OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМенгзиё Сафаров
Асар номиТоғларда гулхан ёнади (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Менгзиё Сафаров
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм19KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/11/15
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тоғларда гулхан ёнади (ҳикоя)
Менгзиё Сафаров

Йилқилар чошгоҳга бориб ҳолдан тойди. Улар ёлғиз оёқ йўлдан бошларини эгганича, бир-бир қадам ташлаб боришарди. Эрталаб узоқ сафарга отланишаётганда анча-мунча нағма кўрсатган икки ёш айғир ҳам ҳовуридан тушган, баъзан бирон йилқи яқин келиб қолгандагина ғужури кўтарилиб, сўқмоқдан чиқар, бошини кўтарганича бор овози билан кишнашарди. Айғирлар ҳушёр келаётган Азимнинг амирона қичқиришидан сўнггина тинчланишарди. Унинг ёрдамчиси Самад ҳам чарчаган бўлиб, отларни қистамас, уларни ўз ҳолига қўйиб, эгарга бир ёнбош бўлиб ўтирганича Азимнинг тўнғич ўғли Камол билан гап ташлашиб келарди.

Камол ўтган йили мактабни тугатиб, олий ўқув юртига кирмоқчи бўлиб, Термизга борган эди. Бироқ у таваккал иш тутмади, ўз имкониятини чамалаб кўриб, қурилиш техникумига ҳужжат топширди. Ўғлининг қандай касбни тутиши, қайси ўқишга кириши Азим учун бари бир эди. У ўғлининг хоҳиш-истаги билан қарийб қизиқмаса ҳам бутун эркни унинг ўзига бериб қўйди. У фақат, ўғлим ўқишни истабдими, ўқисин, бўйинсаларидан ортда қолиб, кўнгли ўксимасин, деб ўйлади. Шунинг учун ҳам Камол ўқишга кириб, уйга хурсандчилигидан терисига сиғмай келганида ҳам пинагини бузмади. Аксинча ўғлини енгилтакликда айблади. Камолнинг мамнун ва бахтиёр кўзларига тик қараб:
— Ҳей, ўғлим, нимасига мунча севинасан, ўқишга кирибсан, яхши. Лекин ўқишнинг тоғ одамига нима нафи бор? — деди ўсмоқчилаб. — Ота-бобонг, инчунун, мен ҳам ўқимай бир кунимизни кўриб юрибмиз.

Отанинг бу гаплари Камолнинг ҳафсаласини пир қилди. У то шаҳарга қайтгунча ўзини отасидан олиб қочиб, ётсираб юрди.

Бу йил ёзги таътилга келган Камол Азимнинг кўзига бошқача кўринди. Бўйи чўзилган, юзига ҳуснбузарлар тошганидан уялиб, ўзини ноқулай сезиши, кўзларида илгарилари пайқамаган қандайдир паришонлик отанинг кўнглини юмшатди. У энди ич-ичидан қишлоқдаги йигитлардан кийиниши, юриш-туриши билангина эмас, балки хулқ-атвори билан ҳам алоҳида ажралиб турадиган ўғлига кўпчиликнинг ҳаваси келаётганини сезмасдан иложи йўқ эди. Кеча эса яйловга, мен билан борасанми, деб сўраганида ўғлининг иккиланмасдан рози бўлганини кўриб, унга бўлган ихлоси ва меҳри яна ошиб кетди. У ортда Самад билан ҳангомалашиб келаётган Камолга ўғринча назар ташларкан, қалбида оталаргагина хос ғурурли ҳаяжон тошганини ҳис этарди.

Самад эса узоқ сафарда ҳамроҳ топилганидан хурсанд бўлиб, Камолни саволларга кўмиб келарди.
— Айт-чи, шаҳар яхшими, тоғ?
— Кимга қандай. Бу — ўрганишга боғлиқ.
— Мен сендан сўраяпман.
— Менгами? Албатта, тоғ яхши.
— Ана кўрдингми? — дерди Самад маънодор боқиб, суҳбатдошининг нозик жойидан тутган кишидек. — Ҳеч ер тоққа келмайди...
— Лекин шаҳар ҳам ўрганганга яхши.
— Айтайлик, сен ўргандинг. Ўша ерда қоласанми?
— Йўқ.
— Ана шу-да, — таъкидлайди Самад.

Камол қамчи дастаси билан елкасини қашийди. Кўзларини пирпиратиб олға, сурувни бошлаб бораётган отасига қарайди. Самад яна уни гапга тутади:
— Ўқишни тугатганингдан кейин ким бўласан?
— Курувчи.
— Нималар қурасан?
— Бинолар... — Камол мужмал жавоб беради. Ҳамсуҳбатининг эзмалиги уни зериктиради. Отни қистайди ва дам ўтмай гап мавзуини ўзгартириш учун сўрайди:
— Кечалари тоғларда совуқ бўлса керак?
— Ўзинг биласан-ку.
— Сўраяпман-да.
— Тоғ шамолидан ҳали лабларинг тарс-тарс ёрилиб кетади.

Камол беихтиёр лабларини ялайди:
— Кечалари гулхан ёқамиз, роса гуриллатиб.

