OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМаҳмуд Йўлдошев
Асар номиСенга ойи бўлолмайман, Олакўз (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Маҳмуд Йўлдошев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм14KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Сенга ойи бўлолмайман, Олакўз (ҳикоя)
Маҳмуд Йўлдошев

Мактаб бошланишидан олдинроқ мактабга эртароқ боришни ҳамма болалардай мен ҳам орзиқиб кутаяпман. Ахир, анча вақтдан буён учрашмаган жўралар билан учрашаман. Аммо, ич-ичимда биринчи сентябр тезроқ келмаса, энг бўлмаганда яна бир икки кун кечикиброқ келса дейман. Бунинг сабаби бор. Менга оқ матодан шим тикиб беришаяпти. Нимагадир у ҳеч битавермайди.

Ойим тирик бўлганларида бундай бўлмасди. Эҳ ойижоним. Мана, бир ярим йилдан ошаяпти, биз дадам, бувим, бу йил иккинчи синфга борадиган синглим билан бирга турамиз. Бувим қари, кун бўйи уриниб фақат бизга ош қилиш ва нон ёпишга кучи етади.

Биз бу қишлоққа яқинда кўчиб келганмиз, бир кишининг ҳовлисида яшаяпмиз. Ўзимизнинг қишлоқ даштда, дадамнинг ишлаши учун бу ерга, сувликорга кўчиб келдик. Дадам ҳар куни эрталаб ишга чиқиб кетадида, кун қорайганда кириб келади. Бу ерда ҳамманинг ҳовлисида сабзи, пиёз, картошка узуми бор. Биз ҳам озгина сабзи ва бироз пиёз экканмиз. Бувим сабзи ва пиёз экилган жойнинг атрофига ошкади экди. Улар жуда катта палак отар экан. Ошкадининг орасига тушган бодринглар каттармасданоқ уларни биз синглим иккаламиз узиб олиб еб турдик. Қўшниларникида бодринг помидорлар кўпу, аммо ҳар куни сўрайвермайсанда. Мол ҳайдаб чиққанда болалар қўлларида бодринг, помидор, узум, олма ушлаб чиқишади.

Бари бир мен кутмаганим бўлди, ўқиш ҳам бошланди, аммо биринчи сентябрга янги шим кийиб боролмадим. Эзилиб қанча йиғлаб олганимни билсангиз эди, бувим ҳам йиғлади, аммо нима ҳам қиламиз, қўлимиз калта эмиш.

Мактаб бошланишга бошландию, аммо болалар пахтага чиқиб кетди. Йўқ, бир кун ўқидик. Иккинчи сентябрдан ҳамма пахтада. Фақат биринчи, иккинчи ва учинчи синфлар тушгача ўқийди, тушдан кейин улар ҳам пахтада. Мен ич-ичимдан эски қишлоқдаги мактабимизни қўмсаб кетдим. Ахир биз у ерда пахтага чиқмасдик. Тушгача ўқиб тушдан кейин бекор эдик.

Пахта теришга жуда қизиқиб тушдим. Аммо, тушгача терган пахтам болалар терганининг ярмича ҳам бўлмапти. Синф раҳбаримиз сал койигандай бўлди, аммо биринчи бор пахта тераётганимни эслаб бўлса керак, «тушдан кейин яхшилаб ҳаракат қил», деб қўйди.

Болалар билан бирга ўтириб ариқнинг бўйида тушлик қилдик. Ҳамма ўзи билан олиб келган нарсаларни умумий дастурхонга қўйди, баъзиларнинг олиб келган оқватлари менинг иштаҳамни очиб юборди. Аммо умуман олганда мен унчалик уялмасам ҳам бўлар экан.

Бари бир менинг олиб келган нарсаларим бошқаларникидан анча камлигини кўриб анча уялдим, шунинг учун тушлик қанчалик шовқин сурон билан ўтмасин бироз тортиниброқ овқатландим. Кейинчалик болалар майда майда гуруҳларга бўлиниб кетишди. Пахта теришнинг ҳам ўзига яраша гашти, урф одати, қонун қоидалари бор экан. Синфимизнинг болалари бир синфдан бўлишига қарамасдан ёз бўйи майда-майда гуруҳларга бўлиниб пахта теришар ва бирга ўйнашиб бирга овқатланар экан. Мен ҳали у гуруҳда, ҳали бу гуруҳда аралашиб юрдим. Бари бир ҳеч бир гуруҳда ҳам ўзимни эркин сеза олмадим, бошқа қишлоқдан келганлигим ҳали сезилиб турар эди. Аммо кўпинча қизлар орасида, қизлар гуруҳида кўпроқ бўлардим. Бунинг сабабини кейинчалик сездим.

Ғамгин, ғарибона камтар кўринишим, бошқаларга маъюс қараб турадиган катта-катта кўзларим қизларга ёқар экан. Менинг пахта теролмаслигимни, даштдан келганлигимни билиб олган катта синф қизлари ўз гуруҳларида кўпроқ олиб юришар эди. Улар орасида юриб тезгина лақаб ҳам орттирдим. Кейинчалик ҳамма менинг исмимни айтиб эмас «Олакўз» деб чақиришадиган бўлди. Дам олишга ўтирганларимизда улар мени тинмасдан шеър ўқитар, бунча кўп шеърларни ёд билишимга ҳайрон бўлишарди. Мен эса ғамгин ёшлигимнинг ҳамроҳи бўлган китоблардан ёд олган мунгли шеърларни уларга ёддан айтиб беришни ўзим ҳам ёқтирардим.

