исини думоғида туйиб, бесаранжом-ланди. Шу чоқ сал нарида ётган йигитлардан бири:
— Юлдузлар йиғлаяпти, — деди шивирланиб.

Нурбек ялт этиб унга юзланди. Аммо, навкар бутун борлиқни унутиб, кўкдан кўз узмас, ҳатто илкис қўзғалиб, юзига бақрайиб тикилаётган сардорни ҳам сезмас эди.

Қўрбоши яшин тезлигида ўн беш навкарнинг барига бир-бир анграйиб чиқди. Не кўз билан кўрсинки, унингча аллақачонлар донг қотиб ухлаётган йигитлар... мўлтиллабгина қараб ётар, гўё, алланечук ғаройиб мусиқани қилт этмай, нафас олмай, қайта-қайта тинглар эдилар.

Қўрбошининг ғимирлаб қолганидан сергак тортган ўнг мулозими оҳиста ёнбош бўлди, лекин ҳамишагидай, «Нега безовтасиз, бек?!» - дея сўрамай, тубсиз қоронғуликка тикилиб тураверди.
— Бек, — пичирлади у, — сой мунчалар шовуллади-я?!
— У ҳам соғинади, - деб юборди Нурбек беихтиёр.
— Ҳа, соғинади, - деди аллаким туриб ўтираркан. Қолганлар ҳам бирин-кетин қўзғалиб қолдилар:
— Ҳа, соғинади.
— Ҳа соғинади.
— Соғинади...

Навкарларининг ҳар бирига мўлтираб-мўлтираб тикилаётган Нур қўрбошининг ўз-ўзидан ўпкаси тўлиб келарди. Бир маҳал у шартта чўкка тушди:
—Йигитлар...

Бироқ, бўғзига муштдек тиқилган хўрлик гапирмоққа қўймади.
— Йигитлар...

У шундай деди-ю, ортиқ бардоши етмай, ўкириб, ёнидаги мулозимининг тиззаларига ўзини ташлади.

Ҳеч ким уни тинчлантирмасди. Гўё, кўпдан интиқ кутилган ёмғирда ивиётган ишқибозлардек, маъюс энтика-энтика жим ўтирардилар.
— Азизларим, — деди Нур қўрбоши кўз ёшларига қоришиб бош кўтараркан, аллақандай хирқираган, хириллаган товушда. Рухсат берингиз, биродарлар, ўғлимни опкелай, Оллоҳ ҳақи, ортиқ тоқат қилолмайман...

У жавоб ҳам кутмасдан сапчиб қўзғалди-да, эгар-жабдуғини ердан супуриб кўтарди.
— Бек, - деди ўнг мулозим туриб-туриб. - Ёлғиз кетманг...
— Йўқ-йўқ, ўзим... У ёқда қизиллар қароргоҳи...

Eгасининг шарпасини сезган Тоштуёқ қисқа-қисқа кишнаганича депсиниб турарди.
— Бизни кутинг, - деярди Нур қўрбоши орқа-олдига қарамай, отни чоғлар экан. — Эртан саҳар шу ерда бўламиз, иншооллоҳ!

Кўп ўтмай учқур тулпор туёқларининг гумбур-гумбури бутун тоғу тошни тутиб кетди.

* * *

Шомдан сўнг теварак-атроф чодрасига бурканди-ю, Нур қўрбоши аланглай-аланглай харсанг панасидан чиқди. Улкан арча тагида пишқира-пишқира ўтлаб турган Тоштуёқ қулоқларини диккайтирганича орқасидан қараб қолди.

Нур қўрбоши бу ерларни беш қўлдай биларди. Аммо, айни пайтда, тошдан тошга кийикдек сакрай туриб, тўрт тарафни эҳтиёткорлик билан кузатар, тиқ этган ҳар товушга, нафас олмай, сергакланиб қулоқ тутар эди.

