OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМаҳмуд Олакош
Асар номиПешонамдаги нур (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Турк адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Маҳмуд Олакош
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонГулбаҳор Абдуллоҳ қизи (Туркчадан)
Ҳажм311KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Пешонамдаги нур (қисса)
Маҳмуд Олакош

Кўз олдимга инсонларни келтирдим. «Миясиз» яшаётганлар кўп эди, бироқ барибир миялари бор эди уларнинг. Ҳеч ишлатилмаган «яп-янги» миялари!..

Мен алжирай бошлагандим. Энди ётиб ухлашим лозим...

Меҳмонхонадан кундузги соат ўн бирлар атрофида чиқдим. Энг аввал уйга бориб болаларимни кўришни ўйладим. Ичимга чироқ ёқса ёришмас даражада ғамгин эдим. Бу ҳолатда болаларимга кўринишни истамасдим. Шу боис аввал дўхтирга боришни маъқул кўрдим.

Кечагига нисбатан анча сокин ҳолатда эдим. Дўхтиримнинг сўзларини диққат билан тингладим. Миямдаги шиш пешона тарафимда экан. Шиш ўта қалтис ерда жойлашганидан, уни операция қилиш имконсиз эмиш. Ҳаттоки Оврўпа ва Америка тиббиёти ҳам бу муаммо қаршисида ожиз экан.

Мен Оврўпагаям, Америкагаям бормадим.

Аввал Истанбулга, у ердан Анқарага ўтдим. Бир ҳафта ичида мутахассислар ёрдамида рентген суратларини чиқартирдим. Барча профессорларнинг хулосаси Закийбекники билан деярли бир хил эди...

Шундай қилиб, бир ҳафта давом этган югур-югурларимдан кейинги фарқ, қолган олти ой умримдан яна бир ҳафтанинг камайгани эди!..

* * *

Измирга қайтгач, соч-соқолимни тартибга келтиртирдим-да, бир даста гул олиб уйга йўл олдим. Оиламдагиларни касаллигимдан воқиф қилишни истамасдим. Закийбекни ҳам бу хусусда огоҳлантириб қўйгандим. Эшик олдига келганимда эса юрагимнинг ҳаяжондан потирлаб ураётганини янада қаттиқроқ ҳис қилдим. Ўзимни қўлга олишга уриниб бир муддат туриб қолдим, сўнг қўнғироқни босдим. Эшикни Ширин очди.
– Ассалому алайкум!..

«Ассалому алайкум» дегач, «Хуш келибсиз, ҳаётим!..» дея секингина шивирлади.

Жилмайдим. Қўлимдаги гулларни узатар эканман, «Хуш кўрдик!» дедим.

Гулларни олаётиб кўзлари қувончдан порлаб кетди. У орамиздаги бундай илиқ муносабатлардан беҳад севинарди. Ва буни меҳр-муҳаббат ифшоси дея қабул қиларди. Ҳақиқатда ҳам шундай эди. Аёлимга бўлган севгимни шоирона ширин сўзлар билан ифодалашни уддалай олмаганимдан, менга ҳам гуллар воситасида изҳор қилиш осонроқ эди.

Энди кечки овқатни ейиш учун тўпланиб ўтиришган экан. Биринчи бўлиб ўғлим Қуцал пешвоз чиқди. «Ассалому алайкум, полвон!» дедим. «Ваалайкум-ассалом, дадажон!» дея қўлимни ўпди. У билан шундай саломлашишни ёқтираман. Ўғлимда боболаримиздан мерос қолган урф-одатларимизни кўришни истардим.
– Ассалому алайкум, дадажон! Xуш келибсиз!

Бу майин овоз қизим Асмоники эди. Суюкли онажонимнинг исмларини қўйгандик унга. «Хуш кўрдик султоним!» дея бағримга босдим уни. Уйимизнинг султони эди у.
– Xўш қандайсан, султон?– эркаладим.

Жавоб бермади. Ширингина жилмайиб, мени ўпиб қўйди.

Биргаликда овқатланиш хонасига кирдик.

Бир-икки луқма ейиш билан кифояландим-да, болаларимни кузата бошладим. Илгари болаларимга қараганимда келажакка оид нарсалар ҳақида хаёл сурардим.

Суюкли қизим катта бўлса, онасидек, ҳатто онасидан-да оқила бека бўлади. Уни ўзим турмушга узатиб, бениҳоят гўзал, шинам уй олиб бермоқчи эдим. Бир қучоғимда набирамни олиб, иккинчи қўлимда қизимни қучганча сайрга чиқишни орзу қилгандим!..

Арслон ўғлим Қуцални эса, билимли, тарбияли ишбилармон қилиб етиштирмоқчи эдим. Барча ишларимни унга топширганимдан кейин, улкан бир яхта қурдириб, дунё бўйлаб икки-уч йиллик саёҳатга чиқмоқчи эдим!.. Бироқ, барчаси тугаганди!..

Болаларимга қарар эканман, олти ойдан нарёғини кўра олмасдим!..

Олти ой сўнггидаги манзара эса, менинг орзуларимни остин-устун қилиб юборган эди. «Юрагим пора-пора бўлди!..» деганларнинг аҳволи менимча худди шундай бўлса керак, қалбим вайрон бўлган эди. Рўпарамда овқатланаётган икки фарзандимни эмас, оталаридан эрта айрилган саккиз ва ўн бир ёшдаги етимларни кўрардим!..

Ғалати бўлиб кетдим. Бўғзимга аччиқ бир нарса тиқилиб қолгандек туюлди. Бутун юзимга ҳарорат ёйилган, ич-ичимдан тошиб келаётган қайноқ бир нарса кўзларимни тўлдираётганини ҳис қилдим.

Йиғлаётгандим!.. Оғзимни бекитганча дарҳол ўрнимдан турдим.

«Негадир кўнглим беҳузур бўляпти», дея ўзимни ваннахонага урдим. Эшикни бекитишим баробарида кўз ёшларим селдек қуюлди. Неча йиллардир йиғи не эканини унутган менингдек бахтиёр инсон тўйиб-тўйиб йиғлардим... Овозимни босишга нечоғлик уринмай, ўкраб-ўкраб йиғлардим... Ташқарига эшиттирмаслик мақсадида ваннадаги жўмракларни охиригача очиб юбордим. Тепадан фавворадек отилиб тушаётган сувнинг остига кийимларим билан кирар эканман, нима қилаётганимни фаҳмлашдан ожиз эдим... Шиддат билан оқаётган сув кўз ёшларимга қоришиб юзимни юварди.

Менга нима бўлди, не кўйга тушдим?..

Ҳа, ваннада икки букланиб ўтирганча сел бўлиб йиғлаётган бу одам – кўпчилик унга ҳасад қиладиган ва унинг ўрнида бўлишни исташган бир жаноб, катта ишбилармон киши бўлган – Салжуқбей эдим!..

Машинамда Ғозиямирга, яъни фабрикага қараб йўл олдим. Энди нима қилишим кераклиги ҳақида ҳали бир қарорга келмагандим. Бундай қарорга келгунимга қадар худди ҳеч нарса бўлмагандек, эски яшаш тарзимни, одатий бўлган ишларимни давом эттирмоқчи эдим.

Албатта бу ташқи кўринишим эди!..

Ички дунёмда эса, аллақачон қиёмат қўпган, қиёматдан кейинги сукунат ҳукмрон эди гўё!..

Истасам ҳам, истамасам ҳам тўхтовсиз ўлим ва ўлишим ҳақида ўйлар эдим! Ҳамма нарсага ана шу ўлим тушунчаси билан ёндашар, ҳар бир нарсани ўлим тушунчасидан келиб чиқиб мушоҳада қилар эдим. Фабрикага боргач, ўзимдаги бу ўзгаришни янада аниқ ҳис қилдим. Гўё бошқа бировнинг фабрикасига киргандек эдим! Атрофимга боқарканман, иш хусусида ҳеч қачон бундай беғам, бепарво бўлганимни эслай олмайман. Ҳеч нарса қизиқтирмай қўйганди. Етти минг беш юз кишига мўлжалланган Белчиқа буюртмаси икки кун ўтган бўлишига қарамай, ҳануз тайёр эмасди. Сабабини ҳам сўраб ўтирмасдан «ҳечқиси йўқ», дедим.

Қўл остимдагиларнинг ҳайрати кўзларида намоён эди! Илгари бундай ҳолатда ҳаттоки сабабли бўлса ҳам ўта талабчанлигим туфайли ходимларимни жазосиз қолдирмасдим. Фабрикада узоқ вақт айланиб юрдим. Илгари ишчилардан кўра қилинган ишларга кўпроқ эътибор берардим. Энди эса мени иш эмас, ишчилар кўпроқ қизиқтирар, уларни яқинроқдан танишга ҳаракат қилардим. Ҳеч бири бошқасига ўхшамас, ҳар бири бир олам эди. Сўнгги ўн йил ичида инсонлардан анча узоқ яшаганимни ҳис қилдим.

«Элликта ишчи, юзта ишчи олинг», дердим ходимлар билан шуғулланадиган ёрдамчимга. Буни гапирар эканман, кўз ўнгимда фақатгина бир гуруҳ жонзотлар намоён бўларди.

«Мен учун ишлайдиган ҳамда мен туфайли кун кечирадиган бир гуруҳ инсонлар!»

Ҳолбуки, ҳар бири ўзга бир олам эди уларнинг!..

Ишчиларимга нисбатан кишилик назари билан эмас, руҳият эътибори ила қарарканман, зеҳнимнинг ўзга-ўзга инсон типлари билан тўлганини ҳис қилдим. Ҳам фабрикани айланар, ҳам ўз-ўзимга «Ишчилар жуда кўп экан-ку!» дердим.

Ишлаётган бир ишчидан сўрадим:
- Ким учун ишлаяпсан?

У бир муддат нима дейишини билмай ҳаяжонланиб турди-да, сохтакорона бир кулгу билан «Сиз учун, жаноб!..» дея жавоб берди.

Беномус ёлғончи!.. Айтган сўзи тўғри эди бироқ, ўзи ёлғончи эди. Унинг жавобини эшитган бир неча ишчилар ҳам кулимсирашди. Юзида кулгу акс этмаган биргина ишчига кўзим тушаркан, унинг ёнига бориб сўрадим:
– Исминг нима?

Ўйлаб ҳам ўтирмасдан жавоб берди:
- Ишчи.

Унинг бу жавоби менинг кулгимни қистаган эди. Айни саволни унга ҳам бердим:
- Сен ким учун ишлаяпсан?

Бағоят хотиржам ва жиддий қиёфада жавоб берди:
- Оилам учун...

Бу жавоб менга ниҳоятда маъқул келганидан бир озгина ўйланиб турдим-да, бошимни қимирлатганча «Жуда соз» дедим.

Пастдан юқори қаватга чиқарканман, ўринбосарим ҳаллослаганча ёнимга келди ва:
- Жаноб, «Юлдуз» гуруҳининг вакиллари келишди, сиз билан кўришмоқчи эканликларини билдиришяпти. Янги сезонга оид шартнома тузишни маслаҳатлашишмоқчи экан,– деди.

Янги сезонгача саккиз ой бор эди!.. Янги сезон бошланган вақтда мен икки ойлик маййит бўламан, мен билан қандай қилиб шартнома тузишлари мумкин?! Қўлимни силкиганча «Қўявер», дедим. Ўринбосарим ҳанг-манг бўлиб қолди. Сал ўзига келгач:
- Жаноб, ўзингизга маълум, бу гуруҳнинг кўрсаткичи жуда юқори,– деди дудуқланиб.
- Биламан, сенга қўявер дедим-ку,– дедим бепарво оҳангда.
- Улар билан учрашмайсизми?
- Насиб қилса, янги сезонда!..

Бироқ, насиб қилишидан ҳеч ҳам умидим йўқ эди. Эшикка йўналарканман, қўшиб қўйдим:
- Бу ҳафта ишчиларга ҳадя сифатида қўшимча маош тарқатинг.

Унинг эси оғиб қолаёзди. Чунки, қўшимча маош ҳақида унча-мунча бошлиқ гапириш у ёқда турсин, хаёлидан ўтказишни ҳам хоҳламайди. Ишчиларга бериладиган қўшимча маош ҳисобига маҳсулотнинг таннархи ошиши аниқ эди. Эркин рақобат бор ерда таннархни ошириш эса, ақлга сиғадиган иш эмасди.

Ташқарига чиқдим. Ҳайдовчим машина ёнида кутиб турарди. Машинага ўтирмадим. Бир оз боғ айланмоқчи эдим. Аввал қоровулнинг ити ёнига бордим. Қопоғон экани кўриниб турса-да, ажойиб итга ўхшарди. Уч-тўрт йил олдинги воқеа ёдимга тушди. Дала ҳовлимиз боғида бир итимиз бўларди. Етти-саккиз ойлик бўлган итга бежиримгина уя қурдиргандик. Итга бир неча бор овқат бераётиб, боғ девори оша қирқ-қирқ беш ёшлардаги кишининг биз томонга диққат билан қараб турганига кўзим тушди.

Итга қараб турармиди ёки пиширилган гўштгами, билолмадим. Эртаси куни яна айни манзарага гувоҳ бўлдим. Унинг ёнига бориб, «Тинчликми?» дея сўрадим. Бошини секингина ёнига эгганча «Шундай ўзим...» деди. Сўнгра ийманибгина:
- Жаноб, шу итнинг ўрнига мени боғласангиз, тун бўйи то тонгга қадар қўриқчилик қиламан. Зарра қадар хавф сезишим билан овоз бераман...– деди.

Ҳайрат ичра унга қарадим. Кўзларимдан кўзини олиб қочди. Xижолати ортганидан бўйнини букди. Сўнг паст овозда илова қилди:
- Xоҳласангиз, ҳураман ҳам...

Шундагина унинг ҳазиллашаётганини тушуниб қолдим. Қаҳ-қаҳ уриб куларканман, ҳазилга ҳазил билан жавоб бергим келди:
- Итнинг уясида жой йўқ, бироқ, товуқхонадан топилади. Тухум қўя оласизми?– дедим.У кулгидан икки букилиб қолади, дея тахмин қилгандим. Лекин, у ҳасрат тўла кўзларила менга бир бор тикилди-ю, ортига бурилганча илдамлаб кетди...

Ҳа... Ҳар бир инсон ўзга бир олам.

Фабриканинг орқа тарафига келганимда кўзим энг аввал масжидга тушди. Ўн кун олдин икки ракат намоз ўқигандим унда. Яна Аллоҳни эсладим. Кейинги ўн кун ичида қачон Аллоҳни эсласам, дарров фикримни бошқа тарафга буришга ҳаракат қилар, Аллоҳни эслашни истамасдим.

Аллоҳдан хафамидим? Рости, хафа бўлгандим!.. Гарчи, «Қуён тоғдан ранжибди аммо, тоғ бундан бехабар эмиш», деган иборани билсам-да, барибир Аллоҳга қарши исён, норозиликка ўхшаган туйғулар ич-ичимда мавжуд эди. Очиғини айцам, бошимга тушган бу дардни ҳеч шубҳасиз, Аллоҳдан деб билардим. Бу Аллоҳнинг бир тақдири эди!..

Яхши, бироқ нимага айнан шиш, бошқа бир хасталик эмас?

Ва нимага айнан мен? Ўз жонига қасд қилган, ёхуд ўзини ўлдиришни истаган қанчадан-қанча одамлар қолиб, нега айнан мен?

Имонсиз, амалсиз шунча инсонлар бўла туриб, нега мен?.. Рамазонларда рўза тутмаганмидим!.. Таробеҳ намозларига бормаганмидим!.. Фақирларга ёрдам бермаганмидим!.. Ақлимни таниганимдан бери қайси жума намозини қолдиргандим!.. Ва қаршимда турган шу масжидни ҳам динимнинг, имонимнинг амри билан қурдирмаганмидим!.. У ҳолда, нега-нега энди мен?

Бу саволлар остида эзилдим. Маъюс нигоҳларимни яна масжидга тикдим. Беҳудага масжид қурдирган эканман, деган фикр ўтди миямдан!.. Ўша лаҳзада бу фикрни тўғри ҳам, нотўғри ҳам деёлмадим. Аммо, бу хато эди!.. Қайсидир сабаб билан бир кун барибир ўламиз. Бир масжид қурдириш ва унда икки ракат намоз ўқиш, пушаймон бўладиган иш эмасди. Охират ҳаётида, ҳисоб кунида ўзимизга фойда берадиган амаллар эди булар. Шуларни ўйларканман, таҳорат олишга ва шу масжидда яна икки ракат намоз ўқишга қарор қилдим. Таҳоратга тайёрланарканман, ичимдан бир овоз: «Ғурурсизлик қиляпсан. Бошқаларга ўхшаб, сен ҳам ожизлик қиляпсан!..» деди.

Жавоб бермадим. Балки тўғридир... Бир пайтлар кимсан Салжуқбей бўлган мендек одамнинг энди оддий одамлардан ҳеч қандай фарқи қолмаганди. Ортиқ бу ҳақда ўйлашни истамадим. Ҳам «Ҳар ишда бир ҳикмат бордир», дейдилар. Балки, бу хасталикда ҳам мен учун бир хайр бордир...

Бу сўзимга ўзимнинг ҳам ишонгим келмасди. Ўлимда қандай ҳам хайр бўлсин?

Ҳулёнинг олдига бордим.

Кейинги кунлар ичида ўйлаб кўриб, у билан ажрашишга қарор қилгандим. Ўлмасимдан олдин унга бир нарсалар қолдириб, кейин «умр дафтаримнинг бу саҳифаси»ни ёпишни истардим.

Мени ҳаяжон ичра очиқ чеҳра билан кутиб олди. Тўғриси, ҳамиша шундай кутиб оларди! Ишларим бор эканини, узоқ қололмаслигимни айтдим. Эътирозли нигоҳлар билан қаради, аммо бир сўз демади. Гапиргани билан ҳеч нарса ўзгармаслигини яхши биларди. Чунки, қаерда, қанча қолишимга ўзим қарор берардим. Чой дамлаб келишини сўрадим. Чой ичарканмиз, ўн беш-йигирма дақиқа у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдик. Сўнгра, оҳисталик билан ажрашишимиз кераклигини айтдим.

Аввал ҳайрат, сўнгра кўз ёшлар... Ҳақиқатдан йиғларди, бироқ, нима учун йиғлаётгани менга қоронғу эди. Ҳулёдан фарзандим йўқлигидан илк бора севиндим.
- Нега бундай қарорга келдингиз,Ширин опа шуни хоҳлаяптими?..
- Йўқ, бу гапни қаердан олдинг? Ахир у сени билмайди-ку!

Ширин ростдан ҳам билмасди. Билмадим, негадир унга айтмагандим... Зотан, Ҳулё билан турмуш қурганимизга икки йил бўлганди. Никоҳимизни ўқиган имом домла билан гувоҳлик қилган бир нечта яқинларимиз биларди, холос. Бошқа ҳеч кимга айтмаган, айтишни истамагандим.

Никоҳимизни эсладим. Шаръан уйланганим боис, шаръан ажрашишимиз лозим эди. Унга қарадим-да, «Сенинг жавобингни бердим!» дедим. Бу сўзни бир марта айтиш керакмиди, ёки икки мартами, аниқ билмасдим. Ҳар эҳтимолга қарши яна бир бора такрорладим:
- Сенга жавоб!

Кўз ёшларини артаркан, сўради:
- Бу нима деганингиз, нега менга жавоб бўларкан?– деди.
- Биз шаръий никоҳ билан турмуш қурганмиз. Ана шу никоҳ ҳозирги айтган сўзларим билан бузилади. Энди менинг хотиним эмассан,– дедим.

Бироқ, гапларимга аҳамият бермасдан, дераза оша олисларга тикилганча хаёлга чўмди. Менимча, бирга ўтказган онларимизни эслаётган эди. Иккимиз ҳам бу муносабатларимиз муҳаббатга эмас, ўзаро манфаатдорлик асосига қурилган эканини билардик.

Бу қайғули ажралиш онларининг узоқ давом этишига тоқатим йўқ эди. Чўнтагимдан сотиш ваколатномаси билан бирга банкда унинг номига очдирган ҳисоб дафтарини олдим-да, узатдим ва:
- Шу уй билан мана бу ҳисоб дафтари сенга,– дедим.

Бир муддат жим қолди. Xафалиги бир оз тарқагандек эди. Сўнгра бўғиқ овозда «Кераги йўқ», деди. Қўлимдагиларни стол устига қўярканман, «Мен шуни хоҳлайман. Бир-биримизга кўп ҳаққимиз ўтди», дедим.
- Нима, бу тўловми? Бирга ўтказган яхши кунларимизнинг бадалими?– сўради.

Қўлимнинг орқаси билан юзига уриб юборгим келди. Фоҳишаларнинг гапини гапирган эди. Ўзимни қўлга олишга ҳаракат қилдим. Ғазабланганимни билди. Ақлини йиғиштиришга уринаркан,»Кечиринг, нима деганимни билмай қолдим!..»деди. Сўнгра бир фурсат тин олгач давом этди:
- Ростдан ҳаммаси тугадими?..
- Ҳа...
- Бироқ, сабабини ҳамон айтмадингиз!..
- Ҳа деб, такрорлайверма. Мени биласан!..

Ҳаммасини тушунгандек, бошини қимирлатди.

Кетишга тайёрланарканман, «Энди ҳечам кўришмаймизми?» деди. Бошимни сарак-сарак қилиб,»Йўқ!» дедим. Эшикни очиб, четга ўтди. Мендан яна нимадир сўрамоқчи, аммо нима эканини билмаётганга ўхшарди.
- Бундан кейинги ҳаётим ҳақида... бирор маслаҳат бермайсизми?..– деди.
- Мутлақо ўласан! Шуни эътиборга олиб яша!..– жавоб бердим.

Юз ифодаси бир онда ўзгарди. Кўзларимга қўрқув билан қаради. Ким билсин, қандай хаёлга борди. Уни ўлдиришим ёхуд ўлдиртиришим мумкинлигини ўйлади, назаримда.
- Тушунмадим?.. Нега бундай ҳукм чиқаряпсиз!..– деди қалтирабгина.
– Бу ҳукмни мен чиқарганим йўқ, – кўрсатгич бармоғим билан юқорига ишорат қилдим-да,– яшатадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам У!– дея жавоб бердим.

«Алсанжоқ» кўчаларида эдим.

Ҳулё ҳақида бошқа ўйлашни истамасдим. Ортимдан эшикни бекитгандан кейин, ҳеч шубҳасиз дарҳол ҳисоб дафтарини кўздан кечирган ва унда ёзилган маблағни кўрар-кўрмас, барча изтиробларини унутган бўлиши керак. «Аллоҳ ҳидоят берсин. Яратганнинг Ўзи ёрдам берсин!..» дея пичирладим.

Лекин, лекин менинг айбим нима эди!.. Барча эркаклар етишишни истайдиган Ҳулёдек гўзал аёлдан уч-тўрт оғизгина сўз билан видолашгандим!.. Майли, нима бўлса-бўлди. Бир оз афсус чекдим, аммо қаттиқ қайғурмадим. Чунки, бу гўзал аёлга нисбатан юрагимда ҳеч қандай туйғу, ришта қолмаганди. Бир нарсани янада яхшироқ англаб етдимки, дунёда бир қанча нарсалар саломатлик туфайли, ўлимни унутишлик билан бошқача маъно касб қилади. Бироқ, ўлим билан рўпара келиш, ўлим ҳақ эканини англаб етиш, улкан бир ўчирғич янглиғ барча маъноларни ўчириб ташлайди!..

Шундайки, сўнгра ҳеч нарса қолмайди! Қонуний Султон Сулаймон нақадар тўғри айтган:

»Йўқ эрур давлат жаҳонда,

Бир нафас сиҳат киби...»

Ёки сал бошқачароқмиди, унутдим...
- Амаки, йўл беринг, ўтайлик!..

Орқамга ўгирилдим. Икки қўли билан иккита қизни қучиб олган йигитча йўл бўшатишимни сўрар эди. Қизлардан бирини қўйворса, бемалол ўтиб кета оларди. Бироқ, бундай нияти йўқлиги кўриниб турарди. Ёнидаги қизларни кўрсатиб:
– Уларни қўйворсанг, қочиб кетадими?–дедим.

Қизлар кулди. Йигит эса паст кетмаслик мақсадида:
– Уйдаги хонимчангга ақл ўргатасан. Йўлдан қочасанми, ёки ёрдамлашиб қўяйми?– деди.

Аввал жаҳлим чиққандай бўлди. Сўнгра кулдим.»Мен сенга бундан ҳам осонроқ йўлини ўргатаман», дедим-да, қўйнимдан рухсат билан олиб юрадиган тўппончамни чиқариб:
– Шу қурол билан мени от-да, сўнг устимдан ўтиб кетавер!– дедим.

Қизлар тўппончага кўзлари тушиши билан дод солиб қочишга тушишди.

Йигит қўрқа-писа ортига одимлар экан, бир қўлини кўтарганча:
– Кечиринг, ўтинаман кечиринг!..– дерди.

Хафа бўлдим.

Бундай қилмаслигим керак эди. Четроққа ўтиб йўл берсайдим, балки яхшироқ бўлармиди.

Йўлимда давом этдим.

Бир пайтлар мен ҳам шу йигитга ўхшардим.Аммо бизнинг замонимиздаги ёшлар

катта ёшдагиларга ҳурмат ва одоб билан муносабатда бўлишарди. Баъзи катталарга тегажоқлик қилиб, улар билан айтишиб қолардик. Аммо ҳозиргилар ўзларини бизга тенг деб билган ахмоқ ёшлардир.

«Севинч» қандолат дўконига келгандим.

Ўтирайми, ўтирмайми деб турганимда шомга азон айтила бошлади. Азон овози етмиш-саксон метрча нарёқдаги «Алсанжоқ» масжидидан келаётганди.

Бир пас ҳаракациз турдим!..

Ўзимга-ўзим «Бориб бир шом намозини ўқисаммикин» дедим. Ўз фикримдан ўзим ёцирадим!..Менга нима бўляпти, ўлимдан қўрққанимдан диндорга айланяпманми? Бу туйғу, бу фикр менга хуш келмади. Яхшиси уйга кетақолай.
-Ҳой такси...

Орадан икки ҳафта ўтди.

Мен ҳали ҳам бир қарорга келолмагандим. Ақлимга биринчи бўлиб, дунё бўйлаб саёҳатга чиқаман-да, ер юзининг нариги чеккасигача бораман, деган фикр келди. Жумладан, доктор Закийбек ҳам худди шундай яшашимни тавсия қилганди. Оҳ, жоним садқа бўлсин! Шунақаям бемаъни фикр бўладими?! Ўлими яқин эканини билган қайси одам бемалол яшай олсин! Тонгда осилишини билган маҳкум, тунни роҳат-фароғатда ўтказиши мумкинми? Қатлга ҳукм қилинган маҳкумларнинг сўнгги истаклари сўралганда, баъзилари гўштли овқат беришларини илтимос қилармиш!..

Фа субхоналлоҳ!..

Улар ё, ақлдан озган, ёхуд даҳшатдан ўзларини йўқотиб қўйган бўлишлари керак. Бир неча соатдан кейин ўлишини билатуриб, у овқатни қандай қилиб чайнай олади, бу луқмани қандай ютаоладилар?!.

Дунё бўйлаб саёҳат қилиш тушунчаси жуда тез фурсатда жозибасини йўқотди. Бегона юртларда, нотаниш инсонлар орасида ўлиб кетишни истамасдим. Шунингдек, бошқаларга ўхшаб Миср пирамидалари ёки Амазонка ўрмонларини ёхуд Багам оролларини эмас, болаларимни кўришни, кўпроқ уларнинг ёнида бўлишни хоҳлардим.

Мен учун дунёдаги энг азиз икки нарса, Асмо билан Қуцал эди.

Жуда кичик бўлгани учунми, ниҳоятда ширин бўлгани учунми билмайман, қизимни қаттиқроқ яхши кўрардим.»Оҳ менинг султоним!» дедим ичимда.

Хўш, мен энди нима қилишим керак эди? Ҳеч нарса бўлмагандек, ишга борар ва ҳеч нарса билмагандек уйга келардим. Бироқ, ҳеч нарса бўлмагани йўқ эди-ку!

Ҳамма нарса, ҳамма нарса ўзгарган эди. Атрофга қарадим, мол-мулкимни, бутун бойлигимни кўз олдимга келтирдим. Барча тўплаганларимнинг бозор қиймати кеча қанча бўлса, бугун ҳам худди шу қийматини йўқотмагандек эди, бироқ, бир хил эмасди! Ҳаммасида бир маънавий ўзгариш содир бўлганди, гўё. Илгарилари «Мен, мен», деганимда, ич-ичимда «тип-тирик» бўлган шу бойлигим, давлатимни қасд қилардим. Ва менлигим шу бойлигим билан бутунлашгандек, обрў-еътибор қозонгандек туюларди. Энди-чи? Энди эса, ҳаммаси чаппасига айланиб кетган, йўқ-йўқ, ўлиб битганди!..

Ич оламимда мол-мулким, давлатимнинг жонлилигидан асар ҳам қолмаганди. Энди, «Мен, мен» деганимда қасд қилган нарсам кичрайиб-кичрайиб, ўлимга маҳкум ожиз, паришон инсон ҳолига келганди!..

Ўзгарган мен эдим! Менинг ўзим ўзгарган ва мен билан бирга ҳамма нарса ўзгарган эди! Салгина вақт олдин мен ястанганча ўтирган қимматбаҳо курси ҳамон ўша-ўша эди, бироқ унда ўтирган киши ўзгарганди.

Курсидагининг кўзлари очилган эди!

Курсида ўтирган Салжуқбей, узоқ йиллардир қаттиқ ишонч билан боғланган ва уни абадий дея ўйлаган курсининг денгиз узра сузаётган икки бўлак ёғочдан бошқа нарса эмаслигини, у билан бирга ўзи ҳам дунё денгизида чайқалиб турганини энди фарқлаб етганди!

