OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбдунаби Абдиев
Асар номиМуаллақ одам (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Абдунаби Абдиев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Шарқ юлдузи» журнали, 2010 йил, 4-сон
Ҳажм88KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/09/02
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Муаллақ одам (қисса)
Абдунаби Абдиев

1

– Айтинг, мен кимман ўзи, кимман?

Гоҳо асов сойдек пишқириб, баъзан тошбақадек судралиб ўтаётган умрингиз мобайнида қулоғингизга чалинган саволлар силсиласида бундан кўра мавҳум ва бетайини эҳтимол учрамас, бу савол оғриғини сўроққа тутгувчидан ўзга ким ҳам билсин. Бинойидек гурунг бериб ўтирган суҳбатдошим хотима тариқасида жазавага тушиб бақириши ҳар қандай одамни ҳайратлантириши, юракка ғулу солиши, «ақли жойида эмас» деган қатъий қарорга келиш учун асос бўлиши мумкин эди. Фақат менгагина бундай ҳадик-хавотирлар аллақачон бегоналашган, мен унинг кайфияти, қиёфасидаги зиғирдек ўзгаришни ҳам илғашга қодир эдим, боиси, сўнгги бир неча кундирки, суҳбатдошим дил дафтарини ғаройиб китоб янглиғ зориқиш, зерикиш нелигини билмай варақлаётгандим. Эгилиш, букилиш, вазиятга мувофиқлашиш йўлини қидирмай, кўксидаги ёлғизлик аталмиш худо қулига айланиб яшаётган бу кимса эмранишларини тинглар эканман, ўзим ожиз, нотавон банда эканлигимга тобора иймон келтирдим.

– Билмадим, – ғулдураганча жавоб қайтардим.

Уккиникидек чуқур ботиб чақчайган кўзлар жуссамга санчилиб, қалбимни парчин этди, мисоли бир қоп этга дўндим, жисмимни совуқ тер қоплаб жунжикдим, теграмда қимирлаган жонзот йўқлигини, гадой топмас овлоқда ўтирганимизни билсам-да, бахтли тасодифдан умидланиб, кимдандир нажот кутгандек чор тарафга олазарак назар ташладим.

– Афсус, мен кимга сир инондим, сизларда ҳис-ҳаяжон нима қилсин, – деди у афсусланганнамо, ҳатто вақтини беҳудага сарфлагани учун ўзидан нафратланаётганини англатадиган оҳангда. – Наҳот шунчалик калтафаҳмман, ахир, бор-йўқ ташвишингиз қорин бўлиб қолганини билардим-ку, ҳайф-эй инсон деган ном.

Важоҳатидан башарамга мушт туширадиганга менгзарди, тилим танглайимга ёпишди, бир юмалаб ростакамига у чўтлаётган беҳис, беҳаяжон кимсага айланишни жон-дилим билан орзуладим, ҳаммасига ўзим, кўпинча ўзимга ҳам бўйсунмас синчилигим сабаб, унинг ўзгаларникига ўхшамас хатти-ҳаракатини мендан бошқа илғаган банда йўқмиди, ювилмаган қошиқдек ҳар нарсага тумшуқ тиққунча бефарққина юравермайманми, қуюшқондан чиққан қизиқувчанлигим туфайли илгари бирор маротаба яхшилик қозонганмидим.

Суҳбатдошим қаҳ-қаҳ отиб кулиши (балки нафратини шундай ифодалагандир), сўнгра ҳўнграб йиғлаши дилимда ўрмалаган ҳадигу хавотирлар қатини тўзғитиб, ботинимда раҳм-шафқат туйғуларини қўзғади, мискингина гавдаси кўз ўнгимда янада кичрайиб, елкалари силкиниб-силикиниб тушар, хастаҳол овозида бир олам ғусса жамланган эди.

– У сарсон изларди ўзини-ўзи... Фаранг шоири Артюр Рембода шундай мисра бор – ўқиган бўлсангиз керак. Билсангиз мен ўшаман, ҳа, на ўликлар, на тириклар сафида ўрнашолган, ўзини-ўзи зир қақшаб излаётган муаллақ одам мен бўламан...

2

Инсон яратганнинг энг ожиз мавжудоти, на яхшилик, на ёмонликка шукрона келтиради, ўзгалар эмас, ёлғиз мен бўлсам дейди, беқусурлик холиққа хос хислат эканлигини тан олгиси келмайди, айниқса, иқтидорсизлигини эътироф этиш ҳеч кимга ёқмайди, мен – ғўза униб чиққани, қатор ораларига ишлов берилаётгани (ёзмай қўйсам шу иш тўхтаб қолармиди?) ҳақида уч-тўрт қатор хабар ёзиб юрган ўртамиёна мухбир ҳам бунга журъат этолмасдим. Ўзимни салкам тан олинмаган даҳо чўтлаб юрган кезларимда ногоҳ уни учратдим-у, бутун муваффақиятсиз одимларимни босиб тушадиган асар ёзишга чоғландим.

Эҳтимол, ўзингиз ҳам аллақачон фаҳмига етгандирсиз – бу чархи дунда тугал ҳақиқат топиш даргумон, майда, хашаки ҳақиқатчалар эса ўткинчи, шу боис қоғозга тушираётган ҳамма нарсамга кўр-кўрона ишонишингиз шарт эмас, буни талаб этишга ҳақдорман деган бемаза фикр етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган, ушбу кўриниш учун ҳадеб бош силкитиб бечора бўйинга жабр этаётганингизни англаб турибман. Мени камситмоқчи бўлаяпти деб ўйламанг, биров гапираётганида маъқуллаш, ҳеч қурса жим туриш таълимоти қон-қонимизга сингдирилган, ҳаммамиз яқин-яқингача ҳуқуқларни чегараловчи, фикрларни ягона қолипга жамловчи қизил фирқа ҳукмронлик қилган таъзим-тавозелар мамлакатининг хокисор фуқаролари бўлганмиз. Кўримсиз ҳолатимиз ғуруримизни ўлдириб бораверади, охир-оқибат ўзимизни ҳукми зўр гапирганда қўлимиз кўксимизга етиб, бошимиз беихтиёр бешиктерватар янглиғ тебранишга тушади. Аслида ҳар кимнинг ўзига яраша фаҳми-фаросати бўлгани мақбул, бугун бошқа биров, эртага ўзганинг айтганларига қулоқ қавартириб «мана шу айнан ҳақиқат» деб қабул қилаверсак аллоҳ ёрлақаган Одам-Ато қавмига мансублигимиз қаерда қолади. Эҳтимол, айтиб беришга чоғланаётган ҳикоям янгилик эмасдир, балки ўқувчида ортиқча қизиқиш ҳам уйғотмас, шундай экан, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ихтиёр ўзингизда. Аммо умрим бино бўлиб, у каби ғалати, у сингари чекишга муккасидан кетган бандани учратмаганимни озроқ бўрттиришга ҳақим бордир деб ўйлайман, ахир, мен ҳам нимадир билан овунишим керак-ку. Афтидан гап уриш оҳангим алмойи-жалмойидек кўриниб, телба кимсанинг дийдиёсини ўқиш шартми деган хулосага келаётгандирсиз. Хавотирингиз бекор, мен савдойи эмас, бир оз одамовиман, холос. Ҳақиқий жинни у, ақли бут банда ширин жонини азобга қўйиб бунчалик чекмайди, ҳа-ҳа, ишонаверинг, арзимаган бир-икки соатга чўзиладиган гурунгларимиз асносида оғзи нафақат гап, балки папиросдан ҳам бирон дақиқа бўшамади ҳисоби, босиб-босиб, изини узмасдан иштаҳа билан тамаки сўргани, онда-сонда гезарган лабидан папиросни айирганида ҳам тирноқларигача сарғайган қалтироқ қўлларидаги сўнишига фурсат берилмагинидан учи қип-қизил чўғга дўнган папиросни ғаройиб топилмадек авайлаб айлантириб ўйнагани, печканинг дуд босган мўриси каби оғиз-бурнидан ситилиб чиқаётган тутунни маҳлиё бўлиб кузатгани, кўкиш ҳалқачалардан ёш боладек завқ олгани, узоқ жим қолса ҳикоясини тинглашдан воз кечишим мумкиндек шошиб ҳикоясини давом эттиргани, мўмин-қобил ўқувчидек қўл қовуштириб ўтирганимни кўриб беозор, сабр-бардошли қулоқ топганидан оғзининг таноби қочгани – бари-бари ҳайратга молик эди. Тасодиф учраштирган одамни шунча эзмалик билан таърифлашга нима ҳожат дея ажабланманг, ҳали бу оз, таъриф-тавсифнинг бошланиши: қисқа мулоқотлар чоғида бу кимсани кузатиб олган таассуротларимни баён қилишга бисотимдаги сўзлар ожизлик қилаётганини пойинтар-сойинтар гапиришим эҳтимол ошкор этаётгандир. Хуллас, у қарийб қирқ йил умрим мобайнида мен учратган, яқин муносабатда бўлган сон-саноқсиз одамларнинг биронтасига менгзамасди. Ҳеч бир тақдир ўзгаси такрори бўлолмайди. Авж қиш чилласида фалакдан тўкилаётган қор заррачаларини кузатганмисиз, бири-иккинчисига сира ўхшамайди, фақат ерга қўнганидан сўнг бир-бирини тўлдириб оппоқ момиқ кўрпачага эврилади. Одамлар ҳам шундай, уларни инсон деган атамагина боғлайди, «фалончи умри фарзандлари тимсолида давом этяпти» деган ибора нисбий, ҳар бир инсон ўз умрини ўтайди, бировникига ҳукмронлик қилолмайди. Рости, у ҳам мен учун қизиқарли, ўзига ниҳоятда зерикарли кўринган умрининг сўнг манзилига шитоб билан интилаётган бир банда эди, холос.

