OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМуҳаббат Шарафиддинова
Асар номиМаркиза (ессе)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Муҳаббат Шарафиддинова
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Эсселар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм29KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/12
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Маркиза (ессе)
Муҳаббат Шарафиддинова

«
Дадам Озод Шарафиддинов ва
укам Фарҳод Шарафиддинов
хотираларига бағишлайман
»

Борлиқ, теварак-атроф ажойиботларга, ибратли воқеаларга бой. Фақат уни англаш, идрок қила билиш лозим. Шунинг учун мўжизани ўзингдан қидир, дейишса керак. Айниқса ҳаёт ташвишларидан озгина чалғисам мен учун азиз инсонлар — дадам Озод Шарафиддинов ва укам — Фарҳод Шарафиддиновларнинг ҳаёти, турмуш тарзи ҳамда яхши кўрган нарсалари билан боғлиқ хотиралар икир-чикирларигача бирма-бир кўз олдимдан ўтаверади.

Мен ўз соҳибига вафодор бўлган жониворлар ҳақида кўп эшитганман, ҳаётий воқеалар, ривоятларни кўп ўқиганман. Лекин ажойиботлар ҳақида эшитиш бошқа, уни кўриш ва кузатиш бошқа.

Уни Маркиза деб аташди. Ўзи ҳам Рейзеншнаузер зотидаги итлардан эди. Уни уйга олиб келишганда, эндигина олти ойлик бўлганди. Ҳаммаёғи қоп-қора, кичкина кўзлари қуюқ узун жун билан қопланган. Маркиза кундан кунга улғайиб борарди. Катта ва баҳайбат итни кўрган одамда қўрқув пайдо бўларди. Лекин шунга қарамай, у илтифот ва эркалашларини жуда яхши кўрарди. Шуниси қизиқки, у ўзининг вазифаларини доим ҳам бажаравермас, яъни уйни қўриқламас, бўлар-бўлмасга вовуллайвермасди ҳам. Хуллас, оддий итларга ўхшамасди. Вақт ўтиши билан Маркиза оиламиз аъзосидай бўлиб қолди. Ҳамма уни жуда яхши кўрар, айниқса укам Фарҳоднинг унга меҳри ўзгача эди.

Фарҳод оиласи билан дадамларнинг ҳовлисидан унча узоқ бўлмаган, атиги беш дақиқалик масофада — кўп қаватли уйда истиқомат қиларди. У дадамлардан ҳар куни хабар олар, шу сабаб бўлса керак, Маркиза билан яхши таниш эди. У ит билан сайр қилишни хуш кўрар, баъзан уйига олиб кетар, ёш бола билан ўйнагандек маза қиларди. Дарвоқе, уйида Маркизанинг фото сурати ҳам бор эди. Бир гал Фарҳод уни уйга олиб кетганида суратга туширган экан. Маркизани Фарҳоднинг оиласидагилар ҳам яхши кўрардилар. Маркиза Фарҳоднинг оиласи меҳр ва илтифотидан баҳра олишни хуш кўрар ва ўз ўрнида у ҳам меҳрини аямас эди. Фарҳод оиласи билан ҳовли эшигини очишданоқ, Маркиза хурсандлигидан уларнинг атрофида сакрар, тўхтамай думини ликиллатар, қувончини яширолмай дам-бадам айланар, югурар, бутун бўй-басти билан орқа оёқларида туриб, сал бўлмаса уларни йиқитиб юборгудай даражада севиниб кетарди. Бундай учрашувлар ҳар куни, то Фарҳод айвонга ёки уйга кириб кетгунча давом этарди. Уларнинг ўртасида мана шундай юксак меҳр-оқибат бор эди.

