OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМуҳаммад Ражаб
Асар номиЗумрад пошшо (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Муҳаммад Ражаб
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм14KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/20
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Зумрад пошшо (ҳикоя)
Муҳаммад Ражаб

— Ер ютгур Асқад, ергина ютгур Асқад! — Улусликлар бу тонг одатдагидай хўрозларнинг қичқириғидан эмас, Зумрад кампирнинг юракни ларзага солувчи чинқириғидан уйғониб кетишди.

Маълум бўлишича, ер ютгур Асқад онасйнинг охиратини куйдириб, укаларининг ризқини қийиб, етмиш сўмнинг ҳаммасини ўғирлаб, шаҳарга кетиб қолибди. Энди Зумрад кампир нима қилади? Бо-шида эри бўлмаса, болаларини қандай боқади? Ҳа ер ютгур Асқад, ергина ютгур Нортоев. Зумрад кампир неча марта худонинг зорини қилди:
— Асқаджонга иш топиб беринг, акажониси. Шаҳарга иш излаб кетсамми, деб юрибди. Мабодо кетиб қолса, мен шўрлик нима қиламан?

Уйидаги олти бирдай гул етимни қандай боқаман? — деди шўрлик зорланиб.
— Иш йўқ,— деди ер ютгур гум-гурсдай бўлиб,— менинг ўрнимдан бошқа иш йўқ. Чиқинг, кампир, хонани бўшатиб қўйинг!

Зумрад кампир хонадан лом-мим демай чиқди, албатта. Хонадан чиқди-ю, йўлакда овозини ванг қўйиб шанғиллади:
— Ҳа ер ютгур, гов калла! Бой-бойга боқар, сув сойга оқар замон экан-да. Сенинг оғайниларингга иш бор, менинг Асқаджонимга иш йўқ экан-да? Қараб тур, сенгинанинг бир кўзингни ўймасам юрган эканман Зумрад пошшо бўлиб.

Зумрад кампир йўл-йўлакай Нортоевнинг «кўзини ўйиб», учраганга дардини достон қилиб кетди.
— Кечагина малимликни битириб кеган куёвингни рабочком қилиб қўйдинг, мактаб кўрмаган қайсинглингни қишлоқ Советига раис қилиб қўйдинг, синглингни боғчага мудира, хотинингни синглингнинг боғчасига ошпаз қилиб олдинг, тоғдаги жиянларингни битта қолдирмай буғалтир, дўхтир қилиб олиб келдинг, сен золимнинг дастингдан шўринг қурғур улусликлар кун кўрадими, йўқми?! Сенинг жиловингни тортиб қўядиган эркак Улусда қолмаган бўлса, мана, мен — Зумрад пошшо энди энангни етти қўрғондан кўрсатаман!

Зумрад кампир вайсай-вайсай тўғри куёви Халилжонникига йўл олди. Улус қанчалик катта қишлоқ бўлмасин, Нортоев тўғрисида айтилган игнадай гап шу дақиқада унинг қулоғига етиб борарди.

Зумрад кампир Халилжонникига етар-этмасдан, Нортоевнинг котибаси боғчага кетди.

У ёқда Зумрад кампир куёви билан тортишаётган бир пайтда, Нортоев ўз ишхонасида Зумрад кампирнинг холаваччаси Холида билан бир қарорга келишиб олишди.

Холида холасини излаб Халилжонларникига келганда, Зумрад кампир куёвига ҳамон зуғум қилаётганди:
— Ёз, нима, сенинг қўлингни ке-сиб олишармиди?.. Кўксингдаги юракми, пўстак?.. Иккита гапни эплаб ёзолмайсанми? Унда нимага олти йил шаҳарда ўқидинг?.. Юрагинг ёрилса менинг номимдан ёз, ер ютгур! Олса, фаррошлигини олади... Қасам ичиб келяпман, ёз!

Халилжон зўр бериб ўзини олиб қочарди:
— Қўйинг, опа, шу ғовғаларни бошламай туринг. Ўзи зўрға икки йилда қўй бериб, эчки бериб, касбим адабиётчи бўлса-да, меҳнатдан дарс беришга рози бўлиб мактабга илиндим. Бир-икки йил тинчгина ишлаи.
— Сен бу ёқда тинчингни ўйлаб, елкангни қисиб юр, Асқадинг у ёқда тинчини ўйлаб, қочиб юрсин, Нортоев Улусда ошна-оғайнилари билан даврини сурсин. Биз бечораларнинг дардини сўровчи марду мардум борми ўзи бу дунёда, ер ютгурлар! — Зумрад кампир ҳамон куёвига заҳрини сочарди. Шу пайт эшик очилиб, Зумрад кампирнинг қизи Салтанат бошини суқди.
— Опа, сизни Холида хола излаб келди,— деди шивирлаб. Зумрад кампирнинг юраги ҳаприқиб кетди. «Шипиён», деган ўй ўтди кўнглидан. Бирдан юзи ёришиб куёвига гап қотди:
— Ёз, айланай Халилжон, ҳеч бўлмаса манави конверт ўлгурнинг устига Ўзбекистоннинг энг каттасига деб ёзиб бер!

Халилжон шуни ёзсам қутула-манми дегандай, катта-катта ҳарфлар билан шоша-пиша «Тошкент шаҳри, Ўзбекистон КП МК бош секретарига», деб ёзди. Зумрад кампир куёвининг қўлидан конвертни оларкан, қизига қараб сирли шивирлади: «Чақир ер ютгур-ни!».