3

Аслида мени 3. шаҳридаги атрофи баланд девор билан ўралган бу оромгоҳга ихтиёримга зид тарзда юборишмаганида балки ўша ғалати инсонни учратмаган, қимматли вақтингизга човут солиб, ушбу ҳикояни сизга илинмаган бўлармидим. Алҳол ишхонамда сурункали муваффақиятсизликка (эҳтимол омадсиз одамдирман) дуч келиб, ишларим хуржун бўлавергач, нафрати ёки ҳурматини сир тутгувчи бошлиғим хонасига таклиф этиб, ясама такаллуф билан деди:

– Асабингиз чарчабди, оғайни, сиз учун яхшигина оромгоҳга йўлланма топтириб қўйдим, бир оз дам олиб қайтсангиз.

Гап уриш оҳангидан масала аллақачон узил-кесил ҳал этилгани, эътирозларим фойдасиз эканлиги яққол сезилиб турарди, шундай қилиб хазонли куз фаслида шу фасл ўзидан-да ҳазин шу оромгоҳга келиб қолдим. Кечирасиз, малол келмаса бир саволим бор – сизнинг ҳам ўз севимли, ёлғиз ўзингизникига айлантиришни астойдил истайдиган машғулотингиз борми? Мен хазонрезги боғда сайр этишни (на ёш, на кексага қўшиладиган лаънати қирқ ёшда балки ўзгалар ҳам шундай кайфиятга тушишар), қовжираган япроқ баргидан айро тушган новдаларнинг унсиз фарёдини қалбим кўзида кўриб, қулоғида тинглашни севаман, ҳазин ўйлар миямни титкилайди, ҳатто чинакам илҳом менга бегона бўлса-да, ўз изтиробларимни қоғозга тўкаман:

Куз. Дарахтнинг новдаларидан
Ерга қочар энг сўнгги япроқ.
Хазонрезги боғ орасидан,
Ўтиб борар дайди руҳ титроқ.
Қулоғига чалинар тинмай,
Олтин баргдан таралган фарёд.
Довдирайди нетарин билмай,
Энди кимга солади у дод.
Дардларини эшитар ким ҳам,
Табиатнинг алами тетик.
Баргларидан айрилган новда,
Баёзининг чўғи йўқ битик.
Хўрсинади ёлғизлик оғир,
Жасадсиз руҳ фанода сағир,
Бақогача ҳали манзил бор.
Ўй суради, хаёл паришон:
«Мотамсаро боғларга маза,
Қиш баҳордан келган илк нишон,
Очишмаса бўларди аза.
Фақат унга яшариш йўқдир,
Ёлғиз унга умидлар абас.
Танҳо унга ҳаёт сўлғиндир,
Тасодифга кўнгил тикмам, бас».
Теша тегмаган ташбеҳ топдим демоқчи эмасман. Лекин, эътирофимки, негадир яшиллик алдамчи либос бўлганда боғлар асл қиёфасига қайтгандай, юзи ғижимга дўнган қуруқшаган дарахтлар умр ўткинчилигидан сабоқ бераётгандай, «Эй вақтинча навқиронликдан масрур одам, ўтаёган ҳар бир дақиқа умрнинг интиҳоси – кузига етаклаяпти, огоҳ бўл!» деяётгандай туюлади. Шундай изтиробли хаёллар оғушига тушган кезларим қайсидир пистирмадан туриб, ҳар босган одимини ҳисоблаётган ажалнинг совуқ тиржайган машъум афтини кўргандек бўлавераман, эҳтимол, у қаерга қўнишини билмай шилдираб учаётган заҳил япроқнинг яғир елкасида ўрнашгандир, ҳар ҳолда вақти соати етмагунча уни тасаввур этиш, ташрифини қучоқ очиб кутиб олиш биз – бани одамга хос хислат эмас.

4

Рости, оромгоҳдан унчалик кўнглим тўлмаса-да, теградаги руҳиятимга мос маҳзунлик учун дам олишимнинг илк куниёқ саховатпеша бошлиғимга ғойибона раҳматимни ёғдирдим. Эгизак кунларнинг билмадим нечанчисидир (бу ерда аниқ ҳисоб юритиш мушкул), тун қоронғиси ариб улгурмаган палла ногоҳ уни боғ оралаб юрганида учратдим. Сирли туюлган ҳамма нарса – каттами-кичик кишида бир хил қизиқиш уйғотади. Бир сиқимгина жусса, пилдираб ташланган одимлар, шарпамни илғаганидан ўзини панага тортиши юрагимни музлатди: бемаҳалда мен каби бедор бу шарпа ким, нега ўзгалар билан юзма-юз келиш, яккама-якка қолишдан чўчийди. Оромимни ўғирлаган саволларга жавоб олиш беш-олти кун насиб этмади, гоҳ у ўзини нигоҳимдан четга олар, гоҳ нонуштага чорлаётган занг урилиб қоларди. Бу ердаги тартиб-интизом ўзга оромгоҳлардагига сира менгзамас, занг чалинганидан сўнг ошхонадаги ўрнинг бўш қолса бошлиқнинг шахсан ўзи бинойигина танобингни тортиб қўяр, сурункали тартиббузарни ички қонун-қоидаларга бўйсунмасликда, ўзгаларни бошбошдоқликка даъват этишда айблаб, оғир тан жазоси тайинлашдан ҳам қайтмасди. Ихчамгина қора калтак кўрар кўзга унчалик ваҳшат солмаса-да, бошинг узра ҳавони кесиб ўтганча шувиллаб яғринингга тушганда жисмингни қақшатиб юборар, танангга қонли излар туширарди. Қанчалик азоб бўлмасин, дастлабки зарбаларга дош беролсанг кейингилари аста-секин ўтмаслашиб бораверарди, қизиғи, айримлар аллақачон игнага ўтирган гиёҳванд мисол калтакни тез-тез қўмсайдиган бўлиб қолишар, улар танасига урилган зарба кучидан дод-вой солиб ором олишса, жабрланаётган касларни томоша этиб лаззатланувчилар ҳам учраб турарди. Бундайлар янги келганларни жазолашга олиб чиқишганида олд қаторда жойлашиб, калтакка кўникмаган танадан томчилаётган қонни кўриб кўзлари қувнар, «оҳ, қандай қизил», «баданига нақш солингандек бўлди» деб жазоловчини ҳам, жазоланувчини ҳам рағбатлантиришарди. Жазоланувчи намойиш этадиган ирода, жазоловчининг кўзини қон тутиб, қутирганча инсоний қиёфасини қай даражада тез йўқотиши маросимларга ўзига хос безак берарди. Жазо гуруҳи аъзолари алоҳида тайёргарликдан ўтказилган зобитлардан таркиб топтириларди, одамлар орасида «бу гуруҳга ёлланиш учун фақат ташқи қиёфанг инсонга менгзаши кифоя, ботининг мараз иллатлардан тўлиб-тошиши керак» қабилидаги гап-сўзлар юрарди. Ҳар ҳолда мазкур оромгоҳга ёлланган зобитлар ўз вазифасини аъло даражада бажаришарди шекилли, маросимлар жуда ҳаяжонли бўлар, янгидан-янги жазо усуллари ишқибозлар кўзи олдида муваффақиятли синовдан ўтказилар, айтиш мумкинки, жазо майдончаси оромгоҳнинг энг гавжум томошахонаси унвонига рақобатсиз даъвогарлик қила оларди.

