OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМирзапўлат Тошпўлатов
Асар номиМайдон (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Мирзапўлат Тошпўлатов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм50KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/01/16
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Майдон (ҳикоя)
Мирзапўлат Тошпўлатов

— Ҳой, одамлар! Азиз полвон ўзини йиқитган полвонга қизини берармиш!
— Қизининг ўзи ҳам шундай деб турганмиш. Розимиш.
— Жуда қизиқ бўпти-да. Худди эртакларга ўхшайди-я!

* * *

— Одамлар-о, одамлар, эшитмадим деманглар! Азиз полвонникига тўйга-оов...

Ҳамма ҳайрон: Азиз полвон қизига қаллиқ танлаш учун курашли тўй қилса, ўзи кураш тушса...
— Асли, қизини эрга бермоқчи бўлган экан, қизи: «Унда курашли тўй қилинг, ким мени йиқса, ўшанга тегаман», деб оёқ тираб олибди. Отаси: «Кўнсанг ҳам, кўнмасанг ҳам, мени йиқитганга бераман», деб туриб олган экан, қизи рози бўптимиш.
— Лекин қизиям ўзи қизмисан-қиз-да. Кўрганмисан, хурлиқо, пари нусха-да.
— Ҳа, курашмисан, кураш бўлади-да!
— Азиз полвонни йиқитадиган мард бормикан ўзи.
— Унинг билан белашиш учун Фарҳоддек ботир керак.
— Худди, эртакнинг ўзи-я.
— Эртаклар бекорга тўқилмаган-да, ошна.
— Заржаҳон ривоятини эшитганмисан?
— Йўқ...

Азиз полвоннинг қишлоғи-ю ён-атроф қишлоқларда шу тахлид гаплар айтиларди. Унут бўлган ривоят ёддан кўтарилганда шу полвонларни эслашарди.
— Ҳамма биладиган Заржаҳонни эшитмабсан-а. Эшит бўлмаса, хумкалла, бу ривоят аждодларимиз ҳақида. Улар курашни севишган. Аёллари ҳам жасур бўлган. Ўшал учун уларга ёв яқин йўламаган. Билиб қўй, бу ривоят ўзимизнинг она Заржаҳон ҳақида. Яхшилаб эшит. Балким, бола-чақангга сўзлаб берарсан. Бу ривоятни «Она ботир», «Она оқил» ҳакида қўшиқ ҳам деб юритишади. Хатога йўл кўйма-я, авлодлар қаҳрига учрайсан...

Насаф қишлоғи. Телба дарё — Қашқа. Сарой қабиласининг сардори ёруғ дунёдан кўз юмди. Аҳли аҳоли бир ҳафта кўк кийиб, садр тепди... Йиғидан кўзлари қизарди. Унинг яхшилиги учун ҳам дилдан йиғлаб садр тепишди. Меҳр оламида беқиёслигини, мардлар майдонида тенгсизлигини, адолатпарварлигини айтиб йиғлашди. Аммо, у тирилиб келмади. Шул боис, қабила улуғлари кенгашга йиғилишди. Бири у, бири бу деди. Бир қарорга келолмай, уч кун тортишишди. Ахири, «сардорнинг қизи Заржаҳон кимни ўзига лойиқ топса, ўшал бош бўлсин», деган қарорга тўхташди.

Заржаҳонни чақиришиб, кенгаш қарорини айтишди.

Қиз ўйланиб жавоб қилди:
— Эй улуғлар, агар сизлар шуни қарор қилибсизлар, мен розидурмен. Фақат шартим бор.
— Қани-қани, эшитайлик-чи, — дейишди кенгаш аҳли. Қиз уларга яна таъзим қилиб шартини айтди.
— Отахонлар, мен танлаган йигит эл-улусга бош бўларкан. Унда ақл-заковат бирлан уни синамоғим керак.
— Хўш-хўш, қизим, — дейишди ўтирганлар.
— Шартим шу: мени йикиб, икки саволимга жавоб берганга хотин бўламан. Шарт ҳаммага маъқул тушди.
— Ҳа, қизим, тўғри гапни айтдинг. Эл бошида бош бўлиб турган одам зўр ва оқил бўлмоғи керак, — дейишди-да, шу заҳоти қизнинг шартини элга эълон этишди.

Элнинг манман деган полвон, мард йигитлари қур атрофидан жой олишди. Зўрларнинг зўрин, қизнинг кураш тушишин кўрмоққа тумонат томошабин ҳам қур атрофига чўкди.

Қур ўртасида давра. Даврага сочини гурмаклаб, жомакор кийиб олган Заржаҳон чиқди. Гўё оймисол даврани ёритди. Гўзаллигин кўрган булбуллар сайраб юборди. Одамлар ҳаяжондан «воҳ» деб, полвон бўлмаганидан минг бир афсус тортишди. Қиз кураш тушди, манман деган полвонларни бўйи баробар кўтариб отди. Қиз боланинг шунчалар қудратлилигидан, «ё тавба», дея ёқаларини ушлашди. Томошабин кўп, курашадиган йўқ. Бори ҳам тугади. Боши қотган баковул давра айланиб Заржаҳоннинг чўпони олдида тўхтади.
— Ҳой йигит, келбатингдан тоғ ҳуркади, бир бахтингни синасанг-чи? — деди.