Орадан чорак соат ўтгач, арчазор ўрмон бошланди. Камол узалиб, арча пюхини синдириб олиб, ҳидлайди.
— Ҳой, Самад ака, арча солиб тандир кабоб қилиб берасизларми?
— Отанг рози бўлса биз ҳамиша гўштхўрликка тайёрмиз.
— Сенга ётиб ейиш бўлса бас, Самад, — деди Азим ён томондаги арча шохларини кўллари билан ёриб, отда чиқиб келаркан. — Еганларинг кабоб бўлсин.

Камол отасининг тантилигидан севиниб кетди.
— Отларни илдамроқ ҳайданглар, — деди Азим йигитларга, — қош қорайгунча Заркосага етиб олайлик. Ўтин-пўтинни кун ёруғида термасак, момоларинг тайёрлаб қўйгани йўқ у ерда. — У шундай деди-да, отини йўрттириб, олдингга ўтиб кетди.

Заркоса — тоғнинг энг баланд чўққиси. Унинг этаклари анча текис бўлиб, йилқиларни ёзда боқиш учун жуда боп яйлов эди. Йилнинг ҳамма фаслларида бу ерда кучли шамоллар бўлиб туради. Ёзнинг ўрталарида ҳам унинг ёнбағирларидаги баланд арчазорлар тагида қор эримайди. Шамол турган пайтларда эса чор-атрофдаги ўрмон ваҳимали шовиллайди. Қордан эндигина бўшаган соя-салқин ерларда баъзан бойчечаклар кўзга чалиниб қолади. Бўтакўзлар эса бутун сайҳонлик, арчалар орасидаги очиқ майдонларда гиламдек сарғайиб ётади. Бу ерда қиш билан саратон қўшни яшайди. Кундузи ёз бўлса, кечаси қиш. Кундузи кўкрагини шамолга бериб майкачан чопиб юрган киши, кечаси пўстинда совқотади. Камол шаҳарда юриб ана шу тез ўзгарувчан манзара ва дақиқаларни соғинган эди. У ҳали узоқдан Заркоса чўққисининг қўрғошин рангли елкаларига кўзи тушиши билан болалигидан азиз бўлиб қолган шу ёввойи табиат қучоғига қайтганидан шодланиб кетди.

Отаси билан Самад қўшхона тиклашга киришиб кетишганда, Камол арчазор оралаб юрарди. Усти сарғайиб, гард ва барглар билан қопланган қорни ғарч-гарч босиб бораркан, арча ва бошқа турли гиёҳларнинг ҳидини ҳузур қилиб сипқорарди. Қуюқ ўрмонзор ичига киргач, қалин қор устига чўккалаб ўтирди ва қорни ковлаб, тоза еридан бир чангал олиб каппалади.

Қўшхонага қайтиб келганида Самад унинг қўлидаги қорни кўриб:
— Ҳой, нодон, қор ема, бу ерда томоғингни даволайдиган дўхтир холанг йўқ, — деб калака қилди.
— Нима, шаҳарда юриб нозиклашиб кетган, деб ўйлаяпсанми бизнинг ўғилни, — деди Азим брезент чодирнинг учидаги ипни қозиққа тортиб боғларкан.

Камол бу ҳазил гапларга ҳам, атрофини ўраб турган арчаларга ҳам; чўққилар, аллақачон яйловга ёйилиб, бош кўтармай кўкат кавшаётган йилқиларга ҳам боқиб тўймасди. Камол хуржундан арқон ва болтани олди-ю, чопқиллаганича ўрмон ичкарисига кириб кетди.

Кеч кирди. Атрофдаги арчалар қоронғилик таъсирида кичрайгандек, ярим белигача тоғ бағрига кириб кетгандек, энди эса тоғ ўркачлари ва улар устида осилиб турган юлдузли осмон садобатли бўлиб қолди. Камол ўрмон ичидан қуриган шох-шаббаларни орқалаб ташиди. Сўнгга марта отасининг: «Бас, етар», деган эътирозига ҳам қарамасдан Самад билан бориб катта арча шохини судраб келди. Шундан сўнг очиқ жойда гулханга ўтин қалади. Самаднинг тоқати тоқ бўлди.
— Ёқсанг, ёқ-да, — деди зорланиб.
— Ҳали барвақт, соат тўққиз бўлсин. — Камол тунда рақамлари ёнадиган соатига қаради.

Камол роппа-роса тўққизда гулханни ёндириб юборди. Нонушта қилишаётган Азим билан Самад дастлаб дастурхон бошида бамайлихотир ўтиришди. Кейин аланганинг қизғиш тиллари тобора юқорига ўрлагач, дастурхонни судраб орқага чекинишди. Бирпасда атроф ёришди. Қоронғида кичрайиб кўринган арчалар яна салобатли бўлиб кўринди.
— Ўрин солинглар, мен йилқилардан хабар олиб келай, — деб қўзғалди Азим нонуштадан сўнг.

