OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМари Роберц Райнҳарт
Асар номиЛаб бўёғи (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Криминал беллетристика
Муаллифлар
   - Мари Роберц Райнҳарт
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонГулнора Матязова (Инглиз тилидан)
Ҳажм54KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/05/16
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Аннотация
Мари Робертс Райнҳарт 1876 йил 12 августда Пенсилваниянинг Алегени шаҳрида туғилган. Ёзувчининг детектив асарлари шу қадар машҳур бўлганки, уни Американинг Агата Кристиси деб улуғлашган. Мари Робертс Райнҳарт ижоди Америка миллий адабиёти тарихида ўзига хос босқич ҳисобланади. Қуйида эълон қилинаётган асар ёзувчининг дастурий асари бўлиб, бевосита инглиз тилидан ўгирилган.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Лаб бўёғи (ҳикоя)
Мари Роберц Райнҳарт

Мен терговдан сўнг уйга пиёда, кўринишидан анча чўкиб қолган ойим эса машинада қайтдик.

Холаваччам Элинор Ҳаммонд ҳаётини бахтли ўтказганди. У ҳар тонг бугун қандайдир энг бахтли воқеа рўй беради деб уйғонар, тўшакда керишиб ётганча, кийиниш хонасидаги толиққан бечора Фредга мурожаат қиларди:

– Балки танишларимизни бирор нима ичишга таклиф қилармиз, Фред?

– Сен нима десанг шу, севгилим,

Элинорнинг ҳар қандай хоҳиши Фред учун қонун эди. Мен унинг терговчи олдидаги – чуқур қайғуда бўлган, ўйлашдан тиришиб кетган юзини эсладим.

– Мисс Ҳаммонднинг ўз жонига қасд қилиши мумкинлиги борасида бирор шубҳа борми?

– Йўқ, мутлақо йўқ.

– Унинг соғлиғида ташвишли ҳеч нарса йўқмиди?

– Йўқ. У ўзини ўта соғлом ҳис этарди.

– У доктор Барклай қабулига қатнаган экан-ку.

– Ҳа, у бироз толиққанди, – нохушлик билан деди Фред.

Лекин Элинор доктор Барклайнинг офисидаги ўнинчи қаватда жойлашган кутиш хонасининг деразасидан ё итариб юборилган, ё ўзини ташлаганди. Эксперт ҳам у ўзини деразадан ташлаганига аниқ ишонарди.

Ўша куни фақат ҳамширагина уни кўрган экан.

– Ўша куни кутиш хонасида бошқа ҳеч ким йўқ эди, – деди у терговчига. – Доктор бир беморни кўраётган эди. Мисс Ҳаммонд дераза ёнида ўтирганди. Шляпасини ечиб қўйиб, сигарета тутатди-да, журнал варақлай бошлади. Мен эса хонамга кирдим, кейин уни кўрмадим...

Ҳамшира кичкинагина, ёқимтой қиз бўлиб, оппоқ оқариб кетган эди.

– Хонасидаги бемор чиққанидан сўнг, доктор қўнғироқ чалди. Мен Мисс Ҳаммондни чақириш учун кутиш хонасига бордим. У ерда ҳеч ким йўқ, фақат унинг шляпаси бор эди, лекин сумкаси кўринмасди. Кейин... – У сўзлашдан тўхтади-да ютиниб олди. – Кейин мен одамлар шовқинини эшитиб деразадан пастга қарадим.

Терговчи бироз вақтдан сўнг сўради:

– Нима деб ўйлайсиз, мисс Комингс, ўша куни Ҳаммонд хоним руҳан сиқилган ҳолатда эдими?

– Менимча, у ўша куни жуда хушчақчақ эди, – деди у.

– Унинг ёнидаги дераза очиқмиди?

– Ҳа. Лекин у ўз жонига қасд қилганига ишонолмайман...

У йиғи аралаш сўзларди ва ҳамма билган нарсаларини айтиб бергани кўриниб турарди.

Навбатдаги гувоҳ ҳозиргина келган доктор Барклай эди. У қирқ ёшлар чамасида бўлса-да, ўз кўринишини яхши сақлаб қолган эди. Элинорни жуда яхши билганим учун бу ҳол мени ҳайрон қолдирмади. Элинор чиройли эркакларни ёқтирарди, унчалик чиройли бўлмаган Фред эса бундан мустасно эди. Ёнимда ўтирган ойим ҳам докторнинг чиройли кўринишига эътибор қилган экан:

– Мана, аслида қандай, – деди у норози овозда. – Элинорнинг руҳшуносга бўлган эҳтиёжи худди менинг учинчи оёққа бўлган эҳтиёжим каби кучли экан.

Ўша куни эрталаб доктор Элинорни ҳали кўриб улгурмаган экан. У қўнғироқни чалгандан сўнг ҳеч ким киравермагач, ўзи кутиш хонасига чиқибди. Қараса, деразадан пастга қараётган мисс Комингс бирдан қаттиқ бақириб юборипти. Яхшиямки Томпсон хоним ўша пайти келиб қолиб уни бироз тинчлантирибди.

Доктордан Элинорнинг ташрифи ҳақида сўралганда, у шундай жавоб қилди:

– Менинг асабий ва ташвишли беморларим жуда кўп. Мисс Ҳаммонд ҳам бу ҳолатда кўп йиллар бўлган.