Йигит ўйланиб, истиҳолага бориб, даврага чиқди. Заржаҳон ҳам даврага чиқди. Атрофда сукунат, бутун борлиқ сукунатда. Увиллаб, пишқириб эсадиган бўронлар ҳам жимгина томошабинга айланган. Улар бел ушлашди: тоғлар учрашди. Наъра тортиб осудалик бағрин тиғлашди. Аммо, бир-бирини йиқолмади. Кураш узоқ давом этди. Қиз қолдан тойди: чарчади. Йигит чинордек, Алпомишу Фарҳоддек даврада тураверди. Қизнинг жаҳли чиқди.
— Ҳой, йиқитадиган бўлсанг, йиқит-да, энди, — деди.
— Гўзалларнинг гўзали, мен сени қай юз билан йиқаман.

Заржаҳон бирдан енгил нафас олди. Кенгаш ёнига бориб енгилганини тан олди.
— Унда саволингни бер, кечиктириб нима қиласан, — дейишди. Қиз биринчи шартини айтди.
— Гавҳар оғирми, ер?
— Гавҳар юкини ер босар.
— Тўғри, — деди Заржаҳон. — Дунёда энг азиз нарса нима?
— Ер билан қуёш!
— Бу ҳам тўғри, — деб ўз ҳаётини йигитга чамбарчас боғлабди. Буни эшитган олам дунёга янги бир тадбирни қўллабди. Жангларда шоҳлар кураш тушишаркан. Қайси йиқилса, йиқитганга итоат этиб, фарзанди ёки ака-укаларидан гаров қолдириб қайтаркан. Азиз полвоннинг ва қизининг шарти тўғри бўпти, шунга қараган-да, — деди ривоятини тугатаётган киши.

* * *

Азиз полвоннинг боғи этагидаги кенгликда томошабин қур тикиб ўтирди. Мойли кунжара каллалари даврани ёритди. Жумагулнинг отаси якка-ю ягона қизига зўрларнинг зўридан куёв танлашга киришди. Даврага талабгорлар битта-битта енг шимариб чикишди. Азиз полвон азиз эди. Номи элга машҳур эди. Одамлар уни Ҳасан кўлвор дея аташарди. У туяни йиқитган, отни тишида кўтарган полвон. Унинг билан олишиш учун Алпомиш мисол йигит керак эди.

Азиз полвон қанча-қанча полвонларни йиқитди. Навбат Ҳут полвонга етди. Зўрлар билан зўрлар курашганда уларнинг шамолидан бўрон ҳуркар, дейишади. Зўрлар тантилиги, софлиги, қудратлилиги билан зўр. Улар мақтанишмайди, сўзларидан қайтишмайди. Иккаласи узоқ олишишди. Одамлар Ҳутни Алпомишга, Азизни Ҳасан кўлворга киёслашиб роса томоша килишди. Азиз полвон чарчади. Ҳут уни бўйи баробар кўтариб йиқитмай ерга тик қўйди.

Хут Жумагулга шундай уйланганди.

Жумагул полвон қизи. У қурни, полвонлар курашини хуш кўради. Улар билан Заржаҳон ғурурлангандек, ғурурланади. Аммо у аёл, аёллар кўзлари ёриган хонадонни севадилар. Улар болалари-ю эрларини иложи бўлса ёнларидан йироқлатмасалар. Аёллар осудалик, гўзаллик тимсолидирлар! Жумагул ҳам ўша аёлларнинг бири: танҳоликни ёмон кўради.

Осмон бетини қамраб олган булутлар кечга бориб тарқади. Кўқтса чаман юлдузлар порлади. Куни билан кўз очирмай ёққан қор ер бағрини оппоқ ҳарирга буркади. Ҳаво мусаффо. Қишлоқ сокин. Совуқдан жунжиккан итларнинг ҳуриши ҳам эшитилмайди.

Жумагул болаларини ухлатиб, ҳовлига чиқди. Дарвоза тирқишидан кўчага кўз ташлади. Ҳеч ким, бирон жонзот йўқ. Ўчоққа олов ёқиб, қумғон қўйди. Намиққан ўтин буруқсади. Ниҳоят, шарқираб қайнади. Жумагул илиқ чойни тўкиб янгидан дамлади. Учинчи бор эрига атаб чой дамлади. Ўчоқдаги қўрни сандалга солиб, чойдишни бир четига қўйди. Сандалга ташланган чўғдан ияклари, бурнилари устидан тер резалар йилтиллади.

Жумагулнинг фикри хаёли эри Ҳутда. Унинг рақиблари бир неча бор Жумагулга: «ерингга айт полвонликдан кечсин: бўлмаса чувриндиларинг билан чирқираб қоласанлар», деб пўписа қилишган. Жумагул эрининг оёқларига йиқилиб илтижо қилди, ўтиниб сўради. Лекин бўлмади. Қайси аёл тул қолишни истайди. Ҳеч қайсиси. Эрлар улар учун ҳаёт устуни. Шу устунга суяниб яшайди. Қора кучлар Жумагулни устунидан айиришмоқчи. Ҳут буни билса-да, даврани, кучлилар, мардлар майдончасини тарк этолмайди. Полвонлар учун курнинг ҳавоси ўзгача, ҳаётларининг бир бўлаги. Жумагул буни билмайди. Билиш учун курашиб кўрмоғи керак.

