OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМихаил Лакербай
Асар номиЖигаргўшалар (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Абхаз адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Михаил Лакербай
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонРустам Шарипов (Русчадан)
Ҳажм25KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Китоб дунёси» газетасидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Жигаргўшалар (ҳикоя)
Михаил Лакербай

Бу воқеа содир бўлган кун эрталабдан ёмғир ёғди. Тоғларни ўраб олган булутлар кечга борибгина тарқалди.

Ёмғирдан сўнг атроф шундай тиниқлашдики, узоқдаги тоққа қўл чўзсанг, етгудек. Ҳаво тоза ва шаффоф. Бундай пайтда тоғдаги ҳар бир жонзот завққа тўлади, кийиклар ўзларининг кўз илғамас гўшаларини тарк этиб, пастда ястанган водийга кўз ташлаш илинжида баланд-баланд қоялар томон шошадилар. Бундан хабардор овчилар ҳам вақтни бой бермасликка ҳаракат қилишади.

Узоқ-яқинга донғи кетган овчи оға-инилар Козим билан Шарах кўк юзини сўнгги булут парчаси тарк этмасиданоқ елкаларига милтиқларини илиб, йўлга равона бўлдилар.
— Узоққа кетиб қолманглар, нан[1], кеч тушиб қолди! — дея қичқириб қолди она ўғиллари ортидан.

Аммо овчи зоти қанча вақтга кетиши ва қайси йўл билан қайтишини билар эканми?
— Биз сизга энг семиз кийикни отиб келамиз, онажон, бизга омад тилаб қолинг! — деб жавоб қилди кичик ўғли Шарах, муюлиш ортида қораси ўчар экан.
— Омад сизларга ёр бўлсин, нан! — деган онанинг сўзлари ўғиллари қулоғига етиб бормади. Улар анча йироқлаб кетиб қолишган эди.

Оға-инилар ўрмон оралаб ўтган йўлдан Абхаз ўлкасининг энг баланд ва тикка тоғларидан бўлмиш Қоначхир томон боришарди. У ер қушга мўл, аммо шу билан бирга хатарли жой саналарди.

Овчилар тоғ этагига тез етиб келишди. Айланма ва анча узоқ, аммо бехатар йўлдан юрмай, тикка йўлдан тоққа кўтарила бошлашди. Бир неча бор хатарли сўқмоқ узилиб, қоядан-қояга сакрашга тўғри келди. Тез орада овчилар инсон оёғи тегмаган, парқу булутлар ўзига макон қурган баланд қояга етишди.

Ваҳимали қоялар яна ҳам баландга виқор билан бўй чўзган, оёқ остида эса даҳшатли жарлик ястаниб ётарди. Овчилар энсизгина сўқмоқ бўйлаб эҳтиёткорлик билан ўта бошлашди. Оёқлари остидан сирпаниб чиқиб, жар тубига ўқдай учган тошлар бесас ва беиз йўқоларди. Ахийри улар тош кўчиш натижасида пайдо бўлган кичик майдончага етиб келишди. Тикка қоя бўйлаб ўтган тор сўқмоқ йўл бу майдончани кийикларнинг севимли манзилгоҳи — тоғ ёнбағридаги ўрмон билан туташтириб турарди.
— Тошда излар кўринмайди, — деди Шарах олдинга қараб. — Демак, кийиклар ҳали келишмабди.
— Сен ҳақсан, — деди Козим. — Аммо улар тез орада келиб қолишади.
— Ўрмондан чиқишса керак, — деди Шарах ва яна бир бор юқорига кўз ташлади.

Аммо олдинда кўм-кўк баланд тоғ арчаларидан бошқа ҳеч нарса кўринмасди. Шарах бошини кўтарганида сўқмоқ йўл узра қоя изининг баъзи бир жойларида элас-елас кўринган қиррадор тошларни, пастга қараганида эса узоқ-узоқда Қоначхир қояларининг этагини ювиб ўтаётган Кадар дарёсининг оппоқ булутни эслатувчи сувларини кўрди. Овчилар турган майдонча даҳшатли жарлик устида осилиб турарди».