5

Нима бўлганда ҳам қизиқиш қўрқувдан устун келди, сурункали тартиббузарлар сафига тушиб қолишни-да унутиб, тунги шарпани очиқдан-очиқ таъқиб этишга астойдил киришдим. Бу ғалати кимсани топиб олиш унчалик машаққат туғдирмас, сира қўлидан тушмайдиган папиросидан таралаётган қўланса ҳид (эҳтимол, бутун жисмига ҳам шундай ҳид ўрнашгандир), бўғиқ овоз, тез-тез қўзғайдиган йўтал хуружи минг бир азобда қидириб топган энг овлоқ гўшаларини фош этиб қўярди. Бироқ у жуда сезгир, ширт этган шарпани ўн-ўн беш одимдан пайқар, ёнига етиб келганимда эзғилаб ташланган папирос қолдиқларинигина кўрардим, чап беравергани сайин ўжарлигим ортиб борар, уни кимсасиз жойда ушлаб олишнинг янгидан-янги усулларини излай бошлардим, инсон иродаси тош эмаслиги, тинимсиз таъқибим уни қачондир мувозанатдан чиқаришига ишонардим, натижа кутганимдек бўлиб чиқди.

– Сизни ҳам «нур йўлакчаси» дан олиб ўтишганми?

Тахта ўриндиқда муқим жой туриб, хаёл тузоғида ўтирганимда қулоғим остида янграган хирқироқ овоз, берилган саволнинг ғалатилиги вужудимни сескантириб юборди, ялт этиб қарадим, қаршимда ерданми, осмонданми пайдо бўлгани номаълум ўша дарвешнамо тамаки-одам (ўзимча унга шундай лақаб қўйиб олгандим) турарди, ажабо, уни тумшуғим тагига тиқилиб келгунча пайқамабман, энг машҳур жосуслар ҳам ҳавас қилса арзигулик чапдастлигига ичимда қойил қолиб, ёнимизда учинчи кимса бўлмаса-да, ўзимни гўлликка олдим:

– Менга гапиряпсизми?

– Бошқа кимга бўларди.

– Тушунмадим, «нур йўлакчаси» нима деганингиз, тағин мени кимгадир ўхшатаётган бўлманг?

– Нега адашар эканман, неча кундирки босган қадамимни жосуслардек назардан қочирмаётганингиз ҳам ёлғонми?

Галдаги эътироз ўринли эди, тайинли жавоб қайтара олмаслигим туфайли қисқагина рад этиб қўя қолдим:

– Ҳечам-да.

– Гарангсиманг, мени инонаяпти деб ўйласангиз хато қиласиз, «нур йўлакчаси»дан ўтмаган бўлсангиз менга бунчалик қизиқмасдингиз, афтидан тақдирдошмиз шекилли, билмадим, йўлакчадан ўтишни ўзингиз ихтиёр этганмисиз ёки сизни ҳам ҳушингиздан айириб олиб кетишганми?

– Азбаройи худо, ишонинг, қандайдир йўлакча ҳақида илк бор сиздан эшитаяпман.

– Талвасага тушманг, гуноҳкорлардек ўзини оқлашга ҳаракат қиладиган кишиларни жиним суймайди, йўлакчага келганда менга уларнинг услуби қўлимдаги беш бармоқдек аён, дастлаб имо-ишора қилиб кўришади, чап бермоқчи бўлсангиз ухлатиб жисмингизни олиб кетишади.

У маъшум сирни очаётгандек кўзларини одатдагисидан ҳам олазарак этиб, чор тарафга ўғринча назар ташлади, шубҳали нимарса илғамади шекилли, оғзининг таноби қочгунча иршайиб, барглар тонг насимида шилдираб ўйнаётган йўлкага оёқ босди, мен эса ҳадикли яшаш нақадар аянчли қисмат эканлигига иймон келтириб, суҳбатдошимни телба-тескари муомаласидан шубҳага тушдим: наҳот савдойи бўлса, бирданига тутқаноғи қўзиб устимга ташланиб қолса-я! Аммо синч¬ков назар, ички овоз шивири унинг дунё кўрган, анча-мунча нарсадан хабардор одам эканлигини таъкидларди.

– Китоб ўқиш севимли машғулотингизми? – сўради у эрмак учун кўтариб чиққан китобчамга ишора этиб.

– Онда-сонда варақлайман, вақтни ўлдириш учун.

– Ёмон, кўпроқ мутолаа қилинг, ҳуда-беҳуда давралардан шу афзал.

– Бўш вақтим йўқ.

– Баҳона қидирманг, ҳафсалангиз кам.

– Эҳтимол.

Нонуштага чалинган занг суҳбатимизни бўлди, эртага вақтлироқ учрашишга келишиб, хайр-хўшладик, у қаршимда қандай пайдо бўлган бўлса шундай кўз илғамас тезликда бутазор орасига сингиб кетди.

У билан хайрлашдиму руҳиятимга азоб бергувчи оғирлиқ ва жавобсиз саволлар исканжасида қолдим: одамовилиги боиси нимада, дилидан ўзи сингари инсонларга нисбатан бунчалик нафрат ўрин олишига нима туртки берди экан, «нур йўлакчаси» савдойи банданинг тўқимасими ёки воқелик... Туни билан кипригим илинмади ҳисоби, озгина мизғидимми, бас, қайсидир бурчакда чақчайиб турган кўзлар ногоҳ хонани забт этар, устимдан зил-замбил қора кўланка босиб тушар, бўғзимга нимадир тиқилиб нафасим сиқилар эди – энди тунги шарпани мен эмас, у мени таъқиб этишга киришганди. Диққинафас хонанинг ҳавосини тозалаш илинжида қўш табақали деразани очсам кузги боғдан мен томон ўнлаб, юзлаб қўшчироқдек совуқ ёнгувчи кўзлар тикилиб тургандек бўлар, даҳшатли кўланкалар ғимирсиланиб қоларди. Менга сирли суҳбатдошимдан васвасага тушиш касали юққанди, ўзимни идора этишим, ҳаётга қувонч кўзи билан қарашим сусайиб борарди. Инсон ғайритабиий нарса таъсирига бир тушмасин, тушгандан кейин сир-синоатига етишмасдан тинчимас экан, мен зўр бериб тезроқ тонг отишини кутардим.

6

– Қанийди гумашта Грегор Замза (Франц Кафканинг «Эврилиш» ҳикояси қаҳрамони) сингари эврилиб қолсам, ўз қадр-қимматингни баҳолаш, инсоният, жумладан, ўзинг нақадар жирканч мавжудот эканлигингни англашнинг бундан қулайроқ имконияти борми, фараз қилинг, баҳайбат тасқара – ҳашоратга айланиб, атрофимдагиларни, масалан, сизни кузатаяпман, табиийки, дастлаб ижирғанганингизни ҳисобга олмаганда бефарқ қарайсиз, қандайдир сўхтаси совуқ, исқирт махлуқдир-да дейсиз. Шу ҳолат такрорланавергани сайин жиғингизга тегаман: нега ҳар кун, ҳар соат иштаҳамни бўғиб, оёғим остида ўралашасиз. Охир-оқибат мени жисман йўқ қилишнинг пайига тушасиз ва ниятингизга етасиз, шу жараёнда мен нафақат зоҳиран, балки ботинан турланишингизни кузатиб, ҳордиқ оламан, маза-я?

– Мени кўпинча мол-дунёсига эга бўлиш мақсадида Загрейни ўз жонига қасд этишга кўндирган Патрис Мерсо (Альбер Камюнинг «Бахтли ўлим» романи қаҳрамонлари) ҳақмиди, ноҳақмиди деган савол қийнайди, тўғриси, мажруҳ Загрейнинг одамларга заррача фойдаси тегмайди, бундайларни иккиланмасдан жамият ҳуснига доғ бўлиб тушган сўгал аташ ўринли, тасқара, яримжон кишилар ўзгаларнинг ҳаётга муҳаббатини, гўзалликдан завқланишини сўндиришдан ўзга ҳеч нарсага ярамайди, демак, Загрейнинг файзини йўқотган ҳаёти кераксиз, бемалол йўқлик сари улоқтириш мумкин. Бироқ у жисман заиф, қусурли бўласа-да – одам, уни ҳам қайсидир гуноҳкор ота-она дунёга келтирган, яшашга ҳақли. Ўйлаб кўрсам барибир тошбағир Мерсо бўлолмас эканман, Мерсо бўлиш осон эмас, сиз нима дейсиз?

