OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМуҳаммад Ражаб
Асар номиМалакали муҳаббат (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Муҳаммад Ражаб
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм20KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/12
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Малакали муҳаббат (ҳикоя)
Муҳаммад Ражаб

Абдураҳмоннинг ҳаёти алғов-далғов бўлиб кетди. Қаерданам малака оширишга борди-я. Боришга-ку борди, қаерданам қўқонлик дўндиқ қизчага ёрдам берди. Жимгина ўз йўлига кетаберса бўлмасмиди? Йўқ. Ҳамма жим кетса кетади-ку, Абдураҳмон индамасдан кетолмасди. Унинг табиати шунақа, оқкўнгил. Бировнинг кўнглига озор етказгиси келмайди. Бировни ноҳақ хўрлашса, индамай кетолмайди. Ўшанда қўқонлик дўндиққина қизчани шилқим таксичидан қутқариб олдию унга қаттиқ боғланиб қолди. Бир ой ўқиш давомида бир кун ҳам кўздан қочирмади. Абдураҳмон дунёда ҳали гўзал, меҳрибон, оқкўнгил қизлар йўқолиб битмаганига иқрор бўлди. Умрида илк бор кўнглининг туб-тубида ўз ҳаётига қарши исёнми, норозиликми ҳиссини туйди: «Худойимнинг мен учун яратган бандаси бу ёқда экан-ку, мен қаёқларда юрибман».

Абдураҳмон қизни севиб қолди дейишимиз қийин. У муҳаббатни илоҳий тушунча деб ҳисоблайди. Бунинг устига оилали йигит. Қуйиб қўйгандек ўзига ўхшаш бир яшар ўғилчаси бор. Абдураҳмон дунёда ҳаммадан кўра кўпроқ ўғлини севади. Ҳатто малака оширишга борганда ўғлининг суратини ҳам олиб кетганди. Ўша қўқонлик қизчага унинг суратини кўрсатганди ҳам. «Вуй, мунча ширин бу кичкинтой, Раҳмонжон, илойим бахтли бўлсин», деганди у қиз суратни меҳр билан силаб.

Абдураҳмон малакасини ошириб келдию у қизни, унинг гапларини қўмсайдиган бўлиб қолди.

Мана, ҳозир ҳам кўрпани кўкрагигача тортиб, юлдуз тўла осмонга боқиб хаёл суриб ётибди. «Илойим бахтли бўлсин».

Умуман, бахт ўзи нима?!

Ўз уйинг, кўкраккача тортилган кўрпанг, ёнингда беозоргина ухлаётган хотининг, бешикда пишиллаб ухлаётган болангнинг товушини эшитиб ётиш, осмон тўла юлдузларни кўриш, онда-сонда ҳураётган итларни, бемаҳал қичқирган хўрозларни, катта йўлдан ўтаётган машиналар овозини эшитиб, томирларингда оқаётган қонни ҳис этиб, жимгина хаёл суриб ётиш бахт эмасми?

Қўрадаги икки қўю бир эчкинг, ҳовли адоғига боғланган, ёмонлигидан думи чўлтоқ ўғри сигирингнинг борлиги, кассадаги бир юзу йигирма тўрт сўм пулинг бахтми?!

Қисқаси, Абдураҳмон у қизни тез-тез эслайдиган бўлиб қолди. Айниқса, унинг хайрлашувдан олдин айтган бир оғиз сўзини умрининг охиригача ёдидан чиқармаса керак. «Сиз барибир яхши одамсиз, Раҳмонжон ака».

Шу бир оғиз сўзда меҳр, ҳурмат, ачиниш, миннатдорлик, яқинлик, яна қандайдир англаб бўлмас туйғуларни ифодаловчи оҳанг борлигини мана энди англаб турибди Абдураҳмон. Ҳали ҳеч ким Абдураҳмонга яхши одамлигини бундай оҳангда айтмаганди. Тўғри, унинг яхшилигини тез-тез таъкидлаб туришарди. Лекин ҳеч ким, ҳеч қачон бир оғиз сўз билан бундай оҳангда айтмаганди. Ҳатто хотини ҳам.

