OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМирмуҳсин
Асар номиРашк ва ишонч (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Мирмуҳсин
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм14KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Рашк ва ишонч (ҳикоя)
Мирмуҳсин

Адабиёт майдонида бир қадар кўзга ташланиб қолган ёш шоира Иродахоннинг кекса адиб билан танишиб, устоз сифатида алоқа боғлагани Амирга ёқмади. Эр ва хотин ўртасида бир кимсанинг, гарчи отаси тенги бўлса ҳам, пайдо бўлгани қайси эрга ёқарди?! Шубҳалар кетидан шубҳалар... Ирода бўлса ўзига нисбатан ишончу эркинликни ғоятда истарди. Адибнинг ёшликда шўхроқ бўлгани кўпларга маълум, бу яқинлик фақат ижод йўлидамикан, ёки... Мабодо бу ноўрин рашку шубҳалар сезилиб қолгудай бўлса, севикли ёрининг қаттиқ ранжиши ҳам турган гап. Унинг ғурури таҳқирланмаслиги керак!

Эркинлигу ишонч, ҳақгўйлигу ўта маданиятли бўлмоқлик Иродахоннинг эзгу нияти. Амир ҳам у ҳақда шундай ўйларди, аммо ўртада шайтон бор, бу шайтониалайҳулаъна кимларни йўлдан оздирмаган!? Таниқли адиб ҳали Ҳабибий домла ёшларига бормаган, қадди-басти бир қадар келишган инсон. Ўз асарларида муҳаббатни гўзал тараннум этган санъаткорлардан ҳисобланарди.

Ироданинг фусункор кўзлари, таърифига қалам ожиз қадду қомати, ҳозиржавоблиги ҳар қандай йигитни мафтун этмоғи тайин. Бу гўзал фазилатлар Амирни аллақачон маҳлиё этган эди. Ирода бўлса, биз ўзбеклар ҳаёли, ориятли инсонлармиз, ота-боболаримиз, момоларимиз удумини севамиз. Лекин озгина оврўпоча эркинлигу ишонч ҳам эру хотин ўртасида бўлса ёмон бўлмасди, дерди. Ҳадеб Отелло бўлавериш жонга тегмайдими!? Xотин киши севса, садоқатли бўлса, уни йўлдан оздирадиган ҳеч қандай куч йўқ! Зебунисою Нодирабегимлар чин муҳаббат ва ҳурлик соҳибалари эди, подшоҳ Умархон ҳеч вақт қинғир хаёлларга бормаган. Дини ислом нури юракларга пок муҳаббату садоқат бағишлаган. Кумуш ва Отабекнинг севгиси-чи?.. Булар бари Ироданинг хаёлидан ўтди.

Ўн еттинчи март куни, кутилмаганда, Тошкентда ҳаво айниб, ёғаётган ёмғир қорга айланди. Тундаги изғирин новдаларни музлатди. Бодому эртапишар оқ ўриклар чаман бўлиб гуллаган, атрофда асаларилар ғувуллаб учаётганда бирдан табиат ўзгарди. Дунё гўё музлади...

Ироданинг устози ҳовлисига қатнаши Амирга ёқмаганди. «Ишқилиб, бу ишлар баҳордаги музлаш бўлмасин-да!» — дерди ўзига ўзи Амир. Чарчаганиданми, нимадандир, бир куни кўчадан келган Ироданинг қабоқлари таги кўкарганини, тезда уйқу босганини кўрганда юрагига шайтон васваса солиб, ёмон хаёлларга боргани ёдига тушди. Xайрият, бу хаёллар пуч бўлиб чиққанди.

