OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМуҳаммад Шариф
Асар номиҚушлар байрами (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Муҳаммад Шариф
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм25KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/05/21
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қушлар байрами (ҳикоя)
Муҳаммад Шариф

Болалигимизнинг байрамлари кўп бўларди. Лекин улар орасида биз учун энг қувончлиси Қушлар байрами куни эди. Ўша куни каллаи саҳарлаб мактаб дарвозаси олдида йиғилардик. Биров даканг, биров ўзи бир қаричу думи ўн қарич япон хўрозини, яна биров чипор товуғини қўлтиқлаб келар, отасининг сайроқи беданаси ёки каклигини ўғирлаб келганлар кечқурун орқасига ҳўл гаврон шивиллаб тушганида ўйнаб-кулгани бурнидан чиқишини хаёлига-да келтирмай, ўз қушларини мақтаб, ўртоқларига гап бермасди. Каптарларни айтмайсизми?! Тождор дейсизми, пайпоқдор дейсизми, бўқоқ каптарми, ҳамма туридан бор. Туни билан ухламай томма-том чопиб, чумчуқ, олақанот, зағизғон – дуч келган қушни тутиб келаверганларнинг саноғига етмайсиз. Ҳеч иложини топмагани бобоси кунчивоқда мудраб ўтириб тутиб берган мусичага бўёқ чаплаб чиққан.

Болаларнинг қий-чуви, паррандаларнинг чуғур-чуғури айни авжига чиққанида усти очиқ, орқасидаги суянчиқлари қийшайган мошин баайни урушдан чиқиб келаётгандек «пўр-пўрлаб» етиб келарди. Дарвозанинг ёнига келгач тутунқувуридан «пақ-қ!» товуш чиқариб ўтакамизни ёрар, сўнг жони узилган товуқдек «ғийқ» этиб уни ўчарди-қоларди. Ҳайдовчининг ёнидан бўйни ва оёқлари узунлигидан туяқуш сингари лўкиллаб одимлайдиган зоология домламиз тушиб, аллақачон мошинга тармаша бошлаган болаларни қайтариш учун беҳуда бақириб-чақирарди. Шунда хўроз ва товуқ кўтариб келганларнинг шўрига шўрва тўкиларди. Чунки, домла улар орасидан икки ё учтасини, ўзининг айтишича, хислатлисини танлаб оларди. Домламиз парранданинг хислатини қандай аниқлайди, буниси менга қоронғу, аммо биз мошинга чиққач ортимиздан кўзларида ёш, мўлтираб қолаётган тенгқурларимни кўриб ичим ачирди.

Мошин катта йўлга тушиб, ғизиллаганча шаҳар томон елганида бор қайғу-алам унут бўларди. Ўрнимиздан туриб атрофни томоша қилиб кетгимиз, йўл четида кўриниб қолган одамларга бақириб-чақиргимиз келар, лекин ҳайдовчидан чўчирдик. Эргаш тўпалон деб ном чиқарган бу одам хўп аломат ҳайдовчи эди-да! Бизни пахта теримига олиб кетаётганида мошин чамбарагини оёғи билан бошқариб, ўзи кабинадан орқа кузовга яқин белигача чиқиб, «ўтириб кет» дея туриб олганларга важоҳат қилар ва қайтиб жойига кириб оларди. Бу вақт ичида мошин йўналишини бир энлик ҳам ўзгартирмасди, десам ишонаверинг.