– Айтинг-чи, Достоевский «Жиноят ва жазо» романидаги Расколниковни севадими ёки ундан нафратланадими, ахир, ёрқин бўёқ шу икки ҳолатдагина туғилади, менимча муҳаббати ўлмас қаҳрамонни вужудга келтирган.

– Китобхўрга қийин, китобхўрга азоб, у ҳаётга ўз севган, қалбан интилган, дилдан сиғинган қаҳрамонлари нуқтаи-назари билан қарайди, унинг саодати ва фожеаси шундан иборатки, ҳаёт ҳеч қачон сира-сира китоб бўлолмайди ва у ҳаётдан, одамлардан буткул ажралиб қолади, мана мен, гап-сўзим, ўзимни тутишимда оддий, одатий одамларга хос бирор белги борми? ..

У ҳар гал қисқа гурунгларимизни (аксар ҳолларда ёлғиз ўзи гапириб, ўзи ниҳоялайдиган бундай мулоқотларимизни гурунг атаб бўлса) юқоридагидай узуқ-юлуқ, мен мазмун моҳиятига етолмайдиган жумлалар билан бошлар, навбатдаги луқмаси қандай таъсир этаётганини англаш учун қиёфа ўзгаришимни кузатар, уни тушуниш ўринига сувдан зўравонлик билан тортиб олинган балиқдек оғзимни очиб ўтирганимни кўриб, садқаи гапим кетсин қабилида менга ҳам, борлиққа ҳам ҳафсаласиз қўл силтарди. Шу билан суҳбатимиз поёнига етарди. Менда унинг кўҳна очунда ўзини англайдиган, дарддош бўла оладиган, чархи дун юкларини кўтаришда елкадошлик қиладиган кимсани излаётган йўловчи эканига ишончим ортиб борарди, хуллас, ғалати танишим ўз тақдирини узундан-узун ҳикоя тизимига тизмагунича на бир-биримизни тушундик, на учрашувларимизда файз бўлди.

7

– Бу кўҳна дунёда аллоҳ иродаси билан яратилган энг тилсим мавжудот инсон қўш кўзи тупроққа тўймагунча разиллик қилишни қўймайди. Одам жуда айёр ва бардошли, истаган нарсасига эришиши, чап бериши, энг мудҳиш қисмат – ажалдан ҳам вақтинча қочиб қутулиши, йўқсиллик домидан бош олиб чиқиши, тубанлик ботқоғига ботиши мумкин, – у ҳикоясини қўлидаги тутаб турган папиросни асабий ўйнаганча, олис-олисларга кўз ташлаб, китобий сўзлардан тузилган муқаддима билан бошлади. – Аммо у ҳеч қачон, қанча уринмасин, талвасага тушмасин, қора бошини қаерга урмасин ўз ёзғитидан қочиб қутулолмайди, тақдиру азалда пешонасига зарб этилмиши ҳар бир бандасини таъқиб этиб юради, турмуш сўқмоқларини ўзгартиришдан асраб ўз чизиғига солади, бағрига олиб, сўнг манзил сари етаклайди, ҳатто умри давомида ўзида мужассамлаштирган, яхши ва ёмон фазилатлари ҳам инсоннинг туғма ёзғитидир, машойихлар беҳуда кенг тутганга кенг дунё, тор тутганга тор дунё деб башорат этишмаган, модомики шундай экан, бир муддат кўнглингизни кенг тутасиз, бесабрлик бетадбирликдир. Мен одамлар орасида ёлғизланиб, ҳатто ўз уйимда ҳам бегонасиратишганини анг¬лагач, сўнгги илинжда бу муждага осилгандим, зулмат ичра нур, ҳалокат, ёлғизлик азобидан асраб қолгувчи нажот деб ўйлагандим уни, эрта чиқарган хулосамга шу даражада берилгандимки, бу нажоткор мужда мени сира чалғитмайди, ўзиданда ортиқроқ эъзозлайди деган комил ишонч вужудимни, фикру ёдимни батамом эгаллаб олганди, оламда танҳо шу мужда, илоҳий туйғу борлиги яшаш учун кифоя, ҳар ҳолда кимгадир, нимагадир талпинаяпман, демак, дилим ғуборлари ариши шубҳасиз, у мени ҳар қандай вазиятда тарк этмайди деб ўйлардим.

У кутилмаганда жим қолиб хомушланди:

– Йўқ, кечирасиз, чиқмади, ўтлаб кетдим шекилли, агар кўнглингизга олмасангиз ҳикоямни бошқача бошласам, ахир мен китобий одамман.

Узундан-узун муқаддима сирли мусиқа сингари мени ром этиб олган, қаршимдаги ҳали бўёғи қуриб улгурмаган китоб саҳифасида жоду кучи билан рўёбга чиққан қаҳрамонга монанд кишини лол қолиб кузатардим, пешонасига саф торт¬ган ажинлар, бўртиб турган томирлар тонг ғира-ширасида уни янада сирлироқ кўрсатарди. Сўнгги мурожаати мени хаёлот аршидан воқеликка қайтарди.

– Майлингиз, – беихтиёр нима учун зарурлигини ҳам ўйламай рухсат бериб юбордим, у эса ўзини оғир савашга чоғлаётгандек ҳушёр тортди, кўкрак қафасини папирос тутунига тўлдирди.

– Эй биродар, мана буниси жарангдорроқ чиқди, ҳа-ҳа, айнан шундай бошласам бўлади, – у ўз кашфиётидан мамнунлигини яширмади, қайтага овозини янада баландроқ кўтарди. – Эй биродар, жасоратингизга минг бора тасанно, мендек мижғов кимсанинг суҳбатини олишга қарор қилибсизми, худо сабр-бардошингизни берсин, иноятини аямасин.

