OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

4 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМихаил Булгаков
Асар номиУста ва Маргарита (I- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Рус адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Михаил Булгаков
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Шарқ» Нашриёт-Матбаа Акциядорлик Компанияси Бош Таҳририяти, Тошкент, 2008
ТаржимонҚодир Мирмуҳамедов
Ҳажм867KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/29
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
Жаҳон Адабиёти Дурдоналари


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Уста ва Маргарита (I- қисм)
Михаил Булгаков

Михаил Булгаков Романи Ҳақида

Михаил Афанасьевич Булгаковнинг «Уста ва Маргарита» романи «Москва» журнали саҳифаларида чоп этилиши муносабати билан уни ёзувчининг адабий меросини ўрганиш комиссияси номидан ушбу қисқагина муқаддима билан бошлашни лозим топдим.

«Уста ва Маргарита» — марҳум адибнинг сўнгги асари. Булгаков бу романи устида 1928 йилдан иш бошлади ва унинг турли вариантларини яратар экан, баъзан ишини тўхтатар, баъзан эса яна ёзганларига қайтарди. У умри поёнидаги ўн икки йил мобайнида ҳам ўзи дунёга келтирган сермазмун асарини қўлдан қўймади.

Ўлимидан бир неча кун бурун, оғир хасталигига қарамай, ёзувчи романи қўлёзмасига қайта-қайта қайтиб, унинг айрим бобларига сайқал берар ҳамда такомилга етказишга уринарди.

Булгаков сахий истеъдодида, эҳтимол ёзувчининг бутун адабий фаолияти давомидадир, уч турдаги иқтидор — сатирик иқтидори, фантаст иқтидори ва ўта аниқ психологик таҳлилга суянган реалист иқтидори қўшничилик қилиб, бир-биридан устунликка эришиш учун баҳслашиб келган, десак хато бўлмайди.

«Уста ва Маргарита» романи ғаройиб биносининг бунёд этилишида Булгаков истеъдодининг бу уч тури баб-баравар ёинки деярли баб-баравар хизмат кўрсатди. Уларнинг ҳар жиҳатдан чатишиб, ягона дарё оқимига қўшилуви асарнинг энг яхши саҳифаларини ташкил қилганким, бу айни вақтнинг ўзида нафақат романнинг, умуман олганда Булгаков бадиий сўз санъатининг улкан ютуғидир.

Романда шундай саҳифалар борки, уларда Булгаков сатирасининг, Булгаков фантастикасининг ва турган гапки Булгаков аниқ реалистик насрининг чўққиси ўз ифодасини топган.

Роман шундай ёзилганки, ёзувчи худди бу унинг охирги асари эканини илгаритдан сезгандай, унинг саҳифалари орқали ўқувчиларига ўз қалбининг бутун бойликларини, санъаткор қаламининг бутун сеҳрини, сaтирик кўзининг бутун ўткирликларини хаёлотининг бутун шиддатини ҳамда психологик кузатувининг бутун теранликларини инъом этмоқни истагании кўриш мумкии.

Роман саҳифаларидаги бундай саховат ўқилиш жараёнида худди чексиздек туюлади, бир воқеадан иккинчи бир воқага ўтиш ерлари шу даражада кўпки, баайни ҳикоя қилиш матосидаги чокка ўхшаб кетади. Романни такрор-такрор ўқиб чиқиб, унинг ҳар бир кейинги сон-саноқсиз ўткир бурчакларида сени янги ва яна янги фавқулодда кашфиётлар кутаётганига кўникма ҳосил қилмас экансан, ундаги шиддаткор фантасмагориядан классик жозибадорликка, тежамкор реалистик насрдан иккинчи бир нотекис насрга, аччиқ сатирик гротескдан ҳеч қандай танаффуссиз сахий ва айни пайтда қаҳрли ҳажвга ўта кескин суратда кўчилиши, бошида, албатта, довдиратиб қўяди. Бу китобда паймонаси тўлганини дилдан чуқур англаб етган катта салоҳият эгасининг қазо олди бисёр донишлиги ўз аксини топгандай кўринади.

«Уста ва Маргарита» шундай асарлар турига кирадики, уни ҳар хил китобхонлар ҳар хил ўқийдилар, ҳар хил севадилар ва ундан ўзлари учун ҳар хил руҳий озиқа топадилар.

Роман мутолаасидап сўнг, менинг, масалан, қалбимга ва менинг қадрли хотирамга Римнинг Иудеядаги прокуратори Понтий Пилатнинг бир куни ҳақидаги шафқатсиз тарздаги аниқ ҳикоя ҳаммадан ҳам чуқур кириб борди ва ҳаммадан ҳам мўл таъсир ўтказди. Психологик жиҳатдан фантастиканинг ичидаги бу романдаги роман — ажойиб наср намунаси — ўзгармас ҳаққонийлиги билан ногоҳ Лермонтов ва Пушкин насрини эслашга мажбур этади.

Турфа хилликка эга бўлган мазкур романнипг ана шу қисмига қизиқишимни яширмаган ҳолда, ўзимча шуни ҳам тасаввур қиламанки, бу китобнинг менинг қизиқишларимдан ўзгача қизиқишдаги ўқувчилари хам бўлиши мумкин, янада аниқ айтганда, бу китобни бошқача қабул қиладиган ўқувчиси бўлмаслигининг ўзи хам мумкин эмас. Қайдам, бу турдаги китобхонлар учун фантастика билан бирга Маргаританинг устага нисбатан ўта покиза, мардларча танҳо муҳаббати воқеаларини ҳикоя қилувчи саҳифалар, ҳаммадан ҳам ажойиб кўринар. Бундай бахтли ва бундай бахтсиз, ўз бахтлиликларида бу қадар кучли ва бу қадар кучсиз бўлган муҳаббат воқеаси шунчалар нозик тасвирлан-ганки, ҳатто роман саҳифаларидан ўтаётган маккор иблис ҳам бундай муҳаббатга на ёрдам беришга, на тўсқинлик қилишга ожиздир.

Мен ҳеч бир қийинчиликсиз шундай қизиқувчан ўқувчиларни ҳам кўрсатишим мумкинки, улар учун тарихий ва фантастик саҳифалар эмас, балки сатирик Булгаков томонидан мешчанлик, қабиҳлик, мунофиқлик, қўрқоқлик каби қатор иллатларнинг бешафқат аниқ ва бетакрор ҳажв йўли билан фош этилиши романнинт чўққиси бўлиб кўринади.

Булгаков ўз романини охиригача ёзиб тугатиб, унга нуқта қўйди. Шу маънода «Уста ва Маргарита» — тугал асар. Лекин, юқорида айтиб ўтганимдек, Булгаков пишиқ ўйланган ҳикоясини ниҳоясига етказар экан, ичдан ўз ишини ҳали тугалланмаган деб ҳисоблагани боис, ҳаётининг сўнгги кунигача бу кашфиётига қайта-қайта мурожаат қиларди.

Бу асар устидаги ўн икки йилга чўзилган иш яна ва яна давом этаверса, романнинг қандай кўринишга киришини тасаввур қилишнинг ўзи мушкул.

У ҳолда романнинг баъзи номукаммалликлари тузатилган, яна охиригача ўйланмаган ерлари пухта ўйланган ёки ўзида хаёлотнинг чексиз, баракали сахий муҳрини олиб юрган айрим ўринлари қисқартирилгаи бўлармиди.

Ҳа, шундай ҳам бўлиши мумкин. Марҳум ёзувчи томонидан бизга қолдирилган роман матни ана шундай хулосага келишимизга ҳар жиҳатдан асос беради. Бироқ, бундай тахминий хулосаларга у қадар ўрин бериш ҳам тўғри эмас, чунки Булгаковнинг бу якуний, ажойиб ишини ўқиб бўлгач, ўзингда шундай туйғуни ҳис этасанки, бу унинг кучли ва сахий истеъдодига миннатдорлик туйғуси эканига яна бир карра ишонч ҳосил қиласан.

Бу мураккаб ва кўплаб одатий тасаввурдаги асарлар рамкасига сиғмайдиган китобнинг охирги варағини ёпар эканлар, уни турли ўқувчилар турлича баҳолайдилар, ундан бир нарсани олиб, иккинчисини инкор этадилар, учинчиси билан эса баҳслашадилар, лекин мен шунга аминманки, бу романга бўлган қарашларнинг қандайлигидан ва ҳатто у атрофидаги тортишувларнинг баридан қатъий назар, Михаил Булгаковнинг бу сўнгги асарини ўқиб чиққан ҳар бир ўқувчи ўртасида эса бундай мубоҳасаларнинг бўлиши турган гап, уларнинг ўй-хаёлларини бир туйғу бирлаштиради: Булгаков ўлими билан бундан чорак аср муқаддам бизнинг адабиётдан ажойиб ва ўзига хос истеъдодлардан бири кетди ва «Уста ва Маргарита» романи, балки, бошқа гувоҳларнинг ичида, шак-шубҳасиз, бунинг энг ёрқин гувоҳидир.

Константин СИМОНОВ,
«Звезда» журнали, 1966 йил

Биринчи Қисм

«
...Кимсан, айт!
— Мен ҳаргиз ёмонлик тилаб —
Яхшилик қилгувчи кучнинг бир қисми .

Гёте, «Фауст».
»

Биринчи боб

Ҳеч Качон Бегоналар Билан Гаплашманг

Баҳор кунларининг бирида, дим оқшом чоғида, Москвадаги Патриарх кўли хиёбонида икки киши пайдо бўлди. Уларнинг бири ёзлик кулранг костюм-шим кийган, паст бўйли, миқти гавдали, тақирбош, соқол-мўйлови силлиқ олинган, кўзига ғайритабиий катталикдаги қора мугуз гардишли кўзойнак таққан, ҳали хийлагина янги шляпасини қўлига олиб олган эди. Иккинчиси — жингалак сочи малларанг, катак матодан тикилган кепкасини энсасига суриб кийган яғриндор йигит — эгнига катак кўйлак, ғижимланган шим, оёғига қора шиппак кийган эди.

Бу таништирганларимиздан биринчиси Москвадаги энг йирик адабий уюшмалардан бирида (унинг қисқартирилган номи МАССОЛИТ эди) правление раиси, айни пайтда бир қалин бадиий журналнинг муҳаррири лавозимида ишловчи Михаил Александрович Берлиоз, унинг ёш ҳамроҳи эса — шоир Иван Николаевич Понирёв бўлиб, у ўз асарларига Бездомний тахаллуси билан имзо чекарди.

Бу икки адиб эндигина яшил либос кия бошлаган жўкалар соясидан паноҳ топишган заҳоти, ола-була бўёқлар билан бўялган, тепасига «Пиво ва сувлар» деб ёзилган дўкончага отилишди.

Дарвоқе, май ойининг бу мудҳиш оқшомида юз берган биринчи ғаройиб ҳолни қайд қилиб ўтмоқ лозимдир. Нафақат дўконча оддида, балки Малая Бронная кўчаси билан ёнма-ён чўзилган бутун хиёбонда биронта ҳам одам кўринмасди. Қақраган туманга ўранган қуёш Москвани мисдек қиздириб, Садовое кольцо орқасига ботаётган, ҳаттоки нафас олишга ҳам мажол қолмаган бу чоғда, жўка дарахти остига бирон кимса келмади ҳам, скамейкага ўтирмади ҳам, бутун хиёбон бўм-бўш эди.
— Нарзандан қуйинг, — илтимос қилди Берлиоз.
— Нарзан йўқ, — деб жавоб берди сотувчи аёл, негадир ранжигандай бўлиб.
— Пиво борми? — деб сўради Бездомний бўғиқ овоз билан.
— Пиво кечқурун келади, — жавоб қилди аёл.
— Нимангиз бор? — сўради Берлиоз.
— Ўрик шарбати, лекин ИЛИҚ, — деди аёл.
— Майли, қуйинг, қуйинг, илиқ бўлсаям!..

Ўрик шарбати стаканни сап-сариқ кўпик бўлиб тўлдирди, шунда сартарошхонанинг ҳиди гупиллаб димоққа урилди. Шарбат ичган адибларни бирдан ҳиқичоқ тута бошлади. Улар шарбат ҳақини тўлаб, Бронная кўчасига орқа, ҳовузга юз ўгириб бир скамейкага ўтиришди.

Шу маҳал иккинчи ғаройиб ҳодиса юз берди — буниси энди ёлғиз Берлиозга тааллуқли эди. Унинг ҳиқичоқ тутиши бирдан тўхтади, юраги бехос дукиллаб, бир зум қаёққадир ғойиб бўлгандай бўлди, кейин яна ўрнига қайтди, аммо энди, юраги ўтмас игна қадалгандай зирқираб оғрирди. Бундан ташқари, Берлиознинг вужудини кучли бир даҳшат бесабаб чулғаб олдики, у шу заҳотиёқ бу ердан орқасига қарамай қочишга жазм қилди. Берлиоз, ўзининг нимадан чўчиганини билолмай, паришон ҳолда атрофига аланглаб қаради. Унинг ранги қув ўчди, рўмолчаси билан пешанасини артаркан: «Нима бўлди ўзи менга? Ҳеч бунақа бўлмасдим-ку... юрак чатоқ... қаттиқ чарчабман. Ҳамма ишни ташлаб, тезроқ Кисловодскка жўнашим керак...» — деб кўнглидан ўтказди.

Шу маҳал унинг кўзи олдида чўғдек иссиқ ҳаво қуюқлашиб, ундан шишадек шаффоф, ғоят антиқа қиёфадаги бир гражданин вужудга келди. Унинг муштдаккина бошида жокейлар* шапкаси, эгнида катак-катак матодан бичилган калта ва ўзи сингари ҳавойи камзулча... Бу гражданин ниҳоятда дароз бўлса ҳам, елкалари энсиз, ўзи чўпдек ориқ, башараси, эътибор беринг-а, истеҳзоли эди.

Берлиоз шунча умр кечирган бўлса ҳам ғаройиботларга ҳеч кўника олмасди. Шу боис, унинг баттар қути ўчиб, кўзлари бақрайиб қолди-ю, саросимада: «Бунақа бўлиши мумкин эмас!..» деди ичида.

Ҳолбуки, кўраётганлари чин эди, тиниқ найнов одам, Берлиознинг кўзи олдида, дам ўнгта, дам чапга муаллақ чайқалиб турарди.

Шу чоқ Берлиознинг вужудини қаттиқ даҳшат қамраб, кўзларини чирт юмиб олди. Кейин, у кўзини очган эди, ҳалиги сароб эриб, катак камзулли шарпа ғойиб бўлганини кўрди, айни пайтда, юрагига ботаётган ўтмас игна ҳам вужудидан отилиб чиқиб кетган эди.
— Уфф, лаънати! — деб юборди муҳаррир, — биласанми, Иван, ҳозир иссиқнинг тафтидан сал бўлмаса сакта бўлаёздим! Ҳатто кўзимга ҳар балолар кўрина бошлади, — жилмаймоқчи бўлди у, лекин кўзларидаги ҳаяжон учқунлари ҳамон ўчмас, қўллари ҳам қалтирашдан тўхтамасди.

Лекин бора-бора унинг кўнгли таскин топди; рўмолчаси билан елпинди-да, хийла дадил оҳангда: «Хў-ўш, шундай қилиб...» — деб, ўрик шарбати ичиш пайтида узилиб қолган гапини давом эттирди.

Гап, кейин маълум бўлишича, Исо пайғамбар тўғрисида бораётган экан. Масала шундаки, муҳаррир ўз журналининг навбатдаги сони учун динга қарши қаратилган катта достон ёзиш ҳақида шоирга буюртма берган эди. Иван Николаевич ўша достонни жуда қисқа муддатда ёзиб тугатган, аммо, таассуфки, достон муҳаррирни қониқтирмаган эди. Бездомний ўз достонидаги асосий персонажни, яъни Исо пайғамбарни ўта даражада қора бўёқлар билан тасвирласа ҳам, муҳаррир достонни қайтадан ёзиш лозим деб туриб олди. Шу боис, у шоирнинг асосий хатосини қайд қилиш мақсадида, унга Исо пайғамбар тўғрисида ваъз ўқиётган эди. Иван Николаевичга айнан нима панд берганини — шоир истеъдодининг тасвирлаш қуввасими, ё ўзи ёзмоқчи бўлган мавзунинг унга тамомила нотанишлигими — аниқ айтиш маҳол, лекин унинг асарида Исо, гарчи ўзига майл уйғотмаса ҳам, тирик персонаж сифатида тасвирланган эди. Берлиоз эса шоирга, масала Исонинг яхши, ёмонлигида эмас, ўша Исонинг умуман шахс сифатида дунёда ҳеч қачон бўлмаганлигида, унга тааллуқли гаплар эса, оддий уйдирмаю афсона эканлигида, деб исботламоқчи бўларди.

Шуни айтиб ўтиш керакки, муҳаррир аллома одам эди, бинобарин, Исо пайғамбарнинг дунёда яшаганлиги ҳақида ўз китобларида лом-мим демаган қадимги тарихчилардан (масалан, машҳур Филон Искандарий*, беназир маърифат соҳиби Иосиф Флавийлардан) ниҳоятда моҳирлик билан далил келтирарди. Михаил Александрович, ўзининг салмоқли заковатини намойиш қилиб, гап орасида, яна Тацитнинг* машҳур «Солномалар»ига тўхталиб, унинг ўн бешинчи китобидаги Исонинг қатл этилиши баён қилинган 44-бобни анча кейинроқ илова қилинган сохта бобдан бўлак нарса эмаслигини айтиб ўтди.

Муҳаррир айтаётган бу гапларнинг ҳаммаси шоир учун янгилик эди, шунга кўра у ўзининг кўм-кўк, шўх кўзларини Михаил Александровичга тикканча, унинг сўзларини диқкат билан тингларкан, аҳён-аҳёнда ҳиқичоқ тутиб, пичирлаганча ўрик шарбатини лаънатларди.
— Шаркда биронта ҳам дин йўқки, — дерди Берлиоз, — у бокира биби Марьямнинг худога кўзи ёригани ҳақида баён қилмаган бўлсин. Шунга кўра христианлар ҳам, ўзга бирон янгилик кашф эта олмай, айнан шу шарқона тарзда ўз Исо пайғамбарларини кашф этдиларки, аслида у ҳеч қачон ёруғ дунёга келмаган. Достонда ҳам асосий эътиборни айнан мана шу нарсага қаратмоғинг керак эди...

Берлиознинг баланд овози бўм-бўш хиёбонда жаранглаб эшитиларди, у илм чангалзорининг энг қуюқ, хилват ерига кириб борган сари (фақат ўта аллома одамгина бундай хилватгоҳга бешикаст кириб бориши мумкин), шоир мисрликларнинг саховатли худоси Само ва Замин ўғлони Озирис* ҳақида ҳам, Финикия худоси фаммуз* тўғрисида ҳам, Мардук* ҳақида ҳам, ҳатто Мексиканинг ацтек халқи учун бир замонлар ниҳоятда қадрли бўлган, лекин унчалик ном қозонмаган бадқаҳр худо Вицлипуцли ҳақида ҳам тобора кўпроқ ва фойдалироқ маълумотлар ола бошлади.

Михаил Александрович Вицлипуцлининг зуваласини ацтеклар хамирдан олганликлари тўғрисида эндигина ҳикоя қила бошлаган эди, хиёбонда бир одам кўринди.

Кейинчалик (вақт ўтгандан кейин) ҳар хил идоралар бу одамнинг қиёфаси ҳақида маълумотлар беришди. Аммо у маълумотларнинг муқоясаси кишини ҳайрон қолдирарди. Чунончи, биринчи маълумотда ўша одамнинг пакана, тилла тишли ва ўнг оёғи оқсаши ҳақида хабар қилинган бўлса, иккинчисида у одам баҳайбат, тишига платинадан қоплама қўйдирган, чап оёғи оқсоқ, дейилган эди. Учинчи маълумотда: у одамнинг диққатга молик ҳеч қандай аломати йўқ, деб лўнда қилиб ёзилганди.

Эътироф этиш керакки, бу маълумотларнинг биронтаси ҳам тўғри эмас эди.

Биринчи навбатда: ўша назарда тутилган одамнинг на у, на бу оёғи оқсар, на пакана, на баҳайбат, ҳамма қатори норғул эди. Энди унинг тишларига келсак, чап жағ тишларига платина қопланган, ўнг жағидаги тишлари тилладан эди. У қимматбаҳо кулранг костюм кийган, оёғидаги хориж туфлиси ҳам костюми рангида эди. Кулранг беретини олифталардек бир қулоғи устига қия қўндирган, қўлтиғига бароқ итнинг бошини эслатувчи қора думалоқ тутқичли ҳасса қистирганди. Кўринишидан ёши қирқлардан ошган. Оғзи сал қийшиқроқ. Соқол-мўйлови силлиқ қилиб олинган. Қорасоч. Унинг ўнг кўзи қора, чап кўзи эса негадир кўк эди. Тимқора қошлари паст-баланд — қисқаси, ажнабий одам эди.

У муҳаррир билан шоир ўтирган скамейка оддидан ўтатуриб, уларга кўз қирини ташлади, юришдан тўхтади ва бирдан икки дўстдан икки қадам наридаги бошқа скамейкага ўтирди.

«Немис», — деб ўйлади Берлиоз.

«Инглиз, — деб кўнглидан ўтказди Бездомний, — тавба, шу жазирамада қўлқопда юрипти-я — исиб кетмасмикин?»

Ажнабий киши эса бу пайт ҳовузни квадрат тарзда ўраб олган кўп қаватли уйларга қизиқсиниб кўз югуртира бошлади, афтидан, бу жойларни у биринчи марта кўраётган эди.

У нигоҳини юқори қаватларнинг деразаларига қадади, дераза ойналари Михаил Александрович билан мангу видолашаётган қуёшнинг синиқ шуълаларини ўзида акс эттириб, кўзни қамаштиргудек ярақларди: сўнг пастки қаватлардаги шом чўкиши билан қорая бошлаган деразаларга кўз ташлади, пимагадир мийиғида кулиб қўйди, кўзларини сузди, қўлларини ҳассанинг думалоқ дастасига, иягини эса қўлларига қўйди.
— Сен, Иван, — дерди бу пайт Берлиоз, — чунон-чи, худо ўғли Исонинг таваллудини жуда яхши ва сатирик услубда тасвирлагансан, лекин қизиғи шундаки, Исодан олдин ҳам бир қатор худозодалар туғилган — масалан, айтайлик, фригиялик Аттис" — аммо қисқа қилиб айтадиган бўлсак, уларнинг биронтаси ҳам, шу жумладан Исо ҳам туғилмаган, шунга кўра сен Исонинг таваллудини, айтайлик, уни зиёрат қилгани келган сеҳргар мунажжимларни тасвирлаш ўрнига мазкур таваллуд ҳақидаги даргумон мулоҳазалар ҳақида ёзишинг керак... Ҳозир эса сенинг баён қилишингча, у чинданам дунёга келган бўлиб чиқяпти!..

Шу чоқ Бездомний дамини ичига ютиб, безор қилган ҳиқичоққа барҳам бермоқчи бўлди, лекин аксига юриб уни яна аламлироқ ва қаттиқроқ ҳиқичоқ тута бошлади, бу пайт Берлиоз ҳам гапиришдан тўхтади, чунки ажнабий киши бирдан ўрнидан туриб, адиблар қошига юра бошлаган эди.

Улар бу нотаниш одамга таажжуб билан қарашди.
— Ўтинаман, мени афв этгайсиз, — деди бегона киши ажнабийлар талаффузида, аммо сўзларни бузмай, — сизга нотаниш бўлатуриб, суҳбатингизга аралашганим учун... Аммо илмий суҳбатингиз мавзуи шу қадар қизиқарлики, камина...

Шу ўринда у илтифот билан бошидан беретини олди, натижада икки дўст ҳам, ноилож, ўрнидан туриб, унга таъзим қилди.

«Йўқ, кўпроқ французга ўхшаб кетади...» — деб ўйлади Берлиоз.

U juda qattiq uxlardi. Arabistonda ekanimizda ham ertalab uni uyg‘otish uchun ozmuncha mehnat sarf qilmasdim. Ko‘zlarini ochishga unamagandan keyin, otga minayotganday qorniga minib olib qistash, uzun mo‘ylovlarini tizgin qilib tortish, «chux»lash kerak bo‘lardi. Lekin bu kecha uni uyg‘otishdan qo‘rqdim. Uyg‘onsa, meni ilgarigiday yoniga o‘tkazishga ko‘nmaydi, yalinib yolvorishimga qaramay, buvimga eltib beradi, deb o‘yladim.`

Шуни илова қилиш керакки, бу ажнабий биринчи айтган сўзиданоқ шоирда нафрат уйғотди, Берлиозга эса у ёқиб қолган эди, яъни ёққан эди деб ҳам бўлмайди-ю, аниқроғи... қандай ифода этса бўларкан... уни қизиқтириб қолгаи эди, деймизми.
— Майлими сизлар билан ўтирсам? — мулойим оҳангда сўради ажнабий, шунда икки дўст беихтиёр икки томонга сурилди; ажнабий киши эпчиллик билан улар ўртасига ўтирди-ю, шу зумдаёқ суҳбатга аралашди.
— Агар янглиш эшитмаган бўлсам, сиз Исони дунёга келмаган деб айтдингиз шекилли? — сўради ажнабий кўм-кўк чап кўзини Берлиозга тикиб.
— Йўқ, янглиш эшитмадингиз, — назокат ила жавоб қилди Берлиоз, — мен айнан шундай дедим.
— О, ғоятда қизиқ! — деди ажнабий.

«Нимага ҳадеб тумшуғини тиқаверади бу?» — деб кўнглидан ўтказди Бездомний ва қовоғини солиб олди.
— Сиз ҳамсуҳбатингизнинг фикрига қўшилдингизми? — деб сўради нотаниш ажнабий ўнгга, Бездомнийга ўгирилиб.

Шоир ўз фикрини тумтароқ ва мажозий иборалар билан ифодалашни яхши кўрарди, шунинг учун:
— Юз фоиз! — деб жавоб қилди.
— Воажаб! — деб юборди чақирилмаган ҳам-суҳбат, сўнг негадир атрофга ўғри қараш қилиб, сўнг шундоқ ҳам бўғиқ овозини янаям пасайтириб деди: — Синчковлигим учун мени кечиринг, лекин фаҳмимча, сиз ҳали худогаям ишонмайсизми дейман? — у кўзларида ваҳима зуҳур этди ва илова қилди: — Онт ичаман, қеч кимга айтмайман.
— Ҳа, биз худога ишонмаймиз, — жавоб қилди Берлиоз ажнабий кишининг чўчиб кетганидан хиёл жилмайиб туриб, — аммо бу ҳақда мутлақо ошкора гапиравериш мумкин.

Чет эллик скамейкага суянди ва синчковлиги қўзиганидан чийиллаб сўради:
— Сизлар — атеистмисиз?!
— Х,а, бизлар — атеистмиз,— жилмайганча жавоб қилди Берлиоз, аччиғи чиққан Бездомний эса: «Мунча хира бўлмаса бу ажнабий суллоҳ!» — деб кўнглидан ўтказди.
— О, қандай мароқли! — деб чинқириб юборди антиқа ажнабий гоҳ у, гоҳ бу адибга ўгирилиб қараркан.
— Бизнинг мамлакатда атеизм ҳеч кимни ажаблантирмайди, — дипломатларга хос назокат билан деди Берлиоз, — аҳолимизнинг кўпчилиги худо ҳақидаги афсоналарга анчадан бери онгли равишда ишонмай қўйган.

Шунда чет эллик ножўя бир ҳаракат қилди: ўрнидан туриб, таажжубланган муҳаррирнинг қўлини сиқаркан, шундай деди:
— Ижозатингиз билан сизга чин қалбимдан миннатдорчилик изҳор этаман!
— Нима учун миннатдорчилик изҳор этяпсиз унга? — деб сўради Бездомний кўзларини пирпиратганча.
— Камина — сайёҳ учун фавқулодда қизиқарли бўлган ғоятда муҳим маълумот учун, — деб изоҳлади чет эллик бармоғини маънодор кўтариб.

Чамаси, муҳим маълумот сайёҳга чинданам кучли таъсир кўрсатган эди, шунинг учун ҳам у атрофдаги уйларга қўрқа-писа кўз югуртириб чикди — у ҳар бир деразада биттадан атеистни кўришдан хавотирланаётгандай эди.

«Йўқ, у инглиз эмас...» — деб ўйлади Берлиоз, Бездомний эса: «Қизиқ, бунақа русча гапиришни қаерда ўргана қолдийкин?» — деб кўнглидан ўтказди-да, яна ўшшайиб олди.
— Лекин ижозатингиз билан сиздан бир нарсани сўрамоқчийдим, — деб яна гапира бошлади ажнабий меҳмон бир оз ҳаяжонли хаёлга берилиб ўтиргандан кейин, — худоларнинг мавжудлиги борасидаги далиллар нима бўлади? Ахир у далиллар, маълумингизки, роса бешта...
— Тассуфки, — деб жавоб қилди Берлиоз, — ўша далилларнинг биронтаси ҳам ҳеч қандай қийматга эга эмас, бинобарин, башарият аллақачон уларни унутиб юборган. Ахир, ақл-заковат юзасидан олганда, худонинг мавжудлигини исботлайдиган ҳеч қандай далил бўлиши мумкин эмас, шундай эмасми?
— Офарин! — чинқириб юборди чет эллик. — Офарин! Сиз тиниб-тинчимаган қария Иммануилнинг бу борада айтган фикрини мукаммал такрорладингиз. Лекин қизиғи шундаки, у бешала далилни ҳам тамомила барбод қилган, кейин эса ўз устидан кулмоқчи бўлгандай, шахсан ўзи олтинчи далилни кашф этганди!
— Кантнинг далили ҳам, — майин табассум билан эътироз билдирди заковатли муҳарир, — асоссиз. Шиллер бекор айтмаган эди, Кантнинг бу масала юзасидан мулоҳазалари фақат қулларнигина қаноатлантириши мумкин деб, Штраус* эса бу далилни мазах қилиб кулган эди.

Берлиоз гапираркан, айни пайтда: «Ҳар қалай, бу одам ким бўлдийкин? Рус тилида бунчалик яхши гапиришни қаердан ўргандийкин?» — деб ўйларди.
— Менга қолса, ўша Кантни шу назарияси учун уч йилга Соловкига* сургун қилардим! — деб юборди бирдан Иван Николаевич худди томдан тараша тушгандай.
— Иван! — деб пичирлади хижолат бўлган Берлиоз.

Лекин Кантни Соловкига жўнатиш тўғрисидаги таклиф чет эллик меҳмонни ҳайратда қодирибгина қўймай, ҳатто унинг дилини чоғ ҳам қилиб юборди.
— Жуда тўғри, айнан шундай қилиш лозим, — деб чинқириб юборди у, шунда Берлиозга қараган чап кўк кўзи бирдан чақнаб кетди, — унинг жойи ўша ер! Ҳа, ўшанда нонушта пайтида унга: «Сиз, профессор, нима десангиз денг, лекин кашф этган далилингиз қовушмаяпти! Эҳтимол, у оқилона далилдир, аммо жуда мубҳам. Сизни мазах қилиб кулишлари мумкин», деб айтган эдим-а.

Берлиоз бақрайиб қолди. «Нонушта пайтида... Кант билан гаплашган?.. Нима деб валдиряпти ўзи?» — деб ўйлади у.
— Лекин, — гапида давом этди чет эллик Берлиознинг ҳанг-манг бўлганига парво қилмай, шоирга юзланаркан, — уни Соловкига жўнатишнинг ҳеч имкони йўқ, бунга сабаб, у, мана, юз йилдан ошдики, Соловкидан кўра анча олисроқ ерга жўнатилган, шу боис уни у ердан олиб чиқиш — асло мумкин эмас, мен сизга айтсам!
— Аттанг! — деди қитмир шоир.
— Ҳа, аттанг! — деди нотаниш ажнабий кўзини чақнатиб, сўнг гапида давом этди: — Лекин мени бошқа масала безовта қиляпти; агар худо йўқ бўлса, унда башарият ҳаётини ва умуман, ер юзидаги барча жонзодларни ким бошқаряпти, деган савол туғилади.

Бу, очиғини айтганда, унча ойдин бўлмаган саволга Бездомний жаҳл билан шоша-пиша жавоб қилди:
— Ким бўларди, инсоннинг ўзи-да!
— Кечирасиз, — мулойим оҳангда жавоб қилди нотаниш киши, — ҳаётни бошқариш учун, ҳеч бўлмаса, оз муддатлик аниқ бир режа бўлиши керак. Ваҳоланки, атиги бирор минг йил муддатга режа тузиш у ёкда турсин, ҳатто ўзининг эртанги куни ҳақида ҳам бир нима дейишга ожиз бўлган инсон, қани, менга айтинг-чи, қандай қилиб ҳаётни бошқара олсин. Дарҳақиқат, — шундай деб у энди Берлиозга ўгирилди, — бир тасаввур қилиб кўринг, чунончи, сиз ўзгаларни ҳам, ўзингизни ҳам бошқара бошладингиз, фармойишлар бера бошладингиз, умуман, бу ишнинг ҳавосини ола бошладингиз, лекин бирдан... иҳи... иҳи... ўпкангиз саркома* касалига чалинадию... — чет эллик гўё ўпка саркомаси унга ҳузур бағишлагандай мамнун жилмай-ди, — ҳа, саркома, — у кўзларини мушук янглиғ қисиб, бу жарангдор сўзни яна такрорлади, — шу билан, бошқарувчилик фаолиятингиз ҳам тугайди-қолади! Энди ўз тақдирингиздан бўлак ҳеч ким сизни қизиқтирмайди. Хешларингиз сизни ёлғон сўзлар билан юпатмоқчи бўлишади, сиз аҳволнинг пачавалигини ҳис қилиб, аввалига аллома врачларга, кейин товламачи табибларга, ҳаттоки фолбинларга ҳам зир югура бошлайсиз. Лекин алломалардан ҳам, табиблардан ҳам, фолбинлардан ҳам ҳеч бир наф бўлмаслигини ўзингиз яхши биласиз. Оқибат бу уринишларнинг ҳаммаси фожиа билан тугайди: яқингинада ўзини қандайдир ишларни бошқараётгандек ҳис қилган шахс энди бирдан тахта тобутда қимир этмай ётган бўлади, унинг атрофида парвона бўлганлар эса бу жонсиз жисмдан ҳеч қандай наф йўқлигини тушуниб, печда куйдиришади. Лекин бундан ҳам баттар бўлиши мумкин: бир одам Кисловодскка отланди дейлик, — шу ерга келганда ажнабий киши Берлиозга кўзларини қисиб қаради, — оддий сафар дейсиз, аммо у шуни ҳам амалга оширолмайди, чунки номаълум бир сабабга кўра бирдан сирғаниб кетиб, трамвай тагига тушади. Наҳотки, сизнингча, у ўзини ўзи шундай бошқарган бўлса? Уни қандайдир бошқа бир хилқат бошқарган эди, деб эътироф этиш тўғри бўлмасмикин? — шундай деб ажнабий киши ғалати истеҳзо билан кулиб юборди.

Берлиоз саркома дарди ва трамвай ҳақидаги кўнгилсиз ҳикояни зўр диққат билан тингларкан, аллақандай ҳаяжонли ўйлар уни изтиробга сола бошлади. «У хорижлик эмас! Хорижлик эмас! — деб ўйларди Берлиоз. — Жуда антиқа бир нусха... лекин, ҳар қалай, ким бўлдийкин бу?»
— Чеккингиз келяпти, назаримда, а, — деб кутилмаганда Бездомнийга юзланди нотаниш меҳмон. — Қанақасини ёқтирасиз?
— Нима, сизда ҳар хил папирос борми? — нохуш оҳангда сўради шоир — чинданам унинг папироси тугаган эди.
— Қайси папиросни ёқтирасиз? — такрор сўради нотаниш одам.
— Ҳай, «Наша марка»ни, — жаҳл билан деди Бездомний.

Нотаниш меҳмон чўнтагидан оҳиста портсигар чиқариб уни Бездомнийга узатди:
— «Наша марка».

Муҳаррирни ҳам, шоирни ҳам ҳайратга солган нарса портсигарнинг айнан «Наша марка» папирос билан тўлдирилганидан ҳам кўра, портсигарнинг ўзи ҳайратга солган эди. У жуда каттакон ва қизил олтиндан ясалган бўлиб, очилганида қопқоғи устига ўрнатилган уч қиррали гавҳартош кўк ва оқ чўғ бўлиб ярақлаб кетди.

Шунда икки адабиётчи икки хил хаёлга борди. Берлиоз: «Йўқ, ажнабий одам!» — деди, Бездомний бўлса: «Оббо лаънати! Ким бўлди ўзи бу, а?» — деб кўнглидан ўтказди.

Шоир билан портсигар соҳиби папирос тутатишди, чекмайдиган Берлиоз эса папиросни рад этди.

«Унга бундай деб эътироз билдириш керак, — аҳд қилди Берлиоз, — ҳа, ўлим ҳақ, буни ҳеч ким инкор этмайди. Лекин гап шундаки...»

Бироқ у айтмоқчи бўлган гапини айтишга улгурмай, хорижлик меҳмон гап бошлаб юборди:
— Ҳа, ўлим ҳақ, лекин бу ҳам ҳали баҳарнав. Энг ёмони шундаки, у баъзан кутилмаганда қазо қилади, ҳамма бало шунда! Одам, умуман, бугун кечқурун нима билан машғул бўлишини ҳам айта олмайди.

«Ғирт бемаъни мусоҳаба...» — деб ўйлади Берлиоз ва эътироз билдирди:
— Йўқ, бу ўринда жудаям лоф қилиб юбордингиз. Масалан, мен бугун оқшомда нималар қилишимни, озми-кўпми, аниқ биламан. Ҳа, албатта, турган гапки, мабодо Бронная кўчасида бошимга дабдурустдан ғишт тушиб кетмаса...
— Ғишт, — деб унипг сўзини салобат билан бўлди нотаниш меҳмон, — ҳеч қачон, ҳеч кимнинг бошига бесабаб тушмайди. Ишонтириб айтаманки, шахсан сизга ғишт ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Сиз бошқача ўлим топасиз.
— У қанақа ўлим экан, балки сиз биларсиз? — деб ошкора киноя билан сўради Берлиоз бу ғирт бемаъни суҳбат домига тобора кўпроқ тортиларкан. — Эҳтимол, менга айтарсиз ҳам?
— Бажонидил, — деди бегона киши. У гўё Берлиозга костюм бичмоқчи бўлгандай, бошдан-оёқ унга разм солиб чиқди, сўнг гижир тишлари орасидан: «Бир, икки... Меркурий иккинчи уйда... ой ботди... олти — бахтсизлик... оқшом — етти...» — деб ғўлдиради-да, шўх овоз билан баралла деди: — Каллангиз узилади!

Бездомний бу бетакаллуф одамга жаҳл билан ўқрайиб қаради, Берлиоз эса мийиғида тиржайиб сўради:
— Ким узади? Душманларми? Интервентларми?
— Йўқ, — деб жавоб қилди ҳамсуҳбат, — рус қизи, комсомол қиз.
— Ҳм... — деб қўйди Берлиоз нотаниш ажнабийнинг қалтис ҳазилидан ғижиниб, — афв этасиз-у, аммо бу даргумон.
— Мени ҳам афв этишингизни сўрайман, — жавоб қилди ажнабий киши, — лекин бу аниқ. Дарвоқе, сиздан бир нарсани сўрамоқчийдим, бугун кечқурун нима иш қиласиз, агар сир бўлмаса?
— Сир эмас. Ҳозир Садовая кўчасига, уйимга бораман, кейин кеч соат ўнда МАССОЛИТда мажлис бор, мен унда раислик қиламан.
— Йўқ, асло бундай бўлиши мумкин эмас, — қатъий эътироз билдирди хорижлик киши.
— Нима учун энди?
— Шунинг учунки, — деб жавоб қайтара бошлади ажнабий меҳмон ва сузук кўзларини осмонга қаратди, — ҳадемай оқшомги салқин тушишини ҳис қилган қора қалдирғочлар фазода товушсиз «виз-виз» учадилар, Аннушка писта мойи сотиб олди, сотиб олдигина эмас, уни тўкиб ҳам бўлди. Демак, мажлис бўлмайди.

Турган гапки, бу мужмал гапдан сўнг жўкалар остига сукунат чўқди.
— Афв этасиз, — деб бир оз сукутдан кейин гап бошлади Берлиоз, бемаъни сафсата сотаётган хорижлик кишига қараб қўйиб, — писта мойининг бунга нима дахли бор... кейин, ким у Аннушка?
— Писта мойининг дахлдорлигига сабаб буёқда, — деб бирдан гапга аралашди Бездомний, чамаси у чақирилмаган ҳамсуҳбатга қарши уруш эълон қилмоқчи бўлганди, — сиз, гражданин, руҳий касаллар шифохонасида ҳеч бўлганмисиз?
— Иван!.. — оҳиста танбеҳ берди Михаил Алек-сандрович.

Лекин ажнабий меҳмон асло ранжимади, балки хушчақчақ кулиб юборди.
— Бўлганман, бир эмас, бир неча марта бўлганман! — деб чинқирди у кулганча, лекин жиддий кўзларини шоирдан узмай. — Не-не жойларда бўлганман! Фақат, афсус, профессордан шизофрения нима деб сўрашни унутибман. Энди ўзингиз ундан сўраб билиб оласиз-да, Иван Николаевич!
— Исми-шарифимни қаёқдан биласиз?
— Қизиқмисиз, Иван Николаевич, сизни ким танимас экан? — ажнабий меҳмон шундай деб чўнтагидан «Литературная газета»нинг кечаги сонини чиқарди, шунда Иван Николаевич газетанинг биринчи саҳифасида ўз суратини, сурат остида ўзи ёзган шеърни кўрди. Бироқ кечагина уни хушнуд этган шуҳрат ва довруқ сабабчиси бўлмиш бу шеър энди шоирни асло севинтирмади.
— Мени кечирасиз, — деди у ранги қув ўчиб кетиб, — бир дақиқа сабр қила олмайсизми? Ўртоғимга айтадиган икки оғиз омонат гапим бор эди.
— О, бемалол! — деди нотаниш киши. — Бу ер — жўка ости жуда ҳаловатли ер экан, ундан кейин, мен ҳеч ерга шошаётганим йўқ.
— Менга қара, Миша, — пичирлади шоир Берлиозни четроққа бошлаб ўтиб, — у ҳеч қанақа ажнабий эмас, балки жосус. У мамлакатимизга ўтиб олган рус муҳожири. Тезроқ унинг ҳужжатини сўра, бўлмаса кетиб қолади...
— Шунақамикин-а? — ҳаяжонли пичирлади Берлиоз, ўзи эса: «Гапи тўғрига ўхшайди!» — деб кўнглидан ўтказди.
— Гапимга ишонавер, — деб Берлиознинг қулоғига хириллади, — у ўзини гўлликка солиб, баъзи нарсаларни билиб олмоқчи. Угшнг русча қанақа гапиришини ўзинг эшитдинг, — шоир пичирлаб гапираркан, нотаниш одам қочиб кетмасин, деб у томонга кўз қирини ташлаб турарди, — юр, уни қўлга оламиз, қочиб қолмасидан...

Кейин шоир Берлиозни қўлидан ушлаб, уни скамейка томон бошлади.

Бегона киши энди скамейкадан турган, қўлида тўқ кулранг муқовали қандайдир гувоҳнома, сифатли қалин қоғоздан ишланган конверт ва ташрифнома ушлаб турарди.
— Мени кечиринглар, мубоҳасага берилиб кетиб, ўзимни танитишни унутибман. Мана менинг ташрифномам, паспортим ва Москвага консультацияга чақирилгапим ҳақида таклифнома, — деб нотаниш киши иккала адабиётчига ўткир кўзлариии тикканча кескин-кескин гапирди.

Шунда икки дўст хижолат бўлиб қолди. «Оббо, ҳамма гапни эшитипти-ю...» — деб ўйлади Берлиоз ва мулойим ишора билан ҳужжат кўрсатишнинг ҳожати йўқлигини билдирди. Ажнабий меҳмоп хужжатларини муҳаррирга узатаётган чоғда, ташрифномадаги ажнабий тилда «профессор» деб ёзилган сўзга ва фамилиясининг бош ҳарфи — («В»)га шоирнинг кўзи тушиб қолган эди.

Бу аснода, муҳаррир хижил бўлиб:
— Ғоят хурсандман, — деб ғўлдиради, хорижлик киши ҳужжатларини яна чўнтагига солиб қўйди.

Шу йўсинда муносабат қайта тикланди-ю учовлари яна скамейкага ўтиришди.
— Сиз мамлакатимизга консультант сифатида таклиф қилинганмисиз, профессор? — сўради Берлиоз.
— Ҳа, консультантман.
— Сиз — немисмисиз? — деб суриштирди Бездомний.
— Менми?.. — такрор сўради профессор ва бирдан чуқур ўйга толди. — Ҳа, немис десаям бўлади...
— Русча жуда яхши гапираркансиз, — эътироф этди Бездомний.
— О, мен умуман полиглотман, жуда кўп тилни биламан, — жавоб қилди профессор.
— Қай соҳадан мутахассиссиз? — деб сўради Бездомний.
— Мен жоду бўйича мутахассисман.

«Шу етмай турувди!..» — деган фикр Михаил Александровичнинг миясига санчикдай урилди.
— Сиз... сизни шу соҳа бўйича таклиф қилишганми мамлакатимизга? — дудуқланиб сўради у.
— Ҳа, шу соҳа бўйича, — деб тасдиқлади профессор ва фикрини изоҳлай бошлади: — Бу ердаги давлат кутубхонасида ўнинчи асрда яшаган афсунгар Ҳер-берт Аврилакскийнинг асл қўлёзмалари топилган. Шуларни таҳлил қилишни сўрашяпти мендан. Бу соҳада мен дунёда ягона мутахассисман.
— А-а! Тарихчи экансиз-да? — енгил тин олиб, ҳурмат билан сўради Берлиоз.
— Ҳа, тарихчиман, — тасдиқлади олим, сўнг худди томдан тараша тушгандай илова қилди: — Бугун кечқурун Патриарх кўлида аломат воқеа содир бўлади!

Муҳаррир билан шоир яна ҳайратланишди, профессор эса уларни ўзига томон имлади, икки дўст энгашиб, унга қулоқ тутганда, шундай деб пичирлади:
— Эсингизда бўлсин, Исо бўлган.
— Биласизми, профессор, — деди Берлиоз зўрма-зўраки жилмайиб, — биз сизнинг беназир билимингизни ҳурмат қиламиз, аммо биз бу масалада ўзгача нуқтаи назарга эгамиз.
— Ҳеч қандай нуқтаи назарнинг кераги йўқ! — жавоб қилди аломат профессор. — У бўлган, вассалом.
— Ахир бунинг учун қандайдир исбот керак-ку... — деб гап бошлади Берлиоз.
— Ҳеч қандй исботнинг ҳожати йўқ, — деб жавоб қилди профессор ва паст овоз билан гапира бошлади, аммо унинг тилидаги ажнабийларга хос талаффуз негадир энди йўқолган эди: — Бунинг ҳеч таажжуб қиладиган ери йўқ! Эгнига қирмизи астарли оқ ридо кийган...

Иккинчи боб

Понтий Пилат

Эгнига қирмизи астарли оқ ридо кийган Иудея* прокуратори* Понтий Пилат* баҳорги нисон* ойининг ўн тўртинчи куни эрталаб барвақт Буюк Ирод* қасрининг икки қаноти ўртасидаги усти ёпиқ устунлар пойига худди суворий каби пошнасини судраб чиқиб келди.

Прокуратор ҳамма нарсадан ҳам атиргул мойининг ҳидини ёқтирмас эди, шу боис, бугунги кун дилсиёҳлик билан ўтиши муқаррар эди, зеро бу ҳид бугун тонгдан уни таъқиб қила бошлаган эди. Прокураторнинг назарида, атиргул исини боғдаги сарв ва хурмо дарахтлари чиқараётгандай, кўн абзаллар ва отларнинг ҳидига ҳам ўша лаънати атиргул ҳиди омихта бўлаётгандек туюларди. Прокураторни Ершалаимга* кузатиб келган Ўн иккинчи Шиддатли легионнинг биринчи когортаси* жойлашган қаср ортидаги уйлардан боғнинг муаллақ саҳни оша устунлар майдонига тутун эсиб келар, ошпазларнинг тушлик ҳозирлай бошлаганидан дарак берувчи бу аччиқ тутунга ҳам ўша ўткир атиргул ҳиди омихта бўлаётган эди. О, тангрилар, қай гуноҳим учун мени бунча азоблайсизлар?

«Ҳа, шубҳа йўқ! Яна ўша дард, ҳеч даф қилиб бўлмайдиган ярамас Хемикрания* касали — у қўзиганда калланинг ярми оғрийди. Бу дардга даво йўқ, ундан қутулиш учун ҳеч қандай илож ҳам йўқ. Бошимни қимирлатмасликка уриниб кўрай-чи».

Фаввора яқинидаги кошинкор саҳнга суянчиқли курси қўйилган эди, прокуратор ҳеч кимга кўз ташламай, шу курсига ўтирди-ю, қўлини ён томонга чўзди.

Котиб унинг узатган қўлига эҳтиром билан бир парча пергамент тутқазди. Прокуратор оғриқ азобидан афтини ноилож бужмайтирганча, пергаментга қиё боқиб, ундаги ёзувга кўз югуртириб чиқди ва уни котибга қайтараркан, қийналиб деди:
— Тергов қилинаётган Галилеядан* эканми? Унинг ишини тетрархга* юборувдингларми?
— Ҳа, прокуратор, — деб жавоб қилди котиб.
— У қандай ҳукм чиқарди?
— Тетрарх бу иш юзасидан айбнома чиқаришдан бош тортди ва Синедрион* чиқарган ўлим жазосини тасдиқлашни сизга ҳавола қилди, — деб изоҳлади котиб.

Прокуратор ёноқ пайини бир учириб қўйиб, паст овоз билан деди:
— Айбланувчини олиб киринг.

Шу заҳоти икки легионер боғ саҳнидан устунлар пойидаги равонга йигирма етти ёшлардаги бир одамни бошлаб кириб, уни прокуратор ўтирган курси рўпарасига турғизиб қўйишди. Бу одам эгнига ҳаворанг узун жулдур кўйлак кийган эди. Унинг бошига оқ рўмол ташланиб, пешонаси тасма билан боғланган, қўли эса орқасига боғлоғлиқ эди. Бу одамнинг чап кўзи ости кўкарган, оғзининг бир чеккаси шилиниб, қони қотиб қолган эди. У прокураторга қўрқув аралаш синчковлик билан тикилди.

Прокуратор бир оз сукутдан сўнг арамейлар* тилида сўради:
— Одамларни Ершалаим жомесини вайрон қилишга ундаган сенмидинг?

Прокуратор тошдай қотиб ўтирар, гапирганида фақат лабларигина зўрға қимирларди. У оғриқдан оташ бўлиб ёнаётган бошини чайқашдан қўрққани учун шундай ҳайкал бўлиб ўтирарди.

Қўли боғлоғлиқ одам хиёл олдинга талпинди-да, гап бошлади:
— О, саховатли одам! Гапимга ишон...

Лекин прокуратор ўша-ўша тошдай қотиб ўтирганча, товушини ҳам баландлатмай, дарҳол маҳбуснинг сўзини бўлди:
— Сен ҳали мени саховатли одам деяпсанми? Янглишасан. Ершалаимда ҳамма одамлар мени бадқаҳр махлуқ деб пичирлашади — жуда тўғри айтишади, — кейин у гап оҳангини ўзгартирмай илова қилди: — Кентурион* Каламушкушни чақиринглар.

Махсус кентурия" қўмондони Каламушкуш лақабли Марк прокуратор қошида пайдо бўлганида ҳамманинг назарида гўё бутун равонни зулмат чулғагандай бўлди.

Каламушкуш легиондаги энг новча соддатдан ҳам бир қарич баланд ва шу қадар яғриндор эдики, энди кўтарилиб келаётган қуёшни тамомила тўсиб қўйган эди.

Прокуратор унга лотин тилида гапирди:
— Жиноятчи мени «саховатли одам» деб айтяпти. Уни бу ердан бир дақиқага олиб чиқингда, менга қандай мурожаат қилишни тушунтириб қўйинг. Лекин майиб қилманг.

Марк Каламушкуш, орқамдан юр, демоқчи бўлгандай, маҳбусга қўл силтади; шунда тошдай қотиб ўтирган прокуратордан бошқа ҳамма уни орқасидан кузатиб қолди.

Умуман, Каламушкуш қаерда бўлмасин, дароз одам бўлганидан, ҳамма уни орқасидан кузатиб қоларди, уни биринчи марта кўрган одамлар эса бадбашара афтига ҳам ҳанг-манг бўлиб тикилишарди: унипг бурни бир вақтлар олмон гурзисидан пачоқ бўлган эди.

Маркнинг кошинларга «дўқ-дўқ» урилган зилдай этиги овози тинди, маҳбус унинг орқасидан товушсиз эргашди, устунлар майдончаси тамоман сукутга чўкди, шу сабабли равон олдидаги боғ саҳнида каптарларнинг ғув-ғувлагани, фавворадаги сувнинг антиқа оҳангда еқимтой жилдираши эшитила бошлади.

Прокуратор ўрнидан туриб, жилдираб оқаётган фаввора сувига чаккасипи тутгаича қимирламай туришни истарди. Лекин бу ҳам, барибир, дардига даво бўлолмаслигини биларди.

Каламушкуш маҳбусни боққа олиб чиқиб, биринж ҳайкал пойида турган легионер қўлидаги қамчини тортиб олди ва уни кучсизгина силтаб, маҳбуснинг елкасига туширди. Кўмондон еигил ва бепарво ҳаракат қилди, лекин маҳбус шу заҳоти худди оёғига болта урилгандек қулаб тушди, нафаси қайтиб, ранги бўздек оқарди, кўзлари маъносиз бокди. Марк чап қўли билан маҳбусни худди бўш қоп кўтаргандай осонгина кўтариб, оёққа турғазди ва арамейлар тилида сўзларни бузиб минғиллади:
— Рим прокураторига фақат игемон* деб мурожаат қилиш керак, вассалом. Унипг қаршисида ғоз туриш керак. Гапимга тушундингми ё яна қамчилайми?

Маҳбус гандираклаб кетди, лекин ўзини тутиб одди, ахийри рангига қон югуриб, нафасини ростлади-да, ҳирқироқ овоз билан жавоб қилди:
— Гапингга тушундим. Урма мени.

Бир дақиқадан кейин у яна прокуратор рўпарасида турарди.

Ҳукмроннинг сўник ва хаста овози эшитилди:
— Исминг?

Маҳбус бамаъни жавоб беришга, ортиқ ҳукмдорнинг ғазабини келтирмасликка шай эканлигини бутун вужуди билан ифодалаб, шоша-пиша деди:
— Меникими?

Прокуратор паст овоз билан деди:
— Меники ўзимга маълум. Ўзингни ҳаддан зиёд овсарликка солма. Сенинг исминг нима? .
— Иешуа, — шоша-пиша жавоб қилди маҳбус.
— Лақабинг борми?
— Ҳа.Ноцри.
— Қаерликсан?
— Гамала шаҳридан, — жавоб қилди маҳбус ва қаердадир, узоқ шимолда, ўнг томонда Гамала деган шаҳар борлигини боши билан ишора қилиб кўрсатди.
— Қайси насабдансан?
— Аниқ билмайман, — тез жавоб қилди маҳбус, — ота-онамни билмайман. Айтишларича, отам суриялик экан...
— Муқим қаерда яшайсан?
— Муқим яшайдиган маконим йўқ, — ийманибгина жавоб қилди маҳбус, — шаҳарма-шаҳар кезиб юраман.
— Буни бир сўз билан қисқа қилиб ифодалаш мумкин — саёқсан, — деди прокуратор, сўнг сўради: — Хешларинг борми?
— Ҳеч кимим йўқ. Дунёда ёлғизман.
— Саводинг борми? -Ҳа.
— Арамейлар тилидан ўзга бирон тилни биласанми?
— Биламан. Юнон тилини.

Пилатнинг шишган бир қовоғи кўтарилиб, изтиробдан хиралашган кўзи маҳбусга тикилди. Иккинчи кўзи юмуқлигича қолди.

У юнонча гапира бошлади:
— Ибодатхонани вайрон қилмоқчи бўлган ва бу ишга халқни даъват этган сенмидинг?

Энди маҳбус яна жонланди, кўзларидан қўрқув аломати ғойиб бўлиб, юнон тилида гапира бошлади:
— Меп, сахов... — сал бўлмаса оғзидан чиқиб кетаёзган бу сўздан маҳбуснинг кўзларида даҳшат вужудга келди, — мен, игемон, ҳеч қачон хаёлимга ҳам келтирмаганман ибодатхонани вайрон қилишни ва ҳеч кимни даъват ҳам этмаганман бундай номаъқул ишга.

Пастак столга букчайиб олиб маҳбус бераётган гувоҳликни ёзиб ўтирган котибнинг юзида таажжуб аломати пайдо бўлди. У бошини кўтарди, лекин шу заҳоти яна пергаментга энгашиб олди.
— Бу шаҳарда ўтадиган байрам намойишига турли тоифадаги одамлар келишади. Улар орасида сеҳргарлар, мунажжимлар, фолбинлару қотиллар бўлишади, — дерди прокуратор бир хил оҳангда, — лекин улар ичида ёлғончилар ҳам топилади. Чунончи, сен ёлғончисан. Халқни ибодатхонани вайрон қилишга ундади, деб аниқ ёзиб қўйилипти. Одамлар гувоҳлик берган.
— Уша саховатли одамлар, — деб гапира бошлади маҳбус ва шоша-пиша: — игемон, — деб илова қилдию, гапини давом эттирди: — саводи йўқ омилардир, шу боис мен айтган гапларни чалкаштириб юборишган. Умуман, бу чалкашликлар ҳали жуда узоқ вақт давом этмасайди деб хавотирдаман. Ҳамма бало шундаки, менинг гапларимни у нотўғри ёзиб оляпти.

Сукунат. Энди Пилатнинг иккала хаста кўзи маҳбусга оғир тикиларди.
— Сенга охирги марта такрорлайман: ўзингни жинниликка солма, қароқчи, — майин оҳангда деди Пилат ўша-ўша хаста овоз билан, — устингдан ёзилган далиллар кўп эмас, илло шуларнинг ўзи ҳам сени дорга осиш учун кифоя қилади.
— Йўқ, йўқ, игемон, — деди маҳбус Пилатни ўз гапига ишонтириш учун астойдил уриниб, — биттаси бор, қўлига така терисидан ишланган пергамент ушлаб олиб, орқамдан изма-из юргани-юрган, тўхтовсиз ёзгани-ёзган. Лекин бир марта ўша пергаментга кўз қиримни ташлаб ҳангу манг бўлиб қолдим. Мен у ерда ёзилган гапларнинг бирортасини ҳам гапирмаган-ман. Худо ҳаққи, ёқиб юбор бу пергаментингни, деб ёлвордим унга. Лекин у пергаментни қўлимдан юлиб олиб, қочиб кетди.
— Ким ўзи у? — ижирғаниб сўради Пилат ва қўлини чаккасига олиб борди.
— Левий Матвей деган одам, — бажонидил изоҳлай бошлади маҳбус, — у ўлпон йиғувчи эди. Мен у билан биринчи марта Виффагияга борадиган йўл ёқасидаги анжирзор муюлишида тўқнаш келиб гаплашиб қолгандим. Аввалига у менга адоват билан қаради, ҳатто ҳақорат ҳам қилди, яъни мени ит деб атаб, ўзича ҳақорат қилдим деб ўйлаган бўлиши керак, — маҳбус жилмайиб қўйди. — Шахсан мен бу жониворнинг ҳеч қандай ёмон жиҳатини билмайман, шунинг учун ундан хафа ҳам бўлмадим...

Котиб ёзишдан тўхтади ва зимдан, маҳбусга эмас, прокураторга таажжуб билан бокди.
— ... бироқ гапларимни эшитиб, шаштидан қайта бошлади, — давом этди Иешуа, — охири бориб, у йиққан пулларини йўлга отиб юбориб, сен билан жаҳонгашталик қиламан, деди...

Пилат сарғайиб кетган тишларини кўрсатиб, бир ёноғини учириб тиржайди ва бутун гавдаси билан котиб томонга ўгирилиб деди:
— О, Ершалаим шаҳри! Бу ерда не-не антиқа гапларни эшитмайсан. Ўлпон йиғувчи, буни қарангки, пулларини йўлга сочиб юборганмиш!

Котиб бунга жавобан нима дейишини билмай, Пилатнинг жилвасига тақлид қилишни лозим кўрди.
— Негаки у, бугундан эътиборан пулдан ҳазар қиламан, деб айтди, — деб изоҳлади Иешуа Левий Матвейнинг аломат рафторини изоҳлаб ва қўшиб қўйди: — Ўша кундан бошлаб у менга ҳамроҳ бўлиб олди.

Прокуратор ҳамон тиржайишини қўймай маҳбусга қаради, сўнг ўзи ўтирган ердан анча узоқда, пастликда бўлган Ҳипподром* ва у ердаги от ҳайкаллари узра муттасил юқорига кўтарилаётган қуёшга юз тутди-ю, бирдан кўнгилни беҳузур қилувчи аллақандай дард билан: «Ўзимни қийнаб ўтирмасдан «Осилсин!» — деган бир оғиз сўз билан бу нотавон жиноятчини равондан ҳайдаб юборсам ҳам бўларди-ку. Кейин, соқчиларни ҳам қувиб, ўзим қасрга кирганим, кўшкни қоронғилатиб, чорпояга ётганим, совуқ сув келтиришларини буюриб, аянчли овоз билан итим Бангани чақирганим ва унга бошим оғриётганини айтиб зорланганим яхши эди», — деб хаёлидан ўтказди. Шу чоқ бирдан прокураторнинг оғриқ бошида «оғу» деган фикр пайдо бўлди-ю, уни васвасага солиб «лип» этиб ўтиб кетди.

У хира кўзларини маҳбусга тикканча бир оз муддат сукутга толаркан, калтак еявериб бадбашара бўлиб кетган бу маҳбус Ершалаимнинг эрталабки шафқатсиз қуёши тиғида нима қилиб турипди рўпарамда, ҳали яна қандай нафи йўқ саволлар беришим керак унга, деб қийналиб бош қотирарди.
— Левий Матвей дедингми? — ҳирқироқ овоз билан сўради бемор ва кўзларини юмди.
— Ҳа, Левий Матвей, — Пилатнинг азобини орттирувчи янгроқ овоз эшитилди.
— Ҳарҳолда, нималар деган эдинг бозордаги оломонга ибодатхона ҳақида?

Жевоб қайтараётган одамнинг овози Пилатни қаттиқ изтиробга солиб, чаккасига қозиқ бўлиб қоқилаётгандай туюларди:
— Камина, игемон, ибодатхона ҳақида оғиз ҳам очганим йўқ, балки кўҳна имон маъбади вайрон бўлиб, янги ҳақиқат маъбади барпо бўлади, деган эдим, холос. Лўнда қилиб тушунтириш учун шундай дегандим.
— Нечун сен, саёқ, ўзинг тасаввур қила олмайдиган ҳақиқат тўғрисида бозорда ваъз қилиб одамларнинг дилига ғулув солдинг? Ҳақиқат ўзи нима?

Лекин шу заҳоти прокураторнинг дилидан: «О тангриларим! Мен суд учун мутлақо нокерак нарсаларни сўраяпман ундан... Ақлу фаросатим ортиқ итоат этмаяпти менга...» деган сўзлар ўтди. Шу пайт унинг кўзига яна қора суюқлик қуйилган қадаҳ кўринди. «Оғу керак менга, оғу!»

Яна маҳбуснинг овози эшитилди.
— Ҳозир биринчи навбатдаги ҳақиқат шуки, сенинг бошинг оғрияпти, оғригандаям ниҳоятда қаттиқ оғрияпти, шу боис сен руҳингни тушириб, ўлим ҳақида ўйлай бошладинг. Сен наинки мен билан гаплашишга, ҳатто менга тикилиб қарашга ҳам ожизсан ҳозир. Бинобарин, мен беихтиёр сенинг жаллодингга айланмоқдаманки, бу ҳолдан қаттиқ хижолатдаман. Ҳозир сен ҳеч нарса тўғрисида ўйлашга қодир эмассан, шунинг учун ҳам, фақат ўз итингни қошингга келишини орзу қиляпсанки, чамаси, сен дунёда ихлос қўхгган ягона жонзод шу итинг бўлса керак. Лекин ҳозир азобинг арийди, бош оғриғинг қолади.

Котиб маҳбусга бақрайиб қолганидан ёзуви чала қолди.

Пилат дардли кўзларини зўр-базўр маҳбусга кўтарган эди, қуёшнинг Ҳипподром узра анча баланд кўтарилганини, унинг шуъласи энди устунлар орасига ҳам тушиб, Иешуанинг тўзган кафшлари сари ўрмалаб келганини ва у ўзини офтобдан четга олиб қочаётганини кўрди.

Шунда у курсидан турди, қўллари билан бошини маҳкам сиқди, соқоли олинган заъфарон юзида даҳшат акс этди. Лекин у ўз ирода кучи билан бу ҳиссиётни дарҳол даф қилиб, яна ўрнига ўтирди. Маҳбус эса бу аснода гапини давом эттирарди, лекин котиб энди ҳеч нима ёзмас, фақат ғоз каби бўйнини чўзиб, айтилган ҳар бир сўзни диққат билан илғаб оларди.
— Ана, ҳаммаси тугадиям, — деди маҳбус Пилатга хайрихоҳона боқаркан, — бениҳоя хурсандман бундан. Сенга, игемон, қасрни вақтинчалик тарк этиб, шаҳар чеккасида, чунончи, Елеон тепалигидаги боғларда пиёда сайр қилишни маслаҳат берардим. Момақалдироқ бўлади, — маҳбус кўзларини қисиб қуёшга қаради, — ҳў ҳали, кечга бориб. Сайр қилсанг ўзингга яхши бўларди, мен эса бажонидил сенга ҳамроҳ бўлардим. Миямга айрим янги фикрлар келди, улар сени қизиқтириши мумкин деб ўйлайман, шу боис сен билан жон-жон деб фикрлашган бўлардим, боз устига, сен донишманд одамга ўхшаб кўриняпсан.

Котиб мурдадек оқариб кетиб, қўлидаги пергаментни тушириб юборди.
— Ҳамма бало шундаки, — деб гапида давом этди банди — ҳеч ким унинг гапиришига монелик қилмаётган эди, — сен ҳаддан ташқари одамови бўлиб қолгансан, одамларга бўлган ишончни тамомила йўқотгансан. Ахир ўзинг ўйла, бутун меҳру мойилликни битта итга қаратиб кун кечириш мумкин эмас-ку. Ҳаётинг, игемон, қашшоқ, — шу сўздан сўнг у жилмайишга журъат этди.

Котиб энди фақат бир нарса тўғрисида: ўз қулоқларимга ишонсаммикин ё ишонмасаммикин, деб ўйларди. Лекин ишонмай иложи йўқ эди. Оқибат у, маҳбуснинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бундай густоҳлигини эшитган тажанг прокураторнинг ғазаби қандай антиқа шаклда ифода қилинишини тасаввур қилишга уриниб кўрди. Котиб буни ҳам тасаввур қила олмади, ҳолбуки, у прокураторнинг феълини жуда яхши биларди.

Шунда Пилатнинг сўник ва ҳирқироқ овози эшитилди:
— Қўлини ечинглар, — деди у лотин тилида. Соқчи легионерлардан бири найзасини ерга «дўқ» этиб уриб, уни бошқа соқчига берди ва ўзи маҳбусга яқинлашиб арқонни ечди. Котиб ерга тушган пергамент ўрамини кўтариб одди, лекин ҳозирча ҳеч нима ёзмасликка, ҳеч нарсадан ажабланмасликка аҳд қилди.
— Ростини айт, — юнон тилида пичирлаб сўради Пилат, — сен ҳакими ҳозиқмисан?
— Йўқ, прокуратор, ҳаким эмасман, — жавоб қилди маҳбус анжирдай эзилган ва шишиб қизариб кетган билакларини ҳузур қилиб уқаларкан.

Пилат маҳбусга қовоғи остидан худди уни тешиб юборгудек ўқрайиб қаради, унинг кўзларидаги хиралик энди йўқолиб, яна ҳаммага таниш бўлган ғазаб учқунлари пайдо бўлганди.
— Боя сўрамабман, — деди Пилат, — сен балки лотин тилини ҳам биларсан?
— Ҳа, биламан, — жавоб қилди маҳбус. Пилатнинг заъфарон юзига қон югурди ва у лотинчалаб сўради:
— Итни ёнимга чақирмоқчи бўлганимни қандай биддинг?
— Бу қийин эмас, — жавоб берди маҳбус лотин тилида, — сен худди итни силамоқчи бўлгандай қўлингни мана бундай қилдинг, — маҳбус Пилатнинг қўл ҳаракатини такрорлади, — кейин лабларинг ҳам...
— Ҳа, — деди Пилат.

Бир оз жим қолишди, сўнг Пилат юнон тилида савол берди:
— Демак, сен табибсан?
— Йўқ, йўқ, — шоша-пиша жавоб қилди маҳбус, — гапим рост, табиб эмасман.
— Ҳа, яхши. Агар сир тутмоқчи бўлсанг, ихтиёринг. Буни ишимизга бевосита дахли йўқ. Демак, сен ибодатхонани вайрон қилишга... ё унга ўт қўйишга, ё бўлмаса бошқа бирон йўл билан уни барбод қилишга халқни даъват этмагансан?
— Такрор айтаман, игемон, мен ҳеч кимни бундай ишга даъват этмаганман. Наҳотки, калтабин одамга ўхшасам?
— О, ҳақ рост, сен калтабин одамга ўхшамайсан, — паст овоз билан деди прокуратор ва даҳшатли тарзда жилмайиб қўйди. — Ҳай, бўлмаса, бундай қилмаганлигинг ҳақида қасам ич.
— Нима деб қасам ичишимни хоҳлайсан? — сўради қўли ечилиб, руҳи кўтарилган банди.
— Ҳаётингни тикиб онт ичақол, — деди прокуратор, — ҳозир айни ҳаётингни ўртага қўядиган пайт, зеро, у ҳозир қил учида осилиб турипти, буни унутма!
— Ҳаётимни қил учига балки сен осиб қўйгандирсан, игемон? — сўради маҳбус. — Агар шундай деб ўйлаётган бўлсанг қаттиқ яиглишасан.

Пилатни қалтироқ босди, сўнг гижир тишлари орасидан деди:
— Мен ўша қилни узиб ташлашим мумкин.
— Яна янглишяпсан, — маҳбус кафтини қуёшдан соябон қилиб очиқ юз билан табассум қилди. — Қилни ким осган бўлса, ўшанинг ўзигина узиши мумкин, шундай эмасми?
— Ҳа, тушунарли, — деди тиржайиб Пилат, — ершалаимлик ишёқмас анқовларнинг орқангдан галалашиб юрганига энди ҳеч шубҳам қолмади. Тилингни ким қайраган бўлса ҳам жуда ўткир қилиб қайрапти. Дарвоқе, айт-чи: сен Ершалаимга Суз қопқасидан эшак миниб кириб келганмишсан, қора халқ сени мисоли бир пайғамбардек шодиёна ҳайқириқлар билап кутиб олганмиш, шу тўғрими? — шундай деб прокуратор пергаментга ишора қилди.

Маҳбус ҳайрон бўлиб прокураторга тикилиб қолди.
— Менда эшак деган нарсани ўзи йўқ, игемон, — деди у. — Тўғри, Ершалаимга Суз қопқасидан кирганман, лекин пиёда эдим, ҳамроҳим ҳам ёлғиз Левий Матвей эди, ундан кейин ҳеч ким менга ҳеч нима деб қичқирганиям йўқ, чунки у пайт мени Ершалаимда ҳеч ким танимас эди.
— Сен, — деб давом этди Пилат кўзини маҳбусдан узмай, — Дисмас деган одамни, кейин Гестас, яна Варравван деганларни танийсанми?
— Мен у саховатли одамларни танимайман, — жавоб қилди маҳбус.
— Ростингми?
— Ростим.
— Энди менга япа шуни айт-чи, нега доим сен «саховатли одам» деб гапирасан? Ҳаммани ҳам шундай деб айтасанми?
— Ҳаммани, — жавоб қилди маҳбус, — дунёда ёвуз одам йўқ.
— Буни биринчи марта эшитишим, — деди Пилат тиржайганча, — эҳтимол мен ҳаётни яхши билсман! Бу ёғини ёзмасангиз ҳам бўлади, — деди у, шундоқ ҳам ҳеч нима ёзмай ўтирган котибга юзланиб, сўнг яна маҳбус билан суҳбатини давом эттирди: — Биронта юнон китобида ўқиганмисан бу тўғрида?
— Йўқ, ўз ақлим билан шундай хулосага келганман.
— Демак, сен шуни тарғиб этасан?
— Ҳа.
— Мана, масалан, кентурион Марк — унга Каламушкуш деб лақаб қўйишган, хўш, у ҳам саховатлими?
— Ҳа, — жавоб қилди маҳбус, — тўғри, у бахтиқаро одам. Саховатли одамлар уни бадбашара қилишган чоғдан бошлаб у бадқаҳр ва дағалтабиат бўлиб қолган. Қизиқ, ким уни бу аҳволга солди экан?
— Буни сенга бемалол айтишим мумкин, — деди Пилат, — зеро, ўзим бунинг шоҳиди бўлганман. Ўша сен айтган саховатли одамлар унга худди айиққа ҳамла қилган кўппаклардек ташланишганди. Оломон унинг бўғзига, қўл ва оёқларига ёпишиб олганди. Пиёдалар маницули* қуршовга тушиб қолган эди, ўшанда мен қўмондонлик қилган отлиқ қўшин ён томондан қуршовни ёриб кирмаганда эди, сеига, файласуф, бугун Каламушкуш билан суҳбатлашиш насиб этмаган бўларди. Бу ҳол Идиставизо яқинида, Парилар Водийсида бўлган жангда юз берган эди.
— Мен у билан суҳбатлашсам, — ўйчанлик билан деди бирдан маҳбус, — аминманки, у феълини кескин ўзгартирган бўларди.
— Ўйлайманки, — деди Пилат, — ҳатто агар қўшин офицерлари ё солдатларидан биронтаси билан суҳбатлашганингда ҳам, бу рафторинг билан саркардани қаттиқ ранжитган бўлардинг. Хайриятки, сенинг ҳам, саркарданинг ҳам бахтига бундай суҳбат содир бўлмайди, биринчи навбатда ўзим бунга йўл қўймайман.

Шу пайт устунлар саҳнига бир қалдирғоч ўқдек учиб кириб, олтин гумбаз остида бир марта чарх уриб учди-ю, сўнг пасайиб токчага ўрнатилгап мис ҳайкалнинг ёнгинасидан «ғув» этиб ўтиб, устун бўғоти панасида кўздан ғойиб бўлди. Эҳтимол, ўша ерга ин қурмоқчи бўлгандир.

Мана шу қалдирғоч парвози давомида прокуратор боякиш энди оғриқдап фориғ бўлган, доно бошида шундай бир қарор вужудга келди: игемон Ҳа-Ноцри лақабли саёқ файласуф Иешуанинг ишини кўриб чиқиб, унинг фаолиятидан жиноят топмади. Хусусан, Иешуанинг хатти-ҳаракати билан яқинда Ершалаимда юз берган тартибсизликлар ўртасида ҳеч қандай муносабат йўқлигини аниқлади. Саёқ файласуфнинг руҳий беморлиги маълум бўлди. Бинобарин, Кичик Синедрионнинг Ҳа-Ноцри устидан чиқарилган ўлим ҳукмини прокуратор тасдиқламайди. Лекин Ҳа-Ноцрининг телбалик дарди, утопик нутқлари Ершалаимда халқ ғалаёнларига сабаб бўлиши мумкинлигини кўзда тутиб, прокуратор Иешуани Ершалаимдан четлатади ва Ўрта Ер денгизидаги Стратон Қайсариясида*, яъни прокуратуранинг қароргоҳи жойлашган оролда қамоққа ҳукм этади.

Ҳукм тайёр. Энди уни котибга айтиб ёздиришгина қолган эди.

Қалдирғоч игемоннинг шундоққина боши устидан қанотларини пириллатиб ўтиб, ўзини фаввора ҳовузчасига урди, сўнг кенг фазога парвоз қилди. Прокуратор бошини кўтариб маҳбусга қараган эди, унинг атрофида қуёш шуъласига ғарқ бўлган чангнинг тўзон бўлиб кўтарилганини кўрди.
— Ҳаммаси шунинг тўғрисидами? — сўради Пилат котибдан.
— Таассуфки, йўқ, — деди кутилмаганда котиб ва Пилатга бошқа бир пергаментни узатди.
— Нима гап экан яна? — сўради Пилат ва қовоғини солиб олди. У узатилган пергаментни ўқиб чиқдию ранги ўзгариб кетди. Бўйни ва юзига қора қон қуйилдими ё бошқа бир ҳол юз бердими, ҳар қалай, рангидаги сарғишлик ўзгариб қўнғир тус олди, кўзлари эса ич-ичига кириб кетгандай бўлди.

Чамаси, ҳамма айб чаккасига қуйилиб, қаттиқ-қаттиқ тепа бошлаган қонда эди, аммо прокуратурнинг кўзларига бир нима бўлди. Маҳбуснинг боши аллақаёқларга учиб кетиб, ўрнида бошқа калла пайдо бўлгандай кўринди унинг кўзига. Бу кал бош бўлиб, унга кунгураси сийрак олтин тож қўндирилган эди; унинг манглай терисини ўйиб юборган доира шаклидаги ярага малҳам сурилган; битта ҳам тиши қолмаган оғзи ўпирилиб, пастки лаби инжиқлик қилаётгандай осилиб қолган эди. Шу маҳал равондаги пуштиранг устунлар ва қаср пойидаги боғнинг нариёғидан бошлаб, олис-олисларга чўзилиб кетган Ершалаим томлари Пилатнинг кўзидан ғойиб бўлиб, атрофдаги ҳамма нарсалар Капрея боғларининг ям-яшил дарахтлари билан буркангандай бўлиб туюлди. Унинг қулоғига ҳам жуда ғалати нарсалар эшитила бошлади — гўё кимдир жуда олисда туриб оҳиста, аммо таҳдидона тарзда карнай чалгандай бўлди, кимнингдир ҳар бир сўзни чўзиб-чўзиб такаббурона оҳангда димоғ билан: «Улуғ зотларни таҳқирлаш ҳақида қонун», деган гапи жуда аниқ эшитилди.

Пилатнинг хаёлидан калта-култа, пойинтар-сойинтар ва ғайриоддий фикрлар лип-лип ўта бошлади: «Ҳалок бўлди!», кейин: «Ҳалок бўлишди!..» Ундан сўнг шу айқаш-уйқаш фикрлар орасида қандайдир — ва кимнингдир?! — муқаррар боқийлиги ҳақида мутлақо бемаъни фикр ҳам вужудга келдики, бу боқийлик негадир унинг юрагини зиқ қилиб юборди.

Пилат ниҳоят ўзини қўлга олиб хаёлотни даф қилди, ўзини яна равонда кўрди, яна унинг қаршисида маҳбуснинг кўзлари чақнаб турарди.
— Қулоқ сол, Ҳа-Ноцри, — деб гап бошлади прокуратор Иешуага жуда ғалати тарзда тикилиб: унинг чеҳраси мудҳиш, аммо кўзлари ҳаяжонда эди, — сен буюк қайсаримиз* ҳақида бирон ерда бирон нима деганмидинг? Жавоб бер! Гапирганмидинг?.. Ёки... гапирганинг... йўқ... ми? — Пилат «йўқ» сўзини суд пайтида бериладиган саволдаги «йўқ»қа нисбатан бир қадар чўзиброқ талаффуз қилди ва маҳбусга уқтирмоқчи бўлган фикрини кўз қараши билан изоҳлади.
— Ҳақ гапни гапириш ҳам осон, ҳам мароқли, — деди маҳбус.
— Мен сендан, — дея гапира бошлади Пилат - овуқ ва ҳирқироқ овоз билан, — ҳақ гапни гапириш мароқлими, мароқсизми, деб сўраётганим йўқ.Юкорида барибир у гапни гапиришингга тўғри келади. Агар сен ўлишни, ўлганда ҳам қийналиб ўлишни хоҳламасанг, гапирадиган ҳар бир сўзингни аввал пухта ўйлаб, сўнг гапир.