– Ҳаммаси шуми? У ўзини ташвишлантираётган бирор аниқ нарса ҳақида гапирмаганмиди?

Доктор мийиғида жилмайиб қўйди:

– Ҳаммамизнинг ўз ташвишимиз бор. Баъзилари хаёлий, баъзилари эса ҳақиқий. Лекин мисс Ҳаммонд фавқулодда ажойиб аёл эди. Мен унга дам олишга боришни маслаҳат бергандим ва бунга амал қилишига ишонар эдим.

Унинг овози илиқ ва таъсирли эди. Фред эса ундан кўз узмасди.

– Сиз у ўз жонига қасд қилиши мумкин деб ҳисоблайсизми?

– Йўқ, ҳеч қачон.

Доктор Элинорнинг хаёллари ҳақида ҳеч нарса деёлмасди. Унинг беморлар билан алоқаси сир сақланиши керак эди. Лекин аҳамиятга молик бирор гап бўлганида, албатта айтган бўларди.

Доктор бизнинг ёнимизга келиб ўтирди ва кейинги гувоҳ чақирилди. У – ҳамширани овутган Томпсон хоним эди.

– Мен докторнинг хонасини тозалаш учун ҳафтада бир бор бориб тураман, – деди у. – Ўша куни менга олдиндан пул керак бўлиб қолганди, шунинг учун унинг олдига боргандим.

Хоним келганидаёқ докторнинг ёнига кирмаган экан. У кутиш залида ҳали бир бемор, Элинор борлигини кўрган ва кутиш учун бошқа иссиқроқ залга кириб ўтирган. Бироздан кейин, доктор қабулидаги бемор аёл чиқиб, пастга тушиб кетганини кўрган. Бир-икки дақиқа ўтиб-ўтмай ҳамширанинг даҳшатга тушиб бақирганини эшитган.

– Борсам, ҳамшира деразадан пастга қараб қичқираётган экан, – деди у. – Шу пайт доктор ҳам югуриб чиқди ва биз уни стулга ўтқиздик. «Кимдир деразадан йиқилиб тушибди, – деди ҳамшира, у қаттиқ ҳаяжонда эди: – Кимлигини кўра олмадим».

Ундан мисс Ҳаммонд залда қанча вақт бўлгани ҳақида сўрашганда, у чорак соатлар чамаси деб жавоб қилди. Чунки бу вақт давомида бошқа ҳеч ким келмаган эди. Акс ҳолда ҳамшира кирган одамни албатта кўрган бўларди.

– Сиз кутиш хонасида мисс Ҳаммондга тегишли бирор буюмга дуч келмадингизми?

– Ҳа, унинг сумкасини топиб олдим. Сумка дераза қаршисидаги кондитсионернинг орқасида турганди. Ўйлашимча бу сумка учун жуда ғалати жой эди. Агар ростдан ҳам у ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган десак, унда сумкани нима қилмоқчи бўлган?! Политсия келганда сумкани уларга бердим.

Демак, Элинор ўзини деразадан ташлашдан олдин шляпасини стол устига ва сумкасини кондитсионер орқасига қўйган. Бу жуда тушунарсиз, сирли ҳолат эди.

Суд Элинорни ўз жонига қасд қилган деб хулоса чиқарди. Ҳеч ким мурда ҳақида бошқа эсламади. Лекин Томпсон хонимнинг гапларидан кейин Элинорнинг ўлими қандайдир бошқача содир бўлганини ўйлаб қолдим. Фред уни лоқайд тинглади. Унинг ёнида ўтирган опаси Маргарет ўрнидан туриб кетди. Доктор Барклай Фредга бошдан-оёқ қаради-да, чиқиб кетди.

Уйга пиёда етиб келганимда, асабий кайфиятда эдим. Ҳатто, ойимнинг таъбирича у Фредни мендан тортиб олган бўлса ҳам, Элинорни яхши кўрар эдим. Лекин Фред у билан биринчи учрашгандан кейин мени умуман кўрмаганди. Фред унга бошданоқ ошиғу-шайдо бўлиб қолганди.

Беъманилик, ўйладим мен. Менимча, Элинор ҳар қандай муаммолар гирдобида қолган тақдирда ҳам ўз жонига қасд қилмаган бўларди. Кимдир уни ўлдирган бўлса керак. Лекин ким ундан бу даражада нафратланиши мумкин? Рашкчи хотинми? Бўлиши мумкин. У кўп аёлларнинг эрларини то ўзи безор бўлмагунча бошини айлантириб юрарди. Аммо у кўпдан бери бу одатини ташлаб, тинч юрганди. Албатта кўплар уни ёқтирмасди. Элинор уларнинг туйғуларини менсимас, уларнинг устидан куларди. У нимани айтгиси келса, нимани ўйласа шуни айтаверар ва бу ҳар доим ҳам ёқимли туюлавермасди. Ҳатто Фредга ҳам бу ҳол ёқмаса-да, лекин унинг бундан ҳеч қачон жаҳли чиқмасди.

Мен Фреднинг ёлғиз қолгани ҳақида ўйлардим ва бундан хафа эдим. Унинг уйи бизникидан унча узоқ эмас эди; тушликдан сўнг уникига бордим. Унинг уйи бизникига ўхшаш боғ билан ўралган катта уй эди. Борганимда, дарвоза ортида бир эркак уй томонга қараб турганди. Эркак бирдан ортига бурилди-да мени кўрди. У доктор Барклай экан.