Ёшлигимдан китоблар орасида ўсганман, уйимизда эски газеталар, дадам қаерлардандир олиб келган эски журналлар кўп бўлар эди. Уларни бир бошидан ўқиш ва ичидан топилган шеърларни ёдлаш мен учун қийин иш эмас, аксинча ўта ёқимли машғулотим бўлар эди.

Бувим эскича китобларни ҳам ўқишни ўргатган эди. Лутфийнинг баёзи, «Минг бир кеча» ва бошқа уйимиздаги кўплаб китоблар менинг ёшлигимни безаган. Аммо эскича китобларни ўқий олишимни уйдагиларимиздан бошқа ҳеч ким билмас, бу ҳақда ошкора гапирилмас эди. Бувимнинг айтишига қараганда етти авлодим китобга тикилиб ва китоб титкилаб ўтган одамлар бўлган экан.

Нима ҳам бўлдию, бир куни бир бола билан сал жиғиллашиб қолдик. Мен бир мушт урган бўлсам у икки мушт ургандир, ҳар ҳолда жанжал пахтазорда қолди, аммо ўша-ўша мен бутунлай катта синф қизлари қарамоғига тушиб қолдим. Улар мени ўз панасига олиб пахта теришимда ёрдам берар, ширин-ширин мевалар билан сийлашар шу билан бирга шеър ўқитишни ҳам канда қилмас эди.

Қизлар орасида менга энг ёқадигани, энг чиройлиси, энг теримчиси ва менга ўхшаш ғамгин руҳда юрадиган Ойсулув холам ҳақида узоқ йиллар ўтишига қараасдан бугунлари ўйласам ҳам юрагим эзилиб кетади. Холам дейишимнинг сабаби, у киши бувимнинг айтишига қараганда узоқроқ қариндошимиз ҳам бўлар экан. Биз бир биримиз билан танишиб олганимиздан кейин доимо бирга юрадиган бўлиб қолдик. Ойсулув холам бу йил мактабни битириши керак. Ҳар куни менга бир икки этак пахта беради, қорним оч тўқлигидан ҳам хабар олиб туради.

Одамнинг бу қадар меҳри илиқ бўлишини илгари билмас эканман. Бунинг сабаби балким ойимнинг йўқлигидан ва қайси бир сабаблар билан Ойсулув холамнинг мени яхши кўришидандир. Нима бўлганда ҳам пахтазордан ойимни топиб олгандай руҳда юраман, менга пахтага чиқиш ойимнинг олдига боришдай бир ҳолатга айланиб қолди.

Тонг эрталаб далага келгандан Ойсулув холамни топаманда, узиқ юлиқ уйдаги янгиликларимни айтиб бераман, дадам қаердандир топиб келган китобни фартугимдан чиқариб Ойсулув холамга сирли кўрсатаман. Китобни олиб бироз варақлайдида, «маллимлар кўриб қолишмасин», олиб қўйишади, деб пахта теришга тушиб кетади.

Мен ҳам пахта тераман, аммо менинг терган пахтам сира-сира ўнмайди. Кейинги пайтларда ўқитувчилар қаттиқ-қаттиқ уришадиган ҳам бўлишди. Айниқса бир марта далада китоб кўтариб юрганимни кўриб қолишгандан кеийн бу ҳол аёвсиз тус олди. Нима ҳам қилардим. Пахта даласи китоб ўқийдиган жой эмас. Тўғрида, пахта оз терилса ўқитувчилар ҳам гап эшитишсалар керакда.

Пахта даласида юрган болакайда нима янгилик бўларди, кундалик янгиликлар айтилиб бўлганидан кейин Ойсулув холам мендан ойим тўғрисида жуда кўп сўрар, у киши тўғрисида қанчалик кўп гапирсам шунчалик берилиб тинглар эди. Айниқса ойимнинг дадам билан муомалалари, уларнинг бир бирларини сизлаб гапиришлари ҳақида сўрар, бирон воқеани эслаб айтиб бера бошлаганимда, кутилмаган саволлар билан воқеанинг тафсилотларини сўрашни яхши кўрар эди. Ойим касал бўлиб ётган пайтлари дадамнинг қишда қовун топиб келгани, бунга ойимнинг қувонгани Ойсулув холамнинг хаёлларини паришон қилиб юборганинига ҳайрон бўлиб кузатганман.

Бир куни Ойсулув холам билан эрталабдан пахта теришга тушиб кетдик. Кундалик янгиликлар айтилиб бўлди. Мен бир агатнинг ҳали бошидаман, Ойсулув холам икки агатни тозалаб қайтиб келмоқда. Биз қарама қаршида учрашдик ва яна нималарнидир гаплашиб турган эдик, менинг кўзларимга бирдан ёш келиб кетди. Чунки қаршимда турган Ойсулув холам бирдан ойимни жуда-жуда эслатаётганини кўриб қолдим. Иккаламизнинг ҳам этагимизда пахта бор. Мен эмраниб бориб Ойсулув холамнинг этагидан ушладим, хола менга жуда-жуда ойимни эслатаяпсиз, менга ойи бўлсангиз қандай яхши бўлар эдия, деб юборганимни ўзим ҳам билмай қолибман.

Холам сесканиб тушди, аммо мени бирдан бағрига босиб мунгли бир овозда «сенга ойи бўлолмайман Олакўз», деди.