Камол гуриллаб ёнаётган гулханга ўзини тоблар ва йироқларда, арчалар ортида кўринаётган водийдаги сон-саноқсиз чироқларга тикилар эди.
— Ҳой, бола, нега қаққайиб қолдинг, — Самад унинг елкасига туртди.
— Мана, бу учқунлар анави чироқларга ўхшайди-я, — деди талмовсираб Камол. — Самад ака, Денов шаҳри қаерда, бир кўрсатинг?
— Деновними? Ҳу ана, ғужжа чироқлар ёняпти-ку, ўша. Нима эди?
— Ўзим, шундай.
— Менга қара, — деди синчковлиги тутиб кетган Самад шаҳар номини эшитиб гумонсираб. — Шаҳардан биронтасини топдингми, дейман?

Камол ялт этиб қаради ва Самаднинг нигоҳига тоб беролмай кўзларини олиб қочди.
— Ҳа, боласи тушмагур, — Самад кўрсаткич бармоғини бигиз қилиб ўдағайлади. — Ҳали шундай де. Айтчи, исми нима?
— Нималар деяпсиз?
— Гапир, бўлмаса отангга айтаман!
— Кейин... Ана, отам келяпти...
— Бўпти, лафзингда турасан-а?
— Хўп.

Самад зўрма-зўраки йўталиб, ўрин сола бошлади.
— Мен чарчадим, ухлайман. Сизлар отлардан хабардор бўлиб туринглар, — деди Азим ва ечинмасдан шолчанинг четидаги ўринга кириб чўзилди.

Камол билан Самад гулхан атрофида ўтиришар ва Азимнинг уйқуга кетишини кутишарди. Ниҳоят, узоқ чўзилиб кетган жимликни биринчи бўлиб Самад бузди:
— Қани, энди айт.
— Секин, эшитиб қолади, — шивирлади Камол.
— Эшитмайди, айтавер.
— Нима қизиғи бор сизга?
— Аҳ-ҳа, ҳали айтмайсанми?
— Айтаман дедим-ку. Ҳеч кимга оғзингиздан чиқармайсизми?
— Одам эмасман.
— Бўпти... Исми Ойхол.
— Ойхол? Яхши исм экан. Ўзиям ойга ўхшайдими?
— Ким билади дейсиз.
— Севиб қолдингми?

Камол елкасини учирди.
— Ота-онаси яхши одамларми?
— У ёғини суриштирганим йўқ.
— Шаҳарнинг ўзиданми?
— Ҳа.
— Бечора укам, шаҳарлик бўлса, тағин лақиллатиб юрган бўлмасин.
— Йўғ-э. Биз хайрлашаётганда келишганмиз: мен беш кун тоғда гулхан ёқаман, у эса қарайди. Гулханни кўриб, менинг ёққанимга ишонади.
— Эй, содда укам. Гулханинг нимаси? Нима, тоғда сендан бошқа киши гулхан ёқмайдими?
— Менинг гулханим ҳаммасиникидан катта. Ўзи айтган: гулхан ёқасиз, мен гулханни кўриб сизни кўргандай бўламан, деган.
— Ҳозир мана, сен гулхан ёқдинг. Ойхол шунга қараб турганига ишонасанми?
— Ишонаман.
— Қизиқ... Мен ишонмайман.
— Сиз сиз-да. Мен ишонаман. Худди ҳозир ҳам мен билан бирга, мени кузатиб ўтиргандек. Ҳу, чироқлар кўриняпти-ку, шу чироқларнинг ёруғида у ҳам мен тўғримда хаёл суряпти.
— Айнибсан, ука. Ёшинг нечада?
— Ўн саккизда.
— Чиндан ҳам гўдак экансан.
— Нега ундай дейсиз? — иззат-нафси оғринган Камол Самадни жеркиб ташлади.
— Ҳали цирканг сув кўтармай қолдими. Отангга айтсам-ку, мулла килиб қўяди.
— Айтсангиз айтаверинг, қўрқмайман, — деди Камол.

Азим эса иккаласининг гурунгини бошидан охиригача тинглаб ётарди. Ўғлининг тоққа чиқишидан отасининг кўнглига қараб иш қилишидан ўзга ҳам сабаблари борлигини энди англаган бўлса-да, лекин бу сабаблардан ранжимади. Аксинча у ўғлига нисбатан илгарилари жуда шафқатсиз бўлганини ҳис этди. Камол бугун унинг кўз ўнгида балоғатга етган, орияти кучли, ажойиб йигит бўлиб гавдаланди. Демак, бир замонлар ўзини банд этган ҳаётнинг катта ташвишлари энди ўғлига кўчибди. Бу ҳаёт ташвишларининг илк шабадалари шу ёввойи тоғ чўққиларига ўғли билан ҳамроҳ бўлиб келибди. Самад билан суҳбатда илк дафъа ёлқинланган орият ўти унинг кўзларида порлаб турибди. Ана шу ориятни биринчи бор дадил туриб ҳимоя қилди. Ўғлининг дадиллиги ва журъати Азимни қувонтириб юборди.

— Самад, гапларинг мунча совуқ-а? — деди у ўрнидан тураркан. — Камол, ўғлим, гулханга ўтин ташла, гуриллаб ёнсин, — Азим вазмин бўлишга уринарди. — Совқотдим...