Илгари санъаткорларга, айниқса, сарвқомат раққосаларга тез-тез тош отадиганлар бўларди, бўрининг оғзи еса ҳам қон, емаса ҳам... Энди ёш шоираларга ҳам баъзида маломат тошларини отадиганлар пайдо бўлди. Булардан Ироданинг мутлақо хабари йўқ, деб бўлмайди. Оқсоқол адибнинг бола-чақалари борлиги, баобрў киши эканини Амир яхши билади. Қолаверса, ўз отаси билан танишлиги, тарихчи профессор кекса адиб ижодиётини доимо юксак баҳолагани, жавонида унинг кўп китоблари тургани ҳам эсида. Аммо, барибир, севиклисини ундан рашк қилар, бу феълидан қутулолмасди.

Бир куни Ирода яна устози хусусида тўлқинланиб сўзлади, айниқса, унинг янги нашрдан чиққан китобига дастхат ёзиб бергани Амирни ўйлантирди. Ироданинг севинчига шерик бўлгандай кўрингани билан аслида хаёлан фикри мужмалроқ эди. Шу хаёли кейинги пайтларда кўп намойиш этилаётган Лотин Америкасининг давомли кинофилмларига кетди: бир-бирини зулукдек сўриш, ўпичлар, қучоқлашишлар ва бошқа ҳолатлар меъёридан ортиқ, ҳатто жонга тегадиган даражада.

«Ҳа, оз-моз рашк қилмоқ ҳам керакдир-ов, — дерди Амир, — шу ҳам бўлмаса инсон кесакка айланиб қоларди». Аммо ўсиб келаётган навқирон ижодкор учун ишончу эркинлик об-ҳаводек зарур. Буни ҳам биларди. Ёш ижодкор эркин қанот қоқмоғи лозим. «Ёшликда тўйимли овқатланиб, илиги бақувват бўлмоғи учун эркин бўлмоғи, кўп нарсаларни кўрмоғи керак», — дерди устозлар. Қанча-қанча истеъдодли ўзбек қизлари ярим йўлда қолиб кетгани бизга маълум-ку!

Мукаррамхон, Ҳалимахон, Сорахон опа, Ойдин опалар истеъдоду жасоратлари билан буюклик шоҳсупасига чиқа олган санъаткорлардир. Баъзан бу фикрлар Ироданинг қалбидан ҳам ўтарди.

Эртага устоз ҳовлисида мушоира бўлиши, унга Ирода ҳам боражагини, бошқа ёш қаламкашлар-да тўпланажагини эрига маълум қилди. Бу гапни эшитган Амир ғалати кулиб, хотинига қараб қўйди, бу Иродага унча ёқмаса-да, бир нима демай, жим қолди...

У жўнаб кетди. Шу куни Амир ҳам шаҳар марказига бориб, адиб ҳовлиси атрофидаги боғда, бир ўриндиқда газета ўқиб ўтирди. «Ишқилиб, уни шайтон йўлдан оздирмаган бўлсин!»

Мушоира қизиб кетдими, ёш қаламкашлар анча кеч тарқалишди. Бироқ улар орасида Ирода кўринмади. Амирнинг юрагига ғулғула тушиб, «гурс-гурс» ура бошлади. Ҳатто адибнинг ҳовлисига кириб чиқмоқчи ҳам бўлди. Орадан ярим соатларча вақт ўтгач, Ирода домланинг кичик қизлари билан дарвоза ёнида пайдо бўлгач, унинг юраги таскин топди. «Нега бундай бўлиб қолдим? — дерди ўзига ўзи. — Нега хотинимга ишонмайман? Бу ўзи нима?»