Шундай қилиб, бизни шаҳарнинг ичидаги энг кўркам боққа олиб боришарди, чамамда. Эҳ-ҳе, бундаги томошани... Боғнинг ўртасидаги мармар тарошлаб ётқизилган йўл кафтдек текис ва силлиқ, бордию игна тушиб кетса, қўшнимиз Шарофат момо кўзойнагини қидиргунча игнани топиб олади. Ана ўша йўлнинг икки четида тумонат ўқувчи йиғилган. Бошлари узра болалар ва қушларнинг дўстлиги ҳақида битилган алвон шиорлар ҳилпиллаб турибди. Синфимиздаги энг аълочи Баҳром ҳам бу шиорларни кечгача зўрға ўқиб тугатса керак. Кўргазмага қўйилган нарсалар ичида турли парранда-чурранданинг сувратию ичига сомон тиқилган тулупидан тортиб, жонлисигача бор. Қушларга ясалган инларнинг бежиримлигини кўриб ҳеч қурса бир олашақшақ бўлиб туғилмаганига одам ачиниб кетади. Ғала-ғовур, тўс-тўполон авжида. Ҳакамларнинг келишига ҳали вақт бор шекилли, домлалар ҳув четда хўроз уриштиришни томоша қилиш билан банд. Биз эса Анвар икковимиз Бўрибой бўяган мусича қумрига ўхшаганми йўқми, муҳокама қилардик.

«Қулқунтойнинг худди ўзгинасия,»- дерди Анвар.

«Ўзингсан қулқунтой. Қулқунтой бўлиши учун бунга яна бир қулоч тумшуқ керак,» дердим Анварнинг ўхшатишидан жиғибийрон бўлиб.

«Бир қулоч тумшуқни ҳозироқ қаердан топамиз?» капалаги учди Бўрибойнинг. «Келинглар, яхшиси буни зарғалдоқ деб кўрсатамиз».

«Ҳа ўл-а, агар бунинг кўкқарға полапонидан бошқасига ўхшаса, турган жойимда тил тортмай ўлай».

Илкис тепамизга келиб бизни кузатиб турган қизни кўриб биз анграйиб қолдик. Бундай ажабтовур кийинган, ёқимтой қизни умримда биринчи маротаба кўриб туришим эди. Оппоқ кўйлак, оппоқ фартук, оппоқ пайпоқ кийган, ҳатто тим қора сочларига-да оппоқ лента тақилган, шу туришида у боғимиздаги печакгулларга қўниб ўйнайдиган оқ капалакдан сира фарқ қилмасди. У бир афт-ангоримизга, бир қушларга ажабланиб қарар, қўнғир кўзларида самимий учқун йилтираб, биздан бегонасирамаётгани сезилиб турарди. Қўққис шу пайтгача қўйнимда тинч ётган қарқуноқ типирчилаб қолди. Кўйлагим тугмасини ечиб, қушни чиқарганимда қиз «вуй-й, бунча чиройли!» дея қувонч билан чапак чалиб юборди. Сўнг...

«Майлими бир ушлаб кўрсам, чўқимайдими?» деб сўради.

У қарқуноқни ҳадик билан қўлига олиб бошини силамоқчи бўлганида қуш учиб унинг елкасига қўниб олди. Ана энди қуш унинг оппоқ кўйлагига чакса қилса расво бўламан, деган хавотирда қарқуноқни ушламоқчи бўлиб қўл чўздим.

«Йўқ, йўқ, тураверсин, вой мунча зўр-а?!» қиқирлаб куларди бу қиз.

Қарқуноқ узун думини силкитиб «қих-х, қих-х» сайраб қўйганида қиз шўрликнинг кўзлари қувончдан пориллаб кетди. Унинг кумуш қўнғироқдек ёқимли овози, ширин жилмайиши менга дақиқа сайин қадрдон бўлиб бораётганди. Биз танишиб ҳам олдик. Унинг исмини сўраётганимда овозим қалтираб, юзим оловдек ёнганидан ерга қараб олдим ва кўзим яғири чиққан енгимга тушиб, дарров қўлларимни ортимга яширдим.

«Бизнинг мактабда ҳам қушлар кўп, фақат ҳаммаси қафасда яшайди. Менга эса ёввойи, эркин учиб юрадиган қушлар ёқади, уларни росаям яхши кўраман, сен-чи?»

«Мен ҳам!» дедим ҳаяжоним ҳамон тўхтамай. «Мен ҳам...мен ҳам» ортимдан қичқирди Анвар билан Бўрибой.