Қишлоқ итлари бири қўйиб, бин олиб узлуксиз ҳургани-ҳурган. Унда-мунда милтиллаган чироқлар кўзга ташланади. Ҳувв, қир этагида адашиб қолган бузоқ мўнграмоқда. Аллақайдандир чала куйган тезак ҳиди анқийди.

Нур қўрбоши зум ўтмай сойга тушиб, нафас ростлаш дардида ербағирлаб ётди. У пухта режалартузиб олганди ўзича:

«Боради. Ҳовлининг қоронғи бир бурчида биқиниб, лаънати Нишоннинг ташқари чиқишини кутади. Албатта, чиқади у ебтўймас. Ўша пайт, шартта бўғзига тўппонча тираб: «Ў ҳароми, -дейди. — Жонингдан умидинг бўлса, ғингинг чиқмасин, мен ўғлимни оламану кетаман!«... Ёки тўппа-тўғри бориб, эшикни тақиллатади, ичкаридан анови нонкўрнинг саси чиқди дегунча, бир зарб билан эшикни қўпорадию бостириб киради. Агаргапга кўнмай ҳунар кўрсатгудек бўлса...»

Нур қўрбоши қовжироқ лабларини қимтиб, мушукдек пуса-пуса илгарилаб бораркан, югурук қўллари беихтиёр яроғ излаб пайпасланди.

Мана, бостирмалари ҳурпайиб турган биринчи ҳовлидан ҳам ўтди. Анови қорайиб кўринаётган жой, собиқ қайнотаси — тегирмончининг уйи! Унгаям, қизигаям минг лаънат! Наҳотки, уч талоғини олмай туриб бошқанинг қўйнига кириш шунчалар осон? Яна келиб-келиб Нишон ислиқига теккани-чи?

Нур қўрбоши тўнғиздай эт-сўлли Нишоннинг тузсиз кўзларини хаёлида жонлантираркан, нафрат ва жирканишдан бўғриқиб кетди. У, бир вақтлар, катта шаҳар бозорида гадойлик қилиб юрган кезлари қоқсуяк нарса эди, Нурнинг отаси ачина-ачина уни бу ерга эргаштириб келди-ю, йил ўтмай новвосдай семириб кетди, занғар. Аммо бўрдоқи боқиш, отларга қараш деган хизматларни дўндирарди. Балки шунинг учун ҳам уни ҳалиги... нима эди... ҳа, шўро раиси этиб тайинлашгандир? Балки, анови мегажин шу мансабига учгандир? Эҳ, барибир, таги пастлигига борибди-да, ярамас?! Туф, ҳаммасига туф, унга ўғли керак, ўғли! Ўгиини олади-ю, Тоштуёқни тўпирлатиб йўқолади бу ерлардан.

Қўрбоши аламли хаёллар гирдобида ҳамон шарпадек сирғаниб борар, ҳар уч қадамда теваракни аланглаб кузатар эди.

Ҳувв тепаликдаги ҳашаматли бино - бечора оқсоқолнинг уйи. Қўрбошининг эшитишича, ҳозир у ер аллақандай шўронинг идораси эмиш. Шу гап тўғриёв, ана, атрофида бир аскар паришон айланиб юрибди. Шу орада Нурбекнинг кўз олдида Сулаймон қори жонланди-ю, ич-ичини изтиробли қўмсаш тимдалаб ўтди: «Eҳ, дўстим...»

Бир маҳал қўрбошининг хаёллари хазондек тўзғиб, бутун вужуди титраб кетди. Ахир, қирқ-эллик қадам нарида унинг уйи мунғайибгина турарди! Ана, ота макон!

У бир пайтлар анови қўшқанотли дарвозадан, ингичка мўйловини силаб, оҳорли кийимларда, чақмоқдай боииб чиқиб кетганди.

Мана, қайтди...

