OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМуҳаммад Узоқов
Асар номиХоннинг хатоси (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Муҳаммад Узоқов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм35KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/11/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журналининг 2011-йил, 3-сонидан олинди.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Хоннинг хатоси (ҳикоя)
Муҳаммад Узоқов

Бухородан чиққан Шоҳбахт султон Сайхуннинг қуйи оқимидаги бобокалонидан қолган қишловга етиб келди. Султон отдан тушиб ўтов томон юрди. Удумга кўра улуғ момоси овоз чиқарди:

Дўстларини кулдирган хон бобонгиз йўқ энди,
Душманларин ўлдирган хон бобонгиз йўқ энди,
Кемтик бағрим тўлдирган хон бобонгиз йўқ энди,
Бўлмас ишни бўлдирган хон бобонгиз йўқ энди.

Қариндош-уруғлар, Абулхайрхон хонадонига у ёки бу сабаб билан боғланган элнинг улуғлари йиғилдилар. Ёқаларини йиртганча яқинларидан жудо бўлган аёллар ҳам кела бошладилар.

Шоҳбахт султон амакиси Шоҳ Ҳайдархон ёш баҳодирининг онаси томон юрди. Аёл айтиб-айтиб йиғларди:

Кенг далада кас ёғий қайтмас қилди улимни,
Саболардан сўрайман келтир дея бўйини,
На чолим бор, на келин, қўмсайдирман улимни,
Куймас эдим бунчалик, кўрсам эдим тўйини.

Султон қулоғига аламзада аёлларнинг айтган гаплари кирди:

– Абулхайрхон хонадонининг умид юлдузи, ишонган тоғимиз қайтди. Энди ғанимларимиз кўзла-ридан ёш эмас, қон оқади, қон...

– Қиз-келинларимизни олиб кетган Ёмғурчи, Нўғай мирзаларни келтириб ўтовимиз олдига кўппак қатори боғламасанг хумордан чиқмаймиз...

Қатор келинчаклар изилладилар:

– Султонимизни қўйдек бўғизлаганлари етмагандек, норасида гўдакларимизни-да чавақладилар...

Марҳум қозикалон Қулмуҳаммад саййиднинг ўғли Нурмуҳаммад саййид Қуръон сураларидан тиловат қила бошлади. Қорачин баҳодир ҳамон дардларини айтиб-айтиб йиғлаётган аёллар томонга қараб баланд овозда:

– Бас қилинглар! Ахир Қуръон ўқиляпти, – деди.

Шоҳбахт султондан таскин кутганлар тинчланмадилар. Ахир уларга таскин берувчи сўз айтилмади-да. Ўтов олдидаги майдончага қилинган жойда давра олганлар фотиҳага қўшилган бўлсалар-да, ўтов ичида ҳам, сиртида ҳам йиғи-сиғи тинмади. Султондан сўз чиқмагач, даврадагиларнинг кўпчилиги туриб у-бу юмушга уннади. Шоҳбахт ҳам ўрнидан турди. Қипчоқ бийларидан бирининг бойбичаси у томон юрди.

Чўзсам қўлим салкам ойга етарди,

Узун-узун қўлларимдан айрилдим,

айрилдимо-айрилдим.