Холида хонага кирганда Зумрад кампир сўлакайини оқизганча конвертни елимлаётганди. Ишини тугатгач, хатни дастурхоннинг кўринарли жойига ташлаб ўрнидан турди. Холаваччаси билан қуюқ кўришди. Холидани конвертнинг нақ рўпарасига, ундаги ёзувлар аниқ-тиниқ кўринадиган жойга ўтқазди. Ўзаро мулозаматдан сўнг Холида холасидан ҳол сўраган киши бўлди:
— Тинчликми, холажон, хотинлардан эшитдим, Асқад шаҳарга кетиб қолибди. Зумрад холанг кимнидир қарғай-қарғай куёвиникига ўтиб кетди дейишди, ишқилиб тинчликми, холажон? — дея куюниб сўради Холида. Зумрад кампирнинг юзи бирдан маъюс тус олди, мунгли овозда ҳасрат қила кетди:
— Гўрдами, айланай, Асқад бўланг мен шўрликни қон қақшатиб кетиб қолгани рост. Мен анаву ер ютгур гов каллага неча марта худонинг зорини қилдим, боламга тайинли иш топиб беринг, деб. Йўқ, дейди ер ютгур. Мана оқибати, бўланг холангни қон қақшатиб кетиб қолди. Мен шўрлик нима қилай? Қариганда гуноҳга ботиб, шикоят ёзиб ўтирибман. Бахтимга Халилжон бор экан, мен айтиб турдим, у битта-битталаб ёзиб берди. Мендай муштипар онаизорнинг ҳолини тушунадиган бирорта ҳалол бошлиқ бордир бу шўро ҳукуматида!

Зумрад кампир қуйилиб келган кўз ёшларини артиш учун гапдан тўхтади. Холида холасининг дардига шерик бўлаётгандек, ҳасратли оҳангда пишанг бера кетди:
— Ёзинг, хола, сиздай етти етимнинг онаси, оддий фаррош хотиннинг гапига қулоқ солмаса кимнинг кунига ярайди бу ҳўкимат. Ёзинг ҳаромини, сурув-сурув моллари давлатнинг текин хашагини еб семираётганини ҳам, улусликларнинг ҳақидан уриб, икки ўғлига шаҳардан иккита данғиллама уй олиб берганини ҳам қўшиб ёзинг! Улар яна анчагача ҳасратлашиб ўтиришди. Кетишида Холида холасига яна бир бор меҳрибонлик кўрсатди.
— Вой ўлмасам, мен ишга борай, анча ўтириб қопман,— деди ўрнидан тураётиб.— Сиз кўпам куйинаверманг, бўлам барибир қайтиб келади, киндик қони томган жойдан безиб қаерга ҳам борарди,— деди таскин бериб. Хайрлашишда: — Хатингизни беринг, йўлда почтага ташлаб кетаман,— деди холасига меҳрибон овозда.
— Йўқ айланай,— деди Зумрад кампир остонада конвертини маҳкам ушлаб.—: Агар менга чиндан яхшилик қилмоқчи бўлсанг, юз сўм қарз бер. Эртага Асқадни излаб Тошкан бораман. Ана шунда шахсан ўзим топшираман бу хатни. Бу ерларда Нортоевнинг агинти кўп, почтада ушлаб қолишади. Бу хат — жуда муҳим хат!
— Майли, хола, агар куёвингиз бугун ойлик олиб келса, эртага пича пул олиб чиқарман,— деб омонлашиб чиқиб кетди Холида.

Eртасига эрталаб, улусликлар одатдагидай хўрозларнинг қичқириғидан эмас, Зумрад кампирнинг дарвозаси олдида чўзиб-чўзиб сигнал бераётган Нортоевнинг машинаси овозидан уйғониб кетишди. Зумрад кампир уйдан чиққанда, Нортоевнинг шофёри унинг қўлига бир парча қоғоз тутди:
— Бу Ҳошимжонга йўлланма,— деди ёнидан яна бир парча қоғоз чиқариб узатаркан,— буниси эса боқча учун буюрилган муҳрнинг ишонч қоғози. Муҳрни олиб келаркан. Бир йўла Асқадбекни ҳам олиб келсин. Келгач, қоғозларни расмийлаштириб совхоз кассасидан йўл кирасини олади,— деди ҳиссиз овозда. Қоғозларни бергач, Зумрад кампирга бироз гина қилди: —Янга, Асқадбек шаҳарга иш излаб кетибди, кеча борганда хўжайинга мундай тушунтириб айтмабсиз. Улуслик ёшларнинг ҳар жойда иш излаб дайдиб юриши Нурхон Нортоевдек директор учун

минус бўлади. Эшитган қулоққа уят. Асқадбек учун хўжайин раёндагилар билан талашиб-тортишиб боқчага эликтириклик ундирди.
— Раҳмат,— деди Зумрад кампир юзи ёришиб астойдил.— Илойим ўртоқ Нортоевнинг марта-басини берсин.
— Бугун Нурхон ака раёнга мажлисга боради, мабодо Асқадбекка хат-пат ёзган бўлсангиз берар экансиз, хўжайин ўзи шу ёқдан ташлаб юборар экан,— деди ма-йин овозда шофёр. Зумрад кампир шоша-пиша уйига йўл олди. Бир пайт қўлида конверт билан чиқди. Лекин уни Нортоевнинг шофёрига бермай, ундан ҳам кўра мулойимроқ овозда шундай де-ди:— Нурхонжонга айтсангиз, овора бўлиб юрмасин, Асқаджон келиб ишга киргач, ўқиб кўрар.

Шофёр лом-мим демай машинасига қараб юрди. Кечиккан хўрозлар чўзиб-чўзиб қичқиришди. Машриқда қип-қизил қуёш бош кўтарди. Улусда яна бир тонг отди.

«Ёшлик» журналининг 1990-йил, 6-сонидан олинди.