У мени танимади. Мени тергов пайтида кўрмаган деб ўйладим. У шляпасини ушлаганча кўчага чиқди ва шу заҳоти машинасини ўт олдиргани эшитилди. Мабодо доктор уйга кирган бўлса ҳам, Фред бу ҳақда оғиз очмади. У эшикни очиб, мени кўрганида барча хавотирлари тарқаб кетгандай кўринди.

– Мен яна политсия келибдими деб ўйлабман, – деди у.

Биз кутубхонага кирдик. У ер бир ойлардан бери тозаланмай ётгандай кўринарди. Элинорнинг уйи ўзи ҳар доим шундай: сигарет тутуни, одамлар ва ювиқсиз стаканларга ботиб ётарди. Лекин шундай бўлса ҳам бу ерда ҳаёт борлиги сезилиб турарди. Ҳозир эса ундай эмас. Мен унинг сумкасини стол устида кўриб ажабландим, Фред сумкага қараётганимни сезди:

– Политсия буни бугун қайтариб берди, – деди у. – Бирор нима ичасанми?

– Йўқ, раҳмат. Сумкани очиб кўрсам майлими?

У бош ирғади:

– Бунинг ичида ўша кунга тегишли ҳеч нарса йўқ.

Мен сумкани очдим. Унинг ичи доимгидек тўла эди: пул, атир-упа, ён дафтарча, лаб бўёғи теккан рўмолча, мато парчалари ва уларнинг устида «Шуларга мос оёқ кийим» деб ёзилган бир парча қоғоз бор эди.

Мен сумканинг ичини яна бир бор кўздан кечирдим, аммо у ерда бўлиши керак бўлган яна бир нарса етишмасди. Сумкани жойига қайтариб қўйдим.

Фред Элинорнинг кумуш рамкадаги суратига тикилиб турарди:

– У жуда мафтункор эди.

– Ҳа, ҳақиқатдан ҳам, – дея маъқулладим мен.

– Маргарет эса уни ўзига жуда кўп пул сарфлайдиган ахмоқ аёл деб ҳисобларди, – деди-да, стол устида тўлиб кетган очилмаган тўлов қоғозларига қаради.

У мендан бирор нима дейишимни кутаётгандек кўринди ва мен дедим:

– Сен уни пул билан ўзингга қаратиб олишинг шарт эмас эди, Фред. У бусиз ҳам сени телбаларча севарди. Унинг докторга бориб юрганини билармидинг, Фред?

– Йўқ, ундан тўлов қоғози келмагунча билмасдим.

Фред бахтсиз ҳодисадан хурсанддек гапирарди. Доктор Элинорни бахтиёр қилганди. Элинор сўрамай кетаверарди, аммо ҳар доим Фреднинг ёнига қайтиб келарди, Фреднинг фикрича, экспертларнинг ҳукми мутлақо нотўғри.

– У ўзи йиқилиб кетган бўлса керак. У доим баландликдан қўрқарди.

Биз ташқарига чиқаётганимизда, Маргарет келди.

– Мен Маргарет Ҳаммондни ҳеч қачон ёқтирмаганман. У баланд бўйли, Фреддан анча катта ёшдаги аёл эди. У мен билан сўрашгандек бош ирғаб қўйди.

– Мен бугун кечга келаман, сенинг уйда ёлғиз қолишингни истамайман ва эртага уйингга керакли ҳамма нарсани, шунингдек отамнинг суратини ҳам олиб келмоқчиман, Фред – деди у.

Фред буни эшитиб, ўзини ноқулай ҳис қилди. Чунки кекса Жой Ҳаммонднинг сурати борасида Элинор ҳаётлигида кўп можаролар бўлиб ўтган. Элинор бу суратга бепарво эди. Маргарет эса бу суратнинг айни шу уйда сақланишини истарди. Мен Маргарет Элинорнинг умри давомидаги ҳақиқий душмани бўлган эҳтимол деб ўйлаб қолдим.

Маргарет стол устидаги бир уюм тўлов қоғозларини кўриб:

– Ҳали ҳисобингда қанча пулинг борлигини аниқлашимиз керак, – деди.

– Мен қанча пулим борлигини биламан, – деди Фред.

Фред ўрнидан турди ва столни худди ҳали-ҳануз опасидан Элинорни ҳимоя қилаётгандек, тўсиб олиб, унга тикилиб қаради. Аммо мен уйдан чиқиб кетганимдан сўнг Фред ухлаб қолгач, ишончим комилки, Маргарет бу тўлов қоғозларини чиқариб отиб юборади.

Мени кимдир кузатиб келаётганини сезганимда уйга етиб қолган эдим. Мен бир оз қўрқдим-да, тўхтаб, ортимга бурилдим. Орқада бир қиз турарди. У менинг исмимни айтиб мурожаат қилди:

– Баринг хоним? Мен сизни терговда кўрган эдим ва исмингизни мухбир йигитдан билиб олдим. Сиз Ҳаммондларникида бўлгансиз, шундаймасми?

– Ҳа, шундай. Нима эди?

Қиз жуда ёш ва бир оз ҳаяжонда эди.