Иудея прокураторига нима бўлганини ҳеч ким айтолмайди, аммо у юзини офтоб шуъласидан пана қилмоқчи бўлгандай, қўлини кўтарди ва шу қўли панасида маҳбусга кўзи билан бир нималарни имо қилди.
— Хўтя, қани, — деди у, — жавоб бер, сон кириафлик Иуда деган одамни танийсанми, унга қайсаримиз ҳақида гапирганмидинг, гапирган бўлсанг, нималар деган эдинг?
— Воқеа бундай бўлган эди, — бажонидил ҳикоя қила бошлади маҳбус, — ўтган куни кечқурун мен ибодатхона олдида бир йигит билан танишиб қолдим, у ўзини Кириаф шаҳриданман, исмим Иуда, деб танитди. Кейин у мени Қуйи Шаҳардаги уйига бошлаб бориб, меҳмон қилди...
— Саховатли одамми у ҳам? — деб сўради Пилат, шу заҳоти унинг кўзларида иблисона ўт чақнаб кетди.
— Ғоятда саховатли ва синчков одам экап, — дея таъкидлади маҳбус. — У менинг мулоҳазаларимни ниҳоятда зўр қизиқиш билан тинглади, бағоят самимият билан қутлади...
— Шамчироқлар ёқди... — деди Пилат гижир тишлари орасидан маҳбуснинг гапи оҳангида, унинг кўзлари милт-милт ёпди.
— Ҳа, — деди Иешуа прокураторнииг воқифлигидан бир оз таажжуб қолиб, сўнг гапида давом этди, — у мендан давлат ҳокимияти ҳақида фикр айтишимни сўради. Бу масала уни ниҳоятда қизиқтирар экан.
— Хўш, сен нима дединг? — сўради Пилат, — Ё нима деганим ёдимдан кўтарилди, деб баҳона қиласанми? — Пилатнинг гапи оҳангида энди ишончсизлик пайдо бўлган эди.
— Кўп гаплар қатори, — деб баён қила бошлади маҳбус, — ҳар қандай ҳокимият ҳам одамларга зулм ўтказиши тўғрисида, вақти келиб на қайсарлар ҳокимияти, на ўзгача ҳокимиятлар қолажаги ҳақида гапирдим. Одамзод ҳақиқат ва адолат салтанатида яшай бошлайдики, ундай салтанатнинг ҳеч қандай ҳокимиятга эҳтиёжи қолмайди.
— Кейин-чи?
— Кейин ҳеч нима бўлмади, — деди маҳбус. — Бу пайт бир нечта одам уйга отилиб кирди-ю, қўлларимни орқамга боғлаб, қамоққа олиб кетди.

Котиб биронта ҳам сўзни фаромуш қилмасликка уриниб, пергаментга шитирлатиб ёзарди.

Шу пайт Пилат хириллганча, хаста овоз билан деди:
— Тиверия* императори ҳокимиятидан буюкроқ ва халқ учун хушкўнгилроқ ҳокимият дунёда бўлмаган, йўқ ва бундан кейин ҳам ҳеч қачон бўлмайди!

Прокуратор котибга ҳам, соқчиларга ҳам, негадир, нафрат билан қаради.
— Ҳокимият ҳақида мулоҳаза юритишни сенга ким қўйди, телба жиноятчи! — деди Пилат ва бақириб борди: — Соқчилар балкондан олиб кетилсин! — сўнг котибга ўгирилиб, илова қилди: — Мени жиноятчи билан холи қолдиринг, давлат аҳамиятига молик иш кўринади.

Соқчилар найзаларини кўтаришди ва нағал қоқилган чориқларини бир меъёрда дўқиллатишиб балкондан боққа чиқишди, улар орқасидан котиб ҳам чиқиб кетди.

Равонга инган сукунатни бир оз фурсат фақат фавворадан отилаётган сувнинг шилдираши бузиб турди. Пилат фавворачадан отилиб чиқаётган сувнинг хамирдай ошиб тош косани тўлдиришини ва унинг четларидан жилдираб тушишини кузатиб ўтирарди.

Биринчи бўлиб маҳбус гапирди:
— Кўнглим сезяпти, ўша кириафлик йигитча билан суҳбат қурганим оқибатида қандайдир фалокат содир бўлганга ўхшайди. Назаримда, игемон, у йигит бахтсизликка учрайдиганга ўхшайди, менинг унга раҳмим келяпти.
— Дунёда, — деб жавоб қилди игемон ғалати тиржайиб, — аҳволи кириафлик Иуданикидан ҳам аянчлироқ баъзи одамлар бор. Сен Иудадан ҳам кўра купроқ ўшаларга ачинишинг керак! Хуллас, тошбағир, учпга чиққан жаллод Марк Каламушкуш ҳам, ваъзхонлик қилганинг учун, ана кўриб турибман, — прокуратор Иешуанинг абжағи чиқиб кетган башарасига ишора қилди, — сени безаб ташлашган одамлар хам, шериклари билан биргаликда тўртта соддатни улдирган қароқчилар: Дисмас билан Гестас ва ниҳоят, мараз хиёнаткор Иуда ҳам — шулар ҳаммаси саховатли одамларми сенингча?
— Ҳа, — жавоб қилди маҳбус.
— Ҳаққоният салтанати ҳам тикланадими? Тикланади, игемон, — қатъий ишонч билан жавоб қилди Иешуа.

Йўқ, ҳеч қачон тикланмайди! — деб Пилат тусатдан даҳшатли овоз билан қичқириб юборган эди, Иешуа чўчиб кетиб, орқасига тисарилди. Бундап кўп йиллар бурун Ҳурлар Водийсида Пилат ўз суворийларга: «Янч уларни! Чоп ғанимларни! Буюк Каламушкушни тутиб олишди!» — деб шундай бақирган эди. Ҳозир ҳам у кўп команда бериш оқибатида ҳирқироқ бўлиб қолган овозини одамлар эшитсин учун ҳар бир сўзни дона-дона қилиб яна баландроқ қичқирди: — Жиноят қилгансан! Жиноятчисан! Жиноятчисан! Шундан кейин у паст овоз билан сўради:
— Иешуа Ҳа-Ноцри, сен бирон-бир худога ишонасанми?
— Худо битта, — жавоб қилди Иешуа, — мен унга ишонаман.
— Унга муножот қил бўлмаса! Астойдил муножот қил! Аммо барибир, — бирдан Пилатнинг овози сўнди, — бундан наф чиқмайди. Хотининг йўқми? — негадир маъюс оҳангда сўради Пилат; бундай кайфиятга тушганидан ўзи ҳам ҳайрон эди.
— Йўқ, сўққабошман.
— Ярамас шаҳар, — деди прокуратор тўсатдан ва худди совуқ қотгандек елкаларини учириб қўйди, қўлларини эса худди ювинаётгандек, бир-бирига ишқади, — сени ўша кириафлик Иуда билан суҳбат қурмасингдан олдин бўғизлаб кетишганидами, орий рост, яхшироқ бўларди.
— Сен мени қўйиб юборсанг бўларди, игемон, — деб кутилмаганда илтижо қилди маҳбус, унинг овозида ҳаяжон пайдо бўлган эди, — кўнглим сезяпти, мени қатл этишмоқчига ўхшайди.

Пилатнинг юзи асабий буришиб кетди, у яллиғланган кўзини Иешуага қаратди. Кўзининг оқи тарам-тарам қизил томирчалар билан қопланган эди.
— О, бадбахт, — деди у, — наҳотки Рим прокуратори, оғзингдан қандай гаплар чиққанини била туриб, сени қўйиб юборади деб ўйласанг? О худолар! Ёки сенинг ўрнингда бўлишни орзу қиляпти деб ўйлаяпсанми мени? Фикрларингга мен қўшилмайман! Энди гапимни қулоғингга қуйиб ол: агар шу дақиқадан бошлаб чурқ этиб оғиз очгудек, биронта одамга луқма ташлагудек бўлсанг, мендан ўпкалама! Такрор айтаман: мендан эҳтиёт бўл.
— Игемон...
— Жим бўл! — деб чинқирди Пилат ва бу пайт яна равонга учиб кирган қалдирғочни дарғазаб кўзлари билан кузата бошлади. — Хой, буёққа! — деб бақирди у.

Котиб ва соқчилар кириб, ўз жойларини эгаллашди, шунда Пилат, Кичик Синедрион мажлисида жиноятчи Иешуа Ҳа-Ноцри устидан чиқарилган ўлим жа-зосини тасдиқлаганини эълон қилди, котиб эса Пилатнинг айтганларини дарҳол қайд қилди.

Яна бир дақиқадан кейин прокураторнинг қошида Марк Каламушкуш турарди. Пилат унга шундай буйруқ берди:
— Бу жиноятчини махфий хизмат бошлиғига топширасан, айни пайтда унга, Иешуа Ҳа-Ноцрини ўзга жиноятчилардан ажратилган ҳолда сақлаш ҳақида, шунингдек, Иешуа билан бирон нарса тўғрисида гаплашган ёхуд унинг бирон-бир саволига жавоб берган ҳар битта махфий хизмат ходими энг оғир жазога мустаҳиқ этилажаги ҳақидаги фармойишимни ҳам етказасан.

Маркнинг бир ишораси билан соқчилар Иешуа атрофини ўрадилару уни равондан олиб чиқиб кетдилар.

Кейин прокураторнинг қаршисида қадди-қомати келишган, оқ-сариқ соқолли хушрўй йигит намоён бўлди; унинг кўксини тўсган совутда шерларнинг ялтироқ тумшуқлари акс эттирилган, дубулғасига тож сифатида бургут пати ўрнатилган, шамширининг камарбандига олтин тўқалар қадалган, тагчарми уч қават бўлган пойабзалининг иплари то тиззасигача бутун болдирини чандиб боғланган, қнрмизиранг ридоси чап елкасига ташланган эди. Бу — легион* саркардаси эди. Прокуратор ундан, Собастия когортаси ҳозир қаерда турипти, деб сўради. Саркарда, себастияликларнинг ҳозир Ҳипподром олдидаги майдонни қуршаб тургани, у ерда жиноятчилар устидан чиқарилган ҳукм халққа эьлон қилинажаги ҳақида хабар қилди.

Шунда прокуратор саркардага Рим коҳортасидан икки кентурия* ажратишни буюрди. Бу кентуриялардан бири Каламушкуш бошчилигида жиноятчиларни,қатл этиш ашёлари ортилган араваларни ва жаллодларни Тақир Тепага кузатиб бориши, сўнг улар етиб борган заҳоти юқори қисмини қуршаб олиши лозим эди. Иккинчи кентурия эса ҳозироқ Тақир Тепага жўнаб кетиб, дарҳол унинг атрофини иҳота қилиб олиши зарур эди. Прокуратор Пилат шу мақсадни кўзлаб, яъни Тепани муҳофаза килиш учун, саркардадан кўмакчи отлиқ полк қўшинини юборишни илтимос қилди.

Саркарда чиқиб кетгач, прокуратор котибга юзланиб, Синедрион президенти ҳамда унинг икки аъзосини, шунингдек, Ершалаим ибодатхоналари соқчиларининг сардорини қасрга таклиф этишни буюрди, лекин шу буйруғи кетидан яна илова қилди:
— Шундай қилгинки, таклиф этилган шу одамлар билан кенгашга ўтказишдан олдин, мен президент билан холи учрашиб олай.

Прокураторнинг амри тез ва аниқ бажарилди. Кейинги кунларда Ершалаимни бениҳоя шафқатсизлик билан қиздираётган қуёш ҳали қиёмга етмасдан боғнинг юқори пешайвонида, унинг зинасида қўриқлаб турган бир жуфт оппоқ мармар шер олдида прокуратор Синедрион президенти вазифасини ўтаётган Иудеянинг бузрук ҳазрати Иосиф Каифа билан учрашди.

Боғда сокинлик ҳукм сурарди. Лекин прокуратор устунлар орасидан ўтиб, поялари ҳайбатли фил оёқларини эслатувчи пальма дарахтлари ўсиб турган боғнинг офтоб нурига ғарқ бўлган устки саҳиига чиққан эди, кўз олдига у ёмон кўрган Ершалаим шаҳри ўзининг осма кўприклари, қалъалари ва — энг муҳими — бутун томи аждарнинг тангасимон терисини эслатувчи, мармар тошлар ва олтиндан бино бўлган, маҳобати ҳеч бир таърифга сиғмайдиган улкан ибодатхонаси билан кўз олдида намоён бўлди ва прокураторнинг динг қулоқларига жуда олисдан — қалъанинг тош девори қаср боғининг қуйи пешайвонини шаҳар майдонидан ажратиб турган пастликдан одамларнинг вақти-вақти билан гоҳ фарёдга, гоҳ наърага ўхшаб кетувчи заифгина ғовури чалинди.

Прокуратор у томонда — майдонда сўнгги кунларда Ершалаимда юз берган тартибсизликлардан жуибушга келган беҳисоб оломон тўнланганлигини, бу оломон жиноятчилар устидан ҳукм чиқарилишини бетоқатлик билан кутаётганини, қичқираётганлар эса жонсарак мешкобчилар эканлигини тушунди.

Прокуратор жазирама офтоб тиғидан ўзини панага олиш учун, биринчи навбатда, ҳазрати бузрукни равонга таклиф қилди, лекин Каифа лутфан узр сўраб, таклифни қабул қилолмаслигини изоҳлади. Шунда Пилат сочи сийраклаша бошлаган бошига ридосининг қайтарма қалпоғини кийиб суҳбатни бошлади. Суҳбат юнон тилида борди.

Пилат Иешуа Х,а-Ноцрининг ишини кўриб чиққанини ва ўлим жазосини тасдиқлаганини айтди.

Шундай қилиб, бугун амалга ошириладиган ўлим жазосига учта қароқчи: Дисмас, Гестас, Варравианлар, улар билан бирга Иешуа Ха-Ноцри ҳам маҳкум этилган эди. Халқни йўлдан оздириб, қайсарга қарши исён қилган биринчи икки жиноятчи прокураторнинг измида эди, бинобарин, улар хақида бу ерда ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас. Варраиван билан Ха-Ноцри эса. маҳаллий маъмурлар томонидан қўлга олинган бўлиб, улар устидан Синедрион ҳукм чиқарган эди. Қонун ва таомилга кўра шу икки жиноятчидан бирини бугун кириб келаётган буюк пасха байрами шарафига озод қилиш лозим бўлади.

Хуллас, прокуратор, шу икки жиноятчидан қай бириии Синедрион озод қилмоқчи бўлганини билишни истайди: Варравванними ёки Ха-Ноцрини-ми? Каифа, савол тушунарли, деган маънода бош силкиди ва жавоб берди:
— Синедрион Вар-равванни бўшатишни сўрайди. Хазрати бузрукнинг айнан шундай жавоб қилишини прокуратор яхши биларди, аммо унинг вазифаси, ўзини бундай жавобдан таажжублангандек қилиб кўрсатиш эди.

Пилат бу вазифани зўр маҳорат билан ижро этди. Бу мутакаббир зот қошларини чимирди ва ҳазрати бузрукнипг кўзларига ҳайрат билан тик қаради.
— Очиғи, бу жавоб мени тонг қолдирди, — деди у мулойим оҳангда, — англашилмовчилик содир булмадимикин деб қўрқаман.

Пилат ўз фикрини тушунтирди. Тўғри, Рим хукумати маҳаллий диний маъмурият ҳуқуқини асло камситмоқчи эмас, буни ҳазрати бузрукнинг ўзи хам яхши билади, илло мазкур вазиятда хатога йўл қуйилгани аниқ. Турган гапки, бу хатони тузатишдан Рим ҳукумати манфаатдор.

Дарҳақиқат, Вар-равван билаи Ха-Ноцриниит жиноятлари ўртасидаги тафовут катта эди. Телбалиги яққол кўриниб турган иккинчи жиноятчи ўзининг бетутуриқ гаплари билан Ершалаимда ва бошқа айрим жойларда одамларнинг тинчини бузганликда айбланса, биринчи жиноятчининг айби бениҳоя оғир эди. У халқни очиқдан-очиқ исёнга даъват этиш билан чекланиб қолмай, яна уни ҳибсга олмоқчи бўлган соқчилардан бирини ўлдирган ҳам эди. Вар-равван Ҳа-Ноцрига нисбатан кўп маротаба хавфлироқдир.

Юқорида зикр этилган сабабларга кўра прокуратор ҳазрати бузрукдан Синедрион қарорини қайта кўриб чиқишни ва икки маҳбусдан безиёнроғини озод қилишни сўрайдики, ўшал безиёнроқ жиноятчи, шубҳасиз, Ҳа-Ноцридир. Шундай эмасми?

Каифа Пилатнинг кўзларига тик боқиб туриб, оҳистагина, аммо қатъият билан деди:
— Синедрион ҳукмномани диққат билан ўрганиб чиқди, шунга кўра Вар-равванни озод қилишга аҳд қилганини иккинчи марта хабар қилади.
— Наҳотки? Ҳатто менинг илтимосимдан кейин ҳам-а? Рим ҳокимияти номидан гапирувчи шахснинг илтимоси ҳам вожиб бўлмайдими? Ҳазрати бузрук, учинчи марта такрорла жавобингни?
— Учинчи марта ҳам, Вар-равванни озод қиламиз, деб маълум қиламиз, — деди оҳиста Каифа.

Масала ҳал бўлган, гапириладиган бошқа гап қолмаган эди. Ҳа-Ноцри энди дорилбақога кетаётган эди, демак, прокураторнинг мудҳиш ва аламли бош оғриғисини энди ҳеч ким даволай олмасди; бу дардга ўлимдан бошқа даво йўқ. Аммо ҳозир Пилатни ҳайратга солаётган нарса бу фикр эмас эди. Боя ровонда содир бўлган ўша мубҳам диққинафаслик туйғуси унинг бутун вужудини ҳамон изтиробга соларди. Шу заҳотиёқ у ўзининг бу аҳволини изоҳлашга уриниб кўрди, лекин изоҳ жуда аломат бўлиб чикди: прокуратор ўлимга маҳкум этилган Ҳа-Ноцри билан ҳали ниманидир гаплашиб улгурмагандек, ҳаттоки унинг қайсиям бир фикрини охиригача эшита олмагандек ҳис қилди ўзини.

Пилат бу фикрни хаёлидан фаромуш қилди, у қандай тез пайдо бўлган бўлса, шундай тез ғойиб бўлди. Фикрку ғойиб бўлди, аммо диққинафаслик ҳамон мубҳамлигича қолди, зеро чақмоқдек бир чақнаб шу зумда ўчган: «Боқийлик... боқийлик бошланди...» деган бошқа бир қисқагина фикр ушбу ҳолни изоҳлай олмас эди. Кимнинг боқийлиги бошланди? Буни прокуратор тушунолмади, аммо мавҳум боқийлик ҳақидаги мана шу фикр шу жазирама офтоб тиғида ҳам уни жун-жуктириб юборди.
— Яхши, — деди Пилат, — шундай бўла қолсин.

Энди у атроф-муҳитга кўз ташлаб, юз берган ўзгаришдан таажжубда қолди. Ғунчалари ғарқ очилган атиргул бутаси ва юқори пешайвон атрофида қатор тизилиб турган сарв дарахтлари ғойиб бўлган эди, анор дарахти ҳам, ям-яшил майсазордаги оқ ҳайкал ҳам, майсазорнинг ўзи ҳам кўздан йўқолган эди. Бу манзаралар ўрнини қандайдир қирмизи қуйқа қоплаб, бу қуйқада сув ўтлари мавжланиб, қаёқларгадир силжий бошлаган, Пилатнинг ўзи ҳам шу ўтлар билан бирга кета бошлаган эди. Энди энг мудҳиш алам — ожизлик алами уни ўт бўлиб ёндириб, қалбини исканжага олиб, елдек учириб борарди.
— Сиқилиб кетяпман, — деди Пилат, — сиқилиб кетяпман!

У совуқ ва нам қўли билан ридоси ёқасидаги тўқани ечиб юборган эди, ридо сирғалиб қумлоқ йўлкага тушди.— Бугун ҳаво дим, қаердадир момақалдироқ бўляпти, — деди Каифа прокураторнинг қон қуюлган юзидан кўзини узмай ва унинг ҳали яна юз беражак барча изтиробларини кўз олдига келтириб. «О, бу йил июн ойи ғоят мудҳиш келди!»
— Йўқ, — деди Пилат, — ҳавонинг димлигидан эмас, сен билан, Каифа, турганимдан сиқилиб кетдим, — сўнг у кўзларини сузиб жилмайдида, илова қилди: — Ўзингни эҳтиёт қил, ҳазрати бузрук.

Каифанинг тимқора кўзлари чақнаб кетди, боя прокураторнинг чеҳрасида қандай таажжуб аломати нужудга келган бўлса, энди Каифанинг ҳам юзида шундай ажабланиш пайдо бўлди.
— Нималар деяпсан, прокуратор? — мағрур ва хотиржам оҳангда деди у, — ҳукм чиқарилгандан кейин таҳдид қиляпсанми менга? Ахир уни ўзинг тасдиқлаб бердинг-ку! Қулоқларимга ишонмаяпман! Биз Рим прокураторининг аввал пухта ўйлаб, сўнг ўз фикрини баён қилишига кўникиб қолганмиз. Ишқилиб, суҳбатимизни бирон кимса эшитмадимикин, игемон?

Пилат ҳазрати бузрукка ўлик кўзларини тикди, тишининг оқини кўрсатиб, жилва қилгандай бўлди.
— Қўйсанг-чи, ҳазрати бузрук! Шу топда, бу срда бизни гапимизни ким ҳам эшитарди? Наҳот мен бугун қатл этиладиган анави саёқ девона йигитга ўхшасам? Ё гўдакмидим мен, Каифа? Мен қаерда нима дейишимни биламан. Боғ иҳота қилин-ган, бутун қаср қўриқланмоқда, демак, ҳатто сичқон ҳам бирон кавакдан киролмайди буёққа! Наиики сичқон, ҳатто анави, оти пима эди... Кириаф шаҳридаи чиққан ҳам. Айтгандай, сен уни танийсанми, ҳазрати бузрук? Ҳа... агар бу ерга ўшанақа одам кириб қолгудек бўлса, кирганига хам минг пушаймон еган бўларди, бу гапимга энди ишонсанг керак албатта? Хуллас, ҳазрати бузрук, қулоғиннга қуйиб ол, бугундан эътиборан сен оромингни йўқотасан! Сен ҳам, қавмларинг ҳам, — Пилат шундай деб қўли билан ўнг томонда, анча олисдаги дўнгликда қад кўтарган ибодатхонага ишора қилди. — Буни сенга мен — понтийлик Пилат, Олтин Найза тутган сувори айтяпмап.
— Биламан, биламан! — дадил жавоб қилди қорасоқол Каифа ва кўзлари чақнаб кетди. У қўлини кўкка чўзиб каломини давом эттирди: — Иудея халқи, ундаи ваҳшиёна адоват билан нафратланишингни, уни кўп оғир мусибатларга мубтало қилишингни билади, илло уни буткул маҳв эта олмагайсан! Худо ўз паноҳига олгай бу халқни! Эшитгай, ҳа, қудратли қайсар зоримизни эшитгай ва бизни қаттол Пилатдан ҳифз қилгай!
— Э, йўқ! — деди Пилат ва энди гапирган сари, тобора кўнгли енгил торта бошлади: энди муғамбирлик қилишнинг ҳам, равон жумла тузиш учун сўз ахта-ришнинг ҳам ҳожати қолмаган эди. — Сен қайсарга менинг устимдан кўп марта арз қилдинг, энди навбат менга келди, Каифа! Энди мен нома ёзиб юбораман, юборгандаям Антиохиядаги ноибга ҳам, Римга ҳам эмас, тўппа-тўғри Капреяга — императорнинг ўзига юбораман сизларнинг бу ерда, Ершалаимда ашаддий исёнчиларни ўлимдаи қутқариб қолаётганларингиз ҳақида. Ана унда Ершалаим аҳлини, аввалги эзгу ниятим бўйича, сенларнинг нафингни кўзлаб, Сулаймон кўлининг обираҳмати билан сийламайман! Йўқ, сув билан эмас! Ўзинг эслаб кўр, айнан сенларнинг касрингга, мен деворга илинган император номи зарб қилишган қалқонларни қўлга олишган ва кўриб турибсанки, шахсан ўзим бу ерга қўшин суриб келишга мажбур бўлдим, оқибаг, Ершалаимда юз бераётган воқеаларнинг шоҳиди бўлишимга тўғри келди! Гапларим ёдингда бўлсин, ҳазрати бузрук. Ҳозир сен Ершалаимда кўриб турганинг бир коҳорта қўшин — дарёдан томчи! Ҳали бу шаҳар пойига, бутунича Фульминат қўшини, араб суворийлари келишади, ана унда қулоқларинг аччиқ нолаю фарёдлар эшитади! Ана унда сен жииоятчи Вар-равванни ўлимдан халос этганинг, эзгулик ҳақида ваъз қилган файласуфни эса ноҳақ ўлимга йўллаганинг учун минг пушаймон бўласан!

Ҳазрати бузрукнинг юзида хол-хол қизил доғлар иайдо бўлди, кўзлари ёна бошлади. У ҳам прокураторга ўхшаб, тишининг оқини кўрсатиб тиржайдида, жавоб қайтарди:
— Шу айтган гапларингга, прокуратор, ўзинг ишонасанми? Йўқ, ишонмайсан! Халқни васвасага солган ўша файласуф Ершалаимга тинчлик олиб келмади, билъакс — тинчликпи бузди, буни ўзинг ҳам, о чавандоз, жуда яхши биласан. Сен уни, халқ орасида фитна тарқатсин, динимизни таҳқирласин, бутун халқни Рим шамширига рўпара қилсин, деган ииятда озод қилмоқчи бўлдинг! Вале мен, Иудеянинг бузрук ҳазрати, тирик эканман, динимизни гаҳқирлашларига йўл қўймайман, халқимни ундай хавфдан муҳофаза қиламан! Эшитяпсанми, Пилат? — Шундай деб Каифа қўлини таҳдидона кўтарди: — Ана, қулоқ сол, прокуратор!

Каифа жим қолди, шунда прокураторга яна денгиз гувиллагандай, унинг тўлқинлари Букж Ирод боғининг деворлари пойига келиб урилаётгандай бўлиб туюлди. Бу гувиллаш пастликдан прокураторнинг оёқларига, ундан юзига кўтарилаётгандай ўлди. Пилатнинг орқа томонида, қаср ортида эса ҳаяжонли карнай садолари, юзлаб оёқларнинг залворли гурсиллаши, темирлар жаранги эшитиларди. Пиёда аскарлари прокураторнинг буйруғига биноан исёнчи ва қароқчиларни қатл этиш олдидан бўладиган даҳшатли намойишга шайланиб, қасрдан чиқа бошлаган эдилар.
— Эшитяпсанми, прокуратор? — деб ҳазрати бузрук паст овоз билан такрорлади. — Наҳотки буларнинг ҳаммасини оёққа турғазган, — Каифа гапира туриб икки қўлини кўкка кўтарган эди, қора қайтарма қалпоғи бошидан тушиб кетди, қўрқинчли йўлтўсар Вар-равван деб ўйласанг?

Прокуратор кафтининг орқаси билан совуқ, терга чўмган пешонасини артди, ерга тикилди, кейин кўзларини қисганча осмонга қараб, лов-лов ёнаётган қуёшнинг деярли қиёмга келиб қолганини, Каифанинг сояси эса мармар шернинг думи олди-да ғужанак бўлиб қолганини кўрди-ю, лоқайдлик билан оҳиста деди:
— Чошгоҳ бўлиб қолипти. Суҳбатга берилиб кетибмиз, ҳолбуки ишни давом эттирмоқ лозим.

У ҳазрати бузрукдан назокат билан узр сўради ва энг охирги, қисқа кенгаш учун зарур бўлган одамларни чақиртириб, қатлга тааллуқли сўнгги фармойиш бергунича Каифадан магнолия дарахти соясидаги курсида кутиб ўтиришни илтимос қилди.

Каифа қўлини кўксига қўйганча, илтифот билан таъзим қилиб, шу ерда — боғда қолди, Пилат эса ровонга қайтди ва уни кутиб турган котибга легион саркардасини, коҳорта трибунини, шунингдек, Синедрионнинг икки аъзосини ва жоме соқчилари сардорини чақиришни амр этди. Улар боғнинг пастки пешайвонида, фавворали доира суҳбатгоҳда прокураторнинг таклифини кутиб ўтиришарди. Пилат котибга: ҳозир орқангдан етиб бораман, деб ўзи қаср ичкарисига йўл олди.

Котиб кенгаш аҳлини йиғиш билан банд бўлган пайтда прокуратор қора дарпардалар билан офтобдан тўсилган хонада қандайдир бир одам билан учрашди; гарчи хонага қуёш шуъласи тушмаётган бўлса ҳам, бегона одамнинг ярим юзи бошидаги қайтарма қалпоқ билан тўсилган эди. Бу учрашув ниҳоятда қисқа бўлди. Прокуратор бу одамга пичирлаб бир-икки оғиз сўз айтди, шундан кейин у хонадан ғойиб бўлди, Пилат эса устунлар орасидан ўтиб боққа чикди.

Бу ерда прокуратор ҳамма таклиф қилинган одамлар иштирокида, Иешуа Ҳа-Ноцри устидан чиқарилган ўлим ҳукмини тасдиқлаганини тантанавор оҳангда, аммо қуруққина қилиб таъкидлади ва расмиятчилик юзасидан, жиноятчилардан қай бирини ўлимдан асраб қолишни маъқул кўрасизлар, деб савол берди Синедрион аъзоларига. «Вар-равван-ни», деган жавобни эшитиб:
— Жуда яхши, — деди прокуратор ва котибга дарҳол буни қайд қилиб қўйишни буюрди, сўнг котиб ердан олиб берган ридосининг тасмасини ғижимлаганча тантанали оҳангда деди: — Вақт бўлди!

Шундан кейин, бу ерда ҳозир бўлганларнинг ҳаммаси икки томонига одамнинг ҳушини олгудек ўткир ҳид таратувчи атиргул буталари зич ўтқазилган кенг мармар зинадан пастга — қаср дарвозаси сари туша бошладилар. Бу дарвозадан саҳни теп-текис кенг майдонга чиқиларди. Майдоннинг нариги бошидаги Ершалаим жанггоҳига ўрнатилган маҳобатли устунлар ва мармар ҳайкаллар бу зинадан яққол кўриниб турарди.

Акобирлар гуруҳи майдонга чиқиб, ҳаммаёқдан кўзга бирдай яққол ташланувчи саҳни кенг тош супага кўтарилди. Пилат сузук кўзлари билан атрофга назар ташлаб чиқиб, дарҳол вазиятга тушунди. У ҳозиргина босиб ўтган масофа, яъни қаср дарвозасидан то тош супагача бўлган оралиқ бўм-бўш эди, лекин супанинг олд томонидаги майдон саҳни Пилатга кўринмади — уни оломон босиб кетган эди. Агарда Пилатнинг чап томонида Себастия аскарлари уч қатор бўлиб, ўнг томонда итуреялик кўмакчи коҳорта навкарлари саф тортиб, тош супа билан унинг ортидаги бўш масофани қўриқлаб туришмаганда, оломон бу жойларни ҳам қамраб олган бўларди.

Шундай қилиб, Пилат нокерак тўқани муштида сиқиб, қисиқ кўзлари билан атрофга олазарак бўлиб қараганча супага кўтарилди. Лекин унинг кўзлари офтоб шуъласидан қисилмаган эди, йўқ! Прокуратор, негадир, ўлимга маҳкум этилганларни кўришни хоҳламас эди: билардики, ҳозир унинг орқасидан ўша жиноятчиларни ҳам супага чиқара бошлашган.

Улкан тошқоя бошида, одамлар денгизи қирғоғида тўқ-қизил астарли оқ ридо пайдо бўлиши билан, кўзи ҳеч нарса кўрмаётган Пилатнинг қулоғига «А-а-а...» деган товуш тўлқини келиб урилди. Ҳииподром ёкда дунёга келган бу садо аввалига базўр эшитилди, сўнг момақалдироқ сингари бир неча сония гуддираб тур-ди-да, кейин яна пасая бошлади. «Мени кўришди», — деб ўйлади прокуратор. Шовқин тўлқини сусайиб, тиниш даражасига етганда тўсатдан яна кучая бошла-ди ва бу гал аввалгисидан ҳам баландроқ авжга чиқдики, худди денгиз долғаси сатҳида кўпиклар пайдо бўлгани каби бу сурон орасидан ҳуштак садоси ва гул-дирос шовқин орасидан элас-элас қулоққа чалинувчи аёллар фиғони эшитилди. «Маҳбусларни супага олиб чиқишди... — деб кўнглидан ўтказди Пилат, — оломон мен сари талпинганда бир неча аёлни босиб, янчиб юборган бўлса керак, бу — ўшаларнинг ноласи».

У сукут сақлаб бир оз кутиб турди, зеро оломон юрагидаги бутун ҳовурни тўкиб солиб, ўзи тинчимагунча, уни ҳеч қандай куч тинчита олмаслигини Пилат биларди.

Ниҳоят шундай фурсат кедди. Прокуратор ўнг қўлини юқори кўтарган эди, оломоннинг охирги саси ҳам ўчди.

Шунда Пилат кўкрагига имкони борича кўпроқ иссиқ ҳаво олиб шундай чинқирдики, унинг хириллаган овози минг-минглаб одамларнинг боши узра янгради:
— Қайсар император номи билан!

Шундай дейиши билан қулоғига бир неча узуқ-узуқ дағал сўзлар келиб урилди — саф тортиб турган аскарлар найза ва темир нишонларини юқорига силтаб, мудҳиш овоз билан:
— Қайсар аъло ҳазратлари омон бўлсин! — деб ҳайқирган эдилар.

Пилат бошини адл кўтариб, уни офтоб тиғига тиради. Қовоқлари остида яшил ўт чақнади, бу ўтдан унинг мияси ёна бошлади, шунда арамейлар тилида ҳирқироқ овоз билан айтган сўзлари оломоннинг боши узра парвоз қилди:
— Қотиллик қилгани, исёнга даъват этгани ҳамда қонун ва динни таҳқирлагани учун Ершалаимда ҳибсга олинган тўрт нафар жиноятчи сазойи ўлимга — устунларга осишга ҳукм қилиндилар! Ушбу қатл бугун Тақир Тепада амалга оширилади! Жиноятчиларнинг номлари будир: Дисмас, Гестас, Вар-равван ва Ҳа-Ноцри. Мана, улар қаршингизда туришипти!

Пилат жиноятчиларни кўрмай туриб, қўли билан ўнг томонга ишора қилди, лекин уларнинг шу ерда, белгиланган ерда туришганини у яхши биларди.

Оломон гўё ажаблангандек ёки кўнгли таскин топгандек, анчагача ғала-ғовур қилиб турди. Ниҳоят ғовур тинди ва Пилат нутқини давом эттирди:
— Вале, аларнинг учтаси қатл этилгай, зероки, қонун ва таомилга кўра Кичик Синедрионнинг ихтиёри ила ва Рим ҳокимиятининг тасдиқлашига кўра муқаддас пасха байрами шарофати ила саховатли қайсар император он ҳазратлари ўлимга маҳкумлардан бирига унинг манфур ҳаётини сийлов қиладилар!

Пилат сўзларни қичқириб-қичқириб айтаркан, айни пайтда, ғулғула ўрнини теран сукунат эгаллай бошлаганини ҳис қила бошлади. Энди на биронта «тиқ» этган товуш, на бировнинг енгил тин олгани чалинарди унинг қулоғига, ҳаттоки бир пайт, атрофидаги бутун муҳит тамоман ғойиб бўлгандек ҳам туюлди Пилатга. Унинг назарида, ўзи ёмон кўрган бу шаҳар буткул ўлгандай, ёлғиз ўзи бошини осмонга тираб, қуёшнинг тик шуъласи остида қоврилиб тургандек бўлди. Пилат сукунатни яна бир оз чўзди, сўнг чинқириб гапира бошлади:
— Ҳозир сизларнинг кўз олдингизда озод қилинадиган маҳбуснинг исми....

У исмни айтишдан олдин яна бир марта сукут қилиб, бирон гап ёдимдан кўтарилмадимикин, деб кўнглидан ўтказди, негаки, бахтиёр маҳбуснинг номи эълон қилингач, бу ўлик шаҳарга жон киришини, ундан кейин айтилган сўзларнинг биронтасини ҳам ҳеч ким эшитмаслигини яхши биларди.

«Ҳамма гапни айтиб бўлдимми? — товушсиз пичирлади Пилат ўзига ўзи. — Ҳа. Исми қолди!»

Сўнг у «р» ҳарфига урғу бериб сукутга толган оломон узра қичқирди:
— Вар-равван!

Пилатнинг назарида қуёш жаранглаб, бирдан ёрилиб кетгандек, олов бўлиб қулоғига қуйилаётгандек бўлди. Бу олов тўфонида ҳайқириқ, чинқириқ, фарёд, қаҳқаҳа ва ҳуштак садолари жўш уриб бутун майдонни бошга кўтарганди.

Пилат орқасига ўгирилди, қоқилиб кетмаслик учун кўзини супа саҳнига терилган ранг-баранг гўшамаларга тикканча, ҳеч кимга қарамай, пиллапоя томон юра бошлади. Энди, унинг орқасида, супага бронза тангалар, хурмолар дўлдай ёғила бошлаган, оломон эса юз берган мўъжизани — ажал чангалига тушган одамнинг энди у чангалдан қандай қутулиб чиққанини, маҳбуснинг сўроқ пайтида лат еган қўлларини легионерлар беихтиёр оғритиб еча бошлаганини, унинг эса оғриқдан афтини бужмайтириб, «вой-вой»лаб бўлса ҳам, телба одамлардай маъно-сиз тиржайишини ўз кўзи билан кўриш учун узлуксиз наъра тортиб, бир-бирини топтаб, бир-бирининг елкасига мингашаётган эдики, буни Пилат кўрмаса ҳам аниқ тасаввур қиларди.

Айни пайтда у қолган учта маҳбусни соқчилар қўлларини ечмай,. шаҳар ташқарисидаги Тақир Тоққа олиб борувчи мағриб йўлига олиб чиқиш учун пиллапоя томон бошлаб бораётганини ҳам ҳис қилган эди. Пилат супадан тушиб, унинг панасига ўтгандан кейингина, ўзини хавфдан холи эканлигини пайқаб (энди у ўлимга маҳкум қилинганларни кўра олмас эди), кўзини очди.

Унинг шоҳсупадан туриб айтган гапларини, энди жарчилар баъзилари арамея, бошқалари юнон тилида чинқириб такрорлаётгаи эдики, хийла аниқ эшитилаётган бу чинқириқлар оломоннинг аста-аста пасая бошлаган ноласи билан омихта бўлиб кетган эди. Пилатнинг қулоғига яна тобора яқинлашиб келаётгап отлар дупури ва қувноқ тарзда қисқа-қисқа ижро этилган ҳарбий карнай садоси ҳам эшитилди. Бу товушларга жавобан бозор бошидан Ҳипподром майдонига олиб чиқувчи кўчадаги уйларнинг томларига чиқиб олган болаларнинг қулоқни батанг қилгудек ўткир ҳуштаклари ва «пўўшт, пў-ўшт!» — деб қичқирган овозлар янгради.

Майдоннинг одамлардан тозаланган қисмида турган бир аскар бирдан ҳаяжонланиб, қўлидаги байроқчани силкиди, шунда прокуратор, легион саркардаси, котиб ва соқчилар юришдан тўхташди.

Майдонга, отларни тобора жадалроқ чоптириб, суворийлар кириб келди, у халқ тўпланган ерни четлаб ўтиш ва Тақир Тоққа энг қисқа йўлдан тезроқ етиб олиш учун, ток баргларига бурканган тош девор бўйлаб чўзилган йўлдан келаётган эди.

Энг олдинда отини учириб келаётган жуссаси ўғил боланики сингари чоғгина, қора бадан суриялик командир йигит Пилатга яқинлашгач, чийиллаган овоз билан бир нима деди ва шамширини ғилофидан суғирди. У минган, терлаб кўпик бўлиб кетган қора от ҳуркиб орқа оёқларига турди. Командир шамширини ғилофга солиб, отнинг бўйнига қамчи урди ва жиловини бўш қўйиб тор кўча томон учирди. Қолган суворийлар учта-учтадан бўлиб унинг орқасидан кўча чангитиб от чоптириб борар-канлар, бамбукдан ясалган енгил найзаларининг учи лик-лик сакрарди. Бошларидаги оқ салла туфайли юзлари яна ҳам қорароқ кўринган бу суворийлар оппоқ тишларини иршайтириб прокуратор ёнидан шамолдек елиб ўтишди.

Отлиқ қўшин ҳаммаёқни чангга буркаб, тор кўчага ўқдай отилиб кириб кетди, энг охирида Пилатнинг ёнидан офтобда ярақлаган карнайчасини орқасига осиб олган суворий ўтди.

Пилат норози қиёфада афтини бужмайтириб, қўли билан оғиз-бурнини чангдан тўсганча, қаср боғининг дарвозаси томон юрди, саркарда, котиб ва соқчилар унга эргашдилар.

Вақт эрталабки соат ўнлар эди.

Учинчи боб

Еттинчи Далил

— Ҳа, эрталабки соат ўнлар эди, муҳтарам Иван Николаевич, — деди профессор

Шоир эндигина уйқудан уйғонган одамдек, қўли билан юзини силади ва шундагина Патриарх кўли бўйида қош қорая бошлаганини сезди.

Ҳовуз суви қорамтир тусга кирган, унинг сатҳида енгил қайиқ сузарди, эшкакларнинг сувни шапиллатгани, қайиқда ўтирган аёлнинг ҳиринглаб кулгани эшитиларди. Хиёбонлардаги скамейкаларда одамлар пайдо бўлипти, лекин улар кўлнинг ҳам-суҳбатларимиз ўтирган томонидаги хиёбонлардагина кўринишарди.

Москва осмони хийла оқарган, самодаги тўлин ой яққол кўзга ташланиб турарди, аммо у ҳали заррин либос киймаган, огшоқ эди. Нафас олиш анча енгил-лашди, жўка остида ўтирганларнинг овози оқшомона, майин эшитила бошлади.

«Бутун бошли қисса тўқиб ташлапти-ю, мен қандай қилиб сезмай қолдим-а?.. — деб ўйлади Бездомний ҳайратланиб. — Ана, кеч ҳам кирипти! Балки қиссани у айтмагандир, эҳтимол ухлаб қолгандирману тушимга киргандир?»

Бироқ қиссани профессор ҳикоя қилди деб фараз қилишга тўғри келади, акс ҳолда, бу қисса Берлиознинг ҳам тушига кирган деб ўйлаш керак бўлади, негаки у ажнабий одамнинг юзига диққат билан тикилиб туриб бундай деди:
— Қиссангиз ниҳоятда мароқли, профессор, гарчи у «Инжил» ривоятларининг биронтасига ҳам мутлақо тўғри келмаса-да.
— Афв этасиз, — деди профессор кўнгилчанлик билан жилмайиб. — Инжилда ёзилган ҳикоятларнинг ҳеч бири, ҳеч қачон бўлмаган эканлигини бошқалар билмаганда ҳам, сиз билишингиз лозим, бинобарин, агар биз «Инжил»га тарихий манба сифатида ёндашадиган бўлсак... — деб у яна жилмайди, шунда Берлиознинг дами ичига тушиб кетди, чунки боя Бронная кўчаси бўйлаб бу ерга келишаётганда Бездомнийга ўзи ҳам айнан шу ганларни айтган эди.
— Буку тўғри, — деди Берлиоз, — аммо ҳозир сиз айтиб берган воқеанинг ҳам бўлганлигини ҳеч бир кимса тасдиқлай олмаса керак, деб қўрқаман.
— Э, янглишасиз! Буни ҳамма тасдиқлаши мумкин! — деб профессор яна тилни бузиб, аммо қатъий ишонч билан гапира бошлади, сўнг кутилмаганда, бир сирни ошкор этмоқчи бўлгандай, икки дўстни ўзига яқинроқ имлади.

Улар профессорнинг икки томонидан унга энгашиб қулоқ тутдилар, энди у яна беталаффуз гапира бошладики, унинг нега гоҳ беталаффуз, гоҳ талаффуз билан гапиришини худонинг ўзи биларди:
— Гап шундаки... — профессор у ёқ-бу ёққа олазарак бўлиб қараб қўйди, — мен шахсан ўзим шоҳид бўлганман бу воқеаларга. Понтий Пилатнинг ҳузурида ровонда ҳам, у Каифа билан гаплашаётганида боғда ҳам, шоҳсупада ҳам бўлганман, фақат махфий тарзда, яъни инкогнито десаям бўлади, шу боис ўтинаман сизлардан — бу ҳақда ҳеч кимга лом-мим демай, сир сақласангиз!.. Тсс!

Жим бўлиб қолишди, Берлиознинг ранги оқариб кетди.
— Сиз... сиз қачон келдингиз Москвага? — титроқ овоз билан сўради у.
— Мен Москвага ҳозиргина, шу дақиқада кириб келдим, — эсанкираброқ жавоб қилди профессор, шу гапдан кейингина икки ўртоқ унинг кўзларига тикилиброқ қарашди ва унинг чап кўзи кўк ва буткул жунунваш, ўнг кўзи эса — қора, безиё, ўлик эканлигига шоҳид бўлишди.

«Мана, ҳамма нарса ойдинлашди-қолди! — деб ўйлади Берлиоз юраги бежо уриб, — жинни немисни юборишипти ё бўлмаса, ҳозир шу ерда жинни бўлиб қолган. Ана холос!»

Ҳа, дарҳақиқат, ҳамма нарса: марҳум файласуф ҳузуридаги ғоят антиқа нонуштаю писта мойи ва қандайдир Аннушка ҳақидаги тутуриқсиз гаплару Берлиознинг боши узилиши ҳақида айтилган башорату ҳоказо ва ҳоказолар сабаби ойдинлашган эди — профессор телба эди.

Берлиоз нима иш қилиши кераклигини дарҳол тушунди. У скамейкага суяниб, профессорнинг орқасидан Бездомнийга, ўчакишма, демоқчи бўлгандай кўз қисди, аммо довдираб қолган шоир дўстининг имосига тушунмади.
— Ҳа, ҳа, ҳа, — тўлқинланиб дерди Берлиоз, — лекин бўлиши мумкин! Ҳатто жудаям бўлиши мумкин, Понтий Пилат ҳам, ровон ҳам, қолган гаплар ҳам... Сиз ёлғиз келдингизми ё рафиқангиз биланми ?
— Ёлғиз, ёлғиз ўзим, мен ҳамиша ёлғизман, — ҳасрат билан деди профессор.
— Буюмларингиз қаерда, профессор? — муғамбирлик билан луқма ташлади Берлиоз. — «Метрополь»дами? Қаерга қўндингиз?
— Менми? Ҳеч қаерга, — деб жавоб қилди телба немис, кўк кўзини ўйнатиб, Патриарх кўлига маъюс ва ваҳшиёна назар ташларкан.
— Ие! Унда... қаерда яшамоқчисиз?
— Сизнинг квартирангизда, — деб сурбетлик билан жавоб қилди телба ва кўз қисиб қўйди.
— Ба... бажону дил... у... — дея ғўлдиради Берлиоз, — лекин меникида туриш сизга ўнғайсиз бўлади-да... «Метрополь»да эса хоналар ғоят шинам, у энг яхши меҳмонхона...
— Шайтон ҳам йўқ денг? — дабдурустдан қувноқ оҳангда савол берди телба Иван Николаевичга.
— Шайтон ҳам...
— Раъйини қайтарма! — пичирлади Берлиоз, профессорнинг орқасидан унга имо-ишора қиларкан.
— Ҳеч қанақа шайтон йўқ! — деб тутуриқсиз гаплардан гангиб қолган Иван Николаевич чинқириб ўринсиз гапларни айтиб юборди. — Қаёқдан кедди бу дардисар?! Бас қилинг жинниликни...

Шу пайт телба қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборган эди, тепаларидаги жўка шохига қўниб ўтирган чумчуқ пир этиб учиб кетди.
— О, бу энди бағоят қизиқ гап бўлди, — дея хохоларди профессор бутун гавдаси билан силкиниб. — Мамлакатинглар қанақа ўзи, нимани сўрасанг — йўқ! — У бирдан хохолашдан таққа тўхтаб, мутлақо тескари кайфиятга ўтдики, руҳий касалларда бундай ҳолнинг содир бўлиши тушунарли эди: — Демак, шундай қилиб, йўқми? — ғижиниб, жаҳл билан бақирди у.
— Тинчланинг, ўзингизни босинг, профессор, — деб ғўддирарди Берлиоз беморнинг асаби бузилишидан хавотирланиб. — Сиз шу ерда ўртоқ Бездомний билан бир минутгина ўтириб туринг, мен муюлишга ғир этиб бориб, телефон қоқиб келаман, кейин сизни хоҳлаган ерингизга кузатиб қўямиз. Сиз ахир шаҳарни яхши билмайсиз-ку...

Берлиоз тўғри режа тузган эди: энг яқин автомат-телефонга ғизиллаб бориб, хорижийлар бюросига, ажнабий бир консультант Патриарх кўлида эс-ҳуши норасо ҳодда ўтиргани ҳақида хабар қилмоқчи эди. Хуллас, дарҳол чора кўриш керак, акс ҳолда қандайдир кўнгилсиз бемаънилик юз бериши муқаррар эди.
— Телефон қиласизми? Майли, қила қолинг, — маъюс рози бўлди бемор, кейин бирдан зўр ҳиссиёт билан илова қилди: — Лекин видолашув олдидан ўтиниб сўрайман сиздан, ҳеч бўлмаса, шайтоннинг борлигига ишонинг! Ягона илтимосим шу. Билингки, буни исботловчи еттинчи далил мавжуд, у энг ишончли далил! Ҳадемай бунга ўзингиз шоҳид бўласиз.
— Яхши, яхши, — деди ясама илтифот билан Берлиоз ва телба немисни қўриқлаб ўтиришдек машаққатдан саросимага тушган шоир дўстига кўз қисиб қўйди-да, Бронная кўчаси билан Ермолаевский тор кўчаси муюлишига чиқадиган йўлак томон отилди.

Профессор эса дарҳол соғайиб, чеҳраси ёришиб кетди.
— Михаил Александрович! — деб қичқирди у Берлиознинг орқасидан,

У сесканиб кетиб, орқасига ўгирилди аммо исми-шарифимни профессор биронта газетада ўқигандирда, деган хаёлга бориб, ўзига тасалли берди. Профессор эса қўлларини оғзига карнай қилиб қичқирди:
— Нима дейсиз, ҳозироқ Киевдаги поччангизга телеграмма юбораверишсинми ?

Яна Берлиознинг эти жимирлаб кетди. Киевда поччаси борлигини қаёқдан била қолипти бу телба? Ахир бу тўғрида биронта ҳам газета ҳеч қачон ёзмаган эди-ку. Воажаб, Бездомнийнинг шубҳаси тўғрига ўхшайди шекилли? Кўрсатган ҳужжати сохта бўлса-я? Жудаям ғайритабиий нусха. Қўнғироқ қилиш керак! Дарҳол қўнғироқ қилиш керак! Кимлигини бир зумда аниқлаб олишади!

Берлиоз бошқа ҳеч бир гапга қулоқ солмай чопа кетди.

Худди шу пайт, Бронная кўчасига чиқаверишда, скамейкадан бир одам муҳаррирга пешвоз турди — бу одам боя қуёш шуъласида қуюқ ва қайноқ ҳаводан вужудга келган гражданинга қуйиб қўйгандек ўхшаб кетарди. Лекин энди у шиша сингари тиниқ ҳам, нафис ҳам эмас, балки оддий одамлардек жисмдан ташкил топган эди; қош қорая бошлаган бу пайтда, Берлиоз у одамнинг мўйлови товуқ патига ўхшашини, мунчокдек кичкина кўзлари ширакайф ва кинояли боқаётганини, юқори тортиб кийган катак-катак матодан тикилган шимининг почалари остида эса исқирт оқ пайпоқларини аниқ кўрди.

Михаил Александрович чўчиб орқасига тисарилди, лекин шу заҳоти, аҳмоқона ўхшашлик бу, холос, умуман ҳозир бу ҳакда бош қотириб ўтирадиган пайт эмас, деб ўзига таскин берди.
— Турникет қидиряпсизми, гражданин? — деб сўради катак шим кийган нусха қалтироқ овоз билан.— Буёққа марҳамат қилсинлар! Тўппа-тўғри кўзлаган ерингизга чиқасиз. Йўл кўрсатганим эвазига, аслида чорактага олишим керак эди сиздан... саломатликни тиклаш учун... собиқ регент! — нусха қийшанглаб бошидан жокейлар кепкасини ечганча, қулочини кенг ёзиб таъзим қилди.

Берлиоз тиланчи ва қийшанғи регентга қулоқ солиб ўтирмай, турникет олдига югуриб бордию уни ушлади. Сўттг уни айлантириб ўтиб, энди трамвай изига қадам қўймоқчи бўлган эди, кўзига қизил ва оқ шуъла урилди, шиша қутидаги: «Трамвайдан эҳтиёт бўл!» — деган ёзув ярқ этиб ёнди.

Шу заҳоти Ермолаев тор кўчасидан чиққан трамвай янги ётқизилган издан Броштая кўчасига бурилди. У муюлишда қаттиқ бир чийиллаб, тўғри йўлга чиқиб олди-ю, бирдан ичи электр шуъласидан ярақлаб кетиб, тезлиги ошди.

Эҳтиёткор Берлиоз, гарчи бехавотир ерда турган бўлса ҳам, қайта турникет ғалтаги орқасига ўтиб турмоқчи бўлди ва унинг бандини ушлаб, орқасига бир қадам қўйди. Худди шу пайт, қўли сирғалиб, ғалтак бандини қўйиб юборди, оёғи трамвай изига қиялаб тушган тош йўлдан худди яхмалак отгандек сирпаниб кетди, иккинчи оёғи юқорига кўтарилиб кетди-ю, Берлиоз трамвай изига бориб тушди.

У бирон нимани ушлаб олишга уриниб чалқанчасига йиқилди, энсаси билан тошга хиёл зарб билан урилди ва шу чоқ баландда (лекин чап томопдами ё ўнгдами — фаҳмига бора олмади) заррин тусга кирган ойни кўрди. Шу заҳоти у ғай-ритабиий тезлик билан ғужанак бўлиб ёнбошига ўгирилди, ўгирилдию ўзи томонга ниҳоятда зўр шиддат билан ўқдай учиб келаётган трамвай ҳайдовчи аёлнипг докадек оқарган юзини ва бошидаги қизил дуррасини кўрди. Берлиоз чинқирмади, аммо бутун кўча асллар овози билан жонҳолатда чинқириб юборди. Трамвай ҳайдовчи аёл электр тормозни шахт тортди, вагон тумшуғи билан ерга энкайди, бир зумда силкинди, вагон деразаларинипг ойналари даҳшатли овоз билан чил-чил сипди. Шу чоғ Берлиознинг миясида кимдир жон аччиғида «Наҳотки?..» — деб қичқириб юборди. Унинг кўзи олдида ой яна бир бор, охирги марта лип этиб кўринди, лекин у бўлак-бўлакларга бўлина бошлаган эди, сўнг ҳаммаёқ қоп-қоронғи бўлди.

Трамвай келиб Берлиозни босди, шунда хиёбон атрофини ўраган панжара остига, тош терилган қиялик томонга дум-думалоқ қора бир нарса думалаб кетди. У нарса шу қияликдан тушиб, Бронная кўчасига терилган тошлар устидан думалаб кетди.

Бу Берлиознинг трамвай узиб юборган калласи эди.

Тўртинчи боб

Таъқиб

Аёлларнинг жазавали чинқириқлари тинди, мили-ция ҳуштаклари ҳам чуруллашдан тўхтади, иккита санитария машинаси келиб, бири — чўрт узилган бош билан танани ўликхонага, иккинчиси — ойна си-ниқларидан жароҳатланган трамвай ҳайдовчи гўзал аёлни касалхонага олиб кетди, оқ фартук тутган фаррошлар ойна парчаларини йиғиштириб, қон юқи қолган ерларга қум сепишди. Иван Николаевич эса турникетга етиб келолмай, скамейкага қандай йиқилиб қолган бўлса, ҳамон шу алфозда ётарди.

Бездомний ўрнидан туришга бир неча марта уриниб кўрди, лекин оёқларида жон йўқ эди — у шол бўлиб қолганга ўхшарди..

Шоир фарёд эшитилган ҳамоноқ турникет томон югурган ва тош кўчада калла думалаб кетаётганини кўрганди. Бу ҳолдан у тамомила эсини йўқотиб, ўзини скамейкага отгану билагини ғарчча тишлаб, қонатиб юборганди. Телба немис-ку, унииг хаёлидан фаромуш бўлган эди албатта, ҳозир у фақат бир нарсани тушу-нишга уринарди: ахир, қандай қилиб ҳозиргина ўзи суҳбатлашиб ўтирган Берлиоз, мана, бир дақиқадан кейин — калласи.

Шоирнинг ёнидан хиёбон бўйлаб қаттиқ ҳаяжонланган одамлар бир нималарни гапириб, чопиб ўтишарди, лекин Иван Николаевич уларпинг гапларини идрок қилмасди.

Бироқ шоирнинг олдида икки аёл кутилмаганда тўқнашиб қолди-ю, улардан бири — бошяланг, қирра-бурун аёл шоирнинг шундоққина қулоғи остида шанғиллаб иккинчисига деди:
— Аннушка бор-у, ўзимизнинг Аннушка! Садоваяда туради! Бу ўшанинг иши! У магазиндан бир шиша писта мойи олган экан, йўлда эҳтиётсизлик қилиб ши-шани ғалтакка уриб синдирибди-ю, ёғни тўкиб юборипти! Юбкаси жиққа ёғ бўлган... Жаҳли чиқиб бирам қарғадики! Анави шўринг қурғур бўлса, ўша тўкилган ёғда тайғаниб, тўғри трамвай тагига бориб тушипти.... Аёл шанғиллаб айтган сўзлардан фақат битта «Аннушка» деган сўз Иван Николаевичнинг миясига ўрнашиб қолган эди...
— Аннушка... Аннушка?.. — ғўлдиради шоир атрофига олазарак бўлиб қараркан. — Ие, шошма, шошма-чи...

«Аннушка» сўзига «писта ёғи» деган сўз келиб уланди, ундан кейин, негадир «Понтий Пилат» сўзлари ҳам келиб қўшилди. Шоир Пилатни хотирадан чиқариб ташлаб, сўзлар занжирини «Аннушка» сўзи-дан бошлади. Натижада, бу занжир жуда тез уланиб, бир зумда уни телба профессорга рўпара қилди.

Дарвоқе! «Мажлис бўлмайди, чунки Аннушка ёғ тўкиб юборди», деб шу немис айтган эдику. Мана, марҳамат, мажлис бўлмаслиги аниқ! Бундан ташқари: Берлиознинг калласини аёл киши олади, деб у аниқ гапирганди-а?! Ҳа, ҳа, ҳа! Ахир трамвай ҳайдовчи аёлмиди? Ўзи нималар бўляпти, а?

Берлиознинг мудҳиш ўлими тафсилотини махфий консультант олдиндан аниқ билганлигига энди зиғирча ҳам шубҳа қолмаган эди. Шунда шоирнинг миясини иккита мулоҳаза банд этди. Биринчи мулоҳаза: «Немис ҳеч ҳам жинни эмас! Ҳаммаси бемаънилик!» Иккинчи мулоҳаза: «Бу фалокатни унинг ўзи уюштир-мадимикин ?!»

Лекин, афв этасиз, қандай қилиб уюштириши мумкин?
— Э, йўқ! Буни биз аниқлаймиз!

Иван Николаевич бутун кучини ишга солиб, скамейкадан зўр-базўр турди, турдию орқага — профессор билан суҳбатлашган ерига отидди. Хайрият, у ҳали кетиб қолмаган экан.

Бронная кўчасидаги чироқлар энди ёқилган, Патриарх кўли узра эса олтинранг ой шуъла сочарди, ана шу, ҳамиша кўзни чалғитувчи ой нурида профессор қўлтиғига ҳасса эмас, қилич қистириб тургандай туюлди Иван Николаевичга.

Истеъфодаги шилқим регент эса ҳали яқингинада Иван Николаевич ўтирган жойнинг ўзгинасида ўтирарди. Энди регент бурнига, беҳожатлиги яққол кўриниб турган пенсне қўндирган эдики, унинг бир кўзи шишасиз, иккинчи кўзидаги шиша эса дарз кетган эди. Берлиозни трамвай изи томон йўллагандаёқ разил кўринган бу катак шимли одам энди — пснсне таққач — баттар разиллашган эди.

Иван профессорнинг олдига юраги така-пука бўлиб яқинлашди, сўнг унинг чеҳрасига тикилиб қараб, ҳеч қандай тслбалик аломати йўклилигига ва ҳеч қачон бўлмаганлигига иқрор бўлди.
— Қапи, ростипи айтипг, кимсиз ўзи? — бўғиқ овоз билан сўради Иван.

Чет эллик шоирни гўё биринчи марта кўриб тургандек унга ўшшайиб қаради ва совуққина жавоб қилди:
— Меники тушунмайди... русча гапириш...
— У тушунмайди! — деб гапга аралашди регент ўтирган ерида, ҳолбуки, ҳеч ким ундан чет элликнинг гапини изоҳлашни сўрамаган эди.
— Муғамбирлик қилманг! — деб дўқ қилди Иван ва бирдан юраги шув этиб кетганини ҳис қилди. — Сиз ҳали шу ерда рус тилида жуда яхши гапирган эдингиз. Сиз немис ҳам, профессор ҳам эмассиз! Сиз — қотил ва жосуссиз! Ҳужжатларингизни кўрсатинг! — ғазаб билан қичқирди Иван.

Шубҳали профессор шундоқ ҳам қийшиқ оғзини жирканч билан бурди, елкаларини учириб қўйди.
— Гражданин! — деб яна орага суқилди турқи совуқ регент. — Нега сиз интуристни безовта қиляпсиз? Бу ишингиз учун қаттиқ жавобгарликка тортиласиз! — Шубҳали профессор эса такаббурона чеҳра билан орқасига ўгирилдию индамай кетаверди.

Иван эсанкирай бошлаганини сезди. Нафаси оғзига тиқилиб регентга юзланди:
— Хой гражданин, жиноятчини тутишга ёрдамлашиш! Албатта ёрдам беришингиз керак.

Регент бирдаи ғайратланиб, сапчиб ўрнидаи турди ва бақирди:
— Ким жиноятчи? Қани у? Чет эллик — жиноятчи? — регентнинг кўзлари шўх чақнаб кетди. — Анавими? Агар жиноятчилиги рост бўлса, биринчи навбатда: «Войдод!» — деб бақириш керак. Бўлмаса, қочиб кетади. Қани, келинг, иккаламиз баравар қичқирамиз! Фақат баравар! — Шундай деб регент оғзини очди.

Эсанкираб қолган Иван ҳазилкаш регентнинг гапига ишониб, «Войдод!» — деб қичқирди, лекин регент уни лақиллатиб «чурқ» этмади.

Иваннинг ҳирқироқ овози яхши самара бермади. Хиёбондан ўтиб кетаётган икки қиз чўчиб ўзларини четга олиб қочишди, шунда унинг қулоғига: «Мастми, нима бало?» — деган луқма эшитилди.
— Э, ҳа, сен ҳам у билан биргамисан ҳали? — деб бақирди дарғазаб Иван. — Ҳали сен мени майна қилмоқчи бўлдингми? Тўсма йўлимни!

Иван ўнг томондан ўтмоқчи эди, регент ҳам шу томонга отилди! Иван чапга ташланувди — манфур регент ҳам чапга ўтди.
— Сен атайлаб йўлимни тўсяпсан чоғи? — бақирди Иван ғазаби тобора ортаркан. — Ҳали сени ҳам милицияга топшираман!

Иван нобакор регентнинг енгидан тутмоқчи бўлиб ҳамла қилди, аммо тутолмай, доғда қолди. Регент худди ерга кириб кетгандай кўздан ғойиб бўлганди.

Иваннинг оғзи ҳайратдан ланг очилиб қолди, шу пайт у узоқда кетаётган манфур нотаниш одамни кўриб қолди. У Патриарх тор кўчаси оғзига бориб қолган эди, боз устига, у ёлғиз эмас эди. Қандай одамлиги мутлақо номаълум бўлган бояги регент профессорга ҳамроҳ бўлиб борарди. Бу ҳам етмагандай, кутилмаганда қаёқдандир пайдо бўлган, тўнғиздек баҳайбат, қарғадек қоп-қора, шопмўйлов бир мушук улар билан борарди. Учовлари Патриарх тор кўчаси томон юришди, лекин шуниси қизиқки, бу пайт мушук орқа оёқларида юра бошлади.

Иван шу бадкирдорлар ортидан югурди, аммо уларни қувиб етиш жуда мушкул бўлишини дарҳол англади.

Учовлон зумда тор кўчадан ўтиб Спиридоновкага чиқишди. Иван қадамини қанча илдамлатмасин, таъқиб қилинаётганлар билан ўзи ўртасидаги масофа зиғирчаям камаймади. Шоир кўз очиб-юмгунча сокин Спиридоновкадан ўтиб, ўзини Никита қопқаси олдида кўрди, бу ерда энди унинг аҳволи оғирлашган эди. Бу ер шунақа гавжум эдики, Иван баъзи йўловчиларга туртиниб кетиб сўкиш ҳам эшитиб олди. Бунинг устига-устак, бадкирдорлар тўдаси бандитлар кўп қўллай-диган усулни ишлатишга — ҳар тарафга тарқаб кетишга қарор қилганди.

Регент Арбат майдони томон ўқдай учиб бораётган тирбанд автобусга сакраб чиқиб олиб, оломон ичига худди олқиндидек суқилиб кирди-ю, кўздан ғойиб бўлди. Таъқиб қилинаётганлардан биттасини йўқотган Иван энди бутун диққатини мушукка қаратди: бу антиқа мушук бекатда тўхтаб турган «А» белгили моторли вагоннинг пиллапояси олдига бориб, вагонга чиқа бошлаган бир аёлни чирқиллатиб тортиб туширди-да, ўзи эшик бандини ушлаб пиллапояга чиқиб олди, шундан кейин ҳаво иссиқ бўлгани учун очиб қўйилган дераза орқали кондукторга ярим танга пул ҳам узатди.

Мушукнинг бу рафтори Иванни шунчалар ҳайратлантирдики, у муюлишдаги озиқ-овқат магазини олдида донг қотиб туриб қолди, лекин шу оннинг ўзида у кондукторнинг хатти-ҳаракатидан иккинчи марта, яна ҳам кучлироқ ҳайратга келди. Кондуктор аёл трамвайга чиқаётган мушукни кўрган ҳамоноқ жаҳл билан, бутун вужуди титраб чийиллади:
— Мушукларга рухсат йўқ! Мушуклар билан трамвайга чиқиш мумкин эмас! Пишт! Туш вагондан, бўлмаса милиция чақираман!

Бу ҳодиса, мушукнинг трамвайга чиқмоқчи бўлгани у ёқда турсин, ҳатто унинг кира ҳақи тўлашга урингани ҳам на кондуктор аёлни, на пассажирларни ажаблантирганди!

Мушук нафақат кира ҳақи тўлашга қодир, шунингдек, интизомли ҳайвон ҳам бўлиб чикди. У кондуктор аёлнинг шанғиллашини эшитган ҳамоноқ ерга тушиб, бекатга чўққайиб ўтирди ва ярим тангали пул билан мўйловини силай бошлади. Лекин кондуктор аёл арқонни тортиб, трамвай жойидан жилган ҳамоноқ мушук трамвайдан ҳайдаб туширилган, аммо трамвайдан қолиб кетишга ҳеч иложи бўлмаган одамдай иш тутди. У учала вагонни ўтказиб юбориб, охиргисининг орқа ёйисига чиқиб олдию резинка ичакни чангаллаб ушлаганча сафарга жўнаб қолди, айни пайтда ярим танга пулини ҳам тежаб қолди.

Иван бу ярамас мушукка алаҳсиб, сал бўлмаса, энг муҳим жиноятчи — профессорни йўқотиб қўяёзганди. Лекин у, Иваннинг бахтига, ғойиб бўлишга улгурмаган экан. Иван унинг кулранг беретини Большая Никитскаями ё Герцен кўчасинингми бошланиш ерида ғиж-ғиж оадмлар орасида кўриб қолди. Бир зум ўтмай Иваннинг ўзи ҳам ўша ерга бориб қолди. Лекин яна омади юрмади. Шоир қадамини илдамлатди ҳам, йўловчиларни туртиб-суртиб лўкиллаб чопа бошлади ҳам, лекин барибир профессорга бир қарич ҳам яқинлаша олмади.

Иван, кўнгли нечоғлиқ ғаш бўлмасин, таъқибнинг ғайритабиий тезликда ўгаётганидан ҳайратда эди. Иван Николаевич Никита қопқасида бўлгандан кейин орадан йигирма сония ҳам вақт ўтмай, дарров Арбат майдонига етиб олиб, сон-саноқсиз чироқлардан кўзи қамашиб кетди. Яна бир неча сония ўтди-ю, Иван Ни-колаевич ўзини йўлкалари қийшайиб кетган қоп-қоронғи бир тор кўчада кўрди — бу ерда у бирдан гурс этиб йиқилиб, тиззасини қонатволди. Яна чароғон магистраль — Кропоткин кўчаси, кейин тор кўча, ундан кейин Остоженка ва яна хилват, иркит, ғира-шира ёритилган тор кўча. Ана шу ерга келганда Иван Николаевич ўша ниҳоятда зарур бўлган одамни бутунлай кўздан қочириб қўйди. Профессор ғойиб бўлган эди.

Иван Николаевич эсанкираб қолди, лекин бу ҳол кўпга чўзилмади, чунки бирдан унинг кўнглига, профессор албатта 13-уйнинг, муқаррар 7-квартирасига кирган бўлиши керак, деган фикр келди.

Иван Николаевич шу 13-уйнинг подъездига ўкдай отилиб кириб, иккинчи қаватга учиб чиқди, дарҳол кўзлаган квартирасини топиб, бетоқатлик билан қўнғироқ тугмасини босди. Сал вақт ўтмай эшикни беш ёшлар чамасидаги бир қизалоқ очди, лекин келган амакидан ҳеч нима сўрамай, шу заҳоти орқасига ўгирилдию, қайсиям бир хонага кириб кетди.

Қора ис босган баланд шифт остида бурчакка ўрнатилган кичкинагина лампочка билан хирагина ёритилган ҳайҳотдай, мутлақо қаровсиз бу даҳлизда сиртига темир қопланган баҳайбат қути турар, деворга шиналари олинган велосипед осилган, вешалка токчасида ётган қалпоқнинг узун қулоғи осилиб турарди. Бу ердаги хоналардан бирида радиоаппаратдан бир эркакнинг жарангдор ва серзарда овоз билан қичқириб шеър ўқиётгани эшитиларди.

Иван Николаевич бу нотаниш вазиятда асло саросимага тушмай: «У, албатта, ваннахонага яширинган бўлиши керак», деган мулоҳаза билан тўғри йўлак томон отилди. Иўлак қоп-қоронғи зди. Иван деворга урилиб бораркан, бир эшик остидаги тирқишдан тушиб турган хирагина ёруғга кўзи тушди, пайпаслаб эшикнинг бандини топдида, уни куч билан ўзига тортди. Эшикнинг илгаги чиқиб кетиб, Иван чинданам ваннахонага кириб қолди, шунда у, омадим бор экан, деб кўнглидан ўтказди.

Бироқ омад Иван кутганчалик кулиб боқмади! Унинг димоғига нам илиқ ҳаво урилд,и, сўнг у колонкада милт-милт ёнаётган чўғ ёруғида бу ерда деворга осилган каттакон тоғорани ва сири кўчиб, ҳаммаёғи қора доғ бўлиб кетган ваннани кўрди. Ваннада бошдан-оёқ совун кўпигига бурканган, қўлига мочалка ушлаган яланғоч бир бир аёл турарди. У узоқни кўролмайдиган кўзларини сузиб Иванга қаради, лекин бу жаҳаннамона қоронғида уни танимади шекилли, шўх оҳангда, паст овоз билан деди:
— Кирюшка! Айниманг! Нима, эсингизни едингиз-ми?.. Ҳадемай Фёдор Иванович келиб қолади. Чиқиб кетинг ҳозироқ! — шундай деб у Иванга мочалка силкиди.

Турган гапки, англашилмовчилик юз берган зди, бунииг сабабчиси Иван Николаевич эди, албатта. Лекин у ўз айбига иқрор бўлишни истамади ва таъна билан: «Вой, бузуғ-э!..» дедию шу заҳоти негадир ошхонага кириб қолди. Бу ерда ҳеч зоғ йўқ эди, ўнтача примус плита устида, қоронғида гунг турарди. Йиллаб чанги артилмаган дераза ойнасидан тушган ой шуъласи чанг ва исда қолиб тамоман унутилган санам осилган бурчакни ғира-шира ёритиб турарди, санам рамкаси орқасидан бир жуфт никоҳ шамининг учи чиқиб турарди. Бу катта санам остига кичкина — қоғоз санам қадаб қўйилган эди.

Иван орқа эшикдан чиқиб кетиш олдидан битта шам билан қоғоз санамни оливолди, аммо бу рафтори билан нима мақсадни кўзлаганини ҳеч ким айта олмас эди. У алланималар деб ғўлдираб бегона квартирани тарк этаркан, ҳозиргина ваннахонада ўзи шоҳид бўлган ҳодисани эслаб хижолат бўлди-ю, ўша сурбет Кирюша ким бўлдийкин, анави жирканч қулоқчин қалпоқ ўшаники эмасмикин, деб беихтиёр кўнглидан ўтказа бошлади.

Шоир ҳувиллаган, беқут тор кўчага чиққач, қочоқни қидириб атрофга кўз югуртирди, аммо у ҳеч ерда кўринмасди. Шунда Иван ўзига ўзи қатъият би-лан деди:
— Турган гапки, у Москва дарёсида! Олға!

Иван Николаевичдан, нима учун сиз профессорни айнан Москва дарёсида деб ўйлаяпсиз, деб сўралса яхши бўлардия, аммо ҳамма бало шунда эдики, бу саволни берадиган одамнинг ўзи йўқ эди. Манфур тор кўча ҳувиллаб ётарди.

Орадан хиёлгина вақт ўтар-ўтмас Иван Николаевични Москва дарёси соҳилидаги тош зинада кўриш мумкин эди.

У дарҳол кийим-бошини ечиб, йиртиқ оқ кўйлак ва титилиб кетган, ипсиз, бир жуфт ботинка олдида қўлбола папирос чекиб ўтирган, соқоли хушсурат одамга топширди. Шундан сўнг у қўлларини силкиб терини қотирди-да, сувга калла ташлади. Сув шу қадар совуқ эдики, Иваннинг дами қайтиб кетди, ҳатто энди сув бетига сузиб чиқолмасам керак, деган фикр ҳам кўнглидан лип этиб ўтди. Лекин, хайрият, сузиб чикди ва пишқириб, кўзлари қинидан чиққудек чақчайганча, ҳансираб нефт ҳиди келиб турган қоп-қора сув бетида соҳилдаги чироқлар томон суза бошлади.

Сувнинг совуқлигидан дийдираган Иван соҳилдаги пиллапоялардан боя кийимини ечиб қолдирган соқолли одам олдига чиқа бошлади, қараса, нафақат кийимларини, шунингдек, соқолли одамнинг ўзини хам ўғирлаб кетишипти. Айнан ўша кийим ечилган ерда эркакларнинг йўл-йўл ички иштоии, йиртиқ узун кўйлак, шам, кичкина қоғоз санам ва бир қути гугурт қолган эди. Иван мушт дўлайтириб заиф ғазаб билан кимгадир пўписа қилди-да, сўнг шу ташландиқ кийимни кия бошлади.

Ҳозир уни икки мулоҳаза: биринчидан, ҳамиша ўз ёнида олиб юрадиган МАССОЛИТ гувоҳномасининг ғойиб бўлгани, иккинчидан, шу аҳволда Москва кўчасидан ўтса бўлармикин деган мулоҳаза безовта қила бошлаганди. Нима бўлгандаям ички иштон-да..сирасини олганда, кимнинг нима иши бор-а... ишқилиб бирон кор-ҳол бўлиб, унга халал бермаса бўлгани.

Иван, шояд ёзлик шимга ўхшаб кўринса, деган ниятда иштон почасидаги тугмаларни узиб ташлади, кулига кичкина иконани, шам ва гугуртни олиб, йўлга гушаркан, ўзига-ўзи деди:
— Грибоедовга! Шак-шубҳасиз у ўша ерда.

Шаҳар оқшомги ҳаёт оғушида эди. Платформаларни шатакка олган юк машиналари кўча чангитиб, занжирларни шарақлатиб ўтишар, платформаларга ортилган қоплар устида қандайдир эркаклар чалқанча тушиб ётардилар. Ҳамма ерда деразалар ланг очиқ эди. Шу деразаларнинг ҳар биттасидан тўқ-сариқ абажурли чироқ ёниб тургани кўринар ва ҳамма деразалар, ҳамма эшиклар, дарвозахоналару томлардан, подвалу чордоқлардан, ҳамма-ҳамма ҳовлидан «Евге-ний Онегин» операсида ижро этиладиган полонез бўғиқ эшитиларди.

Иван Николаевич бекорга хавотирланмаган экан: ўтган ҳам, кетган ҳам ўгирилиб уни кузатиб қоларди. Натижада у катта кўчаларни тарк этиб, жинкўчалардан юришни маъқул кўрдики, бу ёқлардаги одамларнинг унча хиралик қилмаслигига, шимга ҳеч ўхшагиси келмаётган ички иштон кийган, ялангоёқ одамни тўхтатиб, суриштирадиган киши учрамаслигига кўпроқ ишонса бўларди.

Иван ҳам шунга амал қилиб, Арбатнинг ўргимчак ини сингари ҳар томонга таралган тор кўчаларига шўнғиди ва дам ўтмай атрофга қўрқа-писа кўз қири-ни ташлаб, орқасига ўгирилиб қараб, гоҳида уйларнинг йўлакларига яшириниб, светофорлар қўйилган чорраҳалардан, элчихона биноларининг муҳташам дарвозаларидан ўзини узоқроқ олиб, деворлар ёқалаб юриб кетди.

Лекин у қаерда бўлмасин, оркестр жўрлигида Татьянага муҳаббат изҳор қилиб ария ижро этаётган салобатли йўғон овоз уни таъқиб қилиб, негадир қаттиқ изтиробга соларди.

Бешинчи боб

Бу Грибоедовда Бўлган Эди

Сарғиш рангга бўялган бу икки қаватли қадимий уй айланма хиёбон ёқасига, атрофи чўян панжара билан ўралган, дарахтлари мажмағил боғ этагига жойлашган эди. Уй олдидаги мўъжазгина майдонча асфальтланган бўлиб, қишда бу ерга қор тоғ қилиб уйилиб, тепасига курак ботириб қўйилар, ёз пайтида эса бу саҳн каноп соябон остида ёзлик рестораннинг энг муҳташам бўлимига айланарди.

Бу уй «Грибоедов уйи» деб аталарди, бунга сабаб, гўё бир вақтлар адибнинг, яъни Александр Сергеевич Грибоедовнинг холаси шу уй соҳибаси бўлган эмиш. Лекин чинданам шундай бўлганми, йўқми — аниқ айтолмаймиз. Аслида, Грибоедовнинг уй соҳибаси бўлган ҳеч қандай холаси йўқ эди билишимча... Лекин шунга қарамай, бу уйни шу ном билан атардилар. Шунисиям борки, агар москвалик бир ёлғончининг гапига ишонсак, бу уйнинг иккинчи қаватидаги серустун доира залда машҳур ёзувчи юмшоқ диванда ястаниб ўтирган ўша холасига ўзининг «Ақллилик балоси» асаридан парча ҳам ўқиган эмиш. Лекин ким билсин, ўқиган бўлса ўқигандир ҳам, муҳими бу эмас!

Муҳими шуки, ҳозирги пайтда бу уйнинг соҳиби ўша МАССОЛИТ эдики, бахтиқаро Михаил Александрович Берлиоз Патриарх кўли бўйига боргунга қадар шу ташкилотга бошчилик қилар эди.

МАССОЛИТ аъзоларининг шарофати билан бу уйни ҳеч ким «Грибоедов» деб атамас, балки ҳамма қисқагина қилиб «Грибоедов» дерди: «Кеча мен Грибоедовда икки соат хонама-хона сандироқлаб юрдим». «Хўш, қалай?» «Ялтага бир ойлик путёвка ундирдим». «Боплабсан!» Ёки: «Берлиознинг олдига бор, бугун у тўртдан олтигача Грибоедовда қабул қилади...» ва ҳоказолар.

МАССОЛИТ Грибоедовга жуда қулай ва яхши жойлашган эди. Грибоедовга кириб келган ҳар бир одам биринчи навбатда беихтиёр ҳар хил спорт тўга-ракларининг эълонлари билан, шунингдек, иккинчи қаватга олиб чиқадиган зина деворларига осилган МАССОЛИТ аъзоларининг группа-группа ва якка-якка бўлиб тушган фотосуратлари билан танишарди.

Иккинчи қаватдаги биринчи хона эшигига йирик ҳарфлар билан «Балиқ ови ва дала ҳовли секцияси» деб ёзилган бўлиб, ёзув остига қармоққа илинган то-вонбалиқнинг расми чизилган эди.

