OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМуҳаммад Али
Асар номи«Тузуклар»да Соҳибқирон шахси
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Муҳаммад Али
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Очиқ хатлар ва мактублар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2005 йил 10-сонидан олинди
Ҳажм21KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/31
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





«Тузуклар»да Соҳибқирон шахси
Муҳаммад Али

I

Амир Темур Кўрагон тарих майдонида жавлон урган жаҳоншумул сиймолардан биридир. Биз унинг тарихига, фавқулодда шахсига, авлодлари фаолиятига қайта-қайта мурожаат қилаверамиз. Тарихга юз буриб, қайси йўллардан юрмайлик, қачонва қаерда бўлмасин, йўлимиз айланиб барибир ушбу мўътабар зот ҳузурига олиб бораверади. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 1996 йил 18 октябрда Темурийлар тарихи давлат музейининг очилиши маросимида сўзлаган оташин нутқида бундай деган эди: «Кимки ўзбек номини, ўзбек миллатининг куч-қудратини, адолатпарварлигини, чексиз имкониятларини, унинг умумбашарият ривожига қўшган ҳиссасини, шу асосда келажакка ишончини англамоқчи бўлса, Амир Темур сиймосини эслаши керак!..» Бебаҳо сўзлар! Такрор-такрор таъкидлаш жоизки, Амир Темурни бизга қайтариб берган, бу борада ҳормай-толмай ҳақни қарор топтирган зот Президент Ислом Каримов бўлади. Ушбу улуғ хизматлари учун халқимиз ундан беҳад миннатдордир.

Соҳибқироннинг суронли даврини англаб етишда у ҳақда ёзилган ва ёзилаётган асарларнинг аҳамияти катта. Бу борада, айниқса, унинг ўзи қоғозга туширган «Тузуклар»нинг бебаҳо манба эканлиги кундан ҳам равшан. Ушбу ёдгорлик Амир Темур шахсияти ва унинг даври ҳақида, давлат тузилиши ва салтанат юритиш хусусида, ўша давр об-ҳавоси, умуман, одамлараро муносабатлар тўғрисида кенг тасаввур бера оладиган дурдона асардир. Амир Темур салтанати, таъбир жойиз эса, Соҳибқироннинг ижоди эди. Ана шу салтанат бобомизнинг машаққатли меҳнати билан бўй кўргизди, унинг қонунлари ҳаётий зарурат юзасидан дунёга келди. «Темур тузуклари» эса барчасининг ёрқин ифодаси сифатида пайдо бўлди. Буни, албатта, салтанат тузган, давлат бошқариш заҳматларини ўз бошидан кечириб бу борада улкан тажрибалар орттирган Амир Темур сингари одамгина ёза олади. «Темур тузуклари»ни мутолаа қилганда, унинг муаллифи нечоғли юксак маънавият соҳиби эканлигининг шоҳиди бўламиз.

Ушбу нодир асар муносабати билан тадқиқотлар олиб борган олимларимиз билдирган ўринли мулоҳазаларни эътиборга олган ҳолда, асарнинг асл туркий нусхасини излаб топиш, кейинчалик кўчиришда котиблар томонидан киритилган «таҳрир»лардан тозалаш, «Темур тузуклари», «Тузуки Темурий», «Тузукоти Темурий», «Малфузоти Темурий», «Қиссаи Темур», «Темур қиссаси», «Зафар йўли», «Таржимаи ҳол» каби турлича номланиб келаётган нусхаларни бир-бирига муқояса этиб, асарнинг танқидий матнини яратиш темуршунослигимиз олдидаги долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

II

Амир Темурнинг тарихий асарлар ва уларнинг ёзилишига муносабати, ҳаққоний бўлишига талабчанлиги таҳсинларга лойиқдир. Бу катта билимга эга бўлган, донишманд ва зукко инсоннинг муносабатидир. Шу жиҳатларга назар қилганда, кўз олдимизда донишманд, закий инсон, теран ҳаётий тажриба соҳиби бўлган, келажак авлодларни ўйлаган, она юрт, мулку миллат учун куйиб-ёнган заҳматкаш инсон сиймоси туради.