Ўзимни яқинроқ таништиришим шарт эмас, қизиқсиниб ўтирманг, бундан ҳалигача на ўзим, на мени билганлар наф топишган, икки орада ўз асабларини эговлашгани қолган, тўғриси, баъзан ўзимнинг ростакамига яшаб юрганимга ҳам ишонгим келмайди. Бир жасадда икки руҳ жой тутганини ҳеч эшитганмисиз, мен ягона қиёфадаги бири иккинчисини инкор этгувчи жуфт одамман, мен қўш қалб исканжасидаман, жисмим бу оғирликни кўтара олмай қийналади, эзғиланади, парчаланади, балки ғижимлаб ташланган қоғозга монанд қиёфам ҳорғинлигимни ошкор этиб тургандир. Одамларга ҳавасим бисёр, уларнинг қўл етмас олис манзилларда қолган болалик йиллари ҳақида эҳтирос билан сўзланадиган хотираларни тинглаганимда ўз ҳаётим саҳифаларини титкилаш иштиёқи туғилади. Билмадим, негадир дилим яйраб гапирадиган ҳодиса тополмайман, аслида менинг болалигим бўлмагандир, эҳтимол, руҳан оқсоч, қиёфа жиҳатдан гўдак бўлиб таваллуд топгандирман. Сизга юрагимда асраб келаётганим – бир сирни очай, мен жинниман, ишонаверинг, ғирт жинниман, савдойилик белгиларини турқимдан эмас қалбимдан изланг, унинг қат-қатларига яширинган дардларимни аёвсиз ковланг, майли, кўричакни тополмаган нўноқ жарроҳ бемор ичак-чавоғини бамайлихотир ағдариб ташлагандай, қудратли трактор кўҳна замин ингранишларига қулоқ тутмай ўткир пўлат зирҳларини санчиб шудгорлаётгандай титкилайверинг, мен чидайман, чидаш учун туғилган бандаман, тағин устимдан арз этар, руҳиятимни, жисмимни тажриба майдонига айлантирмоқчи бўлди деган айбномани қўяр деб ҳайиқманг, буни сиздан ўзим талаб этаяпман, зора дардларимни тўкиб-сочсам моғор босган қалбимдан ғуборлар ариса, қолаверса, бунга сизнинг юз фоиз ҳаққингиз бор, негаки, керакли-кераксиз кўнглингиз тусаган юмушларга сарфлашингиз мумкин бўлган вақтингизнинг бир бўлагини, гарчи бу ерда имкониятларингиз чекланган бўлса-да, менинг дийдиёмни тинглашга қурбон бераяпсиз-ку. Гапнинг лўндаси, болалигимданоқ жинни бўлган эканман, кулманг – китоб жинниси, хўп деяверинг, савдойиликнинг шундай кўриниши ҳам учраб туради, ҳали мактаб остонасини ҳатлаб улгурмасимданоқ ўқиш-ёзишни билиб, китобга муккасидан кетган хумкалламни эрта бўлар-бўлмас ахборотларга тўлдириб ташлаган эканман, раҳматли бувим: «Ёш боланинг кўп китоб ўқиши бехосият бўлади, бугинани ўқимайдиган қилинглар», дея тинимсиз жавраши ҳам беҳуда кетаркан. Тенгдошларим кунни кўча чангитиб ўтказишса, мен кимсасиз овлоқда китоб титкилашга сарфлардим, онам бечора билим урган савдойи боласини дастурхон бошида ўтирғизиш учун гоҳ ўзим кашф этган кимсасиз гўшалардан, гоҳ ёшини яшаб, ошини ошаган, эндиликда орқасини қаро ерга қўйиб биронта тили бурро ёш-ялангга китоб ўқитиб тинглашни эрмак қилган кексалар ҳузуридан топтириб келар экан, ҳайронман, балки мен умримни тескарисига яшаётгандирман, Раймонд Моудини ўқиганмисиз? Ўзга олам, ўлимдан кейинги ҳаёт рўё бўлмаса умрни тескари яшаш нима деган гап, бемалол ишониш мумкин, ахир, инсон тетапояни тўрт оёқлаб бошлаганидек, одимларини ҳам ўрмалаб ташлайди-ку. Гоҳида илк бор учратган кишингизни, суқланиб тикилган масканингизни, ғайриоддий табиат ҳодисасини илгари ҳам ғира-шира кўргандек бўласизми? Менда шундай ҳолат кўп такрорланади, билмадим, ҳозиргиси ҳаётга нечанчи бор қайта келишим, тенгдошларимга қараганда кексалар билан тез тил топишиб кетишим эҳтимол шундандир, дунё ғаройиботлари сирига ким етганки, биз етсак. Мавзудан бир оз чалғидим шекилли, минг бора узр, бошқа такрорланмайди. Хуллас, китоблар оламида ўтган болалик менда ўжарлик ва ёлғондан ҳазар туйғуларини эрта уйғотди, қатъий фазилатга ўгирди, тилидан бол томиб, аслида дилини моғор босган кимсаларни (афсуски бундайлар кўп, жуда кўп) учратганимда, уларнинг шахсий манфаат қобиғига ўралиб содир этаётган ноинсоний ғаюрликлари гувоҳи бўлганимда бўғилиб кетардим.

Тамаки-одам ўзидан қўланса ҳид таратиб тинимсиз гапирар, мен эса мавзу тезроқ дилимга ором бермаётган «нур йўлакчаси»га бурилишини бесабрлик билан кутардим...

8

– Ҳар бир инсон ҳаёт саҳнасидаги ўзига ажратилган ролни сабр-тоқат билан ижро этаётган актёр, ҳеч кимга ўзи истаганича, ботинидаги «мен» буюрганича яшаш насиб этмаган, этмайди ҳам. Ўзига ажратилган ролни ўринлатолмаган кишини жамият осонгина супуриб ташлайди. Эҳтимол, турмуш тарзимизни мувофиқлаштирувчи, ижтимоий, ҳуқуқий ҳимояловчи қонунлар бор-ку, дея эътироз билдирарсиз, ўзингизни ҳам, мени ҳам алдашга чоғланманг, ҳаммаси кулгили моддиюн, хўп деяверинг.

Турмуш сир-синоати, инсон зоти интилиши сабабларини аниқлаганим сайин теграмдаги борлиқ, воқелик мени қизиқтирмай борар, умримни матонат билан яшаш учун ўзимни мажбурлашдан ўзга чорам қолмаганди. Ўткинчи, ҳамма нарса ўткинчи, ҳақ сўзга интилганинг, қабоҳат қаърига ботганинг, шоҳона либослар, тўкин ва нотўкин дастурхонлар, ҳою ҳавас йўлида бурнинг билан тезак юмалатаётганинг, бир бурда нонга зор ўтган дамларинг – ҳамма-ҳаммаси ўткинчи. Умр – синов майдони, у ҳеч кимга қайта-қайта тақдим этилавермайди, ҳар ким ўзига буюрилганини, ато қилинганини ейди, кияди, яшайди.

Мен инсон турланишини чуқурроқ тадқиқот этганим сайин китоб ва ҳаёт батамом қарама-қарши икки қутблигига тобора яққол кўз етказардим, аммо турмуш тарзимни ўзгартиришга на ўзимда хоҳиш, на имконият топардим. Китобни истаган пайтинг қайта варақлаш, завқланиш мумкин, ҳаётни-чи?.. Мен кун сайин сурбетлашиб борардим, ҳар қандай кишидан қусур излаш, топиш ва орани очди қилиш кундалик эҳтиёжимга ўгирилди, совуқ муносабатим оқибатими ёхуд турмуш сўқмоқларида учратган одамларим ҳам ўз қарашлари, нуқтаи-назаридан келиб чиқибми, мендан тезгина узоқлашарди. Баъзан кимлардир қўлини бигиз қилганича устимдан кулаётганини, анави китоб урган аҳмоқни қаранг, деб ошкора гапираётганини аниқ-тиниқ кўрганман.

Ногаҳон ҳаётимда у пайдо бўлди-ю, зимистон қалбим ёришди, умр дафтаримда янги, ёрқин саҳифа очилди. Очиғи, минг изламанг, аёл зотига мен сингари бефарқ қарайдиган эркакни тополмасангиз керак. Неча асрларки, шоирлар ким ўзарга баҳс бойлагандек лабларидан бол томиб мадҳ этаётган ожизалар менда ортиқча қизиқиш уйғотмас, илк ташлаган одимиёқ Одам-Атони жаннатдан қув¬ғин бўлишдек аянчли қисматга дучор этган аёл зотига шайтоний амаллар дояси сифатида нохуш муносабатда бўлардим.

Эҳтимол, шу оромгоҳ кайфиятимдаги бу нохуш муносабатни мустаҳкамлашга хизмат қилгандир. Ҳали «ҳордиқ» муддатини тугатиб аҳли-жамоага қайтганингизда қарашларингиз мутлоқ ўзгарганини англайсиз, иродангиз мўрт бўлса сиздан ҳокисор, сиздан оёғости одам топилмайди ёхуд аксинча кундалик ташвишлар сизни заррача қизиқтирмайди, икир-чикирлардан устувор яшашга интиласиз, ёлғизлик домига тортаётганини сезсангиз-да, ўз билганингиздан қолмайсиз, ўзгалар танбеҳи чивин чаққанчалик таъсир қилмайди. Мен заррача иккиланишларсиз иккинчи йўлни танлагандим, ўз дил дун¬ё¬йимга бировни йўлатмаслик учун қатъий аҳд этган чоғимда у сўроқсиз, истагимни инобатга олмай қалбимга бостириб кирди. Дастлаб ноёб топилмадан карахтланиб қолдим, наҳот у менинг бахтим бўлса, яна ким билсин, фано-манзилда дуч келганим навбатдаги кулфатимдир. Агар ўзи қулай фурсат топиб, дабдурустдан саволга тутмаганида унга бефарқ қарашим давом этавериши шубҳасиз эди.

– Нега ўзингизни одамлардан четга тортасиз?

Афтидан бундай «тасодифий» учрашувларда мен ва эски танишим гапдонликка тушиб кетишимиз туфайли унинг суҳбатга аралашишини фараз этолмас, учинчи даврадошимизга хонадаги буюмлардан биридек қарардим.

– Сизга шундай туюлгандир, – сир бой бермай мужмал жавоб қайтардим.

– Яширманг, давраларга қўшила олмаётганингиз, ҳадеб баҳона излашингиз, ўн саволга зўр-базўр бир жавоб қайтаришингиз, онда-сонда сархуш дамларда сергап бўлишингизни кўриб юрибман, нега бунчалик одамовисиз?

Ҳимоянинг осон услуби қарши ҳужум, мен ушбу ҳаётий ақидага амал қилдим:

– Мана сиз майда-чуйда, зўраки гап – гурунгдан бошланиб кимларнингдир устига мағзава ағдариш билан якунланадиган давралардан нима олаяпсиз?

