OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМихаил Зошченко
Асар номиБаённома (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Украин адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Михаил Зошченко
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонАбдувоҳид Умр (Русчадан)
Ҳажм7KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Баённома (ҳажвия)
Михаил Зошченко

Навбатчи милиционер перони сиёҳдонга ботирди-да, деди:
– Жим-м, ўртоқлар... бир бошидан гапиринг... ким кимни туртди?
– Уни манави туртди, – деди бир кампир, одамлар оралаб стол ёнига келаркан. – Уни ўша туртди... Ҳу-у, шайтони лаъин, – деди.

Хола кўрсатган қоп орқалаган киши индамай турар ва тез-тез пишилларди. Унинг ёнида жабрланувчи ва бир нечта гувоҳлар туришарди.

Жабрланувчи елка қисганча хижолатли алфозда минғирларди:
– Мен нима қипман?.. Ҳеч нима... Гувоҳлар...
– Уни ўша туртди, – такрорлади хола. – Туртиб, кейин нима дейди, денг: ҳу-у, иблиснинг модаси деди. Мен трамвайда қарама-қарши ўтиргандим, денг. Смоленское қишлоғига, жиянимникига кетаётиб эдим.
– Жим-м... – деди навбатчи, – бирпас сабр қилинг, хола.
– Сабр қил, эмиш, – ранжиди хола. – Нега сабр қиларканман-а? Куппа-кундуз куни одамларни туртадиган вақтлар ўтиб кетган. Турта-турта туртилиб бўлдик.
– Бирпас жим турсангиз-чи, – деди навбатчи, перони яна сиёҳга ботираркан. – Кимсиз ўзи?
– Менми? – сўради хола. – Гувоҳлармиз биз... Жиянимникига кетаётган эдик... Кундуз куни турткилашларига чидаб бўларканми. Қўйиб берсанг, ўлгунича туртган бўлармиди...
– Сабр қилинг, хола, – деди милиционер, – сизни туртишмабди-ку... Сизга савол беришади. Ҳозирча бирпас жим турсангиз.
– Мени туртишмаган бўлсаям...
– Жим-м... Сизни туртишдими? – сўради милиционер жабрланувчидан.
– Мени... – деди жабрланувчи. – Xўш, нима қипти... Ҳеч нима. Xўп, туртишибди. Шунга шунчами. Трамвайда бўп туради-ку. Гувоҳларнинг талаби бу – милицияга ўзлари бошлаб келишди.
– Авф этинг, пардон, – деди гувоҳлардан бири. – Мен ҳам кўрдим... Бунга йўл қўйиб бўлмайди... Баённома тузиш керак...
– Айтяпман-ку, – яна бидирлай кетди хола, – баённома, албатта, баённома тузиш керак... Ўртоқ милиционер эса менга ўқраяди... Нақ марказгача бораман... Куппа-кундуз куни-я, бунга йўл қўйиб бўлмайди...

Милиционер учинчи маротаба перони сиёҳга ботирди-да, баённома ёзишга тутинди, фамилия... жинси... собиқ унвонларни сўраб олди. Нав-батчи милиционер узоқ вақт ёзди, ҳарфларни дона-дона қилиб қаторлаштирди. Кейин сўради:
– Қаерда бўлди бу воқеа? Қайси жойда?
– Трамвайда, – деди хола, – трамвайда. Айтяпман-ку, трамвайда, деб, ўргулай... Смоленск қишлоғига жиянимникига кетаётган эдим...
– Жойи, кўчанинг номини айтинг.
– Семёновск кўчасидан кетаётгандик...
– Уф-ф, – деди милиционер, перони қўяркан. – Семёновск, дедингизми? Бизнинг туман эмас бу. Бу, гражданлар, иккинчи туман. Ўша ёққа боринглар...
– Қанақасига? – савол бера кетишди гувоҳлар. – Ёзув-чизув қилиб бўлинган бўлса, нима фарқи бор...
– Иккинчи туманга боринглар, дедим-ку.
– Агар мени ўлдиришганида-чи?
– Қаерда ўлдиришган?
– Қаерда бўларди... Семёновск кўчасида-да...
– Иккинчи туманга боришингиз керак.
– Борамиз ҳам! – фиғони фалакка чиқди холанинг. – Борамиз ҳам. Буни шундай қолдириб бўлмайди... Жабрланувчи қани?

Жабрланувчи кўринмасди. У юз берган ғала-ғовурдан фойдаланиб, жуфтакни ростлаб қолганди. Шу вақтгача жим ўтирган қоп кўтарган киши норози оҳангда ғўнғиллади.
– Сен-чи, сен, – деди у, холага юзланаркан, – сен нега думингни ликиллатасан?
– Ким ликиллатяпти? – нағмасини бошлади хола, саватини яна стол устига қўяркан. – Ким ликиллатяпти, деяпман?
– Сен ликиллатяпсан. Шу ғалвани ўзинг бошладинг, иблиснинг модаси...

Холанинг важоҳати ўзгарди.
– Ўртоқлар, бу нимаси, – деди у, – ҳақорят қиляпти-ку, ахир.
– Мана энди мумкин, – деди милиционер, перони тўртинчи бор сиёҳдонга ботирар экан. – Воқеа бизнинг туманда рўй берди. Баённома ёзамизми?
– Маъзур тутасиз, – минғирлади хола, – баённома деганингиз нимаси? Ўртоқ милиционер, худо хайрингизни берсин... Нима учун... Биз тинчгина, жим суҳбатлашяпмиз...

Хола саватини олди-да, йўлак томон юрди. Гувоҳлар аста-секин тарқалишди. Қоп кўтарганнинг бир ўзи қолди. У зарурат бўлмаса-да, анча вақтгача милиционердан иккинчи туман қаерда эканлигини сўраб-суриштирди, сўнг қўлини силтаб, маъюс пишиллаганча чиқиб кетди.