Шафқат билмас ёғий босди овулим,

Ҳам қизимдан, ҳам улимдан айрилдим,

айрилдимо-айрилдим

Султон бойбичани суяди. Чўл шамоли қорайтирган юзи янада қорайди, аммо оғзидан сўз чиқмади. Биргаликда қайғу оловида ёниш, биргаликда ўчиш, сўнгра биргаликда қасос оловида ёниш умидида келганларнинг умидлари пучга чиқди. Султон бағри куйганларга таскин бериб, уларнинг дардларига малҳам бўлмади. Бироз таскин топганларга қасос ҳақида сўз айтиб юракларига қайта олов ёқмади. Султондан ҳафсалалари пир бўлганлар орасидан илгари ўта гўзал бўлган, ҳозир эса сочлари тўзғиб, бир аҳволга тушган келинчак чиқди. Султон Олтойнинг тарғабатай элидан бўлган бу келинчакни таниди. Султоннинг онаси Оқ қўзининг ҳам шу уруғдан бўлгани боис, келинчакни «кичик эгачим» деб эркалаб, ҳайит, байрамларда совға-салом йўллагувчи эди. Султоннинг ёнидаги йўлдоши секин: «Бечоранинг эрини ўлдирдилар, ўзини зўрладилар. Ёш қизчаси борлиги учун ўзини ўлдирмай юриб эди, яқинда қизи ўлиб қолди. Ҳуши ўзига келса тузук, ҳуши бошидан учса далли-девона, қабристонда эри ва қизи қабрлари пойида ўтириб, биров кўриб, билмаса ўша ерда қолиб кетади», деди.

Келинчак сўник нигоҳини султонга тикди. Султон сўз демади. Келинчак бурилди, у аёллар орасидан ўтиб қабристонга йўл олди. Аёллардан кимдир: «Унинг дардини ўликлар эшитиб, таскин берадилар», деди. Юзини султондан ўгирган аёллардан бири: «Султон Самарқанд ва Бухорода яшаб ўзгарибди. «Илм кишини қўймижоз қилиб қўяди» деб эшитар эдим, тўғри экан», деди. Бошқа бири: «Унда интиқом туйғусидан нишон ҳам йўқ», деди. Яна бири эса куч-қувватлари, салоҳиятлари туфайли дўсту душманнинг султон ва инисини «Абулхайрхоннинг йўлбарслари» деб аташига ишора қилиб: «Садқаи йўлбарс кет!» деди. Аёллар тарқалдилар. Бутун вужуди қулоққа айланган султон барча айтилган гапларни эшитди. Унинг чўл шамолида қорайган юзи янада қорайса-да, сўз демади.

* * *

Шоҳбахт султоннинг Бухородан қайтиб келган хабари Сайхуннинг қуйи ва ўрта оқимига тарқади.

Бу хабарни эшитган Бурка султон яқинлари ва аъёнларини йиғиб сўради:

– Энди нима қиламиз?

Бурка султоннинг отаси Ёдгорхон даврида улуғ бий бўлган Мусабий манғитнинг ўғли Эсонбий:

– Не қилсак ҳам бугун-эрта қиламиз. Султон дарагини эшитиб эл йиғилиб хун талаб қилса иш йириклашади, – деди.

Кенгашиб бир неча оқсоқолни Шоҳбахт султон ҳузурига юборадиган бўлдилар. Оқсоқоллар кўнгил сўраш баҳонасида гап олишлари лозим эди. Агар султоннинг авзои бузуқ бўлса уни тундан тонггача қолдирмай босишга, агар муросага юрадиган бўлса шунга қараб иш тутадиган бўлдилар. Оқсоқоллар Шоҳбахт қўнган овулга етмасданоқ зўрликнинг иложсизлигини тушундилар. Шоҳбахт овули ва Бурка султон қишлови орасидаги кенг ҳудудга Абулхайрхонга содиқ бий ва ботирларнинг овуллари жойлашиб улгурибдилар. Овулнинг ўнгу сўлига Қорачин баҳодир ва Оқсўфи ботирларнинг овуллари тушибдилар.

Бурка султон йўллаганларни қайғу билан кутиб олган Шоҳбахт султон қаҳрланганларни шаштларидан тушириб:

– Ўтганлар ўтиб кетдилар. Ўтмишни титкилашдан не наф? – деди.

– Тўғри айтасиз, султон, – деди Эсонбий. – Хонадонингизга, элингизга қилинган босқинга бош қўшганидан Бурка султон кўп пушаймон бўлмоқда. У ҳам, сиз ҳам шайбонийсиз. Қондош биродарингизнинг узрини қабул қилинг. Етказилган зарарни тўлаймиз.