«Худди шу ерда Шоуа Маф ҳалок бўлган эди, — хаёлидан ўтказди Шарах. — У кийик ортидан қувиб, худди шу тор сўқмоқдан жарга қулаб тушган, шу билан ном-нишонсиз кетганди».

Ака-ука энкайганича жарни кузата бошладилар.
— Жим! — ҳушёр тортди Козим.

Шамолнинг гувиллашию калтакесакларнинг шитирлаши билан бирга кийикларнинг аста юриб келаётган товуши эшитилгандай бўлди. Козим қулоғини ерга бериб, бир дақиқа жим қолди.
— Келишяпти! — шивирлади у ўрмон томонга имо қилиб.

Овчилар қоятош ортига бекинишди. Бир неча дақиқа орага оғир сукунат чўкди. Ов олдидан бўладиган бундай бир лаҳзалик сукунат қайси овчининг юрагида ҳаяжон уйғотмаган дейсиз?! Шундай вақтда томирдаги қон қайнаб, юракнинг зарби мияда акс-садо беради, овчи ўзини ортиқча ҳаракатдан аранг тияди...

Шу лаҳза майдончада бир-биридан кўркам беш нафар кийик пайдо бўлди. Улар офтобда товланаётган жигарранг терилари билан елкаларидаги оқ доғларини осмонга кўз-кўз қилишаётгандай эди.

Бир пайт кийиклар майдоннинг бир четида ғуж бўлиб йиғилиб олишди.

У ерга яқинроқ бўлган Шарах ўқ узиб юборишдан ўзини аранг тийди. Чунки абхаз одатига кўра биринчи ўқни ёши катта одам отиши кераклигини у яхши биларди.

Козим ўзининг биринчи ўқини укаси Шарах мўлжалга олиб турган кийикка қараб отди. Кийик бир сакрадию жар ёқасидан ғойиб бўлди. Шарах отган ўқ ҳам мўлжалга тегмади — кийиклар ўзларини ўрмонга уришди.

Козим ўзи уролмаган кийик ортидан чопиб кетди. Бир оздан кейин кийиклар тўғри йўл қолиб, ёввойи эчкилар сингари тикка қояга қараб чопишди. Козим ҳам уларнинг изидан югурди. Бошқалардан орқада қола бошлаган кийикка етай деганида, Шарах куннинг ботиб, тоғларга хос зимистон кечанинг яқинлашиб келаётганини пайқаб:

— Козим, орқага қайт, кеч тушяпти! — дея огоҳлантирди.

Аммо акаси унинг сўзларига эътибор бермай кийикни қувишда давом этди.
— Қайт, Козим! — яна қичқирди Шарах. — Уйга қайтиш вақти бўлди.

Яна жавоб бўлмади.

Лекин узоқдан акасининг:
— Лаънати кийик, шайтонга ўхшаб кўздан ғойиб бўлди-я, – деган сўзлари қулоғига чалинди.

Товуш узоқдан келар, Шарах йироқдаги кўланкани базўр кўраётган эди. Бир оздан сўнг у ҳам кўздан ғойиб бўлди — кўтарилган туман бир лаҳзада қоялар узра ўзининг сирли чойшабини тўшади.
— Шошмай тур, Козим! — товушининг борича қичқирди Шарах. — Туман тарқашини кут. Йўқса, тойиб кетиш ҳеч гап эмас.

У қоя узра акаси охирги марта кўринган жой томон аста-аста юра бошлади. Тепадан майда тошлар тушаётганини сезиб тўхтади... Туман тарқала бошлади чоғи, бошлари узра юлдузлар кўринди. Аммо кўзларининг олди ҳамон қоронғу, ҳеч нарсани кўриб бўлмасди.
— Козим, ҳой Козим! Оёқ қўйишга жой борми? — деб қичқирди Шарах.
— Ҳеч нарса кўрмаяпман... — деган жавоб келди.
— Энди нима қилдик?