2000-йил дадамнинг қандли диабет касали яна хуруж қилган пайт. Ўшанда аҳвол жуда танг, чақирилган «тез ёрдам» машинаси дадамни тўппа-тўғри реаниматсия бўлимига олиб кетди. Тасодифан дарвоза ёнида ётган Маркизага кўзим тушди: боши қуйи тушган, кўзлари мунгли эди. Одатда у думини чиройли ликиллатиб, ҳовли бўйлаб ҳаётдан миннатдордек юрарди. Лекин ўша дақиқаларда у ҳам танг аҳволга тушиб қолди ва бу ҳолатдан анчагача чиқа олмади. Дадамнинг аҳволи ҳақиқатдан ҳам оғир эди. Биз у кишига умр тилаб, Оллоҳдан илтижо қилардик. Улар шу аҳволда ўзларини билмай ўн кун ётдилар. Дадам ҳеч нарса тановул қилмас, ранглари сўлғин, кўзлари нурсиз эди. Қизиқ, шу кунларда Маркиза ҳам дадамга ҳамдардлик билдиргандек ғамгин ҳолатга тушиб қолган эди.

Худога шукрлар бўлсинки, шифокорларнинг муолажалари туфайли, дадам аста-секин дармонга кириб, уйга қайтдилар. У кишининг касалхонадан қайтишлари муносабати билан уйга ёру-биродарлари, шогирдлари, қариндош-уруғларнинг меҳмон бўлиб келиши кутилмоқда эди. Маркизани келаётган меҳмонларга ташланмаслиги учун катта ҳовлининг этагидаги уйчаси олдига боғлаб қўйишди. Дадам ҳовлига кириб келганларида, Маркиза бизни яна бир бор ҳайрон қолдирди. У эгасининг такрорланмас, ўзига хос овозини узоқдан эшитди. Кейин ҳовлига кириб келаётган дадамга кўзи тушди. Энди уни тўхтатиб бўлмас, у шу тобда панжарадан ҳатлаб ўтиш ниятида ўзини ҳар томонга отарди. Назаримда важоҳатидан, дадамнинг ёнига яқинлашиш йўлида тўсиқлик қилган кимсани ғажиб ташлашдан ҳам тоймасди. Мен ўшанда бу тилсиз мавжудотнинг чинакам вафодорлигига қойил қолдим. Вақт келса, одамдан одамга заррача илиқлик, яхшилик етмаслигига гувоҳ бўлганмиз..

Ўша кунларда дадамнинг кайфиятлари баланд, ҳаётдан завқланиб, қайта туғилгандай бўлдилар. Авваллари ҳам улар табиатга ўзгача ҳаяжон билан қарар эдилар. Табиат тирик, деган сезги уларни ҳеч қачон тарк этган эмас. Дадам оғир дармонсизликдан сўнг ҳамма нарсага ўзгача меҳр билан қарай бошладилар. Улар ҳовлидаги ҳар бир бутачани кўздан кечирар, ҳар бир дарахт билан гаплашар, ҳар бир гулни силардилар. Айтиш керакки, ҳовлидаги, дала-боғдаги барча дов-дарахтларни қалб қўрлари билан парваришлаш уларга хос ибратли хусусият эди. Уларнинг барчаси отамга суҳбатдош, илиқ ва ёқимли «сўзлар» топиб соғлиғидан хабар олувчи дўстлари эди. Оллоҳ у кишининг ҳаётини қайтариб берганидан сўнг, уларни қуршаб турган бу табиат гўзаллигини касалхонада бошларидан кечган азоб-уқубатлар учун берилган туҳфа, деб билдилар дадам. Табиийки, улар Оллоҳдан мана шу гўзалликни яна бир бор кўришга имконият берилганидан беҳад миннатдор эдилар. Дадам билан бўлган суҳбатлардан бирида журналистларнинг: «Бахт нима?» – деган саволларига жавоб шундай бўлди: «Бахт, бу — теварак-атрофингни ўраб турган гўзал оламни кўра олиш, ўз оёғинг билан юриш, хоҳлаган нарсангни тановул қилиш». Дадамнинг касалхонадан қайтишлари ҳовлимизга ҳам қандайдир бир янги, жонли овозларни, турли қушларнинг сайрашлари, дарахт ва гулларнинг жонли шитирлашларини олиб келгандек бўлди. 2000-йилнинг баҳорида уйга ҳаёт, бахт қайтгандай бўлди.