Султон сўз демаган бўлса-да, Шоҳбахт келганидан буён ўзини гўё шавкатли Абулхайрхон ҳузуридаги бош маслаҳатчи каби тутаётган Қорачин баҳодир:

– Сизлар хон хонадонига шунчалик зарар етказдиларингизки, олам молини бериб ҳам бу зарар ўрнини тўлдира олмайсизлар, – деди.

Келганларнинг бошлари эгилди.

– Ҳақиқатан ҳам султон қилмишидан пушаймон бўлиб етказилган зарарни тўлайдиган бўлса, шариат ҳукми бўйича уни кечиришингиз лозим, – деди Нурмуҳаммад саййид.

– Султонингиз ўлганларни тирилтириб бера оладими? – деди Шоҳбахтнинг маъноли боқишига қараб ҳам қўймаган Қорачин баҳодир. – Орада тўкилган қон бор.

– Шариатда ўлдирилган одамга-да хун белгиланган, – деди Эсонбий.

– Бу ерда хун борасидаги гапларни бас қилайлик, – деди султон. – У гапни Нурмуҳаммад саййид ва Оқсўфихожа билан бу овулдан ташқарида сўзлашингизлар.

Тортилган таомдан сўнг марҳумлар ҳақига дуо қилган оқсоқоллар қайтдилар. Султоннинг сўнгги гапидан кейин оқсоқолларнинг кўнгилларида яраш борасида пайдо бўлган умид учқунларини овул сиртида кўринган қипчоқларнинг чанғарақларидан осмонга тутун ўрлаётган ўтовлари сўндирди.

* * *

Игна устида ўтиргандек бесаранжом, безовталик билан оқсоқолларнинг Шоҳбахт султон овулидан қайтишларини кутган Бурка султон улар киришлари билан сўради:

– Нима гап?

– Назаримда ҳозирча хавотирга ўрин йўқ, – деди Эсонбий, – аммо султон овулининг гирдини яқинда кўчиб келган овуллар қуршаб олибди.

– Шундай бўлиши ҳам керак-да, – деди хотиржамлик билан Эсонбийга ҳамроҳлик қилганлардан бири бўлмиш Сорибий. – Ахир хон хонадони босқин кўрган хонадон. Султон келгандан кейин эҳтиёт чораларини кўрган-да.

– Йўқ, – деди юзини ташвиш босган уйғур Яхшиликбий, – Шоҳбахт султон азалдан тадбиркор, ҳар жиҳатдан тўкис йигит. Унинг жангдан ўзга машғулотни ўзларига эп кўрмайдиган қипчоқларни атрофига тўплаши бежиз эмас.

– Ахир Абулхайрхон хонадони устига босқин ясаган бир биз эмасмиз-ку, – деди Сорибий.

Бурка султон савол назари билан Яхшиликбийга боқди.

– Абулхайрхон хонадони устига босқин ясаганлар ичида иккита шайбоний султон бўлган, – деди Яхшиликбий. – Биринчиси сиз ҳазрати олийлари бўлсангиз, иккинчиси Ибоқхон ибн Маҳмудхондир. Хон бизни мустақилликдан маҳрум этган бўлса-да, ўз қаноти остига олиб асраб-авайлаб эди. Ибоқхоннинг йўриғи бошқа. Отаси Маҳмудхон юртини Абулхайрхонга беришга мажбур бўлди. Оғаси Муртазохон ота юрти учун жанг қилиб ўз юртидан ҳам айрилди. Ибоқхон кўп сарсон-саргардонликлардан сўнг Итилнинг ўнг соҳилида давлат тузишга муваффақ бўлди. Ҳозир у Рус ерларини босиб, Қозонга таҳдид соларлик даражада қудратга эга. Қолганлар бу ердан узоқда. Аҳвол шундай бўлгач Шоҳбахт султон қасос олишни кимдан бошлайди? Албатта сиздан-да, ҳазрати олийлари.

