OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМаҳмуд Йўлдошев
Асар номиДунёни ўзгартир (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Маҳмуд Йўлдошев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм13KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/05
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Дунёни ўзгартир (ҳикоя)
Маҳмуд Йўлдошев

Ғалла ортган оғир машиналар ҳар куни тинмай ўтадиган катта кўча тизза бўйи чанг. Оғир машиналар йўлнинг тупроғини Барчин опамнинг упасидан ҳам майинроқ қилиб юборган. Оёқ суқсанг, аввалига куйдиргандай, сўнг олам-олам ҳузур бағишлайди.

Узоқдан келаётган машина, албатта Сайёр аканики бўлиши керак. Биламан, эрталабки рейсдан эндигина қайтиб келяпти. Машина орқасидан чанг эринибгина кўтарилади ва шу заҳотиёқ йўл бўйига оҳиста чўкмоқда. Сайёр ака чарчаган, шунинг учун машинани секин ҳайдаб келяпти.

Машина ёнимга келиб тўхтади. Чангдан қочиб йўлнинг нариги томонига ўтган эдим.
— Офтобда нима қилиб ўтирибсан, — деди Сайёр ака эшикни очишим билан.

Мен шоша-пиша ўриндиққа жойлашдим.
— Сизни кутяпман..

Машина упадай майин тупроқ устидан сувда сузгандай бир маромда гувиллаб юриб кетди. Мен бошқа индамадим. Сайёр ака ҳам тер босган юзини елкасидаги рўмолча билан арта-сурта кетаверди.

Қишлоғимиз катта эмас, йигирма-ўттиз хонадон, ҳаммаси бир қаторда тепалик этагида, офтобрўяда жойлашган. Олдинги қаторда учта иморат, Дўнан бобонинг (асли исми Жўрабой) уйи, кичкина кансорол ва эски мактаб. Қизиқ, улар нимагадир қишлоқнинг олд қаторига ястанган.

Ҳозир мактаб биносида ғалла штаби жойлашган, кансоролга ғалла тўкилган. Бу ғаллалар кансоролнинг олдидаги ҳовлида ҳам тўкилиб ётипти. Уларни кейинроқ топширишса керак, буни мен билмайман. Аммо ҳозир ҳамма ўрилган буғдойни марказга, элеваторга олиб кетишяпти.

Сайёр ака ғалла ўрими бошлангандан буён шу ерда, кансоролда ётиб ҳар куни ғалла ташийди. Индамас одам, кўп гапирмайди, мени машинасига миндириб олади-да, соатлаб гапирмай юраверади. Менинг берган саволларимга «ҳа«, »йўқ» деб жавоб қайтаради, холос. Аммо бизнинг суҳбатимиз тузуккина қовушади. Бунинг сабаби, Сайёр аканинг менинг гапларимга қулоқ тутиши, суҳбатимнинг тутуруғи бўлмаса-да, тинглаши менга ёқса керак. Мен бўлсам анча сергап.

Ойим ғаллачиларга нон ёпади, мен ойимга онда-сонда ёрдам бераман, қолган вақтим Сайёр аканинг машинасида кезиб юрганим юрган. Қишлоғимиздаги мактаб тўртинчи синфгача. Юқори синф болалари бошқа қишлоққа бориб ўқишади. Мен ўқимасам керак. Ёз ўтса Саттор аканинг чўпонларига чўлиқ тушаман-ов. Катта отам шундай деяпти. Катта отам, бу бувам, бизда бувани катта ота дейишади. Ойим бўлса баъзан йиғлаб-йиғлаб, ўқийсан, даданг бўлганда албатта ўқитар эди, дейди. Мен дадамни яхши билмайман. Мен уч яшарлигимда у киши қамалган, кейин қамоқда кимлардир уриб ўлдириб қўйишган.

Ойим мени ўқишга борасан деяпти, шунинг учун чўлиқликка юбормади. Бундан фойдаланиб ёз бўйи Сайёр аканинг машинасида ўзимча ёрдамчи бўлиб юрибман.

Ўтган йили ҳам ғалла ўрими пайтида ғалла ташиган машиналарда юрар эдим. Мели аканинг машинаси янгигина бўлса ҳам негадир кўп бузилар эди. У мен жавоб бермасам ҳам ҳар хил нарсаларни гапираверар, мендан маслаҳат сўрар, ёш боладай негадир бирор гапни бир неча бор такрорлайверадиган одам экан. Бу йил негадир келмади. Келмагани ҳам яхши, мана Сайёр аканинг машинаси эски бўлса ҳам бузилмайди, бузилмаса ҳам негадир Сайёр ака кечқурунлари машинанинг у ер бу ерларини ковлагани ковлаган. Мен катталардай нимаси бузилди, десам, индамасдан, ўн еттини олиб бер, латта қани, ҳа ана, бериб юбор, деб мен билан индамас суҳбат қуради-да, иккимиз машина тузатамиз. Катта отам менинг Сайёр аканинг ёнида ўралашиб юрганимни кўрган пайтлари, Сайёр, шунга машинани ўргат, зора сендай шопир бўлса, ўқишга ҳам энди бормайди, деб қўяди.