Биргина тўлқинга дош беролмайдиган, биттагина тўфон олиб кетадиган курси эди бу! Зеро, зиғирнинг уруғича келадиган кичик бир тўлқин кўзга ташланган ва сония сайин йириклашиб, унга томон тобора яқинлашаётган эди!..

Ҳа… Зиғирнинг уруғича келадиган бу кичик шиш ҳамма нарсани остин-устун қилиб юборганди!

Қўлларимга, оёқларимга қарарканман, улар кўзимга гўшт парчаси бўлиб эмас, гўё тупроқдек кўринарди. Ҳозир тирик бўлган, қимирлаб турган қўлим, бир йилдан сўнг тупроқ бўлар эди!.. Юзимни ва кўзларимни эса, ўйлашни, хаёл қилишниям истамайман! Мовий кўзларим зеҳнимда мовийлигича қолишини хоҳлайман!.. Гарчи, бунинг иложи бўлмаса-да.

Оғир бир юкнинг остидан чиқиб кетолмасдим. Бутун жисмим билан тупроқ бўлишимни биламан ва мен билан бирга бус-бутун бир инсонни ерга кўмган кичкина шишим ҳам тупроқ бўлади!..

Шиш… Ҳатто номи ҳам хунук! Xудди»Ўлиш» дегандек эшитилади!..

Шу онда у миямда эмас, қўлимда, ҳовучимда бўлса эди, қозиқ тишларимла парчалаб, озиқ тишларимда янчиб, сўнгра ерга туфлаб ташлардим-да, оёқларим остига олиб эзган бўлардим!.. Кафтимда ушлашим, сиқиб сувини чиқаришим мумкин бўлган кичик бир нарса ҳамма нарсани ўзгартириб юборганди!

Қизиқ, шу дарддан қутулолсам, олдингидек саломатлигим қайца, яна аввалги ҳолимга қайтармидим? Дунё яна кўзимга олдинги жозибасида кўринармиди? Бу савол мени ўйлантириб қўйди! Ҳақиқатдан нима қилган бўлардим?

Эҳҳ... Ҳаётим аввалгидек давом этишига ишонмайман. Негаки, мен ўлим нима эканини бир оз бўлса-да, англаб етгандим. Олти ойлик умрим балки, олти йил, балки ўн олти йилга узайиши мумкин, бироқ натижа ўша-ўша!..

Нега бу ҳақиқатни аввалроқ англамаган эканман-а? Ёки илгари ўлишимни билмаганмидим?

Билардим, фақат ўлимнинг нима эканини англаёлмаган эдим... Бу ҳақиқатни тушунадиган ҳолатда эмасдим.

Ҳолбуки, онамни ҳам, отамни ҳам ўзим кўмган эдим!.. Отамни қабрга олиб кетаётиб, қалбдан отам учун ғам чекар, ақлим эса, фабрикага келган охирги буюртманинг таннархини ҳисоблаш билан банд эди!.. Қабристондан қайтаётганимда эса, барча ҳисоб-китобларни битириб олгандим!..

Қаердан ҳам билибман? У пайтлар ўлимни оддий, табиий бир ҳолат дея қабул қилардим. Ҳамма «Ўлганнинг ортидан ўлинмайди», дерди. Бу ҳақиқатдан ҳам жуда тўғри эди, қолганлар ўлган билан бирга кўмилмайди-ку!

Э, воҳ!.. Мен нақадар бадбахт одам бўлган эканман...

Ўлганнинг кетидан ўлинмайди, бироқ ундан олинадиган бирор сабоқ, ибрат наҳотки бўлмаса? Отам сингари ўзим ҳам албатта бир кун келиб ўлажагимни англаб, ўлимнинг мутлақо ҳақ эканини эътибордан қочирмаган ҳолда яшасам, бир қанча маззуларда баднафсимга насиҳат қилсам, бўлмасмиди?

Бечора онажоним!..

Бечора отажоним!..

Энди ўйлаб кўрсам, ичига қарамасдан, балки қарашни хоҳламасдан бир чуқурга кўзимни юмганча, ташлаб юборган, кўзимни юмиб кўмиб юбораверган эканман, уларни!.. На ўлимнинг не эканини тушунганман, на ўлишимни англаганман...

Қабристонни ва ундаги қабрларни бошқаларга тааллуқли дея хаёл қилган эканман. Минглаб қабрларнинг ёнидан бир кун келиб менинг ҳам қабрим жой олишини, мен ҳам бир чуқурни тўлдиришим мутлақо ҳақиқат эканини ўйлаб ҳам кўрмаган эканман!..

Олаётган ҳар бир нафасим, босаётган ҳар бир қадамим мени ўз чуқуримга томон олиб кетаётганини эътибордан қочириб яшабман.

Ўлим, мен билган, аммо англаёлмаган, қандай маъно касб этишини ҳис қилолмаган бир ҳақиқат экан!.. Буни шу онга қадар заррача бўлсин, фаҳмламагандим... Оловнинг не эканини билатуриб, ҳароратини ҳис қилмаслик, балки уни билатуриб, совуқ дея хаёл қилишдек ахмоқлик, ақлсизлик ичра эканман.

Худди шу инсонлар сингари:

«Албатта бир кун ўламиз», дейишларига қарамай, ҳали ўлимларига жуда узоқ вақт бор, ҳали узоқ яшаймиз дея хотиржам юрган;

шу хотиржамлик соясида ўлимни мутлақо унутган;

бирни икки, иккини тўрт, тўртни саккиз қилиш пайида юрган;

ўлимсизлик дарахтининг ягона меваси ўлароқ кўрганлари пулни нима қилиб бўлса ҳам қўлга киритиш мақсадида, бойиган сари(!) бойишга жаҳд қилган;

Аллоҳни мижозларининг чеклари билан эслаб, «Иншааллоҳ, натижаси бўлади. Иншааллоҳ...» зикрини қилган;

Шамолдай шовуллаб, шоша-пиша уёқдан-бу ёққа югурган шу инсонлар сингари!..

Ҳаётни ейиш-ичиш ва фақатгина яхши яшашдан иборат деб билган бу ғафлатга ғарқ бўлган инсонлар ҳеч шубҳасиз, ўлимнинг нима эканидан мутлақо бехабар эди.

Ана шу ғафлат уйқусида бўлганлардан бири мен эдим ва уйқудан уйғониб кетгандим. Уйғонгандим, бироқ ғафлатим мудроқларидан ҳали бутунлай халос бўлолмаганимдан, тасодифан бошидан зарба еган кишидек ўзимга келолмасдим!..

Кеча бир муддат телевизор томоша қилдим. «2000 йилда Дунё» номли бир кўрсатув бор эди. Мени қизиқтирмади. 2000 йилдан ва 2000 йилдаги дунёдан менга нима фойда?! Бошқа каналда Фенербағченинг чемпионлиги ҳақида гапирилаётган эди. Бу ҳафтадаги матчдаям ғолиб чиқса, чемпионликни қўлга киритармиш! Неча йиллардан буён Фенербағченинг ашаддий фанати бўлишимга қарамай, бу хабар мени қизиқтиролмади. Менга деса, ҳаваскорлар билан ўйнамайдими, деган фикр ўтди, хаёлимдан. Телевизорни ўчирдим.

Бу орада қизим ёнимга келди. Xомуш кўринарди. Сабабини сўрасам, «Дадажон, икки кундан буён бошим оғрияпти», дея жавоб берди. Турган еримда қотиб қолдим! Икки кундир боши оғриётганмиш!.. «Негадир ваҳимага тушдим», деёлмайман, чунки нега эканини яхши биламан. Дарҳол доктор чақирдим. Текширувдан сўнг, бир нечта дори ёзиб берди ва хасталик у қадар жиддий эмаслигини айтди.
– Доктор! Оғриқнинг сабаби нима? – сўрадим, ҳар хил хаёллардан қутилолмай.
– Жаноб, бош оғришининг кўплаб сабаблари бор. Қизимиз бир оз шамоллабди, шунга оғриган бўлиши мумкин,– деди.

Ростдан ҳам бош оғриғининг минглаб сабаби бўлиши мумкин эди. Аммо менинг ақлимга келгани, мени қўрқитгани ягона, биттагина сабаб эди.

Докторнинг сўзларидан кейин анча енгил тортгандай бўлдим. Ўзимни қўлга олишга уринарканман, «Бошимдаги шишнинг менда эмас, қизимда бўлишини хоҳлармидим?» дея ўйладим. Бу хаёлдан титраган юрагим қаъридан бир фарёд юксалди:

«Аллоҳ асрасин!..» Бу фарёд юрагимдан тилимга кўчди»Аллоҳ асрасин!..» Қизимни, султонимни маҳкам бағримга босдим!.. Шишимни пешонамга, қизимни қучоғимга олганча, ич-ичимдан Тангри Таолога дуолар қилдим...

Кўнглим тўлиб кетди. Қалбимни юмшатган нарса меҳр-шафқат туйғуси эди. Отанинг, онанинг фарзандига нисбатан ҳис қиладиган энг кучли икки туйғудан биттаси бўлган раҳмдиллик эди бу!..

Ҳақиқатдан ҳам болаларимизни ҳатто ўзимиздан ҳам қаттиқроқ яхши кўрамиз, уларга ўзимиздан кўра кўпроқ ачинамиз... Ва бу туйғулар ҳақиқатдан ҳам гўзал эди.

Севги ва меҳр-шафқат!

Яхши, аммо бизларга ана шу меҳр-муҳаббат туйғусини берган Аллоҳ-Таоло бизни севмайдими, бизга бизчалик раҳми келмайдими?! Агар ҳақиқатдан ҳам бизни севса, бизга марҳамат кўрсаца, у ҳолда пешонамдаги шу дард, балони нега берди менга? Ахир мен эндигина ўттиз етти ёшдаман-ку! Ўлиб кецам, икки норасида болам етим бўлиб қолмайдими? Суюкли аёлимни бева, ширин-шакар фарзандларимни етим қилиб қўядиган бу Илоҳий тақдир, ҳақиқатдан ҳам марҳаматли тақдирми?

Агар мен бўлганимда эди, агар менда раҳмдиллик туйғусидан бир озгина бўлганда эди!..

Тўхтадим! Тўхтаб қолдим... Ўйлай бошладим!.. Xў-ў-ш, мен бўлганимда,нима қилган бўлардим, мен?! Бу ер абадий қолинадиган дунёми? Ёки, яхши билан ёмон ажратилиб, яхшилар роҳатга етиштириладиган Жаннатми? Охиратдаги Жаннатни дунёга кўчириб, дунёни абадий манзил қилармидим?! Булар нақадар аҳмоқона хаёллар эди!

Ҳамма нарсани биладиган, ҳар ишни ирода-идора қиладиган ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи!

У ҳолда, нега Унинг хоҳишига қарши чиқиб, норози бўляпман? Нега Унинг тақдиридан хафа бўлиб, исён қиляпман? Имон келтирганим, ҳақиқатдан ишонганим Аллоҳ-Таоло бизларга абадий дунё ҳаётини ваъда қилган. Ваъда қилиб, Ўз ваъдасидан қайтганмидики, мен Ундан хафа бўлсам!

Албатта йўқ! Зотан Раббимиз бизга бу дунёнинг абадий эмаслигини, ҳамма инсон албатта бир кун келиб ўлажагини билдирмаганмиди?! Шубҳасиз, билдирган эди, бироқ билган борми? Билган билан англаган борми?

Шу инсонларга қаранг!.. Оламларнинг Парвардигори уларни яратиб қўйиб, барчасига «Албатта ўласиз», дея буюрмоқда, бироқ тинглайдиган одам йўқ! Чунки, одамларга Аллоҳнинг буйруғидан кўра дўхтирларнинг гапи тезроқ таъсир қилади, гарчи уларнинг сўзлари хато бўлса ҳам! Мабодо бир дўхтир бир кишига «Яқинда ўласан!» деса, у хаста ўша заҳоти салкам ўлаёзади!

Ва ана ўшандагина англайдилар, тушуниб етадилар ўлимнинг нима эканини!

Ўйлаяпман, беморлар ва шифохоналар ҳақида фикр юритяпман. Xасталар ҳамда хастахонада улар ётадиган ўринларни кўз олдимга келтиряпман! Ётоғига узалганча, дардининг изтиробидан қийналаётган инсонларнинг аҳволларини тушунишга уриняпман. Уларни қанчалик англасам, шунчалик ачиняпман, бу бечора хасталарнинг ҳолига. Чеккан изтиробларидан чарчаган кўзларла шифокорга термулиб, ундан биттагина мусбат сўз эшитиш илинжида бутун вужуди қулоққа айланиб, ўзларига берилган дорини гўё обиҳаёт ичаётгандек ихлос билан ичаётган бу бечоралар нима қилса-қилсинлар, Илоҳий тақдирни ўзгартиришга кучлари етмайдиган ўлим маҳкумлари эди улар!

Албатта, фақат уларгина эмас, барча-барча инсонлар уларникига ўхшаш дардлар, изтироблар қўйнида айни оқибат сари одимламоқдалар.

Ҳеч нарса бўлмагандек, ҳеч нарса бўлмайдигандек яшашда давом этаётган бу инсонлар хаста бўлганда чекиладиган изтиробларни, ўлгандан кейинги азобларни билганларида эди, шубҳасиз дунёга келишни истамаган бўлишарди. Чунки, шу инсонларга етишадиган, шу инсонларга етишиши мумкин бўлган шундай азоблар бор эдики, ҳатто қирқ йил сафо ичра яшаш ҳам бу изтиробларни чекишга арзимас эди!.. Дунё ҳаётида қирқ дақиқа сафо сурмай туриб, шундай дардларга гирифтор бўлган минглаб инсон, миллионларча бечора бор эди.

У ҳолда бу дунёга нега, нега келдик?!

Мусулмонларнинг, барча мусулмон инсонларнинг бу саволга берадиган жавоблари маълум! Бу дунё ҳаётини бир имтиҳон ери деб биладиган барча мусулмонлар «Биз бу дунё ҳаётига Жаннатни қўлга киритиш учун келдик», дейишади.

Тўхтадим, жим бўлиб қолдим, ўзимни йўқотаёздим!..

Аммо мен бу сўзни, бу жавобни нега ўзимга эмас, мендан ташқари мусулмонларга нисбатан қўлладим? Ҳолбуки, мен ҳам мусулмон эдим, мен ҳам худди шу жавобни, худди шундай қатъийлик билан беришим керак эди! Ёки мен бунга ишонмайманми?

Ўзимни тафтиш қилдим. Аллоҳнинг борлигига қандай ишонсам, ҳеч шубҳасизки, Аллоҳнинг ваъдаси бўлган ушбу сўзга ҳам худди шундай ишонаман. Бироқ, ишонганим билан унга керагича аҳамият бермасдим. Дунёга нима учун келдик, деган саволга берадиган ё бешинчи, ё ўнинчи жавобим эди бу.

Жуда соз, у ҳолда олдинги тўртинчи ёхуд тўққизинчи жавоб қайсилар эди? Ортиқча қийналмасдан топдим бу саволнинг жавобини: бари пулга, ҳаммаси моддиятга, барчаси нафсий орзуларга оид нарсалар эди.

Кулдим. Уч-тўрт кунгина олдин мутлақо тўғри дея мармарга ўйилган ёзувдек, қалбимга чуқур қилиб ёзиб олганим жавоблар, ўлим ҳақиқатининг енгилгина битта шабадасида ўчиб кетган эди!.. Нақадар бемаъни, қанчалар беҳуда жавоблар экан, улар. Ўлимнинг совуқ шамолида ўчиб кетмайдиган биргина жавоб бу «Жаннатни қўлга киритиш учун!..» бўлса керак.

Бу тўғри жавобмиди?

Жаннатга эришиш, унга кириш учун шунчалик изтиробларга, азобларга арзирмикин?! Ёшлигимдан бери Жаннат ҳақидаги эшитган, билганларимни ўйлаб кўрдим.

Шундай бир ҳаёт ростдан ҳам бормикин? Албатта бор!

Бу дунёни ҳамда шундай улкан коинотни яратишга қодир бўлган Аллоҳ таоло шубҳасиз Жаннатдек манзилни ҳам яратишга қодирдир! Биз яшаётган дунё ҳаёти қанчалик ҳақиқат бўлса, Жаннат ҳаёти ҳам шундай ҳақиқат. Чунки, ҳар икки дунёни яратган Раббимиз барча мусулмон бандаларига Жаннатни ваъда қилган.

Жаннат ҳаёти!..

У абадий бўлган ҳаёт. У ерда на дард бор, нада бирор қайғу. Ва у ҳаётда на шиш деган бало бор, нада ўлим! Ҳар гўзал нарсанинг энг гўзал шаклини ўз ичига олган бу ҳаёт, ҳеч шубҳасиз ҳақиқий бахтиёрлик, чинакам саодат ҳаёти эди!

Шуларни ўйларканман, анча енгил тортганимни, бу тушунчалар таъсирида ҳолатим ўзгарганини ҳис қилдим. Шу вақтгача мусулмон эканимни бунчалик аҳамиятли деб ўйламаган, мусулмон эканимдан бу қадар севинмаган эдим.

Мен мусулмон эдим!..

Абадий жаннат ҳаёти билан муждаланган мусулмонлардан биттаси мен эдим! Гўё жаннат ҳақида эндигина эшитгандек, ҳозиргина жаннат хушхабарини олгандек эдим!.. Қалбимнинг ҳузурга тўлганини, юрагимнинг севинчдан титраганини ҳис қилдим!

Абадий жаннат ҳаёти!..

Ҳа, фақат ва фақат унинг учун яшаш мумкин, фақат ва фақат унинг учун ўлиш мумкин эди!..

Кейинги уч кун давомида ўтган ҳаётимнинг ҳисобини қилдим. Гуноҳларим билан, савобларим билан бутунича ҳаётимни кўз олдимдан ўтказишга ҳаракат қилдим. Авваллари ўтмишимга қараган вақтимда энг қувончли дамларимни, фахрланишга арзийдиган онларимни, бажарган катта-катта ишларимни, амалга оширган улкан лойиҳаларимни кўрардим. Энди эса, бунақа дунёвий ишларимдан эмас, ўқиган намозларимдан, берган садақаларимдан севиняпман. Кечмишимга қарарканман, ўтказган ҳаётимда қийматга эга бўлган бирор марварид ёхуд ёқут донасидек кўряпман бу амалларимни. Жума намозларини асло қолдирмагандим, рамазон рўзасини ҳам деярли тутардим, таробеҳ намозларига борар, шу кунгача жуда кўп фақирларга ёрдам бергандим, имоним бор, ҳеч қачон жунуб ҳолимда юрмагандим, чўчқа гўштини ҳаттоки оғзимга яқин келтирмагандим, баъзи ёшларни уйлантирган, бир нечта масжид иншооти учун темир ва цемент каби ашёларни олиб берган, иккита масжид қурдирган, шунга ўхшаш яна қанча ишлар қилгандим...

Алҳамдулиллаҳ!.. Раҳматли отамни муҳаббат билан хотирладим. Қилган барча хайрли ишларимни унинг насиҳатлари, йўл-йўриқлари билан амалга оширгандим. Раҳматли онажоним ҳам ҳаётликларида ҳаққимга қанчалар дуолар қилган, ким билсин...

Ўтмишимга қараганимда албатта кўришни истамаганим, пушаймон бўлганим амаллар ҳам бор эди... Ҳаётим саҳифасидан уларни ўчириб ташлаш учун, нималар, нималар беришга тайёр эмасдим! Илгари Аллоҳ ҳамма гуноҳларни истаса, кечиради, дея ўйлардим. Энди эса, ўзим ҳам сабабини билмайдиган шубҳа ва тараддуд ичидаман!..

Ажабо, Аллоҳ шунча гуноҳимни афв қилармикин?..

Мени ташвишга солган бу шубҳалардан қутилиш мақсадида бир қанча имомлар, олимлар билан учрашдим. Уларга бир яқин танишимнинг хаста эканини, беш-олти ойдан кейин ўлиши мумкинлигини айтдим. Имонли инсон бўлган бу танишимнинг бир қанча диний амалларни бажарганлигини, лекин гуноҳлари ҳам талайгина эканини билдирганимдан сўнг, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечириши мумкинми, дея сўрадим.

Аллоҳ рози бўлсин, улардан!.. Менга шундай гўзал жавоблар беришдики, сал бўлмаса, ўша одам ўзим эканимни айтиб юборай, дедим. Улар менга ўша «танишим»нинг хайрли ишларида ёрдамчи бўлишимни тавсия қилишаркан, Аллоҳдан асло умид кесилмаслиги лозимлигини «унга» етказишимни билдиришди... Мен албатта бу насиҳатларни ўрнига қўйишимни айтиб, хайрлашдим.

Анча енгиллашгандим!..

Ўлим ва охират ҳақидаги китобларни сотиб олдим. Уларни бир неча марта диққат билан мутолаа қилдим. Бу китобларни олдин ўқиганимда ҳеч шубҳасизки, бу қадар англаёлмаган, ҳозиргидек таъсирланмаган бўлардим.

Мавзуга оид ояти карималар, ҳадиси шарифлар мени ростдан ҳам тўлқинлантирди, қалбимни титратди...

Гарчи, ўлим тушунчасини ҳамон ёқтирмасдим, аммо бу тушунча мени олдингидек қўрқувга солмай қўйганди. Ўлимдан қочишнинг иложи йўқ эди, барча инсонлар албатта ўлажакди. Менинг ана шу инсонлардан ягона фарқим, ўлимим ҳақида олдинроқ хабар олганим ва тез орада ўлишимни билганим эди. Яхши, аммо бу қандай фарқ эди? Бир кишининг ўз ўлими ҳақида хабар олиши, қачон ўлишини аниқ билиши унинг учун бирор қийматга эгамиди?

Ўлимнинг не эканини билган ҳолда, ўлимини кўрган ҳолатда ўлимга қараб юриш яхшими, йўқса, ўлимдан бехабар яшаркан, бир лаҳзада унга рўпара келишми?

Бу саволга аниқ бир жавоб тополмайман! Масалага охират назари билан қарарканман, ўлимнинг не эканини билган ҳолда, ўлим ҳақ эканини эътибордан қочирмаган ҳолатда яшашнинг охиратдаги оқибати албатта яхши бўлади, деган қаноатдаман. Чунки, биз ёқтирмасак-да, ўлимга, ўлимдан кейинги ҳаётга томон бир-бир босиб бормоқда эдик. Шу боис кун сайин, дақиқалар, сониялар сайин яқинлашиб бораётганимиз ўлимимиздан хабардор бўлиш, унга тайёрланиш, ўлимнинг чангалига тасодифан тушгандан кўра яхшироқ бўлса керак...

Бироқ, инсонлар бунга чидай оладиларми, ўлим хабарини кўтара олишармикин? Серқатнов шоҳкўчалар бўйлаб номаълум сел янглиғ оқиб кетаётган шу одамларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз, ҳаммаси ўлиши аниқ. Уларнинг орасида албатта мендан аввал ўладиган ким қанча инсон бор эди. Агар ана шу қачон ўлишларини билмайдиган кишиларга қай пайт ўлишлари билдирилганда нима қилишарди? Ёки барча одамларга баъзи ҳайвонлар сингари, маълум бир йилгача умр берилганда, ўлишларига бир неча йил, бир неча ой ва ё кун қолганда, нима қилган бўлардилар?

Бунга қандай чидашарди, демайман! Чунки, чидай олишмасди!..

Қўлларидан баъзи моллари олиб қўйилган вақтда жазавага тушадиган, ўзини у ёқдан-бу ёққа урадиган неча инсонлар, қўлларидан ҳаётлари олиб қўйилганда ҳеч шубҳасизки, чинакам телба, ҳақиқий жиннига айланган бўларди!..

Дунёга, бойликка ҳирс қўйган қанча инсонга уч йилдан кейин ўласан эмас, ўттиз уч йилдан сўнг ўласан, дейилса, ўзгаришга ҳаракат қилар, ўлимига ўн йил қолганда дунёдан этагини силкиган бўларди!

Ҳайратланарли эмасми! Ўлишларини, мутлақо ўлишларини билган бу инсонларга, фақат қачон ўлишлари билдирилсагина, ҳамма нарса, дунёдаги ҳамма нарса бирдан ўзгаради. Чунки, ўлимни билиб, ўлимни кўриб яшаш, йўлбарслар кезиб юрадиган ўрмонда сайр қилишдек бир гап эди!..

Ҳар лаҳзада устингизга ташланиши мумкин бўлган йўлбарсларни била туриб, худди ҳеч қандай хавф-хатар йўқдек, гулханда гўшт пиширишингиз, ўйин-кулгу қилишингиз мумкинми?! Албатта йўқ! У ҳолда, бу инсонлар ўлимдан бехабар экан, ўлим рамзи бўлган йўлбарсларни кўрмаганлари муддатча, хатар йўқдек ғоят хотиржам, қайғусиз яшай оладилар, ҳаттоки бўйинларига қўнғироқ осиб ўйинга тушишлари ҳам мумкин!

Сўнгра, сўнгра эса биргина йўлбарс бўкириши ва ортидан бир неча лаҳзалик типирчилаш билан қабр сари сафар!..

Албатта, ўлим бу қадар оддий ва осон кечмайди! Айтилган бир неча лаҳзалик типирчилаш, ҳеч шубҳасиз, бир неча умрларга тенгдек туюлади ўлаётган кишига!.. Билмадим, ўлим онини тушуна оласизми, англай биласизми, унинг даҳшатини!..

Мен уч-тўрт ҳафта олдин эшитганим ва секин-секин ҳазм қилишга уринганим ўлим ҳақиқати билан бир лаҳзада юзма-юз келишингиз!..

Ақлингизни таниганингиздан буён ичида яшаганингиз, бирга юриб, биргаликда югурганингиз тирик, тип-тирик вужудингизнинг бир онда тиргаги қулагандек, ерга йиқилиши!.. Неча йиллардир ишлаган юрагингизнинг индамасдан тўхтаб қолиши, шу онга қадар темирчи сопқонидек тинимсиз нафас олиб-нафас чиқарган ўпкаларингизнинг бошқа нафас олмай қолиши!.. Ўзингизни йўқотиб, даҳшатли қичқириқдек ёйилган ваҳима ичра қолишингиз!..

Сиз ичида яшаган гўшт йиғиндисининг ўлиши билан, ўзингиз ҳам ўлим топишингизни билиб, даҳшатга тушишингиз ва вужудингизга қараб: «Ўлма, ўл-ма, ўл-ма-а-а-!..» дея унсиз қичқириғингиз!..

Юрагингизни ишлатишга, ўпкангизни нафас олдиришга уринишингиз!..

Ҳаракациз қолган вужуд, тинчиб қолган жасад ичра паришон жонингизнинг, тонналарча оғирлик остида эзилган, эзилган сайин оғирлашган тиканли бомбадек, бўғзингизга тиқилиб қолганини ҳис қилишингиз!..

Шу онгача қўрқувни ва қўрқинчли нарсаларни ташқаридан излаган кўзларингизнинг, ичкаридаги даҳшатдан ташқарига отилиб чиқишга уриниши!..

Ҳозиргача кўп ишлатганингиз «Ўлим» калимасини, шу пайтгача асло қўлламаганингиз бир маъно теранлиги ила «Ўлишим тайин!..»дея тан олишингиз!.. Чарақлаб очилган кўзларингиз билан атрофингизга боқиб, сиз ўлиб кетаркансиз, ҳеч нарса бўлмагандек давом этаётган ҳаёти дунёнинг қанчалар бевафо эканини англашингиз!..

Жуда узун деб ҳисоблаганингиз бутун ҳаётингизни бир лаҳзада кўз олдингиздан ўтказишингиз!..

Туғилишимдан, улғайишимдан, яшашимдан, асосий мақсад, ўлишим экан деган фикрга келишингиз ва «Шу учун туғилдимми, шу учун улғайдимми, шу учун ишлаб, шунинг учун яшадимми?..» каби саволларни хомуш бир сукут билан жавобсиз қолдиришингиз!..

Очилган кўзларингиздан пардаларнинг кўтарилиши ва қаршингизда жон олгувчи фариштани кўришингиз!.. Жонни, жон беришни унутиб, даҳшатли бир ҳайрат билан қўрқув ичра ўлим фаришталарини кузатишингиз!..

Шу пайтгача милярдлаб инсоннинг руҳини қабз этган фаришталарнинг, чексиз сокинлик ила қудрат қўлларини сиз томон узатишлари!..

Қочишни истаб, қочолмаганингиз, ҳаттоки жойингиздан бир қадам қимирлаёлмаганингиз ўша онда икки бармоқ орасида қолган бечора чумолидек ожиз эканингизни англаб етишингиз!..

Қилт этолмасдан, «Шошманг, нима қиляпсиз!..» деёлмасдан, қўрқувдан қалт-қалт титраганча бўғзингизга тиқилиб қолган жонингизнинг суғуриб чиқарилиши!..

...Ва ўлишингиз, ўлимнинг нима эканини ўлаётибгина англашингиз!..

Сўнгра, сўнгра чексиз бир сукунат!..

Ерда ётган жасадингизга қарайсиз!..

Тириклигингизда «Менинг қўлим, менинг оёғим, менинг бошим...» дея ўзингизга нисбат берганингиз бу гўшт тўпламининг сиздан айри, сиздан фарқли бир нарса эканини эндигина фарқлаб етмоқдасиз!..

Уловини йўқотган суворийга ўхшайсиз!..

Неча йиллардир миниб юрган, у ёқдан-бу ёққа югуртирган отингиз энди ўлди!..

«Мен, мен...» деркан, қаст қилган нарсангиз, аслида бу от эмас, отни бошқариб юрган суворий эканини фаҳмлайсиз, шунда!

Сизга омонат қилиб берилган шу отнинг, сизга омонат қилиб берилган жасаднинг Яратувчиси келади ақлингизга!

«Алло-о-оҳ!..» дейсиз шунда даҳшат ичра...

Сизларга шу вужудни берган Аллоҳнинг ушбу омонатига тегишли буйруқ ва қайтариқларини эслайсиз, ана шу онда! «Дунё ҳаётида нима қилишим керак эди, мен нима қилдим?..» деган савол оташтош янглиғ гурсиллаб тушади устингизга...