Мен қизни қойил қолдириш учун антиқа паррандалар борки, барини қишлоғимиз теракларига қўндира бошладим. Анвар билан Бўрибой унутганимларни эслатиб турди. Агар гапимизга биров ишонса, Африка табиати ҳам ҳеч гап эмас эканда, дейиши тайин эди. Бироқ Бўрибой туяқушлар ҳам бор, деб чатоқ қилди. Қиз ёлғон гапираётганимизни сезиб қолди чамамда, шашти тушди. Лекин қишлоғимизда ҳамма биладиган Баҳор лофчининг тўқигани – пахтага дори сепаётган самолётнинг қанотини бургут қандай қилиб тепиб синдирганини айтиб берганимда, унинг аввалги қувноқлиги қайтди. Табиийки, энди йиртқич қушлар ҳақида гапириб берарканман, ҳали амалга ошмаган орзумни ҳам қўшиб кетдим:

«Менда қўлга ўргатилган куйка ҳам бор,» дедим киприк қоқмай ёлғон гапириб.

«Ростданми, нима у куйка?» сўради қиз.

«Қирғийдан кичикроқ, лекин унга ўхшаш пўпанг эмас, лочинга ўхшаш эпчил,» дедим.

«Менга кўрсатасанми!?»

Дафъатан, «келишяпти» деган ҳайқириқлар янграб қолди ва домлалар болаларни бир сафга тиза бошлади.

«Вой, мен боришим керак, сен...сен...»

«Янаги байрамга келасанми?»

«Ўша қушни олиб келасанми? Сени албатта қидириб келаман,» у шундай дея қарқуноқни авайлаб ушлаб менга узатди. Қушни олаётиб бехос унинг пахтадек юмшоқ қўлига тегиб кетдим. Қиз дув қизарди, кейин ортига ўгирилмай, чопқиллаб кетди. Чамаси, мен маст эдим. Ўртоқларим қарқуноғимни учиб кетганини айтганида ўзимга келдим. Ҳа, ҳали қўлга тўла ўрганмаган қарқуноғим учиб кетибди.

Капалак ҳам учиб кетди... Кўрикдан сўнг боғнинг шундай тўс-тўполони чиқиб кетдики, мен у қизни бошқа учратмадим.

Яна янги байрамларни кутиб мактабга қатнай бошладик. Орада ғўза яганаси, чопиқ, пахта терими чиқиб, синфхоналардан безиган пайтимизда жонимизга ора кирарди. Шунга қарамай капалакмонанд шаҳарлик қиз сира кўз олдимдан кетмасди. Умри эгатларда пахтага ишлов бериш, сой бўйида мол боқиш, кўчаларда ёқавайрон муштлашиш билан ўтадиган бир бола фаришта янглиғ оппоқ либосга бурканган шаҳарлик қиз билан танишиб қолади-ю, буни унутиб бўлар эканми!?

Деразадан қувалашиб учиб ўтаётган капалакларни кўриб қолсам ичимда бир нима энтикиб кетар, ҳеч кимга сездирмай кулиб қўярдим-да, юзимни партага босиб ширин хаёлларга берилардим. Шундай кезларда домла қўлидаги бўр билан тушириб қоларди. Мен иккига бўлиниб кетган бўрни домлага бераётганимда айбимга пушаймон бўлгандек кўзим ер чизар, лекин уриб қолса қочишга улгуриш учун қўлига қия қараш қилиб турардим. Ҳайтовур, домла «мулла» бўлиб турганимни кўриб индамай дарсини давом эттирарди. Аста жойимга бориб ўтирар эканман, дарсга қулоқ солиш қаёқда, хаёл қурғур яна олиб қочаверади. Бу кезлар фақат менда эмас, бутун синфимизда ғалати ўзгаришлар юз бераётганди.

Бир куни домлалардан бири байрам муносабати қизлар ўғил болаларга ёзган табрик қоғозини топиб олибди. Қизларни синфдан ташқарига чиқариб юборган гумбаздек домла чап қўлини иягига тираб, ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғини қулоғига тиқиб, ҳузур билан ковлаштирди, сўнг гурсиллатиб столга мушт солди.

