OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМаъруф Отахонзода
Асар номиШайх Шиблийни биламизми?
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Маъруф Отахонзода
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Мақолалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм13KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 33-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Шайх Шиблийни биламизми?
Маъруф Отахонзода

Бу заминдан не-не улуғ зотлар етишиб чиқмаган дейсиз. Афсус, уларнинг барчаси ҳақида ҳам етарли даражада маълумотга эга эмасмиз. Жумладан, Шайх Шиблийни биладиганлар ҳам кўп эмас. Ваҳоланки, Фаридиддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё»сида, Алишер Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат» каби асарларида бу улуғ шайх номи алоҳида эҳтиром билан тилга олинади.

Бобур Мирзо «Рисолаи волидия» таржимаси хотимасида Шайх Шиблий номини Жунайд Бағдодий номи билан бирга зикр этади. Xўш, мана шундай юксак эътирофга сазовор бўлган улуғ шайх ким? Унинг тасаввуф таълимоти тарихида тутган ўрни қандай?

Абубакр Шиблий (859-946) ўз даврининг кўзга кўринган уламоларидан бўлган. У аввал Мансур Ҳалложнинг (858-922) шогирди бўлган. Кейин Жунайд Бағдодий (вафоти 911) қўлида таълим олган.

Ҳазрат Навоий «Насойим ул-муҳаббат»да шайх Абу Жаъфар Ҳаддоддан қуйидаги сўзларни иқтибос келтирган: «Агар ақл киши суратиға кирса эрди, Жунайд сурати бўлғай эрди». Ана шу донишманднинг суюкли ва мартабали шогирди Абубакр Шиблий халқ орасида фиқҳ олими сифатида машҳур бўлган.

Алишер Навоийнинг ёзишича, Жунайд ўз шогирдига бундай баҳо берган: «Ҳар бир қавмнинг тожи бор, бу қавмнинг тожи эса Шиблийдур!»

Абубакр Шиблий суҳбати, ҳатто уни кўришнинг ўзиёқ замондошларига ғурур бағишлаган. Унинг айтган ҳикматлари, шариат қонунларига оид фикрларидан Шиблий дунёдан ўтганидан кейин ҳам кўп машойихлар далил сифатида фойдаланганлар.

Маълум сабабларга кўра, шўролар даврида Шиблий таълимоти назардан четда қолиб келди. Унинг илмни халққа ёйиш, Xудони юракка жо этиб, ҳалол меҳнат билан шуғулланиш, таълим-тарбия ҳақидаги фикр-хулосалари, баъзи ҳикоят ва ривоятлари, панд-насиҳатлари ҳанузгача халқимиз орасида барҳаёт.

Шиблийдан Бир Қисса...

Шайх Шиблий дарвеш либосида бозорга келиб, нонвойдан Xудо йўлига бир нон сўрабдилар. Нонвой эса, «Қайси бирингга берай, бор, йўлингдан қолма», деб у кишини ранжитибди. Иккинчи нонвой эса шеригига «Шайх Шиблийни кўриш истагинг ёлғон экан-да?» дебди. Қилмишидан пушаймон нонвой Шайхни дарҳол топиб, бу гуноҳини ювиш учун халойиққа «худойи» деб ош берибди. Шайх Шиблий ҳам зиёфатга ташриф буюриб, тўрда ўтирган эканлар. Маърака охирида жамоанинг халфаси Шайхга қараб нонвой ҳақида бир дуои хайр тилабди. Шунда Шайх Шиблий: «Бу нонвойга дуонинг ҳожати йўқ, у дўзахийдир. Зеро, у Xудо йўлига бир нонни раво кўрмади, Шиблий учун шунча зиёфат берди», деган эканлар.

Қиссадан ҳисса шуки, хайр-еҳсон, меҳру мурувват шунчаки «хўжакўрсин» учун эмас, чин дилдан, Xудо йўлига, савоб учун бўлмоғи керак.

Шайх Шиблий Нега Йиғлади?

Шамсулмаъолий Қобус (978-1012) Табаристон ва Гургонда шуҳратмақом, маърифатли, илмсевар подшоҳ бўлган. Невараси — Унсурулмаъолий Кайковус унинг тарбиясини олган. Катта тарихий ва адабий-тарбиявий аҳамиятга молик «Қобуснома»нинг яратилишида ҳам бунинг таъсири бор. Абу Райҳон Беруний ўзининг энг қимматли рисоласи — «Осорул-боқия»ни юксак ҳурмат-еҳтиром юзасидан унга бағишлагани бежиз эмас. «Қобуснома»да Шиблийдан бир ҳикоят бор.

Бир куни Шиблий икки ракаат намоз ўқиб, осойиш топиш учун масжидга юзланибди. Масжидда шогирдлар таълим олар экан. Шайх Шиблий келганда, болалар овқатланаётган экан. Тасодиф билан икки бола Шиблийга яқин ўтирганди. Улардан бири — бойвачча, иккинчиси — дарвешзода (камбағал кишининг фарзанди) экан. Бойваччанинг саватида — ҳолва, дарвешзоданинг халтасида — қотган нон. Буниси ҳолва ерди, унисининг ҳаваси келиб, ҳолвасидан беришни сўрарди. Бойвачча айтди:
— Агар ҳолва беришимни истасанг, менинг итим бўл.
— Сенинг итингман.
— Унда итдек ҳургин.