Амир Темур мелодий 1401 йилнинг 11 августида Низомиддин Шомийни ўз ҳузурига чақиртиради. Тарихчи бу ҳақда шундай ёзади: «Гарчи ул зот қилган ишларининг бу абадиятга улангур давлатнинг бошланишидан тортиб, то ҳозирги кунгача бўлган тарихини онҳазрат учун ёзган бўлсалар ҳам, аммо улар (улар, чамаси, анчагина бор, улар ичида «Тузуклар» ҳам бўлиши мумкин, лекин, афсуски, тарихчи ўзи фойдаланган асарлардан бирортасининг ҳам номини келтирмайди — М.А.) ҳали муносиб тарзда жамланиб, тақдим этилмаган экан; бу банда уларни йиғиб, ортиқча сўзлардан тозалаб, боб-боб қилиб тартиб беришга машғул бўлғаймен, лекин шу шарт биланки, такаллуфу безак бериш, лоф уриш зийнатидан ўзимни тийгаймен...»

Бу ерда соҳибқироннинг ўзи ва салтанати борасида ёзилажак асарга муносабати, асар қандай ёзилиши ҳақида тасаввури жуда равшан, талаби эса юксак эканлиги аён бўлмоқда: ҳамма нарса фақат ҳаққоний ёзилсин!.. Шомий соҳибқирон сўзларини қўллаб-қувватлаб: «Яхши ва равон сўз улдирким, авом халқ унинг маъносини англағай, хос кишилар унга айб қўймағай...» дейди. Соҳибқирон билан муаррихнинг фикрлари бир жойдан чиқади. Амир Темурнинг: «Мен ана шундай сўзни хоҳлаймен!» дея маъқуллаши бағоят ибратлидир.

Муаррихга нима учун асар содда ёзилиши кераклигини тушунтирганда соҳибқирон унинг жимжимадорликдан холи, содда бўлишини, чунки у кенг халқ учун битилишини, кўпчилик томонидан ўқилишини назарда тутади: «Шу услубда ёзилган, ташбеҳ ва муболағалар билан оро берилган китобларда кўзланган мақсадлар ўртада йўқолиб кетади, — дейди Амир Темур. — Агар сўз қоида-қонунидан насибадор бўлганлардан биронтаси маънисини фаҳмлаб қолса қолар, аммо қолган ўнтаси, балки юзтаси унинг мазмунини билишдан, мақсадга етишдан ожиз. Шу сабабли унинг фойдаси барчага баробар бўлмайди...»

Низомиддин Шомийнинг «Зафарнома» асари соҳибқирон ва унинг давлати ҳақида бевосита Амир Темур топшириғи билан ёзилган икки китобнинг бири эди. (Биринчиси Ғиёсиддин Алининг «Ҳиндистон ғазавоти кундалиги» ҳисобланади.) Бу китоблар Амир Темурнинг назаридан ўтганлиги маълум...

III

Сўз «қоида-қонуни» ҳақида теран фикр юритган Амир Темур бевосита ўзи китоб ёзганда бунга қатъий амал қилади ва шундай қатъият билан «Тузуклар» иншосига киришади. Шуни айтиш лозимки, асар узоқ йиллар давомида қоғозга туширилган, вақт ўтиши билан бошланган матнга қайтилган, қисқартирилган, тўлдирилган, яна давом эттирилгандек таассурот қолдиради кишида. Араб олими Мазҳар Шиҳобнинг қуйидаги: «Эсдаликлар ёзишни Амир Темур ҳокимиятга келишидан анча муддат олдин бошлаган...» (У.Уватов. «Соҳибқирон араб муаррихлари нигоҳида». Т., 1997, 133-бет) деган сўзларида жон бор кўринади. Эҳтимол, соҳибқирон ўзи ва салтанати тарихини, тўра-тузукларни қоғозга туширишни бировга топширишни истамаган ёки бирон кишини шунга муносиб кўрмаган... Ўхшаш вазият кейинроқ машҳур давлат арбоби ва муаррих Абулғозий Баҳодирхон билан ҳам юз берган эди, у миллат учун бағоят муҳим «Шажарайи турк» асарини ўзи ёзишга мажбур бўлган эди. Бу ҳақда Абулғозий асар сўзбошисида шундай сўзларни келтиради: «Бу тарихни (яъни, «Шажарайи турк» назарда тутилмоқда — М.А.) бир кишига таклиф қилали теб фикр қилдуқ. Ҳеч муносиб киши топмадуқ. Зарур бўлди. Ул сабабдин ўзимиз айтдуқ. Туркнинг масали турур: «Ўксиз ўз киндигин ўзи кесар», теган...»