2 рақамли хона эшигига хийла ғализ гап ёзилган эди: «Бир кунлик ижодий путёвка. М. В. Подложняга мурожаат қилинсин».

Ундан кейинги эшикдаги ёзув қисқа бўлса ҳам мутлақо тушуниб бўлмасди: «Перелигино». «Грибоедов»га тасодифан кириб қолган одам шу ёзувдан кейин адиб холасининг ёнғоқ ёғочидан ясалган эшикларига қоқилган турли-туман ёзувларни кўриб ҳанг-манг бўлиб қоларди: «Қоғоз олмоқчи бўлганларни Поклёвкина навбатга ёзади», «Касса», «Скетч ёзувчилар учун хусусий ҳақ тўланади»...

Пастда, бинога кираверишдан бошланган узундан-узун навбатда турганларни ёқалаб борган одам: «Уй-жой масаласи» деб ёзилган, одамлар тўхтовсиз кириб-чиқиб турган эшикка бориб тўхтарди.

Уй-жой масаласи кўриладиган хонадан кейин ғоят ҳашаматли плакат кўзга ташланарди, бу плакатда баланд қоя, унинг чўққисида елкасига милтиқ илиб, от чоптириб кетаётган чакмонли суворий тасвирланган эди. Ундан пастроқда — пальмалар соясидаги пешайвонда қўлига авторучка ушлаган кокилдор бир йигит жудаям ўткир кўзларини олис-олис фазога тикиб ўтирарди. Бу тасвир остига шундай сўзлар ёзилган эди: «Икки ҳафтадан (ҳикоя, новелла) бир йилгача (роман, трилогия) тўлақонли ижодий отпускалар берилади. Ялта, Совуқ Сув, Боровое, Цихидзири, Махипжаури, Ленинград (Қишки сарой)». Бу эшик олдида ҳам павбат-да турганлар бор эди, лекин жудаям кўп эмас, тахминан юз элликтача келарди.

Бу ердан ўтиб, Грибоедов уйининг серҳашамат муюлишларидан, пасту баланд йўлакларидан борган одам: «МАССОЛИТ Правлениеси», «Кассалар № 2, 3, 4, 5», «Редакциои коллегия», «МАССОЛИТ раиси», «Бильярдхона» деб ёзилган эшиклардан ўтар, шунингдек, МАССОЛИТнинг турли-туман қўшимча идораларни, ниҳоят, юқорида номи зикр этилган хола буюк жиянининг комедиясини ҳузур билан тинглаган ўша серустун зални кўрарди.

«Грибоедов»га кирган ҳар бир одам, агар унда зиғирча фаҳм-фаросат бўлса, МАССОЛИТ аъзоларининг қандай бахтиёр ҳаёт кечиришини бир қарашда фаҳмлаб оларди, фаҳмлардию, шу заҳоти унинг ичини ҳасад мушук бўлиб тимдаларди. Шу заҳоти у, туғилганимда нега менга ҳам ёзувчилик истеъдодини ато этмадинг, дегандек аччиқ таъна тўла кўзларини кўкка тикарди, зеро, МАССОЛИТ аъзосининг бутун Москва танийдиган, хушҳид, асл нав чарм қопланган зарҳал ҳошияли жигарранг билетига муяссар бўлишни, турган гапки, ўшал ёзувчилик истеъдодисиз орзу ҳам қилиб бўлмасди.

Қани, ҳасадни ёқлаб ким бир оғиз сўз айта олади? Ҳасад энг разил ҳиссиёт тоифасидандир, лекин шунга қарамай, Грибоедовга келган меҳмоннинг аҳволига тушуниш керак. Чунки у юқори қаватда кўрган нарсалар ҳали дарёдан томчи. Уйнинг биринчи қаватини бутунича ресторан ишғол этган эди. Яна — ресторанмисан, ресторан! Виждонан гапириладиган бўлса, бутун Москвада энг яхши ресторан ҳисобланарди у. Грибоедов наинки қуббали шифтларига айёорона ёлли нафармон отларнинг тасвири солинган иккита улкан залга жойлашгани билан, наинки бу ердаги ҳар бир столчага шол рўмол соявонли чироқлар ўрнатилгани билан, наинки унга кириш ҳар қандай ўткинчига насиб бўлавермагани билан, шунингдек, бу ерда тайёрланадиган овқатларнинг сифати билан ҳам Москвадаги ҳар қандай манаман деган ресторанни бир чўқишда қочирарди, бунинг устига, бу ерда таомлар кишига малол келмайдиган баҳода тортиларди.

Шунга кўра Грибоедовнинг чўян панжараси ёнида мазкур китоб муаллифларининг қулоғига чалинган қуйидаги ҳаққоний суҳбатнинг ҳеч ажабланарли ери йўқ бўлса керак:
— Бугун қаерда кечлик қиласан, Амвросий?
— Қаерда бўларди, албатта шу ердада, азизим Фока! Арчибальд Арчибальдович бугун кечликка порция-порция қилиб тайёрланган анатюрель олабуға балиқлари бўлади деб шипшиди менга. Қулинг ўргилсин нарсада ўзиям!
— Яшашнинг йўлини биласан-да, Амвросий! — хўрсиниб қўйиб деди абгор кийинган, бўйнига ҳўппоз ошган, чўпдек ориқ Фока юзлари дўмбоқ, лаблари дурдоқ, сочи олтинранг, барваста қомат шоир Амвросийга.
— Айтарли ҳеч қандай йўлни билмайман, — деди эътироз билан Амвросий, — фақат одамлардай яшашни хоҳлайман, холос...
— Уйдаям пиширса бўлади-ку, ўша овқатни, — деб мийиллади Фока.
— Саломатликлари керак, — деб дўриллади Амвросий, — уйда ўша анатюрель олабуға балиғини хотининг умумий ошхонада кастрюлда пиширадими? Қойил-е! Ҳи-ҳи-ҳи!.. Оревуар, Фока! — шундан кейин Амвросий қўшиқ хиргойи қилганча соябон остидаги ёзлик ресторанга йўл олди...

Етар, китобхон, мавзудан чиқиб кетдик! Қани, яна изимдан олға!

Ўша Берлиоз ҳалок бўлган куни кечқурун соат ўн яримда Грибоедовнинг юқори қаватида фақат битта хона ёритилган бўлиб, у ерда мажлисга тўпланган ўн икки нафар адабиётчи Михаил Александровичнинг келишини кутиб, зерикиб ўтирарди.

МАССОЛИТ Правлениеси хонасида стулларда, столларда, ҳатто икки дераза рахида ўтирганлар ҳавонинг димлигидан қийналардилар. Очиқ деразадан қилт этган шабада кирмас эди. Москва кун бўйи асфальт сингдирган ҳароратни қайтарар, тунда ҳам ҳавонинг тафти пасаймаслиги кўриниб турарди.

Уйнинг подвалига жойлашган ошхонадан пиёз ҳиди келди, шунда хонада ўтирганларнинг томоғи қақраб, ҳаммалари тажанг бўлиб, аччиқлана бошлашди.

Дурустгина кийинган, ювош табиат, кўзлари зийрак ва айни пайтда бежо беллетрист Бескудников ёнидан соатини чиқарди. Соат мили ўн бирга бориб қолган эди. Бескудников циферблатга чертиб қўйиб, уни шоир Двубратскийга кўрсатди, у стол чеккасида таги резина сариқ туфли кийган оёқларини ликиллатиб ўтирарди.
— Вой-бў-ў, — деб ғўлдиради Двубратский.
— Йигитчамиз Клязьмада ушланиб қолган-ов, — деди дўриллаган овоз билан Настасья Лукинишна Непременова. Бу адиба москвалик бир савдогарнинг етимчаси бўлиб, «Штурман Жорж» тахаллуси билан денгиз жанги ҳақида ҳикоялар ёзарди.
— Ахир бу инсофдан эмас-да! — деб дангал гапирди таниқли скетчлар муаллифи Загривов. — Ҳозир мен ҳам, бу ерда димиқиб ўтиргандан кўра, ўз балко-нимда мазза қилиб чой ичиб ўтирган бўлардим. Ахир мажлис соат ўнга чақирилган эмасмиди?
— Ҳозир Клязьма кўп сўлим жой бўлганда, — деб ҳамкасбларини васвасага солди Штурман Жорж, чунки Клязьма бўйидаги адабиётчилар посёлкаси Перели-гинода дам олишни ҳамма ёзувчилар бирдай орзу қилишини у яхши биларди. — Ҳозир у ерда булбуллар сайёраётган бўлиши керак. Негаки, мен ҳамиша, айниқса, баҳор пайтида, шаҳар ташқарисида яхшироқ ижод қиламан.
— Мен ўша жаннатга бетоб хотинимни юбориш учун уч йилдан бери пул тўлайман, аммо ҳанузгача ҳеч нарсанинг дараги йўқ, — деди аламли ғижиниб новелланавис Иероним Поприхин.
— Бахти кулган боради у ерга, — деди тўнғиллаб дераза рахида ўтирган танқидчи Абабков.

Штурман Жоржнинг мунчокдек кўзларида шодиёна ўт чақнади-ю, дўриллаган овозини хиёл майинлаштириб деди:
— Ҳасад қилиш керак эмас, ўртоклар. Бор-йўғи йигирма иккита дала ҳовли бор, яна еттитаси қуриляпти, биз, МАССОЛИТ аъзолари эса уч мингтамиз..
— Уч минг бир юз ўн бир киши, — деб луқма ташлади кимдир бурчакдан.
— Аиа, кўрдингларми, — давом этди Штурман, — илож қанча? Табиийки, дала ҳовлиларни орамизда энг истеъдодли бўлганлар олган...
— Генераллар! — дангал аралашди бу ғийбатга сценарист Глухарёв.

Бескудников ясама эснаб, хонадан чиқди.
— Перелигинода бир ўзи беш хонали уйни эгаллаган, — деди унинг орқасидан Глухарёв.
— Лаврович бўлса, бир ўзи олти хонали уйда турипти, — чирқиллади Денискин. — Емакхонасининг деворлари эман ёғоч билан сирланган!
— Э, нималарни гапиряпсиз ўзи, — тўнғиллади Лбабков, — соат ўн бир ярим бўлди.

Ғала-ғовур кўтарилди, исёнга ўхшаш нарса бошланаётган эди. Ўша лаънати Перелигинога телефон қилишди, Лавровичнинг дарё бўйига кетганини эшитиб, таъблари тирриқ бўлди. Кейин таваккал қилиб, қўшимча 930 номер орқали нафис адабиёт комиссиясига қўнғироқ қилишди, турган гапки, ҳеч ким трубкани олмади.
— Ўзи қўнғироқ қилса бўларди-ку! — деб чинқиришди Денискин, Глухарёв ва Квант.

Лекин улар бекорга жиғибийрон бўлишарди: Михаил Александрович ҳеч ёққа телефон қила олмасди. Чунки яқингинада Михаил Александрович бўлган шахс энди Грибоедовдан анча узоқда, минг шамлик лампалар билан ёритилган улкан бир залда, устига рух тунука қопланган учта столда бўлак-бўлак бўлиб ётарди.

Биринчи столда — қўли синган, кўкрак қафаси мажақланган, ҳаммаёғида қон қотиб қолган яланғоч жасад, иккинчи столда — олд тишлари синиб, оғзи ўпирилган, очиқ қолган нурсиз кўзлари чироқларнинг ўиткир шуъласига мутлақо парво қилмай бақрайган калла, учинчи столда эса бир тўп бўлиб ғижмалоқ ува-далар ётарди.

Бошсиз жасад тепасида суд медицинаси профессори, патологоанатом билан унинг прозектори*, тергов органи вакиллари ва Михаил Александрович Берлиознинг МАССОЛИТ бўйича муовини — адабиётшунос Жеддибинлар (уни телефон орқали бемор хотини қошидан чақиртиришган эди) тўпланишган эди.

Жеддибинни олгани борган машинада тергов вакиллари ўтиришарди, уларнинг ҳаммаси биринчи навбатда марҳумнинг квартирасига боришди (вақт ярим кечага яқинлашиб қолган эди), у ерда марҳумнинг қоғозлари сурғучланди, шундан кейин ҳаммалари ўликхонага жўнадилар.

Мана энди улар мурда тепасида туриб, қандай қилинса маъқулроқ бўларкин: узилган бошни танага тикиб қўйсакмикин ё марҳумнинг жасадини то иягигача қора мато билан ёпиб (бошинигина очиқ қолдириб), Грибоедов залига қўйсакмикин, деб маслаҳатлашишарди.

Ҳа, Михаил Александрович ҳақиқатан ҳам ҳеч қаёққа қўнғироқ қила олмас эди, бинобарин, Денискин, Глухарёву Кванту Бескудниковлар бекорга жиғибийрон бўлиб кабинетни бошларига кўтаришган эди. Бу ўн иккита адабиётчининг ҳаммаси роса ярим кечада пастга, ресторанга тушишди. Бу ерда улар яна Михаил Александровични ранж билан тилга олишди: турган гапки, пешайвондаги столларнинг ҳаммаси энди банд эди, оқибат улар ғоят муҳташам, аммо ниҳоятда дим залда овқатланишга мажбур бўлишди.

Роса ярим кечада биринчи залда нимадир бирдан гумбурлаб, жаранглаб, сочилиб кетгандай бўлди. Шу заҳоти чийилдоқ эркак овози музикага жўр бўлиб: Аллилуйя!» — деб жон-жаҳди билан чинқириб куй-лай бошлади. Довруғи кетган Грибоедов жази иш бошлаган эди. Терлаган чеҳралар гўе ёришиб кетгандай, гўё шифтдаги от тасвирларига жон киргандай, чироқларнинг шуъласи кучайгандай бўлди, шунда иккала залдаги, ундан сўнг пешайвондаги хўрандаларнинг бирдан жазаваси тутиб, рақсга туша бошладилар.

Глухарёв шоира Тамара Полумесяц билан танца қила бошлади, Квант рақсга тушди, романнавис Жуколов сариқ кўйлак кийган бир кино артистка билан танцага тушди. Драгунский ҳам, Чердакчи ҳам, гумбаздай келадиган адиба Штурман Жоржни қучиб олган жиккак Денискин ҳам танца тушишди, оқ бўз шим кийган номаълум бир шахс маҳкам қучиб олган гўзал меъмор аёл Семейкина-Галл ҳам танца тушарди. «Кунда-шунда» хўрандалар ҳам, таклиф этилган меҳмонлар ҳам, москваликлару четдан келганлар ҳам рақс туша бошлашди: кронштадтлик ёзувчи Иоганн, Ғостовдан келган, бутун юзига қип-қизил темиратки тошган қандайдир (режиссёр бўлса керак) Витя Куфтик деган шахс, МАССОЛИТда поэзия бўлимининг энг машҳур намояндалари, яъни Павианов, Богохульский, Сладкий, Шпичкин ва Адельфина Буздяклар ҳам рақс тушишарди, сочларини бокс фасони бўйича олдирган, елкаларига модага мослашиб пахта қўйдирган касби номаълум ёшлар ҳам рақс тушишарди.

Қора терга ботган официантлар бошлари узра пиво тўлдирилган кружкаларни кўтариб ўтарканлар, нафрат аралаш ҳирқироқ овоз билан қичқиришарди: «Узр, гражданин!» Чийилдоқ хонанда эиди куйламас, «Аллилуйя!» — деб ув тортарди. Жаздаги мис зилларнинг гумбури идиш-товоқларнинг шақир-шуқурини хам босиб кетганди....

Шу аснода бирдан бир стол узра: «Берлиоз!» — деган садо парвоз этди. Бирдан, аллакимдан қаттиқ мушт егандек, жаз шалвираб, сўнг гунг бўлиб қолди. «Нима, нима, нима бўпти, нима?!!» «Берлиоз!!!» Одамлар ўринларидан туриб кетишди, бақириқ-чақириқлар янгради... Михаил Александрович ҳақидаги шумхабар ҳаммани оғир қайғуга солиб қўйганди. Кимдир куйиб-пишиб, ҳозироқ, шу ернинг ўзида коллектив номидан қандайдир телеграмма ёзиб, зудлик билап жўнатиш керак, деб чинқирарди. Лекин қанақа телеграмма, қаёққа юбориш керак, деган савол туғилади. Уни юборишдан нима фойда? Дарҳақиқат, уни қаёққа юбориш керак? Ундан кейин, телеграмма қандай мазмунда бўлмасин, мажақланган энсаси ҳозир прожекторнинг резина қўлқоп кийган қўли остида эзғилинаётган, бўйнини эса профессор игна билан тешиб тикаётган жасад учун унинг нима ҳожати бор дейсиз? У ҳалок бўлган, энди ҳеч қандай телеграмма керак эмас унга. У адойи тамом бўлди, телеграфни банд қилмайлик.

Ҳа, ҳалок бўлди у, ҳалок бўлди... Лекин бизлар тирикмиз-ку.

Ха оғир қайғу худди улкан тўлқин каби тошган эди, анча вақтгача кўпириб турган бу тўлқин охири пасая бошлади ва энди айримлар ўз столига — аввалига ўғринча, кейин ошкора — қайта бошлашди, арақ ичиб, газак қилишди. Дарҳақиқат, деволяй усулида тайёрланган товуқ котлетларини қолдирса увол бўлмайдими? Хўш, нима ёрдамимиз тегади Михаил Александровичга? Оч қолганимизми? Ахир, бизлар тирикмиз-ку!

Турган гап, роялнинг қопқоғини қулфлаб қўйишди, бир нечта журналист таъзиянома ёзгани ўз редакциясига жўнаб кетди. Желдибиннинг ўликхонадан келганини хабар қилишди. У марҳумнинг иккинчи қаватдаги кабинетида ўтирганмиш. Бир зумда Берлиознинг ўрнига шуни қўйишади, деган овоза тарқалди. Желдибин ўн иккита правление аъзосининг ҳаммасини ресторандан чақиртириб олди, сўнг Берлиознинг кабинетида шошилинч равишда бошланган мажлисда Грибоедовнинг устунли залини мотам маросимига ҳозирлаш, маросимнинг бошланиш пайти ва шу кўнгилсиз воқеага дахлдор бўлган бошқа зарурий масалалар ҳақида муҳокама юрита бошлашди.

Рестораннинг яна одатдаги тунги ҳаёти бошланиб кетди, бу ҳаёт то ресторан ёпилгунча, яъни тонгги соат тўртгача давом этиши мумкин эди, агар хўрандаларни Берлиознинг ҳалокати ҳақидаги хабардан ҳам кўпроқ ҳайратга солган мутлақо кутилмаган антиқа бир воқеа юз бермаганда. Биринчи бўлиб Грибоедов уйининг дарвозаси олдида йўловчиларни кутиб турган извошчилар безовта бўла бошлашди. Улардан қайси бириям ўриндиқдан туриб, қичқириб юборди:
— Е тавба! Анавини қаранглар!

Шу пайт чўян панжара олдида қаёкдандир пайдо бўлган олов «милт» этиб ёниб, пешайвон томон яқинлаша бошлади. Столлар атрофида ўтирган хўрандалар ўринларидан туриб, ўша томонга тикилиб қарай бошлашди ва ўша милтиллаган олов билан бирга оппоқ бир шарпанинг ҳам ресторан томонга яқинлашаётганини кўришди. У шундоққина гул сўриси тагига келганда хўрандаларнинг бари қўлларида вилкаларга илинган стерлядь балиғи билан кўзларини бақрайтирганча ўтирган ўринларида серрайиб қолдилар. Шу маҳал папирос чекиш мақсадида ресторан гардеробхонасидан ҳовлига чиққан эшикоғаси папиросни товони билан эзғилади-ю, шарпанинг ресторанга киришига йўл қўймаслик учун у томон юра бошлади, лекин кейин, негадир, бу аҳдидан қайтиб, таққа тўхтаб қолдида, овсарона тиржайди.

Оқибат шарпа гул сўриси остидан ўтиб, бемалол ровонга қадам қўйди. Ана шундагина бу шарпанинг ҳеч қандай шарпа эмас, балки таниқли шоир Иван Николаевич Бездомний эканига ҳамма шоҳид бўлди.

У ялангоёқ, эгнига йиртилиб дабдала бўлган оқиш ранг узун кўйлак ва йўл-йўл оқ иштон кийган эди; кўйлагининг кўксига инглиз тўғноғичи билан номаълум авлиёнинг тасвири туширилган (тасвир ҳам ўчиб кетган эди) қоғоз иконани қадаб олганди. Иван Николаевичнинг қўлида ёниқ никоҳ шами бор эди. Унинг ўнг ёноғи шилинган эди. Шу ҳодиса оқибатида ровонда вужудга келган сукунатнинг нечоғлиқ теранлигини ўлчаш мутлақо маҳол эди. Бир официантнинг қўлидаги қийшиқ ушланган кружкадан пиво жилдираб оқарди.

Шоир шамни боши узра кўтариб, баланд овоз билан деди:
— Салом, дўстлар! — шундан кейин у яқинроқда турган столнинг тагига мўралаб қарадида, қайғули оҳангда деди: — Йўқ, бу ердаям йўқ у!

Шу чоқ бир эркак ва бир аёлнинг овози эшитилди:
— Тамом бўпти. Телба бўлиб қолипти, — деди дўриллаган эркак овози раҳмсиз оҳангда.
— Бу аҳволда уни милиция қандай тутиб олмади экан кўчада? — деди қайсиям бир аёл қўрқув оҳангида.

Иван Николаевич бу гапни эшитиб, жавоб қилди:
— Ха, икки марта: Скатертний билан Броннаяда мени ушламоқчи бўлишди, лекин мен девордан ошиб қочиб қолдим, мана, юзим шилиниб кетди! — Шундан кейин Иван Николаевич шамни баланд кўтарганча қичқирди: — Биродари адиблар! (Унинг ҳирқироқ овози ўткирлашган ва қизғинлашган эди.) Ҳаммангиз гапимга қулоқ солингиз! У пайдо бўлди! Дарҳол уни тутинглар, акс ҳолда кўп оғир фалокатларга сабабчи бўлади!
— Нима? Нима? Нима деди у? Ким пайдо бўлипти? — дея шов-шув кўтаришди одамлар чор ёқдан.
— Коттсультант! — жавоб қилди Иван. — Ана ўша консультант ҳозир Патриарх кўли яқинида Миша Берлиозни ўлдирди.

Шу пайт ички залдан оломон гурра ёпирилиб чиқиб, Иваннинг шами атрофида жипслана бошлади.
— Кечирасиз, аниқроқ гапирсангиз, — деган мулойим овоз оҳиста эшитилди Иван Николаевичнинг қулоғи остида. — Айтингчи, қандай ўлдирди ўзи? Ким ўлдирди?
— Ажнабий консультант, профессор ва жосус! — атрофга аланглаганча жавоб берди Иван.
— Фамилияси нима унинг? — деб Иваннинг қулоғи олдида пичирлашди.
— Ҳамма бало шунда-да! — алам билан чинқириб юборди Иван. — Кошкийди фамилиясини билсам! Унинг ташрифномасида ёзилган фамилиясини яхши кўролмай қолдим... Фақат фамилиясининг бош ҳарфи эсимда: «Ве». «В»дан бошланарди фамилияси! Қанақа фамилия «В» билан бошланиши мумкин? — Иван пешанасини чангаллаганча ўзига ўзи савол берди ва бирдан ғўлдирай бошлади: — Ве, ве, ве! Ва... Во... Вашперми? Вагнерми? Вайнерми? Вегнерми? Винтермикин? — Иван пешанасини астойдил тириштирганидан бошидаги сочи у ёқ-бу ёққа силжий бошлади.
— Вульфдир? — аянчли оҳангда чийиллади бир аёл.

Иваннинг аччиғи чиқиб кетди.
— Эси паст! — деб бақирди у чийиллаган аёлни кўзи билан ахтараркан. — Вульфнинг нима дахли бор бунга? Вульфда ҳеч қандай айб йўқ! Во, во... Йўқ! Х,еч эслолмаяпман! Гап бундай, гражданлар: ҳозир сиз милицияга телефон қилинг, профессорни тутиш учун пулемёт ўрнатилган бешта мотоциклет юборишсин. Яна шуниям айтингларки, у ёлғиз эмас: ёнида кўзига шишаси дарз кетган пенсне таққан, катак шим кийган бир найнов билан тўнғиздай семиз бир қора мушук ҳам бор. Унгача мен Грибоедовни тинтиб чиқаман... Кўнглим сезяпти, у шу ерда!

Иван қаттиқ безовталаниб, қўлидаги шамнинг мумини ўз устига сачратганча атрофидаги одамларни туртиб, столларнинг остига мўралай бошлади, Шу пайт: «Доктор!» — деган овоз эшитилдию, Иваннинг рўпарасида бир одамнинг мугуз кўзойнак таққан, соқол-мўйлови қирилган, мулойим, гўштдор юзи пайдо бўлди.
— Ўртоқ Бездомний, — тантанавор оҳангда гап бошлади шу одам, — тинчланинг! Сиз ҳаммамиз учун азиз бўлган Михаил Александровичнинг... йўқ, аниқроғи, Миша Берлиознинг ўлимидан қаттиқ хафа бўлгансиз. Бизлар буни жуда яхши тушуниб турибмиз. Сиз дам олишингиз керак. Ҳозир ўртоқлар сизни олиб бориб ўринга ётқизишади, бир оз мизғиб, қайғуни унутасиз...
— Сен, — деб Иван тишларини иржайтирганча унинг сўзини бўлди, — профессорни зудлик билан тутиш кераклигини тушунасанми Ўзингни бемаъни маслаҳатларинг билан дўстлашасан шу топда! Овсар!
— Ўртоқ Бездомний, мени кечиринг деди бояги одам чўғдек қизариб орқасига бурилди ва бу ғалвага аралашганидан пушаймон оўлиб.
— Йўқ, ҳаммани кечирсам ҳам, сени кечирмайман, — нафрат билан оҳиста деди Иван Николаевич.

Унинг асабдан афти бужмайди, ўнг қўлидаги шамни тез чап қўлига олиб, раҳмдиллик қилган бу одамнинг қулоғи остига тарсаки туширди.

Шундан кейин ҳамма Иванга ташланди. Шам ўчди, тарсаки еган одамнинг кўзойнаги ерга тушиб, бир зумда мажақланди. Иван ҳаттоки хиёбонда юрган одамларга ҳам эшитиладиган, ҳаммани васвасага соладиган даҳшатли жанговар наъра тортиб, ўзини ҳимоя қила бошлади. Столлардан тушиб синган идишлар жа-ранги, аёлларнинг чинқиргани эшитилдию Официантлар шоирнинг қўл-оёғини сочиқлар билан боғлаётган пайтда, гардеробхонада ресторан хўжайини билан эшикоғаси ўртасида шундай гап борди.
— Унинг ички иштонда келганини кўрувдингми? — совуққина сўради хўжайин.
— Ахир, Арчибальд Арчибальдович, — дағ-дағ қалтираб жавоб қилди швейцар, — у киши МАССОЛИТ аъзоси бўлсалар, қандай киритмайман?
— Унинг ички иштонда келганини кўрувдингми, деяпман? — деб такрорлади хўжайин.
— Ахир ўзингиз ўйланг, Арчибальд Арчибальдович, — дерди лавлагидай қизарган эшикоғаси, — мен нима ҳам қила олардим? Тўғри, тушунаман, ровонда хонимлар ўтирипти...
— Хонимларнинг бунга дахли йўқ, уларга барибир, — дерди хўжайин кўзлари билан эшикоғасини еб юборгудай бўлиб, — лекин милицияга барибир эмас! Ички кийимдаги одам Москва кўчаларида фақат битта вазиятда юриши мумкин — агар уни милиция кузатиб бораётган бўлса ва фақат милиция бўлимига кузатиб бораётган бўлса! Лекин сен, агар эшикоғаси экансан, шуни билишинг керакки, бундай одамни кўрган заҳотинг, бир зум ҳам ўйлаб ўтирмай, ҳуштак чалишинг керак эди. Эшитяпсанми гапимни?

Эси оғиб қолган эшикоғаси ровон ёкда бир ниманинг гумбурлаб кетганини, идишларнинг чил-чил сингани ва аёлларнинг чинқирганини эшитди.
— Хўш, энди сени нима қилишим керак, а? — сўради хўжайин.

Эшикоғасининг ранги қув ўчиб кетди, кўзлари хиралашди... тиззалари қалтирай бошлади. Лекин энди хўжайиннинг унга раҳми келиб, кўзларидаги алангани ўчирди.
— Билиб қўй, Николай! Бу охирги марта кечиришим. Бунақа эшикоғаси ресторанимизга текинга ҳам керак эмас. Сен черковга бориб, қоровулликка ёллан. — Шу танбеҳдан кейин у худди командирлардек тез ва аниқ-аниқ буйруқ бера бошлади: — Буфетдан Пантелейни чақир. Милиционерга хабар қилсин. Протокол ёзинглар. Машина чақиртир. Психиатрия шифохонасига жўнатинглар. — Сўнг илова қилди: — Чал ҳуштагингни!

Яна чорак соатдан кейин, наинки ресторандаги, шунингдек, бутун хиёбондаги ва деразалари ресторан боғига очиладиган уйлардаги одамлар Пантелей, эшикоғаси, милиционер, официант ҳамда шоир Рюхиннинг Грибоедов дарвозасидан худди чақалоққа ўхшатиб йўргакланган бир ёш йигитни кўтариб чиқишаётганини кўриб, ҳангу манг бўлиб қолишди: йўргакланган йигит ҳўнг-ҳўнг йиғлар, нуқул Рюхинни пойлаб, афтига тупураркан, йиғидан энтика-энтика бақирарди:
— Аблаҳ!

Юк машинасининг баджаҳл қиёфали шофёри моторни юргиза бошлади. Машина ёнида турган учар извошчи очбинафшаранг тизгин билан отининг сағрисига уриб, уни тезларкан:
— Мана чопқир от! Жиннихонага биз оборамизда! — деб қичқирарди.

Атрофда оломон юз берган ҳодиса ҳақида шанғилларди: хуллас, бу жирканч, разил, васвасага солувчи, қабиҳ ғалва юк машинаси шўрлик Иван Николаевични, милиционерни, Пантелей ва Рюхинларни Грибоедов дарвозасидан узоқлатиб олиб кетгандан кейингина барҳам еди.

Олтинчи боб

Шизофрения Деганлари Тўғри Чиқди

Москва яқинида, дарё бўйида кейинги пайтларда қурилиб, довруғи кетган психиатрик шифохонанинг қабулхонасига оқ халат кийган чўққисоқол одам кириб келганида вақт тунги соат бир ярим эди. Учта санитар диванда ўтирган Иван Николаевичдан кўз узмай шай туришарди. Қаттиқ ҳаяжонланган шоир Рюхин ҳам шу ерда эди. Иван Николаевичнинг оёқ-қўли боғлаб келинган сочиқлар энди шу диванда бир тўп бўлиб уюлиб ётарди.

Рюхин кирган одамни кўрди-ю ранги оқариб кетди, томоқ қириб қўйиб, қўрқа-писа деди:
— Салом, доктор.

Доктор Рюхиннинг саломига бош эгиб жавоб қилди, лекин бош эгаркан, унга эмас, Иван Николаевичга қаради.

Шоир қошларини уйиб, тумшайганча қилт этмай ўтирарди, ҳатто врач кириб келганида ҳам унга қиё боқмади.

Рюхин Иван Николаевич томонга ҳадиксираб кўз қирини ташларкан, негадир худди бир сирни очаётгандай пичирлаб деди:
— Мана, доктор, бу киши — таниқли шоир Иван Бездомний... мана, бир кўриб қўйсангиз... руҳий касалликка чалинмаганмикин деб қўрқяпмиз...
— Кўп ичармиди? — гижир тишлари орасидан сўради доктор.
— Йўқ, ичарди-ю, лекин жудаям ҳалигиндақа, кўп ичмасди...
— Суварак, каламуш, шайтонваччаларни ёки мишиқи итларни тутиш билан шуғулланмасмиди?
— Йўқ, — сесканиб кетиб жавоб қилди Рюхин, — уни кечаям, бугун эрталаб ҳам кўрувдим. Соппа-соғ эди...
— Нега ички иштонда? Ётган ерида қўлга олдингларми?
— У ресторанга шу алпозда кириб борди, доктор...
— Иҳи, иҳи, — деди доктор қаноат ҳосил қилиб, — нега юзи шилинган? Биров билан уришдими?
— Девордан йиқилиб тушипти, кейин ресторанда бир одамни урди... яна баъзи бировларни...
— Ҳа, тушунарли, тушунарли, — деди доктор, сўнг Иван томонга ўгирилиб деди: — Салом!
— Салом, зараркунанда! — жаҳл билан баралла жавоб қилди Иван.

Рюхин жудаям қаттиқ хижолат бўлганидан мулойим табиат докторга бошини кўтариб қарашга журъат эта олмади. Лекин доктор ҳеч ҳам хафа бўлмади, чаққонлик билан кўзойнагини кўзидан оддида, халатининг этагини кўтариб, шимининг орқа чўнтагига солиб қўйди, сўнг Иванга савол берди:
— Ёшингиз нечада?
— Борларинг-э, жин урсин ҳаммаларингни! — деб дағдаға қилди Иван ва юзини тескари ўгириб олди.
— Нега аччиғингиз чиқяпти? Ахир сизни ранжитадиган гап айтмадим-ку!
— Ёшим йигирма учда, — асабийлашиб гапира бошлади Иван. — Ҳаммаларингнинг устингдан шикоят қиламан. Айниқса, сенинг устингдан, мараз! — деди у Рюхинга алоҳида юзланиб.
— Хўш, нима деб шикоят қилмоқчисиз?
— Мени, соппа-соғ одамни тугиб, жиннихонага зўрлик билан судраб келганингизни ёзаман! — ғазабланиб деди Иван.

Шунда Рюхин Иваннинг юзига тикилиб қарадию, юраги орқасига тортиб кетди: унипг кўзларида телбаликдан асар ҳам йўқ эди. Грибоедовда хира бўлиб кўринган унинг кўзлари, энди яна аввалги ҳолига қайтиб, порлаб турарди.

«Ё тавба! — деб кўнглидан ўтказди чўчиб кетган Рюхин, — ахир у соппа-соғ-ку! Бу қандай бемаънилик? Нимага олиб келдик ўзи уни бу ерга? Мутлақо соппа-соғ, фақат башараси шилинган, холос...».
— Сиз, — деб бамайлихотир гап бошлади врач оёғи ялтироқ оқ курсига ўтираркан, — жиннихонада эмас, шифохонадасиз, бу ерда сизни, агар зарурат бўлмаса, ҳеч ким ушлаб турмайди.

Иван Николаевич унга шубҳа билан кўз қирини ташлади, лекин шундаям ғўлдираб деди:
— Худога шукур! Ҳайрият, битта соғ одам бор экан шунча овсарлар орасида, аммо уларнинг ичида ғирт овсари — ношуд ва уқувсиз Сашка, албатта!
— Ким экан ўша ношуд Сашка? — деб сўради врач.
— Анавида, Рюхин! — жавоб қилди Иван исқирт бармоғи билан Рюхинга ишора қилиб.

У ғазабдан чўғдек қизариб кетди.

«Миннатдор бўлиш ўрнига! — ўкинч билан ўйлади у, — яхшиликка ёмонлик деб шуни айтадиларда! Ғирт аблаҳ экан!».

Иван Николаевич шу топда Рюхиннинг авра-астарини ағдариб фош қилмоқчи бўлди шекилли:
— У табиатан ғирт қулоқнинг ўзгинаси, — деб гапида давом этди, — қулоқ бўлгандаям пролетар ниқоби билан жуда пухта ниқобланган қулоқ. Сиз унинг тумшайган башарасига қаранг-у, ёзган шеърлари билан муқояса қилиб кўринг! Ҳе-ҳе-ҳе... лекин сиз унинг дилига назар ташланг — нималарни хаёл қилаётганини билсангиз... ҳайратга келасиз! — Шундай деб туриб Иван Николаевич хунук кулиб юборди.

Чўғдек қизариб кетган Рюхин оғир нафас олар ва нуқул: дўст деб бағримга босганим илон бўлиб чиқди, мен ашаддий душманимга ғамхўрлик қилган эканман, деб ўйларди. Яна энг чатоқ томони: уни ҳеч нима қилиб бўлмасди: ахир руҳий касал билан олиша олмайсан-ку?!
— Ўзи нима учун сизни бу ерга олиб келишди? — деб сўради врач Бездомнийнинг фош қилувчи гапини диққат билап тинглаб бўлгач.
— Э, минг лаънат бу ҳафтафаҳмларга! Тутиб олиб, аллақандай латта-путталар билан қўл-оёғимни боғлашди-ю, юк машинасига ортиб олиб келаверишди!
— Яна бир савол: нима учун ресторанга ички кийимда бордингиз?
— Бунинг ҳеч ҳайрон бўладиган ери йўқ, — жавоб қилди Иван. — Москва дарёсига чўмилгани борувдим, кийимларимни ўмариб кетишипти, ўрнига шу рўда-пони ташлаб кетишипти! Ахир Москва кўчаларидан қип-яланғоч ўтолмасдимку? Борига барака деб кийиб олдим, чунки ресторанга шошаётувдим, Грибоедовга.

Врач, тушунмадим, дегандек Рюхинга қаради, у ўшшайганча ғўлдираб тушунтирди:
— Рестораннинг номи шунақа.
— Аҳа, — деди врач, — нимага шошилгандингиз? Бирон иш юзасидан учрашувингиз бормиди?
— Консультантни қидириб юрибман, — жавоб қилди Иван Николаевич ва безовталаниб олазарак бўлди.
— Қанақа консультантни?
— Сиз Берлиозни биласизми? — сўради Иван маънодор оҳангда.
— Ҳалиги... композиторними? Иваннинг таъби тирриқ бўлди.
— Қанақа композитор? Э, ҳа, йўқ! йўқ! Композитор — Миша Берлиоз билан фамилиядош!

Рюхиннинг гапиришдан ҳафсаласи пир бўлган эди, аммо изоҳ беришига тўғри келди.
— МАССОЛИТ секретари Берлиозни бугун кечқурун Патриарх кўли яқинида трамвай босиб кетди.
— Билмаган нарсангни гапирма! — деди Иван Рюхиндан аччиғланиб, — сен эмас, мен шоҳидман бунга! У Мишани атайлаб трамвайга рўпара қилди!
— Итариб юбордими?
— Нега энди «итариб юбораркан?» — деди одамларнинг бефаросатлигидан аччиғи чиққан Иван, — унинг учун итарворишнинг ҳеч ҳожати йўқ! Унинг қўлидан шунақанги найранглар келадики, эҳтиёт бўлмасанг, ҳолинг хароб! У Берлиознинг трамвай тагига тушишини олдиндан айтиб берган эди!
— Сиздан бошқа яна ҳеч ким кўрдими ўша консультантни?
— Ҳамма бало шунда-да, мен билан Берлиоздан бошқа ҳеч ким кўргани йўқ уни.
— Ҳм. Хўш, ўша қотилни қўлга олиш учун қандай чоралар кўрдингиз? — шундай деб туриб врач бир чеккада, стол ёнида ўтирган, оқ халат кийган аёл то-монга ўтирилди. Аёл бир варақ қоғоз олиб, унинг бўш графаларини ёзув билан тўлдира бошлади.
— Мен кўрган чорами? Ошхонадан шам олиб олдим...
— Манавиними? — деб сўради врач аёл олдида столда қоғоз икона билан ёнма-ён ётган, майишиб кетган шам бўлагини кўрсатиб.
— Ҳа, шуни, кейин...
— Икона нимага керак бўлиб қолди?
— Дарвоқе, икона... — Иван қизариб кетди, — ҳаммаданам шу икона кўпроқ чўчитиб юборди уни, — Иван яна бармоғи билан Рюхинга ишора қилди. — Гап шундаки, ўша консультант, очиғини айтадиган бўлсак... инс-жинслар билан топишган... уни осонликча қўлга олиб бўлмайди.

Санитарлар негадир Ивандан кўзларини узмаганча қўлларини ёнларига тушириб ғоз туришарди.
— Ҳа, шунақа, — деб гапида давом этди Иван, — жинлар билан топишган. Бу далилни асло рад қилиб бўлмайди. У Понтий Пилат билан шахсан суҳбатлашган экан. Э, бунақа ҳайрон бўлиб қараманг менга! Гапим рост! Ҳаммасини ўз кўзи билан кўрипти — ровонни ҳам, пальмаларни ҳам. Хуллас, у Понтий Пилатнинг ҳузурида бўлган, бунга мен кафилман.
— Хўш, хўш....
— Қисқаси, мен қоғоз иконани кўкрагимга қададиму уни қувиб кетдим....

Шу пайт бирдан соат иккига жом чалди.
— Ўҳ-ҳў! — деб юборди Иван дивандан тураркан, — соат икки бўлиптию, мен бўлсам сизлар билан валақлашиб ўтирибман! Кечирасиз, телефон қаерда?
— Телефонга ўтказиб юборинглар, — деб буюрди врач санитарларга.

Иван бора солиб трубкани қўлига олди, бу пайт санитар аёл Рюхиндан оҳиста сўради:
— Уйланганми?
— Бўйдоқ, — қўрқа-писа жавоб қилди Рюхин.
— Касабачилар уюшмаси аъзосими? -Ҳа.
— Милициями? — деб бақирди бу пайт Ивап трубкага, — милициями? Ўртоқ навбатчи, дарҳол буйруқ беринг, ажнабий консультантни тутиш учун пулемёт ўрнатилган бешта мотоциклет юборишсин. Нима? Келиб мени олиб кетинг, ўзим сизлар билан бораман... Менми? Шоир Бездомнийман, жиннихонадан гапир-япман... Манзилинглар қанақа? — пичирлаб сўради у доктордан телефон трубкасини кафти билан босиб туриб, кейин яна трубкага қичқириб гапира бошлади: — Эшитяпсизми? Алло!.. Ярамаслар! — бирдан бақириб юборди Иван ва трубкани деворга улоқтирди. Кейии у врач томонга ўгирилди-да, унга қўлини чўзиб, қуруққина «хайр» дедию кетмоқчи бўлди.
— Кечирасиз, қаёққа кетмоқчисиз шу ички кийимда? — деди врач Иваннинг кўзларига тикилганча, — вақт ярим кечадан оққан бўлса... Сиз ўзингизни нохуш сезяпсиз, яхшиси, шу ерда қолиб дам олинг!
— Ўтказиб юборинг, — деди Иван эшик олдини ғов бўлиб тўсиб турган санитарларга. — Йўл берасизларми, ё йўқми? — даҳшат билан бақирди шоир.

Рюхинни титроқ босди, аёл олдидаги кнопкани босган эди, ойнаванд стол устида ялтироқ қутича билап ампула пайдо бўлди.
— Хали шунақами? — деди Иван ваҳшиёна кўзлари аланг-жаланг бўлиб, — ҳа, яхши! Хайр бўлма-са... — у парда билан тўсилган деразага калла қўйди. «Гурс» этган товуш эшитилди, парда орқасидаги деразанинг синмайдиган ойнаси унинг калласи зарбига дош берган эди, шу замоноқ Иван санитарларнинг қўлига тушди. У жонҳолатда хириллар, санитарларпи тишламоқчи бўлар, бақирарди:
— Хали деразангизга шунақа ойна қоплаб олиб-сиз-да!.. Қўйвор! Қўйвор деяпман! Врачнинг қўлида шприц ялт этиб кетди, аёл бир ҳамлада Иваннинг увада енгини йиртдию, унинг қўлига ғайримуаннас куч билан ёпишди. Эфир ҳиди тарқадди. Иван тўрт кишининг қўлида ҳолсизланди, эпчил врач эса шу фурсатдаи фойдаланиб, Иваннинг қўлига укол қилди. Уни яна бир неча сония ушлаб туриб, сўнг диванга ўтқазишди.
— Бандитлар! — бақирди Иван дивандан сапчиб тураркан, лекин уни яна жойига ўтқазиб қўйишди. Шу заҳоти у яна «дик» сакраб турди, аммо энди ўзи қай-тиб жойига ўтирди. У жим қолди, олазарак бўлиб атрофга қаради, кейин бирдан эснади, сўнг қаҳр билан тиржайди.
— Ахири ҳибсга олдинглар-а, — деди у, яна эснади, кутилмаганда ёнбошлаб, бошини ёстиққа қўяркан, худди гўдак боладек юзини муштумига қўйди, сўнг кўзи уйқуга кетаркан, энди қаҳрсиз ғўлдиради:
— Ха, жуда соз... ҳали бу қилмишингизга минг пушаймон бўласиз. Мен огоҳлантирдим, у ёғига билганингизни қилинг! Мени эса ҳозир ҳаммадан ҳам кўпроқ Понтий Пилат қизиқтиради... Пилат... — шундан кейин у кўзини юмди.
— Ваннага туширинг, юз ўн еттинчи алоҳида хонага ётқизиб, соқчи қўйинг, — деб фармойиш берди врач кўзойнагини тақаркан. Рюхин яна сесканиб кетди, оппоқ эшик товушсиз очилиб, тунги яшил чироқлар билан ёритилган коридор кўринди. Шу коридордан резина ғилдиракларга ўрнатилган аравача чиқиб келди, санитарлар жимиб қолган Иванни аравачага олиб ётқизишган эди, у яна коридор томон ғил-дираб, эшик унинг орқасидан ёпилди.
— Доктор, — деди пичирлаб ҳайратда қолган Рюхин, — демак, у чинданам бетоб эканда?
— О, албатта, — жавоб қилди врач.
— Нима бўлипти ўзи унга? — қўрқа-писа сўради Рюхин.

Чарчаган врач Рюхинга қараб қўйиб, ланжлик билан деди:
— Харакат ва нутқ аъзолари асабийлашган... алаҳсираш ҳолати... назаримда, мураккаб ҳол... Шизофрения бўлса керак. Бунинг устига яна ичкилик касофати...

Рюхин докторнинг бу гапидан, Иван Николаевичнинг аҳволи чатоқ, деган маънонигина англади холос, сўнг хўрсиниб қўйиб сўради:
— Нега у ҳадеб аллақандай консультантни гапириб ётипти?
— Биронта одамни учратган-у, у одам унинг бузилган хаёлотига қаттиқ таъсир кўрсатган. Ёки кўзига бирон шарпа кўринган бўлиши ҳам мумкин...

Бир неча дақиқадан кейин бояги юк машинаси Рюхиини яна Москвага олиб кетди. Тонг ёриша бошлаган эди, шу боис катта йўлдаги ҳали ўчирилмаган чи-роқлар шуъласи энди нокерак ва нохуш бўлиб туюларди. Хайдовчи бу туннинг зое кетганидан ғижиниб, машинани жон-жаҳди билан учириб бораркан, муюлишларда машина ғилдираклари йўл ёқасигача сурилиб борарди.

Мана, ўрмон ҳам «ғув» этиб ўтиб, орқада қолиб кетди, дарё ҳам аллақаёқларга четлаб кетди, энди юк машинаси йўлда; устига қоровулхоналар ўрнатилган қандайдир узундан-узун деворлару саржин қилиб терилган ўтинлар, жуда дароз симёғочлару шода-шода ғалтаклар тизилган қандайдир мачталар, тоғ-тоғ уйилган шағаллару сатҳини ариқлар тарам-тарам қилиб қирққан далалар ёқалаб ўтиб борарди. Хуллас, мана, ҳозир анави муюлишдан ўтиш билан Москва бошланиши ва дарҳол машинани ўз оғушига олажаги сезила бошлаган эди.

Машина Рюхинни силкитавериб, коптокдек отавериб тинкасини қуритган эди. У босиб ўтирган ғўла ҳадеб тагидан чиқиб кетишга жаҳд қиларди. Сал олдинроқ троллейбусда жўнаб кетишган милиционер билан Пантелей ташлаб кетган сочиқлар кузовнинг у бошидан-бу бошига тинимсиз сирпаниб бориб-келиб ту-рарди. Рюхин уларни йиғиштириб олмоқчи ҳам бўлди, лекин бирдан хуноби чиқиб: «Э, падарига лаънат! Нима, мен аҳмоқманми?..» — деб тўнғилладида, уларни тепиб юбориб, у томонга бошқа қарамай қўйди.

Унинг руҳи тушиб кетган эди. Рюхин бу ғурбатхонанинг ўз хотирасида машъум из қолдирганини энди аниқ ҳис эта бошлади. У ўзини изтиробга солаётган нарса нима эканлигини англашга уринарди. Дарвоқе, нима у? Хотирасига канадек ёпишиб олган яшил чироқлар билан ёритилган коридорхми? Ё дунёда эсдан айрилишдек бахтиқаролик йўқ деган фикрми? Ҳа, ҳа, шу фикр ҳам, албатта. Лекин ахир, бутун башарият шундай фикрлайди-ку. Йўқ, яна қандайдир бошқа туйғу мавжуд. Нима экан у? Ҳа-а, билди — алам. Ҳа, ҳа, Бездомнийнинг унга, юзингда кўзинг борми демай, тикка айтган аламли сўзлари. Ҳамма бало у гапнинг аламли бўлганида ҳам эмас, балки ҳаққонийлигида эди.

Шоир энди теварак-атрофга кўз ташламас, оёқ остига — дириллаб турган исқирт полга тикилганча, бир нималарни ғўлдирар, ич-этини еб нола чекарди.

Дарвоқе, шеърият... У — ўттиз икки ёшда! Хўш, буёғига қандай ҳаёт кечиради? — Бундан кейин ҳам у йилига бир нечтадан шеър ёзиб туради. — То қари-гунчами? — Ҳа, то қаригунча ёзаверади. — Хўш, нимага эришади шу шеърлари билан? Шуҳратгами? «Ғирт бемаънилик! Ҳеч бўлмаса, ўзингни ўзинг алдамасанг-чи. Ёмон шеър ёзган шоир ҳеч қачон шуҳрат қозонолмайди. Нега шеърларим ёмон? Ҳақиқатни, ҳақиқатни гапирди! — дерди Рюхин ўзига ўзи шафқатсиз таъна қилиб. — Ёзганларимнинг биронтасига ҳам ишонмайман!..»

Асаб торлари ниҳоятда таранг тортилган шоир бир чайқалиб кетди, оёғи остидаги пол дириллашдан тўхтади. Рюхин бошини кўтариб, аллақачон Москвага кириб келганини, тонг отиб, осмондаги булутлар заррин рангга кира бошлаганини кўрди. У ўтирган юк машинаси хиёбонга бурилиш ерида қатор тизилган ма-шиналар орқасига бориб тўхтаган, ундан салгина нарида постаментга ўрнатилган металл одам бошини хиёл эгиб, хиёбон томонга тикилиб турарди.

Тоби қоча бошлаган шоирнинг миясига қандайдир аломат фикрлар ёпирилиб келди. «Мана, омадлилик намунаси...» — шундай деб Рюхин ўрнидан туриб қад-дини ростлади ва негадир ҳеч кимга тегмай қимир этмай турган чўян одамга ҳамла қилиб қўлини кўтарди, — у ўз ҳаётида қандай ҳаракат қилган бўлмасин, қандай воқеаларни бошидан кечирган бўлмасин, ҳаммаси унинг учун фойда бўлган, ҳаммаси унинг шон-шуҳратини кўтаришга сабаб бўлган! Лекин нима иш кўрсатди ўзи у? Ҳеч ақлим бовар қилмаяпти... Хўш, бирон диққатга сазовор маъно борми бу сўзларда: «Қўл билан тиклаб бўлмас...» Тушунмайман!.. Омади бор экан, толели экан! — деб бирдан зарда билан хулоса чиқарди ва машинанинг жойидан жилганини ҳис қилди, — анави оқгвардиячи отиб, сон суягини мажақлаб ташлади-ю, уни боқий қилди-қўйди...»

Туриб қолган машиналар юра бошлашди. Бутунлай тоби қочиб, ҳатто кексайиб қолган шоир яна икки минутдан кейин Грибоедов айвонига кириб борди. Айвон бўшаб қолган эди. Бурчакда қандайдир улфатлар туришга шайланишар, зал ўртасида бошига дўппи кийган, қўлида қадаҳ ушлаган таниш конферансье питирлаб юрарди.

Бир қучоқ сочиқ кўтариб кирган Рюхин Арчибальд Арчибальдович томонидан очиқ юз билан қарши олин-дию, шу заҳоти лаънати латта-путталардан озод қилинди. Агар Рюхин касалхонада, сўнг юк машинасида қайтаётганида кўп азият чекмаганида эди, шифохонада бўлган воқеаларни турли уйдирма ва лофлар билан бойитиб мароқ билан ҳикоя қилган бўларди. Лекин ҳозир бу нарса унинг кўнглига сиғмас, бундан ташқари, Рюхинда кузатувчанлик қобилиятидан асар ҳам йўқлигига қарамай, юк машинасида чеккан йўл азобидан кейин, ресторан хўжайинининг юзига энди биринчи марта тикилиб қаради, гарчи Арчибальд Арчибальдович Бездомнийнинг аҳволини суриштираётган, ҳатто «вой бечора-е!» — деб ачинаётгандай бўлса ҳам, аслида Бездомнийнинг тақдири уни мутлақо қизиқтирмаётгани, унга тариқча ҳам ачинмаётганини Рюхин биринчи марта аниқ ҳис қила бошлади. «Қойилман! Тўғри қиласан!» — деб ўйлади Рюхин ҳаёсизларча ва ғажиб ташлагудек адоват билан, сўнг шизофрения ҳақида гапиришдан тўхтаб, илтимос қилди:
— Арчибальд Арчибальдович, қиттай арақ ичсам девдим...

Ресторан соҳиби сохта мурувват билан пичирлади:
— Тушундим... ҳозир... — у официантга имо қилди. Энди чорак соатдан кейин Рюхин бутун залда ёлғиз ўзи букчайиб олиб балиқ ер, дам-бадам рюмка тўлдириб арақ ичаркан, ўз ҳаётида энди ҳеч нимани ўзгартириб бўлмаслигини, фақат унутиш мумкинлигини тушунар, эътироф этарди.

Ўзгалар маишат билан машғул бўлган бир пайтда, шоирнинг бу туни ҳайф кетган, энди уни қайтариш мумкин эмаслигини у тушунарди. Тун ўгиб кетганини апглаш учун осмонга бир назар ташлашнинг ўзи кифоя эди. Официантлар шошқалоқлик билан дастурхонларни йиғиштиришарди. Айвон олдида изғиб юр-ган мушуклар аллақачон юзларини ювиб олишган эди. Шоирни аёвсиз уйқу боса бошлади.

Еттинчи боб

Бехосият Квартира

Агар эртаси куни эрталаб Стёпа Лиходеевга: «Стёпа! Агар ҳозироқ ўрнингдан турмасанг, сени отиб ташлашади!» — деб айтишса, у мажолсиз овоз билан эшитилар-эшитилмас шундай деган бўларди: «Майли, отаверинглар, нима қилсанглар қилаверинглар, лекин турмайман».

Ўрнидан туриш уёқда турсин, кўз очишга ҳам мажоли йўқдай эди, чунки агар у кўзини очса, шу заҳоти чақмоқ чақилиб, бошини тилка-тилка қилиб мажақлаб юбораётгандай бўларди. Унинг миясида улкан бир қўнғироқ тинмай бонг чалаётгандай, кўз косалари ва қовоқлари оралиғидан ям-яшил ялтироқ гардишли жигарранг доғлар сузиб ўтаётгандай бўлар, бунинг устига-устак, кўнгли муттасил беҳузур бўлардики, бу беҳузурлик, келиб-келиб мияга хира пашшадек ўрнашиб қолган қандайдир патефон овозидан вужудга келаётгандек туюларди.

Стёпа кеча юз берган воқеанинг бирон лавҳасини эслашга уриниб кўрди, лекин фақат бир нарса эсига тушди, холос: чамаси, кеча у қаердадир қўлида салфетка билан қандайдир бир хонимни ўпишга интилиб, эртага роппа-роса туш пайтида уйингизга меҳмон бўлиб бораман, деб ваъда қилганди. Хоним: «Йўқ, йўқ, мен уйда бўламайман!» — деб рад жавоби берар, Стёпа эса ўз аҳдида қаттиқ туриб олиб: «Мен барибир боравераман!» — дерди.

Стёпа хонимнинг кимлигини ҳам, ҳозир соат неча бўлғанини ҳам, бугун қайси ойнинг қайси куни эканлигини ҳам мутлақо била олмасди, энг ёмони: у ўзининг қаерда ётганини ҳам билмасди. У ҳеч бўлмаганда, ўзининг қаердалигини аниқламоқчи бўлиб, зилдай оғир чап қовоғини зўр-базўр кўтарди. Ғира-ширада кўзига бир нима ялт этиб кўрингандай бўлди. Стёпа ниҳоят унинг тошойна эканлигини, ўзининг эса ўз ётоқхонасида каравотда, яъни бир вақтлар заргар бе-васиники бўлган каравотда чалқанча ётганини билди. Бирдан унинг миясида шундай қаттиқ санчиқ турдики, у кўзини юмиб инграб юборди.

Изоҳ: Варьете театрининг директори Стёпа Лиходеев Садовая кўчасида «п» шаклида тушган олти қаватли уйда марҳум Берлиоз билан бир квартирада турарди — бугун эрталаб у кўзини очиб, ўзини шу ер-да кўрди.

Шуни айтиш керакки, бу — 50-квартира ҳақида кўпдан бери, ёмон деб бўлмаса ҳам, жуда аломат гаплар юрар эди. Бундан икки йил муқаддам бу квартира заргар де Фужеренинг бевасига тегишли эди. Элликка кирган, уддабурон муҳтарама Анна Францевна де Фужере хоним бу квартирадаги беш хонадан учтасини икки оилага ижарага қўйган эди: биринчи ижарагирнинг фамилияси Беломут эди шекилли, иккинчисининг фамилияси — сақланмаган.

Шундай қилиб, бундан икки йил олдин бу квартирада жуда ғаройиб воқеалар юз бера бошлади: бу ерда яшовчи одамлар бирма-бир дом-дараксиз ғойиб бўла бошлашди.

Дам олиш кунларидан бирида бу квартирага бир милиционер келиб, иккинчи ижарагирни (унинг фамилияси сақланмаган) даҳлизга чақирадида, аллақандай қоғозга имзо чекиш учун бир зумга милиция бўлимига кириб чиқишни таклиф қилади унга. Ижарагир Анна Францевнанинг садоқатли уй ходимаси Анфисага, биров телефон қилгудек бўлса, ўн минутда қайтиб келаман, деб тайинлаб, оппоқ қўлқоп кийган хушмуомала милиционер билан чиқиб кетади. Лекин у наинки ўн минутдан кейин, балки бутунлай қайтиб келмайди. Энг ҳайрон қоладиган томони шундаки, у билан бирга милиционер ҳам бедарак йўқолади.

Художўй, аниқроқ қилиб айтганда — жуда иримчи бўлган Анфиса таъби тирриқ бўлиб турган Анна Францевнага ўз тахминини шартта айтади-қўяди:
— Бу ғирт жодугарликнинг ўзи. Ижарагирниям, милиционерниям ким ўғирлаб кетганини мен яхши биламан, фақат ҳозир, қош қорайганда гапирсам хосияти ёмон бўлади..

Маълумки, жодугарлик бошланмасин, бир бошланса борми, ҳеч унинг кети узилмайди. Иккинчи ижарагир, эсингизда бўлса, душанба куни ғойиб бўлган эди, чоршанба куни эса Беломут ҳам; худди ер ютгандай, дом-дараксиз йўқолди-қолди, фақат бошқача вазиятда. Эрталаб, ҳар кунги одат бўйича, уни ишга олиб кетгани машина келди, уни олиб кетдию, лекин ҳеч кимни қайтариб олиб келмади, машинанинг ўзи ҳам бошқа қайтиб келмади.

Беломут хонимнинг бошига тушган қайғу ва фожиани таърифлашга тил лол. Аммо, таассуфки, қайғу ҳам, фожиа ҳам узоқ чўзилмади. Анна Францевна Анфиса билан шошилинч бир иш юзасидан дала ҳовлисига бориб, қайтиб келган куни тундаёқ гражданка Беломут квартирадан ғойиб бўлди. Бу ҳали ҳаммаси эмас: эр-хотин Беломутлар эгаллаган иккита хонанинг эшиклари муҳрланган эди.

Икки кунни бир амаллаб ўтказишди. Шу ўтган вақт ичида ҳамиша уйқусизликдан изтироб чеккан Анна Францевна, учинчи кун деганда шошилинч равишда яна дала ҳовлисига жўнаб кетди... Унинг шу кетганча бошқа қайтиб келмаганини айтмаса ҳам бўлар!

Бутун квартирада ёлғиз ўзи қолган, йиғлайвериб хун бўлиб кетган Анфиса кечаси соат иккиларда уйқуга ётди. Шундан кейии унга нима бўлгани бизга мавҳум, лекин бошқа квартираларда турувчи одамларнинг гапига қараганда, 50-квартирада кечаси билан қандайдир тарақ-туруқ овозлар эшитилганмиш, то тонг отгунча унинг деразаларида электр чироқлари ўчмаганмиш. Эрталаб эса Анфисанинг ҳам ғойиб бўлгани маълум бўлипти!

Ғойиб бўлган одамлар ва қарғиш теккан квартира ҳақида анча вақтгача ҳар хил бўлмағур миш-мишлар тарқалиб юрди, масалан, ўша жиккаккина художўй Анфиса гўё ўзининг тахтакачсимон кўксида чарм халтачада Анна Францевнага тегишли йигирма беш дона йирик-йирик дур олиб юрганмиш. Гўё Анна Францевна серқатнов бўлиб қолган ўша дала ҳовлидаги ўтинхонада ҳам ўша дурлар қабилидаги қандайдир беҳисоб жавоҳирот, шунингдек, подшо замонидан қолган олтин тангалару... яна шу сингари бошқа бойликлар ўз-ўзидан топилганмиш. Лекин кўрмаган нарсамизга кафолат беролмаймиз.

Ҳарна бўлгандаям, бу квартира атиги бир ҳафтагина муҳрланиб бўш қолди, кейин унга марҳум Берлиоз ўз хотини билан ва шу Стёпа (у ҳам хотини билан) кўчиб киришган эди. Турган гапки, бу машъум квартирага кўчиб киришлари билан уларнинг ҳам бошига ғайритабиий савдолар туша бошлади. Яъни бир ой ичида иккала хотин ҳам ғойиб бўлди. Лекин энди булар дом-дараксиз йўқолишмаганди. Берлиознинг хотинини гўё Харьковда қандайдир бир балетмейстер билан кўриш-ганмиш. Стёпанинг хотинини эса гўё Божедомкада кўришганмиш, негаки, миш-мишларга қараганда Варьете директори Стёпа ўзининг беҳисоб таниш-билишлари орқали иш қилиб, Садовая кўчасида қорангни кўрмасам бўлгани, деган шарт билан хотинига бир хона тўғрилабди.

Шундай қилиб, Стёпа ингради. У уй ходимаси Груняни чақириб, ундан пирамидон сўрамоқчи бўлди, лекин бу иши ғирт бемаънилик бўлишига, хайрият, ақли етди... Чунки Груняда ҳеч қандай пирамидон йўқ эди, албатта. Кейин Берлиозни ёрдамга чақирмоқчи бўлиб кўрди, икки марта зўрға: «Миша... Миша...» — деб ингради, лекин, ўзингиз яхши тушуиасиз, ҳеч қандай жавоб бўлмади. Квартира сув қуйгандек жим-жит эди.

Стёпа оёқ бармоқларини қимирлатиб кўриб, пайпоғини ечмай ётганлигини билди, у эгнида кийими бор ё йўқлигини аниқлаш учун титроқ қўлини ёнбошига юборди, лекин ҳеч нимани аниқлай олмади.

Ниҳоят, у ўзининг ёлғиз ва қаровсиз эканлигини, ҳеч ким унга ёрдам қилмаслигини билгач, қанчалик қийналиб бўлса ҳам, ўрнидан туришга аҳд қилди.

Стёпа ёпишиб қолган қовокдарини зўр-базўр очиб, тошойнада сочлари ҳар томонга тарвақайлаган, ҳаммаёғини тук босиб кетган, башараси шишиб, кўзлари юмилиб қолган, эгнида исқирт кўйлак, ички иштон, бўйнида галстук, оёғида пайпоқ бўлган бир одамнинг аксини кўрди.

У ўзини тошойнада шундай қиёфада кўрган эди, кўзгу ёнида эса эгнига қора либос, бошига қора берет кийган нотаниш бир одам турарди.

Стёпа ўрнидан туриб ўтирди ва қон қуйилган кўзларини имкони борича каттароқ очиб нотаниш одамга тикилди.

Шу нотаниш одам ажнабийларга хос талаффуз билан бўғиқ ва вазмин овозда сукутни бузди:
— Салом, дунёда энг ёқимтой инсон Степан Богданович!

Стёпа бутун кучини ишга солиб, бир оз сукутдан сўнг зўрға:
— Нима истайсиз мендан? — деб гап бошлаган эди, ўз овозини таний олмай ҳанг-манг бўлиб қолди. «Нима» сўзи чийиллаб, «истайсиз» сўзи — дўриллаб чиқди, «мендан» сўзи эса ичида қолиб кетди.

Бегона одам дўстона жилмайиб қўйиб, қопқоғида уч бурчак шаклли олмоси бўлган каттакон олтин соатини қўлига олди, соат ўн бир марта занг чадди.
— Соат ўн бир! — деди у. — Роса бир соатдан бери уйғонишингизни кутиб турибман, зеро, сиз мени уйингизда соат ўнда кутмоқчи эдингиз. Мана келдим!

Стёпа қўли билан пайпаслаб, каравот ёнида турган стулдан шимини топди ва:
— Афв этасиз... — деб пичирлаб шимни кийволди, сўнг ҳирқироқ овоз билан сўради: — Илтимос, фамилиянгизни айтсангиз!

У гапиришга қийналарди. Ҳар битта сўзни айтганида кимдир унинг миясига игна санчиб, уни жаҳаннам азобига солаётгандай бўларди:
— Ие! Ҳали фамилиямниям унутиб қўйдингизми? — деб бегона одам жилмайди.
— Кечирасиз... — деб хириллади карахтликнинг янги аломатлари вужудга келаётганини ҳис қила бошлаган Стёпа; унинг назарида, оёғи остидаги пол бирдан ғойиб бўлгандай ва шу топдаёқ жаҳаннам қаърига муккаси билан шўнғиб кетадигандек бўлиб туюлди.
— Азизим Степан Богданович, — деб гап бошлади сезгир меҳмон жилмайиб, — ҳеч қанақа пирамидон наф бермайди сизга. Сиз кўҳна таомилга амал қилинг, яъни аччиқни аччиқ кесади қабилида иш кўринг. Ҳозир сизни ҳушингизга келтирадиган ягона даво икки қултум арақ билан аччиқ ва қайноқ газак.

Стёпа айёр одам эди, шу боис, оғир бетоб бўлишига қарамай, баски аҳволимга шоҳид бўлишган экан, ҳаммасини тан олишим керак, деб мулоҳаза қидди.
— Очиғи, — деди у зўрға тили айланиб, — кеча мен қиттай...
— Бўлди, бўлди, ҳаммаси тушунарли! — деди меҳмон ва ўзи ўтирган кресло билан бирга бир четга сурилди.

Шунда Стёпа кичкинагина столчада ясатиғлиқ патнисни кўриб бақрайиб қолди: патнисда кесилган оқ нон, ликопчада қора икра, тарелкада қўзиқорин очори, яна кастрюлчадаям бир нима бор эди, бундан ташқари, заргар бевасининг қориндор графинида арақ қўйилган эди. Ҳаммадан ҳам графиннинг совукдан терлаганлиги Стёпани кўпроқ таажжубда қолдирди. Лекин бунинг сабаби маълум эди: графин муз тўлдирилган чинни тоғорачага ўрнатилган эди. Қисқаси, дастурхон бадастир, озода қилиб тузалган эди.

Бегона одам Стёпа ҳайратининг авж олиб, энг юқори пардага чиқишига имкон бермай, эпчиллик билан унга ярим қадаҳ арақ қуйди.
— Ўзингиз-чи? — деб чийиллади Стёпа.
— Бажону дил!!

Стёпа қалтироқ қўли билан қадаҳни оғзига олиб борди, меҳмон эса ўз қадаҳидаги арақни бир қултум қилиб ютиб юборди. Стёпа икра кавшаб, газак қиларкан, қийналиб зўрға деди:
— Сиз-чи?.. Газакдан?
— Миннатдорман, мен ҳеч қачон газак қилмайман, — деди бегона одам ва қадаҳларга яна арақ қуйди. Кастрюлнинг қопқоғини очишди — унда томатга солинган сосиска бор эди.

Мана, охири Стёпанинг кўз олдини тўсган лаънати яшил ранг ғойиб бўлиб, тили калимага кела бошлади, энг муҳими, баъзи бир нарсалар унинг эсига тушди. Дарҳақиқат, воқеа куни кеча Сходняда, скетчнавис Хустовнинг дала ҳовлисида бўлган эди. Стёпани у ерга ўша Хустовнинг ўзи таксида олиб борган эди. Ҳатто ўша таксини «Метрополь» олдида қандай ёллашгани ҳам эсига тушди, улар билан бирга яна қандайдир бир актёр ҳам бормидией... патефон кўтариб олган. Ҳа, ҳа, тўғри, дала ҳовлида бўлган эди бу! Яна эсида, патефон овозига жўр бўлиб итлар ув тортишганди. Лекин Стёпа ўпмоқчи бўлган хоним мавҳумлигича қолди... Тавба, ким бўлдийкин-а... радиода ишлайди шекилли, эҳтимол ундаймасдир.

Шу тариқа кечаги кун оз-оздан ойдинлаша бошлади, лекин ҳозир Стёпани кўпроқ бугунги кун, хусусан, бу нотаниш одамнинг қандай қилиб у ётган хонага кириб қолгани, яна арақ билан газакнинг қаердан келгани қизиқтираётган эди. Ана шу масалани аниқлаб олса ёмон бўлмасди-да!
— Хўш, қалай, энди эслаган бўлсангиз керак фамилиямни?

Лекин Стёпа хижолат бўлиб тиржайди ва қўлларини ёйди.
— Афсус! Сезиб турибман, сиз аракдан кейин портвейн ичибсиз! Ахир бу яхши эмас-ку, тақсирим!
— Илтимос қиламан сиздан, шу гап ўртамизда қолса... — деди хушомад билан Стёпа.
— О, албатта, албатта! Лекин турган гапки, Хустов учун кафолат бера олмайман.
— Ие, сиз Хустовни танийсизми?
— Кеча сизнинг кабинетингизда кўзим тушган эди ўша нусхага. Унинг мараз, фитначи, мунофиқ ва лаганбардор эканлигини тушуниш учун бир марта унга кўз қирини ташлашнинг ўзи кифоя.

«Жуда тўғри гапирди!» — деб кўнглидан ўтказди Стёпа, Хустовга берилган бундай тўғри, аниқ ва лўнда таърифдан ҳайратга келиб.

Ҳа, кечаги кун бўлак-бўлак хотиралардан тикланаётган эди, лекин шунда ҳам Варьете директори ҳамон безовта эди. Негаки, мана шу кечаги кун хотираларида улкан қора ўра мавжуд эди. Яъни мана шу берет кийган нотаниш одамни, нима деб ўйласангиз ҳам, Стёпа кеча ўз кабинетида мутлақо кўрмаган эди.

Стёпанинг мушкул аҳволга тушиб қолгаиини кўрган меҳмон жиддий тарзда:
— Сеҳргарлик профессори Воланд, — деб ўзини танитди ва юз берган воқеани бир бошдан ҳикоя қилиб берди.

Унинг гапига қараганда, у Москвага чет элдан кеча кундузи келган, келган заҳоти Стёпанинг ҳузурига бориб, Варьете театрида гастроль беришни таклиф қилган. Стёпа Москва областининг томошахоналар бўйича комиссиясига телефон қилиб, бу масалани келишиб олган (Стёпанинг қути учиб, кўзлари пириллай бошлади), профессор Воланд билан етти кунлик томошага тузилган шартномага имзо чеккан (Стёпанинг оғзи ланг очилиб қолди), томошанинг айрим тафси-лотларини келишиб олиш учун Воландни бугун эрталаб соат ўнга уйига таклиф қилган... Мана, Воланд унинг ҳузурида!

У келиб уй ходимаси Груняни учратипти, ходима ўзининг кунда қатнаб ишлашини, ҳозиргина келиб турганини, Берлиознипг уйда йўкдигини айтиб, агар сиз, меҳмон, Степан Богдановични кўрмоқчи бўлсангиз, тўғри ётоқхонасига кираверинг, негаки Степан Богдановичнинг уйқуси жуда қаттиқ, уни уйғотишга қурбим етмайди, деб айтипти. Артист Степан Богдановичнинг қандай аҳволда ётганини кўрибди-ю, дарҳол Груняни шу ўртадаги гастрономдан арақ билан газак, аптекадан муз олиб келишга юборибди, энди мана...
— Унда ҳисоб-китоб қилайлик, — деб ғингшиди кайфияти бузилган Стёпа ва ҳамёнини ахтара бошлади.
— Бе, қўйсангиз-чи! — деди гастролёр бу тўғрида эшитишни ҳам истамай.

Демак, арақ билан газак тушунарли, лекин барибир Стёпа аянчли аҳволда эди: у шартнома тўғрисида мутлақо ҳеч нима эслай олмас, бу Воланд деганини кеча зинҳор-базинҳор кўрмаган эди. Тўғри, Хустов борган эди ҳузурига, лекин Воланд йўқ эди.
— Ижозатингиз билан шартномани бир кўрсам, — оҳиста илтимос қилди Стёпа.
— Марҳамат, бемалол...

Стёпа қоғозга қаради-ю, тарашадек қотиб қолди. Ҳаммаси тўғри эди. Биринчидаи, Стёпанинг ўз қўли билан қўйган жимжимадор имзоси! Хужжатнинг ён томонига молия директори Римскийнинг, артист Воландга бўлғуси етти томошаси учун бериладиган ўттиз беш минг сўм юзасидан ўн минг сўм аванс берилсин, деб ётиқ ҳарфлар билан ёзган дастхати. Бунинг устига устак: шу ерда Воланднинг ўша ўн минг сўмни олгани ҳақида тилхати бор эди!

«Нималар бўляпти ўзи?! — деб ўйлади бечора Стёпа, унинг боши айланиб кетди. Хотирасида даҳшатли ўпирилишлар пайдо бўлаётган эди! Лекин турган гапки, шартнома кўрсатилгандан кейин яна таажжубланиш одобдан бўлмасди. Стёпа меҳмонни бир дақиқага ёлғиз қолдирмоқчи бўлгани ҳақида узр сўради-ю, телефон қилгани пайпоқчан даҳлизга югуриб чиқиб кетди. Йўлакай у ошхона томонга қараб
— Груня! — деб чақирди.

Лекин ҳеч қандай жавоб бўлмади. Шунда у Берлиознинг даҳлиз ёнидаги кабинети эшигига кўзи тушди, кўрдию донг қотиб қолди. Эшикнинг тутқичига боғланган канопда каттакон сурғуч муҳр осилган эди. «Апа холос! — деб бақирворди Стёпанинг миясида ўтирган кимдир. — Бир ками энди шу эди!» Шунда ҳаёл Стёпани аллақаёқларга, аммо оқибати ҳалокат билан якунланувчи бир томонга йўналган икки из устидан ғизиллатиб олиб кетди. Унинг миясидаги ўйлар шу қадар омихта бўлиб кетган эдики, ҳатто буни тасвирлаш ҳам маҳол. Қора берет, муздек арақ ва ақл бовар килмайдиган шартномага дахлдор ишкалликлар етмагандай, эшикнинг муҳрлангани ортиқча! Яъни Берлиоз бирон айб қилиб қўйганга ўхшайди деб гапирсангиз, ҳеч ким ишонмайди, азбаройи худо, ҳеч ким ишонмайди! Лекин ана, эшиги муҳрланган! Тавба...

Лксига юриб, Стспанинг миясида шу топда журналда чоп қилдириш учун яқинда Михаил Александрович унга тутқазган ўз мақоласи ҳақида энг нохуш фикрлар ғужғон ўйнай бошлади. Мақола ҳам, очиғи,бемаъни эди! Ундан фойда ҳам йўқ эди, пули ҳам — арзимаган пул эди...

Мақола ҳақидаги ўйлари кетидан изма-из унинг Михаил Александрович билан қилган илмоқли суҳбати эсига тушди (агар янглишмаса, бу йигирма тўртинчи апрель кечқурун шу ерда, емакхонада бўлган эди). Тўғри, ўша суҳбатни том маънода илмоқли, шубҳали деб бўлмасди албатта (Стёпа унақа суҳбатга асло ара-лашмаган бўларди), лекин кераксиз бир мавзудаги суҳбат эди. Бу суҳбатни қўзғамаса ҳам ҳеч нима бўлмасди, гражданлар. Шак-шубҳасиз, агар эшик муҳрланмаганида, у суҳбатни мутлақо тутуриқсиз нарса деб ҳисоблаш мумкин эди, лекин муҳрлангандан кейин қандоқ бўларкин...

«Э, Берлиоз, Берлиоз! — деб кўнглидан ўтказди хуноби чиқа бошлаган Стёпа. — Ахир бу ҳеч ақлга сиғмайди-ку!»

Лекин узоқ вақт қайғуришга имкон бўлмади, Стёпа Варьетенинг молия директори Римскийнинг кабинетига қўнғироқ қилди. Стёпа жуда қалтис аҳволга тушиб қолган эди: авваламбор Стёпанинг, шартномани ўз кўзи билан кўрганидан кейин ҳам ишонмай текшира бошлаганидан ажнабий артист ранжиши мумкин эди, ундан кейин, молия директори билан ҳам бу ҳақда гап бошлаш ниҳоятда мушкул эди. Дарҳақиқат, ахир ундан: «Айтинг-чи, кеча мен сеҳргарлик профессори билан ўттиз беш минг сўмга шартнома тузганмидим?» — деб сўрай олмасди-ку! Қандай тили борсин бундай деб сўрашга?
— Ҳа! — телефон трубкасида Римскийнинг дағал ва хунук овози эшитилди.
— Салом, Григорий Данилович, — оҳиста гап бошлади Стёпа, — Лиходеевман. Гап бундай... ҳм... ҳм... ҳалиги... э... артист Воланд келувди уйимга... Ҳалиги... сиздан сўрамоқчийдим, бугун кечқурунги спектакль масаласи қандай аҳволда?..
— Ҳа-а, сеҳргарми? — Римскийнинг овози эшитилди трубкада. — Афишаларни ҳозир олиб келишади.
— Аҳа, — заиф овоз билан деди Стёпа, — хўп, кўришгунча...
— Ўзингиз қачон келасиз? — сўради Римский.
— Ярим соатда бораман, — жавоб қилди Стёпа ва трубкани илиб қўйиб, чўғдек қизиган бошини икки қўли билан сиқди. Вой, қандай кўнгилсизлик юз бераёзган экан-а! Хотирамга нима бўлди ўзи, гражданлар? А?

Бироқ даҳлизда ортиқ туриб қолиш ноқулай эди, шу боис Стёпа дарҳол бундай режа тузди: қандай қилиб бўлмасин, ўзининг фаромушхотирлигини меҳмонга сездирмаслиги керак, ҳозир эса биринчи навбатда, ажнабий профессордан, бугун кечқурун Стёпанинг қўл остидаги Варьете театрида, хусусан, нималарни намойиш қилмоқчи эканлигини усталик билан суриштириб билиб олиши керак.

Шундай режа билан Стёпа телефон аппаратидан ўгрилди, ўгрилди-ю шу даҳлизда турган, ишёқмас Груня кўпдан чангини артмаган катта кўзгуда кўзига пепсне таққан, бўйи теракдай келадиган антиқа бир нусхани аниқ кўрди (о, қанийди ҳозир бу ерда Иван Николаевич бўлса! У бир қарашда таниган бўларди бу нусхани!). Нусха эса кўзгуда бир кўриндию ғойиб бўлди. Чўчиб кетгаи Стёпа даҳлизга янаям тикилиброқ қаради ва ҳаяжондан иккинчи марта гандираклаб кет-ди, чунки кўзгуда каттакон қора мушук юриб ўтиб, ғойиб бўлган эди.

Стёианинг юраги орқасига тортиб, гандираклаб кетди.

«Нималар бўляпти ўзи? — ўйлади у. — Эсимдан оғяпман чоғи? Қаёқдан пайдо бўлди ўзи кўзгудаги акслар?!» — У даҳлизга кўз югуртириб чиқди ва кўрқиб кетиб бақириб юборди:
— Груня! Қанақа мушук санғиб юрипти бу ерда? Қаёкдан келиб қолди? У билан бирга яна аллаким ҳам юриптими?
— Асло безовта бўлманг, Степан Богданович, — деган овоз эшитидди, лекин бу Грунянинг эмас, балки етоқхонада ўтирган меҳмоннинг овози эди, — у менинг мушугим. Ҳеч азият чекманг. Груня уйда йўқ, мен уни ватани Воронежга жўнатиб юбордим, негаки, шикоят қилишича, кўпдан бери унга отпуск бермаган экансиз.