Жавоб бўлмади.
— Қандай қилиб пастга тушасан? — яна ҳам баландроқ товушда қичқирди Шарах.
— Билмадим.

Шарахнинг юрагига қўрқув оралади.
— Маҳкам турибсанми? — қичқирди у, қўрқув ва ҳаяжон унинг товушида яққол акс этарди.

Орага яна узоқ жимлик чўкди. Шарах сўзларини шамол учириб кетди деган хаёлга келган ҳам эдики, тепадан Козимнинг товуши келди:
— Оёқ остида кичик бир дўнглик... фақат битта оёқни қўйиш мумкин... иккинчиси осилиб турибди.

Сўзлар узуқ-юлуқ ҳолда етиб келарди. Уларни ҳам бир-биридан тубсиз жар ажратиб тургандай.
— Қўлларинг-чи? — сўради Шарах. — Маҳкам ушлаб турибсанми?
— Фақат бир қўл билан...

Шу заҳоти Шарах акасининг оғир нафасини ҳис қилгандай бўлди.
— Козим! — қичқирди у. — Эрталабгача туриб берасанми?
— Билмадим... кучим етармикин...
— Куч топиш керак, акс ҳолда...

Шарах гапини тугатиш учун ўзида мадор топмади.
— Ҳаракат қиламан, — деди акаси. — Фақат қўшиқ айтиб берсанг... Менинг севимли қўшиғимни...

Шарах уни тушунди. Козим ҳаёти қил устида турган бир вақтда кўнгли ўзининг севимли ашуласи — омадли овчи Ўзбакя ҳақидаги қўшиқни тусаган эди. Қўшиқда айтилишича, кунлардан бир кун омад овчидан юз ўгирди. У отиб ўлдирган ўн олти шохли буғу қоядан йиқила туриб, Ўзбакяни ҳам ўзи билан бирга тубсиз жарга тортиб кетади. Овга қизиқиб кетган овчи йигит ўлимни хаёлга ҳам келтиришга улгурмаган эди.

Бу қўшиқ билан Козим ўз руҳини кўтармоқчи эди. Шарах қўшиқни айта бошлаши билан акаси унга жўр бўлди.

Ака-укалар қўшиқ айтар эканлар, Қоначхир тоғи устидан тун қуши учиб ўтди. Овчиларнинг товушини эшитган қуш бир лаҳза тўхтаб, ғаройиб манзаранинг гувоҳи бўлди: тубсиз жарлик узра қад кўтарган тоғнинг энг баланд ерида икки киши бағрини қояга бериб ётади. Бири қоя туртиб чиққан энсизгина ёлғизоёқ сўқмоқда турибди, иккинчиси эса худди унинг тепасида тошни маҳкам ушлаганича осилиб қолган. Кичиги хавотирли кўзларини тепага тикканича, каттаси эса қоя тошига бетини эркалангандек босиб, иккиси ҳам қўшиқ айтиш билан банд. Шамол кийимларини тортқилаб, қўшиқларини узоқ-узоқларга олиб кетмоқда.

Шарах қўшиқни узоқ айтди. Бир маҳал Козим жимиб қолган эди, Шарах қаҳрамонлар қўшиғини бошлаб юборди.

Козим унга яна жўр бўлди, аммо аввалгидан ҳам тезроқ жимиб қолди. Шарах акасидаги чарчоқ ва ором олиш истагини сезди — бу ўлим билан баробар эди.
— Козим, яна бир қўшиқ айтмаймизми? — акасини чалғитмоқчи бўлди у, аммо жавоб бўлмади.

Шарахнинг бутун вужуди қулоққа айланиб, узоқ жавоб кутди. Охир-оқибатда тепадан мадорсиз, кўпроқ ингроқни эслатувчи товуш келди:
— Шарах! Шарах... Агар мен ҳалок бўлсам, онамизни эҳтиёт қил... анча мункайиб қолган... Энди ёлғиз сен уларга суянчиқ бўласан...
— Козим, сен бўш келмаслигинг керак! — гапни бўлди укаси. — Ҳамма куч ва иродани тўплаб, албатта, эшитяпсанми, албатта, тонггача чидашинг керак. Тонг отиши билан мен новда кесиб келиб, сенга узатаман.
— Эҳ, қанийди... Қўлларим қотиб қолди, ҳатто оёқларимни ҳам алмаштиришга мажолим йўқ.
— Чидаш керак!.. Ана тонг юлдузи ҳам кўринди! Бардам бўл, Козим!

