OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМуҳаммад Ҳалим Ёрқин
Асар номиБобурми, Бабарми ё Бобир?
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Муҳаммад Ҳалим Ёрқин
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Очиқ хатлар ва мактублар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм12KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2005 йил 7-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бобурми, Бабарми ё Бобир?
Муҳаммад Ҳалим Ёрқин

Ҳижрий қамарий 888 йили муҳаррам ойининг олтинчисида Фарғона шоҳи Умаршайх мирзо ҳарамида Қутлуқнигорхоним батнидан бир ўғил туғилди. «Тарихи Рашидий» муаллифи Мирзо Ҳайдар Дуғлотнинг ёзишича, «мутабаҳҳир олимлардан бири мавлоно Мир Марғилонийдан... от қўйиш илтимос қилинди ва у киши Заҳириддин Муҳаммад (мақоладаги барча таъкидлар муаллифники — ред.) хитоби билан мушарраф этдилар». Демак, туғилган боланинг асл исми Заҳириддин Муҳаммад бўлган. Бироқ, у бутун ҳаёти давридан ҳозиргача «Бобур» номи билан аталиб келинмоқда.

Бобур номи қандай берилганлиги борасида яна Мирзо Ҳайдар Дуғлот шундай ёзади: «У замонда чиғатой барча турк бўлиб... уларнинг тилида Заҳириддин Муҳаммадни талаффуз қилиш қийин эди. Шу боис уни Бобур деб атадилар. Xутбалар ва фармонларда Заҳириддин Муҳаммад Бобур деб ёзардилар. Бироқ, Бобурподшоҳ номи билан машҳур бўлди...»

Таниқли инглиз олими Уилям Эрскин ҳам ўзининг «Эрон ва Бобур» номли тарихий романида айнан шу далилни зикр этади. Бироқ бу отни болага унинг бувиси (Эсондавлат бегим) қўйган, деб ёзади.

Хуллас, барча илмий ва тарихий манбаларда у зот Заҳириддин Муҳаммад Бобуршоҳ деб берилган.

Шуни ҳам эслаш лозимки, Бобур оти темурийлар орасида илгари ҳам мавжуд бўлган. Чунончи, Султон Ҳусайн мирзо Бойқаро ва Мир Алишер Навоийга ёшликларида ҳомийлик қилган Машҳад ҳукмдори Абулқосим Бобур мирзо ибни Бойсунқур мирзо ибни Шоҳрух мирзо ибни Амир Темур соҳибқирон номи барчага маълум ва таниш.

Энди бевосита ушбу сўзнинг талаффузи ва маъносига келсак. Айрим ёзувчи ва муаррихлар, жумладан, «Ҳинд тарихи» (Оллоҳобод, 1923, 306-бет) асарининг муаллифи Ишвар Прасад ва яна бир тарихчи Жеймс Ҳ.Ҳенс («Ҳинд тарихи», Лондон, 1954, 15-бет) бу сўзни «Бабар» шаклида ёзганлар. У.Эрскин «Бобурнома»нинг инглизча таржимасида ушбу сўзнинг маъноси тигар — йўлбарс, дейди ва форсчада гўё «Бабар» йиртқич бир жонивордир, деб таъкидлайди. (А.Ҳабибий, Заҳириддин Муҳаммад Бобуршоҳ. Кобул, 1351 ҳижрий, 2-бет). Бу жонивор деярли барча форсча сўзликларда «бабр» шаклида ёзилган ва доктор Муҳаммад Муъин ҳам ўзининг «Фарҳанги форсий» луғатида «бабр» сўзини паҳлавийча сўз деб кўрсатган ва йўлбарсдир, деган. Бироқ одамларнинг исми сифатида бу сўз моҳир жангчи, ботир ва қўрқмас, паҳлавон ва ўктам кўчма маъноларини билдиради.

Муҳаммад Ғиёсиддин ибни Жалолиддин Ромпурий ўзининг «Ғиёс ул-луғот» асарида бу сўзни «Бобур» шаклида берган.

Қуйидаги форсча байтда эса, бу сўз «дур» сўзи билан қофия бўлиб келган ва шу боис Бобур шаклида талаффуз этилиши керак.

Хидеви комрони партави дур,
Малози мулку давлат шоҳ Бобур.

Бундан ташқари, «Матлаъ ус-саъдайн» асарининг муаллифи Камолиддин Абдураззоқ Самарқандийнинг акаси Мавлоно Абдулқодир Абулқосим Бобур мирзонинг вафоти таърихи учун қуйидаги байтларни ёзиб, унда «пур», «дур», «хур» сўзларини Бобурга қофиядош қилиб ишлатган:

Офтоби мулк Бобур худ намонд,
Кай чунин хуршид пинҳон дархур аст.
Дар рабиъ ус-сонийи фасли рабиъ,
Лоларо соғар зи хуни дилпур аст.
Чархро гуфтам жигарҳо чок чист?
Дийдаҳо пурашку доман пурдур аст.
Ин чи ҳол асту чи торих аст? Гуфт:
Фавти шаҳ султон муяйид Бобур аст.