Бу сўзлар шу қадар тасодифий ва тутуриқсиз эдики, Стёпа, янглиш эшитдим, деб фараз қилди. У тамомила эсанкираган ҳолда ётоқхона томон югурди-ю, хона эшигида донг қотиб қолди. Сочлари ғимирлаб гиккая бошлади, пешонасида майда-майда тер томчилари пайдо бўлди.

Қай кўз билан кўрсинки, хонада меҳмон ёлғиз эмас, балки улфатлари ҳам бор эди. Иккинчи креслода, ҳозиргина даҳлизда «лип» этиб кўзига кўринган ўша нусха ўтирарди. Энди у аниқ кўзга ташланарди: мўйлови патсимон, пенсненинг бир кўзидаги шиша ялтиллар, иккинчи кўзида шиша йўқ эди. Бу ҳам ҳали баҳарнав: заргар бевасининг юмшоқ курсисида учинчи бир жонзод, яъни — бир панжасига арақ тўлдирилган қадаҳ, иккинчи панжасига зираворли қўзиқорин илинган санчқи ушлаган баҳайбат гавдали бир қора мушук бетакаллуф ялпайиб ўтирарди.

Бу хонадаги шундоқ ҳам хира ёнадиган чироқ Стёпанинг кўзи олдида сўна бошлади. «Одам мана шунақа жинни бўларкан-да!» — деб ўйлади у эшик ке-сакисидан ушлаб.
— Назаримда, сал ҳайрон бўлганга ўхшайсизми, азизим Степан Богданович? — деб сўради Воланд тишлари тинмай такиллаётган Стёпадан. — Ҳолбуки, бунинг ҳеч ажабланадиган ери йўқ. Булар менинг мулозимларим.

Бу пайт мушук арақни ичиб юборди, Стёпанинг кесаки ушлаган қўли сирпаниб туша бошлади.
— Хуллас, мулозимларимга жой керак, — деб гапида давом этди Воланд, — бинобарин, ичимизда кимдир бу квартирада ортиқча. Менинг фикримча, ўша ортиқча одам — айнан сизсиз!
— Шулар, шулар! — деди такага ўхшаб маъраб катак шимли дароз одам Стёпа ҳақида кўплик сонда гапираркан. — Умуман, улар кейинги пайтда кўп ифлослик қила бошладилар. Ичкиликбозлик, хотинбозлик билан шуғулланяптилар, ўз мавқеларидан фойдаланиб ишларига қўл урмай қўйдилар, тўғриси, қўлларидан ҳеч қанақа иш келмайди ўзи, чунки зиммаларига юкланган ишга тариқча ҳам тушунмайдилар. Раҳбарларни лақиллатиб келмокдалар!
— Давлат машинасини бекордаи-бекорга зир югуртиради! — деди қўзиқорин кавшаб ўтирган мушук ҳам чақмачақарлик қилиб.

Шунда квартирада тўртинчи ва охирги мўъжиза содир бўлди-ю, сирғалиб тушиб ерга ўтириб қолган Стёпа жонсиз қўли билан кесакини тимдалай бошлади.

Котелок шляпа кийган, сўйлоқ тишлари оғзидан чиқиб, шундоқ ҳам ўта жиркапч башарасини баттар бадбашара қилиб юборган, пак-пакана бўлишига қарамай, елкалари ниҳоятда кенг, сочи рангидаги бир малла махлуқ тўғри тошойна кўзгусидан чиқиб келди.
— Мен, — деб гапга аралашди бу малла, — бунинг қандай қилиб директор бўлиб қолганига ҳеч тушунолмаяпман, — у гапирган сари кўпроқ манқаланарди, — мен қандай архиерей бўлсам, у ҳам шундай директор!
— Сен архиерейга ўхшамайсан, Азазелло, — деди мушук тарелкасига сосиска олиб соларкан.
— Менам шуни айтяпман-да, — деди малла пинғиллаб ва Воланд томонга ўгирилиб эҳтиром билан илова қилди: — Рухсат этинг, мессир, уни Москвадан бирон олис хилватгоҳга улоқтириб юборай?

Мушук тукларини ҳурпайтириб:
— Пишт! — деб бақирди.

Шунда ётоқхона Стёпа атрофида гир-гир айлана бошлади-ю, у боши билан кесакига урилди ва ҳушидан кетаркан: «Ўляпман...» — деб кўнглидан ўтказди.

Лекин у ўлгани йўқ. Кўзини хиёлгина очиб, ўзини тошга ўхшаш қандайдир бир нарса устида кўрди. Унинг атрофида нимадир шовулларди. Кейин у кўзларини катта очиб, шовуллаётган денгизни кўрди, шовуллагандаям тўлқинлар шундоққина унинг оёғи остига келиб чил-чил уриларди, қисқаси, у тўлқин қайтаргичнинг энг четида ўтирар, пойида денгиз мавжланар, орқасида эса дўнгликда гўзал шаҳар қад кўтарган эди.

Бундай ҳолларда ўзини қандай тугишни билмаган Стёпа оёқлари дағ-дағ қалтираб тўлқин қайтаргич бўйлаб қирғоқ томон йўл олди.

Йўлида бир одам турарди, у папирос чекар ва дам-бадам денгизга тупурарди. У одам Стёпага ўқрайиб қараб, тупуришдан тўхтади. Шунда Стёпа қовун туширди: шу нотаниш кашанда қаршисида тиз чўкиб, бундай деди:
— Ёлбориб сўрайман сиздан: бу қайси шаҳар ўзи?
— Қойил-е! — деди бешафқат кашанда.
— Мен маст эмасман, — деди ҳирқироқ овоз билан Стёпа. — Мен бетобман, менга бир нима бўлди, касал бўлиб қолдим... Қаердаман? Бу қайси шаҳар?..
— Ялта-ку...

Стёпа оҳиста хўрсинди, ёнбошига қулаб тушди-ю, боши офтобда қизиган тошга урилди.

Саккизинчи боб

Профессор Билан Шоир Ўртасида Даҳанаки Жанг

Стёпа Ялтада ҳушидан кетган пайтда, яъни соат ўн бир яримларда, узоқ давом этган қаттиқ уйқудан уйғонган Иван Николаевич Бездомний ахийри ҳушига келди. У анчагача, деворлари оппоқ, аллақандай ялтироқ металлдан ясалган ажойиб тунги столи бор, деразасига оқ дарпарда осилган (дарпарда ортида қуёш порлаб тургани сезиларди) бу нотаниш хонага қандай қилиб келиб қолганини ўйлаб ётди.

Иван бошини бир силкитиб, энди оғримаётганлигини ҳис қилди-ю, шу заҳоти шифохонада ётганлигини эслади. Эсладию, кетма-кет эсига Берлиознинг ўлими тушди, лекин бу хотира энди уни кечагичалик қаттиқ изтиробга солмади. Мириқиб ухлаган Иван Николаевич энди ўзини анча босиб олган, мулоҳазалари ҳам равонлашган эди. У чиннидай тоза, юмшоқ ва оромбахш пружинали каравотда анча вақтгача қимир этмай ётди, шунда кўзи ёнбошидаги қўнғироқ тугмасига тушди. Керак бўлса-бўлмаса, ҳар нарсага қўл ураверадиган қитмир Иван тугмани босди. У бирон ниманинг чалинишини ёки бирон кишининг кириб келишини кутган эди, лекин бутунлай бошқача ҳол юз берди. Иван ётган каравотнинг оёқ томонида сирланган цилиндр чироқ ёниб, унда: «Сув» деган ёзув пайдо бўлди. Бир оздан кейин цилиндр айлана бошлади ва охири унда: «Няня» деган ёзув пайдо бўлди. Турган гапки, бу антиқа цилиндр Иваннинг оғзини очириб қўйди. Кейин «Няня» ёзуви «Докторни чақиринг» деган ёзув билан алмашди.
— Ҳм... — деб қўйди Иван, энди буёғига нима қилишини билолмай. Лекин шу чоқ тасодифан иши ўнгидан келиб қолди: «Фельдшер аёл» деган сўз чиқиши билан у тугмани иккинчи марта босди. Цилиндр оҳиста жингиллаб, айланишдан тўхтади, чироғи ўчди ва хонага топ-тоза оқ халат кийган, миққидаккина, истараси иссиқ бир аёл кирди.
— Хайрли кун! — деб саломлашди у Иван билан. Иван жавоб қайтармади, чунки ҳозирги вазиятда бундай саломлашишни ўринсиз деб топди. Ростда ахир, соппа-соғ одамни шифохонага тиқиб қўйишса, яна бунинг устига, ўзларини гўё савоб иш қилгандай тутишса — бунинг нимаси хайрли?

Бу аснода аёл чеҳрасидаги мулойим жилвани сақлаган ҳолда, бир тугмани босиб, дераза пардасини юқорига чиқариб юборди. Шунда то полгача тушиб борган жимжимадор, енгил панжара орқали хонага қуёш нури ёғилди. Панжара ортида балкон, ундан нарида эса илондай тўлғаниб оқаётган дарё, дарёнинг нариги соҳилида — шимолда мавжланиб турган қарағайзор кўринди.
— Ваннага марҳамат қилинг, — деди аёл, сўнг унинг бир қўл ҳаракати билан ички девор четга сурилди-ю, ваннахона ва жуда чиройли жиҳозланган ҳожатхона пайдо бўлди.

Гарчи Иван бу аёл билан гаплашмасликка ахд қилган бўлса ҳам, ярақлаган жўмракдан ваннага шариллаб сув оқаётганини кўриб, тилини тия олмай, киноя билан деди:
— Буни қара-я! Худди «Метрополь» дейсан!
— Э, йўқ, — фахрланиб деди аёл, — ундан ҳам яхшироқ. Бу ердаги ускуна-жиҳозлар чет элда ҳам топилмайди. Атайин шифохонамизни кўргани олимлару врачлар келиб туришади. Бу ерда ҳар куни чет эллик туристлар бўлишади.

Иван «чет эллик туристлар» сўзини эшитган ҳамоноқ кечаги консультантни эслади. Кайфи бузилиб, хўмрайганча сўради:
— Чет эллик туристлар... Мунча яхши кўрмасангизлар ўша чет эллик туристларни? Мен сизга айтсам, улар орасида ҳар хил одамлар бўлади. Масалан, кеча мен битта шунақаси билан танишдимки, асти қўяверасиз!

Шундай деб туриб, сал бўлмаса Понтий Пилат ҳақида гапириб юборай деди-ю, лекин гапини бу аёл учун ҳеч қандай ҳожати йўқлигини, барибир ундан ҳеч қандай ёрдам кутиб бўлмаслигини тушуниб, тилини тийди.

Чўмилтирилган Иван Николаевичга ваннадан чикдан эркак киши учун зарур бўлган ҳамма нарса: дазмолланган кўйлак, ички иштон, пайпоқ берилди. Булардан ташқари, яна бояги аёл шкаф эшигини очиб, қули билан ишора қилиб сўради:
— Устингизга нима кийишни хоҳлайсиз — халатми ё пижамами?

Бу янги ётоққа зўрлаб жойлаштирилган Иван аёлнинг андишасизлигидан ҳанг-манг бўлиб, индамай бармоғи билан қип-қизил пахмоқ пижамага ишора қилди.

Шундан кейин Иван Николаевични бўм-бўш, сокин коридордан бошлаб бориб, жудаям каттакон бир кабинетга олиб кирдилар. Ҳайратомуз жиҳозланган бу бинодаги ҳамма нарсага истеҳзо билан қарашга аҳд қилган Иван кабинетига кирган ҳамоноқ унга «ошхона-фабрика» деб ном қўйди.

Бунинг сабаби бор эди. Бу ерда анча-мунча шкафлар, никелланган ялтироқ асбоблар қўйилган ойнаванд шкафчалар тизилиб турарди. Ниҳоятда мураккаб мос-ламали креслолар, соябони ялтироқ қандайдир япасқи чироқлар, сон-саноқсиз шиша идишлар, газ билан ёнувчи горелкалару электр симларию мутлақо нотаниш бўлган ускуналар бор эди бу кабинетда.

Бу ерда оқ халат кийган уч киши (икки аёл ва бир эркак) Иван билан шуғуллана бошлади. Биринчи навбатда, Ивандан баъзи нарсаларни сўраб билиб олиш мақсадида уни бурчакдаги стол олдига бошлаб боришди. Иван вазиятни мулоҳаза қила бошлади. Унинг учун учта йўл бор эди. Биринчи йўл: мана шу лампалару оҳанжамали буюмларга ташланиб, ҳаммасини чил-чил синдириб, бу ерда уни ноҳақ ушлаб туришганига шу тарзда норозилик билдириш эди — бу усул уни қаттиқ васвасага солаётган эди. Бироқ бугунги Иван кечаги Ивандан анчагина фарқ қиларди, шунга кўра бу биринчи йўл унга анча шубҳали кўринди: худо кўрсатма-син, тағин анавилар қутурган жинни деган хаёлга боришса-я. Шунинг учун Иван биринчи йўлни рад этди. Иккинчи йўл ҳам бор эди: ҳозироқ консультант ва Понтий Пилат ҳақида ҳикоя қилиш керак. Аммо кечаги тажрибадан маълум бўлдики, ё унинг гапларига ишонишмаяпти, ё бўлмаса ҳикоясини тескари маънода тушунишяпти. Шунинг учун Иван бу йўлдан ҳам воз кечиб, учинчи йўлни, яъни мағрурона сукут сақлаб, «ўз қобиғига ўралиб олишни» маъқул кўрди.

Аммо бу ахдини тўла амалга ошира олмади, хоҳласа-хоҳламаса, бир қатор саволларга узоқ-юлук, бўлса ҳам жавоб беришига тўғри келди.

Оқибат, Ивандан унинг ўтмиши ҳақида, ҳаттоки тахминан ўн беш йил бурун қизилча касали билан қай фаслда ва қандай оғриганигача суриштириб билиб олишди. Иваннинг жавобларидан анкетанинг бутун бир саҳифаси тўлиб, иккинчи саҳифага ўтилди, энди оқ халат кийган аёл Иваннинг қариндош-уруғлари тўғрисида суриштира бошлади. Хуллас, тутуриқсиз эзмалик бошланди: қариндошлардан кимлар ўлган, қачон ва нимадан ўлган, ичармиди, таносил касали билан оғримаганмиди, ҳоказо ва ҳоказо саволлар. Саволлар тугагач, кеча Патриарх кўлида содир бўлган воқеани сўзлаб беришни илтимос қилишди, лекин унча зўрлашмади, Понтий Пилат тўғрисида айтган гапига ажабланишмади ҳам.

Шундан кейин Иван аёлдан қутулиб, эркак ихтиёрига ўтди, у Иван билан бошқача усулда мулоқот қилди, ундан ҳеч нима тўғрисида сўрамади. У Иваннинг ҳароратини ўлчади, томирини кўрди, аллақандай чироқ шуъласини йўналтириб, кўзларини текширди. Кейин бу эркакка бошқа аёл ёрдамга келди ва Иваннинг икки кураги орасига бир нима билан оғриқсиз укол қилишди, кўкрагига болғачанинг дастаси билан аллақандай белгилар чизишди, болғача билан унинг гиззаларига уриб кўришган эди, оёғи дик-дик сакраб кетди, бармоғидан қон олишди, тирсагига укол қилишди, қўлларига қандайдир резина ҳалқалар кийдиришди.

Иван буларнинг ҳаммасини аччиқ истеҳзо билан кузатаркан, ҳеч куракда турмайдиган ишлар содир бўлгани ҳақида ўйларди. Тавба! Одамларни анави бе-гона консультантнинг хатарли найрангларидан огооҳлантирмоқчи, уни шахсан ўзи қўлга туширмоқчи эди, аммо бунинг ўрнига ўзи аллақандай сирли кабинетга тушиб, Вологдада яшовчи пияниста Фёдор амакиси ҳақида қаёқдаги тутуриқсиз гапларни ҳикоя килиб ўтирипти. Ўтакетган бемаънилик!

Ниҳоят Иваннинг кетишига ижозат беришди. Уни яна ўз хонасига кузатиб қўйишди, сўнг нонуштага бир чашка қаҳва, иккита илитилган тухум ва мой суртилган оқ нон беришди.

Иван овқатнинг ҳаммасини еб, ичиб бўлиб, бу маҳкаманинг энг катта раҳбарини кутишга, ўша раҳбарнинг эътиборини қозонишга, ундан адолат талаб қилишга аҳд қилди.

Дарҳақиқат, нонуштадан кейин хиёл ўтар-ўтмас у кутган катта бошлиқ билан учрашди. Иван жойлашган хонанинг эшиги бирдан очилиб, оқ халат кийган одамлар кириб келишди. Ҳаммадан олдинда соқоли ҳафсала билан олинган, қирқ беш ёшлардаги хушсурат, аммо кўзлари жудаям ўткир, мулойим табиат бир одам келарди. Қолганларнинг ҳаммаси унга сипориш қилишар, эъзозлашарди, шу боис унинг бу хонага ташрифи тантанавор бўлди. «Нақ Понтий Пилат!» — деб кўнглидан ўтказди Иван.

Ҳа, шубҳасиз, бу одам раҳбар эди. У курсига ўтирди, қолганлар тик тураверишди.
— Доктор Стравинский, — деб ўзини танитди курсига ўтирган киши ва Иваннинг чеҳрасига дўстона боқди.
— Мана, Александр Николаевич, — деди соқоли саришта кузалган бир одам паст овоз билан ва Иваннинг ҳаммаёғи ёзиб тўлдирилган анкетасини бошлиққа узатди.

«Бирпасда шунча нарса ёзиб ташлашипти-я! — деб ўйлади Иван. Бошлиқ эса қоғозга ёзилган таниш сўзларга кўз югуртириб чиқаркан: «Иҳи, иҳи...» деб қўйди ва атрофида турганлар билан ҳамма ҳам тушунавермайдиган тилда бир-икки оғиз фикр алмашди.

«Лотин тилида ҳам Пилатга ўхшаб гапиряпти...» — маъюс ўйлади Иван. Шу чоқ қулоғига чалинган бир сўз уни сескантириб юборди. Бу — кеча Патриарх кўли бўйида лаънати ажнабий айтган, бугун эса бу ерда профессор Стравинский такрорлаган «шизофрения» сўзи эди.

«Билган экан!» — ҳаяжон билан кўнглидан ўтказди Иван.

Афтидан, бу Стравинский ҳамма фикрга қўшилишни ва ҳамроҳлари айтган ҳар бир сўздан мамнун бўлиб, шу мамнунлигини «жуда соз, жуда соз» деган сўзлар билан ифодалашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган бўлса керак.
— Жуда соз! — деди Стравинский қўлидаги варақни кимгадир қайтараркан. Сўнг Иванга юзлан-ди: — Сиз — шоирсиз-а?
— Ҳа, шоирман, — хомуш жавоб қилди Иван, у умрида биринчи марта шеъриятга нисбатан қалбида қандайдир мубҳам нафрат уйғонганини ҳис қилдию, эсига тушган ўз шеърлари негадир унга ёқимсиз бўлиб туюла бошлади.

У ўз навбатида афтини буриштириб Стравинскийдан сўради:
— Сиз — профессорсиз-а?

Стравинский бу саволга такаллуф билан бош эгиб жавоб қилди.
— Бу ернинг энг каттаси ҳам сизсиз-а? — деб да-вом этди Иван.

Стравинский бу гал ҳам бош эгиб жавоб қилди.
— Мен сиз билан гаплашиб олишим керак, — деди Иван Николаевич маънодор қилиб.
— Мен ҳам шу мақсадда келдим, — жавоб қилди Стравинский.
— Хуллас, гап бундай, — деб гапира бошлади Иван, энди гапириш навбати ўзига келганини ҳис қилиб, — мени бу ерда жиннига чиқариб қўйишди, ҳеч ким га-пимни эшитишни истамаяпти!..
— Аксинча, биз диққат-эътибор билап эшитмоқчимиз гапларингизни, — деди Стравинский жиддий ва таскин берувчи оҳангда, — ундан кейин сизни жинни деб ҳисоблашларига асло йўл қўймаймиз.
— Ундай бўлса, эшитинг: кеча кечқурун Патриарх кўли бўйида мен бир шубҳали шахс билан учрашдим, ажнабийлигиниям, ажнабий эмаслигиниям билиб бўлмайдиган ўша одам Понтий Пилатни ўз кўзи билан кўрипти.

Профессорни кузатиб келганлар шоирнинг гапларини қимир этмай тинглашарди.
— Пилатни-я? У қайси — Исо пайғамбар замонида яшаган Пилатми?
— Ҳа, ўша.
— Аҳа, — деди Стравинский, — анави Берлиозни бўлса, трамвай босиб кетди денг?
— Ҳа, балли, айнан шу Берлиозни кеча Патриарх кўли яқинида трамвай босиб кетганини ўз кўзим билан кўрдим, шуниси қизиқки, анави шубҳали гражданин...
— Понтий Пилатнинг танишими? — сўради Стравинский: чамаси у жуда идрокли одам эди.
— Ҳа, худди ўша, — тасдиқлади Иван, Стравинскийни кузатаркан, — ана шу одам. Аннушка писта мойини тўкиб юборди, деб башорат қилди... Берлиоз бўлса, худди ўша мой тўкилган ерда тойиб кетди! Хўш, бунга нима дейсиз? — деб маънодор савол берди Иван, бу сўзлари билан у кучли таассурот уйғотмоқчи бўлган эди.

Агарда руҳан соғлом одам бўлсангиз, бунга: «Йўқ, асло», деб жавоб қиласиз. Сиз бу ердан кетишни истайсизмии? Марҳамат. Лекин айтинг-чи, бу ердан тўғри қаёққа борасиз?
— Қаёққа бўларди, милициягада, — Иван бир оз тараддудланиб тургач, профессорнинг тикилиб боқишидан хиёл довдираб жавоб қилди.
— Тўғри шу ердан-а?
— Иҳи.
— Олдин уйингизга кириб чиқмайсизми? — шу заҳоти луқма ташлади Стравинский.
— Вақт тиғиз ўзи. То мен уйга кириб чиққунимча, у қорасини кўрсатмай ғойиб бўлиши мумкин!
— Шундай денг. Хўш, милицияга бориб, биринчи навбатда нима дейсиз?
— Понтий Пилат ҳақида гапираман, — жавоб қилди Иван Николаевич, шунда унинг кўз олди хиралашгандай бўлди.
— Хў-ўш, жуда соз! — деди таслим бўлган Стравинский, сўнг соқолли одамга юзланиб буюрди: — Фёдор Васильевич, марҳамат қилиб гражданин Без-домнийнинг шаҳарга чиқишига ижозат беринг. Лекин бу хона банд қилинмасин, ўрни ҳам йиғиштирилмасин. Чунки гражданин Бездомний икки соатдан кейин яна шу ерда бўлади. Ҳай, начора, — деб у шоирга ўгирилди, — сизга муваффақият тиламайман, негаки, муваффақият қозонишингизга зиғирча ҳам ишонмайман. Ҳадемай кўришгунимизча хайр! — У ўрнидан турди, қолганлар ҳам қимирлаб қолишди.
— Яна қайтиб келишимга қандай асосингиз бор? — хавотирланиб сўради Иван.

Стравинский айнан шу саволни кутаётган бўлса керак, дарҳол яна ўрнига ўтириб, гапира бошлади:
— Асос шуки, сиз ички иштонда милиция идорасига бориб, Понтий Пилат билан шахсан таниш бўлган одамни учратдим, деб айтишингиз билан, ўша заҳоти сизни ғизиллатиб бу ерга олиб келишади-ю, яна ўзингизни айнан шу хонада кўрасиз.
— Ички иштоннинг бунга нима дахли бор? — сўради Иван эсанкираб атрофга назар ташларкан.
— Энг муҳим сабаб — Понтий Пилат. Лекин ички иштон ҳам катта аҳамиятга эга. Зеро, кетадиган бўлсангиз, эгнингиздаги давлат кийимини ечиб олиб, сизга ўз кийимингизни берамиз. Маълумки, сизни бу ерга ички иштонда олиб келишган. Ҳолбуки, мен шама қилиб айтган бўлишимга қарамай уйингизга киришни хаёлингизга ҳам келтирмадингиз. Кейин навбат Пилатга келади-ю... иш пишади-қўяди!

Шу чоғ бирдан Иван Николаевич ўзини жуда ғалати ҳис қила бошлади. Унинг иродаси дарз кетгандай бўлди, ўзининг заиф эканлигини, ўзгалар маслаҳатига муҳтожлигини ҳис қила бошлади.
— Бўлмаса, нима қилай? — деб сўради у энди журъатсизлик билан.
— Бу бошқа гап! — деди Стравинский. — Бу ўринли савол. Энди сизга аслида нима бўлганлигини мен гапириб бераман. Кеча, кимдир Понтий Пилат ва бошқа нарсалар ҳақидаги ҳикоялари билан сизни қаттиқ чўчитиб, дилингизни оғритган. Оқибат, сиз тажанг бўлиб, асабингиз бузилиб, шаҳар кезиб Понтий Пилат ҳақида гапира бошлагансиз. Турган гапки, сизни жинни деб ҳисоблашган. Бу кечинмалардан халос бўлишингиз учун ҳозир ягона йўл — мутлақо хотир-жамликдир. Бинобарин, сиз албатта шу ерда қолишингиз керак.
— Ахир уни қўлга олиш керак-ку! — деди Иван энди ёлворувчи оҳангда.
— Яхши, лекин бунинг учун ўзингиз югуришингиз шартми? Яхшиси, сиз ўша одам ҳақидаги шубҳаларингизни, унинг айбларини ёзма равишда баён қилиб беринг. Баёнотингизни тегишли жойга осонгина жўнатишимиз мумкин. Мабодо, ўша одам ҳақиқатан ҳам, сиз айтгандек, жиноятчи бўлиб чиқса, бу нарса хиёл вақт ўтмай аниқланади. Лекин фақат битта шарт бор: бошингизни кўпам қотирманг, Понтий Пилат ҳақида мумкин қадар камроқ ўйланг. Одамлар нималарни ўйлаб топмайди! Ҳаммасигаям ишонавериш керак эмас.
— Тушундим! — деди Иван қатъий оҳангда. — Илтимос, менга қоғоз билан қалам беришсин.
— Қоғоз билан калта қалам беринг, — буюрди Стравинский семиз хотинга, сўнг Иванга бундай деди: — Лекин маслаҳатим, бугун ёзманг.
— Йўқ, йўқ, шу бугуноқ, албатта шу бугун ёзаман, — ҳаяжонланиб қичқирворди Иван.
— Ҳа, яхши. Фақат миянгизни кўп қотирманг. Бугун яхши чиқмаса, эртага чиқади.
— У кетиб қолади-ку!
— Асло, — қатъий эътироз билдирди Стравинский, — ҳеч қаёққа кетмайди, кафолат бераман. Ёдингизда бўлсин, бу ерда сизга ҳар жиҳатдан ёрдам беришади, шу ёрдамсиз ишимиз олға жилмайди. Гапимни эшитяпсизми? — бирдан ўз саволига урғу қўйиб деди Стравинский ва Иван Николаевичнинг иккала қўлидан ушлаб олди. Унинг қўлларини қўйиб юбормаган ҳолда, Иваннинг кўзларига узоқ вақт тикиларкан, такрорлади: — Сизга бу ерда ёрдам беришади... Гапимни эшитяпсизми?.. Сизга бу ерда ёрдам беришади... Руҳингиз енгиллашади. Бу ер тинч, ҳаммаёқ осуда... Сизга бу ерда ёрдам кўрсатишади...

Иван Николаевич кутилмаганда эснади, чеҳраси мулойимлашди.
— Ҳа, ҳа, — деди у оҳиста.
— Ана, жуда соз! — Стравинский ўз одати бўйича суҳбатга якун ясаб, ўрнидан турди. — Хайр, кўришгунча! — у Иваннинг қўлини сиқди, эшикдан чиқа туриб, соқолли одамга ўгирилиб деди: — Дарвоқе, кислородни қўллаб кўринг... яна ванна ҳам.

Яна бир зумдан кейин Иваннинг хонасида Стравинский ҳам, унинг ҳамроҳлари ҳам қолмаган эди. Деразага тутилган тўрнинг орқасида, дарёнинг нариги томонида баҳор либосини кийган қарағайзор чошгоҳ офтобида шўх мавжланар, ундан берироқда эса дарё офтобда товланарди.

Тўққизинчи боб

Коровьёвнинг Найранглари

Москванинг Садовая кўчасидаги марҳум Берлиоз яшаган 302-уй бошқармасининг раиси Никонор Иванович Босой чоршанбадан пайшанбага ўтган тундан бошлаб жуда серташвиш бўлиб қолган эди.

Китобхоннинг хабари бор, бу уйга ярим кечада Желдибин иштирокидаги комиссия келиб, Никонор Ивановични чақиртирган, унга Берлиознинг ҳалок бўлганини хабар қилиб, у билан бирга 50-квартирага йўл олган эди.

Улар марҳумнинг қўлёзма ва буюмларини муҳрлашган пайтда, келиб-кетувчи уй ходимаси Груня ҳам, енгилтак Степан Богданович ҳам квартирада йўқ эди. Комиссия, марҳумнинг қўлёзмаларини таҳлил қилиш учун ўзи билан олиб кетажагини, унинг турар жойи, яъни учта хона (заргар бевасига қарашли собиқ кабинет, меҳмонхона ва емакхона) уй бошқармаси ихтиёрига ўтишини, марҳумнинг буюмлари эса то ворислар топилмагунча, мазкур турар жойда сақланиши шартлигини Никонор Ивановичга маълум қилган эди.

Берлиознинг ҳалок бўлгани ҳақидаги овоза бутун уй аҳлига яшин тезлигида тарқалди, оқибат, пайшанба куни эрталабки соат еттиданоқ Босойга телефон қила бошлашди, кейин эса марҳумнинг квартирасига даъвогарлик мазмунидаги аризаларни кўтариб кела бошлашди. Қисқаси, Никонор Иванович атиги икки соат мобайнида бундай аризалардан ўттиз иккитасини қабул қилди.

Мазкур аризаларда ёлборишлар ҳам, туҳмат ҳам, ғийбат ҳам, ҳатто квартирани ўз ҳисобига ремонт қилиб олишга ваъда берувчилару бандитлар билан битта квартирада тиқилишиб яшашга ортиқ бардош қилолмаслиги ҳақида ёзилган аризалар ҳам бор эди. Бу аризалар ичида 31-квартирада чучвара ўғрилаб камзул чўнтагига солувчилар ҳақида бадиий жиҳатдан ниҳоятда баркамол битта ариза, иккита ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган ва битта хуфия ҳомиладорлигини тан олган ариза ҳам бор эди.

Никонор Ивановични квартирасидан даҳлизга чақириб олишар, енгидан ушлаб, бир нималарни қулоғига шипшишар, кўз қисишар, «хўп» деяқолинг, сизни хурсанд қиламиз, деб ваъдалар беришарди.

Бу азоб кундуз соат ўн иккидан ошгунга қадар давом этди, кейин тоқати тоқ бўлган Никонор Иванович квартирасини тарк этиб, дарвоза ёнидаги идорага қочиб чиқиб кетди, лекин одамлар у ерда ҳам уни тинч қўйишмади, шунда у идорадан ҳам қочиб кетди. Никонор Иванович орқасидан изма-из келаётган арзгўйларни бир амаллаб чалғитиб, асфальт ётқизилган ҳовли орқали ўтиб, олтинчи подъезднинг эшигига кириб кетди ва ўша бадном 50-квартира жойлашган бешинчи қаватга кўтарилди.

Семириб кетган Никонор Иванович квартира эшиги олдида бир оз тўхтаб нафасини ростлагач, қўнғироқ гугмасини босди, аммо ҳеч ким эшикни очмади. У яна қайта-қайта қўнғироқ қилди, тўнғиллаб сўкина бошлади. Лекин ҳамон эшик очилмасди. Никонор Ивановичнинг ортиқ сабри чидамай, чўнтагидан уй бошқармасига тегишли бир шода дубликат калитларни олди-да, шартта эшикни очиб ичкарига кирди.
— Ҳой, ходима, қаёқдасан? — деб бақирди Никонор Иванович нимқоронғи даҳлизда туриб. — Отинг нимайди? Груня шекилли? Бормисан ўзи? Садо берсанг-чи!

Ҳеч ким садо бермади.

Шунда Никонор Иванович кабинет эшигидаги сурғучни бузиб, портфелидан буклама метрни олди-да, кабинетга қадам қўйди.

Қадам қўйишга қўйди-ю, аммо остонада ҳайратдан донг қотиб туриб қолди, ҳатто эти жунжикиб ҳам кетди.

Марҳумнинг столи ортида эгнига катак камзул, бошига жокейлар шапкаси кийган, кўзига пенсне таққан ориқ ва жуда новча бир гражданин... хуллас, ўша одам ўтирарди.
— Сиз ким бўласиз, гражданин? — қўрқа-писа сўради Никонор Иванович.
— Ие! Никонор Иванович-ку, — деди бу кутилмаган меҳмон таканики сингари қалтироқ овоз билан шанғиллаб, сўнг сакраб туриб кетиб, раиснинг қўлини мажбуран қўлига олди-да, сиқиб кўриша бошлади. Бу саломлашув Никонор Ивановичнинг кўнглини асло кўтармади.
— Мени кечирасиз, — шубҳали оҳангда гап бошлади у, — сиз ким бўласиз? Сиз — расмий шахсмисиз?
— Бе, қўйсангиз-чи, Никонор Иванович! — деди номаълум одам дилкашлик билан. — Расмий шахс нимаю норасмий шахс нима? Буларнинг ҳаммаси мазкур предметга қайси нуқтаи назардан қарашга боғлиқ. Ҳамма нарса, Никонор Иванович, шартли ва қалтисдир. Бугун мен норасмий шахсдирман, аммо эртага бирдан расмий бўлиб олишим ҳам мумкин! Баъзида бунинг акси ҳам бўлади, Никонор Иванович. Бўлгандаям, биракай бўлади!

Бу мулоҳаза уй бошқармаси раисини мутлақо қониқтирмади. Ҳар бир нарсадан гумонсираш ўзи бу одамнинг қонида бор эди, шунга кўра маҳмадоналик қилаётган бу гражданин — албатта норасмий шахс, аниқроғи, биронта танбал бўлиши керак, деб хулоса чиқарди.
— Ахир кимсиз ўзи? Фамилиянгиз нима? — деб раис яна ҳам дағалроқ оҳангда сўради, ҳатто у нотаниш одамнинг тепасига бостириб ҳам борди.
— Фамилиям, — деди нотаниш гражданин раиснинг дағдағасига асло парво қилмай, — ҳай, айтайлик ана, Коровьёв. Бир оз тамадди қилиб олмайдиларми, Никонор Иванович? Ҳеч тортинманг! А?
— Мени кечирасиз, — деди Никонор Иванович энди қаҳри қайнаб, — тамаддига бало борми! (Кўнгилсиз бўлса ҳам, шуни эътироф этиш керакки, Никонор Иванович ўзи табиатан хийла қўрс одам эди). Марҳумнииг хонасига кириш ман қилинади! Сиз нима қиляпсиз бу ерда?
— Марҳамат, Никонор Иванович, ўтиринг, — деб шанғилларди гражданин раиснинг дўқига парво ҳам қилмай, сўнг хушомад қилиб, уни креслога таклиф қила бошлади.

Лекин Никонор Иванович тамоман дарғазаб бўлиб, креслога ўтирмади ва:
— Кимсиз ахир ўзингиз? — деб бақирди.
— Ҳай, эшитинг бўлмаса: мен мазкур квартирада истиқомат қилувчи бир ажнабий шахснинг таржимониман, — тушунтирди ўзини Коровьёв деб танитган шахс малларанг исқирт ботинкасининг пошнасини ерга «дўқ» этиб уриб.

Никонор Ивановичнинг оғзи ланг очилиб қолди. Бу квартирада қандайдир хорижий шахснинг, боз устига, ўз таржимони билан туриши унинг учун мутлақо кутилмаган ҳол эди, шу боис у изоҳ талаб қилди.

Таржимон бажону дил изоҳлаб берди. Маълум бўлишича, Варьете директори Степан Богданович Лиходеев ажнабий артист жаноб Воландни тахминан бир ҳафта давом этувчи гастроллари пайтида ўзининг квартирасида яшаб туришга лутфан таклиф қилган ва бу ҳақда кеча Никонор Ивановичга хат ёзиб, ундан то ўзи (яъни Лиходеев) Ялтага бориб дам олиб келгунча, ажнабий артистни шу квартирага вақтинчалик прописка қилишни илтимос қилган экан.
— У менга ҳеч қанақа хат ёзгани йўқ, — ҳайрон қолиб деди раис.
— Сиз портфелингизни кавлаб кўринг, Никонор Иванович, — деди Коровьёв мулойим оҳангда.

Никонор Иванович кифтини бир учириб, портфелини очди-ю, у ерда ётган Лиходеевнинг хатини кўрди.
— Тавба, қандай қилиб хотирамдан кўтарилипти-я, — Никонор Иванович очилган конвертга маъносиз тикилганча ғўлдирарди.
— Э, Никонор Иванович, бундан ҳам қисмат воқеалар бўлади ҳаётда! — деб шанғиллади Коровьёв. — Паришонхотирлик, ҳа, паришонхотирлик, яна, чарчагансиз, қон босимингиз кўтарилган, қадрдон дўстимиз Никонор Иванович! Мен ўзим ҳам ўлгудек паришонхотирман. Бир вақт топиб, дилкашлик қилга-нимизда ўз бошимдан кечирганим айрим воқеаларни сизга ҳикоя қилиб бераман, кулавериб ичагингиз узилади!
— Лиходеев қачон кетаркан Ялтага?
— О, у аллақачон кетиб бўлди! — деб чийиллади таржимон. — У, менга сизга айтсам, ҳозир сафарда! Хуллас, қаердалигини шайтон ҳам билмайди! — шундай деб у иккала қўлини худди шамол тегирмонининг парракларига ўхшатиб айлантира бошлади.

Никонор Иванович ажнабий жаноб билан шахсан учрашмоғи шартлигини айтган эди, лекин таржимондан рад жавобини олди: ҳеч мумкин эмас. Банд. Му-шук билан машқ қиляпти.
— Агар хоҳласангиз, мушукни кўрсатишим мумкин, — деб таклиф қилди Коровьёв.

Бу сафар энди таклифии Никонор Иванович рад этди, лекин шу пайт таржимон раисга ниҳоятда қизиқарли бир таклифни баён қилди.

Жаноб Воланд меҳмонхонада туришни мутлақо ёқтирмаслиги ва кенг жойда эркин яшашга одатланганлиги сабабли уй бошқармаси бир ҳафтага, яъни Воланднинг Москвадаги гастроллари пайтида бутун квартирани, яъни марҳумнинг ҳам хоналарини қўшиб, ижарага бермасмикин?
— Ахир энди марҳум учун барибир-ку, — бўғиқ овоз билан пичирлади Коровьёв, — ўзингиз ҳам тушуниб турибсиз, Никогюр Иванович, энди унга бу квартиранинг ҳеч ҳожати йўқ, шундай эмасми?

Бу таклифдан бир оз ҳайрон бўлган Никонор Иванович, ажнабий шахслар хусусий квартирада эмас, балки «Метрополь» меҳмонхонасида туришлари керак, деган мазмунда эътироз билдирди.
— Айтяпман-ку сизга, ўлгудек инжиқ! — пичирлади Коровьёв. — Ҳеч хоҳламайди! Ёқтирмайди сира меҳмонхонада туришни! Мана бундай тўйганман бу интуристлардан! — ими-жимида зорланди Коровьёв томирлари бўртиб чиққан бўйнига бармоғини олиб бориб. — Ишонасизми, жонимдан тўйдириб юборишди! Келишади-да... ё худди исковуч итвачча сингари жосуслик қилишади, ё сурункасига инжикдик қилавериб қонингга ташна қилиб юборишади: ундоқ эмас — бундоқ, уни ёқтирмайман, бунисининг кераги йўқ!.. Лекин сизнинг уй бошқармангиз, Никонор Иванович, бу битимдан фақат фойдаю соф даромад кўради. У пулни аямайди. — Коровьёв атрофга кўз ташлаб олиб, раиснинг қулоғига пичирлади: — Миллионер у!

Таржимоннииг бу таклифида аниқ амалий маъно мавжуд эди, у маъно ниҳоятда салобатли эди-ю, аммо таржимоннинг ўзи гапириш тарзи билан ҳам, кийим-боши, кўзидаги ҳеч нимага яроқсиз пенснеси билан ҳам мутлақо бачкана одам бўлиб кўринаётган эди. Шунга кўра раиснинг кўнглини қандайдир бир шубҳа кемирарди, аммо шундай бўлса ҳам таклифни қабул қилмоқчи бўлди. Гап шундаки, уй бошқармасида етишмовчилик жудаям катта эди. Кузга бориб уйни буғ билан иситиш учун нефть харид қилиш керак эди, бироқ бунинг учун шимилдириқ ҳам йўқ эди. Мана, интурист берадиган пул билан мушкулни осон қилса бўлади. Шунга қарамай, ишбилармон ва эҳтиёткор Никонор Иванович бу масалани олдин интурист бюроси билан келишиб олиши кераклигини изҳор қилди.
— Тушунаман, — деб чийиллади Коровьёв, — келишмай бўларканми, албатта келишиб олинг. Мана сизга телефон номери, Никонор Иванович, ҳозирнинг ўзида гаплашиб, келишиб олинг. Пул масаласига келсак, ҳеч тортинманг, — пичирлаб илова қилди у раисни телефон турган даҳлизга етакларкан, — шулардан дурустроқ ундирмасангиз, кимдан ундирасиз! Сиз унинг Ниццадаги вилласини кўрсангиз — қиёмат! Келаси йили ёзда чет элга борганингизда атайлаб уникига кириб ўтинг — кўриб оғзингиз очилиб қолади!

Интурист бюроси билан бўладиган битим телефон орқали бир зумда ҳал бўла қолдики, бу ҳол ҳам раисни ҳайратга солди. Маълум бўлишича, у ердагилар жаноб Воланднинг Лиходеевга қарашли хусусий квартирада турмоқчи бўлганидан хабардор эканлар, бинобарин бунга ҳеч қандай монелик қилишмади.
— Ана, қойил бўлди! — бақирди Коровьёв. Унинг шанғи овозидан хийла эсанкираб қолган раис, уй бошқармаси 50-квартирани артист Воландга бир ҳафта муддатга ижарага беришга рози эканлигини айтиб, у ёғига бир оз ийманиб тўхталиб қолдида, сўнг деди: — Кунига беш юз сўмдан.

Шунда Коровьёв раисни тамоман эсини оғдириб қўйди. У зилдай оғир мушукнинг енгил сакраётгани эшитилиб турган ётоқхона томонга ўғринча кўз қисиб ишора қилдида, ҳирқироқ овоз билан деди:
— Демак, бир ҳафтага уч ярим минг бўлади — шундайми?

Никонор Иванович Коровьёвдан: «Оббо Никонор Иванович-э, иштаҳангиз зўр-у!» — деган маломатни кутган эди, бироқ у тамомила бошқа гапни айтди.
— Э, шуям пул бўптими? Беш минг сўранг, беради. Никонор Иванович паришон тиржайганча марҳумнинг столи олдига бориб қолганини ўзи ҳам пайқамади, бу пайт Коровьёв ғайритабиий уддабурронлик ва эпчиллик билан бир зумда икки нусхада шартнома тайёрлаб ташлади. Шундан кейин ётоқхонага ғизиллаб кириб чиқди — шартноманинг иккала нусхасига ҳам чет эллик артист катта-катта қилиб имзо чеккан эди. Бу шартномага раис ҳам қўл қўйди. Шунда Коровьёв ундан беш минг олгани ҳақида Никонор Ивановичдан тилхат сўради...
— Ҳарфлар билан ёзинг, ҳарфлар билан, Никонор Иванович!.. Беш минг сўм деб... — сўнг бу жиддий битимга мутлақо ёт бўлган бачкана сўзларни айтиб: — Эйн, цвей, дрей! — беш даста яп-янги пулни раиснинг олдига ташлади.

Шунда Коровьёвнинг: «Ердан топсанг — санаб ол», «ҳисобли дўст айрилмас» ва ҳоказо мутойиба ва қочириқ гаплари жўрлигида пул бирма-бир санаб чиқилди.

Раис пулларни санаб бўлгач, Коровьёвдан вақтинчалик прописка қилиш учун ажнабий артистнинг паспортини сўради, сўнг паспортини ҳам, шартномани ҳам, пулни ҳам портфелига солдида, Коровьёвдан қимтинибгина контрамарка сўради...
— Бундан осон иш йўқ! — деб шанғиллади Коровьёв. — Сизга қанча билет керак, Никонор Иванович, ўн иккита етадими, ўн бештами?

Довдираб қолган раис, ўзи билан рафиқаси Пелагея Антоновнага фақат бир жуфтгина контрамарка етади деб тушунтирди.

Коровьёв шу заҳоти блокнот олиб, чаққонлик билан биринчи қатордан икки кишилик контрамарка ёзиб, уни чап қўли билан Никонор Ивановичга тутқазаркан, ўнг қўлидаги қалинлиги бир даста шалдироқ пулни эпчиллик билан унинг чўнтагига солиб қўйди. Никонор Иванович пулга кўз қирини ташладию чўғдек қизариб кетиб, таржимоннинг қўлини ўзидан итара бошлади.
— Бу мумкин эмас... — деб ғўлдиради у.
— Қўлимни қайтарманг, — деб пичирлади Коровьёв унинг қулоғига, — бизда мумкин эмас, аммо чет элликларда мумкин. Сиз уни ранжитиб қўясиз, Никонор Иванович, бу яхши эмас. Ахир хизмат қилдингиз...
— Жиноят ҳисобланади-ку, — эшитилар-эшитилмас пичирлади раис кўзлари олазарак бўлиб.
— Ахир гувоҳлар йўқ-ку! — пичирлади Коровьёв унинг иккинчи қулоғига. — Ўзингиз айтинг, қани гувоҳ? Бе, қўйсангиз-чи!

Шу пайт, кейинчалик раиснинг тасдиқлашича, мўъжиза содир бўлди: ўша бир даста пул ўзидан-ўзи унинг портфелига шўнғиб кириб кетди. Кейин негадир бирдан тинкаси қуриган, ҳатто беҳол раис ўзини зина бошида кўрди. Унинг миясида турли-туман хаёллар ғужғон ўйнарди. Бу хаёллар ичида Ниццадаги вилла ҳам, ўргатилган мушук ҳам бор эди, яна у, хайрият гувоҳлар йўқ эди, деб ўйлаб туриб, бирдан контрамарка учун Пелагея Антоновна хурсанд бўлади, деб кўнгли-дан ўтказди. Булар пойинтар-сойинтар фикрлар эди-ю, аммо умуман, хуш ёқарди. Лекин шунга қарамай, раис қалбининг энг теран бир ерида қандайдир игна мудом санчиб турарди. Бу безовталик игнаси эди. Бундан ташқари, шу ерда, зина бошидаёқ бирдан раиснинг миясида: «Ие, эшик сурғучланган бўлса, таржимон ка-бинетга қандай кириб қолди экан?! Нега буни у, яъни Никонор Иванович, ундан сўрамади?» — деган фикрдан ҳуши оғиб қолаёзди. Раис анча вақтгача зинанинг пиллапояларига бақрайиб туриб қолди, лекин ахийри бунга парво қилмасликка ва бу жумбоқли савол билан бошини қотириб ўтирмасликка қарор қилди...

Раис квартирадан чиққан ҳамоноқ, ётоқхонадан дўриллаган овоз эшитилди:
— Менга ёқмади бу Никонор Иванович. У пихини ёрган қаллоб, учига чиққан муттаҳам. Уни иккинчи бу ерга келмайдиган қилиб юбориш мумкин эмасми?
— Мессир, сиз буйруқ берсангиз бўлди!.. — қаердандир Коровьёвнинг овози эшитилди — лекин энди овози қалтирамас, балки жарангдор ва равон эди.

Кейин шу оннинг ўзида бу лаънати таржимон даҳлизда пайдо бўлди, телефон номерини териб, энди негадир йиғлоқи овоз билан гапира бошлади:
— Алло! Сизга шуни маълум қилишни ўз бурчим деб биламан: Садовая кўчасидаги номер уч юз иккинчи бис уй бошқармасининг раиси Никонор Иванович Босой валютафурушлик қилади. Айни шу пайтда унинг номер ўттиз бешинчи квартирасида, ҳожатхонадаги вентиляция туйнугида газета қоғозга ўралган тўрт юз доллар яширилган. Бу гапираётган — юқорида айтилган уйнинг номер ўн биринчи квартирасида истиқомат қилувчи Тимофей Квасцовман. Лекин менинг номимни сир тутишингизни ўтиниб сўрайман. Зеро, юқорида номи зикр этилган раиснинг қасос олишидан қўрқаман.

Шундай деб трубкани осиб қўйди аблаҳ.

Шундан кейин 50-квартирада нималар бўлгани маълум эмас, лекин Никонор Ивановичникида не ҳол юз бергани бизга маълум. Раис ўз квартирасида ҳожатхонага кириб, ичидан эшикнинг илгагини солиб қўйди, сўнг портфелидан таржимон зўрлаб қистирган бир даста пулни олди-да, уни санаб тўрт юз сўм эканлигини билди. Никонор Иванович шу пулни газета парчасига ўраб, вентиляция туйнугига тиқиб қўйди.

Яна беш минутдан кейин раис ўзининг мўъжазгина емакхонасида стол ортида ўтирарди. Унинг умр йўлдоши саришталик билан тўғралиб, устига кўк пиёз қалин қилиб сепилган бир тарелка селёдкани ошхонадан олиб чикди. Никонор Иванович бир рюмка арақ қуйиб, ичиб юборди, иккинчи рюмкани қуйиб, униям ичди-да, санчқисига биракайига уч бўлак селёдкани илди... Худди шу пайт эшик қўнғироғи чалинди, Пелагея Антоновна айни пайтда буғи чиқиб турган кастрюлни емакхонага кўтариб кирдики, унга бир назар ташлашнинг ўзида ичида нима борлигини, оловранг қуюқ карам шўрва ичида жаҳонда энг тотли нарса — илик борлигини ҳис этиш қийин эмас эди.

Никонор Иванович сўлагини ютиб, худди кўппакдек ириллади.
— Э, падарларингга лаънат! Тинчгина овқатланганиям қўйишмайди. Ҳеч кимни қўйма, мен йўқман, йўқман. Квартира масаласида бўлса, айт, бошни қоти-ришмасин. Бир ҳафтадан кейин мажлис бўлади.

Никонор Ивановичнинг хотини даҳлизга ғизиллаб чиқиб кетди, ўзи эса ўт уфурувчи кўлни эслатувчи карам шўрвадан чўмич билан узунасига дарз кетган илик суягини сузиб олди. Худди шу пайт емакхонага икки киши кирди, улар билан кирган Пелагея Антоновнанинг ранги негадир қув ўчган эди. Бу гражданларга кўзи тушиши билан Никонор Иванович ҳам оқариб кетди ва ўрнидан турди.
— Ҳожатхона қаерда? — қийшиқ ёқали оқ кўйлак кийган биринчи гражданин ташвишли оҳангда сўради.

Овқат столида бир нарса «тўқ» этиб кетди (Никонор Ивановичнинг қўлидан чўмич тушиб кетган эди).
— Буёқда, буёқда, — деди бидирлаб Пелагея Антоновна.

Келганлар дарҳол йўлак томонга отилишди.
— Нима гап ўзи? — тортинибгина сўради Никонор Иванович келганлар орқасидан эргашаркан. — Бизнинг квартирамизда ҳеч қандай шубҳали нарса бўли-ши мумкин эмас... Кечирасиз... ҳужжатларингиз...

Биринчи гражданин кета туриб Никонор Ивановичга ҳужжатини кўрсатди, иккинчи гражданин эса айни шу топда ҳожатхонада, курсига чиқиб, вентиляция туйнугига қўлини тиққан эди. Никонор Ивановичнинг кўз олди қоронғилашди. Газетани очишгаи эди, унда сўмлар эмас, балки аллақандай чолнинг гасвири туширилган, кўк бўлиб кўк, яшил бўлиб яшил бўлмаган нотаниш пуллар чикди. Лекин буларнинг қаммаси Никонор Ивановичнинг кўзига ғира-шира кўринди, чунки унинг кўз олдини қандайдир доғлар қоплаган эди.
— Вентиляция туйнугида долларлар, — ўйчанлик билан деди биринчи гражданин ва Никонор Ивановичдан мулойим оҳангда сўради: — Пакет сизникими?
— Йўқ! — деб жавоб қилди Никонор Иванович кўрқинчли овоз билан. — Душманларнинг иши бу!
— Шунақа ҳам бўлади, — деб қўшилишди биринчи гражданин, сўнг яна мулойимлик билан илова қилди: — Бўпти, қолганини ҳам топшириш керак.
— Менда ҳеч нима йўқ! Йўқ, азбаройи худо, қўлимга ҳам ушламаганман бунақа нарсани! — жон-жаҳди билан чирқиллади раис.

У кийим жавони олдига югуриб бориб, унинг ғаладонини тарақлатиб тортиб олди, у ерда ётган портфелни олиб очаркан, бир-бирига қовушмаган гапларни бақира бошлади:
— Мана шартнома... аблаҳ таржимон солиб қўйган... Коровьёв... пенсне таққан!

У портфелни очиб, ичига қаради, кейин унга қўлини тиқдию ранги кўкариб кетди, қўлидаги портфель карам шўрвага тушиб кетди. Портфелда ҳеч нима: Стёпанинг хати ҳам, шартнома ҳам, ажнабий артистнинг паспорти ҳам, пул ҳам, контрамарка ҳам йўқ эди. Хуллас, буклама метрдан бошқа ҳеч вақо қолмаган эди.
— Ўртоқлар! — жазаваси тутиб бақирворди раис.— Тутинглар уларни! Бизнинг уйга инсу жинслар жойлашиб олипти!

Худди шу маҳал Пелагея Антонованинг кўзига нима кўринди билмаймиз-у, лекин у бирдан қўлларини бир-бирига уриб чинқирди:
— Вой, Иванич, тавба қил! Гуноҳинг енгиллашади! Кўзларига қон қуйилган Никонор Иванович хотинининг бошида мушт дўлайтирди ва:
— Падар қусур овсар! — деб хириллади. Шундан кейин у заифлашиб, стулга ўтирди, чамаси, тақдирга тан бермоқчи бўлди.

Бу маҳал синчковлик дардига чалинган Тимофей Кондратьевич Квасцов раис квартирасининг остонасида туриб, эшикнинг калит тешигига гоҳ мўралар, гоҳ қулоқ тутар эди.

Яна беш минутдан кейин уйнинг бу пайтда ҳовлида бўлган жами аҳолиси раиснинг икки киши кузатувида тўғри дарвоза томон йўл олганини кўрди. Уларнинг гапига қараганда, Никонор Ивановичнинг ранги докадек оқарган, худди маст кишидай гандираклаб, бир нималарни ғўлдираб ўтиб кетганмиш.

Яна бир соатдаи кейин номаълум бир гражданин ўн биринчи квартирага кириб келди, бу пайт Тимофей Кондратьевич қўшниларига раисни қандай қилиб илинтиришганини ҳузур қилиб, оғиз кўпиртириб ҳикоя қиларди. Келган одам Тимофей Кондратьевични бармоғи билан ошхонадан даҳлизга имлади, унга бир нималар деди, сўнг у билан бирга ғойиб бўлди.

Ўнинчи боб

Ялтадан Хабарлар

Никонор Иванович бахтсизликка учраган пайтда, 302-бис уйга яқин ерда, ўша Садовая кўчасидаги Варьете театрининг молия директори Римскийнинг кабинетида икки киши: Римскийнинг ўзи билан Варьете администратори Варенуха бор эди.

Театрнинг иккинчи қаватидаги бу каттакон кабинетнинг икки деразаси Садовая кўчасига, ёзув столи ортида ўтирган молия директорининг орқасидаги учинчи дераза Варьетенинг ёзги боғига очилардики, бу боғда яхна ичимликлари бўлган буфет, тир ҳамда очиқ эстрада саҳнаси бор эди. Кабинетдаги жиҳозлар: ёзув столи, деворга осилган бир даста эски афишалар, устида бир графин сув турган столча, тўртта кресло ва қандайдир бир манзаранинг чанг босган эски макети ўрнатилган бурчакдаги тагликдан иборат эди.

Яна, турган гапки, булардан ташқари, ёзув столининг ёнида, Римскийнинг чап биқинида жойдан-жойга кўп кўчирилавериб сирлари кўчиб кетган темир касса ҳам бор эди.

Стол ортида ўтирган Римскийнинг бугун эрталабдан авзои бузуқ эди, лекин Варенуха, бунинг акси ўлароқ, жуда кайфи чоғ, керагидан ортиқ серғайрат кўринарди. Аммо у шу ғайратини нимага сарфлашни билолмай гаранг эди.

Ҳозир эса Варенуха контрамарка сўрайвериб ҳоли-жонига қўймаётган одамлардан қочиб бу ерга беркиниб олган эди. Бундай ҳоллар театрда янги про-грамма бошланган пайтларда айниқса кўпроқ авж оларди. Бугун эса худди ўшанақанги кун эди.

Телефон жиринглаши билан у тез трубкани олиб, ёлғон гапира бошларди:
— Ким? Варенухами? У йўқ. Театрдан чиқиб кетди.
— Илтимос, Лиходеевга яна телефон қилиб кўр, — дерди Римский хуноб бўлиб.
— Ахир йўқ у уйида. Карповни юборувдим. Квартирада ҳеч ким йўқ, деб келди.
— Бу қанақа бемаънигарчилик ўзи, — ғижиниб дерди Римский, ҳисоблаш машинасини шақиллатиб ишлатаркан.

Шу пайт эшик очилиб, ҳозиргина чоп қилинган қўшимча афишаларни бир қучоқ қилиб кўтариб капельдинер* кирди. Яшил қоғозга йирик-йирик қизил ҳарфлар билан қуйидаги сўзлар ёзилган эди:

Бугун ва ҳар куни Варьете театрида

программадан ташқари профессор Воланд

сеҳргарлик сеанслари кўрсатади ва фош этади

Варенуха афитани макет устига ёйиб узоқдан туриб уни томоша қилди ва капельдинерга, дарҳол ҳаммасини ёпиштиргани юборинг, деб буюрди.
— Яхши афиша, дарров кўзга ташланади, — деди у капельдинер орқасидан.
— Лекин менга ҳеч ҳам ёқмаяпти бу майнавозчилик, — деб тўнғиллади Римский мугуз гардишли кўзойнаги орқали афишага ўқрайиб қараркан. — Кейин, умуман, уни саҳнага қўйишга ким рухсат берди ўзи, ҳайронман!
— Йўқ, Григорий Данилович, аксинча, бу ниҳоятда нозик нарса. Бунинг энг қизиқ моҳияти — сеҳрни фош қилиш пайти.
— Билмадим, билмадим, менимча, уйда ҳеч қандай моҳият йўқ, доим шунақа тутуриқсиз нарсаларни топиб юради у! Ҳеч бўлмаса, кўрсатмадиям ўша сеҳрга-рини. Сен ўзинг уни кўрдингми? Қай гўрдан топди ўзи уни, жин урсин!

Маълум бўлишича, Варенуха ҳам Римскийга ўхшаб, сеҳргарни кўрмаган экан. Кеча Стёпа молия директорининг олдига, қўлида шартноманинг хомаки нусхаси билан (Римскийнинг таъбирича, «ўпкасини қўлтиқлаб») югуриб келипти-ю, дарҳол оққа кўчириб, пул беришини буюрипти. Сеҳргар эса пулни олиптию ғойиб бўлипти, уни Стёпадан бошқа ҳеч ким кўрмаптиям.

Римский ёнидан соатини олиб қаради, иккидан беш минут ўтганини кўрдию фиғони фалак бўлди. Ахир бу нима деган гап! Лиходеев тахминан соат ўн бирларда телефон қилиб, ярим соатда етиб бораман, деган эди. Лекин у театргаям келгани йўқ, уйидаям йўқ!
— Ахир менинг ишларим тўхтаб қолди! — дерди ғижиниб Римский, имзо чекилмаган бир тўп қоғозга бармоғи билан ниқтаркан.
— Тағин униям, Берлиозга ўхшаб трамвай босиб кетган бўлса-я? — дерди Варенуха, телефон трубкасини қулоғига тутиб тураркан, ваҳоланки трубкадан паққос узун-узун умидсизлик сигнали эшитилиб турарди.
— Кошкийди... — эшитилар-эшитилмас ғижиниб деди Римский.

Худди шу маҳал кабинетга формали камзул, фуражка, қора юбка ва оёғига тапочка кийган бир аёл кириб келди. У камарига осилган кичкина сумкасидан чорбурчак оқ қоғоз билан дафтар олди-да, сўради:
— Варьете шу ерми? Сизларга ўта шошилинч телеграмма. Кўл қўйинг.

Варенуха аёлнинг дафтарига қандайдир ажи-бужи имзо чекди, аёл чиқиб кетиб, эшик ёпилгандан кейингина у чорбурчак қоғозни очди.

У телеграммани ўқиб чиқиб, ҳайратдан кўзлари пир-пир уча бошлади-ю, уни Римскийга узатди.

Телеграммада қуйидаги сўзлар ёзилган эди: «Ялтадан Москвага. Варьете. Бугун ўн биру ўттизда жиноий қидирув бўлимига тунги кўйлак, шим кийган сарпойчан, қўнғир соч бир телба келиб, ўзини Варьете директори Лиходеев деб танитди. Директор Лиходеевнинг қаердалиги ҳақида Ялта жиноий қидирув бўлимига шошилинч телеграмма юборинг».
— Ана холос, пишди гилос! — деб юборди Римский ва илова қилиб деди: — Энди шу етмай турувди!
— Сохта Дмитрий, — деди Варенуха ва тслефон трубкасини олиб гапира бошлади: — Телеграфми? Варьете ҳисобидан. Ўта шошилинч телеграмма... Эшитяпсизми?.. «Ялта, жиноий қидирув бўлими... Директор Лиходеев Москвада. Молия директори Римский»...

Шундан кейин Варенуха Ялтадан олинган маълумотга қарамай, яна Стёпапи телефон орқали ҳамма-ҳамма ердан ахтара бошлади, аммо турган гапки, уни ҳеч ердан топмади. Варенуха қўлидан телефон трубкасини қўймаганча, яна қаерга қўнғироқ қилсам экан деб бош қотириб турган эди, яна боя биринчи телеграммани олиб келган аёл кириб келиб, Варенухага янги конвертча тутқазди.

Варенуха уни шоша-пиша очди-ю, ўқиб чиқиб ҳуштак чалиб юборди.
— Яна нима бало? — сўради Римский асабдан бир сапчиб тушиб.

Варенуха телеграммани индамай молия директорига узатди, у қуйидаги сўзларни ўқиди: «Ишонишингизни ўтиниб сўрайман. Воланднинг гипнози билан Ялтага ташландим. Жиноий қидирув бўлимига шахсиятимни тасдиқловчи шошилинч телеграмма юборинг. Лиходеев».

Римский билан Варенуха бошлари бир-бирига теккудай бўлиб, телеграммани қайтадан ўқий бошлашди, ўқиб чиқиб, чурқ этмай бир-бирларига тикилиб қолишди.
— Гражданлар! — деди аёл аччиғи чиқиб. — Олдин имзо чекинг, кейин, хоҳлаганингизча дим ўйнайверинг! Ахир мен шошилинч телеграммалар тарқатаман.

Варенуха кўзини телеграммадан узмасди, дафтарга қинғир-қийшиқ қилиб имзо чекди, аёл ҳам чиқиб кетди.
— Ахир сен у билан телефонда соат ўн бирларда гаплашганмидинг? — деди администратор мутлақо ҳайратланиб.
— Ғирт майнавозчилик бу! — деб бақириб юборди Римский. — Гаплашдимми, гаплашмадимми, барибир, у ҳозир Ялтада бўлиши мумкин эмас! Воажаб!
— У маст... — деди Варенуха.
— Ким маст? — сўради Римский, сўнг яна икков-лари бир-бирларига тикилиб қолишди.

Ялтадан телеграмма юборган бирон қаллоб ёки телба одам бўлиши мумкин — бунга ҳеч шубҳа йўқ эди; лекин бошқа нарса бошни қотираётган эди: ўша ялталик фирибгар, куни кеча Москвага келган Воландни қаердан таниркин? Шунингдек, у билан Лиходеев ўртасидаги муносабатни қаёқдан била қолдийкин?
— «Гипноз билан...» — деб такрорлади Варенуха телеграммадаги сўзларни, — лекин у қаёқдан биларкин Воландни? — У кўзларини пирпиратиб туриб бирдан қатъият билан чинқириб юборди: — Э йўқ, ғирт сафсата бу! Ишонмайман, ишонмайман!
— Қаерда турипти ўзи ўша лаънати Воланд? — сўради Римский.

Варенуха дарҳол интурист бюросига қўнғироқ қилди ва шу заҳоти, Воланднинг Лиходеев квартирасида жойлашганлигини хабар қилиб, Римскийнинг оғзини очириб қўйди. Шундан кейин у Лиходеев квартирасига қўнғироқ қилиб, трубкадан эшитилаётган узун-узун сигналга узоқ вақт қулоқ солиб турди. Қаердадир жуда олисда оғир қўшиқ ижро этаётган мунгли бир овоз телефон сигналига омихта бўлиб эшитиларди, шунда Варенуха, телефон тармоғига радио уланиб қолипти, деб кўнглидан ўтказди...
— Ҳеч ким жавоб бермаяпти, — деди Варенуха трубкани иларкан, — балки қўнғироқ қилсаммикан...

У гапни тугатолмади. Остонада яна ўша аёл пайдо бўлди ва икковлари: Римский ҳам, Варенуха ҳам аёлга пешвоз туришди, у эса сумкачасидан, бу гал оқ эмас, қандайдир одмиранг қоғоз олди.
— Буниси энди жуда қиёмат бўлди, — деди Варенуха ғижиниб, шоша-пиша хонадан чиқиб кетаётган аёлнинг орқасидан кузатиб қоларкан. Биринчи навбатда қоғоз Римскийга тегди.

Фотоқоғозга сурати туширилган қора ҳарфлар билан ёзилган қуйидаги хатни аниқ ўқиса бўларди:

«Менинг дастхатим, имзоим кимлигимни исбот-лайди. Имзоимни тасдиқлаб шошилинч телеграмма юборинг, Воланд орқасидан махфий кузатув олиб боринг. Лиходеев».

Варенуха театрлардаги йигирма йиллик фаолияти пайтида кўп ғаройиб воқеаларнинг шоҳиди бўлган эди, лекин ҳозир ақл-заковатидан жудо бўлаётгандай ҳис қилди ўзини, шунга кўра қуйидаги одмигина ва ўта бемаъни жумладан ўзга ҳеч нима дея олмади:
— Бундай бўлиши мумкин эмас!

Лекин Римский бошқача йўл тутди. У ўрнидан туриб бориб, эшикни очди, курсида ўтирган курьер аёлга:
— Почтальондан бошқа ҳеч кимни киритманг! — деб бақирди-да, эшикни ичидан қулфлаб олди.

Сўнг ёзув столининг ғаладонидан бир даста қоғоз олиб, ундаги Стёпанинг дастхатлари ва имзоларини фотограммадаги ёзув ва имзо билан қиёс қила бошла-ди. Варенуха столга кўкрагини бериб ётиб олиб, Римскийнинг юзига қайноқ нафас қайтарарди.
— Бу дастхат уники, — деди ниҳоят қатъият билан молия директори, Варенуха эса худди акс садодек такрорлади
— Уники..

Администратор Римскийнинг юзига қаради, қарадию унда содир бўлган ўзгаришдан серрайиб қолди. Шундоқ ҳам чўпдай ориқ бўлган молия директори, гўё янаям озиб, ҳатто қариб қолгандай, мугуз гардишли кўзойнак таққан кўзларининг аввалги ўқрайиб қараши йўқолиб, улардан наинки ҳаяжон, ҳаттоки ҳасрат пайдо бўлгандек туюлди.

Одам ниҳоятда қаттиқ ҳайратланган дамда ўзини қандай тутса, Варенуха ҳам ўзини шундай тутди. У кабинетнинг у бошидан бу бошига зир югурди, икки марта, хочга тортилган Исодек қулочини ёзди, графиндаги сарғиш сувдан бир стаканини бирваракайига ичиб юборди-да, ниҳоят шундай деди:
— Тушунмайман! Ту-шун-май-ман!

Римский эса деразага тикилганча, астойдил бош қотириб нимадир ўйларди. Молия директорининг аҳволи жуда оғир эди. Ҳозироқ, шу ернинг ўзида бу ғайритабиий ҳодиса учун табиий изоҳ кашф этиш талаб қилинаётган эди.

У кўзларини қисганча, Стёпанинг бугун соат ўн бир яримларда тунги кўйлакда, сарпойчан ҳолда қандайдир ўта тез учувчи афсонавий самолётга чиқаётганини, кейин эса шу Стёпанинг ўзини айни ўша пайтнинг ўзида — соат ўн бир яримда Ялта аэродромида пайпоқчан турганини кўз олдига келтириб кўрди... Жин урсин, ғирт бемаънилик бу!

Балки бугун Стёпанинг квартирасида туриб у билан гаплашган одам Стёпа эмасдир? Йўқ, Стёпанинг овози эди! Стёпанинг овозини ҳеч ким Римскийчалик яхши танимайди! Боринг, ана бугунги телефонда гапирган Стёпа эмас ҳам дейлик, ахир куни кеча оқшомга яқин Стёпа ўз кабинетидан чиқиб, тўғри мана шу кабинетга анави тугуриқсиз шартномани кўтариб кириб, ўзининг енгилтаклиги билан молия директорининг зардасини қайнатган эди-ку. Ахир театрда ҳеч кимга ҳеч пима демасдан, қандай қилиб жўнаб ё учиб кетиши мумкин? Агар кеча кечқурун учиб кетганида ҳам, Ялтага бугун тушгача етиб боролмаган бўларди. Ё етиб олармиди, а?
— Ялтагача неча километр? — сўради Римский. Варенуха зир югуришдан тўхтаб, бақириб берди:
— Ҳа, ўйладим! Буниям ўйладим! Темир йўл билан Севастополгача бир ярим минг километрча келади. Ялтагача яна саксон километр қўш. Лекин самолётда камроқ бўлади, албатта..

Ҳм... Ҳа... Поезд ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Хўш, унда қандай бориб қолди? Қирувчи самолётдами? Ким ҳам қирувчи самолётга чиқарарди сарпойчан Стёпани? Нима учун? Балким у Ялтага учиб боргандан кейин этигини ечгандир? Яна: Нима учун? Кейин, этиги бўлганида ҳам уни қирувчи самолётга чиқармаган бўлардилар! Шошманг, қирувчи самолётнинг бунга нима дахли бор ўзи? Ахир, аниқ қилиб ёзилган-ку: жиноий қидирув бўлимига кундуз ўн биру ўттизда кириб келди деб, лекин у Москвада телефон орқали гаплашганида соат... ие, қизиқ-ку... Шу чоғ Римскийнинг кўзи олдида ўз соатининг циферблати кўринди... У соат милларининг қай алфозда тургапини эслай бошлади. Ё тавба! Эсига турганди: ўн бирдан йигирма минут ўтган эди. Бу қанақаси бўлди? Агар Стёпа телефондаги суҳбатдан кейии, аэродромга югуриб, у ерга, айтайлик, беш минутда етиб борган деб фараз қилинса (лекин сирасини олганда, бунга ҳам ҳеч ақл бовар қилмайди), унда самолёт беш минут ичида ҳам ҳавога кўтарилиб, ҳам минг километрдан кўпроқ масофани босиб ўтиб, Ялтага қўнган бўладими? Бундан чиқди, самолёт соатига ўн икки минг километрдан ҳам кўпроқ масофани учиб ўтаркан-да!!! Бу асло мумкин эмас, демак, Стёпа ҳам Ялтада эмас.

Хўш, яна қандай йўл қолди? Гипнозми? Одамзодни бирваракайига минг километр масофага улоқтириб юбора оладиган ҳеч қандай гипноз йўқ дунёда! Демак, Стёпа ўзини Ялтададек туйган! Ҳай, унга шундай туюлган бўлиши мумкин, лекип Ялта жиноий қидирув булимига ҳам шундай туюлган деб ўйлайсизми?! Э, йўк,, кечирасиз-у, бундай бўлиши мумкин эмас!.. Ахир гелеграммалар ўша ёқдан келяптими?

Молия директорининг юзида даҳшат акс этган эди. Шу пайт ташқаридан эшик бандини бураб, торта бошлашди, куръер аёлнинг жон-жаҳд билан чирқиллагани ниитилди:
— Мумкин эмас! Ўлдирсангиз ҳам киритмайман! Мажлис бўляпти!

Римский, баҳоли қудрат, ўзини қўлга олиб, телефон трубкасини кўтарди:
— Шошилинч Ялта билан уланг.

«Оқилона фикр», — деб кўнглидан ўтказди Варенуха.

Лекин Римский Ялта билан гаплаша олмади. У трубкани илиб, деди:
— Аксига юриб, линия шикастланган.

Негадир линиянинг шикастлангани уни, айниқса, қаттиқ ранжитди, ҳаттоки ўйлантириб ҳам қўйди. У бир оз ўйга толиб тургач, бир қўли билан яна трубкани олди, иккинчи қўли билан эса трубкага айтаётган сўзини ёза бошлади:
— Ўта шошилинч телеграмма қабул қилинг. Варьете. Ҳа. Ялта. Жиноий қидирув бўлимига. Ҳа. «Бугун соат ўн бир яримларда Лиходеев Москвада мен билан телефон орқали гаплашди, нуқта. Шундан кейин хизмат жойига келмади ва уни телефон орқали ахтариб топа олмаяпмиз, нуқта. Дастхатни тасдиқлайман, нуқта. Зикр этилган артистни кузатиш чорасини кўряпман. Молия директори Римский».

«Жуда маънили фикр!» — деб ўйлади Варенуха, лекин ўйини охирига етказмай, миясидан бошқа сўзлар «лип» этиб ўтди. «Бемаънилик! У Ялтада бўлиши мумкин эмас!»

Бу пайт Римский бундай қилди: ҳамма олинган телеграммаларни, уларга қўшиб ўз телеграммасининг нусхасини яхшилаб тахтлаб пакетга солди, пакетни конвертга солиб, уни елимлади, конверт устига бир неча сўз ёзиб, уни Варенухага тутқазар-кан, деди:
— Сен, Иван Савельевич, ҳозироқ шахсан ўзинг олиб бориб бер. Ўзлари бош қотириб кўришсин.

«Мана бу ҳақиқатан ҳам бамаъни фикр бўлди!» — деб ўйлади Варенуха ва конвертни портфелига солиб қўйди. Кейин, у ҳар эҳтимолга қарши, Стёпанинг те-лефони номерини яна бир марта териб кўриб, бир оз қулоқ солиб турди-да, бирдан хурсанд бўлиб сирли тарзда кўзини қиса бошлади. Римский ҳушёр тортиб бўйнини чўзди.
— Артист Воланд керак эди! — мулойимлик билан деди Варенуха.
— У киши бандлар, — деб жавоб қилди трубкада бир қалтироқ овоз, — ким сўраяпти?
— Варьете администратори Варенуха.
— Иван Савельевич? — шодланиб қичқириб юборди трубкадаги овоз. — Бениҳоя хурсандман овозингизни эшитганимдан! Саломатлигингиз қалай?
— Мерси, — жавоб қилди ҳайрон қолган Варенуха, — ким бу гапираётган?
— Унинг ёрдамчиси, ёрдамчи ва таржимони Коровьёвман, — деб жаврарди трубкадаги овоз, — камина хизматингизга тайёрман, эъзозли Иван Савельевич! Нима ишингиз бўлса, ҳеч тортинмай менга айтаверинг. Қулоғим сизда!
— Кечирасиз, Степан Богданович Лиходеев ҳозир уйда йўқми?
— Афсуски, йўқлар! Йўқлар! — шанғиллади трубка. — Кетганлар.
— Қаёққа?
— Шаҳар ташқарисига, машинада сайр қилгани..
— Қа... қаёққа? Са... сайрга?.. Қачон қайтиб келади.
— Бир оз тоза ҳавода дам оламану қайтиб келаман, деб айтдилар!
— Тушунарли... — деди эсанкираб қолган Варенуха. — Мерси. Илтимос, мосье Воландга айтиб қўйсангиз, у киши бугун саҳнага учинчи бўлимда чиқадилар.
— Айтаман. Бўлмасам-чи. Албатта. Шошилинч гарзда. Шак-шубҳасиз. Айтаман, — трубкадан узуқ-узуқ жавоб келди.
— Хўп, омон бўлинг, — деди ажабланган Варенуха.
— Менинг энг самимий, энг оташин саломимни ва истакларимни қабул қилгайсиз! — дерди трубка. — Сизга муваффақиятлар! Омад, бахт-саодат тилайман. Саломат бўлинг!
— Ҳаммаси равшан! Айтувдим-ку! — деб бақирди администратор жиғибийрони чиқиб. — Ҳеч қанақа Ялта-палта йўқ; шаҳар ташқарисига сайрга кетипти!
— Агар шу рост бўлса, — деди ғазабдан ранги докадек оқариб кетган молия директори, — бундай тўнғизликни нима деб аташни ҳам билмайман!

Шу пайт администратор сапчиб туриб кетиб шундай шанғиллаб бақирвордики, Римский сесканиб кетди:
— Бўлди! Эсимга тушди! Пушкинода «Ялта» деган чебурекхона очилган! Ҳаммаси тушунарли! Стёпа ўша ёққа борган, молдай ичиб олиб, энди ўша ердан телеграмма юбориб ётипти!
— Бу энди ғирт бемаънилик, — деди Римский асабдан ёноғи пир-пир учиб, азбаройи ғазабланганидан кўзларида ўт чақнаркан, — ҳали шошмай турсин, бу сайр унга жуда қимматга тушади, — шундай деб туриб у бирдан тўхтаб қолди ва тараддудланиб илова қилди: — Ие, жиноий қидирув нима бўлади...
— Э, сафсата у! Унинг одатдаги найранги, — деб Римский сўзини бўлди қизиққон администратор ва сўради: — Пакетни элтиб бераверайми?
— Албатта, — деди Римский.

Шу пайт эшик очилиб, яна ўша аёл кириб келди... «Ўша!» — деб ўйлади Римский негадир маъюслик билан. Икковлари ҳам почтачи аёлга пешвоз туришди.

Бу галги телсграммада қуйидаги сўзлар ёзилган эди:

«Тасдиқлаганингиз учун раҳмат. Жиноий қидирув бўлими адресига мен учун шошилинч беш юз юборинг, эртага Москвага учаман. Лиходеев».
— Жинни бўлиб қолипти... — деди Варенуха зўр-базўр.

Римский эса калитни шаракдатиб, темир касса яшигини очди-да, ундан беш юз сўм пулни санаб олиб, қўнғироқ чалиб курьерни чақирди, пулни унинг қўлига тутқазиб, телеграфга юборди.
— Эсинг жойидами, Григорий Данилович? — деди Варенуха ўз кўзларига ишонмай. — Менимча, пул юбориб бекор қиляпсан.
— Бекор бўлса, қайтиб келади, — деди Римский секингина, — лекин бу маишатбозлиги учун у ҳали роса адабини ейди, — сўнг Варенуханинг портфелига ишора қилиб қўшиб қўйди: — Сен борақол, Иван Савельевич, фурсат ғанимат.

Шундан кейин Варенуха қўлида портфели билан кабинетдан ўқдай отилиб чиқиб кетди.

У пастки қаватга тушиб, касса олдида турнақатор тизилишиб навбатда турган одамларни кўрди, кассир аёлдан, яқин бир соат ичида биттаям билет қолмас-лигини, чунки қўшимча афишани ўқиган одамлар гала-гала бўлиб кслаётганини эшитдида, кассир аёлга ложа ва партердан ўттизта энг яхши жойни сотмай, чегириб олиб қўйишни буюрди, сўнг ғизиллаб чиқиб, контрамарка сўраб хиралик қилувчиларнинг кўзини шамғалат қилиб, шу заҳоти кепкасини олгани ўз каби-нетига шўнғиди. Лекин у кабинетга кириши билан телефон жиринглаб қолди.
— Эшитаман! — деди бақириб Варенуха.
— Иван Савельевичми? — деб сўради телефонда ниҳоятда ёқимсиз пинғиллаган овоз.
— Ҳозир у театрда йўқ! — деб Варенуха чинқирган эдиямки, телефондаги овоз унинг сўзини бўлди:
— Майнавозчиликни қўйинг, Иван Савельевич, гапимни эшитинг. Қўлингиздаги телеграммаларни ҳеч қаёққа олиб ҳам борманг, ҳеч кимга кўрсатманг ҳам.
— Ким ўзи бу гапиряпкан? — деб бақирди Варенуха. — Ҳазилни бас қилинг, гражданин! Ҳозирнинг ўзида кимлигингизни аниқлаймиз! Номерингиз?
— Варенуха, — деди яна ўша хунук овоз, — сен ўзи рус тилини тушунасанми? Телеграммаларни ҳеч қаёққа олиб борма.
— Ие, ҳали шунақа шилқиммисиз? — бақирди администратор ғазабланиб. — Шошмай туринг ҳали! Бу қилмишингиз учун адабингизни беришади, — у яна бир нималар деб дағдаға қилди-да, бирдан жим бўлиб қолди, чунки трубкада уни энди ҳеч ким эшитмаётган эди.