Дарвоқе, хотини. Абдураҳмон хотинини севадими? Хотини-чи?

Уйланганига уч йил бўлибди-ю, бу ҳақда жиддийроқ ўйлаб кўрмабди. Малака оширишга бориб келгач бир нарсани англади, хотинининг унга кўнгли йўқ. Азбаройи яхши одам бўлганлиги учун ҳам бирга яшаб келмоқда. Абдураҳмон буни англади-ю, ўша қизчани тез-тез эслайдиган, ҳатто тушларида ҳам кўрадиган бўлди. Доимо бир хил алпозда тушига киради: оёғида ихчамгина кўкиш этик, эгнида ёқасиз кулранг палто. Ялангбош. Сочлари китобларда ёзилгандай тим қо-ра, билакдай эмас, елкадан кесилган. Шамолда майин-майин ўйнайди. Меҳрибон кўзлари жигарга мойил, қуралай. Ингичка терилган қошлари беозор чимирилган. Ҳеч ерида холи ҳам, доғи ҳам бўлмаган таранг юзлари оппоқ ва силлиқ. Елкасига осиб олган кўкиш сумкасининг боғичидан чап қўли билан маҳкам ушлаб олган. Ўнг қўлида Абдураҳмоннинг қиқирлаб кулаётган қип-яланғоч ўғилчаси. Ўғилчасини Абдураҳмонга тутар экан, кўзларида ғилт-ғилт ёш айланиб, кулиб туриб шундай дейди: «Сиз барибир яхши одамсиз, Раҳмон-жон ака». Шундай дейди-ю, ғойиб бўлади. Ҳавода муаллақ қотган, чинқириб йиғлаётган чақалоқ қо-лади. Абдураҳмон чўчиб уйғонади. Уйғонади-ю, ёнида пишиллаб ухлаётган хотинини, бешикда биғиллаб йиғлаётган ўғлини кўради. Секингина хотинининг оёқ томонидан айланиб ўтиб бешикни тебратади. Бешикни тебрата туриб хаёл суради. Муҳаббат нима?

Жуфти ҳалолинг бўла туриб, тушингда номаҳрамни кўриш муҳаббатми?

Ширингина ухлаётган хотинингни уйғотишни кўзинг қиймасдан, ярим тунда туриб бу дунёда ёлғиз суйганинг — ўз фарзандингнинг бешигини тебратиш муҳаббат эмасми?!

Наҳотки бир пайтлар ўзи дарсдан ҳайдаб чиқарган ўқувчиси ҳақ бўлиб чиқса. «Муҳаббат бу — романтик туйғу, реал нарса. Фақат юрагида жасоратга журъати йўқ кимсалар уни илоҳий тушунча, деб ўйлашади. Муҳаббат реал. У инсонни ўзлигини англашга ундовчи олий туйғу», деб дарсда Абдураҳмон муаллимнинг гапларини инкор этганди уста Мадиёрнинг ўжар кен-жаси. Абдураҳмон ўша ўжар ўқувчисининг гапларини тез-тез эслайдиган бўлди. Умуман, Абдураҳмон малака оширишга бориб келди-ю, кўнглида нимадир ғалаён рўй берди. Гоҳ ўзича узоқ-узоқ хаёл суриб қолади. Гоҳ кўнглида кечаётган ўйларини шеърга солгиси келади. Қийналади. Шунда умри бино бўлиб бирор марта шеър ёзмаганлигига афсусланади...

Ҳатто бир марта ўша ўжар ўқувчисини ўқитувчилар хонасига чақириб очиқчасига гаплашди. Барибир натижаси Абдураҳмонни қониқтирмади.