Эзилиб кетасиз! Бирор ҳаракат қилолмайсиз, ҳатто қилт этолмайсиз бу саволнинг остида!..

Ҳолбуки, сиз жавобини биладиган, жуда яхши биладиган бир саволдир бу! Бироқ, жим туришни, яхшиси унинг остида жимгина эзилишни афзал кўрасиз! Чунки, тилингизнинг учида турган жавоб, ҳаттоки тилингизниям уялтирадиган жавобдир!

Яна бир фарёд юксалади менлигингиздан:

«Алло-о-о-оҳ!..»

Сўралган ва сўралмаган барча саволларнинг ҳамма жавоблари яширинган ана шу «Аллоҳ» дейишингизда! Менлигингиздан юксалган бу фарёд, минг афсуски, кўнглингизни хушнуд қилган севгилига етишиш севинчини эмас, Одил ва Қаҳҳор бўлган бир ҳисоб сўровчи билан юзлашишнинг даҳшатини акс эттиради!.. Дунё ҳаётида фақат соясини, мавҳум соясини кўрганингиз қўрқувнинг, аниқ-тиниқ ҳақиқати билан, очиқ даҳшати билан юзма-юз келасиз!

Ваҳимага тушасиз... Бу даҳшатларнинг барчасидан қочишингиз, қоча олишингиз, ўзингиздан қочишингизга, қоча олишингизга боғлиқ!

Бироқ, қани эди бунинг иложи бўлса!

Сизга сиздан узоқ, сизга Ундан яқин ҳеч нарса йўқ, атрофингизда!..

Ўзингизни чорасизликнинг тиканли чоҳига ташлаб юборақоласиз! Пушаймонлик туйғуси оловда эриган бир маъдан янглиғ оқа бошлайди ичингизга... Ўзингизни парчалаш истагида парча-парча бўлиб кетасиз!

Ва жасадингизнинг тепасига тўпланган инсонларга қарайсиз!.. Сизга минг йилдек узоқ туюлган шу бир дақиқалик муддат ичида сизга қараб, сизнинг ҳолатингизни кузатиб турган кишиларнинг, жағингизни боғлаётиб, «Раҳматли индамасдан, қандай тинчгина жон берди-я!..» деганларини эшитасиз!..

Бошқаларнинг ўлимидан ўлимнинг не эканини таниган бу инсонларнинг ўлимга қанчалар бегона, ундан қанчалар йироқда эканини илк бора англайсиз!

Ҳа... ўлиш мутлақо бошқа бир нарса эди!

Ўлим билан ҳамма нарса эмас, фақат бир нарса тугарди!.. Ва ана шу бир нарсанинг тугаши билан ҳамма нарса янгидан бошланар эди!..

Охирги пайтлар фабрикага боришни унчалик истамасдим. Жуда зарурий ҳолларда борар, иш ривожини ўрганиб, керакли кўрсатмаларни берганимдан сўнг қайтардим. Бир қарашда мен фаолиятим суратини деярли тўхтатаёзган эдим. Бироқ, фабрика тинимсиз ишларди, ишларди-ю, югуришдан тўхтаб, оғир одимларла юраётган инсонга ўхшарди.

«Етар!» дердим ўз-ўзимга.

Шу зайл ишлаши ҳам менга кўпдек туюларди. Ўлимли дунёда жуда кўп ишлаб, ортиқча бойишнинг нима кераги бор? Ҳолбуки, бир ой олдин бошқача ўйлардим. Енгилгина кулдим. Дунёнинг ўткинчи эканини, ўлимли дунё эканини тушуниб етгандим!

Фабрикадан вақтли қайтиб, ғалати бир хоҳиш билан қабристонга келдим. Қабристон эшигида бир оз туриб қолдим, сўнг ичкарига кирдим. Яқин кунларда тобутда келтирилишим аниқ бўлган қабристонга ҳозирча оёқларимда юриб келгандим...

Бу ер қабристон эди, бу ер ҳамма келадиган сўнгги манзил эди!

Қабристонни оғир-оғир қадамлар билан айланишни бошладим. Атрофимга бениҳоя ҳайрат билан қарар, ҳамма нарсани кўришга, ҳамма нарсани тушунишга ҳаракат қилардим. Илгари ишхона ёки фабрика қуриш учун мўлжаллаган ерга келиб, унинг ҳамма тарафини ўрганиб чиқардим. Энди эса, тамоман бошқача фикрлар ичра бошқа нарсаларни ўрганиш билан банд эдим!..

Қабристон жим-жит ер эди!..

Қабрлар оралаб юрарканман, қабрдагиларни ўйларканман, тирик эканимни илк бора фарқлаётганга ўхшардим. Тириклик ҳайратланарли ҳол эди. Бирор тепаликнинг худди тирикдек юраётганини ёхуд сакраётганини кўрсак ҳайратдан ёқа ушлаб қоламиз. Сув, тупроқ ва тепалик сингари моддалардан иборат бўлган инсоннинг юришини, югуришини, гапиришини эса, ўрганиб кетганимизданми, табиий ҳол дея қабул қиламиз. Фикр танбаллиги билан эснаб, «Жони бор юради, жони бор югуради, жони бор гапиради..» деб қўя қоламиз.

Жуда яхши, лекин ана шу жоннинг ўзи нима? Тириклик нима? Ҳар қандай бир тепаликка жон киритишга уринсак, жон бериш у ёқда турсин, ўша бермоқчи бўлганимиз жоннинг нима эканини, қанақа нарсалигини биламизми?

Иҳ!..

Балки бу саволнинг жавобини биз тириклар эмас, жонидан айрилган ўликлар, маййитлар яхши билишарди. Баъзи нарсаларнинг нима экани, борлигида эмас, балки йўқолгандан сўнг ойдинлашади. Қабристонни ҳамон оғир одимларимла кезарканман, қабрларни ва қабрдагиларни ўйлашда давом этардим. На мен улардан, на улар мендан йироқ эмасдилар! Ўлимга яқин турган бир инсон сифатида қабрдагиларнинг аҳволини яхшироқ тушунар, яна ҳам яхшироқ ҳис қилардим. Ва бир муддат ўтгач, қабрдагиларнинг нигоҳлари билан ташқарига, тирикларнинг нигоҳлари билан қабристонга боқдим.

Ҳайҳот!..

Ҳайратдан сесканиб кетдим. Бир-биридан қанчалар фарқли, қанчалар айри қарашлар эди, улар!

Қараганини кўраётган, кўрганларини англай олаётган нигоҳлар шубҳасиз қабрдагиларники эди! Жуда аниқ, ниҳоятда тиниқ қарашлар эди! Ташқаридан қабристонга, қабр ичидагиларга қараган инсонлар кўриш лозим бўлганини эмас, кўришни хоҳлаганларини кўрардилар! Баъзилари қабристондаги дарахтларни, баъзиси мармар тошларни, баъзилари эса қабр устидаги тупроқни кўришарди. Ўзини теран ўйлаётганини ҳис қилган баъзи бирлари эса қабр ичига кириб, кафанланган маййитни кўришарди!

Бу яхши, бироқ кафанни очиб, унинг ичидагига қарашимиз лозим эмасми?

Гўштлари чириб кетган у калла суягининг нимасидан қўрқамиз? Бошимизга бармоғимиз билан урган пайтимизда «тақ-тақ» дея эшитилган овозлар бизнинг ҳам айни оқибатга маҳкум, худди шундай қуруқ бошга соҳиб эканимизни эслатмаяптими?!. Гўштларидан айрилган у қуруқ калла суягида ёлғонлардан тозаланган аччиқ бир ҳақиқатни кўрмаяпмизми?! Бош суягидаги кўз чуқурларига ўз кўзларимизни қўйиб, бир лаҳза нариги дунёга, ундан ҳам йироқларга нега қарамаяпмиз?!.

Ҳамма ерга кўз ташларкан, босаётган тупроғимизга қараркан, борган ерларимизни яхшилаб кўришни истарканмиз, қабрларга, қабр ичидагиларга нега қарамаймиз?!

Кун сайин, дақиқалар сайин яқинлашиб бораётганимиз у манзилдан нега юзимизни ўгирамиз, нима учун қабристонлардан йироқроқ юрамиз! Агар юзимизни дунёга бурсак, унда абадий қоламиз, қабристонга умуман яқинлашмаймиз, ўлим нима эканини билмай бахтиёр яшаймиз, дея ўйлаймизми?!

Бу саволга ҳам қабрдагилар жавоб беришади:

«Ҳа, шундай деб ўйлайсиз! Биз ҳам худди шундай ўйлар эдик!..»

Бу жуда тўғри жавоб эди! Зотан, қабристонда ҳеч ким ёлғон гапирмайди! Ҳамма нарса, ҳамма рост гапиради,бу ерда... Бу ер ҳақиқатан ҳам бошқа бир олам эди! Ҳамма нарса, сукутда, тириклар оламидаги ғала-ғовур овозлар йўқ!.. Бу ерда ҳамма нарса шундай сокинлик билан, шундай сассизлик билан англатилади!

Ибратомуз бир сукунат, сермаъно жимжитлик ҳукмрон қабристонда...

Бу қабристонни тўлдирган минглаб инсонлар ҳеч шубҳасиз, бир пайтлар кўча-кўйларни, бозорларни тўлдириб, у ёқдан-бу ёққа елиб-югурган одамлар эди! Бу ерга келиб ярим соат ўтирар-ўтирмас, сиқилиб-зериккан, нима қилишларини билмасдан, тезроқ қабристонни тарк этишга шошилган шу инсонлар, узоқ йиллардан бери мана шу қабрларида айни шаклда, айни сукунат ичра жимгина ётишарди.

Қабрларга қараганча, такрор-такрор ўйлай бошладим: «Ажабо, бу ерда ётган маййитларнинг ҳеч қандай ташвиши, ғам-қайғуси йўқмикин? Шуни ўйларканман, ҳар бир қабрга бирма-бир қарадим. Саволларимнинг жавобларини яна шу қабр остида ётганлардан эшитишни истардим!

Йўқ, ундай эмас! Xудо ҳаққи, асло! Уларнинг ҳеч бири ғамсиз, қайғусиз эмасди! Қабрдагиларнинг барчаси, қиёматга қурилган соат, маҳшарга тортилган камон сингари эди!..

Барчаси нафасини ютганча, қимир этмасдан, ўша онни – қайта тириладиган лаҳзаларини кутиб ётишарди!..

Юзлари ва нигоҳлари бир-бириникидан фарқ қиларди! Қайси бирининг сўнгги табассуми, қайсинисининг охирги пушаймонлиги, яна киминингдир энг сўнгги томчи ёши кўзларида қотиб қолган эди!!!

Барчаси ана шундай ҳолатда кутишмоқда эди, Маҳшар кунини!..

Ажабо, менинг юзим, менинг сўнгги кўринишим қандай бўлар экан?

Юзимда энг охири қайси маъно, нигоҳларимда қандай ифода муҳрланар экан?!..

Қўрқиб кетдим, ваҳимага тушдим... Ўлимдан эмас, ўлимдан кейинги вазиятдан қўрқаётган эдим...

Аллоҳни ўйладим, бошим эгилиб, бўйним букилиб қолди... Оёқларимдан мадор кетиб, бир қабрнинг шундоқ ёнгинасига ўтириб қолдим. Қанчалик ожиз, қанчалар чорасиз эканимни ҳис қилдим... Xудди йўргакда қўл-оёғи боғланган бечора бир гўдакдек йиғлай бошладим... Билган ҳамма нарсамни; барча инсонларни, барча жумлаларни, барча сўзларни унутган эдим. Xотирамда ёлғиз биттагина жумла сақланиб қолган ва бутун борлиғим шу жумлага маҳкам ёпишган эди: «Аллоҳим, менга ёрдам бер!..»

Тинимсиз ушбу жумлани такрорлардим:»Аллоҳим, менга ёрдам бер, Аллоҳим, менга ёрдам бер!..»

Шу пайтгача Аллоҳга жуда кўп дуо қилгандим, аммо, ўзимни Аллоҳга, Аллоҳни ўзимга бу қадар яқин ҳис қилмагандим!.. Гўё ҳар бир аъзом, ҳар бир ҳужайрам алоҳида -алоҳида қўлларга айланган-у, мен ана шу мингларча қўлларим билан Аллоҳга узалганча, тинмасдан Унга ёлвораётгандим ва бу дуодан тўхташни, Аллоҳдан йироқлашишни асло истамасдим: «Аллоҳим, менга ёрдам бер!..»
– Ёрдам керакми?

Чўчиб тушдим! Эшитилган бу овоздан жойимга михланиб қолдим. Бу овоз ердан эшитилдими, кўкданми, билмай қолдим... Ётган еримдан атрофимга қарадим. Ўнг тарафимда саккиз-ўн метрлар узоқликда бир киши турарди. Унга ҳайрат билан қараётганимни кўргач, секингина «Ассалому алайкум!» деди.

Бу қирқ ёшлардаги соқолли бир киши эди. Бир муддат жим бўлиб қолдим. Нима қилишимни, нима дейишимни билмасдим. Ўрнимдан туриб, секингина кийим-бошимни қоқдим. У кишига қараб «Ваалайкум-ассалом!» дедим-да, тўғри қабристон эшигига қараб юра бошладим...

Юрагим сиқилганди... Ҳеч истамаганим бир пайтда, истамаганим бир шаклда қаршимда пайдо бўлган бу жонзот, жонимни сиққан эди!..

Ичкилик ичишни ташлаган, беш вақт намоз ўқишни бошлаган эдим. Аввал бошида бундан кўнглим тўлмай юрди. Буларнинг барчасини ўлишимни билганим учун, ўлимдан қўрққаним учун қиляпман, деган хаёл менга тинчлик бермасди. Менга асло ёқмаган бу хаёлдан қутулиш мақсадида анча вақт у билан ичимда курашиб юрдим.

Бироқ, уни енга олмадим... Негаки, аслида ҳақиқатдан ҳам шундай эди!.. Ўлишимни билганим учун ароқ ичишни ташлаган, ўлимим яқин қолгани боис, беш вақт намоз ўқишни бошлагандим. Кейинчалик буни тан олдим. Ҳам бу ҳақиқатни қандай қилиб инкор қила олардим?! Зотан, Аллоҳ таоло барча инсонларга ўлишларини билдирган, барча инсонлар ҳар дақиқа ўлимга тайёр туришларини истаган эди! Ўлишини билган ҳолда ибодат қилиш, барча мусулмон бажариши лозим бўлган амал эди, зеро...

Мана шуларни ўйлаб, мени безовта қилган, мени васвасага солган шайтоний хаёллардан қутулдим. Шайтони лаъин нима қилиб бўлмасин, инсонни йўлдан уришга ҳаракат қиларди! Шайтоннинг таъсирида қолиб ибодатни тарк қилган инсонлар, бошлари ва бурунлари кўтарилиб, ғўдайиб қолган, шунингдек, қабрларига ҳам ғўдайганча кирадиган инсонлар бўлса керак.

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, ўшандай бандаларидан қилиб қўймади!..

Бироқ, тўғрисини айтадиган бўлсам, беш вақт намоз ўқиш нафсимга бу қадар оғир келади деб ўйламагандим. Қаердан билибман, бу иш чеккадан қарагандагидек осон эмас экан!.. Намоз ўқиётган пайтларимда ичим сиқилганини, сабабини ўзим ҳам билмайдиган бир оғирлик остида қолганимни ҳис қиламан. Салом бериб, намоздан чиққач, анча вақт сувнинг остида қолиб, кейин сув устига чиққан одамдек чуқур бир «оҳҳ...»тортаман.

Ҳолбуки, жума намозларида ҳеч қачон бунақа оғир аҳволга тушганимни эслай олмайман. Гарчи шу онгача ўқиган жума намозларида Аллоҳдан кўра кўпроқ инсонларни, ўзим ичида яшаган жамоани кўпроқ эътиборга олардим. Ўзим учун танлаган бир «имиж»им бор эди. Ўз тарихига эга, миллатчи ҳамда муҳофазакор имиж эди бу. Ўзимни ана шу имижим билан танитар, унинг йўқолишини истамасдим. Жумладан, жума намозларига боришим ҳам айнан шу имижимнинг мажбурий бир хусусияти эди. Аллоҳга ишонардим, имоним бор эди, бироқ ёлғиз Аллоҳ учун намоз ўқимасдим...

Ҳозир эса, аҳвол тамоман фарқли!.. Энди на имижимни, на жамоанинг бошқа ҳукмларини инобатга оламан. Ўзимни устидаги либоси ёниб кетган инсондек кўряпман. Неча йиллардан буён асраб келган имижимни белгилаган шу кийимларимни шоша-пиша эгнимдан ечиб отарканман, на жамоани кўз олдимга келтираман, на улар мени ялонғоч ҳолатда кўриб қолишларини!..

Буларнинг ҳеч бири мени қизиқтирмайди!

Энди мен учун ягона аҳамиятга лойиқ бир борлиқ–Аллоҳ таоло!

Мен Аллоҳнинг қулиман ва шу қуллик нимани тақозо қилса, барчасини бажаришга мукаллафман! Бор-йўғи шу! Бундан бошқа ҳеч нарса мен учун афзал эмас! Нафсим хоҳламаса ҳам, ибодатлар шум нафсимга оғирлик қилса ҳам, бошқа мусулмонлар сингари намоз ўқишга, бошқа мусулмонлардек ҳаромлардан қочишга ҳаракат қиламан!..

Бундан ташқари, бошқа мусулмонлардан менинг нима фарқим бор? Бой ва бообрў эканимми? Касал бўлмасимдан олдин шундай деб ўйлардим. Тарозининг бир тарафига мингта ишчини, иккинчи тарафига ўзимни қўйсам, албатта мен оғир келаман, дея фахрланардим! Минг ишчини қўл остида ишлатган, мингта ишчини моддий жиҳатдан таъминлаган бир инсон, албатта улардан оғир келиши, улардан анча юқори туриши табиий ҳол эди!

Бироқ, хасталик хабари келиши билан ҳаммаси ўзгарди!..

Аллоҳ билан юзма-юз келган, Унга қайтишим муҳаққақ эканини бир лаҳзада англагандим!.. Шу тушунча сабаб таниганим ягона ва энг муҳим ҳақиқат, халқ аҳамият берадиган бойлик ҳамда обрў-еътибор сингари нарсаларга барча мулкнинг, бутун коинотнинг соҳиби бўлган Аллоҳ таолонинг қиймат бермаслиги эди! Шу боис ҳам халқ наздидаги эътиборим Ҳақ наздида якун топган эди.

Ҳақ наздида ягона қимматли нарса қуллик эди!.. Қулликнинг қадрини жойига қўйиш эди! ..

Яна ҳам аниқроқ эътироф қилиш лозим бўлса, Ҳақ наздидаги тарозининг бир тарафига менга ўхшаган бир бошлиқни, иккинчи тарафига Аллоҳга гўзал қуллик қилган бир ишчини қўйсалар, ҳеч шубҳасиз, ана шу ишчи оғир келган бўларди! Шундай экан, дунёвий обрў-еътибор билан кибрланишга, ғурурланишга асло ҳожат йўқ эди! Нафсимга қанчалик оғир келмасин, Аллоҳга лойиқ қуллик қилишга, ҳатто беш минг машаққат билан бўлса ҳам, беш вақт намозни ўқишга ҳаракат қиламан! Маҳкам тутганим бу маънавий арқонни асло, асло қўйвориш ниятим йўқ!..

Кейинги кунларда бош оғриғим бир оз кучайди.

Бу оғриқларнинг сабабини билмаган кунларимда фақатгина оғриқни ҳис қилар ва улардан тезроқ қутилишни истардим. Энди эса бу оғриқлар улкан бир дарахтнинг кичик тиканларидек кўринарди кўзларимга.

Шифокорим Закийбек эса, аҳвол қанчалик умидсиз бўлмасин, тиббий муолажани бошлашимни истарди. Муолажанинг бошқа тарафлама таъсирларини ўйлаб, бунга рози бўлмадим. Баъзи яқинларимга бир оғайнимнинг хаста эканини айтгандим. Гиёҳлардан дори тайёрлайдиган бир кишини тавсия қилишди. Уларнинг айтишича, табибнинг дорисидан кўпчилик тузалган экан. Таваккал қилиб, шу табибга бордим. Миямнинг рентген суратларини кўрсатиб, аҳволни тушунтирдим. У киши менга Аллоҳдан умид узмаслик кераклигини, берган гиёҳларини маълум тартиб билан ичишим зарурлигини билдирди. Менга ҳам айнан мана шу тавсия маъқул келганди. Чунки, жуда оз бўлса ҳам, мени умидлантирадиган бирор чорани қўллашни истардим. Бундан ташқари бу гиёҳларнинг бошқа кимёвий дориларга ўхшаб, зарарли томони йўқ эди. Табибнинг айтганига биноан, гиёҳларни ича бошладим.

Табиат бағридан йиғилган бу гиёҳлар дорихонадан олинган дориларга нисбатан яхшироқ кўринганди, кўзларимга. Соғайишим учун агар бир мўъжиза лозим бўлса, бу мўъжиза одамларнинг қўли билан тайёрланган дориларда эмас, Аллоҳ томонидан яратилган ушбу ўсимликларда мавжуд бўлиши керак эди.

Фабрикада кечадиган вақтимнинг кўп қисмини асосан китоб ўқишлик билан ўтказардим. Бу ерда ўзим учун мўъжазгина бир кутубхона ташкил қилдим. Турли мавзулардаги қизиқарли китобларни сотиб олдим. Энг менга манзур бўлган китоблар эса, тасаввуфий ривоятларни англатган китоблар эди. Бу дунёга не буюк зотлар келиб-кетмаганди! Барчаларининг бир-бирдан гўзал кароматлари бор эди. Ўзларини зиёрат қилиш учун келган одамлар билан бир оғиз гаплашмай туриб, уларнинг нима мақсадда келишганини билишар ва эҳтиёжларини қондиришарди. Ана шундай ҳол аҳли бўлган бир киши билан учрашишни, унга юрагимдаги дардларимни айтишни ҳамда унинг ҳақиқатдан баҳс этган суҳбатини тинглашни истардим.

Бундай инсонлар, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)нинг «Ўлмасдан олдин ўлингиз» деган тавсияларига амал қилиб, ҳар кун ўлимнинг нима эканини тафаккур қилиб, ўлимни эслаб яшайдиган кишилар эди. Ўлаётган бир одамнинг аҳволини ҳар ҳолда улар яхшироқ тушунишарди.

Ажабо, бизнинг давримизда ҳам шундай шайхлар, муршидлар бормикин?

Шундай ўйлар билан ўтирарканман, хаёлимга бирдан Исмоил келди. Дўкондаги истарали сотувчи! Барча унга ҳавас билан қарайдиган келишган йигит. «Алсанжоқ»нинг шиддатли сафобахш муҳитидан ўзини тортиб ололган эди. Тунги клублардаги қизлардан кўра масжиддаги кекса кишиларнинг суҳбатини афзал билган бу хушсурат йигит, самимий ҳаракатлари билан ҳам атрофидагиларни ҳам мени ҳайратда қолдирган эди!..

Лекин, у пайтда Исмоилнинг бу ҳаракатлари менга негадир эриш туюлганди, ёшлик гаштини сурмайдими, дея ўйлагандим, тўғрироғи...

Исмоилни тариқатга кирган деб эшитгандим. Бу қанчалик тўғри эканини билмайман. Суҳбати ширин бўлган бу йигит билан қаерда кўришиб қолсак, ҳар доим узоқ гаплашар, ҳазиллашиб турардик. Унга: «Нима гаплар, замонавий ақидапараст?» дердим. Бироқ, бу ҳазилимдан ҳеч хафа бўлмасди. Менга жамиятнинг бузилганидан, тизимнинг адолацизлигидан, ахлоқий меъёрларга путур етганидан сўзлар, ва: «Аввал инсон, кейин мусулмон бўлишимиз керак», дерди.

Албатта, унинг гапларига кўпам эътибор бермасдим!..

Жамиятда ўрнини тополмаган бундай кимсалар албатта жамиятга лой чаплайдилар. Мен буни муваффақияцизлик натижаси сифатида кўрардим. Шунинг учун насиҳат қилиши ва насиҳатига қулоқ солиниши керак бўлган киши, Исмоил эмас мен эдим. Чунки узоқ йиллар давом этган сотувчиликдан кейин, қанча машаққат билан кичикроқ бир дўкон очган омадли инсон Исмоил эмас, мен – аканг қарағай эдим. Сўзига қулоқ солиниши керак бўлган бирор бир киши бўлса, мендан бошқа ким ҳам бўлиши мумкин!..

Исмоил ҳақида яна ўйладим...

Ҳеч ҳам иккиланмасдан «Аллоҳга қасамки, мендан ақлли экан!»– дедим ўзимга ўзим. Ёшлигидан нафсини жиловлаш муваффақияти олдида бир нечта фабрика эгаси бўлган менингдек кишининг муваффақияти арзимас бир нарса эди.

Нима ҳам дердим, ҳалоли бўлсин!

Соат бир ярим...

Пешин намозини ўқигандан кейин Қўноққа бориб, Исмоилни – ўзимизнинг замонавий «ақидапараст»ни бир кўрай!..

Ярим соатдан бери Исмоилнинг ёнидаман. Мени самимий ҳурмат билан кутиб олди. Ўтирдик, чой келтиришди. Аввал бир оз ўтган-кетгандан, ўтиб кетган танишларимизни эслаб, эски хотиралардан гаплашдик. Уларнинг баъзилари диндан, ибодатдан йироқ ҳолда яшаган ва ўша аҳволда дунёни тарк этишганди!.. Исмоил «Қўлимиздан нима ҳам келарди...» дегандек, надомат билан елкасини қисди. Юзидаги маъюс ифодадан имонсиз кетганларга ачинаётгани кўриниб турарди. «Улар билан кўп марта гаплашдим, билганларимни англатдим. Бироқ, тушунишмади, тушунишни исташмади...» деди синиқ бир овозда.

Сўнгра менга қаради. Нигоҳидан «Сенинг аҳволинг қандай?» деган саволни уқдим. Секингина беш вақт намоз ўқишни бошлаганимни айтдим.

Юзларида, кўзларида, нигоҳларида бир нарса «ярқ!» этиб кетгандек бўлди. Қувончдан ўрнидан сакраб туриб кетди. «Кел, бир бағримга босай!» дея севинганча мени қучоқлаб олди.

Мен ўзимни йўқотиб қўйдим. Бир киши ўзга биров учун қандай қилиб, шу даражада қайғуриши, қувониши мумкин? Ҳолбуки, намоз бошлаганимдан ҳаттоки, ўзим ҳам бу қадар севинмагандим... Бироқ, Исмоилнинг бу самимиятини кўриб, мамнун бўлдим.
– Қандай қилиб?
– Нима қандай қилиб?
– Намозни қандай бошладинг?

Унинг саволини тушунгандим. Исмоил намоз ўқишимга қандай воқеа сабаб бўлганини, нима туртки берганини сўраётган эди. Нима деб жавоб беришни билмай иккиланиб қолдим. Чунки, аҳволимни ҳеч кимга айтиш, ташвишимга яқинларимни шерик қилиш истагим йўқ эди.
– Бир яқин оғайнимнинг миясида шиш пайдо бўлган экан. Жуда қисқа умри қолибди. Шу нарса менга қаттиқ таъсир қилди...

Исмоил пастки лабини тишлаганча бошини чайқади:
– Неча ёшда?
– Деярли... деярли мен билан тенг...
– Нима ҳам деймиз, Салжуқ!.. Бу ўлимли, ўткинчи дунё!.. Аллоҳ тақдир қилган ҳамма нарсада хайр бор, бейдилар!.. Иншаоллоҳ, балки дўстинг учун шу хасталиги бирор хайрга васила бўлар!..

Бошим билан тасдиқ ишорасини қилиб, «Иншаоллоҳ» дедим.
– Исмоилбек!

Мижозлар чақиришаётганди. Исмоил яна битта чой келтиришларини сўраркан, мендан узр сўраб, ўрнидан турди. Келган мижозлар бир оила аъзолари эди. Улар менимча, куёв учун тўй либосини олишмоқчи эди.

Мен куёв дея тахмин қилган йигит бир нечта кўйлакни кийиб кўрди, бироқ, ҳеч бирини ёқтирмади. Унга қараб турарканман, «Сўнгги либосинг кафан бўлади, эй йигит!..» дедим ичимда. Кафан кийдирилаётганда ҳеч бир маййит инжиқлик қилолмайди. Ҳозир кўриб турганимдек, «Менга буниси ёқмади! Рангги шунақа, кўриниши бунақа бўлсин!..» дейишолмайди.

Шу пайт дўконга чўлоқ бир киши кириб келди!

У ўрта ёшларда бўлиб, соқол қўйган, бир оз бечораҳол кўринишга эга эди. Бир-икки қадам ташлади-да, тўхтаб, атрофига қаради. Исмоилнинг харидорлар билан гаплашаётганини кўргач, мен томонга бурилди. Нима қилишга қарор бергандек, чўлоқланганча мен тарафга кела бошлади.

Тиланчи бўлса керак. Юзидаги сокин ифода билан ёнимга яқинлашди. Бир муддат тараддудланиб турганимдан сўнг чўнтагимни кавлаб пул олдим-да, унга узатдим. Тўхтади, пулга қараб турди-да «Аллоҳ қабул қилсин», деганча уни олди. Кейин Исмоил турган тарафга қараб, унга ёрдамлашаётган сотувчи қизни чақирди:
– Осмон хоним!

Ёнимизга келган қиз табассум билан:
– Xуш келибсиз, Саид домла! – деди.

«Хуш кўрдик», дегандан сўнг қўлидаги пулни узатди-да:
– Қизим, мана буни бир фақирга беринг, илтимос!– деди.
– Ассалому алайкум, устоз! Xуш келибсиз!

Бу овоз Исмоилники эди. Исмоилга жилмайганча бошини қимирлатгач, уларни ҳайрат билан кузатиб турган менга қараб »Ассалому-алайкум!» деганча ёнимдаги курсига ўтирди.