Шу чоқ, мўъжаз кабинетга бирдан қоронғи туша бошлади. Варенуха кабинетдан ўкдай отилиб чиқиб, эшикни «қарс» этиб ёпди-да, ён томондаги йўлакдан ёзлик боғ томон югурди.

Администратор асабийлашган ва қаттиқ ҳаяжонда эди. Чунки у, бояги суллоҳона қўнғироқ қилган безорилар албатта бирон ножўя найранг кўрсатишади-ю, ўша найранглари Лиходеевнинг ғойиб бўлишига алоқадор бўлади, деб ўйлаган эди. Шу боис, ўша ёвуз пиятли одамларни фош қилиш истаги администраторни тинч қўймас, энг қизиқ томони шундаки, қандайдир кўнгилли бир воқеа содир бўлишини олдиндан ҳис қила бошлаган эди у. Одатда, бирон ерга жуда муҳим хабар етказиб, бутун жамиятнинг диққат-эътиборига мушарраф бўлишга интилган одамда туғилади бундай ҳиссиёт.

Боғда бирдан қаттиқ шамол туриб, администраторнинг йўлини тўсмоқчи, уни огоҳлантирмоқчи бўлгандай, кўзларига қум пуркади. Иккинчи қаватда бир дераза ойнаси сингудек бўлиб қарсиллаб ёпилди, жўка дарахтларининг қир учлари безовта пгувиллади. Қош қорайиб, сал салқин тушди. Администратор кўзларини ишқалаб момақалдироқдан да-рак берувчи ости зарранг булут Москва узра пастлаб сузаётганини кўрди. Олисдан дағал қалдираган овоз эшитилди.

Варенуха қанчалик шошаётган бўлмасин, ёзлик ҳожатхонага бирров кириб, монтёрнинг электр лампасига сим тўр кийдирган ё кийдирмаганини текшириш истагидан воз кеча олмади.

У тир ёнидан югуриб ўтиб, қуюқ ўсган сирень буталари орасига кирди, ҳаворанг бўёқ билан бўялган ҳожатхона шу ерда жойлашган эди. Монтёр саришта одам экан, эркаклар бўлимида, шифтга ўрнатилган лампа сим тўр билан тўсилган эди, лекин администраторни бу ерда бошқа нарса ранжитган эди: момақал-дироқ олдидан кун хийла қоронғилашган бўлишига қарамай, ҳожатхона деворларига кўмир ва қалам билан ёзиб ташланган ҳар хил бемаъни гапларни бемалол ўқиса бўларди.
— Оббо, ахир бу қанақа... — деб администратор энди гап бошлаган эди ҳамки, бирдан орқасидан кимнингдир хуриллаган овози эшитилди:
— Сизмисиз бу, Иван Савельевич?

Варенуха сесканиб кетди, орқасига ўгирилиб, афти мушукникига ўхшаб кетувчи бир бақалоқ одамни кўрди.
— Ҳа, мен, нимайди? — ғижиниб жавоб қилди Варенуха.
— Ғоят, бағоят хурсандман, — деди мушуксимон бақалоқ одам миёвлагандай бўлиб, сўнг бирдан қулочкашлаб туриб унинг қулоқ-чаккасига шундай тарсаки туширдики, администраторнинг бошидан кепкаси учиб кетиб, ўтирғич кавагига тушиб ғойиб бўлди.

Бақалоқ одамнинг зарбасидан бутун ҳожатхона пириллаб ёнган чирокдан бир зумга ёришиб кетди ва момақалдироқ гумбурлаб унга жўр бўлди. Кейин яна бир бор чақмоқ чакди ва администраторнинг рўпарасида сочлари нақ оловдек малла, бир кўзига оқ тушган, оғзидан сўйлоқ тиши чиқиб турган, елкалари паҳлавонона, аммо ўзи кичкинагина яна бир жонзод пайдо бўлди. Мана шу иккинчи жонзод, чамаси, чапақай бўлса керак, администраторнинг иккинчи чаккасида «шавла» қайнатди. Бу зарбага жўр бўлиб яна осмонда момақалдироқ гумбурлади, ҳожатхонанинг тахта томига шатир-шутир жала қуя бошлади.
— Нима қиляпсизлар, ўртоқл... — дея пичирлади эси оғиб қолган администратор, лекин шу заҳоти, жамоатчилик ҳожатхонасида бегуноҳ одамга ҳужум қилган безориларни «ўртоқлар» деб аташ тўғри келмаслигини тушуниб хириллади: — гражда... — лекин уларнинг бу номга ҳам муносиб эмасликларини фаҳмлади, айни шу пайт икки безоридан бирининг учинчи даҳшатли зарбасига дуч келдию бурнидан лахта-лахта бўлиб оқаётган қон кўйлагини бўяди.
— Портфелингда нима бор, ярамас? — деб чийиллади мушукнамо одам. — Телеграммаларми? Уларни ҳеч қаёққа олиб борма деб телефонда сени огоҳланти-ришмабмиди? Огоҳлантиришувдими деб сўраяпман сендан!
— Огоҳ... огоҳлаш... лантиришувди... — деб энтика-энтика жавоб қилди администратор.
— Шунга қарамай югуриб қопсан-да? Бер буёққа портфелни, газанда! — боя телефонда эшитилган манқа овоз билан бақирди иккинчи махлуқ ва Варенуханинг титроқ қўлларидан портфелни тортиб олди.

Кейин икковлари администраторни икки томондан қўлтиқлаб олиб, уни боғдан судраб чиқишди-ю, Садовая кўчаси бўйлаб ғизиллатиб олиб кетишди. Момақалдироқ тобора кучлироқ гумбурлаб, дарё бўлиб оқаётган ёмғир суви канализация ўпқонларига гувиллаб, шовуллаб тушар, ҳаммаёқда сув сатҳида «чучвара кайнар», тўлқинлар пайдо бўлар, томга ёққан ёмғир суви тарновларга сиғмай, улар ёнидан шариллаб оқиб тушар, дарвозалар остидан кўпикланган ёмғир суви селдек оқиб чиқарди. Садовая кўчасида биронта ҳам гирик жон қолмаган эди, бинобарин, Иван Савельенични ҳеч ким халос эта олмасди. Чақмоқ чаққандагина лип-лип кўзга ташланган безорилар лойқа сув оқимларидан ҳатлаб, чалажон администраторни бир зумда 302-бис уйига етқизиб келишди-ю, лип этиб бостирмага киришди. Бу ерда иккита ялангоёқ аёл, туфли ва пайпоқларини қўлларига ечиб олганча деворга суқилиб туришарди. Кейин, безорилар олтинчи подъезд эшиги томон югуришди. Ҳушидан деярли кетиб бўлган Варенуха бешинчи қаватга олиб чиқилиб, Стёпа Лиходеевнинг унга яхши таниш бўлган квартирасининг нимқоронғи даҳлизига улоқтирилди.

Бу ерда икки босқинчи ғойиб бўлиб, улар ўрнида малласоч, кўзлари фосфордек ярақловчи қип-яланғоч бир қиз пайдо бўлди.

Варенуха бошига тушган фалокатлар ичида энг даҳшатлиси шу эканлигини фаҳмлади, қаттиқ инградию девор томон тисарилди. Қиз эса администратор олдига юзма-юз келиб, иккала қўлини унинг елкасига ташлади. Варенуханинг сочлари даҳшатдан тикка турди, чунки у шалаббо бўлган совуқ кўйлаги орқали ҳам қизнинг муз сингари совуқ кафтларини ҳис этган эди. — Кел, сени бир ўпай, — мулойим овоз билан деди қиз ва унинг пирпираган кўзлари Варенуханинг кўзларига яқинлашди. Шунда Варенуха ҳушидан кетдию қиз бўсасини ҳис этмади.

Ўн биринчи боб

Икки Иван

Дарёнинг нариги соҳилидаги, бундан бир соатгина бурун май қуёши шуъласига ғарқ бўлиб турган қарағайзор энди хиралашиб, чаплашиб, охири ғойиб бўлди.

Дераза ташқарисида шаррос қуяётган ёмғир сидирға пардага ўхшаб туюларди. Осмонда дам-бадам олов иплар порлаб, само торс-торс ёрилар, бемор ётган хона липилловчи қўрқинчли шуълага ғарқ бўларди.

Иван кўпириб, қайнаб оқаётган лойқа дарёга тикилганча ўз каравотида товушсиз йиғлаб ўтирарди. Ҳар гал момақалдироқ гумбурлаганида у аянчли чинқирар, қўллари билан юзини қоплаб оларди. У ёзиб ташлаган варақлар ерда сочилиб ётарди; момақалдироқ арафасида хонага ҳувиллаб эсиб кирган шамол уларни ҳар томонга учириб юборган эди.

Шоирнинг даҳшатли консультант тўғрисида ариза ёзишга уринишлари ҳеч қандай самара бермади. У семиз фельдшер аёлдан (унинг исми-шарифи Прасковья Фёдоровна эди) қоғоз билан калтагина қалам олган заҳоти ишчан одамлардек кафтларини бир-бирига ишқалаб шоша-пиша столча ёнига ўтирган эди. У аввалига ғайрати жўшиб, хатни шундай бошлади:

«Милицияга. МАССОЛИТ аъзоси Иван Николаевич Бездомнийдан. Ариза. Кеча кечқурун мен марҳум М. А. Берлиоз билан Патриарх кўлига борган эдим...»

Лекин шоирнинг фикри шу заҳотиёқ, асосан «марҳум» деган сўз туфайли чувалашиб кетди. Ариза бошидан бетутуриқ бўлиб чиқаётган эди: бу қанақаси ўзи — марҳум... билан борган эдим? Марҳумлар юрмайди! Тўғри-да, яна жиннига йўйиб юришса-я!

Иван Николаевич шу хаёлга бориб, ёзганини тузата бошлади. Энди бундай бўлиб чикди: «... кейинроқ оламдан ўтган М. А. Берлиоз билаи...» Бу ҳам муаллифни қониқтирмади. Учинчи марта таҳрир қилишга тўғри келди, лекин униси аввалги иккитасидан ҳам баттар бўлиб чиқди: «...Трамвай босиб кетган Берлиоз билан...» — яна, бунинг устига анави ҳеч ким билмайдиган адаш фамилияли композиторнинг шоир миясига хира пашшадек ёпишиб олгани ортиқча, шунинг учун: «... композитордан бошқа Берлиоз...» — деб қўйишга тўғри келди.

Иван бу икки Берлиоз билан қийналиб кетиб, ҳамма ёзганларини чизиб ташлади. Ўқувчи диққатини бошланишдан ўзига тортиб олиш учун жуда таъсирли, кучли сўзлардан бошламоқчи бўлди-ю, трамвайга чиққан мушук ҳақида ёзиб, шундан кейин узилган калла эпизодига ўтди. Узилган бош ва консультантнинг башорати унинг миясида Понтий Пилат ҳақидаги фикрларни уйғотди, шунда Иван, яна ҳам ишончлироқ бўлиши учун прокуратор ҳақида эшитганларини батафсил баён қилишга аҳд қилди.

Иван тиришқоқлик билан ишларкан, ёзганларини чизиб ташлар, янги сўзлар киритар, ҳаттоки Понтий Пилатнинг, ундан кейин орқа оёқларида турган мушукнинг расмини ҳам чизишга уриниб кўрди. Бироқ расмлар ҳам ёрдам бермади — шоирнинг аризаси тобора чигаллаша, ғализлаша борди.

Қирралари жимирловчи мудҳиш булут яқинлашиб колиб, қарағайзор устини буркаган ва кучли шамол турган пайтда Иван ўзининг ҳолсизланганини, ариза ёзишни эплолмаслигини ҳис қилди-ю, шамол учириб юборган варақларини ердан йиғиштириб ҳам ўтирмай, алам билан товушсиз йиғлай бошлади.

Момақалдироқ пайтида оқкўнгил фельдшер аёл Прасковья Фёдоровна шоирдан хабар олгани кирди, кирдию унинг йиғлаб ўтирганини кўриб қўрқиб кетди ва чақмоқдан бемор чўчимасин деб дарпардани ёпди, ерда сочилиб ётган варақларни йиғиштириб, ғизиллаганча врач ҳузурига югурди.

Врач келиб, Иваннинг қўлига укол қилди, сўнг: энди бошқа йиғламайсиз, ҳозир ҳаммаси ўтиб кетади, ўзгаради, унут бўлади, деб унга таскин берди.

Врач тўғри айтган экан. Ҳадемай дарё ортидаги ўрмон аввалги қиёфасига кирди. Аввалги беғубор ҳолига қайтган мусаффо осмон остида ўрмондаги ҳар бир дарахт яққол кўзга ташлана бошлади, дарё ҳам тинч оқа бошлади. Укол қилишган заҳоти ғусса ҳам шоирни тарк эта бошлади, мана энди у ўз каравотида осмонга ёйилган камалакни бамайлихотир кузатиб ётарди.

Бу ҳол оқшомгача давом этди, у камалакнинг аста-секин ғойиб бўлганини ҳам, осмоннинг қути ўчиб, маҳзун бўлганини ҳам, ўрмоннинг қора тусга кирганини ҳам пайқамай қолди.

Иван қайноқ сут ичиб яна ўринга ётди, мулоҳазалари ўзгарганини ҳис қилиб, ўзи ҳам ҳайрон қолди. Шайтоннамо лаънати мушук ҳақидаги фикри майинлашди, узилган калла энди уни чўчитмас, шунга кўра, Иван буни хотирасидан фаромуш қилиб, энди, сира-сини олганда, бу шифохонада ётиш ҳечам ёмон эмас, Стравинский бамаъни ва машҳур одам, у билан мулоқотда бўлиш ниҳоятда кўнгилли, бунинг устига момақалдироқдан кейин оқшом ҳавоси ғоятда тотли ва тароватли бўларкан, деб ўйлай бошлади.

Ҳасрат уйи пинакка кетди. Сокин йўлаклардаги сирланган оқ лампалар ўчиб, улар ўрнига, қоидага кўра ҳаворанг тунги чироқлар ёнди, эшиклар ортида йўлакка тўшалган резина пояндоз устида оҳиста юрган фельдшер аёлларнинг оёқ товушлари тобора камроқ эшитила бошлади.

Энди Иван ширин ором олиб ётаркан, гоҳ шифтдаги абажур остидан майин шуъла сочаётган чироққа, гоҳ қора ўрмон ортидан бош кўтариб чиқаётган ойга нигоҳ ташлаб, ўзи билан ўзи суҳбатлашарди.
— Ўзи нега бунча қаттиқ ҳаяжонландима Берлиозни трамвай босиб кетганига? — деб мулоҳаза қиларди шоир. — Шунгаям ота гўри қозихонами? Нима, у менинг етти туғиб бир қолганиммиди? Агар бу масалани яхшилаб таҳлил қилинадиган бўлса, мен, ҳатто дурустроқ ҳам билмас эканман марҳумни. Дарҳақиқат, унинг тўғрисида нима билардим? Ҳеч нарса, агар унинг боши кал, тили жуда бурро эканлигини айтмасам. Ундан кейин, гражданлар, — Иван кимларгадир мурожаат қилганча гапини давом эттирди, — келинглар, бир нарсани ойдинлаштириб олайлик: қани, менга тушунтириб беринг-чи, нега энди мен анави бир кўзи ўлик ва қора шубҳали консультант, сеҳргар ва профессорга итдай ташландим ўзи? Шам ушлаб олиб ички иштонда уни орқасидан телбаларча қувишимнинг, ундан кейин, ресторанда кўрсатган бемаънигарчиликнинг нима кераги бор эди?
— Э, йўқ, йўқ, — деди аввалги Иван шоирнинг ё ичида, ё боши узра турган янги Иванга қатъият билан, — ҳар қалай, профессор Берлиознинг боши узилажагини олдиндан башорат қилдими? Демак, нега ҳаяжонланмаслик керак экан?
— Масала бошқа ёқда, ўртоқлар! — деб эътироз билдирди янги Иван аввалги Иванга. — Бунинг тагида қандайдир бир палидлик борлиги ҳатто гўдакка ҳам аён. Ўша консультант юз фоиз фавқулодда ва сирли шахс. Лекин энг қизиқ томони ҳам шунда-да! У Понтий Пилат билан шахсан таниш бўлган экан, бундан ҳам антиқароқ яна нима бўлиши мумкин? Патриарх кўли бўйида ғирт аҳмоқона ғалва кўтаргандан кўра ундан мулойимлик билан Пилат ва маҳбус Ҳа-Ноцри тўғрисида батафсил сўзлаб беришни илтимос қилинса, тўғри бўлмасмиди?

Мен бўлсам бошимга қаёқдаги ғалвани орттириб юрибман! Тўғри, журнал муҳарририни трамвай босиб кетгани — муҳим ҳодиса, албатта! Лекин нима, шу билан журнал ёпилиб қолармиди? Ҳай, илож қанча: одамзод ўлмай қолмайди, ҳатто тасодифан ҳам ўлиши мумкин, деб жуда ҳақ гап айтилган. Ҳай, жойи жаннатда бўлсин! Нима қипти, ўрнига бошқа муҳаррир тайинланади, эҳтимол, буниси яна ҳам сўзамолроқ бўлар.

Янги Иван бир оз мудраб олгач, эски Ивандан сўради:
— Хўш, бу вазиятда мен ким бўлдим?
— Аҳмоқ! — деди кимдир дўриллаган овозда аниқ қилиб, лекин бу на янги, на аввалги Иваннинг овози эди, балки консультантнинг йўғон овозига жудаям ўхшаб кетарди.

Лекин Иван «аҳмоқ» деган сўздан негадир ҳеч хафа бўлмади балки ҳатто хуштаажжуб билан жилмайиб кўйди-ю, кўзи илиниб жим бўлиб қолди. Иван пинакка кетаркан, кўз олдида танаси фил оёғини эслатувчи пальма дарахти кўринди, мушук оҳиста ёнидан ўтиб кетди — у қўрқинчли эмас, қувноқ кўринарди. Хуллас, Иванни эндигина уйқу элита бошлаган ҳам эдики, бирдан дераза панжараси товушсиз бир томонга сурилди ва балконда ўзини ой шуъласидан панага оли-га уринаётган сирли бир шахс пайдо бўлди, у Иванга бармоғи билан пўписа қилди. Иван асло қўрқмай каравотидан туриб, балконда бир эркак турганини кўрди. Бу эркак бармоғини лабига босиб пичирлади:
— Тссс!

Ўн иккинчи боб

Сеҳргарлик Ва Унинг Фош Этилиши

Бошига сариқ рангли тешик котелок-шляпа, эгнига катак шим, оёғига ялтироқ ботинка кийган, ноксимон бурни қип-қизил кичкинагина бир одам Варьете саҳнасига икки ғилдиракли оддий велосипед миниб чикди. У фокстрот садоси остида саҳнани бир марта айлангач, бурғи чалиб зафар наърасини тортган эди, велосипед орқа ғилдирагига туриб одди. Кичкина одам битта ғилдиракда бир оз саҳна айлангач, оёғини осмонга кўтариб, велосипедни қўли билан бошқара бошлади ва айни пайтда унинг олд ғиддирагини чиқариб олиб парда орқасига думалатиб юборди, сўнг велосипед тепкиларини қўли билан айлантирганча бир ғилдиракда юришни давом эттирди.

Шундан кейин эгнига трико ва ҳаммаёғига кумуш юлдузчалар ёпиштирилган юбка кийган, тўладан келган сариқ соч аёл бир ғилдиракли жудаям баланд велосипед миниб чиқиб, у ҳам саҳнада айлана бошлади. Кичкина одам бу аёл билан тўқпаш келганида боягадаги котелок-шляпасини оёғи билан ечиб, чинқириб саломлашарди.

Ниҳоят, саккиз ёшлардаги афти қаримсиқ бир бола автомобилнинг каттакон гудоги осилган қўшғилдиракли жажжигина велосипед миниб чиқиб, катталар оёғи остида ўралашиб, ғизиллаб юра бошлади.

Уччала артист саҳнада бир неча марта гир-гир айлангач, оркестрдаги барабаннинг ваҳимали садоси остида югуриб саҳна лабига келишган эди, биринчи қаторда ўтирган томошабинлар «воҳ», деб ўтирган ерларида орқага ташланишди, чунки одамларнинг назарида, уччала артист ҳам велосипедлари билан бирга оркестр жойлашган чуқурга йиқилиб тушаётгандай бўлиб туюлган эди.

Лекин артистлар, велосипедларининг олдинги ғилдираклари мусиқачилар устига қулагудек бўлган бир пайтда таққа тўхташди. Велосипедчилар «Ап!» дея қаттиқ қичқиришиб, ерга сакраб тушдилар, айни пайтда сариқ соч аёл томошабинларга ҳавойи бўса юборди, гўдак эса гудогини бибилатиб кулгили сигнал берди.

Гулдурос қарсаклар бинони ларзага келтирди, ҳаворанг парда саҳнанинг икки томонидан бир-бирига яқинлашиб келиб, велосипедчиларни кўздан яширди, эшиклар тепасидаги «чиқиш» деб ёзилган яшил чироқлар ўчди, гумбаз остидаги оппоқ шарсимон чироқлар ўргимчак инини эслатувчи гимнастика дорлари оралиғидан қуёшдек чарақлаб ёнди. Танаффус бошланган эди, шу танаффусдан сўнг томошанинг охирги бўлими бошланиши керак.

Велосипедчи Жуллилар оиласи намойиш қилган мўъжизага мутлақо қизиқмаган ягона одам Григорий Данилович Римский бўлди. У ёлғиз ўзи юпқа лабларини тишлаб кабинетида ўтираркан, чеҳраси дам-бадам асабдан тиришарди. Лиходеевнинг ғайритабиий тарзда ғойиб бўлгани етмагандай, энди ҳеч кутилмаганда администратор Варенуханинг йўқолиб қолгани ортиқча бўлди.

Римский унинг қаёққа кетганини биларди, аммо у шу кетганича... қайтиб келмади! Римский елкасини учириб-учириб қўяркан, ўзича пичирлади:
— Ахир қайси гуноҳим учун?!

Молия директоридек ишбилармон одам учун Варенуха кетган ерга қўнғироқ қилиб, унга нима бўлганини сўраб билишдан осон иш бўлмаса ҳам, таажжубки, у то кечки соат ўнгача ўзини бу нарсага мажбур қила олмади.

Соат ўнга борганда Римский ўзини ўзи мажбур қилиб, ниҳоят телефон трубкасини қулоғига тутди, тутди-ю телефоннинг гунг бўлиб қолганини билди. Курьер бинодаги бошқа телефонлар ҳам ишламаётганини хабар қилди. Албатта, кўнгилсиз, аммо унчалик ғайритабиий бўлмаган бу ҳол молия директорини, негадир, тамомила ҳангу манг қилиб қўйди, лекин айни пайтда хурсанд ҳам қилди: у қўнғироқ қилиш заруратидан фориғ бўлган эди.

Танаффусдан дарак берувчи қизил чироқ молия директорининг боши узра эндигина лип-лип ёна бошлаган эди, курьер кириб ажнабий артистнинг келганини хабар қилди. Негадир молия директори бу хабардан бир сесканиб тушди ва ўрнидан туриб, қовоғидан қор ёғгудек ўшшайганча, гастролёрни кутиб олгани парда орқасига йўл олди, чунки уни кутиб олиш учун Римскийдан бошқа ҳеч ким қолмаган эди.

Бир гуруҳ синчков одамлар: эгнига зарварақ шоҳи тўн кийиб, салла ўраган кўзбойлоқчилар, тўқима оқ куртка кийган коньки учувчию упа сепиб афтини оқарТирган баёнчи ва гримчилар йўлакда уймалашиб туришаркан, ҳар хил важ билан каттакон гримхонага мўралашарди.

Эгнига бичими ғоят антиқа ва ниҳоятда узун фрак кийиб, юзига фақат кўзларинигина беркитувчи қора ниқоб таққан машҳур артист ҳаммани ҳайратда қолдирди. Лекин бу сеҳргарнинг икки ҳамроҳи янада аломатроқ кўринди. Булар: эгнига катак камзул кийиб, кўзига шишаси дарз кетган пенсне таққан дароз одам билан хўппасемиз қора мушук эди — мушук гримхонага орқа оёқларида юриб кирди, бориб бемалол диванга ўтирди ва кўзларини сузиб грим столи ёнидаги яланғоч чироқчаларни кузата бошлади.

Римский ўзини жилмайишга мажбур қилиб (аммо у заҳарханда иршайди), диванда, мушукнинг ёнида гунг бўлиб ўтирган сеҳргар билан таъзим қилиб саломлашди. Қўл сиқиб кўришиш бўлмади. Лекин катак камзулли найнов: «Камина у кишининг ёрдамчисиман», деб ўзини танитди молия директорига. Бу вазиятдан молия директори яна нохуш таажжубланди: ахир шартномада ёрдамчи ҳақида ҳеч қандай сўз бўлмаган эди-ку.

Григорий Данилович, худди томдан тараша тушгандай, дабдурустдан пайдо бўлиб қолган бу катак камзулга мажбуран юзланиб, қуруққина сўради:
— Аппаратларингиз қаерда?
— О самовий олмосимиз, эъзозли жаноб директор, — қалтироқ овоз билан жавоб қилди сеҳргар ёрдамчиси, — бизнинг аппаратларимиз, ҳамиша ўзимиз билан бирга. Мана у! Эйн, цвей, дрей! — Шундай деб у Римскийнинг кўзи оддида ғадир бармоқларини айлантириб турди-да, бирдан унинг тугмалари қадалган камзули ичидаги нимчасининг чўнтагига солиниб, занжир билан тугма тешигига илинган олтин соатини занжири билан бирга мушукнинг қулоғи орқасидан олди.

Римский беихтиёр қўлини қорнига қўйди, бу мўъжизанинг шоҳиди бўлганлар ҳанг-манг бўлиб қолишди, эшик тирқишидан мўралаб турган гримчи эса мамнун бўлиб томоқ қириб қўйди.
— Сизнинг соатингизми? Марҳамат, олинг, — сурбетларча тиражйиб деди ёрдамчи ва эсанкираб қолган Римскийга унинг буюмини исқирт кафтида узатди.
— Бунақа одам билан трамвайга чиқсанг уйинг куяди, — деб қувноқ оҳангда пичирлади баёнчи гримчининг қулоғига.

Лекин мушук соат воқеасидан ҳам антиқароқ найранг кўрсатди. У тўсатдан ўрнидан турди, орқа оёқларида юриб, устига кўзгу ўрнатилган столча оддига борди, олд оёқлари билан графин қопқоғини олиб, стаканга сув қуйди, сувни ичиб бўлиб, яна қопқоқни ёпди-да, грим латтаси билан мўйловини артди.

Энди одамлар, оғизлари ланг очилганча, тиллари калимага келмай, серрайиб қолишди, гримчи эса завқ билан пичирлади:
— О, қойилман!

Шу чоқ қўнғироқ учинчи марта ваҳима билан чалинди ва жуда қизиқарли номерларни кўриш ниятида бўлган одамлар гримхонадан нари кета бошлашди.

Яна бир дақиқадан кейин томоша залидаги шарсимон чироқлар ўчди, саҳна оддидаги чироқлар ёниб, парда этагига қизғиш шуъла тушди, шунда эгнига эскирган кўйлак, ғижимланган фрак кийган, соқол-мўйлови олинган, худди гўдакдек хушчақчақ, тўладан келгаи бир одам парда олдида пайдо бўлди. Бу бутун Москвага довруғи кетган конферансье Жорж Бенгальский эди.
— Шундай қилиб, гражданлар, — деб гап бошлади Бенгальский, гўдакларга хос жилва билан, — ҳозир саҳнага чиқиш навбати... — шундай деб туриб Бенгальский ўз нутқини бўлди ва бошқача оҳангда гапира бошлади: — Бугун, учинчи бўлимда томошабинлар янаям кўпайган кўринади залда. Бугун бу ерга шаҳарнинг ярми йиғилган! Яқинда мен бир оғайнимни учратиб, унга: «Нега театримизга бормай қўйдинг? Кеча шаҳарнинг ярми йиғидди бизда», — деган эдим, у: «Мен шаҳарнинг иккинчи ярмида тураман!» — деб жавоб қилди. — Бенгальский гурра кулги кўтарилишини кутиб бир оз пауза қилди, лекин ҳеч ким кулмагач, гапини давом эттирди: — ... Шундай қилиб, ҳозир машҳур ажнабий артист месье Воланд сеҳргарлик сеансини сизларга намойиш қилади! Лекин сиз билан биз яхши тушунамизки, — шу ерга келганда Бенгальский донишмандона жилмайди, — сеҳргарлик ўзи дунёда йўқ нарса, у бидъат, холос, лекин маэстро Воланд кўзбойлоқчилик техникасини мукаммал ўзлаштирганки, бу нарса сеҳргарлик сеансининг энг қизиқарли қисмида, яъни сеҳргарлик техникасини фош этиш пайтида сизларга ойдинлашади, аммо бизлар техника ва унинг фош этилиши тарафдори бўлганимиз сабабли жаноб Волапдни саҳнага таклиф қиламиз!

Бенгальский шу тутуриқсиз нутқини жавраб бўлиб, икки кафтини бир-бирига чалиштирганча, парда оралиғига тиқиб силкий бошлаган эди, парда оҳиста шириллаб икки томонга очилди.

Сеҳргарнинг ўз дароз ёрдамчиси ҳамда орқа оёқларида юрувчи мушуги билан саҳнага чиқиб келиши халққа жуда манзур бўлди.
— Менга кресло қўйинг, — деб буюрди Воланд секингина, шу заҳотиёқ саҳнада қаёкдандир кресло пайдо бўлди-ю, сеҳргар унга бориб ўтирди, — айт-чи менга, азизим Фагот, — деб юзланди Воланд катак камзулли масхарабозга (чамаси, унинг «Коровьёв»дан бошқа ҳам исми бор бўлса керак), — сен нима дейсан, Москва нуфузи табиатида анча ўзгариш содир бўлган-а?

Сеҳргар креслонинг осмондан тушганини кўриб донг қотиб қолган оломонга қаради.
— Худди шундай, мессир, — оҳиста жавоб қилди Фагот-Коровьёв.
— Гапинг тўғри. Шаҳар аҳолиси зоҳиран жуда ўзгариб кетипти, айни пайтда, менимча, шаҳарнинг ўзи ҳам. Кийим-бошлар тўғрисида-ку гапирмаса ҳам бўлади, лекин мен... ҳалиги... нимайди... трамвай, автомобилларни назарда тутяпман.
— Автобусларниям, — илтифот билан илова қилди Фагот.

Халқ, бу суҳбат — сеҳргарликнинг муқаддимаси бўлса керак, деб ўйлаб, уни диққат билан тингларди. Саҳна орқасида артистлар, саҳна ишчилари ғиж-ғиж бўлиб кетган эди, уларнинг башаралари орасида Римскийнинг бўздай оқарган тажанг юзи ҳам кўзга ташланарди.

Саҳна ёнига туриб олган Бенгальскийнинг чеҳрасида таажжуб аломатлари пайдо бўлди. У бир қошини хиёл чимирди-да, паузадан фойдаланиб гапира бошлади:
— Хориждан келган артист, техника жиҳатидан ривожланган Москвамизга, шунингдек, Москва аҳолисига таҳсин ўқимоқда, — шундай деб Бенгальский икки марта: олдин партердагиларга, кейин галереяга қараб, жилмайди.

Воланд, Фагот ва мушук конферансье томонга ўгирилдилар.
— Нима, мен таҳсин ўқидимми? — сўради сеҳргар Фаготдан.
— Асло, мессир, сиз ҳеч кимга ҳеч қандай таҳсин ўқимадингиз, — деб жавоб қилди у.
— Бўлмаса, нима деб жавраяпти манави одам?
— У шунчаки ёлғон гапирди! — бутун театр эшитадиган янгроқ овоз билан деди катак камзулли ёрдамчи ва Бенгальскийга ўгирилиб илова қилди: — Табриклайман сизни, ёлғончи гражданин!

Галереяда кулги кўтарилди, Бенгальский бир сесканиб, кўзларини чақчайтирди.
— Лекин мени кўпроқ қизиқтирган ғоятда муҳим масала, албатта, автобуслар, телефонлар ва ҳоказолар.
— Аппаратлар! — дея эслатди катак камзул.
— Жудаям тўғри, миннатдорман, — деб йўғон овоз билан оҳиста гапида давом этди сеҳргар, — ... аппаратлар эмас, балки шаҳар аҳолисининг дохилан қанчалик ўзгарганлигидир!
— Ҳа, бу ниҳоятда муҳим масала, тақсир.

Саҳна орқасида турганлар бир-бирларига қараб қўйиб, таажжубда елка қиса бошладилар. Бенгальский лавлагидай қизариб, Римский докадай оқариб кетди. Лекин шу маҳал сеҳргар бошланиб келаётган ҳаяжонни ҳис қилди шекилли, бундай деди:
— Дарвоқе, азизим Фагот, гапга берилиб кетиб, буёқда халқни зериктириб қўйибмиз-у. Қани, бошланишига биронта одмироқ ҳунарингни кўрсатчи бизга..

Зал енгил тин олиб, бир қўзғалиб қўйди. Фагот билан мушук рампа* ёқалаб икки томонга кетишди. Фагот бармокдарини шақиллатганча:
— У, тўрт! — деб шўх қичқирди-да, ҳаводан бир даста қарта илиб олди, сўнг уни чийлаб туриб, узун лента қилиб мушукка узатди. Мушук уни илиб олиб, худди шу тарзда Фаготга қайтарди. Атлас қарта илондек вишиллади, Фагот оғзини худди полапондек очганча, бир даста қартани битта-биттадан ютиб юборди.

Шундан кейин мушук орқа ўнг оёғини судраб туриб, залга таъзим қилди ва гулдурос олқишга сазовор бўлди.
— Қойил! Бунақаси бўлмаган! — деб завқ билан қичқиришарди саҳна орқасида турганлар.

Фагот эса бармоғи билан партерга ишора қилиб деди:
— Энди, ҳурматли гражданлар, ҳалиги қарта еттинчи қаторда ўтирган гражданин Парчевскийнинг чўнтагида, гражданка Зельковага алимент тўлаш ҳақида суддан келган чақириқ қоғози билан битта уч сўмлик пул орасида.

Партерда ўтирганлар ғимирлаб, ўринларидан тура бошлашди. Ниҳоят, шу пайт таажжубдан қулоғигача қизариб кетган бир гражданин (унинг фамилияси ҳақиқатан ҳам Парчевский экан) ҳамёнидан қарта дастасини олиб, уни нима қилишни билмай, дам-бадам боши узра кўтара бошлади.
— Ўзингизга эсдалик бўлиб қолақолсин! — деб қичқирди Фагот. — Ахир сиз кеча кечқурун овқат пайтида, агар покер ўйини бўлмаганда Москвада бир кун ҳам яшай олмасдим, деб бекорга айтмовдингиз-ку.
— Алмисоқдан қолган найранг, — деди кимдир галереядан, — анави партердаги ўзларининг шериги бўлиши керак.
— Сиз шундай фикрдамисиз? — деб бақирди Фагот, галереяга кўзини сузиб қараркан. — Ундай бўлса, сиз ҳам бизга шериксиз, негаки қарта ҳозир сизнинг чўнтагингизда!

Галереяда ҳаракат бошланди, сўнг хурсанд бўлган овоз эшитилди:
— Тўғри! Шунда экан! Шу ерда, шу ерда... Тўхта! Ие, червон пулларку!

Партердагилар галерея томонга бошларини ўгиришди. У ерда бир гражданин ўз киссасидан банк усулида боғланиб, устига «бир минг сўм» деб ёзилган бир даста пул топиб ҳанг-манг бўлиб қолган эди.

Атрофида ўгирганлар унинг устига ёпирилишди, у эса пуллар ростакаммикин ё сеҳрли қоғозлармикин деб даста пул устидаги қоғозни тирноғи билан йиртишга уринарди.
— Азбаройи худо, ростакам пул! Червон пуллар! — деб қичқиришди галереядан қувончли овозлар.
— Мен билан ҳам шунақа ўйин ўйнанг, — деб кулди партернинг ўрталарида ўтирган бир бақалоқ одам.
— Авек плезир! — деди Фагот. — Нега энди фақат сиз билан? Ҳамма фаол иштирок этади бу ўйинда! — кейин команда бера бошлади: — Ҳамма юқорига қарасин!.. Бир! — шу чоқ унинг қўлида пистолет пайдо бўлди, сўнг: — Икки! — деб қичқирди. Пистолетнинг оғзи осмонга қаради. — Уч! — деб қичқирган эди, ўт чақнаб, «пақ» этган овоз эшитилди-ю, гумбаз остидан, ҳар ёққа тортилган сим ва арқон дорлар орасидан залга оқ қоғозлар ёға бошлади.

Қоғозлар гир-гир айланиб учар, баъзилари галереяга, баъзилари оркестр жойлашган ерга, ҳатто саҳнага ҳам учиб тушар эди. Бир неча сониядан кейин томошабинлар устига пул лайлакқордек гупиллаб ёға бошлади, одамлар туриб кетиб, пулларни илиб ола бошладилар.

Юзлаб қўллар ҳавога кўтарилди, томошабинлар ўзлари илиб олган қоғоз пулларни чароғон саҳна томонга қараб, кўзларига яқин олиб боришар, уларда ҳақиқий сувли белгилар борлигига, яъни пулларнинг ростакам эканлигига ишонч ҳосил қилишарди. Пулларнинг ҳиди ҳам ҳеч қандай шубҳа уйғотмасди: бу — фақат эндигина босмадан чиққан пулларгагина хос бўлган жозибали ҳид эди. Бутун театрни авалига шодлик, сўнг ҳайрат туйғуси қамраб олди. Ҳаммаёқдан: «Червонлар, ҳақиқий червон пуллар», — деган сўзлар, «вой, вой-бў» — деган ундовлар ва қувноқ кулги гувиллаб эшитиларди. Баъзи бировлар креслолар остига тушган пулларни қидириб қаторлар орасида эмаклай ҳам бошлаган эди. Кўпчилик ўтирғичлар устига чиқиб олиб, ҳар томонга шох ташлаб, пирпирак бўлиб учиб тушаётган қоғоз пулларни илишга ҳаракат қиларди.

Милиционерлар борган сари кўпроқ ҳайратга кела бошлашди, артистлар эса энди парда орқасидан бемалол мўралай бошлашганди.

Бельэтаждан*: «Нега чанг соласан? Бу меники! Мен томонга учиб тушаётувди!» — деган овоз ва унга жавобан: «Туртма мени, агар мен сени туртсам, онангни кўрасан!» — деб бақирган бошқа овоз эшитидди. Сўнг бирдан шапалоқ овози келди. Шу заҳоти бельэтажда милиционер қалпоғи пайдо бўлиб, у ердан кимнидир олиб чиқиб кетишди.

Хуллас, одамларнинг ҳаяжони тобора ортиб борарди, агарда Фагот ҳавога бир пуфлаб пул ёғинини таққа тўхтатмаганида борми, охири нима бўлишини билиб бўлмасди.

Иккита ёш йигит маънодор ва шўх кўзларини уриштириб олиб, ўринларидан туришди-ю, тўппа-тўғри буфетга йўл олишди. Театр мисоли ари уяси эди, томошабинларнинг кўзлари асабий чақнарди. Ҳа, дарҳақиқат, бу машмашанинг оқибати нима бўлишини ҳеч ким айта олмас эди — агар Бенгальский ўзини қўлга олиб, жойидан қўзғалмаганида. У ўзини яхшилаб тутиб олишга уриниб, одати бўйича кафтларини бир-бирига ишқади ва овозини мумкин қадар жарангдор қилиб деди:
— Шундай қилиб, гражданлар, ҳозир сиз билан биз оммавий гипноз дейилувчи воқеанинг шоҳиди бўлдик. Бу — сеҳргарликда ҳеч қандай мўъжиза йўқлигини жуда аниқ исботловчи соф илмий тажриба. Энди маэстро Воланддан мазкур тажрибани фош қилишларини илтимос қиламиз. Ҳозир, гражданлар, сиз ана шу пул бўлиб кўринган қоғозларнинг қандай пайдо бўлган бўлса, шундай зумда ғойиб бўлишини ўз кўзингиз билан кўрасиз.

Шундай деб у чапак чала бошлади, лекин унга биронта ҳам одам жўр бўлмади, у чапак чалаётганида чеҳрасида ишончли табассум ўйнаган эди, аммо кўзларида ишончдан асар ҳам йўқ эди, унинг кўзлари кўпроқ илтижони ифодаларди.

Бенгальский нутқи халққа ёқмади. Бутун зал шундай теран сукутга толдики, уни фақат катак камзулли Фагот бузди.
— Буям яна, ҳали айтганимиздек, ёлғончилик намунаси, — деди у таканики сингари қалтироқ ва шанғи овоз билан. — Бу қоғозлар, гражданлар, ҳақиқий пуллардир!
— Браво! — деб бўкирди бир йўғон овоз юқоридан.
— Сирасини айтсам, бу одам, — деб Фагот Бенгальскийни кўрсатди, — жонимга тегди. Ҳамма нарсага тумшуғини тиқяпти, қалбаки луқмалари билан сеансга путур етказяпти! Нима қилсак бўларкина буни?
— Калласини олиш керак! — деди галереядан туриб кимдир ғазаб билан.
— Нима дедингиз? Лаббай? — Фагот шу заҳоти илиб кетди бу ярамас таклифни. — Калласини олиш керак? Доно фикр! Бегемот! — деб бақирди у мушукка. — Бажар! Эйн, цвей, дрей!

Шунда мутлақо кутилмаган ҳол юз берди. Қора мушукнинг туклари тиккайди, у мудҳиш овоз билан миёвлади. Кейин ғужанак бўлиб туриб тўғри Бенгальскийнинг кўксига қоплондек сапчиди-да, унинг бошига сакраб чикди. Мушук хириллаганча момиқ панжалари билан конферансьенинг сийрак сочларини чангаллаб олди ва ваҳшиёна чинқирганча бошини икки марта бураб, йўғон бўйнидан узиб олди.

Театрдаги икки ярим минг одам бараварига чинқириб юборди. Бенгальский узилган бўйнидаги томирларидан қон тизиллаб отила бошлади, унинг манишкаси , фраки қонга бўялди. Залдан аёлларнинг жонҳолатда чинқирганлари эшитилди. Мушук узилган бошни Фаготга берди, у эса бошнинг сочидан ушлаб, уни халққа кўрсатди, шунда бош жон аччиғида бутун театрни бошга кўтариб бақирди:
— Доктор чақиринглар!
— Бундан кейин ҳам тутуриқсиз гапларни жаврайсанми? — дағдаға билан сўради Фагот йиғлаётган бошдан.
— Бошқа қилмайман! — деб хириллади бош.
— Худо ҳаққи, қийнаманг уни! — ложадан аёл кишининг ғоятда ўткир чинқириғи эшитилди, сеҳргар шу овоз келган томонга юзини ўгирди.
— Хўш, гражданлар, кечирамизми буни? — сўради Фагот залга юзланиб.
— Кечирилсин! Кечирилсин! — аввалига кўпроқ аёлларнинг айрим-айрим овозлари эшитилди, кейин эса эркаклар ҳам уларга жўр бўлиб баравар қичқира бошлашди.
— Сизнинг фикрингиз, мессир? — сўради Фагот ниқоб таққан сеҳргардан.
— Хай, нима ҳам деймиз, — ўйчанлик билан деди у, — булар — одамзод ахир. Пулни яхши кўришади, лекин ўзи ҳаммавақт шундай бўлган-ку... Бутун инсоният пулни яхши кўради, у нимадан ясалган бўлмасин — териданми, қоғозданми, бронзаданми, олтинданми — бари бир. Чунки улар енгилтак хилқатлардир... Хай, начора... уларнинг қалбларида баъзан шафқат туйғулари ҳам уйғониб қолади... оддий бандалар... умуман, қадимги одамларга ўхшаб кетишади булар ҳам... фақат уй-жой масаласи одамгарчиликдан чиқарибди! — Сўнг баланд овоз билан буюрди: — Бошини ўрнига жойлаштиринг.

Мушук яхшилаб мўлжаллаб туриб бошни бўйинга қўндирди, оқибат, калла ҳеч қачон танасидан ажралмагандай, ўз ўрнига пухта жойлашди. Энг муҳими, бўйиннинг узилган ерида ҳеч қандай чандиқ изи қолмади. Мушук Бенгальскийнинг фраки ва манишкасини панжаси билан елпиган эди, улардаги қон доғидан асар ҳам қолмади, Фагот ерда ўтирган Бенгальскийни оёққа турғазди, фракининг киссасига бир даста пул солиб қўйиб, уни саҳнадан чиқариб юбораркан, деди:
— Қани, туёғингизни шиқиллатинг! Қайтага сизсиз яхшироқ вақтичоғлик қиламиз.

Конферансье атрофга безрайиб қараб, гандираклаганча бир амаллаб ўт ўчирувчи постига етиб борди, лекин шу ерга етганда аҳволи оғирлашди. У аянчли чинқирди:
— Вой бошим, бошим!

Унинг олдига бошқалар қатори Римский ҳам югуриб борди. Конферансье йиғлар, қўллари билан ҳавода бир нимани ушламоқчи бўлар ва ғўлдирарди:
— Бошимни беринглар! Бошимни қайтариб беринглар! Майли, квартирамни, суратларимни олинглар, фақат бошимни қайтариб берсанглар бўлгани!

Курьер врач чақиргани югурди. Бенгальскийни гримхонадаги диванга ётқизмоқчи бўлишувди, у одамларни силтаб, тепиб тўполон қила бошлади. Извош чақиришга тўғри келди. Бахтиқаро конферансьени олиб кетишгандан кейин Римский яна саҳна томон югуриб, у ерда янги мўъжизалар содир бўлаётганини кўрди. Ҳа, айтгандай, шу маҳалми ё бундан сал олдинроқми, ҳарҳолда сеҳргар ўзи ўтирган эски кресло билан бирга саҳнадан ғойиб бўлган, аммо шуни айтиш керакки, Фагот саҳнада намойиш қилаётган ғайриоддий нарсаларга маҳлиё халқ Воланднинг ғойиб бўлганини мутлақо пайқамаган эди.

Фагот эса жабрланган конферансьени чиқариб юборгач халққа шундай деган эди:
— Мана энди, анави хира пашшадан қутулганимиздан кейин, келинглар, аёллар магазинини очамиз!

Шу заҳотиёқ саҳна саҳнига эроний гиламлар ёйилди, икки биқинидан трубкасимон оч-яшил чироқлар билан ёритилган катта-катта тошойналар ва улар оралиғида витриналар пайдо бўлди, шодиёна ҳайратга келган томошабинлар ва витриналарда Парижда тикилган турли ранг ва бичикдаги аёллар кўйлакларини кўришди. Бу кўйлаклар битта витринага жойлашган бўлса, бошқаларида аёлларнинг ҳар хил: пат қадалган ва патсиз, тўқали ва тўқасиз юзлаб шляпалари, шунингдек, қора, оқ, сариқ рангдаги, чармдан, атласдан, майин чармдан тикилган, тасмали ва тугмали беҳисоб туфлилар пайдо бўлди. Шу туфлилар орасида қутичаларда чироқ шуъласида товланувчи биллур атир шишачалар. Кийик терисидан, духоба чармдан, шоҳидан тикилган тоғ-тоғ сумкачалар, улар орасида зарб қилинган, чўзинчоқ олтин ғилофчаларда лаб бўёқлари.

Шу пайт қай гўрдандир пайдо бўлган, эгнига анжуманбоп қора либос кийган, бўйнидаги ғоят аломат чандиғи бўлмаса, чинакам соҳибжамол кўринувчи малласоч қиз витриналар олдида туриб, шу ернинг бекаси сифатида табассум қилди.

Фагот ширингина жилмайиб, парижча фасондаги бу кўйлаклару пойабзални фирма, сиз — аёлларнинг кийилган, эски кўйлакларингиз, пойабзалларингизга айирбошлайди, деб эълон қилди. Сумкачалар, атир ва бошқа буюмлар тўғрисида ҳам шундай айирбошлаш бўлишини илова қилди..

Шу пайт мушук орқа оёқларини бир-бирига уриб, айни чоғда олдинги оёқлари билан эшикоғасига хос ҳаракат қилди.

Қиз эса анчагина мужмал, аммо партердаги аёлларнинг чеҳрасига қараганда кишини васвасага солувчи бир қўшиқни чучук тил билан хириллаб, аммо ширин қилиб куйлади:
— Херлэн, Шанель номер беш, Мицуко, Нарсис Нуар, анжуман кўйлак, коктейль кўйлак...

Фагот эгилиб-букилар, мушук таъзим қилар, қиз ойнаванд витриналарни очарди.
— Марҳамат! — деб шанғилларди Фагот. — Ҳеч тортинмасдан, такаллуфсиз келаверинглар!

Халқ безовта бўла бошлади, лекин ҳозирча саҳнага чиқишга ҳеч ким журъат этмади. Бироқ мана, қорачадан келган бир аёл партернинг ўнинчи қаторидан турди ва ҳеч қанақа гап-сўзга парво қилмайдиган одамдек жилмайиб, ён томондаги зиначадан саҳнага чикди.
— Браво! — деб қичқирди Фагот. — Энг биринчи меҳмонни қутлайман! Бегемот, кресло! Пойабзалдан бошлаймиз, мадам.

Аёл креслога ўтирди. Фагот шу заҳоти аёлнинг оёғи остига, гиламга олам-жаҳон туфлиларни тўкиб ташлади.

Қорасоч аёл ўнг оёғидаги туфлини ечиб, оч бинафша ранг туфлини кийиб кўрди, гиламда туриб, пошнасини босиб кўрди.
— Оёғимни сиқмасмикин? — ўйчанлик билан сўради аёл.

Бунга жавобан Фагот ранжиб деди:
— Йўғ-э, нима деяпсиз? — мушук ҳам хафа бўлиб миёвлаб қўйди.
— Мен олдим шу туфлини, мосье, — деди қорасоч аёл виқор билан ва иккинчи оёғига ҳам туфли кия бошлади.

Аёлнинг эски туфлилари парда орқасига отиб юбоилди, унинг ўзи ҳам малласоч қиз ва Фаготнинг кузатувида ўша томонга йўл олди; Фагот елкасига бир нечта модали кўйлакларни ташлаб олган эди. Мушук югуриб-елиб кўмаклашар, савлатлироқ бўлсин учун бўйнига сантиметр осиб олган эди.

Яна бир дақиқадан кейин қорасоч аёл парда орқасидан шундай антиқа кўйлакда чиқиб келдики, буни кўриб бутун партер бирваракайига хўрсинб юборди. Энди ниҳоятда дилбар бўлиб кетган довюрак аёл тошойна қаршисида туриб, яланғоч елкаларини учирди, энсасидаги сочига оҳиста қўлини теккизиб қўйди ва ўзининг орқа томонини кўзгуда куриш мақсадида буралиб қарай бошлади.
— Фирмамиз ушбуни эсдалик учун қабул қилишингизни сўрайди, — деди Фагот ва қорасоч аёлга атир шиша ўрнатилган қопқоғи очиқ қутича узатди.
— Мерси, — деди аёл виқор билан ва зинадан тушиб партер сари юра бошлади. У борар экан, йўл-йўлакай томошабинлар ўринларидан туриб, қутичани ушлаб кўришарди.

Шу пайт бирдан ўпқон очилдию, залнинг ҳам-маёғидан аёллар саҳна томон оқа бошладилар. Оломоннинг ҳаяжонли ғовур-ғувури, кулгиси ва оҳу воҳлари орасидан бир эркакнинг: «Саҳнага чиқишингга йўл қўймайман!» — деган овози ва аёл кишининг унга: «Золим ва мешчан эр, қўлимни қайирманг!» — деб чинқиргани эшитилди. Аёллар парда орқасига ўтишар, у ерда ўз либосларини қолдириб, янгисини кийиб чиқишарди. Заррин оёқли курсиларда қатор тизилишиб ўтириб, оёқларига лойиқ туфлиларни кийиб кўришарди. Фагот тиз чўкиб олиб, қўлидаги шохдан ясалган қошиқ билан аёлларга кўмаклашар, ҳаллослаганча қучоқ-қучоқ сумкачалар ва туфлиларни витринадан курсилар турган ерга олиб келар, қайтариб олиб кетарди, бўйнида чандиғи бор ойимқиз эса гоҳ пайдо бўлар, гоҳ яна ғойиб бўларди, энди у бора-бора буткул французча жаврай бошлаган эди, аммо энг қизиғи шундаки, ҳамма аёллар, ҳаттоки битта ҳам французча сўзни билмайдиган аёллар ҳам, унинг сўзларини энди гапи тугамасданоқ тушуниб олардилар.

Аёллар орасида суқилиб саҳнага чиқиб олган бир эркак ҳаммани ҳайрон қолдирди. У хотини грипп бўлиб уйда ётганини, шу сабабли ўзи орқали хотинига бирон нима бериб юборишларини сўради. Бу гражданин, ҳақиқатан ҳам хотини борлигини исботлаш учун, паспортини кўрсатишга ҳам тайёр эди. Ғамхўр эрнинг бу баёнотини халқ қаҳ-қаҳ уриб қарши олди, Фагот паспортсиз ҳам сизга ўзимга ишонгандай ишонаман деб шанғиллади-да, эркакка икки жуфт ипак пайпоқ тутқазди, мушук эса сийловига бир қутичада лаб бўёқ берди.

Кечиккан аёллар саҳнага отилишар, айни пайтда бал кўйлаклари, аждар гулли пижамалар, сипо ташриф либослари, бир қошга бостирилган шляпалар кийган бахтиёр аёллар саҳнадан тизилишиб тушиб келишарди.

Шу пайт Фагот, вақт кеч бўлгани сабабли яна бир дақиқадан кейин магазин эртага кечқурунгача ёпилади, деб эълон қилган эди, саҳнада ғайри тавсиф бесаранжомлик бошланди. Аёллар оёқларига кийиб ҳам кўрмасдан туфлиларга апил-тапил чанг сола бошлашди. Бир аёл саҳна орқасига нақ бўрондек учиб кириб, эгнидаги кийимини шартта ечиб ташлади-ю, қўлига илинган биринчи либосга — парча-парча гулли шойи халатга чанг солди, бундан ташқари, яна икки шиша атирни ҳам илиб кетди.

Роса бир дақиқадан кейин пистолетдан ўқ узилиб, тошойналар ғойиб бўлди, витрина ва курсилар қаёққадир чўкди, гилам ҳам, дарпардалар ҳам ҳавода эриб йўқ бўлди. Энг охирида тоғ-тоғ бўлиб уйилиб ётган эски кўйлаклару пойабзаллар ғойиб бўлди ва саҳна яна аввалги бўм-бўш ҳувиллаган ҳолига кирди.

Ана шунда орага янги персонаж аралашди.

Иккинчи ложадан бир хушовоз эркакнинг ёқимли ва жарангдор овози эшитилди:
— Ҳар қалай, гражданин артист, ҳозирнинг ўзида фокусларингизнинг техникасини, айниқса қоғоз пул борасидаги фокусингизни томошабинларга фош қилишингизни истардик. Шунингдек, яна, конферансьени саҳнага қайтарсангиз яхши бўларди. Унинг тақдири томошабинларни ҳаяжонга солмоқда.

Бу хушовоз томошабин бугунги томошанинг фахрий меҳмони, Москва театрлари акустика комиссиясининг раиси кимсан — Аркадий Апполлонович Семплеяров эди.

Аркадий Апполонович ложада икки аёл билан ўтирарди: уларнинг бири — мода бўйича ва қимматли кийим кийган, анча ёшга бориб қолган, иккинчиси — одмигина кийинган ёш ва кўҳликкина эди. Кейинроқ протокол тузилган пайтда маълум бўлдики, биринчи аёл Аркадий Апполоновичнинг хотини, иккинчиси эса — унинг узоқ қариндоши бўлиб, у Саратовдан келган ва ҳозирги пайтда шу Семплеяровларнинг квартирасида яшаб турган келажаги порлоқ ёш актриса экан.
— Пардон! — деб жавоб қилди Фагот. — Мени авф тгасиз, бунинг ҳеч қандай фош қиладиган томони йўқ, хаммаси тушунарли.
— Йўқ, кечирасиз! Фош этиш шарт. Шусиз бу ажойиб номерларингиз дилда оғир асорат қолдиради. Томошабин аҳли изоҳ талаб қилади сиздан.
— Томоша аҳли, — деб сурбет масхарабоз Семплеяровнинг сўзини бўлди, — ҳеч нима талаб қилгани йўқ шекилли? Аммо, сизнинг мўътабар истагингизни эътиборга олиб, Аркадий Апполонович, майли, мен фош қиламан. Лекин ундан олдин яна битта кичкинагина номер кўрсатишга ижозат берсангиз!
— Бемалол, — жавоб қилди Аркадий Апполонович мурувват кўрсатиб, — аммо охирида албатта фош қилиш бўлсин.
— Бош устига, бош устига. Шундай қилиб, қани, саволимга жавоб беринг-чи, кеча кечқурун қаерда эдингиз, Аркадий Апполонович?

Мана шу ноўрин, ҳатто таҳқирона деса ҳам бўлади, саволни эшитган Аркадий Апполоновичнинг чеҳраси ўзгарди, ўзгаргандаям жуда ёмон ўзгариб кетди.
— Аркадий Апполонович кеча кечқурун акустика комиссиясининг мажлисида эди, — дея баёнот берди унинг хотини ўта такаббурлик билан, — аммо бунинг сеҳргарликка нима алоқаси бор, тушунмадим.
— Уй , мадам, — деб таъкидлади Фагот, — тушунмаётганингиз табиий ҳол. Мажлис масаласида сиз мутлақо гумроҳсиз. Аркадий Апполонович, ўша сиз айтган, аслида эса кеча бўлмаган, мажлисга жўнаб кетгач, Чистие пруди яқинидаги акустика комиссиясининг биноси оддида ўз шофёрига жавоб бериб юборган (бутун зал сув қуйгандек жим бўлиб қолди), ўзи эса автобусда Елоховская кўчасига, район сайёр театрининг артисткаси Милица Андреевна Покобатьконикига меҳмонга борган ва у ерда тўрт соатча меҳмон бўлиб қолган.

Шу теран сукутда кимнингдир изтиробли нидоси эшитидди:
— Вой! —

Аркадий Апполоновичнинг ёш қариндоши бирдан дўрилловчи даҳшатли овоз билан хахолаб юборди.
— Гап буёқда экан-да! — деди у, — ўзимам кўпдан шубҳа қилиб юрардим буни. Луиза роли нима сабабдан ўша ношудга берилгани мана энди ойдинлашди менга!

Шундай деб туриб у бирдан қўлидаги калта дастали бинафшаранг йўғон зонти билан Аркадий Апполоновичнинг бошига аямай туширди.

Ярамас Фагот, яъни Коровьёв эса бақирди:
— Мана, муҳтарам гражданлар, Аркадий Апполонович қўярда-қўймай талаб қилган фош қилиш ҳодисаларидан бири!
— Аркадий Апполоновичга қўл кўтаришга қандай ҳаддинг сиғди, манжалақи? — деб дағдаға қилди Аркадий Апполоновичнинг хотини маҳобатли қаддини тиклаб ўрнидан тураркан.

Қариндош жувон яна бир марта иблисона қаҳ-қаҳ уриб кулди.
— Бошқаларнинг ҳадди сиғмасаям, — деб жавоб қидди хахолаганча, — менинг ҳаддим сиғади қўл кўтаришга! — Шунда иккинчи марта «қарс» этган товуш эшитидди — аёлнинг зонти Аркадий Апполоновичнинг бошига урилиб коптокдек сакраган эди.

Шунда Семплеяровнинг хотини:
— Милиция! Қамоққа олинглар буни! — деб шундай даҳшатли шанғилладики, кўпчилик одамларнинг юраги «шув» этиб кетди.

Бунинг устига мушук ҳам саҳна олдига отилиб чиқиб, бутун театрни бошига кўтариб бирдан одамзод овози билан бақирди:
— Сеанс тамом! Маэстро! Маршни дўндиринг! Эс-ҳушини йўқотиб қўйган дирижёр ўзининг нима қилаётганини тушунмай, дирижёрлик чўпини силкиди ва оркестр қандайдир ғайритабиий бениҳоя одобсиз бир маршни чалмади, гумбурлатмади, балки мушукнинг разилона ибораси бўйича — дўндирди...

Лекин энг муҳими бу эмас, балки шу воқеалардан кейин Варьетеда қиёмат қойим бошлангани бўлди. Милиционерлар Семплеяровлар ўтирган ложа томон югуриб кетишди, томошаталаблар ложа тўсиғидан ошиб ўтмоқчи бўлишар, мудҳиш қаҳқаҳа, ваҳшиёна бақириқлар ва буларнинг ҳаммасини босгудек бўлиб оркестрдаги мис зилнинг жаранги янграрди.

Худди шу пайтда саҳна бирдан бўм-бўш бўлиб қолди, боя жанда эскирган креслода ўтирган сеҳргар шу кресло билан бирга қандай ғойиб бўлган бўлса, энди Фагот билан сурбет мушук Бегемотнинг бир дам солиши билан вужудга келган нарсалар ҳам шундай ғойиб бўлган эди.

Ўн учинчи боб

Қаҳрамоннинг Пайдо Бўлиши

Шундай қилиб, бегона одам Иванга бармоғи билан пўписа қилиб, пичирлади: «Тсс!»

Иван каравотдан оёғини тушириб ўтириб, унга тикилиб қаради. Ўттиз саккиз ёшлардаги соқол-мўйлови олинган, қора сочи пешанасига тушиб турган, қиррабурун, кўзлари бежо одам балкондан оҳиста мўр алаётганди.

Бу ғалати меҳмон Иваннинг ёлғизлигига ишонч ҳосил қилгач, ташқарига бир оз қулоқ солиб турди-да, охири хонага киришга журъат этди. Шундагина Иван унинг касалхона кийимида эканлигини кўрди. У эгнида ички кўйлак-иштон, сарпойчан оёғига туфли кийиб, елкасига қўнғирранг халат ташлаб олган эди.

Меҳмон Иванга кўз қисиб қўйиб, қўлидаги бир шода калитни чўнтагига солиб қўйди-да: «Ўтирсам майлими?» — деб сўради, Иван бош ирғатиб рози бўлгач, креслога ўтирди.
— Бу ерга қандай кирдингиз? — Иван меҳмоннинг қоқ суяк бармоғи пўписасига риоя этиб, пичирлаб сўради. — Балкон панжараси қулфлоғлиқ эди-ку!
— Панжара-ку қулфлоғлиғ-а, — деди меҳмон, — лекин Прасковья Фёдоровна, гарчи кўп латофатли аёл бўлса ҳам, ўта паришонхотир. Бундан бир ой олдин унинг бир шода калитини ўғирлаб олганман, шундан бери биринчи қаватнинг гир айлана балконларига чиқишга, баъзан эса қўшниларим билан учрашиш имконига эга бўлдим.
— Баски балконга чиқа оларкансиз, қочиб кетишингиз ҳам мумкин-ку. Ё баландми жуда? — қизиқсиниб сўради Иван.
— Йўқ, — қатъий жавоб қилди меҳмон, — мен бу ердан қочиб кетолмайман — балкон баланд бўлгани учун эмас, борадиган ерим йўкдиги учун кетолмайман. — У бир оз сукутдан сўнг илова қилди: — Шундай қилиб, ётибмиз денг?
— Ётибмиз, — жавоб қилди Иван келган одамнинг ғоятда бежо, тимқора кўзларига тикилиб қараркан.
— Ҳа-я... — деди меҳмон бирдан безовталаниб. — Ҳарҳолда, сиз ашаддийлардан эмасдирсиз-а? Сўрашимнинг боиси, биласизми, мен шовқинни, жанжални,қийноқни ва шунга ўхшаш нарсаларни сира ёқтирмайман. Айниқса, мен учун одамзоднинг қичқириғи (хоҳ у изтироб, нафрат ё бошқа ҳолат қичқириғи бўлсин, барибир) манфурдир. Кўнглимга таскин бериб, айтинг, сиз ашаддийлардан эмассиз-а?
— Кеча ресторанда биттасининг тумшуғини бежаб қўйдим, — деб мардона тан олди янги қиёфага кира бошлаган шоир.
— Сабаб? — қатъий оҳангда сўради меҳмон.
— Очиғини айтсам, бесабаб, — деди Иван хижолат бўлиб.
— Уят, — дея койиди меҳмон ва илова қилди: — Ундан кейин, нега унақа беадаб гап қиласиз? «Тумшуғини бежаб қўйдим». Одамда тумшуқми ё юзми — маълум эмас-ку. Ҳар қалай, тумшуғи эмас, юз бўлса керак. Бинобарин, мушт ишлатиш... Йўқ, сиз бутунлай ташланг бу ишингизни.

Меҳмон Иванга шу тарзда танбеҳ бериб бўлиб, сўради:
— Касбингиз?
— Шоирман, — негадир истар-истамас бўйнига одди Иван.

Меҳмоннинг таъби тирриқ бўлди.
— Оббо, ҳеч омадим юрмади-юрмади-да! — деб юборди у, лекин шу заҳоти ҳушини йиғиб олиб, узр айтди ва сўради: — Фамилиянгиз нима?
— Бездомний.
— Эҳ, аттанг... — деди меҳмон афтини бужмайтириб.
— Нима, шеърларим сизга ёқмайдими? — қизиқсиниб сўради Иван.
— Мутлақо ёқмайди.
— Қайси шеърларимни ўқигансиз?
— Ҳеч қанақа шеърингизни ўқимаганман! — деди меҳмон асабийлашиб.
— Бўлмаса нега ундай дедингиз?
— Десам, нима бўпти, — жавоб қилди меҳмон. — Нима, умримда шеър ўқимабманми? Эҳтимол... сизники истиснодир? Яхши, сўзингизга ишонишга тайёрман. Ўзингиз айта қолинг: шеърларингиз яхшими?
— Ғирт тутуриқсиз шеърлар! — бирдан дадил ва дилдан эътироф этди Иван.
— Бошқа ёзманг! — деб илтимос қилди меҳмон ёлворувчи оҳангда.
— Онт ичиб ваъда бераман! — тантанали оҳангда деди Иван.

Онтни қўл сиқишиб тасдиқлашди, шу пайт йўлак-дан сассиз оёқ товуши ва ғўнғир-ғўнғир овозлар эшитилди.
— Тсс, — пичирлади меҳмон ва «лип» этиб балконга чиқиб, панжарани суриб ёпди.

Эшикдан Прасковья Фёдоровна мўралаб, Ивандан ҳол-аҳвол сўради, сўнг ундан, қоронғида ухлашни хоҳлайсизми, ё ёруғдами, деб сўради. Иван чироқни ўчирмасликни илтимос қилди, шундан кейин Прасковья Ивановна беморга яхши туш кўришни тилаб, бу ердан узоқлашди. Ҳаммаёқ сукутга чўмди, шунда меҳмон яна хонага кирди.
— 119-хонага бақ-бақалоқ, икки юзи қип-қизил янги бир беморни ётқизишди, — деди у пичирлаб. — Қизиқ, у нуқул вентиляция туйнугига қўйилган аллақандай валюталар ҳақида, яна Садовая кўчасидаги ўзи яшаб турган уйни жинлар маскан қилиб олгани ҳақида лаби-лабига тегмай жавраб ётипти. Пушкинни бўралаб сўкяпти денг, кейин икки гапнинг бирида: «Куролесов, бис-бис!» — деб бақириб қўяди денг.

У ҳаяжонланганидан бир сесканиб қўйди. Кейин кўнгли бир оз таскин топиб, курсига ўтирди-да: — Ҳай, ҳаволаси худога, — деб Иван билан бошлаган суҳбатини давом этдирди: — Хўш, бу ерга тушишингизга нима сабаб бўлди?
— Сабаб Понтий Пилат, — деди Иван ерга хомуш тикиларкан.
— Нима?! — эҳтиёткорликни ҳам унутиб бақириб юборди меҳмон ва дарҳол кафти билан оғзини тўсди.— Қандай ғайритабиий ўхшашлик! Ўтинаман, ўтиниб сўрайман, бир бошдан айтиб беринг!

Иван негадир бу номаълум одамга эътиқод қилди ва кеча Патриарх кўли бўйида юз берган ҳодисани, аввалига чўчинқираб, тутила-тутила, сўнг эса дадил, равон ҳикоя қила бошлади. Ҳа, Иван Николаевич мана шу калит ўғирлаган мавҳум шахс тимсолида ниҳоят мурувватли тингловчини учратган эди! Меҳмон Иванни жиннига йўймади, унинг ҳикоясини ниҳоятда зўр қизиқиш билан тингларкан, бора--бора баёнидан ҳайратга кедди. У дам-бадам шундай хитоблар билан Иваннинг сўзини бўларди:
— Хўш, хўш! У ёғичи, у ёғини айтинг, ўтинаман сиздан. Фақат, авлиёю анбиёлар ҳаққи, ҳеч нимани тушириб қолдирмай, муфассал ҳикоя қилинг!

Иван ҳам муфассал ҳикоя қиларди, зеро унга шу тарзда ҳикоя қилиш қулайроқ эди, мана, ниҳоят у Понтий Пилатнинг алвонранг астарли оқ ридода балконга чиққан ерига етди.

Шунда меҳмон худди ибодат қилаётгандай кафтини кафтига қўйиб пичирлади:
— О, тўғри топган эканман! О, ҳаммаси тўғри чиқяпти!

Меҳмон Берлиознинг мудҳиш ўлими таърифини эшитгач, кўзларида жаҳолат учқуни чақнади ва шундай мубҳам гап қилди:
— Фақат бир нарсага: ўша Берлиознинг ўрнида танқидчи Латунский ёки адабиётчи Мстислав Лавр-вич бўлмаганига таассуф қиламан, — сўнг қаттиқ ғижиниб, товушсиз чинқирди: — Давом этинг!

Кондукторга кира ҳақи узатган мушук ҳақидаги ҳикоя меҳмоннинг кўнглини чоғ қилиб юборди, у ўз қиссахонлигидан завқланиб кетган Иваннинг, мўйлови остида танга пул тишлаган мушукни тасвирлаб, ўтирган ўрнида оҳиста сакрашини кузатаркан, ичаги узилгудек бўлиб товушсиз роса кулди.
— Шу тарзда бу ерга келиб қолдим, — деди Иван Грибоедовда юз берган воқеани сўзлаб бўлиб ва яна руҳи тушиб, ўшшайиб олди.

Меҳмон шўрлик шоирга ачиниб, унинг елкасига қўлини қўйганча деди:
— Бахтиқаро шоир! Аммо, азизим, ҳаммасига ўзингиз айбдорсиз. У билан бунчалик бетакаллуф, ҳатто сурбетларча муомала қилмаслик керак эди. Мана энди азобини тортяпсиз. Ҳалиям осонгина қутулибсиз, шукур қилинг.
— Ахир ким ўзи у? — муштларини ҳаяжон билан силкиб сўради Иван.

Меҳмон унга тикилиб туриб саволига савол билан жавоб қилди:
— Айтсам, ҳаяжонланмайсизми? Бу ерда биз ҳаммамиз шубҳали одамлармиз... Доктор чақириш, укол қилдиришу яна шунга ўхшаган даҳмазалар бўлмайдими?
— Йўқ, бўлмайди! — деди Иван. — Айтақолинг, ким ўзи у?
— Ҳа, яхши, — жавоб қилди меҳмон ва ҳар бир сўзини кескин ва дона-дона қилиб деди: — Кеча Патриарх кўли ёқасида сиз шайтон билан учрашгансиз.

Иван ваъдасининг устидан чиқиб, ҳаяжонланмади, лекин барибир таажжубдан донг қотиб қолди.
— Бу мумкин эмас! Шайтон йўқ нарса.
— Қизиқ экансиз-у! Ҳамма гапиргандаям, сиз бундай демаслигингиз керак. Сиз, назаримда, биринчи бўлиб унинг азобига учраганлардансиз. Ўзингиз жиннихонада ўтирибсиз-у, нуқул уни йўқ деб айтяпсиз. Ҳайронман сизга!

Гангиб қолган Иван сукутга толди.
— Сиз уни тасвирлай бошлашингиз билан, — деб гапида давом этди меҳмон, — кеча ким билан суҳбат қуриш шарафига муяссар бўлганингизни пайқадим. Чинданам, мен Берлиозга ҳайрон бўляпман! Сиз-ку, маълум, ғофил одамсиз, — шундай деб меҳмон яна клирим сўради, — лекин Берлиоз, эшитишимча, дурустгина аллома бўлган экан-ку! Ўша профессорнинг энг дастлабки гаплариданоқ унинг кимлигига ҳеч шубҳам қолмади. Уни танимаслик асло мумкин эмас, дўстим! Аммо сиз... сиз мени яна бир бор кечиринг-у... мен ҳеч қачон янглишмайман: сиз оми одамсиз!
— Шак-шубҳасиз, — деб тасдиқлади ўзгара бошлаган Иван.
— Ҳа, балли... ахир ўзингиз унинг юз тузилишини тасвирлаб бердингиз... кўзининг икки хиллиги, қошлари! Мени афв этасиз-у, ҳали сиз эҳтимол ҳатто «Фауст» операсини ҳам кўрмагандирсиз?

Иван негадир жудаям қаттиқ хижолат бўлди, икки юзи чўғдек қизариб, Ялтада қайсиям санаторийга боргани ҳақида бир нималарни ғўлдирай бошлади...
— Ана, кўрдингизми... нимасига ҳайрон бўламиз! Лекин Берлиоз, такрор айтаман, мени ҳайратга солди. У наинки ўқимишли, яна ниҳоятда қув одам. Лекин шуни эътироф этиш керакки, Воланд ундан ҳам қувроқ одамниям бир чўқишда қочиради.
— Нима?! — деб бақириб юборди Иван ҳам.
— Секин!

Иван «шап» этиб кафти билан ўз пешанасига урди ва хириллаб деди:
— Тушунаман, тушунаман. Унинг ташрифномасида «В» ҳарфи бор эди. Ана холос! — Эсанкираб қолган Иван панжара ортида, фазода сузаётган ойга тикилганча анча вақт сукутга толиб ўтирди, сўнг яна гапга кирди: — Бундан чиқди, унинг Понтий Пилат ҳузурида бўлганлиги рост экан-да? Демак, у ўша замонда туғилган бўлиб чиқадими? Мени жиннига чиқариб ўтиришипти-я! — дерди Иван, нафрат билан эшик томонга ишора қиларкан. Меҳмоннинг лаби ёнида ҳасрат ажинлари пайдо бўлди.
— Ҳақиқатдан юз ўгириб бўлмайди, — деб меҳмон юзини булутлар оралаб сузаётган тунги ёритқич томонга ўгирди. — Сиз ҳам, мен ҳам — жиннилармиз, нима қиламиз бўйин товлаб! Қисқаси, у сизни тузоғига илинтиргану сиз эсингиздан оғгансиз, сабаб, бунинг учун, чамаси, айнан сиз муносиб бўлгансиз. Лекин сиз ҳикоя қилган нарсалар ҳақиқатан ҳам бўлган. Аммо ўша юз берган воқеалар бениҳоя ғайритабиийлиги сабабли ҳатто гениал психиатр Стравинский ҳам гапларингизга ишонмаган. У сизни кўрдими? (Иван бош ирғади.) Ўша ҳамсуҳбатингиз Пилат ҳузурида ҳам бўлган, Кант билан ҳам нонушта қилган, энди бўлса, мана, Москвагаям келипти.
— Ахир у бу ерда ҳамма нарсани остин-устин қилиб юборади-ку! Бир амаллаб уни тутиш керакдир? — деб янги Иван вужудида қимтинибгина бўлса ҳам бош кўтарди эндиликда чалажон бўлиб қолган аввалги Иван.
— Мана, сиз уриниб кўрибсиз, шу ҳисса қўшганингиз кифоя, — деди меҳмон киноя билан. — Бошқаларга ҳам уринмасликни маслаҳат кўрардим. Кўнглингиз тўқ бўлсин, у ҳақиқатан ҳам ҳаммаёқни остин-устин қилиб юборади. Эҳ, аттанг! Минг-минг афсуски, у билан мен эмас, сиз учрашгансиз! Гарчи фурсат ўтган — бутун ниятлар ёниб кулга айланган бўлса ҳам, онт ичиб айтаманки, у билан учрашиш учун Прасковья Фёдоровнанинг бир шода калитини ҳам берардим, зеро, бошқа берадиган ҳеч вақоим йўқ. Мен қашшоқман!
— Нимага керак бўлиб қолди у сизга?

Меҳмон узоқ вақт кифтларини учириб хомуш ўтирди ва ниҳоят яна гапира бошлади:
— Мен сизга айтсам, бу жуда антиқа ҳодиса — мен ҳам бу ерда худди сизга ўхшаб, ўша Понтий Пилат туфайли ётибман, — меҳмон атрофга қўрқа-писа кўз ташлаб деди: — Хуллас калом, мен ўтган йили Понтий ҳақида роман ёзган эдим.
— Сиз ёзувчимисиз? — ажабланиб сўради шоир. Меҳмоннинг ранги қув ўчиб кетди, шоирга мушт дўлайтириб қўйиб, сўнг деди:
— Меп устаман, — у хўмрайиб халатининг чўнтагидап тамомила ёғ босиб кетган бир шапкача олди, унга сариқ ипак билан «М» ҳарфи тикилган эди. У шапкачани бошига кийди ва уста эканлигини исботлаш мақсадида ҳам ёнламасига, ҳам юзма-юз туриб, ўзини Иванга кўрсатди. — Буни менга севгилим тикиб берган эди, — деб сирли равишда илова қилди у.
— Фамилиянгиз нима?
— Фамилиям йўқ энди, — маъюс нафрат билан жавоб қилди бу ғалати меҳмон. — Мен фамилиямдан, шунингдек, барча ҳаётий нарсалардан воз кечганман. Сўраманг фамилиямни.
— Бўлмаса, романингиз ҳақида гапириб беринг, — деди Иван мулойим оҳангда.
— Жоним билан. Ҳаётим, чинданам, унчалик оддий эмас, — деб ҳикоя қила бошлади меҳмон.

... У маълумоти бўйича тарихчи бўлиб, бундан икки йил муқаддам, Москва музейларидан бирида хизмат қилар, бундан ташқари таржимонлик билан ҳам шуғулланаркан.
— Қайси тилдан? — сўради Иван қизиқсиниб.
— Мен она тилимдан бошқа яна бешта тилни биламан, — жавоб қилди меҳмон, — инглиз, француз, немис, лотин ва юнон тилини. Кейин, яна италянча ҳам сал-пал ўқий оламан.
— Вой бў-ў! — пичирлади Иван ҳасад билан.

У сўққабош бўлиб яшаркан, ҳеч ерда ҳеч бир қариндоши, Москвада деярли биронта ҳам таниши иўқ экан. Буни қарангки, бир кун у заёмдан юз минг сўм ютипти.
— Қандай танг қолганимни бир тасаввур қилинг-а, — дерди пичирлаб қора шапкача кийган чеҳмон, — кир солинган саватга қўл тиқсам, қўлимга облигация илинди: уни газетага солиштир-диму ҳанг-манг бўлиб қолдим — номери газетадаги номер билан бир хил эди! Уни менга музейда Гюришган эди, — деб изоҳлади у.

Бу аломат меҳмон юз минг сўмлик ютуқни олгач, жуда кўп китоб сотиб олипти, Мясницкаядаги хонасини ташлаб...
— Ў, минг лаънат ўша гурбатхонага! — дея хириллади меҳмон.

... Арбат яқинидаги бир тор кўчада хусусий тарзда иморат қурган одамнинг боғчасида турган кичкина уйнинг подвалидан икки хонани ижарага олган. Кейин ишдан бўшаб, Понтий Пилат ҳақида роман ёзишга киришган.
— Оҳ, у пайтлар — олтин давр эди, — деб пичирлади меҳмон кўзлари чақнаб, — алоҳида квартира денг, яна даҳлизиям бор, даҳлизда сув жўмраги, жўмрак остида чаноқ, — негадир, у айниқса шу сўзга урғу бериб, мағрурланиб гапирди, — кўча эшикдан бошланган йўлка мўъжазгина деразаларимнинг шундоққина олдидан ўтарди, Рўпарада, тўрт қадамгина нарида, девор тагида настарин, жўка ва заранг дарахтлари ўсарди. Оҳ... оҳ... оҳ! Қишда мен деразадан одамларнинг қорда «ғарч-ғурч» юрган оёқларини кам кўрар, товушларини кам эшитар эдим. Печкамда муттасил ланғиллаб олов ёниб турарди! Лекин бирдан баҳор кириб келди-ю, деразамнинг хира ойналари орқали мен аввалига яланғоч, сўнгра аста-аста яшил либос кия бошлаган настарин буталарини кўрдим. Ана шунда, яъни ўтган йили баҳорда юз минг сўмлик ютукдан ҳам дилрабороқ воқеа содир бўлди. Ваҳоланки, фикримга қўшиларсиз, юз минг — бу жуда катта бойлик!
— Бу тўғри, — эътироф этди унинг гапини диққат билан тинглаётган Иван.
— Мен, деразани очиб мўъжазгина иккинчи хонамда ўтирардим, — меҳмон қўли билан ўлчаб кўрсата бошлади, — мана... бу ерда диван, рўпарасида иккинчи диван, диванлар оралиғида столча, унинг устида чиройли шамчироқ, деразага яқин ерда китоблар, буёқда эса, кичкина ёзув столи, биринчи хонамда — у жудаям катта, ўн тўрт метр эди, — тоғ-тоғ китобу печка бор эди. Оҳ, жиҳозларим қандай зўр эдия!

