OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМуҳаммад Шариф
Асар номиМуқаддима (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Муҳаммад Шариф
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм12KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/05/21
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Муқаддима (ҳикоя)
Муҳаммад Шариф

Носир у ҳақда жуда ёмон гап айтди.

Раъно мактабдаги энг чиройли, энг сулув қиз эди.

Илҳом ғазабдан қизариб кетди, буни сездирмаслик учун бошини эгиб, кўм-кўк ажриқларни чимдиб юла бошлади.

Илҳом қизни яхши кўришини ҳаммадан яширарди. Бу унинг ҳеч кимга ошкор этиб бўлмайдиган сири бўлиб, маълум қилиб қўйишларидан қаттиқ чўчир эди. Носир эса ана шу малагини ҳақоратлади, гарчи ўзи ҳам Раънонинг олдида оғзидан бол томиб-этти букилиб, турса-да, атайин шу гапни айтди. Наинки, Раъно унга рўйхушлик бермай буни ёқтирса...

Илҳом билан Носир ҳамманинг кўзига дўстга ўхшаб кўринса ҳам, тўқнашиб қолишдан доим қочишади. Йўқ, Илҳом қўрқоқ эмас, лекин Носирнинг шум ниятлигидан чўчийди, ҳамиша у ҳақда ўйламасликка тиришади, эсига тушиб қолса, кўнгли ғаш бўлиб, дунё кўзига қоронғу кўриниб кетаверади. Баъзан ҳаммасига қўл силтамоқчи бўлади-ю, лекин...

У Раънони яхши кўради.

Раъно эса мактабдаги энг сулув қиз.

Ҳозир ҳам Илҳом Носирнинг пасткашлигидан жирканди, Раъно ҳақида айтган гапи хўрлигини келтирди, лекин бир сўз демади, сири ошкор бўлишини истамади. Шу пайт Ориф Носирни қўллаб уятли бир сўз айтди. Илҳом энди чидай олмади:
— Олдида итдек ялтоқланасан-у, ортидан бундай гап қиласанми?
— Ие, ановини, аччиғинг келса, бурнингни тишла. Ё Раънони яхши кўрасанми?!— Ориф бопладимми, дегандек Носирга қараб олди. Илҳом ғазабдан қалтираб кетди, шартта ўрнидан туриб, Орифнинг ёқасига чанг солди:
— Тур ўрнингдан. Уришасанми? Ориф довдираб, базўр чийиллади:
— Нима, кучим кўп деб мақтанаверасанми?

Илҳомнинг кулгиси қистади:
— Ҳе, қўрқоқ!

Орага сукунат чўкди. Бундан фойдаланган Фахриддин гапни бошқа томонга бурди:
— Ўзинг шунчалик қўрқмас экансан, Кулолнинг йўлини тўса оласанми?
— Тўсаман.
— Кўл бериб сўрашасан ҳамми?
— Сўрашаман ҳам!—Илҳомнинг кўнглига мудҳиш бир нарса соя солиб ўтди-ю, сездирмади...

Кулол қишлоқ четида, қабристон ёнидаги ташландиқ, қайсидир замонларда шўро идораси вазифасини ўтаган, ўша кезлари деворлари оқланавериб, ёмғирларда ювилавериб ола-чалпоқ ҳолга келган уйда ёлғиз яшар эди. Унинг бу қишлоққа кўчиб келганига бир йил бўлган эса-да, кимлиги ва қаердан келганлиги ҳамон номаълум. Шу муддат ичида унинг қишлоқдаги бирор кимса билан гаплашганини, ҳеч қурса салом-алик қилганини биров кўрган эмас. Уни кунда икки бор — тонг қоронғусида ишга кетаётганидаю шом қоронғусида ишдан қайтаётганида учратиш мумкин. Кулолхонаси ҳам қишлоқдан бир чақирим нарида, ғиштхона ёнида бўлиб, у ердагилариинг ҳаммаси шаҳардан ёки бошқа қишлоқлардан келиб ишлашар эди. Одамлар аввалига унинг бу ҳунари билан қандай тирикчилик қилаётганига ҳайрон бўлишди. Кейин бу қизиқиш ўрнини шубҳа ва ҳадик эгаллади. Гўё у бу дунёнинг одами эмас, ҳает тарзи ҳам қандайдир сир-асрорли... Болалар ҳам ундан чўчиб қолишган, қораси кўринди дегунча йўлда ҳеч ким қолмас эди. Унинг афт-ангорини ҳам бирор кимса айтиб беролмасди. Ўзинй ҳам қишлоқ чеккасидаги йўлда бошини олдинга сал эгиб, бир маромда қадам ташлаб келаётган ҳолдагина кўриш мумкин, холос. У бир шарпа ёхуд соя мисоли эди.