Ҳутнинг отасини рақиблари ўлдириб кетганини эслаб, Жумагулнинг эти зирқираб кетди. «Эй, худойим, бало-қазолардан ўзинг асрагин», деб пичирлаганча, хаёл оғушида уйқуга кетди.

Эри Ҳут билан кечаси қаердандир келишмоқда эдилар. Қаршисидан қора либосли кишилар чиқиб, ўраб олишди.
— А-ҳа, қўлга тушаркансан-ку, баччағар! — деди отда турган шопмўй-ловлиси. — Хотининг ўлжа. Ўзинг қузғунларга ем бўласан!

У бир имо қилган эди, ёнидаги шериклари Ҳутга ташланишди.
— Дод!.. Войдод!..

Жумагулнинг жон аччиғидаги қичқириғидан ухлаб ётган болапар уйғониб кетишди. Тўнғичи Нажим пиёлада сув тутди. Жумагулнинг вужуди кўрқинчли тушдан дағ-дағ титрарди.
— Босинқирабман, қўрқманглар, болаларим, — дея уларнинг устига кўрпа ташлаб, ташқарига чиқди. Қора тунда, аччиқ изғирин илиқ ҳарорат устидан ғолиб чиқиб, тантанавор визилларди.

Воҳанинг ҳамма томонларидан номи кетган полвонлар келган. Кураш учун ажратилган майдонда одамлар қур атрофини тўлдиришган. Тўрт-беш жойда мойга шимдирилган кунжара калла ёниб турибди. Қур атрофидаги гулханларга ёрилган тўнкалар қаланган. Тарафкашларнинг: «Бўш келма, Ҳут! Баракалла, Ҳут!» — деган қийқириқлари янграйди.

Полвонлар совуқни писанд қилмай рақиби устидан ғолиб чиқиш учун бир-бирига ҳамла қилиб, чалишга еки елка қилиб йиқитиш иштиёқида ёнишади. Устларидаги жомакорлариям чидаш бермай, шир-шир йиртилади. Бойваччалар пул чиқариб: «Ҳут йиқитади, ўзини тутишини қара, келбатига қара! Алпомишни ўзи-ку!» — деб тикишади. Тортишув, тикишлар ғолибни олқишлаш билан тугайди. Ҳут рақибини даст кўтариб отди. Гурс этган товуш ерни зириллатиб юборди-ёв! «Балли Ҳут!», «Отаўғил!», «Ҳалол!», — деган бақириқлар еру кўкни тутди.

Ҳут катта қўчқорни елкасига ташлаб, қурни бир айланиб ҳамқишлоқлари олдига келиб ўтирди.

Йиқилган полвон чамаси Ҳутдан ёши катта эди. Ўрнидан туриб, унинг олдига келиб қўл чўзди.
— Қойилман, полвон. Шу пайтгача яғриним ерга тегмаганди, — деб Ҳутнинг қўлини хомуш сиқиб орқасига қайтди.

Давра баковули:
— Ҳут, сен билан беллашишга Ғузор бегининг ўғли Сафарниёз полвон талабгор, — деди. Ҳут даврага чиқиб, қариялардан фотиҳа сўраганча тиз чўкди.
— Омин, Оллоҳ омадингни берсин! — дея фотиҳа беришди қариялар. Ҳут қоида бўйича даврани уч айланди-да, қаддини ростлаб, забардаст, офтобдан қорайган, оғир меҳнатда қадоқ бўлган қўлларини рақиби Сафарниёзга узатиб борди. Қур атрофи тинч, олам тинч. Гўё бутун борлиқ сукунат-ла томошабинга айланган.

Сафарниёз ҳам анча ном чиқарган полвонлардан. Фақат ғирром, шуҳрат қулига айланган полвон. Отасига қарашли ерларда бўладиган курашларда биринчи товоқ зоти учун курашади. Олади ҳам. Бекнинг ўғли, ҳамма-ҳамма нарса у томонда. Шунинг учун ҳам олади. Ҳа, биринчи зотни у олади. Ҳут билан илк бор беллашмоқда. Ҳутдек довруғи вилоятни тутган полвон билан олишиб, оламга довруғ солмоқчи. Қолаверса Ҳут Сафарниёзга бек отаси юз-хотири учун йиқилиб берар, деган ўй-хаёл ҳам йўқ эмас. Ана, ушлашди. Сафарниёз қоқма берди. Ҳут буни кутмаган эди. Ҳақиқий полвонлар биринчи қафасда кучларини чамалашади, йиқитишга чиранишмайди.