Унинг туташиб кетган қуюқ, камон қошлари чимирилди, чарос кўзлари маъюс тортди, ўз-ўзи билан гаплашаётгандек ғудранди:

– Мени шу давраларга ишқибозликдан кираяпти деб ўйлайсизми, одамлардан ўзингни четга олсанг, сени нималарга чиқаришмайди, қолаверса, имиллаган вақтни ҳам нимагадир сарфлаш керак-ку...

Шу тобда у гуноҳ устида ушланган болакайга менгзанди, беихтиёр қўполлигим учун надомат чекиб вазиятни юмшатиш ниятида маслаҳат берган бўлдим:

– Вақтни ўтказиш ҳам муаммо бўлибдими, саёҳатга чиқинг, кинога тушинг, китоб ўқинг.

– Тағин аёл зотига шаҳват кўзи билан қарайдиган, бир лаҳзалик лаззат учун ҳамма нарсадан воз кечишга тайёр, ҳис-ҳаяжон, мусаффо туйғуларга бегона кимсалар биланми? Кино, китоб ҳақида эса гапирмай қўя қолинг, бир-иккисини ҳисобга олмаганда аксарияти ясама, жўн нарсалар, Тольстой ёки Қодирийни ўқигандан сўнг ўрнини босадиганини тополмайсан.

Янги танишим мулоҳазаларини тинглар эканман, бирдан ирғишлагим, шарт бағримга босиб топдим деб ҳайқиргим келди...

9

– Уни топдим-у, тумтарақай тушлар мендан бегоналашди, тор дунём кенга¬йиб кетгандек бўлди, янги танишим билан олис-олисларга, қўл етмас, гап етмас манзилларга кетишни орзуладим.

У қисқа фурсатда ҳаётим фараҳи, чархи дундаги ягона овунчим ҳам севинчимга айланиб улгурганди. Бир гал илкис ҳаракат этиб эгилганида ёқаси чокидан беғуборликда оппоқ сийнабандини ҳам мот қилишга қодир сутга чайилгандек гард юқмаган сийнасини кўриб қолдим. Бизнинг кунларда очиқ сийналарни кўз қамашгунча томоша этиш имкони бор, кўчада, ишхонада чорпаҳил сийнабанд ҳимоясига ишонилган лорсилдоқ кўкракларни истаганча кўриш мумкин. Кечагина зуғум остида қисилиб-қимтиниб паранжисини улоқтирган муслималар бугун ярим-ялонғоч кийинишда насроний дугоналарини ҳам бир чўқишда қочирадиган бўлиб қолишди. Аммо бу сийна дахлсиз ва мусаффо эди. Бир лаҳза кўз ўнгимда товланган рўё қонимни кўпиртирди, лак-лак лашкар тортиб дилимга хуруж бошлаган ҳирсни жиловлаш илинжида титроқ кирган қўлларимни чўзиб, нозик бармоқларини ушладим, уларни омбурдек кафтим орасига олиб озор етказадиган даражада эзғиладим. Ҳатто, бир оз қўпол чиққан шу ҳаракатим ҳам қалбимнинг туб-тубида авайланаётган, сир тутилаётган туйғуларимни изҳор этишга шошиларди. Кейинчалик энг суйган, ардоқлаган, тез-тез қўмсаб амал қиладиган эрмагим бармоқларини бирма-бир эзғилаш бўлди. Мен шу йўл билан унга бўлган чексиз муҳаббатимни изҳор этардим. Биласизми, инсон зоти аслида ёлғончи дунёга бир кам эндирилар, эркак ва аёл бири иккинчиси камини тўлдирар экан, эҳтимол бу қусур аллоҳ Одам-Ато қовурғасидан Ҳаво Энани яратганидан қолгандир, киши ўзига бағишланган чақиндек умри мобайнида ўз ярмини излаб изғир, бироқ уни топиш имкони эркагу аёлга ягона маротаба инъом этар, шу имкондан қай даражада фойдаланиш эса бандасининг иши экан. Мен умрим давомида зир югуриб излаган ўз ярмимни учратгандим, бироқ бунгача бир бутун бўлиш имкони бой берилганди, энди унга эришиш учун хиёнат қилишим лозим эди. Мен ҳаётим кузагида маъшум хатога йўл қўйгандим, ўзим истамаган ҳолда уни (эҳтимол у мени) дилим дунёсига бошлаб киргандим. Биз қачонлардир бир бутун бўлган, кейинчалик илоҳий қудрат кучи билан тенг тақсимланиб икки жасаддан жой олган, эндиликда тун-кун зўр бериб бирлашиш йўлини излаётган ягона муқаддас руҳга ўхшардик. Аммо вақт аталмиш бош ҳакам измимизга бўйсунмас, у бизни чорак аср муқаддам бир-биримиздан олисга ирғитган, шу фурсатда бирлашиш имкони бой берилган эди. Орадаги тўсиқ кундан-кунга болалаб майда-майда тўсиқчалар ҳосил этар, ожизлик менинг руҳимни қанчалик азобласа, уникини ҳам парчалаётганини ҳис этиб турардим.

Кимгадир чин дилдан боғланиб қолган одам беғараз болага ўхшайди, мен севибгина қолмасдан севикли бўлишга ҳам улгургандим, гоҳида соатлаб ундан нигоҳимни узолмас, вужудим тинмай унга талпинар, суҳбатларимиз ҳам кун сайин туйғуларимизга бўйсуниб борарди:

– Наҳот бирон чораси бўлмаса? – сўрайди у титраб-қақшаб.

– Чораси ягона, бу ердан кетиш, – дейман мен. – Инсон зоти оёғи тегмаган манзилларга кетиш.

– Йўқ, кимнингдир бахтсизлиги эвазига эришиладиган бахтдан фироқ алангаси яхшироқ.

– Бўлмаса сен кет, нега эртаю-кеч кўз ўнгимда ўралашаверасан, балки сени йўқотсам тақдирга тан бериб, кўникиб қоларман.

Мен унга, у менга заҳар сочиб овунамиз, у истамайгина тарк этади хонамни, биламан эшикни тарс ёпишга кўнгли қўймайди, чорлашимни кутади.

– Эртага келасанми?

– Келайми? – бурилиб сўрайди у, юзида нур жилваланиб.

– Кел. Мен сени умримнинг поёнигача кутаман, кутавераман, – дейман шоша-пиша.

Беихтиёр ўзимга ҳам, унга ҳам ачинаман, мен уни қалбимдан ситиб чиқаролмаганим каби, у менинг дилимни оғритолмайди, биз бир-биримизга қай даражада шафқатсиз бўлсак, ундан-да юксакроқ меҳрибон – икки ўт орасидаги одамлар эдик. Азоб! Ёлғончи ягона кимсага, қўл етмас манзилдаги инсонга талпиниб яшаш, у билан боғланган орзуларинг саробдан ўзга нарса эмаслигини ҳар сонияда англаб туриш азоб. Лекин барибир оламда шундай мужда борлиги дилимизга фараҳ бағишларди. Мен қувваи ҳофизамда такрор-такрор ўлчаб, унинг қай кундир надомат билан айтган қуйидаги сўзлари маъносини ечолдим:

– Инсон қалби улкан ғор экан.

Билсам, у, сени қалбим тубига яширдим, ундан ҳеч ким, ҳар қандай куч ҳайдаб чиқаролмайди, демоқчи экан, биз бир-бировимиз учун яратилган бўлсак-да, тақдир сўқмоқларидаги муҳаббат бекатига кечикиб келгандик. Сўнгги учрашув куни у негадир тунги базмга бошдан-оёқ қоп-қора либос кийиб чиққанди. Ёшгина хонанда ажнабий мусиқа садоларига мослаб қўшиқ айтар, бебош ёш-яланглар давранинг тўс-тўполонини чиқариб, телба-тескари рақс тушарди. Ҳамма маза-матрасиз давранинг фаол иштирокчиси бўлишга интилаётган бир вақтда мен шишадаги оғудек аччиқ шаробдан очкўзлик билан симирганча зимдан уни кузатардим. Ғала-ғовур даврада мендан ўзга бирон кимса дастлаб юз ифодалари ўзгариб, ҳис-ҳаяжонсиз кимсага дўниб борганини, сўнгра эса жуссаси ҳам тун зулматида юлдузсиз самога ҳаволаб кетганини сезмай қолди. Уни йўқотдиму руҳимни ғаройиб карахтлик эгаллади, охир-оқибат уйқуга зўр бердим, кейин эса кипригим илиниши билан жисмимга ажиб илиқлик бағишлаб «нур йўлакчаси» аралашаётганини илғадим.