Шу вақтда тун қуши иккинчи бор Қоначхир тоғи устидан учиб ўтди. Бу ўлим даракчиси бўлажак мудҳиш фожиа ҳақида атрофга хабар бераётган эди. Биринчи марта уни ака-уканинг қўшиғи босиб кетганди. Энди эса унинг товушида охирги огоҳлантириш оҳанглари яққол сезилиб турарди.

Шарахнинг тунги қуш ҳақидаги ўйларини Козимнинг товуши бўлди:
— Тамом, Шарах, ҳаммаси тугади!.. Бошқа кучим қолмади. Икки бармоғимда осилиб турибман... Энди фойдаси йўқ...

Шунда Шарахда қандай ўзгариш юз берганини ким билсин дейсиз. Ўзганинг кўнглидагини уқиш қийин. Нима бўлганда ҳам, Шарах ўзгарди-қолди.
— Шу гап ростми? — қичқирди у. — Xудога минг қатла шукур. Демак, сен жарга қулаб тушасану суякларингни ҳам топа олишмайди! Жуда соз. Энди бахтимга эришадиган бўлдим.
— Ҳой, тўхта, бу нима деганинг? Ақлдан оздингми? Нимага хурсанд бўласан?
— Нимага дейсанми? Сенинг ўлимингга! Энди умидим рўёбга чиқадиган бўлди. Ўзинг кучим қолмади дединг-ку, демак, яширишга ҳожат йўқ. Сен ҳалок бўлсанг, Ҳабиба меники бўлади, ҳа, меники!..
— Нима?! — қичқириб юборди Козим. — Нима дединг? Қани қайтар-чи! Мен янглиш эшитганга ўхшайман.
— Йўқ, ҳаммасини тўғри эшитдинг. Қаллиғинг Ҳабиба менинг хотиним бўлади, Сен доимо орамизда ғов бўлиб турардинг. Катта бўлганинг сабабли, муҳаббатимни яширишга тўғри келарди. Мана энди умидларим рўёбга чиқадиган бўлди...
— Жим бўл! — ҳайқириб юборди Козим. — Бир кечада ақлдан озганга ўхшайсан.

Шу тариқа ака-ука тонгга қадар сўкишиб чиқишди. Туман тарқаб, тоғдаги сўқмоқлар кўрина бошлагач, Козим укасининг:
— Ушла, Козим! — деган товушини эшитди.

Бошини кўтариб, Шарахни кўрди: укаси сўқмоқ йўлдан юқорига кўтарилиб, хавфсиз ерда туриб, бир учи катта тошга боғланган узун новдани акасига узатарди.

Козим новдани итариб юбориб, бошқа йўл қидира бошлади. Аммо бошқа йўл йўқ эди.
— Ушла, Козим! — қайтарди Шарах.

Иккинчи марта ҳам рад жавоби бўлди. Шарах учинчи бор новдани узатганидагина Козим унга тирмашиб, юқорига чиқиб олди.

Ака-ука юзма-юз келганида Шарах акасига шундай деди:
— Козим, гапларимни тўғри тушунгандирсан. Мадорсиз қолаётганингни кўриб, Адзин Ҳожарот айтган сўзлар ёдимга тушди. Жаҳлингни чиқариш кераклигини тушундим...

Аммо Козим укасининг гапларига қулоқ солмади — унинг назарида иззат-нафси қаттиқ ҳақоратланган эди.
— Инсофинг йўқ экан! — деди у. — Жим бўл! Гапларингни тушунишни ҳам истамайман! Тушингни сувга айт.
— Яхши, яхши, жим бўлдим, — оғир тин олди Шарах.