– Сиз Ҳаммонд хонимнинг дўстимидингиз? – сўради у.

– Элинор менинг холаваччам эди. Нега сўраяпсиз?

Қиз сумкасидан сигарета чиқариб, уни ёқди:

– Чунки мен Ҳаммонд хонимни кимдир итариб юборган деб ўйлайман. Мен кўчанинг нариги томонидаги офисда ишлайман. Ўша куни деразадан қараб тургандим. Мен уни олдин танимасдим, албатта.

– Сиз бу қандай содир бўлганини кўрганман демоқчимисиз? – дедим мен ҳайратланиб.

– Йўқ. Аммо мен уни бу ҳодиса содир бўлишидан бир озгина олдин кўрган эдим ва у лаб бўёғи билан лабини бўяётган эди. Бир оздан сўнг қарасам, у дераза олдида эмас... пастдаги йўлакда йиқилиб ётган эди.

Унинг қўллари титрай бошлагач, сигаретини ташлади.

– Менимча, ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган одам лабини бўяб ўтирмаса керак, шундай эмасми?

– Йўқ, албатта, – дедим мен. – Бу аёл Ҳаммонд хоним эканлигига ишончингиз комилми?

– Ҳа, у яшил кўйлакда эди, мен унинг сочини ҳам илғагандим. Кечқурун мен ўша лаб бўёғини йўлакдан излаб кўрдим, аммо уч кундан буён бундай гавжум йўлакда уни кимдир топиб олган бўлиши ҳам мумкин. Ишончим комилки, уни итариб юборишганда лаб бўёғи қўлида бўлган.

Ҳа, мен Фредга айтмай, Элинорнинг сумкасидан излаб тополмаган нарса ҳам худди шу Элинорнинг олтин лаб бўёғи эди.

Мен соатга қарадим: энди ўн бир бўлганди.

– Балки биз биргаликда излаб кўрармиз, – дедим.

Қиз менга ўз исмини айтишни истамади.

– Мени Смис деб чақирақолинг. Мен судда гувоҳ сифатида иштирок этолмайман. Ишимдан айрилиб қолишни истамайман.

Мен ўша лаб бўёғини топдим. Йўл четида ётган экан. Афтидан камида йигирма марта машина остида қолган кўринарди. Лойини артдим, ўша машҳур «Э» ҳарфи ёзилган лаб бўёғи экан.

Смис хоним уни кўриб:

– Тўғри айтган эканманми? – деди.

Кейин қиз ўзини автобусга урди ва уни бошқа кўрмадим.

Ўша кеча мен яхши ухлолмадим ва эртаси куни эрталаб доктор Барклайнинг ишхонасига бориб, Элинорнинг лаб бўёғини стол устига қўйганимда кеч тушганди.

– Мен ҳеч нарсага тушунмаяпман, – деди доктор унга анграйиб қараркан.

– Ҳаммонд хоним йиқилиб тушишидан атиги бир дақиқа олдин дераза олдида лабини мана шу билан бўяётган бўлган.

– Сиз у йиқилганида бу нарса унинг қўлида бўлган демоқчимисиз?

– Йўқ. Мен Элинор агар ўзини ташламоқчи бўлганида лабини бўяб, кейин ўз жонига қасд қилганига ишонмайман демоқчиман.

У жилмайди-да:

– Агар сиз инсонларнинг табиатини ҳеч бўлмаса мен каби ўрганганингизда, бу сизни сираям ажаблантирмаган бўларди, – деди.

– Демак Элинор қўлида лаб бўёғи билан ўзини ўнинчи қаватдан ташлаган. Сиз эса кеча Ҳаммондларникига бордингиз ва мен пайдо бўлишим билан шошиб кетиб қолдингиз. Бундан келиб чиқадики...

Доктор гапимни эшитиб қотиб қолди. У олдин мени танимаган экан.

– Ҳа, бу сизмисиз? – деди у креслосига ястанаркан. – Сизга ростини айтақолай. Ўша куни жаноб Ҳаммонднинг аҳволи ёмонга ўхшаганди. У ўзини отиб қўймасин деган ташвишда борган эдим.

– Сиз ичкарига кирмай туриб уни қандай тўхтатишингиз мумкин эди?

– Сиз келганингизда қандай кирсам деб ўйлаётган эдим. Опаси ундан хавотир олаётганини айтиб, қўнғироқ қилган эди.

– Мен Маргарет Ҳаммондга ишонмайман, Элинорни кўришга кўзи йўқ эди, – дедим-да, лаб бўёғини қўлимга олдим.

– Баринг хоним, сиз ёш ва мафтункорсиз. Нега ҳаммасини ўз ҳолига қўймайсиз. Энди уни қайта тирилтира олмаслигингизни яхши биласиз- ку?

– Мен шуни яхши биламанки, у ўзини ўлдирмаган.

Докторнинг ёнидан чиқаётиб, Маргаретни кутиш хонасида кўриб ҳайратландим. Қизиғи шундаки, у бир неча сония ўзини ўша ердан ташламоқчи бўлгандек туюлиб кетди.

– Маргарет! – дедим тўсатдан. У бурилиб қаради, юзи оқариб кетди.

– Э, бу сенмисан, Луиза.

Маргарет ўтирди-да юзини қўл рўмолчаси билан артди.