... бошида салла қийиқча, соч-соқоли ўсиқ, кир-чир, эгнида юпқариб кетган олача тўн, белида «Қари қоплон»дан қолган қўрбошилик камари.

... бўйнида ўша антиқа ўйинчоғу ёнида яроғ билан қайтди!

Ҳовли атрофи тошқолоқ билан ўралган. Сал пастда ястаниб ётган чорбоғ, гўё, кимнидир йўқлагандай, маҳзун шовуллайди.

Нурнинг отаси дабдабаю ҳашамга сира Қизиқмасди. Шу боис ҳовлилари кенг бўлса-да, аммо кўримсизгина. Яхшиям шундайлиги, эсам уларникиям ҳалигидақа шўро-тўраларга ин бўлиб кетган бўлармиди? Лекин, барибир, ҳовлининг Нишонга қолгани Нурбекни алам ўтида қовурарди. Берса, ана, Эрмат чўпонгаберсин эди, ана, Мирзо боғбонга берсин эди.

Айтганча, қай бир шаҳарда ҳам отасининг ҳайҳотдай уй-жойи, бола-чақаси бор, деб эшитувди, уларнинг аҳволи нима кечди экан?! Эҳ, бу дунё!

Нур қўрбоши тош девордан ошиб, ичкари тушди. У тобора сутдек кўпира бораётган ҳаяжондан қалт-қалт титрар, юраги гуро-гурс уриб, нафаси қайтар эди.

Қўрбошининг назарида, ҳозироқ, югурдаклар пешвоз келиб, хизматига илҳақ турадигандек, отаси айвонда ёнбошлаб чой ичаётгандек, бош ирғаб, Нурни ёнига имлаётгандек туюларди. Унинг ўй-хаёлида ажойибдан-ажойиб манзара лоп-лоп этиб жонлана бошлади:

...ана, дераза ойнасидан кузатиб турган хотини, кўз-кўзга тушгач, нозлана-нозлана ўзини панага олди. Зум ўтмай, ичкаридан завқ-шавқ билан ўғилчаси пилдираб чиқди...

Нурбек ҳатто боласининг шодон қийқириғини эшитгандай бўлди.

Бироқ ҳовли қабристондек ҳувиллаб ётарди. Фақат нариги чек-кадаги ҳужрадеразасидан чироқнинг хира ёғдуси липиллаб турарди.

Ишком тагида серрайиб қолган Нурбек, қалт-қалт титраб, ўша ёққа юрди. Шу тобда у қай ниятда келганини буткул унутган, шомдан бери пишитиб юрган режалари кераксиз бир хаёлга айланиб қолганди.

Қўрбоши журъатсизлик билан ҳужра эшигини тақиллатди. Шу лаҳзадаёқ, ёш боланинг «отам келди, отам», деган қувноқ овози ва дуп-дуп югургилагани эшитилди.
— Ўғлим!

Нурнинг зор қақшаган бўғзидан, юраги тубида зардобдек йиғилиб ётган соғинчу илҳақлик, ўкинчу севинч биргина шу сўз тусида отилиб чиқди:
— Ўғлим!

Аммо ичкаридан бошқа садо чиқмади. Нурбек эса ўз-ўзидан қайнаб тошаётган кўз ёшини арта-арта, эшикка қапишганича турарди. У шу чоғда, қоча-қоч, қува-қувлардан буткул зада бўлганини, ҳеч қаёққа ошиқмаётганини, ҳеч қачон энди ортга қайтолмаслигини чуқур ҳис қилди. Қанийди, дунёда ёғий зоти бўлмаса-ю, у бир умр мана шу қўпол эшикка суяниб турса?!
— Ўғлим, - деди Нурбек яна ботинмайгина эшикни тақиллатаркан.

Ичкаридан аёл кишининг жонҳолатда пичирлагани қулоққа чалинди-ю, қўрбоши бир сесканиб ўзига келди. Аллақачон уни тарк этган нияти, режалари яна қайта миясида чарх ура бошлади.