«Ўғирлик тухумдан бошланади, ановинақа...» домла табрик қоғозини қўлига олиб, аллақаёққа маъноли ишора қилди. «Ўшанақа ишлар мановинақа хатлар ёзишдан бошланади. Эшит!!! Олим, нега бўйнингни чўзиб Низомни қулоғига пичирлайсан?»

Домла табрик қоғозини йиртиб, деразадан ташқарига улоқтирди. Биз ерга қараб жим қолдик. Бироқ назаримда, ҳамма ер остидан бир-бирига қараб, «домла нимани ҳам тушунарди» дегандек бўларди.

Яна бир куни синфдош қизлардан бири онасидан «шаҳло кўз қандай бўлади?» деб сўрабди. Қизининг қўққис саволидан ҳуши бошидан ҳуркак қушдек учган онаси қизини зимдан кузатиб юриб, китоби орасидан ичига қуритилган бинафша (биология дарси учун гербарий сифатида қилинган бўлса керак) солинган мактуб топиб олган. Ана ўша мактубда «шаҳло кўзларингга бир боқишга зор...» дейилган экан. Қизнинг онаси мактубни кўтариб, тўппа-тўғри директорнинг хонасига кириб келибди. Директор дарров мажлис чақириб, муаллимларни койий кетган. Жисмоний тарбия домласи бизнинг синф раҳбаримиз эди. У мажлисга ҳаммадан охирида кириб келган ва ёнидаги домладан нима воқеа юз берганини сўраб билгач, хуноб бўлиб «оббо, аҳмоқ фалончи, ҳалигача шаҳло кўз билан писта кўзнинг фарқига бормабдими-а» деб юборган-у, ёниб турган оловга мой сепган. Шикоят қилиб келган аёл «нега мени қизимни писта кўз дейсан» деб синф раҳбаримизнинг ёқасига ёпишган. Шундан сўнг кунора бўладиган ота-оналар ва синф мажлисларини кўрсангиз эди...бироқ баҳорги сув тошқинини тўсиб бўлар эканми!?

Мен эса тушларимда фақат оқ капалакларни кўрардим. Ҳа дегунча бўлмай, қиш ўтиб баҳор ҳам келди. Эртага қушлар байрами деган куни мен теримга сиғмай қувонардим. Мактаб устахонаси гавжум, ким қушларга ин ясаётган, ким деворий газета чиқараётган, ким қамишдан паррандаларнинг расмини солаётган. Бу кеча қушларга ҳам, болаларга ҳам уйқу ҳаром, туни билан томма-том чопади. Айниқса, Маҳкам бувага қийин. Унинг эски чордоғи ва томига ғўзапоя босилган оғилхонасида қушларнинг ини ғиж-ғиж. У бугун нарвонини оғилхона ичига яширади, узун ҳўл новдадан гаврон тайёрлаб остонасига қўяди, ўзи эса тонг отгунча қуш уйқуда ётади. Акрам беданавоз эртага саҳарда, балки бугун кечқуруноқ ўғлини сомонхонага қамаб қўяди. Чунки ўтган йилги байрамда унинг энг зўр сайроқи беданаси қаттиқ чўчиган экан, ҳалигача чурқ этмаган. Мен эса кечқурун ўртоқларим билан каптаржарга боришга тайёргарлик кўраман.

Келишилган вақтда Анвар билан Бўрибой чақириб келди. Биргалишб Салимнинг уйига бордик. Салим нон кавшаб чиқар экан, ҳавонинг авзойига қараб олиб, овозига сирли тус берди:

«Болалар, негадир оёғим тортмаяпти, боя чап қошим ҳам роса учувди. Келинглар, бормайлик.»

«Ирим-сиримларга кампирлар ишонади. Сенлар бормасанг ўзим ҳам кетавераман,» дедим бошқалар ҳам айниб қолишидан чўчиб. Анварнинг ори тез келади, Салимга ўшқириб берди.