– У сирпаниб кетиб йиқилиб тушган бўлса керак. Қарагин, пол жуда сирпанчиқ экан, Луи.

Аммо мен бош чайқаб рад қилдим, ортимда Маргарет тургани ҳолда деразадан пастга қарашни истамадим. У докторнинг олдига Фреднинг Элинор учун тўлов қоғозларини топширишга келганини айтди, лекин шу куни у ўзини қандайдир ғалати тутарди.

Мен машинага ўтирдим-да, унинг чиқиб кетишини кутдим. У чиқди, Элинор йиқилиб тушган йўлакка ва йўл атрофига синчковлик билан қаради. Демак, у Элинорнинг лаб бўёғи қўлида бўлганини ёки унинг сумкада йўқлигини билади. Сўнг у таксида кетди. Такси кўп юрди ва ниҳоят бир уйнинг эшигининг олдига бориб тўхтади. Маргарет зинадан чиқиб уйнинг қўнғироғини босди. У уй ичида бир соатлар чамаси қолиб кетди. Чиққанида мен ҳайратдан қотиб қолдим, унинг ёнида терговда қатнашган Томпсон хоним бор эди. Такси менинг ёнгинамдан ўтиб кетди. Мен машинамдан тушиб, унинг олдига югуриб борганимда Томпсон хоним ҳали уйга кириб улгурмаган эди.

– Сиз билан гаплашиб олсак майлими? – дедим.

У иккиланиб қолди.

Нима ҳақда?

– Қотиллик ҳақида, – дедим.

– Менимча, сиз Ҳаммонд хонимнинг терговида айтилмаган яна нималарнидир биласиз?

Унинг юзига нимадир соя ташлаб ўтди.

– Менимча, уни ҳеч ким ўлдирмаганди. Ҳукм...

– Йўқ, уни кимдир ўлдирган. Бўлмаса жаноб Ҳаммонднинг опаси бу ерда нима қилиб юрибди?

– Мен уни олдин ҳеч ҳам кўрмаганман. Бу ерга эса терговда айтган сўзларим учун миннатдорчилик билдиргани келибди. Чунки менинг гувоҳлигим бечора аёл ўз жонига ўзи қасд қилганини очиб берибди.

– Менимча, у сизга бунинг учун пул ҳам тўлагандир?

– Менга ҳеч ким пул тўлагани йўқ, – деди у жаҳл билан. – Агар кимдир мени сотиб олиб, ёлғон гапиришга мажбур эта олади деб ўйласангиз, адашасиз.

У уйга кирди-да, эшикни шарақлатиб ёпди.

Унинг гаплари тўғрими? Доктор ҳам терговда айтганидан кўра кўпроқ нарсани биладиганга ўхшайди. Лекин нега буни яширишаяпти?

Тушдан кейин сочимни турмаклатиш учун Элинорнинг сартарошига бордим. Қизлар Элинор ҳақда гаплашар эканлар, улардан янги маълумотлар эшитдим.

– Ўша куни мен уни кутаётган эдим, – деди улардан бири. – Албатта у келмади ва ...

– Сиз уни ўша куни шу ерда кутгандим, демоқчимисиз?

– Ҳа, у соат тўртга учрашув белгилаган эди. Мен бу ҳақида эшитганимда умуман ишонмадим, гарчанд у сўнгги ҳафталарда бир оз ўзгариб қолган бўлса-да.

– Ундаги ўзгаришларни қачон сеза бошлагансиз? – сўрадим мен.

– Тахминан Пасхадан бери. Эсимда, менга унинг янги шляпаси ёқиб қолганди. У ўша шляпасини менга ҳадя қилди. Кейин ғалати бир гап айтди: «Баъзан янги бош кийимлар хавфли бўлиб қолади», деди.

Ўша куни балки соч турмагим ҳар қачонгидан чиройли бўлгандир, аммо бошим оғриқдан ғувиллаб кетган ва мен бунга эътибор берадиган аҳволда эмасдим.

Ойим ва мен Фредни тушликка чақирдик. Дастурхон атрофида ўтирганимизда мен ундан «Баҳор пайтлари, тахминан Пасха арафасида Элинорни хафа қиладиган бирор воқеа бўлганмиди?» деб сўрадим.

– Ўша пайтлардан бошлаб у психиатрга қатнай бошлаганини айтмаса, йўқ.

– Нега у докторга қатнай бошлади, Фред? – сўради ойим.

– Ўзингиз ҳам кўрдингизку, – деди Фред. – Доктор келишган, ўктам киши экан. Унга қараш, у билан суҳбатлашиш Элинорга ёқимлироқ бўлгандир.

Шундан сўнг у тез кетди.

Кечаси ёмон ухладим, шунинг учун нонушта маҳали ўтиб кетгунча турмабман. Ойим газетасини ўқиб бўлган экан.

Мен газетани қўлимга олдим, газетанинг сўнгги бетида ўтган кеча Томпсон хонимнинг отиб кетилганлиги ҳақида ёзилган экан.

Мен бунга қандай ишонишни ҳам билмай қолдим. Сўнг хабарни қайтадан ўқиб чиқдим. У ўлмай қолган, аммо оғир аҳволда экан. Бу ҳодиса рўй берганда у уйнинг ташқарисида ёлғиз ўтирган бўлиб, ҳеч ким ўқ овозини эшитмаган экан. Эри уни кеч соат ўн бирларда уйга қайтганида топиб олибди.