Ўзимни аранг қўлга олиб, «Ваалайкум-ассалом!..» дедим ва дарҳол илова қилдим:
– Кечирасиз!..

Кўзларимга майин бир табассум билан қараб:
– Астағфируллоҳ!.. Аллоҳ учун садақа бериш, мағфиратга, афвга василадир. Иншаоллоҳ кечириласиз!..– деди.

Бу сўзларнинг маъносини тўла тушунмаган бўлсам-да, «Иншаоллоҳ» дедим. Бутун диққатимни жамлаб, бу ғалати кишини кўздан кечирдим. Бу киши Исмоилдан кийим олиб киймаганлиги, ёхуд уни Исмоил кийинтирмаганлиги кўриниб турарди. Кийимлари бир оз эски эди, бироқ топ-тоза эди. Соч-соқолининг учдан бир қисми оқарганди. Юзи сокин, жиддий ва ўта сермаъно кўринишда эди.

Яхшилаб эътибор бердим. Сотувчи қиз «домла», Исмоил «устоз» дея атаган бу киши негадир менга жуда таниш кўринарди!

Худди уни қаердадир кўргандек эдим. Нигоҳимни бошқа ёққа қаратганча, эслашга ҳаракат қилдим. Бироқ, эслай олмадим!

Балки, бир пайтлар қўлимда ишлагандир, ёки бирор масжидда кўргандирман. Барибир эмасми!
– Исмим Салжуқ.
– Танишганимдан хурсандман, меники Саид.

Харидорларни дўкон эшигидан кузатган Исмоил ёнимизга келди. «Устоз, яна бир бор хуш келибсиз!» деганча қўлларини сиқди. Ёнимизга ўтиргандан кейин бизларни таништирди. У кишини Қуръон илмига эга ва билганларига амал қилувчи муҳтарам бир инсон эканлигини билдирди. Мени эса эски таниши, дўсти эканимни айтди. Қандай қилиб беш вақт намозни бошлаганимни айтишни ҳам унутмади.

У киши менга шундай нигоҳ билан қарадики, бу нигоҳлар жуда ўткир ва қатъий бўлиб, унда чуқур маъно ва савол яширинган эди. Боқишларидаги саволга жавоб бердим:
– Исмоил айтгандек, оғайнимнинг аҳволини кўргач, барчамиз эртами-кечми барибир ўлишимиз муҳаққақ эканлигини тушундим...
– Қизиқ!
– Нима қизиқ, ўлишимизни англашимми?
– Йўқ! Оғайнингизнинг хасталигидан шундай ибрат олишингиз! ..

Бир оз довдираб қолдим:
– Тушунмадим?
– Ҳозирги инсонлар бошқа бировнинг ҳатто ўлимини кўриб ҳам ҳеч қандай сабоқ олмас экан, сизнинг ҳаракатларингиздан ҳайратда қолдим!

Нима ҳам дея олардим? Гапирилаётган « оғайним» менинг ўзим, деб айта олармидим?.. Масалани бошқа тарафга буриш мақсадида: «Сиз бошқаларнинг аҳволидан сабоқ олмайсизми?» дея сўрадим.
– Ўзгаларнинг аҳволини кўриб, керагича ибрат олганимда эди, бошқалардан анча фарқли инсон бўлган бўлардим.

Унга қарадим. «Бошқаларга умуман ўхшамайсиз», демоқчи бўлдим, бироқ индамадим. Суҳбатимизни жимгина тинглаб ўтирган Исмоилга ўгирилдим:
– Исмоил, Шоҳинбей яхши юрибдими?

Шоҳинбей Исмоилнинг эски хўжайини бўлиб, ниҳоятда очкўз, баднафс тадбиркор эди. Исмоил кулимсираб жавоб берди:
– Кексалик ҳамда хасталиклар Шоҳинбейнинг қанотларини синдирди. Ҳозир сурункали парҳез қилишга мажбур. Камгина овқатга қаноат қилиб яшамоқда.

Мен ҳам енгилгина кулиб қўйдим. Балки мендан ҳам бой бўлган Шоҳинбейнинг аҳволи, Исмоилга ҳам, менга ҳам кулгили туюлгандир. Шунда гўзал бир сўзни хотирладим. Инсонлар бошдан кечирган трагедия, у ҳақда ўйлаган кишиларни кулдириб, ҳис қилган кишиларни йиғлатаркан!.. Гарчи, Шоҳинбейнинг аҳволига кулган бўлсам-да, ичимда хомуш бўлганимни яширмайман.


– Исмоил, ҳеч нарса саломатликнинг ўрнини босолмайди! Қонуний Султон Сулаймоннинг сатрлари бор эди-ку, нима эди?

Исмоил бир оз ўйлагандан сўнг, Саид домлага қаради. Устози жавоб берди:

« Xалқ ичинда мўътабар ҳеч нарса йўқ, давлат киби

Бўлмагай давлат жаҳонда, бир нафас сиҳҳат киби...»

Домлага қараганча «Ҳа, худди шу», дедим ва қўшиб қўйдим:
– Ниҳоятда гўзал сатрлар эмасми?
– Нимаси гўзал?– деди совуққина қилиб.

«Бефаҳм» деб юборишимга салгина қолди. Ўзимни аранг ушлаб қолдим.
– Албатта маъноси.
– Маъноси қандай? Нима, нафас қийматли-ю, давлат қадрсизми?!

Бу одам ё мени имтиҳон қилаётган, ёки сабримни синаётганди. Жаҳлим чиқаётганини билдирмасдан жавоб бердим:
– Бир нафаслик соғлик, сиҳат, албатта минг давлатдан кўра қимматли!

Берган жавобимни гўё эшитмагандек, эшица ҳам аҳамият бермагандек юзимга қаради. Балки бу одамнинг қалби тозадир. Жилмайганча «Тушунмадингизми?» дедим. Табассумимга табассум билан жавоб бермади. Сокин бир овозда «Тушунмадим, сиз ҳам тушундингиз, деб айтолмайман» дегандан сўнг қўшиб қўйди:
– Бугун дунёда сиҳатли ҳолатда, соғ-саломат шаклда нафас олаётган милярдларча инсон бор. Менга айтинг-чи, қайси бирининг олган нафаси, қайси давлатдан қадрли?!

Жим бўлиб қолдим, ўйга толдим, ҳаяжонландим!..

Бу ғоят мантиқли эътироз эди! Неча йиллардан буён, қанча асрлардан бери ҳамма тўғри деб билган, маъқуллаб келган сўзга шундай эътироз билдирган бу кишига нима деб жавоб беришимни билмадим. Энг яхшиси, саволга савол билан жавоб бериш эди:
– У ҳолда бу сўз қандай маънога эга?
– Менимча бу сўзнинг тайин бир маъноси йўқ. Маънога эга эмас, маънога муҳтож бир сўз!
– Қандай?
– ...Вақтни қийматли ёки беқадр қиладиган нарса, бу ўша вақтнинг қандай ўтказилишидир, уни сарфлаш шаклидир. Яъни вақт–умр қандай, нима амаллар билан ўтказилганига кўра баҳоланади.
– Унинг айтаётган гаплари тўғри эди. Буни тасдиқлаётганимни ифодаловчи нигоҳлар билан унга қарадим. Сўзида давом этди:
– Ҳар қандай бир нарсага бадал қилиб берган вақтимиз, ўша нарсадан кўра қимматлироқ эмас. Чунки, ҳақиқатдан ҳам қадрли бўлганида биз бу олди-сотдига рози бўлмаган бўлардик. Шу боис, давлатни, мол-дунёни ҳамда мансаб-мақомни қўлга киритиш учун сарфланган вақт, харж қилинган нарсалардан кўра қадрсиз ҳолатга туширилган.

Унинг айтаётган сўзлари мени теранроқ фикрлашга ундарди. Мен унинг хулосасини эшитишни истаб «Алқисса?» дедим.
– Xулоса шуки, давлатга соҳиб бўлишдан ҳам муҳим, энг қимматли бўлган нафас, мол-дунёдан кўра қадрли бир ғоя, яна-да қимматлироқ мақсад сари берилган сўнгги нафасдир.
– Яъни?

Ҳеч нарса демасдан Исмоилга қаради. Бу саволга унинг жавоб беришини истарди. Исмоил менга кулимсираб қараганча:
– Бунинг жавобини сен ҳам ўргангансан. Аллоҳни рози этиш учун, Унинг ризоси истиқоматида яшаш,– деди. Унинг табассумига жавобан жилмайганча «Тўғри» дедим ва қўшимча қилдим:
– Исмоил, мен буни бир оз кечроқ ўргандим. Шунисига ҳам Аллоҳга беадад шукр!.. Буни билмайдиганлар, ҳамон ўрганолмаганлар жуда кўп!..
– Ўша оғайнинг биладими?
– Қайси оғайним?
– Ҳалиги хаста ўртоғинг-чи!

Исмоилнинг бу саволидан бир оз довдираб қолдим. Xаста деб айтган ўша ўртоғимни, яъни ўзимни қандай таништиришни билмай иккиланиб қолдим.

Унинг ўзим эканлигидан келиб чиқадиган бўлсам, ўзим қандай бўлсам, уни ҳам худди шундай таништиришим керак:
– Яқинда у ҳам беш вақт намоз ўқишни бошлади. Зотан, кичик ёшидан буён жума намозларини қолдирмасдан ўқийди. Савобталаб яхши бир ўртоқ...

Илгарилари суҳбатлашган кишиларимдек, «Э, шунақами? Машааллоҳ, боракаллоҳ!..» дейишларини кутардим. Аммо ҳеч нарса дейишмади. Қувончини яширмасдан Исмоил Саид домлага қаради. Юзида ҳеч қандай ўзгариш кўринмаган домла менга ўгирилиб, сўради:
– Исломни биладими?

Бошида саволни нотўғри англадимми, деган хаёлда бир лаҳза ўйланиб қолдим. Йў-ў-ўқ, тўғри тушунган эдим! Мендан унинг диндан хабари борми, дея сўраётганди! Шунақаям бемаъни савол бўладими? Унга айтадиганимни айцаммикан, ёки индамасдан ўрнимдан туриб кетворсаммикан, деб ўйладим. Саид исмли бу одамга такрор қарадим. Ғоят сокинлик билан менинг жавобимни кутиб турарди. Жим туролмасдим:
– Бу нима деганингиз? Сизга унинг беш вақт намоз ўқиётганини айтдим, шекилли! Ёки эшитмадингизми?!
– Эшитдим.

Бу ярамас менинг жиғимга тегаётганди!
– У ҳолда нега «Исломни биладими?» деб сўраяпсиз? Беш вақт намоз ўқиган одам билмаслиги мумкинми?

Исмоил ҳам, Саид исмли бу нусха ҳам менга бир хилда қараб туришарди. Нигоҳларида на бир ҳайрат, на бир ҳаяжон бор эди. Ташқаридан қаралса, гўё улар мени тушуниб туришарди, аммо, аммо мен уларни англамаётгандим!

Жавобни яна ўша Саид деганлари берди:
– Намоз албатта, динимизнинг буйруқларидан бири. Бироқ, Исломга киришнинг биринчи, илк шарти намоз эмас. Ҳар қандай бир инсон намоз ўқиб бошлагани билан, Ислом динини билган, Исломга кирган ҳисобланмайди.
– Сиз намоз ўқийдиганлар мусулмон эмас, демоқчимисиз?
– Йў-ў-ў-қ! Мен бундай демоқчи эмасман. Ҳар бир мусулмон албатта намоз ўқийди. Бироқ, минг афсуски,бугунги кунда ҳамма намоз ўқиётган кишини мусулмон дея қабул қила олмаймиз!..
– Барибир ҳеч нарса тушунмадим!

Мана диққат қилинг! Ислом дини янги келган пайтларда намоз диннинг шиори эди. Ўша вақтларда намоз ўқиётган бир кишини кўрилганда, унинг мусулмон эканига шаҳодат келтириш мумкин эди. Чунки, у даврларда мушриклар ҳам, кофирлар ҳам намоздан йироқ эди. Исломнинг бошларида намоз ўқиган кишилар фақат ва фақат мусулмон эди. Бироқ, ҳозир бундай эмас. Ҳозирги вақтда мушриклар ҳам намоз ўқийди. Албатта, буни намоз дейиш мумкин бўлса!..


– Бир дақиқа шошманг!.. Мушриклар қандай қилиб намоз ўқишлари мумкин? Ахир Аллоҳга ишонмаган киши қандай қилиб, масжидга борсин, нима учун намоз ўқисин?!
– Мушриклар Аллоҳни инкор қилиб «Аллоҳ йўқ» дейишмайди. Аллоҳга ишонишади, фақат Аллоҳга шерик қўшишади!..

Масжиддаги маърузаларда Аллоҳга ишонмайдиган, Аллоҳни инкор қиладиган кофирларни кўп эшитардим. Аммо, Аллоҳга шерик қўшадиган мушрикларни ҳечам эшитмаган эканман.

Одамзот нақадар ғалати махлуқ!

Баъзилари инкор қилиб, Аллоҳнинг ягона Яратувчи эканини қабул этмаскан, баъзилари эса, Унга шерик қўшиб, Аллоҳнинг якка-ю ягона Зотини иккита-учтага чиқаришармиш!.. Астағфируллоҳ! Бироқ, намоз ўқийдиган кишилар ичида шундай ботил ишонч эгалари бормикан?
– Ҳам намоз ўқиб, ҳам Аллоҳ иккита-учта дейдиганлар борми?
– Аллоҳ иккита-учта дейиш, якка бўлган Зотида Аллоҳга шерик қўшишдир. Масалан, «Аллоҳнинг хотини, боласи бор» дея Аллоҳга шерик қўшадиган христианларда шундай ширк бордир. Xалқи мусулмон бўлган ўлкаларда ширкнинг бунақа кўриниши учрамайди. Бу ўлкаларда мавжуд бўлган ширк шундан иборатки, улар Аллоҳнинг Зотига эмас, Унинг сифатларига ҳамда ҳукмларига нисбатан шерик қўшишади. Чин дилдан «Аллоҳ бирдир, У якка ва ягона» дейдиган бир қанча киши бу ифодаси билан Аллоҳни Зотида битта деб қабул қилишларига қарамай, минг афсуски, ижтимоий ҳаётларидаги кўплаб йўналишда, эътиқодининг кўплаб ўринларида Аллоҳнинг сифат ва ҳукмларида Унга шерик қўшадилар.

Бошим «шишиб» кетганди! Бироқ, айтилган сўзларнинг мағзини чақишни, маъносини англашни хоҳлардим:
– Ҳозир гапирганларингизни яна бир марта қайтаринг, илтимос!..

Эътироз билдирмади. Гапирганларини яна бир бор яна-да тушунарлироқ қилиб такрорлади. Нималарнидир тушунгандай бўлдим, бироқ керагича англадим деб айтолмайман. Фақат шу нарсани биламанки, бу одам айтаётган сўзлар ниҳоятда муҳим эди, ҳар бир мусулмон билиши зарур бўлган нарсалар эди. Унинг гапларидан янги бир нарса ўрганиш билан бирга, олдиндан билган нарсаларимнинг ҳам ўзгарганини ҳис қилгандек эдим. Эътиборимни тортган бу киши билан кўпроқ, узоқроқ суҳбатлашишни истардим:
– Бу ҳақда менимча, бемалолроқ ўтириб суҳбатлашганимиз яхши. Меҳмонимиз бўласизми?

Ўйланганча юзимга қаради-да жавоб берди:
– Мен қишлоққа қайтишим керак.

Исмоил гапга аралашди:
– Устоз Тўрвалига қарашли қишлоқда яшайди.

Тўрвали Измир-Ойдин йўлида бўлиб, Измирга келиб-кетаётганда Ғозиямир устидан ўтиларди.
– Янги фабрикамиз Ғозиямирда. Эртага Измирга қайцангиз, кириб ўтишингиз мумкин,– дедим.

Бир муддат ўйлади. Кейин жавоб берди.:
– Иншаоллоҳ, соат ўнлар атрофида.

Мен ҳам, «Худо хоҳласа», дедим-да, фабриканинг қаерда эканини тушунтирдим. Сўнгра рухсат сўраб, кетишга чоғландим. Xайрлашдик. Исмоил мени эшикка кузатиб чиқди. Ундан сўрамасдан кетолмадим:
– Исмоил, бу қандай киши?

У кулимсиради:
– Бу саволни эртага ўзинг жавоблайсан. Бироқ, унинг сўзларини диққат билан тингла!..

Бошимни қимирлатганча «Яхши» дея ишора қилдим ва қўшиб қўйдим:
– Яхши қол!..

Соат тўққизларда фабрикага келдим.

Кеча Саид домла билан бўлган суҳбатимизнинг маъносини чақишга ҳаракат қилган, нима қилишим лозимлигини анча ўйлагандим. Исломий мавзуларда етарлича билим ва тушунчага эга эмасдим.

Бошида бирор устоз ёки шайхни суҳбатимизга чақиришни ўйладим. Чақирсам, келиши мумкин бўлган домлалар бор эди. Саид домла билан қиладиган суҳбатимизни шу домла ҳам эшитишини, моҳиятига эътибор беришини истардим. Кейин фикримдан қайтдим. Устозларни бир-бири орқали имтиҳон қилишдек туюларди бу ҳаракатим. Айниқса, Саид домлага нисбатан одобсизлик бўларди. Энг яхшиси, суҳбатни магнит тасмасига ёзиб олиб, кейин бирор шайх билан бирга эшитиб, мулоҳаза юритиш эди.

Ҳа, мана шу энг маъқул фикр.

Уйдан олиб келган магнитофонимни иш столимнинг биринчи тортмасига қўйиб, ёзув тугмасини босиб қўйдим. Кейин хонамнинг ҳар тарафида юрганча гапириб кўрдим. Тасмани бошига олганча, овозимни эшитиб кўрдим. Жуда яхши, овозимни ниҳоятда тиниқ ёзганди. Магнитофонни тортмада тайёр қилиб қўйганча, домлани кута бошладим.

Соат бештакам ўнда фабрикага келди.

Пастга тушиб, уни биринчи қаватнинг эшигида кутиб олдим. Бирга юқорига чиқдик. Ён-верига унчалик аҳамият бермасди. Аввалги пайт бўлганда, унга фабриканинг ҳамма тарафини кўрсатган, таъбир жойиз бўлса, бир оз «нафас олдирган» бўлардим. Ҳозир эса, бундай ниятим йўқ. Чунки, бу улкан бинонинг мен учун ҳам ҳеч қандай аҳамиятли, қизиқарли ери қолмаган эди!..

Саид домла бир оз оқсоқланиб юрарди. Чап оёғи озгина калтамиди, қийшиқроқмиди, билолмадим. Чўлоқланиб, лекин оҳиста қадамлар билан хонамга кирди. Унга қулай бир ўринни кўрсатдим. Ўтирди.
– Нима ичасиз?
– Чой.
– Аччиқ бўлсинми?

Кулимсиради:
– Фарқи йўқ.

Телефон тугмасини босганча, чой буюрдим. Дарҳол мавзуни давом эттиришни хоҳлардим. Магнитофон тугмасини секингина босиб қўйдим-да, илк саволимни бердим:
– Кечаги суҳбатдаги сўзларингизни ўйладим. Фақат биттагина тушунолмаганим хусус бор. Сиз ҳар бир мусулмон намоз ўқийди, бироқ ҳар намоз ўқиган одам мусулмон эмас, дедингиз. Мен англай олмаган жиҳат, кеча сиз келмасингиздан аввал Исмоилга яқинда намоз ўқишни бошлаганимни айтгандим. Ўша пайтдаги Исмоилнинг қувончини бир кўрсангиз эди! Намоз ўқиш модомики, Исломнинг шиори эмас экан, у ҳолда Исмоил нега бунчалик севинди?
– Аллоҳ ёқтирмайдиган ҳар қандай ёмон амалларни тарк қилиб, намозни бошлаш ҳеч шубҳасиз, ҳар қандай бир инсоннинг чин кўнгилдан Аллоҳга йўналиши, Исломни талаб қилиши демакдир.

Исмоилни севинтирган жиҳат, сизнинг шу талабингиз бўлса керак.

Унинг бу изоҳида мантиқ бордек туюлди. Демак, Исмоилни севинтирган нарса менинг Исломга киришим эмас, динга йўналишим, Исломни талаб қилишим экан! Албатта, Исломга кирган-кирмаганлигим борасидаги шарҳ, ана шунинг шарҳи эди. Менинг эса, бу мавзуда ҳеч қандай шубҳам йўқ эди. Мен ақлимни таниганимдан буён Ислом динида эдим. Баъзи камчиликларимга, баъзи хатоларимга қарамасдан, ҳеч шубҳасиз мусулмон эдим.
– Мен тушунолмаган яна бир нарса бор. Кечаги суҳбатимиз давомида беш вақт намоз ўқийдиган ўртоғим ҳақида, у Исломни биладими, дея сўрадингиз. Кейин эса, Аллоҳга ширк келтириш ҳақида гапирдингиз. Сиз билган бу нарсаларни албатта, масжиддаги имомларимиз ҳам, вўизларимиз ҳам билишади. Беш вақт намоз ўқийдиган ўша оғайнимни масжидга бормаган, бирор марта ҳам хутба ва маъруза эшитмаган, деб ўйладингизми?

Бир муддат жим бўлиб қолди. Назаримда юзи сал ғамгин кўриниш олганди. Энди оғиз жуфтлаган эди ҳамки, чой келтиришди.

Яна тўхтади. Чойларимизни олдик. Чойига икки қошиқ шакар солгач, курсисига суяниброқ ўтирди ва кўзларимга тикилганча сўзини бошлади:
– Кеча биз жуда қисқагина тўхталган ширк масаласини барча имомларнинг, ёхуд вўизларнинг билиш-билмаслигидан хабарим йўқ. Мен билган ягона нарса, баъзи истиснолардан ташқари, кўплаб масжидларда бу ҳақиқатнинг тушунтирилмаслигидир. Шундай экан, ҳар қандай бир кишининг намозни бошлагандан сўнг масжидга бориши, динга оид ҳамма нарсани, айниқса, ширкка тааллуқли мавзуда тўлиқ тушунчага эга бўлди, дегани эмас!

О-ла-а! Бу одам олдин мусулмонларни айблаётган бўлса, энди масжидларни ва ундаги имомлару вўизларни айблаётган эди! Аллоҳга ширк қўшишдек муҳим мавзулар хусусида масжидларда гапирилмас эмиш!

Бир нафас ўйга толдим.

Булар бир фирқа, гуруҳ бўлса керак! Масжидларда ўргатилмайди деган масалалари балки ўзларига оид масалалар, ўзларининг ташвиқотлари бўлиши мумкин! Ўз фирқаларига, гуруҳларига кирмаган кишиларни «кофир» деб атайдиганлар бор деб эшитгандим. Xудди шундай бир фирқа бўлса керак булар!
– Сизнинг фирқангизнинг номи қандай?– дея сўрадим.

Кулимсираганча жавоб берди:
– Бизнинг ҳеч қандай гуруҳ ёки фирқамиз йўқ!..
– Жуда соз, унда сизларни кимлар деб аташади?
– Исломдан хабари бўлганлар бизни фақат мусулмон, дея атайди. Билмаганлар эса, турли номларни бизга ёпиштиришади. Масалан, « ақидапараст» ёхуд «фанатик»лар сингари...

Ҳа, мен шундай номларни эшитгандим. Демак, ақидапарастлар худди мана шулар!

Чойдан бир ҳўплади-да, менга юзланди. Қисқагина бу суҳбатдан кейин безовта бўлиб, тараддудга тушганимни гўё сезгандек эди.
– Кўнглинггизга бирор ёмон фикр келган кўринади?
– ...Шундай десам ҳам бўлади. Сизлар ҳаққингизда турли миш-мишлар юради...

Кулимсиради.
– Бўлиши мумкин. Xалқни олқишлаб, улар оққан оқимда оққанимизда, балки биз ҳақимизда яхши гаплар гапиришган, мақташган бўлармиди. Бизлар эса, фақат Ҳақни эътиборга олдик, Ҳақ томон бўлдик...
– Ҳақ деганда нимани назарда тутяпсиз?
– Авало Қуръони Карим, кейин ундаги ҳукмлар. Сўнгра эса, Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг суннатлари.
– Мана энди тўғри гапирдингиз. Зеро бутун мусулмонларнинг фикри ана шундай.
– Ўзларини Исломда деб билган ҳар бир кишининг Қуръон ва суннат ҳақида гапиришини биламиз. Агар сўзлаётган сўзларига амал қилиб яшасалар, албатта орамизда ҳеч қандай фарқ қолмайди.
– Ҳамма сизга ўхшаб, ақидапараст бўлиши керакми?
– Йўқ, фақат мусулмон!

Бу кишининг мусулмон деган сўзни айтиш оҳанги менга умуман ёқмаётганди. Бу калимани шундай бир маънода гапирардики, бу маънодан ташқарида қолганларнинг барчаси кофир эди гўё!

Жим бўлиб қолдим. Нима дейишимни билмасдим. У ҳам сўзлашдан тўхтади. Менга шундай бир нигоҳ билан қарадики, кўзларида қайғуга ўхшаш бир маъно бор эди.
– Салжуқбей! Мен бу ерга сиз билан тортишиш учун, сизни ранжитиш ёки дилингизга озор бериш учун келганим йўқ!.. Аллоҳнинг лутфи билан кўришиб турганимиздек, имон келтирганимиз ҳақиқатлар бор. Бир мусулмон сифатида ғоят қадрлаганим бу илоҳий ҳақиқатларни сизга тушунтиришни, сиз билан ўртоқлашишни истадим. Бу ерга келишдан ягона мақсадим шу, холос.

Чин кўнгилдан айтган бу самимий сўзлари менга ниҳоятда ёқди. Балки, айб ўзимдадир. Балки, унинг сўзларини охиригача диққат билан тинглаганим яхшироқмиди?.. Унинг кўнглини кўтариш мақсадида:
– Зеро, мен ҳам сизни худди шунинг учун чақиргандим. Фақат, масжидлар ҳақидаги сўзларингизга қўшилмайман. Истисно тариқасида гапирганингиз билан, кўп масжидларда бундай муҳим мавзуларга аҳамият берилмаслигини, ўргатилмаслигини айтдингиз. Ҳолбуки, барча масжидларимизда Исломнинг ҳаттоки энг кичик мавзуларига ҳам ҳассослик билан ёндошилади.
– Мен масжидларда диннинг кичик масалалари ўргатилмайди, демадим. Булар ўргатилади. Бир қанча масжидларда эътибор берилмайдиган хусус, билишимиз энг муҳим бўлган тавҳид ҳамда ширк масаласи.
– Булар ўргатилмаётганини қаердан биласиз?

Бу киши ниҳоятда сабрли инсон эканидан, эътирозларимни ғоят сокинлик билан эшитиб ўтирарди.
– Қанча вақтдан буён масжидга борасиз?
– Кичкиналигимдан буён.
– Албатта шунча йил давомида бир қанча имомлар ҳамда вўизларнинг маърузаларини эшитгансиз.
– Шундай.
– Энди айтадиган сўзларимга диққат билан қулоқ солинг. Қуръони Каримга имон келтирган барча домлалар, барча олимлар Расулуллоҳни (с.а.в.) ўзларига ўрнак деб билишлари, у кишининг суннатларига амал қилишлари керак. Чунки, олимлар Пайғамбаримизнинг ворисларидир. Пайғамбарлар яшамаган, ёхуд бошқа пайғамбар келмайдиган даврларда пайғамбарларнинг насиҳатларини, даъватларини инсонларга етказиш, ана шу пайғамбар ворислари бўлган олимларнинг бурчидир. Ана энди сизга бир савол, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ва барча пайғамбарларнинг энг муҳим даъватлари қайси эди, биласизми?

Бир оз ўйлаб қолдим. Масжидларда эшитганларимни эсладим. Жавоб нақд эди:
– Аллоҳга қуллик қилишга чақириш.
– Жуда тўғри, бироқ бу тўлиқ жавоб эмас!..
– Нега?
– Ярми йўқ, жавобингизнинг.
– Тушунолмадим?
– Мана тингланг. Аллоҳ Таоло Қуръони Каримнинг Наҳл сурасида барча пайғамбарларнинг юборилиш ғояларини икки асосга боғлаган. Инсонларни тоғутдан ва тоғутга қулликдан қутқариб, Аллоҳга қуллик қилишга даъват этиш. Энди менга айтинг-чи, кичик ёшдан буён тинглаган маъруза ва хутбаларда тоғутнинг нима эканини, ва ундан қандай сақланиш лозимлигини ўргандингизми?

...Тоғут! Бу сўзни умримда биринчи бор эшитаётган эдим! Балки, туркча маъносини билишим мумкиндир, лекин, нима эканини барибир тушунолмайман.
– Тоғут нима дегани?

Жим бўлиб қолди. Нигоҳларида яна ғам бор эди. Ана шу маҳзунлик билан жавоб берди:
– Тоғут, инсонларни Аллоҳдан ва Аллоҳга қулликдан узоқлаштириб, ўзига қуллик қилишга чақирадиган ҳамма нарса... Шакли замон ва маконга қараб ўзгариши мумкин. Инсонларнинг қаршисида баъзан бут, баъзан Фиръавн, баъзида бир диндор шахс, баъзан бир партия, баъзида эса, бир давлат тарзида намоён бўлиши мумкин!..

Ҳайратим ортганди!
– Бизнинг ўлкада қандай кўриниши бор?
– Минг афсуски, ҳамма тури, ҳатто ортиғи билан!..

Бошимни дераза томонга бурганча, нигоҳимни олисларга тикдим... Бу одам тоғутдан сўзлаётганди!

Барча пайғамбарлар инсонларин тоғутга қуллик қилишдан қайтариш ва ёлғиз Аллоҳга қуллик қилишга даъват қилиш учун юборилган!.. Бу тушунарли, лекин тоғут нима?..

Тоғут, инсонларни Аллоҳга қулликдан қайтариб, ўзига қул бўлишларига даъват қиладиган нарса эмиш!.. Ўлкамизда бир қанча тури бор эмиш!..