Ҳамма дарсга кириб кетганда Х-«А» синфида ўқиётган уста Мадиёрнинг кенжа боласини Абдураҳмон муаллим ўқитувчилар хонасига чақириб келди, Нима айб қилганлигини англаёлмаган ўқувчи муаллимига жим — ҳайрат тўла кўзларини тикиб жимгина ўтирар эди. Гапни бошлай олмаётган муаллим ўқувчисига бир стакан чой қуйиб берди. Стаканга икки чақмоқ қанд солиб, кумуш қошиқча билан яхшилаб аралаштиргач, меҳрибонлик билан ўқувчисига тутди: «Ич, дўстим». Бундай мулозаматни кутмаган ўқувчи очилиб-сочилиб, жойлашиб ўтирди. Суҳбат ўз-ўзидан қовушиб, ундан-бундан гаплашишгач, Абдураҳмон секин мақсадга яқинлашди:
— Мана, сен шеър ёзиб турасан, шоирсан, — деди Абдураҳмон ўқувчисига хушомад оҳангида. Йигитча ўқитувчисини яхши кўриб кетди. Шу пайтгача ҳеч ким уни шоир демаганди. Уялиб кўзини ерга олиб қочди. Абдураҳмон эса мақсадга яқинлашган сайин овози майинлашиб борарди:
— Сендан бир нарсани илтимос қилсам йўқ демайсанми, — деди Абдураҳмон ўқувчисига ёқиш учун илтижо билан. — Менинг кўнглимда бир шеърнинг ғояси юрибди. Ҳеч тинчлик бермайди. Шеърга солай дейман-у, барибир чиқмаяпти. Сен шуни шеър қилиб бермайсанми, дўстим?
— Майли, агар қўлимдан келса. Қани, айтинг-чи ғоянгизни, — деди ўқувчи ўқитувчисига астойдил ёрдам бергиси келиб.
— Раҳмат, — деди Абдураҳмон ўқувчисига яна чой қуйиб узатаркан. — Ўша шеърнинг сўзлари тахминан шундай бўлади. — Абдураҳмон кўзини деворга осиғлиқ дунё харитасига тикиб гап бошлади: Абдураҳмоннинг кўзлари худди кўпдан буён кутиб юрган кишисини кўриб тургандек қувонч билан порларди. Овозига соғинч, мунг, қувонч оҳанглари аралашиб дона-дона сўзларди: — Қаердасан, э, мени қийнаётган куч? Нега мени қийнайсан, нега қалбимга азоб со-ласан? Нега оромимни ўғирлайсан? Сен қандай рўёсанки, сени излай-излай топганимда яна йўқотдим? Сени излай-излай шу нарсага амин бўлдимки, мен ўзимни топдим. Эн-ди сени топиш учун нима қилиш керак. Менга йўл кўрсат, э, мени қийнаётган рўёкор куч!

Абдураҳмон чуқур хўрсиниб ўқувчисига қаради. Йигитча ичдан қайнаб келаётган кулгусини яшириш учун зўр бериб чой ҳўпларди. Бурнининг усти терлаб кетган, ғалаба нашидасини сураётгани кўзида ўйнаётган қув табассумидан яққол сезилиб турарди. Стаканни қўяр экан, ошкора табассум билан сўради:
— Сарлавҳаси муҳаббат бўлсинми?
— Нега энди муҳаббат? — деб астойдил ранжиди муаллим.— Бу ерда муҳаббат ҳақида сўз йўқ-ку?
— Барибир,— деди йигитча ишонч билан.— Ўша сизни қийнаётган рўё — романтик кайфият бор, энг муҳими, сизни олға ундовчи куч — реал куч бор. Муҳаббат эса инсонни олға ундовчи олий туйғудир,— Уста Мадиёрнинг ўжар кенжаси бир пайтлар ўзини дарсдан ҳайдалишига сабабчи бўлган фикрларини муаллимига такрорлаш имкониятидан фойдаланиб қолди. Ҳозир у баҳслашадиган кайфиятдамасди.

Абдураҳмон ўқувчисининг шаъмасини илғади. Шундай бўлса-да, неча йиллардан бери тўтидай такрорлаб, ўқувчиларнинг қулоғига қуйиб келаётган, ўзи ҳам бир пайтлар қайсидир ўқитувчисидан эшитган фалсафани такрорлашдан ўзини тиёлмади:
— Адабиёт — бу ҳаёт. Совет адабиётининг асосий йўналиши сотсиалистик реализмдир. Ҳар қандай романтика иккиламчидир.
— Барибир мен сиз айтган ғоя бўйича шеър ёзсам, сарлавҳасини «Муҳаббат» деб қўяр эдим.— Ўжарлик билан такрорлади йигитча Абдураҳмон ўқувчисига жавоб берар экан, шу нарсани таъкидлаб илтимос қилди:
— Мен сени шоир, кўп нарсани тушунади, деб кўнгил сиримни изҳор этдим. Энди биз дўст бўлиб қолдик, сенга ишонсам бўлади-я?!
— Албатта, малим. Менга ишона беринг, сиздаги ҳолат менда тез-тез бўлиб туради. Бу яхшилик аломати. Мана кўрасиз, ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Мен эса барибир сизга шеър ёзиб келиб бераман,— деди маҳмадона ўқувчи ўқитувчисига хайрхоҳлик билдириб.