Хут тиззада туриб қолди. Сафарниёз эса унга ёпишиб, йиқитишга уринади. Полвон қаҳрланди. Ўргимчакдек ёпишаётган рақибининг икки қўлини сиқиб ушлаб, бир қоп унни елкасига олгандек кенг елкасига олиб ўрнидан турди. Сафарниёз чиллак оёқларини типирчилатар, қўлини эса Ҳутнинг қадоқ бармоқлари остида, гўё бойлангандек сезарди. Зўрнинг зўри — зўр бўлади. Қаҳри келса — шер бўлади. Буни билмаган Сафарниёз қайтанга ўзга хаёлларга борар, тан беришни эса истамас, ғижиниб, кўзлари хонасидан чиқиб кетгудек бўлиб: «Қўйвор, ялангоёқ», деб типирчиларди.

Ҳут уни елкасига кўтариб давра айлантирди-да, қурнинг ўртасига тош ирғитгандек итқитиб юборди.

Сафарниёзнинг малайлари унинг кўнглини овлаш билан овора: Бири чангини қоқарди, бири иссиқ чой тутарди, оддий томошабинлар офаринлар айтарди.

Даврага товоқ келтирилди. Баковул товоқларнинг зотини чираниб айта бошлади:
— Биринчи товоқ — нортуя, иккинчи товоқ — ҳўкиз, учинчи товоқ - қўчқор, ёнида икки кийимли олачаси билан. Зўр олади, йиқилган кейингасида олар. Ҳой талабгорлар, қани юрагида ўти, белида қуввати тошганлар, зоти ғолибники, томошаси бизники, олинглар!

Даврада жонланиш бошланди. Аммо Ҳут номидан товоқни олиб келадиган тарафкашлари жим эди. Тарафдорларидан бири товоқни полвон номидан олиши керак. Ҳозир Ҳут учун товоқ олиб келадиган Ҳамро бобо ҳам жим. У бек ўғлининг душманига айланиб қолишидан ҳадиксираб жим ўтирарди.

Иккинчи товоқни Ҳамро бобо Назирқулга, учинчисини Тўйчининг ҳамқишлоғи Қодир полвонга олди. Назирқул зотни ҳалоллаб олди. Қодир эса Темир полвонга бой берди. Биринчи товоқ ҳали ҳам етимча бўлиб туравергач, чоржўйлик Танти полвон тарафдорлари олди. Танти даврани уч айланиб, ўрнига бориб ўтирди. Ҳеч ким даврага чиқавермагач, баковул ўртага чиқиб:
— Талабгор бўлмаса, нортуяни Танти полвонга берамиз! — дея эълон қилди. Томошабинлар биринчи товоқ зотини шундай берилишини исташмайди. Биринчи товоқ кечанинг юлдузи, баҳодири. Унинг қандай олинишини орзиқиб кутишмоқда. Агар ҳозир баковул: «Зотни бер Тантига, талабгор йўқ» деса борми, ҳамма аламзада бўлади. Курашнинг охиригача ўтиришганига минг афсус чекадилар. Ўзлари олишолмайди, лекин олишадиганларни: «Нега палончи чиқмади, кўрқди, баччағар. Ўша ҳам полвон бўлибдими. Келиб-келиб, чоржўйлик полвонга бериб юборишди-я зотни энағарлар-а», деб сўкиниша-сўкиниша уйларига қайтишади. Ҳозир ичларида сўкиниб, ич-ичидан ўзларини полвон бўлмаганликларига ичикиб ўтиришибди.
— Талабгор бўлмаса, зотни келтир, Алиқул! Ҳо, Танти полвон, туяни келтиргунларича даврани яна бир айланиб қўйинг!

Қоидага мувофиқ, Танти полвон даврани яна бир ғолибона айланишни бажо келтириши керак эди. Одамлар охири, сўнгги умидлари билан Ҳут полвон томонга боқишмоқда.

Танти даврани айланмади. У даврани тик кесиб ўтиб, Ҳут ўтирган жойга борди: унинг каршисида тўхтади.
— Ҳорманг, Хут полвон, сизнинг довруғингизни эшитиб Чоржўйдай жойдан келгандим, беллашмоқ учун. Наҳотки шунча йўл босиб келганим ҳавога учса, орингиз келмайдими? Сизни ориятли полвон, деб эшитгандим...

Тантининг охирги сўзлари Ҳутга қаттиқ ботди шекилли, ошиқмайгина жомакорини кийиб белига белбоғини бойлаб, ўртага чиқди. Томошабинлар жонланишди. Диллари ёришди. Иккала полвон ҳам довруғ солган полвон. Ҳут воҳа полвони. Танти, зўрларни эшитиб, топиб олишадиган — сайёр полвон. Улар секин ушлашишди: синашда бўлишди. Биринчи қафас тугаб, иккинчи бор ушлашишди. Танти ичкаридан чалиб қайирмоқчи бўлди. Ҳут унинг чилини қайириб, қўшпойча усулини қўллади. Кураш қизиганда-қизирди. Олтинчи қафас ушлашишди, чарчашди. Танти тезкорлик, туя чил қўллади. Томошабиннинг бутун вужуди диққатга айланган, ҳеч бирининг йиқилишини хоҳламасди. Зўрларнинг йиқилиши ёмон — қайғули. Уларнинг олишиши шунинг учун ёқадики — мардона олишишади. Мардлар номард бўлмайди. Шу боисдан иккисининг ҳам йиқилишини исташмайди. Майли, икки полвон олишаверишсин, тонг отиб, кун ботгунча, ҳафталаб, йиллаб олишишсин, кур атрофидагилар томошадан ҳоришмайди, ўтираверишади. Фақат, даврада полвонлар — мардлар бўлишсин. Томошабин ҳоримайди: фақат ўртада полвонлар бўлишсин! Иккаласи ҳам ҳунар ва қувват билан белашишмоқда. Томошабин ҳаяжонлар тўлқинига гарқ. Танти елка килмоқчи бўлди, бўлмади. Ҳут энг оддий усул — қайирмадан уни йиқитди. Эҳ, қандай кўргилик, шундай полвон йиқилса-я...