Настарин ҳиди гупиллаб кирарди! Миямнинг чарчоғи ҳам қолиб, ўзимни қушдай енгил ҳис қилардим, Пилат ҳақидаги романим ҳам шиғиллаганча охирлаб бораётган эди...
— Қизил астарли оқ ридо! Тушунаман! — деди Иван.
— Топдингиз! Штлат шиғиллаганча охирлаб, ҳа, охирлаб бораётган эди ва мен энди унинг: «... Иудеянинг бешинчи прокуратори, чавандоз Понтий Пилат», деган сўзлар билан якунланишини билардим. Табиийки, мен сайр қилгани ҳам чиқиб турардим. Юз минг — ҳазилакам пул эмас, ўзимга жуда ажойиб кулранг костюм сотиб олган эдим. Ё бўлмаса, тушлик қилгани биронта арзон ресторанга йўл олардим. Арбатда ажойиб бир ресторан бор эди, ҳозирам бормикин, билмадим.

Шу ерга келганда, меҳмон кўзларини катта-катта очиб, ойга тикилганча ҳикоясини пичирлаб давом эттирди:
— У дилбар бир даста жирканч ва фожиали гул кўтариб кетаётган эди. Байталмоннинг оти нима балоям эди, ҳар нечук Москвада биринчи бўлиб шу гул пайдо бўлади негадир. Унинг қора тусдаги енгил пальтоси фонида бу гул кўзга яққол ташланарди. Ҳа, у сариқ гул кўтариб борарди! Бехосият ранг. У Тверская кўчасидан бориб, бир тор кўчага бурилди, бурила туриб орқасига ўгрилиб қаради. Тверская кўчасини биласиза? Бу кўчада одам доим ғиж-ғиж, аммо ишонтириб айтаманки, у шунча одам ичида фақат менга қаради, қарагандаям наинки ҳаяжон, ҳатто изтироб билан бокди. Шунда мени унинг ҳусни жамолидан ҳам кўра, кўзларидаги ҳеч кимнинг бошига тушмаган ғайритабиий ёлғизлик андуҳи ўзига ром қилганди!

Мен ҳам шу сариқ рангга қул бўлиб, тор кўчага бурилдиму жувоннинг орқасидан кетавердим. Биз бу қинғир ва диққинафас кўчадан (мен унинг бир томонида, у эса иккинчи томонида) чурқ этмай кетиб борардик. Буни қарангки, кўчада биронта тирик жон учрамаса-я. Мен у билан гаплашишим лозимлигини ҳис этиб қийналардим ва айни пайтда, унга чурқ этиб ҳам оғиз оча олмайдиганга ўхшайман, бунақада, у кетиб қолади-ю, уни бошқа кўриш менга насиб этмайди, деб ҳаяжонланардим.

Шунда, бир тасаввур қилинг-а, тўсатдан унинг ўзи гап бошлади:
— Гулларим ёқдими сизга?

Унинг хийла йўғон, аммо сал ҳирқироқ овозининг акс садоси, тентаклик бўлса ҳам айтай, назаримда, бу тор кўчадаги сарғиш ранг исқирт деворга урилиб қайтгандек бўлди. Мен шу заҳоти кўчанинг у кетаётган томонига ўтиб олиб, унга яқинлашдим-да:
— Иўқ, — деб жавоб қайтардим.

У менга таажжуб билан боқди, мен эсам бирдан ва мутлақо кутилмаганда бутун умр айнан шу аёлни севиб келганлигимни англадим. Ажаб савдолар, лаббай! Сиз, албатта, телба одам экан, дерсиз мени?
— Ҳеч нима демайман, — деди Иван ва: — Ўтинаман, давом этинг! — деб илова қилди.

Меҳмон ҳикоясини давом эттирди:
— Ҳа, у менга ҳайрон бўлиб қаради, сўнг кўзимдан кўзини узмай сўради:
— Сиз, умуман, гулларни ёқтирмасангиз керак-а? Унинг овозида адоват оҳангини ҳис қилгандай бўлдим. Мен у билан баравар қадам ташлашга уриниб ёнма-ён борарканман, ҳеч тортинмай ўзимни бемалол тутаётганимдан ўзим ҳайрон эдим.
— Йўқ, мен гулларни яхши кўраман, лекин бунақасинимас, — дедим.
— Қанақасини?
— Атиргулни хуш кўраман.

Шундай деганимга пушаймон бўлдим, негаки, у гуноҳкор одамдай жилмайдида, гулини йўлка ёқасидаги ариққа ташлаб юборди. Мен бир оз ўзимни йўқотиб қўйдим-у, лекин гулни олиб, яна унга узатдим, лекин у жилмайганча гулларни яна улоқтирди, натижада уларни буёғига ўзим кўтариб бордим.

Шу зайлда биз бир оз вақт сукут сақлаб кетавердик, кейин у қўлимдан гулларни олиб, кўчага отиб юборди-да, қора қўлқоп кийган қўлини менинг қўлим остидан ўтказди-ю, бундан буёғига биз қўлтиқлашиб кета бошладик.
— Кейин, — деди Иван, — илтимос, бугун тафсилоти билан гапиринг.
— Кейинми? — такрорлади меҳмон, — кейин нима бўлганини ўзингиз ҳам тасаввур қилишингиз мумкин. — У кўзларида бехосдан пайдо бўлган ёшни ўнг енги билан шоша-пиша артиб, гапини давом эттирди: — Муҳаббат, оёқ остидан чиққан фалокатдай, лоп этиб пайдо бўлдию икковимизни баравар маҳв қилди.

Одатда яшин ё ханжар шундай маҳв қилади одамни!

Дарвоқе, у кейинчалик бу фикрни инкор қилиб, бизлар жуда кўпдан бери, бир-биримизни билмаган, ҳеч кўрмаган чоғимиздаёқ севишганмиз, деб тасдиқлаган эди, у пайтларда у бошқа одам билан турарди, мен ҳам ўшанда... анави... билан яшардим... хаҳ... оти нимайди...
— Ким билан? — сўради Бездомний.
— Анави... хаҳ... нимайди оти... — деди меҳмон бармоқларини шиқиллатаркан.
— Сиз уйланганмидингиз?
— Ҳа-да, мана, шиқиллатяпман-ку... Ҳалиги.... Варенькага, Манечкага... йўқ, Варенькага... йўл-йўл кўйлак кийган... музейда... хуллас, эсимда йўқ.

Қисқаси, у ўша куни кўчага атайлаб сариқ гул кўтариб чиққан экан, мен уни топиб олишим учун, бордию ўша куни бу учрашув юз бермаганида, у заҳар ичиб ўз жонига қасд қилган бўларкан, чунки унинг ҳаёти бемаъни ўтаётган экан.

Ҳа, муҳаббат бизни кўз юмиб-очгунча маҳв қилиб қўйган эди. Мен буни ўша куниёқ, бир соатдан кейин, биз улкан шаҳарни пайқамай кесиб ўтиб, Кремль девори пойига, дарё бўйига бориб қолганимизда билган эдим.

Биз гўё жуда кўп йиллардан бери бир-бирини яхши билган ва куни кеча хайрлашган одамлардай суҳбатлашардик. Биз эртаси куниям шу ерда — Москва дарёси бўйида учрашишга аҳд қилдик, учрашдик ҳам. Май қуёши бизга ёғду сочарди. Кейин, орадан хиёл ҳам ўтмай, бу аёл менинг хуфиёна хотиним бўлди.

У ҳар куни меникига келарди, мен уни эрталабдан интизор бўлиб кута бошлардим. Шу интизорлик пайти одатда уйдаги буюмларнинг жойларини ўзгартиришим билан ифодаланарди. Унинг келишига ўн минут қолганида дераза олдига ўтириб, кўҳна кўча эшикнинг «ғийқ» этиб очилишини кутардим. Ё тавба: мен у билан учрашмасимдан олдин тумордеккина ҳовлимизга камдан-кам одам кирар, аниқроғи, ҳеч ким кирмасди, энди бўлса, назаримда, бутун шаҳар шу ҳовлимиз томон оқиб келаётгандай туюларди. Кўча эшик «тиқ» этса, юрагим «шиғ» этиб кетар, бир кўз олдингизга келтиринга, рўпарамда: дераза ташқарисида албатта кимнингдир исқирт этиги пайдо бўларди. Масалан, чархчининг. Ахир ўзингиз айтинг, уйимизда чархчининг кимга кераги бор? Нимани қайраймиз? Қанақа пичоқларни?

Менинг дилбарим кўча эшикдан бир марта кирарди, аммо у киргунча юрагим камида ўн марта гупиллаб урарди. Гапим рост. Кейин, соат миллари қиём пайтини кўрсатиб, унинг келадиган вақти бўлганда ва қора майин теридан тикилган устки безаклари пўлат тўқалар билан тортилган унинг туфлилари деярли товуш чиқармай деразам қаршисида пайдо бўлгандаям юрагим «гуп-гуп» уришдан тўхтамасди.

Баъзан у иккинчи деразам олдида тўхтаб, туфлисининг учи билан ойнага уриб шўхлик қиларди. Мен шу заҳоти ўша дераза олдида пайдо бўлардим, лекин туфли ҳам, ёруғни тўсиб турган қора ипак кўйлак ҳам ғойиб бўларди — мен шунда эшик очгани отилардим.

Ўртамиздаги муносабатни ҳеч ким билмасди, бунга имоним комил, ваҳоланки, бундай бўлиши мумкин эмас. Лекин унинг эри, танишларимиз ғофил эдилар. Мен яшаб турган подвал тепасидаги кўҳна уйда истиқомат қилувчилар бундан хабардор эдилар, албатта, улар ҳузуримга қандайдир бир аёл келиб-кетиб турганини кўришарди, бироқ унинг кимлигини ҳам, исмини ҳам билишмасди.

Ушбу муҳаббат достонини бутун вужуди билан берилиб тинглаётган Иван:
— Ким эди ўзи у аёл? — деб сўради.

Меҳмон, буни ҳеч қачон, ҳеч кимга айтмайман, дегандек бош чайқади, сўнг ҳикоясини давом эттирди.

Унинг ҳикоясидан Иванга шулар маълум бўлди: уста билан нотаниш аёл бир-бирларини шунчалик қаттиқ севишганки, бири иккинчисисиз бир кун ҳам тура олишмаган. Энди Иван ҳовлидаги настарин дарахти ва девор туфайли ҳамиша нимқоронғи бўлган подвалдаги икки хонани, у ердаги қизил ёғочдан ишланган, эскириб парти кетиб, шарти қолган мебеллару ёзув столи — бюрони, бюро устида турган ҳар ярим соатда занг чалувчи соатни, ниҳоят мойланган полдан ис босган шифтгача қалашиб кетган сон-саноқсиз китобларни ҳам, печкани ҳам жуда аниқ тасаввур қила бошлаган эди.

Иванга яна шу нарса маълум бўлдики, меҳмони билан унинг хуфия хотини ўзаро алоқа боғлаган дастлабки кунлариёқ, бизнинг Тверьская кўчаси билан тор кўча муюлишида бир-биримиз билан учрашишимиз тақдири азалда пешонамизга ёзилган, бинобарин, биз умрбод бир-биримиз учун яратилганмиз, деган қарорга келган эканлар.

Меҳмоннинг ҳикоясидан ошиқ-маъшуқларнинг вақтни қандай ўтказганлари ҳам маълум бўлди. Аёл кела солиб, биринчи навбатда фартук тақар ва торгина даҳлизда (бечора бемор негадир фахрланиб тилга олган ўша жўмрак билан чаноқ шу ерда эди) тахта стол устида керосинка ёқиб нонушта тайёрлар, сўнг биринчи хона ўртасида турган чўзинчоқ столда дастурхон тузарди. Май ойида момақалдироқ гумбурлаб, жала қуйган пайтларда, ёмғир суви севишганларнинг сўнгги маконини ғарқ қилгудек хавф туғдириб нимкўр деразалар олдидан дарвоза томон айқириб оққан пайтларда улар печка ёқиб қўрда картошка пиширишар эди. Бармоқларини кулга булғаб картошканинг қора пўстини арчишганда ундан буғ чиқарди. Подвалда кулги янграрди, боғчадаги дарахтлар ёмғирдан кейин синган шохчаларини, оппоқ попилтириқларини ерга тўкарди. Момақалдироқ садолари тиниб, иссиқ ёз пайти келганда кўпдан орзу қилинган ва икковлари бирдай яхши кўрган атиргуллар гулдонда пайдо бўларди.

Ўзини уста деб атаган одам иш билан машғул бўлар, аёл эса бигиз тирноқли бармоқларини сочлари орасига ботириб ёзилган саҳифаларни қайта ўқиб, ўқиб бўлгач эса манави қалпоқчани тика бошларди. Баъзида у ерга чўккалаб жавоннинг пастки қаватидаги китобларнинг ёки стулга чиқиб олиб юқори қаватдаги юзлаб китобларнинг чанг босган шерозаларини латта билан артарди. У адибга шону-шуҳрат башорат қилиб, уни тезроқ ишлашга ундаркан, айни ўша пайтда уни уста деб атай бошлаган эди. У Иудеянинг бешинчи прокуратори ҳақидаги китобнинг ваъда қилинган охирги жумлаларини ўқишга мушарраф бўлиб, кўнглига ёққан айрим жумлаларни қироат билан баралла такрор-такрор ўқиркан, «бу роман — менинг ҳаётимдир», деганди.

Роман август ойида ёзиб тугатилиб, қайсиям бир нотаниш машинисткага берилди, машинистка уни беш нусхада кўчирди. Мана, ниҳоят, хуфия макон тарк этилиб, ҳаёт майдонига чиқадиган кун ҳам кедди.
— Ҳа, мен қўлимда романим билан ҳаёт майдонига чиқдим, лекин чикдиму ҳаётим ниҳоясига етди, — деб пичирлади уста ва бошини хам қилди, сариқ ип билан «М» ҳарфи тикилган машъум қора қалпоқча узоқ вақт тебраниб турди. Кейин у ҳикоясини давом эттирди, лекин эндиги гаплари пойинтар-сойинтар бўлиб чиқди. Меҳмоннинг бу гапларидан фақат бир нарсани англаш мумкин эди: унинг бошига ниҳоятда оғир бир фалокат тушган эди.
— Адабиёт оламига биринчи марта қадам қўйишим эди, аммо ҳозир, ҳаммаси адойи тамом бўлиб, ҳалокатга учраганим аниқ бўлгандан кейин мен уни мудҳиш ҳайрат билан эслайман! — деб уста тантанавор пичирларкан, қўлини кўтарди. — Ҳа, ниҳоятда ҳайратга содди у мени, ниҳоятда!
— Ким? — эшитилар-эшитилмас пичирлаб сўради Иван, ҳаяжонланган меҳмонининг сўзини бўлишдан қўрқиб.
— Муҳаррир-да, айтяпман-ку, муҳарриб деб. Тўғри, у ўқишга ўқиб чиқди. Лекин менга милки пилла бўлиб, лунжи шишиб кетган одамга қарагандай қараркан, кўз қирини хонанинг бурчагига ташлаганча, кўнгли хижил бўлгандай, ҳатто ҳиринглаб ҳам қўйди. У қўлидаги манускирптни* ҳожатсиз ғижимларкан ҳадеб томоқ қирарди. Берган саволлари менга аҳмоқона бўлиб туюлди. Чунки у роман тўғрисида ҳеч нима гапирмай, мендан: кимсиз, қаёқдан пайдо бўлдингиз, кўпдан бери қалам тебратиб турасизми, нега сиз ҳақингизда шу пайтгача ҳеч эшитмаганмиз, деб сўрай бошлади, ҳатто яна: бундай аломат мавзуда роман ёзишни сизга ким маслаҳат берди, деган савол ҳам бердики, менинг фикримча, бундан ортиқ аҳмоқона савол бўлмайди. Ахийри, саволлари жонимга тегиб кетгач, романимни чоп қиласизми ўзи, ё йўқми, деб дангал сўрадим.

Шунда у бесаранжом бўлиб, латтачайнарлик қилди, сўнг бу масалани шахсан ўзи ҳал қила олмаслигини, асарим билан муҳаррирлар ҳайъатининг ўзга аъзолари ҳам, яъни танқидчилардан Латунский билан Ариман ҳамда адабиётшунос Мстислав Лавровичлар танишиб чиқишлари кераклигини айтди. У, икки ҳафтадан кейин келинг, деб илтимос қилди.

Икки ҳафтадан кейин борган эдим, муттасил ёлғон гапираверганидан кўзлари ғилай бўлиб қолган бир қари қиз қабул қилди.
— Ҳа, у Лапшённикова, редакция котибаси, — деди жилмайиб Иван: меҳмон ғазабланиб таърифлаётган муҳит аҳли унга таниш эди.
— Бўлса бордир, — шарт сўзини бўлди меҳмон, — хуллас, шу аёл ҳаммаёғи доғ-дуғ ва анча ғижимланган романимни қайтариб берди. У кўзини кўзимдан олиб қочишга уриниб:
— Ҳозир редакциямиз икки йилга етадиган қўлёзмалар билан таъминланган, шунга кўра, романингизни чоп қилиш масаласи, менимча, бошқа кўрилмаса керак, — деди.
— Яна нималар эсимда қолувди-я? — деб ғўлдирарди уста, чаккаларини ишқаларкан. — Ҳа, қўлёзма ҳошиясига сочилган қип-қизил гулбарглар, яна маҳбубамнинг кўзлари эсимда. Ҳа, унинг кўзларини эслаб қолганман.

Меҳмоннинг ҳикоясида дудмаллик, аллақандай чала-чулпа гаплар кўпроқ учрай бошлади. У қиялаб ёған ёмғирни эслади, подвалдаги маконида бошидан кечирган мушкулотлар ҳақида, яна аллақаёқларга боргани тўғрисида гапирди. У, ўзини курашга даъват этган аёлни асло айбламаслиги, ҳа, ҳа, унда ҳеч гуноҳ йўқлиги ҳақида пичирлаб чинқирди!
— О, эсимда, эсимда газета орасида илова қилиб киритилган варақ, — деб ғўлдирарди меҳмон, газета варағининг тасвирини ҳавода икки бармоғи билан чизиб кўрсатаркан, шунда Иван меҳмоннинг чалкаш гапларидан фаҳмладики, бошқа бир муҳаррир устанинг романидан каттагина парчани газетада босиб чиқарипти.

Унинг гапича, орадан икки кун ўтар-ўтмас, бошқа бир газета танқидчи Ариманнинг: «Муҳаррир қаноти остидаги душман», деган мақоласи пайдо бўлипти, бу мақолада ёзилишича, Иваннинг меҳмони муҳаррирнинг бепарволиги ва нодонлигидан фойдаланиб, матбуотда Иисус Христ мадҳиясини ёритишга уринганмиш.
— Ҳа, эсимда, эсимда! — деб чинқириб юборди Иван. — Лекин фамилиянгиз эсимдан чикди!
— Такрор айтаман, фамилиямни қўяйлик, энди у йўқ, — деб жавоб қилди меҳмон. — Гап фамилияда эмас. Бир кундан кейин бошқа бир газетада Мстислав Лаврович имзоси билан бошқа мақола пайдо бўлди. Бу мақола муаллифи пилатчиликка, ҳамда уни матбуотда ёритмоқчи бўлган (яна ўша лаънати ибора!) диндор мусаввирга зарба беришни, бергандаям, аёвсиз зарба беришни таклиф қилган эди.

Мен бу «пилатчилик» сўзидан донг қотиб қолиб, учинчи газетани варақладим. Бу газетада икки мақола бор эди: бири — Латунскийники, иккинчисига эса «Н. Э.» деб имзо қўйилган эди. Мен сизга айтсам, Ариман билан Лавровичнинг мақолалари Латунский ёзган мақола олдида «ҳолва» эди. Латунский мақоласига қўйилган сарлавҳанинг ўзи ҳам сизга кифоя: «Эски мазҳабнинг жангари намояндаси». Ўзим тўғримда ёзилган мақолаларни ўқишга шунчалик берилиб кетибманки, маҳбубамнинг (эшикни беркитишни унутган эканман) қўлида жиққа ҳўл зонтик ва намиққан бир даста газета билан қандай тепамга келиб қолганини ҳам пайқамабман. Унинг кўзларидан ўт чақнар, муздек совуқ қўллари қалтирар эди. Олдинига у ўзини бағримга отиб, мени ўпаверди, ўпаверди... кейин, қўлини столга тап-тап урганча, ҳирқироқ овоз билан Латунскийни албатта заҳарлаб ўлдиражагини айтди.

Иван сал хижолат бўлиб томоқ қириб қўйди-ю, лекин ҳеч нима демади.

Ғам-андуҳ тўла кунлар бошланди. Роман ёзилиб бўлган, бошқа қиладиган иш йўқ эди, энди икковимиз печка олдига ёзилган гиламчада оловга тикилиб ўтирардик, холос. Биз энди тез-тез видолашиб турардик. У сайр қилгани чиқиб кетадиган бўлди. Менинг ҳаётимда эса ғаройиб ҳоллар содир бўла бошлади, тўғри, бундай ҳоллар менда илгари ҳам тез-тез бўлиб турарди... Мен кутилмаганда бир дўст орттирдим. Ҳа, ҳа, ишонаверинг, умуман олганда менинг жуда бемаъни одатим бор: одамлар билан тил топишишим қийин жуда, ҳеч кимга ишонмайман, сал нарсага шубҳаланавераман. Лекин — қизиғи шундаки, шу одамовилигимга қарамай, келиб-келиб, мутлақо фараз қилинмаган, кутилмаган биронта одам, гарчи ташқи қиёфаси отни ҳуркитадиган тасқара бўлса ҳам, албатта дидимга ўтириб қолади.

Хуллас, ўша машъум пайтларда бир кун боғчамизнинг кўча эшиги очилиб, ҳовлига бир одам кирди. Эсимда, кузнинг оромбахш кунларидан бири эди. Хотиним уйда йўқ эди. Келган одамнинг уй соҳибида бирон иши бўлса керак, уникига кириб кетди, сўнг боғчага тушиб, мен билан ҳол-аҳвол сўрашди-да, бир зумда танишиб ҳам олди. У ўзини мухбир деб танитди. У менга шу қадар ёқиб қолдики, биласизми, ҳанузгача баъзида уни эслаб, қўмсаб қўяман. Бора-бора у уйимга тез-тез келадиган бўлди. Маълум бўлишича, у бўйдоқ экан, мендан сал нарироқда худди меникига ўхшаган мўъжазгина квартирада тураркан, аммо унга квартира торлик қилаётганмиш, ҳоказо ва ҳоказо. Негадир у мени уйига ҳеч таклиф қилмасди. Хотинимга у сира ҳам ёқмади. Аммо мен унинг ёнини олдим. Шунда хотиним:
— Билганингни қил, — деди, — лекин бу одам менда фақат нафрат уйғотяпти.

Мен кулиб юбордим. Дарвоқе, бу одам қай жиҳати билан мени ўзига ром қилган эди? Гап шундаки, ўз ғилофи ичида биронта фавқулодда хислати бўлмаган одамнинг, умуман, қизиғи йўқ. Лекин Алоизийнинг (ҳа-я, унутибман — янги танишимнинг исми-шарифи Алоизий Могарич эди) ғилофида шундай хислат мавжуд эди. Алалхусус, Алоизийдек донишманд одамни илгари ҳеч ерда учратмаганман, аминманки, бундан кейин ҳам асло учратмайман. Агарда газетада босилган бирон мақоланинг маъносига тушунолмасам, Алоизий уни бир зумда тушунтириб берар, тушунтиргандаям ҳеч қийналмасдан, осон ва равон тушунтирарди. Ҳаётий воқеалар ва масалаларни ҳам шундай осон изоҳлаб берарди у. Лекин ҳали бу ҳаммаси эмас эди. Алоизий адабиётга бўлган иштиёқи билан мени ўзига ром қилган эди. То унинг илтимосига кўра романимни бошидан-охиригача ўқиб бермагунимча ҳеч тинчимади у. Кейин эса роман тўғрисида мақтов гаплар айтди, лекин худди муҳаррирнинг романим тўғрисидаги мулоҳазаларини ўз қулоғи билан эшитгандек, у ҳам ўша фикрларни айтиб, оғзимни очириб қўйди. Алоизий муҳаррирнинг мулоҳазаларини бекаму кўст такрорлаганди. Бундан ташқари, нима сабабдан романим чоп қилинмаслигини ҳам ниҳоятда аниқ изоҳлаб бердики, бу фикрда ҳеч хато йўқлигини ўзим ҳам англай бошлаган эдим. У, фалон бобингиз ўтмайди, деб гапнинг очиғини айтди-қўйди.Лекин мақолаларнинг кети узилмасди. Энг дастлабкилари устидан кулган эдим. Бироқ мақолалар сони кўпайган сари уларга нисбатан муносабатим ҳам ўзгара борди. Иккинчи босқич — ажабланиш босқичи бўлди. Бу мақолалар таҳдидона ва дадил ёзилган бўлишига қарамай, уларнинг деярли ҳар бир сатрида ўта қалбакилик ва даргумонлик оҳанги сезилиб турарди. Менга, уларнинг муаллифлари ўзлари айтмоқчи бўлган гапларни эмас, бошқа фикрларни баён қилаётгандай туюлар, уларнинг дарғазаблигига сабаб ҳам шу бўлса керак, деб ўйлардиму шу фикримдан ҳеч халос бўлолмасдим. Бундан кейин, мен сизга айтсам, учинчи босқич — қўрқув босқичи бошланди. Йўқ, йўқ, у мақолалар эмас, ишонинг, балки уларгаям, романимгаям тааллуқли бўлмаган мутлақо бошқа нарсалар мени чўчита бошлади. Мана, масалан, қоронғиликдан қўрқадиган бўлиб қолдим. Қисқаси, руҳий бетоблик босқичи бошланган эди. Кичкина хонамда уйқу олдидан чироқни ўчиришим билан, назаримда, гўё деразадан, гарчи у ёпиқ бўлса ҳам, қандайдир рўдапо узун-узун, совуқ пайпаслагичларини ўйнатиб кириб келаётгандай бўларди. Оқибат, кечалари чироқ ёруғида ухлайдиган бўлдим.

Маҳбубам жудаям ўзгариб кетди (турган гапки, рўдапо тўғрисида унга чурқ этмадим. Лекин у аҳволимнинг чатоқлашаётганини сеза бошлаган эди), озиб, ранги ўчиб, кулмай қўйди, романдан парча бостиришни маслаҳат бергани учун қайта-қайта узр сўрай бошлади мендан. Энди у ҳамма нарсани бошдан соқит қилиб, жанубга, Қора денгиз бўйига жўнашни, юз минг сўмлик ютукдан қолган пулни сарфлаб, ўша ерда дам олишни маслаҳат бера бошлади менга.

Бу фикрида у қаттиқ туриб олди, мен эсам у билан тортишмаслик учун (Қора денгизга жўнаб кета олмаслигимни кўнглим сезаётган эди) шу яқин кунларда жўнаб кетишга ваъда бердим. Билетни унинг ўзи оладиган бўлди. Шунда мен ўн минг сўмча келадиган пулнинг ҳаммасини унинг қўлига тутқаздим.
— Нима қиламан шунча пулни? — деб ажабланди у.

Мен бўлсам, ўғирлатиб қўйишдан қўрқаман, шунинг учун, то жўнаб кетгунимча сенда тура турсин, деган мазмунда баҳона қиддим. У пулни олиб сумкачасига солди ва мени қайта-қайта ўпаркан, шундай деди:
— Сени шу аҳволда ёлғиз ташлаб кетганимдан ўлганим афзал, лекин на қилайки, мени кутишмоқда, заруратга тобе бўлмай иложим йўқ, аммо эртага албатта келаман. Ўтинаман сендан, ҳеч нимадан чўчима.

Бу октябрь ойининг ўрталарида, энди қош қорая бошлаган пайтда бўлган эди. У жўнаб кетди. Мен диванга ётиб, чироқни ҳам ёқмай ухлаб қолдим. Бир маҳал хонамга рўдапо кирганини туйиб уйғониб кетдим. Қоронғида пайпаслаб зўр-базўр чироқни ёқдим.

Чўнтак соатим тунги соат иккини кўрсатарди. Мен ётаётганимда сирқовланиб турувдим, энди бетоб бўлиб уйғондим. Назаримда, куз зулмати дераза ойнасини синдириб хонага қуйилди-ю, мен худди сиёҳга ўхшовчи шу зулматда ғарқ бўлаётгандек ҳис қила бошладим ўзимни. Мен энди ўзини эплай олмайдиган ношуд одам бўлиб уйғонган эдим. Мен чинқириб юбордим, миямда бирон кимсанинг, чунончи юқори қаватда турувчи уй соҳибининг олдига паноҳ истаб чиқиш фикри туғилди. Худди телба одамдек ўзим билан ўзим кураша бошладим. Ниҳоят, печка олдига бориб, ичига қаланган ўтинни ёқиб юборишга қурбим етди. Ўтин шитирлаб ёниб, печка эшиги шарақлаб ёпилгандан кейингина ўзимни анча енгил тортгандай ҳис қилдим... Кейин даҳлизга югуриб чиқиб, у ерда ҳам чироқ ёқдим, бир шиша оқ вино топиб, тиқинини олдиму тўғри оғзидан ича бошладим. Натижасида қўрқув бир қадар сусайди — шу қадарки, уй соҳибининг ҳузурига югурмай, печка олдига қайтдим. Печка эшигини ланг очиб қўйиб (оловнинг тафти юз-қўлларимни куйдиргудек қиздира бошлади), пичирладим:
— Аҳволим оғирлашганини ҳис қилсанг-чи. Тезроқ қошимга келсанг-чи, кел, кел!

Лекин ҳеч ким келмади. Печкада олов гуриллаб ёнар, ёмғир деразани саваларди. Шунда энг сўнгги фалокат содир бўлди. Мен стол ғаладонидан романимнинг машинкада кўчирилган салмоқли нусхаларию хомаки қўлёзмаларим билан тўлдирилган дафтарларни олиб, уларни ёқа бошладим. Бу ниҳоятда машаққатли иш, чунки ёзилган қоғозлар унча яхши ёнмайди. Шунинг учун, тирноқларимни синдириб бўлса ҳам, дафтарларни дабдала қилиб йиртиб, уларни палёнлар орасига тиккайтириб қўяр ва косов билан титкилардим. Ёнган қоғозларнинг кули баъзида олов устини босиб, мени хуноб қилар, лекин мен бўш келмасдим, натижада, романим кўп қаршилик қилиб бўлса ҳам, барибир нобуд бўла бошлади. Кўз олдимда таниш сўзлар пайдо бўлар, саҳифалар пастдан юқорига бир меъёрда сарғая борар, лекин шунда ҳам сўзлар кўриниб турарди. Улар қоғоз қорая бошлагандагина ғойиб бўлардилар, шунда мен косов билан кавлаб уларни йўқ қила бошлардим.

Худди шу пайт кимдир деразани оҳиста тирнади. Юрагим «шиғ» этиб кетди-ю, охирги дафтарни оловга ташлаб, эшикни очгани югурдим. Ҳовлига очиладиган эшикка ғишт пиллапоялардан чиқиш керак эди. Мен қоқила-суқила шу эшик тагига бориб оҳиста сўрадим:
— Ким у?

Таниш овоз — маҳбубамнинг овози жавоб берди:
— Менман.

Қандай қилиб эшик занжири билан илгагини туширдим — билмайман. У бошдан-оёқ шалаббо, ёноқлари ҳўл, сочлари паришон ҳолда остона ҳатлаб ичкари кирди-ю, дағ-дағ титраганча ўзини қучоғимга отди. Мен фақат битта сўзни такрорлай олдим холос:
— Сен... сен? — дедиму товушим чиқмай қодди, кейин икковимиз пастга отиддик. У даҳлизда пальтосини ечиб ташлади, сўнг биз биринчи хонага ўкдай отилиб кирдик. У оҳиста чинқириб юбориб, яланғоч қўлини шартта печкага тикдида, энди остидан аланга ола бошлаган охирги даста қўлёзмани тортиб олиб полга ташлади. Шу заҳоти бутун хона тутунга тўлди. Мен оёқларим билан тепиб оловни ўчирдим, у эса ўзини диванга отиб, ўпкаси тўлиб, юм-юм йиғлай бошлади.

У ахири тинчиди, мен гап бошладим:
— Кўрарга кўзим йўқ бу романни, мен қўрқаман. Бетобман. Мени даҳшат қамраб оляпти.

У ўрнидан туриб ўтириб, гапга кирди.
— Вой, худойим, касал бўлиб қопсан-у. Нега энди, нега ахир? Барибир сени дарддан фориғ қиламан, сени қутқараман. Бу қандай бедодлик?

Мен унинг тутун ва йиғидан шишган кўзларини кўрдим, пешанамни силай бошлаган муздек қўлларини ҳис қилдим.
— Мен сени даволаб тузатаман, тузатаман, — деб ғўлдирарди у юзини елкамга қўйиб, — сен ҳали уни яна тиклайсан. Нега, нега бир нусхасини ўзим сақлаб қўймадим!

У дарғазаб қиёфада тишларини иржайтирди, яна алланималарни гапирди. Кейин лабларини чирт юмиб олиб, куйган варақларни териб, текислай бошлади. Бу — роман ўртасидаги бир боб эди. У куйган варақларни авайлаб тахлаб қоғозга ўрадида, устидан лента билан боғлади. Унинг бутун хатти-ҳаракатида қатъият мавжуд эди, ўзини қўлга олиб олганлиги яққол кўриниб турарди. У вино сўраб, ичиб олди-да, кейин анча бамайлихотир гапира бошлади.
— Алдамчилик билан яшашнинг оқибати шунақа вой бўлади, — дерди у, — бўлди, энди ҳеч алдамайман. Ҳозироқ сен билан қолган бўлардим-у, лекин бу тарзда иш тутишни хоҳламайман. Уйидан тунда қочиб кетганимни у доим алам билан эслаб юришини истамайман. У менга ҳеч қачон, ҳеч қандай ёмонлик қилмаган. Уни ҳозир тўсатдан чақиртириб қолишди, заводларида ёнғин бўлганмиш. Лекин у ҳадемай қайтиб келади. Мен у билан эртага гаплашаман, бошқа одамни севаман, деб айтаман унга, кейин бутунлай сенинг ёнингга келаман. Қани, айт, балки бундай қилишимни хоҳламассан?
— О, бечорагинам, — дедим унга, — бундай қилишингга йўл қўймайман. Аҳволим яна мушкуллашади, шу боис сени ҳам мен билан бирга нобуд бўлишингни хоҳламайман.
— Фақат шу сабабмии? — деб сўради у кўзларини кўзимга яқин олиб келиб.
— Фақат шу.

У бирдан руҳланиб кетди, бўйнимдан қучиб мени бағрига босганча деди:
— Унда мен ҳам сен билан бирга нобуд бўламан. Эрталаб қайтиб келаман.

Мана, ҳаётимда эслаб қолганим охирги манзара — қия очилган даҳлиз эшигидан тушган ёруғда унинг ҳилпираган соч толаси, бошидаги берет ва журъат тўла кўзлари. Яна остонада унинг қора кўланкасию қоғозга ўралган оқ тугунчак ҳам хотирамда қолган.
— Сени кузатиб қўйган бўлардим-у, лекин ёлғиз қайтиб келишга мажолим йўқ, қўрқаман.
— Қўрқма. Яна бир неча соат сабр қил. Эртага эрталаб ёнингда бўламан. — Бу унинг ҳаётимдаги охирги сўзлари бўлди.
— Тсс! — деб бемор бирдан ўз сўзини бўлди-ю, бармоғини кўтарди, — бугун ойдин тун жуда беором.

У балконга чиқиб кўздан ғойиб бўлди. Иван коридордан аравача ғилдираб ўтганини, кимнингдир пиқиллаб йиғлагани ё заифгина чинқирганини эшитди.

Ҳаммаёқ тинчигандан кейин меҳмон яна қайтиб келди ва 120-хонага одам жойлаштирилганини хабар қилди. Олиб келинган одам нуқул бошимни қайтариб беринглар, деб ёлборармиш. Суҳбатдошлар аввалига безовта бўлишиб жим ўтиришди, кейин кўнгиллари жойига тушгач, бўлинган суҳбатни давом эттиришди. Меҳмон энди гапга оғиз жуфтлаган эди... лекин бугунги тун чинданам нотинч эди — ҳамон йўлакдан ғўнғир-ғўнғир овоз эшитиларди. Оқибат, меҳмон гапларини эшитилар-эшитилмас пичирлаб Иваннинг қулоғига айта бошладики, унинг:
— Маҳбубам жўнаб кетгандан кейин орадан чорак соат ўтгач деразамни тақиллатишди... — деган биринчи жумласидан бошқа ҳамма гапларини фақатгина шоир эшитди, холос.

Бемор шоирнинг қулоғига пичирлаб айтган гаплар, чамаси, уни қаттиқ изтиробга солаётган эди. Дам ўтмай унинг афти тиришар, кўзлари гоҳ таҳликали, гоҳ ғазаб билан боқарди. У энди балконда кўринмай қолган ой томонга қўли билан ишора қиларди. Ташқаридан келаётган товушлар бутунлай тингандан кейингина меҳмон Ивандан сал сурилиб ўтириб, хиёл баландроқ овоз билан гапини давом эттирди.
— Ҳа, кейинчалик, январнинг ўрталарида, тунда, мен ўз ҳовлимизда тугмалари узиб олинган ўша пальтомда совуқдан дийдираб турардим. Орқамда настарин буталарини кўмиб юборган қор уюми, олдимда, оёғим остида — дарпарда тутилган, ғира-шира ёри-тилган деразаларим. Мен биринчи деразага энгашиб қулоқ сола бошладим — хоналаримдан патефон овози эшитиларди. Қулоғимга чалинган товуш фақат шу бўлди. Лекин ҳеч нима кўра олмадим. Яна бир оз туриб, боғча эшигидан тор кўчага чиқдим. Кучли изғирин кўтарилган эди. Оёғим остида ўралашган бир ит мени чўчитиб юборди, ўзимни ундан олиб қочиб, кўчанинг нариги бетига ўтдим. Доимий ҳамроҳим бўлиб қолган аёз ва қўрқув асабларимни барбод этиб, умидсизликка мубтало қилган эди. Борадиган ерим йўқ, энг осон йўли, тор кўчамиздан чиқиб, ўзимни трамвай тагига ташлаш эди. Ичи чироқлар билан ёритилган, ҳаммаёғини муз қоплаган бу яшикларнинг совуқ из устида одамнинг ғашини келтирувчи ғижирлашини олисдан эшитдим. Лекин, о азиз қўшним, ҳамма бало шундаки, қўрқув менинг ҳар бир ҳужайрамни маҳв этиб олган эди. Бинобарин, трамвайдан ҳам худди итдан қўрққандай қўрқардим. Ҳа, бу бинода менинг дардимдан оғир дард йўқ ҳеч кимда, гапимга ишонаверинг.
— Лекин сиз у аёлга хабар қилишингиз мумкин эди-ку, — деди Иван бечора беморга ачиниб, — ундан кейин, пулингиз ҳам қолган эди-ку унда? Сақлаб қўйган бўлса керак, албатта?
— Сиз бунга ҳеч шубҳа қилманг, албатта сақлаб қўйган. Лекин сиз, назаримда, мени тушунмаяпсиз чоғи? Ёки, аниқроғи, бир вақтлардаги воқеани таърифлаш қобилиятимни йўқотган бўлсам керак. Сирасини олганда, мен унга кўпам ачинмайман, чунки унинг кераги бўлмайди энди менга. Агар қўлига, меҳмон тунги зулматга илтифот билан тикилди, жиннихонадан мактуб бориб тушса... Ахир бунақа адресдан қандай қилиб хат юбориб бўлади? Руҳий касалдан? Ҳазил қиляпсиз, дўстим! Йўқ, уни бахтсиз қилайми? Қўлимдан келмайди бу.

Иван унга эътироз билдиролмади, лекин камсухан мезбон меҳмоннинг аҳволига ачинди, унга ҳамдард бўлди. У эса ўз хотираларидан изтироб чекиб, қора қалпоқча кийган бошини тинмай ирғатиб ўтираркан, дерди:
— Шўрпешона жувон. Лекин, у мени унутиб юборган бўлиши ҳам мумкин!
— Ҳали сиз тузалиб кетасиз... — қимтинибгина деди Иван.
— Дардим бедаво, — деб хотиржам жавоб қилди меҳмон, — Стравинский мени ҳаётга қайтаришга ваъда қиляпти, лекин мен унга ишонмайман. У инсонпарвар доктор, шунчаки тасалли бермоқчи менга. Лекин инкор қилмайман, ҳозир анча тузукман. Дарвоқе, нимага келиб тўхтагандим? Аёз, ғизиллаб бораётган трамвайлар. Ўша пайтда, бу шифохонанинг очилганидан хабарим бор эди, шунинг учун бутун шаҳарни пиёда босиб ўтиб келдим бу ерга. Телбалик эди бу, албатта! Шаҳар ташқарисида мен совуқ қотиб ўлиб кетардим эҳтимол, лекин бир тасодиф жонимга оро кир-ди. Шаҳар қопқасидан тўрт километрча берида йўлда бир юк машинасини кўрдим, у бир нимаси бузилиб тўхтаб турган экан, мен шофёрдан илтимос қилган эдим, буни қарангки, у менга раҳм қилди. Машина ўзи шу ёққа келаётган экан. Мениям ўзи билан олиб келди. Бу сафар пайтида чап оёғимнинг бармоқларини совуқ олдирдим, холос. Лекин, оёғимни даволаб тузатишди. Мана, сал кам тўрт ойдан бери шу ердаман. Биласизми, бу ер сира, сира ёмон эмас, менимча. Тўғри, улкан режаларга бош қотириб ўтиришнинг ҳожати йўқ бу ерда. Мана, масалан, мен бутун ер куррасини айланиб чиқмоқчи бўлган эдим. Ҳай, начора, бу насиб қилмади. Энди, мана шу курранинг кичик бир бўлагини кўриб ўтирибман. Ўйлайманки, курранинг энг ноёб қисми эмас бу, аммо, такрор айтаман, шунисигаям шукур. Мана, ёз кириб келяпти, Прасковья Фёдоровнанинг ваъда қилишича, балконимизни печак гул буркаб олармиш. Калитлар имкониятимни оширди. Кечалари ой чиқади. Ие, ботиб кетибди! Салқин тушди. Тун ярим кечадан оғди. Мен борай энди.
— Айтинг-чи, Иешуа билан Пилатнинг тақдири нима бўлган эди, — деб сўради Иван, — шуни билмоқчиман, ўтинаман сиздан, сўзлаб берсангиз.
— Э, йўқ, йўқ, — деди меҳмон ғижиниб кифтини учираркан, — романимни эсласам бутун вужудим қақшаб кетади. Анави Патриарх кўлида танишганингиз сеҳргар буни мендан яхшироқ сўзлаб бериши мумкин. Суҳбат учун ташаккур. Хайр.

Иван эс-ҳушини йиғишга улгурмасдан панжара оҳиста «шиқ» этиб ёпилди-ю, меҳмон ғойиб бўлди.

Ўн тўртинчи боб

Хўрозга Тасанно!

Римскийнинг асаби ортиқ бардош беролмади, протоколни ёзиб бўлгунларича ҳам қаноат қилмай, ўз кабинетига отилди. У стодда уюлиб ётган сеҳрли пуллардан қизарган кўзларини узолмай ўтирарди. Мияси ғовлаб кетган эди. Ташқаридан одамлар ғовури бир маромда эшитиларди. Томошабинлар кўчага оқиб чиқа бошлаган эди. Молия директорининг ҳаддан зиёд динг бўлган қулоқларига бирдан милиция ҳуштагининг чуриллагани эшитилди. Турган гапки, ҳуштак ҳеч қачон ўз-ўзидан яхшиликка чурилламайди. Чуриллаш такрорланди, шунда бошқа ҳуштак унга ёрдамга келиб, қаттиқроқ ва чўзиброқ чуриллади, кейин шу ҳуштак овозига одамларнинг қаҳқаҳаси, ҳатто қийқириғи жўр бўлдики, молия директори, кўчада яна биронта машмаша, хунук воқеа содир бўлганини ва бу воқеанинг албатта анави жодугар билан ёрдамчилари бажарган машъум сеансга бевосита дахлдор эканлигини фаҳмлади. Зийрак Римский янглишмаган эди, албатта.

У Садовая кўчасига очиладиган деразадан ташқарига қаради-ю, афти буришиб кетди ва пичирлаб эмас, аниқроғи, вишиллаб деди:
— Билувдим-а!

У кўча фонарларининг кучли ёруғида, ўз деразаси остида, пастда, йўлкада бир хонимнинг ички кўйлак ва бинафшаранг узун трусикда турганини кўрди. Тўғри, хонимнинг бошида яна шляпа, қўлида шамсияси ҳам бор эди.

Тамомила эсанкираб қолганидан, гоҳ чўнқайиб ўтиришга, гоҳ ғизиллаганча қаёққадир қочишга шайланган бу хонимнинг атрофини ўраб олган оломон ғавғо кўтарган, боя молия директорининг этини жимирлатиб юборган қаҳқаҳаю қийқириқларнинг ижрочиси ҳам шу оломон эди. Аёлнинг атрофида бир гражданин гирдикапалак бўлиб, эгнидан авра пальтосини ечишга уринар, лекин қаттиқ ҳаяжонланганидан, қўлини ҳеч пальто енгидан чиқара олмасди.

Шу пайт бошқа ердан — чап томондаги эшикдан ҳам қийқириқ ва ваҳшиёна қаҳқаҳа эшитилди-ю, Григорий Данилович ўша ёққа ўгирилиб, пуштиранг ички кўйлакда турган иккинчи бир хонимни кўрди. У ўзини панага олиш мақсадида йўлкага ўтиб, тезроқ Варьете дарвозасига кирмоқчи бўлди, лекин ичкаридан чиқаётган томошабинлар оқими унинг йўлига ғов бўлдики, малъун Фаготнинг фирмасидан панд еган, кийим-кечакка шайдолиги ва енгилтаклиги оқибатида шарманда бўлган шўрлик аёл энди фақат бир нарсани — ер ёрилиб, тезроқ ерга кириб кетишни орзу қиларди. Милиционер ҳуштагини худди ҳавони пармалагандек чуриллатиб, бу бахти қаро аёл томон югурди, унинг орқасидан кепка кийган қандайдир хушчақчақ йигитлар эргашди. Шулар кўчани бошларига кўтариб қаҳқаҳ урган ва қийқирган эдилар.

Қотмадан келган, шопмўйлов олатасир бир извошчи қирчанғи отини учириб келиб, биринчи ечинган аёл тепасида таққа тўхтадида, оғзининг таноби қочиб, тиржайди, Римский ўз бошига муштлаб, тупурди-да, деразадан нари кетди.

У кўчадан келаётган шовқинга қулоқ солиб бир оз утирди. Ҳуштаклар садоси ҳаммаёқни тутиб кетди, кейин пасая-пасая ахийри тинди. Можаро ҳам жуда тез босилиб, Римскийни ҳайрон қолдирди.

Ортиқ қўл қовуштириб ўтириб бўлмасди, масъулиятнинг аччиқ оғусини ичиш пайти етганди. Томошанинг учинчи бўлими пайтида телефон аппаратлари тузатилган эди, демак қўнғироқ қилиб, содир бўлган воқеа ҳақида тегишли жойга хабар қилиш, ёрдам сўраш, ёлғон гапириш, ҳамма айбни Лиходеевга ағдариш, ўзини оқлашга ҳаракат қилиш керак эди ва ҳоказо. Ана холос — лаънати яна ишламаяпти! Хуноби чиққан молия директори икки марта трубкани олиб яна қўйиб қўйди. Шу пайт бирдан теран сукутга толган хонада аппарат жуда қаттиқ жаранглаб, молия директорини чўчитиб юборди, у қўрққанидан тахта бўлиб қолди. «Асабларим анча чатоқлашипти», — деб ўйлаб трубкани кўтарди. Лекин шу заҳоти уни қулоғидан узоқлаштирдию ранги докадек оқариб кетди. Трубкада аёл кишининг оҳиста ва айни. пайтда шаҳватга даъват этувчи муғамбирона овози пичирлаб деди:
— Ҳеч қаерга қўнғироқ қилма, Римский, оқибати ёмон бўлади.

Шундай деб у трубкани қўйиб қўйди. Молия директорининг эти жимирлаб кетди, трубкани қўйиб, негадир ўз орқасидаги деразага ўгирилиб қаради. У эндигина яшил либос кия бошлаган заранг дарахтининг сийрак новдалари орасидан шаффоф булут парчаси орқасида сузаётган ойни кўрди. Римский, негадир, новдаларга маҳлиё бўлиб қолди, у тикилган сари вужудини қўрқув туйғуси кўпроқ қамраб ола бошлади.

Ниҳоят у ой мўралаб турган деразадан зўр-базўр юзини ўгириб, ўрнидан турди. Энди бирон ерга қўнғироқ қилиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди, молия директори энди фақат бир нарса тўғриси-да — қандай қилиб тезроқ театрдан жўнаб кетиш ҳақида ўйларди.

У қулоқ солди: театр биноси сув қуйгандай жимжит. Римский бинонинг иккинчи қаватида анчадан бери ўзидан бўлак ҳеч ким йўқлигини тушунди, тушундию гўдакона кучли қўрқув туйғуси бутун вужудини бирдан маҳв этди. У ҳозир ёлғиз ўзи бўм-бўш йўлаклардан ўтиб бориб зинадан тушишини ўйларкан, бутун вужуди қалтираб кетди. У гипнозчининг стол устида уюлиб ётган червонларини апир-шапир йиғиштириб портфелга солди, ўзига бир оз бўлса ҳам далда бериш учун йўталиб қўйди. Лекин йўтали хириллаб чиқиб, зўрға эшитилди.

Шу маҳал унинг димоғига кабинетнинг эшиги остидаги тирқишдан бадбўй зах ҳиди урилгандай бўлди. Молия директорининг эти жимирлаб кетди. Бунинг устига, айни пайтда соат ярим кечага жом чала бошлади. Ҳаттоки шу соат занги ҳам молия директорини ларзага келтирди. Кейин эса, кимдир эшик қулфига калит тиқиб оҳиста бурай бошлаганда-ку, юраги қинидан чиқиб кетаёзди. У нам ва совуқ қўллари билан портфелни маҳкам чангаллаб оларкан, қулф тешигидаги «қитир-қитир» яна бир оз давом этгудек бўлса, бу даҳшатга тоқат қила олмай, «дод» деб бақириб юборишини сезди.

Ниҳоят, эшик кимнингдир раъйига юриб очилди ва кабинетга Варенуха товушсиз кириб келди. Римский турган ерида креслога таппа ўтириб қолди, чунки оёқларида дармон қолмаган эди. У ўпкасини тўлдириб ҳаво олди-да, хушомадгўй одамга ўхшаб тиржайди ва оҳиста деди:
— Ё алҳазар! Қўрқитиб юбординг-ку мени!

Ҳа, бунақа қўққисдан пайдо бўлиш ҳар қандай одамни ҳам чўчитиб юборган бўларди, шунга қарамай, айни пайтда Варенуханинг келиши катта шодиёна эди. Ҳар қалай, бу чалкаш жумбоқнинг ҳеч бўлмаса битта учи топилди-ку.
— Қани, гапир тезроқ! Хўш, хўш! — дея хириллади Римский, шу топилган жумбоқ учига ёпишиб олиб, — нима гап экан?
— Мени афв эт, — деб ғўлдиради хонага кирган одам эшикни ёпаркан, — сени кетиб қолгандирсан деб ўйловдим.

Сўнг у кепкасини ечмай, кресло олдига борди-да, столнинг у томонига ўтирди.

Шуни айтиб ўтиш керакки, Варенуханинг жавоби сал ғалатироқ бўлиб туюлди, шунда сезгирликда дунёдаги энг яхши сейсмик станциянинг сейсмографи билан ҳам беллашишга қодир бўлган молия директори хушёр тортди. Ие, бу қанақаси бўлди? Агарки, Варенуха молия директорини кабинетда йўқ деб фараз қилган экан, нега бу ерга келди? Ахир унинг ўз кабинети бор-ку. Бу — бир. Иккинчидан: Варенуха театр биносига қайси эшикдан кирганида ҳам, албатта тунги навбатчилардан биронтасига дуч келган бўларди, уларга эса, Григорий Данилович ўз кабинетида бир оз ушланиб қолади, деб айтиб қўйилган эди.

Лекин молия директори бу гумонлар устида кўп бош қотириб ўтирмади. Кўнглига сиғмасди.
— Нега ахир қўнғироқ қилмадинг? Анави Ялта машмашасининг тагига етдингми?
— Ҳа, айтганим тўғри чиқди, — деб жавоб қилди администратор, худди оғриқ тиши безовта қилаётгандай тамшаниб, — уни Пушкинодаги ресторандан топишипти.
— Нима? Пушкинодан?! Москва ташқарисидаги Пушкинодан? Телеграммалар Ялтадан келувди-ку?!
— Э, Ялтага бало борми? Пушкинодаги телеграфчини ичириб маст қилибди-да, кейин иккалови майнавозчилик қила бошлапти, шу жумладан: «Ялта» белгиси билан телеграммалар ҳам юборишган.
— Иҳи... иҳи... Ҳа, яхши, яхши... — деб Римский гапирмади, балки куйлагандек бўлди. Кўзларида сарғиш ўт чақнади. Миясида, Стёпанинг шармандаларча ишдан олинишининг тантанавор манзараси гавдаланди. Озодлик! Молия директори ахийри Лиходеев тимсолидаги балоофатдан озод бўлади! Балки Стёпан Богдановичга ишдан олинишдан ҳам баттарроқ жазо насиб этар... — Тафсилотини гапир! — деди Римский босмани столга гурс этиб уриб.

Варенуха ҳам тафсилотни гапира бошлади. У молия директори юборган ерга борипти, борган заҳоти уни қабул қилишиб, гапларини диққат билан тинглашипти. Турган гапки, Стёпа Ялтада, деган фикр ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмапти. Лиходеев Пушкинодаги «Ялта» ресторанида бўлиши керак, деган Варенуханинг тахминига ҳамма дарҳол қўшилипти.
— Ҳозир қаерда у? — деб администраторнинг сўзини бўлди ҳаяжонланаётган молия директори.
— Қаерда бўларди, — деди администратор истеҳзоли ишшайиб, — ҳушёрхонада-да, албатта.
— Қойиил! Баракалла, азамат!

Варенуха эса ҳикоясини давом эттирди. У гапирган сари Лиходеевнинг беҳаёлигу безориликлари молия директорининг кўзи олдидан узун занжирнинг ҳалқаларидек тизилиб ўта бошлади, лекин занжирнинг навбатдаги ҳар бир ҳалқаси олдингиларидан баттарроқ манзараларни намоён қиларди. Мана, масалан, унинг Пушкино телеграфи олдидаги майсазорда ғирт маст ҳодда телеграфчи билан қучоқлашиб, қандайдир саёқ гармончининг наъмасига рақс тушганини нима деб аташ мумкин? Ёки қандайдир аёлларни чинқиртириб қувганини олинг! Яна «Ялта»нинг ўзида буфетчи билан ёқалашмоқчи бўлипти! Ўша «Ялта»нинг ичида тўполон қилиб, кўп пиёзни ерга сочиб ташлапти! «Ай-Даниля» деган оқ мусалласнинг саккиз шишасини чил-чил қипти. Стёпаки олиб кетишни хоҳламаган такси шофёрининг счётчигини уриб синдирипти. Унинг бу қабиҳликларига чек қўймоқчи бўлган одамларга, қаматаман, деб дўқ қилганини айтмайсизми. Хуллас, ақл бовар қилмайдиган гаплар.

Стёпа Москванинг театр аҳли даврасида «отнинг қашқаси» бўлиб, унинг ғирт ғурбат эканлиги ҳаммага аён эди. Лекин шунга қарамай, администратор топиб келган миш-мишлар ҳаттоки шу Стёпа учун ҳам лоф эди. Ҳа, ўтакетган даражада лоф эди...

Римский ўткир кўзларини администраторнинг юзига худди еб қўйгудек бўлиб тикди, лекин бу кўзлар ҳикоя қанча кўп чўзилган сари, шунча маъюслаша борди. Администраторнинг қиссасидаги қабоҳатли тафсилотлар қанчалик ҳаётийроқ ва ёрқинроқ бўлган сари... молия директори унга шунча камроқ ишона бошлади. Варенуха Стёпанинг итдай қутуриб, уни Москвага олиб кетгани борган одамларга ҳам қаршилик кўрсатгани ҳақида ҳикоя қила бошлаганида молия директори ярим кечада қайтиб келган администраторнинг ҳамма гаплари ёлғонлигига батамом ишонди! Ҳа, гапларининг ҳаммаси — бошидан то охиригача ғирт ёлғон эди.

Варенуха Пушкинога бормаган, Стёпа ҳам Пушкинода йўқ эди. Маст телеграфчи ҳам бўлмаган, ресто-ранда шиша ҳам синдирилмаган, Стёпани ҳам ҳеч ким арқон билан боғламаган... — буларнинг ҳеч бири бўлмаган.

Римский администраторнинг айтаётганлари ғирт олғон деган қатъий фикрга келиши билан унинг оёқларидан бошланган қўрқув ҳисси бутун вужудини қамраб олди, шунда безгак балчиғининг ҳиди бир эмас, икки марта яна ер юзалаб сузгандек туюлди унга. Молия директори креслода жуда ғалати йўсинда гужанак бўлиб ўтириб, худди чироқ шуъласидан кўзини олиб қочмоқчи бўлгандай юзини газета билан гўсиб, муттасил стол лампасининг ҳаворанг сояси панасида бўлишга уринган администратордан бир зум ҳам кўзини узмас экан, паққос: буларга қандай тушуниш керак? — деб бош қотирарди. Ахир, шундай бемаҳалда кириб келган администратор бутун бино сукутга толиб, ҳувиллаб ётган бўлишига қарамай, нега энди айёрона ёлғон гапиряптийкин? Шундай хаёлга борган молия директорининг қалбини, оқибат, мавҳум, аммо мудҳиш хатар ҳисси кемира бошлади. У Варенуханинг гапни чалғитаётганини ҳам, юзини газета билан тўсиб найранг қилаётганини ҳам гўё пайқамагандай бўлиб, унинг жаврашларига деярли қулоқ солмай, юзига астойдил тикилиб қарай бошлади. Варенуханинг юзида изоҳлаб бўлмайдиган қандайдир ўзгариш мавжуд эдики, бу — Пушкино саргузаштлари ҳақидаги уйдирмаларнинг нима сабабдан тўқилганидан ҳам мавҳумроқ эди, яъни ўша «қандайдир» деганимиз — администраторнинг ташқи қиёфаси ва сулукатидаги ўзгачалик эди.

У юзини соя қилиш учун кепкасининг ўрдак-тумшуқ соябонини кўзларигача бостириб кийишга қанчалик уринмасин, қўлидаги газетани қанчалик ёйиб, айлантириб кўрмасин, — барибир, Римский унинг ўнг юзи, бурнининг ёни моматалоқ бўлганини кўриб олди. Бундан ташқари, одатда ҳамиша жўшқин табиат администратор ҳозир хаста одам каби бўздай оқариб кетган, бўйнига эса шу тунги дим ҳавода негадир эскириб кетган йўл-йўл шарф ўраб олган эди. Бу ўзгаришларга яна администраторнинг театрда бўлмаган шу қисқа вақт ичида тишлари орасидан ҳаво сўриб тамшанишдек хунук одат чиқарганини, овозининг жудаям ўзгариб, бўғиқ ва дағал бўлиб қолганини, кўзларида олазараклик ва қўрқув аломати пайдо бўлганини илова қиладиган бўлсак — Иван Савельевич Варенухани таниб бўлмай қопти, деб дадил айтиш мумкин.

Молия директорини яна алланима қаттиқ безовта қиларди, лекин у серташвиш миясини қанчалик қотириб кўрмасин, Варенухага қанчалик тикилиб қарамасин, ўша безовта қилаётган нарсанинг нималигини ҳеч фаҳмлай олмасди. У фақат бир нарсани — админист-раторнинг Римскийга жуда таниш бўлган креслода ўтиришда қандайдир ғайритабиийлик мавжудлигини, Варенуха билан креслонинг бир-бирига қовушмаётганлигини таъкидлаши мумкин эди.
— Хуллас, ахийри уни таппа тутиб машинага босишди, — деб ғўлдирарди Варенуха моматалоқ юзини кафти билан тўсиб газета оша мўраларкан.

Шунда Римский бирдан гўё бехосдан кафтини ёйганча қўлини узатдида, айни пайтда, бармоқларини стол устида ўйнатиб туриб, электр қўнғироқ тугмасини босиб юборди ва... серрайиб қолди.

Бўм-бўш бинода қўнғироқ овози жаранглаб эшитилиши керак эди, албатта. Лекин эшитилмади, тугмача столга ботди-ю, аммо садо чиқмади. Тугма ўлик, қўнғироқ бузуқ эди.

Молия директорининг бу найрангини Варенуха пайқади, албатта, у кифтини учириб, кўзларидан жаҳолат учқуни сочганча сўради:
— Нега қўнғироқ қилдинг?
— Қўлим тегиб кетди, — деди бўғиқ овоз билан Римский ва қўлини тортиб олди, сўнг ўз навбатида у ҳам ҳадиксираб сўради: — Юзингга нима қилди?
— Машина кескин бурилган эди, эшик бандига урилиб кетдим, — деб жавоб қилди Варенуха кўзини ундан олиб қочаркан.

«Гапи ёлғон!» — деб кўнглидан ўтказди молия директори. Шундай хаёлга борди-ю, бирдан кўзлари косасидан чиқиб кетгудек чақчайиб, телбаларча боқди — у кресло суянчиғига тикилиб қолган эди.

Кресло орқасида, полда бир-бирини кесиб ўтган иккита соя ётарди, бири қуюқроқ ва қорароқ, иккинчиси хирагина, кулранг тусда эди. Кресло суянчиғининг ҳам, ўткир учли оёқларининг ҳам сояси полда яққол кўриниб турар, аммо Варенуханинг суянчиқ узра кўриниб турган бошининг, шунингдек, кресло пойидаги оёқларининг сояси кўринмасди.

«Ахир унинг сояси йўқ-ку!» — деб жонҳолатда доҳилан чинқириб юборди Римский. Вужуди дағ-дағ қалтирай бошлади.

Варенуха Римскийнинг телбаларча нигоҳини кузатаркан, кресло орқасига ўғринча назар ташладию миси чиққанлигини тушунди.

У креслодан туриб (молия директори ҳам унга тақлид қилди), портфелини қўлида маҳкам ушлаганча столдан бир қадам орқага чекинди.
— Ҳа, пайқаб қолдинг-а, ярамас! Ҳамиша фаросатинг ўткир бўлган сени, — деди Варенуха молия директорига, юзингда кўзинг бор демай заҳарханда қилиб, кейин дафъатан бир сакраб эшик олдига бор-ди-да, инглиз қулфи тугмачасини чаққонлик билан пастга босди. Молия директори боққа очиладиган дераза томон чекинаркан, ялт этиб унга ўгирилди ва ой нурига ғарқ бўлган бу дераза ойнага қапишган қип-яланғоч бир аёлнинг юзини ва дарчадан ичкарига тиққан яланғоч қўлини кўрди — бу қўл деразанинг пастки илгагини очишга уринарди. Юқори илгак туширилиб бўлган эди.

Римскийнинг назарида стол устидаги чироқ ўча бошлагандек, ёзув столи эса бир томонга оғаётгандек туюлди. Муздек совуқ, кучли тўлқин келиб унга урилгандай бўлди, аммо у бутун кучини сарфлаб ўзини тутди-ю йиқилмади. Унинг қолган кучи:
— Войдод... — деб бақиришга эмас, пичирлашгагина етди.

Варенуха эшикни қўрикдаркан, диконглаб сакрар, сакрагандаям ҳавода узоқ-узоқ муаллақ чайқалиб турарди. У чангаксимон бармоқларини Римский томонга силтар, вишиллар, тамшанар, дераза орқасида турган яланғоч аёлга кўз қисарди.

Аёл эса бу пайт малласоч бошини шоша-пиша дарчадан тиқиб, қўлини имкони борича чўзди, деразанинг пастки илгагини тирноқлари билан тирнаб, деразани силкита бошлади. Шунда унинг қўли худди резинкадек чўзила ва мурданики янглиғ кўкара бошлади. Ниҳоят, бу мурданинг кўкарган бармоқлари илгакнинг учини чангаллаб уни ёнга бурди, дераза аста очила бошлади. Римский оҳиста чинқириб, деворга суянди ва портфелини қалқон қилиб олдинга сурди. Ажали етганини тушунган эди у.

Дераза ланг очилди, лекин хонага тунги салқин ҳаво ва жўка гуллари атри ўрнига зах ертўла ҳиди «гуп» этиб кирди. Мурда аёл деразада турарди. Римский унинг сийнасида ирий бошлаган доғларни аниқ кўрди.

Худди шу маҳал боғдан, тир орқасидаги пастак бинодан кутилмаганда хўрознинг шодиёна қичқириғи эшитилдики, театр программаларида қатнашувчи паррандалар шу ерга жойлаштирилган эди. Бу ўргатилган даканг хўроз Москвага шарқ ёқдан тонг яқинлашиб келаётганини қичқириб хабар қилганди.

Аёлнинг чеҳраси ваҳшиёна ғазабдан буришиб, ҳирқироқ овоз билан сўкинди, эшик олдида ҳавода муаллақ чайқалиб турган Варенуха эса чийиллаб юбориб, ерга «гурс» этиб тушди.

Хўроз яна қичқирган эди, аёл тишларини такиллатди, бошида малла соч толалари тиккайди. Хўроз учинчи бор қичқириши билан у орқасига ўгирилди-ю, деразадан учиб чиқиб кетди. Унинг орқасидан Варенуха ҳам бир сакраб, ҳавода энига чўзилди ва худди муҳаббат тангриси Купидон янглиғ оҳиста сузиб, ёзув столи узра учиб ўтди-да, деразадан чиқиб кетди.

Ҳали яқингинада Римский деб ҳисобланган, энди эса сочида биронта ҳам қора тола қолмаган мўйсафид чол эшик олдига югуриб борди, илгакни тушириб, эшикни очди ва қоп-қоронғи даҳлиздан ғизиллаганча югуриб кетди. Зинага буриладиган ерда у қўрқувдан иҳраб-сиҳраб включателни пайпаслаб топди-ю зинани ёритди. Бутун вужуди дағ-дағ титраётган чол зинада йиқилиб тушди, чунки назарида, устига Варенуха оҳиста босиб тушгандай бўлганди.

Пастга чопиб тушган Римский навбатчининг вестибюлдаги касса олдида стулда ухлаб ўтирганини кўрди. У навбатчининг ёнидан оёқ учида ўғринча юриб ўтиб, асосий эшикдан кўчага чиқди. Шундагина Римский бир оз енгил тортди. У шунчалик ҳушини йиғиб олган эдики, қўлини бошига олиб бориб, ҳатто шляпаси кабинетида қолиб кетганини ҳам фаҳмлади.

Турган гапки, у шляпасини олгани қайтиб кирмади, балки ҳаллослаганча кенг кўчани кесиб ўтиб муюлишдаги кинотеатр томон чопди, ўша ерда таксининг хирагина қизғиш чироғи ёниб турганини узокдан кўрган эди. У бир зумда ўша ерга етиб ҳам олди. Хайрият, машинани ҳеч ким илиб кетмабди.
— Ленинграднинг курьер поездига, чой пули бераман, — деди қария юрагини чангалланганча ҳансираб пафас оларкан.
— Гаражга кетяпман, — деди гаофёр ғижиниб ва юзини тескари ўгирди.

Шунда Римский портфелидан битта эллик сўмлик пул чиқарди-да, машинанинг олдинги очиқ ойнасидан шофёрга узатди.

Яна бир лаҳзадан кейин шалдироқ машина Садовая халқа йўлидан қуюндек елиб борарди. Пассажир орқа хриндиқда дамо-дам лик-лик сакраб бораркан, шофёр рўпарасидаги бир парча кўзгуда гоҳ унинг шодиёна кўзларини, гоҳ ўзининг телбаларча кўзини кўрарди.

Римский вокзал биноси олдида машинадан отилиб чикди-ю, олдига оқ фартук тутиб, ҳаммоллик нишони таққан биринчи дуч келган одамга қичқирди:
— Биринчи даражали вагон, битта билет, ўттиз сўм бераман, — деб портфелидан червонларни ғижимлаб ола бошлади, — биринчи йўқ бўлса — иккинчи даражали, агар уям йўқ бўлса — борини олавер.

Нишон таққан одам порлаб турган электр соатга қараб қўйиб, Римскийнинг қўлидан червонларни юлқиб одди.

Яна беш минутдан кейин вокзалнинг ойнаванд гумбази остидан курьер поезди ўкдай отилиб чикди ва зулмат қўйнида ғойиб бўлди. Шу поезд билан бирга Римский ҳам дом-дараксиз йўқолди.

Ўн бешинчи боб

Никонор Ивановичнинг Туши

Турган гапки, шифохонанинг 119-хонасига ётқизилган башараси қип-қизил, бақалоқ одам Никонор Иванович Босой эди.

Бироқ у профессор Стравинскийнинг ихтиёрига келмасдан олдин бошқа ерда ҳам бўлди.

Никонор Ивановичнинг хотирасида ўша бошқа ердан жуда оз нарса: фақат ёзув столию шкаф билан диван қолди.

Миясига қуйилган қондан ва қаттиқ ҳаяжонланганидан кўз олди хиралашган Никонор Иванович билан у срда суҳбатлашишди, аммо суҳбат жуда ғалати, пойинтар-сойинтар бўлиб чиқди, тўғрироғи, суҳбат чиқмади.

Никонор Ивановичга берилган биринчи савол бундай эди:
— Сиз — Садовая кўчасидаги уч юз иккинчи-бис уй комитетининг раиси Никонор Иванович Босойсиз, шундайми?

Бунга жавобан Никонор Иванович даҳшатли хохолаб, шундай жавоб қилди:
— Мен Никонорман, тўғри, Никонорман! Лекин қанақасига раис бўлай?
— Буни қандай тушуниш керак? — деб сўрашди Никонор Ивановичдан кўзларини қисганча.
— Айтмоқчиманки, — деб жавоб қилди у, — агар раис бўлганимда, бир қарашдаёқ унинг шайтон эканлигини фаҳмлаган бўлардим! Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг! Пенснесининг ойнаги дарз кетган... уст-боши бир ҳолатда-ю... Ахир қанақасига хорижлик одамнинг таржимони бўлиши мумкин?
— Кимни гапиряпсиз ўзи? — деб сўрашди Никонор Ивановичдан.
— Коровьёвни-да! — деб чинқирди Никонор Иванович, — уйимизнинг эллигинчи квартирасини эгаллаб олган у! Ёзинг! Коровьёв. Дарҳол қўлга олиш керак уни! Ёзинг! Олтинчи подъезд. У ўша ерда.
— Валютани қаердан олдинг? — деб мулойим оҳангда сўрашди Никонор Ивановичдан.
— Ҳақ таоло, қодир худо, — деб гапира бошлади Никонор Иванович, — ҳаммасини кўриб туриити, ўзимнинг борадиган ерим ҳам ўша ёқ. Ҳеч қачон қўлимга ушламаганман, валюта ўзи қанақа бўлишини тасаввур ҳам қилмаганман! Худо мени бадкирдорлигим учун ғазабига олмоқда, — деб ҳаяжон билан давом этди Никонор Иванович кўйлагининг тугмаларини гоҳ қадаб, гоҳ ечиб, гоҳ чўқиниб, — тўғри, олганман! Олганман, лекин ўзимизнинг совет пули билан олганман! Тўғри, пул олиб прописка қилганман, бўйнимга оламан. Аммо котибимиз Пролежнев ҳам қолишмайди, у ҳам анойиларданмас! Очиғини айтадиган бўлсак, уй бошқармасидагиларнинг ҳаммаси ўғри. Лекин валюта олмаганман!
— Майнавозчиликни бас қилиб, долларни вентиляция туйнугида қаёқдан пайдо бўлганини гапириб оеринг! — деб Никонор Ивановичдан илтимос қилишган эди, у тиз чўкиб ўтириб, оғзини катта очди-да, худди паркет тахтасини ютиб юбормоқчи бўлгандай, энгашди.
— Хоҳласангиз, — деб пўнғиллади у, — олмаганман деб қасам ичиб, тупроқ ейишга ҳам тайёрман. Лекин Коровьёв — шайтон.

Ҳар қандай сабр-тоқатнинг ҳам чегараси бўлади, стол ортида ўтирганлар Никонор Ивановичга, бас бўлди, одамга ўхшаб гапиринг, деб қаттиқроқ гапира бошлашди.

Шунда Никонор Иванович ўрнидан сапчиб туриб кетиб, ўша диван қўйилган хонани бошига кўтаргудек ваҳшиёна чинқирди:
— Ана у! Ана, шкаф орқасида турипти! Масхара қилиб куляпти! Пенснесиям ўша... Ушланглар уни! Исириқ тутатинглар!

Никонор Ивановичнинг ранги қув ўчиб кетди, у дағ-дағ титраганча бўшлиқни чўқинтирар, ғизиллаб эшик олдига бориб, яна орқасига қайтар, аллақандай дуо сўзларини ифода билан ўқирди, ниҳоят, у мутлақо тутуриқсиз гапларни алжий бошлади.

Никонор Ивановичдан бирон бамаъни гап чиқмаслиги аён бўлди. Уни олиб чиқиб кетиб, алоҳида хонага жойлаштиришди, у сал тинчиди, аммо пиқиллаб йиғлаганча, тинмай ибодат қила бошлади.

Тўғри, Садовая кўчасигаям бориб келишди. 50-квартирага ҳам кириб чиқишди. Лекин у ерда ҳеч қанақа Коровьёвни учратишмади, алалхусус, у уйда истиқомат қилувчилардан ҳеч ким Коровьёв деган одамни танимас ҳам, кўрмаган ҳам экан. Марҳум Берлиоз билан ҳозир Ялтага жўнаб кетган Лиходеев яшаб турган квартирада ҳеч зоғ йўқ эди, кабинетдаги шкафларга осилган сурғучли муҳрлар ўз жойида осилиб турарди. Шундан сўнг текширгани келганлар яна қайтиб кетишди, айни пайтда уй бошқармасининг котиби, руҳи тушиб гангиб қолган Пролежнев ҳам улар билан жўнаб кетди.

Кечқурун Никонор Ивановични Стравинскийнинг шифохонасига элтиб қўйишди. У ерда бемор бетинч бўлиб, шу қадар қутурдики, натижада Стравинский рецепти бўйича унга укол қилишга тўғри келди. 119-хонага жойлаштирилган Никонор Йванович фақат вақт ярим кечадан ўтгандагина уйқуга кетди, шунда ҳам уйқу аралаш изтиробли инграб-инграб қўярди.

Лекин бора-бора уйқуси ҳаловатли бўла бошлади. Тўлғониши, инграшлари қолиб, енгил ва бир текисда нафас ола бошлади, шундан кейингина уни хонада холи қолдиришди.

Кейин Никонор Иванович туш кўрди, шубҳасиз, кўрган тушига бугун ўз бошидан кечирган воқеалар асос бўлган эди. Никонор Ивановичнинг туши қуйидагича бошланди: қўлига мис карнайлар ушлаган қандайдир одамлар жуда зўр тантана билан уни ярақлаган улкан бир эшик олдига олиб келишганмиш. Кейин шу эшик тагида ўша карнайчилар Никонор Иванович шаънига табрик музикаси — туш чалганмиш-у, қан-дайдир гулдуровчи йўғон овоз унинг боши узра шўх оҳангда бундай деганмиш:
— Марҳабо, Никонор Иванович! Валюталарни топширинг.

Никонор Иванович жудаям ҳайрон бўлиб, бошини кўтариб, тепасида қоп-қора радиокарнайни кўрганмиш.

Кейин у негадир театр залида пайдо бўлиб қолипти, залнинг заррин шифтида биллур қандиллар порлаб турармиш, деворларда — кенкетлар . Ҳамма нарса ўз ўрнидамиш, унча катта бўлмаган, аммо қиммат театрда қандай бўлса, бу ер ҳам шундаймиш. Саҳна ҳам, олтин ранг ўн сўмликларнинг катталаштирилган тасвири ҳар ер-ҳар ерида худди юлдузлар сингари порлаб турган тўқ-қизил духоба парда ҳам, суфлёр будкаси ҳам, ҳаттоки томошабинлар ҳам бор эмиш.

Никонор Ивановични ҳайрон қолдирган нарса шу бўлибдики, ҳамма томошабинлар бир жинс вакили — эркаклармиш, бунинг устига, негадир, ҳаммалари соқоллимиш. Яна залда биронта ҳам стул йўқлиги, томошабинларнинг ярақлатиб артилган силлиқ полда ўтиргани уни таажжубга солибди.

Никонор Иванович бу улкан нотаниш жамоа даврасида ўзини ўнғайсиз ҳис қилиб, бир оз вақт қимтиниб турипти-да, сўнг ҳамма қатори у ҳам хирс-мирсдай келадиган бир малласоқол одам билан ҳаммаёғини тук босиб кетган рангпар бир гражданин ўртасига, паркет полга чордана қуриб ўтирипти. Лекин ҳеч ким бу янги томошабинга парво ҳам қилмапти.

Шу маҳал майин қўнғироқча садоси эшитилиб, залда чироқ ўчипти, парда очилиб, чароғон саҳнада кресло, устига олтин қўнғироқча қўйилган столча ва тўрда қора духоба парда кўринипти.

Ён томондан саҳнага соқол-мўйлови силлиқ олинган, сочининг ўртасидан фарқ очилган, эгнига смокинг кийган истараси иссиқ ёш бир артист чиқипти. Томошабинлар жонланишиб, саҳна томонга ўгирилипти. Шунда артист будка яқинига келиб туриб, кафтларини бир-бирига ишқаб:

—Ўтирибсизларми? — деб сўрапти майин баритон овоз билан ва жилмайиб залга қарапти.
— Ўтирибмиз, ўтирибмиз, — деб бараварига жавоб қилишипти залда чийиллаган ва дўриллаган овозлар.
— Ҳм... — депти ўйчанлик билан артист, — тавба, жонларингга тегмадими-а, ҳайронман? Ақли расо одамлар ҳозир баҳор офтобидан, илиқ ҳаводан баҳра олиб, кўчаларда сайр қилиб юришипти, сенлар бўлсанглар, бу ерда, қоқ ерда димиқиб ўтирибсанлар! Наҳот, программамиз шу қадар қизиқарли бўлса? Дарвоқе, ҳар кимнинг диди ҳар хил бўлади, — деб файласуфона якунлапти сўзини артист.

Кейин у овозининг тембрини ҳам, оҳангини ҳам ўзгартириб, янгроқ овоз билан шўх оҳангда эълон қилипти:
— Шундай қилиб, программамизнинг навбатдаги номерида уй бошқармасининг раиси ва парҳез ошхонаси мудири Никонор Иванович Босой саҳнага чиқади. Сўраймиз, Никонор Иванович!

Артистнинг гапини зал гулдурос қарсаклар билан кутиб олипти. Ҳанг-манг бўлиб қолган Нико-нор Иванович бақрайиб қолипти, конферансье эса саҳна олдидаги чироқлардан кўзини кафти билан тўсиб, залда ўтирганлар орасидан уни ахтариб то-пипти-да, мулойим жилмайиб, бармоғи билан уни саҳнага имлаб чақирипти. Шунда Никонор Иванович қандай қилиб саҳнага чиқиб қолганини ўзи билмай қолипти.

Унинг рўпарасидаги ва оёғи остидаги чироқларнинг ранг-баранг шуълалари кўзига тушган ҳамоноқ томошабин тўла зал зулмат қаърига чўкиб ғойиб бўлипти.
— Қани, Никонор Иванович, бир ўрнак кўрсатинг-чи, — депти дилкашлик билан ёш артист, — валютани топширинг.

Бутун зал сукутда эмиш. Никонор Иванович бир хўрсиниб қўйиб, оҳиста гап бошлапти.
— Худо урсин, агар...

