OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМуҳаммад Шариф
Асар номиЯшил аланга (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Муҳаммад Шариф
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм18KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/05/21
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Яшил аланга (ҳикоя)
Муҳаммад Шариф

Ўзбекнинг полвони Турсун Али Муҳаммадга

Шамол қари бургутни булутлар уюрига қўшиб ҳайдаб кетишига сағал қолди. У гоҳ юқорилаб, гоҳ пастлаб, шамолга қарши уча-уча амал-тақал Тешиктош қояга етиб, чўққи устига оғир қўнди. Шу қўнганича уч кун қилт этмади. Учинчи кун тонгда қари бургутни яна ўз ўрнида кўрган тасқараларнинг кўнглидаги шубҳа-гумон куртак отиб, бадниятлари совуқ бўй кўрсатди: олдидан ортган сарқитига қаноат қилиб юрганлар, бугун унинг ўзига кўз тикиб, бу мағрур турган муаззам гавданинг тап этиб йиқилишини кута бошладилар. Кеча улар қуйироқдаги қоя устида кун бўйи қанотларини беўхшов қоқиб, чуғурлашиб, бетоқат бўлишди.

Бугун эса тап тортмай қари бургутнинг юз йиллик қўналғаси бўлмиш Тешиктош қоянинг ёнгинасидаги улкан ясси тош устига келиб қўнишди. Шу пайтгача қуш зоти бу чегарани бузишга ҳадди сиғган эмасди. Тасқаралар бўлғуси базмга тайёргарлик кўраётгандек қайсидир ўлимтикнинг шилимшиқ гўшти ёпишиб қолган тумшуқларини гоҳ панжаларига уриб, гоҳ тошга суркаб намойишкорона тозаламоқда эдилар. Фақат қуйида яшаб, тоғ устига камдан-кам кўтарилувчи ғажирлар ҳам бугун эрталабдан тасқараларнинг тадорикка тушиб қолганидан дарак берувчи товушларни эшитиб, аллақачон юқорилаб келишга улгуришганди.

Бу анчайин беодоблик саналса-да, қари бургут асло парво қилмади, бўйнидан бошланиб, кўксида оппоқ доғ ҳосил қилган патлари устига тумшуғини қўйиб, ҳурпайиб ўтираверди. Шу тобда у эрталабки қуёшнинг майин қитиқловчи нурлари оғушида мириқаётгандир ёки ҳув уфқдаги бир тўда иркит булутларни кузатаётгандир. Ҳарқалай, шу ҳафта ичи унда қандайдир тушуниксиз ўзгаришлар юз берди. У шундан алағда бўлиб, атрофда юз бераётган нарсаларга эътиборсиз қаради.

Қўққис тасқаралардан бири ҳаволади, афтидан ёшроқ бўлса керак, кўксидаги патлари қорайишга улгурмабди. Бир-икки айлана ясаб, сўнг тўппа-тўғри бургут ўтирган қоя томон учиб келаверди. Қоятошнинг бир четига келиб қўнди. Бургут илкис унга ўгирилган эди, кўзларида яшил аланга ловиллаб кетди. Қўрқиб кетган тасқара келган изига қараб урра қочди. Ўлаксахўрлар бир безовталаниб олишди.

Ў-ў... бургутнинг вазминлиги, у бу сурбетликни кўрмагандек яна сокин ўтираверди. Фақат энди пойида ястаниб ётган текисликларни кузата бошлади. Орадан чорак соат ўтгач, кўкдан тўқайзор этагидаги ўтлоққа тошдек отилган қарчиғайни кўриб қолди. Тошлар остига яширинишга улгурмаган каклик қанотларини патиллатиб ерга урганча, қарчиғайнинг чангалига тушди. Қарчиғай ўлжасини кўтариб учди ва ялангликдаги қўнғир тош устига қўнди. Чангалидаги каклик жон ҳолатда типирчилади. Қарчиғай какликнинг бўйнига чангал солиб сиқди. Унинг пайрахадай сарғиш тили отилиб чиққанида бир чўқиб узиб олди ва лиқ этиб ютди. Шундан сўнг калласини узиб олиб, узун ичакларини осилтирганча, ўлжасини бамайлихотир чўқилай бошлади. Бургут иссиқ, кўпириб турган қон ҳидини туйди. Суқланиб тикилди. Йўқ! Ўлжага эмас. Ғолиблик нашидаси сурилаётган ўша лаҳзага, ўша манзарага суқланди.

Бир пайтлари унинг бақувват қанотлари бўронни ҳам писанд этмасди, тошни чангалласа уқаланиб кетарди.

Бир пайтлари чиябўрининг сағриси ила бўйнига чангал солиб, бир силтаганда, шўрлик сайднинг умуртқаси қарсиллаб синиб кетарди. Шу қарсиллаш унинг шижоати, куч-қудрати ва маҳобатини намойиш этувчи ғолиблик садоси бўлиб янграрди. Осмон энкайиб, тоғлар бир қарич чўкиб, дарё бир тўхтаб оларди ўша лаҳза.