– Томирида Абулхайрхон қони оқаётган султоннинг қасоскор бўлмаслиги мумкин эмас, – деди Абулхайрхон билан кўп бор сафарларда бирга бўлиб, унинг топшириқларини бажарган Бурка султон Яхшиликбийга қараб. – Мулоҳозангиз ўринли ва гапингизда жон бор.

Улуғ бий лавозимига талабгор рақибининг султон мақтовига сазовор бўлганидан Эсонбийнинг жаҳли чиқди.

– Етказилган зарар ва ўлдирилганларнинг хуни борасида ҳам гаплашдик, – деди султон фикрини ўз-гартиришга уриниб Эсонбий. – Шоҳбахт султон бу борадаги музокаралар учун Нурмуҳаммад саййид ва Оқсўфихожаларни ўзи томондан вакил қилиб тайинлади.

Айтилган гапларни диққат билан тинглаган бўлса-да, бир қарорга кела олмаган Бурка султон таваккал қилишга қарор этди:

– Эртага Шоҳбахт ҳузурига ўзим бориб бу масалага ойдинлик киритиб келаман, – деди.

– Бу ноўрин тантилик, – деди Яхшиликбий. – Султон ўзини тутиб сипо сўзлашган бўлса-да, Қорачин баҳодир сизни тириклайин ейдиган важоҳатда.

– Ит ҳурар, карвон ўтар, – деди Бурка султон. – Элнинг кўз ўнгида Шоҳбахт менга зиён етказишга ботина олмайди. Мен эса унинг дилидагиларни уқиш имконига эга бўламан. Сизлар ҳозир маслаҳатлашиб менинг уюр, пода, сурувимдан султон учун мол ажратинглар.

* * *

Шоҳбахт султон ҳузурига борган Бурка султон унинг режаларидан воқиф бўла олмади. Барча кўргуликларни Яратганнинг иродасига йўйган Шоҳбахт султон келганларнинг барчасига бирдек муомалада бўлди. Зарар ва хун борасидаги музокара ҳам ниҳоясига етмади. Бурка султон қайтарган молга эътироз билдирмаган Шоҳбахт султон вакиллари орқали хун борасидаги масаланинг барча босқин иштирокчиларисиз ҳал бўлмаслигини билдирди.

Ёз ўтиб, куз келди. Кўнгли хавотирга тўла Бурка султон Шоҳбахт султон босқинини кута-кута чарчади. Элининг бир қисмини инилари Абулак, Амнак, Абак, ўғиллари Элбарс ва Билбарслар билан кўчириб юборган султон қолганлар билан қишловида ёта берди.

* * *

Шоҳбахт султон овули. Овул ўртасидаги эшигига туғ қадалган оқ ўтовнинг олдигача от йўрттириб келган киши отини тик устунларнинг бирига боғлаб ўтовга кирди. Найза, қилич, қалқонини эшик олдида қолдириб ўтов ўртасига ёқилган гулхан устига осилган қозондаги сутни шопираётган аёл томон юрди.

Марҳум Абулхайрхоннинг аёлларидан бири инисига кўзи тушиб:

– Кел, Туёқбий, – деди.

Туёқбий гулхан ёнига ёзилган дастурхонга яқин турган эчки терисига ўтирар экан:

– Опа, егулик беринг, ўлгудек очман, – деди.

– Томоққа арзигулик иш қилиб келдингми ўзи? – деди кампир.

– Бўлмасам-чи, – деди Туёқбий, – тунда Шоҳбахт бошлиқ йигитлар билан Бурка султонни босдик ...

Тўрдаги ўриндан аввал пўстин, кейин қалин кўрпа учди. Абулхайрхоннинг ақли камлиги учун босқиндан омон қолган ўғли Хожа Муҳаммад тоғасига дағдаға кила кетди:

– Бу яна нимаси? «Бурка султонни босдик» дейсизми? Менсиз-а? Абулхайрхон ўлган бўлса ўрнини босадиган ўғли Хожа Муҳаммад султон тирик-ку, нега менга бир оғиз эса-да айтмадиларингиз? Бурка ҳаммангизни қириб юборса элга не деб жавоб берар эдим?