Домланинг қизлари хайр-хўшлашиб, ичкарига кириб кетгач, Ирода билан Амир бир-бирларига ноқулай вазиятда рўбарў бўлишди. Амирнинг тилига келган гап шу бўлди:
— Соғиндим... Нима қилай, келиб ўтирибман... Узр!..
— Э, қўйсангиз-чи! — деди ранги оқариб кетган Ирода ўзини бироз қўлга олиб. — Эски касалингиз тутибди-да? Яна ўша рашку шубҳами?!
— Уйда ёлғиз ўтиролмадим. Ишонинг! Эрингиз оз-моз жиннироқ... Мажнун қилиб қўйдингиз! Айб менда эмас... — Амир зўрма-зўраки кулди.
— Ишонч керак, жаноб! — деди Ирода бироз гинадор оҳангда ва салдан сўнг қўшиб қўйди: — Мушоирамиз кейинги сафар Самарқандда бўларкан...
— Биз ҳам Самарқандга борарканмиз-да!
— Албатта, борасиз! — деди Ирода. Шундан кейин у буюк ҳинд адиби Рабиндранат Тагор ўзи туғилиб ўсган Каликата (Калкутта) шаҳрида ёш қаламкашлар мактабини очгани, инглиз мустамлака сиёсати таъсирида бўлган кўплаб истеъдодли қаламкашлар шу мактабда камол топганини ҳикоя қилди.
— Узоққа бормайлик, — деди у ҳаяжонланиб, — ўзимизнинг буюк устозимиз Ғафур Ғулом ҳам қирқинчи, эллигинчи, олтмишинчи йилларда Бешёғочдаги ҳовлисида қанчалар ёш қалам соҳибларига устозлик қилганини биламиз-ку! Бу мактабда сабоқ олган шоиру адибларнинг баъзилари ҳозир ҳам баракали ижод қилмоқдалар!..
— Гапларингиз рост, Иродахон, исботлаб бердингиз. Сиз билан баҳслашмоққа ожизман.

Мушоирада «Жаннатда туриб, юртимни соғиндим» номли шеъри устозга ғоят ёққанини фахрланиб сўзлади Ирода. Устоз Ироданинг шу шеърини тинглаб, «Шеър — шоир қалбида яралгучи дур» — дил туғёни эканини таъкидлагани уни руҳлантириб юборганди. Ирода ўзида йўқ шод, шеърини йўл-йўлакай Амирга ҳам ўқиб берди:

Эй, денгиз соҳиллари, мен келдим толиб,
Жаннацимон иқлим олди бағрига.
Юракка дам бериб, дардимни олиб,
Умринг ўхшаш бўлсин, деди, баҳрга.
Асаблар юмшади, юрак жойида,
Иссиқ саратоннинг ваҳшати синди.
Тетиклик, ҳаяжон-илҳом пойидор,
Булоқлар биллурий шифо сув сунди.
Тўйиб-тўйиб нафас олдим, беғубор.
Эй, денгиз, эй, тоғлар, эй, жавоҳир қум...
Нимаики кўрдим — бу масканда бор,
Жаннат бўлса бўлар шунчалик, дедим.
Шу жаннатда туриб соғиндим сени,
Эй, менинг қизиган танти тупроғим,
Иссиқ кўчаларим, олис қишлоғим,
Жилов узар сойлар ва жўшқин оқим...
Ҳаммасидан кечиб, айшу сафодан,
Ўзбекистон — юртим, сенга чопаман.
Менинг кўзим билан кўрсинлар сени!
Эй, Она — диёрим, доим бўл омон!

Ватан туйғуси ёшликдан туғилгусидир. Шоирлик — ошиқлик демак. Чинакам шоирлар биринчи галда Ватанни севадилар, мутасаввуф тариқатида айтилганидек, жонидан ортиқ эл-юртни севганлар комил инсон даражасига етадилар. Чин муҳаббат эса инсонга берилган илоҳий неъмат. Агар у бўлмаганда улуғ Навоий Лайли-ю Ширин, Фарҳоду Мажнунларни ярата олмас эди.

Эр-хотин ёнма-ён боришар ва шу ҳақда ўйлашарди. Яккачўп кўприкка етганда Амир тисарилиб, йўл берди.
— Йўқ, ака, Сиз ўтинг аввал, ёшингиз катта, — деди Ирода.

— Йўқ, сиз олдинга ўтинг, сизларни ҳазрат Навоий дуо қилганлар. Биз ақлу қўлимиз билан бино қурамиз, сизлар эса қалб билан руҳият иморатини барпо этасизлар.