Мана, бугун ҳам кечқурун машинанинг аллақаерини Сайёр ака иккимиз тузатдик. Кеч кирганда мен уйга кетдим. Сайёр ака яна далага, комбайнчиларга нон олиб жўнади.

Кечаси юлдузларга қараб ётишни яхши кўраман. Улар жимир-жимир қилишади, бири ўчиб бири ёнади. Яқинда юлдузлар орасида бировининг юриб кетаётганини кўриб қолдим. Юлдузлар юрмайди-ку, ойи, ҳув анави юлдуз юриб кетаяпти, қаранг, қаранг десам ойим ҳам ҳали ухламаган экан, йўқ, у юлдуз эмас, ракета бўлса керак, деди.

Ўшандан кейин «Фан ва турмуш» журналига хат ёзиб юбордим. Ўша тундаги қанақа ракеталиги билан қизиқдим. Хатни Сайёр ака марказдаги почтага ташлаган, жавоби келади.

Ёз ҳам ўтиб кетяпти, яқинда битта эчкимиз йўқолиб қолди, ойим анча йиғлади. Мени ҳам уришди. Мен нима қилайин, подада йўқолибди.

Қишлоқдаги узиқ-юлиқ гаплардан хабар топиб юрадиган, ким билади, балки ўзи чиқарган Шокир ғилай кеча мени Сайёр аканинг ёнида яна кўрди-да, ҳа бола, аканг билан ғалла ташияпсанми, ўрганавер, аканг яқинда даданг бўлиб қолади, деб ўтиб кетди.

Сайёр ака Шокир ғилайга бирон нима демади, машинанинг аллақаеринидир тузатиб бўлиб қўлини латтага артиб турган эди, Шокир ғилайнинг бу сўзларидан кейин латтани машина эшигидаги тирқишга асабийлашиб қистирди-ю эшикни қарсиллатиб ёпди. Мен кабинада эдим. Сайёр ака индамасдан машинани юргизди-да, далага қараб ҳайдади. Менга қараб сен қолмайсанми, деди. Бораман, дедим. Лекин машина кансоролдан ўтиб бизнинг уйга яқин келганда Сайёр ака машинани тўхтатиб, туш, иссиқда нима қиласан, уйга бориб дамингни ол, деди-да, эътирозимга қарамасдан мени ташлаб кетди.

Мен ҳам ҳеч нарса демасдан тушиб қолдим, қарасам Сайёр аканинг авзойи анча бузуқ. Уйга келиб бироз уёқ-буёққа юрдим. Иш бўлмаса нима ҳам қилардим. Уйимиз орқасига ўтсам, кўчада болалар ошиқ ўйнаётган экан. Мен ҳам ошиқ ўйнадим, аммо ўйинни бой бердим, яна уйга қайтдим.

Кечроқ ойим Сайёр аканг билан яна далага борсанг Зариф бобонгдан бир-иккита қовун олиб келгин, деди. Бу менга яхшигина баҳона бўлди-да, кўчага чиқиб қадрдон машинани кута бошладим. Сайёр ака марказдан қайтиб келаётган экан. Мени кўриб тўхтади. Ойим Зариф бобонинг пайкалидан бир-иккита қовун олиб келгин деди, деб кабинага кириб эшикни ёпдим.

Далага қараб кетяпмиз, чанг орқамиздан қувиб етолмайди, бугун сал шамол бор. Машина орқасидан кўтарилган чанг менинг орзуларимдай пўртана-пўртана бўлиб узоқларга бориб ётаяпти. Кабинадан бошимни чиқарганча сочларимни тўзғитиб кетяпман, — Сайёр ака,— дедим. Шамолдан ва бошим кабинадан чиқиб тургани учун товушимни Сайёр ака эшитмади. У томон юзландим.
— Сизга совчи бўлсам майлими?
— Майли,қандай қилиб совчи бўлмоқчисан?
— Сиз ойимни олсангиз биз ҳам раёнга кўчиб кетар эдик, мен сизга ўғил бўлиб ўша ерда ўқир эдим.
— Ҳе, укам, сен совчи бўлолмайсан, катта отанг сенинг айтганингни қилмайди. Бу дунёнинг сен билан менинг тишим ўтмайдиган ўзгармас ишлари кўп, биз уларни ўзгартиролмаймиз.
— Сайёр ака, қўлингизни беринг.

У киши машина мойида қорайиб кетган қадоқ қўлларини мен томон узатди. Бош бармоғини ушлаб кўрдим.
— Эҳ аттанг, сиз Хўжайи Ҳизр эмас-да. Биласизми, катта отам бирон нима керак бўлса, Худодан ўнта сўрасанг бештасини беради, дейди.
— Балки, — деб кулиб қўйди Сайёр ака.
— Сайёр ака, агар мен бир думалаб Дев бўлиб қолсам, ўшанда бу дунёнинг кўп ишларини ўзгартирган бўлардим.

Сайёр ака мен томон ўгирилиб, сочларимни силаб қўйди. Негадир ҳўрлигим келди. Ўкириб юбормаслик учун бош бармоғимни қаттиқ тишладим. Бироқ барибир кўзларимдан ёш чиқиб кетди.