Козим сўқмоқ бўйлаб пастга туша бошлади. Шарах унинг ортидан эргашди. Козим тўхтаб, оёғига ботаётган майда тошларни олиб ташлаш учун чориғини ечишга тутинди. Шарах олдинга ўтиб, йўлида давом этди. У пастга ястаниб ётган қишлоғини, қадрдон уйи узра кўтарилаётган тутунни, ҳовлисидаги катта чинор дарахтини кўрди. Шу чинор остида ёшлик чоғларида ака-ука ўйин билан ўтказган вақтлари кўз олдига келди. Қуёшнинг илк нурлари кўзларини қамаштириб, дилини яйратди. Шарах қайрилиб, акасига қаради.

Козим унинг чеҳрасидаги қувончни ўзича йўйиб, кечаси рўй берган воқеани эслади. Қаҳр ва ғазабдан бўғилаёзди... бир дақиқада милтиғини ўқлаб, укасига тўғирлади... Тутун тарқалгач, Шарахнинг юрагини чангаллаганича жарга қулаганини кўрди.

«Ҳаёт бўҳтондан иборат, — деб ўйлади Козим уйи томон йўл олар экан. — Ҳабиба севаман дерди — алдади. Укам бор эди, энди йўқ. Ўзим ҳам нобуд бўлишимга оз қолди. Ҳаёт деганлари шу экан».

Уй остонасини ҳатлаб ўтишга Козимнинг юраги дов бермади.
— Козим, нега уйга кирмай туриб қолдинг? — деди уни кўрган онаси.

Бу сўзлардан Козим сесканиб кетди. Оғир қадамлар билан у уйга кирди.
— Шарах қани? Бирга эмасмидинглар? — сўради она.

Козим бошини қўйи солганича жим туриб қолди. Онанинг ҳар бир сўзи юрагини ханжардек тиларди.
— Унга нима бўлди? Нобуд бўлдими? Гапирсанг-чи!
— У ҳароми кўрнамак экан! Мен уни ўлдирдим.

Она юзларини тимдалаб фарёд чекди. Унинг овозига қўни-қўшнилар йиғилишди. Ҳабиба ҳам келди.

Козим кечаси бўлиб ўтган воқеани рўй-рост гапириб берди.
— Шарах нима сабабдан бундай деганини билмайман-ку, — деди Ҳабиба, — аммо мен ҳақимда ёмон фикрда экансан. Энди тўйимиз бўлмайди!

У шундай деди-ю, ҳовлидан югуриб чиқиб кетди.
— Сен ўзинг ҳароми кўрнамаксан! Қотил! Йўқол бу ердан! — деди ғазабдан бўғилган она. Унинг кўз олди қоронғилашиб, ҳушидан айрилди.

Шунда Козимнинг кўзи тумонат ичида турган Адзин Ҳожаротга тушди. Унинг эсига Шарахнинг охирги сўзлари келиб, «Укам нима учун унинг номини эслади экан?» — деб ўйлади.

Шу заҳоти мўйсафид Адзин Ҳожарот одамлар орасидан ажралиб чиқиб, шундай деди:
— Бечора Xанжак! Шўринг қуриб қолибди. — Кейин ҳаммага юзланиб, Шарах назарда тутган мақолни қайтарди: «Катта қайғу одамни кучдан қолдирса, ғазаб унга тенгсиз куч бахш этади».

Бу сўзлардан Козим сесканиб кетди. Ҳақиқатан у эндигина тушуниб етганди. Козим ўрнидан туриб, ҳовлидан чиқиб кетди. Уни ҳеч ким кузатиб қолмади.

Шу кетганича у тоққа, Шарах ҳалок бўлган жойга борди.

Шу атрофда эчки боқиб юрган чўпонлар ўқ товушини эшитиб, тепадан нимадир қулаганини кўришди. Югуриб келишганида Козим жонсиз ётар, ёнидаги милтиқ эса ҳали совиб улгурмаганди.


  1. Нан — болам (Абхаз аёллари ўзидан ёш эркакларга шундай мурожаат этадилар)