Мазкур мисолдан ҳам маълум бўладики, ўша замонда темурийлар пойтахти бўлган Ҳиротда бу сўз Бобур шаклида талаффуз этиларкан.

Айримлар ўзбек тилида баъзи сўзлардаги «у» ҳарфи «и» шаклида талаффуз қилинишини назарда тутиб, бу сўзнинг Бобур шаклида ёзилиши ва талаффуз этилишига қўшилмай, уни Бобир шаклида талаффуз қилиш тўғри, деб ҳисоблайдилар. Улар бунда Темур сўзини мисол келтириб, халқ орасида умуман Темир шаклида талаффуз этилишига эътиборни қаратадилар. «Мир Темир», «темирчи» сингари сўзларни, ё «Темирни қизиғида бос» мақолини уқтирадилар.

Тўғри, халқ орасида юқорида келтирилган мисолларга ўхшаш сўзларни кўп учратамиз, бироқ ушбу мақола мавзуига келганимизда, айниқса, тарих ва адабиётимизда юксак ўрин эгаллаб, порлоқ из қолдирган сиймо Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг исмини адабий шаклда ишончли ва мўътабар манбаларга суянган ҳолда тўғри талаффуз қилишимиз ва ёзишимиз керак.

Бизнингча, бу ўринда от эгасининг ўзи ёзиб қолдирган имло шакли барча манбалару ёзувчилар кўрсатган имло шаклларидан ишончли ва эътиборли бўлиб, барча чалкашликлар ва хилма-хилликларга чек қўяди. Ҳарчанд «Бобурнома»да бу ҳақда ҳеч қандай ишора ёки маълумот бўлмаса-да, бироқ Бобуршоҳнинг қўлга киритилган янги мактубларидан бирида биз излаган факт мавжуд. Бу кичик ишқий мактуб қуйидаги чиройли тўртлик билан бошланади:

Фироқ даштида йитган ғаму тафаккурдин,
Асири дилшуда, яъни фақир Бобурдин.
Дуою қуллуқ ангаким, жанобу қадри онинг,
Баланду олий эрур ваҳм ила тасаввурдин.
(Ҳ.Ёрқин, Бобурнинг янги номалари, «Тафаккур» журнали, 2001/4.)

Кўриб турганимиздек, бу шеърда тафаккур, Бобур, тасаввур сўзлари қофия бўлиб келган. Демак, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи отини Бобур шаклида ёзган ва шу боисдан Бабар, Бобир ва Бабир имло шаклларини тўғри деб бўлмайди.

Шу ўринда яна бир нарсани ҳам эслаб ўтишни лозим деб биламиз. Бобур Фарғона тожу тахтидан ажралиб Кобулни эгаллагач, у ерда ўзини подшоҳ деб эълон қилади. Бу ҳақда «Бобурнома»дан ўқиймиз: «Ушбу тарихқача Темурбекнинг авлодини бовужуди салтанат мирзо дерлар эди, ушбу навбат буюрдумким, мени подшоҳ дегайлар» («Бобурнома», 2002, 160-бет). Яна, Бобур тушида Xожа Убайдуллоҳий Аҳрор уни Бобурподшоҳ деганини ҳам ёзади (ўша китоб, 100-бет).

Кўплаб тарихий ва илмий манбаларда у «Заҳириддин Муҳаммад Бобуршоҳ» деб ёзилган. Шу боис Афғонистон, Туркия, Эрон ва бошқа юртларнинг олимлари уни Бобурподшоҳ ёки Бобуршоҳ деб айтадилар ва ёзадилар. Чунончи, Афғонистонда кўп тилга олинадиган «Бобуршоҳ боғи» ё «Бобуршоҳ қабри» каби сўзларни мисол учун эслаш мумкин. Бироқ Ўзбекистонда бу зотни кўпинча Заҳириддин Муҳаммад Бобур мирзо ёки, умуман, Бобур мирзо ё Мирзо Бобур, деб айтилади ва ёзилади. Бизнингча, бу одат совет замонида дину давлатга тегишли айрим сўзларни (Худо, подшоҳ...) қўллаш маъқулланмаган шароитда пайдо бўлиб, ҳозиргача сақланиб қолган бўлса керак...

Бинобарин, у зотнинг отларига «мирзо» сўзи ўрнига «подшоҳ» ё «шоҳ» сўзини қўшиб айтиш ва ёзиш икки нуқтаи назардан ўринлидир:

  • биринчидан, шундай йўл туцак, ул зотнинг иродасини ҳурмат қилган ва фармонига риоя этган бўламиз;
  • иккинчидан, уни қадим манбаларда Бобур мирзо тарзида машҳур бўлган Абулқосим Бобур мирзо билан чалкаштирилмай, хатолар юз беришининг олди олинади...