Ташқаридагиларни ўйлардим,

жамиятни ўйлардим,

тариқатларни ўйлардим,

давлатни ўйлардим, аммо, қанча ўйламайин, ҳеч қандай тоғутни кўрмасдим!.. Бу диёрда инсонларни Аллоҳга қуллик қилишдан қайтарадиган нима ҳам бўлиши мумкин?

Хоҳлаган киши истаган масжидида намоз ўқий олади!

Хоҳлаган пайтда рўза тутиб, қурбонлик сўя олади!

Хўш, ундай бўлса, инсонларни Аллоҳга ибодат қилишдан тўсадиган нарса қаерда?

Шу хаёл билан Саид домлага қарадим:
– Айтган ҳамма гапларингизни тушундим, аммо сиз айтган ўша тўсиқни ҳеч қаерда кўрмаяпман. Бу ўлкада инсонларни Аллоҳга қуллик қилишдан нима ҳам қайтариши мумкин? Xоҳлаган киши истаган масжидида намоз ўқиб, рўзасини тута билса. Ким тўсқинлик қилиши мумкин?

Мени ғоят яхши тушунгандек, бошини қимирлатди.
– Гапларингиз тўғри. Бунга ўхшаш нарсаларга унча монеълик қилинмайди. Бироқ, масалани бир оз кенгроқ тушунинг. Тоғутнинг инсонларни Аллоҳга ибодат қилишдан қайтариши икки турлидир. Биринчиси тажовуз ҳамда зўрлашдан иборат. Одамларни қийнаб, «Аллоҳга қуллик қилмайсан!» дея мажбурлашади. Бунга тарихдан жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Масалан, ашоби уҳдуд, имонларидан қайтмаган барча мўъминларни оловли чуқурга ташлаган. Бу тоғутнинг биринчи кўринишидир. Иккинчиси эса, биринчисидан кўра юмшоқроқ, лекин, ўта таҳликалидир. Тоғутнинг бу тури биринчисидагидек, инсонларга «Аллоҳга қуллик қилманглар!» дея зўравонлик қилмайди. Уларни сиз айтганингиздек, намоз ўқиш ва рўза тутиш каби баъзи ибодатларига тўсқинлик қилмайди. Инсонлардан фақатгина битта, ягона кутган нарсаси бор...

Жим бўлиб қолди. Балки, бир оз тин олмоқчи бўлгандир, бироқ мен кутолмасдим. Қизиқсиниб сўрадим:
– У нима экан?
– Ҳам Аллоҳга, ҳам ўзига қуллик қилишлари!.. Чунки уларнинг ақл ўргатувчиси, васваса элчиси бўлган шайтони лаъин жуда яхши биладики, Аллоҳ билан бирга бошқа бир нарсага қуллик қилган инсон, мутлақо ва мутлақо Аллоҳга қуллик қилган, ибодат қилган бўлмайди!.. Аллоҳга қуллик қилишнинг асоси тавҳиддир! Чунки, Аллоҳга қуллик фақат ва фақат Аллоҳнинг якка Ўзига қилинган қулликдир. Оламларнинг Рабби бўлган Жаноби Ҳақ, Ўзи билан бирга бошқа бир нарсага қилинган қулликка асло ва асло рози бўлмайди! Ва бундай қулликни қабул қилмайди.

Саид домла муҳим дея таъкидлаётган нарса фақат ва фақат Аллоҳнинг Ўзигагина қуллик қилиш эди. Аллоҳ қабул қиладиган қуллик, ана шундай қуллик эмиш! Бунга кимнинг қандай эътирози бўлиши мумкин?..
– Фарзандингиз борми?
– Ҳа, бир ўғил ва бир қиз.
– Аллоҳнинг йўлида юрувчилардан қилсин! Энди ўғлингизни олайлик. Агар ўғлингиз сизни ота демаса, сизнинг отаси эканингизни инкор қилса, жаҳлингиз чиқадими, йўқми?

Шунақаям бемаъни савол бўладими?
– Албатта жаҳлим чиқади!
– Аллоҳга қуллик қилишни инкор қилганларни ҳам шунга ўхшатиш мумкин. Сал олдинроқ айтганимдек, тоғутнинг биринчи кўриниши, илк даъвати худди мана шудир. Инкор қилдириш. Иккинчи шакли эса, сизни «Ота» деб аташдан воз кечмаган ўғлингизнинг бошқаларни ҳам «Ота» дейишига ўхшайди. Мана шундай ҳолатда сиз қандай йўл тутган бўлардингиз? Ўғлингиз баъзи бир кишиларни ҳам «Ота» деб турса, сизни «Ота» дейишининг бирор аҳамияти, маъноси борми?

Қизиқ ўхшатиш эди бу.

Ўйга толдим. Ўғлимнинг мени «Ота» деб тан олмаслиги, менинг отаси эканимни инкор қилиши билан мен билан бирга яна кимларнидир «Ота» дейиши деярли бир-бирига яқин тушунча эди!..

Муҳим бўлган нарса, менинг ота эканимни инкор қилмаслиги ва фақат мени «Ота» деб аташи эди.

Мендан жавоб кутаётган Саид домлага «Йўқ!» деган маънода бошимни қимирлатганча:
– Ҳеч қандай маъниси йўқ! – дедим. У давом этди:
– Аллоҳ билан бирга бошқа нарсаларга ҳам қуллик қиладиган кишиларнинг аҳволи, отаси билан бирга бошқа кишиларни ҳам «Ота» деб атайдиганларнинг ҳолатига ўхшайди. Фарзандингиз устида фақат оталик ҳаққингиз бўлгани ҳолда, бундай ҳолатни қандай қабул қилмаётган бўлсангиз, инсонларининг устида Илоҳлик ҳаққи бўлган, уларни яратган, одамзодни яшатган Аллоҳ таоло ҳам Ўзи билан бирга бошқа нарсаларга қуллик, ибодат қилинишига асло рози бўлмайди!

Кулимсирадим.

Фақат Аллоҳга қуллик қилиш масаласини қанчалик гўзал мисол билан тушунтирган эди!
– Миннатдорман!

Нигоҳларида хурсандчилик акс этди. Мамнун бир овозда:
– Тушунганингиз учун мен сизга раҳмат дейишим лозим.

Ҳа, мен англаб етгандим... Аллоҳ билан бирга бошқа ҳеч нарсага қуллик қилмаслик керак. Ҳам Аллоҳга, ҳам тоғутга қуллик қиладиганлар, Аллоҳга эмас, тоғутга сиғинган кимсалар эди!

Тоғут!

Яна рўпара келдим, шу сўзга!..

Лекин, ҳамон ана шу тоғутнинг ким ёки нима эканини, қаерда эканини, инсонларни қандай қилиб ўзига сиғинишга чақиришини билолмай ҳайрон эдим.
– Бу ўлкада тоғутнинг нима эканини, кимлардан иборатлигини тушунолмаяпман?

Бошини «Бўлди», дегандек қимирлатганча:
– Иншаоллоҳ буни тушуниб оласиз, – деди. Сўнгра ўрнидан турди. Кетишга чоғланганини кўриб турсам-да, асло кетказгим келмаётганди.
– Ҳожатхонангиз қаерда?

Хурсанд бўлиб кетганимдан дарҳол оёққа турдим:
– Марҳамат.

Унга ҳожатхонани кўрсатганимдан кейин хонамга қайтдим. Магнитофон эсимга тушди. Дарҳол ёзиш тугмасини босдим. Кассета ҳалиям тугамаган экан. Ҳар эҳтимолга қарши бошқа янги кассета қўйдим. Сўнгра ўтирганча Саид домланинг сўзларини мулоҳаза қила бошладим.

Менга янги, яп-янги нарсаларни билдирган бу одамга нисбатан ҳурмат туйғуси уйғонганди қалбимда. Уни ёқтириб қолгандим.

Ўн дақиқалардан кейин кириб келди.

Юзи ҳамда сочлари ҳўл эди. Таҳорат қилганлиги билиниб турарди. Унга дарҳол бир сочиқ узатдим. Оларкан, раҳмат айтди. Курсимга ўтирарканман, яна секингина магнитофон тугмасини босиб қўйдим. Бу яширинча ҳаракатим ўзимга ҳам ёқмаётганди, бироқ, на илож?.. Аллоҳ кечирсин!..
– Тоғут ҳақида баҳс юритаётгандик.
– Ҳа, ҳар бир мусулмон сақланиши лозим бўлган тоғут ҳақида гаплашаётган эдик ва сиз ўлкамизда мавжуд бўлган тоғутларни танитишимни сўрагандингиз.
– Шундай.
– Бизнинг бошқа чой ҳаққимиз йўқми?
– Кечирасиз, умуман хаёлимдан кўтарилибди!..

Дарҳол иккита чой буюрдим. Соатга қарадим. Пешин кираёзганди. Телефон тугмасини такрор босдим:
– Меҳмоним билан шу ерда овқатланаман. Тайёргарлик кўринг.

Саид домлага қараганча сўрадим:
– Ейдиган ҳеч қандай парҳез овқатингиз йўқми?
– Парҳезда эмасман, лекин иштаҳам йўқроқ. Мен учун овора бўлманг.
– Ие, бу нима деганингиз, овораси бор эканми!

Шу онда чой келтиришди. Xизматдаги ходимимга миннатдорчилик билдирганча, чойини олди. Чойига икки қошиқ шакар солди ва аралаштиргач, курсига суяниб ўтириб олди. Кўзларимга тикилганча гапиришни бошлади:
– Салжуқбей! Дин ва Илоҳ тушунчаларининг қандай маънони билдиришини англаб етган вақтингиз, шубҳасиз тоғутнинг ҳам нима эканини, ким эканини мутлақо тушуниб оласиз. Мен аввало дин сўзига тўхталаман. Дин нима? Дин деган пайтимиз нимани тушунмоғимиз керак?

Бир лаҳза жим бўлиб қолди!.. Жавоб беришимни эмас, ўйлаб кўришимни истаётгандек эди. Ҳолбуки, ўйланадиган нима ҳам бор эди! Ҳаммамиз биладиган нарса эмасми? Дин деган пайтимиз барчамиз нимани назарда тутишимиз маълум-ку. Аллоҳни рози қилиш учун У буюрган баъзи ибодатларни бажаришимиз, ичкилик-ароқ ҳамда чўчқа гўшти сингари ҳаром бўлган нарсалардан сақланишимиз. Бу жавобни билсам-да, ҳеч нарса демадим. Жавобини унинг ўзидан кутаётгандим.

Дин, бир яшаш шаклидир. Ислом дини баъзи кишилар ўйлаганларидек,йигирма тўрт соатимизнинг муайян вақтларигагина эмас, яшаган бутун йигирма тўрт соатимизга тегишли бўлган, ойдинлатган, умримизнинг ҳар бир дақиқасини тафтиш қилган, тартибга солган бир дунёқараш, бир ҳаёт тарзидир.

Жумладан, динимизнинг асл манбаси бўлган Қуръони Каримга қарасак, унда бутун ҳаётимизни қамраган, ҳаётимизни тўлиғича тафтиш қилган ҳукмларнинг, қонунларнинг борлигини кўрамиз. Чунки, мана шу Диндир! Чунки, дин кенг доирадаги ҳаёт тарзидир. Шундай экан, дин деган вақтимизда шуни билмоғимиз керак.

Ҳар дин бир дунёқараш, бир ҳаёт тарзи бўлганидек, ҳар дунёқараш, ҳар бир ҳаёт тарзи ҳам бир диндир! Бутпарастлик бир диндир, мажусийлик бир диндир, инсонларга маълум бир ҳаёт тарзини инъом қилган ҳар бир ғоя, ҳар бир тузум бир диндир.

Унинг сўзларини жон қулоғим билан тинглардим. Айтганларини тушунишга ҳаракат қилар ва англар эдим.
– Ер юзида асосан икки хил дин кенг тарқалган. Ҳақ дин ва ботил динлар. Башариятдан манба олган барча ғоялар, барча динлар ботилдир. Бир қанча ботил динлар бор бўлишига қарамай, битта, фақат биттагина ҳақ дин бордир.

Мушоҳада қилиб ўтирмасдан гапга аралашдим:
– Ислом!..

Сўзини бўлгандим, бироқ жаҳли чиқмади. Бир муддат кўзларимга тикилиб турди-да, сўради:
– Нега Ислом?

Тавба қилдим, саволни қаранг! Бу одам мени яна тараддудлантириб қўйганди.
– Нега деганингиз нимаси? Ислом дини инсоният тарафидан ўйлаб топилган дин эмас. Аллоҳ тарафидан юборилган ҳақ диндир.
– Жуда тўғри. Бироқ, изоҳлашингиз лозим бўлган бир масала бор. Мусовийлик ҳам, Исовийлик – христианлик ҳам самовий яъни Илоҳий манбага эга бўлган динлардир. Шундай экан, нега мусовийлик ёхуд христианлик демасдан, Ислом дини дедингиз?

Нима дейишимни билмай ўйланиб қолдим. Бу тўғри эътироз эди. мусовийлик ҳам, христианлик ҳам Илоҳий манбаларга таянган динлар эди. Бироқ, бир дақиқа!.. Аммо улар динларини бузишган эди!
– У динлар ҳам Аллоҳ тарафидан юборилган, аммо одамлар ундаги Илоҳий ҳукмларни ўзгартиришган, динни бузишган!..

Майин табассум билан бошини оҳиста қимирлатди. Сўзларимни тасдиқлаётганди.
– Ҳа. Манбаси Илоҳий бўлгани билан, инсонлар томонидан ўзгартирилган, баъзи ҳукмлари ўчирилиб, баъзи янги ҳукмлар киритилган динлар ҳам ботилдир!

Бир оз жим турганидан сўнг сўради:
– Xўш, мусулмонман деган инсонлар ҳам динларида йўқ баъзи нарсаларни киритиб, Аллоҳ буюрган баъзи бир амалларни тарк қилсалар ва номини Ислом деб атасалар, бу дин ҳақ дин бўладими?

Нима дейишим мумкин? Жавоби маълум...
– Бўлмайди...
– Ҳа, бўлмайди. Буларни айтишимнинг сабаби, Ислом динини ҳақ дин қилган унсур, бу диннинг фақатгина самовий бўлиши, ёхуд номининг Ислом дейилиши эмас.

Шундай экан, биз яшаётган дунёмизда оти Ислом деб аталган ҳар қандай динга, номи Ислом деб аталган ҳар қандай ҳаёт тарзига ҳақ диндир, деёлмаймиз. Чунки, номи Ислом бўлишига қарамай, инсонлар тарафидан киритилган янгиликлар ҳамда йўл қўйилган камчилик ва хатолар, атайлаб ёки билмасдан динни бузиш каби ҳолатлар мавжуд бўлган дин, асл эътибори билан Ҳақ дин бўлган Ислом дини эмасдир! Манбаси Илоҳий бўлишига қарамай, инсонлар томонидан бидъат, хурофотлар киритилиб, бузилган диннинг мусовийлик ёхуд христианлик динидан ҳеч қандай фарқи йўқдир.

Бир муддат тин олгач, давом этди:
– Аллоҳ Таоло наздида ягона Ҳақ дин бўлган Ислом, Қуръон ва суннат чегарасидаги Исломдир. Чунки, ҳақ бўлган дин, Ҳақ ўлчовларига кўра яшалган диндир.

Мен ҳайратда қолгандим! Биламан деб ҳисоблаган масаламда қанчалик билимсиз эканимдан ҳайратланаётгандим. Дин сўзининг нечоғлик кенг ва теран маъноси бор экан!

Менинг шу пайтгача мавжуд бўлган дин ҳақидаги тушунчамни қандай баҳолаш мумкин?.. Шу пайтгача номи Исломдан иборат ҳамма нарсани ҳақ дея қабул қилардим. Ҳолбуки, ҳақ бўлган Ислом, Саид домла таъкидлаганидек, Ҳақ ўлчовларига содиқ бўлган Ислом экан!

Унинг сўзлари ниҳоятда тўғри эмасми? Номи Ислом бўлишига қарамай, ўзгартирилган, бузиб кўрсатилган бир диннинг мусовийлик ёхуд христианликдан нима фарқи бор? Бидъатлар киритилиб, Аллоҳнинг ҳақ ҳукмлари чиқариб ташланган христианликни ботил деймиз-у, айни шаклда бузиб кўрсатишга уринилган динни оти Ислом экан деб, ҳақ дея оламизми?

Яхши, бироқ Ислом дини шундай бидъатлар билан бузилганми? Ислом дини эътиқодида эканини билдирган мусулмонлар ҳам мусовийлар ёки христианлар сингари динларини бузишганми?
– Ислом динини ҳам ўзгартиришганми? У ҳам бузилган ботил динми?

Дарҳол қўлини кўтарганча менга «Жим!» дегандек ишора қилди. Кўзларидаги маъно кескин ўзгарган эди!
– Аллоҳ асрасин, асло! Ислом динини бундай таҳликадан Аллоҳнинг Ўзи асрасин! Бугунги кунда дунёда ҳақ бўлган Исломни, ҳақ бўлган ўлчовларига асосан яшаётган милёнлаб мусулмонлар бор! Бу мусулмонлар тобе бўлган дин, ҳеч шубҳасиз, ҳақ бўлган Исломдир. Фақат, номи Ислом аталишига қарамай, баъзи фирқалар, баъзи гуруҳлар, баъзи бир тариқатлар тарафидан бузилган дин, ҳақ бўлган Ислом эмасдир! Мен фақатгина мана шуни айтмоқчи, билдирмоқчи эдим, холос.

Масалани англагандим.

Дунёда ҳақ бўлган ягона дин Ислом эди. Аммо, номи Ислом дея аталган ҳамма дин ҳам ҳақ дин эмасди. «Тушундим», дегандек, бошимни қимирлатдим.
– Дин мавзусида шу қисқа маълумот ҳозирча етади. Муҳим бўлган нарса, диннинг нима эканини билишимиз, ҳақ ва ботил динларнинг асосий моҳиятини тушунмоғимиздир. Асло унутмаслигингиз керак бўлган хусус, ҳақ бўлган дин, ҳақ ўлчовларига содиқ бўлган дин эканлигидир. Шу боис, ҳақ бўлган Ислом, Қуръон ва суннат чегарасида таърифланган ҳамда айни чегарада яшалган Исломдир.

Миннатдорчилигим акс этган кўзларимла унга боқарканман, « Ҳаммаси тушунарли, устоз!» дедим. Уни биринчи бор устоз, деб атаётган эдим. Бу сўзимдан ҳеч қандай хижолат чекмадим. Бу инсон ҳақиқатдан ҳам муҳтарам бир киши эди ва устозим ҳисобланарди.

Телефон жиринглади. Гўшакни кўтардим.

Котибам кимнидир уламоқчи эканини билдирди. «Улама, бандман», дея гўшакни қўйдим. Сўнгра Саид домлага қараб, «Марҳамат, давом этинг», дея илтимос қилдим.
– Энди эса, Илоҳ тушунчаси устида бир оз мулоҳаза юритамиз. Илоҳ ўзи нима?

Озгина тин олгач, давом этди:
– Илоҳ, Буюк дея Унга сиғиниладиган, ёрдам сўраладиган ҳамда Ўзига ибодат қилинадиган Маъбуд, Тангри демакдир.

Ахир бу мен олдиндан биладиган таъриф билан бир хил-ку! Зотан мен ҳам Илоҳ деганда худди шундай тушунчага эга эдим. «Ҳа» дегандек, бошимни қимирлатдим.

Сўзини давом эттирди:
– Шундай қилиб, Исломнинг яъни динга киришнинг энг биринчи ва энг муҳим шарти, ягона Илоҳ Аллоҳ эканини билиш ва тасдиқлаш, фақат Унгагина қуллик қилишдир. Xусусан, шаҳодат калимасида келтирилган тавҳид сўзининг маъноси мана шудир. «Ла илаҳа иллаллоҳ» яъни, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир, фақат Аллоҳ бордир.

Бу ҳам ғоят тушунарли ва аниқ бўлган нарса эди. Барча мусулмонлар илоҳ ўлароқ фақатгина Аллоҳни қабул қилишади. Саид домлага қараб, «Буни ҳам тушундим» дедим.

Жим бўлиб қолди. Кўзларимга ўйчан-ўйчан тикиларкан, «Шошилманг, ҳали етарлича тушундингиз, деб ўйламайман», деди. Эътироз билдирмадим. Фақатгина кулимсираб қўйдим. Бироқ унинг нигоҳлардаги жиддият ўзгармади.
– Энди сиздан бир нарсани сўрамоқчиман. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ экан, у ҳолда нега Раббимиз бизларни тавҳид калимасини билишимиз учун қаттиқ қистовга олмоқда, тавҳидга чақирмоқда?
– Англамадим?
– Мана эшитинг, сизга бир мисол келтираман: Сал аввалроқ ўғлингиздан баҳс этгандик. Сиз бирор марта ўғлингизга «Ўғлим, сенинг мендан бошқа отанг йўқ. Сенинг отанг фақат менман», дедингизми?
– Йўқ!
– Албатта айтмагансиз. Чунки, бундай дейишингизнинг ҳеч қандай ҳожати бўлмаган.

Бир муддат жим қолгач, давом этди:
– Яхши, сиз ўғлингизнинг ягона отаси бўлганингиз ҳолда бунга эҳтиёж туймасдан, башариятнинг ягона Илоҳи бўлган Аллоҳ Таоло нега бундай сўзни айтишни лозим деб билди? Нима сабаб, қайта-қайта «Сизнинг Мендан ўзга Илоҳингиз йўқ. Сизларнинг ягона Раббингиз фақат Менман!» деган ҳақиқатни эслатмоқда?

Бу савол қаршисида жим бўлиб қолдим.
– Ҳаяжонланманг, масала сиз ўйлаганчалик чигал эмас. Энди тасаввур қилинг, ўғлингизга: «Ўғлим, сенинг мендан бошқа отанг йўқ» деб қачон айтишингиз мумкин? Ёхуд қандай вазиятда бундай таъкидга эҳтиёж туясиз?

Жуда қизиқ савол эди бу!

Мен қачон ўғлимга »Сенинг мендан бошқа отанг йўқ!» дейишим мумкин? Жавоб топишга қийналмадим. Агар баъзи кимсалар ўғлимга унинг отаси эканликларини айтиб, ёлғон иддаоларда бўлишса, туҳмат қилишса, ана ўша пайтда уларнинг сўзларини инкор қилиш учун бунга эҳтиёж туяман.
– Қачонки, ёлғончи кимсалар ўғлимга унинг отаси эканликларини иддао қилишса, ўшанда, – дедим.

Кулимсиради.
– Жуда оддий! Xусусан, тавҳид калимасига чақирилишимизнинг ҳикмати ҳам худди шу. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, аммо, бу дунё ҳаётида бизга ўзини «илоҳ» дея кўрсатишга уринадиган, илоҳлик даъвосини қилаётган нарсалар жуда кўп!

Парврдигоримиз эса, бизларнинг «Ла илаҳа» дейишимизни ва бу сўзнинг очиқ ҳақиқати ўлароқ бизларга илоҳлик иддаосида бўлган бу сингари сохта илоҳларни инкор қилишимизни истамоқда.

Ҳаммасини энди тушуниб етгандим. «Ла илаҳа» дейиш билан бор бўлган ягона Аллоҳни эмас, илоҳлик даъвосида бўлган барча сохта илоҳларни рад қилишимиз керак экан! Энди мен учун англашилмаган ягона нарса, сохта илоҳларнинг ким ёки нималардан иборатлиги эди!

Расулуллоҳ (с.а.в.) замонларида бутлар бор эди. Инсонлар бутларга сиғинишарди. Бироқ бундай бутларнинг барчаси тарихда қолиб кетганди. Балки, Африкада бутларга сиғинадиган баъзи қавмлар бўлиши мумкин. Бироқ уларнинг бизга, бизнинг жамиятимизга қандай алоқаси бор? Бизнинг ўлкамизда бунақа бутлар ҳам, бутпарастлар ҳам йўқ-ку!
– Биз яшаётган ўлкада уни илоҳ дея сиғинишимизни истаган, илоҳлик иддаосида бўлган сохта илоҳлар борми?
– Қудратли Тангримизнинг Илоҳлик ҳаққини ўзида кўрган ҳар киши, ҳар маъмурият, ёхуд ҳар жамият инсонларга нисбатан илоҳликни иддао қилмоқда.

Тўғрисини айцам, умуман ҳеч нарса тушунмагандим!
– Англаёлмадим?
– Раббимизнинг барча инсонларга оид Илоҳлик ҳаққини тушунган пайтингиз буни ҳам тушуниб оласиз.

Узоқ сукут ичра кўзларимга тикилди.

Бу нигоҳлар ниҳоятда жиддий ва таъсирчан эди. Гўё менга юқоридан, жуда баландлардан қараётгандек туюларди. Нега бундай қараётганини англаёлмасдим!..

Ўшандай ҳолатда сўзини давом эттирди:
– Раҳмон ва Раҳим бўлган Раббимиз, бизларни бу дунёда ўз билганимизча яшашимиз учун яратмаган. Эвазига ё Жаннат, Ё Жаҳаннам бериладиган имтиҳон дунёсидир бу! Бу имтиҳоннинг ўлчовлари, аниқроғи чегараси эса, баъзи кимсалар ўйлаганидек, ёхуд айтганларидек, муайян вақтларда намоз ўқиш ва муайян вақтларда рўза тутишдан иборат эмас! Яна ҳам очиқроқ ифодалайдиган бўлсак, Аллоҳ таоло, бу инсонларга «Муайян вақтларда намоз ўқинг, бундан ташқари вақтларда хоҳлаган ишингизни қилаверинг», дея эркинлик бермаган, инсонларни ўз билганларига ташлаб қўймаган! Чунки, Ислом динига кўра Аллоҳга қуллик, муайян вақтларни эмас, бутун бир ҳаётни қамраган, инсон умрини тўлалигича ўз ичига олган қулликдир. Шу боисдан меҳрибон Парвардигоримиз биз инсонларга фақат намозга, фақат рўзага тегишли ҳукмларни эмас, бутун ҳаётимизга, турмушимизга оид ҳукмларни нозил қилган. Жумладан Қуръони Каримни очиб ўқиган ҳар инсон, истиқомат яъни яшаш тарзи билан боғлиқ бу ҳукмларни кўради.

Бир лаҳза тин олгандан сўнг, кўзларимга қизиқсиниб қараганча сўради:
– Инсонларни йўқдан яратган, хилма-хил неъматлари билан яшатиб қўйган Аллоҳнинг, инсонлар ҳаётига доир, уларнинг қандай яшаётганига тегишли ҳукмлар қўйишга ҳаққи борми-йўқми?

Бу қандай савол бўлди?!
– Албатта бор!

Ана шу бор деганингиз ҳақ, Аллоҳнинг инсонлар ва жамият устидаги Илоҳлик ҳаққидир.

Англаётганимни кўргач, сўзларини давом эттирди:
– Илоҳлик ҳаққини тушунганингиздан кейин, иккинчи масалани ҳам билиб олишингизга тўғри келади. Яратган Раббимиз ана шу Илоҳлик ҳаққини ҳеч бир пайғамбарга, ҳеч қайси авлиёга, ҳеч кимга, ҳеч қайси жамиятга, ҳеч қанақа маъмуриятга на-да ҳеч бир давлатга бермаган! Инсонлар ҳамда жамиятлар устидаги ана шу Илоҳлик ҳаққи, фақат ва фақат Аллоҳга оид бўлган ҳақдир!

Жуда аниқ ва лўнда гапирган Саид домлага қараб қолдим. Унинг айтганларини ғоят яхши англагандим. Инсонлар ҳамда жамиятлар устидаги Илоҳлик ҳаққи фақатгина Аллоҳга оид бир ҳақ эди!
– Тушундим, устоз!
– Агар тушунган бўлсангиз, шу саволимга жавоб беринг! Ҳар қандай бир инсон, ҳар қандай маъмурият, ҳарқандай давлат, Аллоҳнинг Илоҳлик ҳаққини ўзида кўрса, шундай ҳақ менда ҳам бор деса, ўзини кимнинг ўрнига қўйган бўлади?

Дарҳол жавоб бердим:
– Илоҳ ўрнига!
– Тўғри, лекин улар илоҳми?
– Албатта йўқ!

Сўнг сўзлашдан тўхтади ва бошини қимирлатди.
– Инсонларнинг илоҳиман, дея даъво қилаётган сохта илоҳлар мана шулардир! Аллоҳ таоло ҳукм қўйган бир масалада у ҳукмни инкор қилиб, ўзи ҳукм қўйишга уринадиган, Аллоҳ ҳаром деган нарсани ҳалол, ҳалол деганини эса, ҳаром дейдиган ҳар қандай инсон ёхуд давлат ёки ҳар қандай жамият билиб-билмай инсонларга илоҳлик қилишга уринган ҳисобланади! Мусулмоннинг бурчи ва мусулмон бўлишнинг шарти, ўзига илоҳлик қилмоқчи бўлган ҳар қандай кучни «Ла илаҳа» дея рад қилиши, Илоҳ ўлароқ фақат Аллоҳни қабул қилиши, ёлғиз Унга йўналашидир!

Қотиб қолгандим. Ҳайратга тушдим ёки бошим шишди, демайман. Чунки, на ҳайрон қолган, на-да карахт бўлгандим.

Балки, айтилганларни ғоят яхши тушунгандим, бироқ англаганларим муаллақ тургандек эди. Фикрларимни бир ерга жамлаёлмаётгандим.
– Бир оз аниқроқ тушунтирасизми?
– Албатта. Масалан, Раббимизнинг намоз мавзусидаги ҳукмларидан бири, дунёнинг қаерида, қайси бурчагида бўлмайлик, Каъбага йўналмоғимиздир. Энди ҳар қандай бир киши ёхуд ҳар қандай бир кенгаш, «Бундан кейин намоз ўқиётганда Каъбага эмас, Швецарияга юзланасиз» деса, шундай бир қонун чиқарса нима қиласиз?
– Нима дейишим маълум-ку, устоз! Уларга, сизни ҳам, қонунларингизни ҳам...