Демак Томпсон хоним унинг ҳаётига хавф туғдирадиган ниманидир билган. Мен Маргарет унинг уйига борганини, йўлакдан Элинорнинг лаб бўёғини излаганини ва бирдан Фреднинг тортмасида турадиган тўппончасини эсладим.

Буларни ўйлаб, ниҳоят, политсияга боришга қарор қилдим.

Бўлим капитани эътибор ҳам бермади, лекин кейинроқ менинг ёнимга изқувар келди.

– Сиз Ҳаммонд хоним ўз жонига қасд қилганига ишонмайсизми? – деди.

Мен унга лаб бўёғи, Элинорнинг сартарошхонадаги учрашуви ва Томпсон хоним терговда айтилмаган нималарнидир билиши ҳақида фаразларимни гапириб бердим.

– Унда буни ким қилган?

– Менимча бу жаноб Ҳаммонднинг опаси. Кеча мен уни докторнинг офисида кўрдим. Элинор итариб юборилганда ҳам у ўша ерда бўлган бўлиши мумкин. У пол сирпанчиқ эканлигини ва ўзим буни текшириб кўришимни айтганди.

Мен бир оз ҳаяжонланиб сигарета тутатдим, қарасам қўлларим ҳам қалтираяпти.

– Маргарет лаб бўёғи ҳақида ҳам билган, чунки мен унинг йўл четидан ниманидир излаётганини кўрган эдим.

Навбатдаги гумонимни эшитиб изқувар бир қимирлаб қўйди.

– Менимча, Элинор ўлдирилган куни у офисда бўлган, – дедим мен. – Яна у Томпсон хонимни отган деб ҳисоблайман. Чунки Томпсон хоним бу ҳақда билган бўлса керак.

Изқувар менга яқинроқ келиб қаради:

– Нега сиз Ҳаммонд хоним уни отган деб ўйлайсиз?

– Чунки у кеча эрталаб Томпсонларникига бориб у билан гаплашганди. Уларникида бир соатча қолиб кетганди. Мен буни биламан, уни кузатган эдим.

Изқувар ўрнидан турди, унинг юзи ифодасиз эди.

– Баринг хоним, сизга бир маслаҳатим бор, бу ёғини ўзимизга қўйиб беринг, шундагина агар сиз ҳақ бўлсангиз яхши, агар сиз ноҳақ бўлиб чиқсангиз сизга ҳеч қандай хавф туғилмайди, – деди.

Ўша куни тушда изқувар қўнғироқ қилди. У ҳозиргина Томпсон хоним кўрсатма берганини, уни ким ва нега отганини билмаслигини, лекин Маргарет унинг фақатгина терговда гувоҳлик бергани учун раҳмат айтишга борганини айтган. Унга ҳеч ким пул таклиф қилмаган экан.

Аммо бу кам эди. Томпсон хоним сўроққача жуда ҳаяжонда бўлган, у Маргарет хонимга қўнғироқ қилиб гувоҳлик бериш шартми, деб сўрагандек туюларди. У залда бўлганида докторнинг офисига яна кимдир кирган.

– Ҳеч ким сезмаган бир киши, – деди изқувар.

– Почтачи. Мен у билан гаплашдим. У ўша куни эрталаб Ҳаммонд хонимни офисда кўрган. Почтачи уни яхши эслади. Ҳаммонд хонимни кўрганида шляпасини ечиб, газета ўқиб ўтирган экан.

– У Томпсон хонимни ҳам кўрган эканми?

– У Томпсон хонимни кўрмаган экан, лекин Томпсон хоним уни кўрган.

– Демак, ўша почтачи ўтган куни кечаси бориб Томпсон хонимни отиб кетган!

Изқувар кулиб юборди:

– Йўқ, у ўша кеча оиласини кинога олиб борган. Баринг хоним, ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳозир кўпчиликда тўппонча бор, ҳатто олдин уни ишлатиб кўрмаганларда ҳам.

Демак, Элинор ўзини-ўзи юқоридан ташлаган, Томпсон хонимни эса кимдир, шунчаки, тўппончасини синаётиб, отиб қўйган. Йўқ, мен бунга ишонмадим. Ҳатто доктор Барклай ўша оқшом келиб айтганда ҳам ишонмадим.

Мен радио эшитиб, кечки овқатни еб бўлганимда у келди. Мен политсияга ҳаммасини айтиб берганимни эшитгач, ҳайратдан қотиб қолди.

– Политсияга бордингизми? – деди у.

– Нега бормас эканман? Сизнинг офисингизнинг деразасидан кимдир итариб юборилганини бошқалар билмаслиги учунми?

Унинг жаҳли чиқиб кетди:

– Сиз ўзингиз тушунмайдиган нарсаларга аралашаяпсиз. Бунга аралашмай туролмайсизми?

Шундан сўнг мен ўзимни тутиб туролмадим.

– Мен сиз буни қилмаганингизни қандай билишим керак, – деб бақирдим. – Сиз ёки почтачи!

– Почтачи? – деди у ҳайратланиб. – Бу билан нима демоқчисиз?