Мана шу воқеадан сўнг Маркиза ўзига бир одат чиқариб олди. Дадамнинг аҳволи яхшилигига ишонч ҳосил қилиш учун уларнинг ётоғига кириб чиқадиган бўлди. Бунинг учун ойим гоҳида уни мулойим уришарди. Чунки у отамни ювинтиришга, нонушта қилишга халақит берарди. Ойим қанчалик бу жониворга меҳр билан муносабатда бўлмасинлар, бари-бир уни хонадан чиқариб юборишга мажбур бўлардилар. Нима бўлгандаям ойим дадамга қараётганларида итнинг туриши албатта ноўрин эди. Меҳрибонлик ўз йўлига, лекин касал оёқни парваришлаш жуда муҳим эди. Бундай пайтларда дадам доим Маркизанинг ёнини олардилар. «Бу бекорга кираётгани йўқ, мендан хавотирда, мени йўқлаб, хотиржамлигимни кўриб кетмоқчи», — дердилар. Аслида ҳам, у дадам билан ойимни қўриқлар эди. Дадамнинг аҳволларини сезгандай бўларди. Соғлиқлари кунданкунга ёмонлашган пайтда эса Маркиза уларнинг эшиги тагидан кетмасди.

Отам, саломатлигининг қандайлиги ҳақидаги саволларни ёқтирмас, бу суҳбат учун мавзу эмас, деб билардилар. «Саксонга яқинлашиб қолган одамнинг соғлиғи қандай бўлиши мумкин?» — деб, саволга савол билан мурожаат қилардилар. Табиийки, бунинг жавобини билиш учун уларни диққат билан кузатиш керак бўларди. Бунда ҳам Маркизанинг муносабати бехато бўлиб, менга жуда қўл келарди.

Баҳайбат ит бўлганлигига қарамасдан, чақмоқ ва момақалдироқдан қўрқиб, уйга кириб оларди. Бир куни тунда кучли момақалдироқ бўлиб, Маркиза отам ётоғининг эшигига югуриб келган. Табиийки, кечаси бўлганлиги боис эшик қулфланган. У оёқлари билан аввал эшикни, жавоб бўлмагач, ойнани тақиллата бошлаган. Кун давомида отам билан овора бўлган ойим қаттиқ уйқуга кетиб, бу тақиллашларни эшитмаганлар. Отам ойнага яқин ётганликлари учун шовқинни эшитиб, аравачаларига ўтириб, Маркизани хонага киритганлар. Эрта тонгда уйғонган ойим отамнинг каравоти ёнидаги қандайдир қора нарсага кўзи тушиб, бу нима экан? — деб ҳайрон бўлганлар. Не кўз билан кўрсаларки, бу Маркиза экан. Шундан сўнг отам итни киритганликларини ва у шу ерда тунаганини тушунтирганлар.

Ойим ҳамиша Маркизанинг овқатланишини назорат қилардилар. Ўз вақтида овқат берилишига жон куйдирардилар. Ахир у «мен очман», деб айта олмайди, у ҳақида қайғуришимиз керак, савоб бўлади», — дердилар. Ойимнинг бундай хатти-ҳаракатларидан уйдагилар: «озгина оч қолса ҳеч нарса қилмайди, балки шуниси яхшидир, сал жаҳлдор, уйни қўриқлайдиган ва умуман, ўзининг итлик вазифаларини бажарадиган бўларди», — деб қўйишарди. Лекин масаланинг моҳияти шунда эдики, ойим ҳам, дадам ҳам Маркизага итга эмас, одамга қарагандай муносабатда бўлишарди. Фарҳод эса уни ҳатто «қора қизим» деб эркалар ва ўта ақлли ит эканлигини қайта-қайта таъкидларди: «Итлар ҳар бир касалнинг давосини билади, агар Маркизанинг ҳам тили бўлганда, қайси касалга қайси ўсимликнинг фойдаси тегишини айтиб берарди», - деб қўярди.