Тоғаси берилган қатор саволларнинг қай бирига жавоб беришни билмай турган эди, султон оёғига этикни, эгнига пўстинни илганча ўтовдан югуриб чиқиб кетди.

Жиянининг дағдағасидан «шу туришда от миниб Бурка султон овулига жўнаб юборадими?» деган ўй ўтган Туёқбий бақирди:

– Ҳой, қаёққа?

– Хавотирланма. Жиянинг юпун ҳолича Шоҳбахт ва унинг йигитларига жон тортиб сўғиш майдонига от қўядиган даражада аҳмоқ эмас, – деган кампир сўради: – Шоҳбахт кўп талофат кўрмадими?

– Йўқ, Бурка султон ғафлатда қолди. – деди Туёқбий. – Йигитларимиз овулнинг Бурка султон ўтовлари жойлашган қисмига етганларидагина босқиндан хабар топиб эгнига пўстинини илиб яланг оёқлигича ўтовидан югуриб чиққан. Аҳволни кўргач эса шу ҳолича ўзини қамишзорга урган.

– Тутдиларингизми?

– Қалин қорда яланг оёқ қочиб қаерга ҳам борарди.

– Менинг Хўжагумим қолиб бобосидаги кўп хислатлар Шоҳбахтга ўтган. Сут тўккан мушукдай шумшайибгина юриб эди болам бечора. Йўлбарс-да, йўлбарслигини кўрсатди.

– Ҳа, – деган Туёқбий опаси узатган сут тўла гулли ёғоч косани олди. – Қон тўкилган жойда томоғимдан ҳеч нарса ўтмайди. Буни биладиган султон отдан йиқилиб қўли синган навкарни овулга олиб қайтишимни буюрди.

– Хизматимдаги қиз-келинлар босқинда йўқолганларидан буён барча юмуш ўзимга қолди, – деб нолиди кампир.

– Ҳм-м, – деди Туёқбий ва косани қўйиб корсондаги этга қўл узатган эди ҳамки, у олмоқчи бўлган устихонни ўзга қўл илиб кетди.

– Юз-қўлингни ювмай дастурхонга йўлама деб эдим-ку, – деб ўғлига чўмич билан ҳезланган кампир инисига шикоят қилди: – Келиним суйгани билан қочиб кетгандан буён бу тентак бўлганича бўлиб қолди. Энди билсам юз-қўлини келин бечора алдаб-сулдаб ювдирар экан.

– Яна хотин олиб беринг-да, опа, – деди эт чайнаганча Туёқбий. – Ана, Бурка султон овулини босиб, султон ва қатор йигитларни қатл этдик. Қанчадан-қанча жувон бева бўлиб қолди.

Онасидан узоқроқда устихон ғажиётган Хожа Муҳаммад оғзини очганча бир неча лаҳза қотиб турди-да, қўлидагини қўйиб, оғзидагини ютганча апил-тапил кийинишга тутинди.

– Ҳа? – деди онаси.

– Шоҳбахт Буркани қатл эттирган бўлса бориб бевасини олиб келаман.

Онаси ва тоғасини ҳайратда қолдирганча Хожа Муҳаммад султон, яъни орқаворотдан Хўжагум тентак деб аталувчи Абулхайрхоннинг ўғли тоғасининг отини миниб Бурка султон овулига йўл олди. Шоҳбахт султон ва Қорачин баҳодир бошлиқ йигитлар Бурка султон элини босиб, қаршилик қилганларни чопдилар. Бурка султон ва Абулхайрхон хонадонига уюштирилган босқинда қатнашиб қўллари қонга бўялганлар тутиб қатл этилдилар. Бузуқликда қатнашганлар жазоларини олганларидан кейин эл улуғлари султондан раҳм-шафқат тилаб, қолган элни паноҳига олишини сўрадилар. Мол ва жонларини Шоҳбахт ихтиёрига топширдилар. Муддаоси ҳам шу бўлган султон Бурка султоннинг инилари ва ўғилларини топиб қатл этмоқчи бўлганларга рухсат бермай улуғлар билан марҳумларни дафн этиш маслаҳатини қилаётган вақтда қишловга: «Тўхта ҳов, тўхта» деганча Хожа Муҳаммад султон от чоптириб кириб келди. Навкарлардан бири кўпириб кетган от жиловини олди.