Ул бечора дарвешзода тиз чўкиб, итдек акилларди, зора бир бўлак ҳолва олса. Шиблий бу аҳволдан тоқати тоқ бўлиб, йиғлар эди. Муридлари ундан йиғлаши сабабини сўрадилар. Шайх деди:
— Кўринглар, тама кишиларни қай аҳволга солур. Агар бу гўдак ўз қотган нонига қаноат қилиб, бировнинг ҳолвасига тама қилмаганда эди, ўз тенгининг ити бўлмасди.

«Мақомоти Шоҳ Нақшбанд»дан

Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд асарларини мутолаа қилсак, Абубакр Шиблийнинг ким эканлигини яққолроқ ҳис этамиз. Ҳазрат Баҳоуддин Шиблий, Жунайд, Мансур Ҳаллож сулуки, таълимоти ва мартабаларининг улуғворлигини шундай изҳор этганлар:

«... Кунлардан бирида ҳазрат Баҳоуддин ҳазрат Саййид Мир Кулол суҳбатларини қўмсаб, Насаф томон йўлга тушибдилар. Ҳазратнинг отлари жиловидан тутиб бир дарвеш борарди. Ҳазрат Баҳоуддин дейдиларки: «Мен Боязид Бастомий (қ,с.) мақомларига сайр қилдим ва Султон Боязид борган жойга етдим. Шайх Жунайд, Шайх Шиблий, Шайх Мансур чиққан мақомларга ҳам кўтарилдим ва бир даргоҳга етдимки, ундан муаззамроқ, буюкроқ мақом йўқ эрди. Билдимки, бу Муҳаммад алайҳиссалом боргоҳларидир...»

Шиблийнинг Закоти

Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат»да Шиблийнинг бир фиқҳшуносга берган маслаҳатини қуйидагича баён этади:

«Шайх Шиблийдан бир фақиҳ сўрабдурки:
— Закот адоси не навъдур?

Шайх дебдурки:
— Санга фарз бўлур закот улдурки, ҳар икки юз дирамдин беш дирам Тангри йўлига бергайсен. Манга бўлур закот булдурким, ҳар икки юз дирамдин икки юзу беш дирам Тангри таоло йўлига бергаймен.
— 200 дирамким берилди, яна беш дирам недур?

Шайх дебдурларки:
— Ул 5 дирам 200 дирам закот берганимнинг шукронаси. Бу Абубакр Сиддиқ мазҳабидур».

Ҳикоят

Шайх Шиблий ўз ҳаётида кўп сафарларда, жумладан, Араб мамлакатлари, Рум ва Xуросон ўлкаларида бўлган.

Шиблий зарурат юзасидан сартарошхонага кирибди. Уста дўкон тўрида дам олиб ўтирар, шогирдлари иш билан банд экан. Шайх устани таклиф қилибдилар. Уста ўрнидан туриб, ишига машғул бўлди. Шу дам дўконга бир қосид кириб келди ва айтдики, Бағдоддан Шиблийга 400 динор юбормишлар.

Шайх ул маблағни қосид қўлидан олди ва сартарошхонадаги сандиқ устига қўйди. Сартарош эса Шайхни таниб, унга хизмат қилаётганидан ниҳоятда хушнуд ва бахтиёр эрди. Зеро, шунча маблағ ҳам унга инъом этилган эди. Шу он дўкон эшигидан бир гадой кириб, сартарошдан садақа сўради.

Шайх Шиблий ҳотамтойлигидан сарафроз бўлган уста ўша 400 динорнинг барчасини ул бечорага бериб юборди.

Шайх Шиблийнинг Илми

Ҳазрат Жомий нақл этурлар: «Шиблий замона имоми эрди. Ундан олдин ҳам машойихлар ўтган, аммо у ҳаммадан улуғроқ эди... Жунайд келдию бу илмни тартибга солди ва кутуб қилди, чун Шиблий келди, бу илмни минбарга чиқарди ва халққа ошкор этди».

Шайх Шиблий: «Эртага бугунги вақтни қайтариб бермагай, ихтиёрингдаги ҳозирги дамни ғанимат бил, ундан баҳра олгин», деган эканлар. Ушбу ҳикматнинг ҳаққонийлиги, ҳаётийлиги ўз-ўзидан аён. Шу билан бир қаторда, аллома мураккаб фалсафий ақидаларни ҳам илгари сурган.

Шиблий ўз таълимоти билан ваҳдати вужудга йўл очган. Унинг фалсафасида инсофли, ғамхўр бўлмоқ, ҳалол меҳнат билан ризқу рўз топмоқ, борига шукр этмоқ, ўз имкониятидан келиб чиқиб орзу қилмоқ ва ҳамиша Xудони юракка жо этмоқ зарурлиги таъкидланади.

Шайх Шиблий ҳикматлари, пандлари ҳикоятлар шаклида «Қобуснома»да, Шайх Саъдийнинг «Бўстон»ида зикр этилган. Улар ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Ушбу асарларни ўқиган замондошларимиз Шайх Шиблий ҳикматларидан ҳануз баҳраманд бўлиб келмоқдалар. Шунинг ўзиёқ бу алломанинг мероси мудом барҳаёт эканлиги далилидир.