Каптаржарга қишлоғимиздаги энг узун теракнинг ҳам бўйи етмайди. Бу ер ҳақиқий қушлар бозори. Ҳозир март ойи, қирғий, куйкалар тухум босадиган давр. Қирғий жарда яшамайди, лекин куйка дарахтми, жардаги ковакми, танлаб ўтирмай ин қураверади. Болалар жарнинг тепасига чиқишди, мен пастда қолдим. Қўлим билан ишора қилгач, улар гурсиллатиб ер тепа бошлади. Юзлаб коваклардан қушлар гуриллаб учиб чиқди, охирида куйка кўринди. У чиққан тешикни мен зўрға илғаб қололдим. Тепада болалар ҳам қийқирди:

«Кўролдингми, қаердан чиқди?»

«Чапроққа юр, яна, ҳа яна озгина юр,» мен пастдан туриб уларга мўлжал бердим, улар керакли жойга белги қўйиб пастга тушишди. Биз қоронғу тушишини кутиб, арқонларни бир-бирига улай бошладик. Қушларнинг чуғур-чуғури қулоқларни қоматга келтирди.

Тез орада кўршапалаклар учиб, биз тепага кўтарилдик. Болалар арқонни белларига боғлаб, оёқларини ерга тираб ўтириб олишди. Мен ё бисмилло, деб арқонга осилиб пастга тушавердим. Жарнинг лабидан беш қулоч тушганда куйканинг инига етдим. Ковакка қўл суққанимда ичкарида куйка потиллаб қолди. Ҳеч тутқич бермайди, жонивор. Қўлимни суғурсам, бармоқларимни тилиб, қонатиб ташлабди. Бошимдаги дўппини олиб, уни шу билан тутмоқчи бўлдим. Илкис қулоғимга «чирт» этган товуш эшитилди. Қўлимга чиппа ёпишган арқоннинг айрим жойлари мол пешобидан чириб улгурган экан. Чап қўлимдаги дўппини ирғитиб, арқоннинг юқорироқ, чиримаган жойидан ушламоқчи бўлдим-у, лекин улгурмадим, чинқирганча пастга қараб учдим. Кўзимни очганимда тупроққа беланган ҳолда ётар, оғзимда кесак таъми, аъзойи баданим, айниқса, ўнг оёғимнинг тўпиғи зирқиратиб оғрирди. Ҳай-ҳайлашиб етиб келган болалар атрофимда гирдикапалак, ранги пахтадек оқариб кетган Салим тинмасдан «айтмадимми, кўнглим сезганди» деб бидирларди. Оғриқдан кўра унинг шу гаплари менга кўпроқ алам қиларди. Лекин тилимнинг учида турган гапни Анвар айтиб юборди.

«Ҳе, сени кўнглингга....»

Уларнинг ялиниб-ёлворишига қарамай, велосипедимни бир оёқлаб ўзим миниб кетдим. Уйга етиб келгунча ғарқ терга ботиб, иситмам кўтарилиб кетди.

Ўнг оёғим тўпиғидан чиққан экан. Эртасига қушлар байрамига бора олмадим. Келаси йили ҳам бормадим. Суяксурар кампир оёғимни қийшиқ солган экан, чўлоқланиб юрганимдан кўнглим ўксирди.

Байрам куни каптаржарга бордим. Қуёш ботиб, замҳарир шаббода тургунича жарнинг лабида ўтириб, қушлар галасининг ҳавода чарх уришини томоша қилдим. Лекин капалак монанд қизнинг чеҳраси кўз олдимдан кетмасди. Уни «сени албатта қидириб келаман,» деб айтган гапи қулоғим остида жарангларди. Кейин, у қиз сени аллақачон унутиб юборган-ку, деб ўзимнинг устимдан кулар, юзимни кўм-кўк майсаларга босиб тўйиб-тўйиб йиғлагим келарди...

Бошим узра эса қушлар фиғон кўтарарди, гўё «сен қидириб бор» дегандек.

1994 йили «Ватан» газетасида эълон қилинган.