У айтмоқчи бўлган гапини айтиб улгурмасдан бутун зал қаҳру ғазаб билан шовқин сола бошлапти. Натижада Никонор Иванович эсанкираб жим бўлиб қолипти.
— Фаҳмимча, — деб гапира бошлапти программани бошқараётган артист, — сиз худони ўртага қўйиб, «валютам йўқ» деб онт ичмоқчи бўлдингиз, шундайми? — У Никонор Ивановичга ҳамдардлик билан боқипти.
— Ҳа, шундай, йўқ, — деб жавоб қилипти Никонор Иванович.
— Ундай бўлса, — депти артист, — беадаблигим учун кечирасиз, сиз билан хотинингиздан ўзга ҳеч ким истиқомат қилмайдиган ўша квартиранинг ҳожатхонасидан топилган тўрт юз доллар қандай бориб қолипти у ерга?
— Сеҳр билан-да! — дебди шунда кимдир қоронғи залдан ошкора киноя билан.
— Ҳа, шундай, сеҳр билан, — деб қўрқа-писа жавоб қилибди Никонор Иванович, лекин кимга жавоб қилганини: артистгами ё қоронғи залгами — билиб бўлмапти. Кейин у жавобини изоҳлапти: — Инс-жинс, яъни катак камзул кийган таржимон ташлаб кетган.

Залда яна дарғазаб шовқин кўтарилипти. Шовқин гингач эса артист гап бошлапти:
— Мана шунақа лафонтенона* масаллар ҳам ижро этилиб туради бу ерда! Тўрт юз долларни ташлаб кетишганмиш! Мана, сизлар ҳаммангиз валютафурушларсиз! Сизлар — мутахассисларсиз, қани айтинг-чи — шундай бўлишига ақл бовар қиладими?
— Биз валютафурушлармасмиз, — залнинг у ер-бу еридан битта-яримта овоз эшитилипти, — лекин чинданам бундай бўлиши мумкин эмас.
— Тўла-тўкис қўшиламан, — депти артист қатъий оҳангда, — бинобарин, сизларга саволим бор: масалан, иимани ташлаб кетишлари мумкин?
— Болани! — деб қичқирипти кимдир заддан.
— Мутлақо тўғри, — деб тасдиқлапти артист, — болани, юмалоқ хатни, прокламацияни, белгиланган вақтда портлайдиган бомбани, яна кўп нарсаларни ташлаб кетишлари мумкин, аммо тўрт юз доллар пулни ҳеч ким ташлаб кетмайди, зеро табиат ҳеч қачон яратмаган унақа аҳмоқни, — шундан кейин артист Никонор Ивановичга юзланиб, маъюс маломат билан илова қилипти: — сиз мени ранжитдингиз, Никонор Иванович! Сиздан жуда умидвор эдим. Қисқаси, номеримиз ўтмади.

Залда Никонор Ивановичга қарата ҳуштак чала бошлашипти.
— Учига чиққан валютафуруш у! — деб бақиришармиш залдан, — мана шунақаларнинг касрига қолиб биз бегуноҳлар азоб чекяпмиз!
— Койиманглар уни, — мулойим оҳангда депти конферансье, — ўзиям пушаймон бўляпти. — Сўнг у ғилт-ғилт ёш тўла кўм-кўк кўзларини Никонор Ивановичга қаратиб, илова қилипти: — Майли, бора қолинг жойингизга, Никонор Иванович!

Шундан кейин артист қўнғироқчани чалиб, баралла овоз билан эълон қилипти:
— Танаффус, аблаҳлар!

Ҳеч кутилмаганда бу нотаниш театр программасида қатнашиб, эси оғиб қолган Никонор Иванович ўзини яна бояги полдаги ўрнида кўрипти. Энди унинг тушига бутун залнинг зим-зиё бўлгани, деворларда: «Валюталарни топширинг!» — деган қизил сўзлар ёна бошлагани кирипти. Кейин яна парда очилиб, конферансье:
— Саҳнага Сергей Герардович Дунчилни таклиф қиламан, — депти.

Дунчиль дегани эллик ёшлардаги хушбичим, аммо жудаям иркит одам эмиш.
— Сергей Герардович, — деб юзланипти конфераньсе шу одамга, — мана, бир ярим ойдирки, қўлингизда қолган валюталарни топширишдан қатъиян бош тортиб бу ерда қийналиб ўтирибсиз, ҳолбуки, мамлакат уларга муҳтож, сизга эса уларнинг асло ҳожати йўқ, шунга қарамай, сиз қайсарлигингизни қўймаяпсиз. Ўзингиз зиёли одамсиз, ҳамма нарсага жуда яхши тушунасиз-у, шунга қарамай, менга ёрдам қилишни хоҳламаяпсиз.
— Таассуфки, ҳеч иложим йўқ, зеро менда бошқа валюта қолмаган, — деб бамайлихотир жавоб қилипти шунда Дунчиль.
— Х,еч бўлмаса, бриллиантларингиз бордир? — деб сўрапти артист.
— Бриллиантлар ҳам йўқ.

Артист бошини хам қилганча бир оз ўйланиб турипти-да, кейин бир марта чапак чалипти. Саҳнанинг ён томонидан мода бўйича кийинган, яъни ёқасиз пальто ва кичкинагина шляпа кийган ўрта ёшлардаги бир хоним чиқипти. У жуда ташвишли кўринармиш, Дунчиль бу хонимга совуққина қараб қўйипти.
— Ким бу аёл? — деб сўрапти артист Дунчилдан.
— У менинг хотиним, — деб виқор билан жавоб қайтарипти Дунчиль ва хонимнинг узун бўйнига хиёл ранж билан тикилипти.
— Биз сизни, Дунчиль хоним, — деб юзланипти конферансье хонимга, — бир масала юзасидан безовта қилишга журъат этдик: биз сиздан, эрингизда яна валюта борми, деб сўрамоқчи эдик.
— Ўшанда у ҳаммасини топширган эди, — ҳаяжонланиб жавоб қилипти Дунчиль хоним.
— Яхши, — депти артист, — ҳай, ундай бўлса, яхши. Агар ҳаммасини топширган бўлса, начора, унда биз дарҳол Сергей Герардович билан видолашмоғимиз керак! Истасангиз, театрни тарк этишингиз мумкин, Сергей Герардович, — шундай деб артист шоҳона мурувват қилипти.

Дунчиль эса салобат ва виқор билан орқасига ўгирилиб, саҳна ичкариси томон юра бошлапти.
— Яна бир минут сабр қилсангиз! — деб уни тўхтатипти шунда конферансье, — видолашишимиз олдидан сизга программамизда яна бир номер кўрсатишга ижозат берсангиз, — шундай деб у яна чапак чалипти.

Тўрдаги қора парда сурилиб, саҳнага бал кўйлаги кийган ёшгина бир соҳибжамол қиз қўлида олтин патнис кўтариб чиқипти, патнисда конфет лентаси билан боғланган қалин бир даста пул ва бриллиант маржон отганмишки, ундан саҳнанинг ҳар томонига дамо-дам яшил, сариқ, қизил учқунлар чатнармиш.

Дунчиль бир қадам орқасига тисарилибдию ранги докадек оқариб кетипти. Зал чурқ этмай қолипти.
— Ўн саккиз минг долларни ва олтин пулда қирқ минг турадиган бу маржонни, — деб тантанавор эълон қилипти артист, — Сергей Герардович Харьков шаҳридаги ўз маъшуқаси — ҳозир сиз билан биз кўриш шарафига муяссар бўлган Ида Геркулановнанинг квартирасида сақлаб келганки, аслида бебаҳо, аммо хусусий шахс қўлида бефойда бўлган бу улкан бойликни топишда бизга лутфан кўмаклашган Ида Геркулановнага мингдан-минг раҳмат айтамиз.

Соҳибжамол қиз жилмайган экан, тишлари ярақлаб кетипти, узун киприклари бир елпиниб кўйипти.
— Аммо сиз, — деб энди артист Дунчилга юзланипти, — гарчи сиртингиздан хушфазилат одам кўринсангиз ҳам, аслида очкўз бўри, бадфеъл ва учига чиққан ёлғончи экансиз. Сиз шу бир ярим ой мобайнида аҳмоқона ўжарлигингиз билан ҳаммани қонига ташна қилдингиз. Уйингизга бораверинг энди, хотинингиз бошингизга соладиган жаҳаннам азоби — қилган жиноятингизга монанд жазо бўла қолсин.

Шунда Дунчиль бир чайқалиб, йиқилиб тушаёзган экан, кимдир раҳм қилиб, қўлтиғидан олипти. Худди шу пайт олдпарда «шир» этиб тушиб, саҳнадагиларнинг барини кўздан яширипти.

Никонор Ивановичнинг назарида, зални ларзага келтирган гулдурос қарсаклардан қандил чироқлари «лик-лик» сакрай бошлагандай бўлипти. Олдинги қора парда юқорига кўтарилганда саҳнада энди ёлғиз артистдан бошқа ҳеч ким қолмаганмиш. Яна бошланган қарсак садосини бўлиб, артист залга таъзим қилипти ва шундай гап бошлапти:
— Дастуримизда қатнашган бояги Дунчиль қиёфасида сиз оддий бир эшакни кўрдингиз. Ахир кеча мен, махфий тарзда валюта сақлаш — ғирт бемаъниликдир, деб айтиш шарафига муяссар бўлган эдим-ку. Сизларни ишонтириб айтаманки, ҳеч ким, ҳеч қачон у валютадан фойдалана олмайди. Мисол учун ўша Дунчилни олайлик. У жуда катта маош олади, ҳеч нарсага муҳтож эмас. Унинг шоҳона квартираси, хотини, яна соҳибжамол ўйнаши ҳам бор. Буни қарангки, валюта билан қимматбаҳо тошларни ҳукуматга топшириб, ҳар қандай кўнгилсизликларни бошидан соқит қилиш, тинчгина, ҳаловатда яшаш ўрнига, бу манфаатпараст галварс охири ҳамманинг кўзи олдида ўз оёғи билан шармандалик ботқоғига ботди, сийловига яна ҳали уйида бошида таёқ синадиган бўлди. Хўш, қани, ким топширади? Хоҳловчилар йўқми? Ундай бўлса, навбатдаги номеримизда — программамизга махсус таклиф қилинган истеъдодли ва таниқли драматик артист Савва Потапович Куролесов шоир Пушкиннинг «Хасис рицарь» фожиасидан парча ўқиб беради.

Номи зикр этилган Куролесов бир зум ҳам кутдирмай, саҳнада пайдо бўлипти, бу эгнига фрак кийиб, оқ галстук боғлаган, сочи устарада олинган норғил ва семиз одам эмиш.

У афтини буриштириб, қовоқларипи уйипти-да, олтин қўнғироқчага қиё боққанча ҳеч қандай муқаддимасиз, ғайриоддий овоз билан шеър ўқий бошлапти:
— Уйинқароқ йигит маккор фоҳиша қизнинг висолини интизорли кутгани каби...

Шундан бошлаб Куролесов ўзи тўғрисида кўп ёмон гапларни айтиб берипти. Никонор Иванович қайсиям бир бахти қаро бева хотиннинг ёмғир шаррос қуйиб турганда зор-зор йиғлаб Куролесовнинг қаршисида тиз чўккани, аммо шўрликнинг нолалари бераҳм артистнинг кўнглини юмшатмагани тўғрисида унинг ўз оғзидан эшитипти. Никонор Иванович то шу тушни кўргунига қадар шоир Пушкиннинг биронта ҳам асарини ўқимаган бўлса ҳам, унинг ўзини жуда яхши биларди, ҳатто унинг иомини ҳар куни бир неча марталаб қуйидаги мазмунда тилга олиб турарди: «Квартира ҳақини сиз учун Пушкин тўлайдими?» ёки: «Нима, зинадаги лампочкани Пушкин илиб кетиптими, бўлмаса?» — «Балки сиз, нефть учун Пушкин пул тўлайди, деб ўйларсиз?»

Мана энди Никонор Иванович шоирнинг асарларидан бири билан танишиб, маъюс бўлиб қолипти, етимча болалари билан ёмғирда тиз чўкиб турган аёлни кўз олдига келтирипти-да, беихтиёр: «Аблаҳнинг ўзи экан-ку бу Куролесов!» — деб кўнглидан ўтказипти.

У эса тобора овозини баландлатиб тавба қилишда давом этаркан, бора-бора Никонор Ивановични гангитиб қўйипти, чунки артист бирдан саҳнада йўқ кдндайдир одамга мурожаат қилиб, ўша йўқ одам тилидан ўзига-ўзи жавоб қайтара бошлабдики, шу гаплари пайтида у ўзини гоҳ «сиз»лаб, гоҳ «сен»лаб, ўзига-ўзи бир «жаноб», бир «барон», бир «ота», бир «ўғлим» деб муожаат қила бошлапти.

Никонор Иванович фақат бир нарсани — артистнинг: «Калитлар! Калитларим менинг!» — деб жонҳолатда чинқириб, ахийри машъум ўлим топганини тушунипти, чунки артист «гурс» йиқилиб, хириллаганча бўйнидаги галстугини оҳиста еча бошлабди.

Куролесов ўлиб бўлгач, ўрнидан турипти, шимининг чангини қоқипти, сохта жилмайиб, таъзим қилипти-да, сийраккина қарсак остида саҳнадан чиқиб кетипти. Кейин конферансье бундай деб гап бошлапти:
— Сиз билан биз Савва Потаповичнинг моҳирона ижросида «Хасис рицарь» асарини тингладик. Ўша рицарь шўх илоҳалар учиб келиб атрофимда парвона бўлишадию яна жуда кўп шунга ўхшаш кўнгил очувчи ҳоллар юз беради, деб умид қилган эди. Лекин, ҳозир ўзингиз кўрдингиз, ҳеч қандай илоҳалар ҳам учиб келмади, музалар ҳам уни мадҳ этмади, у ҳеч қандай кошона ҳам қура олмади, аксинча, жуда ёмон ўлим топди, валюта ва қимматбаҳо тошлар тўлдирилган ўз сандиғи устида юраги ёрилиб тўнғиз қавмида кетди. Билиб қўйинглар, валюталарни топширмасангиз сизларнинг ҳам бошингизга шундай фалокат, — балки ундан ҳам бешбаттари — тушиши мумкин.

Шунда ё Пушкиннинг назмий асари, ё конферансьенинг насрий нутқи кор қилган бўлса керак — залдан тортинчоқ бир овоз эшитилипти:
— Мен топшираман валютамни.
— Сизни лутфан саҳнага таклиф қиламан! — депти конферансье қоронғи залга тикилиб қараркан, мулойим овоз билан.

Шунда саҳнага паст бўйли, оқ-малла соч бир гражданин чиқипти, у уч ҳафталардан бери соқолини олмаган одамга ўхшармиш.
— Афв этасиз, фамилиянгиз? — деб сурапти конферансье.
— Канавкин Николай, — қимтинибгина жавоб қилипти у.
— Ҳа! Ғоят хурсандман, гражданин Канавкин, қулоғим сизда!
— Топшираман, — депти Канавкин секингина.
— Қанча?
— Минг доллару яна йигирмата ўн сўмлик олтин танга.
— Браво! Ҳаммаси-а?

Программани олиб бораётган артист Канавкиннинг кўзларига қаттиқ тикилиб қарапти, шунда Никонор Ивановичнинг назарида, артистнинг кўзларидан ҳатто шуъла отилиб чиқиб, худди рентген нурлари каби Канавкиннинг вужудини тешиб ўтгандай бўлипти. Залда ўтирганларнинг нафаслари ичига тушиб кетипти.
— Ишонаман! — депти ниҳоят артист ва кўз нурини ўчирипти, — ишонаман! Бу кўзлар алдамайди. Сизларга қайта-қайта айтяпманки, асосий хатоларингиз — инсон кўзи қудратини қадрига етмаётганингиздадир. Тушунинг ахир, тил ҳақиқатни яшириши мумкин, аммо кўз — ҳеч қачон! Масалан, сизга дабдурустдан бир савол беришди дейлик, лекин сиз бундан ҳатто сесканмайсиз ҳам, бир зумда ўзингизни тутиб оласизу, ҳақиқатни яшириш учун нима деб жавоб қилишни биласиз, кейин қатъий ишонч билан жавоб қайтара бошларкансиз, юзингизда гапингизнинг ёлғонлигини сездирувчи биронта ҳам ишора кўринмайди, лекин таассуфки, берилган саволдан ҳаловатини йўқотган ҳақиқат бир лаҳзага қалбингиз тубидан кўзингизга «лип» этиб сакраб чиқадию, вассалом, иш тамом. Ҳақиқат фош бўлиб, тумшуғингиздан илинасиз!

Артист бу ғоят асосли нутқини дабдаба билан сўзлаб бўлиб, Канавкиндан мулойим оҳангда сўрапти:
— Қаерга яширгансиз?
— Пречистенкадаги холамнинг уйига, Пороховникова фамилияси...
— Ҳа-а! Ие... шошманг-шошманг... Клавдия Ильиничнаникигами ?
— Ҳа.
— О, ҳа, ҳа, тўғри! Мўъжазгина иморат-а? Рўпарасида кичкинагина томорқасиям бормиди? Э, биламан, биламан у уйни! Хўш, у уйнинг қаерига тиқиб ташлагансиз бойлигингизни?
— Ертўлада, Эйнем қутисига солиб қўйганман... Артист «тавба» демоқчи бўлгандай, қўлларини бир-бирига урипти.
— Ҳеч кўрганмисиз ўзи бундай беъманигарчилик-ни? — деб чинқирипти у хуноб бўлиб. — Ахир у ерда пуллар нам тортиб, моғорлаб кетади-ку! Ахир қандай ишониб топшириш мумкин бунақаларга валютани? А? Худди гўдак болага ўхшашади-я, азбаройи худо!

Канавкиннинг ўзи ҳам, нопок йўл билан бойлик тўплаб, хатога йўл қўйганини энди тушуниб, пахмоқсоч бошини хам қилиб турганмиш.
— Пул, — деб гапида давом этипти артист, — холаларнинг каламуш кемириб расво қилиши мумкин бўлган ертўласида эмас, балки давлат банкида, жуда пухта қўриқланадиган махсус хоналарда сақланиши лозим! Уят сизга, Канавкин! Ахир, кап-катта одамсиз-а.

Канавкин хижолатдан ўзини қўярга жой топа олмай, ҳадеб бармоғи билан камзулининг ҳошиясини тирнармиш.
— Ҳа, яхши, — депти артист жаҳлидан тушиб, — ўтган ишга салавот... — Кейин кутилмаганда шундай илова қилипти: — Ҳа, дарвоқе: бир боришнинг ўзида, ҳалиги... машинани икки марта овора қилиб ўтирмаслик учун... ўша холангизнинг ўзидаям бўлса керак? А? Ишнинг бу қадар чаппасидан кетишини ҳеч кутмаган Канавкиннинг эти жимирлаб кетипти, бутун театр сукутга толипти.
— Ие, ҳа, Канавкин?! — депти конферансье мулойим таъна билан, — сизни одамларга мақтаб ўтирибман-а! Ана холос, нима ҳожати бор эди суллоҳлик қилишнинг! Яхши эмас, Канавкин! Ҳозиргина кўз ҳақида гапирган эдим-а. Ана, кўзингиздан кўриниб турипти холангиздаям борлиги. Айтинг-қўйинг-да, мунча қийнайсиз бизни?
— Бор! — депти Канавкин дангал қичқириб.
— Браво! — деб юборипти конферансье.
— Браво, — дейишипти одамлар бутун зални ларзага келтириб.

Зал тинчигач, конферансье Канавкинни табриклаб қўлини сиқипти, унинг шаҳарга, ўз уйига кетиши учун машина таклиф қилипти ва саҳна орқасида турган қайсиям бир одамга, айнан шу машинада Канавкиннинг холасиникига бориб, уни аёллар театридаги программага таклиф қилишни буюрипти.
— Ҳа-я, яна бир нарсани сўрамоқчи эдим — холангиз ўз бойлигини қаерга яширгани ҳақида сизга гапирмаганмиди? — деб сўрапти конферансье Канавкинга лутфан папирос таклиф қилиб, гугурт чақиб тутаркан. Канавкин папирос тутатаркан, маъюс жилмайиб қўйипти.
— Ишонаман, ишонаман, — депти артист хўрсиниб, — қурумсоқ кампир наинки жиянига — шайтонга ҳам айтмайди сирини. Ҳай, на чора, унинг қалбида одамгарчилик ҳиссини уйғотишга уриниб кўрамиз. Шояд унинг судхўрлик қалбида битта-яримта чиримаган тор қолган бўлса. Хўп, саломат бўлинг, Канавкин!

Шундан кейин бахтиёр Канавкин жўнаб кетипти. Артист, валюта топширишни хоҳлаганлар яна борми, деб сўраган экан, бироқ сукут жавоб бўлипти унга.
— Тентаксизлар, худо ҳаққи! — деб кифтларини учирипти артист. Шу пайт парда тушиб уни яширипти.

Чироқлар ўчиб, бир оз вақт ҳаммаёқ зулматга чўмгач, шу зулмат қўйнида жуда узоқдан бир тенор овознинг асаб билан куйлагани эшитилипти:

«Унда олтин тоғ-тоғ уюлган ва ҳаммаси менга буюрган!»

Кейин узоқ бир ердан икки марта қарсакбозлик эшитилипти.
— Аёллар театридаям битта ойимча топширяпти, — деб бирдан тилга кирипти Никонор Ивановичнинг малласоч, пахмоқ соқол қўшниси ва бир хўрсиниб қўйиб илова қилипти: — Эҳ, агар ғозларим бўлмаган-да эди! Лианозовада, азизим, менинг уришқоқ ғозларим бор. Менсиз қирилиб кетишмасайди, деб қўрқаман. Жангари қуш нозик бўлади, парвариш талаб қилади... Эҳ, ғозларим бўлмаганда-ю!.. Пушкин билан мени авраб бўпсанлар, — шундай деб у яна хўрсиниб қўйипти.

Шу маҳал зал чароғон бўлиб ёришиб кетипти-ю, Никонор Ивановичнинг тушида энди ҳамма эшиклар-дан залга оқ қалпоқ кийиб, чўмич ушлаган ошпазлар кириб кела бошлапти. Ошпаз шогирдлари эса ёғоч бочкада суюқ ош билан ясси қутида кесилган қора нон олиб киришипти. Томошабинларга жон кирипти. Қувноқ ошпазлар томошабинларни оралаб юриб, уларнинг товоқларига суюқ ош сузишар, ион улашишармиш.
— Овқатланинглар-у, йигитлар, — деб қичқиришармиш улар, — кейин валюталарингазнн топширинглар! Нима қиласизлар бу ерда бекорга вақтингларни ўтказиб? Нима, зормясизлар шу шилдир шўрвага? Ундан кўра, уйингизга бориб, керагича отиб олиб, мириқиб газак қилганларинг яхшимасми!
— Мана, масалан, сен бобой, нима қилиб ялпайиб ўтирибсан? — деб шахсан Никонор Ивановичга юзланипти бўйни хўрознинг тожи каби қип-қизил, хўппа-семиз ошпаз унга биттагина карам барги сузиб юрган бир товоқ ёвғон шўрва узатаркан.
— Йўқ! Йўқ! Иўқ менда валюта! — жон-жаҳди билан бақирипти Никонор Иванович. — Тушуняпсан-чи, йўқ!
— Йўқ? — деб ўкирипти ошпаз дўриллаган овоз билан, сўнг: — Йўқ? — деб сўрапти у заифона мулойим овоз билан, кейин: — Йўқ, йўқ, — деб тасалли бера бошлапти у фельдшер аёл Прасковья Фёдоровна қиёфасига кириб.

Чунки уйқусида босинқираётган Никонор Ивановичнинг елкасига шу аёл оҳиста турта бошлаган эди. Шунда бирдан ошпазлар гумдон, театр ва унинг пардаси ғойиб бўлди. Никонор Иванович ёш тўла кўзини очиб, шифохонадаги ўз хонасини, маслаҳат беравериб ҳаммани безор қилган сурбет ошпазларни эмас, оқ халат кийган икки одамни, яъни доктор билан қўлида товоқ эмас, устига дока ёпилган шприцли тарелка ушлаган Прасковья Фёдоровнани кўрди.
— Ахир бу нима деган гап, — аччиқ алам билан дерди Никонор Иванович унга укол қилишаётган чоғда, — йўқ, ахир у менда йўқ! Пушкин берсин уларга валютани. Йўқ!
— Ҳа, йўқ, йўқ, — деб юпатарди уни саховатли Прасковья Фёдоровна, — йўқни йўндириб бўлармиди.

Никонор Иванович уколдан кейин анча енгил тортиб, энди ҳеч қандай туш кўрмай ухлаб кетди.

Лекин унинг бақириқлари оқибатида вужудга келган ваҳима 120-хонага ўтиб, у ерда ётган беморни уйғотиб юборди (бу бемор тура солиб, ўз бошини қидиришга тушди) ва 118-хонага кириб, номаълум ус-танинг қалбини ғулғулага солди. У ҳасрат тўла кўзларини ойга тикаркан, ҳаётидаги кузнинг охирги надоматли оқшомини, подвалдаги хонаси эшиги остидан тушиб турган шуълани ва маҳбубасининг елпинган соч толаларини эслади.

Ваҳима 118-хонадан балкон оша Иваннинг хонасига учиб ўтди-ю, у уйғониб кетиб, йиғлаб юборди.

Лекин врач безовта бўла бошлаган бу нотавонларни бирпасда юпатди ва улар яна ухлаб кетишди. Ҳаммадан кейин, дарё узра тонг ёриша бошлаганда, Иван ҳам мизғиб кетди. Дори унинг бутун вужудини худди денгиз тўлқини кўмиб юборгандек қамраб олгач, у таскин топди. Жисми енгиллашди, боши эса мудроқнинг илиқ шабадасидан ҳаловат топди. У уйқуга кетаркан, қулоғига чалинган энг сўнгги саслар — ўрмондаги қушларнинг тонг олди чуғур-чуғури бўлди. Лекин ҳадемай уларнинг овози ўчиб, Иван туш кўра бошлади. Тушида Тақир Тепа узра қуёш энди мағрибга оға бошлаган ва унинг гир айланаси икки қаватлама ўраб олинган эди.

Ўн олтинчи боб

Қатл

Тақир Тепа узра қуёш энди мағрибга оға бошлаган ва унинг гир айланаси икки қаватлама ўраб олинган эди.

Чошгоҳда прокураторнинг йўлини кесиб елиб ўтган отлиқ қўшин шаҳарнинг Хевра дарвозасига чиқди. Унинг учун кета-кетгунча йўл очиқ эди. Каппадокия пиёдалари тирбанд бўлиб кетган йўлни очиб, одамлар, хачирлару туяларни икки томонга сиқиб чиқарган, шу сабабли қўшин отларни бемалол чоптириб, оппоқ чанг қуюнини осмони фалакка ўрлатганча, Вифлеем йўли билан Яффа йўли бир-бирини кесиб ўтган чорраҳага чиққан эди. Кейин у шимоли-ғарбий йўлдан шамолдек елиб кетди. Бундан сал олдин, йўлнинг икки ёқасига ёйилган бояги Каппадокия пиёдалари уни Ершалаимга байрамга келаётган карвонлардан тозалашга улгурган эдилар. Зиёратчилар елкаларига ортмоқлаган сафар чодирларини майса устига ташлашиб, йўл ёқалаб тизилишган Каппадокия пиёдалари орқасида тўп-тўп бўлиб туришарди. Отлиқ қўшин бир чақиримча йўл босиб, шиддатли легионнинг иккинчи коҳортасидан ҳам ўзиб кетди ва яна бир чақирим йўл босиб, Тақир Тепа пойига биринчи бўлиб етиб борди. Бу ерда қўшин отлардан тушди. Командир қўшинни взводларга бўлди, взводлар эса унча баланд бўлмаган бу тепанинг фақат Яффа йўлига тўғри бўлган озгина жойини очиқ қолдириб, қолган ҳамма этагини гир айлантириб ўраб олди.

Отлиқлардан кейин сал вақт ўтиши билан тепа этагига иккинчи коҳорта ҳам етиб келиб, тепага бир поғона юқори кўтарилди ва у ҳам тепа атрофини гар-дишсимон ўраб одди.

Ниҳоят Марк Каламушкуш қўмондонлигидаги кентурия етиб келди. У йўлнинг икки четини ёқалаб турнақатор тизилиб келар, йўл ўртасида эса махфий соқчилар назорати остида аравада ўлимга маҳкум бўлган ва бўйинларига арамей ва юнон тилида «Қароқчи ва исёнчи» деб ёзилган оқ тахтачалар осилган учта маҳбус борарди. Бу арава орқасидан янги йўнилган тўсинли устунлар, арқонлар, белкураклар, челаклару болталар ортилган бошқа аравалар келарди.

Бу араваларда яна олти нафар жаллод ҳам бор эди. Аравалар орқасидан кентурион Марк, Ершалаим ибодатхоналари соқчиларининг сардори ҳамда боя шоҳ қасридаги қоронғи хонада Пилат билан қисқа муддатли суҳбат олиб борган қайтарма қалпоқли ридо кийган ўша одам от миниб боришарди. Бу маросим саф тортиб келаётган лашкар билан якунланиб, унинг орқасидан аломат томошани кўриш иштиёқида дўзах ўтидек жазирама кун тафтидан ҳам тап тортмаган икки мингга яқин бекорчи келарди.

Шаҳардан эргашиб чиққан бу томошаталаблар сафига энди йўлда учраган синчков зиёратчилар ҳам қўшилишиб, ҳаммалари издиҳомга бемалол эргашиб келавердилар. Мана шу узундан-узун оломон то Тақир Тепага етиб боргунича жарчилар боя чошгохда Пилат шоҳсупада туриб айтган сўзларини чинқироқ овоз билан қайта-қайта такрорлаб бордилар.

Тепа этагини ўраб олган отлиқ қўшин ҳаммани юқорига, иккинчи қуршов томонга ўтказиб юборди, иккинчи кентурия эса тепа бошига фақат қатлга дахлдор одамларнигина ўтказиб, бутун оломонни жадаллик билан тепанинг гир айланасига ёйиб юборди, натижада томошаталаб оломон юқорида — пиёдалар занжири, пастда — отлиқлар тизмаси оралиғида қолди. Энди улар қатлни пиёдаларнинг сийрак тизмаси орасидан кузатиши мумкин эди.

Алқисса, машъум издиҳомнинг тепа бошига кўтарилганига, мана, уч соатдан кўпроқ вақт ўтди, гарчи қуёш энди Тақир Тепа устидан оға бошлаган бўлса ҳам, ҳануз унинг ҳарорати дош бериб бўлмайдиган даражада эдики, Тепани иккита ҳалқага олган суворийлар ҳам, навкарлар ҳам иссиқдан қаттиқ изтироб чекишар, даққинафасликдан хуноб бўлишар ва уч жиноятчини ичларида роса бўралаб сўкишиб, уларнинг тезроқ ўлишини астойдил истардилар.

Тепа этагида турган кичкина жуссали суворийлар командирининг пешанаси жиққа ҳўл, огпюқ кўйлаги қора терга ботган бўлиб, у биринчи взводнинг кўн челаги олдига дам-бадам борар, ундан ҳовучлаб сув ичар, бошидаги салласини ҳўлларди. Шу рафторидан у хиёл енгил тортиб, нари кетар ва яна юқорига ўрлаган тупроқ йўлнинг у четидан-бу четига тинмай танда қўяр эди. Унинг узун шопи боғичланган этигининг қўнжига «тап-тап» уриларди. Бу билан у ўз суворийларига сабр-бардошли бўлишда намуна кўрсатмоқчи бўлар, аммо шундай бўлса ҳам, уларга раҳми келган ва найзалардан пирамидалар ҳосил қилиб, улар устига оқ плашларини ёпиб, соябон ясашга ижозат берган эди. Суриялик суворийлар мана шу чайлаларда шафқатсиз қиздираётган офтобдан жон сақлай бошлаган эдилар. Челаклар дам ўтмай бўшар ва взводларнинг навбатчилари галма-гал тепа этагидаги жарликдан сув та-ширдилар; бу жарлиқда кўримсиз тут дарахтларининг олачалпоқ соясида лойқа бир жилға бу дўзахона жазирамада умрининг сўнгги кунларини кечириб жилдираб оқарди. Ҳарорат тафтидан ювош бўлиб қолган отларни ушлаб турган суворийлар ҳам шу ерда беқарор соя илинжида зерикиб турардилар.

Аскарларнинг бу ерда ит азобида ўтиришларию маҳбусларни бўралаб сўкишлари бесабаб эмас эди. Чунки прокураторнинг қатл пайтида ўзи учун манфур бўлган Ершалаим шаҳрида тартибсизликлар юз беради деб ҳадиксираши, унинг бахтига ўринсиз бўлиб чикди. Қатл бошланганига уч соатдан ошганида, ҳеч кутилмаганда, юқориги пиёдалар тизмаси билан тепа этагидаги отлиқлар тизмаси ўртасига жойлашган томошабинлардан биронтаси ҳам қолмади. Қуёшнинг қайноқ тиғи уларни жизғинак қилиб, ҳаммаларини Ершалаим томон қувган эди. Энди мана шу икки ҳалқа оралиғида бу тепага қандай келиб қолгани номаълум бўлган иккита эгасиз ит қолган эди, холос. Лекин жазирама иссиқ бу итларнинг ҳам силласини қуритган эди, шу боис улар бағриларини ерга бериб, тилларини осилтириб ҳансираб ётарканлар, қуёш тафтига парво қилмай, чўғдек қизиган тошлару ер бағирлаб ўсган аллақандай тиканли ўсимликлар оралаб зир югуриб юрган бу ердаги бирдан-бир жонзодлар — яшил калтакесакларга ҳам парво қилмасдилар.

Ўлимга ҳукм этилганларни бирон кимса на ҳаммаёғини лашкар босиб кетган Ершалаимнинг ўзида, на бу ерда — қўш ҳалқага олинган тепада қутқаришга уриниб кўрди, оқибат оломон шаҳарга қайтди, зеро ушбу қатл жараёнининг ҳеч бир қизиқарли жиҳати бўлмади, шаҳарда эса бу пайт бугун кечқурун кириб келадиган улуғ айём — пасха байрамига тайёргарлик бошланган эди.

Юқори ҳалқадаги рим пиёдалари пастдаги отлиқлардан ҳам кўпроқ изтироб чекишарди. Кентурион Каламушкуш ўз аскарларига фақат дубулғаларини ечиб, бошларига ҳўлланган оқ белбоғ ёпишгагина ижозат берди, лекин уларни найзаларини қўлларидан қўйдирмай мудом тик ушлаб турди. Ўзи эса худди шунақа, лекин ҳўлланмаган қуруқ белбоғни бошига ёпиб олиб, ҳатто кўйлагига ёпиштирилган шер башарасини ифодаловчи кумуш қалқончаларни ҳам, оёғига боғланган зирҳни ҳам, белига осиб олган шамшир билан пичоқни ҳам ечмай, жаллодларга яқин ерда у ёқдан-бу ёққа юриб турарди. Гарчи қуёш ўткир тиғини тўғри Каламушкушга қаратган бўлса ҳам, бу уни асло безовта қилмас, кўкрагидаги шер башараларига эса қараб бўлмасди, чунки улар офтоб шуъласида худди эриб биқирлаб қайнаётган кумушдек кўзни қамаштирарди.

Каламушкушнинг аживаси чиққан юзида на толиқиш, на норозилик аломатлари мавжуд эди, билъакс девқомат кентурион шу зайдда то кун ботгунча, сўнг тонг отгунча кейин яна кунбўйи — қисқаси қанча вақт керак бўлса шунча, қўлларини мис тўқали залвар камарига қўйиб, гоҳ қатл этилаётганлар боғланган устунларга, гоҳ тепа бошини иҳота қилиб турган аскарларга доим бирдай хўмрайиб қараганча, оёғи остидан чиқиб қолган ва замонлар ўтиши билан оппоқ оқариб кетган одам суякларини ёки майда шағал тошларни ағдарма этигининг тумшуғи билан ҳар доимгидек бепарво тарзда тепиб ўтишга қодирдек кўринарди.

Қайтарма қалпоқли одам устунлардан сал нарироқда уч оёқли курсида қимир этмай бепарво ўтираркан, зерикканидан аҳён-аҳёнда қўлидаги чўп билан ер чизиб қум кавларди.

Энди тепани қуршаб олган икки ҳалқа орасида биронта ҳам одам қолмаганди, деган гапга келсак, бу унчалик тўғри эмас. Бу ерда битта одам қолган эди, лекин уни кўпчилик кўрмаган эди. У тепа бошига чиқадиган очиқ йўл томонда эмас (айнан шу томондан қатл манзарасини кузатиш қулай эди), балки унинг чиқишга ноқулай ва нотекис бўлган, кўп ерлари ўприлган, ёрилган шимолий ёнбағрига, қовжирай бошлаган анжир дарахти бир зов лабида худо қарғаган қақроқ ерга ёпишиб жон сақлаётган ерга жойлашган эди.

Қатл ишига дахли бўлмаган мана шу ягона томошабин қатл бошланган чоғдан, яъни салкам тўрт соатдан буён, деярли ҳеч соя бермайдиган шу анжир остида бир харсангтош устида ўтирарди. Тўғри, қатлни кузатиш учун у ноқулай жой танлаган эди. Лекин, ҳар қалай маҳкумлар боғлапган устунлар, шунингдек, кентурионнинг кўксидаги ярақлаб турган иккита қалқонча ҳам аскарлар тизмаси орасидан унга яққол кўриниб турардики, одамлар кўзига ташланмасликка ва ҳеч кимни безовта қилмасликка уринган киши учун шу манзаранинг ўзи кифоя эди чамаси.

Лекин у бундан тўрт соатча бурун, яъни қатл бошланаётган чоғда тамомила бошқача ҳаракат қилиб, сал бўлмаса ўзини сездириб қўяёзган эди, шунинг учун бўлса керак, энди ўз атворини ўзгартириб, хилватга чекинган эди.

Бу ерда у қатл маросими эндигина тепа бошига кўтарилган пайтда пайдо бўлганди, унинг шошилиб келганлиги яққол сезилиб турар, оғир-оғир ҳансирарди. У тепаликка юриб эмас, югуриб чиқди, одамларни туртиб олдинга ўтди ва тепа бағирлаб ёйилган аскарлар тизмаси наинки унинг, бутун оломоннинг олдини тўсиб олганини кўриб, ўзини овсарликка солди, энг одми усулни қўллаб, ғижинган аскарларнинг «ҳой-ҳой»лашига тушунмаётган одамдай, тўппа-тўғри қатл майдонига аскарлар сафини ёриб ўтмоқчи бўлди. Бу қилмиши учун у найзанинг тўмтоқ томони билан кўкрагига зарба еди ва оғриқ аламидан эмас, умиди пучга чиққанидан чинқириб юбориб, орқага тисарилди. У жисмоний оғриқни ҳис қилмайдиган, мутлақо лоқайд одамдай хира кўзлари билан зарба урган легионерга бир қараб қўйди.

Сўнг кўкрагини чангаллаб «қув-қув» йўталганча, ҳаллослаб, тепани гир айланиб чиқди, у тепанинг шимол томонида қатл майдонига сездирмай ўтиб олса бўладиган бирон тирқиш топилса керак деб умид қилган эди. Аммо у кечиккан — ҳалқа ёпилган эди. Шунда оғир изтиробдан афти бужмайиб кетган бу одам аравалардан устун ва тўсинлар туширилаётган ерга ёриб ўтиш ниятидан воз кечди. Чунки бу уринишидан ҳеч наф чиқмас, билъакс ўзи қўлга тушиб қолиши мумкин эди, ваҳоланки, айнан шу бутун қўлга тушиш унинг режасига зид эди.

Шунга кўра у ўзини четга олиб, ўпқон бўйига борди, бу ер тинч, ҳеч ким унга халал бермасди.

Офтоб нуридан ва уйқусизликдан кўзлари йиринглашган бу қора соқол одам энди тош устида хомуш ўтирарди. У гоҳ аслида зангори тусда бўлган-у, саргардонликда юравериб исқирт-кўкимтир тус олган увада таллифини* кўтариб, лойқа тер оқиб тушаётган кўкрагининг найза зарбидан мўматалоқ бўлган ерини очиб хўрсинар, гоҳ кўзларини азоб билан осмонга қаратиб ҳадемай зиёфат бўлишини сезиб самода қанотларини кенг ёзганча кўпдан бери чарх уриб ай-ланаётган учта қузғунни кузатар, гоҳ умидсиз нигоҳини сарғайган ерга тикиб, оёғи остида чирий бошлаган ит бошчаноғи ва унинг атрофида зир югуриб юрган калтакесакларга тикилиб ўтирарди.

Бу одам шу қадар қаттиқ изтиробда эдики, баъзида у ўзи билан ўзи гаплаша бошларди.
— О, мен аҳмоқ! — деб ғўлдирарди у тош устида руҳан азоб чекиб чайқалиб ўтираркан, — тентакман, овсар хотинман, қўрқоқман! Одам эмас, бир ўлимтик-ман!

У бошини хам қилиб жим қолар, кейин ёғоч обдонидаги илиб қолган сувдан ҳўплаб, яна тетикланарди-да, гоҳ таллифи остига яширган пичоқни, гоҳ қаршисида, ерда чўпқалам билан сиёҳдон ёнида ётган бир парча пергаментни қўлига оларди.

Бу пергаментга ҳозир шундай сўзлар ёзилган эди:

«Дақиқалар ўтиб бормоқда, мен, Левий Матвей Тақир Тепадаман-у, аммо ўлимдан ҳамон дарак йўқ!»

Кейин яна:

«Қуёш оға бошлади, лекин ўлимдан дарак йўқ».

Энди Левий Матвей умидсизликка тушиб, ўткир чўпқалам билан қуйидаги сўзларни ёзди:

«Э худо! Намунча унга қаҳҳорлик қилмасанг? Тезроқ жонини ол шўрликнинг».

Шуларни ёзиб бўлиб, кўз ёшсиз пиқиллаб йиғлади ва яна тирноқлари билан кўксини тирнаб жароҳатлай бошлади.

Левийнинг бундай нола-фиғон чекишига ўзи билан Иешуа икковининг бошига тушган мудҳиш бадбахтлик ҳамда Левийнинг ўзи йўл қўйган ғоят оғир хатолик сабаб бўлган эди. Ўтган куни Иешуа билан Левий Ершалаим яқинидаги Вифония қишлоғида бир деҳқоннинг меҳмони бўлишган эди. Чунки Иешуанинг ваъзлари мезбонга кўп манзур бўлган эди. Икковлари эрталабдан деҳқонга кўмаклашиб, унинг полизида ишлашди, чунки улар кечки салқинда Ершалаимга йўл олмоқчи бўлган эдилар. Лекин туш пайтида бирдан Иешуа шоша-пиша йўлга отланиб, шаҳарда зарур ишим бор деб, жўнаб кетди. Левий Матвейнинг биринчи хатоси ма-на шундан бошланган эди. Нега, нега ахир унинг ёлғиз ўзини қўйиб юборди!

Кечқурун эса Матвейнинг ўзи Ершалаимга бора олмади. Кутилмаганда у аллақандай мудҳиш дардга чалиниб ётиб қолди. Унинг бутун вужуди титраб-қақшаб, аланга бўлиб ёна бошлади, тишлари такиллаб, дам-бадам сув сўрай бошлади. Бинобарин, у ҳеч қаёққа кета олмади. У деҳқоннинг пичанхонасида ўзи-ни жул устига ташлаб, эртанги жума кунининг тонгигача оғир дарддан ҳушини йўқотиб ётди, лекин дард Левийга кеча кечқурун қандай кутилмаганда ёпишган бўлса, энди уни шундай тез қўйиб юборди. Гарчи у ҳали заиф, оёқлари бедармон бўлса ҳам, кўнгли қандайдир фалокат бўлишини сезиб беором бўлаверди, оқибат, полизчи билан хайрлашиб, Ершалаимга йўл олди. Шаҳарга келиб, гумони тўғри чиққанини билди. Фалокат юз берган эди. Прокуратор ҳукмни эълон қилаётганида Левий оломон орасида туриб уни эшитган эди.

Ўлимга маҳкум бўлганларни қатл Тепасига олиб кетишаётганда Левий Матвей Иешуага, ҳеч бўлмаса, ўзининг шу ерда, у билан бирга эканлигини, сўнгги дақиқаларида дўстини ёлғиз қолдирмаганлигини ва унинг жонини тезроқ олишни худодан илтижо қилажагини бир амаллаб ими-жимида билдириш учун легионлар тизмаси ёқалаб, оломон орасида югуриб борди. Аммо ўзининг жуда олисдаги манзилидан кўз узмаган Иешуа, турган гапки, Левийни кўрмади.

Лекин қатл маросими ярим чақиримча йўлни босиб ўтганда, оломоннинг сиқуви билан сурила-сурила турнақатор тизилиб бораётган легионерлар олдига бориб қолган Матвейнинг миясига бирдан энг оддий ва ғоят ажойиб фикр келдию табиатан қизиққон бўлган бу одам, нега энди шу фикр миямга илгарироқ келмади деб ранжиб, ўзини роса бўралаб сўкди. Тизилиб бораётган аскарлар ораларида озми-кўпми масофа мавжуд эди. Агар эпчиллик қилиб, аниқ мўлжалга олиб иш кўрилса, икки легионер орасидан энгашиб ўтиб кетиш ва югуриб бориб аравага чиқиш мумкин эди. Ана унда Иешуа азобдан қутулган бўларди.

Иешуанинг кураклари орасига пичоқ санчиб, унга: «Иешуа! Мен ким, сенинг ягона, садоқатли шогирдинг

Матвей сени азобдан қутқариб, ўзим ҳам сен билан ўляпман!» — деб қичқириш учун бир лаҳза кифоя эди.

Агар худо яна бир зумлик эрк ато этса борми, Матвейнинг ўзи ҳам ўзига пичоқ уриб, устунга боғланиб азобда ўлишдан қутулиб қолиши мумкин. Лекин ҳозир бу нарса собиқ ўлпон йиғувчини кам қизиқтирарди. Қай тарзда жон бериш унинг учун аҳамиятсиз эди. У фақат бир нарсани — ўз умрида зиғирча ҳам ёмонлик қилмаган Иешуанинг қийноқсиз ўлишини хоҳларди.

Бу жуда яхши режа эди, аммо ёнида пичоғи йўқли-ги чатоқ бўлди. Ундан кейин, ҳамёнида тийин ҳам пу-ли йўқ эди.

Ўзидан қаттиқ ранжиган Левий оломон орасини ёриб чиқиб, орқага — шаҳар томон югура кетди. Унинг чўғдек қизиган бошида фақат битта қайноқ фикр — шаҳардан, қандай қилиб бўлмасин, пичоқ то-пиб, яна қатл намойишига етиб олиш фикри лов-лов ёнарди.

У шаҳар томон оқиб бораётган одамлар ва карвон-лар орасидан чаққонлик билан чопиб ўтиб, шаҳар қопқасига етиб олди ва шу ерда, чап томонда очиқ турган нон дўконини кўрди. Жазирама офтобда югу-риб келганидан оғир ҳансирай бошлаган Левий бир оз нафасини ростлаб олгач, ўзини сипо тутиб, дўконга кириб борди, пештахта ортида турган дўкон бекаси билан саломлашди, кўзига негадир энг юқори тахтада турган бўлка нон яхши кўриниб кетиб, бекадан шу нонни олиб беришни илтимос қилди, лекин бека орқасига ўгрилган ҳамоноқ у пештахта устида ётган, ўзи учун сув билан ҳаводек зарур нарсани — устара-дай ўткир, узун пичоқни товуш чиқармай, жуда чаққонлик билан олди-ю, дўкондан ўқдай отилиб чиқиб кетди. Бир неча дақиқадан кейин у яна Яффа йўлига чиқиб олган эди. Лекин намойишчилар кўринмасди. У чопиб кетди. Левий хачир миниб, яёв юриб Ерша\аимга келаётган тўда-тўда одамларни ҳай-рон қолдириб, аҳён-аҳёнда ўзини йўл ўртасига «тап-па» отиб, нафасини бир оз ростлаб олиш учун қимир этмай тупроққа беланиб ётаркан, наинки юрагининг «гурс-гурс» тепишини, шунингдек, мияси ва қулоқ-ларига ҳам қон томирлари қаттиқ-қаттиқ урилаётга-нини эшитарди. У шундай тарзда бир оз нафасини ростлагач, сакраб туриб яна чопа бошларди, лекин чо-пиш суръати тобора сустлаша бошлаган эди. Ниҳоят у олисда офтоб шуъласида товланиб бораётган узундан-узун намойишни кўрди, лекин намойиш ахди энди те-па этагига етиб олган эди.
— Э, худо... — деб ингради кечикаётганини сезган Левий. Ҳа, у кечиккан эди.

Қатл бошланганига тўрт соат бўлганида Левийнинг изтироби энг баланд авжга миниб, ғазаби қайнаб кет-ди. У тош устидан туриб, унинг фикрича, бекорга ўғирланган пичоқни ерга отди, обдонни оёғи билан босиб синдириб, ўзини сувдан маҳкум қидди, бошида-ги рўмолни ечиб ташлаб, сийрак сочини чангаллаган-ча ўзини лаънатлай бошлади.

У маза-бемаза гаплар билан бўралаб сўкинар, итдай ириллар, қутурган нордек оғзидан кўпик сочар, аҳмоқ ўғилни дунёга келтирган ота-онасига лаънатлар ўқирди.

У шунча онт ичгани, сўкингани билан бу жазирама кунда ҳеч қандай ўзгариш юз бермаганини кўриб, қовжираган муштларини тугиб, осмонга, сояларни то-бора узайтириб Ўрта ер денгизи ёққа оғиб бораётган қуёшга кўзларини қисиб қаради-да, худога илтижо қилиб, дарҳол мўъжиза яратишни — тезроқ Иешуанинг жонини олишини талаб қилди.

Аммо у кўзини очиб, агар кентурионнинг кўксида-ги икки қалқончанинг энди порламай қўйганини ҳисобга олинмаса, ҳеч нима ўзгармаганини кўрди. Эн-ди офтоб шуъласи Ершалаим томонга қаратилиб чор-мих қилинган қотилларнинг орқасига тушиб турарди. Шунда Левий:
— Лаънатлар бўлсин сенга, э худо! — деб бақириб юборди.

Кейин у хириллаб қолган овози билан худонинг адолатсизлигига шоҳид бўлгани ва шу боис энди унга мутлақо имон келтирмаслиги ҳақида фарёд қидди.
— Сен карсан! — деб ирилларди Левий, — кар бўлмаганингда ноламни эшитган заҳотинг унинг жонини олган бўлур эдинг.

Шу таъналардан кейин Левий кўзларини қисганча, ҳозир осмондан чақмоқ тушиб, мен шаккокни маҳв этади, деб кута бошлади. Лекин бу ҳол юз бермади, шунда Левий ҳамон кўзларини катта очишга журъат этмай, самога қарата ғоят аччиқ ва аламли сўзларни чинқиришда давом этди. У самодан буткул ҳафсаласи пир бўлгани ва дунёда бошқа худолар ва динлар ҳам мавжудлиги ҳақида ҳайқирарди. Ҳа, бошқа худо Иешуа сингари инсоннинг устунга банд этилган ҳолда офтоб тиғида куйиб ўлишига ҳеч қачон йўл қўймаган бўларди.
— Мен янглишибман! — деб хирилларди буткул бўғилиб қолган овоз билан Левий, — сен ёвузлик худоси экансан! Ё кўзларингни ибодатхонадаги исириқдонлардан кўтарилган тутун сўқир қилиб, қулоқларинг дин пешволари чалган бурғу садосидан бошқа сасни эшитишга ожиз бўлиб қолганми? Сен қодир худо эмассан. Сен қора ният худосан. Лаънатлар ўқийман сенга, о қароқчиларнинг ҳомийси ва пуштипаноҳи бўлмиш худо!

Шу пайт собиқ ўлпон йиғувчининг юзига бир нима уфурди, оёғи остида нимадир шитирлаб кетди. Бояги уфуриш яна такрорланди, шунда Левий кўзини очиб, ўз қарғишлари таъсириданми, ё ўзга бир сабабга кўрами, атроф-муҳитда ўзгариш рўй берганини кўрди. Қуёш ҳар кун оқшом ботадиган ер — денгизга тушиб улгурмасдан ғойиб бўлипти. Ғарб томондан таҳдидона кўпчиб тобора қуюқлашиб келаётган қора булут қуёшни ютиб юборган эди. Булутнинг қирғоқларида оқ кўпиклардан заррин ҳошия вужудга келган, унинг кўпчиган тимқора қорни сарғиш нур билан ёритилган эди. Булут худди ириллагандай гулдурар, пайти-пайти билан ундан ўтли иплар тортиларди. Ногоҳ эсиб келган кучли шамол зиёратчиларнинг Яффа йўли ёқасига ва қақраган Гион водийсига тиккан чайлалари узра тўзонли қуюн кўтарди. Левий, ҳали-замон Ершалаим устини буркаб олишга шайланган қора булут бахтиқаро Иешуанинг қисматига бирон ўзгариш киритармикин, деб мулоҳаза қилишга уринаркан, жим бўлиб қолди. Кейин қора булутни бўлак-бўлак қилиб чақнаётган ўтли чизиқларни кузатаркан, чақмоқдан тезроқ Иешуа боғланган устунга келиб урилишни илтижо қила бошлади. У қора булут ҳали буткул буркаб улгурмаган беғубор осмонга, момақалдироқдан жон сақлаб энди қанот қоқиб уча бошлаган қузғунларга ўкинч билан тикиларкан, лаънат ўқишда жуда шошқалоқлик қилганини ўйлади. Худо унинг сўзини энди инобатга олмайди.

Левий нигоҳини тепа этагига қаратиб, у ерда сезиларли ўзгариш юз берганини кўрди. Тепа этагини айланма иҳота қилган суворийлар югуриб-елишар,ерга санчилган найзаларини суғириб, плашларини елкаларига ташлашар, жиловдорлар зулукдек қора отларни етаклаб, катта йўлга чоптириб чиқардиларки, буларнинг ҳаммаси юқоридан Левийнинг кўзига яққол ташланиб турарди. У юзини тўзонли шамолдан тўсиб, дам-бадам тупураркан, нима сабабдан отлиқлар жўнашга шайланишди экан, деб бош қотира бошлади. Сўнг нигоҳини юқорига қаратди-ю, қирмизи ҳарбий плаш ёпинган бир одамнинг қатл майдончасига кўтарилаётганини кўрди. Ана шунда азоб фурсатининг ниҳояси яқинлашганини ҳис қилган собиқ ўлпон йиғувчининг юраги қувончдан «шув» этиб кетди.

Исёнчиларнинг изтироб чека бошлаганига тўрт соатдан кўпроқ вақт ўтганда тепага кўтарилган бу одам Ершалаимдан ўз хоснавкари кузатувидан келган коҳорта қўмондони эди. Каламушкушнинг бир имоси билан аскарлар тизмаси сурилиб, трибунга йўл очди, кентурион эса, унга честь берди. Трибун эса Каламушкушни бир четга бошлаб, унга ниманидир шипшиди. Кентурион иккинчи марта унга честь бериб, устунлар пойида харсангтошларда ўтирган жаллодлар томон йўл олди. Трибун — уч оёкди курсида ўтирган одамнинг истиқболи сари юрди, у ҳам тавозе билан трибунга пешвоз турди. Трибун унга ҳам паст овоз билан нимадир деди, шундан сўнг икковлари устунлар томон йўл олишди. Жоме посбонлари сардори ҳам уларга эргашди.

Каламушкуш устунлар тагида ётган, яқингинада жиноятчиларнинг либоси бўлган, аммо жаллодлар олишга ҳазар қилган исқирт увадаларга йирганиб кўз қирини ташлади-да, жаллодлардан иккитасини чақириб олиб:
— Мен билан юринглар! — деб буюрди.

Энг яқин турган устундан ҳирқироқ овоз билан айтилган маъносиз қўшиқ эшитиларди. Бу устунга боғланган Гестас устунга боғланганидан бери уч соат ўтганда пашша талаганидан ва офтоб тафтидан жинни бўлиб қолган эди, энди у узум тўғрисида қандайдир қўшиқни оҳиста хиргойи қиларди, лекин шундай бўлса ҳам салла ўралган бошини аҳён-аҳёнда бир чайқаб қўяр, шунда юзига ёпирилган пашшалар эринибгина «ғувв» кўтариларди-ю, шу заҳоти яна юзини буркаб оларди.

Иккинчи устунга осилган Дисмас бошқа икки жиноятчидан кўпроқ азоб чекарди, чунки ҳануз ҳушини йўқотмаган эди, шунга кўра, бошини бир маромда тез-тез чайқаб, қулоғини елкасига теккизишга уринарди.

Иешуа қолган икки маҳбусдан бахтиёрроқ эди. Қатл бошланган биринчи соатдаёқ у ўзини йўқота бошлаган, кейин эса салласи чувалаб кетган бошини осилтириб, бутунлай ҳушидан кетган эди. Шунинг учун пашшаю сўналар уни тамомила буркаб олган эдики, бу ғимирловчи қора гала остида унинг юзи бутунлай кўринмай қолган эди. Унинг чови, қорни ва қўлтиқ тагларига ёпишиб олган семиз-семиз сўналар бечоранинг териси титилган сарғишранг баданини сўриб ётарди.

Қайтарма қалпоқли одамнинг ишораси билан икки жаллоднинг бири қўлига найза олди, иккинчиси устун остига челакда сув билан латта олиб келди. Биринчи жаллод Иешуанинг кўндаланг тўсинга арқон билан чандиб боғланган қўлларига найзаси билан галма-гал уриб қўйди. Унинг қовурғалари саналиб турган бадани бир сесканди. Жаллод найза учини унинг қорнидан юргизди. Иешуа бошини кўтарди, шунда пашшалар «ғув» этиб учишди ва осилган маҳбуснинг таниб бўлмайдиган даражада шишиб кетган юзи очилди, унинг кўзлари юмилиб қолган эди.

Ҳа-Ноцри ёпишиб қолган қовоқларини базўр очиб пастга қаради. Унинг ҳамиша порлоқ кўзлари энди хиралашган эди.
— Ҳа-Ноцри! — деди жаллод.

Ҳа-Ноцри шишиб кетган лабларини зўрға қимирлатиб, қароқчиларникига ўхшаган ҳирқироқ овоз билан жавоб қилди:
— Нима истайсан? Нега келдинг?
— Ич! — жаллод найза учига ўрнатилган латтани челакдаги сувга ботириб Иешуанинг оғзига олиб борди. Маҳбуснинг кўзлари шодликдан чарақлаб кетди, у латтани очкўзлик билан сўра бошлади. Қўшни устундан Дисмаснинг овози эшитилди:
— Адолатсизлик! Мен ҳам унга ўхшаган қароқчиман-ку.

Дисмас кучаниб кўрди, лекин қимирлай олмади, чунки ҳар бир қўли уч жойдан кўндаланг тўсинга арқон билан чандиб боғланган эди. У бошини Иешуа боғланган устунга қаратганча, қорнини ичига тортди, тирноқларини тўсин учига ботирди, кўзларида ғазаб учқунлари ёнди.

Майдончани чанг-тўзон буркади, қоронғилашди. Шамол тўзонни учириб кетгач, кентурион қичқирди:
— Иккинчи устундаги, ўчир унингни!

Дисмас жим бўлиб қолди. Иешуа ниҳоят латтани оғзидан қўйиб юборди, майин ва қатъий овоз билан гапиришга уринса ҳам, барибир буни эплолмай, хириллаб жаллодга деди:
— Унгаям ичир!

Зулмат қуюқлаша борди. Ершалаим сари эсаётган чанг-тўзон энди осмоннинг ярмини буркаб олган, энг олдинда қора обият ва ўтли чақмоқларни ортмоқлаган оппоқ булутлар кўпириб-тошиб борарди. Шундоққина тепа устида чақин чақиб, момақалдироқ гумбурлади. Жаллод латтани найза учидан олди.
— Ҳимматли игемонга ҳамд айт! — деб тантанавор оҳангда пичирлади у ва Иешуанинг юрагига оҳиста найза учини ботирди. У қалтираб кетиб пичирлади:
— Игемон...

Қон унинг қорнидан оқиб туша бошлади, шунда у бир-икки марта жон талвасасида ияк қоқди-ю, сўнг боши «шилқ» этиб осилиб қолди. Момақаддироқ иккинчи марта гумбурлаганда жаллод Дисмасга сув ичира бошлади, кейин яна ўша:
— Игемонга ҳамд айт! — сўзини такрорлаб, уни ҳам ўлдирди.

Телба бўлиб қолган Гестас жаллодни ўз устуни тагида кўриши билан қўрқиб чинқириб юборди, лекин латта лабларига тегишли билан бир нима деб ириллади-да, уни маҳкам тишлаб олди. Бир неча сониядан кейин унинг ҳам боши «шилқ» осилиб қолди.

Қайтарма қалпоқли одам жаллод билан кентурион орқасидан изма-из борар, унинг орқасидан эса жоме соқчилари сардори эргашган эди. Қайтарма қалпоқли одам биринчи устун тагида тўхтаб, қонга бўялган Иешуани диққат билан кўздан кечирди, оппоқ қўли билан унинг товонини ушлаб кўриб ҳамроҳларига деди:
— Ўлган.

Қолган икки устун тагида ҳам шу нарса такрорланди.

Кейин трибун кентурионга имо қилди-да, орқасига ўгирилиб, жоме соқчилари сардори ва қайтарма қалпоқли одам билан биргаликда тепадан пастга туша бошлади. Ҳаво ним қоронғи бўлди, қоп-қора осмонда чақмоқлар чақилди. Бирдан самодан ўт ёқилгандек бўлди ва кентурионнинг: «Ҳалқадаги аскарлар олинсин!» — деган буйруғини момақалдироқ садоси босиб кетди. Аскарлар суюниб кетиб, йўл-йўлакай бошларига дубулғаларини кийишиб, пастга чопиб туша бошладилар. Ершалаимни бу пайт зулмат қамраб олган эди.

Кентурия аскарлари Тепанинг ярим белига етишганида бирдан шаррос жала қуйиб юборди. Ёмғир суви шу қадар кучли эдики, у селдек қутуриб аскарлар орқасидан қувиб етди. Текис йўлга тушиб олишга ошиққан аскарлар чалп-чалп лойда тийғаниб, дам-бадам йиқилишарди. Текис йўлда эса ич-ичигача жиққа ҳўл бўлиб, Ершалаим сари кетаётган суворийлар шаррос қуяётган ёмғир пардаси орқали кўзга ташланардилар. Яна бир неча дақиқадан сўнг момақалдироқ, жала ва чақмоқ омихтаси буркаб олган тепада фақат битта одам қолган эди. У бежиз ўғирланмаган пичоқни силкитиб, ўйдим-чуқур жойлардан тийғаниб, тўғри келган ҳар бир нарсага ёпишиб, кези келганда эмаклаб устунлар сари шошиларди. У гоҳ қуюқ зулмат қўйнида ғойиб бўлар, гоҳ парпираган чақмоқ шуъласи остида кўзга яққол ташланарди.

Мана, ниҳоят у устунлар пойига етиб келиб, тўпиғигача сувга ботган ҳолда, ёмғирда бўкиб, зил бўлиб кетган таллифини ечиб ташлади, кўйлакчан ҳолда Иешуанинг оёқларидан қучди. Аввало унинг болдирини боғлаган арқонни кесиб ташлади, сўнг пастки тўсинга оёғини қўйиб чикди-да, Иешуанинг жасадини қучоқлаб туриб унинг юқори тўсинга боғланган қўлларини бўшатди. Яланғоч ва жиққа ҳўл жасад Левийни ерга йиқитиб, устига босиб тушди. Левий шу заҳотиёқ уни елкасига ортмоқламоқчи бўлди-ю, лекин кўнглига бир фикр келиб, ниятидан қайтди. У қулочи керилган жасадни чалқанча ётганда ёмғир сувида қолдириб, балчиқда тийғанганидан оёқлари ҳар томонга керила-керила, бошқа устунлар томон югурди. У устунлардаги арқонларни ҳам кесиб гашлаган эди, жасадлар ерга тушди...

Орадан бир неча дақиқа ўтгач, тепа бошида фақат шу икки жасад билан учта устун қўққайиб қолган эди. Жала жасадларни савалар, сел оқизиб ағдарарди.

Бу пайт тепа бошида Левий ҳам, Иешуанинг жасади ҳам қолмаган эди.

Ўн еттинчи боб

Беҳаловат Кун

Жума куни, яъни касофат сеанснинг эртаси эрталаб Варьетенинг барча мавжуд ходимлари — бухгалтер Василий Степанович Ласточкин, икки ҳисобчи, учта машинистка, иккала кассир, курьерлар, капельдинерлар* ва фаррош аёллар — хуллас, ходимларнинг бари ўз ишлари билан шуғулланмасдан, Садоваяга очиладиган деразаларга ўтириб олишиб, Варьете остонасида юз бераётган воқеани кузатишарди. Бу ерда кўп минг кишилик оломон икки қатор бўлиб навбатда турар, унинг охири Курдин майдонига етган эди. Оломоннинг энг олдида Москва театр муҳитига отнинг қашқасидек таниш бўлган чайқовчилардан йигирматачаси турарди.

Навбатда турганлар ниҳоятда безовталаниб ўтган-кетганнинг диққатини ўзига тортар, кечаси сеҳргарлик сеанси ҳақида тарқалган ғаройиб ҳикояларни муҳокама қилар эди. Айнан шу ҳикоялар кеча спектаклда бўлмаган бухгалтер Василий Степановични қаттиқ эсанкиратиб қўйган эди. Капельдинерлар алланималарни, чунончи ўша машҳур сеанс тугагандан кейин баъзи бир аёлларнинг кўчада уятли қиёфада чопиб юргани ва шунга ўхшаш ҳоказо воқеаларни ҳикоя қилишарди. Камтарин ва вазмин табиат Василий Степанович мана шу мўъжизалар тўғрисидаги одди-қочди гапларни эшитиб, анграйганча фақат кўзларини пирпиратарди-ю, қандай иш тутишни билмай боши қотарди, ҳолбуки, айнан шу Василий Степанович бирор тадбир ўйлаб топиши керак эди, чунки Варьетенинг барча ходимлари орасида энг юқори мартабадаги одам бўлиб энди шу қолган эди.

Эрталабки соат ўнга бориб, билетга талабгорлар шунчалик кўпайиб, ҳаммаёқни босиб кетдики, овозаси милицияга ҳам етиб бориб, кўз очиб-юмгунча вақт ўтмай, театр олдида ҳам пиёда, ҳам отлиқ ршрядлар пайдо бўлди ва навбатда турганлар ўртасида озми-кўпми тартиб ўрнатди. Бироқ, бир километрга чўзилган бу одамлар тизмаси, гарчи энди тартибга келган бўлса ҳам, Садовая кўчасидан ўтган гражданларни ҳамон ҳайратга соларди.

Бу ташқаридаги аҳвол эди, лекин Варьетенинг ўзида ҳам ахвол жуда чатоқ эди. Эрта тонгдан бошлаб Лиходеевнинг ҳам, Римскийнинг ҳам кабинетидаги, бухгалтерияю кассадаги, Варенуханинг кабинетидаги телефонлар тўхтовсиз жиринглай бошлади. Аввалига Василий Степанович, кассир аёл бир амаллаб жавоб қилиб туришди, капельдинерлар ҳам бир нималарни ғўлдираб жавоб қайтаришди, лекин кейин, бора-бора трубкани бутунлай кўтармай қўйишди, чунки, Варенуха, Римский қаерда, деган саволга жавоб қайтариш мутлақо мумкин эмас эди. Олдинига, «Лиходеев ўз квартирасида», деган жавоб билан қутулмоқчи ҳам бўлишди, лекин шаҳардан телефон қилаётганлар: «Лиходеевникига қўнғироқ қилган эдик, уни Варьетеда деб айтишди», дейишарди.

Қаттиқ ҳаяжонланган бир хоним телефон қилиб, Римскийни талаб қила бошлади, унга: «Сиз Римскийнинг хотинига телефон қилинг», деб маслаҳат беришган эди, телефондаги аёл ҳўнграб йиғлаб юбориб: «Ўзим хотиниман, Римский ҳеч ерда йўқ», деб жавоб қилди. Ўта бемаънилик юз бераётган эди. Фаррош аёл молия директорининг кабинетини йиғиштиргани кириб, кабинетнинг эшиги ланг очиқ ётгани, чироқлар ўчирилмагани, боққа очиладиган деразанинг сингани, кресло ерда ағанаб ётгани-ю, аммо кабинетда ҳеч кимни кўрмаганини ҳаммага ёйиб бўлган эди.

Соат ўндан ошганда Варьетега Римская хоним отилиб кириб келди. У юм-юм йиғлар, қаттиқ куюнарди. Василий Степанович хонимга нима маслаҳат беришни ҳам билолмай, муглақо эсанкираб қолди. Соат ўн яримга бориб милиция етиб келди. Милиция берган оиринчи ва асосли савол бундай бўлди:
— Нима бўляпти ўзи театрингизда, гражданлар? Нима гап?

Варьете командаси орқага тисарилиб, ранги қув ўчган, ташвишли Василий Степановични милицияга рўпара қилди. Шунда гапнинг очиғини айтиб, Варьетенинг директори, молия директори ва администраторидан иборат маъмурий ҳайъатининг номаълум томонга кетиб, ғойиб бўлганини, конферансьенинг эса кечаги сеансдан кейин жиннихонага олиб кетилганинии, хулласи калом, кечаси сеанснинг ғирт расво сеанс бўлганини эътироф этишга тўғри келди.

Йиғлайвериб хун бўлиб кетган Римская хонимни бир амаллаб юпатиб уйига жўнатишди, шундан кейин молия директорининг кабинети ҳақида асосан фаррош аёлдан суриштира бошлашди. Хизматчилардан жой-жойларига бориб, иш билан машғул бўлишни илтимос қилишди, орадан сал вақт ўтар-ўтмас тергов хизмати ходимлари Верьетега қулоқлари чимирилган, кўзлари ғоят доно, мушакдор бир бўз итни етаклаб кириб келишди. Варьете ходимлари уни кўришган заҳоти, донғи кетган Ғиштинтуз деган ит шу бўлса керак, деган маънода ўзаро пичир-пичир гаплаша бошлашди. Ҳақиқатан ҳам, бу — ўша ит эди. Унинг хатти-ҳаракати ҳамманинг оғзини очириб қўйди. У молия директорининг кабинетига югуриб кирди-ю, сарғимтир хунук тишларини иршайтириб ириллай бошлади, кейин қорнини ерга бериб ётиб, кўзларида қандайдир ҳасрат ва айни пайтда ғазаб билан синган дераза томон эмаклаб бора бошлади. Ниҳоят у тетиклашиб, бирдан дераза токчасига сакраб чикди ва чўзинчоқ тумшуғини кўтариб, жонҳлатда ваҳшиёна увлай бошлади. У деразадан тушишни хоҳламас, ирилларкан, бадани сесканар ва ҳадеб пастга сакрамоқчи бўларди.

Итни кабинетдан олиб чиқиб, вестибюлга қўйиб юборишди, у ердан ит катта эшик орқали кўчага югуриб чиқди ва орқасидан эргаштанларни такси машиналари тўхтайдиган жойга бошлаб келди. Мана шу ерга келганда у из исини йўқотиб қўйди. Шундан кейин Ғиштинтузни олиб кетишди.

Терговчилар Варенуханинг кабинетига жойлашишиб, кечаги сеанс вақтида юз берган воқеаларнинг шоҳиди бўлган Варьете ходимларини навбатма-навбат суҳбатга чақира бошлашди. Шуни айтиш керакки, терговчилар ҳар қадамда кутилмаган қийинчиликларга дуч келарди. Калаванинг учи дам ўтмай узилиб қолаверарди.

Афишалар бўлганмиди ўзи? Бўлган эди. Лекин тунда уларнинг устига бошқа афишаларни ёпиштиришипти, аксига юриб, биронта ҳам нусха қолмапти. Қаёқдан келиб қолди ўзи ўша жодугар? Ким билади дейсиз. Гапингизга қараганда, у билан шартномаям тузгансиз?
— Шунақа бўлиши керак, — деб жавоб қилди ҳаяжонланган Василий Степанович.
— Қани ўша шартнома?
— Йўқ, — деб жавоб қилди ранги докадек оқара бошлаган бухгалтер қўлларини ёйганча. Дарҳақиқат, ўша шартнома на бухгалтерия папкаларида, на молия директорида, на Лиходеевда, на Варенухада бор эди.

Фамилияси нима экан ўша сеҳргарнинг? Василий Степанович билмасди, у кечаги сеансда йўқ эди. Капельдинерлар ҳам билмади, билет сотувчи кассир аёл иешанасини тириштира-тириштира, ўйлай-ўйлай ахийри бундай деди:
— Во... Воланд шекилли.

Балки Воланд эмасдир? Эҳтимол Воланд эмасдир. Ким билсин, балки Фаланддир.

Суриштириб, ажнабийлар бюросининг на Воланд деган, шунингдек, на Фаланд исмли сеҳргар ҳақида ҳеч нима эшитмаганини аниқлашди.

Курьер Карповнинг айтишича, ўша сеҳргар гўё Лиходеевнинг квартирасида истиқомат қилаётганмиш. Гурган гапки, шу заҳоти у квартирага бориб келишди. Афсуски у ерда ҳеч қанақа сеҳргарни учратишмади. Лиходеевнинг ўзини ҳам топишмади. Уй ходимаси Груня йўқ эди, унинг қаёққа ғойиб бўлганини ҳеч ким билмасди. Бошқарма раиси Никонор Иванович йўқ, Пролежнев йўқ!

Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳол юз берган эди: театр маъмуриятининг барча раҳбарлари ғойиб бўлган эди, кеча жуда ғалати, уятсиз сеанс бўлган, лекин уни ким уюштиргану кимнинг сўзи билан қилган — ҳеч ким билмасди.

Бу аснода касса очиладиган туш пайти ҳам яқинлашиб қолди. Аммо кассани очиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди, албатта! Шу заҳоти Варьетенинг эшигига: «Бугунги спектакль қолдирилди», деб ёзилган каттакон картон осиб қўйишди. Навбатда турганлар мрасида ғала-ғовур бошланди, лекин бир оз можаро қилишиб туришгач, узундан-узун навбат занжири нарчаланиб барбод бўла бошлади, оқибат, орадан тахминан бир соат вақт ўтар-ўтмас, Садовая кўчасида навбат кутганлардан асар ҳам қолмади. Терговчилар ўз ишини бошқа ерда давом эттириш учун жўнаб кетишди. Варьете ходимларини уй-уйига жўнатиб юборишди, театрда фақат навбатчиларни қолдиришиб, унинг эшикларини ёптиришди.

Бухгалтер Василий Степанович иккита ишни зудлик билан бажариши керак эди. Биринчидан, Томошалар ва ўйин-кулгилар комиссиясига бориб, кеча театрда юз берган воқеа ҳақида хабар қилиши, иккинчидан, томошахоналар молия шўъбасига бориб, кеча кассага тушган 21711 сўм пулни топшириши керак эди.

Ниҳоятда саришта ва интизомли Василий Степанович пулни газетага ўраб, устидан каноп билан боғлади-да, портфелига солди. Пул олиб юриш инструкциясини жуда пухта билган бу одам, турган гапки, автобус ё трамвай бекатига эмас, балки таксомотор бекатига йўл олди.

Бу ерда турган учта машинанинг шофёрлари қўлида қаппайган портфель билан шошиб келаётган пассажирни кўришган ҳамоноқ, унга ғазаб билан ўқрайиб қарашди-да, шундоққина тумшуғи остидан одам олмай қочворишди.

Эсанкираб қолган бухгалтер, бунга қандай тушуниш керак, деб ўйлаб турган ерида анчагача серрайиб қолди.

Яна уч дақиқалардан кейин бекатга бўш машина келиб тўхтади, лекин шофёрнинг кўзи пассажирга тушди-ю, афти буришиб кетди.
— Машина бўшми? — дея йўталиб қўйди ҳануз саросимада бўлган Василий Степанович.
— Пулингизни кўрсатинг, — жаҳл билан жавоб қилди шофёр пассажир томонга қайрилиб ҳам қарамай.

Борган сари ҳайрати оша бошлаган бухгалтер қимматли портфелини қўлтиғига қистириб, ҳамёнидан бир червон чиқарди-да, уни шофёрга кўрсатди.
— Бормайман! — деди у қисқагина қилиб.
— Мени кечирасиз... — деб бухгалтер гап бошлаган эди, шофёр унинг сўзини бўлди:
— Уч сўмликларингиз борми?

Тамомила гангиб қолган бухгалтер ҳамёнидан иккита уч сўмлик чиқариб, шофёрга кўрсатди.
— Ўтиринг, — деб бақирди у ва счётчик байроқчасига «тап» этиб уриб, уни синдириб юбораёзди. — Кетдик.
— Қайтимга майдангиз йўқми дейман? — қўрқа-писа сўради бухгалтер.
— Киссам тўла қайтим! — деб бақирди шофёр, кўзгуда унинг қон қуйилган кўзлари кўринди, — шу бугуннинг ўзида мени уч марта ер қилиб кетишди. Битта мени эмас — бошқаларниям. Ярамас кира хақига червон беради, денг. Мен унга тўрт сўм эллик тийин... у итдан тарқаган қайтимни олиб машинадан тушади! Орадан беш минут ўтар-ўтмас қарасам: қўлимда червон эмас, нарзан шишасининг қоғози! — Шу ерга келганда шофёр уят сўзларни айтиб сўкинди. — Яна биттасини Зубовскаяга элтиб қўйдим. Уям бир червон берди. Унга уч сўм қайтардим. Тушиб кетди! Кейин ҳамёнимга қўл тиқсам, у ердан асалари учиб чиқиб шартта бармоғимни чақиб олса бўладими! Вой... — деб шофёр яна уят сўзларни қалаштириб ташлади, — лекин червон йўқ. Кеча анави Варьетеда (сўкинади) қандайдир мараз кўзбойлоқчи червон пуллар сочиб томоша кўрсатганмиш (сўкинади).

Бухгалтер ўзини йўқотиб, ғужанак бўлиб олди ва «Варьете» деган сўзни энди эшитиб тургандек кўрсатди ўзини, лекин ичида: «Ана машмаша!..» — деб қўйди.

У ўзи кўзлаган ерга етиб келиб, кира ҳақини беғалва тўлади-да, бинога кирди ва мудир кабинети томон коридордан жадал юриб бораркан, бемаврид келганини пайқади. Томошалар комиссияси идорасида қандайдир безовталик ҳукмрон эди. Бошидаги рўмоли сирғалиб энсасига тушган, кўзлари бежо курьер аёл бухгалтер ёнидан югуриб ўтди.
— Йўқ у, йўқ, йўқ, тасаддуқлар! — деб қичқирарди у аллакимларга, — камзул-шими бор, аммо камзулда ҳеч вақо йўқ!

Аёл қайсиям эшикка кириб кетди, шу заҳоти унинг орқасидан идишларнинг чил-чил сингани эшитилди. Секретарь хонасидан комиссиянинг биринчи сектори мудири югуриб чикди, бухгалтер уни яхши танирди, аммо у шу қадар асабий эдики, бухгалтерни танимади ва шу кетганча дом-дараксиз ғойиб бўлди.

Бу воқеалардан қаттиқ ларзага келган бухгалтер комиссия раиси кабинетининг даҳлизи бўлмиш котиба хонасига кирдию бутунлай донг қотиб қолди.

Эшиги ёпиқ кабинетдан дағдағали овоз эшитиларди. Бу, шубҳасиз, комиссия раиси Прохор Петровичнинг овози эди. «Битта-яримтасини роса тузлаяпти шскилли?» — деб кўнглидан ўтказди гангиб қолган бухгалтер ва атрофига кўз ташлаб бошқа бир манзаранинг шоҳиди бўлди: Прохор Петровичнинг шахсий котибаси — соҳибжамол Анна Ричардовна устига тери қопланган креслода оёқларини хонанинг нақ ўртасигача узатиб юбориб, бошини орқа суянчиққа ташлаганча қўлида жиққа ҳўл рўмолча билан юм-юм йиғлаб ётарди.

Анна Ричардовнанинг бутун ияги лаб мойига бўялган, пуштиранг ёноқларидан эса эриган киприк бўёғи қоп-қора жилға бўлиб оқиб тушарди.

Анна Ричардовна хонага одам кирганини кўриб, сакраб ўрнидан турди, бухгалтерга ташланиб, камзули ёқасидан чангаллаб уни силкитаркан, чинқириб деди:
— Худога шукур! Битта бўлсаям топилиптию мард одам! Ҳамма қочиб кетди, хоинлар! Юринг унинг олдига, нима қилишга ҳайронман! — Кейин ўксиб-ўксиб йиғлаганча, бухгалтерни кабинетга судраб кирди.

Бухгалтер кабинетга кирди-ю, бирини навбатда қўлидан портфели тушиб кетди, миясидаги ўйлари тамомила остин-устун бўлиб кетди. Бунинг сабаби бор эди, албатта.