Менимча унинг ҳайратдан қотиб қолган юзи кулгимни қистатди. Мен кулавердим, кулавердим. Кейин йиғлаб юбордим. Мен ўзимни тўхтата олмасдим. Бирдан у, ҳеч қандай огоҳлантиришсиз, юзимга бир тарсаки туширди. Бу шу заҳоти мени тўхтатди.

– Йўқолинг, бу ердан, – дедим, аммо у жойидан жилмади ҳам. Мен бир оз жаҳлдан тушдим, аммо у қилган ишидан мамнундай кўринарди.

– Бу бошқа гап, – деди ва елкамга қоқиб қўйди. – Мен бу ерга сизни уриш учун келганим йўқ. Сиздан кечқурун ёлғиз юрмаслигингизни илтимос қилиш учун келгандим, – деди.

– Нега энди тунда уйдан чиқмаслигим керак экан?

– Бу сиз учун хатарли бўлиши мумкин, – деди.

У менга оз-моз ёқа бошлаганди. – Айниқса мен сизнинг Ҳаммондлар хонадонидан узоқроқ юришингизни истайман. Менимча бундай қилишга фаросатингиз етарли деб ўйлайман, – деди ва эшикни нариги томонидан ёпиб кетди.

Мен ҳали жаҳлимдан тушмасимдан телефон жиринглаб қолди.

Бу Маргарет экан!

– Менимча, биз сенга бугун тунда келган политсиячи учун ташаккур билдиришимиз керак, – деди у. – Ташвишимиз сенсиз ҳам етарлича эди.

– Жуда яхши, – дедим ғазаб билан. – Сизга битта саволим бор. Нега сиз кеча эрталаб Томпсон хонимни кўргани борувдингиз? Ўтган кеча уни ким отиб кетди?

У бир пишқирди-да, телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Фреднинг ошхона томондан кириладиган эшик олдида чарчаган ҳолатда турганини кўрганимда, ойимнинг ухлашга ётганига бир ярим соат чамаси бўлиб қолганди.

– Кирсам бўладими? – деди у. – Тоза ҳавода сайр қилиб юргандим, чироқ ўчмаганини кўриб, келавердим.

Унинг аҳволи олдингига қараганда яхшироқ кўринарди. У Маргарет ухлаб қолганини ва уйда ёлғиз қолганини айтди.

– Ҳеч ухлолмадим, – деди у. – Уй иссиқ. Ортиқча латта-путталар кўпайиб кетган экан, ёқиб юбордим,

У сигарета чекиб, бир финжон қаҳва ичди. Кейин у кетаётганида мен дарвозагача кузатиб қўйдим ва у уйига қараб кетишига қараб турдим. Сўнг мен бурилиб, энди уйга етдим деганимда буталар орасида нимадир қимирлагандай туюлди. Унинг нима эканлигини билиш учун бурилдим, умримда ўқ овозини эшитмагандим, нимадир бошимга зарб билан урилди, кўз олдим қоронғулашиб йиқилдим.

Мен эшитган кейинги овоз ойимнинг овози эди. Мен ўзимнинг каравотимда бошим бинт билан ўралган ҳолатда ётардим.

– Менимча бу қиз ақлдан озган, – дерди ойим жаҳл билан. – Шунча огоҳлантиришларга қарамай чиқиб кетибди-я.

– Мен қўлимдан келганча ҳаракат қилдим, Баринг хоним, – деди кимдир мулойим овозда.

Бу доктор Барклай эди. У каравот ёнида турар, кўриниши жуда ғалати. эди. Унинг бир кўзи ёпиқ, кўйлагининг ёқасига эса қараб бўлмасди.

– Сиз биров билан олишдингизми? – дедим.

– Ҳа, – деди у. – Бу олишувда бошингизни ўқ салгина ялаб ўтди. Мен сочингизнинг бир қисмини қирқиб ташлашга мажбур бўлдим. Хавотирланманг, озгина жойини қирқиб ташладим. Улар ҳам яна ўсиб чиқади.

– Ким бундай қилди? Ким отди мени?

– Почтачи, – деди у ва хонадан чиқиб кетди.

Мен эса ухлаб қолибман. Менимча, у менга нимадир бериши керак эди. Эртаси куни эрталаб, мен нима бўлганини эшитишимдан олдин келди. У бир кўзи бинт билан ёпилган ҳолда жилмайиб кирди. Кейин ҳаммасини бир бошидан гапириб берди.

Баҳорда Элинор унинг ёнига ғалати гаплар билан борган, унинг гапларига қараганда, уни кимдир кузатаётган бўлиб, кузатиб юрган одам почта кийимида экан. Бунга ишониш қийин бўлса-да, Элинор ҳатто қасам ичган экан.

– Сиз Томпсон хоним офисингизга кираётиб кўрган почтачини айтаяпсизми? – дедим.

– Ҳа, Томпсон хоним ҳам уни таниди. Лекин ҳақиқий почтачи Томпсон хоним келишидан анча олдин келиб кетган бўлган. У Элинорнинг стулда газета ўқиб ўтирганини кўрган. Томпсон хоним кўрган почтачи эса Элинорни ўлдирган кишидир.

– Бу Фред эди, шундайми? – дедим.

– Ҳа, бу Фред эди, – дея у қўлларимдан тутди. – Мени кечир, азизам. Мен Элинорни ундан узоқлаштиришга ҳаракат қилдим, аммо Элинор ундан ажралмади.