Маркизанинг зийрак эканлигига яна бир мисол. Бир куни ҳовлига дадамни кўргани таниқли шоир Эркин Воҳидов, олимлар Умарали Норматов, Абдуғафур Расуловлар кириб келишди. Дадамнинг соғлиқлари айтарли даражада эмас, демак, Маркиза доимгидек, уларнинг эшиги тагида, шогирдлар домланинг олдига киришлари керак. Минг кўз ўрганган бўлса ҳам, эшик тагида баҳайбат ит. Шунда Эркин ака: «Маркиза, биз домламизнинг олдиларига кириб, хабар олайлик », — деганларида, Маркиза дик этиб туриб, думини ликиллатганича ҳовли этагига кетиб, меҳмонларни ҳайратга солган эди. Шу дамларда бу вафодор жониворнинг хаёлидан нималар кечган экан...

Маркизадан ўн тўртта бир-бирига ўхшаган чиройли, кўзлари қоп-қора кучукчалар туғилди. «Кучукчалардан уч-тўртта бақувватини олиб қолиб, қолганини чўктириб юбориш керак, онаси ҳаммасини катта қилолмайди», — деганлар ҳам бўлди. Ҳақиқатан ҳам , улар жуда кичкиналигида она сути етиб турди, лекин бир мунча вақт ўтиб, ўн тўртта кучукчага сут етмай қолиб, муаммога айланди. Шунда эчки сути сотиб олиб, кучукчаларни бутилка орқали овқатлантиришга тўғри келди.

Кўп ўтмай, кучук болалари бемалол юра оладиган, саватидан чиқиб, ҳовли бўйлаб тарқаладиган бўлишди. Куни билан чарчаган Маркиза (болаларининг овқатланишини таъминлар, тили билан уларни ювинтирар, нимжонроқларини кўзи остидан қочирмай, доимо ўзининг олдида олиб юрар эди) ухлаб қолибди. Кучукчалар эса ҳовлида сайр қилишни хуш кўришар ва уларнинг энг катта душмани – ҳовлидаги ҳовуз эди. Ҳеч нарсадан хабари йўқ кучукчалар унга тушиб кетишди. Улар юришнику энди ўрганган, сузишни эса умуман билишмасди. Шу боис чўка бошлашди. Маркиза дарров уларга ёрдамга келиб, ҳовуз атрофида гирдикапалак бўлар, аммо сувга тушмасди. Чунки Маркизага бу ҳовузда фақат одамлар чўмилиши мумкинлиги тушунтирилган. Болаларининг ҳаёти эса хавф остида эканлигига қарамай, сувга сакрашга журъат этолмади у. Кеч бўлишига қарамай, унинг бахтига ҳовлида катталар ҳам, болалар ҳам бор эди. Улар биргалашиб кучук болаларини қутқариб, ҳаммасини саватга тиқишди. Бу пайтда аллақачон қоронғу тушиб улгурган эди. Бахтга қарши болалари орасидаги энг бақувватининг вазни оғирлик қилиб, чўкиб кетганини, қоронғу кечада ҳеч ким сезмади. Эрта тонгда эса «Бек»ни (унга шундай ном беришганди) ҳовуз чеккасига қалқиб чиққанини кўришди. Шундай қилиб, уларнинг сони биттага камайди. Кучук болалари анча катта бўлиб қолишди, энди уларни тарқатишдан бошқа илож йўқ эди. Сўраганларга берилди. Шундай қилиб, Маркиза яна бир ўзи қолди. Оила у учун дадам, ойим ва Фарҳод эди.