Қўли билан ишора қилганча мени тўхтатди. Ва ўзи давом этди:
– Қисқаси бундай ҳукмни, қонунни рад қиласиз. Бу мавзуда ҳукм қўйиш Раббимнинг ҳаққидир ва энг гўзал ҳукм қилгувчи Унинг Ўзидир, дейсиз. Шундай эмасми?
– Ҳа, – дедим.
– Муҳим бўлган нарса шуки, Аллоҳнинг ушбу ҳукмида кўрсатган мусулмонга хос қатъиятни, Жаноби Ҳақнинг қолган барча ҳукмларида ҳам кўрсатишингиздир! Чунки, Парвардигоримиз бизга фақатгина намоз ва рўзани буюрмаган. Ҳукм ва ҳикмат соҳиби бўлган Раббимиз, туғилганимиздан то ўлгунимизга қадар бутун бир ҳаётимизни қамраб оладиган ҳукмларни буюргандир. Бу ҳукмларнинг бир қисми муҳим, қолганлари аҳамияциз эмас! Намозга тегишли ҳукмлар қандай муҳим бўлса, уйланишга оид, оила ҳаётига алоқадор, ишимиз, тижоратимиз, жамиятдаги ўзаро муносабатларимизга тегишли ҳукмлар ҳам худди шундай муҳимдир! Бу ҳукмларнинг барчаси, Аллоҳга қуллигимизнинг исботи ўлароқ яшашимиз, амал қилишимиз керак бўлган ҳукмлардир. Аллоҳнинг бу мавзудаги ҳукмларига зид ҳукмлар қўйиб, инсонларни шу сохта ҳукмларга итоат қилишга чақирадиган ҳар қандай шахс ёки жамият, инсонларга илоҳлик даъво қилаётган, инсонларни ўзига қуллик қилишларини талаб қилаётган бир тоғутдир. Мусулмоннинг бурчи эса, Ўзига илоҳлик даъвосида бўлган барча тоғутларни «Ла илаҳа» дея инкор қилиши ва тоғутларга қуллик қилишдан ўзини асрашидир.

Ҳа!..

Тоғутнинг нима экани энг охирида аниқ бўлганди. Аллоҳнинг ҳукми ўрнига ҳукм қўядиган, инсонларни ана шу ҳукмга амал қилишга даъват қиладиган ҳар қандай шахс ёки жамият тоғут эди. Ва пайғамбарларнинг барчаси инсониятни ана шу тоғутга қулликдан қутқариш учун юборилганди!
– Зотан пайғамбарлар ҳам худди шунинг учун юборилмаганмиди?

Кўзларида севинч порлаганча боши билан тасдиқ ишорасини қилди.

Саид домланинг айтганларини ўйлаганим сайин жойимда туролмай қолдим. Унинг фикрлари, изоҳлари гўё ҳар тарафни ойдинлатиб, нурга тўлдириб юборгандек эди!

Хонада мендан бўлак ҳеч ким йўқдек, ўрнимдан турдим. Деразанинг ёнига борганча ташқарига, олисларга кўз ташладим.

Ҳамма нарса бошқача, мутлақо бошқача кўринарди кўзларимга! Барча нарсанинг юзидан ниқоби тушган, ҳақиқий башараси намоён бўлганди гўё!..

Аллоҳнинг ҳукмларини инкор қилиб,

Аллоҳнинг ҳукмларини ....

Аллоҳнинг ҳукмларини ўтмишга нисбат этиб, бу илоҳий ҳукмларга «ескилик сарқити» деган тамғани уриб, инсонларни ўз ҳукмларига бош эгишга даъват қилган юзлаб сохта илоҳларни, юзларча тоғутларни кўрардим атрофда!..

«Вой, беномуслар, вой подалар!» деган бир ҳақорат юксалди ичимдан. Инсонларни қанчалик алдаётган, қанчалар йўлдан оздираётганди улар!..

Шунингдек, мени ҳам, менингдек маданиятли ишбилармонни ҳам алдаёлганди улар!

Бўғзимгача, нақ бўғзимгача бир ширк ботқоғига ботганлигимни ҳис қилдим ана шу лаҳзада! Илгари ҳечам кўрмаганим, авваллари асло фарқлаёлмаганим бир ифлослик эди бу!

Нима қиламан, энди нима қилмоғим керак, дея ўйламадим. Чунки, билардим, жуда яхши билардим нима қилишим, нима дейишим кераклигини!

Ла илаҳа!..

Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир!.. Аллоҳ ҳаққи йўқ!

Ла илаҳа!..

Инсониятга илоҳлик даъвосида бўлган барча сохта илоҳларни инкор қиламан!

Ла илаҳа иллаллоҳ!

Инсонларга илоҳлик даъвосидаги барча илоҳларни рад қиламан. Чунки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир! Фақат ягона Аллоҳ бордир!

Ла илаҳа иллаллоҳ! Ла илаҳа иллаллоҳ!..

Энг гўзал ҳақиқатни энг гўзал шаклда ифода этган бу сўзни гўё эндигина ўрганган, бу сўзнинг ҳикмат тўла сиррига гўё янгидан воқиф бўлгандим!

Нақадар гўзал ва нақадар муҳташам бир сўз эди бу!

Бу сўзни ҳар айтганимда, ташқарида кўрганим сохта илоҳларнинг, ташқаридаги тоғутларнинг ифлослигидан узоқлашганимни, пок, топ-тоза бир шахсиятга томон юксалганимни ҳис қилардим!

Алҳамдулиллаҳ!..

Миннатдорчилик тўла кўзларимла Саид домлага қарадим. Индамасдан ўтирарди.. Гўё ҳеч нарса билмагандек, ҳеч бир иш қилмагандек!..

Аслида эса, шохлари ўсиб, ҳар тарафга тарвақайлаб кетган улкан бир дарахтни беш-ўн дақиқалик суҳбат ёрдамида бутаб қўйган ва ўртада текис ва чиройли бир шакл ҳосил қилган эди!

Очиқ-равшан бир ҳақиқат намоён бўлган эди!

«Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ . Фақат АЛЛОҲ бордир».

Саид хўжа тушликка пиширилган овқатдан бир-икки луқма егач, кетишга изн сўради. Уни машинамда олиб бориб қўйишимни айцам, рози бўлмади. Мен ҳам ортиқча қистамадим.

Домла кетгач, пешин намозини ўқиш учун масжидга тушдим ва намоздан сўнг хонамга кириб, магнит тасмасидаги ёзувларни такрор-такрор эшита бошладим.

Аср намозидан кейин яна суҳбат тингладим.

Шом кирганди.

Уларни неча бор тинглаганимни билмайман, фақат ҳар эшитганимда янада яхшироқ тушунар, тафаккур уфқим тобора кенгаяётгандек туюларди...

Тасмадаги сўзлар бор-йўғи уч калима ёхуд, учта тушунчани ифодалар эди:

Дин, Илоҳ, тоғут...

Фақат шу учта сўз, фақатгина шу уч тушунча, барча инсонлар, айниқса ва энг аввал барча мусулмонлар билиши лозим бўлган тушунчалар эди! Чунки буни билмай туриб, уларнинг қандай маъно англатишини тушунмай туриб, фақат ва фақат ягона Аллоҳга қуллик қилишимиз, қила олишимиз мумкин эмасди!

Бир пайтлар ўқиганим икки мисра хаёлимга келди:

Ўттиз уч йил соатим ишлабди, мен турибман,

Кўк юзидан бехабар мен учирма учирибман!..

Адашмасам, бу шеър раҳматли Нажиб Фозил қаламига мансуб эди. Ушбу мисраларни илк бора ўқиганимда, масалани Нажиб Фозилнинг шахсига тегишли деб баҳолаган, фақат унинг ғафлати ҳақида сўз кетмоқда дея изоҳлагандим. Ҳолбуки, баҳс мавзуси бўлган ғафлат, менинг ғафлатим, тилга олинган ғафлат улкан бир жамиятнинг ғафлати экан!..

Аллоҳга имон келтирган, Унга қуллик қилишни истаган қанча-қанча инсонлар афсуски, бу ҳақиқатдан бехабар эди. Белини тўғрилашдан ожиз бўлган бу инсонлар, ҳам Аллоҳнинг, ҳам тоғутнинг қаршисида эгилишарди. Ҳолбуки, мусулмон дегани фақат Аллоҳнинг ҳузурида эгиладиган инсон дегани. Чунки, Аллоҳнинг даргоҳида қабул қилинадиган қуллик, ёлғиз Унга қилинган қулликдир!

Бироқ билишмасди, англашмасди инсонлар бунинг моҳиятини!

Эртаси кун фабрикага келгач, барча ишчиларни овқатланиш хонасига тўплаб, барчасидан бирма-бир »Дин нима, Илоҳ нима, тоғут нима?» дея сўрагим келди. Барчасига бу ҳақиқатларни билдириб, ҳаммасини намоз ўқишга чақиришни истадим.

Сўнгра бу фикримдан қайтдим. Бу суҳбатни Саид домланинг ўтказгани маъқул эди. Истагимни унга етказишим лозим эди. Негаки, қўл остимда ишлаётган инсонларга нисбатан масъул эдим. Уларнинг олдида бажаришим шарт бўлган бурчим, муҳим вазифам эди бу!

Мен шундай бўлса ҳам, пешин ва аср намозларини фабриканинг масжидида ўқиган ишчиларни ёнимга чақириб, улар билан суҳбатлашгим келди. Аввал уларга саволлар бердим. Барчаси бир-бирининг юзига термулганча, саволимга жавобни ёнидагининг афтидан топишни истаётгандек, жим туришарди. Тоғут ҳақида сўраганимда эса, мутлақо ҳайратга тушишди. Ёши кексароғи эса, «Тақсир, у тоғут эмас, тобут», дея менинг хатоимни тузатишга ҳаракат қилди.

Тоғутнинг нима эканини билмасдан, тобут томон одимлаётган бу кишига ачиниб қарадим... Узоқ йиллардан буён беш вақт намоз ўқиётган, неча минг марталаб масжидга борган бу кишининг, тоғутни рад қилиши бир тараф, унинг не эканини билмаслиги бир тараф эди...

Бир қанча масжид ҳамда баъзи масжид имомлари ҳақидаги гаплар тўғри эди. Аллоҳ рози бўладиган динни ўрганиш мақсадида масжидга борган кўплаб инсонлар, дарахт экишнинг фазилатини ўрганишарди, бироқ Исломнинг фазилатини ўрганишолмасди. Исломга киришнинг энг муҳим шарти бўлган калимаи тавҳиднинг маъноси нима эканини, «Ла илаҳа» деганларида нимани инкор қилишганини билишмасди!

Қизиқ, инсонларга бу ҳақиқатларни ўргатмаган диндорлар бу ҳолни қандай баҳолашаркан?! Ёки ўзлари ҳам билишмасмикан? Йўқса, била туриб жим қараб туришганмикан?

Мен учун муҳим бўлган бу саволнинг жавобини ўрганишни, ҳозироқ билишни истардим!.. Энг яхшиси, уларнинг ўзидан сўраш ва жавобни уларнинг оғизларидан эшитиш эди. Шунда ақлимга магнит тасмалар келди. Уларни чақириб, тасмадаги ёзувларни бирга эшитишимиз мумкин эди. Зотан, тасмаларни худди шу ниятда тўлдирган эдим.

Дарҳол иккита имом домлага сим қоқиб, уларни тушликка таклиф қилдим. Таклифимни қабул қилишди ва пешин намозидан кейин келишларини билдиришди.

Масжидда пешин намозини ўқиб, юқорига чиққанимда меҳмонларим ҳам етиб келишди. Иккаласи ҳам кўп йилдан бери ваъз ўқирди. Иккиси ҳам ҳурматга, обрў-еътиборга эга вўизлар эди.

Аввал тушлик қилиб олдик. Мендан хаста «ўртоғим»нинг аҳволини сўрашди. Ҳозирча ҳеч қандай ўзгариш йўқлигини айтдим. Улар шу масалада чақирган, дея ўйлаётганлари билиниб турарди.

Уларга Саид домланинг исмини айтмасдан, масалани қисқача тушунтирдим. Сўнгра, менинг бу мавзуда етарли билимим йўқлигини, шу сабаб магнит тасмаларни тинглаганларидан кейин фикр билдиришларини айтдим.

Улардан бири менга шубҳа билан қаради. Соқоли бори эса: «Жуда соз, Салжуқбей, эшитамиз!» деди.

Қаҳва буюрганча, биринчи тасмани магнитофонга қўйдим. Тинглай бошладик. Овоз ғоят тиниқ ёзилганидан, жуда аниқ эшитиларди. Улар мендан Исмоилнинг кимлигини сўрашди. «Эски танишим», дедим.

Эшитишда давом этишди.

Саид домланинг бир қанча масжидлар ҳамда маърузачилар ҳақидаги гапларини такрор эшитмоқчи эканликларини билдиришди. Орқага қайтарганча, истакларини бажардим. Соқолсизи ёнидагисига қараганча, бошини икки тарафга чайқади. Бу ҳаракатининг маъносини тушунолмадим.

Саид домланинг тоғут ҳақидаги сўзларини ҳам эшитганларидан кейин иккинчи кассетани қўйдим. Безовта бўлаётганга ўхшашди. Соатларига қараганча, вақтлари йўқлигини, кеч қолишаётганларини айтишди. Бу кассетанинг қисқа эканини билдириб, тинглашларини сўрадим.

Истамайгина рози бўлишди!..

Ҳеч нарса демасдан иккинчисини ҳам эшитишди. Юзларидаги ифодадан, тасмадаги гапларни ҳеч ҳам хушламаганликлари кўриниб турарди! Магнитофонни ўчирганча, соқоли йўғига юзланиб сўрадим:
– Xўш тақсир, қандай фикрдасиз?

Бирдан жавоб бермади. Бир оз жим тургач, ўйга толди. Сўнгра бошини қимирлатганча, сўз бошлади:
– Муҳтарам Салжуқбей! Ўзини домла деб атайдиган бунақанги кишиларнинг гапларига эътибор берманг. Булар қаерда яшаётганини билмайдиган, ўтмишдан сабоқ олмаган кимсалардир. Туркияда шунча динсиз бор экан, шу динсизларни қўйиб, диндорлар билан тортишадиган бундай кимсаларни нима деб аташга ҳам ҳайронман! Мен булар ҳақида баҳслашишни истамайман. Энг яхшиси, уларни Аллоҳга ҳавола қилишдир!

Мен яна гапиради деган фикрда кутдим. Аммо, бошқа бир оғиз ҳам сўзламасдан жим бўлди. Ҳайратим ошди!.. Саид домлани Аллоҳга ҳавола қилиш билан ишни битирганди!
– Бир дақиқа шошманг! Мени қизиқтираётган нарса, бу одамларнинг кимлиги эмас, уларнинг сўзлари. Айтганлари тўғрими ёки хатоми?
– Қайси гапи?
– Тоғут ҳақида, дин ва илоҳ ҳақидаги гаплари.

Жим бўлиб қолишди.

Аввал бир-бирларининг юзларига, сўнгра менинг юзимга термулишди. Мен эса жавоб кутаётган эдим. Соқол қўйгани масалага ойдинлик киритишни истади:
– Эшитинг, унинг айтганлари тўғри бўлгани билан, ҳамма тўғри гапни дуч келган жойда гапиравериш тўғри эмас. Бундан ташқари, бизлар ҳозирча давлат ишида масъул лавозимда бўлсак!
– Давлат ишида ишлаётганингизнинг бунга нима дахли бор?

Жаҳолатимни кўриб, кулишди. Соқоли бўлгани айни табассум билан жавоб берди:
– Салжуқбей! Бу ўлкада қонунлар бор. Қуръони Каримда келган ҳамма ҳақиқатни ҳар ерда гапиролмайсиз!
– Ҳаттоки масжидларда ҳамми?
– Албатта масжидларда ҳам!.. Чунки, масжидларда иш юритадиган биродарларимиз ҳам давлат маоши ҳисобига ишлайдиган ҳукумат хизматчиси. Ҳамма бошлиқлар сингари улар ҳам қонунларни эътиборга олишга мажбур! Агар шундай қилишмаса, ҳам ишдан айриладилар, ҳам устларидан жиноий иш очилади.
– Тушунмадим?
– Нимасини тушунмайсиз? Масалан, масжидларда иш олиб борадиган ҳар бир биродарларимиз, Аллоҳнинг ҳукми билан ҳукм қилмаганларнинг кофир эканлигини жуда яхши билади. Билади-ю, бироқ буни масжидларда айтолмайди. Чунки, Қуръони Каримда келгани билан, давлатни танқид қилган давлат ишига тегишли ояти карималарни кун тартибига киритиш маън қилинади. Бу қоидага амал қилмаган бир қанча диндорлар, халқни давлатга қарши гиж-гижлашда айбланиб, қамоққа олинган.
– Қамоққа олинган ўша инсонларнинг гаплари тўғримиди?
– Албатта тўғри! Ҳаммаси Қуръоний ҳақиқатлар, барча айтганлари рост.

Гапини давом эттирмоқчи эди, бироқ. Ёнидаги туртиб қўйгандан сўнг тўхтаб қолди. «Нима дейсан?» дегандек унга қаради. Иккинчиси столга қараганча, магнитофонга ишора қилди!

Қотиб қолди! Магнитофонга тикилган кўзлари қўрқувдан йириклашди. Нигоҳларини аввал менга, сўнгра магнитофонга тикиб, пичирлаган овозда: »Магнитофон қўшилганми?» деди.

Уни тинчлантиргим келмади.

«Ҳамма гапингни эшитдим, ким эканингни биламан», дегандек бошимни қимирлатганча унга қарадим. Оёққа туриб, магнитофонга қарамоқчи бўлди. Магнитофонни стол устидан олиб, тортмага солиб қўйдим.

Бир муддат оёқда турганча қолди! Сўнг жойига ўтирди. Қўрққани, ваҳимага тушгани билиниб турарди. Мен эса қиёфамни ўзгартирмасдан унга қараб турарканман, энди нима қилишини, нима дейишини кутиб турардим.
– Салжуқбей!.. Сиздан ўтиниб сўрайман, бу гаплар орамизда қолсин. Уч ярим йилдан кейин нафақага чиқаман. Илтимос!..

«Бу гаплар орамизда қолмайди», дедим. Кўзлари катталашди. Нима қилишини билолмай, аввал соқолини тутамлаб турди, сўнгра иягини қаший бошлади. Сўзимни давом эттирдим:
– Мана шу суҳбатимиз, оғзимиздан чиққан ҳар бир сўз Маҳшарда, Ҳузури Илоҳийда юзага чиқади!..

Иккаласи ҳам баравар чуқур «Уҳҳҳ...» деб юборди! Юзларидаги қўрқув ва хавотир секин-аста йўқола бошлади. Енгил тортишгани кўриниб турарди!.. Уларга қарадим.

Аллоҳнинг динини ўрганиш учун масжидларни тўлдирган шунча инсон Исломни мана шулардан, шуларга ўхшаш диндорлардан ўрганишадими?! Ҳатто тўрт девор орасида ҳақни, ҳақиқатни гапиришдан қўрқадиган бу инсонлар, жамоатга очиқ майдонда қандай қилиб ҳақдан гапирсин?!.

Олдинига уларга ачиндим!.. Магнит ёзувлар қўрқувидан қаршимда қалтираб, букилиб ўтирган бу одамларга аввал тўғриси ачиниб кетдим. Сўнгра кўз олдимга масжидларни тўлдирган милёнларча чорасиз инсонлар келди! Ачинишим керак бўлганлар, ҳеч шубҳасизки, ҳақ талабида масжидларни тўлдириб, Исломни ўрганишга интилган инсонлар эди!

Ислом динига толиб бўлишларига қарамай, ҳақиқий Исломдан бехабар бўлган бечора инсонларга ачинишимиз, уларга марҳамат қилишимиз керак эди! Уларни шу аҳволга солганлар эса, манавилар, шуларга ўхшаган диндорлар эди!

Тўрт-беш сўм маош илинжида ҳақиқатни бекитган, нафақа ҳаққига кўз тикаман деб, Илоҳий ҳақдан кўз юмган бу бечора инсонлардан жиркана бошладим. Бир лаҳза нима қилишимни, уларга қандай муносиб сўз айтишимни билмай ўйланиб туриб қолдим. Уларга фақат «Йўқолинг!» дейишим мумкин эди. Оёққа турганча «Йўқолинг!» дея ҳайқиргим келди!

Фақат бунинг иложи йўқ эди. Негаки, улар меҳмоним ҳисобланишарди. Бу сўз уларга жуда муносиб эди, бироқ менинг оғзимга ярашмасди. Бир амаллаб ўзимни қўлга олишга, жаҳлимни забт қилишга уринарканман, уларга эшикни кўрсатдим:
– Марҳамат кетинг, энди кетинг!..

Бугун якшанба.

Аёлим билан бу тун узоқ суҳбатлашдим. Болаларни соат ўнда ухлатганимиздан кейин залда ёлғиз қолгандик. Менинг бошим озгина оғриётганди. Чой билан бирга иккита оғриқ қолдирувчи дори ичдим. Xотиним Ширин бу оғриқнинг сабаби кўп ишлаганимдан деб ўйларди, ўзим унга шундай дегандим. Шунинг учун сал камроқ ишлашимни уқтирди.

Ширин жуда яхши аёл эди. Унга меҳр ва муҳаббат билан қараганча сўзлай бошладим. Энг аввал унга имон келтирганимиз Зот Аллоҳ ҳақида гапирдим. Аллоҳга бўлган ишончимизнинг ҳар қандай шубҳадан йироқ эканини яна бир бор такрорладим. У ҳам менинг сўзларимни самимий тарзда тасдиқлади. Сўнгра пайғамбарлар ҳақида гапирдим. Пайғамбарлар инсонларни фақат Аллоҳга қуллик қилишга даъват қилишганини ва инсониятга энг тўғри ҳақ динни келтиришганини тушунтирдим. Дин ҳақида таъриф бериб, ҳақ ҳамда ботил динлар ҳақида қисқагина маълумот бердим.Агар инсоният биринчи бўлиб келган пайғамбар ҳамда у олиб келган ҳақ динни бузишмаганларида, Аллоҳнинг ҳақ динига ўзгартириш киритмаганларида, ана шу битта пайғамбар ҳамда бир дин уларга етарли бўлишини билдирдим. Бироқ, инсонлар ҳар келган янги динни бузишганини, шу сабаб Аллоҳ таоло ҳар бир ўзгаришдан кейин бошқа бир пайғамбар воситасида яна янги дин нозил қилганини тушунтирдим. Мана шу ергача айтган сўзларимни жуда яхши тушунди.

Кейин эса, барча пайғамбарларнинг юборилиш ғояси бўлган, инсониятни тоғутга қулликдан қайтариб, Фақат Аллоҳга қуллик қилишга даъват масаласини тушунтира бошладим.

Тоғутнинг нима эканини Ширин ҳам яхши англаёлмади.

Тоғутни қийинчиликсиз тушуниши учун, Илоҳ калимасининг маъносини ҳамда тавҳиднинг нима эканини англатдим.

Ҳақиқий Илоҳ билан, инсонларга илоҳлик даъвосида бўлган сохта илоҳларнинг, тавҳид калимаси билан қандай қилиб бир-биридан айрилганини, сохта илоҳларнинг инкор қилиниб, ягона Илоҳ ўлароқ Аллоҳнинг тасдиқ этилиши кераклигини тушунтирдим.

У барча айтганларимни диққат билан тингларкан, маъносини англашга ҳаракат қиларди. Сўнг кўзларимга тикилганча:»Сал аввалроқ тоғут деганингиз, инсонларга илоҳлик даъво қилган сохта илоҳлармасми?» дея сўради. Аллоҳга ҳамд айтиб:»Ҳа худди шундай!» дедим. Кейин, тоғутга мисоллар келтириб, тавҳид калимасини шу идрок билан айтиши лозимлигини уқтирдим.

«Ла илаҳа иллаллоҳ» деди. Сўнг бир нафас тўхтади-да, ўйлай бошлади. Бошини оҳиста қимирлатганча, яна «Ла илаҳа иллаллоҳ» деди.

Бир муддат жим қолдик. Кейин мендан:»Жуда соз, Салжуқбей! Энди нима қилишимиз керак?» дея сўради. Xотинимнинг бундай самимий гапириши менга жуда ёққан, ҳам мени тўлқинлантириб юборганди. Унга аниқ бир жавоб бердим:
– Аллоҳнинг динини, калламизга келганига кўра эмас, анъана ва урф-одатларимизга кўра яшашдан воз кечиб, Аллоҳнинг ҳукмларига, буюрганларига кўра яшаймиз! Чунки, ёлғиз Аллоҳгагина қуллик қилишнинг бундан бошқа йўли йўқ!..

У ниҳоятда ақлли инсон эди. Бу гапларимнинг қандай маъно касб этишини биларди. Кулимсираганча,»Яъни, шариатчи бўламизми?» деди.

Мен ҳам жилмайдим:
– «Чи-чи» деган қўшимчаларни ташла!.. Зотан, «Ла илаҳа иллаллоҳ» дерканмиз, ягона Илоҳ ва ҳукм қўювчи Зот фақат Аллоҳ деб қабул қиламиз.Аллоҳнинг ҳукмларини, яъни Унинг шариатини инкор қилиб, бошқа ҳукмларга, бошқа шариатларга йўналишимиз албатта мумкин эмас!

Бошини қимирлатганча «Албатта!» деди. Сўнгра жим бўлганча ўйлай бошлади. Нимани ўйлаётганини ҳис қилаётгандек эдим. Янглишмагандим!
– Салжуқбей, ўранаманми?
– Ўранишни хоҳламайсанми?

Яна жим бўлиб қолди. Карахт аҳволда қолгандек эди!..
– Билмадим!.. Жуда ғалати эмасми? Ўранишни ўйлаганимда хаёлимга Аллоҳ эмас, атрофимиздаги инсонлар, атрофимдаги аёллар келяпти. Улар нима деб ўйлашади, менга қандай қарашларини ўйлаяпман...

Ҳеч нарса демасдан унга қарадим. Гапирган сўзларидан қандай хулосага келиши мени қизиқтирарди. У бир муддат ўйланиб турди-да: «Беҳуда, Xудо ҳаққи бари бекор!» дея ўрнидан даст турди. Шахд билан ётоқхонага кириб кетди.

Мен эса, жимгина кутардим. Кутаётган нарсам, мужда билан якунланди! Чунки, бир неча дақиқадан кейин ётоқхонадан чиқиб келган Ширин ўранган эди!

Мавлидларда бошига ўрайдиган оппоқ рўмолини ўраб олганча: «Худо хоҳласа, бундан кейин фақат шундай!» дея ёнимга ўтирди.

Унга қарадим!.. Кўзларимни узолмай қолдим ундан!.. Қаршимда ҳақиқатдан ширин, шип-ширин бир аёл турарди!.. Рўмолга бурканган юзи ғоятда нурли кўринарди.

Тўлқинланиб кетдим!.. Кўзларимни қайноқ бир нарса тўлдирганини ҳис қилдим. Ўрнимдан турганча, унинг ёнига ўтирдим. Ўнг қўлини қўлларим орасига олдим. «Сендан Аллоҳ рози бўлсин!» дея қўлини лабларимга босдим... Қайта-қайта ўпдим.

Ҳуркибгина, уялибгина ўзини тортди. Қўлини қўлларимдан бўшатиб оларкан, менинг қўлларимни тутганча:»Сиздан ҳам Аллоҳ рози бўлсин!» деди.

Бир муддат шундай ўтирдик. Бундай аёлнинг, бундай умр йўлдошининг инсон учун нақадар гўзал, нақадар бебаҳо бир неъмат эканини янада яхшироқ англадим!..

Бундай жуфти ҳалолнинг қиммати бойликдан ҳам, мол-дунёдан ҳам, давлатдан ҳам юксакроқ эди бир инсон учун!.. Менга ана шундай бебаҳо ҳаёт йўлдошини насиб қилгани учун Аллоҳга шукроналар айтдим!..

«Мен хуфтонни ўқиганим йўқ», дедим. Кулимсираганча «Мен ҳам ҳали ўқимадим», деди. Намозни бирга адо қилдик. Аёлим бахтли, жуда бахтиёр кўринарди. Бу тундаги суҳбатимиз туфайли у янги, яп-янги бир дунёга кириб қолгандек ҳис қиларди ўзини!..

Душанба куни бирга майда-чуйда харид қилишга чиқдик. Бир нечта дўкондан баъзи нарсаларни олганимиздан кейин, Исмоилнинг дўконига бордик. Унинг дўконида аёлларнинг либослари жуда кўп ва хилма-хил эди.

Аёлим сотувчи қизнинг ёрдамида ҳижоблар ҳамда кўйлакларни кўздан кечираркан, биз Исмоил билан бирга ўтирдик. Мендан Саид домла билан қилган суҳбатимиз ҳақида сўради. Қисқагина айтиб бердим. Мен учун ғоят фойдали бўлганини билдирдим. Саид домланинг суҳбатларидан нафақат менинг, балки жуда кўп мусулмонларнинг ҳам фойда кўрганлигини айтди.

Мен у киши билан яна қандай учрашишим мумкинлигини сўрадим. «Билмадим, ўзи билан олдин гаплашишим керак», деди.

Ширинга қарадим. Баъзи либосларни танлашда қийналаётгандек кўринди. Унинг ёнига бориб, ёқтирган ҳамма кийимларини сотиб олишини айтдим. Жилмайганча: »Унчалик кўп кийимнинг кераги йўқ», деди. «Мен шуни хоҳлаяпман, йўқ дема!» дея қаттиқ туриб олдим. Ҳақиқатдан ҳам шуни истардим.

Индамади. Сотувчи қизга қайрилиб: «Осмон хоним! Ёқтирган кийимларининг ҳаммасини ўраб беринг!..» дедим.