– Фред уни телбаларча севарди, – дедим.

– Ҳа у Элинорни қаттиқ севарди. Аммо уни йўқотиб қўйишдан жуда ҳам қўрқарди ва рашк азоби уни қийнарди, – деди у. – Менимча, у Элинорни мендан рашк қиларди.

– Аммо у ҳақиқатдан ҳам Элинорни севган бўлса...

– Муҳаббат ва нафратнинг ораси бир қадам бўлади. Фред Элинор ўзиники бўлмагандан сўнг бошқаники бўлишини ҳам истамаган. – У хўрсинди-да, давом этди. – Мен сизни қутқариб қолишга жуда кеч етиб келдим. Мен у отганидан кейин уни ушлаб олдим ва ўртамизда жуда қаттиқ олишув бўлди. Аммо у ўзини олиб қочди-ю... ўзини ҳам отди.

У босиқ ҳолда ҳикоясини давом эттирди. Томпсон хоним Фреднинг суратини кўриб, у ўша куни ҳамшира бақиришидан сал илгарироқ кўрган почтачи эканини айтибди. Уни отиш учун фойдаланилган ўқ эса Фред тўппончасининг ўқи бўлиб чиқибди.

Маргарет, шўрлик Маргарет эса уни жинни бўлиб қоляпти деб ўйлаган.

– Томпсон хоним отиб кетилганининг эртаси куни у менинг ёнимга келганди, – деди доктор. – Маргарет Фредни махсус касалхонага қўйиш кераклигини айтиб келган эди, аммо менинг политсияга топшириш ҳақида маслаҳатимни эшитгач, унинг ҳам жазаваси тутди. Мен бу ишнинг далиллари йўқолиб кетаётганини, яъни Томпсон хонимнинг умри оз қолгандек туюлганини ва почтачи кийими йўқолганини ўйлаб шундай қилгандим.

– Йўқолган?!

– У кийимни ёқиб юборган экан. Ўтган кеча биз почта кийимидан қолган ягона далилий ашё, тугмаларни топган эдик.

– Нега у Томпсон хонимни ўлдирмоқчи бўлган? – дедим мен. – У нимани билган?

– У ўша почтачини тасвирлашга қодир эди. Маргарет почтачи ҳақдаги гапларни эшитгач, уйдан почта кийимини излаган ва уни топган. Маргарет ўйлаб иш қилишга ҳаракат қилган, аммо у Фредга барча гапдан хабардор эканлигини ва бундан Томпсон хоним ҳам хабардор бўлиши мумкинлигини айтиб қўйган. У эса машинага миниб, унга қарши бўлган барча гувоҳларни ўлдирмоқчи бўлиб кетган. Албатта, сендан ташқари.

– Нега унда мени ҳам ўлдиришга ҳаракат қилган экан? – дедим.

– Чунки сиз ҳаммасини ўз ҳолига қўймадингиз. Сиз Элинорни кимдир ўлдирган деб ўйлай бошлаганингизданоқ хавф остида қолгандингиз. Шунингдек ўтган кеча Маргаретга қўнғироқ қилиб Томпсон хонимларникига нега борганини сўрагансиз.

– У эшитиб турган демоқчимисиз?

– Мен унинг эшитганини аниқ биламан.

Доктор Ҳаммондлар уйини кечаси билан кузатганини, Фред бизникига келганида у ташқарида бўлганини тан олди. Аммо Фред қаҳвасини тинчгина ичди. Кейин у уйга томон кетаётганда доктор буни панжара ортида туриб кузатган. Фред ортига қайтиб менга тўппонча ўқталган. Доктор уни энди тортиб оламан деганда Фред менга қаратиб ўқ узган.

Бу гапларни эшитаётиб, йиғладим. Доктор рўмолчасини олиб кўзларимни артди.

– Бўлди, ҳаммаси ортда қолди, – деди у таскин бериб. – Сиз жудаям жасур аёлсиз, Луиза Баринг.

Доктор ўрнидан турди:

– Менимча, сиз етарлича мурда ва тасодифий ўлимни кўрдингиз. Сизга ҳозир энг кераги бошингиздаги бинтни янгилатишдир. Кейинроқ бирор кишини бошингизни қайтадан боғлаб қўйиш учун юбораман.

– Буни ўзингиз қилиб қўя қолмайсизми?

– Йўқ. Мен бу соҳадаги шифокор эмасман.

– Мен унга яхшилаб қарадим. У толиққан ва кўзининг атрофи қорайиб кетганди. Лекин у кучли ва жасур кўринар эди. У билан бўлган одам хавф-хатардан йироқ бўлади деб ўйладим. – Нега сиз ўзингиз ғамхўрлик қилмас экансиз? – дедим мен. – Агар мен ҳозир кал эканман, буни бошқа бировдан кўра сиз кўрганингиз маъқул. Бўлақолинг.

У жилмайди ва кутилмаганда ёноғимдан енгил ўпич олди.

– Мен буни сиз столимга лаб бўёғини тақиллатиб қўйганингиздаёқ олишни хоҳлагандим, – деди у. – Балки энди изқуварликни йиғиштириб, сочингизни ўстиришнинг пайида бўларсиз? Чунки мен ёнингизда узоқроқ қолмоқчиман.

Тепамга қарасам, ойим эшикка суяниб, жилмайиб турарди.