«Темур тузуклари» буюк бобомизнинг жасоратларидан бири эди. Муҳтарам зотнинг кўпдан-кўп давлат ишлари тургани ҳолда, фурсат топиб, маданиятимизнинг кўрки бўладиган китоб ёзишдек бир заҳмату машаққатни ҳам ўз зиммасига олганлиги ҳайратланарлидир. «Ўз киндигин ўзи кесган» соҳибқирон китобини авлодлар учун ёзаётганини жуда яхши англайди. Бу бежиз эмас. Асрлар давомида асарнинг тиллардан тилларга таржима этилаётгани ва кенг тарқалаётгани, унинг устида турли тилларда тадқиқотлар олиб борилаётгани «Темур тузуклари»нинг ҳаётий ва ҳаққоний оригинал асарлигини, инсоният учун зарур эканлигини исбот этмоқда.

IV

Ҳаётий ҳикматларга тўла «Темур тузуклари»нинг ноёб маърифий обида эканлигидан ташқари, Амир Темур сиймоси, саъжияси, руҳияти, табиати, бир сўз билан айцак, бой шахсияти ва инсонийлиги ҳақида берган таърифлари жуда муҳимдир. Амир Темур «Тузуклар»да адолатни ҳимоя қилгувчи, сўзи билан иши бир, олижаноб, кечиримли, довюрак, қўрқмас, зўр тадбирлар соҳиби, моҳир саркарда, улуғ раҳбар сифатида намоён бўлади.

У золимлардан мазлумлар ҳақини олишда жонбозлик кўрсатади, чунки яхши билади: мамлакат куфр билан туриши мумкин, аммо зулмга чидай олмайди. Ҳокимлару сипоҳдан қай бирининг халққа жабр-зулм етказганини эшица, уларга нисбатан дарҳол адолату инсоф юзасидан чора кўради. Яхшиларга яхшилик қилади, ёмонларни эса ўз ёмонликларига топширади... Давлат ишларининг тўққиз улушини кенгашга қўяди, фақат бир улушинигина қиличга қолдиради. «Ғаним томонидан бўлган навкар бизга қарши қилич кўтарган бўлса, ўз юртининг тузини ҳалоллаган бўлади», дейилади «Тузуклар»да. Амир Темур фикрича, ўз юртининг тузини ҳалоллаган навкар, у душман навкари бўлса ҳам, ҳурматга сазовор! Чунки у ўз юртини ҳимоя қилди! Бирон навкар туз ҳақи ва вафодорликни унутиб, савашиш вақтида ўз соҳибидан юз ўгириб, Амир Темур этагини тутмоқчи бўлса, соҳибқирон уни ўзига душман деб билади... Булар соҳибқироннинг энг танг вазиятларда ҳам адолат ва инсофни биринчи ўринга қўйганлигига ёрқин мисоллардир.

Соҳибқирон очиқюзлилик, раҳму шафқат билан халқни ўзига ром этишни яхши биларди. Xирожни раиятдан калтаклаш ва савалаш йўли билан эмас, балки огоҳлантириш, қўрқитиш, тушунтириш йўли билан ундиришни тайинларди. Ҳамиша раият аҳволидан огоҳ эди, улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрарди. Софдил кишилар, саййидлар, олимлар ва фозилларга даргоҳи доим очиқ эди. Ҳамиша адолатга талпиниб яшар, жабру зулмдан узоқроқда бўлишга интиларди. Бирон кимсанинг ҳаққи бўлса уни асло унутмасди. Ҳеч кимдан ўч олиш пайида бўлмасди. Кўнгли бузуқ, ҳиммациз кимсаларни мажлисига асло йўлатмас, балки мажлисларида кейинини ўйлаб, олисни кўриб иш юритувчи, кекса ва тажрибали кишилар суҳбатидан баҳраманд бўларди... Чинакам дўст ҳақидаги қуйидаги сўзлар ҳам халқимиз ақл-идрокининг теранлигидан хабар беради: «Чин дўст улдирки, — дейди Амир Темур, — дўстидан ҳеч қачон ранжимайди, агар ранжиса ҳам, узрини қабул қилади...»