Исмоил телефонда гаплашаётганди. Бир пайт менга қараб: «Эртага фабрикадамисан?» дея сўради. Эртага нима қилишимни, қаерга боришимни ўзим ҳам билмасдим. Шундай бўлса-да, ўйлаб ўтирмасдан »Ҳа», дедим. Кейин ўтирдик. Исмоил менга ҳозир Саид домла билан гаплашганини, аниқ эмас-у, эртага пешиндан кейин фабрикага бориши мумкинлигини айтди. Мабодо бирор ўзгариш бўлса, Саид домла ўзи менга сим қоқармиш.

Исмоилга миннатдорчилик билдирдим, унинг хабаридан жуда севингандим!.. Xаридни шу кўтаринкилик билан тугатдим. Пешин намозини Исмолнинг дўконида ўқидик. Ширин янги ҳижобини кийиб, бошига унинг ранггига уйғун рўмол ўраб олганди. Исмоил билан хайрлашиб, аёлим билан бирга дўкондан чиқдик.

Ширинга ажойиб бир тушлик олиб бериш ниятида эдим. Камаралти масжидининг рўпарасида кўмир чўғида жуда мазали дўнар кабоб пиширишарди. Ўша ерга қараб юра бошладим. Xотиним билан кетарканмиз, дўконларнинг ойналарига қарардим – иккимиз ҳам бутунлай ўзгаргандик!..

Менда уч-тўрт кунлик соқол бор эди.

Хотиним Ширин эса, бутунлай бошқа бир хоним, тамоман ўзга бир хонимафанди бўлиб қолганди!.. Нима бўлганда ҳам, ушбу янгиликдан бегонасирамаганга ўхшарди! Эгнидаги янги либослари ичида эски, ҳар доимги бир роҳат билан юраётгани билиниб турарди. Гўё, шу либослар билан туғилган, шу кийимларда улғайгандек роҳатланиб ўтирарди.

Овқатланаётиб, янги ҳолатимиздан, янги дунёмиздан суҳбатлашдик.

Гарчи, яна аввалгидек еб-ичаётган, сайр қилаётган, яна дунё неъматларидан фойдаланаётган бўлсак-да, олдин барча ҳаракатларимизни ақлсиз, фикрсиз бир шахс ўлароқ амалга оширган бўлсак, энди Аллоҳга тобе бир қул ўлароқ бажарардик. Энг муҳим ўзгариш бизларда содир бўлган ўзгариш эди.

Биз ўзгарган, биз билан ҳамма нарса ўзгарганди, гўё!

Суҳбатимиз сўнггида бу дунё ҳаётининг абадий эмаслигидан, ва эртами-кечми ўлишимиз аниқлигидан гаплашдик. Бир мусулмон ўлароқ, ўлимга ҳар лаҳза тайёр туришимиз кераклигини таъкидладик. Рафиқам мени тинглаш билан бирга, сўзларимни аниқ ва сермаъно фикрлари билан тўлдирарди. Унинг бу ҳолати ҳамда ўлим ҳақидаги ғоят теран сўзлари қаршисида лол қолдим. Унга хасталигим ҳақида билдириш мавриди етганмикин, деган ўйга толдим... Бу саволимнинг жавобини унинг сокин ва нурли чеҳрасидан, ҳақиқатга тик қараёлган кўзларидан излардим.

У бениҳоят бахтиёр эди. Шу боис фикримдан воз кечдим. Унинг янги дунёсидаги яп-янги бахтиёрлигига соя солгим келмади. Xасталигим ҳақида унга кейинроқ, фурсати билан айтишга қарор қилдим.

Пешингача умуман телефон овозини эшитишни истамадим. Ҳар қўнғироқ овози келганда ажабо, Саид домла келолмаслигини билдириб қўнғироқ қилаётганмикин, деган хавотирда ўтирдим. Лекин, соат ўн бир ярим бўлганда у кириб келди. Уни яна эшик тагида кутиб олдим. Юқорига чиқишда қийналмаслиги учун, пастдаги катта хонага таклиф қилдим.

Қисқагина ҳол-аҳвол сўрашганимиздан сўнг, ўтган галги суҳбат учун миннатдорчилик билдирдим. Ва бу суҳбатимиз мен учун ғоятда фойдали бўлганини билдирдим. Бундан ташқари, унинг суҳбатини рухсат сўрамасдан магнит тасмасига ёзиб олганим учун кечирим сўрадим. Ҳеч қандай эътироз билдирмасдан, «Зотан, барча сўзларимиз қайд қилиниб боришлигини, елкамиздаги фаришталар орқали амал дафтаримизга ёзиб қўйилаётганини ҳис қилган ҳолда, эътиборга олган ҳолда гапирамиз», деди.

Бу сўзлари менга ёқди.

Кассетани эшиттирганим бошқа домлалар хаёлимга келди. Саид домла билан улар орасида қанчалар катта фарқ бор эди!.. Саид домлага улар ҳақида ва уларнинг сўзлари ҳақида айтиб бердим.

Бироқ, уларни камситадиган, ҳақоратлайдиган бирор сўз демади. Фақатгина, барча имом-домлалар бундай эмаслигини, уларнинг ичида ҳақни гапиришдан қайтмайдиган мард инсонлар ҳам борлигини билдирди.

Ғоятда босиқ киши эди у! Унинг сўзлари ниҳоятда теран ва пурмаъно эди. Илгари ҳар қандай киши билан суҳбатлашарканман, у билан нима ҳақида қанча гаплашишимни ўйлар, ўзимга маълум бир чегара қўярдим. Саид домла билан суҳбатлашарканман, бундай чегарага асло ҳожат туймасдим. Гўё ҳар қандай масалада, ҳамма муаммони бемалол гаплаша олиш мумкин бўлган бир инсон эди у!..

Ва бирдан хасталигим эсимга тушди!.. Ҳеч кимга айтолмаган дардим, хасталигимни айтишим мумкин бўлган бирдан-бир инсон, шу домла эди. Узоқ ўйлаб ўтирмасдан, «портладим»:
– Устоз, миясида шиши бор бўлган ўша «оғайним» ўзимман!.. Шуни айтганимдан кейин анча енгил тортганимни ҳис қилдим. Домланинг юзларида на бир ҳайрат, на бир ҳаяжон излари кўринмади. Бир лаҳза, «Ажабо, ёки аввалдан билганмикин?» деган фикр ўтди хаёлимдан.
– Xайрлиси бўлсин!..

Жавоб бермадим. Ичимда секингина «Омин!» дерканман, бу хасталикда қандай ҳам хайр бўлиши мумкинлигини ўйладим.
– Қачон билдингиз?
– Бир ярим ойга яқинлашди.

Жим бўлганча ниманидир ўйлай бошлади. Юзи ҳамда нигоҳлари шу тушунча билан ювинаётганга, шу тушунча таъсирида титраётганга ўхшарди. Тўлқинлангани билиниб турарди. Ич-ичидан келаётган ҳазин бир овозда гапира бошлади:
– Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўлим ҳақиқатига ишора қилиб: «Насиҳат ўлароқ ўлим етарлидир», дея марҳамат қилганлар. Ўлимни билиш, ўлмасдан аввал ўлим ҳақиқатини таниш ҳақиқатдан ҳам буюк бир насиҳатдир. Инсонларга бу насиҳатни баъзан бир мусулмон, баъзида бир пайғамбар беради.

Бир муддат тин олгач, давом этди:
– Сизга эса, бу насиҳатни Аллоҳ таолонинг Ўзи берибди. Сизга ўлмасингиздан олдин ўлажагингизни билдириб, шу ҳақиқат сабаб уйғонишингизни, ўзингизга келишингизни истабди.

Титраганимни ҳис қилдим!..

Ҳозиргача бу хасталигимнинг Аллоҳдан эканини билардим, аммо уни Аллоҳнинг бир насиҳати деб эмас, бир мусибати ўлароқ қабул қилгандим!.. Ҳолбуки, аҳвол мен ўйлагандек эмасди!.. Саид домла жуда тўғри айтганди, мени эски истиқоматим ичида ҳар лаҳза ўлдириши мумкин бўлган Раббим менга раҳматини неъмат қилган, ўлмасимдан олдин ўлажагимни билдириб, олти ойдан иборат узоқ бир муҳлат берган эди!.. Шу ўйлар билан севинганимни ва менга марҳамат кўрсатган меҳрибон, энг раҳмдил бўлган Раббимни янада кўпроқ яхши кўришимни ҳис қилдим.

Саид домлага оҳиста бошимни қимирлатиб, «Гапларингиз ғоятда тўғри!» дедим ва қўшимча қилдим:
– Шу хасталик сабабли ўзимни бир фоний эканимни ниҳоятда яхши англаб етдим.
– Олдин-чи?
– Илгари ўлимнинг не эканини билардим, бироқ ўзим билан ўлим ўртасида жиддий бир муносабат бор деб ўйламасдим. Тўғрироғи ўлимни, ўлишимни ҳис қилмасдим. Ўлимни ҳис қилмай туриб, албатта ўлим ҳақиқатини англаш мумкин эмас. Билмадим, гўё дунёда абадий яшайдигандек туйғу бор эди ичимда.
– Бу туйғуни ҳеч ўйлаб кўрдингизми?
– Қайси туйғуни?
– Абадийлик туйғусини.
– Ҳарҳолда ботил ва аҳмоқона туйғу бўлиши керак!..
– Мен бундай фикрда эмасман.
– Нега?
– Менимча, бу ботил туйғу эмас. Фитратимизда бўлган ҳақиқий туйғу бу!..
– Тушунолмадим?
– Тингланг, Салжуқбей! Инсонларнинг дунё ҳаётини абадий деб билиши, албатта шайтоний васвасадир. Мен айтмоқчи бўлаётган нарса, шу васвасага мойил бўлган фитратимизда, шундай бир туйғунинг ҳақиқатдан бор ёки йўқлиги!..
– Борми?
– Албатта бор! Агар Раббимиз бизларни абадийлик билан таништирмаганида эди, биз абадийликнинг қандай маънога эга эканини билмасайдик, шайтони лаъин, дунё ҳаётини инсонларга абадий ўлароқ кўрсата олмасди!..

Яна бошим шишиб кетганга ўхшади.
– Аниқроқ тушунтиринг,– дедим.
– Масалан, шайтони лаъин инсонларга турли васвасалар бериб, уларни очлик ва қашшоқлик билан қўрқитади, тўғрими?
– Тўғри.
– Агар Тангри таоло бандаларига қўрқув сифатини бермаганида, инсонларнинг фитратида бу ҳақиқат бўлмасайди, улар қўрқувнинг нима эканини билишмасайди, шайтони лаъин одамларни қўрқита олармиди?
– Қўрқитолмасди!
– Абадийлик туйғусини ҳам худди шундай тушунмоғимиз керак.
– Аллоҳ таоло абадий ҳаёт ҳақида бизга хабар бериб, бизни шу туйғу билан таништирмаганида, шайтони лаъин қандай қилиб, бизга дунё ҳаётини абадий қилиб кўрсата оларди?
– Кўрсатолмасди!

Берган жавобимдан ўзим ҳам ҳаяжонланган, берган жавобимнинг қандай маъно касб этишини ўйлай бошлагандим. Ҳақиқатдан ҳам кўрсата олмасди! Бу тўғри жавоб эди. Қўрқув не эканини билмайдиган бир жонзотни қўрқитиш мумкин бўлмаганидек, абадийлик нима эканидан бехабар жонзотни ҳам абадийлик хабаридан воқиф қилиш, унга бегона бўлган бу туйғуни сингдириш имконсиз эди.

Қўрқув васфи фитратимиздан қандай жой олган бўлса, бу туйғу ҳам худди шундай эди. Албатта! Инсонлар билан абадийлик ҳақида баҳслашилганда, ҳеч биттаси: «Абадийлик нима ўзи, у қандай туйғу?» дейишмасди! Гўё барча биладиган, ҳаммага таниш бир тушунча, ҳар ким ҳис қила оладиган ҳақиқат эди у!

Бироқ, булардан қандай маъно, хулоса чиқариш мумкин? Йўқса, инсон абадий борлиқ деганими бу?..
– Устоз, буларнинг барчасидан қандай хулоса чиқарасиз?
– Аллоҳ таоло бизларни абадийлик билан таништирган! Аллоҳ ҳақиқати фитратимизда қандай бор бўлса, абадийлик ҳақиқати ҳам фитратимизда худди шундай бордир. Биз фитратан биладиган, бизга асло бегона бўлмаган ҳақиқатдир бу!..

Бир лаҳза тин олди. Сўнг давом этди:
– Ва шайтон аталган лаънати борлиқ, инсонларни уларнинг фитратларида бор бўлган мана шу ҳақиқат билан алдаб қўяди!.. Шайтоннинг ҳийласига алданган инсонга дунё ҳаётини абадий қилиб кўрсатади ва уни ишонтиришга уринади!
– Шайтон инсонларни шу билан алдаса, Аллоҳ таоло инсоннинг фитратига нега абадийлик туйғусини жо қилди?!.
– Албатта, бу шайтоний васвасага алданиб, дунё ҳаётини абадий деб билишлари учун эмас! Қўрқув сифатини қандайки, фақатгина Унинг Ўзидан қўрқишимиз учун берган бўлса, бу ҳақиқатни ҳам абадий бўлган охират ҳаётини янада яхшироқ англашимиз, ҳис қила олишимиз учун берган! Абадий Жаннатнинг ҳамда абадий Жаҳаннамнинг нима эканини идрок қилишлари учун!..

Ҳа... Ана энди ҳамма нарса равшан бўлганди.

Демак, коинотни чексиз, дунё ҳаётини абадий деб ўйлаган инсонлар, фитратларида бор бўлган абадийлик ва чексизлик тушунчасини, ҳақиқатини нотўғри изоҳлаган, тўғрироғи, бу сифатларни янглиш нарсаларга нисбат қилган инсонлар эди!.. Абадийлик деб аталадиган бир ҳақиқат бор эди, бироқ бу ҳақиқат бу дунёга эмас, охиратга нисбат эди, охират ҳаёти абадий эди! Фитратларимиздаги бу абадийлик туйғуси абадий ҳаётнинг борлигига очиқ далил эди!

Азалий бўлмаган ва азалийлик туйғусига бегона бўлган биз инсонлар, абадий ҳаёт ҳақидаги хитобдан бохабар бўлганимиз учун, абадийлик туйғусига умуман бегона эмасдик.

Ғалати бўлиб кетганимни ҳис қилдим!.. Абадий ҳаётни кўргандек, у билан ёнма-ён тургандек эдим. Шу туйғулар ичида эканман, ўлимни ўйладим.

Ўлимнинг ҳам моҳияти ўзгарганди ички дунёмда!.. Илгари ҳаётни тугатувчи бир нуқта, улкан бир нуқта деб билганим ўлим кичик, жуда кичкина бир вергулга айланганди онггимда!..
– Нимани ўйлаяпсиз?

Саид домлага қарадим. Нигоҳларида қайноқ бир муносабат, ички бир самимият бор эди. Туйғуларим билан, фикрларим билан ўртоқлашишни истаётгандек эди. Майин табассум билан «Ўлимни», дедим ва қўшимча қилдим: «Зеро, бир ярим ойдан бери энг кўп ўйлаётган нарсам!..»
– Ўлимдан қўрқасизми?

Дарҳол жавоб бермадим. Беролмасдим ҳам!.. Чунки, бу мавзуда анча фарқли туйғулар, анча фарқли ўй-фикрлар ичида эдим.
– Билмадим. Фақат кишининг қачон ўлажагини билиши, ғалати ва мушкул бир туйғу...
– Қачон ўлишингизни биласизми?
– Узоғи билан тўрт-беш ойдан сўнг!..
– Нимага бундай деб ўйлаяпсиз?
– Айтдим-ку, шиш деб. Умидим йўқ...

Кулимсираганча бошини икки томонга чайқади.
– Йў-ў-ўқ, сизни ўлдирадиган шиш эмас, Аллоҳ!.. Ўлим ҳукми фақат ва фақат Аллоҳнинг қўлида. Истаса тўрт ой, истаса тўрт йил, агар истаса қирқ тўрт йил! Касалим жиддий, деяпсиз. Лекин ҳеч бир касаллик Ҳазрати Айюб алайҳиссаломнинг хасталигичалик жиддий эмас. У кишининг вужудларидаги яралар қуртлаб, гўштлари тўкила бошлаганди! Ҳазрати Айюбнинг (а.с.) ўша ҳолатларини бизнинг давримиздаги тиббиёт ходимлари кўришганда эди, чидаш у ёқда турсин, шундай аҳволда яшаганларини кўриб, ҳайратдан лол бўлиб қолишарди.

Сўнг бир лаҳза тин олди. Енгилгина кулди.
– Ҳазрати Айюб ( а.с.) ўша ҳолатда ётган пайтлари бир нарсадан жаҳллари чиқиб, хотинларига нима деганларини биласизми?
– Нима деганлар?
– Тузалганимдан кейин сени қирқ дарра ураман!.. Ўйлаб кўринг! Ҳаттоки, шундай оғир аҳволда ҳам соғайишдан умид узмаганлар! Жумладан Аллоҳ таоло Ўзидан умид узмаган қулини соғайтиради. Дардини берган Аллоҳ, давосини, дармонини ҳам беради.

Домланинг сўзларини жон қулоғим билан тинглардим. Бу гўзал қиссага қандай ажойиб шарҳ берганди!
– Шунингдек, умидим йўқ, дедингиз!.. Сизнинг аҳволингиз, балиқнинг қорнида қолган Юнус алайҳиссаломнинг аҳволларидан ҳам оғир, умидсизми?!.
– Тушунмадим?
– Тўфонли ҳавода кемадан денгизга ташланган ва бир балиқ тарафидан ютиб юборилган инсон ҳақида нима дейсиз! Қутилишига умид борми?

«Йўқ», демоқчи эдим, индамадим. Чунки, Ҳазрати Юнус алайҳиссалом қутилган эди! Кулимсираганча бошимни қимирлатдим.

Саид домла тўғри гапираётганди.

Ҳаттоки энг умидсиз, оғир ҳолатларда ҳам Аллоҳдан умид узмаслигимиз керак эди. Ҳамма нарса Аллоҳнинг амрига, Унинг хоҳишига боғлиқ эди.
– Сиз ҳақсиз, устоз! Ҳеч қачон умидимизни узмаслигимиз лозим.

« Шундай» дегандек бошини қимирлатди. Кейин қошларини чимирганча қўшиб қўйди:
– Албатта, буларнинг барчасини ҳаттоки «сакарот-ул мавт» яъни, ўлим шиддати, жон чиқар ҳолатда ётганда ҳам ўлишларини хаёлларига келтирмайдиган, соғайишларига қаттиқ ишонган кишиларга ўхшашингиз учун айтмаяпман. Мутлақо ўласиз, барчамиз ўламиз!.. Фақат қачон, қаерда ва қай ҳолатда ўлишимизни ёлғиз Аллоҳ билади. Тўрт-беш ой дедингиз, балки тўрт-беш кун, балки тўрт-беш йилдир!.. Аллоҳ билади. Муҳим бўлган нарса, ҳар лаҳза ўлимга тайёр туриш, ўлимга доимо тайёр ҳолда яшаш!..

Унга қарадим. Ниҳоятда тўғри ҳамда гўзал сўзларди. Айтаётганлари ҳақиқат эди, бироқ ўзи шу гапларининг маъносини ҳис қила олаётганмикин? Ўлимнинг ва ўлим туйғусининг нима эканини менчалик англай олар, ҳис қила олармикин?
– Устоз, сиз менинг аҳволимда эмассиз. Шунда ҳам ўлим ва ўлим тушунчаси нима эканини ҳис қиляпсизми? Бу туйғуни англай оляпсизми?
– Бир дўстимнинг гўзал бир сўзи бор. Ҳақиқий тафаккур эгаси, кўрларни ўйлаган вақтида кўзлари кўрмайдиган кишидир. Миямиз орқали ўйлаганда, биламиз, қалб билан англашимиз эса, ҳис қилишимизни таъминлайди. Ўлим тушунчаси миямиздан қалбимизга кўчган пайтда, бу ҳақиқатни яшаётгандек, бошимиздан кечираётгандек ҳис қилишимиз мумкин. Бундан ташқари ҳолатларимиз орасида муҳим фарқ ҳам йўқ. Барчамиз ўлимга тўғри кетяпмиз. У манзилга ким олдин боришини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Балки мен сиздан олдин, анча аввал ўларман.

Бу қуп-қуруқ, бекорчи сўзлар эмасди.

Саид домла англаганини ҳис қиладиган, ҳис қилганини англатадиган бир инсон эди. Унга ҳурмат билан қарадим. Менга бир нарсаларни тушунтириш учун, менга нималарнидир ўргата олиш учун тинмай ҳаракат қилган бу инсонни ростдан ҳурмат қилар, ҳақиқатдан яхши кўрардим!..

Шу боис унинг учун нималардир қилгим, уни севинтиргим келди. Бир муддат ўйлаганимдан сўнг ақлимга келган биринчи фикрни унга айтишга қарор қилдим:
– Устоз, сизга миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Мен билан шуғулландингиз, жуда кўп ва муҳим нарсалар ўргатдингиз. Узоқ йиллар давомида ўрганган билмингиздан мени баҳраманд қилдингиз, билганларингизни мен билан бўлишдингиз...

Бир лаҳза тин олгач, давом этдим:
– Менинг эса, узоқ йиллик меҳнатим эвазига эришган нарсам – дунё моли. Изн берсангиз, мен ҳам шу қўлимдаги бойлигимни сиз билан бўлишмоқчиман. Юқоридаги сейфимда ишлатмайдиганим, мен учун ортиқча бўлган анча пулим бор. Шуни илтимос, қабул қилсангиз!..

Индамади.

Ҳеч нарса демасдан кўзларимга тикилди.

Ниманидир кўришни,нималарнидир тушунишни истаётганга ўхшарди!..

Мен эса, қўрқмадим, мен эса уялмадим бу нигоҳлардан. Чунки ниятим холис эди, чунки самимий эдим. Пулга қиймат бериб, пулни аҳамиятли деб билганимдан буни таклиф қилмагандим. Фақатгина кичкина бир истагимни, кичик бир орзуимни тилимга чиқаргандим.

Мен англаёлмайдиган бир юз ифодаси билан « Бу билан икки марта бўлади», деди.
– Нима икки марта бўлади?
– Мени иккинчи бор қашшоқ дея ҳисоблаяпсиз. Эҳсон қилиш албатта гўзал фазилат. Аммо кимларга эҳсон қилишингиз лозимлигини ҳам ўрганинг!..

Нима дейишимни ҳам билмай қолдим. Мен бу сўзларни, бу дашномларни кўтара олмадим. Бир оз жаҳлим чиққанини, бир оз кайфиятим тушганини ҳис қилдим.
– Саид домла, мени нотўғри тушундингиз. Буни чин кўнгилдан қилгандим. Мен билмагандим!..Сизга нимадир бериб, ўз миннатдорчилигимни изҳор қилмоқчи эдим!.. Бундан бошқаси қўлимдан келмасди!..

Боқишлари ўзгарди, бир оз ҳовуридан тушди.
– Қўлингиздан келадиган, беришингиз мумкин бўлган бошқа нарса бор эди!..
– Нима бор эди?

Майин табассум қилиб, гапира бошлади:
– Эшитинг, сизга бир ҳикоят сўзлаб бераман. Оғилидаги сигирининг орқасидан кун кечирадиган бир киши бор экан. Нимадир бўлибди-ю, мол-дунёга ҳирс қўйган бир киши унинг қандайдир ишига қарашиб юборибди. Дунёпарастнинг шу кичик ёрдами олдида қарздор бўлиб қолишни истамаган ўша одам, бир оз ўйланиб тургандан кейин унга шундай дебди: «Аллоҳ рози бўлсин десам, бу сен учун камлик, мен учун кўплик қилади. Яхшиси оғилдаги шу сигирим билан бузоғини олиб кетақол!..»

Во-оҳҳҳ!.. У одамга ва унинг «Аллоҳ рози бўлсин!» дуосига берган баҳосига қаранг!..

Домлага қарадим. Бу қиссани нима сабабдан менга англатганини тушундим. У мендан худди шу «Аллоҳ рози бўлсин!» деган дуони кутганди. Мен эса, унга сигир билан бузоғини эмас, бор-йўғи кичкина бир «бузоқча»ни туҳфа қилмоқчи бўлгандим!..

Кулимсираганча унга қарадим ва «Устоз, айбга буюрманг», дедим. Сўнгра «Аллоҳ рози бўлсин!» дуосининг маъносини англаган ҳолда, унинг бебаҳолигини ҳис қилган ҳолда:
– Сиздан Аллоҳ рози бўлсин! – дедим.
– Иншаоллоҳ, сиздан ҳам Аллоҳ рози бўлсин! – деганча ўтирган еридан турди.
– Устоз, кетяпсизми? – дея оёққа турарканман, қўлимни таяб турган курсим билан бирга ерга йиқилиб тушдим. Нима бўлганини, бу қандай юз берганини ўзим ҳам билмай қолдим!..
– Ёрдам керакми?

Тушган жойимда қотиб қолдим.

Мен бу сўзни, бу овозни олдин ҳам эшитгандим! Ҳа, бу қабристонда эшитган овозим, қабристонда эшитган сўзим эди! Саид домлага ётган еримдан ҳайрат билан боқдим. Кўзларим алдамаётганди, мен қабристонда кўрган киши эди бу!

Нима дейишимни, нима қилишимни билолмай қолдим. Ажабо, у ҳам мени таниганмиди? Сал олдинроқ қабристонда учрашганимизни билармикин?

Юз ифодасидан, нигоҳларидан бирор нарсани илғаш мушкул эди. Ўрнимдан турарканман, менга илиқ табассум билан қараб турган домлага жавобан мен ҳам табассум қилдим:
– Аллоҳ рози бўлсин! Зотан ёрдам бердингиз!..

Бугун уйга бир оз вақтлироқ келдим.

Рафиқам Ширин болалар билан ўтирар, уларга сура ёд олдираётганди. Уларнинг бу ҳаракатидан ғоят севиндим. Шунда яна ўлим ҳақида, ўлимим ҳақида ўйладим. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, кўзимни хотиржам юмишим мумкин эди. Рафиқам, ҳаётим йўлдоши ҳақиқатдан ҳам яхши инсон, оқила аёл эди!.. Болаларимни ҳам яхши хулқли инсонлар қилиб етиштира оларди.

Олдинлари ўзимга катта баҳо берар, Ширин учун буюк бир неъмат ва ниҳоятда бебаҳо эр деб билардим ўзимни. Энди эса, Ширин мен учун Аллоҳнинг улкан бир неъмати эканини англадим.

Қуцал менга янги китобларини кўрсатди. Пайғамбарлар ҳақидаги қиссалар ҳамда диний ҳикоялардан иборат эди. Ширинга қарадим. У бугун болалар билан бозорга борганлигини, ҳам ўзига ҳам болаларга керакли диний китоблар сотиб олганлигини айтди. «Жуда яхши иш қилибсизлар», дедим.

Пайғамбарлар ҳақидаги қиссалар алоҳида-алоҳида китоблар ҳолида экан. Ўғлимни ёнимга ўтқазиб олдим-да, китобларни биргаликда кўра бошладим. Асмо ҳам дарҳол бу ёнимга ўтириб олганча уларнинг номини ўқий бошлади. Гўзал қизим, султоним ўқишни анча ўрганиб олганидан, уни исботлашни хоҳлаётганди. Ҳазрати Айюб алайҳиссалом ҳамда Юнус алайҳиссалом ҳақидаги китобларни кўрганимда Саид домланинг сўзларини эсладим. Имон келтирганимиз Аллоҳ таоло ҳамма нарсага қодир эди. Ҳар ишга қудрати етадиган Аллоҳдан эса, ҳеч қачон, ҳар қандай ҳолатда ҳам асло умид узилмасди.

Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ҳақидаги китобни кўрарканман, яна Яратганнинг қудрати ҳақида тафаккур қилдим. Ҳазрати Юнусни (а.с.) балиқнинг қорнидан қутқарган Аллоҳ таоло ҳазрати Иброҳим алайҳиссаломни ҳам оловдан қутқарганди! Муҳими, Аллоҳдан умид узмаслик ҳамда Унга керагича таваккул қила билиш эди!

Овқатдан сўнг соат ўнгача болалар билан ўтирдик. Ҳам суҳбатлашдик, ҳам ҳазиллашиб бирга ўйнадик. Болаларни ухлатганимиздан кейин Ширинга касаллигим ҳақида сўз очдим. Бошим оғришининг сабаби, миямда пайдо бўлган кичик бир шиш туфайли эканини билдирдим. Кўзлари катталашди. Ҳайратга тушди!
– Шишми?..
– Ҳа... Фақат хавотирланишингга ҳожат йўқ, кичкина шиш...

Бир нафас жим бўлиб қолди. Сўнг менга қаради. Мен ғоят сокин эдим. Нигоҳларимда на бир ваҳима, на бир қайғу бор эди. Сўзларим билан ҳолатим орасида бир боғлиқлик кўришга уринар, лекин кўролмасди!..
– Докторлар нима дейишяпти?
– Шиш эканлигини ҳаммаси тасдиқлашди. Ҳаётий хавф бор-йўқлиги борасида эса, фикрлари турлича.
– Масалан қандай?
– Баъзиси олти ойдан сўнг хавф бошланади дейишса, баъзилари олти йилдан кейин дейишмоқда. Яъни аниқ бир фикр йўқ.!..

Кўзларига ёш тўлди. Титроқ бир овозда:
– Олти ойми?.. – деди.

Хасталигимдан кўра кўпроқ унинг аҳволига ачиндим. Шамолда қолган кичик бир майсадек, нафис бир чечакдек титрарди...
– Ширин, ҳаётим, бу бор-йўғи бир докторнинг фикри холос. Ахир айтдим-ку, балки олти ой, балки олти йил деб. Ким билсин, балки ўттиз олти йилдир!.. Инсоннинг қачон ўлишини фақат Аллоҳ билади. Шунингдек биз мусулмонмиз. Ҳар лаҳза ўлимга тайёр туришимиз керакмасми?