Отдан тушган Хожа Муҳаммад султон «бирон фалокат юз бердими» деб ўтовдан шошилиб чиққан Шоҳбахт султонга қараб:

– Мен марҳум хоннинг ўғли, сен набирасисан. Шаҳид бўлганлар қасдини олиш менинг ҳаққим эди. Модомики сен бу ишни уддалаган экансан, майли, мен розиман, аммо ўлжа бобида биринчиликни менга қўйиб беришинг керак, негаки ғанимлар босқинида мен хотинимдан айрилганман, – деди.

Оғасининг муддаосини кечикиброқ тушунган султоннинг юзига Бухородан чиққанидан буён биринчи бор кулги югурди.

– Майли оға, ҳоҳишингиз бош устига. Ҳали ҳеч ким ҳеч нарса олгани йўқ. Мана, йигитларга буюраверинг, оға, – деган султон ўтовга қайтиб кириб кетди.

Қаддини ғоз тутган Хожа Муҳаммад султон йигитларга буюрди:

– Бурка султоннинг аҳли аёлини келтиринг.

Бурка султоннинг хотини Малойни келтирдилар.

– Султоннинг эгачилари, қизлари, бошқа хотинлари йўқми? – деб дағдаға қилди султон.

– Султоннинг эгачилари, қизлари йўқ, – деди Бурка султоннинг маҳрами Мунакабий. – Катта кўчлари, ўғиллари элнинг бир қисми билан Хоразм томонларга кетганлар.

Бурка султон қишнинг мана шундай теварак-атрофни қалин қор қоплаган кунларининг бирида ғафлатда ётган Қўжаш мирза овулини босиб, мирзани қатл эттириб, қизи хонзода Малойни никоҳига олиб эди.

– Бай-бай, – деди Малойнинг юзидаги ёпинчиқни кўтарган Хожа Муҳаммад султон. – Бу аёл бунча гўзал бўлмаса. Ўтов ҳозирлаб мулла топинг, шу бугуноқ никоҳимга оламан.

Ўзини кўрмаган бўлса-да, Хўжагум тентакнинг таърифини эшитиб юрган Мунакабий қўлини кўксига босиб:

– Хўп бўлади, ҳазрати олийлари, – деди.

Малойни ўтовидаги аёллар ёнида қолдирган Мунакабий Шоҳбахт султонни бундан огоҳ этди:

– Ҳазратим, оғангиз Бурка султоннинг беваси хонзода Малойни никоҳига олмоқчи.

– Хўш, нима бўлибди? – деди султон.

– Ахир шариатда иддаси ўтган бевани эркак кишига никоҳлаш жоиз дейилмаганми?

– Шундайликка шундайку-я, – деди Шоҳбахт султон, чора излаган каби Қорачин баҳодирга тикилди.

Йўқолган шон-шавкатни тиклаш йўлида ташланган илк қадамнинг муваффақиятидан маст Қорачин баҳодир султоннинг марҳамати туфайли ўлимдан қолган Мунакабийга иддао қилди:

– Нима, ўлгинг келяптими? Ғолибнинг амри вожиб. Бор, султоннинг амрини адо эт!

Овулга бостириб кирганларининг илк дамларида қуролли, қуролсиз бир неча кишини қўлга туширган султон йигитларининг бошлиғи улардан сўраб эди:

– Орангизда Бурка султон борми?