Минг афсуски, меҳрибон ва одамохун инсонларидан бири – укам Фарҳод бевақт ҳаётдан кўзини юмди. Кутилмаган бу ҳол оиламиз учун катта йўқотиш бўлди, ҳаммамизни ларзага солди. Ўлим ҳақ, лекин инсон ҳеч қачон бунга кўниколмаса керак.

Фарҳод — меҳрли, истеъдодли, зеҳнли, тафаккури кенг инсон эди. Унинг билмаган нарсаси йўқ. У араб тили ва тарихи, ўзбек адабиёти тарихини жуда яхши биларди. Бундан ташқари мазали таом тайёрлашни, укол қилиш ва турли муолажаларни, велосипед ва машина тузатишни ҳавас қилар даражада бажарарди. Қурилиш соҳасида маслаҳатлар бериш билан бирга, мусиқа санъатидан ҳам хабардор бўлиб, гитарани қойилмақом чаларди. У қайси даврада бўлмасин, ҳаммани ўзига ром қилиб оларди. ота-онамиз узоқ йиллар истиқомат қилган ҳозирги Туроб Тўла кўчасидаги уйнинг ертўласида Фарҳод болалар учун текин устахона очиб, қўшни болалардан қай бирининг велосипедлари бузилса, уларни тузатиб берарди. Биринчилардан бўлиб компютер билимини эгаллаган инсон эди.

Фарҳоднинг вафотидан кейин Маркизанинг аҳволини тасаввур қилиш қийин эмас эди. Энди у ўзининг уйчаси бўлишига қарамай, жойини бутунлай дадамнинг ётоғи тагига алмаштириб олди. Унинг бу ердан сира жилгиси йўқ эди. Дадамнинг мазалари қочиши билан уйнинг ичига кириб олар ва ўзича отамни қўриқлаб, уларга бўлган меҳрини шу тариқа изҳор этарди. Дадам буни тушунардилар. У дадам билан ойимга худди ўзининг болаларига бўлган муносабатдай муносабат қиларди. Унинг учун отам ва онам бамисоли бола эди. Ойим ташқари эшикни очгудай бўлсалар, чақирмасалар ҳам Маркиза албатта, ёнларида турарди. Ундаги итларга хос хусусият – инсон ҳали сезиб улгурмаган нарсаларни сеза билиш устунлик қиларди.

Бир куни мен, ойим жиянларим билан айвонда ўтириб, ғалати воқеанинг гувоҳи бўлдик. Маркиза ўзидан-ўзи дарвоза яқинида ўз атрофида айланиб, баландга сакраб, кейин секинлик билан биз томонга яқинлашди. Маркизанинг бундай ўзини тутиши кўпинча Фарҳод кириб келганида юз берар, бундай пайтда улар бирга ўйнашиб, унинг атрофида айланиб, ўйин қилиб сакраб, шошилмасдан биз томонга келишарди. Бу сафар ҳам у ўзини худди ким биландир ўйнашгандек тутди. Назаримизда, Маркиза эндигина уйга кириб келган Фарҳоднинг ёнида, у билан ўйнашиб, уйга таклиф қилаётгандек эди. Бу биз учун бир белги бўлиб, Фарҳоднинг руҳи ёнимизда биз билан бирга эканлигига ишончимиз комил эди. Гўё Фарҳод ҳар галгидек дадам ва ойимдан хабар олгани келгандек бўлди. Бу эса фарзандидан айрилиб, кўнгли яримта бўлиб қолган отам-онамга далда бўлувчи катта куч берувчи, илоҳий ҳолатни ҳамон унутолмаймиз.