Одамлар «ҳалол», «ҳалол» деб бақиришмади.
— Ҳалол... — дейишди ўкинчли оҳангда. Ахир улар ҳеч бирининг йиқилишини исташмаган-да... Начора, буни кураш дейдилар. Мардлар қудратини майдон кўрсатур!

Йиқилгани Сафарниёзга жуда алам қилди. Шу йиқилишда, бекнинг ўғли деган ном ҳам обрў, ҳурмат тахтидан йиқилиб, тупроққа қоришиб кетгандек туюлаверди. Дили хуфтон бўлиб уйига қайтди. Ич-этини еб ўзини қўйгани жой топа олмади. У шундай чора излардики, бу билан полвонлик обрўсини, бекнинг ўғлилиги обрўсини сақлаб қолиши керак эди. Лекин Ҳутнинг довруғи атроф-вилоятни тутган, йиқита олмаслигига ақли етарди, аммо чора топиши керак!..

* * *

...Курашдан сўнг узоқ йўл босиб чарчаб ҳориб келган Ҳут, уйида бек ва бойваччаларнинг зулмидан Тошкентга қочиб кетган Эрматни кўриб чарчоғи ҳам эсидан чиқиб, дастурхон олдида гаплашиб турарди.
— Оббо Эрматжон-эй, роса дунё кезибсизда-а, эрта-индин ҳурлик бўлади, дегин. Елкамизга қуёш нури тушадиган бўптида-а.
— Ҳа, Ҳут ака, шундай. Яхши кунлар бошланади...
— Айтганинг келсин, ука. Бош омон бўлса, кўрармиз. — Ҳовлидаги от туёқларининг дупурини эшитиб, ўрнидан турди. — Ҳозир, Эрматжон, бир қараб келай-чи, ким экан, — деб елкасига тўнини елвагай ташлаб ташқарига чиқди. Ҳовлида саман отли, белига ханжар таққан Сафарниёзни кўраркан, нимага келганини дарҳол сезди, лекин босиқлик билан сўради:
— Хуш келибсиз, хизмат, бойвачча.
— Гаплашгани келдим.
— Хўш-хўш, бойвачча?

Сафарниёз қўйнидан олтинга тўла ҳамённи олиб, Ҳутнинг олдига ирғитди.
— Ол! Бир умр еб ётасан. Лекин билиб қўй, эвазига эртанги курашда йиқилиб берасан. Бировга оғзингдан гулласанг, кўрасан!
— Арпа дўғингни энангга қил, баччағар! Пулинг ўзингга буюрсин! Полвонлар аҳли кучини, инсоф ва виждонини пулга сотишган эмас. Сотишмайди ҳам, бойвачча!
— Танангга ўйлаб кўр, бир марта йиқилсанг, осмон ўпирилиб ерга тушармиди! Тағин бошингга отангнинг куни тушмасин.
— Эр йигитнинг гапи битта бўлади!
— Вой яланг оёқ. Тилинг бурро-ку итвачча!
— Нима дединг ҳаромтомоқ, — деб юборди. Унинг қаҳри қўзғаганди. Куч-қудрати этига сиғмай кетди. Зўрлар — баҳодир. Уларнинг қаҳри тошмасин, тошгандан кейин...

* * *

Қишлоқликлар ёзнинг неъматини йиғиштириб, елкаларидан тоғ ағдарилгандек, енгил тортишди. Тўйлар бошланди. Кўчаларда айтувчилар кўриниб қолди.
— Одамлар-ов, одамлар, эшитмадим деманглар, Валиникига тўйга-ов. Жаппи-жамоа тўйга-ов...
— Зўр кураш бўларкан, Валининг тўйига Танти полвон келганмиш. Ҳут билан яна бир бор куч синашмоқчи бўп келганмиш...
— Полвон деган ана шундай бўлсин-да. Қандини урсин. Шунча йўлдан кепти-я.
— Асл полвонлардан экан-да, ҳамманинг оғзида шу гап.