Уста Мадиёрнинг ўжар боласи ваъдасига вафо қилиб эртасига Абдураҳмонга шеър ёзиб келиб берди. Шеърнинг сарлавҳаси «Муҳаббат» эди. Табиийки, бу шеър Абдураҳмонга ёқмади. Абдураҳмоннинг боши қотди. Ўйлай-ўйлай, охири малака оширишда ўқиб юрганида учрашувга борган қорачадан келган, лўлига ўхшаш шоирга хат ёзишга қарор қилди. Абдураҳмонга бу шоир ёқиб қолганди. Ўша учрашувда Абдураҳмон қўқонлик қизча билан энг олдинги қаторга ўтирганди. Учрашувда қўқонлик қиз шоирнинг бешта шеърини ёддан ўқиб берганди. Шунда шоир бир даста гул билан саҳнадан тушиб келиб, қизнинг қўлини қисиб, самимият билан шундай деган эди:
— Раҳмат сизга синглим. Халқимизнинг сиздай нозиктаъб қизлари бор экан, ўзбек халқи ҳеч қачон шоирга зор бўлмайди.

Кейин қизнинг ёнидаги Абдураҳ-моннинг қўлини ҳам олиб:— Сизга ҳам раҳмат, дўстим. Сиздай баҳодир йигитларнинг вазифаси шундай гўзал қизларни кўз қорачиғидай асраш, қадрига етиш,— деганди дўстона оҳангда.

Абдураҳмон дангалчилиги учун ёқтириб қолган ўша шоирга қуйидаги мазмунда хат ёзиб юборди.

«Салом, ҳурматли Муҳаммад Юсуф. Сизга хат ёзаётган олис Улус қишлоғидан адабиёт ўқитувчиси Абдураҳмон Пратов бўламан. Сиз балки мени эсларсиз. Эсингизда бўлса шу йил баҳорда ўқитувчиларнинг бир ойлик малака ошириш курсига учрашувга борганингизда сизнинг шеърларингизни ёддан ўқиб бериб, ҳаммани қойил қолдирган чиройли қиз бор эдики, шу кишининг ёнида ўтирган йигит мен эдим. Бу гапларни шунчаки ёзаяпман. Сизга хат ёзишдан мақсад, мени қийнаётган иккита саволга жавоб топишда ёрдам берарсиз, деган умиддаман.

Яқинда, адабиёт дарсида, эркин темада бир ўқувчим билан тортишиб қолдим. У ўқувчи ҳам шеър-пеър ёзиб туради. Мен: «Муҳаббат илоҳий тушунча», десам, у зумраша: «Йўқ, малим, муҳаббат реал куч, у инсонни ўзлигини англашга ундовчи олий туйғу», дейди.

Умуман, муҳаббат ўзи нима? Оилалик киши бошқа бировни севиб қолишга маънавий ҳаққи борми? Сиз бунга нима дейсиз, ҳурматли Муҳаммад Юсуф ака?! Илтимосимни ерда қолдирмаслигингизга ишонгим келади. Ишончимни оқласангиз , содиқ мухлисингизнинг қалбига қувонч улашган бўлар эдингиз.

Сизга ҳурмат сақлаб, мактубига жавоб кутувчи улуслик Абдураҳмон Пратов».

Орадан ўн беш кун ўтиб, Абдураҳмон Тошкентдан мактуб олди. Конверт устига шундай ёзилган эди: ШОИР АБДУРАҲМОН ПРАТОВга.

»Ёшлик» журналининг 1990-йил, 6-сонидан олинди.