Боши билан «Ҳа», деган ишорани қиларкан, ўксиб-ўксиб йиғлай бошлади. Унинг аҳволини кўриб, мен ҳам йиғидан ўзимни аранг тийдим. Ёнига ўтирганча, бошини кўксимга босдим. Бир қўлим билан бошини силарканман, иккинчиси билан кўз ёшларини арта бошладим.
– Мени тингла, азизам!.. Сен билан бу дунёда жуда бахтиёр умр кечиряпмиз. Аллоҳ сендан рози бўлсин! Сен ниҳоятда меҳрибон рафиқа, тушунадиган турмуш ўртоғимсан. Аммо бу биргаликдаги ҳаётимиз абадий жаннатда ҳам давом эца, янада гўзал бўлади. Умид қиламанки, биз буни Аллоҳнинг кўмаги ила амалга оширамиз, иншаоллоҳ. Кўксимга қўйилган бошини ўзимга қаратдим. Ёшланган кўзларига муҳаббатла боқдим. Ўнг қўлим билан ўнг қўлини секингина сиқиб: «Гапирсанг-чи, буни амалга оширамизми?»дедим.

Бир муддат тутилиб қолди. Кўзларимга тикилди.

Нигоҳларимиз бир-бирига қадалгандек эди гўё. Бир-биримизнинг нафақат кўзларимизга, балки кўзларимизнинг ичига қараётгандек эдик. Аёл билан эркак бирлашди деганлари шу бўлса керак.

Қўлимни секингина сиқиб: «Иншаоллоҳ, иншаоллоҳ амалга оширамиз», деди.

Шу зайл яна бир неча соат ўтирибмиз.

Унга Саид домла ҳақида гапириб бердим. Исмоилнинг дўконида у билан учрашганимизни ҳамда қилган баъзи суҳбатларимиз ҳақида айтдим. Бугун унга каттагина миқдорда пул бермоқчи бўлганимни, бироқ қабул қилмаганини билдирдим. Ширин ҳайрон қолди. «Ҳайратланарли ери йўқ, у киши биздан кўра бой», дерканман, пули кўп кишилар эмас, ҳақиқий қаноатли инсонлар бой эканликларини тушунтирдим. Сўзларимни самимият билан тинглагач, домлани бирор кун уйимизга меҳмонга таклиф қилишимни сўради. «Иншаоллоҳ», дедим.

Суҳбатимиз якунлангач, хуфтон намозида қоим бўлдик, сўнг уйқуга ётдик. Ўнг томонимда индамасдан ётган хотиним ухлаётганмиди, йўқса ўзини ухлаганга солиб ётганмиди, билмасдим. Бироқ мен ухлаёлмай ётгандим. Саид домла билан қабристонда учрашган ўша кунни ва ўша дамдаги аҳволимни ўйлардим.

У кун гўзал, ғоят гўзал туйғулар ичида эдим. Ҳеч қачон ўзимни Аллоҳга ўша кундагидек яқин ҳис қилмаган, ҳеч қачон ўша кунда қилганимдек сидқидилдан дуо қилмаган эдим. Қалбимдан юксалган бир илтижо билан «Аллоҳим, менга ёрдам бер, Аллоҳим менга ёрдам бер!..» дер эдим. Сўнгра, сўнгра эшитганим ўша овоз!..

«Ёрдам керакми?»

Бу тасодиф бўлиши мумкин эмасди. Аввал ўқиган баъзи тасаввуфий ҳикояларни эсладим. Муридларига ёрдамга етишган муршидлар ҳақида ёзилганди уларда. Тўғри-да, зотан мен Исмоилнинг дўконига унинг муршиди ҳақида сўраш учун боргандим. Ва у ерда яна айни инсонни, қидирганимни топгандим!.. Яъни Саид домла эди. Буларнинг ҳеч бири тасодиф эмасди. Ҳаяжонланганимни ҳис қилдим. Гўё бир мўъжизага, ҳақиқий мўъжизага рўпара келгандек эдим. Саид домлага бўлган фикрим, муносабатим ўзгара бошлаганди. У оддий кишилардан эмасди!..

«Аллоҳим, Сенга сиғинаман, фақат Ўзингга сиғинаман», дея дуо қилардим. Нега бундай дуо қилганимни ўзим ҳам билмайман. Ҳарҳолда, бундай нозик мавзуда янглишишни, хато қилишни истамасдим.

Қайта-қайта Аллоҳга сиғиндим, Унга таваккул қилдим ва таваккул туйғуси ичра уйқуга кетдим.

Саид домланинг олдига боряпман.

Унинг ёнига бориб, яхшилаб суҳбатлашмоқчи, масалага ойдинлик киритмоқчи эдим. Тўрвалига келганимда шошиб қолдим. Чунки унинг қаерда яшашини билмайман-ку! Машинадан тушиб, маҳаллаларни айлана бошладим. Йўл ёқасида бир қашшоқ кишига кўзим тушди. Бориб садақа бердим. У садақани олгандан сўнг, менга қараб:»Ҳув анави ерда турган оқ автобусга чиқасиз», деди. Унинг гапларидан ҳайратга тушдим, лекин унга ҳеч нарса демасдан айрилдим. Тўғри у айтган автобуснинг ёнига бордим. Қаерга боришини сўрамасдан автобусга чиқдим.

Автобус худди менинг чиқишимни кутиб тургандек, дарҳол қўзғалди. Тўрвалидан чиқиб, тоғли бир йўлдан кета бошладик. Қаерга, қайси манзилга кетаётганимизни

билмасдим, аммо ички бир туйғу билан Саид домлага яқинлашаётганимни ҳис қилардим.

Атроф бирдан қорайди. Бир муддат бу ерости йўлининг тугашини кутдим. Фақат бу узун қоронғу йўлнинг ҳеч поёни йўқдек эди. Ташқаридан одамларнинг овозлари, фарёдлари кела бошлади!.. Даҳшат билан ташқарига қарадим. Шунда бу қоронғу йўлнинг ғира-шира бурчакларида гуруҳ-гуруҳ бўлиб турган турли одамларга кўзим тушди. Баъзилари гаплашиб ўтиришарди, баъзилари шароб-ичкилик ичишар, яна қайси бирлари рақсга тушишарди!..

Қичқириқлар, у қўрқинчли фарёдлар шуларники эди, бироқ ўзлари бунинг фарқига боришмасди!..

Бу ваҳима уйғотувчи фарёдлар ўзлариники эканидан мутлақо бехабар ҳолда тинмай сўзлашар, кулишар, ўйинга тушишарди!..

Автобус тўхтади.

Чиптачи эшикни очганча, ташқарига қаради. Йўловчи олмоқчига ўхшарди. Ғира-шира бурчаклардаги инсонларга қайта қаради. Сўнгра ўнг қўлини қулоғига теккизганча азон чақира бошлади.

Ҳайратдан қотиб қолдим!..

Кўз ўнгимда содир бўлаётган ҳолатни анграйганча кузатиб турардим. Ташқарига қарадим. Жуда кўп инсон азон овозини эшитмасди. Азон овозини эшитган баъзи бирлари эса, бир ҳаракат билан ўтиришларини сал тузатар, сўнг яна гапиришда, кулишда давом этишарди.

Азон тинди!..

Ҳеч ким келмади, ҳеч ким автобусга чиқмади!..

Нимадандир хафа бўлганимни, кайфиятим тушганини ҳис қилдим. Ва автобус ўрнидан қўзғалди.

Чиптачига қарадим. Орқадаги ўриндиғига ўтирганча тасбеҳ ўгирар, нималардир деб пичирларди. Ташқаридаги қичқириқ ва фарёдлар яна-да юксалди!.. Кўзларим автобуснинг эшигига тушди-ю, даҳшатдан сесканиб кетдим!.. Эшик ланг очиқ эди!.. Баландликдан қўрқадиган киши, юксак бир ердан туриб, жарликка қараганда қандай қўрқса, худди шундай ваҳима билан очиқ қолган эшикдан кўз узолмасдим!.. Гўё, қандайдир бир мавҳум куч мени шу эшикка томон тортаётгандек эди!..

Ўтирган ўриндиғимга маҳкам ёпишиб олдим.

Ўриндиқнинг қопламасини чангаллаб олган қўлларимни озгина бўшацам бас, шамол учирган бир пардек автобусдан ташқарига чиқиб кетишимни, отилиб кетишимни ҳис қилардим. Чиптачига: «Ҳой биродар, эшикни ёпсангиз-чи!» дея ҳайқиргим келди. Бақириш учун оғзимни катта қилиб очдим, ҳайқириш у ёқда турсин, оғзимдан ҳаттоки бир товуш, сас-садо чиқмади. Гўё оғзим улкан бир бўшлиқдан иборатдек эди. Бу бўшлиқда на нафас , на-да бир ҳаво бор эди.

Гўёки фазода эдим. Ҳавосиз бўшлиқда гапиришнинг иложсизлигини энди фарқлаётгандек эдим!.. Кўзларимни мўлтиратиб чиптачига қарадим. У ҳам менга қараб турар, лекин индамасдан тасбеҳ ўгиришда давом этарди!.. Шу қўрқув, шу ваҳима ичида якка-ёлғиз қолгандим. Аҳволимдан ўзим ҳам ачиниб кетдим. Ўзим учун, чорасизлигимдан ўкиниб йиғлай бошладим.

Шунда ақлимга бирдан Раббим келди!.. Дарҳол, Аллоҳни эслашим билан, «Ё Раббим, ёрдам бер!..» дея ҳайқирдим. Овозим барча товушларни, фарёдларни босиб кетди, бутун чинқириқларни тўхтатди!..

Бундан ўзим ҳам ҳайратда қолдим. Ҳозиргина ҳайдовчи ёрдамчисига гапирмоқчи бўлиб, бир товуш чиқмаган оғзимдан, бундай гумбурлаган овоз қандай чиқиши мумкин?!.

Чиптачига қарадим. Ҳайқириғимни эшитган бўлса керак, у ҳам менга жилмайганча боқиб турарди. Шунда ёнимдан, шундоқ ёнгинамдан бир овоз келди: «Ёрдам керакми?»

Аллоҳим!.. Яна ўша таниш овоз эди! Яна худди ўша сўз эди!

Тош қотиб қолдим!..

Оташ бўлиб ёнаётган вужудимни ҳаётбахш сувга киргандек ҳис қилдим шу лаҳзада. Бутун жисмим роҳатлангандек бўлди. Севиндим дейишим, бир оз қуйироқ таъриф бўлиб қолади. Чунки севинишнинг қандай юксак туйғу эканлигини ҳис қилдим! Гўё ҳар бир ҳужайрам севинч ичра ҳаракат қиларди!

Бошимни секин-аста овоз келган тарафга бура бошладим. Бошимни бурганим сайин атроф ёришар, автобуснинг ичи ойдинлашиб, ернинг устига чиқиб борарди.

Шундоқ ёнгинамда ўтирган киши Саид домла эди!.. Ҳеч бир сўз демасдан менга қарар, жилмайиб турарди. Юзидан таралаётган нур, автобуснинг ичини ёритиб юборганди гўё!.. Нигоҳлари эса, умуман бошқача эди. Менга жуда олисдан, бошқа бир оламдан қараётгандек кўринарди.

Бу муборак кўзларга тик қараб гапиролмасдим!.. Туйғуларимни биргина ҳаракат билан изҳор қилиш мақсадида қўллари томон эгилдим. Бу муборак инсоннинг қўлини ўпмоқчи, қайта-қайта ўпмоқчи эдим. Шу пайтгача ҳеч бир кишига бундай муносабатда бўлмагандим. Бироқ энди шундай қилмоқчи эдим, қилишим керак эди!.. Чунки Саид домла ҳеч кимга ўхшамаган муборак бир инсон эди. Ичимдаги туйғуларим, ҳиссиётларимни билиб турганга ўхшарди!..

Ҳурмат билан эгилдим, эгилдим, эгилдим!..

Бироқ, ғалати бир ҳолат рўй берди!.. Мен домланинг қўлига қанчалик эгилсам, қўл мендан шунчалик узоқлашарди. Гўё чексиз бир бўшлиққа эгилаётганга ўхшардим! Бироқ нима қилиб бўлмасин, мен бу қўлни ўпишим керак эди. Кўзларимни юмганча ўша чексиз бўшлиққа, ундаги қўлга томон талпиндим.

Мана ниҳоят унинг қўлини тутдим!.. Дарҳол лабларимга босганча ўпа бошладим. Бироқ, яна ҳайратим ортди. Мен қўлни ўпганим сайин қўл қаттиқлашиб борарди!..

Кўзларимни очдим. Тубсиз бир жарликнинг лабида турардим!.. Ушлаганча ўпаётганим қўл эса, ҳайкалнинг қўли эди. Сочи кўпикка ўхшайдиган қандайдир бир одамнинг ҳайкали эди бу!..
– Бу ёққа кел!..

Овоз келган тарафга ўгирилдим. Саид домла сал нарироқдаги бир дарахтнинг тагида ўтирарди. Айб иш қилиб қўйган боладек унинг ёнига бордим. Нигоҳлари ўткир ва ғазабнок эди!.. Ўзига яқинроқ ерни кўрсатганча, «Ўтир!» дея ишора қилди. Ўтирдим.

Бир ўралган кичик қоғозни олдимга ташлади ва: «Буни ол, бу мени танишинг учун!» деди.

Ҳайрат ичра қоғозни оларканман, сўрадим:
– Бу нима?
– Фақатгина мен қилган бир иш...

Қўлимдаги ғижимланган қоғозга қараб турар, очишга журъат қилолмасдим. Мўъжизага, аниқ бир мўъжизага рўпара келаман, дея ўйлардим. Бу кичик қоғознинг ичида нима ҳам бўлиши мумкин?.. Олмосми, ёқутми? Бу олийжаноб, бебаҳо инсон йўқса, бир оддий тошни ёқут ҳолига, олмос ҳолига келтирганмикин?..

Қўлларим титраганча оча бошладим. Ниҳоят очдим. Тилим айланмай қолгандек бўлди!.. Негаки, қўлимдаги қоғознинг ичида бир нажас, ёнғоқдек катталикда инсон нажаси турарди!.. Ҳам ҳайрат ҳам жирканиш билан унга қараб турарканман, Саид домлага ўгирилганча: «Бу инсон нажаси-ку!..» дедим.
– Ҳа, менинг нажасим.
– Уни нега менга бердингиз?..
– Бир махлуқ эканимни, мен ҳам Аллоҳнинг сенингдек бир бандаси эканимни билишинг учун!..

Нима дейишимни билмай қолдим. Бир сўз демасдан унга термулиб турарканман, яна нигоҳларида кескинлик ва ғазаб намоён бўла бошлади:
– Мен сенга тоғутни, мени тоғут ўрнига қўйишинг, менга сиғинишинг учун танитганмидим? Яхшиямки, пайғамбарларни ва уларнинг мўъжизаларини кўрмадинг! Йўқса, уларга сажда қилган бўлардинг!

Аллоҳим!.. Бу одам нималар деяпти?! Улкан бир уят туйғусининг остида эзилганимни ҳис қилдим. Ер ёрилмади, кириб кетмадим!..

Аҳволимни англагандек, ҳолимга ачинганидан бир оз юмшоқ оҳангда гапира бошлади:
– Менга қара, эй йигит! Инсонни ҳамма ерда кўриб турадиган, ҳар ерда эшитадиган ва барча дуоларни ижобат қиладиган фақатгина ёлғиз Аллоҳдир. Дуоларни қабул қилувчи Парвардигор, Ўзига илтижо қилган Нуҳ алайҳиссаломни кема, Ҳазрати Юнус алайҳиссаломни эса, балиқ орқали қутқарди. Ҳазрати Нуҳнинг қутилишини кемадан деб билишимиз қанчалик аҳмоқлик бўлса, Юнус алайҳиссаломнинг қутилишини балиқдан деб билишимиз ҳам худди шундай ақлсизликдир! Ягона қутқарувчи, қутилиш василаларини яратган Аллоҳнинг Ўзидир! Қутилишларини сабабдан деб билганлар эса, ўша сабабларни илоҳлаштирган гумроҳлар, жоҳиллардир. Тушундингми?

Тушундим дегандек, бошимни қимирлатдим. Бу ҳаракатимдан қаноатланмагандек, такрор сўради: «Англадингми?» Секингина «Тушундим», дедим. Бу сафар бақирганча сўради: »Тушундингми деяпман!» Мен ҳам «Ҳа, тушундим, тушундим!» дея бақирганча жавоб бердим. Ва ўзимнинг овозимдан, ҳайқириғимдан уйғониб кетдим.

«Англадим!..»

Икки-уч ҳафта кўрган тушимнинг таъсиридан чиқолмай юрдим. Ҳеч кимсага бу туш ҳақида гапиришни, ҳеч кимдан унинг таъбирини сўрашни истамадим. Чунки, бу туш мен учун ғоят аниқ ва тушунарли эди. Фақат шу тушга тегишли бўлган «Асмо-ул ҳусна» яъни Раббимизнинг гўзал исмларини, гўзал сифатларини англатган китобни сотиб олдим. Бу китобни ўқирканман, кўрган тушимни ва ундаги воқеа-хабарларни яна ҳам аниқроқ, яхшироқ англардим.

Басир бўлган, Самиъ бўлган, Ҳоди бўлган, Қодир бўлган, Молик бўлган фақат ва фақат Раббимиздир! Буюк бўлган Парвардигоримизнинг ҳар қайси сифатидан бирини бир инсонга, бир махлуққа нисбат этиш, у инсоннинг ғайбни кўришини, ғайбни билишини гумон қилиш, ҳеч шубҳасиз, ўша инсонни, ўша махлуқни илоҳлаштиришга уринишдир!..

Ҳам нега, нима сабабдан бундай қилишга эҳтиёж туямиз? Бизни зотан ҳар ерда кўрадиган, ҳар ерда эшитадиган, яширин-очиқ ҳар амалимизни ҳаққи билан билган, биладиган бир Илоҳимиз, ягона Раббимиз бор эмасми?!.

Ва шу бир Илоҳимиз, ягона Раббимиз бизга етмайдими?

Ўз-ўзимча кулимсирадим. Кимни айблаётган эдим?! Шу янглишликка тушган, ҳақ йўлдан адашган кимсалардан биттаси ўзим эмасмидим?! Қадрли бир киши бўлган, бебаҳо мусулмон бўлган Саид домла ҳақида турли хил хато фикрларга борган мен эдим. Ҳаттоки, тушни кўргандан, тушимда очиқ хабарни олгандан кейин ҳам, бир лаҳза, бир муддат бу тушни Саид домладан деган васвасага боргандим!..

Тангрим мени кечирсин!..

Ҳеч шубҳа йўқки ҳар хайр, яхшиликнинг ягона соҳиби бўлган Аллоҳдандир. Биз мусулмонлар, ҳар яхшиликни Аллоҳдан деб билишимиз, ҳар хайрни фақат ягона Аллоҳдан кутишимиз керак.

Раббимга ҳамдлар бўлсин, шукрлар бўлсин!..

Аллоҳга бўлган ишончим, эътиқодим баъзи хурофотлардан тозалангандан сўнг, бундай соф эътиқоднинг мусулмонлар учун қанчалик муҳим, қанчалик бебаҳо эканини яна ҳам яхшироқ англаб етдим. Биз яшаётган бу дунёда миллионларча, милярдларча инсон бор. Аллоҳга имон келтириш муҳим, жуда муҳим, бироқ ана шу ишончни қадрли қиладиган унсур, эътиқоднинг ҳар турли бидъат-хурофотдан, ҳар турли ширкдан узоқ бўлиши эди.

Ҳамма нарсанинг ягона эгаси, ҳамма нарсанинг якка Ҳокими Аллоҳдир!..

Инсон учун энг улкан даража, шон-шараф, ширк қўшмасдан Унга қул бўлиши эди!

Ҳақиқий шараф ва иззат мана шудир!.. «Сен кимсан, кимнинг кимисан?» дея сўраганларида, кўзлари билан Аршга ишора қилиб, «Мен Аршнинг соҳиби бўлган Аллоҳнинг қулиман!» дея олиши эди!..

Ва мен, Салжуқ Аллоҳга ҳамд бўлсин-ки, ҳамдимни эшитган Раббимнинг қулиман.

Энди ёлғиз, энди чорасиз эмасман!.. Чунки, ҳар ишга Қодир, ҳамма нарсага Ҳоким бўлган бир Раббим бор! Ана шу Раббим шунчалар марҳаматли ва шунчалар шафқатли эдики, менга, менингдек ожиз-нотавон бир махлуққа азиз бир вакил бўлиши мумкинлигини ваъда қилаётган эди!

Аллоҳнинг бир мўъминга, бир мусулмонга вакил бўлиши!.. Ҳатто тукларимни тикка қилган, вужудимнинг зарра-зарраларигача таъсир қилган, иззат берган бир неъмат эди бу! Оламларнинг Рабби бўлган Аллоҳга йўналиб, «Ҳасбуналлоҳи ва неъмал вакил» деган Салжуқ энди ёлғиз ҳам, энди чорасиз ҳам эмасди!..

Раҳмон ва Раҳим бўлган бир Раббим бордир! Мени ҳар ерда, ҳамма вақт кўриб турган, менга мендан кўра яқин бўлган ана шу Раббим билан биргаликда юрар, бирга ўтирар, бирга яшардим!..

Сенга Сен лойиқ бўлганингдек ҳамд бўлсин, Сенга Сен лойиқ бўлганингдек шукрлар бўлсин эй Раббим!..

Ва орадан анча кунлар, анча ойлар ўтди.

Ўтган ҳафта роппа-роса олти ой тўлганди. Бир неча хил дорилар билан бирга гиёҳларни ҳам ичишда давом этаётгандим. Бош оғриғимда кучайиш ёки сезиларли бир ўзгариш бўлмади. Ўтган шу олти ойлик вақт ичида фақат менда ва менинг оиламда ўзгариш содир бўлганди, оила ҳаётимиз ўзгарганди.

Топ-тоза, нурдай порлоқ бир ҳаёт ичига киргандик. Бу дунёга нима учун келганлигимизни билардик ва шу эътиқодга кўра, шу идрокка кўра яшай бошлагандик. Бизларни тирилтирган ва ҳаётимизга ойдин маънони онггимизда уйғотган бир идрок эди бу.

Хотирасини йўқотган бир инсон узоқ йиллар шу аҳвода яшагандан сўнг, яна хотираси тикланганда нимани ҳис қилса, мен ҳам худди шуни ҳис қилаётгандек эдим. Шу хасталик василаси билан мозийимни, шу дард туфайли «қолу бала»ни, шу касаллик василасидан Раббимни ва Раббимга берган аҳдимни эслагандим.

Ким эканим, нима бўлганим маълум эди энди. Илгарилари соҳиб бўлганим барча «етикитка»ларни, барча сифатларни тарк қилган, фақатгина битта сифатга, фақат бир шахсиятга маҳкам ёпишгандим.

Менга шараф берган, менга иззат берган бу шахсият Аллоҳга қул бўлиш шахсияти эди!..

Бу орада Саид домлани яна икки-уч марта кўрдим. Яна дийдорлашдик, яна суҳбатлашдик, яна иймонлашдик!.. Фабрикага икки марта келиб, барча ишчиларга ниҳоятда гўзал насиҳатлар ва тушунчалар берди. Кўпгина ишчилар билан самимий ва яқин муносабатлар ўрнатди. Гўё уларга мендан кўра яқинроқ, уларни мендан кўра кўпроқ севаётгандек туюлди. Аммо, қизғанмадим! Унга бўлган ҳурматим ва муҳаббатим янада ортди. Қандай гўзал инсон, қанчалар яхши мусулмон эди у!..

Шифокорим Закийбек эса, ўтган ойда автомобил ҳалокатидан вафот қилганди... У менга менинг ўлимим хабарини бераётганида, шубҳасиз ўзининг мендан олдин ўлишини билмаганди!..

Рафиқам Шириннинг қистови билан, пешонамдаги шишнинг ҳолатини ўрганиш учун қайтадан рентген қилдирдик. Аслини олганда мен буни умуман хоҳламагандим. Шиш катталашдими, кичиклашдими, мен учун бунинг аҳамияти йўқ эди.

Бутун диққат-еътиборимни, қизиқишимни Аллоҳга қаратгандим. Ҳаёт томирим Аллоҳнинг қўлида эди. У хоҳлаган пайтида, хоҳлаган шаклида, истаган ерида бу томирни қирқиши мумкин эди.

Ҳатто, ҳозир, шу лаҳзадаёқ кесиб юбориши ҳам мумкин эди.

Раббим шоҳид бўлсинки, бу ўй менга ҳеч қандай қўрқув ёки хавотир бермаётганди. Аксинча қалбимда умид тўла хушнудлик уйғотганди. Чунки мусулмонча яшаш қандай гўзал бўлса, мусулмонча ўлиш ҳам худди шундай гўзал ва хуш эди!..

Раббимнинг олдида бўйним эгилган, юзим ёруғ эди.

Ҳамма нарсанинг мутлоқ соҳиби, мутлоқ Ҳокими ўлароқ фақат ва фақат ягона Раббимни кўрар, шу имон-еътиқод билан йўналган, Раббимга шу ишонч билан қуллик қилишга ҳаракат қилардим.

Шундай ҳолатда ўлиш демак, иншаоллоҳу таоло Раҳмоннинг раҳматига қовушиш деганидир.Чексиз марҳамат соҳиби бўлган Раббимнинг мени ҳақиқий мусулмон шахсида ўлдириши, менга «Эй бандам, энди Мен сендан розиман! Энди сен учун имтиҳон, синов тугади!..» дейиши эди!..

Муҳими бу шахсни, энг аҳамиятли бўлган нарса, бу самимий ва шижоатли мусулмон шахсиятини бой бермасдан, Азроил (а. с.) билан саломлашиш ва ўлим билан қучоқлашиш эди!.. Чунки шундай ҳолатда келган ўлим, Жаннатга ва Жаннатнинг Соҳибига етишиш дегани эди!..

Иншаоллоҳ, иншаоллоҳ ё Рабби!..

Ширин билан такрор шифокорга бордик. Туширилган рентген натижасига кўра, шиш олти ой олдин қандай бўлса, шундан асло катталашмаганди. Шифокорларнинг фикрига кўра, унинг хавфли босқичи ўтган бўлиб, секин-аста йўқолиб кетиши ҳам мумкин экан.

Бу хабарни эшитиб, на севиндим, на хафа бўлдим. Балки сизга ғалати туюлар, лекин миямдги бу шишнинг йўқолиб кетишини сираям истамасдим. Чунки пешонамдаги бу шиш маъдан конларида ишловчиларнинг пешонасидаги ёритгич янглиғ йўлимни ёритган, тўғри йўлни топишимга васила бўлганди!..

Негадир бу шишни яхши кўриб қолгандек эдим. Уни шиш деб эмас, пешонамдаги нур дея қабул қилгандим!..

Қасида

Аршнинг қуббаларига номи нурла ёзилган,
Исми самода Аҳмад, ерда Муҳаммад бўлган,
Етти қават осмонда Ҳақ жамолини кўрган
Аввал-охир йўлбошчи, ё ҳазрати Муҳаммад!
Сизга нур ёмғирлари ёғаркан, етти қатдан
У тунда сиз, дин келган азал қадар узоқдан.
Малаклар ҳар заррага мужда бераркан, Ҳақдан
У тунда сиз туғилган, ё ҳазрати Муҳаммад!
Қуёш ҳам у кечанинг нурига сажда қилди!
Юлдузлар беҳуд бўлиб, коинот важда қилди!
Ҳамду санолар бари Яратганга ўқилди,
У тунда сиз туфайли, ё ҳазрати Муҳаммад!
Каъбада ширк тошлари – бутлар ерга қуларкан,
Жаҳолат байроқлари бари бир-бир синаркан,
Минг йиллик куфр олови абадиян сўнаркан
Қутлуғ қадамингиздан, ё ҳазрати Муҳаммад!
Шу тунда Саъва кўли мўъжизайла йўқ бўлди!
Кисро саройларининг устунлари йиқилди!
Арздан Аршгача олам раҳматингизга тўлди!
- У кеча сиз, дин келган, ё ҳазрати Муҳаммад!
Гўдаклик йўргагингиз оқ булутдан ўралган,
Туғилиб-туғилмасдан, сажда амри берилган,
Бошингизда оламга раҳмат тожи кўрилган!
Коинотнинг сарвари, ё ҳазрати Муҳаммад!
Сизнинг гўзал хулқингиз, ахлоқнинг намунаси,
Гўзал сабр бобида башарнинг энг аълоси!
Ул Жаннат маконингиз, фақирларнинг хонаси!
Кўнгиллар хазинаси, ё ҳазрати Муҳаммад!
Сизга шоҳид ҳақ сўзлар азалдан бери ҳар он,
Сизга шоҳид оятлар ҳар заррада битилган!
Сиздан айро қолмоққа қандай чидасин, бу жон?!
Сиз ҳар жонда жононсиз, ё ҳазрати Муҳаммад!!!
Меърож тунида бир-бир, очилди сизга кўклар,
Салом билан қаршилаб, ҳар қават пайғамбарлар!
Шундай бир он келди-ки, тўхтаб барча малаклар!
Ҳаққа ёлғиз бордингиз, ё ҳазрати Муҳаммад!
Кўнгил кўзи кўр инсон, жон кўзини найласин!
Дунёда дўнмаган тил, Маҳшарда не сўйласин?!
Мавло бутун башарни умматингиз айласин!
Байроғингиз остида, ё ҳазрати Муҳаммад!!!
Ҳақ билан қул висоли, у илоҳий бир тўйда,
Ҳеч кимдан ҳеч кимсага фойда бўлмаган кунда
Хайру-шаррни хос тортган, у тарозу ўнггида
Сиз шафоатчим бўлинг, ё ҳазрати Муҳаммад!
Биламизки, ҳукми йўқ, бу дунё неъматининг,
Кўнгилдир сармояси, охират сарватининг
Сизга саловот-салом йўллаган ҳар умматнинг
Жаннат шоҳиди бўлинг, ё ҳазрати Муҳаммад!!!
Жаннат сари етакланг, ё ҳазрати Муҳаммад!
Жаннатларга етакланг, ё ҳазрати Муҳаммад!