Ҳут полвон кенжа ўғилчасини кўтариб, нон ёпаётган хотини Жумагулнинг атрофида уймалашади. У ҳаяжонда, ўзини қўйгани жой топа олмайди. Юраги тез-тез уради. Нега? Юрагига таскин ахтаради. Ахир бугун яна ўша Танти билан беллашади. Ҳазил гап эмас. Танти қудратли, ориятли полвон. Ориятли бўлмаганда, Чоржўйдай жойдан келармиди. Албатта, бу кураш оғир кўчади. Тантини эшитишса, одам ҳам тумонат келса керак. Бўлари-бўлар. Энди майдон кўряптими. Қолаверса, аввал йиқитган, куч синашта бўлган. Лекин бир йил ичида қандай ўзгариш бўлиши мумкин, шуниси қоронғи. Танти бир йил ҳузур-ҳаловатини, тинчини йўқотиб яшаган. «Елкам ерга тегмаганди, қойилман», деб тантилик қилиб тан бергану... Бўлмаса, биринчи курашдаёқ етиб келармиди. Майли, кўрсин. Ҳутнинг билаклари ҳут совуғида қотган. Елкалари, яғрини хутнинг корида ишқаланган. Ҳут — ҳут ойининг қори устида туғилган, у Ҳут. Ҳеч нарсани писанд қилмайди. Ҳали унинг қони қайнайди. Кучини сиғдиролмайди. У сиғдиролмайди. У бугун беллашади, юлдузлар чарақлаб, ой чирой очганда, оғзидан буғ ҳовурини пуркаб олишади. Қоронғи тушди, юлдузлар милтираб, ой қиё боқтси.
— Бўп қолдингми, хотин. Бунчалик камсуқум бўлмасанг, — деди Ҳут.
— Ҳозир, отаси. Учта нон қолди. Пушти совутлик қип турибди. Бироз кизарсин. Сизга мана бу нонни атайлаб синга қилиб пиширдим, болалар билан сувга бўктириб еб туринг, қувват бўлади.
— Бор экансан-ку, хотин. Шу бир оғиз сўзингаи қачондан бери атрофингда уймалашиб, интиқ бўлиб кутиб тургандим-ку.

Ҳут полвон хотинидан бирон бир илиқ сўз эшитмасдан кўчага чиқолмайди. Унга ҳам қийин, унга эрининг давру даврони, келтирган зотлари керакмас. Кечқурунлари уйда ўтиришини хоҳлайди. Ҳут бўлса, тўйма-тўй юради. Шу бугун охирги марта кураш тушиши, зотини худойи қилиб беради-да, даврани тарк этади. Ҳут шу хаёлларни дилидан бир-бир ўтказиб, тўйхонага йўл олди. Ана қур: қур атрофида тумонат томошабин, даврани ёритиб турган мойли кунжара каллалар, тумонат томошабин... Уни давра аҳли интизорлик билан кутишмоқда. Балки кечикиб келганини қўрқоқликка йўйганлар ҳам оз эмасди. Қурга яқин отдан тушди. Кимдир югуриб келиб:
— Полвон, куттириб қўйдингиз-ку. Одамлар «келмайди», деб туришганди. Келганингиз хўп яхши иш бўлди-да. Отнинг жиловини менга беринг, бойлаб келаман.
— Янгангиз нон ёпаётганди, сал қарашиб ҳаялладим. Товоқлар қўйилдими?
— Йўқ, энди.

Ҳут одамларни оралаб қурнинг бир четига чўқди. Даврада шивир-шивир бошланди.
— Ана, келмайди дегандинг, келди-ку!
— У қочадиганлардан эмас!
— Зотни Танти олармикин, Ҳут?
— Албатта, Ҳут олади-да!
— Танти ҳам узоқ йўлдан бекорга келмагандир.

Ҳут мийиғида кулиб қўйди. Даврада олишаётган йигитларни кузатаётган бўлди. Лекин одамлар даврада чираниб олишаётган ўспиринларни эмас, унга қараб туришганини сезиб, хижолат бўлди. «Нега бу аҳволга тушди, ҳеч қачон юраги бунчалик тез урмаганди-ку! Ўзи нималар бўлмоқда, худди биринчи марта давра кўраётганга ўхшаймана-а», деб ўзини-ўзи койиган бўлди.

Қур баковули товоқларни қўя туриб:
— Биринчи товоқ, — ўнг қўлидаги товоқни баланд кўтарди. — Беш яшар новвос, бир араби гилам билан. Иккинчи товоқ — уч яшар новвос, учинчи товоқ — бир қўчқор, йигирма червони билан.

Иккинчи-учинчи товокни олганлар даврада курашни бошлашди. Оҳо, бири ҳалолпади. Учинчи товокни ҳам олишди. Танти олди. Танти полвон белбоғини елкасига ташлаб даврани уч бор айланиб жойига бориб ўтирди.

Танти озган, сочига оқ оралаган, «бечорагина одамга ўхшаб қарибди», — хаёлидан ўтказди, Ҳут. — Бир йилда шунча-я, — деб билинар-билинмас пичирлади. Тантига, раҳми келгандай бўлди. — Аммо, буни кураш дейдилар. Даврага полвонлар, юрагида ўти борлар чиқади. Қолаверса, у менинг раҳм-шафқатимга муҳтож эмас. У олишади. Ҳа, олишади». Ҳут ечина бошлади. Ҳамманинг кўзи унда. Гўё уни энди кўришаётгандай. Ҳут даврага чиқди, қоматини кериб, тоғдек соя солиб айлана бошлади.