10

Ҳикоянинг залвори, ўзига маҳлиё этиш кучи ортиб борарди, шеригим гўёки менинг мавжудлигимни, ўзи гапираётганини унутиб қўйгандек эди, гўзал бир санъат асари яратаётган ижодкорга саҳнада ўз роли ижросига буткул берилиб атрофдагиларни кўрмай қолган, уларнинг ҳис-ҳаяжони билан ҳисоблашгиси келмаётган актёрга менгзарди, галдаги саҳна ёрқин ёки сўлғин бўлишини унинг қиёфасига қараб баҳолаш мумкин эди. «Нур йўлакчаси» ҳақида гапира бошлаши билан у астойдил тинглаётганимни бир бор синовдан ўтказмоқчи бўлдими ёки ўтмишни хотирлаш оғирлик қилаётганмиди, ҳар ҳолда чуқур хўрсиниб, одатдагидан узоқроқ тин олди, биз ўтирган овлоқ шунчалик осойишта эдики, мен юраги бетоқат дупурини аниқ-тиниқ эшитиб турардим. Ҳар иккаламиз қуруқ жуссага эврилиб, руҳимиз аллақачон ўзга манзилларда қанот қоқаётганди. Мен имкон қадар чалғимасликка, сўзларини эшитмай қолиш, тугал бирорта ҳаракат, қиёфа ўзгаришини кўздан қочирмасликка тиришардим.

11

– Севиш – ожизлик, айтиш мумкинки, у инсонга ягона марта иноят этиладиган туҳфадир. Лекин ҳамма бирдек бу бахтдан баҳраманд бўлавермайди, ўзга жинс вакилини фақат тўшакда тасаввур этишга одатланганлар сони нечта ва муҳаббат шаробини тотганлар бутун борлиққа қўл силтайди, ўзгалар отаётган маломат тошлари ҳам кўзларига кўринмайди. Муҳаббат инсондаги қатъиятлиликни ўлдиради, буни гоҳ ўзимга бўйсуниб, гоҳ панд берадиган идроким эвазига англадим. Агар шу «нур йўлакчаси» тунлари ожизликдан зир қақшаган миямни, ҳорғин тортган жисмимни маълум даражада эмламаганида ҳаёт мен учун мислсиз азобга айланиши шубҳасиз эди. Мен қандайдир нотабиий ўзгаришни, эврилишни кутиб яшардим. «Нур йўлакчаси»ни шакл-шамойилини кўришга кўз, тасвирлашга қалам ожизлик қиладиган кўринмас мавжудот бошлаб келар, иккинчи учинчи жуссамга туташтириши билан зим ғойиб бўларди. Бу нотабиий жуфтликнинг ҳар ташрифидан сўнг уйқудан кўз очганимда жисмимни зил-замбил юк босаётганини ҳис этар, анчагача тўшакка михланиб ташлангандек ўрнимдан қўзғала олмасдим, деразамни оҳиста чертаётган новдаларни ҳам шамол эмас, мени таъқиб этаётган нимадир тебратаётганга ўхшарди, вужудим бўм-бўш майитдек иссиқдан бўғриқар, нафасим қайтар, жисмим лоҳаслашарди. Аммо тонг отиши билан ҳаммасини унутиб бетоқатланардим, тезроқ кўршапалаклар ғужғон ўйнайдиган тун киришини истаб, илгари у билан учрашувга қанчалик интиқланиб ошиқсам, энди «нур йўлакчаси» ташрифини ҳам шунчалик орзиқиб кутадиган одат чиқардим. Мен чинакамига тун фуқаросига айлангандим, қоронғида аранг кўзга ташланадиган шарпалар ҳам нечундир гўзал ва фусункор туюларди.

– Яхшилаб разм сол, кимни ва нимани кўряпсан?

Навбатдаги боғланиш чоғида янграган момақалдироқдек товушдан сесканиб тушдим.

– Кўрдингми, – энди бир оз майинроқ овозда гапирди суҳбатдошим, – мен «нур йўлакчаси» бошловчисиман, юрагингга қўл қўй, ҳар ҳолда сенга ёмонлик истамайман, хаёлингни жамлаб йўлакча тугаш жойига қара.

Ҳаяжонимни жиловлаб, итоаткор қул мисол буйруқни бажардим, бажардим-у, во-оҳ деб бақирдим.

Йўлакча кўз илғамас олисликни ёритар, ям-яшил ўтлоқ, сўлим табиат қўйнида тим-қора сочларини ёйиб, маъсум кўзларини менга тикканча у ширин жилмайиб турар, кўз имоси билан мени ўз ёнига чорларди.

– Ҳа, адашмадинг, фано синовларига дош беролганингиз учун сизларни бир бутун қилиш ниятида уни иккинчи иқлимга олиб чиққандик, энди навбат сеники, унинг ҳузурига боришга тайёрмисан?

– Қани эди, аммо шунча юксакликка қандай кўтариламан?

– Бу қийин эмас, йўлакча истагингга етказади.

– Мен тайёрман.

– Бунинг ўзи кифоя бўлмайди, ҳали олдинда асосий синовлар турибди, энг муҳими ҳар қандай вазиятда ҳаяжонланмаслигинг, қўрқмаслигинг шарт.

– Нега?

– Ўз туйғуларингни жиловлай олмасанг тубсиз чоҳга йиқилиб тушасан.

– Англадим.

– Бўлмаса йўлга чиқдик.

Жисмим қушдек енгил тортганини, аста-секин ҳавога кўтарилганимни ҳис қилдим.

– Айтинг, мен кимман ўзи, кимман?

Гоҳо асов сойдек пишқириб, баъзан тошбақадек судралиб ўтаётган умрингиз мобайнида қулоғингизга чалинган саволлар силсиласида бундан кўра мавҳум ва бетайини эҳтимол учрамас, бу савол оғриғини сўроққа тутгувчидан ўзга ким ҳам билсин. Бинойидек гурунг бериб ўтирган суҳбатдошим хотима тариқасида жазавага тушиб бақириши ҳар қандай одамни ҳайратлантириши, юракка ғулу солиши, «ақли жойида эмас» деган қатъий қарорга келиш учун асос бўлиши мумкин эди. Фақат менгагина бундай ҳадик-хавотирлар аллақачон бегоналашган, мен унинг кайфияти, қиёфасидаги зиғирдек ўзгаришни ҳам илғашга қодир эдим, боиси, сўнгги бир неча кундирки, суҳбатдошим дил дафтарини ғаройиб китоб янглиғ зориқиш, зерикиш нелигини билмай варақлаётгандим. Эгилиш, букилиш, вазиятга мувофиқлашиш йўлини қидирмай, кўксидаги ёлғизлик аталмиш худо қулига айланиб яшаётган бу кимса эмранишларини тинглар эканман, ўзим ожиз, нотавон банда эканлигимга тобора иймон келтирдим.

– Билмадим, – ғулдураганча жавоб қайтардим.

Уккиникидек чуқур ботиб чақчайган кўзлар жуссамга санчилиб, қалбимни парчин этди, мисоли бир қоп этга дўндим, жисмимни совуқ тер қоплаб жунжикдим, теграмда қимирлаган жонзот йўқлигини, гадой топмас овлоқда ўтирганимизни билсам-да, бахтли тасодифдан умидланиб, кимдандир нажот кутгандек чор тарафга олазарак назар ташладим.

– Афсус, мен кимга сир инондим, сизларда ҳис-ҳаяжон нима қилсин, – деди у афсусланганнамо, ҳатто вақтини беҳудага сарфлагани учун ўзидан нафратланаётганини англатадиган оҳангда. – Наҳот шунчалик калтафаҳмман, ахир, бор-йўқ ташвишингиз қорин бўлиб қолганини билардим-ку, ҳайф-эй инсон деган ном.

Важоҳатидан башарамга мушт туширадиганга менгзарди, тилим танглайимга ёпишди, бир юмалаб ростакамига у чўтлаётган беҳис, беҳаяжон кимсага айланишни жон-дилим билан орзуладим, ҳаммасига ўзим, кўпинча ўзимга ҳам бўйсунмас синчилигим сабаб, унинг ўзгаларникига ўхшамас хатти-ҳаракатини мендан бошқа илғаган банда йўқмиди, ювилмаган қошиқдек ҳар нарсага тумшуқ тиққунча бефарққина юравермайманми, қуюшқондан чиққан қизиқувчанлигим туфайли илгари бирор маротаба яхшилик қозонганмидим.