Фарҳоднинг вафотидан роппа-роса беш ойдан кейин отамдан ҳам айрилдик. Охирги йилларда бир неча жарроҳлик оператсияларини бошидан кечирган ва уларни кўтара олган, яна ҳаётга қайтган, руҳан чўкмаган инсон, фарзанд доғини кўтараолмади. Айтишларича, жаннат эшиклари очиладиган кун, бу муборак Рамазон ойининг илк куни экан. Дадамнинг жонлари айнан Рамазон ойининг биринчи куни узилди. Аҳил оиламиз ўзининг икки яқин инсонидан — ота ва ўғилдан, таянч ва умидидан айрилди. Улар билан ҳаёт бутунлай ўзгача эди. Айниқса, болалар улардан кўп нарса олишга ҳаракат қилардилар. Фарзандлар, набиралар бирор бир тантана, байрам, туғилган кун муносабати билан бизга тамошалар уюштиришарди. Уларнинг ҳар бири маълум маънода истеъдодли эди. Бу томошалардан болаларни ақлини пешлайдиган викториналар ҳам ўрин олган бўлиб, дадам бошчилигида унга саволлар тайёрлардик. Саволлар ҳам болалар учун, ҳам катталар учун мўлжалланган бўларди. Афсуски, яқинларимизни вафоти муносабати билан буларнинг ҳаммаси тўхтаб қолди (вақтинча бўлса ажаб эмас). Бу йўқотишлар, албатта Маркизага ҳам таъсир қилмасдан қолмади. Энди бу уйда унинг энг яқин инсони — ойим эди. Маркиза энди ойимга боғланиб қолди. Ойим ҳам ўз навбатида унга жуда яхши муомала қилардилар. Ойим Маркизани ўзларининг яқин инсонлари билан боғлаб туришига, у орқали яқинларини кўришга ишончлари комил эди. Уни овқатлантириш ва ювинишини ўз назоратларига олдилар. Унинг барча қилиқларию-шўхликларидан хабардор эдилар. У ҳалигача ёш боладек чақмоқ чақиши ва момақалдироқ бўлишидан қўрқар, югуриб ойимнинг хоналарига кириб олар, худди кичкина бола сингари титроғини босолмасди. Бирор бир зарурат билан ойим уйда бўлмай қолсалар, албатта Маркизадан кўз-қулоқ бўлиб туришни тайинлардилар. Баъзан юраклари тўлиб кетган кезлари Маркиза, уларнинг суҳбатдошига айланарди.

Отамнинг вафотларидан кейин орадан бир йилдан ортиқроқ вақт ўтди. Кунларнинг бирида Маркиза ойим билан ўйнашиб, кейин бир оз қуёшда тобланиб ётди, ойимга эркалик қилиб, ҳамма қилиқларини кўрсатди. Шу кунлари уйда усталар ишлаётган ва улар ниманидир олиб келиб, ниманидир олиб чиқиб кетишар, хуллас, кириб-чиқиб юришарди. Ойим итнинг уйдан чиқиб кетиш эҳтимоли борлигини ва шунинг учун эшикни ҳамиша беркитиб юришни уларга тайинлардилар. Ўша машъум кун эшик «ланг» очиқ қолган, Маркиза эса секин-аста кўча томон одимлаб, кейин умуман кўздан ғойиб бўлган. У бошқа қайтиб келмади. Кейинроқ қўшнилар уни Фарҳод яшаган уйнинг ҳовлисида кўришганини ва шу бўйи уни ҳеч ким учратмаганини айтишди. Ойим Маркизанинг қайтишига ишонардилар ва уни ҳар куни кутардилар. ҳар сафар кўча эшиги тақиллаганда, худди Маркиза қайтиб келгандай туюларди. Бир куни ойимни аҳволини кузатиб юрган Алишер укам худди шу зотдан бўлган кичкинагина янги кучук боласини олиб келди. Аммо бу энди бутунлай бошқа ит бўлиб, Маркизанинг ўрнини асло боса олмасди.

»Гулхан»дан