Устига салмоқли сиёхдон қўйилган маҳобатли ёзув столи ортида қуруқ костюмнинг ўзи ўтирар ва сиёҳга ботирилмаган қуруқ перо билан қоғозга нималарнидир ёзарди. Костюм галстук таққан, унинг соат чўнтагидан ўзи ёзар ручка чиқиб турарди, аммо костюм ёқаси устидан на бўйин бор эди, на калла, шупингдек, костюм енгларидан ҳам қўл чиқмаган эди. Костюм ишга қаттиқ берилганлигидан, атрофида юз бераётган тўс-тўполонни мутлақо пайқамас эди. Костюм хонага кимдир кирганини эшитиб, креслога суянди, шунда унинг ёқаси узра Прохор Петровичнинг бухгалтерга жуда яхши таниш бўлган овози янгради:
— Нима гап? Эшикка ёзиб қўйилган-ку қабул қилмаслигим ҳақида.

Соҳибжамол котиба буни эшитиб чинқириб юборди ва куйиниб деди:
— Кўрдингизми? Кўряпсизми?! У йўқ! Йўқ! Қайтариб беринг! Топиб беринг уни!

Шу пайт кимдир кабинет эшигидан бошини тиқди-ю, «вой» деб юбориб, жуфтакни ростлаб қолди. Бухгалтер тиззалари қалтираётганини ҳис қилиб стулга омонатгина ўтирди, лекин портфелини ердан кўтариб олишни унутмади. Анна Ричардовна бухгалтернинг камзулини қўйиб юбормай, унинг атрофида гирдикапалак бўлар ва ҳадеб чинқирарди:
— Шайтонни тилга олиб сўкинганида, доим уни «ҳай-ҳай»лаб тўхтатардим! Мана оқибат, — шундай деб гўзал котиба ёзув столи олдига пилдираб борди ва кўп йиғлаганидан хиёл пинғиллаган майин мусиқий овози билан деди:
— Проша! Қаердасиз?
— Мени «Проша» дейишга қандай ҳаддингиз сиғди? — деди костюм виқор билан ва креслога янаям чуқурроқ ботиб ўтирди.
— Танимаяпти! Мени танимади-я! Тушуняпсизми? — деб ҳўнграб юборди котиба.
— Кабинетда йиғи-сиғи қилманг! — деди энди жаҳл билан жиззаки костюм ва резолюция қўйиб имзо чекиш учун бир даста қоғозни енги билан ўз олдига сурди.
— Йўқ, мен бунга қаролмайман, йўқ, ҳеч қаролмайман! — деб чинқириб юборди Анна Ричардовна ва кабинетдан югуриб чиқиб кетди, унинг орқасидан бухгалтер ҳам ўқдай отилиб чиқди.
— Мен ўтиргандим, — деб ҳикоя қила бошлади ҳаяжондан қалт-қалт титраётган Анна Ричардовна, яна бухгалтернинг енгидан маҳкам ушлаб олиб, — бир пайт бир мушук кириб келди. Қоп-қора, ўзиям худди хирсдай келади. Турган гапки, мен унга «пишт!» — деб қичқирдим. У чиқиб кетди, лекин ўрнига аллақандай бақбақалоқ одам кирди, униям башараси мушукникига ўхшарди. Кирди-да: «Бу қанақаси, гражданка, нега иш билан келганларни «пишт»лаб ҳайдайсиз?» — деди. Шундай дедию шилт этиб Прохор Петровичнинг олдига кириб кетди, мен ҳам орқасидан кирдим, албатта. «Нима қиляпсиз, эсингизни еганмисиз?» — деб қичқирдим унга. У суллоҳ бўлса тўғри Прохор Петровичнинг олдига бориб, унинг рўпарасига, креслога ўтирди! Лекин Прохор Петрович... ўзингиз биласиз, у — жудаям оқкўнгил одам-у, аммо ўлгудек тажанг. Аччиғи чиқиб кетди! Ҳа! Асаби чатоқ, чунки молдай ишлайди, ҳа, аччиғи чиқиб: «Нега берухсат кирдингиз бу ерга?» — деди. Анави суллоҳ бўлса, креслога ялпайиб ўтириб олиб, бунинг устига, тиржайиб нима деди денг: «Мен, деди, сиз билан иш юзасидан гаплашгани келдим», деди. Прохор Петрович бўлса, жаҳли чиқиб: «Бандман!» — деди. У бўлса уялмай-нетмай: «Сиз ҳеч нима билан банд эмассиз...» — деди-я. Тавба! Шундан кейин, турган гапки, Прохор Петрович тутақиб кетиб: «Бу ахир қандай бемаънигарчилик! Олиб кетинглар уни, жин олсин мени!» — деб бақирворди. Суллоҳ бўлса тиржайиб туриб, нима деди денг: «Жин олсинми? Бўпти, тўғрилаймиз!» — деди. Шунда бир нима тарақлаб кетди-ю, мен чинқириб юбориб, қарасам: анави мушукбашара суллоҳ йўқ, столда эса, ко... костюм... ўтирипти-и-и... Уу-ууу! — Анна Ричар-довна оғзини паттойи ковушдек очиб ув тортиб йиғлай бошлади.

У йиғлаб-йиғлаб, нафасини ростлаб олди-да, кейин мутлақо куракда турмайдиган гапларни жаврай кетди:
— Ҳали қарасанг ёзяпти, ёзяпти, ёзяпти! Жинни бўлиб қолиш ҳеч гапмас! Телефондаям гаплашяпти! Костюм гаплашяпти! Ҳамма қочиб кетди — сичқоннинг ини минг танга!

Бухгалтер турган ерида фақат қалт-қалт титрарди. Лекин шу пайт унга омад кулиб бокди. Котиба хонасига икки нафар милиционер жиддий қиёфада бамайлихотир кириб келди. Соҳибжамол котиба уларни кўрдию бешбаттар ҳўнграб йиғлаганча, қўли билан кабинет эшигини кўрсата бошлади.
— Келинг, йиғини бас қилайлик, гражданка, — хотиржам оҳангда деди биринчи милиционер, бухгалтер эса ўзининг бу ерда ортиқча эканлигини билиб, хонадан отилиб чиқди ва яна бир дақиқадан сўнг тоза ҳаводан нафас ола бошлади. Мияси худди елвизак ўтган мўркон сингари ғувилларди, шу ғувиллаган товуш орасидан капельдинерларнинг кечаги томошада иштирок этган мушук ҳақидаги ҳикоялари узуқ-юлуқ бўлиб эшитиларди қулоғига. «Ана холос! Бу ўша мушукчамиз эмасмикин ҳали?»

Комиссия идорасида ўзи кўзлаган мақсадга эриша олмаган диёнатли Василий Степанович Ваганьковский тор кўчасига жойлашган унинг филиалига боришга қарор қилди. У ўз кўнглига таскин бериш мақсадида филиалгача пиёда юриб борди.

Томошалар комиссиясининг шаҳар филиали ҳовлининг тўридаги, вақт ўтиши билан сувоғи кўчган иморатга жойлашган бўлиб, у ўз вестибюлидаги порфир устунлари билан машҳур эди.

Лекин филиалга келган одамларни бугун устунлари эмас, балки шу устунлар пойида юз бераётган ғаройиб ҳодиса тонг қолдирган эди.

Бир неча киши кичик бир стол ортида юм-юм йиғлаб ўтирган ойимқизга донг қотиб қараб қолишган эди, ойимқиз шу столча устига ёйиб қўйилган томошалар ҳақидаги махсус адабиётнинг сотувчиси эди. Ойимқиз айнан ҳозир ҳеч кимга ҳеч қандай китоб сотмас, одамларнинг ҳол-аҳвол сўраб берган саволларига эса фақат қўл силтарди, холос, лекин худди шу маҳал тепадан ҳам, пастдан ҳам, ён томонлардан ҳам, хуллас филиалнинг ҳамма бўлимларидан, камида йигирматача телефон бараварига қаттиқ жиринглай бошлади.

Йиғлаб ўтирган ойимқиз бирдан сесканиб кетиб: — Ана, яна бошланди! — деб чинқирди жазаваси тутиб ва дабдурустдан титроқ овоз билан куйлай бошлади:

Славное море свяшенньга Байкал…

Шу пайт зина бошида пайдо бўлган курьер мушт тугиб кимгадир пўписа қилди ва ўзининг жилосиз, хира баритон овози билан ойимқизга жўр бўлди:

Славен корабль, омулевая бочка!..

Курьернинг овозига олис хоналардан бошқаларнинг ҳам овози қўшилиб, хор вужудга кела бошлади ва ниҳоят, бу қўшиқ филиалнинг ҳаммаёғида янграй бошлади. Ҳисоблаш-текширув бўлими жойлашган энг яқин 6-хонадан келаётган овозлар орасида кимнингдир хиёл ҳирқироқ, аммо жуда кучли йўғон овози ажралиб турарди. Телефон аппаратларининг тобора кучая бошлаган қўнғироқлари бу хорга жўрлик қиларди.

Гей, Баргузин... пошевеливай вал!.. —

деб бўкирарди курьер зинада туриб.

Қизнинг кўз ёшлари маржон-маржон бўлиб оқар, тишларини ғижир қилишга уринар, лекин оғзи ўз-ўзидан очилиб, курьердан бир парда юқори товушда куйларди:

Молодцу бьпъ недалечко!

Филиалга иш билан келиб, лол бўлиб серрайиб қолган одамларни кўпроқ ҳайратга солган нарса шу эдики, хор қатнашчилари гарчи бинонинг турли томонларида бўлишса ҳам, гўё кўринмаётган дирижёрдан кўз узмай тургандай, жуда равон ва уйғун куйлашарди.

Ваганьковский тор кўчасидан ўтаётган одамлар ҳовлини ўраган панжара олдида тўхташиб, филиалда бўлаётган вақтичоғликдан ҳайрон бўлишарди.

Қўшиқнинг биринчи банди тугаши билан хор яна гўё дирижёр ишораси билан бирдан куйлашдан тўхтади. Курьер оҳиста сўкиниб, хонага кириб кетди. Шу маҳал филиалнинг ҳовли эшиги очилиб, оқ халат устидан авра пальто кийган бир гражданин билан милиционер кириб келди.
— Жон доктор, бирон иложини қилинг, — деб азза-базза чинқирди қиз.

Зина бошига филиал котиби отилиб чиқди, хижолатпазликдан бўлса керак, дудуқланиб деди:
— Биласизми, доктор, биз ҳаммамиз қандайдир оммавий гипноз таъсирига учраганга ўхшаймиз... Шунга кўра, албатта... — у гапини тугата олмади, сўзлар томоғига тиқилиб қолиб, бирдан тенор овоз билан куйлай бошлади:

Шилка и Нерчинск…

— Аҳмоқ! — деб чинқирди қиз, лекин кимни ҳақорат қилганини изоҳлашга улгуролмади, бунинг ўрнига ўзи ўша Шилка ва Нерчинск тўғрисида куйлашга мажбур бўлди.
— Ўзингизни қўлга олинг! Кўйлашни бас қилинг! — деди доктор котибга.

Ҳолбуки котибнинг ўзи ҳам, кўринишидан қўшиқ айтмаслик учун кўп нарсадан воз кечишга тайёр эди, бироқ, нима қилсинки, қўшиқ айтишдан ўзини тўхтата олмасди, шунга кўра у хорга қўшилиб банднинг охиригача ижро этиб кўчадан ўтганларнинг диққатини ўзига тортди.

Банд тугаши билан биринчи бўлиб сотувчи қиз врачдан валерианка олди, шундан сўнг врач бошқаларга ҳам валерианка ичириш учун котиб орқасидан югуриб кетди.
— Мени афв этасиз, яхши қиз, — деб Василий Степанович сотувчи қизга юзланди, — филиалингизга кирмаганмиди қора мушук?..
— Яна қанақа мушук? — деб чийиллади жаҳл билан қиз, — битта эшшак ўтирипти филиалимизда, эшшак! — шундай деб туриб, яна илова қилди: — Майли, эшитсин! Ҳаммасини гапириб бераман, — шундан кейин у юз берган бутун воқеани сўзлаб берди.

Маълум бўлишича, шаҳар филиалининг «енгил томошалар ишини тамоман барбод қилган» (сотувчи қиз таъбири) мудири ҳар хил тўгараклар очишга ишқибоз экан.
— Раҳбарларни шу йўл билан гўсхўр қилиб келяпти! — деб бақирди қиз.

Мудир шу бир йил мобайнида Лермонтовни ўрганиш, шахмат-шашка, пинг-гюнг ва чавандозлик тўгаракларини очибди. Ёз келса, ҳали яна эшкак эшиш ва альпинистлар тўгаракларини ҳам ташкил қилмоқчимиш.
— Мана, бугун эса тушлик танаффус пайтида... — деб ҳикоясини давом эттирди қиз, — мудир аллақандай бир итвачча билан қўлтиқлашиб кириб келди... эгнида катак матодан шим, кўзига шишаси дарз кетган пенсне таққан... башараси — худди ҳозир гўрдан чиққанга ўхшайди!

Сотувчи қизнинг гапича, мудир у одамни ўша заҳоти, филиалнинг ошхонасидаёқ овқатланиб ўтирган ходимларга, хор тўгаракларини ташкил қилиш бўйича йирик мутахассис, деб таништирипти.

Бўлғуси альпинистларпинг қовоқлари осилиб тушган, албатта, лекин мудир ҳаммани бардам бўлишга ундабди, хор мутахассиси бўлса ҳам ҳазил, ҳам қочириқ гаплар айтиб, қўшиқ ўрганиш учун арзимаган нақт керак бўлиши, ваҳоланки, унинг бир олам фойда келтириши ҳақида онт ичиб ишонтириити.

Ҳар сафаргидай, сотувчи қизнинг айтишича, филиалнинг таниқли хушомадгўйлари Фанов билан Косарчуклар биринчи бўлиб отилиб чиқишиб, хор тўгарагига ёзилишга розилик беришипти. Шунда қолган хизматчилар ҳам қўшиқ айтишдан қочиб қутулиб бўлмаслигини тушунишиб, тўгаракка ёзилишган. Қўшиқни тушлик танаффус пайтида айтишга қарор қилишипти, чунки қолган вақтлар Лермонтов ва шашка билан банд экан. Мудир коллективга ўрнак кўрсатиш учун ўзининг тенор овози борлигини эълон қилипти, шундан кейин ҳамма нарса худди ёмон тушдек бошланиб кетипти. Катак шим кийган мутахассис — хормейстер:
— До-ми-соль-до! — деб бақирипти-да қўшиқ айтишдан қочиб шкаф орқасига яширинган уятчанларни тортиб чиқипти. Косарчукка эса, мусиқий ҳофизангиз ғоятда зўр, деб ғинший, инграй бошлапти ва, мен — қари қўшиқчи — регентнинг сўзини ерда қолдирманг, деб ёлбориб, камертонни жингиллатиб чертиб, «Славное море» қўшиғини бир гумбурлатиб оласиз энди, деб илтимос қилипти.

Гумбурлатиб олишипти. Олишгандаям жуда яхши олишипти. Катак шим кийган регент чинданам ўз ишини яхши билар экан. Биринчи бандни охирига етказишганда регент узр сўраб: «Менга бир дақиқага рухсат!» — дебди-ю... ғойиб бўлипти. Ҳамма уни, ҳозир, бир дақиқадан кейин қайтиб келади, деб ўйлаган. Лекин орадан ўн дақиқа вақт ўтса ҳам ундан дарак бўлмапти. Филиал ходимларининг кўнгли ёришиб кетипти — регент қочди, деб ўйлашган-да.

Лекин шу пайт бирдан ҳаммалари қўшиқнинг иккинчи бандини куйлай бошлашипти, Косарчук уларга бош бўлипти: эҳтимол унинг мусиқий ҳофизаси унчалик зўрмасдир-у, аммо овози хийлагина ёқимли баланд тенор экан. Қўшиқ тугапти. Регентдан дарак йўқ! Ҳамма жой-жойига тарқала бошлаган, лекин ўз ўринларига бориб улгуришмасдан, хоҳлашмасалар ҳам яна қўшиқ бошлашипти. Ҳеч ўзларини тўхтатиша олмапти. Икки-уч минут жим ўтиришармиш-да, яна баданглатишармиш. Бир зум жим ўтириб, яна баданглатишармиш! Ана шунда фалокат юз берганини тушунишипти. Мудир шарманда бўлганидан ўз кабинетига кириб, ичидан қулфлаб олипти.

Шу ерга келганда қизнинг ҳикояси узилди. Валерьянка ҳам кор қилмаган эди.

Яна чорак соатдан кейин Ваганьковский тор кўчасидаги панжара девор олдига учта юк машинаси келиб тўхтади, филиалнинг барча ходимлари мудир бошчилигида шу машиналарга чиқишди.

Биринчи машина бир чайқалиб дарвозадан тор кўчага чиқиши билан кузовда бир-бирларининг елкаларидан ушлаб зич турган хизматчилар оғизларини очишдию бутун кўчани бошларига кўтариб, оммавий қўшиқни ижро эта бошладилар. Иккинчи юк машинаси, ундан кейин учинчи машинадагилар ҳам уларга жўр бўлишди. Ходимлар шу тарзда жўнаб кетишди. Кўча-кўйда ўз ишлари билан югуриб юрган одамлар юк машиналарига қиё боқиб қўйишаркан, ҳеч ажабланишмасди, чунки уларни шаҳар ташқарисига кетаётган экскурсиячилар деб ўйлашарди. Тўғри, улар чинданам шаҳар ташқарисига кетишаётган эди, аммо экскурсия эмас, балки профессор Стравинскийнинг шифохонасига йўл олишган эди.

Тамомила эси оғиб қолган бухгалтер ярим соатдан кейин томошахоналар секторининг молия бўлимига етиб борди, бу ерда у қўлидаги давлат сармоясидан тезроқ қутулиш ниятида эди. Унинг кўзи пишиб қолган эди, шунга кўра чўзинчоқ залга олдин эҳтиётлик билан аста мўралади — бу ерда олтин ҳарфлар ёзилган сирланган ойналар ортида хизматчилар ишлаб ўтиришарди. Бухгалтер бу ерда ҳеч қандай ваҳима ё бетартиблик аломатини кўрмади. Ботартиб идораларда бўлгани сингари бу ерда осойишталик ҳукм сурарди.

Василий Степанович: «Пул қабул қилинади», деб ёзилган ойнага бошини сукди, нотаниш бир хизматчи билан саломлашди ва мулойимлик билан кирим ордери бланкини сўради.
— Нима қиласиз уни? — деб сўради хизматчи. Бухгалтер таажжубланди.
— Пул топширмоқчиман. Варьетеданман.
— Бир дақиқа сабр қилинг, — деди хизматчи ва туйнукни симтўр билан тўсди.

«Қизиқ!» — деб ўйлади бухгалтер. У тўғри ажабланаётган эди. Чунки бундай ҳолни умрида биринчи марта учратиши эди. Ҳамма билади: пул олиш қийин; бу ишда ҳамиша бирон ишкаллик топилиши мумкин. Лекин бухгалтер ўзининг ўттиз йиллик иш тажрибасида биронта одамнинг, хоҳ у адлия вакили, хоҳ хусусий шахс бўлсин, пул топширишда қийналганини кўрмаган эди.

Мана, ниҳоят симтўр очилиб, бухгалтер яна бошини ойнага тиқди.
— Кўпми топширадиган пулингиз? — деб сўради хизматчи.
— Йигирма бир минг етти юз ўн бир сўм.
— Ўҳҳў! — деди хизматчи негадир киноявий охднгда ва бухгалтерга яшил бланк узатди.

Бухгалтер ўзига ёд бўдиб кетган бланкни бир зумда тўлдириб, пул ўралган пакетнинг канопини еча бошлади. У пакетни ечдию бирдан кўзи жимирлаб кетди, қаттиқ изтиробда бир нима деб ғўлдиради.

Унинг кўз олдида чет эл пуллари ётарди. Бу ерда пачка-пачка Канада долларлари, инглиз фунтлари, голланд гульденлари, Латвия латлари, эстон кронлари бор эди...
— Мана ўша Варьетедаги фирибгарлардан биттаси, — деган дағдағали овоз эшитилди гунг бўлиб қолган бухгалтернинг тепасида. Шу заҳоти Василий Степановични ҳибсга олишди.

Ўн саккизинчи боб

Кўнгилсиз Ташрифлар

Бизнинг тиришқоқ бухгалтер жасадсиз костюмга йўлиқишдан оддин таксомоторда бораётган пайтда, Москвага келган Киев поездининг юмшоқ ўринли 9-плацкарт вагонидан қўлига кичкинагина фибра чамадон кўтарган хушҳулқ бир одам ҳамма йўловчилар қатори перронга тушди. Бу йўловчи марҳум Берлиознинг Киевдаги собиқ Институт кўчасида истиқомат қилувчи поччаси экономист-плановик Максимилиан Андреевич Поплавский эди. Максимилиан Андреевичнинг Москвага келишига у ўтган куни кечқурун алламаҳалда қуйидаги мазмунда олган телеграмма сабаб бўлган эди:

«Мени ҳозиргина Патриарх кўлида трамвай босиб кетди. Дафн жума, кундуз учда. Етиб келинг. Берлиоз».

Максимилиан Андреевич Киевда ҳақли равишда энг донишманд кишилардан бири ҳисобланарди. Лекин бу тарздаги телеграмма энг ақлли одамни ҳам гангитиб қўйиши мумкин эди. Баски, одам ўзини трамвай босиб кетгани ҳақида телеграмма юборибдими, демак у ўлмаган. Лекин унда дафннинг нима алоқаси бор бунга? Ё аҳволи жудаям оғиру тирик қолишига кўзи етмаяптимикин? Бу мумкин, лекин дафн пайтининг аникдиги ўта ғайриоддий ҳол эди — ахир у ўзининг жума куни кундуз соат учда дафн этилишини, ўзингиз ўйланг, қаёкдан билсин? Ғоят ғаройиб телеграмма!

Бироқ чалкаш жумбоқларни еча олганлари учун ҳам доно одамларни доно деб аташади. Масала равшан. Хатога йўл қўйилган, телеграмма чалкашиб кетган. «Мени» сўзи, шубҳасиз, бу ерга бошқа телеграммадан кириб, «Берлиозни» деган сўзнинг ўрнини эгаллаган, «Берлиозни» сўзи эса, келишик қўшимчасидан жудо бўлиб, телеграмма охирига бориб қолган. Шундай тузатиш киритиладиган бўлса, телеграмманинг мазмуни ойдинлашар, аммо, фожиали тус оларди, албатта.

Максимилиан Андреевич, умр йўлдошининг қайғули фарёди сал тиниши билан, дарҳол Москвага отлана бошлади.

Шу ўринда Максимилиан Андреевичнинг дил розини фош қилишимизга тўғри келади. Ҳеч шубҳа йўқки, хотинининг айни камолга етган пайтда нобуд бўлган жиянига унинг ҳам раҳми келган эди. Лекин, иш кўзини билувчи одам сифатида, ўзининг дафн маросимида қатнашишига унчалик зарурат йўқлигини ҳам тушунарди, албатта. Шунга қарамай, Максимилиан Андреевич Москвага жудаям шошилиб отлана бошлади. Хўш, сабаб нима? Сабаб битта — квартира. Москвадаги квартирами? Ҳа, бу ниҳоятда жиддий масала. Максимилиан Андреевичга негадир Киев ёқмасди, шу сабабли кейинги пайтларда Москвага кўчиб ўтиш нияти унинг қалбини қаттиқ изтиробга сола бошлаган, оқибат, ҳатто уйқусида ҳам халоват қолмаган эди. Паст соҳил томондаги оролчаларни кўмиб, суви уфққа бориб туташган Днепрнинг баҳорги тошқини ҳам унинг баҳри-дилини очолмасди. Князь Владимир ҳайкали пойидан кўзга ташланувчи, гўзалликда қиёси йўқ улуғвор манзара ҳам уни мафтун қилмас эди. Владимир тепалигидаги ғишт терилган иўлкаларда ўйновчи қуёшнинг олачалпоқ нурлари ҳам унинг кўнглини овламасди. Буларнинг биронтасини ҳам хоҳламасди у, фақат бир нарсани — Москвага кўчиб ўтишни истарди.

Ўзининг Институт кўчасидаги квартирасини Москвадаги бирон чоғроқ квартирага айирбошлаш ҳақида газеталарга берган эълонлари ҳеч қандай натижа бермади. Хоҳловчилар топилмас, битта-яримта топилганиям мутлақо куракда турмайдиган шартлар қўярди.

Телеграмма Максимилиан Андреевични ларзага солди. Бундай қулай фурсатни бой беришнинг ўзи гуноҳ эди. Уддабурон одам бундай ҳолнинг бошқа такрорланмаслигини яхши билади.

Қисқаси, қанчалик мушкул бўлмасин, бир амаллаб жияннинг Садовая кўчасидаги квартирасини мерос қилиб олиш керак эди. Ҳа, бу мушкул, ғоятда мушкул иш, лекин шундай бўлса ҳам, бу мушкулотни енгмоқ лозим эди. Омилкор Максимилиан Андреевич бунга эришиш учун биринчи навбатдаги энг зарур иш нимадан иборат бўлишини яхши биларди: бир иложини қилиб, марҳум жияннинг учта хонасига вақтинча бўлса ҳам ўзини прописка қилдириб олиши керак.

Максимилиан Андреевич жума куни Москвага етиб келиб, шу куниёқ Садовая кўчасидаги 302-бис уйнинг уй бошқармаси эшигидан ичкари кирди.

Деворига дарёга чўккан одамни тирилтириш усуллари бир нечта суратда тасвирланган эски плакат осилган торгина хонада ёғоч стол ортида соқол-мўйлови ўсиб кетган, кўзлари аланг-жаланг боқувчи ўрта ёшлардаги одам ёлғиз шўппайиб ўтирарди.
— Бошқарма раисини кўришим мумкинми? — деб тавозе билан сўради экономист-плановик, бошидан шляпасини олиб, чамадончасини бўш турган стулга қўяркан.

Мана шу одмигина саволдан стол ортида ўтирган одамнинг негадир руҳи тушиб, ранги бўздай оқариб кетди. Кўзлари олазарак бўлиб, раис йўқ, деган маънода ғўлдиради у.
— Квартирасидадир балки? — деб сўради Поплавский, — зарур ишим бор эди унда.

У одам яна пойинтар-сойинтар жавоб қидди. Лекин бу ғализ жавобдан, раис квартирасида йўқ, деган маънони англаса бўларди.
— Қачон бўлади?

Стол ортида ўтирган одам бу саволга жавоб бермай, қандайдир ҳасрат билан деразага қаради.

«Иҳи!» — деди ўзига-ўзи фаросатли Поплавский ва котибни сўради.

Ғалати одам худди мушкул аҳволга тушгандай чўғ бўлиб қизариб кетди ва яна пойинтар-сойинтар ғўлдираб, котиб ҳам йўқ... қачон келиши ҳам маълум эмас, хуллас... котиб касал... дегандай бўлди.

«Аҳа!..» — деди ўзича Поплавский: — Лекин бошқарма аъзоларидан бирон киши борми?
— Мен, — ҳазин овоз билан жавоб қилди у одам.
— Гап бундай, — деб салобат билан гапира бошлади Поплавский. — Камина марҳум жияним Берлиознинг ягона вориси ҳисобланаман — маълумингизки, у Патриарх кўли яқинида ҳалок бўлди — бинобарин, қонун бўйича мен бизнинг эллигинчи квартирамизни мерос тариқасида қабул қилиб олишим...
— Бехабарман, ўртоқ, — деб сўзини бўлди тунд одам.
— Кечирасиз, — деди жарангдор овоз билан Поплавский, — сиз бошқарма аъзоси сифатида...

Шу пайт хонага бир гражданин кириб кедди. Стол ортида ўтирган одам уни кўрдию докадек оқариб кетди.
— Бошқарма аъзоси Пятнажко сизмисиз? — деб сўради ундан кирган одам.
— Мен, — эшитилар-эшитилмас жавоб қайтарди у. Кирган одам Пятнажконинг қулоғига бир нима деб пичирлаган эди, у саросимада ўрнидан турди-ю, яна бир неча сониядан кейин бошқарма хонасида Поплавский ёлгиз ўзи қолди.

«Эҳ, чатоқ бўлди-да! Келиб-келиб, бирваракайига ҳаммаларини...» — деб ўйлади ўкинч билан Поплавский асфальт ётқизилган ҳовлидан ўтиб, 50-квартира томон шошаркан.

Максимилиан Андреевич қўнғироқ тугмасини босган ҳамоноқ эшик очилдию, у қоронғи даҳлизга кирди. Уни бир қадар таажжубда қолдирган ҳол шу бўлдики, эшикни ким очгани маълум эмас эди, чунки даҳлизда стулда чўққайиб ўтирган баҳайбат бир мушукдан бошқа ҳеч қандай жонзот йўқ эди.

Максимилиан Андреевич, ўзини сездириш учун йўталиб, ер тепиниб қўйди. Шунда кабинет эшиги очилиб, даҳлизга Коровьёв чиқди. Максимилиан Андреевич унга назокат билан, аммо ўз қадрини йўқотмаган ҳолда таъзим қилиб, деди:
— Фамилиям Поплавский. Мен марҳум Берлиознинг...

У гапини тугатиб ҳам улгурмаган эди, Коровьёв чўнтагидан исқирт бир рўмолча олиб, у билан оғиз-бурнини ёпганча йиғлаб юборди.
— ... поччаси бўламан...
— Бўлмасам-чи, биламан, — деб унинг сўзини бўлди Коровьёв рўмолчани юзидан оларкан. — Бир кўришдаёқ сиз эканлигингизни фаҳмладим! — деди у бутун вужуди билан силкиниб юм-юм йиғларкан: — Қандай мусибат, а? Нималар бўляпти ўзи? А? — деб қўшиб қўйди.
— Трамвай босиб кетдими? — пичирлаб сўради Поплавский.
— Вой, секинроқ айтасизми, — деб чинқириб юборди Коровьёв, унинг пенснеси остидан кўз ёшла-ри дув-дув оқа бошлади, — босганда қандоқ! Ўз кўзим билан кўрдим. Ишонасизми — боши... чўрт узилиб кетди!.. Унг оёғи қарс этиб икки бўлак бўлди! Чап оёғи қарс этиб икки бўлак бўлди! Мана шунақа бир бало жан бу трамвай дегани! — Кейин Коровьёвнинг яна хўрлиги келди шекилли, кўзгу ёнидаги деворга юзини босиб, бутун вужуди билан силкиниб ҳўнг-ҳўнг йиғлай бошлади.

Бу нотаниш одамнинг хатти-ҳаракати поччани қаттиқ ҳайратга солди. «Бизнинг замонда раҳмдил одамлар қолмаган дейишади, мана, бор экан-у!» — деб ўйлади у ўзининг ҳам хўрлиги кела бошлаганини ҳис қилиб, лекин шу заҳоти унинг миясидан, тағин бу раҳмдил одам марҳумнинг квартирасига ўзини прописка қилиб улгурган бўлса-я, деган фикр лип этиб ўтди, зеро ҳаётда бундай ҳоллар ҳам бўлиб туради.
— Афв этасиз, сиз менинг раҳматли Мишамнинг дўстимидингиз? — деб сўради у қуп-қуруқ чап кўзини енги билан артаркан, ўнг кўзи билан ғамга ботган Коровьёвни кузатиб. Лекин у уйни бузгудек бўлиб шунақа ҳўнграб йиғлардики, такрор-такрор қайтарилган «чўрт узилди, икки бўлак бўлди!» — деган сўзлардан бошқа ҳеч нимани англаб бўлмасди. Коровьёв ҳўнграб-ҳўнграб хумордан чиққач, юзини девордан узиб деди:
— Йўқ, ортиқ чидолмайман! Бориб эфир валерьянкасидан уч юз томчи ичмасам бўлмайди! — шундан кейин у кўз ёшидан жиққа ҳўл юзини Поплавскийга ўгириб илова қилди: — Мана сизга трамвайнинг касофати!
— Кечирасиз, менга телеграммани сиз юборганмидингиз? — деб сўради Максимилиан Андреевич, бу ғайритабиий йиғлоқи одам ким бўлдийкин, деб ҳамон пешанасини тириштириб ўйларкан...
— Анави! — деди Коровьёв бармоғи билан мушукни кўрсатаркан.

Поплавский, янглиш эшитдим, деб ўйлаб бақрайиб қолди.
— Йўқ, чидолмайман, йиғлашга ортиқ мажолим қолмади, — деб давом этди Коровьёв бурнини «шўлқ-шўлқ» тортаркан, — эсласам: ғилдирак шўрликнинг оёғини... битта ғилдирак камида ўн пуд келар-ов... Қарс этиб! Бориб ётиб, пинакка кетмасам, ортиқ чидолмайман, — шундай дедию даҳлиздан ғойиб бўлди.

Мушук эса ўрнидан қўзғалди, стулдан «тап» этиб сакраб тушиб, орқа оёқларига турди, олд оёқларини белига қўйди-да, оғзини паттойи кавушдек очиб, тилга кирди:
— Ҳа, мен юборгандим телеграммани. Хўш, нимайди ?

Максимилиан Андреевичнинг шу заҳоти кўзи тиниб, боши айланиб кетди, оёқ-қўллари шол бўлиб қолди, чамадонини тушириб юбориб, мушукнинг рўпарасида стулга ўтириб қолди:
— Мен рус тилида гапиряпман шекилли, — деди мушук дағдаға билан, — хўш, яна нима дейсиз?..

Бироқ Поплавский «чурқ» этиб ҳам жавоб қила олмади.
— Паспортингиз! — деб миёвлади мушук ва момиқ панажсини узатди.

Бутунлай эси оғиб қолган Поплавский мушук кўзларида ёниб турган иккита учқундан бошқа ҳеч нимани кўрмай, чўнтагидан паспортини худди ханжарни қиндан суғургандай чиқарди. Мушук кўзгу остидаги столчада ётган қалин қора гардишли кўзойнакни олиб тақиб, яна ҳам савлатлироқ бўлиб кетди ва Поплавскийнинг дағ-дағ қалтираётган қўлидан паспортни юлқиб олди.

«Қизиқ, ҳушимдан кетармикинман ё йўқми?» — деб ўйлади Поплавский. Олисдан ҳамон Коровьёвнинг пиқиллаб йиғлагани эшитилар, даҳлизни эфир, валерьянка ва яна аллақандай бадбўй нарсанинг ҳиди тутиб кетган эди.
— Ҳужжатни қайси милиция бўлими берган? — деб сўради мушук паспортни варақларкан. Жавоб бўлмади.

Мушук тескари ушлаб олган паспорт бўйлаб панжасини юритаркан ўзига-ўзи деди:
— Тўрт юз ўн иккинчи бўлим... ҳа, тўғри, ўн иккинчи! Менга таниш бу бўлим! У ерда итгаям-битгаям паспорт бераверишади! Лекин мен, масалан, сизга бермасдим. Сираям бермасдим! Башарангизга бир қарардиму дарҳол рад этардим! — Мушукнинг аччиғи чиқиб, паспортни ерга отиб юборди. — Сизнинг дафн маросимига қатнашишингиз бекор қилинади, — деб давом этди мушук расмиятчилик билан. — Дарҳол ўз турар жойингизга жўнаб кетинг. — Сўнг эшик томонга ўгирилиб шанғиллади: — Азазелло!

Шу маҳал даҳлизга эгнидаги қора трикоси баданига чиппа ёпишиб турган, пак-пакана, белидаги камарига пичоқ қистириб олган, малласоч, чап кўзига оқ тушган, сап-сариқ сўйлоқ тишли чўлоқ одам отилиб чиқди.

Поплавский худди ҳаво етмаётгандай энтикиб ўрнидан туриб кетди ва юрагини чангаллаганча орқасига тисарилди.
— Азазелло, кузатиб қўй! — деб буюрди мушук даҳлиздан чиқаркан.
— Поплавский, — деди пакана одам оҳиста манқаланиб, — ҳаммаси тушунарлидир?

Поплавский бош ирғади.
— Ҳозироқ Киевга қайтиб кет, — деб давом этди Азазелло, — у ерда «чурқ» этмасдан, хап ўтир-у, Москвадан квартира олишни хаёлингга ҳам келтирма, тушундингми ?

Узининг сўйлоқ тиши, пичоғи, оқ тушган кўзи билан Поплавскийнинг жонини олиб қўйган бу пакана одамнинг бўйи экономистнинг елкасидан келса ҳам, хатти-ҳаракатидан серғайрат, уддабурон, ўз ишига пишиқ эканлиги кўриниб турарди.

Биринчи навбатда у ерда ётган паспортни олиб, Максимилиан Андреевичга узатди, у жонсиз қўли билан паспортни олди. Кейин ўша Азазелло бир қўлига чамадонни олиб, иккинчи қўли билан эшикни ланг очди-да, Берлиознинг поччасини қўлтиқлаб, зина майдончасига етаклаб чиқди. Поплавский деворга суяниб қолди. Азазелло чамадонни ҳеч қанақа калитсиз очиб, ундан ёғ юқили газетага ўралган бир оёғи йўқ каттакон қоврилган товуқни олиб, ерга қўйди. Кейин чамадондан яна икки жуфт ички кўйлак-иштон, устара чархлайдиган тасма, қандайдир бир китоб ва қутича олиб қўйиб, товуқдан бошқа ҳаммасини оёғи билан тепиб зина оралиғидан пастга тушириб юборди. Бўшаган чамадон ҳам пастга улоқтирилди. Бир оз вақтдан кейин унинг ерга тарақлаб урилгани эшитилди, чамаси қопқоғи кўчиб кетган эди.

Кейин сариқмашак безори товуқнинг оёғидан ушлаб, у билан қулочкашлаб туриб Поплавскийнинг гарданига шундай урдики, товуқнинг ўзи учиб кетиб, Азазеллонинг қўлида фақат оёғи қолди. Машҳур адиб Лев Толстойнинг одилона таъбири билан айтганда, Облонскийлар хонадонида ҳамма нарса остин-устин бўлиб кетган эди. Мазкур вазиятда у айнан шундай деб айтган бўларди. Ҳа! Поплавскийга ҳамма нарса қоришиб кетгандек бўлди. Унинг кўзи олдидан узунчоқ учқун лип этиб ўтди, кейин у учқун узундан-узун мотам лентасига айланиб, чароғон май кунини бир лаҳзага зулмат пардаси билан буркади, — шунда Поплавский паспортини қўлида ушлаганча, зинадан пастга учиб туша бошлади. Зинанинг биринчи муюлишига етгач, у ердаги дераза ойнасини тепиб синдирди-да, ўзи пиллапояга ўтириб олди. Оёқсиз товуқ унинг ёнидан пилдираб ўтиб, зина оралиғидаги бўшлиққа тушиб кетди. Юқоридаги майдончада қолган Азазелло ҳаш-паш дегунча товуқнинг оёғини еб, суягини трикосининг ён чўнтагига солиб қўйди ва квартирага кириб, эшикни қарсиллатиб ёпди. Худди шу маҳал пастдан юқорига оҳиста кўтарилаётган одамнинг оёқ товуши эшитилди.

Поплавский яна бир зина пастга югуриб тушиб, бу ердаги майдончада турган ёғоч диванга нафас ростлагани ўтирди.

Эгнига қадимий жужунча костюм, бошига яшил лентали қотирма похол шляпа кийган, ниҳоятда ғамгин чеҳрали жиккаккина бир чол зинадан чиқиб келиб, Поплавский қаршисида тўхтади.
— Айтиб беролмайсизми, гражданин, — деб маъюс оҳангда сўради жужунча костюм кийган одам, — номер эллигинчи квартира қаерда?
— Юқорида! — деди Поплавский жавобни қисқа қилиб.
— Беҳад миннатдорман, гражданин, — деди жиккак одам ҳамон мунгли оҳангда ва юқорига кўтарила бошлади. Поплавский эса ўрнидан туриб, пастга югуриб тушиб кетди.

Максимилиан Андреевич, куппа-кундуз куни уни ваҳшиёа талаган безорилар устидан шикоят қилгани милицияга шошмаяптимикин, деган савол туғилади. Йўқ, асло, деб қатъий ишонч билан айтиш мумкин. Милиция идорасига бориб, мана, ҳозир кўзойнак таққан мушук паспортимни ўқиди, кейин трико кийган, пичоқ таққан одам... деб шикоят қилсинми... йўқ, гражданлар, Максимилиан Андреевич ҳақиқатан ҳам доно одам эди!

У пастга тушиб, кўча эшикнинг ёнгинасида қандайдир бир ҳужрани кўриб қолди. Ҳужра эшигининг ойнаси синган эди. Поплавский паспортини ёнига солиб қўйди-да, юқоридан ташлаб юборилган нарсаларини қидириб, атрофга кўз югуртира бошлади. Лекин у нарсалардан асар ҳам йўқ эди. Бу ҳол Поплавскийни деярли ҳеч ранжитмади, қизиғи шундаки, ранжимаганидан ўзи ҳам ҳайрон қолган эди. Ҳозир хаёли уни васвасага солувчи бошқа ажойиб фикрга қаратилган эди — у анави қарғиш теккан квартирани ҳозир юқорига кўтарилган жиккак одам тимсолида яна бир синаб кўриш иштиёқида ёнарди. Дарҳақиқат: баски, у одам квартирани сўраган экан, демак, бу ерга биринчи келиши. Демак, у ҳозир тўппа-тўғри 50-квартирани макон қилиб олган безорилар панжасига бориб тушади. Поплавский, бу жиккак одамни жуда тез қайтиб чиқади деб фараз қилган эди. Турган гапки, Максимилиан Андреевич энди ҳеч қанақа жиянининг ҳеч қандай дафн маросимига шошилмас, Киев поездининг жўнашига эса ҳали анча вақт бор эди. Экономист у ёқ-бу ёққа қараб қўйиб, «лип» этиб ҳужрага кириб олди. Худди шу маҳал анча юқорида эшик очилиб ёпилгани эшитилди. «Ана, у кирди!» — деб ўйлади Поплавский юрагини ҳовучлаганча. Ҳужра ичи салқин эди, ундан сичқон ва этик ҳиди келарди. Максимилиан Андреевич бир тўнка устига ўтириб, ташриф натижасини кутишга аҳд қилди. У қулай кузатув жойи танлаган эди, бу ердан кўча эшик яққол кўриниб турарди.

Бироқ киевлик почча бу ерда кўзлаган муддатидан кўпроқ кутиб қолди. Зина, негадир, ҳануз бўм-бўш эди. Шунинг учун «тиқ» этган товуш ҳам эшитиларди. Мана, ниҳоят, бешинчи қаватда эшик очилди. Поплавский тошдай қотиб қолди. Ҳа, ўшанинг оёқ товуши, «Тушиб келяпти». Бир қават пастдаги эшик очилди. Оёқ товуши тинди. Аёл овози. Ғамгин одамнинг овози... ҳа, ўшанинг овози... У, «азбаройи худо, тинч қўйинг...», дегандек ғўлдиради. Поплавский динг қулоғини синиқ ойнадан чиқариб турарди, Шу қулоғига аёл кишининг кулгиси чалинди. Шахдам-шахдам юриб пастга тушиб келаётган оёқ товуши; мана у ғизиллаб ўтган аёлни орқасидан кўриб қолди. Қўлига кўк клеёнка сумка кўтариб олган бу аёл эшикни очиб ҳовлига чиқиб кетди. Анави жиккак одамнинг оёқ товуши яна эшитила бошлади. «Қизиқ, у яна ўша квартирага қайтиб чиқяпти. Мана, яна юқори қаватдаги эшик очилди. Ҳай, начора, яна кутамиз».

Бу сафар энди кўп кутишга тўғри келмади. Эшик очилди. Оёқ товуши. Товуш тинди. Жон аччиғида чинқириқ. Мушук миёвлади. Жуда тез, пилдираб тушиб келаётган оёқ товуши, пастга, пастга, пастга!

Поплавский ниятига етди. Бояги ғамгин одам бир нималарни ғўлдираб чўқина-чўқина ғизиллаб ўтди, унинг кал боши тимдаланган, шими жиққа ҳўл, башараси мутлақо телбаёна эди. У қўрқиб кетганидан эшикнинг қаёққа очилишини билолмай, жонҳолатда бандидан юлқиб торта бошлади, ниҳоят, бир амаллаб уни очиб, офтобрўя ҳовлига отилиб чиқиб кетди.

Шундай қилиб, квартира текширувдан ўтди, Максимилиан Андреевич энди марҳум жиянини ҳам, квартирани ҳам ўйламай, ўз бошидан кечирган хатарни эслаганда «қатл-қатл» титраб, нуқул: «Ҳаммаси тушунарли! Ҳаммаси тушунарли!» — деб икки оғиз сўзни пичирлаганча ҳовлига югуриб чикди. Яна бир неча дақиқадан кейин режалаштирувчи иқтисодчи троллейбусда Киев вокзали томон елиб кетди.

Поплавский пастда, ҳужрада ўтирган пайтда жиккак одамнинг бошига ғоят кўнгилсиз савдо тушган эди. У Варьетеда буфетчи бўлиб, исми-шарифи Андрей Фокич Соков эди. Варьетеда тергов ишлари олиб борилаётган пайтда Андрей Фокич бутуи воқеадан ўзини четга олиб юрган эди, лекин одамлар унинг шундоқ ҳам ҳамиша маъюс чеҳраси яна ҳам маъюслашганини пайқашган эди, бундан ташқари, у курьер Карповдан мусофир сеҳргарнинг қаерда яшаб турганини суриштирган эди.

Шундай қилиб, буфетчи зина майдончасида экономистдан дарс сўрагач, бешинчи қаватга чиқиб бориб, 50-квартирага қўнғироқ қилди.

У қўнғироқ қилган заҳоти эшикни очишди, лекин буфетчи дарҳол кира қолмади, балки сесканиб орқасига тисарилди. Бунинг сабаби бор эди. Эшикни олдига ғамза учунгина тўр ҳошияли фартукча тутиб, бошига оқ тўр безак қадаган қип-яланғоч қиз очган эди. Дарвоқе, у оёғига олтин туфли ҳам кийган эди. Қизнинг ташқи қиёфасидаги ягона нуқсон — бўйнидаги тўқ-қизил чандиқни ҳисобламаганда, унинг қадди-қомати мутлақо беқусур эди.
— Киринг-да, қўнғироқ қилганингиздан кейин! — деди қиз буфетчига бадахлоқ кўк кўзларини қадаганча.

Андрей Фокич оғир хўрсиниб юбориб, кўзларини «пир-пир» учирди ва бошидан шляпасини олиб, даҳлизга қадам қўйди. Худди шу маҳал даҳлиздаги телефон жиринглаб қолди. Беҳаё ходима бир оёғини стулга қўйиб, трубкани олиб деди:
— Алло!

Буфетчи хижолатдан ўзини қаёққа уришни билмай, ер тепиниб тураркан: «Ана сенга ажнабийларнинг ходимаси! Вой мараз-э!» — деб ўйларди. Кейин у шу мараздан кўзини олиб қочиш учун ҳар томонга аланглай бошлади.

Бу каттакон, нимқоронғи даҳлизнинг ҳаммаёғида ғайриоддий буюмлар ва либослар қалашиб кетган эди. Чунончи, стулнинг суянчиғида алвонранг астарли мотам плаши, кўзгу тагидаги столчада эса ярақлаган олтин бандди узун шамшир ётарди. Яна кумуш сопли учта шамшир худди зонтик ё ҳасса сингари бурчакка тираб қўйилган эди. Деворга қоқилган кийик шохига эса бургут патли беретлар илинган эди.
— Эшитаман, — деди ходима телефонга, — нима? Барон Майгель? Қулоғим сизда. Ҳа! Жаноб артист бугун уйдалар. Ҳа, бажонидил учрашади у сиз билан. Ҳа, меҳмонлар... Ё фрак, ё қора камзул. Нима? Тунги соат ўн иккига. — Ходима телефонда гаплашиб бўлиб, трубкани қўйди, сўнг буфетчига юзланди: — Хўш, хизмат?
— Мен гражданин артистни кўрмоқчи эдим.
— Йўғ-э? Албатта, шахсан ўзиними?
— Ҳа, — деди маъюс оҳангда буфетчи.
— Сўраб кўраман, — деди ходима (чамаси, у тараддудда эди) ва марҳум Берлиоз кабинетининг эшигини қия очиб деди: — Рицарь, бу ерга жиккаккина бир одам келиб, мессирни сўраяпти.

Кабинетдан Коровьёвнинг ҳирқироқ овози эшитилди:
— Майли, кирсин.
— Меҳмонхонага киринг, — деб эшикни очди беҳаё қиз худди одамларга ўхшаб кийингандек соддагина қилиб, сўнг ўзи даҳлизни тарк этди.

Буфетчи таклиф қилинган хонага кирдию ўзининг нима иш билан келганини ҳам унутиб қўйди. Бу ернинг жиҳозларини кўриб у ҳанг-манг бўлиб қолган эди. Улкан деразаларга қўйилган ранг-баранг ойналардан (дом-дараксиз ғойиб бўлган заргар бевасининг орзу-ҳаваси) худди черковларда бўлганидек ғайритабиий нур ёғиларди. Баҳор пайти, кунлар иссиқ бўлишига қарамай, қадимий маҳобатли каминда ўтин ланғиллаб ёниб турарди. Аммо хона ҳеч ҳам иссиқ эмас, аксинча, бу ерга кириб келган буфетчига «гуп» этиб ертўла захи уфурди. Камин олдига ёйилган йўлбарс териси устида хирсдай келадиган тимқора мушук кўзларини ҳаловатли сузганча оловга тикилиб ўтирарди. Бу ерда шундай бир стол ҳам бор эдики, художўй буфетчининг кўзи унга тушиши билан бутун вужуди сесканиб кетди: стол устига черков кимхоби ёзилганди. Мана шу кимхоб дастурхон устида моғор ва чанг босган қориндор шишалар қалашиб кетган эди. Шишалар орасида битта лаган ярақлаб кўринди, унинг соф олтиндан ясалгани бир қарашдаёқ маълум эди. Камин олдида камарига пичоқ қистирган пак-пакана малла одам узун шамширни сих қилиб, оловда кабоб пиширар, гўштнинг сели оловга чак-чак томар, тутун эса мўркон орқали чиқиб кетаётган эди. Бу ерда нафақат кабоб ҳиди, шунингдек, аллақандай жуда ўткир атир билан ладан ҳиди ҳам бор эдики, Берлиознинг ҳалок бўлгани ҳақида газетадан ўқиган ва унинг қаерда истиқомат қилганини билган буфетчининг миясида, тағин бу ерда Берлиозга жаноза ўқишган бўлса-я, деган фикр пайдо бўлди, аммо шу заҳоти буни ғирт бемаънилик деб билиб, кўнглидан фаромуш қидди.

Эсанкираб қолган буфетчи кугилмаганда кимнингдир дўриллаган салмоқли овозини эшитди:
— Хўш, нима гапингиз бор эди менда?

Шунда буфетчи ўзига керак бўлган одамни кўрди.

Жодугар ҳаммаёғига ёстиқлар ёйиб ташланган аллақандай жудаям кенг ва пастак диванда ёнбошлаб ётарди. Буфетчининг кўзига артист эгнига фақат қора ички кўйлак-иштону оёғига узун тумшуқли қора туфли кийгандек кўринди.
— Мен, — деб ҳасрат билан гап бошлади буфетчи, — Варьете театрида буфет мудириман...

Артист буфетчининг гапини бўлмоқчи бўлгандай кўлини олдинга чўздию (бармоқларидаги узукларнинг кўзлари ярақларди) жон-жаҳди билан қизишиб гапира бошлади:
— Йўқ, йўқ, йўқ! Бошқа бир оғиз ҳам гапирманг! Ҳеч қачон, ҳеч қаерда! Буфетингизда ҳеч қачон овқатланмайман! Кеча мен, муҳтарам зот, буфетингиз ёнидан ўтиб қолувдим, ҳанузгача бикри балиғи билап бринзангизнинг ҳиди димоғимдан кетгани йўқ. Азизим! Ҳеч қачон бринза яшил рангда бўлмайди, кимдир лақиллатипти сизни. Бринза фақат оқ рангда бўлиши керак. Ундан кейин, чойни олинг! Ахир у ювинди-ку! Аллақандай исқирт қиз челакда совуқ сув олиб келиб каттакон самоварга қуяётганини, айни чоғда самовар жўмрагини бураб, одамларга чой қуйиб беришаётганини ўз кўзим билан кўрдим. Йўқ, тасаддуқ, бундай қилиб бўлмайди!
— Меии кечирасиз, — деди бу кутилмаганда таънадан эсанкираб қолган Андрей Фокич, — мен бошқа масалада келган эдим, бикри балиғининг бу ташрифимга дахли йўқ.
— Ие, нега дахли йўқ бўларкан, бузилган бўлгандан кейин!
— Ўзи бикри балиғининг сал уринганини юборишган эди, — деди буфетчи.
— Тасаддуқ. бу сафсата!
— Нимаси сафсата!
— Сал уринган деганингиз! Ҳар қандай мол янги, уринмаган бўлиши керак. Баски, сал уринганми, демак, у мол эмас, уни истеъмол қилиб бўлмайди, чунки у сасиган ҳисобланади!

Нуқул тирғилаётган артистдан қандай қутулишни билмаган буфетчи:
— Мени кечирасиз... — деб яна гап бошлаган эди, артист:
— Кечира олмайман, — деб шартта унинг сўзини бўлди.
— Мен бошқа масалада келган эдим! — деди зўрға тамоман гангиб қолган буфетчи.
— Бошқа масалада? — деди ажабланиб хорижлик сеҳргар. — Яна қандай ишингиз бўлиши мумкин менда? Агар ёдимда бўлса, мен сизга касбдош бўлганлардан фақат битта маркитант аёлни билардим, лекин унгаям кўп бўлган, ҳали сиз унда дунёга келмаган эдингиз. Азазелло! Буфет мудири жанобларига курси қўй.

Кабоб пишираётган одам ўгирилган эди, сўйлоқ тишлари буфетчини чўчитиб юборди. Азазелло чаққонлик билан унга қора эман курсилардан бирини қўйди. Хонада шу пастак курсилардан бўлак ҳеч қандай ўтирғич йўқ эди.
— Ғоят миннатдорман, — деди буфетчи ва курсига ўтирди.

Шу заҳоти курсининг орқа оёғи «қарс» этиб синди, буфетчи «гурс» йиқилиб, кемирчаги билан ерга қаттиқ урилди. У йиқиларкан оёғи олдида турган бошқа курсига тегиб кетди-ю, унинг устидаги лим-лим қилиб қизил вино қуйилган қадаҳни ўз шимига ағдариб юборди.

Артист деди:
— Э, аттанг! Лат емадингизми?

Азазелло буфетчини қўлтиғидан олиб турғазди, унга бошқа курси қўйди.

Буфетчи мезбоннинг «шимингизни ечинг, оловда қуритиб беришади» деган таклифини маъюс кайфиятда рад этди ва жиққа ҳўл кийимда ўзини тамоман ўнғайсиз ҳис этиб, иккинчи курсига қўрқа-писа ўтирди.
— Мен паст ўриндиқни ёқтираман, — деб гапира бошлади артист, — паст курсидан йиқилиш унча хатарли эмас. Ҳа, биз бикри балиғини гапираётганмидик? Азизим! Ҳамиша ва фақат янги мол, янги мол, янги мол — ҳар бир буфетчининг шиори шу бўлиши керак. Дарвоқе, мана татиб кўринг...

Шу пайт каминдаги оловнинг қип-қизил шуъласи-да буфетчи олдида шамшир ярақлади ва Азазелло олтин талинкага жазиллаб турган бир бўлак гўшт қўйиб, устидан лимон шарбати томизди-да, уни буфетчига икки тишли олтин санчқи билан қўшиб узатди.
— Ташаккур... мен...
— Йўқ, йўқ, татиб кўринг!

Буфетчи назокат юзасидан бир дона жазни оғзига содди ва шу оннинг ўзида, жудаям янги, энг муҳими ниҳоятда ҳуштаъм нарса чайнаётганини ҳис қидди. Лекин у хушбўй, ширин гўштни чайнаб туриб шундай қалқиб кетдики, иккинчи марта йиқилиб тушишига оз қолди. Қўшни хонадан каттакон бир шарпа учиб чиқиб, қанотини буфетчининг тақир бошига аста теккизиб ўтди. У камин токчасида турган соат ёнига бориб қўнган эди, бойқуш эканлиги маълум бўлди. «Ё худоё тавба! — деб ўйлади ҳамма буфетчилар сингари тажанг Андрей Фокич. — Бу қанақа жой ўзи!»
— Бир қадаҳ вино, а? Оқиданми, қизилиданми? Қай мамлакатнинг виносини хуш кўрасиз куннинг бу пайтида?
— Ташаккур... мен ичмайман...
— Чакки қиласиз! Бўлмаса бир қўл соққа ташлаб ўйнаймизми? Ё сиз бошқа бирон ўйинни ёқтирасизми? Масалан: домино, қарта?
— Мен ҳеч нарса ўйнамайман, — деди тамоман силласи қуриган буфетчи.
— Жудаям ёмон, — деб хулоса чиқарди мезбон, — сиз нима десангиз денг, аммо май ичишдан, қимор ўйинларидан, дилбар аёллардану дилкаш суҳбатлардан юз ўгирувчи эркакларнинг кўнглида қандайдир ёвузлик мавжуд бўлади. Бундай одамлар ё оғир бетоб бўлишади, ё атрофидаги одамлардан хуфиёна нафратланишади. Тўғри, истисно ҳам бўлиши мумкин. Мен билан бирга бир дастурхон атрофида зиёфатда бўлган одамлар орасида ҳам баъзан ғаройиб маразлар учрарди. Ҳай, қулоғим сизда.
— Кеча сиз кўзбойлоқчилик қилгандингиз...
— Мен-а? — деди сеҳргар таажжубланиб, — йўқ, кечирасиз. Менга ярашмайди бунақа қилиқ!
— Афв этасиз, — деди эсанкираган буфетчи, — ахир жодугарлик сеанси...
— Э, ҳа, тўғри, тўғри! О азизим! Сизга сирни фош қиламан: мен асло артист эмасман, шунчаки, москваликларни кўргим келувди, холос, буни рўёбга чиқаришда театр қўл келарди, албатта. Мана, менинг мулозимларим, — у боши билан мушук томонга ишо-ра қилди, — ўша сеансни уюштиришди, мен фақат москваликларни кузатиб жим ўтиравердим. Йўқ, йўқ, рангингиз ўчмасин-у, қани, ўша сеанс муносабати билан сизни бу ерга келишга нима мажбур этганини айтинг менга.
— Ўзингизга аён, ҳар турли фокуслар қатори, шифтдан қоғозлар ҳам ёғилган эди, — буфетчи овозини пастлатди ва хижолат тортиб атрофга қараб қўйди, — хуллас, ўша қоғозларни ҳамма илиб олди. Кейин буфетимга бир ёш йигит кириб, бир червон узатди, мен унга саккиз ярим сўм қайтардим... Кейин иккинчи одам...
— У ҳам ёш йигитмиди?
— Йўқ, кекса одам. Сўнг учинчи, тўртинчи одам кириб келаверди. Мен ҳаммаларига қайтим бердим. Бугун кассани текшираман десам, пул эмас, қийқим қоғозлар ётипти. Буфет бир юз тўққиз сўм зиён кўрди.
— Э, аттанг, аттанг! — деди артист, — наҳотки, одамлар ўша қоғозларни ҳақиқий пул деб ўйлашган бўлса? Била-кўра туриб шундай қилишганига ҳеч ақлим бовар қилмайди.

Буфетчи афтини буриштириб, атрофга маъюс назар ташлади-ю, лекин ҳеч нима демади.
— Наҳот товламачилар?.. — ҳаяжонланиб сўради сеҳргар меҳмондан, — наҳот москваликлар орасида товламачилар бўлса?

Унга жавобан буфетчи шундай аччиқ истеҳзо қилдики, москваликлар орасида товламачилар борлигига ҳеч қандай шубҳа қолмади.
— Бу пасткашлик! — деди Воланд аччиғланиб, — мана, сиз камбағал одамсиз... тўғрими, ахир, камбағалсиз-а?

Буфетчи бошини елкалари орасига тортган эди, унинг камбағал одамлиги кўринди-қолди.
— Сиз, масалан, қанча пул жамғаргансиз?

Савол хайрихоҳлик билан берилди, лекин шундай бўлса ҳам, уни қалтис эмас деб бўлмасди. Буфетчи довдираб қолди.
— Бешта омонат кассада икки юз қирқ тўққиз минг сўм пули бор, — деди қандайдир қалтироқ овоз қўшни хонадан, — яна уйида пол тагига икки юзта ўн сўмлик олтин танга кўмган.

Буфетчи ўзини гўё курсига қапишиб қолгандек ҳис қилди.
— Ҳа, албатта, арзимаган иул бу, — деди Воланд меҳмонга мурувват қилиб, — лекин, дарвоқе, сирасини айтганда, жамғармангиз сизга керак ҳам бўлмайди. Ўзи қачон ўласиз?

Ана энди буфетчининг аччиғи чиқиб кетди.
— Буни ҳеч ким билмайди, ўлишимнинг ҳеч кимга дахли ҳам йўқ, — деб жавоб қилди у.
— Нега энди ҳеч ким билмас экан, — кабинетдан яна бояги хунук овоз эшитилди, — ўргилдим Ньютон биномидан! У тўққиз ойдан кейин, келаси йилнинг февралида биринчи МГУ касалхонасининг тўртинчи палатасида жигар ракидан ўлади.

Буфетчининг ранги заъфарон бўлиб кетди.
— Тўққиз ой, — деб ўйчанлик билан ҳисоблай бошлади Воланд, — икки юз қирқ тўққиз минг... яхлитига ҳисоблайдиган бўлсак, ойига йигирма етти минг сўмдан тўғри келадими? Сал камроқ, лекин камтарона кун кечириладиган бўлса, етиб қолади. Яна олтин тангалар ҳам бор.
— Олтинларни сарфлашга улгурмайди, — деб яна бояги овоз гапга аралашди (буфетчининг юраги «шув» этиб кетди). — Андрей Фокич вафот этган заҳоти уйи бузилади, ўн сўмлик олтинлар Давлат банкига топширилади.
— Ҳа, касалхонага ётишингизни маслаҳат кўрмаган бўлардим, — деб давом этди артист. — Оғир касаллар тинимсиз инграб, хириллаб ётган палатада жон беришнинг нима хосияти бор. Ундан кўра, ўша йигирма етти мингга яхши бир зиёфат уюштириб, сўнг оғу ичиб, музика садолари остида сармаст соҳибжамоллару ўктам дўстлар кузатувида дорилбақога риҳлат этган маъқул эмасми?

Буфетчи қимир этмай ўтирар, у жудаям қариб кетган эди. Кўзлари атрофида қора гардиш пайдо бўлган, икки лунжи шалвираб, жағи осилиб қолган эди.
— Буни қаранг-а, хаёлга берилиб кетибмиз, — де-ди мезбон, — мақсадга ўтайлик. Қани, кўрсатингчи ўша қирқилган қоғозларингизни.

Буфетчи ҳаяжонланганча, чўнтагидан газета ўралган бир даста қоғоз олиб, уни очди, очдию донг қотиб қолди. Газетага червон пуллар ўралган эди.
— Азизим, сиз чинданам бетобсиз, — доди Воланд кифтларини учириб.

Буфетчи тиражйганча ўрнидан турди.
— Борди-ю, — деди дудуқланиб у, — булар яна ҳалигидай...
— Ҳм... — ўйланиб қолди артист, — унда яна ҳузуримизга келинг. Сиз учун доим эшигимиз очиқ. Танишганимиздан хурсандман.

Шу чоқ кабинетдан Коровьёв отилиб чиқиб, буфетчининг қўлига ёпишди ва уни тўхтовсиз силкиб хайрлашаркан, ҳаммага кўпдан-кўп салом айтишни қайта-қайта илтимос қила бошлади. Гангиб қолган буфетчи даҳлиз томон юрди.
— Гелла, кузатиб қўй! — деб чинқирди Коровьёв. Буфетчи даҳлизда яна ўша малласоч, яланғоч беҳаё қизга рўпара келди. У қия очилган эшикдан ёнлаб чиқаркан, ғинғиллаб «хайр» деди ва маст одамлардахг гандираклаб юра бошлади. У зинадан бир қават пастга юриб тушиб тўхтади, пиллапояга ўтириб, чўнтагидан ўроғлиқ пулни олиб очди — червонлар жойида эди.

Шу пайт бу ердаги квартирадан яшил сумка кўтаган бир аёл чиқди. У ииллапояда червонларга маъносиз тикилиб ўтирган одамни кўриб жилмайди-да, ўзича деди:
— Қанақа уй бўлди ўзи бу! Мана, буям эрталабдан заҳарига отиб олипти. Ана, дераза ойнасини яна синдиришипти, — кейин у буфетчига тикилиброқ қараб, илова қилди: — Вой бў-ў, гражданин, червонларингиз мунча кўп. Менгаям озроғини берсангиз-чи! А?
— Мени тинч қўйинг. Азбаройи худо, — деди чўчиб кетган буфетчи ва пулни азза-базза яшира бошлади. Аёл кулиб юборди:
— Э, қоранг ўчсин сени, қурумсоқ! Ҳазиллаш-дим, — деб пастга туша бошлади.

Буфетчи секин ўрнидан турди, шляпасини тўғрилаб кийиш учун қўлини кўтардию бошяланг эканлигини пайқади. Орқага қайтишга ҳеч оёғи тортмаётган эди, лекин шляпасини кўзи қиймади. У бир оз иккиланиб тургач, ахийри қайтиб чиқиб қўнғироқ қилди.
— Яна нима истайсиз? — деб сўради ундаи ярамас Гелла.
— Шляпамни унутиб қолдирибман, — деб пичирлади буфетчи, бармоғини тақир бошига ниқтаб. Гелла орқасини ўгирди, буфетчи ҳазар қилиб, ичида тупирди-да, кўзларини чирт юмиб олди. Қайта очганида, Гелла унга шляпаси билан қора дастали шамшир узатиб турарди.
— Меники эмас, — деб пичирлади буфетчи шамширни қайтариб, айни пайтда шляпасини кияркан.
— Наҳотки шамширсиз келган бўлсангиз? — деб ажабланди Гелла.

Буфетчи бир нима деб ғўлдиради-да, пастга ғизиллаб туша бошлади. Негаки, у ўзини ўнғайсиз ҳис қила бошлади, шляпада боши жудаям қизиб кетаётган эди, шунда у шляпасини бошидан олдию қўрққанидан бир сакраб тушиб, оҳиста чинқириб юборди. Унинг қўлидаги шляпа эмас, титиғи чиққан хўроз пати қадалган духоба берет эди. Буфетчи чўқиниб олди. Шунда берет миёвлаб юбориб, тим қора мушук болага айланди ва яна Андрей Фокичнинг бошига сакраб чиқиб, унинг тақир бошига тирноқларини ботириб маҳкам ёпишиб олди. Буфетчи жон аччиғида дод солиб пастга югуриб гуша бошлади, мушук бола эса унинг бошидан сакраб тушиб, бир сапчишда зинадан юқорига ўкдай отилиб чиқиб кетди.

Буфетчи очиқ ҳавога отилиб чиқиб, дарвоза томон лўкиллаб чопиб кетди ва жинлар макон қурган бу 302-бис уйни мангу тарк этди.

Кейин унга нима бўлгани биз учун сир эмас. Буфетчи дарвозадан кўчага отилиб чиқиб, бир нимани қидираётгандай олазарак бўлиб атрофга ўғринча қаради. Яна бир дақиқадан кейин у кўчанинг нариги бетига ўтиб, аптекага кирди. У: «Марҳамат қилиб айтинг-чи...» — деганини билади, пештахта ортида гурган аёл чинқириб юборди:
— Гражданин! Бошингизнинг ҳаммаёғи тилинган-ку!..

Яна беш дақиқадан кейин буфетчининг боши дока билан боғланган эди, айни пайтда у жигар касали бўйича энг зўр мутахассислар профессор Бернадский билан профессор Кузьмин эканлигини ҳам билиб олганди, сўнг уларнинг қай бири яқинроқ, деб сўраб, Кузьминнинг бу ердан атиги бир ҳовли нарида мўъжазгина оппоқ уйда туришини билди ва суюнганидан боши осмонга етди, икки дақиқадан сўнг у ўша уйга кириб борди. Бу жуда кўҳна иморат бўлса ҳам, хоналари шинамгина эди. Буфетчининг эсида: унга биринчи рўпара келган одам кампир энага бўлди, у буфетчининг шляпасига қўл узатди, аммо шляпаси йўқлигини кўриб тамшанди-да, қаёққадир кириб кетди.

Кампирнинг ўрнида, кўзгу ёнида, қандайдир равоқ остида ўрта ёшлардаги бир аёл пайдо бўлди ва буфетчи савол беришга улгурмай, фақат ўн тўққизинчи числога ёзилиш мумкин, деб гапирди. Буфетчи қандай чора кўришни дарров фаҳмлади. У нурсиз кўзлари билан равоқ орқасига мўралаб, у ерда — даҳлизда навбат кутиб ўтирган учта одамни кўриб, пичирлаб деди:
— Дардим оғир — ўлиб қоламан...

Аёл буфетчининг дока билан боғлаб ташланган бошига ҳайрон бўлиб қаради-да, иккиланиб туриб:
— Ҳа, майли... — деди ва уни равоқ ичкарисига ўтказиб юборди.

Худди шу маҳал рўпарадаги эшик очилиб, у ерда пайдо бўлган докторнинг кўзидаги олтин пенсне порлади, халат кийган аёл деди:
— Гражданлар, бу бемор навбатсиз киради. Буфетчи кўз очиб-юмгунча вақт ўтмай ўзини профессор Кузьминнинг кабинетида кўрди. Бу сал чўзинчоқ хонанинг на бирон қўрқинчли, на дабдабали ва на тиббиётга оид жиҳати бор эди.
— Сизга нима бўлди? — деб сўради профессор Кузьмин мулойим овоз билан ва буфетчининг дока билан боғланган бошига бир оз ҳаяжон билан боқди.
— Ишончли маълумотларга қараганда, — деб жавоб қилди буфетчи, деворга осилган ойнаванд рамкадаги бир гуруҳ одамларнинг фотографиясига кўз қири билан қараш қиларкан, — келаси йил февралда жигар ракидан ўларканман. Ўтинаман, олдини олинг.

Чарм қопланган креслода ўтирган профессор Кузьмин ўзини унинг баланд суянчиғига ташлади.
— Кечирасиз, гапингизга тушунмадим... сиз врач ҳузурида бўлдингизми? Нега бошингиз боғланган?
— Қанақа врач?.. Уни ўзингиз кўрганингизда эди!.. — деб бирдан тишлари такиллай бошлади. — Сиз бошимга қараманг, касалимга даҳли йўқ, сира. Сиз бошимга тупуринг, уни алоқаси йўқ. Ўтинаман, жигар ракининг олдини олинг.
— Ахир, ким айтди ўзи сизга буни?
— Унга ишонинг, — деб астойдил илтимос қилди буфетчи, — у билади.
— Ҳеч нимага тушунмаяпман, — деди профессор елкасипи қисиб, креслосини ғилдиратиб столдан узоқлашаркан. — Қачон ўлишингизни қандай билиши

мумкин ўша одам? Бунинг устига, у врач ҳам эмас экан!
— Тўртинчи палатада ўлармишман, — деди буфетчи.

Шу гапдан кейин профессор бу пациентнинг бошига, ҳўл шимига тикилиброқ қаради-да: «Бир ками шу эди! Жинни-ку!» — деб кўнглидан ўтказди ва сўради:
— Арақ ичасизми?
— Ҳеч қачон оғзимга олмаганман, — деб жавоб қилди буфетчи. Яна бир дақиқадан кейин уни ечинтириб, совуқ клеёнка ёзилган кушеткага ётқизишди, профессор унинг қорнини эзғилай бошлади. Шуни айтиш керакки, буфетчининг руҳи энди анча енгиллашган эди. Чунки профессор ҳозир, хусусан бугунги кунда буфетчида ҳеч қандай ракдан асар йўқлигини қатъий ишонч билан айтган эди. Бироқ гап шундай экан... баски у қўрқаётган, қандайдир лўттибоз уни чўчитиб қўйган экан, майли, ҳамма анализларни топширсин... Профессор бир иималарни тириллатиб ёзаркан, айни пайтда, қаёқларга бориш, нималар олиб боришни тушунтирди. Бундан ташқари, у буфетчига асабингиз бутунлай ишдан чиққан деб тушунтириб, невропатолог профессор Бурега ҳам хат ёзиб берди.
— Қанча тўлашим керак, профессор? — деб мулойим ва титроқ овоз билан сўради буфетчи қўйнидан дўмпайган ҳамёнини чиқараркан.
— Берганингиз, — чўрт кесиб, қуруққина деди профессор.

Буфетчи ўттиз сўм чиқариб столга қўйди, сўнг қўлини худди мушук панжаси сингари ўйнатиб бир нечта жарангдор тангани ўша червонлар устига устма-уст тахлаб қўйди.
— Ие, бу нима? — деди Кузьмин мўйловини бураб.
— Қўлимни қайтарманг, гражданин профессор, — деб пичирлади буфетчи, — ёлбораман — ракнинг олдини олинг.
— Ҳозироқ қайтиб олинг олтинингизни, — деди профессор ўз иродаси кучидан фахрланиб, — ундан кўра асабингизни даволатсангиз бўларди. Эртагаёқ сийдик топширинг анализга, чойни кўп ичманг, овқатни мутлақо тузсиз енг.
— Ҳатто шўрваниямми? — деб сўради буфетчи.
— Ҳамма овқатингиз тузсиз бўлсин, — деб буюрди Кузьмин.
— Эҳҳ!.. — деди маъюс хўрсиниб буфетчи профессорга меҳр билан тикиларкан, сўнг олтинларни киссасига солди-да, эшик томон тисарила бошлади.

Ўша оқшом профессорга келган беморлар камчилик эди, энди қош қорая бошлаганда охирги пациент ҳам жўнаб кетди. Профессор халатини еча туриб, буфетчи уч червон қолдириб кетган ерга кўз ташлади, аммо у ерда ҳеч қанақа червон йўқ, балки «Абрау-Дюрсо» шишасига ёпиштириладиган учта этикетка ётарди.
— Жин урсин, бу қанақа майнавозчилик! — деб тўнғиллади Кузьмин халатининг этагини полда судраб бориб, қоғозларни ушлаб кўраркан, — у нафақат жинни, яна қаллоб ҳам экан-ку! Лекин тушуна олмаяпман, нимага келувди ўзи у менинг ҳузуримга? Наҳотки сийдик анализи учун қоғоз ёздириб олгани бўлса? О! Пальто ўғирлагани келган! — Шундан кейин у халатининг бир енгини ечганча даҳлизга отилди, — Ксения Никитишна! — деб чинқирди у остонада туриб, — қаранг-чи, пальтолар жойидамикин?

Ҳамма пальто жойида экан. Лекин профессор ахийри йўл-йўлакай халатни ечиб стол олдига яқинлашди-ю, бирдан стол сатҳидан кўзини узолмай, худди паркет полга илдиз отгандай тош қотиб туриб қолди. Ҳалигина этикеткалар ётган ерда сут қуйилган ликопча, ликопча ёнида шўрпешона бир қора мушукча ғарибона миёвлаб турарди.
— Бу қанақа бемаънигарчилик яна?! Ахир бу... — профессор гарданининг муз бўлиб қотиб қолганини ҳис қилди.

Унинг заиф ва аянчли чинқириғини эшитиб югуриб келган Ксения Никитишна, мушук болани биронта пациент ташлаб кетган бўлиши керак, профессорларникида бунақа ҳоллар бўлиб туради, деб бир зумда уни тинчитди.
— Муҳтожликда яшашса керак, — деб изоҳларди Ксения Никитишна, — бизда эса, ҳар нечук, албатта...

Кейин, қайси пациент ташлаб кетдийкин, деб ўйлай бошлашди. Ўйлаб-ўйлаб ошқозон яраси билан келган кампирда тўхташди.
— Албатта, ўша, — дерди Ксения Никитишна, — у бундай ўйлаган бўлиши керак: мен-ку барибир ўламан, жонивор мушукчага увол бўлади.
— Кечирасиз! — деб чинқириб юборди Кузьмин, — сут-чи?! Сутниям ўша кампир олиб келганми? Ликопчага нима дейсиз?
— Сутни у шишачада олиб келган-да, шу ерда ликопчага қуйган, — деб изоҳлади Ксения Никитишна.
— Нима бўлганда ҳам, олиб чиқиб кетинг мушукча билан ликопчани, — деди Кузьмин ва ўзи Ксения Никитишнани то эшиккача кузатиб қўйди... У орқасига қайтганида вазият яна ўзгарган эди.

Профессор халатини иларкан, қулоғига ҳовлидан кимнингдир хохолаб кулгани эшитилди, у деразадан қараб, донг қотиб қолди. Бир хоним кўйлакчан ҳолда ҳовлини кесиб рўпарадаги кичик уйга чопиб ўтаётган эди. Профессор ҳатто у аёлнинг исми-шарифини ҳам биларди, — Мария Александровна. Хохолаб кулаётган эса бир бола эди.
— Нима бўлди ўзи? — деди Кузьмин нафрат билан. Шу маҳал девор орқасида, қизининг хонасида патефонда «Аллилуйя» фокстроти чалина бошлади, айни шу фокстрот чалинаётган пайтда профессорнинг орқасида чумчуқ чирқиллагани эшитилди. У орқасига ўгирилиб, ўз столи устида каттакон бир чумчуқнинг дик-дик сакраб юрганини кўрди.

«Ҳм... оғир бўлишим керак... — деб ўйлади профессор, — мен деразадан нари кетганимда учиб кирган бу чумчуқ. Ҳаммаси жойида», — деб таъкидлади у ўзига ўзи, гарчи ҳеч нарсанинг, асосан, манави чумчуқ туфайли, мутлақо жойида эмаслигини ҳис қилаётган бўлса ҳам. Профессор чумчуққа тикилиб қараркан, унинг оддий чумчуқлардан эмаслигини дарров фаҳмлади. Бу ярамас чап панжасига оқсоқланар, мазах қилиб оёғини судраб босар, хулласи калом — патефонда чалинаётган фокстротга худди пештахта олдида гандираклаб турган мастга ўхшаб рақс тушарди. У ҳар хил беадаблик қилар, профессор томонга суллоҳона бақрайиб қарарди. Кузьмин қўлини телефонга узатди, у ўз курсдоши Бурега қўнғироқ қилиб, олтмиш ёшга кирган одамнинг кўзига бу қабилдаги чумчуқ кўринса, боз устига, бирдан боши айлана бошласа — бу нимадан дарак? — деб сўрамоқчи эди.

Бу аснода чумчуқ совға қилинган сиёҳдонга қўниб, уни ахлати билан булғади (гапим чин), кейин учиб ҳавода бир оз муаллақ турди-да, ўқдек учиб бориб, университетни 94-йилда битирган барча талабалар суратини қоплаган ойнани гўё пўлатдек тумшуғи билан чўқиб, чил-чил синдирди, шундан кейин деразадан «пир» этиб учиб чиқиб кетди. Профессор дўсти Бурега қўнғироқ қилиш ўрнига, зулуклар бюросининг телефон номерини терди ва ўзининг профессор Кузьмии эканлигини айтиб, дарҳол унинг уйига зулук юборишларини илтимос қилди.

Профессор трубкани илиб, яна ўз столи томонга ўгирилди, ўгирилдию чинқириб юборди. Стол ортида бошига ҳамширалар дуррасини ўраган ва «Зулуклар» деб ёзилган сумка ушлаган бир аёл ўтирарди. Профессор унинг оғзига тикилиб дод солиб юборди. Чунки у оғзи қийшиқ, қулоғигача етган, боз устига эркакча оғиз бўлиб, унда биттагина сўйлоқ тиш бор эди. Ҳамширанинг кўзлари нурсиз эди.
— Пулларни мен йиғиб оламан, — деди ҳамшира дўриллаган эркакча овоз билан, — бекорга сочилиб ётадими. — У қушникига ўхшаган панжаси билан этикеткаларни сидириб оларкан; айни пайтда ҳавода эриб, кўздан йўқола бошлади.

Орадан икки соат ўтди. Профессор ўз ётоқхонасида каравотда ўтираркан, икки чаккасида, қулоқлари орқасида ва бўйнида зулуклар осилиб ётарди. Кузьминнинг оёқ томонида қавима шойи кўрпа устида оппоқ мўйловли профессор Буре Кузьминга ҳамдардлик билан тикилиб ўтираркан, ўзи кўзингга шундай кўринган, ҳеч ишонма, деб тасалли берарди дўстига. Ташқарида эса, энди қоронғи тушган эди.

Шу кеча Москвада яна қандай ғаройиботлар рўй берган — биз билмаймиз, суриштириб ҳам ўтирмаймиз, албатта, бунинг устига, ушбу ҳаққоний қиссамизнинг иккинчи қисмига ўтадиган пайт ҳам етиб келди. Мен билан юринг, китобхон!

Avvalgi
I- qism