Танти ҳам даврага чиқди. Бир айланиб Ҳут билан кўришди.
— Омонмисиз, полвон?
— Шукр. Ўзиз омонмисиз?
— Шукр.

Улар узоқлашишди. Уч марта қурни айланишиб, бир-бирига яқинлашишди. Ҳавасманд полвонлардек жилпанглашмади. Секин ушлашишди. Ҳаммаси бурунги курашдек бошдан қайтарила бошлади. Бир-бирини силкишиб қўйворишди. Иккинчи бор ушлашишди, бел сиқишишди, қайириб кўришишди, натижа бермади. Учинчи бор ушлашишди. Ҳут ўрама чил қидтси. Танти қайириб ташлади. Атроф сув сепгандай жимжит. Юлдузлар-да, ой-да, тун-да, жим: бутун борлиқ томошабин. Қайта-қайта ушлашишар, аммо натижасиз. Тун яримдан оққан. Ана, Ҳут яна, яна қушпойча усулини қўллади. Буни рақиби кутаётганди. Чунки Танти худди шу усулдан йиқилган. Шул боис бу усулга имкон туғдирганди. Танти қарши ҳужумга ўтди. Рақибни иккала қўлини ёнбошга олиб ўнг томондан чалди. Ҳут чинор қулагандай қулади. Танти унинг кўкрагидан босиб ўтириб ҳам олмади. Турғазиб, чангини қоқиб қўйди. Ҳутни пешонасидан совуқ тер чиқиб, йўлдан адашган йўловчидек жойини тополмасдан бошқа тарафга бориб қолди. Гурра кулги кўтарилди. Боши айланиб, атрофни кўзлари илғамасди..

* * *

Ҳут мағлубликнинг аччиқ аламини ютиб, таркидунё қилиб, уйдан чиқмай ётиб олди. Тўй-маъракаларга ҳам чиқмай қўйди. Уйнинг занжирбанд қулига айланди-қўйди. Ҳеч ким билан кўришишни истамайди. У фақат ўзидан-ўзи койинди. Ахир Ҳут кураш аталмиш майдондан тантана билан чиқиб кетмоқчи эди-ку! У ахир зотини худойи тўй қилиб бериб, майдон аталмиш кураш майдонини ғолиблик тўйи билан тарк этмоқчи эди-да. Бўлмади... Ахир у йиқилишини хаёлига ҳам келтирмаганди-ку! Ётиш-туришида-да ҳаловат йўқолган. Кўзига шундай ёруғ жаҳон тор кўринса-я. Бу қандай кўргилик. Шу алфозда анча кунларни ҳаловатсиз ўтказди.

Юртга баҳор шабадаси эпкин-эпкин эса бошлади. Секин-секин кунлар илий бошлади. Ўт-ўланлар аста-секин ер юзини қитиқлаб чирой очди.

Дарахтлар ўзгача бир либос тўқий бошлаган кунларнинг бирида Эрмат пирқа кириб келди.
— Ҳорманг, полвон.
— Келинг, Эрматжон, келинг. Аммо, кесатманг, полвонлигимнинг нимаси қолди. Полвон дейсиз.
— Ие, ҳали сиз, бир йиқилиб бўлди бизники, дейдиганлар туриданмисиз? Ҳайф сизга-эй, ерларни ҳам чопмабсиз. Бўлди қилинг энди тухум босиб ётишни. Ана, Тантини полвон деса бўлади. Сиздан йиқилгандан кейин тиним билмай паст-баланд жойларни кетмонлаб текислаб ер очиб, одамларга берибди. Ёзи билан янги уй қураётганларга лойини ташиб берибди. Ана, чиниқиш қандай бўлади, билиб қўйинг, — деб чиқиб кетди.

Ҳут ўтириб ўйлаб-ўйлаб, белни олиб ер чопишга тутинди. Кечгача ерини юмшатиб чиқди. Эртаси яна қайта чопиб чиқди. Иштаҳаси очилиб бир лаган ошни кўрдим, демайдиган бўлди. Экин экди. Ҳовлида иш тугади ҳисоб. Майда-чуйда ишларга унинг тоқати тоқ бўлади. Икки-уч кун яна тажанг бўлиб юрди.
— Отаси, уйда бунча сиқилиб ўтирмай, кўча-куйларни ҳам айланиб кўйсангиз-чи, — деб пинғиллади хотини.
— Ҳа, бадингга уриб қолдимми? Ўзинг хоҳлардинг-ку, уйда ўтиришимни. Мана, ўтирибман. Ниятингта етдинг.
— Ният қилмай кетай. Сизни рангазга қарайвериб, зиқ бўп кетдим. Қайтам курашиб турганингиз яхшийкан, отаси.

Ҳут хотини билан ортиқча тортишмади, елкасига кетмон билан қопни ташлаб қишлоқдан унча узоқда бўлмаган тўқайзорга йўл солди. Етиб келиб, айланиб чиқди. Кетмон билан қопни бир четга қўйиб, билакдай-билақтсай юлғунларни суғуриб кўрди: қудрати етаркан. Бу иш унинг ҳар кунги машғулотига айланди. Эртаси билакдан йўғонини, индини ундан йўғонини...