Демак, ичкарида ўғли ва анови!... Нишон қайгадир йўқолган! Афтидан, анови болани эшикка йўлатмаяпти!

Шу пайт, гўё Нурбекнинг фикрини тасдиқлагандай, ўктам болакайнинг чарс-чарс овози эшитилди:
— Отам мажлисда, сиз — босмачи! Кетинг! Кетинг!

Қўрбошининг кўз олди қоронғилашиб, эшикни зарб билан итариб юборганини ўзи ҳам билмай қолди.

Бир бўлак занжири учиб кетган эшик қарсиллаб очила кетди. Очилди-ю, ичкаридан аёл кишининг «Вой!» деган ожизона саси, ёш боланинг ваҳимали чинқириғи ташқарига отилди.

Қадрдон ҳужра ҳиди, кўзга таниш манзаралар ғоят довдиратиб қўйган Нурбек бир зум карахт бўлиб турди.

Токчадаги эски чироқнинг хира ёғдусидан вассажуфтлар, тахмонлар, девордаги уч-тўрт қозиққа илинган кийим-бошлар андак ёришиб турарди.

Ана! Ана унинг ўгии! Унинг арслони! Э-ҳе, катта йигит бўлиб кетибди-ку?!

Нурбек бўсағага секин чўнқаяркан:
— Ўғлим, — деди энтикиб.

Аммо бир бурчакда тошдек қотган, кўзлари ола-кула хотиннинг этакларига маҳкам чирмашиб олган болакайдан ҳеч бир садо чиқмади.
— Ўғлим, бу мен, - деди Нурбек аранг, - танимаяпсанми, болам?!

Сўнгра у хўрлиги келиб, қучоғини кенг ёйганича ўғли томон судракланди.

Болакай эса ҳиқ-ҳиқ йиғлаб, орқага тисарилаверди.

Ё, Оллоҳ! Бу не кўргулик? Уч йилдирки, хаёлида зор-зор кутган, чопқиллаб йўлига чиққан, бўйнига эркаланиб осилган ўз ўғли танимади-я?!
— Бу мен-ку, ахир, болам! — деб қақшади қўрбоши кўз ёшларини тиёлмай. — Кел, бирбағримга босай, кел!

Шу чоқ орқа тарафдан дўриллаган буйруқ янгради:
— Қимирламанг, қўрбоши!

Нурбек тиз чўкканжойида шарт ўгирилиб ортгақаради: «Нишон!» У бўсағада тўппонча ўқталиб турар, изида яна ўн чоғли навкар милтиқларини шайлаб ичкарига мўралашарди.
— Хуш келибсиз, — деди Нишон димоғидан кулиб. — Биз сизни ёлғиз кутмагандик, қолганлар қайда, бек?

Қўрбоши сийрак қошларини чимириб, қақроқ лабларини қимтиб, яна ўша қирғин дунёсига қайта бошлади. Соғинчу илинжнинг, ўкинчу севинчнинг омонат дунёси яна тўзғиб кетди.
— Ота-а-а!

Онасининг пинжида биқиниб турган болакай Нишон томон ҳайқириб югурди. Унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини энтикиб кузатаётган Нурбекнинг ич-ичида нимадир узилиб кетгандек бўлди ва...

Кўз очиб юмгунча варанглаган ўқ товуши ҳовлининг ичу ташини зириллатиб юборди. Изидан, ўз ўқи ўз бўғзини тешиб ўтган Нур қўрбоши гурсиллаб қулади. Бўйнида осиғлиқ ўша ғаройиб ўйинчоқ той қонга беланганича сирғалиб ерга тушди...

Ўша тун Тоштуёқнинг аччиқ-аччиқ кишнаши бутун тоғу тошни титратди. Қадрдон отхона ҳидини олиб келган бу тулпор ўз чавандозини излаб, тошқолоқ теварагида чир-чир айланарди.