У кезлар бургут ўлжасини қояга кўтариб чиқар ва иссиқ қон кўпириб турган жасаддан бир-икки луқма тотиниб кўрарди, холос. Лошнинг қолган-қутганини ҳозир унинг ўлимига кўз тикиб турган анави ўлаксахўрлар талашиб-тортишиб еб битиришарди. Улар бургутдан қаттиқ ҳайиқишар, қораси ўчгач, сарқитига қуюндек ёпириларди. Ҳозир эса ўшанда мурувват тилаб, ялтоқланиб йилтираган шилпиқ кўзлар унинг қаршисида совуқ ёниб турибди. Бироқ қари бургут жасади бу қасанғиларга ем бўлмаслигини билади. Ҳали замон қуёш тиғга келганда у кўкка кўтарилади, сўнгги овга чиқади.

Бир қултум қон, бир луқма гўшт унинг қанотига куч бўлади. Сўнг ҳув юксакдаги қорли чўққилар томон учиб кетади. Икки йил муқаддам қари бургутнинг жуфти шу томонларга учиб кетган. Муз қоя узра учаверган, учаверган, учаверган. Кеча-ю кундуз учган. Танасидан қон қочиб, булутлар ҳўллаган қанотлари музга айланганида ҳам учаверган. Токи абадий муз парчасига айланмагунга қадар учган. Қуш зоти борки учаётиб муз қотади, қўниб турганида ҳар қандай совуққа дош беради. Шу тариқа мангу музқояликлар орасида янги, қанотларини елпиғичдек ёйган бургутқоя пайдо бўлган. Ўша бургут шаклидаги музқоя уни ўзи томон чорламоқда.

Қуёш тиккага келиб, тоғ этагидаги қир-адирларни беаёв қиздира бошлади. Бургут оғир қўзғалиб, қанотларини бир-икки силкиди, сўнг кенг ёйиб пастга эна бошлади. Ён-атрофдаги қояларда тизилишиб ўтирган ўлаксахўрлар безовталаниб, унинг ортидан чағир кўзларини қадаб қолишди. Бургут бўз тупроқли адирларга етиб боргач, қанот қоқмай, осуда айлана бошлади. У жон койитмай ҳаволашнинг ҳадисини олган, тандирдек қизиган адирдан кўтарилаётган иссиқ ҳаво уни ҳеч қандай қийинчиликсиз осмон тоқига чиқариб қўярди. Авваллари иссиқ ҳаво оқими кўмагида кўтарилиш эрмак бўлган эса, ҳозир эҳтиёжга айланган эди. Кекса вужуди бу беминнат ёрдамга муҳтожлик сезмоқда. Бирор соатлардан сўнг у кўз зўрға илғайдиган қора нуқтага айланди.

Бир ҳафта давомида емаксиз қолган қари бургут учун ҳавода муаллақ туриб ўтказаётган дақиқалари йиллардек узоқ туюлмасин, у соялар қайтгунига қадар кўкда кезиб юришга мажбур эди. Бу вақтда тўқайдаги жониворлар пана-пастқам, серсоя инларидан чиқмай, тилларини захга босиб, ҳансираб ётишади. Қуёш найзаси чўққиларга санчилиб, сарин шаббода ғириллаб эса бошлаганда жониворлар ғимирлаб, тирикчилик ташвишига тушиб қолади.

Жўрттага қилгандек, сира ўрнидан жилмаётган қуёш, ниҳоят тангрининг амри ила пастга қараб ғилдиради. Бургут ҳавода айлана ясаб, пастлай бошлади. Ер ҳали жуда-жуда узоқ эди. Бу орада тўс-тўполон билан осмонга кўтарилган тасқара ва ғажирлар тоғдаги дараларни бир қур кўздан кечириб чиқиб, тўқай билан дарё оралиғидаги яланглик узра изғий бошлашди. Емак қидиришга киришган тўқай жониворлари кўк юзидаги қора кўланкалардан чўчиб, ўзларини қайта инга уришди. Ахийри, ўлаксахўрлар кечки сайрни тугатгандек ёқимсиз қийқиллашлари билан тоғу тошни ларзага солиб қояларга қўндилар. Ушбу кечки сайр ҳув юксакдаги бургут учун ҳаёт-мамот масаласи бўлган ғанимат дамларни «бир неча йил» нарига суриб юборган эди.

Ялангликда тўнғиз пайдо бўлди. У тўқайдаги ягона сўқмоқ оралаб чиқиб келди, тумшуғи билан ер титиб, пишқириб дарё томон юрди. Тўнғизнинг бепарволиги бежиз эмас, одам ҳиди камдан-кам пайдо бўладиган бу маконда унга таҳдид солувчи ёв йўқ эди. Лекин эҳтиёти шарт, у ҳар замон тўхтаб, ҳаво искаб, ҳид оларди.