Суҳбатдошим қаҳ-қаҳ отиб кулиши (балки нафратини шундай ифодалагандир), сўнгра ҳўнграб йиғлаши дилимда ўрмалаган ҳадигу хавотирлар қатини тўзғитиб, ботинимда раҳм-шафқат туйғуларини қўзғади, мискингина гавдаси кўз ўнгимда янада кичрайиб, елкалари силкиниб-силикиниб тушар, хастаҳол овозида бир олам ғусса жамланган эди.

– У сарсон изларди ўзини-ўзи... Фаранг шоири Артюр Рембода шундай мисра бор – ўқиган бўлсангиз керак. Билсангиз мен ўшаман, ҳа, на ўликлар, на тириклар сафида ўрнашолган, ўзини-ўзи зир қақшаб излаётган муаллақ одам мен бўламан...

12

– Кўзимни аянчли тун зулумоти чулғади, ингичка ипдек чўзилган «нур йўлакчаси»дан ўзга ҳеч нарсани кўрмасдим, гоҳида танамга қуртдек шилимшиқ, илондек совуқ алланималар тегиб кетар, қўрқувдан вужудимга қалтироқ аралашарди, ўргимчак тўридек ипирисқи нарса оёғимга ўралиб пастга тортганида даҳшатга тушиб додлаб юборишимга бир бахя қолди, зўр бериб калима ўгиришга киришдим. Аллоҳ каломининг мўъжизакор таъсириданми, билмадим, кўп ўтмай тонг ғира-ширасидек атрофим ёриша бошлади, кўз ўнгимда афтодаҳол қишлоқ, кўримсизгина, лойсувоғи кўчган сўққабош бино, чор атрофга аланглаганча ойнаси синган деразасидан ўғирликка кираётган бола, қўйнига тиқиб чиққан қалингина ойнома, сабоқхона раҳбари хонасидаги муҳокама, кўзини лўқ қилиб айбини дунё бехабар тенгдошига ағдараётган ўғри ўқувчи, калтафаҳм ўқитувчининг ҳавони сермаб ўтган дўмбоққина шапалоғи, кутилмаган зарбадан учиб тушган иккинчи толиб, унинг нигоҳида қотган изтироб намоён бўлди, дилида инсон турланишига нисбатан нафрат алангаси ёнган иккинчи ўқувчи менинг болалигим эди.

– Бу сенинг шуурингда одамият аҳли ҳақида дастлабки нохуш таассуротнинг туғилиши, уни мустаҳкамлаган манзараларни кузат, – деди мени бетамом тизгинлаб олган овоз.

Синчиклаб қарадиму инсон онги ихтиро этган жамики нохуш ҳолатларнинг шоҳиди бўлдим, энг мудҳиши ғийбат етказиб, миш-миш тарқатиб рўшнолик кўраётганлар, порага қўл чўзаётганлар, бировнинг хасмига кўз олайтираётганлар, баданини матоҳдек арзон сотаётганлар, ким ўзарига лаганбардорлик мусобақасини авж олдираётганлар... менга таниш башаралар эди. Турланиш манзаралари тугаганда «нур йўлакчаси» мени иккинчи иқлимга чиқариб қўйганди.

– Баракалла, илк синовга дош буринг, – луқма ташлади ўша гулдурос товушнинг кўринмас соҳиби мени рағбатлантириб. – Аммо сен манзилга келгунинг¬ча йиллар давомида излаганинг, турфа чиғириқлардан ўтиб топганинг, висолига талпинганинг яна шунча юксакликка кўтарилди, унинг ҳузурига иккинчи иқлим томошахоналарини оралаб боришинг лозим, унутма, синов давом этаяпти.

13

– Кўзимни ўткир ёруғликка ўргатиш учун қўлимни соябон қилиб, секингина очдим, қулоғимга кучли шовқин-сурон чалинди:

– Гумбур-гумбур

– У-в-в, -у-в-в...

Дод-фарёдлар тинмас, гўё бутун-борлиқ уввос тортиб йиғлаётгандек...

– Ё, аллоҳим, ёзуғимиз не эди, нега бизга бундай кулфатни раво кўрдинг?

Барала овозда Қуръон сураларини тиловат этаётганлар барча нарсанинг яратгувчиси ва охират кунининг эгасидан мадад сўрашарди.

– Ҳақ дўст, ё аллоҳ, ҳақ дўст, ё аллоҳ...

Дарвеш-қаландарлар қўлларини силкитиб, жазаваси тутиб зикр тушишарди.

Ҳайратдан лол қолдим, кейинги йилларда казо-казолар қайтиши баҳона икки-уч кунлаб «ойнаи жаҳон», овознигорда руҳни синдирувчи мотам мусиқаси янграганда ҳам фуқаролар қиёфасида бу даражадаги чорасизлик, ғам-алам зуҳур бўлганини кўрмагандим, мен ўзимни олис мовий дунё ҳаётидан кино олинаётган майдончага тушиб қолгандай ҳис қилдим.

– Эй биродар, бир дақиқа тўхтасангиз-чи, нима гап ўзи? – атрофимда зир югуриб юрганлардан бирига мурожаат этдим.

У на овозимни эшитди, на ўзимни пайқади, шундагина иккинчи иқлимда четдан кузатувчи эканлигимни, на овозим, на сувратим бу ердагиларга таъсир қилишини англадим.

– Кўрмаяпсанми, қуёш тутилган-ку, – изоҳ берди кўринмас йўлбошловчим.

Илгари ахборотлардан қисилган қишлоғимизда ой тутилса, биз болаларни шундай шовқин-сурон кўтаришга ундашганини эсладим. Улар таъбирича, ой ва қуёшнинг тутилиши ёвуз кучлар дахл солиши оқибати бўлиб, кучли шовқин ёвуз кучларни қўрқитиш баробарида олову оташни тутқунликдан бўшатар экан. Бизнинг болалик ортда қолди, вақт ўтиши билан инсониятни завқланиш, ҳайратланиш, ишонч туйғулари тарк этиб бормоқда.

14

– Хиёбондан чиқишим билан қўл чўзсам етадиган манзилда уни кўрдим, ортда қолган машаққат ўз кучини йўқотади, унинг васлига етиш кутганимдан осонроқ кўчганга менгзади, бир муддат ўзимни, жунбишга келган ҳиссиётларимни тиёлмадим, юрагим дупури кучайиб, бўғзимни ғалати ҳайқириқ ёриб чиқди:

– А-а-а!...

Ўша заҳотиёқ кўкрагимдан биров бор кучи билан итарганини, теграм тағин қоронғи зулматга чулғанганини, мислсиз баланд қоядан пастга, тубсиз чоҳга учиб бораётганимни зўр-базўр илғадим. Мен қулаб тушган чоҳ шу оромгоҳ эди. Бу ғалати саёҳатдан аниқлаганим дунёда ҳамма нарса ўткинчилиги-ю, фақат муҳаббатнинг боқийлиги бўлди...

Тамаки-одам ҳикояси тугагандан сўнг, ҳозиргина чекиб ташлаган бўлса-да, бўшаган қутини сермалади, қўлига ҳеч нарса илашмагач, бор кучини қоқ суяк бармоқларига жамлаб, қутини эзғилаб отди ва чуқур ботган кўзларини бир муддат олис нуқтага қадаб турди, шу тобда у жонли одамдан кўра кўпроқ қоядан йўнилган ҳайкалга ўхшарди.

– Айтинг, мен кимман ўзи, кимман? – жазавага тушиб бақирди у.

Талмовсираб қолганимни кўриб, ўз саволига ўзи жавоб қайтарди:

– Мен одамман, фақат на ўликлар, на тириклар сафидан жой олган муаллақ одам! Мени бу оламда ўша малак хотираси ва ҳамма нарса бой берилган тақдирда ҳам олдинда келажак бор деган илинж ушлаб турибди!..
-15-

Орадан ўн беш йилча вақт ўтди, мен ҳамон ўша учрашувни, воқеликдан кўра хаёлотга монанд ҳикояни сира унутолмайман, қулоғим остида эса сўнгги жазавали сўзлар такрор ва такрор жаранглайди, яна дийдорлашиш насиб этса ҳеч иккиланмай:

– Сен одам экансан, ўзлигини таниган бахтли одам, қанийди мен ҳам сенга ўхшасам! – деган бўлардим.

Қарши, 2009