* * *

Куз келди. Дарахтлар барг тўкиб, ўтлар куриди. Уй мўриларидан тутун ўрлади. Сув юзаси музқаймоқдан тўн кийди. Ҳут полвон кураш — майдон иштиёқида ёна бошлади. У туши-ю ўнгида Чоржўйда Танти билан олишаётгандай. Танти уни кутиб, «Эҳ, кднақа полвонсан-а, йиқилиб ҳам оринг келмайдими», деб Чоржўй тўйларида Ҳутни йўқлатаётгандай бўлиб туюлаверарди. Уйқусида яна ороми йўқолди. Хотинига гап солганди, розидек кўринди. Қишлоқнинг икки полвонини кабатига олиб Чоржўй қайдасан, деб отларини ғиротдек елдириб, қомат кериб йўл олдилар. Уч кунда Чоржўйга яқин бир қишлоқ чойхонасига келиб тушдилар. Чойхонада кекса-ю ёш чойхўрлар илиқ-иссиқ чой сипқарадилар. Уч мусофирни кўришиб, ёнларидан жой беришди. Пиёлада чой тутишди:
— Яхши етиб келдингларми, меҳмонлар? Бемалолроқ ўтиринглар, болаларим, — деди мўйсафид чол учовини қўярда-қўймай ёнига ўтқазаркан. — Узоқ йўл босганга ўхшайсизлар. Қайдан бўласизлар?
— Қаршининг ёнидаги Сарой деган қишлоқданмиз, отахон, — атрофдагилар Қаршини эшитиб меҳмонларга яқинроқ сурилишди.
— Меҳмон, унда сиз Ҳут полвонни биласизми?

Ҳут чой ича туриб:
— Ҳа, — деди. Шерикларига жим ўтиринглар, маъносида қараб кўйди. Саволлар ёмғири бошланди.
— Меҳмон, шу ростми, отларни елкасида кўтариб ўйнатади, дейишади.
— Одамнинг сонидай дарахтларни бир тортишда суғуриб олармиш. Ҳут даврада девдек келбатли бўлиб кетармиш.

Ҳут полюн миғийида кулиб қўйди. Чойхоначи чолни ёнига чақириб, ойнадан кўриниб турган танаси уч яшар боланинг белидай келадиган дарахтни кўрсатиб:
— Отахон, ўша тутни менга беролмайсизми? — деди.

Чойхоначи, бунинг ақли жойидами, томдан тараша тушгандай дарахт сўрайди-я, деб ижирғаниб афтини буриштирди.
— Керак бўлса олақол, меҳмон.

Ҳут ташқарига чиқиб кетди. Чойхоначи Ҳутнинг шерикларига юзланди:
— Унинг акли жойидами?
— У Ҳут полвоннинг ўзи, — дейишлари билан гурр этиб ўринларидан туришди: ташқарига отилишди. Ҳут тут дарахтини яхшилаб қучоқлаб ушлади.
— Ё пирим! — дея наъра тортди. Гўрўғлидек ҳайқирди, Алпомишдек ташланди, Фарҳод тусига кирди. Ана куч, ана қудрат! Ҳут полвон дарахтни таг-томири билан суғурди...
— Балли-эй!
— Ҳут полвон деганча бор экан!

Полвон нафасини ростлаб, кафтини қоқиб, жойига келиб ўтирди. Чойхоначи чол:
— Ўғлим, кечир мени. Жиндай оғир гапирдим, — деб кечирим сўради.
— Ҳечқиси йўқ, отахон.

Ўтирганлардан баъзилар уйларига бориб, болаларини олиб келиб, полвонга силатишди — полвон бўлишини ният қилишди. Бировлар шундай полвон аждодидан бўлмаганидан ичикишди. Ҳавас билан боқишди. Алпомиш, Гўрўғли, Фарҳодга қиёслашди. Улар ҳам бўлган бўлса, Ҳутчалик бўлгандир-да, — деб хаёлларидан ўтказишди.
— Айбга буюрмайсиз, полвон, қаерга йўл тутасиз? Агар бемалол бўлса, қолинг. Бугун қишлоғимизда катта кураш бўлади. Полвонларга хат битилган. Сизга ҳам, — деди бир мўйловдор деҳқон.
— Акахон, мен жон деб қолардим. Мен Чоржўйга Танти билан беллашгани бораётирман. Ундан йиқилганман ўтган йили. Мабодо у келса, мен ҳам қоламан.
— Ҳа, полвон, Танти полвон Чоржўй ўлкасини фахри. Камтар эди, мард эди, етим-эсирлар бошини силарди. Худо кўп кўрди. Раҳматли ёмонларнинг ўқидан ўлди, — деди йиғлашдан бери бўлиб.

— Эҳ, аттанг, раҳматли бўлди денг-а. Эҳ, аттанг-а! Бу ёруғ дунё беозор бўлиб кўрингани билан шафқатсиз эканда-а? Эҳ, аттанг, Танти дўстим-а...