Тўқайдан пилдираб чиққан тўнғизни кўриб, бургутнинг кўзида олов чақнади. Бироқ савқи таъбиийси уни иккилантирди. Жонзот борки, ўз кушандаси киму емаги нимадан иборат яхши билади. Табиатнинг ўзи берган сезгиси, салоҳияти буни айтиб туради. Лекин бирда иккида ўз феъл-хўйига номувофиқ ҳаракат қилиб туриш ҳам тирик жонга хос нарса. Қари бургут кўпни кўрган эса-да, тўнғизни қўлдан чиқаришни истамади, қолаверса, бу сўнгги имконият бўлиши мумкин, ҳадемай қуёш ботади. Ўлаксахўрлар қолган майда жониворларни чўчитиб қўйди, улар ҳали-бери қорасини кўрсатмайди. Тўнғиз сув бўйига яқинлашганда бургут ҳамлага чоғланиб, мўлжал олди. Тўнғиз чанқоғини қондирса, кучига куч қўшилади. Шунда уни енгиш оғир кечади. Бургут қанотларини йиғиб, бир сония муаллақ қолди, сўнг ўқдек пастга отилди.

Даҳшатли чинқириқ тоғу тошни ларзага келтириб, даралар узра узоқ акс-садо бериб турди. Қояда тизилишиб ўтирган тасқара ва ғажирлар сергакланди. Тулкилар, товушқонлар ўзларини қалин чакалакзор орасига урди. Тўнғизнинг белига қоя ағдарилгандек кучли зарба келиб урилди. Сағриси ва калта бўйнини тиғдек тирноқлар ўйиб ташлади. У жон ҳолатда хуриллаб, бир мункиди, бир қалқиди...оёқларини чор тарафга кериб олди...тўпиғигача нам ерга ботиб кетди, лекин умуртқаси синмади, калталиги иш берди.

Кўзи қонга тўлган бургут важоҳат билан чираниб, уни букиб ташламоқчи бўлди. Афсус...қани у қарсиллатиб умуртқа синдириш, қани ғолиблик садоси? Аламдан, номусдан унинг куч-қудрати, шижоати аввалгилардан ўн чандон ошса ошдики, асло камаймади. Тўнғизнинг жони тошдан. Бургутдан хатолик ўтди. Хатолик ўтди-ю, уни тузатишнинг энди иложи йўқ эди. Бургут бургут бўлиб ушлаганини қўйган эмас. Бургут тўнғизнинг белида чавандоздек силкинди, чиранди, кўзларидан тирик жонни тешиб юборадиган олов ёғилди. Лекин...қани энди, бу жонли ғўлани букиб бўлса?! Иссиқ қон кўпиргандан кўпирди, фаввора янглиғ отилди. Танаси метин тўнғиз пишқириб, чинқириб, қутургандан қутуриб борарди.

Тўнғиз тўқайзорга етиб борганда бургут унинг бошига чанг солди. Тўнғизнинг чап кўзи ўйилиб тушди. У йўналишини йўқотиб, ўзини қалин чакалак орасига урди. Тиканаклар, шох-шаббалар бургутнинг патларини юла бошлади. Қари бургутнинг оқиш-қизғиш патлари ҳавода тўзғиб кетди. Тўнғиз чангалзорни тасир-тусур ёриб ўтганида бургутнинг ярим гавдаси қонга беланган, синиб, ёнга осилиб қолган қаноти хас-хашакларга илашиб, уни ортга тортқиларди.

Қора қонга беланган икки рақиб жон олиб, жон бериб олишар, таслим бўлишни, енгилишни бирови-да хаёлига келтирмасди. Қоядаги ғажирлар, тасқаралар, тоғу тошдаги, тўқайдаги жамики жонзот бу қонли ҳангоманинг қандай якун топишини сабрсизлик билан кутарди.

Қаршисидан қалин дарахтзор чиққанида бургут сўнгги чорани қўллаб, ўлжасини тўхтатмоқчи бўлди: ёш бир дарахтни шаппа чангаллаб олди, тирноғи борича дарахт танасига ботиб кетди. У тўнғиз ва дарахт орасида бир лаҳза таранг тортилди-ю, сўнг қоқ ўртасидан иккига айрилиб кетди. Рақибидан халос бўлган тўнғиз бир неча одим забт билан чопгач, гурсиллаб қулади. Қаттиқ пишқирди, хириллаб-хириллаб жон берди. Бургутнинг ярим гавдаси дарахтни, ярми тўнғизни маҳкам чангаллаган кўйи қотиб қолган эди.

Ўлаксахўр ва ғажирлар қий-чув солиб кўкка кўтарилди. Осмонни қора кўланкалар қоплади. Улар тўқай томон эниб кела бошладилар. Лекин шу кеча ва эртасига ҳам тўдадан бирор қуш ажраб чиқиб, машъум жанггоҳга қўна олмади. Чунки бургутнинг очиқ кўзларидаги яшил аланга ҳали сўнмаган эди.

«Ёшлик» журналининг 1993 йил, 10-11 сонида чоп этилган.