«Темур тузуклари» ана шундай фалсафий умумлашмалар, ҳаётий хулосаларга бой қомусий асардир.

V

Тарихимизнинг дурдоналаридан бирини халқ орасида кенг тарғибу ташвиқ этишда жонбозлик кўрсатган олимларимизга миннатдорлик билдириш ўринлидир. Мустамлакачилик йиллари академик И.Мўминов «Тузуклар»нинг Н.Остроумов нашри (1894) факсимилесини эълон қилдирди (1968), Алихонтўра Соғуний ушбу нодир асарни она тилимизга таржима қилиб «Гулистон» журналида (1967) чоп эттирди. Бу «Темур тузуклари»нинг шўролар даврида амалга оширилган биринчи таржимаси эди. Ушбу қадамлар Амир Темур номи қатағон қилинган даврлардаги чинакам жасорат намуналари сифатида қадрланишга лойиқдир.

Мустақиллик йиллари «Темур тузуклари»ни ўрганиш, нафақат аслиятда, балки бошқа тилларда ҳам чоп этишда жиддий ишлар олиб борган олимларимиздан бири академик Бўрибой Аҳмедов бўлди. У асарнинг 1991, 1996 йиллар нашрларига батафсил сўзбошилар ёзди, атрофлича изоҳлар илова қилди...

Асомиддин Ўринбоев, Ҳабибулла Кароматов, Ҳамидулла Кароматов, Ашраф Аҳмедов, Омонулла Бўриев, Ҳайдарбек Бобобеков, Ҳалим Бобоев, Аҳмаджон Қуронбеков сингари заҳматкаш олимларимиз ҳам илмий тадқиқотлар яратдилар ва таржималарини эълон қилдилар. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг бу борадаги сермазмун мақола ва эсселари ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда...

Маълумки, «Темур тузуклари» икки мақоладан иборат. Биринчи мақола соҳибқирон ҳаётининг энг эътиборли воқеаларидан ташкил топган, улар тарих ҳужжатларига айланганликлари билан қадрлидир. Қисқа, содда, тушунарли тилда иншо этилган воқеалар ўқувчиларнинг турли табақаларига бирдай англашиларлидир. Муҳими, бу воқеалар Ғиёсиддин Али, Низомиддин Шомий, Шарафиддин Али Яздий асарлари сингари ишончли манбалардаги воқеаларга мос келади. Иккинчи мақола эса, давлат қонунларидан, яъни тузуклардан ташкил топган. Бу тузуклар салтанатнинг барпо бўлиши йўлида ҳаётнинг ўзи келтириб чиқарган ҳаётбахш қонунлар мажмуаси эдики, улар бугунги кунда ҳам улкан аҳамиятга эгадир.

Биринчи мақола қуйидаги сўзлар билан якунланади: «Етти йиллик юришдан сўнг зафар ва нусрат билан Самарқандга қайтдим...»

Бу сана мелодий 1404 йилнинг куз ойларига тўғри келади.

Демак, буюк обидамиз бўлган «Темур тузуклари»нинг ёзилганига олти юз йилдан ошаётир. Бу — маданиятимиз тарихида катта ҳодисадир.

Соҳибқирон қалами билан иншо этилган «Темур тузуклари» ёшлар қалбига бемисл ғурур жойлаб, уларни чинакам инсон қилиб етиштиришда, қўрқмас ва довюрак, ақлли ва ватанпарвар сифатида тарбиялашда бебаҳо бир мактаб вазифасини адо этади.

Бу мактабда ҳали не-не авлодлар сабоқ олишларига асло шубҳа йўқ.