Ўшанда вақтни чўзиб хожасининг узоқроққа қочиб яширинишига имкон бериш мақсадида Мунакабий:

– Бор, мен Бурка султонман, – деб олдинга чиқди.

Кўп ўтмай ёлғони фош бўлган мулозимни Шоҳбахт султон олдига олиб бордилар.

– Нега ёлғон сўзладинг? – деди султон.

Бир муддат сукут сақлаб турган Мунакабий ниҳоят ўлимни бўйнига олиб:

– Хожамнинг тузини оқламоқчи эдим, – деди.

Мулозимнинг садоқатидан завқланган султон унинг гуноҳидан ўтди.

Тақдирнинг қайта марҳаматига умид қилган Мунакабий тихирлик қилган муллани шаштидан тушириб никоҳга ҳозирлик кўрилган ўтовга киритиб юборгач, ғудранди:

– Овулини босиб, отасини ўлдириб Бурка султон хонзода Малойни никоҳига олиб эди. Орадан йиллар ўтиб ўзи ҳам босқинга учраб, қизнинг отаси каби қатл этилди. Энди эри қатл этилиб, иддаси ўтмаган аёлни Хўжагум тентак никоҳига олаётир. Бу никоҳ Абулхайрхон хонадони аъзоларининг тирик қолганлари бошига қандай кулфатлар келтирар экан?

Орадан етти ой ўтиб Хожа Муҳаммад султон ўтовида чақалоқнинг «инга-инга»си янгради. Туғилган боланинг исмини Жонибек қўйдилар...

* * *

Дарҳақиқат, Шайбонийлар сулоласининг таназзулига Шоҳбахт султон беихтиёр йўл қўйган хатолик сабаб бўлди.

Вояга етиб Шоҳбахт султоннинг сафдошига айланган Жонибек султон аслида Хожа Муҳаммад султоннинг эмас, Бурка султоннинг зурриёти бўлган. Шоҳбахт султоннинг шариат аҳкомининг поймол этилишига лоқайд қараши алал-оқибат сулоласининг таназзулига сабаб бўлди. Бу таназзул Жонибек султон авлодлари томонидан амалга оширилди.

Қирғинлардан Абулхайрхоннинг набиралари Шоҳбахт ва Маҳмуд султонлардан ташқари ўғиллари Хожа Муҳаммад, Суюнчхожа ва Кўчкинчхожа султонлар омон қолиб эдилар. Шайбонийхон вафотидан кейин тахтга Кўчкинчхожахон ўтирди. Кўчкинчхожахон замонида хон ҳазрати олийларининг аждодлари Ҳожи Тархондан Моварауннаҳрга келиб эдилар. Хон ҳазрати олийларининг отдошлари Убайдуллахон вафотидан кейин Абдулхайрхон ва Жонибек султон авлодлари тахт учун курашдилар. Бу курашда жўйбор шайхлари томонидан қўллаб-қувватланган Жонибек султоннинг набираси Абдулла султон ғолиб бўлди. Аввал отаси Искандар султонни тахтга ўтирғизди. Отаси вафотидан кейин ўзи хонлик қилди . Бухоро хонлигини Шайбонийхон давридаги ҳолатига етказишга муваффақ бўлаёзган Абдуллахонни ўғли Абдулмўмин султон заҳарлаб ўлдирди. Илгари ўтган падаркуш шаҳзодалар каби Абдулмўминхоннинг хонлиги ҳам олти ойдан ортмади. Абдулмўминхон отасининг амирлари томонидан ўлдирилгач, Миёнқолда уч ўғли билан жон сақлаб қолган Пирмуҳаммад султон хон қилиб кўтарилди. Пирмуҳаммадхон ва ўғилларининг жонийлар билан бўлган жангда ўлдирилишлари билан шайбонийхонлар сулоласининг Моварауннаҳрдаги ҳукмронлиги интиҳосига етди. Бухоро тахти жонийлар қўлига ўтди.