Болалар бугун молларини ҳар кунгидан кечроқ етовга олишди. Улар кулол ўтадиган йўл бўйига яқинлашишганида, қўёш тоғ чўққилари оша сўнгги марта мўралаётган эди. Болалар йўлдан бироз нарида тўхташди. Илҳом ёлғиз ўзи йўл бўйига келди ва четроқдаги тош устига ўтириб, кута бошлади. Қуёш тоғлар ортига жуда тез яширинди, уфқ лоларанг тусда товланди. Ғира-шира қоронғулик тушиб, чигирткаларнинг чириллаши қулоқни қоматга келтирди. Қўналғасига кечиккан бир гала қушлар потирлаб учиб ўтди. Бегона ва сирли бир ҳадик Илҳомни исканжага олди. У бетоқатланиб кулолни кутарди. Ниҳоят, олисда қора шарпа кўринди. Илҳом шошиб болалар томонга кўз ташлаб олди. Юраги гупиллаб ура бошлади. Назарида, орадан кўп вақт ўтганига қарамай масофа ҳамон ўша-ўша эди. Унинг нигоҳи толиқди, илкис атрофга зим-зиё тун чўккандек, ҳеч нарсани кўрмай қолди. Кўзларини бир юмиб очган эди, кулолнинг мункайган гавдасини яқингинасида кўрди. У даҳшатли ва мудҳиш дақиқаларни қисқартириш учун кулолга қарши юра бошлади. Ораларида ўн қадамча масофа қолди. Кулол ҳамон бошини эгиб келар ва қаршисидаги болани кўрмасди. Ана, беш қадам қолди. Тўрт қадам.

Уч...

Икки...

...Ва қўққис кўзлар тўқнашди. Аввалига Илҳом кулолнинг кўзлари ўрнида қоп-қора бўшлиқ ва чексизликни куриб ҳайратдан тош қотди. Сўнг эса... Қулоқлари остида шамолнинг зувиллашини эшитди, учаётганини ҳис этди. Қайсидир лаҳзада у кулолнинг кўзларига ўзининг сингиб бораётганини англаб қолди. У жуда ҳам тез уча бошлади. Беадад чексизликлар узра чирпирак бўлиб айланди. Қўққис ёнида шамолдан ҳосил бўлган гирдобни кўрди. Бу улкан гирдоб ичида тоғлар, дарёлар, уммонлар, баланд-баланд иморатлар, шаҳарлар, одамлар оломони, қушлар, илонлар ва бошқа шу қадар кўп нарсалар бор эдики, ҳаммаси аралаш-қуралаш бўлиб, гоҳ оқиш айлана чизиқларга йўғрилиб кетар, гоҳ ярқ этиб бир лаҳза кўзга ташланиб қоларди. У кимсасиз, хароб бўлган қишлоқни, жуда ҳам узун йўл ва бу йўлда кетаётган ёшгина йигитни кўрди. Йигитни кимгадир ўхшатди ва энди эсламоқчи бўлганида, у ғойиб бўлди. Шу заҳоти ўрнида соч-соқоли оппоқ нуроний чол кўринди. Ёш, сулув бир қизни, сўнгра эса, умрида кўрмаган, лекин жуда таниш, қадрдон, бироқ кимлигини ёдидан чиқазиб юборган одамларни кўрди. Буларнинг ичида бир жувон ҳам бўлиб, у боягина кўрган ёш қизга ўхшарди. Қандайдир аламлар, дарду фироқлар ва хўрликларни туйди. Худди биров юрагига пичоқ суқиб олгандек даҳшатли оғриқ сезди, шу заҳоти оғриқ ҳам юқолиб, таърифлаб бўлмас бир ҳузур топди. Сўнг кўрган-билганлари яна бир-бирига шундай қоришиб кетдики, алал-оқибат буларнинг бари туш бўлса керак, деб ўйлади. Ва шу ондаёқ қоп-қора зулмат қўйнига тушиб қолди. Қанчадир муддат — бир дақиқами, юз йилми, — ўтиб, қулоқлари остидаги зувиллаш тиниб кўзини очган эди, ўзини йўлнинг ўртасида чўк тушган ҳолда кўрди. Кулолнинг узоқлашиб бораётган шарпаси эса қоронғулик ичига сингиб кетди.

Ҳаллослаб чопиб келган болалар ундан не воқеа юз берганини, нега кулолнинг қаршисига келиб чўккалаб олганини сўрай бошлашди. Носир эса бир четда унга истеҳзо билан қараб турарди. Илҳом уни кўргач, болаларга «ҳеч нарса» деди-ю, шу тобда Носирнинг рақиблиги ҳам, ўртадаги адоват ҳам бемаъни ва бачкана кўриниб кетди.

Юз берган воқеадан сўнг кулол кўчиб кетди. Одамлар^уни тезда унутиб ҳам улгуришди. Фақат Илҳомгина бу кимсани бот-бот эслар ва тинимсиз қаерларгадир ошиқар эди.

Раъно эса мактабдаги энг сулув қиз эди.

«Шарқ юлдузи» журнали, 1992 йил 7-сон.